Usmon Azim: Adabiyot yangi iste’dodlarni sog’inib yashaydi

Ashampoo_Snap_2016.09.06_22h11m58s_001_.png    Мен яқин-яқинда ўрнак сифатида мисол келтириладиган бир шоирнинг ижоди билан танишиб чиқдим ва унинг шеърияти “қолиб кетганини”, замонавий шеърият эса жуда ҳам олдинда эканлигини — юксак сифат ўзгариш касб этганини англадим. Аммо бу илдамлашишни барқарор этган шоирлар икки-уч авлод шеърият мухлисларига яхши таниш. Адабиёт эса янги истеъдодларни соғиниб яшайди. Адабиётимизни янги уфқлар сари бошлайдиган янги истеъдодлар керак…

АДАБИЁТ ЯНГИ ИСТЕЪДОДЛАРНИ
СОҒИНИБ ЯШАЙДИ…
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим билан суҳбат
043

DSCN3574.jpg— Устоз, ўзаро суҳбатларда ҳам, ижодий учрашувларда ҳам шунча сув оқиб ўтганига қарамай, ҳарбий хизматда ўтган йилларингизни тез-тез ёдга оласиз.

— Ростини айтсам, ҳарбий хизматни тез-тез эслашимни билмаган эканман. Эҳтимол, сиз қатнашган учрашувларда, суҳбатларда тасодифан шунақа бўлиб қолгандир — умримда кечган хотиралар қаторида, ўрни келганда, ҳарбий хизматни ҳам ёдга олган бўлсам керак. Аммо ҳарбий хизматнинг — ҳаётимдаги айрича бир тажриба сифатида алоҳида ўрни борлигини ва ўзимга ўзимни аён этишга катта ёрдам берганлигини ҳам англайман. Мана, саволингизга жавоб бериш асносида эсимга тушган, баъзи бир тафсилотлар.

Дорилфунун қошидаги ҳарбий кафедрада курсдошлар — ўттизга яқин йигит — барчамиз бирга ўқидик. Бирга лейтенант деган ҳарбий унвон олдик. Дорилфунунни тугатганимиздан сўнг, ҳарбий кафедра танловига мувофиқ бир қисмимиз армияга кетадиган бўлдик. Орамиздан уч киши эса хорижда хизмат қилишга лойиқ кўрилганини, улар орасида мен ҳам борлигимни билдим. Шу кунларда кимлардир қандайдир йўллар билан армияга бормаслик иложини қилганини ҳам сезиб қолдим. Бироқ… ўзимни сезмаганликка олдим. Негадир уялдим. Бу воқеа менга катта ҳаётий дарс эди. Бу дарс феълу атворимдаги бир фазилатни — тўғриликни — тақдир даъватидан бўйин товламай, рўй-рост боришга маҳкум одам эканлигимни ошкор этди. Феълимдаги бу фазилатни йўқотсам, ўзимнинг жуда катта қисмимдан жудо бўлишимни ҳам англадим. Бу феълим, худога шукур, менга панд бергани йўқ. Мардлик — адабиётнинг ҳам улкан қисми эканлигини мудом англаб келдим. Ортга бурилиб қараб, бу феълим мени ижодкор ва инсон сифатида доим маҳкам ушлаб келганини фаҳмлайман. Армия — қаттиққўл. Ўша пайт душман деб қараладиган мамлакатлар чегарасида — Германиянинг шўроларга вассал қисмида эдик. Уруш бўлиб қолгудай бўлса, бизни жангга биринчи бўлиб кирадиганлар сафида машқ қилдиришган. Ҳеч ким аяб ўтирилмаган. Ҳарбий кодим ҳам “01” — билгич ҳарбийлар орасида жуда ҳурматга сазовор рақамлар эди. Кўп нарсани кўрдим. Хориж ҳаётининг ҳам бир четини кузатдим. Ҳарбий турмушнинг ҳам яхши-ёмон томонларини англадим. Ватан соғинчини айтмасам, кўп қийналганим йўқ. Ҳарбий қуролларни ишлатишни аъло даражада ўзлаштирдим. Ҳатто бутун дивизия гранамётчиларини бир ой давомида ўқиб-ўргатишга бош-қош бўлганман. Жисмоний тайёргарлигим эса ҳарбий ишга ўқиган офицерлардан ҳам бир калла баланд эди. Ҳа, мен бошқарган взвод дивизия ҳарбий тайёргарлик бўйича биринчи ўринга лойиқ кўрилганини ҳам энди бир мақтаниб, айтиб қўяй… Ўша кунлар ҳақида хотиралар, мана, ҳозир ёзаётганимда қуйилиб келяпти. Аммо бу хотиралар, зарур бўлса, алоҳида ёзилиши лозимлигини, бу суҳбат жуссасига сиғмаслигини ҳам сезиб турибмиз…

— Бугун адабий нашрларимизда ёш шоирларнинг шеърлари чоп этиляпти. Уларга шеърхон ва шеършунослар томонидан яхши-ёмон баҳолар ҳам берилмоқда. Аммо… Устоз, очиғини айтиш керакки, адабиётимизнинг, шеъриятимизнинг эртаси қандай бўлади, деган ўй ижод аҳли фидойиларининг оромини бузган.

— Менинг ҳам оромим бузилган. Адабиётнинг эртаси нима бўлади, деган саволга жавоб топиш тобора қийинлашиб боряпти. Баъзан узоқ-яқин ўтмишдан тасалли излайман. Достоевский, Толстойлар ижод қилаётган пайтларда ҳам, адабиётнинг ночорлигидан нолишгани; ёки ўзим гувоҳи бўлган кунлар — Ойбек, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Миртемир каби улуғ адиблар дунёдан ўтганда, “энди адабиёт эгасиз қолди”, деган афсусли гаплар айтилгани эсимга тушади ва энг қизиғи… эгасиз қолмаганини мансабдор истеъдодсизлар тўдасининг маза-матрасиз “асар”ларига жавобан Асқад Мухтор, Одил Ёқубов ва Саид Аҳмад каби устозлар муносиб қалам тебратганини; уларнинг ортидан Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи каби ҳозир мумтоз адибларга айланган улуғ ижодкорлар қанот ёзганини ўйлаб, бахтиёр бўламан…

Аммо ҳозирги ташвишланишингиз жуда ўринли. Адабиётга кириб келаётган ёшларнинг ҳам, ёш мухлисларнинг ҳам дидию савияси ҳақида жиддий бош қотиришга тўғри келади. Негадир ёш қаламкашларнинг саводхонлик даражаси, ўқимишлиги ва интеллектуал даражаси пасайган. Бор истеъдодлар негадир бир жойда депсиниб қолаётгандай… Эҳтимол адабиёт ҳам тўлқинсимон ривожланар? Ким билсин? Аммо барибир ўсиш бор. Мен яқин-яқинда ўрнак сифатида мисол келтириладиган бир шоирнинг ижоди билан танишиб чиқдим ва унинг шеърияти “қолиб кетганини”, замонавий шеърият эса жуда ҳам олдинда эканлигини — юксак сифат ўзгариш касб этганини англадим. Аммо бу илдамлашишни барқарор этган шоирлар икки-уч авлод шеърият мухлисларига яхши таниш. Адабиёт эса янги истеъдодларни соғиниб яшайди. Адабиётимизни янги уфқлар сари бошлайдиган янги истеъдодлар керак.

Бугунги кунда, энг ёмони, диднинг пасаяётгани. Бобур Бирбола… Бирбало Қаюм (Узр! Исмлари эсимдан чиқди!) каби адабиётнинг чинакам мухлислари ҳазар қиладиган фирибгарларнинг ишқибозлари университетларнинг филология талабалари орасида ҳам борлиги мени ҳайрон қолдирди. Дидимиз шу қадар пасайдими? Ё талаба танлашимизда қандайдир чалкашлик борми? Наҳотки, адабиёт факультетига, дейлик, катта бир вилоятдан, ёки бир бутун Ўзбекистондан фалонча талабани адабиёт учун муносиб танлаб ололмасак? Ахир, адабиётни яхши кўрадиган ёшлар тўлиб ётибди-ку!

Уч-тўрт ой аввал Сариосиё туманида бўлганимда мактаб ўқувчиларининг шеъриятга ишқибозлигини кўриб, ақлим шошди. Кўз олдимизда учинчи синф ўқувчилари Навоийнинг ғазалларини навбатма-навбат ярим соат ёд — тутилмай, оҳангини ўринлатиб, илҳом билан ўқишди. Кейин катта шеърият кечасида юқори синф ўқувчилари навоийхонлик қилишди. Бир йигитча “Лисон ут-тайр”ни бошдан адоқ ёд билар экан. Жуда кўп ғазал ўқилди. Микрофон атрофини Навоий ҳазратларининг шеърини ўқишга чоғланган ўқувчилар босиб кетди. Улар жуда кўп эди! Биз биттадан шеър ўқишни илтимос қилишга мажбур бўлдик. Аммо барибир баъзиларга навбат етмади. Айтишларича, туманда Навоий шеърларини ёд биладиган ўқувчилар орасида беллашув ўтказилар экан ва улуғ шоиримизнинг етмишта ғазалини ёд билган ўқувчиларгина бу беллашувда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритар экан!.. Бу учрашув ҳеч қачон менинг ёдимдан кўтарилмаса керак! Мен бахтиёр бўлдим! Ахир, Навоийнинг шеърини ўқиётган ўқувчи қайдаю, бирбало Қаюм шеърига ишқибоз шўрлик талаба қайда!

Тошкентга келиб катта актрисамиз Гавҳар Зокировани учратиб қолдим. Дидлигина шу санъаткорни жуда ҳурмат қиламан. У бир гуруҳ ижодкорлар билан Сурхон сафарида бўлиб, Ангор, Шеробод ва Бойсун туманларида учрашувларда қатнашган экан! Гавҳар жуда ҳаяжонланиб, гапира бошлади: “Ҳали сизнинг юртингиздан кўп катта одамлар чиқади! Болаларнинг шеър ўқишларини кўриб, ҳайратга тушдим! Худо Сурхон тарафларга назарини солибди! Ҳали…”. У бизнинг юрт ҳақида тўлиб-тошиб анчагина гапирди. Мен эса, бу болаларнинг дидини осмонга олиб чиққан маорифчи юртдошларимдан фахрланиш лаззатини туйдим. Газетангиз орқали уларга раҳмат айтиб қўймоқчиман! Бундай юксак дидли маорифчилар бор экан, Сурхонда адабиёт мудом гуллаб-яшнайверади, дейлик, Наргиз Одинаева сингари истеъдодлар дунёга келаверади. Хуллас, бу дунёдан бир шоир ва адабиёт мухлиси сифатида барибир умидворман!.. Қаранг, саволингизга жавоб умидсизликдан бошланиб, умид билан тугади.

— Бир ижодий учрашувда: “Шоир шеърда сифатни ишлатмаслиги керак”, — деб таъкидлаган эдингиз. Бу фикрни батафсилроқ изоҳласангиз.

— Шеърнинг бу сирини Ўзбекистонда, назаримда, илк бор мен англаганман. Ўзимизнинг яхши шеърларимизни ва илғор жаҳон шеъриятини ўқиб шу хулосага келганман. Бу хулосага келганимдан кейинги хулосаларим ҳам бу хулосамни мустаҳкамлаган. Аммо шеъриятни тушунтириб бўлмаганидай, ундаги бу ҳодисани ҳам тушунтириш жуда мушкул иш. Фақат шеър тасвир — ҳаракатнинг, нарсанинг, туйғуларнинг тасвири эканлигини эслатиб ўтаман. Унга сифат аралашса, чучмаллик пайдо бўлади. Аслида, бу ҳол математикадаги аксиомага ўхшайди. Аксиома исбот талаб қилмайди-ку! Шеърнинг бу сирини онгости сезги билан ҳис қилиш мумкин, холос. Менинг аксиомам бу ҳодисани тушунтириб бўлмаслигини англашга кучи етадиган, аммо, шу билан бирга, бир кунмас-бир кун бу сирни англайдиган истеъдодлар учун айтилган. Беш-олти йил аввал Иосиф Бродскийнинг бир эссесида худди шу масалага оид бир гапни ўқидим. Шоир ёшлик чоғларида биродари Евгений Рейн (у ҳам каттагина шоир, ниҳоятда билимдон одам) унга шеърда сифатни ишлатмасликни маслаҳат берганини айтади ва йиллар ўтиб, дўстига миннатдорлик билдиради. Сиз ҳам менга, йиллар ўтиб, миннатдорлик билдирсангиз, ажабмас.

— “Эгей денгизи. Алпомиш ва Одиссей” номли шеърингиздаги “Ёдгорнинг дардидан ўсган Телемах” сатри Ҳомернинг машҳур достони, табиийки, унинг “хамиртуриши” асосида яратилган “Улисс” каби асарлар ҳам “Алпомиш”дан “сув ичиши”га ишора қилади. Бу сатр бежиз битилмагани аниқ.

— Мен бу асардаги ўхшашликлар ҳақида “Ҳомер ва Жойс”ни даҳо қилган Алпомиш” деган мақола ёзганман. Бу мақола “Алпомиш” достони байрам қилинаётган пайтда “Тафаккур” журналида номи ўзгарган тарзда босилиб чиққан. Афсуски, мақоладаги Жойсга тегишли ўринлар қисқартирилган… Хуллас, қайтармай айтсам, мен “Одиссей”га “Алпомиш” асос бўлганига қаттиқ ишонаман. Бу гапни мендан ташқари хориждаги тадқиқотчилар ҳам айтиб ўтганлар.

— Адабиёт ҳақида гапиришга ҳақли аксар ижодкорлар ўрнига адабий тужжор, киссавур ва халтурачилар нутқ ирод қилиб, айниқса, ёш китобхонларда сўз санъати ҳақида нотўғри таассурот уйғотаётганига панжа орасидан қараб бўлмайди! Ёки “Қасосни бандаси эмас, парвардигор олади”, деб жўмардлик қилган маъқулми?

— Энди, ука, шундай бўлиб қолди. Улар ҳақида қисман гаплашдик ҳам. Донишманд Асқад Мухтор бир форс шоирининг “Ин ҳам мегузард” — “Бу ҳам ўтади” деган бир сатрини такрор-такрор айтиб, бир шеър ёзган эди! Сиз айтаётган одамлар ўткинчи, дунёга хас каби келиб, хасдай учиб кетаверади. Аммо уларнинг баъзисини сурбетлиги мени лол қолдиради. Бир киссавури (ҳалиги Бирбалоқаюм) бировларнинг сатрларини ўғирлаб, шеърларига бемалол қўшиб юбораверишдан ҳазар қилмайди. У шу қадар пастки, ҳатто ўзининг нақадар беор, беномус эканлигини ҳам ҳис қилмайди! Аммо бу кун бор, эртага йўқ одамлар ҳақида гаплашмайлик. Адабиётнинг куни уларга қолгани йўқ.

— Янги драмалар устида ижод қилаётган экансиз… Бундан ташқари, “Сайланма”ларингиз чоп этилаётган экан. Булар ҳақида элдан бурун хабардор бўлишса, мухлисларингизнинг боши осмонга етган бўлар эди.

— Бу энг қийин савол. Ёзганман. Ёзаяпман. Ёзавераман… Аммо эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Китоблар чиқса, драмалар саҳналаштирилса, хабардор этаман.

— Бахши билан соатлаб ўтирсагу у дўмбира чертиб бермаса, гурунг кемтик бўлади, деганларидай, шоир билан ҳам суҳбатлашсак-да, шеър эшитмасак…

— Бу таклифингизга ҳам кўнамиз.

БАЁНОТ

Худодан қўрқаман фақат.
Фақат ўйлаганимни гапираман.
Гапириб,
олазарак боқмайман атрофга.

Ўйлаганимни ёзаман —
ёлғон сўз киролмас
шеърим чегарасига.
Кимга таъзим этсам —
ҳурмат этганимдан;
кимга таслим эрсам —
яхши кўрганимдан.

Бировдан сўраб,
қадам ташламайман,
шу сабабдан,
қадамим ҳам
мени ташламас.
Яна қайтараман,
Худодан қўрқаман фақат.

Хуллас,
шу тартибда
ўзимга ўзим
рухсат берганман —
одамдай яшашга.

Алибек АНВАРИЙ суҳбатлашди

Манба: “Сурхон ёшлари”, 31 август, 2016 йил

Ashampoo_Snap_2016.09.06_22h11m58s_001a.JPG

ADABIYOT YANGI ISTE’DODLARNI
SOG’INIB YASHAYDI…
O’zbekiston xalq shoiri Usmon Azim bilan suhbat
043

DSCN3527.jpg— Ustoz, o’zaro suhbatlarda ham, ijodiy uchrashuvlarda ham shuncha suv oqib o’tganiga qaramay, harbiy xizmatda o’tgan yillaringizni tez-tez yodga olasiz.

— Rostini aytsam, harbiy xizmatni tez-tez eslashimni bilmagan ekanman. Ehtimol, siz qatnashgan uchrashuvlarda, suhbatlarda tasodifan shunaqa bo’lib qolgandir — umrimda kechgan xotiralar qatorida, o’rni kelganda, harbiy xizmatni ham yodga olgan bo’lsam kerak. Ammo harbiy xizmatning — hayotimdagi ayricha bir tajriba sifatida alohida o’rni borligini va o’zimga o’zimni ayon etishga katta yordam berganligini ham anglayman. Mana, savolingizga javob berish asnosida esimga tushgan, ba’zi bir tafsilotlar.

Dorilfunun qoshidagi harbiy kafedrada kursdoshlar — o’ttizga yaqin yigit — barchamiz birga o’qidik. Birga leytenant degan harbiy unvon oldik. Dorilfununni tugatganimizdan so’ng, harbiy kafedra tanloviga muvofiq bir qismimiz armiyaga ketadigan bo’ldik. Oramizdan uch kishi esa xorijda xizmat qilishga loyiq ko’rilganini, ular orasida men ham borligimni bildim. Shu kunlarda kimlardir qandaydir yo’llar bilan armiyaga bormaslik ilojini qilganini ham sezib qoldim. Biroq… o’zimni sezmaganlikka oldim. Negadir uyaldim. Bu voqea menga katta hayotiy dars edi. Bu dars fe’lu atvorimdagi bir fazilatni — to’g’rilikni — taqdir da’vatidan bo’yin tovlamay, ro’y-rost borishga mahkum odam ekanligimni oshkor etdi. Fe’limdagi bu fazilatni yo’qotsam, o’zimning juda katta qismimdan judo bo’lishimni ham angladim. Bu fe’lim, xudoga shukur, menga pand bergani yo’q. Mardlik — adabiyotning ham ulkan qismi ekanligini mudom anglab keldim. Ortga burilib qarab, bu fe’lim meni ijodkor va inson sifatida doim mahkam ushlab kelganini fahmlayman. Armiya — qattiqqo’l. O’sha payt dushman deb qaraladigan mamlakatlar chegarasida — Germaniyaning sho’rolarga vassal qismida edik. Urush bo’lib qolguday bo’lsa, bizni jangga birinchi bo’lib kiradiganlar safida mashq qildirishgan. Hech kim ayab o’tirilmagan. Harbiy kodim ham “01” — bilgich harbiylar orasida juda hurmatga sazovor raqamlar edi. Ko’p narsani ko’rdim. Xorij hayotining ham bir chetini kuzatdim. Harbiy turmushning ham yaxshi-yomon tomonlarini angladim. Vatan sog’inchini aytmasam, ko’p qiynalganim yo’q. Harbiy qurollarni ishlatishni a’lo darajada o’zlashtirdim. Hatto butun diviziya granamyotchilarini bir oy davomida o’qib-o’rgatishga bosh-qosh bo’lganman. Jismoniy tayyorgarligim esa harbiy ishga o’qigan ofitserlardan ham bir kalla baland edi. Ha, men boshqargan vzvod diviziya harbiy tayyorgarlik bo’yicha birinchi o’ringa loyiq ko’rilganini ham endi bir maqtanib, aytib qo’yay… O’sha kunlar haqida xotiralar, mana, hozir yozayotganimda quyilib kelyapti. Ammo bu xotiralar, zarur bo’lsa, alohida yozilishi lozimligini, bu suhbat jussasiga sig’masligini ham sezib turibmiz…

— Bugun adabiy nashrlarimizda yosh shoirlarning she’rlari chop etilyapti. Ularga she’rxon va she’rshunoslar tomonidan yaxshi-yomon baholar ham berilmoqda. Ammo… Ustoz, ochig’ini aytish kerakki, adabiyotimizning, she’riyatimizning ertasi qanday bo’ladi, degan o’y ijod ahli fidoyilarining oromini buzgan.

— Mening ham oromim buzilgan. Adabiyotning ertasi nima bo’ladi, degan savolga javob topish tobora qiyinlashib boryapti. Ba’zan uzoq-yaqin o’tmishdan tasalli izlayman. Dostoevskiy, Tolstoylar ijod qilayotgan paytlarda ham, adabiyotning nochorligidan nolishgani; yoki o’zim guvohi bo’lgan kunlar — Oybek, G’afur G’ulom, Shayxzoda, Mirtemir kabi ulug’ adiblar dunyodan o’tganda, “endi adabiyot egasiz qoldi”, degan afsusli gaplar aytilgani esimga tushadi va eng qizig’i… egasiz qolmaganini mansabdor iste’dodsizlar to’dasining maza-matrasiz “asar”lariga javoban Asqad Muxtor, Odil Yoqubov va Said Ahmad kabi ustozlar munosib qalam tebratganini; ularning ortidan Abdulla Oripov, Shukur Xolmirzaev, Rauf Parfi kabi hozir mumtoz adiblarga aylangan ulug’ ijodkorlar qanot yozganini o’ylab, baxtiyor bo’laman…

Ammo hozirgi tashvishlanishingiz juda o’rinli. Adabiyotga kirib kelayotgan yoshlarning ham, yosh muxlislarning ham didiyu saviyasi haqida jiddiy bosh qotirishga to’g’ri keladi. Negadir yosh qalamkashlarning savodxonlik darajasi, o’qimishligi va intellektual darajasi pasaygan. Bor iste’dodlar negadir bir joyda depsinib qolayotganday… Ehtimol adabiyot ham to’lqinsimon rivojlanar? Kim bilsin? Ammo baribir o’sish bor. Men yaqin-yaqinda o’rnak sifatida misol keltiriladigan bir shoirning ijodi bilan tanishib chiqdim va uning she’riyati “qolib ketganini”, zamonaviy she’riyat esa juda ham oldinda ekanligini — yuksak sifat o’zgarish kasb etganini angladim. Ammo bu ildamlashishni barqaror etgan shoirlar ikki-uch avlod she’riyat muxlislariga yaxshi tanish. Adabiyot esa yangi iste’dodlarni sog’inib yashaydi. Adabiyotimizni yangi ufqlar sari boshlaydigan yangi iste’dodlar kerak.

Bugungi kunda, eng yomoni, didning pasayayotgani. Bobur Birbola… Birbalo Qayum (Uzr! Ismlari esimdan chiqdi!) kabi adabiyotning chinakam muxlislari hazar qiladigan firibgarlarning ishqibozlari universitetlarning filologiya talabalari orasida ham borligi meni hayron qoldirdi. Didimiz shu qadar pasaydimi? YO talaba tanlashimizda qandaydir chalkashlik bormi? Nahotki, adabiyot fakul`tetiga, deylik, katta bir viloyatdan, yoki bir butun O’zbekistondan faloncha talabani adabiyot uchun munosib tanlab ololmasak? Axir, adabiyotni yaxshi ko’radigan yoshlar to’lib yotibdi-ku!

Uch-to’rt oy avval Sariosiyo tumanida bo’lganimda maktab o’quvchilarining she’riyatga ishqibozligini ko’rib, aqlim shoshdi. Ko’z oldimizda uchinchi sinf o’quvchilari Navoiyning g’azallarini navbatma-navbat yarim soat yod — tutilmay, ohangini o’rinlatib, ilhom bilan o’qishdi. Keyin katta she’riyat kechasida yuqori sinf o’quvchilari navoiyxonlik qilishdi. Bir yigitcha “Lison ut-tayr”ni boshdan adoq yod bilar ekan. Juda ko’p g’azal o’qildi. Mikrofon atrofini Navoiy hazratlarining she’rini o’qishga chog’langan o’quvchilar bosib ketdi. Ular juda ko’p edi! Biz bittadan she’r o’qishni iltimos qilishga majbur bo’ldik. Ammo baribir ba’zilarga navbat yetmadi. Aytishlaricha, tumanda Navoiy she’rlarini yod biladigan o’quvchilar orasida bellashuv o’tkazilar ekan va ulug’ shoirimizning yetmishta g’azalini yod bilgan o’quvchilargina bu bellashuvda qatnashish huquqini qo’lga kiritar ekan!.. Bu uchrashuv hech qachon mening yodimdan ko’tarilmasa kerak! Men baxtiyor bo’ldim! Axir, Navoiyning she’rini o’qiyotgan o’quvchi qaydayu, birbalo Qayum she’riga ishqiboz sho’rlik talaba qayda!

Toshkentga kelib katta aktrisamiz Gavhar Zokirovani uchratib qoldim. Didligina shu san’atkorni juda hurmat qilaman. U bir guruh ijodkorlar bilan Surxon safarida bo’lib, Angor, Sherobod va Boysun tumanlarida uchrashuvlarda qatnashgan ekan! Gavhar juda hayajonlanib, gapira boshladi: “Hali sizning yurtingizdan ko’p katta odamlar chiqadi! Bolalarning she’r o’qishlarini ko’rib, hayratga tushdim! Xudo Surxon taraflarga nazarini solibdi! Hali…”. U bizning yurt haqida to’lib-toshib anchagina gapirdi. Men esa, bu bolalarning didini osmonga olib chiqqan maorifchi yurtdoshlarimdan faxrlanish lazzatini tuydim. Gazetangiz orqali ularga rahmat aytib qo’ymoqchiman! Bunday yuksak didli maorifchilar bor ekan, Surxonda adabiyot mudom gullab-yashnayveradi, deylik, Nargiz Odinaeva singari iste’dodlar dunyoga kelaveradi. Xullas, bu dunyodan bir shoir va adabiyot muxlisi sifatida baribir umidvorman!.. Qarang, savolingizga javob umidsizlikdan boshlanib, umid bilan tugadi.

— Bir ijodiy uchrashuvda: “Shoir she’rda sifatni ishlatmasligi kerak”, — deb ta’kidlagan edingiz. Bu fikrni batafsilroq izohlasangiz.

— She’rning bu sirini O’zbekistonda, nazarimda, ilk bor men anglaganman. O’zimizning yaxshi she’rlarimizni va ilg’or jahon she’riyatini o’qib shu xulosaga kelganman. Bu xulosaga kelganimdan keyingi xulosalarim ham bu xulosamni mustahkamlagan. Ammo she’riyatni tushuntirib bo’lmaganiday, undagi bu hodisani ham tushuntirish juda mushkul ish. Faqat she’r tasvir — harakatning, narsaning, tuyg’ularning tasviri ekanligini eslatib o’taman. Unga sifat aralashsa, chuchmallik paydo bo’ladi. Aslida, bu hol matematikadagi aksiomaga o’xshaydi. Aksioma isbot talab qilmaydi-ku! She’rning bu sirini ongosti sezgi bilan his qilish mumkin, xolos. Mening aksiomam bu hodisani tushuntirib bo’lmasligini anglashga kuchi yetadigan, ammo, shu bilan birga, bir kunmas-bir kun bu sirni anglaydigan iste’dodlar uchun aytilgan. Besh-olti yil avval Iosif Brodskiyning bir essesida xuddi shu masalaga oid bir gapni o’qidim. Shoir yoshlik chog’larida birodari Yevgeniy Reyn (u ham kattagina shoir, nihoyatda bilimdon odam) unga she’rda sifatni ishlatmaslikni maslahat berganini aytadi va yillar o’tib, do’stiga minnatdorlik bildiradi. Siz ham menga, yillar o’tib, minnatdorlik bildirsangiz, ajabmas.

— “Egey dengizi. Alpomish va Odissey” nomli she’ringizdagi “Yodgorning dardidan o’sgan Telemax” satri Homerning mashhur dostoni, tabiiyki, uning “xamirturishi” asosida yaratilgan “Uliss” kabi asarlar ham “Alpomish”dan “suv ichishi”ga ishora qiladi. Bu satr bejiz bitilmagani aniq.

— Men bu asardagi o’xshashliklar haqida “Homer va Joys”ni daho qilgan Alpomish” degan maqola yozganman. Bu maqola “Alpomish” dostoni bayram qilinayotgan paytda “Tafakkur” jurnalida nomi o’zgargan tarzda bosilib chiqqan. Afsuski, maqoladagi Joysga tegishli o’rinlar qisqartirilgan… Xullas, qaytarmay aytsam, men “Odissey”ga “Alpomish” asos bo’lganiga qattiq ishonaman. Bu gapni mendan tashqari xorijdagi tadqiqotchilar ham aytib o’tganlar.

— Adabiyot haqida gapirishga haqli aksar ijodkorlar o’rniga adabiy tujjor, kissavur va xalturachilar nutq irod qilib, ayniqsa, yosh kitobxonlarda so’z san’ati haqida noto’g’ri taassurot uyg’otayotganiga panja orasidan qarab bo’lmaydi! Yoki “Qasosni bandasi emas, parvardigor oladi”, deb jo’mardlik qilgan ma’qulmi?

— Endi, uka, shunday bo’lib qoldi. Ular haqida qisman gaplashdik ham. Donishmand Asqad Muxtor bir fors shoirining “In ham meguzard” — “Bu ham o’tadi” degan bir satrini takror-takror aytib, bir she’r yozgan edi! Siz aytayotgan odamlar o’tkinchi, dunyoga xas kabi kelib, xasday uchib ketaveradi. Ammo ularning ba’zisini surbetligi meni lol qoldiradi. Bir kissavuri (haligi Birbaloqayum) birovlarning satrlarini o’g’irlab, she’rlariga bemalol qo’shib yuboraverishdan hazar qilmaydi. U shu qadar pastki, hatto o’zining naqadar beor, benomus ekanligini ham his qilmaydi! Ammo bu kun bor, ertaga yo’q odamlar haqida gaplashmaylik. Adabiyotning kuni ularga qolgani yo’q.

— Yangi dramalar ustida ijod qilayotgan ekansiz… Bundan tashqari, “Saylanma”laringiz chop etilayotgan ekan. Bular haqida eldan burun xabardor bo’lishsa, muxlislaringizning boshi osmonga yetgan bo’lar edi.

— Bu eng qiyin savol. Yozganman. Yozayapman. Yozaveraman… Ammo ertaga nima bo’lishini hech kim bilmaydi. Kitoblar chiqsa, dramalar sahnalashtirilsa, xabardor etaman.

— Baxshi bilan soatlab o’tirsagu u do’mbira chertib bermasa, gurung kemtik bo’ladi, deganlariday, shoir bilan ham suhbatlashsak-da, she’r eshitmasak…

— Bu taklifingizga ham ko’namiz.

BAYONOT

Xudodan qo’rqaman faqat.
Faqat o’ylaganimni gapiraman.
Gapirib,
olazarak boqmayman atrofga.

O’ylaganimni yozaman —
yolg’on so’z kirolmas
she’rim chegarasiga.
Kimga ta’zim etsam —
hurmat etganimdan;
kimga taslim ersam —
yaxshi ko’rganimdan.

Birovdan so’rab,
qadam tashlamayman,
shu sababdan,
qadamim ham
meni tashlamas.
Yana qaytaraman,
Xudodan qo’rqaman faqat.

Xullas,
shu tartibda
o’zimga o’zim
ruxsat berganman —
odamday yashashga.

Alibek ANVARIY suhbatlashdi

Manba: “Surxon yoshlari”, 31 avgust, 2016 yil

045

(Tashriflar: umumiy 382, bugungi 1)

Izoh qoldiring