Zulayho Abdurahmon, Elnura G‘aybulloh. Xoja Ahmad Yassaviyning ikki forsiy risolasi haqida va tarjimasi

973Саҳифа атоқли  тасаввуфшунос олим Иброҳим Ҳаққул таваллудининг 75 йиллигига бағишланади

Шайхнинг “Рисола дар одоби тариқат” (“Тариқат одоби ҳақида рисола”), “Рисола дар мақомоти арбаъин” (“Қирқ мақомот ҳақида рисола”) номли асарлари нафс тарбиясига бағишланган. Улар мазмун-моҳияти ила “Фақрнома”даги маърифий мушоҳадани хотирлатади. Назмий ифода нозикликлари эса ҳикматларга яқин.

ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙНИНГ
ИККИ ФОРСИЙ РИСОЛАСИ

Зулайҳо Абдураҳмон
филология фанлари бўйича фалсафа доктори,
Элнура Ғайбуллоҳ
филология фанлари бўйича фалсафа доктори


89 Хожа Аҳмад Яссавий – туркий тариқат асосчиси ва туркий сўфиёна шеъриятнинг бошловчисидир. Аҳмад Яссавий сўфиёна шеъриятга, ирфоний тасаввуфий адабиётга туркий тилнинг жозибасини олиб кирди. Тасаввуфий завқ-шавқ унинг ҳикматларида туркона руҳни акс эттирди. Шеър ритми, жазбаю ҳассосият, ахлоқ тарбиясида туркий эврилиш бўлди. Натижада, туркий тил орқали тасаввуф ҳикматлари халқ юрагига янада яқинлашди. Асрлар оша халқ тили, халқ оҳангига яқинлиги билан бутун туркий халқлар қалбини ҳикматлар забт этди. Яссавийшунос Иброҳим Ҳаққул бу ҳақиқатни: “Аҳмад Яссавий ўз она тилини биринчи бўлиб тариқат тили мақомига кўтарди. Шунинг учун шеърларидаги ҳар бир сўз ва ҳар бир ибора ислом ҳақиқатлари қадар муқаддас, нурли ва илоҳийдир”, – дея илмий асослаганди. Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратлари эса “… Йўлни ҳазрат Яссавий очган, Юнус Эмро эса шу йўлдан юрганлардан бири”, – дея туркий ирфоний адабиётнинг пайдо бўлиш ҳақиқатини илмий далиллаган.

Хожа Аҳмад Яссавий ҳаёти, тариқати ва асарларини ўрганиш ҳам адабиётшуносликда алоҳида ҳодисадир. Таъкидлаш жоизки, яссавийшуносликнинг пайдо бўлиши ва тараққиётида турк олимларининг хизмати бемисл. Жумладан, 2019 йилда тасаввуфшунослар Наждат Тўсин ва Камол Эраслан томонидан “Хожа Аҳмад Яссавий куллиёти”нинг нашр этилиши билан яссавийшуносликдаги муфассал бир тадқиқот ва шайх асарларининг мукаммал бир жамланмаси яратилди. Мазкур куллиётдан, аввало, Аҳмад Яссавий ҳаёти ва асарларига оид илмий тадқиқот ўрин олган, сўнгра пири Туркистоннинг “Фақрнома” рисоласи, “Девони ҳикмат”и ва икки форсча девонининг туркий таржимаси ҳамда аслияти берилган. Форсча рисолаларнинг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (3808 (вр. 312б-316б); ин. 6652; ин. 9175)да сақланаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Шайхнинг “Рисола дар одоби тариқат” (“Тариқат одоби ҳақида рисола”), “Рисола дар мақомоти арбаъин” (“Қирқ мақомот ҳақида рисола”) номли асарлари нафс тарбиясига бағишланган. Улар мазмун-моҳияти ила “Фақрнома”даги маърифий мушоҳадани хотирлатади. Назмий ифода нозикликлари эса ҳикматларга яқин. Бу рисолалардаги оят ва ҳадисларга асосланган тарбия йўлининг назарий тарзда кўрсатилиши тариқат асосчисининг амалий риёзатидан бўлса, баённинг равон ҳамда таъчирчанлиги муаллифнинг ҳикматнавислик иқтидоридандир. Сайри сулук одоби ҳақидаги “Рисола дар одоби тариқат”да тариқатнинг аҳком ва аркони, шарт ва суннати, шунингдек, мустаҳаб амалларидан баҳс юритилади. Буларнинг руҳ таҳлиясидаги ўрни кўрсатиб берилади. Жумладан, рисолада байъат масаласи, муршиднинг комил шахсияти ва муридга қўйиладиган талаблар ҳам очиқ-ойдин, асосли далилланган. Бани башар камолотини таъминловчи устоз-шогирдлик риштаси тўғрисидаги шайхнинг қарашлари бугунги таълим-тарбия учун ҳам ибратлидир. Айниқса, рисоладаги Муҳаббат, Ишқ, Маърифат боблари Яратувчини таниш ва Унга қуллик қилиш тафаккури, муҳаббатини пайдо қилади.

Камолот йўли 4 манзилдан иборат эканлиги ирфоний асарлардан маълум. Бу манзилларда сайёрнинг тўхтовчи, дам олувчи бекатлари мавжуд. Шайхнинг “Рисола дар мақомоти арбаъин” асарида Шариат, Тариқат, Маърифат ва Ҳақиқат манзиллари 10 мақомга ажратилиб, жами 40 мақом изоҳланади. Тариқат арбобларининг оят ҳамда ҳадисларни пухта билиши ва ўз тариқини мана шу икки асосга таянган ҳолда белгилаши, хусусан, шайхнинг мазкур рисоласида яққол кўринади. Мақомларнинг, деярли, барчаси оят ва ҳадислар орқали тушунтирилади. Шайхлар нафс риёзатидаги амалларни аксарият қисқа ва лўнда тарзда ёритишган. Сир аҳлига рамзларнинг ўзи кифоя қилган. Кейинчалик бу каби қисқа рисолалар ҳақиқатини англатувчи буюк шориҳлар етишиб чиқди. “Тариқат одоби ҳақида рисола”, “Қирқ мақомот ҳақида рисола”га шарҳ ёзиш ҳам яссавийшуносликдаги муҳим вазифалардан саналади.

Мазкур рисолалардаги фикр-қарашларнинг қалбларга сингдирилиши, ҳаётга тадбиқ этилиши билан Нажотга эришилади. Мана шундай улуғ ниятлар, рисолаларнинг қозоқ ва турк тилларига таржима қилинганлиги, мутаржим Н.Тўсин айтганидек, “Рисолаларнинг Аҳмад Яссавий қаламига мансублик эҳтимоли катта. Бу рисолаларни Аҳмад Яссавийнинг ўзи ёзган ёхуд унинг сўзлари муридлари томонидан жамлангандир. Муҳими, улар Хожа Аҳмад Ясссавий дунёқарашини бугунги авлодга етказувчи матнлар” эканлиги бизларни ҳам таржима қилишга журъатлантирди. Тасаввуфий адабиётда ҳикмат муҳим ҳисобланган. Шарқ ирфонига эътибор қаратсак, кўпгина сўфиёна асарларда ҳикматлар муаллифи кўрсатилмайди. Қалбларни поклашдаги самара бирламчи бўлганлиги боис, ҳикмат муаллифи можароси қизиқ бўлмаган. Ўйлаймизки, Хожа Аҳмад Яссавийга нисбат берилган ушбу рисолалар ҳам Ҳақни ва қулликни англашда, иншааллоҳ, керакли манбалардан бўлади.

ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ
ИККИ РИСОЛА
Зулайҳо Абдураҳмон ва Элнура Ғайбуллоҳ таржимаси


256 РИСОЛА ДАР ОДОБИ ТАРИҚАТ
                (Тариқат одоби ҳақида рисола)

БИСМИЛЛОҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Тариқат қутби, ҳақиқат бурҳони Ҳазрати Хожа Аҳмад Яссавий (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу рисоласида тариқат одоби ҳақида баъзи ҳақиқатлардан сўз очдилар, токи иншаалллоҳ, башариятнинг қалб кўзлари мунаввар бўлсин ва маънавий йўл толиблари истифода этсин.

Биринчи боб: Тариқат аҳкоми ҳақида

Эй дарвеш! Билгилки, тариқат ҳукмлари (қоидалари) 6 қисмдан иборатдир:

Биринчиси – маърифат (Аллоҳни танимоқ), иккинчиси – жўмардлик, учинчиси – сидқ (тўғрилик), тўртинчиси – яқийн (комил эътиқод), бешинчиси – таваккул, олтинчиси – тафаккурдир.

Иккинчи боб: Тариқат аркони ҳақида

Эй дарвеш! Билгилки, тариқат аркони 6 мақомдан иборат:

Биринчиси – илм, иккинчиси – ҳилм, учинчиси – сабр, тўртинчиси – ризо, бешинчиси – ихлос, олтинчиси – қурб (Аллоҳга яқинлик).

Учинчи боб: Тариқат шартлари ҳақида

Эй дарвеш! Билгилки, тариқат вожиб, яъни шартлари 6 даражадир: Биринчиси – талаб, иккинчиси – шавқ, учинчиси – қўрқув (хавф), тўртинчиси – умид (ражо), бешинчиси – зикр, олтинчиси – фикр (тафаккур).

Тўртинчи боб: Тариқат суннатлари ҳақида

Эй дарвеш! Билгилки, тариқат 6 суннатдан иборат:

Биринчиси – намозни жамоат билан биргаликда ўқиш. Иккинчиси – кечалари эрта уйғониб, бедор бўлиб, таҳажжуд намозини ўқиб, зикр ва дуо ила машғул бўлиш. Учинчиси – ҳар доим пок, озода юриш. Тўртинчиси – доимо таҳоратли бўлиш. Бешинчиси – таъзим билан зикр қилиш. Олтинчиси – беш вақт намоздан кейин ҳар гал пайғамбарлар, валийлар, Ислом подшоҳи, она, ота, пир, устоз ва фарзандлари ҳақига дуо қилишдан иборат.

Бешинчи боб: Тариқатдаги мустаҳаб амаллар ҳақида

Эй дарвеш! Билгилки, тариқатда 6 амал тавсия этилади:

Биринчиси – меҳмон (мусофир)ларга гўзал ахлоқ ила хушмуомалада бўлиш. Иккинчиси – меҳмонга таом бериш. Учинчиси – меҳмонни ғанимат билиб, ўз уйида суҳбатлашиш. Тўртинчиси – меҳмонни бахтиёр ҳолда очиқкўнгиллик билан кузатиш. Бешинчиси – меҳмоннинг эҳтиёжларини қондириш. Олтинчиси – мўмин бандаларга хизмат қилиш.

Олтинчи боб: Тариқатнинг одоби ҳақида

Эй дарвеш! Билгилки, тариқатнинг 6 одоби мавжуд:

Биринчиси – шайхнинг ҳузурида одоб билан тизза устида ўтириш. Иккинчиси – ўзини ҳаммадан ҳақир ва ожиз деб билиш. Учинчиси – шайх ҳузурида ҳеч қачон шайхдан олдин гапирмаслик. Тўртинчиси – катталар ҳузурида бошқалар билан сўзлашмаслик. Бешинчиси – шайх рухсат бермагунча сукут сақлаш. Олтинчиси – муршид, устозларга ҳурматда бўлиш, ота-онадек уларга хизмат қилиш, уларнинг изни билангина иш бошлаш. Шеър:

Шайхинг рухсат бермаган бирор ишни
Ҳеч қачон ўзингча бажара кўрма.

Еттинчи боб: Мурид қабул қилиш ҳақида

Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари шундай дейдилар:

Мурид қабул қилишнинг илк шарти шайхнинг комил муршид бўлишидир. Зеро, мурид интисоб этиши баланоқ, муршид унинг нафс ҳоли, вужуд муаммолари, руҳий ҳолидан хабардор бўлмоғи лозим. Токи шайх муридни қабул қилиб, “Тариқатимизга хуш келдинг”, дейишга лойиқ бўлсин. Агар шайх Аллоҳ таолонинг фарзлари, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг суннатларидан хабардор бўлмаса, бундай шайх бу дунёда озордир. Охиратда эса Ҳақ таоло ва расулининг, мазҳаб уламолари, анбиё, авлиё ва аҳли тасаввуфнинг ёнида уятга қолиб, хижолат бўлади. Бу ҳолдан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз(1).

Тариқат қутби, ҳақиқат ҳужжати Хожа Аҳмад Яссавий (қуддису сирриҳу) шундай деганлар:

Бир шайхга байъат қилиб, мурид бўлишнинг шартлари бордир. Аввало, шайх 44 мақомни босиб ўтган бўлиши лозим. Агар бу мақомлардан хабарсиз бўлса, 21 мақомдан хабардор бўлиши керак. Мабодо дарвешликнинг мазкур мақомларидан ҳам хабарсиз бўлса, лоақал дарвешликнинг 8 мақомидан, албатта, хабари бўлиши шарт. Ушбу 8 мақомдан 8 ҳарф пайдо бўлган. 1.Алиф. 2. Бе. 3. Те. 4. Син. 5. Сод. 6. Фе. 7. Каф. 8. Ре.

Билгилки, “Алиф” – тўппа-тўғридир. Дарвеш тўғриликда алифдек бўлар. “Бе” – башоратли (хушхабарли, фазилатли) бўлади. “Те” – таркидунё қилар, яъни дунё севгисини тарк этади. “Син” – сайри сулук этади, яъни маърифат биан тасаввуф йўлида илдамлайди. “Сод” – сабрли бўлар. “Фе” – фақа тасарруфида бўлар, яъни фақр ва ожизлигини англар. “Қоф” – қаноатли бўлади. “Ре” – дарвеш ҳамиша риёзатда бўлади. Аллоҳ таоло “Қуръони каримда: “Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар (Баййина: 98/18)”, – дея марҳамат қилгани каби мақомларга соҳиб бир шайхнинг мурид қабул қилмоғи, асо бермоғи, мурид ҳолидан хабар олмоғи, ҳадя олмоғи мумкиндир. Агар дарвешликнинг ушбу 8 мақомини билмаса, шубҳасиз, мурид қабул қилиши жоиз эмас. Мабодо шу ҳолида шайхлик қилишга даъво қилса, абадий азобга дучор бўлади (2).

Муҳаббат боби

Шайхимиз айтадилар: Эй дарвеш! Муҳаббат оддий сўз эмас… Зеро, Аллоҳ азза ва жалла Муҳаббатни яратаркан, унга шундай нидо этти: Эй Муҳаббат! Арши азимга жойлаш. Аммо Муҳаббат Аршдан макон топмади. Яна нидо этди: Курсини макон эт. Курсига ҳам жойлашмади. Яна овоз келди: Эй Муҳаббат! Нечун бу мақомлардан жой олмадинг? Шунда муҳаббат ёлвориб бундай деди: Эй Роббим! Муҳаббат макон топмоғи учун учун 18 минг оламда талаб даркор. Толибга матлуб, ошиққа маъшуқ, Зулайхога Юсуф, Хадичага Муҳаммад (с.а.в)нинг жамоли керакдур. Мурид муршиднинг суҳбатига, Ҳаққа толиб дарвеш эса Мавлонинг жамолига муҳтождир. Оят: “Уларни Аллоҳни севган каби севадилар (Бақара: 2/165)”.

Ишқ боби

Шайхимиз айтадилар: Ишқ бир ҳолдан бошқа бир ҳолга юксалишдир. Ошиқ шундай бир кишики, бир мартагина “Аллоҳ” дейиши билан шавқ оташида ёнади. Унга ихлос юз кўрсатади. Маърифат чироғи ёниб, муҳаббат шами эришга бошлайди. Бу ҳолларда дарвеш жойнамоз устида парвона каби уча бошлайди ва руҳоний оламда дуо даргоҳига юз буриб, шукр этади.

Бундай бир ошиқ шайх ҳақида Хожа Аҳмад Яссавий шундай дейдилар: “Дунё билан охиратда ҳар ким бир пиёла гул сувидан тотса, яъни Дўст қўлидан ўз ғайрати билан ишқ қадаҳидан бир қултумгина ича олса, маломат (халқнинг танқидига дучор бўлиш) унинг насибаси бўлади.

Маърифат (Аллоҳни таниш) боби

Қалб ҳаёти Аллоҳ биландир.

Эй дарвеш! Билгилки, ишқнинг лаззати маъшуқ туфайлидир, ишқ вафо билан ортмайди, жафо билан ҳам камаймайди. Муҳаббат унга завқ бағишлайди. Завқ қаршисида кузатувчи ақл бор экан, натижа маъшуқага етишиш демакдир.

Эй дарвеш! Билгилки, Жаннат толиб (Аллоҳни излаган киши) учун Ҳақ таолонинг лутфу эҳсони бўлади. У бандаларнинг кўнгил дардига шифодир. “Жалил (буюк Аллоҳ)ни топмоқ хастанинг шифосидур” хабари қулнинг дармони ҳисобланади. Дарвешнинг кўзлари ҳар доим ёшли бўлар. Аслини олганда булоқдан сув отилиб чиққан каби раҳмат ҳам кўз орқалидир. Дарвешнинг кўнгли ҳамиша қўрқув ва умид ичида бўлади. Зеро, қурқув қалбда. Дарвешнинг руҳи эса баланддадир. Чунончи, улуғворлик руҳда. Дарвешнинг вужуди тавба ичидадир. Чунончи, “бадан тавбададир” ибораси машҳур. Дарвешнинг қўллари доимо хайрда, зеро “хайр-эҳсон, яхшилик қўллардадир” ибораси маълум. Дарвешнинг оёқлари доимий итоатда бўлар. Не учунким, тоат, хизмат, қуллик оёқ биландир. Дарвешнинг икки қулоғи ҳар доим уйғоқдир. Чунки қулоқ воситасида эшитилади. Дарвешнинг тили ҳамиша зикрда бўлади. Чунончи, зикр тил билан адо этилади. Ошиқ фақат Маъшуқининг мақом манзилини истайди.

Эй дарвеш! Билгилки, банданинг 4 нарсаси 4 нарсага боғлиқдир. Қулнинг тили доимий зикруллоҳ билан машғул. Қалби муҳаббат ва маърифатуллоҳ билан банд. Кўзлари Аллоҳни кўриш орзусида доимий ёшли. Сўзи эса ҳамиша тавбадир. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар (Таҳрим: 66/8)”.

Маърифат сирри ҳақида боб

Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари шундай дедилар:

Эй дарвеш! Билгилки, маърифат бир қалъа, Ишқ султон, Ақл вазирдир. Тилнинг вазифаси – зикр. Қалбнинг маъдани – тафаккур. Зеро, мушоҳада кўнгил(сир)да бўлади. Толибнинг қулоғи ҳамиша ҳикматларда. Руҳи эса муҳаббат денгизига чўмган. Дарвешлар муҳаббатга ғарқ бўлганлардир.

Эй Роббининг жамолини соғиниб йиғлаб, ошиқ бўлган дарвеш! Билгилки, Аллоҳ таоло жаннатда боғ ва дарахтларни яратган. Дарвешлар қалбида ҳам маърифат дарахтини яратди, яъни уларгагина Ўзини таниш имконини берди. Кўнгил уйини ихлосдан барпо қилди. Кўнгил дарахти меваси иймон(ишонч)дан, япроқлари ризодандирки, ақлни ҳам унга тобе қилди. Эй самимий, ошиқ дарвеш! Билгилки, у дарахтнинг танаси иймон, шохлари ҳикматдир. Аллоҳ таоло анбар табиатли Жаннатда 4 дарё яратди. Бири Сут, бири Асал, бири соф Шарбат, бири эса Сув дарёсидир. Дарвешнинг қалбида ҳам ибодатнинг 4 дарёси мавжуд: таваккул, тафаккур, тавозеъ ва зикр дарёлари.

Қайси ошиқи содиқ ва Ҳаққа қовушмоққа толиб дарвеш қул бу дарёларнинг қирғоғига яқинлашса ва ушбу шавқ (илоҳий ишқ) шарбатидан баҳраманд бўлса, шариат суффаси устида ўтирса, яъни диний амирларга бўйин эгса, тариқат ёстиға суянса, маърифат гули ифорини завқ билан ҳидлашни бошласа, муҳаббат тандирида ёнса ва айрилиқ оташида кўйса, бундай дарвешга қўйидаги шаклда илоҳий муҳаббат мактуби ва Подишоҳнинг саодат фармони етиб, муҳаббат муждаси таъсир этадики: “(Улар — тавба қилгувчилар Аллоҳнинг Ўзигагина) ибодат қилгувчилар, шукр қилгувчилар, рўза тутгувчилар, рукуъ-сажда қилгувчилар, яхшиликка буюргувчилар, ёмонликдан тўхтатгувчилар ва Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидаларга доимий риоя қилгувчи (мўминлар)дир. (Эй Муҳаммад), бу мўминларга жаннат хушхабарини етказинг (Тавба: 9/112)!” дейилади.

Яна Аллоҳ таолодан шундай хитоб келади: “Эй жонини фидо этган дарвеш бандаларим, эй куйиб, эзилиб кўнгли яраланган ва соғинган ошиқлар! Сизнинг жонларингиз менга фидо бўлди. Оят: “(Эй Муҳаммад), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир (Исро: 17/85)”. Менинг назаргоҳим сизнинг кўнглингиздир. Қалбларингизда бир тахт яратгандим. Тахтнинг устида менинг шарафли ва муборак исмим бор. Сизнинг хабарингиз йўқ, аммо мен мўминлар ва дарвешларнинг кўнглига назар соламан. Кунда минг марта уларнинг кўнгиллларига раҳмат назари ила боқаман.

Билгилки, кўнгилнинг тахти имон, подшоҳи ақл, вазири маърифатдир, унинг салтанати эса Муҳаббат мамлакатидир. Бу тупроқнинг дарахти Ла илаҳа иллаллаҳ Муҳаммадан Расулуллоҳ калимаи таййибаси саналади. Ҳақ таоло шундай хабар беради: “(Эй инсон), Аллоҳ яхши Сўзга (яъни, иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: у сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан мудом мева берур (Иброҳим: 14/24)”.

Дарвешлик сирри (моҳияти) боби

Шайх Хожа Аҳмад Яссавий бундай дедилар:

Дарвешликнинг ҳақиқатлари шудир:

Дарвешнинг кўнгли доимо зикрда, эътиқоди кўнгилда. Қувончи масжидда намоз ўқимоқ ва зоҳид (муттақи) бўлмоқ биландир. Дарвеш доимий Қуръон ўқир ва кундузлари рўза тутар. Чунончи, Расулулллоҳ (с.а.в) қудсий бир ҳадисда Аллоҳ таоладан ривоят қилади: “Рўза мен учун ва унинг савобини мен бераман”.

Шайх Хожа Аҳмад Яссавий айтдилар: дарвеш шундай кишики, агар бир мўмин оёғини унинг бошига қўйса, тафаккур денгизига ғарқ бўлади, бироқ халққа ошкор этмайди. Эй ошиқ дарвеш, билгилки, тариқат йўли толиб дарвешни тафаккурга ундайди, тафаккур қўрқувга, қўрқув умидга, умид кўз ёшга, кўз ёш ҳидоятга, ҳидоят тавфиққа, тавфиқ тоатга, тоат зикрга, зикр имонга, имон ҳамду санога, ҳамд ва сано муҳаббатга, муҳаббат ризога, ризо Нажот юрти (Жаннат)га, Нажот юрти Жаноби Ҳақнинг жамолига мушарраф қилади.

Ҳақ таоло Қуръони каримда шундай хабар берган: “У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб тургувчидир (Қиёмат: 75/22-23)!”

Тўғрисини Аллоҳ билур.

Шеър:
Бизнинг истагимиз жаннат
Оналар оёғи остидадир.
Ҳақнинг ризосин истарсан,
Оналар ризоси бўлган ишни қил!

Хожа Аҳмад Яссавий(қ.с)нинг рисоласи тамом бўлди.

256 РИСОЛА ДАР МАҚОМОТИ АРБАЪИН
              (Қирқ мақомот ҳақида рисола)

БИСМИЛЛОҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Оламларнинг Роббига ҳамд, пайғамбаримиз Муҳаммад расулуллоҳ ва у зотнинг аҳли оиласига саловот ва салом бўлсин.

Эй толиб! Билгилки, бу рисола Султон ул-орифин, Қутб-ул муҳаққиқин (3), аввал ва охир сирларининг кошифи, улуғ шайхлар ифтихори Хожа Аҳмад Яссавий сўзларидан иборат қирқ мақом ҳақидаги асардир.

Аҳмад Яссавий айтдиларки: “Банда Аллоҳ таолога қирқ мақом ила етади. Илк ўн мақом шариат билан боғлиқ. Иккинчи ўн мақом тариқат, учинчи ўн мақом маърифат, тўртинчи ўн мақом эса ҳақиқатга мансубдир”.

Шариатнинг ўн мақоми:

1. Мақом: Аллоҳга, фаришталарга, (илоҳий) китобларга, пайғамбарларга, қиёмат кунига, тақдири азалга, яъни яхшилик ва ёмонликнинг Аллоҳдан эканига имон келтириш. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади (?): “Мен Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирга (яхшилик ва ёмонликнинг) Аллоҳдан эканига иймон келтирдим”.

2. Мақом: Мусулмонликни қабул қилиш. Зеро, Аллоҳ таоло каломида шундай дейди: “Албатта, Аллоҳ наздида, мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир”. (Оли Имрон, 3/19). Мусулмонликнинг эса беш фарзи бор. Аввали намоз ўқимоқ ва закот бермоқ. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб дейди: “Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг…” (Бақара, 2/43.). Сўнгра Аллоҳ таолонинг: “Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара, 2/183), оятига кўра, рўза тутмоқликдир. Ва яна Ҳаж амалини адо этиш бўлиб, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “…йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш бурчи бордир” (Оли Имрон, 3/97)(4).

3. Мақом: Тилни беҳуда сўз ва мақтанчоқликдан асраш. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам: “Сукут этган нажот топди”, – деганлар.

4. Мақом: Илм олиш. Пайғамбар (с.а.в.)нинг “Илм талабида бўлмоқ, ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир” ҳадиси шарифига асосан илм излаш ва ўрганиш лозим.

5. Мақом: Никоҳ. Аллоҳ таолонинг ояти каримида: “…сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар” (Нисо, 4/3), таълифи ҳамда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир”, ҳадиси шарифига биноан турмуш қилиш жоиздир.

6. Мақом: Ҳалол ризқ топиш. Ҳақ Таоло шундай буюради: “Биз сизга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар…” (Тоҳа, 20/81).

7. Мақом: Суннатга амал қилиш. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ким менинг суннатимда (йўлимда юриб) вафот этса, Аллоҳ уни мағфират қилади”, – дедилар.

8. Мақом: Аллоҳнинг яратиқларига раҳм-шафқатли ва марҳаматли бўлиш. Аллоҳ таоло шундай буюради: “Агар (шундан кейин) чиройли амаллар қилсангизлар – ўзларингизга яхшилик қилган бўласизлар. Агар ёмон, гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир” (Исро, 17/7).

9. Мақом: Тоза либос. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ким пок либос кийса, Аллоҳ унинг дуосини қабул қилади”, – деганлар (5).

10. Мақом: Нафс истакларидан узоқ туриш. Ҳақ таоло шундай буюрмиш: “Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур (Нозиот, 79/40-41) ”.

Тариқат мақомлари:

1. Мақом: Тавба қилиш. Аллоҳ таоло буюради: “Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар (Таҳрим, 66/8) ”.
2. Мақом: Соч тарашлаш. Аввало, сочни тарашлаш ва тавба қилиш лозим (6). Ҳақ таоло шундай марҳамат қилади: “…албатта, сизлар (эй мўминлар), иншоаллоҳ Масжид-ал-Ҳаромга тинч-омон бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда хавф-хатарсиз кирурсизлар. Бас (Аллоҳ) сизлар билмаган нарсани билади… (Фатҳ, 48/27) ”.
3. Мақом: Мурид бўлиш. Пайғамбар (с.а.в.): “Пири бўлмаганнинг пири шайтондир”, – деганлар (7).
4. Мақом: Хавф (қўрқув) ва Ражо (умид) соҳиби бўлиш. Пайғамбар (с.а.в.) шундай демишлар: “Мўмин қўрқув ва умид орасидадир”.
5. Мақом: Ғазабни енгиш. Ҳақ таоло марҳамат қилиб дейди: “Улар … ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади (Оли Имрон, 3/134) ”.
6. Мақом: Пирга хизмат қилмоқ. Пайғамбар (с.а.в.): “Хизмат қилганга хизмат қилинади” – деб айтганлар.
7. Мақом: … Сават, қайчи, мой чироқ .. (..га эга бўлиш?) (8).
8. Мақом: Ҳақ таолонинг раҳмат ва марҳаматидан умидвор бўлиш. Ҳақ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз (Зумар, 39/53) ”.
9. Мақом: Аҳли суннат вал-жамоатга мансуб бўлиш (қалбнинг ихлос билан Аллоҳга юзланиши ҳамда сўфийлар мажлисида иштирок этиш, насиҳатларини тинглаш).
10. Мақом: Дунё неъматларини тарк айлаб, тажрид соҳиби бўлиш ва тафридга эришишдир. Аллоҳга ошиқ бўлиш ва У билан қурбат ҳосил қилишга интилиш. Тажрид ва тафрид ўртасидаги фарқ нима, деб сўрасанг, фарқи шундай: Тажрид (дунёвий) боғлардан узулмоқ, тафрид эса тўсиқлардан қутулмоқ, узоқлашмоқдир.

Маърифат мақомлари:

1. Мақом: Нафсни тарбия қилиш. Пайғамбар (с.а.в.) шундай буюради: “Нафс тарбияси илм ўрганишданда хайрлидир”.
2. Мақом: Қўрқмоқдир. Яъни дарвешлардан қўрқади.
3. Мақом: Мосиво (кўнгилни дунёга боғловчи нарсалар)дан халос бўлиш.
4. Мақом: Сидқ ва ихлос соҳиби бўлиш. Оят: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга ибодат қилишга … буюрилган эдилар (Баййина, 98/5)”. Сидқ ҳақида оят: “У содиқларни севар” (9).
5. Мақом: Ҳаёли бўлиш. Пайғамбар (с.а.в.): “Ҳаё иймондандир”, деганлар.
6. Мақом: Жўмардликдир. Оят: “Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир (Ҳашр, 59/9) ”.
7. Мақом: Соҳиби илм бўлиш. Пайғамбар (с.а.в.): “Аллоҳ жоҳилни дўст билмас”, демишлар.
8. Мақом: Солиҳ амал қилиш. Оят: “Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга, албатта, уларга қилиб ўтган амаллари учун жаннатул маъво манзилдир (Сажда, 32/19) ”.
9. Мақом: Қалбни поклаш. Оят: (У кунда на мол ва на ўғиллар манфаат бермас. Ким Аллоҳ ҳузурига саломат қалб ила келса, мустасно. (Шуаро, 26/88-89).
10. Мақом: Нафсни таниш. Пайғамбар (с.а.в.) шундай деганлар: “Нафси (ўзи)ни таниган Роббини танир”. Яъни ўзининг фоний эканини англаган, билган инсон Роббининг боқий эканини англайди ва билади.

Ҳақиқат мақомлари:

1. Мақом: Таслимият.
2. Мақом: Етмиш икки миллатга бир кўз билан боқмоқ (ҳаммага айни назар билан қараш, одамларни ажратмаслик) ва тенг хизмат қилиш.
3. Мақом: Келган таомнинг қаердан келганини билмагунча тановул қилмаслик (ҳалол луқма).
4. Мақом: Ҳақ йўлида хизмат қилиш учун етти муча (узв, аъзо)ни фидо қилиш.
5. Мақом: Жониворларга шафқатли бўлиш ва ўлдирмаслик. Илондан ташқари. Чунки “Озор берганни (ва зарар етказганни) ўлдиринг” деган ҳукм бор.
6. Мақом: Сайри сулук ва мушоҳада соҳиби бўлиш.
7. Мақом: Тилни асраш (кам сўзлаш).
8. Мақом: Аллоҳга илтижо.
9. Мақом: Тавҳиддир (Аллоҳнинг якка-ю ягоналигига ишониш).
10. Мақом: Қалб кўзини очмоқ ва дин илмини англамоқдир.

Ҳақиқат мақомлари тугади.

Марҳамат Аллоҳдан. Аллоҳ энг тўғрисини билгувчи.

Қайтиш фақат Унгадир.

ИЗОҲЛАР

1. Аҳмад Яссавий муршид бўлиш ва мурид қабул қилишнинг муҳим шартлари борлигига, маълум маънавий мақомларни босиб ўтиш мажбурий эканлигига кўп бора урғу берган. Унинг қуйидаги сўзлари далилдир: “Таслим бўл, муқтадоким кўнгил оламини очса, етмиш мақомдан ўтган бўлса, шайхлик унга мусаллам бўлар. Агар бу фазилатларсиз муқтадо(эргаштирувчи)лик даъво қилса, ёлғончидир. Ундай шайхдан ҳазар қилмоқ керак”. Қаранг: Sufi Muhammed Danishmend, Mir’atu’l-kulub, Shvetsiya, Universitätsbibliothek zu Uppsala, No. 472, vr. 166b-167a.
2. Аҳмад Яссавийнинг баъзи ҳарфларга турли маънолар юклаб изоҳлагани хусусида қаранг. Muhammad Olim Sıddîkî, Lemehat min nefehati’l-kuds (tahrir. M. Nezîr Râncha), Islomobod 1986, s. 51-55.
3. Муҳаққиқ – ҳақиқат аҳлининг қутби, ҳақиқат изловчи.
4. Исломнинг беш фарзидан биринчиси бўлган “калимаи шаҳодат” мазкур асарда баён қилинмаган.
5. Пок либос кийишнинг фазилати ҳақида Муҳаммад Олим Сиддиқийнинг “Ламоҳот мин-нафоҳот ул-қудс“ асарида Аҳмад Яссавий айтган сўзлардан нақл қилинган. (Тўлиқ исми Шайх Муҳаммад Олим Сиддиқий Алавий. ХVII асрда яшаган яссавийлик тариқати шайхларидан. Олим Шайх номи билан тарихда қолган. “Ламоҳот мин нафаҳот ул-қудс“ асарида Аҳмад Яссавий ҳаёти, унинг халифалари ва издошлари, яссавийлик тариқати одоб-аркони ҳамда нақшбандия тариқати вакиллари ҳақида ҳам малумот берилган. Асар 2007 йилда Комилхон Каттаев ва Абдулвоҳидхон Нарзуллахон ўғли томонидан нашр қилинган. Муҳаммад Олим Шайх Азизон. Ламоҳот. Яссавия тариқати пирлари мақомоти. Таржимон ва тузувчилар: К.Каттаев ва А.Нарзуллахон ўғли. Самарқанд, 2007.
6. Айрим тариқатларда бўлгани каби яссавийлик тариқатида ҳам мурид бўлиш истагидаги киши шайхга интисоб этганда шайх томонидан муриднинг сочидан бир миқдор кесиш одати бор. Яссавий шайхларидан Хожа Исҳоқ Исмоил ота қаламга олган “Ҳадиқат ул-орифин номли асарида яссавийликда байъат (мурид бўлиш) қилиш маросими ҳақида шундай маълумот берилади: “Шайх мурид бўлиш нияти билан келган кишининг қўлини тутиб, тавба қилиши ва Аллоҳга юзланишини тавсия қилиб, ушбу тавба дуосини уч маротаба ўқийди: “Астоғфируллоҳаллазий ла илаҳа илла Ҳу ал-Ҳайюл-Қайюм ва асъалуҳут-тавба“. Сўнгра қўлига бир қайчи олиб: Ё айюҳалазина аману тубу иллаллоҳи тавбатан насуҳа“ оятини ўқигач, муриднинг сочидан аввал ўнг, сўнгра чап ва ўртасидан икки уч тутам соч кесади. Бу амал дунё севгисини кўнгилдан кесиб отишнинг рамзидир. Бунинг ортидан муридга нафл намози ўқиш, давомли зикр қилиш ҳамда шайхнинг рухсатисиз иш қилмаслик тавсия этилади. Қаранг: Хожа Исҳоқ Исмоил Ота. Ҳадиқат ул-орифин. … Хожа Исҳоқ Исмоил Ота. Ҳадиқат ул-орифин.
… Хожа Исҳоқ Исмоил Ота. Ҳадиқат ул-орифин, Ташкент, Ўз.Р ФА. Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонаси. инр. 11838, вр. 91б.
7. Манбаларида бундай ҳадис мавжуд бўлмай, мазкур жумла шайх Боязид Бистомийга нисбат берилади.
8. Матнда туширилган жумлалар мавжуд бўлиб, Ҳожи Бектош Валининг «Мақолот»ида шариатнинг саккизинчи мақоми ўлароқ “хирқа, занбил, қайчи, жойнамоз, тасбеҳ, игна ва асо” келтирилган. Қаранг: Хожа Бектоши Валий. Мақолот. Таржимон ва сўзбоши муаллифи: Ҳаққул И. – Т., 2000.
9. Аллоҳнинг каломида “У содиқларни севади” мазмунидаги оят мавжуд эмас. “Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади” (Оли Имрон, 3/134) ояти бор.

286Sahifa atoqli tasavvufshunos olim Ibrohim Haqqul tavalludining 75 yilligiga bag‘ishlanadi

Shayxning “Risola dar odobi tariqat” (“Tariqat odobi haqida risola”), “Risola dar maqomoti arba’in” (“Qirq maqomot haqida risola”) nomli asarlari nafs tarbiyasiga bag‘ishlangan. Ular mazmun-mohiyati ila “Faqrnoma”dagi ma’rifiy mushohadani xotirlatadi. Nazmiy ifoda nozikliklari esa hikmatlarga yaqin.

XOJA AHMAD YASSAVIYNING
IKKI FORSIY RISOLASI
Zulayho Abdurahmon
filologiya fanlari bo‘yicha falsafa doktori,
Elnura G‘aybulloh
filologiya fanlari bo‘yicha falsafa doktori


351Xoja Ahmad Yassaviy – turkiy tariqat asoschisi va turkiy so‘fiyona she’riyatning boshlovchisidir. Ahmad Yassaviy so‘fiyona she’riyatga, irfoniy tasavvufiy adabiyotga turkiy tilning jozibasini olib kirdi. Tasavvufiy zavq-shavq uning hikmatlarida turkona ruhni aks ettirdi. She’r ritmi, jazbayu hassosiyat, axloq tarbiyasida turkiy evrilish bo‘ldi. Natijada, turkiy til orqali tasavvuf hikmatlari xalq yuragiga yanada yaqinlashdi. Asrlar osha xalq tili, xalq ohangiga yaqinligi bilan butun turkiy xalqlar qalbini hikmatlar zabt etdi. Yassaviyshunos Ibrohim Haqqul bu haqiqatni: “Ahmad Yassaviy o‘z ona tilini birinchi bo‘lib tariqat tili maqomiga ko‘tardi. Shuning uchun she’rlaridagi har bir so‘z va har bir ibora islom haqiqatlari qadar muqaddas, nurli va ilohiydir”, – deya ilmiy asoslagandi. Mahmud As’ad Jo‘shon hazratlari esa “… Yo‘lni hazrat Yassaviy ochgan, Yunus Emro esa shu yo‘ldan yurganlardan biri”, – deya turkiy irfoniy adabiyotning paydo bo‘lish haqiqatini ilmiy dalillagan.

Xoja Ahmad Yassaviy hayoti, tariqati va asarlarini o‘rganish ham adabiyotshunoslikda alohida hodisadir. Ta’kidlash joizki, yassaviyshunoslikning paydo bo‘lishi va taraqqiyotida turk olimlarining xizmati bemisl. Jumladan, 2019 yilda tasavvufshunoslar Najdat To‘sin va Kamol Eraslan tomonidan “Xoja Ahmad Yassaviy kulliyoti”ning nashr etilishi bilan yassaviyshunoslikdagi mufassal bir tadqiqot va shayx asarlarining mukammal bir jamlanmasi yaratildi. Mazkur kulliyotdan, avvalo, Ahmad Yassaviy hayoti va asarlariga oid ilmiy tadqiqot o‘rin olgan, so‘ngra piri Turkistonning “Faqrnoma” risolasi, “Devoni hikmat”i va ikki forscha devonining turkiy tarjimasi hamda asliyati berilgan. Forscha risolalarning qo‘lyozma nusxasi O‘zbekiston Fanlar akademiyasi Sharqshunoslik instituti (3808 (vr. 312b-316b); in. 6652; in. 9175)da saqlanayotganini alohida e’tirof etish lozim. Shayxning “Risola dar odobi tariqat” (“Tariqat odobi haqida risola”), “Risola dar maqomoti arba’in” (“Qirq maqomot haqida risola”) nomli asarlari nafs tarbiyasiga bag‘ishlangan. Ular mazmun-mohiyati ila “Faqrnoma”dagi ma’rifiy mushohadani xotirlatadi. Nazmiy ifoda nozikliklari esa hikmatlarga yaqin. Bu risolalardagi oyat va hadislarga asoslangan tarbiya yo‘lining nazariy tarzda ko‘rsatilishi tariqat asoschisining amaliy riyozatidan bo‘lsa, bayonning ravon hamda ta’chirchanligi muallifning hikmatnavislik iqtidoridandir. Sayri suluk odobi haqidagi “Risola dar odobi tariqat”da tariqatning ahkom va arkoni, shart va sunnati, shuningdek, mustahab amallaridan bahs yuritiladi. Bularning ruh tahliyasidagi o‘rni ko‘rsatib beriladi. Jumladan, risolada bay’at masalasi, murshidning komil shaxsiyati va muridga qo‘yiladigan talablar ham ochiq-oydin, asosli dalillangan. Bani bashar kamolotini ta’minlovchi ustoz-shogirdlik rishtasi to‘g‘risidagi shayxning qarashlari bugungi ta’lim-tarbiya uchun ham ibratlidir. Ayniqsa, risoladagi Muhabbat, Ishq, Ma’rifat boblari Yaratuvchini tanish va Unga qullik qilish tafakkuri, muhabbatini paydo qiladi.

Kamolot yo‘li 4 manzildan iborat ekanligi irfoniy asarlardan ma’lum. Bu manzillarda sayyorning to‘xtovchi, dam oluvchi bekatlari mavjud. Shayxning “Risola dar maqomoti arba’in” asarida Shariat, Tariqat, Ma’rifat va Haqiqat manzillari 10 maqomga ajratilib, jami 40 maqom izohlanadi. Tariqat arboblarining oyat hamda hadislarni puxta bilishi va o‘z tariqini mana shu ikki asosga tayangan holda belgilashi, xususan, shayxning mazkur risolasida yaqqol ko‘rinadi. Maqomlarning, deyarli, barchasi oyat va hadislar orqali tushuntiriladi. Shayxlar nafs riyozatidagi amallarni aksariyat qisqa va lo‘nda tarzda yoritishgan. Sir ahliga ramzlarning o‘zi kifoya qilgan. Keyinchalik bu kabi qisqa risolalar haqiqatini anglatuvchi buyuk shorihlar yetishib chiqdi. “Tariqat odobi haqida risola”, “Qirq maqomot haqida risola”ga sharh yozish ham yassaviyshunoslikdagi muhim vazifalardan sanaladi.

Mazkur risolalardagi fikr-qarashlarning qalblarga singdirilishi, hayotga tadbiq etilishi bilan Najotga erishiladi. Mana shunday ulug‘ niyatlar, risolalarning qozoq va turk tillariga tarjima qilinganligi, mutarjim N.To‘sin aytganidek, “Risolalarning Ahmad Yassaviy qalamiga mansublik ehtimoli katta. Bu risolalarni Ahmad Yassaviyning o‘zi yozgan yoxud uning so‘zlari muridlari tomonidan jamlangandir. Muhimi, ular Xoja Ahmad Yasssaviy dunyoqarashini bugungi avlodga yetkazuvchi matnlar” ekanligi bizlarni ham tarjima qilishga jur’atlantirdi. Tasavvufiy adabiyotda hikmat muhim hisoblangan. Sharq irfoniga e’tibor qaratsak, ko‘pgina so‘fiyona asarlarda hikmatlar muallifi ko‘rsatilmaydi. Qalblarni poklashdagi samara birlamchi bo‘lganligi bois, hikmat muallifi mojarosi qiziq bo‘lmagan. O‘ylaymizki, Xoja Ahmad Yassaviyga nisbat berilgan ushbu risolalar ham Haqni va qullikni anglashda, inshaalloh, kerakli manbalardan bo‘ladi.

XOJA AHMAD YASSAVIY
IKKI RISOLA
Zulayho Abdurahmon va Elnura G‘aybulloh tarjimasi


256 RISOLA DAR ODOBI TARIQAT
(Tariqat odobi haqida risola)


BISMILLOHIR ROHMANIR ROHIYM

Tariqat qutbi, haqiqat burhoni Hazrati Xoja Ahmad Yassaviy (rahmatullohi alayh) ushbu risolasida tariqat odobi haqida ba’zi haqiqatlardan so‘z ochdilar, toki inshaallloh, bashariyatning qalb ko‘zlari munavvar bo‘lsin va ma’naviy yo‘l toliblari istifoda etsin.

Birinchi bob: Tariqat ahkomi haqida

Ey darvesh! Bilgilki, tariqat hukmlari (qoidalari) 6 qismdan iboratdir:

Birinchisi – ma’rifat (Allohni tanimoq), ikkinchisi – jo‘mardlik, uchinchisi – sidq (to‘g‘rilik), to‘rtinchisi – yaqiyn (komil e’tiqod), beshinchisi – tavakkul, oltinchisi – tafakkurdir.

Ikkinchi bob: Tariqat arkoni haqida

Ey darvesh! Bilgilki, tariqat arkoni 6 maqomdan iborat:

Birinchisi – ilm, ikkinchisi – hilm, uchinchisi – sabr, to‘rtinchisi – rizo, beshinchisi – ixlos, oltinchisi – qurb (Allohga yaqinlik).

Uchinchi bob: Tariqat shartlari haqida

Ey darvesh! Bilgilki, tariqat vojib, ya’ni shartlari 6 darajadir: Birinchisi – talab, ikkinchisi – shavq, uchinchisi – qo‘rquv (xavf), to‘rtinchisi – umid (rajo), beshinchisi – zikr, oltinchisi – fikr (tafakkur).

To‘rtinchi bob: Tariqat sunnatlari haqida

Ey darvesh! Bilgilki, tariqat 6 sunnatdan iborat:

Birinchisi – namozni jamoat bilan birgalikda o‘qish. Ikkinchisi – kechalari erta uyg‘onib, bedor bo‘lib, tahajjud namozini o‘qib, zikr va duo ila mashg‘ul bo‘lish. Uchinchisi – har doim pok, ozoda yurish. To‘rtinchisi – doimo tahoratli bo‘lish. Beshinchisi – ta’zim bilan zikr qilish. Oltinchisi – besh vaqt namozdan keyin har gal payg‘ambarlar, valiylar, Islom podshohi, ona, ota, pir, ustoz va farzandlari haqiga duo qilishdan iborat.

Beshinchi bob: Tariqatdagi mustahab amallar haqida

Ey darvesh! Bilgilki, tariqatda 6 amal tavsiya etiladi:

Birinchisi – mehmon (musofir)larga go‘zal axloq ila xushmuomalada bo‘lish. Ikkinchisi – mehmonga taom berish. Uchinchisi – mehmonni g‘animat bilib, o‘z uyida suhbatlashish. To‘rtinchisi – mehmonni baxtiyor holda ochiqko‘ngillik bilan kuzatish. Beshinchisi – mehmonning ehtiyojlarini qondirish. Oltinchisi – mo‘min bandalarga xizmat qilish.

Oltinchi bob: Tariqatning odobi haqida

Ey darvesh! Bilgilki, tariqatning 6 odobi mavjud:

Birinchisi – shayxning huzurida odob bilan tizza ustida o‘tirish. Ikkinchisi – o‘zini hammadan haqir va ojiz deb bilish. Uchinchisi – shayx huzurida hech qachon shayxdan oldin gapirmaslik. To‘rtinchisi – kattalar huzurida boshqalar bilan so‘zlashmaslik. Beshinchisi – shayx ruxsat bermaguncha sukut saqlash. Oltinchisi – murshid, ustozlarga hurmatda bo‘lish, ota-onadek ularga xizmat qilish, ularning izni bilangina ish boshlash. She’r:

Shayxing ruxsat bermagan biror ishni
Hech qachon o‘zingcha bajara ko‘rma.

Yettinchi bob: Murid qabul qilish haqida

Xoja Ahmad Yassaviy hazratlari shunday deydilar:

Murid qabul qilishning ilk sharti shayxning komil murshid bo‘lishidir. Zero, murid intisob etishi balanoq, murshid uning nafs holi, vujud muammolari, ruhiy holidan xabardor bo‘lmog‘i lozim. Toki shayx muridni qabul qilib, “Tariqatimizga xush kelding”, deyishga loyiq bo‘lsin. Agar shayx Alloh taoloning farzlari, Rasululloh (s.a.v)ning sunnatlaridan xabardor bo‘lmasa, bunday shayx bu dunyoda ozordir. Oxiratda esa Haq taolo va rasulining, mazhab ulamolari, anbiyo, avliyo va ahli tasavvufning yonida uyatga qolib, xijolat bo‘ladi. Bu holdan Allohdan panoh tilaymiz(1).

Tariqat qutbi, haqiqat hujjati Xoja Ahmad Yassaviy (quddisu sirrihu) shunday deganlar:

Bir shayxga bay’at qilib, murid bo‘lishning shartlari bordir. Avvalo, shayx 44 maqomni bosib o‘tgan bo‘lishi lozim. Agar bu maqomlardan xabarsiz bo‘lsa, 21 maqomdan xabardor bo‘lishi kerak. Mabodo darveshlikning mazkur maqomlaridan ham xabarsiz bo‘lsa, loaqal darveshlikning 8 maqomidan, albatta, xabari bo‘lishi shart. Ushbu 8 maqomdan 8 harf paydo bo‘lgan. 1.Alif. 2. Be. 3. Te. 4. Sin. 5. Sod. 6. Fe. 7. Kaf. 8. Re.

Bilgilki, “Alif” – to‘ppa-to‘g‘ridir. Darvesh to‘g‘rilikda alifdek bo‘lar. “Be” – bashoratli (xushxabarli, fazilatli) bo‘ladi. “Te” – tarkidunyo qilar, ya’ni dunyo sevgisini tark etadi. “Sin” – sayri suluk etadi, ya’ni ma’rifat bian tasavvuf yo‘lida ildamlaydi. “Sod” – sabrli bo‘lar. “Fe” – faqa tasarrufida bo‘lar, ya’ni faqr va ojizligini anglar. “Qof” – qanoatli bo‘ladi. “Re” – darvesh hamisha riyozatda bo‘ladi. Alloh taolo “Qur’oni karimda: “Alloh ulardan rozi bo‘ldi, ular ham Allohdan rozi bo‘ldilar (Bayyina: 98/18)”, – deya marhamat qilgani kabi maqomlarga sohib bir shayxning murid qabul qilmog‘i, aso bermog‘i, murid holidan xabar olmog‘i, hadya olmog‘i mumkindir. Agar darveshlikning ushbu 8 maqomini bilmasa, shubhasiz, murid qabul qilishi joiz emas. Mabodo shu holida shayxlik qilishga da’vo qilsa, abadiy azobga duchor bo‘ladi (2).

Muhabbat bobi

Shayximiz aytadilar: Ey darvesh! Muhabbat oddiy so‘z emas… Zero, Alloh azza va jalla Muhabbatni yaratarkan, unga shunday nido etti: Ey Muhabbat! Arshi azimga joylash. Ammo Muhabbat Arshdan makon topmadi. Yana nido etdi: Kursini makon et. Kursiga ham joylashmadi. Yana ovoz keldi: Ey Muhabbat! Nechun bu maqomlardan joy olmading? Shunda muhabbat yolvorib bunday dedi: Ey Robbim! Muhabbat makon topmog‘i uchun uchun 18 ming olamda talab darkor. Tolibga matlub, oshiqqa ma’shuq, Zulayxoga Yusuf, Xadichaga Muhammad (s.a.v)ning jamoli kerakdur. Murid murshidning suhbatiga, Haqqa tolib darvesh esa Mavloning jamoliga muhtojdir. Oyat: “Ularni Allohni sevgan kabi sevadilar (Baqara: 2/165)”.

Ishq bobi

Shayximiz aytadilar: Ishq bir holdan boshqa bir holga yuksalishdir. Oshiq shunday bir kishiki, bir martagina “Alloh” deyishi bilan shavq otashida yonadi. Unga ixlos yuz ko‘rsatadi. Ma’rifat chirog‘i yonib, muhabbat shami erishga boshlaydi. Bu hollarda darvesh joynamoz ustida parvona kabi ucha boshlaydi va ruhoniy olamda duo dargohiga yuz burib, shukr etadi.

Bunday bir oshiq shayx haqida Xoja Ahmad Yassaviy shunday deydilar: “Dunyo bilan oxiratda har kim bir piyola gul suvidan totsa, ya’ni Do‘st qo‘lidan o‘z g‘ayrati bilan ishq qadahidan bir qultumgina icha olsa, malomat (xalqning tanqidiga duchor bo‘lish) uning nasibasi bo‘ladi.

Ma’rifat (Allohni tanish) bobi

Qalb hayoti Alloh bilandir.

Ey darvesh! Bilgilki, ishqning lazzati ma’shuq tufaylidir, ishq vafo bilan ortmaydi, jafo bilan ham kamaymaydi. Muhabbat unga zavq bag‘ishlaydi. Zavq qarshisida kuzatuvchi aql bor ekan, natija ma’shuqaga yetishish demakdir.

Ey darvesh! Bilgilki, Jannat tolib (Allohni izlagan kishi) uchun Haq taoloning lutfu ehsoni bo‘ladi. U bandalarning ko‘ngil dardiga shifodir. “Jalil (buyuk Alloh)ni topmoq xastaning shifosidur” xabari qulning darmoni hisoblanadi. Darveshning ko‘zlari har doim yoshli bo‘lar. Aslini olganda buloqdan suv otilib chiqqan kabi rahmat ham ko‘z orqalidir. Darveshning ko‘ngli hamisha qo‘rquv va umid ichida bo‘ladi. Zero, qurquv qalbda. Darveshning ruhi esa balanddadir. Chunonchi, ulug‘vorlik ruhda. Darveshning vujudi tavba ichidadir. Chunonchi, “badan tavbadadir” iborasi mashhur. Darveshning qo‘llari doimo xayrda, zero “xayr-ehson, yaxshilik qo‘llardadir” iborasi ma’lum. Darveshning oyoqlari doimiy itoatda bo‘lar. Ne uchunkim, toat, xizmat, qullik oyoq bilandir. Darveshning ikki qulog‘i har doim uyg‘oqdir. Chunki quloq vositasida eshitiladi. Darveshning tili hamisha zikrda bo‘ladi. Chunonchi, zikr til bilan ado etiladi. Oshiq faqat Ma’shuqining maqom manzilini istaydi.

Ey darvesh! Bilgilki, bandaning 4 narsasi 4 narsaga bog‘liqdir. Qulning tili doimiy zikrulloh bilan mashg‘ul. Qalbi muhabbat va ma’rifatulloh bilan band. Ko‘zlari Allohni ko‘rish orzusida doimiy yoshli. So‘zi esa hamisha tavbadir. Zero, Alloh taolo shunday marhamat qiladi: “Ey iymon keltirganlar! Allohga xolis tavba qilinglar (Tahrim: 66/8)”.

Ma’rifat sirri haqida bob

Xoja Ahmad Yassaviy hazratlari shunday dedilar:

Ey darvesh! Bilgilki, ma’rifat bir qal’a, Ishq sulton, Aql vazirdir. Tilning vazifasi – zikr. Qalbning ma’dani – tafakkur. Zero, mushohada ko‘ngil(sir)da bo‘ladi. Tolibning qulog‘i hamisha hikmatlarda. Ruhi esa muhabbat dengiziga cho‘mgan. Darveshlar muhabbatga g‘arq bo‘lganlardir.

Ey Robbining jamolini sog‘inib yig‘lab, oshiq bo‘lgan darvesh! Bilgilki, Alloh taolo jannatda bog‘ va daraxtlarni yaratgan. Darveshlar qalbida ham ma’rifat daraxtini yaratdi, ya’ni ulargagina O‘zini tanish imkonini berdi. Ko‘ngil uyini ixlosdan barpo qildi. Ko‘ngil daraxti mevasi iymon(ishonch)dan, yaproqlari rizodandirki, aqlni ham unga tobe qildi. Ey samimiy, oshiq darvesh! Bilgilki, u daraxtning tanasi iymon, shoxlari hikmatdir. Alloh taolo anbar tabiatli Jannatda 4 daryo yaratdi. Biri Sut, biri Asal, biri sof Sharbat, biri esa Suv daryosidir. Darveshning qalbida ham ibodatning 4 daryosi mavjud: tavakkul, tafakkur, tavoze’ va zikr daryolari.

Qaysi oshiqi sodiq va Haqqa qovushmoqqa tolib darvesh qul bu daryolarning qirg‘og‘iga yaqinlashsa va ushbu shavq (ilohiy ishq) sharbatidan bahramand bo‘lsa, shariat suffasi ustida o‘tirsa, ya’ni diniy amirlarga bo‘yin egsa, tariqat yostig‘a suyansa, ma’rifat guli iforini zavq bilan hidlashni boshlasa, muhabbat tandirida yonsa va ayriliq otashida ko‘ysa, bunday darveshga qo‘yidagi shaklda ilohiy muhabbat maktubi va Podishohning saodat farmoni yetib, muhabbat mujdasi ta’sir etadiki: “(Ular — tavba qilguvchilar Allohning O‘zigagina) ibodat qilguvchilar, shukr qilguvchilar, ro‘za tutguvchilar, ruku’-sajda qilguvchilar, yaxshilikka buyurguvchilar, yomonlikdan to‘xtatguvchilar va Alloh belgilab qo‘ygan qonun-qoidalarga doimiy rioya qilguvchi (mo‘minlar)dir. (Ey Muhammad), bu mo‘minlarga jannat xushxabarini yetkazing (Tavba: 9/112)!” deyiladi.

Yana Alloh taolodan shunday xitob keladi: “Ey jonini fido etgan darvesh bandalarim, ey kuyib, ezilib ko‘ngli yaralangan va sog‘ingan oshiqlar! Sizning jonlaringiz menga fido bo‘ldi. Oyat: “(Ey Muhammad), sizdan ruh-jon haqida so‘raydilar. Ayting: “Ruh yolg‘iz Parvardigorim biladigan ishlardandir (Isro: 17/85)”. Mening nazargohim sizning ko‘nglingizdir. Qalblaringizda bir taxt yaratgandim. Taxtning ustida mening sharafli va muborak ismim bor. Sizning xabaringiz yo‘q, ammo men mo‘minlar va darveshlarning ko‘ngliga nazar solaman. Kunda ming marta ularning ko‘ngilllariga rahmat nazari ila boqaman.

Bilgilki, ko‘ngilning taxti imon, podshohi aql, vaziri ma’rifatdir, uning saltanati esa Muhabbat mamlakatidir. Bu tuproqning daraxti La ilaha illallah Muhammadan Rasululloh kalimai tayyibasi sanaladi. Haq taolo shunday xabar beradi: “(Ey inson), Alloh yaxshi So‘zga (ya’ni, iymon kalimasiga) qanday misol keltirganini ko‘rgin: u so‘z xuddi bir asil daraxtga o‘xshaydiki, uning ildizi (yer ostiga) mahkam o‘rnashgan, shoxlari esa osmonda bo‘lib, Parvardigorining izni-irodasi bilan mudom meva berur (Ibrohim: 14/24)”.

Darveshlik sirri (mohiyati) bobi

Shayx Xoja Ahmad Yassaviy bunday dedilar:

Darveshlikning haqiqatlari shudir:

Darveshning ko‘ngli doimo zikrda, e’tiqodi ko‘ngilda. Quvonchi masjidda namoz o‘qimoq va zohid (muttaqi) bo‘lmoq bilandir. Darvesh doimiy Qur’on o‘qir va kunduzlari ro‘za tutar. Chunonchi, Rasulullloh (s.a.v) qudsiy bir hadisda Alloh taoladan rivoyat qiladi: “Ro‘za men uchun va uning savobini men beraman”.

Shayx Xoja Ahmad Yassaviy aytdilar: darvesh shunday kishiki, agar bir mo‘min oyog‘ini uning boshiga qo‘ysa, tafakkur dengiziga g‘arq bo‘ladi, biroq xalqqa oshkor etmaydi. Ey oshiq darvesh, bilgilki, tariqat yo‘li tolib darveshni tafakkurga undaydi, tafakkur qo‘rquvga, qo‘rquv umidga, umid ko‘z yoshga, ko‘z yosh hidoyatga, hidoyat tavfiqqa, tavfiq toatga, toat zikrga, zikr imonga, imon hamdu sanoga, hamd va sano muhabbatga, muhabbat rizoga, rizo Najot yurti (Jannat)ga, Najot yurti Janobi Haqning jamoliga musharraf qiladi.

Haq taolo Qur’oni karimda shunday xabar bergan: “U Kunda (mo‘minlarning) yuzlari yashnab, Parvardigorlariga boqib turguvchidir (Qiyomat: 75/22-23)!”

To‘g‘risini Alloh bilur.

She’r:
Bizning istagimiz jannat
Onalar oyog‘i ostidadir.
Haqning rizosin istarsan,
Onalar rizosi bo‘lgan ishni qil!

Xoja Ahmad Yassaviy(q.s)ning risolasi tamom bo‘ldi.

256 RISOLA DAR MAQOMOTI ARBA’IN
(Qirq maqomot haqida risola)


BISMILLOHIR ROHMANIR ROHIYM

Olamlarning Robbiga hamd, payg‘ambarimiz Muhammad rasululloh va u zotning ahli oilasiga salovot va salom bo‘lsin.

Ey tolib! Bilgilki, bu risola Sulton ul-orifin, Qutb-ul muhaqqiqin (3), avval va oxir sirlarining koshifi, ulug‘ shayxlar iftixori Xoja Ahmad Yassaviy so‘zlaridan iborat qirq maqom haqidagi asardir.

Ahmad Yassaviy aytdilarki: “Banda Alloh taologa qirq maqom ila yetadi. Ilk o‘n maqom shariat bilan bog‘liq. Ikkinchi o‘n maqom tariqat, uchinchi o‘n maqom ma’rifat, to‘rtinchi o‘n maqom esa haqiqatga mansubdir”.

Shariatning o‘n maqomi:

1. Maqom: Allohga, farishtalarga, (ilohiy) kitoblarga, payg‘ambarlarga, qiyomat kuniga, taqdiri azalga, ya’ni yaxshilik va yomonlikning Allohdan ekaniga imon keltirish. Darhaqiqat, Alloh taolo shunday marhamat qiladi (?): “Men Allohga, farishtalariga, kitoblariga, payg‘ambarlariga, oxirat kuniga va taqdirga (yaxshilik va yomonlikning) Allohdan ekaniga iymon keltirdim”.

2. Maqom: Musulmonlikni qabul qilish. Zero, Alloh taolo kalomida shunday deydi: “Albatta, Alloh nazdida, maqbul bo‘ladigan din faqat Islom dinidir”. (Oli Imron, 3/19). Musulmonlikning esa besh farzi bor. Avvali namoz o‘qimoq va zakot bermoq. Alloh taolo marhamat qilib deydi: “Namozni to‘kis ado qiling, zakot bering…” (Baqara, 2/43.). So‘ngra Alloh taoloning: “Ey, iymon keltirganlar! Sizlardan avvalgilarga farz qilinganidek, sizlarga ham ro‘za farz qilindi” (Baqara, 2/183), oyatiga ko‘ra, ro‘za tutmoqlikdir. Va yana Haj amalini ado etish bo‘lib, Alloh taolo marhamat qilib aytadiki: “…yo‘lga qodir bo‘lgan kishilar zimmasida Alloh uchun Baytni haj qilish burchi bordir” (Oli Imron, 3/97)(4).

3. Maqom: Tilni behuda so‘z va maqtanchoqlikdan asrash. Rasululloh (s.a.v.) ham: “Sukut etgan najot topdi”, – deganlar.

4. Maqom: Ilm olish. Payg‘ambar (s.a.v.)ning “Ilm talabida bo‘lmoq, har bir musulmon erkak va ayol uchun farzdir” hadisi sharifiga asosan ilm izlash va o‘rganish lozim.

5. Maqom: Nikoh. Alloh taoloning oyati karimida: “…sizlar uchun nikohi halol bo‘lgan ayollarga ikkita, uchta, to‘rttadan uylanaveringlar” (Niso, 4/3), ta’lifi hamda Payg‘ambarimiz (s.a.v.)ning: “Nikoh mening sunnatimdir. Kim mening sunnatimdan yuz o‘girsa, mendan emasdir”, hadisi sharifiga binoan turmush qilish joizdir.

6. Maqom: Halol rizq topish. Haq Taolo shunday buyuradi: “Biz sizga rizq qilib bergan pok narsalardan yenglar…” (Toha, 20/81).

7. Maqom: Sunnatga amal qilish. Payg‘ambarimiz (s.a.v.): “Kim mening sunnatimda (yo‘limda yurib) vafot etsa, Alloh uni mag‘firat qiladi”, – dedilar.

8. Maqom: Allohning yaratiqlariga rahm-shafqatli va marhamatli bo‘lish. Alloh taolo shunday buyuradi: “Agar (shundan keyin) chiroyli amallar qilsangizlar – o‘zlaringizga yaxshilik qilgan bo‘lasizlar. Agar yomon, gunoh amallar qilsangizlar ham o‘zlaringiz uchundir” (Isro, 17/7).

9. Maqom: Toza libos. Zero, Payg‘ambarimiz (s.a.v.): “Kim pok libos kiysa, Alloh uning duosini qabul qiladi”, – deganlar (5).

10. Maqom: Nafs istaklaridan uzoq turish. Haq taolo shunday buyurmish: “Endi kim (hayoti-dunyodalik paytida Qiyomat kuni mahshargohda) Parvardigorining (huzurida) turishi (va U zotga hisob-kitob berishi)dan qo‘rqqan va nafsini havoyi xohishlardan qaytargan bo‘lsa, u holda faqat jannatgina (uning uchun) joy bo‘lur (Noziot, 79/40-41) ”.

Tariqat maqomlari:

1. Maqom: Tavba qilish. Alloh taolo buyuradi: “Ey mo‘minlar, Allohga xolis tavba qilinglar (Tahrim, 66/8) ”.
2. Maqom: Soch tarashlash. Avvalo, sochni tarashlash va tavba qilish lozim (6). Haq taolo shunday marhamat qiladi: “…albatta, sizlar (ey mo‘minlar), inshoalloh Masjid-al-Haromga tinch-omon boshlaringizni (sochlaringizni) qirdirgan va (yoki) qisqartirgan hollaringizda xavf-xatarsiz kirursizlar. Bas (Alloh) sizlar bilmagan narsani biladi… (Fath, 48/27) ”.
3. Maqom: Murid bo‘lish. Payg‘ambar (s.a.v.): “Piri bo‘lmaganning piri shaytondir”, – deganlar (7).
4. Maqom: Xavf (qo‘rquv) va Rajo (umid) sohibi bo‘lish. Payg‘ambar (s.a.v.) shunday demishlar: “Mo‘min qo‘rquv va umid orasidadir”.
5. Maqom: G‘azabni yengish. Haq taolo marhamat qilib deydi: “Ular … g‘azablarini ichlariga yutadigan, odamlarning (xato-kamchiliklarini) afv etadiganlardir. Alloh bunday yaxshilik qiluvchilarni sevadi (Oli Imron, 3/134) ”.
6. Maqom: Pirga xizmat qilmoq. Payg‘ambar (s.a.v.): “Xizmat qilganga xizmat qilinadi” – deb aytganlar.
7. Maqom: … Savat, qaychi, moy chiroq .. (..ga ega bo‘lish?) (8).
8. Maqom: Haq taoloning rahmat va marhamatidan umidvor bo‘lish. Haq taolo shunday marhamat qiladi: “Allohning rahmat-marhamatidan noumid bo‘lmangiz (Zumar, 39/53) ”.
9. Maqom: Ahli sunnat val-jamoatga mansub bo‘lish (qalbning ixlos bilan Allohga yuzlanishi hamda so‘fiylar majlisida ishtirok etish, nasihatlarini tinglash).
10. Maqom: Dunyo ne’matlarini tark aylab, tajrid sohibi bo‘lish va tafridga erishishdir. Allohga oshiq bo‘lish va U bilan qurbat hosil qilishga intilish. Tajrid va tafrid o‘rtasidagi farq nima, deb so‘rasang, farqi shunday: Tajrid (dunyoviy) bog‘lardan uzulmoq, tafrid esa to‘siqlardan qutulmoq, uzoqlashmoqdir.

Ma’rifat maqomlari:

1. Maqom: Nafsni tarbiya qilish. Payg‘ambar (s.a.v.) shunday buyuradi: “Nafs tarbiyasi ilm o‘rganishdanda xayrlidir”.
2. Maqom: Qo‘rqmoqdir. Ya’ni darveshlardan qo‘rqadi.
3. Maqom: Mosivo (ko‘ngilni dunyoga bog‘lovchi narsalar)dan xalos bo‘lish.
4. Maqom: Sidq va ixlos sohibi bo‘lish. Oyat: “Holbuki, ular faqat yagona Allohga ibodat qilishga … buyurilgan edilar (Bayyina, 98/5)”. Sidq haqida oyat: “U sodiqlarni sevar” (9).
5. Maqom: Hayoli bo‘lish. Payg‘ambar (s.a.v.): “Hayo iymondandir”, deganlar.
6. Maqom: Jo‘mardlikdir. Oyat: “Kimki o‘z nafsining baxilligidan saqlana olsa, bas, ana o‘shalar najot topguvchi zotlardir (Hashr, 59/9) ”.
7. Maqom: Sohibi ilm bo‘lish. Payg‘ambar (s.a.v.): “Alloh johilni do‘st bilmas”, demishlar.
8. Maqom: Solih amal qilish. Oyat: “Iymon keltirib, yaxshi amallarni qilganlarga, albatta, ularga qilib o‘tgan amallari uchun jannatul ma’vo manzildir (Sajda, 32/19) ”.
9. Maqom: Qalbni poklash. Oyat: (U kunda na mol va na o‘g‘illar manfaat bermas. Kim Alloh huzuriga salomat qalb ila kelsa, mustasno. (Shuaro, 26/88-89).
10. Maqom: Nafsni tanish. Payg‘ambar (s.a.v.) shunday deganlar: “Nafsi (o‘zi)ni tanigan Robbini tanir”. Ya’ni o‘zining foniy ekanini anglagan, bilgan inson Robbining boqiy ekanini anglaydi va biladi.

Haqiqat maqomlari:

1. Maqom: Taslimiyat.
2. Maqom: Yetmish ikki millatga bir ko‘z bilan boqmoq (hammaga ayni nazar bilan qarash, odamlarni ajratmaslik) va teng xizmat qilish.
3. Maqom: Kelgan taomning qayerdan kelganini bilmaguncha tanovul qilmaslik (halol luqma).
4. Maqom: Haq yo‘lida xizmat qilish uchun yetti mucha (uzv, a’zo)ni fido qilish.
5. Maqom: Jonivorlarga shafqatli bo‘lish va o‘ldirmaslik. Ilondan tashqari. Chunki “Ozor berganni (va zarar yetkazganni) o‘ldiring” degan hukm bor.
6. Maqom: Sayri suluk va mushohada sohibi bo‘lish.
7. Maqom: Tilni asrash (kam so‘zlash).
8. Maqom: Allohga iltijo.
9. Maqom: Tavhiddir (Allohning yakka-yu yagonaligiga ishonish).
10. Maqom: Qalb ko‘zini ochmoq va din ilmini anglamoqdir.

Haqiqat maqomlari tugadi.

Marhamat Allohdan. Alloh eng to‘g‘risini bilguvchi.

Qaytish faqat Ungadir.

IZOHLAR

1. Ahmad Yassaviy murshid bo‘lish va murid qabul qilishning muhim shartlari borligiga, ma’lum ma’naviy maqomlarni bosib o‘tish majburiy ekanligiga ko‘p bora urg‘u bergan. Uning quyidagi so‘zlari dalildir: “Taslim bo‘l, muqtadokim ko‘ngil olamini ochsa, yetmish maqomdan o‘tgan bo‘lsa, shayxlik unga musallam bo‘lar. Agar bu fazilatlarsiz muqtado(ergashtiruvchi)lik da’vo qilsa, yolg‘onchidir. Unday shayxdan hazar qilmoq kerak”. Qarang: Sufi Muhammed Danishmend, Mir’atu’l-kulub, Shvetsiya, Universitätsbibliothek zu Uppsala, No. 472, vr. 166b-167a.
2. Ahmad Yassaviyning ba’zi harflarga turli ma’nolar yuklab izohlagani xususida qarang. Muhammad Olim Sıddîkî, Lemehat min nefehati’l-kuds (tahrir. M. Nezîr Râncha), Islomobod 1986, s. 51-55.
3. Muhaqqiq – haqiqat ahlining qutbi, haqiqat izlovchi.
4. Islomning besh farzidan birinchisi bo‘lgan “kalimai shahodat” mazkur asarda bayon qilinmagan.
5. Pok libos kiyishning fazilati haqida Muhammad Olim Siddiqiyning “Lamohot min-nafohot ul-quds“ asarida Ahmad Yassaviy aytgan so‘zlardan naql qilingan. (To‘liq ismi Shayx Muhammad Olim Siddiqiy Alaviy. XVII asrda yashagan yassaviylik tariqati shayxlaridan. Olim Shayx nomi bilan tarixda qolgan. “Lamohot min nafahot ul-quds“ asarida Ahmad Yassaviy hayoti, uning xalifalari va izdoshlari, yassaviylik tariqati odob-arkoni hamda naqshbandiya tariqati vakillari haqida ham malumot berilgan. Asar 2007 yilda Komilxon Kattayev va Abdulvohidxon Narzullaxon o‘g‘li tomonidan nashr qilingan. Muhammad Olim Shayx Azizon. Lamohot. Yassaviya tariqati pirlari maqomoti. Tarjimon va tuzuvchilar: K.Kattayev va A.Narzullaxon o‘g‘li. Samarqand, 2007.
6. Ayrim tariqatlarda bo‘lgani kabi yassaviylik tariqatida ham murid bo‘lish istagidagi kishi shayxga intisob etganda shayx tomonidan muridning sochidan bir miqdor kesish odati bor. Yassaviy shayxlaridan Xoja Is’hoq Ismoil ota qalamga olgan “Hadiqat ul-orifin nomli asarida yassaviylikda bay’at (murid bo‘lish) qilish marosimi haqida shunday ma’lumot beriladi: “Shayx murid bo‘lish niyati bilan kelgan kishining qo‘lini tutib, tavba qilishi va Allohga yuzlanishini tavsiya qilib, ushbu tavba duosini uch marotaba o‘qiydi: “Astog‘firullohallaziy la ilaha illa Hu al-Hayyul-Qayyum va as’aluhut-tavba“. So‘ngra qo‘liga bir qaychi olib: Yo ayyuhalazina amanu tubu illallohi tavbatan nasuha“ oyatini o‘qigach, muridning sochidan avval o‘ng, so‘ngra chap va o‘rtasidan ikki uch tutam soch kesadi. Bu amal dunyo sevgisini ko‘ngildan kesib otishning ramzidir. Buning ortidan muridga nafl namozi o‘qish, davomli zikr qilish hamda shayxning ruxsatisiz ish qilmaslik tavsiya etiladi. Qarang: Xoja Is’hoq Ismoil Ota. Hadiqat ul-orifin. … Xoja Is’hoq Ismoil Ota. Hadiqat ul-orifin.
… Xoja Is’hoq Ismoil Ota. Hadiqat ul-orifin, Tashkent, O‘z.R FA. Beruniy nomidagi Sharqshunoslik instituti kutubxonasi. inr. 11838, vr. 91b.
7. Manbalarida bunday hadis mavjud bo‘lmay, mazkur jumla shayx Boyazid Bistomiyga nisbat beriladi.
8. Matnda tushirilgan jumlalar mavjud bo‘lib, Hoji Bektosh Valining «Maqolot»ida shariatning sakkizinchi maqomi o‘laroq “xirqa, zanbil, qaychi, joynamoz, tasbeh, igna va aso” keltirilgan. Qarang: Xoja Bektoshi Valiy. Maqolot. Tarjimon va so‘zboshi muallifi: Haqqul I. – T., 2000.
9. Allohning kalomida “U sodiqlarni sevadi” mazmunidagi oyat mavjud emas. “Alloh yaxshilik qiluvchilarni sevadi” (Oli Imron, 3/134) oyati bor.


98

(Tashriflar: umumiy 195, bugungi 1)

Izoh qoldiring