Тонг отгач, тунни кутма, яхши-ёмон ўтган кечаги кунни эмас, ҳали келиб улгурмаган эртани ҳам эмас, яшаётган бугунингни ўйла.
Қуёши чарақлаган бу кун сенинг кунингдир, бир кунлик умр… Гўё бу кунда туғилиб, шу кунда ўладигандек, бугунги ҳаётингни бугунга бағишла. Шундагина сенинг ҳаётинг ўтмиш ғам-ташвишларига, келажакнинг хатарнок шарпаларига тўқнаш келмайди.
Оиз Қараний
ЎКСИНМА
Оиз Қаранийнинг «Ўксинма» (Ла таҳзан) китобида гўзал насиҳатлар, ибратли ўгитлар жамланган. Улар ҳар бир мусулмонга, айниқса, бирор қийинчилик туфайли оғир вазиятда қолганларга жуда асқотади. Шу боис китобнинг айрим бобларидан парчалар чоп этишни маъқул кўрдик.
Шамол эсиб, тўлқинлар қутуриб, денгиз талвасага тушганида, кема аҳли нидо қилишар: “Ё Аллоҳ!”
Саҳродаги ёлғиз одам адашса, отлиқ йўлдан оғса, карвон ора йўлда қолса, нидо қилишар: “Ё Раб!”
Агар сизга кенг ер торлик қилиб, юрагингиз юкни кўтара олмай сиқилса, ҳайқиринг: “Эй Яратган Эгам!”
Унинг исми билан тиллар айланиб, ёрдам сўраб, ҳамд ўқиб, нидо қилур. Унинг зикри билан юраклар хотиржам, руҳлар оромда, туйғулар сокин, асаблар тинч, ақл жойида, эътиқод мустаҳкамдир. “Аллоҳ бандаларига Меҳрибондир” (Шўро, 19).
«АЛЛОҲ». Энг чиройли исм. “Унинг учун бирон “тенг”ни билурмисиз?! (Йўқ, билмассиз!)” (Марям, 65 ).
Бойлик ва Боқийлик, қувват ва нусрат, куч-қудрат ва ҳикмат Унингдир. “Бу Кунда подшоҳлик кимникидир? Яккаю ягона ва ғолиб Зот — Аллоҳникидир!” (Ғофир, 16).
Лутфу иноят, ёрдам ва мадад Ундандир. “Сизларга берилган барча ноз-неъматлар Ёлғиз Аллоҳдандир” (Наҳл, 53).
Аллоҳим, Ўзинг бизларга азоб ўрнига тасалли, қайғу мукофотига шодлик, хавф пайтида тинчлик бер!
Парвардигор, Ўзинг бедор кўзларга ором уйқусини, безовта нафсларга осудаликни бер!
Парвардигор, бу ҳайрон кўзларни Ўз Нурингга, йўлдан оғганни Тўғри Йўлингга ва у Йўлингдан бўйин товлаганларни Ўз ҳидоятингга йўлла!
Аллоҳим, Ўзинг барча ташвишларни чинакам тонг нури билан йироқлаштир, ғирром виждонни ҳақиқат қўшини билан узоқлаштир ҳамда шайтон найрангларини Ўз аскарларинг Кўмаги билан қайтар!
Аллоҳим, Ўзинг бизлардан ғам-андуҳларни кетказ, нафсларимиздан безовталикни олиб ташла!
Барча хавфлардан паноҳни Сендангина топамиз. Ишонч ва таваккул, дуо ва илтижо фақат Сенгадир. Бизнинг Хожамиз Сенсан. “У Зот нақадар яхши Хожа ва нақадар яхши Мададкордир”.
Сен бахтли бўл
Имон ва солиҳ амал осуда ҳаётинг тилсимидир, сен унга талпин. Илм-маърифатни изла ва таълим ол. Чунки билим ғамни кетказади. Тавба қил, гуноҳлардан воз кеч, чунки гуноҳлар ҳаётингни барбод қилади. Қуръон ўқи, мулоҳаза юрит, Аллоҳни доим эсла. Одамларга эҳсон қилишдан толиқма, қалбинг шод бўлади.
Жасоратли бўл, журъатсиз, қўрқоқ бўлмагин, чунки жасорат қалб оромидир.
Қалбингни ҳасад, адоват ғилли-ғаш ҳамда барча иллатлардан пок тут. Ортиқча назар, сўз, эшитиш, уриниш, емак ва уйқуни тарк эт.
Фойдали иш билан банд бўл, ғам-қайғуларни унутасан.
Чирой, ризқи рўз ва саломатчиликда ўзингдан қуйидаги кимсага назар сол. Ёмон эҳтимолларга тайёр тур, бошга тушганида у билан муомала қилишни ўрган.
Зеҳн-заковатингни зулмат ортидаги бузуқ фикр-хаёллар оғушига ташлаб қўйма. Ғазабланма, сабр қил, ҳалим бўл, кечир… Умр қисқадир.
Неъмат тугаб, қачон интиқом вақти киришини кутма, Аллоҳга таваккул қил. Муаммоларни катталаштирма.
Ўзингни фитна ва иғво ботқоғидан олиб қоч.
Ҳаётни соддалаштир, ҳашаматни тарк эт, чунки ортиқча айш — бандилик, ўта танпарварлик эса руҳ азобидир.
Сен ҳақингда айтилган ёмон сўзларни ўйлама, уларнинг сенга зиёни йўқ, айтгувчининг ўзига зиён.
Онгли бўл, неъмат, фазилат ва нажот ҳақида фикр юрит.
Яхшиликни фақат Аллоҳ учун қил.
Бугунги ишни эртага қолдирма. Фойдали илм ўрган, фойдали ишни қил, ғам-қайғуларни унутасан.
Аллоҳнинг неъматлари ҳақида тафаккур қил, у ҳақида сўзла, Аллоҳга шукр қил. Аллоҳ сенга берган соғлик, мол-давлат, оила ва иш-амал билан қаноатлан. Яқин билан ҳам, узоқ билан ҳам яхши муомалада бўл.
Айб-нуқсонлардан кўз юм.
Бадантарбия билан шуғуллан, сайр қил, саломатлигинг ҳақида ўйла, чунки соғлом танда соғлом ақл бўлади.
Аллоҳ таолодан доимо афв-мағфират, яхши кайфият ва соғлик-омонлик сўраб дуо қил.
Бугун сен бахтлисан
Имон ғам-қайғуларни кетказади, у мўминларнинг тасаллисидир. Қазойи қадарга, тақсимланган ризқу рўзга рози бўл. Хавотирни тарк қил.
Огоҳ бўлгин, Аллоҳни эслаш билан қалблар ором олиб, гуноҳлар камаяди, ғайбларни билгувчи Зот рози бўлса, ғам-қайғулар чекинади. Қалбингни ҳасад-адоватдан пок тут, қалбингдан нафрат, жирканишни чиқариб ташла.
Ўзингни яхши одамларга яқин тут, ўз уйингдаги ишларга машғул бўл.
Китоб энг яхши дўстдир, китоблар билан ҳамсуҳбат бўл, илмни дўст тут, маърифатга ҳамроҳ бўл.
Бутун коинот тартиб-интизомдан иборат, уй-жой, кийим-кечак, ўз юмушингда тартибга риоя қил.
Тарихни ўқи, унинг ажойибот, ғаройиботлари ҳақида фикр юрит, улардан ўзинг учун фойда ол.
Парвардигорнинг мағфират дарёси кенг эканини, бандаларини кечириб, тавбаларини қабул этишини ҳамда ёмонликларни яхшиликларга ўзгартиришини ёдда тут.
Парвадигорингга у берган дин, ақл-идрок, куч-қудрат, кўз-қулоқ, ризқу рўз ҳамда фарзанд неъматлари учун шукр қил.
Қуръонни ёд ол, ўқи, тингла, уни фикр қил. Чунки Қуръон ғам-қайғуларнинг энг яхши давосидир. Аллоҳ таолога таваккул қил, ишларни Унга топшир, Унинг ҳукмига рози бўл. У Зот Ўзи сенга кифоя қилур.
Сенга зулм қилганни кечир, алоқа узган билан алоқа ўрнат, эҳсон қил, золимларга ҳалим бўл, шунда осуда ҳаёт кечирасан.
“Куч-қудрат Ёлғиз Аллоҳга хосдир” сўзини такрорлаб юр, бу сўзлар билан аҳвол ўнгланади, юклар енгиллаб, Аллоҳ таоло рози бўлади.
Келажакка ишонч билан қара, умидсиз бўлма.
Сен Аллоҳ таолонинг ихтиёрида эканингдан хурсанд бўл, чунки ғам-алам ёки шод-хуррамликнинг қайси бири сенга фойда эканини билмайсан.
Бало-офат сени Аллоҳ таолога яқин қилади. Дуони ўргатади, сендан кибр, манманлик ва фахр туйғуларини кетказади.
Гумон-шубҳалардан, бузуқ фикр-хаёллардан узоқ бўл. Дунё ғам-андуҳ, ташвиш ва хавотир ҳовлисидир. Аллоҳ таоло сенга етган ғам-андуҳ, очлик, фақирлик, касаллик, мусибатларнинг барчаси учун ажр-мукофот беради.
Мусибат кўзларни очиб, қалбни уйғотади, нафсни тияди, қулликни эслатиб, савобини оширади. Фалокатни кутма, миш-мишларга ишонма, уйдирмаларга таслим бўлма.
Кун бугундир
Тонг отгач, тунни кутма, яхши-ёмон ўтган кечаги кунни эмас, ҳали келиб улгурмаган эртани ҳам эмас, яшаётган бугунингни ўйла.
Қуёши чарақлаган бу кун сенинг кунингдир, бир кунлик умр… Гўё бу кунда туғилиб, шу кунда ўладигандек, бугунги ҳаётингни бугунга бағишла. Шундагина сенинг ҳаётинг ўтмиш ғам-ташвишларига, келажакнинг хатарнок шарпаларига тўқнаш келмайди.
Барча ижоду меҳнатларни бугунинг учун сарфла. Бу кунда хушуь билан ибодат қил, тадаббур билан тиловат қил, бугунинг ҳақида мушоҳада юрит, чиройли хулқли бўл, қазойи қадарга рози бўл, ўзгаларга фойда етказ.
Бу кунда соат ва дақиқаларни йилларга, сонияларни ойларга айлантир, бу кунда яхшиликни экиб, гўзаллик ҳосилини йиғиб ол, гуноҳларингнинг кечирилишини сўра, Тангрингни эсла, охират тайёргарлигини кўр; бу кунни хурсандчилик билан ўтказ, ризқи рўзингга, Аллоҳ таоло сенга берган неъматларга рози бўл. “Бас, сенга ато этган нарсамни олгин ва шукр қилувчилардан бўлгин!” (Аьроф, 144). Бу кунни қайғу-ҳасратсиз, гина-ҳасадсиз ўтказ.
Ушбу сўзларни қалбинг ойнасига ёзиб қўй: кун бугунингдир.
Агар сен шу айтилганларни жиддий, қатъий ирода билан тасдиқласанг, нафсингни “мен фақат бу кун яшайман” фикрига бўйсундира оласан ва шунда бу кунингнинг ҳар бир лаҳзасидан ўз борлиғингни бино қилишга, иқтидорингни оширишга фойдаланасан ва:
“Бу кунда сўзимни ўнглайман, ёмон, фаҳш сўзларни сўзламайман, ғийбат қилмайман, бу кун ўз уйимни тартибга келтираман, бу кун жисмим тозалигига, юриш-туришимга эътибор бераман…” дейсан;
«Бу кунда қалбимга фазилат уруғини экаман, униб ўсгач, ундан кибр-ҳаво, ҳасад, риё, ёмон гумон каби иллатларни юлиб ташлайман», дейсан;
«Бу кунда бошқаларга манфаат етказиш умидида бўламан, ўзгаларга яхшилик қиламан, касал ҳолидан хабар оламан, муҳтож, мазлумларга ёрдам бераман, олимни сийлайман, кичикни иззат, каттани ҳурмат қиламан», дейсан;
«Ўтган нарса ўтиб кетди, қуёш каби ботди, ўтмиш, энди сен учун кўзёш тўкиб қайғураётганимни кўрмайсан, чунки сен бизни тарк этдинг, бизлардан узоқлашдинг ва абадул абад қайтиб келмайсан», дейсан;
«Эй келажак, сен ғайб оламидасан, шундай экан, мен ҳавойи орзулар билан ҳамкорлик қилмасман ва ҳаётдаги бугунимни хаёлдаги эртага алишмайман, нафсимни тасаввурга сотмайман, келажак учун шошилмайман, чунки эртанги кун ҳали йўқдир, ҳали яратилмаган, ҳали тилга олгулик бир нарса эмасдир», дейсан.
Ҳа, кун букундир. Бу сўз ҳаётни гўзал суратда кўришни истаган инсон учун саодат луғатида энг гўзал сўздир.
Келажак келгунга қадар уни ўз ҳолига қуй
“Аллоҳнинг фармони (яъни, қиёмат) келиб қолди. Бас, сизлар уни шошилтирмай қуяқолинглар” (Наҳл, 1).
Воқеа-ҳодисаларга шошилма, ахир ҳомила ой-куни етмай дунёга келишини, мевалар пишмай терилишини истайсанми? Ҳали-ҳозир эрта йўқдир, унинг на бир таъми ва на бир ранги бор, шундай экан, нега бизлар нафсларимизни у билан машғул қиламиз, унинг мусибатларидан хавфсираймиз, унга эътибор қиламиз? Ахир бизлар келажакнинг яхши ё ёмонлигига йўлиқамизми, йўқми — билмаймиз. Энг муҳими — келажак ғайб оламидир, бас, унга етмай туриб, кўприк қуришга шошилмайлик, ким билади, эҳтимол у кўприкка етмай туриб тўхтармиз ёки бизлар етмай туриб кўприк вайрон бўлар ёки у ердан салом берган ҳолда ўтармиз.
Келажак ҳақида фикр юритиб, ғайб китобини очишга, сўнгра унинг ташвишларига ўралашиб қолишга зеҳнларимизни банд қилиш шаръан ман этилгандир. Чунки келажак чексиз орзу — уни ақл ҳам маломатлайди.
Бу оламда келажақда очлик, яланғочлик, касаллик, фақирлик ва мусибатларни кутиб яшаётганлар оз эмас, буларнинг барчаси шайтон мактабининг сабоқларидир: “Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қурқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва Билгувчидир” (Бақара, 268).
Арабчадан Заҳириддин таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2008 йил 5-6-сонларидан олинди.
Oiz Qaraniy
«O‘ksinma» (La tahzan)
Oiz Qaraniyning «O‘ksinma» (La tahzan) kitobida go‘zal nasihatlar, ibratli o‘gitlar jamlangan. Ular har bir musulmonga, ayniqsa, biror qiyinchilik tufayli og‘ir vaziyatda qolganlarga juda asqotadi. Shu bois kitobning ayrim boblaridan parchalar chop etishni ma’qul ko‘rdik.
Shamol esib, to‘lqinlar quturib, dengiz talvasaga tushganida, kema ahli nido qilishar: “Yo Alloh!”
Sahrodagi yolg‘iz odam adashsa, otliq yo‘ldan og‘sa, karvon ora yo‘lda qolsa, nido qilishar: “Yo Rab!”
Agar sizga keng yer torlik qilib, yuragingiz yukni ko‘tara olmay siqilsa, hayqiring: “Ey Yaratgan Egam!”
Uning ismi bilan tillar aylanib, yordam so‘rab, hamd o‘qib, nido qilur. Uning zikri bilan yuraklar xotirjam, ruhlar oromda, tuyg‘ular sokin, asablar tinch, aql joyida, e’tiqod mustahkamdir. “Alloh bandalariga Mehribondir” (Sho‘ro, 19).
«ALLOH». Eng chiroyli ism. “Uning uchun biron “teng”ni bilurmisiz?! (Yo‘q, bilmassiz!)” (Maryam, 65 ).
Boylik va Boqiylik, quvvat va nusrat, kuch-qudrat va hikmat Uningdir. “Bu Kunda podshohlik kimnikidir? Yakkayu yagona va g‘olib Zot — Allohnikidir!” (G‘ofir, 16).
Lutfu inoyat, yordam va madad Undandir. “Sizlarga berilgan barcha noz-ne’matlar Yolg‘iz Allohdandir” (Nahl, 53).
Allohim, O‘zing bizlarga azob o‘rniga tasalli, qayg‘u mukofotiga shodlik, xavf paytida tinchlik ber!
Parvardigor, O‘zing bedor ko‘zlarga orom uyqusini, bezovta nafslarga osudalikni ber!
Parvardigor, bu hayron ko‘zlarni O‘z Nuringga, yo‘ldan og‘ganni To‘g‘ri Yo‘lingga va u Yo‘lingdan bo‘yin tovlaganlarni O‘z hidoyatingga yo‘lla!
Allohim, O‘zing barcha tashvishlarni chinakam tong nuri bilan yiroqlashtir, g‘irrom vijdonni haqiqat qo‘shini bilan uzoqlashtir hamda shayton nayranglarini O‘z askarlaring Ko‘magi bilan qaytar!
Allohim, O‘zing bizlardan g‘am-anduhlarni ketkaz, nafslarimizdan bezovtalikni olib tashla!
Barcha xavflardan panohni Sendangina topamiz. Ishonch va tavakkul, duo va iltijo faqat Sengadir. Bizning Xojamiz Sensan. “U Zot naqadar yaxshi Xoja va naqadar yaxshi Madadkordir”.
Sen baxtli bo‘l
Imon va solih amal osuda hayoting tilsimidir, sen unga talpin. Ilm-ma’rifatni izla va ta’lim ol. Chunki bilim g‘amni ketkazadi. Tavba qil, gunohlardan voz kech, chunki gunohlar hayotingni barbod qiladi. Qur’on o‘qi, mulohaza yurit, Allohni doim esla. Odamlarga ehson qilishdan toliqma, qalbing shod bo‘ladi.
Jasoratli bo‘l, jur’atsiz, qo‘rqoq bo‘lmagin, chunki jasorat qalb oromidir.
Qalbingni hasad, adovat g‘illi-g‘ash hamda barcha illatlardan pok tut. Ortiqcha nazar, so‘z, eshitish, urinish, yemak va uyquni tark et.
Foydali ish bilan band bo‘l, g‘am-qayg‘ularni unutasan.
Chiroy, rizqi ro‘z va salomatchilikda o‘zingdan quyidagi kimsaga nazar sol. Yomon ehtimollarga tayyor tur, boshga tushganida u bilan muomala qilishni o‘rgan.
Zehn-zakovatingni zulmat ortidagi buzuq fikr-xayollar og‘ushiga tashlab qo‘yma. G‘azablanma, sabr qil, halim bo‘l, kechir… Umr qisqadir.
Ne’mat tugab, qachon intiqom vaqti kirishini kutma, Allohga tavakkul qil. Muammolarni kattalashtirma.
O‘zingni fitna va ig‘vo botqog‘idan olib qoch.
Hayotni soddalashtir, hashamatni tark et, chunki ortiqcha aysh — bandilik, o‘ta tanparvarlik esa ruh azobidir.
Sen haqingda aytilgan yomon so‘zlarni o‘ylama, ularning senga ziyoni yo‘q, aytguvchining o‘ziga ziyon.
Ongli bo‘l, ne’mat, fazilat va najot haqida fikr yurit.
Yaxshilikni faqat Alloh uchun qil.
Bugungi ishni ertaga qoldirma. Foydali ilm o‘rgan, foydali ishni qil, g‘am-qayg‘ularni unutasan.
Allohning ne’matlari haqida tafakkur qil, u haqida so‘zla, Allohga shukr qil. Alloh senga bergan sog‘lik, mol-davlat, oila va ish-amal bilan qanoatlan. Yaqin bilan ham, uzoq bilan ham yaxshi muomalada bo‘l. Ayb-nuqsonlardan ko‘z yum.
Badantarbiya bilan shug‘ullan, sayr qil, salomatliging haqida o‘yla, chunki sog‘lom tanda sog‘lom aql bo‘ladi.
Alloh taolodan doimo afv-mag‘firat, yaxshi kayfiyat va sog‘lik-omonlik so‘rab duo qil.
Bugun sen baxtlisan
Imon g‘am-qayg‘ularni ketkazadi, u mo‘minlarning tasallisidir. Qazoyi qadarga, taqsimlangan rizqu ro‘zga rozi bo‘l. Xavotirni tark qil.
Ogoh bo‘lgin, Allohni eslash bilan qalblar orom olib, gunohlar kamayadi, g‘ayblarni bilguvchi Zot rozi bo‘lsa, g‘am-qayg‘ular chekinadi. Qalbingni hasad-adovatdan pok tut, qalbingdan nafrat, jirkanishni chiqarib tashla.
O‘zingni yaxshi odamlarga yaqin tut, o‘z uyingdagi ishlarga mashg‘ul bo‘l.
Kitob eng yaxshi do‘stdir, kitoblar bilan hamsuhbat bo‘l, ilmni do‘st tut, ma’rifatga hamroh bo‘l.
Butun koinot tartib-intizomdan iborat, uy-joy, kiyim-kechak, o‘z yumushingda tartibga rioya qil.
Tarixni o‘qi, uning ajoyibot, g‘aroyibotlari haqida fikr yurit, ulardan o‘zing uchun foyda ol.
Parvardigorning mag‘firat daryosi keng ekanini, bandalarini kechirib, tavbalarini qabul etishini hamda yomonliklarni yaxshiliklarga o‘zgartirishini yodda tut.
Parvadigoringga u bergan din, aql-idrok, kuch-qudrat, ko‘z-quloq, rizqu ro‘z hamda farzand ne’matlari uchun shukr qil.
Qur’onni yod ol, o‘qi, tingla, uni fikr qil. Chunki Qur’on g‘am-qayg‘ularning eng yaxshi davosidir. Alloh taologa tavakkul qil, ishlarni Unga topshir, Uning hukmiga rozi bo‘l. U Zot O‘zi senga kifoya qilur.
Senga zulm qilganni kechir, aloqa uzgan bilan aloqa o‘rnat, ehson qil, zolimlarga halim bo‘l, shunda osuda hayot kechirasan.
“Kuch-qudrat Yolg‘iz Allohga xosdir” so‘zini takrorlab yur, bu so‘zlar bilan ahvol o‘nglanadi, yuklar yengillab, Alloh taolo rozi bo‘ladi.
Kelajakka ishonch bilan qara, umidsiz bo‘lma.
Sen Alloh taoloning ixtiyorida ekaningdan xursand bo‘l, chunki g‘am-alam yoki shod-xurramlikning qaysi biri senga foyda ekanini bilmaysan.
Balo-ofat seni Alloh taologa yaqin qiladi. Duoni o‘rgatadi, sendan kibr, manmanlik va faxr tuyg‘ularini ketkazadi.
Gumon-shubhalardan, buzuq fikr-xayollardan uzoq bo‘l. Dunyo g‘am-anduh, tashvish va xavotir hovlisidir. Alloh taolo senga yetgan g‘am-anduh, ochlik, faqirlik, kasallik, musibatlarning barchasi uchun ajr-mukofot beradi.
Musibat ko‘zlarni ochib, qalbni uyg‘otadi, nafsni tiyadi, qullikni eslatib, savobini oshiradi. Falokatni kutma, mish-mishlarga ishonma, uydirmalarga taslim bo‘lma.
Kun bugundir
Tong otgach, tunni kutma, yaxshi-yomon o‘tgan kechagi kunni emas, hali kelib ulgurmagan ertani ham emas, yashayotgan buguningni o‘yla.
Quyoshi charaqlagan bu kun sening kuningdir, bir kunlik umr… Go‘yo bu kunda tug‘ilib, shu kunda o‘ladigandek, bugungi hayotingni bugunga bag‘ishla. Shundagina sening hayoting o‘tmish g‘am-tashvishlariga, kelajakning xatarnok sharpalariga to‘qnash kelmaydi.
Barcha ijodu mehnatlarni buguning uchun sarfla. Bu kunda xushu bilan ibodat qil, tadabbur bilan tilovat qil, buguning haqida mushohada yurit, chiroyli xulqli bo‘l, qazoyi qadarga rozi bo‘l, o‘zgalarga foyda yetkaz.
Bu kunda soat va daqiqalarni yillarga, soniyalarni oylarga aylantir, bu kunda yaxshilikni ekib, go‘zallik hosilini yig‘ib ol, gunohlaringning kechirilishini so‘ra, Tangringni esla, oxirat tayyorgarligini ko‘r; bu kunni xursandchilik bilan o‘tkaz, rizqi ro‘zingga, Alloh taolo senga bergan ne’matlarga rozi bo‘l. “Bas, senga ato etgan narsamni olgin va shukr qiluvchilardan bo‘lgin!” (Arof, 144). Bu kunni qayg‘u-hasratsiz, gina-hasadsiz o‘tkaz.
Ushbu so‘zlarni qalbing oynasiga yozib qo‘y: kun buguningdir.
Agar sen shu aytilganlarni jiddiy, qat’iy iroda bilan tasdiqlasang, nafsingni “men faqat bu kun yashayman” fikriga bo‘ysundira olasan va shunda bu kuningning har bir lahzasidan o‘z borlig‘ingni bino qilishga, iqtidoringni oshirishga foydalanasan va:
“Bu kunda so‘zimni o‘nglayman, yomon, fahsh so‘zlarni so‘zlamayman, g‘iybat qilmayman, bu kun o‘z uyimni tartibga keltiraman, bu kun jismim tozaligiga, yurish-turishimga e’tibor beraman…” deysan;
«Bu kunda qalbimga fazilat urug‘ini ekaman, unib o‘sgach, undan kibr-havo, hasad, riyo, yomon gumon kabi illatlarni yulib tashlayman», deysan;
«Bu kunda boshqalarga manfaat yetkazish umidida bo‘laman, o‘zgalarga yaxshilik qilaman, kasal holidan xabar olaman, muhtoj, mazlumlarga yordam beraman, olimni siylayman, kichikni izzat, kattani hurmat qilaman», deysan;
«O‘tgan narsa o‘tib ketdi, quyosh kabi botdi, o‘tmish, endi sen uchun ko‘zyosh to‘kib qayg‘urayotganimni ko‘rmaysan, chunki sen bizni tark etding, bizlardan uzoqlashding va abadul abad qaytib kelmaysan», deysan;
«Ey kelajak, sen g‘ayb olamidasan, shunday ekan, men havoyi orzular bilan hamkorlik qilmasman va hayotdagi bugunimni xayoldagi ertaga alishmayman, nafsimni tasavvurga sotmayman, kelajak uchun shoshilmayman, chunki ertangi kun hali yo‘qdir, hali yaratilmagan, hali tilga olgulik bir narsa emasdir», deysan.
Ha, kun bukundir. Bu so‘z hayotni go‘zal suratda ko‘rishni istagan inson uchun saodat lug‘atida eng go‘zal so‘zdir.
Kelajak kelgunga qadar uni o‘z holiga quy
“Allohning farmoni (ya’ni, qiyomat) kelib qoldi. Bas, sizlar uni shoshiltirmay quyaqolinglar” (Nahl, 1).
Voqea-hodisalarga shoshilma, axir homila oy-kuni yetmay dunyoga kelishini, mevalar pishmay terilishini istaysanmi? Hali-hozir erta yo‘qdir, uning na bir ta’mi va na bir rangi bor, shunday ekan, nega bizlar nafslarimizni u bilan mashg‘ul qilamiz, uning musibatlaridan xavfsiraymiz, unga e’tibor qilamiz? Axir bizlar kelajakning yaxshi yo yomonligiga yo‘liqamizmi, yo‘qmi — bilmaymiz. Eng muhimi — kelajak g‘ayb olamidir, bas, unga yetmay turib, ko‘prik qurishga shoshilmaylik, kim biladi, ehtimol u ko‘prikka yetmay turib to‘xtarmiz yoki bizlar yetmay turib ko‘prik vayron bo‘lar yoki u yerdan salom bergan holda o‘tarmiz.
Kelajak haqida fikr yuritib, g‘ayb kitobini ochishga, so‘ngra uning tashvishlariga o‘ralashib qolishga zehnlarimizni band qilish shar’an man etilgandir. Chunki kelajak cheksiz orzu — uni aql ham malomatlaydi.
Bu olamda kelajaqda ochlik, yalang‘ochlik, kasallik, faqirlik va musibatlarni kutib yashayotganlar oz emas, bularning barchasi shayton maktabining saboqlaridir: “Shayton sizlarni (agar infoq-ehson qilsangiz) kambag‘al bo‘lib qolishingizdan qurqitadi va fahsh ishlarga buyuradi. Alloh sizlarga o‘z tarafidan mag‘firat va fazlu karam (boylik) va’da qiladi. Alloh (fazlu karami) keng va Bilguvchidir” (Baqara, 268).
Arabchadan Zahiriddin tarjimasi
“Hidoyat” jurnalining 2008 yil 5-6-sonlaridan olindi.