Mavlono Jaloliddin Rumiydan 55 hikmat & Ja’far Muhammad. Rumiy va Ibn al-Arabiy & Tingla naydin. Badiiy film. Turkcha

Ashampoo_Snap_2016.05.11_06h38m24s_002_.png    Бугун тасаввуф таълимотининг буюк назариётчиларидан бири Шайх ул-акбар Муҳйиддин ибн ал-Арабий (560/1165-638/1240) туғилган кун

Суҳбат борки, кескир қиличга ўхшар, бўстонни, экинни кесиб бичар. Суҳбат борки, баҳорга ўхшар, ҳар томонни яшнатиб, сон-саноқсиз мевалар тугар… Иймон намоздан яхшироқдир. Чунки намоз беш маҳал фарз, иймон эса ҳар доим.

Мавлоно Жалолиддин Румий
ҲИКМАТЛАР
08

1. Дард  инсонга йўл кўрсатур.

2. Иймон намоздан яхшироқдир. Чунки намоз беш маҳал фарз, иймон эса ҳар доим.

3. Кўчанинг дайди итига хоҳ олтиндан, хоҳ юнгдан тасма тақ, барибир кўча итилигича қолаверади.

4. Куфр билан иймон, тухумнинг оқи билан сариғига ўхшайди.

5. Дон ерга кўмилади, унинг ерга кўмилиши боғу роғнинг кўкаришига сабаб бўлади.

6. Ақлинг туячига ўхшайди. Сен туясан. Ақлинг сени ром қилади, истар-истамас хоҳлаган жойига тортиб олиб боради.

7. Ақллидан келган жафо нодондан келган вафодан яхшидир.

8. Сабри йўқнинг иймони ҳам бўлмайди.

9. Аллоҳ сенинг юзингни хунук қилиб яратган бўлса, ўзинга кел, ҳам юзи хунук, ҳам одоби хунук бўлиб ўтма.

10. Шахматда пиёда йўлга чиқиб, охирида вазир бўлади.

11. Қуёшнинг нури ахлатга тушса ҳам айнимайди, чунки у нурдир.

12. Сабр – инсонни мақсадига энг тез олиб борадиган йўл кўрсатувчидир.

13. Ҳирс ифлосликларни ҳам чиройли қилиб кўрсатади.

14. Темирчиликни билмасанг, темирчи ўчоғидан ўтаётганингда соқолингни ҳам сочингни ҳам ёқасан.

15. Эгри оёқнинг сояси ҳам эгри бўлади.

16. Яхшилик ва осойишталикда барча сенга дўст-биродар бўлар. Дард ва ғамда, Аллоҳдан бошқа ким яқининг бўлар?

17. Яхши дўсти борнинг ойнага эҳтиёжи йўқдир.

18. “Сўрасак ҳам бермади”, дема. Сўрашни билмадинг, ҳеч бўлмаса ёлғон гапирма.

19. Инсонни оташ эмас, ўз ғафлати ёқар. Барчадаги камчиликни кўрар-у, аммо ўзига кўрдек боқар. Нимага қандай боқсанг, у ҳам сенга шундай боқар.

20. Инсон кулиши ила тарбиясини, кулган нарсаси ила савиясини кўрсатади.

21. Ёлғизлик — одам бўлмайдиганнинг ҳурмати ва муҳаббатидан яхшироқдир.

22. Эй Мусулмон! Одоб нима деб сўрасанг, билки, одоб — ҳар беодобнинг одобсизлигига сабр қилишдир.

23. Рўза тутиш — қийиндир, азобдир. Аммо Аллоҳ бандасини Ўзидан узоқлаштиришидан, бир дардга гирифтор қилишидан кўра яхшироқдир.

24. Ҳар тил — кўнгилнинг пардасидир. Парда қимирладими, сирлар очилади.

25. Ойнинг кечага сабр қилиши уни ойдинлатур. Гулнинг тиконга сабр қилиши гулга ёқимли ҳид берур.

26. Ёмон нафс — йиртқич қушдир.

27. Тил қозоннинг қопқоғига ўхшайди. Қимирлаб ҳиди таралдими, нима пишаётганини билиб олаверасан.

28. Тўғрилик Мусонинг асоси кабидир. Эгрилик эса сеҳргарларнинг сеҳрларига ўхшайди. Тўғрилик ўртага чиққач, барча эгриликларни ютиб юборади.

29. Қуш тилини ўрганган кимса, қуш ҳисобланмаганидек айни дамда қушларнинг душмани ва овчиси ҳисобланади.

30. Умид — хавфсиз йўлнинг бошидир.

31. Ҳар қўлингни сиққан билан дўст, жонингни сиққан билан душман бўлма!

32. Чўнтаги бой, руҳи қашшоқ бўлган инсонларнинг аҳволлари жуда жирканч. Чунки улар, ҳар нарсанинг нарҳини билишади, аммо қадрини билишмайди.

33. Инсонлардаги гўзаллик бу – юздир, юздаги гўзаллик эса – кўздир. Аммо, инсонни инсон қилган бу унинг тилидан чиқадиган – сўздир.

34. Ақл қўйдир, нафс бўри, иймон эса чўпон. Агар иймон кучли бўлмаса, нафс ақлни ейди.

35. Унутма, инсон дунёларга ҳоким бўлар лекин, ҳар доим кичкинагина қалбга асирдир!

36. Ҳақиқий дўстлар қўл билан кўз кабидирлар. Қўл оғриганда кўз йиғлайди, кўз йиғлаганида, қўл уни артади.

37. Севгидан аччиқ ширинга айланур. Севгидан мислар олтинга айланур. Севгидан лойқа чўкинди сувлар тиниқ, соф ҳолга келур. Севгидан дардлар, шифо топур. Севгидан ўликлар тирилур, подшоҳлар қул бўлур. Бу севги илм-маърифатнинг натижасидир. Бўлар бўлмас нарсаларга ғарқ бўлган инсон қандай қилиб бундай тахтга ўтириши мумкин? Нуқсонли илм қандай қилиб ҳақиқий севгини яратиши мумкин? Ҳа, севгини ярата олар, у ҳам жонсиз нарсалар севгисидир. Нуқсонли илм соҳиби жонсиз нарсада истаганининг рангини кўрганида, ҳуштак чалинса ҳам севгилисининг овозини эшитгандек бўлади.

38. Одобидан маҳрум бўлган Аллоҳнинг лутфидан ҳам маҳрум бўлур.

39. Томдан йиқилганнинг бирор парчаси топилиши мумкин. Топилади ҳам. Кўнгилдан йиқилганнинг бир парчаси ҳам топилмайди.

40. Ўтин ёнса кул бўлади. Инсон ёнса қул бўлади.

41. Чим (ўт ўлан) кеча оёқларим остида эди, бугун эса устимда турибди. Кўраяпсанми, тупроқ гуноҳлардан бошқа ҳар нарсани беркитади?!

42. Тилига ҳоким бўлмаган инсондан – дўст, кўзига ҳоким бўлмаган инсондан – ёр бўлмас.

43. Илмга етган оёқ қанотга айланур.

44. Ажал, берилганни олиб кетмасидан, берилиши керак бўлган ҳар нарсани бериб қолиш керак.

45. Дунё – олимнинг қийматсиз ўйинчоғи, аҳмоқнинг эса қийматли арғимчоғи.

46. Бир инсоннинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, у билан бирга ўтириб-турган дўстларига қара.

47. Ўринсиз насиҳат, кишини яралайди.

48. Ҳаётда муваффақиятга эришиш учун уч нарса керак; диққат, интизом ва ҳаракат.

49. Дардли одамнинг беқарорликлар ва туманларга тўла бир уйи бор. Дардини эшитсанг, уйига бир дераза очган бўласан.

50. Қўшниларига тузоқ қуриш, арслонларга ярашмайди.

51. Аллоҳ учун гулханга туширилиш бордир, лекин гулханга отилмасдан Иброҳимдекмисан ёки йўқми шуни аниқлаб ол. Чунки гулхан Иброҳимларни билади ва уларни ёқмайди.

52. Бутун дунёни қидириб, гўзал хулқдан кўра яхшироқ лаёқатни топмадим.

53. Қалб ойнасининг соф бўлиши, хунукдан гўзални ажарата олиши учун керак.

54. Суҳбат борки, кескир қиличга ўхшар, бўстонни, экинни кесиб бичар. Суҳбат борки, баҳорга ўхшар, ҳар томонни яшнатиб, сон-саноқсиз мевалар тугар.

55. Сени дўстингдан айирадиган сўзга қулоқ солма. У сўзда зиён бордир, зиён!

Манба: qadriyat.uz

РУМИЙ ВА ИБН АЛ-АРАБИЙ:
ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ТИМСОЛЛАРИ
Жаъфар МУҲАММАД
011

007«Мавлавия» тариқатининг асосчиси, улуғ шоир ва мутафаккир Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Румийи Балхий (604/1207-672/1273), тасаввуф таълимотининг буюк назариётчиларидан бири Шайх ул-акбар Муҳйиддин ибн ал-Арабий (560/1165-638/1240) билан деярли бир даврда яшаган. Айтиш мумкин, Ибн ал-Арабий Румийнинг энг машҳур замондошларидан бири бўлгани каби Румий ҳам Ибн ал-Арабий яшаган даврнинг энг таниқли сиймоларидан бири эди. Ирфон оламининг бу икки улуғ намояндаси ўртасида мулоқот ё мукотиба юзага келганми ёки йўқ, бу ҳақда аниқ бир маълумотга эга эмасмиз. Аммо Румийнинг Ибн ал-Арабий таълимоти билан ошнолиги хусусида бир қанча тарихий ва нақлий далиллар мавжуд. Жумладан, эронлик таниқли олим Бадиъуззамон Фурўзонфарнинг аниқлашича, Ибн ал-Арабийнинг энг машҳур шогирдларидан бири – Садриддин Кунавий «Мавлоно (Румий – Ж.Х.) шуҳрат қозонган пайтларда Кунияда яшаб Муҳйиддин (Ибн ал-Арабий – Ж.Х.) тариқатидан … дарс берарди. Садриддин бошида Мавлоно усулини инкор этарди, аммо Сирожиддин Армавий орқали Мавлоно ва унинг қарашлари билан танишиб, унга боғланди ва шундай қилиб улар орасида дўстлик пайдо бўла бошлади. Уларнинг суҳбат ва мулоқотлари ўзаро ҳурмат ва самимият билан ўтарди. Мавлоно вафот этгач, Шайх Садриддин унинг жаноза намозини ўқиди»1. Агар Румийнинг бир муддат Дамашқда таҳсил олгани ва бу пайтда Дамашқ Ибн ал-Арабий мактабининг марказларидан бири бўлганлиги ҳисобга олинса, бу икки улуғ зотнинг учрашмаганлиги хусусидаги фикр шубҳа остида қолади. Таниқли румийшунос олим Муҳаммад Истеъломий Мавлононинг Дамашқда яшаган даври Ибн ал-Арабийнинг кексалик чоғига тўғри келиши ва манбаларда бу ҳақда маълумот учрамаса-да, бу улуғ муаллим ва қобилиятли толиби илм ўртасида маънавий робита мавжуд бўлган, деган мантиқий хулоса чиқаради2.

Румий ва Ибн ал-Арабийнинг диний, ирфоний, фалсафий қарашларида фавқулодда ўхшаш жиҳатлар кам эмас. Айниқса, бу икки улуғ мутасаввифнинг ваҳдат ул-вужуд, Инсони комил, Ишқ, ваҳдат ва касрат… каби бир қанча ирфоний масалалар хусусидаги қарашлари ҳайратланарли даражада ўхшаб кетади. Аммо шунингдек, улар ўртасида тафовутлар ҳам оз эмас. Ушбу мақолада шу хусусда фикр юритилади.

* * *

Румийни Ибн ал-Арабий ва унинг издошлари яратган мактабдан ажратиб турадиган асосий фарқ бизнингча, Ибн ал-Арабийнинг фалсафа ва калом илмларига яқинлиги, Румийнинг фалсафа ва каломни хуш кўрмаслигидадир. Фалсафа ва файласуфларни ёқтирмаслигини Румий «Маснавий» ва бошқа асарларида ҳам ишора этиб ўтган. Ибн ал-Арабий таълимоти мураккаб ирфоний, фаласафий, каломий истилоҳлар ва тушунчалар, мураккаб илмий услуб ва тушуниши, англаши қийин бўлган фикрлар, рамз ва ишоралар мажмуасидан таркиб топган. Ибн ал-Арабий таълимоти, гарчи уни муаллифнинг ўзи «фалсафа» ё «калом», деб атамаган бўлса-да, ақлий билимлар ва ҳикмат билан шуғулланадиган мутахассисларнинг тадқиқот объектидир. Ибн ал-Арабий таълимотидаги мавҳумлик ва мураккаблик сабабли унинг «Фусус ул-ҳикам» (Ҳикмат гавҳарлари) номли энг машҳур асарларидан бири 800 йилдан буён фалсафа, ҳикмат, калом ва ирфон аҳли томонидан катта қизиқиш билан ўрганилиб келинмоқда. Араб олими Усмон Яҳёнинг аниқлашича, бу асарга салкам 120 та илмий шарҳ ёзилган экан. Шундай бўлса-да, бу асар ҳалигача исломшунос олимларнинг диққат марказидан четга чиққани йўқ. Аммо Румийнинг мазмун-мундарижа жиҳатидан «Фусус ул-ҳикам»дан кам жойи бўлмаган бадиийликда жаҳон адабиёти дурдоналаридан бири асари — «Маснавийи маънавий» содда ва равон тилда қисса ва ҳикоятлар, халқ оғзаки ижоди унсурлари – ҳикматлар, мақоллар, таъбир ва иборалар билан безатилган, юксак бадиий маҳорат билан яратилган. Қолаверса, Румий ислом оламининг шарқидан чиққан зот. Шунинг учун ҳам «Маснавий» ўзида Марказий Осиё халқларининг менталитети ва бадиий тафаккурини акс эттирган. Бу ҳолат Румийнинг бошқа асарлари – «Девони Шамс»даги 40326 байтни ташкил этадиган ғазаллар, қитъалар, таржиъот ва рубоийлари, «Фийҳи мо фийҳ» каби насрий асарларида ҳам яққол кўзга ташланади. Хусусан, «Фийҳи мо фийҳ»да Румий» кундалик мулоқотларида ишлатган содда услуб қўлланилади. «Маснавий» байтларидаги мураккабликлар «Фийҳи мо фийҳ»да учрамайди. Бу китоб баъзи ҳолатларда «Маснавий»даги маъноларни тўғри тушуниб олишимизга ёрдам беради. Чунки унинг мазмун-мундарижаси «Маснавий» билан бир хилдир3».

Румий Ибн ал-Арабийдек ислом назариётчиси эмас, балки мутафаккир шоирдир. Румий кўпроқ ижтимоий ҳаёт ва амалиёт билан боғланган мутафаккир. Шунинг учун бўлса керак, унинг ирфон, калом, ахлоқ, фиқҳ ва турли масалаларга оид қарашларининг мажмуасидан таркиб топган шоҳасари – «Маснавийи маънавий»сида ҳам минбардан туриб, таъсирли ваъзлари билан тингловчиларни гоҳида кулдириб, гоҳида йиғлатаётган улуғ бир воиз сиймоси гавдаланади. Аммо Ибн ал-Арабий Румийга ўхшаб фикрларини содда, равон, омма учун тушунарли тил ва услубда баён этадиган, асл мақсадни тўғри ва қизиқарли тарзда тушунтириш учун ривоят, қисса ва ҳикоятлар, турли халқ мақоллари ва таъбирларидан кенг фойдаланадиган, бир ҳикоят мазмунини бошқа бир ҳикоят билан шарҳлайдиган, мазмун-моҳиятни янада қизиқарли ва мароқли тарзда етказиб бериш учун ҳазил-мутойибаларга бой саҳна ва манзараларни, керак бўлса, бир оз қўпол сўзлар, иборалар ва уятли саҳналарни ҳам тасвирлаб берадиган ровий ёки воиз эмас. Ибн ал-Арабий – тафаккур хилватхонасида Олам ва Одам хусусида узоқ фикр юритиб, рамз-ишоралар тили билан донишмандлар ақлини лол қолдиришга бел боғлаган, «мен нима демоқчиман, қани топинглар-чи!» демоқчи бўлаётган муаммонависни эслатади. Шу нуқтаи назардан, унинг динлар ва мазҳаблар хусусидаги фикрлари ҳам ҳамма жойда ошкора тарзда баён этилмайди.

Аммо «Мен етмиш уч мазҳаб билан биргаман», деган ва ҳақорат қилганларида ҳам бамайлихотир «Ўша айтганинг ҳам менман», деб жавоб берган бу воиз қанақа воиз? Мазҳаб кимхобига ўраниб, халққа бошқа мазҳабларнинг ботиллигини уқтираётган мутаассиб бир воизми? Ё «Маснавий»да келтирилганидек, насроний амирларнинг ишончини қозониб, гўзал иборалар билан уларнинг ҳар бирини пинҳона валиаҳд этиб тайинлаб, улар ўртасида низо солишни мақсад қилиб олган яҳудий вазирми?

Йўқ, Румий яратган воиз ҳеч қайси бир миллат, дин ё мазҳаб доирасига сиғмайдиган бир воиз. У миллат, дин, мазҳаб, маслак, машраб деган тор доиралардан юқори бир шахсият. Зеро, Румий яратган воиз фақатгина олим ва мутафаккир эмас, балки ишқ ҳидояти билан борлиқ ва бирлик моҳиятини англаган улуғ бир орифдир.Чунки:

Миллати ишқ аз ҳама динҳо жудост,
Ошиқонро миллату мазҳаб Худост  4.

Мазмуни: Ишқ миллати барча динлардан айри бир миллат, ошиқларнинг дину мазҳаби эса Худодир.

Румий «Маснавийи маънавий»да яратган воиз миллатлар, элатлар, динлар, мазҳаблар ва турли фирқаларни бирликка даъват этадиган воиз. Мусо алайҳиссалом билан чўпон достонида келтирилган қуйидаги байт аслида ана шу воизнинг олдига қўйилган ҳаётий дастурдир:

Ту баройи васл кардан омади,
Ё баройи фасл кардан омади?  5

Мазмуни: Сен одамларни бир-бири билан боғлаш учун келганмисан ё уларни бир-биридан ажратиш учунми?

Румий «Маснавий»да динлараро муносабатлар масаласини «Таассуб юзасидан насронийларни ўлдирадиган яҳудий подшоҳ» ҳикоясидан бошлайди. Ҳикояда яҳудий подшоҳнинг маккор вазири ўзини шоҳ томондан хўрланган ва жабрланган қилиб кўрсатиб, насроний (христиан)лар жамоасига қўшилади. У аста-секин насроний амирларнинг ишончи ва муҳаббатини қозониб, уларнинг маънавий раҳномасига айланади. Ниҳоят, у ўз олдига қўйган мақсади – насроний динининг илдизларини қуритишни амалга ошириш учун насроний амирларнинг ҳар бирига мазмунан бир-бирига зид бўлган мактублар – васиятномалар битиб, уларнинг ҳар бирини валиаҳд деб эълон қилади. У ўзининг ҳар бир мактубида турли шаръий ва ахлоқий масалаларни турлича, бир-бирига қарама-қарши тарзда талқин этиб, амирларни йўлдан адаштиради ва улар ўртасига низо солади. Мунофиқ вазир, мактублардан бирида жумладан шундай деб ёзган эди:

Дар яке гуфта ки: ин жумла якест,
Ҳар ки ў ду бинад, аҳвал мардакест  6.

Мазмуни: Уларнинг бирида шундай ёзилган эди: барча мазҳаблар аслида бир хилдир. Кимки уларни иккита деб билса, кўрдир.

Румий ҳикоятни давом эттирар экан, унда ўз қарашларини сингдириш билан бирга алоҳида байтларда ҳикоятдан чиқарадиган хулосаларини келтиришни ҳам унутмайди. Бу хулосалар изоҳли тарзда берилади ва ҳикоят таъсири остида чалғиб, асл мазмун ва моҳиятдан узоқлашаётган ўқувчини ҳушёр торттиради ва яна Румий ҳидоят қилаётган йўлга бошлайди. Жумладан, «Ихтилоф йўлнинг ҳақиқатида эмас, балки унга қандай етиб боришда эканлиги баёнида», номли қисмда юқоридаги ҳикоятдан шундай хулоса чиқарилади:

Ў зи якрангии Исо бў надошт,
В-аз мизожи хумми Исо хў надошт.
Жомаи садранг аз он хумми сафо.
Содаву якранг гашти чун сабо  7.

Румий айтмоқчи: У риёкор вазир Исонинг кимлигини, Исога муҳаббат тушунчасини қайдан ҳам тушунарди? Исо шундай бир мўъжиза эгаси эдики, унга турли рангдаги кийимларни берсалар, уларни ранг қозонига солиб, бир хил рангда қилиб чиқарарди. Нобакор вазир эса либосларни бир хил рангда эмас, ҳар хил рангда чиқариш пайида эди.

Румий бирлик тарафдори. Унинг назарида яккахудоликка асосланган барча динлар аслида бир дин. Зеро моҳият бир, кўзланган манзил бир. Аммо йўллар ҳар хил, усуллар турлича. Либосларнинг турли рангларда бўлиши касрат, уларнинг Исо – инсонларни бирликка даъват этадиган шахснинг мўъжизаси билан бир хил рангда бўлиб чиқиши – ваҳдат рамзи. Барча ранглар рангсизлик оламидан вужудга келган. Яъни уларни асли бир, аммо турли кўринишлар касб этган. Рангсизлик – воҳид рангнинг турли ранглар – зоҳирий расму одоб, йўл-йўриқлар ва турли талқинларга «асир» бўлиши бир Мусонинг бошқа бир Мусо билан ихтилофга юз тутишига сабаб бўлади:

Чунки беранги асири ранг шуд,
Мусие бо Мусие дар жанг шуд  8.

Воҳид, яъни ягона ва яхлит рангнинг турли рангларга айланиши – ягона диннинг турли динларга бўлиниши охир-оқибат нимага олиб келади? Тафриқа, низо ва ихтилофларга. Натижада, нафақат турли умматлар, балки пайғамбарлар – раҳнамолар ҳам қарама-қарши нуқталарда қарор топадилар.

Румий диний бағрикенглигини очиб берадиган яна бир масала бор. Бу ибодат масаласи. Румий назарида, ҳар бир инсон ўз Парвардигорини ўз ҳиммати, билим ва тафаккур доираси, тахайюл ва тасаввур олами асосида маърифат этади (танийди). Омий бир одамнинг Худони таниш даражасини ҳеч қачон олим ё ориф кишининг маърифати билан тенглаштириб бўлмайди. Шундай экан, ҳар ким ўзи билгани, тушунганича ибодат қилиши, Худо билан мулоқотга киришиши мумкин. Бу ўринда Румий «Маснавий» да шундай бир ҳикоят келтиради:

Бир куни Мусо пайғамбар йўлда Худога муножот қилаётган чўпонни учратади. Чўпон Худога илтижо қилиб дер эди: «Эй Художон, қайдасан, келгин, Сенинг ғуломинг бўлай, чоруғингни тикайин, сочларингни тарайин, кийимларингни ювайин, битларингни тозалайин, Сенга сут олиб келайин, қўлларингни ўпиб, оёқларингни уқалайин, ўрнингни йиғиштириб қўяйин, барча эчкиларим Сенга фидо».

Мусо бу гапларни эшитиб, чўпонга танбеҳ беради: «Ҳой аҳмоқ, бу гапларинг билан ҳали мусулмон бўлишга улгурмай кофир бўлиб қолдинг-ку! Куфринг ҳидидан бутун олам сасиб кетди, дин дунёси хароб бўлди. Чоруқ-пайтава Унга эмас, сенга керак, тентак! Қуёшнинг бирон-бир нарсага эҳтиёжи борми? Тилингни тиймасанг, сенинг касофатинг билан халқнинг кули кўкка совурилади».

Чўпон айтганларидан минг пушаймон бўлиб, ёқаларини йиртиб, чўл-биёбонга бош олиб кетади.

Шунда Худодан Мусога ваҳий келади: «Эй Мусо, бу билан бандамизни биздан жудо этдинг. Ахир сен ажратиб ташлаш учун эмас, балки бандаларни Биз билан яқинлаштириш учун юборилган эдинг-ку! Ҳиндий ҳинд тилида, синдий синд тилида, ўз имкони ва даражасига қараб Бизга ибодат қилади.

Биз бандаларни бирон-бир манфаат кўриш учун эмас, балки уларга яхшилик қилиш учун амр этганмиз. Чунки уларнинг ибодатларидан Биз эмас, балки ўзлари покланадилар. Биз тилдан чиқадиган «қийлу-қол»ларга эмас, балки қалбга, руҳга, ҳолга қараб ҳукм чиқарамиз…9»

Мусо Аллоҳнинг амри билан чўпонни топиб, ундан узр сўрайди. Аммо энди кеч бўлган эди, чўпоннинг руҳи синиб, шаштидан қайтган эди…

Румийнинг Мусо алайҳиссалом ва чўпон ҳақидаги ушбу ривоят талқинидаги нуқтаи назари ва Ибн ал-Арабийнинг Нуҳ алайҳиссалом даъватини нуқсонли, деб танқид қилишида ўхшашлик бор10. Шайх ул-акбар Ибн ал-Арабий ҳам, Мавлавий Румий ҳам бу икки пайғамбарнинг даъват усулидаги асосий камчиликка эътибор берганлар. Бу – уларнинг танзеҳ (Аллоҳ таолонинг барча башарий сифатлардан мутлақо муназзаҳ деб билиш)га қаттиқ ёпишиб, ташбеҳ (Аллоҳ таолони яхшироқ маърифат этиш ва тасаввур эта олиш учун унга махлуқот, хусусан, инсонга хос бўлган сифатларни нисбат бериш (антропоморфизм))ни инкор этишларидадир.

Бу масала талқинида ҳар иккала мутафаккирнинг фикри бир хил: Аллоҳ таоло шак-шубҳасиз ҳар қандай инсоний сифатдан муназзаҳ, аммо уни оммага танитиш ва тушунтиришда инсонларнинг ақл-идроки, фаҳм-фаросати, тасаввур ва тафаккур даражаси, ақлий ва ҳиссий имкониятлари билан ҳам ҳисоб-китоб қилиш лозим. Шундагина, Нуҳ алайҳиссалом қавми даъватни қабул қила олиши ва тўфонга учрамаслиги, чўпон ўз тасаввурида севган Илоҳнинг мутлақо бунақа эмаслигидан эсанкираб, тушкунликка тушмаслиги мумкин эди.

Нима бўлган тақдирда ҳам, бу икки мактаб асосчиларининг мазкур масалага бўлган муносабатлари замирида эзгу бир мақсад ётади: Инсонларни эътиқодли қилиш учун эътиқодни инсонийлаштириш керак. Румий назарида инсонларнинг турли миллатлар ва динларга мансублиги уларнинг муштарак бир идеал сари интилишларига тўсқинлик қилади. Тасаввур қилинг: форс – ангур, араб – инаб, турк – узум, румлик мусофир эса истофил истайди. Пул ҳаммага тегишли ва у ҳам бор-йўғи бир дирам. Бир-бирининг тилини тушунмайдиган бу тўрт йўловчи ўртасида жанжал бошланади. Румийнинг воизи бу вазиатда қандай маслаҳат бермоқчи?

Бундай вазиятда барча сирлардан огоҳ, барча тиллардан бохабар, бир дирам билан тўрт кишининг ҳам ҳожатини чиқара оладиган улуғ бир шахс лозим бўлади, деб маслаҳат беради Румийнинг воизи. Ахир, уларнинг барчаси бир нарса истайди: узум! Аммо ифодалар ҳар хил, мақсадга етишиш усуллари турлича11.

Румий бу ҳикоят билан айтмоқчи: Ҳақиқат битта, лекин етмиш икки миллат (фирқа ва мазҳаблар кўзда тутилмоқда) ўртасидаги низоларнинг асосий сабаби – Ҳақиқатни ҳар хил тушунишда.

Ҳиндилар филни қоронғу уйга олиб кирадилар. Филни кўрмоқчи бўлганларни ҳам бирма-бир қоронғу уйга киритадилар. Филни кўз билан кўриб бўлмасди. Шунинг учун ҳам кирганлар қўл чўзиб, қоронғуда пайпаслаб, филнинг бирон жойини ушлаб сийпардилар, холос. Бири хартумини пайпаслаб, фил дегани тарновга ўхшаркан, иккинчиси қулоғини топиб, фил – бу баҳайбат елпиғич экан, учинчиси оёғини ушлаб, фил деганлари устундек экан, тўртинчиси филнинг устини сийпаб, хонтахтага ўхшар экан, деган хаёлга боради. Хуллас, кимки филнинг қайси аъзосини ушласа, филни ҳам шу аъзога ўхшатиб тасаввур қиларди12.

Румий бу тамсилий ҳикоят билан юқоридаги ҳикоятнинг мазмун-мундарижасини янада кучайтиради: Ҳақиқат битта, аммо уни ҳар ким ўзича тасаввур қилади. Бировнинг тасаввури бошқа бировнинг ўлчовларига мутлақо тўғри келмаслиги мумкин. Чунки уй – Ҳақиқатни ўраб олган фазо қоронғу. Қоронғуда эса Ҳақиқатни топиб бўлмайди. Шундай экан, ҳеч ким «мен ҳақман», дейишга ҳақли эмас.

Динлар, мазҳаблар ва умуман, барча таълимотларнинг мақсади бир нарса – инсониятни кимёи саодат – Ҳақиқатга етказиш. Аммо таассуб, кибр-ғурур, ўзига ҳаддан кўп бино қўйиш ва бошқа суьитафоҳум – тушунмовчиликка олиб келадиган сифатлар уларга эргашувчи кишиларни қоронғулик – жаҳолат бағрига отади. Натижада, филнинг шаклу шамойили қанақалиги хусусида ихтилофлар юзага келади…

Кўриб турганимиздек, Румий динлар ва мазҳаблараро муносабатлар – яъни, улар ўртасидаги ихтилофлар ва келишувларни ҳаётий саҳналарда тасаввур ва тасвир этади. Бу масала Румий ҳикоятларида гоҳида бир оз бўрттирилган шаклда, гоҳида эса ҳазил-мутояба аралаш тарзда баён этилса-да, барибир, кучли мантиқ ва ҳаётий фактларга таянганлиги билан ҳам Ибн ал-Арабийнинг мавҳум ва мураккаб тасаввурларидан фарқланиб туради.

Олмониялик машҳур исломшунос олима Аннемарие Брегитта Шиммел Ибн ал-Арабий қарашлари хусусида фикр юритар экан, уни динлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тарафдорларидан бири сифатида доимо таҳсинга сазовор бўлиб келган, деб баҳолайди13. Кимки «тотувлик ва бағрикенгликнинг ирфоний идеали»ни мисол келтирмоқчи бўлса, албатта, унинг (Ибн ал-Арабий-Ж.Х.) қуйидаги байтларини тилга олади (насрий баён): «Менинг қалбим турли шаклларга қодирдир: роҳибнинг савмааси, бутпарастнинг бутхонаси, зоҳидларнинг Каъбаси, Таврот ва Қуръон саҳифасидир. Ишқ менинг иймон ва эътиқодимдир: унинг туялари қаерга юзланмасин, менинг эътиқод ва иймоним яна ўша ишқ бўлиб қолаверади”14.

Румий ҳам охир-оқибат ишқ аҳли, яъни орифларнинг дини барча динлардан жудодир, деган хулосага келади. У буни нафақат «Маснавий»да, балки «Девони Шамс»да ҳам таъкидлайди:

Ошиқонро дину кеши дигарест,
Аслу фаръу сирри он дин шеваҳо 15.

Ибн ал-Арабий «Футуҳоти Маккия»да динлараро ихтилофларнинг илдизига эътибор қаратади. У бу масалани чуқурроқ тадқиқ этиш ва ўрганиш мақсадида авваламбор, Қуръони каримнинг бир қанча оятларига мурожаат этади. «Парвардигор жуда кўп пайғамбарлар ва турли шариатларни Ўзига қайтиш учун юборди»16, маъносидаги оятни Ибн ал-Арабий «Вужуднинг оламга тажаллий этиш жараёни такрор рўй бермагани каби, саодат йўлини танлаш масаласида ҳам такрор бўлмайди. Шариатлар шунинг учун турлича бўладиларки, хилма-хил бўлмаслик имконининг ўзи мавжуд эмас. Уларнинг барчаси Ягона Вужудга қайтадилар, аммо, Худонинг хоҳиш-иродаси билан уларнинг ҳар бири Инсонни саодатга етказиш йўлида Вужуднинг хос таъайюн (кўриниш, зуҳурланиш) ларидирлар», деб талқин этади17. Шайхи Акбар назарида, ғазабга ғолиб чиқадиган меҳр-мурувват ҳам, динлар ўртасидаги ихтилофлар ҳам Инсон ихтилофлар орқали эришадиган саодатнинг тақозосидир.
Ислом фалсафаси тарихида бирон-бир файласуф, мутакаллим ва мутасаввиф Ибн ал-Арабий даражасида пайғамбарлар, шариатлар ва уларнинг асл моҳиятлари хусусида фикр юритган эмас. Хусусан, унинг «Фусус ул-ҳикам» ва «Ал-абодилат» каби асарлари турли шариатлар билан келган пайғамбарларнинг тавсифига бағишланганлиги билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Ибн ал-Арабий «Фусус ул-ҳикам»ни 28 фассга бўлиб, ҳар бир фассда бир ҳикматни тушунтириб беради. Мазкур фассларда Қуръони каримда зикр этилган 25 нафар пайғамбар хусусида фикр юритади. У мазкур набийларни «ҳикмат калимаси» деб талқин этар экан, уларнинг ўзига хос маъноларига ишора этади. Ҳар бир «калима»ни «Асмо ул-ҳусно»дан бирига нисбат бериб, ҳар бир илоҳий исмни муайян бир набийнинг мақом ва даражасига қараб таърифлайди. Ибн ал-Арабий бу асарда нафақат ҳар бир пайғамбарнинг мақом ва мартабасини кўрсатиб беради, балки уларнинг пайғамбарлик фаолиятларига ҳам баҳо бериб ўтади. Жумладан, Нуҳ пайғамбар даъватини ноқис, яъни номукаммал, деб ҳисоблайди. У Нуҳ пайғамбарни ўз қавлини фақат «танзеҳ» орқали даъват этган набий сифатида танқид қилади. Чунки Нуҳ ўз қавмига ҳеч нарсага мутлақо ўхшамаган Худо ҳақида гапиради. У айтаётган Худо ва борлиқдаги нарсалар, мавжудотлар, жумладан, инсонлар ўртасида ҳеч қандай алоқадорлик ва муносабат сезилмайди, шунинг учун «ташбеҳ»га, яъни антропоморфизм (Худони инсоний қиёфада тасаввур этиш)га ўрганган ва одатланган қавм ўз пайғамбарига эргашмайди. Шу билан бирга Ибн ал-Арабий Муҳаммад пайғамбарнинг даъватини «танзеҳ» ва «ташбеҳ»ни ўзида мужассамлаштирган, яъни «жамъ» қилган, жамъни эса фарқ этиб, фарқни яна жамъ этган энг тўғри даъват сифатида юқори баҳолайди18.

Ибн ал-Арабий Исо пайғамбарга алоҳида эътибор қаратади ва Қуръони каримнинг «Ва сувваракум фааҳсана суваракум»19 оятига асосланиб, «Ал-Мусаввир» исмини Исо Масиҳга нисбат беради20. Шайх ул-акбарнинг насронийлик динидаги «муқаддас учлик» (Ота, Ўғил, Муқаддас Руҳ) масаласи ҳақидаги фикрлари ҳам диққатга сазовордир.

Пайғамбарларнинг мақом ва мартабалари, дин ва шариатларнинг мазмун-моҳияти Ибн ал-Арабийнинг «Ал-Абодилат» номли асарида ҳам асосий мавзуни ташкил этади. Шайх ўзининг энг муҳим асари – «Футуҳот ал-Маккия»да бу мавзу учун «Мақом ар-рисолат ва асрораҳо» номли алоҳида боб (58-боб) ажратган21. Бундан келиб чиқиб, Ибн ал-Арабий ислом илм-фани тарихида «Пайғамбаршунослик» соҳасига асос солган, деган хулосага келиш мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, Ибн ал-Арабийнинг динлар ва пайғамбарлар хусусидаги фикрлари охир-оқибат қуйидаги хулосага олиб келади: Қуръони каримда зикр этилган барча пайғамбарлар муайян бир босқич ва мартабада зуҳур этган илоҳий тажаллийнинг кўринишларидирлар. Ҳар бир дин ўз мақом ва мартабасига эга бўлгани каби ҳар бир пайғамбарнинг ўз ўрни бор. Барча динлар ҳақ, барча пайғамбарлар ҳақдир. Чунки турли шариатларнинг яратилишида ҳам илоҳий ҳикмат мавжуд. Ибн ал-Арабийнинг ушбу мавзу хусусидаги фикрлари бизнингча, инсонсеварлик ғояларининг энг юксак даражасини ифода этади.

Ҳазрати Румийнинг ҳам инсон зотига бўлган муҳаббати фақат сўзда, китобда эмас, балки қалбининг туб-тубида, фикру зикрида, турли миллат ва дин вакиллари, турли табақа ва касб-ҳунар эгалари билан мулоқот ва муносабатларида ҳам яққол аён эди. Шунинг учун бўлса керак, Ҳазрати Мавлононинг фарзанди ҳамда халифаси – Султон Валад қиблагоҳининг дафн маросимини эслаб ёзган хотираларида барча миллату мазҳабларга бир хил тааллуқли бўлган бу инсоннинг нақадар маҳбуб ва севимли эканлигини қуйидагича тасвирлайди: «Қуния шаҳри қирқ кун йиғлади. Нафақат Мавлоно мактаби биродарлари ва муридлари, балки бутун халқ – Мавлоно мактаби билан ошно бўлганлар, барча мусулмонлар, яҳудийлар, масиҳийлар (насронийлар – Ж.Х.) «турку курду порсигўю араб»:

Карда ўро масиҳиён маъбуд,
Дийда ўро яҳуд хуб, чу Ҳуд.
Исавий гуфта: ўст Исои мо,
Мусавий гуфта: ўст Мусои мо  22.

Мазмуни: Насронийлар уни ўзларига маъбуд қилиб олган бўлсалар, яҳудийлар уни Ҳуд каби севардилар. Насроний уни «У бизнинг Исомиз», яҳудий эса «У бизнинг Мусомиздир», дерди.
Румий ҳам ҳар бир набий ва ҳар бир валийнинг ўз дини, ўз маслаги бор, аммо барча дину маслаклар ягона мақсад – Ҳаққа етказади, дейди:

Ҳар набийю ҳар валийро маслакест,
Лек то Ҳақ мебарад жумла якест 23.

Кўриниб турганидек, Румий ҳам Ибн Ал-Арабий сингари набий тушунчаси ҳақида фикр юритганда валий тушунчасини ҳам келтиради. Зотан, валий ҳар иккала мутафаккир назарида пайғамбарнинг муайян макон ва замондаги халифасидир.

* * *

Ибн ал-Арабий пайғамбарлар ва шариатлар хусусидаги фикрларини Қуръон оятлари билан асослаб, ўзининг ҳикмат, ирфон, калом ва фалсафа қоришмасига ўхшаган таълимотининг таркибида илоҳиётшунослик муаммолари билан боғлиқ ҳолда талқин этган. Унинг бу масала борасидаги фикрларини кўпинча турли фалсафий-ирфоний масалалар (жумладан, борлиқшунослик, билиш назарияси) замиридан излашга тўғри келади. Ибн ал-Арабийнинг кичик замондоши – Мавлоно Жалолиддин Румий эса бу масалани, албатта, биринчи навбатда Қуръон оятлари асосида, аммо ҳаётий мисоллар, воқеий ҳодиса ва ҳолатларни юксак бадиий маҳорат билан тасвирлаш орқали ифодалаган. Шубҳасиз, ушбу икки улуғ мутафаккир ва ориф тасаввуф таълимоти ва умуман, ислом тафаккури тарихида диний бағрикенглик ва динлараро тотувлик рамзи бўлиб қолаверадилар.

Адабиётлар ва изоҳлар:

1 Бадиуззамон Фурўзонфар. Шарҳи аҳволи Мавлоно. –Теҳрон, 1379.- Б.114-120; Муҳаммад Истеъломий. Маснавийга муқаддима. Форс тилидан Жаъфар Муҳаммад таржимаси. –Теҳрон, 2001.-Б.40.
2 Муҳаммад Истеъломий. Маснавийга муқаддима.. — Б.17.
3 Ўша китоб. -Б. 56.
4 Мавлоно Жалолиддин Балхий. Маснавийи маънавий. Ба тасҳеҳ ва муқаддимаи Муҳаммад Истеъломий. –Теҳрон, 1379. 2/1774.
5 Маснавийи маънавий, 2/1774.
6 Маснавийи маънавий, 1/499.
7 Маснавийи маънавий, 1/504-505.
8 Маснавийи маънавий, 1/504-505
9 Қаранг: Маснавийи маънавий, 2/1724-1763.
10 Қаранг: Муҳйиддин ибн ал-Арабий. Футуҳоти Маккия. Байрут: Дорус-содир. 3-жилд. -Б.77.
11 Қаранг: Маснавий, 2/3697-3709.
12 Қаранг:Уильям Читтик. Аволими хаёл. Таржимаи Қосим Кокоий. –Теҳрон: Энтешорот-э Ҳермес бо ҳамкори-йэ Марказ-э бейналмелали-йэ гуфтўгуйэ тамаддунҳо, 1384. –С. 246.
13 Аннемарие Шиммел. Абъоди ирфонийи ислом(Mustical Dimensions of Islam). Таржума ва тавзеҳоти Абдурраҳим Гувоҳий. –Теҳрон: Дафтари нашри фарҳанги исломий, 1375, -С. 443.
14 Ўша китоб, ўша саҳифа. Изоҳ: Ибн ал-Арабийнингг ушбу сўзлари «Таржимон ул-ашвоқ» номли девонидаги байтлардан олинган.
15 Девони Шамс, 1967/1.
16 Қуръони карим, «Моида» сураси, 48-оят: «Ҳар бир (уммат) учун (алоҳида) шариат ва йўл (таъйин) қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, сизларни бир уммат (бир хил шариатда) қилиб қўйган бўлур эди. Лекин, Ўзи берган нарса (шариатлар) да сизларни синаш учун (шундай қилмади). Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз! Ҳаммангизнинг қайтиб борадиган жойингиз Аллоҳ ҳузуридир…» (Абдулазиз Мансур таржимаси).
17 Қаранг:Уильям Читтик. Аволими хаёл. Таржимаи Қосим Кокоий. –Теҳрон: Энтешорот-э Ҳермес бо ҳамкори-йэ Марказ-э бейналмелали-йэ гуфтўгуйэ тамаддунҳо, 1384. –С. 246.
18 Муайядиддин Жандий. Шарҳи Фусус. –Машҳад, 1360. –С.287-294.
19 Қуръони карим, «Тағобун» сураси, 3-оят: «Ва сизларга сурат (шакл) берди – суратларингизни гўзал қилди» (Абдулазиз Мансур таржимаси).
20 Ибн ал-Арабийнинг шиа мазҳабига мансуб шарҳловчилари ва издошларидан бири – Шайх Омулий («Шарҳи Фусус» муаллифи) айнан ана шу масала юзасидан Шайх ул-Акбар (Ибн Арабий)га эътироз билдирган. Умуман, Ибн ал-Арабий диний бағрикенглик ғояларига асосланган яна бир қанча фикрлари – насронийликдаги «Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ» масаласини «тавҳиднинг бир тури», деб баҳо бергани, Фиръавн иймони хусусидаги қарашларлари учун ҳам кескин танқидга учраган.
21 Қаранг: Муҳйиддин ибн ал-Арабий. Футуҳоти Маккия. 2-жилд. –С.257.
22 Муҳаммад Истеъломий. «Маснавий»га муқаддима.- Б.48-49.
23 Маснавийи маънавий, 1/3099.

Bugun tasavvuf ta’limotining buyuk nazariyotchilaridan biri Shayx ul-akbar Muhyiddin ibn al-Arabiy (560/1165-638/1240) tug‘ilgan kun

Mavlono Jaloliddin Rumiy
HIKMATLAR
08

1. Dard  insonga yo’l ko’rsatur.

2. Iymon namozdan yaxshiroqdir. Chunki namoz besh mahal farz, iymon esa har doim.

3. Ko’chaning daydi itiga xoh oltindan, xoh yungdan tasma taq, baribir ko’cha itiligicha qolaveradi.

4. Kufr bilan iymon, tuxumning oqi bilan sarig’iga o’xshaydi.

5. Don yerga ko’miladi, uning yerga ko’milishi bog’u-rog’ning ko’karishiga sabab bo’ladi.

6. Aqling tuyachiga o’xshaydi. Sen tuyasan. Aqling seni rom qiladi, istar-istamas xohlagan joyiga tortib olib boradi.

7. Aqllidan kelgan jafo nodondan kelgan vafodan yaxshidir.

8. Sabri yo’qning iymoni ham bo’lmaydi.

9. Alloh sening yuzingni xunuk qilib yaratgan bo’lsa, o’zinga kel, ham yuzi xunuk, ham odobi xunuk bo’lib o’tma.

10. Shaxmatda piyoda yo’lga chiqib, oxirida vazir bo’ladi.

11. Quyoshning nuri axlatga tushsa ham aynimaydi, chunki u nurdir.

12. Sabr – insonni maqsadiga eng tez olib boradigan yo’l ko’rsatuvchidir.

13. Hirs iflosliklarni ham chiroyli qilib ko’rsatadi.

14. Temirchilikni bilmasang, temirchi o’chog’idan o’tayotganingda soqolingni ham sochingni ham yoqasan.

15. Egri oyoqning soyasi ham egri bo’ladi.

16. Yaxshilik va osoyishtalikda barcha senga do’st-birodar bo’lar. Dard va g’amda, Allohdan boshqa kim yaqining bo’lar?

17. Yaxshi do’sti borning oynaga ehtiyoji yo’qdir.

18. “So’rasak ham bermadi”, dema. So’rashni bilmading, hech bo’lmasa yolg’on gapirma.

19. Insonni otash emas, o’z g’aflati yoqar. Barchadagi kamchilikni ko’rar-u, ammo o’ziga ko’rdek boqar. Nimaga qanday boqsang, u ham senga shunday boqar.

20. Inson kulishi ila tarbiyasini, kulgan narsasi ila saviyasini ko’rsatadi.

21. Yolg’izlik — odam bo’lmaydiganning hurmati va muhabbatidan yaxshiroqdir.

22. Ey Musulmon! Odob nima deb so’rasang, bilki, odob — har beodobning odobsizligiga sabr qilishdir.

23. Ro’za tutish — qiyindir, azobdir. Ammo Alloh bandasini O’zidan uzoqlashtirishidan, bir dardga giriftor qilishidan ko’ra yaxshiroqdir.

24. Har til — ko’ngilning pardasidir. Parda qimirladimi, sirlar ochiladi.

25. Oyning kechaga sabr qilishi uni oydinlatur. Gulning tikonga sabr qilishi gulga yoqimli hid berur.

26. Yomon nafs — yirtqich qushdir.

27. Til qozonning qopqog’iga o’xshaydi. Qimirlab hidi taraldimi, nima pishayotganini bilib olaverasan.

28. To’g’rilik Musoning asosi kabidir. Egrilik esa sehrgarlarning sehrlariga o’xshaydi. To’g’rilik o’rtaga chiqqach, barcha egriliklarni yutib yuboradi.

29. Qush tilini o’rgangan kimsa, qush hisoblanmaganidek ayni damda qushlarning dushmani va ovchisi hisoblanadi.

30. Umid — xavfsiz yo’lning boshidir.

31. Har qo’lingni siqqan bilan do’st, joningni siqqan bilan dushman bo’lma!

32. Cho’ntagi boy, ruhi qashshoq bo’lgan insonlarning ahvollari juda jirkanch. Chunki ular, har narsaning narhini bilishadi, ammo qadrini bilishmaydi.

33. Insonlardagi go’zallik bu – yuzdir, yuzdagi go’zallik esa – ko’zdir. Ammo, insonni inson qilgan bu uning tilidan chiqadigan – so’zdir.

34. Aql qo’ydir, nafs bo’ri, iymon esa cho’pon. Agar iymon kuchli bo’lmasa, nafs aqlni yeydi.

35. Unutma, inson dunyolarga hokim bo’lar lekin, har doim kichkinagina qalbga asirdir!

36. Haqiqiy do’stlar qo’l bilan ko’z kabidirlar. Qo’l og’riganda ko’z yig’laydi, ko’z yig’laganida, qo’l uni artadi.

37. Sevgidan achchiq shiringa aylanur. Sevgidan mislar oltinga aylanur. Sevgidan loyqa cho’kindi suvlar tiniq, sof holga kelur. Sevgidan dardlar, shifo topur. Sevgidan o’liklar tirilur, podshohlar qul bo’lur. Bu sevgi ilm-ma’rifatning natijasidir. Bo’lar bo’lmas narsalarga g’arq bo’lgan inson qanday qilib bunday taxtga o’tirishi mumkin? Nuqsonli ilm qanday qilib haqiqiy sevgini yaratishi mumkin? Ha, sevgini yarata olar, u ham jonsiz narsalar sevgisidir. Nuqsonli ilm sohibi jonsiz narsada istaganining rangini ko’rganida, hushtak chalinsa ham sevgilisining ovozini eshitgandek bo’ladi.

38. Odobidan mahrum bo’lgan Allohning lutfidan ham mahrum bo’lur.

39. Tomdan yiqilganning biror parchasi topilishi mumkin. Topiladi ham. Ko’ngildan yiqilganning bir parchasi ham topilmaydi.

40. O’tin yonsa kul bo’ladi. Inson yonsa qul bo’ladi.

41. Chim (o’t o’lan) kecha oyoqlarim ostida edi, bugun esa ustimda turibdi. Ko’rayapsanmi, tuproq gunohlardan boshqa har narsani berkitadi?!

42. Tiliga hokim bo’lmagan insondan – do’st, ko’ziga hokim bo’lmagan insondan – yor bo’lmas.

43. Ilmga yetgan oyoq qanotga aylanur.

44. Ajal, berilganni olib ketmasidan, berilishi kerak bo’lgan har narsani berib qolish kerak.

45. Dunyo – olimning qiymatsiz o’yinchog’i, ahmoqning esa qiymatli arg’imchog’i.

46. Bir insonning qandayligini bilmoqchi bo’lsang, u bilan birga o’tirib-turgan do’stlariga qara.

47. O’rinsiz nasihat, kishini yaralaydi.

48. Hayotda muvaffaqiyatga erishish uchun uch narsa kerak; diqqat, intizom va harakat.

49. Dardli odamning beqarorliklar va tumanlarga to’la bir uyi bor. Dardini eshitsang, uyiga bir deraza ochgan bo’lasan.

50. Qo’shnilariga tuzoq qurish, arslonlarga yarashmaydi.

51. Alloh uchun gulxanga tushirilish bordir, lekin gulxanga otilmasdan Ibrohimdekmisan yoki yo’qmi shuni aniqlab ol. Chunki gulxan Ibrohimlarni biladi va ularni yoqmaydi.

52. Butun dunyoni qidirib, go’zal xulqdan ko’ra yaxshiroq layoqatni topmadim.

53. Qalb oynasining sof bo’lishi, xunukdan go’zalni ajarata olishi uchun kerak.

54. Suhbat borki, keskir qilichga o’xshar, bo’stonni, ekinni kesib bichar. Suhbat borki, bahorga o’xshar, har tomonni yashnatib, son-sanoqsiz mevalar tugar.

55. Seni do’stingdan ayiradigan so’zga quloq solma. U so’zda ziyon bordir, ziyon!

Manba: qadriyat.uz

RUMIY VA IBN AL-ARABIY:
DINIY BAG‘RIKЕNGLIK TIMSOLLARI
Ja’far MUHAMMAD

011

007«Mavlaviya» tariqatining asoschisi, ulug‘ shoir va mutafakkir Mavlono Jaloliddin Muhammad Rumiyi Balxiy (604/1207-672/1273), tasavvuf ta’limotining buyuk nazariyotchilaridan biri Shayx ul-akbar Muhyiddin ibn al-Arabiy (560/1165-638/1240) bilan deyarli bir davrda yashagan. Aytish mumkin, Ibn al-Arabiy Rumiyning eng mashhur zamondoshlaridan biri bo‘lgani kabi Rumiy ham Ibn al-Arabiy yashagan davrning eng taniqli siymolaridan biri edi. Irfon olamining bu ikki ulug‘ namoyandasi o‘rtasida muloqot yo mukotiba yuzaga kelganmi yoki yo‘q, bu haqda aniq bir ma’lumotga ega emasmiz. Ammo Rumiyning Ibn al-Arabiy ta’limoti bilan oshnoligi xususida bir qancha tarixiy va naqliy dalillar mavjud. Jumladan, eronlik taniqli olim Badi’uzzamon Furo‘zonfarning aniqlashicha, Ibn al-Arabiyning eng mashhur shogirdlaridan biri – Sadriddin Kunaviy «Mavlono (Rumiy – J.X.) shuhrat qozongan paytlarda Kuniyada yashab Muhyiddin (Ibn al-Arabiy – J.X.) tariqatidan … dars berardi. Sadriddin boshida Mavlono usulini inkor etardi, ammo Sirojiddin Armaviy orqali Mavlono va uning qarashlari bilan tanishib, unga bog‘landi va shunday qilib ular orasida do‘stlik paydo bo‘la boshladi. Ularning suhbat va muloqotlari o‘zaro hurmat va samimiyat bilan o‘tardi. Mavlono vafot etgach, Shayx Sadriddin uning janoza namozini o‘qidi»1. Agar Rumiyning bir muddat Damashqda tahsil olgani va bu paytda Damashq Ibn al-Arabiy maktabining markazlaridan biri bo‘lganligi hisobga olinsa, bu ikki ulug‘ zotning uchrashmaganligi xususidagi fikr shubha ostida qoladi. Taniqli rumiyshunos olim Muhammad Iste’lomiy Mavlononing Damashqda yashagan davri Ibn al-Arabiyning keksalik chog‘iga to‘g‘ri kelishi va manbalarda bu haqda ma’lumot uchramasa-da, bu ulug‘ muallim va qobiliyatli tolibi ilm o‘rtasida ma’naviy robita mavjud bo‘lgan, degan mantiqiy xulosa chiqaradi2.

003Rumiy va Ibn al-Arabiyning diniy, irfoniy, falsafiy qarashlarida favqulodda o‘xshash jihatlar kam emas. Ayniqsa, bu ikki ulug‘ mutasavvifning vahdat ul-vujud, Insoni komil, Ishq, vahdat va kasrat… kabi bir qancha irfoniy masalalar xususidagi qarashlari hayratlanarli darajada o‘xshab ketadi. Ammo shuningdek, ular o‘rtasida tafovutlar ham oz emas. Ushbu maqolada shu xususda fikr yuritiladi.

* * *

Rumiyni Ibn al-Arabiy va uning izdoshlari yaratgan maktabdan ajratib turadigan asosiy farq bizningcha, Ibn al-Arabiyning falsafa va kalom ilmlariga yaqinligi, Rumiyning falsafa va kalomni xush ko‘rmasligidadir. Falsafa va faylasuflarni yoqtirmasligini Rumiy «Masnaviy» va boshqa asarlarida ham ishora etib o‘tgan. Ibn al-Arabiy ta’limoti murakkab irfoniy, falasafiy, kalomiy istilohlar va tushunchalar, murakkab ilmiy uslub va tushunishi, anglashi qiyin bo‘lgan fikrlar, ramz va ishoralar majmuasidan tarkib topgan. Ibn al-Arabiy ta’limoti, garchi uni muallifning o‘zi «falsafa» yo «kalom», deb atamagan bo‘lsa-da, aqliy bilimlar va hikmat bilan shug‘ullanadigan mutaxassislarning tadqiqot obyektidir. Ibn al-Arabiy ta’limotidagi mavhumlik va murakkablik sababli uning «Fusus ul-hikam» (Hikmat gavharlari) nomli eng mashhur asarlaridan biri 800 yildan buyon falsafa, hikmat, kalom va irfon ahli tomonidan katta qiziqish bilan o‘rganilib kelinmoqda. Arab olimi Usmon Yahyoning aniqlashicha, bu asarga salkam 120 ta ilmiy sharh yozilgan ekan. Shunday bo‘lsa-da, bu asar haligacha islomshunos olimlarning diqqat markazidan chetga chiqqani yo‘q. Ammo Rumiyning mazmun-mundarija jihatidan «Fusus ul-hikam»dan kam joyi bo‘lmagan badiiylikda jahon adabiyoti durdonalaridan biri asari — «Masnaviyi ma’naviy» sodda va ravon tilda qissa va hikoyatlar, xalq og‘zaki ijodi unsurlari – hikmatlar, maqollar, ta’bir va iboralar bilan bezatilgan, yuksak badiiy mahorat bilan yaratilgan. Qolaversa, Rumiy islom olamining sharqidan chiqqan zot. Shuning uchun ham «Masnaviy» o‘zida Markaziy Osiyo xalqlarining mentaliteti va badiiy tafakkurini aks ettirgan. Bu holat Rumiyning boshqa asarlari – «Devoni Shams»dagi 40326 baytni tashkil etadigan g‘azallar, qit’alar, tarji’ot va ruboiylari, «Fiyhi mo fiyh» kabi nasriy asarlarida ham yaqqol ko‘zga tashlanadi. Xususan, «Fiyhi mo fiyh»da Rumiy» kundalik muloqotlarida ishlatgan sodda uslub qo‘llaniladi. «Masnaviy» baytlaridagi murakkabliklar «Fiyhi mo fiyh»da uchramaydi. Bu kitob ba’zi holatlarda «Masnaviy»dagi ma’nolarni to‘g‘ri tushunib olishimizga yordam beradi. Chunki uning mazmun-mundarijasi «Masnaviy» bilan bir xildir3».

Rumiy Ibn al-Arabiydek islom nazariyotchisi emas, balki mutafakkir shoirdir. Rumiy ko‘proq ijtimoiy hayot va amaliyot bilan bog‘langan mutafakkir. Shuning uchun bo‘lsa kerak, uning irfon, kalom, axloq, fiqh va turli masalalarga oid qarashlarining majmuasidan tarkib topgan shohasari – «Masnaviyi ma’naviy»sida ham minbardan turib, ta’sirli va’zlari bilan tinglovchilarni gohida kuldirib, gohida yig‘latayotgan ulug‘ bir voiz siymosi gavdalanadi. Ammo Ibn al-Arabiy Rumiyga o‘xshab fikrlarini sodda, ravon, omma uchun tushunarli til va uslubda bayon etadigan, asl maqsadni to‘g‘ri va qiziqarli tarzda tushuntirish uchun rivoyat, qissa va hikoyatlar, turli xalq maqollari va ta’birlaridan keng foydalanadigan, bir hikoyat mazmunini boshqa bir hikoyat bilan sharhlaydigan, mazmun-mohiyatni yanada qiziqarli va maroqli tarzda yetkazib berish uchun hazil-mutoyibalarga boy sahna va manzaralarni, kerak bo‘lsa, bir oz qo‘pol so‘zlar, iboralar va uyatli sahnalarni ham tasvirlab beradigan roviy yoki voiz emas. Ibn al-Arabiy – tafakkur xilvatxonasida Olam va Odam xususida uzoq fikr yuritib, ramz-ishoralar tili bilan donishmandlar aqlini lol qoldirishga bel bog‘lagan, «men nima demoqchiman, qani topinglar-chi!» demoqchi bo‘layotgan muammonavisni eslatadi. Shu nuqtai nazardan, uning dinlar va mazhablar xususidagi fikrlari ham hamma joyda oshkora tarzda bayon etilmaydi.

Ammo «Men yetmish uch mazhab bilan birgaman», degan va haqorat qilganlarida ham bamaylixotir «O‘sha aytganing ham menman», deb javob bergan bu voiz qanaqa voiz? Mazhab kimxobiga o‘ranib, xalqqa boshqa mazhablarning botilligini uqtirayotgan mutaassib bir voizmi? Yo «Masnaviy»da keltirilganidek, nasroniy amirlarning ishonchini qozonib, go‘zal iboralar bilan ularning har birini pinhona valiahd etib tayinlab, ular o‘rtasida nizo solishni maqsad qilib olgan yahudiy vazirmi?

Yo‘q, Rumiy yaratgan voiz hech qaysi bir millat, din yo mazhab doirasiga sig‘maydigan bir voiz. U millat, din, mazhab, maslak, mashrab degan tor doiralardan yuqori bir shaxsiyat. Zero, Rumiy yaratgan voiz faqatgina olim va mutafakkir emas, balki ishq hidoyati bilan borliq va birlik mohiyatini anglagan ulug‘ bir orifdir.Chunki:

Millati ishq az hama dinho judost,
Oshiqonro millatu mazhab Xudost 4.

Mazmuni: Ishq millati barcha dinlardan ayri bir millat, oshiqlarning dinu mazhabi esa Xudodir.

Rumiy «Masnaviyi ma’naviy»da yaratgan voiz millatlar, elatlar, dinlar, mazhablar va turli firqalarni birlikka da’vat etadigan voiz. Muso alayhissalom bilan cho‘pon dostonida keltirilgan quyidagi bayt aslida ana shu voizning oldiga qo‘yilgan hayotiy dasturdir:

Tu baroyi vasl kardan omadi,
Yo baroyi fasl kardan omadi? 5

Mazmuni: Sen odamlarni bir-biri bilan bog‘lash uchun kelganmisan yo ularni bir-biridan ajratish uchunmi?

Rumiy «Masnaviy»da dinlararo munosabatlar masalasini «Taassub yuzasidan nasroniylarni o‘ldiradigan yahudiy podshoh» hikoyasidan boshlaydi. Hikoyada yahudiy podshohning makkor vaziri o‘zini shoh tomondan xo‘rlangan va jabrlangan qilib ko‘rsatib, nasroniy (xristian)lar jamoasiga qo‘shiladi. U asta-sekin nasroniy amirlarning ishonchi va muhabbatini qozonib, ularning ma’naviy rahnomasiga aylanadi. Nihoyat, u o‘z oldiga qo‘ygan maqsadi – nasroniy dinining ildizlarini quritishni amalga oshirish uchun nasroniy amirlarning har biriga mazmunan bir-biriga zid bo‘lgan maktublar – vasiyatnomalar bitib, ularning har birini valiahd deb e’lon qiladi. U o‘zining har bir maktubida turli shar’iy va axloqiy masalalarni turlicha, bir-biriga qarama-qarshi tarzda talqin etib, amirlarni yo‘ldan adashtiradi va ular o‘rtasiga nizo soladi. Munofiq vazir, maktublardan birida jumladan shunday deb yozgan edi:

Dar yake gufta ki: in jumla yakest,
Har ki o‘ du binad, ahval mardakest 6.

Mazmuni: Ularning birida shunday yozilgan edi: barcha mazhablar aslida bir xildir. Kimki ularni ikkita deb bilsa, ko‘rdir.

Rumiy hikoyatni davom ettirar ekan, unda o‘z qarashlarini singdirish bilan birga alohida baytlarda hikoyatdan chiqaradigan xulosalarini keltirishni ham unutmaydi. Bu xulosalar izohli tarzda beriladi va hikoyat ta’siri ostida chalg‘ib, asl mazmun va mohiyatdan uzoqlashayotgan o‘quvchini hushyor torttiradi va yana Rumiy hidoyat qilayotgan yo‘lga boshlaydi. Jumladan, «Ixtilof yo‘lning haqiqatida emas, balki unga qanday yetib borishda ekanligi bayonida», nomli qismda yuqoridagi hikoyatdan shunday xulosa chiqariladi:

O‘ zi yakrangii Iso bo‘ nadosht,
V-az mizoji xummi Iso xo‘ nadosht.
Jomai sadrang az on xummi safo.
Sodavu yakrang gashti chun sabo 7.

Rumiy aytmoqchi: U riyokor vazir Isoning kimligini, Isoga muhabbat tushunchasini qaydan ham tushunardi? Iso shunday bir mo‘’jiza egasi ediki, unga turli rangdagi kiyimlarni bersalar, ularni rang qozoniga solib, bir xil rangda qilib chiqarardi. Nobakor vazir esa liboslarni bir xil rangda emas, har xil rangda chiqarish payida edi.

Rumiy birlik tarafdori. Uning nazarida yakkaxudolikka asoslangan barcha dinlar aslida bir din. Zero mohiyat bir, ko‘zlangan manzil bir. Ammo yo‘llar har xil, usullar turlicha. Liboslarning turli ranglarda bo‘lishi kasrat, ularning Iso – insonlarni birlikka da’vat etadigan shaxsning mo‘’jizasi bilan bir xil rangda bo‘lib chiqishi – vahdat ramzi. Barcha ranglar rangsizlik olamidan vujudga kelgan. Ya’ni ularni asli bir, ammo turli ko‘rinishlar kasb etgan. Rangsizlik – vohid rangning turli ranglar – zohiriy rasmu odob, yo‘l-yo‘riqlar va turli talqinlarga «asir» bo‘lishi bir Musoning boshqa bir Muso bilan ixtilofga yuz tutishiga sabab bo‘ladi:

Chunki berangi asiri rang shud,
Musiye bo Musiye dar jang shud 8.

Vohid, ya’ni yagona va yaxlit rangning turli ranglarga aylanishi – yagona dinning turli dinlarga bo‘linishi oxir-oqibat nimaga olib keladi? Tafriqa, nizo va ixtiloflarga. Natijada, nafaqat turli ummatlar, balki payg‘ambarlar – rahnamolar ham qarama-qarshi nuqtalarda qaror topadilar.

Rumiy diniy bag‘rikengligini ochib beradigan yana bir masala bor. Bu ibodat masalasi. Rumiy nazarida, har bir inson o‘z Parvardigorini o‘z himmati, bilim va tafakkur doirasi, taxayyul va tasavvur olami asosida ma’rifat etadi (taniydi). Omiy bir odamning Xudoni tanish darajasini hech qachon olim yo orif kishining ma’rifati bilan tenglashtirib bo‘lmaydi. Shunday ekan, har kim o‘zi bilgani, tushunganicha ibodat qilishi, Xudo bilan muloqotga kirishishi mumkin. Bu o‘rinda Rumiy «Masnaviy» da shunday bir hikoyat keltiradi:

Bir kuni Muso payg‘ambar yo‘lda Xudoga munojot qilayotgan cho‘ponni uchratadi. Cho‘pon Xudoga iltijo qilib der edi: «Ey Xudojon, qaydasan, kelgin, Sening g‘uloming bo‘lay, chorug‘ingni tikayin, sochlaringni tarayin, kiyimlaringni yuvayin, bitlaringni tozalayin, Senga sut olib kelayin, qo‘llaringni o‘pib, oyoqlaringni uqalayin, o‘rningni yig‘ishtirib qo‘yayin, barcha echkilarim Senga fido».

Muso bu gaplarni eshitib, cho‘ponga tanbeh beradi: «Hoy ahmoq, bu gaplaring bilan hali musulmon bo‘lishga ulgurmay kofir bo‘lib qolding-ku! Kufring hididan butun olam sasib ketdi, din dunyosi xarob bo‘ldi. Choruq-paytava Unga emas, senga kerak, tentak! Quyoshning biron-bir narsaga ehtiyoji bormi? Tilingni tiymasang, sening kasofating bilan xalqning kuli ko‘kka sovuriladi».

Cho‘pon aytganlaridan ming pushaymon bo‘lib, yoqalarini yirtib, cho‘l-biyobonga bosh olib ketadi.

Shunda Xudodan Musoga vahiy keladi: «Ey Muso, bu bilan bandamizni bizdan judo etding. Axir sen ajratib tashlash uchun emas, balki bandalarni Biz bilan yaqinlashtirish uchun yuborilgan eding-ku! Hindiy hind tilida, sindiy sind tilida, o‘z imkoni va darajasiga qarab Bizga ibodat qiladi.

Biz bandalarni biron-bir manfaat ko‘rish uchun emas, balki ularga yaxshilik qilish uchun amr etganmiz. Chunki ularning ibodatlaridan Biz emas, balki o‘zlari poklanadilar. Biz tildan chiqadigan «qiylu-qol»larga emas, balki qalbga, ruhga, holga qarab hukm chiqaramiz…9»

Muso Allohning amri bilan cho‘ponni topib, undan uzr so‘raydi. Ammo endi kech bo‘lgan edi, cho‘ponning ruhi sinib, shashtidan qaytgan edi…

Rumiyning Muso alayhissalom va cho‘pon haqidagi ushbu rivoyat talqinidagi nuqtai nazari va Ibn al-Arabiyning Nuh alayhissalom da’vatini nuqsonli, deb tanqid qilishida o‘xshashlik bor10. Shayx ul-akbar Ibn al-Arabiy ham, Mavlaviy Rumiy ham bu ikki payg‘ambarning da’vat usulidagi asosiy kamchilikka e’tibor berganlar. Bu – ularning tanzeh (Alloh taoloning barcha bashariy sifatlardan mutlaqo munazzah deb bilish)ga qattiq yopishib, tashbeh (Alloh taoloni yaxshiroq ma’rifat etish va tasavvur eta olish uchun unga maxluqot, xususan, insonga xos bo‘lgan sifatlarni nisbat berish (antropomorfizm))ni inkor etishlaridadir.

Bu masala talqinida har ikkala mutafakkirning fikri bir xil: Alloh taolo shak-shubhasiz har qanday insoniy sifatdan munazzah, ammo uni ommaga tanitish va tushuntirishda insonlarning aql-idroki, fahm-farosati, tasavvur va tafakkur darajasi, aqliy va hissiy imkoniyatlari bilan ham hisob-kitob qilish lozim. Shundagina, Nuh alayhissalom qavmi da’vatni qabul qila olishi va to‘fonga uchramasligi, cho‘pon o‘z tasavvurida sevgan Ilohning mutlaqo bunaqa emasligidan esankirab, tushkunlikka tushmasligi mumkin edi.

Nima bo‘lgan taqdirda ham, bu ikki maktab asoschilarining mazkur masalaga bo‘lgan munosabatlari zamirida ezgu bir maqsad yotadi: Insonlarni e’tiqodli qilish uchun e’tiqodni insoniylashtirish kerak. Rumiy nazarida insonlarning turli millatlar va dinlarga mansubligi ularning mushtarak bir ideal sari intilishlariga to‘sqinlik qiladi. Tasavvur qiling: fors – angur, arab – inab, turk – uzum, rumlik musofir esa istofil istaydi. Pul hammaga tegishli va u ham bor-yo‘g‘i bir diram. Bir-birining tilini tushunmaydigan bu to‘rt yo‘lovchi o‘rtasida janjal boshlanadi. Rumiyning voizi bu vaziatda qanday maslahat bermoqchi?

Bunday vaziyatda barcha sirlardan ogoh, barcha tillardan boxabar, bir diram bilan to‘rt kishining ham hojatini chiqara oladigan ulug‘ bir shaxs lozim bo‘ladi, deb maslahat beradi Rumiyning voizi. Axir, ularning barchasi bir narsa istaydi: uzum! Ammo ifodalar har xil, maqsadga yetishish usullari turlicha11.

Rumiy bu hikoyat bilan aytmoqchi: Haqiqat bitta, lekin yetmish ikki millat (firqa va mazhablar ko‘zda tutilmoqda) o‘rtasidagi nizolarning asosiy sababi – Haqiqatni har xil tushunishda.

Hindilar filni qorong‘u uyga olib kiradilar. Filni ko‘rmoqchi bo‘lganlarni ham birma-bir qorong‘u uyga kiritadilar. Filni ko‘z bilan ko‘rib bo‘lmasdi. Shuning uchun ham kirganlar qo‘l cho‘zib, qorong‘uda paypaslab, filning biron joyini ushlab siypardilar, xolos. Biri xartumini paypaslab, fil degani tarnovga o‘xsharkan, ikkinchisi qulog‘ini topib, fil – bu bahaybat yelpig‘ich ekan, uchinchisi oyog‘ini ushlab, fil deganlari ustundek ekan, to‘rtinchisi filning ustini siypab, xontaxtaga o‘xshar ekan, degan xayolga boradi. Xullas, kimki filning qaysi a’zosini ushlasa, filni ham shu a’zoga o‘xshatib tasavvur qilardi12.

Rumiy bu tamsiliy hikoyat bilan yuqoridagi hikoyatning mazmun-mundarijasini yanada kuchaytiradi: Haqiqat bitta, ammo uni har kim o‘zicha tasavvur qiladi. Birovning tasavvuri boshqa birovning o‘lchovlariga mutlaqo to‘g‘ri kelmasligi mumkin. Chunki uy – Haqiqatni o‘rab olgan fazo qorong‘u. Qorong‘uda esa Haqiqatni topib bo‘lmaydi. Shunday ekan, hech kim «men haqman», deyishga haqli emas.

Dinlar, mazhablar va umuman, barcha ta’limotlarning maqsadi bir narsa – insoniyatni kimyoi saodat – Haqiqatga yetkazish. Ammo taassub, kibr-g‘urur, o‘ziga haddan ko‘p bino qo‘yish va boshqa suitafohum – tushunmovchilikka olib keladigan sifatlar ularga ergashuvchi kishilarni qorong‘ulik – jaholat bag‘riga otadi. Natijada, filning shaklu shamoyili qanaqaligi xususida ixtiloflar yuzaga keladi…

Ko‘rib turganimizdek, Rumiy dinlar va mazhablararo munosabatlar – ya’ni, ular o‘rtasidagi ixtiloflar va kelishuvlarni hayotiy sahnalarda tasavvur va tasvir etadi. Bu masala Rumiy hikoyatlarida gohida bir oz bo‘rttirilgan shaklda, gohida esa hazil-mutoyaba aralash tarzda bayon etilsa-da, baribir, kuchli mantiq va hayotiy faktlarga tayanganligi bilan ham Ibn al-Arabiyning mavhum va murakkab tasavvurlaridan farqlanib turadi.

Olmoniyalik mashhur islomshunos olima Annemariye Bregitta Shimmel Ibn al-Arabiy qarashlari xususida fikr yuritar ekan, uni dinlararo totuvlik va diniy bag‘rikenglik tarafdorlaridan biri sifatida doimo tahsinga sazovor bo‘lib kelgan, deb baholaydi13. Kimki «totuvlik va bag‘rikenglikning irfoniy ideali»ni misol keltirmoqchi bo‘lsa, albatta, uning (Ibn al-Arabiy-J.X.) quyidagi baytlarini tilga oladi (nasriy bayon): «Mening qalbim turli shakllarga qodirdir: rohibning savmaasi, butparastning butxonasi, zohidlarning Ka’basi, Tavrot va Qur’on sahifasidir. Ishq mening iymon va e’tiqodimdir: uning tuyalari qayerga yuzlanmasin, mening e’tiqod va iymonim yana o‘sha ishq bo‘lib qolaveradi”14.

Rumiy ham oxir-oqibat ishq ahli, ya’ni oriflarning dini barcha dinlardan judodir, degan xulosaga keladi. U buni nafaqat «Masnaviy»da, balki «Devoni Shams»da ham ta’kidlaydi:

Oshiqonro dinu keshi digarest,
Aslu far’u sirri on din shevaho 15.

Ibn al-Arabiy «Futuhoti Makkiya»da dinlararo ixtiloflarning ildiziga e’tibor qaratadi. U bu masalani chuqurroq tadqiq etish va o‘rganish maqsadida avvalambor, Qur’oni karimning bir qancha oyatlariga murojaat etadi. «Parvardigor juda ko‘p payg‘ambarlar va turli shariatlarni O‘ziga qaytish uchun yubordi»16, ma’nosidagi oyatni Ibn al-Arabiy «Vujudning olamga tajalliy etish jarayoni takror ro‘y bermagani kabi, saodat yo‘lini tanlash masalasida ham takror bo‘lmaydi. Shariatlar shuning uchun turlicha bo‘ladilarki, xilma-xil bo‘lmaslik imkonining o‘zi mavjud emas. Ularning barchasi Yagona Vujudga qaytadilar, ammo, Xudoning xohish-irodasi bilan ularning har biri Insonni saodatga yetkazish yo‘lida Vujudning xos ta’ayyun (ko‘rinish, zuhurlanish) laridirlar», deb talqin etadi17. Shayxi Akbar nazarida, g‘azabga g‘olib chiqadigan mehr-muruvvat ham, dinlar o‘rtasidagi ixtiloflar ham Inson ixtiloflar orqali erishadigan saodatning taqozosidir.
Islom falsafasi tarixida biron-bir faylasuf, mutakallim va mutasavvif Ibn al-Arabiy darajasida payg‘ambarlar, shariatlar va ularning asl mohiyatlari xususida fikr yuritgan emas. Xususan, uning «Fusus ul-hikam» va «Al-abodilat» kabi asarlari turli shariatlar bilan kelgan payg‘ambarlarning tavsifiga bag‘ishlanganligi bilan ham alohida ahamiyatga ega.

Ibn al-Arabiy «Fusus ul-hikam»ni 28 fassga bo‘lib, har bir fassda bir hikmatni tushuntirib beradi. Mazkur fasslarda Qur’oni karimda zikr etilgan 25 nafar payg‘ambar xususida fikr yuritadi. U mazkur nabiylarni «hikmat kalimasi» deb talqin etar ekan, ularning o‘ziga xos ma’nolariga ishora etadi. Har bir «kalima»ni «Asmo ul-husno»dan biriga nisbat berib, har bir ilohiy ismni muayyan bir nabiyning maqom va darajasiga qarab ta’riflaydi. Ibn al-Arabiy bu asarda nafaqat har bir payg‘ambarning maqom va martabasini ko‘rsatib beradi, balki ularning payg‘ambarlik faoliyatlariga ham baho berib o‘tadi. Jumladan, Nuh payg‘ambar da’vatini noqis, ya’ni nomukammal, deb hisoblaydi. U Nuh payg‘ambarni o‘z qavlini faqat «tanzeh» orqali da’vat etgan nabiy sifatida tanqid qiladi. Chunki Nuh o‘z qavmiga hech narsaga mutlaqo o‘xshamagan Xudo haqida gapiradi. U aytayotgan Xudo va borliqdagi narsalar, mavjudotlar, jumladan, insonlar o‘rtasida hech qanday aloqadorlik va munosabat sezilmaydi, shuning uchun «tashbeh»ga, ya’ni antropomorfizm (Xudoni insoniy qiyofada tasavvur etish)ga o‘rgangan va odatlangan qavm o‘z payg‘ambariga ergashmaydi. Shu bilan birga Ibn al-Arabiy Muhammad payg‘ambarning da’vatini «tanzeh» va «tashbeh»ni o‘zida mujassamlashtirgan, ya’ni «jam’» qilgan, jam’ni esa farq etib, farqni yana jam’ etgan eng to‘g‘ri da’vat sifatida yuqori baholaydi18.

Ibn al-Arabiy Iso payg‘ambarga alohida e’tibor qaratadi va Qur’oni karimning «Va suvvarakum faahsana suvarakum»19 oyatiga asoslanib, «Al-Musavvir» ismini Iso Masihga nisbat beradi20. Shayx ul-akbarning nasroniylik dinidagi «muqaddas uchlik» (Ota, O‘g‘il, Muqaddas Ruh) masalasi haqidagi fikrlari ham diqqatga sazovordir.

Payg‘ambarlarning maqom va martabalari, din va shariatlarning mazmun-mohiyati Ibn al-Arabiyning «Al-Abodilat» nomli asarida ham asosiy mavzuni tashkil etadi. Shayx o‘zining eng muhim asari – «Futuhot al-Makkiya»da bu mavzu uchun «Maqom ar-risolat va asroraho» nomli alohida bob (58-bob) ajratgan21. Bundan kelib chiqib, Ibn al-Arabiy islom ilm-fani tarixida «Payg‘ambarshunoslik» sohasiga asos solgan, degan xulosaga kelish mumkin. Nima bo‘lgan taqdirda ham, Ibn al-Arabiyning dinlar va payg‘ambarlar xususidagi fikrlari oxir-oqibat quyidagi xulosaga olib keladi: Qur’oni karimda zikr etilgan barcha payg‘ambarlar muayyan bir bosqich va martabada zuhur etgan ilohiy tajalliyning ko‘rinishlaridirlar. Har bir din o‘z maqom va martabasiga ega bo‘lgani kabi har bir payg‘ambarning o‘z o‘rni bor. Barcha dinlar haq, barcha payg‘ambarlar haqdir. Chunki turli shariatlarning yaratilishida ham ilohiy hikmat mavjud. Ibn al-Arabiyning ushbu mavzu xususidagi fikrlari bizningcha, insonsevarlik g‘oyalarining eng yuksak darajasini ifoda etadi.

Hazrati Rumiyning ham inson zotiga bo‘lgan muhabbati faqat so‘zda, kitobda emas, balki qalbining tub-tubida, fikru zikrida, turli millat va din vakillari, turli tabaqa va kasb-hunar egalari bilan muloqot va munosabatlarida ham yaqqol ayon edi. Shuning uchun bo‘lsa kerak, Hazrati Mavlononing farzandi hamda xalifasi – Sulton Valad qiblagohining dafn marosimini eslab yozgan xotiralarida barcha millatu mazhablarga bir xil taalluqli bo‘lgan bu insonning naqadar mahbub va sevimli ekanligini quyidagicha tasvirlaydi: «Quniya shahri qirq kun yig‘ladi. Nafaqat Mavlono maktabi birodarlari va muridlari, balki butun xalq – Mavlono maktabi bilan oshno bo‘lganlar, barcha musulmonlar, yahudiylar, masihiylar (nasroniylar – J.X.) «turku kurdu porsigo‘yu arab»:

Karda o‘ro masihiyon ma’bud,
Diyda o‘ro yahud xub, chu Hud.
Isaviy gufta: o‘st Isoi mo,
Musaviy gufta: o‘st Musoi mo 22.

Mazmuni: Nasroniylar uni o‘zlariga ma’bud qilib olgan bo‘lsalar, yahudiylar uni Hud kabi sevardilar. Nasroniy uni «U bizning Isomiz», yahudiy esa «U bizning Musomizdir», derdi.
Rumiy ham har bir nabiy va har bir valiyning o‘z dini, o‘z maslagi bor, ammo barcha dinu maslaklar yagona maqsad – Haqqa yetkazadi, deydi:

Har nabiyyu har valiyro maslakest,
Lek to Haq mebarad jumla yakest 23.

Ko‘rinib turganidek, Rumiy ham Ibn Al-Arabiy singari nabiy tushunchasi haqida fikr yuritganda valiy tushunchasini ham keltiradi. Zotan, valiy har ikkala mutafakkir nazarida payg‘ambarning muayyan makon va zamondagi xalifasidir.

* * *

Ibn al-Arabiy payg‘ambarlar va shariatlar xususidagi fikrlarini Qur’on oyatlari bilan asoslab, o‘zining hikmat, irfon, kalom va falsafa qorishmasiga o‘xshagan ta’limotining tarkibida ilohiyotshunoslik muammolari bilan bog‘liq holda talqin etgan. Uning bu masala borasidagi fikrlarini ko‘pincha turli falsafiy-irfoniy masalalar (jumladan, borliqshunoslik, bilish nazariyasi) zamiridan izlashga to‘g‘ri keladi. Ibn al-Arabiyning kichik zamondoshi – Mavlono Jaloliddin Rumiy esa bu masalani, albatta, birinchi navbatda Qur’on oyatlari asosida, ammo hayotiy misollar, voqeiy hodisa va holatlarni yuksak badiiy mahorat bilan tasvirlash orqali ifodalagan. Shubhasiz, ushbu ikki ulug‘ mutafakkir va orif tasavvuf ta’limoti va umuman, islom tafakkuri tarixida diniy bag‘rikenglik va dinlararo totuvlik ramzi bo‘lib qolaveradilar.

Adabiyotlar va izohlar:

1 Badiuzzamon Furo‘zonfar. Sharhi ahvoli Mavlono. –Tehron, 1379.- B.114-120; Muhammad Iste’lomiy. Masnaviyga muqaddima. Fors tilidan Ja’far Muhammad tarjimasi. –Tehron, 2001.-B.40.
2 Muhammad Iste’lomiy. Masnaviyga muqaddima.. — B.17.
3 O‘sha kitob. -B. 56.
4 Mavlono Jaloliddin Balxiy. Masnaviyi ma’naviy. Ba tas’heh va muqaddimai Muhammad Iste’lomiy. –Tehron, 1379. 2/1774.
5 Masnaviyi ma’naviy, 2/1774.
6 Masnaviyi ma’naviy, 1/499.
7 Masnaviyi ma’naviy, 1/504-505.
8 Masnaviyi ma’naviy, 1/504-505
9 Qarang: Masnaviyi ma’naviy, 2/1724-1763.
10 Qarang: Muhyiddin ibn al-Arabiy. Futuhoti Makkiya. Bayrut: Dorus-sodir. 3-jild. -B.77.
11 Qarang: Masnaviy, 2/3697-3709.
12 Qarang:Uilyam Chittik. Avolimi xayol. Tarjimai Qosim Kokoiy. –Tehron: Enteshorot-e Hermes bo hamkori-ye Markaz-e beynalmelali-ye gufto‘guye tamaddunho, 1384. –S. 246.
13 Annemariye Shimmel. Ab’odi irfoniyi islom(Mustical Dimensions of Islam). Tarjuma va tavzehoti Abdurrahim Guvohiy. –Tehron: Daftari nashri farhangi islomiy, 1375, -S. 443.
14 O‘sha kitob, o‘sha sahifa. Izoh: Ibn al-Arabiyningg ushbu so‘zlari «Tarjimon ul-ashvoq» nomli devonidagi baytlardan olingan.
15 Devoni Shams, 1967/1.
16 Qur’oni karim, «Moida» surasi, 48-oyat: «Har bir (ummat) uchun (alohida) shariat va yo‘l (ta’yin) qilib qo‘ydik. Agar Alloh xohlasa edi, sizlarni bir ummat (bir xil shariatda) qilib qo‘ygan bo‘lur edi. Lekin, O‘zi bergan narsa (shariatlar) da sizlarni sinash uchun (shunday qilmadi). Bas, xayrli (savobli) ishlarda bir-biringizdan o‘zishga oshiqingiz! Hammangizning qaytib boradigan joyingiz Alloh huzuridir…» (Abdulaziz Mansur tarjimasi).
17 Qarang:Uilyam Chittik. Avolimi xayol. Tarjimai Qosim Kokoiy. –Tehron: Enteshorot-e Hermes bo hamkori-ye Markaz-e beynalmelali-ye gufto‘guye tamaddunho, 1384. –S. 246.
18 Muayyadiddin Jandiy. Sharhi Fusus. –Mashhad, 1360. –S.287-294.
19 Qur’oni karim, «Tag‘obun» surasi, 3-oyat: «Va sizlarga surat (shakl) berdi – suratlaringizni go‘zal qildi» (Abdulaziz Mansur tarjimasi).
20 Ibn al-Arabiyning shia mazhabiga mansub sharhlovchilari va izdoshlaridan biri – Shayx Omuliy («Sharhi Fusus» muallifi) aynan ana shu masala yuzasidan Shayx ul-Akbar (Ibn Arabiy)ga e’tiroz bildirgan. Umuman, Ibn al-Arabiy diniy bag‘rikenglik g‘oyalariga asoslangan yana bir qancha fikrlari – nasroniylikdagi «Ota, O‘g‘il va Muqaddas Ruh» masalasini «tavhidning bir turi», deb baho bergani, Fir’avn iymoni xususidagi qarashlarlari uchun ham keskin tanqidga uchragan.
21 Qarang: Muhyiddin ibn al-Arabiy. Futuhoti Makkiya. 2-jild. –S.257.
22 Muhammad Iste’lomiy. «Masnaviy»ga muqaddima.- B.48-49.
23 Masnaviyi ma’naviy, 1/3099.

055

(Tashriflar: umumiy 7 822, bugungi 2)

Izoh qoldiring