Umid Bekmuhammad. Yahyo G’ulomov jasorati

0091 май — Академик Яҳё Ғуломов таваллуд топган кун

  Яҳё Ғуломов 1908 йилнинг 1 май куни Тошкентнинг Шайҳонтоҳур даҳасидаги Оқмачит маҳалласида туғилганди.Бўлажак археологнинг отаси Ғуломхон қадим Шошдаги довруқ таратган Хўжа Аҳрор мадрасасида мударрислик қилган, онаси Сорахон маҳалладаги мактабда қизларга сабоқ берарди. Ана шундай илмга ихлос қўйган оилада вояга етган Яҳё болалигидан зеҳнли бўлиб ўсди.

Умид  БЕКМУҲАММАД
ЯҲЁ ҒУЛОМОВНИНГ ЖАСОРАТИ
02

ФАН ФИДОЙИСИ

1936 йил.Жўшқин Амударё қирғоқларидаги қадимий қаълаларни текшириш учун қайиқда сузиб боришаётганда, дарёда оқим кўтарилиб, тошқин бошланди. Қайиқ Туямўйин дарасига кирар-кирмас шамол кўтарилганича, дарёда кучли тўлқин пайдо бўлганди.Беш дақиқагина олдин оҳистагина сузиб бораётган қайиқ гоҳ кўтарилиб, тўлқин тепасига миниб олар, сўнгра тоғдан думалатилган харсанг тошдек пастга мункиб кетар, баъзан тўлқин зарбидан гоҳ у, гоҳ бу томонга ёнбошлаб қолар ва яна тўлқинга урилиб тикланарди. Шу дам сув балосидек офат икки ёш қайиқчи йигитларни қайиқдан қоқиб, ўзи билан олиб кетдики, бу ҳақиқий фалокат эди.Фожиалиси шундаки, қайиқдаги кекса дарға ва унинг ёнидаги ёш йигит талвасага тушганича бор, чунки улар қўлида таёқ ҳам, эшкак ҳам йўқ эди.Шу пайт нуроний дарға қайиқ ўртасида тиз чўкканча жон ҳолатда «Хубби, хубби, ўзинг мадад бер» дея ёлвора бошлади.
Бундай нидо ёш йигитни қўрқувдан халос қилиб тобора ҳайратга солди. Негаки, Хубби сўзи Ўрта Осиё ва Эронда кенг тарқалган оташпарастлик динида сув худоси ҳисобланар, бу сўз ҳалиги ёш йигит назарида фан учун қимматли этнографик маълумот эди.
Хуллас, яратган эгам қайиқдагиларни ҳалокатдан, дарёга чўкишдан омон сақлади. Ҳалокатли дамдаям фанни ўйлаган ҳалиги ёш йигит Яҳё Ғуломов эди.
Яҳё Ғуломов 1908 йилнинг 1 май куни Тошкентнинг Шайҳонтоҳур даҳасидаги Оқмачит маҳалласида туғилганди.Бўлажак археологнинг отаси Ғуломхон қадим Шошдаги довруқ таратган Хўжа Аҳрор мадрасасида мударрислик қилган, онаси Сорахон маҳалладаги мактабда қизларга сабоқ берарди. Ана шундай илмга ихлос қўйган оилада вояга етган Яҳё болалигидан зеҳнли бўлиб ўсди. Бироқ оила катта бўлиб, Ғуломхоннинг Эшонхон, Одилқори, Яҳё, Саид Аҳмад, Акром ва Роқия исмли олтита фарзандлари билан бирга опасидан етим қолган тўртта ёшгина жиянлариям улар қарамоғида эди. Шу боис, қолаверса, Ғуломхон мудом мадрасадаги ишлар билан банд бўлганлиги сабабли, хонадонга қарашли боғнинг хўжалик юмушлари фарзандлари зиммасида бўлган. Яҳё ана шундай юмушлар билангина банд бўлиб қолмай, илмга ихлос қўйди. Дастлаб ота-онасидан сабоқ олган бўлса, кейин «Намуна» номли мактаб-интернатда Лутфиллақори, Хатибзода, Исмоил муаллим, Ҳайдар Носирий, Акбар домла, Юсуф ва Эсон афанди каби шу даврдаги энг мўътабар ўқитувчилардан таълим олди. Бу масканда у Ойбек, Буюк Каримов, Фотиҳ Орифов, Абдулла Бобохонов, Исо Раззоқов, Ёқуб Алиев, Абдулла Раҳимов, Саидазим Усмонов каби келажакдаги ўзбек халқининг етук зиёлилари бўлиб етишган илму фан намоёндалари билан бир гуруҳда таълим тарбия олди.Айни пайтда Яҳё ижодга бўлган иштиёқи сабаб «Булутлар», «Турфа фолбин», «Гилам жаллоби» сингари ҳажвияларини мактабнинг деворий газетасида чоп этдирди.
Ўсмирликнинг завқли онларини шундай хушнудлик билан ўтказган Яҳё Ғуломов, 1927-30 йилларда Самарқанддаги ўзбек давлат педагогика академияси ижтимоий ва иқтисодий бўлимида таҳсил олади.Бу даргоҳда у Пўлат Солиев , Абдурауф Фитрат, Василий Вяткиндек ўз даврининг илғор зиёлиларидан сабоқ олди, Мусо Саиджонов билан ҳамкорлик қилиб, уларга ихлос қўйди.
Юқоридаги олимлар , хусусан Пўлат Солиев (1882-1937) Астраханда туғилган, аммо тақдир йўллари туфайли Туркистонга бир умр меҳр қўйган, шу ўлкада яшаб ўтган илк ўзбек тарихчи профессори эди. Қозон, Уфадаги мадрасаларини битирган Пўлат Мажидович 1909 йилдан Тошкент, Қўқон , Мирзачўл, Жалолобод , Бекобод мактабларида ўқувчиларига сабоқ берган, 1917 йилдаги Туркистон мухторияти ташкил топишида жонбозлик кўрсатган арбоб ҳам эди. У мухториятнинг “Эл байроғи” газетасининг бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатади. Мухторият тугатилгач, Фарғонада ўқитувчиликни давом қилдиради. 1919 йилдан Тошкентга келиб маориф курсларини ташкил этиш, “Инқилоб”, “Тонг” журналларини нашр этишга бош бўлади. Бир муддат Москвада яшаб илмий фаолият билан шуғулланади, 1927 йилда эса Самарқандга қайтиб олий педагогика институтида талабаларга сабоқ бера бошлайди. “Манғитлар салтанати даврида Бухоро ўлкаси” , “Бухоро тарихи”, “Ўзбекистон ҳам Тожикистон”, “Ўзбекистон тарихи” асарларини яратди.
Яҳё Ғуломов кейинчалик хотирлаб ёзганидек, “Пўлат Солиев Туркистон тарихи бўйича ўқиган маърузалари хотимасида кишини аввало ўз мамлакати, шаҳри ва туғилиб ўсган қишлоғининг тарихини яхши билишга даъват этадиган, араб, форс, рус ва туркий тилларни, шарқ тарихи, фалсафаси, ахлоқи, тарихини мукаммал биладиган шахс эди”.
Мусо Саиджонов (1898-1937) Бухорода-савдогар оиласида туғилган бўлиб, дастлаб Мир Араб мадрасасида, кейин Когондаги рус-тузем мактабида таҳсил олган, ўз даврининг илғор зиёлиси сифатида 1915 йилдан Бухорода “Маориф” номли китоб жамиятини ташкил қилганди.”Ёш бухороликлар” сафида ҳам фаолият кўрсатган М.Саиджонов 1920 йилда амирлик тугатилиб БХР ташкил қилингач, савдо-саноат, халқ маорифи нозири, иқтисодий кенгаш раиси каби вазифаларда ишлайди. 1924-27 йилларда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ташкилоти бошлиғи сифатида ишлаб, Бухородаги кўплаб меъморий обидаларни таъмирлаш, тадқиқ қилишга бош бўлди. 1928-37 йилларда республика тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш қўмитасига раислик қилиб, Ўзбекистоннинг маданий меросини авайлаб асраш, илмий тадқиқ қилиш ишларига раҳбарлик қилди. Бухоро, Шаҳрисабздаги меъморий обидалар ҳақида китоблар яратди. 1935 йилда Ленинградда ўтказилган шарқшуносларнинг 3 халқаро конгрессида қатнашиб маъруза ўқиди. Яҳё Ғуломов М.Саиджонов билан ҳамкорлик қиларкан, ундан қадим шаҳарлардаги обидаларнинг барпо этилиши, уларга ишлатилган бўёқ, минораларнинг қай тариқа осмонга бўй чўзиб барпо этилганига оид маълумотларни билиб олди.
Абдурауф Фитратдек ўз даврининг қомусий олими, шоир, драматургнинг бўлажак академикка ўтказган таъсири, маслаҳату-насиҳатлари, ўз бошидан кечирганлари тўғрисидаги дардли ҳикоялари эса, Яҳё акада шарқ зиёлисидек ибратли ШАХСни кўз ўнгида мужассамлаштирганди.
Яҳё Ғуломов билан кейинги даврда, хусусан Хоразмда ўтказган экспедициясида ҳамкорлиги бошланиб, то умрларининг охиригача учрашиб, хат ёзишиб маслакдошлик қилган инсон Абдулла Болтаев (1890-1966) эди. Хива хонлиги даврларидан отаси Муҳаммад Мурод Саид Пано билан Ичан-Қаъладаги обидаларда барпо бўлишида, кейинчалик уларнинг таъмирланишида, Тошкентдаги А.Навоий номли опера ва балет театрининг миллий услубда жиҳозланиши, сайқал топишида катта хизмат қилган наққош, уста, ўз даврининг машҳур Давлат мукофоти билан тақдирланган бу инсон, тарих билимдони ҳам эди. Яҳё Ғуломов Хоразмга келган 1936 йилидаёқ Хивага келиб Абдулла Болтаев билан танишган.Унинг маслаҳатлари, Хоразм тарихи, обидалари, уларнинг барпо этилиши, уларга ишлатилган бўёқ, уларнинг сирлари, тўплаган қўлёзма асарлари асосида Яҳё Ғуломов кўплаб маълумотларга эга бўлади. Ана шулар асосида, уларни бошқа манбаларга таққослаб, археологик тажрибаларини умумлаштирган ҳолда ўзининг “Хива ва ундаги меъморий обидалар”, “Хоразмнинг суғорилиш тарихи” монографияларини яратади.Абдулла Болтаев наққош уста бўлиш билан бирга, ўзидан 88 та дафтарга араб алифбосида битилган Хоразм тарихига оид ўзининг ёзган, қарийиб 10 жилдга жо бўлгулик асарларни мерос қолдирган муаррих ҳамдир. Яҳё Ғуломов Хивада бўлганида ана шуларни мутоала қилган ҳолда “Хоразмда ўз биографиясини тўлиқ сақлаган, материалларини тўплаб ёш олим ва келажак авлодларга қолдира билган Абдулла акадир”, дея ёзганди.
Ўз навбатида Абдулла Болтаев ҳам “Яҳё Ғуломов одамлардаги жамики яхши фазилатларни ўзида мужассамлаштирган меҳнатсевар, шу билан бирга чинакам катта олим”, деб баҳо берган.
Бугунги кунда Абдулла Болтаевнинг авлодлари хонадонида боболаридан қолган 88 та ноёб дафтарлар билан бирга ҳар иккала маслакдош фидойи инсонларнинг ёзган хатлариям авайлаб сақланмоқда.
Василий Вяткин…Туркистон тарихи, фанида алоҳида муҳим ўрин тутган ушбу шахснинг фаолияти бўлса Яҳё Ғуломовдек ёш талабага истиқбол эшикларини очиб юборди. В.В.Вяткин (1869-1932) Самарқанд обидаларининг ҳақиқий жонкуяри, ҳамкасби Абу Саид Махзум билан кўплаб обидалар тарихини тадқиқ қилган, кўплаб қўлёзма асарлар тўплаб уларни ўрганган, ҳаттоки 1908 йилда Самарқанд шаҳрида Улуғбекка ҳайкал қўйиш ташаббуси билан чиқишганди.А.А.Семёнов, И.Сикора, Н.Г.Малицкий сингари олим ва арбоблар ҳам Вяткинни қўллаб қувватлаб, бу борада 1914 йилда тузилган Улуғбек меросини ўрганиш, расадхонасини таъмирлаш, ҳайкалини барпо этиш комитетини тузишганди.
Ана шундай тарих, миллий қадриятлар жонкуяри бўлган олимлардан сабоқ олиши Яҳё Ғуломов учун бир умрлик ҳаёт дорулфунуни бўлиб хизмат қилди.
Бу пайтга келиб ўрта асрларда вайронага айланиб қаердалиги номаълум бўлган Улуғбек расадхонасини топганидан, Афросиёбда археологик тадқиқотлар олиб борганидан Вяткиннинг номи фан оламидагина эмас, Самарқанднинг оддий аҳолиси орасидаям анча машҳур эди. Ўзбек, тожик, форс тилларини яхши билган Вяткин Яҳёдаги илмга интилишни сезиб унга устозлик қилди. Яҳё Ғуломовнинг хотирлашича, “Маърузани у аудиториянинг у бошидан бу бу бошига юриб ўқирди..У на маъруза матнига, на талабаларга қарарди. Фақат баланд бир нуқтага тикилганича воқеалар, номлар, саналар ва ҳатто воқеаларга алоқадор форсча шеърларни ёддан айтарди.
Биринчи маърузасидаёқ у менинг илгариги қарашларимни остин-устин қилиб юборди, чунки унинг билганлари олдида менинг ўзимга бўлган эътиқодим пучдек кўрина бошлади. У ўзининг асосий тарихий манбаларини, 10 аср муаллифлари Табарий, Наршахий ва кейинги асрларда яшаган Ибн Асир, Жувайний ва бошқаларни шундай тавсифлаб бердики, улар қаршисида менинг ўқиб юрган тарих китобларим ҳеч бўлиб қолди. Маъруза пайтида унинг сўзини бўлиб савол берардик ва у берилган саволларга албатта жавоб берарди. Чунки у киши маърузанинг охирида саволга вақт қолдирмас, қўнғироқ чалиниши билан чиқиб кетарди. В.Вяткин савол ва жавоблардан мен унинг маърузасини жуда эътибор билан эшитаётганимни пайқаган шекилли, бир дафъа у аудиториядан чиқишимни кутиб турган экан, мен яқинлашишим билан ўзбекчалаб бояги саволга жавобини тавсифлаб гапира кетди. Менга асл манбаларни синчиклаб ўқишни биринчи бўлиб маслаҳат берган ҳам шу В.Вяткин бўлди. У бир маърузадан кейин мени Самарқанд эски шаҳрига олиб кетиб, Регистон кўчасидаги кутубхонага олиб кирди. Унда ишлаб турган барча ёшу қари ўринларидан туриб Вяткинни қарши олдилар ва “домла” деб у билан ўзбек ва тожик тилларида қуюқ сўраша кетдилар. Бу кишининг маҳаллий зиёлилар ичида бунчалик мўътабар ва улар билан апоқ-чапоқ эканини шунда пайқадим”.
Хуллас, ана шу тариқа бошланган устоз-шогирдлик боис Вяткин ҳамда И.Р.Чейлитко Яҳё Ғуломовни археологиядек сеҳрли касбга ошно тутинишига сабаб бўлишди. Дастлабки археологик тадқиқотлари ҳам Яҳёнинг айнан Афросиёбда, 1928, 29 йилларда бўлиб ўтди.
1931 йилда у Тошкентга қайтиб халқ комиссарлари кенгаши ҳузуридаги тарихий ёдгорликларни сақлаш ва илмий ўрганиш қўмитасида иш бошлайди.Бу даргоҳда у М.Массон, А.Якубовскийлар раҳбарлигида 1933 йилдан Термиз ва Зарафшондаги қадим обидаларда изланишлар олиб борди.

ХОРАЗМ ЭКСПЕДИЦИЯСИ

Маълумки, ўлкамизда археология фани чоризм истилосидан сўнг, мустамлакачиларнинг ўлкани тадқиқ қилиб, топилган осори атиқаларни Петербург ва Москвага ташиб кета бошлаганларидан сўнг шакллана бошлаганди. Яҳё Ғуломовгача бўлган даврда тошкентлик савдогар Акрам Асқаров, самарқандлик Абу Саид Махзум, 1929 йилда Қашқадарёда, кейин эса Еттисувда археологик тадқиқотлар ўтказган Турди Мирғиёсовлар фаолият олиб боришганди.
Улар орасида Турди Мирғиёсов чин маънодаги ватанпарвар археолог эди. Айниқса у Еттисувда фаолият олиб бораркан, Тўқмоқ тумани чеккаларида қадимги шаҳарга тегишли обидалар борлигини, аммо улар раҳбарларнинг эътиборсизлиги, маҳаллий аҳолининг лоқайдлиги натижасида вайрона ҳолга келаётганидан куюниб тегишли идораларга уч маротаба телеграмма юборишга мажбур бўлганди.
Турди Мирғиёсов куюнчаклик билан “Биз Вернийга учта хабар юбордик.Аммо ҳеч қандай жавоб оломадик. Орадан яна уч йил ўтса, бу минорадан ҳеч нарса қолмайди. Қисқача қилиб айтганда, туркистонлик археологлар бу ердаги ёдгорликларни ўз паноҳига олишмаса фан ва тарих учун қимматли манбаларнинг ҳамммаси йўқ бўлади ва авлодларнинг қарғишига учраймиз”.
Бундан кўринадики, мустамлакачилар тарихий обидаларга эмас, қимматбаҳо топилмаларга эътибор қаратишганди.
Яҳё Ғуломов археологияда маълум бир тажриба, кўникма орттиргач, ана шундай жонкуяр Турди Мирғиёсов ҳамда касбдоши Рашид Набиевлар билан 1936 йилда Хоразмда ўзининг мустақил тадқиқотларини бошлаб юборди.1937 йилдан бошлаб, улар сафига археолог А.И.Тереножкин ҳамда архитектор Б.Засипкинлар қўшилди.
Ўша вақтда Тошкентдан чиқган поезд тўғри Хоразмга бормас, негаки 1947 йилгача воҳага темир йўл ётқизилмаганди. Шундай вазиятда бир гуруҳ археологик экспедициянинг Туркманистоннинг Чоржўй шаҳридаги бекатга бориши, у ердан ё Амударёдаги кемалар орқали, ёки Бухоро қумликларидан от, туя, эшакларда олис Хоразмга боришининг ўзи минг машаққат эди. Ана шундай ҳолатда Яҳё Ғуломов ва сафдошлари 1936 йилдан 1947 йилгача йилда икки маротаба олис воҳага ташриф буюришарди.
Шунингдек, қум барханлари Хоразмдаги обидаларни ўз бағрига олганича қадим сир асрорларни маҳкам бекитиб олган, иш ғоят қийин эди.Бу ҳақда Яҳё Ғуломов ўз кундалигига ўша машаққатли онларни шундай битганди: «барханли қумликлар билан қопланган тақирлардан иборат бу зимзиё кўҳна ўлкада на машина ва на от арава юра олар эди. Гуруҳимизнинг асосий транспорт воситалари устига хуржинларида озиқ-овқат, кўрпа-тўшак, палатка, плажет, теадолит ҳамда қозон товоқ ва қумғон ортилган 5-6 эшаклардан иборат эди».Ана шундай машаққатларга қарамай, археологик гуруҳ, Гулдурсун, Норинжонқаълада тадқиқотларини бошлаб юборди.Қум иссиғи археологларни чарчатсада топилаётган қадим осори атиқалар янада уларни ихлос билан тарихни ўрганишга ундарди. Баъзида эса қум барханлари орасида ҳалокатли воқеалар ҳам рўй бериб турарди.
Хусусан, 1937 йил ёзида Яҳё Ғуломов қадимги канал изларини харитага тушириш мақсадида, ёлғиз ўзи Норинжонқаъладан чиқиб, учраётган археологик материалларга қизиққанича, гуруҳ жойлашган ердан 10-12 км узоққа бориб қолади. Қолаверса, йўлда учраган ноёб топилмалар билан археолог елкасидаги сумка тобора оғирлашиб борар, йўл учун на нон, на сув олинганди. Бунинг устига жазирама иссиқдан, археолог чарчагани, чанқаганидан ортга қайтаркан, адашиб Тешикқаъла томон бориб қолади.
Куни билан у қумликдаги жазирамада юрганидан, сувсираганича оғзи қуриб, тили танглайига ёпишиб қолган, оёғида умуман мадориям қолмаганди.У зўрға ўтовга етиб бордию, остонага етгач йиқилиб ҳушидан кетди.Бошқа бир гал эса қайиқда дарё бўйлаб сузишаркан, дарёда тўлқин кўтарилиб, сувга чўкишига оз қолганди.Ўшанда яратган эгам омон-эсон уларни қирғоққа соғ чиқаргач, Яҳё Ғуломов кеч бўлиб қолганига қарамай, ёлғиз ўзи яна тўқайзорни кесиб ўтган якка оёқ йўлдан археологлар жойлашган гуруҳ томон йўл олади.Шунда у бир ҳалокатдан зўрға қутулиб, яна бир фалокатга йўлиқди: тўсатдан унинг олдидан бўрилар галаси чиқиб қолди.Бўрилар археологдан қирқ қадам наридаги қамишзорда қандайдир ҳайвонни ғажишарди. Яҳё Ғуломовни сезиб, бўриларнинг аввал қулоқлари диккайди-ю, сўнгра тумшуқларини юқори кўтариб, бирданига 5-6 та бўри археологнинг йўлини кесиб ўтиб, икки томонда худди карвондек тизилиб туришди.Шунда Яҳё Ғуломов қўрқиш аломатини сездирмай, қадамини бир хил босиб, йўл-йўлакай бир қўли билан қамиш попилтириқларидан юлиб, иккинчи қўли билан чўнтагидаги гугуртни олиб, уларни ёққанича маъшала қилиб олди.Бўрилар галаси ўлжасини еб тўйганиданми ё қамиш маъшаласидан қўрққаниданми, худо бу сафар ҳам археологни қутқариб, эсон-омон Тешикқаъладаги касбдошлари олдига етказди.
Ҳа, Яҳё Ғуломов ҳаётида шундай сермашаққат, қийин кунлар кўп бўлган.Аммо ундаги илмга фидойилик, тарихга ихлоснинг қаътийлиги боис, Яҳё Ғуломов археологияда кўплаб қадим қаълаларнинг сирини очиб, катта ўзгариш қилди.Айниқса Вяткиндек теран тарихчидан сўнг, Сергей Толстов билан Хоразмда кўп йиллар ҳамкорлик қилиши унинг илму фанда юксак натижаларга эришишига сабабчи бўлди.Айнан Яҳё Ғуломовнинг 1936 йилда Қуйи Амударёнинг ҳар иккала соҳилидаги қаълаларда бошлаб юборган тадқиқотлари, ундаги топилаётган фанга номаълум сирларнинг кашф этила бошлаши, Сергей Толстов экспедициясининг ташкил топишига сабаб бўлди дейиш мумкин. Натижада 1937 йилдан С.Толстов ўз ҳамкасблари билан Хоразм заминида археологик тадқиқотларини бошлаб юборди.
Ҳар иккала археолог ва уларнинг ҳамкасбларининг илмий ишлари боис фанда Хоразм цивилизацияси деган атама пайдо бўлди.Яҳё Ғуломов эса Хива шаҳридаги меъморий обидаларни илмий тадқиқ қилиб, “Хива ва ундаги меъморий ёдгорликлар” мавзусида 1941 йилда номзодлик ишини ҳимоя қилди. Ўша йили фан соҳасида, хусусан археологияда истиқболли изланишлар олиб бораётган Яҳё Ғуломовни Қори-Ниёзий бошчилигидаги яна бир илмий экспедицияга аъзо қилиб киритишди.Яъни, Т.Н.Қори-Ниёзий, М.М.Герасимов, Л.В.Ошанин, А.А.Семёнов, В.Н.Кононов, Б.Н.Засипкин Ҳ.Т.Зарипов, С.Айний, М.Шевердин, Михновский, Туркевич, Зизенков, Кринцицкая, Спришевский, Альбаум, Татевосян, Завалин, Н.А.Ким, Уста Акром ва Уста Ширин Муродов, Малик Қаюмов каби турли соҳа вакилларидан ташкил топган экспедиция сафида Яҳё Ғуломов ҳам 15-24 июнда Самарқандда бўлади.
Бироқ Яҳё Ғуломовнинг асосий тадқиқотлари, фундаментал илмий ишлари Хоразм билан боғлиқ эди. Шу боис у урушдан илгариги археологик тадқиқот ишларини қўлёзма асарлардаги воқеликлар жараёни билан таққослаб чиқишга интилди.
Маълумки, 1941 йилда бошланган уруш сабаб Ўзбекистонга кўплаб кексалар, болалар, завод-фабрикалар, 31 та олий ўқув юрти, 7 та ҳарбий академия билан бирга ижод ва илм аҳли ҳам эвакуация қилиб кўчирилганди. Ижодкорлар орасида А.Ахматова, Н.Вирта, С.Городецкий, А.Дейч, К.Зеленский, Я.Колас, Б.Лавренов, В.Луговской, Н.Погодин, И.Сельвинский, А.Толстой, В.Ян каби кўплаб ўша даврнинг машҳур ёзувчи, шоир, драматурглари бор эди. Ўзбек ижодкорлари билан бошланган ҳамкорлик ва дўстлик натижасида Ойбек ва А.Дейч “Алишер Навоий” очеркини, Ҳоди Зариф, В.Жирмунский билан ҳамкорликда “Ўзбек қаҳрамонлик эпоси”ни, Уйғун А.Толстой кўмагида “Она” пьесасини яратишди.
Бундай ҳамкорлик олимлар орасидаям давом қилди. Хусусан, Яҳё Ғуломов Россиялик Б.Греков, В.Струве, К.Тревер, А.Якубовский, С.П., М.Э.Воронец, В.А.Шишкин, шунингдек ўзимизнинг юртдошлардан Т.Н.Қори-Ниёзий, Э.Ш.Ражабов, В.И.Зоҳидов каби олимлар билан биргаликда «Ўзбекистон халқлари тарихи» асарининг икки томлигини яратишга киришди. Муаллифлар жамоаси томонидан яратилган ушбу асар фундаментал тадқиқот бўлиб,1-томнинг бош муҳаррири С.Толстов, махсус муҳаррир эса Яғё Ғуломов қилиб белгиланганди.Бу орада уруш тугаб юқоридаги олимлар ўз юртларига жўнаб кетишади. Натижада эндигина машинкаладан чиқган, аммо таҳрир қилиш лозим бўлган асарни Москва, Ленинград шаҳарларига олиб бориб муаллифларга ўқитиш, таҳрир қилдириш, илмий муҳокама қилдириш ишлари ишлари Яҳё Ғуломов зиммасига тушади.
Гарчи юқоридаги асар ўша давр мафкураси ва талаби асосида ёзилган бўлсада, кейинги даврда яратилган Ўзбекистон халқлари тарихига пойдевор вазифасини ўтади.Бу орада Яҳё ака Москвадаги собиқ иттифоқ Фанлар академиясининг Моддий маданият (археология) институти докторантурасига киради. Шу тариқа ҳам ўзининг илмий ишини давом этдиришга, ҳамда икки томлик асарни шаҳарлар оралаб қатнаб нашр этдиршга улгуради. Хуллас, икки томлик тарих уруш даври қийинчиликларига қарамай, илму фан билан шуғулланишга ҳаракат қилган олимларнинг фидойилиги эди.
Урушдан сўнг Яҳё Ғуломов, кўп йиллар давомида Қуйи Амударё бўйларида олиб борган илмий тадқиқот ишларини умумлаштирган ҳолда, 1950 йили Москвада докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Ана шу илмий иши асосида 1957 йилда русча, 1959 йилда бўлса ўзбекча «Хоразмнинг суғорилиш тарихи» монографияси юзага келди.Ушбу фундаментал, илмий академик асар Яҳё Ғуломовнинг тарихшуносликда ғоят теран тадқиқотчи эканлигини кўрсатди.Чунончи, сунъий суғоришга асосланган қуйи Амударё халқлари ҳаётида оби ҳаётнинг тутган ўрни, асрлар мобайнида у билан боғлиқ бўлиб ўтган воқеа ҳодисалар монографияда ҳаққоний ёритилгани сабаб, асар кенг шуҳрат қозонди. Дунёга машҳур Эрмитаж музейи директори , академик Б.Б.Пиотровский таъкидлаганидек, “Яҳё Ғуломовнинг Ўрта Осиё хўжалик ҳаётининг асоси ҳисобланган суғориш соҳасидаги тадқиқотлари ҳақиқатан ҳам буюкдир”.
Яҳё Ғуломов ушбу асарни ёзиш жараёнида Хоразмда ўзи ва С.Толстов ўтказган археологик экспедиция натижаларига таянибгина қолмасдан, илгариги даврда суғорилиш тарихига, сув хўжалиги тизимига доир яратилган асарларниям қунт билан ўрганди. Айнан хонликнинг бош мироби бўлиб ишлаган Мунис, Огаҳийлар, хонлар сулоласига мансуб Баёний, “Туркистоннинг суғорилиш тарихи” ва ўлка тарихига оид яна юзлаб асарлар ёзган В.В.Бартольд, Хоразмда бўлиб бебаҳо манбалар тўплаган Каульбарс, Кун сингари олимлар асарларига эътибор берди.
Бундан ташқари, “Хоразмнинг суғорилиш тарихи” мавзусидаги докторлик иши ва монографиясини ёзиш жараёнида араб, форс тилидаги қўлёзма асарлар, рус тилидаги китоблардан 267 тасини ўқиб ўрганди, ўз асарида ана шу манбалардан иқтибос келтириб ўтди. Улардаги воқеликлар жараёнини бир-бирига таққослаб чиқди, шулардан келиб чиқиб мавзуга ёндошган ҳолда соҳага доир бетакрор асар яратди.
Бундай асарлар орасида Яҳё аканинг эътиборини тортгани, бевосита воҳада бўлиб, кўрган-кечирганлари , илмий тадқиқот ишларини монографияларга муҳрлаган Моргуненков ва Цинзерлингларнинг фаолиятлари бўлди.
Маълумки, Ф.П. Моргуненков (1880-1939) узоқ йиллар давомида ўлкадаги ирригация, мелиорация, гидротехника соҳасидаги мураккаб муаммоларнинг илмий–амалий ечимини топиш учун тинимсиз ҳаракат қилган. Олим Ўрта Осиё Давлат университети талабаларига сабоқ бериш билан бир қаторда Ўзбекистон Сув хўжалиги Бош бошқармаси ва “Давлатсувлойиҳа” институтида ҳам самарали фаолият кўрсатган.
Тарихдан маълумки, Чор Россияси Ўрта Осиёни истило қилгандан кейин ўлкадаги сув муаммоларини ҳал қилиш ва янги ерларни ўзлаштириш, дарё транспортини йўлга қўйиш каби муаммоларни буюк князь Н.К.Романов, барон А.В.Каульбарс, полковник А.И.Глуховской, академик В.В.Бартольд, тадқиқотчилар В.А.Обручев, Н.Г.Петрусевич каби мутахассисслар ҳам ўрганганлар. Хусусан, 1893 йилда А.И.Глуховской ўзининг «Амударё сувларини эски ўзани орқали Каспий денгизига оқизиш ҳамда Аму–Каспий–Волга дарёси ва Мариин каналлари тизими орқали Афғонистон чегарасидан Петербург ва Болтиқ денгизига сув йўли очиш» номли китобида Петр 1нинг 1716 йилдаги «Ҳиндистонгача сув йўлини излаб топиш” ҳақидаги топшириғини бажарса бўлади, деб ёзганди.
Бироқ улардан фарқли ўлароқ Ф.П.Моргуненков сув тизимида бир қатор ихтиролар ҳам яратганди. Унинг Туркистондаги илк фаолияти 1910 йилдан кўзга ташланади. Шу йили у В.Александров ва А.Есаев каби тадқиқотчилар қатори сувни баландликка кўтариб бериш имкониятига эга сўрғич (насос) лойиҳаси учун гувоҳнома олганди. 1915 йилда инженер қиш ва тошқинлар вақтидаги Амударёнинг ортиқча сувлари билан Жанубий-шарқий Каспийдаги бўз ерларни ўзлаштириш ғоясини илгари сурди ўз асарида ( “Предположения об орошении юго-восточного побережья Каспийского моря зимними и избыточными паводковыми водами Аму-дарьи” / “ Записки Русского Технического общества”, 1915. № 6-7.
Унда Тахиатош қисноғидан олинган канал Сариқамиш кўли яқинидан ўтиб, Эски Ўзбойнинг 500 км. ирмоғига уланиши ва дарё сувларини Балхондаги Небит доғ этакларигача оқизиш таклиф этилганди. Ёш инженер ўта оғир ва серхаражат лойиҳани асослаш ниятида янги ерлар “Калифорния ва Мисрига айланади”, ― деб ёзганди.
1915 йилда Ф.П.Моргуненков Мирзачўлдаги Романов каналини кенгайтиршш билан 175 минг десятина янги ерларни ўзлаштириш мумкинлигини исботлади. Шу билан бир қаторда у каналдан сувни қўтариб бериш имкониятига эга бўлган ўзининг пропеллерли насосларини ўрната бошлади. Муҳандиснинг Туркистондаги самарали фаолиятини Россия Ер ишлари маҳкамаси ходими А.А.Татишев юқори баҳолаганди.
1918 йилда Туркистонда пахтачиликни ривожлантириш мақсадида 50 млн сўм маблағ ажратиш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинади. Унинг аксарият қисми рус деҳқонлари жойлаштирилган Мирзачўлни ўзлаштиришга йўналтирилишини ҳисобга олган Ф.П.Моргуненков “Никольский” посёлкаси яқинида дастлабки землесосни ўрнатди. Унинг рус фотографи Прокудин–Горский томонидан олинган сурати америкалик археолог Хантингтоннинг “Туркистон альбоми”дан ўрин олганди.
Марказдан Мирзачўлни ўзлаштириш имкониятларини ўрганишга сафарбар этилган инженерлар Г.К.Ризенкампф, И.Г.Александров, В.Ф.Булаевский, В.Д.Ифрин, Н.Д.Прохоров, Б.К.Ладигин, тупроқшунос И.А.Димо, агрономлар Р.Р.Шредер, Г.С.Зайцевлар билан бирга келган П.Ф.Моргуненков суғориш муаммоларини чуқур ўрганишга ҳаракат қилди. Ҳусусан у Р.Р.Шредер билан бирга ерларни суғориш асосида пахтанинг янги навларини экиш ва яхши ҳосил етиштириш имкониятларини асослади. Кейинчалик “Давлат сувлойиҳа” институтида ишлаётган вақтида П.Ф.Моргуненков Чирчиқ, Ангрен, Келес дарёларида гидротехник иншоотлар қуриш лойиҳасини тузди. Иқтидорли инженернинг таклифлари Бўзсув гидроэлектростанцияси қурилиши жараёнида эътиборга олинди.
1926 йилда Ф.П.Моргуненков раҳбарлигида Г.П.Сазонов, М.Н.Ермолаев, Б.Х.Шлегель томонидан Амударёнинг Қорақум орқали ўтган эски ўзанида қуриладиган йирик канал лойиҳаси тайёрланди (Моргуненков Ф.П., Севастьянов И.А. Ирригационные перспективы Туркмении. ─ М., 1925).
Унда Бўсаға қишлоғи яқинидан олинган ва соқасида сувни бошқариш иншооти қурилмаган 2 та 4 км. узунликдаги каналлар орқали дарё сувлари қуриб қолган Калиф Ўзбойига йўналтирилиши кўзланганди. Орадан бир оз вақт ўтиб, 100 км. узунликдаги канал яқинида ўт-ўланлар пайдо бўлди ва чўлда экилган пахтадан яхши ҳосил олинди. Келгусида ўзани 400 кмга етказилган канал орқали Мурғоб, Тажан ва Атрек воҳалари ерлари суғорила бошланди. Аммо мазкур йирик лойиҳа амалга оширилган вақтда унинг асосий ижодкори дунёдан ўтганди.
1927 йилда Ф.П.Моргуненков инженер В.В.Пославский билан ҳамкорликда Жанубий Хоразм суғориш тизимини қайта қуриш имкониятини ўрганди ва бир қатор фойдали таклифлар берди. Улар орасида Амударёнинг Устюрт ва Қорақум чегарасида бўлган, аммо қуриб қолган Ўзбой номли ўзани орқали ортиқча сувларини Каспий денгизи томонга оқизиш ҳақидаги янги ғоялар ҳам бор эди. 1927 йилда Моргуненков, Цинзерлинг каби мутахассисларнинг таклифи билан собиқ иттифоқ сув хўжалиги комиссарияти тассаруфида Қуйи Амударё дельтасидаги суғориш каналлари бошқармаси ― Упрадик ташкил этилди ва унинг ходимлари Хоразм воҳасининг суғориш тизимларини қайта ўрганишни ҳам бошладилар.
1929 йил 31 июлда Ф.П.Моргуненковга йирик суғориш каналларини чўкмалардан тозалашга мослаштирилган янги землесос (тупроқ сўрғич) мосламасини ихтиро қилганлиги тўғрисида патент (гувоҳнома) берилди. Мослама махсус ясалган кеманинг олд ва орқа қисмига ўрнатилган айланма тиргакдаги трослар ёрдамида кўтариб-тушириладиган трубалар орқали сўриладиган тупроқ аралаш сувни қирғоққа чиқариб ташларди.
Дунёдаги, шу жумладан Хоразм воҳасидаги сув хўжалиги ва об-ҳавонинг ўзгариши муаммоларини илмий ва амалий жиҳатдан ўрганишда В.В.Цинзерлингнинг хизматлари беқиёс даражада катта бўлган.
Машҳур саёҳатчи ва таниқли гидролог олим Владимир Владимирович Цинзерлинг 1884 йил 31 августда Санкт–Петербург шаҳрида таваллуд топди. У ёшлигида елканли кемада дунёдаги барча океанларда сузди. Кейинчалик ишчи, техник, инженер сифатида бир қатор сув иншоотлари, шу жумладан жуда мураккаб деб ҳисобланган Америкадаги Колорадо дарёсидаги қурилишларда қатнашди.
1913 йилдан В.В.Цинзерлинг Амударё дельтасида гидрологик тадқиқотлар олиб борди ва Бош Туркман каналининг дастлабки лойиҳасини тайёрлаш гуруҳига раҳбарлик қилди. Канал қурилиши орадан 40 йил ўтиб бошланган бўлса-да, унинг илк чизмалари эътиборга молик деб тан олинганди.
1918 йилда янги ҳукумат В.В.Цинзерлингни Давлат иншоотларининг ташкилий бюросига киритди ва у ирригация, мелиорация ва ўрмонларни тиклаш лойиҳаларини тузишда фаол қатнашиш имкониятига эга бўлди.
1924 йил баҳорида Қуйи Амударё ҳавзасида вужудга келган сув муаммоларини ечишга ёрдам бериш мақсадида Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши (СредазЭКОСО) томонидан Хоразм воҳасига таклиф қилинган В.В.Цинзерлинг мавжуд шароит билан яқиндан танишди ва дарё сувларини сўл қирғоқ томон йўналтириш юзасидан зарур амалий маслаҳатлар берди. Кейинчалик у таҳлил қилган маълумотларини “Амударё дельтасида суғориш ва пахтачилик истиқболлари” номли мақоласида акс эттирди. ( Цинзерлинг В.В. “Перспективы орошения и хлопководства в дельте Аму-Дарьи ”, Ж.: “Хлопковое дело”. ─ М, 1924).
Шунингдек у Москвага қайтггач, Амударё ҳавзасида ўрганган маълумотларини тўлдириб, “Амударёда суғориш” номли монографиясини нашр қилдирди ( М, 1927, 808 с).
Унда Хоразм воҳасидаги ерлар сатҳи йилига ўртача 1 мм, шу билан бир қаторда дарёдан чиққан қум-совға лой аралаштирилиб тўкиладиган минерал ва маҳаллий ўғитлар сабабли 7 мм. кўтарилиши қайд қилинган. В.В.Цинзерлингнинг китоби -сув хўжалиги муаммолари билан шуғуллаётган олимлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллашига замин яратди.
Яҳё Ғуломов айнан сув хўжалиги тизими ва суғорилиш тарихи мавзусини тадқиқ қиларкан, талабалик даврида “Правда Востока” газетасида ёритилган, ўша даврда катта шов-шувга сабаб бўлган суд жараёни тафсилотлари билан ҳам танишади. Маълумки, ўша йиллари айнан сув хўжалиги тизимида катта камчилик ва нуқсонлар рўй берган, давлатнинг миллионлаб маблағлари ўзлаштириб юборилганди. 1928 йилнинг баҳорида, Тошкентда бўлиб ўтган Ўрта Осиё сув ходимларининг суд жараёни катта шов-шувларга сабаб бўлганича бор эди. Негаки ушбу судда шу даврдаги Ўрта Осиё сув иншооатларининг қурилишидаги катта камчилик , нуқсонлар, салбий жиҳатлар фош қилинган эди.
Судда давлат айбловчиси , прокурор Кондурушкин Ўрта Осиё “мироб”ларининг ишида “босқинчилик, зараркундачилик ва саботаж”нинг барча қонуний белгилари бор эканлигини исботлаган эди.Бунинг устига, Москвадаги Давлат режа қўмитаси сув секцияси раҳбарлари Новацци, Кениг, Цейдлер ва Ризенкампфларнинг Ўрта Осиё Сув бошқармаси бошлиқлари Рикунов, Прохоров ва Мор билан бирга тўла режалаштирилган ва техникавий ҳамкорликда ривожланган фаолиятлари ҳақида гапирар экан, Кондурушкин шундай даҳшатли сўзларни тилга олади: “ Судда, биз ташкилий қаршиликка, устамонлар тўдасининг фитнасига дуч келиб турибмиз”.
Ушбу суддаги тергов материаллари салкам 50 томни ташкил этган, айблов фикри эса майда босмада ёзилган 162 саҳифада баён қилинган эди.Иш Тошкентда бўлиб ўтган Москвадаги Олий Суднинг сайёр йиғилишида беш ҳафта мобайнида кўриб чиқилганди.Суддаги қора курсида юқорида номи тилга олинган -Рикунов, Прохоров ва Мордан ташқари, уларнинг ўринбосарлари-Рискин, Шугаевский ва Шаров, шуниндек,Ўрта Осиё сув хўжалиги Бошқармасининг маъсул лавозимларини эгаллаган 17 нафар судланувчи ( жами-23 киши) ўтириб, жавоб беришганди.
Судда айбланган кишиларнинг исм-шарифларидан кўриниб турибдики, ўлкадаги ер, сув шароитини билмай, бу тизимга раҳбарлик қилган мустамлакачилар эндигина қад кўтараётган шўро давлатининг, халқнинг миллионлаб маблағларини ўзлаштириб юборишганди.
Талабалик даврида Яҳё Ғуломов суд материаллари босилган “Правда востока” газетасини ўқиб, фақат афсус ва надомат чекарди холос. Чунки, маҳаллий мироблар, етук олимлар фикрига эътибор берилмай қилинган лойиҳалар натижасида Жанубий Хоразм сув тизимида ҳам кўплаб хато, нуқсонларга йўл қўйилганди. Суд материалларига кўра, “кўзда тутилган сметадаги пул фақат 6 миллион рубл эди.1924 йилда ишга киришилди.2.519.900 рубл сарф қилингандан кейингина, асосий иншооатлар ноқулай ўринда қурилганлигини, уларни 25 километр нарига суриш кераклигини “пайқаб қолишди”.Бу ишларни тўхтатиб, янги лойиҳа бўйича ишга киришдилар.Янги лойиҳа эса 1927 йилнинг сентябрида ҳам, яъни қурувчилар терговда жавоб бера бошлаган пайтда ҳам тайёр бўлмаган эди.Янги лойиҳа 61 миллион сўмлик сметага асосланган эди.Жанубий Хоразм фожиаси шу билан ҳам якунланиб қолмади.Қурувчилар устидан суд бўлаётган кунларда Сормоводан “землесос”лар келиши кутилаётган эди.Сормовога 1.200 минг сўмлик, 2 “землесос” буюртма берилган бўлиб, “ЎртаОсийсувхўжалиги” ўз ишларини ривожлантириш учун дарё флотилиясини очишни мўлжаллаган эди.
-Жанубий Хоразмда эса бирорта зовур ҳам қазилгани йўқ,-деб таъкидланади суд ҳисоботида.
Суд ҳукмига кўра, Рикунов ва Мор ҳуқуқлардан маҳрум қилинмаган ҳолда 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Прохоров-3 йилга.Энг қаттиқ жазо эса иккинчи даражали шахс бўлган муҳандис Сиромятниковга тегишли: у ҳуқуқлардан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.Суд Москвадаги Давлат Режа Қўмитаси Сув секциясидан Ризенкампф ва бошқаларни суд жавобгарлигига жалб қилиш ҳақида қарор чиқарди ( аммо уларнинг бирортаси ҳам жавобгарликка тортилмади ), 23 нафар айбланувчининг 3 нафари эса оқланди.
Ҳа, сув хўжалиги тизимида ана шундай ачинарли, фожиали ҳолатлар ҳам бўлган эди. Бу воқеаларни талабалик даврида газетадан ўқиган Яҳё ака куюниб қўйган бўлса, кейинчалик ўзи сув тизими билан шуғулланаркан, бевосита судда кўрилган воҳада бўларкан, фожиалар кўлами нақадар катта бўлганини ҳис этди.
Яҳё Ғуломов шу тариқа сув хўжалиги тизимидаги ютуғу камчиликларни ўрганиб, соҳа ходимларининг тажрибаларини , ўзининг экспедицияда тўплаган маълумотларини бошқа манбаларга таққослаган ҳолда “Хоразмнинг суғорилиш тарихи” монографиясини яратдики, ушбу асар мавзуга ҳар томонлама кенг ёндошилганлиги билан эътиборли, умри боқий асардир. Монография археолог-тарихчининг Қуйи Амударё бўйларидаги одам оёғи етиб бормаган, аммо бир пайтлари гуллаб яшнаган қаълаларда олиб борган тадқиқотлари натижасида ёзилганди.Гоҳ пиёда, гоҳида оту эшакда юрганича, дарё ва анҳорлар ёқалаб юриб, шу соҳанинг тажрибали мутахассислари билан маслаҳатлашиб кўплаб маълумотлар тўплаган, қаълаларда текширишлар олиб борганди.
Ана шу изланишлари унинг ушбу асарида ўз аксини опган.Гарчи мавзу суғорилиш тарихи бўлсада, сув бу ҳаёт экан, дарё бўйида барпо этилган қаълалар, улардаги турмуш тарзи, умуман олганда Амударё, унинг қуйи қисмидаги ҳаётнинг, одамзотнинг илк изларидан тортиб то 1950 йилгача бўлган тарих садолари монографияда ёритилган.
Асар 1957 йилда рус тилида, 1959 йилда эса ўзбек тилида нашр қилинган. Маълумки, Яҳё Ғуломов яшаб илмий фаолият олиб борган давр, шўро даврининг мафкуравий босимлари кўп бўлганидан, муаллиф асарида чоризм мустамлакачилиги, шўроларнинг коллективлаштириш, қулоқлаштириш давридаги суғориш тизимидаги ҳолатни, қатағон қурбони бўлган Ўрта Осиёлик Европада ўқиган биринчи ирригатор Муҳаммад Аминадинов фаолиятини ёритаолмаган. Албатта, теран тафаккурли академик ўша машъум йилларда ҳаёт қандай кечганлигини яхши англар, бироқ босма нашрда, хусусан ёқланган диссертацияси ва китобида бу тўғрида очиқ ёзаолмас, ёзган тақдирдаям нашр этдиролмасди.
Бироқ шундай бўлсада, ушбу монография орқали нафақат Қуйи Амударё бўйларидаги энг қадимдан то 20 асрнинг 50 йилларигача бўлган суғориш тизимини, балки ҳаёт жараёнини ҳам билиш, тарих садоларини англаш, сабоқларидан хулоса чиқариш мумкин.

МОХОНДАРЁ ЭКСПЕДИЦИЯСИ

Яҳё Ғуломов 1950 йил кузида қадим Бухородаги кўҳна маданият осори-атиқаларини излаб топиш мақсадида шогирдлари Зарафшон водийсининг қуйи қисмига йўл олади. Фанда Мохондарё экспедицияси дея аталган ва мозий бағридаги кўплаб сирларни кашф қилган археологлар гуруҳининг тадқиқот ишлариям натижали бўлди. Археологлар Варахша, Мохондарё, Гурдуш ва Бужайли каби Зарафшондан ажралиб чиққан ўзанларда тадқиқотлар олиб бориб, катта натижаларга эришдилар.
Археологияда катта тажриба орттирган Яҳё ака Бужайлининг қуруқ ўзани ёқалаб Қоракўл туманидан шимолий ғарбда жойлашган Замонбобо кўлига катта умид боғларди. Негаки, Бужайли ўзанидаги тошқинлардан ҳосил бўлган ушбу кўл қуриб, шўр босиб ётган бўлсада, ўтмишдаги овчи-балиқчи, ибтидоий деҳқончилик билан шуғулланган аждодларимиз учун ризқ маскани ҳисобланганлиги тахмин қилинарди.
Бироқ дастлаб археологлар ҳафта давомида кўлнинг атрофида қазишма ишларини олиб бориб бирон натижага эришаолмай ташвишга туша бошлашди. Бироқ ҳаммадан ҳам кўп Яҳё Ғуломов топилмалардан умидвор эди.
Домланинг садоқатли шогирдларидан Абдулаҳад Муҳаммаджонов бу ҳақда шундай ёзадилар: -Бундай бўлиши мумкин эмас, бу ердан қадимги маданият излари топилиши керак, уларни топмасдан бирор қадам ҳам олдинга экспедиция силжимайди, деган фикрда қаътий туриб олган эди. Ниҳоят, Я.Ғуломовнинг фикри тўғри бўлиб чиқди.
Ҳафтанинг охирига бориб палаткани ( археологларнинг палаткаси назарда тутилмоқда-У.Б) ёнидан майдаланиб кетган суяклар ва сопол идиш парчалари сочилиб ётган жой топилди. 300 квадрат метрлик майдон зудлик билан қумдан тозаланди. Яхшилаб супурилган тақир устида диаметри 1,2-1,5 метр келадиган бетартиб жойлашган чуқурларнинг оғзи кўзга яққол ташланарди. Бу асрлар давомида бизгача сақланиб келган, гумбазини шамол учириб кетган қадимги қаристоннинг қолдиқлари-бтидоий маданият обидаларидан бири эди. Ниҳоятда эҳтиётлик билан гўрлар бирин-кетин кавлаб очила бошланди. Уларда қўл-оёқлари букилиб, ғужанак ҳолда кўмилган одам скелетлари билан бирга, сопол идишлар ва чақмоқтошдан ясалган камон ўқи пайконлари, турли хил тошмунчоқ ва маржонлар, жез зеби-зийнатлар қўшиб кўмилган эди. Бу милоддан аввалги 2 мингинчи йилликнинг ўрталарида деҳқончилик ва чорвачилик билан кун кечирган ибтидоий қишлоқ аҳлининг қабристони бўлиб, фанга “Замонбобо маданияти” номи билан киритилди” ( А.Муҳаммаджонов, “Яҳё Ғуломовни хотирлаб”, Т, 2008 йил, “Шарқ” нашриёти, 35 бет).
Бундай ноёб топилмалар экспедициянинг кейинги йиллардаги фаолиятида яна топилди. Замонбободан ғарбдаги Кичик ва Катта Тузкон номлари билан аталган қадимий кўллар атрофидан милоддан аввалги 5-3 мингинчи йилларда яшаган овчи-балиқчи аҳолининг чайлалари ўрни топилганиям фан учун катта янгилик эди.
Кейинчалик бу ҳудудларда домланинг шогирдларидан Аҳмадали Асқаров, Ўткир Исломовлар ҳам тадқиқот ишларини олиб бориб, тарихнинг янги саҳифаларини бойитдилар.
Хуллас, Мохондарё экспедицияси туфайли катта ва кичик Тузконда неолит даврига ( милоддан аввалги 5-3 минг йиллик ) мансуб овчилар ва балиқчилар манзилгоҳи, бронза даврида ( милоддан аввалги 2 минг йиллик) яшаган кўчманчи чорвадорлар қароргоҳи, антик замонларга оид ашёлар, Ахсикентдаги нодир топилмалар ўрганилди. Шу каби Обираҳмат, Кўлбулоқ, Такалисойда кўплаб ибтидоий манзилгоҳлар топилди. Ушбу обидаларни тадқиқ қилиш туфайли ибтидоий даврда яшаган аждодларимиз ҳаёти, ибтидоий деҳқонлар яратган қадимги маданият, урф-одатлари, эътиқоди, хўжалик юритиш тизимига оид маълумотлар, ўзбек фанининг , тарихшунослигининг обрўси ошишига хизмат қилди.

УМРИБОҚИЙ АСАРЛАР

Яҳё Ғуломов илмий фаолияти давомида, ўзининг ўрганганлари, илмий кузатишлари, тарихий манбаларни тадқиқ қилиш натижалари , билганларини кенг омма эътиборига ҳавола қилиш ниятида “ Ўзбекистонда моддий маданият асарларини сақлаш ва ўрганиш йўлида” ( Тошкент, Ўзкомстарис нашри, 1934, № 29 бет, расмли), “Кекса санъатнинг қари устаси” ( “Гулистон” журнали 1935, № 2 ), “Ўтмиш излари” (археологик текширишлар).- “Гулистон”, 1937, № 4, ), “Миноранинг тикланиши”, ( “Соц, Фан ва турмуш” 1939, № 11 ), “Тарихий ёдномалар” ( “Соц, Фан ва турмуш”, 1939, № 12) “Қадимги Пойканд” (“ Гулистон” 1939, № 11 ), “Қадимги замон ишларини ўрганиш” , (“ Соц. фан ва турмуш” 1939, № 1 ), “Қизилқум ичида қадимги маданият излари” (“Соц. Фан ва турмуш “, 1939, № 7-8 ), “Қизилқум ичида” ( “Гулистон”, 1939, № 6, ( “Новый источник по истории завоевания Туркестана русским царизмом” , Изв. Узб. филиала АН , 1941), “Памятники города Хивы”( Ташкент. Уз ФАН, 1941г) , «Алишер Навоийнинг даврини ўрганиш ҳақида» ( «Улуғ ўзбек шоири» китобида, Ташкент, 1948, 3-24 бетлар), “XV асрда Ўрта Осиё шаҳарларида бинолар ансамблининг традицияси ҳақида”. –( Т, 1948 ) , “Чупан – Ата» ( Трудцы Ин-та истории и археологии АН Узбекистана, Т.1.Ташкент. 1948, с. 22-34), “ Беруний Амударё оқимининг тарихий гидрографияси ҳақида” ( «Беруний – ўта асрнинг буюк олими “ тўпламида), Тошкент, 1950 йил , 70-76 бетлар) , ” Ўзбекистонда археология” Тошкент, «Ўзбекистон » нашриёти, 1956 й, 43 б, “Нукус шаҳри” ( “Фан ва турмуш” журнали”, 1957 йил № 5, “Қадимги сак қавмлари”, (“Фан ва турмуш”, 1957 йил , № 4 ), “Хонбанди “ ( “Фан ва турмуш” журнали, 1958 йил, № 4,), “Тарихшуносликда этнография вазифалари” ( “Ўзбекистон Маданияти” газетаси, 1959 йил 10 июнь), “Қадимги маданиятимиз изларидан”. “Ўзфан акаднашр, 1960 йил), ( “Фан ва турмуш” кутубхонаси), “Жиззах тарихига оид” ( “Қизил Ўзбекистон” газетаси, 1963йил 3 январ), “ Ахсикет обидалари изидан “ ( “ Фан ва турмуш” журнали , 1964 йил №8 ), “ Машҳур кишилар қабри изидан” ( “ Фан ва турмуш” журнали 1966 йил № 11), “Пахтачилик қачон бошланган?” ( “Фан ва турмуш” журнали, 1966 йил № 1), “Кўҳна тарих излари” ( “ Совет Ўзбекистони” газетаси, 1967 йил 29 октябр), “Тарих тилга кирганда” ( “Ўзбекистон маданияти” газетаси, 1967 йил 25 феврал), “В. Л. Вяткин ҳақида хотиралар” ( “Ўзбекистонда ижтимоий фанлар “ журнали , 1969 йил № 11,) “Археология нима?” , “ Саодат” журнали, 1972 йил № 4, ) “Қиз қалъаси” ( “ Фан ва турмуш”, 1972 йил № 10) каби кўплаб мақола ва рисолалар чоп этдирди. “Ўзбекистон халқлари тарихи”, “Самарқанд тарихи” асарларига ҳаммуаллифлик қилди.
Ушбу асарларнинг номиёқ тарихга қизиқувчи ўқувчиларда қизиқиш уйғотади. Шулардан келиб чиқиб бугунги истиқлол даври фарзандлари ва келажак авлод учун юқоридаги мақолаларни тўплаб, русча асарларини таржима қилиб Яҳё Ғуломовнинг сайланма асарларини нашр этмоқ лозим.

ЖАСОРАТ

Академик Яҳё Ғуломов нафақат тарихчи олим, археологик экспедициялар натижасида тўпланган осори атиқаларни авайлаб сақлашга интилди, балки мозийни янада чуқур таҳлил эта оладиган тадқиқотчиларни етиштириш учун жон куйдириб,Россия шаҳарларидаги илм масканларига иқтидорли талабалар, аспирантларни йўллаб турди.1956-59 йилларда ЎЗФА тарих ва археология институтига директорлик қилган пайтида эса, тарихга оид қўлланма, монографиялар ёзиш учун тадқиқотчиларга етарлича шарт шароитлар яратиб бериш билан бирга, тарихчи аспирантлар учун қўшимча жой олишгаям муваффақ бўлди.
Айни пайтда эса у ўз даврининг фидойи кишиси ҳам эди.Кунларнинг бирида Яҳё Ғуломов «Вечерний Тошкент» газетасида пойтахтимиз кўчаларидан бирининг озода, шинамлиги ҳақидаги мақолани ўқиб қолади.Ёлғон ва мақтовдан иборат бу мақолани ўқигач, академикнинг фиғони фалакка чиқади.Чунки, тарихчи ушбу кўчадан ҳар кун ўтар, бу ер озода ва шинам эмас, ахлат уюмларига тўла вайрона эди.Ноҳақликка чидай олмайдиган Яҳё ака ҳақиқий вазият тўғрисидаги мақоласини ёзиб таҳририятга топширади.Муҳарририят эса уни босишга ботинаолмай, мақолани » танишиб чиқиш» учун шаҳар фирқа қўмитасига етказишади.У ердагилар бўлса олимни ҳашамдор хоналарига чақириб, академикга дўк пўписа қилиб дейишадики, «Ҳа, Тошкент сизга ёқмай қолдими? Ёқмаса, тўрт томонингиз қибла кетаверинг»
Бундай ҳақоратларга эса академик ғурур билан, «Мен Тошкентда туғилганман, киндик қоним шу ерда тўкилган ва мен шу ерда яшайман! Сенга ўхшаганлар келиб кетаверади» деб амалдорнинг хонасидан чиқиб кетади.
Шундан сўнг, шаҳар фирқа қўмитасидагилар ЎЗФАга археологнинг танобини тортиб қўйиш кераклиги ҳақида топшириқ беришади.
Табиийки, давр довулларига қарши чиқиш ёмон бўлишини академик яхши билар, аммо ноҳақликларга чидай олмасди.Хусусан, тарихий обидаларга эътиборсизлик, пахта майдонларини кенгайтириш баҳонасида, ноёб обидаларга шикаст етиб, йўқ қилиб юборилаётганидан куюниб, республика раҳбарларига мурожаат қилади.Лаганбардор, ўзини фирқа фаоли сановчилар эса, раҳбар номига йўлланган хат билан танишгач, катта идорада йиғин чақиришиб, Яҳё Ғуломовга обдон насиҳат қилишиб, бу ишингиз ўзингизга ёмон бўлади дея гап уқтиришади.Шунда фаоллардан бири, академикни кечирим сўратдириш ниятида,»Яҳё Ғуломович, балки бу хатни сиз ёзмагандирсиз, тобингиз йўқлигида шогирдларингиз ёзгандир, раҳбарлардан шуни айтиб узр сўрасангиз бўларди» дея тилёғмалик қилган.
Бунга жавобан Яҳё ака, » Йўқ! Бу хатни соппа соғ вақтимда, ўзим, ўз қўлим билан ёзганман.Бу ноёб обидалар бизнинг тарихимиз.Уларни сақлаб қололмасак, келажак авлод бизни асло кечирмайди» деб дадил гапирган экан.
Яҳё Ғуломовнинг Хоразмлик шогирди Абдулла Сотлиқов устозининг ҳаётидаги яна бир ибратли воқеани шундай эсга олгандилар: “Домла юртимиздаги тарихий ёдгорликларнинг жонкуяри эди. Қадимги қалъалар, қўрғонлар, масжиду мадрасалар ва бошқа меъморий ёдгорликларни келгуси авлодга асраб-авайлаб сақлаб қолиш ҳақида кўп қайғурарди. “Улар узоқ тарихимиз ва бой маданиятимизнинг жонли гувоҳи”, деб уқтирарди. Ҳар гал учрашганимда Хоразмнинг Хива, Ҳазорасп, Ваянган, Қаложиқ қалъалари, уларнинг аҳволи ҳақида узоқ суриштирарди. Чунки собиқ шўролар даврида пахта яккаҳокимлигининг ҳукмронлиги ҳамда айрим раҳбарларнинг бепарволиги туфайли кўпгина бебаҳо ёдгорликлар ўша даврда вайрона аҳволга келиб қолган эди. Қалъа деворлари экин майдонларига ўғит қилинди, масжиду мадрасалар бузилди ёки омборхоналарга айлантирилди. Хива, Бухоро, Самарқанд, Жиззах ва Нурота туманларида шундай бўлганлигини ўз кўзим билан кўрганман. Хиванинг Дешон қалъасидан деярлик асар ҳам қолмади. Домла буларни кўриб ич-ичидан куйинарди. Хат орқали, баъзан раҳбарлар билан шахсан учрашиб тарихий обидаларни сақлаб қолиш зарурлигини тушинтирар ва улардан буни илтимос қилар эди. Баъзида бундай учрашувлар очиқ тортишувгача бориб етарди. Кечагидек эсимда, бир куни шогирдларидан бири домланинг ҳузурига келиб Самарқанддаги Афросиёб қалъасини қудратли механизмлар ёрдамида вайрон қилинаётганлиги ҳақида нохуш хабар келтирди. Бизлар тушдан кейин гурунглашиб ўтирган эдик. Бу хабар домлани жуда асабийлаштирди. Домла шогирди Абдулаҳадга дарҳол Самарқандга самолёт учун чипта келтиришни буюрди. Шу заҳотиёқ Самарқандга жўнаб кетдилар. Борсалар, ҳақиқатдан ҳам бульдозер ва эксковаторлар Афросиёбнинг кўп жойини вайрон қилган экан. Афросиёбнинг қоқ ўртасидан Тошкент-Самарқанд автомобил йўли ўтказилаётган экан. Механизаторларга ишни тўхтатишни илтимос қилганлар, аммо улар домлага қулоқ солишмаган, юқоридан берилган топшириқни бажараётганлигини айтганлар. Шундан сўнг домла вилоят ва шаҳар раҳбарини ахтариб кетган. Бахтли тасоддифга қарангки, ўша пайтда шаҳарнинг театр биносида Самарқанд вилоятига қандайдир орден топшириш маросими бўлаётган экан. Раҳбарлар шу тантанага йиғилишганлар. Тантанада республика раҳбарларидан бири ҳам иштирок қилаётган , мажлис энди бошланаётган экан.Домла театр биносига келиб, ходимлардан бирига раҳбарни чақириб беришни сўраган, ўшанда раҳбар домланинг исмини эшитиши билан залдан фойега чиққан.Салом аликдан сўнг домла унга воқеани тушунтирган, тезда чора кўришни илтимос қилганлар. Раҳбар шунда домлага қараб, «Яҳё ака, бир паст сабр қилинг, орденни топшириб олайлик, сўнгра бу масала билан биргаликда шуғулланамиз ва ижобий ҳал қилишга ҳаракат қиламиз», деган. Домла бу жавобдан жуда асабийлашган, сўнгра раҳбарга қараб, зардали оҳангда «Ҳурматли ёшулли, орденни бир неча соат кечикиб топширилса ҳам, ҳеч нарса ўзгармайди, аммо шу бир неча соат ичида Афросиёбдан асар ҳам қолмайди. Афросиёб – ўтмиш тарихимизнинг жонли гувоҳи, давлатчилигимиз бешиги, жаҳон маданиятининг нодир дурдонаси. Агар у тарих саҳнасидан йўқ бўлиб кетадиган бўлса, тарих сизни ҳеч қачон унутмайди», – деган. Бу сўз раҳбарга кучли таъсир қилган шекилли, дарҳол масъул ходимларни чақиртириб, Афросиёбдаги олиб борилаётган ишларни тўхтатишни буюрган. Натижада, Тошкент-Самарқанд йўли қалъани четлаб ўтадиган бўлган. Шундай қилиб, Ўзбекистондаги Афросиёбга ўхшаган ўнлаб-юзлаб тарихий обидалар домламиз Яҳё Ғуломовнинг жонкуярлиги, қаътиятлиги ва жасорати туфайли ҳозирги ва келгуси авлодлар учун асраб қолинди. Домла Самарқанддан келгач, ушбу воқеани севинч билан менга хикоя қилиб берган эди.
Домланинг қанчалик ватанпарвар инсон эканлигини тубандаги мисол ҳам ёрқин тасдиқлайди. Эсимда, Тошкент зилзиласидан икки йил кейин, ёз фаслида домланинг ҳовлисига тўрт нафар архитектор (шулардан бири аёл киши эди) кириб келдилар. Домла уларни илиқ кутиб олди. Уларнинг исмлари эсимдан кўтарилган. Эҳтимол, улар Ноткин ва Булотовлар бўлса керак. Тошкентдаги қурилишларнинг бир хилда, худди гугурт қутисига ўхшатиб қурилаётгани, кўриниши йўқлиги ва сифати пастлиги ҳақида гапирдилар. Тошкент Шарқнинг машъал шаҳарларидан бири, иморатларнинг қурилишида шарқона кўриниш бўлса, тошкентлик меъморларнинг ҳам фикрлари ҳисобига олинса яхши бўлар эди, дедилар. Улар ўзларининг фикрларини шаҳарнинг масъул раҳбарларига етказишни домладан илтимос қилдилар. Домла ҳам Тошкентдаги олиб борилаётган қурилишлар ҳақида худди шундай фикрда эди. Домлага меъморларнинг юқоридаги сўзлари маъқул тушди. Эртаси куни ишга кетаётиб, домла шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби қабулида бўлган, котиб муомала маданиятидан анча бехабар ёш йигит экан. Домла котибга юқоридаги таклифни асослаб, тушунтириб берган. Бироқ котиб домланинг фикрига етарли эътибор бермаган. Шундан сал олдинроқ домланинг марказий газетада босилган “Тошкент чойхоналари” ҳақидаги танқидий мақоласи уни ранжитган бўлса керак, жоҳиллик билан кўнглидаги ғазабни тўкиб соча қолган. Котиб домлага қараб, «Домла сиз бизнинг ишимизга кўп аралашаверманг. Нима қилишимизни ўзимиз яхши биламиз. Ортиқча ақлнинг ҳожати йўқ. Сиз ўзингизнинг чўлдаги ишингиз билан шуғулланинг, агар бизларнинг қилаётган ишимиз Сизга маъқул келмаса Тошкентдан чиқиб кета қолинг. Аммо бизнинг ишимизга халақит берманг», деб қўпол муомала қилган. Бу сўздан домланинг жаҳли чиққан. Котибга қараб, «Мен-ку асли Тошкентликман, бутун умрим илм ахтариб чўлу биёбонларни кезганман. Сен ҳам иссиқ хонангни, юмшоқ курсингни тарк этиб, чўлу қумларда изғирин совуқ ва жазирама иссиқларда юриб, азобини татиб кўрсанг, хўп яхши иш бўлар эди», деб яна отасидан эшитмаган «ширин» сўзларни айтиб, котибнинг хонасидан чиқиб кетган. Домла уйига келиб анча вақтгача ўзига келолмади, маданиятсиз, насл-насаби маълум бўлмаган кимсаларнинг амал курсисида ўтирганлигидан қаттиқ ранжиди.
Домла жуда меҳмондўст ҳам бўлиб, унинг хонадонида меҳмонсиз куни кам бўларди. Меҳмонлар орасида Россия, Украина, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа жойлардан келган олимларни учратиш мумкин эди. Улар фан янгиликларидан, оламда юз бераётган воқеалар ҳақида мириқиб суҳбатлашишарди. Домланинг ҳузурига дўстлари ва шогирдлари ҳам тез-тез ташриф буюриб, ҳамсуҳбат бўлардилар. Баъзан гурунг республикамизнинг ички имкониятлари, халқимизнинг турмуш даражасига бориб тақаларди. Домла суҳбатдошининг мулоҳазаларини жуда эътибор билан тинглар, ўз фикрини ҳам очиқ айтишдан қайтмасди. Эсимда, домла бир суҳбатида «Ўзбекистон бой имкониятга эга мамлакат. Табиий бойликлари сероб, ерлари ҳосилдор. Дарёлар, чашма ва сойларидан, тоғ дараларидан оқаётган сувларидан тежаб-тергаб фойдаланилса, яна қанчалаб қадим суғорилган ерлардан фойдаланиш мумкин. Пахтамиз, ипагимиз ва бошқа маҳсулотларни шу ернинг ўзида қайта ишланса ва сотилса, қўлидан иш келадиган одамларга тадбиркорлик имкони берилса, халқимиз янада фаровон яшарди. Илғор давлатларнинг ташқаридан берган ёрдами билан ҳамма муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Аввало, ҳалқнинг ўз эрки, хохиш-иродаси, ташаббуси ҳам бўлиши керак. Ташқаридан ҳеч ким бирор мақсадсиз бекорга ёрдам бермайди», деди. Домла бирпас тўхтаб, суҳбатдошларига назар соларкан, сўзини давом қилдирди. «Юртнинг фаровонлиги учун одамларимизнинг, айниқса мансабдор шахсларнинг фикрлаши ва маънавияти ҳам юқори бўлмоғи керак. Халқимиз қадим-қадимдан юксак маънавиятли, ориятли, имон-эътиқодли ва меҳнатсевар халқ бўлган. Аммо негадир шу яхши хислатларга қараганда ёмон иллатлар кўпайиб бораяпти. Айниқса, айрим раҳбарлар фаолиятида бу аниқ кўзга ташланаяпти. Мансабни суистеъмол қилиш, молпарастлик, кўзбўямачилик, маишатпарстлик иллатлари куртак отаяптики, бунга чидаб бўлмайди. Тарихдан маълумки, қаерда бундай ярамас иллатлар авж олса, шу жойнинг келажаги бўлмайди», деб сўзни якунлади. Буларнинг барчаси ўша даврда кўпчиликни ташвишга солаётган муаммолар эди. Домла ишхонасидан қўлёзма солинган хатжилдни олиб чиқди. Унда адреслар аниқ ёзилган эди. Хатжилдни шогирди Абдулаҳад Муҳаммаджоновга берар экан, уни почтага ташлаб ўтишни илтимос қилди. Абдулаҳадга қараб, хатни ўқиб кўринг, уни Абдулла ҳам эшитсин, деб менга ишора қилди. Абдулаҳад хатни овоз чиқариб ўқиди, бироқ юзида ташвиш аломати сезилиб турарди. Чунки хатда тубандаги ўткир жумлалар ёзилган экан: «Ҳурматли….(исми, фамилиясини қолдирдик). Маълумингизки, кейинги пайтларда Тошкентда қонунбузарлар, безорилар, ўғри-ўтриклар кўпайиб қолди. Бундан одамларнинг тинчлиги ва осойишталиги бузилмоқда. Шундай бир вазиятда шеър ва ашулалар машқ қилишни бирпас тўхтатиб, бу ишни ўз эгаларига қўйиб берсангиз, ўзингиз эса бевосита масъулиятли вазифангиз билан шуғуллансангиз, кўп маъқул иш бўларди». Ушбу хат республикамизнинг қонунчиликни муҳофаза қилувчи энг юқори лавозимдаги бошлиғига ёзилган экан. Абдулаҳад домлага қараб, юзида ташвиш билан бу хатни жўнатсак оқибати нима бўлар экан, деб хавотирланди. Шунда Яҳё ака “қачонгача қўрқиб яшаймиз. Кимдир буларни айтиши керак-ку, «Қарғадан қўрққан тариқ экмайди», хат охирида имзойимиз бор”, деб қўйди. Абдулаҳаднинг ташвишланганича бор эди. Ўша даврда юқоридаги раҳбарларга очиқ сўзларни ёзиб юбориш, ўз ҳаётини таҳликага солиш билан баробар эди. Домла буни яхши билар эди. Зеро, у одамлар ташвиши, элу-юртнинг ғами билан яшарди. Ўша қалтис замонда бундай хатни ёзиб юборишнинг ўзи жасорат эди.
Яна бир воқеа эсимда. Домланинг Фатҳулла ака исмли қадрдон синфдош дўсти бор эди. У тез-тез домлани йўқлаб келар ва ишдан кейин ёшлик даврини эслаб, домла билан чақчақлашиб ўтирардилар. Фатҳулла ака нафақада бўлиб, оиласи ўрта ҳол даражада эди. Домла дўстини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турарди. Агар Фатҳулла ака узоқ вақт кўринмай қолса, домланинг ўзи бориб ҳол-аҳволини билиб, уйига ўзи билан олиб келарди. Фатҳулла акани ҳафталаб уйидан юбормасди. Чунки у домланинг ҳақиқатдан ҳам садоқатли, ширинсухан дўсти эди. Бир куни қизғин суҳбат орасида Фатҳулла ака ҳаётдаги камчиликлардан, ярамас иллатлардан ва нафақанинг камлигидан сўз юрита бошлади. Домла дўстининг сўзини бўлмади, охиригача тинглади. Сўнгра дўстига қараб ҳазил аралаш: «Фотҳи, сўзлаб бўлдинг-ми, айтган гапларинг ҳақ гаплар. Аммо кимга шикоят қиляпсан, ўзи! Ахир, шу ҳукуматни қўлингга қурол олиб, ўзинг ўрнатган эмасмисан! Энди бу ёғига чидашга тўғри келади», деб қўйди. Ушбу киноя билан айтилган сўзнинг тагида чуқур фалсафий маъно бор эди”.
Бундан ташқари Яҳё Ғуломов ўша даврдаги мафкуравий босимларга қарамай, Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини ҳаққоний ўрганган Иброҳим Мўминовни ҳимоя қилишга ҳам бош бўлади. Негаки, И.Мўминовнинг “ Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” китоби 1968 йилда чоп этилгач, асарга нисбатан салбий қараш, норозилик ҳаракатлари кучайиб кетади. Москвада нашр этиладиган “Вопросы истории» журнали ( 1973 йил № 2)да А.П.Новосельцевнинг, “История СССР” журнали ( 1973 йил № 5)да эса М.Абдураимовнинг муаллиф ва асар қаҳрамонини қоралаб чиққан мақолалари ёритилади. Шунингдек, ЎЗФА тарих институтида бир неча бор китоб муҳокама қилинганида, Яҳё Ғуломов, Ҳамид Сулаймонов, Ҳамид Зиёев, О.Эшонов, Ш.Ўразаев, Б.Лунин, Л.И.Ремпель, Г.А.Пугаченкова. М.Хайруллаев, М.Нурмуҳаммедов, Р.Аминова, Х.Иноятовлар Иброҳим Мўминовни ёқлаб чиқишга журъат қилгандилар.
Москва нашрида , у ердаги тарих институтида қораланган асарни ва муаллифни ёқлаб чиқишга бош бўлиш ўша даврда чинакам олимона жасорат эди.
Ҳа, Яҳё Ғуломов ана шундай фидойи ватанпарвар олим бўлган. Шу боис ҳам табиатан ҳақгўй, ҳақиқатпарвар инсон ёзган асарлар холислиги билан шуҳрат қозонган.

ШОГИРДЛАРГА ҒАМХЎРЛИК

Асарларини юксак савияда ёзган олим чин маънодаги устоз ҳам эди. Шу боисдан эътибори, ёрдами, ғамхўрлиги сабаб Ҳамид Зиёев, Исо Жабборов, Абдулаҳад Муҳаммаджонов, Мирсодиқ Исҳоқов, Анатолий Саъдуллаев, Аҳмадали Асқаров, Абдулла Сотлиқов,Ўткир Исломов, Рустам Сулаймонов, Темур Ширинов, Амриддин Бердимуродов, Қурбонбой Собиров каби юзлаб археологлар, Пирмат Шермуҳаммедов, Турсунбой Каримов, Қодирберган ҳожи Жумамурод ўғли сингари кўплаб ижодкорлар етишиб чиқди.Агарки, домланинг кўп йиллар давомида Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институтида талабаларга сабоқ берганини эслайдиган бўлсак, унинг шогирдлари сафи янада ортади.
Профессор Ҳамид Зиёев “Тарихнинг очилмаган саҳифалари” китобида ( Т, “Меҳнат” нашриёти 2003 йил, 221 бет) ўзининг тарих фанидаги чинакам кашфиёт бўлган Сибир, Волгабўйи ва Уралдаги ўзбеклар мавзусига бағишланган илмий ишини ўрганиш, мавжуд қийинчиликларга ( Қозоғистондаги Олмаота ва Россиядаги Пермь, Омск, Тобольск, Тюмен, Ирбит, Томск каби энг узоқ шаҳарлардаги 24 та архивларда ишлаш) қарамай давом этдиришда Яҳё Ғуломов катта жонбозлик кўрсатганини таъкидлаб ўтгандилар.
Маълумки,1966 йилда Афросиёбда ўтказилган археологик тадқиқотларда илк ўрта асрларга тегишли ноёб деворий суратлар билан бирга, ўн бир қатор сўғд ёзуви ҳам топилганди. Ўзбекистонда ушбу ёзувни ўқий оладиган биронтаям мутахассиснинг йўқлиги туфайли, археологлар ленинградлик В.А.Лившицга мурожаат қилишади.Бироқ Яҳё Ғуломов фан истиқболини ўйлаб, Лившицдан кейин ҳам агарки шунга доир янги топилмалар топилса, бевосита ўзбек олимлариям сўғд ёзувини ўқий оладиган бўлишса эди, деган истакда Мирсодиқ Исҳоқовни Ленинградга юборишга бошчилик қилади.Натижада Мирсодиқ Исҳоқов Лившицга шогирд тутишиб, бугунги кунда Ўрта Осиёдаги ягона сўғдшунос олим бўлиб етишди.Шу тариқа Мирсодиқ Исҳоқовнинг номи айнан Яҳё Ғуломовнинг қўллаб-қувватлаши, ғамхўрлиги, қолаверса ўзининг ҳам интилувчанлиги боис Россиялик В.А.Лившиц, М.Н.Боголюбов, О.И.Смирнова, Англиялик И.Гершевич, Д.Н.Маккензи, АҚШлик М.Шварц каби машҳур сўғдшунослар қаторидан жой олди.
Шунингдек, Яҳё Ғуломов А.Асқаров, М.Қосимов, Ў.Исломов, Р.Сулаймонов, Х.Насриддинов, С.Раҳимов, Т.Мирсоатов каби яна кўплаб истиқболли тарихчиларни Москва, Ленинград шаҳарларидаги А.П.Окладников, П.И.Борисковский, М.М.Герасимов, М.П.Грязнов сингари ўз даврининг машҳур олимлари ёнига бевосита ўзи олиб бориб, аспирантурага жойларди. Вақт ўтиб ушбу шаҳарларга борганида шогирдлари аҳволидан хабар олар, илмий ишни қандай давом этдираётганлиги билан қизиқар, моддий томондан ҳам қўллаб қувватларди.
Яҳё аканинг Қорақалпоғистонлик шогирдларидан Қодирберган ҳожининг айтишига қараганда, “аввало у одоб-ахлоқли, илмга ихлосманд ёшларни шогирдликка оларди. Шогирдларига илм ўргатишдан ташқари, уларнинг тарбиясига ҳам катта эътибор берарди. Шогирдларига аҳлоқ-одобни, ҳалолликни, камтарликни, меҳнатсеварликни, ўзбекона одатларга қатъий амал қилишликни ўргатар эди. Домла шогирдларига “ илм ўрганиш осон иш эмас, бунга эришмоқ учун оғир қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келади, бу эса тинимсиз машаққатли меҳнатни, ақл-заковотни талаб этади, «мадраса тупроғини яламаган шогирддан олим чиқмайди», деб насиҳат қиларди”. Ҳафтада бир марта шогирдлар билан учрашиб, уларнинг ўқишлари ва ёзган ишларидан хабардор бўлиб турарди. Ёзган ишларини шахсан ўзи ўқиб, камчиликларини кўрсатар ва янги вазифалар бериб юборарди. Домланинг уйи, қолаверса шахсий кутубхонаси шогирдлар учун ҳамиша очиқ эди. Илмий ишда ҳалолликка, воқеаларни биринчи манбалар асосида холисона яратилишига, ишнинг илмий таҳлилига алоҳида эътибор берарди. Агар илмий ишда шу талабларга жавоб бермаса, муаллиф юқори лавозимда бўлишига қарамай, ишни ҳимоя қилишга асло тавсия қилмас, унга ижобий тақриз бермас эди. Домланинг эътирози билан ҳатто ҳимоядан қолдирилиб юборилган саёз илмий ишлар ҳам оз эмас эди. Домла шогирдларининг оилавий аҳволи билан ҳам қизиқарди. Шогирдларни уйига таклиф қилганида, уларни албатта овқатлантириб, зарур бўлганида уларга ҳатто моддий жиҳатдан ёрдам кўрсатиб юборарди. ” Оиласида тинчлик бўлса, илмий ишида самара бўлади”, дерди Яҳё Ғуломов”.
Академик сифатида катта обрў қозонган Яҳё ака устоз-шогирдчилик анъанасига кўра, ўзи раҳбарлик қилаётган ёшларнинг илмий ишларинидан доимо хабардор бўлиб, уларга керакли адабиётлар, ҳаттоки пул билан ҳам таъминлаб турганлар.
Яҳё аканинг Хоразмлик шогирдларидан Абдулла Сотлиқов бу ҳақда шундай хотирлагандилар: “Бир куни ёзган ишимни кўрсатиш учун домланинг ҳузурига келдим. Кечки овқатдан сўнг домла “мендан уйдагилардан хабар олдингизми, телефон қилдингизми, хат ёздингизми”, деб сўраб қолдилар. Мен иш билан машғул бўлиб, уйдагилардан хабар ололмаганимни айтдим. Яҳё ака “ уйдагилар ҳам сиздан хавотирда бўлсалар керак” деб, иш хонасидан бир бет оқ қоғоз ва хатжилдни чиқариб берди. Шу ерда уйдагиларга хат ёзиб, хатжилдга солиб почтага ташлаб ўтинг, дедилар. Мен жуда ўнғайсизланиб қолдим, хатни қандай ёзганимни билмадим. Хатни яқин орадаги почтага жўнатиб кетдим.
Бу орада диссертациямни илмий кенгаш ҳимоя қилишга тавсия қилди. Домла авторефератга имзо чекиб, нашр қилиш учун 6-типография директорига хат қилиб берди. Авторефератни тез бостиролмадим, нашр қилиш учун тўлайдиган пулим етишмасди. Почта орқали уйдан жўнатилган пул ҳам етиб кела қолмади. Домла авторефератнинг нашри нега чўзилаётганини сўраб қолдилар, мен воқеани тушунтирдим. Шунда келинойимизга қараб, менга юз сўм пул чиқариб беришини айтди. Авторефератим 2-3 кунда нашрдан чиқди, мен ҳам, домла ҳам беҳад хурсанд бўлдик.
Домланинг Инқилоб исмли шогирди билан ҳам худди шундай воқеа юз берган эди. Домла шогирдларидан Инқилобни кейинги пайтда кўринмай қолганлигини суриштирди. Улар домлага Инқилоб автореферати нашри учун пул топиш мақсадида мардикорлик қилаётганини, ғишт қуйиб юрганлигини айтдилар.Шунда домла бошқа шогирдига Инқилобни дарҳол топиб ҳузурига келтиришни топширди. Инқилоб эртасиёқ домланинг ҳузурига етиб келди. Домла “нега бу аҳволни менга билдирмадингиз”, деб Инқилобни анча койиб қўйдилар. Сўнгра сумкасидан 80 сўм пулни чиқариб, Инқилобга берди ва 3-4 кун ичида автореферат қўлимда бўлсин, деб топширди. Дарҳақиқат, домламиз ўта сахий, мурувватли инсон эди. Шогирдлари мушкулини осон қилишни ҳар нарсадан устун қўярди. Бундай меҳр-оқибатли, саховатли устозлар, илмий раҳбарлар жуда камдан-кам учрайди.
Мен домланинг серфарзанд шогирдларидан эдим. Фарзандларимнинг барчасини исми-шарифларини Яҳё ака ёддан биларди. Уларнинг соғлиғи ва ўқишлари ҳақида қизиқиб, сўраб турарди. Урганчга қайтадиган пайтимда, менинг эътирозимга қарамай, домла эрта билан бозорга бориб болаларимга совға учун ёнғоқ, писта, ширинликлар ва албатта чиройли кийимликлар олиб келарди. Баъзан ўзлари мени аэропортгача кузатиб қўярди. Шунингдек у кишининг ўзиям иш юзасидан Урганч ва Хивага тез-тез келиб турарди. Ҳар гал келганида Хоразмнинг кекса, кўпни кўрган одамларидан -Хива тарих музейининг бўлим бошлиғи, наққош уста, тарихчи Абдулла Болтаев, Асфандиёрхоннинг девонида ишлаган, ёши тўқсонлардан ошган Бобожон Тарроҳ (Ходим ), кекса ирригатор Жума Оташов, Бобожон Отабоев ва институтимиз ўқитувчиларидан Халил ака Сиддиқов ва Отажон ака Ёвбосаровлар билан учрашиб, улар билан суҳбат қуриб кетарди. Домланинг хотираси ва зеҳни жуда ўткир эди. Ҳатто 30-40 йилларда Хоразмга келганида суҳбатдош бўлган қарияларнинг номларини эсга олиб, уларнинг руҳларига дуойи фотиҳа қилиб ўтирарди.
Домла нафақат Тошкентда, ўзининг иш жойида, хатто вилоятларда ҳам ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олинарди. Бунга ўзим кўп марта гувоҳ бўлганман. Тошкент кўчаларида кетаётганимизда кекса одамлар ва ёшлар ҳам албатта домла билан саломлашиб, сўрашиб ўтардилар. Мен ана шундай обрў-эътиборга сазовор бўлган устозим билан фахрланар эдим. Ҳаётда хаммаси силлиқ кетавермас экан. Яхшилик ва жоҳиллик, ҳавас ва ҳасад ёнма-ён юрар экан. Олимлар орасида домланинг обрў-эътибори ошиб боришини кўролмайдиган ҳасадгўй, жоҳил одамлар ҳам учраб турарди. Ҳасадгўйлик, бахиллик ёмон иллат, улар қанчадан-қанча машҳур олимларни, ёзувчи ва шоирларни ҳаётдан эрта кўз юмиб кетишига сабабчи бўлди. Домла ана шундай нопок одамларни жуда ёқтирмас эди. Уларнинг ярамас қилмишларини кўриб, жуда асабийлашарди, баъзида оғир хасталикка ҳам чалиниб қоларди. Домланинг ҳаётдан эрта кетишига ана шундай жоҳил, нопок одамларнинг қилмишлари ҳам сабаб бўлди, десак асло хато бўлмайди.”.
Яҳё Ғуломовнинг яна бир шогирди, археолог Қурнбой Собиров дастлаб Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институтида домладан сабоқ олиб, тарихга ихлоси кучлигидан унга шогирд тушади. Бу ҳақда шогирди Қурбонбой ака шундай эслайди :«1970 йилда Фанлар Академияси Тарих ва археология институти раҳбариятидан хабарнома келди. Унда тезда академияга етиб келишим қайд қилинган экан. Кейин Тошкентга- Академияга бордим, шу вақтда институт директор ўринбосари Аҳмадали Асқаров мени Яҳё Ғуломов хонасига олиб борди ва “ сизнинг шогирдингиз бўлади”, деди. Кейин домла мени уйига олиб бориб, бир хонасига жойлаштирди. Ва кутубхонасидаги китоблардан бемалол фойдаланаверишини айтди. Кейин аспирантурага имтиҳон топшириш пайтида домла билан бирга, академияга трамвайда бирга борар эдик. У инсон менга ғамхўрлик қилиб, уйидан жой бериш, илмий иш мавзусини танлаш билан бирга Россиядаги археология институтига аспирантурага киришимга ёрдам берибгина қолмай, ҳаттоки у ерга бориш учун йўлкира ҳам бериб юборди”.
Яҳё Ғуломовдан Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтида сабоқ олган шогирди, кейинчалик таълим соҳасидаги фаолиятлари учун Қорақалпоғистон халқ ўқитувчиси, “хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” ва бошқа унвонларга сазовор бўлган Қодирберган ҳожи Жумамурод ўғли ҳам домланинг инсонийлик фазилатларини шундай эсга оладилар: “Домланинг ҳар бир маърузаси содда, тушунарли, манбааларга бой ва илмий хулосалари асосли ва қизиқарли бўлганлиги боис талабалар томонидан эътибор билан тингланар эди. Воқеаларнинг қизиқарли баёнидан тингловчи ўзини худди ўша даврга саёҳат қилгандек ҳис қилар эди .
Домла китобни жуда севар, қадрларди. Китоб жавонидаги китоблар ниҳоятда тартиб билан тахлаб қўйилган бўлиб, Ўрта Осиё, Россия ва Европа тарихига доир қимматли асарлар бор эди. Айниқса араб, форс тилидаги қўлёзмаларни жуда севиб мутоалаа қиларди. Наршахий, Байхақий, Абдураззоқ Самарқандий, Хондамир, Мунис, Огаҳий ва Баёнийларни тарихнавис олим сифатида жуда ҳурмат қиларди”.
Маълумки, археологияда шу соҳа мутахассисларидан ташқари, қазишма ишлари кетаётган жойдаги маҳаллий аҳолидан ҳам хизматчилар жалб этилади.Яҳё Ғуломов ана шу хизматчилар билан дўслашиб кетар, уларгаям ҳар томонлама ёрдам кўрсатар, қандайдир муаммолари бўлса маҳаллий раҳбарларга айтиб уларнинг ечимини изларди.Натижада маҳаллий аҳолида ҳам Яҳё акага ихлос пайдо блган, улар вақт ўтиб Тошкентга боришса, берилган адресга кўра домланинг хонадонига кириб боришаверарди.
Академик Абдулаҳад Муҳаммаджонов домла билан бирга ишлашган маҳаллий аҳолининг Яҳё акага муносабати, бунинг эса археология ривожига кўрсатган таъсири ҳақида шундай ёзганди: “ 1956 йил сентябрь ойининг бошлари Яҳё Ғуломов раҳбарлигидаги экспедицимиз Бухоро шаҳридан 50 километрча шимолий-ғарбда ҳозирги Бухоро-Газли йўлига яқин Қизилқумнинг дашти Урганжий деб аталган қисмида сўнгги антик давр ( милоднинг 3-4 асрлари)га мансуб ва маҳаллий аҳоли ўртасида Қизилқир номи билан машҳур бўлган археологик ёдгорликда қазув ишлари олиб бормоқда эди. Тушки овқат пайти.Эндигина бўй ола бошлаган саксовулларнинг олачалпоқ соясида қазувчи ишчилар тўп-тўп бўлишиб чой ичишиб ўтиришарди. Қумликка ёнбошлаб олган Эшпўлат оға атрофига илк бор қазиш ишларида қатнашаётган Раҳимбой, Ширинбой, Тўрамурод, Абиш оға, Ойсулу, Рахшона ҳамда қадимги қўрғон харобаларида олиб борилаётган археологик қазувларни томоша қилгани келган овулдошларини тўплаб, уларга Яҳё Ғуломов қандай қилиб Қизилқирни очгани тўғрисида ҳикоя қилар эди.
-Биласизларми, Қуломовнинг( яъни Яҳё Ғуломов назарда тутилмоқда-У.Б.) дурбини бор, -дерди у,-Тошкентда туриб у дурбиндан қарайди-да, сўғин ўси жерга келади. Бу топқир олим ўси жердан том шиқади деса-том, тас шиқади деса-тас, агар олтин деса-олтин шиқади.
Дарҳақиқат, Эшпўлат оғанинг бу ҳикоятомуз гапида ҳам жон бор эди. Чунки Яҳё Ғуломов даставвал Қизилқирга 1953 йили келиб, қазиш ишларига маҳаллий аҳолини ишга таклиф этган вақтда биринчилардан бўлиб Эшпўлат оға келган. Ўшанда у Яҳё Ғуломовга қараб:
-Инженер! Биз бу ерда қандай жумусни бажарамиз?,-деб сўрганида , Яҳё Ғуломов унга, мана шу яссигина тепани кавлаймиз, деб жавоб берганди. Эшпўлат оға бўлса,-бу тоғ бўлмасаки уни ковлаб кон қидирсанг, остида булоғи бўлмасаки сув чиқариб бу қўриқ даштни суғорсанг, усти майда қизил шағал билан қопланган бу қирчадан нима ҳам чиқарди,-деганида , Яҳё Ғуломов бир оғиз сўз билан унга:-Бу ясси тепаликнинг остида том бор,-деб жавоб берган эди. Буни қарангки, қазиш ишларининг иккинчи кунидаёқ, эни 2 метрли тўрт томонга йўналган қалин деворлар очилиб мавсум охирларида ясси тепанинг марказидан эни ҳам, бўйи ҳам 9 метрли, чор атрофида супалари бўлган, квадрат шаклдаги каттагина миёнсарой-зал очилганди. Бу кенг залнинг тўрт томони эни қарийиб 3 метр, бўйи 14 метрли узун йўлаклар билан ўралган. Бу иморатлар дарвозахонаси ғуломгардишли ( ўралган) каттагина қадимий қўрғоннинг харобалари эди.
Куз кириб, салқин тушиб қолгани сабабли Яҳё Ғуломов Қизилқирдаги қазиш ишларини тўхтатадиган бўлди. Шундан аввал, ёдгорликнинг маданий қатламларининг қалинлигини аниқлаш мақсадида шогирдларидан археолог Т.Аъзамхўжаев ва архитектор В.А.Нильсенларга Қизилқир ёдгорлигининг марказий қисмида шурф-чоҳ қазиш учун жой кўрсатиб, ўзи Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жойлашган Замонбобо кўли соҳилида топилган яна бир нодир археологик обидада олиб борилаётган қазиш ишларидан хабар олгани жўнаб кетади. Во ажаб, буни қарангки, шу пайт Қизилқирда кавланаётган шурф остидан кучли ёнғиндан ҳосил бўлган кул ва қулаган пахса девор остидан ёшгина аёл скелети чиқиб қолади. Скелетнинг бўйин қисмида беш шода марварид ва уч дона кубик шаклидаги олтин медальон ( тумор) ча ҳамда кўкрак ва оёқ қисмларида эса 78 дона ярим шарчалар шаклида майда тилла тақинчоқлар бор эди. Бу ҳодиса Яҳё Ғуломов белгилаб берган жойни қазиётган Эшпўлат оға ва унинг атрофидагиларни ҳайратга солган эди” ( А.Муҳаммаджонов “Яҳё Ғуломовни хотирлаб”, Т, “Шарқ”, 37-39 бетлар).
Табиийки, ҳали қазиш бошланмаган жойда қандай топилмалар борлигини тахмин қилиш, айтиб бера олиш учун фақатгина археологик тажрибагина эмас, оллоҳ берган иқтидор, теран тафаккур ҳам зарур эди.
Ана шундай теран тафакурли академик 1977 йилнинг 12 январида 69 ёшида вафот этган бўлсада, у яратган асарлар умрибоқийдир. Шу билан бирга ўз даврининг мафкуравий босимларига қарамай миллий қадриятлар, аждодларимиз яратган обидаларни асраб қолишга интилгани, даврдошлари, шогирдларига кўрсатган инсоний ғамхўрлиги унинг ибратли ШАХС эканлигини, миллат учун эса чинакам ЗИЁЛИ тимсоли бўлганлигини билдириб туради.Буларнинг бари эса бугунги ва келажак авлод учун ҳаёт мактаби, фан ва инсоний сабоқлардир.Хуллас, 69 йиллик Яҳё Ғуломовнинг ҳаёт йўли илмга ихлос, матонат ва фидойиликдан иборатдир.

ТАКЛИФ

Яҳё Ғуломов вафот этганига ҳам бир йигит умри бўлиб қолди. Академикнинг шогирдлари ҳам умрининг кексалик фаслида яшамоқдалар.Уни таниган-билган замондошлариям тақдири азал сабаб бирин-кетин ҳаётдан кўз юмишмоқда.Демоқ тезлашмоқ лозим…Нимага?!
Яъни, бугунги ва келажак авлодга ибрат намунаси сифатида буюк шахснинг ҳаёт йўли ҳақидаги “ Яҳё Ғуломов замондошлари хотирасида” китобини яратмоқ лозим. Шунингдек, биз очеркимизда таъкидлаб ўтган ва бошқа мақолалари, асарларини топиб, улар асосида академикнинг сайланма асарларини нашр этиш керак.
Қолаверса, тарих фанидан илмий иш қилаётган бўлғуси олимлар Яҳё Ғуломовнинг илмий мероси , ҳаёт фаолияти, у ташкил этган экспедицияларнинг фан ривожига қўшган ҳиссаси каби мавзуларда тадқиқотлар бошласалар яхши бўларди.
Шу каби жасоратли умр соҳибининг ҳаёт йўли тўғрисида олдинига ҳужжатли, кейинчалик эса моҳир драматург яратган сценарий асосида бадиий фильм ишламоқ, бунинг учун танлов ўтказиш жоиз.
Бундан ташқари, домла номига Тошкент шаҳрида кўча қўйилганини мамнуният билан таъкидлаган ҳолда, Яҳё Ғуломов номини юртимизнинг бошқа шаҳарларидаги кўча, маҳалла, мактаб, университет, музейларга ҳам бериш керак менимча.
Шу билан бирга республикамиз вилоятларида Яҳё Ғуломов номидаги тарихчиларнинг илмий семинари ўтказилаётганидан хурсанд ҳолда, у кишининг номи билан ижтимоий фанлар тадқиқотчилари, улар яратган асарлар учун Давлат мукофотини таъсис қилмоқ керак.Зеро, Яҳё Ғуломов шунга лойиқ ШАХС , миллатимиз учун фахр тимсолидир.

1 may — Akademik Yahyo G’ulomov tavallud topgan kun

Umid BEKMUHAMMAD
YAHYO G’ULOMOVNING JASORATI
02

FAN FIDOYISI

1936 yil.Jo’shqin Amudaryo qirg’oqlaridagi qadimiy qa’lalarni tekshirish uchun qayiqda suzib borishayotganda, daryoda oqim ko’tarilib, toshqin boshlandi. Qayiq Tuyamo’yin darasiga kirar-kirmas shamol ko’tarilganicha, daryoda kuchli to’lqin paydo bo’lgandi.Besh daqiqagina oldin ohistagina suzib borayotgan qayiq goh ko’tarilib, to’lqin tepasiga minib olar, so’ngra tog’dan dumalatilgan xarsang toshdek pastga munkib ketar, ba’zan to’lqin zarbidan goh u, goh bu tomonga yonboshlab qolar va yana to’lqinga urilib tiklanardi. Shu dam suv balosidek ofat ikki yosh qayiqchi yigitlarni qayiqdan qoqib, o’zi bilan olib ketdiki, bu haqiqiy falokat edi.Fojialisi shundaki, qayiqdagi keksa darg’a va uning yonidagi yosh yigit talvasaga tushganicha bor, chunki ular qo’lida tayoq ham, eshkak ham yo’q edi.Shu payt nuroniy darg’a qayiq o’rtasida tiz cho’kkancha jon holatda «Xubbi, xubbi, o’zing madad ber» deya yolvora boshladi.
Bunday nido yosh yigitni qo’rquvdan xalos qilib tobora hayratga soldi. Negaki, Xubbi so’zi O’rta Osiyo va Eronda keng tarqalgan otashparastlik dinida suv xudosi hisoblanar, bu so’z haligi yosh yigit nazarida fan uchun qimmatli etnografik ma’lumot  edi.
Xullas, yaratgan egam qayiqdagilarni halokatdan, daryoga cho’kishdan omon saqladi. Halokatli damdayam fanni o’ylagan haligi yosh yigit Yahyo G’ulomov edi.
Yahyo G’ulomov 1908 yilning 1 may kuni Toshkentning Shayhontohur dahasidagi Oqmachit mahallasida tug’ilgandi.Bo’lajak arxeologning otasi G’ulomxon qadim Shoshdagi dovruq taratgan Xo’ja Ahror madrasasida mudarrislik qilgan, onasi Soraxon mahalladagi maktabda qizlarga saboq berardi. Ana shunday ilmga ixlos qo’ygan oilada voyaga yetgan Yahyo bolaligidan zehnli bo’lib o’sdi. Biroq oila katta bo’lib, G’ulomxonning Eshonxon, Odilqori, Yahyo, Said Ahmad, Akrom va Roqiya ismli oltita  farzandlari bilan birga opasidan yetim qolgan to’rtta yoshgina jiyanlariyam ular qaramog’ida edi. Shu bois, qolaversa, G’ulomxon mudom madrasadagi ishlar bilan band bo’lganligi sababli, xonadonga qarashli bog’ning xo’jalik yumushlari farzandlari  zimmasida bo’lgan. Yahyo ana shunday yumushlar bilangina band bo’lib qolmay, ilmga ixlos qo’ydi. Dastlab ota-onasidan saboq olgan bo’lsa, keyin «Namuna» nomli maktab-internatda Lutfillaqori, Xatibzoda, Ismoil muallim, Haydar Nosiriy, Akbar domla, Yusuf va Eson afandi kabi shu davrdagi eng mo»tabar o’qituvchilardan ta’lim oldi. Bu maskanda u Oybek, Buyuk Karimov, Fotih Orifov, Abdulla Boboxonov, Iso Razzoqov, Yoqub Aliev, Abdulla Rahimov, Saidazim Usmonov kabi kelajakdagi  o’zbek xalqining yetuk ziyolilari bo’lib yetishgan ilmu fan namoyondalari bilan bir guruhda ta’lim tarbiya oldi.Ayni paytda Yahyo ijodga bo’lgan ishtiyoqi sabab «Bulutlar», «Turfa folbin», «Gilam jallobi» singari hajviyalarini maktabning  devoriy gazetasida chop etdirdi.
O’smirlikning zavqli onlarini shunday xushnudlik bilan o’tkazgan Yahyo G’ulomov, 1927-30 yillarda Samarqanddagi o’zbek davlat pedagogika akademiyasi ijtimoiy va iqtisodiy bo’limida tahsil oladi.Bu dargohda u Po’lat Soliev , Abdurauf Fitrat, Vasiliy Vyatkindek o’z davrining ilg’or ziyolilaridan saboq oldi, Muso Saidjonov bilan hamkorlik qilib, ularga ixlos qo’ydi.
Yuqoridagi olimlar , xususan Po’lat Soliev (1882-1937) Astraxanda tug’ilgan, ammo taqdir yo’llari tufayli Turkistonga bir umr mehr qo’ygan, shu o’lkada yashab o’tgan ilk o’zbek tarixchi professori edi. Qozon, Ufadagi madrasalarini bitirgan Po’lat Majidovich 1909 yildan Toshkent, Qo’qon , Mirzacho’l, Jalolobod , Bekobod maktablarida o’quvchilariga saboq bergan, 1917 yildagi Turkiston muxtoriyati tashkil topishida jonbozlik ko’rsatgan arbob ham edi. U muxtoriyatning “El bayrog’i” gazetasining bosh muharriri sifatida faoliyat ko’rsatadi. Muxtoriyat tugatilgach, Farg’onada o’qituvchilikni davom qildiradi. 1919 yildan Toshkentga kelib maorif kurslarini tashkil etish, “Inqilob”, “Tong” jurnallarini nashr etishga bosh  bo’ladi. Bir muddat Moskvada yashab ilmiy faoliyat bilan shug’ullanadi, 1927 yilda esa Samarqandga qaytib oliy pedagogika institutida talabalarga saboq bera boshlaydi. “Mang’itlar saltanati davrida Buxoro o’lkasi” , “Buxoro tarixi”,  “O’zbekiston ham Tojikiston”, “O’zbekiston tarixi” asarlarini yaratdi.
Yahyo G’ulomov keyinchalik xotirlab yozganidek, “Po’lat Soliev Turkiston tarixi bo’yicha o’qigan ma’ruzalari xotimasida kishini avvalo o’z mamlakati, shahri va tug’ilib o’sgan qishlog’ining tarixini yaxshi bilishga da’vat etadigan, arab, fors, rus va turkiy tillarni, sharq tarixi, falsafasi, axloqi, tarixini mukammal biladigan shaxs edi”.
Muso Saidjonov (1898-1937) Buxoroda-savdogar oilasida tug’ilgan bo’lib, dastlab Mir Arab madrasasida, keyin Kogondagi rus-tuzem maktabida tahsil olgan, o’z davrining ilg’or ziyolisi sifatida 1915 yildan Buxoroda “Maorif” nomli kitob jamiyatini tashkil qilgandi.”Yosh buxoroliklar” safida ham faoliyat ko’rsatgan M.Saidjonov 1920 yilda amirlik tugatilib BXR tashkil qilingach, savdo-sanoat, xalq maorifi noziri, iqtisodiy kengash raisi kabi vazifalarda ishlaydi. 1924-27
yillarda tarixiy yodgorliklarni muhofaza qilish tashkiloti boshlig’i sifatida ishlab, Buxorodagi ko’plab me’moriy obidalarni ta’mirlash, tadqiq qilishga bosh bo’ldi. 1928-37 yillarda respublika tarixiy va madaniy yodgorliklarni muhofaza qilish qo’mitasiga raislik qilib, O’zbekistonning madaniy merosini avaylab asrash, ilmiy tadqiq qilish ishlariga rahbarlik qildi. Buxoro, Shahrisabzdagi me’moriy obidalar haqida kitoblar yaratdi. 1935 yilda Leningradda o’tkazilgan
sharqshunoslarning 3 xalqaro kongressida qatnashib ma’ruza o’qidi. Yahyo G’ulomov M.Saidjonov bilan hamkorlik qilarkan, undan qadim shaharlardagi obidalarning barpo etilishi, ularga ishlatilgan bo’yoq, minoralarning qay tariqa osmonga bo’y cho’zib barpo etilganiga oid ma’lumotlarni bilib oldi.
Abdurauf Fitratdek o’z davrining qomusiy olimi, shoir, dramaturgning bo’lajak akademikka o’tkazgan ta’siri, maslahatu-nasihatlari, o’z boshidan kechirganlari to’g’risidagi dardli hikoyalari esa, Yahyo akada sharq ziyolisidek ibratli SHAXSni ko’z  o’ngida mujassamlashtirgandi.
Yahyo G’ulomov bilan keyingi davrda, xususan Xorazmda o’tkazgan ekspeditsiyasida hamkorligi boshlanib, to umrlarining oxirigacha uchrashib, xat yozishib maslakdoshlik qilgan inson Abdulla Boltaev (1890-1966) edi. Xiva xonligi davrlaridan otasi  Muhammad Murod Said Pano bilan Ichan-Qa’ladagi obidalarda barpo bo’lishida, keyinchalik ularning ta’mirlanishida, Toshkentdagi A.Navoiy nomli opera va balet teatrining milliy uslubda jihozlanishi, sayqal topishida katta xizmat qilgan  naqqosh, usta, o’z davrining mashhur Davlat mukofoti bilan taqdirlangan bu inson, tarix bilimdoni ham edi. Yahyo G’ulomov Xorazmga kelgan 1936 yilidayoq Xivaga kelib Abdulla Boltaev bilan tanishgan.Uning maslahatlari, Xorazm tarixi, obidalari, ularning barpo etilishi, ularga ishlatilgan bo’yoq, ularning sirlari, to’plagan qo’lyozma asarlari asosida Yahyo G’ulomov ko’plab ma’lumotlarga ega bo’ladi. Ana shular asosida, ularni boshqa manbalarga taqqoslab, arxeologik tajribalarini umumlashtirgan holda o’zining “Xiva va undagi me’moriy obidalar”, “Xorazmning sug’orilish tarixi” monografiyalarini yaratadi.Abdulla Boltaev naqqosh usta bo’lish bilan birga, o’zidan 88 ta daftarga arab alifbosida bitilgan Xorazm tarixiga oid o’zining yozgan, qariyib 10 jildga jo bo’lgulik asarlarni meros qoldirgan muarrix hamdir. Yahyo G’ulomov Xivada bo’lganida ana shularni mutoala qilgan holda “Xorazmda o’z biografiyasini to’liq saqlagan, materiallarini to’plab yosh olim va kelajak avlodlarga qoldira bilgan Abdulla akadir”, deya yozgandi.
O’z navbatida Abdulla Boltaev ham “Yahyo G’ulomov odamlardagi jamiki yaxshi fazilatlarni o’zida mujassamlashtirgan mehnatsevar, shu bilan birga chinakam katta olim”, deb baho bergan. Bugungi kunda Abdulla Boltaevning avlodlari xonadonida bobolaridan qolgan 88 ta noyob daftarlar bilan birga har ikkala maslakdosh fidoyi insonlarning yozgan xatlariyam avaylab saqlanmoqda.
Vasiliy Vyatkin…Turkiston tarixi, fanida alohida muhim o’rin tutgan ushbu shaxsning faoliyati bo’lsa Yahyo G’ulomovdek yosh talabaga istiqbol eshiklarini ochib yubordi. V.V.Vyatkin (1869-1932) Samarqand obidalarining haqiqiy jonkuyari, hamkasbi Abu Said Maxzum bilan ko’plab obidalar tarixini tadqiq qilgan, ko’plab qo’lyozma asarlar to’plab ularni o’rgangan, hattoki 1908 yilda Samarqand shahrida Ulug’bekka haykal qo’yish tashabbusi bilan chiqishgandi.A.A.Semyonov, I.Sikora, N.G.Malitskiy singari olim va arboblar ham Vyatkinni qo’llab quvvatlab, bu borada 1914 yilda tuzilgan Ulug’bek merosini o’rganish, rasadxonasini ta’mirlash, haykalini barpo etish komitetini tuzishgandi.
Ana shunday tarix, milliy qadriyatlar jonkuyari bo’lgan olimlardan saboq olishi Yahyo G’ulomov uchun bir umrlik hayot dorulfununi bo’lib xizmat qildi. Bu paytga kelib o’rta asrlarda vayronaga aylanib qaerdaligi noma’lum bo’lgan Ulug’bek rasadxonasini topganidan, Afrosiyobda arxeologik tadqiqotlar olib borganidan Vyatkinning nomi fan olamidagina emas, Samarqandning oddiy aholisi orasidayam ancha mashhur edi. O’zbek, tojik, fors tillarini yaxshi bilgan Vyatkin Yahyodagi ilmga intilishni sezib unga ustozlik qildi. Yahyo G’ulomovning xotirlashicha, “Ma’ruzani u auditoriyaning u boshidan bu bu boshiga yurib o’qirdi..U na ma’ruza matniga, na talabalarga qarardi. Faqat baland bir nuqtaga tikilganicha voqealar, nomlar, sanalar va hatto voqealarga aloqador forscha she’rlarni yoddan aytardi.
Birinchi ma’ruzasidayoq u mening ilgarigi qarashlarimni ostin-ustin qilib yubordi, chunki uning bilganlari oldida mening o’zimga bo’lgan e’tiqodim puchdek ko’rina boshladi. U o’zining asosiy tarixiy manbalarini, 10 asr mualliflari Tabariy, Narshaxiy va keyingi asrlarda yashagan Ibn Asir, Juvayniy va boshqalarni shunday tavsiflab berdiki, ular qarshisida mening o’qib yurgan tarix kitoblarim hech bo’lib qoldi. Ma’ruza paytida uning so’zini bo’lib savol berardik va u berilgan savollarga albatta javob berardi. Chunki u kishi ma’ruzaning oxirida savolga vaqt qoldirmas, qo’ng’iroq chalinishi bilan chiqib ketardi. V.Vyatkin savol va javoblardan men uning ma’ruzasini juda e’tibor bilan eshitayotganimni payqagan shekilli, bir daf’a u auditoriyadan chiqishimni kutib turgan ekan, men yaqinlashishim bilan o’zbekchalab boyagi savolga javobini tavsiflab gapira ketdi. Menga asl manbalarni sinchiklab o’qishni birinchi bo’lib maslahat bergan ham shu V.Vyatkin bo’ldi. U bir ma’ruzadan keyin meni Samarqand eski shahriga olib ketib, Registon ko’chasidagi kutubxonaga olib kirdi. Unda ishlab turgan barcha yoshu qari o’rinlaridan turib Vyatkinni qarshi oldilar va “domla” deb u bilan o’zbek va tojik tillarida quyuq so’rasha ketdilar. Bu kishining mahalliy ziyolilar ichida bunchalik mo»tabar va ular bilan apoq-chapoq ekanini shunda payqadim”.
Xullas, ana shu tariqa boshlangan ustoz-shogirdlik bois Vyatkin hamda I.R.Cheylitko Yahyo G’ulomovni arxeologiyadek sehrli kasbga oshno tutinishiga sabab bo’lishdi. Dastlabki arxeologik tadqiqotlari ham Yahyoning aynan Afrosiyobda, 1928, 29 yillarda bo’lib o’tdi. 1931 yilda u Toshkentga qaytib xalq komissarlari kengashi huzuridagi tarixiy yodgorliklarni saqlash va ilmiy o’rganish qo’mitasida ish boshlaydi.Bu dargohda u M.Masson, A.Yakubovskiylar rahbarligida 1933 yildan Termiz va Zarafshondagi qadim obidalarda izlanishlar olib bordi.

XORAZM EKSPEDITSIYASI

Ma’lumki, o’lkamizda arxeologiya fani chorizm istilosidan so’ng, mustamlakachilarning o’lkani tadqiq qilib, topilgan osori atiqalarni Peterburg va Moskvaga tashib keta boshlaganlaridan so’ng shakllana boshlagandi. Yahyo G’ulomovgacha bo’lgan  davrda toshkentlik savdogar Akram Asqarov, samarqandlik Abu Said Maxzum, 1929 yilda Qashqadaryoda, keyin esa Yettisuvda arxeologik tadqiqotlar o’tkazgan Turdi Mirg’iyosovlar faoliyat olib borishgandi.
Ular orasida Turdi Mirg’iyosov chin ma’nodagi vatanparvar arxeolog edi. Ayniqsa u Yettisuvda faoliyat olib borarkan, To’qmoq tumani chekkalarida qadimgi shaharga tegishli obidalar borligini, ammo ular rahbarlarning e’tiborsizligi, mahalliy aholining loqaydligi natijasida vayrona holga kelayotganidan kuyunib tegishli idoralarga uch marotaba telegramma yuborishga majbur bo’lgandi.
Turdi Mirg’iyosov kuyunchaklik bilan “Biz Verniyga uchta xabar yubordik.Ammo hech qanday javob olomadik. Oradan yana uch yil o’tsa, bu minoradan hech narsa qolmaydi. Qisqacha qilib aytganda, turkistonlik arxeologlar bu yerdagi yodgorliklarni o’z panohiga olishmasa fan va tarix uchun qimmatli manbalarning hammmasi yo’q bo’ladi va avlodlarning qarg’ishiga uchraymiz”.
Bundan ko’rinadiki, mustamlakachilar tarixiy obidalarga emas, qimmatbaho topilmalarga e’tibor qaratishgandi.
Yahyo G’ulomov arxeologiyada ma’lum bir tajriba, ko’nikma orttirgach, ana shunday jonkuyar Turdi Mirg’iyosov hamda kasbdoshi Rashid Nabievlar bilan 1936 yilda Xorazmda o’zining mustaqil tadqiqotlarini boshlab yubordi.1937 yildan boshlab, ular safiga arxeolog A.I.Terenojkin hamda arxitektor B.Zasipkinlar qo’shildi.
O’sha vaqtda Toshkentdan chiqgan poezd to’g’ri Xorazmga bormas, negaki 1947 yilgacha vohaga temir yo’l yotqizilmagandi. Shunday vaziyatda bir guruh arxeologik ekspeditsiyaning Turkmanistonning Chorjo’y shahridagi bekatga borishi, u yerdan yo Amudaryodagi kemalar orqali, yoki Buxoro qumliklaridan ot, tuya, eshaklarda olis Xorazmga borishining o’zi ming mashaqqat edi. Ana shunday holatda Yahyo G’ulomov va safdoshlari 1936 yildan 1947 yilgacha yilda ikki marotaba olis vohaga tashrif buyurishardi.
Shuningdek, qum barxanlari Xorazmdagi obidalarni o’z bag’riga olganicha qadim sir asrorlarni mahkam bekitib olgan, ish g’oyat qiyin edi.Bu haqda Yahyo G’ulomov o’z kundaligiga o’sha mashaqqatli onlarni shunday bitgandi: «barxanli qumliklar bilan qoplangan taqirlardan iborat bu zimziyo ko’hna o’lkada na mashina va na ot arava yura olar edi. Guruhimizning asosiy transport vositalari ustiga xurjinlarida oziq-ovqat, ko’rpa-to’shak, palatka, plajet, teadolit hamda qozon tovoq va qumg’on  ortilgan 5-6 eshaklardan iborat edi».Ana shunday mashaqqatlarga qaramay, arxeologik guruh, Guldursun, Norinjonqa’lada tadqiqotlarini boshlab yubordi.Qum issig’i arxeologlarni charchatsada topilayotgan qadim osori atiqalar yanada ularni ixlos bilan tarixni o’rganishga undardi. Ba’zida esa qum barxanlari orasida halokatli voqealar ham ro’y berib turardi.
Xususan, 1937 yil yozida Yahyo G’ulomov qadimgi kanal izlarini xaritaga tushirish maqsadida, yolg’iz o’zi Norinjonqa’ladan chiqib, uchrayotgan arxeologik materiallarga qiziqqanicha, guruh joylashgan yerdan 10-12 km uzoqqa borib qoladi. Qolaversa, yo’lda uchragan noyob topilmalar bilan arxeolog yelkasidagi sumka tobora og’irlashib borar, yo’l uchun na non, na suv olingandi. Buning ustiga jazirama issiqdan, arxeolog charchagani, chanqaganidan ortga qaytarkan, adashib Teshikqa’la tomon borib  qoladi.
Kuni bilan u qumlikdagi jaziramada yurganidan, suvsiraganicha og’zi qurib, tili tanglayiga yopishib qolgan, oyog’ida umuman madoriyam qolmagandi.U zo’rg’a o’tovga yetib bordiyu, ostonaga yetgach yiqilib hushidan ketdi.Boshqa bir gal esa qayiqda daryo bo’ylab suzisharkan, daryoda to’lqin ko’tarilib, suvga cho’kishiga oz qolgandi.O’shanda yaratgan egam omon-eson ularni qirg’oqqa sog’ chiqargach, Yahyo G’ulomov kech bo’lib qolganiga qaramay, yolg’iz o’zi yana to’qayzorni kesib o’tgan yakka oyoq yo’ldan arxeologlar  joylashgan guruh tomon yo’l oladi.Shunda u bir halokatdan zo’rg’a qutulib, yana bir falokatga yo’liqdi: to’satdan uning oldidan bo’rilar galasi chiqib qoldi.Bo’rilar arxeologdan qirq qadam naridagi qamishzorda qandaydir hayvonni g’ajishardi. Yahyo  G’ulomovni sezib, bo’rilarning avval quloqlari dikkaydi-yu, so’ngra tumshuqlarini yuqori ko’tarib, birdaniga 5-6 ta bo’ri arxeologning yo’lini kesib o’tib, ikki tomonda xuddi karvondek tizilib turishdi.Shunda Yahyo G’ulomov qo’rqish alomatini  sezdirmay, qadamini bir xil bosib, yo’l-yo’lakay bir qo’li bilan qamish popiltiriqlaridan yulib, ikkinchi qo’li bilan cho’ntagidagi gugurtni olib, ularni yoqqanicha ma’shala qilib oldi.Bo’rilar galasi o’ljasini yeb to’yganidanmi yo qamish  ma’shalasidan qo’rqqanidanmi, xudo bu safar ham arxeologni qutqarib, eson-omon Teshikqa’ladagi kasbdoshlari oldiga yetkazdi.
Ha, Yahyo G’ulomov hayotida shunday sermashaqqat, qiyin kunlar ko’p bo’lgan.Ammo undagi ilmga fidoyilik, tarixga ixlosning qa’tiyligi bois, Yahyo G’ulomov arxeologiyada ko’plab qadim qa’lalarning sirini ochib, katta o’zgarish qildi.Ayniqsa Vyatkindek  teran tarixchidan so’ng, Sergey Tolstov bilan Xorazmda ko’p yillar hamkorlik qilishi uning ilmu fanda yuksak natijalarga erishishiga sababchi bo’ldi.Aynan Yahyo G’ulomovning 1936 yilda Quyi Amudaryoning har ikkala sohilidagi qa’lalarda boshlab  yuborgan tadqiqotlari, undagi topilayotgan fanga noma’lum sirlarning kashf etila boshlashi, Sergey Tolstov ekspeditsiyasining tashkil topishiga sabab bo’ldi deyish mumkin. Natijada 1937 yildan S.Tolstov o’z hamkasblari bilan Xorazm zaminida arxeologik tadqiqotlarini boshlab yubordi.
Har ikkala arxeolog va ularning hamkasblarining ilmiy ishlari bois fanda Xorazm sivilizatsiyasi degan atama paydo bo’ldi.Yahyo G’ulomov esa Xiva shahridagi me’moriy obidalarni ilmiy tadqiq qilib, “Xiva va undagi me’moriy yodgorliklar”  mavzusida 1941 yilda nomzodlik ishini himoya qildi. O’sha yili fan sohasida, xususan arxeologiyada istiqbolli izlanishlar olib borayotgan Yahyo G’ulomovni Qori-Niyoziy boshchiligidagi yana bir ilmiy ekspeditsiyaga a’zo qilib kiritishdi.Ya’ni,  T.N.Qori-Niyoziy, M.M.Gerasimov, L.V.Oshanin, A.A.Semyonov, V.N.Kononov, B.N.Zasipkin H.T.Zaripov, S.Ayniy, M.Sheverdin, Mixnovskiy, Turkevich, Zizenkov, Krintsitskaya, Sprishevskiy, Al`baum, Tatevosyan, Zavalin, N.A.Kim, Usta Akrom va Usta  Shirin Murodov, Malik Qayumov kabi turli soha vakillaridan tashkil topgan ekspeditsiya safida Yahyo G’ulomov ham 15-24 iyunda Samarqandda bo’ladi.
Biroq Yahyo G’ulomovning asosiy tadqiqotlari, fundamental ilmiy ishlari Xorazm bilan bog’liq edi. Shu bois u urushdan ilgarigi arxeologik tadqiqot ishlarini qo’lyozma asarlardagi voqeliklar jarayoni bilan taqqoslab chiqishga intildi.  Ma’lumki, 1941 yilda boshlangan urush sabab O’zbekistonga ko’plab keksalar, bolalar, zavod-fabrikalar, 31 ta oliy o’quv yurti, 7 ta harbiy akademiya bilan birga ijod va ilm ahli ham evakuatsiya qilib ko’chirilgandi. Ijodkorlar orasida
A.Axmatova, N.Virta, S.Gorodetskiy, A.Deych, K.Zelenskiy, YA.Kolas, B.Lavrenov, V.Lugovskoy, N.Pogodin, I.Sel`vinskiy, A.Tolstoy, V.Yan kabi ko’plab o’sha davrning mashhur yozuvchi, shoir, dramaturglari bor edi. O’zbek ijodkorlari bilan boshlangan hamkorlik va do’stlik natijasida Oybek va A.Deych “Alisher Navoiy” ocherkini, Hodi Zarif, V.Jirmunskiy bilan hamkorlikda “O’zbek qahramonlik eposi”ni, Uyg’un A.Tolstoy ko’magida “Ona” p`esasini yaratishdi.
Bunday hamkorlik olimlar orasidayam davom qildi. Xususan, Yahyo G’ulomov Rossiyalik B.Grekov, V.Struve, K.Trever, A.Yakubovskiy, S.P., M.E.Voronets, V.A.Shishkin, shuningdek o’zimizning yurtdoshlardan T.N.Qori-Niyoziy, E.SH.Rajabov, V.I.Zohidov  kabi olimlar bilan birgalikda «O’zbekiston xalqlari tarixi» asarining ikki tomligini yaratishga kirishdi. Mualliflar jamoasi tomonidan yaratilgan ushbu asar fundamental tadqiqot bo’lib,1-tomning bosh muharriri S.Tolstov, maxsus muharrir  esa Yag’yo G’ulomov qilib belgilangandi.Bu orada urush tugab yuqoridagi olimlar o’z yurtlariga jo’nab ketishadi. Natijada endigina mashinkaladan chiqgan, ammo tahrir qilish lozim bo’lgan asarni Moskva, Leningrad shaharlariga olib borib  mualliflarga o’qitish, tahrir qildirish, ilmiy muhokama qildirish ishlari ishlari Yahyo G’ulomov zimmasiga tushadi.
Garchi yuqoridagi asar o’sha davr mafkurasi va talabi asosida yozilgan bo’lsada, keyingi davrda yaratilgan O’zbekiston xalqlari tarixiga poydevor vazifasini o’tadi.Bu orada Yahyo aka Moskvadagi sobiq ittifoq Fanlar akademiyasining Moddiy  madaniyat (arxeologiya) instituti doktoranturasiga kiradi. Shu tariqa ham o’zining ilmiy ishini davom etdirishga, hamda ikki tomlik asarni shaharlar oralab qatnab nashr etdirshga ulguradi. Xullas, ikki tomlik tarix urush davri qiyinchiliklariga qaramay, ilmu fan bilan shug’ullanishga harakat qilgan olimlarning fidoyiligi edi.
Urushdan so’ng Yahyo G’ulomov, ko’p yillar davomida Quyi Amudaryo bo’ylarida olib borgan ilmiy tadqiqot ishlarini umumlashtirgan holda, 1950 yili Moskvada doktorlik dissertatsiyasini muvaffaqiyatli yoqladi. Ana shu ilmiy ishi asosida 1957 yilda  ruscha, 1959 yilda bo’lsa o’zbekcha «Xorazmning sug’orilish tarixi» monografiyasi yuzaga keldi.Ushbu fundamental, ilmiy akademik asar Yahyo G’ulomovning tarixshunoslikda g’oyat teran tadqiqotchi ekanligini ko’rsatdi.Chunonchi, sun’iy sug’orishga  asoslangan quyi Amudaryo xalqlari hayotida obi hayotning tutgan o’rni, asrlar mobaynida u bilan bog’liq bo’lib o’tgan voqea hodisalar monografiyada haqqoniy yoritilgani sabab, asar keng shuhrat qozondi. Dunyoga mashhur Ermitaj muzeyi direktori , akademik B.B.Piotrovskiy ta’kidlaganidek, “Yahyo G’ulomovning O’rta Osiyo xo’jalik hayotining asosi hisoblangan sug’orish sohasidagi tadqiqotlari haqiqatan ham buyukdir”.
Yahyo G’ulomov ushbu asarni yozish jarayonida Xorazmda o’zi va S.Tolstov o’tkazgan arxeologik ekspeditsiya natijalariga tayanibgina qolmasdan, ilgarigi davrda sug’orilish tarixiga, suv xo’jaligi tizimiga doir yaratilgan asarlarniyam qunt bilan  o’rgandi. Aynan xonlikning bosh mirobi bo’lib ishlagan Munis, Ogahiylar, xonlar sulolasiga mansub Bayoniy, “Turkistonning sug’orilish tarixi” va o’lka tarixiga oid yana yuzlab asarlar yozgan V.V.Bartol`d, Xorazmda bo’lib bebaho manbalar to’plagan Kaul`bars, Kun singari olimlar asarlariga e’tibor berdi.
Bundan tashqari, “Xorazmning sug’orilish tarixi” mavzusidagi doktorlik ishi va monografiyasini yozish jarayonida arab, fors tilidagi qo’lyozma asarlar, rus tilidagi kitoblardan 267 tasini o’qib o’rgandi, o’z asarida ana shu manbalardan iqtibos  keltirib o’tdi. Ulardagi voqeliklar jarayonini bir-biriga taqqoslab chiqdi, shulardan kelib chiqib mavzuga yondoshgan holda sohaga doir betakror asar yaratdi. Bunday asarlar orasida Yahyo akaning e’tiborini tortgani, bevosita vohada bo’lib, ko’rgan-kechirganlari , ilmiy tadqiqot ishlarini monografiyalarga muhrlagan Morgunenkov va Sinzerlinglarning faoliyatlari bo’ldi.
Ma’lumki, F.P. Morgunenkov (1880-1939) uzoq yillar davomida o’lkadagi irrigatsiya, melioratsiya, gidrotexnika sohasidagi murakkab muammolarning ilmiy–amaliy yechimini topish uchun tinimsiz harakat qilgan. Olim O’rta Osiyo Davlat universiteti talabalariga saboq berish bilan bir qatorda O’zbekiston Suv xo’jaligi Bosh boshqarmasi va “Davlatsuvloyiha” institutida ham samarali faoliyat ko’rsatgan.
Tarixdan ma’lumki, Chor Rossiyasi O’rta Osiyoni istilo qilgandan keyin o’lkadagi suv muammolarini hal qilish va yangi yerlarni o’zlashtirish, daryo transportini yo’lga qo’yish kabi muammolarni buyuk knyaz` N.K.Romanov, baron A.V.Kaul`bars, polkovnik A.I.Gluxovskoy, akademik V.V.Bartol`d, tadqiqotchilar V.A.Obruchev, N.G.Petrusevich kabi mutaxassisslar ham o’rganganlar. Xususan, 1893 yilda A.I.Gluxovskoy o’zining «Amudaryo suvlarini eski o’zani orqali Kaspiy dengiziga oqizish hamda Amu–Kaspiy–Volga daryosi va Mariin kanallari tizimi orqali Afg’oniston chegarasidan Peterburg va Boltiq dengiziga suv yo’li ochish» nomli kitobida Petr 1ning 1716 yildagi «Hindistongacha suv yo’lini izlab topish” haqidagi topshirig’ini bajarsa bo’ladi, deb yozgandi.
Biroq ulardan farqli o’laroq F.P.Morgunenkov suv tizimida bir qator ixtirolar ham yaratgandi. Uning Turkistondagi ilk faoliyati 1910 yildan ko’zga tashlanadi. Shu yili u V.Aleksandrov va A.Yesaev kabi tadqiqotchilar qatori suvni balandlikka ko’tarib berish imkoniyatiga ega so’rg’ich (nasos) loyihasi uchun guvohnoma olgandi. 1915 yilda injener qish va toshqinlar vaqtidagi Amudaryoning ortiqcha suvlari bilan Janubiy-sharqiy Kaspiydagi bo’z yerlarni o’zlashtirish g’oyasini ilgari surdi o’z asarida ( “Predpolojeniya ob oroshenii yugo-vostochnogo poberej`ya Kaspiyskogo morya zimnimi i izbitochnimi pavodkovimi vodami Amu-dar`i” / “ Zapiski Russkogo Texnicheskogo obshestva”, 1915. № 6-7.
Unda Taxiatosh qisnog’idan olingan kanal Sariqamish ko’li yaqinidan o’tib, Eski O’zboyning 500 km. irmog’iga ulanishi va daryo suvlarini Balxondagi Nebit dog’ etaklarigacha oqizish taklif etilgandi. Yosh injener o’ta og’ir va serxarajat loyihani  asoslash niyatida yangi yerlar “Kaliforniya va Misriga aylanadi”, ? deb yozgandi.  1915 yilda F.P.Morgunenkov Mirzacho’ldagi Romanov kanalini kengaytirshsh bilan 175 ming desyatina yangi yerlarni o’zlashtirish mumkinligini isbotladi. Shu bilan bir qatorda u kanaldan suvni qo’tarib berish imkoniyatiga ega bo’lgan o’zining  propellerli nasoslarini o’rnata boshladi. Muhandisning Turkistondagi samarali faoliyatini Rossiya Yer ishlari mahkamasi xodimi A.A.Tatishev yuqori baholagandi.
1918 yilda Turkistonda paxtachilikni rivojlantirish maqsadida 50 mln so’m mablag’ ajratish to’g’risida hukumat qarori qabul qilinadi. Uning aksariyat qismi rus dehqonlari joylashtirilgan Mirzacho’lni o’zlashtirishga yo’naltirilishini hisobga  olgan F.P.Morgunenkov “Nikol`skiy” posyolkasi yaqinida dastlabki zemlesosni o’rnatdi. Uning rus fotografi Prokudin–Gorskiy tomonidan olingan surati amerikalik arxeolog Xantingtonning “Turkiston al`bomi”dan o’rin olgandi.
Markazdan Mirzacho’lni o’zlashtirish imkoniyatlarini o’rganishga safarbar etilgan injenerlar G.K.Rizenkampf, I.G.Aleksandrov, V.F.Bulaevskiy, V.D.Ifrin, N.D.Proxorov, B.K.Ladigin, tuproqshunos I.A.Dimo, agronomlar R.R.Shreder,  G.S.Zaytsevlar bilan birga kelgan P.F.Morgunenkov sug’orish muammolarini chuqur o’rganishga harakat qildi. Hususan u R.R.Shreder bilan birga yerlarni sug’orish asosida paxtaning yangi navlarini ekish va yaxshi hosil yetishtirish imkoniyatlarini  asosladi. Keyinchalik “Davlat suvloyiha” institutida ishlayotgan vaqtida P.F.Morgunenkov Chirchiq, Angren, Keles daryolarida gidrotexnik inshootlar qurish loyihasini tuzdi. Iqtidorli injenerning takliflari Bo’zsuv gidroelektrostantsiyasi qurilishi jarayonida e’tiborga olindi.
1926 yilda F.P.Morgunenkov rahbarligida G.P.Sazonov, M.N.Yermolaev, B.X.Shlegel` tomonidan Amudaryoning Qoraqum orqali o’tgan eski o’zanida quriladigan yirik kanal loyihasi tayyorlandi (Morgunenkov F.P., Sevast`yanov I.A. Irrigatsionnie  perspektivi Turkmenii. — M., 1925).
Unda Bo’sag’a qishlog’i yaqinidan olingan va soqasida suvni boshqarish inshooti qurilmagan 2 ta 4 km. uzunlikdagi kanallar orqali daryo suvlari qurib qolgan Kalif O’zboyiga yo’naltirilishi ko’zlangandi. Oradan bir oz vaqt o’tib, 100 km. uzunlikdagi kanal yaqinida o’t-o’lanlar paydo bo’ldi va cho’lda ekilgan paxtadan yaxshi hosil olindi. Kelgusida o’zani 400 kmga yetkazilgan kanal orqali Murg’ob, Tajan va Atrek vohalari yerlari sug’orila boshlandi. Ammo mazkur yirik loyiha amalga oshirilgan  vaqtda uning asosiy ijodkori dunyodan o’tgandi.
1927 yilda F.P.Morgunenkov injener V.V.Poslavskiy bilan hamkorlikda Janubiy Xorazm sug’orish tizimini qayta qurish imkoniyatini o’rgandi va bir qator foydali takliflar berdi. Ular orasida Amudaryoning Ustyurt va Qoraqum chegarasida bo’lgan, ammo qurib qolgan O’zboy nomli o’zani orqali ortiqcha suvlarini Kaspiy dengizi tomonga oqizish haqidagi yangi g’oyalar ham bor edi. 1927 yilda Morgunenkov, Sinzerling kabi mutaxassislarning taklifi bilan sobiq ittifoq suv xo’jaligi  komissariyati tassarufida Quyi Amudaryo del`tasidagi sug’orish kanallari boshqarmasi ? Upradik tashkil etildi va uning xodimlari Xorazm vohasining sug’orish tizimlarini qayta o’rganishni ham boshladilar.
1929 yil 31 iyulda F.P.Morgunenkovga yirik sug’orish kanallarini cho’kmalardan tozalashga moslashtirilgan yangi zemlesos (tuproq so’rg’ich) moslamasini ixtiro qilganligi to’g’risida patent (guvohnoma) berildi. Moslama maxsus yasalgan kemaning old va orqa qismiga o’rnatilgan aylanma tirgakdagi troslar yordamida ko’tarib-tushiriladigan trubalar orqali so’riladigan tuproq aralash suvni qirg’oqqa chiqarib tashlardi.  Dunyodagi, shu jumladan Xorazm vohasidagi suv xo’jaligi va ob-havoning o’zgarishi muammolarini ilmiy va amaliy jihatdan o’rganishda V.V.Sinzerlingning xizmatlari beqiyos darajada katta bo’lgan.
Mashhur sayohatchi va taniqli gidrolog olim Vladimir Vladimirovich Sinzerling 1884 yil 31 avgustda Sankt–Peterburg shahrida tavallud topdi. U yoshligida yelkanli kemada dunyodagi barcha okeanlarda suzdi. Keyinchalik ishchi, texnik, injener  sifatida bir qator suv inshootlari, shu jumladan juda murakkab deb hisoblangan Amerikadagi Kolorado daryosidagi qurilishlarda qatnashdi.
1913 yildan V.V.Sinzerling Amudaryo del`tasida gidrologik tadqiqotlar olib bordi va Bosh Turkman kanalining dastlabki loyihasini tayyorlash guruhiga rahbarlik qildi. Kanal qurilishi oradan 40 yil o’tib boshlangan bo’lsa-da, uning ilk  chizmalari e’tiborga molik deb tan olingandi.
1918 yilda yangi hukumat V.V.Sinzerlingni Davlat inshootlarining tashkiliy byurosiga kiritdi va u irrigatsiya, melioratsiya va o’rmonlarni tiklash loyihalarini tuzishda faol qatnashish imkoniyatiga ega bo’ldi.
1924 yil bahorida Quyi Amudaryo havzasida vujudga kelgan suv muammolarini yechishga yordam berish maqsadida O’rta Osiyo Iqtisodiy Kengashi (SredazEKOSO) tomonidan Xorazm vohasiga taklif qilingan V.V.Sinzerling mavjud sharoit bilan yaqindan  tanishdi va daryo suvlarini so’l qirg’oq tomon yo’naltirish yuzasidan zarur amaliy maslahatlar berdi. Keyinchalik u tahlil qilgan ma’lumotlarini “Amudaryo del`tasida sug’orish va paxtachilik istiqbollari” nomli maqolasida aks ettirdi. (Sinzerling V.V. “Perspektivi orosheniya i xlopkovodstva v del`te Amu-Dar`i ”, J.: “Xlopkovoe delo”. — M, 1924).
Shuningdek u Moskvaga qaytggach, Amudaryo havzasida o’rgangan ma’lumotlarini to’ldirib, “Amudaryoda sug’orish” nomli monografiyasini nashr qildirdi ( M, 1927, 808 s).  Unda Xorazm vohasidagi yerlar sathi yiliga o’rtacha 1 mm, shu bilan bir qatorda daryodan chiqqan qum-sovg’a loy aralashtirilib to’kiladigan mineral va mahalliy o’g’itlar sababli 7 mm. ko’tarilishi qayd qilingan. V.V.Sinzerlingning kitobi -suv  xo’jaligi muammolari bilan shug’ullayotgan olimlar qatoridan mustahkam o’rin egallashiga zamin yaratdi.
Yahyo G’ulomov aynan suv xo’jaligi tizimi va sug’orilish tarixi mavzusini tadqiq qilarkan, talabalik davrida “Pravda Vostoka” gazetasida yoritilgan, o’sha davrda katta shov-shuvga sabab bo’lgan sud jarayoni tafsilotlari bilan ham tanishadi.
Ma’lumki, o’sha yillari aynan suv xo’jaligi tizimida katta kamchilik va nuqsonlar ro’y bergan, davlatning millionlab mablag’lari o’zlashtirib yuborilgandi. 1928 yilning bahorida, Toshkentda bo’lib o’tgan O’rta Osiyo suv xodimlarining sud jarayoni katta shov-shuvlarga sabab bo’lganicha bor edi. Negaki ushbu sudda shu davrdagi O’rta Osiyo suv inshooatlarining qurilishidagi katta kamchilik , nuqsonlar, salbiy jihatlar fosh qilingan edi.
Sudda davlat ayblovchisi , prokuror Kondurushkin O’rta Osiyo “mirob”larining ishida “bosqinchilik, zararkundachilik va sabotaj”ning barcha qonuniy belgilari bor ekanligini isbotlagan edi.Buning ustiga, Moskvadagi Davlat reja qo’mitasi suv sektsiyasi rahbarlari Novatstsi, Kenig, Seydler va Rizenkampflarning O’rta Osiyo Suv boshqarmasi boshliqlari Rikunov, Proxorov va Mor bilan birga to’la rejalashtirilgan va texnikaviy hamkorlikda rivojlangan faoliyatlari haqida gapirar ekan, Kondurushkin shunday dahshatli so’zlarni tilga oladi: “ Sudda, biz tashkiliy qarshilikka, ustamonlar to’dasining fitnasiga duch kelib turibmiz”.
Ushbu suddagi tergov materiallari salkam 50 tomni tashkil etgan, ayblov fikri esa mayda bosmada yozilgan 162 sahifada bayon qilingan edi.Ish Toshkentda bo’lib o’tgan Moskvadagi Oliy Sudning sayyor yig’ilishida besh hafta mobaynida ko’rib chiqilgandi.Suddagi qora kursida yuqorida nomi tilga olingan -Rikunov, Proxorov va Mordan tashqari, ularning o’rinbosarlari-Riskin, Shugaevskiy va Sharov, shunindek,O’rta Osiyo suv xo’jaligi Boshqarmasining ma’sul lavozimlarini egallagan 17 nafar sudlanuvchi ( jami-23 kishi) o’tirib, javob berishgandi.  Sudda ayblangan kishilarning ism-shariflaridan ko’rinib turibdiki, o’lkadagi yer, suv sharoitini bilmay, bu tizimga rahbarlik qilgan mustamlakachilar endigina qad ko’tarayotgan sho’ro davlatining, xalqning millionlab mablag’larini o’zlashtirib yuborishgandi.
Talabalik davrida Yahyo G’ulomov sud materiallari bosilgan “Pravda vostoka” gazetasini o’qib, faqat afsus va nadomat chekardi xolos. Chunki, mahalliy miroblar, yetuk olimlar fikriga e’tibor berilmay qilingan loyihalar natijasida Janubiy  Xorazm suv tizimida ham ko’plab xato, nuqsonlarga yo’l qo’yilgandi. Sud materiallariga ko’ra, “ko’zda tutilgan smetadagi pul faqat 6 million rubl edi.1924 yilda ishga kirishildi.2.519.900 rubl sarf qilingandan keyingina, asosiy inshooatlar noqulay o’rinda qurilganligini, ularni 25 kilometr nariga surish kerakligini “payqab qolishdi”.Bu ishlarni to’xtatib, yangi loyiha bo’yicha ishga kirishdilar.Yangi loyiha esa 1927 yilning sentyabrida ham, ya’ni quruvchilar tergovda javob bera  boshlagan paytda ham tayyor bo’lmagan edi.Yangi loyiha 61 million so’mlik smetaga asoslangan edi.Janubiy Xorazm fojiasi shu bilan ham yakunlanib qolmadi.Quruvchilar ustidan sud bo’layotgan kunlarda Sormovodan “zemlesos”lar kelishi kutilayotgan  edi.Sormovoga 1.200 ming so’mlik, 2 “zemlesos” buyurtma berilgan bo’lib, “O’rtaOsiysuvxo’jaligi” o’z ishlarini rivojlantirish uchun daryo flotiliyasini ochishni mo’ljallagan edi.
-Janubiy Xorazmda esa birorta zovur ham qazilgani yo’q,-deb ta’kidlanadi sud hisobotida.
Sud hukmiga ko’ra, Rikunov va Mor huquqlardan mahrum qilinmagan holda 6 yil qamoq jazosiga hukm qilinadi. Proxorov-3 yilga.Eng qattiq jazo esa ikkinchi darajali shaxs bo’lgan muhandis Siromyatnikovga tegishli: u huquqlardan mahrum qilingan holda 6 yil qamoq jazosiga hukm qilindi.Sud Moskvadagi Davlat Reja Qo’mitasi Suv sektsiyasidan Rizenkampf va boshqalarni sud javobgarligiga jalb qilish haqida qaror chiqardi ( ammo ularning birortasi ham javobgarlikka tortilmadi ), 23 nafar ayblanuvchining 3 nafari esa oqlandi. Ha, suv xo’jaligi tizimida ana shunday achinarli, fojiali holatlar ham bo’lgan edi. Bu voqealarni talabalik davrida gazetadan o’qigan Yahyo aka kuyunib qo’ygan bo’lsa, keyinchalik o’zi suv tizimi bilan shug’ullanarkan, bevosita sudda ko’rilgan vohada bo’larkan, fojialar ko’lami naqadar katta bo’lganini his etdi.
Yahyo G’ulomov shu tariqa suv xo’jaligi tizimidagi yutug’u kamchiliklarni o’rganib, soha xodimlarining tajribalarini , o’zining ekspeditsiyada to’plagan ma’lumotlarini boshqa manbalarga taqqoslagan holda “Xorazmning sug’orilish tarixi” monografiyasini yaratdiki, ushbu asar mavzuga har tomonlama keng yondoshilganligi bilan e’tiborli, umri boqiy asardir. Monografiya arxeolog-tarixchining Quyi Amudaryo bo’ylaridagi odam oyog’i yetib bormagan, ammo bir paytlari gullab yashnagan qa’lalarda olib borgan tadqiqotlari natijasida yozilgandi.Goh piyoda, gohida otu eshakda yurganicha, daryo va anhorlar yoqalab yurib, shu sohaning tajribali mutaxassislari bilan maslahatlashib ko’plab ma’lumotlar to’plagan, qa’lalarda tekshirishlar olib borgandi.
Ana shu izlanishlari uning ushbu asarida o’z aksini opgan.Garchi mavzu sug’orilish tarixi bo’lsada, suv bu hayot ekan, daryo bo’yida barpo etilgan qa’lalar, ulardagi turmush tarzi, umuman olganda Amudaryo, uning quyi qismidagi hayotning, odamzotning ilk izlaridan tortib to 1950 yilgacha bo’lgan tarix sadolari monografiyada yoritilgan.
Asar 1957 yilda rus tilida, 1959 yilda esa o’zbek tilida nashr qilingan. Ma’lumki, Yahyo G’ulomov yashab ilmiy faoliyat olib borgan davr, sho’ro davrining mafkuraviy bosimlari ko’p bo’lganidan, muallif asarida chorizm mustamlakachiligi, sho’rolarning kollektivlashtirish, quloqlashtirish davridagi sug’orish tizimidagi holatni, qatag’on qurboni bo’lgan O’rta Osiyolik Yevropada o’qigan birinchi irrigator Muhammad Aminadinov faoliyatini yoritaolmagan. Albatta, teran tafakkurli akademik o’sha mash’um yillarda hayot qanday kechganligini yaxshi anglar, biroq bosma nashrda, xususan yoqlangan dissertatsiyasi va kitobida bu to’g’rida ochiq yozaolmas, yozgan taqdirdayam nashr etdirolmasdi.
Biroq shunday bo’lsada, ushbu monografiya orqali nafaqat Quyi Amudaryo bo’ylaridagi eng qadimdan to 20 asrning 50 yillarigacha bo’lgan sug’orish tizimini, balki hayot jarayonini ham bilish, tarix sadolarini anglash, saboqlaridan xulosa chiqarish mumkin.

MOXONDARYO EKSPEDITSIYASI

Yahyo G’ulomov 1950 yil kuzida qadim Buxorodagi ko’hna madaniyat osori-atiqalarini izlab topish maqsadida shogirdlari Zarafshon vodiysining quyi qismiga yo’l oladi. Fanda Moxondaryo ekspeditsiyasi deya atalgan va moziy bag’ridagi ko’plab sirlarni kashf qilgan arxeologlar guruhining tadqiqot ishlariyam natijali bo’ldi. Arxeologlar Varaxsha, Moxondaryo, Gurdush va Bujayli kabi Zarafshondan ajralib chiqqan o’zanlarda tadqiqotlar olib borib, katta natijalarga erishdilar.
Arxeologiyada katta tajriba orttirgan Yahyo aka Bujaylining quruq o’zani yoqalab Qorako’l tumanidan shimoliy g’arbda joylashgan Zamonbobo ko’liga katta umid bog’lardi. Negaki, Bujayli o’zanidagi toshqinlardan hosil bo’lgan ushbu ko’l qurib, sho’r bosib yotgan bo’lsada, o’tmishdagi ovchi-baliqchi, ibtidoiy dehqonchilik bilan shug’ullangan ajdodlarimiz uchun rizq maskani hisoblanganligi taxmin qilinardi.
Biroq dastlab arxeologlar hafta davomida ko’lning atrofida qazishma ishlarini olib borib biron natijaga erishaolmay tashvishga tusha boshlashdi. Biroq hammadan ham ko’p Yahyo G’ulomov topilmalardan umidvor edi.
Domlaning sadoqatli shogirdlaridan Abdulahad Muhammadjonov bu haqda shunday yozadilar: -Bunday bo’lishi mumkin emas, bu yerdan qadimgi madaniyat izlari topilishi kerak, ularni topmasdan biror qadam ham oldinga ekspeditsiya siljimaydi,  degan fikrda qa’tiy turib olgan edi. Nihoyat, YA.G’ulomovning fikri to’g’ri bo’lib chiqdi.
Haftaning oxiriga borib palatkani ( arxeologlarning palatkasi nazarda tutilmoqda-U.B) yonidan maydalanib ketgan suyaklar va sopol idish parchalari sochilib yotgan joy topildi. 300 kvadrat metrlik maydon zudlik bilan qumdan tozalandi.
Yaxshilab supurilgan taqir ustida diametri 1,2-1,5 metr keladigan betartib joylashgan chuqurlarning og’zi ko’zga yaqqol tashlanardi. Bu asrlar davomida bizgacha saqlanib kelgan, gumbazini shamol uchirib ketgan qadimgi qaristonning qoldiqlari- btidoiy madaniyat obidalaridan biri edi. Nihoyatda ehtiyotlik bilan go’rlar birin-ketin kavlab ochila boshlandi. Ularda qo’l-oyoqlari bukilib, g’ujanak holda ko’milgan odam skeletlari bilan birga, sopol idishlar va chaqmoqtoshdan yasalgan kamon o’qi paykonlari, turli xil toshmunchoq va marjonlar, jez zebi-ziynatlar qo’shib ko’milgan edi. Bu miloddan avvalgi 2 minginchi yillikning o’rtalarida dehqonchilik va chorvachilik bilan kun kechirgan ibtidoiy qishloq ahlining qabristoni bo’lib, fanga “Zamonbobo madaniyati” nomi bilan kiritildi” ( A.Muhammadjonov, “Yahyo G’ulomovni xotirlab”, T, 2008 yil, “Sharq” nashriyoti, 35 bet).
Bunday noyob topilmalar ekspeditsiyaning keyingi yillardagi faoliyatida yana topildi. Zamonbobodan g’arbdagi Kichik va Katta Tuzkon nomlari bilan atalgan qadimiy ko’llar atrofidan miloddan avvalgi 5-3 minginchi yillarda yashagan ovchi- baliqchi aholining chaylalari o’rni topilganiyam fan uchun katta yangilik edi.
Keyinchalik bu hududlarda domlaning shogirdlaridan Ahmadali Asqarov, O’tkir Islomovlar ham tadqiqot ishlarini olib borib, tarixning yangi sahifalarini boyitdilar.
Xullas, Moxondaryo ekspeditsiyasi tufayli katta va kichik Tuzkonda neolit davriga ( miloddan avvalgi 5-3 ming yillik ) mansub ovchilar va baliqchilar manzilgohi, bronza davrida ( miloddan avvalgi 2 ming yillik) yashagan ko’chmanchi chorvadorlar qarorgohi, antik zamonlarga oid ashyolar, Axsikentdagi nodir topilmalar o’rganildi. Shu kabi Obirahmat, Ko’lbuloq, Takalisoyda ko’plab ibtidoiy manzilgohlar topildi. Ushbu obidalarni tadqiq qilish tufayli ibtidoiy davrda yashagan ajdodlarimiz hayoti, ibtidoiy dehqonlar yaratgan qadimgi madaniyat, urf-odatlari, e’tiqodi, xo’jalik yuritish tizimiga oid ma’lumotlar, o’zbek fanining , tarixshunosligining obro’si oshishiga xizmat qildi.

UMRIBOQIY ASARLAR

Yahyo G’ulomov ilmiy faoliyati davomida, o’zining o’rganganlari, ilmiy kuzatishlari, tarixiy manbalarni tadqiq qilish natijalari , bilganlarini keng omma e’tiboriga havola qilish niyatida “ O’zbekistonda moddiy madaniyat asarlarini saqlash va o’rganish yo’lida” ( Toshkent, O’zkomstaris nashri, 1934, № 29 bet, rasmli), “Keksa san’atning qari ustasi” ( “Guliston” jurnali 1935, № 2 ), “O’tmish izlari” (arxeologik tekshirishlar).- “Guliston”, 1937, № 4, ), “Minoraning tiklanishi”, ( “Sots, Fan va turmush” 1939, № 11 ), “Tarixiy yodnomalar” ( “Sots, Fan va turmush”, 1939, № 12) “Qadimgi Poykand” (“ Guliston” 1939, № 11 ), “Qadimgi zamon ishlarini o’rganish” , (“ Sots. fan va turmush” 1939, № 1 ), “Qizilqum ichida qadimgi madaniyat izlari” (“Sots. Fan va turmush “, 1939, № 7-8 ), “Qizilqum ichida” ( “Guliston”, 1939, № 6, ( “Noviy istochnik po istorii zavoevaniya Turkestana russkim sarizmom” , Izv. Uzb. filiala AN , 1941), “Pamyatniki goroda Xivi”( Tashkent. Uz FAN, 1941g) , «Alisher Navoiyning davrini o’rganish haqida» ( «Ulug’ o’zbek shoiri» kitobida, Tashkent, 1948, 3-24 betlar), “XV asrda O’rta Osiyo shaharlarida binolar ansamblining traditsiyasi haqida”. –( T, 1948 ) , “Chupan – Ata» ( Trudtsi In-ta istorii i arxeologii AN Uzbekistana, T.1.Tashkent. 1948, s. 22-34), “ Beruniy Amudaryo oqimining tarixiy gidrografiyasi haqida” ( «Beruniy – o’ta asrning buyuk olimi “ to’plamida), Toshkent, 1950 yil , 70-76 betlar) , ” O’zbekistonda arxeologiya” Toshkent, «O’zbekiston » nashriyoti, 1956 y, 43 b, “Nukus shahri” ( “Fan va turmush” jurnali”, 1957 yil № 5, “Qadimgi sak qavmlari”, (“Fan va turmush”, 1957 yil , № 4 ), “Xonbandi “ ( “Fan va turmush” jurnali, 1958 yil, № 4,), “Tarixshunoslikda etnografiya vazifalari” (“O’zbekiston Madaniyati” gazetasi, 1959 yil 10 iyun`), “Qadimgi madaniyatimiz izlaridan”. “O’zfan akadnashr, 1960 yil), ( “Fan va turmush” kutubxonasi), “Jizzax tarixiga oid” ( “Qizil O’zbekiston” gazetasi, 1963yil 3 yanvar), “ Axsiket obidalari izidan “ ( “ Fan va turmush” jurnali , 1964 yil №8 ), “ Mashhur kishilar qabri izidan” ( “ Fan va turmush” jurnali 1966 yil № 11), “Paxtachilik qachon boshlangan?” ( “Fan va turmush” jurnali, 1966 yil № 1), “Ko’hna tarix izlari” ( “ Sovet O’zbekistoni” gazetasi, 1967 yil 29 oktyabr), “Tarix tilga kirganda” ( “O’zbekiston madaniyati” gazetasi, 1967 yil 25 fevral), “V. L. Vyatkin haqida xotiralar” ( “O’zbekistonda ijtimoiy fanlar “ jurnali , 1969 yil № 11,) “Arxeologiya nima?” , “ Saodat” jurnali, 1972 yil № 4, ) “Qiz qal’asi” ( “ Fan va turmush”, 1972 yil № 10) kabi ko’plab maqola va risolalar chop etdirdi. “O’zbekiston xalqlari tarixi”, “Samarqand tarixi” asarlariga hammualliflik qildi.
Ushbu asarlarning nomiyoq tarixga qiziquvchi o’quvchilarda qiziqish uyg’otadi. Shulardan kelib chiqib bugungi istiqlol davri farzandlari va kelajak avlod uchun yuqoridagi maqolalarni to’plab, ruscha asarlarini tarjima qilib Yahyo G’ulomovning saylanma asarlarini nashr etmoq lozim.

JASORAT

Akademik Yahyo G’ulomov nafaqat tarixchi olim, arxeologik ekspeditsiyalar natijasida to’plangan osori atiqalarni avaylab saqlashga intildi, balki moziyni yanada chuqur tahlil eta oladigan tadqiqotchilarni yetishtirish uchun jon kuydirib,Rossiya shaharlaridagi ilm maskanlariga iqtidorli talabalar, aspirantlarni yo’llab turdi.1956-59 yillarda O’ZFA tarix va arxeologiya institutiga direktorlik qilgan paytida esa, tarixga oid qo’llanma, monografiyalar yozish uchun tadqiqotchilarga yetarlicha shart sharoitlar yaratib berish bilan birga, tarixchi aspirantlar uchun qo’shimcha joy olishgayam muvaffaq bo’ldi.
Ayni paytda esa u o’z davrining fidoyi kishisi ham edi.Kunlarning birida Yahyo G’ulomov «Vecherniy Toshkent» gazetasida poytaxtimiz ko’chalaridan birining ozoda, shinamligi haqidagi maqolani o’qib qoladi.Yolg’on va maqtovdan iborat bu maqolani o’qigach, akademikning fig’oni falakka chiqadi.Chunki, tarixchi ushbu ko’chadan har kun o’tar, bu yer ozoda va shinam emas, axlat uyumlariga to’la vayrona edi.Nohaqlikka chiday olmaydigan Yahyo aka haqiqiy vaziyat to’g’risidagi maqolasini yozib tahririyatga topshiradi.Muharririyat esa uni bosishga botinaolmay, maqolani » tanishib chiqish» uchun shahar firqa qo’mitasiga yetkazishadi.U yerdagilar bo’lsa olimni hashamdor xonalariga chaqirib, akademikga do’k po’pisa qilib deyishadiki, «Ha, Toshkent sizga yoqmay qoldimi? Yoqmasa, to’rt tomoningiz qibla ketavering»
Bunday haqoratlarga esa akademik g’urur bilan, «Men Toshkentda tug’ilganman, kindik qonim shu yerda to’kilgan va men shu yerda yashayman! Senga o’xshaganlar kelib ketaveradi» deb amaldorning xonasidan chiqib ketadi. Shundan so’ng, shahar firqa qo’mitasidagilar O’ZFAga arxeologning tanobini tortib qo’yish kerakligi haqida topshiriq berishadi.
Tabiiyki, davr dovullariga qarshi chiqish yomon bo’lishini akademik yaxshi bilar, ammo nohaqliklarga chiday olmasdi.Xususan, tarixiy obidalarga e’tiborsizlik, paxta maydonlarini kengaytirish bahonasida, noyob obidalarga shikast yetib, yo’q qilib yuborilayotganidan kuyunib, respublika rahbarlariga murojaat qiladi.Laganbardor, o’zini firqa faoli sanovchilar esa, rahbar nomiga yo’llangan xat bilan tanishgach, katta idorada yig’in chaqirishib, Yahyo G’ulomovga obdon nasihat qilishib, bu ishingiz o’zingizga yomon bo’ladi deya gap uqtirishadi.Shunda faollardan biri, akademikni kechirim so’ratdirish niyatida,»Yahyo G’ulomovich, balki bu xatni siz yozmagandirsiz, tobingiz yo’qligida shogirdlaringiz yozgandir, rahbarlardan shuni aytib uzr so’rasangiz bo’lardi» deya tilyog’malik qilgan. Bunga javoban Yahyo aka, » Yo’q! Bu xatni soppa sog’ vaqtimda, o’zim, o’z qo’lim bilan yozganman.Bu noyob obidalar bizning tariximiz.Ularni saqlab qololmasak, kelajak avlod bizni aslo kechirmaydi» deb dadil gapirgan ekan.
Yahyo G’ulomovning Xorazmlik shogirdi Abdulla Sotliqov ustozining hayotidagi yana bir ibratli voqeani shunday esga olgandilar: “Domla yurtimizdagi tarixiy yodgorliklarning jonkuyari edi. Qadimgi qal’alar, qo’rg’onlar, masjidu madrasalar va boshqa me’moriy yodgorliklarni kelgusi avlodga asrab-avaylab saqlab qolish haqida ko’p qayg’urardi. “Ular uzoq tariximiz va boy madaniyatimizning jonli guvohi”, deb uqtirardi. Har gal uchrashganimda Xorazmning Xiva, Hazorasp, Vayangan, Qalojiq qal’alari, ularning ahvoli haqida uzoq surishtirardi. Chunki sobiq sho’rolar davrida paxta yakkahokimligining hukmronligi hamda ayrim rahbarlarning beparvoligi tufayli ko’pgina bebaho yodgorliklar o’sha davrda vayrona ahvolga kelib qolgan edi. Qal’a devorlari ekin maydonlariga o’g’it qilindi, masjidu madrasalar buzildi yoki omborxonalarga aylantirildi. Xiva, Buxoro, Samarqand, Jizzax va Nurota tumanlarida shunday bo’lganligini o’z ko’zim bilan ko’rganman. Xivaning Deshon qal’asidan deyarlik asar ham qolmadi. Domla bularni ko’rib ich-ichidan kuyinardi. Xat orqali, ba’zan rahbarlar bilan shaxsan uchrashib tarixiy obidalarni saqlab qolish zarurligini tushintirar va ulardan buni iltimos qilar edi. Ba’zida bunday uchrashuvlar ochiq tortishuvgacha borib yetardi. Kechagidek esimda, bir kuni shogirdlaridan biri domlaning huzuriga kelib Samarqanddagi Afrosiyob qal’asini qudratli mexanizmlar yordamida vayron qilinayotganligi haqida noxush xabar keltirdi. Bizlar tushdan keyin gurunglashib o’tirgan edik. Bu xabar domlani juda asabiylashtirdi. Domla shogirdi Abdulahadga darhol Samarqandga samolyot uchun chipta keltirishni buyurdi. Shu zahotiyoq Samarqandga jo’nab ketdilar. Borsalar, haqiqatdan ham bul`dozer va ekskovatorlar Afrosiyobning ko’p joyini vayron qilgan ekan. Afrosiyobning qoq o’rtasidan Toshkent-Samarqand avtomobil yo’li o’tkazilayotgan ekan. Mexanizatorlarga ishni to’xtatishni iltimos qilganlar, ammo ular domlaga quloq solishmagan, yuqoridan berilgan topshiriqni bajarayotganligini aytganlar. Shundan so’ng domla viloyat va shahar rahbarini axtarib ketgan. Baxtli tasoddifga qarangki, o’sha paytda shaharning teatr binosida Samarqand viloyatiga qandaydir orden topshirish marosimi bo’layotgan ekan. Rahbarlar shu tantanaga yig’ilishganlar. Tantanada respublika rahbarlaridan biri ham ishtirok qilayotgan , majlis endi boshlanayotgan ekan.Domla teatr binosiga kelib, xodimlardan biriga rahbarni chaqirib berishni so’ragan, o’shanda rahbar domlaning ismini eshitishi bilan zaldan foyega chiqqan.Salom alikdan so’ng domla unga voqeani tushuntirgan, tezda chora ko’rishni iltimos qilganlar. Rahbar shunda domlaga qarab, «Yahyo aka, bir past sabr qiling, ordenni topshirib olaylik, so’ngra bu masala bilan birgalikda shug’ullanamiz va ijobiy hal qilishga harakat qilamiz», degan. Domla bu javobdan juda asabiylashgan, so’ngra rahbarga qarab, zardali ohangda «Hurmatli yoshulli, ordenni bir necha soat kechikib topshirilsa ham, hech narsa o’zgarmaydi, ammo shu bir necha soat ichida Afrosiyobdan asar ham qolmaydi. Afrosiyob – o’tmish tariximizning jonli guvohi, davlatchiligimiz beshigi, jahon madaniyatining nodir durdonasi. Agar u tarix sahnasidan yo’q bo’lib ketadigan bo’lsa, tarix sizni hech qachon unutmaydi», – degan. Bu so’z rahbarga kuchli ta’sir qilgan shekilli, darhol mas’ul xodimlarni chaqirtirib, Afrosiyobdagi olib borilayotgan ishlarni to’xtatishni buyurgan. Natijada, Toshkent-Samarqand yo’li qal’ani chetlab o’tadigan bo’lgan. Shunday qilib, O’zbekistondagi Afrosiyobga o’xshagan o’nlab-yuzlab tarixiy obidalar domlamiz Yahyo G’ulomovning jonkuyarligi, qa’tiyatligi va jasorati tufayli hozirgi va kelgusi avlodlar uchun asrab qolindi. Domla Samarqanddan kelgach, ushbu voqeani sevinch bilan menga xikoya qilib bergan edi.
Domlaning qanchalik vatanparvar inson ekanligini tubandagi misol ham yorqin tasdiqlaydi. Esimda, Toshkent zilzilasidan ikki yil keyin, yoz faslida domlaning hovlisiga to’rt nafar arxitektor (shulardan biri ayol kishi edi) kirib keldilar.
Domla ularni iliq kutib oldi. Ularning ismlari esimdan ko’tarilgan. Ehtimol, ular Notkin va Bulotovlar bo’lsa kerak. Toshkentdagi qurilishlarning bir xilda, xuddi gugurt qutisiga o’xshatib qurilayotgani, ko’rinishi yo’qligi va sifati pastligi haqida gapirdilar. Toshkent Sharqning mash’al shaharlaridan biri, imoratlarning qurilishida sharqona ko’rinish bo’lsa, toshkentlik me’morlarning ham fikrlari hisobiga olinsa yaxshi bo’lar edi, dedilar. Ular o’zlarining fikrlarini shaharning mas’ul rahbarlariga yetkazishni domladan iltimos qildilar. Domla ham Toshkentdagi olib borilayotgan qurilishlar haqida xuddi shunday fikrda edi. Domlaga me’morlarning yuqoridagi so’zlari ma’qul tushdi. Ertasi kuni ishga ketayotib, domla shahar partiya qo’mitasining birinchi kotibi qabulida bo’lgan, kotib muomala madaniyatidan ancha bexabar yosh yigit ekan. Domla kotibga yuqoridagi taklifni asoslab, tushuntirib bergan. Biroq kotib domlaning fikriga yetarli e’tibor bermagan.
Shundan sal oldinroq domlaning markaziy gazetada bosilgan “Toshkent choyxonalari” haqidagi tanqidiy maqolasi uni ranjitgan bo’lsa kerak, johillik bilan ko’nglidagi g’azabni to’kib socha qolgan. Kotib domlaga qarab, «Domla siz bizning ishimizga ko’p aralashavermang. Nima qilishimizni o’zimiz yaxshi bilamiz. Ortiqcha aqlning hojati yo’q. Siz o’zingizning cho’ldagi ishingiz bilan shug’ullaning, agar bizlarning qilayotgan ishimiz Sizga ma’qul kelmasa Toshkentdan chiqib keta qoling.
Ammo bizning ishimizga xalaqit bermang», deb qo’pol muomala qilgan. Bu so’zdan domlaning jahli chiqqan. Kotibga qarab, «Men-ku asli Toshkentlikman, butun umrim ilm axtarib cho’lu biyobonlarni kezganman. Sen ham issiq xonangni, yumshoq kursingni tark etib, cho’lu qumlarda izg’irin sovuq va jazirama issiqlarda yurib, azobini tatib ko’rsang, xo’p yaxshi ish bo’lar edi», deb yana otasidan eshitmagan «shirin» so’zlarni aytib, kotibning xonasidan chiqib ketgan. Domla uyiga kelib ancha vaqtgacha o’ziga kelolmadi, madaniyatsiz, nasl-nasabi ma’lum bo’lmagan kimsalarning amal kursisida o’tirganligidan qattiq ranjidi.
Domla juda mehmondo’st ham bo’lib, uning xonadonida mehmonsiz kuni kam bo’lardi. Mehmonlar orasida Rossiya, Ukraina, Qozog’iston, Tojikiston va boshqa joylardan kelgan olimlarni uchratish mumkin edi. Ular fan yangiliklaridan, olamda yuz berayotgan voqealar haqida miriqib suhbatlashishardi. Domlaning huzuriga do’stlari va shogirdlari ham tez-tez tashrif buyurib, hamsuhbat bo’lardilar. Ba’zan gurung respublikamizning ichki imkoniyatlari, xalqimizning turmush darajasiga borib taqalardi. Domla suhbatdoshining mulohazalarini juda e’tibor bilan tinglar, o’z fikrini ham ochiq aytishdan qaytmasdi. Esimda, domla bir suhbatida «O’zbekiston boy imkoniyatga ega mamlakat. Tabiiy boyliklari serob, yerlari hosildor.
Daryolar, chashma va soylaridan, tog’ daralaridan oqayotgan suvlaridan tejab-tergab foydalanilsa, yana qanchalab qadim sug’orilgan yerlardan foydalanish mumkin. Paxtamiz, ipagimiz va boshqa mahsulotlarni shu yerning o’zida qayta ishlansa va sotilsa, qo’lidan ish keladigan odamlarga tadbirkorlik imkoni berilsa, xalqimiz yanada farovon yashardi. Ilg’or davlatlarning tashqaridan bergan yordami bilan hamma muammolarni hal qilib bo’lmaydi. Avvalo, halqning o’z erki, xoxish-irodasi, tashabbusi ham bo’lishi kerak. Tashqaridan hech kim biror maqsadsiz bekorga yordam bermaydi», dedi. Domla birpas to’xtab, suhbatdoshlariga nazar solarkan, so’zini davom qildirdi. «Yurtning farovonligi uchun odamlarimizning, ayniqsa mansabdor shaxslarning fikrlashi va ma’naviyati ham yuqori bo’lmog’i kerak. Xalqimiz qadim-qadimdan yuksak ma’naviyatli, oriyatli, imon-e’tiqodli va mehnatsevar xalq bo’lgan. Ammo negadir shu yaxshi xislatlarga qaraganda yomon illatlar ko’payib borayapti.
Ayniqsa, ayrim rahbarlar faoliyatida bu aniq ko’zga tashlanayapti. Mansabni suiste’mol qilish, molparastlik, ko’zbo’yamachilik, maishatparstlik illatlari kurtak otayaptiki, bunga chidab bo’lmaydi. Tarixdan ma’lumki, qaerda bunday yaramas illatlar avj olsa, shu joyning kelajagi bo’lmaydi», deb so’zni yakunladi. Bularning barchasi o’sha davrda ko’pchilikni tashvishga solayotgan muammolar edi. Domla ishxonasidan qo’lyozma solingan xatjildni olib chiqdi. Unda adreslar aniq yozilgan edi. Xatjildni shogirdi Abdulahad Muhammadjonovga berar ekan, uni pochtaga tashlab o’tishni iltimos qildi. Abdulahadga qarab, xatni o’qib ko’ring, uni Abdulla ham eshitsin, deb menga ishora qildi. Abdulahad xatni ovoz chiqarib o’qidi, biroq yuzida tashvish alomati sezilib turardi. Chunki xatda tubandagi o’tkir jumlalar yozilgan ekan: «Hurmatli….(ismi, familiyasini qoldirdik). Ma’lumingizki, keyingi paytlarda Toshkentda qonunbuzarlar, bezorilar, o’g’ri-o’triklar ko’payib qoldi.
Bundan odamlarning tinchligi va osoyishtaligi buzilmoqda. Shunday bir vaziyatda she’r va ashulalar mashq qilishni birpas to’xtatib, bu ishni o’z egalariga qo’yib bersangiz, o’zingiz esa bevosita mas’uliyatli vazifangiz bilan shug’ullansangiz, ko’p ma’qul ish bo’lardi». Ushbu xat respublikamizning qonunchilikni muhofaza qiluvchi eng yuqori lavozimdagi boshlig’iga yozilgan ekan. Abdulahad domlaga qarab, yuzida tashvish bilan bu xatni jo’natsak oqibati nima bo’lar ekan, deb xavotirlandi.
Shunda Yahyo aka “qachongacha qo’rqib yashaymiz. Kimdir bularni aytishi kerak-ku, «Qarg’adan qo’rqqan tariq ekmaydi», xat oxirida imzoyimiz bor”, deb qo’ydi. Abdulahadning tashvishlanganicha bor edi. O’sha davrda yuqoridagi rahbarlarga ochiq so’zlarni yozib yuborish, o’z hayotini tahlikaga solish bilan barobar edi. Domla buni yaxshi bilar edi. Zero, u odamlar tashvishi, elu-yurtning g’ami bilan yashardi. O’sha qaltis zamonda bunday xatni yozib yuborishning o’zi jasorat edi.
Yana bir voqea esimda. Domlaning Fathulla aka ismli qadrdon sinfdosh do’sti bor edi. U tez-tez domlani yo’qlab kelar va ishdan keyin yoshlik davrini eslab, domla bilan chaqchaqlashib o’tirardilar. Fathulla aka nafaqada bo’lib, oilasi o’rta hol darajada edi. Domla do’stini moddiy jihatdan qo’llab-quvvatlab turardi. Agar Fathulla aka uzoq vaqt ko’rinmay qolsa, domlaning o’zi borib hol-ahvolini bilib, uyiga o’zi bilan olib kelardi. Fathulla akani haftalab uyidan yubormasdi. Chunki u domlaning haqiqatdan ham sadoqatli, shirinsuxan do’sti edi. Bir kuni qizg’in suhbat orasida Fathulla aka hayotdagi kamchiliklardan, yaramas illatlardan va nafaqaning kamligidan so’z yurita boshladi. Domla do’stining so’zini bo’lmadi, oxirigacha tingladi. So’ngra do’stiga qarab hazil aralash: «Fothi, so’zlab bo’lding-mi, aytgan gaplaring haq gaplar. Ammo kimga shikoyat qilyapsan, o’zi! Axir, shu hukumatni qo’lingga qurol olib, o’zing o’rnatgan emasmisan! Endi bu yog’iga chidashga to’g’ri keladi», deb qo’ydi. Ushbu kinoya bilan aytilgan so’zning tagida chuqur falsafiy ma’no bor edi”.
Bundan tashqari Yahyo G’ulomov o’sha davrdagi mafkuraviy bosimlarga qaramay, Amir Temur hayoti va faoliyatini haqqoniy o’rgangan Ibrohim Mo’minovni himoya qilishga ham bosh bo’ladi. Negaki, I.Mo’minovning “ Amir Temurning O’rta Osiyo tarixida tutgan o’rni va roli” kitobi 1968 yilda chop etilgach, asarga nisbatan salbiy qarash, norozilik harakatlari kuchayib ketadi. Moskvada nashr etiladigan “Voprosi istorii» jurnali ( 1973 yil № 2)da A.P.Novosel`tsevning, “Istoriya SSSR” jurnali ( 1973 yil № 5)da esa M.Abduraimovning muallif va asar qahramonini qoralab chiqqan maqolalari yoritiladi. Shuningdek, O’ZFA tarix institutida bir necha bor kitob muhokama qilinganida, Yahyo G’ulomov, Hamid Sulaymonov, Hamid Ziyoev, O.Eshonov, SH.O’razaev, B.Lunin, L.I.Rempel`, G.A.Pugachenkova. M.Xayrullaev, M.Nurmuhammedov, R.Aminova, X.Inoyatovlar Ibrohim Mo’minovni yoqlab chiqishga jur’at qilgandilar.
Moskva nashrida , u yerdagi tarix institutida qoralangan asarni va muallifni yoqlab chiqishga bosh bo’lish o’sha davrda chinakam olimona jasorat edi.
Ha, Yahyo G’ulomov ana shunday fidoyi vatanparvar olim bo’lgan. Shu bois ham tabiatan haqgo’y, haqiqatparvar inson yozgan asarlar xolisligi bilan shuhrat qozongan.

SHOGIRDLARGA G’AMXO’RLIK

Asarlarini yuksak saviyada yozgan olim chin ma’nodagi ustoz ham edi. Shu boisdan e’tibori, yordami, g’amxo’rligi sabab Hamid Ziyoev, Iso Jabborov, Abdulahad Muhammadjonov, Mirsodiq Is’hoqov, Anatoliy Sa’dullaev, Ahmadali Asqarov, Abdulla Sotliqov,O’tkir Islomov, Rustam Sulaymonov, Temur Shirinov, Amriddin Berdimurodov, Qurbonboy Sobirov kabi yuzlab arxeologlar, Pirmat Shermuhammedov, Tursunboy Karimov, Qodirbergan hoji Jumamurod o’g’li singari ko’plab ijodkorlar yetishib chiqdi.Agarki, domlaning ko’p yillar davomida Nizomiy nomidagi Toshkent Davlat Pedagogika institutida talabalarga saboq berganini eslaydigan bo’lsak, uning shogirdlari safi yanada ortadi.
Professor Hamid Ziyoev “Tarixning ochilmagan sahifalari” kitobida ( T, “Mehnat” nashriyoti 2003 yil, 221 bet) o’zining tarix fanidagi chinakam kashfiyot bo’lgan Sibir, Volgabo’yi va Uraldagi o’zbeklar mavzusiga bag’ishlangan ilmiy ishini o’rganish, mavjud qiyinchiliklarga ( Qozog’istondagi Olmaota va Rossiyadagi Perm`, Omsk, Tobol`sk, Tyumen, Irbit, Tomsk kabi eng uzoq shaharlardagi 24 ta arxivlarda ishlash) qaramay davom etdirishda Yahyo G’ulomov katta jonbozlik ko’rsatganini ta’kidlab o’tgandilar.
Ma’lumki,1966 yilda Afrosiyobda o’tkazilgan arxeologik tadqiqotlarda ilk o’rta asrlarga tegishli noyob devoriy suratlar bilan birga, o’n bir qator so’g’d yozuvi ham topilgandi. O’zbekistonda ushbu yozuvni o’qiy oladigan birontayam mutaxassisning yo’qligi tufayli, arxeologlar leningradlik V.A.Livshitsga murojaat qilishadi.Biroq Yahyo G’ulomov fan istiqbolini o’ylab, Livshitsdan keyin ham agarki shunga doir yangi topilmalar topilsa, bevosita o’zbek olimlariyam so’g’d yozuvini o’qiy oladigan bo’lishsa edi, degan istakda Mirsodiq Is’hoqovni Leningradga yuborishga boshchilik qiladi.Natijada Mirsodiq Is’hoqov Livshitsga shogird tutishib, bugungi kunda O’rta Osiyodagi yagona so’g’dshunos olim bo’lib yetishdi.Shu tariqa Mirsodiq Is’hoqovning nomi aynan Yahyo G’ulomovning qo’llab-quvvatlashi, g’amxo’rligi, qolaversa o’zining ham intiluvchanligi bois Rossiyalik V.A.Livshits, M.N.Bogolyubov, O.I.Smirnova, Angliyalik I.Gershevich, D.N.Makkenzi, AQShlik M.Shvarts kabi mashhur so’g’dshunoslar qatoridan joy oldi.
Shuningdek, Yahyo G’ulomov A.Asqarov, M.Qosimov, O’.Islomov, R.Sulaymonov, X.Nasriddinov, S.Rahimov, T.Mirsoatov kabi yana ko’plab istiqbolli tarixchilarni Moskva, Leningrad shaharlaridagi A.P.Okladnikov, P.I.Boriskovskiy, M.M.Gerasimov, M.P.Gryaznov singari o’z davrining mashhur olimlari yoniga bevosita o’zi olib borib, aspiranturaga joylardi. Vaqt o’tib ushbu shaharlarga borganida shogirdlari ahvolidan xabar olar, ilmiy ishni qanday davom etdirayotganligi bilan qiziqar, moddiy tomondan ham qo’llab quvvatlardi.
Yahyo akaning Qoraqalpog’istonlik shogirdlaridan Qodirbergan hojining aytishiga qaraganda, “avvalo u odob-axloqli, ilmga ixlosmand yoshlarni shogirdlikka olardi. Shogirdlariga ilm o’rgatishdan tashqari, ularning tarbiyasiga ham katta e’tibor berardi. Shogirdlariga ahloq-odobni, halollikni, kamtarlikni, mehnatsevarlikni, o’zbekona odatlarga qat’iy amal qilishlikni o’rgatar edi. Domla shogirdlariga “ ilm o’rganish oson ish emas, bunga erishmoq uchun og’ir qiyinchiliklarni yengib o’tishga to’g’ri keladi, bu esa tinimsiz mashaqqatli mehnatni, aql-zakovotni talab etadi, «madrasa tuprog’ini yalamagan shogirddan olim chiqmaydi», deb nasihat qilardi”. Haftada bir marta shogirdlar bilan uchrashib, ularning o’qishlari va yozgan ishlaridan xabardor bo’lib turardi. Yozgan ishlarini shaxsan o’zi o’qib, kamchiliklarini ko’rsatar va yangi vazifalar berib yuborardi. Domlaning uyi, qolaversa shaxsiy kutubxonasi shogirdlar uchun hamisha ochiq edi. Ilmiy ishda halollikka, voqealarni birinchi manbalar asosida xolisona yaratilishiga, ishning ilmiy tahliliga alohida e’tibor berardi. Agar ilmiy ishda shu talablarga javob bermasa, muallif yuqori lavozimda bo’lishiga qaramay, ishni himoya qilishga aslo tavsiya qilmas, unga ijobiy taqriz bermas edi. Domlaning e’tirozi bilan hatto himoyadan qoldirilib yuborilgan sayoz ilmiy ishlar ham oz emas edi. Domla shogirdlarining oilaviy ahvoli bilan ham qiziqardi. Shogirdlarni uyiga taklif qilganida, ularni albatta ovqatlantirib, zarur bo’lganida ularga hatto moddiy jihatdan yordam ko’rsatib yuborardi. ” Oilasida tinchlik bo’lsa, ilmiy ishida samara bo’ladi”, derdi Yahyo G’ulomov”.
Akademik sifatida katta obro’ qozongan Yahyo aka ustoz-shogirdchilik an’anasiga ko’ra, o’zi rahbarlik qilayotgan yoshlarning ilmiy ishlarinidan doimo xabardor bo’lib, ularga kerakli adabiyotlar, hattoki pul bilan ham ta’minlab turganlar.
Yahyo akaning Xorazmlik shogirdlaridan Abdulla Sotliqov bu haqda shunday xotirlagandilar: “Bir kuni yozgan ishimni ko’rsatish uchun domlaning huzuriga keldim. Kechki ovqatdan so’ng domla “mendan uydagilardan xabar oldingizmi, telefon qildingizmi, xat yozdingizmi”, deb so’rab qoldilar. Men ish bilan mashg’ul bo’lib, uydagilardan xabar ololmaganimni aytdim. Yahyo aka “ uydagilar ham sizdan xavotirda bo’lsalar kerak” deb, ish xonasidan bir bet oq qog’oz va xatjildni chiqarib berdi. Shu yerda uydagilarga xat yozib, xatjildga solib pochtaga tashlab o’ting, dedilar. Men juda o’ng’aysizlanib qoldim, xatni qanday yozganimni bilmadim. Xatni yaqin oradagi pochtaga jo’natib ketdim.
Bu orada dissertatsiyamni ilmiy kengash himoya qilishga tavsiya qildi. Domla avtoreferatga imzo chekib, nashr qilish uchun 6-tipografiya direktoriga xat qilib berdi. Avtoreferatni tez bostirolmadim, nashr qilish uchun to’laydigan pulim yetishmasdi. Pochta orqali uydan jo’natilgan pul ham yetib kela qolmadi. Domla avtoreferatning nashri nega cho’zilayotganini so’rab qoldilar, men voqeani tushuntirdim. Shunda kelinoyimizga qarab, menga yuz so’m pul chiqarib berishini aytdi. Avtoreferatim 2-3 kunda nashrdan chiqdi, men ham, domla ham behad xursand bo’ldik.
Domlaning Inqilob ismli shogirdi bilan ham xuddi shunday voqea yuz bergan edi. Domla shogirdlaridan Inqilobni keyingi paytda ko’rinmay qolganligini surishtirdi. Ular domlaga Inqilob avtoreferati nashri uchun pul topish maqsadida mardikorlik qilayotganini, g’isht quyib yurganligini aytdilar.Shunda domla boshqa shogirdiga Inqilobni darhol topib huzuriga keltirishni topshirdi. Inqilob ertasiyoq domlaning huzuriga yetib keldi. Domla “nega bu ahvolni menga bildirmadingiz”, deb Inqilobni ancha koyib qo’ydilar. So’ngra sumkasidan 80 so’m pulni chiqarib, Inqilobga berdi va 3-4 kun ichida avtoreferat qo’limda bo’lsin, deb topshirdi. Darhaqiqat, domlamiz o’ta saxiy, muruvvatli inson edi. Shogirdlari mushkulini oson qilishni har narsadan ustun qo’yardi. Bunday mehr-oqibatli, saxovatli ustozlar, ilmiy rahbarlar juda kamdan-kam uchraydi.
Men domlaning serfarzand shogirdlaridan edim. Farzandlarimning barchasini ismi-shariflarini Yahyo aka yoddan bilardi. Ularning sog’lig’i va o’qishlari haqida qiziqib, so’rab turardi. Urganchga qaytadigan paytimda, mening e’tirozimga qaramay, domla erta bilan bozorga borib bolalarimga sovg’a uchun yong’oq, pista, shirinliklar va albatta chiroyli kiyimliklar olib kelardi. Ba’zan o’zlari meni aeroportgacha kuzatib qo’yardi. Shuningdek u kishining o’ziyam ish yuzasidan Urganch va Xivaga tez-tez kelib turardi. Har gal kelganida Xorazmning keksa, ko’pni ko’rgan odamlaridan -Xiva tarix muzeyining bo’lim boshlig’i, naqqosh usta, tarixchi Abdulla Boltaev, Asfandiyorxonning devonida ishlagan, yoshi to’qsonlardan oshgan Bobojon Tarroh (Xodim ), keksa irrigator Juma Otashov, Bobojon Otaboev va institutimiz o’qituvchilaridan Xalil aka Siddiqov va Otajon aka Yovbosarovlar bilan uchrashib, ular bilan suhbat qurib ketardi. Domlaning xotirasi va zehni juda o’tkir edi. Hatto 30-40 yillarda Xorazmga kelganida suhbatdosh bo’lgan qariyalarning nomlarini esga olib, ularning ruhlariga duoyi fotiha qilib o’tirardi.
Domla nafaqat Toshkentda, o’zining ish joyida, xatto viloyatlarda ham hurmat-ehtirom bilan kutib olinardi. Bunga o’zim ko’p marta guvoh bo’lganman. Toshkent ko’chalarida ketayotganimizda keksa odamlar va yoshlar ham albatta domla bilan salomlashib, so’rashib o’tardilar. Men ana shunday obro’-e’tiborga sazovor bo’lgan ustozim bilan faxrlanar edim. Hayotda xammasi silliq ketavermas ekan. Yaxshilik va johillik, havas va hasad yonma-yon yurar ekan. Olimlar orasida domlaning obro’-e’tibori oshib borishini ko’rolmaydigan hasadgo’y, johil odamlar ham uchrab turardi. Hasadgo’ylik, baxillik yomon illat, ular qanchadan-qancha mashhur olimlarni, yozuvchi va shoirlarni hayotdan erta ko’z yumib ketishiga sababchi bo’ldi. Domla ana shunday nopok odamlarni juda yoqtirmas edi. Ularning yaramas qilmishlarini ko’rib, juda asabiylashardi, ba’zida og’ir xastalikka ham chalinib qolardi. Domlaning hayotdan erta ketishiga ana shunday johil, nopok odamlarning qilmishlari ham sabab bo’ldi, desak aslo xato bo’lmaydi.”.
Yahyo G’ulomovning yana bir shogirdi, arxeolog Qurnboy Sobirov dastlab Nizomiy nomidagi Toshkent Davlat Pedagogika institutida domladan saboq olib, tarixga ixlosi kuchligidan unga shogird tushadi. Bu haqda shogirdi Qurbonboy aka shunday eslaydi :«1970 yilda Fanlar Akademiyasi Tarix va arxeologiya instituti rahbariyatidan xabarnoma keldi. Unda tezda akademiyaga yetib kelishim qayd qilingan ekan. Keyin Toshkentga- Akademiyaga bordim, shu vaqtda institut direktor o’rinbosari Ahmadali Asqarov meni Yahyo G’ulomov xonasiga olib bordi va “ sizning shogirdingiz bo’ladi”, dedi. Keyin domla meni uyiga olib borib, bir xonasiga joylashtirdi. Va kutubxonasidagi kitoblardan bemalol foydalanaverishini aytdi. Keyin aspiranturaga imtihon topshirish paytida domla bilan birga, akademiyaga tramvayda birga borar edik. U inson menga g’amxo’rlik qilib, uyidan joy berish, ilmiy ish mavzusini tanlash bilan birga Rossiyadagi arxeologiya institutiga aspiranturaga kirishimga yordam beribgina qolmay, hattoki u yerga borish uchun yo’lkira ham berib yubordi”.
Yahyo G’ulomovdan Nizomiy nomidagi Toshkent Davlat pedagogika institutida saboq olgan shogirdi, keyinchalik ta’lim sohasidagi faoliyatlari uchun Qoraqalpog’iston xalq o’qituvchisi, “xizmat ko’rsatgan yoshlar murabbiysi” va boshqa unvonlarga sazovor bo’lgan Qodirbergan hoji Jumamurod o’g’li ham domlaning insoniylik fazilatlarini shunday esga oladilar: “Domlaning har bir ma’ruzasi sodda, tushunarli, manbaalarga boy va ilmiy xulosalari asosli va qiziqarli bo’lganligi bois talabalar tomonidan e’tibor bilan tinglanar edi. Voqealarning qiziqarli bayonidan tinglovchi o’zini xuddi o’sha davrga sayohat qilgandek his qilar edi .
Domla kitobni juda sevar, qadrlardi. Kitob javonidagi kitoblar nihoyatda tartib bilan taxlab qo’yilgan bo’lib, O’rta Osiyo, Rossiya va Yevropa tarixiga doir qimmatli asarlar bor edi. Ayniqsa arab, fors tilidagi qo’lyozmalarni juda sevib mutoalaa qilardi. Narshaxiy, Bayxaqiy, Abdurazzoq Samarqandiy, Xondamir, Munis, Ogahiy va Bayoniylarni tarixnavis olim sifatida juda hurmat qilardi”.
Ma’lumki, arxeologiyada shu soha mutaxassislaridan tashqari, qazishma ishlari ketayotgan joydagi mahalliy aholidan ham xizmatchilar jalb etiladi.Yahyo G’ulomov ana shu xizmatchilar bilan do’slashib ketar, ulargayam har tomonlama yordam ko’rsatar, qandaydir muammolari bo’lsa mahalliy rahbarlarga aytib ularning yechimini izlardi.Natijada mahalliy aholida ham Yahyo akaga ixlos paydo blgan, ular vaqt o’tib Toshkentga borishsa, berilgan adresga ko’ra domlaning xonadoniga kirib borishaverardi.
Akademik Abdulahad Muhammadjonov domla bilan birga ishlashgan mahalliy aholining Yahyo akaga munosabati, buning esa arxeologiya rivojiga ko’rsatgan ta’siri haqida shunday yozgandi: “ 1956 yil sentyabr` oyining boshlari Yahyo G’ulomov rahbarligidagi ekspeditsimiz Buxoro shahridan 50 kilometrcha shimoliy-g’arbda hozirgi Buxoro-Gazli yo’liga yaqin Qizilqumning dashti Urganjiy deb atalgan qismida so’nggi antik davr ( milodning 3-4 asrlari)ga mansub va mahalliy aholi o’rtasida Qizilqir nomi bilan mashhur bo’lgan arxeologik yodgorlikda qazuv ishlari olib bormoqda edi. Tushki ovqat payti.Endigina bo’y ola boshlagan saksovullarning olachalpoq soyasida qazuvchi ishchilar to’p-to’p bo’lishib choy ichishib o’tirishardi. Qumlikka yonboshlab olgan Eshpo’lat og’a atrofiga ilk bor qazish ishlarida qatnashayotgan Rahimboy, Shirinboy, To’ramurod, Abish og’a, Oysulu, Raxshona hamda qadimgi qo’rg’on xarobalarida olib borilayotgan arxeologik qazuvlarni tomosha qilgani kelgan ovuldoshlarini to’plab, ularga Yahyo G’ulomov qanday qilib Qizilqirni ochgani to’g’risida hikoya qilar edi.
-Bilasizlarmi, Qulomovning( ya’ni Yahyo G’ulomov nazarda tutilmoqda-U.B.) durbini bor, -derdi u,-Toshkentda turib u durbindan qaraydi-da, so’g’in o’si jerga keladi. Bu topqir olim o’si jerdan tom shiqadi desa-tom, tas shiqadi desa-tas, agar oltin desa-oltin shiqadi.
Darhaqiqat, Eshpo’lat og’aning bu hikoyatomuz gapida ham jon bor edi. Chunki Yahyo G’ulomov dastavval Qizilqirga 1953 yili kelib, qazish ishlariga mahalliy aholini ishga taklif etgan vaqtda birinchilardan bo’lib Eshpo’lat og’a kelgan. O’shanda u Yahyo G’ulomovga qarab:
-Injener! Biz bu yerda qanday jumusni bajaramiz?,-deb so’rganida , Yahyo G’ulomov unga, mana shu yassigina tepani kavlaymiz, deb javob bergandi. Eshpo’lat og’a bo’lsa,-bu tog’ bo’lmasaki uni kovlab kon qidirsang, ostida bulog’i bo’lmasaki suv chiqarib bu qo’riq dashtni sug’orsang, usti mayda qizil shag’al bilan qoplangan bu qirchadan nima ham chiqardi,-deganida , Yahyo G’ulomov bir og’iz so’z bilan unga:-Bu yassi tepalikning ostida tom bor,-deb javob bergan edi. Buni qarangki, qazish ishlarining ikkinchi kunidayoq, eni 2 metrli to’rt tomonga yo’nalgan qalin devorlar ochilib mavsum oxirlarida yassi tepaning markazidan eni ham, bo’yi ham 9 metrli, chor atrofida supalari bo’lgan, kvadrat shakldagi kattagina miyonsaroy-zal ochilgandi. Bu keng zalning to’rt tomoni eni qariyib 3 metr, bo’yi 14 metrli uzun yo’laklar bilan o’ralgan. Bu imoratlar darvozaxonasi g’ulomgardishli ( o’ralgan) kattagina qadimiy qo’rg’onning xarobalari edi.
Kuz kirib, salqin tushib qolgani sababli Yahyo G’ulomov Qizilqirdagi qazish ishlarini to’xtatadigan bo’ldi. Shundan avval, yodgorlikning madaniy qatlamlarining qalinligini aniqlash maqsadida shogirdlaridan arxeolog T.A’zamxo’jaev va arxitektor V.A.Nil`senlarga Qizilqir yodgorligining markaziy qismida shurf-choh qazish uchun joy ko’rsatib, o’zi Buxoro viloyatining Qorako’l tumanida joylashgan Zamonbobo ko’li sohilida topilgan yana bir nodir arxeologik obidada olib borilayotgan qazish ishlaridan xabar olgani jo’nab ketadi. Vo ajab, buni qarangki, shu payt Qizilqirda kavlanayotgan shurf ostidan kuchli yong’indan hosil bo’lgan kul va qulagan paxsa devor ostidan yoshgina ayol skeleti chiqib qoladi. Skeletning bo’yin qismida besh shoda marvarid va uch dona kubik shaklidagi oltin medal`on ( tumor) cha hamda ko’krak va oyoq qismlarida esa 78 dona yarim sharchalar shaklida mayda tilla taqinchoqlar bor edi. Bu hodisa Yahyo G’ulomov belgilab bergan joyni qaziyotgan Eshpo’lat og’a va uning atrofidagilarni hayratga solgan edi” ( A.Muhammadjonov “Yahyo G’ulomovni xotirlab”, T, “Sharq”, 37-39 betlar).
Tabiiyki, hali qazish boshlanmagan joyda qanday topilmalar borligini taxmin qilish, aytib bera olish uchun faqatgina arxeologik tajribagina emas, olloh bergan iqtidor, teran tafakkur ham zarur edi.
Ana shunday teran tafakurli akademik 1977 yilning 12 yanvarida 69 yoshida vafot etgan bo’lsada, u yaratgan asarlar umriboqiydir. Shu bilan birga o’z davrining mafkuraviy bosimlariga qaramay milliy qadriyatlar, ajdodlarimiz yaratgan obidalarni asrab qolishga intilgani, davrdoshlari, shogirdlariga ko’rsatgan insoniy g’amxo’rligi uning ibratli SHAXS ekanligini, millat uchun esa chinakam ZIYOLI timsoli bo’lganligini bildirib turadi.Bularning bari esa bugungi va kelajak avlod uchun hayot maktabi, fan va insoniy saboqlardir.Xullas, 69 yillik Yahyo G’ulomovning hayot yo’li ilmga ixlos, matonat va fidoyilikdan iboratdir.

TAKLIF

Yahyo G’ulomov vafot etganiga ham bir yigit umri bo’lib qoldi. Akademikning shogirdlari ham umrining keksalik faslida yashamoqdalar.Uni tanigan-bilgan zamondoshlariyam taqdiri azal sabab birin-ketin hayotdan ko’z yumishmoqda.Demoq tezlashmoq lozim…Nimaga?!
Ya’ni, bugungi va kelajak avlodga ibrat namunasi sifatida buyuk shaxsning hayot yo’li haqidagi “ Yahyo G’ulomov zamondoshlari xotirasida” kitobini yaratmoq lozim. Shuningdek, biz ocherkimizda ta’kidlab o’tgan va boshqa maqolalari, asarlarini topib, ular asosida akademikning saylanma asarlarini nashr etish kerak.
Qolaversa, tarix fanidan ilmiy ish qilayotgan bo’lg’usi olimlar Yahyo G’ulomovning ilmiy merosi , hayot faoliyati, u tashkil etgan ekspeditsiyalarning fan rivojiga qo’shgan hissasi kabi mavzularda tadqiqotlar boshlasalar yaxshi bo’lardi.
Shu kabi jasoratli umr sohibining hayot yo’li to’g’risida oldiniga hujjatli, keyinchalik esa mohir dramaturg yaratgan stsenariy asosida badiiy fil`m ishlamoq, buning uchun tanlov o’tkazish joiz.
Bundan tashqari, domla nomiga Toshkent shahrida ko’cha qo’yilganini mamnuniyat bilan ta’kidlagan holda, Yahyo G’ulomov nomini yurtimizning boshqa shaharlaridagi ko’cha, mahalla, maktab, universitet, muzeylarga ham berish kerak menimcha.
Shu bilan birga respublikamiz viloyatlarida Yahyo G’ulomov nomidagi tarixchilarning ilmiy seminari o’tkazilayotganidan xursand holda, u kishining nomi bilan ijtimoiy fanlar tadqiqotchilari, ular yaratgan asarlar uchun Davlat mukofotini ta’sis qilmoq kerak.Zero, Yahyo G’ulomov shunga loyiq SHAXS , millatimiz uchun faxr timsolidir.

xdk

(Tashriflar: umumiy 2 833, bugungi 1)

Izoh qoldiring