Nafisa Mo’minova o’zbek qiz-ayollari orasida tarixda birinchi bo’lib “xalqaro grossmeystr” unvoniga erishdi.

678
Саҳифамизда ушбу мақоланинг пайдо бўлишига ҳам фахру қувонч туйганим,ҳам унда фақат шахмат ҳақида эмас,адабиёт ҳақида ҳам сўз юритилгани сабаб бўлди. Биз Нафиса Мўминовани ўзбек қиз-аёллари орасида  тарихда биринчи бўлиб бундай юксак унвонга эришгани билан чин юракдан қутлайман. Фахр билан айтишим керак:  туркий миллат тарихида ҳам. Кимдир «Татаристонлик Алиса Михайловна Галлямова-чи?» дейиши мумкин. Аммо,Алиса Галлямова  рус-татар оиласида дунёга келганлигини унутмаслик керак.< Нафисани етук шахс этиб тарбиялаган, унга адабиёт билан шахматга бўлган муҳаббатни  сингдирган  отаси — Алишер Мўминовга «Қуллуқ бўлсин!» дейман. Бундай юксак  мақомга жуда узоқ давом этган машаққатли меҳнат, катта сабр ва матонат туфайли эришилади. Айни шу сабабдан ҳам бу ғалаба фақат Нафиса ва отаси учун эмас, ўзбек миллати учун ҳам қимматлидир.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

090

Муҳаммаджон Обидов
НАФИСА МЎМИНОВА —  ЎЗБЕК ҚИЗ-АЁЛЛАРИ ОРАСИДА БИРИНЧИ ХАЛҚАРО ГРОССМЕЙСТЕР

Мутахассис ва тарихчиларнинг қайд этишларича илк бор шахмат бундан бир ярим минг йил аввал Чин (Хитой)да пайдо бўлган. У йиллар сайин такомиллашиб борган ва XV асрга келиб хозирги шахмат қонун-қоидалари қабул қилинган.
1886 йилда илк бор эркаклар ўртасида шахмат бўйича жаҳон биринчилиги ташкил этилган. Аёллар жаҳон чемпионати эса 1927 йилдан буён ўтказиб келинади.
Бугунгача ўн нафар ўзбек шахмат мактабида етишиб чиққан спортчиларга ФИДЕ халқаро гроссмейстр унвонини берди. Куни кеча 9 ёшли Нодирбек Абдусатторов Словениянинг Марибор шаҳрида шохмот бўйича 10 ёшгача болалар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада ғолиб чиқиб жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

2013 йил бахори арафасида Жаҳон халқаро шахмат ферерацияси яна бир ўзбек шахматчиси Нафиса Мўминовага “халқаро гроссмейстр” унвони берилганини эълон қилди. Нафиса ўзбек қиз-аёллари орасида тарихда биринчи бўлиб бундай юксак унвонга эришди. Биз Нафиса Мўминова билан у туғилиб ўсган Фарғонада учрашиб суҳбатлашдик.

Image

Расмий маълумотдан:

Нафиса Мўминова 1990 йилда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги Қумбосди қишлоғида туғилган. Дастлаб шу ердаги 45-мактабнинг 9-синфини кейин маиший-хизмат касб-ҳунар коллежини тугатган. Ҳозир Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтининг спорт психологияси бўйича 3-босқич талабаси.

Нафиса тўрт ёшлигидан спортга меҳр қўйиб, шахмат ўйнашни қунт билан ўрганди. 2002 йилда ўн икки ёшгача қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлди. 2007 йилда минтақавий саралаш мусобақасида биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Дунёнинг энг кучли 64 шахматчиси дона сурадиган ушбу турнирда қатнашиш учун Марказий Осиё минтақасига ажратилган ягона йўлланмани қўлга киритди ва ўзбек хотин-қизларидан катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган биринчи спортчи бўлди.

Олти йилдан буён Ўзбекистон терма жамоаси сафида халқаро мусобақаларда иштирок этиб келаётган Нафиса 2008 йилда 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Кўплаб халқаро турнирларда хотин-қизлар ўртасида биринчи ўринни эгаллади. 2010 йилда йигирма ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кучли тўртликдан жой олди. Хитойнинг Гуанчжо шаҳрида ўтган ёзги Осиё ўйинларининг жамоавий баҳсларида терма жамоадаги дугоналари-Олга Собирова, Юлдуз Ҳамрақулова, Нодира Нодиржонова билан бирга кумуш медални қўлга киритди. 2011 йили I Марказий Осиё кубоги ва 2012 йил Тошкентда ўтказилган “Тошкент опен” халқаро шохмот турнирида хотин-қизлар ўртасида ғолиб бўлди.

— Шахмат ўйнашни жуда ёш ўрганган экансиз.

— Ҳа, бунга дадам Алишер Мўминов сабабчи. Мен оиламизда тўнғич фарзандман. Дадам эса гарчи расмий мусобақаларда иштирок этмаган бўлсаларда, жуда кучли шохмотчи ва шохмот назариётчиси. Уч ёшимда шохмот доналарини, юриш қоидаларини ўргатганлар. Тўрт ёшимда эса дадам билан шохмот ўйнардик.

Мендан кейин икки синглим Хулкар ва Гулруҳбегим дунёга келган. Тез орада улар ҳам “сафимиз”га қўшилдилар, биз уйда оилавий турнирлар ўтказар эдик.

— Биринчи бор қачон расмий мусобақаларда иштирок этгансиз?

— Дастлаб дадам мени Қўқондаги шохмот мактабига етаклаб бордилар. У ерда мураббий Анвар Алиевдан сабоқ олдим. Тинмай машқ қилардим. Устозларим ишонч билдиришиб мени Тошкентга юборишди. “Синов”дан ўтдим шекилли, 1999 йилда, тўққиз ёшимда Азмиддин Хўжаев халқаро хотира турнири қатнашчилари сафига қўшилдим. Ўшанда биринчи бор шохсупага кўтарилдим. Мен учинчи ўринни олган эдим. Балки ўша мусобақа менинг тақдиримни буткул шохмот билан боғлаган бўлса керак.

— Нега бундай деяпсиз?

— (кулади) Ахир мен 9 ёшимда фақат шахматчи эмасдимда. Мусиқа билан, аниқроғи пианино билан қаттиқ шуғулланардим. Куй сехри қалбимни эгаллаб олганди. Пианино клавишларини босганимда тараладиган оханглар мени бошқа оламга олиб кирар эди. Умуман хаётим санъат билан боғлиқ кечган. Кейинроқ рақсга қизиқиб кетдим. Қўл ва оёқлар харакати, юз ифодаси билан оламни янада гўзалроқ қилиши мумкинлиги менга хузур бахш этарди. Хатто машҳур раққоса Малика Ахмедовадан сабоқ олганман. Шунинг учун ҳам мен улардан бирини танлашим, хаётимни уларнинг бирига бағишлашим керак эди. Чунки инсон қайси касб ёки сохани танламасин мукаммалликка эришиши керак. Мен ўшанда шахматни танладим.

— Кейин эса кетма-кет ғалабалар, шохсупалар…

— Йўқ-йўқ. Булар ўз-ўзидан бўлаверадиган воқеликлар эмас. Тинимсиз изланиш, меҳнат ва меҳант. Мен масъулият деган тушунчани англашга харакат қилдим. Биз (у дадаси Алишер Мўминовни назарда тутаяпти-таъкид бизники) кеча-кундуз шахмат тарихидаги мураккаб дебютлар устида бош қотирар эдик. Биргина пиёданинг биринчи юриши ортидан ғоялар чексизлиги келиб чиқар эди. Хозир ҳам шундай. Мураббийим Антон Филиппов билан машғулот тахтасида ўтириб вақт қандай ўтганини билмай қоламиз.

— Дарвоқе, кун тартибингиз қандай?

— Хар куни соат 12 дан 18 гача шахмат машғулоти. Соат 19 дан 20 гача аэробика билан шуғулланаман. Кечқурин албатта китоб ўқийман.

— Ва нималарни?

— Хозирги кунда япон адабиётга қизиқишим кучайди. Исикава Такубоку асарларидаги фалсафий қарашларни мулоҳаза қилиб англашга харакат қиляпман. Яна Габриэл Гарсия Маркес ижоди мени ром этган.

— Ўзбек ёзувчиларининг қайси асарлари сизга ёқади?

— Усмон Азим шеъриятидаги ўзига хослик, дадиллик ва жасорат менинг рухимга хамонхангдек туюлади. (Яна кулади. Бир оз сукут сақлагач) Биласизми, аслида дадам шохмотчигина эмас, ажойиб шоир ҳамдир. Дадам ёзган шеърларни биринчи бўлиб мен ўқийман. Ватан ва соғинч мавзусидаги шеърлари бир ўқишда менга ёд бўлади.

— Кун тартибига қайтсак

— Ҳа, дарвоқе. Хафтада бир кун, хар пайшанба албатта театрга бораман. Биласизми, театр саҳнасида атрофимдаги одамларни учратаман. Баъзида ўзимни топаман. Сахна воқеликларига берилиб кетиб, шу ҳолатда мен қандай йўл тутар эдим, деган саволга жавоб ахтараман. Умуман, театр ўзликни англаш имкониятларидан биридир.

— Дугоналарингиз ҳақида ҳам гапирсангиз.

— Энг яқин дугоналарим — сингилларим Хулкар ва Гулрухбегим. Бирин-кетин дунёга келганимиз учунми, болаликдан бирга шохмот ўйнаб катта бўлганимиз учунми, биз сирдош, энг яқин инсонлармиз. Албатта, мактабдош, курсдошларим орасида ҳам дугоналарим бор. Аммо қатъий кун тартиби туфайли истасамда, улар билан кўп бирга бўлолмайман.

Image

Расмий маълумотдан:

Нафисанинг сингиллари- Ҳулкар ва Гулрухбегим Тохиржоновалар ҳам опаси изидан бориб шохмотни танлаган. ФИДЕ устаси Хулкар Тохиржонова қатор турнирлар ғолиби ва совриндори бўлса, Гулрухбегим 2011 йилда Бразилияда ўтган 12 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллаган.

— Сиз қайси аёл шахматчиларга хавас қилгансиз?

— Нона Гаприндашвили, Мая Чибурданидзелар нафақат узоқ йиллар шахмат тожини эгаллагани билан, балки чин инсоний фазилатлари билан ҳам тарихда қолганлар, деб ўйлайман. Ўзим Болгариялик жаҳон чемпиони Антанетто Стефанова ва аслида хитойлик, лекин Қатар номидан ўйнайдиган яна бир жаҳон чемпиони Жу Чен билан шахсан танишман.

— Улар билан бахслашгандингиз чоғи?

— Ха Олимпиада саралаш мусабақаси ва Осиё ўйнларида бир тахтада дона сурдик.

— Кейин…

— Мен хар иккисини ҳам мағлуб қилганман.

— 2013 йил режалари қандай?

— Шу йил апрел ойида Георгий Аъзамов хотира халқаро турнирида қатнашаман. 2 май куни Швецария пойтахти Женевада дунёнинг энг кучли 18 аёл шахматчилари ўртасида икки йил давом этадиган 6 босқичли Гран при мусобақаси бошланади. Бутун фикру-хаёлим шу турнирга қаратилган. Чунки унинг ғолиби аёллар орасида ҳозирги жаҳон чемпиони украиналик Анна Ушенина билан шахмат тожи учун курашиш хуқуқини қўлга киритади. Биз тинимсиз тайёргарлик кўряпмиз.

— Биз деганингизда кимларни назарда тутасиз?

— Мураббий Антон Филиппов, дадам ва мен.

— Бошқа иштирокчилар жамоаси ҳам шу каби ихчамми?

— Билишимча уларда спорт психологи, шахмат назариётчи маслаҳатчиси ва яна бошқа хизмат вакиллари бўлади.

— Ўзбекистонда шахматчига эътибор ва яратилган шароит борасида муаммолар ҳам борми?

— Муаммо эмас, балки вазифалар десак тўғри бўлар.

Биринчидан, шахматга профессионал спорт, шахматчига эса профессионал спортчи сифатида қаралмоғи, шундай мақом берилмоғи лозим.

Иккинчидан, ўзбек оилаларида қизларни жуда эрта турмушга чиқарадилар. Келинга қатор-қатор сеп йиғадилар. Менимча уларни дастлаб мустақил хаётга тайёрлаш керак. Спорт, санъат билан дўст қилиш керак уларни. Айниқса, ота-оналарга шахмат ўйнашни ўргатишни тавсия қилган бўлардим. Чунки шахмат – бу мантиқ илми. У хар қандай чигал шароитда ҳам ғалабага йўл топишни ўргатади.

Учинчидан, афсуски жойларда шахмат мактаблари кам. Айниқса, шахмат мураббийлари етишмайди.

— Яна шахсий хаётингизга қайтсак. Шахматдан ташқари бошқа спорт турлари билан хам шуғулланасизми?

— Стол теннисини ёқтираман.

— Оилада уй юмушларига кўмаклашиб турасизми?

— Албатта. Аям Қаноатхон мохир чеварлар. Улардан ўрганиб кўйлаклар тикаман. Пишириқ тайёрлашни яхши кўраман. Бўш вақт қолганида ошхонадан чиқмайман. Дадам хар доим қўлинг ширин деб мақтайдилар.

— Сингилларингиз ҳам ўз ёшларига кўра мамлакат терма жамоаси аъзоси. Улар билан рақиб бўлганмисиз?

— Расмий турнирларда йўқ. Лекин уйда доим бахслашамиз.

— Шахматда келишув ўйини бўлиши мумкинми? Сингилларингиздан бири Гулруҳбегим эркаклар ўртасида жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд Тошкентга келганида у билан дона суриб ғолиб чиққанди.

— Йўқ, шахматда хеч қачон келишув ўйини бўлиши мумкин эмас. Гулруҳ ҳалол ғалаба қозонган.

— Охирги савол, сизга халқаро гроссмейстр унвони берилганидан, қачон, қаерда хабар топдингиз?

— Сингапурга шахматдан ёшларга сабоқ бергани боргандим. Кўчада кетаётганимда синглим Хулкардан SMS келди. “опа, табриклайман, гроссмейстр унвони берилди сизга, урра!” деб ёзилганди. Албатта қувондим.

Image»

Хотима

Нафиса Мўминова ғоят камтар, босиқ, мулоҳазали, хар бир сўзни ўйлаб гапиради. Шахмат унинг бутун борлиғи бўлиб, шахмат тожига эришиш энг эзгу нияти экани, бунинг йўлида тинимсиз меҳнат қилаётгани шундоққина кўриниб турсада, бу ҳақда у аввалдан айтмади. Нафиса реалист шахматчи. Кунлар келар, биз ҳам омон бўлсак сиз азиз муштарийга энди жаҳон чемпиони мақомидаги Нафиса Мўминова суҳбатини ҳавола этармиз. Ўша дамлар ҳаммамизга насиб этсин.

Манбаъ: BBC Uzbek xizmati

(Tashriflar: umumiy 330, bugungi 1)

2 izoh

  1. O’zbekistonda Shaxmat va shashka rivojlanmoq Ozbekistonimizi sharafini yanayam himoya kilmoqda yurtimiz kelajagida o’zidan o’z sportchilar yanayam ko’paymoqda

Izoh qoldiring