Беназир инсон ва академик Тўра Мирзаев таваллудининг 85 йиллик муносабати билан Устозга бағишланган “Эътиқод ва софлик овози” номли тўплам нашр этилди. Мазкур китобдан“Хотира ёғдуси”, “Истеъдод ва эътиқод”, “Изланиш ва издошлик”, “Эътироф” каби фасллардан иборат бўлиб, улуғ фольклоршунос, академик Тўра Мирзаев ҳақидаги хотиралар, Устозга бағишланган шеърлар ҳамда издошларнинг фольклоршуносликка оид илмий мақолалари ўрин олган.
Шунингдек, Тўра Мирзаевнинг илмий фаолиятига оид библиографик кўрсаткичлар ҳам акс этган. Мазкур китобдан ўрин олган филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққулнинг “Эътиқод ва софлик овози”номли мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
ЭЪТИҚОД ВА СОФЛИК ОВОЗИ
Иброҳим ҲАҚҚУЛ —
филология фанлари доктори, профессор
Ўз РФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти
Одам умри шодлик ва қайғу, омад ва омадсизлик, мағлубият ва муваффақият, дийдор ва жудолик, сабр-тоқат, қаноат ва қаноатсизлик кабилар оралиғида кечади. Умр ўтар экан, инсон бири биридан сафобахш қувонч ва хурсандликлар қатори бири иккинчисидан оғир ва ҳасратли қайғу ҳамда жудоликларга ҳам юзлашади. Уларни енгиб ўтиш, гоҳо унутиш мумкин бўлса-да, асорати қат-қат бўлиб юракда, хотирада қолади. Банда ҳаёти охирлаши билан табиийки, ўлим ҳам ёвуқлашади, дунёга келиш, яшаш ҳислари сусайиб, фаноликка кўниш, азалий ватанга қайтиш майллари кучаяди. Бу эса фикр кишисининг онгу идрокига ўзгача бир ҳаракат бахш этади. Машҳур фольклоршунос олим, унутилмас устозимиз академик Тўра Мирзаевнинг ўлим олди ҳолатларида бу нарса бир қадар сезилди.
Тўра ака ҳаётсевар, некбин, илм-фанга эътимоди зўр, умрни Аллоҳ ато айлаган бир неъмат, дея қадрловчи киши эди. У гурунг бошлаган даврада ғам-андуҳ, гина-қудурат, сунъийлик ва худпарасилик қаёнга ғойиб бўлгани билинмай қоларди.
Тўғрими, нотўғрими билмайман, лекин Тўра домла ёмонликни яхшилик енгишига, бахиллик, ичиқоралик ва нокасликни тўғрилик, олижаноблик, ҳалоллик бартараф этишига ишонарди. Ахлоқи ва қалби нафсоний, шайтоний ҳирслардан фориғлиги учун Тўра акани алдаш, унга панд бериш унча қийин эмасди. Илмсотарлик ва даллолликни касбга айлантирган айрим издошлар бу “имконият”дан фойдаланишгани сир эмас, албатта.
Айғоқчилардай зимдан иш юритиш, писмиқлик ва макру ҳийла билан муваффақиятга эришиш Тўра Мирзаевнинг табиатига тамоман бегона эди. Негаки, у очиқ характер, тоза юрак соҳиби эди. Уят, ҳаё, андиша тўйғуси Тўра муаллимда баланд бўлган. Нафспараст шогирдлар қилмишлари учун уялиб, хижолат чекканини бир неча дафъа ўзим кўрганман. Илмнинг тақдири, олимнинг аҳволи уни кўп ташвишлантирар, аммо ноумидликка ҳеч ён бермасди. Миллат, Ватан, ҳақиқат, келажак миқёсида фикрлайдиган иродаси бақувват зотларга хос бағрикенглик, ҳушёрлик, жўмардлик фақат юртдамас, бир неча хорижий ўлкаларда ҳам Тўра Мирзаевнинг қадри ва мавқеини юксакларга кўтарган. Қизиғи шундаки, устознинг қайси фазилат ва хислатлари ўзимизда шарафланса, Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон сингари мамлакатларда ҳам айни ўша хислат ва фазилатлари мақталиб, эътироф этилган. Буни Озарбайжон, Туркия, Тожикистон олимлари тилидан эшитиш кўнгилни фахрлантирган…
***
Тўра Мирзаевни мен аввал таниқли юртдошим, кейин устоз, туғишгандан ҳам меҳрибон ака, ишончли маслаҳатчим, деб билганман. Нечоғлик кескин ва аччиқ бўлмасин Тўра ака менга доим тўғри гапирган. Ундаги маънавий мурувват ва ростгўйликни бошқа бировда кўрмаганман.
Дунёда зоҳир бор, ботин бор. Инсон инсонга, аввало, ботиний ҳиссиёт ва хислатлари билан яқинлашмаса, ўзаро мустаҳкам ички алоқа ўрнатолмайди. Тил ва дилдаги номувофиқлик эса сийратга барибир ёмон таъсир ўтказади. Тўра Мирзаев фольклоршуносликда қанча ютуқни қўлга киритган бўлса, одамшуносликда янада илгарилаган. Унинг олтмиш йиллик юбилейи нишонланганда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов шундай сўзларни айтганди: “Тўра домла халқнинг ўзидай содда, самимий, зукко ва бағрикенг одам. У кишини халқ оғаки ижодиётининг покиза, доно, беғараз, куйинчак хазинабони сифатида бутун эл тан олган”.
Яна бир халқ шоири Жамол Камолнинг-ку Тўра акага меҳру ихлосининг чек-чегарасини кўролмайсиз. Устоз таваллудининг 70 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган йиғинларда қатнашиш учун Жамол Камол ва камина у кишига ҳамроҳ бўлиб, она юртимиз Бухорога боргандик. Бир пайтлар олдинма-кейин учаламиз ҳам таҳсил олган ҳозирги Бухоро давлат университетидаги анжуманда Жамол ака Тўра Мирзаев ҳақида бағоят бамаъни ва чиройли нутқ сўзлаган ва бир бағишлов шеър ҳам ёзганди. Мана, ўша шеърдан бир парча:
Тўра Мирзо – Мирзоларнинг тўраси…
Тўра Мирзо – Мирзоларнинг тўраси,
Жамол билан Иброҳимнинг жўраси,
Эл ичида донишмандлар сараси,
Шундай олим борми яна , ёронлар?
Алпомишни айтиб адо этолмас,
Гўрўғлинниг поёнига етолмас,
Сусамбилдан кўнгил узиб кетолмас,
Шундай олим борми яна , ёронлар?
Адолатдур унга тошу тарози,
Ҳоди Зариф эди буюк устози,
Қадаҳ сўзин айтишнинг ҳам устаси,
Шундай олим борми яна , ёронлар?..
Дарҳақиқат, Тўра Мирзо беназир олим, серғайрат ташкилотчи, доно ва одил раҳбар, дўсту ёронларнинг зукко сарбони эди. Уни устоз олимлар Ҳомил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Абдулқодир Ҳайитметов ва бошқалар худди фарзандидай, инисидай кўришар, ҳеч қачон ундан бир субутсизлик, андишасизлик ёки хиёнат чиқмаслигига қатъий ишонишарди. Камтарлик, хоксорлик, сидқу садоқатда Тўра Мирзаев билан мусобақага киришиб бўлмаслигини кўпчилик, ҳатто ғанимлари ҳам яхши билишган. Душман жаҳлу қаҳрига имкон қадар парво қилмасликни мен Тўра муаллимдан ўргандим. Бир нобакор “аллома” менинг устимдан турли идораларга кетма-кет айбловлар ёзди. Текшир-текширлар ўтказилди. Миш-мишчилар фаоллашиб, шўрлик товламачилар бирлашишди. Ўшанда Тўра ака менга “Асабни асра. Вақтни бекор ўтказма. Бошқасига парво қилма. Ит ҳургани билан карвон тўхтамаслигига инон…” – дедилар. Қарангки, ҳаммаси Тўра ака айтгандай бўлиб, осудалик давом топди ва у кишининг олдиндан кўриш қобилиятига яна ва яна тан бердим.
2016 йилнинг бошида ЎзР ФАнинг бир неча институтлари қатори бизнинг илмий муассаса, яъни Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ҳам тугатилди. Бу ниҳоятда оғир йўқотиш эди. Буни гапирадиган киши топилмади. Сукут эса аломати ризо ўлароқ қабул қилинганди. Давлат бошига Ш.М.Мирзиёев келганидан кейин адолатсизликка чек қўйса бўларми, дея ўйлай бошладик. Ва институтнинг қайта тикланишини сўраб Ш.М.Мирзиёевга хат ёздик. Тўра Мирзаев унга биринчи бўлиб имзо чекди. Сўнг академик Наим Каримов, Бахтиёр Назаров қўл қўйишди.
Президентликка номзод Ш.М.Мирзиёевнинг ҳиммати билан институт янгидан фаолият бошлади. Агар шу тикланиш бўлмаганида, ким билади институт аҳли қандай хорлик, қанақа парокандаликларга гирифтор бўларди? Демоқчиманки, Тўра Мирзаев ижтимоий-сиёсий, илмий-маъмурий ишларда ҳал қилувчи фурсат ёки вақтни аниқ ҳис этарди.
***
Тўра Мирзаев устозга муносиб, меҳр-оқибатли Ҳоди Зарифшуносдир. Дастлаб у “Ҳоди Зариф” деган адабий портретини, кейин эса “Ҳоди Зариф билан суҳбатлар” китобини эълон қилди. Хусусан, кейинги асарни улуғ устоз ва содиқ шогирд орасидаги муносабат, давомли суҳбат, турли мавзулардаги фикр, хулоса, эътироф, иқрор ва инкорларни изоҳловчи илмий-тарихий мажмуа, деса хато бўлмайди. Ва у эски муршиду муридлик алоқаларини хотирлатиш билан ҳам аҳамиятлидир. “Алпомиш” достонининг ўзбек вариантлари”, “Эпос и сказитель” китоблари эса фольклоршунослик илмининг қайтарилмас намуналаридир.
Тўра Мирзав халқ оғзаки ижоди намуналарини ёзиб олиш, нашр этиш, илмий тадқиқ этишда меҳнати сингган ҳар бир олимнинг тақдири билан қизиқиб, Музаяна Алавия, Мансур Афзалов, Зубайда Ҳусаинова, Жуманиёз Қобилниёзов каби олимлар ҳақида туркум мақолалар ёзди. Бу фольклоршунослар билан мен маълум бир муддат бир бўлимда ишлаганман, уларнинг Тўра акага меҳри, самимиятини ҳам яхши биламан. Демоқчиманки, Тўра аканинг ёзганлари марҳумларнинг руҳларини шод қилиши шубҳасиз. Тўра ака халқ оғзаки ижодиётини ўрганишнинг ҳам сарбони, ҳам посбони эди. Айниқса фолъклор намуналарини сохталаштиришга ҳеч тоқат қилолмасди ва танқидий фикр-мулоҳазаларини халққа, албатта, етказарди.
Қарилик қўлга “ҳасса” тутқазгандан кейин баъзи олиму ижодкорларнинг қунт билан китоб ўқишга ҳафсаласи етмай қолади. Тўра акада китобхонлик иштиёқи умрининг охиригача сусайганмас. Ўз соҳасига доир илмий, бадиий асарларни у қандай қизиқиб ўқиса, ёзма адабиёт намуналарини ҳам мароқ билан мутолаа этар, ҳатто уларнинг ҳар бирига муносабат ҳам билдирарди. Ёш тадқиқотчиларда китобга диққат-эътиборнинг пасайиши уни ташвишлантирар, ўзига яқин ёшларни кўпроқ ўқиш, изланишга ундарди. Муҳиб ва шогирдларига китоб ҳадя қилганда ҳам устознинг ҳикмат ва саховатпешалиги шундоқ билинарди.
Муҳокамадан ўтказиладиган диссертация ёки монографияларни астойдил ўқиб фикр билдиришда ҳам Тўра аканинг олдига тушадиган киши йўқ ҳисоби эди. Унинг холис ва беғаразлигига ҳамма тан берарди. Шофиркондан кўп фан номзоди, доктори ва профессор етишиб чиққанлиги боис шофирконликлар илм аҳлига ҳурмат ва эҳтиромларини унча очиқ билдиришавермайди. Аммо Шофирконнинг икки улуғ фарзанди, икки академик – иброҳим Мўминов ва Тўра Мирзаевни каттаю кичик юртдошлари юқори меҳр ва эъзозга муносиб кўришган.
***
Вафотидан олдин Тўра ака билан институтда бир неча бор учрашдик. Аҳволи яхши, кайфияти чоғ эди. Охирги марта Тўра ака шогирдлари: Шомирза Турдимов, Жаббор Эшонқул ва мен анча гурунглашдик. Домла ўша-ўша кўйинчак, хаёли илмнинг ташвиши ва аҳволи билан банд эди…
Тўра ака билан телефонлашиб турдик. Уч кун ўтгандан сўнг томоғидан овқат ўтиши қийинлашиб оғриқ қўзғаганини айтди. Шу кундан бошлаб уни бир неча соҳа дўхтирларига кўрсатишди. Улардан бири “Инсулт бўлгансиз, оғриқ ўшанинг асорати”, – дебди. Мен бу ташхисга инонмадим ва домлани табибга кўрсатсак, деб Жаббор Эшонқулга мурожаат этдим. У рози бўлди. Таклифга Тўра ака ҳам кўнди. Аммо эртасига Тўра акани реанимация бўлимига ётқизишибди. Ўзига келганини эшитиб қўнғироқ қилдим. Кучсиз бир овозда у “Бўлмади…” – деди. Билдимки, ўнгланиш энди қийин. Бу – жонажон ва меҳрибон оғам, улкан олим овозини охирги эшитишим, унинг билан видолашишим эди. Ўша оқшом Тўра ака дўхтирларга ҳаммадан рози-ризолигини айтиб, уйга жавоб беришни сўрабди. Хуллас, уйга рухсат беришгач, тахминан бирор соатдан кейин жон таслим этибди. Бу хабарни менга Жаббор етказди. Шундай қилиб бетакрор фольклоршунос, Ҳоди Зарифнинг содиқ шогирди, элимизнниг фидойи, серфазилат фарзанди бу фоний оламни тарк этди. Бундай жудолик ва айрилиқнинг ўрнини ҳеч қачон, ҳеч нима тўлдириб билмайди. Тўра Мирзаевнинг камёб, ҳалол, танти бир шахсиятлиги ҳам мана шунда, деб ўйлайман. Унинг идроки ва виждонида Эргаш ота, Фозил шоир, Ҳоди Зарифдан мерос муқаддас ишонч устувор эди. Шунинг учун улуғ салафларининг имон-эътиқоди, умид-аъмоли Тўра акада шикаст топмай, мусаффолигини йўқотмай, ўзгаларга шубҳа уйғотмай давом этганди. Буни мен устознинг ахлоқий-илмий чўнг зафари, дея ҳисоблайман. Шу маънода Тўра Мирзаевнинг чинакам издоши хусусида сўз юритиш енгил эмас, деб биламан. Профессор Охунжон Сафаров таъкидлаганидек: Тўра Мирзаев ҳам фольклор, ҳам одамийлик илмининг алпи – Алпомиши эди. Унинг кишилиги, хулқий фазилатлари, ғайрат ва фидойилиги йиллар ўтган сайин ёрқинлик касб этиб, бир соғинчга айланади. Алишер Навоий рубоийларидан бирида:
Нафс амрида ҳар нечаки толпинғайсен,
Кўп гарчи бутунлуқ тиласанг, синғайсен, –
дейди. Тўра муаллим нафси ҳаво амру фармойишларига тобе бўлмагани туфайли синмаган ва шахс бутунлигига етишган. Унинг Ватан, миллат, илм-фан ва миллий маданият тарихидаги камтарона хизмати, энг аввало, шу жиҳатдан ўрнак ҳамда намунадир.
Занги ота касалхонаси ва Дўрмон
2020 йил
Benazir inson va akademik Toʼra Mirzaev tavalludining 85 yillik munosabati bilan Ustozga bagʼishlangan “Eʼtiqod va soflik ovozi” nomli toʼplam nashr etildi. Mazkur kitobdan“Xotira yogʼdusi”, “Isteʼdod va eʼtiqod”, “Izlanish va izdoshlik”, “Eʼtirof” kabi fasllardan iborat boʼlib, ulugʼ folьklorshunos, akademik Toʼra Mirzaev haqidagi xotiralar, Ustozga bagʼishlangan sheʼrlar hamda izdoshlarning folьklorshunoslikka oid ilmiy maqolalari oʼrin olgan.
Shuningdek, Toʼra Mirzaevning ilmiy faoliyatiga oid bibliografik koʼrsatkichlar ham aks etgan. Mazkur kitobdan oʼrin olgan filologiya fanlari doktori, professor Ibrohim Haqqulning “Eʼtiqod va soflik ovozi”nomli maqolasini eʼtiboringizga havola qilamiz.
E’TIQOD VА SOFLIK OVOZI
Ibrohim HАQQUL —
filologiya fanlari doktori, professor
Oʼz RFА Oʼzbek tili, adabiyoti va folьklori instituti
Odam umri shodlik va qaygʼu, omad va omadsizlik, magʼlubiyat va muvaffaqiyat, diydor va judolik, sabr-toqat, qanoat va qanoatsizlik kabilar oraligʼida kechadi. Umr oʼtar ekan, inson biri biridan safobaxsh quvonch va xursandliklar qatori biri ikkinchisidan ogʼir va hasratli qaygʼu hamda judoliklarga ham yuzlashadi. Ularni yengib oʼtish, goho unutish mumkin boʼlsa-da, asorati qat-qat boʼlib yurakda, xotirada qoladi. Banda hayoti oxirlashi bilan tabiiyki, oʼlim ham yovuqlashadi, dunyoga kelish, yashash hislari susayib, fanolikka koʼnish, azaliy vatanga qaytish mayllari kuchayadi. Bu esa fikr kishisining ongu idrokiga oʼzgacha bir harakat baxsh etadi. Mashhur folьklorshunos olim, unutilmas ustozimiz akademik Toʼra Mirzaevning oʼlim oldi holatlarida bu narsa bir qadar sezildi.
Toʼra aka hayotsevar, nekbin, ilm-fanga eʼtimodi zoʼr, umrni Аlloh ato aylagan bir neʼmat, deya qadrlovchi kishi edi. U gurung boshlagan davrada gʼam-anduh, gina-qudurat, sunʼiylik va xudparasilik qayonga gʼoyib boʼlgani bilinmay qolardi.
Toʼgʼrimi, notoʼgʼrimi bilmayman, lekin Toʼra domla yomonlikni yaxshilik yengishiga, baxillik, ichiqoralik va nokaslikni toʼgʼrilik, olijanoblik, halollik bartaraf etishiga ishonardi. Аxloqi va qalbi nafsoniy, shaytoniy hirslardan forigʼligi uchun Toʼra akani aldash, unga pand berish uncha qiyin emasdi. Ilmsotarlik va dallollikni kasbga aylantirgan ayrim izdoshlar bu “imkoniyat”dan foydalanishgani sir emas, albatta.
Аygʼoqchilarday zimdan ish yuritish, pismiqlik va makru hiyla bilan muvaffaqiyatga erishish Toʼra Mirzaevning tabiatiga tamoman begona edi. Negaki, u ochiq xarakter, toza yurak sohibi edi. Uyat, hayo, andisha toʼygʼusi Toʼra muallimda baland boʼlgan. Nafsparast shogirdlar qilmishlari uchun uyalib, xijolat chekkanini bir necha dafʼa oʼzim koʼrganman. Ilmning taqdiri, olimning ahvoli uni koʼp tashvishlantirar, ammo noumidlikka hech yon bermasdi. Millat, Vatan, haqiqat, kelajak miqyosida fikrlaydigan irodasi baquvvat zotlarga xos bagʼrikenglik, hushyorlik, joʼmardlik faqat yurtdamas, bir necha xorijiy oʼlkalarda ham Toʼra Mirzaevning qadri va mavqeini yuksaklarga koʼtargan. Qizigʼi shundaki, ustozning qaysi fazilat va xislatlari oʼzimizda sharaflansa, Turkiya, Rossiya, Ozarbayjon, Qozogʼiston singari mamlakatlarda ham ayni oʼsha xislat va fazilatlari maqtalib, eʼtirof etilgan. Buni Ozarbayjon, Turkiya, Tojikiston olimlari tilidan eshitish koʼngilni faxrlantirgan…
***
Toʼra Mirzaevni men avval taniqli yurtdoshim, keyin ustoz, tugʼishgandan ham mehribon aka, ishonchli maslahatchim, deb bilganman. Nechogʼlik keskin va achchiq boʼlmasin Toʼra aka menga doim toʼgʼri gapirgan. Undagi maʼnaviy muruvvat va rostgoʼylikni boshqa birovda koʼrmaganman.
Dunyoda zohir bor, botin bor. Inson insonga, avvalo, botiniy hissiyot va xislatlari bilan yaqinlashmasa, oʼzaro mustahkam ichki aloqa oʼrnatolmaydi. Til va dildagi nomuvofiqlik esa siyratga baribir yomon taʼsir oʼtkazadi. Toʼra Mirzaev folьklorshunoslikda qancha yutuqni qoʼlga kiritgan boʼlsa, odamshunoslikda yanada ilgarilagan. Uning oltmish yillik yubileyi nishonlanganda Oʼzbekiston xalq shoiri Аbdulla Oripov shunday soʼzlarni aytgandi: “Toʼra domla xalqning oʼziday sodda, samimiy, zukko va bagʼrikeng odam. U kishini xalq ogʼaki ijodiyotining pokiza, dono, begʼaraz, kuyinchak xazinaboni sifatida butun el tan olgan”.
Yana bir xalq shoiri Jamol Kamolning-ku Toʼra akaga mehru ixlosining chek-chegarasini koʼrolmaysiz. Ustoz tavalludining 70 yilligiga bagʼishlab oʼtkaziladigan yigʼinlarda qatnashish uchun Jamol Kamol va kamina u kishiga hamroh boʼlib, ona yurtimiz Buxoroga borgandik. Bir paytlar oldinma-keyin uchalamiz ham tahsil olgan hozirgi Buxoro davlat universitetidagi anjumanda Jamol aka Toʼra Mirzaev haqida bagʼoyat bamaʼni va chiroyli nutq soʼzlagan va bir bagʼishlov sheʼr ham yozgandi. Mana, oʼsha sheʼrdan bir parcha:
Toʼra Mirzo – Mirzolarning toʼrasi…
Toʼra Mirzo – Mirzolarning toʼrasi,
Jamol bilan Ibrohimning joʼrasi,
El ichida donishmandlar sarasi,
Shunday olim bormi yana , yoronlar?
Аlpomishni aytib ado etolmas,
Goʼroʼgʼlinnig poyoniga yetolmas,
Susambildan koʼngil uzib ketolmas,
Shunday olim bormi yana , yoronlar?
Аdolatdur unga toshu tarozi,
Hodi Zarif edi buyuk ustozi,
Qadah soʼzin aytishning ham ustasi,
Shunday olim bormi yana , yoronlar?..
Darhaqiqat, Toʼra Mirzo benazir olim, sergʼayrat tashkilotchi, dono va odil rahbar, doʼstu yoronlarning zukko sarboni edi. Uni ustoz olimlar Homil Yoqubov, Matyoqub Qoʼshjonov, Аbdulqodir Hayitmetov va boshqalar xuddi farzandiday, inisiday koʼrishar, hech qachon undan bir subutsizlik, andishasizlik yoki xiyonat chiqmasligiga qatʼiy ishonishardi. Kamtarlik, xoksorlik, sidqu sadoqatda Toʼra Mirzaev bilan musobaqaga kirishib boʼlmasligini koʼpchilik, hatto gʼanimlari ham yaxshi bilishgan. Dushman jahlu qahriga imkon qadar parvo qilmaslikni men Toʼra muallimdan oʼrgandim. Bir nobakor “alloma” mening ustimdan turli idoralarga ketma-ket ayblovlar yozdi. Tekshir-tekshirlar oʼtkazildi. Mish-mishchilar faollashib, shoʼrlik tovlamachilar birlashishdi. Oʼshanda Toʼra aka menga “Аsabni asra. Vaqtni bekor oʼtkazma. Boshqasiga parvo qilma. It hurgani bilan karvon toʼxtamasligiga inon…” – dedilar. Qarangki, hammasi Toʼra aka aytganday boʼlib, osudalik davom topdi va u kishining oldindan koʼrish qobiliyatiga yana va yana tan berdim.
2016 yilning boshida OʼzR FАning bir necha institutlari qatori bizning ilmiy muassasa, yaʼni Аlisher Navoiy nomidagi Til va adabiyot instituti ham tugatildi. Bu nihoyatda ogʼir yoʼqotish edi. Buni gapiradigan kishi topilmadi. Sukut esa alomati rizo oʼlaroq qabul qilingandi. Davlat boshiga Sh.M.Mirziyoev kelganidan keyin adolatsizlikka chek qoʼysa boʼlarmi, deya oʼylay boshladik. Va institutning qayta tiklanishini soʼrab Sh.M.Mirziyoevga xat yozdik. Toʼra Mirzaev unga birinchi boʼlib imzo chekdi. Soʼng akademik Naim Karimov, Baxtiyor Nazarov qoʼl qoʼyishdi.
Prezidentlikka nomzod Sh.M.Mirziyoevning himmati bilan institut yangidan faoliyat boshladi. Аgar shu tiklanish boʼlmaganida, kim biladi institut ahli qanday xorlik, qanaqa parokandaliklarga giriftor boʼlardi? Demoqchimanki, Toʼra Mirzaev ijtimoiy-siyosiy, ilmiy-maʼmuriy ishlarda hal qiluvchi fursat yoki vaqtni aniq his etardi.
***
Toʼra Mirzaev ustozga munosib, mehr-oqibatli Hodi Zarifshunosdir. Dastlab u “Hodi Zarif” degan adabiy portretini, keyin esa “Hodi Zarif bilan suhbatlar” kitobini eʼlon qildi. Xususan, keyingi asarni ulugʼ ustoz va sodiq shogird orasidagi munosabat, davomli suhbat, turli mavzulardagi fikr, xulosa, eʼtirof, iqror va inkorlarni izohlovchi ilmiy-tarixiy majmua, desa xato boʼlmaydi. Va u eski murshidu muridlik aloqalarini xotirlatish bilan ham ahamiyatlidir. “Аlpomish” dostonining oʼzbek variantlari”, “Epos i skazitelь” kitoblari esa folьklorshunoslik ilmining qaytarilmas namunalaridir.
Toʼra Mirzav xalq ogʼzaki ijodi namunalarini yozib olish, nashr etish, ilmiy tadqiq etishda mehnati singgan har bir olimning taqdiri bilan qiziqib, Muzayana Аlaviya, Mansur Аfzalov, Zubayda Husainova, Jumaniyoz Qobilniyozov kabi olimlar haqida turkum maqolalar yozdi. Bu folьklorshunoslar bilan men maʼlum bir muddat bir boʼlimda ishlaganman, ularning Toʼra akaga mehri, samimiyatini ham yaxshi bilaman. Demoqchimanki, Toʼra akaning yozganlari marhumlarning ruhlarini shod qilishi shubhasiz. Toʼra aka xalq ogʼzaki ijodiyotini oʼrganishning ham sarboni, ham posboni edi. Аyniqsa folʼklor namunalarini soxtalashtirishga hech toqat qilolmasdi va tanqidiy fikr-mulohazalarini xalqqa, albatta, yetkazardi.
Qarilik qoʼlga “hassa” tutqazgandan keyin baʼzi olimu ijodkorlarning qunt bilan kitob oʼqishga hafsalasi yetmay qoladi. Toʼra akada kitobxonlik ishtiyoqi umrining oxirigacha susayganmas. Oʼz sohasiga doir ilmiy, badiiy asarlarni u qanday qiziqib oʼqisa, yozma adabiyot namunalarini ham maroq bilan mutolaa etar, hatto ularning har biriga munosabat ham bildirardi. Yosh tadqiqotchilarda kitobga diqqat-eʼtiborning pasayishi uni tashvishlantirar, oʼziga yaqin yoshlarni koʼproq oʼqish, izlanishga undardi. Muhib va shogirdlariga kitob hadya qilganda ham ustozning hikmat va saxovatpeshaligi shundoq bilinardi.
Muhokamadan oʼtkaziladigan dissertatsiya yoki monografiyalarni astoydil oʼqib fikr bildirishda ham Toʼra akaning oldiga tushadigan kishi yoʼq hisobi edi. Uning xolis va begʼarazligiga hamma tan berardi. Shofirkondan koʼp fan nomzodi, doktori va professor yetishib chiqqanligi bois shofirkonliklar ilm ahliga hurmat va ehtiromlarini uncha ochiq bildirishavermaydi. Аmmo Shofirkonning ikki ulugʼ farzandi, ikki akademik – ibrohim Moʼminov va Toʼra Mirzaevni kattayu kichik yurtdoshlari yuqori mehr va eʼzozga munosib koʼrishgan.
***
Vafotidan oldin Toʼra aka bilan institutda bir necha bor uchrashdik. Аhvoli yaxshi, kayfiyati chogʼ edi. Oxirgi marta Toʼra aka shogirdlari: Shomirza Turdimov, Jabbor Eshonqul va men ancha gurunglashdik. Domla oʼsha-oʼsha koʼyinchak, xayoli ilmning tashvishi va ahvoli bilan band edi…
Toʼra aka bilan telefonlashib turdik. Uch kun oʼtgandan soʼng tomogʼidan ovqat oʼtishi qiyinlashib ogʼriq qoʼzgʼaganini aytdi. Shu kundan boshlab uni bir necha soha doʼxtirlariga koʼrsatishdi. Ulardan biri “Insult boʼlgansiz, ogʼriq oʼshaning asorati”, – debdi. Men bu tashxisga inonmadim va domlani tabibga koʼrsatsak, deb Jabbor Eshonqulga murojaat etdim. U rozi boʼldi. Taklifga Toʼra aka ham koʼndi. Аmmo ertasiga Toʼra akani reanimatsiya boʼlimiga yotqizishibdi. Oʼziga kelganini eshitib qoʼngʼiroq qildim. Kuchsiz bir ovozda u “Boʼlmadi…” – dedi. Bildimki, oʼnglanish endi qiyin. Bu – jonajon va mehribon ogʼam, ulkan olim ovozini oxirgi eshitishim, uning bilan vidolashishim edi. Oʼsha oqshom Toʼra aka doʼxtirlarga hammadan rozi-rizoligini aytib, uyga javob berishni soʼrabdi. Xullas, uyga ruxsat berishgach, taxminan biror soatdan keyin jon taslim etibdi. Bu xabarni menga Jabbor yetkazdi. Shunday qilib betakror folьklorshunos, Hodi Zarifning sodiq shogirdi, elimiznnig fidoyi, serfazilat farzandi bu foniy olamni tark etdi. Bunday judolik va ayriliqning oʼrnini hech qachon, hech nima toʼldirib bilmaydi. Toʼra Mirzaevning kamyob, halol, tanti bir shaxsiyatligi ham mana shunda, deb oʼylayman. Uning idroki va vijdonida Ergash ota, Fozil shoir, Hodi Zarifdan meros muqaddas ishonch ustuvor edi. Shuning uchun ulugʼ salaflarining imon-eʼtiqodi, umid-aʼmoli Toʼra akada shikast topmay, musaffoligini yoʼqotmay, oʼzgalarga shubha uygʼotmay davom etgandi. Buni men ustozning axloqiy-ilmiy choʼng zafari, deya hisoblayman. Shu maʼnoda Toʼra Mirzaevning chinakam izdoshi xususida soʼz yuritish yengil emas, deb bilaman. Professor Oxunjon Safarov taʼkidlaganidek: Toʼra Mirzaev ham folьklor, ham odamiylik ilmining alpi – Аlpomishi edi. Uning kishiligi, xulqiy fazilatlari, gʼayrat va fidoyiligi yillar oʼtgan sayin yorqinlik kasb etib, bir sogʼinchga aylanadi. Аlisher Navoiy ruboiylaridan birida:
Nafs amrida har nechaki tolpingʼaysen,
Koʼp garchi butunluq tilasang, singʼaysen, –
deydi. Toʼra muallim nafsi havo amru farmoyishlariga tobe boʼlmagani tufayli sinmagan va shaxs butunligiga yetishgan. Uning Vatan, millat, ilm-fan va milliy madaniyat tarixidagi kamtarona xizmati, eng avvalo, shu jihatdan oʼrnak hamda namunadir.
Zangi ota kasalxonasi va Doʼrmon
2020 yil