Aleksandr Blok. She’rlar. Jamol Kamol tarjimalari

07Александр Блок – йигирманчи аср рус шеъриятининг ёрқин юлдузларидан бири. Етук савия, чуқур лиризм, гўзал оҳангдорлик унинг шеърларига ўзига хос ҳусн ва жозиба бағишлайди.
Азиз ўқувчи! Шоирнинг бир даста шеърларини саралаб, Жамол Камол таржимасида эътиборингизга ҳавола этдик. Ўқинг, юксак шеъриятга ошно бўлинг.

Александр Блок
ШЕЪРЛАР


nullАлександр Александрович БЛОК (1880. 16 (28). 11, Петербург 1921. 7.8, Петроград] — рус шоири. Петербург унтини тамомлаган (1906). «Золотое руно» жур. (1907—08) ва Жаҳон адабиёти нашриётида (1918 й.дан) ишлаган, Бутун Россия шоирлар уюшмаси Петроград бўлимини бошқарган (1920 й.дан). Илк тўплами — «Гўзал Бону ҳақида шеърлар» (1904) рафиқаси Любовь Дмитриевна (кимёгар Д. Менделеевнинг қизи)га бағишланган. Дастлаб Блок символист шоир сифатида танилган. 1905 й. инқилобий ўзгаришлар таъсирида символизмдан воз кечиб, ижтимоий мавзуда «Шаҳар» (190408), «Ватан» (190716), «Даҳшатли олам» (190816), «Қасос» (190713) туркум шеърлари ва «Томошахона» (1906), «Атиргул вахоч» (191213) каби драмалар ёзган. Блок 1917 й.ги Октябрь тўнтаришини шодхуррамлик б-н кутиб олмаган бўлсада, аммо у большевикларнинг ашаддий мухолифлари (И.А. Бунин, Н. Гумилёв, 3. Гиппиус, А. Куприн, М. Цветаева каби) сафида ҳам бўлмаган. Большевиклар ҳокимиятни қўлга олгандан сўнг 5 ой давомида Б. «Ўн икки» достонини, «Зиёлилар ва инқилоб» мақоласини ёзиб, Октябрь воқеалари ва Россия такдири ҳақида ижодий мушоҳада юритишга ҳаракат қилди. Ҳар икки acap зиёлилар ўртасида қизғин баҳсга сабаб бўлди. Шу ҳодиса шоир ижодида чуқур инқироз ва турғунликни юзага келтирди. Блок 1918 й.нинг март ойидан сўнг то умрининг охиригача (1921) ҳеч қандай янги асар ёзмайди, фақат «Қасос» поэмасини ниҳоясига етказиш б-н машғул бўлади.
«Ўн икки» поэмаси (Асқад Мухтор), кўплаб шеърлари (Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Мавлон Икром, Омон Мухтор, Ойгул Суюндиқова ва б.) ўзбек тилига таржима қилинган.


 СКИФЛАР*

Панмўғулизм! Қандай қўрқинч бир садо,
Менинг қулоғимга хуш ёқар аммо…
Владимир Соловьёв

Сизлар – милён-милён, бизга йўқ рақам,
Солишинг гар сизда куч бўлса, қудрат!
Ҳа, биз – скифлармиз” Осиёлик қавм,
Қийиқ кўзларимиз қўрқинч, оч-офат.

Аср сизга аср, бизга бир лаҳза,
Текин хизматкормиз сизга ҳар қачон.
Биз ўртада қалқон тутдик ҳамиша,
Мўғуллар бир тараф, Оврупо бир ён!

Асрлар, асрлар оловида чин
Қуйдингиз қуроллар қабоҳатини,
Ёввойи чўпчак деб билдингиз лекин
Лиссабон, Мессини ҳалокатини.

Юз йиллар Шарққа кўз тикдингиз илҳақ,
Дурру гавҳаримиз бўлди сизга тан,
Фурсат келиши кутдингиз фақат
Бизга ўқ узмоққа замбараклардан.

Мана, фурсат етди, кулфат очиб юз,
Қанот қоқар, алам зиёда ҳар он,
Аммо кун келади, унда шубҳасиз,
Пестумларингиздан қолмагай нишон.

Эй сен, кекса дунё! Тириксан, омон,
Ширин азоб ичра яшарсан ҳали.
Сфинкс қошида тўхта бир замон
Заковатли подшо Эдип сингари!

Россия – сфинкс. Қувониб, куйиб,
Ва қора қонига ботиб шу палла,
Сен томон термулар, термулар тўйиб,
Ҳам нафрат ила, ҳам муҳаббат ила!

Йўқ, севги эмасдир сиздаги сезги,
Биздек севолмайсиз, беролмайсиз тоб,
Унутдингиз, бордир дунёда севги,
Ки ўртаб куйдирар ва айлар хароб!

Биз севамиз совуқ рақамлар тафтин,
Илоҳий рўёлар сафосини ҳам,
Англаймиз галл фикри теран ҳикматин,
Германларнинг хомуш даҳосини ҳам…

Парижнинг дўзахдек кўчалари-ю
Салқин Венеция тароватларин,
Барини эслаймиз, лимонзор боғлар,
Кёльннинг булутдек иморатларин…

Биз танни севамиз, таъми, ранги-да,
Оғир нафаси-да хушдир, билсангиз.
Айбдормизми, бизнинг нафис қўлларда
Қарсиллаб синарса суякларингиз?

Жиловидан тутиб асов отларни
Бўйсундириб миниш – бизга ҳеч нарса.
Ўжар канизаклар, паризодларни
Кафтга қўндиришни биламиз роса.

Келинг биз тарафга! Қўйинг урушни,
Келинг бизнинг сокин қучоғимизга!
Қинига жо этинг эски қилични,
Оға-ини бўлинг, дўст бўлинг бизга!

Магар йўқ десангиз, биза нима ул?
Бузуқбошлик келур бизнинг-да қўлдан.
Асрлар, асрлар – лаънат ўқилур,
Лаънат ёғар сизга бемор наслдан.

Гўзал Оврупонинг кўзи ўнгида
Чексиз ўрмонларга оламиз ўзни.
Қайта юз очамиз, кўрасиз шунда
Осиёлик мудҳиш қиёфамизни!

Кенгиш майдон очдик, келинг Уралга,
Уруш карнайлари чалинсин баланд.
Пўлат машиналар интегралга
Тўлиб, саваш қилсин мўғуллар билан.

Биз сизларга қалқон бўлмаймиз энди,
Жанг аро тикмаймиз сиз учун жонни.
Ўша қўрқинч, қийиқ кўзлар-ла худди
Тамошо қиламиз қону қиронни.

Қўзғалмаймиз, ёвуз, қонсираган хун,
Ўликлар ҳамёнин титса ҳамки то,
Шаҳарларни ёқиб, кул этса буткул,
Оқ танлар гўштини қовурса ҳатто!..

Сўнгги бор – эсни йиғ, эй кўҳна дунё!
Тинчлик, меҳнат ила эт ўзни эъзоз,
Сўнгги бор – чароғон дўстлик базмига
Чорламоқда сени ваҳший соз!

20.01. 2018.

НОТАНИШ

Оқшомлари ресторанлар узра
Иссиқ ҳаво ёввойи, бўғиқ,
Ва маст-аласт қичқириқлар ила
Баҳорий руҳ кезар ачимсиқ.

Узоқда, тўзонли кўчалар оша,
Мудроқ дала уйлар оша ҳамон,
Новвойхона томи йилтирар хира,
Бир бола йиғлайди ногаҳон…

Ҳар оқшом шлагбаумлардан
Нарида, дол қўйиб шляпаларни,
Эркаклар сайр этар хонимлар билан,
Гапга тўн кийдириб, авраб уларни.

Кўл узра эшкаклар ғижирлаши-ю,
Бир аёлнинг чинқироқ саси,
Осмонда юз очиб, сочади ёғду
Ярим ойнинг кумуш ҳалқаси.

Ҳар оқшом ягона дўсти азиз
Қадаҳимда акс этади хуш,
Тахир, сирли шаробдан шаксиз,
Худди мендек ширакайф, сархуш.

Хизматкорлар қўшни столларда
Уйқу босиб ўлтирар гурас,
Мастлар қуён кўзлари ила
Қичқиришар: “In vino veritas!”

Ҳар оқшом белгили соатда
(Ё тушимда кўраман буни?)
Бир санам қомати атласда,
Деразадан жазб этар мени.

Мастлар орасидан оҳиста ўтиб,
Ёнида кимса йўқ, ҳамроҳсиз,
Атру уфор, туманлар таратиб,
Дераза олдида ўлтирар ёлғиз.

Қадим ривоятлар уфурар шунда
Атлас, шоҳилардан ҳар сафар,
Мотам парлари бор шляпасида,
Нафис қўлларида узуклар.

Бир яқинлик тортиб кўнгилни,
Қора ниқоб оша боқаман шу дам.
Кўраман мафтункор соҳилни,
Ва мафтункор йироқларни ҳам.

Ажабтовур сирлар меникидур ул,
Кимнингдир қуёши берилмиш менга,
Тахир шароб сингиб жонимга буткул,
Ҳукми оташини жойламиш унга.

Туяқуш парлари эгилиб энди,
Миямда тебраниб турар ярқираб,
Тубсиз мовий кўзлар сочиб сеҳрини,
Олис бир соҳилда гул очар ажаб.

Хазина бор менинг қалбимда улуғ,
Калити ҳам мендадир фақат,
Сен ҳақлисан, шаробхўр махлуқ!
Шаробдадир асл ҳақиқат…

СОЛЬВЕЙГ*
Сергей Городецкийга

Сольвейг чанғи учиб келар…
Ибсен. “Пер Гюнт”

Сольвейг! Келдинг менга чанғида учиб,
Табассум айладинг баҳор қучиб!

Фақир кулбам аро яшадинг ноқис,
Тошлар орасида ўтсиз, чироқсиз.

Яшил кўзларингни чақнатиб менга,
Боққан эдинг, олдим болтамни қўлга.

Асрий қарағайни қулатдим кулиб,
Баҳорим юз очди келинчак бўлиб!

Янги уйим узра
Энди ҳар лаҳза
Қарағайлар тўсмас мовий самони.

Бу осмон – сеники!
Бу осмон – меники!
Бекорга мағрур деб аташмас мени!

Мен ўрмончи эдим,
Дуо ўқирдим
Кўкка қулоч ёзган қарағайларга.

Сен келдинг, ёришди,
Қиш уйқуси қочди,
Баҳор гурросини сочди оламга.

Тинглаяпсанми, айт,
Болта садосин шу пайт?

Кўрмаяпсанми, шод, қувончли нигоҳ
Сенга тикилмишдир, сенга маҳлиё?

Тинглаяпсанми мени,
Қувноқ ўқшиғимни?
Дарахт кесиб, Сольвейг, куйлайман сени!

Ойболтам остида, мақтов айтиб жуда,
Новдалар тебранар кўкка етгудек.

Овозинг юксалур
Кекса қарағайдан ул,
Яшил баҳор қўшиғисан, Сольвейг!

 ШОИРЛАР

Шаҳар чеккасида хароб маҳалла,
Ери зах, тупроғи ботқоқ, баттарин,
Шоирлар яшайди бунда, бир-бирин
Қаршилаб кибрли табассум ила.

Қуёш беҳудага чиқиб ҳар куни,
Шу ботқоқни буркар меҳру шафқатга,
Бу жойнинг одами ўз кундузини
Шаробга сарф этар, қора меҳнатга.

Маст бўлиб дўстликка ичишар қасам,
Валақлашар олди-қочдидан қанча,
Тонгга яқин қусиб, қамалиб маҳкам,
Ишлашади сўнгра ҳолдан тойгунча.

Инларидан чиқиб келишар кейин,
Денгизга боқишар шафақ ёнганда,
Кўчадан ўтгувчи зебо санамнинг
Олтин сочларига бўлишар банда.

Сўнг олтин асрни орзу этишар,
Ноширларни шиғаб сўкишар иноқ,
Кичиқ гул устида кўзёш тўкишар,
Мўъжаз булутчага чекишар фироқ.

Шоирлар яшайди шундоқ. Ўқувчи!
Ўйлаб кўр, уларда не савдо, самар,
Уларнинг турмуши, иши, хоҳиши
Сенинг турмушингдан ёмонми магар?

Йўқ, азиз ўқувчим, ўйлагин зинҳор,
Шоир бисотида ҳар тугул ҳар гоҳ
Булут бор, олтин соч, олтин аср бор,
Буларнинг бариси сенга нораво!

Сен ўзинг, хотининг ила шод, масрур,
Конституциянг ила бахтиёр,
Шоирга майхўрлик – жаҳоний сурур,
Қоида-қонунинг барчаси бекор.

Майли, итдек ўлай девор тагида,
Ҳаёт ерга қорсин мени бешафқат,
Худойим, қор билан кўмиб ўшанда,
Қуюн пешонамдан ўпади албат!

НАЖОТ ФАРИШТАСИ

Нажот фариштаси, севаман сени,
Сабабки, зулматда асрадинг мени.

Сабабки, нозанин келинчак эдинг,
Сиру синоатим барини билдинг.

Ки бизни бойлади тун ила асрор,
Синглимсан, қайлиғим, қизимсан, дилдор.

Сабабки, умримиз узоқ кўринди,
Сабабки, биз ҳатто эр-хотин энди!

Мен севганни сен севмаганинг-чун,
Фақир-фуқарони ўйлаганим-чун

Аҳил яшашимиз бу ҳолда гумон,
Ўлдирмоқ истайман, ўлдиролмайман.

Қуён юракларни, ёвуздир улар,
Мени ва халқимни таҳқир этдилар.

Турмага тиқишди асл эрларни,
Нотавон дейишди камситиб мени.

Сотиб олмоқ бўлар улар иродам,
Итдек итоаткор бўлишимни ҳам.

Сабабки, ожизман, бўйсунишга шай,
Боболарим қул бўлишган ҳарқалай.

Руҳим бўлмиш нозик заҳардин адо,
Қўлим кўтаролмас ханжарни асло.

Аммо мен севаман ожизлигим-чун,
Менга сунчиқдир қудратинг, кучинг.

Оловда тобланиб, қўрғошинланган,
Нарсани парчалаш қийиндир зотан!

Сен-ла тонготарга боқамиз тикка,
Сен-ла ўшал тубсиз қоронғиликка.

Қисматнинг биза зўр мукофоти бор,
Эркин инсонмизу, қулмиз ғазабкор.

Таслим бўл! Бўш келма! Тўхта! Ташлама!
Зулматми ё олов – олдинда нима?

Ким чорлар? Ким йиғлар: Йўлимиз қаён?
Ҳамиша биргамиз, бирга иковлон!

Ўлиб-тирилгаймиз? Ўлгаймиз ҳамон?..

КЛЕОПАТРА»

Музейлар кетма-кет очилар ҳамон,
Бировлар очади уни эрмакка,
Биз эса, шаробхўр, сурбет оломон,
Борамиз… Тобутда кутар малика.

Ойнабанд тобутда унсиз ётар, жим,
Ўликмас, тиркмас, бир ҳолатда ул,
Одамлар шивирлаб айтар бетиним,
У ҳақда беҳаё гапларни нуқул…

Малика ётади чалқанчасига,
Абадий уйқуга ғарқ бўлиб тамом,
Илон унинг очиқ, мум сийнасига
Эринмай заҳрини тўкар беомон.

Мен ҳам шу қатор шарманда, сотқин,
Кўзларим атрофи кўкарган ҳалқа.
Келдим тобут ичра тин олиб, сокин
Ухлаган санамга назар солмоққа.

Томоша қилади сени ҳар кимса,
Тобутингда жондан бўлсайди асар,
Эшитардим унда неча бир дафъа
Чирик дудоқларнинг оҳини магар.

“Исириқ тутатинг. Кўминг гулларга,
Бундан кўп асрлар муқаддам, йироқ,
Миср ўлкасида эдим малика,
Энди мум ичраман , чирик бир тупроқ”.

“Малика! Мен сенга маҳлиё, мафтун,
Агарчи Мисрда қул эдим, ҳақир,
Насибамни қара, буюрмиш тақдир,
Бу юртда шоирман, подшоман бугун!

Тобутингдан боқиб, кўрасанми, айт,
Рус ҳам сенга Римдек сенга маст бўлиб боқар,
Сезарь ва мен энди абадул абад
Қисмат қаршисида тенгмиз, баробар!”

Жим қолдим. Қарайман. Мени эшитмас,
Аммо эпкин эсиб кўксида кам-кам,
Олар ҳарир мато остида нафас,
Шивир-шивир сўзин илғайман шу дам:

“Бир замонлар эдим ҳар ишга қодир,
Энди-чи, асрлар, давронлар оша –
Ҳолимга кўз ёши тўкади шоир,
Аҳволимга боқиб, кулар фоҳиша…”

СЕНИ УНУТГАНЛАР

Етишди соати. Шайланди замон,
Қилич ярқиради йўл очиб тикка,
Мен оломон ила йўл олдим ҳамон
Туманли манзилга, баланд кенгликка.

Йўлда неча довон, жарлик, чеки йўқ,
Халқ ҳориб, доҳийлар ҳолдан тойди ҳай,
Қаршимизда қора булутлар қуюқ,
Чақмоқ тилкаларди уларни тинмай.

Қўллар осилса-да ночор шалвираб,
Муштлар тугиларди шу ҳолларига,
Гулдирак гумбурлаб, болалар йиғлаб,
Аёллар ўранди рўмолларига.

Мен дағи чарчадим, қатордан кетдим,
Ортимдан эргашди неча бир одам,
Бошимизда осмон, кўринмасди дим ,
Булутлар ортида эди қуёш ҳам.

Сарсон бўлиб юрдик, чекиб оҳ-воҳ,
Тополмай кулбайи вайронамизни,
Тунлар гулхан ёқиб, исиндик гоҳо,
Тақдир қалтиратди совуқда бизни.

Қанча йўл изладик, тортиб машаққат,
Бари зоеъ кетди етмай самарга.
Ушалмас орзулар берасан фақат,
Бу дунёда Сени унутганларга…

ОҚШОМ ЧЎКАР СОКИН, БЕСАДО…

Оқшом чўкар сокин, бесадо,
Қуюқлашар туман сув узра.
Тўлқинларда сирли бир нидо,
Бош кўтарар оппоқ бир кимса.

Сув парси чиқар денгиздан
Ва ёнимга келиб ўлтирар,
Ҳарир рўмол остида шу дам,
Кумушланиб, кўкси ялтирар.

Талпинади сўнгра қучгани
Ва бағрига босади маҳкам,
Қучаман деб бўғдинг-ку мени,
Эй денгизлар париси, санам!

“Мен бўғаман кўнглимни чоғлаб,
Қўлим кучли, чирмашур чунон,
Оқшом салқин, сени қучоқлаб,
Исинмоқчи бўламан шу он”.

Ой чеҳраси оқариб, сўлғин,
Осмон хира ташлайди назар.
Ёшланади кўзларинг нечун,
Эй денгизлар париси, дилбар?

“Кўзларимда қалқиб турар нам,
Кўз ёш дема, кўнглим қувончи.
Мен денгиздан кўтарилган дам,
Иниб қолган тиниқ бир томчи”.

Оқ чорлоқлар қичқирар чанқоқ,
Тўлқин урар қирғоққа бошин,
Қалбинг нега титрайди мундоқ,
Эй денгизнинг гўзал сирдоши?

“Ғалатидир қалбим чинданам,
Титрашлари ажабдир албат,
Мен севаман сени, эй одам,
Муҳаббатдан яралган хилқат!”

* * *

Ҳаёт бахш этмоқчи ўз нафасидан
Келиб аввалгидек ул зебо санам,
Менинг абгор бўлган танимга чиндан,
Менинг шу кулбайи вайронамга ҳам.

Бошимда осмондек турди меҳрибон,
Мен унга жавобан шу оғриқ қўлим
Қимирлатолмадим ҳаттоки, гулим,
Мен сени қанчалар соғиндим дебон.

Нурсиз кўзларимни тикиб кўрдим, ул
Куйиб, ғам чекарди менга ҳар нафас.
Бизнинг орамизда йўқ эди буткул
На бир сўз, на иқбол, на ранжу араз.

Бечора қалб чарчаб, ҳорганди кушод,
Шунча йил, шунча ой, шунча кун магар,
Кечикканди қаро бахтимиз, ҳайҳот,
От суриб келса ҳам йўлда қанчалар.

Мен энди хастаман, дарди бедаво,
Хаёлим ўзга бир оламда бугун,
Қуёшли шафаққа боқаман мамнун,
Абадий тунданам қўрқмайман асло.

Абадият боқиб кўзимга бўйла,
Тиниб-тинчимоққа ўргатди мени.
Мовий туннинг муздек шабнами ила
Сўндирди ҳаяжон гулханларимни…

* * *

Ортимдан эргашиб бир аблаҳ гадо,
Судралиб келади одим ва одим.
“Пулинг қайда?” – “Пулим шаробхонада”,
“Қалбинг қайда?” – “Уни ўпқонга отдим”.

“Сенга нима керак?” – “Истагим шуки,
Мендек аён этсанг ўзни ҳар лаҳза.
Чидасанг, масхара этсалар, кулги,
Истагим шу фақат, бошқа ҳеч нарса”.

“Бошқалар ишига тиқма бурнингни,
Эргашма изимдан, нари тур, йўқол!”
“Азизим, иков деб ўйлама бизни,
Адашма, аланглаб атрофга кўз сол…”

Чинданам (бошимга солди не савдо!)
Теграмда бировни кўро билмадим,
Чўнтагимга боқсам, йўқдир ҳеч вақо,
Юрагимга назар ташлаб… йиғладим.

* * *

Туманли оқшомлар, қош қорайган дам,
Ел бўлиб, ўт бўлиб ёнимга –
Учиб келар Қуръон саҳифасидан
Қанотли фаришта ўлик жонимга.

Шунда ақлим қолар ожиз, бесамар,
Лекин руҳим учар, учар, тиним йўқ,
Теграмда шовуллаб кумуш қанотлар,
Жаранглайди сирли бир қўшиқ…

Жамол Камол таржималари

  • Белгиси қўйилган сўзларга “Хуршид Даврон кутубхонаси”нинг изоҳлари

Скифлар – Қадимги Юнон ва Рим тарихчилари асарларида милоддан аввалги VIII- IV асрларда Туронзамин кенгликларидан Қораденгиз атрофидаги дашту водийларда яшаган, кейинги тарихчиларнинг бир гуруҳи форс ча, бошқа бир гуруҳи туркча тил эгалари бўлмиш деб келинган элатлар назарда тутилмоқда.
Сольвейг – Норвег драматурги Генрик Ибсеннинг «Пер Гюнт» номли драмасининг қаҳрамони.
Клеопатра – Милоддан аввалги 69- 30 йилларда яшаган қадимги Миср маликаси.

21Aleksandr Blok – yigirmanchi asr rus she’riyatining yorqin yulduzlaridan biri. Yetuk saviya, chuqur lirizm, go’zal ohangdorlik uning she’rlariga o’ziga xos husn va joziba bag’ishlaydi.  Aziz o’quvchi! Shoirning bir dasta she’rlarini saralab, Jamol Kamol tarjimasida e’tiboringizga havola etdik. O’qing, yuksak she’riyatga oshno bo’ling.

Aleksandr Blok
SHE’RLAR


72Aleksandr Aleksandrovich BLOK (1880. 16 (28). 11, Peterburg 1921. 7.8, Petrograd] — rus shoiri. Peterburg untini tamomlagan (1906). «Zolotoye runo» jur. (1907—08) va Jahon adabiyoti nashriyotida (1918 y.dan) ishlagan, Butun Rossiya shoirlar uyushmasi Petrograd bo’limini boshqargan (1920 y.dan). Ilk to’plami — «Go’zal Bonu haqida she’rlar» (1904) rafiqasi Lyubovь Dmitriyevna (kimyogar D. Mendeleyevning qizi)ga bag’ishlangan. Dastlab Blok simvolist shoir sifatida tanilgan. 1905 y. inqilobiy o’zgarishlar ta’sirida simvolizmdan voz kechib, ijtimoiy mavzuda «Shahar» (190408), «Vatan» (190716), «Dahshatli olam» (190816), «Qasos» (190713) turkum she’rlari va «Tomoshaxona» (1906), «Atirgul vaxoch» (191213) kabi dramalar yozgan. Blok 1917 y.gi Oktyabrь to’ntarishini shodxurramlik b-n kutib olmagan bo’lsada, ammo u bolьsheviklarning ashaddiy muxoliflari (I.A. Bunin, N. Gumilyov, 3. Gippius, A. Kuprin, M. Svetayeva kabi) safida ham bo’lmagan. Bolьsheviklar hokimiyatni qo’lga olgandan so’ng 5 oy davomida B. «O’n ikki» dostonini, «Ziyolilar va inqilob» maqolasini yozib, Oktyabrь voqealari va Rossiya takdiri haqida ijodiy mushohada yuritishga harakat qildi. Har ikki acap ziyolilar o’rtasida qizg’in bahsga sabab bo’ldi. Shu hodisa shoir ijodida chuqur inqiroz va turg’unlikni yuzaga keltirdi. Blok 1918 y.ning mart oyidan so’ng to umrining oxirigacha (1921) hech qanday yangi asar yozmaydi, faqat «Qasos» poemasini nihoyasiga yetkazish b-n mashg’ul bo’ladi.
«O’n ikki» poemasi (Asqad Muxtor), ko’plab she’rlari (Erkin Vohidov, Jamol Kamol, Mavlon Ikrom, Omon Muxtor, Oygul Suyundiqova va b.) o’zbek tiliga tarjima qilingan.


SKIFLAR*

Panmo’g’ulizm! Qanday qo’rqinch bir sado,
Mening qulog’imga xush yoqar ammo.
Vladimir Solovьyov

Sizlar – milyon-milyon, bizga yo’q raqam,
Solishing gar sizda kuch bo’lsa, qudrat!
Ha, biz – skiflarmiz” Osiyolik qavm,
Qiyiq ko’zlarimiz qo’rqinch, och-ofat.

Asr sizga asr, bizga bir lahza,
Tekin xizmatkormiz sizga har qachon.
Biz o’rtada qalqon tutdik hamisha,
Mo’g’ullar bir taraf, Ovrupo bir yon!

Asrlar, asrlar olovida chin
Quydingiz qurollar qabohatini,
Yovvoyi cho’pchak deb bildingiz lekin
Lissabon, Messini halokatini.

Yuz yillar Sharqqa ko’z tikdingiz ilhaq,
Durru gavharimiz bo’ldi sizga tan,
Fursat kelishi kutdingiz faqat
Bizga o’q uzmoqqa zambaraklardan.

Mana, fursat yetdi, kulfat ochib yuz,
Qanot qoqar, alam ziyoda har on,
Ammo kun keladi, unda shubhasiz,
Pestumlaringizdan qolmagay nishon.

Ey sen, keksa dunyo! Tiriksan, omon,
Shirin azob ichra yasharsan hali.
Sfinks qoshida to’xta bir zamon
Zakovatli podsho Edip singari!

Rossiya – sfinks. Quvonib, kuyib,
Va qora qoniga botib shu palla,
Sen tomon termular, termular to’yib,
Ham nafrat ila, ham muhabbat ila!

Yo’q, sevgi emasdir sizdagi sezgi,
Bizdek sevolmaysiz, berolmaysiz tob,
Unutdingiz, bordir dunyoda sevgi,
Ki o’rtab kuydirar va aylar xarob!

Biz sevamiz sovuq raqamlar taftin,
Ilohiy ro’yolar safosini ham,
Anglaymiz gall fikri teran hikmatin,
Germanlarning xomush dahosini ham…

Parijning do’zaxdek ko’chalari-yu
Salqin Venetsiya tarovatlarin,
Barini eslaymiz, limonzor bog’lar,
Kyolьnning bulutdek imoratlarin…

Biz tanni sevamiz, ta’mi, rangi-da,
Og’ir nafasi-da xushdir, bilsangiz.
Aybdormizmi, bizning nafis qo’llarda
Qarsillab sinarsa suyaklaringiz?

Jilovidan tutib asov otlarni
Bo’ysundirib minish – bizga hech narsa.
O’jar kanizaklar, parizodlarni
Kaftga qo’ndirishni bilamiz rosa.

Keling biz tarafga! Qo’ying urushni,
Keling bizning sokin quchog’imizga!
Qiniga jo eting eski qilichni,
Og’a-ini bo’ling, do’st bo’ling bizga!

Magar yo’q desangiz, biza nima ul?
Buzuqboshlik kelur bizning-da qo’ldan.
Asrlar, asrlar – la’nat o’qilur,
La’nat yog’ar sizga bemor nasldan.

Go’zal Ovruponing ko’zi o’ngida
Cheksiz o’rmonlarga olamiz o’zni.
Qayta yuz ochamiz, ko’rasiz shunda
Osiyolik mudhish qiyofamizni!

Kengish maydon ochdik, keling Uralga,
Urush karnaylari chalinsin baland.
Po’lat mashinalar integralga
To’lib, savash qilsin mo’g’ullar bilan.

Biz sizlarga qalqon bo’lmaymiz endi,
Jang aro tikmaymiz siz uchun jonni.
O’sha qo’rqinch, qiyiq ko’zlar-la xuddi
Tamosho qilamiz qonu qironni.

Qo’zg’almaymiz, yovuz, qonsiragan xun,
O’liklar hamyonin titsa hamki to,
Shaharlarni yoqib, kul etsa butkul,
Oq tanlar go’shtini qovursa hatto!..

So’nggi bor – esni yig’, ey ko’hna dunyo!
Tinchlik, mehnat ila et o’zni e’zoz,
So’nggi bor – charog’on do’stlik bazmiga
Chorlamoqda seni vahshiy soz!

20.01. 2018.

NOTANISH

Oqshomlari restoranlar uzra
Issiq havo yovvoyi, bo’g’iq,
Va mast-alast qichqiriqlar ila
Bahoriy ruh kezar achimsiq.

Uzoqda, to’zonli ko’chalar osha,
Mudroq dala uylar osha hamon,
Novvoyxona tomi yiltirar xira,
Bir bola yig’laydi nogahon…

Har oqshom shlagbaumlardan
Narida, dol qo’yib shlyapalarni,
Erkaklar sayr etar xonimlar bilan,
Gapga to’n kiydirib, avrab ularni.

Ko’l uzra eshkaklar g’ijirlashi-yu,
Bir ayolning chinqiroq sasi,
Osmonda yuz ochib, sochadi yog’du
Yarim oyning kumush halqasi.

Har oqshom yagona do’sti aziz
Qadahimda aks etadi xush,
Taxir, sirli sharobdan shaksiz,
Xuddi mendek shirakayf, sarxush.

Xizmatkorlar qo’shni stollarda
Uyqu bosib o’ltirar guras,
Mastlar quyon ko’zlari ila
Qichqirishar: “In vino veritas!”

Har oqshom belgili soatda
(Yo tushimda ko’raman buni?)
Bir sanam qomati atlasda,
Derazadan jazb etar meni.

Mastlar orasidan ohista o’tib,
Yonida kimsa yo’q, hamrohsiz,
Atru ufor, tumanlar taratib,
Deraza oldida o’ltirar yolg’iz.

Qadim rivoyatlar ufurar shunda
Atlas, shohilardan har safar,
Motam parlari bor shlyapasida,
Nafis qo’llarida uzuklar.

Bir yaqinlik tortib ko’ngilni,
Qora niqob osha boqaman shu dam.
Ko’raman maftunkor sohilni,
Va maftunkor yiroqlarni ham.

Ajabtovur sirlar menikidur ul,
Kimningdir quyoshi berilmish menga,
Taxir sharob singib jonimga butkul,
Hukmi otashini joylamish unga.

Tuyaqush parlari egilib endi,
Miyamda tebranib turar yarqirab,
Tubsiz moviy ko’zlar sochib sehrini,
Olis bir sohilda gul ochar ajab.

Xazina bor mening qalbimda ulug’,
Kaliti ham mendadir faqat,
Sen haqlisan, sharobxo’r maxluq!
Sharobdadir asl haqiqat…

SOLVEYG*
Sergey Gorodetskiyga

Solveyg chang’i uchib kelar…
Ibsen. “Per Gyunt”

Solveyg! Kelding menga chang’ida uchib,
Tabassum aylading bahor quchib!

Faqir kulbam aro yashading noqis,
Toshlar orasida o’tsiz, chiroqsiz.

Yashil ko’zlaringni chaqnatib menga,
Boqqan eding, oldim boltamni qo’lga.

Asriy qarag’ayni qulatdim kulib,
Bahorim yuz ochdi kelinchak bo’lib!

Yangi uyim uzra
Endi har lahza
Qarag’aylar to’smas moviy samoni.

Bu osmon – seniki!
Bu osmon – meniki!
Bekorga mag’rur deb atashmas meni!

Men o’rmonchi edim,
Duo o’qirdim
Ko’kka quloch yozgan qarag’aylarga.

Sen kelding, yorishdi,
Qish uyqusi qochdi,
Bahor gurrosini sochdi olamga.

Tinglayapsanmi, ayt,
Bolta sadosin shu payt?

Ko’rmayapsanmi, shod, quvonchli nigoh
Senga tikilmishdir, senga mahliyo?

Tinglayapsanmi meni,
Quvnoq o’qshig’imni?
Daraxt kesib, Solveyg, kuylayman seni!

Oyboltam ostida, maqtov aytib juda,
Novdalar tebranar ko’kka yetgudek.

Ovozing yuksalur
Keksa qarag’aydan ul,
Yashil bahor qo’shig’isan, Solveyg!

SHOIRLAR

Shahar chekkasida xarob mahalla,
Yeri zax, tuprog’i botqoq, battarin,
Shoirlar yashaydi bunda, bir-birin
Qarshilab kibrli tabassum ila.

Quyosh behudaga chiqib har kuni,
Shu botqoqni burkar mehru shafqatga,
Bu joyning odami o’z kunduzini
Sharobga sarf etar, qora mehnatga.

Mast bo’lib do’stlikka ichishar qasam,
Valaqlashar oldi-qochdidan qancha,
Tongga yaqin qusib, qamalib mahkam,
Ishlashadi so’ngra holdan toyguncha.

Inlaridan chiqib kelishar keyin,
Dengizga boqishar shafaq yonganda,
Ko’chadan o’tguvchi zebo sanamning
Oltin sochlariga bo’lishar banda.

So’ng oltin asrni orzu etishar,
Noshirlarni shig’ab so’kishar inoq,
Kichiq gul ustida ko’zyosh to’kishar,
Mo»jaz bulutchaga chekishar firoq.

Shoirlar yashaydi shundoq. O’quvchi!
O’ylab ko’r, ularda ne savdo, samar,
Ularning turmushi, ishi, xohishi
Sening turmushingdan yomonmi magar?

Yo’q, aziz o’quvchim, o’ylagin zinhor,
Shoir bisotida har tugul har goh
Bulut bor, oltin soch, oltin asr bor,
Bularning barisi senga noravo!

Sen o’zing, xotining ila shod, masrur,
Konstitutsiyang ila baxtiyor,
Shoirga mayxo’rlik – jahoniy surur,
Qoida-qonuning barchasi bekor.

Mayli, itdek o’lay devor tagida,
Hayot yerga qorsin meni beshafqat,
Xudoyim, qor bilan ko’mib o’shanda,
Quyun peshonamdan o’padi albat!

NAJOT FARISHTASI

Najot farishtasi, sevaman seni,
Sababki, zulmatda asrading meni.

Sababki, nozanin kelinchak eding,
Siru sinoatim barini bilding.

Ki bizni boyladi tun ila asror,
Singlimsan, qaylig’im, qizimsan, dildor.

Sababki, umrimiz uzoq ko’rindi,
Sababki, biz hatto er-xotin endi!

Men sevganni sen sevmaganing-chun,
Faqir-fuqaroni o’ylaganim-chun

Ahil yashashimiz bu holda gumon,
O’ldirmoq istayman, o’ldirolmayman.

Quyon yuraklarni, yovuzdir ular,
Meni va xalqimni tahqir etdilar.

Turmaga tiqishdi asl erlarni,
Notavon deyishdi kamsitib meni.

Sotib olmoq bo’lar ular irodam,
Itdek itoatkor bo’lishimni ham.

Sababki, ojizman, bo’ysunishga shay,
Bobolarim qul bo’lishgan harqalay.

Ruhim bo’lmish nozik zahardin ado,
Qo’lim ko’tarolmas xanjarni aslo.

Ammo men sevaman ojizligim-chun,
Menga sunchiqdir qudrating, kuching.

Olovda toblanib, qo’rg’oshinlangan,
Narsani parchalash qiyindir zotan!

Sen-la tongotarga boqamiz tikka,
Sen-la o’shal tubsiz qorong’ilikka.

Qismatning biza zo’r mukofoti bor,
Erkin insonmizu, qulmiz g’azabkor.

Taslim bo’l! Bo’sh kelma! To’xta! Tashlama!
Zulmatmi yo olov – oldinda nima?

Kim chorlar? Kim yig’lar: Yo’limiz qayon?
Hamisha birgamiz, birga ikovlon!

O’lib-tirilgaymiz? O’lgaymiz hamon?..

KLEOPATRA*

Muzeylar ketma-ket ochilar hamon,
Birovlar ochadi uni ermakka,
Biz esa, sharobxo’r, surbet olomon,
Boramiz… Tobutda kutar malika.

Oynaband tobutda unsiz yotar, jim,
O’likmas, tirkmas, bir holatda ul,
Odamlar shivirlab aytar betinim,
U haqda behayo gaplarni nuqul…

Malika yotadi chalqanchasiga,
Abadiy uyquga g’arq bo’lib tamom,
Ilon uning ochiq, mum siynasiga
Erinmay zahrini to’kar beomon.

Men ham shu qator sharmanda, sotqin,
Ko’zlarim atrofi ko’kargan halqa.
Keldim tobut ichra tin olib, sokin
Uxlagan sanamga nazar solmoqqa.

Tomosha qiladi seni har kimsa,
Tobutingda jondan bo’lsaydi asar,
Eshitardim unda necha bir daf’a
Chirik dudoqlarning ohini magar.

“Isiriq tutating. Ko’ming gullarga,
Bundan ko’p asrlar muqaddam, yiroq,
Misr o’lkasida edim malika,
Endi mum ichraman , chirik bir tuproq”.

“Malika! Men senga mahliyo, maftun,
Agarchi Misrda qul edim, haqir,
Nasibamni qara, buyurmish taqdir,
Bu yurtda shoirman, podshoman bugun!

Tobutingdan boqib, ko’rasanmi, ayt,
Rus ham senga Rimdek senga mast bo’lib boqar,
Sezarь va men endi abadul abad
Qismat qarshisida tengmiz, barobar!”

Jim qoldim. Qarayman. Meni eshitmas,
Ammo epkin esib ko’ksida kam-kam,
Olar harir mato ostida nafas,
Shivir-shivir so’zin ilg’ayman shu dam:

“Bir zamonlar edim har ishga qodir,
Endi-chi, asrlar, davronlar osha –
Holimga ko’z yoshi to’kadi shoir,
Ahvolimga boqib, kular fohisha…”

SENI UNUTGANLAR

Yetishdi soati. Shaylandi zamon,
Qilich yarqiradi yo’l ochib tikka,
Men olomon ila yo’l oldim hamon
Tumanli manzilga, baland kenglikka.

Yo’lda necha dovon, jarlik, cheki yo’q,
Xalq horib, dohiylar holdan toydi hay,
Qarshimizda qora bulutlar quyuq,
Chaqmoq tilkalardi ularni tinmay.

Qo’llar osilsa-da nochor shalvirab,
Mushtlar tugilardi shu hollariga,
Guldirak gumburlab, bolalar yig’lab,
Ayollar o’randi ro’mollariga.

Men dag’i charchadim, qatordan ketdim,
Ortimdan ergashdi necha bir odam,
Boshimizda osmon, ko’rinmasdi dim ,
Bulutlar ortida edi quyosh ham.

Sarson bo’lib yurdik, chekib oh-voh,
Topolmay kulbayi vayronamizni,
Tunlar gulxan yoqib, isindik goho,
Taqdir qaltiratdi sovuqda bizni.

Qancha yo’l izladik, tortib mashaqqat,
Bari zoye’ ketdi yetmay samarga.
Ushalmas orzular berasan faqat,
Bu dunyoda Seni unutganlarga…

OQSHOM CHO’KAR SOKIN, BESADO…

Oqshom cho’kar sokin, besado,
Quyuqlashar tuman suv uzra.
To’lqinlarda sirli bir nido,
Bosh ko’tarar oppoq bir kimsa.

Suv parsi chiqar dengizdan
Va yonimga kelib o’ltirar,
Harir ro’mol ostida shu dam,
Kumushlanib, ko’ksi yaltirar.

Talpinadi so’ngra quchgani
Va bag’riga bosadi mahkam,
Quchaman deb bo’g’ding-ku meni,
Ey dengizlar parisi, sanam!

“Men bo’g’aman ko’nglimni chog’lab,
Qo’lim kuchli, chirmashur chunon,
Oqshom salqin, seni quchoqlab,
Isinmoqchi bo’laman shu on”.

Oy chehrasi oqarib, so’lg’in,
Osmon xira tashlaydi nazar.
Yoshlanadi ko’zlaring nechun,
Ey dengizlar parisi, dilbar?

“Ko’zlarimda qalqib turar nam,
Ko’z yosh dema, ko’nglim quvonchi.
Men dengizdan ko’tarilgan dam,
Inib qolgan tiniq bir tomchi”.

Oq chorloqlar qichqirar chanqoq,
To’lqin urar qirg’oqqa boshin,
Qalbing nega titraydi mundoq,
Ey dengizning go’zal sirdoshi?

“G’alatidir qalbim chindanam,
Titrashlari ajabdir albat,
Men sevaman seni, ey odam,
Muhabbatdan yaralgan xilqat!”

* * *

Hayot baxsh etmoqchi o’z nafasidan
Kelib avvalgidek ul zebo sanam,
Mening abgor bo’lgan tanimga chindan,
Mening shu kulbayi vayronamga ham.

Boshimda osmondek turdi mehribon,
Men unga javoban shu og’riq qo’lim
Qimirlatolmadim hattoki, gulim,
Men seni qanchalar sog’indim debon.

Nursiz ko’zlarimni tikib ko’rdim, ul
Kuyib, g’am chekardi menga har nafas.
Bizning oramizda yo’q edi butkul
Na bir so’z, na iqbol, na ranju araz.

Bechora qalb charchab, horgandi kushod,
Shuncha yil, shuncha oy, shuncha kun magar,
Kechikkandi qaro baxtimiz, hayhot,
Ot surib kelsa ham yo’lda qanchalar.

Men endi xastaman, dardi bedavo,
Xayolim o’zga bir olamda bugun,
Quyoshli shafaqqa boqaman mamnun,
Abadiy tundanam qo’rqmayman aslo.

Abadiyat boqib ko’zimga bo’yla,
Tinib-tinchimoqqa o’rgatdi meni.
Moviy tunning muzdek shabnami ila
So’ndirdi hayajon gulxanlarimni…

* * *

Ortimdan ergashib bir ablah gado,
Sudralib keladi odim va odim.
“Puling qayda?” – “Pulim sharobxonada”,
“Qalbing qayda?” – “Uni o’pqonga otdim”.

“Senga nima kerak?” – “Istagim shuki,
Mendek ayon etsang o’zni har lahza.
Chidasang, masxara etsalar, kulgi,
Istagim shu faqat, boshqa hech narsa”.

“Boshqalar ishiga tiqma burningni,
Ergashma izimdan, nari tur, yo’qol!”
“Azizim, ikov deb o’ylama bizni,
Adashma, alanglab atrofga ko’z sol…”

Chindanam (boshimga soldi ne savdo!)
Tegramda birovni ko’ro bilmadim,
Cho’ntagimga boqsam, yo’qdir hech vaqo,
Yuragimga nazar tashlab… yig’ladim.

* * *

Tumanli oqshomlar, qosh qoraygan dam,
Yel bo’lib, o’t bo’lib yonimga –
Uchib kelar Qur’on sahifasidan
Qanotli farishta o’lik jonimga.

Shunda aqlim qolar ojiz, besamar,
Lekin ruhim uchar, uchar, tinim yo’q,
Tegramda shovullab kumush qanotlar,
Jaranglaydi sirli bir qo’shiq…

Jamol Kamol tarjimalari

  • Belgisi qo’yilgan so’zlarga “Xurshid Davron kutubxonasi”ning izohlari

Skiflar – Qadimgi Yunon va Rim tarixchilari asarlarida miloddan avvalgi VIII- IV asrlarda Turonzamin kengliklaridan Qoradengiz atrofidagi dashtu vodiylarda yashagan, keyingi tarixchilarning bir guruhi fors cha, boshqa bir guruhi turkcha til egalari bo’lmish deb kelingan elatlar nazarda tutilmoqda.
Solveyg – Norveg dramaturgi Genrik Ibsenning «Per Gyunt» nomli dramasining qahramoni.
Kleopatra – Miloddan avvalgi 69- 30 yillarda yashagan qadimgi Misr malikasi.

09

(Tashriflar: umumiy 528, bugungi 1)

Izoh qoldiring