Xurshid Do’stmuhammad. Donishmand Sizif. Roman. Birinchi qism

Ashampoo_Snap_2017.01.04_15h13m30s_001_.png    Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг икки асари: олдинроқ ёзилган «Бозор» романининг қайта ишланган нусхаси ва янги «Донишманд Сизиф» романларидан иборат китоби «Ўзбекистон» нашриёти томонидан чоп этилди. Китобдан ўрин олган иккинчи роман қаҳрамони, номидан ҳам кўриниб турибдики, жаҳон адабиётида машҳурдан-машҳур бўлган Сизиф образи. Муаллиф кенг оммалашган афсонавий-мифологик қаҳрамон мубтало этилган шафқатсиз қисмат орқали инсон, дунё, муносабатлар гирдоби ҳақида ўзига хос кузатишлари, ўйларини муҳтарам китобхонлар эътиборига ҳавола этади. ..

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
ДОНИШМАНД СИЗИФ
Романнинг биринчи қисми
004

10390004_638674446215982_5892964583380932934_n.jpg Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йилнинг 8 январида Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1973). «Фан» нашриёти ҳамда «Фан ва турмуш» журналида муҳаррир ва бўлим муҳаррири (1973-83), «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида мухбир (1983-84), «Ёш куч» журналида бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир (1984-95), Республика Президенти девонида масъул ходим (1995-97), «Ҳуррият» газетасида бош муҳаррир (1997-2002) ва Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармасида ҳамраис (1997-2004), «Ўзбекистон матбуоти» журналининг бош муҳаррири (2002-05), Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг раис ўринбосари (2004-05), Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси (2004) бўлиб ишлаган. У филология фанлари доктори.

Адибнинг дастлабки ҳикояси 1981 йилда «Гулистон» журналида эълон қилинган. Ёзувчининг биринчи қиссаси «Нигоҳ» номи билан 1987 йилда «Ёшлик» журналида босилди. «Ҳовли этагидаги уй» номли биринчи китоби эса 1989 йилда нашр этилган. Шундан кейин ёзувчининг «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик», «Маҳзуна», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — Сиз», «Кўз қорачиғидаги уй», айниқса, «Жажман» (1997) асарлари, шунингдек, «Ҳижроним мингдир менинг» (2000), “Қиссалар” (2011) қисса ва ҳикоялар тўплами, «Бозор» (2000) романи нашр этилган.

Хуршид Дўстмуҳаммад, шунингдек, қатағон қурбонларидан бирининг фожиали тақдирига бағишланган «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари» хотира-эссеси ва «Журналист бўлмоқчимисиз?» (2002) рисоласи, “Озод изтироб қувончлари” (2000), “Журналистнинг касб одаби муаммолари” (2007) китоблари, «Чаёнгул» киносценарийси муаллифи (2000).

Хуршид Дўстмуҳаммад япон адиби Акутагава Рюкоскэнинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Т. Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини таржима қилган.

Хуршид Дўстмуҳаммад 1 ва 2 чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси (2005) бўлган

004

I

003Зўрнинг тоши қирга қараб юмалар… Тақир ерда узоқ ўтирган Сизиф ўзи ҳам тўла англамаган аллақандай маънода бошини бир сермаб қўйди-да, оғир қўзғалди. Асли у новча-дарозгина эди, лекин узлуксиз оғир ва қора меҳнат оқибатида тарашадек қотиб кетган қад-қомати хийла букилиб қолганидан олдинга осилиб турган узун-узун қўллари тиззасига тегай-тегай дер, нафақат қад-қомати, балки дийдаси ҳам қотиб кетган, унча-мунча гап-сўзга таъсирланавермас ҳам эди. Ваҳоланки, бу гапни кўп эслайди у, бир пайтлар ёдига тушган заҳоти чеҳрасида беозор-беғубор табассум пайдо бўларди, буткул қисматим мужассам, бу ҳикматда деб ҳайратланар, баъзан рўпарасида қад ростлаган тоғу-тошнинг, айниқса, ёнгинасида қўққайиб турган харсанг тошнинг қулоғига етиб борармикан деган умидда уни баъзан баралла – овозининг борича бақириб-ҳайқириб, баъзан эса шивирлаб айтарди. Қалб тубидан чиққан ёхуд астойдил ҳайқириб айтилган гап бетаъсир қолмас деб ўйларди. Кейинчалик эса, эслашга эслайди, айтишга айтадию, на кулади, на куяди, на пинагини бузади…

– Ҳой, Сизи-иф, ялқовликни бас қил, қара, харсанг интизор сенга, харсанг тош!..

У оҳиста бош кўтариб, овоз эгасини топмоқчи бўлди, “ялқовлик” дедими, ола-а, Сизифнинг шаънига исталган маломат тошини отсинлар – чидайди, илло ялқов деган таъна тавқи лаънатдек эшитилди қулоғига, аслида ҳам ялқовликка бало борми бу ерда, ахир туну куннинг фарқи қолмаган, очин-тўқиннинг фарқи қолмаган, ҳордиқ бадар унутилган бу жазо ошиёнининг ҳар лаҳза-ҳар сонияси меҳнатдан, машаққатдан, уқубатдан яратилган бўлса! Бу ҳақиқатни аллақачонлар англаб идрокига сингдириб юборган Сизиф бисотидаги нодиру нордон сўзлар учун оғиз жуфтлаб атрофга аланглади, бироқ овоз эгаси тугул, даъват қай томондан келганини ҳам аниқлай олмади. Овоз жуда-жуда таниш эди, афсус, таниш чеҳра ўрнида унинг рўпарасида ҳайҳотдай харсанг тош қўр тўкиб турар – харсангдан бошқа нима ҳам овоз чиқара оларди бу биёбонда?! – яқин-яқиндан у тилга кирадиган одат чиқарди ва Сизифга қадрдон аллакимнинг жуда-жуда таниш товушида тўсатдан сас-садо таратадиган бўлиб қолди. Сизиф хўп ўйлади-хўп уринди – эслолмади, илло унинг ишончи комил – дийдаси метинга айланиб кетган харсанг шу туришича ҳамишадагидек яна ва яна Сизифни навбатдаги муҳорабага, олишувга чорлаётган эди.

* * *

Сизиф ортиқча ўйлаб ўтирмади, нима қиларини билмай боши қотган одам сингари чаккасини қашлаб ҳам турмади, балки иккала кафтини бараварига харсанг тошнинг тагига суқди, эти-мушаклари пўлатга айланиб кетган кўкси ва елкаси аралаш тошга қапишди, оёқларини ерга тираганича – ҳа-а юмалоқ, ҳа-а думалоқ, ҳа-а бақалоқ деганича жон-жаҳди билан харсангни жойидан силжитди. Бутун залвори билан ерга қадалган харсанг худди шу турткига шай ва интиқ тургандек, гўё япроқдан ясалган тошдек енгилгина ҳаракатга тушди. Харсангнинг бу феълини Сизиф аллақачон тушуниб олганди, бинобарин, у дарҳол ўзини ярим одим ортга тортиб, тошни ўз ҳолига қўйди. У куч-қувватини мисқоллаб сарфламоғи, ҳар қадам, керак бўлса, ҳоли-қудратини ҳар қарич-ҳар бахя учун ўтакетган хасислик билан тақсимламоғи зарурлигини яхши биларди. У кўз етар, аммо қўлу оёқлари етмас манзил – тоғ чўққиси томон бир қур қараб ҳам қўймади, зеро турган жойидан то ҳо-ов чўққига қадар масофанинг ҳар қулоч-ҳар қаричи ёд бўлиб кетган, оёғининг остидан кўз узмаса-да, тоғ ёнбағрининг қайси манзилида бораётганини, чўққига довур яна қанча масофа қолганини беш қўлдай билади. Сизиф одатда харсангга тармашган дамларда ўйламасликка ҳаракат қилади, ортиқча ўйлаш жисмоний қувватимни сўриб олади деб хавотирланади, шу боисдан ўй-хаёлларини-да аъзои бадани – вужудидан вулқон янглиғ отилиб чиқадиган шиддатига пайваста қилади – унинг учун харсанг тошни тепалик сари думалатишдан муқаддасроқ, муҳимроқ, савоблироқ бурч, мақсад-вазифа қолмайди. Шу онда хаёл уюрига булут ўркачлари қўшилади, хаёлга чирмалган булут ёхуд булутга қоришган хаёл даф солганида ундан халос бўлиш осон кечмайди, устига-устак, кучи қирқилиши оқибатида тошнинг думалаши сусайиши, йўлнинг унмаслиги ҳам майли, бундай дамларда харсанг тошдан кўра қоп-қора булутга тўйинган ўй-хаёллари юз, минг карра оғирроқ, залворлироқ туюлади Сизифга – харсанг ва хаёл қадрдонлашиб олса борми, Сизиф ёлғиз, ночор ва абгор бир ҳолатга тушар, ҳализамон улар икков жипслашиб мен танҳони нақ мажақлаб ташлашади деган хавотирда қочгани жой тополмай қоларди. Йўқ, Сизиф зинҳор бунга йўл қўя олмайди, йўл қўймайди ҳам, зеро, пешонасига урилгудай бўйлашиб турган харсанг тошни ҳо-ов анави чўққига олиб чиқиш унинг ягона мақсад-маслагига, умрининг маъно-мазмунига айланиб кетганини бирон лаҳза унутмайди, у шунга мубтало, шу боисдан ҳам, қандай бўлмасин, хотинини номаҳрам назардан қизғанган эркакдек харсанг тошнинг метин вужуди билан апоқ-чапоқлашиб кетган хаёлларини амаллаб ундан айиради. Харсанг қанча тош босади, бордию, тарозининг палласига қўйилса, неча ботмон чиқади, умуман уни чўққи сари суриб чиқаришга инсон боласи қодирми-йўқми, булар ва шунга ўхшаш саволлар, иштибоҳлар устида Сизиф жуда кўп бош қотиради, бироқ уларнинг бирортасига тайинли жавоб тополмас, бари-барчаси бекор-беҳуда деган қарорга келибгина қўл силтарди. Сизиф бу қарорини ҳақиқати мутлақ сифатида қисматига, толеларга лиммо-лим тақдир лавҳларига ўчмас қилиб муҳрлаб ташлаган. Эшиги-туйнугидин йўқ нишон, афт-башараси, кўз-қулоғи ниҳондин-ниҳон юм-юмалоқ, дум-думалоқ, бақ-бақалоқ – харсанг тош эмас, Сизифга инъом этилган қисмат тоши, тақдир тоши, насибаси, ошиҳалоли бу! Не замонлардан буён бериб келинган “жазо тоши” қабилидаги бадҳазм таърифу тавсифлар, яъни ўзининг шаънига ёғдирилган туҳмат тошларига тоқати йўқ Сизифнинг, зеро у тақдир ва қисматни ўзига раво кўрилган инъом, иноят, насиба деб билади, ҳамон маъбудлар маъбуди раво кўрдими, вассалом, Сизиф унга қарши ғалаён кўтармайди, у ўзини ғаддор исёнкорлар тоифасига қўшмайди, тақдирнинг қайтмас панжасига панжа уриш ниятида қилич ялонғочламайди, балки кўксини қалқон қилиб харсанг тошни чўққига олиб чиқиш ҳақида қайғуради, астойдил қайғургани учун ҳам шу мақсад-шу орзу унинг аъмолига, ўтаётган умрининг мазмунига айланиб кетганди.

Харсанг тошнинг ерга қадалиб турган жойидан осонгина ҳаракатга тушиши, қарич-бақарич юқорига қараб ўрмалашини ҳам ўша тақдир ва ўша қисматга соғлом ва садоқатли муносабатининг ажри деб билади Сизиф. Вужуди, шуурини қамраган ушбу ишонч-эътиқод Сизифнинггина эмас, харсанг тошнинг ҳам ишонч-эътиқодига айланиб кетган, худди шу сабабга кўра тош гўё Сизифни ортиқча уринтиргиси келмагандек, унинг қўл учлари тегар-тегмас бир, икки, ҳатто уч-тўрт одимлар ўзидан-ўзи думалаб борар, буни кўрган Сизифнинг назарида қуёш денгиз томондан эмас, ўзининг чеҳрасидан чиқиб келиб оламни чароғон қилиб юборгандек туюлар, қувонганидан вужудида сон-саноқсиз алп-паҳлавоннинг қудратини ҳис қилар, агар шу маромни сақлай олса, агар шу шиддатни сусайтирмаса чўққига эсон-омон қадами етишига, харсанг тошни чўққининг қоқ уччига қўндириб қўйишига ишончи, қатъияти ортар эди.

* * *

Аслида эса чўққи остонасидаги яланглик бир қадар равон, сатҳи бир қадар нишаб эканлиги боис харсангга бир туртки кифоя – Сизифнинг ҳам, тошнинг ҳам жони киради гўё – харсанг юмала-аб кетади. Ҳар сафар шундай – ҳар сафар Сизифнинг хаёли тотли ўйлардан масрур, назарида чўққининг энг тепасига довур харсанг тош мана шу маромда – қир бағрида сирпанчиқ учаётган болакайнинг чанаси янглиғ силлиққина, беозоргина сирпаниб кўтариладигандек туюлади.

Сизиф қарсак чалиб юборди, харсанг тош ёнида ўзи ҳам думалаб-ўмбалоқ ошиб, ирғишлаб, қийқириб, шодлигини ким билан баҳам кўришини билмай… харсангтошни қучоқлаб олди, баракалло, дея унинг елкасига шапатилаб қоқди, уни силаб-сийпалади, юмалоққинам, думалоққинам, бақалоққинам дея, дуч келган жойига бетини босиб онасининг момиқ бағрига сингиб кетаётган пишакчадек тантиғланди-эркаланди. Ваҳоланки, оғир, машаққату уқубатлар сўқмоғи бошланажак мана шу кафтеккина нишаб яланглик кўндалангига, нари борса, олти-етти одимдан ошмас, кўзга кўриниб турган эса-да, қарийб ҳар сафар шу йўлбошидаги эмин-эркинликдан туғилган шодумонлик Сизифни гўдакларча кўзини кўр, ақлини кемтик қилиб қўярди. Ахир олти-етти одимдан сўнг тик қиялик бошланади, олдинда юқорига қалин арқон янглиғ ўрмалаб кетган сўқмоқ эгри-бугри, ўйдим-чуқур, бинобарин, бояги равонлик ортда қолгач, энди уёғига ҳар қадам эмас, ҳар қарич илгарилаш Сизифдан бир дунё куч-қувват талаб қилади. Лекин у йўлнинг – харсанг тош чўққи сари чиқавериб-чўққига етар-етмас пастга думалаб тушавериб очган сўқмоқнинг нақадар машаққат сўқмоғи эканини беш қўлдай билади. Борингки, Сизиф ҳали йўлнинг бошланишида эмасми, шундан унинг билаклари, елкалари, биқини, тиззалари кучга тўлиб турган бўлади, ўзи чарчоқ нима эканини билмайди, бир умр экан-у, то абад шу машғулотга андармон бўлишга-да қурбим-қурбатим етади деб ишонади. Одат кўникмага ёинки кўникма одатга айландими, вассалом, унинг заррача оғирлиги сезилмайди одамга, бинобарин, ҳеч бир урф-одат ўзига ихлос қўйган қавм имкониятлари билан ҳисоблашмайди. Аксинча унинг ҳатто машаққату уқубатлари ушбу қавм кишиларига роҳат, адоқсиз роҳат-фароғат бағишлайди! Оҳ-ҳо-о, одатланиш нималарга қодир эмас, яхшилар!..

* * *

Харсанг тошни қирга қарата юмалатиш, шу аснода толиқиш, қавариб кетган кафтлари, елкаларига қалтироқ туриши, ҳолсизланишлари, зирқираб азоб беришлари аллақачонлар Сизиф учун жуда-жуда оддий ва одатдаги ҳолга айланиб кетган, қолаверса, йўл бошида у оғринмайди, харсанг тошни яна уч-тўрт, баъзан саккиз-ўн одимлар масофага олиб чиқишда деярли қийинчилик нима эканини билмайди.

Қийинчиликнинг илк куртаклари пича кейинроқ уч бера бошлайди.

Сизиф бир зум нафас ростлайди, тин олади, оёғининг учини харсанг тошнинг тагига пона ўрнида суқиб туради, тўсатдан у мувозанатини йўқотиб, пастга қараб шўнғиб қолмаслиги учун шундай қилади, неча дафъа шундай бўлди ҳам – нафас ростлаш истагидаги бир лаҳзалик паришонлик тошнинг пастга қараб қуюндай отилиши билан якун топди. Тош бир чимдим ортга силжидими, тамом, уни тутиб қолиш, олдинга ҳаракатлантириш учун чиранишлари зое кетар, бунга бандасининг қудрати ожизлик қиларди. Сизифнинг меҳнати, машаққату уқубатлари ҳисобсиз марталар шу тарзда завол топди. Ҳисобсиз марталар аччиқ ситамлар остида эзилди, бироқ алами ўзидан эди, ахир ён-верида, атроф-жавонибда ҳеч зоғ йўқ, тош олдинга бир қадам-бир қарич силжиса, ўзини ўзи олқишлайдиган ҳам, қуйига қараб шўнғиса, ўзини ўзи аямай-нетмай яниши, болохонадор қилиб сўкишлари ҳам ўзининг шаънига қаратилган бўларди.

* * *

Харсанг тошнинг юм-юмалоқлиги, бир ҳисобда, Сизифга қийинчилик туғдирса, бошқа жиҳатдан қулайлиги ҳам йўқ эмасди. Бордию, харсангнинг тизза ё тирсакка ўхшаш туртиб чиққан, текис-ясси жойлари бўлганида у ҳар думалаганида силтаниб-чайқалиб мувозанатни сақлай олмаса, уни тутиб қолишга Сизифнинг чоғи келмай қолар, бинобарин, харсангнинг ҳар ҳаракати ўн хавотир-таҳликани келтириб чиқарган бўлур эди. Шу боис, харсанг нечоғли силлиқ ҳаракатланса, Сизиф ҳам шунчалар мулойим тортар, мумкин қадар кучига зўр бермаслик чорасини изларди.

Бу сафар харсанг унга тўла-тўкис бўйсунаётган, бундан Сизиф нечоғли мамнун бўлмасин, кўнглининг бир чеккасида ҳадемай харсангнинг ўжарлиги тутиб қолиши муқаррарлигидан, уни тирноқча олдинга суриш ҳам машаққатга айланадиган жойлар келишидан хавотири ҳам йўқ эмасди.

* * *

Ўша кун, ўша сонияларда юз берган воқеалар Сизифнинг ёдидан сира ўчмайди. Ёдида ҳам гапми, бамисоли саҳнада қўйилган томошадек ҳар бир манзараси нигоҳи рўпарасидан нари кетмайди. У ҳақда уччига чиққан таъмагир-муттаҳам, афсунгар-товламачи деган овозалар шамолдай тарқаганини, ривоятлар, эртаклару достонлар тўқиб-бичилганини тушунолмади, ҳамон тушунмайди. Маъбудлар маъбудидан ўпка-гинаси ўз йўлига, билло, кечагина ўзи қатори юрган дуппа-дуруст одамнусха увриндилар шармандаларча бонг уришда шоввозлик кўрсатганларидан ёмон мутаассир бўлди Сизиф. Ўб-ба, баччағарлар-ей, ўб-бба ювуқсизлар-ей, дея мириқиб кулди. Уларнинг катта-кичигига бўлган ҳурмати шоён самимий, ҳар бирларини бошига кўтаришга шай эди. Буёғини айтадиган бўлса… нимасини яширади энди у, кимдан сир тутади, индаллосига кўчаганда, Сизиф ич-ичидан уларга аччиқ истеҳзо билан қарар, олифталар, мунофиқлар, хезимкашлар, резгилар… пайрахалар, деб сўкинар, ҳеч ким ва ҳеч нарса эмас булар, дея ҳар бирининг гўрига мингталаб тош қалар, ўзларини эркин ҳис қила билмаган эркакнусхалар қанчалар олифталик қилмасинлар муқаррар нафратга лойиқдирлар, бунақанги нозикмизожлар икки дунёда ҳам жасоратга қодир эмаслар деб ҳисоблар, унинг наздида қўрқоқлик ҳам бориб турган тавқи лаънат, шу қадар шафқатсиз тавқи лаънатки, таассуф, бу қарғишга лойиқ бўлмаган тирик жон анқонинг уруғидан-да камёбу ноёб деб биларди.

Содда, гўл, лақмага чиқаришди Сизифни. Аҳмоқона қаҳрамонликни кўнгли тусаб қолди, тентак, деганлар бўлди, у ҳақда. Сизиф эса ҳеч бир вайсақи тарқатган иссиқ-совуқ миш-мишга ортиқча ажабланмади, мўйсафид ўтмиш учун бунинг ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ, ҳамиша шундай бўлган ва шундай бўлиб қолажак, дея хулоса ясади ўзича босиқлик билан. Ахир қачон қараманг софдил ва беғубор кишилар виждонсизлар, сўқимтабиатлар, қўрқоқ ва елпатак хушомадгўйларга қараганда хийла тушунарсизроқ, ғалатироқ туюлишади. Кулгига қолиб юришади. Ваҳоланки, ҳаётда жуда кўп сарқитларга қарши курашишда сопини ўзидан чиқариш усули қўл келади, бинобарин, хушомадгўйларни ўлдирса бўлур эди, хушомад билан… кўпиртириб мақтаса бас эди, алар нуқсонларини! Чунки билар эди – ҳақиқатни сўзласалар, тоқатлари тоқ, аммо-лекин хушомадга жон деб солишар қулоқ!..

* * *

Сизиф ҳар сафар шуларни ўйлаганида биров биқинига кириб қитиқлаётгандек кулгисини тиёлмайди. Бордию мен таъмагир-муттаҳам, афсунгар-товламачи ҳисоблансам, ҳақиқий таъмагир-муттаҳамлар, афсунгар-товламачиларнинг афт-ангори, ранг-рўйи қандай бўлади? Ҳарчанд ўйласин, бош қотирсин, тасаввурига сиғдиролмади бўлаётган воқеаларни у. Олис-яқин кечмишини неча қайта хаёлида гавдалантириб ўзини ўзи тафтиш қилишга уринди – қачон, қандай шароитда, кимга муттаҳамлик қилди у, кимнинг мулки-амлокига кўз олайтирди, кимни хиёнаткорона алдаб-сулдади… кимга ноҳақдан-ноҳақ зулм ўтказди – Сизиф эслолмади. Аксинча, у бориб турган оғир-вазмин, ҳатто ҳаддан зиёд эҳтиёткор, зинҳор эл-юрт орасида ёмонотлиқ бўлиб қолишни истамайдиган одам эди (“Ана, Коринф аҳли бунга шоҳид!” дея озмунча бўғилиб ҳайқирдими, у?!), ўрни келганда, феълидаги мана шу юмшоқ шупурги табиати ўзига кўпда ёқавермас, нафи бўлармикан, деган ўйда бошқаларга эшиттирмай ўзини ўзи янишга тушиб кетарди. Қўрқоқ, лапашанг деб озмунча сўкканми ўзини ўзи у, эр киши (тағин, кимсан, мартабадор аъёнлардан бўлмиш муҳтарам зот!) лоақал жиндек жасур, қўрқмас, ё остидан-ё устидан қабилида иш тутадиган дангалчи, таваккалчи бўлгани дуруст-да, деб ўзини ўзи тарбиялашга ҳаракат қиларди. Жазо тайинловчилар ва ижрочилар эса унинг “таъмагир-каззоблиги”, жасур-қўрқмаслиги, умуман номаъи аъмоли билан пачакилашиб-ижикилашиб ўтиришмади…

Сизиф йўл бўйи солинтириб келган бошини салт кўтардию, ўзини тик чўққиси кўкка қадалган мана шу тоғу тош пойида кўрди. Қўллари кишанланган, ҳар бир тўпиғи болдирлари аралаш чандиб боғланган занжир халқаларининг залвори уларнинг ерда аранг шалдираб судралиб келаётганидан ҳам аён эди. Ваҳоланки, Сизиф ҳали бу қадар хатарнок махбуслигини, инсон боласи бошига тушмаган жазога маҳкумлигини ҳам теранроқ англаб етолмаётган, айниқса… ичида кулди у, ўзининг аҳволи аянчли даражада кулгили кўринди. Ахир, ё, раб, наҳотки, кимсан Сизиф оёқ-қўлларига кишан уриладиган, дунёнинг назар-нигоҳлардан йироқ э-энг овлоқ биёбонига келтирилиб ёвуз ва шафқатсиз қисмат ила юзма-юз қолдирилишга лойиқ инсон бўлса?! Наҳотки, у ёвуз, малъун кимса сифатида бадарға қилинмоқда? Наҳотки, энди у ўзини, шаънини ҳимоя қилолмайди, менга қулоқ солинглар, яхшилар, сизлар ўйлаганчалик бадбахт одам эмасман, дея олмайди! Деган тақдирда ҳам… тушунча ва тасаввурлар мураккаблаша боради, шаклланади, шу аснода улуғ зотлардаги ақлий эврилиш халқнинг эврилишига – фикран-шууран улғайишига қанот бағишлайди, шу тўлқинда жуда кўп ҳақиқатларга ойдинлик киритилади, жумладан яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги тушунча ва тасаввурлар такомил чўққисига етиб, қуйма ёмби мақомига етган паллада – шу мақомга етишган халқ тўсатдан емирилишга юз тутади, қирғинга учрайди, деган башоратлар… бе-бе-е, бундай сафсаталарнинг Сизифга, Сизифнинг бошига тушиб турган шафқатсиз мусибатга нима дахли бор?!

У сесканиб тушди, бошини асабий силтади.
– О, тангрилар! Қай гуноҳим учун менга бунча азобни раво  кўрмоқдасизлар? Ҳайҳот, наҳот, мен шул жазога лойиқ инсонман, наҳот?!

* * *

Сизиф жон аччиғида ҳайқирганидан оёғидаги зил-замбил занжир шарақлаб кетди. Тўпиғи жазиллаб ачишди. Ахир нечун оёғига кишан уришди унинг? Оёқларида не гуноҳ? Бош гуноҳкор унинг тили-забони эди-ку! Зарурат туғилса, Сизиф буни бўйнига олишга ҳозиру нозир эди, бироқ, оғзини жуфтлаган чоғда туйқус фикридан қайтди. Бордию, оёғидаги занжир унинг тилига урилган тақдирда ёинки шу кимсасиз ва овлоқ биёбонга сургаб келиб унинг маҳмадона тилининг таг-тугидан қирқиб ташлашган тақдирда ҳам… тилида не гуноҳ-не карохат?! Тили гунг эди унинг, тилини тишлагани-тишлаган эди, ахир. У ҳолда… у ҳолда… Сизиф бошини хам қилган кўйи оёқларига разм солди, уларга узрли боқди, уларга таскин-тасалли сўзларини изҳор қилгиси келди:
– Дилимда эди бари, дилгинамнинг қаърида…

* * *

Одатда у йўлбошида заррача қийналмайди, шу сафар ҳам ўйнаб-кулиб тошни юмалатиб юборди, шундан сўнгина ҳақиқий маънода ишга киришди – у тошга тармашганича уни қадам-бақадам юқорига, юқорига қаратиб силжитишга тушди. Қадами, қулочи унмоқда эди. У аллақачонлар тошни думалатиш ҳадисини ўзлаштирган, бу машғулот унинг кундалик ҳунарига, ўзи эса харсанг тош думалатувчи ҳунармандга айланиб кетган, шундан, унинг ҳаракатлари сийқа, ҳеч бир янгилик йўқ, муҳими, самара, яъни тошнинг олдинга-юқорига қараб силжиши эди. Ўша гап – гап: зўрнинг тоши қирга қараб юмалайди!.. Сизиф ўзини зўр деб билади, шу харсангга кучи етмай мағлуб бўлишини тасаввурига сиғдиролмайди, зинҳор-базинҳор сиғдирмайди ҳам! Маши бақалоққа кучим етмаса, инсонлигим қайда қолади, деган гапни такрорлайверганидан тили неча бор танглагига ёпишиб, неча бор чақа бўлиблар кетмади!..

* * *

Сизиф шунақа инсон. Изидан, мақсад-маслагидан қайтадиган қўрқоқ, лапашанг эмас! Орқасига чоптирадиган мағзава сўтак ҳам эмас! Нимагаки қўл урса, дадил ва ишонч билан киришади. Харсангга ҳам худди шу шиддат, шу қатъият билан яқинлашади. Йўлнинг ҳар қадами, ҳатто ҳар қаричи унга ёд бўлиб кетганидан у бир нигоҳ ташлашда қайси жойда кетаётганини беш қўлдай билар, кейинги қадам ёхуд кейинги қарич учун қандай куч-қувват сарфламоғи, қандайин чапдастлик кўрсатмоғи зарурлигини олдиндан билар ва шунга яраша чоғланарди. Бу сафар боши узра булут хирмон бўлиб тўдалашмаган, шу сабабми, у чўққининг қоқ белига довур кўтарилганини тўсатдан пайқади, демак, бу сафарги юриши унга ўзгача инъомларни ҳозирлаган кўринади, ҳатто одатдаги чарчаш-толиқишни ҳам туймаяпти, демак, марра сари юриш ғолибона поёнига етиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ғайрати жўшиб-кўпчимоқда, бордию, боши тепасида булут уюрлари пайдо бўлган тақдирда ҳам ҳозирги шиддати билан уни… умуман унинг булут билан нима иши бор, бесаноғ-беҳисоб, боши-охирини билиб бўлмас осмонда учиб ўтадиган тутинсимон бир нарса бўлса! Ана, тоғ ёнбағридан ҳў-ў нарида қир-адр шамойилидаги булут гўё осмон тоқисига боғлаб қўйилгандек қилт этмай турибди, Сизиф билан иши йўқ унинг, шу алфозда бир жойда силжимай тураверганидан, офтоб тиғида ранг-туси унниқиб, ранг-туссиз, гезариб кўриняпти.

* * *

Сизиф сўнгги лаҳзаларгача ўзини қандай жазо кутаётганини билолмади. Дорга осишармикан?.. У ҳолда қани халойиқ, қани тўсинда тебраниб уни интиқ кутаётган сиртмоқ?.. Жимжит. Ёхуд, манави кимсасиз тоғ этагида шартта ерга ётқизишадию, ким кўриб ўтирибди, азиз бошини сапчадек қилиб танасидан жудо этишади-вассаломмикан?! Бир зумгина – бу дунёда бир одам камайди, нимаю, кўпайди – нима! Ёхуд Коринфнинг устига осмон қулаб тушармиди, Сизиф қатл этилса?! Ундай деса, ойболта тутган жаллодларнинг қораси кўринмаяпти, кунда ҳам йўқ… Ўт қалаб, тиккасига ёндиришармикан?.. Балки бошидан номокоб пуркай-пуркай терисини шилишар, тириклайин?! Э-э-э, ана, ана, Сизиф кўрди! Кўрдию, вужуди ловуллаб кетди, аён, деган ўй шуурини-дилини яшиндай тилиб, куйдириб ўтди. Тўғриси, у бундай жазони кутмаганди. Нима бўлса бўлар, лекин ортиқча қийнамай жонимни олишади деган умидда шайланиб келаётганди у, бироқ… Кўз олдида оғир ҳайбатли харсанг тош остида мажақланган ва ер билан битта бўлиб ётган оёқ-қўли, жисми-жасади гавдаланди. Харсанг тошнинг роса думалайдиганини топишибди, ўзиям! Баҳайбатлигини!.. Аввал Сизифни ерга юзтубан ётқизадилар, сўнг олди-орқасидан пойлоқчилик қилиб келаётган хоснавкарлар бараварига харсангга ёпишадилар-да, тошни унинг устидан бир сидра думалатиб юборадилар, қарабсизки, қасира-қусур-р-р!..

Харсангнинг биқин томонида ола-чалпоқ қизил доғ-дуғлар кўринди, демак, Сизиф тахминда адашмади, илгари ҳам кимларнидир бу ерга келтириб тошга бостиришган, ўша бурунги қон доғлари харсангга юқиб, сингиб кетган!..

Сизиф ўзи устидан чиқарилган ва ўқилган ҳукмни астойдил, бутун вужуди қулоққа айланиб эшитди, қулоғи – ҳукмда, нигоҳлари эса тутқич бермас – яғрини осмонга туташ тоғ чўққисининг расо қадди-бастидан, тоғ ёнбағрини қоплаган майин-барра майсанинг гўзаллигидан ҳайратда эди. Эҳтимол, ўзига ажал олиб келишга шай турган харсанг тошга қарамаслик учун ҳам шундай қилгандир. Ҳақиқатда залворли, маҳобатли харсанг тош – шу тоғми ёхуд бошқа бир тоғ чўққисиданми аллақандай қудратли қўл улкан ҳовучлари билан ўйиб олгану, олмадек, йўқ, анордек дум-думалоқлаб уни шу ерга – махсус-атайин Сизиф ҳукм этилган жазо чораси ўталмоғи лозим кўрилган масканга келтириб қўйилган. Олма эмас, анор ҳам эмас – нақ тарвуздек юм-юмалоқ, омонлашай десанг на тутадиган қўли бор, танишай десанг на афт-ангори, боғлай десанг на боғлаб қўядиган бўйни ё думи бор! Тарҳи тарвуздан олингани муқаррар! Ўзи қай аҳволдаю, бир қарашнинг ўзида унга исм қўйиб улгурди Сизиф. Исм эмас – лақаб тўқиди: юмалоқ, думалоқ, бақалоқ, деб юборди у ичида. Ерда юзтубан ётган одамнинг устидан думалатиб юбориш осон кўчиши учун ҳам айни шу бичимдаги тошни танлашганига шак-шубҳа йўқ, эҳтимол, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ажабтовур жазо чорасини кашф этганликларидан мамнунликларини яширолмагандирлар, айниқса маҳкум билан харсанг, харсанг билан маҳкум жисми-жасадидаги тафовутни кўрганда яна, яна бир бор ўз маъбудликларидан, маъбудона топқирликларидан беҳад масрур бўлгандирлар… маъбудлар?!

* * *

Начора, осий банда, неча айлансин-неча ўргилсин, бошини дуч келган тоғу тошга урсин-урмасин, гуноҳкор бўлиб чиқаверади. Ҳамма ва ҳар кимса бир-бировининг олдида гуноҳкор. Шундай экан… нақадар гўзалдир бегуноҳ одам, деганларига ўласанми! Қани, кўрсатсинлар, ўшал гўзални?! Ўзини гуноҳлардан буткул холи дея, гўзалларнинг гўзали дея майдонга чиққан борми, ҳе замонда?! Бор бўлса, марҳамат, мен бегуноҳман, онадан туғилгандек бокираман, деб кўрсин-чи, ўшал бегуноҳ, беайб гўзал! Ҳай-ҳай-ҳай, нақ худонинг қаҳрига учрадим деявер, шўрлик! Бир савалашади-бир савалашади-и!.. Жонингни эговлаб, баданингни… қоқ белингга арра солиб, тасаввур қиляпсанми, ғир-ғир, ғир-ғир, ғир-ғирлатиб арраласинлар ёинки оёқ-қўлларингни арқонлаб, тўрт томонга от чоптирсинлар, кўрасан, ихтиёрий ҳолда, баб-бажонидил бегуноҳдан гуноҳкорга айланиш қандақа бўлишини!.. Гуноҳнинг ҳам унча-мунча жўн-хашакиларини эмас, бориб турган э-энг ноёбу нодир – кабира гуноҳларни илишади бўйнингга! Бу қабилдаги гуноҳлар эса у дунёю бу дунё афв этилмайди – охиратингга довур куйиб кул бўлди деявер!.. Қани эди, лом-мим деб оғиз очолсанг, сенинг “лом”ингдан ҳам, “мим”ингдан ҳам чўлоқ қумурсқанинг ундек момиқ тупроқ юзида қолдирган изи қадрлироқ бўлиб турган бир замонда… Бирор марта хит бўлганмисан? Хит бўлиш нима эканини биласанми, ўзи?.. Сени дунёга келтирган волидаи муҳарраминг ҳам бадбашара ялмоғиз бўлиб кўринади кўзингга… Беланчакка беланган неварачангнинг маъсум қиқирлаши ҳам иблиснинг қаҳ-қаҳасидек ботади қулоғингга. Вой, дейсанми, иҳ ёки уҳ деб юборасанми, ё, фалак дея нола чекасанми?.. Бас, етади, шунинг ўзи сени гуноҳкорга чиқариш учун кифоя қилади – чунки, эшитгансан, биласан – ҳар бир тирик жон пешонасига қазои ҳақ тамғаси янглиғ муқаррар гуноҳкорлик тамғаси уриб қўйилган, осий банда. Ҳамон шундай экан, Сизиф ҳам ўзига раво кўрилган қисмат ҳадяси олдида бош эгишдан ўзга чораси йўқ. Ахир ҳарчанд таваллою дод-фарёд кўтарма, пешонангга ёзилганидан қочиб қутулолмайсан, инсон. Энг аянчлиси, ўз манглайингдаги ёзувнинг бир сатрини ҳам олдиндан ўқий олмайсан – истиқболда нималар кутмоқда сени, қандай саодатли ёхуд қандайин махзун кунлар ё лаҳзалар интиқ-интизор қучоқ очиб турибдилар, билолмайсан. Қувончли дамларни бошдан кечирганда яратганга шукрлар қиласан, етказганига шукр дейсан, бошингга мусибат гурзиси тушганда эса далли тасалли аниқ: пешонамда бор экан-да, демоқдан бошқага ярамайсан! Ёзиғим шул экан-да, демоқдан ўзга чора тополмайсан, бе чорага, бе нажотга, ожизу нотовонга айланасан. Гўё пешонангдаги ёзувни, жилла қурса, кечикиб бўлса-да, ўқигандек бўласан. Воқеа юз бериб ўтди, яъни, манглай дафтаридаги кўзга кўринмас ёзув амалга кўчди, лекин бир нарса эътиборингдан четда қолади – юз берган ҳодисани ўтди-кетди деб ҳисоблайсан, бўлди, тамом дейсан. Аслида эса… тақдир битикларини битгувчи хаттот шу ўринда бандасига беминнат ҳадя инъом этганини, меҳрибонлик кўрсатганини унутма, ҳисобга олиб қўй. Товонингга зирапча киргани ҳам беҳикмат эмас, бинобарин, юз берган воқеа-ҳодиса рўй берди тамом-вассалом эмас, асло, у ҳали давом этади – ибрат маъносида, огоҳ маъносида, даъват ва ҳоказо маъноларда. Ақли бор одамнинг кўзи мошдай очилади. Чунки ўша ибрат ёхуд даъват аталмиш ҳали-вери нари кетмай бошинг тепасига турфа шакл-шамойилда айланишаётган булут карвони янглиғ қайтиб келади, ҳа, ҳаёти-дунёда унга яна ва яна кўплаб марта рўпара келасан. Эҳтимол ўшанда айни шу воқеа илгари ҳам – қачонлардир бошингга тушганини унутиб юборган бўласан, э-воҳ, деб юборасан, зинҳор кутмагандим, дейсан, ваҳоланки, у шуурнинг аллақайси шийпончасида яслане-еб сенинг устингдан беозоргина кулиб-кулимсираб турган, эҳтимол, сени мазах қилаётган бўлади.

* * *

Узундан-узун ҳукми олий хатми (бунчалар чўзишмаса, деб қўйди Сизиф ичида, энсаси қотиб) адоғига етаёзгандагина у харсанг тошнинг рафторига бош-оёқ разм солди. Ҳайбатини кўриб юраги орқасига тортиб кетди… Уни думалатиб-думалатиб тик чўққи тепасига олиб чиқишни мўлжаллади, чамалади. Шул тоифа жазо раво кўрилди унга, демак, ҳозирнинг ўзида уни кишанлардан озод этишади ва Сизиф ё, мадад, деганча ишга киришади… Ёки у тахминда адашдими? Ҳукми олийни янглиш эшитдими?.. Боши ғувилламаяптими? Кўзлари аниқ-равшан кўряптими, ўзи? Ахир унга ҳеч бир амр бўлгани йўқ, яъни ҳозирнинг ўзида жазони ўтамоқликка киришгайсен, деган амри-фармон ўқилганича йўқ.

Сизиф анграйиб қаради атрофга, қулоғида шамол гувиллаши тинмади, ҳукмни дуруст эшитмай қолдим, деган ўйга-да борди, лолу ҳайронлигини яширадиган аҳволда эмасди у. Жазонинг ғаройиблигини аниқ ва тиниқ тасаввур қилиб улгурмаган эса-да, тақдирга тан берди.. Оғирдир… азобдир… машаққат чекар, уқубат остида қолар, илло, ҳо-ов маррани ишғол этиш эпини топмай қўймас, ё бўлмаса… Ё, бўлмаса… Ё, алҳазар!..

* * *

Сизифнинг қулоғи том битди. Кўз ўнгида шарпалар, соялар, булутлар аралаш-қуралаш қоришиб кетди. Аланглади, қулоғини динг қилмоқчи эди, кўнгли беҳузурлашди. Қоп-қора ва дамқисди сукунат уни аста-секин комига тортаётган – уни бош тарафидан юта бошлаган эди! Аллақандай бўйни узун махлуқнинг тор жиғилдонидан тушиб бораётгандек ҳис қилди ўзини. Торлик, қоронғилик ва жимлик – сукунат бу қадар қўрқинчли, ҳатто кўнгилга қутқу соладиган даражада даҳшатли тус олиши мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмасди, Сизиф! Нима қилади энди у? Бақирсинми? Қичқирсинми? Фарёд қилсинми?.. Ким эшитади унинг ноласини? Ким ёрдам қўлини чўзади унга? Ким?! Уни шу масканга довур етаклаб келган навкарлар, ясовуллар қайга ғойиб бўлдилар! Бошдан-оёқ туҳматдан иборат ҳукмни дунё аҳли кўрмаган адолат тантанаси янглиғ қироат ила ўқиганларда сўроғи бор эди Сизифнинг! Қани, улар?!
Саволлар ёғдириш ҳам, уларга жавоблар топиш ҳам зиммасида қолди, Сизифнинг…

* * *

Бундан кўра, ҳушларига келган бошқа ҳар қандай тарзда паймонасини тўлдириб қўя қолганлари маъқул эмасмиди?! Майли, дорга оссалар… бошини танидан жудо этсалар… тилини қирқсалар… Майли эди, манави… манави баҳайбат маҳлуқни устидан думалатиб, қизил қонини қора тупроққа қориштирсалар!..

* * *

Сизиф ҳушини ўнглаб, тилини тийди. Нималар деб вайсаяпти? Кимга дашном бермоқчи, энди унинг билармонлиги кимга керак?! У қўрқа-пуса харсангга нигоҳ югуртирди, негадир кўнглидан, у жондор бўлса-чи, деган ўй лип этиб ўтди, яқинлашмай туриб унинг бош-оёғи, ён-верига қаради, бир-бир одим ташлаб, қўл етар-етмас масофада туриб унинг атрофини айланди. Юмалоқ, думалоқ, бақалоқ!.. Илло, бўйи бўйига тенг, харсангнинг белига Сизифнинг қучоғи етмаслиги аниқ, бунинг устига у юмалоқ, думалоқ, бақалоқ бўлгани билан сип-силлиқ эмас, ғадир-будир, ўйдим-чуқур, қиличнинг дамидек кескир қирралари кўриниб турибди. Айрим жойларини моғор, пўпанак босган, кўринадики, у жуда узоқ вақтлардан бери соя-салқин, пана-пастқам бир жойда ётгану, асқотадиган мавриди келганидан уни шу жойда муҳайё қилишган. Ранг-туси…

Сизиф тошу харсанг тошнинг фарқига борар, Коринф қалъасини девор билан ўрашда, айниқса бош қўрғон деворлари учун келтирилган харсанг тошларнинг сангтарошлар томонидан йўниш ишларига шахсан ўзи бош-қош бўлган, бош-қош бўларкан, аллақанча фурсатлар катта-кичик харсанглар тепасидан кетолмай қолар, бу ажабтовур тоғ жинсларининг ақл бовар қилмас шакл-шамойлига, ранг-тусига, ундаги чизиқлар, холлар, доғ-дуғлардан кўз узолмас, уста сангтарошларни теварагига йиғиб олиб ўзини қизиқтирган ва билмаганларини тортинмай-нетмай сўраб-суриштирар, ўша билганлари… мана, мана шу биёбонда асқотиб қолиши мумкинлиги етти ухлаб тушига кирмаганди!..

– Ҳар бир харсанг тошнинг жони бор, – деган эди мўйсафид  cангтарош устабоши. – Сизиф бу тентак чол мен билан майнабозчилик қилишга қандай журъат этяпти деган ўйда ўқрайиб қараганди мўйсафидга, бироқ сангтарошнинг афтида мутойиба шарпаси сезилмади, аксинча у жуда жўн ҳақиқатни айтаётган қиёфада ва оҳангда бошлаган сўзини тасдиқлади: – Фақат буларнинг кўнглини топа билиш керак!..

Сизиф аттанг дея бош чайқади. Жони қайда бу бақалоқнинг? Кўнгли-чи?.. Шу ўйда харсангни бир бошдан назардан ўтказишга киришди. Харсангнинг турли ери турфа рангда товланаётганига эътибор берди, қизғиш, қирмизи, қорамтир, оқиш… холли-холли, ажабтовур чизиқлар айқашиб кетган… худди иккита тош бир-бирига эриб қапишиб кетгани белгисидек тўғри тортилган чизиқлар… Ланғиллаб ёнаётган гулханнинг қизил-қорамтир тилини эслатувчи шакллар… Сизиф харсанг яхлит қуйма тошми ёхуд йиғиндими эканлигини аниқлолмади, ўзича харсангнинг бетини, кўзи, бурни ва қулоғини белгилаб олди, бир ё икки жуфт оёғи бўлганидами, Сизиф ҳа-а, чув, дея уни тирқиратиб тепага йўрғалатган бўларди-я!.. Қулоғидан чўзиб бўлса-да, етаклаб чиқарди-я!.. Биқинига хала суқардики!..

* * *

Одам – тикюрувчи жондор, бу-чи? Ўйлади-я, айтди-я, қадам ташлаб юра олганида, оёғини ерга теккизмай югуртирмасмиди, Сизиф, уни! Мингоёққа ўхшаб ўрмалаганида, ўрмалатмасмиди, юқорига қаратиб?! Қаноти бўлганидами! Оҳ-ҳ-о-о!.. Йўқ, харсанг тош юмалоқ, демак, у – юмаловчи, думалоқ, демак, у – думаловчи. Уни думалатишдан ўзга иложи, чораси йўқ, Сизифнинг!..

* * *

Узун оқ кунлар, улардан-да узунроқ қора кунлар уланиб, уйқашиб кетди. Сизиф учун бунинг аҳамияти қолмади, у бутун борлиғини, бутун мақсад-маслаги, орзу-умидини бир ниятга – харсанг тошни чўққи тепасига олиб чиқишга қаратди. Аъзои баданида қувват пайдо бўлганини сеза бошладими, бас, оқкунми-қоракунми, жазм этаверар, кафти, кифти, кўкси, манглайидаги лой, тупроқ, чанг-ғубор юқини артмай-суртмай яна ва яна харсангга ташланар, эҳтимол, шу сафар, ҳа-ҳа-а-а, мана шу сафар харсангни чўққига қадар думалатиб олиб чиқишига бўлган галдаги ишонч унинг ғайратига ғайрат қўшарди. Ахир унинг кўз очиб кўргани тош эди, кўргани тоғ ёнбағри, тоғ чўққиси эди. Оғзига қайси сўз келса, ўша билан атади тоғ ва тоғ чўққисини. Тоғ, тоғ ёнбағри, тоғ чўққиси, тақир тепа, мушкул тепа, ғурбат тоғи, қир, адр, сўқмоқ… Кўксини ялонғочлаб осмонга қараб ётган навраста қизнинг ҳали уч бериб улгурмаган маммасини эслатиб юборарди баъзан тоғ чўққиси. Қизэмчак!.. Сизиф яйраб-яшнаб, оғзини тўлдириб, мириқиб кулди. Ширинтой шумтака неварачаси ҳали тили чиқмай туриб хотин-қиз зоти яқин келса мамми-мамми деганича уларнинг кўксига чанг соларди… Симобдай, нуқрадай, парқу булутдай оппоқ, кўзни олади, қамаштиради… хаёлни хазондай тўзитади, чарчоғингни тумтарақай қилиб қувади, йўқ ердан куч-қувват бағишлайди, эркаклигингни ёдга солади, тоғ маммиси!..

* * *

Номидан, қиёфасидан қатъи назар тоғ ёнбағри, ўзи очган сўқмоқ йўл қадрдонларига айланиб кетди Сизифнинг. Юмалоқ, думалоқ, бақалоқ харсанг унга бўйсуниб тепага томон ўрмалагани сайин тошни, унга қўшиб тақир тепани, сўқмоқни алқашга тушар, уларнинг барчасини тил бириктирган қадрдон дўстлари янглиғ айланиб-ўргулар, бироқ бундай хуш кайфият ва хуш муомала узоққа бормас, харсанг чўққи сари чўзилган сўқмоқ йўлнинг қайсидир манзилига етган жойида таққа тўхтар, бамисоли иккала оёғини бир этикка тиққан баттол хангидек у ёғига бир қадам, бир қарич ҳам силжимасди. Сизиф бирдан қўрқиб кетарди, қўрқувга ҳовлиқиш уланарди, сўнг саросима, таҳлика… озмунча марта талвасага тушдими?! Буларнинг бари заифлик, иродасизлик аломати эканлигини эслаган заҳоти эса ҳушини йиғишга киришар, вазмин тортар, шу тариқа безабон тоғ, безабон сўқмоқ, безабон тошга термилган безабон одам аста-оҳиста, аста-оҳисталик билан вужудининг аллақайси пучмоқларида пусиб олган ирода ришталарини топиб, тутиб олар, уни авайлаб-ардоқлаб ҳимариб-ҳимариб тортиб олиш йўлларини излар, Сизиф учун ўз иродасидан бўлак мададкор, халоскор йўқ эди.

* * *

Дунёнинг турган-битгани иродадан иборат, дейишган. Дарҳақиқат, инсонни ирода тарк этса еру осмон ҳам, қуёшу юлдузлар ҳам беҳуда-бефойда. Мен эса янги иродага ўргатаман одамларни!.. Ҳа, мутлақо янги иродага, демак, бошқача ҳаёт кечиришга ўргатаман! Ана ўшанда бошқача яшай бошлайдилар, одамлар, дунё бошқача бўлиб қолади. Нуқул азоб-уқубатдан иборат бўлган ҳаёт барҳам топади. Нафақат манавиндақа бежон-беном тош-тупроқни кўтариш, сургаш-ташиш эмас, инсон зотини оёқости ва беқадр қиладиган ҳар қандай қора меҳнат машаққати батамом барҳам топади! Инсон ҳаёти ҳудами-беҳудами, бамаъними-бемаъними, деб йўқ ердан бош қотириб ўзларига ўзлари азоб бериб юришмайди, одамлар.

* * *

Дастлабки кезлар у харсанг тошни юқорига қараб юмалатишда кўпинча шошилди, шошилиш ҳам гапми, ҳовлиқди. Қайта-қайта чамалаганида чўққигача бўлган масофа айтарли олис эмасдек, марра қўл чўзса етгудеккина кўринди, шу ҳам юмушми-жазоми, деди, назарида ғизиллаб тошни думалатадию, нақ чўққининг тепасига етиб боради, навраста қизалоқнинг кўкси ёнига тошни қимирламайдиган қилиб ўрнатади-да, бир муддат маммидан кўз узмай қолади, суқланиб хаёли қочади. Шундан сўнггина ўзини қўлга олади – харсангнинг устига чиқиб олиб бутун оламга жар солади: ҳе-ей-й, одамлару одамла-ар, эшитмадим демангла-ар, менким шаҳон шоҳ Эол ва малика Энаретнинг суюкли ўғлони, Мероплар сулоласининг арзанда куёвтўраси, Главканинг падари, Беллерофонтанинг ғамхўр бобоси бўлмиш маҳкум Сизиф каминага белгиланган жазои ҳақни, ниҳоят, шараф билан ўтадим, уддалади-и-м-м! Ҳа-ҳа-ҳе-е-ей-й-й! Мана-а, қарангла-ар, шоҳиди бўлингла-ар, харсанг тошни чўққига олиб чиқдим, чўққини забт этдим, зафар қучдим, дея чор тарафга қарата ҳайқиради!..

* * *

Димоғи чоғ бўлган Сизиф харсанг атрофида айлана ясаб югуришга тушганини ўзи ҳам сезмади.
– Лакалум лак-лакалум! Лака-лака лак, лакалум!.. Лакалум лак-лакалум! Лака-лака лак, лакалум!..

Сизиф умуман ҳаётда жуда камдан-кам, аҳён-аҳёнда рақсга тушган, ихлосмандларининг қўярда-қўймай уринишларини рад этишнинг иложи топилмаган ҳолларда эса қўлини номигагина кўтариб қўяр, ҳаракатлари бошқалар тугул ўзига ҳам беўхшов кўриниб кетарди, энди эса, шу тобда назарида моҳир раққосдек сезаяпти ўзини – гавдасини гоҳ ўнг-гоҳ сўл томонга ташлаб ирғишлар, сопалак тепаётган болакайдай лўкиллаб қўяр… Илҳоми жўшиб, қадамини янаям жадаллатди, хиргойиси ҳаракатларига монанд шўх-шодон янграй бошлади:
– Лакалум лак-лакалум! Лака-лака лак, лакалум!.. Лакалум лак-лакалум! Лака-лака лак, лака-лака лак, лак-лак, лакалу-у-у-м-м!..

Ўзиям роса айланди у харсанг атрофида! Харсанг кўзига қадрдонидек кўриниб кетди. Роса хумордан чиқдию ҳолдан тойди, шунинг баробарида қушдай енгил ҳам тортди…

* * *

Биринчи бор у улуғ мақсадлар билан жангга отланганидан буён эҳ-ҳе-е, озмунча тўфону бўронлар уввос солиб бу биёбонга човут солдиларми, озмунча давру даврон ва озмунча замонлар қайтмас ёқларга бадар ғойиб бўлдиларми, озмунча булутлар ўркач-ўркач бўлиб, тоғ-тоғ бўлиб карвон тортиб ўтдиларми?! Лекин, буни қарангки, на кучи қирқилди, на-да мисқолча ғайрати сўнди Сизиф азаматнинг, ўзи эса бутун бошли одам-чидамга, одам-бардошга, одам-иродага айланиб кетди. Башарти мўъжиза юз бериб, ундан кимдир келиб исминг нима деб сўраса, ҳеч иккиланмай, исмим матонат ёки исмим бардош деб, ёки бўлмаса, турган-битганим тош, харсанг тошга, чўянга, метинга айланиб кетганман дея жавоб қайтаришдан орланмаган бўлур эди. Ваҳоланки, у ҳақда, унинг бошига тушган бу қисмат синови устида гап чувалаштирадиган вос-вослар не-не бадҳазмдан-бадҳазм ва ҳавойи миш-мишлар тарқатишмади. Нима эмиш, Сизиф абадул абад бесамардан-бесамар қаро меҳнатга маҳкум этилмиш, неча замонлар қаро терга ботмасун, у харсанг тошни чўққи тепасига юмалатиб чиқа олмамиш, инчунин, Сизиф бемаъни, бешукуҳ, безавқ қаро меҳнат қаҳрига учраган бадбахт-бетоле тақдир тимсоли дея битилмиш, солномаларда!..

Одамнинг туриш-турмуши доимо бемаъни, дея жирттакилик қилганлар бекор айтибдилар! Туриш-турмушнинг бемаъниликка айланиши ҳам, уни бамаъни қилиш ҳам ҳар банданинг ўзида қолган! Мен исботлагайман, мен! Марҳамат, бу йўлда ҳар қандай маломатга тайёрман. Қани эди, бетимга ёғдирсалар заҳар-заққум таъна-маломат. Ким бетимга аямасдан шапалоқ тортар? Ким бурнимдан тортиб мени каззоб, деб айтар? Қани, ким бор? Кела қолсин, қулоғим динг, мана, мен ҳозиру нозир, мен тайёр!

* * *

Сизиф тошни юқорига қарата думалатиш машқини аллақачон пухта эгаллаган, думалатмаган тақдирда ҳам ундан нари кетолмас, гўё у харсангга кўринмас ип билан боғлаб қўйилгандек беш одим узоқлашди дегунча харсанг уни ёнига тортиб олаётгандек бўлаверар, бунга сари Сизифнинг меҳри тобланар ва овозининг борича “Лака-лум”лаб думалоқ, юмалоқ, бақалоқ қадрдони ёнига қучоғини ёзиб етиб келар… ҳа-а, ҳў-ў, аввалбошда эса… кўргани кўзи йўқ эди унинг турқини!.. Кўзини очди дегунча унга ўқрайиб қарар, нигоҳлари билан тешиб юбораман деган иддаода тирғалар, парчалаб ташлайман, майда-майдангни чиқариб қумингни кўкка совураман деган пўписа, дағдаға билан енг шимарар, бунга сари кучига куч қўшилаётганини равшан ҳис қилар, тишларини ғижирлатиб, кафти, елкаси, тиззаси, тирсаклари азбаройи тошга, метинга айланиб кетганга ўхшар, ўша ҳолатида вужудида қайнаб-тошаётган шаҳди-шижоатини тасвирлашга сўз, таъриф тополмасди. Қаёқдаги мана шу нарсани, тағин жонсиз, онгсиз… кўримсиз бир харсанг тошни кўриниб турган тоғ тепасига олиб чиқолмайманми, мендай онгли бир инсон-а, кимсан коринфлик аъёнларнинг аъёни, омилкорликда Сизифдайин мисли камёб одам-а!.. Қон кечаман, тирноқларим ўйилиб тушсин, бармоқларим, кафтларим мажақланиб кетса кетсин, тоғ-тошнинг бағри ўпирилиб чоҳларга қуласа-қуласин, илло сен харсангни тепага, анави теп-пага-а олиб чиқмагунча қўймайман-н! Қўймайман!..

Унинг қон-қонига, вужуд-вужудига сингиб кетганди-я, бу ақида. Мушт дўлайтириб яқинлашарди у харсанг ёнига, мушт ёғдирарди дуч келган ерига, овозининг борича ҳайқирар, пўписалар қилар, ҳақоратлардан-да тилини тиймас, қандоқ бўлмасин сен менинг измимдасан, бўйсунмаганингга қўймайман, дея шахт-шиддатини рўкач қилишдан, пеш қилишдан чарчамасди. Бироқ… бироқ Сизифнинг шашти қанчалар баланд бўлса, ишининг унуми шунчалар сезилмас, қадам олиши оғирлашар, гоҳо саккиз-ўн, гоҳо ундан-да пастроқ, ҳатто тиккасига қараб бор-йўғи икки-уч қулоч илгарилаган бир паллада тўсатдан харсангнинг қайсарлиги тутиб, уни қимирлатиб бўлмай қолар, бояги шашт-бояги важоҳатда Сизиф ловуллаб тирик алангага айланар, ёруғ дунёда топилмайдиган ҳақоратларни болохонодор қилиб дўлдек ёғдирар, одамгарчилигу инсонгарчилик деган афандимайиллар ҳў-ў аллазамонларда ўтиб кетган дея заҳрини сочар, жаҳл чиққанда ақл қайда деганларидек, яна ва яна муштига эрк берар – харсангни бет-кўзи демай дуч келган жойига савалашдан, тепкилашдан тўхтамас, харсанг қилт этмас, ўзи эса оёқ-қўллари қип-қизил қонга белангандагина ҳовурдан тушар, эс-ҳушини йиғар, аламини кимдан олишини билмаганидан мук тушиб, энди ерни муштлагани-муштлаган эди.

* * *

“Аксари харсанг тошларнинг жони бўлади”… Негадир мана шу жумла ўқтин-ўқтин Сизифнинг тили учида айланишадиган бўлиб қолди. Мункиллаган сангтарош устабошининг қиёфасини кўз олдига келтиришга уринди, уринишлари зое кетди, лекин унинг гапини деярли айнан такрорлай олди: “Фақат кўнглини топа билиш керак!..” Кўнглини дедими ёки тилини?.. “Топа билиш” дедими ёхуд “Уйғота билишингиз керак” дея Сизифга қарата айтдими, чол?! Айтганда ҳам, кўзини дўлайтириб, зарда қилиб айтди. Худди, вақти келиб, кимсан Сизиф мана шундай ҳолатга тушишини билгандай, шундай воқеа юз бериши эҳтимолдан ҳоли эмас деган маънода башоратомуз қилиб айтди!

Сизиф эса юм-юмалоқ, дум-думалоқ, бақ-бақалоқ харсангнинг на жони, на кўнгли, на-да тилини тополмаётганидан хуноб эди…

* * *

Харсанг тошнинг маммиси қаеридайкин? Ёки… эркакмикан, у?

“Хаёл қурисин” деди Сизиф кулгисини яширмай, шундай деса-да, хаёли измидан чиқолмади – “Харсанг тошнинг эркак-урғочиси бўладими?” деб уста сангтарошдан сўрасам тилим узилиб тушармиди, деб пешонасига шапатилади.

* * *

Нима қилганда ҳам, харсанг – тош-да, Сизифнинг кайфияти, аҳвол-руҳияси билан заррача иши йўқ, ўз билганидан қолмас ва Сизифнинг қайсидир маррага қадар сарфлаган машаққату уқубатини бир нобоп силжиш билан чиппакка чиқарарди.

Вазиятга кўра, харсангни ортга силжитаман деб неча бор адабини еди Сизиф. Ортга қайтиш ўта хавфли эди, чунки барзанги бир чимдим эрки ўзида қолганини сезса, бас, уни тутиб қолишнинг иложи бўлмас, эҳтимол, тутиб қолиш учун Сизифдақасидан ўнлаб, йигирмалаб азаматнинг кучи кифоя қилмас, шунинг учун, харсанг бўйсунмай бошладими, Сизиф биринчи навбатда, қандай бўлмасин, дарҳол ўзини четга олиб қолишни ўйлаши шарт эди. Бундай дамларда харсанг билан ҳазиллашиб бўлмаслигини, у ҳарчанд ҳай-ҳайлашга ҳам, дод-фарёдга, илтижоларга ҳам бепарво-бераҳмлик билан қуйига – чўққи пойига томон қалдираб-гулдираб шўнғиши муқаррарлигини Сизиф яхши биларди.

Сизиф беш-олти қулоч юқорилаган жойида харсанг пастга қараб думалаган пайтлар бўлди, уни не-не илму амал, не-не хийла-найранг билан думалата-думалата чўққининг ярмига етган пайтлар бўлди, ҳатто ундан-да юқорига кўтарилди, жонлари хаприқиб-кўпириб кетди ўшанда Сизифнинг, маррага қўл етгудай масофага ҳам чиқди ва ҳар сафар, ҳар сафар етдим деганда Сизиф беихтиёр, “Эҳ!!!” деб, “Воҳ!!!” деб, “Вой-ей-й!!!” деб юборар, ҳар сафар бутун вужуди кўзга айланар ва йўлида дуч келган тош-тупроғу, янтоқ-бутоқни эзиб-янчиб, қўпориб-мажақлаб пастга думалаб бораётган харсангдан нигоҳини узолмас, замбаракнинг тўпидек думалаб бораётган юмалоқ, думалоқ, бақалоққа қараб туриб тиззаларини шапатилаганича қоларди. Ичингга урай, қорнингни ёрай деб хумордан чиққунча сўкинарди. Оғзи шалоқ одамга айланиб қолаётганини пайқаб, ғаши келар, асли боодоб эркак эканлиги ёдига тушиб, шундай эса-да, баъзан бундайин қўланса сўзларнинг нафи сезилаётганига иқрор бўлиб ҳам қўярди. Зеро, сўкингани сайин машаққатлари зое кетганини ҳам унутар, харсангнинг важоҳат ила худди қутурган баҳайбат жондор сингари ўкириб-айқириб пастга қараб думалашининг оқибати нима билан тугашини, ва ниҳоят харсанг қаерга бориб тўхташи мумкинлигини чамалаб чамасига етолмасди. Осмонда чақмоқлар чақарди, тоғлар ларзага тушар, тоғ тизмасига туташган денгиз мавжлари азбаройи баттар мовийлашиб, тунд қиёфа ҳосил қиларди ҳар сафар. Тошни думалашдан тўхтатадиган, уни кўтарилган жойида асраб қоладиган куч бўлмасди атроф-жавонибда бундай дамларда.

Қизиқ, ҳар сафар тошга тармашар, уни жойидан жилдириб, чўққи томон силжита бошлар экан Сизиф бу галдаги юриш тоғ ёнбағрининг қайси мазгилига қадар давом этишини чамалай олмасди. Нафақат куч-қуввати етмаслиги, балки тошнинг пастга қараб шўнғишининг сабаби кўп эди – сабабидан қатъи назар лаҳзанинг юздан бир сонияси, нафасида ҳамма уринишлари чиппакка чиқар, Сизиф эс-ҳушини йиғишга улгурмас, ҳушёр тортиб улгурмас, чапдастлик қилишга улгурмас – алай-балай деганича харсанг ўзидан шиддат билан узоқлашаётган бўлар, қанчалар машаққат ва уқубатлар эвазига имиллаб кўтарилганига тенг шиддат ва денгиз тўфони янглиғ ғалаён билан пастга шўнғир, харсанг ҳў-ў этакка етиб, ҳаракатдан тўхтаганида Сизиф ҳали нафасини ростлолмаган, аламидан тилини, лабларини чайнаб-ғажиб, қон туплаб улгурмаган бўларди.

* * *

Сизифнинг бирдан-бир мақсади харсанг тошни чўққига олиб чиқиш эса-да, ғалат, ҳар сафар харсанг пастга қараб думалаганида унга қараб туриб, ундан кўз узмай туриб бирдан шу қадар енгил тортардики!.. Елкасидан тоғ ағдарилгану, боши узра сузаётган оппоқ булутдек вазнини ҳис қилмай қўярди, мана, ҳо-озир, шу топнинг ўзида осмони фалакка кўтарилиб парқу булут янглиғ олис-олисларга учиб кетадигандек ҳолатга тушарди…

* * *

Туйқус Сизифнинг кўзи қамашди. Мамнун жилмайди, кафтини соябон қилиб чўққи томонга қараётиб “Қуёшнинг қилиғи!” деб қўйди ичида алам билан. Анча бўлди, у маммини қуёш нурларидан, гоҳо эса булутлардан қизғанаётганини сезиб қолди. Даставвал бунга эътибор бермади, мийиғида кулди-қўйди, бироқ аста-секин қизғаниш очиқ-ойдин рашкка айлана бошлади, қанчалар ўзини қўлга олишга уринмасин, бундай ҳолатларда Сизифнинг ичига ёввойи мушук кириб олгандек бўлар, ўзини қаёққа уришини билмас, яна ва яна аламини харсангдан оларди.

У кўзларини чирт юмди. Кифоя қилмади, кафти, билаклари билан юз-кўзини тўсди. Шунда ҳам заранг таёқдек тошқотган бармоқлари орасидан оппоқ тоғ маммиси симобдай нур сочиб кўриниб, кўриниб эмас, жилмайиб турарди.

Сизиф бошини тоғ чўққисининг кунчиқар биқинида ястаниб ётган денгиз томон бурди. Денгизнинг қорни бақалоқ одамнинг қорни каби шишиб кетган, ўртаси тўнкарилган қозонга ўхшаб кўринар, дам қорайиб-дам кўкариб жилваланаётган сув сатҳида тўсатдан пайдо бўлган офтоб шуъласи (ажабо, ой шуъласи ҳам Сизиф томонларга денгиз сатҳи орқали таралар, у офтобни ҳам, ойни ҳам бевосита кўриш саодатидан мосуво эди) тушар, гоҳ ёлқинга айланиб нур сочар, гоҳ ханжардек тиғдор нурларини тўғридан-тўғри унинг кўзларига қадаётган, Сизифнинг эса азал-азалдан негадир тонгги офтоб ёғдусига тоқати йўқ эди. Жини суймасди.

Афтини терс бурди у, қош-кўзи аралаш оқиб тушаётган тер сувини билаги, сўнг дағал кафтининг сирти билан суриб ташлади, бироқ кўзлари баттар қамашди. Чўққи томондан нигоҳини олиб қочди, “Қуёшнинг касофати!..” дея такрор ғудранди ва иттифоқо денгиз сатҳида чоққина қайиқчада сузиб бораётган… Одам!.. Одам!.. Чол-ку!.. Қария-ку!.. Севинганидан, хурсандлигидан ҳушини йўқотиб қўяёзди у, шу қадар энтикдики, шу қадар жони бўғзига тиқилдики, лоақал, “Ҳо-ой-й!” дея овоз чиқаролмади. Ҳайқириш қаёқ-да, дами чиқмади Сизифнинг. Эсини йиғиб олгунича эса чол қайиқ-пайиғи билан кўздан ғойиб бўлди… Аллақанча вақтгача Сизиф дам чўнқайиб, дам қад ростлаб турган жойидан қимир этмади, бирон лаҳза денгиздан нигоҳини узмади, чол яна пайдо бўлади деб ишонди, шунда, кўринган заҳоти овозим борича бақираман, чинқираман, дод соламан дея шайланди, ҳатто қандай бақиришни, нима деб чақиришни ўзича машқ ҳам қилди. Харсанг тошни қиялик тепаси томон юмалатиш юмушини канда қилмаса-да, аллақанча вақтлар фикр-хаёли денгизда, аниқроғи, қайиқда эшкак тутиб ўтирган чолга кўчди.

* * *

Зевснинг қаҳрига учрамаслиги жуда-жуда осон эди Сизифнинг. Ўзи барпо этган Коринф қалъасида давру дарвон суриб умргузаронлик қилишига ҳеч қандай монеълик йўқ эди. Фақат қурғоқчилик ёмон қақшатди Коринф аҳолисини. Қултум сувнинг қадри нондан, ҳаводан-да ошди. Захира адоғига етаёзди. Нима қилмоқ керак?.. Сизиф ҳаловатини йўқотди. Халойиқ ундан нажот кутарди. Шунда… Ҳар қандай дарднинг соясида унинг давоси пусиб ётади, деган қадимгилар. Сизиф ана ўша давонинг топилишига ишонарди. Лекин бу давонинг… Эгина қиз эканлиги Сизифнинг етти ухлаб тушига кирмаганди. Бордию, Эгина гўзалликда тенги йўқ соҳибжамол бўлмаганида ҳам, бордию, у сув тангриси Асопнинг суюкли арзандаси бўлмаганида ҳам, бордию, бокира Эгинага илоҳлар илоҳи Зевснинг назар-нигоҳи – ишқи тушмаганида… Сизифнинг бошига бу кунлар тушмасмиди?! Кимсасиз бу масканда – ер тарвузининг устида, осмон тоғорасининг остида ўзига нисбатан бир неча баробар барзанги харсанг тошга кифтини босиб хаёлга толиб ўтирмаган, абадият қадар чўзилган умри зил-замбил бақалоқни осмонўпар тоғ чўққиси сари юмалатиб олиб чиқишга бесамардан-бесамар уринишлар билан ўтмасмиди! Малаксиймо бокира Эгина!..

* * *

Денгиз юзалаб сузаётган қарияни қайта кўришдан тамоман умидини узган, унутаёзган кезлардан бирида у, иттифоқо, яна пайдо бўлди! Сизиф ай-нан биринчи сафар кўргандаги аҳволга тушди. Аввалдан ўйлаб қўйган ниятларини буткул унутди. Аксинча бехосдан товуш бергудай бўлса, чол яна кўздан ғойиб бўлишини ўйлади, қани, нима бўларкин, қаергача сузиб бораркин, мен томонга ўгирилиб қарармикан деб, нафасини ичига ютди. Чол елкадор, қадди хийла букик, қоқ елка суяклари туртиб чиққанигача, эшкакни оғир ва бир маромда эшаётганигача Сизиф аниқ-тиниқ кўрди. Ва ана энди бемалол чақирсам ҳам бўлади, деган хулосага келган сонияда… ҳа, худди шу лаҳзада чол яна ғойиб бўлди!..

– Чолни денгиз ютиб юборди!

Сизиф бу фикрдан ториқдию, лекин чол яна қайтиб денгиз сатҳида пайдо бўлади деган ишончини йўқотмади.

* * *

Сизифнинг аниқ ёдида йўқ: Эгина қизнинг ғойиб бўлиши боисини у Асопнинг қулоғига шипшидими ёхуд воқеадан хабар топган Асопнинг ўзи нажот умидида уни излаб Коринф дарвозаси остонасига бош уриб келдими, ҳар қалай, ҳаммаси Эгина қиз фожиасидан бошланди. Бошландию, унга худолар худоси Зевс амри ила ёғилган таъқиб-тазйиқлар тўфони уланиб кетди. Зевснинг нафрат-ғазабини оловга, алангага айлантириб келди у томондан йўлланган лашкар.

Ваҳоланки, Сизифнинг бор-йўқ гуноҳи унинг бохабарлиги эди. Бохабарлиги панд берди унга. Ҳа, у Эгина қиз паритимсол ва хушқад гўзаллар кушандаси бўлмиш Зевс томонидан ўғирлаб кетилганидан хабар топди. Абадулабад ўзгармас ақида шу – маъбудлар назар-наздида хабардор кимсадан хавфлироқ жондор йўқ. Хабардор одам шердан, арслондан, сиртлону аждаҳодан… тўфону вулқондан-да хатарли. Дунёнинг хатари – хабардорда! Боз устига, Сизиф сингари ҳақпараст, адолатпеша ва бетгачопар хабардорларнинг турган-битгани тирик зиён. Ундайларнинг боридан кўра йўғи авло!..

* * *

Қайиқ минган чол учинчи дафъа кўзига кўринганида Сизиф сас-садо чиқармай уни обдон кузатишга қарор қилди. Сув сатҳида оҳиста чайқалиб бораётган қайиқ сузяптими ёки бир жойда… Чол эшкак эшяптими?.. Қўллари эшкакда, лекин… Ҳар сафар қандай кўринган бўлса, ўша-ўша – калласини кўксига осилтирганича қимир этмай ўтирибди. Қўллари эшкакка боғлаб-чандиб ташланган бўлса-чи?!

Сизиф бу фикрдан хаёлга ботди: нега боғлашади? Нима, чол балиқчими ёхуд банди-махбусми?.. Сизиф хаёллари пўртанасида ғарқ экан, устма-уст ёпирилиб келган тўлқин қайиқни аллақаёқларга олиб қочди.

Сизиф бу сафар ортиқ ачинмади, куюнмади ҳам, балки назар-нигоҳидан шарпадек ғойиб бўлган қайиқ томондан кўз узмай туриб ўзи устидан чиқарилган ҳукм моҳиятидаги адолатсизликни пайқаб қолди.

Унга ёнида ғўдайиб турган харсангни тоғ чўққисига олиб чиқиш жазоси белгиланган, бироқ ҳукмда унинг ёлғиз-кимсасиз қолдирилиши ҳақида лом-мим дейилмаганди. Нега энди уни ёлғиз қолдиришди? Ахир инсон ҳар қандай ҳолатда фикрлайди, фикр одами эса гапирмасдан иложи йўқ. Инсон ичида етилган гапни гапирмаса ёрилиб кетади, шу боис у тинмай гапиради, ҳар қандай инсон айтар гапларини тингловчи маҳрамга муҳтож, ичини бўшатмасликка ҳукм этилган одамнинг аҳволи эса… даҳшат!.. Офат!.. Фалокат!.. Гапирай-да, қутилай, – деб юборди Сизиф. – Ичимни тўлдирган гапларни гапирай-да, қутилай, гапирай-да…

* * *

Баъзан Сизиф оғзи гапдан тўхтамаётганини, ҳатто алжираётганини тўсатдан сезиб қолар, бу одатининг яхши-ёмонлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмас, одамни гапирувчи ҳайвон, жондор деб биларди у. Фақат у овоз чиқариб гапиряптими ёхуд товуши чиқмаяптими – бунга ҳам кўпда эътибор қилмайдиган бўлиб қолганди. Инсон овоз чиқарадими-чиқармайдими, нима фарқи бор, у ҳамиша ичида гапираётган бўлади ахир. Яхшиям, ўзига ўзи гапириш, ўзи билан ўзи гаплашиш таъқиқланмаган!.. Ёлғиз одам ҳам истаганича гапириши, сўйлаши мумкинлигини ҳисобга олишмаган чоғи… Қайиқдаги қария ҳам ёлғиз… У ким билан гаплашади, кимга дардини ёзади?.. Балиқ тутиш дардида денгизга чиққану, адашган. Ҳолдан тойганми?.. Йўли олисмикан ё?.. Бепоён денгиз узра беҳуда-бесамар сузиб юриш Сизиф сингари қисматига битилган жазо тамғаси бўлса-чи?!

* * *

Тағинам Зевсдек уддабурон маъбудлар маъбуди тайсаллаб, катта хатога йўл қўйди, у заррача ўйламай-нетмай мулозимларига амр қилмоғи, Сизиф билган нарсани ошкор этмай туриб, зудлик билан уни эл-улус назаридан олисларга гумдон қилмоғи, олислар ҳам гапми, оёқ-қўлидан тутганча осмону фалакка олиб чиқиб, ерга ирғитиб юборишлари шарт эди. Олий истакка истеҳзо ила қиё боққан кўзларни ўйиб олмаган худонинг худолиги, маъбуднинг маъбудлиги қоладими, ахир?! Ким нима деса десин, илло, қаттол салтанат йўриғи шафқатсиз!

– Олампаноҳ Севс ўз шаън-шавкатига ярашмаган қилмишга қўл  урди. У сув ва дарёлар маъбуди Асопнинг бокира фарзанди-аржуманди Эгина қизга кўз тикди – уни ўғирлаб, харамига яширди-и!..

Сизиф эндигина баралла айтяпти бу сўзларни, у дамлар эса дилидан  тилига кўчмаган шу хабар маъбудлар наздида шумхабар дея талқин топди.

Талқин еди Сизифни! Талқин бошига етди!..

* * *

Шафқатсиздан шафқат тиланма асло, зеро…

– Нечун бординг бозоргоҳ, малъун?!
– Нечун борурлар бозоргоҳ, маъбуд?

– Гап ўйнама, бетавфиқ саёқ! Ваъз ўқимоқ эди ниятинг.
– Ниятим – ҳақ бўлган мудом! Ҳамон…
– Ҳаҳ-ҳа-а, ҳақиқат?! Ҳақиқат – ғулув!..

– Дилдан тилга кўчмаган калом…
– Тамом-м! Тамом-м! Батамом-м!..
… Чорсу бозорига боргани чин, майдон оралаб ўтгани рост.

Шунда баногоҳ – унга нигоҳи тушган халойиқ турган жойида суратдек тўхтаб қолар, унга анграяр, ундан сўз кутар, бундай ҳолдан Сизиф ҳам ҳайрон, зотан, дилида ҳақ ахбор қайнаган – бохабар одамнинг ҳар босган қадами, ҳар ташлаган назари бир ҳикмат эканлигини ўзи ҳам англамаган… Маъбудлар устидан ғалаба қозониш эса тентаклик, телбалик – давоми эса хатар-таҳлика. Илло Сизиф қилмишидан афсусланмади, аксинча, маъбудлар маъбудининг ҳаддидан ошгани мени ҳаддимдан оширди, дея оқлади ўзини. О, идроким, қонларга тўл, қонга тўл чанқоқ, даҳшат солиб яша ёки яшама мутлоқ!.. Ҳа, шундоқ: арслон – изидан, эркак – сўзидан!..

* * *

Кимдандир ёки нимадандир қочиб келган қуюқ булут гўё жон сақламоқ умидида денгиз сувига чаплашиб кетди, булут қайда-сув қайда, Сизиф ажратолмай қолди. Сув тўқ кўкимтир, деярли бинафша ранг тусга кириб… Сизифнинг кўзини ачиштирди. У пича чидади, ўзи забт этишга чоғланган тоғ чўққисининг ёнгинасида ястаниб ётган денгизнинг булутлар хуружига учрагани… ҳозиргина жилваланаётган мовий сув сатҳидан кўз узолмади, ахир поёнсиз денгиз сатҳи жимир-жимир қилиб шивирлаётганга, олис-олислардан эсаётган шабада сув сатҳини эркалаётганга, сув мавжланиб-эркаланиб ноз-карашма қилаётганга… Сизифга куч бағишлаётганга ўхшаётганди. Балиқчи қария бошқараётган қайиқнинг денгиз узра бир маромда сузиб боришига ҳаваси келаётганди. Чол чиранмасдан, бир меъёрда эшкак ураётган, Сизиф сирти теп-текис, силлиқ ва айниқса юмшоқ-момиқ сув сатҳидан суқлана-суқлана кўз узолмаётган, беихтиёр бошини азот кўтариб ўзи забт этмоқликка қасд қилган қоя томон кетган йўлни назардан ўтказаётган, дамо-дам чол қайиқни оқим измига қўйиб қўлларига дам бераётганини кўрганида ўзи бундай имкониятдан маҳрум эканлигини яна ва яна тақдири азалдан, қисматидан кўриб, ич-ичидан эзилаётганди.

* * *

Сизифнинг боши узра Танатоснинг қора булутлари қуюқлашди. (1) Сизиф бўш келмади – тўғри, у ўзига етганча хийлакор эди, унча-бунчага бўш келмасди, унча-мунча найранг тузоғига илинмасди ҳам. Танатосга бўйсуниш ўлим билан тенг, яъни жаллод тиғига гарданини тутишнинг ўзгинаси эди. Буни яхши билган Сизиф бирдан-бир тўғри йўлни танлади – у ўлим маъбудини қуллуқ ила қарши олди, унга ожиз ва нотавон қиёфада рўбарў бўлди. Бироқ у мазлумнинг ёвузликка қарши исёни – хийла, деган ақидани қўллаётганини ҳеч зоғ пайқамади.

1.Танатос – Қадим Юнонда ўлим худоси.

* * *

Сизиф овозининг борича хахолаб тоғу тошни бошига кўтарди, қулоқ тутди – тоғ кулди, чўққи кулди, ўт-ўлану ҳў-ў, наридаги денгиз мавжлана-мавжлана кулди. Сизифнинг шумлиги тутди, у рўпарасида бақрайиб қолган ғанимини мазах қилаётган ғолиб саркарда янглиғ истеҳзоларга тўла башарасини кўз-кўз қилиб кулди. Ҳаққирост маъбуд бўлса, кўнглимда етилиб турган ниятимни пайқамасмиди?! Ўзини маъбуд дея жар солган маъбу-уд, маъбу-уд, ҳаммаси ўзича маъбудчалар, ярамаслар!.. Кулги уни хумордан чиқаролмади, бирдан жиддий тортди, йўқ, наъра тортди, наъра:
– Сенми, мени доғда қолдирмакка аталган жазо? Менми, сенга калака-эрмак? Шул харсанг, шул тоғ бўлдими йўлимда пайдо?! Менинг йўлимда-я?!

Сизиф харсангни даст кўтариб ҳов денгизга қарата улоқтирадиган важоҳатда қўлларини боши узра мушт қилиб дўлайтирганича атрофга заҳар пуркади.

Кейин нима бўлди, кейин? Нима бўларди, олам аҳли кўрмаган-нетмаган ҳодиса юз берди – Танатос ғафлатда қолганини англаб етишга улгурмай, Сизиф уни занжирбанд этиб, зиндонга ташлади, зиндонга! Тўфон тутди оламни, бетиним ва бетизгин чаққан чақмоқлар момагулдиракка айланди – олам тошқин остида қолди. Жала қуйди, сел қуйди. Сизиф Коринф улуси ичмоғи учун сув сўраганди – кечагина қултум сувга зор аҳоли неча кун-неча ой тинимсиз ёққан жала остида ғарқ бўлди, ғарқ!.. Бироқ Зевс ниятига етолмади, яъни ўлим маъбуди Танатос зиндонбанд эканлиги боис ер юзида ўлим тўхтаганди.

Зевс талвасага тушди!..

* * *

– Қирғинбарот-ўлимнинг тўхташи Зевсни даҳшатга, талвасага солди. – Сизиф харсанг тошга кифтини тираган кўйи чўнқайганича унга разм солди. Харсанг зил-замбил сукунатга кетган, афтидан у оҳиста бошланган ҳикояга бутун вужуди билан қулоқ солаётганди. Сизиф давом этди:

– Зевс ўликларни ҳам, ундан баттар тирикларни ҳам кўргани кўзи йўқ эди. Осмони фалакдан ёғиладиган, одамлар бошига мингдан-минг офат-талофатлар ёғдирадиган ёғин-чақинлар худосига ва тангрилар тангриси деган олий шараф соҳибига айланган бу кимсанинг кимдан ва қай тариқа дунёга келгани аҳли авомдан пинҳон тутилган.

Энди ўйлаб кўрса, шу хабардорлиги, яъни Зевснинг насл-насабини беш қўлдай билиши – Сизиф устидан ўқилажак ҳукмнинг шафқатсизлигини белгилаб берган эди. Хуллас… аввалбошда Кронос ва Рея оиласида тотувлик, хотиржамлик ҳукмрон эди. Бироқ бу осудалик узоққа бормади – Рея фарзанд кўрди дегунча Кронос уларни ҳаяллатмай паққос жиғилдонига уришни одат қилади. Волида Рея уввос солади, фарёд чекади, эри Кронос эса ўз фарзандларидан бири томонидан маҳв этилажаги ҳақидаги башоратдан тинчини йўқотган, тахт-мартабадан мосуво бўлишдан кўра насл-насабсиз қолишни афзал деб билгани боис разил одатини канда қилолмасди. Жони ўртанган Рея навбатдаги ҳомиласи – Зевс дунёга келган заҳоти уни ўраб-чирмаб яширади ва унинг ўрнига эрига чойшабга ўралган тош парчасини тақдим қилади. Кронос тошни ютиб юборади. Орадан неча фурсатлар ўтиб, Зевс вояга етади ва башоратда нақл қилинганидек қонхўр ва одамхўр падаридан туғилмай нобуд бўлган ака-опаларининг хунини олади.

Ўша отадан дунёга келган Зевс ўзи ҳам падар қарғишига, сўнгра қисматига гирифтор бўлди. Отамерос қонхўрлик қисмати Зевсни бачажиш – чақалоқхўрга айлантирди, бироқ, ҳайҳот, у бу борада отасидан ўтиб тушди, яъни тақдир лавҳига битилган қатли ом қисматидан омон қолиш илинжида кўз очиб кўрган жуфти ҳалоли Метидани тириклайин ютади. Онанинг вужудида жон сақлаган ҳомила эса ривожланишдан тўхтамайди, балки ота миясидан озуқаланиш ҳисобига ривож топади ва вақт-соати етгач, дунёга келади…

Сизиф ҳикоя қилишдан бир зум тўхтаб, узоқ тин олди. Нима қилсин – айтсинми-айтмасинми, йўқ, у башорат қилиш ниятидан йироқ, фақат шоҳ Ибн К. билан боғлиқ воқеа… Шундай бир замонлар келадики, шоҳ ибн К. кибру ҳавода ўзини осмон устуни деб эълон қилади. Ўз қўл остидаги юртда бунга шубҳа билан қараганларни, уларга қўшиб маълуму машҳур зотларни ёппасига қатли ом этади. Нима бўладию, бехосдан унинг бурнига чивин кириб кетади. Ҳарчанд уринмасин, аюҳаннос кўтармасин, чивинни қайтариб чиқариш эпи топилмайди, чивин эса унинг миясини кемириш ҳисобига кун ва соат сайин катталашиб сичқондек бўлиб кетади. Шоҳ ибн К. ўлмай туриб жаҳаннам азобини кўради… Сизиф бу ҳикояни сўзлаб юборишдан ўзини базўр тийди (2). Лекин Кронос ва Зевс иккови асли худосиз бадбин эканликларини айтди. Очиқчасига айтди, дона-дона қилиб айтди:

– Кронос ва унинг зурриёди Зевс – ота ва ўғил худосиз бўлганлари учун ҳам ўлимни даҳшат деб билардилар, зотан ўлим гуноҳкорлар наздидагина даҳшат ва аянч манбаидир!..

Хуллас, мана шундай малъун худосизлар ўзларини илоҳга, маъбудга менгзаганлари, ҳарамини эса манфур ишратхонага айлантиргани нима учун аҳли оммага ошкор бўлмаслиги керак?! О, бадкирдор, о, ярамас, қонхўр, муттаҳам, о, лаънати хотинбоз! Оҳ, қайдасан қасос, қайда интиқом?! Пўсткалласин айтсам, эшшаксан, эшшак… бешак!..

Сизиф ўрнидан ирғиб қад ростлади, азбаройи жунбишга кирганлигидан букик қадди ростланди – бўй-басти харсангдан-да тик, маҳобати харсангдан-да улуғроқ кўринди. Давом этди:

– Унинг кирдикорларидан сўз очган кимса борки, ғийбатчи, ғаним, юртбузар муттаҳам дея эълон қилинди, бетларига қора чапланди. Кўз етмас, қўл етмас, сўз етмас масканларга бадарға қилинди. Қизининг хажрида куйиб адо бўлган Асоп эса дом-дараксиз, ном-нишонсиз…

Сизиф бирдан жим бўлиб қолди. Бошлаган сўзини ниҳоясига етказмай тилини тишлади. Яна нима жин урди уни? Яна не мақсад-муддаода тилига эрк бермоқда? Бежон-беҳис харсанг тош-ку, деб ўйладими? Ундай деса, жони-кўнгли бўлса-чи, бу бақалоқнинг?! Тошда ҳам руҳ мавжуд деганлар. Оҳ, ёрилтош-ёрилтош, ич-ичингни очайин, мен қалбингни кўрайин… Ёрилақол, ёрилтош… Мени алдади, кўппак, қари сангтарош!.. Кўнгил нима қилсин, бул… Махлуқмиди, жондормиди, касу нокас бандамиди, бу харсанг тош?!

2. “Қуръони карим”нинг “Бақара” сураси 258-оятида нақл қилинган ривоят.

* * *

Сизиф айтганлари тошга юқмаслигига ишончи комил эди, жигарпораси хажрида адои тамом бўлган падар – Асопнинг дом-дараксиз ғойиб бўлганидан оғиз очган жойида… боши, елкалари аралаш майда қум зарралари ёғди. Сизиф ҳайрон бўлди, бирдан ҳикояни чўрт уздию, юқорига қаради, туйқус “қирс-с” этган сас эшитилди. Сизиф дабдурустдан буни тушунмади. Ақли бовар қилмади, ваҳоланки, аниқ-тиниқ эшитди! Зум ўтмай сапчиб оёққа қалқди ва назарида харсанг тош чарсиллаб, парчаланиб тушадигандек хавотирда тошнинг панасидан отилиб ирғиб чиқди. Ортига ўгирилиб харсангга бош-оёқ разм солди.

Тош қилт этмай турарди. Ваҳоланки, неча замон-неча даврлар ўтди-кетди, Сизиф харсанг лоақал қилт этса-чи, деб, хуноби тошар, аччиқланар, аюҳаннос кўтарар, нор туядек ўкириб юборар, туя эмас, айни аччиғи чиққан дамларда филга айланиб қолсаю, қудратли хартуми билан харсангни даст кўтариб!.. Йўқ, филдан ҳам бирор иш чиқишига кўзи етмайди, яхшиси, Бриарейга айланади! (3) Мушкули осонлашади шунда, харсангни кифтига қўндириб, юзта қўлини ишга солади – қўлма-қўл қилиб, ҳа, шундай – харсангни кифтига қўндириб, тоғ чўққиси экану, осмони фалакка қаратиб ирғитади, соққа қувиб юрган боладек истаса, пастга қаратиб думалатади, истаса, тепага – чўққи томон чопқиллаб-ирғишлаб кўтариб чиқади!.. Бирон қадами зое кетмайди унинг!

Сизиф шундай дедию, кўкка қараб худди тавалло қилаётгандек ўзининг кутилмаган кашфиётидан мутаассир бўлиб қолди!

Ҳеч бир ҳаракат зое эмас… Беҳуда, бесамар, бемаъни эмас!.. Эмас, эмас, эмас-с!.. Қумурсқанинг қадам олишидан тортиб Ер ва Қуёшнинг икки севишган қалб соҳиблари янглиғ бир-бирининг атрофида айланишигача – ҳикмат, ҳикмат, ҳикмат! Ер Қуёшнинг атрофида айланадими ёхуд аксинчами – – нима фарқи бор, дея бефарқлик қилиш наҳот ақли расо одамга ярашса?! Омилик, бетавфиқлик эмасми, бундай фикрлаш! Бундай нусхалар еру қуёш ҳаракатдан тўхтаган тақдирда ҳам пинакни бузмас! Сизиф учун эса… харсанг тош тепасидан қум зарраларининг учиб-тўкилиб тушганидаёқ оламча ҳикмат мавжуд. Ҳа, шундай, ҳаракат мавжуд жойда маъно-мазмун, моҳият мавжуд. Нажот қуруқ иродада эмас, йўқ, ҳаракатга айланган иродада! Маъно-мазмун ва моҳият мавжуд экан, ҳеч бир иродали хатти-ҳаракат беҳуда-бемаъни кетмайди. Адоқсиз ҳаракат бекор, боқий ҳаракат бесамар-бемаъни деганларнинг ўзлари, сўзлари бекор-бемаъни-бесамар!..

Сизиф бир жойда туролмай қолди, бирдан товушининг борича бақиргиси-ҳайқиргиси, шу билан тоғу тошдан, осмон тўла булутдан, булутларга туташ денгиздан, харсангдан… маммидан суюнчи олмоқчи эди. Турган жойида чир айланишга тушди. Айланаверди-айтаверди, айтаверди-айланаверди. Яхши яшамаса-да, майли, азоб-уқубат чекса-да, рози, илло, қандай бўлмасин узоқ, узоқ, жудаям узо-оқ яшамоғи ҳикматдир-ҳикмат! О-о, Сизиф! Чир айланиб айтди: яхши яшашни эмас, узоқ яшаш авло! Оҳ-ҳо-о, Сизи-и-ф! Айтиб-айтиб, гир-гир айланиб – уста кулолнинг чарҳидан шиддатлироқ жойида айланиб айтди: яхши яшаш эмас, узоқ, узоқ, узо-оқ яшашдан ва зинҳор-базинҳор ҳаракатдан тўхтамай яшашдан ўзга олийроқ орзу-ҳавас, илинж-истаги қолмаган Сизи-иф! Ҳақиқа-ат!.. Ҳақиқа-а-ат-т!.. Тотли ҳақи…

Сизиф сувдан бўкиб чиққан… итдек силкинди, тамом ҳолдан тойган, аъзои бадани шалвиллаган, лекин ичи… вужуди… шуури тоза-тиниқ эди, бетини кўкка қарата кўзларини юмди, шу алфозда янаям сергак тортишга ҳаракат қилди, бироқ ўзининг қаерда, қандай ҳолатда, қай вақтда якка-ёлғиз қаққайиб турганини англаб етмай, бош чайқаганича оғиз жуфтлади:

– Яхши яшаш эмас, узоқ яшаш… Қуруқ ироданинг ўзи эмас, ҳаракатга айланган ирода бунёдкор, яратувчидир, шундай ирода омон экан, поёнсиз маънисизликнинг адоғи – бамаънилик, ушбу бамаъниликка етишмоқлик йўлидаги машаққатларга бардош беришда эса сабр-тоқат, сабр-тоқат, сабр-тоқат…
Харсанг тошнинг аллақаери қарсиллаб кетди, фавқулодда беўхшов қарсиллади, Сизиф дабдурустдан бунинг қандай товуш, шовқин эканлигини тушунолмади, кўзлари ялт этиб очилганича харсангни бош-оёқ назардан ўтказишга тушди, анграйди-аланглади, нафи бўлмади, дарҳол эс-ҳушини йиғди, шунда харсангга қапишишнинг, уни жойидан силжий бошлашига қаршилик кўрсатишнинг ҳожати қолмаганини сезди. У тамом ҳолдан тойган эса-да, ғоятда чапдастлик билан жон ҳолатда ўзини четга тортди. Харсанг тош бир силтандию, аюҳаннос солиб, оламни бошига кўтарганича пастликка қараб думалади!..

3. Мифларда тасвирланган юз қўлли ва эллик бошли махлуқ – дев.

Давоми бор

sisyphus_painting_by_humblestudent.jpg    Taniqli yozuvchi Xurshid Do‘stmuhammadning ikki asari: oldinroq yozilgan “Bozor” romanining qayta ishlangan nusxasi va yangi “Donishmand Sizif” romanlaridan iborat kitobi “O‘zbekiston” nashriyoti tomonidan chop etildi. Kitobdan o‘rin olgan ikkinchi roman qahramoni, nomidan ham ko‘rinib turibdiki, jahon adabiyotida mashhurdan-mashhur bo‘lgan Sizif obrazi. Muallif keng ommalashgan afsonaviy-mifologik qahramon mubtalo etilgan shafqatsiz qismat orqali inson, dunyo, munosabatlar girdobi haqida o‘ziga xos kuzatishlari, o‘ylarini muhtaram kitobxonlar e’tiboriga havola etadi. ..

Xurshid DO‘STMUHAMMAD
DONISHMAND SIZIF
Romanning birinchi qismi
004

00 5_a.jpg Xurshid Do‘stmuhammad 1951 yilning 8 yanvarida Toshkent shahrida tug‘ilgan. Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetini tugatgan (1973). «Fan» nashriyoti hamda «Fan va turmush» jurnalida muharrir va bo‘lim muharriri (1973-83), «Qishloq haqiqati» gazetasida muxbir (1983-84), «Yosh kuch» jurnalida bo‘lim muharriri, bosh muharrir o‘rinbosari, bosh muharrir (1984-95), Respublika Prezidenti devonida mas’ul xodim (1995-97), «Hurriyat» gazetasida bosh muharrir (1997-2002) va Ommaviy axborot vositalarini demokratlashtirish va qo‘llab-quvvatlash ijtimoiy-siyosiy jamg‘armasida hamrais (1997-2004), «O‘zbekiston matbuoti» jurnalining bosh muharriri (2002-05), O‘zbekiston Jurnalistlari ijodiy uyushmasining rais o‘rinbosari (2004-05), O‘zbekiston «Milliy tiklanish» demokratik partiyasi Markaziy kengashi raisi (2004) bo‘lib ishlagan. U filologiya fanlari doktori.

Adibning dastlabki hikoyasi 1981 yilda «Guliston» jurnalida e’lon qilingan. Yozuvchining birinchi qissasi «Nigoh» nomi bilan 1987 yilda «Yoshlik» jurnalida bosildi. «Hovli etagidagi uy» nomli birinchi kitobi esa 1989 yilda nashr etilgan. Shundan keyin yozuvchining «Panoh», «Oromkursi», «So‘roq», «Sof o‘zbekcha qotillik», «Mahzuna», «Ibn Mug‘anniy», «Yolg‘izim — Siz», «Ko‘z qorachig‘idagi uy», ayniqsa, «Jajman» (1997) asarlari, shuningdek, «Hijronim mingdir mening» (2000), “Qissalar” (2011) qissa va hikoyalar to‘plami, «Bozor» (2000) romani nashr etilgan.

Xurshid Do‘stmuhammad, shuningdek, qatag‘on qurbonlaridan birining fojiali taqdiriga bag‘ishlangan «Hamid A’lamovning aytolmagan gaplari» xotira-essesi va «Jurnalist bo‘lmoqchimisiz?» (2002) risolasi, “Ozod iztirob quvonchlari” (2000), “Jurnalistning kasb odabi muammolari” (2007) kitoblari, «Chayongul» kinossenariysi muallifi (2000).

Xurshid Do‘stmuhammad yapon adibi Akutagava Ryukoskening «Rasyomon darvozasi» hikoyasini, T. Po‘latovning «Yetti huzur-halovat va qirq qayg‘u-alam» romanini tarjima qilgan.

Xurshid Do‘stmuhammad 1 va 2 chaqiriq O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining deputati. O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Qonunchilik palatasi deputati, Axborot va kommunikatsiya texnologiyalari masalalari qo‘mitasi raisi (2005) bo‘lgan

004

I

002Zo‘rning toshi qirga qarab yumalar… Taqir yerda uzoq o‘tirgan Sizif o‘zi ham to‘la anglamagan allaqanday ma’noda boshini bir sermab qo‘ydi-da, og‘ir qo‘zg‘aldi. Asli u novcha-darozgina edi, lekin uzluksiz og‘ir va qora mehnat oqibatida tarashadek qotib ketgan qad-qomati xiyla bukilib qolganidan oldinga osilib turgan uzun-uzun qo‘llari tizzasiga tegay-tegay der, nafaqat qad-qomati, balki diydasi ham qotib ketgan, uncha-muncha gap-so‘zga ta’sirlanavermas ham edi. Vaholanki, bu gapni ko‘p eslaydi u, bir paytlar yodiga tushgan zahoti chehrasida beozor-beg‘ubor tabassum paydo bo‘lardi, butkul qismatim mujassam, bu hikmatda deb hayratlanar, ba’zan ro‘parasida qad rostlagan tog‘u-toshning, ayniqsa, yonginasida qo‘qqayib turgan xarsang toshning qulog‘iga yetib borarmikan degan umidda uni ba’zan baralla – ovozining boricha baqirib-hayqirib, ba’zan esa shivirlab aytardi. Qalb tubidan chiqqan yoxud astoydil hayqirib aytilgan gap beta’sir qolmas deb o‘ylardi. Keyinchalik esa, eslashga eslaydi, aytishga aytadiyu, na kuladi, na kuyadi, na pinagini buzadi…

– Hoy, Sizi-if, yalqovlikni bas qil, qara, xarsang intizor senga, xarsang tosh!..

U ohista bosh ko‘tarib, ovoz egasini topmoqchi bo‘ldi, “yalqovlik” dedimi, ola-a, Sizifning sha’niga istalgan malomat toshini otsinlar – chidaydi, illo yalqov degan ta’na tavqi la’natdek eshitildi qulog‘iga, aslida ham yalqovlikka balo bormi bu yerda, axir tunu kunning farqi qolmagan, ochin-to‘qinning farqi qolmagan, hordiq badar unutilgan bu jazo oshiyonining har lahza-har soniyasi mehnatdan, mashaqqatdan, uqubatdan yaratilgan bo‘lsa! Bu haqiqatni allaqachonlar anglab idrokiga singdirib yuborgan Sizif bisotidagi nodiru nordon so‘zlar uchun og‘iz juftlab atrofga alangladi, biroq ovoz egasi tugul, da’vat qay tomondan kelganini ham aniqlay olmadi. Ovoz juda-juda tanish edi, afsus, tanish chehra o‘rnida uning ro‘parasida hayhotday xarsang tosh qo‘r to‘kib turar – xarsangdan boshqa nima ham ovoz chiqara olardi bu biyobonda?! – yaqin-yaqindan u tilga kiradigan odat chiqardi va Sizifga qadrdon allakimning juda-juda tanish tovushida to‘satdan sas-sado taratadigan bo‘lib qoldi. Sizif xo‘p o‘yladi-xo‘p urindi – eslolmadi, illo uning ishonchi komil – diydasi metinga aylanib ketgan xarsang shu turishicha hamishadagidek yana va yana Sizifni navbatdagi muhorabaga, olishuvga chorlayotgan edi.

* * *

Sizif ortiqcha o‘ylab o‘tirmadi, nima qilarini bilmay boshi qotgan odam singari chakkasini qashlab ham turmadi, balki ikkala kaftini baravariga xarsang toshning tagiga suqdi, eti-mushaklari po‘latga aylanib ketgan ko‘ksi va yelkasi aralash toshga qapishdi, oyoqlarini yerga tiraganicha – ha-a yumaloq, ha-a dumaloq, ha-a baqaloq deganicha jon-jahdi bilan xarsangni joyidan siljitdi. Butun zalvori bilan yerga qadalgan xarsang xuddi shu turtkiga shay va intiq turgandek, go‘yo yaproqdan yasalgan toshdek yengilgina harakatga tushdi. Xarsangning bu fe’lini Sizif allaqachon tushunib olgandi, binobarin, u darhol o‘zini yarim odim ortga tortib, toshni o‘z holiga qo‘ydi. U kuch-quvvatini misqollab sarflamog‘i, har qadam, kerak bo‘lsa, holi-qudratini har qarich-har baxya uchun o‘taketgan xasislik bilan taqsimlamog‘i zarurligini yaxshi bilardi. U ko‘z yetar, ammo qo‘lu oyoqlari yetmas manzil – tog‘ cho‘qqisi tomon bir qur qarab ham qo‘ymadi, zero turgan joyidan to ho-ov cho‘qqiga qadar masofaning har quloch-har qarichi yod bo‘lib ketgan, oyog‘ining ostidan ko‘z uzmasa-da, tog‘ yonbag‘rining qaysi manzilida borayotganini, cho‘qqiga dovur yana qancha masofa qolganini besh qo‘lday biladi. Sizif odatda xarsangga tarmashgan damlarda o‘ylamaslikka harakat qiladi, ortiqcha o‘ylash jismoniy quvvatimni so‘rib oladi deb xavotirlanadi, shu boisdan o‘y-xayollarini-da a’zoi badani – vujudidan vulqon yanglig‘ otilib chiqadigan shiddatiga payvasta qiladi – uning uchun xarsang toshni tepalik sari dumalatishdan muqaddasroq, muhimroq, savobliroq burch, maqsad-vazifa qolmaydi. Shu onda xayol uyuriga bulut o‘rkachlari qo‘shiladi, xayolga chirmalgan bulut yoxud bulutga qorishgan xayol daf solganida undan xalos bo‘lish oson kechmaydi, ustiga-ustak, kuchi qirqilishi oqibatida toshning dumalashi susayishi, yo‘lning unmasligi ham mayli, bunday damlarda xarsang toshdan ko‘ra qop-qora bulutga to‘yingan o‘y-xayollari yuz, ming karra og‘irroq, zalvorliroq tuyuladi Sizifga – xarsang va xayol qadrdonlashib olsa bormi, Sizif yolg‘iz, nochor va abgor bir holatga tushar, halizamon ular ikkov jipslashib men tanhoni naq majaqlab tashlashadi degan xavotirda qochgani joy topolmay qolardi. Yo‘q, Sizif zinhor bunga yo‘l qo‘ya olmaydi, yo‘l qo‘ymaydi ham, zero, peshonasiga urilguday bo‘ylashib turgan xarsang toshni ho-ov anavi cho‘qqiga olib chiqish uning yagona maqsad-maslagiga, umrining ma’no-mazmuniga aylanib ketganini biron lahza unutmaydi, u shunga mubtalo, shu boisdan ham, qanday bo‘lmasin, xotinini nomahram nazardan qizg‘angan erkakdek xarsang toshning metin vujudi bilan apoq-chapoqlashib ketgan xayollarini amallab undan ayiradi. Xarsang qancha tosh bosadi, bordiyu, tarozining pallasiga qo‘yilsa, necha botmon chiqadi, umuman uni cho‘qqi sari surib chiqarishga inson bolasi qodirmi-yo‘qmi, bular va shunga o‘xshash savollar, ishtibohlar ustida Sizif juda ko‘p bosh qotiradi, biroq ularning birortasiga tayinli javob topolmas, bari-barchasi bekor-behuda degan qarorga kelibgina qo‘l siltardi. Sizif bu qarorini haqiqati mutlaq sifatida qismatiga, tolelarga limmo-lim taqdir lavhlariga o‘chmas qilib muhrlab tashlagan. Eshigi-tuynugidin yo‘q nishon, aft-basharasi, ko‘z-qulog‘i nihondin-nihon yum-yumaloq, dum-dumaloq, baq-baqaloq – xarsang tosh emas, Sizifga in’om etilgan qismat toshi, taqdir toshi, nasibasi, oshihaloli bu! Ne zamonlardan buyon berib kelingan “jazo toshi” qabilidagi badhazm ta’rifu tavsiflar, ya’ni o‘zining sha’niga yog‘dirilgan tuhmat toshlariga toqati yo‘q Sizifning, zero u taqdir va qismatni o‘ziga ravo ko‘rilgan in’om, inoyat, nasiba deb biladi, hamon ma’budlar ma’budi ravo ko‘rdimi, vassalom, Sizif unga qarshi g‘alayon ko‘tarmaydi, u o‘zini g‘addor isyonkorlar toifasiga qo‘shmaydi, taqdirning qaytmas panjasiga panja urish niyatida qilich yalong‘ochlamaydi, balki ko‘ksini qalqon qilib xarsang toshni cho‘qqiga olib chiqish haqida qayg‘uradi, astoydil qayg‘urgani uchun ham shu maqsad-shu orzu uning a’moliga, o‘tayotgan umrining mazmuniga aylanib ketgandi.

Xarsang toshning yerga qadalib turgan joyidan osongina harakatga tushishi, qarich-baqarich yuqoriga qarab o‘rmalashini ham o‘sha taqdir va o‘sha qismatga sog‘lom va sadoqatli munosabatining ajri deb biladi Sizif. Vujudi, shuurini qamragan ushbu ishonch-e’tiqod Sizifninggina emas, xarsang toshning ham ishonch-e’tiqodiga aylanib ketgan, xuddi shu sababga ko‘ra tosh go‘yo Sizifni ortiqcha urintirgisi kelmagandek, uning qo‘l uchlari tegar-tegmas bir, ikki, hatto uch-to‘rt odimlar o‘zidan-o‘zi dumalab borar, buni ko‘rgan Sizifning nazarida quyosh dengiz tomondan emas, o‘zining chehrasidan chiqib kelib olamni charog‘on qilib yuborgandek tuyular, quvonganidan vujudida son-sanoqsiz alp-pahlavonning qudratini his qilar, agar shu maromni saqlay olsa, agar shu shiddatni susaytirmasa cho‘qqiga eson-omon qadami yetishiga, xarsang toshni cho‘qqining qoq uchchiga qo‘ndirib qo‘yishiga ishonchi, qat’iyati ortar edi.

* * *

Aslida esa cho‘qqi ostonasidagi yalanglik bir qadar ravon, sathi bir qadar nishab ekanligi bois xarsangga bir turtki kifoya – Sizifning ham, toshning ham joni kiradi go‘yo – xarsang yumala-ab ketadi. Har safar shunday – har safar Sizifning xayoli totli o‘ylardan masrur, nazarida cho‘qqining eng tepasiga dovur xarsang tosh mana shu maromda – qir bag‘rida sirpanchiq uchayotgan bolakayning chanasi yanglig‘ silliqqina, beozorgina sirpanib ko‘tariladigandek tuyuladi.

Sizif qarsak chalib yubordi, xarsang tosh yonida o‘zi ham dumalab-o‘mbaloq oshib, irg‘ishlab, qiyqirib, shodligini kim bilan baham ko‘rishini bilmay… xarsangtoshni quchoqlab oldi, barakallo, deya uning yelkasiga shapatilab qoqdi, uni silab-siypaladi, yumaloqqinam, dumaloqqinam, baqaloqqinam deya, duch kelgan joyiga betini bosib onasining momiq bag‘riga singib ketayotgan pishakchadek tantig‘landi-erkalandi. Vaholanki, og‘ir, mashaqqatu uqubatlar so‘qmog‘i boshlanajak mana shu kaftekkina nishab yalanglik ko‘ndalangiga, nari borsa, olti-yetti odimdan oshmas, ko‘zga ko‘rinib turgan esa-da, qariyb har safar shu yo‘lboshidagi emin-erkinlikdan tug‘ilgan shodumonlik Sizifni go‘daklarcha ko‘zini ko‘r, aqlini kemtik qilib qo‘yardi. Axir olti-yetti odimdan so‘ng tik qiyalik boshlanadi, oldinda yuqoriga qalin arqon yanglig‘ o‘rmalab ketgan so‘qmoq egri-bugri, o‘ydim-chuqur, binobarin, boyagi ravonlik ortda qolgach, endi uyog‘iga har qadam emas, har qarich ilgarilash Sizifdan bir dunyo kuch-quvvat talab qiladi. Lekin u yo‘lning – xarsang tosh cho‘qqi sari chiqaverib-cho‘qqiga yetar-yetmas pastga dumalab tushaverib ochgan so‘qmoqning naqadar mashaqqat so‘qmog‘i ekanini besh qo‘lday biladi. Boringki, Sizif hali yo‘lning boshlanishida emasmi, shundan uning bilaklari, yelkalari, biqini, tizzalari kuchga to‘lib turgan bo‘ladi, o‘zi charchoq nima ekanini bilmaydi, bir umr ekan-u, to abad shu mashg‘ulotga andarmon bo‘lishga-da qurbim-qurbatim yetadi deb ishonadi. Odat ko‘nikmaga yoinki ko‘nikma odatga aylandimi, vassalom, uning zarracha og‘irligi sezilmaydi odamga, binobarin, hech bir urf-odat o‘ziga ixlos qo‘ygan qavm imkoniyatlari bilan hisoblashmaydi. Aksincha uning hatto mashaqqatu uqubatlari ushbu qavm kishilariga rohat, adoqsiz rohat-farog‘at bag‘ishlaydi! Oh-ho-o, odatlanish nimalarga qodir emas, yaxshilar!..

* * *

Xarsang toshni qirga qarata yumalatish, shu asnoda toliqish, qavarib ketgan kaftlari, yelkalariga qaltiroq turishi, holsizlanishlari, zirqirab azob berishlari allaqachonlar Sizif uchun juda-juda oddiy va odatdagi holga aylanib ketgan, qolaversa, yo‘l boshida u og‘rinmaydi, xarsang toshni yana uch-to‘rt, ba’zan sakkiz-o‘n odimlar masofaga olib chiqishda deyarli qiyinchilik nima ekanini bilmaydi.

Qiyinchilikning ilk kurtaklari picha keyinroq uch bera boshlaydi.

Sizif bir zum nafas rostlaydi, tin oladi, oyog‘ining uchini xarsang toshning tagiga pona o‘rnida suqib turadi, to‘satdan u muvozanatini yo‘qotib, pastga qarab sho‘ng‘ib qolmasligi uchun shunday qiladi, necha daf’a shunday bo‘ldi ham – nafas rostlash istagidagi bir lahzalik parishonlik toshning pastga qarab quyunday otilishi bilan yakun topdi. Tosh bir chimdim ortga siljidimi, tamom, uni tutib qolish, oldinga harakatlantirish uchun chiranishlari zoye ketar, bunga bandasining qudrati ojizlik qilardi. Sizifning mehnati, mashaqqatu uqubatlari hisobsiz martalar shu tarzda zavol topdi. Hisobsiz martalar achchiq sitamlar ostida ezildi, biroq alami o‘zidan edi, axir yon-verida, atrof-javonibda hech zog‘ yo‘q, tosh oldinga bir qadam-bir qarich siljisa, o‘zini o‘zi olqishlaydigan ham, quyiga qarab sho‘ng‘isa, o‘zini o‘zi ayamay-netmay yanishi, boloxonador qilib so‘kishlari ham o‘zining sha’niga qaratilgan bo‘lardi.

* * *

Xarsang toshning yum-yumaloqligi, bir hisobda, Sizifga qiyinchilik tug‘dirsa, boshqa jihatdan qulayligi ham yo‘q emasdi. Bordiyu, xarsangning tizza yo tirsakka o‘xshash turtib chiqqan, tekis-yassi joylari bo‘lganida u har dumalaganida siltanib-chayqalib muvozanatni saqlay olmasa, uni tutib qolishga Sizifning chog‘i kelmay qolar, binobarin, xarsangning har harakati o‘n xavotir-tahlikani keltirib chiqargan bo‘lur edi. Shu bois, xarsang nechog‘li silliq harakatlansa, Sizif ham shunchalar muloyim tortar, mumkin qadar kuchiga zo‘r bermaslik chorasini izlardi.

Bu safar xarsang unga to‘la-to‘kis bo‘ysunayotgan, bundan Sizif nechog‘li mamnun bo‘lmasin, ko‘nglining bir chekkasida hademay xarsangning o‘jarligi tutib qolishi muqarrarligidan, uni tirnoqcha oldinga surish ham mashaqqatga aylanadigan joylar kelishidan xavotiri ham yo‘q emasdi.

* * *

O‘sha kun, o‘sha soniyalarda yuz bergan voqealar Sizifning yodidan sira o‘chmaydi. Yodida ham gapmi, bamisoli sahnada qo‘yilgan tomoshadek har bir manzarasi nigohi ro‘parasidan nari ketmaydi. U haqda uchchiga chiqqan ta’magir-muttaham, afsungar-tovlamachi degan ovozalar shamolday tarqaganini, rivoyatlar, ertaklaru dostonlar to‘qib-bichilganini tushunolmadi, hamon tushunmaydi. Ma’budlar ma’budidan o‘pka-ginasi o‘z yo‘liga, billo, kechagina o‘zi qatori yurgan duppa-durust odamnusxa uvrindilar sharmandalarcha bong urishda shovvozlik ko‘rsatganlaridan yomon mutaassir bo‘ldi Sizif. O‘b-ba, bachchag‘arlar-yey, o‘b-bba yuvuqsizlar-yey, deya miriqib kuldi. Ularning katta-kichigiga bo‘lgan hurmati shoyon samimiy, har birlarini boshiga ko‘tarishga shay edi. Buyog‘ini aytadigan bo‘lsa… nimasini yashiradi endi u, kimdan sir tutadi, indallosiga ko‘chaganda, Sizif ich-ichidan ularga achchiq istehzo bilan qarar, oliftalar, munofiqlar, xezimkashlar, rezgilar… payraxalar, deb so‘kinar, hech kim va hech narsa emas bular, deya har birining go‘riga mingtalab tosh qalar, o‘zlarini erkin his qila bilmagan erkaknusxalar qanchalar oliftalik qilmasinlar muqarrar nafratga loyiqdirlar, bunaqangi nozikmizojlar ikki dunyoda ham jasoratga qodir emaslar deb hisoblar, uning nazdida qo‘rqoqlik ham borib turgan tavqi la’nat, shu qadar shafqatsiz tavqi la’natki, taassuf, bu qarg‘ishga loyiq bo‘lmagan tirik jon anqoning urug‘idan-da kamyobu noyob deb bilardi.

Sodda, go‘l, laqmaga chiqarishdi Sizifni. Ahmoqona qahramonlikni ko‘ngli tusab qoldi, tentak, deganlar bo‘ldi, u haqda. Sizif esa hech bir vaysaqi tarqatgan issiq-sovuq mish-mishga ortiqcha ajablanmadi, mo‘ysafid o‘tmish uchun buning hech bir ajablanarli joyi yo‘q, hamisha shunday bo‘lgan va shunday bo‘lib qolajak, deya xulosa yasadi o‘zicha bosiqlik bilan. Axir qachon qaramang sofdil va beg‘ubor kishilar vijdonsizlar, so‘qimtabiatlar, qo‘rqoq va yelpatak xushomadgo‘ylarga qaraganda xiyla tushunarsizroq, g‘alatiroq tuyulishadi. Kulgiga qolib yurishadi. Vaholanki, hayotda juda ko‘p sarqitlarga qarshi kurashishda sopini o‘zidan chiqarish usuli qo‘l keladi, binobarin, xushomadgo‘ylarni o‘ldirsa bo‘lur edi, xushomad bilan… ko‘pirtirib maqtasa bas edi, alar nuqsonlarini! Chunki bilar edi – haqiqatni so‘zlasalar, toqatlari toq, ammo-lekin xushomadga jon deb solishar quloq!..

* * *

Sizif har safar shularni o‘ylaganida birov biqiniga kirib qitiqlayotgandek kulgisini tiyolmaydi. Bordiyu men ta’magir-muttaham, afsungar-tovlamachi hisoblansam, haqiqiy ta’magir-muttahamlar, afsungar-tovlamachilarning aft-angori, rang-ro‘yi qanday bo‘ladi? Harchand o‘ylasin, bosh qotirsin, tasavvuriga sig‘dirolmadi bo‘layotgan voqealarni u. Olis-yaqin kechmishini necha qayta xayolida gavdalantirib o‘zini o‘zi taftish qilishga urindi – qachon, qanday sharoitda, kimga muttahamlik qildi u, kimning mulki-amlokiga ko‘z olaytirdi, kimni xiyonatkorona aldab-suldadi… kimga nohaqdan-nohaq zulm o‘tkazdi – Sizif eslolmadi. Aksincha, u borib turgan og‘ir-vazmin, hatto haddan ziyod ehtiyotkor, zinhor el-yurt orasida yomonotliq bo‘lib qolishni istamaydigan odam edi (“Ana, Korinf ahli bunga shohid!” deya ozmuncha bo‘g‘ilib hayqirdimi, u?!), o‘rni kelganda, fe’lidagi mana shu yumshoq shupurgi tabiati o‘ziga ko‘pda yoqavermas, nafi bo‘larmikan, degan o‘yda boshqalarga eshittirmay o‘zini o‘zi yanishga tushib ketardi. Qo‘rqoq, lapashang deb ozmuncha so‘kkanmi o‘zini o‘zi u, er kishi (tag‘in, kimsan, martabador ayonlardan bo‘lmish muhtaram zot!) loaqal jindek jasur, qo‘rqmas, yo ostidan-yo ustidan qabilida ish tutadigan dangalchi, tavakkalchi bo‘lgani durust-da, deb o‘zini o‘zi tarbiyalashga harakat qilardi. Jazo tayinlovchilar va ijrochilar esa uning “ta’magir-kazzobligi”, jasur-qo‘rqmasligi, umuman noma’i a’moli bilan pachakilashib-ijikilashib o‘tirishmadi…

Sizif yo‘l bo‘yi solintirib kelgan boshini salt ko‘tardiyu, o‘zini tik cho‘qqisi ko‘kka qadalgan mana shu tog‘u tosh poyida ko‘rdi. Qo‘llari kishanlangan, har bir to‘pig‘i boldirlari aralash chandib bog‘langan zanjir xalqalarining zalvori ularning yerda arang shaldirab sudralib kelayotganidan ham ayon edi. Vaholanki, Sizif hali bu qadar xatarnok maxbusligini, inson bolasi boshiga tushmagan jazoga mahkumligini ham teranroq anglab yetolmayotgan, ayniqsa… ichida kuldi u, o‘zining ahvoli ayanchli darajada kulgili ko‘rindi. Axir, yo, rab, nahotki, kimsan Sizif oyoq-qo‘llariga kishan uriladigan, dunyoning nazar-nigohlardan yiroq e-eng ovloq biyoboniga keltirilib yovuz va shafqatsiz qismat ila yuzma-yuz qoldirilishga loyiq inson bo‘lsa?! Nahotki, u yovuz, mal’un kimsa sifatida badarg‘a qilinmoqda? Nahotki, endi u o‘zini, sha’nini himoya qilolmaydi, menga quloq solinglar, yaxshilar, sizlar o‘ylaganchalik badbaxt odam emasman, deya olmaydi! Degan taqdirda ham… tushuncha va tasavvurlar murakkablasha boradi, shakllanadi, shu asnoda ulug‘ zotlardagi aqliy evrilish xalqning evrilishiga – fikran-shuuran ulg‘ayishiga qanot bag‘ishlaydi, shu to‘lqinda juda ko‘p haqiqatlarga oydinlik kiritiladi, jumladan yaxshilik va yomonlik, ezgulik va yovuzlik haqidagi tushuncha va tasavvurlar takomil cho‘qqisiga yetib, quyma yombi maqomiga yetgan pallada – shu maqomga yetishgan xalq to‘satdan yemirilishga yuz tutadi, qirg‘inga uchraydi, degan bashoratlar… be-be-ye, bunday safsatalarning Sizifga, Sizifning boshiga tushib turgan shafqatsiz musibatga nima daxli bor?!

U seskanib tushdi, boshini asabiy siltadi.
– O, tangrilar! Qay gunohim uchun menga buncha azobni ravo ko‘rmoqdasizlar? Hayhot, nahot, men shul jazoga loyiq insonman, nahot?!

* * *

Sizif jon achchig‘ida hayqirganidan oyog‘idagi zil-zambil zanjir sharaqlab ketdi. To‘pig‘i jazillab achishdi. Axir nechun oyog‘iga kishan urishdi uning? Oyoqlarida ne gunoh? Bosh gunohkor uning tili-zaboni edi-ku! Zarurat tug‘ilsa, Sizif buni bo‘yniga olishga hoziru nozir edi, biroq, og‘zini juftlagan chog‘da tuyqus fikridan qaytdi. Bordiyu, oyog‘idagi zanjir uning tiliga urilgan taqdirda yoinki shu kimsasiz va ovloq biyobonga surgab kelib uning mahmadona tilining tag-tugidan qirqib tashlashgan taqdirda ham… tilida ne gunoh-ne karoxat?! Tili gung edi uning, tilini tishlagani-tishlagan edi, axir. U holda… u holda… Sizif boshini xam qilgan ko‘yi oyoqlariga razm soldi, ularga uzrli boqdi, ularga taskin-tasalli so‘zlarini izhor qilgisi keldi:
– Dilimda edi bari, dilginamning qa’rida…

* * *

Odatda u yo‘lboshida zarracha qiynalmaydi, shu safar ham o‘ynab-kulib toshni yumalatib yubordi, shundan so‘ngina haqiqiy ma’noda ishga kirishdi – u toshga tarmashganicha uni qadam-baqadam yuqoriga, yuqoriga qaratib siljitishga tushdi. Qadami, qulochi unmoqda edi. U allaqachonlar toshni dumalatish hadisini o‘zlashtirgan, bu mashg‘ulot uning kundalik hunariga, o‘zi esa xarsang tosh dumalatuvchi hunarmandga aylanib ketgan, shundan, uning harakatlari siyqa, hech bir yangilik yo‘q, muhimi, samara, ya’ni toshning oldinga-yuqoriga qarab siljishi edi. O‘sha gap – gap: zo‘rning toshi qirga qarab yumalaydi!.. Sizif o‘zini zo‘r deb biladi, shu xarsangga kuchi yetmay mag‘lub bo‘lishini tasavvuriga sig‘dirolmaydi, zinhor-bazinhor sig‘dirmaydi ham! Mashi baqaloqqa kuchim yetmasa, insonligim qayda qoladi, degan gapni takrorlayverganidan tili necha bor tanglagiga yopishib, necha bor chaqa bo‘liblar ketmadi!..

* * *

Sizif shunaqa inson. Izidan, maqsad-maslagidan qaytadigan qo‘rqoq, lapashang emas! Orqasiga choptiradigan mag‘zava so‘tak ham emas! Nimagaki qo‘l ursa, dadil va ishonch bilan kirishadi. Xarsangga ham xuddi shu shiddat, shu qat’iyat bilan yaqinlashadi. Yo‘lning har qadami, hatto har qarichi unga yod bo‘lib ketganidan u bir nigoh tashlashda qaysi joyda ketayotganini besh qo‘lday bilar, keyingi qadam yoxud keyingi qarich uchun qanday kuch-quvvat sarflamog‘i, qandayin chapdastlik ko‘rsatmog‘i zarurligini oldindan bilar va shunga yarasha chog‘lanardi. Bu safar boshi uzra bulut xirmon bo‘lib to‘dalashmagan, shu sababmi, u cho‘qqining qoq beliga dovur ko‘tarilganini to‘satdan payqadi, demak, bu safargi yurishi unga o‘zgacha in’omlarni hozirlagan ko‘rinadi, hatto odatdagi charchash-toliqishni ham tuymayapti, demak, marra sari yurish g‘olibona poyoniga yetishi ham ehtimoldan holi emas. G‘ayrati jo‘shib-ko‘pchimoqda, bordiyu, boshi tepasida bulut uyurlari paydo bo‘lgan taqdirda ham hozirgi shiddati bilan uni… umuman uning bulut bilan nima ishi bor, besanog‘-behisob, boshi-oxirini bilib bo‘lmas osmonda uchib o‘tadigan tutinsimon bir narsa bo‘lsa! Ana, tog‘ yonbag‘ridan ho‘-o‘ narida qir-adr shamoyilidagi bulut go‘yo osmon toqisiga bog‘lab qo‘yilgandek qilt etmay turibdi, Sizif bilan ishi yo‘q uning, shu alfozda bir joyda siljimay turaverganidan, oftob tig‘ida rang-tusi unniqib, rang-tussiz, gezarib ko‘rinyapti.

* * *

Sizif so‘nggi lahzalargacha o‘zini qanday jazo kutayotganini bilolmadi. Dorga osisharmikan?.. U holda qani xaloyiq, qani to‘sinda tebranib uni intiq kutayotgan sirtmoq?.. Jimjit. Yoxud, manavi kimsasiz tog‘ etagida shartta yerga yotqizishadiyu, kim ko‘rib o‘tiribdi, aziz boshini sapchadek qilib tanasidan judo etishadi-vassalommikan?! Bir zumgina – bu dunyoda bir odam kamaydi, nimayu, ko‘paydi – nima! Yoxud Korinfning ustiga osmon qulab tusharmidi, Sizif qatl etilsa?! Unday desa, oybolta tutgan jallodlarning qorasi ko‘rinmayapti, kunda ham yo‘q… O‘t qalab, tikkasiga yondirisharmikan?.. Balki boshidan nomokob purkay-purkay terisini shilishar, tiriklayin?! E-e-e, ana, ana, Sizif ko‘rdi! Ko‘rdiyu, vujudi lovullab ketdi, ayon, degan o‘y shuurini-dilini yashinday tilib, kuydirib o‘tdi. To‘g‘risi, u bunday jazoni kutmagandi. Nima bo‘lsa bo‘lar, lekin ortiqcha qiynamay jonimni olishadi degan umidda shaylanib kelayotgandi u, biroq… Ko‘z oldida og‘ir haybatli xarsang tosh ostida majaqlangan va yer bilan bitta bo‘lib yotgan oyoq-qo‘li, jismi-jasadi gavdalandi. Xarsang toshning rosa dumalaydiganini topishibdi, o‘ziyam! Bahaybatligini!.. Avval Sizifni yerga yuztuban yotqizadilar, so‘ng oldi-orqasidan poyloqchilik qilib kelayotgan xosnavkarlar baravariga xarsangga yopishadilar-da, toshni uning ustidan bir sidra dumalatib yuboradilar, qarabsizki, qasira-qusur-r-r!..

Xarsangning biqin tomonida ola-chalpoq qizil dog‘-dug‘lar ko‘rindi, demak, Sizif taxminda adashmadi, ilgari ham kimlarnidir bu yerga keltirib toshga bostirishgan, o‘sha burungi qon dog‘lari xarsangga yuqib, singib ketgan!..

Sizif o‘zi ustidan chiqarilgan va o‘qilgan hukmni astoydil, butun vujudi quloqqa aylanib eshitdi, qulog‘i – hukmda, nigohlari esa tutqich bermas – yag‘rini osmonga tutash tog‘ cho‘qqisining raso qaddi-bastidan, tog‘ yonbag‘rini qoplagan mayin-barra maysaning go‘zalligidan hayratda edi. Ehtimol, o‘ziga ajal olib kelishga shay turgan xarsang toshga qaramaslik uchun ham shunday qilgandir. Haqiqatda zalvorli, mahobatli xarsang tosh – shu tog‘mi yoxud boshqa bir tog‘ cho‘qqisidanmi allaqanday qudratli qo‘l ulkan hovuchlari bilan o‘yib olganu, olmadek, yo‘q, anordek dum-dumaloqlab uni shu yerga – maxsus-atayin Sizif hukm etilgan jazo chorasi o‘talmog‘i lozim ko‘rilgan maskanga keltirib qo‘yilgan. Olma emas, anor ham emas – naq tarvuzdek yum-yumaloq, omonlashay desang na tutadigan qo‘li bor, tanishay desang na aft-angori, bog‘lay desang na bog‘lab qo‘yadigan bo‘yni yo dumi bor! Tarhi tarvuzdan olingani muqarrar! O‘zi qay ahvoldayu, bir qarashning o‘zida unga ism qo‘yib ulgurdi Sizif. Ism emas – laqab to‘qidi: yumaloq, dumaloq, baqaloq, deb yubordi u ichida. Yerda yuztuban yotgan odamning ustidan dumalatib yuborish oson ko‘chishi uchun ham ayni shu bichimdagi toshni tanlashganiga shak-shubha yo‘q, ehtimol, ko‘z ko‘rib-quloq eshitmagan ajabtovur jazo chorasini kashf etganliklaridan mamnunliklarini yashirolmagandirlar, ayniqsa mahkum bilan xarsang, xarsang bilan mahkum jismi-jasadidagi tafovutni ko‘rganda yana, yana bir bor o‘z ma’budliklaridan, ma’budona topqirliklaridan behad masrur bo‘lgandirlar… ma’budlar?!

* * *

Nachora, osiy banda, necha aylansin-necha o‘rgilsin, boshini duch kelgan tog‘u toshga ursin-urmasin, gunohkor bo‘lib chiqaveradi. Hamma va har kimsa bir-birovining oldida gunohkor. Shunday ekan… naqadar go‘zaldir begunoh odam, deganlariga o‘lasanmi! Qani, ko‘rsatsinlar, o‘shal go‘zalni?! O‘zini gunohlardan butkul xoli deya, go‘zallarning go‘zali deya maydonga chiqqan bormi, he zamonda?! Bor bo‘lsa, marhamat, men begunohman, onadan tug‘ilgandek bokiraman, deb ko‘rsin-chi, o‘shal begunoh, beayb go‘zal! Hay-hay-hay, naq xudoning qahriga uchradim deyaver, sho‘rlik! Bir savalashadi-bir savalashadi-i!.. Joningni egovlab, badaningni… qoq belingga arra solib, tasavvur qilyapsanmi, g‘ir-g‘ir, g‘ir-g‘ir, g‘ir-g‘irlatib arralasinlar yoinki oyoq-qo‘llaringni arqonlab, to‘rt tomonga ot choptirsinlar, ko‘rasan, ixtiyoriy holda, bab-bajonidil begunohdan gunohkorga aylanish qandaqa bo‘lishini!.. Gunohning ham uncha-muncha jo‘n-xashakilarini emas, borib turgan e-eng noyobu nodir – kabira gunohlarni ilishadi bo‘yningga! Bu qabildagi gunohlar esa u dunyoyu bu dunyo afv etilmaydi – oxiratingga dovur kuyib kul bo‘ldi deyaver!.. Qani edi, lom-mim deb og‘iz ocholsang, sening “lom”ingdan ham, “mim”ingdan ham cho‘loq qumursqaning undek momiq tuproq yuzida qoldirgan izi qadrliroq bo‘lib turgan bir zamonda… Biror marta xit bo‘lganmisan? Xit bo‘lish nima ekanini bilasanmi, o‘zi?.. Seni dunyoga keltirgan volidai muharraming ham badbashara yalmog‘iz bo‘lib ko‘rinadi ko‘zingga… Belanchakka belangan nevarachangning ma’sum qiqirlashi ham iblisning qah-qahasidek botadi qulog‘ingga. Voy, deysanmi, ih yoki uh deb yuborasanmi, yo, falak deya nola chekasanmi?.. Bas, yetadi, shuning o‘zi seni gunohkorga chiqarish uchun kifoya qiladi – chunki, eshitgansan, bilasan – har bir tirik jon peshonasiga qazoi haq tamg‘asi yanglig‘ muqarrar gunohkorlik tamg‘asi urib qo‘yilgan, osiy banda. Hamon shunday ekan, Sizif ham o‘ziga ravo ko‘rilgan qismat hadyasi oldida bosh egishdan o‘zga chorasi yo‘q. Axir harchand tavalloyu dod-faryod ko‘tarma, peshonangga yozilganidan qochib qutulolmaysan, inson. Eng ayanchlisi, o‘z manglayingdagi yozuvning bir satrini ham oldindan o‘qiy olmaysan – istiqbolda nimalar kutmoqda seni, qanday saodatli yoxud qandayin maxzun kunlar yo lahzalar intiq-intizor quchoq ochib turibdilar, bilolmaysan. Quvonchli damlarni boshdan kechirganda yaratganga shukrlar qilasan, yetkazganiga shukr deysan, boshingga musibat gurzisi tushganda esa dalli tasalli aniq: peshonamda bor ekan-da, demoqdan boshqaga yaramaysan! Yozig‘im shul ekan-da, demoqdan o‘zga chora topolmaysan, be choraga, be najotga, ojizu notovonga aylanasan. Go‘yo peshonangdagi yozuvni, jilla qursa, kechikib bo‘lsa-da, o‘qigandek bo‘lasan. Voqea yuz berib o‘tdi, ya’ni, manglay daftaridagi ko‘zga ko‘rinmas yozuv amalga ko‘chdi, lekin bir narsa e’tiboringdan chetda qoladi – yuz bergan hodisani o‘tdi-ketdi deb hisoblaysan, bo‘ldi, tamom deysan. Aslida esa… taqdir bitiklarini bitguvchi xattot shu o‘rinda bandasiga beminnat hadya in’om etganini, mehribonlik ko‘rsatganini unutma, hisobga olib qo‘y. Tovoningga zirapcha kirgani ham behikmat emas, binobarin, yuz bergan voqea-hodisa ro‘y berdi tamom-vassalom emas, aslo, u hali davom etadi – ibrat ma’nosida, ogoh ma’nosida, da’vat va hokazo ma’nolarda. Aqli bor odamning ko‘zi moshday ochiladi. Chunki o‘sha ibrat yoxud da’vat atalmish hali-veri nari ketmay boshing tepasiga turfa shakl-shamoyilda aylanishayotgan bulut karvoni yanglig‘ qaytib keladi, ha, hayoti-dunyoda unga yana va yana ko‘plab marta ro‘para kelasan. Ehtimol o‘shanda ayni shu voqea ilgari ham – qachonlardir boshingga tushganini unutib yuborgan bo‘lasan, e-voh, deb yuborasan, zinhor kutmagandim, deysan, vaholanki, u shuurning allaqaysi shiyponchasida yaslane-yeb sening ustingdan beozorgina kulib-kulimsirab turgan, ehtimol, seni mazax qilayotgan bo‘ladi.

* * *

Uzundan-uzun hukmi oliy xatmi (bunchalar cho‘zishmasa, deb qo‘ydi Sizif ichida, ensasi qotib) adog‘iga yetayozgandagina u xarsang toshning raftoriga bosh-oyoq razm soldi. Haybatini ko‘rib yuragi orqasiga tortib ketdi… Uni dumalatib-dumalatib tik cho‘qqi tepasiga olib chiqishni mo‘ljalladi, chamaladi. Shul toifa jazo ravo ko‘rildi unga, demak, hozirning o‘zida uni kishanlardan ozod etishadi va Sizif yo, madad, degancha ishga kirishadi… Yoki u taxminda adashdimi? Hukmi oliyni yanglish eshitdimi?.. Boshi g‘uvillamayaptimi? Ko‘zlari aniq-ravshan ko‘ryaptimi, o‘zi? Axir unga hech bir amr bo‘lgani yo‘q, ya’ni hozirning o‘zida jazoni o‘tamoqlikka kirishgaysen, degan amri-farmon o‘qilganicha yo‘q.

Sizif angrayib qaradi atrofga, qulog‘ida shamol guvillashi tinmadi, hukmni durust eshitmay qoldim, degan o‘yga-da bordi, lolu hayronligini yashiradigan ahvolda emasdi u. Jazoning g‘aroyibligini aniq va tiniq tasavvur qilib ulgurmagan esa-da, taqdirga tan berdi.. Og‘irdir… azobdir… mashaqqat chekar, uqubat ostida qolar, illo, ho-ov marrani ishg‘ol etish epini topmay qo‘ymas, yo bo‘lmasa… Yo, bo‘lmasa… Yo, alhazar!..

* * *

Sizifning qulog‘i tom bitdi. Ko‘z o‘ngida sharpalar, soyalar, bulutlar aralash-quralash qorishib ketdi. Alangladi, qulog‘ini ding qilmoqchi edi, ko‘ngli behuzurlashdi. Qop-qora va damqisdi sukunat uni asta-sekin komiga tortayotgan – uni bosh tarafidan yuta boshlagan edi! Allaqanday bo‘yni uzun maxluqning tor jig‘ildonidan tushib borayotgandek his qildi o‘zini. Torlik, qorong‘ilik va jimlik – sukunat bu qadar qo‘rqinchli, hatto ko‘ngilga qutqu soladigan darajada dahshatli tus olishi mumkinligini tasavvuriga sig‘dirolmasdi, Sizif! Nima qiladi endi u? Baqirsinmi? Qichqirsinmi? Faryod qilsinmi?.. Kim eshitadi uning nolasini? Kim yordam qo‘lini cho‘zadi unga? Kim?! Uni shu maskanga dovur yetaklab kelgan navkarlar, yasovullar qayga g‘oyib bo‘ldilar! Boshdan-oyoq tuhmatdan iborat hukmni dunyo ahli ko‘rmagan adolat tantanasi yanglig‘ qiroat ila o‘qiganlarda so‘rog‘i bor edi Sizifning! Qani, ular?!
Savollar yog‘dirish ham, ularga javoblar topish ham zimmasida qoldi, Sizifning…

* * *

Bundan ko‘ra, hushlariga kelgan boshqa har qanday tarzda paymonasini to‘ldirib qo‘ya qolganlari ma’qul emasmidi?! Mayli, dorga ossalar… boshini tanidan judo etsalar… tilini qirqsalar… Mayli edi, manavi… manavi bahaybat mahluqni ustidan dumalatib, qizil qonini qora tuproqqa qorishtirsalar!..

* * *

Sizif hushini o‘nglab, tilini tiydi. Nimalar deb vaysayapti? Kimga dashnom bermoqchi, endi uning bilarmonligi kimga kerak?! U qo‘rqa-pusa xarsangga nigoh yugurtirdi, negadir ko‘nglidan, u jondor bo‘lsa-chi, degan o‘y lip etib o‘tdi, yaqinlashmay turib uning bosh-oyog‘i, yon-veriga qaradi, bir-bir odim tashlab, qo‘l yetar-yetmas masofada turib uning atrofini aylandi. Yumaloq, dumaloq, baqaloq!.. Illo, bo‘yi bo‘yiga teng, xarsangning beliga Sizifning quchog‘i yetmasligi aniq, buning ustiga u yumaloq, dumaloq, baqaloq bo‘lgani bilan sip-silliq emas, g‘adir-budir, o‘ydim-chuqur, qilichning damidek keskir qirralari ko‘rinib turibdi. Ayrim joylarini mog‘or, po‘panak bosgan, ko‘rinadiki, u juda uzoq vaqtlardan beri soya-salqin, pana-pastqam bir joyda yotganu, asqotadigan mavridi kelganidan uni shu joyda muhayyo qilishgan. Rang-tusi…

Sizif toshu xarsang toshning farqiga borar, Korinf qal’asini devor bilan o‘rashda, ayniqsa bosh qo‘rg‘on devorlari uchun keltirilgan xarsang toshlarning sangtaroshlar tomonidan yo‘nish ishlariga shaxsan o‘zi bosh-qosh bo‘lgan, bosh-qosh bo‘larkan, allaqancha fursatlar katta-kichik xarsanglar tepasidan ketolmay qolar, bu ajabtovur tog‘ jinslarining aql bovar qilmas shakl-shamoyliga, rang-tusiga, undagi chiziqlar, xollar, dog‘-dug‘lardan ko‘z uzolmas, usta sangtaroshlarni tevaragiga yig‘ib olib o‘zini qiziqtirgan va bilmaganlarini tortinmay-netmay so‘rab-surishtirar, o‘sha bilganlari… mana, mana shu biyobonda asqotib qolishi mumkinligi yetti uxlab tushiga kirmagandi!..

– Har bir xarsang toshning joni bor, – degan edi mo‘ysafid cangtarosh ustaboshi. – Sizif bu tentak chol men bilan maynabozchilik qilishga qanday jur’at etyapti degan o‘yda o‘qrayib qaragandi mo‘ysafidga, biroq sangtaroshning aftida mutoyiba sharpasi sezilmadi, aksincha u juda jo‘n haqiqatni aytayotgan qiyofada va ohangda boshlagan so‘zini tasdiqladi: – Faqat bularning ko‘nglini topa bilish kerak!..

Sizif attang deya bosh chayqadi. Joni qayda bu baqaloqning? Ko‘ngli-chi?.. Shu o‘yda xarsangni bir boshdan nazardan o‘tkazishga kirishdi. Xarsangning turli yeri turfa rangda tovlanayotganiga e’tibor berdi, qizg‘ish, qirmizi, qoramtir, oqish… xolli-xolli, ajabtovur chiziqlar ayqashib ketgan… xuddi ikkita tosh bir-biriga erib qapishib ketgani belgisidek to‘g‘ri tortilgan chiziqlar… Lang‘illab yonayotgan gulxanning qizil-qoramtir tilini eslatuvchi shakllar… Sizif xarsang yaxlit quyma toshmi yoxud yig‘indimi ekanligini aniqlolmadi, o‘zicha xarsangning betini, ko‘zi, burni va qulog‘ini belgilab oldi, bir yo ikki juft oyog‘i bo‘lganidami, Sizif ha-a, chuv, deya uni tirqiratib tepaga yo‘rg‘alatgan bo‘lardi-ya!.. Qulog‘idan cho‘zib bo‘lsa-da, yetaklab chiqardi-ya!.. Biqiniga xala suqardiki!..

* * *

Odam – tikyuruvchi jondor, bu-chi? O‘yladi-ya, aytdi-ya, qadam tashlab yura olganida, oyog‘ini yerga tekkizmay yugurtirmasmidi, Sizif, uni! Mingoyoqqa o‘xshab o‘rmalaganida, o‘rmalatmasmidi, yuqoriga qaratib?! Qanoti bo‘lganidami! Oh-h-o-o!.. Yo‘q, xarsang tosh yumaloq, demak, u – yumalovchi, dumaloq, demak, u – dumalovchi. Uni dumalatishdan o‘zga iloji, chorasi yo‘q, Sizifning!..

* * *

Uzun oq kunlar, ulardan-da uzunroq qora kunlar ulanib, uyqashib ketdi. Sizif uchun buning ahamiyati qolmadi, u butun borlig‘ini, butun maqsad-maslagi, orzu-umidini bir niyatga – xarsang toshni cho‘qqi tepasiga olib chiqishga qaratdi. A’zoi badanida quvvat paydo bo‘lganini seza boshladimi, bas, oqkunmi-qorakunmi, jazm etaverar, kafti, kifti, ko‘ksi, manglayidagi loy, tuproq, chang-g‘ubor yuqini artmay-surtmay yana va yana xarsangga tashlanar, ehtimol, shu safar, ha-ha-a-a, mana shu safar xarsangni cho‘qqiga qadar dumalatib olib chiqishiga bo‘lgan galdagi ishonch uning g‘ayratiga g‘ayrat qo‘shardi. Axir uning ko‘z ochib ko‘rgani tosh edi, ko‘rgani tog‘ yonbag‘ri, tog‘ cho‘qqisi edi. Og‘ziga qaysi so‘z kelsa, o‘sha bilan atadi tog‘ va tog‘ cho‘qqisini. Tog‘, tog‘ yonbag‘ri, tog‘ cho‘qqisi, taqir tepa, mushkul tepa, g‘urbat tog‘i, qir, adr, so‘qmoq… Ko‘ksini yalong‘ochlab osmonga qarab yotgan navrasta qizning hali uch berib ulgurmagan mammasini eslatib yuborardi ba’zan tog‘ cho‘qqisi. Qizemchak!.. Sizif yayrab-yashnab, og‘zini to‘ldirib, miriqib kuldi. Shirintoy shumtaka nevarachasi hali tili chiqmay turib xotin-qiz zoti yaqin kelsa mammi-mammi deganicha ularning ko‘ksiga chang solardi… Simobday, nuqraday, parqu bulutday oppoq, ko‘zni oladi, qamashtiradi… xayolni xazonday to‘zitadi, charchog‘ingni tumtaraqay qilib quvadi, yo‘q yerdan kuch-quvvat bag‘ishlaydi, erkakligingni yodga soladi, tog‘ mammisi!..

* * *

Nomidan, qiyofasidan qat’i nazar tog‘ yonbag‘ri, o‘zi ochgan so‘qmoq yo‘l qadrdonlariga aylanib ketdi Sizifning. Yumaloq, dumaloq, baqaloq xarsang unga bo‘ysunib tepaga tomon o‘rmalagani sayin toshni, unga qo‘shib taqir tepani, so‘qmoqni alqashga tushar, ularning barchasini til biriktirgan qadrdon do‘stlari yanglig‘ aylanib-o‘rgular, biroq bunday xush kayfiyat va xush muomala uzoqqa bormas, xarsang cho‘qqi sari cho‘zilgan so‘qmoq yo‘lning qaysidir manziliga yetgan joyida taqqa to‘xtar, bamisoli ikkala oyog‘ini bir etikka tiqqan battol xangidek u yog‘iga bir qadam, bir qarich ham siljimasdi. Sizif birdan qo‘rqib ketardi, qo‘rquvga hovliqish ulanardi, so‘ng sarosima, tahlika… ozmuncha marta talvasaga tushdimi?! Bularning bari zaiflik, irodasizlik alomati ekanligini eslagan zahoti esa hushini yig‘ishga kirishar, vazmin tortar, shu tariqa bezabon tog‘, bezabon so‘qmoq, bezabon toshga termilgan bezabon odam asta-ohista, asta-ohistalik bilan vujudining allaqaysi puchmoqlarida pusib olgan iroda rishtalarini topib, tutib olar, uni avaylab-ardoqlab himarib-himarib tortib olish yo‘llarini izlar, Sizif uchun o‘z irodasidan bo‘lak madadkor, xaloskor yo‘q edi.

* * *

Dunyoning turgan-bitgani irodadan iborat, deyishgan. Darhaqiqat, insonni iroda tark etsa yeru osmon ham, quyoshu yulduzlar ham behuda-befoyda. Men esa yangi irodaga o‘rgataman odamlarni!.. Ha, mutlaqo yangi irodaga, demak, boshqacha hayot kechirishga o‘rgataman! Ana o‘shanda boshqacha yashay boshlaydilar, odamlar, dunyo boshqacha bo‘lib qoladi. Nuqul azob-uqubatdan iborat bo‘lgan hayot barham topadi. Nafaqat manavindaqa bejon-benom tosh-tuproqni ko‘tarish, surgash-tashish emas, inson zotini oyoqosti va beqadr qiladigan har qanday qora mehnat mashaqqati batamom barham topadi! Inson hayoti hudami-behudami, bama’nimi-bema’nimi, deb yo‘q yerdan bosh qotirib o‘zlariga o‘zlari azob berib yurishmaydi, odamlar.

* * *

Dastlabki kezlar u xarsang toshni yuqoriga qarab yumalatishda ko‘pincha shoshildi, shoshilish ham gapmi, hovliqdi. Qayta-qayta chamalaganida cho‘qqigacha bo‘lgan masofa aytarli olis emasdek, marra qo‘l cho‘zsa yetgudekkina ko‘rindi, shu ham yumushmi-jazomi, dedi, nazarida g‘izillab toshni dumalatadiyu, naq cho‘qqining tepasiga yetib boradi, navrasta qizaloqning ko‘ksi yoniga toshni qimirlamaydigan qilib o‘rnatadi-da, bir muddat mammidan ko‘z uzmay qoladi, suqlanib xayoli qochadi. Shundan so‘nggina o‘zini qo‘lga oladi – xarsangning ustiga chiqib olib butun olamga jar soladi: he-yey-y, odamlaru odamla-ar, eshitmadim demangla-ar, menkim shahon shoh Eol va malika Enaretning suyukli o‘g‘loni, Meroplar sulolasining arzanda kuyovto‘rasi, Glavkaning padari, Bellerofontaning g‘amxo‘r bobosi bo‘lmish mahkum Sizif kaminaga belgilangan jazoi haqni, nihoyat, sharaf bilan o‘tadim, uddaladi-i-m-m! Ha-ha-he-ye-yey-y-y! Mana-a, qarangla-ar, shohidi bo‘lingla-ar, xarsang toshni cho‘qqiga olib chiqdim, cho‘qqini zabt etdim, zafar quchdim, deya chor tarafga qarata hayqiradi!..

* * *

Dimog‘i chog‘ bo‘lgan Sizif xarsang atrofida aylana yasab yugurishga tushganini o‘zi ham sezmadi.
– Lakalum lak-lakalum! Laka-laka lak, lakalum!.. Lakalum lak-lakalum! Laka-laka lak, lakalum!..

Sizif umuman hayotda juda kamdan-kam, ahyon-ahyonda raqsga tushgan, ixlosmandlarining qo‘yarda-qo‘ymay urinishlarini rad etishning iloji topilmagan hollarda esa qo‘lini nomigagina ko‘tarib qo‘yar, harakatlari boshqalar tugul o‘ziga ham beo‘xshov ko‘rinib ketardi, endi esa, shu tobda nazarida mohir raqqosdek sezayapti o‘zini – gavdasini goh o‘ng-goh so‘l tomonga tashlab irg‘ishlar, sopalak tepayotgan bolakayday lo‘killab qo‘yar… Ilhomi jo‘shib, qadamini yanayam jadallatdi, xirgoyisi harakatlariga monand sho‘x-shodon yangray boshladi:
– Lakalum lak-lakalum! Laka-laka lak, lakalum!.. Lakalum lak-lakalum! Laka-laka lak, laka-laka lak, lak-lak, lakalu-u-u-m-m!..

O‘ziyam rosa aylandi u xarsang atrofida! Xarsang ko‘ziga qadrdonidek ko‘rinib ketdi. Rosa xumordan chiqdiyu holdan toydi, shuning barobarida qushday yengil ham tortdi…

* * *

Birinchi bor u ulug‘ maqsadlar bilan jangga otlanganidan buyon eh-he-ye, ozmuncha to‘fonu bo‘ronlar uvvos solib bu biyobonga chovut soldilarmi, ozmuncha davru davron va ozmuncha zamonlar qaytmas yoqlarga badar g‘oyib bo‘ldilarmi, ozmuncha bulutlar o‘rkach-o‘rkach bo‘lib, tog‘-tog‘ bo‘lib karvon tortib o‘tdilarmi?! Lekin, buni qarangki, na kuchi qirqildi, na-da misqolcha g‘ayrati so‘ndi Sizif azamatning, o‘zi esa butun boshli odam-chidamga, odam-bardoshga, odam-irodaga aylanib ketdi. Basharti mo‘’jiza yuz berib, undan kimdir kelib isming nima deb so‘rasa, hech ikkilanmay, ismim matonat yoki ismim bardosh deb, yoki bo‘lmasa, turgan-bitganim tosh, xarsang toshga, cho‘yanga, metinga aylanib ketganman deya javob qaytarishdan orlanmagan bo‘lur edi. Vaholanki, u haqda, uning boshiga tushgan bu qismat sinovi ustida gap chuvalashtiradigan vos-voslar ne-ne badhazmdan-badhazm va havoyi mish-mishlar tarqatishmadi. Nima emish, Sizif abadul abad besamardan-besamar qaro mehnatga mahkum etilmish, necha zamonlar qaro terga botmasun, u xarsang toshni cho‘qqi tepasiga yumalatib chiqa olmamish, inchunin, Sizif bema’ni, beshukuh, bezavq qaro mehnat qahriga uchragan badbaxt-betole taqdir timsoli deya bitilmish, solnomalarda!..

Odamning turish-turmushi doimo bema’ni, deya jirttakilik qilganlar bekor aytibdilar! Turish-turmushning bema’nilikka aylanishi ham, uni bama’ni qilish ham har bandaning o‘zida qolgan! Men isbotlagayman, men! Marhamat, bu yo‘lda har qanday malomatga tayyorman. Qani edi, betimga yog‘dirsalar zahar-zaqqum ta’na-malomat. Kim betimga ayamasdan shapaloq tortar? Kim burnimdan tortib meni kazzob, deb aytar? Qani, kim bor? Kela qolsin, qulog‘im ding, mana, men hoziru nozir, men tayyor!

* * *

Sizif toshni yuqoriga qarata dumalatish mashqini allaqachon puxta egallagan, dumalatmagan taqdirda ham undan nari ketolmas, go‘yo u xarsangga ko‘rinmas ip bilan bog‘lab qo‘yilgandek besh odim uzoqlashdi deguncha xarsang uni yoniga tortib olayotgandek bo‘laverar, bunga sari Sizifning mehri toblanar va ovozining boricha “Laka-lum”lab dumaloq, yumaloq, baqaloq qadrdoni yoniga quchog‘ini yozib yetib kelar… ha-a, ho‘-o‘, avvalboshda esa… ko‘rgani ko‘zi yo‘q edi uning turqini!.. Ko‘zini ochdi deguncha unga o‘qrayib qarar, nigohlari bilan teshib yuboraman degan iddaoda tirg‘alar, parchalab tashlayman, mayda-maydangni chiqarib qumingni ko‘kka sovuraman degan po‘pisa, dag‘dag‘a bilan yeng shimarar, bunga sari kuchiga kuch qo‘shilayotganini ravshan his qilar, tishlarini g‘ijirlatib, kafti, yelkasi, tizzasi, tirsaklari azbaroyi toshga, metinga aylanib ketganga o‘xshar, o‘sha holatida vujudida qaynab-toshayotgan shahdi-shijoatini tasvirlashga so‘z, ta’rif topolmasdi. Qayoqdagi mana shu narsani, tag‘in jonsiz, ongsiz… ko‘rimsiz bir xarsang toshni ko‘rinib turgan tog‘ tepasiga olib chiqolmaymanmi, menday ongli bir inson-a, kimsan korinflik ayonlarning ayoni, omilkorlikda Sizifdayin misli kamyob odam-a!.. Qon kechaman, tirnoqlarim o‘yilib tushsin, barmoqlarim, kaftlarim majaqlanib ketsa ketsin, tog‘-toshning bag‘ri o‘pirilib chohlarga qulasa-qulasin, illo sen xarsangni tepaga, anavi tep-paga-a olib chiqmaguncha qo‘ymayman-n! Qo‘ymayman!..

Uning qon-qoniga, vujud-vujudiga singib ketgandi-ya, bu aqida. Musht do‘laytirib yaqinlashardi u xarsang yoniga, musht yog‘dirardi duch kelgan yeriga, ovozining boricha hayqirar, po‘pisalar qilar, haqoratlardan-da tilini tiymas, qandoq bo‘lmasin sen mening izmimdasan, bo‘ysunmaganingga qo‘ymayman, deya shaxt-shiddatini ro‘kach qilishdan, pesh qilishdan charchamasdi. Biroq… biroq Sizifning shashti qanchalar baland bo‘lsa, ishining unumi shunchalar sezilmas, qadam olishi og‘irlashar, goho sakkiz-o‘n, goho undan-da pastroq, hatto tikkasiga qarab bor-yo‘g‘i ikki-uch quloch ilgarilagan bir pallada to‘satdan xarsangning qaysarligi tutib, uni qimirlatib bo‘lmay qolar, boyagi shasht-boyagi vajohatda Sizif lovullab tirik alangaga aylanar, yorug‘ dunyoda topilmaydigan haqoratlarni boloxonodor qilib do‘ldek yog‘dirar, odamgarchiligu insongarchilik degan afandimayillar ho‘-o‘ allazamonlarda o‘tib ketgan deya zahrini sochar, jahl chiqqanda aql qayda deganlaridek, yana va yana mushtiga erk berar – xarsangni bet-ko‘zi demay duch kelgan joyiga savalashdan, tepkilashdan to‘xtamas, xarsang qilt etmas, o‘zi esa oyoq-qo‘llari qip-qizil qonga belangandagina hovurdan tushar, es-hushini yig‘ar, alamini kimdan olishini bilmaganidan muk tushib, endi yerni mushtlagani-mushtlagan edi.

* * *

“Aksari xarsang toshlarning joni bo‘ladi”… Negadir mana shu jumla o‘qtin-o‘qtin Sizifning tili uchida aylanishadigan bo‘lib qoldi. Munkillagan sangtarosh ustaboshining qiyofasini ko‘z oldiga keltirishga urindi, urinishlari zoye ketdi, lekin uning gapini deyarli aynan takrorlay oldi: “Faqat ko‘nglini topa bilish kerak!..” Ko‘nglini dedimi yoki tilini?.. “Topa bilish” dedimi yoxud “Uyg‘ota bilishingiz kerak” deya Sizifga qarata aytdimi, chol?! Aytganda ham, ko‘zini do‘laytirib, zarda qilib aytdi. Xuddi, vaqti kelib, kimsan Sizif mana shunday holatga tushishini bilganday, shunday voqea yuz berishi ehtimoldan holi emas degan ma’noda bashoratomuz qilib aytdi!

Sizif esa yum-yumaloq, dum-dumaloq, baq-baqaloq xarsangning na joni, na ko‘ngli, na-da tilini topolmayotganidan xunob edi…

* * *

Xarsang toshning mammisi qayeridaykin? Yoki… erkakmikan, u?

“Xayol qurisin” dedi Sizif kulgisini yashirmay, shunday desa-da, xayoli izmidan chiqolmadi – “Xarsang toshning erkak-urg‘ochisi bo‘ladimi?” deb usta sangtaroshdan so‘rasam tilim uzilib tusharmidi, deb peshonasiga shapatiladi.

* * *

Nima qilganda ham, xarsang – tosh-da, Sizifning kayfiyati, ahvol-ruhiyasi bilan zarracha ishi yo‘q, o‘z bilganidan qolmas va Sizifning qaysidir marraga qadar sarflagan mashaqqatu uqubatini bir nobop siljish bilan chippakka chiqarardi.

Vaziyatga ko‘ra, xarsangni ortga siljitaman deb necha bor adabini yedi Sizif. Ortga qaytish o‘ta xavfli edi, chunki barzangi bir chimdim erki o‘zida qolganini sezsa, bas, uni tutib qolishning iloji bo‘lmas, ehtimol, tutib qolish uchun Sizifdaqasidan o‘nlab, yigirmalab azamatning kuchi kifoya qilmas, shuning uchun, xarsang bo‘ysunmay boshladimi, Sizif birinchi navbatda, qanday bo‘lmasin, darhol o‘zini chetga olib qolishni o‘ylashi shart edi. Bunday damlarda xarsang bilan hazillashib bo‘lmasligini, u harchand hay-haylashga ham, dod-faryodga, iltijolarga ham beparvo-berahmlik bilan quyiga – cho‘qqi poyiga tomon qaldirab-guldirab sho‘ng‘ishi muqarrarligini Sizif yaxshi bilardi.

Sizif besh-olti quloch yuqorilagan joyida xarsang pastga qarab dumalagan paytlar bo‘ldi, uni ne-ne ilmu amal, ne-ne xiyla-nayrang bilan dumalata-dumalata cho‘qqining yarmiga yetgan paytlar bo‘ldi, hatto undan-da yuqoriga ko‘tarildi, jonlari xapriqib-ko‘pirib ketdi o‘shanda Sizifning, marraga qo‘l yetguday masofaga ham chiqdi va har safar, har safar yetdim deganda Sizif beixtiyor, “Eh!!!” deb, “Voh!!!” deb, “Voy-yey-y!!!” deb yuborar, har safar butun vujudi ko‘zga aylanar va yo‘lida duch kelgan tosh-tuprog‘u, yantoq-butoqni ezib-yanchib, qo‘porib-majaqlab pastga dumalab borayotgan xarsangdan nigohini uzolmas, zambarakning to‘pidek dumalab borayotgan yumaloq, dumaloq, baqaloqqa qarab turib tizzalarini shapatilaganicha qolardi. Ichingga uray, qorningni yoray deb xumordan chiqquncha so‘kinardi. Og‘zi shaloq odamga aylanib qolayotganini payqab, g‘ashi kelar, asli boodob erkak ekanligi yodiga tushib, shunday esa-da, ba’zan bundayin qo‘lansa so‘zlarning nafi sezilayotganiga iqror bo‘lib ham qo‘yardi. Zero, so‘kingani sayin mashaqqatlari zoye ketganini ham unutar, xarsangning vajohat ila xuddi quturgan bahaybat jondor singari o‘kirib-ayqirib pastga qarab dumalashining oqibati nima bilan tugashini, va nihoyat xarsang qayerga borib to‘xtashi mumkinligini chamalab chamasiga yetolmasdi. Osmonda chaqmoqlar chaqardi, tog‘lar larzaga tushar, tog‘ tizmasiga tutashgan dengiz mavjlari azbaroyi battar moviylashib, tund qiyofa hosil qilardi har safar. Toshni dumalashdan to‘xtatadigan, uni ko‘tarilgan joyida asrab qoladigan kuch bo‘lmasdi atrof-javonibda bunday damlarda.

Qiziq, har safar toshga tarmashar, uni joyidan jildirib, cho‘qqi tomon siljita boshlar ekan Sizif bu galdagi yurish tog‘ yonbag‘rining qaysi mazgiliga qadar davom etishini chamalay olmasdi. Nafaqat kuch-quvvati yetmasligi, balki toshning pastga qarab sho‘ng‘ishining sababi ko‘p edi – sababidan qat’i nazar lahzaning yuzdan bir soniyasi, nafasida hamma urinishlari chippakka chiqar, Sizif es-hushini yig‘ishga ulgurmas, hushyor tortib ulgurmas, chapdastlik qilishga ulgurmas – alay-balay deganicha xarsang o‘zidan shiddat bilan uzoqlashayotgan bo‘lar, qanchalar mashaqqat va uqubatlar evaziga imillab ko‘tarilganiga teng shiddat va dengiz to‘foni yanglig‘ g‘alayon bilan pastga sho‘ng‘ir, xarsang ho‘-o‘ etakka yetib, harakatdan to‘xtaganida Sizif hali nafasini rostlolmagan, alamidan tilini, lablarini chaynab-g‘ajib, qon tuplab ulgurmagan bo‘lardi.

* * *

Sizifning birdan-bir maqsadi xarsang toshni cho‘qqiga olib chiqish esa-da, g‘alat, har safar xarsang pastga qarab dumalaganida unga qarab turib, undan ko‘z uzmay turib birdan shu qadar yengil tortardiki!.. Yelkasidan tog‘ ag‘darilganu, boshi uzra suzayotgan oppoq bulutdek vaznini his qilmay qo‘yardi, mana, ho-ozir, shu topning o‘zida osmoni falakka ko‘tarilib parqu bulut yanglig‘ olis-olislarga uchib ketadigandek holatga tushardi…

* * *

Tuyqus Sizifning ko‘zi qamashdi. Mamnun jilmaydi, kaftini soyabon qilib cho‘qqi tomonga qarayotib “Quyoshning qilig‘i!” deb qo‘ydi ichida alam bilan. Ancha bo‘ldi, u mammini quyosh nurlaridan, goho esa bulutlardan qizg‘anayotganini sezib qoldi. Dastavval bunga e’tibor bermadi, miyig‘ida kuldi-qo‘ydi, biroq asta-sekin qizg‘anish ochiq-oydin rashkka aylana boshladi, qanchalar o‘zini qo‘lga olishga urinmasin, bunday holatlarda Sizifning ichiga yovvoyi mushuk kirib olgandek bo‘lar, o‘zini qayoqqa urishini bilmas, yana va yana alamini xarsangdan olardi.

U ko‘zlarini chirt yumdi. Kifoya qilmadi, kafti, bilaklari bilan yuz-ko‘zini to‘sdi. Shunda ham zarang tayoqdek toshqotgan barmoqlari orasidan oppoq tog‘ mammisi simobday nur sochib ko‘rinib, ko‘rinib emas, jilmayib turardi.

Sizif boshini tog‘ cho‘qqisining kunchiqar biqinida yastanib yotgan dengiz tomon burdi. Dengizning qorni baqaloq odamning qorni kabi shishib ketgan, o‘rtasi to‘nkarilgan qozonga o‘xshab ko‘rinar, dam qorayib-dam ko‘karib jilvalanayotgan suv sathida to‘satdan paydo bo‘lgan oftob shu’lasi (ajabo, oy shu’lasi ham Sizif tomonlarga dengiz sathi orqali taralar, u oftobni ham, oyni ham bevosita ko‘rish saodatidan mosuvo edi) tushar, goh yolqinga aylanib nur sochar, goh xanjardek tig‘dor nurlarini to‘g‘ridan-to‘g‘ri uning ko‘zlariga qadayotgan, Sizifning esa azal-azaldan negadir tonggi oftob yog‘dusiga toqati yo‘q edi. Jini suymasdi.

Aftini ters burdi u, qosh-ko‘zi aralash oqib tushayotgan ter suvini bilagi, so‘ng dag‘al kaftining sirti bilan surib tashladi, biroq ko‘zlari battar qamashdi. Cho‘qqi tomondan nigohini olib qochdi, “Quyoshning kasofati!..” deya takror g‘udrandi va ittifoqo dengiz sathida choqqina qayiqchada suzib borayotgan… Odam!.. Odam!.. Chol-ku!.. Qariya-ku!.. Sevinganidan, xursandligidan hushini yo‘qotib qo‘yayozdi u, shu qadar entikdiki, shu qadar joni bo‘g‘ziga tiqildiki, loaqal, “Ho-oy-y!” deya ovoz chiqarolmadi. Hayqirish qayoq-da, dami chiqmadi Sizifning. Esini yig‘ib olgunicha esa chol qayiq-payig‘i bilan ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi… Allaqancha vaqtgacha Sizif dam cho‘nqayib, dam qad rostlab turgan joyidan qimir etmadi, biron lahza dengizdan nigohini uzmadi, chol yana paydo bo‘ladi deb ishondi, shunda, ko‘ringan zahoti ovozim boricha baqiraman, chinqiraman, dod solaman deya shaylandi, hatto qanday baqirishni, nima deb chaqirishni o‘zicha mashq ham qildi. Xarsang toshni qiyalik tepasi tomon yumalatish yumushini kanda qilmasa-da, allaqancha vaqtlar fikr-xayoli dengizda, aniqrog‘i, qayiqda eshkak tutib o‘tirgan cholga ko‘chdi.

* * *

Zevsning qahriga uchramasligi juda-juda oson edi Sizifning. O‘zi barpo etgan Korinf qal’asida davru darvon surib umrguzaronlik qilishiga hech qanday mone’lik yo‘q edi. Faqat qurg‘oqchilik yomon qaqshatdi Korinf aholisini. Qultum suvning qadri nondan, havodan-da oshdi. Zaxira adog‘iga yetayozdi. Nima qilmoq kerak?.. Sizif halovatini yo‘qotdi. Xaloyiq undan najot kutardi. Shunda… Har qanday dardning soyasida uning davosi pusib yotadi, degan qadimgilar. Sizif ana o‘sha davoning topilishiga ishonardi. Lekin bu davoning… Egina qiz ekanligi Sizifning yetti uxlab tushiga kirmagandi. Bordiyu, Egina go‘zallikda tengi yo‘q sohibjamol bo‘lmaganida ham, bordiyu, u suv tangrisi Asopning suyukli arzandasi bo‘lmaganida ham, bordiyu, bokira Eginaga ilohlar ilohi Zevsning nazar-nigohi – ishqi tushmaganida… Sizifning boshiga bu kunlar tushmasmidi?! Kimsasiz bu maskanda – yer tarvuzining ustida, osmon tog‘orasining ostida o‘ziga nisbatan bir necha barobar barzangi xarsang toshga kiftini bosib xayolga tolib o‘tirmagan, abadiyat qadar cho‘zilgan umri zil-zambil baqaloqni osmono‘par tog‘ cho‘qqisi sari yumalatib olib chiqishga besamardan-besamar urinishlar bilan o‘tmasmidi! Malaksiymo bokira Egina!..

* * *

Dengiz yuzalab suzayotgan qariyani qayta ko‘rishdan tamoman umidini uzgan, unutayozgan kezlardan birida u, ittifoqo, yana paydo bo‘ldi! Sizif ay-nan birinchi safar ko‘rgandagi ahvolga tushdi. Avvaldan o‘ylab qo‘ygan niyatlarini butkul unutdi. Aksincha bexosdan tovush berguday bo‘lsa, chol yana ko‘zdan g‘oyib bo‘lishini o‘yladi, qani, nima bo‘larkin, qayergacha suzib borarkin, men tomonga o‘girilib qararmikan deb, nafasini ichiga yutdi. Chol yelkador, qaddi xiyla bukik, qoq yelka suyaklari turtib chiqqanigacha, eshkakni og‘ir va bir maromda eshayotganigacha Sizif aniq-tiniq ko‘rdi. Va ana endi bemalol chaqirsam ham bo‘ladi, degan xulosaga kelgan soniyada… ha, xuddi shu lahzada chol yana g‘oyib bo‘ldi!..

– Cholni dengiz yutib yubordi!

Sizif bu fikrdan toriqdiyu, lekin chol yana qaytib dengiz sathida paydo bo‘ladi degan ishonchini yo‘qotmadi.

* * *

Sizifning aniq yodida yo‘q: Egina qizning g‘oyib bo‘lishi boisini u Asopning qulog‘iga shipshidimi yoxud voqeadan xabar topgan Asopning o‘zi najot umidida uni izlab Korinf darvozasi ostonasiga bosh urib keldimi, har qalay, hammasi Egina qiz fojiasidan boshlandi. Boshlandiyu, unga xudolar xudosi Zevs amri ila yog‘ilgan ta’qib-tazyiqlar to‘foni ulanib ketdi. Zevsning nafrat-g‘azabini olovga, alangaga aylantirib keldi u tomondan yo‘llangan lashkar.

Vaholanki, Sizifning bor-yo‘q gunohi uning boxabarligi edi. Boxabarligi pand berdi unga. Ha, u Egina qiz paritimsol va xushqad go‘zallar kushandasi bo‘lmish Zevs tomonidan o‘g‘irlab ketilganidan xabar topdi. Abadulabad o‘zgarmas aqida shu – ma’budlar nazar-nazdida xabardor kimsadan xavfliroq jondor yo‘q. Xabardor odam sherdan, arslondan, sirtlonu ajdahodan… to‘fonu vulqondan-da xatarli. Dunyoning xatari – xabardorda! Boz ustiga, Sizif singari haqparast, adolatpesha va betgachopar xabardorlarning turgan-bitgani tirik ziyon. Undaylarning boridan ko‘ra yo‘g‘i avlo!..

* * *

Qayiq mingan chol uchinchi daf’a ko‘ziga ko‘ringanida Sizif sas-sado chiqarmay uni obdon kuzatishga qaror qildi. Suv sathida ohista chayqalib borayotgan qayiq suzyaptimi yoki bir joyda… Chol eshkak eshyaptimi?.. Qo‘llari eshkakda, lekin… Har safar qanday ko‘ringan bo‘lsa, o‘sha-o‘sha – kallasini ko‘ksiga osiltirganicha qimir etmay o‘tiribdi. Qo‘llari eshkakka bog‘lab-chandib tashlangan bo‘lsa-chi?!

Sizif bu fikrdan xayolga botdi: nega bog‘lashadi? Nima, chol baliqchimi yoxud bandi-maxbusmi?.. Sizif xayollari po‘rtanasida g‘arq ekan, ustma-ust yopirilib kelgan to‘lqin qayiqni allaqayoqlarga olib qochdi.

Sizif bu safar ortiq achinmadi, kuyunmadi ham, balki nazar-nigohidan sharpadek g‘oyib bo‘lgan qayiq tomondan ko‘z uzmay turib o‘zi ustidan chiqarilgan hukm mohiyatidagi adolatsizlikni payqab qoldi.

Unga yonida g‘o‘dayib turgan xarsangni tog‘ cho‘qqisiga olib chiqish jazosi belgilangan, biroq hukmda uning yolg‘iz-kimsasiz qoldirilishi haqida lom-mim deyilmagandi. Nega endi uni yolg‘iz qoldirishdi? Axir inson har qanday holatda fikrlaydi, fikr odami esa gapirmasdan iloji yo‘q. Inson ichida yetilgan gapni gapirmasa yorilib ketadi, shu bois u tinmay gapiradi, har qanday inson aytar gaplarini tinglovchi mahramga muhtoj, ichini bo‘shatmaslikka hukm etilgan odamning ahvoli esa… dahshat!.. Ofat!.. Falokat!.. Gapiray-da, qutilay, – deb yubordi Sizif. – Ichimni to‘ldirgan gaplarni gapiray-da, qutilay, gapiray-da…

* * *

Ba’zan Sizif og‘zi gapdan to‘xtamayotganini, hatto aljirayotganini to‘satdan sezib qolar, bu odatining yaxshi-yomonligi haqida o‘ylab ham ko‘rmas, odamni gapiruvchi hayvon, jondor deb bilardi u. Faqat u ovoz chiqarib gapiryaptimi yoxud tovushi chiqmayaptimi – bunga ham ko‘pda e’tibor qilmaydigan bo‘lib qolgandi. Inson ovoz chiqaradimi-chiqarmaydimi, nima farqi bor, u hamisha ichida gapirayotgan bo‘ladi axir. Yaxshiyam, o‘ziga o‘zi gapirish, o‘zi bilan o‘zi gaplashish ta’qiqlanmagan!.. Yolg‘iz odam ham istaganicha gapirishi, so‘ylashi mumkinligini hisobga olishmagan chog‘i… Qayiqdagi qariya ham yolg‘iz… U kim bilan gaplashadi, kimga dardini yozadi?.. Baliq tutish dardida dengizga chiqqanu, adashgan. Holdan toyganmi?.. Yo‘li olismikan yo?.. Bepoyon dengiz uzra behuda-besamar suzib yurish Sizif singari qismatiga bitilgan jazo tamg‘asi bo‘lsa-chi?!

* * *

Tag‘inam Zevsdek uddaburon ma’budlar ma’budi taysallab, katta xatoga yo‘l qo‘ydi, u zarracha o‘ylamay-netmay mulozimlariga amr qilmog‘i, Sizif bilgan narsani oshkor etmay turib, zudlik bilan uni el-ulus nazaridan olislarga gumdon qilmog‘i, olislar ham gapmi, oyoq-qo‘lidan tutgancha osmonu falakka olib chiqib, yerga irg‘itib yuborishlari shart edi. Oliy istakka istehzo ila qiyo boqqan ko‘zlarni o‘yib olmagan xudoning xudoligi, ma’budning ma’budligi qoladimi, axir?! Kim nima desa desin, illo, qattol saltanat yo‘rig‘i shafqatsiz!

– Olampanoh Sevs o‘z sha’n-shavkatiga yarashmagan qilmishga qo‘l urdi. U suv va daryolar ma’budi Asopning bokira farzandi-arjumandi Egina qizga ko‘z tikdi – uni o‘g‘irlab, xaramiga yashirdi-i!..

Sizif endigina baralla aytyapti bu so‘zlarni, u damlar esa dilidan tiliga ko‘chmagan shu xabar ma’budlar nazdida shumxabar deya talqin topdi.

Talqin yedi Sizifni! Talqin boshiga yetdi!..

* * *

Shafqatsizdan shafqat tilanma aslo, zero…

– Nechun bording bozorgoh, mal’un?!
– Nechun borurlar bozorgoh, ma’bud?

– Gap o‘ynama, betavfiq sayoq! Va’z o‘qimoq edi niyating.
– Niyatim – haq bo‘lgan mudom! Hamon…
– Hah-ha-a, haqiqat?! Haqiqat – g‘uluv!..

– Dildan tilga ko‘chmagan kalom…
– Tamom-m! Tamom-m! Batamom-m!..
… Chorsu bozoriga borgani chin, maydon oralab o‘tgani rost.

Shunda banogoh – unga nigohi tushgan xaloyiq turgan joyida suratdek to‘xtab qolar, unga angrayar, undan so‘z kutar, bunday holdan Sizif ham hayron, zotan, dilida haq axbor qaynagan – boxabar odamning har bosgan qadami, har tashlagan nazari bir hikmat ekanligini o‘zi ham anglamagan… Ma’budlar ustidan g‘alaba qozonish esa tentaklik, telbalik – davomi esa xatar-tahlika. Illo Sizif qilmishidan afsuslanmadi, aksincha, ma’budlar ma’budining haddidan oshgani meni haddimdan oshirdi, deya oqladi o‘zini. O, idrokim, qonlarga to‘l, qonga to‘l chanqoq, dahshat solib yasha yoki yashama mutloq!.. Ha, shundoq: arslon – izidan, erkak – so‘zidan!..

* * *

Kimdandir yoki nimadandir qochib kelgan quyuq bulut go‘yo jon saqlamoq umidida dengiz suviga chaplashib ketdi, bulut qayda-suv qayda, Sizif ajratolmay qoldi. Suv to‘q ko‘kimtir, deyarli binafsha rang tusga kirib… Sizifning ko‘zini achishtirdi. U picha chidadi, o‘zi zabt etishga chog‘langan tog‘ cho‘qqisining yonginasida yastanib yotgan dengizning bulutlar xurujiga uchragani… hozirgina jilvalanayotgan moviy suv sathidan ko‘z uzolmadi, axir poyonsiz dengiz sathi jimir-jimir qilib shivirlayotganga, olis-olislardan esayotgan shabada suv sathini erkalayotganga, suv mavjlanib-erkalanib noz-karashma qilayotganga… Sizifga kuch bag‘ishlayotganga o‘xshayotgandi. Baliqchi qariya boshqarayotgan qayiqning dengiz uzra bir maromda suzib borishiga havasi kelayotgandi. Chol chiranmasdan, bir me’yorda eshkak urayotgan, Sizif sirti tep-tekis, silliq va ayniqsa yumshoq-momiq suv sathidan suqlana-suqlana ko‘z uzolmayotgan, beixtiyor boshini azot ko‘tarib o‘zi zabt etmoqlikka qasd qilgan qoya tomon ketgan yo‘lni nazardan o‘tkazayotgan, damo-dam chol qayiqni oqim izmiga qo‘yib qo‘llariga dam berayotganini ko‘rganida o‘zi bunday imkoniyatdan mahrum ekanligini yana va yana taqdiri azaldan, qismatidan ko‘rib, ich-ichidan ezilayotgandi.

* * *

Sizifning boshi uzra Tanatosning qora bulutlari quyuqlashdi. (1) Sizif bo‘sh kelmadi – to‘g‘ri, u o‘ziga yetgancha xiylakor edi, uncha-bunchaga bo‘sh kelmasdi, uncha-muncha nayrang tuzog‘iga ilinmasdi ham. Tanatosga bo‘ysunish o‘lim bilan teng, ya’ni jallod tig‘iga gardanini tutishning o‘zginasi edi. Buni yaxshi bilgan Sizif birdan-bir to‘g‘ri yo‘lni tanladi – u o‘lim ma’budini qulluq ila qarshi oldi, unga ojiz va notavon qiyofada ro‘baro‘ bo‘ldi. Biroq u mazlumning yovuzlikka qarshi isyoni – xiyla, degan aqidani qo‘llayotganini hech zog‘ payqamadi.

1.Tanatos – Qadim Yunonda o‘lim xudosi.

* * *

Sizif ovozining boricha xaxolab tog‘u toshni boshiga ko‘tardi, quloq tutdi – tog‘ kuldi, cho‘qqi kuldi, o‘t-o‘lanu ho‘-o‘, naridagi dengiz mavjlana-mavjlana kuldi. Sizifning shumligi tutdi, u ro‘parasida baqrayib qolgan g‘animini mazax qilayotgan g‘olib sarkarda yanglig‘ istehzolarga to‘la basharasini ko‘z-ko‘z qilib kuldi. Haqqirost ma’bud bo‘lsa, ko‘nglimda yetilib turgan niyatimni payqamasmidi?! O‘zini ma’bud deya jar solgan ma’bu-ud, ma’bu-ud, hammasi o‘zicha ma’budchalar, yaramaslar!.. Kulgi uni xumordan chiqarolmadi, birdan jiddiy tortdi, yo‘q, na’ra tortdi, na’ra:
– Senmi, meni dog‘da qoldirmakka atalgan jazo? Menmi, senga kalaka-ermak? Shul xarsang, shul tog‘ bo‘ldimi yo‘limda paydo?! Mening yo‘limda-ya?!

Sizif xarsangni dast ko‘tarib hov dengizga qarata uloqtiradigan vajohatda qo‘llarini boshi uzra musht qilib do‘laytirganicha atrofga zahar purkadi.

Keyin nima bo‘ldi, keyin? Nima bo‘lardi, olam ahli ko‘rmagan-netmagan hodisa yuz berdi – Tanatos g‘aflatda qolganini anglab yetishga ulgurmay, Sizif uni zanjirband etib, zindonga tashladi, zindonga! To‘fon tutdi olamni, betinim va betizgin chaqqan chaqmoqlar momaguldirakka aylandi – olam toshqin ostida qoldi. Jala quydi, sel quydi. Sizif Korinf ulusi ichmog‘i uchun suv so‘ragandi – kechagina qultum suvga zor aholi necha kun-necha oy tinimsiz yoqqan jala ostida g‘arq bo‘ldi, g‘arq!.. Biroq Zevs niyatiga yetolmadi, ya’ni o‘lim ma’budi Tanatos zindonband ekanligi bois yer yuzida o‘lim to‘xtagandi.

Zevs talvasaga tushdi!..

* * *

– Qirg‘inbarot-o‘limning to‘xtashi Zevsni dahshatga, talvasaga soldi. – Sizif xarsang toshga kiftini tiragan ko‘yi cho‘nqayganicha unga razm soldi. Xarsang zil-zambil sukunatga ketgan, aftidan u ohista boshlangan hikoyaga butun vujudi bilan quloq solayotgandi. Sizif davom etdi:

– Zevs o‘liklarni ham, undan battar tiriklarni ham ko‘rgani ko‘zi yo‘q edi. Osmoni falakdan yog‘iladigan, odamlar boshiga mingdan-ming ofat-talofatlar yog‘diradigan yog‘in-chaqinlar xudosiga va tangrilar tangrisi degan oliy sharaf sohibiga aylangan bu kimsaning kimdan va qay tariqa dunyoga kelgani ahli avomdan pinhon tutilgan.

Endi o‘ylab ko‘rsa, shu xabardorligi, ya’ni Zevsning nasl-nasabini besh qo‘lday bilishi – Sizif ustidan o‘qilajak hukmning shafqatsizligini belgilab bergan edi. Xullas… avvalboshda Kronos va Reya oilasida totuvlik, xotirjamlik hukmron edi. Biroq bu osudalik uzoqqa bormadi – Reya farzand ko‘rdi deguncha Kronos ularni hayallatmay paqqos jig‘ildoniga urishni odat qiladi. Volida Reya uvvos soladi, faryod chekadi, eri Kronos esa o‘z farzandlaridan biri tomonidan mahv etilajagi haqidagi bashoratdan tinchini yo‘qotgan, taxt-martabadan mosuvo bo‘lishdan ko‘ra nasl-nasabsiz qolishni afzal deb bilgani bois razil odatini kanda qilolmasdi. Joni o‘rtangan Reya navbatdagi homilasi – Zevs dunyoga kelgan zahoti uni o‘rab-chirmab yashiradi va uning o‘rniga eriga choyshabga o‘ralgan tosh parchasini taqdim qiladi. Kronos toshni yutib yuboradi. Oradan necha fursatlar o‘tib, Zevs voyaga yetadi va bashoratda naql qilinganidek qonxo‘r va odamxo‘r padaridan tug‘ilmay nobud bo‘lgan aka-opalarining xunini oladi.

O‘sha otadan dunyoga kelgan Zevs o‘zi ham padar qarg‘ishiga, so‘ngra qismatiga giriftor bo‘ldi. Otameros qonxo‘rlik qismati Zevsni bachajish – chaqaloqxo‘rga aylantirdi, biroq, hayhot, u bu borada otasidan o‘tib tushdi, ya’ni taqdir lavhiga bitilgan qatli om qismatidan omon qolish ilinjida ko‘z ochib ko‘rgan jufti haloli Metidani tiriklayin yutadi. Onaning vujudida jon saqlagan homila esa rivojlanishdan to‘xtamaydi, balki ota miyasidan ozuqalanish hisobiga rivoj topadi va vaqt-soati yetgach, dunyoga keladi…

Sizif hikoya qilishdan bir zum to‘xtab, uzoq tin oldi. Nima qilsin – aytsinmi-aytmasinmi, yo‘q, u bashorat qilish niyatidan yiroq, faqat shoh Ibn K. bilan bog‘liq voqea… Shunday bir zamonlar keladiki, shoh ibn K. kibru havoda o‘zini osmon ustuni deb e’lon qiladi. O‘z qo‘l ostidagi yurtda bunga shubha bilan qaraganlarni, ularga qo‘shib ma’lumu mashhur zotlarni yoppasiga qatli om etadi. Nima bo‘ladiyu, bexosdan uning burniga chivin kirib ketadi. Harchand urinmasin, ayuhannos ko‘tarmasin, chivinni qaytarib chiqarish epi topilmaydi, chivin esa uning miyasini kemirish hisobiga kun va soat sayin kattalashib sichqondek bo‘lib ketadi. Shoh ibn K. o‘lmay turib jahannam azobini ko‘radi… Sizif bu hikoyani so‘zlab yuborishdan o‘zini bazo‘r tiydi (2). Lekin Kronos va Zevs ikkovi asli xudosiz badbin ekanliklarini aytdi. Ochiqchasiga aytdi, dona-dona qilib aytdi:

– Kronos va uning zurriyodi Zevs – ota va o‘g‘il xudosiz bo‘lganlari uchun ham o‘limni dahshat deb bilardilar, zotan o‘lim gunohkorlar nazdidagina dahshat va ayanch manbaidir!..

Xullas, mana shunday mal’un xudosizlar o‘zlarini ilohga, ma’budga mengzaganlari, haramini esa manfur ishratxonaga aylantirgani nima uchun ahli ommaga oshkor bo‘lmasligi kerak?! O, badkirdor, o, yaramas, qonxo‘r, muttaham, o, la’nati xotinboz! Oh, qaydasan qasos, qayda intiqom?! Po‘stkallasin aytsam, eshshaksan, eshshak… beshak!..

Sizif o‘rnidan irg‘ib qad rostladi, azbaroyi junbishga kirganligidan bukik qaddi rostlandi – bo‘y-basti xarsangdan-da tik, mahobati xarsangdan-da ulug‘roq ko‘rindi. Davom etdi:

– Uning kirdikorlaridan so‘z ochgan kimsa borki, g‘iybatchi, g‘anim, yurtbuzar muttaham deya e’lon qilindi, betlariga qora chaplandi. Ko‘z yetmas, qo‘l yetmas, so‘z yetmas maskanlarga badarg‘a qilindi. Qizining xajrida kuyib ado bo‘lgan Asop esa dom-daraksiz, nom-nishonsiz…

Sizif birdan jim bo‘lib qoldi. Boshlagan so‘zini nihoyasiga yetkazmay tilini tishladi. Yana nima jin urdi uni? Yana ne maqsad-muddaoda tiliga erk bermoqda? Bejon-behis xarsang tosh-ku, deb o‘yladimi? Unday desa, joni-ko‘ngli bo‘lsa-chi, bu baqaloqning?! Toshda ham ruh mavjud deganlar. Oh, yoriltosh-yoriltosh, ich-ichingni ochayin, men qalbingni ko‘rayin… Yorilaqol, yoriltosh… Meni aldadi, ko‘ppak, qari sangtarosh!.. Ko‘ngil nima qilsin, bul… Maxluqmidi, jondormidi, kasu nokas bandamidi, bu xarsang tosh?!

2. “Qur’oni karim”ning “Baqara” surasi 258-oyatida naql qilingan rivoyat.

* * *

Sizif aytganlari toshga yuqmasligiga ishonchi komil edi, jigarporasi xajrida adoi tamom bo‘lgan padar – Asopning dom-daraksiz g‘oyib bo‘lganidan og‘iz ochgan joyida… boshi, yelkalari aralash mayda qum zarralari yog‘di. Sizif hayron bo‘ldi, birdan hikoyani cho‘rt uzdiyu, yuqoriga qaradi, tuyqus “qirs-s” etgan sas eshitildi. Sizif dabdurustdan buni tushunmadi. Aqli bovar qilmadi, vaholanki, aniq-tiniq eshitdi! Zum o‘tmay sapchib oyoqqa qalqdi va nazarida xarsang tosh charsillab, parchalanib tushadigandek xavotirda toshning panasidan otilib irg‘ib chiqdi. Ortiga o‘girilib xarsangga bosh-oyoq razm soldi.

Tosh qilt etmay turardi. Vaholanki, necha zamon-necha davrlar o‘tdi-ketdi, Sizif xarsang loaqal qilt etsa-chi, deb, xunobi toshar, achchiqlanar, ayuhannos ko‘tarar, nor tuyadek o‘kirib yuborar, tuya emas, ayni achchig‘i chiqqan damlarda filga aylanib qolsayu, qudratli xartumi bilan xarsangni dast ko‘tarib!.. Yo‘q, fildan ham biror ish chiqishiga ko‘zi yetmaydi, yaxshisi, Briareyga aylanadi! (3) Mushkuli osonlashadi shunda, xarsangni kiftiga qo‘ndirib, yuzta qo‘lini ishga soladi – qo‘lma-qo‘l qilib, ha, shunday – xarsangni kiftiga qo‘ndirib, tog‘ cho‘qqisi ekanu, osmoni falakka qaratib irg‘itadi, soqqa quvib yurgan boladek istasa, pastga qaratib dumalatadi, istasa, tepaga – cho‘qqi tomon chopqillab-irg‘ishlab ko‘tarib chiqadi!.. Biron qadami zoye ketmaydi uning!

Sizif shunday dediyu, ko‘kka qarab xuddi tavallo qilayotgandek o‘zining kutilmagan kashfiyotidan mutaassir bo‘lib qoldi!

Hech bir harakat zoye emas… Behuda, besamar, bema’ni emas!.. Emas, emas, emas-s!.. Qumursqaning qadam olishidan tortib Yer va Quyoshning ikki sevishgan qalb sohiblari yanglig‘ bir-birining atrofida aylanishigacha – hikmat, hikmat, hikmat! Yer Quyoshning atrofida aylanadimi yoxud aksinchami – – nima farqi bor, deya befarqlik qilish nahot aqli raso odamga yarashsa?! Omilik, betavfiqlik emasmi, bunday fikrlash! Bunday nusxalar yeru quyosh harakatdan to‘xtagan taqdirda ham pinakni buzmas! Sizif uchun esa… xarsang tosh tepasidan qum zarralarining uchib-to‘kilib tushganidayoq olamcha hikmat mavjud. Ha, shunday, harakat mavjud joyda ma’no-mazmun, mohiyat mavjud. Najot quruq irodada emas, yo‘q, harakatga aylangan irodada! Ma’no-mazmun va mohiyat mavjud ekan, hech bir irodali xatti-harakat behuda-bema’ni ketmaydi. Adoqsiz harakat bekor, boqiy harakat besamar-bema’ni deganlarning o‘zlari, so‘zlari bekor-bema’ni-besamar!..

Sizif bir joyda turolmay qoldi, birdan tovushining boricha baqirgisi-hayqirgisi, shu bilan tog‘u toshdan, osmon to‘la bulutdan, bulutlarga tutash dengizdan, xarsangdan… mammidan suyunchi olmoqchi edi. Turgan joyida chir aylanishga tushdi. Aylanaverdi-aytaverdi, aytaverdi-aylanaverdi. Yaxshi yashamasa-da, mayli, azob-uqubat cheksa-da, rozi, illo, qanday bo‘lmasin uzoq, uzoq, judayam uzo-oq yashamog‘i hikmatdir-hikmat! O-o, Sizif! Chir aylanib aytdi: yaxshi yashashni emas, uzoq yashash avlo! Oh-ho-o, Sizi-i-f! Aytib-aytib, gir-gir aylanib – usta kulolning charhidan shiddatliroq joyida aylanib aytdi: yaxshi yashash emas, uzoq, uzoq, uzo-oq yashashdan va zinhor-bazinhor harakatdan to‘xtamay yashashdan o‘zga oliyroq orzu-havas, ilinj-istagi qolmagan Sizi-if! Haqiqa-at!.. Haqiqa-a-at-t!.. Totli haqi…

Sizif suvdan bo‘kib chiqqan… itdek silkindi, tamom holdan toygan, a’zoi badani shalvillagan, lekin ichi… vujudi… shuuri toza-tiniq edi, betini ko‘kka qarata ko‘zlarini yumdi, shu alfozda yanayam sergak tortishga harakat qildi, biroq o‘zining qayerda, qanday holatda, qay vaqtda yakka-yolg‘iz qaqqayib turganini anglab yetmay, bosh chayqaganicha og‘iz juftladi:

– Yaxshi yashash emas, uzoq yashash… Quruq irodaning o‘zi emas, harakatga aylangan iroda bunyodkor, yaratuvchidir, shunday iroda omon ekan, poyonsiz ma’nisizlikning adog‘i – bama’nilik, ushbu bama’nilikka yetishmoqlik yo‘lidagi mashaqqatlarga bardosh berishda esa sabr-toqat, sabr-toqat, sabr-toqat…
Xarsang toshning allaqayeri qarsillab ketdi, favqulodda beo‘xshov qarsilladi, Sizif dabdurustdan buning qanday tovush, shovqin ekanligini tushunolmadi, ko‘zlari yalt etib ochilganicha xarsangni bosh-oyoq nazardan o‘tkazishga tushdi, angraydi-alangladi, nafi bo‘lmadi, darhol es-hushini yig‘di, shunda xarsangga qapishishning, uni joyidan siljiy boshlashiga qarshilik ko‘rsatishning hojati qolmaganini sezdi. U tamom holdan toygan esa-da, g‘oyatda chapdastlik bilan jon holatda o‘zini chetga tortdi. Xarsang tosh bir siltandiyu, ayuhannos solib, olamni boshiga ko‘targanicha pastlikka qarab dumaladi!..

3. Miflarda tasvirlangan yuz qo‘lli va ellik boshli maxluq – dev.

Davomi bor

004

(Tashriflar: umumiy 4 457, bugungi 1)

Izoh qoldiring