Кутубхонамизнинг муштарийлари бундан олдин ҳам Нурмуҳаммад Азиз шеърлари билан танишган эдилар. Бугунги саҳифамизда шоирнинг янги машқларини тақдим этмоқдамиз.
Нурмуҳаммад АЗИЗ
ШЕЪРЛАР
Нурмуҳаммад Азиз 1990 йил 18 сентябрда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида туғилган. 2011-2017 йилларда Андижон давлат университетида таҳсил олган. Ҳозирда ушбу олийгоҳда “Ўзбек адабиёти” мутахассислиги бўйича таянч докторант.
ЧЎЛПОН
Чиркин кечаларда
ҳамият – ҳалол
Қора сояларнинг чўкса пойига.
Кураш бу,
байроқдор бўлмоқ, аввало,
Шоирга ярашар,
фақат шоирга.
O, Темур ўлкаси Туронзаминда,
Заволга юз тутар кишанланган руҳ.
Ҳиддатин босолмай, боқса ғанимга.
Ҳар митти жилғанинг исёни қутлуғ.
Умидим –
уйғонса бу ноз уйқудан,
Бу мудроқ кўзларда чақнаса олов.
Ҳар шеъри шер бўлиб, бўғиздан тутар,
Жангчи шоирларга муҳтожман холос.
Умидим –
шоирми юраги ёнсин,
Мудом пири бўлсин Яссавий, Кубро…
Зулмнинг қошида қолиб забонсиз,
Шоирман деганни кечирма тупроқ.
УСМОН НОСИР
Эрк – қўшиқ, куйласанг булбул мисоли,
Панадан чоҳ қазир хасадгўй қарға.
Букилган тиззалар ёниқ исённи,
Қорли ўлкаларга қилар бадарға.
Алам-о, иймоннинг қазосидир бу.
Юракда булутдай сузар зулумот,
Изғирин шамоллар измида қутқу.
Жирканиб ёзсам-да, ёзилмас хумор,
Ай, руҳи фаришта, вужуди тутқун,
Қай маддоҳ оғангнинг қасосидир бу.
Донг қотиб ухласа хеш-ақраболар,
Уйқусин бузарми гулдирак бўлмоқ?!
Сўз билан яралаб, сўз-ла даволаб,
Қон ютиб яшамоқ, қон қусиб ўлмоқ –
Эрта Уйғонганнинг жазосидир бу.
1937 ЙИЛ ШЕЪРИ
Суяк суриб келган оловранг ҳисни
Юракда яловдай тутмоқ шарафли.
Саройдан қувилган шоирдай мискин,
Саройдан қувилган шоирдай бахтли –
Ўлмаган Қурбонлар Қаҳрамонимсиз!
Зоҳирни забт этар сиёсат – шамол,
Шамолнинг измида тентирар аркон.
Деворнинг қулоғи қўрқитар замон,
Қасдма-қасд, забонли ДЕВОРлар даркор.
Ўлмаган Қурбонлар Қаҳрамонимсиз!
Дарвоқе, ҳар каснинг диди бўлакдир,
Кимга «Уч оғайни ботир» қаҳрамон.
Ким учун оқимга қўшилмоқ – тақдир,
Кимга қиёфасиз шотир қаҳрамон.
Ўлмаган Қурбонлар Қаҳрамонимсиз!
Сиз мозий бағридан сув ичган оғоч,
Болталар чикора, қадди қоимсиз…
Ўлсангиз миллатга тож бўласиз, тож,
Унгача чидайсиз, ахир «хоин»сиз.
Ўлмаган Қурбонлар Қаҳрамонимсиз!
***
Қайрағочни қулатган қуртдай
Ғайратимни кемирар қоғоз.
Ахир тугаб бормоқда муддат,
Мен улгурмоқ истайман холос.
Инграб ётар ичимда йўлбарс,
Исёнини бурда-бурдалаб.
Орзуларим шаҳиддай ўлмас,
Ўлдиради мaйда-чуйдалар.
Ниқобида виқорли борлиқ
Сохта алқов ортидан чопар.
Етти иқлим оралаб оғриқ
Ори баланд шоирни топар.
Алдов!
Алдов!!
Бўғиламан мен,
Рост сўз учун қаддим ростласам.
Атрофимда томир ёзар ке-е-енг,
Ёлғон қарсак ва ёлғон қасам…
Ёлғиз сенинг кулгуларинг чин,
Кўзимнинг нур – шуъласи болам.
Кел, ўйнаймиз, от бўламан, мин,
Елкамдан тоғ қуласин, болам!
***
Шаррос-шаррос ёмғирда уйиб,
Тун фаромуш боқар дарчадан.
Хаёлимда айланар қуюн –
Шеър бўлмаган тарқоқ парчалар.
Ботинимда бир таниш соя,
Бармоқ нуқар – таъқиқу танбеҳ.
Мени кимдан қилар ҳимоя,
«Ундай ёзма, бундай ёзма», эҳ-ҳ-ҳ.
О, бу кураш…
Ҳаёт ва Ўлим,
Парчаланар қай кун иродам.
Илҳоми ғайб халоскор бўлиб,
Руҳим чиқиб кетар жиловдан…
Тонг васфига ташбеҳлар териб,
Ҳалол куйлаб ўтмоққа шайман.
Сен ўлимни енгиб бер, шеърим,
Ҳаётни мен бир амаллайман.
***
Укам Аҳад Муҳаммадга
Беомон кезарди юракда
Заъфарон ғуссалар сурони.
Ногaҳон нораста гўдакдай
Чинқириб уйғонди имоним.
Пойингга чўкдиму, юксалдим!
Сочимда оқ тола – қўрқмадим,
Сочимда оқ тола – табаррук.
Пажмурда ҳолимда йўқладинг,
Бу васл, бу вола табаррук.
Пойингга чўкдиму, юксалдим!
Тумандай тўзғиди шум риё.
Руҳимда субҳидам насими,
«Ол қулим» деганинг шуми ё?
Мен – зилол ҳисларнинг асири.
Пойингга чўкдиму, юксалдим!
Сарбасар сеҳрлар саловат,
Залолат завол Зулжалолим.
Бўйим-да булутга баробар,
Булоқдай бокира хаёлим.
Пойингга чўкдиму, юксалдим!
Пойингга чўкдиму, юксалдим!!!
ШЕЪРИЯТ
Дор тикса ҳам бахтиқаро Балх,
Теваракни ютса ҳам жимлик.
Рост калима сўзламоқ шараф,
Кўзига тик боқиб ўлимнинг.
Ўлим нима?
Сен ундан зиёд
изтиробсан, ташбеҳ чикора.
Асир олган, кавсардай зилол
бола қалбим қошига чорлаб…
«Телбаликни қўй», – деди отам,
Йўлга чиқдим ваъдалар билан.
Мен осмонни кўзлаган одам,
Ўйнамадим майдалар билан.
Ёр келмаса руҳимда сукун,
Сўз келмаса қўпди қиёмат.
Наъра тортдим: «Енголмайсан тун,
Мен Пайғамбар сочган зиёман».
Хаёлим нур, аъмолим-да нур,
Чин Ишқ билан сийлаган Сарбон.
Оҳлар – қанот, ҳузн ҳам ҳузур,
Умр – фано, абаддир парвоз.
То қоғозда сиёҳ эмас, қон,
То кўзларда товланар шабнам.
Такрор-такрор туғилар, ишон,
Шоҳ Машраблар, дарвеш Машраблар.
***
Боболар меросин кўз қаросидай
асрамоқ бурчимиз ҳаққи рост, бироқ
қисматнинг хунолуд можаросида
сенга афсона деб қарадик, Широқ.
Кейин қўлёзмалар ёнди гуриллаб,
Китоблар – оромий, арабий, туркий.
Жаҳолат комида қолмай шуурлар,
Меросхўр муҳиблар чиқди, шукрки!
Мудраган заминга тушгач намозшом,
Юракка етмади жадид фарёди.
Қайси бурчакларда қилдик томоша,
Қайси бурчакларга қочдик, аждодим.
Бугун мен ўзимни тополмай ҳайрон,
Юз йил юрсам ҳамки, йўл босмагандай.
Авлоддан авлодга ўтиб, вовайло,
Қўрқув ҳам меросми қўлёзмалардай?!
МАНЗАРА
Юзига сув урмасидан тонг
Шошиб қолар теварак – карахт.
Зайнаб бўлиб тентирар тўзон,
Қарс синади белидан дарахт.
Парвоз қилар омонат томнинг
Парчалари ярадор қушдай.
Шудгордаги қари жилоннинг
Шохларини сидириб тушгай.
Ҳадик босар ойна ортини,
Кўча бўм-бўш, дарвозалар қулф,
Деворга бош уриб, отилиб
Ер-у кўкни ютар оғир уҳ-ҳ-ҳ-ҳ…
Пайҳон бўлар зумда ҳамма ёқ,
Шамол, сабр косанг тўлдими?
Ўкиригинг бунча аламнок,
Ё сенинг ҳам бобонг ўлдими?
ИЖТИМОИЙ ШЕЪР
— “Севаман”.
Лабингдан титроқ кўчадир,
— “Севаман”.
Ийманар қуралай кўзли.
— “Севаман”.
Сиғмайсан кўчага,
— “Севаман”.
Сийқаси чиқади сўзнинг.
Сийқаси чиққан сўз шеърга ёпишмас,
Ёпишса-да, етмас юракка.
Шоирми, тўрами сайлаб сўз айтмоқ,
Аёлнинг нозидай ёқимли,
Аёлнинг кўнглига йўлдай мураккаб.
Ишонтирмоқ бўлиб муҳаббатингга,
Ваъдалар берасан, руҳ – қарам…
Сийқаси чиққан сўз урар бадимга,
Бўлса-да ҳаттоки “Муҳтарам…”.
РАССОМ
Олам-олам ёғду – муҳташам,
Сен таxайюл измида буткул.
Сариқ чақа ҳаёту ҳашам,
Шивирлайсан: «Рўйи замин гул».
«Кўклам ҳам гул, хазонрезги ҳам,
Қувончу мунг – нозик сезги ҳам,
Лабларингга солганим нақш – гул,
О, минг умрим бир сенга бахш, гул.
Ҳув даштларнинг армонлари – гул,
Кўкда қушлар карвонлари – гул,
Тошлар-да гул, кўз ёшлар-да гул,
Кўз ёшдаги қуёшлар-да гул,
Пахса уйнинг ёриқлари – гул,
Дарднинг яшил, сориғлари – гул,
Гулдиракнинг аччиқ ноласи,
Булутларнинг оғриқлари – гул»…
Сўнг таxайюл измидан чиқсанг,
Гулзорда айш қилса тўнкалар.
Ва тун бўйи ўкиниб чиқса,
Юрагингга ботган мўйқалам.
Ҳеч кўнмасанг,
қочсанг,
югурсанг,
Даҳшат!
Нисбат топмадим ўзга.
Гул чизишга келганда фурсат,
Сени ютиб юборса РЎЗҒОР.
ҲАЯЖОНДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР
Феруза Хайруллаева ва Гулхаё Анорованинг “Дуэль” лойиҳасидаги чиқишидан сўнг
- (ШОИР)
Қор!
Кипригу кафтингга иниб,
Самоъ тушар қаландар каби.
Зардоблардан зада заминни
Оппоқ шеърга кўмар декабрь.
О, лайлакқор…
Кузатасан жим,
Улуғвор руҳ кезар ичингда.
Шоҳсан, байзо борлиқни қучиб,
Шоирона лутф эмас, чиндан.
Сен қорларда ювилмас гардни
поклагувчи зулфиқор додсан.
Аммо умринг бекор, миллатни
Исрофилнинг сури уйғотса.
2. (ЭЪТИРОФ)
Мен ўзимга сиғмайман ҳозир,
Жон талашган қушдай потирлаб.
Сеҳрлаган инжа қиёсу,
Ҳимолайдай баланд сатрлар –
гул ёпинган илоҳий сирми
ва ё маъсум, масиҳ ишқми бу?
Воҳ, Анжонлик чала шоирни
Самарқандча ёндиришми бу?!
Бир мен десам, ифода тордай,
Титроқ босиб даллию меров
Селда қолган пахса девордай
Оқиб тушган юраклар сероб.
Ишонаман, кўзларим ёниб,
То тирикдир ҳайрату ҳислар
Ойдин шеърлар билан дунёни
Уйғотади мастура қизлар.
***
Бир қувонч истарман,
қайғули шеърда,
Гўдак кулгусидай покиза, тотли.
Баландлаб иғволар урчиган ердан,
Қушнинг парвозидир аслида шодлик.
Тунларнинг ортида тонг бор – дилафрўз,
Шамолу шовқинга қилмасдан парво,
Олам ҳам, нолам ҳам, қанотим ҳам сўз,
Қийқириб, қийқириб қиламан парвоз.
Гирдимда саволлар – «не учун», «нега»?
Тақдирин бўралар бир сулув аёл.
Менинг шоирлигим бўғзига келган,
Менинг қушлигимни билмас, бу аёл…
Мен эса
заминнинг зоридан баланд,
Байтма байт нурланар шеъру қасидам.
Энди тонг васлига улгурмоғим шарт,
Ё аёл, ё хаёл ўлдирмасидан.
***
Бир хаёл – сабуҳий осмондай порлоқ,
Бир хаёл – бузилган ўлкадай қора.
Мозий сабоқларин унутиб, ё Раб,
Халойиқ томоша ортидан борар.
Йўлма йўл кенгаяр сафлар, водариғ!
Бир савол – минг йилки тилим учида,
Бир савол – бермоққа жасорат даркор.
Юргани юрак йўқ,
ахир кўчада –
Бир нигоҳ – енгилтак ҳисларга макон,
Бир нигоҳ – тубида нафрат, водариғ!
Бир қўшиқ – асрлик изтироб ётар,
Бир қўшиқ – ҳавойи кўнгилга эрмак.
Бир одам – бир эмас, қатору қатор,
Гадога бир танга берар ё бермас,
Минг танга деворга сарфлар, водариғ!
Бир китоб – ичида подшо бор, нур йўқ,
Бир китоб – ичида подшо йўқ, нур бор.
Бир шоир – жонига хавф бор, ҳузур йўқ,
Бир шоир – замона зайлига қурбон.
Миллатни ўлдирар ғафлат, водариғ!
СЎЗ СОҒИНЧИ
Осмон олазарак, булутлар ҳорғин,
Симёғоч, дарахтлар, майсалар, қушлар.
Хаёлим шамолдай учади – олғир,
Аммо сўз тополмас, хушифор, хуштаъб.
Ойнани ёпаман – кўча кўримсиз,
Уйимни титкилаб, излайман – бекор.
Хонадан хонага ўтиб ўринсиз,
Ўйлайман, ичимда телба, касал бор.
Кирмошин, чангютгич, алламбалолар,
Музлатгични очсам, гўшт бор, асал бор,
Фақатгина сўз йўқ, беғараз, кинсиз.
Бошимга шифт қулаб кетгудай ҳозир,
Ноилож, сўз излаб ишга кетаман.
Наҳот, тинган бўлса, туркий овозим,
Ёзни яшамайман.
Кузни яшамайман.
Қишга кетаман.
Ёнимдан ўтади қизлар – париваш,
Кўзларида сўз йўқ, лаби, кулгичи,
сочларида сўз йўқ, ғаш тортаман, ғаш,
Ё, ўлим яқинми, шувиллар ичим?!
Наҳот сўз қолмаган, умидбаҳш.
Мана, таниш даргоҳ, чопаман шитоб,
Жавон тўла қоғоз,
жавон тўла китоб.
Вовайло,
минг-минглаб ҳарф бор, биродар,
Эзгулик юртига сафар йўқ – сўз йўқ.
Кўксимда вулқондай зарб бор, биродар,
Асов исёнимга барҳам йўқ – сўз йўқ.
Бундай яшашдан не наф бор, биродар,
Қара, ўкинчимда сарҳад йўқ – сўз йўқ.
Манам шоирманми, афғон биродар?!
Юрагинг қонталаш, малҳам йўқ – сўз йўқ.
Наҳот, тинган бўлса, туркий овозим!
***
Фасллар турланар –
айланар фалак,
Тор келар баҳорда кийган кўйлаги,
Болам ўсган сари димоғим баланд,
Болам ўсган сари ўсар ўйларим.
Умримдан кўчади хут, паризод, далв,
Бир чимдим
қоғозга кўчар қувончим.
Болам ўсган сари яшилланар қалб,
Болам ўсган сари оқарар сочим…
Ташқари бир олам – Яъқубдай маҳзун,
Қаршимда бир олам – Юсуфдай гўзал.
Воҳ! Унинг бўйлари ўсар кундан кун,
Ё Фалак, басма-бас қўрқувим ўсар.
***
Бола уйғоқ,
Бола бешафқат,
Шоир-ку деб қилмас юзхотир.
Кўзидаги бир томчи нафрат,
Сени яксон қилмоққа қодир.
Буюкликка гаров бўлолмас
Муваққат шон,
орзу қилма ҳеч.
Қаламингдан тўкилур олмос
Тилингдаги зар боғични еч.
Шунда офтоб бўлиб кулгичи,
Юзига қон юрар боланинг.
Ҳур нафасга тўлади ичинг,
Қайтган каби ҳуррам болалик.
Фақат уйғон!
Кураш – бу дунё,
Ишон, бола ҳамиша ғолиб.
Сени босиб янчиб ташлар ё,
Ё юксалар сендан куч олиб.
Бола уйғоқ!!!
ИЗОҲ
Соғинч – (тунга сиғмаса оҳинг),
Йиғлаб олмоқ, тўкили-и-иб олмоқ.
Ойга тушиб ногоҳ нигоҳинг
Назмий дафтар аxтариб қолмоқ.
«Ажаб ҳолат эмасму«* дод-ей,
Қанотинг йўқ, масофа йироқ.
Изҳор ёққан оқшомлар ёди,
Алаҳлайсан, фироқ-о фироқ!
Соғинч тулнинг тунги тушидай
Бахт улашар фақат рўёда.
Ҳамроҳ эт деб жануб қушига
Қўл силкитиб бўзлайсан одам.
У бир маъсуд хотира – рангин,
На етмоқ, на кетмоқ мумкиндир.
Ошиқларнинг кўзида мангу
Қотиб қолган қоп-қора мунгдир.
* Мавлоно Лутфий ғазалидан.
***
Киприги кўксига соя солган қиз…
Усмон Носир шеъридан
Саратоннинг шамоли-да олов пуркар,
Капалакнинг қанотин куйдирар гулбарг.
Боғларим-у тоғларимда жавлон урган
Жазирама – ўзим тутқун, хаёл ҳуркак.
Киприкларинг соясида салқинласам!
Печакгуллар қовжираган, қақраган ер,
Теракларнинг томирлари зорланар: су-у-у-ув.
Мен ҳам ташна, сенга етмоқ зафарим деб,
Ич-ичимда телба туғён, телба орзу,
Киприкларинг соясида салқинласам!
О, ҳарорат – жизза бўлар далаю дашт,
Бунда июль ҳукмфармо – қаҳри қаттиқ.
Паризодам – ҳулвонафас, ҳусни яккаш,
Ҳам оромдир, ҳам қувончу саодатдир,
Киприкларинг соясида салқинласам!
Ана офтоб, қиздирилган тандир тупроқ,
Қўл узатсам, қирғоқдаги тошми-чўғми?
Зангор фасл чечаклари заъфарон чоғ,
Омон қолмоқ учун бошқа чора йўқдир,
Киприкларинг соясида салқинласам!
***
Дунё азал қурбонликка ўч,
Қимир этмас ажаб бир мўйи:
Шоҳ бошидан ясаб майкоса,
Ва ё ҳассос шоирни сўйиб.
Дунё азал қурбонликка ўч,
Фаслдан фаслга,
Даврдан даврга
қурбонларсиз бўлмайди ўтиб.
Бойчечак топталар, қайнар саратон,
Сўнг кузак шамоли талашади ор.
Куз-да видо айтар, хазон – заъфарон,
Қарға қанотида кириб келар қор…
Бир замон хокисор аёллар бисёр
Кўрпага беркиниб йиғлаган унсиз.
Улар иқболига, қонида исён,
Гўристонда қумғон қайнатган Унсин.
Тарих сабоғига қайтмоқдан не наф,
О, Турон, ярангни такрор тирнамай.
Ўксинма, Фитрату Чўлпонга қараб,
Ҳамон фарзандлар бор қурбонликка шай.
Фақат сен уларнинг илкидан тутгин,
Боботилни асра – ўзликни асра.
Авлодлар биздан юз бурмасин буткул,
Мерос қолмасин, оҳ, қоп-қора ҳасрат.
Дунё эса ҳамон тиланар қурбон,
Бир қара, шоиру фозилинг гирён,
Кечмишинг бир ёну келажак бир ён,
Қошингда Қодирий орзулаган тонг…
Бу уйқу эмасдек, карахтман ҳамон,
Сўқир эмасмисан, шундан қўрқаман???
***
Тунга қиёс бўлар,
Хунга қиёс бўлар,
Неки қоралик бор,
Неки задалик
Шунга қиёс бўлар.
Хонни хор қилгудай интиқом, нафрат –
Аёл кўз ёши.
Шеърга қиёс бўлар,
Шодликка қиёс,
Шабнамга қиёсу,
Покликка қиёс,
Биллурга қиёсдир бунда ҳар томчи,
Юрагин ёмғирга тутади очун.
Хорни Хон қилгудай инжа муҳаббат –
Аёл кўз ёши.
***
Кафтимда жилмаяр гулхайри,
Елкамда ғазалхон қумрилар.
Ғамбода, ғамгузор куйлардек
Қувончин ўғирлаб умридан
Аёлни пичоқсиз сўяман.
Оқбўйра мавжланар ёдимда,
Қулочим ёзаман – елкандай.
Кўз юмиб, олмосу олтинга
Мен ўзга оламдан келгандай!
Аёлни пичоқсиз сўяман.
Боламга бол ташир болари,
Капалак ўйноқлар қошида.
Мен – шоир, мен – гумроҳ, мен ҳали
ўзимдан ортмай, гул ёшида
Аёлни пичоқсиз сўяман…
О, оро бўларми жонига
Қоғозга тўкилган ҳайратлар?!
Тунда шеър ёзаман шаънига
Амир Насруллони лаънатлаб.
***
Кўзларидан нур ўғирлаб кун
Рўйи замин гулшан – муаттар.
“Сувпари”ни куйласа Охун
Жўр бўлади юрак-юракдан
Тушимдаги тирмизак бола.
Ғўр бошида Андижон дўппи,
Дўппи эмас, подшоҳ тожидай.
Қиқир-қиқир шодлигу шўхлик,
Тортқилайди қизча сочидан
Тушимдаги тирмизак бола.
Араз инса қизча юзига
Шамол бўлиб қайгадир учар.
Зумда қайтар, воҳ, ҳузурига
Кафтида бир ҳовуч довучча
Тушимдаги тирмизак бола.
Чаппар урар яшил гўшада
Дунёи дун этолмас тутқун.
Бир қарасам менга ўxшаган,
Бир қарасам бегона буткул
Тушимдаги тирмизак бола.
БОЛАЛИК
Деразанинг синиқ кўзидан
ташқарига боқардим: Ҳайрат!
Шаббоданинг шивир-шивири,
ариқнинг ҳур оҳанги — байрам.
Деразанинг синиқ кўзидан
қўл силкитиб қуёшга, қушга
гулнинг сарин бўйин симириб
сўнг ўғирлаб кетардим тушга.
Деразанинг синиқ кўзи — шеър,
Ночорликнинг суратимас бу.
Сузар эди кўнгилда нурдек
Шаҳзодалар туймаган туйғу…
… Бугун кўз ёш дояси афсус,
Юпатолмас гул, қуёш, булут…
Ташқарига боқаман маҳзун,
Юрак чил-чил, деразалар бут.
***
Эй кўнгил, Мансур “Aналҳақ” сўзлади,
Ҳақ эди, Ҳақни деди, Ҳақ сўзлади…
Насимий
Бу на товуш, мудроқ-мудроқ сезгилар
Уйғонару, ғафлатидан ўртанар.
Дийдалар сув, елкаларда зилзила,
Аё ровий, жазбалари пўртана,
Муҳаббат байтларин шарҳ айлади.
Бу на манзил – на хазон, на замҳарир,
Сувлар зилол, қумлар тилло, товланар.
Зулматларда кезган завол ахтариб,
Бадҳол бойқуш – залолатнинг, ёвлари
О, Семурғ қушлари чарx айлади.
Бу на ёмғир, фарёдими фалакнинг?
Жолами оҳ, жавҳари чўҳ нолами?
Томчилар-ла ўйнашиб, ҳур, фараҳли
Девоналар бул бебақо оламин
Қурт еган олмача нарх айлади.
Бу на қўшуқ, афғонлари беназир,
Зарра-зарра нурлансаму, ёдласам.
Кўнгил – Каъба, шайтонқадам келмасин…
Шаҳаншоҳлар кетар чоғи додласа,
Машраб-о, дорда ҳам завқ айлади.
Бу на ишқдир, қулоч етмас қувончим,
Бу на ишқдир, ҳижрона ғарқ айлади.
Васл истаб телбаланган муҳожир –
Кўнглим-а, Ҳаллож “Аналҳақ” айлади”.
Бу на товуш, мудроқ-мудроқ сезгилар
Уйғонару, ғафлатидан ўртанар.
Дийдалар сув, елкаларда зилзила,
Аё ровий, жазбалари пўртана,
Муҳаббат байтларин шарҳ айлади.
***
Иложи йўқ учиб бормоқнинг,
Қолмоқнинг-да иложи йўқдир…
Қафасдаги қушнинг сайроғи
Кенгликларга етмас деб қўрқдим.
Қўрқдим, товус шаклида сароб,
Жилвасидан қамашса дийдам.
Худди қудуқ тубидай қаро
юракларни кўриб шипшийдам.
Сиз айтарсиз: «Бўғилмоқ шартми?
Аҳир лутфу карам азалий».
Менга қолса нодон, номардни
Қарғаб ёзган сўзим мазали.
О, шоирлик – матонат, чидам?
Илҳом бермас саройу сийм.
Томи баланд каслар ичида
Руҳи баланд одамга қийин.
Танҳо илинж ўзинг, Аллоҳим,
Ҳаёландим, уялдим, қўрқдим.
Иложи йўқ учиб бормоқнинг,
Қолмоқнинг-да иложи йўқдир.
***
О, кузак ёмғири – маюс хиргойи,
Хокисор хазонлар бухорий гилам.
Кўксимда лолагун жароҳат қойим,
Кўз ёшим диллашар томчилар билан.
Шул сулув оғриқнинг Мажнуниман мен.
Оғриқки, борлиги муаттар шодлик,
Лабимдан салламно учадир фақат.
Хушифор гунафша бўйидай тотли,
Оғриқки, олдида олам бир чақа.
Шул сулув оғриқнинг Мажнуниман мен.
Шеърларим қуш бўлар – мунглиғ мусича,
Бир кун юрагингга қўнади ногоҳ.
Мен эса оловли ҳаяжон ичра,
Ўлсам-да армоним қолмайди, воҳ-воҳ!
Шул сулув оғриқнинг Мажнуниман мен.
Kutubxonamizning mushtariylari bundan oldin ham Nurmuhammad Aziz she’rlari bilan tanishgan edilar. Bugungi sahifamizda shoirning yangi mashqlarini taqdim etmoqdamiz.
Nurmuhammad AZIZ
SHE’RLAR
Nurmuhammad Aziz 1990 yil 18 sentyabrda Andijon viloyatining Jalaquduq tumanida tug’ilgan. 2011-2017 yillarda Andijon davlat universitetida tahsil olgan. Hozirda ushbu oliygohda “O’zbek adabiyoti” mutaxassisligi bo’yicha tayanch doktorant.
CHO’LPON
Chirkin kechalarda
hamiyat – halol
Qora soyalarning cho’ksa poyiga.
Kurash bu,
bayroqdor bo’lmoq, avvalo,
Shoirga yarashar,
faqat shoirga.
O, Temur o’lkasi Turonzaminda,
Zavolga yuz tutar kishanlangan ruh.
Hiddatin bosolmay, boqsa g’animga.
Har mitti jilg’aning isyoni qutlug’.
Umidim –
uyg’onsa bu noz uyqudan,
Bu mudroq ko’zlarda chaqnasa olov.
Har she’ri sher bo’lib, bo’g’izdan tutar,
Jangchi shoirlarga muhtojman xolos.
Umidim –
shoirmi yuragi yonsin,
Mudom piri bo’lsin Yassaviy, Kubro…
Zulmning qoshida qolib zabonsiz,
Shoirman deganni kechirma tuproq.
USMON NOSIR
Erk – qo’shiq, kuylasang bulbul misoli,
Panadan choh qazir xasadgo’y qarg’a.
Bukilgan tizzalar yoniq isyonni,
Qorli o’lkalarga qilar badarg’a.
Alam-o, iymonning qazosidir bu.
Yurakda bulutday suzar zulumot,
Izg’irin shamollar izmida qutqu.
Jirkanib yozsam-da, yozilmas xumor,
Ay, ruhi farishta, vujudi tutqun,
Qay maddoh og’angning qasosidir bu.
Dong qotib uxlasa xesh-aqrabolar,
Uyqusin buzarmi guldirak bo’lmoq?!
So’z bilan yaralab, so’z-la davolab,
Qon yutib yashamoq, qon qusib o’lmoq –
Erta Uyg’onganning jazosidir bu.
1937 YIL SHE’RI
Suyak surib kelgan olovrang hisni
Yurakda yalovday tutmoq sharafli.
Saroydan quvilgan shoirday miskin,
Saroydan quvilgan shoirday baxtli –
O’lmagan Qurbonlar Qahramonimsiz!
Zohirni zabt etar siyosat – shamol,
Shamolning izmida tentirar arkon.
Devorning qulog’i qo’rqitar zamon,
Qasdma-qasd, zabonli DEVORlar darkor.
O’lmagan Qurbonlar Qahramonimsiz!
Darvoqe, har kasning didi bo’lakdir,
Kimga «Uch og’ayni botir» qahramon.
Kim uchun oqimga qo’shilmoq – taqdir,
Kimga qiyofasiz shotir qahramon.
O’lmagan Qurbonlar Qahramonimsiz!
Siz moziy bag’ridan suv ichgan og’och,
Boltalar chikora, qaddi qoimsiz…
O’lsangiz millatga toj bo’lasiz, toj,
Ungacha chidaysiz, axir «xoin»siz.
O’lmagan Qurbonlar Qahramonimsiz!
***
Qayrag’ochni qulatgan qurtday
G’ayratimni kemirar qog’oz.
Axir tugab bormoqda muddat,
Men ulgurmoq istayman xolos.
Ingrab yotar ichimda yo’lbars,
Isyonini burda-burdalab.
Orzularim shahidday o’lmas,
O’ldiradi mayda-chuydalar.
Niqobida viqorli borliq
Soxta alqov ortidan chopar.
Yetti iqlim oralab og’riq
Ori baland shoirni topar.
Aldov!
Aldov!!
Bo’g’ilaman men,
Rost so’z uchun qaddim rostlasam.
Atrofimda tomir yozar ke-e-eng,
Yolg’on qarsak va yolg’on qasam…
Yolg’iz sening kulgularing chin,
Ko’zimning nur – shu’lasi bolam.
Kel, o’ynaymiz, ot bo’laman, min,
Yelkamdan tog’ qulasin, bolam!
***
Sharros-sharros yomg’irda uyib,
Tun faromush boqar darchadan.
Xayolimda aylanar quyun –
She’r bo’lmagan tarqoq parchalar.
Botinimda bir tanish soya,
Barmoq nuqar – ta’qiqu tanbeh.
Meni kimdan qilar himoya,
«Unday yozma, bunday yozma», eh-h-h.
O, bu kurash…
Hayot va O’lim,
Parchalanar qay kun irodam.
Ilhomi g’ayb xaloskor bo’lib,
Ruhim chiqib ketar jilovdan…
Tong vasfiga tashbehlar terib,
Halol kuylab o’tmoqqa shayman.
Sen o’limni yengib ber, she’rim,
Hayotni men bir amallayman.
***
Ukam Ahad Muhammadga
Beomon kezardi yurakda
Za’faron g’ussalar suroni.
Nogahon norasta go’dakday
Chinqirib uyg’ondi imonim.
Poyingga cho’kdimu, yuksaldim!
Sochimda oq tola – qo’rqmadim,
Sochimda oq tola – tabarruk.
Pajmurda holimda yo’qlading,
Bu vasl, bu vola tabarruk.
Poyingga cho’kdimu, yuksaldim!
Tumanday to’zg’idi shum riyo.
Ruhimda subhidam nasimi,
«Ol qulim» deganing shumi yo?
Men – zilol hislarning asiri.
Poyingga cho’kdimu, yuksaldim!
Sarbasar sehrlar salovat,
Zalolat zavol Zuljalolim.
Bo’yim-da bulutga barobar,
Buloqday bokira xayolim.
Poyingga cho’kdimu, yuksaldim!
Poyingga cho’kdimu, yuksaldim!!!
SHE’RIYAT
Dor tiksa ham baxtiqaro Balx,
Tevarakni yutsa ham jimlik.
Rost kalima so’zlamoq sharaf,
Ko’ziga tik boqib o’limning.
O’lim nima?
Sen undan ziyod
iztirobsan, tashbeh chikora.
Asir olgan, kavsarday zilol
bola qalbim qoshiga chorlab…
«Telbalikni qo’y», – dedi otam,
Yo’lga chiqdim va’dalar bilan.
Men osmonni ko’zlagan odam,
O’ynamadim maydalar bilan.
Yor kelmasa ruhimda sukun,
So’z kelmasa qo’pdi qiyomat.
Na’ra tortdim: «Engolmaysan tun,
Men Payg’ambar sochgan ziyoman».
Xayolim nur, a’molim-da nur,
Chin Ishq bilan siylagan Sarbon.
Ohlar – qanot, huzn ham huzur,
Umr – fano, abaddir parvoz.
To qog’ozda siyoh emas, qon,
To ko’zlarda tovlanar shabnam.
Takror-takror tug’ilar, ishon,
Shoh Mashrablar, darvesh Mashrablar.
***
Bobolar merosin ko’z qarosiday
asramoq burchimiz haqqi rost, biroq
qismatning xunolud mojarosida
senga afsona deb qaradik, Shiroq.
Keyin qo’lyozmalar yondi gurillab,
Kitoblar – oromiy, arabiy, turkiy.
Jaholat komida qolmay shuurlar,
Merosxo’r muhiblar chiqdi, shukrki!
Mudragan zaminga tushgach namozshom,
Yurakka yetmadi jadid faryodi.
Qaysi burchaklarda qildik tomosha,
Qaysi burchaklarga qochdik, ajdodim.
Bugun men o’zimni topolmay hayron,
Yuz yil yursam hamki, yo’l bosmaganday.
Avloddan avlodga o’tib, vovaylo,
Qo’rquv ham merosmi qo’lyozmalarday?!
MANZARA
Yuziga suv urmasidan tong
Shoshib qolar tevarak – karaxt.
Zaynab bo’lib tentirar to’zon,
Qars sinadi belidan daraxt.
Parvoz qilar omonat tomning
Parchalari yarador qushday.
Shudgordagi qari jilonning
Shoxlarini sidirib tushgay.
Hadik bosar oyna ortini,
Ko’cha bo’m-bo’sh, darvozalar qulf,
Devorga bosh urib, otilib
Yer-u ko’kni yutar og’ir uh-h-h-h…
Payhon bo’lar zumda hamma yoq,
Shamol, sabr kosang to’ldimi?
O’kiriging buncha alamnok,
Yo sening ham bobong o’ldimi?
IJTIMOIY SHE’R
— “Sevaman”.
Labingdan titroq ko’chadir,
— “Sevaman”.
Iymanar quralay ko’zli.
— “Sevaman”.
Sig’maysan ko’chaga,
— “Sevaman”.
Siyqasi chiqadi so’zning.
Siyqasi chiqqan so’z she’rga yopishmas,
Yopishsa-da, yetmas yurakka.
Shoirmi, to’rami saylab so’z aytmoq,
Ayolning noziday yoqimli,
Ayolning ko’ngliga yo’lday murakkab.
Ishontirmoq bo’lib muhabbatingga,
Va’dalar berasan, ruh – qaram…
Siyqasi chiqqan so’z urar badimga,
Bo’lsa-da hattoki “Muhtaram…”.
RASSOM
Olam-olam yog’du – muhtasham,
Sen taxayyul izmida butkul.
Sariq chaqa hayotu hasham,
Shivirlaysan: «Ro’yi zamin gul».
«Ko’klam ham gul, xazonrezgi ham,
Quvonchu mung – nozik sezgi ham,
Lablaringga solganim naqsh – gul,
O, ming umrim bir senga baxsh, gul.
Huv dashtlarning armonlari – gul,
Ko’kda qushlar karvonlari – gul,
Toshlar-da gul, ko’z yoshlar-da gul,
Ko’z yoshdagi quyoshlar-da gul,
Paxsa uyning yoriqlari – gul,
Dardning yashil, sorig’lari – gul,
Guldirakning achchiq nolasi,
Bulutlarning og’riqlari – gul»…
So’ng taxayyul izmidan chiqsang,
Gulzorda aysh qilsa to’nkalar.
Va tun bo’yi o’kinib chiqsa,
Yuragingga botgan mo’yqalam.
Hech ko’nmasang,
qochsang,
yugursang,
Dahshat!
Nisbat topmadim o’zga.
Gul chizishga kelganda fursat,
Seni yutib yuborsa RO’ZG’OR.
HAYaJONDA YoZILGAN ShEЪR
Feruza Xayrullayeva va Gulxayo Anorovaning “Duyel” loyihasidagi chiqishidan so’ng
- (SHOIR)
Qor!
Kiprigu kaftingga inib,
Samo’ tushar qalandar kabi.
Zardoblardan zada zaminni
Oppoq she’rga ko’mar dekabrь.
O, laylakqor…
Kuzatasan jim,
Ulug’vor ruh kezar ichingda.
Shohsan, bayzo borliqni quchib,
Shoirona lutf emas, chindan.
Sen qorlarda yuvilmas gardni
poklaguvchi zulfiqor dodsan.
Ammo umring bekor, millatni
Isrofilning suri uyg’otsa.
2. E’TIROF
Men o’zimga sig’mayman hozir,
Jon talashgan qushday potirlab.
Sehrlagan inja qiyosu,
Himolayday baland satrlar –
gul yopingan ilohiy sirmi
va yo ma’sum, masih ishqmi bu?
Voh, Anjonlik chala shoirni
Samarqandcha yondirishmi bu?!
Bir men desam, ifoda torday,
Titroq bosib dalliyu merov
Selda qolgan paxsa devorday
Oqib tushgan yuraklar serob.
Ishonaman, ko’zlarim yonib,
To tirikdir hayratu hislar
Oydin she’rlar bilan dunyoni
Uyg’otadi mastura qizlar.
***
Bir quvonch istarman,
qayg’uli she’rda,
Go’dak kulgusiday pokiza, totli.
Balandlab ig’volar urchigan yerdan,
Qushning parvozidir aslida shodlik.
Tunlarning ortida tong bor – dilafro’z,
Shamolu shovqinga qilmasdan parvo,
Olam ham, nolam ham, qanotim ham so’z,
Qiyqirib, qiyqirib qilaman parvoz.
Girdimda savollar – «ne uchun», «nega»?
Taqdirin bo’ralar bir suluv ayol.
Mening shoirligim bo’g’ziga kelgan,
Mening qushligimni bilmas, bu ayol…
Men esa
zaminning zoridan baland,
Baytma bayt nurlanar she’ru qasidam.
Endi tong vasliga ulgurmog’im shart,
Yo ayol, yo xayol o’ldirmasidan.
***
Bir xayol – sabuhiy osmonday porloq,
Bir xayol – buzilgan o’lkaday qora.
Moziy saboqlarin unutib, yo Rab,
Xaloyiq tomosha ortidan borar.
Yo’lma yo’l kengayar saflar, vodarig’!
Bir savol – ming yilki tilim uchida,
Bir savol – bermoqqa jasorat darkor.
Yurgani yurak yo’q,
axir ko’chada –
Bir nigoh – yengiltak hislarga makon,
Bir nigoh – tubida nafrat, vodarig’!
Bir qo’shiq – asrlik iztirob yotar,
Bir qo’shiq – havoyi ko’ngilga ermak.
Bir odam – bir emas, qatoru qator,
Gadoga bir tanga berar yo bermas,
Ming tanga devorga sarflar, vodarig’!
Bir kitob – ichida podsho bor, nur yo’q,
Bir kitob – ichida podsho yo’q, nur bor.
Bir shoir – joniga xavf bor, huzur yo’q,
Bir shoir – zamona zayliga qurbon.
Millatni o’ldirar g’aflat, vodarig’!
SO’Z SOG’INCHI
Osmon olazarak, bulutlar horg’in,
Simyog’och, daraxtlar, maysalar, qushlar.
Xayolim shamolday uchadi – olg’ir,
Ammo so’z topolmas, xushifor, xushta’b.
Oynani yopaman – ko’cha ko’rimsiz,
Uyimni titkilab, izlayman – bekor.
Xonadan xonaga o’tib o’rinsiz,
O’ylayman, ichimda telba, kasal bor.
Kirmoshin, changyutgich, allambalolar,
Muzlatgichni ochsam, go’sht bor, asal bor,
Faqatgina so’z yo’q, beg’araz, kinsiz.
Boshimga shift qulab ketguday hozir,
Noiloj, so’z izlab ishga ketaman.
Nahot, tingan bo’lsa, turkiy ovozim,
Yozni yashamayman.
Kuzni yashamayman.
Qishga ketaman.
Yonimdan o’tadi qizlar – parivash,
Ko’zlarida so’z yo’q, labi, kulgichi,
sochlarida so’z yo’q, g’ash tortaman, g’ash,
Yo, o’lim yaqinmi, shuvillar ichim?!
Nahot so’z qolmagan, umidbahsh.
Mana, tanish dargoh, chopaman shitob,
Javon to’la qog’oz,
javon to’la kitob.
Vovaylo,
ming-minglab harf bor, birodar,
Ezgulik yurtiga safar yo’q – so’z yo’q.
Ko’ksimda vulqonday zarb bor, birodar,
Asov isyonimga barham yo’q – so’z yo’q.
Bunday yashashdan ne naf bor, birodar,
Qara, o’kinchimda sarhad yo’q – so’z yo’q.
Manam shoirmanmi, afg’on birodar?!
Yuraging qontalash, malham yo’q – so’z yo’q.
Nahot, tingan bo’lsa, turkiy ovozim!
***
Fasllar turlanar –
aylanar falak,
Tor kelar bahorda kiygan ko’ylagi,
Bolam o’sgan sari dimog’im baland,
Bolam o’sgan sari o’sar o’ylarim.
Umrimdan ko’chadi xut, parizod, dalv,
Bir chimdim
qog’ozga ko’char quvonchim.
Bolam o’sgan sari yashillanar qalb,
Bolam o’sgan sari oqarar sochim…
Tashqari bir olam – Ya’qubday mahzun,
Qarshimda bir olam – Yusufday go’zal.
Voh! Uning bo’ylari o’sar kundan kun,
Yo Falak, basma-bas qo’rquvim o’sar.
***
Bola uyg’oq,
Bola beshafqat,
Shoir-ku deb qilmas yuzxotir.
Ko’zidagi bir tomchi nafrat,
Seni yakson qilmoqqa qodir.
Buyuklikka garov bo’lolmas
Muvaqqat shon,
orzu qilma hech.
Qalamingdan to’kilur olmos
Tilingdagi zar bog’ichni yech.
Shunda oftob bo’lib kulgichi,
Yuziga qon yurar bolaning.
Hur nafasga to’ladi iching,
Qaytgan kabi hurram bolalik.
Faqat uyg’on!
Kurash – bu dunyo,
Ishon, bola hamisha g’olib.
Seni bosib yanchib tashlar yo,
Yo yuksalar sendan kuch olib.
Bola uyg’oq!!!
IZOH
Sog’inch – (tunga sig’masa ohing),
Yig’lab olmoq, to’kili-i-ib olmoq.
Oyga tushib nogoh nigohing
Nazmiy daftar axtarib qolmoq.
«Ajab holat emasmu«* dod-ey,
Qanoting yo’q, masofa yiroq.
Izhor yoqqan oqshomlar yodi,
Alahlaysan, firoq-o firoq!
Sog’inch tulning tungi tushiday
Baxt ulashar faqat ro’yoda.
Hamroh et deb janub qushiga
Qo’l silkitib bo’zlaysan odam.
U bir ma’sud xotira – rangin,
Na yetmoq, na ketmoq mumkindir.
Oshiqlarning ko’zida mangu
Qotib qolgan qop-qora mungdir.
* Mavlono Lutfiy g’azalidan.
***
Kiprigi ko’ksiga soya solgan qiz…
Usmon Nosir she’ridan
Saratonning shamoli-da olov purkar,
Kapalakning qanotin kuydirar gulbarg.
Bog’larim-u tog’larimda javlon urgan
Jazirama – o’zim tutqun, xayol hurkak.
Kipriklaring soyasida salqinlasam!
Pechakgullar qovjiragan, qaqragan yer,
Teraklarning tomirlari zorlanar: su-u-u-uv.
Men ham tashna, senga yetmoq zafarim deb,
Ich-ichimda telba tug’yon, telba orzu,
Kipriklaring soyasida salqinlasam!
O, harorat – jizza bo’lar dalayu dasht,
Bunda iyulь hukmfarmo – qahri qattiq.
Parizodam – hulvonafas, husni yakkash,
Ham oromdir, ham quvonchu saodatdir,
Kipriklaring soyasida salqinlasam!
Ana oftob, qizdirilgan tandir tuproq,
Qo’l uzatsam, qirg’oqdagi toshmi-cho’g’mi?
Zangor fasl chechaklari za’faron chog’,
Omon qolmoq uchun boshqa chora yo’qdir,
Kipriklaring soyasida salqinlasam!
***
Dunyo azal qurbonlikka o’ch,
Qimir etmas ajab bir mo’yi:
Shoh boshidan yasab maykosa,
Va yo hassos shoirni so’yib.
Dunyo azal qurbonlikka o’ch,
Fasldan faslga,
Davrdan davrga
qurbonlarsiz bo’lmaydi o’tib.
Boychechak toptalar, qaynar saraton,
So’ng kuzak shamoli talashadi or.
Kuz-da vido aytar, xazon – za’faron,
Qarg’a qanotida kirib kelar qor…
Bir zamon xokisor ayollar bisyor
Ko’rpaga berkinib yig’lagan unsiz.
Ular iqboliga, qonida isyon,
Go’ristonda qumg’on qaynatgan Unsin.
Tarix sabog’iga qaytmoqdan ne naf,
O, Turon, yarangni takror tirnamay.
O’ksinma, Fitratu Cho’lponga qarab,
Hamon farzandlar bor qurbonlikka shay.
Faqat sen ularning ilkidan tutgin,
Bobotilni asra – o’zlikni asra.
Avlodlar bizdan yuz burmasin butkul,
Meros qolmasin, oh, qop-qora hasrat.
Dunyo esa hamon tilanar qurbon,
Bir qara, shoiru foziling giryon,
Kechmishing bir yonu kelajak bir yon,
Qoshingda Qodiriy orzulagan tong…
Bu uyqu emasdek, karaxtman hamon,
So’qir emasmisan, shundan qo’rqaman???
***
Tunga qiyos bo’lar,
Xunga qiyos bo’lar,
Neki qoralik bor,
Neki zadalik
Shunga qiyos bo’lar.
Xonni xor qilguday intiqom, nafrat –
Ayol ko’z yoshi.
She’rga qiyos bo’lar,
Shodlikka qiyos,
Shabnamga qiyosu,
Poklikka qiyos,
Billurga qiyosdir bunda har tomchi,
Yuragin yomg’irga tutadi ochun.
Xorni Xon qilguday inja muhabbat –
Ayol ko’z yoshi.
***
Kaftimda jilmayar gulxayri,
Yelkamda g’azalxon qumrilar.
G’amboda, g’amguzor kuylardek
Quvonchin o’g’irlab umridan
Ayolni pichoqsiz so’yaman.
Oqbo’yra mavjlanar yodimda,
Qulochim yozaman – yelkanday.
Ko’z yumib, olmosu oltinga
Men o’zga olamdan kelganday!
Ayolni pichoqsiz so’yaman.
Bolamga bol tashir bolari,
Kapalak o’ynoqlar qoshida.
Men – shoir, men – gumroh, men hali
o’zimdan ortmay, gul yoshida
Ayolni pichoqsiz so’yaman…
O, oro bo’larmi joniga
Qog’ozga to’kilgan hayratlar?!
Tunda she’r yozaman sha’niga
Amir Nasrulloni la’natlab.
***
Ko’zlaridan nur o’g’irlab kun
Ro’yi zamin gulshan – muattar.
“Suvpari”ni kuylasa Oxun
Jo’r bo’ladi yurak-yurakdan
Tushimdagi tirmizak bola.
G’o’r boshida Andijon do’ppi,
Do’ppi emas, podshoh tojiday.
Qiqir-qiqir shodligu sho’xlik,
Tortqilaydi qizcha sochidan
Tushimdagi tirmizak bola.
Araz insa qizcha yuziga
Shamol bo’lib qaygadir uchar.
Zumda qaytar, voh, huzuriga
Kaftida bir hovuch dovuchcha
Tushimdagi tirmizak bola.
Chappar urar yashil go’shada
Dunyoi dun etolmas tutqun.
Bir qarasam menga o’xshagan,
Bir qarasam begona butkul
Tushimdagi tirmizak bola.
BOLALIK
Derazaning siniq ko’zidan
tashqariga boqardim: Hayrat!
Shabbodaning shivir-shiviri,
ariqning hur ohangi — bayram.
Derazaning siniq ko’zidan
qo’l silkitib quyoshga, qushga
gulning sarin bo’yin simirib
so’ng o’g’irlab ketardim tushga.
Derazaning siniq ko’zi — she’r,
Nochorlikning suratimas bu.
Suzar edi ko’ngilda nurdek
Shahzodalar tuymagan tuyg’u…
… Bugun ko’z yosh doyasi afsus,
Yupatolmas gul, quyosh, bulut…
Tashqariga boqaman mahzun,
Yurak chil-chil, derazalar but.
***
Ey ko’ngil, Mansur “Analhaq” so’zladi,
Haq edi, Haqni dedi, Haq so’zladi…
Nasimiy
Bu na tovush, mudroq-mudroq sezgilar
Uyg’onaru, g’aflatidan o’rtanar.
Diydalar suv, yelkalarda zilzila,
Ayo roviy, jazbalari po’rtana,
Muhabbat baytlarin sharh ayladi.
Bu na manzil – na xazon, na zamharir,
Suvlar zilol, qumlar tillo, tovlanar.
Zulmatlarda kezgan zavol axtarib,
Badhol boyqush – zalolatning, yovlari
O, Semurg’ qushlari charx ayladi.
Bu na yomg’ir, faryodimi falakning?
Jolami oh, javhari cho’h nolami?
Tomchilar-la o’ynashib, hur, farahli
Devonalar bul bebaqo olamin
Qurt yegan olmacha narx ayladi.
Bu na qo’shuq, afg’onlari benazir,
Zarra-zarra nurlansamu, yodlasam.
Ko’ngil – Ka’ba, shaytonqadam kelmasin…
Shahanshohlar ketar chog’i dodlasa,
Mashrab-o, dorda ham zavq ayladi.
Bu na ishqdir, quloch yetmas quvonchim,
Bu na ishqdir, hijrona g’arq ayladi.
Vasl istab telbalangan muhojir –
Ko’nglim-a, Halloj “Analhaq” ayladi”.
Bu na tovush, mudroq-mudroq sezgilar
Uyg’onaru, g’aflatidan o’rtanar.
Diydalar suv, yelkalarda zilzila,
Ayo roviy, jazbalari po’rtana,
Muhabbat baytlarin sharh ayladi.
***
Iloji yo’q uchib bormoqning,
Qolmoqning-da iloji yo’qdir…
Qafasdagi qushning sayrog’i
Kengliklarga yetmas deb qo’rqdim.
Qo’rqdim, tovus shaklida sarob,
Jilvasidan qamashsa diydam.
Xuddi quduq tubiday qaro
yuraklarni ko’rib shipshiydam.
Siz aytarsiz: «Bo’g’ilmoq shartmi?
Ahir lutfu karam azaliy».
Menga qolsa nodon, nomardni
Qarg’ab yozgan so’zim mazali.
O, shoirlik – matonat, chidam?
Ilhom bermas saroyu siym.
Tomi baland kaslar ichida
Ruhi baland odamga qiyin.
Tanho ilinj o’zing, Allohim,
Hayolandim, uyaldim, qo’rqdim.
Iloji yo’q uchib bormoqning,
Qolmoqning-da iloji yo’qdir.
***
O, kuzak yomg’iri – mayus xirgoyi,
Xokisor xazonlar buxoriy gilam.
Ko’ksimda lolagun jarohat qoyim,
Ko’z yoshim dillashar tomchilar bilan.
Shul suluv og’riqning Majnuniman men.
Og’riqki, borligi muattar shodlik,
Labimdan sallamno uchadir faqat.
Xushifor gunafsha bo’yiday totli,
Og’riqki, oldida olam bir chaqa.
Shul suluv og’riqning Majnuniman men.
She’rlarim qush bo’lar – munglig’ musicha,
Bir kun yuragingga qo’nadi nogoh.
Men esa olovli hayajon ichra,
O’lsam-da armonim qolmaydi, voh-voh!
Shul suluv og’riqning Majnuniman men.