Чин-Мочинда Буюк Xитой деворидан ҳам мустаҳкамроқ бир қўрғон борки, бу Конфуций таълимотидир. Ўзаро иззат-ҳурмат асосига қурилган бу таълимот, яқин икки ярим минг йилдан буён барҳаётдир!
Конфуций — лотинча Конфуциуснинг ўрисча кўриниши бўлиб, хитойча Кун Фу-Тзи (ўкитувчи Кун)дан олинган. У эрадан олдинги 551—479 йилларга яқин даврда яшаган. Юзлаб ўқувчи-шогирдлари билан суҳбат асосида юзага келган ҳикматлари комил инсон, адолатли давлат, маърифатли миллат яратишга қаратилган таълимотдир. Конфуцийдан бизгача етиб келган ягона ҳикмат китоби «Лунь Юй» («Мунозара ва мулоҳазалар») кейинчалик бутун Шарк халкларининг ахлоқ-одоб қоидалари обидасидан бирига айланган. Ҳаттоки, тасаввуф таълимоти томирлари ҳам Конфуций чашмасидан сув ичишини кўриб, ҳайратга тушмаслик мумкин эмас. Нафс ва ҳавасни тийишдан тортиб, ҳиммат ва муҳаббат сифатлари ҳам дастлаб Конфуций ҳикматларида акс этган.
Оқил ошиқни на билсин?
Ошиқ восилни на билсин?!
Дарҳакикат, диққат қилинса, ҳар қандай донишманд, оқил ҳам, ишқ ўтида ўзи ўртанмай туриб, ошик ҳолатидан далолат беролмаганидек, куйиб кул бўлган ошиқ хам, ёр васлига етиб, мурод ҳосил килган — восилнинг масту мустағриқлиги изоҳидан узоқдир.
Ҳикматлар таржимаси «Мунозара ва мулоҳазалар» китоби асосида тайёрланди.
Таржимон
КОНФУЦИЙ
ҲИКМАТЛАР
Рус тилидан Саъдулла АҲМАД ўгирмаси
1.1
Устод айтибдир:
— Муттасил ўқиб, камолга интилмоқ шавқига
Нима етсин?
Олисдан сўраб келган дўст юзига тушмиш кўз завқига
Нима етсин?
Бировга машҳур бўлмаганидан мажҳул бўлмаган эр
Ҳиммат эгаси эмасми?
1.3
Устоднинг сўзиким:
— Бежама сўз, чиройли юздан
Ҳиммат кўнглини узган.
1.16
Устод айтибдир;
— Одамлар сени билмаслигини қўй,
Ўзинг бировни билмаслигингдан куй.
2.7
Цзинь сўрабдики:
— Ҳозирда фарзандлик фарзи бу —
Туққанингни тўйғизмоқ тарзи…
Аммо, от ҳам, ит ҳам қўлдан ейди;
Фарзандлик фарзининг фарқи нимаки,
Ҳиммат килиб, ҳурмат қилмаса?!
2.11
Устод таъбирича:
— Эскини эъзозлаб, янгига етган, —
Илмда муаллим ўрнига ўтган.
2.15 Устод айтибдирки:
— Мушоҳадасиз мутолаа — пуч!
Мутолаасиз мушоҳада — ёвуз куч!
2.17
Устод дебдир:
— Ю!
Сенга билим ўргатайми? Кел,
Ниманики билсанг, биламан, деб бил,
Билмаган нарсангни билмайман, дегил;
Билим — айни тилдан олинган ҳосил!
2.12
Ойгун ҳокими сўрабдир:
— Элни итоатда сақлаш сирини айтсанг?
Устод жавоб айлабдир:
— Тўғрини кўтариб, ўғрини сурсанг,
Эл бўйсунади;
Йўғ-а,
Ўғрини кўтариб, тўғрини сурсанг,
Элдан исён унади!..
2.23
Цзичжан сўрабдир:
— Яна ўн пушт ўтгач, замоннинг нима кечишини билиб бўлармикин?
Устод шундай жавоб айлабдир:
— Инь сулоласи Ся сулоласи расмига суянди,
Нимани чиқариб, нимани кўшганлиги ўзингга равшан.
Чжоу сулоласи Инь сулоласи расмига суянди,
Нимани чиқариб, нимани қўшганлиги ўзингга равшан.
Чжоу сулоласидан кейин келажак
Юзлаб насллар фаслини ҳам билса бўлади.
3.15
Устод, улуғ бир ибодатхонага кириб, кўзи тушган нарсани суриштираверди.
Кимдир киноя қилди:
— Цзоуликнинг ўғли удумни билади, деган бекор айтибди.
У ибодатхонада ҳар бир икир-чикирни суриштирди.
Бу гап қулоғига етган Устод айтибдир:
— Удум ушбудир!
3.20
Устод шарҳлабдирким:
«Келин кутиш» қўшиғи
Шўх бўлиб, шодлик улашмайди;
Қайғули-ю,
кўнгилга мунг илашмайди.
4.10
Устод айтибдир:
— Ота-онангни тирик куйдириб, бедарак кетма;
Кетсанг…
Манзил тут, муқим тур, назардан йитма!
5.5
Биров айтибдики:
— Юн ҳиммати баланд одам,
Ажабки гапга уста эмас.
Устод дебдир:
— Бежама гапдан нима наф?!
Кишидан тулкитиллиликни тилаш —
Кўнгил уйида ғайирлик уйғотишдир.
Ҳиммати баландни билмадим, аммо,
Тили ёғлидан дилим доғли!
6.20
Устод айтибдир:
— Оқил ошиқни на билсин?
Ошиқ восилни на билсин?!
6.22
Фань Чи: — Билим нима, деб сўради.
Устод шундай жавоб берди:
— Халқ йўлида ҳақни тиклаш,
Инсу жинснинг ҳурматини қилиб, хизматига кирмаслик, —
Билимдан муддао шул!
Фань Чи яна:— Ҳиммат нима, деб сўради.
Устод шундай жавоб берди:
— Ҳимматнинг қиймати — заҳматдир,
Раҳмат ёғиши — оқибат;
Ҳимматдан мақсад шул!
6.24
Цзай Во сўради:
— Ҳимматлига, қудуққа одам тушди, деса, кетидан тушсинми?
Устод шундай жавоб берди:
— Нега тушсин? Қудуқ бошига борса кифоя.
Ҳимматли адашади,
Аммо, уни алдашолмайди!
7.1
Устод айтибдир:
— Мен яратувчи эмас, давомчиман,
Ўтмишни астойдил суяман.
Лаопин*га тенглашишдан ўзимни қандай тияман?!
7.2
Устоднинг сўзиким:
— Сўнгсиз ўйга ботиб, ёддан тоймаслик,
Ўқиб тўймаслик,
Бошқаларни йўлга бошқаришни қўймаслик, —
Э воҳ, бу хислатдан узлатдаман, эгам!…
7.3
Устод дебдир:
— Яхшилар дўст бўлмаса,
Ўқишни хушламаса, бурч йўлин ушламаса,
Қусурни рустламаса, —
Анга азадор бошим!..
7.7
Устод аҳдда айтибдир:
— Таълимимдан биров олим бўлди деб, айтмайман.
Аммо, ҳалим бўлсин деб,
Бир парча гўштни келтиришса ҳам
Таълим беришдан қайтмайман!
7.8
Устод сўзидирким:
— Куймаганнинг кўзини очма,
Ҳайратсизга ўқиш ҳайф!
Битта буржни ўлчаб,
Қолган учтасидан мужда топмаганга
Бўлишма!..
7.20
Устод дебдир:
— Билимни она қорнидан олиб тушмаганман;
Ўтмиш қонимда-ю, ўқишдан тўхтамасман!
7.22
Устод айтибдир:
— Ҳар уч ўткинчидан бири менга пирдир;
Тўғридан қўл оламан.
Букридан букилмасликни ўрганаман.
Эгридан уяламан.
7.26
Устод айтибдир:
— Одамнинг авлиёсини учратмадим;
Бир ҳиммат эгасини кўрганда ҳам
Мунча куймасдим…
Кулфатни улфат билиб,
Атайин
Йўқни бор, борни йўк қилсак, —
Тайин қолмаслиги тайин!
8.9
Устод айтибдир:
— Элни куч билан итоатга кўндирсанг ҳам,
Куч билан илм отига миндиролмайсан!
8.10
Устод айтибдир:
— Қашшоқ ўктам келса,
Қулга ўт теккани шул!
Элдан ҳиммат кетса,
Юртга ўт кетгани шул!
8.17
Устод дебдир:
— Йўлга киролмаслигинг,
Жилов тутолмаслигингни билсанг,—
Жонингга ўқиш ора киради!
9.9
Устод дебдир:
— Кўкдан узилса кўнгил,
Сувдан кутмасам кўклик,—
Ўлганим ўшал кундир!
9.14
Устод ёввойилар орасига бориб яшашни ихтиёр этди.
Биров айтдики:
— Бунга йўл қўймаймиз! Улар ёмон одамлар!
Устод шундай дебдир:
— Бу қандай гап?
Ўзинг яхши бўлсанг, ёмон нима қилсин?
9.29
Устоднинг айтишича:
— Билган иккиланмас,
Ҳимматли ўпкаламас,
Ўктам ўмганламас!
10.1
Она қишлоғига йўли тушса Конфуций…
Анқову соқов бўлар эди!
11.12
Цзи Лу руҳу арвоҳни рози қилишдан сўз очди.
Устод айтдики:
— Одамга ёрдам қилмаган,
Арвоҳга нима қиласан?
Анда сўради:
— Ўлимни билсак бўладими?
Устод айтди:
— Тирикни билмаган,
Ўликни нима биласан?! ,
11.16
Цзигун сўради:
— Шин оқилми, Шан?
Устод айтди:
— Ши четлаб ўтади, Шан етмай қолади.
Цзигун яна сўради:
— Унда, Ши яхши экан-да?
Устод айтди:
— Четлаган, етмагандан яқин эмишми?!
11.20
Цзичжан, яхшининг йўли қандай, деб сўради.
Устод жавоб қилди:
— Юрган йўлдан юрмайди,
Оромгоҳни кўрмайди!
12.3
Сима Ню одилликдан сўради.
Устод айтди:
— Одилнинг тили оғир айланади.
Шогирд кайтариб сўради:
— Қийналиб гапирган одилга ўтадими?
Устод айтди:
— Қийин ишда ўйин кетмайди!
12.7
Цзигун давлатнинг давомийлигидан сўради.
Устод айтди:
— Ошинг оша-тоша,
Лашкар мўл бўлиб,
Элинг эътиқод қўйса,—
Ҳукминг муқимдир.
Цзигун сўради:
Зарурат талаб килса,
Буларнинг қай биридан кечай?
— Аскардан кеч! — деди Устод.
Цзигун яна сўради:
— Боз зарурат талаби билан,
Қолганлардан қай бирининг баҳридан ўтай?
Устод жавоб берди:
— Томоқнинг баҳридин ўт!
Ўлим-қу, бор гап!
Аммо,
Элнинг назаридан қолсанг,
Давлатинг бўлғай барбод!..
12.17
Цзи Канцзи* давлат юритишдан сўради.
Устод айтдики:
— Давлатни юритиш —
Иллатни қуритишдир.
Ўзингки, тозасан,
Ўзгани қутқазасан!
12.18
Ўғрилар жонидан тўйдирган Цзи Канцзи Конфуцийдан маслаҳат сўради.
Устод айтдики:
—Ўзинг туғдирмасанг,
Ўғрилик гўрда туғсинми?!
12.19
Цзи Канцзи Конфуцийдан давлат идорасини мустаҳкам тутишнинг йўлини сўради:
—Йўлни қўлдан қўймаймиз десак,
Йўлдан озганни оссак бўлмасми?
Устод айтди:
—Ҳукмдор бўлсанг,
Давлатни дорсиз идора қил; ҳимматга интил, иярганни эл бил;
Ҳукмдор ҳиммати — элкин; элники майса,
Майса эпкинга эгилади!
12.21
Фань Чи Устод ҳамроҳлигида
Ёмғир меҳробини тавоф этаётиб, айтдики:
— Изн берсанг, баланд ҳиммат, иллатдан покланиш,
Адашганни аниқлашдан сўрасам?
Устод жавоб берди:
— Яхши сўрадинг.
Хирмонни ўйламай,
Меҳнатдан тинмаган
Ҳиммати баланд эмасми?!
Бошқага лат бермай,
Ичингдаги иллатга ўт очмоқ
Айни покланиш эмасми?!
Оний бир асабдан ғазабинг забтига олса,
Адашмоқ шу эмасми?!
12.22
Фань Чи ҳимматдан сўради.
Устод айтдики:
—Бу ўзни кўйиб, ўзгани суймоқдир!
Фань Чи яна билимдан сўради.
Устод айтдики:
— Ўзингни ҳам ўзгани ҳам билмоқдир. (…)
13.9
Вэй хонлигидан ўтаётганларида, фойтун жилови Жань Ю қўлида эди.
Устод одамнинг кўплигидан ҳайратга келди:
— Ўҳ-ў, бу халқнинг кўплигини!
Жань Ю сўради:
—Кўпайган экан, халқнинг ҳақига нима қилиш керак?
—Бойитиш керак! — деди Устод.
— Бойиди ҳам дейлик, яна нима қолади?
— Ўқитиш керак! — деди Устод.
13.12
Устод айтибдир:
— Ҳокими ҳак топилса,
Бир пушт ўтмай, мутлоқ поклар туғилади!
13.27
Устод сўзидирким:
— Қатъиятли,
Ҳамиятли,
Камгап билан
Ҳамгап бўлсанг,
Ҳамдард топдим, деявер!
!4.29
Цзигун одамга баҳо беришни хуш кўради.
Устод айтдиким:
— Бу иш ақлдан эмас!
Ҳар ким ўрнида азиз,
Биров-бировдан кам эмас!
14.30
Устоз айтибдир:
— Биров билмаганига эмас,
Қўлимдан келмаганига куяман!..
14.34
Биров сўрабдир:
— Ёмонликка яхшилик қайтарса,
Қандай бўларкин?
Устод айтибдир:
—Унда, яхшиликнинг ҳақи нима?
Ёмонга ғайирлик қилма,
Хайрнинг ҳақи хайрдир!
14.41
Устод сўзидирким:
— Удумни билган, улусни билади!
14.42
Цзигун комиллик йўлини сўради. Устод айтди:
— Ҳимматли бўл, ҳурмат қил!
Цзигун таажжуб-ла сўради:
— Шу халосми?
Устод айтди:
— Илмга интил, эргаштир!
Цзигун яна сўради:
— Кифоями?
Устод айтди:
— Ранж торт, элни тинчлантир!..
15.3
Устод сўради:
— Си! Мени кўп ўқийди, қўп билади, дейсан-да?
Си айтди:
—Эса-чи?
Устод деди:
— Ҳолбуки, мен фақат бир нарсани — Ҳақни биламан!
15.13
Устод айтибдир:
— Ҳимматни сумбатдан
Қиммат билганни топмадим.
Тамом! Бор умидим пучга чиқди!..
Хўш энди, ҳаётим?!.
15.22
Устод айтибдир:
— Ҳамиятли эр қатъиятли келади.
Бировнинг юзини юлмайди,
Номард билан ош-қатиқ ҳам бўлмайди!..
15.27
Устод дебдирким:
— Гапни кўп қалаштирма,
Донишмандни шоширолмайсан.
Икир-чикирни аралаштирмай,
Катта ишни амалга оширолмайсан!
15.32
Устод айтибдир:
— Йўлни тўғри тутсанг, тўқ тутади;
Ейишнинг пайига тушсанг,
Йўқ этади…
16.1
Устод айтибдир:
— Бойлик тўғри тақсимланса,
Камбағал қайдан бўлсин?!
Боши қовушган эл нега кам бўлсин?!
Юқори-қуйи табақа ҳамоқат бўлса,
Тахтни ким тўнтарсин?!
16.8
Устод сўзидирким:
— Комил киши уч нарсадан ташвиш тортади:
Худонинг хоҳиши,
Авлиёнинг койиши,
Улуғларнинг тойишидан!..
16.10
Устод сўзича, ҳиммат эгаси тўққиз сифатни орзу қилади:
— Кўзи ўткир, қумқулоқ бўлса, юзи кулиб турса,
ҳаракатида баракат, иши пишиқ, лафзи тоза бўлса,
иккиланганда сўрашдан ийманмаса,
қаҳри қўзиганда оқибатини ўйласа,
кўнглида адолат офтоби бўлса,
пайтида фойдани билса…
17.12
Устод айтибдир:
— Келбати бўлиб,
Журъати бўлмаган киши —
Ўргимчак уя кўйган
Деворнинг тирқиши!
17.14
Устод айтибдир:
— Кўча гапига куч берганнинг
Мияси пуч келади!..
17.21
Устод дебдирким:
— Битта қорин ғами билан
Қунни кеч қилмоқ оғир.
Ҳамманинг кўнгли шу бўлса,
Дунё охир бўпти, охир!
17.24
Устоднинг айтишича:
—Хотин-халаж билан ишлаш қийин —
Яқинлашсанг, қулоқ осмай кўяди;
Узоқ турсанг, одамовига йўяди…
20.3
Устод айтибдир:
— Одамнинг сўзини билмай,
Ўзини билолмайсан.
Русумини билмай,
Эл орасига киролмайсан!
* БИЛАН БЕЛГИЛАНГАН СЎЗЛАР ИЗОҲИ
Лаопин — афсонавий коҳин.
Цзи Канцзи — Конфуцийнинг шогирдларидан, давлат амалдори.
Chin-Mochinda Buyuk Xitoy devoridan ham mustahkamroq bir qo’rg’on borki, bu Konfutsiy ta’limotidir. O’zaro izzat-hurmat asosiga qurilgan bu ta’limot, yaqin ikki yarim ming yildan buyon barhayotdir!
Konfutsiy — lotincha Konfutsiusning o’rischa ko’rinishi bo’lib, xitoycha Kun Fu-Tzi (o’kituvchi Kun)dan olingan. U eradan oldingi 551—479 yillarga yaqin davrda yashagan. Yuzlab o’quvchi-shogirdlari bilan suhbat asosida yuzaga kelgan hikmatlari komil inson, adolatli davlat, ma’rifatli millat yaratishga qaratilgan ta’limotdir. Konfutsiydan bizgacha yetib kelgan yagona hikmat kitobi «Lun` Yuy» («Munozara va mulohazalar») keyinchalik butun Shark xalklarining axloq-odob qoidalari obidasidan biriga aylangan. Hattoki, tasavvuf ta’limoti tomirlari ham Konfutsiy chashmasidan suv ichishini ko’rib, hayratga tushmaslik mumkin emas. Nafs va havasni tiyishdan tortib, himmat va muhabbat sifatlari ham dastlab Konfutsiy hikmatlarida aks etgan.
Oqil oshiqni na bilsin?
Oshiq vosilni na bilsin?!
Darhakikat, diqqat qilinsa, har qanday donishmand, oqil ham, ishq o’tida o’zi o’rtanmay turib, oshik holatidan dalolat berolmaganidek, kuyib kul bo’lgan oshiq xam, yor vasliga yetib, murod hosil kilgan — vosilning mastu mustag’riqligi izohidan uzoqdir.
Hikmatlar tarjimasi «Munozara va mulohazalar» kitobi asosida tayyorlandi.
Tarjimon
KONFUTSIY
HIKMATLAR
Rus tilidan Sa’dulla AHMAD o’girmasi
1.1
Ustod aytibdir:
— Muttasil o’qib, kamolga intilmoq shavqiga
Nima yetsin?
Olisdan so’rab kelgan do’st yuziga tushmish ko’z zavqiga
Nima yetsin?
Birovga mashhur bo’lmaganidan majhul bo’lmagan er
Himmat egasi emasmi?
1.3
Ustodning so’zikim:
— Bejama so’z, chiroyli yuzdan
Himmat ko’nglini uzgan.
1.16
Ustod aytibdir;
— Odamlar seni bilmasligini qo’y,
O’zing birovni bilmasligingdan kuy.
2.7
Szin` so’rabdiki:
— Hozirda farzandlik farzi bu —
Tuqqaningni to’yg’izmoq tarzi…
Ammo, ot ham, it ham qo’ldan yeydi;
Farzandlik farzining farqi nimaki,
Himmat kilib, hurmat qilmasa?!
2.11
Ustod ta’biricha:
— Eskini e’zozlab, yangiga yetgan, —
Ilmda muallim o’rniga o’tgan.
2.15 Ustod aytibdirki:
— Mushohadasiz mutolaa — puch!
Mutolaasiz mushohada — yovuz kuch!
2.17
Ustod debdir:
— YU!
Senga bilim o’rgataymi? Kel,
Nimaniki bilsang, bilaman, deb bil,
Bilmagan narsangni bilmayman, degil;
Bilim — ayni tildan olingan hosil!
2.12
Oygun hokimi so’rabdir:
— Elni itoatda saqlash sirini aytsang?
Ustod javob aylabdir:
— To’g’rini ko’tarib, o’g’rini sursang,
El bo’ysunadi;
Yo’g’-a,
O’g’rini ko’tarib, to’g’rini sursang,
Eldan isyon unadi!..
2.23
Szichjan so’rabdir:
— Yana o’n pusht o’tgach, zamonning nima kechishini bilib bo’larmikin?
Ustod shunday javob aylabdir:
— In` sulolasi Sya sulolasi rasmiga suyandi,
Nimani chiqarib, nimani ko’shganligi o’zingga ravshan.
Chjou sulolasi In` sulolasi rasmiga suyandi,
Nimani chiqarib, nimani qo’shganligi o’zingga ravshan.
Chjou sulolasidan keyin kelajak
Yuzlab nasllar faslini ham bilsa bo’ladi.
3.15
Ustod, ulug’ bir ibodatxonaga kirib, ko’zi tushgan narsani surishtiraverdi.
Kimdir kinoya qildi:
— Szoulikning o’g’li udumni biladi, degan bekor aytibdi.
U ibodatxonada har bir ikir-chikirni surishtirdi.
Bu gap qulog’iga yetgan Ustod aytibdir:
— Udum ushbudir!
3.20
Ustod sharhlabdirkim:
«Kelin kutish» qo’shig’i
Sho’x bo’lib, shodlik ulashmaydi;
Qayg’uli-yu,
ko’ngilga mung ilashmaydi.
4.10
Ustod aytibdir:
— Ota-onangni tirik kuydirib, bedarak ketma;
Ketsang…
Manzil tut, muqim tur, nazardan yitma!
5.5
Birov aytibdiki:
— Yun himmati baland odam,
Ajabki gapga usta emas.
Ustod debdir:
— Bejama gapdan nima naf?!
Kishidan tulkitillilikni tilash —
Ko’ngil uyida g’ayirlik uyg’otishdir.
Himmati balandni bilmadim, ammo,
Tili yog’lidan dilim dog’li!
6.20
Ustod aytibdir:
— Oqil oshiqni na bilsin?
Oshiq vosilni na bilsin?!
6.22
Fan` Chi: — Bilim nima, deb so’radi.
Ustod shunday javob berdi:
— Xalq yo’lida haqni tiklash,
Insu jinsning hurmatini qilib, xizmatiga kirmaslik, —
Bilimdan muddao shul!
Fan` Chi yana:— Himmat nima, deb so’radi.
Ustod shunday javob berdi:
— Himmatning qiymati — zahmatdir,
Rahmat yog’ishi — oqibat;
Himmatdan maqsad shul!
6.24
Szay Vo so’radi:
— Himmatliga, quduqqa odam tushdi, desa, ketidan tushsinmi?
Ustod shunday javob berdi:
— Nega tushsin? Quduq boshiga borsa kifoya.
Himmatli adashadi,
Ammo, uni aldasholmaydi!
7.1
Ustod aytibdir:
— Men yaratuvchi emas, davomchiman,
O’tmishni astoydil suyaman.
Laopin*ga tenglashishdan o’zimni qanday tiyaman?!
7.2
Ustodning so’zikim:
— So’ngsiz o’yga botib, yoddan toymaslik,
O’qib to’ymaslik,
Boshqalarni yo’lga boshqarishni qo’ymaslik, —
E voh, bu xislatdan uzlatdaman, egam!…
7.3
Ustod debdir:
— Yaxshilar do’st bo’lmasa,
O’qishni xushlamasa, burch yo’lin ushlamasa,
Qusurni rustlamasa, —
Anga azador boshim!..
7.7
Ustod ahdda aytibdir:
— Ta’limimdan birov olim bo’ldi deb, aytmayman.
Ammo, halim bo’lsin deb,
Bir parcha go’shtni keltirishsa ham
Ta’lim berishdan qaytmayman!
7.8
Ustod so’zidirkim:
— Kuymaganning ko’zini ochma,
Hayratsizga o’qish hayf!
Bitta burjni o’lchab,
Qolgan uchtasidan mujda topmaganga
Bo’lishma!..
7.20
Ustod debdir:
— Bilimni ona qornidan olib tushmaganman;
O’tmish qonimda-yu, o’qishdan to’xtamasman!
7.22
Ustod aytibdir:
— Har uch o’tkinchidan biri menga pirdir;
To’g’ridan qo’l olaman.
Bukridan bukilmaslikni o’rganaman.
Egridan uyalaman.
7.26
Ustod aytibdir:
— Odamning avliyosini uchratmadim;
Bir himmat egasini ko’rganda ham
Muncha kuymasdim…
Kulfatni ulfat bilib,
Atayin
Yo’qni bor, borni yo’k qilsak, —
Tayin qolmasligi tayin!
8.9
Ustod aytibdir:
— Elni kuch bilan itoatga ko’ndirsang ham,
Kuch bilan ilm otiga mindirolmaysan!
8.10
Ustod aytibdir:
— Qashshoq o’ktam kelsa,
Qulga o’t tekkani shul!
Eldan himmat ketsa,
Yurtga o’t ketgani shul!
8.17
Ustod debdir:
— Yo’lga kirolmasliging,
Jilov tutolmasligingni bilsang,—
Joningga o’qish ora kiradi!
9.9
Ustod debdir:
— Ko’kdan uzilsa ko’ngil,
Suvdan kutmasam ko’klik,—
O’lganim o’shal kundir!
9.14
Ustod yovvoyilar orasiga borib yashashni ixtiyor etdi.
Birov aytdiki:
— Bunga yo’l qo’ymaymiz! Ular yomon odamlar!
Ustod shunday debdir:
— Bu qanday gap?
O’zing yaxshi bo’lsang, yomon nima qilsin?
9.29
Ustodning aytishicha:
— Bilgan ikkilanmas,
Himmatli o’pkalamas,
O’ktam o’mganlamas!
10.1
Ona qishlog’iga yo’li tushsa Konfutsiy…
Anqovu soqov bo’lar edi!
11.12
Szi Lu ruhu arvohni rozi qilishdan so’z ochdi.
Ustod aytdiki:
— Odamga yordam qilmagan,
Arvohga nima qilasan?
Anda so’radi:
— O’limni bilsak bo’ladimi?
Ustod aytdi:
— Tirikni bilmagan,
O’likni nima bilasan?! ,
11.16
Szigun so’radi:
— Shin oqilmi, Shan?
Ustod aytdi:
— Shi chetlab o’tadi, Shan yetmay qoladi.
Szigun yana so’radi:
— Unda, Shi yaxshi ekan-da?
Ustod aytdi:
— Chetlagan, yetmagandan yaqin emishmi?!
11.20
Szichjan, yaxshining yo’li qanday, deb so’radi.
Ustod javob qildi:
— Yurgan yo’ldan yurmaydi,
Oromgohni ko’rmaydi!
12.3
Sima Nyu odillikdan so’radi.
Ustod aytdi:
— Odilning tili og’ir aylanadi.
Shogird kaytarib so’radi:
— Qiynalib gapirgan odilga o’tadimi?
Ustod aytdi:
— Qiyin ishda o’yin ketmaydi!
12.7
Szigun davlatning davomiyligidan so’radi.
Ustod aytdi:
— Oshing osha-tosha,
Lashkar mo’l bo’lib,
Eling e’tiqod qo’ysa,—
Hukming muqimdir.
Szigun so’radi:
Zarurat talab kilsa,
Bularning qay biridan kechay?
— Askardan kech! — dedi Ustod.
Szigun yana so’radi:
— Boz zarurat talabi bilan,
Qolganlardan qay birining bahridan o’tay?
Ustod javob berdi:
— Tomoqning bahridin o’t!
O’lim-qu, bor gap!
Ammo,
Elning nazaridan qolsang,
Davlating bo’lg’ay barbod!..
12.17
Szi Kantszi* davlat yuritishdan so’radi.
Ustod aytdiki:
— Davlatni yuritish —
Illatni quritishdir.
O’zingki, tozasan,
O’zgani qutqazasan!
12.18
O’g’rilar jonidan to’ydirgan Szi Kantszi Konfutsiydan maslahat so’radi.
Ustod aytdiki:
—O’zing tug’dirmasang,
O’g’rilik go’rda tug’sinmi?!
12.19
Szi Kantszi Konfutsiydan davlat idorasini mustahkam tutishning yo’lini so’radi:
—Yo’lni qo’ldan qo’ymaymiz desak,
Yo’ldan ozganni ossak bo’lmasmi?
Ustod aytdi:
—Hukmdor bo’lsang,
Davlatni dorsiz idora qil; himmatga intil, iyarganni el bil;
Hukmdor himmati — elkin; elniki maysa,
Maysa epkinga egiladi!
12.21
Fan` Chi Ustod hamrohligida
Yomg’ir mehrobini tavof etayotib, aytdiki:
— Izn bersang, baland himmat, illatdan poklanish,
Adashganni aniqlashdan so’rasam?
Ustod javob berdi:
— Yaxshi so’rading.
Xirmonni o’ylamay,
Mehnatdan tinmagan
Himmati baland emasmi?!
Boshqaga lat bermay,
Ichingdagi illatga o’t ochmoq
Ayni poklanish emasmi?!
Oniy bir asabdan g’azabing zabtiga olsa,
Adashmoq shu emasmi?!
12.22
Fan` Chi himmatdan so’radi.
Ustod aytdiki:
—Bu o’zni ko’yib, o’zgani suymoqdir!
Fan` Chi yana bilimdan so’radi.
Ustod aytdiki:
— O’zingni ham o’zgani ham bilmoqdir. (…)
13.9
Vey xonligidan o’tayotganlarida, foytun jilovi Jan` YU qo’lida edi.
Ustod odamning ko’pligidan hayratga keldi:
— O’h-o’, bu xalqning ko’pligini!
Jan` YU so’radi:
—Ko’paygan ekan, xalqning haqiga nima qilish kerak?
—Boyitish kerak! — dedi Ustod.
— Boyidi ham deylik, yana nima qoladi?
— O’qitish kerak! — dedi Ustod.
13.12
Ustod aytibdir:
— Hokimi hak topilsa,
Bir pusht o’tmay, mutloq poklar tug’iladi!
13.27
Ustod so’zidirkim:
— Qat’iyatli,
Hamiyatli,
Kamgap bilan
Hamgap bo’lsang,
Hamdard topdim, deyaver!
!4.29
Szigun odamga baho berishni xush ko’radi.
Ustod aytdikim:
— Bu ish aqldan emas!
Har kim o’rnida aziz,
Birov-birovdan kam emas!
14.30
Ustoz aytibdir:
— Birov bilmaganiga emas,
Qo’limdan kelmaganiga kuyaman!..
14.34
Birov so’rabdir:
— Yomonlikka yaxshilik qaytarsa,
Qanday bo’larkin?
Ustod aytibdir:
—Unda, yaxshilikning haqi nima?
Yomonga g’ayirlik qilma,
Xayrning haqi xayrdir!
14.41
Ustod so’zidirkim:
— Udumni bilgan, ulusni biladi!
14.42
Szigun komillik yo’lini so’radi. Ustod aytdi:
— Himmatli bo’l, hurmat qil!
Szigun taajjub-la so’radi:
— Shu xalosmi?
Ustod aytdi:
— Ilmga intil, ergashtir!
Szigun yana so’radi:
— Kifoyami?
Ustod aytdi:
— Ranj tort, elni tinchlantir!..
15.3
Ustod so’radi:
— Si! Meni ko’p o’qiydi, qo’p biladi, deysan-da?
Si aytdi:
—Esa-chi?
Ustod dedi:
— Holbuki, men faqat bir narsani — Haqni bilaman!
15.13
Ustod aytibdir:
— Himmatni sumbatdan
Qimmat bilganni topmadim.
Tamom! Bor umidim puchga chiqdi!..
Xo’sh endi, hayotim?!.
15.22
Ustod aytibdir:
— Hamiyatli er qat’iyatli keladi.
Birovning yuzini yulmaydi,
Nomard bilan osh-qatiq ham bo’lmaydi!..
15.27
Ustod debdirkim:
— Gapni ko’p qalashtirma,
Donishmandni shoshirolmaysan.
Ikir-chikirni aralashtirmay,
Katta ishni amalga oshirolmaysan!
15.32
Ustod aytibdir:
— Yo’lni to’g’ri tutsang, to’q tutadi;
Yeyishning payiga tushsang,
Yo’q etadi…
16.1
Ustod aytibdir:
— Boylik to’g’ri taqsimlansa,
Kambag’al qaydan bo’lsin?!
Boshi qovushgan el nega kam bo’lsin?!
Yuqori-quyi tabaqa hamoqat bo’lsa,
Taxtni kim to’ntarsin?!
16.8
Ustod so’zidirkim:
— Komil kishi uch narsadan tashvish tortadi:
Xudoning xohishi,
Avliyoning koyishi,
Ulug’larning toyishidan!..
16.10
Ustod so’zicha, himmat egasi to’qqiz sifatni orzu qiladi:
— Ko’zi o’tkir, qumquloq bo’lsa, yuzi kulib tursa,
harakatida barakat, ishi pishiq, lafzi toza bo’lsa,
ikkilanganda so’rashdan iymanmasa,
qahri qo’ziganda oqibatini o’ylasa,
ko’nglida adolat oftobi bo’lsa,
paytida foydani bilsa…
17.12
Ustod aytibdir:
— Kelbati bo’lib,
Jur’ati bo’lmagan kishi —
O’rgimchak uya ko’ygan
Devorning tirqishi!
17.14
Ustod aytibdir:
— Ko’cha gapiga kuch berganning
Miyasi puch keladi!..
17.21
Ustod debdirkim:
— Bitta qorin g’ami bilan
Qunni kech qilmoq og’ir.
Hammaning ko’ngli shu bo’lsa,
Dunyo oxir bo’pti, oxir!
17.24
Ustodning aytishicha:
—Xotin-xalaj bilan ishlash qiyin —
Yaqinlashsang, quloq osmay ko’yadi;
Uzoq tursang, odamoviga yo’yadi…
20.3
Ustod aytibdir:
— Odamning so’zini bilmay,
O’zini bilolmaysan.
Rusumini bilmay,
El orasiga kirolmaysan!
* BILAN BELGILANGAN SO’ZLAR IZOHI
Laopin — afsonaviy kohin.
Szi Kantszi — Konfutsiyning shogirdlaridan, davlat amaldori.