10 феврал — атоқли навоийшунос ва матншунос олим Порсо Шамсиев таваллуд топган кун
Порсо Шамсиев Навоийнинг «Муҳокамат уллуғатайн», «Мажолис уннафоис», «Маҳбуб ул қулуб» ва б. асарларининг илмий-танқидий матнини нашрга тайёрлаган ҳамда шоир асарларининг 15 жилдлигини нашр этишда фаол катнашган, Бобурнинг «Бобурнома» (С.Мирзаев б-н ҳамкорликда) асарининг илмий нашрини яратган, 5 китобдан иборат «Ўзбек адабиёти» мажмуасини тузиш, таҳрир этиш ва изоҳлар ёзишда иштирок этган.Шунингдек, С.Иброҳимов б-н ҳамкорликда «Ўзбек классик адабиёти луғати» (1953) ва «Навоий асарларининг луғати» (1972)ни тузган.
Порсо Шамсиев (1897.10.2, Бухоро — 1972.21.3, Тошкент) — навоийшунос ва матншунос олим. Филол. фанлари дри (1970), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1972). Бухоро мадрасаларида таҳсил кўрган. 30-йилларга ларга қадар мадраса, мактаб ва маориф йўналишидаги муассасаларда хизмат қилган. Ўзбекистон Давлат нашриёти (1931 — 36) ва Ўқувпедагогика нашриёти (1936—40) да муҳаррир, Ўз ФАН нашриётида муҳаррир (1941—45), Тил ва адабиёт интида катта илмий ходим (1945—72).
«Адабиётдан иш китоби», «Адабиёт дарслиги», «Ўзбек тили дарслиги», «Ўқиш китоби» (1 ва 2китоблар) муаллифи. Навоийнинг «Муҳокамат уллуғатайн», «Мажолис уннафоис», «Маҳбуб ул қулуб» ва б. асарларининг илмий-танқидий матнини нашрга тайёрлаган ҳамда шоир асарларининг 15 жилдлигини нашр этишда фаол катнашган. «Хамса»нинг илмий-танқидий матнини яратиб, мазкур матн юзасидан амалга оширилган текстологик тадқиқотларини докторлик диссертацияси сифатида ҳимоя этган.
Порсо Шамсиев бундан ташқари, Хондамирнинг «Макорим ул ахлоқ» асарини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган, Бобурнинг «Бобурнома» (С.Мирзаев б-н ҳамкорликда) асарининг илмий нашрини яратган, 5 китобдан иборат «Ўзбек адабиёти» мажмуасини тузиш, таҳрир этиш ва изоҳлар ёзишда иштирок этган. Порсо Шамсиев Британия музейида сакланаётган ва Абдужамилга нисбат берилган «Туҳфат ул салотин» асари микрофильмини ўрганиб, унинг Навоий ғазалларидан олинган ва Абдужамил хаттот томонидан кўчирилган шоҳбайтлар эканини ва мавзу бўйича 45 фаслга бўлинганини аниклаган. Порсо Шамсиев Ғафур Ғуломнинг 4 жилдли «Танланган асарлар»и ва 2 жилдли «Адабий-танқидий мақолалар»ини ҳам нашрга тайёрлаган. П.Шамсиев шунингдек, С.Иброҳимов б-н ҳамкорликда «Ўзбек классик адабиёти луғати» (1953) ва «Навоий асарларининг луғати» (1972)ни тузган. Тошкент кўчаларидан бирига Порсо Шамсиев номи берилган.
Ўзбекистон миллий энциклопедиясидан: «БОБУРНОМА» — жаҳон адабиёти ва манбашунослигидаги муҳим ва ноёб ёдгорлик; ўзбек адабиётида дастлабки насрий мемуар ва тарихий-илмий асар. Муаллифи Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Эски ўзбек (чиғатой) тилида ёзилган (тахм. 1518/19—1530). «Бобурия», «Воқеоти Бобур», «Воқеанома», «Тузуки Бобурий», «Табақоти Бобурий», «Таворихи Бобурий» каби номлар б-н ҳам маълум. Бобурнинг ўзи эса «Вақое» ва «Тарих» деган номларни ишлатган. «Бобурнома»да 1494—1529 й.ларда Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистонда содир бўлган тарихий-сиёсий воқеалар йилма-йил ўта аниқлик б-н баён қилинган бўлиб, улар муаллиф ҳаёти ва сиёсий фаолияти б-н бевосита боғлиқдир.
«Бобурнома» ўзида баён қилинган воқеалар жараёнига кўра 3 қисмга: Бобурнинг Мовароуннаҳр (1494—1504), Афғонистон (1504—24) ва Ҳиндистон (1524— 30)даги ҳукмдорлик даврига бўлинади. Биринчи қисмда Бобурнинг отаси — темурийларнинг Фарғона улуси ҳокими Умаршайх Мирзо (1461—94) хусусида ҳамда Бобурнинг Фарғона тахтига ўлтириши (1494 й. июнь), аммо Темурийлар давлатида авж олган тахт учун кураш оқибатида ўз улусидан маҳрум бўлиши (15-а. 90-й.лари), Самарқанд учун Шайбонийхонга қарши олиб борган жангу жадаллари (1497— 1501)нинг беҳуда кетиши, ва ниҳоят, тожу тахтдан бутунлай ажраб, Ҳисор тоғлари орқали тахм. 250 навкар б-н Афғонистонга юз тутиши (1504) ҳақидаги воқеалар батафсил зикр қилинган. Иккинчи қисмда Бобурнинг Кобулни забт этгани, сўнг у ерда мустақил давлат тузгани (1508), Эрон шоҳи Исмоил Сафавийнинг ҳарбий ёрдами б-н Самарқандни яна ишғол қилгани (1511), лекин шайбонийлар (Убайдулла Султон, Муҳаммад Темур Султон ва Жонибек Султон)дан енгилиб (1512), Кобулга қайтгани, кейин эса Ҳиндистонни забт этишга ҳозирлик кўра бошлагани хусусидаги воқеалар баён этилган. Учинчи қисм эса Бобурнинг Дели султони Иброҳим Лўдийни мағлуб этиб, Шим. Ҳиндистонни босиб олгани (1526) ва Бобурийлар давлатини барпо қилгани ҳақидаги маълумотлардан иборат.
«Бобурнома»да келтирилган барча маълумотлар, хусусан Фарғона, Тошкент, Самарканд, Ҳисор, Чағониён ва Шим. Афғонистоннинг 15-а. 80—90-й.лари ва 16-а. 1-чорагидаги сиёсий аҳволига доир хабарлар ўзининг батафсиллиги б-н шу хусусдаги бошқа адабиётлардан тубдан фарқ қилади. Шунингдек, асар муаллифнинг муайян тарихий воқеа ҳақида ҳамда ўзаро душманлик қилган темурийлар — Умаршайх, Султон Аҳмад, Султон Маҳмуд, Бойсунғур Мирзо, Султон Ҳусайн ва б.нинг хулқ-атвори, табиати хусусида билдирган фикр-мулоҳазалари б-н ҳам аҳамиятлидир. Асарда, ижтимоий-табиий фанлар, тарих, фалсафа, фиқҳ, дин таълимоти, тилшунослик, жуғрофия, табиатшунослик, маъданшунослик, деҳқончилик, боғдорчилик ва б.га оид аниқ ва ҳанузгача ўз тарихий ва илмий аҳамиятини йўқотмаган маълумотлар, илмий асосланган хулосалар келтирилган. Асарда бевосита Бобурнинг ўзи лашкарбоши сифатида қатнашган бир неча катта-кичик жанг манзаралари маҳорат б-н берилган. Ўша даврдаги қўшин тузилиши, уруш олиб бориш, жанг усуллари, қамал ҳолатлари, қурол-яроғ турлари, қурғонбузар қурилмалар б-н бир қаторда асарда кўплаб ҳарбий-маъмурий истилохлар (туман, улус, кўкалтош, эшикоға, ахтачи, тархон, шиғовул, шарбатчи (шарбатдор), мубашшир, туғчи, мирохур, рикобдор, доруға, мурчил, манжаниқ, ўрон ва б.) ҳам учрайди. Шунингдек, «Бобурнома»да темурийлар қўшинининг тузилиши, ҳарбий санъати ва б. ҳақида ҳам ноёб маълумотлар бор. Бундан ташқари, Мовароуннаҳр, Афғонистон, Хуросон ва Ҳиндистон ўтмиши ва замонавий ҳолати, халқлари, қабилалари, уларнинг тили, маданияти, касб-ҳунари, урф-одатлари, расм-русумлари, анъанавий тадбир-маросимлари, шунингдек ўша давр жамиятига хос ижтимоий табақаларга тегишли маълумотлар баён этилади. Айниқса Фарғона, Андижон, Самарқанд, Кобул, Ҳирот, Агра каби йирик шаҳар-вилоятларнинг жуғрофий-маъмурий тузилиши, маданий ҳаёти, туманлари, аҳолиси, қ.х., дарё ва сув ҳавзалари, чўл-адирлари, тоғ-саҳролари, боғу роғлари, табиати, иқлими, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси, табиий бойликлари ҳақида муфассал маълумотлар берилади. Хусусан 15—16-а.ларда Туркистон вилоятида яшаган қора қўйлук (қўюнлук) қабиласининг ҳамда Мовароуннаҳрдаги турк-мўғул қабилаларининг урф-одатлари, ҳарбий маҳоратлари ҳақидаги маълумотлар, айниқса илмий жиҳатдан ғоятда қимматли бўлиб, улар ўзбек, қозоқ, қирғиз ва б. туркийзабон халқлар этник тарихини ўрганувчилар учун муҳим аҳамиятга эгадир. «Бобурнома»да Фарғона, Самарқанд ш.лари ва шу номдаги вилоятлар, Оҳангарон водийси, Ўратепа ва унинг атрофи, Масчо,Ҳисор, Чағониён, Бадахшон, Кобул вилояти ва б. жойлар географик жиҳатдан ғоятда қизиқарли тавсиф қилинган бўлиб, муаллиф ўзи юрган йўллар, ўзи бўлган шаҳар ва қишлоқларни ғоят даражада аниқ тасвирлаган.
«Б.»да Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Шайхим Суҳайлий, Ҳусайн Али Туфайлий, Осафий, Биноий, Сайфий Бухорий, Оҳий, Муҳаммад Солиҳ каби ўнлаб ижодкорлар, Хожа Абдулло Марварий, Қул Муҳаммад Удий, Шайх Нойий, Юсуф Али, Мулло Ёрак, Шоҳқули Ғижжакий, Ҳусайн Удий, Беҳзод, Шоҳ Музаффар каби кўплаб санъаткорлар тавсиф этилиб, уларнинг ижодий фаолиятларига холис баҳо берилади. Жумладан, Алишер Навоий ҳақида шундай дейилади: «Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтибтурлар,— ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас».
«Б.» 15-а. узбек бадиий насрининг ёрқин намунаси сифатида соф бадиий лавҳалар, жонли тасвирлар, анъанавий лирик чекинишларга бой. Насрий матн ичида келтирилган халқ мақол-маталлари, иборалари, ибратли ўгитлар, шеърий парчалар унинг бадиийлигини янада оширади, ўзига хос жозиба бағишлайди.
«Б.» 16-а.дан бошлаб ҳоз.гача дунёнинг кўп тиллари — инглиз, голланд, француз, форс, немис, итальян, рус, ҳинд, урду,япон,азарбайжон ва б. тилларига бир неча марталаб таржима қилинди, шарҳ-изоҳлар б-н нашр этилди. Англия, Америка, Франция, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Туркия, Япония каби ўнлаб мамлакат олимларининг илмий тадкиқотларида «Б.»нинг инсоният яратган ўлмас обидалар қаторида алоҳида ўринда туриши таъкидланади. «Б.»нингжаҳонга машҳур бўлишида, асосан инглиз шарқшуносларининг хизмати катта бўлди. Европадагина эмас, балки жаҳонда биринчи тўлиқ нашрини (инглиз тилида) 1826 й.да Ж. Лейден ва В. Эрскин амалга оширди. Ф. Талбот эса мазкур нашр асосида 2 марта (1878, 1909) унинг қисқартирилган нашрларини чоп эттирди. 1921 й.да инглиз шарқшуноси А. Бевериж «Б.»ни мустақил суратда асл нусхадан қайта таржима қилди. Биргина Англиянинг ўзида «Б.» таржималари 9 марта нашр этилди. ,
Кейинги йилларда «Б.»нинг проф. В. Такстон томонидан АҚШда (Кембриж ш., Гарвард ун-ти, 1993) ҳамда икки жилд ҳажмда, мукаммал сўзлик, кўрсаткич ва шарҳ-изоҳлар б-н Японияда (Киото, 1995—96) илмий-танқидий матни нашр этилди.
Маълумки, «Б.» қўлёзмалари матнида баъзи йиллар (1504—05, 1509—18, 1520—24) тафсилоти учрамайди, 1508 ва 1520 й. воқеалари баёни тугал эмас. Мана шу узилиш бўлган ўринларни инглиз шарқшунослари бошқа тарихий манбалар асосида маълум даражада тиклаганлар. «Б.» форсчага (1586), ундан парчалар Витсен томонидан голланд тилига (1705), А. Кейзер томонидан қисқартирилган ҳолда немис тилига (1828), Паве де Куртейл томонидан тўла ҳолда француз тилига (1871) таржима қилинган. «Б.»ни таржима қилиш ва тадқиқ этишда, шунингдек Афғонистон (Абдулхай абибий), По-кистон (Рашид Ахтар Надвий, Шоҳ Олам Мавлиёт), Ҳиндистон (Мирзо Насриддин Ҳайдар, Муҳиббул Ҳасан Ризвий), Туркия (Р . Р. Арат ва Н. И. Баюр) каби мамлакатлар олимларининг хизмати ҳам катта. Рус шарқшунослари (Н. И. Пантусов, С. И. Поляков, В. Вяткин) ҳам «Б.» дан парчаларни таржима қилганлар. Н. И. Ильминский «Б.»ни Қозонда нашр эттирди (1857).
«Б.»ни ҳамда Бобурнинг шеърий меросини ўрганишда ўзбекистонлик олимлар ҳам салмоқли ҳисса қўшдилар. Проф. Фитрат томонидан тузилган «Ўзбек адабиёти намуналари» хрестоматиясида «Б.»дан парчалар, Бобурнинг 31 ғазали, 2 маснавий ва 28 рубоийси берилган. М. Салье «Б.»ни рус тилига тўла таржима қилиб, 3 марта (1958, 1982, 1993) нашр эттирди (С. Азимжонованинг кириш сўзи ва таҳрири остида). П. Шамсиев ва С. Мирзаевлар томонидан «Б.»нинг икки жилд-ли (1948) ва бир жилдли (1960) нашри чоп этилди. 1956—66 й.ларда Бобурнинг уч жилдли танланган асарлари чоп этилиб, унга Бобурнинг шеърий девони (1-жилд) ва «Б.» (2—3-жилдлар) кирган. Бобур ва унинг илмий меросини ўрганишга С. Азимжонова катта улуш қўшган. «Б.»нинг М. Салье томонидан қилинган таржималари унинг батафсил сўз бошиси ва таҳрири остида нашр этилган.
Zahiriddin Muhammad Bobur. Boburnoma (1960 — Akademik nashr) by Khurshid Davron on Scribd
Porso Shamsiyev. Abdurahmon Jomiy Va Alisher Navoiy by Khurshid Davron on Scribd