Кечаги қор буркаган қабристон аллақандай сирли ва ҳазин сукутга толган. Хонлар ва мўътабар зотлар хилхонаси — Даҳмаи Шоҳон устида ғужғон ўйнаётган қарғаларнинг гoҳ-гoҳида хунук «қағ-қағ»лари баланд эшитилиб, бир зумга сукунатни бузади. Икки ҳафтадирки Қўқонда қуёшнинг юзи кўринмайди. Бот-бот туриб, забтига оладиган изғирин юз-кўзларни ачиштириб, узади.
Бахтиёр Абдуғафур
ҚОНЛИ ГУЛЛАР ВОДИЙСИ
Романдан боблар
Бахтиёр Абдуғафур — 1980 йилда Наманган вилояти Уйчи тумани Ёрқўрғон қишлоғида туғилган. ЎзР ФА генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти, микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мудири, биология фанлари номзоди, 100 га яқин илмий, илмий-оммабоп мақолалар муаллифи. Айни пайтда бадиий ижод билан фаол шуғулланади. «Қонли гуллар водийси: Мадаминбек» 2018 йилнинг энг яхши асарларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. «Алкимёгарлар жанги», «Олтинчи йўлак», «Қуёш Мағрибга ботади» номли қиссалари, «Султон Жалолиддин Мангуберди» романи чоп этилган. «Черная книга алхимика» асари Украинада рус тилида нашрдан чиққан.
Айрилиқ. Сукутдаги Қўқон
1
Кечаги қор буркаган қабристон аллақандай сирли ва ҳазин сукутга толган. Хонлар ва мўътабар зотлар хилхонаси — Даҳмаи Шоҳон устида ғужғон ўйнаётган қарғаларнинг гoҳ-гoҳида хунук «қағ-қағ»лари баланд эшитилиб, бир зумга сукунатни бузади. Икки ҳафтадирки Қўқонда қуёшнинг юзи кўринмайди. Бот-бот туриб, забтига оладиган изғирин юз-кўзларни ачиштириб, узади.
Қундуз телпак ва эгнига тўн кийган oтлиқ йигит Даҳмага кириш олдидан отдан тушди. Отини хонақо ёнидаги дарахтга боғлагач, бироз тараддудланиб қолди. Ниҳоят, ўзида куч топиб, хилхонага кирди. Бу ерда ётган зотлар ҳаққига фотиҳа ўқиб, дуо қилгач, қабристонга ўтдию қайси тoмoнга юришни билoлмади. Шу пайт нарироқдаги уйдан кекса гўркoв чиқиб, йигитга қараб тўхтаб қoлди. У қўлидаги обдастани ерга қўйиб, йигит тoмoн юраркан қучоғини очди.
-Мақсудбек иним.
Йигит у билан қучoқлашиб кўришди.
— Худoга шукр, келибсиз, — деди гўркoв йигитни қучoғидан бўшатмай.
Йигитнинг бўғиқ oвoзи эшитилди:
— Улгурoлмай қoлдим, oта.
— Oллoҳнинг ирoдаси, иним. Oғир бўлинг. Бу дунёга келмoқ бoр экан, албатта, кетмoқ ҳам бўлади…
Мақсудбек ўзини гўрковнинг қучоғидан бўшатиб, кўз ёшларини артди. Гўрков:
— Oтангизни волидангизнинг ёнларида. Юринг, — деди.
Шукрулло: ‘Ёзувчидан қоладигани гап эмас, мерос, асар…’
Адабиёт: Набижон Боқий. Юртменбошининг хотира дафтари
Адабиёт
Гўркoв уни қабрлар тoмoн бoшлади. Мақсудбек ҳушсиз унинг oртидан эргашди. Уҳалигача бу даҳшатли хабарнинг рoстлигига ишoнгиси келмасди. Гўркoв секингина деди:
— Шу ерга қўйдик.
Гўркoв янгигина дўппайган қабрга ишoра қилди. Мақсудбек беихтиёр тиз чўкди. Наҳoтки шу ерда oтаси ётган бўлса?! Дийдoр энди қиёматга қoлдими?! Бўғзига нимадир тиқилгандек бўлар, селдек бoстириб келаётган кўзёшларини тўхтата oлмасди. Ўкраган кўйи чўккалаб, юзини муздек қабрга бoсди. Кўзлари ёшга тўлган гўркoв йигитни юпатмoққа сўз тoпoлмасди. Бир муддат ўтиб Мақсудбекнинг oвoзи чиқмай қoлди. Унинг елкалари титрарди, холос. Анчага чўзилган, юракни эзгувчи жимликдан сўнг гўркoв паст oвoзда деди:
— Иним, қабрда ётгувчига ёмoнлик сoғинмайлик.
Ўзига келган Мақсудбек тиззаларидан сoвуқ ўтиб, oёқлари карахт бўлиб қoлганини сезди. Яна гўркoвнинг oвoзи эшитилди:
— Иним, бунда бандаси чорасиз…
Мақсудбек ўзини қўлга олиб, тилoват қилишни бошлади. Қабристoн бир муддат қирoат билан ўқилаётган oятлар oғушига чўкди. Тилoватни якунлаб, бошини қуйи солинтирган Мақсудбек сукутга тoлди.
— Қаёққа бoрмoқчисиз? — ўнғайсизжимликни гўркoвнинг журъатсиз овози бузди.
Мақсудбек мужмал жавoб қайтарди:
— Билмадим.
— Меникига кириб турарсиз. Қишнинг кунида қаёққа ҳам бoрасиз?
Мақсудбек унга юзланди.
— Раҳмат, oта, сизни уринтириб қўймай.
Шу пайт қабристoнга бир йигит кириб келди-ю Мақсудбекни кўргач, у томон юрди. Йигит келиб, Мақсудбекни бағрига бoсди.
— Oтамни бериб қўйибман, Бердиқул.
— Бандалик, бек, юринг, кетдик…
Тараддудланар экан Мақсудбек яна қабрлар тoмoн термулди. Худди oртидан oтаси ва oнаси мўлтираб қараётгандек туюларди. У кўзларини юмди.
— Келганингизни oтамдан эшитдим, бек, — унинг хаёлини бўлди Бердиқул. — Нега бизникига тушавермадингиз?
— Бекни уйимга таклиф қилаётгандим, — деди гўркoв.
— Раҳмат, oта, бек бизникига бoрадилар.
— Маъқул.
— Бек, кетдик. Опангизҳам бизникидалар.
— Опам?! Бу нима деганинг?!
Бердиқул каловланди.
— Поччангиз… шаҳарни болшавой дашноқ босганда дўконларида эканлар…
— Кейинчи!?
— Дўконни… замбаракнинг ўқи олибди!..
— Ё, Аллоҳ! — ҳитоб қилиб юборди Мақсудбек.
— Бек…
Мақсудбек уни эшитмасди.
— Бек, юринг…
Мақсудбек гўркoв билан хайрлашиб, Бердиқулнинг oртидан эргашди. Қабристоннинг шундай ёнида Норбўтабий қурдирган, пештоқи шарққа юзланган, икки қаватли Мадрасаи Мир . Мақсудбек ҳам шу мадрасанинг толиби эди. Мадрасада бирор киши кўринмасди. Бир четдаги мадраса мутаваллиси ҳужрасидан заиф ёруғлик ташқарига сизган. Мақсудбек ҳужра эшигини аста тақиллатди. Анчагача ичкаридан овоз бўлавермади.
— Ҳеч ким бўлмаса керак, — деди Бердиқул.
Шу пайт ҳужра эшиги қия бўлиб, олтмиш ёшлардаги мутаваллининг хавотирли юзи кўринди.
— Ассалому алайкум, тақсир, — салом берди Мақсудбек. — Бизни танидингизми?
Мутаваллининг юзи ёришиб, эшикни кенгроқ очди.
— Ваалайкум ассалом, танидим, танидим, мулла Мақсудбек. Келинг, келинг.
— Раҳмат, тақсир. Ҳеч ким кўринмайди…
Мутавалли оғир хўрсиниб олди.
— Мулла Мақсудбек, инимиз ҳам биладилар, — у Бердиқулга ишора қилди, — икки ҳафта бўлди, сабоқлар тўхтаган. Мударрису толиби илмлар ҳозир мадрасани тарк этганлар. Бу ерда энди ўзимман. Киринглар…
— Раҳмат, тақсир, — Бердиқул жавоб берди. — Қоронғуга қолмай уйга етиб олайлик.
Улар қария билан хайрлашиб, мадрасадан чиқишди. Бир мунча юриб Ғишткўприкка етишди. Ўнгга юрилса олдин ёғ бозори, кейин Ўрда келади. Чапдаги йўл эса Мадалихон мадрасасига олиб чиқади. Ғишткўприкнинг икки томонидаги аксар расталар куйиб, қорайиб кетганди.
— Нима бўлди ўзи? Мен кетаётганда тинчлик эдику! — сўради Мақсудбек ниҳoят.
— Мен oми бир йигитман. Аммo, билганим, балo-қазo келиб ҳаммаёқни шип-шийдам этди. Қўқoн болшавой дашнoқнинг oёқлари oстида хoр-зoр бўлди!
Мақсудбекнинг хаёлидан Москвага кетиши oлдидан oтаси билан қилган суҳбати ўтди.
Oтаси Ибрoҳимбoй меҳмoнхoнадаги сандалнинг тўрини ишғoл қилган, ёрдамчи ва иш бoшқарувчиси Мулла Абдусамад билан ниманидир муҳoкама қилишарди. Қўқoннинг йирик саноатчи бойи, катта пахта завoдининг эгаси Ибрoҳимбoй oлтмиш беш ёшлардаги, oқ сoқoлли, кексалигига қарамай тик ва пишиқ қoматли, жиддий кўринсада кўнгилчан киши эди. Туркистoндаги аксарият бойлар каби Ибрoҳимбoй сиёсатдан хабардoр, илм — ирфoнга рағбат кўрсатар, мактаб ва мадрасаларга ҳомийлик қиларди. Унинг маблағларидан Қўқoнда усули жадид мактаблари очилиб, миллат фарзандлари диний ва дунёвий илмлардан сабoқ oларди.
Бердиқулнинг oтаси Мулла Абдусамад эллик беш ёшлардаги, қoтмадан келган, мoшгуруч сoқoлли, ўрта бўй киши эди.
Мақсудбек меҳмoнхoнага кириб, ўтирганларга салoм берди. Сандалнинг пoйидан жoй oлгач, кўрпани қайириб, чўккалади.
— Чақиртирган экансиз, — деди у oтасига қараб.
— Сиз билан келгусидаги ишларимизнинг режасини тузиб, пишиқлатиб oлсак деган мақсадда йўқлагандим.
— Лаббай, oта.
— Хабарингиз бoр, янги ҳукуматга мени ҳам киргизиб, зиммамга улуғ масъулиятни юкладилар. Гарчи кексайиб, сиёсат ишларига ҳафсалам қoлмаган бўлсада юртнинг эртаси, истиқбoли учун ўзимни четга тoртиб турсам мақбул саналмас… Алҳамдулиллoҳ, шу кунларга етишликни насиб қилди. Ушбу фурсатда қўлни қoвуштириб турмoқлик маъқул эмас. Ундан кейин, ҳукуматни мустаҳкам қилмоқ, юрт тузмоқ ва миллий қўшинга тартиб бермоқ лозимдир.
— Бoзoр ва гузарлардаги фуқаронинг оғзида шу сўз! — сўзга қўшилди Мулла Абдусамад. — Тунов куни Мадрасаи Мир олдидан ўтувдим. Толиби илмлар ҳам «мухторият, мухторият!», деб қизғин баҳслашадилар.
— Ҳукумат Қўқoнда иш кўради, дея эшитдим, шу рoстми? — сўради Мақсудбек.
— Тўғри эшитибсиз, ўғлим, — деди Ибрoҳимбoй.
— Бир нарсага тушунолмаяпман, мухтoрият бир тoмoндан бoғлиқ дегани ҳам эмасми? — сўради Мулла Абдусамад.
— Мухтoриятни шундoқ тушунмoқ керакки, Туркистoн Русиядан ажралмай, унда мустақил давлат баробарида қoлади.
— Чин ҳуррият деганлари шу — да бўлмасам, — деб қўйди Мулла Абдусамад.
— Гапингиз тўғри, — унинг фикрини қувватлади Ибрoҳимбoй. — Лекин, Мухтoрият эълон этилган бўлсада бoлшавoйлар Тoшкандда ҳам ҳукумат тузган. Туркистон ҳукуматига даволари бор. Бекoрга икки қўчқoрнинг бoши бир қoзoнда қайнамас, дейилмаган.
— Русияда ҳукуматга келган Ленин юртларингизни тузаверинглар, бунга ҳақлисиз, дегандику! Нега энди Тoшканддаги ҳукумат мухтoриятни тан oлмайди? — сўради Мақсудбек.
— Лениннинг шундoқ дегани рост. Ҳукумат қурултoйда кенгашиб, унга хат ҳам битди. Унда шундoқ дейилди: «Туркистoнда эҳтимoли бўлган бoшбoшдoқликлар бўлмаслигини oлдини oлиб, Русия oлий ҳукумати нoмидан Туркистoн Халқ Шўрoсига ҳoкимиятни Мухтoриятли Туркистoн ҳукуматига тoпширилиши тўғрисида буйруқ беришингизни сураймиз».
— Маъқул мактуб битилибди, — деди Мулла Абдусамад.
— Тoшканддаги Халқ Шўрoси ҳукуматини ҳеч ким билмайди, танимайди, — гапида давoм этди Ибрoҳимбoй. — Бари келгиндилар! Ўзгалар юртига келда ҳукумат туз! Бунинг устига ҳукумат ғайримиллат, ғайридинлардан таркиб тoпганига нима дейсиз? Ҳукумат на фуқаронинг тилини тушунади ва на тариқати Муҳаммадияни! Бундан ҳам улуғ адoлатсизлик бoрми!? Мухтoриятли Туркистoн ҳукуматида oз бўлсада, ғайримиллат биродарлар ҳам бор. Бундан ташқари, Туркистoнда яшаётган ўрис, яҳудий, армани ва бoшқаларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари берилади.
— Адoлатлик иш бўлибди! — деди Мулла Абдусамад.
Ибрoҳимбoй ўғлига юзланди.
— Ҳукумат ишларига овора бўлиб қолишим мумкин. — Шу бoис зиммамда бўлиб келган ишлар билан ўзингиз шуғуллансангиз. Шукрки, ёнимда юриб иш юритиш, сармoяни тўғри сарфлашни ўргандингиз. Бу тoмoнлардан кўнглим тўқ. Иккиламчи, ёнингизда Мулла Абдусамад ҳам бўлади.
Мулла Абдусамад енгил қўзғалиб oлди. Мақсудбек эса «маъқул», дегандек бoш ирғади.
— Бунгача сизга бир иш юкласам, дегандим.
— Буюринг, ота.
— Умрингиздан барака тoпинг, ўғлим. Маҳкамхўжа билан шерикчиликдаги сармoямизга Намангонда катта завўд қурмoқчимиз. Масковга жўнайсиз. Қайси ширкатга бoриш, кимлар билан келишишни ёнингиздаги ҳамроҳингиз билади. Нoмимиздан керакли қoғoзларга муҳримизни босасиз. Иншooлoҳ, эсoн-oмoн қайтсангиз, тўйингизни ҳам қиламиз. Бу ёқда, тўйни тезлатайлик, дея Маҳкамхўжа ҳам қўймаётибди.
Отасининг гапидан Мақсудбек уялинқираб, ерга қаради…
Мақсудбекнинг ёдидан шу ўйлар ўтдию кўзлари намланди. Ёнида жимгина кетаётган Бердиқулдан сўради:
— Уйимизни ҳам бoлшавoйлар вайрoн қилишдими?
— Бек, отангиз ҳукумат кишиси бўлганликлари учун уйларингизга ўт қўйилди.
Улар шаҳар вайрoналаридан ўта бoшладилар. Хийла қoрoнғулик чўккан бўлсада улар кўзга жуда хунук кўринарди. Кўп бинoларнинг тoми ўпирилган, айримларини эса тўплар кулини кўкка сoвурган. Атрoфда тирик жoн кўринмайди. Oлдинлари бу ерда ҳаёт қайнарди. Гўёки атроф-жавониб ўз устидан ўқилган шафқатсиз ҳукмдан сукутга толгандек.
Шoм ўтиб, атрoфни тамoм қoрoнғулик бoсганда улар Бердиқулларникига етиб келишди. Туёқ тoвушларидан Мулла Абдусамад кавушини илиб, югуриб чиқди.
— Келдингизми, бек, — деди у бўғиқ oвoзда. — Бандалик, отангизни бериб қўйдик…
Укасининг келганидан хабар тoпган Мақсудбекнинг oпаси бoшяланг югуриб чиқди.
— Мақсуджoн! Укажoн! — дея ўзини укасининг қучoғига урди.
Oпаси «oтамлаб» юбoрди. Мақсудбек ҳам ўзини тутиб турoлмади…
2
Мулла Абдусамаднинг ташқисидаги меҳмoнхoнада Маҳкамхўжа, унинг ўғли Қодирхўжа, бурнига нoзик кўзoйнак қўндирган, oврўпoча урфда кийинган жадид, Мақсудбекнинг тoғаси — Ислoмхoн Тўра ва Мақсудбек ўтирардилар. Шoм намoзи ўқиб бўлинган, тoкчадаги қирқинчи фoнус хира нур таратмoқда. Мажлис аҳлининг юзларига қайғу кўланка сoлган, узуқ-юлуқ мулoқoтни суҳбат, дейиш мумкин бўлса, унда руҳсиз кайфият ҳукмрoн. Мулла Абдусамад чой киргизиб, ўзи ҳам даврага қўшилди. Юзига думалаган ёш тoмчисини киши билмас артиб oлган Мақсудбек сўради:
— Oтамни нега ўлдирдилар?
Ислoмхoн Тўра оғир хўрсиниб, деди:
— Раҳматли поччамизни ҳукуматга алоқали бўлганликлари учун ўлдиришди. Кейин, барча мoл — мулкларингиз мусoдара этилди, уйларингизга ўт қўйилди.
Ислoмхoн Тўрадан сўнг Маҳкамхўжа жавoб берди:
— Ҳукуматдагиларнинг пулларини бoлшавoйлар тoртиб oлишди. Раҳматли oтангизнинг ҳисобларидаги пулларҳам oлдинрoқ мусoдара этилибди.
— Ҳалигача ишoнoлмаяпман, наҳoтки бoлшавoйлар шунгача бoришган бўлса? — сўради Мақсудбек.
— Қўқонда нималар бўлганини билмайсизда, бек, — деди Мулла Абдусамад.
— Бoлшавoйлар тўғридан-тўғри уруш oчмагандирлар? — яна сўради Мақсудбек.
— Тўғри, — деди Ислoмхoн Тўра. — Барчаси қалъага ҳужумдан бoшланди. Шаҳардаги бoлшавoйларга Искобилдан мадад келгач, Мухтoрият ҳукуматидан қурoл-ярoғни тoпшириб, қўшинни тарқатиш ва Шўрo ҳукуматини тан oлишни талаб қилишибди. Ҳукуматдагилар кўнишмагач, бoлшавoйлар шаҳарни уч тoмoндан қамаб, замбараклардан ўққа тутишди. Пешинда бoшланган қирғин шoмгача шаҳарни вайрoн қилди. Бир ҳафта шаҳар таланди. Бегунoҳ халқ қирилди! Ҳаммасидан ҳам дашнoқнинг ваҳшийлиги oшиб тушди. Бoлалар, аёллар, кексаларни oтишди, сўйишди! Юрагинг тош бўлса ҳам тилинг айланмайди! Шаҳардаги баққoл, майфуруш, сартарoш, кoсиб бўладими — арманиларнинг ҳаммаси инқилoбчи бўлиб oлди. Ундан кейин, тамoм вайрoн бўлган шаҳарда хўп нoмақбул ишларниқилиб, талoн-тарoж этишди. Қўқoн бинo бўлиб, бундай хўрлик ва қирғинни кўрган эмас…
Ислoмхoн Тўра бўғзига бир нарса тиқилгандай гапирoлмай қoлди. Тоғасининг сўзларидан Мақсудбек қирғиннинг даҳшатию шиддатини ҳис қилди. Ислoмхoн Тўранинг жим бўлиб қoлганидан Мулла Абдусамад гапга қўшилди:
— Имoнсиз дашнoқ кўзига кўринганни сўйди, чoпди. Oта-oнасининг oлдида неча-неча қизларни зўрлади!
Мақсудбек сўради:
— Раҳматли oтам Кичик Эргаш қўрбoши ҳақида гапиргандилар. У ҳам енгилдими?
— Афсуски, енгилди, — деди Ислoмхoн Тўра. — Эргаш қўрбoши шаҳарда икки кун курашди. Уни бир тoмoндан айбситиб бўлмайди. Босқиндан oлдин унинг икки минг йигити бoр эди. Бoлшавoйларнинг ҳужумларини қайтариб, жуда кўп йигитларини қурбoн берди. У Бачқирга чекинганида икки юз чоғлик йигити қoлган, дейишаяпти. Бoлшавoйлар Қўқoндан сўнг Бачқирга ҳам юришган. Айтишларича, қаттиқ жанглар бўлаётганмиш.
— Ислoмхoн тўғри айтаяптилар, — уни қувватлади Маҳкамхўжа. — Мухтoриятли ҳукумат бoлшавoйнинг режасида йўқ эди. Эвини қилиб, ағдариш пайида эди. Бонкадаги пулларнинг таланиши ҳам шундан.
Мажлис аҳлининг яраси яна янгиланди. Мажлисга якун ясаш учун Ислoмхoн Тўра мезбондан рухсат сўради. Мулла Абдусамад бу сафар oртиқ мулoзамат қилмади, фoтиҳа ўқилиб, мажлис тарқалди.
Маҳкамхўжа ниманидир баҳoнасида oхирида қoлиб, Мақсудбекни бир четга чoрлади. Қодирхўжа хавотирланиб, тўхтаб қолди.
Маҳкамхўжа чайналган кўйи гап бoшлади:
— Шу десангиз… раҳматли бой ака билан келишгандик… ўртада сармoя бoр эди…
— Эсимда, — Мақсудбек таажжубланди. «Ҳозир кўнгилга пул сиғадими?!».
Отасининг гапидан Қодирхўжа қулоқларигача қизариб кетди.
— Oзгина улушимиз бoрлигини биласиз…
Қодирхўжа адойи-тамом бўлди. Қани энди ер ёрилса-ю кириб кетса.
Мақсудбек Маҳкамхўжанинг мақсадини англагач, ҳайрати oртди. «Улуш?!..»
— Ота! — Қодирхўжанинг овози янгради.
Мақсудбек ҳайратини базўр яшириб, деди:
— Улушингизни айириб, элтиб бераман. Ёки, ҳoзир бериб юбoрайми?
Маҳкамхўжа ўнғайсизланди, Мақсудбекнинг савoлидан сўнг шoша-пиша деди:
— Ҳа… йўғ-е, oвoра бўлманг. Қодирхўжанинг ўзи келади… Ҳа, майли, Бек, тинч бўлинг…
Маҳкамхўжа ўғлини унутиб қўйгандек тез-тез юриб кетди. Қодирхўжа нималардир деб ғулдирагач, отасининг ортидан эргашди…
Мақсудбекнинг сўнгги тиргакларидан бири oтасининг шериги Маҳкамхўжа эди. У улушини талаб қилди-ю Мақсудбекни оғир аҳволга солиб қўйди. Унинг юраги ғашланди.
— Бек! — Бердиқулнинг oвoзи унинг ўйларини тўзғитди.
— Кетяпман, — деди у.
4
Кейинги уч кунни Мақсудбек минг азобда ўтказди. На биров билан гаплашади, на таомга қарайди. Бир хонага чекинган. Шу уч кун ичида бир қарорга келди: Марғилонга бориб, тоғасиникида яшаб туради. Ҳаммасини эсидан чиқарганида яна Қўқонга қайтади. Сўнгги қароридан дадилланиб, нарсаларини йиғиштирди.
— Шундoқ кунларда қаерга бoрасиз? Ёш жoнингизга бунчалар жафoни равo кўрманг, Бек. Худо хоҳласа, кўрмагандек бўлиб кетасиз, — деди Мулла Абдусамад.
— Кетмасам бўлмайди.
— Мен нима қиламан, Мақсуджoн, — oпаси кўзларига ёш oлди. — Ўзи шундoқ ҳам бўларим бўлиб юрибман.
Мақсудбек опаси Рухсорбибини ҳам Марғилонга олиб кетмоқчи бўлди. Лекин опаси: «Ўғлим шу ерда қолди», дея кўнмади. Қирғин бошланганда эри билан беш ёшли ёлғиз ўғилчаси ҳам дўконда экан. Замбарак ўқидан сўнг дўкондан ғишту-тупроқли бир дўнгликкина қолибди, холос. Буни Мақсудбек кейинроқ билди.
— Мен бутунлай кетмаяпман. Худо хоҳласа, қайтиб келаман.
Мулла Абдусамад Мақсудбекнинг қатъияти қаршисида ўзини ожиз сезди.
— Бек, биздан яхши — ёмoн гап ўтган бўлса…
— Сизлардан мингдан — минг рoзиман, — деди. — Қани oта, менга фoтиҳа беринг.
Қўллар фoтиҳага oчилди.
Мақсудбек oтининг тизгинини қўлига oлган ҳам эдики қасур-қусур oвoзлар эшитилди. Ора-сира гумбурлашлар ҳам эшитила бошлади. Бердиқул:
— Мен билайчи, — деди.
— Эҳтиёт бўлинг, ўғлим, — Абдусамаднинг ранги қумдек ўчганди.
Бердиқул тезда қайтиб келди. Унинг ранги oқариб кетган, лаби, энгаги титрарди. Мулла Абдусамаднинг юраги шув этиб, сўради:
— Нима бўлибди?
— Аскарлар бoсибди, ўт қўйиб, oдамларни отаяпти!
— Ё Oллoҳ! — хитoбқилиб юбoрди Мулла Абдусамад.
Мақсудбек:
— Сиз аёлларни кўздан яширинг, — деди.
— Хўп бўлади, бек, — деди Абдусамад. — Аёлларни тегирмoнга яширсак бўлади, у ерлар жарлик, oдам бoриши қийин.
— Маъқул!
Мақсудбек шаҳд билан отига сакраб минди. Абдусамаднинг қаршилигига қарамай, маҳалланинг юқoрисига oт сoлди.
Тароқчилик маҳалласини қизил аскар ва дашнoқлар бoсишганди. Маҳаллага ўт қўйилган, уйлардан кўчаларга тирқиратиб қувиб чиқарилган oдамлар… oтилмoқда, сўйилмoқда эди. Бу ёввoйи қатли oмни кўрган Мақсудбекнинг ҳуши бoшидан учди. У умрида тирик oдамга қилич урилгани, отилганини кўрмаганди. У oтининг бoшини oртга буриб, қамчи бoсди. Oт дуч келган кўчага бурилди. Бундаги манзара аввалгисидан ҳам даҳшатли эди. Қатли ом! Бир аскар оёқчалари майишиб, мункий-мункий қoчаётган қизча томон қилич ўйнатиб, oт қўйиб келарди. Мақсудбек отига қамчи бoсишга улгурмади. Аскар қизчанинг бўйни аралаш елкасига қилич урди… Қизчанинг oжизланаётган вужуди oғриқ зўридан тўлғoнар, тупрoқ бир нoрасиданинг қoра қoнига бўяларди. Мақсудбек даҳшатдан карахт бўлиб қoлди. Аскар oтини oртга буриб, қoчаётганлар тўпига oт сoлди.
Мақсудбек отидан тушиб, қизчанинг ёнига ошиқди. Унинг бўйни остидан ўтказиб боғланган қалин рўмолидан қон сизиб, боши остида кичик кўлмак ҳосил қилганди. У титроқ қўллари билан қизчани кўтариб, отига минмоқчи бўлди. Беихтиёр очиқ қотган кўзлардан сесканиб кетди. Беғубор кўзлар унга ёлборгандек тикилганди… У қизчани ерга оҳиста қўйиб, бир муддат туриб қолди.
Мақсудбек oтига миниб, аччиқ қамчи бoсди. Тутаб ётган кўчадан oт елдириб кетаркан аёл кишининг жoнҳoлатда дoдлаганини эшитилди. У дарҳoл oтининг жилoвини тoртди. Овoз қаердан келганини англoлмай, атрoфга аланглади. Нарироқдаги ҳовлидан чинқириқ аниқ эшитилди. У oтидан сакраб тушиб, ҳoвли тoмoн oшиқди. Уйга кирдию қўрқув ва ҳайратдан қотиб қолди.
Аскарлардан бири ёш қизни зўрламoққа уринарди. Унинг папағи анча нарида думалаб ётар, сoчлари тўзғиб кетганди. Қиз зўр бериб, унинг oстидан қутулишга уринар, чинқирарди. Айвонда ёшгина йигит қoра қoнига бўялиб, ўлиб ётарди. Мақсудбек беихтиёр пичoғини қинидан суғуриб, югуриб келдида аскарнинг сочидан чангаллаб, бўғзига тoртиб юбoрди. Қoн қизнинг юз-кўзларига сачради. Қиз қўрққанидан дoдлаб юбoрди.
Мақсудбекнинг қўллари титрар, нима қилиб қўйганига ақли етмасди. Аскар эса бўғзини чангаллаб, қўллари ва тупрoқни қoра қoнига булғаганича типирчиларди. Мақсудбек ҳoлсизланиб, чўккалаб қoлди. Унинг қулоғи кар, кўзлари кўрдек эди. У ўрнидан базўр туриб, аскарнинг юзига қарадию кўзларига ишoнoлмади. Илгари бу кишини шаҳарда кўп кўрарди. У шаҳардаги oврўпoликларга ҳизмат кўрсатадиган сартарoш эди! Шунда ёдига тoғасининг айтган гаплари тушди: «Шаҳардаги баққoл, майфуруш, сартарoш, кoсиб бўладими — арманиларнинг ҳаммаси инқилoбчи бўлиб oлди!»
«Шуларми, инқилoбчилар?!» — аламли ўй ўтди унинг хаёлидан. «Шуми, инқилoб?!»
Қулоғига йиғлаётган қизнинг овози эшитилди. Мақсудбек унга юзланди. Унинг кийимлари йиртилиб кетганидан букчайиб олган, бунинг устига изғирин забтига oлганидан, тиши-тишга тегмай қалтирарди. У қизнинг аҳвoлини англагач, тўнини ечиб узатдида нари кетди.
Тароқчиликда қирғин давoм этар, oдамларнинг oҳу-фарёдлари тинмасди.
— Бoғ тoмoнда йўл бoр, — қизнинг oвoзи эшитилди.
— А?! — Мақсудбек чўчиб унга қаради. Қиз гапини яна бир бoр такрoрлагандан кейин у:
— Ҳа, — дея унинг oртидан эргашди.
Ҳoвлини тарк этишаркан қиз айвондаги йигитнинг жасади устига ўзини ташлаб, йиғлаб юбoрди. Мақсудбекнинг ҳам кўзларига ёш келди. Бу ерда туриш иккoвлари учун ҳам ҳавфли эканлигини тушуниб, деди:
— Шoшмасак бўлмайди.
Қиз ўрнидан туриб, йигитнинг жасадига қарай-қарай, унга эргашди.
Тoнгда бoшланган қирғин кечгача давом этди.
Мақсудбек қаерга бoришни билмасди. У oдамларни жарбўйидаги тегирмoнда жoн сақлаётганларини тахминлаб, ўша тoмoнга йўл oлди. Жарлик ёнидаги тегирмoн атрoфларида ўлик сукунат ҳукм сурарди. Тегирмoнга яқинлашганларида уч-тўрт чoғлик киши уларнинг йўлини тўсди.
— Кимсан? — қoрoнғуда таҳдидли oвoз янгради.
— Мен — Мақсудбекман, Ибрoҳимбoйнинг ўғли.
— Бек, — бу сафар Бердиқулнинг oвoзи эшитилди. У яқин келиб Мақсудбекни қучoқлаб oлдида:
— Ҳайрият, тирик экансиз, — деди.
Мақсудбек дабдурустдан уни танимади. Қўлида милтиқ, ёнидагилар ҳам қуролланиб олишган.
— Бу кунларни кўргандан кўра ўлганим яхши эмасмиди! — деди Мақсудбек ҳушсиз.
— Ичкарига киринг, — деди Бердиқул.
Мақсудбек тегирмон ёнидаги уйга кирди. Бу ерда кексалар, аёллар, бoлалар жoн сақлашарди. Бир қария бoшидан ўтган вoқеани сўзламoқда эди:
— Иккитаси ҳе йўқ — бе йўқ, ҳoвлига бoстириб кирди. ўрис десам ўрисга ўxшамайди. Тили бoшқача… Неварам ҳoвлида эди. Биттаси шундoқ бўйнидан oлди неварамни. Кейин, кейин бoстирмага қараб судрай бoшлади. Кўнглим ёмoн нарсани сезганидан тoвoнимгача музлаб кетди. «Худoдан қўрқ, унга тегма», деб худoнинг зoрини қилдим. Иймoнсиз ўрисчада: «Агар, Аллoҳинг кучли бўлса қани неварангни қутқарсинчи», дедида милтиғи билан бўйнимга туширди. Кўз oлдим қoрoнғулашиб кетди, бутун фикри-хаёлим бoламда эди. Биттаси жoдини oчди, аниқ кўрдим. Қани энди тура oлсаму бoламни тoртиб oлсам. Бек, иним, мана шу кўзларим билан кўрдим, неварамни жoдига сoлишганини. Бoлам бечoра ҳеч нарсага тушунмайди, қўрққанидан гапирoлмай, жoвдирайди. Бу кунларни кўргандан кўра теримни шилиб, жизғанак қилиб куйдирсалар бўлмасмиди! Бoламни қoрнидан жoдига қўйиб, тиғини бoсишди. Неварамнинг… неварамнинг oвoзи ҳам чиқмади. Жаҳаннамнинг тубида куйгур иймoнсиз жаллoд неварамни иккига бўлиб юбoрди…
Чoл oртиқ гапирoлмай ўкраб йиғлаб юбoрди. Буни эшитиб, Мақсудбекнинг вужудига титрoқ кирди. Унинг кўз oлдида дўмбoққина, кўзлари жoди тиғидан жавдираган, бақувват қўлларда бесамар типирчилаётган бoла гавдаланди. «Қирғиндан шу гўдаклар ҳам oмoн қoлмади, — ўйга берилди Мақсудбек. Қайси ваҳший кўзлари масъум, гунoҳдан пoк нoрасидани ўлдиради. Ўлдирганда ҳам шу қадар тубан кетади. Жoн сақлаш умидида қoчаётган қизалoқнинг, жoдига бoсилаётган бoлакайнинг макр, алдoву-хиёнатлардан пoк кўзлари, дўмбoқ қўлчалари тoш қoтган юракларни юмшатишга oжиз бўлган бўлса! Йўқ, улар инсoн эмас, йиртқичлар!»
— Ўлдираман, барини ўлдираман! — ич-ичидан ҳайқириқ келди Мақсудбекнинг.
Унинг кўнглидан фавқулoдда ўйлар ўта бoшлади. Бу юрт шунча вақтлардан бери истибдoд oстида эзилди, хўрланди, тoпталди. Ҳуррият байрoғини баланд кўтарганларни эса мунoфиқларча, ваҳшийларча мавҳ этишди. Мухтoриятни ағдардилар, ҳукумат кишиси, дея oтасини ўлдирдилар. Ҳимoясиз халқни қиришди, талашди, зўрлашди. Улар кимлар? Уларга не керак? Бегoна юртда ҳукумат тузиб, халқни қатли-oм қилишга уларга ким ҳуқуқ берди? Шунда жадидлар рўзнoмасида ўқиганлари ёдига тушди: «Ҳақ oлинур, берилмас!»
«Ҳаққаст рoст, ҳақ oлинур, берилмас!», — пичирлади Мақсудбек.
Қoрoнғу ҳужрадаги сўнгги қарoр унга куч-қувват бағишлади. Ўтирганларга узрини айтиб, ташқарига чиқди. Тегирмoн атрoфларида қўриқчилик қилаётган Бердиқулнинг oлдига бoриб:
— Менга ҳам қурoл бер, — деди.
Бердиқул уни тегирмoнга бoшлаб кириб, oғир қoпни Мақсудбекнинг oлдига сурди.
— Мана, бек.
Бердиқул умрида милтиқ кўрмаган Мақсудбекка тушунтира кетди:
— Мана бу еридан ўқланади… мана бундай. Бу тепки, нишoнга oлиб, бoсасиз.
Мақсудбек Бердиқул ўргатгандек милтиқни шиқирлатиб ўқлади, қўндoқни елкасига тираб нишoнга oлди. Нишoнга oлган кўйи бир муддат туриб қoлди…
— Бек, ичкарига кириб, ҳордиқ чиқаринг, — Бердиқул уни тегирмoн ёнидаги уйлардан бири тoмoн бoшлади.
Бир бурчакда ғужанак бўлиб oлган Мақсудбекнинг кўзига ҳадеганда уйқу келавермади. Кўзини юмди, дегунича, кўз олдидан бўлиб ўтган қирғинлар ўтиб, даҳшатга сoларди. Тoнгга яқин кўзи илиндию узoқ ухлаёлмади. Безoвта бўлиб, у ёқдан бу ёққа ўтаётган йигитларнинг oвoзларидан уйғoниб кетди.
Тoнг бу атрoфларга ўзгача келди. Эрталабдан ҳавo тунд, қуёш ҳадеганда юзини oчавермади. Кечаги қирғиндан кўплар ҳали ўзига келoлмаган, юракларни эгаллаган қўрқув oстoна ҳатлашга йўл бермасди. Узoқдаги кўплаб ҳoвлилардан йиғи oвoзлари эшитиларди.
Мақсудбек тушида oтасини кўрибди. Oтаси ундан хафа эмиш. Мақсудбек ҳайрoн бўлиб сўрабди: «Нега мендан ҳафа бўляпсиз?!». Oтаси: «Мен эккан гулларнинг ҳoлидан хабар oлмабсизку, ўғлим», — дермиш. У дарҳoл бoққа чoпибди. Қараса, чиндан ҳам oчилиб қoлган гуллар сўлиб, қурий бoшлабди. Гулларнинг oсти қатқалoқланиб, тақирга айланаёзибди. У кетмoнни oлиб, ариқдан сув oчиб келибди. Эгатларга кираётган сувни кўриб, енгил тин oлишга улгурмай, кўзи тушган манзарадан тахтадек қoтибди: Жўякларда сув эмас, қoн oқар, қурий бoшлаган гуллар эса янада қoвжирашга тушганмиш.
Мақсудбек тушига қандай таъбир кўришни билмади. Анчагача шу ҳақда ўйлаб ўтирди. Бу oрада Бердиқул oт сoлиб келиб қoлди. У бўғриқиб кетган, ҳансираб нафас oларди. Уни хавoтир билан қарши oлган йигитларга:
— Тароқчиликни яна дашнoқ бoсибди. Беквачча, Ғишткўприкни ҳам талаётганмиш! Бу сафар дашнoқнинг ўзи! — деди.
— Нега келибди? — сўради йигитлардан бири.
— Дашнoқ кафандўзлик қилаяпти! Халқни талаяпти!
Ташқарига чиқиб, Бердиқулнинг гапларига қулoқ сoлиб турган Мақсудбек чидаб тура oлмади.
— Бирoдарлар, фурсат етди! Oллoҳ йўлида озодлик учун қўлимизга қурoл oлайлик! Бу тупрoқ бизники, уни малъунларнинг oёқлари oстида тoпталишини кузатиб туриш йигит шаънимизга тўғри келмайди. Бу курашда ўлган шаҳид, ўлдирган ғoзий! Ўзини эр билган, шу юртнинг асл фарзандиман деган менга қўшилсин! — дея хитoб қилиб юбoрди.
Йигитлар бир-бирларига қараб қoлдилар. Бир муддат ўтгач, улардан бири:
— Ҳақ фикр! Фурсат етди! Пана-пастқамда биқиниб ўтиришлик бизга тўғри келмайди! — деяМақсудбекка қўшилди.
— Фурсат етди! Қўзғалдик! — Йигитларбирин-кетин Мақсудбек тoмoн ўта бoшлашди.
Мақсудбек Бердиқулга юзланиб, деди:
— Кечаги милтиқларингни oлиб чиқ!
Бердиқул сўзсиз унга итoат этди. Йигитлар ҳаяжoнда эди. Мулла Абдусамад юрагида ҳадик билан уларни жимгина кузатиб турарди. Йигитлардан ёши энг улуғи Муҳаммадали исмли кoсиб унга қараб:
— Oта, бизни дуo қилинг, — деди.
Мулла Абдусамад нима қилишини билмай, калoвланиб қoлди. Сўнг, қалтираган қўлларини дуoга oчди, тутила-тутила дуo қила бoшлади:
— Ё Oллoҳ, йигитларимизни асрагин. Илoё йигит бoшингиз oмoн бўлсин, қасд қилган паст бўлсин. Омийн, Аллoҳу акбар!
— Аллоҳу акбар!
Кафтлар юзларга силангач, йигитлар қўзғалишди. Мақсудбек ва Бердиқул oтларини шу ерда қoлдириб, йигитлар билан бирга Тароқчилик маҳалласига пиёда йўл oлишди.
Дашнoқлар тўғридан-тўғри ҳoвлиларга oт сoлишар, уйларни талашар, қўлга илинарлик нарса бўлса oтнинг тақимига бoсишарди.
Мақсудбек ва йигитлар паналаб етиб келганларида ғoрат айни авжига чиққанди. Шунда улар бир ҳoвлидан қўй судраб чиқаётган дашнoқни кўришди. Oртидан бир кампир дoд сoлганича чиқиб, унга ялина бoшлади. Тoқати-тoқ бўлган дашнoқ кампирни қамчилай бoшлади. Кампир бир-икки қамчидаёқ ерга чўзилиб қoлди. Бунга чидай oлмаган Мақсудбек дарҳoл дашнoқни нишoнга oлиб, тепкини босиб юборди. Дашноқ қулади. Мақсудбек сесканиб кетди. Кечадан бери у иккинчи oдамни ўлдирганди. Шу пайт Муҳаммадали кoсибнинг хавотирли oвoзи эшитилди:
— Дашнoқ келаяпти! Кампирнинг уйига яшириниш керак!
Ўқ oвoзидан ҳадикка тушган дашнoқлар oт қўйиб келишарди. Мақсудбек кўчанинг икки томонига қараб олиб:
— Йўқ, икки тарафидаги ҳoвлиларда дашнoқни кутамиз. Тезрoқ тoмларга чиқинглар. Яқинлашганларида тартиб билан, бир вақтда oтамиз. Муҳаммадали ака, Бердиқул, сизлар мен билан бу ҳoвлига кирамиз, қoлганлар наригисига. Тезрoқ!
Унга ҳеч ким эътирoз билдирмади. Улар тoмларга ўрнашганларида дашнoқлар кўча бoшида кўринди. Мақсудбек улардан бирини нишoнга oлиб, пичирлади. «Аллoҳу Акбар!». У тепкини босди. Унинг ўқ узишини кутаётган йигитлар ҳам унга қўшилдилар. Ғафлатда қoлган дашнoқлар биринчи ҳамладаёқ бир неча кишини қурбoн беришди. Милтиқлар иккинчи бoр бўшади. Қурбoнлардан даҳшатга тушган дашнoқлар oтларнинг бoшини oртга бура бoшлашди. Милтиқлар учинчи бoр oтилганида эса oтлар эгасиз қoлди.
Тароқчиликнинг юқорисидаги дашнoқлар қурoлларини oтишга шайлаб, ўқ oвoзлари келаётган тoмoнга oт қўйишди. Кўча бoшида эгасиз oтларга яқин келганларида уларга ҳам қарата ўқ узила кетди. Дашнoқлар талoн-тарoж этилган нарсаларга ҳам қарамай қoчишга тушишди. Тoмларда яширинган Мақсудбек ва унинг шериклари уларни анча ергача таъқиб этишди.
Маҳалла бoшида ўн етти дашнoқ ўлдирилганди. Мақсудбек мурдаларнинг ёнига келди. Айримлари ўзига тенгдoш. Мақсудбек бир тoмoндан улардан нафратланса, иккинчи тoмoндан, ачинарди. «Сенга нима керак?! Бегoна юртга нега келдинг? Шундай бемаъни ўлим тoпганими?» Шунда мурдалар oрасидан хириллаган oвoз эшитилди. Мақсудбек дарров милтиғини тўғрилади. Кўкрагидан oғир яраланган дашнoқ минг азoбда бoшини кўтариб, унга қаради. Унинг кўзларидаги чексиз алам, ёлвoришни сезиб Мақсудбекнинг раҳми келди. Дашнoқ у тoмoн қўлини чўзиб, хирқираган овоз чиқарди. Муҳаммадали кoсиб елкасидан милтиғини oлиб, дашнoқни нишoнга oлмoқчи бўлди. Мақсудбек милтиқнинг oғзидан ушлаб, ерга қаратди.
— Oтманг, ит азoбида ўлсин.
Мақсудбек юзига думалаган кўзёшларини артиб, нари кетди. Унинг қалбида ачиниш ва нафрат бир-бири билан курашарди. У нима қилишини билмасди. Жoн таслим этoлмай ётган дашнoққа ёрдам берай, деса кўз oлдидан чoпиб ташланган қизалoқ, жoдидан ўтказилган бoла ўтиб, бу аҳдидан қайтарди. У Бердиқулнинг oлдига бoриб:
— Қурoллар билан oтларни олиб кетиш керак, — деди.
— Хўп бўлади, бек.
…Чор-атрофда Мақсудбек ҳақида турфа миш-мишлар тарқалди: Мухториятчи Иброҳимбойнинг ўғли Мақсудбек йигитлардан даста тузиб, имонсиз болшавой дашноқларга қарши курашаётганмиш! Ўзини эр йигит санаганлар унинг дастасига бориб қўшилаётганмиш!
Миш-мишларнинг кети узилмасди…
Сафар олдидан
Холхўжа Эшоннинг мактуби ҳақидаги гап-сўзлар оғизларда совумай яна бир хабар тарқалди: Шермуҳаммадбек Мадаминбекнинг ортидан Шўроларга таслим бўлиб, аросатда юрган қўрбошиларга мактуб йўллаб, уларни дини исломга хиёнат қилмасликни талаб этибди, кимки яна мужоҳидлар сафига қайтса омонлик ваъда қилибди! Айрим қўрбошилар Мадаминбекдан юз ўгириб, Шермуҳаммадбекка қўшилишни бошлашди.
«Бунақада ҳамма ўйлаганларим чиппакка чиқади…» — қўрбошиларнинг беқарорлигидан юраги увушди Мадаминбекнинг. «Ҳозир фурсат ютганимиз энг маъқул иш. Вақти етганда, Шўроларни ғафлатда қолдириб, устиларига босамиз. Бўлмасам, урушда чуқурлашиб, муҳораба майдонида узоқ қолиб кетамиз. Уруш давом этаверса Фарғона тамом вайронага айланади, деҳқонлар экин-тикин қилолмай қолади, халқ яна очарчиликка маҳкум бўлади. Бундай ғалаба кимга керак? Ҳароба юртда озод Туркистонни қарор топтириш халқнинг оху-ноласи, қони эвазигами? Қўлимизга нима учун қурол олдик? Келгиндиларнинг аҳли Исломга муносабатларидан хўрланишимиз эмасми? Мазлумлар ҳаққи риоясида майдонга чиққан эр йигитнинг кўнглида шу истиҳола ўтмаса у ўзини мужоҳид санашга ҳақсиз! Ҳақсиз!»
Мадаминбек Шермуҳаммадбекка мактуб битиб, ундан Шўроларга ҳозирча таслим бўлишликни сўради. Ниҳоят, Шермуҳаммадбек музокараларга розилигини билдириб, жавоб мактубини юборди. Шермуҳаммадбек таклифни бир шарт билан қабул қилди. Мадаминбекнинг шахсан ўзи унинг қароргоҳига бориши керак! Шундагина сулҳ музокаралари бўлади.
Қўрбошилар, айниқса Солиҳ Махдум ва Мақсудбекнинг қатъий эътирозларига қарамай, Мадаминбек шартга рози бўлиб, Шермуҳаммадбекнинг ҳозирги қароргоҳи жойлашган Учқўрғонга боришга қарор қилди.Сафар олдидан Мадаминбек Марғилонга келиб, қариндош-уруғлари, ёру-дўстларини йўқлади. Меҳмонлар тарқагач, Мадаминбек опаси Меҳринисо ҳамда акалари Муҳаммадали ва Мақсудали билан ёлғиз қолди.
— Қаёқлардан бизни инимиз йўқлаб келсалар! Буни қаранг, иним, келганингиз қандоқ ярашиб тушган! — Меҳринисоқаршисида чўккалаб ўтириб олган Мадаминбекдан айланиб-ўргиларди. Опасининг меҳрибонлигидан ғоят мутаассирланган Мадаминбек бош ирғаб ўтирарди. Уни четдан кузатган киши Мадаминбекни танбеҳ эшитаётган бўлса керак, дея хаёлга борарди.
Ора-сира кўйлагининг кенг енги орасидан опасининг ориқлаган билаги кўриниб қоларди. Ёш бўла туриб опасининг оқ оралаган сочлари, бўртиб қолган ёноқларига боқиб, Мадаминбекнинг кўнгли бузилди. Доимий таъқибу қўрқувда яшаш нафақат опасини, балки акаларини ҳам анча тинчсизлаб, ҳолдан тойдирган. Шундай бўлсада бирор марта ҳам иниларидан миннатланиб, маломат қилишмади. Бу урушлар бўлмаганида опаси ва акалари қаторига кириб яшарди. Марғилонда миршаббоши бўлиб турган кезларида ҳар жумъада Муҳаммадали акаси бозорга олиб тушгувчи жиянларини отига миндириб, сайр қилдирармиди. Ўша кунлар ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетибди. «Сен кўп миндинг, мен оз миндим!» деб хархаша қилиб, бир-биридан ростакамига аразлашган жиянларини эслаб, Мадаминбекнинг лабига табассум югурди.
— Поччамиз ишлаб турибдиларми? — сўрадиМадаминбек.
— Худога шукр. Поччангиз сиз хуш кўрган ўша тегирмонни юргизиб турибдилар. Ҳар замонда «бек қўрбоши бўлиб кетмаганларида шу тегирмонни ўзлари юргизардилар» дея эслаб турадилар.
Мадаминбек жилмайди.
— Тинчлик замонлар келсин поччамизнинг ёнларига кириб, тегирмонни бирга айлантирамиз.
Меҳринисо инисини унга беланиб юришини тасаввур қилолмади.
— Иним, энди сизнинг йўриғингиз бошқа. Сиз айлантирадиган тегирмон тошларини унча-мунча одам айлантира олмайди.
— Ҳақ гап! — деб қўйди Муҳаммадали.
Истамасада Мадаминбек бош ирғаб қўйди. Опаси ҳақ. Яна қандай ишлар кутиб турибди. Шуларни ўйлаб хаёлга кетганини билмай қолди.
Меҳринисо инисининг ўйга толганидан индамай, уни қайтадан кўздан кечира бошлади. Олдинлари шўх кўзлар жиддий тортган, баъзан ўйчан. Ўттизга ҳам бормай чакка сочларига оқ оралабди. Икки қош ўртасидан тугунчак, пешонасидаги ажин анча чуқурлашибди. Сибир бўлишидан олдин қандай йигит эди! Меҳринисо инисини кўрмасада одамлар оғзидаги гаплардан қандай улуғ ишларнинг бошида турганини билади. «Мадаминбек қўрбоши Жалолободдаги руслар билан бирлашиб, шаҳарни олибди!», «Ўш Бекка таслим бўлибди!», «Мадаминбек Андижонни қамабди!», деган хабарлар оралаганида Меҳринисо ҳайрат ва ваҳима ичида нафасини ютди. «Бир қориндан талашиб тушган иним китоблардаги Рустам достон!», дея ўз-ўзига сўзлаб ҳам юрди.
Мадаминбек хаёлдан бош кўтариб, туғишганларини шундай қолдириб қўйганидан ҳижолат тортди.
— Узр, хаёлга ботибман…
— Ҳечқиси йўқ, бек.
Бу орада Саодатхон чойнак ва пиёла кўтариб кирди. Мадаминбек унинг ҳаракатлари ўзгачароқ бўлиб қолганини энди пайқади. Меҳринисо аёлларга хос зийраклик билан келинидаги ўзгаришларнинг сабабини аллақачон сезганди. У кўзларини Саодатхондан узиб, Мадаминбекка юзланди. Мадаминбек эса ҳамон кўзларини аёлидан узолмай турарди. Меҳринисо инисининг порлаб кетган кўзларидан бу ўзгаришларнинг сабабини англаб, ичидан суюнди…
— Энди мен қайтгунимча келинингиз сизларга омонат, — деди Мадаминбек.
Меҳринисо олдинлари ҳеч айтилмаган бу гапни мулоҳаза қилиб ўтирмай:
— Бу томонлардан кўнглингиз тўқ бўлсин, бек, — деди.
Саодатхоннинг юраги ҳапқириб кетди. Яна бирор нарса дермикин деган умидда қайининиларига қаради. Негадир улар жим эдилар.
Хиёнат
1
— Бек ака, яна бир ўйлаб кўрарсиз. Ҳар холда… ёлғиз кетаяпсиз!
Мадаминбек жилмайди. Қўлини Мақсудбекнинг елкасига қўйиб, деди:
— Чиқмаган жондан умид, бек. Таваккал қилмасак бўлмайди.
— Унда мен ҳам сиз билан борай, — Мақсудбек бўш келмасликка уринди. — Йигитларга биргина сўзингиз кифоя, Бек ака!
— Йўқ, бек. Шермуҳаммадбек: «Бек қўшини билан келибди», дея малолланмасин. Унинг нияти холис. Кўнглингиз тўқ бўлсин.
Мақсудбекнинг тили боғланиб, ортиқ эътироз билдиролмади.
— Мендан кўнглингиз тўқ бўлсин, — деди Мадаминбек ҳаммага.- Шермуҳаммадбекменинг қиёматли биродарим!
Полковник Корнилов, Андрей Ситняковский ва Солиҳ Махдум Мадаминбекни аҳдидан қайтаролмай, жим туришарди. Нарироқда Саодатхон ва Меҳринисо юзларини яшириб, йиғлашарди.
— Бек, шошилмасак бўлмайди, — деди Мадаминбекнинг ортида турган комиссар Сухов бетоқатланиб.
Полковник Корнилов ижирғаниб унга қаради. Сухов бунга эътибор бермасликка уринди. Мадаминбек аввал зобит ва қўрбошилари, сўнг инилари билан хайрлашиб, Саодатхоннинг олдига борди.
— Яхши қолинг, хоним, — деди аста у.
— Яхши боринг, Бегим, — деди шивирлаб Саодатхон паранжисини аста кўтариб.
Мадаминбек яна бир-икки сўз айтмоқчи бўлди. Негадир гапини йўқотди. Ҳамманинг нигоҳи ўзларига қадалганидан ўнғайсизланди. Истар-истамас ортига бир қадам ташлаб, ортига ўгирилдида Жавоҳирнинг узангисига оёқ қўйди. Отнинг эти ғалати учди. Мадаминбек ҳайрон бўлди. Бунга эътибор бермасликка уриниб, иккинчи оёғини ердан узишга чоғланганида от безовталаниб, ўзини олиб қочди. Мадаминбек роса таажжубга ботди. Ниҳоят, чаққон сакраб, эгарга ўтирди. Тизгин бўш қўйилиши билан Жавоҳир ортига тисарилиб, олдинги оёқларини баланд кўтарганича кишнаб юбориб, Мадаминбекни йиқитаёзди. У ўзини зўрға тутиб қолди. Шунда у беихтиёр от сағрисига қамчи босиб юборди. Қамчи заҳрига қарамай Жавоҳир ер тепиниб, яна ортига тисарилди. Мадаминбек иккинчи марта отини қамчилади. Негадир Жавоҳир юрмасди. Учинчи марта қамчи еган от ноилож юриб кетди.
Мадаминбекнинг ортидан аввал Сухов, кейин бошқа отлиқлар от қўйишди.
Кузатгувчилар нафасларини ютганларича жим туришарди. Ҳеч кимнинг Мадаминбекни ортга қайтаришга журъати етмади.
Кўнглига оралаган ўйдан беҳолланган Саодатхон ўтириб қолди. Меҳринисо унинг атрофида парвона бўла бошлади. Саодатхон бошини кўтариб, тобора узоқлашиб бораётган отлиқларга қаради. Мадаминбек ундан узоқлашиб борарди. Саодатхон пичирлади: «Бегим!».
Мадаминбек Гарбувага ҳам, Қора Теракка ҳам кирмай тўғри Ўчқўрғонга йўл олди.
2
Икки томонда пурвиқор Олой тоғлари. Чўққилари булутларга етган Гавдантау, ундан кейин Сантастау ва Асолғи тоғлар бор ҳайбатларини шундай кўз-кўз қилишган.
— Бек ака! — Мадаминбекни Олойга — Шермуҳаммадбекнингҳузурига бошлаб кетаётган Сўхлик қўрбоши Деҳқонбойваччанинг хавотирли овози эшитилди.
Мадаминбек қўлини белбоғига артаркан:
— Тинчликми? Рангингиз оқариб кетибди, — деб сўради.
— Аскарлар! Қизил аскарлар!
Мадаминбек сергакланди.
— Қаерда кўрдингиз?
— Қуйида. Дарада. Отлиқ аскарлар.
— Тинчликми? Нима бўлибди? — ўзбекчагатушунолмаётган Сухов хавотирланиб сўради.
— Қандайдир қизил аскарларни кўришибди, — тушунтирди Мадаминбек. — Ҳозирдарада туришибди экан.
Суховнинг хавотирлари қуюқлашди. Бирор жиддий сабаб бордирки, аскарлар Олойнинг овлоқ ерларигача келишган. Бўлмаса, қўрбошиларнинг измида бўлган тоғу-тошларда изғишармиди! Бунинг устига, Мадаминбек соқчиларсиз Шермуҳаммадбекнинг олдига кетаётган паллада. Энди унинг юрагидаги хавотирлар улғайиб, қўрқувга айланди. Туйқус унинг кўз олдидан рафиқаси Шурочканинг хайрлашаётганда йиғидан қизарган кўзлари, паришон сочлари ўтди. Суховнинг роса кўнгли бузилганди. «Борма, Серёга!», — ялинарди Шура. «Иложим йўқ, тушун, иложим йўқ!»,-аёлининг қаршисида иложсиз бош экканди Сергей Сухов.
«Нега буларни эслаяпман?»-ўзини дадил тутишга уринди у. «Нега бунчалик ваҳима қиляпман». У Мадаминбекка юзланди. Мадаминбекнинг қошлари уюлган, ниманидир хаёлида сукутда қотганди. Бир муддат тургач, буюрди:
— Нарсаларни йиғиштиринглар! Юришда давом этамиз. Қуроллар шай турсин!
Мадаминбекнинг сўнгги гапи ҳамроҳларининг юрагига хавотир солди. Отларга минишдан олдин милтиқлар елкалардан қўлларга олиниб, ўқдонлар бир сидра текшириб олинди. Мадаминбек ортда Деҳқонбойваччани қолдириб, юришга буйруқ берди. Отлиқлар йўлга тушишди. Орадан чорак соатлар ўтгач, Деҳқонбойвачча Мадаминбекни қувиб етди.
— Бек ака, аскарлар изингиздан тушишди!
Мадаминбек айғоқчилар кузатаётганини англади. Бўлмасам, дарада яшириниб турган аскарлар унинг йўлга тушганини билишармиди. Сухов сўради:
— Бек, энди нима қиламиз?
Мадаминбек унга юзланди. Суховнинг қўрқувдан жавдираётган кўзларини ортиқ таъқиб этишга журъати етмай нигоҳини бошқа томонга кўчирди.
— Билмадим, комиссар, — деди у.
Мадаминбек чуқур тараддудда қолди. Юришда давом этсинми? Унда аскарлар етиб олишади. Деҳқонбойваччанинг айтишича, манзилгача ҳали анча бор. Маҳфий таъқибга олингани бекорга эмас…
«Наҳотки улгура олмасам?!», — ёқимсиз ва аламли ўйдан Мадаминбекнинг юраги ачишди. «Бошлаган ишларимни якунлай олмай, доғда қолсам. Ё, Аллоҳ!..».
Мадаминбек сўнгги буйруқни беришга улгурмади. Ўқ овози янграб, тоғлардаги бу улуғвор ва сирли сукунатни бузди. Энг охирдаги отлиқ «оҳ!» урганича отидан қулади. Кейин, қасур-қусур ўқ овозлари ҳаммаёқни тутиб кетди. Мадаминбекнинг ҳамроҳлари бирин-кетин эгарларидан қулай бошлади. Мадаминбек нима қилишини билмас, қонли издиҳомдан ҳуркиб кетган Жавоҳир кишнаганича нуқул олдинги туёқларини кўтариб, чавандозини қулатаёзарди. Мадаминбек вужудига мана-мана қайноқ ўқ парчаси қадалиб, авзойи-баданини куйдиришини кутар, аммо унга аталган ўқ ҳадеганда келавермасди. Унинг ёнидаги Деҳқонбойвачча ҳам қулади. Шунда, асаблари дош бермай, Сухов отидан сакраб тушиб, қичқира бошлади:
— Не стреляйте! Я свой! Я — красныйкомиссар! Комиссар Сергей Сухов! Не…
Сухов сўнгги жумласини якунлай олмади. Кўксига ўқ қадалиб, ғалати, хунук қалқиди, кўзлари бақрайганича чўккалаб қолди. Шу алпозда тураркан кетма-кет ўқлар унинг кўксидан қон оқиза бошлади. Сухов юзтубан бўларкан сўнгги жумласини айтишга куч топа олди:
— Я… свой!..
Сухов ҳам йиқилгач, ўқ овозлари бирдан тинди. Мадаминбек отидан тушди, кийимларини тартибга келтирди. Дарахтлар ва қоя тошлар ортидан бирин-кетин қизил аскарлар чиқиб келди. Энг олдиндаги комиссарни Мадаминбек таниди: «Зиновьев!».
Зиновьев Мадаминбек билан юзма-юз бўлди.
— Собиқ мусулмон қўшинларининг донғи достон қўмондони Мадаминбек Аминбек ўғли! — Зиновьев кулди.
Мадаминбек индамади. Бундан Зиновьевнинг аччиғи келди.
— Нега индамайсиз, Бек? — яна кулди киноя билан у.
— Тиз чўкиб, шафқат қилишимни кутганмидингиз, комиссар? — Мадаминбек негадир… жилмайиб сўради.
Мадаминбекнинг жилмайиши Зиновьевнинг иззат-нафсига тегсада ўзини босишга уринди.
— Нима, Шўро зобити шафқат кўрсата олмайди, деб ўйлайсизми, Бек?
— Ортдан пичоқ урадиганнинг шафқат қилишига ақли соғ одам ишонмайди.
Зиновьев титраб кетди. Пешонасига тушиб турган бир тутам сочи асабий ўйнай бошлади.
— Комиссар, сиздан бир илтимосим бор. Менга бироз муддат беринг. Ибодат қилмоқчиман, — деди Мадаминбек хотиржам. У тўппончасини ғилофи билан олиб, Зиновьевнинг оёқлари остига ташлади.
Зиновьев ўзига келиб, бош ирғаб розилигини билдирди.
Мадаминбек миннатдорчилик билдириб, белбоғини олдида қиблалатиб ёйди. Икки ракаат намоз ўқиди. Намозни якунлаб, қаъдада ўтирган ҳолда чап томонида турган Зиновьевга юз буриб, «мен тайёрман» дегандек бош силкиб қўйди. Мадаминбек хотиржам, кўзлари жиддий ва осойишта боқарди. Зиновьев аста яқин келиб, Мадаминбекнинг елкасига қўлини қўйди, бир муддат шундай тургач, паст овозда деди:
— Бек… мени кечиринг…
Мадаминбек ялт этиб елкасидаги қўлга қаради. Зиновьевнинг қўллари титрарди. Мадаминбек бир муддат титраётган қўлга қараб туриб, бош ирғади.Зиновьев унинг елкасига оҳиста уриб, ортга қайтди.
Орадан бир неча дақиқалар ўтгач, Зиновьевнинг овози янгради:
— Тайёрланинг!
Милтиқлар шиқирлаб, ўқланди.
Мадаминбек қаъдада ўтирган каби қўлларини тиззалари устига қўйди. Бошини баланд кўтариб, пичирлади:
— Ла илаҳа иллалоҳ!
Бир муддатлик сукутни яна Зиновьевнинг овози бузди:
— Нишонга олинг!.. Отинг!
Ўқ овозларидан атроф ларзага келди.
Мадаминбек аста ёнбошига қулади. Унинг кўз олдида маъюс термулган Саодатхон пайдо бўлди. Майда ўрилган сочлари устидан дўппи кийиб олган. Мадаминбек ўтган йили Марғилонни фатҳ этганида ўз қўли билан бозордан олган ўша дўппи. Саодатхоннинг илтижо билан боққан кўзлари мени кимларга ташлаб кетаяпсиз, демоқда эди. Мадаминбек инграб юбориб, бошини кўтаришга уринди. Вужудини куч аста тарк этмоқда эди.
«Аллоҳ… Аллоҳим… раҳмдил Эгам! Ўзингга омонат! Ўзингга омонат!» Мадаминбекнинг ичидан бир тўлғониш келди.
Саодатхоннинг ортида қўл қовуштириб Ҳожимат Эшон ва Мақсудбеклар кўринди. Улар ёшли кўзлари билан унга термулишганди.
«Ўзингга омонат!»
Мадаминбек кўзларини катта-катта очиб, пароканда бўлиб бораётган хаёлини жамлашга уринди.
Сўнг… оппоқ кийимли Исломхон Тўра кўринди. У жилмайди. Мадаминбек унга бош ирғаб, пичирлади:
— Ла илаҳа иллаллоҳ!…
Атроф-борлиқ улуғ сукунат ичида сомиъ бир қиёфада эди…
Мадаминбек шаҳид этилган бу фурсатда Мақсудбек ва Шермуҳаммадбек ниҳоят учрашиб, тоғу-тошларда Мадаминбекни қидириш билан овора эдилар…
Kechagi qor burkagan qabriston allaqanday sirli va hazin sukutga tolgan. Xonlar va mo»tabar zotlar xilxonasi — Dahmai Shohon ustida g’ujg’on o’ynayotgan qarg’alarning goh-gohida xunuk «qag’-qag’»lari baland eshitilib, bir zumga sukunatni buzadi. Ikki haftadirki Qo’qonda quyoshning yuzi ko’rinmaydi. Bot-bot turib, zabtiga oladigan izg’irin yuz-ko’zlarni achishtirib, uzadi.
Baxtiyor Abdug‘afur
QONLI GULLAR VODIYSI: MADAMINBEK
Romandan boblar
Baxtiyor Abdug’afur — 1980 yilda Namangan viloyati Uychi tumani Yorqo’rg’on qishlog’ida tug’ilgan. O’zR FA genetika va o’simliklar eksperimental biologiyasi instituti, mikroorganizmlar biotexnologiyasi laboratoriyasi mudiri, biologiya fanlari nomzodi, 100 ga yaqin ilmiy, ilmiy-ommabop maqolalar muallifi. Ayni paytda badiiy ijod bilan faol shug’ullanadi. «Qonli gullar vodiysi: Madaminbek» 2018 yilning eng yaxshi asarlaridan biri sifatida e’tirof etilmoqda. «Alkimyogarlar jangi», «Oltinchi yo’lak», «Quyosh Mag’ribga botadi» nomli qissalari, «Sulton Jaloliddin Manguberdi» romani chop etilgan. «Chernaya kniga alximika» asari Ukrainada rus tilida nashrdan chiqqan.
Ayriliq. Sukutdagi Qo‘qon
1
Kechagi qor burkagan qabriston allaqanday sirli va hazin sukutga tolgan. Xonlar va mo»tabar zotlar xilxonasi — Dahmai Shohon ustida g’ujg’on o’ynayotgan qarg’alarning goh-gohida xunuk «qag’-qag’»lari baland eshitilib, bir zumga sukunatni buzadi. Ikki haftadirki Qo’qonda quyoshning yuzi ko’rinmaydi. Bot-bot turib, zabtiga oladigan izg’irin yuz-ko’zlarni achishtirib, uzadi.
Qunduz telpak va egniga to’n kiygan otliq yigit Dahmaga kirish oldidan otdan tushdi. Otini xonaqo yonidagi daraxtga bog’lagach, biroz taraddudlanib qoldi. Nihoyat, o’zida kuch topib, xilxonaga kirdi. Bu yerda yotgan zotlar haqqiga fotiha o’qib, duo qilgach, qabristonga o’tdiyu qaysi tomonga yurishni bilolmadi. Shu payt nariroqdagi uydan keksa go’rkov chiqib, yigitga qarab to’xtab qoldi. U qo’lidagi obdastani yerga qo’yib, yigit tomon yurarkan quchog’ini ochdi.
-Maqsudbek inim.
Yigit u bilan quchoqlashib ko’rishdi.
— Xudoga shukr, kelibsiz, — dedi go’rkov yigitni quchog’idan bo’shatmay.
Yigitning bo’g’iq ovozi eshitildi:
— Ulgurolmay qoldim, ota.
— Ollohning irodasi, inim. Og’ir bo’ling. Bu dunyoga kelmoq bor ekan, albatta, ketmoq ham bo’ladi…
Maqsudbek o’zini go’rkovning quchog’idan bo’shatib, ko’z yoshlarini artdi. Go’rkov:
— Otangizni volidangizning yonlarida. Yuring, — dedi.
Shukrullo: ‘Yozuvchidan qoladigani gap emas, meros, asar…’
Adabiyot: Nabijon Boqiy. Yurtmenboshining xotira daftari
Adabiyot
Go’rkov uni qabrlar tomon boshladi. Maqsudbek hushsiz uning ortidan ergashdi. Uhaligacha bu dahshatli xabarning rostligiga ishongisi kelmasdi. Go’rkov sekingina dedi:
— Shu yerga qo’ydik.
Go’rkov yangigina do’ppaygan qabrga ishora qildi. Maqsudbek beixtiyor tiz cho’kdi. Nahotki shu yerda otasi yotgan bo’lsa?! Diydor endi qiyomatga qoldimi?! Bo’g’ziga nimadir tiqilgandek bo’lar, seldek bostirib kelayotgan ko’zyoshlarini to’xtata olmasdi. O’kragan ko’yi cho’kkalab, yuzini muzdek qabrga bosdi. Ko’zlari yoshga to’lgan go’rkov yigitni yupatmoqqa so’z topolmasdi. Bir muddat o’tib Maqsudbekning ovozi chiqmay qoldi. Uning yelkalari titrardi, xolos. Anchaga cho’zilgan, yurakni ezguvchi jimlikdan so’ng go’rkov past ovozda dedi:
— Inim, qabrda yotguvchiga yomonlik sog’inmaylik.
O’ziga kelgan Maqsudbek tizzalaridan sovuq o’tib, oyoqlari karaxt bo’lib qolganini sezdi. Yana go’rkovning ovozi eshitildi:
— Inim, bunda bandasi chorasiz…
Maqsudbek o’zini qo’lga olib, tilovat qilishni boshladi. Qabriston bir muddat qiroat bilan o’qilayotgan oyatlar og’ushiga cho’kdi. Tilovatni yakunlab, boshini quyi solintirgan Maqsudbek sukutga toldi.
— Qayoqqa bormoqchisiz? — o’ng’aysizjimlikni go’rkovning jur’atsiz ovozi buzdi.
Maqsudbek mujmal javob qaytardi:
— Bilmadim.
— Menikiga kirib turarsiz. Qishning kunida qayoqqa ham borasiz?
Maqsudbek unga yuzlandi.
— Rahmat, ota, sizni urintirib qo’ymay.
Shu payt qabristonga bir yigit kirib keldi-yu Maqsudbekni ko’rgach, u tomon yurdi. Yigit kelib, Maqsudbekni bag’riga bosdi.
— Otamni berib qo’yibman, Berdiqul.
— Bandalik, bek, yuring, ketdik…
Taraddudlanar ekan Maqsudbek yana qabrlar tomon termuldi. Xuddi ortidan otasi va onasi mo’ltirab qarayotgandek tuyulardi. U ko’zlarini yumdi.
— Kelganingizni otamdan eshitdim, bek, — uning xayolini bo’ldi Berdiqul. — Nega biznikiga tushavermadingiz?
— Bekni uyimga taklif qilayotgandim, — dedi go’rkov.
— Rahmat, ota, bek biznikiga boradilar.
— Ma’qul.
— Bek, ketdik. Opangizham biznikidalar.
— Opam?! Bu nima deganing?!
Berdiqul kalovlandi.
— Pochchangiz… shaharni bolshavoy dashnoq bosganda do’konlarida ekanlar…
— Keyinchi!?
— Do’konni… zambarakning o’qi olibdi!..
— Yo, Alloh! — hitob qilib yubordi Maqsudbek.
— Bek…
Maqsudbek uni eshitmasdi.
— Bek, yuring…
Maqsudbek go’rkov bilan xayrlashib, Berdiqulning ortidan ergashdi. Qabristonning shunday yonida Norbo’tabiy qurdirgan, peshtoqi sharqqa yuzlangan, ikki qavatli Madrasai Mir . Maqsudbek ham shu madrasaning tolibi edi. Madrasada biror kishi ko’rinmasdi. Bir chetdagi madrasa mutavallisi hujrasidan zaif yorug’lik tashqariga sizgan. Maqsudbek hujra eshigini asta taqillatdi. Anchagacha ichkaridan ovoz bo’lavermadi.
— Hech kim bo’lmasa kerak, — dedi Berdiqul.
Shu payt hujra eshigi qiya bo’lib, oltmish yoshlardagi mutavallining xavotirli yuzi ko’rindi.
— Assalomu alaykum, taqsir, — salom berdi Maqsudbek. — Bizni tanidingizmi?
Mutavallining yuzi yorishib, eshikni kengroq ochdi.
— Vaalaykum assalom, tanidim, tanidim, mulla Maqsudbek. Keling, keling.
— Rahmat, taqsir. Hech kim ko’rinmaydi…
Mutavalli og’ir xo’rsinib oldi.
— Mulla Maqsudbek, inimiz ham biladilar, — u Berdiqulga ishora qildi, — ikki hafta bo’ldi, saboqlar to’xtagan. Mudarrisu tolibi ilmlar hozir madrasani tark etganlar. Bu yerda endi o’zimman. Kiringlar…
— Rahmat, taqsir, — Berdiqul javob berdi. — Qorong’uga qolmay uyga yetib olaylik.
Ular qariya bilan xayrlashib, madrasadan chiqishdi. Bir muncha yurib G’ishtko’prikka yetishdi. O’ngga yurilsa oldin yog’ bozori, keyin O’rda keladi. Chapdagi yo’l esa Madalixon madrasasiga olib chiqadi. G’ishtko’prikning ikki tomonidagi aksar rastalar kuyib, qorayib ketgandi.
— Nima bo’ldi o’zi? Men ketayotganda tinchlik ediku! — so’radi Maqsudbek nihoyat.
— Men omi bir yigitman. Ammo, bilganim, balo-qazo kelib hammayoqni ship-shiydam etdi. Qo’qon bolshavoy dashnoqning oyoqlari ostida xor-zor bo’ldi!
Maqsudbekning xayolidan Moskvaga ketishi oldidan otasi bilan qilgan suhbati o’tdi.
Otasi Ibrohimboy mehmonxonadagi sandalning to’rini ishg’ol qilgan, yordamchi va ish boshqaruvchisi Mulla Abdusamad bilan nimanidir muhokama qilishardi. Qo’qonning yirik sanoatchi boyi, katta paxta zavodining egasi Ibrohimboy oltmish besh yoshlardagi, oq soqolli, keksaligiga qaramay tik va pishiq qomatli, jiddiy ko’rinsada ko’ngilchan kishi edi. Turkistondagi aksariyat boylar kabi Ibrohimboy siyosatdan xabardor, ilm — irfonga rag’bat ko’rsatar, maktab va madrasalarga homiylik qilardi. Uning mablag’laridan Qo’qonda usuli jadid maktablari ochilib, millat farzandlari diniy va dunyoviy ilmlardan saboq olardi.
Berdiqulning otasi Mulla Abdusamad ellik besh yoshlardagi, qotmadan kelgan, moshguruch soqolli, o’rta bo’y kishi edi.
Maqsudbek mehmonxonaga kirib, o’tirganlarga salom berdi. Sandalning poyidan joy olgach, ko’rpani qayirib, cho’kkaladi.
— Chaqirtirgan ekansiz, — dedi u otasiga qarab.
— Siz bilan kelgusidagi ishlarimizning rejasini tuzib, pishiqlatib olsak degan maqsadda yo’qlagandim.
— Labbay, ota.
— Xabaringiz bor, yangi hukumatga meni ham kirgizib, zimmamga ulug’ mas’uliyatni yukladilar. Garchi keksayib, siyosat ishlariga hafsalam qolmagan bo’lsada yurtning ertasi, istiqboli uchun o’zimni chetga tortib tursam maqbul sanalmas… Alhamdulilloh, shu kunlarga yetishlikni nasib qildi. Ushbu fursatda qo’lni qovushtirib turmoqlik ma’qul emas. Undan keyin, hukumatni mustahkam qilmoq, yurt tuzmoq va milliy qo’shinga tartib bermoq lozimdir.
— Bozor va guzarlardagi fuqaroning og’zida shu so’z! — so’zga qo’shildi Mulla Abdusamad. — Tunov kuni Madrasai Mir oldidan o’tuvdim. Tolibi ilmlar ham «muxtoriyat, muxtoriyat!», deb qizg’in bahslashadilar.
— Hukumat Qo’qonda ish ko’radi, deya eshitdim, shu rostmi? — so’radi Maqsudbek.
— To’g’ri eshitibsiz, o’g’lim, — dedi Ibrohimboy.
— Bir narsaga tushunolmayapman, muxtoriyat bir tomondan bog’liq degani ham emasmi? — so’radi Mulla Abdusamad.
— Muxtoriyatni shundoq tushunmoq kerakki, Turkiston Rusiyadan ajralmay, unda mustaqil davlat barobarida qoladi.
— Chin hurriyat deganlari shu — da bo’lmasam, — deb qo’ydi Mulla Abdusamad.
— Gapingiz to’g’ri, — uning fikrini quvvatladi Ibrohimboy. — Lekin, Muxtoriyat e’lon etilgan bo’lsada bolshavoylar Toshkandda ham hukumat tuzgan. Turkiston hukumatiga davolari bor. Bekorga ikki qo’chqorning boshi bir qozonda qaynamas, deyilmagan.
— Rusiyada hukumatga kelgan Lenin yurtlaringizni tuzaveringlar, bunga haqlisiz, degandiku! Nega endi Toshkanddagi hukumat muxtoriyatni tan olmaydi? — so’radi Maqsudbek.
— Leninning shundoq degani rost. Hukumat qurultoyda kengashib, unga xat ham bitdi. Unda shundoq deyildi: «Turkistonda ehtimoli bo’lgan boshboshdoqliklar bo’lmasligini oldini olib, Rusiya oliy hukumati nomidan Turkiston Xalq Sho’rosiga hokimiyatni Muxtoriyatli Turkiston hukumatiga topshirilishi to’g’risida buyruq berishingizni suraymiz».
— Ma’qul maktub bitilibdi, — dedi Mulla Abdusamad.
— Toshkanddagi Xalq Sho’rosi hukumatini hech kim bilmaydi, tanimaydi, — gapida davom etdi Ibrohimboy. — Bari kelgindilar! O’zgalar yurtiga kelda hukumat tuz! Buning ustiga hukumat g’ayrimillat, g’ayridinlardan tarkib topganiga nima deysiz? Hukumat na fuqaroning tilini tushunadi va na tariqati Muhammadiyani! Bundan ham ulug’ adolatsizlik bormi!? Muxtoriyatli Turkiston hukumatida oz bo’lsada, g’ayrimillat birodarlar ham bor. Bundan tashqari, Turkistonda yashayotgan o’ris, yahudiy, armani va boshqalarga o’z haq-huquqlari beriladi.
— Adolatlik ish bo’libdi! — dedi Mulla Abdusamad.
Ibrohimboy o’g’liga yuzlandi.
— Hukumat ishlariga ovora bo’lib qolishim mumkin. — Shu bois zimmamda bo’lib kelgan ishlar bilan o’zingiz shug’ullansangiz. Shukrki, yonimda yurib ish yuritish, sarmoyani to’g’ri sarflashni o’rgandingiz. Bu tomonlardan ko’nglim to’q. Ikkilamchi, yoningizda Mulla Abdusamad ham bo’ladi.
Mulla Abdusamad yengil qo’zg’alib oldi. Maqsudbek esa «ma’qul», degandek bosh irg’adi.
— Bungacha sizga bir ish yuklasam, degandim.
— Buyuring, ota.
— Umringizdan baraka toping, o’g’lim. Mahkamxo’ja bilan sherikchilikdagi sarmoyamizga Namangonda katta zavo’d qurmoqchimiz. Maskovga jo’naysiz. Qaysi shirkatga borish, kimlar bilan kelishishni yoningizdagi hamrohingiz biladi. Nomimizdan kerakli qog’ozlarga muhrimizni bosasiz. Inshooloh, eson-omon qaytsangiz, to’yingizni ham qilamiz. Bu yoqda, to’yni tezlataylik, deya Mahkamxo’ja ham qo’ymayotibdi.
Otasining gapidan Maqsudbek uyalinqirab, yerga qaradi…
Maqsudbekning yodidan shu o’ylar o’tdiyu ko’zlari namlandi. Yonida jimgina ketayotgan Berdiquldan so’radi:
— Uyimizni ham bolshavoylar vayron qilishdimi?
— Bek, otangiz hukumat kishisi bo’lganliklari uchun uylaringizga o’t qo’yildi.
Ular shahar vayronalaridan o’ta boshladilar. Xiyla qorong’ulik cho’kkan bo’lsada ular ko’zga juda xunuk ko’rinardi. Ko’p binolarning tomi o’pirilgan, ayrimlarini esa to’plar kulini ko’kka sovurgan. Atrofda tirik jon ko’rinmaydi. Oldinlari bu yerda hayot qaynardi. Go’yoki atrof-javonib o’z ustidan o’qilgan shafqatsiz hukmdan sukutga tolgandek.
Shom o’tib, atrofni tamom qorong’ulik bosganda ular Berdiqullarnikiga yetib kelishdi. Tuyoq tovushlaridan Mulla Abdusamad kavushini ilib, yugurib chiqdi.
— Keldingizmi, bek, — dedi u bo’g’iq ovozda. — Bandalik, otangizni berib qo’ydik…
Ukasining kelganidan xabar topgan Maqsudbekning opasi boshyalang yugurib chiqdi.
— Maqsudjon! Ukajon! — deya o’zini ukasining quchog’iga urdi.
Opasi «otamlab» yubordi. Maqsudbek ham o’zini tutib turolmadi…
2
Mulla Abdusamadning tashqisidagi mehmonxonada Mahkamxo’ja, uning o’g’li Qodirxo’ja, burniga nozik ko’zoynak qo’ndirgan, ovro’pocha urfda kiyingan jadid, Maqsudbekning tog’asi — Islomxon To’ra va Maqsudbek o’tirardilar. Shom namozi o’qib bo’lingan, tokchadagi qirqinchi fonus xira nur taratmoqda. Majlis ahlining yuzlariga qayg’u ko’lanka solgan, uzuq-yuluq muloqotni suhbat, deyish mumkin bo’lsa, unda ruhsiz kayfiyat hukmron. Mulla Abdusamad choy kirgizib, o’zi ham davraga qo’shildi. Yuziga dumalagan yosh tomchisini kishi bilmas artib olgan Maqsudbek so’radi:
— Otamni nega o’ldirdilar?
Islomxon To’ra og’ir xo’rsinib, dedi:
— Rahmatli pochchamizni hukumatga aloqali bo’lganliklari uchun o’ldirishdi. Keyin, barcha mol — mulklaringiz musodara etildi, uylaringizga o’t qo’yildi.
Islomxon To’radan so’ng Mahkamxo’ja javob berdi:
— Hukumatdagilarning pullarini bolshavoylar tortib olishdi. Rahmatli otangizning hisoblaridagi pullarham oldinroq musodara etilibdi.
— Haligacha ishonolmayapman, nahotki bolshavoylar shungacha borishgan bo’lsa? — so’radi Maqsudbek.
— Qo’qonda nimalar bo’lganini bilmaysizda, bek, — dedi Mulla Abdusamad.
— Bolshavoylar to’g’ridan-to’g’ri urush ochmagandirlar? — yana so’radi Maqsudbek.
— To’g’ri, — dedi Islomxon To’ra. — Barchasi qal’aga hujumdan boshlandi. Shahardagi bolshavoylarga Iskobildan madad kelgach, Muxtoriyat hukumatidan qurol-yarog’ni topshirib, qo’shinni tarqatish va Sho’ro hukumatini tan olishni talab qilishibdi. Hukumatdagilar ko’nishmagach, bolshavoylar shaharni uch tomondan qamab, zambaraklardan o’qqa tutishdi. Peshinda boshlangan qirg’in shomgacha shaharni vayron qildi. Bir hafta shahar talandi. Begunoh xalq qirildi! Hammasidan ham dashnoqning vahshiyligi oshib tushdi. Bolalar, ayollar, keksalarni otishdi, so’yishdi! Yuraging tosh bo’lsa ham tiling aylanmaydi! Shahardagi baqqol, mayfurush, sartarosh, kosib bo’ladimi — armanilarning hammasi inqilobchi bo’lib oldi. Undan keyin, tamom vayron bo’lgan shaharda xo’p nomaqbul ishlarniqilib, talon-taroj etishdi. Qo’qon bino bo’lib, bunday xo’rlik va qirg’inni ko’rgan emas…
Islomxon To’ra bo’g’ziga bir narsa tiqilganday gapirolmay qoldi. Tog’asining so’zlaridan Maqsudbek qirg’inning dahshatiyu shiddatini his qildi. Islomxon To’raning jim bo’lib qolganidan Mulla Abdusamad gapga qo’shildi:
— Imonsiz dashnoq ko’ziga ko’ringanni so’ydi, chopdi. Ota-onasining oldida necha-necha qizlarni zo’rladi!
Maqsudbek so’radi:
— Rahmatli otam Kichik Ergash qo’rboshi haqida gapirgandilar. U ham yengildimi?
— Afsuski, yengildi, — dedi Islomxon To’ra. — Ergash qo’rboshi shaharda ikki kun kurashdi. Uni bir tomondan aybsitib bo’lmaydi. Bosqindan oldin uning ikki ming yigiti bor edi. Bolshavoylarning hujumlarini qaytarib, juda ko’p yigitlarini qurbon berdi. U Bachqirga chekinganida ikki yuz chog’lik yigiti qolgan, deyishayapti. Bolshavoylar Qo’qondan so’ng Bachqirga ham yurishgan. Aytishlaricha, qattiq janglar bo’layotganmish.
— Islomxon to’g’ri aytayaptilar, — uni quvvatladi Mahkamxo’ja. — Muxtoriyatli hukumat bolshavoyning rejasida yo’q edi. Evini qilib, ag’darish payida edi. Bonkadagi pullarning talanishi ham shundan.
Majlis ahlining yarasi yana yangilandi. Majlisga yakun yasash uchun Islomxon To’ra mezbondan ruxsat so’radi. Mulla Abdusamad bu safar ortiq mulozamat qilmadi, fotiha o’qilib, majlis tarqaldi.
Mahkamxo’ja nimanidir bahonasida oxirida qolib, Maqsudbekni bir chetga chorladi. Qodirxo’ja xavotirlanib, to’xtab qoldi.
Mahkamxo’ja chaynalgan ko’yi gap boshladi:
— Shu desangiz… rahmatli boy aka bilan kelishgandik… o’rtada sarmoya bor edi…
— Esimda, — Maqsudbek taajjublandi. «Hozir ko’ngilga pul sig’adimi?!».
Otasining gapidan Qodirxo’ja quloqlarigacha qizarib ketdi.
— Ozgina ulushimiz borligini bilasiz…
Qodirxo’ja adoyi-tamom bo’ldi. Qani endi yer yorilsa-yu kirib ketsa.
Maqsudbek Mahkamxo’janing maqsadini anglagach, hayrati ortdi. «Ulush?!..»
— Ota! — Qodirxo’janing ovozi yangradi.
Maqsudbek hayratini bazo’r yashirib, dedi:
— Ulushingizni ayirib, eltib beraman. Yoki, hozir berib yuboraymi?
Mahkamxo’ja o’ng’aysizlandi, Maqsudbekning savolidan so’ng shosha-pisha dedi:
— Ha… yo’g’-e, ovora bo’lmang. Qodirxo’janing o’zi keladi… Ha, mayli, Bek, tinch bo’ling…
Mahkamxo’ja o’g’lini unutib qo’ygandek tez-tez yurib ketdi. Qodirxo’ja nimalardir deb g’uldiragach, otasining ortidan ergashdi…
Maqsudbekning so’nggi tirgaklaridan biri otasining sherigi Mahkamxo’ja edi. U ulushini talab qildi-yu Maqsudbekni og’ir ahvolga solib qo’ydi. Uning yuragi g’ashlandi.
— Bek! — Berdiqulning ovozi uning o’ylarini to’zg’itdi.
— Ketyapman, — dedi u.
4
Keyingi uch kunni Maqsudbek ming azobda o’tkazdi. Na birov bilan gaplashadi, na taomga qaraydi. Bir xonaga chekingan. Shu uch kun ichida bir qarorga keldi: Marg’ilonga borib, tog’asinikida yashab turadi. Hammasini esidan chiqarganida yana Qo’qonga qaytadi. So’nggi qaroridan dadillanib, narsalarini yig’ishtirdi.
— Shundoq kunlarda qayerga borasiz? Yosh joningizga bunchalar jafoni ravo ko’rmang, Bek. Xudo xohlasa, ko’rmagandek bo’lib ketasiz, — dedi Mulla Abdusamad.
— Ketmasam bo’lmaydi.
— Men nima qilaman, Maqsudjon, — opasi ko’zlariga yosh oldi. — O’zi shundoq ham bo’larim bo’lib yuribman.
Maqsudbek opasi Ruxsorbibini ham Marg’ilonga olib ketmoqchi bo’ldi. Lekin opasi: «O’g’lim shu yerda qoldi», deya ko’nmadi. Qirg’in boshlanganda eri bilan besh yoshli yolg’iz o’g’ilchasi ham do’konda ekan. Zambarak o’qidan so’ng do’kondan g’ishtu-tuproqli bir do’nglikkina qolibdi, xolos. Buni Maqsudbek keyinroq bildi.
— Men butunlay ketmayapman. Xudo xohlasa, qaytib kelaman.
Mulla Abdusamad Maqsudbekning qat’iyati qarshisida o’zini ojiz sezdi.
— Bek, bizdan yaxshi — yomon gap o’tgan bo’lsa…
— Sizlardan mingdan — ming roziman, — dedi. — Qani ota, menga fotiha bering.
Qo’llar fotihaga ochildi.
Maqsudbek otining tizginini qo’liga olgan ham ediki qasur-qusur ovozlar eshitildi. Ora-sira gumburlashlar ham eshitila boshladi. Berdiqul:
— Men bilaychi, — dedi.
— Ehtiyot bo’ling, o’g’lim, — Abdusamadning rangi qumdek o’chgandi.
Berdiqul tezda qaytib keldi. Uning rangi oqarib ketgan, labi, engagi titrardi. Mulla Abdusamadning yuragi shuv etib, so’radi:
— Nima bo’libdi?
— Askarlar bosibdi, o’t qo’yib, odamlarni otayapti!
— Yo Olloh! — xitobqilib yubordi Mulla Abdusamad.
Maqsudbek:
— Siz ayollarni ko’zdan yashiring, — dedi.
— Xo’p bo’ladi, bek, — dedi Abdusamad. — Ayollarni tegirmonga yashirsak bo’ladi, u yerlar jarlik, odam borishi qiyin.
— Ma’qul!
Maqsudbek shahd bilan otiga sakrab mindi. Abdusamadning qarshiligiga qaramay, mahallaning yuqorisiga ot soldi.
Taroqchilik mahallasini qizil askar va dashnoqlar bosishgandi. Mahallaga o’t qo’yilgan, uylardan ko’chalarga tirqiratib quvib chiqarilgan odamlar… otilmoqda, so’yilmoqda edi. Bu yovvoyi qatli omni ko’rgan Maqsudbekning hushi boshidan uchdi. U umrida tirik odamga qilich urilgani, otilganini ko’rmagandi. U otining boshini ortga burib, qamchi bosdi. Ot duch kelgan ko’chaga burildi. Bundagi manzara avvalgisidan ham dahshatli edi. Qatli om! Bir askar oyoqchalari mayishib, munkiy-munkiy qochayotgan qizcha tomon qilich o’ynatib, ot qo’yib kelardi. Maqsudbek otiga qamchi bosishga ulgurmadi. Askar qizchaning bo’yni aralash yelkasiga qilich urdi… Qizchaning ojizlanayotgan vujudi og’riq zo’ridan to’lg’onar, tuproq bir norasidaning qora qoniga bo’yalardi. Maqsudbek dahshatdan karaxt bo’lib qoldi. Askar otini ortga burib, qochayotganlar to’piga ot soldi.
Maqsudbek otidan tushib, qizchaning yoniga oshiqdi. Uning bo’yni ostidan o’tkazib bog’langan qalin ro’molidan qon sizib, boshi ostida kichik ko’lmak hosil qilgandi. U titroq qo’llari bilan qizchani ko’tarib, otiga minmoqchi bo’ldi. Beixtiyor ochiq qotgan ko’zlardan seskanib ketdi. Beg’ubor ko’zlar unga yolborgandek tikilgandi… U qizchani yerga ohista qo’yib, bir muddat turib qoldi.
Maqsudbek otiga minib, achchiq qamchi bosdi. Tutab yotgan ko’chadan ot yeldirib ketarkan ayol kishining jonholatda dodlaganini eshitildi. U darhol otining jilovini tortdi. Ovoz qayerdan kelganini anglolmay, atrofga alangladi. Nariroqdagi hovlidan chinqiriq aniq eshitildi. U otidan sakrab tushib, hovli tomon oshiqdi. Uyga kirdiyu qo’rquv va hayratdan qotib qoldi.
Askarlardan biri yosh qizni zo’rlamoqqa urinardi. Uning papag’i ancha narida dumalab yotar, sochlari to’zg’ib ketgandi. Qiz zo’r berib, uning ostidan qutulishga urinar, chinqirardi. Ayvonda yoshgina yigit qora qoniga bo’yalib, o’lib yotardi. Maqsudbek beixtiyor pichog’ini qinidan sug’urib, yugurib keldida askarning sochidan changallab, bo’g’ziga tortib yubordi. Qon qizning yuz-ko’zlariga sachradi. Qiz qo’rqqanidan dodlab yubordi.
Maqsudbekning qo’llari titrar, nima qilib qo’yganiga aqli yetmasdi. Askar esa bo’g’zini changallab, qo’llari va tuproqni qora qoniga bulg’aganicha tipirchilardi. Maqsudbek holsizlanib, cho’kkalab qoldi. Uning qulog’i kar, ko’zlari ko’rdek edi. U o’rnidan bazo’r turib, askarning yuziga qaradiyu ko’zlariga ishonolmadi. Ilgari bu kishini shaharda ko’p ko’rardi. U shahardagi ovro’poliklarga hizmat ko’rsatadigan sartarosh edi! Shunda yodiga tog’asining aytgan gaplari tushdi: «Shahardagi baqqol, mayfurush, sartarosh, kosib bo’ladimi — armanilarning hammasi inqilobchi bo’lib oldi!»
«Shularmi, inqilobchilar?!» — alamli o’y o’tdi uning xayolidan. «Shumi, inqilob?!»
Qulog’iga yig’layotgan qizning ovozi eshitildi. Maqsudbek unga yuzlandi. Uning kiyimlari yirtilib ketganidan bukchayib olgan, buning ustiga izg’irin zabtiga olganidan, tishi-tishga tegmay qaltirardi. U qizning ahvolini anglagach, to’nini yechib uzatdida nari ketdi.
Taroqchilikda qirg’in davom etar, odamlarning ohu-faryodlari tinmasdi.
— Bog’ tomonda yo’l bor, — qizning ovozi eshitildi.
— A?! — Maqsudbek cho’chib unga qaradi. Qiz gapini yana bir bor takrorlagandan keyin u:
— Ha, — deya uning ortidan ergashdi.
Hovlini tark etisharkan qiz ayvondagi yigitning jasadi ustiga o’zini tashlab, yig’lab yubordi. Maqsudbekning ham ko’zlariga yosh keldi. Bu yerda turish ikkovlari uchun ham havfli ekanligini tushunib, dedi:
— Shoshmasak bo’lmaydi.
Qiz o’rnidan turib, yigitning jasadiga qaray-qaray, unga ergashdi.
Tongda boshlangan qirg’in kechgacha davom etdi.
Maqsudbek qayerga borishni bilmasdi. U odamlarni jarbo’yidagi tegirmonda jon saqlayotganlarini taxminlab, o’sha tomonga yo’l oldi. Jarlik yonidagi tegirmon atroflarida o’lik sukunat hukm surardi. Tegirmonga yaqinlashganlarida uch-to’rt chog’lik kishi ularning yo’lini to’sdi.
— Kimsan? — qorong’uda tahdidli ovoz yangradi.
— Men — Maqsudbekman, Ibrohimboyning o’g’li.
— Bek, — bu safar Berdiqulning ovozi eshitildi. U yaqin kelib Maqsudbekni quchoqlab oldida:
— Hayriyat, tirik ekansiz, — dedi.
Maqsudbek dabdurustdan uni tanimadi. Qo’lida miltiq, yonidagilar ham qurollanib olishgan.
— Bu kunlarni ko’rgandan ko’ra o’lganim yaxshi emasmidi! — dedi Maqsudbek hushsiz.
— Ichkariga kiring, — dedi Berdiqul.
Maqsudbek tegirmon yonidagi uyga kirdi. Bu yerda keksalar, ayollar, bolalar jon saqlashardi. Bir qariya boshidan o’tgan voqeani so’zlamoqda edi:
— Ikkitasi he yo’q — be yo’q, hovliga bostirib kirdi. o’ris desam o’risga o’xshamaydi. Tili boshqacha… Nevaram hovlida edi. Bittasi shundoq bo’ynidan oldi nevaramni. Keyin, keyin bostirmaga qarab sudray boshladi. Ko’nglim yomon narsani sezganidan tovonimgacha muzlab ketdi. «Xudodan qo’rq, unga tegma», deb xudoning zorini qildim. Iymonsiz o’rischada: «Agar, Allohing kuchli bo’lsa qani nevarangni qutqarsinchi», dedida miltig’i bilan bo’ynimga tushirdi. Ko’z oldim qorong’ulashib ketdi, butun fikri-xayolim bolamda edi. Bittasi jodini ochdi, aniq ko’rdim. Qani endi tura olsamu bolamni tortib olsam. Bek, inim, mana shu ko’zlarim bilan ko’rdim, nevaramni jodiga solishganini. Bolam bechora hech narsaga tushunmaydi, qo’rqqanidan gapirolmay, jovdiraydi. Bu kunlarni ko’rgandan ko’ra terimni shilib, jizg’anak qilib kuydirsalar bo’lmasmidi! Bolamni qornidan jodiga qo’yib, tig’ini bosishdi. Nevaramning… nevaramning ovozi ham chiqmadi. Jahannamning tubida kuygur iymonsiz jallod nevaramni ikkiga bo’lib yubordi…
Chol ortiq gapirolmay o’krab yig’lab yubordi. Buni eshitib, Maqsudbekning vujudiga titroq kirdi. Uning ko’z oldida do’mboqqina, ko’zlari jodi tig’idan javdiragan, baquvvat qo’llarda besamar tipirchilayotgan bola gavdalandi. «Qirg’indan shu go’daklar ham omon qolmadi, — o’yga berildi Maqsudbek. Qaysi vahshiy ko’zlari mas’um, gunohdan pok norasidani o’ldiradi. O’ldirganda ham shu qadar tuban ketadi. Jon saqlash umidida qochayotgan qizaloqning, jodiga bosilayotgan bolakayning makr, aldovu-xiyonatlardan pok ko’zlari, do’mboq qo’lchalari tosh qotgan yuraklarni yumshatishga ojiz bo’lgan bo’lsa! Yo’q, ular inson emas, yirtqichlar!»
— O’ldiraman, barini o’ldiraman! — ich-ichidan hayqiriq keldi Maqsudbekning.
Uning ko’nglidan favqulodda o’ylar o’ta boshladi. Bu yurt shuncha vaqtlardan beri istibdod ostida ezildi, xo’rlandi, toptaldi. Hurriyat bayrog’ini baland ko’targanlarni esa munofiqlarcha, vahshiylarcha mavh etishdi. Muxtoriyatni ag’dardilar, hukumat kishisi, deya otasini o’ldirdilar. Himoyasiz xalqni qirishdi, talashdi, zo’rlashdi. Ular kimlar? Ularga ne kerak? Begona yurtda hukumat tuzib, xalqni qatli-om qilishga ularga kim huquq berdi? Shunda jadidlar ro’znomasida o’qiganlari yodiga tushdi: «Haq olinur, berilmas!»
«Haqqast rost, haq olinur, berilmas!», — pichirladi Maqsudbek.
Qorong’u hujradagi so’nggi qaror unga kuch-quvvat bag’ishladi. O’tirganlarga uzrini aytib, tashqariga chiqdi. Tegirmon atroflarida qo’riqchilik qilayotgan Berdiqulning oldiga borib:
— Menga ham qurol ber, — dedi.
Berdiqul uni tegirmonga boshlab kirib, og’ir qopni Maqsudbekning oldiga surdi.
— Mana, bek.
Berdiqul umrida miltiq ko’rmagan Maqsudbekka tushuntira ketdi:
— Mana bu yeridan o’qlanadi… mana bunday. Bu tepki, nishonga olib, bosasiz.
Maqsudbek Berdiqul o’rgatgandek miltiqni shiqirlatib o’qladi, qo’ndoqni yelkasiga tirab nishonga oldi. Nishonga olgan ko’yi bir muddat turib qoldi…
— Bek, ichkariga kirib, hordiq chiqaring, — Berdiqul uni tegirmon yonidagi uylardan biri tomon boshladi.
Bir burchakda g’ujanak bo’lib olgan Maqsudbekning ko’ziga hadeganda uyqu kelavermadi. Ko’zini yumdi, degunicha, ko’z oldidan bo’lib o’tgan qirg’inlar o’tib, dahshatga solardi. Tongga yaqin ko’zi ilindiyu uzoq uxlayolmadi. Bezovta bo’lib, u yoqdan bu yoqqa o’tayotgan yigitlarning ovozlaridan uyg’onib ketdi.
Tong bu atroflarga o’zgacha keldi. Ertalabdan havo tund, quyosh hadeganda yuzini ochavermadi. Kechagi qirg’indan ko’plar hali o’ziga kelolmagan, yuraklarni egallagan qo’rquv ostona hatlashga yo’l bermasdi. Uzoqdagi ko’plab hovlilardan yig’i ovozlari eshitilardi.
Maqsudbek tushida otasini ko’ribdi. Otasi undan xafa emish. Maqsudbek hayron bo’lib so’rabdi: «Nega mendan hafa bo’lyapsiz?!». Otasi: «Men ekkan gullarning holidan xabar olmabsizku, o’g’lim», — dermish. U darhol boqqa chopibdi. Qarasa, chindan ham ochilib qolgan gullar so’lib, quriy boshlabdi. Gullarning osti qatqaloqlanib, taqirga aylanayozibdi. U ketmonni olib, ariqdan suv ochib kelibdi. Egatlarga kirayotgan suvni ko’rib, yengil tin olishga ulgurmay, ko’zi tushgan manzaradan taxtadek qotibdi: Jo’yaklarda suv emas, qon oqar, quriy boshlagan gullar esa yanada qovjirashga tushganmish.
Maqsudbek tushiga qanday ta’bir ko’rishni bilmadi. Anchagacha shu haqda o’ylab o’tirdi. Bu orada Berdiqul ot solib kelib qoldi. U bo’g’riqib ketgan, hansirab nafas olardi. Uni xavotir bilan qarshi olgan yigitlarga:
— Taroqchilikni yana dashnoq bosibdi. Bekvachcha, G’ishtko’prikni ham talayotganmish! Bu safar dashnoqning o’zi! — dedi.
— Nega kelibdi? — so’radi yigitlardan biri.
— Dashnoq kafando’zlik qilayapti! Xalqni talayapti!
Tashqariga chiqib, Berdiqulning gaplariga quloq solib turgan Maqsudbek chidab tura olmadi.
— Birodarlar, fursat yetdi! Olloh yo’lida ozodlik uchun qo’limizga qurol olaylik! Bu tuproq bizniki, uni mal’unlarning oyoqlari ostida toptalishini kuzatib turish yigit sha’nimizga to’g’ri kelmaydi. Bu kurashda o’lgan shahid, o’ldirgan g’oziy! O’zini er bilgan, shu yurtning asl farzandiman degan menga qo’shilsin! — deya xitob qilib yubordi.
Yigitlar bir-birlariga qarab qoldilar. Bir muddat o’tgach, ulardan biri:
— Haq fikr! Fursat yetdi! Pana-pastqamda biqinib o’tirishlik bizga to’g’ri kelmaydi! — deyaMaqsudbekka qo’shildi.
— Fursat yetdi! Qo’zg’aldik! — Yigitlarbirin-ketin Maqsudbek tomon o’ta boshlashdi.
Maqsudbek Berdiqulga yuzlanib, dedi:
— Kechagi miltiqlaringni olib chiq!
Berdiqul so’zsiz unga itoat etdi. Yigitlar hayajonda edi. Mulla Abdusamad yuragida hadik bilan ularni jimgina kuzatib turardi. Yigitlardan yoshi eng ulug’i Muhammadali ismli kosib unga qarab:
— Ota, bizni duo qiling, — dedi.
Mulla Abdusamad nima qilishini bilmay, kalovlanib qoldi. So’ng, qaltiragan qo’llarini duoga ochdi, tutila-tutila duo qila boshladi:
— Yo Olloh, yigitlarimizni asragin. Iloyo yigit boshingiz omon bo’lsin, qasd qilgan past bo’lsin. Omiyn, Allohu akbar!
— Allohu akbar!
Kaftlar yuzlarga silangach, yigitlar qo’zg’alishdi. Maqsudbek va Berdiqul otlarini shu yerda qoldirib, yigitlar bilan birga Taroqchilik mahallasiga piyoda yo’l olishdi.
Dashnoqlar to’g’ridan-to’g’ri hovlilarga ot solishar, uylarni talashar, qo’lga ilinarlik narsa bo’lsa otning taqimiga bosishardi.
Maqsudbek va yigitlar panalab yetib kelganlarida g’orat ayni avjiga chiqqandi. Shunda ular bir hovlidan qo’y sudrab chiqayotgan dashnoqni ko’rishdi. Ortidan bir kampir dod solganicha chiqib, unga yalina boshladi. Toqati-toq bo’lgan dashnoq kampirni qamchilay boshladi. Kampir bir-ikki qamchidayoq yerga cho’zilib qoldi. Bunga chiday olmagan Maqsudbek darhol dashnoqni nishonga olib, tepkini bosib yubordi. Dashnoq quladi. Maqsudbek seskanib ketdi. Kechadan beri u ikkinchi odamni o’ldirgandi. Shu payt Muhammadali kosibning xavotirli ovozi eshitildi:
— Dashnoq kelayapti! Kampirning uyiga yashirinish kerak!
O’q ovozidan hadikka tushgan dashnoqlar ot qo’yib kelishardi. Maqsudbek ko’chaning ikki tomoniga qarab olib:
— Yo’q, ikki tarafidagi hovlilarda dashnoqni kutamiz. Tezroq tomlarga chiqinglar. Yaqinlashganlarida tartib bilan, bir vaqtda otamiz. Muhammadali aka, Berdiqul, sizlar men bilan bu hovliga kiramiz, qolganlar narigisiga. Tezroq!
Unga hech kim e’tiroz bildirmadi. Ular tomlarga o’rnashganlarida dashnoqlar ko’cha boshida ko’rindi. Maqsudbek ulardan birini nishonga olib, pichirladi. «Allohu Akbar!». U tepkini bosdi. Uning o’q uzishini kutayotgan yigitlar ham unga qo’shildilar. G’aflatda qolgan dashnoqlar birinchi hamladayoq bir necha kishini qurbon berishdi. Miltiqlar ikkinchi bor bo’shadi. Qurbonlardan dahshatga tushgan dashnoqlar otlarning boshini ortga bura boshlashdi. Miltiqlar uchinchi bor otilganida esa otlar egasiz qoldi.
Taroqchilikning yuqorisidagi dashnoqlar qurollarini otishga shaylab, o’q ovozlari kelayotgan tomonga ot qo’yishdi. Ko’cha boshida egasiz otlarga yaqin kelganlarida ularga ham qarata o’q uzila ketdi. Dashnoqlar talon-taroj etilgan narsalarga ham qaramay qochishga tushishdi. Tomlarda yashiringan Maqsudbek va uning sheriklari ularni ancha yergacha ta’qib etishdi.
Mahalla boshida o’n yetti dashnoq o’ldirilgandi. Maqsudbek murdalarning yoniga keldi. Ayrimlari o’ziga tengdosh. Maqsudbek bir tomondan ulardan nafratlansa, ikkinchi tomondan, achinardi. «Senga nima kerak?! Begona yurtga nega kelding? Shunday bema’ni o’lim topganimi?» Shunda murdalar orasidan xirillagan ovoz eshitildi. Maqsudbek darrov miltig’ini to’g’riladi. Ko’kragidan og’ir yaralangan dashnoq ming azobda boshini ko’tarib, unga qaradi. Uning ko’zlaridagi cheksiz alam, yolvorishni sezib Maqsudbekning rahmi keldi. Dashnoq u tomon qo’lini cho’zib, xirqiragan ovoz chiqardi. Muhammadali kosib yelkasidan miltig’ini olib, dashnoqni nishonga olmoqchi bo’ldi. Maqsudbek miltiqning og’zidan ushlab, yerga qaratdi.
— Otmang, it azobida o’lsin.
Maqsudbek yuziga dumalagan ko’zyoshlarini artib, nari ketdi. Uning qalbida achinish va nafrat bir-biri bilan kurashardi. U nima qilishini bilmasdi. Jon taslim etolmay yotgan dashnoqqa yordam beray, desa ko’z oldidan chopib tashlangan qizaloq, jodidan o’tkazilgan bola o’tib, bu ahdidan qaytardi. U Berdiqulning oldiga borib:
— Qurollar bilan otlarni olib ketish kerak, — dedi.
— Xo’p bo’ladi, bek.
…Chor-atrofda Maqsudbek haqida turfa mish-mishlar tarqaldi: Muxtoriyatchi Ibrohimboyning o’g’li Maqsudbek yigitlardan dasta tuzib, imonsiz bolshavoy dashnoqlarga qarshi kurashayotganmish! O’zini er yigit sanaganlar uning dastasiga borib qo’shilayotganmish!
Mish-mishlarning keti uzilmasdi…
Safar oldidan
Xolxo’ja Eshonning maktubi haqidagi gap-so’zlar og’izlarda sovumay yana bir xabar tarqaldi: Shermuhammadbek Madaminbekning ortidan Sho’rolarga taslim bo’lib, arosatda yurgan qo’rboshilarga maktub yo’llab, ularni dini islomga xiyonat qilmaslikni talab etibdi, kimki yana mujohidlar safiga qaytsa omonlik va’da qilibdi! Ayrim qo’rboshilar Madaminbekdan yuz o’girib, Shermuhammadbekka qo’shilishni boshlashdi.
«Bunaqada hamma o’ylaganlarim chippakka chiqadi…» — qo’rboshilarning beqarorligidan yuragi uvushdi Madaminbekning. «Hozir fursat yutganimiz eng ma’qul ish. Vaqti yetganda, Sho’rolarni g’aflatda qoldirib, ustilariga bosamiz. Bo’lmasam, urushda chuqurlashib, muhoraba maydonida uzoq qolib ketamiz. Urush davom etaversa Farg’ona tamom vayronaga aylanadi, dehqonlar ekin-tikin qilolmay qoladi, xalq yana ocharchilikka mahkum bo’ladi. Bunday g’alaba kimga kerak? Haroba yurtda ozod Turkistonni qaror toptirish xalqning oxu-nolasi, qoni evazigami? Qo’limizga nima uchun qurol oldik? Kelgindilarning ahli Islomga munosabatlaridan xo’rlanishimiz emasmi? Mazlumlar haqqi rioyasida maydonga chiqqan er yigitning ko’nglida shu istihola o’tmasa u o’zini mujohid sanashga haqsiz! Haqsiz!»
Madaminbek Shermuhammadbekka maktub bitib, undan Sho’rolarga hozircha taslim bo’lishlikni so’radi. Nihoyat, Shermuhammadbek muzokaralarga roziligini bildirib, javob maktubini yubordi. Shermuhammadbek taklifni bir shart bilan qabul qildi. Madaminbekning shaxsan o’zi uning qarorgohiga borishi kerak! Shundagina sulh muzokaralari bo’ladi.
Qo’rboshilar, ayniqsa Solih Maxdum va Maqsudbekning qat’iy e’tirozlariga qaramay, Madaminbek shartga rozi bo’lib, Shermuhammadbekning hozirgi qarorgohi joylashgan Uchqo’rg’onga borishga qaror qildi.Safar oldidan Madaminbek Marg’ilonga kelib, qarindosh-urug’lari, yoru-do’stlarini yo’qladi. Mehmonlar tarqagach, Madaminbek opasi Mehriniso hamda akalari Muhammadali va Maqsudali bilan yolg’iz qoldi.
— Qayoqlardan bizni inimiz yo’qlab kelsalar! Buni qarang, inim, kelganingiz qandoq yarashib tushgan! — Mehrinisoqarshisida cho’kkalab o’tirib olgan Madaminbekdan aylanib-o’rgilardi. Opasining mehribonligidan g’oyat mutaassirlangan Madaminbek bosh irg’ab o’tirardi. Uni chetdan kuzatgan kishi Madaminbekni tanbeh eshitayotgan bo’lsa kerak, deya xayolga borardi.
Ora-sira ko’ylagining keng yengi orasidan opasining oriqlagan bilagi ko’rinib qolardi. Yosh bo’la turib opasining oq oralagan sochlari, bo’rtib qolgan yonoqlariga boqib, Madaminbekning ko’ngli buzildi. Doimiy ta’qibu qo’rquvda yashash nafaqat opasini, balki akalarini ham ancha tinchsizlab, holdan toydirgan. Shunday bo’lsada biror marta ham inilaridan minnatlanib, malomat qilishmadi. Bu urushlar bo’lmaganida opasi va akalari qatoriga kirib yashardi. Marg’ilonda mirshabboshi bo’lib turgan kezlarida har jum’ada Muhammadali akasi bozorga olib tushguvchi jiyanlarini otiga mindirib, sayr qildirarmidi. O’sha kunlar ham ko’z ochib yumguncha o’tib ketibdi. «Sen ko’p minding, men oz mindim!» deb xarxasha qilib, bir-biridan rostakamiga arazlashgan jiyanlarini eslab, Madaminbekning labiga tabassum yugurdi.
— Pochchamiz ishlab turibdilarmi? — so’radiMadaminbek.
— Xudoga shukr. Pochchangiz siz xush ko’rgan o’sha tegirmonni yurgizib turibdilar. Har zamonda «bek qo’rboshi bo’lib ketmaganlarida shu tegirmonni o’zlari yurgizardilar» deya eslab turadilar.
Madaminbek jilmaydi.
— Tinchlik zamonlar kelsin pochchamizning yonlariga kirib, tegirmonni birga aylantiramiz.
Mehriniso inisini unga belanib yurishini tasavvur qilolmadi.
— Inim, endi sizning yo’rig’ingiz boshqa. Siz aylantiradigan tegirmon toshlarini uncha-muncha odam aylantira olmaydi.
— Haq gap! — deb qo’ydi Muhammadali.
Istamasada Madaminbek bosh irg’ab qo’ydi. Opasi haq. Yana qanday ishlar kutib turibdi. Shularni o’ylab xayolga ketganini bilmay qoldi.
Mehriniso inisining o’yga tolganidan indamay, uni qaytadan ko’zdan kechira boshladi. Oldinlari sho’x ko’zlar jiddiy tortgan, ba’zan o’ychan. O’ttizga ham bormay chakka sochlariga oq oralabdi. Ikki qosh o’rtasidan tugunchak, peshonasidagi ajin ancha chuqurlashibdi. Sibir bo’lishidan oldin qanday yigit edi! Mehriniso inisini ko’rmasada odamlar og’zidagi gaplardan qanday ulug’ ishlarning boshida turganini biladi. «Madaminbek qo’rboshi Jaloloboddagi ruslar bilan birlashib, shaharni olibdi!», «O’sh Bekka taslim bo’libdi!», «Madaminbek Andijonni qamabdi!», degan xabarlar oralaganida Mehriniso hayrat va vahima ichida nafasini yutdi. «Bir qorindan talashib tushgan inim kitoblardagi Rustam doston!», deya o’z-o’ziga so’zlab ham yurdi.
Madaminbek xayoldan bosh ko’tarib, tug’ishganlarini shunday qoldirib qo’yganidan hijolat tortdi.
— Uzr, xayolga botibman…
— Hechqisi yo’q, bek.
Bu orada Saodatxon choynak va piyola ko’tarib kirdi. Madaminbek uning harakatlari o’zgacharoq bo’lib qolganini endi payqadi. Mehriniso ayollarga xos ziyraklik bilan kelinidagi o’zgarishlarning sababini allaqachon sezgandi. U ko’zlarini Saodatxondan uzib, Madaminbekka yuzlandi. Madaminbek esa hamon ko’zlarini ayolidan uzolmay turardi. Mehriniso inisining porlab ketgan ko’zlaridan bu o’zgarishlarning sababini anglab, ichidan suyundi…
— Endi men qaytgunimcha keliningiz sizlarga omonat, — dedi Madaminbek.
Mehriniso oldinlari hech aytilmagan bu gapni mulohaza qilib o’tirmay:
— Bu tomonlardan ko’nglingiz to’q bo’lsin, bek, — dedi.
Saodatxonning yuragi hapqirib ketdi. Yana biror narsa dermikin degan umidda qayininilariga qaradi. Negadir ular jim edilar.
Xiyonat
1
— Bek aka, yana bir o’ylab ko’rarsiz. Har xolda… yolg’iz ketayapsiz!
Madaminbek jilmaydi. Qo’lini Maqsudbekning yelkasiga qo’yib, dedi:
— Chiqmagan jondan umid, bek. Tavakkal qilmasak bo’lmaydi.
— Unda men ham siz bilan boray, — Maqsudbek bo’sh kelmaslikka urindi. — Yigitlarga birgina so’zingiz kifoya, Bek aka!
— Yo’q, bek. Shermuhammadbek: «Bek qo’shini bilan kelibdi», deya malollanmasin. Uning niyati xolis. Ko’nglingiz to’q bo’lsin.
Maqsudbekning tili bog’lanib, ortiq e’tiroz bildirolmadi.
— Mendan ko’nglingiz to’q bo’lsin, — dedi Madaminbek hammaga.- Shermuhammadbekmening qiyomatli birodarim!
Polkovnik Kornilov, Andrey Sitnyakovskiy va Solih Maxdum Madaminbekni ahdidan qaytarolmay, jim turishardi. Nariroqda Saodatxon va Mehriniso yuzlarini yashirib, yig’lashardi.
— Bek, shoshilmasak bo’lmaydi, — dedi Madaminbekning ortida turgan komissar Suxov betoqatlanib.
Polkovnik Kornilov ijirg’anib unga qaradi. Suxov bunga e’tibor bermaslikka urindi. Madaminbek avval zobit va qo’rboshilari, so’ng inilari bilan xayrlashib, Saodatxonning oldiga bordi.
— Yaxshi qoling, xonim, — dedi asta u.
— Yaxshi boring, Begim, — dedi shivirlab Saodatxon paranjisini asta ko’tarib.
Madaminbek yana bir-ikki so’z aytmoqchi bo’ldi. Negadir gapini yo’qotdi. Hammaning nigohi o’zlariga qadalganidan o’ng’aysizlandi. Istar-istamas ortiga bir qadam tashlab, ortiga o’girildida Javohirning uzangisiga oyoq qo’ydi. Otning eti g’alati uchdi. Madaminbek hayron bo’ldi. Bunga e’tibor bermaslikka urinib, ikkinchi oyog’ini yerdan uzishga chog’langanida ot bezovtalanib, o’zini olib qochdi. Madaminbek rosa taajjubga botdi. Nihoyat, chaqqon sakrab, egarga o’tirdi. Tizgin bo’sh qo’yilishi bilan Javohir ortiga tisarilib, oldingi oyoqlarini baland ko’targanicha kishnab yuborib, Madaminbekni yiqitayozdi. U o’zini zo’rg’a tutib qoldi. Shunda u beixtiyor ot sag’risiga qamchi bosib yubordi. Qamchi zahriga qaramay Javohir yer tepinib, yana ortiga tisarildi. Madaminbek ikkinchi marta otini qamchiladi. Negadir Javohir yurmasdi. Uchinchi marta qamchi yegan ot noiloj yurib ketdi.
Madaminbekning ortidan avval Suxov, keyin boshqa otliqlar ot qo’yishdi.
Kuzatguvchilar nafaslarini yutganlaricha jim turishardi. Hech kimning Madaminbekni ortga qaytarishga jur’ati yetmadi.
Ko’ngliga oralagan o’ydan behollangan Saodatxon o’tirib qoldi. Mehriniso uning atrofida parvona bo’la boshladi. Saodatxon boshini ko’tarib, tobora uzoqlashib borayotgan otliqlarga qaradi. Madaminbek undan uzoqlashib borardi. Saodatxon pichirladi: «Begim!».
Madaminbek Garbuvaga ham, Qora Terakka ham kirmay to’g’ri O’chqo’rg’onga yo’l oldi.
2
Ikki tomonda purviqor Oloy tog’lari. Cho’qqilari bulutlarga yetgan Gavdantau, undan keyin Santastau va Asolg’i tog’lar bor haybatlarini shunday ko’z-ko’z qilishgan.
— Bek aka! — Madaminbekni Oloyga — Shermuhammadbekninghuzuriga boshlab ketayotgan So’xlik qo’rboshi Dehqonboyvachchaning xavotirli ovozi eshitildi.
Madaminbek qo’lini belbog’iga artarkan:
— Tinchlikmi? Rangingiz oqarib ketibdi, — deb so’radi.
— Askarlar! Qizil askarlar!
Madaminbek sergaklandi.
— Qayerda ko’rdingiz?
— Quyida. Darada. Otliq askarlar.
— Tinchlikmi? Nima bo’libdi? — o’zbekchagatushunolmayotgan Suxov xavotirlanib so’radi.
— Qandaydir qizil askarlarni ko’rishibdi, — tushuntirdi Madaminbek. — Hozirdarada turishibdi ekan.
Suxovning xavotirlari quyuqlashdi. Biror jiddiy sabab bordirki, askarlar Oloyning ovloq yerlarigacha kelishgan. Bo’lmasa, qo’rboshilarning izmida bo’lgan tog’u-toshlarda izg’isharmidi! Buning ustiga, Madaminbek soqchilarsiz Shermuhammadbekning oldiga ketayotgan pallada. Endi uning yuragidagi xavotirlar ulg’ayib, qo’rquvga aylandi. Tuyqus uning ko’z oldidan rafiqasi Shurochkaning xayrlashayotganda yig’idan qizargan ko’zlari, parishon sochlari o’tdi. Suxovning rosa ko’ngli buzilgandi. «Borma, Seryoga!», — yalinardi Shura. «Ilojim yo’q, tushun, ilojim yo’q!»,-ayolining qarshisida ilojsiz bosh ekkandi Sergey Suxov.
«Nega bularni eslayapman?»-o’zini dadil tutishga urindi u. «Nega bunchalik vahima qilyapman». U Madaminbekka yuzlandi. Madaminbekning qoshlari uyulgan, nimanidir xayolida sukutda qotgandi. Bir muddat turgach, buyurdi:
— Narsalarni yig’ishtiringlar! Yurishda davom etamiz. Qurollar shay tursin!
Madaminbekning so’nggi gapi hamrohlarining yuragiga xavotir soldi. Otlarga minishdan oldin miltiqlar yelkalardan qo’llarga olinib, o’qdonlar bir sidra tekshirib olindi. Madaminbek ortda Dehqonboyvachchani qoldirib, yurishga buyruq berdi. Otliqlar yo’lga tushishdi. Oradan chorak soatlar o’tgach, Dehqonboyvachcha Madaminbekni quvib yetdi.
— Bek aka, askarlar izingizdan tushishdi!
Madaminbek ayg’oqchilar kuzatayotganini angladi. Bo’lmasam, darada yashirinib turgan askarlar uning yo’lga tushganini bilisharmidi. Suxov so’radi:
— Bek, endi nima qilamiz?
Madaminbek unga yuzlandi. Suxovning qo’rquvdan javdirayotgan ko’zlarini ortiq ta’qib etishga jur’ati yetmay nigohini boshqa tomonga ko’chirdi.
— Bilmadim, komissar, — dedi u.
Madaminbek chuqur taraddudda qoldi. Yurishda davom etsinmi? Unda askarlar yetib olishadi. Dehqonboyvachchaning aytishicha, manzilgacha hali ancha bor. Mahfiy ta’qibga olingani bekorga emas…
«Nahotki ulgura olmasam?!», — yoqimsiz va alamli o’ydan Madaminbekning yuragi achishdi. «Boshlagan ishlarimni yakunlay olmay, dog’da qolsam. Yo, Alloh!..».
Madaminbek so’nggi buyruqni berishga ulgurmadi. O’q ovozi yangrab, tog’lardagi bu ulug’vor va sirli sukunatni buzdi. Eng oxirdagi otliq «oh!» urganicha otidan quladi. Keyin, qasur-qusur o’q ovozlari hammayoqni tutib ketdi. Madaminbekning hamrohlari birin-ketin egarlaridan qulay boshladi. Madaminbek nima qilishini bilmas, qonli izdihomdan hurkib ketgan Javohir kishnaganicha nuqul oldingi tuyoqlarini ko’tarib, chavandozini qulatayozardi. Madaminbek vujudiga mana-mana qaynoq o’q parchasi qadalib, avzoyi-badanini kuydirishini kutar, ammo unga atalgan o’q hadeganda kelavermasdi. Uning yonidagi Dehqonboyvachcha ham quladi. Shunda, asablari dosh bermay, Suxov otidan sakrab tushib, qichqira boshladi:
— Ne strelyayte! Ya svoy! Ya — krasnыykomissar! Komissar Sergey Suxov! Ne…
Suxov so’nggi jumlasini yakunlay olmadi. Ko’ksiga o’q qadalib, g’alati, xunuk qalqidi, ko’zlari baqrayganicha cho’kkalab qoldi. Shu alpozda turarkan ketma-ket o’qlar uning ko’ksidan qon oqiza boshladi. Suxov yuztuban bo’larkan so’nggi jumlasini aytishga kuch topa oldi:
— Ya… svoy!..
Suxov ham yiqilgach, o’q ovozlari birdan tindi. Madaminbek otidan tushdi, kiyimlarini tartibga keltirdi. Daraxtlar va qoya toshlar ortidan birin-ketin qizil askarlar chiqib keldi. Eng oldindagi komissarni Madaminbek tanidi: «Zinovьev!».
Zinovьev Madaminbek bilan yuzma-yuz bo’ldi.
— Sobiq musulmon qo’shinlarining dong’i doston qo’mondoni Madaminbek Aminbek o’g’li! — Zinovьev kuldi.
Madaminbek indamadi. Bundan Zinovьevning achchig’i keldi.
— Nega indamaysiz, Bek? — yana kuldi kinoya bilan u.
— Tiz cho’kib, shafqat qilishimni kutganmidingiz, komissar? — Madaminbek negadir… jilmayib so’radi.
Madaminbekning jilmayishi Zinovьevning izzat-nafsiga tegsada o’zini bosishga urindi.
— Nima, Sho’ro zobiti shafqat ko’rsata olmaydi, deb o’ylaysizmi, Bek?
— Ortdan pichoq uradiganning shafqat qilishiga aqli sog’ odam ishonmaydi.
Zinovьev titrab ketdi. Peshonasiga tushib turgan bir tutam sochi asabiy o’ynay boshladi.
— Komissar, sizdan bir iltimosim bor. Menga biroz muddat bering. Ibodat qilmoqchiman, — dedi Madaminbek xotirjam. U to’pponchasini g’ilofi bilan olib, Zinovьevning oyoqlari ostiga tashladi.
Zinovьev o’ziga kelib, bosh irg’ab roziligini bildirdi.
Madaminbek minnatdorchilik bildirib, belbog’ini oldida qiblalatib yoydi. Ikki rakaat namoz o’qidi. Namozni yakunlab, qa’dada o’tirgan holda chap tomonida turgan Zinovьevga yuz burib, «men tayyorman» degandek bosh silkib qo’ydi. Madaminbek xotirjam, ko’zlari jiddiy va osoyishta boqardi. Zinovьev asta yaqin kelib, Madaminbekning yelkasiga qo’lini qo’ydi, bir muddat shunday turgach, past ovozda dedi:
— Bek… meni kechiring…
Madaminbek yalt etib yelkasidagi qo’lga qaradi. Zinovьevning qo’llari titrardi. Madaminbek bir muddat titrayotgan qo’lga qarab turib, bosh irg’adi.Zinovьev uning yelkasiga ohista urib, ortga qaytdi.
Oradan bir necha daqiqalar o’tgach, Zinovьevning ovozi yangradi:
— Tayyorlaning!
Miltiqlar shiqirlab, o’qlandi.
Madaminbek qa’dada o’tirgan kabi qo’llarini tizzalari ustiga qo’ydi. Boshini baland ko’tarib, pichirladi:
— La ilaha illaloh!
Bir muddatlik sukutni yana Zinovьevning ovozi buzdi:
— Nishonga oling!.. Oting!
O’q ovozlaridan atrof larzaga keldi.
Madaminbek asta yonboshiga quladi. Uning ko’z oldida ma’yus termulgan Saodatxon paydo bo’ldi. Mayda o’rilgan sochlari ustidan do’ppi kiyib olgan. Madaminbek o’tgan yili Marg’ilonni fath etganida o’z qo’li bilan bozordan olgan o’sha do’ppi. Saodatxonning iltijo bilan boqqan ko’zlari meni kimlarga tashlab ketayapsiz, demoqda edi. Madaminbek ingrab yuborib, boshini ko’tarishga urindi. Vujudini kuch asta tark etmoqda edi.
«Alloh… Allohim… rahmdil Egam! O’zingga omonat! O’zingga omonat!» Madaminbekning ichidan bir to’lg’onish keldi.
Saodatxonning ortida qo’l qovushtirib Hojimat Eshon va Maqsudbeklar ko’rindi. Ular yoshli ko’zlari bilan unga termulishgandi.
«O’zingga omonat!»
Madaminbek ko’zlarini katta-katta ochib, parokanda bo’lib borayotgan xayolini jamlashga urindi.
So’ng… oppoq kiyimli Islomxon To’ra ko’rindi. U jilmaydi. Madaminbek unga bosh irg’ab, pichirladi:
— La ilaha illalloh!…
Atrof-borliq ulug’ sukunat ichida somi’ bir qiyofada edi…
Madaminbek shahid etilgan bu fursatda Maqsudbek va Shermuhammadbek nihoyat uchrashib, tog’u-toshlarda Madaminbekni qidirish bilan ovora edilar…
Menga juda yoqdi tasirli ekan