Husnora Ro’zmatova. Ofeliya. Kinonovella

03Куни-кеча таниқли адиб Назар Эшонқул тавсияси билан Ҳуснора Рўзматованинг “Шикаста маъбуда” новелласини эълон қилган эдик. Асар сайтимиз мухлислари томонидан жуда катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бугунги саҳифамизда Ҳусноранинг яна бир янги асари — «Офелия» кинонвелласини тақдим этмоқдамиз.

Ушбу кинонвелла Гамлетсиз ва Офелиясиз “Гамлет” спектаклини ижро этаётганлар, муҳими, шу спектаклни томоша қилаётганлар ҳақида. Тагмаъно нафақат чуқурлиги, балки долзарблиги, айни маънавий манзарамиз ҳақидалиги билан ҳам эътиборни тортади. Умуман, бу киноновелла драматургиямизга ҳам янги нафаслар, янги ташбеҳлар, янги кўримлар кириб келаётганидан дарак беради.

Ҳуснора Рўзматова
ОФЕЛИЯ
Киноновелла
09

1. Метро вагонлари бекатга келиб тўхтайди. Вагондан чиқаётган одамлар орасида бошига кепка бостириб олган, эгнида кенг, эркин тўкилиб турадиган кийим кийган қиз кўзга ташланади. Қизнинг аввал ияги, лаби, икки яноғи ва бурнигина кўриниб туради. Кўзлари беркиниб турибди. У метродаги одамлар оқими орасида уриниб суриниб кетиб боради.

2. Бояги киз энди бозор ичидаги оламон орасида кетиб боради. У бирон кийим растасига қараб ҳам қўймайди. Фақат бир бурчакдан егулик олиб сумкасига солади. Кўзлари яна кўринмайди. У бозорни кесиб қаергадир ўтмоқчи.

3. Киз театр эшиги ташқарисида турган афиша тахтасида “ БУГУН “ГАМЛЕТ”” деган ёзувни ўқиётганида унин кўзларини кўрамиз. Қизнинг исми Зарифа. 30 ёшларда. У театр ҳодимлари кирадиган эшикдан ичкарига киради.

Қоровул чол: (ғарибгина кийимда) Зарифа, яҳши келяпсанми, қизим?

Зарифа: Ассалом алайкум, амаки тузикмисиз?

Қиз чол ўтирган ердаги столга разм солади.

Зарифа: Ҳмм. Тушлик қилмагансиз ҳали, а?!

Қоровул чол: Йўқ. нега ? Тушлик қилиб олганман.

Зарифа: Ҳаа, ишонди деб ўйлайсиз-да!

Сумкасидаги егуликни олиб чиқариб яримини чолнинг олдига қўяди.
— Еб олинг.

Қоровул чол: Раҳмат. Бугун “Гамлет” эканми?

Зарифа: Шунга ҳайронман-да. Энди “Гамлет”ни қўймай туришса керак деб ўйловдим. Афишадан олиб қўйишни унутиб қўйишган бўлса керак.

Қоровул чол: Э, Хожикдан бошқаси барибир ўйнай олмайди Гамлетни.

Зарифа: Мен ҳам шу фикрдаман, амаки. Эсини еганми булар?!

4. Зарифа театр ховлисига киради. Кираверишдаги йўлак деворига илинган қоғозга ҳам бугунги сана билан “Гамлет” да банд актёрлар рўйхати чиқариб қўйилган. Аммо на Гамлетни ўйнайдиган актёр исми бор на Гамлет образи бор. Рўйхат остига катта ҳарфлар билан: “Бугун “Гамлет”. Спектакльни Гамлетсиз ўйнаймиз!”, деб ёзиб қўйилган. Зарифа йўлаклар бўйлаб юриб, томошабин залига кириб саҳнани кўради. Саҳнада ишчилар декорация қуришаяпти. Камера қурилаётган декорацияни кузатиб туради. Зарифа бу ердан чиқиб, ён томондаги пештоқига “Завтруппа” деб ёзилган эшикка кириб кетади.

5. Энди ичкаридан овозлар эшитилади.

Зарифа: (овоз) Чинданам бугун “Гамлет”ни қўймоқчимисизлар?!

Завтруппа: (овоз) Ҳа.

Зарифа: (овоз)Ҳожиакбар акани кеткиздинглар-ку. Дублёри ҳам йўқ.

“Гамлет”ни Гамлетсиз ўйнаш тентаклик ку. Ҳазилми бу?

Завтруппа:(овоз) Ҳазил эмас. Катта бир ташкилот ишчиларидан билет пули  айнан “Гамлет” спектакли учун ўтқизилган. Уларни ҳам огох қилганмиз: бизда Гамлетни ўйнайдиган актёр театрдан кетган, деб.

Зарифа:(овоз) Улар нима дейишди?

Завтруппа:(овоз) Бизга Гамлетинглар саҳнага чиқмаса ҳам майли. қизиқроқ жойларини қўяверинглар, бизга барибир дейишди. Нимаям қилардик?!

Зарифа: (Овоз. Аввал хандон отиб кулади.) Аҳмоқлар!

Эшикнинг шарақлаб ёпилгани эшитилади. Зарифа яна йўлаклар бўйлаб юради. Камера Зарифанинг ортидан боради. У гримм хонасига киради.

6. Зариф гримхонага киради. Ўзини ўриндиққа ташлайди. Бир зум асабийлашиб ўтиради. Кейин Офелиянинг монологларини такрорлайди. Орада нутқ машқини ҳам қилади.

-Пти пте пта пто птў пту пти…
-Три тре тра тро трў тру три…

Декломация билан ўқийди: “Чуқурга тушдик, тобутга етдик, синмасин дук! Айланиб айлан чархим, бир пақир экан нарҳинг. … Бу қулфбузар ўғри ўз хўжайинининг қизини олиб қочибди экан….

Кўзларини юмиб пичирлаб такрорлайди. Ва яна очади.

-… мана бу розмарин гули…. Бу – ҳофиза қобилиятини кучайтириш учун. Олинг дўстим, мени ёд этинг. Мана бу бинафша: бу ўйлаш учун.

7. Зарифа Офелиянинг либосини кияди. Сочларини ёзади. Грим қилади. …ва Офелияга айланади. ..

8. Хонада Офелиядан ташқари “Гертруда” (Гертрудани ўйнайдиган актриса) ҳам бор. Гримхонага кетма кет учта қўнғироқ овози эшитилади.

Гертруда: Мен кулис орқасига бориб туравераман.

Зарифа: Агар Гамлет чиқмайдиган бўлса мен қайси жойидан чиқиб келарканман а?

Гертруда: Билмасам, жоним. “Арвох” саҳнасидан кейин кулис орқасига бориб туравер.

Кетади.

Зарифа: Хўп.

Телефонни олиб қўнғироқ қилади.

Зарифа: Ало, ало, Гамлет, аҳволиз яхшими? Нима? Яна ичиб олдингизми? А? Яна мастмисиз дейман? Эҳ, майли, майли, ичаверинг. Шу сизга таскин берса ичаверинг. …Ҳмм… Ҳозир “Гамлет” ўйналяпти. Илтимос, телефонда бўлсаям менга гапириб туринг. Сизсиз ўйнаёлмайман… Гамлетсиз ўйнаёлмайман. …Йўқ…. Йўқ. Қўяверинг. Сизни барибир театрга қайтарамиз… Сиз театрсиз чидаёлмайсиз… мен биламан. Телефонни қўйманг. Ҳа, қўйманг илтимос. Борлигизни ҳис қилиб турай. Раҳмат…

9. Зарифа қўлида телефон ( у ёқиғ туради), гримхонадан чиқиб йўлаклар бўйлаб саҳна ортига боради. Саҳнада Клавдий, Гертруда, Полоний. (Улар кулис ортидан кўринади). Зарифа саҳна ортида ерга ўтиради. Ҳар замонда саҳнага қараб қараб қўяди. Энди саҳнага Ларет, Горацио кириб келади. Бир зум ўтиб, улар саҳнадан чиқиб кетишади. Саҳнада Полоний билан Рейналдо. Офелия шошилиб ўрнидан туриб саҳнага кирмоқчи бўлади. Бир четда ўтирган спектакльнинг навбатчи режессёр асиссенти унинг йўлини тўсади, қўлини ушлаб олади.

Асиссент: (пичирлаб) Ие, Зари, сенга айтишмаганмиди? Бугун Офелия чиқиши шарт эмас. Чиқиб ўтирма. Бориб кийимларингни ечавер.

Зарифа: (пичирлаб) Қўйиб юбор қўлимни. Нега чиқмас эканман?! Мен ахир Офеляман. Театрдан ҳам кетмаганман!

Яна саҳнага чиқмоқчи бўлади.

Асиссент: Тўғриии… Лекин шунга келишишган ҳамма!

Зарифа Ортига ўгрилиб саҳна орқасидаги йўлакка ўтади.

Зарифа: (Телефонга гапиради) Гамлет , эшитдизми? Анави аҳмоқни гапини

Эшитдизми? Офелия ҳам саҳнага чиқмас эмиш! Булар мени саҳнамдаги диологларимни кесиб ташлаб ўйнашяпти… (Кулисга қайтади, пичирлаб)

Ана, бошқа картинага сакраб кетишди. Ҳозир.

Телефонни ўчиради.

10. Зарифа театрнинг йўлакларидан югуриб ўтиб бояги – “Завтруппа” деб ёзилган хонага киради. Ичкаридан уларнинг тушунарсиз бақир чақир овозлари эшитилади. Фойеда “Гамлет” спектаклидан ишланган суратлар қатор тизилган У ерда Гамлетни ўйнаган актёр сурати ҳам бор. Кейин камера томошабин залига киради. Саҳнада Клавдий, Полоний, Гертруда ўйнаяпти. Клавдий нутқ сўзлаяпти… Томошабинлар эса актёрнинг нутқларидан завқланиб қарсак чалишади. Барча томошабин бир хил кийимда ўтирибди.

11. “Завтруппа” хонаси эшиги зарб билан очилиб, ичкаридан Зарифа чиқади, эшиқни қарсиллатиб ёпади.

У йўл бўйи ўзига ўзи гапириб кетади.

-Йўқ, йўқ, ярамаслар! Ярамаслар! Мен саҳнага чиқишим керак. Ҳеч бўлмаса охирги саҳнамни ўйнаб кетишим керак. Кейин чўкиб ўлгунча охирги саҳнамни ўйнашим керак! Мен чиқаман! Чиқаман барибир!

Сочларини тўзғитади. Юзи телба тусига киради. Жазава билан такрорлайди.

“У наҳотки келмайди?
У наҳотки келмайди?
Йўқ, ул ўлган,
Ва кўмилган!

Энди навбат сеники.
Оппоқ эди сочлари,
Қордай оппоқ сочлари,

Аммо ўлди.
Бизлар энди
Унга ўқиб фотиҳа
Руҳини шод айлаймиз.

Зарифа йиғлаб юборади… Безовта, телбавор ҳар томон юради… Саҳна томонга қарайди. Энг охирги картина кетаяпти. У довдирайди. Яна телефонда рақам теради.

Зарифа: ( Йиғлаб)Гамлет, мени… мени саҳнага чиқаришмади.

Ҳожиакбар: (телефондан синиқ овоз) Йиғлама, Зарифа. Йиғлама…

Зарифа: Ҳеч бўлмаса охирги картинамни ўйнаб кетишим, кейин сувга чўкиб ўлишим керак эди. Нега бундай қилишади?! Нега сизга бундай қилишди?

Йиғлайди.

-Бирга қандай ўйнардик а? Сиз кеттиз…

Ҳожиакбар: (овоз) Қўявер. Ҳайдашмаса ҳам барибир ўзим кетишим керак эди. Хотиним оғирлашган. Унга қарайдиган бошқа ҳеч ким йўқ. Энди унга қараб ўтираман… Протасов, Княз Мишкиндан кейин Гамлетни ўйнадим-ку… Ўзи Гамлетдан кейин бошқа рўлга ўтиб бўлмасди ҳам. …Майли, майли. Мен розиман. .. Фақат озгина миям чалкашяпти. Ақлдан озаётгандекман… Майли… майли… шундай бўлиши ҳам керакдир?!

Зарифа: ( йиғлайди) “Монстрга бор, Офелия, монастрга!” Қандай айтардингиз а… (йиғидан гапиришга қийналади)..

Хожиакбар: (овоз) Театрдан кет, Зарифа. Кет!

Телефон узилади…

12. Ҳамма спектакль томоша қилаяпти. Томошабинларнинг кийимига ўхшаб ўтириши ҳам бир ҳил (худди мажлисда ўтиргандек). Улар Қиролнинг, Полонийнинг нутқларига баралла қарсаклар чалиб ўтиришади. Ним қоронғу залда оппоқ кийимда Офелия ( Зарифа) пайдо бўлади. У одамлар ёнидан ўтиб боради. Уларга ҳайрат билан қарайди. Кўзида ёш қотиб қолган. Аммо ҳеч ким уни пайқамайди ва кўрмайди. Ним қоронғуликда у бир неча томошабинларни астагина туртиб “Офелия бу ерда ку. Саҳнада Офелия йўқ. спектаклни қандай кўраяпсизлар ахир?! Офелия менман! Мен!!! Мени эшитинглар…” , дейди. Томошабинлар эса унга бир ғалати қараб қўйиб, кейин “Спектакль кўришга ҳалақит берма!” дегандек четга итариб, чиқариб қўйишади. Офелиянинг оппоқ либосида Зарифа томошабинлар чиқиш эшигига қараб аста юриб чиқиб кетади…

13. Театр эшигидан Зарифа чиқади. Энди у Офелиянинг либосида эмас. Оддий кўча кийимиа кўринади. У театр эшиги олдидаги зиналардан пастга тушади. Драма театри. Кўчада юриб кетади. Ва ўша театр кўчасидаги бир кафенинг олдида таниш одамга, театр фойесида суратда Гамлет образидаги Ҳожиакбарга кўзи тушиб тўхтайди. Ҳожиакбар (Гамлет) 47 ёшлар чамаси эркак. Ғирт маст.

Зарифа: Ҳожиакбар ака! Бу ерда нега ўтирибсиз?!

Ҳожакбар Зарифага кўзларини қисиб қарайди. Унинг кўзига Зарифа Офелия либосида кўринади. Томошабин нигоҳи билан қараганда бизга Зарифа кўча кийимида, Ҳожакбарнинг нигоҳи билан қараганда эса у Офелия бўлиб кўринаверади.

Зарифа: (унинг ёнига яқин келиб) Ҳожакбар ака! Яна ичаяпсизми? Эй, Ҳудо, аҳволингизни қаранг. Ҳотинингиз қаерда?

Ҳожакбар: У кетди.

Зарифа: Қаерга кетади?

Ҳожакбар: Билмадим… кетди.

Зарифа: Бу ерда ўтирманг фақат, илтимос. Ҳозир спектакль тугаб, ҳамма чиқиб келади. Улар сизни бу ерда ўтирганизни кўришмасин.

Ҳожакбар: Сен қаерга кетаяпсан?

Зарифа: Билмадим қаерга боришни. Лекин театрдан кетяпман. Ўзингиз ҳам кет дедингиз ку.

Зарифа кета бошлайди.

Ҳожакбар мастликдан довдираб йиқилиб туша ёзади. Кўзларини базўр очиб қарайди. Унга охири йўқ йўлда кетаётган Офелия кўринади.

Ҳожакбар: Зарифа, сен театрдан кетма! Ҳали Гамлет топилади. Топилади. Кетма….

Зарифа ортига бир ўгирилиб қарайди да, кейин йўлида давом этади….

Тамом.

023Kuni-kecha taniqli adib Nazar Eshonqul tavsiyasi bilan Husnora Ro’zmatovaning “Shikasta ma’buda” novellasini e’lon qilgan edik. Asar saytimiz muxlislari tomonidan juda katta qiziqish bilan kutib olindi. Bugungi sahifamizda Husnoraning yana bir yangi asari — «Ofeliya» kinonvellasini taqdim etmoqdamiz.

Ushbu kinonvella Gamletsiz va Ofeliyasiz “Gamlet” spektaklini ijro etayotganlar, muhimi, shu spektaklni tomosha qilayotganlar haqida. Tagma’no nafaqat chuqurligi, balki dolzarbligi, ayni ma’naviy manzaramiz haqidaligi bilan ham e’tiborni tortadi. Umuman, bu kinonovella dramaturgiyamizga ham yangi nafaslar, yangi tashbehlar, yangi ko’rimlar kirib kelayotganidan darak beradi.

Husnora Ro’zmatova
OFELIYA
Kinonovella
06

1. Metro vagonlari bekatga kelib to’xtaydi. Vagondan chiqayotgan odamlar orasida boshiga kepka bostirib olgan, egnida keng, erkin to’kilib turadigan kiyim kiygan qiz ko’zga tashlanadi. Qizning avval iyagi, labi, ikki yanog’i va burnigina ko’rinib turadi. Ko’zlari berkinib turibdi. U metrodagi odamlar oqimi orasida urinib surinib ketib boradi.

2. Boyagi kiz endi bozor ichidagi olamon orasida ketib boradi. U biron kiyim rastasiga qarab ham qo’ymaydi. Faqat bir burchakdan yegulik olib sumkasiga soladi. Ko’zlari yana ko’rinmaydi. U bozorni kesib qayergadir o’tmoqchi.

3. Kiz teatr eshigi tashqarisida turgan afisha taxtasida “ BUGUN “GAMLET”” degan yozuvni o’qiyotganida unin ko’zlarini ko’ramiz. Qizning ismi Zarifa. 30 yoshlarda. U teatr hodimlari kiradigan eshikdan ichkariga kiradi.

Qorovul chol: (g’aribgina kiyimda) Zarifa, yahshi kelyapsanmi, qizim?

Zarifa: Assalom alaykum, amaki tuzikmisiz?

Qiz chol o’tirgan yerdagi stolga razm soladi.

Zarifa: Hmm. Tushlik qilmagansiz hali, a?!

Qorovul chol: Yo’q. nega ? Tushlik qilib olganman.

Zarifa: Haa, ishondi deb o’ylaysiz-da!

Sumkasidagi yegulikni olib chiqarib yarimini cholning oldiga qo’yadi.
— Yeb oling.

Qorovul chol: Rahmat. Bugun “Gamlet” ekanmi?

Zarifa: Shunga hayronman-da. Endi “Gamlet”ni qo’ymay turishsa kerak deb o’ylovdim. Afishadan olib qo’yishni unutib qo’yishgan bo’lsa kerak.

Qorovul chol: E, Xojikdan boshqasi baribir o’ynay olmaydi Gamletni.

Zarifa: Men ham shu fikrdaman, amaki. Esini yeganmi bular?!

4. Zarifa teatr xovlisiga kiradi. Kiraverishdagi yo’lak devoriga ilingan qog’ozga ham bugungi sana bilan “Gamlet” da band aktyorlar ro’yxati chiqarib qo’yilgan. Ammo na Gamletni o’ynaydigan aktyor ismi bor na Gamlet obrazi bor. Ro’yxat ostiga katta harflar bilan: “Bugun “Gamlet”. Spektaklьni Gamletsiz o’ynaymiz!”, deb yozib qo’yilgan. Zarifa yo’laklar bo’ylab yurib, tomoshabin zaliga kirib sahnani ko’radi. Sahnada ishchilar dekoratsiya qurishayapti. Kamera qurilayotgan dekoratsiyani kuzatib turadi. Zarifa bu yerdan chiqib, yon tomondagi peshtoqiga “Zavtruppa” deb yozilgan eshikka kirib ketadi.

5. Endi ichkaridan ovozlar eshitiladi.

Zarifa: (ovoz) Chindanam bugun “Gamlet”ni qo’ymoqchimisizlar?!

Zavtruppa: (ovoz) Ha.

Zarifa: (ovoz)Hojiakbar akani ketkizdinglar-ku. Dublyori ham yo’q.

“Gamlet”ni Gamletsiz o’ynash tentaklik ku. Hazilmi bu?

Zavtruppa:(ovoz) Hazil emas. Katta bir tashkilot ishchilaridan bilet puli  aynan “Gamlet” spektakli uchun o’tqizilgan. Ularni ham ogox qilganmiz: bizda Gamletni o’ynaydigan aktyor teatrdan ketgan, deb.

Zarifa:(ovoz) Ular nima deyishdi?

Zavtruppa:(ovoz) Bizga Gamletinglar sahnaga chiqmasa ham mayli. qiziqroq joylarini qo’yaveringlar, bizga baribir deyishdi. Nimayam qilardik?!

Zarifa: (Ovoz. Avval xandon otib kuladi.) Ahmoqlar!

Eshikning sharaqlab yopilgani eshitiladi. Zarifa yana yo’laklar bo’ylab yuradi. Kamera Zarifaning ortidan boradi. U grimm xonasiga kiradi.

6. Zarif grimxonaga kiradi. O’zini o’rindiqqa tashlaydi. Bir zum asabiylashib o’tiradi. Keyin Ofeliyaning monologlarini takrorlaydi. Orada nutq mashqini ham qiladi.

-Pti pte pta pto pto’ ptu pti…
-Tri tre tra tro tro’ tru tri…

Deklomatsiya bilan o’qiydi: “Chuqurga tushdik, tobutga yetdik, sinmasin duk! Aylanib aylan charxim, bir paqir ekan narhing. … Bu qulfbuzar o’g’ri o’z xo’jayinining qizini olib qochibdi ekan….

Ko’zlarini yumib pichirlab takrorlaydi. Va yana ochadi.

-… mana bu rozmarin guli…. Bu – hofiza qobiliyatini kuchaytirish uchun. Oling do’stim, meni yod eting. Mana bu binafsha: bu o’ylash uchun.

7. Zarifa Ofeliyaning libosini kiyadi. Sochlarini yozadi. Grim qiladi. …va Ofeliyaga aylanadi. ..

8. Xonada Ofeliyadan tashqari “Gertruda” (Gertrudani o’ynaydigan aktrisa) ham bor. Grimxonaga ketma ket uchta qo’ng’iroq ovozi eshitiladi.

Gertruda: Men kulis orqasiga borib turaveraman.

Zarifa: Agar Gamlet chiqmaydigan bo’lsa men qaysi joyidan chiqib kelarkanman a?

Gertruda: Bilmasam, jonim. “Arvox” sahnasidan keyin kulis orqasiga borib turaver.

Ketadi.

Zarifa: Xo’p.

Telefonni olib qo’ng’iroq qiladi.

Zarifa: Alo, alo, Gamlet, ahvoliz yaxshimi? Nima? Yana ichib oldingizmi? A? Yana mastmisiz deyman? Eh, mayli, mayli, ichavering. Shu sizga taskin bersa ichavering. …Hmm… Hozir “Gamlet” o’ynalyapti. Iltimos, telefonda bo’lsayam menga gapirib turing. Sizsiz o’ynayolmayman… Gamletsiz o’ynayolmayman. …Yo’q…. Yo’q. Qo’yavering. Sizni baribir teatrga qaytaramiz… Siz teatrsiz chidayolmaysiz… men bilaman. Telefonni qo’ymang. Ha, qo’ymang iltimos. Borligizni his qilib turay. Rahmat…

9. Zarifa qo’lida telefon ( u yoqig’ turadi), grimxonadan chiqib yo’laklar bo’ylab sahna ortiga boradi. Sahnada Klavdiy, Gertruda, Poloniy. (Ular kulis ortidan ko’rinadi). Zarifa sahna ortida yerga o’tiradi. Har zamonda sahnaga qarab qarab qo’yadi. Endi sahnaga Laret, Goratsio kirib keladi. Bir zum o’tib, ular sahnadan chiqib ketishadi. Sahnada Poloniy bilan Reynaldo. Ofeliya shoshilib o’rnidan turib sahnaga kirmoqchi bo’ladi. Bir chetda o’tirgan spektaklьning navbatchi rejessyor asissenti uning yo’lini to’sadi, qo’lini ushlab oladi.

Asissent: (pichirlab) Ie, Zari, senga aytishmaganmidi? Bugun Ofeliya chiqishi shart emas. Chiqib o’tirma. Borib kiyimlaringni yechaver.

Zarifa: (pichirlab) Qo’yib yubor qo’limni. Nega chiqmas ekanman?! Men axir Ofelyaman. Teatrdan ham ketmaganman!

Yana sahnaga chiqmoqchi bo’ladi.

Asissent: To’g’riii… Lekin shunga kelishishgan hamma!

Zarifa Ortiga o’grilib sahna orqasidagi yo’lakka o’tadi.

Zarifa: (Telefonga gapiradi) Gamlet , eshitdizmi? Anavi ahmoqni gapini

Eshitdizmi? Ofeliya ham sahnaga chiqmas emish! Bular meni sahnamdagi diologlarimni kesib tashlab o’ynashyapti… (Kulisga qaytadi, pichirlab)

Ana, boshqa kartinaga sakrab ketishdi. Hozir.

Telefonni o’chiradi.

10. Zarifa teatrning yo’laklaridan yugurib o’tib boyagi – “Zavtruppa” deb yozilgan xonaga kiradi. Ichkaridan ularning tushunarsiz baqir chaqir ovozlari eshitiladi. Foyeda “Gamlet” spektaklidan ishlangan suratlar qator tizilgan U yerda Gamletni o’ynagan aktyor surati ham bor. Keyin kamera tomoshabin zaliga kiradi. Sahnada Klavdiy, Poloniy, Gertruda o’ynayapti. Klavdiy nutq so’zlayapti… Tomoshabinlar esa aktyorning nutqlaridan zavqlanib qarsak chalishadi. Barcha tomoshabin bir xil kiyimda o’tiribdi.

11. “Zavtruppa” xonasi eshigi zarb bilan ochilib, ichkaridan Zarifa chiqadi, eshiqni qarsillatib yopadi.

U yo’l bo’yi o’ziga o’zi gapirib ketadi.

-Yo’q, yo’q, yaramaslar! Yaramaslar! Men sahnaga chiqishim kerak. Hech bo’lmasa oxirgi sahnamni o’ynab ketishim kerak. Keyin cho’kib o’lguncha oxirgi sahnamni o’ynashim kerak! Men chiqaman! Chiqaman baribir!

Sochlarini to’zg’itadi. Yuzi telba tusiga kiradi. Jazava bilan takrorlaydi.

“U nahotki kelmaydi?
U nahotki kelmaydi?
Yo’q, ul o’lgan,
Va ko’milgan!

Endi navbat seniki.
Oppoq edi sochlari,
Qorday oppoq sochlari,

Ammo o’ldi.
Bizlar endi
Unga o’qib fotiha
Ruhini shod aylaymiz.

Zarifa yig’lab yuboradi… Bezovta, telbavor har tomon yuradi… Sahna tomonga qaraydi. Eng oxirgi kartina ketayapti. U dovdiraydi. Yana telefonda raqam teradi.

Zarifa: ( Yig’lab)Gamlet, meni… meni sahnaga chiqarishmadi.

Hojiakbar: (telefondan siniq ovoz) Yig’lama, Zarifa. Yig’lama…

Zarifa: Hech bo’lmasa oxirgi kartinamni o’ynab ketishim, keyin suvga cho’kib o’lishim kerak edi. Nega bunday qilishadi?! Nega sizga bunday qilishdi?

Yig’laydi.

-Birga qanday o’ynardik a? Siz kettiz…

Hojiakbar: (ovoz) Qo’yaver. Haydashmasa ham baribir o’zim ketishim kerak edi. Xotinim og’irlashgan. Unga qaraydigan boshqa hech kim yo’q. Endi unga qarab o’tiraman… Protasov, Knyaz Mishkindan keyin Gamletni o’ynadim-ku… O’zi Gamletdan keyin boshqa ro’lga o’tib bo’lmasdi ham. …Mayli, mayli. Men roziman. .. Faqat ozgina miyam chalkashyapti. Aqldan ozayotgandekman… Mayli… mayli… shunday bo’lishi ham kerakdir?!

Zarifa: ( yig’laydi) “Monstrga bor, Ofeliya, monastrga!” Qanday aytardingiz a… (yig’idan gapirishga qiynaladi)..

Xojiakbar: (ovoz) Teatrdan ket, Zarifa. Ket!

Telefon uziladi…

12. Hamma spektaklь tomosha qilayapti. Tomoshabinlarning kiyimiga o’xshab o’tirishi ham bir hil (xuddi majlisda o’tirgandek). Ular Qirolning, Poloniyning nutqlariga baralla qarsaklar chalib o’tirishadi. Nim qorong’u zalda oppoq kiyimda Ofeliya ( Zarifa) paydo bo’ladi. U odamlar yonidan o’tib boradi. Ularga hayrat bilan qaraydi. Ko’zida yosh qotib qolgan. Ammo hech kim uni payqamaydi va ko’rmaydi. Nim qorong’ulikda u bir necha tomoshabinlarni astagina turtib “Ofeliya bu yerda ku. Sahnada Ofeliya yo’q. spektaklni qanday ko’rayapsizlar axir?! Ofeliya menman! Men!!! Meni eshitinglar…” , deydi. Tomoshabinlar esa unga bir g’alati qarab qo’yib, keyin “Spektaklь ko’rishga halaqit berma!” degandek chetga itarib, chiqarib qo’yishadi. Ofeliyaning oppoq libosida Zarifa tomoshabinlar chiqish eshigiga qarab asta yurib chiqib ketadi…

13. Teatr eshigidan Zarifa chiqadi. Endi u Ofeliyaning libosida emas. Oddiy ko’cha kiyimia ko’rinadi. U teatr eshigi oldidagi zinalardan pastga tushadi. Drama teatri. Ko’chada yurib ketadi. Va o’sha teatr ko’chasidagi bir kafening oldida tanish odamga, teatr foyesida suratda Gamlet obrazidagi Hojiakbarga ko’zi tushib to’xtaydi. Hojiakbar (Gamlet) 47 yoshlar chamasi erkak. G’irt mast.

Zarifa: Hojiakbar aka! Bu yerda nega o’tiribsiz?!

Hojakbar Zarifaga ko’zlarini qisib qaraydi. Uning ko’ziga Zarifa Ofeliya libosida ko’rinadi. Tomoshabin nigohi bilan qaraganda bizga Zarifa ko’cha kiyimida, Hojakbarning nigohi bilan qaraganda esa u Ofeliya bo’lib ko’rinaveradi.

Zarifa: (uning yoniga yaqin kelib) Hojakbar aka! Yana ichayapsizmi? Ey, Hudo, ahvolingizni qarang. Hotiningiz qayerda?

Hojakbar: U ketdi.

Zarifa: Qayerga ketadi?

Hojakbar: Bilmadim… ketdi.

Zarifa: Bu yerda o’tirmang faqat, iltimos. Hozir spektaklь tugab, hamma chiqib keladi. Ular sizni bu yerda o’tirganizni ko’rishmasin.

Hojakbar: Sen qayerga ketayapsan?

Zarifa: Bilmadim qayerga borishni. Lekin teatrdan ketyapman. O’zingiz ham ket dedingiz ku.

Zarifa keta boshlaydi.

Hojakbar mastlikdan dovdirab yiqilib tusha yozadi. Ko’zlarini bazo’r ochib qaraydi. Unga oxiri yo’q yo’lda ketayotgan Ofeliya ko’rinadi.

Hojakbar: Zarifa, sen teatrdan ketma! Hali Gamlet topiladi. Topiladi. Ketma….

Zarifa ortiga bir o’girilib qaraydi da, keyin yo’lida davom etadi….

Tamom.

021

(Tashriflar: umumiy 388, bugungi 1)

Izoh qoldiring