30 май — Устоз шоир Миртемир таваллуд топган кун
Баъзан шундай бўладики, кимнидир тез-тез эслаб, унинг хотирасига бўлган ҳурматимизни ҳаддан зиёд ошириб-тошириб кўрсатиб юрамиз. Аммо шу ижодкорлардан анча олдин ёки улар билан сафдош бўлиб яшаган, шеъриятимизнинг сайқалланиши, насримизни дунё гази билан ўлчанадиган насрга айланиши, драматургиямизнинг вояга етиб, камол топишида катта хизмат қилган қалам аҳлини эслаш, улар хотираси олдидаги бурчимизни ўташ лозимлиги нима учундир хаёлимизга ҳам келмайди. Турли баҳонаи сабаблар билан ҳатто улар таваллудининг йирик саналарини ҳам лоқайдлик билан ўтказиб юборамиз. Шундай ёзувчилар сирасидан бири Миртемирдир.
Наим КАРИМОВ
ШЕЪРИЯТ, ЭЗГУ ЭҲРОМИМ…
Баъзан шундай бўладики, кимнидир тез-тез эслаб, унинг хотирасига бўлган ҳурматимизни ҳаддан зиёд ошириб-тошириб кўрсатиб юрамиз. Аммо шу ижодкорлардан анча олдин ёки улар билан сафдош бўлиб яшаган, шеъриятимизнинг сайқалланиши, насримизни дунё гази билан ўлчанадиган насрга айланиши, драматургиямизнинг вояга етиб, камол топишида катта хизмат қилган қалам аҳлини эслаш, улар хотираси олдидаги бурчимизни ўташ лозимлиги нима учундир хаёлимизга ҳам келмайди. Турли баҳонаи сабаблар билан ҳатто улар таваллудининг йирик саналарини ҳам лоқайдлик билан ўтказиб юборамиз.
Шундай ёзувчилар сирасидан бири Миртемирдир. Сирасини айтганда, бу улуғ шоир ҳаётлик чоғида ҳам ардоқда яшамаган. У ҳатто баркамол асарлари билан шеъриятимизнинг янгиланиши ва камалак нурлари билан товланишига катта ҳисса қўшган 60-70-йилларда ҳам бирор илтифот кўрмаган. Ёдимда бор, шоирнинг 1975 йилда “Излаганим” шеърлар тўпламининг нашр этилиши адабий ҳаётда катта воқеа бўлган. “Каъбамсан, шеърият, эзгу эҳромим, Орзу ҳам бол тўлиқ бебаҳо жомим…” сатрлари билан бошланган тўпламдаги қарийб ҳар бир шеър шеъриятнинг юксак намуналари эди. Биз тўпламни Ҳамза номидаги республика давлат мукофотига тавсия этиш таклифи билан чиқмоқчи бўлдик. Миртемир ака кўнмади: “Бекорга овора бўласизлар. Аввал ўзлари шу мукофотни бир-бир олиб чиқмагунларигача менга йўл бўлсин”, деди. Биз мукофотни олган ёзувчиларни санаб чиқдик. Асосий “даъвогар”ларнинг барчаси мукофотланган бўлиб чиқди. “Йўқ, – деди Миртемир ака, – барибир беришмайди. Иккинчи мартадан олишади”. Ундаги бундай ишонч асоссиз эмас эди. Адабиётимизнинг бошқа оқсоқоллари қатори, З. Фатхуллин, Н. Сафаров, М. Шевердинлар ҳам 50, 60 ёшга тўлишлари муносабати билан Халқ ёзувчиси унвони билан тақдирланганлари ҳолда Миртемир аканинг чинакам халқ ёзувчиси эканлиги расмий доираларда эътироф этилмаган эди. Ҳатто таваллудининг қайсидир йирик санаси муносабати билан қўшни республика раҳбарияти уни “Қирғизистон халқ шоири” унвони билан тақдирламоқчи бўлганида, бу масалани босди-босди қилиб қўйишди.
Миртемир ака шундай ҳодисалар туфайли ўпкаси тўлиб кетган пайтларда эшитилар-эшитилмас, Пушкиннинг: “Биз кўпчилик эдик ўша қайиқда”, деган сатрини айтиб қўяр эди.
Агар Миртемир ака ҳаётлик чоғида унинг энг яхши шеърлари энг яхши таржимонлар томонидан рус тилига таржима қилинишига эришганимизда, нафақат унинг, балки, умуман, ўзбек шеъриятининг мавқеи жаҳоннинг русзабон қисмида ўн чандон кўтарилган ва бу “адабий” адолатнинг тикланишига сабаб бўлган бўлармиди. Негаки, ўтган асрнинг 70-80-йилларида жўшиб ижод қилган Миртемир, Асқад Мухтор, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева каби шеърият заргарлари билан баҳслаша оладиган шоирлар собиқ советлар юртида саноқли эди.
Миртемир ака шу даврда маънавий жиҳатдан ҳийла камситилиб, моддий жиҳатдан ҳийла қийналиб, ҳали олтмиш билан олишмасдан, хасталикнинг сап-сариқ либосини ечмай яшади. Шунга қарамай, шогирдларининг бошини силаб, бир луқма таомини уларсиз емади; туркистонлик қариндош-уруғларининг болалари мактабни тугатар-тугатмас, унинг хонадонига келиб, шу ердан олий маълумотли бўлиб кетишди. Унинг шогирдпарастлиги ва кўмакпарастлиги бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқалди. Ҳатто кунларнинг бирида бир қорақалпоқ йигити Миртемир аканинг уйига келиб, таниқли шоир ва давлат арбоби Наврўз Жапоқовнинг жияни эканлигини, университетга ҳужжатларини топширганлигини, эртанги кун Ойбек домланинг ўғли Омон Тошмуҳамедовга тарихдан имтиҳон топшириши лозимлигини айтди. “Жуда яхши, – деди Миртемир ака, – университетга кириб, яхши тарихчи бўлгин, бўтам. Қорақалпоғистонга яхши тарихчилар керак”. “Тўғри айтажапсиз, оға, – деди йигит. – Лекин Айбек ағанинг ўғли қаттиқ аларкан имтахинди. Жардам бермасанғиз, у менди жиқитади”. Бечора Миртемир ака: “Наврўз оғанинг бир иши тушибди, бошимни эгиб бўлса ҳам, Омонбекнинг олдига бориб, шу қорақалпоқ йигитга ёрдам бермасанг бўлмас. Раҳматли отанг билан дўстлиги бор эди Наврўз оғанинг”, – деб эртасига университетнинг имтиҳонлар ўтаётган биносига борибди. Бинога бўлажак талабалардан бўлак ҳеч кимни йўлатмаётган навбатчи Миртемир акани танигани учун ўтказиб юборибди. Миртемир ака Омонбекнинг қаерда имтиҳон олаётганини суриштириб топибди. Эшикни очиб, зир-зир титраб ўтирган йигит-қизларни ҳам кўрмай, тўғри Омонбекнинг олдига борибди. “Омонбек, ўғлим, бир нозик масалада келдим”, – дебди. Омонбек нозик масаланинг нима эканлигини тушуниб, Миртемир акани коридорга имлабди. Аммо Миртемир ака Омонбек худди қочиб кетадигандек, бояги “нозик масала”ни коридорга чиққунча, бояги титроқ болалар олдида айтибди-қўйибди.
Хуллас, Омонбек тинчлантирганидан кейин Миртемир ака ўта савоб иши битирган кишидек уйига хурсанд бўлиб қайтибди. Аммо орадан бир йилми-икки йилми ўтганидан сўнг, Тошкентда Жапоқов билан иттифоқо кўришиб қолиб, гап орасида жиянининг ўқишини сўраган экан, Наврўз оға ҳайрон бўлибди: қайси жиянимни сўраяпсиз, деб. Маълум бўлишича, Наврўз оғага ҳеч бир алоқаси бўлмаган йигит Миртемир акага қорақалпоқларнинг қора қалпоғини кийдириб кетган экан.
Миртемир ака шундай ва бундан ҳам баттар кунларни бошидан кечирди. Аммо у ўзининг ички ғурурига, ор-номусига, шоирлик номига гард юқтирмай яшади. Ўзбек халқининг шоири бўлиш, унинг орзу ва интилишларини, қайғу ва аламларини, ҳаётининг паст-баланд томонларини шеъриятнинг сеҳрли тили ва воситалари билан ифодалаш унинг учун энг олий иш, энг олий мукофот, энг олий бурч эди. У Ғафур Ғулом ва Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Шайхзода, Асқад Мухтор ва Эркин Воҳидов сингари шоирлар даврасида ижод қилаётгани ва улар олдида уялиб қолмаслиги учун қаламини доим чархлаб турди, янги-янги тасвир воситаларини, теша тегмаган образлар ва рангларни ахтариб топди. Болалиги ва ўсмирлигини Туркистон адирларида, ўзбаки тил ва урф-одатларни асл ҳолда сақлаб келаётган иқонликлар бағрида ўтказган шоир ўзбек халқининг ХХ асрдаги энг миллий шоири сифатида шуҳрат қозонди.
Аввалги тузум даврида яшаган аксар шоирлардек, унинг ҳам айрим шеърларидан “Ленин”, “партия”, “коммунизм” сўзлари мўралаб, айрим шеърларидан эса шу даврнинг карнай-сурнайлари эшитилиб туради. Маҳбуслик йилларини Москва-Беломор канали қурилишида ўтказган шоирнинг бусиз адабий ҳаётдан жой олиши, шеърларини газета ва журналларда чоп этиши, кечикиб бўлса-да Ўзбекистон халқ шоири унвонига сазовор бўлиши амри маҳол эди. Лекин у ҳар сафар она Туркистонга борганида (у тўю азалар муносабати билан қариндош-уруғларини кўргани тез-тез борар эди), у ердан дафтар-дафтар тугалланган ва тугалланмаган шеърларни олиб келарди. Ва шу шеърларга қалам уриб, бир оз сайқал берганидан сўнг, кўпинча бизни чақириб ўқиб берар ва фикримизни эшитганидан сўнггина уларни эълон қилар эди. Камина шундай пайтларда ердан куч олувчи Антей ҳақидаги юнон мифининг ростлигига астойдил ишонар эдим.
Миртемир шундай шеърларидан бирида қишлоғини тасвирлаб, бундай ёзган:
Қай қўрага кирсанг – эшиги очиқ,
Бир нима татийсан, қўймас асло оч.
Қора қумғон қайнар, ёзилур чочиқ,
Зоғорами, сўкми, ёвғон ё умоч.
Борини аямас, барини қўяр,
Юпқами ё гўжа, талқон, қўғирмоч,
Қурутми ё жийда – ўртага уяр,
Жуда бўлмаганда қатиғу кўмоч.
Агар сўйган бўлса кеча бўрдоқи,
Қозонда қовурдоқ, ўртада кўза.
Данак, қовун қоқи, сузгун кўз соқи,
Ё қимиз сузулур, ё аччиқ бўза…
Мен бу сатрлар ўқир эканман, Миртемир ўзбек тилида жаранглатиб юборган Некрасовнинг “Россияда ким яхши яшайди” достони сатрлари қулоғим тагида замзама қилгандек бўлади. Некрасов ҳам ўз достонида рус халқининг маиший турмушини шундай реалистик деталлар билан тасвирлаганки, уни ўқиганингизда рус қишлоғи кишиларининг аянчли ҳаёти кўз олдингизда рўй-рост гавдаланади. Миртемир рус шоиридан фарқли ўлароқ, ўзбек қишлоғи ва шу қишлоқ кишилари ҳаётини шундай меҳр ва қандайдир яширин ғурур билан тасвирлаганки, сизда шу қишлоқ ва унинг аҳлини кўриш завқи ва ҳаваси пайдо бўлади. Сиз шоир тасвирга тортган таомлар номини ўқиб, ёшлигингизни, қийинчилик йилларида ўзбек табиатининг шундай неъматлари билан сизни катта қилган ота-онангиз, яқин қариндошларингизни ёдга оласиз. Сизда бу шеър аллақачон уйқуга кирган бокира, гўзал ва эзгу туйғуларни уйғотиб юборади. Сиз бу шеърдан кейин ўзингизни бутунлай бошқача сезасиз. Сиз энди, чиндан ҳам, бошқа кишига – кўнглидаги ғуборларни қоқиб ташлаб, болалик ва ёшликнинг покиза чашмасида чўмилган кишига, том маънодаги Инсонга айланиб қоласиз.
Шеъриятнинг кучи, Миртемир шеъриятининг кучи – шундай.
Миртемир шеърларида тасвирланган аксар кишилар ана шу қишлоқ аҳлидек бағрикенглиги, меҳридарёлиги, меҳнаткашлиги, юртпарварлиги билан ажралади ва улар бамисоли Ўзбекбобо дарахтининг қудратли шохларидан ўсиб-тармоқланиб чиққан новдалардаги олма-анорлардек товланиб туради.
Миртемир шундай кишиларга ватандош ва замондош бўлганидан ўзини бахтли ҳисоблаган. Унинг шеъриятида халқ, миллат ва Ватан тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. У Ватан тупроғини, шу тупроқнинг ҳар бир заррасини муқаддас деб билган. У шу тупроқнинг ҳар бир заррасига ота-боболарнинг киндик қони тўкилгани учун уни тавоф этган.
Бу – мен туғилган тупроқ, бу – мен улғайган тупроқ,
Даралари жаннатий, тоғ сиртлари кўк яйлоқ.
Қумлоқларида ҳатто сурув-сурув қўй-қўзи,
Гулдор, нақшин қоракўл, етти ранглик, ярқироқ.
Бир фарзанддай чўк тушиб, пешанамни қўяман,
Кўп ўтмай соғинаман, ўпиб-ўпиб тўяман.
Оқ пошшонинг тўпидан абжақ бобом хоки бу,
Оқ пошшони эслатсанг, ёвузликка йўяман…
Шоир гарчанд совет даврида ўзини қамаган, отасини қувган, юқумли касалликдан ўлган онасининг жасадини ҳам фарзандларидан яшириб кўмган большевиклардан бирор марта нолимаган бўлса-да, бугун биз “Оқ пошшонинг тўпидан абжақ бобом хоки бу, Оқ пошшони эслатсанг, ёвузликка йўяман” сатрларидан унинг большевиклар доҳийсига бўлган нафратини ҳам сезгандек бўламиз. Зеро, у, Миртемир, дилидаги қанчадан-қанча жароҳатларни очмай, сўнгги шеърларидан бирида: “Мажнунтол тагига ўтқазинг мени, Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим”, деб бежиз ёзмаган эди.
Миртемир вафотидан кейин унинг меросини ўрганиб, тўрт жилдлик “Асарлар”ини нашрга тайёрлаш чоғида кўзим шоирнинг ёзув столи устида турган кичкина бир қоғозга тушиб қолди. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди: “Қийналганингда – ишла. Азоб чекканингда – ишла. Қўлинг ишга бормаганда ҳам ишла”.
Миртемир бутун умр бўйи ҳаётининг шу даҳшатли шиорига амал қилиб яшади.
Қийналганида ҳам, азоб чекканида ҳам, қўли ишга бормаганида ҳам ишлаган одам қандай қилиб бундай баланд, юксак, чароғон, илоҳиёт нури билан йўғрилган сатрларни ёзганикин?
Каъбамсан, шеърият, эзгу эҳромим,
Оғу ҳам бол тўлиқ бебаҳо жомим.
Амалим ва ишқим, умиду армон,
Уйқусиз тунларим жиндак илҳомим.
Керакмас инжу ҳам сенсиз, ҳақиқ ҳам,
Керакмас шаддод ҳам сенсиз, дақиқ ҳам.
Ҳаёт ҳам мен учун сенсиз бемаъни,
Сенсиз ўтмасин-да ҳатто дақиқам.
Юқорида қўйилган саволга бундай жавоб бериш мумкин: Бундай порлоқ сатрларни ёзиш учун шоирга куч берган нарса Шеъриятдек буюк мўъжизага, шу мўъжизанинг қадрига етиб, Навоийдек буюк шоирларни яратган халққа бўлган муҳаббат ва садоқатдир.
МИРТЕМИР
ШЕЪРЛАР
Миртемир (Турсунов Миртемир) 1910 йил 30 майда Туркистон шаҳрининг Иқон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1971). Эски мактабда таълим олгач (1919—20), Тошкентга келиб, Алмаий номидаги намуна иш мактаби (1920—23) ва Ўзбек эрлар билим юртида тахсил кўрган (1925— 29). Илк шеърлар тўплами — «Шуълалар қўйнида» (1928) миллий ўзбек шеърияти учун янги жанр — сочма (насрий шеър) жанрида ёзилган. «Зафар» (1929), «Қайнашларим» ва «Бонг» (1932) шеърий тўпламлари муаллифи. «Барот» (1930), «Хидир» (1932), «Дилкушо», «Сув қизи» (1937), «Ойсанамнинг тўйида» (1938), «Кўзи» (1939) каби достонлар ёзган. «Қорақалпок, дафтари» (1957) туркумидан ўрин олган «Сурат» лирик қиссаси эса 60—70-йилларда ўзбек шеъриятида достон жанрига эътиборнинг кучайиши ва лирик достон жанрининг камол топишига катта таъсир кўрсатган. А. С. Пушкиннинг шеърларини, Н. А. Некрасовнинг «Русияда ким яхши яшайди», Ш. Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон», Абай, Махтумқули ва Бердақ асарларини ҳамда кирғиз халқ, эпоси «Манас»ни ўзбек тилига таржима қилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1979), Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти (1977) лауреати. 1978 йил 25 январда Тошкентда вафот этган. «Буюк хизматлари учун» ордени сохиби (2002).
* * *
Кўзингни ўйнатма, кулма, қарама,
Нозли нигоҳларинг керакмас сенинг.
Боғлаб оларман, деб энди ўйлама…
Тортган у «оҳ»ларинг чин эмас сенинг.
Кўп кунлар судрадинг тусмол йўлларда,
Мен-да тилсизларча эргашдим-кетдим.
Адашган эканман, билсам, чўлларда,
Мана эндиликда тушуниб етдим…
Тушундим: у тотли хаёллар — хаёл,
Алданмас бу юрак ширин сўзингта.
Йўқол, эй алдамчи, ёндашма, йўқол,
Термулиш йўқ энди орсиз юзингга!
Жилмайма, қарама, сўзлама менга,
Эски афсонани куйлама менга…
* * *
Розиман, ризоман, ўла-ўлгунча
Халқим деб ўлдим.
Халқим нима бўлса, мен ўша бўлдим,
Юрагим, бўғилма, ўртанма бунча!
Ўзимга хиёнат қилдиму аксар,
Халқимга хиёнат ўйлагани йўқ.
Менинг юрагимни тешиб ўтдилар
Халқимга отилган талай-талай ўқ.
Қанча йўллар босдим, гоҳида толдим,
Лекин халқ номига юқтирмадим гард.
Фарёд солар чоғда жим бўла олдим,
Халқим дарди эди дил ўртаган дард.
Халқим этагида етдим вояга,
Халқ билан кулдим.
Бардошим сўз бермас, дейман, қояга…
Розиман, ўлгунча халқим деб ўлдим.
СЕН ОНА…
Алишерга алла айтиб ухлатган
Сен — она.
Оғушида Бобур камолга етган
Сен — она.
Торобийни оғир жангга жўнатган
Сен — она.
Оламни нурида мунаввар этган
Сен — она.
Йиғласа, дунёни расо титратган
Сен — она.
Кулгиси саодат парвариш этган
Сен — она.
Доҳийлар бешигин бедор тебратган
Сен — она.
Меҳри баҳорида элни яшнатган
Сен — она.
Ягона ўғлингни жўнатдинг жангга,
Бўл бардам, она!
Онадай ошиқ йўқ она Ватанга,
Муҳтарам она…
ОНАГИНАМ
Товонимга чақир тиканакдай ботувчи — ғашлик,
Бедаво сизловиқдай сизлатгувчи — ғашлик.
Жигаримни қиймалаб аҳён-аҳён,
Чучварага чеккувчи — ғашлик.
Мени ўйлаб нотавон ва нимжон,
ғашимга теккувчи — ғашлик.
Суякларимни сирқиратиб,
оч теватдай ғажигучи,
Кўзимга ёш тирқиратиб,
жиғилдонимда аччиқ бўзадай ачигувчи ғашлик…
Дунёга қайта келишимга кўзим етсайди,
Йигит ёшим тўлмай туриб,
Айрилиқ зайлида қоқ ёғочдай қуриб
Жон берган онамни кўришимга
кўзим етсайди,
Тиззасига бир нафас бош қўйишимга
кўзим етсайди,
Оналик меҳрига ўбдон тўйишимга
кўзим етсайди,
Оқ сутингни оқлай, дейишимга
кўзим етсайди,
Менда ғашлик нетарди?
Янтоқ ўтинидек,
Тамаки тутунидек,
Тонг пайтида таралган бадбахтлик тунидек —
Чексиз фазоларга тарқаб кетарди!
Онагинам!
Одам бўлдимми менам?
Йигит ёшимгача бир челак сув келтириб
бермаган бўлсам,
Ё ташналигингда бир коса шарбат тўлдириб
бермагам бўлсам,
Ё нон ёпишинг учун,
Ҳатто бир йўла, бир кун
Саҳродан ўтин орқалаб келмаган болангман…
Оғзингдан сўз чиқмай, елмаган болангман…
Сенинг арзимас бир юмушингни адо этолмаганим,
Сенинг бир ишорангга юз ўмбалоқ ошиб кетолмаганим!
Сени жиндак хушвақт қилгани,
Сени жиндак хушбахт қилгани —
Тагсиз жарлардан ўтолмаганим,
Сени сўнгги йўлга ўзим кузатолмаганим —
Тоғдай зил.
Абадиятдай чексиз армон бўлиб қолди дилимда,
онагинам!
Одам бўлдимми менам?
Ҳа, одам санашар мени элимда,
Сенга қилолмаган хизматим,
Сен деб чеколмаган заҳматим —
Жиндак зеҳним, жиндак шеърим, жиндак ғазалхонлигим
Оналик меҳрига тўймаган меҳрим,
жиндак яхшилик ва ёмонлигим
Мени одам санаган элимга бахшида,
жафодийда онагинам!
Элга хизматим — сенга хизматим эмасми ахир,
Эл мени фарзандим демасми ахир!
Рози бўл, одам саналай менам…
Дунёга қайтиб келурман,
Лекин бошқа ўғил бўлиб…
ОНАГИНАМ
… Она бағрин қўмсаб ўтди гўдаклик,
Тақдир олиб кетмиш эди йироққа.
Гоҳ ўксуклик, гоҳи шўхлик, тентакли,
Тағин бир ёз қайтиб келдим қишлоққа.
Не кўрайин? Кетмон ётур занг босиб,
Сопи синиқ, қараб бўлмас ўроққа.
Оғил, четан, қудуқ боши чанг босиб,
Онам шўрлик ўхшар жонли қурчоққа.
Кўз ёшини артиб рўмол учида,
Манглайимдан ўпиб, тутар сўроққа.
Синглим кўзи милт-милт, ҳовли бурчида,
Ҳовли ўхшар ҳозир юз бир қуроққа.
«Кўз ойдин!» деб олис-яқин келишар:
«Келдинг чоғи тағин тўрт кун қўноққа?»
Вақт тиғиз-да, булар қайдан билишар,
Бири уйга, бири чорлар овлоққа.
«Тулпор тўғри чортоқ томон чопармиш,
Сен ҳам ахир чопиб келгунг чортоққа.
От айланиб, қозиғини топармиш,
Сен ҳам ахир топиб келгунг шу ёққа…»
Бири у дер, бири бу дер, хушвақтлик,
Сакраб кетгум келар ўхшаб тайлоққа.
Яхши тилак, яхши орзу, хушбахтлик,
Майли борсам бориб келай яйлоққа.
Вақт тиғиз-ку, лекин анча тургим бор,
Тағин тушгум, қайдам, қандай сўқмоққа.
Онагинам кўз олдида юргим бор.
Кетмам, тўлқин итғитгандай қирғоққа.
Тонг отмайин ўроқни ҳам соплагум,
Кетмонни ҳам дуч қилгайман қайроққа.
Лой қиламан, лойга сомон қоплагум,
Эрта билан дўстлар келур шувоққа.
Қайдан билсин не савдолик ёш бошим,
Она қалби ўхшар ойдир булоққа.
Хаёлларда совиб қолар сўк ошим…
Онагинам ўтин қалар ўчоққа…
ТУН БЎЙИ
Тун бўйи уйқумни олди қалдироқ,
Деразамда чақнар чақмоқ найзаси,
Оппоқ сочларимда ўрмон нафаси,
Ёмғирга боқаман беун, бечироқ.
Тун бўйи уйқумни олди қалдироқ,
Ёз бўйи бу юртда ёғин палласи,
Қулоғимда янграр жала ялласи,
Парча булут ҳатто бунда ёғолоқ.
Саҳарда сўқмоқдан ўтаман танҳо,
Юзимга урилар эгик булутлар.
Симоб тўкилгандай порлар япроқлар,
Ҳавога тўймайман – шифокор ҳаво.
Эгик бутоқларни силкиб қўяман,
Шода-шода сачрар, асл дур гўё,
Дурмас, қатра-қатра яшил нур гўё,
Яшил гўзалликка қачон тўяман?
* * *
Қоронғулик тушар,
Бағрим увишар,
Танҳоликда қайта туғиламан мен.
Ёрилиб кетгудай
Тамом йитгудай,
Токи тонг отгунча бўғиламан мен.
Кўзимга ёруғлик,
Сўзимга ёруғлик,
Соғ жонга ёруғлик сўрайман тонгдан.
Армонли йўлчиман,
Армонли куйчиман,
Жаҳонга ёруғлик сўрайман тонгдан.
БЕТОБЛИГИМДА…
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қоврилмай то ғашлик алангасида.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Нафасимни ростлай кўланкасида.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Қушлар овозига қулоқ солайин.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Хаёл оғушида ором олайин.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Шу кунгача ўзни мен чеклаб бўлдим.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.
ХЎРСИНИҚ…
Қўлимдан ҳар нима келади, юртдош,
Ғариблик, юпунлик — барин кўрганман.
Қўш ҳам ҳайдаганман, ўроқ ўрганман,
Айриликда кўздан тўкканман не ёш…
Ғўза ҳам экканман, жувари, кунжут,
Қўлимда рақс этур тешаю ранда,
Йўл ҳам, қўналға ҳам мўл бу Ватанда,
Камчил ҳам бўлганман, тўқ, қувноқ ва бут…
Чувак ҳам тикканман, мол ҳам боққанман,
Кудуқ ҳам қазганман нақ ўн бир қулоч,
Зилол сувларида ювишарди соч,
Не-не қиз сочига лола таққанман.
Тақдиримга ҳеч ҳам ўпка қилмайман,
Қўлимдан келмайди деган пеша кам.
Баъзан кўзларимда томчи-томчи нам…
Ҳануз шеър ёзишни билмайман.
ЎЛАН АВЖЛАРИДА…
Ўлан авжларида гул очади дашт,
Ўлан авжларида замон уйғонур.
Ўлан авжларида дунё-дунё гашт,
Ўлан авжларида олам тўлғонур.
Ўлан авжларида туғилур суйгу,
Ўлан авжларида туғилур жужуқ.
Ўлансиз на ранг бор, на ёруғ туйғу,
Ҳаёт лабларига тошади учуқ…
ШУДРИНГ
Тонг белги берганданоқ
Утиб осма кўприкдан,
Жар кетига чопардим —
Жар кети ўзга олам.
Тўлдириб чаноқ-чаноқ,
Гўё сутдек кўпикдан,
Тутгандек ғойиб қўллар —
Жилвагар кўзга олам.
Ғўза япроқларида
Кўкатларнинг баргида,
Чечакларнинг бағрида
Ялтирар лак-лак инжу.
Шўх сой қирғоқларида,
Ниҳоллар куртагида,
Сал эпкинда симобдай
Қалтирар лак-лак инжу.
Ялтирар суйри тепа,
Ялтирар қир узунчоқ,
Келинлар тақинчоғи,
Узук кўзларими ё.
Чор атроф сабзаларда
Жимир-жимир кўзмунчоқ,
Бўй-бўй дилраболарнинг
Сузук кўзларими ё?
Йўқ, бу гирён кўзларнинг
ярқироқ замзамаси.
Кечаси онам тағин
йиғлабди-да чамаси…
1965
ҚЎШИҚЛАР
БИР ГЎЗАЛ
Дейдиларким, шаҳримда бир гўзал бормиш,
Ҳар оқшом боққа кириб мани сўрармиш.
Изларимни тополмай оҳлар урармиш —
Гир-гир юрармиш,
Ҳайрон бўлармиш.
Ўлтириб япроқлар-ла суҳбат қурармиш».
Ишқ учун осмас кимса мени, деб, дорга —
Баъзан қўлин чўзармиш мунгли дуторга,
Соғлиқлар тилар эмиш олисда ёрга,
Асл хушторга,
Ҳажрида зорга…
Саломлар йўллар эмиш бу интизорга…
ҚОРА КЎЗЛИ
Қора кўзли ва гул дийдор,
Баҳор чоғи мени ёд эт!
Хиёбонда кезар бўлсанг,
Наҳор чоғи мени ёд эт!
Қора кўзли, сўлим дилдор,
Сенга айтай сирим ошкор,
Агар кечса кечанг бедор,
Саҳар чоғи мени ёд эт!
Қора кўзли, вафоли ёр,
Ажаб хилват, чаманзор бор,
Кўзинг тушса — этар хумор,
Хумор чоғи мени ёд эт!
Қора кўзли ва гул дийдор,
Бўлай жангда шижоаткор,
Агар ўлсам, сўрай такрор,
Баҳор чоғи мени ёд эт!
ҚАРҚАРАЛИК
Қарқаралнк, қайдан келдинг қошимга,
Қайдаги савдони солдинг бошимга.
Қайдаги савдони солсанг бошимга,
Қота кўрма қатрон менинг ошимга!
Қош устига қўндирибсан қарқара,
Қора сочинг қора тунда шаршара,
Тўлқинида кошки ўзим чўмилсам…
Шайдойингман, гар қарама, гар қара!
Қарқаралик, излаб келдим, йўл олис.
Олис йўлда чўл олису кўл олис.
Бир қарагин, кўзгинангдан билайин:
Дермикинсан яқин ёки бўл олис!
Қарқаралик, сойларингни кечгум бор,
Сувларингни шароб каби ичгум бор.
Олислардан келдиму гап ўзингда,
Майли десанг, Қарқарангга кўчгум бор.
Қарқаранинг ўрдаги-ей, ғози-ей,
Ёзларн-ю, кузларининг сози-ей.
Ё «ҳа»си бор, ё «йўғ»и бор, не билай,
Ўртаворди қарқаралик нози-ей.
КЕЛГИН
Тонгларнинг жилосидай
Пирпираб алвон келгин,
Бўзтўрғай навосидай
Куйлаб беармон келгин,
Боғларнинг шоввасидай
Шарқираб равон келгин,
Сочларинг тараб-ўриб,
Ваъдага жонон келгин.
Ой кечанинг қўйнига
Ноз ила кирганида,
Осмон кўк кўйлагига
Инжулар терганида,
Турғун сувлар эпкинга
Бўсалар берганида,
Ҳей, лаблари қирмизи,
Келгин, шу замон келгин.
Арчазор тоғ ораси,
Тўшайлик кўк ялпиздан,
Дардим-ўтинчим ўлан ..
Бу кеча сендек қиздан,
Яйлов оқшоми бўлур
Миннатдор иккимиздан,
Ҳар келишинг бир эртак,
Жонгинам, омон келгин.
БОҚИШИ
Кўнглимга чўғ солди, чўғ солди, нетай,
Жавдираб-жавдираб жайрон боқиши.
Ханжарсиз жон олди, жон олди, нетай,
Ўша нозик адо, жонон боқиши.
Хаёлим оҳангдош ишқ ҳавосига,
Кўзим тўймади ёр таманносига,
Кимга борай бундоқ дард давосига,
Кўз ўнгимдан кетмас пинҳон боқиши.
Дўстлар, тик айтишга шашту тилим йўқ.
Севги китобидан менда билим йўқ,
Дилда армоним шу — ўзга дилим йўқ,
Билмадим, ростми ё ёлғон боқиши.
Ўйласам — ортгандай ҳар кун камолим,
Кошки сеза қолса соҳибжамолим,
Деса: айтавергин, эй тили лолим,
Дилимда қўймасди армон боқиши…
БАРНО
Тонг палласи кел боғимга,
Чечаклардан узгин, Барно,
Бахтдай тўлиб қучоғимга,
Сочларингга тизгин, Барно.
Куйлашайлик тўлиб-тўлиб,
Кетма, боғим қолар сўлиб,
Саҳар чоғи суқсур бўлиб,
Сарҳовузда юзгин, Барно.
Ўқий ҳуснинг китобини,
Топай севгим жавобини,
Тингла кўнглим рубобини,
Кўнглинг билан сезгин, Барно.
Ёрқинроқсан раънолардан,
Ваъдаси бемаънолардан,
Вафоси йўқ барнолардан
Вафо билан ўзгин, Барно!
* * *
Фасли баҳор, қир лолазор,
Тўрғай учар сор устина.
Лолазорда куйла, дилдор,
Рубоб чалай тор устина.
Не бор висолингдан ширин.
Ёноқда холингдан ширин,
Бўстонлиқ болидан шнрин,
Олма ҳиди нор устина.
Бир — сен, бир — мен, кўл қирғоғи,
Яшил яйлов — оқшом чоғи,
Оқшом чоғи — висол боғи,
Ой ҳам қўнар дор устина.
Беишқлар дарди дард эмас,
Ишқ фақат оҳи сард эмас,
Ёрни ранжитган мард эмас,
Қор ёғгуси қор устина.
Элдан айрилган бегона…
Ёрдан айрилган девона,
Ёр, ўлгунча мен парвона,
Ёр севмайман ёр устина.
САЛҚИН САҲАР, ДАРЁ БУЙИ…
Салқин саҳар, дарё бўйи,
Жимжит дунё эсингдами?
Табиатнинг сўлим тўйи,
Тонгги рўё эсингдами?
Овлоқ, хушбўй жийда таги,
Пичир-пичир қалин барги,
Севгимизнинг шўх эртаги,
Сеҳрий савдо эсиигдами?
Сулувлигинг сеҳрдан соз,
Сеҳрдан соз, сен сарвиноз,
Юз эсласам, барибир оз,
Меҳру вафо эсингдами?
Муҳаббатнинг оловлиги,
Оловдек беаёвлиги,
Ҳамишалик лов-ловлиги,
Кўзи шаҳло, эсингдами?
Оқ булут ҳам оқар секин,
Кўрса агар нима деркин?
Бекин! Йўғ-э, тин ол эркин…
Салқин сабо эсингдами?
Ёришмоқда олис чек ҳам,
Тонг фусункор, сулув бирам,
Ғазал янглиғ жарангдор дам, —
Янгроқ ҳаво эсингдами?
Бошланур тўрғайлар куйи,
Табиатнинг тонгги тўйи,
Ўша висол, дарё бўйи,
Ёруғ рўё эсингдами?
КЎЗ
Эй, сузгун кўзларингдан,
Кўзларим узолмайман,
Таҳрир керакмас ғазал —
Бир сўз ҳам бузолмайман.
Қандоқ жодугар кўз бу,
Киприк эмас — қундуз бу,
Оламга туғилгандай
Айни саҳар юлдуз бу…
На парисан, на малак,
На оҳу, на тўлин ой,
Сен бўлакча сулувсан,
Ўландай жўн бир чирой.
Бутун хаёлим сенда,
Қўлингда ихтиёрим.
Ўйламаки, бу қўшиқ
Ранж ёки оҳу зорим.
Йўқ, сенга эгилади
Ҳануз эгилмаган бош,
Эй, олис йўлда йўлдош,
Эй, холис йўлда йўлдош.
Ёлғиз ёрлақавчимсан
Иўқ, йўқ, маъбудам ўзинг,
Сен ўзинг—икки кўзинг…
Naim KARIMOV
SHE’RIYAT, EZGU EHROMIM...
Ba’zan shunday bo’ladiki, kimnidir tez-tez eslab, uning xotirasiga bo’lgan hurmatimizni haddan ziyod oshirib-toshirib ko’rsatib yuramiz. Ammo shu ijodkorlardan ancha oldin yoki ular bilan safdosh bo’lib yashagan, she’riyatimizning sayqallanishi, nasrimizni dunyo gazi bilan o’lchanadigan nasrga aylanishi, dramaturgiyamizning voyaga yetib, kamol topishida katta xizmat qilgan qalam ahlini eslash, ular xotirasi oldidagi burchimizni o’tash lozimligi nima uchundir xayolimizga ham kelmaydi. Turli bahonai sabablar bilan hatto ular tavalludining yirik sanalarini ham loqaydlik bilan o’tkazib yuboramiz.
Shunday yozuvchilar sirasidan biri Mirtemirdir. Sirasini aytganda, bu ulug’ shoir hayotlik chog’ida ham ardoqda yashamagan. U hatto barkamol asarlari bilan she’riyatimizning yangilanishi va kamalak nurlari bilan tovlanishiga katta hissa qo’shgan 60-70-yillarda ham biror iltifot ko’rmagan. Yodimda bor, shoirning 1975 yilda “Izlaganim” she’rlar to’plamining nashr etilishi adabiy hayotda katta voqea bo’lgan. “Ka’bamsan, she’riyat, ezgu ehromim, Orzu ham bol to’liq bebaho jomim…” satrlari bilan boshlangan to’plamdagi qariyb har bir she’r she’riyatning yuksak namunalari edi. Biz to’plamni Hamza nomidagi respublika davlat mukofotiga tavsiya etish taklifi bilan chiqmoqchi bo’ldik. Mirtemir aka ko’nmadi: “Bekorga ovora bo’lasizlar. Avval o’zlari shu mukofotni bir-bir olib chiqmagunlarigacha menga yo’l bo’lsin”, dedi. Biz mukofotni olgan yozuvchilarni sanab chiqdik. Asosiy “da’vogar”larning barchasi mukofotlangan bo’lib chiqdi. “Yo’q, – dedi Mirtemir aka, – baribir berishmaydi. Ikkinchi martadan olishadi”. Undagi bunday ishonch asossiz emas edi. Adabiyotimizning boshqa oqsoqollari qatori, Z. Fatxullin, N. Safarov, M. Sheverdinlar ham 50, 60 yoshga to’lishlari munosabati bilan Xalq yozuvchisi unvoni bilan taqdirlanganlari holda Mirtemir akaning chinakam xalq yozuvchisi ekanligi rasmiy doiralarda e’tirof etilmagan edi. Hatto tavalludining qaysidir yirik sanasi munosabati bilan qo’shni respublika rahbariyati uni “Qirg’iziston xalq shoiri” unvoni bilan taqdirlamoqchi bo’lganida, bu masalani bosdi-bosdi qilib qo’yishdi.
Mirtemir aka shunday hodisalar tufayli o’pkasi to’lib ketgan paytlarda eshitilar-eshitilmas, Pushkinning: “Biz ko’pchilik edik o’sha qayiqda”, degan satrini aytib qo’yar edi.
Agar Mirtemir aka hayotlik chog’ida uning eng yaxshi she’rlari eng yaxshi tarjimonlar tomonidan rus tiliga tarjima qilinishiga erishganimizda, nafaqat uning, balki, umuman, o’zbek she’riyatining mavqei jahonning ruszabon qismida o’n chandon ko’tarilgan va bu “adabiy” adolatning tiklanishiga sabab bo’lgan bo’larmidi. Negaki, o’tgan asrning 70-80-yillarida jo’shib ijod qilgan Mirtemir, Asqad Muxtor, Zulfiya, Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Halima Xudoyberdieva kabi she’riyat zargarlari bilan bahslasha oladigan shoirlar sobiq sovetlar yurtida sanoqli edi.
Mirtemir aka shu davrda ma’naviy jihatdan hiyla kamsitilib, moddiy jihatdan hiyla qiynalib, hali oltmish bilan olishmasdan, xastalikning sap-sariq libosini yechmay yashadi. Shunga qaramay, shogirdlarining boshini silab, bir luqma taomini ularsiz yemadi; turkistonlik qarindosh-urug’larining bolalari maktabni tugatar-tugatmas, uning xonadoniga kelib, shu yerdan oliy ma’lumotli bo’lib ketishdi. Uning shogirdparastligi va ko’makparastligi butun O’zbekiston bo’ylab tarqaldi. Hatto kunlarning birida bir qoraqalpoq yigiti Mirtemir akaning uyiga kelib, taniqli shoir va davlat arbobi Navro’z Japoqovning jiyani ekanligini, universitetga hujjatlarini topshirganligini, ertangi kun Oybek domlaning o’g’li Omon Toshmuhamedovga tarixdan imtihon topshirishi lozimligini aytdi. “Juda yaxshi, – dedi Mirtemir aka, – universitetga kirib, yaxshi tarixchi bo’lgin, bo’tam. Qoraqalpog’istonga yaxshi tarixchilar kerak”. “To’g’ri aytajapsiz, og’a, – dedi yigit. – Lekin Aybek ag’aning o’g’li qattiq alarkan imtaxindi. Jardam bermasang’iz, u mendi jiqitadi”. Bechora Mirtemir aka: “Navro’z og’aning bir ishi tushibdi, boshimni egib bo’lsa ham, Omonbekning oldiga borib, shu qoraqalpoq yigitga yordam bermasang bo’lmas. Rahmatli otang bilan do’stligi bor edi Navro’z og’aning”, – deb ertasiga universitetning imtihonlar o’tayotgan binosiga boribdi. Binoga bo’lajak talabalardan bo’lak hech kimni yo’latmayotgan navbatchi Mirtemir akani tanigani uchun o’tkazib yuboribdi. Mirtemir aka Omonbekning qaerda imtihon olayotganini surishtirib topibdi. Eshikni ochib, zir-zir titrab o’tirgan yigit-qizlarni ham ko’rmay, to’g’ri Omonbekning
oldiga boribdi. “Omonbek, o’g’lim, bir nozik masalada keldim”, – debdi. Omonbek nozik masalaning nima ekanligini tushunib, Mirtemir akani koridorga imlabdi. Ammo Mirtemir aka Omonbek xuddi qochib ketadigandek, boyagi “nozik masala”ni koridorga chiqquncha, boyagi titroq bolalar oldida aytibdi-qo’yibdi.
Xullas, Omonbek tinchlantirganidan keyin Mirtemir aka o’ta savob ishi bitirgan kishidek uyiga xursand bo’lib qaytibdi. Ammo oradan bir yilmi-ikki yilmi o’tganidan so’ng, Toshkentda Japoqov bilan ittifoqo ko’rishib qolib, gap orasida jiyanining o’qishini so’ragan ekan, Navro’z og’a hayron bo’libdi: qaysi jiyanimni so’rayapsiz, deb. Ma’lum bo’lishicha, Navro’z og’aga hech bir aloqasi bo’lmagan yigit Mirtemir akaga qoraqalpoqlarning qora qalpog’ini kiydirib ketgan ekan.
Mirtemir aka shunday va bundan ham battar kunlarni boshidan kechirdi. Ammo u o’zining ichki g’ururiga, or-nomusiga, shoirlik nomiga gard yuqtirmay yashadi. O’zbek xalqining shoiri bo’lish, uning orzu va intilishlarini, qayg’u va alamlarini, hayotining past-baland tomonlarini she’riyatning sehrli tili va vositalari bilan ifodalash uning uchun eng oliy ish, eng oliy mukofot, eng oliy burch edi. U G’afur G’ulom va Oybek, Hamid Olimjon va Shayxzoda, Asqad Muxtor va Erkin Vohidov singari shoirlar davrasida ijod qilayotgani va ular oldida uyalib qolmasligi uchun qalamini doim charxlab turdi, yangi-yangi tasvir vositalarini, tesha tegmagan obrazlar va ranglarni axtarib topdi. Bolaligi va o’smirligini Turkiston adirlarida, o’zbaki til va urf-odatlarni asl holda saqlab kelayotgan iqonliklar bag’rida o’tkazgan shoir o’zbek xalqining XX asrdagi eng milliy shoiri sifatida shuhrat qozondi.
Avvalgi tuzum davrida yashagan aksar shoirlardek, uning ham ayrim she’rlaridan “Lenin”, “partiya”, “kommunizm” so’zlari mo’ralab, ayrim she’rlaridan esa shu davrning karnay-surnaylari eshitilib turadi. Mahbuslik yillarini Moskva-Belomor kanali qurilishida o’tkazgan shoirning busiz adabiy hayotdan joy olishi, she’rlarini gazeta va jurnallarda chop etishi, kechikib bo’lsa-da O’zbekiston xalq shoiri unvoniga sazovor bo’lishi amri mahol edi. Lekin u har safar ona Turkistonga borganida (u to’yu azalar munosabati bilan qarindosh-urug’larini ko’rgani tez-tez borar edi), u yerdan daftar-daftar tugallangan va tugallanmagan she’rlarni olib kelardi. Va shu she’rlarga qalam urib, bir oz sayqal berganidan so’ng, ko’pincha bizni chaqirib o’qib berar va fikrimizni eshitganidan so’nggina ularni e’lon qilar edi. Kamina shunday paytlarda yerdan kuch oluvchi Antey haqidagi yunon mifining rostligiga astoydil ishonar edim.
Mirtemir shunday she’rlaridan birida qishlog’ini tasvirlab, bunday yozgan:
Qay qo’raga kirsang – eshigi ochiq,
Bir nima tatiysan, qo’ymas aslo och.
Qora qumg’on qaynar, yozilur chochiq,
Zog’orami, so’kmi, yovg’on yo umoch.
Borini ayamas, barini qo’yar,
Yupqami yo go’ja, talqon, qo’g’irmoch,
Qurutmi yo jiyda – o’rtaga uyar,
Juda bo’lmaganda qatig’u ko’moch.
Agar so’ygan bo’lsa kecha bo’rdoqi,
Qozonda qovurdoq, o’rtada ko’za.
Danak, qovun qoqi, suzgun ko’z soqi,
YO qimiz suzulur, yo achchiq bo’za…
Men bu satrlar o’qir ekanman, Mirtemir o’zbek tilida jaranglatib yuborgan Nekrasovning “Rossiyada kim yaxshi yashaydi” dostoni satrlari qulog’im tagida zamzama qilgandek bo’ladi. Nekrasov ham o’z dostonida rus xalqining maishiy turmushini shunday realistik detallar bilan tasvirlaganki, uni o’qiganingizda rus qishlog’i kishilarining ayanchli hayoti ko’z oldingizda ro’y-rost gavdalanadi. Mirtemir rus shoiridan farqli o’laroq, o’zbek qishlog’i va shu qishloq kishilari hayotini shunday mehr va qandaydir yashirin g’urur bilan tasvirlaganki, sizda shu qishloq va uning ahlini ko’rish zavqi va havasi paydo bo’ladi. Siz shoir tasvirga tortgan taomlar nomini o’qib, yoshligingizni, qiyinchilik yillarida o’zbek tabiatining shunday ne’matlari bilan sizni katta qilgan ota-onangiz, yaqin qarindoshlaringizni yodga olasiz. Sizda bu she’r allaqachon uyquga kirgan bokira, go’zal va ezgu tuyg’ularni uyg’otib yuboradi. Siz bu she’rdan keyin o’zingizni butunlay boshqacha sezasiz. Siz endi, chindan ham, boshqa kishiga – ko’nglidagi g’uborlarni qoqib tashlab, bolalik va yoshlikning pokiza chashmasida cho’milgan kishiga, tom ma’nodagi Insonga aylanib qolasiz.
She’riyatning kuchi, Mirtemir she’riyatining kuchi – shunday.
Mirtemir she’rlarida tasvirlangan aksar kishilar ana shu qishloq ahlidek bag’rikengligi, mehridaryoligi, mehnatkashligi, yurtparvarligi bilan ajraladi va ular bamisoli O’zbekbobo daraxtining qudratli shoxlaridan o’sib-tarmoqlanib chiqqan novdalardagi olma-anorlardek tovlanib turadi.
Mirtemir shunday kishilarga vatandosh va zamondosh bo’lganidan o’zini baxtli hisoblagan. Uning she’riyatida xalq, millat va Vatan tushunchalari bir-biri bilan chambarchas bog’liq. U Vatan tuprog’ini, shu tuproqning har bir zarrasini muqaddas deb bilgan. U shu tuproqning har bir zarrasiga ota-bobolarning kindik qoni to’kilgani uchun uni tavof etgan.
Bu – men tug’ilgan tuproq, bu – men ulg’aygan tuproq,
Daralari jannatiy, tog’ sirtlari ko’k yayloq.
Qumloqlarida hatto suruv-suruv qo’y-qo’zi,
Guldor, naqshin qorako’l, yetti ranglik, yarqiroq.
Bir farzandday cho’k tushib, peshanamni qo’yaman,
Ko’p o’tmay sog’inaman, o’pib-o’pib to’yaman.
Oq poshshoning to’pidan abjaq bobom xoki bu,
Oq poshshoni eslatsang, yovuzlikka yo’yaman…
Shoir garchand sovet davrida o’zini qamagan, otasini quvgan, yuqumli kasallikdan o’lgan onasining jasadini ham farzandlaridan yashirib ko’mgan bol`sheviklardan biror marta nolimagan bo’lsa-da, bugun biz “Oq poshshoning to’pidan abjaq bobom xoki bu, Oq poshshoni eslatsang, yovuzlikka yo’yaman” satrlaridan uning bol`sheviklar dohiysiga bo’lgan nafratini ham sezgandek bo’lamiz. Zero, u, Mirtemir, dilidagi qanchadan-qancha jarohatlarni ochmay, so’nggi she’rlaridan birida: “Majnuntol tagiga o’tqazing meni, Men uchun yig’lasin, men yig’lab bo’ldim”, deb bejiz yozmagan edi.
Mirtemir vafotidan keyin uning merosini o’rganib, to’rt jildlik “Asarlar”ini nashrga tayyorlash chog’ida ko’zim shoirning yozuv stoli ustida turgan kichkina bir qog’ozga tushib qoldi. Unda quyidagi so’zlar yozilgan edi: “Qiynalganingda – ishla. Azob chekkaningda – ishla. Qo’ling ishga bormaganda ham ishla”.
Mirtemir butun umr bo’yi hayotining shu dahshatli shioriga amal qilib yashadi.
Qiynalganida ham, azob chekkanida ham, qo’li ishga bormaganida ham ishlagan odam qanday qilib bunday baland, yuksak, charog’on, ilohiyot nuri bilan yo’g’rilgan satrlarni yozganikin?
Ka’bamsan, she’riyat, ezgu ehromim,
Og’u ham bol to’liq bebaho jomim.
Amalim va ishqim, umidu armon,
Uyqusiz tunlarim jindak ilhomim.
Kerakmas inju ham sensiz, haqiq ham,
Kerakmas shaddod ham sensiz, daqiq ham.
Hayot ham men uchun sensiz bema’ni,
Sensiz o’tmasin-da hatto daqiqam.
Yuqorida qo’yilgan savolga bunday javob berish mumkin: Bunday porloq satrlarni yozish uchun shoirga kuch bergan narsa She’riyatdek buyuk mo»jizaga, shu mo»jizaning qadriga yetib, Navoiydek buyuk shoirlarni yaratgan xalqqa bo’lgan muhabbat va sadoqatdir.
MIRTEMIR
SHE’RLAR
Mirtemir (Tursunov Mirtemir) 1910 yil 30 mayda Turkiston shahrining Iqon qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston xalq shoiri (1971). Eski maktabda ta’lim olgach (1919—20), Toshkentga kelib, Almaiy nomidagi namuna ish maktabi (1920—23) va O’zbek erlar bilim yurtida taxsil ko’rgan (1925— 29). Ilk she’rlar to’plami — «Shu’lalar qo’ynida» (1928) milliy o’zbek she’riyati uchun yangi janr — sochma (nasriy she’r) janrida yozilgan. «Zafar» (1929), «Qaynashlarim» va «Bong» (1932) she’riy to’plamlari muallifi. «Barot» (1930), «Xidir» (1932), «Dilkusho», «Suv qizi» (1937), «Oysanamning to’yida» (1938), «Ko’zi» (1939) kabi dostonlar yozgan. «Qoraqalpok, daftari» (1957) turkumidan o’rin olgan «Surat» lirik qissasi esa 60—70-yillarda o’zbek she’riyatida doston janriga e’tiborning kuchayishi va lirik doston janrining kamol topishiga katta ta’sir ko’rsatgan. A. S. Pushkinning she’rlarini, N. A. Nekrasovning «Rusiyada kim yaxshi yashaydi», SH. Rustavelining «Yo’lbars terisini yopingan pahlavon», Abay, Maxtumquli va Berdaq asarlarini hamda kirg’iz xalq, eposi «Manas»ni o’zbek tiliga tarjima qilgan. Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti (1979), Berdaq nomidagi Qoraqalpog’iston Davlat mukofoti (1977) laureati. 1978 yil 25 yanvarda Toshkentda vafot etgan. «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni soxibi (2002).
* * *
Ko’zingni o’ynatma, kulma, qarama,
Nozli nigohlaring kerakmas sening.
Bog’lab olarman, deb endi o’ylama…
Tortgan u «oh»laring chin emas sening.
Ko’p kunlar sudrading tusmol yo’llarda,
Men-da tilsizlarcha ergashdim-ketdim.
Adashgan ekanman, bilsam, cho’llarda,
Mana endilikda tushunib yetdim…
Tushundim: u totli xayollar — xayol,
Aldanmas bu yurak shirin so’zingta.
Yo’qol, ey aldamchi, yondashma, yo’qol,
Termulish yo’q endi orsiz yuzingga!
Jilmayma, qarama, so’zlama menga,
Eski afsonani kuylama menga…
* * *
Roziman, rizoman, o’la-o’lguncha
Xalqim deb o’ldim.
Xalqim nima bo’lsa, men o’sha bo’ldim,
Yuragim, bo’g’ilma, o’rtanma buncha!
O’zimga xiyonat qildimu aksar,
Xalqimga xiyonat o’ylagani yo’q.
Mening yuragimni teshib o’tdilar
Xalqimga otilgan talay-talay o’q.
Qancha yo’llar bosdim, gohida toldim,
Lekin xalq nomiga yuqtirmadim gard.
Faryod solar chog’da jim bo’la oldim,
Xalqim dardi edi dil o’rtagan dard.
Xalqim etagida yetdim voyaga,
Xalq bilan kuldim.
Bardoshim so’z bermas, deyman, qoyaga…
Roziman, o’lguncha xalqim deb o’ldim.
SEN ONA…
Alisherga alla aytib uxlatgan
Sen — ona.
Og’ushida Bobur kamolga yetgan
Sen — ona.
Torobiyni og’ir jangga jo’natgan
Sen — ona.
Olamni nurida munavvar etgan
Sen — ona.
Yig’lasa, dunyoni raso titratgan
Sen — ona.
Kulgisi saodat parvarish etgan
Sen — ona.
Dohiylar beshigin bedor tebratgan
Sen — ona.
Mehri bahorida elni yashnatgan
Sen — ona.
Yagona o’g’lingni jo’natding jangga,
Bo’l bardam, ona!
Onaday oshiq yo’q ona Vatanga,
Muhtaram ona…
ONAGINAM
Tovonimga chaqir tikanakday botuvchi — g’ashlik,
Bedavo sizloviqday sizlatguvchi — g’ashlik.
Jigarimni qiymalab ahyon-ahyon,
Chuchvaraga chekkuvchi — g’ashlik.
Meni o’ylab notavon va nimjon,
g’ashimga tekkuvchi — g’ashlik.
Suyaklarimni sirqiratib,
och tevatday g’ajiguchi,
Ko’zimga yosh tirqiratib,
jig’ildonimda achchiq bo’zaday achiguvchi g’ashlik…
Dunyoga qayta kelishimga ko’zim yetsaydi,
Yigit yoshim to’lmay turib,
Ayriliq zaylida qoq yog’ochday qurib
Jon bergan onamni ko’rishimga
ko’zim yetsaydi,
Tizzasiga bir nafas bosh qo’yishimga
ko’zim yetsaydi,
Onalik mehriga o’bdon to’yishimga
ko’zim yetsaydi,
Oq sutingni oqlay, deyishimga
ko’zim yetsaydi,
Menda g’ashlik netardi?
Yantoq o’tinidek,
Tamaki tutunidek,
Tong paytida taralgan badbaxtlik tunidek —
Cheksiz fazolarga tarqab ketardi!
Onaginam!
Odam bo’ldimmi menam?
Yigit yoshimgacha bir chelak suv keltirib
bermagan bo’lsam,
YO tashnaligingda bir kosa sharbat to’ldirib
bermagam bo’lsam,
YO non yopishing uchun,
Hatto bir yo’la, bir kun
Sahrodan o’tin orqalab kelmagan bolangman…
Og’zingdan so’z chiqmay, yelmagan bolangman…
Sening arzimas bir yumushingni ado etolmaganim,
Sening bir ishorangga yuz o’mbaloq oshib ketolmaganim!
Seni jindak xushvaqt qilgani,
Seni jindak xushbaxt qilgani —
Tagsiz jarlardan o’tolmaganim,
Seni so’nggi yo’lga o’zim kuzatolmaganim —
Tog’day zil.
Abadiyatday cheksiz armon bo’lib qoldi dilimda,
onaginam!
Odam bo’ldimmi menam?
Ha, odam sanashar meni elimda,
Senga qilolmagan xizmatim,
Sen deb chekolmagan zahmatim —
Jindak zehnim, jindak she’rim, jindak g’azalxonligim
Onalik mehriga to’ymagan mehrim,
jindak yaxshilik va yomonligim
Meni odam sanagan elimga baxshida,
jafodiyda onaginam!
Elga xizmatim — senga xizmatim emasmi axir,
El meni farzandim demasmi axir!
Rozi bo’l, odam sanalay menam…
Dunyoga qaytib kelurman,
Lekin boshqa o’g’il bo’lib…
ONAGINAM
… Ona bag’rin qo’msab o’tdi go’daklik,
Taqdir olib ketmish edi yiroqqa.
Goh o’ksuklik, gohi sho’xlik, tentakli,
Tag’in bir yoz qaytib keldim qishloqqa.
Ne ko’rayin? Ketmon yotur zang bosib,
Sopi siniq, qarab bo’lmas o’roqqa.
Og’il, chetan, quduq boshi chang bosib,
Onam sho’rlik o’xshar jonli qurchoqqa.
Ko’z yoshini artib ro’mol uchida,
Manglayimdan o’pib, tutar so’roqqa.
Singlim ko’zi milt-milt, hovli burchida,
Hovli o’xshar hozir yuz bir quroqqa.
«Ko’z oydin!» deb olis-yaqin kelishar:
«Kelding chog’i tag’in to’rt kun qo’noqqa?»
Vaqt tig’iz-da, bular qaydan bilishar,
Biri uyga, biri chorlar ovloqqa.
«Tulpor to’g’ri chortoq tomon choparmish,
Sen ham axir chopib kelgung chortoqqa.
Ot aylanib, qozig’ini toparmish,
Sen ham axir topib kelgung shu yoqqa…»
Biri u der, biri bu der, xushvaqtlik,
Sakrab ketgum kelar o’xshab tayloqqa.
Yaxshi tilak, yaxshi orzu, xushbaxtlik,
Mayli borsam borib kelay yayloqqa.
Vaqt tig’iz-ku, lekin ancha turgim bor,
Tag’in tushgum, qaydam, qanday so’qmoqqa.
Onaginam ko’z oldida yurgim bor.
Ketmam, to’lqin itg’itganday qirg’oqqa.
Tong otmayin o’roqni ham soplagum,
Ketmonni ham duch qilgayman qayroqqa.
Loy qilaman, loyga somon qoplagum,
Erta bilan do’stlar kelur shuvoqqa.
Qaydan bilsin ne savdolik yosh boshim,
Ona qalbi o’xshar oydir buloqqa.
Xayollarda sovib qolar so’k oshim…
Onaginam o’tin qalar o’choqqa…
TUN BO’YI
Tun bo’yi uyqumni oldi qaldiroq,
Derazamda chaqnar chaqmoq nayzasi,
Oppoq sochlarimda o’rmon nafasi,
Yomg’irga boqaman beun, bechiroq.
Tun bo’yi uyqumni oldi qaldiroq,
Yoz bo’yi bu yurtda yog’in pallasi,
Qulog’imda yangrar jala yallasi,
Parcha bulut hatto bunda yog’oloq.
Saharda so’qmoqdan o’taman tanho,
Yuzimga urilar egik bulutlar.
Simob to’kilganday porlar yaproqlar,
Havoga to’ymayman – shifokor havo.
Egik butoqlarni silkib qo’yaman,
Shoda-shoda sachrar, asl dur go’yo,
Durmas, qatra-qatra yashil nur go’yo,
Yashil go’zallikka qachon to’yaman?
* * *
Qorong’ulik tushar,
Bag’rim uvishar,
Tanholikda qayta tug’ilaman men.
Yorilib ketguday
Tamom yitguday,
Toki tong otguncha bo’g’ilaman men.
Ko’zimga yorug’lik,
So’zimga yorug’lik,
Sog’ jonga yorug’lik so’rayman tongdan.
Armonli yo’lchiman,
Armonli kuychiman,
Jahonga yorug’lik so’rayman tongdan.
BETOBLIGIMDA…
Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Qovrilmay to g’ashlik alangasida.
Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Nafasimni rostlay ko’lankasida.
Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Qushlar ovoziga quloq solayin.
Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Xayol og’ushida orom olayin.
Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Shu kungacha o’zni men cheklab bo’ldim.
Majnuntol tagiga o’tqazing meni,
Men uchun yig’lasin, men yig’lab bo’ldim.
XO’RSINIQ…
Qo’limdan har nima keladi, yurtdosh,
G’ariblik, yupunlik — barin ko’rganman.
Qo’sh ham haydaganman, o’roq o’rganman,
Ayrilikda ko’zdan to’kkanman ne yosh…
G’o’za ham ekkanman, juvari, kunjut,
Qo’limda raqs etur teshayu randa,
Yo’l ham, qo’nalg’a ham mo’l bu Vatanda,
Kamchil ham bo’lganman, to’q, quvnoq va but…
Chuvak ham tikkanman, mol ham boqqanman,
Kuduq ham qazganman naq o’n bir quloch,
Zilol suvlarida yuvishardi soch,
Ne-ne qiz sochiga lola taqqanman.
Taqdirimga hech ham o’pka qilmayman,
Qo’limdan kelmaydi degan pesha kam.
Ba’zan ko’zlarimda tomchi-tomchi nam…
Hanuz she’r yozishni bilmayman.
O’LAN AVJLARIDA…
O’lan avjlarida gul ochadi dasht,
O’lan avjlarida zamon uyg’onur.
O’lan avjlarida dunyo-dunyo gasht,
O’lan avjlarida olam to’lg’onur.
O’lan avjlarida tug’ilur suygu,
O’lan avjlarida tug’ilur jujuq.
O’lansiz na rang bor, na yorug’ tuyg’u,
Hayot lablariga toshadi uchuq…
SHUDRING
Tong belgi bergandanoq
Utib osma ko’prikdan,
Jar ketiga chopardim —
Jar keti o’zga olam.
To’ldirib chanoq-chanoq,
Go’yo sutdek ko’pikdan,
Tutgandek g’oyib qo’llar —
Jilvagar ko’zga olam.
G’o’za yaproqlarida
Ko’katlarning bargida,
Chechaklarning bag’rida
Yaltirar lak-lak inju.
Sho’x soy qirg’oqlarida,
Nihollar kurtagida,
Sal epkinda simobday
Qaltirar lak-lak inju.
Yaltirar suyri tepa,
Yaltirar qir uzunchoq,
Kelinlar taqinchog’i,
Uzuk ko’zlarimi yo.
Chor atrof sabzalarda
Jimir-jimir ko’zmunchoq,
Bo’y-bo’y dilrabolarning
Suzuk ko’zlarimi yo?
Yo’q, bu giryon ko’zlarning
yarqiroq zamzamasi.
Kechasi onam tag’in
yig’labdi-da chamasi…
1965
QO’SHIQLAR
BIR GO’ZAL
Deydilarkim, shahrimda bir go’zal bormish,
Har oqshom boqqa kirib mani so’rarmish.
Izlarimni topolmay ohlar urarmish —
Gir-gir yurarmish,
Hayron bo’larmish.
O’ltirib yaproqlar-la suhbat qurarmish».
Ishq uchun osmas kimsa meni, deb, dorga —
Ba’zan qo’lin cho’zarmish mungli dutorga,
Sog’liqlar tilar emish olisda yorga,
Asl xushtorga,
Hajrida zorga…
Salomlar yo’llar emish bu intizorga…
QORA KO’ZLI
Qora ko’zli va gul diydor,
Bahor chog’i meni yod et!
Xiyobonda kezar bo’lsang,
Nahor chog’i meni yod et!
Qora ko’zli, so’lim dildor,
Senga aytay sirim oshkor,
Agar kechsa kechang bedor,
Sahar chog’i meni yod et!
Qora ko’zli, vafoli yor,
Ajab xilvat, chamanzor bor,
Ko’zing tushsa — etar xumor,
Xumor chog’i meni yod et!
Qora ko’zli va gul diydor,
Bo’lay jangda shijoatkor,
Agar o’lsam, so’ray takror,
Bahor chog’i meni yod et!
QARQARALIK
Qarqaralnk, qaydan kelding qoshimga,
Qaydagi savdoni solding boshimga.
Qaydagi savdoni solsang boshimga,
Qota ko’rma qatron mening oshimga!
Qosh ustiga qo’ndiribsan qarqara,
Qora soching qora tunda sharshara,
To’lqinida koshki o’zim cho’milsam…
Shaydoyingman, gar qarama, gar qara!
Qarqaralik, izlab keldim, yo’l olis.
Olis yo’lda cho’l olisu ko’l olis.
Bir qaragin, ko’zginangdan bilayin:
Dermikinsan yaqin yoki bo’l olis!
Qarqaralik, soylaringni kechgum bor,
Suvlaringni sharob kabi ichgum bor.
Olislardan keldimu gap o’zingda,
Mayli desang, Qarqarangga ko’chgum bor.
Qarqaraning o’rdagi-yey, g’ozi-yey,
Yozlarn-yu, kuzlarining sozi-yey.
YO «ha»si bor, yo «yo’g’»i bor, ne bilay,
O’rtavordi qarqaralik nozi-yey.
KELGIN
Tonglarning jilosiday
Pirpirab alvon kelgin,
Bo’zto’rg’ay navosiday
Kuylab bearmon kelgin,
Bog’larning shovvasiday
Sharqirab ravon kelgin,
Sochlaring tarab-o’rib,
Va’daga jonon kelgin.
Oy kechaning qo’yniga
Noz ila kirganida,
Osmon ko’k ko’ylagiga
Injular terganida,
Turg’un suvlar epkinga
Bo’salar berganida,
Hey, lablari qirmizi,
Kelgin, shu zamon kelgin.
Archazor tog’ orasi,
To’shaylik ko’k yalpizdan,
Dardim-o’tinchim o’lan ..
Bu kecha sendek qizdan,
Yaylov oqshomi bo’lur
Minnatdor ikkimizdan,
Har kelishing bir ertak,
Jonginam, omon kelgin.
BOQISHI
Ko’nglimga cho’g’ soldi, cho’g’ soldi, netay,
Javdirab-javdirab jayron boqishi.
Xanjarsiz jon oldi, jon oldi, netay,
O’sha nozik ado, jonon boqishi.
Xayolim ohangdosh ishq havosiga,
Ko’zim to’ymadi yor tamannosiga,
Kimga boray bundoq dard davosiga,
Ko’z o’ngimdan ketmas pinhon boqishi.
Do’stlar, tik aytishga shashtu tilim yo’q.
Sevgi kitobidan menda bilim yo’q,
Dilda armonim shu — o’zga dilim yo’q,
Bilmadim, rostmi yo yolg’on boqishi.
O’ylasam — ortganday har kun kamolim,
Koshki seza qolsa sohibjamolim,
Desa: aytavergin, ey tili lolim,
Dilimda qo’ymasdi armon boqishi…
BARNO
Tong pallasi kel bog’imga,
Chechaklardan uzgin, Barno,
Baxtday to’lib quchog’imga,
Sochlaringga tizgin, Barno.
Kuylashaylik to’lib-to’lib,
Ketma, bog’im qolar so’lib,
Sahar chog’i suqsur bo’lib,
Sarhovuzda yuzgin, Barno.
O’qiy husning kitobini,
Topay sevgim javobini,
Tingla ko’nglim rubobini,
Ko’ngling bilan sezgin, Barno.
Yorqinroqsan ra’nolardan,
Va’dasi bema’nolardan,
Vafosi yo’q barnolardan
Vafo bilan o’zgin, Barno!
* * *
Fasli bahor, qir lolazor,
To’rg’ay uchar sor ustina.
Lolazorda kuyla, dildor,
Rubob chalay tor ustina.
Ne bor visolingdan shirin.
Yonoqda xolingdan shirin,
Bo’stonliq bolidan shnrin,
Olma hidi nor ustina.
Bir — sen, bir — men, ko’l qirg’og’i,
Yashil yaylov — oqshom chog’i,
Oqshom chog’i — visol bog’i,
Oy ham qo’nar dor ustina.
Beishqlar dardi dard emas,
Ishq faqat ohi sard emas,
Yorni ranjitgan mard emas,
Qor yog’gusi qor ustina.
Eldan ayrilgan begona…
Yordan ayrilgan devona,
Yor, o’lguncha men parvona,
Yor sevmayman yor ustina.
SALQIN SAHAR, DARYO BUYI…
Salqin sahar, daryo bo’yi,
Jimjit dunyo esingdami?
Tabiatning so’lim to’yi,
Tonggi ro’yo esingdami?
Ovloq, xushbo’y jiyda tagi,
Pichir-pichir qalin bargi,
Sevgimizning sho’x ertagi,
Sehriy savdo esiigdami?
Suluvliging sehrdan soz,
Sehrdan soz, sen sarvinoz,
Yuz eslasam, baribir oz,
Mehru vafo esingdami?
Muhabbatning olovligi,
Olovdek beayovligi,
Hamishalik lov-lovligi,
Ko’zi shahlo, esingdami?
Oq bulut ham oqar sekin,
Ko’rsa agar nima derkin?
Bekin! Yo’g’-e, tin ol erkin…
Salqin sabo esingdami?
Yorishmoqda olis chek ham,
Tong fusunkor, suluv biram,
G’azal yanglig’ jarangdor dam, —
Yangroq havo esingdami?
Boshlanur to’rg’aylar kuyi,
Tabiatning tonggi to’yi,
O’sha visol, daryo bo’yi,
Yorug’ ro’yo esingdami?
KO’Z
Ey, suzgun ko’zlaringdan,
Ko’zlarim uzolmayman,
Tahrir kerakmas g’azal —
Bir so’z ham buzolmayman.
Qandoq jodugar ko’z bu,
Kiprik emas — qunduz bu,
Olamga tug’ilganday
Ayni sahar yulduz bu…
Na parisan, na malak,
Na ohu, na to’lin oy,
Sen bo’lakcha suluvsan,
O’landay jo’n bir chiroy.
Butun xayolim senda,
Qo’lingda ixtiyorim.
O’ylamaki, bu qo’shiq
Ranj yoki ohu zorim.
Yo’q, senga egiladi
Hanuz egilmagan bosh,
Ey, olis yo’lda yo’ldosh,
Ey, xolis yo’lda yo’ldosh.
Yolg’iz yorlaqavchimsan
Io’q, yo’q, ma’budam o’zing,
Sen o’zing—ikki ko’zing…