Нозима бу йигитнинг нимасини яхши кўриб қолган, ўзи ҳам билмайди. Агар табиатимиз яқин, деса, сира бунақа эмас…
Анвар Намозов
ИККИ ҲИКОЯ
Анвар Намозов Бойсунда туғилган. 1993 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тугатган. Талабалик давридаёқ унинг ижод намуналари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Оила ва жамият” газеталарида чоп этилган. “Зарафшон”, “Даракчи” газеталарида ишлаган. Бир талай мақолалари ва бадиий ижод намуналари “Ҳуррият”, “Моҳият”, “Бекажон”, “Парвона” ва бошқа вақтли матбуот нашларида ҳам эълон қилинган.
БАХТ НИМАДА?
Йигитнинг гапларини эшитиб, қиз машҳур қаҳрамон Ўткурийни эслади. Кулгиси қистади. “Кўз очиб кўрганим сизсиз, ишонинг” эмиш! Наҳотки шунчалик ёлғон гапириш мумкин бўлса? Қойил қойил қолиш керак. Ёки ҳаммаси бошқачамикан? Эргаш Зулфия Сокинанинг дугонаси эканлигини билмаслиги мумкинми? У шунчалик туллак ёки шу қадар содда, гўл!..
— Гапларингиз тугадими? — деб сўради Зулфия бетоқатланиб.
— Менга қолса, сизга айтадиган гапларим сира тугамайди, Зулфияхон, — яна вайсади Эргаш. — Биламан, менга ишонмаяпсиз. Қани эди, шундай бир ускуна бўлса-ю, юрагингдагини мониторда яққол кўрсатиб турса! Ўшанда, эҳтимол, менинг гапларимга ишонар эдингиз. Юрагимда сизнинг исмингиз ўйиб ёзилганига амин бўлардингиз. Шундан кейин сизни тўй қилиб олиб кетар эдим.
— О-о-о! — қиз кулиб юборди. — Иштаҳангиз карнай-ку!.. Менга қаранг, ростини айтинг, нечта қизни севасиз?
Эргаш бор кучини тўплагандек, ишонч билан деди:
— Фақат сизни!
Зулфия яна кулиб юборди. Кейин бошини сарак-сарак қилиб деди:
— Қойил! Ўткурийнинг нақ ўзисиз!
Йигит ҳайрон бўлди:
— Қанақа Ўткурий?
— Сиз ўзи адабиётдан хабардормисиз? — кесатди Зулфия. — Ҳеч бўлмаса, телевизор кўриб турасизми? Шунақа қаҳрамон бор, қизларни алдаб кетадиган.
Эргаш астойдил ранжиди:
— Бу нима деганингиз?
— Ўзингизни оппоқ қилиб кўрсатманг. Сокинага ҳам худди шу тарзда севги изҳор қилганмисиз?
— Ним-м-м-а? — йигит тутилиб қолди.
— Эшитганингиз, — жавоб берди қиз унга қаттиқ тикилиб. — Аттанг, ўзини чақирмабман-да, панадан туриб, шу сўзларингизга гувоҳ бўларди… Энди, хайр, яхши йигит.
Эргаш талмовсираб қолган эди. У энди нима дейишни билмасди. Сокинани қаердан танийди бу Зулфия? Мутлақо бошқа-бошқа жойларда ўқишса, бир-бирларини кўришмаса! Чатоқ бўлди-ку! Энди нима қилади? Агар Сокина эшитса борми…
— Тўхтанг, — деди Эргаш Зулфиянинг йўлини тўсиб. — Сиз… уни қаердан танийсиз?
— Сокинаними? Танийман-да! Муҳими, сиз у билан севишасиз-ку, тўғрими?.. Гапиринг.
Эргаш сира ҳозиргидек ноқулай аҳволга тушмаган эди. У манглайигача терлаб кетди. Кулимсираган бўлди. Зулфияга нима деб жавоб беришни билмади. Аввало, Зулфиянинг Сокинага ким бўлишини аниқлаб олиш керак эди ҳозир.
— Сиз бизни бирга кўрганмисиз? — деб сўради Эргаш гапни айлантириб. — Нима десам экан… Энди севги-да, бу… Сиз бошқа, у бошқа.
— Қочинг йўлдан, — қизнинг ғаши келди.
— Шошманг энди, — каловланди йигит. — Нима қилмоқчисиз? Бориб айтасизми Сокинага? Наҳотки шу ишни ўзингизга раво кўрсангиз? Бировларнинг муҳаббатига тўсиқ бўлиш яхши эмас, Зулфияхон.
— Қўрқманг, айтмайман, — деди жаҳли чиққан Зулфия. — Биламан, сиз у билан отасининг пуллари учун юрибсиз. Шунинг учун келажагингизга ишонасиз. Сокинани қўлдан чиқаргингиз йўқ, аммо бошқа қизлар билан ҳам юришдан ўзингизни тия олмайсиз. Менга айб қўяман деб хомтама бўлманг, мен ҳеч кимнинг муҳаббатига ғов бўлмоқчи эмасман.
— Сиз бизга ҳасад қиляпсиз, — баланддан кела бошлади Эргаш.
Зулфия уни бир силтаб кетиб қолди. “Яхши иш бўлмади, — деб ўйлади Эргаш. — Нима қилардим шошиб? Аввал гапни сал кавлаштириб кўрайин эди. Сокинага айтиб берса-я?!”
У ётоқхонадан чиқар экан, шу ҳақда ўйлаб кетди. Кейин шоша-пиша Сокинанинг рақамини терди. Аммо, аксига олиб, Сокинанинг телефони банд эди. Эргаш аввалига унча эътибор қилмади, бироқ Сокинага қўнғироқ қилиб тушавермагач, жиддий ташвишга тушиб қолди. Миясида бир фикр чақнаб кетди: Зулфия… Унга қўнғироқ қилиб, бояги гапларни етказаётган бўлса керак.
Йўлда Комил учраб қолди. Эргаш уни тўхтатиб, бироз сўрашган бўлди. Кейин муддаосини айтди:
— Ошна, бир ёрдаминг керак менга. Қисқаси, иккаламиз эрталабдан буён кутубхонада эдик.
Комил Эргашнинг шумлигини билгани учун ҳазиллашмоқчи, боз устига бу гапга ойдинлик киритмоқчи бўлди:
— Кутубхонада қайси китобни ўқибмиз, “Декамерон”ними? Менга қара, нима гап ўзи? Доим бир балоларни бошлаб юрасан.
— Сен эса нуқул савол берасан, — хўмрайди Эргаш. — Гапни чайнайвермай, хўп дегин, ўртоқ.
— Бўпти, аммо билиб қўй, мушук текинга офтобга чиқмайди.
Эргашнинг телефони жиринглаб, у телефон экранига қаради-да, жиддий тортди. Тезда яшил тугмачани босди.
— Алло, Сокинам, қалайсиз? — деди овозидаги ўзгаришни сездирмасликка уриниб.
Сокинанинг овози шундоққина эшитилиб турарди:
— Қаердасиз, кўришишимиз керак.
— Менми? Мана, ҳозир кутубхонадан чиқдик. Комил билан. Битта домламиз жуда чатоқ-да, Мансуров деган. Шунинг имтиҳонига тайёргарлик кўрдик. Мана, Комил ёнимда, танийсиз-ку, а? Эрталабдан буён… ҳозир чиқдик. Димиқиб кетдик…
Учрашган вақтларида Эргаш сездирмай Сокинага назар солди. Аммо бу қизни билиб олиш жуда қийин. Учига чиққан маккора у, ичидагини сездирмайди. “Зулфия айтганмикан? — деб ўйлади Эргаш. — Айтмаган бўлсаям отни қамчилаш керак”.
— Қаерда эдим, дедингиз? — жиддий сўради Сокина.
— Айтдим-ку ё ишонмаяпсизми? Мана, Комилга телефон қилиб бераман, ўзингиз сўранг, ҳозиргина бирга эдим, эргаштириб келавермабман-да! Менга қаранг, ё бирортаси нимадир дедими?
Сокина индамади. Шунақа у: индамай жонингни олади. На ҳа, дейди, на йўқ. Сокина! Ўз исмига яраша сокин туриб, азобда қовурилишингни кутади. Юракларинг сиқилиб кетади. Аммо бир етимнинг бошини келажакда шу қиз силамаса, бошқаларга ишонч йўқ. Қўлингга қўнган омад қушини учириб нима қиласан? Унга дон-дун бериб, ўзингга ўргатиб ол, кейин сендан ҳеч қачон узоқлашмайди — Эргашнинг фалсафаси шу эди!
У ҳозир Сокинага, нега чақирдингиз, ҳам дея олмади. Ўзининг айтишини кутди. Миқтидан келган, қоп-қора бу қиз ҳали бошига не кўргиликлар солишини ўзича тасаввур қилган Эргаш баъзида қўрқиб ҳам кетарди. Нима қилсин, ҳалиги… агар отасининг пулларини ҳисобга олмаганда, Сокина ҳеч ким эмас.
Сокина шу сингари синов ишларини амалга оширган сари Эргашнинг “тажриба”си ошиб борар, алдов тўнини қават-қават кияверарди. Баъзи-баъзидагина у ҳаддидан ошаётганини ҳис қилиб, беғубор болалигини қўмсаб қоларди.
Айни пайтда эса Сокинанинг термилиб туришига бошқа жўяли гап тополмай, қолаверса, чалғитиш учун ҳам Зулфия ҳақида гапиришга мажбур бўлди:
— Зулфия деган қизни танийсизми, Сокина? Жуда… ҳалигидек, шекилли? Мени ким деб ўйлаяпти? Ё синаб кўрмоқчи бўлдими?
— Ким дедингиз? Зулфия… Танийман. Қачон кўришдингиз у билан?
Эргаш ўзини йўқотиб қўймади:
— Кўришганим йўқ, хат берворибди Комилдан. Ишонмасангиз, мана, Комил билан гаплашинг. Ўртамизда ишонч бўлиши керак деганингизга айтяпман. Акс ҳолда кайфиятингизни бузмоқчи эмасдим.
— Нима деб ёзибди? Қани ўша хат? — чийиллаган овозда сўради Сокина.
— Йиртиб ташладим, жаҳлим чиқди-да. Унақа қизлардан узоқроқ юриш керак, — Эргаш шундай дер экан, кўз олдида Зулфиянинг норози қиёфаси кўриниб кетди.
Сокина яна сукутга чўмди. Унинг кайфияти бузилган эди. Эргашга тикилиб турди-да, сумкасидан телефонини чиқариб, қандайдир рақам терди. Бармоқлари сезилар-сезилмас титради.
Зулфияга қўнғироқ қилган экан. Анчагина гаплашди. Аммо мутлақо бошқа мавзуда у-буни сўраган бўлди. Эргаш Сокинани хотиржам кузатганча тураверди. У гаплашиб бўлиб, телефонини ўчиргач, жаҳл билан деди:
— Нега айтмадингиз, Сокина? Телефонни менга беринг эди, ўзим гаплашардим.
— Агар виждони бўлса, мана шу қўнғироғимнинг ўзи унга етиб ортади. Майли, ўз бошига омон бўлсин. Мен сиз билан бошқа масалада гаплашмоқчиман, Эргаш. Менга совчи келяпти.
— Нима?! — Эргаш қўрқиб кетди, кўнглининг бир чеккасида эса бир қадар қувонганини ҳам ҳис этди. Худди бу қиздан қутулса, осмону фалакда парвоз қиладигандек туюлиб кетди. Бироқ, барибир, қўрққани ҳам бежиз эмас. Агар Сокинага уйланса, тўқчиликда яшайди, бахтли бўлади. Шу топда дўсти Комилнинг гаплари эсига тушди. “Бахт пулдами?” деб сўраганди у. Эргаш, одатдагидек, гапни олиб қочган: “Бахт Сокинада, жўражон…” Ичида эса ғашланиб қўйган: “менга ўхшаб етимхонада ўсганингда, билардинг бахт нима, бахт нима эмаслигини!”
Сокина ўла қолса, бошқа йигитга турмушга чиқмаслигини У билади. Аммо айни дамда барибир чўчиб кетган эди. Беихтиёр “темперамент” домла Мавлоновнинг гапларини эслади: “Биласизларми, кимлар қўрқоқ бўлади — алдоқчилар, ҳа-ҳа, алдоқчилар”.
— Нима қиламиз? — деди гапириши кераклигини ҳис қилиб Эргаш.
— Билмадим, — елкасини қисди Сокина. — Сиз йигит боласиз-ку, ҳал қилинг-да!
“Масхара қиляпти, — деди Эргаш ўзига-ўзи, — устимдан кулмоқчи, чоғи?..”
У аччиқланди, Сокинага лом-мим демади. Айни шу дамда бу қизни мутлақо яхши кўрмаслиги, балки шунчаки унинг домига тушганига яна бир карра амин бўлди. Йўқ-йўқ — ўзини алдаб-овутиб нима қилади — қиз Эргашнинг домига тушган. Эргаш уни эрмакка ҳам арзимайдиган қиз, деб ўйлайди, бироқ яна ўша гап-да…
— Менга қачон уйланасиз? — Сокинанинг орсизларча берган саволи ҳам Эргашнинг иззат-нафсониятига тегди.
Ўзини ҳарчанд босса-да, ичидаги гапи ташига чиқди:
— Уйланиш?.. Битимга уйланаманми?
Ҳартугул Сокина бу гапни ҳазил билиб кулиб юборди. Эргаш ҳам ўзига келиб, лабларини ёйди. У Сокинани “эритгани”ни тушунди, қиз яқин келиб, суйкала бошлади…
Тўй мўъжаз ресторанлардан бирида бўлиб ўтди. У ёғи китоблардагидек… Келин-куёв ўз уйларига эга бўлишди. Қайнота бир-иккита дўкон очиб берди.
Эргашнинг юришлари ўзгаргани билан ўзи сира ўзгармади. Савдо аҳли орасида “мшенник” деган ном олди. У аёлларнинг кўнглини олишни канда қилмасди.
Эргаш биринчи боласини туғруқхонадан олиб чиқиш учун қайнонасини кўндириб, узун “Лимузин” олиб борди. Чақалоқ онасига ўхшаб қорамағиз эди. Кейин, вақт ўтиб, қизалоқ ҳам дунёга келди.
Эргаш бу пайтда ҳам босилмади. Қайнотаси автоҳалокатга учраб, вафот этганида у ўзга жонон оғушида ётарди.
Остин-устун бўлиб кетди ҳаммаси. Мерос талашган ака ўз укасига қирпичоқ, опа сингилга аламзада. Сокинанинг уйигача “тала-тала” бўлди! Дўконлар ҳам қўлдан кетди. Ижара уйга кўчиб ўтишга мажбур бўлдилар. Эргаш хотинини назар-писанд қилмай қўйди, уни кўрарга кўзи йўқ эди. Болаларини ҳам жеркиб ташлагиси келади, худди ҳаммасига шу қоракўзлар айбдордек. Кечалари аллақаёқларда санқиб юради. Ичиб, сассиб келади…
* * *
Ярим тунда жиринглаган телефон қўнғироғи Зулфияни уйғотиб юборди.
— Ким бу? — деди у гўшакни қулоғига босиб.
— Менман, Зули, Сокинаман, — деган овоз келди нариги томондан. — Яхшимисан, дугона? Болаларинг яхшими? Эринг қалай?.. Узр, безовта қилдим. Нима қилай, соғиниб кетдим.
— Сокина, сенмисан? — ҳайрон бўлди Зулфия. — Кўринмай кетдинг, қаердасан?
— Россиядаман, Иркутскдан телефон қиляпман… Шунақа бўп қолди, дугона. Ишламасам иложим йўқ. Анча бўлди. Эримнинг аҳволини биласан! Бошқа нима қилай? Келишимдан олдин менга қасам ичган эди, барибир топиб олибди биттасини. Болаларим қаерда демайди. Қанча пул юборган бўлсам, ҳаммасини еб тугатган. Мана, энди калласи айниб юрганмиш. Биттаси иссиқ-совуқ қилганми, нима бало…
Сокина узоқ гапирди. Чамаси, у ичиб олган эди. Кейин эса жим бўлиб қолди.
— Алло, Сокина…
— Жим… Йиғлаб олай, тўйиб-тўйиб йиғлаб олай… Соғиндим, ҳаммани соғиндим… Ватанимни, Ўзбекистонимни соғиндим, дугона!.. Шунчалик соғиндимки, сен буни тасаввур ҳам қилолмайсан, Зулфия!..
БЎСА
Нозима бу йигитнинг нимасини яхши кўриб қолган, ўзи ҳам билмайди. Агар табиатимиз яқин, деса, сира бунақа эмас.
Ширинсўз, деса, у на хушомадни билади, на “жентльмен”ларча муносабатни! Аксинча, пичинг, истеҳзо аралаш сўз қотади. Жа кўркам йигит деб ҳам бўлмайди. Оддийгина қиёфа!
Эҳтимол, Нозима уни шунчаки ёқтириб қолгандир? Аммо нега уззу-кун хаёлидан кетмаяпти? Алишернинг ўзидан уч ёш кичиклиги ҳам кўзига кўринмайди. Йўқ-йўқ, Нозима унга турмушга чиқиш ҳақида заррача бош қотиргани йўқ, аммо…
Алишерни бир кун кўрмаса, унга кўзи тушмаса, кўнгли таскин топмайди. Гапларидан жаҳли чиқса-да, у билан суҳбатлашгиси келади. Муҳаббат деганлари шумикан ё?
Худди унинг ичидаги ўй-хаёлларини уққандек, Алишер дабдурустдан суҳбат мавзусини буради:
— Келинг, яхшиси, севги ҳақида гаплашамиз.
— Нима?! — ўзини бепарво тутишга уринади Нозима. — Нега энди севги ҳақида гаплашишимиз керак экан?
— Чунки севги олий туйғу-да! Ёки фикримга қаршимисиз?
— Бу фикр сизники эканлигини билмаган эканман, — дейди Нозима ундан олдин пичингга ўтишга ҳаракат қилиб. — Нақадар даҳосиз, Алишер!
— Кейинги вақтларда инсоншунослик бўйича муваффақиятли тадқиқот олиб боряпсиз, — кулади Алишер. — Оддий одамлар билан даҳоларни ажратадиган бўлибсиз!
Нозима гапнинг “нуқта”сига урмоқчи бўлади:
— Ким ўзини мақтайди, биласизми?
Алишер ундан устун келади:
— Бўлмаса, сизни мақтайми, Баҳромова?
Нозиманинг жаҳли чиқа бошлайди. Қани эди шу лаҳзаларда тилига муносиб сўз келса! Қандайдир янги жумлаларни ўйлаб топгунича Алишер отни қамчилайди:
— Инсоншунослик диссертациянгизга ўзини мақтаганларни сиз кабилар ёқтирмаслигини ҳам қўшиб қўйинг. Ўшанда нима бўлади, биласизми?.. А?
— …
— Ў-ҳў! Жаҳллари чиқяптими?.. Хўш, биласизми, нима бўлади? Яна бир ҳаётий ҳақиқатни билиб олган бўласиз! Яъни, ўзини мақтаганларни ёқтирмаслигингизни! Кўрдингизми, нақадар муҳим кашфиётдан воқиф қилдим!.. Тағин тадқиқотингизга мени ҳаммуаллиф сифатида қўшиб қўйманг. Нонингизга шерик бўлмоқчи эмасман.
Нозима зўрға чидайди. Биладики, ҳозир “портласа”, Алишер ҳузур қилади. Аммо Нозима барибир ичидагини ташига чиқаради:
— Сизга тегадиган қиз кўпга бормай ўлиб кетса керак!
Алишер “маслаҳат”га ўтади:
— Ҳар қандай одам дегани, аввало, бирга ишлаётганларни ўйлаши керак. Сиз эса қаёқдаги қизлар ҳақида ташвиш тортяпсиз!
— Вой-вой, сиз ҳақингизда ўйлашим керакми? Бошқа ташвишим йўқ экан-да!..
Алишер индамайди. Ғалати тарзда тикилиб қўяди-ю, компьютер мониторига қарайди, кейин эса бошини чангаллаб, бир нуқтага тикилиб қолади.
— Ҳм-м, индамай қолдингиз? — дейди Нозима. — Аразладингизми? Чидасангиз, мен билан айтишинг, хўпми?.. Ҳой, индамас!.. Тавба!.. Алише-е-е-р?.. Ўзи бошлайди-ю, гапирсанг, хафа бўлади. Ҳазиллашдим-ку! Оббо!.. Кечиринг, Алишер…
Алишер бирдан унга қараб тиржаяди:
— Яна кечирим сўраяпсизми? Мағлублар кечирим сўрайди, дегандим-ку! Бугун ҳисобидан яна бир-у ноль! Ҳар галгидек менинг фойдамга!.. Баҳромова, Баҳромова… аёллигингизга борасиз-да!
— Жаҳлимни чиқарманг!
— Бағритошлик қўлингиздан келмаса, нима қиласиз, чираниб?.. Қани эди, мени бошқа хонага ўтказишса!
— Шунчалик безор бўлдингизми мендан?
— Йўқ, сизга раҳмим келяпти, бунақада бир бало бўлиб қоласиз. Қаранг, асабийлашганингиздан қўлларингиз қалтираяпти. Бир инсоннинг касрига қолмайин.
Нозима қўлларини мушт қилиб тугади:
— Бировнинг ғамини емай қўя қолинг. Мен асабийлашганим йўқ. Агар ростдан ҳам шунчалик безор бўлган бўлсангиз, ўзим айтаман, сизни бошқа хонага ўтказишларини! Қайтага яхши бўлади. Ишларим қолиб кетяпти.
— Дарвоқе, иш! Ўзи сизга эллик фоиз ойлик беришлари керак. Куннинг ярмини бидирлаш билан ўтказасиз! Ишхонамиз иқтисодиётига қанчалар зарар етказаётганингизни биласизми?.. Ўзингиз-чи, деманг! Мен бир вақтнинг ўзида ҳам тинглайман, ҳам гапираман, ҳам ишлаб ўтираман. Цезарга ўхшаб!
— Фидойиман, денг?!
— Саволга-савол: фидойилик иллатми?
— Э, сизни гапга туққан-да ўзи!
— Йўқ, мени гап билан устун келишга туққан. Қойилмисиз? — Алишер соатига қараб ўрнидан турди, сўнг Нозима кутмаган тарзда унинг яқинига келаркан, энгашди-да… юзидан бўса олиб деди: — Сизни ташлаб қаёққа кетаман?
Кейин тушликка чиқиб кетди.
Нозима ўзини йўқотиб қўйди. Юраги тез-тез ура бошлади. Ич-ичидан қандайдир хушнудлик билан бирга негадир қўрқувни ҳам ҳис қилди. Ўрнидан турди. Ўтирди. Яна турди. Тағин ўтириб, чуқур-чуқур нафас ола бошлади. Шалвираб қолди.
Нима бўлди, ахир?! Бу туллак йигит қизларни қандай шайдо қилишни билади, шекилли?! Нега бундай қилди? Ёки яна бир “ҳужум”микан бу? Балки Нозиманинг устидан тўйиб-тўйиб кулмоқчидир? Йўқ, эҳтимол, бир гапи бордир? Муҳим гапи!
Нозима сабабини билмайди, билолмайди.
У тушликка чиқмади. Чиқса, гўё ҳамма уни зимдан кузатадигандек туйилди. Ўзининг юрак уришини аниқ эшитиб ўтираверди: дук-дук-дук… Йиғлагиси келди. Шу топда онаси ёнида бўлишини, бағрига отилиб, тўйиб-тўйиб кўз ёши тўккиси келди. Онаси лом-мим демай, унинг сочларини силашини истади…
* * *
Бир соат эмас, икки аср ўтгандек бўлди. Алишер кириб келишини ўйлаб, юрагининг уриши янада тезлашди. Энди нима қилади? Қандай гап бошлайди? У-чи, у нима деркан? Ҳеч гап бўлмагандай, ишлайверармикан?..
Гарчи кутиб ўтирган бўлсаям эшик шитоб билан очилганида Нозима бир учиб тушди. Аммо эшик томонга қарамади.
— Нозима опа, — остонада котиба пайдо бўлганди. — Алишерни машина уриб кетибди, эшитдингизми? Бориб кўрдик. Ўлибди бояқиш, экспертиза келгунича ҳеч кимни яқинлаштиришмаяпти.
Нозима қотиб қолди.
— Йўлдан ўтаётганида…
Қулоғи том битди. Дод деб юбораёзди.
Ахир, у… яхши йигит-ку! Нега машина уради? Ҳайдовчи… ифлос! Кўзига қараб ҳайдаса бўлади-ку! Нега энди Алишерни? Алишерни, унинг Алишерини?..
“Сизни ташлаб қаёққа кетаман?..”
Нозима йиғлаб юборди. Кейин ҳолсизланиб, ҳушидан кетди…
— Мени кечиринг.
— Мағлублар кечирим сўрайди, дердингиз-ку, Алишер!
— Сизнинг жиғингизга тегардим-да, Баҳромова!
— Энди Баҳромова, деманг…
— Бошқа нима дейман? Мендан каттасиз-ку!
— Майли, Нозима, деяверинг. Исмимни бирор марта тилга олганингизни эшитмадим.
— Хўп, айтаман.
— Алишер, мени яхши кўрасизми?
— Яхши кўраман. Аввал бошдан яхши кўраман. Ахир, менда ҳам юрак бор, қалб бор. Аммо сизни ўзимдан узоқлаштирмоқчи эдим.
— Қўрқдингизми?
— Ҳа, қўрқдим. Сизни бахтсиз қилиб қўйишдан қўрқдим. Аммо ўзим сиздан узоқлашдим.
— Унақа деманг, Алишер.
— Пешонага ёзилгани шу экан. Начора!
— Қўйинг, шу гапларни!.. Ўзингиз айтгандек, севги ҳақида гаплашайлик. Наҳотки, мени севган бўлсангиз? Нега шу пайтгача бу ҳақда айтмадингиз?
— Кўзларим айтиб турарди-ку! Шу кифоя, ўзингиз англаб оларсиз, деб ўйлардим. Сизни бахтсиз қилиб қўйишни ўйлаганимда гапни бошқа ёққа бурардим…
— Мен эса сизни эндигина яхши кўриб қолгандим. Ичимдаги ғалаёнлар, кўнглимдаги ҳиссиётлар… Нега кетишингизда унақа қилдингиз?
— Қайтиб келмаслигимни билган бўлсам керак… Бор журъатимни йиғдим. Ўзимда зўрға куч топдим.
— “Сизни ташлаб қаёққа кетаман?” деганингиз-чи?
— Умидсизликка тушгандан кўра умидворлик яхши эмасми?!
— Энди мен нима қиламан?
— Ўзингизни ўйлаяпсизми, меними?.. Йиғламанг.
— Сизни ўйлаганим учун йиғлаяпман. Қайтинг, илтимос.
— Мен энди ўлганман.
— Сиз мени ҳам ўлдирдингиз. Фақат тириклар ичида қолдириб кетдингиз.
— Ҳар ҳолда мени эслаб турарсиз? Ҳеч бўлмаганда ўпичимни!
— Алишер… азизим. Мени бир мартагина исмим билан чақиринг.
— Йиғланг, йиғлайверинг. Тушда йиғлаш яхши. Қанча кўп йиғласангиз, шунча бахтли бўласиз. Мен сизга саодатли кунларни раво кўраман. Толеингиз порлашини истайман. Агар қайтганимда, эҳтимол, бундай бўлмасди. Бахтли бўлишингиз учун ҳам тушларингизга кириб, сизни йиғлатиб тураман, хўпми… Нозима?..
Nozima bu yigitning nimasini yaxshi ko‘rib qolgan, o‘zi ham bilmaydi. Agar tabiatimiz yaqin, desa, sira bunaqa emas…
Anvar Namozov
IKKI HIKOYA
Anvar Namozov Boysunda tug‘ilgan. 1993 yilda Samarqand davlat universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetini tugatgan. Talabalik davridayoq uning ijod namunalari “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Oila va jamiyat” gazetalarida chop etilgan. “Zarafshon”, “Darakchi” gazetalarida ishlagan. Bir talay maqolalari va badiiy ijod namunalari “Hurriyat”, “Mohiyat”, “Bekajon”, “Parvona” va boshqa vaqtli matbuot nashlarida ham e’lon qilingan.
BAXT NIMADA?
Yigitning gaplarini eshitib, qiz mashhur qahramon O‘tkuriyni esladi. Kulgisi qistadi. “Ko‘z ochib ko‘rganim sizsiz, ishoning” emish! Nahotki shunchalik yolg‘on gapirish mumkin bo‘lsa? Qoyil qoyil qolish kerak. Yoki hammasi boshqachamikan? Ergash Zulfiya Sokinaning dugonasi ekanligini bilmasligi mumkinmi? U shunchalik tullak yoki shu qadar sodda, go‘l!..
— Gaplaringiz tugadimi? — deb so‘radi Zulfiya betoqatlanib.
— Menga qolsa, sizga aytadigan gaplarim sira tugamaydi, Zulfiyaxon, — yana vaysadi Ergash. — Bilaman, menga ishonmayapsiz. Qani edi, shunday bir uskuna bo‘lsa-yu, yuragingdagini monitorda yaqqol ko‘rsatib tursa! O‘shanda, ehtimol, mening gaplarimga ishonar edingiz. Yuragimda sizning ismingiz o‘yib yozilganiga amin bo‘lardingiz. Shundan keyin sizni to‘y qilib olib ketar edim.
— O-o-o! — qiz kulib yubordi. — Ishtahangiz karnay-ku!.. Menga qarang, rostini ayting, nechta qizni sevasiz?
Ergash bor kuchini to‘plagandek, ishonch bilan dedi:
— Faqat sizni!
Zulfiya yana kulib yubordi. Keyin boshini sarak-sarak qilib dedi:
— Qoyil! O‘tkuriyning naq o‘zisiz!
Yigit hayron bo‘ldi:
— Qanaqa O‘tkuriy?
— Siz o‘zi adabiyotdan xabardormisiz? — kesatdi Zulfiya. — Hech bo‘lmasa, televizor ko‘rib turasizmi? Shunaqa qahramon bor, qizlarni aldab ketadigan.
Ergash astoydil ranjidi:
— Bu nima deganingiz?
— O‘zingizni oppoq qilib ko‘rsatmang. Sokinaga ham xuddi shu tarzda sevgi izhor qilganmisiz?
— Nim-m-m-a? — yigit tutilib qoldi.
— Eshitganingiz, — javob berdi qiz unga qattiq tikilib. — Attang, o‘zini chaqirmabman-da, panadan turib, shu so‘zlaringizga guvoh bo‘lardi… Endi, xayr, yaxshi yigit.
Ergash talmovsirab qolgan edi. U endi nima deyishni bilmasdi. Sokinani qayerdan taniydi bu Zulfiya? Mutlaqo boshqa-boshqa joylarda o‘qishsa, bir-birlarini ko‘rishmasa! Chatoq bo‘ldi-ku! Endi nima qiladi? Agar Sokina eshitsa bormi…
— To‘xtang, — dedi Ergash Zulfiyaning yo‘lini to‘sib. — Siz… uni qayerdan taniysiz?
— Sokinanimi? Taniyman-da! Muhimi, siz u bilan sevishasiz-ku, to‘g‘rimi?.. Gapiring.
Ergash sira hozirgidek noqulay ahvolga tushmagan edi. U manglayigacha terlab ketdi. Kulimsiragan bo‘ldi. Zulfiyaga nima deb javob berishni bilmadi. Avvalo, Zulfiyaning Sokinaga kim bo‘lishini aniqlab olish kerak edi hozir.
— Siz bizni birga ko‘rganmisiz? — deb so‘radi Ergash gapni aylantirib. — Nima desam ekan… Endi sevgi-da, bu… Siz boshqa, u boshqa.
— Qoching yo‘ldan, — qizning g‘ashi keldi.
— Shoshmang endi, — kalovlandi yigit. — Nima qilmoqchisiz? Borib aytasizmi Sokinaga? Nahotki shu ishni o‘zingizga ravo ko‘rsangiz? Birovlarning muhabbatiga to‘siq bo‘lish yaxshi emas, Zulfiyaxon.
— Qo‘rqmang, aytmayman, — dedi jahli chiqqan Zulfiya. — Bilaman, siz u bilan otasining pullari uchun yuribsiz. Shuning uchun kelajagingizga ishonasiz. Sokinani qo‘ldan chiqargingiz yo‘q, ammo boshqa qizlar bilan ham yurishdan o‘zingizni tiya olmaysiz. Menga ayb qo‘yaman deb xomtama bo‘lmang, men hech kimning muhabbatiga g‘ov bo‘lmoqchi emasman.
— Siz bizga hasad qilyapsiz, — balanddan kela boshladi Ergash.
Zulfiya uni bir siltab ketib qoldi. “Yaxshi ish bo‘lmadi, — deb o‘yladi Ergash. — Nima qilardim shoshib? Avval gapni sal kavlashtirib ko‘rayin edi. Sokinaga aytib bersa-ya?!”
U yotoqxonadan chiqar ekan, shu haqda o‘ylab ketdi. Keyin shosha-pisha Sokinaning raqamini terdi. Ammo, aksiga olib, Sokinaning telefoni band edi. Ergash avvaliga uncha e’tibor qilmadi, biroq Sokinaga qo‘ng‘iroq qilib tushavermagach, jiddiy tashvishga tushib qoldi. Miyasida bir fikr chaqnab ketdi: Zulfiya… Unga qo‘ng‘iroq qilib, boyagi gaplarni yetkazayotgan bo‘lsa kerak.
Yo‘lda Komil uchrab qoldi. Ergash uni to‘xtatib, biroz so‘rashgan bo‘ldi. Keyin muddaosini aytdi:
— Oshna, bir yordaming kerak menga. Qisqasi, ikkalamiz ertalabdan buyon kutubxonada edik.
Komil Ergashning shumligini bilgani uchun hazillashmoqchi, boz ustiga bu gapga oydinlik kiritmoqchi bo‘ldi:
— Kutubxonada qaysi kitobni o‘qibmiz, “Dekameron”nimi? Menga qara, nima gap o‘zi? Doim bir balolarni boshlab yurasan.
— Sen esa nuqul savol berasan, — xo‘mraydi Ergash. — Gapni chaynayvermay, xo‘p degin, o‘rtoq.
— Bo‘pti, ammo bilib qo‘y, mushuk tekinga oftobga chiqmaydi.
Ergashning telefoni jiringlab, u telefon ekraniga qaradi-da, jiddiy tortdi. Tezda yashil tugmachani bosdi.
— Allo, Sokinam, qalaysiz? — dedi ovozidagi o‘zgarishni sezdirmaslikka urinib.
Sokinaning ovozi shundoqqina eshitilib turardi:
— Qayerdasiz, ko‘rishishimiz kerak.
— Menmi? Mana, hozir kutubxonadan chiqdik. Komil bilan. Bitta domlamiz juda chatoq-da, Mansurov degan. Shuning imtihoniga tayyorgarlik ko‘rdik. Mana, Komil yonimda, taniysiz-ku, a? Ertalabdan buyon… hozir chiqdik. Dimiqib ketdik…
Uchrashgan vaqtlarida Ergash sezdirmay Sokinaga nazar soldi. Ammo bu qizni bilib olish juda qiyin. Uchiga chiqqan makkora u, ichidagini sezdirmaydi. “Zulfiya aytganmikan? — deb o‘yladi Ergash. — Aytmagan bo‘lsayam otni qamchilash kerak”.
— Qayerda edim, dedingiz? — jiddiy so‘radi Sokina.
— Aytdim-ku yo ishonmayapsizmi? Mana, Komilga telefon qilib beraman, o‘zingiz so‘rang, hozirgina birga edim, ergashtirib kelavermabman-da! Menga qarang, yo birortasi nimadir dedimi?
Sokina indamadi. Shunaqa u: indamay joningni oladi. Na ha, deydi, na yo‘q. Sokina! O‘z ismiga yarasha sokin turib, azobda qovurilishingni kutadi. Yuraklaring siqilib ketadi. Ammo bir yetimning boshini kelajakda shu qiz silamasa, boshqalarga ishonch yo‘q. Qo‘lingga qo‘ngan omad qushini uchirib nima qilasan? Unga don-dun berib, o‘zingga o‘rgatib ol, keyin sendan hech qachon uzoqlashmaydi — Ergashning falsafasi shu edi!
U hozir Sokinaga, nega chaqirdingiz, ham deya olmadi. O‘zining aytishini kutdi. Miqtidan kelgan, qop-qora bu qiz hali boshiga ne ko‘rgiliklar solishini o‘zicha tasavvur qilgan Ergash ba’zida qo‘rqib ham ketardi. Nima qilsin, haligi… agar otasining pullarini hisobga olmaganda, Sokina hech kim emas.
Sokina shu singari sinov ishlarini amalga oshirgan sari Ergashning “tajriba”si oshib borar, aldov to‘nini qavat-qavat kiyaverardi. Ba’zi-ba’zidagina u haddidan oshayotganini his qilib, beg‘ubor bolaligini qo‘msab qolardi.
Ayni paytda esa Sokinaning termilib turishiga boshqa jo‘yali gap topolmay, qolaversa, chalg‘itish uchun ham Zulfiya haqida gapirishga majbur bo‘ldi:
— Zulfiya degan qizni taniysizmi, Sokina? Juda… haligidek, shekilli? Meni kim deb o‘ylayapti? Yo sinab ko‘rmoqchi bo‘ldimi?
— Kim dedingiz? Zulfiya… Taniyman. Qachon ko‘rishdingiz u bilan?
Ergash o‘zini yo‘qotib qo‘ymadi:
— Ko‘rishganim yo‘q, xat bervoribdi Komildan. Ishonmasangiz, mana, Komil bilan gaplashing. O‘rtamizda ishonch bo‘lishi kerak deganingizga aytyapman. Aks holda kayfiyatingizni buzmoqchi emasdim.
— Nima deb yozibdi? Qani o‘sha xat? — chiyillagan ovozda so‘radi Sokina.
— Yirtib tashladim, jahlim chiqdi-da. Unaqa qizlardan uzoqroq yurish kerak, — Ergash shunday der ekan, ko‘z oldida Zulfiyaning norozi qiyofasi ko‘rinib ketdi.
Sokina yana sukutga cho‘mdi. Uning kayfiyati buzilgan edi. Ergashga tikilib turdi-da, sumkasidan telefonini chiqarib, qandaydir raqam terdi. Barmoqlari sezilar-sezilmas titradi.
Zulfiyaga qo‘ng‘iroq qilgan ekan. Anchagina gaplashdi. Ammo mutlaqo boshqa mavzuda u-buni so‘ragan bo‘ldi. Ergash Sokinani xotirjam kuzatgancha turaverdi. U gaplashib bo‘lib, telefonini o‘chirgach, jahl bilan dedi:
— Nega aytmadingiz, Sokina? Telefonni menga bering edi, o‘zim gaplashardim.
— Agar vijdoni bo‘lsa, mana shu qo‘ng‘irog‘imning o‘zi unga yetib ortadi. Mayli, o‘z boshiga omon bo‘lsin. Men siz bilan boshqa masalada gaplashmoqchiman, Ergash. Menga sovchi kelyapti.
— Nima?! — Ergash qo‘rqib ketdi, ko‘nglining bir chekkasida esa bir qadar quvonganini ham his etdi. Xuddi bu qizdan qutulsa, osmonu falakda parvoz qiladigandek tuyulib ketdi. Biroq, baribir, qo‘rqqani ham bejiz emas. Agar Sokinaga uylansa, to‘qchilikda yashaydi, baxtli bo‘ladi. Shu topda do‘sti Komilning gaplari esiga tushdi. “Baxt puldami?” deb so‘ragandi u. Ergash, odatdagidek, gapni olib qochgan: “Baxt Sokinada, jo‘rajon…” Ichida esa g‘ashlanib qo‘ygan: “menga o‘xshab yetimxonada o‘sganingda, bilarding baxt nima, baxt nima emasligini!”
Sokina o‘la qolsa, boshqa yigitga turmushga chiqmasligini U biladi. Ammo ayni damda baribir cho‘chib ketgan edi. Beixtiyor “temperament” domla Mavlonovning gaplarini esladi: “Bilasizlarmi, kimlar qo‘rqoq bo‘ladi — aldoqchilar, ha-ha, aldoqchilar”.
— Nima qilamiz? — dedi gapirishi kerakligini his qilib Ergash.
— Bilmadim, — yelkasini qisdi Sokina. — Siz yigit bolasiz-ku, hal qiling-da!
“Masxara qilyapti, — dedi Ergash o‘ziga-o‘zi, — ustimdan kulmoqchi, chog‘i?..”
U achchiqlandi, Sokinaga lom-mim demadi. Ayni shu damda bu qizni mutlaqo yaxshi ko‘rmasligi, balki shunchaki uning domiga tushganiga yana bir karra amin bo‘ldi. Yo‘q-yo‘q — o‘zini aldab-ovutib nima qiladi — qiz Ergashning domiga tushgan. Ergash uni ermakka ham arzimaydigan qiz, deb o‘ylaydi, biroq yana o‘sha gap-da…
— Menga qachon uylanasiz? — Sokinaning orsizlarcha bergan savoli ham Ergashning izzat-nafsoniyatiga tegdi.
O‘zini harchand bossa-da, ichidagi gapi tashiga chiqdi:
— Uylanish?.. Bitimga uylanamanmi?
Hartugul Sokina bu gapni hazil bilib kulib yubordi. Ergash ham o‘ziga kelib, lablarini yoydi. U Sokinani “eritgani”ni tushundi, qiz yaqin kelib, suykala boshladi…
To‘y mo‘jaz restoranlardan birida bo‘lib o‘tdi. U yog‘i kitoblardagidek… Kelin-kuyov o‘z uylariga ega bo‘lishdi. Qaynota bir-ikkita do‘kon ochib berdi.
Ergashning yurishlari o‘zgargani bilan o‘zi sira o‘zgarmadi. Savdo ahli orasida “mshennik” degan nom oldi. U ayollarning ko‘nglini olishni kanda qilmasdi.
Ergash birinchi bolasini tug‘ruqxonadan olib chiqish uchun qaynonasini ko‘ndirib, uzun “Limuzin” olib bordi. Chaqaloq onasiga o‘xshab qoramag‘iz edi. Keyin, vaqt o‘tib, qizaloq ham dunyoga keldi.
Ergash bu paytda ham bosilmadi. Qaynotasi avtohalokatga uchrab, vafot etganida u o‘zga jonon og‘ushida yotardi.
Ostin-ustun bo‘lib ketdi hammasi. Meros talashgan aka o‘z ukasiga qirpichoq, opa singilga alamzada. Sokinaning uyigacha “tala-tala” bo‘ldi! Do‘konlar ham qo‘ldan ketdi. Ijara uyga ko‘chib o‘tishga majbur bo‘ldilar. Ergash xotinini nazar-pisand qilmay qo‘ydi, uni ko‘rarga ko‘zi yo‘q edi. Bolalarini ham jerkib tashlagisi keladi, xuddi hammasiga shu qorako‘zlar aybdordek. Kechalari allaqayoqlarda sanqib yuradi. Ichib, sassib keladi…
* * *
Yarim tunda jiringlagan telefon qo‘ng‘irog‘i Zulfiyani uyg‘otib yubordi.
— Kim bu? — dedi u go‘shakni qulog‘iga bosib.
— Menman, Zuli, Sokinaman, — degan ovoz keldi narigi tomondan. — Yaxshimisan, dugona? Bolalaring yaxshimi? Ering qalay?.. Uzr, bezovta qildim. Nima qilay, sog‘inib ketdim.
— Sokina, senmisan? — hayron bo‘ldi Zulfiya. — Ko‘rinmay ketding, qayerdasan?
— Rossiyadaman, Irkutskdan telefon qilyapman… Shunaqa bo‘p qoldi, dugona. Ishlamasam ilojim yo‘q. Ancha bo‘ldi. Erimning ahvolini bilasan! Boshqa nima qilay? Kelishimdan oldin menga qasam ichgan edi, baribir topib olibdi bittasini. Bolalarim qayerda demaydi. Qancha pul yuborgan bo‘lsam, hammasini yeb tugatgan. Mana, endi kallasi aynib yurganmish. Bittasi issiq-sovuq qilganmi, nima balo…
Sokina uzoq gapirdi. Chamasi, u ichib olgan edi. Keyin esa jim bo‘lib qoldi.
— Allo, Sokina…
— Jim… Yig‘lab olay, to‘yib-to‘yib yig‘lab olay… Sog‘indim, hammani sog‘indim… Vatanimni, O‘zbekistonimni sog‘indim, dugona!.. Shunchalik sog‘indimki, sen buni tasavvur ham qilolmaysan, Zulfiya!..
BO‘SA
Nozima bu yigitning nimasini yaxshi ko‘rib qolgan, o‘zi ham bilmaydi. Agar tabiatimiz yaqin, desa, sira bunaqa emas.
Shirinso‘z, desa, u na xushomadni biladi, na “jentlmen”larcha munosabatni! Aksincha, piching, istehzo aralash so‘z qotadi. Ja ko‘rkam yigit deb ham bo‘lmaydi. Oddiygina qiyofa!
Ehtimol, Nozima uni shunchaki yoqtirib qolgandir? Ammo nega uzzu-kun xayolidan ketmayapti? Alisherning o‘zidan uch yosh kichikligi ham ko‘ziga ko‘rinmaydi. Yo‘q-yo‘q, Nozima unga turmushga chiqish haqida zarracha bosh qotirgani yo‘q, ammo…
Alisherni bir kun ko‘rmasa, unga ko‘zi tushmasa, ko‘ngli taskin topmaydi. Gaplaridan jahli chiqsa-da, u bilan suhbatlashgisi keladi. Muhabbat deganlari shumikan yo?
Xuddi uning ichidagi o‘y-xayollarini uqqandek, Alisher dabdurustdan suhbat mavzusini buradi:
— Keling, yaxshisi, sevgi haqida gaplashamiz.
— Nima?! — o‘zini beparvo tutishga urinadi Nozima. — Nega endi sevgi haqida gaplashishimiz kerak ekan?
— Chunki sevgi oliy tuyg‘u-da! Yoki fikrimga qarshimisiz?
— Bu fikr sizniki ekanligini bilmagan ekanman, — deydi Nozima undan oldin pichingga o‘tishga harakat qilib. — Naqadar dahosiz, Alisher!
— Keyingi vaqtlarda insonshunoslik bo‘yicha muvaffaqiyatli tadqiqot olib boryapsiz, — kuladi Alisher. — Oddiy odamlar bilan daholarni ajratadigan bo‘libsiz!
Nozima gapning “nuqta”siga urmoqchi bo‘ladi:
— Kim o‘zini maqtaydi, bilasizmi?
Alisher undan ustun keladi:
— Bo‘lmasa, sizni maqtaymi, Bahromova?
Nozimaning jahli chiqa boshlaydi. Qani edi shu lahzalarda tiliga munosib so‘z kelsa! Qandaydir yangi jumlalarni o‘ylab topgunicha Alisher otni qamchilaydi:
— Insonshunoslik dissertatsiyangizga o‘zini maqtaganlarni siz kabilar yoqtirmasligini ham qo‘shib qo‘ying. O‘shanda nima bo‘ladi, bilasizmi?.. A?
— …
— O‘-ho‘! Jahllari chiqyaptimi?.. Xo‘sh, bilasizmi, nima bo‘ladi? Yana bir hayotiy haqiqatni bilib olgan bo‘lasiz! Ya’ni, o‘zini maqtaganlarni yoqtirmasligingizni! Ko‘rdingizmi, naqadar muhim kashfiyotdan voqif qildim!.. Tag‘in tadqiqotingizga meni hammuallif sifatida qo‘shib qo‘ymang. Noningizga sherik bo‘lmoqchi emasman.
Nozima zo‘rg‘a chidaydi. Biladiki, hozir “portlasa”, Alisher huzur qiladi. Ammo Nozima baribir ichidagini tashiga chiqaradi:
— Sizga tegadigan qiz ko‘pga bormay o‘lib ketsa kerak!
Alisher “maslahat”ga o‘tadi:
— Har qanday odam degani, avvalo, birga ishlayotganlarni o‘ylashi kerak. Siz esa qayoqdagi qizlar haqida tashvish tortyapsiz!
— Voy-voy, siz haqingizda o‘ylashim kerakmi? Boshqa tashvishim yo‘q ekan-da!..
Alisher indamaydi. G‘alati tarzda tikilib qo‘yadi-yu, kompyuter monitoriga qaraydi, keyin esa boshini changallab, bir nuqtaga tikilib qoladi.
— Hm-m, indamay qoldingiz? — deydi Nozima. — Arazladingizmi? Chidasangiz, men bilan aytishing, xo‘pmi?.. Hoy, indamas!.. Tavba!.. Alishe-ye-ye-r?.. O‘zi boshlaydi-yu, gapirsang, xafa bo‘ladi. Hazillashdim-ku! Obbo!.. Kechiring, Alisher…
Alisher birdan unga qarab tirjayadi:
— Yana kechirim so‘rayapsizmi? Mag‘lublar kechirim so‘raydi, degandim-ku! Bugun hisobidan yana bir-u nol! Har galgidek mening foydamga!.. Bahromova, Bahromova… ayolligingizga borasiz-da!
— Jahlimni chiqarmang!
— Bag‘ritoshlik qo‘lingizdan kelmasa, nima qilasiz, chiranib?.. Qani edi, meni boshqa xonaga o‘tkazishsa!
— Shunchalik bezor bo‘ldingizmi mendan?
— Yo‘q, sizga rahmim kelyapti, bunaqada bir balo bo‘lib qolasiz. Qarang, asabiylashganingizdan qo‘llaringiz qaltirayapti. Bir insonning kasriga qolmayin.
Nozima qo‘llarini musht qilib tugadi:
— Birovning g‘amini yemay qo‘ya qoling. Men asabiylashganim yo‘q. Agar rostdan ham shunchalik bezor bo‘lgan bo‘lsangiz, o‘zim aytaman, sizni boshqa xonaga o‘tkazishlarini! Qaytaga yaxshi bo‘ladi. Ishlarim qolib ketyapti.
— Darvoqe, ish! O‘zi sizga ellik foiz oylik berishlari kerak. Kunning yarmini bidirlash bilan o‘tkazasiz! Ishxonamiz iqtisodiyotiga qanchalar zarar yetkazayotganingizni bilasizmi?.. O‘zingiz-chi, demang! Men bir vaqtning o‘zida ham tinglayman, ham gapiraman, ham ishlab o‘tiraman. Sezarga o‘xshab!
— Fidoyiman, deng?!
— Savolga-savol: fidoyilik illatmi?
— E, sizni gapga tuqqan-da o‘zi!
— Yo‘q, meni gap bilan ustun kelishga tuqqan. Qoyilmisiz? — Alisher soatiga qarab o‘rnidan turdi, so‘ng Nozima kutmagan tarzda uning yaqiniga kelarkan, engashdi-da… yuzidan bo‘sa olib dedi: — Sizni tashlab qayoqqa ketaman?
Keyin tushlikka chiqib ketdi.
Nozima o‘zini yo‘qotib qo‘ydi. Yuragi tez-tez ura boshladi. Ich-ichidan qandaydir xushnudlik bilan birga negadir qo‘rquvni ham his qildi. O‘rnidan turdi. O‘tirdi. Yana turdi. Tag‘in o‘tirib, chuqur-chuqur nafas ola boshladi. Shalvirab qoldi.
Nima bo‘ldi, axir?! Bu tullak yigit qizlarni qanday shaydo qilishni biladi, shekilli?! Nega bunday qildi? Yoki yana bir “hujum”mikan bu? Balki Nozimaning ustidan to‘yib-to‘yib kulmoqchidir? Yo‘q, ehtimol, bir gapi bordir? Muhim gapi!
Nozima sababini bilmaydi, bilolmaydi.
U tushlikka chiqmadi. Chiqsa, go‘yo hamma uni zimdan kuzatadigandek tuyildi. O‘zining yurak urishini aniq eshitib o‘tiraverdi: duk-duk-duk… Yig‘lagisi keldi. Shu topda onasi yonida bo‘lishini, bag‘riga otilib, to‘yib-to‘yib ko‘z yoshi to‘kkisi keldi. Onasi lom-mim demay, uning sochlarini silashini istadi…
* * *
Bir soat emas, ikki asr o‘tgandek bo‘ldi. Alisher kirib kelishini o‘ylab, yuragining urishi yanada tezlashdi. Endi nima qiladi? Qanday gap boshlaydi? U-chi, u nima derkan? Hech gap bo‘lmaganday, ishlayverarmikan?..
Garchi kutib o‘tirgan bo‘lsayam eshik shitob bilan ochilganida Nozima bir uchib tushdi. Ammo eshik tomonga qaramadi.
— Nozima opa, — ostonada kotiba paydo bo‘lgandi. — Alisherni mashina urib ketibdi, eshitdingizmi? Borib ko‘rdik. O‘libdi boyaqish, ekspertiza kelgunicha hech kimni yaqinlashtirishmayapti.
Nozima qotib qoldi.
— Yo‘ldan o‘tayotganida…
Qulog‘i tom bitdi. Dod deb yuborayozdi.
Axir, u… yaxshi yigit-ku! Nega mashina uradi? Haydovchi… iflos! Ko‘ziga qarab haydasa bo‘ladi-ku! Nega endi Alisherni? Alisherni, uning Alisherini?..
“Sizni tashlab qayoqqa ketaman?..”
Nozima yig‘lab yubordi. Keyin holsizlanib, hushidan ketdi…
— Meni kechiring.
— Mag‘lublar kechirim so‘raydi, derdingiz-ku, Alisher!
— Sizning jig‘ingizga tegardim-da, Bahromova!
— Endi Bahromova, demang…
— Boshqa nima deyman? Mendan kattasiz-ku!
— Mayli, Nozima, deyavering. Ismimni biror marta tilga olganingizni eshitmadim.
— Xo‘p, aytaman.
— Alisher, meni yaxshi ko‘rasizmi?
— Yaxshi ko‘raman. Avval boshdan yaxshi ko‘raman. Axir, menda ham yurak bor, qalb bor. Ammo sizni o‘zimdan uzoqlashtirmoqchi edim.
— Qo‘rqdingizmi?
— Ha, qo‘rqdim. Sizni baxtsiz qilib qo‘yishdan qo‘rqdim. Ammo o‘zim sizdan uzoqlashdim.
— Unaqa demang, Alisher.
— Peshonaga yozilgani shu ekan. Nachora!
— Qo‘ying, shu gaplarni!.. O‘zingiz aytgandek, sevgi haqida gaplashaylik. Nahotki, meni sevgan bo‘lsangiz? Nega shu paytgacha bu haqda aytmadingiz?
— Ko‘zlarim aytib turardi-ku! Shu kifoya, o‘zingiz anglab olarsiz, deb o‘ylardim. Sizni baxtsiz qilib qo‘yishni o‘ylaganimda gapni boshqa yoqqa burardim…
— Men esa sizni endigina yaxshi ko‘rib qolgandim. Ichimdagi g‘alayonlar, ko‘nglimdagi hissiyotlar… Nega ketishingizda unaqa qildingiz?
— Qaytib kelmasligimni bilgan bo‘lsam kerak… Bor jur’atimni yig‘dim. O‘zimda zo‘rg‘a kuch topdim.
— “Sizni tashlab qayoqqa ketaman?” deganingiz-chi?
— Umidsizlikka tushgandan ko‘ra umidvorlik yaxshi emasmi?!
— Endi men nima qilaman?
— O‘zingizni o‘ylayapsizmi, menimi?.. Yig‘lamang.
— Sizni o‘ylaganim uchun yig‘layapman. Qayting, iltimos.
— Men endi o‘lganman.
— Siz meni ham o‘ldirdingiz. Faqat tiriklar ichida qoldirib ketdingiz.
— Har holda meni eslab turarsiz? Hech bo‘lmaganda o‘pichimni!
— Alisher… azizim. Meni bir martagina ismim bilan chaqiring.
— Yig‘lang, yig‘layvering. Tushda yig‘lash yaxshi. Qancha ko‘p yig‘lasangiz, shuncha baxtli bo‘lasiz. Men sizga saodatli kunlarni ravo ko‘raman. Toleingiz porlashini istayman. Agar qaytganimda, ehtimol, bunday bo‘lmasdi. Baxtli bo‘lishingiz uchun ham tushlaringizga kirib, sizni yig‘latib turaman, xo‘pmi… Nozima?..