Ozod Mo’min Xo’ja. Ikki fantastik hikoya

00212 ноябрь — Озод Мўъмин Хўжа туғилган кун

    Севги – оташдир. У ҳар қандай ёш инсоннинг юрагини ёндиради. Севги – мажнунликдир. У ҳар қандай кимсани эс-хушидан айиради. Севги – буюк кучдир. У ҳар қандай йигитни қаҳрамонликка ундайди.

Озод МЎЪМИН ХЎЖА
ИККИ ФАНТАСТИК ҲИКОЯ
011

 4915ce013d4ca649410348b6b39d9268.jpg Озод Мўъмин Хўжа (Озод Мўминов) 1952 йил 12 ноябрда Тошкентда туғилган. 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмаси аъзоси. Тошкент Давлат Университети Физика факультетини тамомлаган. 1975 йили ВНИИПромгазнинг Ўрта Осиё филиалида инженерлик фаолиятини бошлаган. 1980-1990 йилларда  Ўзбекистон Фанлар Академияси Физика-Техника илмий-текшириш институтида  илмий ходим сифатида фаолият олиб борган.
“Хиёбондаги уч учрашув” (1987)   “Мен – робот” ( 1989) номли фантастик ҳикоялар тўпламлари  ва  таржималаридан иборат  “Энг доно от” (1990) китоби  босмадан чиққан. 1992 йилда “Буюк Амир Темурнинг ёқути” тарихий асари “Шарқ юлдузи” журналида ва 1993 йили «Сомон йўли»  алманахида чоп этилган. Шунингдек,  “Бир йигит ва уч қиз ҳангомаси” ҳажвий ҳикоялари тўплами (1997), “Сардор “Бешагачский” – тоза ўғри” криминал қиссаси (2004), “Ваҳдат ул-ҳақойиқ” фалсафий трактати (2006), “Ойжамол” чойхонаси” криминал триллери (2007) нашр этилган.

011

ВАҚТ ТЕЗЛИГИ

Ғунча очилгунча ўтган фурсатни
Капалак умрига қиёс қилгулик.
Ғафур Ғуломнинг “Вақт” шеъридан

Севги – оташдир. У ҳар қандай ёш инсоннинг юрагини ёндиради. Севги – мажнунликдир. У ҳар қандай кимсани эс-хушидан айиради. Севги – буюк кучдир. У ҳар қандай йигитни қаҳрамонликка ундайди.
Севги – зафар ё мағлубиятдир… Улар хаёлга келмаган, тасодифий йўлларга бошлайдилар. Баъзан, тўғри йўлларга чиқариб қўядилар.
Коинот Тадқиқотлари институтини шу йил битирган Неъмат ёш мутахассис сифатида фақат фан соҳасида жавлон уриб, олим ва устоз сифатида ҳаёт кечиришни ният қилганди. Ва шу ўзи ўқиган даргоҳда қолганди.
Инсоннинг Ер юзидаги фаолиятида икки ёнма-ён йўл бор: касбий ва шахсий. Бири иккинчисига гоҳо шундай таъсир қиладики, турмуш кутилмаган томонга бурилиб кетади. Неъмат талабалик вақтида бир қизни севиб қолганди ва ҳаётини у гўзалсиз тасаввур қила олмасди. Жуда хурилиқо бўлган Шаҳло ҳам йигитнинг оташин муҳаббатига ижобий жавоб берганди ва икки ёш келгусида, қиз ҳам дорилфунунни битиргач, оила қуришга аҳду-паймон қилгандилар. Шунинг учун, бу ёш мутахассис ўзининг шахсий келажагидан кўнгли тўқ эди.
Ёз фасли – ажойиб дам. Айниқса, азим Тошкентда. Ҳарорат шундай кўтарилиб кетадики, ёшу қари ўзини салқинга уради. Имконияти борлар узоқ юртларга – океан ва денгиз бўйларига равона бўладилар. Бошқалар Чорвоқ, Бурчмулла ёки бошқа сўлим гўшаларга хордиқ чиқаришга кетадилар. Шаҳло ҳам дугоналари билан ўзи таълим олаётган олий ўқув даргоҳининг талабалари дам олиш масканига боришга қарор қилди. Йигит севгилисига ҳамроҳ бўлолмади. Сабаби, унинг институти ректори барча ўқишни битирган ва шу ерда ишлашга қолган ёш мутахассисларни Зарафшондаги коинот портидан олис фазога узоқ муддатга учиши режалаштирилаётган “Буюк Темур” кемасидаги тайёргарлик ишларига ёрдам бериш ва малака орттириш учун жўнатаётганди.
– Сени ҳеч ўша ёққа дам олишга кетишинг кўнглимга ёқмаяпти, – деди Неъмат қизга.
– Нега? – ҳайрон бўлди Шаҳло.
– Ўтган йили бир дўстимнинг яхши кўрган қизи севгилиси дам олишга бориб, у ерда бошқа йигитни учратиб, уни севиб қолибди. Мен ҳам сендан айрилиб қоламанми, деб қўрқаман.
– Мендан асло хавотир олманг! Ёнимда дугоналарим бўлади. Бундан ташқари, билиб қўйинг: мен сиздан ўзга инсонни ёнимда тасаввур ҳам қилолмайман! Сиз билан эса қишда янги йилни кутгани Парижга борамиз! Розимисиз?
– Ҳа. Албатта, борамиз! Мен сени бутун борлиғим билан севишимни асло унутма!
– Мен ҳам! – жавоб берди Шаҳло.
Шундай қилиб, Неъмат Ўзбекистоннинг коинот порти Зарафшонга, Шаҳло эса Бурчмулладаги талабалар дам олиш масканига кетди.
Ёруғлик тезлигида уча оладиган “Буюк Темур” фазо кемаси улкан, ажойиб ҳаёт кечириш ва ишлаш маскани экан. Унинг ичида йиллаб яшаш учун барча шароит мавжуд экан. Алоҳида микроэлементларга бой тупроқли дала-полиз – ҳар йили мўл ҳосил олиш, мевали дарахтлардан иборат боғ – йил давомида баҳраманд бўлиш ва спорт майдонлари, бассейнлар – истаган пайтда бадандаги қонларни юриштириб, вужудни чиниқтириш, кинотеатрлар – энг зўр фильмларни кўриб, маънавий тасаввур олиш мумкин. Замонавий жиҳозланган Илмий лабораториялар – коинотни ва сайёраларни тадқиқ этиш учун. Яшаш шароитлари – шаҳардагидан яхши. Ҳавоси – Ғазалкент яқинидаги Оқтош қишлоғиники билан бир хил. Ҳар қандай касалликни қувади. Хуллас, йўқ нарсанинг ўзи йўқ.
Кемани узоқ парвозга тайёрлаш ишлари жуда қизғин бўлди. Икки ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Ёш мутахассислар Тошкентга – ўз институтларига кетишга шайландилар. Шу дамда кема раҳбари Неъматни ҳузурига чақирди.
– Мен сени икки ой мобайнида кузатдим, – деди у. – Жуда билимли, бақувват, серғайрат, чарчаш нималигини билмайдиган ва топқир йигит экансан. Медицина варақангни кўрдим. Соғломсан. Яъни, узоқ муддат фазода учишга қодирсан. Сени, ўз кемамнинг аҳли орасида кўришни истардим. Нима дейсан, бу таклифга?
Неъмат нима дейишни билмай, жилмайди. Кутилмаган келажак. Нима ҳам дерди. Рад этади-да!
– Ҳурматли командор! Бу таклиф мен учун янги ғоя. Унга тайёр эмасман. Менинг ўз режаларим бор.
– Қандай режалар? Айта оласанми, сир бўлмаса.
– Ҳеч қандай сир йўқ. Мақсадим, Коинот фани соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш ва талабаларга устозлик қилиш. Ҳамда, бир йилдан кейин уйланишни мўлжаллаганман, севган қизим ўқишни битиргач. Ҳамда, у билан келаётган янги йилни Парижда нишонлашни ҳам режалаштирганмиз.
– Тушунарли, – хўрсинди кема раҳбари. – Коинот фани бўйича шу ерда ҳам тадқиқотлар ўтказишинг мумкин. Фақат, талабаларга устозлик қила олмайсан. Севган қизингга тез уйлансанг ва уни ҳам фазо сафарига олиб кетсак, бўлмайдими? Янги йилни эса коинотда кутиб оламиз!
– Билмадим, командор! Шаҳло рози бўлармикан?
– Унда, мана менинг видеофон рақамим. Севган қизинг кўнса, қўнғироқ қил. Парвозга старт янги йилдан бир ҳафта олдин, 24 декабрь куни берилади. Ярим йил ўқигач, қолган семестрини шу ерда ўқиб олиши мумкин. Бир нарсани билиб қўй, сафаримиз ўн беш йил давом этади. Шу масканда бола-чақали бўлишга ҳам имкон бор. Фарзандларинг бошланғич таълимни бемалол олишади. Сендек янги оилалилар бор, ичимизда. Ҳаммаси ҳисобга олинган. Қайтганингда, Халқ Қаҳрамони сифатида данғиллама уй, дала ҳовли ва бир умрга етадиган катта мукофот пули оласан. Ўйлаб кўр!..
Неъмат Тошкентга қайтиши биланоқ ушбу таклифни севгилиси билан маслаҳатлашиш истагида, унга қўнғироқ қилди.
– Шаҳло! Мен келдим шаҳарга!
– Яхши бориб келдингизми? Малака орттирдингизми? – сўради қиз.
– Ҳа! Зўр бўлди. Бугун ё эрта учрашолмаймизми? Гапларим бор эди.
– Эртага бўлса майли. Бугун дам олинг. Менинг ҳам гапларим бор…
– Яхши. Келишдик. Ўша ўзимиз ёқтирадиган хиёбонда, тушликдан сўнг! Бўладими?
– Ҳа, – жавоб берди қиз ва видеофонни ўчирди.
Неъмат қизнинг гаплашиш оҳангидан бироз ҳайрон бўлди. Илгари, ҳеч бундай совуққонлик билан сўзлашмасди. Ё, икки ой кўришишмаганининг таъсири бўлдимикан? Ҳа, шундай бўлса керак…
Шаҳло билан учрашувни орзиқиб кутган Неъмат пешин вақтини роса кутди. Келишилган жойга вақтлироқ бориб олди. Ниҳоят, севгилиси кўринди. Йигит унга пешвоз чиқди.
– Салом, Шаҳло! – деди у, оғзи қулоғида жилмаяр экан.
– Салом, – жавоб қилди қиз, ним табассум билан.
– Қалай, яхшимисан? Шу икки ой, мен учун икки асрдек ўтди-я!
Қиз бироз индамай турди-да, сўнг сўради.
– Ўзингиз қанақасиз, малака оширдингизми?
Неъмат таажжубланди. Нега бунча ҳиссиз Шаҳлонинг гаплари? Бирон ҳодиса рўй бердими?
– Шаҳло! – хитоб қилди у. – Нима бўлди сенга? Худди биров алмаштириб қўйганга ўхшайди.
– Мен бу ерга фақат бир гапни айтиш учун келдим. Фақат, мендан хафа бўлманг. Бир нарсани англадим: Мен сизни севмас эканман…
Неъматнинг юраги шиғ этиб кетди.
– Нега бундай хулосага келдинг, Шаҳло? Бошқа биров ёқиб қолдими?
Шаҳло индамади. Ерга қаради. Киприклари пириллади. Ниҳоят сўз қотди.
– Ҳа, Неъмат ака… Мен у ерда ҳақиқий севгимни учратдим. Сиз билан мен энди бегонамиз. Менга бошқа қўнғироқ қилманг. Қалбингиздан номимни ўчириб ташланг…
Йигит шундай ҳолсизландики, ерга ётиб олгудай эди. Кутилмаган бахтсизлик…
– Мен сени ўн беш йиллик коинот сафарига таклиф қилмоқчи эдим. Сен эса… У ким?
– У жуда ажойиб инсон! – қизнинг кўзлари чақнади.
– Янглишмадингми? Балки, бирор учар йигитдир? Қўйнингни пуч ёнғоққа тўлдирмадими?
– Йўқ. Асло бундай эмас. У дугоналаримга ҳам ёқди. Жуда хушмуомила. Ҳар гапида узр сўрайди. Бундай инсон жуда кам бўлади!
Бу сўзларни эшитиб, Неъмат севгилисини йўқотганини англади. Бошқа гап бефойда. Лекин, қизнинг бошини яхшилаб айлантирган одам кимлигини билишни истади.
– Унинг касби-кори нима экан?
– У ҳам илм одами. Докторант. Яқинда докторлик диссертациясини ёқлайди. Франциядаги университетда ўқиб келган. Парижни беш қўлдек билади. Янги йилни ўша машҳур шаҳарда кутиб оламиз! У тўртта тилда эркин гаплашади. Демак, ҳар қандай юртда қийналмаймиз. Ҳамда, у йигит қисман бизнесмен ҳам. Пулдан асло зориқмайди.
– Қаерда экан ишхонаси? Ва исми нима? – сўради йигит.
Қиз қувонч билан бу ахборотни айтди. Сўнг, сўради:
– Вой, бекор айтибман. У билан тағин уришиб, бошини ёрманг!
– Биз нечанчи асрда яшаяпмиз? – хитоб қилди йигит. – Чиндан ўша нусхани севиб қолдингми?
– Биринчидан, у – нусха эмас, ажойиб инсон. Узр, лекин сиздан-да яхши. Иккинчидан, келаси йил баҳорда тўй қиламиз! Ота-оналаримиз ҳам учрашишди. Иккала томон рози! Патир ушатилди! – қиз ўзини жуда бахтли ҳис қиларди.
Бу ахборот Неъматни тўла-тўкис мағлуб этди.
– Майли, унда сенга бахт тилайман. Ишқилиб, хато қилмаган бўлгин. Чунки, сен қалби тоза ва ишонувчан қизсан. Яхшилаб суриштир уни. Ҳар бир ялт этган тош гавҳар бўлавермайди.
– Неъмат ака, сизга ҳам бахт тилайман. Хавотир олманг, ўзим ҳам, ота-онам ҳам – ҳаммамиз суриштирдик. Жуда яхши оила, йигитнинг келажаги порлоқ! Майли, хайр…
Қиз шу сўзларни айтди-да, ўнг кафтини тепага хиёл кўтариб, бармоқларини эгди ва ортига қайрилиб кетди.

Неъматни қайғу қамради. Дарду дунёси қоронғуликка чўмди. Эвоҳ! Нима қилсин энди… Бошқа илож йўқ. Унинг севгиси, орзулари парчаланди. Афсус… Шаҳлонинг муҳаббати, ажиб гапларига қарамай жуда бўш экан. Энди, бу шаҳарда қандай юради? Ҳар бир кўча, ҳар бир хиёбон унинг қалбига дард солаберади-ку! Шундай экан, ўн беш йил коинот кенгликларида илмий тадқиқот қилиб келгани дуруст. Шундай йўл билан овунади. Қайтиб келгач, ўзининг ҳақиқий севгисини топади.

Неъмат видоефонини олди-да, Зарафшон коинот портига, “Буюк Темур” фазо кемаси раҳбарига қўнғироқ қилди.
– Ҳурматли командор! Таклифингизга розиман. Ўн бешлик йиллик фазо сафарига кетаётганлар қаторига қўшиб қўяверинг!
– Севган қизинг ҳам биргами?
– Йўқ, командор! У билан муҳаббат ришталари узилди. Бошқа йигитга турмушга чиқаётган экан.
– Бугун эшитдингми, бу ахборотни?
– Ҳа, унинг ўзи айтди.
– Сен ҳозир қизиққонликда шундай қарор чиқардинг. Шунинг учун, сенга бир ҳафта муҳлат бераман. Етти кундан сўнг, қўнғироқ қиласан ва қарорингни айтасан. Шундан сўнг, уни ўзгартиришга ҳаққинг бўлмайди. Тушундингми?
– Ҳа, командор!

Бир ҳафта ўтгач, Неъмат фазо кемаси командорига яна қўнғироқ қилди.
– Исми шарифимни ёзинг ва нималар қилишим кераклигини айтинг! – деди у, қисқагина қилиб.
“Буюк Темур” янги йил арафасида, 24 декабрь куни фазога кўтарилди. Айтиб ўтилганидек, бу кема ёруғлик тезлигига яқин тезликда учадиган қурилма эди. Командор айтди: “Биз ўн беш йил коинот кенгликларида бўламиз, номаълум сайёравий мажмуаларни тадқиқ қиламиз. Ерга қайтганимизда, она заминимиздаги вақт – ўттиз йил ўтганини кўрсатади. Чунки, ёруғлик тезлигига яқин тезликда училганда, вақт икки баробар секин ўтади. Айни янги йил арафасида уйда бўласизлар! Шунга тайёр бўлинг!”

Ўзбекистоннинг улкан коинот кемаси галактикамиздан ҳам ташқарига чиқди, ундаги фазогирлар гуруҳи янги сайёраларни очди, уларни илмий тадқиқ қилди ва улкан ахборот тўплади. Улар келгуси парвозлар учун, Ернинг келажаги учун катта аҳамиятга эга эди.
Ўзбекистон Коинот Тадқиқотлари Қўмитаси (ЎКТҚ) раҳбарияти, кемани роппа-роса ўттиз йил ўтгач, 24 декабрь куни Зарафшон коинот портида кутиб олдилар. Бу пайтда, Ер юзида янги авлод яшашни бошлаган эди. “Буюк Темур” сафарга кетаётган пайтда ўрта ёш бўлган одамлар, у қўнаётганда нафақа ёшига яқинлашиб қолган эдилар. Уларга тенгдош бўлган саёҳатчилар эса, фақатгина ўн беш ёшга улғайган эдилар. Бир пайтлар ёшлари бир хил одамлар, энди бир-бирларига қараб жилмаярдилар, ҳазил-ҳузул қилардилар.
Неъмат ўша куниёқ ўз уйига келди. Ҳартугур, ота-онаси тирик юришган экан. Лекин, ўттиз йилга қариб, нуроний отахон ва онахонга айланишганди. Уларни қучоқлаган ўғил бутун кунини ота-онаси, ўзидан катта бўлиб кетган укаси ва жиянлари билан ўтказди. Эртаси куни, укаси сўз қотди.
– Ака, эсингиздами, ёшлигингизда бир Шаҳло деган қизни севардингиз?
Ташқаридан қараганда, ўзидан ёши кичиклиги яққол кўриниб турган одамга “Ака” деб мурожаат қилиш, эриш туюларди.
– Ҳа, укам, эсимда. Уни унитгунимча, бир йил азоб чекдим. Охири, кўникдим. Кўрдингми ҳеч?
– Ҳа, шу йил ёзда кўчада учратиб қолдим. Сизни сўради. “Бир йилдан сўнг, келадилар”, дедим. Видеофон номерини берди. Акангиз Ерга қайтганда, беринг, менга қўнғироқ қилсин, деганди. Мана, олинг.
Укасидан анча кичик кўринаётган ака номер ёзилган қоғозни чўнтагига солиб қўйди. Эрта-индин сим қоқарман, ўйлади у. Шаҳло – кечаги кун одами. У, ўзини жон-дилдан яхши кўрган одамнинг, яъни Неъматнинг муҳаббатини, қадрини ерга урган. Талабалар дам олиш масканидан топиб келган эри, бола-чақаси бор.
Келгуси кунларда, Неъмат ёши улғайган қариндош-уруғлар, дўст ёрлар билан учрашди. ЎКТҚ га бориб, суҳбат ўтказиб келди. Давлат аппаратидаги амалдорлар стерео ТВ ходимларини чақириб, у билан қизғин учрашувлар уюштирдилар. Шундай бетиним мулоқотлар билан бўлиб, 30 декабрь куни Шаҳлога қўнғироқ қилиш лозимлиги эсига тушди.
Мўъжаз видеофон экранида кўринган Шаҳлони дарров таний олмади. Жуда ўзгариб кетибди. Аммо, товуши ва кўзлари ўша-ўша.
– Неъмат ака! – деди у жилмайиб. – Ҳеч ўзгармабсиз! Коинот сафарингиз яхши ўтдими?
– Раҳмат! Яхши. Ўзинг қанақасан? Эринг, болаларинг яхшими?
– Э, сўраманг! Келинг, эртага ёшликда учрашиб юрган хиёбонда, одатдагидек пешиндан сўнг учрашайлик.
– Эртага янги йилни кутиш куни-ку!
– Суҳбатимиз узоқ бўлмайди.
Неъмат розилик билдириб, видеофонни ўчирди.

Хиёбондаги дарахтларни қор қоплаган, асфальт ерлар сирпанчиқ эди. Совуқ ҳаво этни жунжиктирмас, фақат тетиклаштирарди. Улар, бир пайтлар – бир киши учун бундан ўттиз йил илгари, бошқа одам учун ўн беш йил аввал – севишган одамлар эдилар. Кўринишлари ҳам шунга мос: аёл эллик ёшда, эркак ўттиз етти ёшда эди.
– Янги йилинг қутлуғ бўлсин! – жилмайди Неъмат.
– Сизнинг ҳам янги йилингиз муборак бўлсин! – табассум қилди Шаҳло.
– Сен ўша-ўша гўзалсан! – хушомад қилди эркак.
– Мақтовингиз учун раҳмат! – жавоб берди аёл ва бироз жим туриб, яна қотди. – Сиз жуда ёшсиз, мен эса қариб кетганман.
– Вақт нисбий унсур. Инсон ҳеч қачон ўзини мен қариганман, ожизман, деб ҳис қилиши керак эмас.
– Рухсат берсангиз, мен гапларимни айтаман.
– Қулоғим сенда! – хитоб қилди Неъмат.
Шаҳло сўз қотди.
– Шу йўлкадан оҳиста юрайлик. Мен гапириб боравераман.
– Майли, – деди Неъмат. Ва улар ёнма-ён қадам ташлай бошладилар.
– Ўшанда, ўттиз йил илгари тўғри айтган экансиз. Мен у йигитнинг хушмуомилалигига, атрофимда гирдикапалак бўлишларига, эҳтиросли кўз қарашларига маҳлиё бўлиб, бошим айланиб қолган экан. Бизнинг уйимизга совчи бўлиб келган кишилар унинг ота-онаси эмас, ёлланма актёрлар бўлиб чиқди. Улар ўзларини шаҳарнинг бошқа томонида яшайдиган зиёли ва давлатманд одамлар қилиб кўрсатишган, уйимизга келиб патир синдириб кетишган. Мен ҳам, менинг сўзларимга ишонган дадам ва ойим ҳам лаққа тушганмиз. Ўша маҳаллага бориб, ортиқча суриштирмаганмиз. Ўша йигит янги арафасида, сиз узоқ коинотга учиб кетганингиздан сўнг, олдимга йиғлаб келди. “Шаҳло! Биз бу йил Парижга бора олмайдиганга ўхшаймиз!.. Чунки, пул йўқ. Сабаби, бор маблағимни бир бизнес-лойиҳага тиккан эдим, ундан янги йил арафасида яхшигина фойда олишим керак эди. Афсуски, уни келгуси йил берамиз, дейишмоқда. Энди, нима қиламиз?” Мен индамадим. Орзуим пучга чиққанди. Шунда, у бир гапни айтди: “Шаҳло! Балки, ота-онангдан олиб турармиз! Февраль ойида қайтараман! Гаплашиб кўр!” Мен аҳмоқ, мен лақма, унинг сўзларига кириб, уйда тўполон қилиб, ота-онамдан етарли маблағ олдим. Ва биз Парижда янги йилни нишонладик. Ўша ерда, барибир, баҳорда тўйимиз бўлади-ку, деб, у менинг вужудимни ишғол қилди. Мен эса, тасаввур қиласизми, ўшанда бундан бахтиёр бўлдим. Кейин, юм-юм йиғладим.
Неъмат бу гаплардан ларзага тушди. Шаҳлонинг сўлғин юзларига боқди.
– Мен сени огоҳлантиргандим… – деди у.
– Ҳа, ўшанда бекор сизни хафа қилган эканман. Ўша гапингиз ҳамон ёдимда: “Ҳар бир ялтираган тош гавҳар бўлавермайди”, деган. Февраль ойида бўйимда бўлиб қолганини ҳис этдим. Буни, ўша сиз айтгандек “нусха”га хабар қилдим. У пинагини бузмади. “Тўйимиз бўлади-ку!”, деди-қўйди. “Уни тезлаштириш лозим!”, хитоб қилдим мен. У ўз ота-онаси билан гаплашиб кўришга ваъда қилди. Мен ундан саёҳат пулини қайтаришини сўрадим. У эса, одатдагидек узр сўради. “Мен у маблағни яна бир бизнесга тикдим! Бу пуллар тез қайтади! Жуда катта фойда оламан! Тўйдан кейин асал ойи саёҳатига борамиз, Канар оролларига!”, деди у. Ўшанда, яна шундай гапларга лақиллабман…
Шаҳло индамай тўхтаб қолди. Қалбида аччиқ аламлар ғалаён қилаётгандилар. Неъмат сукут сақлашни лозим топди. Аёл ниҳоят тарихини сўзлашни давом этдирди.
– Кейин, бир ҳафта ўтгач, ўша нусха яна узр сўраб, ёнимга келди. “Шаҳло! – деди у. – Мен тўйхона гаплашдим. 8 — март куни тўй уюштирадиган бўлдик. Хурсандмисан!?” Мен қувониб, табассум қилдим. “Энди, шу тўй ўтиши учун фақат бир қадам қўйиш керак!”, хитоб қилди нусха. “Қандай қадам?”, ажабландим мен. “Тўй маросими пулини тўлаш керак экан. Ҳозир, тўй тезлашгани учун, на менда, на ота-онамда пул йўқ. Дадам банкдаги пулларини, келишув бўйича фақат апрель ойида олишлари мумкин экан. Менинг ҳам бизнесга тиккан пулларим ҳам худди шу вақтда қўлимга тегади. Яна ота-онангга илтимос қил. Тўйхона сўраётган маблағни беришсин! Акс ҳолда, вақтида тўй қилолмаймиз. У кечикса, қаппайган қоринли келин бўласанми?.. Бир-икки ойдан сўнг, барча сарф-ҳаражатлар қайтарилади”. Натижада, оиламиз яна чув тушди. Пулни олган нусха шу билан қорасини кўрсатмади. Унинг видеофони рақами ўчди. Айтилган тўйхонадагиларга боргандим, мурожаатимга ҳайрон бўлишди. Қуда томоннинг уйига боргандик, улар ўша айтилган касбдаги, фаолиятдаги кишилар экан, аммо қиёфалари бошқа. Улар ҳам ажабланишди. Уйлантирадиган ўғил фарзандимиз йўқ, иккита қизимиз бор дейишди…
– Кейин, нима қилдинг? – сўради Неъмат.
– Итдан бўлган, қурбонликка ярамас, дейишади. Аборт қилдирдим. Ундай нусханинг фарзандини улғайтиришни истамадим. Чақалоққа барибир отасининг генлари ўтади, деб ҳисобладим.
– Кейин, бошқа йигитга турмушга чиқмадингми?
Шаҳло ниҳоят жилмайди.
– Ҳа. Уч йил ўтгач, яраларим анча эскиргач, бир одамдан совчи келди. Унгача, барча эркаклар кўзимга илонсифат аждарҳодек кўрина берарди. Негадир, рози бўлдим. Ўн беш ёш катта мендан. Бир фарзанди бор, хотини вафот этган экан. Тарихимни эшитиб, мени юпатди ва севди. Ундан иккита қиз туғдим. Уларни, атрофлича, яхшилаб текширилган куёвларга узатдим.
– Хурсандман, – деди Неъмат.
– Биласизми, сизни нега чақирдим? – сўради Шаҳло.
– Тарихингни, афсус-надоматларингни айтишга-да. Мен шундай тушундим. Юрагинг бўшадими, енгил тортдингми?
– Йўқ! – хитоб қилди аёл. – Бунинг учун эмас.
– Унда, нимага? – ажабланди Неъмат.
– Сиздан узр сўраш учун. Мени кечиринг, ўшанда сизнинг севгингизни поймол қилганим, ялтироқ оддий тошни гавҳар деб ўйлаганим учун.
– Майли, қанча йил ўтиб кетди. Ўзинг ҳам роса қийналибсан. Узрингни қабул қилдим.
– Ўша пайтдан бери сиздан кечирим сўрашни дилимга тугиб қўйган эдим. Раҳмат! Мен энди кетаман. Ҳозир тўғри аэропортга боришим лозим.
– Бошқа шаҳарда янги йилни нишонлашни ният қилганмидинг?
– Ҳа, Парижга, эрим билан учаман. Меҳмонхона ва ресторан буюриб қўйилган. Бизни кутишмоқда. Эрим кўчада пойлаб турибди. Сиз билан учрашиб, узр сўрашимга рухсат берди.
– Ўттиз йил ўтибди, ҳеч ўзгармабсан, Шаҳло! Мен ўн беш йил коинот қаърида илмий ишлар билан машғул бўлар эканман, бўш вақтларимда ҳаёт фалсафаси тўғрисидаги кўп китобларни ўқидим. Борлиқ қонунларини таҳлил қилдим. Ҳақиқий бахт нималардан иборат эканлигини англадим. Кўраяпманки, сен ҳамон Европада ё бошқа юртларга боришни, у ерларда нималарнидир нишонлашни, ҳамон юксак турмуш тарзи деб ўйлар экансан. Балки, ҳозиргача ўша ёқларда ўқиб келган кимсаларни юқори даражали арбоб деб қабул қилсанг керак. Мен аниқ биламанки, яшашдаги асосий маъно: одамнинг қайси мамлакатда ўқигани ё янги йил кутганида эмас, балки унинг қалби қай даражада соф эканлигидадир.
Неъмат шу сўзларни айтиб, Шаҳлонинг кўзларига боқди. Улар бу йигит нималар деяётганини унчалик тушунмай, ҳайрон бўлиб турардилар. Шунинг учун, Неъмат суҳбатни тугатишга қарор қилди.
– Майли. Мени эса ота-онам, укам ва жиянларим кутиб туришибди. Ўн беш йил коинот қаърида янги йил нишонлаб, бу ишни ўз жигарларим бағрида, ана шу ажойиб сайёрамиздаги Тошкент шаҳрида амалга оширишни орзу қилгандим. Хайр!
Шаҳло жилмайди.
– Майли, хайр! – деди у ва ортига қараб шошганча кетди.
Неъмат унга қараб қолар экан, бир қатъий фикрга келди: “Яхши ҳамки, бу аёлга уйланмаган эканман. Инсоннинг қалбига эмас, фақат сўзларига боқадиган, қуруқ ҳашаматга интилаверадиган аёл билан қандай бир умр яшаш мумкин?..”

20 октябрь, 2017 

ҲАР КИМНИНГ ЎЗ ЧИН ЁРИ БОР

“Танлаган ёринг сенинг, сўйла, ўзи чин ёрми у?..”
Пўлат Мўминнинг шеъридан.

У чин ёрини узоқ кутди. Икки умр яшади. Икки марта вафот этди. Ва яна туғилди. Энди, учинчи умримда топишиш насиб қилар деб умид қилди.
Бу, учинчи галги ота-оналари ҳам зиёли одамлар эдилар. Балоғат ёшига етганда ва ўзига ҳар сафаргидек, олимлик касбини танлаб, ишлай бошлаганда, ундан она сўради.
– Ўғлим! Мана, катта йигитсан, олий ўқув даргоҳини битирдинг, ишлаяпсан, пул топаяпсан. Уйланадиган вақтинг келди. Бирор кўзингни тагига олиб қўйган қиз бўлса, айт – мен совчиликка борай!
У жилмайди. Аввалги икки умридаги оналари ҳам худди шундай гапиришганди. Оналар ҳамма замонларда бир хиллар. Фарзандларининг бахтли бўлишини истайдилар. Лекин, бу бахтни ўзларича тасаввур қиладилар. Айрим оналар, фарзандлар баҳона, ўзлари учун бахт қидирадилар. Улар учун фарзанд – қўл-оёқларига ип бойлаб бошқариладиган қўғирчоқдек туюлади.
– Қидираяпман, ойижон! – жавоб қилди у. – Негадир ҳеч учрамаяпти.
– Ундай бўлса, ўзим суриштирайми? – она ўғлига умидвор кўзларини тикди.
Унинг асл нияти ҳам шу эди. Чунки, фарзанди қандайдир бир нотаниш, ўз оиласига мос бўлмаган бир хонадоннинг хулқ-атвори номаълум қизини уйига етаклаб келса ва у ёқмаса, нима қилишини билмас эди. Яхшиси, ўзи дараклаб, сўроқлаб топгани тузук, келин бўлмишни. Инсон айни кучга ва шаҳватга тўлган пайтда аёл зотининг яхши-ёмонининг фарқига қаердан боради?
Лекин, ўғил онасининг ниятларини пучга чиқарди.
– Йўқ, ойижон! Асло, бундай қила кўрманг. Келин билан яшайдиган мен, сиз эмас. Сиз албатта бой-бадавлат, сарпо-суруғли, қудачиликни қотирадиган ва қизи яхшигина хизматкор-чўри вазифасини ўтайдиган хонадонни излаб топасиз.
– Вой, болам! Нималар деяпсан? Наҳотки мен шундай қолоқ она бўлсам? Мен фақат ўзимизга мос оилани топиш тараддудидаман.
Ўғил яна кескин қаршилик кўрсатди.
– Ойижон, мен сизни ва дадамни жуда севаман. Мени дунёга келтиргансизлар. Вояга етказгансизлар. Ўқитдингиз. Мана, ишлаяпман – ўзимнинг йўлимни топдим. Айтинг, мен сизлар учун нима қилай? Қўлимдан келган ҳар ишни амалга ошираман! Лекин, мени авраб, буюк келажакни башорат қилиб, ўзимга ёқмаган қизга уйлангин, деб мажбур қилманглар. Мен сизнинг сотиб олган қулингиз эмасман. Яратган Зот инъом этган фарзандингизман.
Она бу гапларни эшитиб, бўшашиб тушди. У ўз зурёди бўлган бу йигитнинг икки умрлик ҳаёт тажрибаси мавжудлигини билмас эди. Унинг ифода этган аниқ фикрларидан хатто лол қолди.
– Майли, болам… Мен даданг билан суҳбатлашай-чи.

Ота ўғлининг гапларидан ажабланмади.
– Бўлмаса, ўзи топа қолсин! Нима қиласан, шахсий ҳаётига аралашиб? Ҳар ким ўзига маъқул таомни танаввул қилади.
– Бироқ, қорни оч пайтда, суриштириб ўтирмай, соғлиғига зарар етказувчи овқат еб қўймасин, дейман-да! – луқма ташлади хотини. – Бундан ташқари, қариндош-уруғ, дўст-биродарларнинг олдида қудангиз бир бечораҳол киши сифатида гавдаланса, нима деган одам бўласиз? Бу томонни ўйламайсизми?
– Ёшлигингда, институтда ўқиётганингда жуда замонавий қиз эдинг?.. Улғайиб, эскилик ботқоғига, омиликка ботдингми? Инсон атрофдагиларга қудасини, сарпо-суруғларни кўз-кўз қилиш, мақтаниш учун уйланадими ё бахтли турмуш қуриш учунми? – жавоб берди ота.
Ва сўзларида давом этди.
– Агар, йигитлигимда онамнинг истаги бўйича юрганимда, сенга эмас, холамнинг қизига уйланган бўлардим. Шунинг учун, кўп тихирлик қилма. Ўғлимизни ўз ҳолига қўй!
Аёл енгилишни истамади.
– Нега энди ўз ҳолига қўяр эканман? Уни мен туққанман! У – меники, демак, йўриғимга юриши шарт!
– Янглишаяпсан. Сеники эмас, Яратганники! Сен уни фақат дунёга келтиргансан. Мавло хоҳламаганда, бўйингда бўлмасди. Ўғлимиз бизнинг эмас, фақат Унинг айтганларини бажариши керак!
– Хўш! Яратган қандай қилиб, унга айтади кимга уйланишни?
Эр ўз хотинига ажабланиб боқди.
– Биз бир-биримизни севганимиз эсингдан чиқдими? Наҳотки билмасанг – муҳаббат, қалбимиздан чуқур жой оладиган ҳақиқий муҳаббат – Мавлонинг ундови эмасми?
Аёл чуқур хўрсинди.
– Муҳаббатга ўт тушсин! – хитоб қилди у. – Сизга тегиб, ҳеч бир рўшнолик кўрмадим. Қандай бадавлат жойлардан, савдогарлардан совчилар келган эди. Маошга қарам инженерга турмушга чиққунча, ўшаларнинг бирига тегиб кетабермайманми… Еганим олдимда, емаганим орқамда бўларди.
Эркак бу гапга нима дейишни билмай қолди. Наҳотки, хотини шунчалик ношукур бўлиб қолган?
– Мархамат, хатоингни тузатишинг мумкин. Рухсат бераман.
– Энди, қаёққа ҳам борардим. Гап келди, айтдим-да… Ўғлимизга бир-икки ой муддат берайлик-чи. Бирор тўхтамга келар. Фақат, кўп маҳтал қилмаса бўлди.

Ўғил бу гаплардан хабари йўқ, бепарво ўз ишлари билан машғул бўлиб кетди. У биология соҳасида илмий изланишлар билан овора эди. Бетиним турли адабиётларни ўқир, билимини оширар ва шунинг билан бирга ўзи танлаган йўналишда тажрибалар ўтказар эди.
Орадан икки ой ўтди. Бир куни ишдан қайтгач, олдига қўйилган кечки овқатни танаввул қилди-да, хонасига кириб кетаётганди, онаси уни тўхтатди.
– Болам! Овқатингни еб бўлдингми?
– Ҳа, ойижон. Раҳмат, ширин бўлибди.
– Сенга бир саволим бор.
– Айтинг,қулоғим сизда!
– Кўнглингга ёқадиган қиз тополдингми?
– Йўқ, ойижон. Илмий ишларим айни авж паллага кираяпти. Яқинда, зўр натижаларни олсам керак. Шулар билан бандман.
– Илмий ишларинг ўз йўлига, шахсий ҳаётинг ўз йўлига. Сен уйланишинг керак. Нега бунга жиддий қарамаяпсан?
– Қалбимга қулоқ солаяпман, ойижон. Унда ҳали бирор қизга нисбатан учқун тугур, учқунча ҳам чақнамаяпти.
– Хўш, шундай юраберасанми?
– Ҳа, ойижон. Ҳар бир ишнинг ўз вақти ва ўз жойи бўлади. Мени шоширманг. Шошқолоқлик ҳеч қачон яхши натижа бермаган.
– Лекин, айтадиларки, темирни қизиғида бос. Ва яна дейдиларки, қолган ишга қор ёғар.
– Турмуш қуриш – пўлатни тоблаш эмас. Ҳамда, фаслга боғлиқ иш ҳам эмас. Кейинги пушаймон – ўзингга душман, деган мақол ҳам бор.
– Ўғлим, бўлди, мақолларни йиғиштирайлик. Мен сенга бир-иккита қизларни кўрсатай, балки битта-яримтасига юрагинг жиз этар?!
– Ойижон, мен сизга ўтган сафарги суҳбатимизда айтгандим. Сиз асло бу соҳада хатти-ҳаракат қилманг. Ўз шахсий ҳаётимни ўзим қураман. Ёшим йигирма тўртта. Янглишсам, ўзимдан кўраман. Сиз янглишсангиз – сиздан кўраман. Мени ўз ҳолимга қўйинг.
Онанинг жаҳли чиқди.
– Сен қанақа ўғилсан?! Сени оқ сут бериб боққанман! Нега менинг айтганимни қилмайсан? Ҳозир кўчага чиқиб дод соламан! “Вой-дод, бундай ўғилнинг дастидан дод!” дейман! Шарманда бўласан! Тушундингми? Шунинг учун, уйлансанг ҳам уйланасан, уйланмасанг ҳам, уйланасан! Яхшилаб билиб қўй! Сенга бир ой муҳлат бераман, шундан сўнг мен топган қиз билан турмуш қурасан, тамом-вассалом! Мен бошқа маҳтал қилма!
Ўғил индамади. Хонасига кириб кетди. Онасини ортиқ хафа қилишни истамади. Аёл “Ўғлимни кўндирдим!”, деб ҳаёл қилди. Хурсанд ҳолда хонтахта устини йиғиштиришга тушди.
Аммо, у янглишаётганди. Фарзанд онасининг бақириғини жиддий қабул қилмаганди. Бундай гаплар уни синдира олмасди. Сабаби, у ўз ёрини, ўзига аталган жуфти ҳалолни кутаётганди. Бир куни қандайдир тасодиф уни ўзига рўбарў қилишини аниқ биларди. Бу ишда унга кўмакчи керак эмас эди. Икки умр кутди, лозим бўлса, яна бир умр кутади ва уни учратгач, ўзига аталган париваш билан боқий яшайди.

Орадан бир ой вақт ўтди.
Она кечки пайт мулойимлик билан фарзандига юзланди.
– Ўғлим! Муҳлат тугади. Эртага сен билан бир хонадонга борамиз. Ўша ерда бир офатижон билан кўришасан. Кечки пайт. Ҳаялламай вақтида уйга қайт!
Йигит ниҳоят жиддийлашди.
– Ойижон, мен сизга фикримни айтганман. Балоғат ёшидаги инсонман. Ўз ҳаётим бўйича қарорлар чиқара оламан. Мен қул эмас, фарзандман. Менга ҳеч қандай офатижону, жононаларни тиқиштирманг. Мен эртага ҳеч қаерга бормайман. Учрашувни бекор қилинг.
Онанинг афти бужмайди. Кўзлари шокосасидан чиқар ҳолатга келди. Фарзандининг саркашлиги унинг сабр косасини тўлдириб юборди. У бор овози билан чинқирди.
– Бор! Йўқол! Уйдан йўқол!.. Сендек ўғлим йўқ!
Бу қичқириқни эшитган ота, ётоқхонасидан ошхонага югуриб чиқди.
– Тинчликми?! Нима бўлди?
– Мана бу ифлос, кўрнамак ўғлингизни қаранг! Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим! Мен топган қизга қиё ҳам боқмасмиш! Йўқолсин уйимдан! Хотинлардан суриштириб, ўзимизга мос келадиган оила топгандим! Мени иснодга қолдираяпти!
– Ўзингни бос. Нега қичқирасан? Келишгандик-ку! Уни ўз ҳолига қўй, дегандим-ку!
– Йўқ! Ё менинг айтганимни қилади, ё уйдан йўқолади!..
Фарзанд ўз хонасига кирди-да, йўл сумкасига энг керакли ҳужжат, дафтарларини ва кийимларини солди. Сўнг, дадасининг “Тўхта, қол уйда!” деганига қарамай, ташқарига чиқди ва қоронғулик сари юриб кетди.

Йигит тонгни бекатда қаршилади. Ишхонасига вақтли борди. Интернетдан ижарага уйлар қидирди. Уч-тўрт қўнғироқдан сўнг, биттаси билан келишди. Кечки пайт борадиган, жойлашадиган бўлди.

***
Аввалги икки онаси бундай даражада ўзларини севувчи, ўзларига бино қўйган аёл эмас эдилар. Учинчи волидаси ҳаддан ташқари эгоист-диктатор чиқиб қолди. Иккита-учта қўшни хотин ва тўрт-бешта қариндош аёллар олдида чиранишни жуда истайди. Энди, уларга тик қарай олмайди, юзи шувит бўлади. Улар эса: “Биргина ўғлингни сўзингга кирдиролмадингми? Айтган жойимизга бормадинг-а! Ўл, бу кунингдан!..”, дегандек писанда билан боқишади. Онаси эса ер ёрилмайди-ю, ерга кириб кетмайди. “Келин туширмадингизми, ҳали ҳам?”, деган саволга бирор нималардир дейди, барча айбни отасига тўнкайди.
Биринчи онаси ўғлининг ихтиёрини ўзига ташлаганди. “Болам, сен ақлли йигитсан, кимни ўзингга лойиқ кўрсанг, ўша қизни келин сифатида қабул қилабераман!”, деган эди. Аммо, йигит ўзига аталган ёрни тополмади. Аниқроғи, кечикиб топди. Бу пайтда, у бошқа одамга турмушга чиқиб, бола-чақали бўлиб кетган экан.
– Шошибсан! Сен меники бўлишинг керак эди! – деганди у ўша ўзига аталган ёрга.
– Янглишганимни кейин англадим. Турмушим ширин эмас. Ҳар куни бирор жанжал чиқади. Аммо, болаларим отасига ўрганиб қолишган. Уларни кўзим қиймайди… – деганди у.
Шунинг учун, у қолган ҳаётини бўйдоқликда ўтказди. Онаси бечора, то вафотига қадар тўполон қилмади. Фақат охирги кунларида сўраганди:
– Болам, менинг вақт-соатим яқинлашмоқда, сен шу пайтга қадар уйланмадинг. Тенгингни нега топмадинг?
– Топдим, ойижон. Фақат, кечикибман. У оилали бўлиб улгурган экан.
– Унда, бошқа бирорта бошқа кўнглингга ёққан аёлга уйлана қолсанг, нетарди?
– Бу ҳолда, кейинги ҳаётим ғурбатда ўтарди, ойижон. Сиз, ўғлингизнинг ҳар куни асаби бузилиб, фиғони чиқиб яшашини, қариб, кучдан қолган чоғида тепасида дағдаға қилиб турадиган аёлнинг дастидан ўлиб қўя қолишни истайдиган ҳолга тушишимни хоҳлайсизми?
– Йўқ, ўғлим. Асло буни истамайман.
– Шунинг учун, мендан рози бўлинг. Балки, кейинги умримда топарман, ўз тенгимни, ўзимга аталган чин ёрни.
– Сен яна яшайсанми, болам?
– Ҳа, ойижон. Мен яна қайта туғиламан.
– Онанг ким бўлади?
– Буни мен билмайман. Мен ўзим истаган волидадан дунёга кела олмайман. Ихтиёр менда эмас.
– Нега бундайсан, болам? Нега барча каби бир марта яшамайсан?
– Ўзим ҳам тушунмайман, ойижон. Йигирма икки ёшга тўлганимда, мен бир киши билан учрашиб қолдим. Аниқроғи, у мени қидириб топди ва шундай топшириқ берди. У – боқийлик маслаҳатчиси экан. Айтдики, ўзимнинг ҳақиқий ёримни топмагунимча, туғилабераман. Топганимдан сўнг, у билан боқий яшайман. Бунинг сабабини, бахтга эришганимдан сўнг билдиришини хабар қилди. Ва тайинладики, бу маълумотни ҳеч кимга гапирмаслигим лозим. Фақат, онангга, унинг охирги дақиқаларида тушунтиришинг мумкин, деди. Мен ундан сўрадим: “Мен, ўша ўзимга аталган ёрнинг, айнан ўша эканлигини қайдан биламан?” У тушунтирдики: “У қизни кўрганингда, қалбингда портлаш юз беради. Ўзингни тамом унутасан. Унинг сиймоси олдида, қолган ҳаётинг хиралашади. Шунда қалбингдан сўрайсан: “Бу ўшами?” Дилингда “Ҳа!” ёки “Йўқ” сўзи жаранглайди! Шундан билиб оласан”… Ойижон, сиз бу гапимни бошқа бирор кишига, хаттоки дадамга ҳам айтиб қўйманг!
Онаси ўғлига мунгли кўзларини қаратди. Энди уларда қандайдир учқунчалар пайдо бўлаётганди.
– Мен шу пайтгача, ўғлимни бошини иккита қилолмадим, бахтга эриштиролмадим, деган хавотирда эдим. Энди, кўнглим тинчиди, болам. Яхши ҳам шу сўзларни айтдинг. Ҳақиқатдан, ўзингнинг тенгинг бўлмаган, ўзингга аталмаган, сенга меҳр беролмайдиган аёл билан яшаш – ғурбатдан бошқа нарса эмас. Кейинги ҳаётингда бахтингни топ! Вафот этсам, руҳимга атаб дуолар ўқиб тур…
– Хўп бўлади, ойижон. Менга жуда яхши она бўлдингиз, оқ сут бериб катта қилдингиз, меҳрингизни аямадингиз, ўжарлигимга чидадингиз – барчаси учун раҳмат!..
Бир ҳафтадан сўнг, биринчи онаси вафот этди. Кейин, бир неча йилдан сўнг, отаси ҳам жонини Ҳаққа топширди. Ўзи эса, ёлғиз қолгач, синглисининг набирасини ёнига олиб, яшади. Вафот этиб, барча топган-тутганини унга қолдирди.

***
Иккинчи она сал бошқачароқ чиқди. У маълумоти бўйича физик олима эди. Шунинг учун, ҳаётдаги бош мезон – тартиб-интизомда деб ҳисобларди. Ҳар бир кунга режа тузарди. Бу аёл, хаттоки ўғлининг келгуси ҳаётини миридан сиригача қоғозга ёзиб чиққанди. Ўн етти ёшида мактабни тугатади, йигирма уч ёшида институтни тугаллайди. Йигирма беш ёшида уйланади. Бўлажак турмуш ўртоғи тиббиёт соҳасида ишлаши, юқори малакали врач бўлиши лозим. Янги оила икки – бири ўғил, иккинчиси қизга тарбия беришлари керак. Бу она, ҳали туғилмаган набираларнинг ҳам қаерда ўқиши, қандай касбни эгалаши ва… хуллас, уларнинг ҳам барча хатти-ҳаракатлари режалаштирган эди.
Аммо, аёл ўғлини ўз йўлига сололмади. Фарзандининг феъл-атвори, яшаш тарзи биринчи умрида шаклланиб бўлган эди. У яна қайта туғилгани билан, минг бошқача тарбия берилмасин, ўзгармади. Аввалги ҳаётдагидек инсон бўлиб балоғат ёшига етди. Институтни тугатгач, “Биологик тадқиқодлар институти”га ишга кириб, илмий изланишлар қила бошлади. Йигирма беш ёшга кирганда, онаси уни жиддий суҳбатга тортди.
– Хўш, ўғлим! Уйланадиган вақтинг келди. Сенга мустақил ҳаракатлар қилишинг учун имконият ва вазифа бергандим: бажардингми?
– Медицина институтида ўқийдиган бирор хушбичим қиз билан танишишим ва у менга ёқса, турмушга чиқишни сўрашим керакмиди? Шуни айтаяпсизми?
– Ҳа!.. Нима бўлди? Топшириқ бажарилдими?
– Йўқ, ойижон, бажарилмади.
– Нега, ўғлим?
– Сабаби оддий. Анча-мунча қизларни кўрдим, танишдим, гаплашдим. Ҳеч қайсиси қалбимни ларзага сололмади.
– Бўлгуси жуфти ҳалолингга катта талаб қўйма. Ўзи хурилиқо бўлмаса ҳам, ёқимли, одобли, яхши оиланинг фарзанди бўлса, етади. Сен ахир Фарҳод, Мажнун ёки Тоҳир эмассан-ку, ўз Ширинини, Лайлисини ва Зуҳросини қидирадиган! Сенга яхши рафиқа, болаларингга меҳрибон она бўлса, етарли эмасми?
– Йўқ! – деди фарзанд. – Етарли эмас. Бу дунёда фақат мен учун туғилган қиз бор. Ўшани қидириб топишим керак. Фақат унгагина уйланаман.
– Мен ўғлимнинг максималист эканлигини билмас эканман. Бунақада қачон уйланасан? Режадан чиқиб кетишимиз мумкин-ку!
– Ойижон, ҳаётда ҳамма нарса ҳам режа бўйича кетабермайди.
– Режасиз одам ҳаётда кўп нарсаларга эриша олмайди. Тартиб-интизом тараққиёт гаровидир!
– Ҳа, гапингиз тўғри. Лекин, шахсий ҳаёт – ишлаб чиқариш ташкилоти эмас.
Она бироз сукут сақлади ва ниҳоят сўз қотди.
– Болам, майли. Режани бир йил кейинга сурамиз. Аммо, сен бу соҳада жуда интенсив ҳаракат – жаҳду жадал қилишинг керак!..
Бир йил ўтди. Йигитнинг барча қидирувлари зое кетди. Ўша – яккаю ягона гўзал учрамади. Режа яна бир йилга ўзгартирилди. Кейин, яна. Кейин, яна… Шу тариқа анча йиллар ўтди. Бора-бора, ўғлининг уйлана олмаслигига иккинчи волида ҳам кўникди. Фақат бир марта сўради.
– Сўраганнинг айби йўқ, сени туққан онангман, бир нарсани айт, сенда ўзи қизларга нисбатан интилиш борми?
– Ойижон, мен соппа-соғман. Асло шубҳаланманг! Фақат, омадсизман, ўша ўзимга аталган қизни топа олмаяпман. Тақдир учратмаяпти.
– Инсон ўз ҳаёти тарихини ўзи яратади. Муваффақиятсизликларни тақдирга тўнкаш – ношудларнинг ишидир. Сен бунчалик ношуд бўлиб улғаясан, деб ўйламагандим. Яккаю ёлғиз ўғлимсан. Синглинг, мана бола-чақали бўлиб кетди. Нега, сен шундайсан? Билмайман… Барча илғор тарбиявий ғоялар асосида ўстиргандим.
– Ойижон, сиз жуда тартиб-интизомли одамсиз. Агар, сир сақлашга ваъда берсангиз, ўзим ҳақимда маълумот бераман. Шунда, барча шубҳаларингиз ва таажжубларингизга ўрин қолмайди.
– Бу сирни ўзим билан бошқа дунёга олиб кетишим керакми, болам?
– Ҳа, ойижон!
– Мен сир сақлай оламан. Баъзи хотинларга ўхшаб, кўча-кўйда валақлашиб, мақтанишда пойга ўйнаб юришни ёқтирмайман. Гапиравер, болам! Фарзанд ўз дардини онасига айтмаса, кимга айтади.
Ўғил иккинчи волидасига ҳам барча гапни айтиб берди.
Онаси ўйга толди.
– Наҳотки, шу реал ҳаётимизда фантастикага ўрин бор? Сен мени жуда ҳайрон қолдирдинг. Назаримда, сени руҳшунос-психиатрга кўрсатиш керак.
– Ойижон, менга ишонмасангиз, мени жинни бўлиб қолган деб ҳисобласангиз, уйдан ҳам, ишимдан ҳам кетаман. Узоқ юртларга равона бўламан. Ўғлингизни бошқа кўрмайсиз!
– Йўқ, болам, хавотирланма. Мен фикрлаяпман. Табиат қонунлари, наҳотки шунчалар даражада мураккаб ва сирли?! Наҳотки, унинг ҳали очилмаган қирралари бор!?.
– Ҳа, биз борлиқнинг мингдан бирини ҳам мушоҳада қила олмаймиз.
– Шунинг учун, мен сени истаганимдек тарбиялай олмаган эканман-да… Энди, барча умид учинчи туғилишингдан экан-да…
– Шунақага ўхшаяпти, ойижон. Ёшим катта бўлиб қолди. Бу ҳаётимдаги менга аталган қиз ҳам шу пайтда бошқа одам билан яшаётгандир. Уни вақтида учратолмадим.
– Майли, менинг, сен айтгандек, тақдирга тан бермасликдан бошқа иложим йўқ. Биринчи онанг бунга қанақа қараган?
– Тўполон қилмаганлар. Индамай қабул қилганлар. Кейинги ҳаётингда бахтингни топгин, деб дуо қилганлар.
– Яхши аёл бўлган экан. Мен ҳам сени дуо қиламан. Синглингга айтаман, қариб кучдан қолганингда, бир набирасини сенинг ёнингга қўйсин. Ёрдамчи бўлади, охирги дамларингда лабларингга сув томизади…

***
Учинчи умрини яшаётган йигит, уйдан қувилгандан сўнг, ижара уйга жойлашди.
Йигит уйга қайтмагач, эртаси куни дадаси ишхонасига келди. Ҳолироқ жойга ўтиб суҳбатлашишди.
– Ўғлим! Бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирма. Онанг қизиққонлик қилиб, сени уйдан ҳайдади, ўтган куни. Ҳозир пушаймон. Йиғлаяпти. Уйга қайтақол, бугун. Майли, қиз кўришга бормай қўяқол. Ўзинг истаганингга, севганингга уйлантирамиз.
– Дадажон! Онамга бир неча бор айтдим: “Мен сизнинг қулингиз эмас, фарзандингизман. Мени яхши қуда қилиш учун уйлантиришга уринманг! Бу дунёда ўзимга аталган қизни кўрсамгина турмуш қураман”. Йўқ, тушунишни истамай, маҳалладаги тўртта-бешта хотин олдида ўзларини кўрсатмоқчи бўлаяптилар.
– Мен сени яхши биламан, менга ўхшаган ўжарсан. Истак-хоҳишларингни тушунаман. Ойинг эса ўзга оламга кириб қолган. Озроқ вақт ўтсин, унинг ҳам ақли етиб қолар, айтганларингга.
“Демак, онам ҳамон ўша-ўша, эски дунёқараши ўзгармаган”, хулоса қилди йигит. Ва отасига сўз қотди.
– Дадажон! Мен кеча ижарага уй олдим. Бир ойлик пулини олдиндан тўладим. Бугун келиб, эртага чиқиб кетсам, бўлмайди.
– Йўқ, ўғлим, юр уйга. Ижара пулингни мен бераман.
– Мени кечиринг, дада! Энди, мен сизлардан алоҳида яшайман. Мени зўрламанг. Вақтим оз қолди.
Ота бу сўзлардан таажжубга тушди.
– Ўғлим! Америкадагина болалар балоғат ёшига етгач, алоҳида яшаш учун чиқиб кетишади. Бизларда эса, фарзандлар ота-онаси билан бирга яшайди, қариганида боқади. Бундан ташқари, қандай вақтни айтаяпсан, оз қолди деб?
– Ўзимга аталган қизни тезроқ топмасам бўлмайди. Гап шунда. Бу ишда эркин бўлганим дуруст. Мендан хавотир олманг, муродимга етсам, сизлардан фотиҳа оламан. Тўйни ўз уйимизда қиламиз, келиннинг қўлидан чой ичасизлар!
Ота ўз фарзандининг феълини озми-кўпми биларди, шунинг учун яна уйга қайтгин демади.
– Майли, унда сенга эркинлик бераман. Яхши қол. Ўзингдан хабар бериб тур.

Кечки пайт, йигит ижара уйига қайтди. Ўринга чўзилиб, узоқ ўй сурди. Хўш, энди қандай саъйи-ҳаракат қилса, ҳаётдаги асосий мақсадига етади? Нималар қилиш керак? Матбуотга, интернетга эълон берсинми? Лекин, ўтган умрларида бу усуллар фойда бермади-ку! Бошқа қандай тадбир қўлласин?..
Йигит шундай ҳаёлларда ухлаб қолди. Тонгга яқин туш кўрди.
Уйланаётган эмиш. Тўйхонада одам гавжуммиш. Келин эса йўқ экан. Ҳайрон бўлибди: тўй тўрида бир ўзим ўтираманми? Шу пайт, унинг ёнида ўша биринчи умрини яшаётганда, йигирма икки ёшга тўлганда учрашиб, ҳақиқий ёрни топиш зарурлигини айтган боқийлик маслаҳатчиси пайдо бўлибди.
– Дўстим! Ажабланма, ҳозир ёнингга сенга аталган қиз келади, – дебди.
– Бу, ахир нотўғри-ку! Мен уни танимасам, билмасам. У ҳам мен билан гаплашиб кўрмаган бўлса. Қандай қилиб, тўй бўлади? Биз қайси асрда яшаяпмиз?! – хитоб қилибди йигит.
Шу дамда, шоир Пўлат Мўминнинг “Вафо билан келибди!” қўшиғи садолари остида, бошига фата ёпган, ўнг ёнида ёши каттароқ аёл, чап томонида тенгдош қиз билан ўзи томон юриб келаётган келинга кўзи тушибди.
– Ана, сен учун туғилган қиз! – дебди боқийлик маслаҳатчиси.
Келин яқинлашгач, ёнидаги аёл унинг юзидаги фатасини кўтарибди.
Во ажаб! У ахир биринчи умридаги, кечикиб топган, шунинг учун бошқа одамга турмушга чиқиб кетган қиз-ку! Йигитнинг қалбида кучли портлаш юз берибди. У тамом атрофни – тўйхонани, маросимга йиғилган одамларни ва боқийлик маслаҳатчисини ҳам буткул унитибди. Уларнинг тасвири хиралашибди. Тўйхона ғала-ғовури ҳам, мусиқа ҳам эшитилмай қолибди. Кўз олдида фақат ўша, икки умр қидирган, лекин учратолмаган сиймо қолибди.
Келин ширингина жилмайибди.
– Ниҳоят учрашдик! – дебди у шивирлаб. – Мен ҳам сизни икки умр изладим. Мана, учинчисида топдим…
Йигит ҳам жавобан табассум қилибди.
– Наҳотки, сен – ўшасан? – дебди у.
– Ҳа! Мен ўшаман. Биринчи умримда янглишдим. Ўшанда, вафотим олдидан Яратганга ёлбордим: “Ё, Оллоҳ! Бу ҳаётда мен бахтли бўлолмадим. Мени қайта дунёга келтир. Ва унда ўзимга аталган йигит билан яшашимга ижозат бер!..” Афсуски, иккинчи умримда, сизни тополмай тоқ ўтдим. Бу ҳаётим хотимасида ҳам яна Мавлога ёлборганча дунёдан ўтдим… Ниҳоят бахтлиман! – қизнинг кўзларида учқун чақнабди.
Йигит ҳам чексиз шодликка тўлибди.
– Тушимми ё ўнгимми? – дебди у, беихтиёр.
– Албатта, бу туш! – хитоб қилибди ёнида турган боқийлик маслаҳатчиси. – Уйғониш керак, бўлди етади!
Йигит бирдан уйғониб кетди. Боқийлик маслаҳатчисидан қаттиқ жаҳли чиқди.
– Нега мени уйғотади, у?! – ҳайқирди у. – Нега?..

У ўрнидан турди. Сўнг, ўринга ўтирди. Ўн-ўн беш дақиқа шу алфозда қолди. Кейин, турди. Кун ёришган эди. Ювиниб, ўзига қаҳва тайёрлади. Тетиклашгач, кўча кийимини кийиб ишхонасига равона бўлди.
Ўз хизмат жойи – “Биологик тадқиқотлар институти”га ижара уйидан чиқиб, бошқа, нотанишроқ кўча билан бориш керак эди. Айни шу йўл узра манзилига етай деб қолганда, тўсатдан қаршисидан бир қиз келаётганига эътибор қилди. Одатда, у ёнидан ўтаётган гўзалларнинг юзига бир қиё боқарди-да, қалбида ғалаён уйғонмагач, индамай ўтиб кетарди. Аммо, бу гал дилида нимадир қимирлади. У узоқдан бўлса-да, қизга синчиклаб боқди. Ё, Оллоҳ!.. У – ахир, бугун тонгда тушида кўрган, биринчи умрида учратган париваш-ку!..
Йигит юришга мажоли қолмай, жойида тўхтаб қолди. Нигоҳи ўзига яқинлашиб келаётган қизда эди. У ҳам қаршисидаги одамга бир боқди-да, тўсатдан юришини секинлатди. Кўзларида учқун эмас, ўт чақнади! Иккала қалбда барварига портлаш юз берди.
Йигит ҳам, қиз ҳам батамом ўзларини унитдилар. Улар учун атроф хиралашди. Олдиларида фақат излаган сиймолари турарди. Иккалалари қалбларидан сўрадилар: “Бу ўшами?” Дилларида баробарига “Ҳа!” деган сўз жаранглади!
– Салом! – деди йигит.
– Салом! – жавоб берди қиз.
– Эсингдами, биз бундан бир юз етмиш йил илгари учрашгандик!
– Ҳа, кечагидек ёдимда, – жилмайди қиз.
– Бугун тонгда сени тушимда кўрдим! – хабар берди йигит.
– Мен ҳам… – ийманиб сўз қотди қиз.
– Тушимда менга айтган гапларинг ростми, яъни мени қайта учратиш учун Яратганга бошқатдан туғилишингни сўраб ёлборганинг?
– Ҳа! Ҳаммаси рост!.. Ниҳоят, сизни қайта топдим.
– Биз, бир-биримиз учун яратилганмиз!
– Буни биламан.
– Энди, бизни ўлимдан бошқа ҳеч қандай куч ажратолмайди!

Бу тасодифий учрашувдан икки ой ўтгач, икки ёшнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Тўйга боқийлик маслаҳатчиси ҳам келди. Куёвнинг дўсти сифатида табрик сўзи олиб, уларга боқий умр, боқий бахт ва боқий муваффақиятлар тилади. Тўёна сифатида Тинч океанининг қоқ ўртасидаги оролда жойлашган дам олиш масканига, асал ойини ўтказиш учун йўлланма берди. У ерга бир ҳафтадан сўнг бориш керак экан.
– Биз сен билан ўша ерда бафуржа гаплашиб оламиз, – деди у, йигитга, хайрлашар экан.
– Жуда соз! Албатта!
– Боқий яшашинг кераклиги сабабини тўйинг ўтгач, айтаман дегандим, бир юз саксон йил илгари. Эсингдами?
– Ҳа, ёдимда.
– Бўпти, унда келишдик… Дарвоқе, биздан сенга бошқа совғалар ҳам бор. Учинчи онангнинг кўзи жуда оч. Шунинг учун, уйингга турли замонавий, қиммат жиҳозлар, кийим-кечаклар, тақинчоқлар юбордик, қуда томондан деб. Сир бой берма. Тинч яшайсизлар.
– Яхши, раҳмат! – деди йигит.

Дарҳақиқат, учинчи она келин томондан келган сарпо-суруғларни, совғаларни кўриб, оғзи ланг очилиб қолди. Ўзига замонавий кийим-кечаклар, камёб газламалар, ҳамда катта бриллиант кўзли узук ва зирак, эрига охирги пайтда расм бўлган пальто, плашч, костюмлар, пойафзаллар. Ўғлига ҳам бир дунё сарпо ва ҳаммасидан ҳам аъло совға – янги, мойи артилмаган энг зўр машина ҳам ташлаб кетишибди. Ана қуда-ю, мана қуда! Фарзанди ҳам анойи эмас экан. Билар экан кимнинг қизини олишни! Афсуски, нотўғри фикрга борган экан, бу ношуд бола бир бечораҳол, моянахўрнинг қизини етаклаб келади, деб. Ўғлининг дўстлари ҳам серҳиммат экан. Дунёнинг узоқ бурчидаги жуда қиммат курортга йўлланма беришди. Қойил! Кутганидан ҳам аъло бахтга эришди! Энди, хотинлар орасида роса кариллаб юрадиган бўлди-да! Қандай бахт!..

Тинч океанидаги орол келин-куёвга ёқди. Дам олувчилар учун дарахт шохлари ва бамбуклардан ажабтовур коттежлар қурилган экан. Ичкариси жуда шинам. Ҳаво мўътадил. Қирғоқлар сўлим. Пальмалар ва бошқа ажабтовур дарахтлар кўкка бўй чўзган. Уммон суви тўлқинланиб, шовуллаб келаверади ва ортга қайтаберади. Қумга расм чизасан, бироз ўтмай ювилади. Сувга оёғингни тиқасан – ёқимли илиқлик бармоқ учларингдан болдирларинггача роҳат бахш этади. Бўғзинггача тушиб чўмиласан – тананг яйрайди. Океан сенга ўзининг табиий қувватини инъом этади.
Боқийлик маслаҳатчиси уч кун ўтгандан кейин келди.
Йигит ёрини коттежда қолдириб, у билан суҳбатлашиши учун ташқарига чиқди. Улар океан бўйида, табиат қўйнида жойлашган очиқ қаҳвахонанинг четроғидан жой олиб суҳбатлаша бошлашади.
– Ишлар кўпайиб кетди, – ахборот берди маслаҳатчи. – Аммо, энди мириқиб суҳбатлашсак бўлади. Мен ҳам сизларнинг баҳонангизда уммонда чўмилиб дам оламан! Рухсат олдим.
– Шу уч кун мен учун бир лаҳзадек ўтди. Мен ўз ёримга тўя олмаяпман. Шунинг учун, кечикканингизни сезганим ҳам йўқ.
Маслаҳатчи жилмайди.
– Ҳа, ҳақиқий севги – айни шундайдир. Бу – боқий бахтдир!
– Биз ростдан ҳам боқий яшаймизми?
– Ҳа! Фақат, бу сизнинг тасаввурингиздан бошқачароқ боқийлик бўлади.
– Қандай? – қизиқди йигит.
– Сиз, атрофингиздаги барча одамлар каби бола-чақали бўласиз, уларни ўз тенгиларини, яъни ўзларига аталган ёрларини топиш йўлларини ўргатиб, бахт топишларига ёрдам берасиз, уларни уйлик-жойлик қиласиз, набиралар тарбиялайсиз. Бир кун бориб, қарийсиз ва вафот этасиз…
– Вой! – хитоб қилди йигит. – Шу боқийликми? Оддий ҳаёт-ку! Мени алдабсиз-да!
– Оллобердининг “Оллоҳ”ини эшитдингиз, энди “берди”сини эшитинг. Ҳовлиқманг, сабр қилинг! – жавоб берди маслаҳатчи.
– Хўп. Қулоғим сизда.
– Бир нарсани билиб қўйинг. Нега, бизнинг ташкилот барча одамларнинг ўз тенгиларини топишини истайди ва бунга йўллар қидиради, шу ҳақда ўйлаб кўрдингизми, шунча йил – деярли уч умр давомида?
Йигит бош чайқади.
– Мен ўзимга аталган ёрни топиш ҳақида топшириқ олганман, шунинг учун бошқа ҳолатлар ҳақида ҳеч фикр юритмаганман. Бундан ташқари, саволим бор: Сизнинг ташкилотнинг номи ва фаолият мақсади нима? Шуни билгим келаяпти.
– Ташкилотимиз номи – “Инсоният жамиятини ривожлантириш институти”. Унинг фаолият мақсади – номидан маълум. Бунда фақат, менга ўхшаган зотлар хизмат қиладилар. Биз олимларга, ихтирочиларга ва яхшилик ғояларини амалга оширишга интилувчиларга ўз кўмакларимизни берамиз. Токи, улар мўлжаллаган илмий-техник ишларини маромига етказсинлар. Жамият бундан фақат фойда кўради ва ривожланиш тезлигини оширади.
– Буни қандай амалга оширасизлар? Бу мен учун жуда қизиқ! – сўз қотди йигит.
– Ҳеч қандай мушкуллик йўқ. Биз ахир оддий инсонлар эмасмиз. Бизда имкониятлар анча катта. Масалан, ўша олим ё ихтирочининг тушига кириб, нима қилиш кераклигини айтиб берамиз. Ёки, кўчада ё бошқа шароитларда, масалан илмий симпозиумларда, конференцияларда, хаттоки меҳмондорчиликларда тасодифан учрашган одам бўлиб, унинг касб-кори бўйича суҳбатлашиб, унга илмий-техник муаммолари ечимларини етказамиз. Биз, шунингдек ижодкорларга ҳам зарур мавзуларни шипшиймиз, лозим бўлса онгига кириб ёздирамиз. Натижада, улар мақсадларига етадилар – шуҳрат қозонадилар, мукофотлар, унвонлар оладилар. Бизга эса фақат – амалга оширилган иш керак. Бошқаси аҳамиятли эмас. Моддий бойликлар истасак – ҳар қанча бор. Улар биз учун – асосий мақсад эмас.
– Бу тушунарли. Мен айрим ихтироларнинг, буюк асарларнинг муаллифлари уйқуларида ёки қаердадир, кимлардандир зарур ғоялар, маълумотлар олганликлари тўғрисида сўзлаганларини эшитганман. Демак, уларда жон бор экан. Мени яна бошқа нарса ажаблантираяпти. Инсон нега айнан ўзига аталган, ўзи учун туғилган жуфтини топиши ва у билан турмуш қуриши лозимлиги – зарурлигини қандай изоҳлайсиз? Нега бу йўналишда ҳам фаолият юритаяпсиз?
Боқийлик маслаҳатчиси бу саволга дарҳол жавоб бермай, қирғоққа бетиним урилиб-қайтаётган уммон тўлқинларига нигоҳ ташлади.
– Қаранг! – деди у. – Океан бетиним тўлқинланади. Ҳеч қачон тўхтамайди. Табиат кучлари доимий ҳаракатда. Шунингдек, инсоният ҳам, уларнинг жуда кўп вакиллари ҳам ҳаракатдан тинмайдилар. Айтинг-чи, қандай одамлар олма пиш – оғзимга туш деб ўтирмайдилар? Қандай одамлар зараркунандалик, яъни ўғрилик, қароқчилик, товламачилик ва порахўрликлар қилмасдан яшашга интиладилар? Қандай одамлар ҳийла-найранглар қилишга, одамларни бир-бирлари билан уриштиришга мойил бўлмайдилар?
Йигит бир оз ўй сурди ва фикрини билдирди.
– Назаримда, бундай феъл-атвор тарбияга ва генларга боғлиқ. Лекин, кўпроқ ота-боболари ким бўлганига боғлиқроқ. Чунки, буюк шоир Ҳазрат Навоий айтганларки: “Кучук билан хўтикка қанча қилма тарбият – ит бўлур, эшак бўлур, бўлмаслар асло одами!”
– Гапингизда жон бор. Энди, ўзингизга савол беринг, ана шу сиз айтган ёмон генли одамлар қайдан пайдо бўлган? Аминманки, бунга тайинли, аниқ жавобингиз йўқ. Айтишингиз мумкинки, беникоҳ туғилганлар шундай бўладилар деб. Бу тўғри. Аммо, яна бир туркум одамлар борки, улар бир-бирларига умуман тўғри келмайдиган эркак ва аёллардан дунёга келишган. Бундай оилаларда, ўзингиз биласиз ҳар куни жанжал, ҳар куни муаммо, ҳар куни норозилик ҳукм суради. Шундай муҳитда улғайган кишилардан жамиятга фойда келтирувчилар камдан кам чиқади.
Йигит маслаҳатчининг жим қолганидан фойдаланиб якун ясади.
– Ўз тенгини топганлар ва умр бўйи аҳил-иноқ яшаган оилаларда туғилган фарзандлар эса, жамиятга катта фойда келтирувчи солиҳ шахслар бўлиб улғаядилар! Тўғрими гапим?
– Худди шундай. Тўппа-тўғри! Шунинг учун, бизнинг вазифамиз – иложи борича кўпроқ одамлар борлиқ томонидан ўзларига аталган жуфтларини топишларига ёрдам беришдир. Бу амал орқали жамиятда қалби тоза, имкониятлари катта, ҳаётга ижобий кўз билан қарайдиган одамлар кўпаяди, натижада ривожланиш сезиларли тезлашади.
Йигит бу сўзларни эшитгач, бир оз жим қолди. У ҳам қирғоққа урилаётган тўлқинларга боқди. Қалбида пайдо бўлган саволни тилига чиқарди.
– Нега айнан мен? Ёки сиз кўп одамларга шундай топшириқлар берганмисиз?
– Ҳа, биз кўпчиликка, фақат фикрловчи ва иродали деб фараз қилинган одамларга ўзларининг ҳақиқий бахтларини излашни вазифа қилганмиз. Афсуски, уларнинг тўртдан уч қисми ташқи тайзиқларга, ички табиий интилишларга қарши чиқа олмадилар. Баҳоналар топиб, тенги бўлмаганлар билан турмуш қурдилар. Уларга бошқа умр бермадик. Фақат, сиз ва яна бир нечта йигит сабот билан изладилар, кутдилар ва ниятларига етдилар. Икки умр ёлғизликда, оила қурмасдан яшаш – осон эмас. Бу, хаттоки, қаҳрамонликдир.
– Сиз инсон саботини синовчи, ўзига хос илмий тажриба ўтказибсиз-да! Олинган натижалар яхшими?
– Ҳа, ёмон эмас. Биз учун бир нечта авлодлар умри кўп давр эмас. Вақт ўтиб, сизлардан туғиладиган ва сизларнинг ишларингизни давом этдирадиган фарзанду набираларингиз жамият генофондини янгилайдилар.
– Мен ташкилотингиз мақсадини яхши англадим. Энди, биринчи саволимга жавоб беринг!
Боқий маслаҳатчи жилмайди.
– Сизнинг ва ёрингизнинг боқийлиги шундан иборатки, сизлар вафот этганингиздан сўнг, яна қайта туғилаберасиз. Ва яна қайта топишиб, турмуш қураберасиз. Инсоният бор экан, сизлар ҳам бўласиз! Аввалги туғилганларингизни унутмайсизлар ва буни ҳеч кимга айтмайсизлар, хаттоки айтолмайсизлар. Жаҳл устида ёки бошқа вазиятларда ҳам гапириб юборолмайсизлар. Хаттоки, ёзолмайсиз. Тилингиз айланмайди, қўлингиз қимирламай қолади. Тушунарлими?
– Ҳа. Хўш, бундай боқийлик қандай вазифа юклайди, бизларга?
Шу пайт бирдан енгил шамол турди. Очиқ қаҳвахонада ўтирган барча одамлар юзига океаннинг нам ҳавоси урилди. Маслаҳатчи бундан маза қилди шекилли, юзини шамол томонга буриб кўзларини юмди.
– Яшаш яхши-а! – деди у бир неча сониядан сўнг. – Ана устида тўлқинлар чопаётган уммон қаърида қанчадан қанча сув жонзотлари яшайди. Ҳаммасининг ўз вазифаси бор, ҳаммасининг умри чегараланган. Ер юзидаги жамики ҳайвонларнинг, барча тирик жонларнинг ва инсонларнинг ҳам ҳаёти вақт келганда тугайди. Улар бошқа туғилмайдилар. Сиз ва ёрингиз эса қайта дунёга келаберасиз. Биласизми, нега?
Йигит бош чайқади.
– Айтинг, нега?
– Чунки, сизлар, айтганимде, жуда қақшатгич имтиҳондан ўта олдингиз. Икки умр мобайнида фақат ўз ҳақиқий ёрингизга маҳтал бўлдингиз. Энди, сизлар қалби тоза ва истеъдодли фарзандларга ота-она бўлиб, тинч оилавий муҳитда уларни муносиб тарбиялайсизлар. Улар эса жамиятга фойда келтирувчи кишилар бўлиб етишадилар. Бу жараён ҳар бир умрингизда давом этаберади. Натижада, жамият аста-секин тараққиётга ижобий таъсир этувчи одамларга тўлиб бораверади. Сизнинг боқийлигингизнинг асосий ғояси шу!
Бу якуний сўзларни эшитган йигит индамай бошини океан томонга бурди. Табиат қандай гўзал! Денгизлар, тоғлар, водийлар – уларнинг манзаралари – ҳаммаси ажиб! Уларга боқсанг, завқлансанг – тирик эканлигингдан шодланасан. Тириклик эса вақтинча. Наҳотки, ўзи ва ёри бошқача шаклда бўлса ҳам, боқий яшайдилар? Бу – фақат хос бандаларига бериладиган инъом эмасми?
– Ҳа, тўғри фикр юритаяпсиз! – сўз қотди боқийлик маслаҳатчиси. – Сиз топширилган вазифани бажарганингиз учун шундай инъом билан мукофотландингиз. Бундан кейин ҳам шу йўлда давом этинг… Суҳбатимиз битди. Энди, мен кетаман. Хонамга бориб, озроқ ухлай. Бу сўлим масканга, наинки сиз билан мулоқот қилишга, балки дам олишга ҳам келганман. Кечки пайт тўлқинлар оғушида чўмиламан. Сиз билан эса бу ерда энди гаплашмаймиз. Кетгунимча менга яқинлашманг. Ташкилотимиз лозим топган пайтда, мени ёнингизга юборади. Хайр!
Боқийлик маслаҳатчиси ўрнидан турди. Калта, рангдор иштонига, пальма расми туширилган майкасига мос тушган похол шляпасини бошига қўндириб, суҳбатдошига бир табассум қилиб қўйди-да, ўзининг бамбук ва дарахт шохларидан бино этилган уйчаси томон кетди.
Йигит ҳам аста ўрнидан турди. Ўз чин ёрини соғиниб қолганди. Коттежи томон йўналди. Олдинда уларни чексиз давом этадиган умрлар ва оилаларида туғилаберадиган солиҳ фарзандлар кутиб турарди.

25-29.12.17. Тошкент.

006    Sevgi – otashdir. U har qanday yosh insonning yuragini yondiradi. Sevgi – majnunlikdir. U har qanday kimsani es-xushidan ayiradi. Sevgi – buyuk kuchdir. U har qanday yigitni qahramonlikka undaydi.

Ozod MOʻMIN XOʻJA
IKKI FANTASTIK HIKOYA
011

 Ozod Moʻmin Xoʻja (Ozod Moʻminov) 1952 yil 12 noyabrda Toshkentda tugʻilgan. 1991 yildan Oʻzbekiston Yozuvchilari Uyushmasi aʼzosi. Toshkent Davlat Universiteti Fizika fakultetini tamomlagan. 1975 yili VNIIPromgazning Oʻrta Osiyo filialida injenerlik faoliyatini boshlagan. 1980-1990 yillarda Oʻzbekiston Fanlar Akademiyasi Fizika-Texnika ilmiy-tekshirish institutida ilmiy xodim sifatida faoliyat olib borgan.
“Xiyobondagi uch uchrashuv” (1987) “Men – robot” ( 1989) nomli fantastik hikoyalar toʻplamlari va tarjimalaridan iborat “Eng dono ot” (1990) kitobi bosmadan chiqqan. 1992 yilda “Buyuk Amir Temurning yoquti” tarixiy asari “Sharq yulduzi” jurnalida va 1993 yili “Somon yoʻli” almanaxida chop etilgan. Shuningdek, “Bir yigit va uch qiz hangomasi” hajviy hikoyalari toʻplami (1997), “Sardor “Beshagachskiy” – toza oʻgʻri” kriminal qissasi (2004), “Vahdat ul-haqoyiq” falsafiy traktati (2006), “Oyjamol” choyxonasi” kriminal trilleri (2007) nashr etilgan.

011

VAQT TЕZLIGI

Gʻuncha ochilguncha oʻtgan fursatni
Kapalak umriga qiyos qilgulik.
Gʻafur Gʻulomning “Vaqt” sheʼridan

Sevgi – otashdir. U har qanday yosh insonning yuragini yondiradi. Sevgi – majnunlikdir. U har qanday kimsani es-xushidan ayiradi. Sevgi – buyuk kuchdir. U har qanday yigitni qahramonlikka undaydi.
Sevgi – zafar yo magʻlubiyatdir… Ular xayolga kelmagan, tasodifiy yoʻllarga boshlaydilar. Baʼzan, toʻgʻri yoʻllarga chiqarib qoʻyadilar.
Koinot Tadqiqotlari institutini shu yil bitirgan Neʼmat yosh mutaxassis sifatida faqat fan sohasida javlon urib, olim va ustoz sifatida hayot kechirishni niyat qilgandi. Va shu oʻzi oʻqigan dargohda qolgandi.
Insonning Yer yuzidagi faoliyatida ikki yonma-yon yoʻl bor: kasbiy va shaxsiy. Biri ikkinchisiga goho shunday taʼsir qiladiki, turmush kutilmagan tomonga burilib ketadi. Neʼmat talabalik vaqtida bir qizni sevib qolgandi va hayotini u goʻzalsiz tasavvur qila olmasdi. Juda xuriliqo boʻlgan Shahlo ham yigitning otashin muhabbatiga ijobiy javob bergandi va ikki yosh kelgusida, qiz ham dorilfununni bitirgach, oila qurishga ahdu-paymon qilgandilar. Shuning uchun, bu yosh mutaxassis oʻzining shaxsiy kelajagidan koʻngli toʻq edi.
Yoz fasli – ajoyib dam. Ayniqsa, azim Toshkentda. Harorat shunday koʻtarilib ketadiki, yoshu qari oʻzini salqinga uradi. Imkoniyati borlar uzoq yurtlarga – okean va dengiz boʻylariga ravona boʻladilar. Boshqalar Chorvoq, Burchmulla yoki boshqa soʻlim goʻshalarga xordiq chiqarishga ketadilar. Shahlo ham dugonalari bilan oʻzi taʼlim olayotgan oliy oʻquv dargohining talabalari dam olish maskaniga borishga qaror qildi. Yigit sevgilisiga hamroh boʻlolmadi. Sababi, uning instituti rektori barcha oʻqishni bitirgan va shu yerda ishlashga qolgan yosh mutaxassislarni Zarafshondagi koinot portidan olis fazoga uzoq muddatga uchishi rejalashtirilayotgan “Buyuk Temur” kemasidagi tayyorgarlik ishlariga yordam berish va malaka orttirish uchun joʻnatayotgandi.
– Seni hech oʻsha yoqqa dam olishga ketishing koʻnglimga yoqmayapti, – dedi Neʼmat qizga.
– Nega? – hayron boʻldi Shahlo.
– Oʻtgan yili bir doʻstimning yaxshi koʻrgan qizi sevgilisi dam olishga borib, u yerda boshqa yigitni uchratib, uni sevib qolibdi. Men ham sendan ayrilib qolamanmi, deb qoʻrqaman.
– Mendan aslo xavotir olmang! Yonimda dugonalarim boʻladi. Bundan tashqari, bilib qoʻying: men sizdan oʻzga insonni yonimda tasavvur ham qilolmayman! Siz bilan esa qishda yangi yilni kutgani Parijga boramiz! Rozimisiz?
– Ha. Albatta, boramiz! Men seni butun borligʻim bilan sevishimni aslo unutma!
– Men ham! – javob berdi Shahlo.
Shunday qilib, Neʼmat Oʻzbekistonning koinot porti Zarafshonga, Shahlo esa Burchmulladagi talabalar dam olish maskaniga ketdi.
Yorugʻlik tezligida ucha oladigan “Buyuk Temur” fazo kemasi ulkan, ajoyib hayot kechirish va ishlash maskani ekan. Uning ichida yillab yashash uchun barcha sharoit mavjud ekan. Alohida mikroelementlarga boy tuproqli dala-poliz – har yili moʻl hosil olish, mevali daraxtlardan iborat bogʻ – yil davomida bahramand boʻlish va sport maydonlari, basseynlar – istagan paytda badandagi qonlarni yurishtirib, vujudni chiniqtirish, kinoteatrlar – eng zoʻr filmlarni koʻrib, maʼnaviy tasavvur olish mumkin. Zamonaviy jihozlangan Ilmiy laboratoriyalar – koinotni va sayyoralarni tadqiq etish uchun. Yashash sharoitlari – shahardagidan yaxshi. Havosi – Gʻazalkent yaqinidagi Oqtosh qishlogʻiniki bilan bir xil. Har qanday kasallikni quvadi. Xullas, yoʻq narsaning oʻzi yoʻq.
Kemani uzoq parvozga tayyorlash ishlari juda qizgʻin boʻldi. Ikki oy koʻz ochib yumguncha oʻtib ketdi. Yosh mutaxassislar Toshkentga – oʻz institutlariga ketishga shaylandilar. Shu damda kema rahbari Neʼmatni huzuriga chaqirdi.
– Men seni ikki oy mobaynida kuzatdim, – dedi u. – Juda bilimli, baquvvat, sergʻayrat, charchash nimaligini bilmaydigan va topqir yigit ekansan. Meditsina varaqangni koʻrdim. Sogʻlomsan. Yaʼni, uzoq muddat fazoda uchishga qodirsan. Seni, oʻz kemamning ahli orasida koʻrishni istardim. Nima deysan, bu taklifga?
Neʼmat nima deyishni bilmay, jilmaydi. Kutilmagan kelajak. Nima ham derdi. Rad etadi-da!
– Hurmatli komandor! Bu taklif men uchun yangi gʻoya. Unga tayyor emasman. Mening oʻz rejalarim bor.
– Qanday rejalar? Ayta olasanmi, sir boʻlmasa.
– Hech qanday sir yoʻq. Maqsadim, Koinot fani sohasida ilmiy tadqiqotlar oʻtkazish va talabalarga ustozlik qilish. Hamda, bir yildan keyin uylanishni moʻljallaganman, sevgan qizim oʻqishni bitirgach. Hamda, u bilan kelayotgan yangi yilni Parijda nishonlashni ham rejalashtirganmiz.
– Tushunarli, – xoʻrsindi kema rahbari. – Koinot fani boʻyicha shu yerda ham tadqiqotlar oʻtkazishing mumkin. Faqat, talabalarga ustozlik qila olmaysan. Sevgan qizingga tez uylansang va uni ham fazo safariga olib ketsak, boʻlmaydimi? Yangi yilni esa koinotda kutib olamiz!
– Bilmadim, komandor! Shahlo rozi boʻlarmikan?
– Unda, mana mening videofon raqamim. Sevgan qizing koʻnsa, qoʻngʻiroq qil. Parvozga start yangi yildan bir hafta oldin, 24 dekabr kuni beriladi. Yarim yil oʻqigach, qolgan semestrini shu yerda oʻqib olishi mumkin. Bir narsani bilib qoʻy, safarimiz oʻn besh yil davom etadi. Shu maskanda bola-chaqali boʻlishga ham imkon bor. Farzandlaring boshlangʻich taʼlimni bemalol olishadi. Sendek yangi oilalilar bor, ichimizda. Hammasi hisobga olingan. Qaytganingda, Xalq Qahramoni sifatida dangʻillama uy, dala hovli va bir umrga yetadigan katta mukofot puli olasan. Oʻylab koʻr!..
Neʼmat Toshkentga qaytishi bilanoq ushbu taklifni sevgilisi bilan maslahatlashish istagida, unga qoʻngʻiroq qildi.
– Shahlo! Men keldim shaharga!
– Yaxshi borib keldingizmi? Malaka orttirdingizmi? – soʻradi qiz.
– Ha! Zoʻr boʻldi. Bugun yo erta uchrasholmaymizmi? Gaplarim bor edi.
– Ertaga boʻlsa mayli. Bugun dam oling. Mening ham gaplarim bor…
– Yaxshi. Kelishdik. Oʻsha oʻzimiz yoqtiradigan xiyobonda, tushlikdan soʻng! Boʻladimi?
– Ha, – javob berdi qiz va videofonni oʻchirdi.
Neʼmat qizning gaplashish ohangidan biroz hayron boʻldi. Ilgari, hech bunday sovuqqonlik bilan soʻzlashmasdi. Yo, ikki oy koʻrishishmaganining taʼsiri boʻldimikan? Ha, shunday boʻlsa kerak…
Shahlo bilan uchrashuvni orziqib kutgan Neʼmat peshin vaqtini rosa kutdi. Kelishilgan joyga vaqtliroq borib oldi. Nihoyat, sevgilisi koʻrindi. Yigit unga peshvoz chiqdi.
– Salom, Shahlo! – dedi u, ogʻzi qulogʻida jilmayar ekan.
– Salom, – javob qildi qiz, nim tabassum bilan.
– Qalay, yaxshimisan? Shu ikki oy, men uchun ikki asrdek oʻtdi-ya!
Qiz biroz indamay turdi-da, soʻng soʻradi.
– Oʻzingiz qanaqasiz, malaka oshirdingizmi?
Neʼmat taajjublandi. Nega buncha hissiz Shahloning gaplari? Biron hodisa roʻy berdimi?
– Shahlo! – xitob qildi u. – Nima boʻldi senga? Xuddi birov almashtirib qoʻyganga oʻxshaydi.
– Men bu yerga faqat bir gapni aytish uchun keldim. Faqat, mendan xafa boʻlmang. Bir narsani angladim: Men sizni sevmas ekanman…
Neʼmatning yuragi shigʻ etib ketdi.
– Nega bunday xulosaga kelding, Shahlo? Boshqa birov yoqib qoldimi?
Shahlo indamadi. Yerga qaradi. Kipriklari pirilladi. Nihoyat soʻz qotdi.
– Ha, Neʼmat aka… Men u yerda haqiqiy sevgimni uchratdim. Siz bilan men endi begonamiz. Menga boshqa qoʻngʻiroq qilmang. Qalbingizdan nomimni oʻchirib tashlang…
Yigit shunday holsizlandiki, yerga yotib olguday edi. Kutilmagan baxtsizlik…
– Men seni oʻn besh yillik koinot safariga taklif qilmoqchi edim. Sen esa… U kim?
– U juda ajoyib inson! – qizning koʻzlari chaqnadi.
– Yanglishmadingmi? Balki, biror uchar yigitdir? Qoʻyningni puch yongʻoqqa toʻldirmadimi?
– Yoʻq. Aslo bunday emas. U dugonalarimga ham yoqdi. Juda xushmuomila. Har gapida uzr soʻraydi. Bunday inson juda kam boʻladi!
Bu soʻzlarni eshitib, Neʼmat sevgilisini yoʻqotganini angladi. Boshqa gap befoyda. Lekin, qizning boshini yaxshilab aylantirgan odam kimligini bilishni istadi.
– Uning kasbi-kori nima ekan?
– U ham ilm odami. Doktorant. Yaqinda doktorlik dissertatsiyasini yoqlaydi. Fransiyadagi universitetda oʻqib kelgan. Parijni besh qoʻldek biladi. Yangi yilni oʻsha mashhur shaharda kutib olamiz! U toʻrtta tilda erkin gaplashadi. Demak, har qanday yurtda qiynalmaymiz. Hamda, u yigit qisman biznesmen ham. Puldan aslo zoriqmaydi.
– Qayerda ekan ishxonasi? Va ismi nima? – soʻradi yigit.
Qiz quvonch bilan bu axborotni aytdi. Soʻng, soʻradi:
– Voy, bekor aytibman. U bilan tagʻin urishib, boshini yormang!
– Biz nechanchi asrda yashayapmiz? – xitob qildi yigit. – Chindan oʻsha nusxani sevib qoldingmi?
– Birinchidan, u – nusxa emas, ajoyib inson. Uzr, lekin sizdan-da yaxshi. Ikkinchidan, kelasi yil bahorda toʻy qilamiz! Ota-onalarimiz ham uchrashishdi. Ikkala tomon rozi! Patir ushatildi! – qiz oʻzini juda baxtli his qilardi.
Bu axborot Neʼmatni toʻla-toʻkis magʻlub etdi.
– Mayli, unda senga baxt tilayman. Ishqilib, xato qilmagan boʻlgin. Chunki, sen qalbi toza va ishonuvchan qizsan. Yaxshilab surishtir uni. Har bir yalt etgan tosh gavhar boʻlavermaydi.
– Neʼmat aka, sizga ham baxt tilayman. Xavotir olmang, oʻzim ham, ota-onam ham – hammamiz surishtirdik. Juda yaxshi oila, yigitning kelajagi porloq! Mayli, xayr…
Qiz shu soʻzlarni aytdi-da, oʻng kaftini tepaga xiyol koʻtarib, barmoqlarini egdi va ortiga qayrilib ketdi.

Neʼmatni qaygʻu qamradi. Dardu dunyosi qorongʻulikka choʻmdi. Evoh! Nima qilsin endi… Boshqa iloj yoʻq. Uning sevgisi, orzulari parchalandi. Afsus… Shahloning muhabbati, ajib gaplariga qaramay juda boʻsh ekan. Endi, bu shaharda qanday yuradi? Har bir koʻcha, har bir xiyobon uning qalbiga dard solaberadi-ku! Shunday ekan, oʻn besh yil koinot kengliklarida ilmiy tadqiqot qilib kelgani durust. Shunday yoʻl bilan ovunadi. Qaytib kelgach, oʻzining haqiqiy sevgisini topadi.

Neʼmat vidoyefonini oldi-da, Zarafshon koinot portiga, “Buyuk Temur” fazo kemasi rahbariga qoʻngʻiroq qildi.
– Hurmatli komandor! Taklifingizga roziman. Oʻn beshlik yillik fazo safariga ketayotganlar qatoriga qoʻshib qoʻyavering!
– Sevgan qizing ham birgami?
– Yoʻq, komandor! U bilan muhabbat rishtalari uzildi. Boshqa yigitga turmushga chiqayotgan ekan.
– Bugun eshitdingmi, bu axborotni?
– Ha, uning oʻzi aytdi.
– Sen hozir qiziqqonlikda shunday qaror chiqarding. Shuning uchun, senga bir hafta muhlat beraman. Yetti kundan soʻng, qoʻngʻiroq qilasan va qaroringni aytasan. Shundan soʻng, uni oʻzgartirishga haqqing boʻlmaydi. Tushundingmi?
– Ha, komandor!

Bir hafta oʻtgach, Neʼmat fazo kemasi komandoriga yana qoʻngʻiroq qildi.
– Ismi sharifimni yozing va nimalar qilishim kerakligini ayting! – dedi u, qisqagina qilib.
“Buyuk Temur” yangi yil arafasida, 24 dekabr kuni fazoga koʻtarildi. Aytib oʻtilganidek, bu kema yorugʻlik tezligiga yaqin tezlikda uchadigan qurilma edi. Komandor aytdi: “Biz oʻn besh yil koinot kengliklarida boʻlamiz, nomaʼlum sayyoraviy majmualarni tadqiq qilamiz. Yerga qaytganimizda, ona zaminimizdagi vaqt – oʻttiz yil oʻtganini koʻrsatadi. Chunki, yorugʻlik tezligiga yaqin tezlikda uchilganda, vaqt ikki barobar sekin oʻtadi. Ayni yangi yil arafasida uyda boʻlasizlar! Shunga tayyor boʻling!”

Oʻzbekistonning ulkan koinot kemasi galaktikamizdan ham tashqariga chiqdi, undagi fazogirlar guruhi yangi sayyoralarni ochdi, ularni ilmiy tadqiq qildi va ulkan axborot toʻpladi. Ular kelgusi parvozlar uchun, Yerning kelajagi uchun katta ahamiyatga ega edi.
Oʻzbekiston Koinot Tadqiqotlari Qoʻmitasi (OʻKTQ) rahbariyati, kemani roppa-rosa oʻttiz yil oʻtgach, 24 dekabr kuni Zarafshon koinot portida kutib oldilar. Bu paytda, Yer yuzida yangi avlod yashashni boshlagan edi. “Buyuk Temur” safarga ketayotgan paytda oʻrta yosh boʻlgan odamlar, u qoʻnayotganda nafaqa yoshiga yaqinlashib qolgan edilar. Ularga tengdosh boʻlgan sayohatchilar esa, faqatgina oʻn besh yoshga ulgʻaygan edilar. Bir paytlar yoshlari bir xil odamlar, endi bir-birlariga qarab jilmayardilar, hazil-huzul qilardilar.
Neʼmat oʻsha kuniyoq oʻz uyiga keldi. Hartugur, ota-onasi tirik yurishgan ekan. Lekin, oʻttiz yilga qarib, nuroniy otaxon va onaxonga aylanishgandi. Ularni quchoqlagan oʻgʻil butun kunini ota-onasi, oʻzidan katta boʻlib ketgan ukasi va jiyanlari bilan oʻtkazdi. Ertasi kuni, ukasi soʻz qotdi.
– Aka, esingizdami, yoshligingizda bir Shahlo degan qizni sevardingiz?
Tashqaridan qaraganda, oʻzidan yoshi kichikligi yaqqol koʻrinib turgan odamga “Aka” deb murojaat qilish, erish tuyulardi.
– Ha, ukam, esimda. Uni unitgunimcha, bir yil azob chekdim. Oxiri, koʻnikdim. Koʻrdingmi hech?
– Ha, shu yil yozda koʻchada uchratib qoldim. Sizni soʻradi. “Bir yildan soʻng, keladilar”, dedim. Videofon nomerini berdi. Akangiz Yerga qaytganda, bering, menga qoʻngʻiroq qilsin, degandi. Mana, oling.
Ukasidan ancha kichik koʻrinayotgan aka nomer yozilgan qogʻozni choʻntagiga solib qoʻydi. Erta-indin sim qoqarman, oʻyladi u. Shahlo – kechagi kun odami. U, oʻzini jon-dildan yaxshi koʻrgan odamning, yaʼni Neʼmatning muhabbatini, qadrini yerga urgan. Talabalar dam olish maskanidan topib kelgan eri, bola-chaqasi bor.
Kelgusi kunlarda, Neʼmat yoshi ulgʻaygan qarindosh-urugʻlar, doʻst yorlar bilan uchrashdi. OʻKTQ ga borib, suhbat oʻtkazib keldi. Davlat apparatidagi amaldorlar stereo TV xodimlarini chaqirib, u bilan qizgʻin uchrashuvlar uyushtirdilar. Shunday betinim muloqotlar bilan boʻlib, 30 dekabr kuni Shahloga qoʻngʻiroq qilish lozimligi esiga tushdi.
Moʻjaz videofon ekranida koʻringan Shahloni darrov taniy olmadi. Juda oʻzgarib ketibdi. Ammo, tovushi va koʻzlari oʻsha-oʻsha.
– Neʼmat aka! – dedi u jilmayib. – Hech oʻzgarmabsiz! Koinot safaringiz yaxshi oʻtdimi?
– Rahmat! Yaxshi. Oʻzing qanaqasan? Ering, bolalaring yaxshimi?
– E, soʻramang! Keling, ertaga yoshlikda uchrashib yurgan xiyobonda, odatdagidek peshindan soʻng uchrashaylik.
– Ertaga yangi yilni kutish kuni-ku!
– Suhbatimiz uzoq boʻlmaydi.
Neʼmat rozilik bildirib, videofonni oʻchirdi.

Xiyobondagi daraxtlarni qor qoplagan, asfalt yerlar sirpanchiq edi. Sovuq havo etni junjiktirmas, faqat tetiklashtirardi. Ular, bir paytlar – bir kishi uchun bundan oʻttiz yil ilgari, boshqa odam uchun oʻn besh yil avval – sevishgan odamlar edilar. Koʻrinishlari ham shunga mos: ayol ellik yoshda, erkak oʻttiz yetti yoshda edi.
– Yangi yiling qutlugʻ boʻlsin! – jilmaydi Neʼmat.
– Sizning ham yangi yilingiz muborak boʻlsin! – tabassum qildi Shahlo.
– Sen oʻsha-oʻsha goʻzalsan! – xushomad qildi erkak.
– Maqtovingiz uchun rahmat! – javob berdi ayol va biroz jim turib, yana qotdi. – Siz juda yoshsiz, men esa qarib ketganman.
– Vaqt nisbiy unsur. Inson hech qachon oʻzini men qariganman, ojizman, deb his qilishi kerak emas.
– Ruxsat bersangiz, men gaplarimni aytaman.
– Qulogʻim senda! – xitob qildi Neʼmat.
Shahlo soʻz qotdi.
– Shu yoʻlkadan ohista yuraylik. Men gapirib boraveraman.
– Mayli, – dedi Neʼmat. Va ular yonma-yon qadam tashlay boshladilar.
– Oʻshanda, oʻttiz yil ilgari toʻgʻri aytgan ekansiz. Men u yigitning xushmuomilaligiga, atrofimda girdikapalak boʻlishlariga, ehtirosli koʻz qarashlariga mahliyo boʻlib, boshim aylanib qolgan ekan. Bizning uyimizga sovchi boʻlib kelgan kishilar uning ota-onasi emas, yollanma aktyorlar boʻlib chiqdi. Ular oʻzlarini shaharning boshqa tomonida yashaydigan ziyoli va davlatmand odamlar qilib koʻrsatishgan, uyimizga kelib patir sindirib ketishgan. Men ham, mening soʻzlarimga ishongan dadam va oyim ham laqqa tushganmiz. Oʻsha mahallaga borib, ortiqcha surishtirmaganmiz. Oʻsha yigit yangi arafasida, siz uzoq koinotga uchib ketganingizdan soʻng, oldimga yigʻlab keldi. “Shahlo! Biz bu yil Parijga bora olmaydiganga oʻxshaymiz!.. Chunki, pul yoʻq. Sababi, bor mablagʻimni bir biznes-loyihaga tikkan edim, undan yangi yil arafasida yaxshigina foyda olishim kerak edi. Afsuski, uni kelgusi yil beramiz, deyishmoqda. Endi, nima qilamiz?” Men indamadim. Orzuim puchga chiqqandi. Shunda, u bir gapni aytdi: “Shahlo! Balki, ota-onangdan olib turarmiz! Fevral oyida qaytaraman! Gaplashib koʻr!” Men ahmoq, men laqma, uning soʻzlariga kirib, uyda toʻpolon qilib, ota-onamdan yetarli mablagʻ oldim. Va biz Parijda yangi yilni nishonladik. Oʻsha yerda, baribir, bahorda toʻyimiz boʻladi-ku, deb, u mening vujudimni ishgʻol qildi. Men esa, tasavvur qilasizmi, oʻshanda bundan baxtiyor boʻldim. Keyin, yum-yum yigʻladim.
Neʼmat bu gaplardan larzaga tushdi. Shahloning soʻlgʻin yuzlariga boqdi.
– Men seni ogohlantirgandim… – dedi u.
– Ha, oʻshanda bekor sizni xafa qilgan ekanman. Oʻsha gapingiz hamon yodimda: “Har bir yaltiragan tosh gavhar boʻlavermaydi”, degan. Fevral oyida boʻyimda boʻlib qolganini his etdim. Buni, oʻsha siz aytgandek “nusxa”ga xabar qildim. U pinagini buzmadi. “Toʻyimiz boʻladi-ku!”, dedi-qoʻydi. “Uni tezlashtirish lozim!”, xitob qildim men. U oʻz ota-onasi bilan gaplashib koʻrishga vaʼda qildi. Men undan sayohat pulini qaytarishini soʻradim. U esa, odatdagidek uzr soʻradi. “Men u mablagʻni yana bir biznesga tikdim! Bu pullar tez qaytadi! Juda katta foyda olaman! Toʻydan keyin asal oyi sayohatiga boramiz, Kanar orollariga!”, dedi u. Oʻshanda, yana shunday gaplarga laqillabman…
Shahlo indamay toʻxtab qoldi. Qalbida achchiq alamlar gʻalayon qilayotgandilar. Neʼmat sukut saqlashni lozim topdi. Ayol nihoyat tarixini soʻzlashni davom etdirdi.
– Keyin, bir hafta oʻtgach, oʻsha nusxa yana uzr soʻrab, yonimga keldi. “Shahlo! – dedi u. – Men toʻyxona gaplashdim. 8 — mart kuni toʻy uyushtiradigan boʻldik. Xursandmisan!?” Men quvonib, tabassum qildim. “Endi, shu toʻy oʻtishi uchun faqat bir qadam qoʻyish kerak!”, xitob qildi nusxa. “Qanday qadam?”, ajablandim men. “Toʻy marosimi pulini toʻlash kerak ekan. Hozir, toʻy tezlashgani uchun, na menda, na ota-onamda pul yoʻq. Dadam bankdagi pullarini, kelishuv boʻyicha faqat aprel oyida olishlari mumkin ekan. Mening ham biznesga tikkan pullarim ham xuddi shu vaqtda qoʻlimga tegadi. Yana ota-onangga iltimos qil. Toʻyxona soʻrayotgan mablagʻni berishsin! Aks holda, vaqtida toʻy qilolmaymiz. U kechiksa, qappaygan qorinli kelin boʻlasanmi?.. Bir-ikki oydan soʻng, barcha sarf-harajatlar qaytariladi”. Natijada, oilamiz yana chuv tushdi. Pulni olgan nusxa shu bilan qorasini koʻrsatmadi. Uning videofoni raqami oʻchdi. Aytilgan toʻyxonadagilarga borgandim, murojaatimga hayron boʻlishdi. Quda tomonning uyiga borgandik, ular oʻsha aytilgan kasbdagi, faoliyatdagi kishilar ekan, ammo qiyofalari boshqa. Ular ham ajablanishdi. Uylantiradigan oʻgʻil farzandimiz yoʻq, ikkita qizimiz bor deyishdi…
– Keyin, nima qilding? – soʻradi Neʼmat.
– Itdan boʻlgan, qurbonlikka yaramas, deyishadi. Abort qildirdim. Unday nusxaning farzandini ulgʻaytirishni istamadim. Chaqaloqqa baribir otasining genlari oʻtadi, deb hisobladim.
– Keyin, boshqa yigitga turmushga chiqmadingmi?
Shahlo nihoyat jilmaydi.
– Ha. Uch yil oʻtgach, yaralarim ancha eskirgach, bir odamdan sovchi keldi. Ungacha, barcha erkaklar koʻzimga ilonsifat ajdarhodek koʻrina berardi. Negadir, rozi boʻldim. Oʻn besh yosh katta mendan. Bir farzandi bor, xotini vafot etgan ekan. Tariximni eshitib, meni yupatdi va sevdi. Undan ikkita qiz tugʻdim. Ularni, atroflicha, yaxshilab tekshirilgan kuyovlarga uzatdim.
– Xursandman, – dedi Neʼmat.
– Bilasizmi, sizni nega chaqirdim? – soʻradi Shahlo.
– Tarixingni, afsus-nadomatlaringni aytishga-da. Men shunday tushundim. Yuraging boʻshadimi, yengil tortdingmi?
– Yoʻq! – xitob qildi ayol. – Buning uchun emas.
– Unda, nimaga? – ajablandi Neʼmat.
– Sizdan uzr soʻrash uchun. Meni kechiring, oʻshanda sizning sevgingizni poymol qilganim, yaltiroq oddiy toshni gavhar deb oʻylaganim uchun.
– Mayli, qancha yil oʻtib ketdi. Oʻzing ham rosa qiynalibsan. Uzringni qabul qildim.
– Oʻsha paytdan beri sizdan kechirim soʻrashni dilimga tugib qoʻygan edim. Rahmat! Men endi ketaman. Hozir toʻgʻri aeroportga borishim lozim.
– Boshqa shaharda yangi yilni nishonlashni niyat qilganmiding?
– Ha, Parijga, erim bilan uchaman. Mehmonxona va restoran buyurib qoʻyilgan. Bizni kutishmoqda. Erim koʻchada poylab turibdi. Siz bilan uchrashib, uzr soʻrashimga ruxsat berdi.
– Oʻttiz yil oʻtibdi, hech oʻzgarmabsan, Shahlo! Men oʻn besh yil koinot qaʼrida ilmiy ishlar bilan mashgʻul boʻlar ekanman, boʻsh vaqtlarimda hayot falsafasi toʻgʻrisidagi koʻp kitoblarni oʻqidim. Borliq qonunlarini tahlil qildim. Haqiqiy baxt nimalardan iborat ekanligini angladim. Koʻrayapmanki, sen hamon Yevropada yo boshqa yurtlarga borishni, u yerlarda nimalarnidir nishonlashni, hamon yuksak turmush tarzi deb oʻylar ekansan. Balki, hozirgacha oʻsha yoqlarda oʻqib kelgan kimsalarni yuqori darajali arbob deb qabul qilsang kerak. Men aniq bilamanki, yashashdagi asosiy maʼno: odamning qaysi mamlakatda oʻqigani yo yangi yil kutganida emas, balki uning qalbi qay darajada sof ekanligidadir.
Neʼmat shu soʻzlarni aytib, Shahloning koʻzlariga boqdi. Ular bu yigit nimalar deyayotganini unchalik tushunmay, hayron boʻlib turardilar. Shuning uchun, Neʼmat suhbatni tugatishga qaror qildi.
– Mayli. Meni esa ota-onam, ukam va jiyanlarim kutib turishibdi. Oʻn besh yil koinot qaʼrida yangi yil nishonlab, bu ishni oʻz jigarlarim bagʻrida, ana shu ajoyib sayyoramizdagi Toshkent shahrida amalga oshirishni orzu qilgandim. Xayr!
Shahlo jilmaydi.
– Mayli, xayr! – dedi u va ortiga qarab shoshgancha ketdi.
Neʼmat unga qarab qolar ekan, bir qatʼiy fikrga keldi: “Yaxshi hamki, bu ayolga uylanmagan ekanman. Insonning qalbiga emas, faqat soʻzlariga boqadigan, quruq hashamatga intilaveradigan ayol bilan qanday bir umr yashash mumkin?..”

20 oktyabr, 2017

HAR KIMNING OʻZ CHIN YORI BOR

“Tanlagan yoring sening, soʻyla, oʻzi chin yormi u?..”
Poʻlat Moʻminning sheʼridan.

U chin yorini uzoq kutdi. Ikki umr yashadi. Ikki marta vafot etdi. Va yana tugʻildi. Endi, uchinchi umrimda topishish nasib qilar deb umid qildi.
Bu, uchinchi galgi ota-onalari ham ziyoli odamlar edilar. Balogʻat yoshiga yetganda va oʻziga har safargidek, olimlik kasbini tanlab, ishlay boshlaganda, undan ona soʻradi.
– Oʻgʻlim! Mana, katta yigitsan, oliy oʻquv dargohini bitirding, ishlayapsan, pul topayapsan. Uylanadigan vaqting keldi. Biror koʻzingni tagiga olib qoʻygan qiz boʻlsa, ayt – men sovchilikka boray!
U jilmaydi. Avvalgi ikki umridagi onalari ham xuddi shunday gapirishgandi. Onalar hamma zamonlarda bir xillar. Farzandlarining baxtli boʻlishini istaydilar. Lekin, bu baxtni oʻzlaricha tasavvur qiladilar. Ayrim onalar, farzandlar bahona, oʻzlari uchun baxt qidiradilar. Ular uchun farzand – qoʻl-oyoqlariga ip boylab boshqariladigan qoʻgʻirchoqdek tuyuladi.
– Qidirayapman, oyijon! – javob qildi u. – Negadir hech uchramayapti.
– Unday boʻlsa, oʻzim surishtiraymi? – ona oʻgʻliga umidvor koʻzlarini tikdi.
Uning asl niyati ham shu edi. Chunki, farzandi qandaydir bir notanish, oʻz oilasiga mos boʻlmagan bir xonadonning xulq-atvori nomaʼlum qizini uyiga yetaklab kelsa va u yoqmasa, nima qilishini bilmas edi. Yaxshisi, oʻzi daraklab, soʻroqlab topgani tuzuk, kelin boʻlmishni. Inson ayni kuchga va shahvatga toʻlgan paytda ayol zotining yaxshi-yomonining farqiga qayerdan boradi?
Lekin, oʻgʻil onasining niyatlarini puchga chiqardi.
– Yoʻq, oyijon! Aslo, bunday qila koʻrmang. Kelin bilan yashaydigan men, siz emas. Siz albatta boy-badavlat, sarpo-surugʻli, qudachilikni qotiradigan va qizi yaxshigina xizmatkor-choʻri vazifasini oʻtaydigan xonadonni izlab topasiz.
– Voy, bolam! Nimalar deyapsan? Nahotki men shunday qoloq ona boʻlsam? Men faqat oʻzimizga mos oilani topish taraddudidaman.
Oʻgʻil yana keskin qarshilik koʻrsatdi.
– Oyijon, men sizni va dadamni juda sevaman. Meni dunyoga keltirgansizlar. Voyaga yetkazgansizlar. Oʻqitdingiz. Mana, ishlayapman – oʻzimning yoʻlimni topdim. Ayting, men sizlar uchun nima qilay? Qoʻlimdan kelgan har ishni amalga oshiraman! Lekin, meni avrab, buyuk kelajakni bashorat qilib, oʻzimga yoqmagan qizga uylangin, deb majbur qilmanglar. Men sizning sotib olgan qulingiz emasman. Yaratgan Zot inʼom etgan farzandingizman.
Ona bu gaplarni eshitib, boʻshashib tushdi. U oʻz zuryodi boʻlgan bu yigitning ikki umrlik hayot tajribasi mavjudligini bilmas edi. Uning ifoda etgan aniq fikrlaridan xatto lol qoldi.
– Mayli, bolam… Men dadang bilan suhbatlashay-chi.

Ota oʻgʻlining gaplaridan ajablanmadi.
– Boʻlmasa, oʻzi topa qolsin! Nima qilasan, shaxsiy hayotiga aralashib? Har kim oʻziga maʼqul taomni tanavvul qiladi.
– Biroq, qorni och paytda, surishtirib oʻtirmay, sogʻligʻiga zarar yetkazuvchi ovqat yeb qoʻymasin, deyman-da! – luqma tashladi xotini. – Bundan tashqari, qarindosh-urugʻ, doʻst-birodarlarning oldida qudangiz bir bechorahol kishi sifatida gavdalansa, nima degan odam boʻlasiz? Bu tomonni oʻylamaysizmi?
– Yoshligingda, institutda oʻqiyotganingda juda zamonaviy qiz eding?.. Ulgʻayib, eskilik botqogʻiga, omilikka botdingmi? Inson atrofdagilarga qudasini, sarpo-surugʻlarni koʻz-koʻz qilish, maqtanish uchun uylanadimi yo baxtli turmush qurish uchunmi? – javob berdi ota.
Va soʻzlarida davom etdi.
– Agar, yigitligimda onamning istagi boʻyicha yurganimda, senga emas, xolamning qiziga uylangan boʻlardim. Shuning uchun, koʻp tixirlik qilma. Oʻgʻlimizni oʻz holiga qoʻy!
Ayol yengilishni istamadi.
– Nega endi oʻz holiga qoʻyar ekanman? Uni men tuqqanman! U – meniki, demak, yoʻrigʻimga yurishi shart!
– Yanglishayapsan. Seniki emas, Yaratganniki! Sen uni faqat dunyoga keltirgansan. Mavlo xohlamaganda, boʻyingda boʻlmasdi. Oʻgʻlimiz bizning emas, faqat Uning aytganlarini bajarishi kerak!
– Xoʻsh! Yaratgan qanday qilib, unga aytadi kimga uylanishni?
Er oʻz xotiniga ajablanib boqdi.
– Biz bir-birimizni sevganimiz esingdan chiqdimi? Nahotki bilmasang – muhabbat, qalbimizdan chuqur joy oladigan haqiqiy muhabbat – Mavloning undovi emasmi?
Ayol chuqur xoʻrsindi.
– Muhabbatga oʻt tushsin! – xitob qildi u. – Sizga tegib, hech bir roʻshnolik koʻrmadim. Qanday badavlat joylardan, savdogarlardan sovchilar kelgan edi. Maoshga qaram injenerga turmushga chiqquncha, oʻshalarning biriga tegib ketabermaymanmi… Yeganim oldimda, yemaganim orqamda boʻlardi.
Erkak bu gapga nima deyishni bilmay qoldi. Nahotki, xotini shunchalik noshukur boʻlib qolgan?
– Marxamat, xatoingni tuzatishing mumkin. Ruxsat beraman.
– Endi, qayoqqa ham borardim. Gap keldi, aytdim-da… Oʻgʻlimizga bir-ikki oy muddat beraylik-chi. Biror toʻxtamga kelar. Faqat, koʻp mahtal qilmasa boʻldi.

Oʻgʻil bu gaplardan xabari yoʻq, beparvo oʻz ishlari bilan mashgʻul boʻlib ketdi. U biologiya sohasida ilmiy izlanishlar bilan ovora edi. Betinim turli adabiyotlarni oʻqir, bilimini oshirar va shuning bilan birga oʻzi tanlagan yoʻnalishda tajribalar oʻtkazar edi.
Oradan ikki oy oʻtdi. Bir kuni ishdan qaytgach, oldiga qoʻyilgan kechki ovqatni tanavvul qildi-da, xonasiga kirib ketayotgandi, onasi uni toʻxtatdi.
– Bolam! Ovqatingni yeb boʻldingmi?
– Ha, oyijon. Rahmat, shirin boʻlibdi.
– Senga bir savolim bor.
– Ayting,qulogʻim sizda!
– Koʻnglingga yoqadigan qiz topoldingmi?
– Yoʻq, oyijon. Ilmiy ishlarim ayni avj pallaga kirayapti. Yaqinda, zoʻr natijalarni olsam kerak. Shular bilan bandman.
– Ilmiy ishlaring oʻz yoʻliga, shaxsiy hayoting oʻz yoʻliga. Sen uylanishing kerak. Nega bunga jiddiy qaramayapsan?
– Qalbimga quloq solayapman, oyijon. Unda hali biror qizga nisbatan uchqun tugur, uchquncha ham chaqnamayapti.
– Xoʻsh, shunday yuraberasanmi?
– Ha, oyijon. Har bir ishning oʻz vaqti va oʻz joyi boʻladi. Meni shoshirmang. Shoshqoloqlik hech qachon yaxshi natija bermagan.
– Lekin, aytadilarki, temirni qizigʻida bos. Va yana deydilarki, qolgan ishga qor yogʻar.
– Turmush qurish – poʻlatni toblash emas. Hamda, faslga bogʻliq ish ham emas. Keyingi pushaymon – oʻzingga dushman, degan maqol ham bor.
– Oʻgʻlim, boʻldi, maqollarni yigʻishtiraylik. Men senga bir-ikkita qizlarni koʻrsatay, balki bitta-yarimtasiga yuraging jiz etar?!
– Oyijon, men sizga oʻtgan safargi suhbatimizda aytgandim. Siz aslo bu sohada xatti-harakat qilmang. Oʻz shaxsiy hayotimni oʻzim quraman. Yoshim yigirma toʻrtta. Yanglishsam, oʻzimdan koʻraman. Siz yanglishsangiz – sizdan koʻraman. Meni oʻz holimga qoʻying.
Onaning jahli chiqdi.
– Sen qanaqa oʻgʻilsan?! Seni oq sut berib boqqanman! Nega mening aytganimni qilmaysan? Hozir koʻchaga chiqib dod solaman! “Voy-dod, bunday oʻgʻilning dastidan dod!” deyman! Sharmanda boʻlasan! Tushundingmi? Shuning uchun, uylansang ham uylanasan, uylanmasang ham, uylanasan! Yaxshilab bilib qoʻy! Senga bir oy muhlat beraman, shundan soʻng men topgan qiz bilan turmush qurasan, tamom-vassalom! Men boshqa mahtal qilma!
Oʻgʻil indamadi. Xonasiga kirib ketdi. Onasini ortiq xafa qilishni istamadi. Ayol “Oʻgʻlimni koʻndirdim!”, deb hayol qildi. Xursand holda xontaxta ustini yigʻishtirishga tushdi.
Ammo, u yanglishayotgandi. Farzand onasining baqirigʻini jiddiy qabul qilmagandi. Bunday gaplar uni sindira olmasdi. Sababi, u oʻz yorini, oʻziga atalgan jufti halolni kutayotgandi. Bir kuni qandaydir tasodif uni oʻziga roʻbaroʻ qilishini aniq bilardi. Bu ishda unga koʻmakchi kerak emas edi. Ikki umr kutdi, lozim boʻlsa, yana bir umr kutadi va uni uchratgach, oʻziga atalgan parivash bilan boqiy yashaydi.

Oradan bir oy vaqt oʻtdi.
Ona kechki payt muloyimlik bilan farzandiga yuzlandi.
– Oʻgʻlim! Muhlat tugadi. Ertaga sen bilan bir xonadonga boramiz. Oʻsha yerda bir ofatijon bilan koʻrishasan. Kechki payt. Hayallamay vaqtida uyga qayt!
Yigit nihoyat jiddiylashdi.
– Oyijon, men sizga fikrimni aytganman. Balogʻat yoshidagi insonman. Oʻz hayotim boʻyicha qarorlar chiqara olaman. Men qul emas, farzandman. Menga hech qanday ofatijonu, jononalarni tiqishtirmang. Men ertaga hech qayerga bormayman. Uchrashuvni bekor qiling.
Onaning afti bujmaydi. Koʻzlari shokosasidan chiqar holatga keldi. Farzandining sarkashligi uning sabr kosasini toʻldirib yubordi. U bor ovozi bilan chinqirdi.
– Bor! Yoʻqol! Uydan yoʻqol!.. Sendek oʻgʻlim yoʻq!
Bu qichqiriqni eshitgan ota, yotoqxonasidan oshxonaga yugurib chiqdi.
– Tinchlikmi?! Nima boʻldi?
– Mana bu iflos, koʻrnamak oʻgʻlingizni qarang! Oʻlar boʻlsam, oʻlib boʻldim! Men topgan qizga qiyo ham boqmasmish! Yoʻqolsin uyimdan! Xotinlardan surishtirib, oʻzimizga mos keladigan oila topgandim! Meni isnodga qoldirayapti!
– Oʻzingni bos. Nega qichqirasan? Kelishgandik-ku! Uni oʻz holiga qoʻy, degandim-ku!
– Yoʻq! Yo mening aytganimni qiladi, yo uydan yoʻqoladi!..
Farzand oʻz xonasiga kirdi-da, yoʻl sumkasiga eng kerakli hujjat, daftarlarini va kiyimlarini soldi. Soʻng, dadasining “Toʻxta, qol uyda!” deganiga qaramay, tashqariga chiqdi va qorongʻulik sari yurib ketdi.

Yigit tongni bekatda qarshiladi. Ishxonasiga vaqtli bordi. Internetdan ijaraga uylar qidirdi. Uch-toʻrt qoʻngʻiroqdan soʻng, bittasi bilan kelishdi. Kechki payt boradigan, joylashadigan boʻldi.

***
Avvalgi ikki onasi bunday darajada oʻzlarini sevuvchi, oʻzlariga bino qoʻygan ayol emas edilar. Uchinchi volidasi haddan tashqari egoist-diktator chiqib qoldi. Ikkita-uchta qoʻshni xotin va toʻrt-beshta qarindosh ayollar oldida chiranishni juda istaydi. Endi, ularga tik qaray olmaydi, yuzi shuvit boʻladi. Ular esa: “Birgina oʻgʻlingni soʻzingga kirdirolmadingmi? Aytgan joyimizga bormading-a! Oʻl, bu kuningdan!..”, degandek pisanda bilan boqishadi. Onasi esa yer yorilmaydi-yu, yerga kirib ketmaydi. “Kelin tushirmadingizmi, hali ham?”, degan savolga biror nimalardir deydi, barcha aybni otasiga toʻnkaydi.
Birinchi onasi oʻgʻlining ixtiyorini oʻziga tashlagandi. “Bolam, sen aqlli yigitsan, kimni oʻzingga loyiq koʻrsang, oʻsha qizni kelin sifatida qabul qilaberaman!”, degan edi. Ammo, yigit oʻziga atalgan yorni topolmadi. Aniqrogʻi, kechikib topdi. Bu paytda, u boshqa odamga turmushga chiqib, bola-chaqali boʻlib ketgan ekan.
– Shoshibsan! Sen meniki boʻlishing kerak edi! – degandi u oʻsha oʻziga atalgan yorga.
– Yanglishganimni keyin angladim. Turmushim shirin emas. Har kuni biror janjal chiqadi. Ammo, bolalarim otasiga oʻrganib qolishgan. Ularni koʻzim qiymaydi… – degandi u.
Shuning uchun, u qolgan hayotini boʻydoqlikda oʻtkazdi. Onasi bechora, to vafotiga qadar toʻpolon qilmadi. Faqat oxirgi kunlarida soʻragandi:
– Bolam, mening vaqt-soatim yaqinlashmoqda, sen shu paytga qadar uylanmading. Tengingni nega topmading?
– Topdim, oyijon. Faqat, kechikibman. U oilali boʻlib ulgurgan ekan.
– Unda, boshqa birorta boshqa koʻnglingga yoqqan ayolga uylana qolsang, netardi?
– Bu holda, keyingi hayotim gʻurbatda oʻtardi, oyijon. Siz, oʻgʻlingizning har kuni asabi buzilib, figʻoni chiqib yashashini, qarib, kuchdan qolgan chogʻida tepasida dagʻdagʻa qilib turadigan ayolning dastidan oʻlib qoʻya qolishni istaydigan holga tushishimni xohlaysizmi?
– Yoʻq, oʻgʻlim. Aslo buni istamayman.
– Shuning uchun, mendan rozi boʻling. Balki, keyingi umrimda toparman, oʻz tengimni, oʻzimga atalgan chin yorni.
– Sen yana yashaysanmi, bolam?
– Ha, oyijon. Men yana qayta tugʻilaman.
– Onang kim boʻladi?
– Buni men bilmayman. Men oʻzim istagan volidadan dunyoga kela olmayman. Ixtiyor menda emas.
– Nega bundaysan, bolam? Nega barcha kabi bir marta yashamaysan?
– Oʻzim ham tushunmayman, oyijon. Yigirma ikki yoshga toʻlganimda, men bir kishi bilan uchrashib qoldim. Aniqrogʻi, u meni qidirib topdi va shunday topshiriq berdi. U – boqiylik maslahatchisi ekan. Aytdiki, oʻzimning haqiqiy yorimni topmagunimcha, tugʻilaberaman. Topganimdan soʻng, u bilan boqiy yashayman. Buning sababini, baxtga erishganimdan soʻng bildirishini xabar qildi. Va tayinladiki, bu maʼlumotni hech kimga gapirmasligim lozim. Faqat, onangga, uning oxirgi daqiqalarida tushuntirishing mumkin, dedi. Men undan soʻradim: “Men, oʻsha oʻzimga atalgan yorning, aynan oʻsha ekanligini qaydan bilaman?” U tushuntirdiki: “U qizni koʻrganingda, qalbingda portlash yuz beradi. Oʻzingni tamom unutasan. Uning siymosi oldida, qolgan hayoting xiralashadi. Shunda qalbingdan soʻraysan: “Bu oʻshami?” Dilingda “Ha!” yoki “Yoʻq” soʻzi jaranglaydi! Shundan bilib olasan”… Oyijon, siz bu gapimni boshqa biror kishiga, xattoki dadamga ham aytib qoʻymang!
Onasi oʻgʻliga mungli koʻzlarini qaratdi. Endi ularda qandaydir uchqunchalar paydo boʻlayotgandi.
– Men shu paytgacha, oʻgʻlimni boshini ikkita qilolmadim, baxtga erishtirolmadim, degan xavotirda edim. Endi, koʻnglim tinchidi, bolam. Yaxshi ham shu soʻzlarni aytding. Haqiqatdan, oʻzingning tenging boʻlmagan, oʻzingga atalmagan, senga mehr berolmaydigan ayol bilan yashash – gʻurbatdan boshqa narsa emas. Keyingi hayotingda baxtingni top! Vafot etsam, ruhimga atab duolar oʻqib tur…
– Xoʻp boʻladi, oyijon. Menga juda yaxshi ona boʻldingiz, oq sut berib katta qildingiz, mehringizni ayamadingiz, oʻjarligimga chidadingiz – barchasi uchun rahmat!..
Bir haftadan soʻng, birinchi onasi vafot etdi. Keyin, bir necha yildan soʻng, otasi ham jonini Haqqa topshirdi. Oʻzi esa, yolgʻiz qolgach, singlisining nabirasini yoniga olib, yashadi. Vafot etib, barcha topgan-tutganini unga qoldirdi.

***
Ikkinchi ona sal boshqacharoq chiqdi. U maʼlumoti boʻyicha fizik olima edi. Shuning uchun, hayotdagi bosh mezon – tartib-intizomda deb hisoblardi. Har bir kunga reja tuzardi. Bu ayol, xattoki oʻgʻlining kelgusi hayotini miridan sirigacha qogʻozga yozib chiqqandi. Oʻn yetti yoshida maktabni tugatadi, yigirma uch yoshida institutni tugallaydi. Yigirma besh yoshida uylanadi. Boʻlajak turmush oʻrtogʻi tibbiyot sohasida ishlashi, yuqori malakali vrach boʻlishi lozim. Yangi oila ikki – biri oʻgʻil, ikkinchisi qizga tarbiya berishlari kerak. Bu ona, hali tugʻilmagan nabiralarning ham qayerda oʻqishi, qanday kasbni egalashi va… xullas, ularning ham barcha xatti-harakatlari rejalashtirgan edi.
Ammo, ayol oʻgʻlini oʻz yoʻliga sololmadi. Farzandining feʼl-atvori, yashash tarzi birinchi umrida shakllanib boʻlgan edi. U yana qayta tugʻilgani bilan, ming boshqacha tarbiya berilmasin, oʻzgarmadi. Avvalgi hayotdagidek inson boʻlib balogʻat yoshiga yetdi. Institutni tugatgach, “Biologik tadqiqodlar instituti”ga ishga kirib, ilmiy izlanishlar qila boshladi. Yigirma besh yoshga kirganda, onasi uni jiddiy suhbatga tortdi.
– Xoʻsh, oʻgʻlim! Uylanadigan vaqting keldi. Senga mustaqil harakatlar qilishing uchun imkoniyat va vazifa bergandim: bajardingmi?
– Meditsina institutida oʻqiydigan biror xushbichim qiz bilan tanishishim va u menga yoqsa, turmushga chiqishni soʻrashim kerakmidi? Shuni aytayapsizmi?
– Ha!.. Nima boʻldi? Topshiriq bajarildimi?
– Yoʻq, oyijon, bajarilmadi.
– Nega, oʻgʻlim?
– Sababi oddiy. Ancha-muncha qizlarni koʻrdim, tanishdim, gaplashdim. Hech qaysisi qalbimni larzaga sololmadi.
– Boʻlgusi jufti halolingga katta talab qoʻyma. Oʻzi xuriliqo boʻlmasa ham, yoqimli, odobli, yaxshi oilaning farzandi boʻlsa, yetadi. Sen axir Farhod, Majnun yoki Tohir emassan-ku, oʻz Shirinini, Laylisini va Zuhrosini qidiradigan! Senga yaxshi rafiqa, bolalaringga mehribon ona boʻlsa, yetarli emasmi?
– Yoʻq! – dedi farzand. – Yetarli emas. Bu dunyoda faqat men uchun tugʻilgan qiz bor. Oʻshani qidirib topishim kerak. Faqat ungagina uylanaman.
– Men oʻgʻlimning maksimalist ekanligini bilmas ekanman. Bunaqada qachon uylanasan? Rejadan chiqib ketishimiz mumkin-ku!
– Oyijon, hayotda hamma narsa ham reja boʻyicha ketabermaydi.
– Rejasiz odam hayotda koʻp narsalarga erisha olmaydi. Tartib-intizom taraqqiyot garovidir!
– Ha, gapingiz toʻgʻri. Lekin, shaxsiy hayot – ishlab chiqarish tashkiloti emas.
Ona biroz sukut saqladi va nihoyat soʻz qotdi.
– Bolam, mayli. Rejani bir yil keyinga suramiz. Ammo, sen bu sohada juda intensiv harakat – jahdu jadal qilishing kerak!..
Bir yil oʻtdi. Yigitning barcha qidiruvlari zoye ketdi. Oʻsha – yakkayu yagona goʻzal uchramadi. Reja yana bir yilga oʻzgartirildi. Keyin, yana. Keyin, yana… Shu tariqa ancha yillar oʻtdi. Bora-bora, oʻgʻlining uylana olmasligiga ikkinchi volida ham koʻnikdi. Faqat bir marta soʻradi.
– Soʻraganning aybi yoʻq, seni tuqqan onangman, bir narsani ayt, senda oʻzi qizlarga nisbatan intilish bormi?
– Oyijon, men soppa-sogʻman. Aslo shubhalanmang! Faqat, omadsizman, oʻsha oʻzimga atalgan qizni topa olmayapman. Taqdir uchratmayapti.
– Inson oʻz hayoti tarixini oʻzi yaratadi. Muvaffaqiyatsizliklarni taqdirga toʻnkash – noshudlarning ishidir. Sen bunchalik noshud boʻlib ulgʻayasan, deb oʻylamagandim. Yakkayu yolgʻiz oʻgʻlimsan. Singling, mana bola-chaqali boʻlib ketdi. Nega, sen shundaysan? Bilmayman… Barcha ilgʻor tarbiyaviy gʻoyalar asosida oʻstirgandim.
– Oyijon, siz juda tartib-intizomli odamsiz. Agar, sir saqlashga vaʼda bersangiz, oʻzim haqimda maʼlumot beraman. Shunda, barcha shubhalaringiz va taajjublaringizga oʻrin qolmaydi.
– Bu sirni oʻzim bilan boshqa dunyoga olib ketishim kerakmi, bolam?
– Ha, oyijon!
– Men sir saqlay olaman. Baʼzi xotinlarga oʻxshab, koʻcha-koʻyda valaqlashib, maqtanishda poyga oʻynab yurishni yoqtirmayman. Gapiraver, bolam! Farzand oʻz dardini onasiga aytmasa, kimga aytadi.
Oʻgʻil ikkinchi volidasiga ham barcha gapni aytib berdi.
Onasi oʻyga toldi.
– Nahotki, shu real hayotimizda fantastikaga oʻrin bor? Sen meni juda hayron qoldirding. Nazarimda, seni ruhshunos-psixiatrga koʻrsatish kerak.
– Oyijon, menga ishonmasangiz, meni jinni boʻlib qolgan deb hisoblasangiz, uydan ham, ishimdan ham ketaman. Uzoq yurtlarga ravona boʻlaman. Oʻgʻlingizni boshqa koʻrmaysiz!
– Yoʻq, bolam, xavotirlanma. Men fikrlayapman. Tabiat qonunlari, nahotki shunchalar darajada murakkab va sirli?! Nahotki, uning hali ochilmagan qirralari bor!?.
– Ha, biz borliqning mingdan birini ham mushohada qila olmaymiz.
– Shuning uchun, men seni istaganimdek tarbiyalay olmagan ekanman-da… Endi, barcha umid uchinchi tugʻilishingdan ekan-da…
– Shunaqaga oʻxshayapti, oyijon. Yoshim katta boʻlib qoldi. Bu hayotimdagi menga atalgan qiz ham shu paytda boshqa odam bilan yashayotgandir. Uni vaqtida uchratolmadim.
– Mayli, mening, sen aytgandek, taqdirga tan bermaslikdan boshqa ilojim yoʻq. Birinchi onang bunga qanaqa qaragan?
– Toʻpolon qilmaganlar. Indamay qabul qilganlar. Keyingi hayotingda baxtingni topgin, deb duo qilganlar.
– Yaxshi ayol boʻlgan ekan. Men ham seni duo qilaman. Singlingga aytaman, qarib kuchdan qolganingda, bir nabirasini sening yoningga qoʻysin. Yordamchi boʻladi, oxirgi damlaringda lablaringga suv tomizadi…

***
Uchinchi umrini yashayotgan yigit, uydan quvilgandan soʻng, ijara uyga joylashdi.
Yigit uyga qaytmagach, ertasi kuni dadasi ishxonasiga keldi. Holiroq joyga oʻtib suhbatlashishdi.
– Oʻgʻlim! Burgaga achchiq qilib, koʻrpa kuydirma. Onang qiziqqonlik qilib, seni uydan haydadi, oʻtgan kuni. Hozir pushaymon. Yigʻlayapti. Uyga qaytaqol, bugun. Mayli, qiz koʻrishga bormay qoʻyaqol. Oʻzing istaganingga, sevganingga uylantiramiz.
– Dadajon! Onamga bir necha bor aytdim: “Men sizning qulingiz emas, farzandingizman. Meni yaxshi quda qilish uchun uylantirishga urinmang! Bu dunyoda oʻzimga atalgan qizni koʻrsamgina turmush quraman”. Yoʻq, tushunishni istamay, mahalladagi toʻrtta-beshta xotin oldida oʻzlarini koʻrsatmoqchi boʻlayaptilar.
– Men seni yaxshi bilaman, menga oʻxshagan oʻjarsan. Istak-xohishlaringni tushunaman. Oying esa oʻzga olamga kirib qolgan. Ozroq vaqt oʻtsin, uning ham aqli yetib qolar, aytganlaringga.
“Demak, onam hamon oʻsha-oʻsha, eski dunyoqarashi oʻzgarmagan”, xulosa qildi yigit. Va otasiga soʻz qotdi.
– Dadajon! Men kecha ijaraga uy oldim. Bir oylik pulini oldindan toʻladim. Bugun kelib, ertaga chiqib ketsam, boʻlmaydi.
– Yoʻq, oʻgʻlim, yur uyga. Ijara pulingni men beraman.
– Meni kechiring, dada! Endi, men sizlardan alohida yashayman. Meni zoʻrlamang. Vaqtim oz qoldi.
Ota bu soʻzlardan taajjubga tushdi.
– Oʻgʻlim! Amerikadagina bolalar balogʻat yoshiga yetgach, alohida yashash uchun chiqib ketishadi. Bizlarda esa, farzandlar ota-onasi bilan birga yashaydi, qariganida boqadi. Bundan tashqari, qanday vaqtni aytayapsan, oz qoldi deb?
– Oʻzimga atalgan qizni tezroq topmasam boʻlmaydi. Gap shunda. Bu ishda erkin boʻlganim durust. Mendan xavotir olmang, murodimga yetsam, sizlardan fotiha olaman. Toʻyni oʻz uyimizda qilamiz, kelinning qoʻlidan choy ichasizlar!
Ota oʻz farzandining feʼlini ozmi-koʻpmi bilardi, shuning uchun yana uyga qaytgin demadi.
– Mayli, unda senga erkinlik beraman. Yaxshi qol. Oʻzingdan xabar berib tur.

Kechki payt, yigit ijara uyiga qaytdi. Oʻringa choʻzilib, uzoq oʻy surdi. Xoʻsh, endi qanday saʼyi-harakat qilsa, hayotdagi asosiy maqsadiga yetadi? Nimalar qilish kerak? Matbuotga, internetga eʼlon bersinmi? Lekin, oʻtgan umrlarida bu usullar foyda bermadi-ku! Boshqa qanday tadbir qoʻllasin?..
Yigit shunday hayollarda uxlab qoldi. Tongga yaqin tush koʻrdi.
Uylanayotgan emish. Toʻyxonada odam gavjummish. Kelin esa yoʻq ekan. Hayron boʻlibdi: toʻy toʻrida bir oʻzim oʻtiramanmi? Shu payt, uning yonida oʻsha birinchi umrini yashayotganda, yigirma ikki yoshga toʻlganda uchrashib, haqiqiy yorni topish zarurligini aytgan boqiylik maslahatchisi paydo boʻlibdi.
– Doʻstim! Ajablanma, hozir yoningga senga atalgan qiz keladi, – debdi.
– Bu, axir notoʻgʻri-ku! Men uni tanimasam, bilmasam. U ham men bilan gaplashib koʻrmagan boʻlsa. Qanday qilib, toʻy boʻladi? Biz qaysi asrda yashayapmiz?! – xitob qilibdi yigit.
Shu damda, shoir Poʻlat Moʻminning “Vafo bilan kelibdi!” qoʻshigʻi sadolari ostida, boshiga fata yopgan, oʻng yonida yoshi kattaroq ayol, chap tomonida tengdosh qiz bilan oʻzi tomon yurib kelayotgan kelinga koʻzi tushibdi.
– Ana, sen uchun tugʻilgan qiz! – debdi boqiylik maslahatchisi.
Kelin yaqinlashgach, yonidagi ayol uning yuzidagi fatasini koʻtaribdi.
Vo ajab! U axir birinchi umridagi, kechikib topgan, shuning uchun boshqa odamga turmushga chiqib ketgan qiz-ku! Yigitning qalbida kuchli portlash yuz beribdi. U tamom atrofni – toʻyxonani, marosimga yigʻilgan odamlarni va boqiylik maslahatchisini ham butkul unitibdi. Ularning tasviri xiralashibdi. Toʻyxona gʻala-gʻovuri ham, musiqa ham eshitilmay qolibdi. Koʻz oldida faqat oʻsha, ikki umr qidirgan, lekin uchratolmagan siymo qolibdi.
Kelin shiringina jilmayibdi.
– Nihoyat uchrashdik! – debdi u shivirlab. – Men ham sizni ikki umr izladim. Mana, uchinchisida topdim…
Yigit ham javoban tabassum qilibdi.
– Nahotki, sen – oʻshasan? – debdi u.
– Ha! Men oʻshaman. Birinchi umrimda yanglishdim. Oʻshanda, vafotim oldidan Yaratganga yolbordim: “Yo, Olloh! Bu hayotda men baxtli boʻlolmadim. Meni qayta dunyoga keltir. Va unda oʻzimga atalgan yigit bilan yashashimga ijozat ber!..” Afsuski, ikkinchi umrimda, sizni topolmay toq oʻtdim. Bu hayotim xotimasida ham yana Mavloga yolborgancha dunyodan oʻtdim… Nihoyat baxtliman! – qizning koʻzlarida uchqun chaqnabdi.
Yigit ham cheksiz shodlikka toʻlibdi.
– Tushimmi yo oʻngimmi? – debdi u, beixtiyor.
– Albatta, bu tush! – xitob qilibdi yonida turgan boqiylik maslahatchisi. – Uygʻonish kerak, boʻldi yetadi!
Yigit birdan uygʻonib ketdi. Boqiylik maslahatchisidan qattiq jahli chiqdi.
– Nega meni uygʻotadi, u?! – hayqirdi u. – Nega?..

U oʻrnidan turdi. Soʻng, oʻringa oʻtirdi. Oʻn-oʻn besh daqiqa shu alfozda qoldi. Keyin, turdi. Kun yorishgan edi. Yuvinib, oʻziga qahva tayyorladi. Tetiklashgach, koʻcha kiyimini kiyib ishxonasiga ravona boʻldi.
Oʻz xizmat joyi – “Biologik tadqiqotlar instituti”ga ijara uyidan chiqib, boshqa, notanishroq koʻcha bilan borish kerak edi. Ayni shu yoʻl uzra manziliga yetay deb qolganda, toʻsatdan qarshisidan bir qiz kelayotganiga eʼtibor qildi. Odatda, u yonidan oʻtayotgan goʻzallarning yuziga bir qiyo boqardi-da, qalbida gʻalayon uygʻonmagach, indamay oʻtib ketardi. Ammo, bu gal dilida nimadir qimirladi. U uzoqdan boʻlsa-da, qizga sinchiklab boqdi. Yo, Olloh!.. U – axir, bugun tongda tushida koʻrgan, birinchi umrida uchratgan parivash-ku!..
Yigit yurishga majoli qolmay, joyida toʻxtab qoldi. Nigohi oʻziga yaqinlashib kelayotgan qizda edi. U ham qarshisidagi odamga bir boqdi-da, toʻsatdan yurishini sekinlatdi. Koʻzlarida uchqun emas, oʻt chaqnadi! Ikkala qalbda barvariga portlash yuz berdi.
Yigit ham, qiz ham batamom oʻzlarini unitdilar. Ular uchun atrof xiralashdi. Oldilarida faqat izlagan siymolari turardi. Ikkalalari qalblaridan soʻradilar: “Bu oʻshami?” Dillarida barobariga “Ha!” degan soʻz jarangladi!
– Salom! – dedi yigit.
– Salom! – javob berdi qiz.
– Esingdami, biz bundan bir yuz yetmish yil ilgari uchrashgandik!
– Ha, kechagidek yodimda, – jilmaydi qiz.
– Bugun tongda seni tushimda koʻrdim! – xabar berdi yigit.
– Men ham… – iymanib soʻz qotdi qiz.
– Tushimda menga aytgan gaplaring rostmi, yaʼni meni qayta uchratish uchun Yaratganga boshqatdan tugʻilishingni soʻrab yolborganing?
– Ha! Hammasi rost!.. Nihoyat, sizni qayta topdim.
– Biz, bir-birimiz uchun yaratilganmiz!
– Buni bilaman.
– Endi, bizni oʻlimdan boshqa hech qanday kuch ajratolmaydi!

Bu tasodifiy uchrashuvdan ikki oy oʻtgach, ikki yoshning nikoh toʻyi boʻlib oʻtdi. Toʻyga boqiylik maslahatchisi ham keldi. Kuyovning doʻsti sifatida tabrik soʻzi olib, ularga boqiy umr, boqiy baxt va boqiy muvaffaqiyatlar tiladi. Toʻyona sifatida Tinch okeanining qoq oʻrtasidagi orolda joylashgan dam olish maskaniga, asal oyini oʻtkazish uchun yoʻllanma berdi. U yerga bir haftadan soʻng borish kerak ekan.
– Biz sen bilan oʻsha yerda bafurja gaplashib olamiz, – dedi u, yigitga, xayrlashar ekan.
– Juda soz! Albatta!
– Boqiy yashashing kerakligi sababini toʻying oʻtgach, aytaman degandim, bir yuz sakson yil ilgari. Esingdami?
– Ha, yodimda.
– Boʻpti, unda kelishdik… Darvoqe, bizdan senga boshqa sovgʻalar ham bor. Uchinchi onangning koʻzi juda och. Shuning uchun, uyingga turli zamonaviy, qimmat jihozlar, kiyim-kechaklar, taqinchoqlar yubordik, quda tomondan deb. Sir boy berma. Tinch yashaysizlar.
– Yaxshi, rahmat! – dedi yigit.

Darhaqiqat, uchinchi ona kelin tomondan kelgan sarpo-surugʻlarni, sovgʻalarni koʻrib, ogʻzi lang ochilib qoldi. Oʻziga zamonaviy kiyim-kechaklar, kamyob gazlamalar, hamda katta brilliant koʻzli uzuk va zirak, eriga oxirgi paytda rasm boʻlgan palto, plashch, kostyumlar, poyafzallar. Oʻgʻliga ham bir dunyo sarpo va hammasidan ham aʼlo sovgʻa – yangi, moyi artilmagan eng zoʻr mashina ham tashlab ketishibdi. Ana quda-yu, mana quda! Farzandi ham anoyi emas ekan. Bilar ekan kimning qizini olishni! Afsuski, notoʻgʻri fikrga borgan ekan, bu noshud bola bir bechorahol, moyanaxoʻrning qizini yetaklab keladi, deb. Oʻgʻlining doʻstlari ham serhimmat ekan. Dunyoning uzoq burchidagi juda qimmat kurortga yoʻllanma berishdi. Qoyil! Kutganidan ham aʼlo baxtga erishdi! Endi, xotinlar orasida rosa karillab yuradigan boʻldi-da! Qanday baxt!..

Tinch okeanidagi orol kelin-kuyovga yoqdi. Dam oluvchilar uchun daraxt shoxlari va bambuklardan ajabtovur kottejlar qurilgan ekan. Ichkarisi juda shinam. Havo moʻtadil. Qirgʻoqlar soʻlim. Palmalar va boshqa ajabtovur daraxtlar koʻkka boʻy choʻzgan. Ummon suvi toʻlqinlanib, shovullab kelaveradi va ortga qaytaberadi. Qumga rasm chizasan, biroz oʻtmay yuviladi. Suvga oyogʻingni tiqasan – yoqimli iliqlik barmoq uchlaringdan boldirlaringgacha rohat baxsh etadi. Boʻgʻzinggacha tushib choʻmilasan – tanang yayraydi. Okean senga oʻzining tabiiy quvvatini inʼom etadi.
Boqiylik maslahatchisi uch kun oʻtgandan keyin keldi.
Yigit yorini kottejda qoldirib, u bilan suhbatlashishi uchun tashqariga chiqdi. Ular okean boʻyida, tabiat qoʻynida joylashgan ochiq qahvaxonaning chetrogʻidan joy olib suhbatlasha boshlashadi.
– Ishlar koʻpayib ketdi, – axborot berdi maslahatchi. – Ammo, endi miriqib suhbatlashsak boʻladi. Men ham sizlarning bahonangizda ummonda choʻmilib dam olaman! Ruxsat oldim.
– Shu uch kun men uchun bir lahzadek oʻtdi. Men oʻz yorimga toʻya olmayapman. Shuning uchun, kechikkaningizni sezganim ham yoʻq.
Maslahatchi jilmaydi.
– Ha, haqiqiy sevgi – ayni shundaydir. Bu – boqiy baxtdir!
– Biz rostdan ham boqiy yashaymizmi?
– Ha! Faqat, bu sizning tasavvuringizdan boshqacharoq boqiylik boʻladi.
– Qanday? – qiziqdi yigit.
– Siz, atrofingizdagi barcha odamlar kabi bola-chaqali boʻlasiz, ularni oʻz tengilarini, yaʼni oʻzlariga atalgan yorlarini topish yoʻllarini oʻrgatib, baxt topishlariga yordam berasiz, ularni uylik-joylik qilasiz, nabiralar tarbiyalaysiz. Bir kun borib, qariysiz va vafot etasiz…
– Voy! – xitob qildi yigit. – Shu boqiylikmi? Oddiy hayot-ku! Meni aldabsiz-da!
– Olloberdining “Olloh”ini eshitdingiz, endi “berdi”sini eshiting. Hovliqmang, sabr qiling! – javob berdi maslahatchi.
– Xoʻp. Qulogʻim sizda.
– Bir narsani bilib qoʻying. Nega, bizning tashkilot barcha odamlarning oʻz tengilarini topishini istaydi va bunga yoʻllar qidiradi, shu haqda oʻylab koʻrdingizmi, shuncha yil – deyarli uch umr davomida?
Yigit bosh chayqadi.
– Men oʻzimga atalgan yorni topish haqida topshiriq olganman, shuning uchun boshqa holatlar haqida hech fikr yuritmaganman. Bundan tashqari, savolim bor: Sizning tashkilotning nomi va faoliyat maqsadi nima? Shuni bilgim kelayapti.
– Tashkilotimiz nomi – “Insoniyat jamiyatini rivojlantirish instituti”. Uning faoliyat maqsadi – nomidan maʼlum. Bunda faqat, menga oʻxshagan zotlar xizmat qiladilar. Biz olimlarga, ixtirochilarga va yaxshilik gʻoyalarini amalga oshirishga intiluvchilarga oʻz koʻmaklarimizni beramiz. Toki, ular moʻljallagan ilmiy-texnik ishlarini maromiga yetkazsinlar. Jamiyat bundan faqat foyda koʻradi va rivojlanish tezligini oshiradi.
– Buni qanday amalga oshirasizlar? Bu men uchun juda qiziq! – soʻz qotdi yigit.
– Hech qanday mushkullik yoʻq. Biz axir oddiy insonlar emasmiz. Bizda imkoniyatlar ancha katta. Masalan, oʻsha olim yo ixtirochining tushiga kirib, nima qilish kerakligini aytib beramiz. Yoki, koʻchada yo boshqa sharoitlarda, masalan ilmiy simpoziumlarda, konferensiyalarda, xattoki mehmondorchiliklarda tasodifan uchrashgan odam boʻlib, uning kasb-kori boʻyicha suhbatlashib, unga ilmiy-texnik muammolari yechimlarini yetkazamiz. Biz, shuningdek ijodkorlarga ham zarur mavzularni shipshiymiz, lozim boʻlsa ongiga kirib yozdiramiz. Natijada, ular maqsadlariga yetadilar – shuhrat qozonadilar, mukofotlar, unvonlar oladilar. Bizga esa faqat – amalga oshirilgan ish kerak. Boshqasi ahamiyatli emas. Moddiy boyliklar istasak – har qancha bor. Ular biz uchun – asosiy maqsad emas.
– Bu tushunarli. Men ayrim ixtirolarning, buyuk asarlarning mualliflari uyqularida yoki qayerdadir, kimlardandir zarur gʻoyalar, maʼlumotlar olganliklari toʻgʻrisida soʻzlaganlarini eshitganman. Demak, ularda jon bor ekan. Meni yana boshqa narsa ajablantirayapti. Inson nega aynan oʻziga atalgan, oʻzi uchun tugʻilgan juftini topishi va u bilan turmush qurishi lozimligi – zarurligini qanday izohlaysiz? Nega bu yoʻnalishda ham faoliyat yuritayapsiz?
Boqiylik maslahatchisi bu savolga darhol javob bermay, qirgʻoqqa betinim urilib-qaytayotgan ummon toʻlqinlariga nigoh tashladi.
– Qarang! – dedi u. – Okean betinim toʻlqinlanadi. Hech qachon toʻxtamaydi. Tabiat kuchlari doimiy harakatda. Shuningdek, insoniyat ham, ularning juda koʻp vakillari ham harakatdan tinmaydilar. Ayting-chi, qanday odamlar olma pish – ogʻzimga tush deb oʻtirmaydilar? Qanday odamlar zararkunandalik, yaʼni oʻgʻrilik, qaroqchilik, tovlamachilik va poraxoʻrliklar qilmasdan yashashga intiladilar? Qanday odamlar hiyla-nayranglar qilishga, odamlarni bir-birlari bilan urishtirishga moyil boʻlmaydilar?
Yigit bir oz oʻy surdi va fikrini bildirdi.
– Nazarimda, bunday feʼl-atvor tarbiyaga va genlarga bogʻliq. Lekin, koʻproq ota-bobolari kim boʻlganiga bogʻliqroq. Chunki, buyuk shoir Hazrat Navoiy aytganlarki: “Kuchuk bilan xoʻtikka qancha qilma tarbiyat – it boʻlur, eshak boʻlur, boʻlmaslar aslo odami!”
– Gapingizda jon bor. Endi, oʻzingizga savol bering, ana shu siz aytgan yomon genli odamlar qaydan paydo boʻlgan? Aminmanki, bunga tayinli, aniq javobingiz yoʻq. Aytishingiz mumkinki, benikoh tugʻilganlar shunday boʻladilar deb. Bu toʻgʻri. Ammo, yana bir turkum odamlar borki, ular bir-birlariga umuman toʻgʻri kelmaydigan erkak va ayollardan dunyoga kelishgan. Bunday oilalarda, oʻzingiz bilasiz har kuni janjal, har kuni muammo, har kuni norozilik hukm suradi. Shunday muhitda ulgʻaygan kishilardan jamiyatga foyda keltiruvchilar kamdan kam chiqadi.
Yigit maslahatchining jim qolganidan foydalanib yakun yasadi.
– Oʻz tengini topganlar va umr boʻyi ahil-inoq yashagan oilalarda tugʻilgan farzandlar esa, jamiyatga katta foyda keltiruvchi solih shaxslar boʻlib ulgʻayadilar! Toʻgʻrimi gapim?
– Xuddi shunday. Toʻppa-toʻgʻri! Shuning uchun, bizning vazifamiz – iloji boricha koʻproq odamlar borliq tomonidan oʻzlariga atalgan juftlarini topishlariga yordam berishdir. Bu amal orqali jamiyatda qalbi toza, imkoniyatlari katta, hayotga ijobiy koʻz bilan qaraydigan odamlar koʻpayadi, natijada rivojlanish sezilarli tezlashadi.
Yigit bu soʻzlarni eshitgach, bir oz jim qoldi. U ham qirgʻoqqa urilayotgan toʻlqinlarga boqdi. Qalbida paydo boʻlgan savolni tiliga chiqardi.
– Nega aynan men? Yoki siz koʻp odamlarga shunday topshiriqlar berganmisiz?
– Ha, biz koʻpchilikka, faqat fikrlovchi va irodali deb faraz qilingan odamlarga oʻzlarining haqiqiy baxtlarini izlashni vazifa qilganmiz. Afsuski, ularning toʻrtdan uch qismi tashqi tayziqlarga, ichki tabiiy intilishlarga qarshi chiqa olmadilar. Bahonalar topib, tengi boʻlmaganlar bilan turmush qurdilar. Ularga boshqa umr bermadik. Faqat, siz va yana bir nechta yigit sabot bilan izladilar, kutdilar va niyatlariga yetdilar. Ikki umr yolgʻizlikda, oila qurmasdan yashash – oson emas. Bu, xattoki, qahramonlikdir.
– Siz inson sabotini sinovchi, oʻziga xos ilmiy tajriba oʻtkazibsiz-da! Olingan natijalar yaxshimi?
– Ha, yomon emas. Biz uchun bir nechta avlodlar umri koʻp davr emas. Vaqt oʻtib, sizlardan tugʻiladigan va sizlarning ishlaringizni davom etdiradigan farzandu nabiralaringiz jamiyat genofondini yangilaydilar.
– Men tashkilotingiz maqsadini yaxshi angladim. Endi, birinchi savolimga javob bering!
Boqiy maslahatchi jilmaydi.
– Sizning va yoringizning boqiyligi shundan iboratki, sizlar vafot etganingizdan soʻng, yana qayta tugʻilaberasiz. Va yana qayta topishib, turmush quraberasiz. Insoniyat bor ekan, sizlar ham boʻlasiz! Avvalgi tugʻilganlaringizni unutmaysizlar va buni hech kimga aytmaysizlar, xattoki aytolmaysizlar. Jahl ustida yoki boshqa vaziyatlarda ham gapirib yuborolmaysizlar. Xattoki, yozolmaysiz. Tilingiz aylanmaydi, qoʻlingiz qimirlamay qoladi. Tushunarlimi?
– Ha. Xoʻsh, bunday boqiylik qanday vazifa yuklaydi, bizlarga?
Shu payt birdan yengil shamol turdi. Ochiq qahvaxonada oʻtirgan barcha odamlar yuziga okeanning nam havosi urildi. Maslahatchi bundan maza qildi shekilli, yuzini shamol tomonga burib koʻzlarini yumdi.
– Yashash yaxshi-a! – dedi u bir necha soniyadan soʻng. – Ana ustida toʻlqinlar chopayotgan ummon qaʼrida qanchadan qancha suv jonzotlari yashaydi. Hammasining oʻz vazifasi bor, hammasining umri chegaralangan. Yer yuzidagi jamiki hayvonlarning, barcha tirik jonlarning va insonlarning ham hayoti vaqt kelganda tugaydi. Ular boshqa tugʻilmaydilar. Siz va yoringiz esa qayta dunyoga kelaberasiz. Bilasizmi, nega?
Yigit bosh chayqadi.
– Ayting, nega?
– Chunki, sizlar, aytganimde, juda qaqshatgich imtihondan oʻta oldingiz. Ikki umr mobaynida faqat oʻz haqiqiy yoringizga mahtal boʻldingiz. Endi, sizlar qalbi toza va isteʼdodli farzandlarga ota-ona boʻlib, tinch oilaviy muhitda ularni munosib tarbiyalaysizlar. Ular esa jamiyatga foyda keltiruvchi kishilar boʻlib yetishadilar. Bu jarayon har bir umringizda davom etaberadi. Natijada, jamiyat asta-sekin taraqqiyotga ijobiy taʼsir etuvchi odamlarga toʻlib boraveradi. Sizning boqiyligingizning asosiy gʻoyasi shu!
Bu yakuniy soʻzlarni eshitgan yigit indamay boshini okean tomonga burdi. Tabiat qanday goʻzal! Dengizlar, togʻlar, vodiylar – ularning manzaralari – hammasi ajib! Ularga boqsang, zavqlansang – tirik ekanligingdan shodlanasan. Tiriklik esa vaqtincha. Nahotki, oʻzi va yori boshqacha shaklda boʻlsa ham, boqiy yashaydilar? Bu – faqat xos bandalariga beriladigan inʼom emasmi?
– Ha, toʻgʻri fikr yuritayapsiz! – soʻz qotdi boqiylik maslahatchisi. – Siz topshirilgan vazifani bajarganingiz uchun shunday inʼom bilan mukofotlandingiz. Bundan keyin ham shu yoʻlda davom eting… Suhbatimiz bitdi. Endi, men ketaman. Xonamga borib, ozroq uxlay. Bu soʻlim maskanga, nainki siz bilan muloqot qilishga, balki dam olishga ham kelganman. Kechki payt toʻlqinlar ogʻushida choʻmilaman. Siz bilan esa bu yerda endi gaplashmaymiz. Ketgunimcha menga yaqinlashmang. Tashkilotimiz lozim topgan paytda, meni yoningizga yuboradi. Xayr!
Boqiylik maslahatchisi oʻrnidan turdi. Kalta, rangdor ishtoniga, palma rasmi tushirilgan maykasiga mos tushgan poxol shlyapasini boshiga qoʻndirib, suhbatdoshiga bir tabassum qilib qoʻydi-da, oʻzining bambuk va daraxt shoxlaridan bino etilgan uychasi tomon ketdi.
Yigit ham asta oʻrnidan turdi. Oʻz chin yorini sogʻinib qolgandi. Kotteji tomon yoʻnaldi. Oldinda ularni cheksiz davom etadigan umrlar va oilalarida tugʻilaberadigan solih farzandlar kutib turardi.

25-29.12.17. Toshkent.

005

(Tashriflar: umumiy 1 003, bugungi 1)

Izoh qoldiring