19 апрел — ёзувчи Муҳаммад Салом таваллуд топган кун
Давримизнинг икки асрлик ҳаётий тажрибасини кўраётган, маҳсулдор, тинч оқадиган сокин дарёдай оғиркарвон ёзувчиларидан бири Муҳаммад Саломдир. Ёзувчининг илк ҳикояси “Мени кечирсанг, бас” номи билан 1961 йилда Самарқанд вилояти газетида чоп этилган.
ИЖОДИЙ КАМОЛОТ БОСҚИЧИ
Нусратулло ЖУМАХЎЖА
Филология фанлари доктори
Давримизнинг икки асрлик ҳаётий тажрибасини кўраётган, маҳсулдор, тинч оқадиган сокин дарёдай оғиркарвон ёзувчиларидан бири Муҳаммад Саломдир. У 1938 йилнинг 19 апрель кунида Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани Улфатбиби қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Чўғолон қишлоғида таваллуд топган. Муҳаммад аканинг ота-боболари ўз замонасининг масжид-мадрасаларида таҳсил кўрган зиёли инсонлар эдилар.
Катта хонадондаги етти ўғил, тўрт қиз – жаъми ўн бир фарзанднинг тўнғичи бўлган Муҳаммад турмуш тақозоси билан 14 ёшга тўлар-тўлмас меҳнат фаолиятини бошлаган. Мактабдаги дарслардан кейин экинларни суғориш, пахта териш ва бошқа ҳар хил юмушлар билан шуғулланган. Ёш йигитчанинг меҳнатсеварлиги ва омилкорлигини кўрган бригадир уни ўзига ёрдамчи бўлишга таклиф этган. У еттинчи синфни битиргач, икки йил давомида ҳисобчи (табелчи) сифатида иш олиб борган. Ўрта мактабни 1956 йилда аъло баҳолар билан битиргач, бир муддат ўзи битирган билим даргоҳида ўқувчиларнинг бош етакчиси бўлиб ишлаган. Икки йилдан сўнг Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетига ўқишга кириб, 1963 йилда унинг филология факультетини имтиёзли диплом билан тугатган. У “Бухоро ҳақиқати” ва “Туркистон” (“Ёш ленинчи”) газеталарида катт адабий ходим, “Ўзбек қомуси”да катта илмий муҳаррир, “Янги аср авлоди” (“Ёш гвардия”) нашриётида катта муҳаррир, бўлим мудири вазифаларида фаолият кўрсатган. Кейинчалик то нафақа ёшига қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг наср ва бадиий мақоланавислик кенгашида адабий маслаҳатчи сифатида хизмат қилган. Мана шундай муттасил, қизғин ижодий меҳнат жараёнида унинг қалами чархланган, у зиёли инсон даражасида тобланган, адиб сифатида камол топган.
Ёзувчининг илк ҳикояси “Мени кечирсанг, бас” номи билан 1961 йилда Самарқанд вилояти газетида чоп этилган. Ана шу йиллари ёш ёзувчи ўз ҳикоя ва очерклари билан адабий жараёнда фаол қатнашиб турган.1962 йилнинг сентябрь ойида Республика ёш ёзувчиларининг ижодий семинарида унинг асарлари йирик сўз усталари Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Иброҳим Раҳим, Суннатулла Анорбоев ва бошқалар иштирокида жиддий муҳокама қилинган. Бундай эътибор ёш ёзувчининг ютуқ ва камчиликларини аён кўрсатиб, уни дадил ижодга рағбатлантирган. Шундан сўнг пайдо бўлган асарлари ёзувчининг изчил ижодий такомил босқичларини намоён этган.
1964 йили “Ёш гвардия” нашриёти чоп этган “Гулдаста” адабий-бадиий алманахидан унинг “Кечиролсанг бас” ва “Икки ошна” ҳикоялари ўрин олган. 1969 йилда “Кечирим” номли биринчи ҳикоялар тўплами, 1970 йилда “Юракдаги излар” номли қисса ва ҳикоялари, 1971 йилда “Тошлоқдаги хазина” очерклар тўплами, 1973 йилда “Севги тори” қиссаси, 1975 йили “Иқрор” номли қисса ва ҳикоялар тўплами, 1976 йилда “Шифобахш қўллар” очерки, 1977 йилда “Довул” қиссаси кенг китобхонлар оммасига етиб борган. Ушбу асарларда, асосан, ёшлар ҳаёти, соф севги-муҳаббат, табиат ва одамлар, инсоний туйғулар қаламга олинган.
Сермаҳсул ўзбек адабиётида М.Салом ўзига хос ўрни, йўли, овозини кашф этди. Бунга у дастлабки уринишлариданоқ ҳеч ким юрмаган йўлдан боришни, мавзу танлашда ҳам оммалашган, ҳамма ёзаётган воқеалар эмас, балки инсон, юрт, миллат истиқболи учун ўзи муҳим деб билган мавзуларда қалам тебратишни афзал кўриб, ўз мақсадига эришди. Мавзуларни, ҳаёт воқеаларини саралашда юксак дид билан ёндашди, кўп ёзгандан кўра хўп ёзишни ижодий маслагига айлантирди. Асарларини қиёмига етказиш учун йилларини аямади, кўп йўлларни босиб ўтиш риёзатидан эринмади, қайта ва қайта ишлаш заҳматидан чарчамади, керак бўлганида, қўшни-қардош давлатларнинг ўлим камераларигача бориб, адабий қаҳрамонларининг прототиплари билан юзма-юз, эзгин, изтиробли суҳбатлар ўтказишнинг хавф-хатари, таҳликасидан чўчимади.
1967 йилда ёзилган “Иқрор” қиссасида қаламга олинган ўзбекона иффат, бу борадаги алданишнинг руҳий кечинмалари тасвири ҳали ноёб бадиий топилма эди. Бу қисса киритилган “Юракдаги излар” китоби бир пасда китобхонлар мулкига айланиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган. Низомий номидаги Педагогика институтида ўтган учрашувда Давлат стипендианти Зиёда исмли қиз икки марта сўзга чиқиб, ҳаяжон ила гапириб, йиғлаб юборган.
1973 йилда чоп этилган “Севги тори” номли йирик повестдаги воқеалар Тошкент ҳамда Зарафшон – Мурунтов қурилишларида кечган. Унда севгининг қудрати, шифобахш қирралари, одамни ўзгартириш хусусиятлари аввалига ўғри бўлган, муҳаббат туйғуси тарбиясида ўзлигини англаб етган бош қаҳрамон тимсолида тасвирланган. Ёзувчининг “Довул” номли катта повести бош муҳаррир Эркин Воҳидов, атоқли танқидчи Иброҳим Ғофуровларнинг: “Кўплаб оилалар қариндошлик ришталари билан боғланган, улар бу асарни ўқишса, қандай ҳолга тушади, ажралишлар кўпаймайдими?” деган андишали мулоҳазаларидан сўнг, машҳур ёзувчи Пиримқул Қодировнинг таҳрирлари, тавсиялари билан қирқ беш минг нусхада босилган ва дўкон пештахталарида туриб қолмаган. Асарни ўқиганлар ўртасида ажралишлар содир бўлмаган. Қариндош-уруғ никоҳидан туғилганлар аксар ҳолда нимжон, мажруҳ, ақли заифроқ бўлиши бугунда яққол исботини топди.
Ҳикоя, очерк, қисса, повест жанрларида қалами қайралган ёзувчи 1980-йилларга келиб, йирик прозага қўл урди. 1984 йилда унинг “Мувозанат” романи чоп этилди. Афсуски, ўша давр сиёсий мафкурачилари тазйиқи остида роман ёзувчи тасвирлаган тарзда нашр этилмади. Асар катта йўқотишларга учради. Романнинг бош қаҳрамони сиёсий етакчи бўлиб, давлат ва жамиятнинг мувозанати, тараққиёт ва таназзул, эзгулик ва ёвузлик, маданият ва жаҳолат муносабатлари етакчи – раҳбарга ҳам боғлиқлиги тасвирланган эди.
Ёзувчи ижодининг энг юксак чўққиси “Зиндондан нидо” номли очерк-бадиасидир. Ушбу асар шўро даврида Ўзбекистонга уюштирилган сўнгги қатағон ҳақида ёзилган. Унда туб аҳоли орасидан, оддий тарих ўқитувчилигидан Ғиждувон райком секретарлиги лавозимига кўтарилиб, кўҳна шаҳар ва туманни тубдан қайта қуриб, обод, замонавий, навқирон масканга айлантирган, талабчан ва адолатли бошқарув тизимини йўлга қўйиб, маҳаллий ишлаб чиқариш ва пахта саноатини мисли кўрилмаган даражада юксалтирган Салим Раҳимовнинг фоже қисмати ёритилган. С.Раҳимов 1984 йилнинг апрель ойлари ниҳоясида бошланган “Пахта иши” деб номланган машъум қатағоннинг минглаб қурбонларидан бири бўлди. У собиқ СССР Бош прокуратурасининг топшириғи билан ёвуз мақсадларда Ўзбекистонга бостириб келган терговчилар армиясининг “қўмондон”лари Гдлян ва Ивановларнинг қақшатқич зарбаларига нишон бўлган, ўзи ва хонадони хароб қилинган, ваҳшийларча, шафқатсиз калтакланган ҳолатда отувга ҳукм қилиниб, Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги ўлим камерасида ётишга маҳкум этилган эди. Муҳаммад Салом Ғиждувон халқининг талаби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Одил Ёқубовнинг топшириғи, Ўзбекистон бош прокуратурасининг йўлланмаси билан маҳбуснинг ҳузурига бориб, у билан аянчли кечмиш ҳақида узоқ суҳбатлашади. Суҳбат жараёни жуда оғир кечади. Суҳбатдош зулм исканжасида ҳолдан тойган, ўлим остонасида, нимжон, ҳаётдан ҳафсаласи буткул пир бўлган. Фурсат чегараланган, бунинг устига, терговчилар “фақат рус тилида суҳбатлашасан” дея ниқтаб туришибди, суҳбатдошлар эса рус тилини мукаммал билмайдиган, у тилда гаплашишни истамайдиган, она тилида яйраб сўзлашишга муштоқ бир аҳволда. Эссени ўқиркансиз, ёзувчи шу ҳолатда ҳам улкан материал йиққанига қойил қоласиз. Ҳужжатли, тарихий бу очерк-бадиа 1989 йили ноябрь-декабрь ойларида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг етти сонида “Зиндондан нидо” сарлавҳаси билан эълон қилинади. Шундай хавотирли сафарга бориб, асарни шу зайлда якунлаб чоп эттиришнинг ўзиёқ ёзувчининг жасорати, матонати, фидойи ватанпарварлик туйғусидан далолат эди. Зотан, ҳануз “Пахта иши” қатағони олови сўнмаган, Гдлян ва Ивановлар ҳамон фаолиятда эдилар. Бу ўпқон ёзувчини ҳам ўз комига тортиши ҳеч гап эмас эди.
Муҳаммад Саломнинг ибратли фазилатларидан бири шуки, у асарлари чоп этилганидан кейин ҳам эришилган марра билан қаноатланиб қўяқолмайди. Уларни янада такомилига етказиш ҳаракатида бўлади. Унинг адабий қаҳрамони, ўз даврининг меҳнат қаҳрамони Салим Раҳимов бугун барҳаёт. Унинг тергов ва қамоқ азоб-уқубатларидан, соғлиғини анчайин йўқотиб бўлса-да, эсон-омон қутулиб чиқишида ёзувчининг ҳам ҳиссаси бор десак, хато бўлмас. “Зиндондан нидо” асарининг қайта ишланган ва такомиллаштирилган нусхаси – “Сабр-бардош тимсоли” очерк-бадиаси ҳозир нашрга тайёр. Агар у чоп этилса, 1984 йилдан Ўзбекистон мустақиллиги давригача ҳукм сурган қирғин-қатағон тўғрисидаги сара асарлар сирасидан ўрин олишига ишончимиз комил.
2014 йилда “Мувозанат” романининг қайта ишланган, тўлдирилган нашри “Амал ҳавоси” номи билан “Тафаккур нашриёти” томонидан чоп этилди. “Мувозанат” беш йиллик ижодий меҳнат натижасида 1984 йилда дунё юзини кўрганини ҳисобга олсак, “Амал ҳавоси” 25 йил – чорак асрлик ижодий изланиш маҳсули эканлиги аён бўлади. Романнинг номида амалдорлик ҳавоси жуда нозик, айни пайтда, баландпарвоз, жуда шиддаткор, таҳликали, унда ҳар қандай раҳбар ҳам мувозанатни сақлай олмаслиги маъноси назарда тутилган. Бу жуда яхши топилган ном. Зеро, мувозанатни сақлай олмаган кўп раҳбарларни амал ҳавоси чирпирак қилиб учириб юборади. Бунга тарихда мисол жуда кўп. Амал ҳавосининг буқаламунликлари, минг бир ҳийлаю найранглари қаршисида фақат саботли шахсгина собит тура олади.
Романнинг бош қаҳрамони Собит Рустамов (Ғиждувон туманининг қайта қуриш ва ошкоралик давридаги собиқ раҳбарининг прототипи) ана шундай илм-маърифатда, меҳнатда, ташкилотчиликда тобланган, метин иродали раҳбар тимсоли. Ғиждувон Х асрлардаёқ тамаддунга эришган, Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний “Хўжагони Нақшбандия” тариқатига асос солган хайр-баракали бир шаҳар. Лекин шўро даврида мустабид мафкурачилар халқимизга ўз маърифий ўтмишини унуттириш мақсадида Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний мазоротининг бир қисмини деҳқон бозорига айлантириб, ўртасидан катта йўл ўтказиб, иккинчи қисмини минг майда-чуйда сақланадиган, сотиладиган карвонсаройга айлантирдилар. Мирзо Улуғбек қурдирган мадраса хоналари ташландиқ ҳужралар ва масжид эса ғаллабозор эди. Мақбара тепалигининг бир қисми ўтин бозори: унда эшак-эшак ғўзапоя, саксовул, тахта ўтин сотиларди; бир қисми – беда бозори:катта-кичик бойламлардаги беда сотиларди; бир қисми – эшаксарой ва ҳоказо. Қиш ойларида бу жойга зооцирк олиб келиб жойлаштирилар ва халққа ойлаб намойиш этиларди. Шер ва йўлбарс каби йиртқич ҳайвонлар шаҳар ва қабристонни ларзага солиб, арвоҳларни чирқиратиб бўкирарди. Бу жой қабристон, муқаддас зиёратгоҳ эканлиги қари-қартанглардан бошқа ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмас эди. Мақбаранинг асосий қисми назарногир бир маскан сифатида қўриқланар, эътиборни тортмас даражада кўримсиз сақланар, саноқли қарияларгина унга яширин равишда кириб зиёрат қилиб, намоз ўқиб чиқиб кетар эдилар.Халойиқ батамом даҳрийга айлантирилган, ўз тирикчилик ташвишлари билан банд эди.Шаҳар қиёфаси ҳам 50 йиллар мобайнида ўзгармаган, турғун бир ҳолатда сақланган эди. 1978 йили охирида туман раҳбарлигига тайинланган Салим Раҳимов шаҳар марказини тубдан қайта қурди, бозорни кўчирди, Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси жойлашган қабристонни даҳрийлик воситаларидан озод қилди. Улуғбек қурдирган мадраса, мақбара, минорани таъмирлатиб, халқнинг очиқ зиёратгоҳига айлантирди. Масжидни таъмирлатиб, халқ ибодатининг бардавомлигини таъминлади. Бу шаҳардаги ислоҳотларнинг бир қисми, холос. Бундан ташқари, С.Раҳимов қадимий ва навқирон Ғиждувондаги саноат – ишлаб чиқариш корхоналарини, ҳунармандчиликни, савдо-тижорат ишларини, пахтакорлик ва ипакчиликни, боғдорчилик ва деҳқончиликни, қовуни ширинликда тилни ёрадиган Қутчи каби чўлларни ўзлаштириб, обод қилишни янги, юксак босқичга кўтарди. Буюк ипак йўлида жойлашган Ғиждувон бозорига турли томонлардан маҳсулот келиб, савдо-сотиқ, мўл-кўлчилик авжига чиқиб, арзончилик, тўқлик-фаровонлик муҳайё бўларди. Ғиждувоннинг мол бозорига Самарқанд, Қарши, Термиз томонлардан ҳисори қўйлар ва қорамоллар келиб, бозорга сиғмай кетарди. Пахта, ёғ, вино, пиво, консерва, кулоллик (керамика) заводлари, гилам тўқиш, тикувчилик, қандолатчилик цехлари, маиший хизмат тармоқлари жадал ишларди. Айниқса, улкан пахта тозалаш заводи муттасил уч сменада ишлаб, Ғиждувоннинг шаҳару қишлоқларидан ишчиларини гудок билан ишга чақирарди. Кўчалар велосипедлар оқимидан тўлиб, минглаб одамлар ишга қатнарди. Ишчиларга ойлик, мукофотдан ташқари шилуха, кунжара каби моловқат маҳсулотлари берилиб, улар буни оила тебратишда ишлатардилар. Азалдан хайр-баракали бўлган Ғиждувон С.Раҳимов даврида янада гуркираб яшнаган эди. Унгача Ғиждувонга раҳбар бўлган Даврон Қурбонов, Турсун Шарипов каби маҳаллий етакчилар ҳам ҳудуднинг ривожи ва ободончилиги учун муносиб хизмат қилганлар, обрў қозонганлар, яхши из қолдирганлар. Давлат ва халқнинг эътиборига, эътирофига сазовор бўлганлар. Лекин ҳеч бир раҳбар С.Раҳимовгача қисқа муддатда Ғиждувонни шиддат билан қайта қуриб, юксак тараққий эттира олмаган.
“Амал ҳавоси” романининг мазмуни ана шу ислоҳотчи, донгдор раҳбарнинг етакчилик салоҳияти, мураккаб ижтимоий-сиёсий вазиятлардан мувозанатини йўқотмасдан чиқиб кетиш маҳорати, ҳар қандай мушкул муаммога муносиб ечим топиш қобилияти, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда жуда нозиклик ҳамда омилкорлик билан иш тутиши, меҳнат қаҳрамони бўлиб донг таратган, ўзига бино қўйиб, наҳанглашиб кетган айрим колхоз раислари билан муросаю мадоро қилиш маданияти, “тепа”нинг сиёсати билан “паст”нинг – итоатидагиларнинг муносабатларини мувофиқлаштириш дипломатияси, пахта яккаҳокимлиги сиёсатининг тепасида туриб, ижрочиси бўла туриб, айни пайтда, эл қатори ўз оиласи, фарзандлари ҳам унинг жабрини тортишига чора тополмай ўртанишлари, доғда қолиши, ўз ёғига ўзи қовурилишлари тасвирига қаратилган.
Романда ҳаётий тасвирланган ижтимоий зиддиятлар кўп. Шулардан бирига қисқача тўхталиб ўтиш мумкин. Туман раҳбари билан “Обод” колхози (“Гулистон” колхозининг прототипи)нинг раиси Қаҳҳор Ҳамдамов (социалистик меҳнат қаҳрамони Самандар Ҳомидовнинг прототипи) ўртасидаги “олишув” катта бадиий маҳорат билан ёритилган. Қаҳҳор Ҳамдамов донгдор, кураги ерга тегмаган колхоз раиси. У ўзи чорак аср раислик қилган колхозни ҳар томонлама ривожлантириб, собиқ Иттифоққа машҳур қилган. Қариб бораётганига қарамай, ҳамон унинг шашти-шиддати баланд. Унча-мунча раҳбарга бўйин бермайди. Аммо “Боғистон” (Ғиждувон туманининг прототипи)нинг янги райком секретари Собит Рустамовнинг раҳбарлик салоҳиятидаги асосий фазилат ва ютуқ кадрларни тўғри танлаб, жой-жойига қўйишдан иборат. Шундан келиб чиқиб, у қолоқ “Ҳосилот” колхозини кўтариш мақсадида Қаҳҳор Ҳамдамовни шу колхозга раҳбар этиб тайинламоқчи бўлади. Қ.Ҳамдамов эса бу ҳаракатни нотўғри тушунади. Янги райком котиби менинг обрўйимни туширмоқчи деб ўйлайди. Ўзи мустаҳкам ўрнашиб олган қулай жойдан кетгиси келмайди. Чунки ўзи обод қилган жамоа хўжалигини бошқариш унга жуда осон. Сарфлаган меҳнатларининг роҳатини кўриб, тинчгина юргиси келади. Бунинг учун у янги раҳбар С.Рустамовга саркашлик қилади. Бошда уни менсимайди, унга “раисча”, “пакана” дея масхараомуз қарайди. Ўзининг ҳадди сиғадиган вилоят раҳбарлари орқали таъсир ўтказишга ҳаракат қилиб кўради. Бироқ бу “ҳунар”лари ўтмайди. Бундан ташқари, С.Рустамов шундай тадбиркорлик, ақл-фаросат, некбинлик билан муомала қиладики, охир-оқибат, Қ.Ҳамдамов унинг мақсади холис, йўли – тўғри, ўзи беғараз, сўзи беозорлигига тан беради, янги лавозимни қабул қилишга иқрор бўлади.
Роман бадиий маҳорат жиҳатидан камчиликлардан холи эмас, албатта. Синчиклаб таҳлил этса, катта ишда камчиликлар ҳам кўп бўлиши табиий. Аммо, ёзувчининг асосий ютуғи шундаки, адабиётимизда кам тасвирланган туман раҳбари образи, унинг маънавий қиёфаси ва фаолиятини тўлақонли ёритиб бера олган. “Амал ҳавоси” романи билан “Зиндондан нидо” очек-бадиасининг қаҳрамони бир тарихий шахс. Лекин асарларда бир-бирини такрорлайдиган ўринлар йўқ. Романда “Пахта иши” қатағонигача бўлган воқелик тасвирланган. Романда бадиий тўқима мавжуд, эсседа эса фақат тарихий ҳақиқат ёритилган.
2014 йилда М.Саломнинг “Катта хонадон. Изтироблар ва севинчлар” номли тўрт қисмдан иборат романи чоп этилди. Кўпйиллик меҳнат самараси бўлмиш бу асарда катта бир хонадон, унда ҳаракатланувчи сулола ҳаёти бадиий образлар воситасида изчил ва батафсил ифодаланган. Қизиқарли ва мароқли ёзилган ушбу романнинг “Амал ҳавоси” билан биргаликда 2015 йилнинг 28 май куни Ёзувчилар уюшмасида тақдимоти бўлди. Тақдимотда таниқли сўз усталари ҳамда йирик олимлардан Жамол Камол, Умарали Норматов, Қозоқбой Йўлдошев, Сайди Умиров, Сувон Мели, Нурали Қобул, Сирожиддин Рауф, Шарифа Салимова, Дилбар Саидова, Мамлакат Саидовалар асарларни юқори баҳоладилар. Айримлар Давлат мукофотига тавсия этиш ҳақида гапирдилар. Асар шу йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ватан учун яшайлик” Республика ижодий танлови ғолиблигига лойиқ кўрилди. Ўша йили “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган бир адабий-танқидий мақолада ўзбек адабиётидаги ўзига хос ҳодиса сифатида талқин этилди. Дарҳақиқат, адабиётимизда муайян сулоланинг салкам бир асрлик ҳаёти мазмунини бутун тафсилотлари билан муфассал тасвирлаган, миллатимизнинг ментал хусусиятларини, маҳаллий ҳудуд аҳолисининг ўзига хос урф-удумларини, шева колоритини, катта оила авлодлари меҳру оқибатининг мунтазам ва бардавомлигини, оиланинг ички муҳитини, аҳиллик ва зиддиятли низоларни рўйи рост, яққол акс эттирган роман камдан-кам топилади.
Ўтмиш шоирларимиздан бири “Ошди ёшим саксондан, ўзим ҳам чиқдим сондан” деса, ҳазрат Алишер Навоий “Саксан аро вожиб эрур турмоғинг” дея умрзоқликдан сабоқ берган эканлар. Муҳаммад Салом айни ижодий камолот босқичида, ҳали унинг заҳирада нашр учун навбат кутиб турган асарлари кўп. Биз улуғ ёзувчимиздан яна кўплаб асарлар кутиб қоламиз.
Муҳаммад САЛОМ
ҲИКОЯЛАР
Ф А Р И Ш Т А
Бозор айланиб юриб, беихтиёр балиқ сотувчилар растасига кириб қолдим. Пештахта устидаги каттакон зоғора балиқ диққатимни тортди: қойил, буни қандай тутишибдийкан?..
Ёнида ошпичоғи бор аёл кўнглимни сезган каби хаёлимни бўлди:
-Келинг, дода, бугун саҳарда тутилган.
Ютиниб, кулимсирадим.
-Каттайкан… Тиш ўтмайди…
-Хоҳласангиз, бўлаклаб бераман. Э, мана, майдароқлариям бор, — у қатор терилган, тангачалари ялтираб турган, катта-кичик ҳар хил балиқларга ишора қилди. — Қайсини тортай?
Хаёлимда бир боғлам минг сўмликлар айланиб, ночор кулимсирадим. Лабимни қимтиб, нарироқ сурилдим. Сотувчи аёл яна чорлади:
-Дода, кетманг, жуда зўр балиқ бу. Маза қиласиз…
Кўнглим кетди: мана шу “наҳангча”ни олиб, уйда қовуришни, болалариму невараларимни хурсанд қилишни, синглим Ёрқинойни, яқин қўшни бўлмиш жиянларимни ҳам зиёфатга чақиришни истаб қолдим. Хусусан, сингилгинам ва қизини бир қувонтирсам. Лекин илож йўқ, нафақа олишга ҳали бир ҳафтача вақт бор…
-Дода, майдароқлари арзон, хоҳлаганизни танланг…
Бош силкиб, маъқуллаган бўлдим, лабларим қимирлади: “Тўғри, майдалари бир мунча арзон, мазазаси ҳам бўлакча, лекин қилтаноғи кўп, ейишда машаққат бор. Каттаси эса баракали, ейишга қулай — болалар, қарилар қийналмайди…”
-Қайсини оласиз, дода?
Унга раҳмим келди. Аёл бошига эртадан кечгача харидор “овлайди”, тинимсиз жаврайди: рўзғор ташвиши елкасида; қанийди ҳамма балиқларини сотиб олсам — мушкулини осон қилсам; яқинлариму қўшниларимга улашсам…
-Узр, қизим, кейинги сафар… — деганча пештахтадан узоқлашдим.
Кун бўйи ўша балиқ кўз ўнгимдан нари кетмади. Болаликдан балиққа ўчман. Аммо бунақа йиригидан танаввул қилганимни эслай олмайман. Ҳар қалай, ўртача, нисбатан каттароқ балиқлар бизни тез-тез хушнуд этар эди. Хусусан, тирик балиқлар харид қилинган кунларда уйимизда байрам бўлиб кетарди. Болалар ваннада ўйноқлаб юрган бу ажиб гўзалликдан завқланиб, қийқиришарди. Кейин… болаларни “ранжитиб”… йўқ, давомини айтмаганим маъқул…
Бироқ табиатнинг бу ноёб неъмати бозорда қимматлашиб, уни танаввул қилиш имконияти бир мунча камайди. Майли, янги имконлар ҳам очилиб қолар…
Мўлжалдаги ишларимни битириб қайтаётиб, шом чоғи синглимникига ўтдим. Бугун унинг дам оладиган куни. Бошқа вақт у билан тузукроқ гаплашиб бўлмайди. Ҳатто, ҳордиқ кунида ҳам ўқувчилари тинч қўйишмайди. Ҳар қалай, ҳозир бир оз енгиллашгандир… Аммо, ҳа деганда, у кўзимга чалинавермади.
-Онанг қани? — дастурхон ёяётган Гулруҳдан сўрадим.
-Ие, кўрмадизми, бобожон? — ажабланиб менга қаради у. Жияним мени “бобо” деб чақиришга ўрганган. Ўзимга ҳам бу хуш ёқади.
-Қаерда кўраман?
-Акамникидаман, деб телефон қилувдилар. Сизни кўргилари келиб турувди.
-Э, шунақами, унда мен борай, — деб қўзғалганимда Гулруҳ қўймади, дарҳол қўл телефони орқали онасига уланди. — Онажон, бобом келувдилар, кетмоқчи бўляптилар.
-Йў-йўқ, кетмасинлар, ҳозир етиб бораман, — деган овозини эшитиб, қайта ўтирдим. Бир “дом”да яшашимизга қарамай, уни салкам икки ҳафтадан бери кўрмаган эдим…
Гулруҳга савол назари билан қарадим: “Бугун ҳам ишга бордими?”
-Бир айланиб келай, деб пешиндан кейин чиқиб кетувдилар, — деди мени тушуниб у.
-Зерикмадизми, акажон? — деган қувноқ овоздан хаёлим бўлинди.
-Дам олганга ўхшайсан-а? — деб сўрадим Ёрқинойнинг тиниқ чеҳрасига қараб.
-Бозор айлансам, дам оламан, ака. Ҳатто, ҳеч нима олмасам ҳам.
-Ҳа, бозорда гап кўп: юртнинг қиёфасини кўриб тургандай бўлади киши.
Чой устида турли мавзуларда гурунглашдик. Кўп қисташига ва қайнатма шўрвани ёқтиришимга қарамай, кечки овқатга ўтирмадим.
-Ака, сиз қанақа балиқни ёқтирардиз? — деб сўраб қолди Ёрқиной кетар чоғимда. Сездимки, у мени балиқ билан сийламоқчи. Лекин мен унинг харажат тортишини сира истамайман.
-Ҳеч қанақасини, — терс жавоб қайтардим.
-Аков… айтинг: ғиждувонча пиширилгани яхшими ёки тиригими? — у елкамни сийпалади. — Кааттасими, кичикроғими?
Кўзларимни юмдим. Сўлагим оқишига бир баҳя қолдиёв. У жилмайди. Мен индамай ўзимни эшик орқасига олдим.
Уйга келиб, невараларимнинг қий-чуви эшитилаётган ошхонага кирдиму лол қолдим: ёпирай… мен бозорда кўрган… “наҳанг” — каттакон зоғора балиқ бутун бир устолни эгаллаб ётибди; неваралар томоша қилишяпти; онаю бувилари уни қандай бўлаклаш хусусида бош қотириб ўтиришибди. Кўнглим ниманидир илғаган, бир неча кишини тахминлаган эсам-да, ҳайратангиз сўрадим:
-Буни ким олиб келди?
-Ёрқиной айтмадими? — аёлим менга ғалати қаради: “Уни билмайсизми?” ёхуд: “Бошқа кимдан чиқади бунақа иш?” дегандай.
-Айтдии… “Қанақа балиқни яхши кўрасиз?” деб сўради, холос. Буни… бозорда кўрувдим… олгим келувди…
-Шуни кўнгли сезган-да. Пулини… бериш керак…- деди аёлим хўрсиниброқ. Сўнг қўшиб қўйди: — Кейинроқ бўлсаям… йўлини қилиб…
-Ҳа… — дедим ва унинг телефон рақамларини тердим. — Ёрқин, бу нима қилганинг?
-Нима қилибман, ака? — чўчиган овозда сўради у.
Энди танбеҳнинг ўрни эмаслиги ва фойдасизлиги эсимга тушиб, шаҳдим пасайди:
-Худди шу балиқни кўрувдим. Олмоқчиям бўлувдим. Лекин ўйлаб, кейинроққа қолдирувдим… Буни қаёқдан билдинг?
-Ростданми? — қувониб кетди синглим. — Кўчада биров сотмоқчи бўлиб ўтирган экан, сизни хурсанд қилай дедим.
-А? Кўчада?.. — негадир бўшашдим, хаёлга толдим ва дарҳол ўзимга келдим. — Айнан уни кўрувдим… Хўш, энди ўзинг келиб, ғиждувончасига қовурасан-да…
-Акаа… ғиждувончасини эплаёлмийман-ку, янгамга ишонувдим…
-Афсус… Ғиждувонча қовуришда сир бор, буни ҳамма ҳам эплайвермайди.
-Энди нима қиламиз, ака? — у ташвишланиб сўради. — Бундай ўйлаб ҳам кўрмабман ғиждувончасини… Ахир янгам ҳам зўр пазандалар¬-ку.
-Хай, келаверинглар, бир гап бўлар… Гулбаҳор билан Юлдузгаям телефон қил: “дойра хабар”, де.
Ёрқиной кулиб юборди, сўнг тинчиб:
-Улар шаҳарда эмас, ота-онасини кўргани кетишган…
-Ўйламай иш қилгансан, Ёрқин, — уни койидим. — Шундай катта балиқни олиб нима қилардинг?
-Уни кўриб, сизга илинувдим, қувонарсиз деб ўйловдим, ака…
-Хай, бўлар иш бўлибди, бўёғи кўчибди, — кулган бўлдим. — Пулини кейинроқ…
-Акаа, шунақа гапизни ёмон кўраман-да!
Индамадим. Қувонганим ёлғон эмас: ҳали харид қилолмай, ночор ҳолга тушганим, ҳозир қаршимда муҳайё экани бир мўъжиза бўлиб туюлди. Лекин қувончимни унга сездирмасликка, бу “қилиғи” палак ёйиб кетмаслигига ҳаракат қиламан. Ўзи у азалдан шундай: емай едиришни, киймай кийинтиришни хуш кўради. Бунга эришган чоғи ўзини осмонда ҳис этади, кайфияти кўтарилиб кетади. Кайфияти кўтарилгани яхши-я, аммо киши ғалати ҳолга тушади-да…
-Шунга кўнглим кетувди, раҳмат, хурсанд қилдинг, — дедим ниҳоят унга дастак орқали. — Энди она-бола тез етиб келинглар, бирга баҳам кўрамиз…
-Аков… зўр шўрва… Анчагина… — деди у дудуғланиб. — Жиянларниям олиб келсангиз, яйраб биир дам олсак.
-Балиқ-чи? — дедим ўйланқираб. Ва ногоҳ жаҳлим чиқиб: — Эй, менга қара, Ёрқин! — дедим овозимни кўтариб. — Келмасанглар, балиғингни олиб кет, мени текин томоққа ўргатма.
-Акажон… — йиғламсираган овозда у илтижо қилди. — Ахир… текин эмас-ку…
-Биламан, сеники жуда ҳалол! Лекин меҳнатингни қадригаям етишинг керакми?
Мунозара кучайиб кетиши мумкинлигини сезиб, у дарҳол ён берди:
-Хўп, бирпасдан кейин борамиз.
Балиқнинг бир қисми қовурилиб, тоғорага солиб, ўраб қўйилганда она-бола кириб келишди. Гулруҳ янгасига ёрдамга ошиқди. Салдан кейин ҳаммамиз узун устол атрофидан ўрин олдик. Ҳа демай, қизартириб қовурилган, ўзига хос ажиб ҳид таратиб турган балиқ-таом рўпарамизда пайдо бўлдию иштаҳалар карнай тортди. Бироқ синглим ва жияним… уларга қараб, иштаҳадан путур кетди.
-Бу нима қилиқ? — дедим қўлимни сочиққа артаётиб, Ёрқинойга қаҳрли қараб.
-Қилиқ? — у ҳеч нимага тушунмай, менга анграйиб қаради.
-Бизни томоша қилишга келдиларингми?
Ёрқиной лаб тишлаганча бош тебратди, сўнг одатдагича важ кўрсатди:
-Ака, яхши биласиз: мен кечқурун овқат емайман, фақат мева-чева…
-Э, ўргилдим одатингдан! — жаҳлимдан тушмай, унинг сўзини кесдим. — Бунақа иш қилган Ҳотамтойнинг аёли… — давомини айтолмадим, тутақиб, тилимга ҳеч сўз келмади. Айни чоғда, унга беҳуда айб қўйганимни эслаб, ичдан зил кетдим. Аслида унинг ҳам, жиянимнинг ҳам бу тансиқ таомдан мириқишларини жуда-жуда истар эдим. Боз устига, балиқни ўзлари сотиб олишган. Аксига олиб, Гулруҳ ҳам онасидан баттар “емасак”. Онасига гоҳида дўқ-пўписа қилиб, нималарнидир едирган дамларим бўлган. Аммо бунга — нозик-ниҳолим Гулруҳга фикр ўтказиш осон эмас. Шундай бўлса-да, бир уриниб кўрмоқчи бўлдим:
-Сен-ку, қийнаб-қийнаб баъзан индамасликка мени маҳкум этгансан, аммо мана бу Олмахонингга ўзинг тушунтириб қўймайсанми?
Онаси кулимсираб, қизига қаради. Гулруҳ янги лақаб олганидан лол қолиб, бошини эгди. Қизаринқиради. Сўнг у ҳам кулимсираб, бош кўтарди-да:
-Бобожон, нима қилай, олмани яхши кўраман-да, — деди. — Олмадан бошқасини егим келмайди.
-Олма яхши, — дея насиҳатга ўтдим. — Бироқ олманинг ўзи овқат бўлолмайди. Ҳозир айни ўсадиган, куч йиғадиган пайтинг. Дармондориларга бой, хилма-хил таомлардан кўпроқ ейишинг зарур. Хусусан, балиққа меҳр қўйсанг, японкалардай чиройли бўласан, узоқ умр кўрасан, миянг ҳам яхши ишлайди…
-Хўп, бобожон.
-Унда, қани, балиққа ҳужум бошладик, — дея ўзим ўрнак бўлиб, бир бўлак балиқни қўлимга олдим ва жиянимга қарадим. Аммо у:
-Шўрва ичувдим, қорним тўқиди, бобожон, — деб қийшанглади. — Эртадан…
-Бу баҳонанг кетмайди, — унинг гапини кесдим. — Қанча шўрва ичганинг менга аён.
-Рост, ичдим, бобожон, онамдан сўранг…
-Ичган бўлсанг, янаям яхши! Шўрва билан балиқ ўпишиб кўришади. Балиқ энди сувга ёлчидим, деб хурсанд бўлади. Қани, олинглар.
-Бобожон…
-Она-бола балиқ емасанглар, мен ҳам емайман, — дедиму қўлимдаги бўлакни яна тақсимчага қўйдим. Гапимни ўтказиш ҳисси мени буткул чулғаб олган эди. — Мурувватингга зор эмасман.
Ёрқиной ва қизи хомушланди. Вазият чигаллашди. Мен нотўғри йўл тутганимни тушундим. Аммо энди орқага қайтолмасдим. Орага аёлим тушди:
-Дадаси, қистаманг, ўзиз биласиз-ку…
Уни жеркиб бердим:
-Сен аралашма!
-Егиси келмаса, нима қилсин.
Индамадим. Нима қилиш кераклигини ўйлаб тополмасдим. Камгина овқат еб, мадорсизланиб юришларини тасаввуримга сиғдиролмас эдим. Шундай эса-да, бўш келмадим:
-Бундан кейин ҳеч нима кўтариб келмасин!
-Хўп бўлади, акажон, энди ҳеч нима олиб келмайман, — ён берди Ёрқиной. Сўнг ўйланиб туриб, кўнглидагини очиқ айтди. — Ака, ошиб-тошганимдан, ўзимни кўрсатгим келганидан бу ишни қилганим йўқ.
-Биламан, — дедим қўрсроқ овозда. — Қўлинг озроқ пул кўрса, қаёққа қўйишни билмайсан. Тезроқ ундан қутилишни ўйлайсан. Ҳар ёққа сочасан.
-Йўқ, ундай эмас, ака, беҳуда сочмайман.
-Унда бунга нима дейсан? — тақсимчаларда “маҳтал” турган ажиб таомга ишора қилдим.
-Отамни хурсанд қилганимдай, сизниям хурсанд қилмоқчийдим…
-Отамни?
-Эсласангиз керак: отам балиқни жуда яхши кўрардилар. Қўлимга пул тушган куни Ғиждувондан отам учун атайлаб чиройли қовурилган, энг яхши балиқдан олиб келардим.
-Оҳ, қандай яхшисан, а, Ёрқин! — деганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. — Отамга сен яхши хизмат қилгансан, дуоларини олгансан.
-Отам боладай қувониб кетардилар. Афсуски… — у лабини қимтиб, бош тебратди, — ўқишга кирганимдан кейин бу иш тўхтади: отамга охиригача хизмат қилолмадим. Бу — менга армон… — унинг сўзлари пичирга ўтди. — Энди отам йўқ…
-Ҳеч ким абадий яшамайди. Мен эсам ўзим, оилам билан банд бўлиб, ота-онамга сенчалик хизмат қилолмаганман. Сенга раҳмат, Оллоҳ ажрини берсин.
-Акажон, сиздан илтимос, — у кўзларимга жавдираб қаради.
Мен нима демоқчисан, деган маънода унга кўз тикдим.
-Гоҳида нимадир олиб келсам, мендан ранжиманг.
-Мен фикримни айтдим. Пул орттиролсанг, яхши еб-ич, яхши кийин, уйингни безат, Гулруҳинг ҳеч нимага муҳтож бўлмасин.
-Мени ўйламанг, бобожон. Мен ҳам ўқияпман, ҳам ишлаяпман. Оғирлигимни онамга ташламайман. Онамнинг ниятлари…
Ёрқиной ниятини ўзи айтгиси келди:
-Сизни хурсанд қилолсам, отамни хурсанд қилгандай бўламан. Ака, акажон… — у ўрнидан туриб, бошини бошимга қўйди, елкамни сийпалади. — Йўқ демаанг.
Ноқулай вазиятда қолдим: хўп десам, рости, уни ва жиянимни қақшатиб, ўз имкониятимни созлайман, йўқ десам…
Синглим азалдан шундай — ҳаммамизга меҳрибон. Кичиклигидаёқ овқатидаги гўшт бўлакларини акаларию опаларининг идишларига секин ташлаб қўйганларини ўзим бир неча бор кўрганман. Бир марта менга ҳам шундай қилганини кўриб:
-Бу ишинг яхши эмас, сингилчам, — дея у ташлаган қиймани ўзининг косасига солиб қўйганман. — Ҳар ким ўзининг насибасини есин.
-Буни мен қилмадим, ака, — у қиймани яна менинг косамга ташлаган эди. — Буни фаришталар косангизга солиб қўйган. Уларни мен кўрдим.
-А? ¬- дея унинг беғубор, маҳзун чеҳрасига тикилиб қолганман.
Кейинчалик ҳам синглимнинг бу “қилиқ”ларидан қайтаролмаганман. Ҳамманинг кўнглини олишга, ҳаммага яхшилик қилишга интилади. Қизиқки, вужудининг парчаси бўлмиш Гулруҳ ҳам айнан онасининг ўзидай: таъби жуда нозиклигиям; “чимхўрлиги”ям; бошқаларга яхшилик раво кўриши ҳам…
Онаю қизга қараб, баъзан ўйланиб қоламан: “Тузукроқ емай, ичмай, чиройли яшаса ҳам бўларкан-да, а? Балки чақалоқлигида фаришталар чақалоқ фаришта билан ўрнини алмаштириб қўйгандир, а?.. Ёрқиной учун қизи — жони-жаҳони. Шу қизчасини деб… эри вафотидан сўнг уни қайта турмушга чиқаришга кўндириб бўлмади. Ўзини ўққа-чўққа уриб, турмуш аравасини юргизиб турибди. Энди унинг бошқаларга эн бўлишга уринишини қандай ҳазм қилиш мумкин?..
-Отамнинг арвоҳларини шод қилай десангиз, акажон, хўп деенг… Соқолиз ҳам худди отамникига ўхшайди, — у энди соқолимни сийпалади. Мижжаларим устига нимадир қалқди.
-Хўўп, ўзимнинг фаришталарим, — деб юбордим беихтиёр. Кейин ҳушёр тортдим. — Қарс икки қўлдан чиқади: менинг тортиқларимниям қабул қиласан. Икковинг ҳам! Келишдикми?
-Бобожон, биз иккаламиз ишлаймиз. Сиз билан бувимни эъзозлашимиз…
-Оббо, сен аралашмасанг бўларди, — жиянимнинг сўзини кесиб, бош чайқадим. Сўнг уларни чалғитиш учун дастурхон сари қўл чўздим. — Хўш, балиқ еймизми?
-Еймиз, еймиз, — дея иккаласи ҳам тақсимчага қўл узатишди. Сал ўтиб:
-Ака, акажон… — синглим яна эркаланди, мендан жавоб кутди.
Индамадим.
Ҳанузгача бирор нима деёлганим йўқ.
Тошкент, 2015 йил, 16 ноябрь.
БЎШ КЕЛМА, ЛОЧИН
Масжид томон бораётиб, ғалати ҳолга дуч келдим. У ёққа қабристон чеккасидан ўтган узун, асфальт йўл орқали юрилади. Йўл атрофи сўлим: қаққайган тераклар, яланғоч гужумлар, кўм-кўк қарағаю арчалар киши руҳини аллалайди. Дарахтлар тепасида ҳисобсиз қарғалар нелардир деб қағиллайди. Уларга маҳлиё бўлиб, олға интиламан. Қани энди тилларини тушунсам…
Олдинда, йигирма қадамча нарида бошига бахмал дўппи, эгнига сариқ чакмон кийган бир қария диққатимни тортди. Орқасини офтобга тутганча, ярим букчайган ҳолда қибла тарафга, тепага тикилиб турарди.
-Ҳорманг, оқсоқол! Офтобда тобланяпсизми? – деб кулимсираб сўрадим. — Совқотибсиз-да.
-Э, йўғ-э, анавинга қаранг! — қария учи тўмтоқ, шохи кам, узун теракка ишора қилди. Унда хурпайганга ўхшаш, йирик бир қорамтир қарға бепарво ўтирар, атрофида ҳисобсиз қарғалар гоҳ пастлаб, гоҳ баландлаб, шиддатли учар, ғўдайган қарға тумшуғи яқинидан дағдағали шовуллаб ўтар, яна ортига бурилиб, ўз ишини такрорларди. Назаримда, улар ўзларига хос ўйинлар кўрсатишар эди.
Чолнинг завқи менга ҳам юқди ва кулганча:
-Сайил қилишяпти, — деганча йўлимда давом этмоқчи бўлдим.
-Йўқ, ундай эмас, — қария бошини сарак-сарак қилди. — Бу ерда бошқа гап бор.
-Бошқа гап? — таажжуб ила яна ўша ёққа тикилдим. Тағин ўша манзара. Елка қисдим. Кулган бўлдим. Бу одам эҳтимол каптарвоз ёки қушлар шайдосидир, деган ўйга бордим.
-Синчиклаб қаранг, анави мағрур ўтиргани – Лочин! Қарға унчалик йирик бўлмайди.
-Лочин? — ҳайратимни яширолмай теракнинг синиб, тўмтоқлашган учига яна назар солдим. Аммо масофа олислиги, кўзим хиралашгани боис фарқни аниқ ажратолмадим.
-Ҳа, қора лочин.
-Қизиқ, лочин у ерда, қарғалар тўдасида нима қилиб юрибди?
Қария бошини тебратди. Кейин:
-Лочин адашиб келган бўлса ажаб эмас, — деди. — Лекин қизғанчиқ қарғалар, қаранг-а, унга ташланишяпти, кеткизишга уриняпти.
-Ҳм… — дедим мен ҳам манзарага маҳлиё бўлганча тикилиб. Энди ўзимнинг ҳам бу олишувга қизиқишим ортган эди. — Балки ўша ер аввал лочиннинг макони бўлгандир. У ўз уйини соғиниб келгандир. Худди қиримликларга ўхшаб…
-А? — қария менга анқайиб қаради. Сўнг ногоҳ шодланиб: — Топдингиз! Эсимга тушди. Ана, қаранг! — дея у олисроқ рўпарада бўй чўзган улкан чинор шохига, каттакон, эски уя томонга қўл чўзди. — Бир неча йил аввал бир лочин ўша уяда бола очиб, полопонларини учирма қилгач, кетиб қолган.
-Э, ҳа, лочинлар маконини қузғунлар эгаллаб олган экан-да, — дедим маъюс овозда. — Энди буёғи қандоқ бўларкин? Лочинни қувишармикан?
-Билмадим-да, кучанишяпти, лекин, қаранг, яқин келишолмаяпти, узоқдан дағдаға қилишяпти…
-Балки энди аралаш-қуралаш яшашга кўникишар…
-Балким… — деди қария пичирлаган каби. — Ўзи дунёда ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетаяпти: эркаклар аёллар каби, хотинлар эркакларга ўхшаб…
-Йўқ, зинҳор аралаш-қуралаш бўлмасин, — деб юбордим беихтиёр ва мағрур бош кўтариб турган алп лочинга қарата пичирладим. – Бўш келма, лочин, варғага айланма, лочин, маконингни қўлдан чиқарма, лочин…
Тошкент, 20 январь, 2016 йил.
КЎНГИЛ
Ишлаб ўтириб, қорним очганини ҳис этдим. Уйда тузукроқ егулик қолмаган экан. Дарҳол кийиниб, кўчага чиқдим: “Пулинг бўлса чангалда шўрва”. Худога шукур, пулим бор. Лекин ҳозир кўнгил нимани тусаяпти?
Ошхоналар растасига назар соламан: эҳ-ҳэ, қайсини танлашни билмайсиз — ҳаммаси ўзига чорлайди. Улар сари сал юрсангиз, тандирдан қайноқ “Томчи” узаётган сомсачи таъзим қилади, катта қозонга капкир ураётган ошпаз тавозе ила сизга жилмаяди, шўрваю лағмончи…
Диққатимни кўрада жизиллатиб, сих айлантираётган шашликчи ўзига тортди. Оғзимнинг суви ошди. Икки-уч қадам ўша томон юрдим. Бошига қора сувсар телпак, эгнига қўнғир тус, узун куртка кийган, қисиқ кўзли, новча бир йигит қўлини кўксига босиб, менга салом берди.
-Валейкум ассалом, — дедиму унинг биқинидаги шашликчи томон юрмоқчи бўлдим.Лекин қисиқкўз менга нимадир демоқчи бўлиб, лаб жуфтлади, илжайди. — Яхшимисиз?
-Яхшиман. Ўзингиз-чи, отахон? — деб у мени ногоҳ таниб қолган каби қўлини чўзди, чеҳраси очилиб, ҳол сўрай кетди. Уни қаерда кўрганман, деган ўйда хотираларимни ўзимча титкиладим. Ҳеч нима чиқмади. Шу орада кабобчи йигит бир даста сихда буғи чиқиб турган кабобни тақсимчага босганча хўранда томон олиб кетди.
-Мен ҳам тузукман, — деб унинг саволига жавоб қилдим. — Мендан ниманидир сўрамоқчига ўхшайсиз, шекилли?
-Ҳеч нима сўрамайман, сизга соғлиқ, бардамлик тилайман, — деди у яйраб.
-Э, раҳмат, ўзингизга ҳам!
-Сизга бирор хизмат керакми, отахон?
-Йўқ, ҳеч нима керак эмас, жигар кабоб егим келувди, шунга…
-Сизга биз хизмат қилишимиз керак…
-Нима учун?
-Қарияларни эъзозлашимиз зарур… Хизматизга тайёрман.
-Сиз ўзи кимсиз? — энди унга таажжуб ила қарадим. Сўровим малол келдими, қовоғи уйилди, аммо тез ўзгариб, жилмайди:
-Билмайсизми?
-Йўқ.
-Мана шу растадаги ошхоналарнинг эгасиман.
-Ў-ҳў, зўр-ку! Муборак бўлсин!
-Раҳмаат… — у иягини сал кўтариб, кўзларини юмиб, очди. — Мен гоҳида келиб, йиғилган пулларнигина олиб кетаман. Бошқаси билан ишим бўлмайди.
-Яшанг, ишингиз соз экан, янада бойинг, ўғлим.
-Хоҳлаган таомингизни айтинг, энг яхшисини олиб бераман.
-Нимага? — дилимда негадир ранжиш қўзиди. — Ўзим олавераман. Мана, шашлик…
-Сизнинг дуонгиз керак, отахон, — дея у бошини ҳам силкитиб қўйди. Сўнг ён чўнтагидан телефонини чиқариб, қайсидир нуқтани босиб, сўзида давом этди. — Мен сизга сара гўштдан қилинган шашлик айтаман. Бир отамлашамиз…
Унинг телефони жиринглади. Шошилмай, керакли нуқтани босиб, сокин гап бошлади. Сўнг нарироқ юра-юра “суҳбат”га қизғин киришиб кетди. Худди маъшуқасини топиб олган йигитчага ўхшади. Ақалли бирор марта ҳам юришдан тўхтамади: тераклар, мажнунтоллар оралаб, катта йўлнинг нариги томонига ўтди. Унга ажабсиниб, қараб қолдим.
-Сизга нечта шашлик? — кабобчи йигит диққатимни бўлди.
-Жигардан уч сих қўйинг, — деб унга юзландим.
-Хўп, бўлади, — деб йигит дарҳол ишга киришди.
-Анави одам ким? — деб кабобчидан сўрадим.
¬-Қайси одам?
-Ҳозир ёнингиздан кетган, қўнғир курткалик, новча…
Йигит лабини буриб, елка қисди.
Негадир кулгим қистади. Аммо кулмадим. Айвондаги бўш курсилардан бирига бориб ўтиргач, йўлнинг у юзига назар солдим. Ҳалиги одам энди тўхтаган, аммо, ҳануз телефонда гаплашарди.
“Кимгадир йўл-йўриқ кўрсатаяптими? — деган ўй кўнглимдан кечди. — Балки бирор ҳоним билан баҳс юритаётгандир?”
Кабобчи билан ҳисоб-китоб қилгач, сокин юрганча уйга қайтардим. Йўлим бекат ёнидан ўтарди. Ажабо, бир неча йўловчилар орасида ҳалиги одамга кўзим тушди. Энди у автобус йўлига қараганча сигарет тутатарди.
Секин йўталган бўлдим. У мендан тескари ёнга ўгирилди.
Дилимда уни гапга солдим:
“-Шашлик учун раҳмат.”
“-Яхшийканми?”
“-Зўр экан. Баракалла, пулини ҳам тўлаб қўйибсиз…”
“ -А?” — унинг юзию қулоқлари алвонланди.
Хаёлий “суҳбат”дан ўзим уялим кетдим. Аммо унинг қизарганидан тасалли топдим.
Энди мени ўзга хаёллар безовта қилди:
“Мени эрмак қилгиси, лақиллатгиси келдими?”.
“-Эҳтимол, шунчаки лўттибоздир…”
“Балки, бир бойиб, кейин “синган”лардандир. Яна бойиса, қари-қартанглару ночорларнинг кўнглини олишни ўйладими?”
“-Қарға қағ этади, ўз кўнглини чоғ этади, эмасмикан?”
Аниқ тўхтамга келолмадим. Уйга келгач, бу воқеани комютерга туширдим ва сизга илиндим. Қандай фикрга келдингиз?
Тошкент, 24 январь, 2016 йил.
НИЯТГА БОҒЛИҚ
Яқин бир ошнам анча вақт кўринмай қолди. Сим қоқдим. Дастакни ҳеч ким кўтармади. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Ташвишланиб, кечроқда уйига бордим. Иккинчи қаватда, икки хонали уйда ёлғиз яшайди. Эшик қўнғироғини босдим. Ҳеч ким эшикни очмади. Ажабландим… Бирор кориҳол юз берганида албатта бехабар қолмасдим. Етмиш ёшдан ошганига қарамай, бақувват эди. Фақат оёқ оғриғидан кўп қийналарди. Оғриқ кучайган бўлса…
Уч-тўрт чақирим нарида, катта ҳовлида яшайдиган ёлғиз қизи ва куёви тез-тез хабар олиб туришини ўзидан эшитганман. Ўшалар олиб кетишдимикан? Йўғ-а, куёвиникида яшашни сираям хоҳламайдиган одам у. Бу фикрни ҳам ўзи айтган…
Энди қўнғироқни қўйиб, эшикни устма-уст тақиллатдим. Тағин жимлик. Рўпарадаги эшикдан қўшни аёл мўралади. Унга хижолатангиз қараганча:
-Билмайсизми, Юсуф ака бирор ёққа кетганларми? – деб сўрадим.
-Пешиндан кейин кўрувдим, уйларига кириб кетувдилар.
-Ухлаб қолдилармикан? – деб ҳайратимни яширолмадим.
-Йўғ-е, ҳали эрта-ку, — аёл елка қисди. – Яна уриниб кўринг… қулоқлари сал оғир, эшитмаган бўлсалар… – эшик ёпилди.
-А? — дея анграйиб қолдим. Сўнг қўнғироқни яна босиб, эшикни тақиллатдим. Ўша ҳол.
Учрашувдан умидни узиб, изимга қайтдим. Пастга тушиб, иккинчи қават деразасига назар солдим. Ажабо, кабинет аталмиш хонадан тушган ёрқин чироқ нури пастдаги кичкина боғчани ёритиб турибди!
“Иш билан жиддий банд бўлса, ҳеч нимани эшитмагандир, — деган хаёлга бордим. – Яна бир уриниш керакмикан?”
Айни шу топда хаёлимга ажиб фикр келди. Боғча атрофини қуршаган жонли тўсиқдан ярим қулочча узунликдаги шохни синдириб олдим-да, аниқ мўлжаллаб, дераза ойнасига отдим. Нақ нишонга урибман! Аммо тарссиллаган овоздан ўзим чўчиган ҳолда жуда хижолат чекдим. Худди шу чоғ дераза очилиб, ошнамнинг катак кўйлакдаги кенг келбати намоён бўлди. Қувончим ичимга сиғмай:
-Бормисиз! – дея иккала қўлимни баланд кўтардим.
Юсуф ака ҳам қўлларини кўтариб, жилмайганча силкитди. Сўнг ортига бурилди. Салдан кейин очиқ эшик ёнида қучоқлашиб кўришдик.
-Соғлиқ жойидами? – деб сўрадим ундан устол атрофига ўтирганимиздан сўнг. — Кўринмай қолдингиз?
-Курсида китоб ўқиб ўтирувдим, ойнага урилган шохчани кўриб қолдим…
-Э… эшикни роса дўппосладим… Банд экансиз-да, эшитмабсиз…
-Ҳа, оёғим оғриғи бир оз пасайди.
Қўшни аёлнинг гапи эсимга тушиб:
-Қулоғингиз яхши эшитмаяптими? – деб сўрадим.
-“Қутадғу билик”ни қайтадан ўқияпман. Зўр асар!
Бош силкитиб, маъқуллашдан ўзга иложим қолмади. Кейин кулимсираганча қулоғимни кўрсатиб:
-Бунга нима қилди? — дедим овозимни кўтариброқ.
Энди Юсуф ака фикримни англаб, хўрсинди, “И-ҳиҳ” деганча синиқ кулди. Кейин хўрсинганча кечмиш воқеани гапириб берди:
-Охирги чоғларда оёғим қаттиқ оғриб, юролмай қолдим. Хусусан, кечалари кўп азоб чекардим. Бир кеча оғриққа, юролмаслик азобига чидолмай, Худога нола қилиб: “Эй, Художон, мени юришдан жудо қилмай, оёқларимни оғритмай, бунинг ўрнига қулоғимни кар қилсанг бўлмасмидики, маза-матрасиз гапларни эшитишдан ҳам қутулардим”, деб юборибман.
Кулгим қистади, аммо кулмадим, ошнамга саволомуз қарадим.
-Қизиқ бўлди: оғриқ таққа тўхтаб, қотиб ухлаб қолибман. Яхши кайфиятда уйғониб, ўрнимдан турсам, ҳеч қанақа оғриқ сезмадим. Қушдай енгилман. Хонада бемалол юриб, телевизор қулоғини бурадим. “Ассалом, Ўзбекистон”ни кўриб борардим. Ажаб, ҳаракатлар, тасвирлар бор, оғиз очиб, юмишяпти, овоз йўқ. Шоша-пиша бошқа каналларни бурадим. Ҳаммасида шундай.
-Ўзи баъзан овоз йўқолиб қолади…
-Э, йўқ, оёқоғриқ тўхтади. Телевизорни текшириб кўриш учун қизимга сим қоқдим. Телефонлар ҳам соқов бўлиб қолганми, деб ўйладим. Мен гапираман, бақираман, қизим жавоб қайтармайди. Жаҳлим чиқади… Ярим соатдан кейин қизим ҳаллослаб келиб қолди. Ўзининг калидида эшикни очган, уйга кирган, билмаганман. Келиб, мени қучоқлаб олди, нима деганини билмайман. Бир вақт йиғлаб юборса бўладими? Кўзёшидан сездим. Шунда билдим: қулоқларим том битган экан.
-Ниятингиз ижобат бўлибди-да, — дедим лаб тишлаб.
-Аҳ? — деб Юсуф ака менга анграйиб қаради.
Гапимни баланд овозда такрорладим. Бироқ, фойдаси бўлмади. Шундан кейин устол устида турган оқ қоғозларнинг бирига: “Доим яхши ният қилиб юриш керак: яхши ниятгаям, ёмонигаям фаришталар омин деяркин” , деб ёздим. Ёзувни ўқиб:
-Ёмон ният дарров қабул қилинганига қаранг! – деди ошнам гулдираган овозда, ўзидан норози бўлиб. –Лекин қулоқ ҳам жуда керак экан-да.
-Оллоҳ-таоло одамни шундай яратганки, бирорта ортиқча аъзонинг ўзи йўқ.
-Аҳ?
Энди кулишга мажбур бўлдим. Кейин тилимга келган сўзларни таржимон – қоғозга туширдим: “Донишмандлар демишларки, яхши ният доимо ҳамроҳингиз бўлсин ва уни адо этиш пайида бўлинг. Оллоҳ: “Сендан ҳаракат, мендан баракот”, деган.
-Рост! – деди ошнам ёзувга қараб олиб, билагимдан сиқиб. — Оғриқ зўридан буни унибман-да, мана, жабрини ўзим ҳам, бошқалар ҳам тортаяпти.
-“Ҳар қалай, ишлаяпсиз экан”, деб ёздим.
-Худога шукур, энди ўзимгаям, бошқаларгаям – бутун оламга фақат яхшилик тилайман!
“Яхшиликдан ҳам улуғроқ ният бормикан?” — деган ўй хаёлимдан кечди ва дарҳол ўрнимдан туриб, ошнамни бағримга босдим.
19 aprel — yozuvchi Muhammad Salom tavallud topgan kun
Davrimizning ikki asrlik hayotiy tajribasini ko’rayotgan, mahsuldor, tinch oqadigan sokin daryoday og’irkarvon yozuvchilaridan biri Muhammad Salomdir. Yozuvchining ilk hikoyasi “Meni kechirsang, bas” nomi bilan 1961 yilda Samarqand viloyati gazetida chop etilgan.
IJODIY KAMOLOT BOSQICHI
Nusratullo JUMAXO’JA
Filologiya fanlari doktori
Davrimizning ikki asrlik hayotiy tajribasini ko’rayotgan, mahsuldor, tinch oqadigan sokin daryoday og’irkarvon yozuvchilaridan biri Muhammad Salomdir. U 1938 yilning 19 aprel` kunida Buxoro viloyatining G’ijduvon tumani Ulfatbibi qishloq fuqarolar yig’ini hududidagi Cho’g’olon qishlog’ida tavallud topgan. Muhammad akaning ota-bobolari o’z zamonasining masjid-madrasalarida tahsil ko’rgan ziyoli insonlar edilar.
Katta xonadondagi yetti o’g’il, to’rt qiz – ja’mi o’n bir farzandning to’ng’ichi bo’lgan Muhammad turmush taqozosi bilan 14 yoshga to’lar-to’lmas mehnat faoliyatini boshlagan. Maktabdagi darslardan keyin ekinlarni sug’orish, paxta terish va boshqa har xil yumushlar bilan shug’ullangan. Yosh yigitchaning mehnatsevarligi va omilkorligini ko’rgan brigadir uni o’ziga yordamchi bo’lishga taklif etgan. U yettinchi sinfni bitirgach, ikki yil davomida hisobchi (tabelchi) sifatida ish olib borgan. O’rta maktabni 1956 yilda a’lo baholar bilan bitirgach, bir muddat o’zi bitirgan bilim dargohida o’quvchilarning bosh yetakchisi bo’lib ishlagan. Ikki yildan so’ng Alisher Navoiy nomidagi Samarqand Davlat universitetiga o’qishga kirib, 1963 yilda uning filologiya fakul`tetini imtiyozli diplom bilan tugatgan. U “Buxoro haqiqati” va “Turkiston” (“Yosh leninchi”) gazetalarida katt adabiy xodim, “O’zbek qomusi”da katta ilmiy muharrir, “Yangi asr avlodi” (“Yosh gvardiya”) nashriyotida katta muharrir, bo’lim mudiri vazifalarida faoliyat ko’rsatgan. Keyinchalik to nafaqa yoshiga qadar O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining nasr va badiiy maqolanavislik kengashida adabiy maslahatchi sifatida xizmat qilgan. Mana shunday muttasil, qizg’in ijodiy mehnat jarayonida uning qalami charxlangan, u ziyoli inson darajasida toblangan, adib sifatida kamol topgan.
Yozuvchining ilk hikoyasi “Meni kechirsang, bas” nomi bilan 1961 yilda Samarqand viloyati gazetida chop etilgan. Ana shu yillari yosh yozuvchi o’z hikoya va ocherklari bilan adabiy jarayonda faol qatnashib turgan.1962 yilning sentyabr` oyida Respublika yosh yozuvchilarining ijodiy seminarida uning asarlari yirik so’z ustalari Odil Yoqubov, Said Ahmad, Ibrohim Rahim, Sunnatulla Anorboev va boshqalar ishtirokida jiddiy muhokama qilingan. Bunday e’tibor yosh yozuvchining yutuq va kamchiliklarini ayon ko’rsatib, uni dadil ijodga rag’batlantirgan. Shundan so’ng paydo bo’lgan asarlari yozuvchining izchil ijodiy takomil bosqichlarini namoyon etgan.
1964 yili “Yosh gvardiya” nashriyoti chop etgan “Guldasta” adabiy-badiiy almanaxidan uning “Kechirolsang bas” va “Ikki oshna” hikoyalari o’rin olgan. 1969 yilda “Kechirim” nomli birinchi hikoyalar to’plami, 1970 yilda “Yurakdagi izlar” nomli qissa va hikoyalari, 1971 yilda “Toshloqdagi xazina” ocherklar to’plami, 1973 yilda “Sevgi tori” qissasi, 1975 yili “Iqror” nomli qissa va hikoyalar to’plami, 1976 yilda “Shifobaxsh qo’llar” ocherki, 1977 yilda “Dovul” qissasi keng kitobxonlar ommasiga yetib borgan. Ushbu asarlarda, asosan, yoshlar hayoti, sof sevgi-muhabbat, tabiat va odamlar, insoniy tuyg’ular qalamga olingan.
Sermahsul o’zbek adabiyotida M.Salom o’ziga xos o’rni, yo’li, ovozini kashf etdi. Bunga u dastlabki urinishlaridanoq hech kim yurmagan yo’ldan borishni, mavzu tanlashda ham ommalashgan, hamma yozayotgan voqealar emas, balki inson, yurt, millat istiqboli uchun o’zi muhim deb bilgan mavzularda qalam
tebratishni afzal ko’rib, o’z maqsadiga erishdi. Mavzularni, hayot voqealarini saralashda yuksak did bilan yondashdi, ko’p yozgandan ko’ra xo’p yozishni ijodiy maslagiga aylantirdi. Asarlarini qiyomiga yetkazish uchun yillarini ayamadi, ko’p yo’llarni bosib o’tish riyozatidan erinmadi, qayta va qayta ishlash zahmatidan charchamadi, kerak bo’lganida, qo’shni-qardosh davlatlarning o’lim kameralarigacha borib, adabiy qahramonlarining prototiplari bilan yuzma-yuz, ezgin, iztirobli suhbatlar o’tkazishning xavf-xatari, tahlikasidan cho’chimadi.
1967 yilda yozilgan “Iqror” qissasida qalamga olingan o’zbekona iffat, bu boradagi aldanishning ruhiy kechinmalari tasviri hali noyob badiiy topilma edi. Bu qissa kiritilgan “Yurakdagi izlar” kitobi bir pasda kitobxonlar mulkiga aylanib, qizg’in muhokamalarga sabab bo’lgan. Nizomiy nomidagi Pedagogika institutida o’tgan uchrashuvda Davlat stipendianti Ziyoda ismli qiz ikki marta so’zga chiqib, hayajon ila gapirib, yig’lab yuborgan.
1973 yilda chop etilgan “Sevgi tori” nomli yirik povestdagi voqealar Toshkent hamda Zarafshon – Muruntov qurilishlarida kechgan. Unda sevgining qudrati, shifobaxsh qirralari, odamni o’zgartirish xususiyatlari avvaliga o’g’ri bo’lgan, muhabbat tuyg’usi tarbiyasida o’zligini anglab yetgan bosh qahramon timsolida tasvirlangan. Yozuvchining “Dovul” nomli katta povesti bosh muharrir Erkin Vohidov, atoqli tanqidchi Ibrohim G’ofurovlarning: “Ko’plab oilalar qarindoshlik rishtalari bilan bog’langan, ular bu asarni o’qishsa, qanday holga tushadi, ajralishlar ko’paymaydimi?” degan andishali mulohazalaridan so’ng, mashhur yozuvchi Pirimqul Qodirovning tahrirlari, tavsiyalari bilan qirq besh ming nusxada bosilgan va do’kon peshtaxtalarida turib qolmagan. Asarni o’qiganlar o’rtasida ajralishlar sodir bo’lmagan. Qarindosh-urug’ nikohidan tug’ilganlar aksar holda nimjon, majruh, aqli zaifroq bo’lishi bugunda yaqqol isbotini topdi.
Hikoya, ocherk, qissa, povest janrlarida qalami qayralgan yozuvchi 1980-yillarga kelib, yirik prozaga qo’l urdi. 1984 yilda uning “Muvozanat” romani chop etildi. Afsuski, o’sha davr siyosiy mafkurachilari tazyiqi ostida roman yozuvchi tasvirlagan tarzda nashr etilmadi. Asar katta yo’qotishlarga uchradi. Romanning bosh qahramoni siyosiy yetakchi bo’lib, davlat va jamiyatning muvozanati, taraqqiyot va tanazzul, ezgulik va yovuzlik, madaniyat va jaholat munosabatlari yetakchi – rahbarga ham bog’liqligi tasvirlangan edi.
Yozuvchi ijodining eng yuksak cho’qqisi “Zindondan nido” nomli ocherk-badiasidir. Ushbu asar sho’ro davrida O’zbekistonga uyushtirilgan so’nggi qatag’on haqida yozilgan. Unda tub aholi orasidan, oddiy tarix o’qituvchiligidan G’ijduvon raykom sekretarligi lavozimiga ko’tarilib, ko’hna shahar va tumanni tubdan qayta qurib, obod, zamonaviy, navqiron maskanga aylantirgan, talabchan va adolatli boshqaruv tizimini yo’lga qo’yib, mahalliy ishlab chiqarish va paxta sanoatini misli ko’rilmagan darajada yuksaltirgan Salim Rahimovning foje qismati yoritilgan. S.Rahimov 1984 yilning aprel` oylari nihoyasida boshlangan “Paxta ishi” deb nomlangan mash’um qatag’onning minglab qurbonlaridan biri bo’ldi. U sobiq SSSR Bosh prokuraturasining topshirig’i bilan yovuz maqsadlarda O’zbekistonga bostirib kelgan tergovchilar armiyasining “qo’mondon”lari Gdlyan va Ivanovlarning qaqshatqich zarbalariga nishon bo’lgan, o’zi va xonadoni xarob qilingan, vahshiylarcha, shafqatsiz kaltaklangan holatda otuvga hukm qilinib, Tojikiston poytaxti Dushanbe shahridagi o’lim kamerasida yotishga mahkum etilgan edi. Muhammad Salom G’ijduvon xalqining talabi, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi Odil Yoqubovning topshirig’i, O’zbekiston bosh prokuraturasining yo’llanmasi bilan mahbusning huzuriga borib, u bilan ayanchli kechmish haqida uzoq suhbatlashadi. Suhbat jarayoni juda og’ir kechadi. Suhbatdosh zulm iskanjasida holdan toygan, o’lim ostonasida, nimjon, hayotdan hafsalasi butkul pir bo’lgan. Fursat chegaralangan, buning ustiga, tergovchilar “faqat rus tilida suhbatlashasan” deya niqtab turishibdi, suhbatdoshlar esa rus tilini mukammal bilmaydigan, u tilda gaplashishni istamaydigan, ona tilida yayrab so’zlashishga mushtoq bir ahvolda. Esseni o’qirkansiz, yozuvchi shu holatda ham ulkan material yiqqaniga qoyil qolasiz. Hujjatli, tarixiy bu ocherk-badia 1989 yili noyabr`-dekabr` oylarida “Qishloq haqiqati” gazetasining yetti sonida “Zindondan nido” sarlavhasi bilan e’lon qilinadi. Shunday xavotirli safarga borib, asarni shu zaylda yakunlab chop ettirishning o’ziyoq yozuvchining jasorati, matonati, fidoyi vatanparvarlik tuyg’usidan dalolat edi. Zotan, hanuz “Paxta ishi” qatag’oni olovi so’nmagan, Gdlyan va Ivanovlar hamon faoliyatda edilar. Bu o’pqon yozuvchini ham o’z komiga tortishi hech gap emas edi.
Muhammad Salomning ibratli fazilatlaridan biri shuki, u asarlari chop etilganidan keyin ham erishilgan marra bilan qanoatlanib qo’yaqolmaydi. Ularni yanada takomiliga yetkazish harakatida bo’ladi. Uning adabiy qahramoni, o’z davrining mehnat qahramoni Salim Rahimov bugun barhayot. Uning tergov va qamoq azob-uqubatlaridan, sog’lig’ini anchayin yo’qotib bo’lsa-da, eson-omon qutulib chiqishida yozuvchining ham hissasi bor desak, xato bo’lmas. “Zindondan nido” asarining qayta ishlangan va takomillashtirilgan nusxasi – “Sabr-bardosh timsoli” ocherk-badiasi hozir nashrga tayyor. Agar u chop etilsa, 1984 yildan O’zbekiston mustaqilligi davrigacha hukm surgan qirg’in-qatag’on to’g’risidagi sara asarlar sirasidan o’rin olishiga ishonchimiz komil.
2014 yilda “Muvozanat” romanining qayta ishlangan, to’ldirilgan nashri “Amal havosi” nomi bilan “Tafakkur nashriyoti” tomonidan chop etildi. “Muvozanat” besh yillik ijodiy mehnat natijasida 1984 yilda dunyo yuzini ko’rganini hisobga olsak, “Amal havosi” 25 yil – chorak asrlik ijodiy izlanish mahsuli ekanligi ayon bo’ladi.
Romanning nomida amaldorlik havosi juda nozik, ayni paytda, balandparvoz, juda shiddatkor, tahlikali, unda har qanday rahbar ham muvozanatni saqlay olmasligi ma’nosi nazarda tutilgan. Bu juda yaxshi topilgan nom. Zero, muvozanatni saqlay olmagan ko’p rahbarlarni amal havosi chirpirak qilib uchirib yuboradi. Bunga tarixda misol juda ko’p. Amal havosining buqalamunliklari, ming bir hiylayu nayranglari qarshisida faqat sabotli shaxsgina sobit tura oladi.
Romanning bosh qahramoni Sobit Rustamov (G’ijduvon tumanining qayta qurish va oshkoralik davridagi sobiq rahbarining prototipi) ana shunday ilm-ma’rifatda, mehnatda, tashkilotchilikda toblangan, metin irodali rahbar timsoli. G’ijduvon X asrlardayoq tamaddunga erishgan, Xo’ja Abduxoliq G’ijduvoniy “Xo’jagoni Naqshbandiya” tariqatiga asos solgan xayr-barakali bir shahar. Lekin sho’ro davrida mustabid mafkurachilar xalqimizga o’z ma’rifiy o’tmishini unuttirish maqsadida Xo’ja Abduxoliq G’ijduvoniy mazorotining bir qismini dehqon bozoriga aylantirib, o’rtasidan katta yo’l o’tkazib, ikkinchi qismini ming mayda-chuyda saqlanadigan, sotiladigan karvonsaroyga aylantirdilar. Mirzo Ulug’bek qurdirgan madrasa xonalari tashlandiq hujralar va masjid esa g’allabozor edi. Maqbara tepaligining bir qismi o’tin bozori: unda eshak-eshak g’o’zapoya, saksovul, taxta o’tin sotilardi; bir qismi – beda bozori:katta-kichik boylamlardagi beda sotilardi; bir qismi – eshaksaroy va hokazo. Qish oylarida bu joyga zootsirk olib kelib joylashtirilar va xalqqa oylab namoyish etilardi. Sher va yo’lbars kabi yirtqich hayvonlar shahar va qabristonni larzaga solib, arvohlarni chirqiratib bo’kirardi. Bu joy qabriston, muqaddas ziyoratgoh ekanligi qari-qartanglardan boshqa hech kimning xayoliga ham kelmas edi. Maqbaraning asosiy qismi nazarnogir bir maskan sifatida qo’riqlanar, e’tiborni tortmas darajada ko’rimsiz saqlanar, sanoqli qariyalargina unga yashirin ravishda kirib ziyorat qilib, namoz o’qib chiqib ketar edilar.Xaloyiq batamom dahriyga aylantirilgan, o’z tirikchilik tashvishlari bilan band edi.Shahar qiyofasi ham 50 yillar mobaynida o’zgarmagan, turg’un bir holatda saqlangan edi. 1978 yili oxirida tuman rahbarligiga tayinlangan Salim Rahimov shahar markazini tubdan qayta qurdi, bozorni ko’chirdi, Xo’ja Abduxoliq G’ijduvoniy maqbarasi joylashgan qabristonni dahriylik vositalaridan ozod qildi. Ulug’bek qurdirgan madrasa, maqbara, minorani ta’mirlatib, xalqning ochiq ziyoratgohiga aylantirdi. Masjidni ta’mirlatib, xalq ibodatining bardavomligini ta’minladi. Bu shahardagi islohotlarning bir qismi, xolos. Bundan tashqari, S.Rahimov qadimiy va navqiron G’ijduvondagi sanoat – ishlab chiqarish korxonalarini, hunarmandchilikni, savdo-tijorat ishlarini, paxtakorlik va ipakchilikni, bog’dorchilik va dehqonchilikni, qovuni shirinlikda tilni yoradigan Qutchi kabi cho’llarni o’zlashtirib, obod qilishni yangi, yuksak bosqichga ko’tardi. Buyuk ipak yo’lida joylashgan G’ijduvon bozoriga turli tomonlardan mahsulot kelib, savdo-sotiq, mo’l-ko’lchilik avjiga chiqib, arzonchilik, to’qlik-farovonlik muhayyo bo’lardi. G’ijduvonning mol bozoriga Samarqand, Qarshi, Termiz tomonlardan hisori qo’ylar va qoramollar kelib, bozorga sig’may ketardi. Paxta, yog’, vino, pivo, konserva, kulollik (keramika) zavodlari, gilam to’qish, tikuvchilik, qandolatchilik sexlari, maishiy xizmat tarmoqlari jadal ishlardi. Ayniqsa, ulkan paxta tozalash zavodi muttasil uch smenada ishlab, G’ijduvonning shaharu qishloqlaridan ishchilarini gudok bilan ishga chaqirardi. Ko’chalar velosipedlar oqimidan to’lib, minglab odamlar ishga qatnardi. Ishchilarga oylik, mukofotdan tashqari shiluxa, kunjara kabi molovqat mahsulotlari berilib, ular buni oila tebratishda ishlatardilar. Azaldan xayr-barakali bo’lgan G’ijduvon S.Rahimov davrida yanada gurkirab yashnagan edi. Ungacha G’ijduvonga rahbar bo’lgan Davron Qurbonov, Tursun Sharipov kabi mahalliy yetakchilar ham hududning rivoji va obodonchiligi uchun munosib xizmat qilganlar, obro’ qozonganlar, yaxshi iz qoldirganlar. Davlat va xalqning e’tiboriga, e’tirofiga sazovor bo’lganlar.
Lekin hech bir rahbar S.Rahimovgacha qisqa muddatda G’ijduvonni shiddat bilan qayta qurib, yuksak taraqqiy ettira olmagan. “Amal havosi” romanining mazmuni ana shu islohotchi, dongdor rahbarning yetakchilik salohiyati, murakkab ijtimoiy-siyosiy vaziyatlardan muvozanatini yo’qotmasdan chiqib ketish mahorati, har qanday mushkul muammoga munosib yechim topish qobiliyati, kadrlarni tanlash va joy-joyiga qo’yishda juda noziklik hamda omilkorlik bilan ish tutishi, mehnat qahramoni bo’lib dong taratgan, o’ziga bino qo’yib, nahanglashib ketgan ayrim kolxoz raislari bilan murosayu madoro qilish madaniyati, “tepa”ning siyosati bilan “past”ning – itoatidagilarning munosabatlarini muvofiqlashtirish diplomatiyasi, paxta
yakkahokimligi siyosatining tepasida turib, ijrochisi bo’la turib, ayni paytda, el qatori o’z oilasi, farzandlari ham uning jabrini tortishiga chora topolmay o’rtanishlari, dog’da qolishi, o’z yog’iga o’zi qovurilishlari tasviriga qaratilgan.
Romanda hayotiy tasvirlangan ijtimoiy ziddiyatlar ko’p. Shulardan biriga qisqacha to’xtalib o’tish mumkin. Tuman rahbari bilan “Obod” kolxozi (“Guliston” kolxozining prototipi)ning raisi Qahhor Hamdamov (sotsialistik mehnat qahramoni Samandar Homidovning prototipi) o’rtasidagi “olishuv” katta badiiy mahorat bilan yoritilgan. Qahhor Hamdamov dongdor, kuragi yerga tegmagan kolxoz raisi. U o’zi chorak asr raislik qilgan kolxozni har tomonlama rivojlantirib, sobiq Ittifoqqa mashhur qilgan. Qarib borayotganiga qaramay, hamon uning shashti-shiddati baland. Uncha-muncha rahbarga bo’yin bermaydi. Ammo “Bog’iston” (G’ijduvon tumanining prototipi)ning yangi raykom sekretari Sobit Rustamovning rahbarlik salohiyatidagi asosiy fazilat va yutuq kadrlarni to’g’ri tanlab, joy-joyiga qo’yishdan iborat. Shundan kelib chiqib, u qoloq “Hosilot” kolxozini ko’tarish maqsadida Qahhor Hamdamovni shu kolxozga rahbar etib tayinlamoqchi bo’ladi. Q.Hamdamov esa bu harakatni noto’g’ri tushunadi. Yangi raykom kotibi mening obro’yimni tushirmoqchi deb o’ylaydi. O’zi mustahkam o’rnashib olgan qulay joydan ketgisi kelmaydi. Chunki o’zi obod qilgan jamoa xo’jaligini boshqarish unga juda oson. Sarflagan mehnatlarining
rohatini ko’rib, tinchgina yurgisi keladi. Buning uchun u yangi rahbar S.Rustamovga sarkashlik qiladi. Boshda uni mensimaydi, unga “raischa”, “pakana” deya masxaraomuz qaraydi. O’zining haddi sig’adigan viloyat rahbarlari orqali ta’sir o’tkazishga harakat qilib ko’radi. Biroq bu “hunar”lari o’tmaydi. Bundan tashqari, S.Rustamov shunday tadbirkorlik, aql-farosat, nekbinlik bilan muomala qiladiki, oxir-oqibat, Q.Hamdamov uning maqsadi xolis, yo’li – to’g’ri, o’zi beg’araz, so’zi beozorligiga tan beradi, yangi lavozimni qabul qilishga iqror bo’ladi.
Roman badiiy mahorat jihatidan kamchiliklardan xoli emas, albatta. Sinchiklab tahlil etsa, katta ishda kamchiliklar ham ko’p bo’lishi tabiiy. Ammo, yozuvchining asosiy yutug’i shundaki, adabiyotimizda kam tasvirlangan tuman rahbari obrazi, uning ma’naviy qiyofasi va faoliyatini to’laqonli yoritib bera olgan. “Amal havosi” romani bilan “Zindondan nido” ochek-badiasining qahramoni bir tarixiy shaxs. Lekin asarlarda bir- birini takrorlaydigan o’rinlar yo’q. Romanda “Paxta ishi” qatag’onigacha bo’lgan voqelik tasvirlangan. Romanda badiiy to’qima mavjud, esseda esa faqat tarixiy haqiqat yoritilgan.
2014 yilda M.Salomning “Katta xonadon. Iztiroblar va sevinchlar” nomli to’rt qismdan iborat romani chop etildi. Ko’pyillik mehnat samarasi bo’lmish bu asarda katta bir xonadon, unda harakatlanuvchi sulola hayoti badiiy obrazlar vositasida izchil va batafsil ifodalangan. Qiziqarli va maroqli yozilgan ushbu
romanning “Amal havosi” bilan birgalikda 2015 yilning 28 may kuni Yozuvchilar uyushmasida taqdimoti bo’ldi. Taqdimotda taniqli so’z ustalari hamda yirik olimlardan Jamol Kamol, Umarali Normatov, Qozoqboy Yo’ldoshev, Saydi Umirov, Suvon Meli, Nurali Qobul, Sirojiddin Rauf, Sharifa Salimova, Dilbar Saidova, Mamlakat Saidovalar asarlarni yuqori baholadilar. Ayrimlar Davlat mukofotiga tavsiya etish haqida gapirdilar. Asar shu yili O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining “Vatan uchun yashaylik” Respublika ijodiy tanlovi g’olibligiga loyiq ko’rildi. O’sha yili “Sharq yulduzi” jurnalida chop etilgan bir adabiy-tanqidiy maqolada o’zbek adabiyotidagi o’ziga xos hodisa sifatida talqin etildi. Darhaqiqat, adabiyotimizda muayyan sulolaning salkam bir asrlik hayoti mazmunini butun tafsilotlari bilan mufassal tasvirlagan, millatimizning mental xususiyatlarini, mahalliy hudud aholisining o’ziga xos urf-udumlarini, sheva koloritini, katta oila avlodlari mehru oqibatining muntazam va bardavomligini, oilaning ichki muhitini, ahillik va ziddiyatli nizolarni ro’yi rost, yaqqol aks ettirgan roman kamdan-kam topiladi.
O’tmish shoirlarimizdan biri “Oshdi yoshim saksondan, o’zim ham chiqdim sondan” desa, hazrat Alisher Navoiy “Saksan aro vojib erur turmog’ing” deya umrzoqlikdan saboq bergan ekanlar. Muhammad Salom ayni ijodiy kamolot bosqichida, hali uning zahirada nashr uchun navbat kutib turgan asarlari ko’p. Biz ulug’ yozuvchimizdan yana ko’plab asarlar kutib qolamiz.
Muhammad SALOM
HIKOYALAR
F A R I SH T A
Bozor aylanib yurib, beixtiyor baliq sotuvchilar rastasiga kirib qoldim. Peshtaxta ustidagi kattakon zog’ora baliq diqqatimni tortdi: qoyil, buni qanday tutishibdiykan?..
Yonida oshpichog’i bor ayol ko’nglimni sezgan kabi xayolimni bo’ldi:
-Keling, doda, bugun saharda tutilgan.
Yutinib, kulimsiradim.
-Kattaykan… Tish o’tmaydi…
-Xohlasangiz, bo’laklab beraman. E, mana, maydaroqlariyam bor, — u qator terilgan, tangachalari yaltirab turgan, katta-kichik har xil baliqlarga ishora qildi. — Qaysini tortay?
Xayolimda bir bog’lam ming so’mliklar aylanib, nochor kulimsiradim. Labimni qimtib, nariroq surildim. Sotuvchi ayol yana chorladi:
-Doda, ketmang, juda zo’r baliq bu. Maza qilasiz…
Ko’nglim ketdi: mana shu “nahangcha”ni olib, uyda qovurishni, bolalarimu nevaralarimni xursand qilishni, singlim Yorqinoyni, yaqin qo’shni bo’lmish jiyanlarimni ham ziyofatga chaqirishni istab qoldim. Xususan, singilginam va qizini bir quvontirsam. Lekin iloj yo’q, nafaqa olishga hali bir haftacha vaqt bor…
-Doda, maydaroqlari arzon, xohlaganizni tanlang…
Bosh silkib, ma’qullagan bo’ldim, lablarim qimirladi: “To’g’ri, maydalari bir muncha arzon, mazazasi ham bo’lakcha, lekin qiltanog’i ko’p, yeyishda mashaqqat bor. Kattasi esa barakali, yeyishga qulay — bolalar, qarilar qiynalmaydi…”
-Qaysini olasiz, doda?
Unga rahmim keldi. Ayol boshiga ertadan kechgacha xaridor “ovlaydi”, tinimsiz javraydi: ro’zg’or tashvishi yelkasida; qaniydi hamma baliqlarini sotib olsam — mushkulini oson qilsam; yaqinlarimu qo’shnilarimga ulashsam…
-Uzr, qizim, keyingi safar… — degancha peshtaxtadan uzoqlashdim.
Kun bo’yi o’sha baliq ko’z o’ngimdan nari ketmadi. Bolalikdan baliqqa o’chman. Ammo bunaqa yirigidan tanavvul qilganimni eslay olmayman. Har qalay, o’rtacha, nisbatan kattaroq baliqlar bizni tez-tez xushnud etar edi. Xususan, tirik baliqlar xarid qilingan kunlarda uyimizda bayram bo’lib ketardi. Bolalar vannada o’ynoqlab yurgan bu ajib go’zallikdan zavqlanib, qiyqirishardi. Keyin… bolalarni “ranjitib”… yo’q, davomini aytmaganim ma’qul…
Biroq tabiatning bu noyob ne’mati bozorda qimmatlashib, uni tanavvul qilish imkoniyati bir muncha kamaydi. Mayli, yangi imkonlar ham ochilib qolar…
Mo’ljaldagi ishlarimni bitirib qaytayotib, shom chog’i singlimnikiga o’tdim. Bugun uning dam oladigan kuni. Boshqa vaqt u bilan tuzukroq gaplashib bo’lmaydi. Hatto, hordiq kunida ham o’quvchilari tinch qo’yishmaydi. Har qalay, hozir bir oz yengillashgandir… Ammo, ha deganda, u ko’zimga chalinavermadi.
-Onang qani? — dasturxon yoyayotgan Gulruhdan so’radim.
-Ie, ko’rmadizmi, bobojon? — ajablanib menga qaradi u. Jiyanim meni “bobo” deb chaqirishga o’rgangan. O’zimga ham bu xush yoqadi.
-Qaerda ko’raman?
-Akamnikidaman, deb telefon qiluvdilar. Sizni ko’rgilari kelib turuvdi.
-E, shunaqami, unda men boray, — deb qo’zg’alganimda Gulruh qo’ymadi, darhol qo’l telefoni orqali onasiga ulandi. — Onajon, bobom keluvdilar, ketmoqchi bo’lyaptilar.
-Yo’-yo’q, ketmasinlar, hozir yetib boraman, — degan ovozini eshitib, qayta o’tirdim. Bir “dom”da yashashimizga qaramay, uni salkam ikki haftadan beri ko’rmagan edim…
Gulruhga savol nazari bilan qaradim: “Bugun ham ishga bordimi?”
-Bir aylanib kelay, deb peshindan keyin chiqib ketuvdilar, — dedi meni tushunib u.
-Zerikmadizmi, akajon? — degan quvnoq ovozdan xayolim bo’lindi.
-Dam olganga o’xshaysan-a? — deb so’radim Yorqinoyning tiniq chehrasiga qarab.
-Bozor aylansam, dam olaman, aka. Hatto, hech nima olmasam ham.
-Ha, bozorda gap ko’p: yurtning qiyofasini ko’rib turganday bo’ladi kishi.
Choy ustida turli mavzularda gurunglashdik. Ko’p qistashiga va qaynatma sho’rvani yoqtirishimga qaramay, kechki ovqatga o’tirmadim.
-Aka, siz qanaqa baliqni yoqtirardiz? — deb so’rab qoldi Yorqinoy ketar chog’imda. Sezdimki, u meni baliq bilan siylamoqchi. Lekin men uning xarajat tortishini sira istamayman.
-Hech qanaqasini, — ters javob qaytardim.
-Akov… ayting: g’ijduvoncha pishirilgani yaxshimi yoki tirigimi? — u yelkamni siypaladi. — Kaattasimi, kichikrog’imi?
Ko’zlarimni yumdim. So’lagim oqishiga bir bahya qoldiyov. U jilmaydi. Men indamay o’zimni eshik orqasiga oldim.
Uyga kelib, nevaralarimning qiy-chuvi eshitilayotgan oshxonaga kirdimu lol qoldim: yopiray… men bozorda ko’rgan… “nahang” — kattakon zog’ora baliq butun bir ustolni egallab yotibdi; nevaralar tomosha qilishyapti; onayu buvilari uni qanday bo’laklash xususida bosh qotirib o’tirishibdi. Ko’nglim nimanidir ilg’agan, bir necha kishini taxminlagan esam-da, hayratangiz so’radim:
-Buni kim olib keldi?
-Yorqinoy aytmadimi? — ayolim menga g’alati qaradi: “Uni bilmaysizmi?” yoxud: “Boshqa kimdan chiqadi bunaqa ish?” deganday.
-Aytdii… “Qanaqa baliqni yaxshi ko’rasiz?” deb so’radi, xolos. Buni… bozorda ko’ruvdim… olgim keluvdi…
-Shuni ko’ngli sezgan-da. Pulini… berish kerak…- dedi ayolim xo’rsinibroq. So’ng qo’shib qo’ydi: — Keyinroq bo’lsayam… yo’lini qilib…
-Ha… — dedim va uning telefon raqamlarini terdim. — Yorqin, bu nima qilganing?
-Nima qilibman, aka? — cho’chigan ovozda so’radi u.
Endi tanbehning o’rni emasligi va foydasizligi esimga tushib, shahdim pasaydi:
-Xuddi shu baliqni ko’ruvdim. Olmoqchiyam bo’luvdim. Lekin o’ylab, keyinroqqa qoldiruvdim… Buni qayoqdan bilding?
-Rostdanmi? — quvonib ketdi singlim. — Ko’chada birov sotmoqchi bo’lib o’tirgan ekan, sizni xursand qilay dedim.
-A? Ko’chada?.. — negadir bo’shashdim, xayolga toldim va darhol o’zimga keldim. — Aynan uni ko’ruvdim… Xo’sh, endi o’zing kelib, g’ijduvonchasiga qovurasan-da…
-Akaa… g’ijduvonchasini eplayolmiyman-ku, yangamga ishonuvdim…
-Afsus… G’ijduvoncha qovurishda sir bor, buni hamma ham eplayvermaydi.
-Endi nima qilamiz, aka? — u tashvishlanib so’radi. — Bunday o’ylab ham ko’rmabman g’ijduvonchasini… Axir yangam ham zo’r pazandalar-ku.
-Xay, kelaveringlar, bir gap bo’lar… Gulbahor bilan Yulduzgayam telefon qil: “doyra xabar”, de.
Yorqinoy kulib yubordi, so’ng tinchib:
-Ular shaharda emas, ota-onasini ko’rgani ketishgan…
-O’ylamay ish qilgansan, Yorqin, — uni koyidim. — Shunday katta baliqni olib nima qilarding?
-Uni ko’rib, sizga ilinuvdim, quvonarsiz deb o’ylovdim, aka…
-Xay, bo’lar ish bo’libdi, bo’yog’i ko’chibdi, — kulgan bo’ldim. — Pulini keyinroq…
-Akaa, shunaqa gapizni yomon ko’raman-da!
Indamadim. Quvonganim yolg’on emas: hali xarid qilolmay, nochor holga tushganim, hozir qarshimda muhayyo ekani bir mo»jiza bo’lib tuyuldi. Lekin quvonchimni unga sezdirmaslikka, bu “qilig’i” palak yoyib ketmasligiga harakat qilaman. O’zi u azaldan shunday: yemay yedirishni, kiymay kiyintirishni xush ko’radi. Bunga erishgan chog’i o’zini osmonda his etadi, kayfiyati ko’tarilib ketadi. Kayfiyati ko’tarilgani yaxshi-ya, ammo kishi g’alati holga tushadi-da…
-Shunga ko’nglim ketuvdi, rahmat, xursand qilding, — dedim nihoyat unga dastak orqali. — Endi ona-bola tez yetib kelinglar, birga baham ko’ramiz…
-Akov… zo’r sho’rva… Anchagina… — dedi u dudug’lanib. — Jiyanlarniyam olib kelsangiz, yayrab biir dam olsak.
-Baliq-chi? — dedim o’ylanqirab. Va nogoh jahlim chiqib: — Ey, menga qara, Yorqin! — dedim ovozimni ko’tarib. — Kelmasanglar, balig’ingni olib ket, meni tekin tomoqqa o’rgatma.
-Akajon… — yig’lamsiragan ovozda u iltijo qildi. — Axir… tekin emas-ku…
-Bilaman, seniki juda halol! Lekin mehnatingni qadrigayam yetishing kerakmi?
Munozara kuchayib ketishi mumkinligini sezib, u darhol yon berdi:
-Xo’p, birpasdan keyin boramiz.
Baliqning bir qismi qovurilib, tog’oraga solib, o’rab qo’yilganda ona-bola kirib kelishdi. Gulruh yangasiga yordamga oshiqdi. Saldan keyin hammamiz uzun ustol atrofidan o’rin oldik. Ha demay, qizartirib qovurilgan, o’ziga xos ajib hid taratib turgan baliq-taom ro’paramizda paydo bo’ldiyu ishtahalar karnay tortdi. Biroq singlim va jiyanim… ularga qarab, ishtahadan putur ketdi.
-Bu nima qiliq? — dedim qo’limni sochiqqa artayotib, Yorqinoyga qahrli qarab.
-Qiliq? — u hech nimaga tushunmay, menga angrayib qaradi.
-Bizni tomosha qilishga keldilaringmi?
Yorqinoy lab tishlagancha bosh tebratdi, so’ng odatdagicha vaj ko’rsatdi:
-Aka, yaxshi bilasiz: men kechqurun ovqat yemayman, faqat meva-cheva…
-E, o’rgildim odatingdan! — jahlimdan tushmay, uning so’zini kesdim. — Bunaqa ish qilgan Hotamtoyning ayoli… — davomini aytolmadim, tutaqib, tilimga hech so’z kelmadi. Ayni chog’da, unga behuda ayb qo’yganimni eslab, ichdan zil ketdim. Aslida uning ham, jiyanimning ham bu tansiq taomdan miriqishlarini juda-juda istar edim. Boz ustiga, baliqni o’zlari sotib olishgan. Aksiga olib, Gulruh ham onasidan battar “emasak”. Onasiga gohida do’q-po’pisa qilib, nimalarnidir yedirgan damlarim bo’lgan. Ammo bunga — nozik-niholim Gulruhga fikr o’tkazish oson emas. Shunday bo’lsa-da, bir urinib ko’rmoqchi bo’ldim:
-Sen-ku, qiynab-qiynab ba’zan indamaslikka meni mahkum etgansan, ammo mana bu Olmaxoningga o’zing tushuntirib qo’ymaysanmi?
Onasi kulimsirab, qiziga qaradi. Gulruh yangi laqab olganidan lol qolib, boshini egdi. Qizarinqiradi. So’ng u ham kulimsirab, bosh ko’tardi-da:
-Bobojon, nima qilay, olmani yaxshi ko’raman-da, — dedi. — Olmadan boshqasini yegim kelmaydi.
-Olma yaxshi, — deya nasihatga o’tdim. — Biroq olmaning o’zi ovqat bo’lolmaydi. Hozir ayni o’sadigan, kuch yig’adigan payting. Darmondorilarga boy, xilma-xil taomlardan ko’proq yeyishing zarur. Xususan, baliqqa mehr qo’ysang, yaponkalarday chiroyli bo’lasan, uzoq umr ko’rasan, miyang ham yaxshi ishlaydi…
-Xo’p, bobojon.
-Unda, qani, baliqqa hujum boshladik, — deya o’zim o’rnak bo’lib, bir bo’lak baliqni qo’limga oldim va jiyanimga qaradim. Ammo u:
-Sho’rva ichuvdim, qornim to’qidi, bobojon, — deb qiyshangladi. — Ertadan…
-Bu bahonang ketmaydi, — uning gapini kesdim. — Qancha sho’rva ichganing menga ayon.
-Rost, ichdim, bobojon, onamdan so’rang…
-Ichgan bo’lsang, yanayam yaxshi! Sho’rva bilan baliq o’pishib ko’rishadi. Baliq endi suvga yolchidim, deb xursand bo’ladi. Qani, olinglar.
-Bobojon…
-Ona-bola baliq yemasanglar, men ham yemayman, — dedimu qo’limdagi bo’lakni yana taqsimchaga qo’ydim. Gapimni o’tkazish hissi meni butkul chulg’ab olgan edi. — Muruvvatingga zor emasman.
Yorqinoy va qizi xomushlandi. Vaziyat chigallashdi. Men noto’g’ri yo’l tutganimni tushundim. Ammo endi orqaga qaytolmasdim. Oraga ayolim tushdi:
-Dadasi, qistamang, o’ziz bilasiz-ku…
Uni jerkib berdim:
-Sen aralashma!
-Yegisi kelmasa, nima qilsin.
Indamadim. Nima qilish kerakligini o’ylab topolmasdim. Kamgina ovqat yeb, madorsizlanib yurishlarini tasavvurimga sig’dirolmas edim. Shunday esa-da, bo’sh kelmadim:
-Bundan keyin hech nima ko’tarib kelmasin!
-Xo’p bo’ladi, akajon, endi hech nima olib kelmayman, — yon berdi Yorqinoy. So’ng o’ylanib turib, ko’nglidagini ochiq aytdi. — Aka, oshib-toshganimdan, o’zimni ko’rsatgim kelganidan bu ishni qilganim yo’q.
-Bilaman, — dedim qo’rsroq ovozda. — Qo’ling ozroq pul ko’rsa, qayoqqa qo’yishni bilmaysan. Tezroq undan qutilishni o’ylaysan. Har yoqqa sochasan.
-Yo’q, unday emas, aka, behuda sochmayman.
-Unda bunga nima deysan? — taqsimchalarda “mahtal” turgan ajib taomga ishora qildim.
-Otamni xursand qilganimday, sizniyam xursand qilmoqchiydim…
-Otamni?
-Eslasangiz kerak: otam baliqni juda yaxshi ko’rardilar. Qo’limga pul tushgan kuni G’ijduvondan otam uchun ataylab chiroyli qovurilgan, eng yaxshi baliqdan olib kelardim.
-Oh, qanday yaxshisan, a, Yorqin! — deganimni o’zim ham sezmay qoldim. — Otamga sen yaxshi xizmat qilgansan, duolarini olgansan.
-Otam boladay quvonib ketardilar. Afsuski… — u labini qimtib, bosh tebratdi, — o’qishga kirganimdan keyin bu ish to’xtadi: otamga oxirigacha xizmat qilolmadim. Bu — menga armon… — uning so’zlari pichirga o’tdi. — Endi otam yo’q…
-Hech kim abadiy yashamaydi. Men esam o’zim, oilam bilan band bo’lib, ota-onamga senchalik xizmat qilolmaganman. Senga rahmat, Olloh ajrini bersin.
-Akajon, sizdan iltimos, — u ko’zlarimga javdirab qaradi.
Men nima demoqchisan, degan ma’noda unga ko’z tikdim.
-Gohida nimadir olib kelsam, mendan ranjimang.
-Men fikrimni aytdim. Pul orttirolsang, yaxshi yeb-ich, yaxshi kiyin, uyingni bezat, Gulruhing hech nimaga muhtoj bo’lmasin.
-Meni o’ylamang, bobojon. Men ham o’qiyapman, ham ishlayapman. Og’irligimni onamga tashlamayman. Onamning niyatlari…
Yorqinoy niyatini o’zi aytgisi keldi:
-Sizni xursand qilolsam, otamni xursand qilganday bo’laman. Aka, akajon… — u o’rnidan turib, boshini boshimga qo’ydi, yelkamni siypaladi. — Yo’q demaang.
Noqulay vaziyatda qoldim: xo’p desam, rosti, uni va jiyanimni qaqshatib, o’z imkoniyatimni sozlayman, yo’q desam…
Singlim azaldan shunday — hammamizga mehribon. Kichikligidayoq ovqatidagi go’sht bo’laklarini akalariyu opalarining idishlariga sekin tashlab qo’yganlarini o’zim bir necha bor ko’rganman. Bir marta menga ham shunday qilganini ko’rib:
-Bu ishing yaxshi emas, singilcham, — deya u tashlagan qiymani o’zining kosasiga solib qo’yganman. — Har kim o’zining nasibasini yesin.
-Buni men qilmadim, aka, — u qiymani yana mening kosamga tashlagan edi. — Buni farishtalar kosangizga solib qo’ygan. Ularni men ko’rdim.
-A? ¬- deya uning beg’ubor, mahzun chehrasiga tikilib qolganman.
Keyinchalik ham singlimning bu “qiliq”laridan qaytarolmaganman. Hammaning ko’nglini olishga, hammaga yaxshilik qilishga intiladi. Qiziqki, vujudining parchasi bo’lmish Gulruh ham aynan onasining o’ziday: ta’bi juda nozikligiyam;
“chimxo’rligi”yam; boshqalarga yaxshilik ravo ko’rishi ham…
Onayu qizga qarab, ba’zan o’ylanib qolaman: “Tuzukroq yemay, ichmay, chiroyli yashasa ham bo’larkan-da, a? Balki chaqaloqligida farishtalar chaqaloq farishta bilan o’rnini almashtirib qo’ygandir, a?.. Yorqinoy uchun qizi — joni-jahoni. Shu qizchasini deb… eri vafotidan so’ng uni qayta turmushga chiqarishga ko’ndirib bo’lmadi. O’zini o’qqa-cho’qqa urib, turmush aravasini yurgizib turibdi. Endi uning boshqalarga en bo’lishga urinishini qanday hazm qilish mumkin?..
-Otamning arvohlarini shod qilay desangiz, akajon, xo’p deeng… Soqoliz ham xuddi otamnikiga o’xshaydi, — u endi soqolimni siypaladi. Mijjalarim ustiga nimadir qalqdi.
-Xo’o’p, o’zimning farishtalarim, — deb yubordim beixtiyor. Keyin hushyor tortdim. — Qars ikki qo’ldan chiqadi: mening tortiqlarimniyam qabul qilasan. Ikkoving ham! Kelishdikmi?
-Bobojon, biz ikkalamiz ishlaymiz. Siz bilan buvimni e’zozlashimiz…
-Obbo, sen aralashmasang bo’lardi, — jiyanimning so’zini kesib, bosh chayqadim. So’ng ularni chalg’itish uchun dasturxon sari qo’l cho’zdim. — Xo’sh, baliq yeymizmi?
-Yeymiz, yeymiz, — deya ikkalasi ham taqsimchaga qo’l uzatishdi. Sal o’tib:
-Aka, akajon… — singlim yana erkalandi, mendan javob kutdi.
Indamadim.
Hanuzgacha biror nima deyolganim yo’q.
Toshkent, 2015 yil, 16 noyabr.
BO’SH KELMA, LOCHIN
Masjid tomon borayotib, g’alati holga duch keldim. U yoqqa qabriston chekkasidan o’tgan uzun, asfal`t yo’l orqali yuriladi. Yo’l atrofi so’lim: qaqqaygan teraklar, yalang’och gujumlar, ko’m-ko’k qarag’ayu archalar kishi ruhini allalaydi. Daraxtlar tepasida hisobsiz qarg’alar nelardir deb qag’illaydi. Ularga mahliyo bo’lib, olg’a intilaman. Qani endi tillarini tushunsam…
Oldinda, yigirma qadamcha narida boshiga baxmal do’ppi, egniga sariq chakmon kiygan bir qariya diqqatimni tortdi. Orqasini oftobga tutgancha, yarim bukchaygan holda qibla tarafga, tepaga tikilib turardi.
-Hormang, oqsoqol! Oftobda toblanyapsizmi? – deb kulimsirab so’radim. — Sovqotibsiz-da.
-E, yo’g’-e, anavinga qarang! — qariya uchi to’mtoq, shoxi kam, uzun terakka ishora qildi. Unda xurpayganga o’xshash, yirik bir qoramtir qarg’a beparvo o’tirar, atrofida hisobsiz qarg’alar goh pastlab, goh balandlab, shiddatli uchar, g’o’daygan qarg’a
tumshug’i yaqinidan dag’dag’ali shovullab o’tar, yana ortiga burilib, o’z ishini takrorlardi. Nazarimda, ular o’zlariga xos o’yinlar ko’rsatishar edi.
Cholning zavqi menga ham yuqdi va kulgancha:
-Sayil qilishyapti, — degancha yo’limda davom etmoqchi bo’ldim.
-Yo’q, unday emas, — qariya boshini sarak-sarak qildi. — Bu yerda boshqa gap bor.
-Boshqa gap? — taajjub ila yana o’sha yoqqa tikildim. Tag’in o’sha manzara. Yelka qisdim. Kulgan bo’ldim. Bu odam ehtimol kaptarvoz yoki qushlar shaydosidir, degan o’yga bordim.
-Sinchiklab qarang, anavi mag’rur o’tirgani – Lochin! Qarg’a unchalik yirik bo’lmaydi.
-Lochin? — hayratimni yashirolmay terakning sinib, to’mtoqlashgan uchiga yana nazar soldim. Ammo masofa olisligi, ko’zim xiralashgani bois farqni aniq ajratolmadim.
-Ha, qora lochin.
-Qiziq, lochin u yerda, qarg’alar to’dasida nima qilib yuribdi?
Qariya boshini tebratdi. Keyin:
-Lochin adashib kelgan bo’lsa ajab emas, — dedi. — Lekin qizg’anchiq qarg’alar, qarang-a, unga tashlanishyapti, ketkizishga urinyapti.
-Hm… — dedim men ham manzaraga mahliyo bo’lgancha tikilib. Endi o’zimning ham bu olishuvga qiziqishim ortgan edi. — Balki o’sha yer avval lochinning makoni bo’lgandir. U o’z uyini sog’inib kelgandir. Xuddi qirimliklarga o’xshab…
-A? — qariya menga anqayib qaradi. So’ng nogoh shodlanib: — Topdingiz! Esimga tushdi. Ana, qarang! — deya u olisroq ro’parada bo’y cho’zgan ulkan chinor shoxiga, kattakon, eski uya tomonga qo’l cho’zdi. — Bir necha yil avval bir lochin o’sha uyada bola ochib, poloponlarini uchirma qilgach, ketib qolgan.
-E, ha, lochinlar makonini quzg’unlar egallab olgan ekan-da, — dedim ma’yus ovozda. — Endi buyog’i qandoq bo’larkin? Lochinni quvisharmikan?
-Bilmadim-da, kuchanishyapti, lekin, qarang, yaqin kelisholmayapti, uzoqdan dag’dag’a qilishyapti…
-Balki endi aralash-quralash yashashga ko’nikishar…
-Balkim… — dedi qariya pichirlagan kabi. — O’zi dunyoda hamma narsa aralash-quralash bo’lib ketayapti: erkaklar ayollar kabi, xotinlar erkaklarga o’xshab…
-Yo’q, zinhor aralash-quralash bo’lmasin, — deb yubordim beixtiyor va mag’rur bosh ko’tarib turgan alp lochinga qarata pichirladim. – Bo’sh kelma, lochin, varg’aga aylanma, lochin, makoningni qo’ldan chiqarma, lochin…
Toshkent, 20 yanvar, 2016 yil.
KO’NGIL
Ishlab o’tirib, qornim ochganini his etdim. Uyda tuzukroq yegulik qolmagan ekan. Darhol kiyinib, ko’chaga chiqdim: “Puling bo’lsa changalda sho’rva”. Xudoga shukur, pulim bor. Lekin hozir ko’ngil nimani tusayapti?
Oshxonalar rastasiga nazar solaman: eh-he, qaysini tanlashni bilmaysiz — hammasi o’ziga chorlaydi. Ular sari sal yursangiz, tandirdan qaynoq “Tomchi” uzayotgan somsachi ta’zim qiladi, katta qozonga kapkir urayotgan oshpaz tavoze ila sizga jilmayadi, sho’rvayu lag’monchi…
Diqqatimni ko’rada jizillatib, six aylantirayotgan shashlikchi o’ziga tortdi. Og’zimning suvi oshdi. Ikki-uch qadam o’sha tomon yurdim. Boshiga qora suvsar telpak, egniga qo’ng’ir tus, uzun kurtka kiygan, qisiq ko’zli, novcha bir yigit qo’lini ko’ksiga bosib, menga salom berdi.
-Valeykum assalom, — dedimu uning biqinidagi shashlikchi tomon yurmoqchi bo’ldim.Lekin qisiqko’z menga nimadir demoqchi bo’lib, lab juftladi, iljaydi. — Yaxshimisiz?
-Yaxshiman. O’zingiz-chi, otaxon? — deb u meni nogoh tanib qolgan kabi qo’lini cho’zdi, chehrasi ochilib, hol so’ray ketdi. Uni qaerda ko’rganman, degan o’yda xotiralarimni o’zimcha titkiladim. Hech nima chiqmadi. Shu orada kabobchi yigit bir dasta sixda bug’i chiqib turgan kabobni taqsimchaga bosgancha xo’randa tomon olib ketdi.
-Men ham tuzukman, — deb uning savoliga javob qildim. — Mendan nimanidir so’ramoqchiga o’xshaysiz, shekilli?
-Hech nima so’ramayman, sizga sog’liq, bardamlik tilayman, — dedi u yayrab.
-E, rahmat, o’zingizga ham!
-Sizga biror xizmat kerakmi, otaxon?
-Yo’q, hech nima kerak emas, jigar kabob yegim keluvdi, shunga…
-Sizga biz xizmat qilishimiz kerak…
-Nima uchun?
-Qariyalarni e’zozlashimiz zarur… Xizmatizga tayyorman.
-Siz o’zi kimsiz? — endi unga taajjub ila qaradim. So’rovim malol keldimi, qovog’i uyildi, ammo tez o’zgarib, jilmaydi:
-Bilmaysizmi?
-Yo’q.
-Mana shu rastadagi oshxonalarning egasiman.
-O’-ho’, zo’r-ku! Muborak bo’lsin!
-Rahmaat… — u iyagini sal ko’tarib, ko’zlarini yumib, ochdi. — Men gohida kelib, yig’ilgan pullarnigina olib ketaman. Boshqasi bilan ishim bo’lmaydi.
-Yashang, ishingiz soz ekan, yanada boying, o’g’lim.
-Xohlagan taomingizni ayting, eng yaxshisini olib beraman.
-Nimaga? — dilimda negadir ranjish qo’zidi. — O’zim olaveraman. Mana, shashlik…
-Sizning duongiz kerak, otaxon, — deya u boshini ham silkitib qo’ydi. So’ng yon cho’ntagidan telefonini chiqarib, qaysidir nuqtani bosib, so’zida davom etdi. — Men sizga sara go’shtdan qilingan shashlik aytaman. Bir otamlashamiz…
Uning telefoni jiringladi. Shoshilmay, kerakli nuqtani bosib, sokin gap boshladi. So’ng nariroq yura-yura “suhbat”ga qizg’in kirishib ketdi. Xuddi ma’shuqasini topib olgan yigitchaga o’xshadi. Aqalli biror marta ham yurishdan to’xtamadi:
teraklar, majnuntollar oralab, katta yo’lning narigi tomoniga o’tdi. Unga ajabsinib, qarab qoldim.
-Sizga nechta shashlik? — kabobchi yigit diqqatimni bo’ldi.
-Jigardan uch six qo’ying, — deb unga yuzlandim.
-Xo’p, bo’ladi, — deb yigit darhol ishga kirishdi.
-Anavi odam kim? — deb kabobchidan so’radim.
¬-Qaysi odam?
-Hozir yoningizdan ketgan, qo’ng’ir kurtkalik, novcha…
Yigit labini burib, yelka qisdi.
Negadir kulgim qistadi. Ammo kulmadim. Ayvondagi bo’sh kursilardan biriga borib o’tirgach, yo’lning u yuziga nazar soldim. Haligi odam endi to’xtagan, ammo, hanuz telefonda gaplashardi.
“Kimgadir yo’l-yo’riq ko’rsatayaptimi? — degan o’y ko’nglimdan kechdi. — Balki biror honim bilan bahs yuritayotgandir?”
Kabobchi bilan hisob-kitob qilgach, sokin yurgancha uyga qaytardim. Yo’lim bekat yonidan o’tardi. Ajabo, bir necha yo’lovchilar orasida haligi odamga ko’zim tushdi. Endi u avtobus yo’liga qaragancha sigaret tutatardi.
Sekin yo’talgan bo’ldim. U mendan teskari yonga o’girildi.
Dilimda uni gapga soldim:
“-Shashlik uchun rahmat.”
“-Yaxshiykanmi?”
“-Zo’r ekan. Barakalla, pulini ham to’lab qo’yibsiz…”
“ -A?” — uning yuziyu quloqlari alvonlandi.
Xayoliy “suhbat”dan o’zim uyalim ketdim. Ammo uning qizarganidan tasalli topdim.
Endi meni o’zga xayollar bezovta qildi:
“Meni ermak qilgisi, laqillatgisi keldimi?”.
“-Ehtimol, shunchaki lo’ttibozdir…”
“Balki, bir boyib, keyin “singan”lardandir. Yana boyisa, qari-qartanglaru nochorlarning ko’nglini olishni o’yladimi?”
“-Qarg’a qag’ etadi, o’z ko’nglini chog’ etadi, emasmikan?”
Aniq to’xtamga kelolmadim. Uyga kelgach, bu voqeani komyuterga tushirdim va sizga ilindim. Qanday fikrga keldingiz?
Toshkent, 24 yanvar, 2016 yil.
NIYATGA BOG’LIQ
Yaqin bir oshnam ancha vaqt ko’rinmay qoldi. Sim qoqdim. Dastakni hech kim ko’tarmadi. Bu hol bir necha marta takrorlandi. Tashvishlanib, kechroqda uyiga bordim. Ikkinchi qavatda, ikki xonali uyda yolg’iz yashaydi. Eshik qo’ng’irog’ini bosdim. Hech kim eshikni ochmadi. Ajablandim… Biror korihol yuz berganida albatta bexabar qolmasdim. Yetmish yoshdan oshganiga qaramay, baquvvat edi. Faqat oyoq og’rig’idan ko’p qiynalardi. Og’riq kuchaygan bo’lsa…
Uch-to’rt chaqirim narida, katta hovlida yashaydigan yolg’iz qizi va kuyovi tez-tez xabar olib turishini o’zidan eshitganman. O’shalar olib ketishdimikan? Yo’g’-a, kuyovinikida yashashni sirayam xohlamaydigan odam u. Bu fikrni ham o’zi aytgan…
Endi qo’ng’iroqni qo’yib, eshikni ustma-ust taqillatdim. Tag’in jimlik. Ro’paradagi eshikdan qo’shni ayol mo’raladi. Unga xijolatangiz qaragancha:
-Bilmaysizmi, Yusuf aka biror yoqqa ketganlarmi? – deb so’radim.
-Peshindan keyin ko’ruvdim, uylariga kirib ketuvdilar.
-Uxlab qoldilarmikan? – deb hayratimni yashirolmadim.
-Yo’g’-ye, hali erta-ku, — ayol yelka qisdi. – Yana urinib ko’ring… quloqlari sal og’ir, eshitmagan bo’lsalar… – eshik yopildi.
-A? — deya angrayib qoldim. So’ng qo’ng’iroqni yana bosib, eshikni taqillatdim. O’sha hol.
Uchrashuvdan umidni uzib, izimga qaytdim. Pastga tushib, ikkinchi qavat derazasiga nazar soldim. Ajabo, kabinet atalmish xonadan tushgan yorqin chiroq nuri pastdagi kichkina bog’chani yoritib turibdi!
“Ish bilan jiddiy band bo’lsa, hech nimani eshitmagandir, — degan xayolga bordim. – Yana bir urinish kerakmikan?”
Ayni shu topda xayolimga ajib fikr keldi. Bog’cha atrofini qurshagan jonli to’siqdan yarim qulochcha uzunlikdagi shoxni sindirib oldim-da, aniq mo’ljallab, deraza oynasiga otdim. Naq nishonga uribman! Ammo tarssillagan ovozdan o’zim cho’chigan holda juda xijolat chekdim. Xuddi shu chog’ deraza ochilib, oshnamning katak ko’ylakdagi keng kelbati namoyon bo’ldi. Quvonchim ichimga sig’may:
-Bormisiz! – deya ikkala qo’limni baland ko’tardim.
Yusuf aka ham qo’llarini ko’tarib, jilmaygancha silkitdi. So’ng ortiga burildi. Saldan keyin ochiq eshik yonida quchoqlashib ko’rishdik.
-Sog’liq joyidami? – deb so’radim undan ustol atrofiga o’tirganimizdan so’ng. — Ko’rinmay qoldingiz?
-Kursida kitob o’qib o’tiruvdim, oynaga urilgan shoxchani ko’rib qoldim…
-E… eshikni rosa do’pposladim… Band ekansiz-da, eshitmabsiz…
-Ha, oyog’im og’rig’i bir oz pasaydi.
Qo’shni ayolning gapi esimga tushib:
-Qulog’ingiz yaxshi eshitmayaptimi? – deb so’radim.
-“Qutadg’u bilik”ni qaytadan o’qiyapman. Zo’r asar!
Bosh silkitib, ma’qullashdan o’zga ilojim qolmadi. Keyin kulimsiragancha qulog’imni ko’rsatib:
-Bunga nima qildi? — dedim ovozimni ko’taribroq.
Endi Yusuf aka fikrimni anglab, xo’rsindi, “I-hih” degancha siniq kuldi. Keyin xo’rsingancha kechmish voqeani gapirib berdi:
-Oxirgi chog’larda oyog’im qattiq og’rib, yurolmay qoldim. Xususan, kechalari ko’p azob chekardim. Bir kecha og’riqqa, yurolmaslik azobiga chidolmay, Xudoga nola qilib: “Ey, Xudojon, meni yurishdan judo qilmay, oyoqlarimni og’ritmay, buning o’rniga qulog’imni kar qilsang bo’lmasmidiki, maza-matrasiz gaplarni eshitishdan ham qutulardim”, deb yuboribman.
Kulgim qistadi, ammo kulmadim, oshnamga savolomuz qaradim.
-Qiziq bo’ldi: og’riq taqqa to’xtab, qotib uxlab qolibman. Yaxshi kayfiyatda uyg’onib, o’rnimdan tursam, hech qanaqa og’riq sezmadim. Qushday yengilman. Xonada bemalol yurib, televizor qulog’ini buradim. “Assalom, O’zbekiston”ni ko’rib borardim.
Ajab, harakatlar, tasvirlar bor, og’iz ochib, yumishyapti, ovoz yo’q. Shosha-pisha boshqa kanallarni buradim. Hammasida shunday.
-O’zi ba’zan ovoz yo’qolib qoladi…
-E, yo’q, oyoqog’riq to’xtadi. Televizorni tekshirib ko’rish uchun qizimga sim qoqdim. Telefonlar ham soqov bo’lib qolganmi, deb o’yladim. Men gapiraman, baqiraman, qizim javob qaytarmaydi. Jahlim chiqadi… Yarim soatdan keyin qizim halloslab kelib qoldi. O’zining kalidida eshikni ochgan, uyga kirgan, bilmaganman. Kelib, meni quchoqlab oldi, nima deganini bilmayman. Bir vaqt yig’lab yuborsa bo’ladimi? Ko’zyoshidan sezdim. Shunda bildim: quloqlarim tom bitgan ekan.
-Niyatingiz ijobat bo’libdi-da, — dedim lab tishlab.
-Ah? — deb Yusuf aka menga angrayib qaradi.
Gapimni baland ovozda takrorladim. Biroq, foydasi bo’lmadi. Shundan keyin ustol ustida turgan oq qog’ozlarning biriga: “Doim yaxshi niyat qilib yurish kerak: yaxshi niyatgayam, yomonigayam farishtalar omin deyarkin” , deb yozdim. Yozuvni o’qib:
-Yomon niyat darrov qabul qilinganiga qarang! – dedi oshnam guldiragan ovozda, o’zidan norozi bo’lib. –Lekin quloq ham juda kerak ekan-da.
-Olloh-taolo odamni shunday yaratganki, birorta ortiqcha a’zoning o’zi yo’q.
-Ah?
Endi kulishga majbur bo’ldim. Keyin tilimga kelgan so’zlarni tarjimon – qog’ozga tushirdim: “Donishmandlar demishlarki, yaxshi niyat doimo hamrohingiz bo’lsin va uni ado etish payida bo’ling. Olloh: “Sendan harakat, mendan barakot”, degan.
-Rost! – dedi oshnam yozuvga qarab olib, bilagimdan siqib. — Og’riq zo’ridan buni unibman-da, mana, jabrini o’zim ham, boshqalar ham tortayapti.
-“Har qalay, ishlayapsiz ekan”, deb yozdim.
-Xudoga shukur, endi o’zimgayam, boshqalargayam – butun olamga faqat yaxshilik tilayman!
“Yaxshilikdan ham ulug’roq niyat bormikan?” — degan o’y xayolimdan kechdi va darhol o’rnimdan turib, oshnamni bag’rimga bosdim.
Muhammad Salom akani tabriklaymiz