Неча вақтдан бери Бахтинисо шеърларини кутиб юрдим. Ўша Тошкентда даво излаб келган кунларида шеърларини эълон қилганимдан буён кутаман. Унга » бирор марта «Шеър юборинг» деб ёзмадим. Фақат кутдим. Унинг Тошкент журналларида босилаётган ҳиссиз шеърларга ўхшамаган шеърларини кутдим. Бугун, ниҳоят, шоира қизимдан мактуб олдим: Ассалому алайкум, қадрли Устоз Хуршид Даврон. Саломатмисиз? Сизга янги шеърларимдан юборяпман. Маъқул бўлармикин? Кутубхонангизни кузатиб боряпман. Ишикава Такубоку ижодидан ҳайратланяпман. Катта дунёларни 2-3 сатрга бемалол сиғдира олганига қойилман. Сиздан миннатдорман! Маънавий озуқа улашишда толманг!
Чексиз ҳурмат ва самимият ила чироқчилик синглингиз Бахтинисо».
Ўзим кутган шеърларни сизгаям мамнуният билан тақдим этмоқдаман.
Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири
Бахтинисо МАҲМУДОВА
ДИЛНОМА
***
Бир гўзал қўшиқлар куйлагим келар,
Нигоҳлари сўлим, оҳанги сокин.
Лек сингиб қўйгандир менга шамоллар,
Юрагимда шовқин, руҳимда шовқин.
Бу илҳақ овозлар кимларнинг исми?
Ҳаёт қайси дилдан чалаяпти бонг?
Ҳаддидан ўтолмай, кунларимгамас,
Тушларимга шошиб кираяпти тонг.
Мен ҳам шошаяпман, бетоқат, бесўз,
Қадамин тезлатар кўзимдаги ёш.
Фақат… кетмаса-ю боғлардан баҳор,
Ботгани шошмаса бўлдийди қуёш.
Турналар қайтади, ҳа, улар қайтар,
Келарим, кетарим бир йўл менинг ҳам.
Сени ўз ҳолингча кўрмасин дунё,
Юзингни бекитгин, бекит, пешонам.
Бир гўзал қўшиқлар куйлагим келар…
***
Агарда қайтмасам…
Кузги боғларга
Бир насим бўламан, чекинар оғриқ.
Кўзимнинг олдида юксаласан сен,
Кўзимнинг олдида улғаяр борлиқ.
Мен сингиб бораман майсага, ерга,
Қайғулар кўксимни топтамас бевақт.
Менинг юрагимда чайқалар дунё,
Менинг овозимда чучкирар дарахт.
Агарда қайтмасам,
Қайтолмасам мен,
Яна жим кетаман нурафшон бўлиб.
Бир ичкин нолада, эзгин нолада
Кўзларим қайтади намозшом бўлиб..
***
Заминнинг кўзига жойлашганимда,
Юрагимни тутса, қушлар кўз ёши.
Менинг бенаф, бедод оғриқларимдан
Айланиб кетганда дунёнинг боши.
Мезонлари менга-сафарга чиқса,
Ёдимнинг кўнглида чалкашаверса.
Дарахт одам бўлиб, сабо тилида
Нафасларим билан гаплашаверса.
Дард ёмғирдай юзга тўкилганида
Бошимни силаса Айюб бардоши.
Мажнуна ҳислардан илтифот кутиб,
Ғашланиб ботганда руҳим қуёши,
Сиз етиб келасиз орзулар билан…
1 ДЕКАБРЬ
Ҳолимдан бехабар ўтади қуёш,
Зиёга тўлдириб кошонасини.
Осмон шарқу ғарбнинг кўксини кесиб,
Қонлайверар уфқнинг пешонасини.
Қушлар-табиатнинг эркаларига
Юрагини тутиб қолар дарахтлар.
Ариқнинг бўйида мизғиган шамол
Энг сўнгги майсани бир-бир варақлар.
Бунда ҳар не сокин, ҳар не осойиш,
Бемалол ярашар ёнмоқ ҳам куймоқ.
Недандир бир илинж ахтарар хазон,
Нечундир руҳимни бўғади қийноқ…
Шошилиб йиғлайди кечиккан ёмғир,
Кузги чорбоғларга айланар армон.
Тўрт фасл тўзғиган азобинг билан,
Кўнглимга тўкилиб қолдинг, Дунёжон!
***
Сендан кетдим…
Изимни ёмғирлар ўчириб кетди.
Қалбимда бир совуқ бўрон турди-ю,
Онам рўмолини учириб кетди.
Вақт-дармон, дебдилар, аммо сезмадим,
Ёки сафарига қилмадим тоқат.
Мана ҳаётлигим билдирар ҳамон,
Менинг чап кўксимда занглаган соат.
Гоҳо эзгин ҳислар этганида банд,
Гоҳ кўнгил бўлганда вужудга бешик.
Ва шундай оғриниб ортимга боқсам,
Мени чорламагин, бекилган эшик!
***
Борлиқ шовуллади тун бўйи,
Чўчиб тушди шамол-дарбадар.
Ҳисларини тўкди мажнунтол,
Тўлган паймонаси баробар.
Уфқларни сарсон кезди ой,
Юлдузлари ботди ёшига.
Бойўғлилар қўнди беармон
Япроқларнинг дилбар тушига.
На ўкинди, на кулди замин,
Лаҳзалари кечилмади тинч.
Фиғон чекди майсаларининг
Юрагига айланган соғинч.
Борлиқ шовуллади тун бўйи,
Чўчиб тушди кўнглим-дарбадар.
Тўкилмоқлик қўшиғин тинглаб,
Йиғлаб берди то тонгга қадар.
***
Настаринлар гулини тўкса,
Ғам чекасан: «Ҳаёт-бешафқат!»
Дарахтларга қарайсан ўксиб,
Юрагимга боқмагин фақат.
Ахир, куннинг ботиши тайин,
Офтобида яшаб қол бир дам.
Онам, дардинг қандай олайин,
Гулламасдан тўкилган бўлсам?!
“СЕН-МЕН ЙИҒЛОЛМАГАН ЙИҒИСАН” ТУРКУМИДАН
***
Мен — саҳарман, мен — шомман,
Мен — баҳорман, мен — кузман.
Ўпкалама, ранжима,
Гоҳ кеча, гоҳ кундуздан.
Лаҳзалар шундай ғамгин,
Лаҳзалар шундай шодон.
Фасллар ҳорғин-ҳорғин,
Ўйчан-ўйчан тўрт томон.
Уфқларингга тикилсам,
Кўзларим ёшланади.
“Яшаш мумкин жой борми?!”
Юрагим фошланади.
Кўзларингдан айланай,
Жоним менинг, муҳаббат.
Йиғимда сарсон кезган
Ҳолим менинг, муҳаббат.
Қисматнинг оҳангига
Осон тушиб бўлмайди.
Жанглар кетса, руҳингга
Оғу қўшиб бўлмайди.
Муҳаббат, жон муҳаббат,
Дунёйим тўла тилсим.
Ўпкалама, ранжима,
Сендан олдин йиқилсам.
Отам турган томонлар,
Онам юрган довонлар
Менга олис кўринар,
Менга ожиз кўринар,
Кифтлари тўла бахтлар,
Кафтлари тўла нақдлар
Менга ҳиссиз туюлар,
Менга изсиз туюлар,
Ўзимга келган кўнглим,
Ўзимдан келган кўнглим
Сенга қадар кетгандай,
Мангу бадар кетгандай.
Кўзларингдан айланай,
Жоним менинг, муҳаббат.
Оғриқларим, шонларим,
Борим менинг, муҳаббат.
Ўпкалама, ранжима…
***
Сен бунча кечикдинг…
Мен бунча толдим…
Шунчалик бўлурми интизорлик ҳам?!
Бўғзимда адашди манзилсиз йиғи,
Кўксимга туташди сарғайган соям.
Айтиб айтолмадим дилимдагини,
Қайтиб қайтолмадим ўтмишга тугал.
Фақат… кўзларингда келади ўлгим,
Фақат… йўлларингга қарайман маҳтал.
Сен бунча кечикдинг,
Мен бунча толдим,
Бунчалар жонимни асрар Худойим!
Нечун бунча сарсон этяпти мени,
Ҳаёти сеники бўлган дунёйим?!
***
Йиллар тўкаверди оҳорларимни,
Йўлларда қаритди баҳорларимни.
Бир-бир қабартириб қарорларимни
Сен қаён борурсан, муродим?
Шамоллар қўлида ситилди умрим,
Намозшом йўл қараб титилди умрим.
Сўнг… туннинг тўрига тутилди умрим,
Сен қаён борурсан, муродим?
Осмонлар бағрида мунглар бор эмиш,
Оқшомлар қаърида жанглар бор эмиш.
Фақатки, ғамларда тонглар бор эмиш,
Сен қаён борурсан, муродим?
Номурод эртаклар ўқиди отам,
Номурод эртаклар тўқиди онам.
Шундоқ кўзларимга йиқилди олам,
Сен қаён борурсан, муродим?
Кимнидир соғиниб, ёниб боряпман,
Ишқимга, ашкимга қониб боряпман.
Ўзимдан… ва сендан тониб боряпман,
Сен қаён борурсан, муродим?
***
Дардлар келди булут бўлиб,
Даво мени тушунгайму?
Кетолмадим сукут бўлиб,
Наво мени тушунгайму?
Дилни “дўст”га бориб айтдим,
Аламимни ёриб айтдим.
Юзин бурди. Ҳориб қайтдим,
Хато мени тушунгайму?
Кетсанг, тўрт ён-йўл, дедилар,
Сендан безган мўл, дедилар.
Гиналарни қўй, дедилар,
Вафо мени тушунгайму?
Кўзларимга тугди тугун,
Эрталарим келди бугун.
Руҳим боғин кузлатган ул
Садо мени тушунгайму?
Худо, дейман, кўкка боқиб,
“Мени чақир, борай оқиб…”
Юрагини ойда ёқиб,
Само мени тушунгайму?
***
Холиёр акам Сафаровга
Йиллар келар, умр билан қўлтиқлашиб,
Фолга тушмас асрорлари кетиб борар.
Умидлари остонада йўл тиклашиб,
Минор қурар. Деворлари кетиб борар.
Дард мангудай ишқнинг кўз-у қошларида,
Бир телбани куйдирар қуёшларида.
Лек у мастнинг кўздан оққан ёшларида
Қалқиб-қалқиб мозорлари кетиб борар.
“Яшолмайман, энди ёрсиз тирик бўлиб!”-
Ошиқ ёнар оловларга шерик бўлиб.
Куни келса, дарё-дарё чирик бўлиб,
Дунё-дунё қарорлари кетиб борар.
Бўзтўрғайлар бўзлаб-бўзлаб келаверар,
Чумчуқ чинни кўзлаб-кўзлаб келаверар.
Қарға қариб, музлаб-музлаб келаверар,
Дили чўккан чинорлари кетиб борар.
Юки оғир карвон бўлмоқ осон эмас,
Арзондир-у армон бўлмоқ осон эмас.
Ақл руҳга сарбон бўлмоқ осон эмас,
Ўздин олдин иқрорлари кетиб борар.
Бахт растаси. Ким берида, ким нарида,
Ғам хариди- кун юзида, тун қаърида.
Нурдан қадоқ тиланчининг қўлларида
“Об колинг!” деб бозорлари кетиб борар.
Тириклик-дон, чумолининг оғзидаги,
Яшамоқ-ой, зил юракнинг бўғзидаги.
Ярми зулмат, ярми зиё кўксидаги-
Кузнинг рангин ифорлари кетиб борар.
Тан олмаса, хазонларни кўклам боғи,
Сомон тусда юзларига қўнар доғи.
Сочда қиров, бармоқларда асо чоғи,
Эгик қадда инкорлари кетиб борар.
Кўнглим қушдай ғуборларга учиб борар,
Гулчеҳрали озорларга кўчиб борар.
Ҳаққа ҳурлар диёрини кечиб борар,
Ака, қаранг, мени шоир қиламан, деб,
Йўлагимнинг баҳорлари кетиб борар,
Юрагимнинг оҳорлари кетиб борар.
Йиллар келар, умр билан қўлтиқлашиб…
ДАЛА ҚЎРИҚЧИСИГА
Сен — дунёнинг ёлғиз ўғли,
Мушфиқ онанг — яйдоқ дала.
Кўрганларинг тўртта фасл,
Топганларинг оқ-у қора.
Сенга рақиб қилиб қўйиб,
Зоғчаси-ю чумчуғини,
Ёнгинангдан ўтар ҳаёт,
Айлантириб урчуғини.
Йиллар сабринг синайверар,
Ҳаддингдан ҳеч ўтмагансан.
Вафо бирла падарингдан,
Волидангдан кетмагансан.
Рўё бўлди умрим менинг,
Отам-биров, онам-ҳеч ким.
Тўкилмадим йўлларига,
Мен кимман, айт, айт, қўриқчим?
Ой бўзлади тун ичида,
Бехос гуллаб кетди камим.
Тонг кузлаган у кечадан
Мен ўзимга ўзим ғаним.
Сен бошқасан, мен ўзгаман,
Қочолмайман ўйларимдан.
Жулдурларинг афзал экан,
Баҳор кийган кўйлагимдан.
Арзонлашиб борар жоним,
Диёнатдан сабоқ бергин.
Зилол оқиб борай Ҳаққа,
Кўзларимга чироқ бўлгин.
Синглинг бўлай, менга ўргат,
Ғамларга ҳам жим туришни.
Заминнинг қоқ ўртасида
Юрак бўлиб уришни.
Арзонлашиб борар жоним,
Диёнатдан сабоқ бергин.
Зилол оқиб борай Ҳаққа,
Кўзларимга чироқ бўлгин.
***
Рангин тушлар кўринг, азизим,
Рангин бўлсин дунёларингиз.
Меникидир оқ ва қоралар,
Меникидир энди ёдингиз.
Энди менман хатодан адо,
Энди мен- энг тоза жазоман.
Сиз ранжиманг, тушунинг, ахир
Мен бахт эмас, Бахтинисоман.
Гоҳ бездирса, оқ-у қоралар,
Дил йиғласа мендан нарида.
Рангин қўшиқ куйласангиз бас,
Юрагимнинг қиблаларида.
***
“Туркияда қолишни истамайман. Ўзбекистонга бориб яшамоқчиман. Менга ёрдам беринглар!..”
Толгай Али Арслан
Толгай, Ўзбекистон чиндан жаннатдир,
Қуш каби яшайсиз келсангиз, Толгай.
Лекин сиз кетсангиз, дўстингиз кетса,
Айтинг, Ватанингиз кимга суянгай?
Кўргуликлар бисёр менинг момомда,
Қирғинбаротлардан эзилган тани.
Айтар: “Белбоғлилар кўп бўлса элда,
Тупроқ топталмайди, Ватан ўлмайди!”
Тунов кун йўқолди битта жўжамиз,
“Тулки олиб кетган!”- онам йиғлаган.
Қўлга ҳивчин олиб, тўнинг ёпиниб,
Катакнинг ёнида ухлади укам.
Саҳар туриб ўзин уйда кўрди-ю,
Кўп тўполон қилди, қичқирди атай:
“Энди мени тулки қўрқоқ деб ўйлар!”..
Негадир юрагим йиғлади, Толгай.
Чунки улғайганди кўзида Ватан,
Чунки унга шу юрт дахлдор эди.
Чунки юрагида ўзидан улкан,
Ўзидан ўзган ор-ғурур бор эди.
Келсангиз, уйимиз тўри сизники,
Ош-нон ҳам берамиз, қорнингиз тўйгай.
Фақат… ичингизда кечган жанглардан
Қаерларга қочиб кетасиз, Толгай?!
***
Наргиз опамга
Мен кўп бор тингладим оҳангларингни,
Кўнглингни кўнглимдай ёдладим охир.
Сен ҳақда ўйласам: бир таниш кимса
Оқсоқланиб ўтиб борар руҳимдан-
Нотаниш тонгларда, чекиб хавотир.
Шамол бўлгим келар Сурхон ёқларда,
Кулгунгнинг лойига ботгим келади.
Изтиробларингни қилиб томоша,
Осмон кўз-ёшидан унган дарахтдай,
Йиғингнинг таъмини тотгим келади.
Ҳаётим-симлари узилган дутор,
Айтгин, қай жарангда менинг куйларим?
Бир жоним етмасов авжига дея,
Армон, ҳижрон, ишқнинг ноталарида
Мен ёниб куйладим, куйиб куйладим.
Сенинг таърифингга етмас журъатим,
Мен фақат дейманки, сенга чўкиб тиз:
“Кўнглингни, умрингни нуратма, ойқиз…”
Сўзлари маъсума, куйлари маҳзун-
Сен мен айтолмаган қўшиқсан, Наргиз!
***
Мен барига кўндим…
Ойдин фасллар
Кўзимга ажинлар солиб ўтади.
Нечун бир дил истаб бошимни қўйсам,
Туннинг елкалари толиб ўтади?!
Мен барига кўндим,
Эшик очилар,
Мен интиқ шамоллар келмайди кириб.
Гарчи, остонамда гуллар қадамлар,
Гарчи, томонларни оламан териб.
Мен барига кўндим,
Ҳаммаси яхши,
Ҳаммаси жойида,
Ғам йўқ ғамимга.
Фақатки, юрагим… беҳузур, бешон,
Минг йилки, кўникмас кўникканимга.
Мен барига кўндим…
Necha vaqtdan beri Baxtiniso she’rlarini kutib yurdim. O’sha Toshkentda davo izlab kelgan kunlarida she’rlarini e’lon qilganimdan buyon kutaman. Unga » biror marta «She’r yuboring» deb yozmadim. Faqat kutdim. Uning Toshkent jurnallarida bosilayotgan hissiz she’rlarga o‘xshamagan she’rlarini kutdim. Bugun, nihoyat, shoira qizimdan maktub oldim: Assalomu alaykum, qadrli Ustoz Xurshid Davron. Salomatmisiz? Sizga yangi she’rlarimdan yuboryapman. Ma’qul bo‘larmikin? Kutubxonangizni kuzatib boryapman. Ishikava Takuboku ijodidan hayratlanyapman. Katta dunyolarni 2-3 satrga bemalol sig‘dira olganiga qoyilman. Sizdan minnatdorman! Ma’naviy ozuqa ulashishda tolmang!
Cheksiz hurmat va samimiyat ila chiroqchilik singlingiz Baxtiniso».
O‘zim kutgan she’rlarni sizgayam mamnuniyat bilan taqdim etmoqdaman.
Xurshid Davron
O‘zbekiston xalq shoiri
Baxtiniso MAHMUDOVA
DILNOMA
Bir go‘zal qo‘shiqlar kuylagim kelar,
Nigohlari so‘lim, ohangi sokin.
Lek singib qo‘ygandir menga shamollar,
Yuragimda shovqin, ruhimda shovqin.
Bu ilhaq ovozlar kimlarning ismi?
Hayot qaysi dildan chalayapti bong?
Haddidan o‘tolmay, kunlarimgamas,
Tushlarimga shoshib kirayapti tong.
Men ham shoshayapman, betoqat, beso‘z,
Qadamin tezlatar ko‘zimdagi yosh.
Faqat… ketmasa-yu bog‘lardan bahor,
Botgani shoshmasa bo‘ldiydi quyosh.
Turnalar qaytadi, ha, ular qaytar,
Kelarim, ketarim bir yo‘l mening ham.
Seni o‘z holingcha ko‘rmasin dunyo,
Yuzingni bekitgin, bekit, peshonam.
Bir go‘zal qo‘shiqlar kuylagim kelar…
***
Agarda qaytmasam…
Kuzgi bog‘larga
Bir nasim bo‘laman, chekinar og‘riq.
Ko‘zimning oldida yuksalasan sen,
Ko‘zimning oldida ulg‘ayar borliq.
Men singib boraman maysaga, yerga,
Qayg‘ular ko‘ksimni toptamas bevaqt.
Mening yuragimda chayqalar dunyo,
Mening ovozimda chuchkirar daraxt.
Agarda qaytmasam,
Qaytolmasam men,
Yana jim ketaman nurafshon bo‘lib.
Bir ichkin nolada, ezgin nolada
Ko‘zlarim qaytadi namozshom bo‘lib..
***
Zaminning ko‘ziga joylashganimda,
Yuragimni tutsa, qushlar ko‘z yoshi.
Mening benaf, bedod og‘riqlarimdan
Aylanib ketganda dunyoning boshi.
Mezonlari menga-safarga chiqsa,
Yodimning ko‘nglida chalkashaversa.
Daraxt odam bo‘lib, sabo tilida
Nafaslarim bilan gaplashaversa.
Dard yomg‘irday yuzga to‘kilganida
Boshimni silasa Ayyub bardoshi.
Majnuna hislardan iltifot kutib,
G‘ashlanib botganda ruhim quyoshi,
Siz yetib kelasiz orzular bilan…
1 DЕKABR
Holimdan bexabar o‘tadi quyosh,
Ziyoga to‘ldirib koshonasini.
Osmon sharqu g‘arbning ko‘ksini kesib,
Qonlayverar ufqning peshonasini.
Qushlar-tabiatning erkalariga
Yuragini tutib qolar daraxtlar.
Ariqning bo‘yida mizg‘igan shamol
Eng so‘nggi maysani bir-bir varaqlar.
Bunda har ne sokin, har ne osoyish,
Bemalol yarashar yonmoq ham kuymoq.
Nedandir bir ilinj axtarar xazon,
Nechundir ruhimni bo‘g‘adi qiynoq…
Shoshilib yig‘laydi kechikkan yomg‘ir,
Kuzgi chorbog‘larga aylanar armon.
To‘rt fasl to‘zg‘igan azobing bilan,
Ko‘nglimga to‘kilib qolding, Dunyojon!
***
Sendan ketdim…
Izimni yomg‘irlar o‘chirib ketdi.
Qalbimda bir sovuq bo‘ron turdi-yu,
Onam ro‘molini uchirib ketdi.
Vaqt-darmon, debdilar, ammo sezmadim,
Yoki safariga qilmadim toqat.
Mana hayotligim bildirar hamon,
Mening chap ko‘ksimda zanglagan soat.
Goho ezgin hislar etganida band,
Goh ko‘ngil bo‘lganda vujudga beshik.
Va shunday og‘rinib ortimga boqsam,
Meni chorlamagin, bekilgan eshik!
***
Borliq shovulladi tun bo‘yi,
Cho‘chib tushdi shamol-darbadar.
Hislarini to‘kdi majnuntol,
To‘lgan paymonasi barobar.
Ufqlarni sarson kezdi oy,
Yulduzlari botdi yoshiga.
Boyo‘g‘lilar qo‘ndi bearmon
Yaproqlarning dilbar tushiga.
Na o‘kindi, na kuldi zamin,
Lahzalari kechilmadi tinch.
Fig‘on chekdi maysalarining
Yuragiga aylangan sog‘inch.
Borliq shovulladi tun bo‘yi,
Cho‘chib tushdi ko‘nglim-darbadar.
To‘kilmoqlik qo‘shig‘in tinglab,
Yig‘lab berdi to tongga qadar.
***
Nastarinlar gulini to‘ksa,
G‘am chekasan: “Hayot-beshafqat!”
Daraxtlarga qaraysan o‘ksib,
Yuragimga boqmagin faqat.
Axir, kunning botishi tayin,
Oftobida yashab qol bir dam.
Onam, darding qanday olayin,
Gullamasdan to‘kilgan bo‘lsam?!
“SЕN-MЕN YIG‘LOLMAGAN YIG‘ISAN” TURKUMIDAN
***
Men — saharman, men — shomman,
Men — bahorman, men — kuzman.
O‘pkalama, ranjima,
Goh kecha, goh kunduzdan.
Lahzalar shunday g‘amgin,
Lahzalar shunday shodon.
Fasllar horg‘in-horg‘in,
O‘ychan-o‘ychan to‘rt tomon.
Ufqlaringga tikilsam,
Ko‘zlarim yoshlanadi.
“Yashash mumkin joy bormi?!”
Yuragim foshlanadi.
Ko‘zlaringdan aylanay,
Jonim mening, muhabbat.
Yig‘imda sarson kezgan
Holim mening, muhabbat.
Qismatning ohangiga
Oson tushib bo‘lmaydi.
Janglar ketsa, ruhingga
Og‘u qo‘shib bo‘lmaydi.
Muhabbat, jon muhabbat,
Dunyoyim to‘la tilsim.
O‘pkalama, ranjima,
Sendan oldin yiqilsam.
Otam turgan tomonlar,
Onam yurgan dovonlar
Menga olis ko‘rinar,
Menga ojiz ko‘rinar,
Kiftlari to‘la baxtlar,
Kaftlari to‘la naqdlar
Menga hissiz tuyular,
Menga izsiz tuyular,
O‘zimga kelgan ko‘nglim,
O‘zimdan kelgan ko‘nglim
Senga qadar ketganday,
Mangu badar ketganday.
Ko‘zlaringdan aylanay,
Jonim mening, muhabbat.
Og‘riqlarim, shonlarim,
Borim mening, muhabbat.
O‘pkalama, ranjima…
***
Sen buncha kechikding…
Men buncha toldim…
Shunchalik bo‘lurmi intizorlik ham?!
Bo‘g‘zimda adashdi manzilsiz yig‘i,
Ko‘ksimga tutashdi sarg‘aygan soyam.
Aytib aytolmadim dilimdagini,
Qaytib qaytolmadim o‘tmishga tugal.
Faqat… ko‘zlaringda keladi o‘lgim,
Faqat… yo‘llaringga qarayman mahtal.
Sen buncha kechikding,
Men buncha toldim,
Bunchalar jonimni asrar Xudoyim!
Nechun buncha sarson etyapti meni,
Hayoti seniki bo‘lgan dunyoyim?!
***
Yillar to‘kaverdi ohorlarimni,
Yo‘llarda qaritdi bahorlarimni.
Bir-bir qabartirib qarorlarimni
Sen qayon borursan, murodim?
Shamollar qo‘lida sitildi umrim,
Namozshom yo‘l qarab titildi umrim.
So‘ng… tunning to‘riga tutildi umrim,
Sen qayon borursan, murodim?
Osmonlar bag‘rida munglar bor emish,
Oqshomlar qa’rida janglar bor emish.
Faqatki, g‘amlarda tonglar bor emish,
Sen qayon borursan, murodim?
Nomurod ertaklar o‘qidi otam,
Nomurod ertaklar to‘qidi onam.
Shundoq ko‘zlarimga yiqildi olam,
Sen qayon borursan, murodim?
Kimnidir sog‘inib, yonib boryapman,
Ishqimga, ashkimga qonib boryapman.
O‘zimdan… va sendan tonib boryapman,
Sen qayon borursan, murodim?
***
Dardlar keldi bulut bo‘lib,
Davo meni tushungaymu?
Ketolmadim sukut bo‘lib,
Navo meni tushungaymu?
Dilni “do‘st”ga borib aytdim,
Alamimni yorib aytdim.
Yuzin burdi. Horib qaytdim,
Xato meni tushungaymu?
Ketsang, to‘rt yon-yo‘l, dedilar,
Sendan bezgan mo‘l, dedilar.
Ginalarni qo‘y, dedilar,
Vafo meni tushungaymu?
Ko‘zlarimga tugdi tugun,
Ertalarim keldi bugun.
Ruhim bog‘in kuzlatgan ul
Sado meni tushungaymu?
Xudo, deyman, ko‘kka boqib,
“Meni chaqir, boray oqib…”
Yuragini oyda yoqib,
Samo meni tushungaymu?
***
Xoliyor akam Safarovga
Yillar kelar, umr bilan qo‘ltiqlashib,
Folga tushmas asrorlari ketib borar.
Umidlari ostonada yo‘l tiklashib,
Minor qurar. Devorlari ketib borar.
Dard manguday ishqning ko‘z-u qoshlarida,
Bir telbani kuydirar quyoshlarida.
Lek u mastning ko‘zdan oqqan yoshlarida
Qalqib-qalqib mozorlari ketib borar.
“Yasholmayman, endi yorsiz tirik bo‘lib!”-
Oshiq yonar olovlarga sherik bo‘lib.
Kuni kelsa, daryo-daryo chirik bo‘lib,
Dunyo-dunyo qarorlari ketib borar.
Bo‘zto‘rg‘aylar bo‘zlab-bo‘zlab kelaverar,
Chumchuq chinni ko‘zlab-ko‘zlab kelaverar.
Qarg‘a qarib, muzlab-muzlab kelaverar,
Dili cho‘kkan chinorlari ketib borar.
Yuki og‘ir karvon bo‘lmoq oson emas,
Arzondir-u armon bo‘lmoq oson emas.
Aql ruhga sarbon bo‘lmoq oson emas,
O‘zdin oldin iqrorlari ketib borar.
Baxt rastasi. Kim berida, kim narida,
G‘am xaridi- kun yuzida, tun qa’rida.
Nurdan qadoq tilanchining qo‘llarida
“Ob koling!” deb bozorlari ketib borar.
Tiriklik-don, chumolining og‘zidagi,
Yashamoq-oy, zil yurakning bo‘g‘zidagi.
Yarmi zulmat, yarmi ziyo ko‘ksidagi-
Kuzning rangin iforlari ketib borar.
Tan olmasa, xazonlarni ko‘klam bog‘i,
Somon tusda yuzlariga qo‘nar dog‘i.
Sochda qirov, barmoqlarda aso chog‘i,
Egik qadda inkorlari ketib borar.
Ko‘nglim qushday g‘uborlarga uchib borar,
Gulchehrali ozorlarga ko‘chib borar.
Haqqa hurlar diyorini kechib borar,
Aka, qarang, meni shoir qilaman, deb,
Yo‘lagimning bahorlari ketib borar,
Yuragimning ohorlari ketib borar.
Yillar kelar, umr bilan qo‘ltiqlashib…
DALA QO‘RIQCHISIGA
Sen-dunyoning yolg‘iz o‘g‘li,
Mushfiq onang-yaydoq dala.
Ko‘rganlaring to‘rtta fasl,
Topganlaring oq-u qora.
Senga raqib qilib qo‘yib,
Zog‘chasi-yu chumchug‘ini,
Yonginangdan o‘tar hayot,
Aylantirib urchug‘ini.
Yillar sabring sinayverar,
Haddingdan hech o‘tmagansan.
Vafo birla padaringdan,
Volidangdan ketmagansan.
Ro‘yo bo‘ldi umrim mening,
Otam-birov, onam-hech kim.
To‘kilmadim yo‘llariga,
Men kimman, ayt, ayt, qo‘riqchim?
Oy bo‘zladi tun ichida,
Bexos gullab ketdi kamim.
Tong kuzlagan u kechadan
Men o‘zimga o‘zim g‘anim.
Sen boshqasan, men o‘zgaman,
Qocholmayman o‘ylarimdan.
Juldurlaring afzal ekan,
Bahor kiygan ko‘ylagimdan.
Arzonlashib borar jonim,
Diyonatdan saboq bergin.
Zilol oqib boray Haqqa,
Ko‘zlarimga chiroq bo‘lgin.
Singling bo‘lay, menga o‘rgat,
G‘amlarga ham jim turishni.
Zaminning qoq o‘rtasida
Yurak bo‘lib urishni.
Arzonlashib borar jonim,
Diyonatdan saboq bergin.
Zilol oqib boray Haqqa,
Ko‘zlarimga chiroq bo‘lgin.
***
Rangin tushlar ko‘ring, azizim,
Rangin bo‘lsin dunyolaringiz.
Menikidir oq va qoralar,
Menikidir endi yodingiz.
Endi menman xatodan ado,
Endi men- eng toza jazoman.
Siz ranjimang, tushuning, axir
Men baxt emas, Baxtinisoman.
Goh bezdirsa, oq-u qoralar,
Dil yig‘lasa mendan narida.
Rangin qo‘shiq kuylasangiz bas,
Yuragimning qiblalarida.
***
“Turkiyada qolishni istamayman. O‘zbekistonga borib yashamoqchiman. Menga yordam beringlar!..”
Tolgay Ali Arslan
Tolgay, O‘zbekiston chindan jannatdir,
Qush kabi yashaysiz kelsangiz, Tolgay.
Lekin siz ketsangiz, do‘stingiz ketsa,
Ayting, Vataningiz kimga suyangay?
Ko‘rguliklar bisyor mening momomda,
Qirg‘inbarotlardan ezilgan tani.
Aytar: “Belbog‘lilar ko‘p bo‘lsa elda,
Tuproq toptalmaydi, Vatan o‘lmaydi!”
Tunov kun yo‘qoldi bitta jo‘jamiz,
“Tulki olib ketgan!”- onam yig‘lagan.
Qo‘lga hivchin olib, to‘ning yopinib,
Katakning yonida uxladi ukam.
Sahar turib o‘zin uyda ko‘rdi-yu,
Ko‘p to‘polon qildi, qichqirdi atay:
“Endi meni tulki qo‘rqoq deb o‘ylar!”..
Negadir yuragim yig‘ladi, Tolgay.
Chunki ulg‘aygandi ko‘zida Vatan,
Chunki unga shu yurt daxldor edi.
Chunki yuragida o‘zidan ulkan,
O‘zidan o‘zgan or-g‘urur bor edi.
Kelsangiz, uyimiz to‘ri sizniki,
Osh-non ham beramiz, qorningiz to‘ygay.
Faqat… ichingizda kechgan janglardan
Qayerlarga qochib ketasiz, Tolgay?!
***
Nargiz opamga
Men ko‘p bor tingladim ohanglaringni,
Ko‘nglingni ko‘nglimday yodladim oxir.
Sen haqda o‘ylasam: bir tanish kimsa
Oqsoqlanib o‘tib borar ruhimdan-
Notanish tonglarda, chekib xavotir.
Shamol bo‘lgim kelar Surxon yoqlarda,
Kulgungning loyiga botgim keladi.
Iztiroblaringni qilib tomosha,
Osmon ko‘z-yoshidan ungan daraxtday,
Yig‘ingning ta’mini totgim keladi.
Hayotim-simlari uzilgan dutor,
Aytgin, qay jarangda mening kuylarim?
Bir jonim yetmasov avjiga deya,
Armon, hijron, ishqning notalarida
Men yonib kuyladim, kuyib kuyladim.
Sening ta’rifingga yetmas jur’atim,
Men faqat deymanki, senga cho‘kib tiz:
“Ko‘nglingni, umringni nuratma, oyqiz…”
So‘zlari ma’suma, kuylari mahzun-
Sen men aytolmagan qo‘shiqsan, Nargiz!
***
Men bariga ko‘ndim…
Oydin fasllar
Ko‘zimga ajinlar solib o‘tadi.
Nechun bir dil istab boshimni qo‘ysam,
Tunning yelkalari tolib o‘tadi?!
Men bariga ko‘ndim,
Eshik ochilar,
Men intiq shamollar kelmaydi kirib.
Garchi, ostonamda gullar qadamlar,
Garchi, tomonlarni olaman terib.
Men bariga ko‘ndim,
Hammasi yaxshi,
Hammasi joyida,
G‘am yo‘q g‘amimga.
Faqatki, yuragim… behuzur, beshon,
Ming yilki, ko‘nikmas ko‘nikkanimga.
Men bariga ko‘ndim…
Umringiz ziyoda bo’lsin, rahmat, Ustoz.
Yaxshi sherlar ekan
Juda ham samimiy yozilibdi. Omad yor bo’lsin Baxtiniso!
Juda ajoyib.
Гўзал шеърлар.
Opa juda ajoyib she’rlar ekan. Ijodingizga omad.
Yashang umringiz uzoq bolsin
Аллох мушкулингизни осон килсин! Аллохдан сизга шифо сураб коламан! Албатта согайиб кетасиз. Ижодингизга омад тилаб коламан.
Inna lillahi va inna ilayhi rojiun…
Alloh Sizni rahmatiga olsin…
Inna lillahi va inna ilayhi rojiun…
Alloh Sizni rahmatiga olsin…