Onore de Balzak. Dahriyning ibodati.

19-1

Бальзак рус шоири Пушкин билан бир йилда (1799) туғилиб, ундан 13 йил кейин, 1850 йили ҳаётдан кўз юмган. Ана шу 13 йил унинг учун айниқса самарали бўлган. Аввало, у ёшлик ва йигитлик фаслларида ёзган битикларидан воз кечган ва ўз олдига ғоят улкан вазифани қўйган. У буюк итальян шоири Дантенинг “Илоҳий комедия”си ўрта асрларда Европа халқлари ҳаётига қандай зўр таъсир кўрсатган бўлса, XIX аср ҳаётига ана шундай таъсир кўрсата оладиган асарлар туркумини яратишга аҳд қилган ва бу туркумни “Инсоний комедия” деб атаган. У, Дантедан фарқли ўлароқ, ўз туркумида нариги дунё воқеаларини ва кишиларнинг у дунёдаги ҳаётини эмас, балки ўзи гувоҳ бўлган давр ҳодисаларини, замондошларининг серқатлам ва мураккаб ҳаётини акс эттиришга бел боғлаган. Бальзак “Ахлоқий этюдлар”, “Фалсафий этюдлар”, “Таҳлилий этюдлар” деб аталган уч туркумга жо бўлган романларида, адабиёт тарихчилари ёзганидек, XIX асрдаги француз жамияти анатомиясини очиб ташлайди.
Шуниси ғаройибки, Бальзак болалик йилларида касалманд бўлгани сабабли ота-онаси уни ҳатто ўқишдан ҳам олиб қолишган экан. Аммо вилоятда (Турда) туғилган йигит оиласи билан Парижга кўчиб келганидан сўнг, таълим олгани адлия соҳасини танламай, Сорбоннада машҳур француз олимларининг адабиёт бўйича маърузаларини тинглаб, ёзувчи бўлишга қарор қилади. Табиат нимжон бир йигитга шундай куч ва ирода ато этган эканки, у тинимсиз меҳнат ва машқ орқасида ҳам жисмоний, ҳам ижодий жиҳатдан забардаст шахс даражасига эришади. Ўз олдига зодагонлик рутбасини олиш, депутатлар палатасига ва Франция академиясига аъзо бўлишдек юксак мақсадларни қўяди. Аммо минг хил ҳаётий ва ҳавойи орзулар қанотида яшаган адибнинг бош мақсади буюк итальян шоири билан рақобатлашиш эди.
“Инсоний комедия” олтмишдан зиёд романдан иборат. Бу романлар марказида ноёб истеъдодини тўлиқ намоён этиш имконига эга бўлмаган ночор инсон тақдири туради. Биз “Ғойиб бўлган дурдона” ҳикоясида ҳам шундай қаҳрамон тақдири билан танишамиз. Томчида қуёш акс этади, деганларидек, шу ҳикояда ҳам Бальзакнинг нафақат беназир адиблик маҳорати, балки ўзи тасвирламоқчи бўлган кишилар, воқеалар, соҳаларни бениҳоя пухта билиши яққол кўринади ва бизни ҳайратга солади (Наим Каримовнинг мақоласидан).

099

Оноре де Бальзак
ДАҲРИЙНИНГ ИБОДАТИ
Ҳикоя

Дўстим Огюста Боржега бағишлайман

Фанни бебаҳо физиологик назариялар билан бойитиб, ёшлигиданоқ ном қозонган доктор Бъяншен Оврупа медиклари томонидан маърифат маркази деб ҳисобланган Париж медецина факультетида терапевт бўлиб ишлашидан анча бурун жарроҳлик қилган эди. У талабалик йилларида фан осмонининг ёрқин юлдузларидан ҳисобланган буюк француз жарроҳи Деплен раҳбарлигида ишлаган эди. Ҳатто Депленнинг рақиблари ҳам у ўз тажрибасини, бирор кимсага ўргатиш хоҳиши йўқлиги боис, қабрига олиб кетади, деб тан олган эдилар.
Бошқа буюк даҳоларда бўлгани каби ҳам ўз соҳасида ворис қолдирмади. Ҳамма нарсани ўзи қандай олиб келган бўлса, шундай бирга олиб кетади. Жарроҳлик шуҳрати ҳам актёрлар шуҳратини эслатади: улар фақат ҳаёт бўлган вақтларидагина яшайдилар, вафотларидан кейин эса уларнинг истеъдодларини баҳолаш қийинлашиб қолди. Актёрлар ва жарроҳлар, шунингдек, юксак ижрочилик маҳорати билан музика куч-қудратини ёрқин намоён қила оладиган буюк хонанда ва созандаларнинг ҳаммаси бир давр қаҳрамонлари дейиш мумкин. Депленнинг шуҳрати ҳам барча даҳолар фаолияти билан кўп жиҳатдан муштаракдир. Яқиндагина шу даражада шуҳрат топган номи бугунга келиб тиббиёт оламидан бошқа ёқда деярли унтилди. Лекин шундай бўлганда ҳам фавқулодда вазиятлар тақазоси билан олимнинг номини фан соҳасидан инсониятнинг умумий тарихига ўтиши наҳотки талаб қилинмаса?! Деплен ўз даврининг ифодачиси ёки уни ўз шахсига кўчирган кўпқиррали инсонмиди? У ақл бовар қилмайдиган даражада сезгир бўлиб, шахсий кузатувлари орқали орттирган тажрибаси ёки савқи табиийси ёрдамида бемор руҳий аҳволини дарров пайқаб оларди, касалликнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаб ташхис қўярди. Шу билан бирга, бемор кайфияти ва шарт-шароитини ҳисобга олиб, уни қачон ва қайси ҳолатда операция қилиш бўйича хулоса чиқарар эди. Деплен табиат билан бақамти бўлиш учун ҳаво ва ердан баҳра олиб турувчи одамнинг хужайраларини мутассил ўрганиб чиқишдан эринмадимикан? У Кювье даҳосининг маҳсули ҳисобланган индукция ва анология усулларининг қудратли кучидан фойдаланмаганмикан? Нима бўлганда ҳам бу жарроҳ тиббиёт сиру асроридан тўлиқ хабардорлик даражасига эга бўлиб қолди, у бу соҳанинг бугунги тажрибаларига асосланувчи замонавий кишиси сифатида унинг ўтмиши ва келажагига ҳам айланди. У ўз шахсияти Гиппократ, Гелен, Аристотель каби ўзида барча фанларни мужассамлаштирган киши эдими? Ёки бу соҳада алоҳида мактаби орқали янги дунё йўлларини очдими? Йўқ. Лекин адолат юзасидан шуни ҳам тан олиш керакки, инсон танасидек мураккаб хилқатнинг ўткир кузатувчиси бўлиб қолган бу шахс сеҳргарлик ҳақидаги қадимий илмлар уммонига ғоввоз каби шўнғиди, вужуднинг ҳали шаклланиб улгурмаган дастлабки даврлариданоқ уни пайқаб оладиган даражада сезгир бўлиб, ҳаётнинг ҳали юзага келишидан олдинги манбалари ва улар қандай бўлишлигини ҳам кўра олади, бу борада олиб борган текширишлари орқали тирикликни таъминлайдиган шарт-шароитларни аниқлади.
Лекин, афсуски, булар ҳаммаси Депленнинг шахсий характери учун хос эди. Шу боис манфаатпарастлик хислати ёлғизланиб қолишига сабаб бўлди ва худди ўша одати вафотидан кейинги шуҳратини ҳам сўндиришга олиб келди. Охир-оқибат қабри устида даҳонинг фидокорона изланишлари натижасида аниқланган тиббий сиру асрорни келгуси авлодларга эслатиб турадиган ёдгорлик бюсти ҳам ўрнатилмади. Балки таланти эътиқодига мослиги

туфайли у ўлимга маҳкум бўлгандир. Деплен эътиқодига кўра, ер атмосфераси ҳаёт яралиши учун замин яратган. Мана шунинг учун ҳам ер тухум ва унинг уст қобуғи шаклида бўлгани таъкидлайди. Лекин у дастлаб тухум бўлганми ёки товуқ қабилидаги саволга жавоб беришга қодир бўлмаганлиги боис уларни тан олмасди. У ибтидоий ҳайвонот дунёсининг яратилиши ва инсон қалбининг ўлмаслигига ҳам ишонмагани сабабли иккиланмай уларни рад қиларди. Даҳрийлар ва диндорлар орасида давом этиб келаётган азалий курашга Деплер ҳам бефарқ бўлмай, аллақачон иккиланишни йиғиштирган эди. Депленда бундан бошқа бир эътиқод бўлиши мумкин эмасди. У ёшлик давриданоқ бутун тирик мавжудотнинг гултожи ҳисобланган одамзоднинг умр кечириши ва вафотидан сўнгги ҳолати ҳақидаги ҳақиқатни билиб улғайди. Танада мия, асаб, қон айланиш ва нафас олиш марказлари борлиги аниқланган. Улардан дастлабки икки марказдан бирининг ўрнини иккинчиси ҳам бемалол бажариши мумкин. Деплен ҳаётининг сўнгги вақтларида ҳатто кўриш ва эшитиш учун қулоқ ва кўзлар мутлақо зарур бўлмаслиги ва булар вазифаси қуёш нурлари тўқимаси таъсирида ҳам бажарилиши мумкинлиги хусусидаги хулосага келган эди. Шундай қилиб, Деплен одам жисмида марказлар мавжудлигини таъкидлаб, жоннинг абадийлигига ҳеч қандай асос топилмаганлигини тасдиқлади. Бу далил орқали у худо ҳақидаги диндорлар қарашларини таҳқирламаса ҳам ўз даҳрийлик қарашларини маъқулланган эди. Айтишларига қараганда, бу машҳур жарроҳ бошқа марҳум даҳо инсонлар каби чалғимай дорилбақога рихлат қилган экан.
Деплен шуҳратига соя солиш мақсадида душманлари ҳаёт вақтида бу буюк инсонни анча майдакаш одам деб иғво қилганлар. Бахил ва аҳмоқлар ҳеч қачон буюк ақл эгалари фаолиятини ҳаракатга келтирувчи сабабларни тушунолмайдилар. Буюкларнинг майда-чуйда камчиликларини кўришлари биланоқ дарҳол шуларга қараб айбнома ёпиштира бошлайдилар.
Деплен шуҳрати ва билимини таҳқирлаш имконияти йўқлиги учун душманлари асосий диққатларини унинг характеридаги майда-чуйда нуқсонларга қаратадилар. Ҳар ҳолда Деплен инглизлар айтмоқчидек ғайритабийроқ эди. У гоҳ буюк фожиачи Кребильонга ўхшаб кийинар, гоҳ костюмларига ўта лоқайд қарар, гоҳ аравачада юрса, гоҳ қизғанчиқдай пиёда юрар, гоҳ олижаноб кишидай бўлиб кўринарди. Тантанали вазиятда ҳам, мушкул вазиятда ҳам қандай
бўлса, шундай, яъни бежаб-безалмаган кўринишда бўлганлиги учун одамлардан шубҳаланарди. Буюк инсонларнинг фазилати ҳам бир-бирига ўхшаб кетади. Агар уларнинг бирортасида ақлларига нисбатан истеъдоди зиёда бўлса, ҳар ҳолда оддийгина қилиб, “бу ақлли одам” дегандан зиёдароқ ақлли ҳисобланиши мумкин.Даҳолик одамни ички томондан кўришни ҳам тақозо этади. Кўриш, эҳтимол, айрим мутахассисларнинг билим доиралари билан чекланган бўлар, лекин кимки гулни кўрса, қуёшни ҳам кўради. Кунлардан бир кун ўзи даволаган дипломатнинг: “Императорнинг соғлиғи қалай” деган саволига: “Сарой аъёни ўзига келди, одам
ҳам ўзига келади”, деб жавоб қилди. Кимки, шундай мулоҳазаларни айтишга қодир экан, у нафақат жарроҳ ёки врач, балки катта ақл эгаси ҳамдир.
Биз Деплен ҳаётидан замондошлари томонидан кузатиб юрилган, хотирасини баъзи таъналардан қутқарувчи энг қизиқарли бир жумбоқни танладик (бу жумбоқ ҳикоямиз сўнггида ечилади).
Орас Бьяншен Депленнинг севимли шогирдларидан эди. Бу бўлғуси медик Деплен ишлаб турган Отель-Дье клиникасига амалиётчи-ассистент бўлиб келгунга қадар Лотин кварталининг
“Вок уй” номли ғариб бир ётоқхонасида муҳтожлик билан кун кечирди. Лекин ҳақиқий истеъдод эгалари барибир худди олмос сингари мустаҳкам ва чидамли бўлиб, ёниб турган олов ичида ҳам оташга бардош беради, аслини сақлаб қола олади ва жўшқин эҳтирослари алангасида тобора тобланиб, эзгу орзу-умидлари йўлида ҳалол ва тинимсиз меҳнатга кўмилади, шу тариқа даҳолар қисматига хос курашга кўникиб боришади. Орас ору номусда оғиздагина эмас, амалда ҳам қатъиятли эди, вақти келганда, дўстлари учун биргина кийими бўлса ҳам аямайдиган, зарур келиб қолса улар учун вақтидан ҳам, уйқусидан ҳам воз кечишга тайёр турадиган пок инсон

эди. Бировга бирор нарса бериб, ўрнига қанча қайтариб бераркан деган ўй хаёлидан ўтмасди. Шунинг учун кўпчилик дўстлари қўли очиқлигига тан беришар, айбини айтишга ботинолмасдилар. Бироқ, Орас ҳақиқий қадр-қимматини майдакашлар билан алмаштирмасди. Унда бирон бир сохта олифтагарчилик, қуруқ ваъзхонлик кўринмас, одамларга ёқимли сўзлар билан маслаҳат берар, баъзан улар билан жиндак шакаргуфторлик ҳам қилар эди.
У ҳаётда ҳеч кимдан ҳеч нарсани яширмас, турли расмиятчиликлардан мустасно аскарлар каби қувноқ ва дилкаш шишадош улфат, эҳтиромга сазовор ёш йигит каби бошини дадил
кўтариб, жилмайиб юрарди. Гапнинг пўст калласини айтганда, у кўплаб Орестларнинг Пиладаси3 эди. Ахир бугунги кунимиздаги кредиторлар (фойда олувчи судхўрлар) қадимги дунёнинг ҳақиқий Фурийлари4 тимсоли-ку.
Балки Ораснинг ўз бошига тушган шунча шўру ғавғолари бардош билан енгиб ўтишининг ўзи ҳам мардлигидан нишонадир.Ўзида ҳеч нарса бўлмаса ҳам у бировдан ҳеч нарса кутмасди, ҳеч қачон қарз ҳам олмасди, туядай сабр-бардоши, оҳу сингари чаққонлиги, шу билан бирга, мустаҳкам эътиқоди ва жиддийлиги билан алоҳида ажралиб турарди.Машҳур жарроҳ доктор Орас Бьяншеннинг барча ютуқ ва фазилатлари, камчиликлари ошкор бўлгач, қадр-қиммати икки баробар ошиб, бахтли кунлар бошланади.Клиниканинг бош врачи ўз ҳомийлигига олдими, демак, ёш йигит мавқеи ҳам таъминланади ҳисоб. Деплен кўплаб давлатманд хонадонларга бориш чоғи одатда ўзи билан бирга ёрдамчи сифатида Бьяншенни ҳам олиб кетади. Мазкур ташрифотлар давомида бу қишлоқ йигити кўз ўнгида бетакрор Париж ҳаётининг сирлари очилар онда-сонда унга ҳам совғалар тушиб турар эди. Деплен касал мижозларни уйда қабул қилган вақтларида Бьяншенни кўмакка чорларди, баъзан қайсидир давлантманд касални маъдан сувларига олиб боришни топширардилар. Бир сўз билан айтганда, у Бьяншенни беморлар билан
ишлашга тайёрлар эди. Бир оз вақт ўтиб, бу қаттиққўл жарроҳнинг ўз Саиди5 пайдо бўлди. Бу икки инсон, бири билим ва иззат-икром чўққисига чиқиб, катта бойлик ва обрўга эга бўлса, иккинчиси бой ҳам, машҳур ҳам эмасди, Париж осмонида зўрға милтиллаб турарди. Буюк Деплен ўз ёрдамчисидан ҳеч нарсани яширмасди. Бьяншенга устози Деплен хонасида жойлашган столига аллақандай аёл ўтирганлиги ё ўтирмаганлиги ҳам маълум эди.Бьяншен
ўзида арислон важоҳати ва буқа қудратини жамлаган бу буюк зот феълу атворини ҳам, юрагини ҳам ўлими сабабини ҳам яхши билар эди. (Деплен юрак кенгайиши оқибатида вафот қилган эди). Шогирд сифатида устози ҳаётининг бутун икир-чикирларини, қалбидаги ягона ҳиссиёт ва унинг оқибатида келиб чиқадиган умидсизлик сабабларини олдиндан кўра олади. Ҳар ҳолда Деплен кўкрагида уриб турган юраги бронзадай бақувват бўлса-да, юрак эди, ахир.
Кунлардан бир кун Бьяншен Депленга Сен-Жак мавзесида истиқомат қилувчи овериянлик камбағал мешкобчи оғир меҳнат ва муҳтожликдан қаттиқ касал бўлиб қолганлигини айтади. Бу
бечора 1821 йилнинг қишида фақат картошка еб кун ўтказган экан. Деплен дарҳол ҳамма беморларни қолдириб, Бьяншен билан отни қамчилади-ю, мешкобчи олдига югурди ва уни Дюбуа томонидан очилган касалхонага жойлаштиради, у тузалгач,от билан бўчка сотиб олиши учун пул ҳам берди. Кейинчалик бу овериянлик дўстларидан бири бетобланиб қолганда, уни дарҳол валинеъмат Дапленнинг олдига олиб келиб ёрдам сўради.Деплен қанчалик қаттиққўл бўлмасин, қўлини маҳкам қисиб:
– Яна оғаларингдан кимки оғриса, ҳузуримга келтир, – деди.
У беморни Отель-Дье клиникасида қабул қилиб, катта ғамхўрлик кўрсатади. Бьяншен унга нисбатан меҳрини кўриб, Отель-Дье клиникасида ишлашнинг ўзиёқ буюк бир ифтихор

3 Пилад–Эврипеднинг “Таврида Ифигения” трагедиясида Орестни содиқ дўсти Пилад ёвуз тақводорларнинг таъқиб азобларидан қутқаради.
4 Фурий–қадимги дунё афсоналаридаги одамхўр (ялмоғиз) лар тимсоли.
5 Саид –Муҳаммад пайғамбарнинг қули бўлиб, диний таълимотининг содиқ давомчиси бўлган. Саид номи француз тилида ихлосманд маъносини олган.

эканлигини туйди, устози ҳатти-ҳаракатида бирорта ғайритабийликни сезмайди.
Бир кун эрталаб Бьяншен соат тўққизларда Сульпиция майдонидан ўтаётиб, устозини шу майдонда жойлашган ибодатхонага кирганини кўриб қолади. Ҳар доим икки ғилдиракли аравачасида юрадиган Деплен бу сафар яёв бўлиб, хиёл шубҳали қиёфада будхонанинг Пти- Лион кўчаси томонидаги эшигидан секингина кириб кетади. Ёрдамчи устози эътиқодсизлигини, бунинг устига Кабанис6 бўлганлигини билганлиги боис, табиийки, бу ҳолатга қизиқиб қолди. У сездирмай кириб, будхонада бир талай ажойиб расмларни кўрди, ҳуру фаришталар устидан
аёвсиз кулиб юрган буюк даҳрий Деплен тик турганча Биби Марям қошида ибодат қилар,муҳим бир вазифани бажараётгандек жиддий қиёфада бутхона ва камбағалларга хайр-эҳсон беради. Тағин бирор одам кириб қолса, Отель-Дье клиникаси бош жарроҳининг орқасидан кузатишмоқда, деган хаёлга бормаслиги учун Бьяншен бутхонадан аста чиқиб кетди.
Тасодифан ўша куни Деплен уни ресторанда бирга тушлик қилишга таклиф қилиб қолди. Бьяншен овқат пайтидаги суҳбатда гапни усталик билан ибодат масаласига буриб, бу ҳаракатини риёкорона бир майнавозчиликка ўхшатди.
Бу майнавозчилик оқибатида христиан оламида Наполеоннинг барча қўшинлари-ю, Брусснинг бутун аскарлари томонидан тўкилган қонларга қараганда ҳам кўпроқ қонлар оқизилди, –деди Деплен. Рим папасининг олтинчи аср бошларида ўйлаб топган бу кашфиёти замирида биргина “сиёсат теломос” деган сўз ётади. Папа худонинг мавжудлиги ҳақидаги ваъз- насиҳатларига ишонмаган даҳрийларга қарши олиб борган курашлар давомида ибодатхоналарда уч юз йиллаб хурофот, зулмат ҳукм сурди.Унинг бу кашфиётлари Тулис графи
ва альбийцларнинг уришига сабаб бўлди (чунки, вольдентлар билан альбигойцлар папанинг уйдирмаларини тан олишни истамаган эдилар).
Деплен вольтерона даҳрийлик билимдонлигини тўкиб сола бошлади.
– Бу қандай мўъжиза бўлди экан? – деб ўйлади Бьяншен. – Мен эрталаб кўрган художўй одам қаёққа йўқолди?
У Депленга индамади, бироқ уни ҳақиқатдан ҳам Сульпиция ибодатхонасида кўрганлиги ростми? Даплен Бьяншенга ёлғон гапиролмасди, улар бир-бирларини яхши билишар ва бундан бошқа кўплаб муҳим масалалар бўйича ҳам ўзаро рўй-рост фикр алмашардилар.
Орадан уч ой вақт ўтди. Бьяншен унутмаган бўлса ҳам ўша воқеани қайта эсламади. Лекин бир кун Отель-Дье клиникаси врачларидан бири Бьяншен олдида Депленинг қўлини ушлаб, савол аломати билан:
– Муҳтарам устоз, муқаддас Сульпиция ибодатхонасига нега борган эдингиз? – деб қолди.
– Мен ибодатхона руҳонийсининг олдига борган эдим, унинг касалланган тизза қопқаси шамоллаб, йиринг босиб кетган экан.
Ангелогерцог хотини менга эҳтиром ила мурожаат қилиб, уни ўз клиникангизда даволасангиз, деб илтимос қилган эди, – дея жавоб берди Деплен.
Врач Деплендан олган изоҳларидан қаноат ҳосил қилди, аммо Бьяншен бунга ишонмади.
– Ана холос! У ибодатхонага тиззаси касал одамни даволаш учун борди. Яъни ибодатда бўлди! – деди ўз-ўзига шогирд.
Шундан кейин Бьяншен Депленнинг Сульпиция ибодатхонасига қайси кун ва қайси соатда борганлигини эслади. Бир йилдан сўнг худди шу фурсатда у ибодатхонага яна келадими йўқми
– шуни аниқламоқни мўлжаллади. Агар Деплен ҳақиқатан ҳам вақти-вақти билан ибодатхонага келиб турса, бу ҳодиса илмий тадқиқот учун асос бўлади, негаки, бир одам хатти-ҳаракати билан фикрлари ўртасида қарама- қаршилик яшаши мумкин эмас. Кейинги йил худди шу кун ва шу соатда Бьяншен (у энди Депленинг ёрдамчиси эмасди) Пти-Лион ва Турно кўчалари бошида икки ғилдиракли соябон аравасидан секин тушиб, деворлар бўйлаб ибодатхонага кирган ва яна

6 Кабанис – Кабанис издоши демакдир. Пьер Жорж Кабанис (175777-1808) француз врачи, файласуфи ва жамоат арбоби, ХУ111 аср материалистлари шогирди.

Худолар онаси бўлмиш Биби Марям олдида тик туриб ибодат қила бошлаган жарроҳни кўрди. Бу худди ўша бош врач, дилда даҳрий, баъзи ҳолларда художўй Депленнинг ўзи эди. Аҳвол жиддий тус олди. Машҳур олим қайсарлиги ҳамма ўйинни чалкаштириб ташлади. Деплен чиқиб кетгач, Бьяншен бутхона ичидаги ашқол-дашқоллар турадиган ризохона мудири олдига бориб, ҳозиргина бутхонадан чиқиб кетган жаноб бу ерга доим келиб турувчиларданми? – деб сўради.
– Мана, бу ерда ишлаётганимга йигирма йил бўлган бўлса, жаноб Деплен бу ерга ҳар йил тўрт маротаба келади, ибодатга буюртма қилади, ибодатхоначи буюртмаларини адо этади, –
деди мудир.
Деплен буюртмасидаги ибодат. Бу ўзини даҳрий қилиб кўрсатиш учун ўйлаб топган ўзига хос бир махфий усули бўлса керак, – деб ўйлади Бьяншен кетатуриб.
Вақт ўтиб борарди. Гарчи доктор Бьяншен Деплен билан дўст бўлса ҳам у ўзига хос хислати ҳақида сўрашга қулай фурсат топа олмас эди. Одатда улар бир-бирлари билан врачлар хонасида ёки юқори давраларда учрашардилар, бундай вақтларда яқин дўстлар, ўриндиқларда
энгашиб ўтириб, оёқларини каминга тираб, яккама – якка сирлашишлари учун имкон бўлмас эди. Охири, 1830 йил инқилоби даврида, республикачилар ташвиқоти билан кўчаларни эгаллаб олган даҳрийлар ва исёнчилар томонидан ибодатхоналар бошқармаси жойлашган қароргоҳ бузилиб, уйлар тепасида ялтираб кўринадиган кўз илғамас тилларанг бутлар йўқотиб юборилгандан кейин орадан етти йил ўтгач, Бьяншен Сульпиция ибодатхонасига яна кириб бораётган Депленни кўрди. Изма-из келиб, у билан ёнма-ён турди. Дўсти эса заррача парво қилмади, эътибор ҳам бермади. Деплен буюрган ибодат олдида биргалашиб тик қолдилар.
Ибодатхонадан чиқишгач, Бьяншен: – Мен сизни бу ерда уч маррта учратдим, дўстим. Тақводорлигингизни сабабини айтоласизми? – деб сўради. – Сиз эътиқодингиз билан хатти- ҳаракатларингиз ўртасидаги бу қарама-қаршиликлар сабабини очиқ тушунтириб берсангиз. Сиз даҳрий бўла туриб ибодатга борасиз. Ҳурматли устоз, илтимос бу ҳолатингизни изоҳлаб берсангиз.
– Аслида ташқи кўринишимиз туфайли ўта тақводор бўлиб кўринганимиз билан сиз ҳам,
мен ҳам даҳрийларга ўхшаймиз, – Деплен шу ерда айрим таниқли сиёсий арбобларни масхаралаб, уларнинг баъзи хатти-ҳаракатларини Мольернинг Тартюфига ўхшатиб, ўткир пичинг билан тилга олиб ўтди.
– Мен сиздан буни сўраётганим йўқ, – деди Бьяншен. – Сизнинг ибодатхонага келишингиз сабабини ва нима учун ибодат буюрганингизни билмоқчиман.
– Хўп, азиз дўстим. Ҳозир менинг тўримдан гўрим яқин бўлиб турибди. Энди мен сизга ҳаётимни қандай бошлаганимни айтиб беришим мумкин, – деди Деплен.
Бьяншен бу буюк инсон билан бирга Парижнинг энг яроқсиз, чиркин “Тўрт шамолли”
кўчасида турарди. Деплен Бьяншенга шу ердаги бир бинонинг еттинчи қаватида ёдгорликка ўхшаб қолган бир уйчани кўрсатди. Уйча яшилроқ рангда эди. Унга бориш учун бинонинг кўча эшигидан кириб, лента-пенталар билан ўраб-чирмаб ташланган зинапоялар орқали юқорига қараб кўтарила борилар ва охирида яна чўзилган йўлакдан юрилар эди. Бу йўлак кичкина деразалар дарчасидан тушиб турадиган хира ёруғда ўта диққинафас бўлиб, бу ердан ўтувчилар қоқилиб-суқилиб кетишарди. Бинонинг биринчи қаватида мебеллар билан савдо қилувчи киши яшарди, бошқа қаватларда эса эҳтиёж учун зарур бўлган ҳар хил ашқол-дашқоллар тиқилиб кетган эди. Деплен бирдан қўлини кўтариб:
– Мен шу бинонинг ана ўша ерида икки йил яшаганман, – деди уйчани кўрсатиб.
– Биламан, у ерда Артез ҳам яшаган эди. Ёшлигимда доимо бориб турардим, биз бу уйчани
“Ўжар даҳолар яшайдиган катак” деб атардик. Кейин нима бўлди?
– Сиз гувоҳ бўлган ўша ибодат ҳаётимда бўлиб ўтган баъзи бир воқеалар билан боғлиқдир. Ўша уйчада яшаган вақтимда ҳозир сиз айтган Артез ҳам яшарди. Ана қаранг, уйчада гул ўстирилган тувакча, унинг тепасида кийим-кечаклар ҳам осилиб турибди. Азизим Бьяншен!

Мен Париждаги ҳаётимни худди шундай қийин бир шароитда бошлаган эдим. Бу жиҳатдан мени Парижда ҳаддан ташқари кўп азоб-уқубат ва қийинчиликларни бошдан кечирган киши дейиш мумкин. Ҳамма нарсани – очликни ҳам, яланғочликни ҳам, камбағалликни ҳам – хуллас, ҳамма-ҳаммасини кўрдим. Ўша “Қайсар даҳолар кулбаси” дея ном олган уйчада қаҳратон қиш кунлари совуқдан қотиб қолган бармоқларимни пуфлаб илитардим. Қишнинг қаҳратон кунларида оғзимдан чиққан ҳовур худди отларнинг бурнидан бурқсиб чиқадиган буғдай бошим узра кўтарилаётганини ҳам очиқ кўрардим. Бундай пайтларда, кимдан мадад олишингни ҳам билмайсан киши. Мен ёлғиз эдим. Ҳеч қандай ёрдам берадиган кишим бўлмаган. Китоб олишга ҳам, ўқувимга тўлаш учун ҳам пулим йўқ эди. Феъл-атворимдаги безовталик, асабийлик ва ҳадиксирашим туфайли бирорта дўст ҳам орттирмаганман. Бесаранжомлигим асосий сабаби йўқчилик ва ўқиш шароитим оғирлигидан эканлигини ҳеч ким тушунмасди. Ахир ҳаётнинг энг тубан ерида яшаб келардим, ундан чиқиб кетишни истардим. Айниқса, сизнинг олдингизда сиру асроримни яшириб юришга ҳожат бўлмаса керак. Гарчи узоқ йиллар қашшоқлик ботқоғида юрган бўлсам ҳам,турли қийинчиликка учраган бўлсам ҳам қалбимда доим барини енгиб, юксакликка интилиш ва инсоний орзу-истаклар туйғуси ҳукм сурарди. Мен оладиган арзимас ёрдам пулидан ташқари ота-онамдан ҳам, шаҳримдан ҳам бошқа бирор нарса кутишнинг иложи йўқ эди.Ўша вақтларда нонушта учун Пти-Лион кўчасидаги магазиндан қотган нон сотиб олиб (у янги нонлардан арзон турар эди), уни сутга бўктириб еб юрганлигимни айтишнинг ўзи сизни қаноатлантирса керак. Ресторанда икки кунда бир тушлик қилардим, у 16 суга (майда пул ҳисоби) тушарди.Шундай қилиб кундалик овқатимга 10 су сарфлардим. Шу аҳволда қандай қилиб кийим-бошимга эътибор беришим мумкин эди? Шунчалик оғир қийинчилик ва ранжу аламларни кечирганим устига яна баъзи бир ҳамкасаба дўстлар ботинкаларимнинг йиртиғи, қўлтиғи ости ажралиб кетган суюртикимга кўзлари тушганда риёкорона масхаралашлари-чи? Мен фақат сув ичардим ва Париж емакхоналарига ҳавас қилар эдим. Муколом Лотин мавзеидаги Цоппи емакхонаси мен учун гўё барча одамлар кира олиши мумкин бўлган ибодатхонага ўхшарди. Бир кун келиб, мен ҳам шу емакхонада бир пиёла қаймоқли қаҳва ичиб, бир жуфт домино ўйнаб кета олармикинман, деб ўйлардим. Мендаги муҳтожлик оқибатида келиб чиққан фидойилик шиддати ишлаган вақтларимда ҳам давом этди. Шунинг учун кейинчалик ҳам ўзим эгалламоқчи бўлган вазифага мууносиб бўлиш ва қадр-қиммат топиш учун иложи борича яхши, пухта билим олишга тиришдим. Пулни бир бурда нондан ҳам кўра кўпроқ чироқ ёғига ишлатардим. Тун бўйи ишлаганим учун кечаси билан ёритиб турадиган чироқ ёғлари харажатлари овқатларимга кетадиган чиқимлардан қимматга тушарди. Бу узоқ ва ҳаловатсиз, ўзинг билан яккама-якка шафқатсиз жанг қилиш эди. Бирор киши менга ачиниб қарамасди. Ахир, дўстларинг бўлиши учун пулдор бўлишинг, ёш тенгқурлар билан танишиб, улар билан улфатчилик қилишинг, улар қаерга борсалар сен ҳам ўша ерга боришинг керак бўларди. Менда эса буларнинг ҳеч бири йўқ эди. Парижда эса бундай йўқчиликка парво ҳам қилишмасди. Бировларга қандай муҳтожликда ўқиганларимни гапираётганимда беморлар касали ҳақида сўзлагандек, томоғимга бир нарса тиқилиб, асабий бир оғир аҳволга тушиб қолавераман. Кейинчалик ҳеч қачон ҳеч қандай муҳтожлик кўрмаган баъзи бир давлатмандлар билан учрашишга тўғри келган вақтларда ўша галварслар менга қараб: “Нега қарзга кирдингиз? Нега ўзингизни шунча мажбуриятли қарзга ботирдингиз?”– дея ахмоқона саволлар беришади. Шунда улар кўз олдимда гўё одамлар очдан ўлаётганини кўриб: “Нега улар юмшоқ нон сотиб олмаяптилар”, – деган маликага ўхшаб кетардилар.
Операция учун ҳаддан ташқари кўп пул олаётганимни гапираётган ўшандай давлатмандлардан бирортасини сўққабош, икки қўлидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ, якка-ёлғиз, пулсиз, дўстсиз, Париж кўчаларида бурда нонга зор бўлиб юрганда бир кўрсам эди. Шундай вақтларда нима қила олган бўлардилар? Қаёқдан овқат излаб топардилар? Сиз Бьяншен, асабийлашиб, ишда қаттиққўлик қилган вақтларимни кўргансиз. Ёшлигимда юқори

табақадагилар орасида ҳар қадамда худбинлик, беписандлик муносабатларини кўравериб, кўп азоб-уқубатлар чекканлигим учун аламзада бўлиб қолгандим. Шон-шарафга эришгунимча улар менга қанчалик кўп туҳмат, иғво ва ичиқораликлар қилишганини эслайман. Баъзи бировлар Парижда яқин орада мансабга минишингизни сезишлари биланоқ сизни ерга ағдариб ташлашга ҳаракат қиладилар, йиқилиб бошингизни ёриб олишингиз учун минган отингиз айилини бўшатиб қўядилар, учинчилари эса отингиз оёғидаги тақаларни синдириб, майдалаб ташлайди, тўртинчиси қамчинингизни ўғирлайди, энг ҳалол ҳисобланганлари эса қўлидаги тўппончаларини кўкрагингизга тираб, сизни отмоқчи бўладилар. Болаларим! Сизларда истеъдод бор. Сизлар яқин келажакда ўзларидан ўтиб кетаётган қобилиятли инсоларни кўрган ўртамиёна одамлар бир-бири билан қандай шафқатсиз ва тинимсиз кураш олиб боришларига гувоҳи бўласизлар. Агар кечқурун йигирма беш тийинлик қимор ўйнаган бўлсангиз, эртасигаёқ сизни қиморбоз деб айблай бошлайдилар ва энг яқин дўстларингиз сизни йигирма беш минг франк пул ютқазибди, деб гап тарқатади. Бошингиз оғриб қолса, ақлдан озаяпти дейишади. Оғзингиздан тасодифан бирор ножўя сўз чиқиб кетишини эшитишлари биланоқ, мана энди, сизни ҳеч бир киши билан чиқиша олмайдиган одамлар қаторига қўшиб қўядилар. Агар сиз бундай майдакаш одамлар тўдаси билан кураш олиб боришда қатъийлик ва жиддийлик кўрсатсангиз яқин дўстларингиз ҳам сизни ўзидан бошқа бировни ёқтирмайди, ўзгаларга хўжайинчилик қилиб, ҳукмрон бўлиб олмоқчи, деб иғво қилишади. Хуллас, улар фазилатларингизни нуқсонга, иллатга йўядиларки, энг яхши эзгу ниятларингиз ҳам жинояткорона бир иш бўлиб кўринади. Бирор одам касалини тузатсангиз, уни ўлдириб қўйди дейишади. Бемор анча яхшиланиб, тетик ҳолига келган бўлса, барбир ҳадемай ўлади, оқибати ёмон бўлиб, бунинг учун у жавоб беради дейишади. Агар қоқилсангиз, ағдарилиб тушди, деган маломатга қоласиз. Хуллас, азиз дўстим! Буларнинг ҳаммасини кўравериб, худодан кўра одамларга ишонмайдиган бўлиб қолдим. Сиз ахир ичимда одамлар ноўрин айблаётган Деплендан ташқари яна бунга томомила қарама-қарши бўлган бошқа бир Деплен ҳам мавжудлигини яхши биласиз-ку. Майли, биз бу ифлос ишларни ковлаб ўтирмай қўя қолайлик.
Шундай қилиб, шу уйда яшардим. Бир пулсиз аҳволда имтиҳонга тайёрланиб ўтирардим. Биласизми бундай вақтларда ниҳоятда қийналиб кетганимдан аскарликка кетганим яхши эмасми, деган қарорга ҳам келиб қолардим. Менда ахир биргина умид қолганди: у ҳам бўлса туғилган шаҳримдан, Париж ҳаётидан мутлақо бехабар жияним ўттиз франкка мазза қилиб парранда гўшти еб, ўқиб юрибди деган қишлоқи холам жўнатган кийим-кечаклар солинган чемоданни келишини кутаётган эдим. Университетдалик вақтимда чемоданни олиб келишгану ҳаққига қирқ франк тўланиши керак бўлгани учун бу пулни эшик қоровули, бино пастидаги зинапоялар бурчагидаги бир тор хоначада ишлаб ўтирадиган этикдўз немис тўлаб, чемоданни олиб қолган. Қандай қилиб, шу қирқ франкни топиб, чемоданни қайтариб олсам экан деб Фосье-Сен Жермен де При кўчаси ва медицина факультети биноси атрофида бошим қотиб айланиб юрдим. (Ахир, қарзни кийим-кечакларни сотиб бўлса ҳам тўлаш мумкин эди-ку). Шунда ишбилармонликда уқувсизлигимни, ёлғиз қисматим жарроҳликда эканини сездим. Дўстим, соф қалб эгалари бўлган истеъдодли инсонлар юқори доирадаги кишилар орасида ишлаганларида кундалик ҳаётда дуч келадиган баъзи бир майдакаш одамларга хос устомон, учар бўлиб яшай олмас эканлар. Бундай даҳолар учун энг муҳими яшаш учун қулай фурсатнинг келиши экан. Фурсат келганда улар қидирилиб ўтирмай, ўзлари тўсатдан пайдо бўлиб қолар экан!
Уйга кечқурун жуда кеч қайтдим. Сен-фруалик Буржуа исмли мешкобчи қўшним ҳам менга ўхшаб кеч қайтган экан. Биз ёнма-ён хоналарда яшаб, бир-биримизга жуда яқин бўлиб кетган эдик. У менга уйнинг хўжайини ижара ҳақини уч марта тўламаганим учун уйдан чиқариб юбормоқчи бўлаётганини айтди. Эртасига бу ердан кетиш ташвиши остида қолдим. Шу тунни ҳаётимдаги энг оғир азоб-уқубат билан ўтказдим. Худди ақлдан озган кишилар мияларига

келган бир саволни ҳадеб такрорлайверганига ўхшаб, мен ҳам кўз ёшларимни оқизиб, шу арзимас ашқол-дашқолларни, китобларимни ташиб чиқариш учун ҳаммолни қаердан топаман, эшик қоровули ва ҳаммолга тўлайдиган пулни қаердан оламан, деган саволлардан қутулолмадим. Борар жойим йўқлигини ўйлаб, охири ухлаб қолибман. Муҳтожнинг ҳам шериги бўларкан шекилли, бир самовий ширин туш кўрибман. Унда эрталаб қотган нонни сутга бўктириб, нонушта қилаётганимда Буржуа ёнимга келди.
– Жаноб талаба, – деди у менга қараб соф аверянча талаффузда йўғон овоз билан – мен кўчада қолган бир етимча, ота-онамни ҳам билмайман. Сен-Флуруско етимхонасида ўсдим, топган-тутганларим билан уйланиб ҳам бўлмайди. Сизнинг ҳам қариндош-уруғларингиз камга ўхшайди. Мени сизга айтмоқчи бўлганим, бинонинг пастида соатига икки су бериб, ижарага олган қўл аравам ётибди. Бизнинг бор лаш-лушларимиз унга сиғиши мумкин. Мудомики, хўжайин бизни уйдан чиқариб юборар экан, хоҳласангиз биргалашиб ўзимизга бир бошпана изласак, ахир бу ер ҳам қишда жаннат эмас-ку!
– Тушунаман, дўстим Буржуа. Гап унда змас. Бу ерда муаммо шундаки, пастда менинг ўн люк пулим ва кийим-кечакларим солинган чамадоним ётибди. Ўша пулимни олсам, қоровул ҳақини ҳам, уй ҳақини ҳам тўлардим. Лекин ҳозир уларни олиш учун ёнимда беш франк ҳам йўқ, – дедим аҳволимни тушунтириб.
– Майли, хафа бўлманг, кийим-кечакларингиз ўзингизга қолаверсин. Менда тўлашга беш-
тўрт танга топилиб қолар, – деди у менга эскирган чарм ҳамёнчасини кулимсираб кўрсатиб.
Буржуа уй ижараси ҳақини ҳам, эшик қоровулига қирқ франк қарзимни ҳам тўлади.
Шундан кейин ашқол-дашқолларимиз ва кийим-кечакларим солинган чемоданни ортиб, қаерда ижарабоп уй бор экан, деб аравачани кўчама-кўча судраб юрдик, мен баъзи бўш уйларни текшириб чиқдим, лекин ҳақи биз учун тўғри келмади. Кун яримлаб қолган бўлса ҳам, Лотин квартали атрофида зўр бериб, ҳамон бошпана излаб, овора бўлиб юрардик. Буржуа менга вино дўкончаси олдида бир тамадди қилиб олсак, деди. Аравачани эшик олдида қолдириб, тамадди қилдик. Кечга яқин Роган кўчасининг Коммерческий проездида жойлашган бир бинонинг энг тепасида бир-бирларини зинапоялар ажратиб турадиган болахонаси бор икки хоналик уй топиб, жойлашдик. Энди мен ҳам, камтарона дўстим ҳам бошпанага эга бўлдик, лекин уй ижараси учун бир йилига олтмиш франк тўлаш ҳаққи биродаримнинг бўйнига тушди. Биргалашиб овқатланардик. Буржуа кунига эллик су пул ишларди. Унинг юзтача экюси бор эди. У шу пулга яқинда кўпдан ўзи орзу қилиб юрган ниятини амалга ошириб, от билан бўчка сотиб олмоқчи эди.Бироқ менинг қандай ҳаёт кечирганлигим ва ҳозирги аҳволимни фаҳм-фаросат ва зийраклик билан тушуниб олгач, ўша кундан буён орзу қилиб юрган от билан бўчка сотиб олиш ниятидан воз кечганлигини ўйласам кўнглим бузилиб, кўзимга ёш келади. Буржуа йигирма йил мешкобчилик қилиб, сув ташиди ва ўша юз экю пулини ҳам менинг келажагим учун сарфлади.
Шу ерга келганда Деплен Бьяншен қўлини қаттиқ қисиб қўйди.
– У менга ўша пулларни имтиҳонларга тайёрланишим учун зарурлигини билганлигидан кейин берган эди! Дўстим, бу инсон менинг ҳаётда оладиган ўрнимни, менинг ақлий эҳтиёжларим ўз эҳтиёжларига қараганда муҳимроқ эканлигини тушунган эди. У менга ғамхўрлик қилар ва мени ўғлим деб атарди. Китоб сотиб олишим учун пул берарди, баъзи вақтларда аста келиб қандай ишлаб ўтирганимни кузатарди. Бора-бора менга отамдай қарай бошлади, илож тополмаганимдан еб ўтирган ночор луқмаларимни кўриб, тўйимли ва сифатли овқатланишимга ҳам имконият ярата бошлади. Унинг юзи ўрта асрдаги шаҳар кишилари қиёфасига ўхшаб кетар, лаблари қалин эди, рассом бўлса, уни худди Ликурганинг расмига ўхшатиб чизса бўлар эди. Бечора гўё қалбида тўлиб-тошиб ётган меҳру шафқатларини кимга инъом этишни билмагандай юрарди. Ҳаётидаги биргина овунчоғи бўлиб қолган нарса кучукчаси эди. Буржуа ўзи ўлмасдан бурунроқ кучукчаси ўлиб қолса, ибодатхоналарда унинг руҳига тиловат қилишга рухсат беришармикин? – деб тинимсиз сўраб юрди. Айтишига

қараганда, кучуги Буржуа билан ўн икки йил давомида ўзи билан доимо бирга бориб ибодатхонада ибодат қилган. Попнинг ваъзларини диққат билан тинглаган, сира овоз чиқармай, бир марта ҳам ҳурмагани учун ҳақиқий христиан бўлган экан. Бу инсон ёлғиз ғариблигимни ҳам, кечирган азоб-уқубатларимни ҳам кўриб юриб мени тушуна бошлади, бутун қалб қўрини менга бағишлади. Бора-бора меҳрибон бир ота, ягона ғамхўр валинеъматимга айлана борди.
Хуллас, у ёрдамга муҳтож бўлиб қолганлар учун ҳар доим мурувват кўрсатиш йўлини топа оладиган олийжаноб бир инсон эди.Мен билан учрашган вақтларида чинакам сахий
кишилардай виқор билан боқар ва ғам-ташвишини сездирмай эркин юрарди. Соғлиғимни, яхши
кийинишимни кўрганда фахрланар, хурсандчиликдан боши кўкка етарди. Буржуа кечалари мени айтган вақтимда уйғотар, чироғларимни артиб-суртар, зинапояларни тозалаб чиқарди, у менинг ҳам отахоним, ҳам хизматкорим эди, у тозалик борасида баъзан хизматчи оқсоч инглиз аёллари билан ҳам баҳсга киришарди. Уйда бутун хўжалик ва рўзғор ишларимиз бўйнида эди. Ўтинларни худди Филопендай7 ёрарди. Ҳамма юмушларни ўзига муносиб равишда хотиржамлик билан фахрланиб қиларди. Отель-Дье клиникасига амалиётчи-ёрдамчи бўлиб
ўтганимда клиника олдида яшашим зарур бўлиб, Буржуадан бошқа туришимга тўғри келди. Шунда у маъюс бўлиб қолди. Лекин кейинчалик диссертациям сарф-харажатлари учун пул йиғиб беришни ўйлаб, анча тинчлана бошлади ва бўш вақтларингда хабар олиб тургин, деб илтимос қилди. Буржуа мен билан фахрланарди. Ўзим учун ҳам, ўзи учун ҳам мени авайлаб- асрарди. Агар диссертациямни кўрсангиз Буржуага бағишланганига гувоҳ бўласиз. Касалхонада ассисент-амалиётчи бўлиб юрганимнинг охирги йилларида бу муҳтарам авериялик киши олдидаги ўз бурчимни адо этиш – унга от билан бўчка олиб бериш учун етарли маблағ ҳам йиғилиб қолган эди. Унга от ва бўчка олиб берганимни кўриб, бекор пул сарф қилибсиз-да, деб мендан жуда ранжиди. Лекин, шунга қарамасдан, барибир хурсанд бўлганлиги сезилди. Ахир бу кўнглидаги эзгу орзуси эди. Шунинг учун сўнгги марта от билан бўчкага қараб, ҳижолат қилдингиз-да, овора бўлиб юрмасангиз бўларди. Аммо қандай ажойиб бўчка! От ҳам зўр!
Худди овериянликлар8 отига ўхшаб жуда бақувват экан, – деди кулимсираб оқаётган кўз ёшларини артиб. Унинг бошқа ерда ҳеч қачон бундай таъсирли аҳволда кўрмаган эдим. Буржуа
қаршилигимга қарамай, ҳў ана хонамда сиз кўриб турган – кумуш ранглар билан зийнатланган жарроҳлик асбоблари солинган ўша ғилофни олиб берган, менинг учун эса бундан бошқа бебаҳо совға йўқ, у биринчи ютуқларимдан ниҳоятда қувонган эди, лекин, шунга қарамасдан ундан бирор марта ҳам уни мен одам қилдим қабилида сўз эшитмадим. Ахир, у бўлмаганда қашшоқликда адойи тамом бўлар эдим-ку! Ҳа, бечора, у мени деб ҳаётини қурбон қилди, кечалар
Машғулотим пайтларида зарур бўладиган қаҳва сотиб олиб берарди, кейин билсам ўзи
фақат нонга саримсоқпиёз суртиб еб кун кўрар экан.
Кейин касал бўлиб ётиб қолди, шунда тунлари ёнида бўлдим, уни даволаб ҳаётини сақлаб қола олдим. Бироқ орадан икки йил ўтиб, касал яна қайталанди ва шу вақтларда тиббиётда мавжуд бўлган барча имконият ва воситаларни қўллаб даволаш чораларини кўришимга қарамай вафот қилди. Ҳатто бирорта қиролга ҳам Буржуага эътибор кўрсатадигандай қарамаган эдим.
Ҳа, Бьяншен! Унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қўлимдан келган барча чораларни ишга солиб кўрдим. Ўзи қилган саховатли яхшиликлар самарасини ўз кўзи билан кўриб қолишни
истардим, ҳамма истакларини бажо келтиришни хоҳлардим. Ҳаётимда такрорланмас из қолдирган яхшиликлари учун унга нисбатан ҳанузгача юрагимда ёниб ётган оловни бир оз бўлса ҳам совутмоқчи бўлган эдим, юрагимдаги миннатдорлик ҳис-туйғуларимни охиригача адо этмоқчи бўлган эдим. Отамдек қадрдоним Буржуа қўлимда жон берди, – деди бир оз

7 Филопен (эрадан аввалги 253-189 йилларда ўтган) қадимги Греция ҳарбий қўмондони бўлиб, у ҳақиқий меҳнаткаш инсон сифатида ҳам ном чиқарган эди.
8 Овериян – Франциянинг жануб қисмида ташкил топган эски қишлоқлардан бирининг номи.

ҳаяжонланган ҳолда тўхтаб Деплен. – Васиятномасига кўра барча мероси менда қолди, васиятномани расмийлаштирган идора Буржуа билан Роган кўчасидаги уйга кўчиб келган вақтимиздан эътиборан қайд қилибди. Буржуа ҳақиқий имон-эътиқодга эга бўлган инсон тимсоли эди.
У ибодатхонани худди ўз хонадонидай севар эди. Гарчи ўта тақводор католикчи бўлса ҳам бирор марта даҳрийлигимни юзимга солмади. Касали зўрая бошлагандан кейин мендан: “Сиз ибодатхона учун қўлингиздан келган ёрдамингизни аяманг”, – деб илтимос қилди. Сўнг ҳар куни ибодатхонага бориб унинг соғлиғини яхшилашни худодан илтижо қилиб сўраб юрдим. У ҳаётимда етарли тоат-ибодат қилолмадим, шунинг учун вафотимдан кейин охиратдаги қисматимдан қўрқаман, – дер эди. Бечора! Эртадан кечгача тинимсиз тер тўкарди. Агар жаннат борлиги рост бўлса, у ерга бориш учун ундан бошқа муносиб одам топилмаса керак.
Буржуа ибодатхонага охирги маротаба бегуноҳ бўлиб келди (ахир у ҳақиқатан ҳам гуноҳсиз эди). Вафоти ҳам ҳаётига муносиб тарзда якун топди, тобути ёнида биргина одам борди, у ҳам бўлса ўзим эдим. Ягона валинеъматим бўлган Буржуани кўмиб қайтгач, қандай қилиб, қайси йўллар орқали менга қилган барча яхшиликларини қайтарсам экан, деб ўйлай бошладим. Оиласи, дўстлари, бола-чақаси йўқ, лекин динга эътиқодли, тақводор бир инсон эди (буларни мен муҳокама қилишга ҳақлиманми ўзи?). Кунлардан бир кун секин (тағин қилган яхшиликларим учун устимга мажбурият юклаяпти, деб ўйламасин деган маънода) марҳумлар учун ибодатхонада қилинадиган амаллар ҳақида гапирган эди. Шунинг учун биринчи имконият бўлиши биланоқ Сульпиция ибодатхонасига бориб, ҳар йили тўрт маротаба руҳига тиловат туширишларини буюриб, ҳақларини бериб қайтаман. Хотираси олдида қиладиган ягона хизматим художўй Буржуа истакларини бажо келтириш эди. Ҳа, йилига тўрт маротаба: баҳорда, ёзда, кузда, қишда белгиланган вақтда ибодатхонага бориб, у ерда: “Эй худо, одамлар ўлгач сенинг масканингга борадиган тақводор одамлар орасида Буржуани ҳам мавжудлигини унутма, бечора дучор бўлган азобларидан қутилиши ва тезроқ жаннатга йўл олиши учун кўмагингни дариғ тутма, барча қийноқларингни менга бергин”, – деб илтижо қилардим.
Худо холис, У раҳмдил! Бордию худо менга Буржуа эътиқодидай бир эътиқод ато этгудай бўлса, бутун бойлигимни унинг йўлига сарфлаган бўлардим.
Бьяншен Депленнинг охирги касалини даволаб турар экан, энди машҳур жарроҳ даҳрий бўлган-бўлмаганини тасдиқлашни ўйламас эди. Ахир, пештоқига зийнатланган ҳарфлар билан “Ватан буюк одамларидан миннатдордир” каби шиор битилган буюк илм қасри дарвозаси очилмай турган бир пайтда уни очиб, унга йўл кўрсатиб берган овериялик саховатпеша тақводорлар руҳига ибодат қилишнинг ўзиёқ қанчалар катта қувонч ҳисобланар эди.

Париж 1836 йил, январь

Рус тилидан Шерали Турдиев таржимаси

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали,2010,2-сон.

(Tashriflar: umumiy 1 263, bugungi 1)

Izoh qoldiring