Benazir Muhammad. Hofiz bashorati yoxud shoir qaysi davrga xitob qilgan edi?

02     Болалигимда ҳар гал бобомнинг уйига борганимда тоғаларим мен учун мўъжиза бўлган “магнитофон” деган матоҳга магнит лентасини қўйиб бир қўшиқни айлантиришарди. Қўшиқ куйлаётган кишини Қори дейишарди, яъни, қўшиқчи кўзи ожиз одам эди. “Ин чи шўраст…” деб бошланувчи қўшиқ сўзларига унчалик тушунмасам ҳам, маъносига ақл ва идроким етмаса ҳам, Қори дунёдан, одамлардан нолиётганини ич-ичимдан сезар, унга негадир раҳмим келарди… Хуллас, Хожа Ҳофизни йиғлатган, Қорини куйлатган бу дард, бу изтироб ўша пайтларда ҳали дунё нима, ҳаёт нима, ташвиш нима, оқ ва қора, яхшилик ва ёмонлик, хасталик ва ўлим нималигини билмаган бола қалбимга юқиб улгурган экан…

Беназир МУҲАММАД
ҲОФИЗ БАШОРАТИ ЁХУД ШОИР
ҚАЙСИ ДАВРГА ХИТОБ ҚИЛГАН ЭДИ?

Бир ғазалнинг маъно таржимаси ва изоҳи
044

Ин чӣ шӯрест, ки дар ин даври қамар мебинам,
Ҳама офоқ пур аз фитнаву шар мебинам.

Пешайи подшоҳон нест ба ҷуз ҷабру ситам,
Адлу инсоф ҳама зеру забар мебинам.

Ҳар касе рӯзи беҳӣ металабад аз айём,
Иллат онаст, ки ҳар рӯз батар мебинам.

Аблаҳонро ҳама шарбат зи гулобу қанд аст,
Қути доно ҳама аз хуни ҷигар мебинам.

Асби тозӣ шуда маҷрӯҳ ба зери полон,
Тавқи заррин ҳама дар гардани хар мебинам.

Духтаронро ҳама ҷанг асту ҷадал бо модар,
Писаронро ҳама бадхоҳи падар мебинам.

Ҳеҷ раҳме на бародар ба бародар дорад,
Ҳеҷ шафқат на падарро ба писар мебинам.

Панди Ҳофиз бишунав, хоҷа, бирав некӣ кун,
Ки ман ин панд беҳ аз дурру гуҳар мебинам.

Маъно таржимаси:

Бу давру замонда кўриб турганим қандай ғавғо ва ошубдирки,
Дунёни бошдан оёқ фитна ва ёмонлик ўраб олган.

Подшоҳларнинг иши жабру ситамдан бошқа нарса эмас,
Адолат ва инсоф (биноси)ни остин-устин кўрмоқдаман.

Ҳар ким бу айёмдан яхши кун келишини сўрайди,
Аммо не сабабданки, ҳар ўтган кун янада батарроқ бўлганини кўрмоқдаман.

Аблаҳ (нодон-жоҳил)ларнинг ичгани гулоб ва шакар шарбати,
Доно (илм аҳли-зиёли)ларнинг еган нони жигар-бағир қони эвазига эканини кўрмоқдаман.

Чопар (зотдор) отлар эшак жул-жандасининг остида мажруҳ бўлиб,
Эшакларнинг бўйнини олтин тавқ (ёрлиқ) безаб турганини кўрмоқдаман.

Қизлар оналарига қарши исён, уруш-жанжал ичида,
Ўғиллар эса оталарига мудом ёмонлик соғиниб турганини кўрмоқдаман.

Ҳеч бир аканинг укасига, уканинг акасига асло раҳми йўқ,
Оталарнинг эса ўз фарзандларига ҳеч шафқати йўқлигини кўрмоқдаман.

Эй хожа (эй ҳазрати инсон) сен Ҳофизнинг насиҳатини тингла-да, бориб яхшилик қил,
Мен бу насиҳатни (хайрли ишни) дуру гавҳардан ҳам авлороқ эканини кўрмоқдаман.

——————-

044Болалигимда ҳар гал бобомнинг уйига борганимда тоғаларим мен учун мўъжиза бўлган “магнитофон” деган матоҳга магнит лентасини қўйиб бир қўшиқни айлантиришарди. Қўшиқ куйлаётган кишини Қори дейишарди, яъни, қўшиқчи кўзи ожиз одам эди. “Ин чи шўраст…” деб бошланувчи қўшиқ сўзларига унчалик тушунмасам ҳам, маъносига ақл ва идроким етмаса ҳам, Қори дунёдан, одамлардан нолиётганини ич-ичимдан сезар, унга негадир раҳмим келарди… Хуллас, Хожа Ҳофизни йиғлатган, Қорини куйлатган бу дард, бу изтироб ўша пайтларда ҳали дунё нима, ҳаёт нима, ташвиш нима, оқ ва қора, яхшилик ва ёмонлик, хасталик ва ўлим нималигини билмаган бола қалбимга юқиб улгурган экан…

Мен бугун Хожа Ҳофиз Шерозийга мурожаат этиш билан асло Ҳофиз “панжасига панжа уриш”, яъни бу машҳур ғазални балоғат ва фасоҳат ила бадиий таржима қилишни мақсад билганим йўқ. (Зеро мен учун шеър, умуман, адабиёт мақсад эмас, балки бир воситадир). Шунингдек, бу шоҳ байтларга шарҳ ёзиш фикридан ҳам йироқман. (Зеро бугунгача мазкур ғазалга ўнлаб шарҳлар битилгандир).
Менинг ягона мақсадим етти аср наридаги замона фитналаридан фиғонга келган “буюк қалб”нинг изтиробларини бугунги кун “призма”сидан (ғалвиридан) ўтказиб нигоҳ ташлаш, андак мушоҳада юритиш ва бу дарду изтиробни, таъбир жоиз бўлса, ўқувчиларга “юқтириш”дан бошқа нарса эмас.

Назаримда Ҳофиз ўз замондошларига эмас, балки етти юз йил нарида туриб бугунги кун инсонларининг ҳолини тасвирлаётган, кунимиз инсонига мурожаат қилаётгандек.

Энди байтларни бирма-бир очиқлашга ўтсам:

“Бу давру замонда кўриб турганим қандай ғавғо ва ошубдирки,
Дунёни бошдан оёқ фитна ва ёмонлик ўраб олган”.

Ҳадисларда ривоят қилинишича, бир куни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалари билан юксак бир тепаликдан қуйидаги шаҳарга назар солиб, “ҳали бу умматнинг устига шундай кунлар келадики, фитна – балойи қазолар бошлар узра ёмғирдай ёғилади” деган мазмунда хабар берган экан.

Бугун дунёнинг қайси бурчагига назар солмайлик, чархнинг балойи қазолари фақат умматнинг бошига ёғилиб турганини кўрамиз. Бунга қайсидир минтақа ёки давлатни мисол келтиришнинг ўзи ортиқча. Ҳакимлар айтганидек, “Аён бўлиб турган нарсани баён этишга ҳожат йўқ”. Давримизни, замонамизни фитна ва ёмонликлар ҳар томондан иҳота қилиб, офоқни – дунёни ўз ишканжасига олган.

“Подшоҳларнинг иши жабру ситамдан бошқа нарса эмас,
Адолат ва инсоф (биноси)ни остин-устин кўрмоқдаман”.

Бугун зулм режимларининг истибдодидан қочиб, одамлар ўзларини денгизларга уриб ҳалок бўлишмоқда. Подшоҳларнинг қилган иши жабру ситам, зўравонлик бўлганидан адолат ва инсоф биноси остин-устун бўлиб, одамлар Яратгандан ўзга паноҳ топа олмаяптилар.

Одил подшоҳлар, инсофли ҳукмдорлар тарих китобларида қолиб, ҳатто кунимизда эртак-афсонага айланиб бўлган. Вазият шундай тус олдики, бир замонлар халққа энг кўп фойдаси теккан ҳукмдор энг хайрли ва адолатли подшоҳ саналган бўлса, бугун эл-улусга энг кам зарари теккан, кам ситам етказган подшоҳга яхши ва одил ҳукмдор назари билан қаралмоқда. Ҳадисларда келган, инсонларни аввал халифалар, кейин амирлар ва охирда зўравонлар бошқариши ҳақидаги хабарнинг ҳақлигига бугун гувоҳ бўлиб турибмиз.

“Ҳар ким бу айёмдан яхши кун келишини сўраб илтижо қилади,
Аммо не сабабданки, ҳар ўтган кун янада батарроқ бўлганини кўрмоқдаман”.

Ҳар ким эртанги ҳаётнинг бугунгидан яхшироқ бўлишини истайди, аммо чархнинг дўнишини кўрингки, фақат бунинг акси бўляпти, халос. Яна охирзамон Пайғамбарининг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хабар беришича, “бугун кечадан, эртага эса бугунгидан баттарроқ, ёмонроқ” бўлиб бориши бугун айни ҳақиқат эканлигини кўрмаслик, ҳис қилмаслик учун кўзлар кўр, қалблар сўқир бўлиши керак. Яъни, инсонларнинг эртанги кундан яхшилик кутишларининг иллати – сабаби, Хожа лутф этгандек, вазият вақт ўтган сайин, кундан-кунга ёмонлашиб бораётганлигидандир.

“Аблаҳ (нодон-жоҳил)ларнинг ичгани гулоб ва шакар шарбати,
Доно (илм аҳли-зиёли)ларнинг еган нони жигар-бағир қони эвазига эканини кўрмоқдаман”.

Бугун атрофга бир назар солсак, ҳаётнинг лаззатлари, турли-туман неъматлари бир ҳовуч сарват ва жоҳ эгалари бўлган аблаҳ (нодон) кишиларнинг ихтиёрида, бунга терс ўлароқ, илм ва зиё аҳли бир бурда нон топиб рўзғор тебратаман дегунча “жигар-бағри қонга тўляпти”.

“Чопар (зотдор) отлар эшак тўқимининг, жул-жандасининг остида мажруҳ бўлиб,
Эшакларнинг бўйнини олтин тавқ (ёрлиқ) безаб турганини кўрмоқдаман”.

Чопар ва зотдор отлар (илм аҳли) не тонгки, эшаклар (жаҳолат ва жоҳ аҳли)нинг устига солиниши керак булган жул-жанда ва тўқим остида эзилиб мажруҳ ва афтода ҳолда экан, эшакларнинг бўйнида олтин ёрлиқ, бошида тож кўзларни қамаштиради, бу ҳолдан кўзлари қамашган дунё аҳли номард, нокас, аблаҳ кишиларга эҳтиром кўрсатиб, ҳақиқий тож ва ёрлиқ, иззат ва ҳурматга лойиқ бўлган донишмандлар, олимлар, зиёлиларни оёқ билан кўрсатишаётгани кундай равшан эмасми?..

“Қизлар оналарига қарши исён, уруш-жанжал ичида,
Ўғиллар эса оталарига мудом ёмонлик соғиниб турганини кўрмоқдаман”.

Бугун баъзи маҳалла-кўйларда қулоғимизга чалиниб қолади: фалончи қиз ёки фалончи ўғил ота-онаси билан жанжаллашиб, уйидан чиқиб кетибди, ҳатто фалон ерда бир қиз ёки ўғил ўз отасини( ёки онасини) пичоқлаб ўлдирибди, қабилидаги мудҳиш воқеалар одатий ҳолга айланиб улгурганига эътибор ҳам бермай қўйдик. “Шу қари чол тезроқ ўлмади, қутилмадим”, деб ўзини дунёга келтирган отасига ўлим тилаётган фарзандлар қанча?!

Дунёга раҳмат бўлиб келган Ҳақ Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ўлим, ўлим, ўлим (кўпаяди)”, деб оммавий қирғинбарот билан бирга якка ҳолатдаги қатл ва ўлимлар авж олган бугунги кун ҳақида хабар берган бўлса ажаб эмас…

“Ҳеч бир аканинг укасига, уканинг акасига асло раҳми йўқ,
Оталарнинг эса ўз фарзандларига ҳеч шафқати йўқлигини кўрмоқдаман”.

Жумладан, инсонлар орасидаги меҳр-оқибат кўтарилган давримизда қариндош-уруғ, ака-ука, опа-сингил ўртасида раҳм-шафқат, силаи раҳм йўқолгани камлик қилганидай, шундай бир нуқтага келдикки, энди оталик ва оналик шафқатига ҳам путур етмоқда.

Машҳур шарқ алломаси Муҳйиддин Арабий Олам ва Одамнинг яратилиши ҳақидаги рисолаларидан бирида: “Дунёнинг яратилишидан мақсад Одам эди. Бутун борлиқни бир сирли сандиққа ташбиҳ қилсак, инсон билан яратилиш ниҳоя топиб, сандиққа қулф осилиб муҳр босилди, инсон эса ана шу қулфга урилган муҳр моҳиятидадир ва агар бу муҳр бузилиб, қулф ечилса, сандиқдаги сир фош бўлиб, дунёнинг охири етади”, дея марҳамат этган. Яъни, зукко ўқувчи англаганидек, инсон зотининг моҳиятан бузилиши билан яратилиш мақсадига путур етиб, борлиқ ҳаётига нуқта қўйилади: Қиёмат қойим бўлади!

Аммо…

Аммоси шуки, ҳали бизда имкон бор! Албатта, Қиёматдан ҳеч ким қутула олмайди. Аммо бизда Қиёматдан кейинги Надоматдан қутилиш имкони мавжуд. Бу қандай имкон эканлигини яна бизга Хожа Ҳофиз шерозча лутф ила шундай баён қилади:

“Эй хожа (эй ҳазрати инсон) сен Ҳофизнинг насиҳатини тингла-да, бориб яхшилик қил,
Мен бу насиҳатни (хайрли ишни) дуру гавҳардан ҳам авлороқ эканини кўрмоқдаман”.

Сўзимни охирзамон Пайғамбарининг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “(Дунёнинг заволи келиб) Қиёмат қойим бўлиб турганини кўрсангиз ҳам, қўлингизда бир ниҳол бўлса, уни экиб қолинг (яъни, энг охирги дамда ҳам хайр ва савоб иш қилишдан тўхтаманг)” мазмунидаги ҳадиси шарифлари билан якунлашни жоиз билдим.

098

  Bolaligimda har gal bobomning uyiga borganimda tog’alarim men uchun mo»jiza bo’lgan “magnitofon” degan matohga magnit lentasini qo’yib bir qo’shiqni aylantirishardi. Qo’shiq kuylayotgan kishini Qori deyishardi, ya’ni, qo’shiqchi ko’zi ojiz odam edi. “In chi sho’rast…” deb boshlanuvchi qo’shiq so’zlariga unchalik tushunmasam ham, ma’nosiga aql va idrokim yetmasa ham, Qori dunyodan, odamlardan noliyotganini ich-ichimdan sezar, unga negadir rahmim kelardi… Xullas, Xoja Hofizni yig’latgan, Qorini kuylatgan bu dard, bu iztirob o’sha paytlarda hali dunyo nima, hayot nima, tashvish nima, oq va qora, yaxshilik va yomonlik, xastalik va o’lim nimaligini bilmagan bola qalbimga yuqib ulgurgan ekan…

Benazir MUHAMMAD
HOFIZ BASHORATI YOXUD SHOIR
QAYSI DAVRGA XITOB QILGAN EDI?

Bir g’azalning ma’no tarjimasi va izohi
044

In chi sho’rest, ki dar in davri qamar mebinam,
Hama ofoq pur az fitnavu shar mebinam.

Peshayi podshohon nest ba  juz jabru sitam,
Adlu insof hama zeru zabar mebinam.

Har kase ro’zi behi metalabad az ayyom,
Illat onast, ki har ro’z batar mebinam.

Ablahonro hama sharbat zi gulobu qand ast,
Quti dono hama az xuni jigar mebinam.

Asbi tozi shuda majro’h ba zeri polon,
Tavqi zarrin hama dar gardani xar mebinam.

Duxtaronro hama jang astu jadal bo modar,
Pisaronro hama badxohi padar mebinam.

Hech rahme na barodar ba barodar dorad,
Hech shafqat na padarro ba pisar mebinam.

Pandi Hofiz bishunav, xoja, birav neki kun,
Ki man in pand beh az durru guhar mebinam.

Ma’no tarjimasi:

Bu davru zamonda ko’rib turganim qanday g’avg’o va oshubdirki,
Dunyoni boshdan oyoq fitna va yomonlik o’rab olgan.

Podshohlarning ishi jabru sitamdan boshqa narsa emas,
Adolat va insof (binosi)ni ostin-ustin ko’rmoqdaman.

Har kim bu ayyomdan yaxshi kun kelishini so’raydi,
Ammo ne sababdanki, har o’tgan kun yanada batarroq bo’lganini ko’rmoqdaman.

Ablah (nodon-johil)larning ichgani gulob va shakar sharbati,
Dono (ilm ahli-ziyoli)larning yegan noni jigar-bag’ir qoni evaziga ekanini ko’rmoqdaman.

Chopar (zotdor) otlar eshak jul-jandasining ostida majruh bo’lib,
Eshaklarning bo’ynini oltin tavq (yorliq) bezab turganini ko’rmoqdaman.

Qizlar onalariga qarshi isyon, urush-janjal ichida,
O’g’illar esa otalariga mudom yomonlik sog’inib turganini ko’rmoqdaman.

Hech bir akaning ukasiga, ukaning akasiga aslo rahmi yo’q,
Otalarning esa o’z farzandlariga hech shafqati yo’qligini ko’rmoqdaman.

Ey xoja (ey hazrati inson) sen Hofizning nasihatini tingla-da, borib yaxshilik qil,
Men bu nasihatni (xayrli ishni) duru gavhardan ham avloroq ekanini ko’rmoqdaman.

——————-

044Bolaligimda har gal bobomning uyiga borganimda tog’alarim men uchun mo»jiza bo’lgan “magnitofon” degan matohga magnit lentasini qo’yib bir qo’shiqni aylantirishardi. Qo’shiq kuylayotgan kishini Qori deyishardi, ya’ni, qo’shiqchi ko’zi ojiz odam edi. “In chi sho’rast…” deb boshlanuvchi qo’shiq so’zlariga unchalik tushunmasam ham, ma’nosiga aql va idrokim yetmasa ham, Qori dunyodan, odamlardan noliyotganini ich-ichimdan sezar, unga negadir rahmim kelardi… Xullas, Xoja Hofizni yig’latgan, Qorini kuylatgan bu dard, bu iztirob o’sha paytlarda hali dunyo nima, hayot nima, tashvish nima, oq va qora, yaxshilik va yomonlik, xastalik va o’lim nimaligini bilmagan bola qalbimga yuqib ulgurgan ekan…

Men bugun Xoja Hofiz Sheroziyga murojaat etish bilan aslo Hofiz “panjasiga panja urish”, ya’ni bu mashhur g’azalni balog’at va fasohat ila badiiy tarjima qilishni maqsad bilganim yo’q. (Zero men uchun she’r, umuman, adabiyot maqsad emas, balki bir vositadir). Shuningdek, bu shoh baytlarga sharh yozish fikridan ham yiroqman. (Zero bugungacha mazkur g’azalga o’nlab sharhlar bitilgandir).
Mening yagona maqsadim yetti asr naridagi zamona fitnalaridan fig’onga kelgan “buyuk qalb”ning iztiroblarini bugungi kun “prizma”sidan (g’alviridan) o’tkazib nigoh tashlash, andak mushohada yuritish va bu dardu iztirobni, ta’bir joiz bo’lsa, o’quvchilarga “yuqtirish”dan boshqa narsa emas.

Nazarimda Hofiz o’z zamondoshlariga emas, balki yetti yuz yil narida turib bugungi kun insonlarining holini tasvirlayotgan, kunimiz insoniga murojaat qilayotgandek.

Endi baytlarni birma-bir ochiqlashga o’tsam:

“Bu davru zamonda ko’rib turganim qanday g’avg’o va oshubdirki,
Dunyoni boshdan oyoq fitna va yomonlik o’rab olgan”.

Hadislarda rivoyat qilinishicha, bir kuni Payg’ambar (sollallohu alayhi vasallam) sahobalari bilan yuksak bir tepalikdan quyidagi shaharga nazar solib, “hali bu ummatning ustiga shunday kunlar keladiki, fitna – baloyi qazolar boshlar uzra yomg’irday yog’iladi” degan mazmunda xabar bergan ekan.

Bugun dunyoning qaysi burchagiga nazar solmaylik, charxning baloyi qazolari faqat ummatning boshiga yog’ilib turganini ko’ramiz. Bunga qaysidir mintaqa yoki davlatni misol keltirishning o’zi ortiqcha. Hakimlar aytganidek, “Ayon bo’lib turgan narsani bayon etishga hojat yo’q”. Davrimizni, zamonamizni fitna va yomonliklar har tomondan ihota qilib, ofoqni – dunyoni o’z ishkanjasiga olgan.

“Podshohlarning ishi jabru sitamdan boshqa narsa emas,
Adolat va insof (binosi)ni ostin-ustin ko’rmoqdaman”.

Bugun zulm rejimlarining istibdodidan qochib, odamlar o’zlarini dengizlarga urib halok bo’lishmoqda. Podshohlarning qilgan ishi jabru sitam, zo’ravonlik bo’lganidan adolat va insof binosi ostin-ustun bo’lib, odamlar Yaratgandan o’zga panoh topa olmayaptilar.

Odil podshohlar, insofli hukmdorlar tarix kitoblarida qolib, hatto kunimizda ertak-afsonaga aylanib bo’lgan. Vaziyat shunday tus oldiki, bir zamonlar xalqqa eng ko’p foydasi tekkan hukmdor eng xayrli va adolatli podshoh sanalgan bo’lsa, bugun el-ulusga eng kam zarari tekkan, kam sitam yetkazgan podshohga yaxshi va odil hukmdor nazari bilan qaralmoqda. Hadislarda kelgan, insonlarni avval xalifalar, keyin amirlar va oxirda zo’ravonlar boshqarishi haqidagi xabarning haqligiga bugun guvoh bo’lib turibmiz.

“Har kim bu ayyomdan yaxshi kun kelishini so’rab iltijo qiladi,
Ammo ne sababdanki, har o’tgan kun yanada batarroq bo’lganini ko’rmoqdaman”.

Har kim ertangi hayotning bugungidan yaxshiroq bo’lishini istaydi, ammo charxning do’nishini ko’ringki, faqat buning aksi bo’lyapti, xalos. Yana oxirzamon Payg’ambarining (sollallohu alayhi vasallam) xabar berishicha, “bugun kechadan, ertaga esa bugungidan battarroq, yomonroq” bo’lib borishi bugun ayni haqiqat ekanligini ko’rmaslik, his qilmaslik uchun ko’zlar ko’r, qalblar so’qir bo’lishi kerak. Ya’ni, insonlarning ertangi kundan yaxshilik kutishlarining illati – sababi, Xoja lutf etgandek, vaziyat vaqt o’tgan sayin, kundan-kunga yomonlashib borayotganligidandir.

“Ablah (nodon-johil)larning ichgani gulob va shakar sharbati,
Dono (ilm ahli-ziyoli)larning yegan noni jigar-bag’ir qoni evaziga ekanini ko’rmoqdaman”.

Bugun atrofga bir nazar solsak, hayotning lazzatlari, turli-tuman ne’matlari bir hovuch sarvat va joh egalari bo’lgan ablah (nodon) kishilarning ixtiyorida, bunga ters o’laroq, ilm va ziyo ahli bir burda non topib ro’zg’or tebrataman deguncha “jigar-bag’ri qonga to’lyapti”.

“Chopar (zotdor) otlar eshak to’qimining, jul-jandasining ostida majruh bo’lib,
Eshaklarning bo’ynini oltin tavq (yorliq) bezab turganini ko’rmoqdaman”.

Chopar va zotdor otlar (ilm ahli) ne tongki, eshaklar (jaholat va joh ahli)ning ustiga solinishi kerak bulgan jul-janda va to’qim ostida ezilib majruh va aftoda holda ekan, eshaklarning bo’ynida oltin yorliq, boshida toj ko’zlarni qamashtiradi, bu holdan ko’zlari qamashgan dunyo ahli nomard, nokas, ablah kishilarga ehtirom ko’rsatib, haqiqiy toj va yorliq, izzat va hurmatga loyiq bo’lgan donishmandlar, olimlar, ziyolilarni oyoq bilan ko’rsatishayotgani kunday ravshan emasmi?..

“Qizlar onalariga qarshi isyon, urush-janjal ichida,
O’g’illar esa otalariga mudom yomonlik sog’inib turganini ko’rmoqdaman”.

Bugun ba’zi mahalla-ko’ylarda qulog’imizga chalinib qoladi: falonchi qiz yoki falonchi o’g’il ota-onasi bilan janjallashib, uyidan chiqib ketibdi, hatto falon yerda bir qiz yoki o’g’il o’z otasini( yoki onasini) pichoqlab o’ldiribdi, qabilidagi mudhish voqealar odatiy holga aylanib ulgurganiga e’tibor ham bermay qo’ydik. “Shu qari chol tezroq o’lmadi, qutilmadim”, deb o’zini dunyoga keltirgan otasiga o’lim tilayotgan farzandlar qancha?!

Dunyoga rahmat bo’lib kelgan Haq Payg’ambar (sollallohu alayhi vasallam): “O’lim, o’lim, o’lim (ko’payadi)”, deb ommaviy qirg’inbarot bilan birga yakka holatdagi qatl va o’limlar avj olgan bugungi kun haqida xabar bergan bo’lsa ajab emas…

“Hech bir akaning ukasiga, ukaning akasiga aslo rahmi yo’q,
Otalarning esa o’z farzandlariga hech shafqati yo’qligini ko’rmoqdaman”.

Jumladan, insonlar orasidagi mehr-oqibat ko’tarilgan davrimizda qarindosh-urug’, aka-uka, opa-singil o’rtasida rahm-shafqat, silai rahm yo’qolgani kamlik qilganiday, shunday bir nuqtaga keldikki, endi otalik va onalik shafqatiga ham putur yetmoqda.

Mashhur sharq allomasi Muhyiddin Arabiy Olam va Odamning yaratilishi haqidagi risolalaridan birida: “Dunyoning yaratilishidan maqsad Odam edi. Butun borliqni bir sirli sandiqqa tashbih qilsak, inson bilan yaratilish nihoya topib, sandiqqa qulf osilib muhr bosildi, inson esa ana shu qulfga urilgan muhr mohiyatidadir va agar bu muhr buzilib, qulf yechilsa, sandiqdagi sir fosh bo’lib, dunyoning oxiri yetadi”, deya marhamat etgan. Ya’ni, zukko o’quvchi anglaganidek, inson zotining mohiyatan buzilishi bilan yaratilish maqsadiga putur yetib, borliq hayotiga nuqta qo’yiladi: Qiyomat qoyim bo’ladi!

Ammo…

Ammosi shuki, hali bizda imkon bor! Albatta, Qiyomatdan hech kim qutula olmaydi. Ammo bizda Qiyomatdan keyingi Nadomatdan qutilish imkoni mavjud. Bu qanday imkon ekanligini yana bizga Xoja Hofiz sherozcha lutf ila shunday bayon qiladi:

“Ey xoja (ey hazrati inson) sen Hofizning nasihatini tingla-da, borib yaxshilik qil,
Men bu nasihatni (xayrli ishni) duru gavhardan ham avloroq ekanini ko’rmoqdaman”.

So’zimni oxirzamon Payg’ambarining (sollallohu alayhi vasallam) “(Dunyoning zavoli kelib) Qiyomat qoyim bo’lib turganini ko’rsangiz ham, qo’lingizda bir nihol bo’lsa, uni ekib qoling (ya’ni, eng oxirgi damda ham xayr va savob ish qilishdan to’xtamang)” mazmunidagi hadisi shariflari bilan yakunlashni joiz bildim.

098

(Tashriflar: umumiy 144, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring