«Ватек ёхуд халифа Восиқ қиссаси» 1782 йили асли инглиз бўлмиш 21 ёшли Вильям Бекфорд томонидан француз тилида ёзилган фантастик қисса бўлиб, ўша даврда адабий жамоатчилик қаттиқ берилган иблис тимсоли — Фауст билан боғлиқ хаёлий ва мистик мавзулар таъсирида пайдо бўлган…
Вильям БЕКФОРД
ВАТЕК ЁХУД ХАЛИФА ВОСИҚ ҚИССАСИ
Амир Файзулла, Ғолиб Файзулла таржимаси
Аббосийлар сулоласидан тўққизинчи халифа Восиқ – Муътасимнинг ўғли ва Ҳорун ар-Рашиднинг невараси эди. У айни қирчиллаган вақтида тахтга минди. Ундаги буюк қобилияту салоҳиятлар узоқ йиллар тахтни бошқаришга ва раиятнинг доруламон ҳаёт кечиришига кафолат эди. Чеҳрасидан нур ёғар, салобатидан кўрганнинг ақли лол қоларди; аммо ғазаб отига мингудек бўлса, унга одам боласи дош бериши амри маҳол эди: ғазабнок нигоҳига илинган зот борки, ўша заҳоти жон таслим қилиб, ёруғ дунё билан хайрлашиб қўя қоларди. Шу боис салтанатини фуқароларидан холий қилиб, уни кимсасиз биёбонга айлантириб қўйишидан қўрққанидан Восиқ иложи борича ўзини ғазабдан тияр, кечиримли бўлишга тиришарди.
У соҳибжамол аёллару анвою ақсом таомлар, тўкин-сочин базми жамшидларни жонидан севарди. Унинг саховат бобидаги фазлу камоли қанчалик таърифу таҳсинга сазовор бўлса, айшу ишратга бўлган ҳирсу ҳавоси ҳам дучандон эди. У Умар Бин Ажал-Азиз каби, у дунёда жаннатга ноил бўлиш учун бу дунёда жаҳаннам азобини тортмоқ керак, деб ўйлагувчилардан эмасди.
Дабдабаю асъасада у ўзидан олдин ўтган жамики халифаларни ярим йўлда қолдириб кетди. Самарро шаҳрининг ҳокими падари бузруквори Чавкар От тепалигида қурдирган Ал-Қурмий саройи унга торлик қилиб қолди. У яна беш бино, тўғрироғи, беш қаср бунёд этиб, уларнинг ҳар бирини инсоннинг беш туйғусидан бири номи билан атади.
Биринчи саройдаги дастурхонлар ҳар доим сархил таомларга тўла бўларди. Улар совиб-совумай бошқаси билан алмаштириларди. Энг хуштаъм шароблар ва энг аъло мусалласлар кечаю кундуз бир зум тинмасдан фаввора каби отилиб турарди. Бу сарой Айём ул-абад, яъни Абадий байрам деб аталарди. Иккинчи сарой Раҳмат ул-лаҳн, яъни Раҳмат куйи деб аталар, иккинчи номи Обиҳаёт эди. У ерда ўша давр муғаннию мутриблари истиқомат қилар эдилар. Саройда ўз ҳунарларини камолга етказиб, янги куй ва наволар ижод этардилар-да, кейин раиятнинг дилини хушлагани мамлакат бўйлаб кезиб кетар эдилар.
Тарвиҳ ал-айн, яъни Кўз роҳати ёки Зеҳн ар-рукн, яъни Хотира таянчи деб аталувчи сарой бошдан-оёқ сеҳрга тўла эди. Унда дунёнинг ҳар тарафидан тўплаб келтирилган энг ноёб буюмлар кўзни олар, ақлни шоширарди, барчаси бағоят тартиб ила дид билан териб қўйилганди. Машҳур мусаввир Моний сувратларию сангтарошлар юрак қўри билан йўнган санамлар дейсизми барча-барчаси шу ерда эди. Бир саройда кенг фазо манзараси кўзни яшнатиб, руҳни кўтарса, бошқа саройда мўъжизий кўзгулар киши нигоҳига панд беради. Ундан кейингиларида эса табиатнинг минг турфа хазиналари мужассаму муҳайё. Қисқа қилиб айтганда, бани одам зумрасида худо беқиёс иштиёқлар соҳиби қилиб яратган Восиқ бу саройга томошабин кўнглини лоқайд қолдирадиган бирон нарса қўйилишидан огоҳу эҳтиёт бўлган эди.
Қаср ул-накҳа, яъни Хушбўйликлар саройи яна Рағбат ул-ҳис деб ҳам аталарди, унда бир қанча кенг танобий хоналар бор эди. Ҳатто кундузлари ҳам уларда хушбўй тутатқилар билан бир қаторда машъалалар ёниб турарди. Бу жойда сархушликдан бошлари оғриган меҳмонлар хуморларини тарқатиш учун кенг боққа ўтишарди, боғдаги анво гуллар иси шу қадар димоққа хуш ёқардики, асти қўяверасиз.
Байт ул-фараҳ, яъни Севинч маскани деб аталадиган бешинчи сарой Махуф, яъни Хатарли деган иккинчи номга ҳам эга эди. У ерда сон-саноқсиз дуркун қизлар истиқомат қиларди. Уларнинг бари ҳурилиқолар каби бири-биридан соҳибжамол ва тавозекор бўлиб, халифа уларнинг жамоасига дохил бўлганларнинг шунақанги яхшилаб кўнгилларини олар эдиларки, заррача ҳам эътирозга ўрин қолдирмасдилар.
Восиқ ҳар қанча ҳою-ҳавасларга берилмасин, фуқаролари уни қаттиқ севар эдилар. Улар айшу ишратга муккадан кетган ҳукмдорларининг ҳеч бўлмаганда ўзини уларнинг душмани деб билгувчи одамдек тахтни бошқара олишига ишонар эдилар. Бироқ халифанинг бесаранжом ва жўшқин хулқи аста-секин чегарадан чиқиб кета бошлади. Отаси ҳаётлигида эрмак учун бўлса ҳам жуда кўп нарсаларни ўқиб ва уқиб олишга улгурганди; энди эса бу иштиёқи аланга олиб, ўзи аслида бўлмаган илму фанларни ўрганишга ҳам шахд қила бошлади. У олимлар билан тортишишни яхши кўрарди, бироқ улар ортиқ эътироз билдириб ўтирмасдилар ахир кимсан халифа билан тортишишнинг оқибати ҳаммага ҳам маълум-ку. Баъзи олимларни у инъому эҳсонлар билан оғзига уриб жим қилиб қўя қоларди: аммо ўзини яхши билган айрим уламолар илмни инъому эҳсонга алиштиришни истамасдилар, ундайлардан қутулишнинг бирдан-бир осон йўли зиндонга тиқиш бўларди, вассалом.
Восиқ яна хурофий баҳсларга ҳам аралашишдан ўзини тиёлмасди ва ҳақ йўлини энг яхши ифодалаб берган фирқа тафаккурига зид фикрларни баён қилар эди. Бу билан у ашаддий диндор-мутаассибларни ўзига қарши қилиб қўйди, оқибатда у салтанатидаги ҳақпарастларни таъқиб қилишга тушди, зеро у ҳар қандай ҳолатда ҳам ва ҳамма вақт ўзининг ҳақ бўлиб чиқишини, ҳақ деб тан олинишини истарди.
Ўзидан кейин ер юзида кўплаб халифаларни ворис қилиб қолдирган Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам еттинчи осмонда ўтирар экан, ворисларидан бирининг аста-секин даҳрийлик кўчасига кириб бораётганидан ва ажибу ғариб қилиқлар кўрсатаётганидан ғазабга минди. “Қани, кўрайлик-чи, деди у ҳар бир амрини кўз очиб-юмгунча ижро этишга ҳозиру нозир фаришталарга, бу Восиқнинг фосиқ ва куфр ишлари қай даражага етар экан: агар у жудаям ҳаддидан ошиб кетадиган, ўзини тиёлмайдиган бўлиб қолса, уни боплаб жазолаймиз. Намрудга ўхшаб, унинг ҳам бир минора қуришига кўмаклашиб юборинглар, бу буюк саркарда каби Нуҳ тўфонидан омон қолиши учун эмас, йўқ, осмон сирларини билишга жудаям қизиқаётгани учун шунга изн беринглар. Минора қурадими, ундан бошқа кароматлар кўрсатадими, барибир, у ҳам бир банда пешонасига ёзилганидан бошқа нарсани кўриш зинҳор насиб этмагай!”
Фаришталар таъзим бажо келтиришди: қурувчилар бир кунда бир қулоч баландликда минорани кўтарган бўлсалар, тунда икки қулоч кўтарар эдилар. Минора шитоб билан қад кўтарган сайин Восиқнинг димоғи ҳам кўтарилиб борарди. Ҳа, деб ўйлади Восиқ, ҳатто жонсиз буюмлар ҳам жонлидек амримга итоат этмоқда. Шунча илму ҳикматни сув қилиб ичиб юборган аллома бўлишига қарамай, бу ҳукмдор бор нарсани хотиридан фаромуш қилганди: ёвузлик ва калтабинлик билан қўлга киритилган ютуқ бориб-бориб унинг ўзини ер билан битта қилади.
Миноранинг охирги ўн биринчи пиллапоясига қадам қўйиб туриб, пастга қадам ташлаганда унинг кибру ҳавоси ҳам ўзининг энг юқори нуқтасига етганди. Одамлар унга чумолидай, тоғлар бор-йўғи чиғаноқдай, шаҳарлар эса асалари инидай бўлиб кўринди. Бу юксаклик бутунлай унинг бошини гангитиб қўйди, бўлмаса-чи, ахир осмони фалакка кўтарилганди-да. У Тангри таолони ҳам оёғи тагига келиб тиз чўктиришни хаёлидан ўтказиб, осмонга қаради, эвоҳ, юлдузлару сайёралар ердан қараганда қандай олис бўлиб кўринса, бу ердан ҳам худди ўшандай олисдан жимир-жимир қилиб турарди. Барибир мен бошқаларнинг назарида бўлак бўлиб қолавераман, деди у ўзича, беихтиёр ожизлигини ҳис қилса ҳам сир бой бермай. Бу ҳам етмагандай, менинг ақлу заковатим қудрати олдида кўз билан кўриб турганларим ҳеч нарсага арзимайди, деган ўй билан ўзига ўзи далда берди ва юлдузларни ўз иродасига бўйсундиришга аҳд қилди.
Бунинг учун у кўп вақтини минора учида ўтказа бошлади, чунки у ўзини етук мунажжимман, осмон сирларини мендан яхши билувчи йўқ, деб биларди-да. Чинданам юлдузлар ҳолати унинг келажак тақдири ғаройибдан-ғаройиб ҳодисаларга тўлиқ бўлишини башорат қилар эди. Номаълум юртдан бир номаълум одам келиши керак экан; айни шу одам унга келажагини баён этар экан. Шунда Восиқ ажнабийларни янада синчиклаб кузатадиган бўлди ва Самарро кўчаларида бурғу садоси эшитилиши билан фуқароларидан ҳеч бири сайёҳларни қабул қилмасин ва уйига қўймасин деб буйруқ берди, уларнинг ҳаммаси аввал саройга келтирилсин, деди.
Бирмунча вақт ўтгандан кейин шаҳарда бир одам пайдо бўлди, унинг афт¬¬-ангри шунақанги хунук, бадбашара эдики, ҳатто тунқоровуллар ҳам уни кўриши билан афтларини буриштиришибди. Халифанинг ўзи ҳам унинг хунук¬лиги¬дан озмунча таажжубга тушмади; бироқ кўп ўтмай бу ҳайрату таажжуб ўрнини хушчақчақлик эгаллади. Ажнабий унинг рўпарасига шунақанги ноёб нарса¬ларни ёйиб ташладики, бундай нарсаларни у умрида кўрмаган ҳам, қаерда бўлишини билмаган ҳам эди. Нима бўлганда ҳам ажнабий келтирган қимматбаҳо буюмларнинг қиёси йўқ эди. Уларнинг кўпчилиги шу қадар бежирим бўлиши билан бирга, пухталиги ҳам яққол кўриниб турарди. Бундан ташқари, улар осиб қўйилган хитой қоғозларида кўрсатилган алоҳида хусусиятларга ҳам эга эди. У ерда юришга ёрдам берадиган кафшлар бор эди, пичоқларининг дами шунақанги ўткир эдики, тушиб келаётган пат унинг дамида қоқ иккига бўлиниб кетарди: шамширларини қўлга олиб сермашингиз билан темирни мумдай кесарди бу буюмларнинг барчаси аллақандай исми бору жисми йўқ – қўли гул наққошлар томонидан қадама нақшлар билан безатилган эди.
Бу мўъжизакор буюмлар ичида бир шамшир кўзни олиб ялтирарди. Халифа Восиқ шу шамширни сотиб олишга қарор қилди ва бўш вақтларида унга ўйиб ёзилган қандайдир англаб бўлмас ёзувларнинг маъносини чақмоқчи бўлди. Сотувчидан буюмнинг нархини сўраб ҳам ўтирмай у хазинасидаги барча тилла тангаларни келтиришга амр қилди ва шундан истаганингча ол, деди. Сотувчи тиллалардан озроқ олди-да, сукут сақлаб тураверди.
Восиқ ажнабийнинг сукут сақлаши унга кўрсатилган эҳтиром ва иззат белгиси эканлигига заррача шубҳа қилмади. Тавозе билан яқинроқ келишга изн берди ва очиқ кўнгиллик билан унинг кимлиги, қаерданлиги ва мана бу ғаройибдан-ғаройиб буюмларни қаердан олганлигини сўради. Ҳалиги одам, тўғрироғи, одам эмас, дев – жавоб бериш ўрнига ўзининг тўсдай қоп-қора манглайини уч бора артди, кажавадай қорнига тўрт марта шапатилаб қўйди, лаққа чўғдай қип-қизил, катта-катта кўзларини очди ва моғор босган ёқутранг сўйлоқ-сўйлоқ ўттиз икки тишини кўрсатиб, қаҳ-қаҳ уриб кулди.
Халифа бироз ташвишлангандек саволини такрорлади; тағин ўшандай жавоб бўлди. Шунда Восиқнинг жаҳли чиқа бошлади ва деди: “Ҳой бадбахт, сен менинг кимлигимни биласанми? Кимни калака қилаётганингдан хабаринг борми?” Сўнг посбонларига юзланиб, “Эшитдиларингми унинг овозини?” деб сўради. Улар, ҳа, эшитдик, аммо нима деганини яхши англамадик, деб жавоб беришди. “Айтинглар, бошқатдан гапирсин, эътироз билдирди Восиқ, қандай хоҳласа шундай гапирсин, фақат айтсин – қаердан келган, менга таклиф қилаётган бу ноёб нарсаларни қаердан олган? Қасам ичиб айтаманки, агар у гапиришни хоҳламаса, бу ўжарлиги учун дунёга келганига пушайман қилдириб юбораман.” Шундай деб халифа нотаниш одамга ёмон ўқрайиб қаради, бироқ у пинагина ҳам бузмади, даҳшатли ва жон олгувчи нигоҳ унга ҳеч қандай таъсир кўрсатмади.
Ботир савдогарнинг бу синовга бардош берганини кўриб, сарой аъёнлари ҳайратдан ёқа ушлаб қолишди. Улар таппа-таппа ўзларини ерга ташлашиб, дамлари ичига тушганча миқ этмай ётаверишди. Халифа ғазабдан қичқирди: “Тур ўрнингдан ҳамманг, қуёнюраклар, ушла анови бадбахтни! Зиндонга ташла! Энг сара жангчиларим уни қўриқлашсин. Мен унга ҳозиргина олган пулини ўзига олиб қолишига изн бераман, майли, бош-кўзимдан садақа, фақат гапирса бўлгани”. Бу гапни эшитиши ҳамоноқ ҳамма ажнабийга ташланди, уни оғир занжирлар билан боғладилар ва катта минор тагидаги зиндонга олиб кетдилар. Бу зиндон учлари игнадек ўткир узун-узун темир харилардан ясалган етти қатор девор билан ўраб олинган эди.
Халифа ҳамон ғазабини босолмаётганди. У деярли овқат ейишни ҳам унутиб, хомуш ўтирарди. Одатда, унга тортиладиган уч юз хил таомдан атиги ўттиз хилини татиб кўрибди, холос. Шу уч юз хил таомдан биронтаси дидига хуш ёқмай қолса, унинг уйқуси келмас эди. Бунинг устига, мана бу нохуш воқеани айтмайсизми! Каллаи саҳарлаб у ўжар ажнабийдан бирон гап олиш ниятида зиндонга қараб йўл олди. Бироқ ажнабийнинг зиндонда йўқлигидан дарак топгач, унинг қай аҳволга тушганини не тил билан айтса бўлади! Ё бафармони худо, йўғон симли панжаралар парча-буриш қилиб ташланган, посбонлар ерда чўзилиб ўлиб ётар эди. Халифанинг бутунлай боши қотиб қолди. У ерда ётган ўликларни оёғи билан тепа кетди. Шундан кейин ҳар куни шу ерга келадиган ва мурдаларни тепадиган бўлиб қолди. Сарой аъёнлари ва вазирлар уни тинчитиш учун жонларини жабборга бериб уринар эдилар, бироқ бундан ҳеч нарса чиқмаётганини кўриб шундай дер эдилар: “Халифа ақлдан озди! Халифа ақлдан озди!”
Халифанинг ақлдан озгани ҳақидаги хабар яшин тезлигида Самарро кўчалари бўйлаб тарқалди. Бу хабар ниҳоят Восиқнинг онаси малика Каратис қулоғигача бориб етди. У капалаги учганча бир зумда етиб келди ва оналик меҳри билан ўғлига тасалли бера бошлади. У кўз ёши тўкди, эркалаб-суйди, нима бўлганда ҳам халифа сал ҳовуридан тушди ва онасининг гапларига кириб, саройга қайтишга рози бўлди.
Каратис ўғлини ёлғиз қолдиришга кўнгли бўлмади. Уни тўшакка ётқизишни амр қилди-да, ўзи ўғлининг қошига ўлтириб, тасалли беришга, яхши сўзлар билан кўнглини олишга ҳаракат қила бошлади. Восиқ бир томондан она сифатида уни бошига кўтаришга тайёр бўлса, аёл сифатида ҳам ундаги беқиёс фазилатларни эъзозлаш пайида бўларди. Онаси асли юнон қизи бўлиб, ундан мўмин-мусулмонларнинг зўр ҳурматини қозонган бу халқнинг кўплаб илм-фан сирларини ўрганиб олган эди.
Шундай фанлардан бири мунажжимлик эди, Каратис бу фанни сув қилиб ичиб юборганди. Шундай қилиб, унинг ўғли билан қилаётган биринчи иши у ҳақда осмондаги сайёралар не каромат қилганларини эслатиш бўлди. Сен сайёралар билан яна бир бор тиллашиб кўр, деди она ўғлига “Эвоҳ! деб юборди халифа, ниҳоят, тили калимага келгач, мен ғирт тентак эканман! Ўзлари осонгина қурбон бўлган посбонлар мурдасини тепкилаганим учун бундай деётганим йўқ, ҳамма гап шундаки, бу одам сайёралар менга каромат қилган ғаройиб инсон эканини ҳадеганда фаҳмлай олмадим. Унга қўполлик билан муомала қилмасдан, яхши сўзлар билан кўнглига йўл топишим керак эди”. “Ўтган ишга салавот, жавоб берди Каратис, энди бу ёғини ўйлаб кўриш керак. Эҳтимол, бу одам бошингга кўп мусибатлар ёғдирар, эҳтимол, шамширдаги мана бу ёзувлардан сен унинг ким эканини билиб оларсан. Овқатингни егин-да, ётиб ухла, қўзичоғим, нима қилиш кераклигини эртага бирга ҳал қиламиз”.
Восиқ онасининг бу доно маслаҳатига хўп деди, кайфи чоғ бўлиб ўрнидан турди ва ҳалиги ажойиб шамширни келтиришларини амр қилди. Шамширнинг ялтирашидан кўзи қамашмаслиги учун унга қора ойна тутиб қаради ва ёзувни ўқишга уринди, бироқ, бефойда: шунча ҳаракат қилса ҳам ундаги биронта ҳарфни тузук-қуруқ ажратолмади. Бундан у яна аввалгидек ғазаб отига минмоқчи бўлиб турган эди, бироқ шу жойда онаси Каратис унинг жонига ора кирди: “Сабр қил, болажоним, деди у, сен барча фанлардан воқифсан. Тилларни билиш бу унчалик қийин иш эмас, эрмакчиларнинг иши. Сен фармон бер, мана бу ёзувни ўқиб, маъносини чақишсин ва хизматларига яраша мукофотларга сазовор бўлишсин. Шундагина сен тасалли топиб, кўнглинг жойига тушади”. “Эҳтимол, деб жавоб қайтарди халифа, лекин мен бир нарсадан хавотирдаман, мол оласи ташида, одам оласи ичида деганларидай, тағин уни ўқимоқчи бўлганлар мени алдашса-чи? Ёлғон-яшиқ сўзлар билан қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдиришиб, мукофотни олиб жуфтакни ростлаб қолишса-чи?” Бир зум хаёл суриб, у давом этди: “Бунинг бир осон йўлини топмасам бўлмайди. Ёзувдаги сўзларнинг чин маъносини айтмаган одамнинг калласи кетади, дейман. Худога шукурки, рост айтаяптиларми ё ичларидан тўқиб чиқараяптиларми, шуни англашга етарли ақл-фаросатим йўқ эмас”.
“Нималар деяпсан, болажоним, бунга шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас, жавоб қилди Каратис. Бироқ маъносини чақолмаганларнинг калласини олиш ҳаддан ташқари оғир жазо. Бунинг устига ўзингга кўп душман орттириб оласан. Яхшиси, соқолини куйдиришга фармон бер; чунки салтанат учун соқол одамларчалик муҳим нарса эмас”. Халифа онасининг гапига рози бўлди-да, ўзининг бош вазирини чақиртирди. “Мароқанобод, деди у бош вазирга, доруссалтана Самарро ва салтанатдаги барча катта-кичик шаҳарларда жар солдир: кимки шамширдаги номаълум ёзувни ўқий олса, бемисл саховатимдан баҳраманд бўлур; аммо ўқий олмаса, соқолидан битта ҳам тук қолдирмай, куйдириб ташланур. Яна шуни жар солдирки, мен кўрмоқчи бўлган ҳалиги ғаройиб одам ҳақида кимки бирон хабар топиб келса, мен унга эллик нафар гўзал канизагимни ва Қирмит оролидан келтирилган зардолудан эллик саватини инъом қилурмен.”
Ҳукмдорларига ўхшаб халифанинг фуқаролари ҳам Қирмит оролидан келтирилган зардолуни жонларидан яхши кўрар экан. Халифанинг шартини эшитиб, барчаларининг оғизларидан сув келди, аммо бирон хабар келтиришнинг уддасидан чиқолмадилар, чунки ажнабийнинг қаёққа ғойиб бўлганини ҳеч ким билмас эди. Шундай қилиб, халифанинг биринчи илтимосини ҳам бажара олишмади. Олимлар, чала олимлар ва турли-туман жоҳиллар соқолларини гаровга қўйиб шартни бажаришга бел боғлар, бироқ ҳаммалари соқолидан айрилиб, иякларини куйдириб олгани қолаверибди. Ахта оғаларнинг қўли соқол куйдиришдан бўшамабди; куйган соқол ҳиди қўл ва баданларига уриб, ҳарам ичида юрганларида улардан нуқул куюк ҳиди тарқайверибди, малика ва канизлар бунга чидай олишмабди, охири соқол куйдириш ишини бошқаларга юклашибди.
Бир вақт бир чол пайдо бўлибди, унинг соқоли олдинги барча соқоллилардан бир ярим тирсак узун экан. Сарой зобитлари уни ичкарига киритаётиб, шундай дейишди: “Ҳай аттанг! Шундай ажойиб соқол увол бўладиган бўлди-да!” Халифанинг ҳам ичи ачиди, лекин чол бунга заррача парво қилмади. Чол ҳеч қийналмай ёзувни ўқиди ва ундаги сўзларни биттама-битта мана шундай таржима қилиб берди: “Бизни ҳамма нарса энг аъло даражада ясаладиган жойда ясашди; биз – мамлакат мўъжизалари ичида энг кичигимиз, бу мамлакатдаги ҳамма нарса ер юзи ҳукмдорининг мўъжизалари бўлиб, унинг ўзига ғоят муносибдир”.
“Офарин, жуда зўр таржима қилдинг, деб қичқириб юборди халифа, бунинг маъноси нималигини мен биламан. Бу чолга нечта сўз ирод қилган бўлса, ўшанча зарбофт чопон ва қимматбаҳо буюмлар инъом қилинглар: у юрагимдаги ғашликни битта қўймай аритди”. Кейин Восиқ уни зиёфатга таклиф этди ва бир неча кунни ўз саройида ўтказишини сўради.
Эртасига халифа уни ҳузурига чорлади ва шундай деди: “Кеча ўқиганларингни бошқатдан ўқиб бер, бу сўзларнинг маъносини яхши тушунмадим, чамаси, унда мен интиқлик билан кутаётган катта бир хазина сири борга ўхшаяпти”. Чол дарҳол яшил кўзойнагини кўзига илди. Бироқ кечаги ёзув ўрнида бугун бошқа ёзув турганини кўриб, кўзойнаги бурнидан тушиб кетди. “Нима бўлди сенга? сўради халифа ундан, бу ҳайратинг боиси не?” “Жаҳонпаноҳ, шамширдаги ёзув ўзгариб қолибди!” “Нима-нима?! деди халифа аввалига, бироқ ўша заҳоти буюрди: Дарвоқе, менга барибир эмасми, агар тишинг ўтса, буни ҳам ўқиб, маъносини чақиб бер”. “Улар шундай маънони англатадики, олампаноҳ, деди чол, билиш мумкин бўлмаган нарсани билмоқчи бўлган, кучи етмаган нарсага чиранган манман одамнинг ҳолига вой”. “Сенинг ўзингнинг ҳолингга вой! қичқирди халифа ғазабдан бутунлай ўзини йўқотиб. Йўқол кўзимдан! Бунинг соқолининг ярмини куйдиринглар, зеро у кеча яхши таржима қилган эди. Инъомларга келганда эса, ўзида қолақолсин, чунки мен берган нарсамни ҳеч қачон қайтариб олган эмасман”. Чол ўзига етганча доно эди, шу боис ўз нодонлиги учун унча қаттиқ жазо олмаганини англаб етганди ахир, ҳукмдорга нохуш ҳақиқатни очиқ айтиш мумкин эмасди-да, ўша заҳоти жуфтакни уриб қолди ва бошқа бу ерга изини босмади.
Восиқ ўз қизиққонлигидан жуда тез оғзи куйди. Шамширдаги ёзувларга синчиклаб разм солиб қараркан, уларнинг ҳар куни ўзгариб турганини пайқади, нега бундай бўлишини эса тушуниб бўлмасди. Ҳар куни шамширга тикилиб ўтиравериш унинг зардасини қайнатиб юборди, боши айланиб, кўзи тина бошлади, тинкаси қуриб, оёқда зўрға турадиган бўлиб қолди. Энди у бир амаллаб минора учига кўтариларди-да, бирон-бир яхши мужда айтармикин деган умидда юлдузларга боқарди, бироқ унинг бу умиди ҳам пучга чиқмоқда эди. Хаёл сураверганидан кўзлари тиниб, яхши кўрмайдиган бўлиб қолди, қоп-қора қалин булутдан бошқа нарса назарига тушмасди бу, албатта, яхшилик аломати эмасди.
Ана шундай ташвиш-ўйлардан халифа бутунлай ўзини олдириб қўйди. У безгак касалига йўлиқди, иштаҳаси йўқолди, илгари тўйдимини билмай овқатни тинимсиз урган бўлса, энди тўхтовсиз ичадиган бўлиб қолди. Ичган сайин майга ружу қўяверди, худди катта идишга қуйгандай май тўла паймоналарни пайдар-пай бўшатгани-бўшатган эди. Ҳаёт роҳатларидан бутунлай парҳез қилиб, халифа Хамсатул Ҳис, Беш туйғу саройини тақа-тақ ичидан беркитиб қўйишни буюрди, раиятга бутунлай кўринмай қўйди, дабдабаю асъасалардан воз кечди, тахту тождан ҳам бутунлай қўлини ювиб, узлатга чекилди. Унинг ҳар доим ўзини мардонавор тутишига ўрганиб қолган маликаю канизаклар питиллаб қолишди, худодан унга умр ва соғлиқ тилаб, тинмай илтижо қилар ва едириб-ичириш учун жонларини жабборга бериб ҳаракат қилар эдилар.
Она малика Каратис ҳам озмунча изтиробга тушмаётганди. Ҳар куни вазири аъзам Мароқанобод билан ичкари уйга кириб кетарди-да, ўғлининг дардига даво топишга ҳаракат қиларди, ҳеч бўлмаса руҳини кўтариб, далда-тасалли берар эди. Халифани инс-жинсларга чалингандан деб, улар барча фол китобларини бир-бир варақлаб кўришди ва сеҳр айбдори бўлган ўша бадсуврат ажнабийни қидириб топишга буйруқ беришди.
Самарродан бир неча чақирим нарида зирк ва бодом буталари билан қопланган баланд тоғ бор эди, унинг энг баланд чўққисида ажойиб майдон ястаниб ётар¬¬ди, уни бамисоли бегуноҳ мўмин-мусулмонлар учун кўкдан иниб тушган бир парча жаннат деса бўларди. Бир томонда ўзидан муаттар ҳидлар таратган пўртаҳол, эман, лиму боғлари барқ уриб турган бўлса, иккинчи томонда узум занглари хурмо ва анор шохлари билан пайваст бўлиб, чирмашиб ётар эди. Мевалари шира боғлаб, ерга чак-чак томар, хушбўй ҳидлари димоққа жаннатий ҳузур бағишлар эди. Ҳамма жойда бинафшалар жажжи бошчаларини силкитиб турар, анво гуллар бўйларидан еллар жонфизо эди. Зилол сувлари чойдишдай қайнаб турган тўртта чашма ўнта қўшин чанқоғини босишга бемалол етгудек, улар бамисоли Эрам боғидаги муқаддас обиҳаёт булоғига ўхшарди. Чашма бўйларидаги кўм-кўм шохларда булбуллар ишқ қўшиғини куйлаб, гуллар бағрини тилка-пора қилар, шунча гўзаллигингиз билан ҳусну жамолингиз ва қадди камолингиз умри бунча қисқа бўлмаса, деб нолаю фарёдлар солар эдилар, мусичалар даҳри дун бевафолигидан нолиб, ғув-ғув қилар, сўфитўрғай ўзининг инжа қўшиқлари билан қонталаш тонг уфқини жунбишга келтирарди: дунёнинг ҳеч жойида қушлар бу ердагичалик турфа наволарда сайрамасди; шохларда ҳил-ҳил пишиб турган меваларни ҳар чўқилаганда гўё баданларига бир хум шароб қуввати ингандай бўлар эдилар.
Гоҳо Восиқни тоза ҳавосидан тўйиб нафас олгани ва зилол чашма сувларидан мириқиб симиргани мана шу тоққа олиб чиқар эдилар. Унга онаси, хотинлари ва бир қанча ахталар ҳамроҳ бўлиб келарди. Улар шоша-пиша катта-катта биллур идишларни сувга тўлдириб, пайдар-пай келтириб унинг оғзига тутар эдилар, бироқ халифа ташналигини қондириш учун бу ҳаракатлар ҳеч бакор келмаётганди; аксар ҳолларда у ерга ётиб оларди-да, болалардай ҳўнг-ҳўнг йиғларди.
Бир куни Восиқ ана шундай маҳзун бир ҳолда ётганида бирдан хириллаган, аммо баланд овозда кимдир унга сўкиб-сўзлаб гапира бошлади: “Нега итга ўхшаб ангиллайсан? Ҳой халифа, олий насабингу бемисл қудратинг туфайли оламни тонг қолдирган ўшал ғуруринг қани?” Бу сўзларни эшитиб, Восиқ бошини кўтарди ва уни шунча мусибатларга гирифтор қилиб, бадар кетган ҳалиги ажнабийни кўрди. У ўзига келди, ғазаб алангаси юрагини чулғади ва қичқириб деди: “Бу ерда нима қилиб юрибсан, малъун Ғайридин? Бутун бошли соғлом ва ақли расо ҳукмдорни кераксиз бир мешдай қилиб қўйганинг каммиди? Ташналикдан ичим ўтдай ёнганини, аламимдан коса устига коса май ичганимни кўрмаяпсанми? Ахир адойи тамом бўлдим-ку!” “Яна бир қултум ич, деди ажнабий қизғиш суюқликли шишачани унга узатар экан, жонингни чулғаган олов ҳаракати қайтиши учун сен жисмоний ташналигингни қондираётибсан, мен сенга ўзимни таништирай, мен ҳиндистонликман, аммо бу мамлакатни ҳеч ким билмайди”.
Бу мамлакатни ҳеч ким билмайди! Ушбу сўзлар халифа юрагининг бир четини жизиллатиб ўтгандек бўлди. Бу унинг истагининг рўёби эди. Кўп ўтмай ўз армонларининг ушалишига умид қилган ҳолда у сеҳрли суюқликни олди-да, ҳеч бир иккиланиб ўтирмасдан сипқориб юборди. Ўша заҳоти у соғ-саломат бўлиб қолди, ташналигидан асар ҳам қолмади, вужуди кучга тўлди, у ўзини ҳеч қачон бунчалик тетик ва бардам ҳис қилмаганди. Унинг севинчининг чек-чегараси йўқ эди, у шартта ҳиндистонликнинг бўйнидан қучоқлади-да, унинг сўлак оқиб турган жирканч оғзини шу қадар чўлпиллатиб ўпдики, хотинлари ичидан энг соҳибжамолининг ақиқ лабларидан ҳам бу қадар эҳтирос билан бўса олмаган бўлса керак.
Агар Каратиснинг сўзамоллиги иш бермаганида халифанинг ҳали-бери ўзига келиши даргумон эди. Она ўғлини Самаррога қайтишга чақирди ва ишни шундай ташкил этдики, ҳаммадан олдинда ғаройиб ажнабийнинг яна пайдо бўлганини, у халифани тузатганини, халифа тилга кирганини, ҳа, тилга кирганини баланд овозда жар солиб қичқирадиган жарчи борадиган бўлди.
Ўша заҳоти бутун шаҳар аҳолиси уйларидан кўчага отилиб чиқди. Болалар ва ўсмирлар тўда-тўда бўлиб Восиқ ва ҳиндистонликни кўргани чопиб кела бошлади. Улар овозларини баралла қўйиб: “У ҳукмдоримизни даволади, ҳукмдоримиз тилга кирди, тилга кирди!” деб такрорлар эдилар. Бу сўзлар кун бўйи тинмади, кейин ҳам халқ сайил ва байрамларда, хушчақчақлик оқшомларида айтиб юрдилар, шоирлар уларни бундай қувноқ дамларга атаб ёзган шеърларига нақарот қилиб олдилар.
Шунда халифа яна Хамсатул Ҳис саройи дарвозаларини очишни буюрди, чунки унинг ўзи энг аввало Тотли саройга боришга шошилаётган эди. У ерда базми жамшид қилишни буюрди, унга ўзи яхши кўрган одамларни ва ҳарбий саркардаларни чорлади. Халифанинг ёнида ўтирган ҳиндистонлик модомики шундай иззату икромга муносиб саналдими, демак хоҳлаганча еб-ичавериши мумкин экан-да, деб ўйлар эди. Таомлар дастурхонга келиб тушар-тушмас ғойиб бўларди. Аъёнлар ҳайрон бўлиб бир-бирларига қарашди, ҳиндистонлик эса буни сезмаганга олиб, ҳамманинг соғлиғи учун паймоналарни тўлдириб-тўлдириб май ичар, овозининг борича бақириб қўшиқ айтар, ичакузди латифалар сўзлар эди. Шу билан бирга ҳаммага афтини бужмайтириб қараб, бир ишшаяр, бир ҳўшшаяр, бўлар-бўлмас сўзларни айтиб вайсар эди. Манави ерда юз ҳаммолнинг овқатини еди ва шунга яраша маю мусалласни ичиб ташлади.
Дастурхон ўттиз икки марта қайта тузалди, шунда ҳам ҳиндистонлик бўлай демасди, унинг мечкайлигидан халифанинг ёмон жаҳли чиқди, лекин бир амаллаб ўзини босиб турар, сир бой бермасликка тиришарди. Охири пайт топиб ҳарам оғасининг қулоғига аста шивирлаб деди: “Кўраяпсанми, Бобобалук, бу одамнинг нафси ўлиш ўрнига тобора ҳакалак отиб кетаяпти. Бу аҳвол давом этаверса, навбат менинг хотинларимга келиши ҳеч гап эмас. Бориб, хотинларимдан кўз-қулоқ бўлиб тур, айниқса, черкас хотинларимга эҳтиёт бўл, чунки қорача танлилар унинг дидига тез ўрнашиб қолиши мумкин”.
Учинчи хўроз қичқирди, девон соати занг урди: Восиқ девон машваратида шахсан иштирок этаман деб ваъда берганди. У ўрнидан турди ва вазири аъзамининг қўлига суянди, ичган шаробларидан ҳам тасқара меҳмоннинг қилиқлари уни ҳолдан тойдирганди, шўрлик ҳукмдор базўр оёқда турарди.
Вазирлар, сарой аъёнлари, доруғаю мубоширлар ўз султонлари қаршисида қўл боғлаб сукут сақлаб турар эдилар, ҳиндистонлик эса тахт пиллапоясига шунчалик совуққонлик билан бемалол келиб ўтирдики, гўё ҳеч нарса емаган ҳам, ичмаган ҳам. Қошу кўзини босиб тушган салласи тагидан унинг бу ғаройиб қилиқларидан ҳайратга тушган меҳмону мезбонларга ўқрайиб қараб қўйди.
Бу ёғини сўрасангиз, халифа чарчаганидан нима сўзлаб, нима қўйганини ҳам яхши билмасди, адолатли ҳукм чиқаришда хато кетидан хатога йўл қўймоқда эди. Бош вазир буни сезиб қолди-да, мубоҳасани ярмида тўхтатиб, ўз шоҳи обрўйини тиклай бошлади. У халифа эшитадиган қилиб шундай деди: “Давлатпаноҳ, малика Каратис кечаси сайёралар ҳолатини кузатиб чиқди, ул зот буюрдиларким, бориб шоҳингга айт, бошига зўр офат келмоқда. Берган уч-тўрт сеҳрли қимматбаҳо тоши эвазига бунчалик катта зиёфат билан сийлаётган анови ажнабий тағин унинг ҳаётига зомин бўлмасин. У берган суюқ нарса сизга шифо бахш этгани аниқ, аммо бу заҳар бўлиши ҳам мумкин, кейин таппа йиқитиши ҳеч гап эмас. Ундан жуда эҳтиёт бўлган яхши. Ҳеч бўлмаганда ҳиндистонликдан бир сўраб кўриш керакмиди: бу дорини у қандай ясаган, қаердан олган, шу билан бирга, ҳалиги шамширлар ҳақида ҳам сўраб кўринг, назаримда сиз уларни ёдингиздан кўтариб юборганга ўхшайсиз”.
Ҳиндистонликнинг қўрс муомаласидан ўзини қўярга жой тополмай қолган Восиқ вазирига бош эгиб қўйди-да, ҳалиги девга қараб шундай деди: “Қани, тур ўрнингдан, бутун девон олдида жавоб бер: менга берган ҳалиги суюқ доринг нимадан олинган? Бундан ҳам муҳимроғи, менга сотган шамширларинг сири не? Сенга кўрсатган илтифоту марҳаматларим ҳақи, шу саволларимга холисанлилло жавоб бер”.
Ўзини иложи борича сипо ва вазмин тутганча ушбу гапларни дона-дона қилиб айтди-да, халифа сукут сақлади. Бироқ ҳиндистонлик жавобан чурқ этиб оғиз очмади, пинагини бузмади ҳам, афт-башарасини қинғир-қийшиқ қилиб қаҳ-қаҳ уришда давом этди. Шунда Восиқнинг паймонаси тўлиб, ўзини ортиқ тутиб туролмади, у девни бир тепиб, турган жойидан учириб юборди. Сўнг бутун девон аҳли билан биргаликда уни тепиб-тепиб хумордан чиқди.
Шунда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бир ғаройиб ҳодиса юз берди. Ҳиндистонлик сеҳргарнинг бўйи бирдан кичрайди-да, дум-думалоқ копток шаклига кирди ва тепиш учун оёғини шайлаган ҳар девон аҳлининг рўпарасида пайдо булаверди. Ҳар тепки еганда у бир хобгоҳдан бошқасига, бир хосхонадан бошқа хосхонага думалаб борарди ва йўлида ким дуч келса уни ўзига жалб қиларди. Хуллас, бутун сарой ғала-ғовур, шовқин-сурон, тўс-тўполонга тўлди. Юраги чиқиб кетган маликалар парда ортидан мўралар, бироқ копток кўриниши билан қўрқувни ҳам унутиб, уни тепгани чопар эдилар. Ҳарам оғалари маликаю канизакларни тутиб қолиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишар, бироқ уларнинг барча уринишлари беҳуда кетар эди. Маликалар юлқиниб уларнинг қўлларидан чиқиб кетар, ҳарам оғаларининг ўзлари ҳам юраклари тарс ёрилгудек бўлишига қарамасдан, лаънати копток кўринди демагунча ортидан қува кетар эдилар.
Шу тариқа хонама-хона, ошхонама-ошхона, боғма-боғ, отхонама-отхона думалаб борар экан, ҳиндистонлик охири саройга етиб келди. Халифа Восиқ ҳаммадан кўп ғазабга минганди ва жонининг борича коптокни қувлаб, тепар эди; ҳатто тўс-тўполон орасида баъзиларнинг коптокка мўлжалланган тепкилари унинг орқасига келиб тушди.
Шу дамгача бу томошалардан ўзларини базўр тутиб турган Каратис, Мароқанобод ва икки-уч доно вазир халифа олдида тиз чўкишди ва малъун девни тўхтатиб, уни зинҳор фуқаро кўзига кўрсата кўрманг, дея ёлвора бошладилар. Бироқ копток уларнинг бошлари устидан сакраб ўтди-да, тўғрига қараб думалай кетди. Аркони давлат муаззинларга азон чақириб, барча мўминларни масжидга тўплашни, уларни бу офатдан сақла деб худога илтижолар қилишни амр этдилар, бироқ бу ҳам наф бермади. Лаънати копток пайдо бўлди дегунча ҳаммалари унинг ортидан қувиб кетар эдилар. Ҳатто азон чақириб турган муаззинлар ҳам азонларини ташлаб, шоша-пиша мезанадан тушар эдилар-да, югуриб кетаётган халойиққа бориб қўшилар эдилар. Оломон шу қадар тез кўпайдики, кўп ўтмай Самарро хонадонларида фақат шоллар, майиб-мажруҳлар, жон талашиб ётганлар, эмизикли болаларгина қолди. Югуришга қулай бўлсин деб оналар болаларини ташлаб кетмоқда эдилар. Ниҳоят, бош малика, Мароқанобод ва бошқалар шулар билан қолишди. Ҳарамдан отилиб чиққан канизак, уларни кўздан қочирмасликка уринган ахталарнинг қичқириқлари, тўс-тўполон ичида бир-бирига мушт ўқталган эркакларнинг сўкинишлари, тепки туширгандаги ва йиқилгандаги гурсиллашлар – ҳаммаси бир бўлиб Самарродай шаҳарни нақ қиёмат-қойимга айлантирганди. Ниҳоят, копток шаклига кириб олган, кўча ва майдонлардан думалаб ўтаётган малъун ҳиндистонлик ҳувиллаб қолган шаҳардан учиб чиқди-да, тўрт чашма вақирлаб қайнаган тоғ этагида ястанган Катула водийси томонга йўл олди.
Бу водийнинг бир томони баланд тепалик билан ўралган бўлса, иккинчи томонида шаршарали тубсиз жарлик бор эди. Халифа ва у билан бирга чопиб келаётганлар унинг шаршарага сакраши мумкинлигидан қўрқиб кетишди ва тезроқ етиб олиш учун роса ҳаракат қилишди, бироқ бўлмади: ҳиндистонлик тубсиз жарлик қаърига ўзини отди ва зумда кўздан ғойиб бўлди.
Агар кўзга кўринмас бир қўл тутиб қолмаганида, халифа Восиқ маккор Ғайридин ортидан қува кетиши ҳеч гап эмасди. Чопиб кетаётганларнинг ҳаммаси тўхтади; барча бирдан тинчланган эди. Улар ҳайрат ичида “Нима бўлди ўзи?” дегандек бир-бирига қарар эдилар. Чинданам жуда кулгили аҳволга тушиб қолган эдилар, аммо ҳеч ким кулишга журъат қилмасди. Хўмрайиб, хижолат тортиб, индамай барчалари Самаррога қайтишди ва уй-уйларига тарқалишди. Шармандали бу ҳолатга тушириб кетган ёвуз куч ҳақида бошқа ўйламасликни маъқул кўришди. Зеро, бандаси борки, хато қилади, бўлган ишлар бари худодан, худонинг иродасига эса шак келтириб бўлмайди.
Лекин халифа отдан тушса ҳам эгардан тушмади. У водийда чодир тикишни буюрди, Каратис ва Мароқанободнинг қўй-қўй деганига ҳам қарамай жарлик ёқасида ўрнашиб олди. Баъзиларнинг, бу ер жуда хавфли экан, жарлик ўпирилиб тушиш эҳтимоли бор, бундан ташқари бу ер сеҳргарга жуда яқин жойлашган, ҳар лаҳзада офат юз бериши мумкин, дея берган маслаҳатларига асло қулоқ солмади. У минглаб машъала ёқтириб қўйди, уларни дам-бадам алмаштириб турар эдилар. Халифа жарликнинг шундоқ лабида ётиб олди ва машъалалар ёрдамида жарлик қаъридаги зулматни кўришга ҳаракат қила бошлади. Ҳолбуки, бу зулмат шу қадар қуюқ эдики, самодаги барча сайёралар шуъласи биргаликда ҳам уни ёритишдан ожиз эди. Гоҳ пайтларда тубсизлик қаъридан турли овозлар қулоққа чалинарди, бу эса халифага ҳиндистонликдай бўлиб туюларди. Аслида эса бу тоғларда тошдан-тошга урилиб оқиб тушаётган минглаб жилғаю шаршаралар шовқини эди.
Шундай даҳшатли ҳолатда Восиқ бир кечани ўтказди. Тонг чоғи у чодирига қайтиб келди ва туз ҳам тотимай, ухлаб қолди. Шом қоронғилиғи чўккандагина уйғонди. Шунда у яна ҳалиги жойга бориб туриб олди ва бир неча тун ўша ерда қолиб кетди. У катта-катта одимлар ташлаб, нари бориб, бери келар, ҳа, сен¬ларни-я, мени алдадиларинг-а, дегандай, самодаги юлдузларга ранжиганнамо қараб-қараб қўяр эди.
Бирдан мовий осмонда, водийдан Самаррогача ва ундан нарида қонли излар пайдо бўлди, бу мудҳиш манзара катта минора чўққисини ҳам қамраб олгандек туюлди. Халифа ўша ёққа чиқмоқчи бўлди, бироқ унинг роса тинкаси қуриганди, ҳафсаласи пир бўлганча ёпинчиғи билан бошини чирмаб олди. Бўлиб ўтган барча сир-синоатлар уни бутунлай ўзига ром этиб қўйди. Бинобарин, саройга қайтиб, одатдагидай салтанат ишлари билан машғул бўлиш ўрнига у шу ерда қолиб, ҳиндистонликни пойлашга азму қарор қилди.
Бир куни тунда у бир ўзи водийда айланиб юрган эди, шу топ ой ва юлдузлар беркилиб, зиё ўрнини зулмат эгаллади ва еру кўкни ларзага келтириб, Ғайридиннинг бамисоли момақалдироқдек гумбурлаган овози эшитилди:
“Ўзингни менга бахшида этиб, замин кучларига сажда қилишни истайсанми? Муҳаммаддан қайтасанми? Агар шундай қилсанг, сенга ерости олови саройи эшигини очурмен. У ерда, улкан гумбаз остида сенга юлдузлар ваъда қилган хазинани кўргайсен; менинг шамширим ҳам худди шу жойдан олинган. У ерда Довуднинг ўғли Сулаймон яшайди, унинг атрофини етти иқлимни забт этгувчи туморлар қуршаб олган”.
Халифа ҳайрон бўлди, чуқур уҳ тортди, сўнг бундай нарсаларни кўравериб кўзи пишиб кетган одамдай хотиржам тусда жавоб берди: “Қаердасан? Нега кўринмайсан? Қуюқ зулмат ичидан ташқарига чиқсанг-чи! Сени қидириб топиш учун қанчалаб машъалаларни ёқиб тугатмадим, сен бўлсанг ўша таъвия башарангни бирров кўрсатишни хоҳламайсан!” “Муҳаммадга мункир бўл, деди ҳиндистонлик, то мункир бўлмагунингча ва буни амалда исботламагунингча мени ҳеч қачон кўролмайсан”.
Шўрлик халифа унинг гапига киришдан ўзга чора тополмади. Шу заҳоти осмон ёришди, оловга ўхшаб ёнувчи сайёралар шуъласида Восиқ қоқ иккига ажралган ерни кўрди. Чуқурликда муҳташам дарвоза бўлиб, унинг бўсағасида ҳиндистонлик ястаниб ётар ва қўлидаги калид билан тинмай қулфга урар эди.
Ҳой, деди Восиқ, сенинг олдингга қандай тушса бўлади? Ахир йиқилиб-нетиб ўзимни майиб қилиб олишим ҳеч гап эмас-ку! Айт, қандай тушай? Дарвозангни очмайсанми?
Жим, жавоб берди ҳиндистонлик. Билиб қўй, мен ташналикдан ўлай деяпман. То ташналигим қонмагунча саволларингга жавоб беролмайман. Менга эллик боланинг қони керак: уларни ўз вазирларинг ва аъёнларинг хонадонларидан териб ол. Акс ҳолда на менинг ташналигим қонади, на сенинг муддаоларинг рўёбга чиқади. Бинобарин, Самаррога қайт, мен хоҳлаган нарсаларни топ, келтириб, ўз қўлинг билан уларни мана шу жарликка ташла қолганини кейин кўраверасан.”
Шу сўзларни айтиб, ҳиндистонлик унга орқасини ўгириб олди, халифа эса иблис васвасасига учиб, мудҳиш ниятларни амалга оширишга бел боғлади. У ўзини хотиржам қиёфага солди-да, ҳамон уни яхши кўрган халойиқ ҳайқириқлари остида Самаррога йўл олди. У ўзини шу қадар хотиржам тутар эдики, дилидан кечганларини на Каратис, на Мароқанобод сеза олди. Энди ҳамма фақат хушчақчақлигу ўйин-кулгилар ҳақида гапирарди. Шу пайтгача ҳеч ким журъат этиб оғиз очолмаган чандиқ ҳақида ҳам гап сота бошладилар: қаерга бормасин, ҳамма унинг устидан кулар эди: бироқ майиб-мажруҳлар шу қадар кўп эдики, ким кимнинг устидан кулишини ҳам билмасди. Чунки бу ғаройиб саргузаштда орттирган жароҳатларидан кўпчилик ҳали батамом қутулмаган эди-да.
Фуқароларнинг бундай муносабатидан Восиқ ўзида йўқ хурсанд бўлди, чунки бу унинг худбинона ниятларини амалга ошириш учун жуда қўл келар эди, у айниқса вазир ва аъёнлари билан ғоят апоқ-чапоқ муомала қила бошлади. Эртасига барчасини базми жамшидга чорлади. Гапни аста болалар томонга бурди-да, жуда саховатпешалик билан кимнинг ўғли энг кўзга яқин ва хушрўйлигини суриштира кетди. Оталар ҳар бири ўз ўғлини устун қўйишга ҳаракат қилиб, ошириб-тошириб мақтай бошлади. Ўртада жанжал кўтарилди, даҳанаки жанг муштлашувга айланди. Охири халифа бу ёғини мен ўзим ҳал қиламан дегандан кейингина улар тинчишди.
Кўп ўтмай унинг олдига бир тўда ёш болани олиб келишди. Меҳрибон оналари бекаму кўст кўрсатиш учун уларни иложи борича кўркам кийинтириб қўйишганди. Бироқ бусиз ҳам уларнинг маъcум ва беғубор юз-андомларини кўрган ҳар бир кишининг ҳаваси келар эди. Восиқ уларни очкўзлик ва суқ билан кўздан кечириб чиқди-да, тўрт ё бештасини иблисга емиш учун ажратди. Сўнгра бу кичик сара болалар номига атаб водийда катта байрам қилинсин деб олийҳимматлик билан фармойиш берди. Ҳа, халифанинг болалар соғлиғи учун қанчалик жон куйдиришини раият билиб қўйсин. Ҳаммадан ҳам болаларнинг бардам-бақувватлиги зарурий. Бу ҳақда бутун Самарро бир зумда хабар топди. Замбиллар, туялар, отлар ҳозирланди; аёллар, болалар, чоллар, ўсмирлар барчаси уловларга жойланди. Шаҳар ва теварак-атрофдаги барча қандолатфурушлар ҳамроҳлигида оломон йўлга тушди; ҳамма шод-хурсанд, юзларда кулгу-табассум бу хурсандчилик ўзлари учун қанчалик қимматга тушишидан батамом бехабар ҳолда кетиб борар эдилар.
Оқшом ғоят сўлим, ҳаво мусаффо, осмон тип-тиниқ эди, гуллардан хушбўй ҳидлар анқирди. Ботаётган қуёшнинг заррин нурларига чўмган борлиқ гўё ёш келиндай гул-гул яшнарди. Тўрт чашма отилиб турган чўққи ҳам олтиндай товланарди: тик ёнбағирлар янада жозибадорроқ, уларда сакраб-ўйнаб юрган беозор жониворлар янада мафтункорроқ кўринар эди. Чашмаларнинг шўх-шан жилдирашлари, чўпон найларининг мунгли нолалари, подачиларнинг ҳай-ҳуйлари ҳаммаси бир бўлиб, ажиб бир қўшиқдай садо берар эди.
Қурбонлиққа кетаётган шўрлик болалар ҳам шу издиҳом ичра ҳеч нарсадан бехабар борар эдилар. Маъсум диллари болалик шўхликларидан масрур бир ҳолда воҳа бўйлаб камалаклар ортидан қувлашиб чопар, кумуш чашма сувлари тагида минг тусда жилва қилган тошлар орасидан дуру гавҳарларни яширган чиғаноқларни қидириб топар эдилар. Илгарилаб кетганлари орқада қолганларни кутиб турар, етиб келгач эса гўё узоқ вақтдан бери кўришмагандек бир-бирларини бағрига босиб, қучоқлаб кўришар эдилар.
Бир вақт узоқдан даҳшатли жарлик ва унинг тубидан қайин дарвоза кўринди. Жарлик бутун воҳани қора чизиқдай қоқ иккига бўлиб турарди. Мароқанобод ва ақориблар бу халифа яхши кўрган ўзига хос ғаройиб иншоотлардан бири бўлса керак деган хаёлга боришди, бу “иншоот”нинг машъумлигини улар қаёқдан ҳам билишсин. Хосиятсиз жойни яқиндан кўришларини истамай, Восиқ оломонни тўхтатди ва доира қуриб саф тортишни амр қилди. Ахталар ишга тушиб кетишди, улар кимўзарга чопиш маррасини ва камон ўқи бориб тегадиган нишонни тайёрлай бошлашди. Эллик нафар ёш бола тезда эгниларидан шоҳона кийимларни ечди, уларнинг самбитдай хипча ва нуқрадай тоза баданларини кўрган одам ҳайратдан ёқа ушларди. Гулгун чеҳраларидаги беғубор табассумлар беихтиёр уларнинг ота-оналари чеҳраларига ҳам кўчиб ўтди шундай фарзанди бор ота-она шодланмай бўладими! Ҳар ким бу ёш жангчилар ичидан ўзига ёққан бирига омадлар тилаб, дуо қилар эди: бу маъсум, бегуноҳ жонларнинг ўйинлари чиндан-да барчанинг фикру зикрини бутунлай банд этган эди.
Фурсатдан фойдаланиб, халифа оломондан ажралиб чиқди-да, жарлик ёқасига борди. Шу он жар қаъридан ҳиндистонликнинг тишларини ғижирлатиб гапирган тову-ш¬и¬ни эшитиб, сесканиб тушди: “Қани улар? Қани?” “Ҳой шафқатсиз Ғай¬ри¬дин, жавобан деди Восиқ бутунлай тарвузи қўлтиғидан тушган ҳолда, – сени хурсанд қилишнинг бошқа бирон чораси йўқми? Оҳ, бу болалар¬нинг нақадар маъсумлиги, беғуборлиги, бегуноҳлигини кўрганингда, балки бироз юмшармидинг”. “Юмшармидинг? Бекорларнинг бештасини айтибсан, маҳмадона! қичқириб берди ҳиндистонлик. Қани, тез бўл, келтир уларни бу ёққа, тез! Акс ҳолда эшикларим сен учун абадий беркилгай!” “Бунча томоғингни йиртиб бақирасан?” қизариб деди халифа. “Ҳа-ҳа, тушундим, тушундим, деди Ғайридин ваҳшиёна жилмайиб, сен ақлли одамсан, майли, яна бирпас сабр қилганим бўлсин”.
Улар шу тариқа мулоқотга бориб турар экан, у ёқда мусобақа қизигандан-қизимоқда эди. Тоғларни оқшомнинг сўлим қоронғилиғи чулғагандагина мусобақалар ниҳоясига етди. Шунда жар ёқасида турган халифа овозининг борича қичқириб деди: “Қани, менинг эллик нафар суюмли қўзичоғим мусобақадаги ютган ўринларига қараб тартиб билан қаршимга келсин! Биринчи ўринни олганга ўзимнинг олмос билагузугимни ҳадя қиламан, иккинчисига зумрад маржон, учинчисига забаржадли камар, қолганларга эса бош-оёқ саруполар инъом этурман”.
У шу гапларни айтиши билан севинчдан халойиқ ўз фуқароси ва айниқса ёш болалари фаровонлиги учун керак бўлса жонидан ҳам кечишга тайёр ҳукмдорини ҳайқириб олқишлай кетди. Халифа эса аста-секин ечинганча мукофотни тутиб турган қўлини баланд кўтарар ва олишга шошилиб келган болага узатар, иккинчи қўли билан уни жарликка туртиб юборар эди, Ҳар бола йиқилиб тушганда жарликдаги иблис “Яна! Яна!” деб уни тинмай шоширарди.
Соврин улашув шу қадар шитобли тус олдики, югуриб келаётган навбатдаги бола ўзидан олдингиси қисмати не кечганидан хабар ҳам топмас эди, томошабинларга эса зулмат ва масофа уни кўришга имкон бермасди. Ниҳоят, эллигинчи қурбонни туртиб юборгач, Восиқ энди Ғайридин калидни бергани чиқиб келади деган хаёлга борди. Ишонгани шунчаликки, у энди аллақачон ўзини Сулаймонга қиёс қилмоқда, бўлган ишларга унинг мутлоқ алоқаси йўқдай билмоқда эди. Бироқ, не кўз билан кўрсинки, бир вақт жарликнинг иккала қирғоғи аста бир-бирига яқинлашиб кела бошлади-да, кейин улар туташиб, Восиқнинг оёғи тагида оддий қаттиқ ер пайдо бўлди. Унинг нечоғли ғазабга минганини кўрсангиз эди! У ғаддор ҳиндистонликни энг ифлос сўзлар билан бўралаб сўкди, гўё у эшитадигандек оёғи остидаги ерни жон-жаҳди билан тепа бошлади. Азбаройи ғазабдан у юрагини чангаллаганча ҳушидан кетиб, ерга йиқилди. Унга ақориб ва маҳрам ҳисобланган одамлар ва саройнинг нуфузли аъёнлари аввалига уни майсазорда ўтириб, болалар билан ўйнаяпти деган хаёлга бордилар, бироқ кейин ташвишлана бошладилар, яқинроқ келиб қарашсаки, халифанинг ёнида ҳеч ким йўқ. “Нима керак сизларга?” деб сўради Восиқ улардан. “Болаларимиз қани?” бараварига нидо солди ота-оналар. “Наузанбиллоҳ, деди Восиқ ажаблангандек, бўлар-бўлмас нарсага мен балогардан бўлаверар эканман-да? Болаларингиз шу ерда ўйнаб юришувди, мана бу ерда турган жарга барчалари битта-битта қулаб тушди, агар вақтида қочиб қолмаганимда мен ҳам тушиб кетган бўлардим”.
Ўлган болаларнинг ота-оналари сочлари ва юзларини тимдалаб дод-вой сола бошлашди, не бўлганидан бехабар бошқалар ҳам улардан баландроқ овозда ўкрашга тушишди. Кўп ўтмай фуқаролар орасида овозалар ёйилиб кетди: “Малъун иблиснинг ёнини оламан деб халифа бизларни шу кўйга солди! Бу сотқинлиги учун ундан ўч оламиз! Бегуноқ болаларимиз хуни учун интиқом оламиз! Хоин ҳукмдорни шоввага итқитамиз, токи ундан ёруғ оламда ном-нишон қолмасин!”
Тўс-тўполондан қўрқиб кетган Каратис Мароқанобод яқинига келди. “Муҳтарам вазири аъзам, деди у, сиз икки бирдай ўғлингиздан жудо бўлдингиз, зеро, ғам-андуҳингизнинг чеки йўқдир, аммо сиз саховатпеша зот эрурсиз, ҳукмдорингизни қутқаринг! “Бош устига, маликам, жавоб берди вазири аъзам, ўз ҳаётимни хатарга қўйиб бўлса-да,халифа жаноби олийларини қутқаришга ҳаракат қилурмен, кейин эса уни тақдир ҳукмига ҳавола этгайман”. “Бобобалук, давом этди халифанинг онаси, қулларингизга айтинг, менинг одамларим билан биргаликда халойиқни тўхтатиб қолайлик, имкони топилди дегунча ҳукмдорни саройга олиб кетурмиз”. Аввалига Бобобалук дўстлари билан фарзандлари йўқлигидан суюнди. Улар хўп дея таъзим бажо келтирдилар, уларга қўлидан келганча ёрдам кўрсатиб, вазир ҳам ўзининг савобли ишини ниҳоясига етказди. Сўнгра халифа хумордан чиққунча йиғлаб олиш учун у ердан узоқлашди.
Халифа қайтиб келиши ҳамоноқ Каратис сарой дарвозасини тамбалаб қўйишни буюрди. Бироқ халқ ғазаби ортаётганини ва ҳар томондан лаънат сўзлари ёғилаётганини кўриб у ўғлига деди: “Сен ҳақмисан ё ноҳақмисан бунинг аҳамияти йўқ! Нима бўлганда ҳам сенинг ҳаётингни сақлаб қолиш керак. Юр, хосхонангга борайлик, ундан сену менгагина маълум лаҳм орқали минорага ўтамиз, у ерда бизни ҳеч қачон ёруғ олам юзини кўрмайдиган гунг соқчилар қўриқлаб туради. Бобобалук бизларни ҳали ҳам саройда деб ўйлайди, ўзи учун у саройни ҳимоя қилади; шунда Мароқанободнинг бу хотини маслаҳатлари билан жонимизни қийнаб ўтирмай, нима қилиш кераклигини ўзимиз ҳал қиламиз”.
Восиқ онасига ҳеч нарса деб жавоб бермади ва ўзини жуда бамайлихотирдай қилиб кўрсатишга ҳаракат қилди, бироқ йўл бўйи ич-этини кемириб ва тинимсиз: “Қайда қолдинг даҳшатли дев? Болаларни ямламай ютиб юборганинг ростми-я? Ҳалиги шамширинг, олтин-калидинг, туморларинг қани?” деб такрорлагани-такрорлаган эди. Унинг сўзларини эшитиб, онаси Каратис ўзича бир хаёлга борди. Минорада ўғли сал ўзини босиб олгач, у ҳамма нарсани осонлик билан миридан-сиригача суриштириб билиб олди. Она бўлгани билан у ҳам барибир аёл зотидан эмасми, керак бўлганда ўзининг кимлигини ҳам унутиб, ҳеч нарсани писанд этмай қўйди, ўзини ҳаммадан кучли деб билди. Шундайин, халифанинг ҳикоясидан у пинагини ҳам бузмади, ғазабга ҳам минмади. У фақат девнинг ваъдаларидан таажжубга тушди ва ўғлига қараб деди: “Афтидан, бу дев ўзига етганча қонхўр экан, бироқ ерости илоҳлар ундан ҳам даҳшатлироқ кўринади. Бироқ баъзиларнинг ваъдаларию бошқаларнинг инъомлари осонликча қўлига киравермайди. Бундай бойликлар учун ҳар қандай разилликка бориш мумкин. Хуллас, гап шу: ҳиндистонликдан шикоят қилиб кўз ёши тўкишни бас қил, назаримда сен унинг барча айтганларини охиригача бажармагансан. Шу нарсага аминманки, ерости руҳларга қурбонлиқ бағишлашимиз керак, ғалаён босилиши билан биз бу тўғрида мияни жойига қўйиб ўйлаб олишимиз лозим. Мен дарҳол осойишталик ўрнатаман, бунга ҳар қанча бойликни сарф этишдан чўчимайман, зеро биз буни бир неча баравар қилиб қайтариб ола оламиз”. Тутган жойидан кесадиган маликаи олия шу сўзларни айтиб, лаҳм орқали саройга қайтиб келди ва даричадан халойиққа кўриниш берди. Ўша ердан туриб, нутқ ирод қилди, Бобобалук эса халойиқ узра ҳовучлаб олтин тангалар сочиб турди. Бу тадбир кор қилмай қолмади, ғалаён босилди, ҳамма уй-уйига тарқалди, Каратис эса минорага қайтди.
Сўфи азон айтганда она-бола зиналардан юриб, минора учига кўтарилди, гарчи ёмғир ёғиб, тонгги ҳаво тунд бўлса-да, улар минора учида узоқ қолиб кетишди. Маъюс ғира-шира тонг нимагадир уларнинг ҳар иккаласига бирдек хуш ёқмоқда эди. Кўп ўтмай булут чоки сўкилди ва булутлар орасидан энди анча юқорилаб қолган қуёш кўринди. Шунда улар иссиқдан сақланиш учун тепаларидан чодир тортишга буйруқ беришди. Халифа қаттиқ чарчаганди, ётиб, мириқиб ухлашни, яхши тушлар кўришни истаётганди. Тиниб-тинчимас Каратис эса яқинлашиб келаётган тун учун, қурбонлиқлар ҳозирлаш учун ўзининг гунг қулларидан бир тўдасини бошлаб пастга тушди.
Деворнинг ўзидан чиқарилган унча катта бўлмаган ва фақат она-боланинг ўзларигагина маълум зиналардан юриб, Каратис аввал махфий лаҳмларга тушди, бу ерда даҳмалардан қазиб олинган қадимий фиръавнларнинг мўмиёланган жасадлари сақланарди; кейин танобий айвонга йўл олди, у ерда эллик нафар гунг ва ўнг кўзлари ғилай ҳабаш аёллар қўриқчилик қилиб турадиган энг заҳарли илонларнинг ёғлари, каркидонларнинг шохлари ва афсунгарлар Ҳиндистоннинг энг чекка жойларидан кесиб келтирган заҳарли дарахт шох-бутоқлари ғамлаб қўйилганди.
Бошқа бир-биридан ажибу ғариб қимматбаҳо ашёлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Каратис вақти-соати келиб қора кучлар билан тўқнашувда асқотиб қолар деган умидда булар барчасини ўзи тўплаганди: узоқни кўзловчи бу хотин бу буюмларнинг қадрига етар ва уларни кўз қорачиғидай асрарди. Хаёлининг бир чеккасидан мудом жой олган бало-қазоларга бас келиш учун у бирмунча вақтини ҳабаш хотинлар билан ўтказди, улар жонсиз бош ва этсиз суякларни ён томондан ҳузур қилиб томоша қилар экан, ягона кўзлари сузилиб-сузилиб кетмоқдайди; мурдаларни сандиқлардан олишаётганда эса улар азбаройи ҳаяжондан қийшанглашар, маликаи олияларининг уддабуронлигига тасаннолар айтганча ҳайқиришар эдилар. Ниҳоят, оғир ҳаводан бўғилиб, Каратис бу ғаройиб хазина ичидан керагича улушни олди-да, ташқарига йўналди.
Бу ёқда халифа ўзи хоҳлаганидек тинч ётиб ухлолмади ҳам, яхши туш ҳам кўролмади; у қаттиқ очқаган эди. У гунгларга қараб, овқат келтиринглар, деб амр қилди, уларнинг карликлари эсидан чиқдими, индамай тек туришганини кўриб, бир бошдан уриб, дўппослай кетди. Шўрликларнинг бахтига Каратис келиб қолди-ю, уларнинг жонига ора кирди. “Сенга нима бўлди, болажоним? деди она оғир-оғир нафас олиб. Мен инларидан чиққан минглаб кўршапалак визиллаб чарх уриб учиб юрганми деб ўйлабман, аслида сен менинг шўрлик кар ва гунг қулларимни қисти-бастига олиб турган экансан; тўғрисини айтсам, мен сенга шундай емак олиб келаяпманки, қилган ишларинг унинг мингдан бир улушига ҳам арзимайди”.
“Беринг бу ёққа тезроқ ўшани! қичқириб юборди Восиқ. Очликдан ўлай деяпман!” “Ҳаммасини еб уддасидан чиқармикинсан, қўзичоғим? деди она, аммо иштаҳанг ҳам, ошқозонинг ҳам темирни-да ҳазм қилиб юборишини кошки билмасам” “Тезроқ бўлсангиз-чи, она, деди жавобан халифа. Эй худо, бу қанақаси? Нега бундай қиласиз? Кўнглим айниб кетяпти!” “Бардам бўл! деди Каратис. Ундан кўра буларни тартибга солишда менга кўмаклашиб юбор; шунда ҳозир кўргани кўзинг бўлмай турган нарсалар аслида дунёда тенги йўқ ёмбилар эканига ўзинг шоҳид бўласан. Қурбонимиз учун бугун тунда гулхан ёқамиз, то қурбонлиқ расмини адо қилиб бўлгунимизча туз тотмайсан ахир ҳар қандай улуғ ибодатдан олдин рўза тутиш фарзини унутдингми?”
Халифа чурқ этиб оғиз очолмади ва бутун ғам-аламини ичига ютишга мажбур бўлди; она эса тараддудини давом эттириш билан машғул бўлди. Ҳаш-паш дегунча минора равоғида илон ёғи, мўмиёлар ва суяклар солинган идишлар ҳозир қилинди. Гулхан ёқилди, унинг алангаси тобора кучайиб борар, йигирма қулоч баландликка кўтарилиб гуриллар эди. Ниҳоят, қуюқ зулмат чўкди ва Каратис ўзида йўқ шодланиб эгнидан либосни олди; у чапак чалди ва одам ёғи шимдирилган машъални айлантириб силкий бошлади; гунг қуллар уларга тақлид қилар эдилар. Восиқ бардош беролмади, очликдан силласи қуриб, ҳушдан кетиб ерга қулади.
Машъаллардан тушаётган оловли томчилар афсунгарлар манқалдонидаги ёғни ҳам ёндира бошлади, заҳарли ёғ узра кўкиштоб аланга кўтарилди, мўмиёлар қоп-қора тутун буруқсатиб ёна кетди; кўп ўтмай аланга каркидон шохларига туташди. Ундан шунақанги бадбўй ҳид тарқала бошладики, халифа бирдан ўзига келди ва нима бўлаётганига ақли етмай атрофида ёнаётган нарсаларга кўз югуртирди. Ёнаётган ёғлар лоп-лоп қилар, ҳабаш хотинлар эса навбатдаги идишларни олиб келиб тўкар, Каратиснинг қичқириқларига ҳамоҳанг равишда ваҳшиёна қийқирар эдилар. Гулхан азбаройи авж олганидан ва пўлат манқалдаги акси кўзини қамаштирганидан Восиқ чидай олмади, даст ўрнидан турди-да, ўзини шоҳ чодирига урди.
Бутун шаҳарни кундуздай ёритиб турган ёғдудан ҳайратга тушган Самарро аҳли шоша-пиша ўрнидан турди, томга чиқди ва шаҳар минорасини ўт ичида кўриб, апил-тапил кийимини эгнига илганча майдон сари чопди. Тўсатдан ўз ҳукмдорларига нисбатан хайрихоҳликлари қайта уйғониб, унинг минорада куйиб кулга айланишидан хавотирга тушган одамлар уни қутқаргани ошиқди. Тиниб-тинчимас Мароқанобод пана жойдан чиқди-да, бошқалар каби олов билан олишишга даъват эта бошлади. Афсунгарлик тутатқиларидан яхши хабардор Бобобалук бу иш Каратиснинг қўлидан келишига ишонқирамаётганди ва шунинг учун ташвишланмасликни маслаҳат берди. Уни қари туллак ва уччига чиққан сотқин деб аташарди, гапига қулоқ солмай ҳамма улкан мешлар ортилган туя-карвонини минора тагига келтириб қўйди, бироқ минора ичига қандай кирилади бу ёғи муаммо эди.
Эшикни бузишга ҳаракат қилиб турган бир паллада шимоли-ғарбдан зўр шамол келди-да, оловни узоқларга олиб кетди. Халойиқ аввалига бир тисарилиб олди, бироқ ўша заҳоти икки баробар куч билан эшикка ташланди. Шох ва мўмиёларнинг аччиқ ҳиди ҳавони заҳарлар ва кўплар нафас ололмай гуп-гуп ерга йиқиларди. Одамлар бир-бирларига қараб: “Қочинг, заҳарни сиз тарқатяпсиз!” деб маломат ҳам қилар эди. Бурунларини маҳкам қисиб, одамлар нафас олмасликка ҳаракат қилишарди-ю, барибир, эшик бузишда давом этишарди. Бир юз қирқ нафар жасоратли ва ўктам ёвқур мақсадларига эришди. Улар зинагача етиб олишди-да, чорак соат давомида ундан югуриб боришди.
Гунглар ва ҳабаш қизларининг ишорасидан ташвишга тушган Каратис зинага яқин келди, бир неча пиллапоя тушиб келгач, қулоғига: “Сув! Сув!” деган қичқириқ чалинди. Ёшига яраша у анча эпчил эди ва ўша заҳоти қушдай учиб майдончага келди ва ўғлига деди:
Қурбонлиқни тўхтат! Энди биз ундан кўра дурустроғини амалга оширишимиз мумкин. Минорани ўт олди деб ўйлаб, одамлар эшикни бузиб киришди, бу ёққа сув олиб келишаяпти. Уларнинг самимийлигига тан бермай илож йўқ, улар сенинг барча гуноҳларингдан ўтишган кўринади; аммо энди барибир. Майли, чиқишаверсин, биз уларни девга емиш қиламиз. Гунгларимиз анча кучли ва тажрибали, чарчаганларнинг дарров суробини тўғрилаб қўйишади”.
Яхши, деди халифа, фақат тезроқ бўлишсин, қорним очди.
Шўрлик бандалар кўп ўтмай пайдо бўлишди. Ўн бир минг зинани босиб келиб, ўпкалари бўғзиларига тиқилганди, бунинг устига челаклар деярли бўшаб қолганди, олов эса осмонга ўрларди, куйган мўмиё ҳидларидан томоқлари ғиппа бўғилди. Бундай қарашса, гунглар билан ҳабаш қизлар чиқиб келганларнинг бўйнига битта-битта сиртмоқ солаяпти, барчаси хурсанд, бахтиқароларни итоаткорона бўйин эгиб туриши эса уларнинг ўн қувончига яна бир қувонч қўшмоқда эди. Қурбонлар ҳеч бир қаршилик кўрсатмай ерга қулар, тил тортмай жон берар эдилар. Хиёл ўтмай Восиқ ўзига энг садоқатли ва вафодор фуқароларининг мурдалари орасида қолиб кетди. Мурдаларни оловга улоқтиришарди. Энди бу ёғи ортиқчалигини ҳис қилган Каратис занжирни тортиб, йўлакдаги пўлат эшикларни беркитишни буюрди.
Буйруқ адо этилиши билан минора чайқалиб кетди, мурдалар ғойиб бўлди, буруқсиб ёнаётган аланга чарақлаб, қип-қизил алвон тусга кирди. Атрофга хушбўй ҳид таралди, мармар устунлардан ёқимли куйлар жаранглай бошлади, айниқса, юмшаб эриётган шохлар ўзидан сўз билан ифода этиб бўлмайдиган ширин ҳид чиқармоқда эди. Каратис ўз афсунгарларининг кароматларидан севинчи терисига сиғмай кетмоқда эди, хушбўй ҳиддан кўнгли беҳузур бўладиган гунглар ва ҳабаш қизлари вайсаганларича инларига кириб кетишди.
Улар кетиши билан манзара ўзгарди, гулхан, шох ва мўмиёлар ўрнида шоҳона қилиб тузалган дастурхон пайдо бўлди. Анво ва ақсом таомлар орасида шароб тўла кўзалар ва хитой чиннисидан ишланган хумчалар саф тортиб турарди, хумчаларда тагига асал муми ташланган шарбатлар чайқаларди. Халифа Восиқ дастурхонга кўзи тушиши билан ўзини бургутдай таомга урди ва писта-бодом солиб димлаб пиширилган қўзичоқ нимтасига чанг солди, бироқ Каратис бутунлай бошқа нарса билан овора эди у жимжимадор қутича ичидан узун қоғоз ўрамчасини олди, буни ўғли сезгани ҳам йўқ. “Шошмай тур, амрона тусда деди у ўғлига, қулоқ сол, сенга мўъжизавий ваъдалар марҳамат қилиняпти”. Шундай дея у қоғоздаги сўзларни овоз чиқариб ўқий бошлади: “Севгилим Восиқ! Сен мен кутганимдан ҳам кўпроқ илтифотлар кўрсатдинг. Мўмиёларинг ва шохларинг ҳидига роса мириқдим, айниқса, сен оловга таш¬лаган мусулмонлар ҳиди ҳамон димоғимга ҳузур бағишлаяпти. Ой тўлган куни асъасаю дабдаба билан йўлга чиқ, олдинда карнайчилар, сурнайчилар ва ноғорачилар турфа нағмалар ижро этиб келишсин. Улар ортидан севган қулларинг, энг суюкли хотинларинг, ҳашамдор қилиб безатилган минг туялик карвонинг билан Истаҳорга йўл ол. Мен сени ўша ерда кутаман, Жиан бин Жиан гулчамбари таққан ҳолда сен у ерда роҳату фароғатда бўласан, сенга Сулаймон тумори ҳадя этурмиз ва энг қадимги султонлар хазиналарини тортиқ қилгаймиз. Аммо йўлда бирон кишиникига қўнгудай бўлсанг, шўрингга шўрва тўкилгусидир.”
Ўзи истиқомат қилган саройдаги шоҳона тўкин-сочинликка қарамай, халифа ҳеч қачон мана бу галгидек маза қилиб овқатланмаганди. Хушхабарлардан димоғи янаям чоғ бўлиб, коса устига коса май симирарди. Каратис шаробни ёмон кўрмасди, у ҳам пайғамбар Муҳаммад номини масхаралаганча пайдарпай қадаҳ кўтарарди. Куфрона ичимликлар охир-оқибатда ўз таъсирини ўтказмай қолмади, она-бола худога шак келтирувчи гапларни айтиб, шаккоклик қила бошлади. Жаннатдаги Асҳоби кафдан тортиб ҳазрат Узаир алайҳиссалом эшагигача қолмади, ҳаммасини бирма-бир ерга уриб калака қилишди. Ана шундай хушчақчақ бир кайфиятда улар минора тутуни орасидан кўзга элас-элас чалинаётган майдондаги одамлар устидан кула-кула ўн бир минг пиллапоялик зинадан пастга, ундан сўнг ер остига тушишди-да, шоҳона хобгоҳда пайдо бўлишди. У ерда миқроз билан шам сўхталарини чилпиб, черкас қизларининг хумор кўзларини деворга чизаётган ахта қулларга турли йўл-йўриқлар бераётган Бобобаук бемалол сайр қилиб юрарди. Халифага кўзи тушиб, у деди: “Куйиб кетмаганингга энди инондим, худди ўйлаганимдай бўлди”. “Нимани ўйлаб-сўйлашинг билан нима ишимиз бор? қичқирди Каратис. Қани, оёғингни қўлингга ол-да, Мароқанобод ҳузурига югур, уни бу ерда кутаётганимизни айт, тағин аллақандай хомхаёлларга бориб, йўлда қолиб кетма”.
Вазири аъзам ўша заҳоти ҳозир бўлди; она-бола уни эҳтиром билан қарши олди, минорадаги ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлдик, аммо бунинг учун ёрдамга етиб келган қанчалаб ботирларингизни қурбон бердик, дея писанда ҳам қилиб қўйди.
Яна мусибат! қичқирди Мароқанобод титраб. Эй мўъминлар ҳукмдори! Эй Муҳаммад мустафо! Шубҳасиз, сизнинг ғазабингизга дучор бўлмишмиз. Сен ул зотдан кечирим сўра!
Биз ундан албатта кечирим сўраймиз, деди ғаддорона табассум билан Восиқ. Тоат-ибодат қилиш учун вақтинг бемалол етгусидир. Бу кишвар иқлими соғлиғимга тўғри келмаяпти, бошқа кишварга бормасам бўлмайди. Тўрт чашма тоғи жонимга тегди, мен Руҳнобод чашмасидан қониб ичмоғим ва бу чашма сувларидан барқ урган гўзал водийлар ҳавосидан мириқиб нафас олмоғим керак. Мен йўғимда давлатни онамнинг кўрсатмалари билан сен бошқариб турасан, волидам тажрибаси учун зарур бўлган барча нарсаларга кўз-қулоқ бўласан, биласан, минорамиз билим учун зарурий бўлган қимматбаҳо ашё-олатларга лиммо-лим”.
Минора Мароқанободга сира ёқмаганди, уни тиклаш учун жуда катта миқдордаги маблағ сарфланганди, у фақат минорада ҳабаш қизлар, гунглар ва аллақандай жирканч егуликлар борлигини биларди, холос. Уни ҳар дақиқада буқаламундай ўзгариб турувчи Каратис ҳам хуноб қилаётганди. Унинг шайтоний сухандонлигидан шўрлик мўъминнинг тоқати тоқ бўлиб кетмоқда эди. Ўғли эса онасидан беш бадтар ёқимсиз эди ва ундан қутулаётганидан вазир ўзида йўқ хурсанд бўлмоқда эди. Шундай қилиб, у халқни тинчитиш ва ҳукмдорни жўнатишга ҳозирлик кўриш учун йўлга тушди.
Шу билан ерости қаъри руҳларига ёқиш мақсадида Восиқ саёҳатни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган тарзда ўтказишга аҳд қилди. У ўз фуқаролари мулкини битта қўймай тортиб олиб, хазинасига тўплади, волидаи муҳтарамаси эса жаннатнамо ҳарам ваъда қилиб, бу хазинадаги жамики қимматбаҳо тошларни олиб чиқиб кетди. Самарро ва бошқа катта шаҳарлардаги барча бичиқчи ва зардўзчилар шаҳаншоҳ сайрига мўлжалланган тахтиравонлар, юмшоқ ўриндиқлар, замбиллар ва маҳфилларни ясаш ва безашга енг шимариб киришиб кетдилар. Масулипатаннинг барча ажойиб матолари сотиб олинди, Бобобалук ва бошқа ҳабаш ахталарни ясатиш учун шунчалик кўп оқ суруп сарфландики, ҳатто бутун Бобил Ироқида бир парча ҳам оқ суруп қолмади.
Тайёргарликлар шундай авж олиб турган бир паллада Каратис ёвуз кучларнинг кўнглини олиш ва эътиборини қозониш учун унча дабдабали бўлмаган зиёфатлар бериб турди. Оламда тенгсиз хусндор аёллар таклиф этилганди. У айниқса оқ-малларанг сочли ва сарв қомат аёлларни жуда қадрлар эди. Бу зиёфатлар ўзининг нафаси билан ажралиб турарди; бироқ ҳамма ўйин-кулги билан овора бўлиб турганда ахталар билдирмайгина ичи чаёнга тўла гулдонларни дастурхонга келтириб қўйдилар. Каратис ўзини ҳеч нарса билмагандек тутар, шу боис бирон киши чурқ этиб оғиз очишга журъат этмасди. Меҳмонлардан битта-яримтаси жон бера бошласа, у чаён чаққан жойни қўлбола тарёк билан боғлаб қўярди: олижаноб малика ҳашамни унча хуш кўрмасди.
Восиқ бу қадар тиришқоқ эмас. У вақтини саройдаги махсус хоналарда ҳушчақчақлик қилиш билан ўтказарди. У девонда ҳам, масжидда ҳам кўринмасди. Самарронинг деярли ярим аҳолиси ўйин-кулгидан боши чиқмаётган бўлса, ярим аҳоли ножўя хатти-ҳаракатлар, макруҳ ва гуноҳ ишлар тобора авж олаётганидан хавотирга тушиб, юраги увишмоқда эди.
Шу орада Маккадан анча шарофатли кунларда жўнаб кеттган элчилар қайтиб келди. Улар энг сара муллалардан ташкил топган эди. Улар ўз вазифаларини аъло даражада бажариб, муқаддас Каъбани супуриб-сидирадиган қимматбаҳо супургилардан бирини олиб келган эдилар. Бундай совға ер юзидаги энг бообрў ҳукмдоргагина тақдим этиларди.
Бу вақтда Халифа Восиқ элчиларни кутиб олиш учун махсус ҳозирланган ажойиб жойда турарди. У парда ортидан Бобобалукнинг қуйидаги сўзларини эшитди: “Аъло ҳазрат Идрис аш-Шофий ва фариштамонанд Муотаддин Маккадан супурги олиб келдилар ва кўзларидан ёш ила уни ҳазратимга инъом этмоқ истагида бетоқатдурлар”. “Олиб келинсин бу ерга, – амр қилди Восиқ, – бирон коримизга яраб қолар”. “Наҳотки шундоқ бўлар деб ўйласангиз?” – жавобан деди Бобобалук ўзини тутолмай. “Амримни адо эт! – такрорлади халифа. – Зеро менинг олий иродам шулдир: сени ҳаяжонга солган ўша пок ниятли одамларни айнан мана шу ерда қабул қилмоқчиман”.
Ахта ғудранганича у ердан узоқлашди ва аъёнларига орқасидан юришни буюрди. Нуроний қарияларнинг юрагини севинч туйғулари қамради ва гарчи узоқ йўл юриб толиққан бўлсалар-да, ҳайратомуз янгилик ила Бобобалук изидан йўлга тушдилар. Улар улуғвор арк тагидан ўтишди ва халифа уларни оддий одамлар учун мўлжалланган саройдан бошқа жойда қабул қилишни ўйлаб, кўнгиллари тоғдай кўтарилмоқда эди. Кўп ўтмай улар бир ҳарамга келиб қолишди; ҳашамдор шойи пардалар ортидан ўқтин-ўқтин ажойиб мовий ва қора кўзлар чақмоқдай ялт-юлт қилиб мўраларди. Ҳам ҳайрат, ҳам эҳтиром ҳиссига тўлган, ўзларининг муқаддас вазифалари масъулиятидан вазмин ва сипо тортган қариялар бир-бирларининг ортидан эргашганча мўъжазгина йўлаклардан ўтиб боришарди. Ниҳоят, улар халифа кутиб ўлтирган хонага етиб келишди.
“Амиралмўъминин бетоб эмасмилар?” – шивирлаб деди Идрис аш-Шофий ҳамроҳига. “Ул зот ибодатда бўлсалар керак”, – жавоб берди унга Мустоддин. Уларнинг суҳбати қулоғига чалинган Восиқ қичқириб деди: “Қаердалигим билан нима ишларинг бор? Кираверинглар!” Шундай дея у парда ортидан қўлини чўзиб, муқаддас супургини беришларини талаб этди. Ҳамма тиз чўкди, гарчи йўлак тангу тор бўлса-да, ажабтовур доира ҳосил бўлди. Муҳтарам Идрис аш-Шофеий номаҳрамлар кўзи тушишидан сақлаб қолувчи ҳашамдор ва хушбўй халтадан супургини суғурди-да, меҳроб деб ўйлаган хона томон йўналди. У ҳам ҳайрат, ҳам даҳшат ичида қотиб қолди! Восиқ қаҳ-қаҳ урганча унинг титроқ босган қўлидан супургини юлиб олди-да, ложувард рангли шифтда осилиб турган ўргумчак тўрларини супурди.
Ҳанг-манг бўлиб қолган қариялар бошларини кўтаролмай қолдилар. Уларнинг кўз олдида Восиқ қўполлик билан ўртадаги пардани шартта очиб ташлади. Қарияларнинг кўз ёшлари мармар фаршни кўллатиб юборди. Ал-Муотаддин таҳқир ва чарчоққа чидолмай ҳушидан кетди, халифа эса тўхтовсиз чапак чалганча нуқул қаҳ-қаҳ этиб кулар эди. “Қадрдон ҳабаш, – деди у охири Бобобалукка қараб, – мана бу олижаноб одамларни менинг шерозий шаробим билан сийласанг-чи. Чунки улар менинг саройимни бошқалардан кўра яхшироқ деб мақтаниб юришади, модомики шундай экан, уларга олий даражада иззат-икром кўрсатилсин”. Шу сўзларни айтиб, у супургини уларнинг юзига қараб улоқтирди-да, қаҳ-қаҳ урганча онаси ҳузурига йўл олди. Бобобалук жон-жаҳди билан қарияларни тинчлантиришга ҳаракат қила бошлашди, бироқ улардан иккитаси ҳақоратга чидай олмай ўша ернинг ўзида жон берди; бошқалари эса ғазаб ўтида қовурилганча яшашдан қўлини ювиб, ўзларини абадий ўрнидан турмайдиган тўшак узра ётқизиб қўйишларини амр этдилар.
Саёҳатга чиқиш тўғрисида юлдузлардан изн олган тунда халива Восиқ билан волидаси минорага кўтарилди. Буржлар ҳолати қулай жойлашганидан халифа бундай ажойиб манзара лаззатидан баҳраманд бўлишга аҳд қилди. У майдончада бояги мудҳиш қурбонликдан ҳали ҳам қорайиб турган таомни иштаҳа билан туширди. Зиёфат асносида ҳавони унинг момақалдироқдек қаҳқаҳалари ларзага солиб турди, бу уни хосиятли аломат деб ҳисобларди.
Бутун сарой жиз-биз эди. Олов тун бўйи ёниб турди; чилангарлар сандонининг урилган товушлари, хиргойи қилганча палак тикаётган аёлларнинг овози, ҳарам шаҳналарининг ҳой-ҳуйлари – барчаси табиат сукунатига зид ўлароқ авжига чиққан ва бу Восиққа мойдек ёқмоқда эди; у ўзини бамисоли Сулаймон тахтида ўтиргандек ҳис қилмоқда эди.
Халқ ундан кўра кўпроқ шод эди. Ғаройиб ҳукмдор зулмидан халос бўлиш фурсати тезроқ келиши учун ҳамма енг шимариб ишга тушиб кетганди.
Ўғлининг жўнаб кетишидан бир кун аввал Каратис уни яна буровга олишни жоиз деб топди. У номадан ёдлаб олган сирли битикларини тўхтовсиз такрорлар, йўлда чет бир жойда тўхтама деб қайта-қайта такрорларди. “Ширин таому гўзал қизларга ишқибозлигингни яхши биламан, – деди у, – дунёда тенги йўқ ўз пазандаларингдан қолма, эсингда бўлсин, сенинг кўчма ҳарамингда Бобобалук ҳали юзидан пардасини олмаган йигирма-ўттиз канизагинг бор. Бу ерга келишим зарур бўлмаганда, юриш-туришингдан ўзим кўз-қулоқ бўлиб турган бўлардим. Сен билан мен каби, одамлар учун қизиқ туюлган нарсаларга тўлиб-тошган бу ерости саройини кўришга ғоят муштоқман. Айниқса, ғорларни хуш кўраман, мўмиёланган жасадларга бўлган ҳавасимни гапирмаса ҳам бўлади, ўйлайманки, бу ерда сен ўзингга керакли бўлган кўплаб нарсаларга эга бўласан. Хуллас, сен мукаммал маъданлар салтанати устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини берувчи туморларни қўлга киритганингда, курраи заминнинг қоқ ўртасига ёриб кирганигда, бирон-бир ишончли одамингни мени ва хазинамни олиб кетиши учун юборишни унутма. Ўлиб-тирилиб йиққаним илон ёғи бизнинг Ғайридинимизга ажойиб совға бўлади, у, ҳарҳолда, бу хил ширинликни жонидан яхши кўради”.
Каратис узундан-узун нутқини тугатгач, Тўрт чашма тоғи ортига чўкиб, ойга ўрнини бўшатди. Тўлиной кечаси бўлиб, йўлга тушишга бетоқат бўлаётган аёллар, ахталар ва бесоқолларга осмондаги бу ёритқич ҳаддан ташқари ғаройиб кўринмоқда эди. Шаҳарни қувноқ қийқириқлар ва карнай садолари босиб кетганди. Барча чодирлар узра укпарли туғлар ҳилпирар, ҳарир ой нурида султон тожлари чарақларди. Кенг майдон аъло шарқ лолалари чирой бағишлаб турган чаманзорга ўхшарди.
Башанг кийинган халифа вазир ва Бобобалукка суянганча миноранинг бош зинасидан тушиб келди. Ҳамма ўзининг унинг оёғига ташлади ва жуда катта юклар ортилган туялар бирин-кетин чўктирила бошлади. Манзара ғоят улуғвор эди ва уни кўриб кўзини қувонтириш учун халифанинг ўзи ҳам тўхтади. Ўртага ҳузурбахш бир жимлик чўкди, фақат сарбон олдидаги ахталарнинг чиқишларигина бироз жимликни бузмоқда эди. Зийрак хизматкорлар аёллар ўлтирган тахтиравонлар бир томонга оғиб кетганини пайқаб қолган эдилар: аллақандай абжирлар ўша ёққа бориб олишганди; бироқ ўша заҳоти уларни у ердан гумдон қилишди ва керакли йўриқлар билан ҳарам жарроҳларига топширишди.
Бу майда-чуйда воқеалар тантанавор манзара улуғворлигини заррача камситолгани йўқ, Восиқ дўстона тарзда ойни олқишлаб қўйди, ҳукмдорнинг сўнгги назаридан баҳраманд бўлишга тўпланган фиқҳшунослар, вазирлар ва аъёнларнинг бундай мажусийона ҳаракатлардан иззат-нафслари оғриди. Ниҳоят, минора тепасидаги карнаю сурнайлар тилга кириб, жўнашга ишора берди. Ғайридинга битиклардан қўшиқлар айтиб бераётган Каратисгина умумий ғала-ғовур ичида бироз ажралиб турар эди, унга ҳабаш қизлар ва гунглар жўр бўлмоқда эди. Аҳли мўъминлар эса буни тунги ҳашаротлар шовқини деб ўйлаб, ёмонлик аломатига йўймоқда ва Восиққа, ўзингизни эҳтиёт қилинг, дея огоҳлантирмоқда эдилар.
Халифанинг улкан яловини кўтаришди, жами йигирма минг аъён бараварига қийқириб юборди. Халифа оёғи тагига тўшалган зардўзи мато устидан виқор билан одимлаганча, фуқароларнинг қулоқтешар олқиш садолари остида кажавага бориб ўлтирди. Катула водийси бутазорлари орасидаги чигирткалар чириллашигина эшитилиб турган сукунат ичида карвон йўлга тушди. Тонггача роса ўн чақирим юришди, кўпкишилик карвон Дажла соҳилига етиб келиб, кундузи ором олиш учун чодирлар тикила бошлаганда осмонда Зуҳро юлдузи энди милтиллаган эди.
Шу тариқа уч кеча-кундуз йўл юришди. Тўртинчи куни осмон минглаб чироқлар ёғдусидан ёришиб кетди, қулоқни қоматга келтириб момақалдироқ гумбурлади ва юраклари ёрилган черкас канизаклар ўзларининг бадбашара шаҳналарини қучоқлаб олдилар. Халифа ўзининг Байтулфараҳига роса ачинди. У унча катта бўлмаган Гушиффор шаҳарчасида беркинишни жуда-жуда хоҳларди, бу шаҳарча ҳокими талайгина қўр-қут билан унинг ҳузурига келганди. Бироқ у озиқ-овқатларга бир қараб қўйди-да, ақорибларининг қистовларига ҳам қарамай ёмғир остида қимир этмай тураверди. Саёҳат унга ғоят қимматли бўлиб, буюк умидлар унга далда бермоқда эди. Кўп ўтмай карвон йўлини йўқотди, қаерда эканликларини аниқлаш учун жуғрофия олимларини чорлашди, бироқ уларнинг хариталари ҳам ўзлари каби ёмғирда ивиб, шилтайи шалаббо бўлганди. Лекин Ҳорун ар-Рашид замонидан буён бундай қизиқ саёҳат бўлмаганди, шу боис қаёққа қараб юриш кераклигини ҳеч ким билмасди. Осмон жисмларидан дурустгина воқиф бўлган халифа Восиқ ҳам ўзининг қаерда турганини фаҳмлай олмаётганди. У болохонадор қилиб сўкинди-да, олимлар қулоғига ёқинқирамайдиган гапни эслатди. Охири ўз сўзида маҳкам турмоқчи бўлиб, тик қоялар орасидан йўлга тушишни амр қилди. Унингча, бу йўл тўрт кунда Руҳнободга олиб бориши керак эди. Уни ҳарчанд қайтаришга уринишмасин, халифа айтганида туриб олди.
Бундай нарсаларни умрида кўрмаган аёллар ва ахталар дағ-дағ титраб, оҳ тортиб юбордилар. Рўпараларида чуқур даралар, тубсиз чоҳлар одамни ютаман деб турарди, ёлғизоёқ йўл эса ингичка ипдай қоялар орасида элас-элас чувалиб ётарди. Карвон довонга етиб улгурмаёқ зимистон тун чўкди. Шамол увиллар, тахтиравон ва кажаваларнинг пардаларини юлқиб, лахтак қилиб учирарди ва шўрлик аёллар нуқулгина аросатнинг ичида қолганди. Шундоқ ҳам даҳшатли тун зулмат қўйнида беш баттар қўрқинчли тус олиб, хотин-халажларнинг уввосию баччаларнинг оҳ-воҳларигина қулоққа чалинарди.
Бир вақт даҳшатли ўкирик янгради ва кўп ўтмай қуюқ ўрмон ичида чарақлаб ёнган нурлар пайдо бўлди – булар йўлбарслар ёки девлар бўлиши мумкин эди. Йўл очиб бораётган мулозимлар ҳамда жангари аскарларнинг бир қисми нима бўлганини англамаёқ асфаласофилинга кетди. Ҳеч нимани тушуниб бўлмасди: ҳар томондан бўрилар, йўлбарслар ва турли-туман йиртқич ҳайвонлар ёпирилиб кела бошлади. Суяклар қасирлаб синар, ҳавони қанотларнинг бир-бирига урилиб чиққан қўрқинчли овози тўлдирганди – бургутлар ишга тушганди.
Ниҳоят, даҳшатли манзара бу ердан тўрт-беш чақирим нарида жойлашган шоҳ ўрдаси ва аркони давлатларини ҳам чулғаб олди. Ахталар қуршовидаги Восиқ ҳам ҳеч нарсани билмасди, у кенг кажавада парқуларга кўмилиб, ҳузур қилиб ётарди. Фарангистон чиннисидан ҳам оппоқ икки ёш бачча унинг пашшасини қўрир, у эса Сулаймон хазинасини туш кўрганча донг қотиб ухлаб ётарди. Аёллар фарёдидан у уйғониб кетди ва олтин калитли дев ўрнига қўрқувдан тахта бўлиб қолган Бобобалукни кўрди. “Олампаноҳ! – шоҳлар ичида энг қудратлисининг содиқ мулозими нидо солди. – Мусибат! Сизни ўлик эшак ўрнида кўрмайдиган қутурган йиртқичлар туяларга ҳужум қилмоқда. Қимматли моллар ортилган ўттизта туя кажаваларию сарбон-парбони билан нест-нобуд бўлди, новвойларингиз, ошпазларингиз, баковулу чаповулларингиз ҳам шундай қисматга гирифтор бўлди. Агар жаноби Пайғамбаримиз сизни ҳимоятларига олмасалар, бизлар очдан ўламиз”. “Очдан ўламиз” деган сўзни эшитиб, Халифа бутунлай эсанкираб қолди; у ҳайқириб юборди ва кўкрагига муштлай бошлади. Ҳукмдорнинг бутунлай гангиб қолганини кўриб, Бобобалук ҳеч бўлмаганда ҳарамдаги қий-чувни эшитмаслик мақсадида қулоқларини беркитиб олди. Қоронғи қуюқлашиб, ваҳима кучая боргач, у ботирларча йўл тутишга азм этди. “Ҳой аёллар! Ҳой биродарлар! – қичқирди у овозининг борича. – Ишга киришинг! Тезроқ оловни ёқайлик! Мўминлар ҳукмдори йиртқичларга ем қилиш учун ярайди, холос, демасинлар”.
Моҳтоб канизаклар ичида қайсар ва бетгачопарлар ҳам талайгина бўлишига қарамай, бу гал барчалари сўзсиз итоат этишди. Кўз очиб-юмгунча барча тахтиравонларда оловлар ёнди. Ўша заҳоти ўн минг машъала порлади, Халифадан тортиб барчалари дарҳол йўғон-йўғон мумли шам билан қуролланиб олди. Таёқлари учига мой шимдирилган пиликни ўраб, ўт олдирдилар ва қоя узра кундузгидек чароғон нур порлади. Ҳавода учқунлар ўйнарди, шамол уларни пуфлаб, бутаю шох-шаббалар чарсиллаб ёна кетди. Ёнғин тез кучайиб борарди, ваҳимали вишиллаганча ҳар ёқдан илонлар инларидан отилиб-отилиб чиқиб, ўрмалаб кела бошлади. Бўйинларини чўзиб отлар аянчли кишнар, депсиниб, бир-бирини аямай тепарди.
Тагидан ўтиб бораётганлари эман дарахтлари гуриллаб ёнар, йўлга энгашган шохлардан олов аёллар тахтиравонига туташиб, ҳарир дарпардалару шоҳи чодраларни кўз очиб-юмгунча кулга айлантирарди, канизаклар эса бел ё оёқларини синдириб олишни ҳам ўйламай, ўзларини тахтиравондан ерга отар эдилар. Оғзидан боди кириб, шоди чиққанча Восиқ ҳам бошқалардан кўриб, ўзининг муборак тан маҳрами билан ерга сакрашга мажбур бўлди.
Содир бўлаётган воқеаларни кўриб, одамнинг ақли бовар қилмасди: мусибатдан қандай қутулиш йўлини билмай аёллар саросима ичида, ҳам ғазаб, ҳам уятдан ўзларини қўярга жой тополмай нуқул: “Илоё бундан кўра мени ер ютса бўлмасмиди!” – дерди. “Бундан дўзахдаги ботқоққа ботиб ўлганим яхши эди!” – дерди бошқаси. “Бундан кўра кўйлагим жаҳаннам ўтида куймасайди!” – учинчи аёл дод соларди. “Гўрингда тўнғиз қўпгур Бобобалук, – барчалари бараварига қичқирарди, – йўқот дўзахи алимингни! Машъални бошингга урармидинг! Одамларга бундай аҳволда кўринганимиздан бизларни йўлбарслар ғажиса бўлмасмиди! Шармандаи шармисор бўлдик! Қўшиндаги аллақандай фаррош, қаёқдаги харрош1 баданимизни, ҳаммадан ҳам юзимизни кўргани билан энди етти иқлимга жар солиб мақтанадиган бўлди-я”. Шундай сўзларни айтиб, энг ҳаёлилари чидолмай ўзларини жанг аравалари ғилдираги тагига ташлашди. Айрим юрагида ўти борлар эса Бобобалукнинг ўзини улоқтиришга ҳам жаҳд қилиб кўрди, бироқ буни олдиндан билган туллак Бобобалук машъалларини силкита-силкита, қўнғироқларини жаранг-журинг қилиб чала-чала кучининг борича ёр-биродарлари билан ура қочиб қолди.
Ёнғиндан ҳамма ёқ худди ёздагидай чароғон ва иссиқ бўлиб кетди. Қандай даҳшат, оддий бир банда сингари Халифа ботқоққа ботиб қолса-я! Унинг миясига ҳеч нарса келмас, бир қадам ҳам олдинга жилолмасди. Унинг хотинларидан бири, ҳабаш қизининг (ҳарамдаги канизаклар хилма-хил ирқ ва миллатдан эди) унга раҳми келиб кетди, уни тутди-да, шартта елкасига опичлаб олди ва олов чор атрофдан ҳамма нарсани ямлаб келаётганини кўриб, елкасида юки оғир бўлишига қарамай, ўқдай олдинга учди. Хатардан жонлари кўзига кўриниб, ҳаракатга келган бошқа хотинлар унинг ортидан чопишди: сўнг қоровуллар йўлга тушди, туякашлар бир-бирини турта-турта туяларни ҳайдаб кетишди.
Ниҳоят, ёввойи ҳайвонлар қутуриб ётган жойга етиб келишди, бироқ ҳайвонлар анча ақлли экан, бу телбанамо шовқин-суронни эшитиб, у ердан қочиб қолди. Аммо кечлик овқат зўр бўлди-да. Бобобалук икки-уч семиз-семиз жониворни тутиб олди, шўрлик жониворлар азбаройи емишни кўп еганидан қоринлари шишиб, қочолмай қолган эди. Бобобалук уларни сўйиб, териларини шила кетди. Ёнғин анча нарида қолганидан олов ҳовури пасайиб, ҳаво сал ўзига келганини кўриб, шу ерда қолишга аҳд қилишди. Рангдор чодирларнинг лахтакларини йиғиб олишди, бўри ва йўлбарслар емагининг сарқитларини ерга кўмишди, овқатни бўкиб еб, жиғилдонлари ёрилаёзган ўлаксахўрларни сўка-сўка ҳайдаб юборишди ва ўз вазифаларини хотиржам адо этган туяларни санашди-да, аёлларни бир амаллаб жойлашди, сўнг бир текисроқ жой топиб, ўша ерга чодир тикишди.
Ҳабаш қизи билан обдон ишрат суриб аста-аста ўзига келар экан, Восиқ парқуга узала тушди, – қиз ҳам асов тойчоқдек экан ўзиям. Ҳордиғи чиқиб, иштаҳаси очилди, у овқат беришларини айтди, аммо, э воҳ, унинг шоҳона нафси учун кумуш тандирларда пиширилган юмшоқ ширмой нонлар, хуштаъм пишириқлар, хушбўй мурабболар, илдиз мусалласига лиммо-лим паймоналар, муз солинган чинни идишлар, Дажла соҳилларидан келтирилган обакидандонлар – ҳаммаси ғойиб бўлганди! Бобобалукнинг унга бўрининг қовурилган чандирли нимтаси, ўлган тасқараларнинг гўшти, заҳар-заққум заҳарли қўзиқоринлар, томоқни ўйиб юборадиган, тилни куйдирадиган қушқўнмас япроғига меҳригиё илдизидан ўзга манзират қилишга лойиқ нарсаси йўқ эди. Ичимликлардан ошпаз хотинлар кафшлари ичида яшириб қўйган бир неча шиша идишда бадхўр шароб қолган эди, холос. Бундай бемазадан-бемаза таомлардан Восиқнинг фиғони фалакка чиқиши тайин эди, у бурнига пахта тиқиб олди-да, афти-башарасини бужмайтириб, кавшана кетди. Шунга қарамай, у қорни тўйгунча овқатланиб олди ва уни ҳазм қилдириш учун ухлагани ётди.
Бу орада булутлар анча тарқаганди. Қуёш чарақларди, унинг нурлари аввал қояларга тушиб, ундан пардалар ортида ётган халифани куйдирарди. Кўриниши эрманли араққа ўхшайдиган бадбўй пашша галалари унинг қонини сўриб чақар эди. Бунга ортиқ чидолмай, халифа ғазаб ичида сапчиб туриб кетди ва нима гаплигини билмаган ҳолда ўзини ўзи дўппослай кетди. Бобобалук эса ҳамон хуррак отар, аъзойи баданини жирканч ҳашаротлар қоплаб олганди, айниқса, унинг бурни атрофида ҳашаротлар ғужғон ўйнарди. Ёш-ёш баччалар елпуғичларини ташлаб юборишди. Улар чалаўлик бўлиб қолган эдилар ва умрида ҳақиқатни биринчи марта эшитиб турган халифадан ирганиб ёзғирар эдилар.
Шунда у яна Ғайридинни қарғай кетди ва бир қадар Муҳаммад алайҳиссаломни қўмсади. “Қаердасан? – деди у, – бу қанақа қоялар, қанақа ўлакса водий бўлди? Ёки биз машъум Кўҳи Қофга келиб қолдикми? Балки Семурғ қушлари чўқиб, қилмишимга яраша жазо берадими?” Шундай дея у бошини чодир тешигидан ташқарига чиқарди. Унинг кўз олдида қандай манзара намоён бўлди дейсизми? Бир томонда қора қумли бепоён саҳро, иккинчи томонда сертикан қушқўнмас қоплаган типпа-тик қоялар. Айниқса, қушқўнмаснинг бемаза таъми эсига тушиб, кўнгли бадтар беҳузур бўлди. Бироқ чақиртиканаклар ва тиконли ўсимликлар орасида у улкан гулларни кўраётгандай бўлди, лекин у адашганди: булар гулдор газмолларнинг лахтаклари ва унинг шукуҳли карвони чодирларининг қолдиқлари эди. Чўққиларда кўплаб тирқишлар бор эди ва Восиқ қандайдир сув товуши эшитилиб қолар деган умидда қулоқ сола бошлади, бироқ саёҳатга лаънатлар ўқиб, сув талаб қилаётган йўловчиларнинг ғўнғир-ғўнғир овозларидан ўзга ҳеч нима қулоғига чалинмади. Баъзилар ҳатто унинг яқинига келиб шундай дерди: “Бизни бу ерга нега олиб келдиларинг? Халифага яна минора қуриш зарур келибдими? Ёки бу ерда Каратис жонидан яхши кўрадиган шафқатсиз Африталар яшармикан?”
Каратис исми тилга олиниши ҳамон Восиқ онаси унга берган тахтачалар ва қийин аҳволга тушиб қолганингда асқотади дея қилган насиҳатлари эсига тушди. У тахтачаларни ўгира бошлади ва шу заҳоти қулоғига қувноқ қичқириқлар ва қарсак товушлари чалинди. Чодири пардаси икки томонга сурилди ва кўзи аъёнларининг бир қисми билан турган Бобобалукка тушди. Улар бўйи бир қулоч келар-келмас икки пакана одамни олиб келар эдилар; паканалар ичига қовунлар, пўртаҳоллар ва анорлар солинган катта саватни кўтариб олишганди. Жарангдор ва ёқимли овозда қуйидаги сўзларни айтишди: “Бизлар мана шу чўққидаги қамиш ва қиёқдан ясалган бир чайлада яшаймиз. Бизнинг чайламизни бургутлар кўролмайдилар. Кичкинагина чашма бизга обдаста вазифасини ўтайди, кунда беш вақт намозни канда қилмай, Парвардигор ҳаққига муножотлар қиламиз. Бизлар барчамиз сизни яхши кўрамиз, эй Амирал-мўъминин. Бизнинг хожамиз Амир Фахриддин ҳам сизни яхши кўрадилар. У сизни Муҳаммад алайҳиссалом ўрнида кўради. Гарчи бизлар митти бўлсак-да, улар бизга ишонадилар. Вужудимиз муштдеккина бўлгани билан юрагимиз уларга нисбатан меҳр-муҳаббатга тўла эканини биладилар. Шу боисдан ҳам улар бизни бу овлоқ тоғларда йўлидан адашганларга ёрдам берасанлар деб шу ерга тайин этиб қўйганлар. Ўтган кечаси биз мўъжазгина ҳужрамизда Қуръон тиловат қилдик, шунда бирдан қаттиқ шамол кўтарилиб, кулбамизни чайқатиб юборди ва оловни ўчириб қўйди. Икки соат зимзиё қоронғилик ичида қолиб кетдик, шунда узоқдан кулбамизга қоялар орасидан ўтиб кетаётган карвон қўнғироқлари овози чалинди. Кўп ўтмай қичқириқлар, ўкириклар ва ноғора жарангларидан қулоғимиз битди. Азбаройи юрагимиз ёрилганидан ўзининг одамхўр фаришталари билан Дажжол ер юзини остин-устин қилгани келаяпти деб ўйладик. Шунда қондай қип-қизил олов уфқни тутди ва кўз очиб-юмгунча бизларнинг устимизга учқунлар келиб туша бошлади. Мудҳиш манзарадан ўзимизни йўқотиб қўйдик, тиз чўкканимизча табаррук Китобни очиб, атрофдан яллиғланаётган олов ёғдусида худонинг раҳмату мурувватларига тўлиқ оятларни қироат қила кетдик: “Фақат Фалакнинг мурувватигагина ишонинг, фақат улуғ Пайғамбарингизга умид боғладик, Қоф тоғи ўрнидан кўчиши мумкиндир, аммо Аллоҳнинг қудратига ҳеч ким бас келолмайди”. Шу калималарни ирод этишимиз ҳамоноқ руҳимизни осмоний бир хотиржамлик чулғади, чуқур сукунат чўкди ва кимнингдир қуйидаги сўзлари қулоғимизга аниқ-таниқ чалинди: “Ҳой содиқ қулимнинг қуллари, оёғингизга кафшларингизни кийинг-да, саодатли водийга, Фахриддиннинг истиқоматгоҳига тушинг, унга айтинг, меҳмоннавозлик кўрсатиши учун унга энг қулай фурсат етиб келмиш: Амирал-мўъмининнинг ўзлари ушбу водийда адашиб қолибдир, унга ёрдам кўрсатмоқ зарур”. Фаришта амрини биз бажонидил қабул қилдик, хожамиз эса азбаройи тақво ва илҳомга тўлиб-тошганидан мана бу неъматларни ўз қўллари билан териб, бериб юбордилар. Ўзлари эса ўз фаввораларидан отилиб турган зилол сувли мешкоблар ортилган юзтача нортуяни етаклаб, изимиздан келмоқдалар. Улар сизнинг табаррук жуббангиз этагидан тутиб тавоф қилмоқчилар ва сизни кулбаи вайроналарига қадам ранжида этиб, мурувват кўрсатишингизни тиламоқчилар”. Сўзларини тугатиб, миттивойлар қўл боғлаганча чуқур сукутга чўмдилар.
Улар гўзал нутқ ирод этиб туришганида Восиқ саватга қўл чўзди, нотиқлар нутқи ҳали давом этиб турганидаёқ мевалар унинг оғзида бамисоли эриб кетаётганди. Амирнинг инъоми унга иймонини қайтиб бергандек бўлди, у ичида дуолар ўқиди ва Ал-Қуръон ва шакар беришини сўради. Ана шундай кайфиятда Восиқ беихтиёр миттивойлар кириб келганида бир четга суриб қўйган ҳалиги тахтачаларга кўз ташлади. У тахтачаларни қўлига олди, олиши билан Каратис қўли билан қизил ҳарфларда ёзган сўзларни ўқиб, ўзини осмондан ерга тушгандек ҳис этди. Битикда шундай сўзлар бор эди: “Кўҳна китобийлар ва бўйи бир қарич келадиган элчилардан эҳтиёт бўл, уларнинг тақводорона макрларидан огоҳ бўл; уларнинг қовунидан ейиш ўрнига, уларнинг ўзини қозиққа ўтқаз. Борди-ю, кўнгилчанлик қилиб, уларнинг гапига киргудек бўлсанг, ерости саройи эшиги ёпилади-да, сен мажақланиб кетасан. Жасадинг хўрланиб, кўршапалаклар қорнингда уя қургайлар”.
“Бу мудҳиш сафсатанинг маъноси не? – қичқирди халифа. – Ширин-шакар қовун ва тарвузлар ғарқ пишган сербаракот водийда ҳордиқ чиқара олсам-у, ўзимни қайноқ қумли саҳрога ташлаб ҳалок бўлайми? Ўзининг обнус дарвозаси билан Ғайриддинни ер ютсин илойим! Менга ундай қил-бундай қил деб буйруқ беришга кимнинг ҳаққи бор асти? Мен ҳеч кимнинг олдига киришим мумкин эмас эмиш. Дарвоқе, энди меники бўлмаган жойга қандай оёқ боса оламан?” Бобобалук унинг гапларига оғиз очиб бир нима демаса-да, дил-дилдан уни маъқуллаб турарди, шуниси қизиқки, шу пайтгача ғазабдан тутақиб турган аёллар ҳам халифани қувватлай бошлашди.
Миттивойларни яхшилаб меҳмон қилишди, эркалашди, юмшоқ атлас ёстиқларга ўтқазишди, жажжигина гавдаларини ўзларига жудаям ярашган деб мақташди, ҳатто таналарининг кўздан яширин жойлари қанақа бўлишини билишга ҳам қизиқсиниб қолишди, уларга жевак ва ширинликлар манзират қилишди. Бироқ улар ҳайратомуз даражада олишдан бош тортишди. Сўнг халифа турган тепаликка тирмашиб чиқишди-да, унинг елкаларига ўтириб олиб, қулоғига пичирлаб дуолар ўқий бошлашди. Уларнинг жимитгина тилчалари ари тилидай лик-лик қиларди. Бир вақт узун соқолли қариялар Ал-Қуръон ортилган нортуяларда етиб келганини билдириб, оломоннинг шодиёна ҳайқириқ ва олқишлари ҳавони ларзага солганда халифа ортиқ тоқат қилолмади. Тезда таҳорат олишди-да, намоз ўқишга тутинишди. Восиқ ўзининг жонига тегиб кетган эзма маслаҳатгўйлардан юз ўгирди-да, келганларга қўшилиб кетди, бесабрлик унга қон билан кирган эди-да.
Меҳрибон амир ҳаддан ташқари мутаассиб эди ва ғоятда лафзи ширин эди. У миттивойлардан беш марта узунроқ ва беш марта тамизлироқ нутқ ирод қилди. Бунга ҳам сабри чидамай халифа қичқириб деди: “Азизим Фахриддин, агар Муҳаммад алайҳиссаломни севсанг, шунинг ўзи кифоя! Кетдик ўша гўзал водийингга, фалак сенга инъом этган мўъжизакор меваларингдан тотиб, ўзимга келсам дейман”. “Кетдик” сўзини эшитиб, ҳамма жойидан қўзғалди. Қариялар жуда секин юрар эдилар, Восиқ зимдан баччаларга уларнинг туяларини ниқташни буюрди. Туяларнинг лўкиллаши, саксон яшарлик суворийларнинг саросималанишлари шу қадар кулгили эдики, буни кўриб барча тахтиравондагилар кулавериб ичаклари узилаёзди.
Шу тариқа амир қояларда ясаттирган йирик-йирик зиналардан бир амаллаб водийга тушиб олишди. Дарёнинг шовуллашию дарахт шохларининг шитир-шитири қулоққа чалина бошлади. Кўп ўтмай карвон икки чеккасида гулли буталар ўсиб ётган ёлғизоёқ йўлга чиқди. Бу йўл тарвақайлаган шохлари йўнилган тошдан ясалган уйга соя ташлаб турган катта хурмозорга олиб келди. Уйнинг тўққизта қуббаси бўлиб, ҳар бир қубба четлари сирда қуйидаги сўзлар ёзилган бринч равоқ билан безатилганди: “Художўйлар бошпанаси, мусофирлар хонақоси ва бутун олам сирлари хазинаси”.
Ҳар бир эшик олдида ой деса ойдек, кун деса кундек чеҳрали баччалар қўриқчилик қиларди, уларнинг эгниларида миср бўзидан тикилган узун-узун одми шервонийлар. Улар меҳмонларни очиқ чеҳра билан қарши олдилар ва ичларидан энг чиройли тўрт нафари табассум ила халифани башанг бир тахтиравонга ўтқазди; қолган унча чиройли бўлмаган тўрттаси эса яхши турар-жойни кўриб, ўзини қўярга жой тополмай қолган Бобобалук билан овора бўлиб кетди. Бошқа аъёнларга қолган баччалар оёқлари олти, қўллари етти бўлиб хизмат қилишга тутинди.
Эркаклар кетгач, ўнг томонда таноби уйнинг куйловчи ошиқ-мошиқли эшиги очилди ва у ердан оч кулранг сочлари тонг шабадасида енгил ҳилпираб сарвқомат бир қиз чиқиб келди. Ҳулкар юлдузлар туркумидай унинг ортидан оёқлари ерга тегиб-тегмай дугоналари келарди. Барчалари султоннинг хотинлари бўлган чодир томонга йўл олишди. Қиз назокат билан таъзим бажо келтириб, шундай деди:
“Мафтункор маликалар, ҳамма нарса тахт, биз сизларга ҳордиқ чиқаришларингиз учун жой ҳозирлаб қўйдик, ўрин-тўшакларингиз ёсуман гулининг муаттар бўйлари ила мусаффо қилинмишдир. Бирон-бир чивин ё ҳашарот маликаи муҳтарамалар уйқусини безовта этишга журъат қилмагай. Юзлаб елпуғувчилар хизматингизга шай этиб қўйилган. Юрингизлар, олий мартабали меҳмонлар, муборак оёқларингизга дам берингиз, нозик ва нафис баданларингизни ҳовуздаги гулоб ила ювиб, қушдек енгил бўлиб олингиз. Хушбўй ҳидли шамларимизнинг ғира-шира нурлари остида чўри-оқсочларимиз сизларга бири-биридан қизиқ эртаклар айтиб беришади”. Султоннинг маликалари бу таклифни мамнуният билан қабул қилдилар ва қиз ортидан амирнинг ҳарами сари йўл олдилар. Маликаларни шу жойда қолдирайлик-да, халифа олдига қайтайлик.
Уни тоғ биллуридан ясалган юзлаб чироқлар ёритиб турган улкан қуббали саройга олиб бордилар. Ўшандай маъдандан ясалган, ичига аъло шарбатлар солинган саноқсиз суроҳийлар катта дастурхонда кўзни олгудек ярақлаб, нафис ва тотли ширинликлару қандолатларнинг хилма-хиллигидан киши ақли шошарди. Дарвоқе, бодомли ширгуруч, заъфарон шўрва ва қаймоқли қўзи гўшти – халифанинг энг суюмли таомларидан эди. У ҳаддан ташқари кўп овқат еди, амирнинг дўстона меҳмондорчилигини мақтаб оғзи чарчаш нималигини билмасди, паканаларнинг йўқ-йўқ дейишига қарамай, уларни рақс тушишга мажбур этди; мўмин-мусулмон миттивойлар амиралмўъминнинг амрига қарши бора олмадилар. Охири халифа хобгоҳга чўзилди-да, умрида туймаган тотли уйқуга кетди.
Қубба узра чуқур сукунат ҳукм сурарди, сукунатни тоғларда ўзини мажбурий посбонликка раво қилган Бобобалукнинг чала-чулпа кавшанишигина бузарди. Баччанинг кайфияти ғоят аъло бўлганидан кўзига уйқу келмаётганди ва ортиқча ҳашамдорликни кўпда ёқтирмасди, у бориб ҳарамдан хабар олишга қарор қилди. Ўз аёлларининг макка малҳам ёғларидан баданларига суриб олганми, йўқми, қошу кўзлари ва бошқа жойларини тартибга солиб олишдими, йўқми, шуларни билгани, қолаверса, уларга зарурий бўлган майда-чуйда хизматларни адо этгани йўл олди.
Ҳарамга кириш эшигини у узоқ қидирди, аммо топа олмади. Халифани уйғотиб юборишдан қўрқиб, ахта қичқиролмади, саройда эса сув қуйгандек жимлик ҳукм сурарди. Тўсатдан қандайдир босиқ шивир-шивир қулоғига чалиниб, у ғалати бўлиб кетди, миттивойлар ўзларининг одатий юмушлари билан банд эдилар – барчалари Қуръон тиловат қилар эди. Улар ўта одоб билан Бобобалукни Қуръон тиловатини тинглашга таклиф этишди, бироқ Бобобалукнинг ўзининг қиладиган иши бор эди. Миттивойларнинг дилига ҳар қанча оғир ботмасин, меҳмоннинг раъйини қайтара олишмади, охири у қидириб юрган ҳарам эшигини кўрсатиб қўйишди. Бунинг учун кўплаб тим-қоронғу йўлаклардан юриб ўтишга тўғри келди. У пайпаслаб йўл топиб бораркан, ниҳоят, узун йўлакдан ўтгач, аёлларнинг ёқимли ғовурлари қулоғига чалинди. Унинг юраги ҳаприқиб кетди. “Ҳали ҳам ухламадиларингми? – деди у катта-катта одимлар билан аёлларга яқинлашаркан. – Мени ўз вазифасини унутиб қўйган деб хаёлингизга ҳам келтирманг: ҳукмдоримизнинг сарқитларини охиригача еб қўяй деб дастурхон тепасида қолган эдим, холос”. Бундай баланд овозни эшитиб, икки занжи ахта қиличларини яланғочлаганча эшик тагида пайдо бўлди, бироқ ён-атрофдан чуввос кўтарилди: “Бу Бобобалук-ку! Бу ўзимизнинг Бобобалук бўлади, тегманглар унга!” дарҳақиқат, сергак посбон ўзидан афсонавий нур ўтқазиб турган қип-қизил пардага яқинлашди-да, сўри шаклидаги тўқ-қизил тусли шишадан ясалган катта ҳовузни кўрди. Атрофига жимжимадор қилиб бурмаланган пардалар тортилган, пардалар ортидан бир тўда ёш чўри қизлар кўринарди. Улар орасида Бобобалук ўзларининг олдинги қизалоқларини кўриб қолди, улар нозу адолар ила муаттар сувни бор бўйича қучоқлаб олмоқчидай қўлларини ҳар икки томонга кенг ёйиб туришарди. Ғамзали ва фаттон нигоҳлар, қулоққа айтилган сирли шивирлар, атиргулларнинг димоқни қитиқловчи тотли ҳиди – барча-барчаси Бобобалукни ўзига ром айлаб, вужудини тобора тотли ҳисларга тўлдирмоқда эди.
Бироқ у ўзини тутди ва амрона оҳангда канизакларга сувдан чиқишни ва артиниб-тараниб олишни буюрди. У канизакларга кўрсатмалар бериб турганида, амирнинг оҳудай чаққон, шўх, эркатой қизи Нурониёр канизаклардан бирига ипак ип билан шифтга осиб қўйилган катта-катта арғамчиларни тушириб юбор, дея ишора қилди. Ўзи эса қўли билан ҳовуздаги аёлларга бир нималарни тушунтирди. Улар ҳузур-ҳаловатга тўла бу масканни тарк этишга кўнгиллари йўқ эди, Бобобалукнинг ғашига тегиш учун атайлаб сочларини тўзитар, яна кўплаб шўхликлар қилиб, имиллагани-имиллаган эди.
Ахтанинг чинакамига жаҳли чиқаётганини кўриб, Нурониёр ўта ҳурмат ила унга яқин борди-да, шундай деди: “Аъло ҳазрат, халифа ахталари бошлиғининг бу тариқа тик оёқда туриши жоиз эмасдир, қани, марҳамат қилиб, тақсирим қачондан бери тўрда мунтазир бўлиб турган юмшоқ ва қалин кўрпачага ўлтириб, бироз дам олсинлар”. Бу ширин сўзлардан эриб кетган Бобобалук шундай жавоб берди: “Эй кўзларимнинг қувончи, сенинг лаъли лабларингдан учиб чиққан бу таклифни бажонидил қабул қилурмен, ростини айтсам, сенинг бу нозик адоларинг ва нафис сўзларинг олдида мен лолу ҳайрон қолибмен”. “Ҳа, тақсири олам, ўлтириб дамингизни олинг”, – деди соҳибжамол қиз уни афсонавий ўринга ўтқизар экан. Ахта кўрпачага ўтириши ҳамон қиз чақмоқдай учиб кетди. Булар барчасини кўриб турган қип-яланғоч аёллар ҳовуздан сакраб-сакраб чиқишди-да, арғамчини зўр бериб силкита бошладилар. Кўп ўтмай улар баланд қуббанинг ичини тўлдириб парвоз қила бошладилар, шўрлик Бобобалук нима қилишини билмай, боши айланиб, нафаси бўғилди. У гоҳ сувга тегиб ўтар, гоҳ ойнага урилиб кетай дерди; у ҳирқироқ овозда дод солиб бўкирар, бироқ унинг фарёдига ҳеч ким қулоқ солмас ё эшитмас эди; аёлларнинг хохолаб кулишларидан унинг қулоғи том битганди.
Нурониёр ёшлик майидан масту мустағриқ эди. У оддий ҳарамлардаги ахталарга ўрганиб қолганди, аммо шоҳга бу қадар ифлос ва муте тарзда ялтоқланувчи нусхани умрида кўрмаганди. Шунинг учун ҳаммадан кўпроқ завқланмоқда эди. Сўнгра форс шеъриятига тақлидан бир қўшиқни куйлашга тушди: “Нафис ва оппоқ чинни каптар, тинмай ҳавода чарх ургани-урган, содиқ ҳамроҳингга бир қарасанг-чи, эй булбулигўё, мен сенинг гулинг бўлармен: менга атаган ноёб қўшиғингни куйлаб берсанг-чи”.
Бу ҳазилмачоқлардан руҳланиб кетган маликалар ва канизаклар арғамчиларни шунақанги қаттиқ силкита бошладиларки, охири иплар узилиб, шўрлик Бобобалук адир тошбақасидай ҳовузга думалаб тушди. Ҳамма қийқириб кулиб юборди, ўн икки махфий эшик ланг очилиб, Бобобалукни ички кўйлак-иштонда қолдириб ва чироқни ўчириб, аёллар ғойиб бўлишди.
Қоронғида бўғзидан сувга ботганча бечора майриқ устига отиб ташланган енгсиз кўйлакларга ўралиб анчагача сувдан чиқолмади, ўлганнинг устига чиқиб тепгандек, қийқириб кулишлар ҳамон тўхтамаётганди. Қирғоққа тармашиб чиқишга ҳарчанд уринмасин, фойдасиз эди, синган чироқларнинг ёғи тўкилиб, ҳовуз чеккалари сирпанчиқ бўлиб кетганди, у ҳар гумбурлаб сувга ағдарилганда, гумбури қубба ичида акс-садо бериб янграрди. Ортидан масхараомуз қаҳқаҳа кўтариларди. Бу жойда аёллар эмас, аслида иблислар макон қурган экан деб дилидан ўтказди ахта ва энди бекорга уриниб-чиранавермай, фақат сабр қилишга аҳд этди. У тинмай сўкинар, бу ҳолга туширганларнинг шаънига лаънатлар ўқирди, бироқ нари-берида айқаш-уйқаш бўлиб ётган маккор қўшни аёллар ўзларини эшитмаганга солиб жим ётавердилар. Эрталаб туриб ахтанинг аҳволини кўрган ҳар қандай одамнинг ичи ачирди: шўрликнинг ҳолига нақ маймунлар йиғларди, уни чалаўлик ва ич-ичидан нам ўтиб кетган бир алпозда кийимлар ғарами остидан суғуриб олишди.
Халифа қаердан бўлмасин уни топиб келишни буюрди. Бобобалук халифа ҳузурида ҳозир бўлганида оқсоқланар, азбаройи совқотганидан тишлари такирларди. Уни бу аҳволда кўриб, халифа қичқириб юборди: “Сенга нима бўлди? Сени ким бу аҳволга солди?” – “Сиз-чи, сизни бу худонинг қарғиши теккан пучмоққа келишга ким мажбур қилди? – ўз навбатида унга савол берди Бобобалук. – Сиздай ҳукмдор одоб-ахлоқдан ўн чақирим нари юрадиган қари соқолдор амирнинг ҳарамига кириб беркинишга қандай кўнглингиз борди? Қанақа қулларни сақлаяпти у? Биласизми, улар мени боплаб тузлашди, сувда нондек бўктиришди, тонг отгунча лаънати арғимчоқларида масхарабозлардай зўрлаб учиришди! Одоб-ахлоқ доирасидан чиқмаслик борасида мен жон куйдириб қилган панд-насиҳатларимнинг меваси шу бўлдими ҳали?”
Восиқ унинг сўзларидан ҳеч нарса тушунмади ва бир бошдан сўзлаб беришни айтди. Бироқ шўрликка раҳми келиш ўрнига, унинг арғамчида қандай учганини кўз олдига келтириб, қайтанга қаҳ-қаҳ уриб кула бошлади. Бобобалукнинг хўрлиги келиб кетди ва одобсиз бир нима айтиб юборишдан ўзини базўр тутиб турарди. “Кулаверинг, кулаверинг, ҳукмдор! Бу Нурониёр сизнинг ҳам устингизга бир балони орттириб юборганида, ўшанда биларсиз. У жудаям шаддот, керак бўлса сизни ҳам аяб ўтирмайди”. Бу сўзлар халифага зиғирча таъсир кўрсатмади, аммо сал нарига бориб уларни қайтадан эслашга мажбур бўлди.
Шу орада амир Фахриддин келиб қолди ва Восиқни кўплаб чашма сувлари оқиб ўтадиган кенг ўтлоқзор устида ўқиладиган намозга таклиф қилди. Сув ҳаддан ташқари совуқ, намоз эса жудаям узун эди. Намоз орасида у ўтлоқзорнинг у ён-бу ёнларида кезиб юрган қаландар ва дарвешларни томоша қилиб ўтирди. Айниқса, Ҳиндистондан келган браҳманлар, санниасийлар ва турли мазҳаб вакилларини кўриб завқи ортгандан-ортди. Уларнинг саёҳатлари давомида амир Фахриддин барчасини вақтинчалик бошпана билан таъминлаганди. Мусофирларнинг барчаси ўзига яраша қанақадир хусусиятга эга эди: бирининг қўлида узун занжир бўлса, бири маймун етаклаб олганди, яна бири дарра билан қуролланган бўлса, бошқаси ғалати-ғалати машқлар бажарарди. Бир хиллари дарахтга тирмашиб чиқиб кетар, бир оёқда қимир этмай турар, унча катта бўлмаган олов узра чайқалиб турар, бурнини аёвсиз шақиллатар эди. Ораларида зараркунандаларга ишқибозлари ҳам учраб турарди, зараркунандалар ҳам эгаларига ўз қилиқлари билан жавоб қайтарарди. Бу саёқ кўзбойлоғичларни кўриб дарвешлар, қаландарлар ва таркидунёчиларнинг азбаройи ғазабдан фиғонлари фалакка чиқарди. Уларни бу ерга тўплашнинг сабаби йўқ эмасди: зора халифа келиб, уларнинг ақли кирсаю ислом динига имон келтирса. Аммо, қаёқда, бу уларнинг етти ухлаб тушига кирса-чи. Уларга ваъз ўқиб, инсофга чақириш ўрнига Восиқнинг ўзи ҳам улар билан ҳазиллашиб муомала қилар, мен учун Вишну ва Шанкарга таъзим бажо этиб қўй, деб луқма ташларди. Айниқса, Сарандиб1 оролидан келган бир йўғон чол билан кўп андармон бўлиб қолди. Чолнинг кўриниши жудаям кулгили эди. “Ҳой чол, – деди халифа, – худоларинг ҳақига бир ғалати қилиб сакраб бермайсанми?” Нафси оғриган чол йиғлаб юборди, чунки унинг турқ-тароватига одам боласи қараб бўлмасди-да. Восиқ ундан юзини ўгирди. Халифа устидан соябон тутиб бирга юрган Бобобалук унга шундай деди: “Қўйинг, шу исқирт билан илакишманг, сиз қаёқдаю у қаёқда. Ўзи буларни нега бу ерга тўпладингиз? Сиздай буюк ҳукмдорнинг аллақандай роҳиблару иркит дарвешларнинг тутуруқсиз қилиқларини томоша қилиши яхши эмас! Сизнинг ўрнингизда бўлганимда катта гулхан ёқтирардим-да, амирни харам-парами билан шу гулханга ташлатиб ёқиб юборардим, ер юзи бир ифлосликдан қутулиб, тозалангани қоларди”. “Ўчир овозингни, – жавоб берди Восиқ. – Менга булар жуда ҳам ёқаяпти, бу ерда яшайдиган мавжудотларни охиригача кўрмасдан бу ўтлоқзордан бир қадам жилмайман”.
Халифа олға силжиган сайин унга янгидан-янги бадбахту бадқисматларни намойиш этар эдилар: кўрлар, сўқирлар, бурунсиз эркаклар, қулоқсиз аёллар; бундан мақсад ўз қариялари билан малҳам ва шифобахш дори-дармонларини тарқатган Фахриддиннинг нечоғли ногирону ночорларга муруватпешалик қилганини кўз-кўз қилиш эди. Туш чоғида амир майиб-мажруҳларнинг жуда катта юриш маросимини ўтказди ва кўп ўтмай майдон худонинг энг суюк бандалари билан тўлиб-тошиб кетди. Кўрлар қўллари билан кўрларини ушлаб кетиб боришарди, чўлоқлар гурас-гурас бўлиб лўк-лўк қилар, бир қўли йўқ мўлоқлар ягона қўлларини ҳар томонга силкитар эдилар. Катта шовва ёнида карлар жойлашганди, Пежудан келганнинг қулоқлари ғоят катта ва ғоят чиройли эди, уларнинг бир қулай томони шунда эдики, улар ҳаммадан оз эшитар эдилар. Бу ерда майиб-мажруҳларнинг яна минглаб турлари – бўқоқлар, букрилар ва ҳатто шохдорлар учрар эди, баъзи шохдорларнинг шохлари шишадек ярақлар эди.
Амир тантанали байрам ўтказишни ва ўзининг машҳур меҳмони шаънига қўлидан келганча иззату икромлар кўрсатишни истарди. Турли гуллардан ясалган гулчамбарлар ва мўъмин-мусулмонларнинг оятлар ўқиб покланган ширинликлари тортиқ этилди. Ўтакетган даражада мутаассиб Восиқ мўминларни ҳақорат қилувчи макруҳ таомлар тайёрлаб қўйишни буюрди. Кўп ўтмай бутун тақводор йиғин аҳли иштаҳа билан овқат ейишга киришди. Халифа ҳам уларга эргашиб маза қилиб овқатланмоқчи бўлди ва бош ахтанинг барча қаршиликларига қарамай, шу ернинг ўзида насибасини паққос туширишга аҳд қилди. Амир Фахриддин шу заҳоти мажнунтол тагига дастурхон тузашни амр этди. Аввал дарё балиғи беришди, бу дарё жудаям баланд тепалик тагидаги олтин қумлоқ бўйлаб оқар эди. Балиқни сувдан чиқариб олишлари ҳамоноқ қовуришар ва Синай тоғидан келтирилган ноёб гиёҳлар билан дастурхонга тортилар эди. Амир Фахриддинникида ҳамма нарса қанчалик аъло даражада адо этилса-да, шу даражада пок ва ҳалол ҳам бўлар эди.
Зиёфат авж палласига чиққанда тўсатдан уднинг ёқимли овози эшитилди, уднинг овози довонда акс-садо берди. Халифа ҳайрат ва севинч ичида бошини кўтарди ва юзига ёсуман дастаси келиб урилди. Бу кичик ҳазил ортидан қувноқ кулги кўтарилди ва буталар орасидан тоғ эчкиларидек чаққон бир қанча қизлар кўринди. Уларнинг атир сепилган сочларининг ифор ҳидлари Восиқнинг димоғини қитиқлаб ўтди. Восиқ овқатли идишни суриб қўйди-да, лол-ҳайрон қолган ҳолда Бобобалукка деди: “Еттинчи фалакдан пари-пайкарлар ерга нозил бўлдими? Анови кўк тоқида илдам югуриб кетаётган мурчамиён фариштани кўраяпсанми? Бошини буриб ўзига разм солаяпти, гўё эгнидаги либосининг бурмаларига ўзи маҳлиё бўлаётгандай! Бута шохига илиниб қолган ўртуги барини қанчалик назокат билан ажратиб олишини кўр! Менга гул отган ўша эмасмикан?” – “Э-ҳа, ҳойнаҳой ўша бўлади, – жавоб берди Бобобалук, – бу шундай қизки, у сени ҳам қоядан ирғитиши ҳеч гап эмас, бу менинг танишим Нурониёрдир, мендан арғамчисини дариғ тутмаган саховатпеша Нурониёр шу-да. Муҳтарам хожам ва давлатпаноҳ, – сўзида давом этди у мажнунтол шохини чирт этиб синдириб, – изн беринг, мен уни қувиб борай ва сизни беҳурмат қилгани учун боплаб савалай. Амир хафа бўлмайди, гарчанд мен уни кўрсатган саховати ва олижаноблиги учун ҳурмат қилсам-да, унинг бир айбини кечиролмайман, бу қизларни тоққа қўйиб юбормаслиги керак эди; тоза ҳаво ҳур фикрлар туғдиради”.
“Оғзингни юм, даҳрий! – деди халифа. – Бу тоғларда менинг қалбимни ўзига ром этган соҳибжамол тўғрисида бундай дейишга қандай ҳаддинг сиғди?! Ундан кўра унинг кўзлари нуридан кўзим баҳра олиши, унинг ширин нафасидан димоғим чоғ бўлиши ғамини қилсанг-чи, нобакор! Бу овлоқ, бийдай дала жойларда унинг пардай енгил, қадлари эгилиб югуришини қара!” Шундай дея Восиқ қўлини тепалик томонга чўзди ва ғайриоддий туйғулардан жўшганча унинг қалбини забт этган парини кўздан қочирмасликка ҳаракат қилди. Аммо Кашмирнинг ноёб ва тезучар рангин капалаклари парвозини кузатиш қанчалик қийин бўлса, чопиб кетаётган ҳалиги қизнинг рахшоний хиромини илғаш ҳам шунчалик амри маҳол эди.
Нурониёрни кўришнинг ўзи билан Восиқ қаноат ҳосил қила олмасди, у қизнинг сўзларини эшитишни, товушининг ҳар бир пардасини шуурига жо қилиб, ундан тўлиқ завқ олишни истарди ва айни пайтда вужуди қулоққа айланди. Ниҳоят, қизнинг бута ортида ўз дугоналаридан бирига шивирлаб (гулдаста худди ўша ёқдан отилганди) шундай деганини илғади: “Ростини айтсам, халифа кўркамликда тенги йўқ экан, аммо менинг кичкина Гулханрўзим ундан кўра дилбарроқ. Унинг муаттар сочларининг ҳар толаси олдида Ҳиндистон зардўзлик иплари бир пулга қиммат бўлиб қолади. Унинг шоҳона хазинасидаги ажойиб узугидан эмас, балки дурдона тишларининг бармоғимни эркаланиб оҳиста тишлашидан олам-олам ҳузурланаман. Айтмоқчи, Сутлимомо қани? Нега у орамизда эмас?”
Юраги нақ бўғзига келган халифа унинг сўзларини ўн кун тингласа ҳам тўймасди, бироқ қиз ўз канизаклари билан у ердан узоқлашди. Ошиқ бўлиб қолган ҳукмдор то у кўздан ғойиб бўлгунча ортидан соядек эргашиб борди, сўнг гўё тунда булутлар йўлчи юлдузни кўздан яшириб, йўлини йўқотган мусофирлардек, нима қилишини билмай бир жойда туриб қолди. Бамисоли кўз олди улкан қора парда билан тўсилгандай, борлиқдаги ҳамма нарса ўз ранги, файзи, кўркини йўқотгандай. Шўх дарё шовуллаши ҳам юрагида аллақандай мунг уйғотар ва кўзларидан инжу шодалари ёсуман гули узра битта-битта тўкилар эди. У гулдастани кўкрагига маҳкам босиб олганди. У ҳатто шу пайтгача номини ҳам эшитмаган, унинг қалбида илк бора чинакам ишқ оловини ёққан жойдан эсдалик деб беш-олти тошни териб олди. Энди кетдим деб неча бор йўлга тушишга жаҳд ҳам қилди, аммо оёқлари унга бўсунмай, бир қадам ҳам жилгиси келмасди. Унинг қалбини сокин маъюслик чулғаб олганди. Дарё бўйида ер қучоқлаб ётаркан, у кўзларини тоғнинг кўкимтир чўққиларидан олмасди. “Нега маҳбубимни мендан беркитасан, ҳой қоя! – қичқирди у. – Қани у соҳибжамол? Сенинг муздек, ҳувиллаган бағрингда нима қилади у? Ҳой осмон! Балки у ўзининг хужастафол Гулханрўзи билан дара-тошларинг орасида сайр қилиб юргандир!”
Бу орада шом чўкди. Халифанинг соғлиғидан ташвишга тушиб қолган амир шоҳона замбил келтиришни амр этди. Восиқ истар-истамас замбилга ўлтирди ва уни кеча тантанавор қарши олишгани катта танобий уйга олиб келишди.
Халифани ишқ оловида жизғанак қовурилиб ва, ниҳоят, ўз Гулханрўзи висолига восил бўлган Нурониёр изидан тоғлар орасида сарсон-саргардон бўлиб турган жойида қолдирайлик. Гулханрўз деганлари ютса томоғидан сув кўринадиган нозик, таърифу тавсифга сиғмас даражада дилбар зот бўлиб, амир Фахриддиннинг акаси Али Ҳасаннинг яккаю ягона ўғли эди. Ўн йил бурун унинг отаси нотаниш баҳри уммонларда кема сургани чиқиб кетган ва ўғлини укаси Фахриддинга ишониб топширганди. Гулханрўз ҳуснихатнинг барча усулларида ҳайратомуз маҳорат билан хат битар ва нафис хитой қоғози узра бир-биридан гўзал арабча матнларни дур шодасидай тизиб ташлар эди. Овози майин, удга жўр бўлганда эшитганни шундай эритиб юборарди. Гулханрўз Лайли ва Мажнун муҳаббати ёки қадимда яшаб ўтган бахтсиз ошиқ-маъшуқлар қисмати ҳақида ашула айта бошласа, тинглаганларнинг кўзидан дув-дув ёш тўкиларди. Унинг шеърлари (у ҳам Мажнун каби шоир эди) юракни пора-пора қилиб ташлар, бу эса айниқса аёллар учун хатарли эди. У рақсга тушганда баҳор шабадасида учиб юрган парни эсга соларди. Уни ҳамма бирдек яхши кўрарди, бирдек оппоқ. Борди-ю, Гулханрўзга Нурониёрнинг кийими кийдириб қўйилса, у Нурониёрдан ҳам кўра соҳибжамолроқ аёлга ўхшаб қоларди. Бир дақиқа Фахриддин ҳузурига бориш учун ҳарамдан чиқиб келар экан, у бамисоли шеригини йўқотиб қўйган ҳуркак оҳу ҳолатига тушиб қолди. Бироқ у ўзига етганча қув ҳам эди, шўхлик қилиб баъзан қарияларни мазах қилиб кулар, қариялар гоҳида қаттиқ хафа бўлиб, нолир эдилар. Шунда у қилмишидан пушаймон еб, ҳарамнинг энг тўрига ўтиб кўздан яширинарди-да, устидан қават-қават қилиб пардаларни ёпдириб оларди, Нурониёр васлига етиб фироғида куя-куя туни билан инграб чиқар эди. Баъзилар яхши фазилатли одамларнинг хайрли ишларини қанчалик яхши кўрсалар, Нурониёр ҳам Гулханрўзнинг хатоларини ана шундай хуш ёқтирарди.
Шундай қилиб, халифани ўтлоқзорда қолдириб, Нурониёр Гулханрўз билан Фахриддин водийсини қуршаб олган тоғлардаги қалин ўтлар орасига кириб кетди. Қуёш уфққа бош қўя бошлаган бир палла эди. Шу пайт икки ёшнинг кўз ўнгида, уфқдаги ўркач-ўркач булутлар орасидан Пари истиқомат қиладиган икки муҳташам ибодатхона кўринди. Нурониёр Гулханрўзнинг муаттар бўй таратиб турган бошини тиззасига қўйганча тепалик ёнбағрида ўтирарди. Халифанинг тўсатдан пайдо бўлиб қолиши ва ундаги дабдабаю асъасалар унинг муҳаббат ёлқинидан жўшиқ қалбига аллақандай ғашлик солди. Қизлик ғурури ғолиб келди-ю, мана, кўриб қўй, мен қанақаман, дегандек, гулни қандай отганини ўзи ҳам сезмай қолганди. У отган гулдастани Восиқ ердан олганини ўз кўзи билан кўрди: ғурури сал ором олгандай бўлди. Аммо Гулханрўз ундан мен териб келган гулдаста қани деб сўраганида бироз тараддудланиб қолди. Жавоб ўрнига у йигитнинг пешонасидан ўпиб қўйди, сўнг шоша-пиша ўрнидан турди-да, тоқатсизланиб у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.
Тун чўкди. Қуёшнинг чарақлаган олтин баркаши аллақачон ўзга оламга нозил бўлиб, ўрнини қонталаш шафақ эгаллади. Ял-ял чўғланиб турган уфқ бамисоли Нурониёрнинг ёноқларидан ранг олгандай. Ишқ ўтида куйган бечора Гулханрўз гап нимадалигини дарҳол англади. Суюкли холаваччаси бўлмиш бу нозикниҳол қизгинанинг ич-ичдан эзилаётганини кўриб чинакамига раҳми келиб кетди. “Кетдик, – деди у журъатсизгина, – кўкни қандайдир кўнгилсиз бир соя чулғаб келмоқда. Зирк дарахтлари одатдагидан кучлироқ чайқалаяпти, эсаётган шамол юрагимни муз-муз қилиб юбораяпти. Кетдик, бу оқшом хайрли эмасдек туюлмоқда!” Шу сўзларни айтар экан, у азбаройи ўзидан узоқлаштирмаслик ниятида Нурониёрнинг қўлидан тутди. Нима қилаётганига ва нималар бўлаётганига ақли етмай, қиз беихтиёр йигитга эргашди. Унинг бошида минг хил хаёл чарх урарди. У ўзи яхши кўрган ёсуман гулининг катта бутоғи ёнидан шамолдай елиб ўтди, гулга назар кўзини солмади ҳам, аммо Гулханрўз орқасидан бўри қувлагандай шитоб билан югуриб кетаётганига қарамай бутоқдан уч-тўрт шохчани узиб олишга улгурди.
Уларнинг бу қадар шошиб келаётганини кўрган ёш қизлар одатдагидек яна ўйин-кулги бўлар экан-да, деган хаёлга боришди. Дарҳол қўл ушлашиб доира ясашди, бироқ Гулханрўз нафаси бўғилиб ўтлоқзорга йиқилди. Ҳамма бирдан шошиб қолди. Ҳам чарчоқ, ҳам бир-биридан чалкаш ўй-хаёллардан бутунлай ҳолдан тойган Нурониёр ўзини Гулханрўзга ташлади. Унинг муздек нозик қўлларидан тутиб, кўксига босиб иситди ва чаккаларига хушбўй ёғ суриб ишқалади. Ниҳоят, йигит кўзини очди ва бошини Нурониёрнинг кўйлагига яширинганча ҳарамга боришга шошилмасликни илтимос қилди. У мураббийи, юзларини тириш босган кекса ахта Шаъбон койишидан қўрқарди, чунки қария ҳеч кимни аяб ўтирмасди. Кейин бу гап амакиси қулоғига бориб етади-да, нега қизимнинг сайрига халақит беради, деб ундан хафа бўлиши турган гап. Барчалари ўтлоқзорда давра қуриб ўтириб олишди-да, болалар ўйинларини ўйнай бошлашди. Ахталар сал нарида туриб, ўзаро суҳбатлашишарди. Барча шод-қувноқ эди. Нурониёргина ўша-ўша ўйчан ва ғамгин. Энагаси пайқаб қолди ва унга қизиқ-қизиқ эртаклар сўзлаб бера бошлади. Бу пайтга келиб юрагидаги барча шубҳалар тумандай тарқаб кетган Гулханрўзга эртаклар айниқса ёқмоқда эди. У хандон ташлаб кулар, қарсак чалар ва дуч келганча шўхлик қиларди, ёши катта ва нимжон бўлиб қолганига қарамай, ахталарга тегажоқлик қилиб, уларни ортидан югуришга мажбур этарди.
Ой ҳам чиқди, оқшом ғоятда сўлим эди. Ҳамма ўзини азбаройи яхши ҳис қилганидан очиқ ҳавода кечлик қилишга келишди. Бир ахта қовунга чопди, бошқалари бодом шохларини силкитиб, бодом қоқа кетди, дарахт тагида гурунглашиб ўтирганлар устига бодом дув-дув тўкилди. Шакаробни аъло даражада тайёрлайдиган Сутлимомо катта-катта чинни косаларга ноёб гиёҳлар, қушларнинг тухумлари, қатиқ, лиму шарбати ва бодринг парраклари солиб тўлдириб чиқди, навбатма-навбат чўмичда суюқ овқат тортилди. Бироқ, одатдагидек, Нурониёрнинг кўксига бош қўйиб олган Гулханрўз, Сутлимомо унга бирон нарса бўлгудек бўлса, ангишвонадек қип-қизил оғзини беркитиб оларди. У фақатгина амакисининг қизи қўлидан олар, шунда ҳам очофатлик билан эмас, балки асалари гул ширасини сўргандек оғзининг бир чети билан тамадди қилар эди.
Шу тариқа шодиёна авж палласига етиб турганида тоғнинг энг баланд чўққисида нур кўринди. Аввалига шунчаки ёғдудай туюлган нурни ой чиқаяпти деб ўйлашди, шундай бўлса-да, бу ҳол ҳаммани саросимага солиб қўйди, чунки ҳеч ким бу синоат сирини билмас эди-да. Бу ёнғин ҳам бўлиши мумкин эмасди, чунки нур тиниқ ва зангори тусда эди. Учар юлдузми деса, бу ҳаддан ташқари ўткир ва ранги ҳам ўзгачароқ. Бир лаҳза ғалати нур бўзариб кетди, сўнг яна чарақлади. Аввалига уни қоя чўққисидан оқиб тушаяпти деб ўйлашди; тўсатдан у бошқа жойга кўчди ва қалин хурмозор узра товлана бошлади. У ердан дарё соҳили бўйлаб ҳаракат қилди ва унча катта бўлмаган овлоқ водийга киравериш жойида тўхтади. Шунақа кутилмаган ва ғайриоддий нарсалардан юраги ҳамиша муз қотадиган Гулханрўз қўрққанидан дир-дир титрар эди. У Нурониёрнинг кўйлагидан тутди-да, ҳарамга борайлик дея қистай бошлади. Аёллар ҳам “ҳа, шундай қил” деб ундашди. Бироқ амир қизининг қизиқиши шу қадар ортган эдики, ҳеч кимнинг гапи унга чивин чаққанчалик таъсир қилмасди. Қандай қилиб бўлмасин, бу нурнинг асти ўзи нима эканини билишга у астойдил бел боғлаганди.
Ҳамма ана шундай саросимага тушиб турганида нур ичидан кўзни қамаштиргудек шундай бир олов ўқи учиб чиқдики, ҳамма дод солганча қочишга тушди. Нурониёр ҳам бир неча қадам ортга чекинди, лекин тезда тўхтади-да, олға интилди. Ёғду чуқур сукунат чўмган водийда ҳаракатсиз порлар эди. Нурониёр қўлларини кўксига қўйди ва бирмунча муддат иккиланиб турди. Гулханрўзнинг қўрқуви, умрида ўзи бошидан кечираётган мутлақо танҳолик, туннинг қулоқни шанғиллатиб юборувчи сукунати – ҳаммаси бир бўлиб уни тегирмон тошидек эзмоқда эди. Қайтиб кетишга у қайта-қайта аҳд қиларди-ю, аммо нурли доира ҳар гал унинг рўпарасида пайдо бўлиб, кетгани қўймасди. Қизиқиш ҳамма нарсадан устун келиб, у мевали бутазор оралаб кетиб бораркан, на тўсиқни, на хатарни писанд қиларди.
У водийга қадам қўйган эди, атрофини зим-зиё қоронғулик чулғаб олди ва унинг кўз олдида фақат ёлғизгина заиф учқун намоён эди. Сувнинг шовиллаши, хурмо шохларининг ғичир-ғичири, қушларнинг узуқ-юлуқ, ваҳимали қичқириқлари – булар барчаси унинг дилини даҳшатга тўлдирди. Ҳар дақиқада оёғи остида заҳарли илонлар ётгандек ҳис қиларди. Дам-бадам маккор девлар ва бадкор ғуллар ҳақидаги ҳикоялар эсига тушар эди. Қиз яна тўхтади, аммо қизиқиши уни олға ундарди ва у учқун томон олиб борувчи илонизи сўқмоқдан қўрқмай олға юриб кетди. Шу пайтгача у ўзининг қаердалигини билиб турганди, аммо сўқмоқдан бир неча қадам юргач, адашиб кетди. “Э вой! – афсусланди қиз, – қани ўша менинг чароғон кошонам? Қани Гулханрўз билан кечган кечаги кайф-сафоларим? Азизим, бир ўзим қолганимда қанчалик қўрқиб, даҳшатга тушар эдинг! Ҳозир мен кимсасиз саҳрода айнан сенинг ҳолингга тушиб ўлтирибман!” Шу сўзларни айтар экан, у ҳамон илгарилаб борарди.
Бирдан унинг кўзи қояга ётқизилган зиналарга тушди, нур кучайди ва у қизнинг боши узра тоғ чўққисида пайдо бўлди. Қиз дадил қояларга ўрлай бошлади. Бир жойга етганда унга нур ғор ичидан чиқаётгандай туюлди, қулоғига мунгли ва ёқимли товуш чалинди – бамисоли биров алла айтаётгандай. Сўнг ҳовузни тўлдирганда чиқадиган шовуллашга ўхшаш сув овози келди. Нурониёр унда-бунда қоя тирқишларига ўрнатиб қўйилган ёқиқ шамларни кўрди. Бундан у даҳшатга тушди, лекин юқорига ўрлашдан тўхтамади, шамларнинг нафис ва кучли ҳиди унга рағбат берди ва у ғор оғзига етиб келди.
Азбаройи ҳаяжон ичида Нурониёр ғор ичига кўз солди ва сувга тўлдирилган катта тоғорани кўрди, ундан кўтарилаётган енгил буғ қизнинг юзига ўтириб, ол ёноқларида реза-реза тер ҳосил қилди. Ғорда ғоятда ёқимли куй тараларди, тоғора қирраларида шоҳона либослар, тиллақошлар ва турна патлари осилиб турарди, ҳаммасида қизил ёқут ярақларди. Қиз бу ҳашаматларни томоша қилиб, лол қолар экан, мусиқа тиниб, бир овоз янгради: “Биз бу шамларни нега ёқиб қўйдик, бу сувли тоғора ва кийимларни нега ҳозирлаб қўйдик, ахир улар на фақат замин, балки осмоний қудрат соҳибларига тегишли-ку!” “Бу буюмлар амир Фахриддиннинг соҳибжамол қизига тегишлидир”, – деб жавоб берди бошқа овоз. “Қандай қилиб? – эътироз билдирди биринчи овоз. – Яхши эркак бўлиш тақдирига битилмаган, айш-ишрат, кайф-сафодан бошқа нарсани билмайдиган, енгилтак болакай билан умрини исроф қилаётган ўша саркаш қизгами?” “Нималар деб алжираётибсан? – унинг сўзини бўлди иккинчи овоз. – Ёруғ олам ҳукмдори, энг қадимги султонларнинг хазиналари эгаси, мағрур боши энг баланд тоғ чўққисидан олти қулоч юқори турадиган шоҳ, бир қарашда офатижон қизларнинг юрагини тилка-пора қиладиган маҳбуб, пуштикамаридан бўлган қизини жонидан ҳам ортиқ севадиган меҳрибон ота бўлмиш амир Фахриддиннинг қизи қўлидан шундай бемаънигарчилик келарканми? Йўқ, у шонли мақсади йўлидан ҳаргиз қайтмагай, тез орада болаларча шўхликларидан фориғ бўлгай; ўшанда бу ердаги қизил ёқутлар ила музайян ва мулавван барча жавоҳироту олтин-кумушлар фақат уники бўлиб қолгай”. – “Балки гапинг тўғридир, – деди биринчи овоз, – мен икки ёш учун ерости олови саройини ҳозирлаш учун Истаҳорга жўнаб кетаман”.
Овозлар тинди, машъаллар ўчди, чароғон нур ўрнини қуюқ зулмат эгаллади ва Нурониёр отасининг ҳарамидаги юмшоқ тўшакда пайдо бўлди. У қарсак чалди ва ўша заҳоти уни йўқотиб, қидириб топиш учун дунёнинг тўрт томонига ахталарини юборган Гулханрўз ва аёллар юракларини ҳовучлаганча ҳозир бўлдилар. Шаъбон ҳам келди ва қизни қаттиқ койий кетди. “Ҳой тирмизак қиз, – деди у, – ё сенинг калитингни ўғирлаб олишган, ё бўлмаса сенга қулф очадиган ускуна берувчи бирон жин-пин сени севиб қолган. Қанчалик кучинг борлигини ҳозироқ кўраман, қани, бор, икки махфий эшитув тирқиши бор хонага кир-чи. Гулханрўз ёнимда бўлади деб хомтама бўлма. Қани, бўла қол, маликам, устингдан қўшалоқ қулф солиб қўяман”. Кекса ахтанинг дўқ-пўписаларига жавобан Нурониёр бошини мағрур кўтарди ва мўъжизавий ғордаги суҳбатдан сўнг яна ҳам катталашиб кетган тундай тим-қора кўзлари билан унга қаттиқ тикилди. “Йўқол кўзимдан, – деди қиз ахтага, – менга чўрилардай гапиришга нима ҳаққинг бор? Салтанатидаги барча фуқаро устидан ҳукмронлик қилувчи маликага қандай муомала қилиш кераклигини унутдингми?”
Қиз сўзини тамом қилиб улгурмаган ҳам эдики, бирдан: “Халифа, халифа!” деган қичқириқ янгради. Шу заҳоти барча пардалар сурилиб очилди, икки қатор бўлиб ерга тиз чўкишди, шўрлик Гулханрўз эса тепалик ортига яширинди. Олдинда оқ сурупдан тикилган, орқаси тушган, зардўзи кўйлак-иштон кийган занжи ахталар сафи борарди, улар қўлларида хушбўй сабур ҳиди таратган ҳуққа кўтариб олишганди. Сўнг ташрифдан норози қиёфада бошини чайқаганча гердайиб Бобобалук келарди. Башанг кийинган халифа Восиқ эса у билан изма-из одимларди. У ўзини ғоятда сипо ва бемалол тутарди, унинг ёруғ олам эгаси эканидан бехабар одамнинг ташқи кўриниши ва салобатидан ақли шошарди. У Нурониёрга яқин келди ва бир карра кўзи тушиши ҳамон дилидан тасаннолар ўқий кетди. Нурониёр буни сезди-ю, каловланиб қолди. Хижолат унинг бир ҳуснига ўн ҳусн қўшиб юборди ва Восиқнинг қалбини бутунлай ўзига ром этди.
Бобобалук бундай ишларда жуда пихини ёрган туллак эди, қарангки, уларни ўз майлига қўйиш лозим ва икковини ёлғиз қолдиришни билдириб ишора қилди. У таноби уйнинг барча ўйдим-чуқурларини кўриб чиқди, ҳеч ким йўқлигига амин бўлди, бироқ тўсатдан кўзи дўнглик тагидан чиқиб турган оёқларга тушди. Бобобалук оёқларини қўполлик билан ўзи томон тортди ва бу Гулханрўз эканини кўрди, уни шартта елкасига опичлади-да, ҳақоратли сўзлар билан эркалаганча олиб кетди. Болакай қичқириб типирчилар, икки юзи анордай қип-қизариб кетганди, ёшли кўзлари ғазабдан чарақларди. Шу ҳолича у Нурониёрга шундай маъноли қарадики, буни Халифа ҳам сезиб қолди ва деди: “Бу сенинг Гулханрўзинг эмасми?” – “Олампаноҳ, – жавоб берди қиз, – менинг амакиваччамнинг бир қошиқ қонидан ўтинг, унинг ҳеч қандай гуноҳи йўқ, ўзи шу қадар беозорки, қўй оғзидан чўп олмаган, унга ғазаб қилиш сизга ярашмайди”. – “Тинчлан, – деди Восиқ жилмайиб. – У эгасини топди. Бобобалук болаларни яхши кўради, унда болалар учун атаб қўйган бир дунё ширинлик бор”. Фахриддиннинг қизи хомуш тортиб қолди ва Гулханрўзни олиб кетгунларича ортиқ бир оғиз сўз демади. Азбаройи юраги қаттиқ урганидан сийнаси бир кўтарилиб, бир тушарди. Восиқ ҳаяжонининг чеки йўқ эди, ҳеч ким қаршилик кўрсатмагани учун қизнинг ҳуснига бутунлай маҳлиё бўлиб қолганди. Тўсатдан амир Фахриддин кириб келди ва ўзини халифанинг оёғига ташлади. “Амиралмўъминин! – деди у. – Чўрингизга назар қилиб, ўзингизни ерга урманг!” – “Йўқ, Амир, – эътироз билдирди Восиқ. – Мен уни ўз рутбам даражасига кўтармоқчиман. Мен уни хотин қилиб оламан ва сенинг шон-шуҳратинг авлодлардан-авлодларга ўтгай”. “Э воҳ, хожам, – жавоб берди Фахриддин, соқолидан бир толасини узиб оларкан, – ундан кўра каминаи қулингизнинг кунини калта қилиб қўя қолинг, аммо у сўзидан қайтмагай. Нурониёр Гулханрўзга бешиккерти қилиб қўйилган, унинг эри укам Ҳасаннинг ўғли бўлиши керак, уларнинг юраги бир-бирига қовушиб бўлган, улар бир-бирига қаттиқ сўз беришган, бу муқаддас онтни ҳеч ким бузолмайди”. “Нима? – кескин эътироз билдирди халифа. – Қиздан кўра латофатлироқ бўлган эркакнинг чиройини муқаддас демоқчимисан? Қизни мана шу хотинчалишнинг нозик қўлларида гулдай сўлдириб қўяр эканманми? Йўқ, у мен билан умргузаронлик қилади, мен шуни хоҳлайман. Кет бу ердан, бу тунни қизингнинг жамолига сажда қилиб, унга бағишлашимга тўсқинлик қилма!” Шунда амир Фахриддин шамширини қинидан суғурди-да, уни Восиққа узатди ва бошини ерга қўйиб деди: “Хожам, сизга бошпана берган бу шўрлик банданинг бошини чўрт узиб қўя қолинг. Ошимни ошаб, ёшимни яшаб бўлганман. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг вориси меҳмондорчиликнинг муқаддас қонунларини оёқости қилишини кўрганимдан ўлганим минг марта афзал”. Икки ўт орасида қолган Нурониёр бу ҳолга бардош беролмади, у ҳушдан кетиб йиқилди. Восиқ эса унинг ўлиб қолишидан кайфи учиб ва амир Фахриддиннинг қаршилигидан қутуриб, унга еб қўйгудек ўқрайиб: “Қара қизингга!” – деб қичқирди ва чиқиб кетди. Вужудидан совуқ тер қўйилганча амир гурс этиб ерга йиқилди.
Гулханрўз Бобобалукнинг қўлидан юлқиниб чиқди-да, Нурониёр турган жойга ўқдай отилиб кирди, қараса, ота-бола ерда чўзилиб ётибди. У овозининг борича одамларни ёрдамга чақира бошлади. Бечора йигит эркалаб-силаб Нурониёрни ўзига келтиришга тиришарди. Ўзининг ҳам ранги қув ўчган, нафаси бўғилар, маъшуқаси лабларидан устма-уст бўса оларди. Ниҳоят йигит лабларидаги илиқ меҳрни ҳис қилиб, қиз кўзини очди ва бироздан сўнг, ҳуши бутунлай жойига келди.
Халифанинг ўқрайган нигоҳидан ўзига келган Фахриддин ўрнидан туриб ўтирди ва атрофига аланглаб ҳукмдорнинг кетганига ишонч ҳосил қилгач, Шаъбон ва Сутлимомога одам юборди, уларни бир четга тортиб, шундай деди: “Дўстларим, буюк ишларда қатъий чоралар кўрмаса бўлмайди. Халифа менинг хонадонимга ғазаб ўтини сочиб, куйдирмоқ ниятида. Менинг унга қаршилик кўрсатишга кучим етмайди. У яна бир ўқрайиб қараса, мен тамом бўламан. Дарвиш Аррақондан олиб келган уйқу дорисини келтиринг. Қизим ва жиянимга ундан уч кун ухлатиб қўядиган миқдорда ичираман. Халифа уларни ўлган деб ўйлайди. Шунда дафн қилгандек бўлиб, уларни Саҳрои Кабир бошланган жойдаги муҳтарама Маймуна ғорига элтиб ташлаймиз. Ҳамма кетгач, сен Шаъбон, тўртта сара ахтани оласан-да, уларни бир ойлик қўр-қут билан кўлга олиб бориб қўясан. Бир кун Халифа таажжубда бўлади, беш кун йиғлайди, икки ҳафта фикр қилади, кейин эса қайтиш тадоригини кўради. Менимча, Восиқ учун шунча муддат етарли ва мен ундан халос топаман”.
“Яхши фикр, – деди Сутлимомо, – энди бундан иложи борича унумли фойдаланмоқ даркор. Назаримда, халифа Нурониёрга ёқиб қолган кўринади. Ҳа, инонинг, токи у халифасини шу ерда эканидан воқиф бўлар экан, Гулханрўзни ҳар қанча севишига қарамай уни тоғда тутиб тура олмаймиз. Қизга ҳам, йигитга ҳам, ростданам ўзингизни ўлиб қолганга солинг, сизларни йўл қўйган кичик-кичик ишқий гуноҳларингиз каффорати учун бу қоялар орасига элтиб ташлаймиз, деб астойдил уқдиришимиз керак бўлади. Айтамиз, азбаройи ғазабдан биз ҳам ўз жонимизга қасд қилдик, улар умрида кўрмаган сенинг паканаларинг уларни ҳайратдан донг қотириб қўяди, деймиз. Уларнинг панд-насиҳатлари уларга зўр таъсир кўрсатади, кўрасиз, гаров ўйнайманки, ҳаммаси қойилмақом бўлади”. – “Жуда маъқул гап, – деди Фахриддин, – қани, ишга киришдик, бўлмаса”.
Ўша заҳоти уйқу дориси келтирилди, уни шарбатга солишди, ҳеч нарсадан хабари йўқ Нурониёр ва Гулханрўз шарбатни пок-покиза туширишди. Бир соатдан сўнг уларнинг юраклари гуп-гуп уриб, ғашлана бошлади. Улар карахт бўлиб қолишди. Бир амаллаб хобгоҳга чиқишди-да, тўшакка чўзилишди. “Мени иситсанг-чи, азизам Нурониёр, – деди Гулханрўз қизни маҳкам қучоқлаб. – Қўлингни юрагимга қўйгин-а, у муздек”. “Оҳ, сенинг юрагинг ҳам мендай муздек бўлиб ётибди! Халифанинг ўткир нигоҳи бизга зиён етказмадимикан? Мен ўлаяпман, – деди Нурониёр заиф товушда, – мени қуч, ҳеч бўлмаганда лабларинг менинг сўнгги нафасимни ҳис этиб қолсин!” Нозик Гулханрўз чуқур нафас олди, уларнинг қўллари бир-биридан ажради ва улар ортиқ бир калима ҳам сўз айтмай, ўликдай чўзилиб қолишди.
Ҳарамда юракни ларзага солувчи дод-фарёд кўтарилди. Шаъбон билан Сутлимомо ўта усталик билан ўзларини қаттиқ мотам тутаётганга солишди. Шароит тақозоси билан бундай йўл тутишга мажбур бўлган ва уйқу дорисини биринчи марта синаб кўраётган амир Фахриддин чинданам изтироб чекарди. Чироқлар ўчирилди. Иккитагина чироқ ҳаёт тонгида сўлган бу ажойиб икки гул узра заиф нур сочиб турарди. Ҳар томондан чопа-чопа келиб бу ерга тўпланган қуллар қимир этмай бу ажиб манзарани томоша қиларди. Дафн либослари келтирилди, жасадлар гулоб билан ювилди, уларни оҳакдан ҳам оқ тобутга жойлашди, ўрим қилиб ўрилган ялтироқ сочларига анво атирлар сепишди.
Ошиқ-маъшуқларнинг ўлими ҳақидаги хабардан воқиф бўлган халифа келгач, жасадларнинг бошига улар яхши кўрадиган ёсуман гулидан гулчамбар қўйишди. Халифанинг ранги бўзарган, қовоғи солинган эди, у бамисоли тунлари қабристон кезадиган алвастига ўхшарди. Айни пайтда у ўзини ҳам, бутун оламни ҳам унутганди. У қуллар тўдаси орасидан ёриб ўтди-да, ўзини хобгоҳ пойига ташлади ва кўкрагига муштлаб, оҳ, мен ўлдирдим уларни, мен уларнинг қотилиман, гуноҳи азимга ботдим, ё раб, дея фиғон торта бошлади. Нурониёр юзидаги чойшабни аста кўтариб, қизнинг оппоқ чеҳрасини кўрди-ю, оҳ дея ҳушидан кетиб йиқилди. Бобобалук уни кўтариб кетар экан, афтини бужмайтирганча шундай деди: “Нурониёрнинг охири бир касри урмаса гўргайди девдим-а!”
Халифани олиб кетишлари ҳамон амир Фахриддин ҳарамга ҳеч ким киритилмасин деб амр қилди-да, дафн ишларига киришиб кетди.
Барча деразалар ёпиб қўйилди, барча чолғу асбоблари синдирилди, имомлар намоз ўқишга тутинишди. Мотамнинг бу биринчи кунида кечқурун дод-фарёдлар икки баравар куч билан янграй бошлади. Восиқни ёлғизлик тегирмон тошидай эзиб юбормоқда эди. Уни ғазабдан тушириш, изтироб алангасини пасайтириш учун қилинмаган амал-чоралари қолмади.
Эртасига эрталаб саройнинг залворли дарвозалари ланг очилди ва дафн маросими тоғ томон равона бўлди. Азадорларнинг “Ло илоҳа иллоллоҳ” деган аламли фарёдлари халифанинг қулоғига етиб келмоқда эди. У иложини топиб, маросим ортидан бормоқчи ҳам бўлди, ҳеч кимнинг “қўйинг, қўйинг” деган гапига қулоқ солмасди, бироқ дастлабки қадамларини ташлаши биланоқ ерга ағдарилиб тушди ва уни тўшакка ётқизиб қўйишди, шу ётганича у бир неча кунгача ўзига келмади, ҳатто амир Фахриддиннинг ҳам унга раҳми келиб кетди.
Маросим Маймуна ғорига етиб келгач, Шаъбон ва Сутлимомо ҳаммага жавоб бериб юборишди. Фақат тўрт содиқ ахта улар билан қолди. Улар ҳаво кириши учун тобутларни қия очиб қўйиб, бирпас кутиб туришди. Сутлимомо ва Шаъбон тобутларни унча катта бўлмаган кўл қирғоғига олиб боришни амр қилишди. Қирғоқ четларини кулранг тус қоплаган эди. У ерда, одатда, турна ва лайлаклар тўпланиб, мовий балиқ тутиб ер эди. Дарҳол олдиндан огоҳлантириб қўйилган амир паканалари пайдо бўлди ва ахталар ёрдамида қамиш ва қиёқдан чайла тиклашди. Бу ишга улар жуда устаси фаранг эдилар. Бундан ташқари озиқ-овқат сақланадиган хампа, ўзлари учун миттигина намозгоҳ ва ёғоч меҳроб ясашди. Меҳроб зич қаланган ходачалардан тикланиб, олов сақлаш учун ҳам иш берар эди, чунки тоғ этакларида ҳаво совуқ эди.
Кечга бориб кўл бўйидаги иккита улкан гулхан ёқилди, икки нозик танани тобутдан чиқаришди ва авайлаб чайладаги қуруқ япроқлардан қилинган тўшакка ётқизишди. Паканалар ўзларининг бенуқсон ва жарангдор овозлари билан Қуръон тиловат қила бошладилар. Шаъбон ва Сутлимомо қачон уйқу дориларининг кучи тугаркин дея сал нарида бетоқат кутиб туришарди. Ниҳоят, Гулханрўз ва Нурониёр қўлларини билинар-билинмас қимирлатиб қўйишди ва кўзларини очиб, теваракдагиларга ўта ҳайрат билан қарай бошлашди. Улар турмоқчи бўлиб уриниб ҳам кўришди, аммо кучлари панд бериб, яна ўзларини япроқ тўшакларига шилқ этиб тушишди. Шунда Сутлимомо унга Амир берган тетиклантирувчи доридан ошиқ-маъшуқларга ичирди. Гулханрўз бутунлай уйғонди, акса урди ва ўрнидан ирғиб туриб, ҳаммани ҳайратдан донг қотириб қўйди. Чайладан чиқди, ҳавони ютоқиб ичига тортди-да, қичқириб деди: “Мен нафас олаяпман, мен товушларни эшитаяпман, мен осмону юлдузларни кўраяпман! Мен ҳали тирикман!” Қадрдон овозни эшитиб, Нурониёр япроқлар орасидан чиқди-да, Гулханрўзнинг бағрига отилди. Баданларини ёпиб турган узун кафанлар, бошларидаги гулчамбарлар ва яланг оёқлари ҳамманинг эътиборини ўзига тортмоқда эди. У нима гаплигини англашга ҳаракат қилиб, қўллари билан юзини ёпди. Сеҳрли тоғора, отасининг ғазаби ва айниқса Восиқнинг улуғвор келбати унинг кўз олдидан бир-бир ўтди. У бемор эканини, Гулханрўз каби ўлганини эслади, аммо бу тасаввурларининг барчаси хира эди. Ғалати кўл, сокин сувдаги гулхан акси, ернинг туссиз ранги, эртакнамо чеҳралар, ғамгин бош чайқаётган қамишлар, лайлакнинг паканалар овозига қўшилиб келаётган мунгли қичқириғи – булар барчаси ажал элчиси Азроил уларга қандайдир янги олам эшигини очиб бераётгандай туюлди.
Вужудини ажал даҳшати қамраган Гулханрўз тоғавачча бўлмиш қиз ёнидан бир қадам жилмаётганди. Арвоҳлар оламида турибман, шекилли, дея у атрофини чулғаб олган сукунатни бузишдан қўрқмоқда эди. “Нурониёр, – деди йигит ниҳоят. – Қаердамиз? Ёниб турган кўмир парчаларини қалаётган анави кўланкаларни кўраяпсанми? Балки ҳозир Мункар-Накир келиб бизларни олов ичига итқитар? Ёки қилкўприк кўл устида пайдо бўлади-да, бизлар ундан ўтаётиб, тубсиз кўл тагида минг йиллаб азоб чекиб ётармиз?”
“Йўқ, болаларим, – деди Сутлимомо уларга яқинлашаркан, – тинчланинг. Жонингизни пойлаб келган Азроил бизни ишонтириб айтдики, сизлар бир-бирингизни севиб, қилган гуноҳларингиз эвазига узоқ йиллар бу овлоқ жойларда совқотиб умргузаронлик қиласизлар, холос. Бу ерда қуёш жазирама бўлиб куйдирмайди, тупроғида гул унмайди, мева битмайди. Мана булар бизнинг қўриқчиларимиз, – сўзида давом этди у паканаларни кўрсатиб, – улар бизга керакли нарсаларни етказиб турадилар, зеро бизнинг дағал ва гуноҳкор жонларимиз ердаги ҳаётнинг ҳали бир қанча қонунлари ҳукмига маҳкумдир. Сизлар фақат гуруч билан тирикчилик қиласизлар, нонингиз эса мана бу қумни муттасил қоплаб турувчи туманлардан намиққан бўлади”.
Уларнинг қайғули эртаклари ҳақидаги бу гапларни эшитиб, шўрлик болаларнинг кўз ёшлари шашқатор бўлди. Улар ўзларини паканаларнинг оёқларига ташлашди, улар эса ўз вазифаларини аъло даражада ижро этишди, одатдагидек узун ва чиройли нутқ сўзлашди, бу нутқ бир неча минг йиллардан кейин уларни жаннатга элтиб қўювчи муқаддас туя ҳақида эди.
Ваъз тугаб, улар таҳорат олишди, Аллоҳ ва унинг Расулига ҳамду санолар ва салавоти дурудлар айтишди, ғарибона кечлик қилишди ва яна япроқ тўшакка ястанишди. Нурониёр ва Гулханрўз ўлганларидан кейин ҳам бирга ётганидан ғоятда мамнун эди. Улар яхшигина дам олиб олишганди ва туннинг қолган қисмини бўлиб ўтган воқеалардан бир-бирига сўзлаб ўтказишди, кўзларига ҳар гал арвоҳлар кўринганида бир-бирининг пинжига кириб кетар эдилар.
Эртасига эрталаб ҳавонинг қовоғи солиқ, ёмғир томчиларди. Паканалар минора ўрнида ерга қоқилган баланд таёқларга тармашиб чиқдилар ва ўша ердан азон айта бошлашди. Бутун жамоа жам бўлди: Сутлимомо, Шаъбон, тўрт ахта, балиқ овлаш жонига теккан бир қанча лайлак ва икки бола. Икки бола чайладан эринибгина чиқиб келди ва гарчи кайфиятлари кўринишдан кўнгилдагидек бўлмаса-да, аммо намозни иштиёқ билан ўқиди. Сўнг Гулханрўз Сутлимомо ва бошқалардан биз ўлиб қолганимиздан кейин бу қадар бемаврид сизларнинг ўлишингизга сабаб не эди, деб сўради.
“Сизларнинг ўлиб қолганингизни кўриб, аламимизга чидолмай ўзимизни ўзимиз ўлдирдик”, – деб жавоб берди Сутлимомо.
Бўлиб ўтган воқеаларга қарамай, Нурониёр кўрганларини унутмаган эди ва сўради: “Халифа-чи? Ғам-андуҳдан ўлиб-нетиб қолмадими? У бу ерга келадими?” Унинг саволига паканалар виқор билан шундай деб жавоб беришди: “Восиқ ўла-ўлгунча азоб-уқубат чекиб яшашга маҳкум этилди”. – “Худди шундай, – қичқириб деди Гулханрўз, – мен ҳам шундай бўлишини хоҳлардим, ахир унинг даҳшатли нигоҳи туфайли биз бу ерда қуруқ гуруч билан қаноат ҳосил қилиб, панд-насиҳатлар эшитиб ётибмиз”.
Шу тариқа улар кўл бўйида бир ҳафта туришди. Нурониёр ногаҳоний ажал туфайли бой берган буюк нарса ҳақида хаёл сурар, Гулханрўз эса паканалар билан биргаликда қамишдан саватлар тўқир эди, миттивойлар унга жуда ёқиб қолганди.
Тоғда шундай ҳаёт кечиб турган бир паллада халифа амир Фахриддин билан бир ғалати ўйин қилди. У ўзига келиши ҳамон шунақанги қаттиқ қичқириб гапирдики, Бобобалукнинг нақ ўтакаси ёрилаёзди: “Ғаддор Ғайридин! Менинг Нурониёримни у ўлдирди! Сендан юз ўгириб, Муҳаммаддан афв сўрайман. Агар сал ақл билан иш тутганида у бошига бу мусибатларни сололмас эди. Ҳой, менга таҳоратга сув беринг. Айтинг, оқкўнгил Фахриддин бу ерга келсин, мен у билан ярашмоқчиман, бирга-бирга намоз ўқиймиз. Кейин эса шўрлик Нурониёрнинг мозори устига борамиз. Мен таркидунё қилиб, шу тоғда гуноҳларим каффорати учун тоат-ибодатга, узлатга берилгайман”. “У ерда нима еб-нима ичасиз, олампаноҳ?” – деди Бобобалук. “Ҳеч нарса билмайман, – жавоб берди Восиқ, – овқат егим келса, сенга мен ўзим айтаман. Ҳар қалай, яқин орада овқатлангим келмас ҳам”.
Фахриддин келиб, суҳбат бўлинди. Унга кўзи тушиши ҳамон Восиқ амирнинг бўйнига осилди ва кўзларидан дув-дув ёш тўкканча шунчалик эзгу гапларни гапирдики, Амир ҳам кўнгли тўлиқиб йиғлаб юборди ва Восиқнинг бу хатти-ҳаракатларидан эриб кетиб, ич-ичидан унга таҳсин ўқиди. Албатта, тоққа зиёратга боришга у қарши чиқолмас ҳам эди-да. Шундай қилиб, улар ўз-ўзининг тахтиравонига ўлтириб, йўлга тушишди.
Халифани ҳар қанча диққат-эътибор билан эҳтиёт бўлиб назорат қилишмасин, Нурониёр кўмилган деб айтилган жойга етиб келгунларича у бир неча жойини бутоқ ва тиканларга шилдириб олди. Уни мозор олдидан базўр олиб кетишди ва у бу ерга ҳар куни келиб, Қуръон тиловат қилиб тураман деб онт ичди. Шу нарса Фахриддинга ёқмади, аммо у энди халифанинг қўлидан шундан бошқа нарса келмаса керак, Маймуна ғорига келиб Қуръон тиловат қилишдан бошқага ярамаса керак деб ўйлади. Бунинг устига кўл тоғ-тошларнинг шунақанги ичкарисида эдики, Амир унинг кўлни ўзи топиб келишига кўпда ишонмасди ҳам. Восиқнинг ўзини тутиши ва феъл-атворига қараб туриб, амир Фахриддиннинг бунга ишончи тобора ортарди. Халифа ўз аҳдини шу қадар аниқлик билан адо этар ва тоғдан шу қадар маҳзун ва тақво билан қайтар эдики, қариялар буни кўриб ҳайратдан ёқа ушлар эдилар.
Аммо Нурониёр ҳам у айтганчалик мамнун эмасди. Гарчанд у Гулханрўзни севса-да, унга нисбатан муҳаббатини ошириш учун йигит билан танҳо бўлишларига йўл қўйиб берсалар-да, қиз унга бир эрмакдай қарарди ва Гулханрўз ҳам қизнинг кўкнори хаёллар суришига имкон берар эди. Гоҳида қиз нима учун ўликлар ҳам тириклар каби эҳтиёжга эга бўлишини ҳеч тушуна олмай, боши қотарди. Бир кун эрта тонгда шу муаммонинг тагига етиш ниятида у Гулханрўз билан ётган тўшакдан турди-да, севгилиси пешонасидан ўпиб қўйди. Ҳамма уйқуда эди. У тўғри кўл бўйига борди. Қараса, кўл қоя тагидан оқиб чиқар экан, қоянинг учи эса нақ осмонга қадалиб турарди. Нурониёр бор кучини тўплаб ўша қоя учигача чиқди ва бепоён осмонга дуч келди. У овчи қувган оҳудай тошдан-тошга сакраб олға юриб кетди. Ҳар қанча енгил сакрамасин, барибир, аҳён-аҳёнда нафасини ростлаш учун зирк дарахти шохида бирпас ўтириб тин оларди. Унга бу ерлар танишдек туюлди ва не кўз билан кўрсинки, сал нарида халифа Восиқ турарди. Ғам-андуҳга ботган ва юраги ғашга тўлган Восиқ ҳар кун каллаи саҳардан туриб оларди. Нурониёрни кўриб у тош қотиб қолди. У бу жонсарак рангида қондан асар йўқ ва ҳаммадан ҳам ўзи кўнгил берган маҳбубига яқин боришга журъат қилолмади. Ҳам мамнун, ҳам маҳзун Нурониёр ниҳоят ўзининг фаттон кўзларини кўтариб унга қаради ва шундай деди: “Онҳазрат, мен билан гуруч тановвул қилгани ва панд-насиҳат эшитгани келдингизми?” – “Ҳой, азизим арвоҳ, – қичқириб деди Восиқ, – сен гапираяпсанми? Сен ҳамон ўшандай жозибадорсан, нигоҳларинг ўша-ўша мунаввар тонг каби тиниқ ва мафтункор! Балки, сен ростданам тирикдирсан?” Шу сўзларни айтиб у қизни қучар экан, шундай дерди: “Ахир у тирик-ку! Унинг танаси тўлғонаётир! Вужудидан ёқимли илиқлик чиқиб турибди! Бу не мўъжиза бўлмиш?”
Нурониёр одоб билан жавоб қайтарди: “Ўзингизга маълум, ҳукмдор, сиз мени кўргани келиб лутф қилганингиз ўша тунда мен ўлган эдим. Амакиваччам Гулханрўзнинг айтишига қараганда, бу сизнинг даҳшатли қарашингиз туфайли рўй берган экан, лекин мен унинг бу гапига ишонмайман, чунки нигоҳингиз менга унақа даҳшатли бўлиб кўринмаганди-да. Гулханрўз мен билан бирга ўлганди ва бизни емиши жудаям ночор бўлган бир мамлакатга олиб бориб қўйишди. Борди-ю, сиз ҳам ўлган бўлсангиз ва бизникига ташриф буюрсангиз, ростини айтсам, сизга ачинаман, чунки паканалар ва лайлаклар сизни омон қўйишмайди. Боз устига, иккимизга ваъда қилинган ерости саройидаги хазинадан маҳрум бўлиш ҳам одамга алам қилади”.
“Ерости саройи” сўзини эшитиб, халифа чуқур меҳру муҳаббат ила эркалатишдан тўхтади ва бу билан у нима демоқчи эканини сўради. Шунда қиз ясама ўлимдан кейин нималар содир бўлганини бир бошдан ҳикоя қилиб берди, ҳозиргина қочиб келгани покланиш мамлакатининг роса таърифини келтирди. Агар эс-ҳуши қизнинг ҳусни жамолидаю бу ногаҳоний висол шавқидан маст бўлмаганида Халифа унинг сўзларидан қотиб-қотиб кулган бўларди. Қиз ҳикоясини давом этар экан, Восиқ уни маҳкам бағрига босганча нуқул шундай дерди: “Кетдик, кўзларимнинг нури, энди ҳаммаси равшан: биз иккаламиз ҳам тирикмиз. Отанг муттаҳам одам экан, у иккимизни ажратиш учун бизларни алдабди. Ғайридин эса, фаҳмимча, бизнинг бирга сайр қилишимизни хоҳламайди ва у ҳам разилликда отангдан қолишмайди. Нима бўлганда ҳам у бизни ўзининг олов саройида узоқ тутиб турмайди. Сен мен учун шу қадар азизсанки, энг қадимги султонларнинг барча хазиналари сенинг олдингда бир пул. Мен уларга истаган пайтимда эга бўлишим мумкин, қора ерга кирмасимдан олдин ёруғ оламда нимаики истасам, барчасини рўёбга чиқаришга қурбим етади. Анови зумраша Гулханрўзни эсингдан чиқар…” – “Оҳ, Онҳазрат, сиз унга ёмонликни соғинманг”, – унинг гапини бўлди Нурониёр. “Йўқ, – деди Восиқ, – ахир айтдим-ку, ундан кўнглинг тўқ бўлсин деб. У она сути оғзидан кетмаган бир мишиқи-да, келиб-келиб шу тирранчадан рашк қилиб қолибманми? У паканалар билан ҳамтовоқ бўлиб юраверсин. (Дарвоқе, паканалар менинг азалий танишларим бўлади.) У сенинг қариндош-уруғларингдан кўра шулар орасида бемалол юра олади. Бу ёғини сўрасанг, мен отангнинг олдига бошқа бормайман, унинг менга оталарча насиҳат қилиб, меҳмондорчилик қоидаларига хилоф иш қилдинг, қизимнинг Олампаноҳга турмушга чиққандан кўра ўғил бола қиёфасидаги қиз болага турмушга чиққани афзал, деган сафсаталарини эшитишга тоб-тоқатим йўқ”.
Нурониёр Восиқнинг бу гапига нима деб жавоб қайтаришини билмай қолди. У фақат ошиқ шаҳаншоҳнинг Яман ёқутларини эсидан чиқариб қўймаса гўрга эди, деб ич-ичидан ташвишда эди. Бироқ қиз ўша куннинг етиб келишига ишонарди, шу боис шоҳнинг барча инжиқликларига ўта назокату нафосат ила итоат этмоқда эди.
Ниҳоят, халифа Маймуна ғорида ухлаб ётган Бобобалукни чақирди. Ахта тушида Нурониёрнинг арвоҳи тағин уни арғамчига солиб учираётганини, қиз азбаройи қаттиқ силкинганидан арғамчи гоҳ тоғ чўққиси учигача кўтарилиб, гоҳ жарликнинг энг тубига тушиб қайтаётганини туш кўриб ётарди. Ҳукмдорнинг овозини эшитиб у бирдан уйғониб кетди, апил-тапил ўрнидан турди-да, оёғини қўлига олиб югурди ва рўпарасида ҳозиргина тушида кўрган қизнинг қиёфасига кўзи тушиб, нақ ҳушидан кетаёзди. “Ё Хожам! – қичқириб юборди у ўн қадам ортга чекиниб, қўллари билан юзини ёпганча. – Ўлганларни гўрида тик турғазаяпсизми?! Ғулларнинг касбини ихтиёр қилдингизми? Аммо Нурониёрни ейишни хаёлингизга келтирманг, менга қилган қилиғидан кейин у шунақанги ёвузлашиб кетганки, унинг ўзи сизнинг бошингизни ейди”.
“Бас қил, овсар, – деди Восиқ, – тўрт мучали соппа-соғ Нурониёрни олмадай қўйнимга солиб ётганимни ўз кўзинг билан кўрасан. Водийда шу яқин атрофда чодир тикланглар: мен шу ернинг ўзида бу ноёб лола вужудига жон ва қон ато этиб, унинг висолига етгайман. Шоҳона айшу ишрат ва кайфу сафолар учун нимаики зарур бўлса, барчасини муҳайё қил ва амримга мунтазир тур”.
Бу воқеа ҳақидаги хабар амир Фахриддиннинг қулоғига етиб борди. Ўйлаган тадбири иш бермаганини кўриб, у қаттиқ қайғуга ботди ва ўша вақтларда шунақа пайтларда қилинганидек ўз бошидан обдон кул сочди, содиқ кекса аъёнлари ҳам унга тақлидан шундай қилдилар ва бутун сарой жунбушга келди. Ҳамма нарса ман этилди, бошқа сайёҳлар қабул қилинмай қўйилди, малҳамлар улашилмади, бу ерда астойдил адо этиладиган меҳр-мурувват аъаналари ўрнига, аҳли маҳрамлар лаб-лунжларини осилтириб юрар, оҳ урар, қайғу ва аламдан юзларини тирнар эдилар.
У ёқда Гулханрўз маъшуқасининг ёнида йўқлигини кўриб ҳайрат уммонига ботди. Паканалар ҳам ундан бадтар ташвишда эдилар. Фақат кўпни кўрган Сутлимомогина гап нимадалигини дарров англади. Ҳамма Гулханрўзга тасалли бериш билан овораю андармон эди, Нурониёр албатта қайтиб келади, икковингиз шу ернинг ўзида, тоғлар қўйнида, пўртаҳол ва ёсуман бутоқлари узра ётиб висол лаззатидан баҳраманд бўласизлар, энди чайлада ётмайсизлар, кундузлари ноғора овозига монанд ҳолда югуриб, капалаклар тутасизлар, деб бири биридан ширин сўзлар билан кўнглини кўтарар эдилар.
Шу топ тўрт ахтадан бири келиб Сулаймонга Нурониёрнинг ғойиб бўлганини хабар қилди ва Амирнинг ҳукмларини етказди. Сутлимомо дарҳол маслаҳат қилгани Шаъбон ва паканалар ҳузурига чопди. Егулик ул-бул олишди-да, катта қайиққа ўлтириб, сузиб кетишди. Гулханрўз улар нима деса барчасига “хўп” деб турарди, бироқ улар кўл қоялар тагига кириб, чор-атрофни зим-зиё қоронғулик чулғаганида, қаттиқ қўрқиб кетди ва амакимнинг қизини бундай кўргуликларга гирифтор қилиб қўйганим учун менга жазо беришмоқчи деб ўйлаб, жон аччиғида қичқириб юборди.
Бу вақтда халифа қалбини забт этган малика билан жаннатий фароғат қўйнида сафо қиларди. Бобобалук чодирлар тиклашни амр қилди, водийнинг ҳар икки тарафидаги кириш йўлига умид матосидан авра қилинган улуғвор пардалар осдириб қўйди, йўлларда шамширлар билан қуролланган ҳабаш қуллари посбонлик қиларди. Бу маскандаги ўт-ўланлар гулҳамишабаҳор бўлиб туриши учун оқбадан ахталар узлуксиз кумуш ва тилларанг гулчелаклардан сув қуйиб турар эдилар. Шоҳ чодири яқинида тинимсиз яланғочлар тебранарди; ҳарир дока орасидан тушиб турган енгил нур ишратхона ичкарисини ғира-шира ёритиб турар, халифа эса Нурониёрнинг ҳусну жамолига боқиб тўймасди. Лаззатлардан завқланганича у қизнинг чилдирма жўрлигида ижро этаётган мўъжизавий қўшиғини тинглаб маст бўлмоқда эди. Қиз эса унинг Самарро ва у ердаги афсонавий минора ҳақидаги таърифу тавсифларини эшитиб, юраги алланечук ҳисларга тўлиб-тошиб кетмоқда эди. Айниқса, Ғайриддин истиқомат қиладиган эман эшик олдидаги шар ва у яшовчи жарлик қиссаси унга жудаям наша қилди.
Кундузни ана шундай суҳбатлар билан ўтказиб, тунда ошиқ-маъшуқлар катта қора мармар ҳовузда бирга чўмилар эдилар. Қора мармарда Нурониёрнинг қордай оппоқ бадани яна ҳам товланиб кетарди. Соҳибжамол энди тумшуғидан ип ўтказиб олган Бобобалук овқатларнинг иложи борича хуштаъм ва хушхўр бўлиши учун жонини жабборга бериб ҳаракат қилар, дастурхонга ҳар куни анво ва ақсом таомлар тортилар эди. У Шерозда Муҳаммад алайҳиссалом замонидан қолган ажойиб кўпикли мусалласдан топиб келишни буюрди. Қоялар устига қурилган кичик-кичик ўчоқларда сут қўшилган патир пиширилди, Нурониёр нозик қўллари билан хамирни ўзи қориб берарди, Восиқ патирларни шунинг учун ҳам ўзгача иштаҳа билан туширарди. Бир вақтлар бошқа хотинлари пишириб берадиган барча таомларни у татиш у ёқда турсин, эсламай ҳам қўйганди, қаровсиз ташлаб қўйилган бечора аёллар амирни бир кўришга муштоқ бўлиб, ит кунига тушиб қолишганди.
Шу пайтгача халифанинг биринчи муҳаббати рамзи бўлиб келган султон қизи Дилоро бунга бефарқ қараб туролмасди, у қони қайноқ, юрагида олови бор қиз эди-да. Гуллаб-яшнаб юрган дамларида у Восиқнинг куракда турмайдиган орзу-ниятларини роса тагига етган ва Чилсутун саройи билан Истаҳор мақбарасини кўриш иштиёқида ёнарди. У сеҳр-жоду илмини ҳам сув қилиб ичганди. Халифанинг оташпарастликка майли борлигини кўриб, ўзида йўқ суюнганди. Энди эса унинг кундоши билан айш-ишрат қилиб, умрини ҳайф қилаётганидан фиғони фалакка чиқмоқда эди. Восиқнинг бир карра зуҳду тавқо йўлига кириб кетиши эса унинг бутунлай капалагини учириб юборди. Агар шундай кетаверса, ҳамма нарсанинг охири вой бўлиши аниқ эди. Хуллас, охири у маликаи олия Каратисга мактуб йўллашга аҳд қилди. Мактубда ишлар чатоқлиги, муқаддас битиклардаги ҳукмларга асло риоя қилинмаётгани, бу ердагиларнинг нималар еб-ичганлари, қаерларда ётиб-туришлари, кекса амирнинг даргоҳида тўс-тўпалонлар қилганлари ва гуноҳи азимга ботганлари, бу аҳволда қадимги султонлар обрў-иззатию давлат-сарватларини қайта қўлга киритиш ва бундан кейин қўлда сақлаб қолишга асло умид қолмаганлиги тўғрисида ёзди. У мактубни ўрмонда дарахт кесиб юрган икки ўрмончига топширди. Улар энг қисқа йўллардан юриб, роса ўн кун деганда Самаррога етиб келишди.
Чопарлар етиб келганда маликаи олия Мароқанобод билан шатранж ўйнаб ўтирарди. Неча кундан бери у минорага бормай қўйганди: ўғли ҳақидаги саволларга жавобни осмон ёритқичларидан олар, аммо жавоблардан сира кўнгли тўлмас эди. У ҳар қанча маъбудларни алқамасин, сирли кароматларни кутиб, томда ҳар қанча ётмасин, унинг тушига фақат парча лахтаклари, гулдасталар ва шунга ўхшаган бўлмағур майда-чуйдалар кирарди, холос. Бундан унинг кўнгли бадтар музтар бўлар, на ўзи тайёрлаган бирон-бир дори-дармон кор қилар эди. Унинг охир-оқибат суянган тоғи Мароқандобод бўлиб қолганди. Мароқандобод чиндан ҳам яхши одам эди, унга тўлиқ ишонса бўлаверарди, аммо маликаи олия ҳузурида унинг ҳаёти айтарлик мақтовга сазовор эмасди.
Восиқ ҳақида ҳеч қандай хат-хабар бўлавермагач, унинг устидан бир-биридан кулгили латифалар тўқила кетди. Каратиснинг хатни шоша-пиша очиб, ўғлининг бу қадар тубан кетишидан воқиф бўлганида унинг қанақанги ғазабга минганини ўзингиз тасаввур қилаверинг. “Оҳ, – деди у, – ё мен ўламан, ё у саройга ўт қўяди, майли, ўлсам ўла қолай, фақат ўғлимнинг Сулаймон тахтига ўлтирганини кўриб ўлсам, армоним йўқ эди!”. Шундай дея у шу қадар шиддат билан сапчиб турдики, Мароқандобод қўрққанидан ўзини орқага ташлаб юборди. Каратис ўзининг улкан туяси Албуфакийни ҳозирлашни, бадбашара Наргис ва бешафқат Кафурни чақиришни буюрди. “Менга бошқа ҳамроҳ керак эмас, – деди у вазирга, – мен зарур иш билан кетаяпман, бинобарин, дабдабанинг кераги йўқ. Сен фуқарога қараб турасан, мен йўқлигимда уни яхшилаб шил. Харажатларимиз кўпайиб кетди, бу ишимиздан эса бир нима чиқадими, йўқми, худо билади”.
Тун зимзиё эди. Катула водийсидан ёқимсиз шамол эсарди. Бундай шамол ҳар қандай йўловчининг юрагини ваҳимага соларди, аммо Каратисга ҳам, Наргисга ҳам нуқул ёмон нарсалар ёқарди, Кафур эса буларга ўзича қарарди. Эрталаб бу ихчам жамоа икки ўрмончи ҳамроҳлигида катта ботқоқзор четида тўхтади. Ботқоқзор узра ажал тумани сузарди. У ҳар қандай жониворни тил торттирмай ўлдирарди. Аммо Албуфакийга у заррача таъсир қилмасди, туя хатарли тумандан ўпкасини тўлдириб чуқур-чуқур нафас олар, ўзини қушдай енгил ҳис этарди. Ўрмончилар аёлларга бу жойда тунамасликни айтиб, ёлвора бошладилар. “Тунаш! – деди Каратис. – Зўр гап! Мен ўзимга керакли нарсани тушимда кўриш учунгина шу ерда тунайман. Чўриларимга келсак, улар ўзларининг ягона кўзларини юмиш учун ортиқча ташвиш чекмайдилар”. Шўрлик чўрилар, булар қанақа одамлар ўзи, дегандай ағрайиб қараб турар эдилар, холос.
Туяда ўтирган Каратис ва занжи қизлар ерга тушишди, деярли қип-яланғоч бўлиб кийимларини ечдилар-да, ботқоқзор четидаги тиззадан келадиган заҳарли ўт-ўланлар устига ўзларини отдилар. Қуёш аямай қиздирарди. Бу учала зот амир Фахриддин хонадони ва Истиҳорга сафар қилмоқчи бўлганларга қўлларидан келганча халақит берадиганлар учун мўлжалланганди. Куппа-кундузи қирғоқ бўйлаб чопиб юрган уч мудҳиш арвоҳ ўрмончиларнинг юрагини увуштириб юбормоқда эди. Уларнинг Албуфакий жамоасидан ҳам ҳафсалалари пир бўлаётганди. Айниқса, Каратис кун тиккага келиб, борлиқ оламни дўзахдай куйдира бошлаганда йўлга тушишни амр этганида, ўрмончиларнинг не аҳволга тушганини бир кўрсангиз эди. Бошқа ҳар қандай буйруқни рад этиш мумкин эди-ю, аммо бу галгисига ҳеч ким чурқ этиб оғиз очолмасди.
Албуфакий саҳрони жонидан яхши кўрарди ва ҳар гал қўналғадан дарак бериб пишқирганида Каратис уни ўзича эркалаб, юганини тортиб қўярди. Шу тариқа ўрмончилар сафарнинг охиригача туз тотмадилар. Уларга тангри ато этиб юборган қўй ва эчкилар бадбашара махлуқни кўришлари билан ура қочиб қолар эдилар. Каратис одатдаги таомларни емасди, балки ўзи ўйлаб топадиган ризқ-рўз билан озиқланар ва уни ўзининг суюкли гунг маҳрамлари билан баҳам кўрарди.
Тун чўкканда Албуфакий бирдан тўхтади ва ер тепиб қўйди. Унинг ишорасини билган Каратис шу яқин атрофда қабристон борлигини англади. Дарҳақиқат, ғира-шираликда узун девор ва ундаги Албуфакий бемалол кира оладиган баланд эшик кўриниб турарди. Шўрлик ўрмончилар уларнинг қазоси етганлигини сезишди ва итоаткорона Каратисдан уларни дафн этишни илтимос қилишди, чунки бундай ишлар Каратисга чўт эмас эди. Икки ҳамроҳ жонларини Худога топширишди. Наргис билан Кафур бу одамларнинг аҳмоқлигидан қотиб-қотиб кулишди ва қабристонни икки лаҳадга бойитишди. Қарашсаки, бу ердаги даҳмаларнинг кўриниши нақ кўзни қувонтиргудай. Тепалик ёнбағрида икки мингтача шундай даҳма қад кўтариб турарди. Ўзининг улуғвор фикру хаёли билан банд Каратиснинг кўзига ҳозир ҳар қандай мароқли манзара ҳам қувонч бағишлай олмасди, у ҳар бир ҳолатдан унумли фойдаланишни ўйлар эди, холос. Афтидан, деб дилидан ўтказди у, бундай қабристонга ғуллар тез-тез келиб турса керак. Ғулларнинг мияси бор, анови аҳмоқ икки йўлбошловчимдан маҳрум бўлгани боис, энди ғуллардан йўлни сўрайман, деб аҳд қилди. Уларни янги гўшт билан сийлаб кўнглини овлади. Сўнгра у бармоқлари ёрдамида Наргиз ва Кафурга бир нималарни англатди ва бориб даҳмаларни бир-бир чертиб кўринглар-чи, ичкаридан қандай жавоб бўларкин, деб амр этди.
Бу амрдан кўнгиллари чоғ бўлган ва ғуллар жамоаси билан бўладиган серзавқ улфатчиликка умид боғлаган ҳолда занжи қизлар виқор билан юриб кетишди ва бориб даҳмаларни бир-бир черта бошлашди. Уларга жавобан ер остидан қандайдир гувиллаган овоз қулоққа чалинди. Қум тепалик қимирлади ва янги мурдалар ҳидини олган ғуллар ҳавони ҳидлаганча чор-атрофни тимирскилай кетишди. Уларнинг барчаси Каратис ўтирган оқ мармар даҳма олдига тўпланди, у ерда шўрлик ўрмончининг жасади ётарди. Маликаи олия меҳмонларни ўта иззату икром билан кутиб олди. Овқатланиб, қоринларини тўйдириб олгач, иш ҳақида гаплаша бошладилар. Энди нима қилиши кераклиги дарҳол унга аён бўлди-қўйди ва вақтни зое қилмай йўлга тушишга қарор қилди. Ғуллар билан ишқий ўйинларга киришиб кетган занжи қизлар эса имо-ишоралар билан ҳеч бўлмаса тонггача сабр қилишни сўраб, Каратисга ёлворар эдилар. Аммо ўзи ҳиммат соҳибаси ва муҳаббат ва нафосатнинг ашаддий душмани бўлган Каратис уларнинг ялиниб-ёлворишларига қулоқ солмади. Шартта Албуфакийни минди-да, уларни ҳам тезроқ жойларини эгаллашга амр қилди. Улар бирон жойда тўхтамай тўрт кечаю тўрт кундуз йўл юрдилар. Бешинчи куни бир тоғни ошиб ўтиб, аллақандай чала ёниб битган ўрмонни кезиб чиқишди. Олтинчи куни эса ўғлининг ҳою ҳавас йўлидаги гумроҳликларини кўздан яшириб турган ҳашамдор пардага дуч келишди.
Қуёш чиқди, посбонлар ўз ўринларида беғаму бепарво хуррак отар эдилар. Албуфакийнинг япалоқ оёқлари тап-тупидан улар уйғониб кетишди. Аввалига бу зулмат салтанатидан чиқиб келган арвоҳлар деб ўйлаб, ўтакалари ёрилганча қочиб қолишди. Восиқ билан Нурониёр ҳовузда ўлтиришарди. Восиқ эртак тинглар ва эртак сўзлаётган Бобобалук устидан тинмай кулгани-кулган эди. Тан қўриқчиларнинг қичқириғидан кайфи учиб, у сувдан сакраб чиқди, бироқ келган Каратис эканини кўриб, дарров сувга қайтди. Ҳамон туяда ўтирган Каратис занжи қизлари билан яқинлашиб келди-да, ҳарир шойи пардаларни ва бошқа қимматбаҳо матоларни парча-буриш қилиб йиртиб ташлади. Иззат-нафси поймол этилган Нурониёр осмоний интиқом соати етиб келганини англади ва халифанинг пинжига маҳкамроқ суқилди. Иффату исмат пардасига чок тушмаган нигоҳи қаршисида бу манзарани кўрган Каратис ҳамон туяда ўлтирганча ғазаб ичида аёвсиз қарғана кетди. “Икки бошли, тўрт оёқли дарранда, – қичқирарди у, – бу қандай ўйин бўлди?! Қадимий султонларнинг салтанат асосини аллақандай шумтака қизга алишгани уялмадингми?! Мана шу жулдурвоқи жинқарча деб Ғайриддиннинг муборак ҳукмларидан аҳмоқларча юз ўгириб ўлтирибсанми?! Қимматли вақтларингни шунга сарфлаяпсанми? Сенга берган панду-насиҳатларим, илму амалларим натижаси шу бўлдими ҳали? Шунинг учун сафарга чиққанмидинг? Бу нодон қизни бағрингдан бўшат, ҳовузга чўктириб юбор-да, ортимдан юр”.
Аввалига азбаройи ғазабдан Восиқ Албуфакийнинг қорнини чавақлаб, занжи қизлар ва онасини унга тиқиб қўя қолсамми, деб ўйлади. Бироқ Ғайридин ва Истаҳор қалъаси, шамширу туморлар ҳақидаги сўзларни эшитиб, ақлини йиғди. У одоб билан, аммо жиддий тарзда онасига қараб шундай деди: “Эй даҳшатли аёл, амрингга бўйинсунгайман, аммо Нурониёрни чўктиролмайман. У шакар сепилган болдан ҳам тотлироқ, у қизил ёқутни, айниқса, Гиёмҳид қизил ёқутини жуда севади, ахир ўша ёқут унга аталган-ку. У биз билан кетади, зеро мен унинг Сулаймон саройидаги хобгоҳида ухлашини истайман. Усиз менга уйқу ҳаром”. – “Омадингни берсин!” – деб жавоб берди Каратис. У Албуфакийдан тушди-да, арқонни занжи қизларга тутқазди.
Ўлжасидан ажралишни истамаган Нурониёр бироз тинчланди ва мулойим оҳангда халифага деди: “Эй қалбимнинг азиз ҳукмдори, керак бўлса мен сиз учун Кўҳи Қофга ҳам, Афритлар мамлакатига ҳам боришга тайёрман, сиз учун онангиздан кейин дунёдаги энг олий зот бўлиб қолувчи Семурғ инига ҳам дохил бўлурмен”. – “Қойил, – деди Каратис. – Ёш бўлсанг ҳам ақлинг кўп нарсага етар экан”.
Бу тўғри ҳам эди, аммо ўзининг бир сўзлигига қарамай, Нурониёр гоҳо ўктам йигит Гулханрўз ҳақида эсламай туролмасди. У билан кечирган ишқ тўла кунлар ёдига тушиб, неча бор кўзига ёш тўлди, бу эса сезгир халифа нигоҳидан қочиб қутулолмади. Азбаройи қаттиқ соғинганидан у овозини чиқариб, “Э-вой, меҳрибон жигаргўшам, энди нима қилар экансан-а!” деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Буни эшитиб, Восиқнинг қовоғи солинди, Каратис эса дарҳол сўради: “Нега афтинг ўзгариб кетди? У нима деяпти?” Халифа жавоб берди: “Қиз нигоҳлари мунгли, соялари ипакдай силлиқ йигитчани эслаб бекорга оҳ тортмаяпти, у ўша йигитни севар эди”.
– Қаерда ўша йигит? – унинг сўзини бўлди Каратис. – Мен бу хушрўй йигит билан танишмоқчиман, кетиш олдидан, – деб қўшимча қилди У. – Ғайриддин билан ярашмоқчиман. Биринчи муҳаббатга мубтало бўлган боланинг юраги унинг учун энг тансиқ таом ҳисобланади”.
Ҳовуздан чиқиб, Восиқ Бобобалукка эркагу аёлларни, барча ҳарам аҳлини бир жойга тўплашни ва уч кундан кейин жўнаб кетишга тайёргарлик кўришни буюрди. Каратис чодирга кириб, танҳо ўзи қолди, у ерда уйқуда Ғайриддин билан қандай ярашиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетиши тушига кирди. Уйғонса, оёқ томонида Наргис билан Кафур турибди, имо-ишоралар билан улар Албуфакийни кўл бўйига олиб бориб қўйишганини, туя кўл соҳилидан заҳарли тўсларни иштаҳа билан ямлаб еяётганини, кўлда Самарро минорасидаги кўлдагидек зангори балиқлар борлигини тушунтиришди. “Шунақами, – деди Каратис, – унда мен ҳозироқ ўша ёққа боришим керак экан. Битта жоду билан бу балиқларни келажакда нималар бўлишини каромат қилишга мажбур этаман. Улар менга жуда кўп нарсалардан хабар беради ва мен сўзсиз қурбон қилмоқчи бўлган Гулханрўзнинг қаердалигини билиб оламан”. Шундай дея у ўзининг қора танли маҳрамлари билан йўлга тушди.
Ёмон ишлар тез амалга ошади, Каратис кўз очиб-юмгунча ўзининг занжи қизлари билан кўл бўйида пайдо бўлди. Улар ҳар доим ўзи билан олиб юрадиган дори-дармонларни ёқиб юборишди, қип-яланғоч бўлиб ечиндилар ва бўйинларидан сувга тушиб олдилар. Наргиз билан Кафур ёниқ машъалларни силкитиб туришди, Каратис эса жоду дуоларини замзама қилди. Балиқлар сувдан бошларини чиқарди, сузғичларини қаттиқ-қаттиқ силкитиб, сувни чайқатишди, жоду кучи остида оғизларини катта-катта очиб, баравар овозда шундай деди: “Биз думимиздан бошимизгача сенга содиқмиз, айт, биздан сенга нима керак?” – “Ҳой балиқлар, – деди Каратис, – ажойиб тангачаларингизни шафе келтириб онт ичаман, айтинг, жажжи Гулханрўз қаерда?” – “Анови қоянинг нариги томонида, маликам, – жавоб берди бир овоздан балиқлар, – жавобимиздан кўнглинг тўлдими? Ҳавода узоқ вақт оғзимизни очиб туролмаймиз”. – “Ҳа, – жавоб берди малика, – кўриб турибман, сизлар узоқ сўзлашга ўрганмагансизлар, гарчи кўнглимда ҳали кўплаб саволлар қалашиб ётса-да, менга ҳозирча шу ҳам кифоя”. Шу билан суҳбат тугади. Сув тинчланди ва балиқлар кўздан ғойиб бўлди.
Юрагидаги қабиҳ ўйлари заҳри билан тўла Каратис қояга тармашиб чиқди ва дарахтлар сояси тагидаги ювош Гулханрўзга кўзи тушди. Унинг олдида паканалар чўк тушиб ўтирганча дуолар ўқирди. Бу митти одамчалар мўмин-мусулмонларга нодўст зотларнинг яқинлашиб келаётганини ҳис этиш қобилиятига эга эдилар. Ўз-ўзидан аёнки, улар Каратисни ўша заҳоти сезишди. Каратис таққа тўхтади ва ўзича ўйлай бошлади: “У бошчасини шунақанги ювошлик билан эгиб олибдики! Менга худди шундай бола керак эди”. Миттивойлар унинг ширин хаёлини бўлиб, унга ташланишди ва кучларининг борича юмдалаб-тимдалай бошлашди. Наргиз ва Кафур дарҳол маликалари ҳимоясига ташланишди ва паканаларни шунақанги ғижимлаб ташлашдики, шўрликлар Муҳаммаддан бу ёвуз аёлдан ва унинг бутун наслидан ўч олишни илтижо қилганча жонларини худога топширишди.
Ғалати шовқин-сурондан Гулханрез уйғониб кетди-да, жон талвасасида сакради ва анжир бутасига чиқди, ундан қоя чўққисигача ўрмалаб борди-да, кучининг борича қочишга тушди. У болаларни севувчи ва ҳимоя қилувчи кекса Маъбуд қўлига беҳуш йиқилди. Бу Маъбуд коинотни кўздан кечираётиб ўзининг мудҳиш маъвосида жон аччиғида ўкираётган ёвуз Ғайриддин томон шошиб кетиб бормоқда эди. Восиқ унга ноқонуний тарзда қурбонлиқ қилган эллик нафар ёш болани Ғайриддин қўлидан тортиб олиб, омон сақлаб қолганди. Болаларни булутлардан юқорироқдаги масканларида парвариш қилар, ўзи эса ўлаксахўрлардан тортиб олган энг йирик уяда кун кечирарди.
Бу бехатар масканларни устига Аллоҳ ва Муҳаммаднинг номлари битилган яловлар девлар ва жинлардан қўриқлаб турарди. Ҳали ўзининг фоний дунёдаги умрининг тугаганига ишонч ҳосил қилмаган Гулханрез боқий оламга келиб қолдим деб ўйлади. У митти дўстларининг эркалашларидан заррача чўчимади. Барчалари муҳтарам Маъбуд ошиёнига тўпландилар-да, янги шерикларининг силлиқ манглайидан бир-бир ўпа кетишди. Заминдаги ташвишлардан, ҳарамдаги ифтиролардан, ахталарнинг совуқ қилиқларидан ва суюқоёқ хотинларнинг макрларидан холи бу жойда шериклари каби у ҳам бахтиёр эди. Уларнинг сокин жамоаларида ойлар, йиллар бир-бирини қувлаб ўтаверди. Ўткинчи бойликлар ва беҳуда манманлик ўрнига Маъбуд ўз шогирдларига абадий болалик хислатини сингдирмоқда эди.
Ўлжани қўлдан чиқариб ўрганмаган Каратис занжи қизларни қаттиқ ғазабга олди, кераксиз паканаларни ғижимлаб ўлдириш ўрнига улар болани тутишлари лозим эди. Жавраганича у водийга қайтди. Восиқ ўзининг соҳибжамол маъшуқаси билан уйқуни урар эди. Каратис ҳаммасига айбдор шулар деб ўғли ва Нурониёрнинг ҳам таъбини тирриқ қилиб ташлади. Сўнг ўзига-ўзи тасалли бериб, эртага Истиҳорга жўнайман, Ғайриддин ёрдамида Иблиснинг ўзи билан танишиб оламан, деб дилидан ўтказди. Аммо бандасининг эмас, худонинг хоҳлагани бўлади.
Кечга яқин маликаи олия ўзи ҳаммасидан яхши кўрадиган Дилорони ҳузурига чорлади ва у билан узоқ суҳбат қурди. Тўсатдан Бобобалук пайдо бўлди ва Самарро томонда осмонни аланга чулғаган, афтидан, қандайдир офат юз берган кўринади, деб хабар қилди. Ўша заҳоти Каратис устурлобини ва сеҳр-жоду ускуналарини қўлга олди, нималарнидир ҳисоб-китоб қилиб чиқди ва бахтга қарши Самаррода даҳшатли исён бўлганидан воқиф бўлди. Акасининг жабр-зулмини кучайтириб, халқнинг жонини ҳиқилдоғига келтирганидан фойдаланиб, Мутаваккил саройини эгаллади: Мароқандобод халифанинг қолган-қутган тарафдорларини олиб, ичига кириб яширинган қалъани қуршовга олибди. “Қандай қилиб?! – қичқириб юборди Каратис. – Ҳали мен қалъамдаман, энг асосийси, шунча меҳнатим сингган устахонамдан маҳрум бўлдимми?! Боз устига, нодон ўғлимнинг қўлидан бир иш келадими, йўқми, номаълум! Йўқ, мени лақиллатиб бўлишибди, ҳозироқ Мароқандободга ёрдамга бораман. Даҳшатли сеҳр-жодуларимиз билан ғаним устига михлар ва қизиган темирлар ёмғирини ёғдираман, илон ва наҳангларимни қўйиб юбораман, улар баланд қалъа тагида, очликдан қаҳр-ғазабга тўлиб туришибди. Қани, кўрамиз, буларга қандай кучи етаркин?” Шу сўзларни айтиб Каратис ўзининг ҳашамдор алвон чодирида Нурониёр билан бемалол ишрат қуриб ўтирган ўғлининг ҳузурига чопди. “Мешқорин, – деди у ўғли халифага, – агар мен ҳушёр бўлмаганимда хаял ўтмай одам қиймалари ҳукмдорига айланардик. Мўминларинг сенга берган ваъдаларини бузишди, уканг Мутаваккил тахтни эгаллаб олди ва ҳозир Чавкар От тепалигида ҳукмронлик қилиб турибди. Агар минорада менинг ёрдам беришга оз-моз қўр-қутим бўлмаганда у ҳали-вери ўлжасидан воз кечишни хаёлига ҳам келтирмаган бўларди. Бироқ вақтни исроф қилмаслик учун мен сенга икки оғиз гапни айтмоқчиман: чодирларни йиғиштир, шу бугун кечқуруноқ йўлга отлан ва ҳеч бир жойда арзимаган нарсага тўхтаб ўтирма. Гарчи муқаддас битиклардаги қоидаларни бузган бўлсанг-да, ҳали ҳам кеч эмас, зеро тан олишинг керак, берган нон-тузига миннатдорчилик билдириш ўрнига, сен амир Фахриддиннинг қизини йўлдан уриб, меҳмондорчилик қонунларига хилоф иш тутдинг. Бу қилиқлар Ғайриддинга жуда ёққан бўлса, ажаб эмас, агар йўлда сен кичик бир жиноятга қўл урсанг, ҳаммаси аъло анжом топади – сен Сулаймон саройига ғолибона кириб боргайсан. Хайр! Албуфакий ва занжи қизларим эшик тагида мени кутиб туришибди”.
Халифа онасининг барча гапларига бир оғиз ҳам жавоб айтолмади; оқ йўл тилаб қолди ва кечки овқатини ниҳоясига етказди. Ярим тунда карвон карнай-сурнай садолари остида йўлга чиқди. Аммо машшоқлар ҳарчанд чиранмасин, ноғоралар гумбури ортидан амир ва ақориблари фарёди қулоққа чалиниб турарди, уларнинг кўзларидан дув-дув ёш тўкилар, нечоғли қайғуларини билдириб, сочларини юлар эдилар. Мусиқа овози Нурониёрнинг ҳам дилини пора-пора қилмоқда эди, анча олислаб кетиб, ҳеч нарса эшитилмай қолгандан кейингина қизнинг юзига қизиллик югурди. У шоҳона тахтиравонда Халифа билан ёнбошлаб ётар, ҳадемай зўр тантанаю дабдабалар билан қарши олинишларини кўз олдиларига келтириб, ўзларича завқланишмоқда эдилар. Қолган аёллар ўз тахтиравонларида маъюс ўлтиришар, Дилоро эса Истиҳорнинг улуғвор айвонларида қандай қилиб оловга сиғинишни ўйлаб, сабр билан кутарди.
Тўрт кун деганда кўркам Руҳнобод водийсига кириб келишди. Баҳорнинг авж палласи эди; ярақлаган мовий осмон бетида чаппор уриб гуллаган бодом шохлари кўзни олиб жилва қилади. Сунбул ва жинғиллар қоплаган ердан хушбўй ҳид анқийди, бу ерда минглаб асаларилар ва қаландарлар истиқомат қиларди. Дарё бўйларида гоҳ асалари қутилари, гоҳ мўъжаз ибодатхоналар кўзга ташланарди, орқадаги баланд сарвларнинг тўқ яшил шохлари уларнинг софлиги ва оқлигини янада бўрттириб турарди. Художўй дарвешлар барпо этган чоққина боғлардаги мевали дарахтлар хилининг саноғи йўқ. Айниқса, Эронда энг аъло неъмат саналувчи мушк ҳидли қовунларни айтмайсизми! Айрим дарвешлар ўтлоқзорда қордай оппоқ товуслар ва мовий какликларга хўрак тутиб, завқланмоқда. Шоҳ карвонининг олдида борувчи суворий азбаройи тўлқинланганидан уларга қараб сўз қотди: “Ҳой руҳнободликлар, зилол чашмаларингиз қирғоғига тиз чўкиб тавоф қилинг, сиздан саховатли нурини аямаган фалакка шукроналар айтинг, зеро мана, Амиралмўъминин яқинлашиб келаяптилар!”
Зуҳду тақвога берилган бечора дарвешлар шоша-пиша масжидларда мум шамлар ёқа бошлашди, эман лавҳаларда Қуръони каримларни очиб қўйишди ва катта саватларга анжир, асал ва қовунлар солиб, халифага пешвоз чиқдилар. Карвон тантанавор, бир маромда одим ташлаб яқинлашиб келар экан, отлар, туялар, посбонлар лола ва шунга ўхшаш гулларни аёвсиз топтар эдилар. Дарвешлар бунга бефарқ қараб туролмасдилар, улар гоҳ янчилган гулларга ачиниш билан кўз ташлаб қўяр, гоҳ халифа ва осмонга қарар эдилар. Мўъжизали манзаралардан юраги ҳаяжонга тўлган Нурониёр Восиқдан тўхташни илтимос қилди. Бу ерлар болалигида юрагига маҳкам ўрнашиб қолган саҳроларни эсига солиб юборганди. Бироқ Ғайриддиннинг кўзига бу майда ибодатхоналар турар-жой бўлиб кўринмасин деган андишада халифа ўз мерганларига уларни бузиб ташлашни буюрди. Мулозимлар шоҳнинг бу тажовузкорона амрини адо этишга кириша бошлаганини кўриб, дарвешлар тахта бўлиб қолишди, улар қон-қон йиғлар эдилар, Восиқ эса ахталарига уларни ҳайдаб юборишни буюрди. Сўнг Нурониёр билан биргаликда халифа тахтиравонидан чиқиб келди ва улар ўтлоқзорни айланиб сайр қила бошлашди, бир-бирига гаплар отиб, гуллар теришди; бироқ вафодор муслималар каби асаларилар ўз дарвеш эгалари учун қасд олишга қарор қилдилар ва уларни шу қадар аёвсиз равишда чақиб талай кетдиларки, фақат тахтиравонларининг яқинлигигина Халифа ва ҳамроҳларининг жонига ора кирди.
Товус ва какликларнинг семизлиги Бобобалукнинг нигоҳидан қочиб қутулолмади ва у ўн-ўн беш паррандани тутиб, сихга тортишни буюрди. Улар кабобларни тановул қилар, қаҳ-қаҳ отиб кулар, қадаҳ уриштиришар, оғизларидан боди кириб, шоди чиқар эди. Шу топ Шерознинг муллалари, шайхлари, қозилари ва имомлари гулчамбарлар, тасмалар ва кумуш қўнғироқчалар билан безатилган эшакларда бу ерга келиб қолишди. Улар йўлда дарвешларга дуч келмаган кўринарди. Эшакларга мамлакатда энг аъло нарса борки, ҳаммасидан ортилган эди. Улар ўз совға-саломларини халифага тортиқ этар экан, шаҳар ва масжидларимизга келиб, қадамингиз ила бизни сарафроз этинг деб ялиниб-ёлворар эдилар. “Э йўқ, – деди уларга жавобан Восиқ, – мен бундай қилолмайман. Майли, совға-саломларингизни олганим бўлсин, энди мени тинч қўйинг, зеро мен васвасалар билан олишувга йўқроқман: аммо сиздек ҳурматли одамларнинг яёв қайтиб кетишингиз яхши эмас, лекин кўринишидан сизлар уловда юришга хийла нўноққа ўхшайсизлар, шунинг учун менинг ахталарим эҳтиёт юзасидан сизларни эшакларингизга боғлаб қўйишади, хусусан менга орқа ўгириб қолмасликларинг учун эшакка тескари миндириб қўйишади, улар одоб-ахлоқ нималигини яхши билишади-да”. Келганлар орасида журъатли шайхлар ҳам йўқ эмас эди, улар Восиқни жинни бўлиб қолган деган тўхтамга келишди ва буни очиқ-ойдин айтишди ҳам. Бобобалук уларни эгарга маҳкам қилиб боғлади, эшакларини тиканли бута билан савалаб ҳайдашди, эшаклар бир-бирига урилган, шаталоқ отган кўйи ҳаккалаб чопа кетди. Бу масхарали манзарани кўриб, халифа билан Нурониёр роса завқланишди. Чоллар эшак-пешаклари билан анҳорга қулаб, бири чўлоқланиб қолганини, бири қўлидан айрилганини, яна бири олдинги тишларини тўкиб олганини ва бундан-да бешбаттар ҳолатларга тушганини кўриб ичаклари узилгудек қотиб-қотиб кулишди.
Руҳнободдаги икки кун ана шундай ажойиб тарзда ўтди, элчихонадагилар ортиқ уларга халақит бермай қўйишганди. Учинчи куни йўлга чиқишди. Шероз ўнг томонда қолди, бепоён ялангликдан чиқишди, унинг уфқларидан Истиҳо тоғининг чўққилари қорайиб кўриниб турарди.
Севинчдан ўзларни йўқотган халифа ва Нурониёр шодон қичқирганча тахтиравондан отилиб чиқишди, уларнинг сўзларини эшитганлар ҳайратдан ёқа ушлашди: “Наҳотки, мунаввар ва мулавван саройга етиб келганимиз рост бўлса, – деб бир-биридан сўрар эди улар, – наҳотки, Шиддоддагидан ҳам кўркамроқ боғларга қадам қўяяпмиз?” Эҳ шўрлик бандалар! “Хом сут эмган” деб бекорга айтмайдилар-да. Қодир худонинг кароматлари сирини Унинг ўзидан бошқа ким билибди!”
Бу орада Восиқнинг хатти-ҳаракатларини яна бироз кузатиб турган эзгулик фаришталари еттинчи осмонга, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурига йўл олдилар ва унга шундай дедилар: “Шафқатли Расулиллоҳ, ўз ноибингизга ёрдам қўлингизни чўзинг, акс ҳолда у душманларимиз – девлар қўйган тузоққа тушиб, ҳалок бўлгай. Ғайриддин ерости жаҳаннамидаги даҳшатли саройда кутиб ўлтирибди. Борди-ю, у ўша саройга қадам босгудек бўлса, ноибингиздан абадий жудо бўламиз”. Муҳаммад алайҳиссалом қаҳр-ғазаб билан шундай жавоб берди: “Қилмиш-қидирмиш, дейдилар, шунга муносиб ишлар қилди. Лекин уни қутқариб қолиш учун мен сизларга охирги марта уриниб кўринишингизга рухсат бераман”.
Шу заҳотиёқ Жаброил алайҳиссалом ўта тақводор ва художўйлик билан мамлакатдаги барча дарвеш ва қаландарларнинг ҳурматини қозонган чўпон қиёфасига кирди. У унча катта бўлмаган бир тепалик ёнбошида ўлтириб олди, сал нарида оппоқ қўйлар суруви ўтлаб юрарди. Чўпон ҳеч кимга маълум бўлмаган аллақандай чолғуда куй чала кетди. Чалинган куй тўғри юракка тегар, кишида виждон азобини уйғотар, беҳуда хаёлларни миядан ҳайдар эди. Оҳангларнинг мазмундорлиги шу даражада эдики, ундан хижолат тортган қуёш булут остига беркинди, мўъжаз кўлнинг шаффоф суви қондек қип-қизил тусга кирди. Халифа карвонидаги барча кишилар беихтиёр тепалик томонга интила бошлашди. Ҳамма маъюс ҳолда кўзини ерга тикди, ҳаётда содир этган нохуш хатти-ҳаракатлари ва қилмишлари учун ўзларини койий бошлади. Дилоронинг юраги қинидан чиқаёзди, ахталар бошлиғи тушкун бир ҳолатда кўпинча ўз нафси аммораси учун қийнаган аёллардан кечирим сўрар эди.
Восиқ билан Нурониёр тахтиравонда ўлтириб, ранглари бўздай оқариб кетди, бир-бирига ўқрайиб қараганча ўтмишни эслаб кетишди; Восиқ – эндиликда интиқомини кутаётган кўпдан-кўп жиноятларини, ўзининг куфрона ва зўравонлик режаларини ёдга олса, Нурониёр – ўзининг бузилган оиласи ҳақида, хазон бўлган Гулханрўз ҳақида ўйларди. Нурониёр мана бу илоҳий оҳанглар орасидан падари бузрукворининг фарёдини эшитгандай бўлди, Восиқнинг қулоғига эса Ғайриддинга қурбон бўлган эллик нафар норастанинг чинқириқлари чалингандек бўлди. Барчаларини чўпон тобора ўзига тортмоқда эди. Унинг қиёфасида шундай бир жозиба акс этардики, Восиқ умрида биринчи марта хижолат ҳиссини туйди. Нурониёр ҳам қўллари билан юзини беркитиб олди. Куй тинди, Жаброил Халифага юзланиб шундай деди: “Парвардигор фуқарога ғамхўрлик қилишдек вазифангни топширган эй Тентак Шоҳ! Ўз вазифангни ана шундай адо этаяпсанми? Сен жиноятларни ҳаддан ошириб юбординг, энди эса ўч олишга ошиқасанми? Билсанг керак, мана бу тоғнинг нариги ёғида Иблис ва малъун девларнинг зулматли салтанати бор, баттол арвоҳ алдовларига учиб, ўзингни улар ихтиёрига топшириб қўйдинг! Сенга сўнгги марта ёрдам кўрсатишни таклиф этилмоқда, ботил ўй-фикрларингдан воз кечгин-да, Нурониёрни баданидан ҳамон тириклик ҳарорати кетмаган отасига қайтар, бошдан-оёқ ифлосликларга тўлиб-тошган миноранинг кулини кўкка совур, Каратиснинг гапига кирма, фуқароларга адолат қил, Пайғамбар элчиларини ҳурмат қил, намунали ҳаётинг билан барча адолатсизларнинг уруғини қурит, ҳою ҳавасларга, ишратларга берилиш ўрнига художўй аждодларинг қабри узра кўзёш тўкиб, тавба-тазаррулар айла! Қуёш юзини беркитган булутларни кўраяпсанми? Борди-ю, дилинг юмшамас экан, Парвардигор сенга мурувват қўлини бошқа чўзмагай”.
Қўрқув ва саросима ичида Восиқ илоҳий қудратни сезган чўпон оёғига ўзини ташламоқчи бўлди, бироқ ғурури ғолиб келдию бошини баланд кўтариб, унга ёмон ўқрайиб қаради. “Ким бўлсанг ҳам, нима бўлсанг ҳам, – деди у ўшшайиб, – бас қил! Беҳуда маслаҳатларингни бориб отангга бер. Сен ё менинг қулоғимга лағмон илмоқчисан, ё ўзинг ғирт аҳмоқсан. Борди-ю, сен айтгандай, менинг қилмишларим шунақа жиноят экан, майли, Парвардигоринг менга зиғирча шафқат қилмасин. Сенга ўхшаганларни зир титратишга етгулик қудрат соҳиби бўлишим учун дарё-дарё қонлар тўкдим. Мени ортга чекинади деб хомтама бўлма, мен барибир мақсадимга эришмай қўймайман ёки мен учун ҳаётидан ҳам, сенинг раҳм-шафқатингдан ҳам азиз кўрганимдан воз кечаман. Майли, қуёш чиқиб йўлимни ёритсин, менга барибир, бу йўл қаёққа олиб борса, ўша ёққа боришга азму қарор этганман”. Бу сўзларни эшитиб, Жаброил алайҳиссаломнинг ҳам вужуди титраб кетди, Восиқ эса ўзини Нурониёрнинг бағрига ташлади-да, йўлида давом этишга фармон берди.
Нима бўлганда ҳам Фаришта ўз вазифасини адо этди, ҳаммаси кўз очиб-юмгунча содир бўлди, яна қуёш чиқиб, олам нурга тўлди ва чўпон “аттанг-аттанг” деганча кўздан ғойиб бўлди. Бироқ фариштанинг илоҳий куйи Восиқ одамларининг кўпчилиги юрагига ўлтириб қолганди, улар ваҳима ичида бир-бирига қарар эдилар. Тун чўкиши билан ҳамма тарқаб кетди. Шоҳнинг кўплаб аъёнлари ичидан фақат ахталар бошлиғи, бир қанча ўта содиқ қулларгина қолганди. Бир томонда Дилоро бошчилигида у каби сеҳр-жодуларга сажда қилувчи бир тўда хотин-халаж турарди.
Ерости кучларни ўзига бўйсундиришга қаттиқ ишонган ва шунга бел боғлаган мағрур Халифа ҳозиргина содир этган қилмишидан пинагини ҳам бузмаётганди. Томирларидаги қон кўпиргандан-кўпириб, ҳеч ухлолмади, ўрдада ҳам одатдаги оромини йўқотиб, ўзини қўйгани жой тополмаётганди. Бетоқатликда Халифадан ҳам ўтиб тушаётган Нурониёр уни тинмай шоширар, минг хил нозу карашмалар билан ақлу ҳушидан тамом жудо қилишга уринарди. Қиз ўзини аллақачон Билқисдан ҳам қудратлироқ ҳисобламоқда ва тўрттала фаришта ҳам тиз чўкишини кўз олдига келтирмоқда эди. Шу тариқа улар ойдинда йўл юрдилар, йўл юрсалар ҳам мўл юрдилар, ниҳоят, узоқдан икки қоя кўринди, улар улкан дарвозанинг икки пештоқига ўхшарди, ундан нарида охири Истаҳор вайроналари билан тугайдиган чоққина водий кўзга ташланарди. Баланд тоғ чўққиларида шоҳларнинг сонсиз даҳмалари қўққайиб турарди, зимзиё тунда улар жуда ҳам ваҳимали кўринарди. Деярли бутунлай ташландиқ ҳолга келган икки шаҳарчадан ўтишди. Уларда бармоқ билан санарли мункиллаган чолларгина қолганди. Отлар ва тахтиравонларни кўриб, улар тиз чўкканча шундай дер эди: “Э худо, бизни олти ойдан бери дўзах азобига солиб келган арвоҳлар яна пайдо бўлдими? Э-воҳ, тоғ қаъридан келаётган мудҳиш шовқинлару жин-ажиналардан қўрқиб, шаҳар аҳолиси бизларни ташлаб кетди, биз жин-ажиналару дев-иблисларга емиш бўлиб қолдик!” Чолларнинг бу илтижою шикоятларига халифага бехосият аломатдай туюлиб кетди. У шўрлик чоллар устидан от ҳайдатиб, барини янчиб ташлади ва ниҳоят қора мармардан қилинган катта айвон тагига етиб келди. Шу ерда у ва Нурониёр тахтиравондан тушди. Юраклари дук-дук урган, кўзлари билан бир нарсани қидиргандек атрофга аланг-жаланг қилган ва вужудлари титраб-қақшаган ҳолда Ғайриддинни кута бошлашди, бироқ ундан дом-дарак йўқ эди. Ҳавода ва тоғларда ваҳимали сукунат ҳукм сурарди. Ойдинда учи булутларга бориб тақалган улкан устунлар катта айвонга соя ташлаб турарди. Нечталигини одам боласи билмайдиган бу мунгли маёқлар устида ҳеч қанақанги том ё бостирма йўқ эди, унинг ёши ер ёши билан бўйлашувчи равоқ ва кунгуралари кўршапалак ва бойўғлилар масканига айланган, улар инсон зотининг шарпасини сезишлари ҳамон шатир-шутур қилиб қанот қоққанча ва қўрқинчли овоз чиқариб қичқирганча кўздан яширинарди.
Қўрқувдан ранги кесак бўлиб қолган бош ахта олов ёқиб, ул-бул тамадди қилиб олайлик деб Восиққа худонинг зорини қилди. “Йўқ-йўқ, – жавоб берди Халифа кескин оҳангда, – бундай нарсаларни хаёлингга келтирма, жим ўлтир-да, фармойишларимни кут!” Шундай дея у қўлини Нурониёрга узатди. Катта зинапоядан бир-бир босиб юқорига чиқишди-да, улар мармар қопламали айвонда пайдо бўлишди. У биронта ҳам гиёҳ туртиб чиқмаган ойнадай силлиқ кўлга ўхшарди. Олийшон сарой харобалари олдида ўнгга қараб маёқлар саф тортган. Сарой деворлари турли тасвирлар билан қопланган. Тўғридан даҳшатли тарзда қанотларини кенг ёйган тасқаралар ва қоплонларга ўхшаш тўрт йиртқич ҳайкали кўзга ташланарди. Улардан сал нарида бу жойларни, айниқса, кўпроқ ёритиб турган ой нурида Ғайриддин шамширидаги хатларни эслатувчи ёзувларни фарқлаш мумкин эди. Уларнинг тинмай ўзгариб туриши ва араб тилида ёзилганлиги маълум бўлдики, халифа уни бемалол ўқий олади: “Восиқ, сен муқаддас битикдаги ҳукмларни адо этмадинг, бунинг учун сени изингга қайтарсам ҳам камлик қилар эди, аммо ёнингдаги қиз ва ваъда қилинган нарсани олиш учун қилган ишингни эътиборда тутиб, Иблис қаршингда ўз эшигини очишга ва сени ерости олов мухлислари қаторида қабул қилишга изн беради”.
Шу сўзларни ўқиши биланоқ айвон бориб туташган тоғ титраб кетди ва маёқлар сал бўлмаса унинг бошига ағдарилиб тушаёзди. Қоя қия очилди ва ичкарида мармар зина кўринди, афтидан, тубсиз чоҳга тушарди. Зинада Нурониёр тушида кўрганига ўхшаш иккита шам ёниб турарди, ундан чиқаётган кофурий тутун эшилиб-эшилиб кўкка ўрларди.
Бу манзарадан Фахриддиннинг қизи чўчимади – аксинча, унга жасорат бахш этди, у ой ва осмон билан хайрлашишни ҳам ўзига эп кўрмай ва тап тортмай мусаффо ҳавони тарк этди-да, жаҳаннамий ғубор уфуриб турган чоҳ қаърига томон одимлаб кетди. Ҳар иккала гумроҳ банда бошларини адл тутишганча шахдам юриб борарди. Машъалларнинг чароғон ёғдулари аро улар бир-бирига қараб тўймас ва улуғворликдан юраклари ғурур ва ҳаяжонга тўлган ҳолда ўзларини бамисоли илоҳий мавжудотдек ҳис этмоқда эдилар. Фақат зиналарнинг охири кўринмаётганигина уларни бироз ташвишга солмоқда эди. Азбаройи бетоқатликдан ҳамда иштиёқнинг зўридан улар шунчалик тез одимлай бошлашдики, кўп ўтмай уларнинг юриши тубсиз чоҳга ўқдай учиб тушишга ўхшаб кетди. Ниҳоят, катта эман пештоқи олдига етганда улар тўхташди, Халифа уни дарров таниди, олтин калити билан Ғайриддин уларни шу ерда кутмоқда эди. “Хуш келибсизлар, – деди у нохушгина табассум билан, – ўз гумашталари билан Муҳаммад пушаймон ўтида қоврилгай, ҳозир мен сизларни бу саройдаги муносиб ўрнингизга олиб бораман”. Шундай дея у калитини сиркор қулфга солди ва ўша заҳоти эшикнинг ҳар иккала тавақаси ёзги момақалдироқдай гумбурлаб очилди, улар ўзларини ичкарига олишлари ҳамон яна ўшандай шовқин билан ёпилди.
Халифа ва Нурониёр бир-бирига ҳайрат билан қараб қўйишди. Гарчи улар турган хона гумбаздор бўлса-да, аввалига у шу қадар кенг ва баланд кўриндики, гўё улар кенг даладан чиқиб қолгандай туюлди. Кўзлари нарсаларни бир-биридан ажрата бошлагандан кейин эса қаршиларида устунлар саф тортганини, тепаси қуббадор эканини кўришди. Юқорига чиққан сайин қуббалар торайиб-торайиб ингичкалашарди-да, охири сўнгги нурларини денгиз узра ташлаган қуёш кўринишидаги бир ялтироқ нуқтага бориб тақаларди. Олтин кукунлари ва заъфарон тўшалган ердан шунақанги аччиқ ҳид анқирдики, уларнинг боши айланиб кетди. Улар олға қараб юриб кетишди. Кўзлари олтингугурт, мушк-анбар ва сабур тўлдирилган кўплаб ҳуққадонларга тушди. Ҳаддан ташқари кўп эркагу аёл жин ва ажиналар тўла-тўда бўлиб ишва-нозлар ила рақс тушар, аллақаёқдан – пастдан мусиқа садоси янграрди.
Бу улкан таноби уйда ўнг қўлларини юраклари устига қўйганча яна кўплаб эркагу аёллар айланиб юрар эди. Улар ўзлари билан ўзлари андармондай чуқур сукут сақлардилар. Уларнинг барчаси ўликдай оппоқ, ичига чуқур ботган кўзларида тунлари қабристонда кўринувчи фосфорга ўхшаш нур милтилларди. Улар чуқур хаёлга толганча кезинар эдилар; бошқа бирлари эса қутурган итдай ўзини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ташлар, бамисоли ўқ еган шердай бўкирарди. Гарчи улар бутун бир оломонни ташкил этган бўлса ҳам ҳеч бир-бирига илакишмасди, гўё ўзидан бошқа ҳеч бир жонзот йўқдай бошлари оққан томонга сандироқлаб кетаверарди.
Бу машъум издиҳомни кўриб Восиқ билан Нурониёр даҳшатдан баданлари жунжикиб кетди. Улар Ғайриддиндан, бу нима ўзи, нима учун саёқ арвоҳлар мудом ўнг қўлларини юракларига қўйиб юради, деб қайта-қайта сўрашди. “Бу ўйлашга ҳам арзимайди, – силтаб жавоб берди Ғайридин, – ҳозир ўзларинг билиб олаверасанлар, аввал тезроқ Иблисни кўришимиз керак”. Шундан сўнг улар оломонни ёриб илгарилаб кетишди, бироқ кўп ўтмай уларнинг олдинги дадиллигига путур етди, энди таноби уй ва хоналарнинг тўридаги манзараларга қизиқмай қўйишди. Олд томони ҳам ўнг, ҳам чап томонга қараган уй ва хоналарда машъалалар порлар, кўмир ғарамларидан кўтарилаётган қип-қизил ҳовур шифтларгача етиб бормоқда эди. Ниҳоят, ҳашамдор зардўзи дарпардалар ҳар томондан ўта тартибсиз ҳолда тушириб қўйилган жойга етиб келишди. Бу ерда куй янграмас, ҳеч ким рақс тушмас эди, ёруғ ҳам афтидан бу ерга аллақандай узоқлардан келаётганди.
Восиқ билан Нурониёр дарпардаларни суриб, қоплон терилари тўшалган кенг зиёратгоҳга кириб келишди. Узун соқолли кўплаб чоллар, Афритлар тиш-тирноқлари билан қуролланган бўлиб, тахт пойида тиз чўкиб турар, тахт устидаги улкан олов гардиши узра Иблис савлат тўкиб ўтирарди. У йигирма яшар йигитга ўхшарди, нур балққан кўркам чеҳраси нопок ғуборлардан хиёл бўзаргандай эди. Катта-катта кўзларида ғазаб ва манманлик акс этарди, тўлқинсимон сочлари эса уни тубан кетган Нур Фариштасига ўхшатиб турарди. Нозиккина, аммо чақмоқлардан қорайган қўлида у мис асо тутган бўлиб, унинг қаршисида ёвуз Уранбод дейсизми, Афритлар дейсизми, хуллас, барча жаҳолат ва қабоҳат соҳиблари зир титрар эди.
Халифа ўзини йўқотиб қўйди ва тиз чўкди. Ҳаяжонга тушганига қарамай Нурониёр Иблиснинг жамолига маҳлиё бўлиб қолди; у уни жуда ҳам хунук бир махлуқ бўлса керак, деб ўйлаганди-да. Майин, аммо юракка ғусса солгувчи бир оҳангда Иблис меҳмонларга қараб деди: “Ҳой тупроқ фарзандлари, мен сизларни ўз салтанатимга қабул қилгайман. Сизлар менинг мухлисларим сирасига киргайсизлар, саройда нимаики кўриб турган бўлсангиз, барчаси энди сизники – бунда энг қадимги фиръавнларнинг хазиналари, сеҳрли шамширлар, афсунли туморлар бор, улар девларни сизлар учун Кўҳи Қофдаги ерости кошоналари эшигини очишга даъват этади. У ерда сиз нафси амморангизни қониқтириши мумкин бўлган ҳамма нарсага эга бўласиз. Сиз Аҳраман қалъасига, Аржин саройига қадамранжида қиласиз. У ерда Одам Ато замонигача ёруғ оламда истиқомат қилган хилма-хил даррандаю паррандалар тасвирини томоша қиласиз”.
Бу гапларни эшитиб, Восиқ билан Нурониёр сал ўзларига келишди. Улар жонланиб, Ғайриддинга дейишди: “Қимматбаҳо туморларни тезроқ кўрсатсанг-чи!” – “Кетдик, – жавобан деди ёвуз дев ғаддорона мийиғида кулиб, – сизлар ҳукмдор ваъда қилгандан ҳам кўпроқ бисотга эга бўлғайсизлар”. Ғайриддин уларни ибодатгоҳга олиб борадиган узун йўлакдан бошлаб кетди. У олдинда катта-катта одимлар ташлаб борар, бечора меҳмонлар ўзларида йўқ хурсанд ҳолда унинг ортидан изма-из кетмоқда эдилар. Баланд қуббали кенг таноби уйга киришди, унинг гир айланасида эллик бринч эшик бўлиб, барчаси пўлат занжирлар билан ёпиб қўйилганди. Бу ерда маҳзун қоронғулик ҳукм сурарди, чиримайдиган обнус токчаларда бир вақтлар ер юзига ҳукмронлик қилган энг қадимги машҳур шоҳларнинг қотирилган жасадлари териб қўйилганди. Улар ўзларининг ночорликларини ҳис қилишлари учун ҳамон баданларида қилча жон сақланиб қолганди. Уларнинг кўзлари ҳамон ғамгин қараб турар, ўнг қўлларини юраклари устига қўйганча бир-бирига маҳзун назар ташлашарди. Оёқларида уларнинг тахт сўраганлари, қудрати, фахр-ғурурию жиноятларидан хабар берувчи хатлар битилганди. Сулаймон Раъд, Сулаймон Даққи ва Жиян-бин-Жиян лақабли Сулаймон, девларни Кўҳи Қоф ғорларидаги зиндонларга қамаб қўйган ва Биру Борнинг мавжудлигига мункир келган манман ва қайсар султонлар алоҳида саф тортиб турар эдилар. Аммо улардан ҳам юқорироқда Сулаймон Бин Довуднинг бир ўзи жой олганди.
Ўз донолиги билан шуҳрат топган бу шоҳ бошқалардан кўра кўпроқ умр кечиргандек эди, ҳолбуки, у ҳам бошқалардек вақти-вақти билан ўнг қўлини юраги устига қўйиб, чуқур-чуқур хўрсинар, юзи хотиржамроқ кўринар, афтидан, эшиклардан бирининг панжараси оралиғидан кўриниб турган қора шаршара шовқинига қулоқ тутарди. Дарвоқе, бу овлоқ ердан сукунатни фақат шу шаршара шовқинигина бузиб турарди. Тахт теварагида талай мис идишлар териб қўйилганди. “Бу тилсим хазиналар қопқаларини оч, – деди Ғайриддин Восиққа, – уларнинг ичидан туморларни суғуриб ол, улар сенга мана бу бринч эшикларни очиб беради ва сен у ердаги ёпиқ хазиналар соҳибига ва уларни қўриқловчи Руҳлар ҳукмдорига айланасан”.
Бу мудҳиш тайёргарликлардан эзилиб кетган халифа оёғи тортмайгина идишлар олдига борди ва дафъатан ўлик деб ўйлаган Сулаймоннинг вой-войлаганини эшитиб, тахта бўлиб қолди. Пайғамбар ўзининг кўкимтир лабларини қимирлатиб аниқ-таниқ шу сўзларни айтди: “Мен дабдабали тахтда ўлтирган эдим. Менинг ўнг қўлимда ўн икки минг олтин курси бўларди, уларда саҳобалар ва пайғамбарлар панд-насиҳатларини тинглар эдим, чап қўлимда худди ўша миқдордаги курсида донишмандлар ва олимлар адолат ишларини юргизганида иштирок этар эдим. Шу тариқа мен сон-саноқсиз фуқароларимнинг шикоят ва аризаларини кўриб чиқар эдим, мени офтобдан ҳимоя қилиб, қушлар булут сингари бошим узра чарх уриб айланиб турар эди. Фуқароларим дориламон эди, саройларим қадди кўкка етарди, мен бунёд этган ибодатхона ёруғ оламнинг етти мўъжизасидан биттаси саналарди. Аммо мен аёлларга қаттиқ берилиб кетдим, бу қизиқишларим ойдиндаги машғулотлар билангина чегараланиб қолмасди. Мен Аҳраманнинг ва Фиръавн қизининг маслаҳатларига кирдим, оловга ва осмон ёритқичларига сиғиндим; муқаддас шаҳарни ташлаб кетдим-да, тўрт Фариштага муҳташам Истаҳор саройларини ва маёқлар айвонини тиклашни буюрдим. Маёқларнинг ҳар бири муайян бир юлдузга бағишланган. Мен у ерда бутун вужудим билан тожу тахт нашъасини сурдим. Нафақат одамлар, балки тўрт Фаришта ҳам мени бўйсундирди. Орасида мен ётган мана бу бадбахт шоҳлар қандай қилиб фалак интиқомидан қутулиб қолишган экан, қандай қилиб ногаҳоний чақмоқ менинг биноларимни кунфаякун қилдию мана бу ерга нозил этди – шулар ҳақида ўйга толаман. Аммо бошқалар каби мен ҳам умидимни узганим йўқ. Нур фариштаси менга хабар бердики, бегуноҳ ёшлик йилларимдаги савобли ишларим туфайли томчиларини санаб ўтирганим мана бу шаршара тугаганда азобларим ниҳоясига етади. Аммо ўша саодатли он қачон етиб келаркин? Мен изтиробдаман, шафқатсиз олов юрагимни аямай куйдираяпти!”
Шу сўзларни айтиб, Сулаймон илтижо билан қўлларини осмонга кўтарди ва халифа унинг кўкраги шаффоф шишадан эканини, унинг ичида юрак ловиллаб ёниб турганини кўрди. Даҳшатдан Нурониёр Восиқнинг қўлига йиқилди. “Оҳ, Ғайриддин! – нидо солди бетавфиқ ҳукмдор, – сен бизни қаерга олиб келдинг? Бизни бу ердан чиқариб юбор, менга ҳеч нарса керакмас! О Муҳаммад! Наҳотки, биздан зиғирча мурувватингни дариғ тутгайсан?!” – “Йўқ, у сенга энди мурувват қилмайди, – деб жавоб берди маккор дев, – билиб қўй, бу ер умидсизлик ва интиқом жойидир. Иблиснинг барча муридлари юраги каби сенинг ҳам юрагинг чўғдай ловуллаб ёнгай. Мудҳиш охиратингга саноқли кунлар қолди, бу кунлардан сен унумли фойдаланиб қол. Олтин уюмлари устида тўйиб ухла, жаҳаннамий кучларим билан ҳукм юргиз, бу чексиз-чегарасиз ерости йўлларида кўнглинг хоҳлаганча сайр қил, барча эшиклар сен учун ланг очилғусидир. Менга келганда эса, мен ўз вазифамни бажариб бўлдим ва сени энди менинг ўзимга топшираман”. Шу сўзларни айтиб бўлиб у кўздан ғойиб бўлди.
Халифа ва Нурониёр аросатда қолди, ўзларини ҳўнграб йиғлаб юборишдан базўр тутиб туришарди; охири бир-бирининг қўлидан ушлашди-да, битта-битта босиб зулматли уйдан чиқишди, қаёққа боришни, дардларини кимга айтишни на у биларди, на бу. Улар яқинлашишлари ҳамон барча эшиклар очилиб кетарди. Девлар уларнинг оёғига йиқилар, кўз ўнгларида тоғ-тоғ бойликлар намоён бўларди, аммо ҳар икковида ҳам на бойликка ҳавас, на яшашдан фахр, на бировга ҳасад туйғуси қолганди. Иккаласи ҳам жинларнинг жўрликда айтаётган қўшиқларини лоқайдлик билан тинглар ва тўрт томондан пайдо бўлаётган таомларни томоша қилар эдилар. Улар ҳеч бир мақсадсиз у таноби уйдан бу таноби уйга, у хонадан бу хонага ўтар, тубсизлик узра муаллақ турган йўлакларни кезинишарди. Ҳамма жойда ўша дабдабаю асъаса, ўша яримжон мавжудоту махлуқот. Уларнинг барчаси бир дақиқалик бўлса ҳам орому осойиш истар, аммо истаклари сира амалга ошмас эди. Зеро барчаларининг кўксидаги олов чулғаб турган юраклари асло тинчлик бермасди. Гўё нигоҳлари билан бир-бирига: “Сен мени алдадинг, мени бузуқ йўлга сен бошлаб кирдинг”, деяётган бу икки бадбахт бандадан улар ўзларини олиб қочар, ғуссага тўлган кўйи ўзларининг ҳам навбати етиб келишини кутганча бир чеккада туришарди.
“Ё алҳазар! – деди Нурониёр, – наҳотки қўлларимни сенинг қўлларингдан оладиган вақт етиб келган бўлса?” – “Оҳ, – деди Восиқ, – менинг нигоҳларим илгаригидек сенинг нигоҳларингдаги иштиёқ ўтларини кўрмаяптими? Биргаликда кечирган бахтли дақиқалар энди менга бало-қазолардан дарак бераяптими? Йўқ, бу жирканч жойга мени сен олиб кирмадинг, онам Каратиснинг мурдор тарбияси олиб кирди! У менинг ёшлигимни барбод этди, ҳалокатимизнинг сабабчиси у бўлади. Ҳа, нима бўлганда ҳам у биз билан биргаликда азоб чекишга маҳкум бўлмоғи керак!” Бу аламнок сўзларни айтиб у кўмир қалаётган Афритни чақирди ва Самарродаги қасрдан малика Каратисни топиб, бу ерга олиб келишни буюрди.
Сўнгра улар йўлак охиридан суҳбатлашган овозни эшитмагунларига қадар гунг ва лол оломон орасидан йўлларида давом этдилар. Булар ҳам ўзлари каби шўрликлар эканини, устларидан ҳали ҳукми олий чиқмаганини тахмин қилганча товуш келаётган томонга йўл олишди. Овозлар камбаргина чорси хонадан чиқмоқда эди, у ердаги суфада кўринишлари кўркам тўрт йигит ва чиройли аёл ўтирарди. Чироқнинг ғира-шира ёғдусида улар ғамгин гаплашишарди. Уларнинг барчаси тунд ва тушкин ҳолда бўлиб, иккитаси бир-бирини қучоқлар эди. Сўнг ичида энг мўътабари бўлиб кўринган биттаси Халифага мурожаат қилди: “Ҳой мусофир, сен ҳам биз каби даҳшатли онни кутаяпсан, шекилли? Чунки ўнг қўлингни ҳам юрагинг устига қўймабсан. Борди-ю, жазо соатлари бошлангунича қолган машъум вақтни биз билан бирга ўтказгани келган бўлсанг сени бу худонинг қарғиши теккан жойга олиб келган саргузаштинг ҳақида ҳикоя қилиб бер. Биз жон-жон деб тинглар эдик. Гарчи энди тавба-тазарру қилишга ғоят кеч бўлса-да, жиноятларимизни эслаш ва қайтадан ҳис этиш биздек бадбахтлар учун қолган яккаю ягона эрмак эрур”.
Халифа ва Нурониёр бу таклифга рози бўлишди ва Восиқ ҳеч бир иккиланмай бошидан ўтганларни холисанилло сўзлай бошлади. У оғир ҳикоясини тугатганда у билан гаплашган йигит навбати билан қуйидаги қиссаларни ҳикоя қила бошлади:
Ерости қасрига қамаб қўйилган икки дўст шаҳзодалар Алазий ва Фиру қиссаси.
Ерости қасрига қамаб қўйилган шаҳзода Калила ва малика Зулқайс қиссаси.
Учинчи шаҳзода қиссасининг ярмига етганида бирдан гумбурлаган овоз чиқиб, ерости қаср гумбази титраб кетди ва қия очилди. Булут бироз тарқаб, Афритни миниб олган Каратис пайдо бўлди. Шўрлик Африт юкининг оғирлигидан тинмай ихрар эди. Маликаи олия ерга сакраб тушди-да, ўғлининг олдига келиб деди: “Бу ажинадай хонада нима қилиб ўтирибсан? Девларнинг гапингга қулоқ солаётганини кўриб, сени энг қадимги шоҳлар тахтида ўлтирибсан деб ўйлабман”.
“Ифлос хотин! – жавоб берди халифа, – сен мени дунёга келтирган кунингга лаънатлар бўлсин! Анови Афритнинг ортидан бор, у сени Сулаймон пайғамбар саройига олиб боради, у ерда сен ер-кўкка сиғдирмай мақтаган сарой аслида қанақалигини ўз кўзинг билан кўрасан. Сен менга берган таълимингга қандай лаънатлар ўқишим кераклигидан ҳам воқиф бўласан!” – “Сен тахтга эришибсан-у, севинчдан ақлингни йўқотиб қўйибсан, – эътироз билдирди Каратис. – Сулаймон пайғамбар бизни иззату икром қилишдан ўзга нарсани истамайман. Дарвоқе, билиб қўй, Афритнинг айтишича, на мен, на сен Самаррога қайта олар эканмиз. Мен ишларимни бир ёқли қилиб олишимга рухсат беришини сўраган эдим, у бажонидил бу илтимосимни бажо келтирди. Мен фурсатни қўлдан бой бермадим: минорамизнинг кулини кўкка совурдим, гунглар, занжи қизлар, газандаю илонларни тириклай ўтга ёқдим, ҳолбуки, улар менга ҳалол хизмат қилган эдилар. Агар мени Мутаваккил билан айирбош қилмаганида вазирни ҳам шу кўйга солган бўлар эдим. Аҳмоқлик қилиб Самаррога қайтиб келган ва хотинларингга эрлар топиб берган Бобобалукка келсак, вақтим бўлганида уни чексиз қийноқларга солган бўлардим, лекин вақтим зиқ эди, аёлларга хос макр-ҳийла билан уни ўзимга оғдириб олдим-да, уни осиб ўлдиришни амр этиб қўяқолдим. Менинг фармоним билан занжи қизлар хотинларни тириклайин ерга кўмдилар, ҳаётларининг сўнгги дақиқаларида занжи қизлар кўнгилларини чоғ қилганлари қолди. Дилорога келсак, у менга ҳар доим ёқарди, бу ерга келиб у ғоятда оқилона иш қилди, энди сеҳр-жоду илмини ўрганишга бел боғлаган. Унинг яқинда ўз одамимизга айланишига ишончим комил”. Бу гапларга қарши лаънату қарғишлар ўқишга Восиқнинг ҳол-жони қолмаганди. У Афритга Каратисни олиб кетишини айтди ва ҳамроҳлари бузишга журъат этмаган сукунат қўйнида чуқур ўйга толди.
Бу орада Каратис ўқдай учиб Сулаймон қасрига ўтди ва Пайғамбарнинг оҳ-воҳларига эътибор бермай, хумлар устидаги чойшабларни силтаб тортди-да, туморларни ўзиники қилиб олди. Кейин шунақанги қаттиқ чийилладики, бу ерда ҳали бунақасини ҳеч ким ва ҳеч қачон эшитмаганди. У девларга яхшилаб яшириб қўйилган, ҳатто Афритнинг ўзи ҳам кўрмаган энг чуқурликдаги хазиналарни кўрсатасанлар, деб туриб олди. У фақат Иблис ва унинг яқинларигагина маълум бўлган тик айланма зиналардан пастга тушди ва туморлар сеҳри ёрдамида ернинг ажалнинг совуқ шамоли эсиб турган энг чуқур қаъригача ёриб кирди. Унинг тиниб-тинчимас юраги ҳеч нарсани назар-писанд қилмас эди. Бироқ ўнг қўлини юраги устига қўйиб турганларнинг барчасида у ўзига ёқмайдиган ғалати нарсани сезиб қолди.
У бир жарликдан чиқиб келганида, қаршисида Иблис турарди. Унинг важоҳати чатоқлигини кўрса ҳам аёл ўзини йўқотмади ва ғоятда тавозе билан унга салом берди. Иблис такаббурона унга шундай жавоб қайтарди: “Эй билим ва жиноятлари мамлакатимда юксак қадрланувчи малика! Қолган бўш вақтдан қандай фойдаланишни сен яхши биласан: кўп ўтмай олов ва қийноқлар юрагингни эгаллаб олгай ва сени дурустгина ташвишга солгай”. Шу сўзларни айтиб у ўз қароргоҳи пардаси ортига яширинди.
Каратис бироз тараддудланди, бироқ охиригача дадил боришга ва Иблис маслаҳатига риоя қилишга қарор этиб, унга бўлган ҳурмат-эҳтироми ва садоқатини яна бир карра билдириб қўйишлари учун барча жин ва девларни бир жойга тўплади. Кўпчилиги таниш бўлган барча ёвуз руҳларнинг шодон қийқириғи остида ана шу тариқа тантанавор юриб борар эди. Улар ҳатто Сулаймон мухлисларидан бирини тахтдан суриб ташлаб, ўрнига ўлтирмоқчи ҳам бўлган эди, бироқ тўсатдан ажал чоҳи ичидан: “Тамом бўлди!” деган овоз янгради. Ўша заҳоти жасоратли маликанинг мағрур манглайини ўлим ажинлари қоплади, у аянчли қичқирди ва юраги ланғиллаб турган чўққа айланди: у чўққа қўлини қўйди-да, бошқа ундан ажратиб ололмади.
Жазавага тушган, иззати нафсни қондириш йўлидаги ниятлари ва бандалари етишуви қийин билимларга бўлган ташналикни унутиб, жинлар унинг оёғи остига келтириб қўйган совға-саломларни тепиб юборди. Уни ёруғ дунёга келтирган соат ва унга оқ сут берган сийнага лаънатлар ўқиб, орқа-олдига қарамай қочишга тушди.
Тахминан айни шу вақтда ўша овоз Халифа, Нурониёр, тўрттала шаҳзода ва малика устидан машъум ҳукмини эълон қилди. Уларнинг юраклари лахча чўққа айланди ва улар фалак эҳсонлари ичида энг қимматли ҳисоблангани умиддан маҳрум бўлдилар! Шўрликлар бир-биридан абадий жудо бўлиб, энди бир-бирига нуқул қаҳрли нигоҳ ташлар эдилар, холос. Восиқ қизнинг кўзида қаҳру ғазаб ва интиқом ўтини кўрса, Нурониёр унинг кўзида нафрат ва тушкунликни кўрар эди. Ҳамон бир-бирини меҳр билан қучиб турган икки дўст шаҳзода афсус-надоматлар ила ҳар томонга тарқаб кетди. Калила ва синглиси бир-бирини қарғагани-қарғаган эди. Бошқа икки шаҳзоданинг даҳшатли тусда талвасага тушиши ва юракни ларзага солиб оҳ-фарёдлар чекиши шундан далолат берар эдики, улар бир-бирларини кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ. Барчалари даҳрийлар жамоасидан жой олиб, абадий азоб-уқубатлар гирдобига ғарқ бўлдилар.
Нафси амморасига эрк берганлик ва зулму ситамларни авж олдирганлик учун шундай жазо берилиши керак ва шундай бўлиб келган ҳам. Инсонни билиш учун Яратган ҳукм қилган қоидалар доирасидан чиқиб кетишга уринган кўр-кўрона қизиқишнинг жазоси ана шундай. Олий мавжудотлар учун ато этилмиш билимларни қўлга киритишни истовчи ва бандасининг чекига итоатли ва мўмин бўлиш вазифаси тушганини англамай, нуқул телбаларча мағрурлик қурбони бўлган мутакаббирнинг жазоси ана шундай.
Худди шундайин, халифа Восиқ ҳам ортиқча дабдабаю ўзига муносиб бўлмаган ҳокимият кетидан қувиб, кўплаб жиноятларга қўл урди ва юзи қора бўлди. Виждон азобидек абадий қутулмас балога гирифтор бўлди. Итоатли, мўмин Гулханрўз эса муроду мақсадига етди.
Манба: “Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 2-сон
Vilyam Bekford. Vatek yoxud xalifa Vosiq qissasi (Lotin alifbosida)