Rahmat Bobojon. Yangi she’rlar

021Бугунги шеъриятнинг ёш вакиллари орасида ўз овозига эга ижодкорлар алоҳида диққатга сазовор бўлишмоқда. Раҳмат Бобожон ана шундай шоирлардан биридир.

Раҳмат БОБОЖОН
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


032Раҳмат Бобожон (Раҳматжон Бобожонов) – 1998 йили Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. Урганч ижтимоий-иқтисодиёт коллежини тамомлаган. “Хоразм” нашриётида муҳаррир, “Жайҳун” газетасида мухбир сифатида ишлаб келяпти.  Мақолалари, шеърлари, таржималари “Тамаддун нури”, “Эзгу сўз”, “Хоразм ҳақиқати” каби нашрларда чоп этилган. 2016 йилда “Кўнгил ғунчаси” номли шеърлар тўплами чоп қилинган. Ижод намуналари “Жилғалар қўшиғи”, “Митти ҳикоялар: кеча ва бугун”, “Шовот мавжлари” алманахларидан ҳам жой олган.


ЖИМЛИК

1
Ёлғиз йиллар аро адашиб,
Бу одам ҳам унутди номин.
Энди унга бош эгмоқ – одат,
Тиз чўқмоқлик – олий таомил.

Руҳи ичра унар қора дард,
Юрагига қилишар зуғум.
Энди унга кўкрагин ўйиб
Ва эгилиб яшаш ҳам муҳим.

Аҳволига ачиндим мен жим,
Қайғу кўрдим кўзига қараб.
Энди унга ҳаёт лаънатдир,
Ўлим эса шарафдир, шараф…

2
Уни ҳамма жуда яхши танийди,
Унинг бағри очиқ бирдай барчага.
Азоблаб қўймаган юрагин ҳоли,
Ҳижронни елкалаб,
балки, чарчаган…

Уни қарши олар,
ишхона ва уй,
Шаҳарнинг бор-йўғи икки бекати.
Олифта кийимга жасадин буркаб,
Озғин сигаралар чекади…

Дардлари серобдир,
ташвиши мўлдир,
Ва ғамдир бошқани сийлаганлари.
Одамларнинг қарсак овозидан паст,
Муҳаббат ҳақида куйлаганлари…

Бас, етар,
ўзгартмоқ керак қисматни,
Ўз ўрнини билсин –
(тугайди бардош).
Тоғларнинг ортига беркинган бўрон,
Булутлар ортида ўқсинган қуёш…

3
Ичкари – мавҳумлик,
ичкари – чиндир,
Ташқарида ёлғон яшар овга шай:
Кўздан ичкарида ёшга қадар йўл.
Тордан ичкарида кенгга қадар йўл.
Сўздан ичкарида тошга қадар йўл.
“Мен”дан ичкарида “Сен”га қадар йўл.
Ва лозим бир йўлни топмоқ қийиндир,
Ва лозим йўл бордир.
Етиб борилгай –
Қадамма-қадаму
кўнгилма-кўнгил…

Мангу ғафлатдами кунлар тизими?
Йўқ, тунлар ботмагай, тонглар, йўқ, отар.
Ичкарида ҳар ким излар ўзини,
Ташқарида ҳар ким ўзин йўқотар…

У эса бир куни келар дея қўл,
Бир сирни очади кўзлардан нари:
Ўлимга элтади ташқарида йўл,
Ичкарида йўл бор Худога сари…
2020

БИР ҚЎРҚОҚ ҲАҚИДА

1
Асли,
аждодлардан меросдир — юрак,
қачон ва қаерда бўлмасин, тамом.
Ҳар доим,
ҳар кимга,
тик боқиб, ахир,
яшашни яхшироқ эпларди бобом…

Қонида оловдек оқарди исён,
Иқрори бор эди, бор эди шаъни.
Эголмайин ҳалак бўларди кимлар,
мағрурлик санъатин билган отамни…

Мен унга ҳавас-ла боқдим ҳамиша,
билагида кучи бўлмасди (тугам.)
Ҳаттоки,
кимдандир фарқли ўлароқ
бўйнини букмасдан яшади укам…

Менга қарғиш теккан,
иснод — кечирмоқ,
ўчирдим ўртада шажара — шамни.
Эгилиб, эгилиб, эгилавериб,
Қучганча йиғлайман яра тиззамни…

2
Бир сотқин бор эди ўтган асрда…
Мен қаддим буккандим,
мен эдим хоин.
Онам фиғон чекди дорнинг остида:
“Ўғлимни афв этгин, ўзинг Худойим…”

Сира эслолмайман,
ўша пайтлар мен,
туркмидим, ўзбекми, фаранг, мўғулми?
Оломонку майли, ор кечирарми,
дор остидан қочган номард ўғилни?

Балки, минбарларда шеър ўқирдим маст,
балки, эзгу қўлга солгандим кишан.
Умидвор эдим мен, Ҳақ сўз деб, аммо
ўлганларнинг бир кун тирилишидан…

Йўқ, фақат,
ишонинг, шу сўзим чиндир,
қайғурдим волидам ғам еганини.
Ахир, билмасдику бечора онам —
қўрқоқнинг Худоси йўқ эканини…

3
Ахир,
сиз биласиз,
ғолиб — ўлажак,
хоинлар беорлик нашидасида,
бор-будидан кечиб яшарлар тирик!

Ахир,
сиз биласиз,
англайсиз ахир,
ўз уруши бўлган ҳар бир даврнинг,
ўз қўрқоғи бўлган ҳар асрнинг ҳам!

Ҳозир эса
айтай десам бу замон —
оғиз булғаш билан бошланар албат,
сўз уволи билан тугайди, тамом…

(Масалан,
ён-верда ҳар ҳил гавда бор,
Аланглаб қарайман Одам қани, воҳ,
каллалар осилган елкалар узра?)

Масалан,
замонавий қўрқоқларни мен,
бежирим кийимлар, бўйинбоғларнинг,
шунчаки қули деб биламан холос…

У қўрқоқ, ҳа, тирик яшайди, тўғри,
қадамин авайлаб, оҳиста босар.
Балки,
тунлар ўксиб қўрқоқлигидан,
балки,
ўзи ҳақда шундай шеър ёзар…
2020

БУ ЕРДА…

Бу ерда бир пайтлар кўп жанглар бўлган,
Ҳасрат ва аламга қоришиб туфроқ,
Тилига самодан саволлар инган:
– Ичганим кўзёшми ё қонми кўпроқ?

Бу ерда бир пайтлар яшаган бобом,
Шодон кунлар учун симириб тоқат.
Тилига бир савол келган ҳар замон:
– Топганим шу нонми ё заҳмат фақат?

Бу ерларда ҳайкал қўйинглар Эркка,
Мардликка. Аммоки,
бизга муносиб:
Даврлар алмашди,
энди бу ерга,
Ким туфуриб ўтар, ким манглай босиб?

Минг йиллардан кейин ўзимдек шоир,
Тарихни кавласа, билмасдан тиним,
Тан олмаса керак,
бу ердан ахир,
Мендек бир қўқрқоқнинг яшаб ўтганин…
2020

* * *
1
Чарчагандир балки қуруқ сурондан,
Балки, жимлигида бордир асоси.
Билмасди,
қачондир олингай албат,
Ичингдан айтилган ҳар сўз қасоси.

Бир куни гуноҳкор бош эгиб ёки
Осий шарафланиб турган дақиқа.
Тили тутилгувчи одамнинг ахир,
Бўғзин ёриб чиқмас бир сўз: – Ҳақиқат…

Эҳтимол, умрини қарғар тинмасдан,
Айблар кўзини, оёқ, қўлини.
Гуноҳи кўп бунда шивирлашларнинг,
Пичирлашнинг эса оғир ўлими…

2
Бир кўришда таниб олмоқлик мумкин,
Сизу менга ўхшаш оддий бир одам.
Сукутин бузмайди – Ҳақми ё ноҳақ,
Маъно кўп деб ўйлар жим туришда ҳам.

Бир кун ўлим олди, талвасада жон,
Ажал вужудидан олганда бичим.
Ҳақиқат қидириб отланган ўша –
Бемаъно кунларин санай бошлар жим…

3
Унинг ҳам тили бор,
бордир журати,
Фақат, юраги ва виждони сўқир.
Бир кун ўша одам тан олиб барин,
Овоз чиқармасдан шу шеърни ўқир…
2020

* * *
Сокин кўзларида рақсланар Ишқ,
Оҳимда,
зоримда,
исми намоён.
Ҳар бир нуқтасида аксланар Ишқ,
Бир садойим бордир –
Худога аён.

Руҳнинг пораларин йиғдим неча бор,
Ҳузурига кўнгил келтирдим нолон.
Изтироби – дилкуш,
ҳасратлари – дор,
Бир сазойим бордир –
Худога аён.

Ўзни бунёд қилсам қорачиғинда,
Келар, деб билганим кетди жим қаён?
Басир ҳам кўролмас кўксим ичинда,
Бир аъзойим бордир –
Худога аён.

Менмасдим, ўзига кафан бичмаган,
Устига тупроқни тортмаган исён.
Мен ундан кечгану, мендан кечмаган,
Бир хатойим бордир –
Худога аён.
2020

* * *
1
Умрим қошларингнинг орасича йўл,
ёдимни ёдингдан ўчирар бир “уҳ”.
Кимларнинг қўлида бўлиб қўлма-қўл,
ўзимга етмасдан завол топди руҳ.

Шу кам умримда ҳам сен дедим фақат,
осий соғинчингга тиз чўккан замон:
қорайди сочларинг мисол муҳаббат,
киприкларинг каби питирлади жон.

Ҳар соат, ҳар лаҳза, ҳар куну ҳар кеч,
ғамин ижро этди най ва сатолар.
Ишқ эса Ишқликка арзимади ҳеч,
Худолик қилмади Худолар…

Қара, ҳаётим бор ҳижронлардай кенг,
Сўнгги сўз қўярми азобларга чек?
Меники бўлмадинг кутилгандек сен,
Сеники бўлмадим кутилганидек…

Барибир,
кутаман, асло толмайман,
ҳисларим ҳисингдан гарчи майдадир.
Қайдадир сен мени унутолмайсан,
мен яшайвераман сен деб қайдадир…

2
Менга бегонадир энди бу шаҳар,
бу бекат, бу бино, бу йўл, бу кўча.
Энди,
кўзларимга бу кундуз – ҳатар,
энди,
хотиримни эзар – бу кеча…

Уйга йўл оламан –
қўлимда ҳанжар,
энди шу ҳанжарга нишонаман мен.
Ҳамма дўсти дея билмасин қанча,
ҳаммага,
ҳаммага бегонаман мен…

Озурда жонимга тиланиб сабр,
қайтар, деб, қошимга кечириб бир кун.
Энди ғам чекаман сатрма-сатр,
энди шеър ёзаман туркум ва туркум…

Фақат, кўзларингни унутолмасдан,
оқшомлар кўзимга ёт бўлар уйқу.
Нима у ингранган бўғзимдан пастда,
кўксим зириллатиб тепган нима у?

Эсимдан чиқмайди, ўксинма, бир пас,
изтироб эканим, дод эканлигим…
Жонимни олади, дунёга эмас,
ўзимнинг ўзингга ёт эканлигим…

3
“Мен сени умрбод асрайман…” –
айтардим, ҳар қачон содиқ, шай.
Бир сўз дердинг,
энди эслайман:
“Ҳай”

Сени ўзим деярдим гарчи,
айрилдимми энди ўзимдан?
Кўксим ичра юрак – чилпарчин,
синиқлари оқар кўзимдан.

Ёлғизландим ёлғиз оламда,
қайтасанми, англай билмадим.
Бироқ,
ахир тушун ҳеч дамда,
Руҳингга ҳиёнат қилмадим…

Энди бахтинг бўлмайди надим,
ҳеч ким менга демайди “ҳай”ни.
Кечир,
сени асрай олмадим,
энди сени Худо асрайди…

25 июн, 2020

* * *
Руҳ ичра оғриқлар бодраётганда,
Бораётган дамда вужудим музлаб,
Бегуноҳ юрагим титраётганда,
Мендан кечмоғинг бор – ичикиб, бўзлаб.

Сенга келарканман,
кўнглимда – илинж,
Туну тонгга қараб бир хаёл сурдим:
Ё, ойдин сўзларинг – муҳташам севинч,
Ё, қаро кўзларинг – азобнинг юрти…

Сўнгра Худо дедим, йўқ, худосизман,
Кўксимда тош қотди бир иқрор: – Сароб!
Сендан, мендан, хуллас, тамоман биздан,
Кечгани рост эмас буткул изтироб…

Хотирингда ёдим кўз ёраётир,
Ғаминг елкалаган жонимни излаб,
Осий юрагингда сўнмай ҳавотир,
Менга қайтмоғинг бор – ичикиб, бўзлаб…

2020

064Bugungi she’riyatning yosh vakillari orasida o’z ovoziga ega ijodkorlar alohida diqqatga sazovor bo’lishmoqda. Rahmat Bobojon ana shunday shoirlardan biridir.

Rahmat BOBOJON
YANGI ShE’RLAR


Rahmat Bobojon (Rahmatjon Bobojonov) – 1998 yili Xorazm viloyati Shovot tumanida tug’ilgan. Urganch ijtimoiy-iqtisodiyot kollejini tamomlagan. “Xorazm” nashriyotida muharrir, “Jayhun” gazetasida muxbir sifatida ishlab kelyapti. Maqolalari, she’rlari, tarjimalari “Tamaddun nuri”, “Ezgu so’z”, “Xorazm haqiqati” kabi nashrlarda chop etilgan. 2016 yilda “Ko’ngil g’unchasi” nomli she’rlar to’plami chop qilingan. Ijod namunalari “Jilg’alar qo’shig’i”, “Mitti hikoyalar: kecha va bugun”, “Shovot mavjlari” almanaxlaridan ham joy olgan.


JIMLIK

1
Yolg’iz yillar aro adashib,
Bu odam ham unutdi nomin.
Endi unga bosh egmoq – odat,
Tiz cho’qmoqlik – oliy taomil.

Ruhi ichra unar qora dard,
Yuragiga qilishar zug’um.
Endi unga ko’kragin o’yib
Va egilib yashash ham muhim.

Ahvoliga achindim men jim,
Qayg’u ko’rdim ko’ziga qarab.
Endi unga hayot la’natdir,
O’lim esa sharafdir, sharaf…

2
Uni hamma juda yaxshi taniydi,
Uning bag’ri ochiq birday barchaga.
Azoblab qo’ymagan yuragin holi,
Hijronni yelkalab,
balki, charchagan…

Uni qarshi olar,
ishxona va uy,
Shaharning bor-yo’g’i ikki bekati.
Olifta kiyimga jasadin burkab,
Ozg’in sigaralar chekadi…

Dardlari serobdir,
tashvishi mo’ldir,
Va g’amdir boshqani siylaganlari.
Odamlarning qarsak ovozidan past,
Muhabbat haqida kuylaganlari…

Bas, yetar,
o’zgartmoq kerak qismatni,
O’z o’rnini bilsin –
(tugaydi bardosh).
Tog’larning ortiga berkingan bo’ron,
Bulutlar ortida o’qsingan quyosh…

3
Ichkari – mavhumlik,
ichkari – chindir,
Tashqarida yolg’on yashar ovga shay:
Ko’zdan ichkarida yoshga qadar yo’l.
Tordan ichkarida kengga qadar yo’l.
So’zdan ichkarida toshga qadar yo’l.
“Men”dan ichkarida “Sen”ga qadar yo’l.
Va lozim bir yo’lni topmoq qiyindir,
Va lozim yo’l bordir.
Yetib borilgay –
Qadamma-qadamu
ko’ngilma-ko’ngil…

Mangu g’aflatdami kunlar tizimi?
Yo’q, tunlar botmagay, tonglar, yo’q, otar.
Ichkarida har kim izlar o’zini,
Tashqarida har kim o’zin yo’qotar…

U esa bir kuni kelar deya qo’l,
Bir sirni ochadi ko’zlardan nari:
O’limga eltadi tashqarida yo’l,
Ichkarida yo’l bor Xudoga sari…
2020

BIR QO’RQOQ HAQIDA

1
Asli,
ajdodlardan merosdir — yurak,
qachon va qayerda bo’lmasin, tamom.
Har doim,
har kimga,
tik boqib, axir,
yashashni yaxshiroq eplardi bobom…

Qonida olovdek oqardi isyon,
Iqrori bor edi, bor edi sha’ni.
Egolmayin halak bo’lardi kimlar,
mag’rurlik san’atin bilgan otamni…

Men unga havas-la boqdim hamisha,
bilagida kuchi bo’lmasdi (tugam.)
Hattoki,
kimdandir farqli o’laroq
bo’ynini bukmasdan yashadi ukam…

Menga qarg’ish tekkan,
isnod — kechirmoq,
o’chirdim o’rtada shajara — shamni.
Egilib, egilib, egilaverib,
Quchgancha yig’layman yara tizzamni…

2
Bir sotqin bor edi o’tgan asrda…
Men qaddim bukkandim,
men edim xoin.
Onam fig’on chekdi dorning ostida:
“O’g’limni afv etgin, o’zing Xudoyim…”

Sira eslolmayman,
o’sha paytlar men,
turkmidim, o’zbekmi, farang, mo’g’ulmi?
Olomonku mayli, or kechirarmi,
dor ostidan qochgan nomard o’g’ilni?

Balki, minbarlarda she’r o’qirdim mast,
balki, ezgu qo’lga solgandim kishan.
Umidvor edim men, Haq so’z deb, ammo
o’lganlarning bir kun tirilishidan…

Yo’q, faqat,
ishoning, shu so’zim chindir,
qayg’urdim volidam g’am yeganini.
Axir, bilmasdiku bechora onam —
qo’rqoqning Xudosi yo’q ekanini…

3
Axir,
siz bilasiz,
g’olib — o’lajak,
xoinlar beorlik nashidasida,
bor-budidan kechib yasharlar tirik!

Axir,
siz bilasiz,
anglaysiz axir,
o’z urushi bo’lgan har bir davrning,
o’z qo’rqog’i bo’lgan har asrning ham!

Hozir esa
aytay desam bu zamon —
og’iz bulg’ash bilan boshlanar albat,
so’z uvoli bilan tugaydi, tamom…

(Masalan,
yon-verda har hil gavda bor,
Alanglab qarayman Odam qani, voh,
kallalar osilgan yelkalar uzra?)

Masalan,
zamonaviy qo’rqoqlarni men,
bejirim kiyimlar, bo’yinbog’larning,
shunchaki quli deb bilaman xolos…

U qo’rqoq, ha, tirik yashaydi, to’g’ri,
qadamin avaylab, ohista bosar.
Balki,
tunlar o’ksib qo’rqoqligidan,
balki,
o’zi haqda shunday she’r yozar…
2020

BU YeRDA…

Bu yerda bir paytlar ko’p janglar bo’lgan,
Hasrat va alamga qorishib tufroq,
Tiliga samodan savollar ingan:
– Ichganim ko’zyoshmi yo qonmi ko’proq?

Bu yerda bir paytlar yashagan bobom,
Shodon kunlar uchun simirib toqat.
Tiliga bir savol kelgan har zamon:
– Topganim shu nonmi yo zahmat faqat?

Bu yerlarda haykal qo’yinglar Erkka,
Mardlikka. Ammoki,
bizga munosib:
Davrlar almashdi,
endi bu yerga,
Kim tufurib o’tar, kim manglay bosib?

Ming yillardan keyin o’zimdek shoir,
Tarixni kavlasa, bilmasdan tinim,
Tan olmasa kerak,
bu yerdan axir,
Mendek bir qo’qrqoqning yashab o’tganin…
2020

* * *
1
Charchagandir balki quruq surondan,
Balki, jimligida bordir asosi.
Bilmasdi,
qachondir olingay albat,
Ichingdan aytilgan har so’z qasosi.

Bir kuni gunohkor bosh egib yoki
Osiy sharaflanib turgan daqiqa.
Tili tutilguvchi odamning axir,
Bo’g’zin yorib chiqmas bir so’z: – Haqiqat…

Ehtimol, umrini qarg’ar tinmasdan,
Ayblar ko’zini, oyoq, qo’lini.
Gunohi ko’p bunda shivirlashlarning,
Pichirlashning esa og’ir o’limi…

2
Bir ko’rishda tanib olmoqlik mumkin,
Sizu menga o’xshash oddiy bir odam.
Sukutin buzmaydi – Haqmi yo nohaq,
Ma’no ko’p deb o’ylar jim turishda ham.

Bir kun o’lim oldi, talvasada jon,
Ajal vujudidan olganda bichim.
Haqiqat qidirib otlangan o’sha –
Bema’no kunlarin sanay boshlar jim…

3
Uning ham tili bor,
bordir jurati,
Faqat, yuragi va vijdoni so’qir.
Bir kun o’sha odam tan olib barin,
Ovoz chiqarmasdan shu she’rni o’qir…
2020

* * *
Sokin ko’zlarida raqslanar Ishq,
Ohimda,
zorimda,
ismi namoyon.
Har bir nuqtasida akslanar Ishq,
Bir sadoyim bordir –
Xudoga ayon.

Ruhning poralarin yig’dim necha bor,
Huzuriga ko’ngil keltirdim nolon.
Iztirobi – dilkush,
hasratlari – dor,
Bir sazoyim bordir –
Xudoga ayon.

O’zni bunyod qilsam qorachig’inda,
Kelar, deb bilganim ketdi jim qayon?
Basir ham ko’rolmas ko’ksim ichinda,
Bir a’zoyim bordir –
Xudoga ayon.

Menmasdim, o’ziga kafan bichmagan,
Ustiga tuproqni tortmagan isyon.
Men undan kechganu, mendan kechmagan,
Bir xatoyim bordir –
Xudoga ayon.
2020

* * *
1
Umrim qoshlaringning orasicha yo’l,
yodimni yodingdan o’chirar bir “uh”.
Kimlarning qo’lida bo’lib qo’lma-qo’l,
o’zimga yetmasdan zavol topdi ruh.

Shu kam umrimda ham sen dedim faqat,
osiy sog’inchingga tiz cho’kkan zamon:
qoraydi sochlaring misol muhabbat,
kipriklaring kabi pitirladi jon.

Har soat, har lahza, har kunu har kech,
g’amin ijro etdi nay va satolar.
Ishq esa Ishqlikka arzimadi hech,
Xudolik qilmadi Xudolar…

Qara, hayotim bor hijronlarday keng,
So’nggi so’z qo’yarmi azoblarga chek?
Meniki bo’lmading kutilgandek sen,
Seniki bo’lmadim kutilganidek…

Baribir,
kutaman, aslo tolmayman,
hislarim hisingdan garchi maydadir.
Qaydadir sen meni unutolmaysan,
men yashayveraman sen deb qaydadir…

2
Menga begonadir endi bu shahar,
bu bekat, bu bino, bu yo’l, bu ko’cha.
Endi,
ko’zlarimga bu kunduz – hatar,
endi,
xotirimni ezar – bu kecha…

Uyga yo’l olaman –
qo’limda hanjar,
endi shu hanjarga nishonaman men.
Hamma do’sti deya bilmasin qancha,
hammaga,
hammaga begonaman men…

Ozurda jonimga tilanib sabr,
qaytar, deb, qoshimga kechirib bir kun.
Endi g’am chekaman satrma-satr,
endi she’r yozaman turkum va turkum…

Faqat, ko’zlaringni unutolmasdan,
oqshomlar ko’zimga yot bo’lar uyqu.
Nima u ingrangan bo’g’zimdan pastda,
ko’ksim zirillatib tepgan nima u?

Esimdan chiqmaydi, o’ksinma, bir pas,
iztirob ekanim, dod ekanligim…
Jonimni oladi, dunyoga emas,
o’zimning o’zingga yot ekanligim…

3
“Men seni umrbod asrayman…” –
aytardim, har qachon sodiq, shay.
Bir so’z derding,
endi eslayman:
“Hay”

Seni o’zim deyardim garchi,
ayrildimmi endi o’zimdan?
Ko’ksim ichra yurak – chilparchin,
siniqlari oqar ko’zimdan.

Yolg’izlandim yolg’iz olamda,
qaytasanmi, anglay bilmadim.
Biroq,
axir tushun hech damda,
Ruhingga hiyonat qilmadim…

Endi baxting bo’lmaydi nadim,
hech kim menga demaydi “hay”ni.
Kechir,
seni asray olmadim,
endi seni Xudo asraydi…

25 iyun, 2020

* * *
Ruh ichra og’riqlar bodrayotganda,
Borayotgan damda vujudim muzlab,
Begunoh yuragim titrayotganda,
Mendan kechmog’ing bor – ichikib, bo’zlab.

Senga kelarkanman,
ko’nglimda – ilinj,
Tunu tongga qarab bir xayol surdim:
Yo, oydin so’zlaring – muhtasham sevinch,
Yo, qaro ko’zlaring – azobning yurti…

So’ngra Xudo dedim, yo’q, xudosizman,
Ko’ksimda tosh qotdi bir iqror: – Sarob!
Sendan, mendan, xullas, tamoman bizdan,
Kechgani rost emas butkul iztirob…

Xotiringda yodim ko’z yorayotir,
G’aming yelkalagan jonimni izlab,
Osiy yuragingda so’nmay havotir,
Menga qaytmog’ing bor – ichikib, bo’zlab…

2020

045

(Tashriflar: umumiy 1 719, bugungi 1)

3 izoh

  1. Rahmat Bobojonning she’rlarini o’qib zavqlanmay, xayolga tolmay iloj yo’q. Shubhasiz, u O’zbekistonning yoshlar adabiyotini yelkalarida ko’tarib turgan shoirlardan.

Izoh qoldiring