Ne’mat Arslon. Vaqt falsafasi

045Таниқли адиб Неъмат Арслонни яқинлашаётган  75 ёши билан  чин дилдан қутлаймиз!

   Вақтни тўхтатиш мумкинлигини англаган куним ҳаётимнинг узилиш ва қайта уланиш нуқтаси бўлди. Бу нуқталар улуғвор кашфиёт олдида турган одам учун зиғир донасича ҳам аҳамиятга эга эмас. Вақт тўхтаса, Иффат қаримайди. Унинг юзларига ажин тушмайди ва у ҳеч қачон Тўхта момога ўхшаб букчайиб қолмайди.

Неъмат АРСЛОН
ВАҚТ ФАЛСАФАСИ
045

07    Неъмат Арслон (Арслонов) 1941 йил 7 июн куни Шаҳрисабз тумани Мираки қўрғончаси яқинидаги Такия қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган (1965). 1971-80 йиллардан бошлаб «Адабиёт ва санъат» газетаси, «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» журналларида ҳикоя, қисса ва романлари босила бошлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Адибнинг»Аёл сувратига чизгилар», «Олдинда яна тун бор» ҳикоялар тўпламлари, «Адам водийси», «Мавҳумот» романлари ва бир қатор асарлари чоп этилган.

045

Танзилага

1

Вақтни тўхтатиш мумкинлигини англаган куним ҳаётимнинг узилиш ва қайта уланиш нуқтаси бўлди. Бу нуқталар улуғвор кашфиёт олдида турган одам учун зиғир донасича ҳам аҳамиятга эга эмас. Вақт тўхтаса, Иффат қаримайди. Унинг юзларига ажин тушмайди ва у ҳеч қачон Тўхта момога ўхшаб букчайиб қолмайди. Айтишларича, Тўхта момо ёшлигида жуда дилрабо қиз бўлган. Мана, энди лаблари шафтолиқоқидек қурушган, якка-ю ягона сўйлоқ тиши қоронғу ғор оғзига тираб қўйилган ёғочни эслатади. Худди ўзидек эгри ҳассаси ва букчайган қадди, чақчайган кўзлари ва томоғи остида эски латтадек шалвираб осилиб турадиган териси ва умуман бутун қиёфаси билан баайни ялмоғиз кампирнинг ўзи. Момонинг айби йўқ, бу вақтнинг иши. Мен оралиқдаги вақтни йўқ қилиб ташлаб, ёки ортга қайтариб Тўхта момони навниҳол қиз кўринишида тасаввур этишга кўп марта уриниб кўрганман. Аммо…

Тўхта момони учратиб қолсам, унинг ҳамиша тўзғиб ётадиган пахтадек оппоқ сочларига қараб беихтиёр Иффат билан солиштираман. Бир куни уларни юзма-юз турганларини кўриб бемисл контраст ҳолат қаршисида лол қолдим. Кампирнинг зоғчаникидек қоп-қора қоқсуяк бармоқлари қизнинг оппоқ ва нозик билагидан худди балиқ ушлагандек маҳкам чангаллаб турарди. “Балиқ ушлаган зоғча”. Гарчи ҳаёт ҳақиқатига мос келмаса-да, назаримда, бу энг мос ўхшатиш. Кампирнинг эгнида увадаси чиққан тўн. Иффат зарғалдоқ рангдаги нафис поплин кўйлакда… Бири иккинчисига тамоман зид бу ғаройиб манзара сира кўз ўнгимдан кетмай қолди. Вақтни тўхтатиш устида тажрибалар олиб борарканман, биринчи навбатда Иффатни ва ундан кейин бутун инсониятни қарилик балосидан халос этишни ўйлаб, кафтимни қулоқларимга босганча кўзларимни чирт юмаман. Қоронғулик ичра қолган Вақт гўё йўқолган дунёни излаб бўзлайди. Назаримда унинг гувраниши кечагидан ўзгачароқ. Шу пайтгача вақт бутунлай абстракт тушунча эди. Борлиқнинг эскириб бориши, фасллар алмашинуви, одамларнинг қариб бориши, ўлиши ва уларнинг ўрнида янгилари келишига қараб нималардир туйғуларимизга таъсир этарди. Вақт эса кўзга чалинмас, биз – инсонлар унинг таъсирини емрилган борлиқ ўрнида янгисининг бунёд бўлишида кўрардик. Модомики, энди мен ўз тажрибаларим билан вақтни тўхтатиш имконига эга бўларканман, демак, дунёни қаришдан ва емрилишдан сақлаб қола оламан!

2

Бир неча кун ана шундай кайфият билан юрдим. Кўча-куйда одамларнинг менга ажабланиб қараши, ўзларини четга олиши ва менга йўл бериши ҳамда уларнинг юз-кўзларидаги ифодалардан пайқадимки, мен бошқаларга ўхшамайман. Укам Ширвоннинг келиши ва ўртамизда бўлиб ўтган суҳбат фикрим тўғри эканлигини исботлади. Ширвон юзимга тик қарай олмади. Фикрини ҳам очиқ айтолмай ямланарди. Мен атайлаб нигоҳимни ерга олдим ва сен буюклик қаршисида турибсан, майли қараб ол дегандай, ер шохлаб туравердим. Аммо лабларимдаги табассум, тиришган пешонамдаги қатор-қатор чизиқлар, кўзларимда зуҳур этган фикрчанлик ва ўйчанлик буюклик аломати эканлигини англашга укамнинг қурби ва фаросати етармикин? Бу ҳолатни хаспўшлашга бўлган интилишим беҳуда кетди. Ширвоннинг кўрпача четида қимтинибгина ўтириши, овозидаги титроқ оҳанглар, бошидаги ола дўпписини ҳа деб айлантиравериши ва ёш боладек бурнини тортиб-тортиб қўйиши менга кўп нарсани маълум қилди. “Ака…”деди ниҳоят иродасини бир жойга жамлаб укам:

– Ака…

Ширвоннинг овози жуда узоқдан, вақт девори ортидан эшитилди. Бош кўтармадим. Сукутга бордим. Укам истиҳола қилар ва афтидан гапни нимадан бошлашни билмасди. Ниҳоят узоқ жимликдан кейин у яна тилга кирди:

– Ака, нима учун бундай қиласиз?.. Одамлар маломат қилишяпти. Онамиз бечора оҳ уриб “бобосига тортди” дейдилар-у, қандай қилиб бобомизга тортганингизни тушунтирмайдилар. Докторлар бўлса “у кишини уйлантириб қўйиш керак” дейишяпти…

“Маломат” ва “докторлар” деган сўзларни эшитиб, укамга раҳмим келди. У адабий тилда гапиришга ҳаракат қиларди. Менга ёқиш учун албатта. Маънодор бош тебратиб унга далда бердим. Шууримда эса “қанчалар буюк бўлмай, мен акангман ахир, нега мендан чўчийсан?” деган сўзлар йиғиндиси. Жигаргўшамни қўрқитиб юбормаслик учун юз ифодамни кескин ўзгартирдим ва кўзларимга ёқимли ифода бериб бош кўтарарканман, укам шошқин бир ҳаракат билан ўрнидан туриб ортига тисарилганча эшик томон чекинди. Ҳақиқий буюклик билан юзма-юз келганлиги ва ўзини ожиз сезиб чекинаётганлиги унинг кўзларидан яққол кўриниб турарди. Укамнинг ўрнида бошқа ҳар қандай киши бўлганда ҳам шундай қиларди албатта. Неча йиллардан буён уни кўрмагандим. Озиб-ёзиб бир келган жигаргўшамнинг бундай тарзда чиқиб кетишини истамасдим. “Қўрқма Ширвон, мен аканг Тавошарман” деганча ўрнимдан турдим-да, уни бағримга олиш ниятида қучоғимни кенг очиб, бир неча қадам қўйдим. Ва бу бахтли оннинг лаззатини олдиндан чуқурроқ ҳис этиш учун кўзларимни юмиб олдим. Эшик тарақлаб кетди. Кўзимни очиб қараганимда Ширвон жон ҳалпида қочиб борарди…

3

Тажриба ўтказиш ва кузатишлар мени обдан толиқтиради. Ўзимни бирозгина чалғитиш мақсадида Вақт девори кемтигидан бўйлаб қарайман. Болалик дунёсида қолиб кетган манзаралар. Ҳамма нарса оддий ва ибтидоий: Кекса тут дарахти, ёлғизоёқ йўл, тахта кўприк… Барчасида шафқатсиз вақт тамғаси бор. Кўксимни деворга маҳкам босиб турибман. Юрагим зарбидан девор титраётгандай. Соат ўн иккига яқинлашмоқда. Одатда худди шу пайтда: баъзан бироз олдинроқ ёки кейинроқ челак кўтарган бир қиз сувга ўтади. Мен яшайдиган ҳовлининг адоғида чашма бор. Усти айвончали. Чашмадан қирқ қадамлар юқорида шарқираб оқиб ётган ариқ бўлса-да, қишлоқ қизларининг ҳаммаси чашмадан сув олишни яхши кўришади. Бу ер уларнинг сирлашадиган маскани. Иффатни биринчи марта шу жойда учратганман. Ўшанда бирор оғиз ҳам гаплашмадик. Қиз сувга лиммо-лим тўла челагини илкис кўтариб бошига қўйди ва шу ҳолатда менга бир қараб олди-ю, жўнаб қолди. Кейинги учрашувларимиздан бирида мен чашманинг тарихи тўғрисида мутлақо ёлғон бир афсона тўқиб унга сўзлаб бердим. Туни билан гоҳ ухлаб, гоҳ уйғониб, алоқ-чалоқ тушлар аралаш тўқилган менинг ёлғоним мана шу чашма ўрнида ёрини йўқотиб йиғлаб ўтирган бир қиз ва унинг севгиси ҳақида эди. “Ана шу чашма – хулоса қилдим мен – ўша қизнинг кўз ёшлари”. Қисқагина, бор-йўғи бир неча дақиқага жо бўлган суҳбатимиз қизгинага ўз таъсирини ўтказган эдики, унинг қадам ташлашига қараб хаёли паришон бўлганлигини англадим. Бу ҳолат елкаси бўйлаб кенг ёйилган жамалагининг тебраниши, жамалак учидаги потисқаларнинг ўзгача жиринглаши ва боши устидаги челакдан сувнинг чалпиб-чалпиб тўкилишида ўз ифодасини топган эди. Демак, у ташқи оламдан узилиб, ўз ички дунёсида сайр этарди. Унинг ортидан қараб турдим. Жамалагидаги садаф тугмаларда қуёш нури ўйнар ва челакдаги сув чалпиб-чалпиб тўкиларди. Кейин орадан кўп йиллар ўтди, биз бошқа учрашмадик. Аммо мен хаёлан Иффат билан бирга яшардим. У билан ҳар кун суҳбатлашар, унга бағишлаб шеърлар тўқирдим. Гоҳида эса хўжайлилик дўстим Ҳайитбой Абдисодиқнинг айни пайтдаги ҳолатимга монанд мана бундай сўзлари ёдимга келарди:

Нимадир шитирлар боғда
Қўрқма, дейман севгилимга
Қўлларини маҳкамроқ ушлайман
Юрагим “дук-дук” уради.
Вақт муаллақ туриб қолади
менинг тепамда

4

Орадан беш йил ўтди. Университетни тугатдим ва қишлоғимга қайтдим. Аммо энди чашма ҳам, мен яшайдиган ҳовли ҳам, ёввойи бутазорлару сўқмоқ йўллар ҳам йўқ. Болалигимиз билан боғлиқ хотираларнинг айрим лавҳаларигина ярқ этиб хаёлда намоён бўлади. Энди бу макон чигирткалар босқинидан кейин ҳувиллаб ётган даладай кўримсиз бўлса-да, мен учун қадрли. “Сени ҳеч кимга бермайман” деб қичқиргим келади-ю, истиҳола қиламан. Қадимий қишлоқ ўрнида қад ростлаган шаҳарчанинг шовқин-сурондан холи гўшалар ҳам бор. Ана шундай гўшалардан бири” Куркуллум” савдо мажмуасининг шимолий тарафидаги “Калта хиёбон”. Аслида бу хиёбон шаҳарчани тенг иккига бўлиб ўтадиган анҳорга бориб туташган бўлса-да, куркуллумчилар қурган улкан иншоот уни қоқ ўртасидан иккига бўлиб қўйган ва энди хиёбоннинг шимолий қисми одам кам юргани сабабли хилват чакалакзорга айланган. Савдо мажмуасида Иффатнинг акаси ва унаштирилган йигити ишлайди. Аммо улар пул тўплаш учун шу қадар бандки, бино ортида соя-салқин хиёбон борлиги ва бу хиёбонда бизнинг учрашиб туришимизни балки билишмайди ҳам.

Вақтни тўхтатиш ва инсониятни кексайиш ва ҳаттоки ўлимдан халос этиш истаги ва режалари бошимда гужғон ураркан, шу улуғвор туйғулар таъсирида Иффатни кўргим келди. Чунки барча туйғулару ҳиссиётлар марказида зарғалдок кўйлакли қиз турарди. Албатта унинг бошқа либослари ҳам бор. Иффат бадавлатгина қиз. Отаси катта фермер… Унаштирилган йигити “Куркуллум”да бошбух. Акасининг “Каптива”си бор. Шундай бўлгач, унда кийим-кечак муаммоси йўқ. Мен эса уни ҳамиша зарғалдоқ кўйлакда кўргим келади. Рассомларга хослик… Бу қавм инсон қиёфасидаги ўзига хос бирон-бир чизгини хотирасида қаттиқ сақлайди ва уни сувратда бўрттиради. Ўн йилдан кейин, ёки юз йилдан кейин қарасангиз ҳам сувратдаги қиз қаримайди, очилиб турган гул сўлимайди, қуёш ботмайди. Вақт тўхтаб туради.

5

…Иффат ҳамишаги жойимизда ўтирарди. Боши эгик. Бир ўрим сочи кўкси устида қабариқ шакл ҳосил қилиб тиззасига тушган. Қўлида заъфарон япроқ – Сариқ ранг ҳукмида қолган терак япроғи – бандига яқин қисми яшилтоб, учлари қизғиш тус ола бошлаган. Сариқ ранг – Ван Гог тасаввурининг оҳанрабоси. Қизнинг ҳолати эса кузнинг ўзидай сокин. Умуман, Иффатда кузга хос жиҳатлар кўп. Мен вақтни айнан шу ҳолатда тўхтатиб қўйсам, дейман. Сокинлик. Заъфарон ранглар ва ана шу ранглар орасида ўтирган қиз. Йўқ, рассом сифатида эмас. Дунёни бир варақ қоғозга жо этадиган бу санъатдан йироқман. Вақтни тўхтатиш қўлимдан келишига эса ўзимдан бошқа ҳеч ким ишонмайди. Дунё пайдо бўлганидан буён вақтни жиловлашга ҳеч ким уриниб кўрмаган. Мантиқан олганда мен ҳақман. Уриниб кўрмагандан кейин қандай қилиб бирон бир натижага эришсин! Мен эса тажрибалар ўтказяпман. Бунинг учун энг аввало, вақт оқимини ҳис қилиш керак. Уни эшитиш ва ҳатто кўриш ҳам мумкин! Ҳа, худди шундай: Қўлингиз билан қулоқларингизни маҳкам беркитинг. Гоҳида кафтингизни бирозгина бўшаштириб, қабариқ ҳолатда тутинг, шунда улуғвор бир гувраниш эшитилади ва сиз вақтнинг шиддатли оқимини ҳис этасиз. Бу гувраниш қанчалик ваҳимали бўлмасин, ундан ажралгингиз келмайди. У беҳад чуқур ва бепоён. Бутун борлиқни қамраб олган ҳад-ҳудудсиз ана шу оқимда ўзингиз ҳам оддий ва ожиз бир хас ёки бир зарра каби сузиб бораверасиз. Ва шу ҳолатда уни тадқиқ этишга, англашга интиласиз.

Мен вақтнинг шовурини кашф этганимга кўп йиллар бўлди, аммо бу ҳолатни нимага йўйишни билмадим. Шунчаки ўйин, эрмак сифатида қарадим. Тўғрироғи, бу гувранишнинг ҳақиқатан ҳам вақт оқими эканлигига аввало ўзим ишонмадим ва бошқаларни ҳам ишонтира олмадим. Ногоҳ бир кеча алла маҳалда уйғониб кетиб бошимда кучли шовқин, миллионлаб жизилдоқларнинг бараварига “жаззи-и-ит! Жаззи-и-ит!” деган овозини эшитдим. Овоз ташқи дунёдан келяптими ёки миямнинг мубҳам қаватларида ҳосил бўляптими, буни билиш учун тўшагим устида чўккалаб ўтирганча, қулоқларимни кафтим билан маҳкам беркитдим. Жизилдоқлар овози тинмагани ҳолда, коинотни қамраб олган соҳир бир гувраниш шууримга урилди. Аммо бунинг вақт оқими эканлигини орадан анчагина ойу кунлар, балки йиллар ўтиб англадим. Менинг тажрибиларим ва доимий машғулотим кейинчалик Хронохрон ускунасини ясаш ва вақтни тўхтатишдек оламшумул кашфиётга бориб тақалди. Ускунанинг Хронохрон деб номланиши кўп нарсаларга боғлиқ. Аввало, “хроно” сўзи юнонча вақтни англатишига, ундан кейин, файласуф Бахтиннинг хронотоп назариясига асосландим. Бу ташқи кўринишидан қумсоатга ўхшаш ускуна. Уни айнан шу шаклда ясаш, вақтнинг тепадан пастга томон бир маромда қуйилиб туришини кузатиш бундан кўп йиллар аввал бир духтирнинг қабулида бўлганимда унинг хонасидаги қумсоатга қараб туриб хаёлимга келган. Кейинчалик шаҳар дўконларидан худди шундай соат изладим. Вақт – қум. Ёки қум-вақт. Қўнғиртоб майда заррачалар шиша мослама ичида бир маромда оқади ва вақт оқимини аниқ кўрсатади. Балки у қадар аниқ ҳам эмасдир, ҳар ҳолда унга қараб вақт оқимини кўриш мумкин. Дўконларда эса қумсоат сотилмас экан. Аммо фикримдан қайтмадим. Шундай соатим бўлишини жуда-жуда истардим. Узоқ уринишлардан кейин эскигина бир қумсоатни қўлга киритдим. Уйга олиб келдим, бир неча кун унга термулиб ўтирдим. Қумсоатнинг тепадаги бўлмачаси бўшаб қолиши билан назаримда вақт ҳам тўхтарди. Шунда мен бу антиқа ускунанинг ўймакор поячасидан авайлаб тутиб “Оёғини осмондан” қилиб қўяман. Аслида унинг бош-оёғи йўқ. Ҳар иккала шиша бўлмача ҳам бир хил шакл, бир хил сиғим ва бир хил кўринишга эга бўлиб, уларни уч дона ёғоч устунча бирлаштириб туради. “Оёғини осмондан қилиш” ёки тепадаги бўлмачанинг қуми тугаб қолиши билан вақтнинг тўхташи, албатта, бу тасаввур ҳосиласи. Хуллас, мен ясаган хронохрон ускунаси шаклан қумсоатга монанд. Энди бу мўъжизадан фақат ёлғиз ўзимгина баҳраманд бўлишни ўйлар ва бу буюк кашфиёт олдида ўзим ҳам ожиз эдим. Айни пайтда ҳали ҳеч кимга насиб этмаган бахт туйғуси билан яшардим.

…Иффатнинг ёнидан жой оларканман, кафтларим билан қулоқларимни беркитдим ва қизга ҳам шундай қилишни уқтирдим. Биз шу ҳолатда анчагина ўтирдик. Кейин мен қизнинг юзига қараб сирли жилмайдим ва овозимга ҳам сирли тус бериб сўрадим:

– Нимани эшитдинг?
– Ҳеч нарсани.
– Ҳеч нарсани? Наҳотки!?

Унинг жилмайиб ва айни пайтда ажабланиб, шу билан бирга савол назари билан қараб турганини кўриб мен ҳам ажабланганимни яширмадим, аксинча, кўзларимни катта-катта очиб қошимни чимирганча бир лаҳза қотиб қолдим. Менинг бу ҳолатим уйқудаги ипак қуртини эслатарди. Кейин кутилмаганда ўзимда улкан бир журъат сезиб, унинг қулоқларини кафтларим орасига олдим. Қиз буни кутмаган бўлса-да, қаршилик кўрсатмади. Биз шу пайтгача ёнма-ён ўтириш, нари борса қўл бериб кўришиш ва қимтинибгина сўзлашишдан нарига ўтмаган эдик.

6

Октябрь. Зардолулар, олчаю алволилар арғувон либосда. Фақат тут дарахтларининг япроқлари заъфарон. Иффатнинг кўйлагига монанд. Агар ҳозир Иффат тут дарахтининг устига чиқиб ўтирган бўлса, мен унинг фақатгина оппоқ юзини ҳамда қоп қора соч турмагинигина фарқлашим мумкин. Табиат вақт таъсирида. Иффат ҳам. Сочини боши узра турмаклаб юриши менга ёқади. Саксонинчи йилларнинг аёлларига ўхшайди. “Турраи таррорингга салламно” деб таҳсин айтаман ичимда. Сочни бундай турмаклаш унинг ёшини бироз катта қилиб кўрсатади. Бу энди вақтнинг иши эмас, аммо гапнинг сирасини айтганда, вақт жуда ақлли хилқат. Шошилиш унга ёт. Бир маромда ишлайди, масалан, юзингизга қачон ажин тушганини сезмай қоласиз. Ҳеч ким айтайлик, “ўнинчи октябрь соат ўн иккидан уч дақиқа ўтганда юзимга ажин тушди” деёлмайди. Дарахтларнинг япроқларидаги ўзгаришлар ҳам худди шундай содир бўлади. Ҳа, вақт илондай муғомбир.

Иффатни кўрмаганимга ҳам анча бўлди. Энди бир йўла тажрибаларимни якунига етказиб кейин унга рўбарў бўлсам, дейман. Чунки вақт кетяпти, шошилмоқдаман, Тўхта момо соғ-омон юрибдимикин ўзи?.. Деворга осиб қўйилган тақвимнинг варақларини йиртмаяпман. Унда 24 октябрь санаси. Тўхта момони худди шу куни кўргандим, шанба эди, балки жумадир… Иффат билан юзма юз туришганди. Тақвимда белгилаб қўйганман. Ана, йигирма тўрт рақами ёнида қизил сиёҳ билан “соат уч” деб белгилаб қўйилган.

Ярим тунда уйғониб ускунанинг юқори бўлмасида – (хронохрон бўлмалари қумсоатникидан ўн битта кўп) энг юқоридаги биринчи бўлмасида – хира туманликка ўхшаш алланарса сузиб юрганлигини кўрдим. Миллион-миллион майда заррачалардан иборат туманлик гоҳ қизарар, гоҳ қўнғир тус олар ва дам ўтмай тиниқ сариқ рангда намоён бўларди. Қани, энди буни Ван Гог кўрса! Японлар сузишни эплайдиган болаларнинг бошига, айтайлик, қизил шабпўш кийдириб сувга туширсалар, ҳали яхши сузолмайдиганларининг бошига сариқ шабпўш кийдиришади. Чунки сариқ ранг бошқа барча рангларга нисбатан кўзга яхши ташланади. Мана, мен ҳам шиша ичидаги ҳолатни аниқ кўряпман, ваҳоланки, кўзим тобора хиралашиб бораётганини пайқаганимга анча бўлган. Дарвоқе, ҳассам қани? Ёлғиз умримнинг бу содиқ ҳамроҳини хонанинг қайси бурчагига суяб қўйганимни мана энди эслолмай турибман. Тиззам қақшаб оғримаганда-ку, учига резина қалпоқча кийдирилган етмиш етти сантиметрли оддий бир таёққа сира эҳтиёж сезмаган бўлардим.

7

Шиша идишда кўринаётган туманлик рўё эмасмикин, балки ҳали уйқум очилмагандир, ёки… кўзларимни кафтим ва бармоқларим билан ишқалаб қайта-қайта қарадим. Сариқ туманлик ўрнини кулранг-қорамтир маъво эгаллаб борарди. Бошим айланаётганини пайқаб, йиқилиб кетмаслик учун стол четига таяндим. Ва яна хронохронга тикилдим. Юрагим гурсиллаб қаттиқ-қаттиқ урар ва унинг зарбидан шиша идиш ичидаги туманлик (балки суюқликдир) қалқиб турарди. Назаримда, вақт тўхтаган! Деразага қараб, тонг ёришиб келаётганини кўрдим. Тонг! Тонг! Ҳазрат Навоийнинг ғазалларида вақт рўзномасининг бу фасли субҳ деб ишлатилган:

Кўкрагимдир субҳнинг пироҳанидин чокрок,
Кипригим шабнам тўкилган майсадин намрокрок.

Кўзларимдан шашқатор оқаётган ёш юзимни балиқчилар тўридай қоплаган ажинлар бўйлаб турли тарафга тараларди. Юрагим ҳаприқиб, бўғриққан хонанинг биқиқ муҳитида энди бир сония ҳам қололмаслигимни англадим ва ўзимни эшикка урдим. Йўл четида жулдур кийинган бир кампир ҳассага таянганча деразамга тикилиб турарди. Қадди букилган, сочлари пахтадек оқ… Унга яқинлашиб бордим. Бўғзимдан хирқираб отилган нидо кампирни ҳаракатга келтирди, деразадан кўз узиб менга томон ўгрилди, сўник кўзларида кул остида қолган чўғдек нимадир йилт этиб кетди. Бу навқирон ёшимизда ишқ ёққан олов қўрамтасининг ҳали сўнмаган чўғи. Балки тасаввуримда шундай бўлгандир, ҳа, шундай. Заифлашиб қолган кўзларим энди хира туманлик, қора-қура нуқталар ва қўнғиртоб пардадан бошқа нарсани илғашга қодир эмас. Тўхта момони ҳам ана шу туманлик пардаси ортида кўрдим. Ва унинг қуруқшаган қўлларини кўзимга суртиш учун эгилдим:

– Тўхта момо! Онагинам… о, онагинам…

Кўксимдан отилиб чиққан нолакор бу нидо ва бу илтижо титроқлари ҳали ҳавода сўниб улгурмай, Вақт девори ортидан сўник бир овоз қулоғимга чалинди:

– Адашдинг, Товашар, мен Иффатман…

Манба: «Китоб дунёси» газетаси веб-саҳифаси

0457 iyun — taniqli adib Ne’mat Arslonni 75 yoshi bilan chin dildan qutlaymiz!

Ne’mat ARSLON
VAQT FALSAFASI
045

    Ne’mat Arslon (Arslonov) 1941 yil 7 iyun kuni Shahrisabz tumani Miraki qo’rg’onchasi yaqinidagi Takiya qishlog’ida tug’ilgan. Samarqand davlat universitetini tamomlagan (1965). 1971-80 yillardan boshlab «Adabiyot va san’at» gazetasi, «Yoshlik», «Sharq yulduzi» jurnallarida hikoya, qissa va romanlari bosila boshladi. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.
Adibning»Ayol suvratiga chizgilar», «Oldinda yana tun bor» hikoyalar to’plamlari, «Adam vodiysi», «Mavhumot» romanlari va bir qator asarlari chop etilgan.

045

Tanzilaga

1

032Vaqtni to’xtatish mumkinligini anglagan kunim hayotimning uzilish va qayta ulanish nuqtasi bo’ldi. Bu nuqtalar ulug’vor kashfiyot oldida turgan odam uchun zig’ir donasicha ham ahamiyatga ega emas. Vaqt to’xtasa, Iffat qarimaydi. Uning yuzlariga ajin tushmaydi va u hech qachon To’xta momoga o’xshab bukchayib qolmaydi. Aytishlaricha, To’xta momo yoshligida juda dilrabo qiz bo’lgan. Mana, endi lablari shaftoliqoqidek qurushgan, yakka-yu yagona so’yloq tishi qorong’u g’or og’ziga tirab qo’yilgan yog’ochni eslatadi. Xuddi o’zidek egri hassasi va bukchaygan qaddi, chaqchaygan ko’zlari va tomog’i ostida eski lattadek shalvirab osilib turadigan terisi va umuman butun qiyofasi bilan baayni yalmog’iz kampirning o’zi. Momoning aybi yo’q, bu vaqtning ishi. Men oraliqdagi vaqtni yo’q qilib tashlab, yoki ortga qaytarib To’xta momoni navnihol qiz ko’rinishida tasavvur etishga ko’p marta urinib ko’rganman. Ammo…

To’xta momoni uchratib qolsam, uning hamisha to’zg’ib yotadigan paxtadek oppoq sochlariga qarab beixtiyor Iffat bilan solishtiraman. Bir kuni ularni yuzma-yuz turganlarini ko’rib bemisl kontrast holat qarshisida lol qoldim. Kampirning zog’chanikidek qop-qora qoqsuyak barmoqlari qizning oppoq va nozik bilagidan xuddi baliq ushlagandek mahkam changallab turardi. “Baliq ushlagan zog’cha”. Garchi hayot haqiqatiga mos kelmasa-da, nazarimda, bu eng mos o’xshatish. Kampirning egnida uvadasi chiqqan to’n. Iffat zarg’aldoq rangdagi nafis poplin ko’ylakda… Biri ikkinchisiga tamoman zid bu g’aroyib manzara sira ko’z o’ngimdan ketmay qoldi. Vaqtni to’xtatish ustida tajribalar olib borarkanman, birinchi navbatda Iffatni va undan keyin butun insoniyatni qarilik balosidan xalos etishni o’ylab, kaftimni quloqlarimga bosgancha ko’zlarimni chirt yumaman. Qorong’ulik ichra qolgan Vaqt go’yo yo’qolgan dunyoni izlab bo’zlaydi. Nazarimda uning guvranishi kechagidan o’zgacharoq. Shu paytgacha vaqt butunlay abstrakt tushuncha edi. Borliqning eskirib borishi, fasllar almashinuvi, odamlarning qarib borishi, o’lishi va ularning o’rnida yangilari kelishiga qarab nimalardir tuyg’ularimizga ta’sir etardi. Vaqt esa ko’zga chalinmas, biz – insonlar uning ta’sirini yemrilgan borliq o’rnida yangisining bunyod bo’lishida ko’rardik. Modomiki, endi men o’z tajribalarim bilan vaqtni to’xtatish imkoniga ega bo’larkanman, demak, dunyoni qarishdan va yemrilishdan saqlab qola olaman!

2

Bir necha kun ana shunday kayfiyat bilan yurdim. Ko’cha-kuyda odamlarning menga ajablanib qarashi, o’zlarini chetga olishi va menga yo’l berishi hamda ularning yuz-ko’zlaridagi ifodalardan payqadimki, men boshqalarga o’xshamayman. Ukam Shirvonning kelishi va o’rtamizda bo’lib o’tgan suhbat fikrim to’g’ri ekanligini isbotladi. Shirvon yuzimga tik qaray olmadi. Fikrini ham ochiq aytolmay yamlanardi. Men ataylab nigohimni yerga oldim va sen buyuklik qarshisida turibsan, mayli qarab ol deganday, yer shoxlab turaverdim. Ammo lablarimdagi tabassum, tirishgan peshonamdagi qator-qator chiziqlar, ko’zlarimda zuhur etgan fikrchanlik va o’ychanlik buyuklik alomati ekanligini anglashga ukamning qurbi va farosati yetarmikin? Bu holatni xaspo’shlashga bo’lgan intilishim behuda ketdi. Shirvonning ko’rpacha chetida qimtinibgina o’tirishi, ovozidagi titroq ohanglar, boshidagi ola do’ppisini ha deb aylantiraverishi va yosh boladek burnini tortib-tortib qo’yishi menga ko’p narsani ma’lum qildi. “Aka…”dedi nihoyat irodasini bir joyga jamlab ukam:

– Aka…

Shirvonning ovozi juda uzoqdan, vaqt devori ortidan eshitildi. Bosh ko’tarmadim. Sukutga bordim. Ukam istihola qilar va aftidan gapni nimadan boshlashni bilmasdi. Nihoyat uzoq jimlikdan keyin u yana tilga kirdi:

– Aka, nima uchun bunday qilasiz?.. Odamlar malomat qilishyapti. Onamiz bechora oh urib “bobosiga tortdi” deydilar-u, qanday qilib bobomizga tortganingizni tushuntirmaydilar. Doktorlar bo’lsa “u kishini uylantirib qo’yish kerak” deyishyapti…

“Malomat” va “doktorlar” degan so’zlarni eshitib, ukamga rahmim keldi. U adabiy tilda gapirishga harakat qilardi. Menga yoqish uchun albatta. Ma’nodor bosh tebratib unga dalda berdim. Shuurimda esa “qanchalar buyuk bo’lmay, men akangman axir, nega mendan cho’chiysan?” degan so’zlar yig’indisi. Jigargo’shamni qo’rqitib yubormaslik uchun yuz ifodamni keskin o’zgartirdim va ko’zlarimga yoqimli ifoda berib bosh ko’tararkanman, ukam shoshqin bir harakat bilan o’rnidan turib ortiga tisarilgancha eshik tomon chekindi. Haqiqiy buyuklik bilan yuzma-yuz kelganligi va o’zini ojiz sezib chekinayotganligi uning ko’zlaridan yaqqol ko’rinib turardi. Ukamning o’rnida boshqa har qanday kishi bo’lganda ham shunday qilardi albatta. Necha yillardan buyon uni ko’rmagandim. Ozib-yozib bir kelgan jigargo’shamning bunday tarzda chiqib ketishini istamasdim. “Qo’rqma Shirvon, men akang Tavosharman” degancha o’rnimdan turdim-da, uni bag’rimga olish niyatida quchog’imni keng ochib, bir necha qadam qo’ydim. Va bu baxtli onning lazzatini oldindan chuqurroq his etish uchun ko’zlarimni yumib oldim. Eshik taraqlab ketdi. Ko’zimni ochib qaraganimda Shirvon jon halpida qochib borardi…

3

Tajriba o’tkazish va kuzatishlar meni obdan toliqtiradi. O’zimni birozgina chalg’itish maqsadida Vaqt devori kemtigidan bo’ylab qarayman. Bolalik dunyosida qolib ketgan manzaralar. Hamma narsa oddiy va ibtidoiy: Keksa tut daraxti, yolg’izoyoq yo’l, taxta ko’prik… Barchasida shafqatsiz vaqt tamg’asi bor. Ko’ksimni devorga mahkam bosib turibman. Yuragim zarbidan devor titrayotganday. Soat o’n ikkiga yaqinlashmoqda. Odatda xuddi shu paytda: ba’zan biroz oldinroq yoki keyinroq chelak ko’targan bir qiz suvga o’tadi. Men yashaydigan hovlining adog’ida chashma bor. Usti ayvonchali. Chashmadan qirq qadamlar yuqorida sharqirab oqib yotgan ariq bo’lsa-da, qishloq qizlarining hammasi chashmadan suv olishni yaxshi ko’rishadi. Bu yer ularning sirlashadigan maskani. Iffatni birinchi marta shu joyda uchratganman. O’shanda biror og’iz ham gaplashmadik. Qiz suvga limmo-lim to’la chelagini ilkis ko’tarib boshiga qo’ydi va shu holatda menga bir qarab oldi-yu, jo’nab qoldi. Keyingi uchrashuvlarimizdan birida men chashmaning tarixi to’g’risida mutlaqo yolg’on bir afsona to’qib unga so’zlab berdim. Tuni bilan goh uxlab, goh uyg’onib, aloq-chaloq tushlar aralash to’qilgan mening yolg’onim mana shu chashma o’rnida yorini yo’qotib yig’lab o’tirgan bir qiz va uning sevgisi haqida edi. “Ana shu chashma – xulosa qildim men – o’sha qizning ko’z yoshlari”. Qisqagina, bor-yo’g’i bir necha daqiqaga jo bo’lgan suhbatimiz qizginaga o’z ta’sirini o’tkazgan ediki, uning qadam tashlashiga qarab xayoli parishon bo’lganligini angladim. Bu holat yelkasi bo’ylab keng yoyilgan jamalagining tebranishi, jamalak uchidagi potisqalarning o’zgacha jiringlashi va boshi ustidagi chelakdan suvning chalpib-chalpib to’kilishida o’z ifodasini topgan edi. Demak, u tashqi olamdan uzilib, o’z ichki dunyosida sayr etardi. Uning ortidan qarab turdim. Jamalagidagi sadaf tugmalarda quyosh nuri o’ynar va chelakdagi suv chalpib-chalpib to’kilardi. Keyin oradan ko’p yillar o’tdi, biz boshqa uchrashmadik. Ammo men xayolan Iffat bilan birga yashardim. U bilan har kun suhbatlashar, unga bag’ishlab she’rlar to’qirdim. Gohida esa xo’jaylilik do’stim Hayitboy Abdisodiqning ayni paytdagi holatimga monand mana bunday so’zlari yodimga kelardi:

Nimadir shitirlar bog’da
Qo’rqma, deyman sevgilimga
Qo’llarini mahkamroq ushlayman
Yuragim “duk-duk” uradi.
Vaqt muallaq turib qoladi
mening tepamda

4

Oradan besh yil o’tdi. Universitetni tugatdim va qishlog’imga qaytdim. Ammo endi chashma ham, men yashaydigan hovli ham, yovvoyi butazorlaru so’qmoq yo’llar ham yo’q. Bolaligimiz bilan bog’liq xotiralarning ayrim lavhalarigina yarq etib xayolda namoyon bo’ladi. Endi bu makon chigirtkalar bosqinidan keyin huvillab yotgan daladay ko’rimsiz bo’lsa-da, men uchun qadrli. “Seni hech kimga bermayman” deb qichqirgim keladi-yu, istihola qilaman. Qadimiy qishloq o’rnida qad rostlagan shaharchaning shovqin-surondan xoli go’shalar ham bor. Ana shunday go’shalardan biri” Kurkullum” savdo majmuasining shimoliy tarafidagi “Kalta xiyobon”. Aslida bu xiyobon shaharchani teng ikkiga bo’lib o’tadigan anhorga borib tutashgan bo’lsa-da, kurkullumchilar qurgan ulkan inshoot uni qoq o’rtasidan ikkiga bo’lib qo’ygan va endi xiyobonning shimoliy qismi odam kam yurgani sababli xilvat chakalakzorga aylangan. Savdo majmuasida Iffatning akasi va unashtirilgan yigiti ishlaydi. Ammo ular pul to’plash uchun shu qadar bandki, bino ortida soya-salqin xiyobon borligi va bu xiyobonda bizning uchrashib turishimizni balki bilishmaydi ham.

Vaqtni to’xtatish va insoniyatni keksayish va hattoki o’limdan xalos etish istagi va rejalari boshimda gujg’on urarkan, shu ulug’vor tuyg’ular ta’sirida Iffatni ko’rgim keldi. Chunki barcha tuyg’ularu hissiyotlar markazida zarg’aldok ko’ylakli qiz turardi. Albatta uning boshqa liboslari ham bor. Iffat badavlatgina qiz. Otasi katta fermer… Unashtirilgan yigiti “Kurkullum”da boshbux. Akasining “Kaptiva”si bor. Shunday bo’lgach, unda kiyim-kechak muammosi yo’q. Men esa uni hamisha zarg’aldoq ko’ylakda ko’rgim keladi. Rassomlarga xoslik… Bu qavm inson qiyofasidagi o’ziga xos biron-bir chizgini xotirasida qattiq saqlaydi va uni suvratda bo’rttiradi. O’n yildan keyin, yoki yuz yildan keyin qarasangiz ham suvratdagi qiz qarimaydi, ochilib turgan gul so’limaydi, quyosh botmaydi. Vaqt to’xtab turadi.

5

…Iffat hamishagi joyimizda o’tirardi. Boshi egik. Bir o’rim sochi ko’ksi ustida qabariq shakl hosil qilib tizzasiga tushgan. Qo’lida za’faron yaproq – Sariq rang hukmida qolgan terak yaprog’i – bandiga yaqin qismi yashiltob, uchlari qizg’ish tus ola boshlagan. Sariq rang – Van Gog tasavvurining ohanrabosi. Qizning holati esa kuzning o’ziday sokin. Umuman, Iffatda kuzga xos jihatlar ko’p. Men vaqtni aynan shu holatda to’xtatib qo’ysam, deyman. Sokinlik. Za’faron ranglar va ana shu ranglar orasida o’tirgan qiz. Yo’q, rassom sifatida emas. Dunyoni bir varaq qog’ozga jo etadigan bu san’atdan yiroqman. Vaqtni to’xtatish qo’limdan kelishiga esa o’zimdan boshqa hech kim ishonmaydi. Dunyo paydo bo’lganidan buyon vaqtni jilovlashga hech kim urinib ko’rmagan. Mantiqan olganda men haqman. Urinib ko’rmagandan keyin qanday qilib biron bir natijaga erishsin! Men esa tajribalar o’tkazyapman. Buning uchun eng avvalo, vaqt oqimini his qilish kerak. Uni eshitish va hatto ko’rish ham mumkin! Ha, xuddi shunday: Qo’lingiz bilan quloqlaringizni mahkam berkiting. Gohida kaftingizni birozgina bo’shashtirib, qabariq holatda tuting, shunda ulug’vor bir guvranish eshitiladi va siz vaqtning shiddatli oqimini his etasiz. Bu guvranish qanchalik vahimali bo’lmasin, undan ajralgingiz kelmaydi. U behad chuqur va bepoyon. Butun borliqni qamrab olgan had-hududsiz ana shu oqimda o’zingiz ham oddiy va ojiz bir xas yoki bir zarra kabi suzib boraverasiz. Va shu holatda uni tadqiq etishga, anglashgaintilasiz.

Men vaqtning shovurini kashf etganimga ko’p yillar bo’ldi, ammo bu holatni nimaga yo’yishni bilmadim. Shunchaki o’yin, ermak sifatida qaradim. To’g’rirog’i, bu guvranishning haqiqatan ham vaqt oqimi ekanligiga avvalo o’zim ishonmadim va boshqalarni ham ishontira olmadim. Nogoh bir kecha alla mahalda uyg’onib ketib boshimda kuchli shovqin, millionlab jizildoqlarning baravariga “jazzi-i-it! Jazzi-i-it!” degan ovozini eshitdim. Ovoz tashqi dunyodan kelyaptimi yoki miyamning mubham qavatlarida hosil bo’lyaptimi, buni bilish uchun to’shagim ustida cho’kkalab o’tirgancha, quloqlarimni kaftim bilan mahkam berkitdim. Jizildoqlar ovozi tinmagani holda, koinotni qamrab olgan sohir bir guvranish shuurimga urildi. Ammo buning vaqt oqimi ekanligini oradan anchagina oyu kunlar, balki yillar o’tib angladim. Mening tajribilarim va doimiy mashg’ulotim keyinchalik Xronoxron uskunasini yasash va vaqtni to’xtatishdek olamshumul kashfiyotga borib taqaldi. Uskunaning Xronoxron deb nomlanishi ko’p narsalarga bog’liq. Avvalo, “xrono” so’zi yunoncha vaqtni anglatishiga, undan keyin, faylasuf Baxtinning xronotop nazariyasiga asoslandim. Bu tashqi ko’rinishidan qumsoatga o’xshash uskuna. Uni aynan shu shaklda yasash, vaqtning tepadan pastga tomon bir maromda quyilib turishini kuzatish bundan ko’p yillar avval bir duxtirning qabulida bo’lganimda uning xonasidagi qumsoatga qarab turib xayolimga kelgan. Keyinchalik shahar do’konlaridan xuddi shunday soat izladim. Vaqt – qum. Yoki qum-vaqt. Qo’ng’irtob mayda zarrachalar shisha moslama ichida bir maromda oqadi va vaqt oqimini aniq ko’rsatadi. Balki u qadar aniq ham emasdir, har holda unga qarab vaqt oqimini ko’rish mumkin. Do’konlarda esa qumsoat sotilmas ekan. Ammo fikrimdan qaytmadim. Shunday soatim bo’lishini juda-juda istardim. Uzoq urinishlardan keyin eskigina bir qumsoatni qo’lga kiritdim. Uyga olib keldim, bir necha kun unga termulib o’tirdim. Qumsoatning tepadagi bo’lmachasi bo’shab qolishi bilan nazarimda vaqt ham to’xtardi. Shunda men bu antiqa uskunaning o’ymakor poyachasidan avaylab tutib “Oyog’ini osmondan” qilib qo’yaman. Aslida uning bosh-oyog’i yo’q. Har ikkala shisha bo’lmacha ham bir xil shakl, bir xil sig’im va bir xil ko’rinishga ega bo’lib, ularni uch dona yog’och ustuncha birlashtirib turadi. “Oyog’ini osmondan qilish” yoki tepadagi bo’lmachaning qumi tugab qolishi bilan vaqtning to’xtashi, albatta, bu tasavvur hosilasi. Xullas, men yasagan xronoxron uskunasi shaklan qumsoatga monand. Endi bu mo»jizadan faqat yolg’iz o’zimgina bahramand bo’lishni o’ylar va bu buyuk kashfiyot oldida o’zim ham ojiz edim. Ayni paytda hali hech kimga nasib etmagan baxt tuyg’usi bilan yashardim.

…Iffatning yonidan joy olarkanman, kaftlarim bilan quloqlarimni berkitdim va qizga ham shunday qilishni uqtirdim. Biz shu holatda anchagina o’tirdik. Keyin men qizning yuziga qarab sirli jilmaydim va ovozimga ham sirli tus berib so’radim:

– Nimani eshitding?
– Hech narsani.
– Hech narsani? Nahotki!?

Uning jilmayib va ayni paytda ajablanib, shu bilan birga savol nazari bilan qarab turganini ko’rib men ham ajablanganimni yashirmadim, aksincha, ko’zlarimni katta-katta ochib qoshimni chimirgancha bir lahza qotib qoldim. Mening bu holatim uyqudagi ipak qurtini eslatardi. Keyin kutilmaganda o’zimda ulkan bir jur’at sezib, uning quloqlarini kaftlarim orasiga oldim. Qiz buni kutmagan bo’lsa-da, qarshilik ko’rsatmadi. Biz shu paytgacha yonma-yon o’tirish, nari borsa qo’l berib ko’rishish va qimtinibgina so’zlashishdan nariga o’tmagan edik.

6

Oktyabr`. Zardolular, olchayu alvolilar arg’uvon libosda. Faqat tut daraxtlarining yaproqlari za’faron. Iffatning ko’ylagiga monand. Agar hozir Iffat tut daraxtining ustiga chiqib o’tirgan bo’lsa, men uning faqatgina oppoq yuzini hamda qop qora soch turmaginigina farqlashim mumkin. Tabiat vaqt ta’sirida. Iffat ham. Sochini boshi uzra turmaklab yurishi menga yoqadi. Saksoninchi yillarning ayollariga o’xshaydi. “Turrai tarroringga sallamno” deb tahsin aytaman ichimda. Sochni bunday turmaklash uning yoshini biroz katta qilib ko’rsatadi. Bu endi vaqtning ishi emas, ammo gapning sirasini aytganda, vaqt juda aqlli xilqat. Shoshilish unga yot. Bir maromda ishlaydi, masalan, yuzingizga qachon ajin tushganini sezmay qolasiz. Hech kim aytaylik, “o’ninchi oktyabr` soat o’n ikkidan uch daqiqa o’tganda yuzimga ajin tushdi” deyolmaydi. Daraxtlarning yaproqlaridagi o’zgarishlar ham xuddi shunday sodir bo’ladi. Ha, vaqt ilonday mug’ombir.

Iffatni ko’rmaganimga ham ancha bo’ldi. Endi bir yo’la tajribalarimni yakuniga yetkazib keyin unga ro’baro’ bo’lsam, deyman. Chunki vaqt ketyapti, shoshilmoqdaman, To’xta momo sog’-omon yuribdimikin o’zi?.. Devorga osib qo’yilgan taqvimning varaqlarini yirtmayapman. Unda 24 oktyabr` sanasi. To’xta momoni xuddi shu kuni ko’rgandim, shanba edi, balki jumadir… Iffat bilan yuzma yuz turishgandi. Taqvimda belgilab qo’yganman. Ana, yigirma to’rt raqami yonida qizil siyoh bilan “soat uch” deb belgilab qo’yilgan.

Yarim tunda uyg’onib uskunaning yuqori bo’lmasida – (xronoxron bo’lmalari qumsoatnikidan o’n bitta ko’p) eng yuqoridagi birinchi bo’lmasida – xira tumanlikka o’xshash allanarsa suzib yurganligini ko’rdim. Million-million mayda zarrachalardan iborat tumanlik goh qizarar, goh qo’ng’ir tus olar va dam o’tmay tiniq sariq rangda namoyon bo’lardi. Qani, endi buni Van Gog ko’rsa! Yaponlar suzishni eplaydigan bolalarning boshiga, aytaylik, qizil shabpo’sh kiydirib suvga tushirsalar, hali yaxshi suzolmaydiganlarining boshiga sariq shabpo’sh kiydirishadi. Chunki sariq rang boshqa barcha ranglarga nisbatan ko’zga yaxshi tashlanadi. Mana, men ham shisha ichidagi holatni aniq ko’ryapman, vaholanki, ko’zim tobora xiralashib borayotganini payqaganimga ancha bo’lgan. Darvoqe, hassam qani? Yolg’iz umrimning bu sodiq hamrohini xonaning qaysi burchagiga suyab qo’yganimni mana endi eslolmay turibman. Tizzam qaqshab og’rimaganda-ku, uchiga rezina qalpoqcha kiydirilgan yetmish yetti santimetrli oddiy bir tayoqqa sira ehtiyoj sezmagan bo’lardim.

7

Shisha idishda ko’rinayotgan tumanlik ro’yo emasmikin, balki hali uyqum ochilmagandir, yoki… ko’zlarimni kaftim va barmoqlarim bilan ishqalab qayta-qayta qaradim. Sariq tumanlik o’rnini kulrang-qoramtir ma’vo egallab borardi. Boshim aylanayotganini payqab, yiqilib ketmaslik uchun stol chetiga tayandim. Va yana xronoxronga tikildim. Yuragim gursillab qattiq-qattiq urar va uning zarbidan shisha idish ichidagi tumanlik (balki suyuqlikdir) qalqib turardi. Nazarimda, vaqt to’xtagan! Derazaga qarab, tong yorishib kelayotganini ko’rdim. Tong! Tong! Hazrat Navoiyning g’azallarida vaqt ro’znomasining bu fasli subh deb ishlatilgan:

Ko’kragimdir subhning pirohanidin chokrok,
Kiprigim shabnam to’kilgan maysadin namrokrok.

Ko’zlarimdan shashqator oqayotgan yosh yuzimni baliqchilar to’riday qoplagan ajinlar bo’ylab turli tarafga taralardi. Yuragim hapriqib, bo’g’riqqan xonaning biqiq muhitida endi bir soniya ham qololmasligimni angladim va o’zimni eshikka urdim. Yo’l chetida juldur kiyingan bir kampir hassaga tayangancha derazamga tikilib turardi. Qaddi bukilgan, sochlari paxtadek oq… Unga yaqinlashib bordim. Bo’g’zimdan xirqirab otilgan nido kampirni harakatga keltirdi, derazadan ko’z uzib menga tomon o’grildi, so’nik ko’zlarida kul ostida qolgan cho’g’dek nimadir yilt etib ketdi. Bu navqiron yoshimizda ishq yoqqan olov qo’ramtasining hali so’nmagan cho’g’i. Balki tasavvurimda shunday bo’lgandir, ha, shunday. Zaiflashib qolgan ko’zlarim endi xira tumanlik, qora-qura nuqtalar va qo’ng’irtob pardadan boshqa narsani ilg’ashga qodir emas. To’xta momoni ham ana shu tumanlik pardasi ortida ko’rdim. Va uning quruqshagan qo’llarini ko’zimga surtish uchun egildim:

– To’xta momo! Onaginam… o, onaginam…

Ko’ksimdan otilib chiqqan nolakor bu nido va bu iltijo titroqlari hali havoda so’nib ulgurmay, Vaqt devori ortidan so’nik bir ovoz qulog’imga chalindi:

– Adashding, Tovashar, men Iffatman…

Manba: «Kitob dunyosi» gazetasi veb-sahifasi

06

(Tashriflar: umumiy 505, bugungi 1)

Izoh qoldiring