Begali Qosimov. Qalblardan o‘chmagay nur (2005)

Ashampoo_Snap_2017.09.11_23h13m57s_002_.png  Бу ном сиёсат дунёсида Бухоро амиридан Туркистон генерал-губернаторигача, ҳатто сўнгги оқподшо иккинчи Николайгача маълум эди. Уни Русия жадидчилик ҳаракатининг тан олинган раҳнамоси Исмоилбек Гаспралидан машҳур “Шўро” журнали муҳаррири Ризоиддин Фахриддингача, сибирлик ўзбек Қози Абдурашиддан Сорбонна университетида дарс берган Садри Мақсудийгача жуда яхши билар ва юксак қадрлар эдилар.

Бегали Қосимов
ҚАЛБЛАРДАН ЎЧМАГАЙ НУР
09

38fc6ef756c4da8851620025f09112ec.jpg  Бу йил (2005) Беҳбудий таваллудига 130 йил тўлади. Бу ном шўролар замонида узоқ йиллар халқимиз хотирасидан ситиб чиқарилди, тилга олинмади. Тилга олинганида ҳам “миллатчи”, “халқ душмани”, “Ватан душмани” каби тавқи лаънатлар билан эсланди. Айрим совет олимлари эса уни жоҳилликда, маърифатсизликда айбладилар. Ҳолбуки, тарих тамом бошқа эди.
Мана айрим эътирофлар:

“Сиёсий, ижтимоий фаолияти ва билимининг кенглиги жиҳатидан Туркистоннинг ўша вақтдаги жадидларидан унга тенг келадигани йўқ деб ўйлайман” (Файзулла Хўжаев).
“Маҳмудхўжа Беҳбудий уйғониш даври ўзбек адабиётида биринчи ўринни олурға лойиқ зотдур” (Ҳожи Муин ибн Шукрулла).

“Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Бу мен учун кутилган ҳол эди… Туркистондаги янги адабиётнинг маркази, чамаси, Самарқанддир, ёш адибларнинг бош илҳомчиси деб эса Самарқандлик муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийни эътироф этмоқ керак бўлади” (академик А.Н.Самойлович).

“Ўзбек миллий адабиётини бошлаб берган, унинг негиз тошини қўйган Беҳбудий билан Фитрат эди” (Зариф Баширий).

Бу эътирофларни узоқ давом эттириш мумкин.

Бу ном сиёсат дунёсида Бухоро амиридан Туркистон генерал-губернаторигача, ҳатто сўнгги оқподшо иккинчи Николайгача маълум эди. Уни Русия жадидчилик ҳаракатининг тан олинган раҳнамоси Исмоилбек Гаспралидан машҳур “Шўро” журнали муҳаррири Ризоиддин Фахриддингача, сибирлик ўзбек Қози Абдурашиддан Сорбонна университетида дарс берган Садри Мақсудийгача жуда яхши билар ва юксак қадрлар эдилар. Машҳур Заки Валидий Беҳбудийнинг 1917 йил апрелда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон мусулмонларининг 1-қурултойидаги нутқи ўлка зиёлиларининг фикрини миллий истиқлол томон буриб юборганини меҳр ва ихлос билан тилга олган эди.

У хиёнаткорона қатл қилинганида ўнлаб марсиялар ёзилди. Бу марсиялар биргина эътироф эмас, эътизор ва эътироз ҳам эди. Ватан ва Миллатнинг ўз улуғ фарзандини қадрлай олмаганлик, асрай олмаганлик эътизори эди. Ватан ва миллат фарзандларининг хиёнаткор замонга эътирози эди. Айримларини хотирга олайлик. Жумладан, Садриддин Айний ёзади:

Сани мундин буён Турон кўролурму, кўролмасму?
Санинг мислингни Туркистон тополурму, тополмасму?!
Сан, эй устоди олийшон, эдинг аъжубаи даврон,
Отингни тилга ҳар инсон, буюк ҳурмат-ла олмасму?!
Санинг тарихи давронинг, санинг осори ирфонинг,
Санинг номинг, санинг шонинг жаҳон қолдиқча қолмасму?!

Мана бу парча унинг Беҳбудий қатлгоҳига хитобан айтган шеъридан:

Бир дасти риё, дасти жафо, дасти хиёнат
Мумкинми сани айласа, кетдикча сиёсат?!
Йўқ, йўқ келур албат, келур албат,
Золимлари тард этмага, маҳв этмага навбат!
Эй қотила, эй фожира, эй фитнаи Турон!
Турон эли фитнанг ила бўлсунму паришон?!
Бир кун келур албат, ожизлара навбат…

Машҳур Фитрат унга бағишлаган шеърини “Беҳбудийнинг сағанасини изладим” деб сарлавҳалайди. Истибдодга қарата: “Отамнинг қабрини қай ерга ёшурдунг?! Бот сўйла!…” деб бонг уради.

“Белгисиз қабрингни қаро тунларда
Амалимнинг шамъин ёқиб изладим”,

деб бошланарди Чўлпоннинг шеъри.

Беҳбудийни хоинона, пинҳона ўлдирдилар. Ҳаётининг ҳар бир сонияси халқининг назари, эътиборида келган шундай фарзандининг ўлими салкам бир йилин кейин маълум бўлди.

Бу 1920 йил эди. Миллатнинг “Миллат!” деган фарзандларини қайчилаб туришни қоида қилган совет ҳукумати риёкорликни ўрнига қўйди. Гўё халқ мотамига “шерик” бўлди. Беҳбудий номига кўчалар, мактаблар қўйди. Ҳатто у қатл этилган Қарши шаҳри 11 йил Беҳбудий номи билан аталди. Ҳолбуки, Туркистон Беҳбудийга мотам тутиб турган ўша 1920 йили яна бир машҳур жадидимиз, 1909 йили Лев Толстой билан хат ёзишган Убайдулла Асатиллахўжаев Москвада “чақув” билан қўлга олиниб, “Бутирка”га қамоққа ташланган эди. Бир йил ўтар-ўтмас, Тошкентда Мунавварқори қамоқда ўтириб чиқди. 1921 йили Фитрат ва унинг бир қатор сафдошлари масаласи РКП(б) МК Сиёсий бюросида кўрилиб, Сталиннинг бевосита кўрсатмаси билан Бухородан бадарға қилинган эдилар. Ҳатто Қаршига Беҳбудий номи берилган ўша 1926 йили Абдулла Қодирий қамалиб, Чўлпон ва Фитратга ҳужжат тайёрлаб қўйилган эди. 1931 йили эса, илк қатағонлар бошланди. Беҳбудий номи тобора кам тилга олина бошлади. Машъум 37-йили эса, тамоман хотирадан ўчирилди.

Бироқ, уни қалблардан ўчириб бўлмади. Мустақилликни қўлга олишимиз билан “эсимизга тушган” биринчи маърифатчимиз Беҳбудий бўлди. Унинг эсимизга биринчилардан бўлиб тушишининг сабабларидан бири шуки, у кўтарган масалалар Ватан ва Халқ тақдири, миллатимизнинг ҳаёт-мамоти билан боғлиқ масалалар экан. Инсоният, умумий эмас, конкрет тушунча экан. У миллатлар қиёфасида намоён экан. Ҳар бир миллат жаҳон ҳамжамиятининг тенг ва тўлақонли аъзоси бўлмоғи учун тараққий топмоғи, ҳақини ажратиб олмоғи учун билим ва маърифатга эга бўлмоғи лозим экан.

Беҳбудийнинг бутун фаолияти ва ижоди шунга қаратилган эди.

Тақдир унга Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси бўлишдек шараф ва масъулиятни насиб этди. Исмоилбек биринчи маротаба Самарқандга келиб, илк усули жадид мактаби очгач, бирга олиб келган шогирди Мажид Ғанизоданинг 40 кунлик дарсини кузатган ва ушбу ишга бел боғлаган 1893 йилда —фожиона ўлдирилган 1919 йилга қадар бўлган 26 йиллик фаолияти Ватан ва Миллатга хизмат қилишнинг бетимсол намунасидир.

Беҳбудий, биринчи навбатда, муаллим эди. Туркистондаги янги мактабларнинг назариётчиси ва амалиётчиси эди. У ўзининг қизғин ижодий ва амалий фаолияти билан миллат муаллими, Туркистоннинг маънавий раҳнамоларидан бири даражасига кўтарилди.

Беҳбудий буюк маърифатчи эди. Маърифат шунчаки бир илм-фан ва уни тарғиб қилиш-у, маърифатчи шуларни бажарувчи, дегани эмас. Тарих илм-фанни қойилмақом эгаллаган, лекин осмондаги чақиндай бесамар кетган ёхуд яшин бўлиб, обод ерни барбод этган ўнлаб, ҳатто юзлаб даҳоларни билади. Маърифат илм-фаннинг қалбларга берган зиёсидир. Бу зиё ёқувчи эмас, ёритувчидир.

Беҳбудий чинакам миллатпарвар эди. У ҳеч қачон ўз миллатини бошқа бир миллатга қарши қўймаган, аксинча, дунёдаги барча миллатларга, шу жумладан, Рус ва Оврўпо миллатларига меҳр ва муҳаббат билан қараган кенг фикрли маърифатчи эди. У тилни, шу жумладан, Оврўпо тилларини илм-фан калити деб ҳисоблади. “Икки эмас, тўрт тил лозим” деб чиқди. Ҳар бир туркистонлик ўз она тилидан ташқари форс, араб, рус, ҳатто француз тилини билмоғи керак, акс ҳолда дунё билан баробар яшаб бўлмайди, деган фикрда эди.

У миллат равнақи учун университетлар лозимлигини дил-дилдан ҳис қилди. 1918 йили Тошкентда очилган Туркистон мусулмон дорулфунунини чин юракдан табрик этди. Ўша йили Самарқандда унинг шўъбасини очиб, бугунги Миллий университетимизнинг майдонга келишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Беҳбудий тарихни тарбиянинг буюк воситаси деб билди. Миллий шуурни тарих шууридан, ўзликни танишни тарихни танишдан излади. Тарих билан боғловчи қадим анъаналаримизни маҳкам ушлади. “Қабиласининг исмини ва етти отасининг отини билмайдиганларни “қул” “марқуқ” дерлар”, деб ёзди. У миллатнинг шаънини ҳар нарсадан баланд тутди. Келгинди тўралар Туркистон халқининг қадим жаҳоний шуҳратини эслатиб турувчи номини тилга олишни ўзларига эп кўрмай, “сарти”,”туземси” деб атаганларида буни ҳақорат билди, матбуотда қизғин баҳслар уюштириб, миллат шаънини, ном-номусини ҳимоя қилди. Н.Остроумовнинг расман “фитначилик”, “сиёсий иғвогарлик” каби айбловларига қарамай, бошини гаровга қўйиб, миллатни ўз оти билан атамоқликларини талаб қилиб чиқди.

Жадидчиликнинг бош ғояларидан бири миллатни уйғотмоқ, уни янги турмушга тайёрламоқ эди. Бу дегани жаҳолат ва нодонликка, хурофот ва бидъатга қарши курашмоқ эди. Сўнгги тўрт асрлик таназзул ва, айниқса, рус истилоси туфайли ўзининг закийлик, шижоатлилик, тиришқоқлик, топағонлик, аҳиллик, меҳнатсеварлик, хушахлоқлик, айниқса, эрк ва билимга чанқоқлик каби аслий хусусиятларини йўқотиб, ўз-ўзини маҳв этиб бораётган миллатни уйғотиш, унга ўзлигини англатиш керак эди. Уни кундан-кун хор ва залил қилаётган “ким ўзарга” тўйлардан, ақидапарстликдан, “Маданият” ниқоби остида кириб келаётган “ваҳшийлик”дан сақламоқ керак эди. У ўзининг бутун онгли фаолиятини шунга қаратди. Шу йўлда қурбон бўлди. Лекин жисман маҳв этилган бўлса-да, унинг номи, миллатнинг нурли истиқболи йўлидаги беқиёс хизматлари бугунги ва келажак авлодлар қалбида мангу яшаяжакдир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 4-сонидан олинди.

behbudiy-640x400.jpgBegali Qosimov
QALBLARDAN O’CHMAGAY NUR
09

09_1.jpgBu yil Behbudiy tavalludiga 130 yil to‘ladi. Bu nom sho‘rolar zamonida uzoq yillar xalqimiz xotirasidan sitib chiqarildi, tilga olinmadi. Tilga olinganida ham “millatchi”, “xalq dushmani”, “Vatan dushmani” kabi tavqi la’natlar bilan eslandi. Ayrim sovet olimlari esa uni johillikda, ma’rifatsizlikda aybladilar. Holbuki, tarix tamom boshqa edi.
Mana ayrim e’tiroflar:
“Siyosiy, ijtimoiy faoliyati va bilimining kengligi jihatidan Turkistonning o‘sha vaqtdagi jadidlaridan unga teng keladigani yo‘q deb o‘ylayman” (Fayzulla Xo‘jayev).
“Mahmudxo‘ja Behbudiy uyg‘onish davri o‘zbek adabiyotida birinchi o‘rinni olurg‘a loyiq zotdur” (Hoji Muin ibn Shukrulla).
“Turkistonda yangi adabiyot maydonga keldi. Bu men uchun kutilgan hol edi… Turkistondagi yangi adabiyotning markazi, chamasi, Samarqanddir, yosh adiblarning bosh ilhomchisi deb esa Samarqandlik mufti Mahmudxo‘ja Behbudiyni e’tirof etmoq kerak bo‘ladi” (akademik A.N.Samoylovich).
“O‘zbek milliy adabiyotini boshlab bergan, uning negiz toshini qo‘ygan Behbudiy bilan Fitrat edi” (Zarif Bashiriy).
Bu e’tiroflarni uzoq davom ettirish mumkin.
Bu nom siyosat dunyosida Buxoro amiridan Turkiston general-gubernatorigacha, hatto so‘nggi oqpodsho ikkinchi Nikolaygacha ma’lum edi. Uni Rusiya jadidchilik harakatining tan olingan rahnamosi Ismoilbek Gaspralidan mashhur “Sho‘ro” jurnali muharriri Rizoiddin Faxriddingacha, sibirlik o‘zbek Qozi Abdurashiddan Sorbonna universitetida dars bergan Sadri Maqsudiygacha juda yaxshi bilar va yuksak qadrlar edilar. Mashhur Zaki Validiy Behbudiyning 1917 yil aprelda Toshkentda bo‘lib o‘tgan Turkiston musulmonlarining 1-qurultoyidagi nutqi o‘lka ziyolilarining fikrini milliy istiqlol tomon burib yuborganini mehr va ixlos bilan tilga olgan edi.
U xiyonatkorona qatl qilinganida o‘nlab marsiyalar yozildi. Bu marsiyalar birgina e’tirof emas, e’tizor va e’tiroz ham edi. Vatan va Millatning o‘z ulug‘ farzandini qadrlay olmaganlik, asray olmaganlik e’tizori edi. Vatan va millat farzandlarining xiyonatkor zamonga e’tirozi edi. Ayrimlarini xotirga olaylik. Jumladan, Sadriddin Ayniy yozadi:

Sani mundin buyon Turon ko‘rolurmu, ko‘rolmasmu?
Saning mislingni Turkiston topolurmu, topolmasmu?!
San, ey ustodi oliyshon, eding a’jubai davron,
Otingni tilga har inson, buyuk hurmat-la olmasmu?!
Saning tarixi davroning, saning osori irfoning,
Saning noming, saning shoning jahon qoldiqcha qolmasmu?!

Mana bu parcha uning Behbudiy qatlgohiga xitoban aytgan she’ridan:

Bir dasti riyo, dasti jafo, dasti xiyonat
Mumkinmi sani aylasa, ketdikcha siyosat?!
Yo‘q, yo‘q kelur albat, kelur albat,
Zolimlari tard etmaga, mahv etmaga navbat!
Ey qotila, ey fojira, ey fitnai Turon!
Turon eli fitnang ila bo‘lsunmu parishon?!
Bir kun kelur albat, ojizlara navbat…

Mashhur Fitrat unga bag‘ishlagan she’rini “Behbudiyning sag‘anasini izladim” deb sarlavhalaydi. Istibdodga qarata: “Otamning qabrini qay yerga yoshurdung?! Bot so‘yla!…” deb bong uradi.

“Belgisiz qabringni qaro tunlarda
Amalimning sham’in yoqib izladim”, —

deb boshlanardi Cho‘lponning she’ri.
Behbudiyni xoinona, pinhona o‘ldirdilar. Hayotining har bir soniyasi xalqining nazari, e’tiborida kelgan shunday farzandining o‘limi salkam bir yilin keyin ma’lum bo‘ldi.
Bu 1920 yil edi. Millatning “Millat!” degan farzandlarini qaychilab turishni qoida qilgan sovet hukumati riyokorlikni o‘rniga qo‘ydi. Go‘yo xalq motamiga “sherik” bo‘ldi. Behbudiy nomiga ko‘chalar, maktablar qo‘ydi. Hatto u qatl etilgan Qarshi shahri 11 yil Behbudiy nomi bilan ataldi. Holbuki, Turkiston Behbudiyga motam tutib turgan o‘sha 1920 yili yana bir mashhur jadidimiz, 1909 yili Lev Tolstoy bilan xat yozishgan Ubaydulla Asatillaxo‘jayev Moskvada “chaquv” bilan qo‘lga olinib, “Butirka”ga qamoqqa tashlangan edi. Bir yil o‘tar-o‘tmas, Toshkentda Munavvarqori qamoqda o‘tirib chiqdi. 1921 yili Fitrat va uning bir qator safdoshlari masalasi RKP(b) MK Siyosiy byurosida ko‘rilib, Stalinning bevosita ko‘rsatmasi bilan Buxorodan badarg‘a qilingan edilar. Hatto Qarshiga Behbudiy nomi berilgan o‘sha 1926 yili Abdulla Qodiriy qamalib, Cho‘lpon va Fitratga hujjat tayyorlab qo‘yilgan edi. 1931 yili esa, ilk qatag‘onlar boshlandi. Behbudiy nomi tobora kam tilga olina boshladi. Mash’um 37-yili esa, tamoman xotiradan o‘chirildi.
Biroq uni qalblardan o‘chirib bo‘lmadi. Mustaqillikni qo‘lga olishimiz bilan “esimizga tushgan” birinchi ma’rifatchimiz Behbudiy bo‘ldi. Uning esimizga birinchilardan bo‘lib tushishining sabablaridan biri shuki, u ko‘targan masalalar Vatan va Xalq taqdiri, millatimizning hayot-mamoti bilan bog‘liq masalalar ekan. Insoniyat, umumiy emas, konkret tushuncha ekan. U millatlar qiyofasida namoyon ekan. Har bir millat jahon hamjamiyatining teng va to‘laqonli a’zosi bo‘lmog‘i uchun taraqqiy topmog‘i, haqini ajratib olmog‘i uchun bilim va ma’rifatga ega bo‘lmog‘i lozim ekan.
Behbudiyning butun faoliyati va ijodi shunga qaratilgan edi.
Taqdir unga Turkiston jadidchilik harakatining rahnamosi bo‘lishdek sharaf va mas’uliyatni nasib etdi. Ismoilbek birinchi marotaba Samarqandga kelib, ilk usuli jadid maktabi ochgach, birga olib kelgan shogirdi Majid G‘anizodaning 40 kunlik darsini kuzatgan va ushbu ishga bel bog‘lagan 1893 yilda —fojiona o‘ldirilgan 1919 yilga qadar bo‘lgan 26 yillik faoliyati Vatan va Millatga xizmat qilishning betimsol namunasidir.
Behbudiy, birinchi navbatda, muallim edi. Turkistondagi yangi maktablarning nazariyotchisi va amaliyotchisi edi. U o‘zining qizg‘in ijodiy va amaliy faoliyati bilan millat muallimi, Turkistonning ma’naviy rahnamolaridan biri darajasiga ko‘tarildi.
Behbudiy buyuk ma’rifatchi edi. Ma’rifat shunchaki bir ilm-fan va uni targ‘ib qilish-u, ma’rifatchi shularni bajaruvchi, degani emas. Tarix ilm-fanni qoyilmaqom egallagan, lekin osmondagi chaqinday besamar ketgan yoxud yashin bo‘lib, obod yerni barbod etgan o‘nlab, hatto yuzlab daholarni biladi. Ma’rifat ilm-fanning qalblarga bergan ziyosidir. Bu ziyo yoquvchi emas, yorituvchidir.
Behbudiy chinakam millatparvar edi. U hech qachon o‘z millatini boshqa bir millatga qarshi qo‘ymagan, aksincha, dunyodagi barcha millatlarga, shu jumladan, Rus va Ovro‘po millatlariga mehr va muhabbat bilan qaragan keng fikrli ma’rifatchi edi. U tilni, shu jumladan, Ovro‘po tillarini ilm-fan kaliti deb hisobladi. “Ikki emas, to‘rt til lozim” deb chiqdi. Har bir turkistonlik o‘z ona tilidan tashqari fors, arab, rus, hatto fransuz tilini bilmog‘i kerak, aks holda dunyo bilan barobar yashab bo‘lmaydi, degan fikrda edi.
U millat ravnaqi uchun universitetlar lozimligini dil-dildan his qildi. 1918 yili Toshkentda ochilgan Turkiston musulmon dorulfununini chin yurakdan tabrik etdi. O‘sha yili Samarqandda uning sho‘‘basini ochib, bugungi Milliy universitetimizning maydonga kelishida o‘zining munosib hissasini qo‘shdi.
Behbudiy tarixni tarbiyaning buyuk vositasi deb bildi. Milliy shuurni tarix shuuridan, o‘zlikni tanishni tarixni tanishdan izladi. Tarix bilan bog‘lovchi qadim an’analarimizni mahkam ushladi. “Qabilasining ismini va yetti otasining otini bilmaydiganlarni “qul” “marquq” derlar”, deb yozdi. U millatning sha’nini har narsadan baland tutdi. Kelgindi to‘ralar Turkiston xalqining qadim jahoniy shuhratini eslatib turuvchi nomini tilga olishni o‘zlariga ep ko‘rmay, “sarti”,”tuzemsi” deb ataganlarida buni haqorat bildi, matbuotda qizg‘in bahslar uyushtirib, millat sha’nini, nom-nomusini himoya qildi. N.Ostroumovning rasman “fitnachilik”, “siyosiy ig‘vogarlik” kabi ayblovlariga qaramay, boshini garovga qo‘yib, millatni o‘z oti bilan atamoqliklarini talab qilib chiqdi.
Jadidchilikning bosh g‘oyalaridan biri millatni uyg‘otmoq, uni yangi turmushga tayyorlamoq edi. Bu degani jaholat va nodonlikka, xurofot va bid’atga qarshi kurashmoq edi. So‘nggi to‘rt asrlik tanazzul va, ayniqsa, rus istilosi tufayli o‘zining zakiylik, shijoatlilik, tirishqoqlik, topag‘onlik, ahillik, mehnatsevarlik, xushaxloqlik, ayniqsa, erk va bilimga chanqoqlik kabi asliy xususiyatlarini yo‘qotib, o‘z-o‘zini mahv etib borayotgan millatni uyg‘otish, unga o‘zligini anglatish kerak edi. Uni kundan-kun xor va zalil qilayotgan “kim o‘zarga” to‘ylardan, aqidaparstlikdan, “Madaniyat” niqobi ostida kirib kelayotgan “vahshiylik”dan saqlamoq kerak edi. U o‘zining butun ongli faoliyatini shunga qaratdi. Shu yo‘lda qurbon bo‘ldi. Lekin jisman mahv etilgan bo‘lsa-da, uning nomi, millatning nurli istiqboli yo‘lidagi beqiyos xizmatlari bugungi va kelajak avlodlar qalbida mangu yashayajakdir.

«O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2005 yil 4-sonidan olindi.

05

(Tashriflar: umumiy 177, bugungi 1)

Izoh qoldiring