Balzak: Shon-shuhrat yaxshi mol emas (“Sag’ri teri tilsimi” romanidagi tagiga chizilgan satrlar)

026      20 май — Оноре де Бальзак таваллуд топган кун

Жаҳон мумтоз адабиётида француз ёзувчиси Оноре де Бальзак ижодининг ўрни алоҳида. Унинг фалсафий фикрлар асосида қурилган “Сағри тери тилсими” романи [рус тилидан Мирзиёд Мирзоидов ва Маҳкам Маҳмудов таржимаси] ижодкор хулоса қилганидек: “Бу асар (фалсафий эртак) ҳозирги асримиз, ҳаётимиз, худбинлигимизнинг формуласи бўлиб қолади”. Қуйида ана шу “формула”лардан бир қанчасини сараладик.

ШОН-ШУҲРАТ ЯХШИ МОЛ ЭМАС
Бальзакнинг “Сағри тери тилсими” романидаги
тагига чизилган сатрлар
001

043Бальзак Оноре де (1799.20.5, Тур — 1850.18.8, Париж) – франсуз реалист ёзувчиси. Балзакнинг ижодий мероси жанр жиҳатидан улкан ва xилма-xил: романлар, повестлар, драмалардан иборат. Балзакнинг кўпгина романлари ва повестлари умумий ғоя асосида бирлаштирилган ва “Инсон комедияси” деб номланган кўп жилдли эпопеяни ташкил этади. Унда Балзак ўз замонасидаги франсуз жамиятининг ҳаққоний, ёрқин манзарасини яратган. “Инсон комедияси”ни муаллиф 3 қисмга бўлган: “Одатлар ҳақидаги этюдлар”, “Фалсафий этюдлар”, “Аналитик этюдлар”. Ўйланган 143 та асардан 97 таси ёзилган. Энг катта қисми “Одатлар ҳақидаги этюдлар”дир, унга 72 та роман кирган бўлиб, булар орасида – “Гобсек” (1830), “Евгения Гранде” (1833), “Горио ота” (1834), “Юқотилган орзулар” (1837-1943) каби асарлар бор. Балзак ижодида франсуз реализми ўзининг юксак поғонасига кўтарилди. “Инсон комедияси” эпопеяси 19-асрнинг 1-ярмидаги франсуз жамиятининг реалистик манзараларини кенг қамровда акс эттирганлиги, воқеяларга, далилларга бойлиги, турли тоифадаги кишилар драмаси яратилганлиги, ёрқин образлари ва персонажлари билан катта таассурот қолдиради. Эпопея асарлари бир-бири билан боғланган, қаҳрамонлар тақдири туташ. Сўдxур Гобсек, коммерсант Гранде, банкер Нусинген, зиёли Растиняк каби образлар асардан асарга ўта боради. Балзакнинг “Инсон комедияси” эпопеяси замондошларининг юксак баҳосига сазовор бўлган. Балзакнинг “Евгения Гранде”, Горио ота”, “Гобсек”, “Сағри тери тилсими” асарлари С. Муҳаммаджонов, М. Мирзоидов, М. Маҳмудов ва бошқа таржимасида турли йилларда ўзбек тилида нашр этилган.

001

Бу ердаги томошалар бировга қиммат, бировга арзон тушади…

Бу ерда бировнинг шафқатига сазовор бўлиш учун ўтакетган бахтсиз, бировнинг меҳрини қозониш учун жуда заиф, бировнинг кўнглини эритиш учун жуда ғариб киши бўлиш керак.

* * *

Замонавий кимё барча мавжуд нарсаларни газга айлантиргандай, инсон руҳи ҳам кўнглида барча шодликлар, ғоялар ва куч-қудратларни бир лаҳзада тўплаганида даҳшатли заҳарлар ҳосил қилмасмикин? Жуда кўп одамлар ўзига хос руҳий кислоталардан бутун вужуди бирданига заҳарланиб ўлмаганмикин?

* * *

Одам ўзи билан ўзи олишиб, фалокатлар ёғилиб келганда келажакдан умидини узади, яна келажакка умид билан фалокатлардан ўзини ҳимоя қилади, ҳамма қилмиш-қидирмишларида одамга хос саботсизлигини ва заифлигини ошкора қилиб қўяверади. Бу дунёда бахтсизликдан бошқа ҳеч нарса тўла-тўкис бўлмайди.

* * *

Миллионер бўлиб кетдим; бахтсизликлар менга бойлик келтирди, билимсизликдан – мен яшашни ўргандим. Сизга ҳозир икки оғиз сўз билан инсон ҳаётининг буюк сирини айтиб бераман. Ўйламай иш қилавериб одам ўзининг тинкасини қуритади. Ўлимнинг барча сабаблари икки хилга бўлинади ва иккита сўзга – тилак ва имкон деган сўзларга бориб тақалади. Одамзод ҳаётининг мана шу иккала чегараси ўртасида учинчи бир ақида борки, буни фақат доноларгина билишади. Мана шу ақида менга бахт ва узоқ умр берди.

* * *

Тилак бизни куйдиради, имкон вайрон қилади, билиш эса бизнинг заиф вужудимизни абадий сокинликка олиб келади.

* * *

…кўнгил кўчасига кириб яшамадим, чунки кўнгил одамни хароб қилади. Ҳиссиётларимга ишониб ҳам яшамадим, чунки ҳиссиётлар ўтмаслашиб, ўлиб кетади. Мен ақлимга қараб яшадим. Ақл эса ҳеч қачон эскирмайди, ҳаммадан узоқ яшайди.

* * *

Хуллас, ҳамма нарсага эришдим, чунки ҳамма нарсани писанд қилмадим. Дунё кўриш – менинг асосий орзуим, кўриш ахир билиш эмасми? Ҳаётнинг туб моҳиятини кашф этиш, унга чуқур кириб бориш лаззат эмасми? Моддий нарсаларни тўплашдан нима қолади? Фақат ғоя қолади.

* * *

Ўйлаб кўринг, тафаккурида бутун борлиқни акс эттира оладиган ва бахт манбаларини ўз қалбига кўчира оладиган, уларни турмушнинг ифлосликларидан тозалаб, олам-олам лаззат ола биладиган одамнинг ҳаёти нақадар гўзал бўлади! Тафаккур – барча хазиналарнинг калити, у хасис одамнинг барча ташвишларини қолдириб, бизга барча лаззатларини беради.

* * *

Донолик билимдан келади ахир! Тентаклик эса тилакларнинг ёки куч-қудратнинг тийиқсизлигидан келиб чиқади!

* * *

Бойлик тез кўнглингга уради, ишон: бойлик сени буюк одам бўлиш имкониятидан маҳрум қилади. Санъаткор бирор вақт камбағалнинг бойлигини бойларнинг камбағаллигига алмашганми сира! Сен билан бизга ўхшаш одамлар учун абадий курашиш керак-ку!

* * *

Турли минтақалардаги турлича фалсафий таълимотлар, динлар, ахлоқий тушунчалар, ҳукуматлар – хуллас, инсоният ақл-идрокининг барча буюк муваффақиятлари бу ерда Вақт ўроғига ўхшаган ўроқ билан ўриб ташланаётган эди. Ҳар ҳолда ҳозир ана шу буюк ўроқ маст бўлиб қолган доноларнинг қўлидами ёки доно бўлиб қолган мастларнинг қўлидами – билиш қийин эди.

* * *

Оҳ, шон-шуҳрат яхши мол эмас. Қимматга тушади, узоқ сақлаб бўлмайди. Аҳмоқлар худбин бўлгани учун бахтли, буюк одамлар шон-шуҳратга ўч бўлгани учун худбин эмасми?

* * *

Ўз мулкларини биринчи марта четан девор билан тўсган одам касалманд бўлса керак, чунки жамиятдан фақат касалманд одамларга фойда келади. Маънавий оламнинг икки қутбида турувчи ёввойи одам билан мутафаккир бирдай мулкдан қўрқса керак.

* * *

Жамиятнинг емирилишига қарши фақат бир тўсиқ бор, бу манфаат тўсиғи. Шундай қилиб, биз динга ҳам, моддий кучларга ҳам эмас, балки ақл-идрокка таяниб иш тутишимиз керак. Аммо, китоб қиличга, фикр ҳаракатга бас кела оладими? Гап мана шунда.

* * *

Ёшлигимизда одамлар ва шароит тазйиқига қарамай, туйғуларимизнинг нозик-ниҳол гулига, виждонимизга, фикрларимизга ҳали гард қўнмаган бўлади. Шу туфайли ёвузлик билан келишолмаймиз; бурчимизни очиқ-ойдин англаймиз; номус ўлимдан кучли бўлади; кўнглимиз очиқ, қувлик нималигини билмаймиз.

* * *

Назаримда, истеъдодли одамларнинг курашларида журъатга, катта ишларга даъват этувчи ички бир овоз мени ҳам “Дадил бўл! Олға!” деб чақирарди; ёлғизликда гоҳида тўсатдан ўзимни қудратли ҳис этардим; айрим янги ёзувчиларнинг жамоатчилик олқиш билан кутиб олаётган асарларини ўз хаёлимда ёзажак асарларимга таққослаганимда умидларим қанотланарди; шуларнинг ҳаммасига қарамай, ёш боладай қўрқоқ эдим.

* * *

Инсон ҳақида хулоса чиқариш учун камида унинг фикр-ўйлари, изтироблари, ҳаяжонлари сирхонасига кириб кўриш керак. Инсон ҳаётининг сиртидаги воқеаларга қизиқиш эса йилнома жадваллари тузишга, аҳмоқларнинг эҳтиёжига ва дидига мослаб тарих ёзишга ўхшайди.

* * *

Ҳиссиётга берилган одам киборлар оламининг елиб-югуришлари ичида кўмилиб, йўқолиб кетади, ҳиссиётга берилиш энг гўзал қалбли одамни ҳам хор қилади, уни латтага айлантиради. Мен дилимдагини шу қадар ичимда сақлашга ўргандимки, туйғуларимни жиловлайдиган, мукаммал идора қиладиган бўлдим. Инсон иродаси эҳтирослар ташналигидан ҳам юксакроқ.

* * *

Бой тасаввур шоирларга бахт келтиради.

* * *

Истеъдодли, талантли одамлар ҳамиша ёниб яшайдилар: қизлар эса талантли одамнинг ғам-кулфатларига шерик бўлишни исташмайди – қизларнинг ҳаммаси ўз ошиқларининг фақат шуҳрат келтиришини ўйлашади. Аслида улар бизни севмайди, балки биз орқали ўзларини севишади! Ахир ижод қилишга, бунёдкорликка қодир бўлган камбағал, мағрур санъаткор улар учун худбин кўринади. Талантли одамнинг теварагида доимо қандайдир фикрлар гирдоби чарх уради, шу гирдобга ҳамма нарса ғарқ бўлиб кетади, ҳатто маъшуқаси ҳам.

* * *

Чинакам турмуш йўлдоши бўладиган аёл ўзининг бутун умрини, куч-қувватини, шон-шуҳратию бахт-иқболини эрида деб билади. Шарқ аёлининг асосий мақсади – эрининг ҳар бир истагини бажо келтиришдан иборат.

* * *

Касаллик сабабларини инсон танасидан эмас, руҳий дунёсидан қидириш даркор! Табиб – илҳомкор, пурқудрат хилқатдир. Худо пайғамбарга минг йиллар қаърини кўриш, шоирга борлиқни қайтадан идрок этиш, мутрибга эса номаълум оламнинг мусиқий оҳангларини топиш салоҳиятини бахш этган!..

* * *

Соппа-соғ киши ўзининг баданидан ўлим даракчиси бўлмиш дардни қандай ҳайдаса, киборлар жамияти ҳам ўзининг орасидан бахтсиз кимсаларни шундай суриб чиқаришади.

Дилфуза ЖУМАЕВА тайёрлаган

Манба: “Қашқадарё” газетаси № 096-сони

004
SHON-SHUHRAT YAXSHI MOL EMAS
Balzakning “Sag’ri teri tilsimi” romanidagi
tagiga chizib o’qiladigan satrlar
001

065Balzak Onore de (1799.20.5, Tur — 1850.18.8, Parij) – fransuz realist yozuvchisi. Balzakning ijodiy merosi janr jihatidan ulkan va xilma-xil: romanlar, povestlar, dramalardan iborat. Balzakning ko’pgina romanlari va povestlari umumiy g’oya asosida birlashtirilgan va “Inson komediyasi” deb nomlangan ko’p jildli epopeyani tashkil etadi. Unda Balzak o’z zamonasidagi fransuz jamiyatining haqqoniy, yorqin manzarasini yaratgan. “Inson komediyasi”ni muallif 3 qismga bo’lgan: “Odatlar haqidagi etyudlar”, “Falsafiy etyudlar”, “Analitik etyudlar”. O’ylangan 143 ta asardan 97 tasi yozilgan. Eng katta qismi “Odatlar haqidagi etyudlar”dir, unga 72 ta roman kirgan bo’lib, bular orasida – “Gobsek” (1830), “Evgeniya Grande” (1833), “Gorio ota” (1834), “Yuqotilgan orzular” (1837-1943) kabi asarlar bor. Balzak ijodida fransuz realizmi o’zining yuksak pog’onasiga ko’tarildi. “Inson komediyasi” epopeyasi 19-asrning 1-yarmidagi fransuz jamiyatining realistik manzaralarini keng qamrovda aks ettirganligi, voqeyalarga, dalillarga boyligi, turli toifadagi kishilar dramasi yaratilganligi, yorqin obrazlari va personajlari bilan katta taassurot qoldiradi. Epopeya asarlari bir-biri bilan bog’langan, qahramonlar taqdiri tutash. So’dxur Gobsek, kommersant Grande, banker Nusingen, ziyoli Rastinyak kabi obrazlar asardan asarga o’ta boradi. Balzakning “Inson komediyasi” epopeyasi zamondoshlarining yuksak bahosiga sazovor bo’lgan. Balzakning “Evgeniya Grande”, Gorio ota”, “Gobsek”, “Sag’ri teri tilsimi” asarlari S. Muhammadjonov, M. Mirzoidov, M. Mahmudov va boshqa tarjimasida turli yillarda o’zbek tilida nashr etilgan.

001

Bu yerdagi tomoshalar birovga qimmat, birovga arzon tushadi…

Bu yerda birovning shafqatiga sazovor bo’lish uchun o’taketgan baxtsiz, birovning mehrini qozonish uchun juda zaif, birovning ko’nglini eritish uchun juda g’arib kishi bo’lish kerak.

* * *

Zamonaviy kimyo barcha mavjud narsalarni gazga aylantirganday, inson ruhi ham ko’nglida barcha shodliklar, g’oyalar va kuch-qudratlarni bir lahzada to’plaganida dahshatli zaharlar hosil qilmasmikin? Juda ko’p odamlar o’ziga xos ruhiy kislotalardan butun vujudi birdaniga zaharlanib o’lmaganmikin?

* * *

Odam o’zi bilan o’zi olishib, falokatlar yog’ilib kelganda kelajakdan umidini uzadi, yana kelajakka umid bilan falokatlardan o’zini himoya qiladi, hamma qilmish-qidirmishlarida odamga xos sabotsizligini va zaifligini oshkora qilib qo’yaveradi. Bu dunyoda baxtsizlikdan boshqa hech narsa to’la-to’kis bo’lmaydi.

* * *

Millioner bo’lib ketdim; baxtsizliklar menga boylik keltirdi, bilimsizlikdan – men yashashni o’rgandim. Sizga hozir ikki og’iz so’z bilan inson hayotining buyuk sirini aytib beraman. O’ylamay ish qilaverib odam o’zining tinkasini quritadi. O’limning barcha sabablari ikki xilga bo’linadi va ikkita so’zga – tilak va imkon degan so’zlarga borib taqaladi. Odamzod hayotining mana shu ikkala chegarasi o’rtasida uchinchi bir aqida borki, buni faqat donolargina bilishadi. Mana shu aqida menga baxt va uzoq umr berdi.

* * *

Tilak bizni kuydiradi, imkon vayron qiladi, bilish esa bizning zaif vujudimizni abadiy sokinlikka olib keladi.

* * *

…ko’ngil ko’chasiga kirib yashamadim, chunki ko’ngil odamni xarob qiladi. Hissiyotlarimga ishonib ham yashamadim, chunki hissiyotlar o’tmaslashib, o’lib ketadi. Men aqlimga qarab yashadim. Aql esa hech qachon eskirmaydi, hammadan uzoq yashaydi.

* * *

Xullas, hamma narsaga erishdim, chunki hamma narsani pisand qilmadim. Dunyo ko’rish – mening asosiy orzuim, ko’rish axir bilish emasmi? Hayotning tub mohiyatini kashf etish, unga chuqur kirib borish lazzat emasmi? Moddiy narsalarni to’plashdan nima qoladi? Faqat g’oya qoladi.

* * *

O’ylab ko’ring, tafakkurida butun borliqni aks ettira oladigan va baxt manbalarini o’z qalbiga ko’chira oladigan, ularni turmushning iflosliklaridan tozalab, olam-olam lazzat ola biladigan odamning hayoti naqadar go’zal bo’ladi! Tafakkur – barcha xazinalarning kaliti, u xasis odamning barcha tashvishlarini qoldirib, bizga barcha lazzatlarini beradi.

* * *

Donolik bilimdan keladi axir! Tentaklik esa tilaklarning yoki kuch-qudratning tiyiqsizligidan kelib chiqadi!

* * *

Boylik tez ko’nglingga uradi, ishon: boylik seni buyuk odam bo’lish imkoniyatidan mahrum qiladi. San’atkor biror vaqt kambag’alning boyligini boylarning kambag’alligiga almashganmi sira! Sen bilan bizga o’xshash odamlar uchun abadiy kurashish kerak-ku!

* * *

Turli mintaqalardagi turlicha falsafiy ta’limotlar, dinlar, axloqiy tushunchalar, hukumatlar – xullas, insoniyat aql-idrokining barcha buyuk muvaffaqiyatlari bu yerda Vaqt o’rog’iga o’xshagan o’roq bilan o’rib tashlanayotgan edi. Har holda hozir ana shu buyuk o’roq mast bo’lib qolgan donolarning qo’lidami yoki dono bo’lib qolgan mastlarning qo’lidami – bilish qiyin edi.

* * *

Oh, shon-shuhrat yaxshi mol emas. Qimmatga tushadi, uzoq saqlab bo’lmaydi. Ahmoqlar xudbin bo’lgani uchun baxtli, buyuk odamlar shon-shuhratga o’ch bo’lgani uchun xudbin emasmi?

* * *

O’z mulklarini birinchi marta chetan devor bilan to’sgan odam kasalmand bo’lsa kerak, chunki jamiyatdan faqat kasalmand odamlarga foyda keladi. Ma’naviy olamning ikki qutbida turuvchi yovvoyi odam bilan mutafakkir birday mulkdan qo’rqsa kerak.

* * *

Jamiyatning yemirilishiga qarshi faqat bir to’siq bor, bu manfaat to’sig’i. Shunday qilib, biz dinga ham, moddiy kuchlarga ham emas, balki aql-idrokka tayanib ish tutishimiz kerak. Ammo, kitob qilichga, fikr harakatga bas kela oladimi? Gap mana shunda.

* * *

Yoshligimizda odamlar va sharoit tazyiqiga qaramay, tuyg’ularimizning nozik-nihol guliga, vijdonimizga, fikrlarimizga hali gard qo’nmagan bo’ladi. Shu tufayli yovuzlik bilan kelisholmaymiz; burchimizni ochiq-oydin anglaymiz; nomus o’limdan kuchli bo’ladi; ko’nglimiz ochiq, quvlik nimaligini bilmaymiz.

* * *

Nazarimda, iste’dodli odamlarning kurashlarida jur’atga, katta ishlarga da’vat etuvchi ichki bir ovoz meni ham “Dadil bo’l! Olg’a!” deb chaqirardi; yolg’izlikda gohida to’satdan o’zimni qudratli his etardim; ayrim yangi yozuvchilarning jamoatchilik olqish bilan kutib olayotgan asarlarini o’z xayolimda yozajak asarlarimga taqqoslaganimda umidlarim qanotlanardi; shularning hammasiga qaramay, yosh boladay qo’rqoq edim.

* * *

Inson haqida xulosa chiqarish uchun kamida uning fikr-o’ylari, iztiroblari, hayajonlari sirxonasiga kirib ko’rish kerak. Inson hayotining sirtidagi voqealarga qiziqish esa yilnoma jadvallari tuzishga, ahmoqlarning ehtiyojiga va didiga moslab tarix yozishga o’xshaydi.

* * *

Hissiyotga berilgan odam kiborlar olamining yelib-yugurishlari ichida ko’milib, yo’qolib ketadi, hissiyotga berilish eng go’zal qalbli odamni ham xor qiladi, uni lattaga aylantiradi. Men dilimdagini shu qadar ichimda saqlashga o’rgandimki, tuyg’ularimni jilovlaydigan, mukammal idora qiladigan bo’ldim. Inson irodasi ehtiroslar tashnaligidan ham yuksakroq.

* * *

Boy tasavvur shoirlarga baxt keltiradi.

* * *

Iste’dodli, talantli odamlar hamisha yonib yashaydilar: qizlar esa talantli odamning g’am-kulfatlariga sherik bo’lishni istashmaydi – qizlarning hammasi o’z oshiqlarining faqat shuhrat keltirishini o’ylashadi. Aslida ular bizni sevmaydi, balki biz orqali o’zlarini sevishadi! Axir ijod qilishga, bunyodkorlikka qodir bo’lgan kambag’al, mag’rur san’atkor ular uchun xudbin ko’rinadi. Talantli odamning tevaragida doimo qandaydir fikrlar girdobi charx uradi, shu girdobga hamma narsa g’arq bo’lib ketadi, hatto ma’shuqasi ham.

* * *

Chinakam turmush yo’ldoshi bo’ladigan ayol o’zining butun umrini, kuch-quvvatini, shon-shuhratiyu baxt-iqbolini erida deb biladi. Sharq ayolining asosiy maqsadi – erining har bir istagini bajo keltirishdan iborat.

* * *

Kasallik sabablarini inson tanasidan emas, ruhiy dunyosidan qidirish darkor! Tabib – ilhomkor, purqudrat xilqatdir. Xudo payg’ambarga ming yillar qa’rini ko’rish, shoirga borliqni qaytadan idrok etish, mutribga esa noma’lum olamning musiqiy ohanglarini topish salohiyatini baxsh etgan!..

* * *

Soppa-sog’ kishi o’zining badanidan o’lim darakchisi bo’lmish dardni qanday haydasa, kiborlar jamiyati ham o’zining orasidan baxtsiz kimsalarni shunday surib chiqarishadi.

Dilfuza JUMAEVA tayyorlagan

Manba: “Qashqadaryo” gazetasi № 096-soni

Onore de Balzak. Sag’ri teri tilsimi (roman)

006

(Tashriflar: umumiy 3 358, bugungi 4)

Izoh qoldiring