Vasiliy Shukshin. Judolik & Vasiliy Shukshin. Chol va bola. Radiospektakl & Chol, qiz va oftob. Hikoyalar to’plami

07Ёз пайтида шувоқ ҳиди анқиб, бошинг айланадиган дамлар бўлади. Эҳ, айниқса, кечалари… Тепангда оймўма аста сузади. Юрагинг ҳапқириб кетади. Кўнгилни маст этгувчи ислар таралмиш бунақанги ойдин тунларда беихтиёр ширин, тотли хаёлларга толасан. Э, йўқ, бу ҳатто хаёл ҳам эмас – ичингга ғулғула солиб, зор-интизор этгувчи аллатовур бошқача нарса. Томорқа этагидами, қариқизлар ичидами, беркиниб оласан-да, юрагинг тушуниксиз, сирли севинчдан орзиқиб кетади. Афсус, бундай сокин тунлар ҳаётимизда кам бўлади.

Василий ШУКШИН
ЖУДОЛИК


0111Василий Шукшин — рус ёзувчиси, кинорежиссёр, сценарист. Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969).Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Қишлоқ одамлари» (1963). 1964 йилда Шукшин сценарийси асосида «Шундай йигит яшайди» фильми суратга олинган ва ушбу картина Венецияда бўлиб ўтган 16-Халқаро кинофорумда «Олтин шер» мукофотига сазовор бўлган.Шукшиннинг «Любавинлар» (1965) романи, шу роман асосида ишланган «Любавинларнинг тугатилиши» (1972) фильмида, Степан Разин ҳаёти ва унинг курашига оид «Сизга эркинлик бергани келдим» кинороманида (1971), «Характерлар», «Сизнинг ўғлингиз ва акангиз» (1966), «Ғаройиб кишилар» каби картиналарида инсоннинг теран ички кечинмалари, орзу ва умид сари талпинишлари, баъзи бир кимсаларда учрайдиган мешчанлик фалсафасининг фожиага олиб келиши маҳорат билан тасвирланган.Шукшиннинг адабиёт ва кино соҳасидаги фаолиятида турли тоифа кишиларининг ёрқин образлари яратилган. Шукшиннинг бадиий адабиёт ва кинодаги услуби ишонтириш санъатининг кучи билан чуқур ҳаётийлик касб эта олган.Шукшин Сергей Герасимовнинг «Кўл бўйида» фильмидаги Черних ролининг ижроси учун Давлат мукофотига сазовор бўлган (1971). «Улар Ватан учун жанг қилдилар» филмини суратга олиш чоғида тўсатдан вафот этган.Айрим асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.


Ёз пайтида шувоқ ҳиди анқиб, бошинг айланадиган дамлар бўлади. Эҳ, айниқса, кечалари… Тепангда оймўма аста сузади. Юрагинг ҳапқириб кетади. Кўнгилни маст этгувчи ислар таралмиш бунақанги ойдин тунларда беихтиёр ширин, тотли хаёлларга толасан. Э, йўқ, бу ҳатто хаёл ҳам эмас – ичингга ғулғула солиб, зор-интизор этгувчи аллатовур бошқача нарса. Томорқа этагидами, қариқизлар ичидами, беркиниб оласан-да, юрагинг тушуниксиз, сирли севинчдан орзиқиб кетади. Афсус, бундай сокин тунлар ҳаётимизда кам бўлади.

Шундай кечалардан бири бутун умрга миямга михланиб қолган.

Ўшанда ўн иккида эдим. Томорқамизда тиззамни қучиб, кўзимдан ёш чиққудай бўлиб ойга термилиб ўтирардим. Ногоҳ шу яқин-ўртада кимдир йиғлаётгани қулоғимга чалинди. Аланглаб қарагандим, қўшнимиз Нечай чолга кўзим тушди.

Ушоқдай бўлиб қолган, рамақи чол оқ сурп кўйлагида алланималарни айтиб-айтиб йиғлаганча тентирарди.

Уч кун олдин Нечай чолнинг мулойим, ювош кампири ўтиб қолган эди. Чол-кампир ёлғиз ўзлари туришар, болалари ота уйини тарк этишганди.

Бировни озорлантирмаган Нечай кампир бу дунёдан жимгина кўз юмди. Қўни-қўшнилар ўлиб қолганини ҳам эрталаб билишди. “Кўрмайсанми энди… бечора Нечай кампир узилибди-ку”, – дейишди одамлар. Қабр кавлаб, кампирни тупроққа беришди, тамом-вассалом. Мен ҳозир бояқишнинг сахт-сумбати қанақалигини ҳам эслолмайман. Ҳовлисида “ту-ту-ту”лаб товуқларини чақириб юрарди. Қишлоқда бировнинг дилини оғритмаган, ҳеч кимнинг ғийбатини ҳам қилмасди. Кечагина орамизда эди, бугун эса йўқ.

…Ўша ойдин, сурурбахш кечада ёлғиз одамга қанчалик қийин бўлишини англаб етдим. Ҳатто теварак-жавониб сўлим, она ер нечоғли илиқ, юракка ваҳм тушмаса-да, якка-ёлғиз одамга осон тутмаслик лозимлигини тушундим.

Бир бурчакка биқиниб олдим.

Чолнинг тиззасидан пастга тушиб турган кўйлаги ой нурида кўзни олгудек оқариб кўринарди. У битта-битта одимлаб, кўзёшларини ҳалпиллама енгига артарди. У мендан сал нарига келиб ўтирди.

– Ҳечқиси йўқ… ҳозир сал ўзимга келволай… бир дардлашамиз, – деди секин ўзига чол, аммо барибир кўзёшларини тиёлмасди. – Уч кундан бери ўзимни қўярга жой тополмаяпман. Бирор нима қилиб ўзимни чалғитай десам, ҳеч ишга қўлим бормайди.

Аста-секин у юпанди.

– Юрагим эзилиб кетяпти, Парасковья: жилла қурса рози-ризолик сўрамадинг-а?! Дилинг­ни сиёҳ қилган жойим бормиди? Айтиб-айтиб кетмайсанми – сал бўлсаям енгил тортардим. Энди эса армонда қолдим… Эҳ-ҳ… – Чол бир он жимиб қолди. – Мана, сени ювиб-тараб, кафанга ўраб, жойингга қўйдик. Сергей ёшулли тобут ясади. Йиғлаб-сиқтаб олдик. Тўғри, одам унча кўп бўлмади. Асал, майиз солиб, бўтқа қайнатдик. Сени Давидовнанинг ёнига, бир четга қўйдик. Жуда бопта, қуруқ ер. Ўзимгаям ўша ердан мўлжаллаб қўйдим. Ёлғиз бошимга не қилишгаям ҳайронман. Кулбаи вайронамизни михлаб, Петьканикига жўнаворсаммикин?.. Аммо юрак бетламайди: ўзи-ку яхши, хотинини… ўзинг биласан-ку, ғинг демасаям, бир тишлам нонни заҳар қилиб беради. Пешанам қурсин!.. Нима қил дейсан?

Жимлик чўкди.

Иштонимни ҳўллаб қўяй дедим. Хаёлимда ҳозир Нечай кампир суюмли, оғир-босиқ товушида гапириб юборадигандек туюлиб кетди.

– Бошимни қай деворга уришни билмай гарангман, – дея ҳасратланишда давом этди Нечай чол. – Бундан кўра бўйнимга сиртмоқ солганим минг марта яхши эди. Кеча тунда бирпасга кўзим илинибди, бир пайт қарасам, катакдан чиқиб келаётганмишсан, қўлингда бир ғалвир тухум. Мундай қарасам, тухум эмас, энди ёриб чиққан жўжачалар экан. Сен бўлсанг уларни битта-битта оғзингга солармишсан. Еб туриб, камига мақтаб ҳам қўярмишсан… Ё Раббим! Уйғониб кетдим, тушим экан… Сени ўзимча уйғотмоқчи бўлибман, йўқлигинг эсимдан чиқиб кетибди. Парасковьяжон… Руҳинг чирқиллаб юрибдими?! – Нечай чол тағин кўзёш қилишга тушди. Хўнграб юборса бўладими! Этим жимирлаб кетди. Бирам ўкради-ей, одамни эзворади: – Э-э-э… ув-ув… Мени ёлғиз ташлаб кетаверасанми? Бу чоли тушмагур энди қайга бош уради, деб ўйламадингми? Бир оғиз айтганингдаям майлийди, шаҳардан дўхтир етаклаб келардим… Ана, одамлар даволаняпти-ку. Э йўқ, бе йўқ, оёқни узатвординг. Буни мен ҳам эплай оламан… – Нечай чол бурнини тортиб-тортиб, кўзёшларини артди, чуқур хўрсинди. – У ёқларда бир ўзинг қийналмаяпсанми? Кўнглинг тусаса, бу ёққа чиқавергин, хўпми? Тушларимга кирасан. Майли, тез-тез кириб тур, фақат одамни қўрқитвормагин. Бир қарасанг, жўжаларни… яна ким билсин, дейсан… – Нечай бобо пичирлаб гапирганидан гапининг ярмини эшитмай қолдим. – Гуноҳ иш қилиб қўймасамми, деб қўрқаман-да… Нима қипти? Қазиб олишган ҳолатлар ҳам бўларкан-ку. Ўша Краюшкинода бир кампирни қазиб олишипти… инграб ётган экан-да. Қабрини очиб олишипти… Шу икки кундан бери қулоқ соламан, жимжитга ўхшайди. Йўқса, қазиб олмоқчи эдим… Айтишларича, одамни қаттиқ уйқу босаркан, кейин уни ҳамма ўлиб қолган, деб ўйларкан, у эса ўлмаган, шунчаки қаттиқ уйқуга кетган бўларкан…

Бу гаплардан юрагим товонимга тушди. Эмаклаб, томорқадан чиқдим-да, бобомнинг олдига чопиб бордим ва ҳаммасини оқизмай-томизмай айтиб бердим. Бобом эгнига кийимини ташлади. Икковлашиб томорқага ўтдик.

– Ўзи билан ўзи гаплашяптими ё ўзича кампири биланми? – сўради бобом.

– Кампири билан. Энди қандоқ қиламан, деб маслаҳат соляпти…

– Тентирашига ўлайми, қари така. Гўрини очишдан ҳам тоймайди. Ё кайфи бормикин?

– Йўқ, ичволса, ашула айтиб, Худони эслаб қолади, – дедим. Чолнинг бу одатини билардим.

Нечай чол қадам товушларимизни эшитиб, жим қолди.

– Ким бор? – қатъий оҳангда сўради бобом.

Нечай чол анчагача индамай тураверди.

– Ким бор, деяпман?

– Сенга нима керак?

– Сенмисан, Нечай?

– Ҳа, нимайди…

Биз унга яқинлашдик. Нечай чол татарчасига чордона қуриб ўтирарди, бизга ёвқараш қилди – норозилиги қовоғидан билиниб турибди.

– Яна ким бор эди?

– Қаерда?

– Шу ерда-да… Ким биландир гаплашдинг, ўзим эшитдим.

– Ишинг бўлмасин.

– Ҳозир каттакон калтакни оламан-да, уйинг­гача тирқиратиб ҳайдаб соламан, ортингга қарамай ура қочасан. Оқсоқол бўлсанг, ақлингни еб қўйдингми, нима бало… Уят эмасми?

– Мен у билан гаплашиб ўтирибман, бировга халал бермаяпман.

– Ким билан гаплашяпсан? У йўқ, ким билан гаплашасан?! Ўлди-кетди. Ерни тагида энди.

– У мен билан гурунглашяпти, мен эшитиб ўтирибман, – ўрланди Нечай чол. – Бировга оғир-енгили тушаётгани йўқ. Ўзинг-ку келволиб, қулоқ ташлаб қўйган…

– Қани, кетдик, – бобом Нечай чолни ердан даст кўтариб олди. – Бизникига кирамиз, менда бир шиша қўлболасидан бор, майдалаймиз, зора енгил тортсанг.

Нечай чол қаршилик қилмади.

– Чидолмаяпман, жўра, ҳолим қолмади.

Нечай чол олдинга тушволиб, қоқилиб-қоқилиб кетар, нуқул енги билан кўзёшларини артарди.

Мен бу ошнинг тагига босворса бўладиган ориққина, ғам адойи тамом қилган чол бечоранинг ортидан қараб туриб, кўзимга ёш келаверди, лекин бобом гарданимга тушириб қолишидан ҳайиқиб унсиз йиғлардим. Бояқиш Нечай бобога юрагим ачишиб кетди.

– Бу бевафо дунёга кимга осон бўпти, дейсан? – деб бобом унга таскин берарди. – Кўз очиб кўрганингни ерга қўйиш осонмиди сенга? Жудоликдан дили куйганларнинг ҳаммаси марҳумларнинг ёнига қўйилаверса, нима бўлади? Унақада мен неча марта гўрга киришим керак эди? Бардам бўл. Наилож, чидайсан-да энди.

– Раҳмим келяпти-да унга.

– Бўлмасам-чи, раҳминг келади-да… Ҳеч ким сендан ёзғираётгани йўқ. Лекин бу дунёда ўлим деганларига чора йўқ. Сабр қиласан энди, қўлингдан келгани шу. Бир кун келиб ўзинг ҳам омонатингни топширасан. Чида.

– Ақлим етиб турибди-куя… аммо манави ерим ёниб кетяпти, қанийди аламим босилса. Ичиб ҳам кўрдим, фойдаси бўлмаяпти.

– Ўтиб кетади. Петька нега келмади? Анавилари-ку, олисда, лекин буниси-чи?

– Хизмат сафарига кетибди. Ўҳ, мунчаям оғир бўлмаса, ёшулли!.. Етти ухлаб тушимга кирмаганди-я…

– Дунёнинг ишлари шунақа экан: одам ҳаётлигида билинмаскан, ўлганидан кейин эса оҳ-воҳ қилишга тушамиз. Аммо-лекин ғам-­аламдан ақлни йўқотиш ҳам… турган-битгани аҳмоқлик.

Ушбу дақиқаларда мен учун ҳалиги сокин, ойдин тун ўз фусункорлигини йўқотган, миямни банд этган соҳир хаёллар ҳам аллақаёққа гум бўлган, бояги тушуниксиз севинчдан ном-нишон қолмаганди, ахир, бир мунис аёл рихлатга кетди.

Юзлари қошиқдай мана шу чолнинг қайғуси нафосатли оламни паналаб қўйганди. Фақат миямга аччиқ шувоқнинг гуркираган иси ўрнашиб қолган.

Бобом Нечай чолни бизникида олиб қолди.

Икковлон полга кўрпа тўшаб, устларига пўс­тин ташлаб олишди.

– Сенга бир воқеани айтиб берсам, – шивирлашга ўтди бобом. – Мана сен урушга бормагансан – у ёқларда не савдолар бўлганини билмайсан… У ёқларда, жўра… бундан беш баттарлари бўлган, мен сенга айтсам. Хуллас, гап мундай: мен санитар бўлиб хизмат қилардим, ярадорларни фронт ортига таширдик. Шу десанг, бир куни йўлдамиз, студебеккеримиз лиқ тўлган. Ҳаммаси инграйди, секинроқ ҳайдашимизни сўрайди… Ўзим қатори шўпиримиз Миколай Игринев имкон қадар равон ҳайдашга интилади, имиллаб ҳам бўлмайди: чекиняпмиз, ахир. Муюлишга етганимизда, олдимиздан бир енгил мошин чиқиб қолди. Офицери тўхта дегандек қўл силкийди. Бизга эса азроилнинг ўзи йўлдан чиқсаям, тўхтамаслик қатъий буюрилган. Тўғри-да: у ёқда яна қанча ярадорлар йўлимизга интиқ кутиб ётишибди. Ҳужум қилаётган бўлсак ҳам майлига эди, чекиняпмиз, ахир. Ғир этиб ўтиб кетдик. Енгил мошин бизни қувиб ўтиб, йўлга кўнгдаланг турволди. Офицернинг қўлида наган. Иложсиз тўхтадик. Кейин маълум бўлишича, уларнинг бир офицери оғир яраланган экан, бошқа томонга кетишлари керак экан. Кейин ҳалиги қўлида наган ушлаган офицер билан бир амаллаб ярадорни кузовга олиб ўтдик. Миколай кабинада ўтирибди: униям ёнида бир капитан бор, аҳволи чатоқ. Миколай бўлса уни бир қўли билан ушлаб олган, бир қўлида рул. Қисқаси, амал-тақал жойлашдик. Ҳалиги оғир яралангани инқиллайди, шўрлик. Бош-кўзи қонга беланган, қотиб ҳам қолибди. Етказиб боролмасак керак, деб ўйладим ўшанда. Ёшгина йигитча, лейтенант экан, соқол-муртини энди қиртишлай бошлаган бўлса керак ўзиям. Бошини тиззамга олдим – ҳарна енгил бўлсин, дегандим, лекин қаёқда!.. Госпиталга етиб келдиг-у, ярадорларни тушира бошладик… – Бобом ўҳ-ўҳлаб, жим бўлиб қолди. Попирис тутатди. – Миколай ҳам қараб турмади… Ёрдамлашди… Унга лейтенантни узатдим… “Тамом, жони узилди”, дедим. Миколай эса лейтенантнинг юзига шундоқ тикилди-ю… Ўҳ-ҳў… – Яна жимлик. Узоқ жим қолишди.

– Нима, ўғли эканми? – секин сўради Нечай чол.

– Ўғли экан.

– Эй Худойим!

– Иҳм… – Бобом бурнини қоқиб-қоқиб ташлади.

– Кейин нима бўлди?

– Нима бўларди, кўмдик… Командиримиз Миколайга уйига бориб келиши учун бир ҳафтага жавоб берди. Кетди. Аммо-лекин хотинига ўғлини кўмганини айтмабди. Ҳужжатлари билан орденини яшириб қўйибди, бир ҳафта уйида туриб, кейин қайтиб келди.

– Нега айтмабди?

– Айтиб бўларканми?!.. Ўлганини билмаса, бедарак кетди, деб эшитса, жилла қурса, илинжи бўлади, мундоқ деб айтишга эса… тил бормайди. Неча марта оғиз жуфтлапти-ю, миқ этмапти.

– Ё Раббим, ё Раббим, – яна чуқур хўрсиниб олди Нечай чол. – Ўзи тирик қолдими, ахир?

– Миколами? Қайдам, кейинчалик бизни ҳар тарафга тарқатворишди… Хуллас, мана шунақа гаплар. Ўз жигаргўшасини-я! Айтишга осон. Ёшгина йигит-а …кетди.

Чоллар оғизларига толқон солволишди.

Деразадан ичкарига ойнинг мўл-кўл, лекин совуқ тантанали ёғдуси қуйилиб турибди. Чарақлайди-я!.. Қувончми, қайғуми, фарқи йўқ – ой нур сочаверади!

Рус тилидан Саиджалол САИДМУРОДОВ таржимаси

Yoz paytida shuvoq hidi anqib, boshing aylanadigan damlar bo’ladi. Eh, ayniqsa, kechalari… Tepangda oymo’ma asta suzadi. Yuraging hapqirib ketadi. Ko’ngilni mast etguvchi islar taralmish bunaqangi oydin tunlarda beixtiyor shirin, totli xayollarga tolasan. E, yo’q, bu hatto xayol ham emas – ichingga g’ulg’ula solib, zor-intizor etguvchi allatovur boshqacha narsa. Tomorqa etagidami, qariqizlar ichidami, berkinib olasan-da, yuraging tushuniksiz, sirli sevinchdan orziqib ketadi. Afsus, bunday sokin tunlar hayotimizda kam bo’ladi.

Vasiliy SHUKShIN
JUDOLIK


03Vasiliy Shukshin — rus yozuvchisi, kinorejissyor, stsenarist. Rossiyada xizmat ko‘rsatgan san’at arbobi (1969).Dastlabki hikoyalar to‘plami — «Qishloq odamlari» (1963). 1964 yilda Shukshin stsenariysi asosida «Shunday yigit yashaydi» filmi suratga olingan va ushbu kartina Venetsiyada bo‘lib o‘tgan 16-Xalqaro kinoforumda «Oltin sher» mukofotiga sazovor bo‘lgan.Shukshinning «Lyubavinlar» (1965) romani, shu roman asosida ishlangan «Lyubavinlarning tugatilishi» (1972) filmida, Stepan Razin hayoti va uning kurashiga oid «Sizga erkinlik bergani keldim» kinoromanida (1971), «Xarakterlar», «Sizning o‘g‘lingiz va akangiz» (1966), «G‘aroyib kishilar» kabi kartinalarida insonning teran ichki kechinmalari, orzu va umid sari talpinishlari, ba’zi bir kimsalarda uchraydigan meshchanlik falsafasining fojiaga olib kelishi mahorat bilan tasvirlangan.Shukshinning adabiyot va kino sohasidagi faoliyatida turli toifa kishilarining yorqin obrazlari yaratilgan. Shukshinning badiiy adabiyot va kinodagi uslubi ishontirish san’atining kuchi bilan chuqur hayotiylik kasb eta olgan.Shukshin S. Gerasimovning «Ko‘l bo‘yida» filmidagi Chernix rolining ijrosi uchun Davlat mukofotiga sazovor bo‘lgan (1971). «Ular Vatan uchun jang qildilar» filmini suratga olish chog‘ida to‘satdan vafot etgan.Ayrim asarlari o‘zbek tiliga tarjima qilingan.


Yoz paytida shuvoq hidi anqib, boshing aylanadigan damlar bo’ladi. Eh, ayniqsa, kechalari… Tepangda oymo’ma asta suzadi. Yuraging hapqirib ketadi. Ko’ngilni mast etguvchi islar taralmish bunaqangi oydin tunlarda beixtiyor shirin, totli xayollarga tolasan. E, yo’q, bu hatto xayol ham emas – ichingga g’ulg’ula solib, zor-intizor etguvchi allatovur boshqacha narsa. Tomorqa etagidami, qariqizlar ichidami, berkinib olasan-da, yuraging tushuniksiz, sirli sevinchdan orziqib ketadi. Afsus, bunday sokin tunlar hayotimizda kam bo’ladi.

Shunday kechalardan biri butun umrga miyamga mixlanib qolgan.

O’shanda o’n ikkida edim. Tomorqamizda tizzamni quchib, ko’zimdan yosh chiqquday bo’lib oyga termilib o’tirardim. Nogoh shu yaqin-o’rtada kimdir yig’layotgani qulog’imga chalindi. Alanglab qaragandim, qo’shnimiz Nechay cholga ko’zim tushdi.

Ushoqday bo’lib qolgan, ramaqi chol oq surp ko’ylagida allanimalarni aytib-aytib yig’lagancha tentirardi.

Uch kun oldin Nechay cholning muloyim, yuvosh kampiri o’tib qolgan edi. Chol-kampir yolg’iz o’zlari turishar, bolalari ota uyini tark etishgandi.

Birovni ozorlantirmagan Nechay kampir bu dunyodan jimgina ko’z yumdi. Qo’ni-qo’shnilar o’lib qolganini ham ertalab bilishdi. “Ko’rmaysanmi endi… bechora Nechay kampir uzilibdi-ku”, – deyishdi odamlar. Qabr kavlab, kampirni tuproqqa berishdi, tamom-vassalom. Men hozir boyaqishning saxt-sumbati qanaqaligini ham eslolmayman. Hovlisida “tu-tu-tu”lab tovuqlarini chaqirib yurardi. Qishloqda birovning dilini og’ritmagan, hech kimning g’iybatini ham qilmasdi. Kechagina oramizda edi, bugun esa yo’q.

…O’sha oydin, sururbaxsh kechada yolg’iz odamga qanchalik qiyin bo’lishini anglab yetdim. Hatto tevarak-javonib so’lim, ona yer nechog’li iliq, yurakka vahm tushmasa-da, yakka-yolg’iz odamga oson tutmaslik lozimligini tushundim.

Bir burchakka biqinib oldim.

Cholning tizzasidan pastga tushib turgan ko’ylagi oy nurida ko’zni olgudek oqarib ko’rinardi. U bitta-bitta odimlab, ko’zyoshlarini halpillama yengiga artardi. U mendan sal nariga kelib o’tirdi.

– Hechqisi yo’q… hozir sal o’zimga kelvolay… bir dardlashamiz, – dedi sekin o’ziga chol, ammo baribir ko’zyoshlarini tiyolmasdi. – Uch kundan beri o’zimni qo’yarga joy topolmayapman. Biror nima qilib o’zimni chalg’itay desam, hech ishga qo’lim bormaydi.

Asta-sekin u yupandi.

– Yuragim ezilib ketyapti, Paraskovьya: jilla qursa rozi-rizolik so’ramading-a?! Diling­ni siyoh qilgan joyim bormidi? Aytib-aytib ketmaysanmi – sal bo’lsayam yengil tortardim. Endi esa armonda qoldim… Eh-h… – Chol bir on jimib qoldi. – Mana, seni yuvib-tarab, kafanga o’rab, joyingga qo’ydik. Sergey yoshulli tobut yasadi. Yig’lab-siqtab oldik. To’g’ri, odam uncha ko’p bo’lmadi. Asal, mayiz solib, bo’tqa qaynatdik. Seni Davidovnaning yoniga, bir chetga qo’ydik. Juda bopta, quruq yer. O’zimgayam o’sha yerdan mo’ljallab qo’ydim. Yolg’iz boshimga ne qilishgayam hayronman. Kulbai vayronamizni mixlab, Petьkanikiga jo’navorsammikin?.. Ammo yurak betlamaydi: o’zi-ku yaxshi, xotinini… o’zing bilasan-ku, g’ing demasayam, bir tishlam nonni zahar qilib beradi. Peshanam qursin!.. Nima qil deysan?

Jimlik cho’kdi.

Ishtonimni ho’llab qo’yay dedim. Xayolimda hozir Nechay kampir suyumli, og’ir-bosiq tovushida gapirib yuboradigandek tuyulib ketdi.

– Boshimni qay devorga urishni bilmay garangman, – deya hasratlanishda davom etdi Nechay chol. – Bundan ko’ra bo’ynimga sirtmoq solganim ming marta yaxshi edi. Kecha tunda birpasga ko’zim ilinibdi, bir payt qarasam, katakdan chiqib kelayotganmishsan, qo’lingda bir g’alvir tuxum. Munday qarasam, tuxum emas, endi yorib chiqqan jo’jachalar ekan. Sen bo’lsang ularni bitta-bitta og’zingga solarmishsan. Yeb turib, kamiga maqtab ham qo’yarmishsan… Yo Rabbim! Uyg’onib ketdim, tushim ekan… Seni o’zimcha uyg’otmoqchi bo’libman, yo’qliging esimdan chiqib ketibdi. Paraskovьyajon… Ruhing chirqillab yuribdimi?! – Nechay chol tag’in ko’zyosh qilishga tushdi. Xo’ngrab yuborsa bo’ladimi! Etim jimirlab ketdi. Biram o’kradi-ey, odamni ezvoradi: – E-e-e… uv-uv… Meni yolg’iz tashlab ketaverasanmi? Bu choli tushmagur endi qayga bosh uradi, deb o’ylamadingmi? Bir og’iz aytganingdayam mayliydi, shahardan do’xtir yetaklab kelardim… Ana, odamlar davolanyapti-ku. E yo’q, be yo’q, oyoqni uzatvording. Buni men ham eplay olaman… – Nechay chol burnini tortib-tortib, ko’zyoshlarini artdi, chuqur xo’rsindi. – U yoqlarda bir o’zing qiynalmayapsanmi? Ko’ngling tusasa, bu yoqqa chiqavergin, xo’pmi? Tushlarimga kirasan. Mayli, tez-tez kirib tur, faqat odamni qo’rqitvormagin. Bir qarasang, jo’jalarni… yana kim bilsin, deysan… – Nechay bobo pichirlab gapirganidan gapining yarmini eshitmay qoldim. – Gunoh ish qilib qo’ymasammi, deb qo’rqaman-da… Nima qipti? Qazib olishgan holatlar ham bo’larkan-ku. O’sha Krayushkinoda bir kampirni qazib olishipti… ingrab yotgan ekan-da. Qabrini ochib olishipti… Shu ikki kundan beri quloq solaman, jimjitga o’xshaydi. Yo’qsa, qazib olmoqchi edim… Aytishlaricha, odamni qattiq uyqu bosarkan, keyin uni hamma o’lib qolgan, deb o’ylarkan, u esa o’lmagan, shunchaki qattiq uyquga ketgan bo’larkan…

Bu gaplardan yuragim tovonimga tushdi. Emaklab, tomorqadan chiqdim-da, bobomning oldiga chopib bordim va hammasini oqizmay-tomizmay aytib berdim. Bobom egniga kiyimini tashladi. Ikkovlashib tomorqaga o’tdik.

– O’zi bilan o’zi gaplashyaptimi yo o’zicha kampiri bilanmi? – so’radi bobom.

– Kampiri bilan. Endi qandoq qilaman, deb maslahat solyapti…

– Tentirashiga o’laymi, qari taka. Go’rini ochishdan ham toymaydi. Yo kayfi bormikin?

– Yo’q, ichvolsa, ashula aytib, Xudoni eslab qoladi, – dedim. Cholning bu odatini bilardim.

Nechay chol qadam tovushlarimizni eshitib, jim qoldi.

– Kim bor? – qat’iy ohangda so’radi bobom.

Nechay chol anchagacha indamay turaverdi.

– Kim bor, deyapman?

– Senga nima kerak?

– Senmisan, Nechay?

– Ha, nimaydi…

Biz unga yaqinlashdik. Nechay chol tatarchasiga chordona qurib o’tirardi, bizga yovqarash qildi – noroziligi qovog’idan bilinib turibdi.

– Yana kim bor edi?

– Qayerda?

– Shu yerda-da… Kim bilandir gaplashding, o’zim eshitdim.

– Ishing bo’lmasin.

– Hozir kattakon kaltakni olaman-da, uying­gacha tirqiratib haydab solaman, ortingga qaramay ura qochasan. Oqsoqol bo’lsang, aqlingni yeb qo’ydingmi, nima balo… Uyat emasmi?

– Men u bilan gaplashib o’tiribman, birovga xalal bermayapman.

– Kim bilan gaplashyapsan? U yo’q, kim bilan gaplashasan?! O’ldi-ketdi. Yerni tagida endi.

– U men bilan gurunglashyapti, men eshitib o’tiribman, – o’rlandi Nechay chol. – Birovga og’ir-engili tushayotgani yo’q. O’zing-ku kelvolib, quloq tashlab qo’ygan…

– Qani, ketdik, – bobom Nechay cholni yerdan dast ko’tarib oldi. – Biznikiga kiramiz, menda bir shisha qo’lbolasidan bor, maydalaymiz, zora yengil tortsang.

Nechay chol qarshilik qilmadi.

– Chidolmayapman, jo’ra, holim qolmadi.

Nechay chol oldinga tushvolib, qoqilib-qoqilib ketar, nuqul yengi bilan ko’zyoshlarini artardi.

Men bu oshning tagiga bosvorsa bo’ladigan oriqqina, g’am adoyi tamom qilgan chol bechoraning ortidan qarab turib, ko’zimga yosh kelaverdi, lekin bobom gardanimga tushirib qolishidan hayiqib unsiz yig’lardim. Boyaqish Nechay boboga yuragim achishib ketdi.

– Bu bevafo dunyoga kimga oson bo’pti, deysan? – deb bobom unga taskin berardi. – Ko’z ochib ko’rganingni yerga qo’yish osonmidi senga? Judolikdan dili kuyganlarning hammasi marhumlarning yoniga qo’yilaversa, nima bo’ladi? Unaqada men necha marta go’rga kirishim kerak edi? Bardam bo’l. Nailoj, chidaysan-da endi.

– Rahmim kelyapti-da unga.

– Bo’lmasam-chi, rahming keladi-da… Hech kim sendan yozg’irayotgani yo’q. Lekin bu dunyoda o’lim deganlariga chora yo’q. Sabr qilasan endi, qo’lingdan kelgani shu. Bir kun kelib o’zing ham omonatingni topshirasan. Chida.

– Aqlim yetib turibdi-kuya… ammo manavi yerim yonib ketyapti, qaniydi alamim bosilsa. Ichib ham ko’rdim, foydasi bo’lmayapti.

– O’tib ketadi. Petьka nega kelmadi? Anavilari-ku, olisda, lekin bunisi-chi?

– Xizmat safariga ketibdi. O’h, munchayam og’ir bo’lmasa, yoshulli!.. Yetti uxlab tushimga kirmagandi-ya…

– Dunyoning ishlari shunaqa ekan: odam hayotligida bilinmaskan, o’lganidan keyin esa oh-voh qilishga tushamiz. Ammo-lekin g’am-­alamdan aqlni yo’qotish ham… turgan-bitgani ahmoqlik.

Ushbu daqiqalarda men uchun haligi sokin, oydin tun o’z fusunkorligini yo’qotgan, miyamni band etgan sohir xayollar ham allaqayoqqa gum bo’lgan, boyagi tushuniksiz sevinchdan nom-nishon qolmagandi, axir, bir munis ayol rixlatga ketdi.

Yuzlari qoshiqday mana shu cholning qayg’usi nafosatli olamni panalab qo’ygandi. Faqat miyamga achchiq shuvoqning gurkiragan isi o’rnashib qolgan.

Bobom Nechay cholni biznikida olib qoldi.

Ikkovlon polga ko’rpa to’shab, ustlariga po’s­tin tashlab olishdi.

– Senga bir voqeani aytib bersam, – shivirlashga o’tdi bobom. – Mana sen urushga bormagansan – u yoqlarda ne savdolar bo’lganini bilmaysan… U yoqlarda, jo’ra… bundan besh battarlari bo’lgan, men senga aytsam. Xullas, gap munday: men sanitar bo’lib xizmat qilardim, yaradorlarni front ortiga tashirdik. Shu desang, bir kuni yo’ldamiz, studebekkerimiz liq to’lgan. Hammasi ingraydi, sekinroq haydashimizni so’raydi… O’zim qatori sho’pirimiz Mikolay Igrinev imkon qadar ravon haydashga intiladi, imillab ham bo’lmaydi: chekinyapmiz, axir. Muyulishga yetganimizda, oldimizdan bir yengil moshin chiqib qoldi. Ofitseri to’xta degandek qo’l silkiydi. Bizga esa azroilning o’zi yo’ldan chiqsayam, to’xtamaslik qat’iy buyurilgan. To’g’ri-da: u yoqda yana qancha yaradorlar yo’limizga intiq kutib yotishibdi. Hujum qilayotgan bo’lsak ham mayliga edi, chekinyapmiz, axir. G’ir etib o’tib ketdik. Yengil moshin bizni quvib o’tib, yo’lga ko’ngdalang turvoldi. Ofitserning qo’lida nagan. Ilojsiz to’xtadik. Keyin ma’lum bo’lishicha, ularning bir ofitseri og’ir yaralangan ekan, boshqa tomonga ketishlari kerak ekan. Keyin haligi qo’lida nagan ushlagan ofitser bilan bir amallab yaradorni kuzovga olib o’tdik. Mikolay kabinada o’tiribdi: uniyam yonida bir kapitan bor, ahvoli chatoq. Mikolay bo’lsa uni bir qo’li bilan ushlab olgan, bir qo’lida rul. Qisqasi, amal-taqal joylashdik. Haligi og’ir yaralangani inqillaydi, sho’rlik. Bosh-ko’zi qonga belangan, qotib ham qolibdi. Yetkazib borolmasak kerak, deb o’yladim o’shanda. Yoshgina yigitcha, leytenant ekan, soqol-murtini endi qirtishlay boshlagan bo’lsa kerak o’ziyam. Boshini tizzamga oldim – harna yengil bo’lsin, degandim, lekin qayoqda!.. Gospitalga yetib keldig-u, yaradorlarni tushira boshladik… – Bobom o’h-o’hlab, jim bo’lib qoldi. Popiris tutatdi. – Mikolay ham qarab turmadi… Yordamlashdi… Unga leytenantni uzatdim… “Tamom, joni uzildi”, dedim. Mikolay esa leytenantning yuziga shundoq tikildi-yu… O’h-ho’… – Yana jimlik. Uzoq jim qolishdi.

– Nima, o’g’li ekanmi? – sekin so’radi Nechay chol.

– O’g’li ekan.

– Ey Xudoyim!

– Ihm… – Bobom burnini qoqib-qoqib tashladi.

– Keyin nima bo’ldi?

– Nima bo’lardi, ko’mdik… Komandirimiz Mikolayga uyiga borib kelishi uchun bir haftaga javob berdi. Ketdi. Ammo-lekin xotiniga o’g’lini ko’mganini aytmabdi. Hujjatlari bilan ordenini yashirib qo’yibdi, bir hafta uyida turib, keyin qaytib keldi.

– Nega aytmabdi?

– Aytib bo’larkanmi?!.. O’lganini bilmasa, bedarak ketdi, deb eshitsa, jilla qursa, ilinji bo’ladi, mundoq deb aytishga esa… til bormaydi. Necha marta og’iz juftlapti-yu, miq etmapti.

– Yo Rabbim, yo Rabbim, – yana chuqur xo’rsinib oldi Nechay chol. – O’zi tirik qoldimi, axir?

– Mikolami? Qaydam, keyinchalik bizni har tarafga tarqatvorishdi… Xullas, mana shunaqa gaplar. O’z jigargo’shasini-ya! Aytishga oson. Yoshgina yigit-a …ketdi.

Chollar og’izlariga tolqon solvolishdi.

Derazadan ichkariga oyning mo’l-ko’l, lekin sovuq tantanali yog’dusi quyilib turibdi. Charaqlaydi-ya!.. Quvonchmi, qayg’umi, farqi yo’q – oy nur sochaveradi!

Rus tilidan Saidjalol SAIDMURODOV tarjimasi

021

021

(Tashriflar: umumiy 305, bugungi 1)

Izoh qoldiring