Jo‘ra Fozil. Erkin mavzudagi insho yoxud hayot shomidagi o‘ylar. Roman. Oltinchi parcha

84Бадиий асарлар лоқайдликнинг аччиқ ва шўр уммонига томадиган ширин томчилар бўлса ажабмас….

Жўра ФОЗИЛ
ЭРКИН МАВЗУДАГИ ИНШО
ЁХУД ҲАЁТ ШОМИДАГИ ЎЙЛАР

Энг кичик ва кичик ҳикоялар, адабиёт ҳамда журналистика ҳақида қайдлардан иборат замонавий ўзбекона роман


ОЛТИНЧИ ПАРЧА


МУСОФИР

Агар ўз уйингда бегона, мусофир бўлишни истасанг, тезда таъмирлаш ишларини бошлаб юбор…

УМР

Адиб деган мавжудод ҳаммамиз сингари бир марта яшайди. Биргина ширин жони бор. Фақат у умри давомида бир неча умрларни яшаб ўтса, ажаб эмас. Зеро, ҳаётда содир бўлаётган яхшилигу ёмонликлар, қабоҳат, мардлик, олижаноблик, бало-офатлар, яратиш, яратилиш, борингки, инсон зотига хос барча тубанлигу пасткашликлар, юксаклик, улуғворликлар унинг озурда юрагини четлаб ўтмайди. Вақт-соати етганда, ижодкор кўрган-кечирганларининг аксарияти юрак қони мисол “чак-чак” томиб, оппоқ қоғозга тушади. Ушбу битиклар агар ҳақиқий адабиёт маҳсули бўлса, улар кимнидир йиғлатади, кулдиради, ҳаяжонга солади. Кимгадир аччиқ сабоқ, кимгадир ибрат бўлади. Айрим китобхонлар эса мутолаадан сўнг, ўз ҳаётларида тубдан бурилиш ясайди. Ахир, сўз санъатининг, бадиий адабиётнинг мафтункор, ҳаётбахш кучи шунда эмасми?

ҒАЛАТИ ОДАМ

Бу адиб ҳақида унинг катта ўғли шундай деди: “Дада, сиз бу дунёнинг одами эмассиз…”.
Ёзувчи шундай жавоб қилди: “Гапинг тўғри ўғлим, мен аллақачон нариги дунёнинг одамига айланиб улгурганман, шекилли. Қизиғи шундаки, асарларимни негадир шу дунёнинг одамлари ўқишади…”
Ҳақиқатан ҳам, бу сўз санъаткори бутунлай бошқа бир дунёнинг кишиси эди. У агар туни билан ухлаёлмай қийналиб чиқса, тонгда дарҳол ёзув столига ўтирар, қанча ноҳақлигу адолатсизлик, жабру ситам кўрса, шунчалик баракали ижод қилар эди.
Демак, катта ўғил дадасининг табиатини яхши билар эканда…

ТЎХТАБ ҚОЛМАГАН ВАҚТ

Унинг ижодхонасидаги иш столида тўхтаб қолган қадимий соат бор эди. Уни чамаси қирқ йилларча бурун, туғилган кунида ҳамкасб дўстлари совға қилишганди. Кейинги йилларда тўхтаб қолган бу соатни бураб юргизиш ҳеч кимнинг, жумладан, ўзининг ҳам хаёлига келмас эди. Кунларнинг бирида у соат “чиқ-чиқ” этиб ишлаётганини сезиб қолди. Демак, оила аъзоларидан кимдир соатни бураб, юргизиб юборган. Қария енгил тортди, кўнгли ёришиб кетди. Унинг назарида тўхтаб қолган соат эмас, Вақт юриб кетгандек эди. Ҳа, Вақт тўхтамаган, ҳеч қачон тўхтамайди!..

КЕЧ КУЗДА КЕЛГАН БАҲОР

Ақрабнинг учинчи кунида Бухоройи Шарифда ҳаво ҳарорати йигирма бир даража иссиқ бўлди.
Иқлим ўзгаришлари ўз йўлига-ю, Аллоҳ иродасига қойил қолмай илож йўқ. Ахир ҳамма вақт ҳам куз сўнгида қиш эмас, баҳор бўлавермайди-да.
Агар замон шоирлари бу ҳақда ашъор битса, ўз вақтида келмаган баҳорни кексанинг кўнглига меҳмон бўлган ногаҳоний севгига қиёслашлари мумкин…

ТАЖОВУЗКОР ҲАСАД

Дунёда ҳамма нарса ўзгаради, деганлари рост экан. Мана “ўлмаган қул кўраверади”, ақидасига амал қилиб ҳазрати инсон “ҳасад” аталмиш қабоҳатнинг ўзгарганини ҳам кўришга муяссар бўлди. Бир пайтлар ҳасад қилувчи ич-этини еб, охир-оқибат ўзини-ўзи хароб этарди. Ҳасад қилинувчи киши эса, бундан унчалик зарар кўрмасди, назаримда. Ҳар қалай, ҳасад қилувчилар анчайин нофаол, асосан, ўзларига кўпроқ зарар етказардилар холос.
Ҳозир вазият кескин ўзгарди. Энди ҳасадчилар бағоят фаол, тажовузкор қора кучга айланишди. Улар ич-этларини жимгина кемириб ётавермайдилар, бутун кучларини бадбинлик тиғлари қаратилган шўрликни маънан ва жисмонан йўқотиш, маҳв этишга сарфлашади. Инсоният бошига ёпирилиётган бало-қазоларда ҳасаднинг ўрни жуда катта.

ЛОҚАЙДЛИК ҚУРБОНЛАРИ

Қадимда узоқ шимолда, қабилаларнинг бирида шундай бир одат бор экан. Ота-оналар жуда қартайиб, эркаклар ов қилишга, аёллар рўзғор юмушларига ярамай қолишганда фарзандлар ўзаро маслаҳатлашиб, гапни бир ерга қўйиб, волид ва волидаларини олис, гадойтопмас гўшага элтиб ташлаб, ёнларида бир неча кунга етадиган озиқ-овқат, ўтин-чўп қолдириб қайтиб кетишаркан. Шу тахлит ортиқча юк – даҳмазадан халос бўлишаркан. Чунки озиқ-овқат ва ўтин-чўп тугагач, қаттиқ ва даҳшатли совуқда қолдирилган қариялар секин-аста жон таслим этиб, боқий дунёга рихлат қилишаркан.
Бу шафқат сиз ва ваҳшиёна одат ҳақида улуғ адиб Жек Лондоннинг “Шимол ҳикоялари”дан бирида ўқиган эдим. Ўшанда қирқ ёшларда бўлиб, ҳаётнинг қандай синовлари олдинда эканлигини билмасдим. Шимол халқлари орасида ҳукм сурган юқоридаги одат мени қаттиқ ларзага солди, даҳшатга тушдим. Ўзим ота-онамдан жуда эрта ажралганим сабабли падари бузруквори ва волидайи муҳтарамаси борларга жуда ҳавасим келарди.
Ота-онам тирик бўлганларида бошимга кўтармасмидим деган хаёлларга бориб ҳикоя таъсиридан бир неча кун гарангсиб юрдим. Орадан кўп йиллар ўтди. Бобо, катта бобо ҳам бўлдим. Кун келиб ўша ҳикояни эсладим. Тўғрироғи, эслашга ҳаёт мажбур қилди. Чунки ҳозирги замонда болалари билан бир ҳовлида, ёки ёнма-ён, ёхуд бир шаҳар-қишлоқда яшаётган айрим қарияларнинг аҳволи олис шимол совуғида ёлғиз қолдирилиб, азоб-уқубатли ўлимга маҳкум этилган ота-оналар аҳволидан ҳам баттарроқ. Зеро, меҳр-оқибатсизлик, шафқат сизлик, лоқайдлик – шимолнинг қаттиқ совуғи ва ўша шафқат сиз қонуниятлардан-да ўн чандон, юз чандон хавфлироқ, дахшатлироқдир!

СЎНГГИ ЙЎЛ ЁХУД ИККИ КУНЛИК УМР

Бир ҳафтадирки ёшини яшагану, ҳали ошини ошаб улгурмаган ота ўлим тўшагида ётар, ён-веридагиларни танимас, оғзидан чиққан сўзларни ўзи ҳам, бошқалар ҳам тушуна олмас эдилар.
Эллик йиллик умр йўлдоши унинг ёнидан нарига жилмас, дам эрининг гезарган лабларини ҳўллар, дам сафар тадоригини кўраётган ўғилларига “Отангизнинг, адашмасам, икки-уч кунлик умри қолди, Россияга кетманглар”, – дея илтимос қилишдан чарчамасди.
Хотинларининг чимирилган қошлари-ю, уйилган қовоқларидан кўз узмаётган икки ўғил эса, бўлмағур баҳоналар қилиб, имкон борича тезроқ йўлга чиқиш илинжида эдилар. Онанинг илтимослари тинавермагач, тоқати-тоқ бўлган катта ўғил ўшқириб берди:
– Она, одамни жуда хит қилиб юбордингиз-ку! Ахир, ўзингиз дадамнинг кунлари битган деяпсизку, шу икки кунлик умр учун тўрт кишилик сомолёт чипталари куйиб, иш берувчи фикридан айниб қолса майлими?!
Она ўғлига жавоб қайтармади. Юзини тескари буриб, изиллаб йиғлаб юборди.
Эрта тонгда икки ўғил ва икки келин сўнгги нафасларини олаётган ота билан хайр-хўшни ҳам насия қилиб, мўмай даромад, катта пул илинжида олис сафарга жўнаб кетдилар.
Бу аҳволдан воқиф бўлган қариндош-уруғ, қўни-қўшнининг, ўлими олдидан андак ўзига келиб, ўғилларининг номини такрор-такрор айтиб чақирган бечора отанинг кўнглидан нелар кечганини ёлғиз Аллоҳ билади, холос…

КЎНГИЛ СОЗИ

Ҳар қандай қўшиқчи бир муддат тайёрланмай куйлай олмайди. Чолғучилар ҳам худди шундай. Улар ҳам куй чалишдан олдин чолғу асбобларини созлаб, сўнгра ишга киришадилар.
Бу жараён боқий сўз усталарида андак бошқачароқ кечади.
Шоир ва ёзувчилар баъзан қисқа вақтдан сўнг асар ёза бошласалар, баъзан ёзишга тайёргарлик кунлар, ойлар, йиллар мобайнида давом этиши мумкин.
Айтмоқчиманки, кўнгил торларини созлаш хийла қийин…

ЛАЗЗАТЛИ, ШИРИН… ОҒИР ЮК

Тириклик, тирикчилик – ҳаёт лаззатли жуда ширин неъмат бўлиш баробарида, ғоят мураккаб, масъулиятли вазифа, бурч ҳамда оғир юк ҳисобланади. Бу юк шунчалар оғирки, уни биргина инсон кўтариши мушкул. Шу боисдан одам боласи ушбу масъулиятли вазифани бажариш, машаққатли йўлни омон-эсон босиб ўтиш учун ўзига йўлдошлар излайди. У бирда содиқ йўлдош топа олса, бирда топа олмайди. Баъзан эса барча ҳамроҳларидан бирданига мосуво бўлиб, якка-ёлғиз қолади. Унинг дўстлари кўп бўлганда ҳам, ёинки, ёнида суянадиган бир кишиси бўлмаганда ҳам ҳаёт аталмиш Ҳакам энг аччиқ, шафқат сиз саволларни фақат унинг ўзигагина беради. Шундай бўлиши табиий.

ГУЛ ВА ТОШ

Инсонга энг яқин кишилари етказадиган азият ҳасадгўйлар, рақиблар ва ҳатто қаттол душманлар қиладиган зулмдан ўн чандон ортиқроқ экан.
Донолар шундай дейишади: душманларим отган тошлар менга ҳеч қандай зиён етказмади, дўстим отган гул бошимни ёрди, қора қонга беландим.

БЕПУЛ МАСЛАҲАТ

Кексайиб қолган ёлғиз қария кунларнинг бирида қизига шикоят қилди.
– Қизим, уйимни чанг босиб кетибди, уст-бошим ҳам кир-чир…
Қиз пинагини ҳам бузмай жавоб қилди:
– Сира ташвишланманг, дадажон. Бу муаммонинг ечими жуда осон. Замонавий чангютгич ва андак қимматроқ кир ювиш машинаси харид қиласиз, тамом-вассалом!
Отахон камтаргина пенсия пулидан бу матоҳларни харид қилишга қурби етмасди.

НОРОЗИЛИК САБАБИ

Ҳаётидан бутунлай рози бўлган киши қўлига қалам олиб билмаса керак. Унда кимнидир қизиқтириши мумкин бўлган сўз айтишга истак, иқтидор ва ҳожат ҳам бўлмайди. Ахир ҳар бир сўз кимга аталган, қайсидир нишонга тегиши керак.
У кимгадир, нимагадир хизмат қилади. Қандайдир вазифани бажаради. Аниқ мўлжал, нишон бўлмагач “Айтилган сўз– отилган ўқ”нинг сира ҳожати йўқ. Бадиий ижод аслида норизолик бўлса, ажаб эмас…

ЙИРОҚ-ЙИРОҚЛАР

Одам болалари ўртасидаги йироқлик, бегоналик сайёралар орасидаги узоқликдан-да ошиб кетган. Шу замонда табиатда ҳам, жамият-у бозорда ҳам бизнинг болалигимиз, ҳеч бўлмаса ёшлигимизни эслутувчи бирор нимарса қолмади…

ЗИЁРАТ

У саксонни қоралаган отасини йилда бир-икки маротаба кўргани келар, шунда ҳам қовоқ-тумшуғини очмас, қарияга нуқул тескари гапирар, асабини эговларди. Жўнаб кетаётганда хайр-маъзурни насия қилар, қовоғидан қор ёғиши давом этарди. Ўғилнинг ота ҳузурига келиб-кетиши кекса кишининг ҳолидан хабар олиш эмас, балки кўпроқ марҳум қабрини зиёрат қилишга баробар эди.

МАНГУ ЖАНГЧИ

Бадиий ижод, Адабиёт – мангу жанг. Инсон келажаги, инсон учун жуда оғир, аёвсиз муҳораба.
Оддий аскар – жангчи – ёзувчи мангу жангчидир.
Ҳамма аскарлар, жангчилар куни келиб, сафдан чиқади, жанг тўхтайди. Аммо шўрлик адиб ҳеч қачон, ҳатто ўлганида ҳам сафдан чиқмайди, ўлиб-ўлмайди. Ҳазрати Инсон учун жанг ҳеч қачон тўхтамайди. Бу унинг бахтими, бахтсизлигими, билолмадим.

ХУДБИНЛИК

Адибнинг чор-атрофда, жамиятда, энг аввало, оиласида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб, шу асосда хулосалар чиқариши, қарорлар қабул қилиши бу ўта шафқат сизликдир. Бунда, энг аввало, бадиий сўз устаси ўз-ўзига шафқат сизлик қилган бўлади. Чунки барча яхшилигу ёмонликларнинг сабабини англаш, тагига етиш ҳамма вақт ҳам яхшиликка олиб келавермайди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, ушбу ҳодисот ўз жонига қасд қилиш билан баробар.

ЁШ МАСХАРАБОЗЛАР

Мен қари ота-онасининг қандайдир бирор юмушини ёинки топшириғини бажараётган айрим ўғил-қизларни ёш бўлса-да, жуда маҳоратли артистларга ўхшатгим келади. Аниқроғи, у шовозларни масхарабозлар деса ҳам бўлаверади. Бояқишлар юз-кўзлари, ҳатти-ҳаракатларига шунақанги аянчли тус беришадики, буни кўрган шўрлик қариялар “болажоним жуда қийналяпти” -деган хаёлга бориб, бошқа иш буюриш фикридан дарҳол воз кечадилар. Ахир қайси ота-она фарзанди қийналишини истарди?
Аммо- лекин ёш масхарабозларга қойил қолмай сира иложимиз йўқ…

ҚИЗАЛОҚ

Биздан бир неча уй нарида яшовчи қўшнимизнинг тўрт яшар невараси бор. Унга “Иймона” деб жуда чиройли исм қўйишган. Аллоҳ марҳаматини қарангки, ана шу қизалоқ, ҳақиқатан ҳам, имон-эътиқодли кишига айланиши мумкин, шекилли.
Ҳар гал уларнинг уйининг ёнидан ўтаётганимда Иймонахон жажжи қўлларини кўрсига қўйиб, чучук тил билан “ашшалом!” дейди. Унинг кўзларида порлаб турган меҳр-оқибат шуълалари мени бениҳоя хурсанд этади.
Тўғри, бунақа ширин тилда салом берадиган қизалоқлар сон мингта, хурсанд бўлишимнинг боиси бор. Чунки бу жажжи қизчанинг ота-онаси, бобоси, катта бобоси оддий салом-аликни билмаган, фаҳми етмаган гумроҳлар эди. Яратган Иймонахоннинг кўнглига шундайин ширин каломни ато этибдими, демак, ношукр бандалар айтганидек дунё ҳам, меҳр-оқибат ҳам тамом бўлгани йўқ!

УЗОҚ ЯШАШ СИРЛАРИ

Табобат илми қўшиқчи, чолғучи, бастакор ва рассомлар, шоир ҳамда ёзувчилар, умуман олганда, барча ижодкорлар узоқ умр кўришини эътироф этиб, бунинг бир неча ўнлаб омилларини сабаб беради.
Булардан асосийларидан бири – ижод аҳли мияси тўқималарининг катта ёшда ҳам ғоят фаоллиги ҳисобланар экан. Камина табобат илмидан хийла йироқ бўлсам-да, юқоридаги фикрга бироз қўшимча қилмоқчиман. Менимча, қўшиқчи, ёзувчи ва бастакорлар ўз ҳис-туйғуларини куй ва ашулага бахш этиб енгил тортсалар, шоиру ёзувчилар юрак дардларини вақти-вақти билан оқ қоғозга тўкиб солиб, тушкунлик, ғам-аламдан халос бўладилар.
Ана шу омил улар узоқ умр кўришига сабаб бўлса, не ажаб?..

ТРАГИКОМЕДИЯ

Ҳамёнини яхшилаб тўлдирмай уйда таъмирлашни бошлаган киши бир вақтнинг ўзида ҳам фожиа, ҳам кулгили воқиани, яъни трагикомедияни бошдан кечиради.
Фожиа – қурилиш ашёлари ҳамда усталар хизмат ҳақининг ниҳоятда баландлиги бўлса, комедия – кулгили воқиа эса, шўрлик уй эгаси тушиб қолган аянчли аҳволдир. Ана шунақа гаплар, агар фахрия, ёхуд ҳамду сано эшитмоқчи бўлсангиз, ҳамённи яхшироқ тўлдиринг. Акс ҳолда, ҳолингизга маймунлар йиғлайди.

ШИРИН ТОМЧИЛАР

Бадиий асарлар лоқайдликнинг аччиқ ва шўр уммонига томадиган ширин томчилар бўлса ажабмас.

НУР БОР, ЧИРОҚ ЙЎҚ

Электр чироқлари дам ёниб, дам ўчиб ҳаммани хит қилиб юборган кезлар эди. Тошкентдан ижодкор дўстларимдан бири қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўради: “– Ижод қилиб турибсизми?” – дея лутф қилган эди, “Чироқ йўқ, ёзиб бўлмаяпти”, дея нолидим.
– Наҳот Бухорои шарифдай жойда чироқ бўлмаса? – ҳайрон бўлди дўстим.
– Начора, Бухорода, албатта, нур жуда бисёр, фақат оддий чироқ йуқ, холос…
Дарвоқе она шаҳрим нуридан фойдаланиб, умрбод, бемалол ижод қилса бўлаверади. Мен гумроҳ “чироқ йўқ” дея бўлмағур баҳона қилдим, шекилли…

ҚАРАМА-ҚАРШИЛИК

Ота-оналар ва болалар ўртасидаги баҳс-мунозара, англашилмовчиликлар ва келишмовчиликлар аслида, ўзгариб, тобора ривожланиб бораётган замона ҳамда асримизнинг эски-ю янги фикрлари, қарашлари ўртасидаги зиддиятдир.

САДАҚА

Кекса ота-оналарнинг болалари, неваралари, эвараларидан эътибор, меҳр-мурувват умид қилишлари жуда хасис кишидан садақа сўрагандай бир гап.
Ҳа, дарвоқе, бу умид – поёнсиз саҳродаги саробга ўхшаб кетади.

КИМДА, НИМА КЎП

Айтишларича, кишининг пули кўп бўлгандан кўра, ақли кўп бўлгани маъқулроқ экан.
Бу масалада бошқача қарашлар ҳам бисёр. Бировлар “ақлсиз одам кўп пул топа олмайди”, дейишади.
–Яна кимлардир “ҳозирги замонда ақлинг бўлмаса-да, югур-югур ёки оғир меҳнат билан пул топиш мумкин”, ақидасини илгари сурадилар.
Фикримча, бу телба дунёда ақл ҳам, ақча ҳам кўпроқ бўлгани маъқулроқ, шекилли?!

ТОНГОТАР СУҲБАТЛАР

Киши учун, айниқса, кексаларга доимий уни яхши тушунадиган суҳбатдош топиш анчайин қийин иш.
Мен учун яхши суҳбатдошлар талайгина. Бироқ улар билан ҳар доим ҳам кўнгилдагидек суҳбатлашишнинг имкони йўқ. Муаммо шундаки, кўнглимга яқин суҳбатдошлар аксарияти мендан йироқда. Бошқа-бошқа шаҳарларда яшашади.
Яшайдиган жойимда ҳам суҳбатдош дўстлар бор. Уларнинг ўз юмушлари, ташвишлари кўп.
Хуллас, кўнглимга яқин дўстларим билан баъзан юзма-юз, баъзан телефон орқали қисқа-қисқа суҳбатлашиб турамиз. Аммо бир чойнак кўк чойни ўртага қўйиб, бамайлихотир, ҳар куни чақ-чақлашишнинг имкони йўқроқ.
Фақат “Дўрмон” ижод уйида ҳамқалам дўстлар билан ҳар йили икки, уч ой мобайнида қилинадиган кунботар ва тонготар суҳбатлар жонимга ора киради. Бундан катта завқ, жисмоний ҳамда маънавий куч оламан. Муттасил ижод қилиш имкони туғилади. Дарвоқе, узр, ўз хонадонимда ҳар куни, йил-ўн икки ой эрта тонгда, кеч шомда, ярим тунда доимо мириқиб, кўнглим яйраб, ҳамсуҳбат бўладиган энг содиқ дўстларимни таништиришни унутибман-ку!
Бу содиқ дўстларим қоғоз ва қалам!..
Улар ижодкор инсон умрини узайтира олишига астойдил ишонаман…

ТАЛВАСА

Бу ёлғончи, бевафо дунёда одам боласи фақатгина ота-онаси ва фақат ўзига керак. Инсон буни жуда кеч тушунади. Ўшанда у шўрликнинг умри охирлаёзган бўлиб, ҳар қанча талваса қилмасин, ҳеч нимани ўзгартира олмайди.

ҚАРЗ

Мажбур бўлганида ҳамма ҳам қарз олади. Буни қоралаб бўлмайди.
Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз? Фақат бу дунёда тўланмайдиган, ёинки, қайтарилиши жуда қийин бўлган қарзлар борки, уларни тўламаслик гуноҳи азим.
Пул ёки бошқа нималардир қарзга олиниб, сўнгра ўз муддатида бекаму кўст тўланса, қарздорнинг гарданида ҳеч қандай мажбурият, гуноҳ қолмайди.
Аммо мен юқорида тўланмайдиган, ёхуд тўланиши жуда мушкул бўлган катта қарзлар ҳақида гапирдимки, буларни тўлашдан бўйин товлаган кишининг юзи қорадир. Бу – она Ватан, она табиат, ота-она, устоз олдидаги қарзлар ҳисобланади.

БАХТЛИ ОДАМЛАР

Баъзан касалхонага йўлим тушганида туғруқ ва жонлантириш (реанимация) бўлимлари ёнидан ўтишимга тўғри келади. Шунда бир манзарага кўзим тушади. Фарзанд кутаётган баъзи оналар ва оғир аҳволдаги беморларнинг яқин кишилари дераза ёнида кўрпа-тўшак қилиб ётиб олган бўладилар. Улар ўз жон-жигарларига исталган дақиқада ёрдам қўлини чўзиш учун шундай қилишга мажбур бўладилар. Эҳтимол, бу манзара кимлар учун унчалик эътиборга лойиқ эмасдир. Мен эсам андак бошқача ўйлайман, чунки ота-оналари, ака-укалари, бошқа жони-жигарлари бошига оғир мусибат тушганда, ночор-нотавон бўлиб қолганда етти тош нарига қочадиган инсонларни кўп кўрдим. Яқин қариндошларим мени маъзур тутгайлар, афсуски, улар орасидан ҳам шундайлар топилди…
Ўша дераза ортида кўрпа-тўшак қилиб, яқинларига ёрдам қилишга шай турганларнинг жон-жигарлари бахтли одамлар бўлишса керак.

ИТ ҚАССОБ БЎЛА ОЛАДИМИ?

Чамаси эллик йилларча бурун туман газетасида адабий ходим бўлиб ишлаган кезларимда бир ҳамкасбим бор эди. Қалами хийла ночор бўлса-да, ўзи қувноқ, ҳазилкаш, шахматни жуда яхши ўйнарди. Айниқса, нима ҳақда ҳикоя қилса, унга жон киритиб юборарди.
Кунларнинг бирида тушликдан қайтиб, чой дамлаб энди кўлга қалам олай деганимда, у даб-дурустдан шундай деб қолди:
– Биласизми, ука, агар қараб туриш билан касб ўрганиш мумкин бўлса, ҳамма итлар аллақачон қассоб бўлиб кетишарди. Иккаламиз мириқиб кулишдик. Сўнгра мен изоҳ талаб қилдим. Ҳамкасбим яна кулиб юборди:
– Шунга ҳам ақлингиз етмадими? Ахир, мол сўйиладиган жойда итлар доимо изғиб, қассобнинг ҳаракатларини кузатиб туришадику!
Мен бошқа кулмадим. Анча ўй сурганимдан сўнг, шундай қарорга келдим. Ҳамкасбим баъзи бировларнинг “Шунча йил газетада ишлаб тузукроқ мақола ёзишни ўрганмагансиз”, деган таънасига тагдор жавоб қилаётганди, чамаси. Жавоб тагдорлиги шундаки, унда ўз-ўзини танқид ҳамда ўзини оқлаш мавжуд эди.

БИРОВГА ҚОЛМАГАН КУН

“Бухоро инқилоби” аталмиш хунрезликни онам тўққиз ёшда, холам ўн бир ёшда қаршилаган эканлар. Неча минг йиллик қадимий шаҳар аэроплан ва замбараклар ёғдирган бомба, снарядлар ёмғиридан вайрон этилгач рус, татар, армани аскарлар отлари туёқлари остида топталган шариф шаҳарда ҳаёт тарзи бутунлай ўзгарган, икки қизалоқ тоғалари қарамоғида улғайиб, уйли-жойли бўлгунча хийла азоб-уқубат чекишган.
Мен оилада энг кичик фарзанд бўлганим сабабли, онамнинг қариндошларидан саксондан ошиб, мункайиб қолган холалари-ю ёзғиз Пўлатой опаларини билардим, холос.
Пўлатой холам Бухоро шаҳри туб аҳолисига хос ҳамма хусусиятларни ўзида сақлаб қола олган, саранжом-саришта, ўктам, сўзамол, шунинг баробарида инсоф-диёнатли эдилар.
Бухоронинг Тоқи телпакфурушон мавзесидаги болалар боғчасида умр бўйи ишлаган холам рус, ўзбек,тожик тилларида жуда равон сўзлаша олар, бу борада ҳар қандай нотиқни ора йўлда қолдирардилар.
Ана шу киши тўқсон йил умр кўрдилар. Ҳамма-ҳаммадан ризо бўлиб, боқий дунёга рихлат қилдилар.
Холам ҳамма-ҳаммадан рози бўлиб вафот этдилар, дедим. Бу жуда тўғри, худди шундай бўлди ҳам. У кишининг ношукрлик қилганларини ҳеч қачон кўрган эмасман. Фақат вафот этишларидан бир йилча олдин, бир гал йўқлаб борганимда бироз нолигандек бўлдилар:
– Аллоҳга беҳисоб шукр, узоқ умр берди. Энди сафарим қариди чоғи. Ўзимга ҳам, бировга ҳам хизмат қила олмаяпман… Омонатни топширсам ҳам бўлар…
– Холажон, нега бундай деяпсиз, – оғриниб эътироз билдирдим мен, – ахир гулдайсиз, болаларингиз, невара, эвараларингиз атрофингизда-ку!
Холам чуқур хўрсиндилар, менга жовдираб тикилдилар:
– Гапларинг тўғрику-я, ўғлим, фақат ўзим қилмаган ишдан ҳеч кўнглим тўлмайди-да… Биласан, авваллари ҳар келганингда ўз қўлларим билан бирор овқат қилардим. Иккаламиз чой устида маза қилиб суҳбатлашардик, кўнглим тўларди. Энди бўлса сенга ўз қўлим билан бир пиёла чой ҳам узата олмайман. Неварам чой дамлашга кетганига ярим соатдан ошди. Ўзимни қўлимдан келганда шундай бўлмасди-да.
– Оббо, холажоним-е… шунга ҳам қисилиб ўтирибсизми? Мен ахир бегона эмасман-ку!
– Бегона бўлсанг-бўлмасанг-да, меҳмонсан, меҳмонни узоқ куттириш одобдан эмас. Дарвоқе, болагинам, сен онанг меҳридан тўймай қолгансан. Сени бирор тансиқ таом билан сийлаганимда, синглим раҳматлик эсимга тушиб кетарди. У ахир эрта кетмаганида, сен учун нималар қилмасди, нималар қилмасди-я? Ҳозир шуни ўйлаб, юрагим қон бўляпти.
Холамнинг овозлари титраб, кўзлари намланди.
Шундан сўнг холам вафот этганларига қадар тез-тез учрашиб турган бўлсак-да, у кишининг бошқа нолиганларини эшитмадим.
Холам бир мартагина бўлса ҳам нега ёзғирганларининг сабабини орадан кўп йиллар ўтиб, ўзим етмишдан ошиб бошқа бировларни хизматига муҳтож бўлиб қолганимда англадим.

ЕТИМ ҚЎЗИ

Пойтахт адабий муҳитидан йироқда, музофотда яшовчи адибни етим қўзига ҳам, чин етим болага ҳам ўхшатса бўлаверади. Етим қўзи она сутига тўймаса, етим бола ота-она меҳр-эътиборига зор бўлади, кемтик кўнгли бир умр тўлмайди.
Худди шундай музофотдаги шўрлик адибнинг адабиёт корчалонлари, газета-журналлар, нашриётлар, ОАВ назарига тушиши жуда мушкул. Етим қўзи агар чўпон эътибор қилиб, уни сунъий озиқлантирмаса, ўсишдан ортда қолиши, янада ёмонроғи ҳалок бўлиши ҳам мумкин. Чин етим – музофотда яшовчи адиб учун эса чўпонга ўхшаган меҳр кўрсатувчи йўқ. У бечорага ҳеч ким сунъий ёхуд иқтисодий-маънавий ёрдам бермайди.
Ушбу ғамгин қиссадан ҳисса шуки, сўз санъаткори, у агар адабиёт фидойиси бўлса, албатта, ўсишдан орқада қолмайди. Яъни яхши асарлар ёзаверади. Фақат фожиа шундаки, унинг меҳнатини, адабиётни қадирловчилар топилавермаса, кун келиб адиб ҳалок бўлиши мумкин.

ИТБОҚАР

Масъул идорада бирга ишлаган бир танишим бор эди. Асли касби нефт-газ соҳаси инженери бўлган бу йигит одамохун, ташкилотчи сифатида обрўй қозонганди. Ўша масъул идорада бироз ишлагач, ўз соҳасига қайтди. Шундан сўнг орадан неча йиллар ўтган бўлса-да, уни бошқа учратмадим. Ҳайрон бўлиб таниш-билишлардан суриштирганимда, менга шундай жавоб беришди:
– Фалончиевни айтяпсизми? Э-э, ҳозир у Россияда, ошиғи олчи, яқинда таътилга келиб қолса керак…
Ҳақиқатан ҳам, орадан бир неча ой ўтгач, янги йил арафасида унинг дараги топилди. Ўзи менга қўғироқ қилиб, “ўттизинчида уйга келинг, бирга ишлаган бошқа дўстларни ҳам таклиф этдим, бир отамлашайлик”.
Мен янги йилга бир кун қолганида унинг қишлоқдаги уйига кириб бордим. Бир вақтлар бирга ишлашган ёр-дўстларнинг аксарияти шу ерда тўкин дастурхон устида гурунг авжига чиқанди. Биров уй эгасининг қайта қурилган данғиллама ҳовлисини мақтаса, бошқаси айвон тагида турган яп-янги хориж машинасини кўкларга кўтарарди.
Хуллас ўша куни кеч оқшомгача янги сўйилган қўчқор гўштидан бир неча хил таом пиширилди, қадаҳлар қайта-қайта тўлдирилиб, дўстимизга яхши-яхши истаклар билдирилди.
Алламаҳалда тарқалишар эканмиз, мезбондан суриштирдим:
– Хўш, хорижда ишингиз яхши деяпсиз, нефть-газ соҳасида ишлаяпсизми?
Ширакайф ҳамхизмат дўстим елкамга қўл ташлаб, кулиб юборди.
– Оббо, сиз-ей, ҳамон ўша-ўшасиз-да!.. Менда соҳа қолибдими? Каминангиз ойига икки минг доллор оладиган, олий маълумотли итбоқар, хўжайиннинг саккизта дўконига мол-ашё етказиб берадиган ҳайдовчи, юкчи, иш берувчи онда-сонда кўнгилхушлик қилганида арақ-газак топиб, қўлбола шашлик пиширадиган кишиман… Қалай, зўр эканманми?..
– Бўлмасам-чи! Ахир, “Така бўлсин – сут берсин!”, деб бежиз айтилмаган.
Хайрлашар эканмиз, дўстим чуқур хўрсиниб эътироз этди:
– Нима қилай, менинг ёшимда олис, совуқ ўлкада маст-аласт, пулдорларнинг хизматида итбоқиб юриш осон деб ўйлайсизми? Сиз, ахир ўз касбимни қанчалик яхши кўришимни, масъул идорада ҳам кўп ишламай, ишлаб чиқаришга қайтганимни яхши биласиз-ку. Менга эса ҳатто рўзғор тебратишга етадиган маошли иш ҳам топилмади…
Олий маълумотли итбоқар билан шу тариқа хайрлашдик. Кўп ўтмай у яна ўша совуқ ўлкага жўнаб кетди.

“ҚАРОҚЧИ МУШУК”

Ўтган йили узоқ қариндошимнинг тўйида тенгқур киши билан танишиб, ҳамсуҳбат бўлдим. У ўрта бўй, қотмагина, катта-катта қора кўзлари худди ўғри мушукникидек олазарак киши бўлиб, суҳбатга жон кирита олар экан. Янги танишимнинг эсда қоладиган бошқа хислати бўлмаса-да, олазарак кўзлари хотирамда ўрнашиб қолди.
Орадан бир неча кун ўтгач, у ҳақда ўша узоқ қариндошимдан суриштирдим ва янги танишимнинг кўзлари ўғри мушукникига ўхшашини негадир қистириб ўтдим.
Қариндошим кулиб юборди.
– Э-э, бор бўлинг, домла, жуда топиб айтдингизда! У киши шўро замонида кўп йиллар назорат-тафтиш бошқармасида тафтишчи бўлиб ишлаган. Ўзингиз биласиз-ку, тафтишчи деган жонивор ўғри мушукдан ҳам баттар! Тўғрироғи, тафтишчи зоти ўғриларни, “ўғри мушуклар”ни урадиган “қароқчи мушук”!
Ахир, “Ўғрини қароқчи урди”, дегани шу бўлса керак-да!
Иккаламиз мириқиб кулдик, шундан кейин “қароқчи мушук”ни бошқа эсламадим.

МУТЛАҚ ВАФО

Инсон боласи барча жониворлар ичида итни ўзига жуда яқин тутади, яхши кўради. Ҳатто уни ўз фарзандидан ортиқ кўрадиганлар ҳам топилиб қолади. Дунёнинг энг бадавлат кишилари орасида итига бир неча миллиард доллорни мерос қилиб қолдирганлар бор.
Итнинг ўз хўжасига вафоси ҳақида жуда кўп ҳикоят, ривоятлар ёзилган. Мир Алишер Навоий ҳам ўз эгасига вафо қилиб жаннати бўлган ит ҳақида ёзганлар.
Муҳтарама аёллармиздан кечирим сўраган ҳолда, ўзбекнинг бир мақолини эслатиб ўтмоқчиман, яъни “Ит вафо – хотин жафо”.
Бошқаларни билмадим-у, ўзимнинг фикрим шундай. Инсон дўст-биродарлари, ҳатто энг яқин кишиларидан ҳам вафо, аниқроғи, мутлақ вафо кўрмагач, ит боқишга ружу қилган. Бу жониворга чексиз меҳр қўйган, қимматбаҳо машиналарда юриб, фақат энг қимматбаҳо ресторанларга овқатланадиган тўрт оёқли дўстлар ҳақидаги гап-сўзлар шунинг оқибатида пайдо бўлган. Жўнроқ бир мисол келтирсам, ҳафсалангиз пир бўлмасин, азиз ўқувчим. Дўстим ҳали кейинроқда арзирли мисол ҳам бор. Жўнгина мисолим шундан иборатки, масалан, сиз энг яқин кишингиз, ёхуд дўстингизга қўлингиздан келган яхшиликларни қилдингиз. Оғзига шира-ю шарбат қуйиб, дунёнинг барча ноз-неъматларини муҳайё этдингиз. У кўрнамак, нобакор эса юзингизга оёқ босди, хиёнат қилди.
Ит жониворга эса кунда бир маротабагина бир суяк ёки куйган-қотган нон ташлаб турсангиз, у шўрлик сизга бутун умр вафо қилади. Ҳар гал унга ниманидир илинганингизда оёғингизни ялайди, жуда ийиб кетса олдинги оёқларини елкаларингизга ташлаб, бетингиздан “чўлп”-“чўлп” ўпиб олади.
Ярим тундами, саҳар пайтими, уйга қайтсангиз сизни кутиб олувчи ёлғиз меҳрибонингиз (агар онангиз ҳаёт бўлмаса) фақатгина шу жонивор. Хурсанд акиллаб, яқинларингизни уйғотишга ҳаракат қилади. Ҳеч ким уйғона қолмаса, ўзгинаси сизни хонангизга кузатиб, деразангиз остида ухлаб ётишингизни кутиб, тонг оттиради.
Инсон боласи одамгарчилик, меҳр-оқибат, сидқу вафони ит, пингвинг ва бошқа жонзотлардан ўрганса, сира зарар қилмасди…

“ЙЎЛБАРС”НИНГ ЖАСОРАТИ

Умр бўйи Қизилқумнинг гужумли яйловида чўпонлик қилган бир танишим бор. Ҳозир пенсияга чиққан. Дўстим билан ойда-йилда учрашиб, суҳбатлашиб турамиз, бу суҳбатларда асосан, собиқ чўпон ҳикоя қилади. Мен эса мириқиб тинглайман. Саҳро илмини сув қилиб ичган бу заҳматкаш инсон ҳикоялари мендек ижодкор учун туганмас хазина, таассуротлар манбаидир.
Чўпон турли ҳикоялари орасида ўзининг Йўлбарс номли бўрибосар итини бот-бот эслайди. Эслаганда ҳам худди боласига куйинган отадек “оҳ”-“воҳ”, кўз ёш билан эслайди. Дўстимнинг ҳикояларидан шу нарса аён бўладики, Йўлбарс жуда бақувват, довюрак, шунинг баробарида, ғурурли ит бўлган. Чўпон қўй сўйганда ҳам то ўзи бир бўлак эт ташламаганича ит гўштга қиё ҳам боқмаган, эгасининг ризқига хиёнат қилмаган. Йўлбарснинг сергаклиги туфайли бўри галалари отарга йўламаган, талофот етказа олмаган.
Кекса чўпон вафодор итининг ҳалок бўлиши ҳақида ҳикоя қилар экан, кўзларидан дув-дув ёш оқади. Менинг ҳам этим жимирлаб, киприкларим намланади. Дўстимнинг ҳикоя қилишича, ўша йили Гужумлида қиш жуда қаттиқ келган. Саҳро жонзотларининг кўпчилиги оч қолиб, бўри галалари отарларга тез-тез оралаб, қўйларни нобуд қилган. Чўпон ҳикоясини сиз ҳам ўзидан эшитиб кўринг:
– Ўша машъум совуқ тунда ярим кечаси бўрибосарнинг жон ҳолатда акиллашидан уйғониб кетдим. Аксига олгандай, ёрдамчи чўпон ўша куни пешиндан сўнг, бола-чақасини кўргани кетганди. Апил-тапил кийиниб, кўнглим увишиб, қўра томонга югурдим. Яхшиям, йўл-йўлакай чоғроқ калтагимни олган эканман. Қўра эрганагини очишим билан димоғимга иссиқ қон иси “гуп” этиб урилди. Бошим айланди.
Не кўз билан кўрайки, хира ой нуридан ним қоронғи қўрада бир неча қўй бўғизланган, бояқиш Йўлбарс қонга беланган, бир ўзи уч-тўрт бўри билан шердек олишарди. Мен жон ҳолатда Йўлбарсга тармашаётган бўрининг бошига калтак билан тушурдим. Бўри қаттиқ товуш чиқарди-ю, сулайиб қолди.
Афтидан, Йўлбарс уч бўри билан олишар, тўртинчи бўри қўйлар орасида экан, шекилли, калтакни яна кўтараётган эдим, елкамга урилган қаттиқ зарбадан мункиб кетдим. Бўри тишларининг ғижирлаб аввал чакмонимга, сўнгра курагимга ботаётганини ҳис қилдим. “Онажон, энди ўлдим!”, — дея даҳшат ичра бақириб юбордим. Ё, Худо! Ўша пайтда менинг бу чинқириғимни кимдир эшитса, ўтакаси ёриларди.
Бир неча сония ўзимни йўқотгандай бўлдим. Кейин елкамдаги оғриқ, оғирлик йўқолди. Жон ҳолатда ўрнимдан сакраб туриб қарасам, жонивор Йўлбарс менга ташланган бўрининг бўйнидан ғажиб ётибди. Яна таёқни ишга солдим, шу тариқа иккинчи бўри ҳам ер тишлади.
Хуллас, Йўлбарс ва менинг чоғроқ бўлса-да, хийла оғир таёғим ёрдамида қолган икки бўрини қочиб қолишга мажбур қилдик. Улар хунук увиллай-увиллай, Ой ёғдуси энди хийла тиниқлашган чўл қўйнига сингиб кетдилар.
Шундан кейингина Йўлбарс иккимиз тин олиб, сал ўзимизга келгандек бўлдик. Йўлбарснинг хурпайган жунлари, аъзойи бадани, тумшуғи, ўткир тирноқлари, ҳатто тўмтоқ думи ҳам қонга беланганди. Сон-саноқсиз яраларидан қон оқиб ётарди. Фақат кўзларидаги қаҳр-ғазаб учқунлари ҳамон сўнмаган, бўрилар кетган томонга қараб онда-сонда вовуллаб қўярди.
Шундагина мен унинг яралари хавфли эканлигини, вафодорим ўзини қурбон қилиб мени ва қўйларимни сақлаб қолганини англадим. Тонгга яқин рация орқали хабар берганимдан сўнг, марказий қўрғондан навбатчи шифокор ва ветеринар етиб келишди. Аммо вақт ўтган, йўлбарс кўп қон йўқотиб, кўзида ёш билан қўлимда жон берганди…
Чўпоннинг курагидаги яра унча чуқур бўлмаган, тезда тузалган, лекин Йўлбарсни эсласа, ҳамон йиғлайди.

БЕМИННАТ МЕҲНАТ

Умрим кузидаги (ёинки қишимикан?) фикрим шундайки, ота-онанинг ўз боласига, фарзанднинг волид-волидасига қилган хизмати, сарфлаган меҳнати беғараз, бетаъма, беминнат амалдир. Бадиий ижод ҳодисаси ҳам худди шундай. Адиб ўзининг ёндирувчи, куйдирувчи жуда оғир меҳнати учун ҳеч қачон, ҳеч кимдан, ҳеч нима таъма қилмаслиги керак.
Ниманингдир илинжида тебратилган қалам, ёзилган ва ёзилажак асар самарали бўлмайди. Адиб меҳнати ажри Аллоҳ, Вақт, Китобхон измида бўлса, ажабмас…

БОЙЛИК

Бойлик – ўз маъносида ҳам, кўчма маънода ҳам кенг тушунча, бироқ ҳозирги фикримни баён қилиш учун бу тушунчани шартли равишда “маънавий бойлик” ва “моддий бойлик” сифатида иккига ажратсак бўлаверади.
Демак, маънавий бойлик инсонни улуғловчи энг асосий устунлардан бири. Буни исбот этиш учун куйиб-пишиш, соатлаб гапириш шарт эмас.
Энди, азиз китобхон, шундай манзарани тасаввур қилинг. Бир манзил-маконда икки киши, икки минбарда маънавий бойлик ҳақида нутқ ирод этмоқда. Уларнинг бири гуллаб яшнаган, олтин гардишли кўзойнак таққан, фалон минг доллар турадиган костюм-шим кийган, фалон минг доллорлик соат таққан. Иккинчиси жуда ориқ, афтодаҳол, йиртиқ-ямоқ, юпун кийинган, ҳолсизликдан овози титраб чиқаётган чалажон кимса.
Табиийки тингловчилар уларнинг сўзларини ҳар хил қабул қилишади. Яъни “Ранг кўр – ҳол сўр…”, деганларидек, чалажон кимсага шундай савол берилиши мумкин: “Хўш, сиз муҳтарам зот, агар шунчалар маънавий бой, ақлли бўлсангиз, нега бунчалар афтодаҳол, қашшоқсиз?!”
Ҳалиги гуллаб-яшнаган, қимматбаҳо кийимлар кийган нотиққа эса савол андак бошқачароқ қўйилса керак: “Сизнинг, муҳтарам жаноб, ақллилигингизга ҳеч шубҳа қилмаймиз. Афт-ангорингиз, сўзларингиздан шундоқ кўриниб турибди. Катта бойлик эгаси эканлигингизни эса, эътирозга ўрин қолдирмай, бурро гапиришингиз, ғоятда қимматбаҳо кийимбош, соат таққанлигингиздан билса бўлади. Майли маънавий бойлигингизга ишона қоламиз, фақат айтингчи, моддий бойликларингиз ақл ва ҳалол йўл билан топилганми? Агар шундай бўлса, отангизга рахмат! Сиз, азиз инсон ушбу улуғ минбарда маънавий бойлик ҳақида сўзлашга ҳақлисиз. Аммо бойликларингиз кимларнингдир оч-наҳор қолиши-ю, кўз ёшлари эвазига, нопок йўллар билан яратилган бўлса, сизнинг маънавият ҳақида гапиришга мутлақо ҳаққингиз йўқ!”
Мана, бор гап шу. Эҳтимол, ҳозирги ҳаётимизда сал бошқачароқдир. Балки юқоридаги саволлар кимларгадир берилар, ёинки берилмас. Айтмоқчи бўлганим маънавий бойлик ва моддий бойлик бир хил тушунча бўлмаса-да, улар бир-бирига яқин бўлиши, бир-бирини тўлдириши зарур, назаримда.
Юқорида келтирган саволларим эса ҳаммамизнинг, ҳамманинг, қолаверса, бутун инсониятнинг дилидаги гаплар. Кун келиб улар тилларга чиқади, достон бўлади, ёруғ жаҳонни эгаллайди.

КУЗ, ҚИШ ВА ҚУЁШ

Ҳаётимнинг етмиш тўртинчи қишида яна бир оддий ҳақиқатга тўла ва узил-кесил иқрор бўлдим.
Ота-она меҳри, муҳаббати қуёш янглиғ бўлса, бошқа яқинларингиз, ёр- дўстларингизнинг сизга нисбатан меҳр-оқибати хира чироқ, ёхуд зўрға милтираган шамдек бир гап экан. Ахир, ёлғизлик, меҳрсизликдан қақшаб, зимистонга айланган кўнгил мулкини хира чироқ ёки шам қуёшдек ёрита олмайди-да. Умрим баҳори, ёзи ва ҳатто кузида ҳам бундай ғамгин фикрлар хаёлимда йўқ эди.
Начора, бир аср яшаб, ўқиб-ўрганиб, ошингни ошасангда, ҳеч нарсани охиригача била олмай қолавераркансан-да.

БАДАВЛАТ ФАРЗАНДЛАР… ҚАШШОҚ, АФТОДАҲОЛ ОТА-ОНАЛАР…

Агар гапларимга ишонсангиз, кишига мансаби, пул, мол-давлатига қараб баҳо берадиган одамлар тоифасига кирмайман. Буни алоҳида таъкидлашимнинг сабаби шундаки, кейинги сўзларимдан кимдир шундай фикрга бориши эҳтимоли йўқ эмас. Шунинг учун бухороликлар таъбири билан айтганда, сувдан олдин банд ташлаб қўймоқчиман. Кейинги ўн-ўн беш йилда халқимиз орасида яхши танилган, мансабдор, бой-бадавлат таниш-билишларимдан уч кишининг отаси ёки онаси вафот этиши мунасабати билан уларнинг таъзия маросимида иштирок этдим.
Бу маросимлар турли йилларда, турли манзил-маконларда ўтказилган бўлса-да, ҳар учала марҳум ва марҳуманинг майитлари уларнинг ўзлари яшаган уйларидан чиқарилиб, сўнгги йўлга кузатилди.
Албатта, бу ҳолатда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Эҳтимол, ўзлари васият қилишгандир.
Мени ажаблантирган, ўйлантирган, ларзага солган жойи шундаки, маросимлар ўтказилган ҳар учала ҳовли қаровсизликдан тўкилай-тўкилай деб турар, уларда таниқли, машҳур, бой-бадавлат одамларнинг энг азиз кишилари – ота-оналари яшаганига кўпчилик ишонмаса керак.
Ўша уч ҳовлининг ҳар бири ўзича ғариб, ўзича афтода эди.
Бири марҳуманинг асли қурувчи бўлган, ўзи етмишни қоралаган катта ўғлининг данғиллама ғиштин ҳовлиси ёнида худди бостирмага ўхшаб мунғайиб турар, иккинчисининг узоқ йиллар сувалмаган деворлари қийшайиб нураган, ғариб ногиронга ўхшаб кетарди. Учинчи ҳовлини эса таърифлашга тил ҳам, ёзувчи қалами ҳам ожиздир.
Демак, учинчи ҳовли “шарафи”га икки оғиз сўз: кафтдеккина бу ҳовлига ўғил-қизларми, қариндош-уруғми, ёинки, шундоқ, инсон қадами тегмаганга ўхшайди.
Тўқсон яшар ота яшаган уй ариқ ёқасида бўлганидан пастак даҳлиз ва чоғроққина кулбадан зах ҳиди анқийди. Деворлари оҳак, эски поли бўёқ кўрмаганига неча ўн йиллар бўлган бўлса керак-ов.
Юқорида таъкидлаганимдек, мен кимларнидир мол-давлатига қараб мақташ, ёхуд ерга уриш фикридан жуда йироқман. Ҳамма бой фарзандлар ота-оналарига ҳам худди ўзлариникидек қасрлар қуриб берсинлар демоқчи эмасман. Очиғи, агар шундай қилсалар ҳам ҳақлари кетмайди. Камбағаллашиб қолмайдилар. Аксинча, ота-оналаридан дуо оладилар, эл олдида юзлари ёруғ бўлади. Мен яшаш учун оддий, камтарин шароитлар ҳақида гапираяпман, холос. Ахир, деворларни суваш, оқлаш, полни бўяш фақатгина маошига кун кўрадиган фарзандларнинг ҳам қўлидан келади-ку!
Айтмоқчиманки, эътибордан четда қолган ота-она вафотидан сўнг минглаб кишига ош бериб, дабдабали қабр тошлари, мақбаралар борпо этишдан кўра улар ҳаётлигида иккитагина нон билан йўқлаб, иссиқ-совуғидан хабар олиш, озгина меҳр бериш, ўша мен юқорида айтган камтарингина яшаш шароитларини яратиб бериш афзал эмасми? Ёки пул, обрў-эътибор, мансаб кетидан югуриш пойгаси бундай одамгарчилик учун имкон қолдирмайдими?..

СЕВГИНИНГ РАНГИ

Севгининг ранги ҳар бир севган-севилган учун ўзгача, ҳар хил бўлса керак.
Менинг тасаввуримда эса бу буюк илоҳий туйғу қизил, қирмизи рангда. Негаки, инсон юраги севгидан ёнганда ёки қонланганда худди шу тусга кирса, ажаб эмас.
Ҳижроннинг ранги бутунлай бошқача – кўз ёшлардек тиниқ, мусаффо, шаффоф. Шунинг баробарида шўртанг, аччиқ.
Хиёнатнинг ҳамма турланиш, тусланишлари бир хил – қоп-қора бўлса керак.
Хиёнат – заҳар, заҳри қотил.
Висол – муҳаббатнинг туси – рухи жонон зардолуси рангига монанд. Яъни, маҳбубанинг ним қирмизи ёноқларидай товланади.
Вафо – муҳаббат қуёшидир. Бу ташбеҳга ранг танлаб ўтирмаймиз, зеро, қуёш – барибир қуёш-да!

ЧУМОЛИ АҚЛЛИМИ… ЁКИ

Чумолининг меҳнаткашлиги ҳақида жуда кўп гапирилади. Бунга мисоллар ҳам бир талай.
Яқинда тадқиқот ўтказган бир гуруҳ олимлар бу митти жониворнинг ниҳоят ақлли ва тадбиркорлигини ҳам аниқлашибди. Олимлар чумоли ер остида ўзи учун ғамлайдиган дон-дун унумли тупроқда ҳам нега униб чиқмаслигини тадқиқ этишибди. Аниқланишича, чумоли ғамлаган доннинг ҳаммасини икки бўлакка бўлиб қўяр экан. Бўлакланган дон эса униб чиқмаслиги маълум бўлибди.
Эринмаган олимлар ғамланган дон-дун орасида фақатгина кашнич уруғи иккига эмас, тўрт бўлакка бўлинганини билиб қолишибди. Яшовчан кашнич уруғи иккига бўлинса-да, униб чиқаверар, фақат тўртга бўлинганда ўсмай қолар экан.
Чумолининг ақлига қойил қолмай илож йўқ. Фақат бир хаёл ташвишга солади. Баъзи йўлбошчи, раҳнамо, ҳукмдорлар бир миллат-элат, халқни, қолаверса, ватанни фақат иккига эмас, бир неча майда бўлакларга бўлиб юборадилар. Бу қилмишларидан ич-ичларида ҳатто мамнун бўладилар, фахрланадилар. Ҳолбуки, бўлинган миллат, халқ ҳеч қачон униб-ўсмайди. Бу асрлар давомида синалган ҳақиқат.
Чумоли жониворку, ўзи, зурриёдини қишдан эсон-омон олиб чиқиш учун шундай қилади. Халқни бўлиб юбориб, бекорга қон тўкадиган ўша золим даҳолар, ҳукмдорлар фақатгина ўз ҳукмронликларини сақлаб қолиш, кенгайтириш, бойликларини ошириш, сўзлари бурролиги, қиличлари кескирлигини таъминлаш учунгина шундай қабиҳликка борадилар.
Кимнингдир униб-ўсиши уларни асло қизиқтирмайди.
Қабиҳ даҳоларнинг ақли ўша митти жониворчалик ҳам эмасми, деган хаёлга борманг. Улар жуда ақлли, тадбиркор. Боз устига, “Бўлинганни бўри ер” мақолининг мазмунини ҳам яхши биладилар. Шу боисдан бўлса керак, улар қадимда ҳам, ҳозирда ҳам мавжуд бўлган “Бўлиб ташлагин-у, ҳукмронлик қилавер”, ақидасига амал қиладилар… Бунинг жабрини эса афкор инсоният чекади.

КАТТА ТАНАФФУС

Ўтган йили савр ойи охирларида биз синфдошлар ўзимиз бирга ўқиган, асли ўқитувчи, ҳозир мулла Рустамжоннинг фермер хўжалигидаги тангадек офтоб тушмайдиган, катта, сўлим боғида учрашдик. Болаликдан боғбонликка ишқи баланд бўлган Рустамжон ўзимизнинг жайдари бир ўрик дарахтини шунақа эътибор билан парваришлаган эканки, у аввалига баланд бўлиб ўсиб, сўнгра шох-новдалари мажнунтолдек пастга солланиб тушиб, худди баҳайбат ўтовга ўхшаб қолган экан. Сояси эса ҳали айтганимдай жуда қуюқ, сўлим.
Айтганча, мактабни битирганимизга олтмиш йилча бўлиб қолган эмасми, собиқ синфдошлардан ўн кишигина тўпландик.
Хуллас, ўша ўтовга ўхшаган ўрик соясида ўзимиз дастурхон ёзиб, чой дамладик, димлама пиширдик.
Ҳазил мутойиба авжига чиқди, болалик хотираларни эслаб, азиз устозларимизни ёдга олиб, баъзан кулдик, баъзан кўзларимиз намланди.
Тўғри, Рустамжоннинг ўғли, келини, неваралари бизга кўмаклашиб туришди. Фақат улар бу ишни сездирмайгина, бор-йўқликларини билдирмайгина, беозор амалга оширишди. Шунинг учун бўлса керак, биз ўзимиз билан ўзимиз бўлдик, очилиб, яйраб ўтирдик. Давра авжи қизиганда ёнимда ўтирган Ҳалимжон сўз қотди:
– Жўрабой, эслайсанми, саккизинчи синфда ўқиганимизда бир куни катта танаффусда уйларингизга боргандик.
Уйимиз мактабга яқин эди. Лекин катта танаффусда Ҳалимжон билан уйимизга борганимизни эслай олмаганимни унга айтдим.
– Мен эса жуда яхши эслайман, – деди Ҳалимжон хийла ғамгин тортиб, – ўшанда раҳматли онанг дарров дастурхон ёзиб нон ушаттилар, чой дамладилар. Икаламизга тухум қовуриб бердилар…
Мен ёзувчи хотираси қат-қатларини қанча титкиламайин, ўша кунни эслай олмадим. Кечга томон уйга қайтганимдан сўнг ҳам Ҳалимжоннинг сўзлари хаёлимдан кетмади. Аммо мен ўша катта танаффусни эслашга ҳаракат қилмадим, ўй-хаёлимда бошқа ўй ҳукмрон эди.
Қаранг-а, инсон боласи ўзига бўлган зиғирдеккина эътиборни орадан шунча йил ўтса ҳам эслайвераркан.

КЎНГИЛДАГИ НАВБАҲОР

Хокисор ошиқ шоир юраги нидо қилади:
– Мен барги хазон, сен Навбаҳорсан!
Аё, шоир, ўзингни бунчалар ерга урма, ахир сенинг-да, Навбаҳор фаслинг бор! Кўнгилдаги ашъор, шеърият мангу Навбаҳор эмасми?! Бу Навбаҳор хазон фаслини мутлақо тан олмайди!

СЎЗ ВА КЎЗ

Агар инсон юраги уриб турса, унда айтиладиган сўз (ҳатто бир кишига бўлса ҳам) сўз бўлса, кўзнинг хиралиги, ёинки, бутунлай кўрмаслиги ҳеч қачон тўсиқ бўла олмайди!
Кўнгил сўзи ва кўзи ўз бурчини бемалол адо этаверади. Бу сўзлар кўнгил кўзи борларга ҳам, йўқларга ҳам баробар тааллуқли.

ШОИР, ШЕЪР, НОСИР, НАСР ВА ҚАБР ТОШИ

Неча йиллар олдин, ҳали таҳририятда ишлаб юрган кезларимда босмахона ходимаси, таниш аёл илтимос қилди:
– Домла, тўрт қатор шеър ёзиб берсангиз, рахматли отамга қабр тоши ўрнатмоқчи эдик…
Мен бу иш қўлимдан келмайди, дея эътироз этишга мажбур бўлдим.
Аёл астойдил ажабланиб сўради:
– Наҳотки шунча йил газетада ишлаб тўрт қатор шеър ёза олмасангиз?!
Мен елка қисдим, ўнғайсизланиб узр сўрадим. Аёл бошқа ҳеч нима демай ўз ишига кетди, аммо унинг шеъру шоирдан, яъни мендан ҳафсаласи пир бўлгани аниқ эди. Мен бу воқеани бир-икки эслаб, сўнг унутиб юбора ёзгандим. Бироқ орадан кўп фурсат ўтиб, худди шунақа ҳолат яна такрорлангач, “шеърият ихлосмандлари” ҳақида бир нима ёзишга қарор қилдим. Маънавият-маърифатга бағишланган йиғилишларнинг бирида қирқ ёшни қоралаган бўлса-да, ҳалиям “ёшу ғўр” чаламулла ҳоким ўринбосари зерикиб, тоқатсизланаётган мажлис аҳлига қарата шундай деди:
– Энди фалончи акамиз ўз шеърларидан ўқиб берадилар, қани, марҳамат!
Мажлисда андак жонланиш сезилгандай бўлди. Сезишимча, бу қизиқиш қувватлаш туфайли эмас, йиғилганлар орасида менинг шеър ёзмаслигимни, шоир эмас ёзувчи эканлигимнинг фаҳмига етадиган кишилар, бир неча ҳамкасблар борлиги сабабли эди, албатта. Уларнинг айримлари баралла кулиб юборишди, баъзилари менга турли ишоралар қилиб кулиб қўйишди. Хуллас, жуда ноқулай аҳволда қолдим, ўнғайсизланиб, ўрнимдан туриб изоҳ бердим:
– Кечирасиз, мен шеър ёзмайман, ёза олмайман!..
Ҳоким ўринбосари мени бошқа гапиртирмади, афтини бужмайтириб сўради:
– Оббо, ёстиқдай-ёстиқдан шунча китобларингизда наҳотки икки-учта шеър топилмаса?!
Мен индамай жойимга ўтирдим. Мендан сал нарироқда ўтирган ҳамкасбларимдан бири минбардаги ҳоким ўринбосари ўша ёстиқдай-ёстиқдай китобларни ҳам, бошқа кичикроғини ҳам қўлига олмаслигини яхши билганидан, сал қўзғолиб, заҳарханда қилди:
– Ҳатто кундуз куни чироқ ёқиб қидирсангиз ҳам битта шеър топа олмайсиз! Чунки фалончи акам шоир эмас, ёзувчи.
Ғала-ғовур, кулги бошланди, маънавиятга бағишланган мажлис шу тахлит нурсиз, маъносиз якун топди.
Тақдир тақозоси, замона зайли билан ўша шеъру шоир нималигини, кимлигини билмаган чаламулла йигит йирик бир туманнинг ҳокимлигига тайинланди.
Орадан уч йилча вақт ўтгач, у мансаб пиллапоясида баландлади. Шундан кейин ҳам яна орадан икки йил ўтди. Янги йил арафасида интернетда яшин тезлигида шундай мазмундаги хабар тарқалди: “Фалон туман ҳокими бўлган, ҳозирда фалон лавозимда ишлаётган фалончи фалончиев бюджет маблағларини кўп миқдорда ўзлаштиргани учун эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди…”
Ҳа, унинг қўлларига кишан солиниб, турмага олиб кетишган экан.
Демак, доно халқимиз “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деб бежиз айтмайди.
Дарвоқе, энди унинг бўш вақти кўп бўлса керак, мабодо шеър ўқишни кўнгли тусаб қолса, яхши бўларди. Шу йўл билан шоир ва ёзувчи ўртасидаги фарқни англаб олган бўлармиди?..
Тўғри, ҳаммага ҳам шеърдан ҳикояни фарқ қила олиш талабини қўйиб бўлмайди. Эҳтимол, бу унчалик тўғри ҳам эмасдир, аммо олий маълумотли киши адабиётни билмасада, шеър ва ҳикоянинг фарқига бориши керак. Акс ҳолда, биз ҳикоя қилган ҳоким ўринбосарига ўхшаб қовун тушуриши ҳеч гап эмас.
Агар олий маълумотли раҳбарлар саводи ҳам оқсаса, ўз чўнтаги ва давлат маблағи ўртасидаги фарқни ҳам билмай қолиши мумкин экан-да…

ҲАҚИҚИЙ ШЕЪР МУКОФОТМИ ЁИНКИ ЖАЗО

Маълумингизким, шоирликка даъвоим йўқ, носирман, холос. Шунисига ҳам шукр. Мабодо ҳақиқий шоирлик рутбаси насиб этганида бундан шодланардим, фахр этардим. Бироқ кўп йиллик бадиий адабиёт — шеъру ғазаллар, насрий асарлар, озми-кўпми ҳаётий тажриба туфайли яхши ашъорни оддий сўзлар тизимидан ажрата олсам керак, деб ўйлайман. Яхши ўйга солиб, ларзага тушурувчи, гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатувчи, шунинг баробарида инсон кўнглини, унинг тафаккурини жуда юксакка — арши аълога кўтарувчи шеър мўъжизадир. Ҳозирги замон тили билан айтганда, бу бонус — мукофот бўлса керак. Дарвоқе, узр, каминангиз гапни иқтисодиёт томонга буриб юбордим, шекилли.
Начора, ҳозир бу ёруғ дунёда шеър, маънавият эмас, балки пул, иқтисодиёт устувор, ҳукмрон бўлса керак. “Шу кўчанинг бир гўшасида мени дея телба бўлиб қолган бир жинни яшайди. Мен унга мос, у менга мос, нетай севаман ўша телбани”, чаламулла ўсмир ёшлар ўртасида жуда машҳур “ундан нимам кам”, “бўлибсан ҳайвондан баттар”, “шафтоли ейсанми ёки тандир Нонга қаймоқ суртиб берайми” (шўрлик ошиқ шоир севгилисининг қорни ҳақида ўйлашдан нарига ўтолмайди), “момом жуда қари, юз ёшга кирди, нетай, тўй кузга қолди, мол боқсам-да яхши кўрсам, не қилай?”… Шунга ўхшаш алмойи-алжойи, маза-матрасиз оддий сўзлар йиғиндисидан иборат ашъор муаллифлари қофия, туроқ, вазн, оҳанг каби сўзларни тушларида ҳам кўрмаган, шекилли. Юқорида келтирган сўзларим шундоқ оддий шеърлардан эмас, бу пойинтар-сойинтар, алаҳлаш қабилидаги шеърлар жуда “супер машҳур” ёш қўшиқчиларнинг васвасага тушиб куйлаши натижасида аллақачон “хит” даражасидаги қўшиқларга айланиб улгуришган. Ҳафта сайин ўтказиладиган хит парадларда кўп йиллардан бери мана шундай шеърлар фақат энг олдиндаги уч ўринда (уларни шундай аташга тилим бормайди). Юқорида яхши шеърлар деганимга қарама-қарши ўлароқ, бу шеърлар ўқувчи-тингловчи учун мукофот эмас, балки жазо, яна иқтисодиётга қайтадиган бўлсак, катта жаримадир. Аслида эса бу жазо-жарима зўраки шоир, зўраки хонандаларга қаратилиши лозим.
Ўз навбатида, саводсиз, ақл-фаросатсиз “санъаткор”ларнинг тегирмонига сув қуяётган ёш тингловчилар эса жазо-жаримани аллақачон тўлаб улгуришган. Бўлмаса, шеъриятга ҳеч алоқаси бўлмаган сўзлар йиғиндисидан бунчалар ҳузурланмас, васвасага тушмас эдилар.
Менга биргина фикр андак таскин беради. Ўйлашимча, бадиий адабиётдан, мумтоз шеъриятдан хабардор бўлган ёшлар, қолаверса, катталар ҳам ёмондан яхшини ажратиб оладилар.
Ҳозир эртаю кеч барча телерадиоканалларда, интернетда янграётган, ҳатто ёмон шеър даражасига ҳам етмаётган оғули сўзлар тизимлари инсон онгини заҳарлайди, дидни пасайтиради, мумтоз шеърият, мумтоз қўшиқчилик санъатини ерга уради.

МЕҲРИБОНЕ ТОПМАДИМ

Азизим, бу телба дунёда сизни ўйлайдиган, сиз учун қайғурадиган фақат биргина меҳрибон кишингиз бўлса, жуда бахтиёр экансиз… Чунки ҳаётда биттагина ҳам меҳрибони бўлмаган кишилар бисёр.

ХУДПАРАСТЛИК САБАБЛАРИ

Инсоният пайдо бўлганидан буён бир-бирини худбинлик, худпарастликда айблашдан сира ҳормайди, толмайди.
Бу иллат Дунё тургунича турса, ажаб эмас. Аммо ҳеч биримиз ҳам бу иллатнинг сабаблари ҳақида чуқур ўйлаб кўрмаймиз. Ҳолбуки, ўйлаб кўрилса, кўп нарса аён бўлиши мумкин.
Ҳазрати инсон Руҳияти шунчалар нозик, шунинг баробарида, шунчалар содда, ҳам мураккабки, бу ҳақда ўйлаганингиз сари ҳайратингиз ошиб бораверади. Бўлмаса сизнинг қувончингиз ҳатто энг яқин кишиларингиз – фарзанд, невара, ака-укаларингиз учун ҳеч қандай хурсандчилик бўлмай қолишини қандай изоҳлайсиз? Ёинки, аксинча, сизнинг бошингизга тушган кулфат улар учун ғам-андуҳ эмаслигичи? Ўз навбатида ўша яқинларингиз, дўст-биродарларингиз яхши-ёмон кунлари ҳам сиз учун умуман аҳамиятсиз бўлиб қолиш эҳтимолига нима дея оласиз? Дарвоқе, сиз агар кун бўйи туз тотмай оч юрсангиз, буни ўзингиздан бошқа биров билмаслиги мумкин. Мабодо вужудингиздаги қайсидир аъзо қаттиқ оғриганда ҳам, оғриқни ўзингиздан бўлак бирор бир кимса била олмайди. Ҳис этиши мумкин ҳам эмас. “Танаси бошқа дард билмас” деганлари шу-да!
Хуллас, бечора одамнинг ўз-ўзига берадиган жавобсиз саволлари жуда бисёр. Аслида, инсон табиати жуда зиддиятли бўлиб, унинг ҳатти-ҳаракати ўша жавобсиз саволлар ечимини топишга имкон бермаса керак.
Хўп майли, шу саволларга жавоб топилди ҳам дейлик. Бу билан инсон табиати ўзгариб қолмаса керак. Демак, янги-янги саволлар пайдо бўлаверади. Биргина глобаллашув муаммосини олиб кўрайлик, бу энг катта жавобсиз савол. Дарвоқе, унинг катта жавоби ҳам бор. Фақат тамаддун жар ёқасида турганида кечиккан мунофиқона жавобдан энди кимга, нима наф?
Энди глобал саволга келсак, тахминимча, у шундай қўйилган бўлса керак: хўш, инсон нега дунёни, борлиқни гуллаб-яшнаган боғ-бўстонга, улкан тамаддунга айлантирди-ю, кейинчалик охир-оқибат йўлдан озиб, ўзи макон тутган умумий уйини ғорат этиб, буткул вайронага айлантирди?
Ана энди андак диққат қилинг, бу ҳақда юқорида айтган эдим, такрорлашга мажбурман. Глобал жавобсиз саволнинг ҳам глобал жавоби бор. Афсуски, ушбу жавобни инсон руҳиятидаги ўша зиддиятли, оғриқли худпарастлик иллатидан излаш керак бўлади. У нобакор ўз манфаатини ўйлаб, бошқалардан устун бўлиш учун, ҳад-ҳисобсиз бойлик тўплаш илинжида она табиатни ўз нафси қурбонига айлантирди. Бечора она эса жабр-зулмга чидай олмай, ўз фарзандини ҳалок этишга чоғланган аёлдек қон йиғламоқда.
Биргина “тождор бало” офати инсоният ўз онаси қарори, Аллоҳ иродаси олдида қанчалар ожиз, нақадар аянчли аҳволда эканини яна бир карра исбот этди. Мана сизга глобал савол, глобал жавоб!
Хўш, у кимга керак? Қизиғи шундаки, бу ҳам яна бир жавобсиз савол, гапни чўзиб ўтирмай энди ҳамма-ҳамма, бутун инсоният жавобни излашимиз даркор. Жавоб қуруқ, сафсатабозлик бўлмай, аниқ, катта ишлар даражасида бўлса, қандай яхши!..
Ҳамонки, худпарастликнинг таркибий қисми бўлган ўз-ўзини асраш, сақлаб қолиш умиди ҳам на инсониятни, на-да унинг онаси бўлмиш Табиатни қутқариб қола олмас экан, бунинг ўрнига “Бошқа одамни худди ўзингдек сева бил, табиатга ҳам худди шундай муносабатда бўл!”, деган ғояга ҳамма амал қилса, шунинг ўзи кифоя эмасми?
Бадбинлар устимдан кулишлари мумкин, “бундай ғоялар ҳамма замонларда ўртага ташланган, аммо уларга ҳеч ким риоя қилмаганидан баландпарвоз сўзлар йиғиндиси бўлиб қолаверган-ку”, деб.
Тўппа-тўғри, худди шундай! Фақат дунё аҳли бир-бири ва табиат билан ўзаро муносабатда ҳеч қандай муаммони кўрмайдиган сўқир кўзларини тамаддун жар ёқасига келиб қолганида очиши керак-ку, ахир!
Нажотнинг бошқа йўли йўқ!

ЧЎҚҚИ

Забт этиб бўлмайдиган чўққилар йўқ, дейишади. Эҳтимол, шундайдир. Дангаса, танбал, иродасизлар кўтарила олмайдиган чўққи у ёқда турсин, тепалик, довонлар ҳам сон мингта!

БАЙРАМНИНГ УЗОҚЛАШУВИ

Мен кутиб олаётган Янги йиллар сони кўпайиб борган сайин, ҳар йили байрам оқшомида тушуниксиз, қандайдир ғалати ҳис туйғулар, хаёлларга чулғаниб қоламан.
Негадир ҳар доим кириб келган Янги йил аввалгисига ўхшамайди, деган хаёлга бораман. Аввалгиси ҳозиргисидан андаккина яхшироқмиди, дея иккиланаман. Буни қандай изоҳлашни билмайман.
Ниҳоят 2023 йил кириб келгандагина иккиланишларимнинг боисини англагандек бўлдим.
Ҳаммаси яхши, ҳаммаси жойида. Мен болалигимдаги янги йил оқшомларини қўмсар эканман. Болаликнинг байрам оқшомлари эса мендан шиддат билан узоқлашиб бораётган экан, мўъжиза кутган кўнгилдан байрамнинг тобора узоқлашуви эса, албатта, оғриқли, ҳазин-маҳзун бўлса керак.
Начора, болами, ёшми, қарими барибир Янги йилдан мўъжиза кутаверади. Мўъжиза содир бўлади, ёинки бўлмайди деган кафолат эса йўқ. Ахир ҳар бир Янги йилнинг кириб келиши бахт, мўъжиза эмасми?.. Унга етганлар бор, етмаганлар бор…

БОШҚАЧА МЎЪЖИЗА

Янглишмасам, Янги йилни болалар ва катталар кутиб олишида жиддий фарқ бор. Фарқ шундаки, болажонлар Қорбобо ёлланган эмас, ҳақиқий эканига ва у, албатта, ростакамига мўъжиза ярата олишига астойдил ишонадилар.
Катталарнинг йўриғи бошқа, улар бунга гоҳ ишонадилар, гоҳ ишонмайдилар. Бунинг сабаби бор, албатта. Чунки кези келганда ўша мўъжизани уларнинг ўзлари яратадиларда. Катта ҳаёт бўсағасида турган йигит-қизлар Янги йил оқшомида кутадиган мўъжиза бутунлай бошқача, улар кўнгилларининг бўлажак султони ким эканлигини айнан шу оқшомда билиб олишни орзу қиладилар.

ҚОРБОБО КИМНИНГ ПОЧЧАСИ?

Невараларимнинг бири болалигида шундай савол берганди:
– Бобожон, нега фалончи поччам ҳар янги йилда Қорбобо бўладилару сиз эса бўлмайсиз?
Мен андак ўйлаганимдан сўнг, шундай жавоб бергандим:
– Поччанг ҳали жуда ёш, тезроқ улғайиб,бобо бўлишни истайди. Мен эсам Қорбобо билан тенгдошман-ку!
Ҳозир невараларим менга бундай савол беришмайди, уларнинг ўзлари Қорбобо бўлишяпти. Энди шу мазмундаги саволни эвараларидан кутсам бўлади…

ДЕВОР, СОЯ ҲАМДА ҒОЯ

“Соя пайдо бўлмайди деворсиз…” – ёзғиради шоир. Эҳтимол, қадимда шундай бўлгандир ҳам. Фақат ҳозир думбул шоирлар, қўшиқчилар сизни бутунлай тескари ақидага ишонтиришлари ҳам ҳеч гап эмас. Яъни, мисол учун, “девор пайдо бўлмайди соясиз…”, қабилида алмойи-алжойи қўшиққа айланган шеърлар эс-ҳуши жойида, туппа-тузук одамни ҳам юқоридаги алаҳлашга ишонтира олади. Ана шу машғулотлардан катта пул топилади.
Қандингизни уринг-э, шоввозлар! Мана буни йўқ жойдан, ҳаводан пул қилиш деса бўлади. Ана шундай маҳсулот дидни пасайтириши ҳақида энди гапирмаса ҳам бўлади. Дидимиз аллақачон пасайиб улгурган.

АЙЁР ТУЛКИ

Тулки жониворнинг айёрлиги ҳақида жуда кўп ҳикоят, эртак, ривоятлар ёзилган, ёзилаяпти. Мана каминангиз ҳам шу мавзуда қоғоз қоралашга тушди.
Ўтган асрнинг саксон иккинчи йили. Мен – ёш журналист ўшанда ўттиз уч ёшда эдим. Туман газетаси муҳаррири топшириғига биноан “Жонгелди” давлат наслчилик хўжалигида қочириш компаниясининг бориши тўғрисида мақола ёзишим керак эди.
Ферманинг мавсумий қўналғасига чошгоҳ маҳали етиб келдим. Эски танишим наслчилик хўжалиги директори Малик ака, ферма мудири қочириш компанияси учун масъул ходимлар мени шу ерда кутишаётган экан.
Уларга бир неча саволлар бердим, эшитганларимни блокнотга ёзиб олдим-да, директорга шу келишимда Тўсбулоқ яйловидан репортаж ёзишим кераклигини айтдим.
– Тўсбулоқ бўлса, Тўсбулоқ-да! Ҳув, ана, Қулжуқтов ён бағрида. Ҳеч қаёққа қочиб кетмайди. Йўлдан чарчаб келдинг, бир пиёла чой ичиб олайлик, кейин жўнаймиз.
Малик ака қўли билан ишора қилган шимол томонга тикилиб қарадим. Лекин олис уфқ чизиғидан бўлак нарсани кўра олмадим. Қизилқумни обдон кезиб ўрганганимдан қозоқ биродарларимизнинг “ҳув ана”си неча ўн чақирим бўлишини яхши билардим.
Чой қайнатилиб, дастурхон ёзилгунча директор иккаламиз қўналғани у ер-бу ерини айланган бўлдик. Биласиз, мухбир халқи жуда қизиқувчан бўлади. Бу бизнинг “касб касаллигимиз” бўлса керак. Бир маҳал қўтонларда алоҳида боқилаётган қўйларга кўзим тушди. Диққат билан қарасам, ўн беш-йигирма чоғли шохлари бурама кўк қора қўчқорлар. Ҳаммасининг белига яп-янги бўз этаклар боғланган, ўшанда куз ўрталари эди.
Агар билсангиз, қозоқ дўстларимиз ҳазил мутойибада ўзимиздан ўтса ўтадики, асло қолишмайди. Нима бўлса бўлар, дея Малик акага тагдор ҳазил қилдим:
– Ака, бу жониворларнинг белига этак боғлаб қўйибсизлар, нима улар ҳам пахта теришадими?
Директор кулиб юборди, сўнгра жавоб қайтарди:
– Оббо, қувгина тилчи (ерлик қозоқлар мухбирни шундай аташади) укам-ей, терганда қандоқ! Сен пахта термай бу ёқларда санқиб юрганингдан сўнг, улар термай, директор терармиди? Ҳеч замонда бошлиқ пахта терганини кўрганмисан?
Иккаламиз ҳам бирданига кулиб юбордик. Малик ака қўчқорлар белига қай мақсадда бўз этак боғлаб қўйилганини фаҳмлашимни яхши биларди, албатта. Шу боисдан, ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарганди. Биз аччиқ кўк чой ичиб, қўрда пиширилган иссиқ нон билан қовурдоққа тўйиб олдик-да, директорнинг яп-янги “УАЗ” машинасида “Тўсбулоқ, қайдасан?”, – дея йўлга чиқдик. Машина тақир чўлда, чамаси, бир соатча юрганидан сўнг, уфқда қора кўкимтир тусдаги Қулжуқтов тизмаси кўзга ташланди. Худди шу аснода, шофёр йигитнинг “ана, тулки!” деган ҳаяжонли товушидан сўнг олдинга тикилдим. Биздан йигирма қадамча олдинда чиройли думи қуёшда жилоланиб турган тулки тез югуриб борарди. Шофёр йигит машинага газ берди. Тулкига етай-етай деганимизда жонивор ҳам тезликни оширди. Чамаси 5-10 дақиқадан сўнг унга етиб қолдик. Жонивор машинанинг чап томонида жон-жаҳди билан югурар, онда-сонда бизга саросимали нигоҳ ташлаб қўярди. Шофёр йигит милтиқ олмаганига афсусланарди.
Бирдан тулки-тулкилигини қилди. Югуришдан таққа тўхтаб, кучли силтаниш билан ён томонга сакради. Шу аснода шофёр йигит ҳам ўзи нима қилаётганини билмай, рулни кескин чап томонга бурди. Машина ағдарилиб кетишига бир баҳя қолди. Мен бир нима дейишга улгурмадим. Малик ака жон-жаҳди билан бақирди:
– Ҳой, жинни нима қиляпсан, бўйнимиз узилиб кетади-ку!
“УАЗ” бир силтанди-ю, хайрият, ўнгланди. Учовимиз ҳам оғир тин олдик.
Биз ўзимизга келганимизда, тулкининг қораси ўчай деб қолган, у чамаси 250-300 қадам нарида тез югуриб борарди.
Ўшанда ҳаётий тажрибам кўп бўлмаса-да, тулки ҳақиқатан ҳам айёр жонивор эканлигига ишонган эдим. Ҳамон шу фикримда собитман.
Аммо қалам тебратишимдан мақсад, бу фиркни тасдиқлаш эмас, балки уни бироз ривожлантиришдир.
Тулки шўрлик жон сақлаш учун айёрлик қилади, яшаш инстинкти шундай қилишга мажбур этади.
Аллоҳ ақл-заковат бериб қўйган инсонлар эса озгина фойда, манфаат дея тулкини ҳам, одамларни ҳам уялмай-нетмай алдайдилар. Тулки ҳамма вақт қўл остларида бўлмагани боис, содда дил инсонларни алдайверадилар. Бечора тулкининг алданганларга раҳми келиши ҳам мумкин.

“ҚАРИ” ҚЎЛ ТЕЛЕФОНИ

Ё, қудратингдан, кекса кишининг буюмлари ҳам қариб қолар экан, шекилли. (Қаримаганда ҳам эскириб, тўзиб кетиши мумкин-ку, ахир!)
Одам эса ўзи қариганини тан олиши мумкин, лекин пул бериб олган буюмлари, асбоб-анжомлари, кийим-боши “қаришини”, эскириб, тўзиб, ишдан чиқишини унчалик истамайди, тан олгиси келмайди, чамаси.
Жумладан, савдогар невараси бўлмиш каминангиз ҳам ўзим ўрганиб қолган буюмлар билан “хайрлашишни” ёқтирмайман. “Ҳали яп-янги, кечагина сотиб олган эдим-ку!” – дейман, ниманингдир у ён-бу ёнини айлантириб кўрар эканман афсусланиб. Аммо йиллар жуда қайсар, бизнинг ихтиёрдан ташқари ўтаверади, ўтаверади. Қарабсизки, бирор бир буюм, боғ-роғ, иморат, минг афсуски, одам боласининг ўзи ҳам тўзимай қолмайди.
Ўзим ҳам ишлаб, ҳам истиқомат қиладиган хонада иккита эски соат бор. Бири ўзим 35 йил бурун қайсидир қишлоқ магазинидан сотиб олган – чўнтак соати. Иккинчиси, 34 йил бурун 40 яшар чоғимда, туғилган кунимда ҳамкасбларим совға қилган столда турадиган соат. Кўриниб турибдики, ҳар иккаласи ҳам хийла қартайган, мен эса уларни яп-янги ҳисоблайман, бураб-бураб, қайта-қайта ишга соламан. У бояқишлар эса икки, уч кун ёки бир ҳафта ишлаб яна тўхтаб қолишаверади. Мен бўлсам, у бечораларга зуғум қилиб қайта-қайта ишга туширишдан чарчамайман.
Худди аксига олгандай, Бухорои шарифдай бир юртда битта ҳам соат тузатадиган уста йўқ. Ҳаммаси Исроилга кўчиб кетган. Ўзимизникилар эса бу касбни назар-писанд этишмайди, чоғи.
Начора, кун келиб ёки мен соатларни безовта қилмай қўяман ёки улар ўзлари ахлат қутисига равона бўлишади…
Дарвоқе, янги йилнинг биринчи кунида Жиззах вилоятидаги неварам қўнғироқ қилиб “бобожон, кеча сизни қутлаш учун, бир неча бор қўнғироқ қилдим, куёвингиз ҳам телефон қилдилар, лекин қўл телефонингизга тушишни ҳеч имкони бўлмади”, – деб қолди. “Билмасам, телефон ишлаб турган эди. Эҳтимол, у ҳам ўзимга ўхшаб бироз мизғиб олгандир-да, қизалоғим”, – дедим ҳазиллашиб.
Неварам ҳаммамизни байрам билан табриклади, шу билан гап тамом.
Мен неварамга телефон ҳали “яп-янги”лигини, уни қайсидир байрамда совға қилишгани ҳақида ҳеч нима демадим. Ахир, эндигина тўрт йил ишлатилган матоҳни эски деб бўлмайди-ку! Боз устига, у совға бўлса.
Ҳа, айтгандай, ўзимга тегишли бўлган барча нарсалар қайсидир воқеа, байрам, ёки айрим кишилар, манзил маконлар билан чамбарчас боғлиқ. Уларни асраб-авайлашимнинг боиси шунда бўлса керак, аслида…

ФИКР САҲРОЛАРИ

Кексайиб уйда ўтириб қолган чўпон саҳро кенгликларини қанчалар соғинса, ёши улғайган адиб фикр кенглиги, бепоёнлигига шунчалар интилади. Бу фикр саҳролари бўлса, не ажаб?

МЕҲР ВА ЗУЛМ

Яшаб ўтган, ўтаётган умримдан мингдан-минг розиман.
Мен меҳр ва оқибатсизликдан бўлак зулм кўрмадим.

КЎНГИЛ ОҒРИҚЛАРИ

Кекса киши, агар у ўзига эътиборли бўлса, қарилик туфайли вужудида тез-тез пайдо бўлиб турадиган оғриқларнинг давосини топа олади. Фақат кўнгил оғриқлари давосини топа олмаса керак. Шу жумладан, энг яқин кишиларининг озорларидан пайдо бўладиган оғриқлар уни беҳад қийнайди. Қария сабр-бардошли бўлса, буюк ҳакам – Вақт дардларни даволай олади.

АДАШГАНЛАР

Жазирама саҳрода адашиб кетган киши агар йўлни топа олмаса, уни қутқаришмаса, ҳалок бўлади.
Сўз, фикр чўлу биёбонларида адашган кимсанинг қисмати янада оғирроқдир.

ЧЎЛНИ СОҒИНГАН ЧЎПОН

Чўлни беҳад соғинган кекса чўпон ҳақида ҳикоя ёзган эдим. Куни битганини сезган чўпон ўзи умр бўйи қўй боққан яйловга қайтади ва ўша ерда омонатини топширади.
Ҳикояни ёзиб бўлиб беш-олти марта таҳрир қилганимдан кейин, шу нарса маълум бўлдики, чўлни чўпондан ҳам кўпроқ ўзим соғинган эканман.
Ҳамқалам дўстлар, саҳро кенгликларини соғинган адиб ҳақида ёзишни истайсизми?
Уни нималар кутаётганини жуда-жуда билгим келади…

АДИБ, СЎЗ ВА НОН УШОҒИ

Ҳар бир ҳарф, тиниш белгилари ва сўз ўз ўрнида бўлиши учун жон куйдирадиган адиб нонни, унинг ушоғини-да азиз билган, қадрлаган кишига ўхшаб кетади.

ҲИКОЯ ИМКОНИЯТЛАРИ

Билишимча, ҳикоя имкониятлари жуда кенг, шу билан бирга жуда тордир. Кенгилиги – баъзан кичик бир ҳикояда бутун бошли романга арзигулик фикрлар айтилиши, ғоялар илгари сурилиши мумкин.
Торлиги – бу ҳажм жиҳатдан, албатта. Чегара жуда нари борса, ўн беш-йигирма қоғоз, аммо шундай ҳикоялар борки, уларда торлик, чегара мутлақо сезилмайди. Китобхон бундай ҳикоя юз саҳифа бўлса-да, ҳеч оғринмай ўқийди, қониқиш ҳосил қилади. Бунинг сабабларини ўзимча изоҳлаган бўлардим.
Энг аввало, адиб маҳорати, чиройли, равон, “тишга тегмайдиган”, каминангиз таъбирича, умуман сезилмайдиган, китобхонни толиқтирмайдиган услуб. Мавзу ва ғоя, ҳаётий материал уйғунлиги, долзарблиги. Адиб тасаввури тасирнинг кучи. Сюжет изчиллиги ва қизиқарлилиги. Фикр ва дунёқараш кенглиги. Муаллиф нуқтаи назарининг китобхонга ҳадеб тиқиштирилавермаслиги…
Эҳ-ҳе, ёзаверсам яхши ҳикоя унсурлари жуда кўп. Гапни қисқа қилиб айтмоқчиманки, юқоридаги фикрларим китобхонни мутлақо қизиқтирмайди. Унга яхши ҳикоя бўлса, бўлгани. У адабиётшунос ва танқидчиларга ўхшаб ортиқча гап қилиб ўтирмайди. Ёқса, ўқийди. Ёқмаса, китобни бир чекага олиб қўяди, вассалом!
Яхши ҳикоянинг узун-қисқалиги, чегараси бўлиши шарт эмас, чегара билинмайди.

МАНФААТ

Ёзувчи мақсадга етиши учун мустаҳкам асаб тизими, метин сабр-бардош, кучли ирода керак.
Ҳозирги замон китобхонини қизиқтириш учун нима ёзишим кераклигига ақлим етмайди. Фикримча у асарда ўзини, шахсий манфаатини кўриши керак, шекилли.
Ноширларнинг худоси фойда, аниқроғи, жарақ-жарақ пул. Ҳақиқий ижодкорга эса ҳатто, ўз жони керак эмас.

ҚАРШИЛИК
Ёзувчи учун адабий муҳит қаршилигини енгиб ўтиш – сузишни билмай уммондан омон-эсон кечиб ўтиш билан баробар.

СЎЗ ИМОРАТЛАРИ

Сўз иморатлари ҳеч қачон тўзимайди. Бошқа ҳамма-ҳамма бинолар вақт таъсирида Ер юзидан йўқолади. Эзгулик, яхши амал, инсон юрагидаги иморатлар ҳеч қачон йўқликка юз тутмайди.

ҒОЯТ МУШКУЛ ИШ

Инсон бошқа одамларни тушуниши қийин. Ижодкор бошқа ижодкорни тушуниши, тан олиши бундан ўн чандон мушкулроқ.

ВАЪДА

Аёл висол ваъда этса, эркак тоғни талқон қилади.

КЎЗ НУРИ

Фарзанд кўз нури дейишади. Жуда тўғри топиб айтилган гап. Фақат бу нурни ойнак тақиш ёки жарроҳлик амалиёти билан ошириб бўлмайди.

УРУҒ

Ёзувчи уруғи (агар таъбир жоиз бўлса) ҳамма ерга тушиши мумкин. Аммо ҳамма жойда ҳам униб-ўсиб, ҳосил беравермайди.

ҲАЁТБАХШ ЎЛИМ

Ҳақиқий ижодкор – сўз устаси, улуғ Алишер Навоийнинг “Шам ва парвона” ривоятидаги парвонага ўхшайди.
Адабиёт шам бўлса, адиб парвонадир. У ҳам Адабиёт нималигини тушуниб етгач, қурбон бўлади.
Бу – ҳаётбахш ўлим.
Ҳар бир ижодкор кўнглида шундай ўлимга етишиш умиди бўлса, ажаб эмас.
Адиб ўлади, асар ўлмайди. Бундай қисмат учун яшаса арзийди.
Қўлингиздаги китоб – Инсон Адабиёт нималигини билишга интилишидай бир гап. Қолганини вақт кўрсатади, баҳосини беради.

I РАҚИБ

Дўст – фотбол ўйинидаги рақиб жамоа ўйинчисига ўхшаб кетади. Гол киритганингда хурсанд бўлмайди, боз устига, тўп сенда бўлган пайтда уни олиб қўйишга ҳаракат қилади ёки чалиб йиқитади.

II “ҚЎШ ҲЎКИЗ”

Аёл ва эркак, аниқроғи, эр-хотин бу икки мавжудот турмуш, дунё ташвишлари билан боғлиқ айнан бир хил муаммога бошқа-бошқа кўз билан қарайди, бошқача фикр юритади. Қарама-қарши, бир-бирини инкор этувчи қарорлар қабул қилади, хулосалар чиқаради. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Эр-хотин –қўш ҳўкиз” деган мақол хийла эскирган кўринади. Илло, ерни чуқур ҳайдаши лозим бўлган бу шўринг қурмағур икки ҳўкиз бир-бирини сузиб турмаса, асло куни ўтмайди. Ана шундай шароитда рўзғор тебратиш –дунёни тебратишдан кам куч талаб қилмайди.
Қўш ҳўкизга Аллоҳ тўзим берсин-а…

III БОШҚАРИШ УСЛУБЛАРИ

Турли даражадаги раҳбарларда бошқаришнинг қаттиқ, юмшоқ ва яна турли хил услублари бор. Худди шундай, барча оилаларда ҳам ҳар хил бошқариш услублари бўлади. Баъзи оилаларда эркак қаттиққўл бўлса, айримларида аёл бошқарувда кескин ва кескир бўлади. Аммо шундай ҳолатлар бўладики, эркак куч, қўполлик билан эплай олмаган юмушни аёл ожизалигига қарамай, мулойимлик ила бажариб қўяди.

IV ОЛИС ЙЎЛ

Ҳаёт шундай олис, машаққатли йўлки, унда қоқилиб, туринмай, хато қилмай, нималардандир айрилмай йўл босиш жуда мушкул. Топишлар ва йўқотишларсиз ҳаёт йўқ.
Ўша олис йўл йўловчилари неча ўнлаб, юзлаб тоифага мансуб кишилар. Лекин фақир, уларни шартли равишда икки катта тоифага бўлмоқчиман. Булар – оиласи, севган касби, эл-юрти, Ватани учун тинмай меҳнат қиладиган, жон куйдирадиган, охир-оқибат жонини фидо қиладиган инсонлардир. Уларни ўша ўзбек мақолида айтилгандек, “Гуручлар” деса ҳам бўлади. Иккинчи тоифа одамлар, бошдан айтиб қўяқолай, ўша мен бош ҳарф билан ёзган Гуручлар ортидан сув ичадиган “курмаклар” ҳисобланишади. Улар нуқул “оғирнинг устида, енгилнинг остида” бўлишга ҳаракат қиладилар, доимо эл-юрт эмас, шахсий манфаат, қорин ташвишида юрадилар. Азиз жонларини койитишни, фидо бўлишни сира истамайдилар. Улуғ мақсад, ғоя, Ватан ҳақидаги тушунчаларга улар шунчаки баландпарвоз сўзлар дея нописандлик билан қарайдилар.
Фикри ожизимча, инсон, оддий фуқаро наздидаги жамиийки зиддиятларнинг энг чуқури ва энг фожеалиси юқорида тилга олганим икки тоифа – гуручлар ҳамда курмаклар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳисобланади. Қолган барча эзгуликлар ёки қабоҳатлар шундан келиб чиқади.

ХИЁНАТНИНГ ЮЗИ

Хиёнатнинг ўзи у содир этилган пайтда ҳам, ўн йил, юз йил кейин ҳам қорадир. У ҳеч қачон ёруғ бўлмайди.
Вафонинг юзи эса ҳар доим, ҳамма вақт ёруғ бўлади. Йиллар шамоли уни емира олмайди, сарбаланд этади.

ИЛҲОМ ПАРИСИ НИМА ДЕЙДИ?..
Машуқа ўз ошиғига шундай дейди: – Агар сен меники бўлсанг, бошқани, ҳаммани унут…
Илҳом париси ҳақиқий сўз санъаткори бўлишни истаган адибга шундай лутф этади: – Гар мени десанг, ҳамма-ҳаммани, дунёни, ҳатто, ўзингни-да унутгайсан, азизим…

ЮЗ КЎРКИ

“Сўз кўрки мақол” деган ҳикмат бор. Кейинчалик қайсидир сўзамол “Сўз кўрки – мақол, юз кўрки – соқол” шаклига келтирган. Кейинчалик, каминангиз ҳам юқоридаги иборани андаккина ривожлантирдим. Яъни, “Сўз кўрки – мақол, юз кўрки – соқол, эр кўрки – аёл” шаклига келтирдим. Қайта ишланган мақолда фақат “эр кўрки – аёл ” жумласигина мендан холос.
Аммо ҳозир гап мақолда ҳам, унга қўшиб-чатилган жумлаларда ҳам эмас. Гап соқолнинг ўзида!
Етмиш ёшдан хийла ошган биродарлар, агар соқол олиш сиз учун қийинлашиб бораётган, ушбу ёқимсиз машғулотни тез-тез такрорлаш малол келиб, юздаги қайсар тукларни қиртишлаш кунлари ўртасидаги оралиқ бир ҳафтадан ошиб кетаётган бўлса, Сиз қариётган экансиз…
Тўғри-да, юзинг шафтолиқоқидай, ёхуд обдон етилиб пишган анжирдай буришиқ бўлса, ҳозирги замоннинг олмосдан ҳам ўткир устараларидан ўпкалашнинг сира иложи йўқ…

МУДДАТСИЗ ТАЪТИЛ

Пенсия – жоннинг роҳати, муддатсиз пул тўланадиган таътил. Умрингиз қанчалик узоқ бўлса, шунча кўп пул оласиз.

ҚОРИН ҒАМИ

Асрлар, минг йилликлар оша ҳамма нарса ўзгариб, янгиланиб, йўқолиб, қайтадан пайдо бўлиб боради.
Табиат, жамият, атроф муҳит ўзгариб бораверади. Табиийки, инсонлар, инсоният ҳам доимо ҳаракатда, ўзгаришда.
Фикримча, дунё пайдо бўлгандан буён мутлақо ўзгармай, ҳамон устувор, устун бўлиб турган бир тушунча бор. Бу– мутлоқ ҳоким – шахсий манфаат ёки янада содалаштириб, пастроқ тушадиган бўлсак, қорин ғами, бола-чақа ташвишидир.
Таасуфки, инсоният ҳали бу ҳодисотнинг даъфини топмаган. Унга қарши тура олиш чоралари ҳам йўқ ҳисоби. Агар шу чоралар топилса, жумлайи жаҳонда ҳақиқат ва адолат қарор топишига умид қилса бўлар-ов…

КИМ ОЛДИН, КИМ ОРҚАДА?..

Яқинларим (ўғиллар, неваралар) баъзи таниш-билишларим гоҳ-гоҳида ярим ҳазил, ярим чин қилиб “ҳаётдан орқада қолибсиз”, дейишади. Бу сўзлардан кейин ўйланиб қоламан. “Ёки қарияпман, ёки бўлмаса ҳақиқатан ҳам ортда қолаяпман, шекилли”.
Бир муддат хаёлларимга эрк берганимдан сўнг, сал кўнглим ёришади. “Йўқ, каминангиз ҳаётдан хийла ўзиб кетдим, бу кимларгадир ёқмаяпти, афтидан”. Яна бир неча кун хаёлнинг барча паст-баланд кўчаларига кириб чиққанимдан сўнг, ноилож бир тўхтамга келгандай бўламан.
“Аё, дўстларим, ким олдин, ким ортда эканини ҳаётнинг ҳеч тўхтамас вақт карвони кўрсатса, ажаб эмас!”

ОБ-ҲАВО, НАРХ-НАВО…

Об-ҳавонинг ўзгарувчанлигини ҳамма билади. Аммо телерадиоканалларда об-ҳавонинг ўзгарувчанлигига гап йўқ. Уларнинг ахборотига кўра сиз яшаб турган жойдаги иссиқ ёки совуқ етти, саккиз даражага фарқ қилишига нима дейсиз? Тафовут шу даражага борадики, совуқда тишингиз-тишингизга тегмай турганда “кундузи 10-15 даража иссиқ”, деб юборилиши ҳеч гап эмас.
Нарх-наво масаласида ҳам фарқланиш жуда катта. Қандайдир ташкилотларнинг сўровномалари натижалари эълон қилинади: “Бухорода бир кило гўштнинг нархи олтмиш беш минг сўм”. Аммо сиз қассобдан гўшт олиб шунча пул узатсангиз, у сизга шундай бир ўқраядики, гўшт емоқчи бўлганингизга минг пушаймон қилиб, яна чўнтак ковлайсиз. Ёинки, эфирда нарх эълон қилинади. Фалон манзилда бир кишилик ош нархи йигирма беш минг сўм. Афсуски, каминангиз яшаб турган жойда шунча миқдордаги ош учун нақд ўттиз беш-қирқ минг сўм тўлашга мажбурсиз.

“ЯНГИ” ҚОИДАЛАР

Ушбу қоидалар шундан иборат: агар кимгадир ишингиз тушган бўлса, ҳеч иккиланмай биринчи бўлиб ўзингиз қўнғироқ қилаверинг. У жавоб қайтариш-қайтармаслиги, бу бошқа масала. Ишингиз тушган одам ҳеч қачон ўзи телефон қилмайди. У агар биринчи қўнғироғингизданоқ гўшакни кўтариб, рисоладагидек салом-алик қилса, билингки, ишингиз битишига умид бор. Яна ким билади дейсиз? Бунинг ортида зўраки такаллуф, ёлғон ваъдалар бўлиши мумкин.
Мабодо бир кун, бир неча кун такрор-такрор қўнғироқларингизга жавоб бўлмас экан, бу ишингиз битмаслигига кафолат бўла олади. Ана энди тасаввур этинг, кимнингдир сизга иши тушиб, такрор-такрор қўнғироқ қилаяпти. Хохласангиз жавоб қайтарасиз, хохламасангиз йўқ. Сиз ҳам, қўл телефони ҳам мум тишлагандай “миқ” этмайди. Дарвоқе, битмайдиган ишни ана шундай дарҳол рад этган яхши эмасми? Айтилганидай, “йўқ” дегувчининг боши сира оғримайди. “Йўқ”нинг ўзини эса айблаш ҳеч бир одоб қоидасида йўқдир.

“БИЛИМ”

Ота-оналар ўз фарзандлари ҳақида ҳамма нарсани биладилар. Фарзандлар эса ўз ота-оналари ҳақида ҳеч нимани ёки кўп нарсани билмайдилар.

АДАБИЁТ – УММОН – КОИНОТ…

Адабиёт коинот, ёхуд улуғ уммонга ўхшайди. Унда кимдир яшай олади, кимдир эса йўқ.

ЎЗИГА ҚОЙИЛ ҚОЛГАН ЧОЛ

Чол кексайганида бинойидек эди. Лекин жуда кексайганида ғалати бир одат чиқарди. У баъзи-баъзида, нимадандир кўнгли тўлганида “қойил-е, қойил! Ўзимга қойил қолмасдан иложим йўқ!”, дер эди. Бу яқинларининг енгилгина, беозор кулгиларига сабаб бўларди. Улар онда-сонда сўраб қўйишарди: “хўш, ота нима ишингизга қойил қолишингиз, ёки қойил қолишимиз керак?”
Бояқиш ота бу саволга жавоб бера олмай, бармоқ тишлаб қолар, аммо таслим бўлишни сира хаёлига келтирмасди.
– Очиғи, нимага эканини билмайман, эслай олмаяпман… Аммо, лекин ўзимга қойил қолмай сира иложим йўқ.

ҒАМ

Ошиқ юраги ғамсиз бўлмайди. Ижодкор қалби ҳам шундай. Ижод мангу ошиқлик бўлса, не ажаб?

ИСЁН

Чин муҳаббат воқеликка қарши исъён бўлса керак. Чунки инсоний муносабатларнинг аксарияти, асосан манфаат, худбинлик, фойда, пул, мол асосига қурилган бир пайтда ўзидан бошқани севиш, унга фидо бўлишга тайёр туришни бошқача атаб бўлмайди.
Бадиий ижод ҳам ҳақиқий севгига ўхшайди. Чунки бунда ҳам воқеликка қарши исъён ва фидо бўлиш қисмати мавжуддир.

ЯХШИЛИК

Назаримда, яхшилик қилиш учун инсонга муайян маънавий куч керак бўлади. Яъни, имон-эътиқод, тоза юрак, эзгулик эҳтиёжи.
Ёмонлик қилиш учун эса, куч талаб этилмайди. Биргина сўз инсон тақдирини, қолаверса, дунёни остин-устун этиб юбориши ҳеч гап эмас.

ЧАНГ БОСГАН ОЙНА

Қайсидир газетада ўқиган эдим, ўтган асрнинг 60-йилларида “Новый мир” журналида ҳали танилмаган рус ёзувчиларидан бирининг қиссасини “савияси паст” дея чоп этишмаган. Кейин шу асар журнал бош муҳаррири, таниқли шоир Михайл Светловнинг қўлига тушган. Шоир қиссани синчиклаб ўқиб, (бизнинг аксарият муҳаррирлардан фарқли ўлароқ) уни чоп этишга рухсат берган. Ҳикоя қилинишича, таниқли шоирга муаллифнинг биргина “Дарё юзи чанг босган ойнага ўхшар эди” жумласи жуда маъқул бўлган. Ана шу сўзлар асар тақдирини ҳал этган.
Мен 50 йилдан кўпроқ ижодий фаолиятимда ана шундай биргина мард муҳаррир билан ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Ҳозир ҳам яхши ишлаётган ўша йигит ниҳоятда камтарлиги боис уни ноқулай аҳволга солмаслик учун исмини айтиб ўтирмайман. У “Бойқўнғир лолалари” қиссамни бир-икки сўз билан мақтаб қўйди-ю, тез фурсатда журналда эълон қилди. Ва бошқалардан фарқли ўлароқ, бу ҳимматини ҳеч қачон миннат қилмади. Ҳолбуки, чеккада яшовчи ижодкор сифатида кўп миннат эшитишимга тўғри келган. Бу ғариб бошим миннатлардан неча марталаб ёрилган. Ҳамон миннат тошларидан қутилганим йўқ.
Серҳиммат муҳаррир дўстим янглишмаган экан, “Бойқўнғир лолалари” газета, журнал ва китобларда, янглишмасам, 12 маротаба чоп этилди. Энди қўлни кўкракка қўйиб, эътироф этадиган бўлсак, биз, ўзбеклар шарқона одобга риоя этиб, кимнингдир камчилик-нуқсонларини айтавермаймиз. Бу тўғри, албатта, бироқ адабий муҳитда бундан усталик билан фойдаланадиган нохолис, нопок, тамагирлар ҳам талайгина. Менинг йўлимда ана шундайларнинг бир нечаси учраганидан қаттиқ азият чекдим.
Ўша нопок кимсалар касофатидан режалаштирган бир неча асарларим йўққа чиқди, хайрият, ижодкорлар кўксига шамол тегди. Адабиётимизда жиддий ўзгаришлар, янгиланишлар содир бўлаётир. Минг афсус фақат мен эмас, барча ижодкорларга тўсқинлик қилган ўша нопок кимсалар ҳамон мансаб отини қамчилаб, қора қилмишларидан ҳузурланиб юришибди. Уларнинг айримлари жуда талтайиб кетишган. Умрларида бир сатр ҳам бадиий асар ёзмаган, жаҳон классик адабиётидан яхши хабардор бўлмаган бу кимсалар, ҳамон радио, телевидение, газета, журнал минбарини бошқа ҳеч кимга беришмайди. Нуқул ақл ўргатиб, ваъзхонлик қилишади. Уларга иши тушган муаллифларнинг ҳолига вой.
Янги Ўзбекистонда, унинг адабиётида бундай кимсаларга ўрин бўлмаслиги керак.

ОМОНАТ БАҲОР ЁКИ БАҲОР ОМОНАТИ

Кейинги 10 йилликларда экологик фалокатлар оқибатида серқуёш ўлкамиз баҳорлари, айниқса эрта кўклам жуда омонат бўлиб қолди.
Наврўз арафаси ёки Наврўзда очилган чечаклар, дарахтлар гуллари баҳор омонатига айланди. Омонат баҳор инжиқликлари оқибатида у бояқишлар гаровга олинган инсонларга ўхшаб жон ҳовучлайдилар. Дўл, қор ёғишидан, совуқ бўлишидан чўчиб турадилар.
Баҳор чечакларини жуда яхши кўрганимдан бемаврид келган совуқ оқибатида сарғайиб, сўлиб, қовжираб қолган гулларга ачинаман.
Шу боисдан бўлса керак, ҳовлимиздаги атиргуллар барқ уриб очилмагунча баҳорни омонат ҳисоблайман, у тўла узил-кесил ғалаба қилганига ишонмайроқ тураман.
Атиргуллар гул очдими, тамом, энди баҳор ортига қайтмаслигига ишонгим келади.
Ахир, “омонат баҳор” сўзида қандайдир андуҳ борга ўхшайди. Ҳақиқий гул очган, ёз арафаси бўлган баҳорга не етсин?..

ШАФҚАТ

У шўрлик бошқаларга жуда талабчан, қаттиққўл, заррача меҳр-мурувватни билмайдиган шафқатсиз одам эди.
Аксинча, ўз-ўзининг барча хатолари, ожизликларини тез кечира оладиган меҳр-оқибатли, шафқатли киши саналарди.
Ана энди, азиз дўстим, бу мавжудод қандай киши эканлиги ҳақида ўзингиз хулоса чиқараверинг…

ГУЛ, ҚАЛАМ ВА ҲИКОЯ

Афанди айтганидек, ёшлигимда ҳам, ҳозир ҳам ёғаётган қор, ёмғир, само бағрини чок-чок этган чақмоқ, худди шу аснода, дир-дир титраётган атиргулларга қараб кичик ҳикоялар ёза оламан. Бундан кейин ҳам нималардир ёза олсам керак.

ҲАЁТГА МУҲАББАТ

Кексалик – Аллоҳ ва ҳаёт инсонга тақдим этадиган марҳаматдир. Мен бу ўринда соч-соқол, қош-киприклари оппоқ қор тусини олган, хийла, тўғрироғи жуда кекса кишиларни назарда тутяпман. Руслар бундай ёшни “преклонный возраст” дейишади.
– Ҳаммангизга шундай ёшларга етиш насиб этгай…
Хўш, айтайлик, сиз ана шу ёшга етдингиз. Қандингизни уринг! Аммо- лекин, машойихлар айтганидек, “кексалик санъат эмас, балки унга чидаш, сабр-тоқат қила олиш – санъатдир”.
Ҳа, ана шунақа… жуда кексаликни чидаганга чиқарган.
“Нега” дейсизми? Ҳозир айтаман, андак сабр қилинг… Чунки юқорида айтганимдек, кексаликдаги сабр-тоқат ҳақиқатан ҳам санъат экан.
Демак, сиз улуғ ёшга етдингиз, энди оёқни узатиб, ётиб чуқур тин олишга, бемалол дам олишга вақтингиз, ҳақингиз-да бор.
Фақат “шу, оёқни узатиб ётиш” масаласига андак аниқлик киритишга тўғри келади.
Тасаввур этинг, оёқни узати-иб ётибсиз. Еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда, фарзандлар, неваралар, эваралар атрофингизда гирди капалак. Қандай яхши! Қари киши учун бундан ортиқроқ бахт борми? Йўқ, албатта!
Биз шу масалада хатога йўл қўямиз, чамаси. Чунки маза қилиб ётганимиз билан ҳаётнинг жуда тезкор, шиддатли оқими бир зум ҳам тин олмайди, тўхтамайди!
Аниқроғи, у ҳеч қачон тўхтамайди. Вақт бунга йўл қўймайди.
Қиссадан ҳисса, кимдир, у кексами, ёшми, бир чеккада томошабин бўлиб турса, албатта ҳаётдан орқада қолиб кетади. Бу орқада қолиш мажбурлик, маҳкумлик даражасида. Ҳаёт аталмиш ходисот, мавжудот ўз навбатида, Вақт кескир шамширига қарши бораолмайди.
Тирикчилик, тирикликнинг содда, шунинг баробарида,жуда мураккаб фалсафасини ҳамма ҳам англаб ета олмайди. Чунки у инсон шуурининг энг чуқур қатламларида ётади.
Ҳазрати инсон, қария, ҳатто умрининг охирида ҳам ана шу буюк ҳақиқатни англаб етолмаган бўлса, у ёлғизликка, йўқлик, унутилишга маҳкум.
Ҳеч ким хатто энг яқин кишилар ҳам у шўрликни бу ёлғизликдан, тўғрироғи, қисматдан халос этаолмайдилар. Ўша кишини қутқармоқчи бўлганлар, энг аввало, ҳаёт ва вақт измидадирлар. Фақат ўзларинигина қутқара оладилар, бошқа бировни эмас!..
Ёшлик-қарилик бир-бирига зид қарама-қарши сўзлардир. Ёшлик гуллаб яшнайди, кексалик охир-оқибат тўзийди. Ана шу тўзиш бесамар, нурсиз бўлмаслиги учун хеч ким, хатто, жуда кексалар ҳам ҳаётнинг жўшқин оқимидан четда турмасликлари керак.
Худди ана шуни, Ҳаётга муҳаббат десалар неажаб?..

БАДИИЙ ИЖОД ВА ДОНКИХОТ

Шу кеча кундузда, пул, моддий бойликлардан бўлак ҳеч бир нарсанинг қадри йўқ. Бозор иқтисодиёти шароитида муттассил, баракали ижод қилаётган адибларнинг аксарияти агар янглишмасам, таъмадан йироқ, пул, бойликка бефарқ одамлар бўлсалар керак.
Бундай деяётганимнинг сабаби шундаки, у шўрликлар ўз меҳнат махсуллари жамият, нада бирор уюшма, ташкилот иттифоқ учун икки пуллик қийматга эга эмаслиги, кераксизлигини яхши билсаларда, тинмай меҳнат қиладилар, соғликлари, ёшликлари, қолаверса, ширин жонлари хисобидан бадиий асарлар яратадилар. Бадиий ижод аҳли учун дам олиш кунлари, байрам, таътил деган тушунчалар йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас.
Адибнинг онг-шуири, тасаввури, қалами тинимсиз, ўла-ўлгунча ишлайди. Ҳаракатда бўлади, изланади, имкон бўлмаган жамиятдан имкон излайди. Каминангиз, ана шу тўхтовсиз жараённинг оддий бир иштирокчиси, таъбир жоиз бўлса, қора ишчиси сифатида эътороф этишим мумкинки, мен ва Қалам ҳақисиз ишлайдиган, ёинки, ушбу ҳақ эвазига дурустроқ, оёқ кийими сотиб олиши даргумон бўлган хамқалам дўстларим Донкихотга ўхшаса, ажаб эмас.

ҲАЁТ ДАРВОЗАСИ

Оилани – ҳаётга кириб бориладиган дарвозага ўхшатадиган бўлсак, ота дарвозабон хисобланиши мумкин. Яъни ушбу дарвозадан ҳар ким, ҳуда-беҳуда кириб чиқавермаслиги учун қўриқчи маъносида.
Ота шўрликни футбол ўйинидаги дарвозабонга ўхшатса ҳам бўлаверади. Чунки у оила манфаатлари, шаъни, бугуни ва эртаси ҳимоячиси. Шу боисдан, ўйиндаги ҳакам ёхуд хужумчи эмас, айнан дарвазобондир. У ўз ўрнида сергак турмаса дўст-душман, яқинлар-бегоналар, энг ачинарлиси, фарзандлар, неваралар, эваралар – ҳужумчилар дарвозага кўп гол киритиб оила шаънини топташлари ҳеч гап эмас. Худо кўрсатмасин, ана ўшанда йирик хисобдаги мағлубиятга учраш мумкин.

КЎПИК

Сув тез ва жўшиб оқса унинг юзасида кўпиклар хосил бўлади.
Бадиий асар ҳам худди шундай, агар тез, жўшқин ёзилса, унда кўпиклар ҳосил бўлиши ҳам мумкин. Шу боисдан адиб асарга танқидий кўз билан боқиб, уни кўпиклардан халос этиш керак.

ҲИС-ҲАЯЖОН ВА БОЗОР

Одатда, ижод аҳли, айниқса, адиблар ҳис ҳаяжонга берилишади. Улар орзу-хаёллар, туйғулар қанотида жуда юксакларга парвоз этадилар. Маълумингизким, ҳис-ҳаяжон эмас, аниқ ҳисоб-китоб, пул, жуда кўп пулни ёқтирадиган бозор иқтисодиёти ва замона бундайларни унчалик хуш кўрмайди. Ҳаёт уммонининг кимсасиз оролига элтиб ташлаши ҳам ҳеч гап эмас.
Тўғри, бозор деганингиз, албатта, ғала-ғавур, ҳис-ҳаяжонсиз бўлмайди. Аммо бу ҳис-ҳаяжон ниманидир сотиш, сотиб олиш, кўп пул топиш йўлидаги ҳис-ҳаяжон бўлиб, у адиблар, ҳавойи одамлар ҳис туйғулардан кескин фарқ қилади. Ана шу фарқ жамиятдаги табақаланишнинг асосий сабабларидан бири бўлса керак.
Зеро, ҳақиқий ҳис-ҳаяжон, орзу-истак одамлари ўз дунёларини яратишга интилсалар, бозор ҳис-ҳаяжонлари бандалари дунё бозоридан ўз улушларини кўпроқ, тезроқ олишга интиладилар.
Кўряпсизки, юзаки қараганда ҳар икки томон одамлари ўртасидаги фарқ унчалик катта эмас. Ҳамма гап – аниқ ҳисоб-китобда.
Лекин масала туб моҳиятига қарасак, ўртада чуқур жарлик бор.
Демоқчиманки, биринчи тоифа одамлари– ҳис-ҳаяжон, юксак инсоний туйғулар, ижод аҳли фаолияти – умру жон эговидир.
Иккинчи тоифа – бозор одамлари эса югур-югур, тинимсиз ташвишлар, янглишмасам, юракни четлаб ўтсада, мияни чарчатадиган оғир меҳнат билан пул, бойлик орттирадилар. Ҳар икки тоифа одамлари жамият учун керакли. Чунки моддий бойликлар ҳаёт учун жуда зарур.
Маънавий бойлик ҳам худди шундай.
Шуни истардимки, маънавий ва моддий бойликлар бир-бирини тўлдириб, бир-биридан куч олса, нур устига нур бўлар эди.

МИЛЛАТ – ИБРАТ…

Дунёда неча юз миллат бўлса, шунча ўзига хослик, табиат, менталитет бор. Улар ҳеч қачон бир-бирини тўлиғинча, айнан такрорламайди. Бунинг иложи ҳам йўқ.
Яъни масалан, қайсидир миллат вакиллари биз ўзбекларга ўхшаб, болажон, меҳмондўст бўлиб қолмайдилар.
Худди шундай, бошқа миллат вакиллари немисларга ўхшаб, дархол интизомли, батартиб бўлмайдилар. Жумладан, бюрократияга ҳеч ким кўр-кўрона тақлид қилавермайди.
Япон биродарларимиз ҳам сермулозамат, ҳар кимни ҳурматини жойига қўя оладиган, эътиборли халқ. Бироқ хитойликлар улардан кескин фарқ қиладилар.
Японияликлар ўз жонига қасд қилиш бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайдилар. Яхшиям, бошқа миллат кишилари уларга эргашишмайди.
Айтмоқчи бўлганим, ҳар бир миллат, ҳалқ фақат ўз-ўзига ўхшайди, ўз-ўзини такрорлайди, ҳаётга ўз кўзи билан қарайди.

ХЎЖАЛИК ҲИСОБИДАГИ ҒАССОЛ

Ғассоллик (ювғучи, мурдашўй) энг хокисор, мискин, савобли касблардан саналади. Уларнинг хизматисиз майитни тупроққа топшириб бўлмайди.
Демак, хар бир муслим, куни битганда ўша камтарин касб соҳиблари хизматига муҳтож бўлади.
Туманимизда “Мурдашўй”лар қишлоғи ҳам бор.
Ғассолларга марҳум ва марҳумаларнинг эски ёки яп-янги кийимларидан хизмат ҳақига қўшиб берилади. Бу одат ҳозир ҳам сақланиб қолган.
Замона зайли биланми, ёки азалдан шундай кишилар бўлганми, билмадим-у, ҳозир шунақа одамлар пайдо бўлдики, уларни бемалол кўчма маънода “хўжалик ҳисобидаги ғассол” деса бўлади. Ана ўшаларга, худо кўрсатмасин, ишингиз тушса, ёинки, дўст, қариндош бўлиб қолсангиз, худди ғассол қўлига тушган майитдек шипшийдон бўласиз-қоласиз! Улардан осон қутила олмайсиз, охирги сўмингиз, кийим бошингиз, уй жойингиздан, энг ачинарлиси хузур ҳаловатингиздан жудо бўласиз. Улардан “осон” қутилишнинг биргина йўли бор холос, бу кўчма эмас, ҳақиқий маънодаги ғассолнинг қўлига тушишдир. “Хўжалик ҳисобидаги ғассол”лардан Худо асрасин.

НИГОҲЛАРДАГИ ХИЁНАТЛАР

Агар йил фаслларига ўхшатиладиган бўлса, кексалик – умр қиши дейилади. Эҳтимол шундайдир, аммо йил фаслларидан фарқли ўлароқ, унинг сўнгида гуллаб яшнаган баҳор эмас, янада қаҳратон, қора қиш бор.
Бизда “кексалик гашти” деган ибора жуда кўп ишлатилади. Айниқса ОАВда бу сўзлар меъдага тегадиган даражада кўп эътироф этилади.
Юзаки қараганда, бу тўғрига ўхшайди. Нуроний чеҳра, оппоқ сочларга ҳамма ҳам етавермайди. “Кексалик гаштини суришга етганлар бор, етмаганлар бор”.
Фикримча, “кексалик гашти” – кўнгилдаги ва кўздаги аччиқ ёшлар аро “роҳат-фароғат”дир.
Бундай дейишимга сабаб шуки, қариликда жисмоний ва иқтисодий имкониятлар хийла чекланади. Бировнинг қўлига, энг ёмони қовоқ-тумшуғига қараб қоласиз.
Энг яқин кишилар, дўстлар, таниш-бегоналар сўзларингизни жиддий қабул қилишмайди. Қандайдир оилавий муҳим қарорни қабул қилишда ҳеч ким сиз билан хисоблашмайди.
Ўзим ҳақимда гапираётганим йўқ “ҳали ёшман”, кексалик гаштини суришга энди тайёрланяпман.
Айтгандай, бир нарса хаёлимдан кўтарилаёзибди.
Сўнгида баҳори бўлмаган қиш фасли, катта-кичик хиёнатлар, уларга мажбуран кўникиш даври ҳамдир.
Бу очиқ-ойдин хиёнат бўлмаслиги ҳам мумкин… Фақат энг яқин кишингиз нигоҳидаги нописанд заҳарханда ҳам қария учун хиёнат бўлса керак.
Бу – кекса киши кўксини ерга бериб ғам чекиши керак дегани эмас. Инсон – иродаси бутун одам учун олдинда ҳамиша нур бор, албатта!

ЮРАК СИРЛАРИ

“Ҳақиқий дўстлар кам бўлади” деган сўзлар асрлар, минг йилликлар оша тинимсиз такрорланади. Ва бу сўзларда асос ҳам бор.
Хозирги мураккаб, алғов-далғов, таҳликали замонда ўша сўзлар янада ёвузлашди: “Ўртада қандайдир манфаат бўлса, ҳақиқий дўст йўқ!”
Буни, албатта, чин ҳақиқат деб бўлмайди. Содиқ дўстлар ҳамма замонларда бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Хозир гап бу ҳақда эмас. Менимча, юрак сирларини, айниқса, инжа орзуларни хатто содиқ дўстларга ҳам айтиш унчалик тўғри эмас.
Ўн беш йилларча бурун ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий машиналарга жуда ҳавасим келиб, эсли дўстларимнинг бирига “Матиз” олиш ниятим борлигини айтганимда, у совуққонлик билан сўзимни кесди. “Олтмиш ёшда машина олишинг даргумон, ахир, “Матиз” фалон пул туради!”
Кўнглим жуда оғриди, аммо дўстимга хеч нима демадим.
Орадан кўп ўтмай, Аллоҳ марҳамати ила, яп-янги машина сотиб олишга муваффақ бўлдим…
Юқоридаги воқеа менга дарс бўлмаган экан, етмиш ёшим арафасида ҳамтаълим дўстларимнинг бирига орзуйим ҳақида шундай дедим:
– Биласанми, бу ҳаддан ташқари иссиқлар жонимга тегди, мўъжазгина боғ яратиб, унинг қоқ ўртасида пахса уй қуриб яшамоқчиман…
– Об-бо хаёлпараст-ей, шу ёшда ҳам орзуларинг жуда ҳавойи-да! Ер-сувинг йўқ, билагингда кучинг қолмади ҳисоб… Пахса уйли боғни қайси хисобдан барпо қиласан?..
Мен, қариб-қуйилмаган гумроҳнинг дамим яна ичимга тушиб кетди. Дўстимга жавоб қайтараолмадим.
Жавоб бир неча йилдан сўнг тайёр бўлди. Етмиш ёшга тўлишимга бир неча ой қолганда ўзим, ўғлим ва неварам билан биргаликда барпо қилган кичкина боғимиз ҳосилга кирди. Ўрик, олма, шафтоли, олхўри, узум, хурмо шиғил мева тугди. Атиргуллар, арчалар кўкка бўй чўзиб, шундай салқинлик пайдо қилдики, пахса уйга ҳожат қолмади. Ушбу кичик хикояни май ойи охирларида ўртанча ўғлим ўша мўъжаз боғимиздан бир челак ҳуснидан тўйса бўладиган эртапишар ўрик олиб келгандан сўнг, уни тотиб кўргач ёзаяпман.
Инсон қайси ёшда бўлмасин, орзу қилишдан чарчамаслиги, тўхтамаслиги керак. Орзу кушандалари эса ҳамма вақт бўлган. Меҳнат, орзу сари қатъий харакат уларнинг ишончсизлигини чиппакка чиқаради.

ИЖОД ОЛОВИ

Ҳақиқий бадиий ижод оловида муттасил куйиб-ёнган адиб учун бошқа ёнишлар унчалик қўрқинчли бўлмаса керак.
Зеро, юрак ёниши ва жисм тан ёниши – булар бутунлай бошқа-бошқа тушунчалар хисобланади.

ЁЛҒОННИНГ АҲВОЛИ

Одамлар бир-бирларига шунчалар кўп ёлғон гапирадиларки, бундан ўзлари азият чекадиларми, йўқми, билмадим-у, аммо шўрлик ёлғоннинг ўзи ўлар холатга келиб қолса керагов…

ҲИМОЯ

Агар таъбир жоиз бўлса, кўнгли нозик китобхон хийла қўпол дея ўйламаса, адибнинг ҳақиқий адабиётга тааллуқли ҳар бир асари – мўлжал сари отилган ўқдир. У бехато уриши лозим бўлган нишон – инсон қалби, кўнгли, онг-шуири саналади.
Бу ўқнинг оддий қўрғошин ўқдан фарқи шундаки, у маҳв этмайди, балки, жонлантиради, курашишга, яшашга, яшнатишга, севишга, инсонпарварликка ўргатади. Номидан ажал саси келиб турган юқорида айтилган ўқдан мўъжиза содир этиш учун биргина шарт бор. У бориб теккан нишон – чин инсон, оқкўнгил, ҳаёт севар, севган, севилган, яшашга иштиёқи кучли бўлиши керак.
Сиртдан қараганда, ушбу шарт унчалик оғир бўлмаса керак. Аммо инсоният бир-биридан жуда йироқлашган, фойда, манфаат улуғланган, пул, бойлик, олтин Худо даражасига кўтарилган жамиятларда адабиётнинг ҳаётбахш ўқлари аксарият холларда мўлжалга тегмайди. Зеро, лоқайдлик, манфаатпарастлик, пулпарастлик ҳукмрон бўлган кўнгиллар ўқлардан етти қават зирҳ билан қаттиқ ҳимояланган. Энг ёмони шундаки, мўлжалга тегмаган ҳаётбахш ўқлар энди исми-жисмига монанд кушандага айланади. Ўзини отган адиб, ижодкорлар кўксига бориб қадалади.Тўғри, улар ҳам каминангиз оддий қаламкаш ҳаёли маҳсули бўлгани учун дафатан ўлдирмайди, албатта. Фақат бу ўқлар қолдирган яралар ўла-ўлгунча битмаса керак…

ЭЪТИРОФ

У омадли, обрў-мартабали киши бўлиб, мансаб отида юрганида имкониятларидан усталик билан фойдаланадиган одамлар жуда кўп эди. Ҳаёт ва дунё чархпалаги тинмай айланар, шунинг баробарида, йиллар шамоли омадли инсонимизнинг ҳаёт гулини сўндириб, обрў-мартабасини секин-аста пасайтириб борарди.
Бояқиш буни сезмас, атрофидаги соясига салом берувчилар тобора камайиб, иғво, кин-адоват кўпайиб бораётганини ҳам унчалик билмасди.
Ниҳоят кези келиб, мансаб ва бойликнинг ғоятда асов оти уни устидан итқитиб ташлади. У йиқилди, қаттиқ лат еди, кексалик, касалликлар исканжасига тушди. Унга бир вақтлар хавас қилганлар ҳасадчиларга, унинг номини тириклик дафтаридан ўчирмоқчи, бўлиб қаттол душманларга айландилар.
Тўғри у куни келиб мансаб-мартабадан айрилиши, кексайиб, кимларнингдир йўлига интизор бўлишини ҳам билар, бунга бир қадар ўзини тайёрлаган эди.
Бироқ “бировга ёмонлик қилмаганман-ку, душманларим унчалик кўп бўлмаса керак”, деб ўйларди. Душманга айланган дўстлар, ҳамкасблар, рақобатчилар қанчалар шафқат сизлик билан ўч олишлари мумкинлигини ҳаёлига келтирмаганди. Аслида эса, собиқ дўстлар, ҳамкасблар интиқоми жуда ёмон бўларкан. Буни у бечора суяк-суяги, қон-жони билан ҳис этди. “Бирорта ҳам дўстим қолмади”, дея даҳшатга тушди. Хаёлнинг, кўнгилнинг неча минг кўчаларига кириб чиқди. Ниҳоят, онг-шуурининг энг олис бир бурчагида мўъжаз бир нур кўрингандек бўлди, чироқ милтиради. У ўзини шамга урган парвонадек ўша ёққа интилди, бу бирга ўқиган, кўп йил бирга ишлаган дўсти экан. У ана шу якка-ю ягона дўст ҳузурига ошиқди.
– Дўстим, холоскорим! Сендан бошқа ҳеч кимим қолмади, мен учун якка-ю ягона нажот манзилисан! – дея ҳайқирди афтодаҳол меҳмон.
Дўст хурсанд бўлди, юзлари ёришиб жилмайди, улар қучоқлашиб, бир муддат жим қолишди, сўнгра ҳар икки қария хўнграб йиғлаб юборишди. Ўксиб-ўксиб, елкалари силкиниб жуда бахтсиз одамлардек узоқ йиғлашди. Кейин улар ўзларини босиб олиб, бир-бирларига узоқ тикилиб қолишди.
Хар иккаласининг юзлари бўғриқиб, қизариб кетганди, чуқур-чуқур нафас олишарди.
Шу аснода мезбон тилга кирди.
– Менинг ҳам сендан бошқа ҳеч кимим қолмади.
Бироз жимликдан сўнг меҳмон шундай деди.
– Эй воҳ, сенинг якка-ю ягона дўстим эканингни билиш учун шунчалар жабр-ситам кўришим керак экан-да?..

УНВОНЛИ КИТОБХОНЛАР

Дунёнинг бирор-бир мамлакатида, ҳатто ғоят китобсевар Ҳиндистонда ҳам биздагидек зукко китобхонлар топилмаса керак. Нега дейсизми? Ёзганларимни ўқишда давом этинг.
Бизнинг ақлли китобхонларимиз адиб асарларини эмас, унинг унвон мукофотлари рўхатини ўқиб, яшаётган уйи, минган машинаси, мол давлатига қараб баҳо беришади. Чунки юқорида айтганларим ҳақидаги маълумот бир неча сонияда ўқилади, асарни ўқиш учун эса ҳеч бўлмаганда уч кун керак бўлади.
Шунинг учун тезкор асримизнинг китобхони албатта осон йўлни танлайди-да!
Энг қизиғи, зиёлилар, ноширлар, деярли барча соҳа ходимлари худди шундай мутолаа қилишади. Энг ачинарлиси, адибларнинг ўзлари ҳам китоб ўқишнинг замонавий, осон йўлини танлашади.
Болажонлар, ёшлар ўзимизнинг ўта замонавий китобхонлардан ўрнак олишсинми ёки Ҳиндистонлик билимдонларданми? Бу саволга каминангиз, қарийиб 70 йиллик китобхон жавоб топа олмаяпман…
“Узоқдаги қуйруқдан – яқиндаги ўпка афзал”, деганларидек фикри ожизимча, ўзимизнинг китобхонларга “тезкор усул” учун қўша-қўша унвонлар берса арзийди…

ХИЁНАТКОР

Хиёнаткор фарзанд – ота-она қўйнида асралган заҳарли илондан хам баттороқдир.

СУНБУЛА ГУРУНГЛАРИ

Мана, 12 йилдирки, ёзувчи ва шоирлар Муҳаммад Пирриев, Абулқосим Ўтепберганов, Ҳайитбой Абдусодиқ ва каминангиз сунбула ёки мезон ойи бошларида Дўрмон ижод уйида учрашиб, дам оламиз, тугалланмаган асарларимизни охирига етказиб, янгиларини ёза бошлаймиз. Қибрайнинг гўзал табиати, Тошкентнинг сахий кузи ижод аҳли учун кўнгилли ва самарали эканини ҳамқалам дўстлар яхши билишади. Дўрмондаги ҳар бир дарахт, гул-кўкат, ҳар қарич ер бу жойда яшаб, ижод этган буюклар руҳи билан ҳамоҳанглиги сабаб, қалам аҳлини баракали ижод қилишга ундайди.
Ўзига хос, фақатгина ўзига ўхшаган шоир дўстимиз Қорақалпоғистоннинг Хўжайлисида шундоқ Амударё яқинида истиқомат қилувчи Ҳайитбой Абдусодиқ ҳар гал Дўрмонга келганида, бир неча “Қоратов” ва бозордан анча-мунча дудланган балиқ ола келади. Келган куниёқ, дўстларни хонасига чорлаб, топган-тутганини дастурхонга қўяди. Табиийки, Дўрмонда яшайдиган машҳур Қорақалпоқ адиби, ҳалқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмон бу давранинг тўрида бўлади, ҳазил-мутойибани маромига етказиб, косагуллик қилади. Кунларнинг бирида у шундай лутф қилди:
– Дўстлар, бир замонлар, олис ўтмишда декабристлар бўлганини яхши биласиз, сизларни эса, куз аввалидаги анъанага айланган учрашувларингиз учун бемалол сентябристлар деса бўлаверади. Яъни Дўрмон сентябристлари!
Адабий суҳбатлар тонггача давом этадиган бу давраларда таниқли адиблар Нурали Қобул ва Қўчқор Норқобил доим иштирок этишади ва сўнгра тонготар суҳбатлар уларнинг дала ховлисига кўчади.
Янглишмасам, 2016 йил сунбула ойи ўрталари эди. Қўйни-қўнжи тўлиб Дўрмонга келган Ҳайитбой ўша оқшом ўзининг 2-қаватга кўтариладиган зинанинг ўнг томонидаги чоғроқхонасида биз дўстлар учун дастурхон ёзди. Дастурхонда илгари таъкидлаганимдай дудланган балиқ, ўз ёғида қовурилган қўй гўшти ва табиийки, бир неча узун бўйли “Қоратов” бор эди.
Умар Ҳайём таъбири билан айтганда “Бир коса шаробу қўйнинг бир сони” муҳайё.
Дарвоқе, ҳали чоғроқ деганим – хона хийла тор эди, аммо буюк кенгликлар ўғлони бўлмиш Ҳайитбой Абдусодиқ кўнгли эса кенг-да.
Хуллас кенг-торхонада шакаргуфторлик авжига чиқди. Бир маҳал дастурхон кам-кўстини кузатиб турган Ҳайитбой шуни сезиб қолдики, “Қоратов” ва дудланган балиқнинг баракаси учиб, таги кўриниб қолибди, қўй гўшти ва бошқа егуликларга қўл теккизилмаган. Гашт ва кенгликлар шоири, вассофи Ҳайитбой Абдусодиқ бу номутаносибликни ҳазм эта олмади. Ахир, шоир аталмиш нозик, инжиқ мавжудот ҳаммаси ўз ўрнида, рисоладагидек бўлишини истайди!
Мезбон ғала-ғавурни босиш учун қўлини андак кўтариб хитоб қилди.
– Биродарлар, дудланган балиқ гарчи Амударёники бўлса-да, овқат эмас, бор йўғи газакдир, холос. Тўғри, бу жонивор “Қоратов” билан ўпишиб, йиғлашиб кўришади. Лекин овқатга қўл теккизмабсизлар. Атайлаб, қўй гўштини думба ёғига қовуриб, олиб келгандим. Шундай қилинса, узоқ муддат сақланишини яхши биласизлар.Менга фарқи йўқ, уни бошқа меҳмонлар билан баҳам кўришим ҳам мумкин.
Хонада шунақа қаҳқаҳа янградики, дераза ойналари зириллаб кетди. Зиёфат яна давом этди. Энди ҳеч ким қолган балиққа қўл узатмади, ҳамма қўй гўшти билан овора эди.

ЧИДАГАНГА – ЧИҚАРГАН…

“Ота-онадан бўлак бошқа ҳеч кимдан вафо кўрмадим”, дея асло ҳафа бўлманг. Ер юзида аксарият инсонларнинг қисмати сизникидан баттарроқ, ҳатто улуғ амир Алишер Навоий ҳам “Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим”, дея нидо қилганлар.
Боумид дунё. Сиз учун шунчаки вафо эмас, мутлоқ вафога сазовор бўлиш йўли бор албатта. Бу унчалик оғир иш эмас. Яъни, ўз -ўзингизга, яна ва яна ўзингизга вафо қилсангиз, шак-шубҳасиз, мутлақ вафога сазовор бўласиз.
Бу бошқа бировнинг қўлидан келмайди. Ўзга йўли ҳам йўқ.
Ана шунақа дўстим, чидаганга чиқарган!..

“ТЕКИНХЎР”

Ё, худо! Бир ярим ойдан буён, бир сатр ҳам ёзмадим… Демак, ўз нонимни, ўзим текин еб, “текинхўр” бўлибман-да?
Бу қисматдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!..

САЙРАЁЛМАЙДИГАН БЕДАНА

Куйлаёлмайдиган қўшиқчи, ёзаолмайдиган шоир-ёзувчи, қураолмайдиган қурувчи ва ҳакозалар кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни қарангки, сайрамайдиган беданалар ҳам пайдо бўлибди. Тўғри, бундай жонивор табиатда олдин ҳам бўлганми, ёки йўқми, буни аниқ билмайман-ку, яқинда эшитган гапим ҳайрон қолдирди.
Тирикчилик учун эмас, шундоқ, эрмакка қуш боқадиган синфдош дўстим “Хўш, беданаларинг сайроқи бўлиб қолишдими?” деган саволимга шундай жавоб қилди:
– Э-э, ўзимнинг ҳам ҳафсалам пир бўлди. Бу шўринг қурғурлар гўшт учун етиштирилади, унчалик сайраёлмас экан… Э воҳ, кун келиб тонгда қичқиролмайдиган хўрозлар, сайраёлмайдиган булбуллар пайдо бўлса, нима қиламиз?

ҚАЙНАМАГАН ҚОРАҚОЗОН

“Чиройли гап, сўзлар, ашъор, ҳикояту ривоятлардан қозон қайнамайди, қорин тўймайди”, – ёзғиради авом. Эҳтимол, қорин бандалари учун шундайдир. “Бўш қоп тик турмайди”-да. Балки ҳақиқий китобхонлар, адабиёт ихлосмандларининг жуда озлиги шунинг оқибатидир?..
Фақат беҳисоб шукрлар бўлғайким, оч қоринга ашъор тинглаб, ҳикоя ўқийдиганлар ҳам талайгина…
Дарвоқе, Дўрмон ижод уйида ҳамон хўрозлар қичқириб, булбуллар сайраб, қозонлар қайнаб иштаҳани қитиқловчи ҳид таратиб турибди.
Ахир субҳи содиқда тоғдан эсган шаббодага кўкрак тутиб, шеър ёзган ёки ўқиганга не етсин.
Айтгандай Дўрмон ошхонаси таомлари жуда мазали, меҳмон бўлиб келинг!

“ҚОЧҚИНЛАР”

Юқорида айтганимдай, ижод уйи ошхонаси миллий таомлари жуда маззали, қўли ширин ошпазлар Исроилжон ва Муқаддасхон адибларни тез-тез паловхонтўра, сомса, манти билан сийлаб туришади. Айниқса, нонуштага иссиқ сомса тортилганда қалам аҳли яйраб кетади.
Шунга қарамай, сунбула чошгоҳларининг бирида қалам-қоғозни бир чеккага қўйиб, Қибрайга бориб, сомсахўрлик қилгимиз келиб қолди. Баҳонада, йўл-йўлакай чақ-чақлашиб, чор-атроф гўзалликларидан баҳраманд бўлмоқчи ҳам эдик.
Шу тахлит биз “сентябрчилар” Муҳаммад Пирриев, Абулқосим Ўтепберганов, Ҳайитбой Абдусодиқ, камина-и камтарин пойи пиёда йўлга тушдик. Мезбон мақомига эга бўлган Ўрозбой оға ҳам бизга ҳамроҳ бўлди. Гурунглашиб, секин-аста Қибрайга етиб бордик. Очиқ ҳаводаги шинам ошхонага жойлашиб олдик. Шу заҳоти ёнимизда пайдо бўлган ошхона ходимаси ёшгина, кўҳлик жувон, бизнинг енгил-елпи кийим бошимизга назар ташлаб, шундай хитоб қилди:
– Амакижонлар, сизлар дам олиш уйидан қочиб келяпсизларми?
Кайфиятимиз яхшилигидан хазил мутойибага мойил эдик. Мен шундай дедим:
– Сингилжон, бу амакиларингиз ҳам, мен тоғангиз ҳам дам олиш уйидан эмас, ўзимизданда инжиқроқ хотинларимиз, яъни янгаларингиздан қочиб шу ерга келиб турганимиз…
Ҳамма бараварига кулиб юборди. Жувон кўзлари ёшлангунча кулди ва қўшиб қўйди: “Бўлди, тушундим, Дўрмондан келяпсизлар, шоирлар шунақа шўх бўлишини яхши биламан”.
Ходима тезда чой дамлаб келди, тандирдан энди узилган сомсаларни ўртага қўйди. Шу тариқа “сентябрчилар” учун энди яқин тарихга айланган сомсахўрлик бошланди.

ЙЎҚОЛГАН ТИШ ЧЎТКАСИ

Дўрмонда “сентябрчилик” ҳаракатининг асосчиси ва ёрқин намояндаларидан бири Муҳаммад Пирриев тирамоҳ, салқин саҳарларнинг бирида ижод уйи иккинчи қаватидаги ўз хонасида, қоғоз, қаламларини тартибга келтириб ўтирганида тақиллаб улгурмаган эшик бехосдан очилиб, хонага ўрта бўй, ўрта ёшар, буғдойранг бир киши кириб келди-да, салом-аликни насия қилиб, ҳе йўқ, бе йўқ ювиниш хонасидан ниманидир зўр бериб излай бошлади.
Муҳаммад оға ҳайрон бўлганини яшираолмай, ундан сўради:
– Ҳа, биродар, тинчликми? Бу ердан нимани излаяпсиз?
Нотаниш кимса истар-истамай жавоб қилди:
– Ҳе, шундай, ўтган йили шу жойда тиш чўткамни унутиб қолдирган эканман, шуни қидиряпман…
Асли касби тиш шифокори бўлган Муҳаммад оға энди чинакамига ҳайратга тушди.
– Оббо, сиз-ей, наҳотки бир йил мобайнида тишингизни ювмаган бўлсангиз?!
Нотаниш киши (кейинроқ у таниқли шоир экани маълум бўлди) қандай келган бўлса, шундай, индамай чиқиб кетди.
Шифокор адиб ўз-ўзига шундай дебди:
– Тўғри, у бошқа чўтка сотиб олган бўлиши ҳам мумкин, аммо буни аниқ билмайман-ку!
Биз бу воқеани дўстимизга тез-тез эслатамиз ва қайтадан айтиб беришини илтимос қиламиз.
У киши ҳеч эринмай ипидан-игнасигача айтиб бераверади.
Кейинги йилларда бу воқеани эшитиб, мириқиб кулмаган шоир-ёзувчи қолмади ҳисоб.

АДИБНИНГ БАХТИ

Биринчи ўзбек романнависи, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарлари муаллифи Абдулла Қодирий адабиётимиз кашшофи, буюк иқтидор соҳиби бўлгани учун мустабид тузум қонҳўр сиёсати, ўзимиздан чиққан шўро малайлари, хоинлар, миллатфурушлар фитнаси қурбони бўлган.
Шунга қарамай, у асарлари жуда кўп ўқилган ва ўқилаётган энг бахтли адиб саналади. Фикримнинг исботи учун фақат биргина мисол келтираман. Кўнглига ишқ меҳмон бўлган ҳар бир ўзбек йигити ўзини Отабек ёки Анвар мирзога ўхшатади, севгилисини Кумуш биби ёхуд Раъно қиёфасида кўргиси келади. Муҳаббат остонасида турган ҳар бир қиз ўзини Кумуш биби ёки Раъно дея тасаввур этади. Суюкли ёри эса Отабек ва Анварга ўхшашини жуда-жуда истайди.
Ана энди, азиз китобхон, ўзингиз айтинг, адиб учун бундан орттиқроқ бахт борми?
Қодирий руҳи, даҳоси ҳар бир ўзбек хонадонида мангу барҳаётдир.

ҲОЗИРУ НОЗИР

Замона яхшилигидан бўлса керак, невара, эвараларнинг тили жуда ширин. Амалий ишлар эса ҳар бир оилада ҳар хил. Бобо ва бувижонлар ёзғириб ўзларини тарбия бера олмаганликда айблашади. Аслида эса, кузатишларимга қараганда, бу масалага турлича қарашлар мавжуд. Чунончи, болажонларимизнинг ўзида ҳам бўлиши керак ахир. “Яхши фарзанд –Худодан”, деб бежиз айтишмаган.
Мисол учун, сиз неварангиз ёхуд эварангизга қўнғироқ қилиб, ундан бир келиб кетишини илтимос қилдингиз. У “ҳозир бораман, бобожон”, дея лутф этди.
Сиз хурсанд бўлиб, телефон тугмасини босдингиз. Аммо андак сабр қилганингиз маъқулроқ. Зеро, жигаргўшангизнинг “Ҳозир”, дея қилган марҳамати 15-20 дақиқадан 15-20 кунгача давом этиши, ё умуман қорасини кўрсатмаслиги мумкин.
Ана шунақа гаплар, оғайни, бобо ва катта бобо бўлишни чидаганга чиқарган!
Замон, макон ва вақт тушунчалари тез-тез ўзгариб, такомиллашиб, ривожланиб бораверади. Ишқилиб, замондан ортда қолмасангиз бўлгани6.

ТОВОН

Болалигим ўтган ХХ асрнинг ўша олис 50-йилларида инсонларнинг ўзаро муносабатлари жуда оддий, содда ва самимий эди, назаримда. Ўшанда жуда йўқчилик бўлмасада, унчалик тўқчиллик ҳам эмасди. Қўни-қўшни бир-бирига суяниб, аҳил яшашар, тирикчилик учун бир-бировдан у-бу сўраб туриш айб саналмасди. Қандайдир тансиқ таом пиширилганда, қўни-қўшни, бир-бировига илиниши табиий саналарди.
Шундан келиб чиқиб, ота-она ва ўғил-қизлар муносабатлари ҳам жуда самимий, ҳақиқий, қон-қариндошлик бўлиб, таъма аралашмаганди. Ўзи емай едирадиган, ўзи киймай кийдирадиган ота-она меҳнати юксак қадрланиб, улар фарзандларига мол, дунё бериш, бермаслигига унчалик эътибор қилинмасди.
Фарзандлар ота-оналарини ҳеч қандай таъмасиз яхши кўрар эдилар. Энди бўлса, пулга сажда қилинадиган жамиятда ота-оналар ва болалар муносабатлари бутунлай ўзгариб кетди.
Қон-қариндошлик, жон-жигарчиликнинг самимий муносабатлари бир чеккага сурилиб, уларнинг ўрнини пулпарастлик, молпарастлик, манфаатпарастлик эгаллаб олди. Ҳозир ортиқча давлати бўлмаган, ўғил, қизларининг никоҳ тўйига қўша-қўша машина ва ҳовли жойлар, қимматбаҳо буюмлар совға қила олмайдиган шўрлик волид ва волидалар “қашшоқ қариндош” мақомида бир чеккада мунғайиб қолдилар.
Ишонинг, ҳалол йўл билан бой-бадавлат бўлганларга мутлақо эътирозим йўқ. Қандларини уришсин! Аммо қандайдир нопок йўллар, юрт мулкини ўмариш йўли билан пул топган ўғил-қизлар, қуда-андалар, қариндош-уруғлар қўли қисқароқ ота-оналарини ҳатто, оёқ учлари билан кўрсатишмайди.
Мабодо, ўғил ё қизингиз ана шундайлар сирасидан бўлса, шўрим қуриди деяверинг. Бу “Фарзанди қобиллар” сизни ойлаб, йиллаб йўқламагани, сариқ чақалик кўмак бермагани етмагандай, ўзлари туғилиб-ўсган оилага турли ижтимоий-иқтисодий шартлар қўйишдан сира чарчашмайди, уялишмайди. Кексалик сабаб бўлибми, қўлингиз калталик қилибми, ўзига ва ўғли-қизига туғилган куни муносабати билан совға қилолмасангиз тамом, балога қоласиз. Бу уятсизлар йиллаб қовоқ-тумшуқ қилиб юраверишади.
Ишқилиб, пулингиз бўлса-бўлмаса, фарзандларингизга машина, уй-жой совға қилишдан қочманг. Ҳеч бўлмаса, катта қарз кўтаринг, ўлмасангиз тўлаб, қутиласиз. Машина, уй-жой болажонингизнинг ёнида қолади.

ЎЗГА САЙЁРАЛИКЛАР

Болалар, неваралар, эваралар, ота-оналари, бобо-бувилари, катта бобо, катта бувилари учун ўзга сайёраликлардай бир мавжудод бўлишар экан. Зеро, улар яшайдиган замон ва макон бутунлай бошқа, ечадиган муаммолари ўзгача, шундан келиб чиқиб, улар йўл қўядиган хатоликлар ўзларидан олдинги авлодлариникига мазмунан ўхшасада, шаклан ўхшамайди.
Демак, қоқилиб йиқилганда, ҳар бир авлод фақат ўзигагина хос тарзда лат ейди, пешонасидаги ғурра ота-боболариникига сира ўхшамайди, ҳар ким фақат ўз ҳаётий тажрибасига таяниб иш кўради. Яқин кишилар ўртасидаги келишмовчиликларнинг туб илдизи ана шунда.
Энди, муҳтарам китобхон кўнглингизга малол олмасангиз, 17 ёшида онаизоридан, 23 га ҳам тўлмай отасидан жудо бўлган каминангизнинг сўзларига андак эътибор берсангиз…
Булар фақат менинггина қарашларим, шахсий фикрим. Ота-онаси меҳрига қонганлар ёинки, ота безор, она безорлар менга қулоқ солмасалар, хафа бўлмайман.
Фақат, муаллиф сифатидаги ўзга сайёраликлар ҳақидаги ўз нуқтаи назаримни баён қиламан, холос.
Кузатишларимга қараганда, фарзанд – дўст, сирдош, суянчиқ бўлаоладими, деган савол кўпчиликни жуда қийнайди.
Қисқача жавобим шундай: фарзанд дўст ва сирдош бўла олмайди. У фақат фарзанд мақомида, холос. Унинг ўз дўстлари, сирдошлари бор. Суянчиқ бўлиш масаласи эса жуда кенг тушунча. Фарзанд – суянчиқ, юракдаги санчиқ, ҳатто ўз яратувчилари хунига зомин бўлиши ҳам мумкин.
Ҳа, мухтасар гап шу, фарзанд фақат фарзанд бўла олади, холос! Бошқа ҳеч ким эмас!
Раҳматли отамнинг “фарзанд ширин душман…” деган ибораларини ҳозир эслашим жоизмикан, йўқми, шуни билмайроқ турибман…

АҚЛЛИ ЧУМЧУҚ

100 грамм тана вазни бўлган чумчуқнинг, мияси 4,5 грамм. У қушларнинг энг ақллиси хисобланаркан.
Юз эллик кило вазнли инсон чумчуқдан ақллироқ экан-да…

Badiiy asarlar loqaydlikning achchiq va sho‘r ummoniga tomadigan shirin tomchilar bo‘lsa ajabmas….

Jo‘ra FOZIL
ERKIN MAVZUDAGI INSHO
YOXUD HAYOT SHOMIDAGI O‘YLAR
Eng kichik va kichik hikoyalar, adabiyot hamda jurnalistika haqida qaydlardan iborat zamonaviy o‘zbekona roman


OLTINCHI PARCHA


MUSOFIR

Agar o‘z uyingda begona, musofir bo‘lishni istasang, tezda ta’mirlash ishlarini boshlab yubor…

UMR

Adib degan mavjudod hammamiz singari bir marta yashaydi. Birgina shirin joni bor. Faqat u umri davomida bir necha umrlarni yashab o‘tsa, ajab emas. Zero, hayotda sodir bo‘layotgan yaxshiligu yomonliklar, qabohat, mardlik, olijanoblik, balo-ofatlar, yaratish, yaratilish, boringki, inson zotiga xos barcha tubanligu pastkashliklar, yuksaklik, ulug‘vorliklar uning ozurda yuragini chetlab o‘tmaydi. Vaqt-soati yetganda, ijodkor ko‘rgan-kechirganlarining aksariyati yurak qoni misol “chak-chak” tomib, oppoq qog‘ozga tushadi. Ushbu bitiklar agar haqiqiy adabiyot mahsuli bo‘lsa, ular kimnidir yig‘latadi, kuldiradi, hayajonga soladi. Kimgadir achchiq saboq, kimgadir ibrat bo‘ladi. Ayrim kitobxonlar esa mutolaadan so‘ng, o‘z hayotlarida tubdan burilish yasaydi. Axir, so‘z san’atining, badiiy adabiyotning maftunkor, hayotbaxsh kuchi shunda emasmi?

G‘ALATI ODAM

Bu adib haqida uning katta o‘g‘li shunday dedi: “Dada, siz bu dunyoning odami emassiz…”.
Yozuvchi shunday javob qildi: “Gaping to‘g‘ri o‘g‘lim, men allaqachon narigi dunyoning odamiga aylanib ulgurganman, shekilli. Qizig‘i shundaki, asarlarimni negadir shu dunyoning odamlari o‘qishadi…”
Haqiqatan ham, bu so‘z san’atkori butunlay boshqa bir dunyoning kishisi edi. U agar tuni bilan uxlayolmay qiynalib chiqsa, tongda darhol yozuv stoliga o‘tirar, qancha nohaqligu adolatsizlik, jabru sitam ko‘rsa, shunchalik barakali ijod qilar edi.
Demak, katta o‘g‘il dadasining tabiatini yaxshi bilar ekanda…

TO‘XTAB QOLMAGAN VAQT

Uning ijodxonasidagi ish stolida to‘xtab qolgan qadimiy soat bor edi. Uni chamasi qirq yillarcha burun, tug‘ilgan kunida hamkasb do‘stlari sovg‘a qilishgandi. Keyingi yillarda to‘xtab qolgan bu soatni burab yurgizish hech kimning, jumladan, o‘zining ham xayoliga kelmas edi. Kunlarning birida u soat “chiq-chiq” etib ishlayotganini sezib qoldi. Demak, oila a’zolaridan kimdir soatni burab, yurgizib yuborgan. Qariya yengil tortdi, ko‘ngli yorishib ketdi. Uning nazarida to‘xtab qolgan soat emas, Vaqt yurib ketgandek edi. Ha, Vaqt to‘xtamagan, hech qachon to‘xtamaydi!..

KЕCh KUZDA KЕLGAN BAHOR

Aqrabning uchinchi kunida Buxoroyi Sharifda havo harorati yigirma bir daraja issiq bo‘ldi.
Iqlim o‘zgarishlari o‘z yo‘liga-yu, Alloh irodasiga qoyil qolmay iloj yo‘q. Axir hamma vaqt ham kuz so‘ngida qish emas, bahor bo‘lavermaydi-da.
Agar zamon shoirlari bu haqda ash’or bitsa, o‘z vaqtida kelmagan bahorni keksaning ko‘ngliga mehmon bo‘lgan nogahoniy sevgiga qiyoslashlari mumkin…

TAJOVUZKOR HASAD

Dunyoda hamma narsa o‘zgaradi, deganlari rost ekan. Mana “o‘lmagan qul ko‘raveradi”, aqidasiga amal qilib hazrati inson “hasad” atalmish qabohatning o‘zgarganini ham ko‘rishga muyassar bo‘ldi. Bir paytlar hasad qiluvchi ich-etini yeb, oxir-oqibat o‘zini-o‘zi xarob etardi. Hasad qilinuvchi kishi esa, bundan unchalik zarar ko‘rmasdi, nazarimda. Har qalay, hasad qiluvchilar anchayin nofaol, asosan, o‘zlariga ko‘proq zarar yetkazardilar xolos.
Hozir vaziyat keskin o‘zgardi. Endi hasadchilar bag‘oyat faol, tajovuzkor qora kuchga aylanishdi. Ular ich-etlarini jimgina kemirib yotavermaydilar, butun kuchlarini badbinlik tig‘lari qaratilgan sho‘rlikni ma’nan va jismonan yo‘qotish, mahv etishga sarflashadi. Insoniyat boshiga yopiriliyotgan balo-qazolarda hasadning o‘rni juda katta.

LOQAYDLIK QURBONLARI

Qadimda uzoq shimolda, qabilalarning birida shunday bir odat bor ekan. Ota-onalar juda qartayib, erkaklar ov qilishga, ayollar ro‘zg‘or yumushlariga yaramay qolishganda farzandlar o‘zaro maslahatlashib, gapni bir yerga qo‘yib, volid va volidalarini olis, gadoytopmas go‘shaga eltib tashlab, yonlarida bir necha kunga yetadigan oziq-ovqat, o‘tin-cho‘p qoldirib qaytib ketisharkan. Shu taxlit ortiqcha yuk – dahmazadan xalos bo‘lisharkan. Chunki oziq-ovqat va o‘tin-cho‘p tugagach, qattiq va dahshatli sovuqda qoldirilgan qariyalar sekin-asta jon taslim etib, boqiy dunyoga rixlat qilisharkan.
Bu shafqat siz va vahshiyona odat haqida ulug‘ adib Jek Londonning “Shimol hikoyalari”dan birida o‘qigan edim. O‘shanda qirq yoshlarda bo‘lib, hayotning qanday sinovlari oldinda ekanligini bilmasdim. Shimol xalqlari orasida hukm surgan yuqoridagi odat meni qattiq larzaga soldi, dahshatga tushdim. O‘zim ota-onamdan juda erta ajralganim sababli padari buzrukvori va volidayi muhtaramasi borlarga juda havasim kelardi.
Ota-onam tirik bo‘lganlarida boshimga ko‘tarmasmidim degan xayollarga borib hikoya ta’siridan bir necha kun garangsib yurdim. Oradan ko‘p yillar o‘tdi. Bobo, katta bobo ham bo‘ldim. Kun kelib o‘sha hikoyani esladim. To‘g‘rirog‘i, eslashga hayot majbur qildi. Chunki hozirgi zamonda bolalari bilan bir hovlida, yoki yonma-yon, yoxud bir shahar-qishloqda yashayotgan ayrim qariyalarning ahvoli olis shimol sovug‘ida yolg‘iz qoldirilib, azob-uqubatli o‘limga mahkum etilgan ota-onalar ahvolidan ham battarroq. Zero, mehr-oqibatsizlik, shafqat sizlik, loqaydlik – shimolning qattiq sovug‘i va o‘sha shafqat siz qonuniyatlardan-da o‘n chandon, yuz chandon xavfliroq, daxshatliroqdir!

SO‘NGGI YO‘L YOXUD IKKI KUNLIK UMR

Bir haftadirki yoshini yashaganu, hali oshini oshab ulgurmagan ota o‘lim to‘shagida yotar, yon-veridagilarni tanimas, og‘zidan chiqqan so‘zlarni o‘zi ham, boshqalar ham tushuna olmas edilar.
Ellik yillik umr yo‘ldoshi uning yonidan nariga jilmas, dam erining gezargan lablarini ho‘llar, dam safar tadorigini ko‘rayotgan o‘g‘illariga “Otangizning, adashmasam, ikki-uch kunlik umri qoldi, Rossiyaga ketmanglar”, – deya iltimos qilishdan charchamasdi.
Xotinlarining chimirilgan qoshlari-yu, uyilgan qovoqlaridan ko‘z uzmayotgan ikki o‘g‘il esa, bo‘lmag‘ur bahonalar qilib, imkon boricha tezroq yo‘lga chiqish ilinjida edilar. Onaning iltimoslari tinavermagach, toqati-toq bo‘lgan katta o‘g‘il o‘shqirib berdi:
– Ona, odamni juda xit qilib yubordingiz-ku! Axir, o‘zingiz dadamning kunlari bitgan deyapsizku, shu ikki kunlik umr uchun to‘rt kishilik somolyot chiptalari kuyib, ish beruvchi fikridan aynib qolsa maylimi?!
Ona o‘g‘liga javob qaytarmadi. Yuzini teskari burib, izillab yig‘lab yubordi.
Erta tongda ikki o‘g‘il va ikki kelin so‘nggi nafaslarini olayotgan ota bilan xayr-xo‘shni ham nasiya qilib, mo‘may daromad, katta pul ilinjida olis safarga jo‘nab ketdilar.
Bu ahvoldan voqif bo‘lgan qarindosh-urug‘, qo‘ni-qo‘shnining, o‘limi oldidan andak o‘ziga kelib, o‘g‘illarining nomini takror-takror aytib chaqirgan bechora otaning ko‘nglidan nelar kechganini yolg‘iz Alloh biladi, xolos…

KO‘NGIL SOZI

Har qanday qo‘shiqchi bir muddat tayyorlanmay kuylay olmaydi. Cholg‘uchilar ham xuddi shunday. Ular ham kuy chalishdan oldin cholg‘u asboblarini sozlab, so‘ngra ishga kirishadilar.
Bu jarayon boqiy so‘z ustalarida andak boshqacharoq kechadi.
Shoir va yozuvchilar ba’zan qisqa vaqtdan so‘ng asar yoza boshlasalar, ba’zan yozishga tayyorgarlik kunlar, oylar, yillar mobaynida davom etishi mumkin.
Aytmoqchimanki, ko‘ngil torlarini sozlash xiyla qiyin…

LAZZATLI, SHIRIN… OG‘IR YUK

Tiriklik, tirikchilik – hayot lazzatli juda shirin ne’mat bo‘lish barobarida, g‘oyat murakkab, mas’uliyatli vazifa, burch hamda og‘ir yuk hisoblanadi. Bu yuk shunchalar og‘irki, uni birgina inson ko‘tarishi mushkul. Shu boisdan odam bolasi ushbu mas’uliyatli vazifani bajarish, mashaqqatli yo‘lni omon-eson bosib o‘tish uchun o‘ziga yo‘ldoshlar izlaydi. U birda sodiq yo‘ldosh topa olsa, birda topa olmaydi. Ba’zan esa barcha hamrohlaridan birdaniga mosuvo bo‘lib, yakka-yolg‘iz qoladi. Uning do‘stlari ko‘p bo‘lganda ham, yoinki, yonida suyanadigan bir kishisi bo‘lmaganda ham hayot atalmish Hakam eng achchiq, shafqat siz savollarni faqat uning o‘zigagina beradi. Shunday bo‘lishi tabiiy.

GUL VA TOSH

Insonga eng yaqin kishilari yetkazadigan aziyat hasadgo‘ylar, raqiblar va hatto qattol dushmanlar qiladigan zulmdan o‘n chandon ortiqroq ekan.
Donolar shunday deyishadi: dushmanlarim otgan toshlar menga hech qanday ziyon yetkazmadi, do‘stim otgan gul boshimni yordi, qora qonga belandim.

BЕPUL MASLAHAT

Keksayib qolgan yolg‘iz qariya kunlarning birida qiziga shikoyat qildi.
– Qizim, uyimni chang bosib ketibdi, ust-boshim ham kir-chir…
Qiz pinagini ham buzmay javob qildi:
– Sira tashvishlanmang, dadajon. Bu muammoning yechimi juda oson. Zamonaviy changyutgich va andak qimmatroq kir yuvish mashinasi xarid qilasiz, tamom-vassalom!
Otaxon kamtargina pensiya pulidan bu matohlarni xarid qilishga qurbi yetmasdi.

NOROZILIK SABABI

Hayotidan butunlay rozi bo‘lgan kishi qo‘liga qalam olib bilmasa kerak. Unda kimnidir qiziqtirishi mumkin bo‘lgan so‘z aytishga istak, iqtidor va hojat ham bo‘lmaydi. Axir har bir so‘z kimga atalgan, qaysidir nishonga tegishi kerak.
U kimgadir, nimagadir xizmat qiladi. Qandaydir vazifani bajaradi. Aniq mo‘ljal, nishon bo‘lmagach “Aytilgan so‘z– otilgan o‘q”ning sira hojati yo‘q. Badiiy ijod aslida norizolik bo‘lsa, ajab emas…

YIROQ-YIROQLAR

Odam bolalari o‘rtasidagi yiroqlik, begonalik sayyoralar orasidagi uzoqlikdan-da oshib ketgan. Shu zamonda tabiatda ham, jamiyat-u bozorda ham bizning bolaligimiz, hech bo‘lmasa yoshligimizni eslutuvchi biror nimarsa qolmadi…

ZIYORAT

U saksonni qoralagan otasini yilda bir-ikki marotaba ko‘rgani kelar, shunda ham qovoq-tumshug‘ini ochmas, qariyaga nuqul teskari gapirar, asabini egovlardi. Jo‘nab ketayotganda xayr-ma’zurni nasiya qilar, qovog‘idan qor yog‘ishi davom etardi. O‘g‘ilning ota huzuriga kelib-ketishi keksa kishining holidan xabar olish emas, balki ko‘proq marhum qabrini ziyorat qilishga barobar edi.

MANGU JANGCHI

Badiiy ijod, Adabiyot – mangu jang. Inson kelajagi, inson uchun juda og‘ir, ayovsiz muhoraba.
Oddiy askar – jangchi – yozuvchi mangu jangchidir.
Hamma askarlar, jangchilar kuni kelib, safdan chiqadi, jang to‘xtaydi. Ammo sho‘rlik adib hech qachon, hatto o‘lganida ham safdan chiqmaydi, o‘lib-o‘lmaydi. Hazrati Inson uchun jang hech qachon to‘xtamaydi. Bu uning baxtimi, baxtsizligimi, bilolmadim.

XUDBINLIK

Adibning chor-atrofda, jamiyatda, eng avvalo, oilasida ro‘y berayotgan voqea-hodisalarni chuqur o‘rganib, tahlil qilib, shu asosda xulosalar chiqarishi, qarorlar qabul qilishi bu o‘ta shafqat sizlikdir. Bunda, eng avvalo, badiiy so‘z ustasi o‘z-o‘ziga shafqat sizlik qilgan bo‘ladi. Chunki barcha yaxshiligu yomonliklarning sababini anglash, tagiga yetish hamma vaqt ham yaxshilikka olib kelavermaydi.
Aniqroq aytadigan bo‘lsak, ushbu hodisot o‘z joniga qasd qilish bilan barobar.

YOSH MASXARABOZLAR

Men qari ota-onasining qandaydir biror yumushini yoinki topshirig‘ini bajarayotgan ayrim o‘g‘il-qizlarni yosh bo‘lsa-da, juda mahoratli artistlarga o‘xshatgim keladi. Aniqrog‘i, u shovozlarni masxarabozlar desa ham bo‘laveradi. Boyaqishlar yuz-ko‘zlari, hatti-harakatlariga shunaqangi ayanchli tus berishadiki, buni ko‘rgan sho‘rlik qariyalar “bolajonim juda qiynalyapti” -degan xayolga borib, boshqa ish buyurish fikridan darhol voz kechadilar. Axir qaysi ota-ona farzandi qiynalishini istardi?
Ammo- lekin yosh masxarabozlarga qoyil qolmay sira ilojimiz yo‘q…

QIZALOQ

Bizdan bir necha uy narida yashovchi qo‘shnimizning to‘rt yashar nevarasi bor. Unga “Iymona” deb juda chiroyli ism qo‘yishgan. Alloh marhamatini qarangki, ana shu qizaloq, haqiqatan ham, imon-e’tiqodli kishiga aylanishi mumkin, shekilli.
Har gal ularning uyining yonidan o‘tayotganimda Iymonaxon jajji qo‘llarini ko‘rsiga qo‘yib, chuchuk til bilan “ashshalom!” deydi. Uning ko‘zlarida porlab turgan mehr-oqibat shu’lalari meni benihoya xursand etadi.
To‘g‘ri, bunaqa shirin tilda salom beradigan qizaloqlar son mingta, xursand bo‘lishimning boisi bor. Chunki bu jajji qizchaning ota-onasi, bobosi, katta bobosi oddiy salom-alikni bilmagan, fahmi yetmagan gumrohlar edi. Yaratgan Iymonaxonning ko‘ngliga shundayin shirin kalomni ato etibdimi, demak, noshukr bandalar aytganidek dunyo ham, mehr-oqibat ham tamom bo‘lgani yo‘q!

UZOQ YASHASH SIRLARI

Tabobat ilmi qo‘shiqchi, cholg‘uchi, bastakor va rassomlar, shoir hamda yozuvchilar, umuman olganda, barcha ijodkorlar uzoq umr ko‘rishini e’tirof etib, buning bir necha o‘nlab omillarini sabab beradi.
Bulardan asosiylaridan biri – ijod ahli miyasi to‘qimalarining katta yoshda ham g‘oyat faolligi hisoblanar ekan. Kamina tabobat ilmidan xiyla yiroq bo‘lsam-da, yuqoridagi fikrga biroz qo‘shimcha qilmoqchiman. Menimcha, qo‘shiqchi, yozuvchi va bastakorlar o‘z his-tuyg‘ularini kuy va ashulaga baxsh etib yengil tortsalar, shoiru yozuvchilar yurak dardlarini vaqti-vaqti bilan oq qog‘ozga to‘kib solib, tushkunlik, g‘am-alamdan xalos bo‘ladilar.
Ana shu omil ular uzoq umr ko‘rishiga sabab bo‘lsa, ne ajab?..

TRAGIKOMЕDIYA

Hamyonini yaxshilab to‘ldirmay uyda ta’mirlashni boshlagan kishi bir vaqtning o‘zida ham fojia, ham kulgili voqiani, ya’ni tragikomediyani boshdan kechiradi.
Fojia – qurilish ashyolari hamda ustalar xizmat haqining nihoyatda balandligi bo‘lsa, komediya – kulgili voqia esa, sho‘rlik uy egasi tushib qolgan ayanchli ahvoldir. Ana shunaqa gaplar, agar faxriya, yoxud hamdu sano eshitmoqchi bo‘lsangiz, hamyonni yaxshiroq to‘ldiring. Aks holda, holingizga maymunlar yig‘laydi.

SHIRIN TOMCHILAR

Badiiy asarlar loqaydlikning achchiq va sho‘r ummoniga tomadigan shirin tomchilar bo‘lsa ajabmas.

NUR BOR, CHIROQ YO‘Q

Elektr chiroqlari dam yonib, dam o‘chib hammani xit qilib yuborgan kezlar edi. Toshkentdan ijodkor do‘stlarimdan biri qo‘ng‘iroq qilib hol-ahvol so‘radi: “– Ijod qilib turibsizmi?” – deya lutf qilgan edi, “Chiroq yo‘q, yozib bo‘lmayapti”, deya nolidim.
– Nahot Buxoroi sharifday joyda chiroq bo‘lmasa? – hayron bo‘ldi do‘stim.
– Nachora, Buxoroda, albatta, nur juda bisyor, faqat oddiy chiroq yuq, xolos…
Darvoqe ona shahrim nuridan foydalanib, umrbod, bemalol ijod qilsa bo‘laveradi. Men gumroh “chiroq yo‘q” deya bo‘lmag‘ur bahona qildim, shekilli…

QARAMA-QARSHILIK

Ota-onalar va bolalar o‘rtasidagi bahs-munozara, anglashilmovchiliklar va kelishmovchiliklar aslida, o‘zgarib, tobora rivojlanib borayotgan zamona hamda asrimizning eski-yu yangi fikrlari, qarashlari o‘rtasidagi ziddiyatdir.

SADAQA

Keksa ota-onalarning bolalari, nevaralari, evaralaridan e’tibor, mehr-muruvvat umid qilishlari juda xasis kishidan sadaqa so‘raganday bir gap.
Ha, darvoqe, bu umid – poyonsiz sahrodagi sarobga o‘xshab ketadi.

KIMDA, NIMA KO‘P

Aytishlaricha, kishining puli ko‘p bo‘lgandan ko‘ra, aqli ko‘p bo‘lgani ma’qulroq ekan.
Bu masalada boshqacha qarashlar ham bisyor. Birovlar “aqlsiz odam ko‘p pul topa olmaydi”, deyishadi.
–Yana kimlardir “hozirgi zamonda aqling bo‘lmasa-da, yugur-yugur yoki og‘ir mehnat bilan pul topish mumkin”, aqidasini ilgari suradilar.
Fikrimcha, bu telba dunyoda aql ham, aqcha ham ko‘proq bo‘lgani ma’qulroq, shekilli?!

TONGOTAR SUHBATLAR

Kishi uchun, ayniqsa, keksalarga doimiy uni yaxshi tushunadigan suhbatdosh topish anchayin qiyin ish.
Men uchun yaxshi suhbatdoshlar talaygina. Biroq ular bilan har doim ham ko‘ngildagidek suhbatlashishning imkoni yo‘q. Muammo shundaki, ko‘nglimga yaqin suhbatdoshlar aksariyati mendan yiroqda. Boshqa-boshqa shaharlarda yashashadi.
Yashaydigan joyimda ham suhbatdosh do‘stlar bor. Ularning o‘z yumushlari, tashvishlari ko‘p.
Xullas, ko‘nglimga yaqin do‘stlarim bilan ba’zan yuzma-yuz, ba’zan telefon orqali qisqa-qisqa suhbatlashib turamiz. Ammo bir choynak ko‘k choyni o‘rtaga qo‘yib, bamaylixotir, har kuni chaq-chaqlashishning imkoni yo‘qroq.
Faqat “Do‘rmon” ijod uyida hamqalam do‘stlar bilan har yili ikki, uch oy mobaynida qilinadigan kunbotar va tongotar suhbatlar jonimga ora kiradi. Bundan katta zavq, jismoniy hamda ma’naviy kuch olaman. Muttasil ijod qilish imkoni tug‘iladi. Darvoqe, uzr, o‘z xonadonimda har kuni, yil-o‘n ikki oy erta tongda, kech shomda, yarim tunda doimo miriqib, ko‘nglim yayrab, hamsuhbat bo‘ladigan eng sodiq do‘stlarimni tanishtirishni unutibman-ku!
Bu sodiq do‘stlarim qog‘oz va qalam!..
Ular ijodkor inson umrini uzaytira olishiga astoydil ishonaman…

TALVASA

Bu yolg‘onchi, bevafo dunyoda odam bolasi faqatgina ota-onasi va faqat o‘ziga kerak. Inson buni juda kech tushunadi. O‘shanda u sho‘rlikning umri oxirlayozgan bo‘lib, har qancha talvasa qilmasin, hech nimani o‘zgartira olmaydi.

QARZ

Majbur bo‘lganida hamma ham qarz oladi. Buni qoralab bo‘lmaydi.
Hayotda nimalar bo‘lmaydi, deysiz? Faqat bu dunyoda to‘lanmaydigan, yoinki, qaytarilishi juda qiyin bo‘lgan qarzlar borki, ularni to‘lamaslik gunohi azim.
Pul yoki boshqa nimalardir qarzga olinib, so‘ngra o‘z muddatida bekamu ko‘st to‘lansa, qarzdorning gardanida hech qanday majburiyat, gunoh qolmaydi.
Ammo men yuqorida to‘lanmaydigan, yoxud to‘lanishi juda mushkul bo‘lgan katta qarzlar haqida gapirdimki, bularni to‘lashdan bo‘yin tovlagan kishining yuzi qoradir. Bu – ona Vatan, ona tabiat, ota-ona, ustoz oldidagi qarzlar hisoblanadi.

BAXTLI ODAMLAR

Ba’zan kasalxonaga yo‘lim tushganida tug‘ruq va jonlantirish (reanimatsiya) bo‘limlari yonidan o‘tishimga to‘g‘ri keladi. Shunda bir manzaraga ko‘zim tushadi. Farzand kutayotgan ba’zi onalar va og‘ir ahvoldagi bemorlarning yaqin kishilari deraza yonida ko‘rpa-to‘shak qilib yotib olgan bo‘ladilar. Ular o‘z jon-jigarlariga istalgan daqiqada yordam qo‘lini cho‘zish uchun shunday qilishga majbur bo‘ladilar. Ehtimol, bu manzara kimlar uchun unchalik e’tiborga loyiq emasdir. Men esam andak boshqacha o‘ylayman, chunki ota-onalari, aka-ukalari, boshqa joni-jigarlari boshiga og‘ir musibat tushganda, nochor-notavon bo‘lib qolganda yetti tosh nariga qochadigan insonlarni ko‘p ko‘rdim. Yaqin qarindoshlarim meni ma’zur tutgaylar, afsuski, ular orasidan ham shundaylar topildi…
O‘sha deraza ortida ko‘rpa-to‘shak qilib, yaqinlariga yordam qilishga shay turganlarning jon-jigarlari baxtli odamlar bo‘lishsa kerak.

IT QASSOB BO‘LA OLADIMI?

Chamasi ellik yillarcha burun tuman gazetasida adabiy xodim bo‘lib ishlagan kezlarimda bir hamkasbim bor edi. Qalami xiyla nochor bo‘lsa-da, o‘zi quvnoq, hazilkash, shaxmatni juda yaxshi o‘ynardi. Ayniqsa, nima haqda hikoya qilsa, unga jon kiritib yuborardi.
Kunlarning birida tushlikdan qaytib, choy damlab endi ko‘lga qalam olay deganimda, u dab-durustdan shunday deb qoldi:
– Bilasizmi, uka, agar qarab turish bilan kasb o‘rganish mumkin bo‘lsa, hamma itlar allaqachon qassob bo‘lib ketishardi. Ikkalamiz miriqib kulishdik. So‘ngra men izoh talab qildim. Hamkasbim yana kulib yubordi:
– Shunga ham aqlingiz yetmadimi? Axir, mol so‘yiladigan joyda itlar doimo izg‘ib, qassobning harakatlarini kuzatib turishadiku!
Men boshqa kulmadim. Ancha o‘y surganimdan so‘ng, shunday qarorga keldim. Hamkasbim ba’zi birovlarning “Shuncha yil gazetada ishlab tuzukroq maqola yozishni o‘rganmagansiz”, degan ta’nasiga tagdor javob qilayotgandi, chamasi. Javob tagdorligi shundaki, unda o‘z-o‘zini tanqid hamda o‘zini oqlash mavjud edi.

BIROVGA QOLMAGAN KUN

“Buxoro inqilobi” atalmish xunrezlikni onam to‘qqiz yoshda, xolam o‘n bir yoshda qarshilagan ekanlar. Necha ming yillik qadimiy shahar aeroplan va zambaraklar yog‘dirgan bomba, snaryadlar yomg‘iridan vayron etilgach rus, tatar, armani askarlar otlari tuyoqlari ostida toptalgan sharif shaharda hayot tarzi butunlay o‘zgargan, ikki qizaloq tog‘alari qaramog‘ida ulg‘ayib, uyli-joyli bo‘lguncha xiyla azob-uqubat chekishgan.
Men oilada eng kichik farzand bo‘lganim sababli, onamning qarindoshlaridan saksondan oshib, munkayib qolgan xolalari-yu yozg‘iz Po‘latoy opalarini bilardim, xolos.
Po‘latoy xolam Buxoro shahri tub aholisiga xos hamma xususiyatlarni o‘zida saqlab qola olgan, saranjom-sarishta, o‘ktam, so‘zamol, shuning barobarida insof-diyonatli edilar.
Buxoroning Toqi telpakfurushon mavzesidagi bolalar bog‘chasida umr bo‘yi ishlagan xolam rus, o‘zbek,tojik tillarida juda ravon so‘zlasha olar, bu borada har qanday notiqni ora yo‘lda qoldirardilar.
Ana shu kishi to‘qson yil umr ko‘rdilar. Hamma-hammadan rizo bo‘lib, boqiy dunyoga rixlat qildilar.
Xolam hamma-hammadan rozi bo‘lib vafot etdilar, dedim. Bu juda to‘g‘ri, xuddi shunday bo‘ldi ham. U kishining noshukrlik qilganlarini hech qachon ko‘rgan emasman. Faqat vafot etishlaridan bir yilcha oldin, bir gal yo‘qlab borganimda biroz noligandek bo‘ldilar:
– Allohga behisob shukr, uzoq umr berdi. Endi safarim qaridi chog‘i. O‘zimga ham, birovga ham xizmat qila olmayapman… Omonatni topshirsam ham bo‘lar…
– Xolajon, nega bunday deyapsiz, – og‘rinib e’tiroz bildirdim men, – axir guldaysiz, bolalaringiz, nevara, evaralaringiz atrofingizda-ku!
Xolam chuqur xo‘rsindilar, menga jovdirab tikildilar:
– Gaplaring to‘g‘riku-ya, o‘g‘lim, faqat o‘zim qilmagan ishdan hech ko‘nglim to‘lmaydi-da… Bilasan, avvallari har kelganingda o‘z qo‘llarim bilan biror ovqat qilardim. Ikkalamiz choy ustida maza qilib suhbatlashardik, ko‘nglim to‘lardi. Endi bo‘lsa senga o‘z qo‘lim bilan bir piyola choy ham uzata olmayman. Nevaram choy damlashga ketganiga yarim soatdan oshdi. O‘zimni qo‘limdan kelganda shunday bo‘lmasdi-da.
– Obbo, xolajonim-ye… shunga ham qisilib o‘tiribsizmi? Men axir begona emasman-ku!
– Begona bo‘lsang-bo‘lmasang-da, mehmonsan, mehmonni uzoq kuttirish odobdan emas. Darvoqe, bolaginam, sen onang mehridan to‘ymay qolgansan. Seni biror tansiq taom bilan siylaganimda, singlim rahmatlik esimga tushib ketardi. U axir erta ketmaganida, sen uchun nimalar qilmasdi, nimalar qilmasdi-ya? Hozir shuni o‘ylab, yuragim qon bo‘lyapti.
Xolamning ovozlari titrab, ko‘zlari namlandi.
Shundan so‘ng xolam vafot etganlariga qadar tez-tez uchrashib turgan bo‘lsak-da, u kishining boshqa noliganlarini eshitmadim.
Xolam bir martagina bo‘lsa ham nega yozg‘irganlarining sababini oradan ko‘p yillar o‘tib, o‘zim yetmishdan oshib boshqa birovlarni xizmatiga muhtoj bo‘lib qolganimda angladim.

YETIM QO‘ZI

Poytaxt adabiy muhitidan yiroqda, muzofotda yashovchi adibni yetim qo‘ziga ham, chin yetim bolaga ham o‘xshatsa bo‘laveradi. Yetim qo‘zi ona sutiga to‘ymasa, yetim bola ota-ona mehr-e’tiboriga zor bo‘ladi, kemtik ko‘ngli bir umr to‘lmaydi.
Xuddi shunday muzofotdagi sho‘rlik adibning adabiyot korchalonlari, gazeta-jurnallar, nashriyotlar, OAV nazariga tushishi juda mushkul. Yetim qo‘zi agar cho‘pon e’tibor qilib, uni sun’iy oziqlantirmasa, o‘sishdan ortda qolishi, yanada yomonrog‘i halok bo‘lishi ham mumkin. Chin yetim – muzofotda yashovchi adib uchun esa cho‘ponga o‘xshagan mehr ko‘rsatuvchi yo‘q. U bechoraga hech kim sun’iy yoxud iqtisodiy-ma’naviy yordam bermaydi.
Ushbu g‘amgin qissadan hissa shuki, so‘z san’atkori, u agar adabiyot fidoyisi bo‘lsa, albatta, o‘sishdan orqada qolmaydi. Ya’ni yaxshi asarlar yozaveradi. Faqat fojia shundaki, uning mehnatini, adabiyotni qadirlovchilar topilavermasa, kun kelib adib halok bo‘lishi mumkin.

ITBOQAR

Mas’ul idorada birga ishlagan bir tanishim bor edi. Asli kasbi neft-gaz sohasi injeneri bo‘lgan bu yigit odamoxun, tashkilotchi sifatida obro‘y qozongandi. O‘sha mas’ul idorada biroz ishlagach, o‘z sohasiga qaytdi. Shundan so‘ng oradan necha yillar o‘tgan bo‘lsa-da, uni boshqa uchratmadim. Hayron bo‘lib tanish-bilishlardan surishtirganimda, menga shunday javob berishdi:
– Falonchiyevni aytyapsizmi? E-e, hozir u Rossiyada, oshig‘i olchi, yaqinda ta’tilga kelib qolsa kerak…
Haqiqatan ham, oradan bir necha oy o‘tgach, yangi yil arafasida uning daragi topildi. O‘zi menga qo‘g‘iroq qilib, “o‘ttizinchida uyga keling, birga ishlagan boshqa do‘stlarni ham taklif etdim, bir otamlashaylik”.
Men yangi yilga bir kun qolganida uning qishloqdagi uyiga kirib bordim. Bir vaqtlar birga ishlashgan yor-do‘stlarning aksariyati shu yerda to‘kin dasturxon ustida gurung avjiga chiqandi. Birov uy egasining qayta qurilgan dang‘illama hovlisini maqtasa, boshqasi ayvon tagida turgan yap-yangi xorij mashinasini ko‘klarga ko‘tarardi.
Xullas o‘sha kuni kech oqshomgacha yangi so‘yilgan qo‘chqor go‘shtidan bir necha xil taom pishirildi, qadahlar qayta-qayta to‘ldirilib, do‘stimizga yaxshi-yaxshi istaklar bildirildi.
Allamahalda tarqalishar ekanmiz, mezbondan surishtirdim:
– Xo‘sh, xorijda ishingiz yaxshi deyapsiz, neft-gaz sohasida ishlayapsizmi?
Shirakayf hamxizmat do‘stim yelkamga qo‘l tashlab, kulib yubordi.
– Obbo, siz-yey, hamon o‘sha-o‘shasiz-da!.. Menda soha qolibdimi? Kaminangiz oyiga ikki ming dollor oladigan, oliy ma’lumotli itboqar, xo‘jayinning sakkizta do‘koniga mol-ashyo yetkazib beradigan haydovchi, yukchi, ish beruvchi onda-sonda ko‘ngilxushlik qilganida araq-gazak topib, qo‘lbola shashlik pishiradigan kishiman… Qalay, zo‘r ekanmanmi?..
– Bo‘lmasam-chi! Axir, “Taka bo‘lsin – sut bersin!”, deb bejiz aytilmagan.
Xayrlashar ekanmiz, do‘stim chuqur xo‘rsinib e’tiroz etdi:
– Nima qilay, mening yoshimda olis, sovuq o‘lkada mast-alast, puldorlarning xizmatida itboqib yurish oson deb o‘ylaysizmi? Siz, axir o‘z kasbimni qanchalik yaxshi ko‘rishimni, mas’ul idorada ham ko‘p ishlamay, ishlab chiqarishga qaytganimni yaxshi bilasiz-ku. Menga esa hatto ro‘zg‘or tebratishga yetadigan maoshli ish ham topilmadi…
Oliy ma’lumotli itboqar bilan shu tariqa xayrlashdik. Ko‘p o‘tmay u yana o‘sha sovuq o‘lkaga jo‘nab ketdi.

“QAROQCHI MUSHUK”

O‘tgan yili uzoq qarindoshimning to‘yida tengqur kishi bilan tanishib, hamsuhbat bo‘ldim. U o‘rta bo‘y, qotmagina, katta-katta qora ko‘zlari xuddi o‘g‘ri mushuknikidek olazarak kishi bo‘lib, suhbatga jon kirita olar ekan. Yangi tanishimning esda qoladigan boshqa xislati bo‘lmasa-da, olazarak ko‘zlari xotiramda o‘rnashib qoldi.
Oradan bir necha kun o‘tgach, u haqda o‘sha uzoq qarindoshimdan surishtirdim va yangi tanishimning ko‘zlari o‘g‘ri mushuknikiga o‘xshashini negadir qistirib o‘tdim.
Qarindoshim kulib yubordi.
– E-e, bor bo‘ling, domla, juda topib aytdingizda! U kishi sho‘ro zamonida ko‘p yillar nazorat-taftish boshqarmasida taftishchi bo‘lib ishlagan. O‘zingiz bilasiz-ku, taftishchi degan jonivor o‘g‘ri mushukdan ham battar! To‘g‘rirog‘i, taftishchi zoti o‘g‘rilarni, “o‘g‘ri mushuklar”ni uradigan “qaroqchi mushuk”!
Axir, “O‘g‘rini qaroqchi urdi”, degani shu bo‘lsa kerak-da!
Ikkalamiz miriqib kuldik, shundan keyin “qaroqchi mushuk”ni boshqa eslamadim.

MUTLAQ VAFO

Inson bolasi barcha jonivorlar ichida itni o‘ziga juda yaqin tutadi, yaxshi ko‘radi. Hatto uni o‘z farzandidan ortiq ko‘radiganlar ham topilib qoladi. Dunyoning eng badavlat kishilari orasida itiga bir necha milliard dollorni meros qilib qoldirganlar bor.
Itning o‘z xo‘jasiga vafosi haqida juda ko‘p hikoyat, rivoyatlar yozilgan. Mir Alisher Navoiy ham o‘z egasiga vafo qilib jannati bo‘lgan it haqida yozganlar.
Muhtarama ayollarmizdan kechirim so‘ragan holda, o‘zbekning bir maqolini eslatib o‘tmoqchiman, ya’ni “It vafo – xotin jafo”.
Boshqalarni bilmadim-u, o‘zimning fikrim shunday. Inson do‘st-birodarlari, hatto eng yaqin kishilaridan ham vafo, aniqrog‘i, mutlaq vafo ko‘rmagach, it boqishga ruju qilgan. Bu jonivorga cheksiz mehr qo‘ygan, qimmatbaho mashinalarda yurib, faqat eng qimmatbaho restoranlarga ovqatlanadigan to‘rt oyoqli do‘stlar haqidagi gap-so‘zlar shuning oqibatida paydo bo‘lgan. Jo‘nroq bir misol keltirsam, hafsalangiz pir bo‘lmasin, aziz o‘quvchim. Do‘stim hali keyinroqda arzirli misol ham bor. Jo‘ngina misolim shundan iboratki, masalan, siz eng yaqin kishingiz, yoxud do‘stingizga qo‘lingizdan kelgan yaxshiliklarni qildingiz. Og‘ziga shira-yu sharbat quyib, dunyoning barcha noz-ne’matlarini muhayyo etdingiz. U ko‘rnamak, nobakor esa yuzingizga oyoq bosdi, xiyonat qildi.
It jonivorga esa kunda bir marotabagina bir suyak yoki kuygan-qotgan non tashlab tursangiz, u sho‘rlik sizga butun umr vafo qiladi. Har gal unga nimanidir ilinganingizda oyog‘ingizni yalaydi, juda iyib ketsa oldingi oyoqlarini yelkalaringizga tashlab, betingizdan “cho‘lp”-“cho‘lp” o‘pib oladi.
Yarim tundami, sahar paytimi, uyga qaytsangiz sizni kutib oluvchi yolg‘iz mehriboningiz (agar onangiz hayot bo‘lmasa) faqatgina shu jonivor. Xursand akillab, yaqinlaringizni uyg‘otishga harakat qiladi. Hech kim uyg‘ona qolmasa, o‘zginasi sizni xonangizga kuzatib, derazangiz ostida uxlab yotishingizni kutib, tong ottiradi.
Inson bolasi odamgarchilik, mehr-oqibat, sidqu vafoni it, pingving va boshqa jonzotlardan o‘rgansa, sira zarar qilmasdi…

“YO‘LBARS”NING JASORATI

Umr bo‘yi Qizilqumning gujumli yaylovida cho‘ponlik qilgan bir tanishim bor. Hozir pensiyaga chiqqan. Do‘stim bilan oyda-yilda uchrashib, suhbatlashib turamiz, bu suhbatlarda asosan, sobiq cho‘pon hikoya qiladi. Men esa miriqib tinglayman. Sahro ilmini suv qilib ichgan bu zahmatkash inson hikoyalari mendek ijodkor uchun tuganmas xazina, taassurotlar manbaidir.
Cho‘pon turli hikoyalari orasida o‘zining Yo‘lbars nomli bo‘ribosar itini bot-bot eslaydi. Eslaganda ham xuddi bolasiga kuyingan otadek “oh”-“voh”, ko‘z yosh bilan eslaydi. Do‘stimning hikoyalaridan shu narsa ayon bo‘ladiki, Yo‘lbars juda baquvvat, dovyurak, shuning barobarida, g‘ururli it bo‘lgan. Cho‘pon qo‘y so‘yganda ham to o‘zi bir bo‘lak et tashlamaganicha it go‘shtga qiyo ham boqmagan, egasining rizqiga xiyonat qilmagan. Yo‘lbarsning sergakligi tufayli bo‘ri galalari otarga yo‘lamagan, talofot yetkaza olmagan.
Keksa cho‘pon vafodor itining halok bo‘lishi haqida hikoya qilar ekan, ko‘zlaridan duv-duv yosh oqadi. Mening ham etim jimirlab, kipriklarim namlanadi. Do‘stimning hikoya qilishicha, o‘sha yili Gujumlida qish juda qattiq kelgan. Sahro jonzotlarining ko‘pchiligi och qolib, bo‘ri galalari otarlarga tez-tez oralab, qo‘ylarni nobud qilgan. Cho‘pon hikoyasini siz ham o‘zidan eshitib ko‘ring:
– O‘sha mash’um sovuq tunda yarim kechasi bo‘ribosarning jon holatda akillashidan uyg‘onib ketdim. Aksiga olganday, yordamchi cho‘pon o‘sha kuni peshindan so‘ng, bola-chaqasini ko‘rgani ketgandi. Apil-tapil kiyinib, ko‘nglim uvishib, qo‘ra tomonga yugurdim. Yaxshiyam, yo‘l-yo‘lakay chog‘roq kaltagimni olgan ekanman. Qo‘ra erganagini ochishim bilan dimog‘imga issiq qon isi “gup” etib urildi. Boshim aylandi.
Ne ko‘z bilan ko‘rayki, xira oy nuridan nim qorong‘i qo‘rada bir necha qo‘y bo‘g‘izlangan, boyaqish Yo‘lbars qonga belangan, bir o‘zi uch-to‘rt bo‘ri bilan sherdek olishardi. Men jon holatda Yo‘lbarsga tarmashayotgan bo‘rining boshiga kaltak bilan tushurdim. Bo‘ri qattiq tovush chiqardi-yu, sulayib qoldi.
Aftidan, Yo‘lbars uch bo‘ri bilan olishar, to‘rtinchi bo‘ri qo‘ylar orasida ekan, shekilli, kaltakni yana ko‘tarayotgan edim, yelkamga urilgan qattiq zarbadan munkib ketdim. Bo‘ri tishlarining g‘ijirlab avval chakmonimga, so‘ngra kuragimga botayotganini his qildim. “Onajon, endi o‘ldim!”, — deya dahshat ichra baqirib yubordim. Yo, Xudo! O‘sha paytda mening bu chinqirig‘imni kimdir eshitsa, o‘takasi yorilardi.
Bir necha soniya o‘zimni yo‘qotganday bo‘ldim. Keyin yelkamdagi og‘riq, og‘irlik yo‘qoldi. Jon holatda o‘rnimdan sakrab turib qarasam, jonivor Yo‘lbars menga tashlangan bo‘rining bo‘ynidan g‘ajib yotibdi. Yana tayoqni ishga soldim, shu tariqa ikkinchi bo‘ri ham yer tishladi.
Xullas, Yo‘lbars va mening chog‘roq bo‘lsa-da, xiyla og‘ir tayog‘im yordamida qolgan ikki bo‘rini qochib qolishga majbur qildik. Ular xunuk uvillay-uvillay, Oy yog‘dusi endi xiyla tiniqlashgan cho‘l qo‘yniga singib ketdilar.
Shundan keyingina Yo‘lbars ikkimiz tin olib, sal o‘zimizga kelgandek bo‘ldik. Yo‘lbarsning xurpaygan junlari, a’zoyi badani, tumshug‘i, o‘tkir tirnoqlari, hatto to‘mtoq dumi ham qonga belangandi. Son-sanoqsiz yaralaridan qon oqib yotardi. Faqat ko‘zlaridagi qahr-g‘azab uchqunlari hamon so‘nmagan, bo‘rilar ketgan tomonga qarab onda-sonda vovullab qo‘yardi.
Shundagina men uning yaralari xavfli ekanligini, vafodorim o‘zini qurbon qilib meni va qo‘ylarimni saqlab qolganini angladim. Tongga yaqin ratsiya orqali xabar berganimdan so‘ng, markaziy qo‘rg‘ondan navbatchi shifokor va veterinar yetib kelishdi. Ammo vaqt o‘tgan, yo‘lbars ko‘p qon yo‘qotib, ko‘zida yosh bilan qo‘limda jon bergandi…
Cho‘ponning kuragidagi yara uncha chuqur bo‘lmagan, tezda tuzalgan, lekin Yo‘lbarsni eslasa, hamon yig‘laydi.

BЕMINNAT MЕHNAT

Umrim kuzidagi (yoinki qishimikan?) fikrim shundayki, ota-onaning o‘z bolasiga, farzandning volid-volidasiga qilgan xizmati, sarflagan mehnati beg‘araz, beta’ma, beminnat amaldir. Badiiy ijod hodisasi ham xuddi shunday. Adib o‘zining yondiruvchi, kuydiruvchi juda og‘ir mehnati uchun hech qachon, hech kimdan, hech nima ta’ma qilmasligi kerak.
Nimaningdir ilinjida tebratilgan qalam, yozilgan va yozilajak asar samarali bo‘lmaydi. Adib mehnati ajri Alloh, Vaqt, Kitobxon izmida bo‘lsa, ajabmas…

BOYLIK

Boylik – o‘z ma’nosida ham, ko‘chma ma’noda ham keng tushuncha, biroq hozirgi fikrimni bayon qilish uchun bu tushunchani shartli ravishda “ma’naviy boylik” va “moddiy boylik” sifatida ikkiga ajratsak bo‘laveradi.
Demak, ma’naviy boylik insonni ulug‘lovchi eng asosiy ustunlardan biri. Buni isbot etish uchun kuyib-pishish, soatlab gapirish shart emas.
Endi, aziz kitobxon, shunday manzarani tasavvur qiling. Bir manzil-makonda ikki kishi, ikki minbarda ma’naviy boylik haqida nutq irod etmoqda. Ularning biri gullab yashnagan, oltin gardishli ko‘zoynak taqqan, falon ming dollar turadigan kostyum-shim kiygan, falon ming dollorlik soat taqqan. Ikkinchisi juda oriq, aftodahol, yirtiq-yamoq, yupun kiyingan, holsizlikdan ovozi titrab chiqayotgan chalajon kimsa.
Tabiiyki tinglovchilar ularning so‘zlarini har xil qabul qilishadi. Ya’ni “Rang ko‘r – hol so‘r…”, deganlaridek, chalajon kimsaga shunday savol berilishi mumkin: “Xo‘sh, siz muhtaram zot, agar shunchalar ma’naviy boy, aqlli bo‘lsangiz, nega bunchalar aftodahol, qashshoqsiz?!”
Haligi gullab-yashnagan, qimmatbaho kiyimlar kiygan notiqqa esa savol andak boshqacharoq qo‘yilsa kerak: “Sizning, muhtaram janob, aqlliligingizga hech shubha qilmaymiz. Aft-angoringiz, so‘zlaringizdan shundoq ko‘rinib turibdi. Katta boylik egasi ekanligingizni esa, e’tirozga o‘rin qoldirmay, burro gapirishingiz, g‘oyatda qimmatbaho kiyimbosh, soat taqqanligingizdan bilsa bo‘ladi. Mayli ma’naviy boyligingizga ishona qolamiz, faqat aytingchi, moddiy boyliklaringiz aql va halol yo‘l bilan topilganmi? Agar shunday bo‘lsa, otangizga raxmat! Siz, aziz inson ushbu ulug‘ minbarda ma’naviy boylik haqida so‘zlashga haqlisiz. Ammo boyliklaringiz kimlarningdir och-nahor qolishi-yu, ko‘z yoshlari evaziga, nopok yo‘llar bilan yaratilgan bo‘lsa, sizning ma’naviyat haqida gapirishga mutlaqo haqqingiz yo‘q!”
Mana, bor gap shu. Ehtimol, hozirgi hayotimizda sal boshqacharoqdir. Balki yuqoridagi savollar kimlargadir berilar, yoinki berilmas. Aytmoqchi bo‘lganim ma’naviy boylik va moddiy boylik bir xil tushuncha bo‘lmasa-da, ular bir-biriga yaqin bo‘lishi, bir-birini to‘ldirishi zarur, nazarimda.
Yuqorida keltirgan savollarim esa hammamizning, hammaning, qolaversa, butun insoniyatning dilidagi gaplar. Kun kelib ular tillarga chiqadi, doston bo‘ladi, yorug‘ jahonni egallaydi.

KUZ, QISH VA QUYOSH

Hayotimning yetmish to‘rtinchi qishida yana bir oddiy haqiqatga to‘la va uzil-kesil iqror bo‘ldim.
Ota-ona mehri, muhabbati quyosh yanglig‘ bo‘lsa, boshqa yaqinlaringiz, yor- do‘stlaringizning sizga nisbatan mehr-oqibati xira chiroq, yoxud zo‘rg‘a miltiragan shamdek bir gap ekan. Axir, yolg‘izlik, mehrsizlikdan qaqshab, zimistonga aylangan ko‘ngil mulkini xira chiroq yoki sham quyoshdek yorita olmaydi-da. Umrim bahori, yozi va hatto kuzida ham bunday g‘amgin fikrlar xayolimda yo‘q edi.
Nachora, bir asr yashab, o‘qib-o‘rganib, oshingni oshasangda, hech narsani oxirigacha bila olmay qolaverarkansan-da.

BADAVLAT FARZANDLAR… QASHSHOQ, AFTODAHOL OTA-ONALAR…

Agar gaplarimga ishonsangiz, kishiga mansabi, pul, mol-davlatiga qarab baho beradigan odamlar toifasiga kirmayman. Buni alohida ta’kidlashimning sababi shundaki, keyingi so‘zlarimdan kimdir shunday fikrga borishi ehtimoli yo‘q emas. Shuning uchun buxoroliklar ta’biri bilan aytganda, suvdan oldin band tashlab qo‘ymoqchiman. Keyingi o‘n-o‘n besh yilda xalqimiz orasida yaxshi tanilgan, mansabdor, boy-badavlat tanish-bilishlarimdan uch kishining otasi yoki onasi vafot etishi munasabati bilan ularning ta’ziya marosimida ishtirok etdim.
Bu marosimlar turli yillarda, turli manzil-makonlarda o‘tkazilgan bo‘lsa-da, har uchala marhum va marhumaning mayitlari ularning o‘zlari yashagan uylaridan chiqarilib, so‘nggi yo‘lga kuzatildi.
Albatta, bu holatda hech qanday g‘ayritabiiylik yo‘q. Ehtimol, o‘zlari vasiyat qilishgandir.
Meni ajablantirgan, o‘ylantirgan, larzaga solgan joyi shundaki, marosimlar o‘tkazilgan har uchala hovli qarovsizlikdan to‘kilay-to‘kilay deb turar, ularda taniqli, mashhur, boy-badavlat odamlarning eng aziz kishilari – ota-onalari yashaganiga ko‘pchilik ishonmasa kerak.
O‘sha uch hovlining har biri o‘zicha g‘arib, o‘zicha aftoda edi.
Biri marhumaning asli quruvchi bo‘lgan, o‘zi yetmishni qoralagan katta o‘g‘lining dang‘illama g‘ishtin hovlisi yonida xuddi bostirmaga o‘xshab mung‘ayib turar, ikkinchisining uzoq yillar suvalmagan devorlari qiyshayib nuragan, g‘arib nogironga o‘xshab ketardi. Uchinchi hovlini esa ta’riflashga til ham, yozuvchi qalami ham ojizdir.
Demak, uchinchi hovli “sharafi”ga ikki og‘iz so‘z: kaftdekkina bu hovliga o‘g‘il-qizlarmi, qarindosh-urug‘mi, yoinki, shundoq, inson qadami tegmaganga o‘xshaydi.
To‘qson yashar ota yashagan uy ariq yoqasida bo‘lganidan pastak dahliz va chog‘roqqina kulbadan zax hidi anqiydi. Devorlari ohak, eski poli bo‘yoq ko‘rmaganiga necha o‘n yillar bo‘lgan bo‘lsa kerak-ov.
Yuqorida ta’kidlaganimdek, men kimlarnidir mol-davlatiga qarab maqtash, yoxud yerga urish fikridan juda yiroqman. Hamma boy farzandlar ota-onalariga ham xuddi o‘zlarinikidek qasrlar qurib bersinlar demoqchi emasman. Ochig‘i, agar shunday qilsalar ham haqlari ketmaydi. Kambag‘allashib qolmaydilar. Aksincha, ota-onalaridan duo oladilar, el oldida yuzlari yorug‘ bo‘ladi. Men yashash uchun oddiy, kamtarin sharoitlar haqida gapirayapman, xolos. Axir, devorlarni suvash, oqlash, polni bo‘yash faqatgina maoshiga kun ko‘radigan farzandlarning ham qo‘lidan keladi-ku!
Aytmoqchimanki, e’tibordan chetda qolgan ota-ona vafotidan so‘ng minglab kishiga osh berib, dabdabali qabr toshlari, maqbaralar borpo etishdan ko‘ra ular hayotligida ikkitagina non bilan yo‘qlab, issiq-sovug‘idan xabar olish, ozgina mehr berish, o‘sha men yuqorida aytgan kamtaringina yashash sharoitlarini yaratib berish afzal emasmi? Yoki pul, obro‘-e’tibor, mansab ketidan yugurish poygasi bunday odamgarchilik uchun imkon qoldirmaydimi?..

SЕVGINING RANGI

Sevgining rangi har bir sevgan-sevilgan uchun o‘zgacha, har xil bo‘lsa kerak.
Mening tasavvurimda esa bu buyuk ilohiy tuyg‘u qizil, qirmizi rangda. Negaki, inson yuragi sevgidan yonganda yoki qonlanganda xuddi shu tusga kirsa, ajab emas.
Hijronning rangi butunlay boshqacha – ko‘z yoshlardek tiniq, musaffo, shaffof. Shuning barobarida sho‘rtang, achchiq.
Xiyonatning hamma turlanish, tuslanishlari bir xil – qop-qora bo‘lsa kerak.
Xiyonat – zahar, zahri qotil.
Visol – muhabbatning tusi – ruxi jonon zardolusi rangiga monand. Ya’ni, mahbubaning nim qirmizi yonoqlariday tovlanadi.
Vafo – muhabbat quyoshidir. Bu tashbehga rang tanlab o‘tirmaymiz, zero, quyosh – baribir quyosh-da!

CHUMOLI AQLLIMI… YOKI

Chumolining mehnatkashligi haqida juda ko‘p gapiriladi. Bunga misollar ham bir talay.
Yaqinda tadqiqot o‘tkazgan bir guruh olimlar bu mitti jonivorning nihoyat aqlli va tadbirkorligini ham aniqlashibdi. Olimlar chumoli yer ostida o‘zi uchun g‘amlaydigan don-dun unumli tuproqda ham nega unib chiqmasligini tadqiq etishibdi. Aniqlanishicha, chumoli g‘amlagan donning hammasini ikki bo‘lakka bo‘lib qo‘yar ekan. Bo‘laklangan don esa unib chiqmasligi ma’lum bo‘libdi.
Erinmagan olimlar g‘amlangan don-dun orasida faqatgina kashnich urug‘i ikkiga emas, to‘rt bo‘lakka bo‘linganini bilib qolishibdi. Yashovchan kashnich urug‘i ikkiga bo‘linsa-da, unib chiqaverar, faqat to‘rtga bo‘linganda o‘smay qolar ekan.
Chumolining aqliga qoyil qolmay iloj yo‘q. Faqat bir xayol tashvishga soladi. Ba’zi yo‘lboshchi, rahnamo, hukmdorlar bir millat-elat, xalqni, qolaversa, vatanni faqat ikkiga emas, bir necha mayda bo‘laklarga bo‘lib yuboradilar. Bu qilmishlaridan ich-ichlarida hatto mamnun bo‘ladilar, faxrlanadilar. Holbuki, bo‘lingan millat, xalq hech qachon unib-o‘smaydi. Bu asrlar davomida sinalgan haqiqat.
Chumoli jonivorku, o‘zi, zurriyodini qishdan eson-omon olib chiqish uchun shunday qiladi. Xalqni bo‘lib yuborib, bekorga qon to‘kadigan o‘sha zolim daholar, hukmdorlar faqatgina o‘z hukmronliklarini saqlab qolish, kengaytirish, boyliklarini oshirish, so‘zlari burroligi, qilichlari keskirligini ta’minlash uchungina shunday qabihlikka boradilar.
Kimningdir unib-o‘sishi ularni aslo qiziqtirmaydi.
Qabih daholarning aqli o‘sha mitti jonivorchalik ham emasmi, degan xayolga bormang. Ular juda aqlli, tadbirkor. Boz ustiga, “Bo‘linganni bo‘ri yer” maqolining mazmunini ham yaxshi biladilar. Shu boisdan bo‘lsa kerak, ular qadimda ham, hozirda ham mavjud bo‘lgan “Bo‘lib tashlagin-u, hukmronlik qilaver”, aqidasiga amal qiladilar… Buning jabrini esa afkor insoniyat chekadi.

KATTA TANAFFUS

O‘tgan yili savr oyi oxirlarida biz sinfdoshlar o‘zimiz birga o‘qigan, asli o‘qituvchi, hozir mulla Rustamjonning fermer xo‘jaligidagi tangadek oftob tushmaydigan, katta, so‘lim bog‘ida uchrashdik. Bolalikdan bog‘bonlikka ishqi baland bo‘lgan Rustamjon o‘zimizning jaydari bir o‘rik daraxtini shunaqa e’tibor bilan parvarishlagan ekanki, u avvaliga baland bo‘lib o‘sib, so‘ngra shox-novdalari majnuntoldek pastga sollanib tushib, xuddi bahaybat o‘tovga o‘xshab qolgan ekan. Soyasi esa hali aytganimday juda quyuq, so‘lim.
Aytgancha, maktabni bitirganimizga oltmish yilcha bo‘lib qolgan emasmi, sobiq sinfdoshlardan o‘n kishigina to‘plandik.
Xullas, o‘sha o‘tovga o‘xshagan o‘rik soyasida o‘zimiz dasturxon yozib, choy damladik, dimlama pishirdik.
Hazil mutoyiba avjiga chiqdi, bolalik xotiralarni eslab, aziz ustozlarimizni yodga olib, ba’zan kuldik, ba’zan ko‘zlarimiz namlandi.
To‘g‘ri, Rustamjonning o‘g‘li, kelini, nevaralari bizga ko‘maklashib turishdi. Faqat ular bu ishni sezdirmaygina, bor-yo‘qliklarini bildirmaygina, beozor amalga oshirishdi. Shuning uchun bo‘lsa kerak, biz o‘zimiz bilan o‘zimiz bo‘ldik, ochilib, yayrab o‘tirdik. Davra avji qiziganda yonimda o‘tirgan Halimjon so‘z qotdi:
– Jo‘raboy, eslaysanmi, sakkizinchi sinfda o‘qiganimizda bir kuni katta tanaffusda uylaringizga borgandik.
Uyimiz maktabga yaqin edi. Lekin katta tanaffusda Halimjon bilan uyimizga borganimizni eslay olmaganimni unga aytdim.
– Men esa juda yaxshi eslayman, – dedi Halimjon xiyla g‘amgin tortib, – o‘shanda rahmatli onang darrov dasturxon yozib non ushattilar, choy damladilar. Ikalamizga tuxum qovurib berdilar…
Men yozuvchi xotirasi qat-qatlarini qancha titkilamayin, o‘sha kunni eslay olmadim. Kechga tomon uyga qaytganimdan so‘ng ham Halimjonning so‘zlari xayolimdan ketmadi. Ammo men o‘sha katta tanaffusni eslashga harakat qilmadim, o‘y-xayolimda boshqa o‘y hukmron edi.
Qarang-a, inson bolasi o‘ziga bo‘lgan zig‘irdekkina e’tiborni oradan shuncha yil o‘tsa ham eslayverarkan.

KO‘NGILDAGI NAVBAHOR

Xokisor oshiq shoir yuragi nido qiladi:
– Men bargi xazon, sen Navbahorsan!
Ayo, shoir, o‘zingni bunchalar yerga urma, axir sening-da, Navbahor fasling bor! Ko‘ngildagi ash’or, she’riyat mangu Navbahor emasmi?! Bu Navbahor xazon faslini mutlaqo tan olmaydi!

SO‘Z VA KO‘Z

Agar inson yuragi urib tursa, unda aytiladigan so‘z (hatto bir kishiga bo‘lsa ham) so‘z bo‘lsa, ko‘zning xiraligi, yoinki, butunlay ko‘rmasligi hech qachon to‘siq bo‘la olmaydi!
Ko‘ngil so‘zi va ko‘zi o‘z burchini bemalol ado etaveradi. Bu so‘zlar ko‘ngil ko‘zi borlarga ham, yo‘qlarga ham barobar taalluqli.

SHOIR, ShЕ’R, NOSIR, NASR VA QABR TOSHI

Necha yillar oldin, hali tahririyatda ishlab yurgan kezlarimda bosmaxona xodimasi, tanish ayol iltimos qildi:
– Domla, to‘rt qator she’r yozib bersangiz, raxmatli otamga qabr toshi o‘rnatmoqchi edik…
Men bu ish qo‘limdan kelmaydi, deya e’tiroz etishga majbur bo‘ldim.
Ayol astoydil ajablanib so‘radi:
– Nahotki shuncha yil gazetada ishlab to‘rt qator she’r yoza olmasangiz?!
Men yelka qisdim, o‘ng‘aysizlanib uzr so‘radim. Ayol boshqa hech nima demay o‘z ishiga ketdi, ammo uning she’ru shoirdan, ya’ni mendan hafsalasi pir bo‘lgani aniq edi. Men bu voqeani bir-ikki eslab, so‘ng unutib yubora yozgandim. Biroq oradan ko‘p fursat o‘tib, xuddi shunaqa holat yana takrorlangach, “she’riyat ixlosmandlari” haqida bir nima yozishga qaror qildim. Ma’naviyat-ma’rifatga bag‘ishlangan yig‘ilishlarning birida qirq yoshni qoralagan bo‘lsa-da, haliyam “yoshu g‘o‘r” chalamulla hokim o‘rinbosari zerikib, toqatsizlanayotgan majlis ahliga qarata shunday dedi:
– Endi falonchi akamiz o‘z she’rlaridan o‘qib beradilar, qani, marhamat!
Majlisda andak jonlanish sezilganday bo‘ldi. Sezishimcha, bu qiziqish quvvatlash tufayli emas, yig‘ilganlar orasida mening she’r yozmasligimni, shoir emas yozuvchi ekanligimning fahmiga yetadigan kishilar, bir necha hamkasblar borligi sababli edi, albatta. Ularning ayrimlari baralla kulib yuborishdi, ba’zilari menga turli ishoralar qilib kulib qo‘yishdi. Xullas, juda noqulay ahvolda qoldim, o‘ng‘aysizlanib, o‘rnimdan turib izoh berdim:
– Kechirasiz, men she’r yozmayman, yoza olmayman!..
Hokim o‘rinbosari meni boshqa gapirtirmadi, aftini bujmaytirib so‘radi:
– Obbo, yostiqday-yostiqdan shuncha kitoblaringizda nahotki ikki-uchta she’r topilmasa?!
Men indamay joyimga o‘tirdim. Mendan sal nariroqda o‘tirgan hamkasblarimdan biri minbardagi hokim o‘rinbosari o‘sha yostiqday-yostiqday kitoblarni ham, boshqa kichikrog‘ini ham qo‘liga olmasligini yaxshi bilganidan, sal qo‘zg‘olib, zaharxanda qildi:
– Hatto kunduz kuni chiroq yoqib qidirsangiz ham bitta she’r topa olmaysiz! Chunki falonchi akam shoir emas, yozuvchi.
G‘ala-g‘ovur, kulgi boshlandi, ma’naviyatga bag‘ishlangan majlis shu taxlit nursiz, ma’nosiz yakun topdi.
Taqdir taqozosi, zamona zayli bilan o‘sha she’ru shoir nimaligini, kimligini bilmagan chalamulla yigit yirik bir tumanning hokimligiga tayinlandi.
Oradan uch yilcha vaqt o‘tgach, u mansab pillapoyasida balandladi. Shundan keyin ham yana oradan ikki yil o‘tdi. Yangi yil arafasida internetda yashin tezligida shunday mazmundagi xabar tarqaldi: “Falon tuman hokimi bo‘lgan, hozirda falon lavozimda ishlayotgan falonchi falonchiyev budjet mablag‘larini ko‘p miqdorda o‘zlashtirgani uchun ehtiyot chorasi sifatida qamoqqa olindi…”
Ha, uning qo‘llariga kishan solinib, turmaga olib ketishgan ekan.
Demak, dono xalqimiz “Buzoqning yugurgani somonxonagacha”, deb bejiz aytmaydi.
Darvoqe, endi uning bo‘sh vaqti ko‘p bo‘lsa kerak, mabodo she’r o‘qishni ko‘ngli tusab qolsa, yaxshi bo‘lardi. Shu yo‘l bilan shoir va yozuvchi o‘rtasidagi farqni anglab olgan bo‘larmidi?..
To‘g‘ri, hammaga ham she’rdan hikoyani farq qila olish talabini qo‘yib bo‘lmaydi. Ehtimol, bu unchalik to‘g‘ri ham emasdir, ammo oliy ma’lumotli kishi adabiyotni bilmasada, she’r va hikoyaning farqiga borishi kerak. Aks holda, biz hikoya qilgan hokim o‘rinbosariga o‘xshab qovun tushurishi hech gap emas.
Agar oliy ma’lumotli rahbarlar savodi ham oqsasa, o‘z cho‘ntagi va davlat mablag‘i o‘rtasidagi farqni ham bilmay qolishi mumkin ekan-da…

HAQIQIY ShЕ’R MUKOFOTMI YOINKI JAZO

Ma’lumingizkim, shoirlikka da’voim yo‘q, nosirman, xolos. Shunisiga ham shukr. Mabodo haqiqiy shoirlik rutbasi nasib etganida bundan shodlanardim, faxr etardim. Biroq ko‘p yillik badiiy adabiyot — she’ru g‘azallar, nasriy asarlar, ozmi-ko‘pmi hayotiy tajriba tufayli yaxshi ash’orni oddiy so‘zlar tizimidan ajrata olsam kerak, deb o‘ylayman. Yaxshi o‘yga solib, larzaga tushuruvchi, goh kuldirib, goh yig‘latuvchi, shuning barobarida inson ko‘nglini, uning tafakkurini juda yuksakka — arshi a’loga ko‘taruvchi she’r mo‘jizadir. Hozirgi zamon tili bilan aytganda, bu bonus — mukofot bo‘lsa kerak. Darvoqe, uzr, kaminangiz gapni iqtisodiyot tomonga burib yubordim, shekilli.
Nachora, hozir bu yorug‘ dunyoda she’r, ma’naviyat emas, balki pul, iqtisodiyot ustuvor, hukmron bo‘lsa kerak. “Shu ko‘chaning bir go‘shasida meni deya telba bo‘lib qolgan bir jinni yashaydi. Men unga mos, u menga mos, netay sevaman o‘sha telbani”, chalamulla o‘smir yoshlar o‘rtasida juda mashhur “undan nimam kam”, “bo‘libsan hayvondan battar”, “shaftoli yeysanmi yoki tandir Nonga qaymoq surtib beraymi” (sho‘rlik oshiq shoir sevgilisining qorni haqida o‘ylashdan nariga o‘tolmaydi), “momom juda qari, yuz yoshga kirdi, netay, to‘y kuzga qoldi, mol boqsam-da yaxshi ko‘rsam, ne qilay?”… Shunga o‘xshash almoyi-aljoyi, maza-matrasiz oddiy so‘zlar yig‘indisidan iborat ash’or mualliflari qofiya, turoq, vazn, ohang kabi so‘zlarni tushlarida ham ko‘rmagan, shekilli. Yuqorida keltirgan so‘zlarim shundoq oddiy she’rlardan emas, bu poyintar-soyintar, alahlash qabilidagi she’rlar juda “super mashhur” yosh qo‘shiqchilarning vasvasaga tushib kuylashi natijasida allaqachon “xit” darajasidagi qo‘shiqlarga aylanib ulgurishgan. Hafta sayin o‘tkaziladigan xit paradlarda ko‘p yillardan beri mana shunday she’rlar faqat eng oldindagi uch o‘rinda (ularni shunday atashga tilim bormaydi). Yuqorida yaxshi she’rlar deganimga qarama-qarshi o‘laroq, bu she’rlar o‘quvchi-tinglovchi uchun mukofot emas, balki jazo, yana iqtisodiyotga qaytadigan bo‘lsak, katta jarimadir. Aslida esa bu jazo-jarima zo‘raki shoir, zo‘raki xonandalarga qaratilishi lozim.
O‘z navbatida, savodsiz, aql-farosatsiz “san’atkor”larning tegirmoniga suv quyayotgan yosh tinglovchilar esa jazo-jarimani allaqachon to‘lab ulgurishgan. Bo‘lmasa, she’riyatga hech aloqasi bo‘lmagan so‘zlar yig‘indisidan bunchalar huzurlanmas, vasvasaga tushmas edilar.
Menga birgina fikr andak taskin beradi. O‘ylashimcha, badiiy adabiyotdan, mumtoz she’riyatdan xabardor bo‘lgan yoshlar, qolaversa, kattalar ham yomondan yaxshini ajratib oladilar.
Hozir ertayu kech barcha teleradiokanallarda, internetda yangrayotgan, hatto yomon she’r darajasiga ham yetmayotgan og‘uli so‘zlar tizimlari inson ongini zaharlaydi, didni pasaytiradi, mumtoz she’riyat, mumtoz qo‘shiqchilik san’atini yerga uradi.

MЕHRIBONЕ TOPMADIM

Azizim, bu telba dunyoda sizni o‘ylaydigan, siz uchun qayg‘uradigan faqat birgina mehribon kishingiz bo‘lsa, juda baxtiyor ekansiz… Chunki hayotda bittagina ham mehriboni bo‘lmagan kishilar bisyor.

XUDPARASTLIK SABABLARI

Insoniyat paydo bo‘lganidan buyon bir-birini xudbinlik, xudparastlikda ayblashdan sira hormaydi, tolmaydi.
Bu illat Dunyo turgunicha tursa, ajab emas. Ammo hech birimiz ham bu illatning sabablari haqida chuqur o‘ylab ko‘rmaymiz. Holbuki, o‘ylab ko‘rilsa, ko‘p narsa ayon bo‘lishi mumkin.
Hazrati inson Ruhiyati shunchalar nozik, shuning barobarida, shunchalar sodda, ham murakkabki, bu haqda o‘ylaganingiz sari hayratingiz oshib boraveradi. Bo‘lmasa sizning quvonchingiz hatto eng yaqin kishilaringiz – farzand, nevara, aka-ukalaringiz uchun hech qanday xursandchilik bo‘lmay qolishini qanday izohlaysiz? Yoinki, aksincha, sizning boshingizga tushgan kulfat ular uchun g‘am-anduh emasligichi? O‘z navbatida o‘sha yaqinlaringiz, do‘st-birodarlaringiz yaxshi-yomon kunlari ham siz uchun umuman ahamiyatsiz bo‘lib qolish ehtimoliga nima deya olasiz? Darvoqe, siz agar kun bo‘yi tuz totmay och yursangiz, buni o‘zingizdan boshqa birov bilmasligi mumkin. Mabodo vujudingizdagi qaysidir a’zo qattiq og‘riganda ham, og‘riqni o‘zingizdan bo‘lak biror bir kimsa bila olmaydi. His etishi mumkin ham emas. “Tanasi boshqa dard bilmas” deganlari shu-da!
Xullas, bechora odamning o‘z-o‘ziga beradigan javobsiz savollari juda bisyor. Aslida, inson tabiati juda ziddiyatli bo‘lib, uning hatti-harakati o‘sha javobsiz savollar yechimini topishga imkon bermasa kerak.
Xo‘p mayli, shu savollarga javob topildi ham deylik. Bu bilan inson tabiati o‘zgarib qolmasa kerak. Demak, yangi-yangi savollar paydo bo‘laveradi. Birgina globallashuv muammosini olib ko‘raylik, bu eng katta javobsiz savol. Darvoqe, uning katta javobi ham bor. Faqat tamaddun jar yoqasida turganida kechikkan munofiqona javobdan endi kimga, nima naf?
Endi global savolga kelsak, taxminimcha, u shunday qo‘yilgan bo‘lsa kerak: xo‘sh, inson nega dunyoni, borliqni gullab-yashnagan bog‘-bo‘stonga, ulkan tamaddunga aylantirdi-yu, keyinchalik oxir-oqibat yo‘ldan ozib, o‘zi makon tutgan umumiy uyini g‘orat etib, butkul vayronaga aylantirdi?
Ana endi andak diqqat qiling, bu haqda yuqorida aytgan edim, takrorlashga majburman. Global javobsiz savolning ham global javobi bor. Afsuski, ushbu javobni inson ruhiyatidagi o‘sha ziddiyatli, og‘riqli xudparastlik illatidan izlash kerak bo‘ladi. U nobakor o‘z manfaatini o‘ylab, boshqalardan ustun bo‘lish uchun, had-hisobsiz boylik to‘plash ilinjida ona tabiatni o‘z nafsi qurboniga aylantirdi. Bechora ona esa jabr-zulmga chiday olmay, o‘z farzandini halok etishga chog‘langan ayoldek qon yig‘lamoqda.
Birgina “tojdor balo” ofati insoniyat o‘z onasi qarori, Alloh irodasi oldida qanchalar ojiz, naqadar ayanchli ahvolda ekanini yana bir karra isbot etdi. Mana sizga global savol, global javob!
Xo‘sh, u kimga kerak? Qizig‘i shundaki, bu ham yana bir javobsiz savol, gapni cho‘zib o‘tirmay endi hamma-hamma, butun insoniyat javobni izlashimiz darkor. Javob quruq, safsatabozlik bo‘lmay, aniq, katta ishlar darajasida bo‘lsa, qanday yaxshi!..
Hamonki, xudparastlikning tarkibiy qismi bo‘lgan o‘z-o‘zini asrash, saqlab qolish umidi ham na insoniyatni, na-da uning onasi bo‘lmish Tabiatni qutqarib qola olmas ekan, buning o‘rniga “Boshqa odamni xuddi o‘zingdek seva bil, tabiatga ham xuddi shunday munosabatda bo‘l!”, degan g‘oyaga hamma amal qilsa, shuning o‘zi kifoya emasmi?
Badbinlar ustimdan kulishlari mumkin, “bunday g‘oyalar hamma zamonlarda o‘rtaga tashlangan, ammo ularga hech kim rioya qilmaganidan balandparvoz so‘zlar yig‘indisi bo‘lib qolavergan-ku”, deb.
To‘ppa-to‘g‘ri, xuddi shunday! Faqat dunyo ahli bir-biri va tabiat bilan o‘zaro munosabatda hech qanday muammoni ko‘rmaydigan so‘qir ko‘zlarini tamaddun jar yoqasiga kelib qolganida ochishi kerak-ku, axir!
Najotning boshqa yo‘li yo‘q!

CHO‘QQI

Zabt etib bo‘lmaydigan cho‘qqilar yo‘q, deyishadi. Ehtimol, shundaydir. Dangasa, tanbal, irodasizlar ko‘tarila olmaydigan cho‘qqi u yoqda tursin, tepalik, dovonlar ham son mingta!

BAYRAMNING UZOQLASHUVI

Men kutib olayotgan Yangi yillar soni ko‘payib borgan sayin, har yili bayram oqshomida tushuniksiz, qandaydir g‘alati his tuyg‘ular, xayollarga chulg‘anib qolaman.
Negadir har doim kirib kelgan Yangi yil avvalgisiga o‘xshamaydi, degan xayolga boraman. Avvalgisi hozirgisidan andakkina yaxshiroqmidi, deya ikkilanaman. Buni qanday izohlashni bilmayman.
Nihoyat 2023 yil kirib kelgandagina ikkilanishlarimning boisini anglagandek bo‘ldim.
Hammasi yaxshi, hammasi joyida. Men bolaligimdagi yangi yil oqshomlarini qo‘msar ekanman. Bolalikning bayram oqshomlari esa mendan shiddat bilan uzoqlashib borayotgan ekan, mo‘jiza kutgan ko‘ngildan bayramning tobora uzoqlashuvi esa, albatta, og‘riqli, hazin-mahzun bo‘lsa kerak.
Nachora, bolami, yoshmi, qarimi baribir Yangi yildan mo‘jiza kutaveradi. Mo‘jiza sodir bo‘ladi, yoinki bo‘lmaydi degan kafolat esa yo‘q. Axir har bir Yangi yilning kirib kelishi baxt, mo‘jiza emasmi?.. Unga yetganlar bor, yetmaganlar bor…

BOSHQACHA MO‘JIZA

Yanglishmasam, Yangi yilni bolalar va kattalar kutib olishida jiddiy farq bor. Farq shundaki, bolajonlar Qorbobo yollangan emas, haqiqiy ekaniga va u, albatta, rostakamiga mo‘jiza yarata olishiga astoydil ishonadilar.
Kattalarning yo‘rig‘i boshqa, ular bunga goh ishonadilar, goh ishonmaydilar. Buning sababi bor, albatta. Chunki kezi kelganda o‘sha mo‘jizani ularning o‘zlari yaratadilarda. Katta hayot bo‘sag‘asida turgan yigit-qizlar Yangi yil oqshomida kutadigan mo‘jiza butunlay boshqacha, ular ko‘ngillarining bo‘lajak sultoni kim ekanligini aynan shu oqshomda bilib olishni orzu qiladilar.

QORBOBO KIMNING POCHCHASI?

Nevaralarimning biri bolaligida shunday savol bergandi:
– Bobojon, nega falonchi pochcham har yangi yilda Qorbobo bo‘ladilaru siz esa bo‘lmaysiz?
Men andak o‘ylaganimdan so‘ng, shunday javob bergandim:
– Pochchang hali juda yosh, tezroq ulg‘ayib,bobo bo‘lishni istaydi. Men esam Qorbobo bilan tengdoshman-ku!
Hozir nevaralarim menga bunday savol berishmaydi, ularning o‘zlari Qorbobo bo‘lishyapti. Endi shu mazmundagi savolni evaralaridan kutsam bo‘ladi…

DЕVOR, SOYA HAMDA G‘OYA

“Soya paydo bo‘lmaydi devorsiz…” – yozg‘iradi shoir. Ehtimol, qadimda shunday bo‘lgandir ham. Faqat hozir dumbul shoirlar, qo‘shiqchilar sizni butunlay teskari aqidaga ishontirishlari ham hech gap emas. Ya’ni, misol uchun, “devor paydo bo‘lmaydi soyasiz…”, qabilida almoyi-aljoyi qo‘shiqqa aylangan she’rlar es-hushi joyida, tuppa-tuzuk odamni ham yuqoridagi alahlashga ishontira oladi. Ana shu mashg‘ulotlardan katta pul topiladi.
Qandingizni uring-e, shovvozlar! Mana buni yo‘q joydan, havodan pul qilish desa bo‘ladi. Ana shunday mahsulot didni pasaytirishi haqida endi gapirmasa ham bo‘ladi. Didimiz allaqachon pasayib ulgurgan.

AYYOR TULKI

Tulki jonivorning ayyorligi haqida juda ko‘p hikoyat, ertak, rivoyatlar yozilgan, yozilayapti. Mana kaminangiz ham shu mavzuda qog‘oz qoralashga tushdi.
O‘tgan asrning sakson ikkinchi yili. Men – yosh jurnalist o‘shanda o‘ttiz uch yoshda edim. Tuman gazetasi muharriri topshirig‘iga binoan “Jongeldi” davlat naslchilik xo‘jaligida qochirish kompaniyasining borishi to‘g‘risida maqola yozishim kerak edi.
Fermaning mavsumiy qo‘nalg‘asiga choshgoh mahali yetib keldim. Eski tanishim naslchilik xo‘jaligi direktori Malik aka, ferma mudiri qochirish kompaniyasi uchun mas’ul xodimlar meni shu yerda kutishayotgan ekan.
Ularga bir necha savollar berdim, eshitganlarimni bloknotga yozib oldim-da, direktorga shu kelishimda To‘sbuloq yaylovidan reportaj yozishim kerakligini aytdim.
– To‘sbuloq bo‘lsa, To‘sbuloq-da! Huv, ana, Quljuqtov yon bag‘rida. Hech qayoqqa qochib ketmaydi. Yo‘ldan charchab kelding, bir piyola choy ichib olaylik, keyin jo‘naymiz.
Malik aka qo‘li bilan ishora qilgan shimol tomonga tikilib qaradim. Lekin olis ufq chizig‘idan bo‘lak narsani ko‘ra olmadim. Qizilqumni obdon kezib o‘rganganimdan qozoq birodarlarimizning “huv ana”si necha o‘n chaqirim bo‘lishini yaxshi bilardim.
Choy qaynatilib, dasturxon yozilguncha direktor ikkalamiz qo‘nalg‘ani u yer-bu yerini aylangan bo‘ldik. Bilasiz, muxbir xalqi juda qiziquvchan bo‘ladi. Bu bizning “kasb kasalligimiz” bo‘lsa kerak. Bir mahal qo‘tonlarda alohida boqilayotgan qo‘ylarga ko‘zim tushdi. Diqqat bilan qarasam, o‘n besh-yigirma chog‘li shoxlari burama ko‘k qora qo‘chqorlar. Hammasining beliga yap-yangi bo‘z etaklar bog‘langan, o‘shanda kuz o‘rtalari edi.
Agar bilsangiz, qozoq do‘stlarimiz hazil mutoyibada o‘zimizdan o‘tsa o‘tadiki, aslo qolishmaydi. Nima bo‘lsa bo‘lar, deya Malik akaga tagdor hazil qildim:
– Aka, bu jonivorlarning beliga etak bog‘lab qo‘yibsizlar, nima ular ham paxta terishadimi?
Direktor kulib yubordi, so‘ngra javob qaytardi:
– Obbo, quvgina tilchi (yerlik qozoqlar muxbirni shunday atashadi) ukam-yey, terganda qandoq! Sen paxta termay bu yoqlarda sanqib yurganingdan so‘ng, ular termay, direktor terarmidi? Hech zamonda boshliq paxta terganini ko‘rganmisan?
Ikkalamiz ham birdaniga kulib yubordik. Malik aka qo‘chqorlar beliga qay maqsadda bo‘z etak bog‘lab qo‘yilganini fahmlashimni yaxshi bilardi, albatta. Shu boisdan, hazilga hazil bilan javob qaytargandi. Biz achchiq ko‘k choy ichib, qo‘rda pishirilgan issiq non bilan qovurdoqqa to‘yib oldik-da, direktorning yap-yangi “UAZ” mashinasida “To‘sbuloq, qaydasan?”, – deya yo‘lga chiqdik. Mashina taqir cho‘lda, chamasi, bir soatcha yurganidan so‘ng, ufqda qora ko‘kimtir tusdagi Quljuqtov tizmasi ko‘zga tashlandi. Xuddi shu asnoda, shofyor yigitning “ana, tulki!” degan hayajonli tovushidan so‘ng oldinga tikildim. Bizdan yigirma qadamcha oldinda chiroyli dumi quyoshda jilolanib turgan tulki tez yugurib borardi. Shofyor yigit mashinaga gaz berdi. Tulkiga yetay-yetay deganimizda jonivor ham tezlikni oshirdi. Chamasi 5-10 daqiqadan so‘ng unga yetib qoldik. Jonivor mashinaning chap tomonida jon-jahdi bilan yugurar, onda-sonda bizga sarosimali nigoh tashlab qo‘yardi. Shofyor yigit miltiq olmaganiga afsuslanardi.
Birdan tulki-tulkiligini qildi. Yugurishdan taqqa to‘xtab, kuchli siltanish bilan yon tomonga sakradi. Shu asnoda shofyor yigit ham o‘zi nima qilayotganini bilmay, rulni keskin chap tomonga burdi. Mashina ag‘darilib ketishiga bir bahya qoldi. Men bir nima deyishga ulgurmadim. Malik aka jon-jahdi bilan baqirdi:
– Hoy, jinni nima qilyapsan, bo‘ynimiz uzilib ketadi-ku!
“UAZ” bir siltandi-yu, xayriyat, o‘nglandi. Uchovimiz ham og‘ir tin oldik.
Biz o‘zimizga kelganimizda, tulkining qorasi o‘chay deb qolgan, u chamasi 250-300 qadam narida tez yugurib borardi.
O‘shanda hayotiy tajribam ko‘p bo‘lmasa-da, tulki haqiqatan ham ayyor jonivor ekanligiga ishongan edim. Hamon shu fikrimda sobitman.
Ammo qalam tebratishimdan maqsad, bu firkni tasdiqlash emas, balki uni biroz rivojlantirishdir.
Tulki sho‘rlik jon saqlash uchun ayyorlik qiladi, yashash instinkti shunday qilishga majbur etadi.
Alloh aql-zakovat berib qo‘ygan insonlar esa ozgina foyda, manfaat deya tulkini ham, odamlarni ham uyalmay-netmay aldaydilar. Tulki hamma vaqt qo‘l ostlarida bo‘lmagani bois, sodda dil insonlarni aldayveradilar. Bechora tulkining aldanganlarga rahmi kelishi ham mumkin.

“QARI” QO‘L TЕLЕFONI

Yo, qudratingdan, keksa kishining buyumlari ham qarib qolar ekan, shekilli. (Qarimaganda ham eskirib, to‘zib ketishi mumkin-ku, axir!)
Odam esa o‘zi qariganini tan olishi mumkin, lekin pul berib olgan buyumlari, asbob-anjomlari, kiyim-boshi “qarishini”, eskirib, to‘zib, ishdan chiqishini unchalik istamaydi, tan olgisi kelmaydi, chamasi.
Jumladan, savdogar nevarasi bo‘lmish kaminangiz ham o‘zim o‘rganib qolgan buyumlar bilan “xayrlashishni” yoqtirmayman. “Hali yap-yangi, kechagina sotib olgan edim-ku!” – deyman, nimaningdir u yon-bu yonini aylantirib ko‘rar ekanman afsuslanib. Ammo yillar juda qaysar, bizning ixtiyordan tashqari o‘taveradi, o‘taveradi. Qarabsizki, biror bir buyum, bog‘-rog‘, imorat, ming afsuski, odam bolasining o‘zi ham to‘zimay qolmaydi.
O‘zim ham ishlab, ham istiqomat qiladigan xonada ikkita eski soat bor. Biri o‘zim 35 yil burun qaysidir qishloq magazinidan sotib olgan – cho‘ntak soati. Ikkinchisi, 34 yil burun 40 yashar chog‘imda, tug‘ilgan kunimda hamkasblarim sovg‘a qilgan stolda turadigan soat. Ko‘rinib turibdiki, har ikkalasi ham xiyla qartaygan, men esa ularni yap-yangi hisoblayman, burab-burab, qayta-qayta ishga solaman. U boyaqishlar esa ikki, uch kun yoki bir hafta ishlab yana to‘xtab qolishaveradi. Men bo‘lsam, u bechoralarga zug‘um qilib qayta-qayta ishga tushirishdan charchamayman.
Xuddi aksiga olganday, Buxoroi sharifday bir yurtda bitta ham soat tuzatadigan usta yo‘q. Hammasi Isroilga ko‘chib ketgan. O‘zimiznikilar esa bu kasbni nazar-pisand etishmaydi, chog‘i.
Nachora, kun kelib yoki men soatlarni bezovta qilmay qo‘yaman yoki ular o‘zlari axlat qutisiga ravona bo‘lishadi…
Darvoqe, yangi yilning birinchi kunida Jizzax viloyatidagi nevaram qo‘ng‘iroq qilib “bobojon, kecha sizni qutlash uchun, bir necha bor qo‘ng‘iroq qildim, kuyovingiz ham telefon qildilar, lekin qo‘l telefoningizga tushishni hech imkoni bo‘lmadi”, – deb qoldi. “Bilmasam, telefon ishlab turgan edi. Ehtimol, u ham o‘zimga o‘xshab biroz mizg‘ib olgandir-da, qizalog‘im”, – dedim hazillashib.
Nevaram hammamizni bayram bilan tabrikladi, shu bilan gap tamom.
Men nevaramga telefon hali “yap-yangi”ligini, uni qaysidir bayramda sovg‘a qilishgani haqida hech nima demadim. Axir, endigina to‘rt yil ishlatilgan matohni eski deb bo‘lmaydi-ku! Boz ustiga, u sovg‘a bo‘lsa.
Ha, aytganday, o‘zimga tegishli bo‘lgan barcha narsalar qaysidir voqea, bayram, yoki ayrim kishilar, manzil makonlar bilan chambarchas bog‘liq. Ularni asrab-avaylashimning boisi shunda bo‘lsa kerak, aslida…

FIKR SAHROLARI

Keksayib uyda o‘tirib qolgan cho‘pon sahro kengliklarini qanchalar sog‘insa, yoshi ulg‘aygan adib fikr kengligi, bepoyonligiga shunchalar intiladi. Bu fikr sahrolari bo‘lsa, ne ajab?

MЕHR VA ZULM

Yashab o‘tgan, o‘tayotgan umrimdan mingdan-ming roziman.
Men mehr va oqibatsizlikdan bo‘lak zulm ko‘rmadim.

KO‘NGIL OG‘RIQLARI

Keksa kishi, agar u o‘ziga e’tiborli bo‘lsa, qarilik tufayli vujudida tez-tez paydo bo‘lib turadigan og‘riqlarning davosini topa oladi. Faqat ko‘ngil og‘riqlari davosini topa olmasa kerak. Shu jumladan, eng yaqin kishilarining ozorlaridan paydo bo‘ladigan og‘riqlar uni behad qiynaydi. Qariya sabr-bardoshli bo‘lsa, buyuk hakam – Vaqt dardlarni davolay oladi.

ADASHGANLAR

Jazirama sahroda adashib ketgan kishi agar yo‘lni topa olmasa, uni qutqarishmasa, halok bo‘ladi.
So‘z, fikr cho‘lu biyobonlarida adashgan kimsaning qismati yanada og‘irroqdir.

CHO‘LNI SOG‘INGAN CHO‘PON

Cho‘lni behad sog‘ingan keksa cho‘pon haqida hikoya yozgan edim. Kuni bitganini sezgan cho‘pon o‘zi umr bo‘yi qo‘y boqqan yaylovga qaytadi va o‘sha yerda omonatini topshiradi.
Hikoyani yozib bo‘lib besh-olti marta tahrir qilganimdan keyin, shu narsa ma’lum bo‘ldiki, cho‘lni cho‘pondan ham ko‘proq o‘zim sog‘ingan ekanman.
Hamqalam do‘stlar, sahro kengliklarini sog‘ingan adib haqida yozishni istaysizmi?
Uni nimalar kutayotganini juda-juda bilgim keladi…

ADIB, SO‘Z VA NON USHOG‘I

Har bir harf, tinish belgilari va so‘z o‘z o‘rnida bo‘lishi uchun jon kuydiradigan adib nonni, uning ushog‘ini-da aziz bilgan, qadrlagan kishiga o‘xshab ketadi.

HIKOYA IMKONIYATLARI

Bilishimcha, hikoya imkoniyatlari juda keng, shu bilan birga juda tordir. Kengiligi – ba’zan kichik bir hikoyada butun boshli romanga arzigulik fikrlar aytilishi, g‘oyalar ilgari surilishi mumkin.
Torligi – bu hajm jihatdan, albatta. Chegara juda nari borsa, o‘n besh-yigirma qog‘oz, ammo shunday hikoyalar borki, ularda torlik, chegara mutlaqo sezilmaydi. Kitobxon bunday hikoya yuz sahifa bo‘lsa-da, hech og‘rinmay o‘qiydi, qoniqish hosil qiladi. Buning sabablarini o‘zimcha izohlagan bo‘lardim.
Eng avvalo, adib mahorati, chiroyli, ravon, “tishga tegmaydigan”, kaminangiz ta’biricha, umuman sezilmaydigan, kitobxonni toliqtirmaydigan uslub. Mavzu va g‘oya, hayotiy material uyg‘unligi, dolzarbligi. Adib tasavvuri tasirning kuchi. Syujet izchilligi va qiziqarliligi. Fikr va dunyoqarash kengligi. Muallif nuqtayi nazarining kitobxonga hadeb tiqishtirilavermasligi…
Eh-he, yozaversam yaxshi hikoya unsurlari juda ko‘p. Gapni qisqa qilib aytmoqchimanki, yuqoridagi fikrlarim kitobxonni mutlaqo qiziqtirmaydi. Unga yaxshi hikoya bo‘lsa, bo‘lgani. U adabiyotshunos va tanqidchilarga o‘xshab ortiqcha gap qilib o‘tirmaydi. Yoqsa, o‘qiydi. Yoqmasa, kitobni bir chekaga olib qo‘yadi, vassalom!
Yaxshi hikoyaning uzun-qisqaligi, chegarasi bo‘lishi shart emas, chegara bilinmaydi.

MANFAAT

Yozuvchi maqsadga yetishi uchun mustahkam asab tizimi, metin sabr-bardosh, kuchli iroda kerak.
Hozirgi zamon kitobxonini qiziqtirish uchun nima yozishim kerakligiga aqlim yetmaydi. Fikrimcha u asarda o‘zini, shaxsiy manfaatini ko‘rishi kerak, shekilli.
Noshirlarning xudosi foyda, aniqrog‘i, jaraq-jaraq pul. Haqiqiy ijodkorga esa hatto, o‘z joni kerak emas.

QARSHILIK
Yozuvchi uchun adabiy muhit qarshiligini yengib o‘tish – suzishni bilmay ummondan omon-eson kechib o‘tish bilan barobar.

SO‘Z IMORATLARI

So‘z imoratlari hech qachon to‘zimaydi. Boshqa hamma-hamma binolar vaqt ta’sirida Yer yuzidan yo‘qoladi. Ezgulik, yaxshi amal, inson yuragidagi imoratlar hech qachon yo‘qlikka yuz tutmaydi.

G‘OYAT MUSHKUL ISH

Inson boshqa odamlarni tushunishi qiyin. Ijodkor boshqa ijodkorni tushunishi, tan olishi bundan o‘n chandon mushkulroq.

VA’DA

Ayol visol va’da etsa, erkak tog‘ni talqon qiladi.

KO‘Z NURI

Farzand ko‘z nuri deyishadi. Juda to‘g‘ri topib aytilgan gap. Faqat bu nurni oynak taqish yoki jarrohlik amaliyoti bilan oshirib bo‘lmaydi.

URUG‘

Yozuvchi urug‘i (agar ta’bir joiz bo‘lsa) hamma yerga tushishi mumkin. Ammo hamma joyda ham unib-o‘sib, hosil beravermaydi.

HAYOTBAXSH O‘LIM

Haqiqiy ijodkor – so‘z ustasi, ulug‘ Alisher Navoiyning “Sham va parvona” rivoyatidagi parvonaga o‘xshaydi.
Adabiyot sham bo‘lsa, adib parvonadir. U ham Adabiyot nimaligini tushunib yetgach, qurbon bo‘ladi.
Bu – hayotbaxsh o‘lim.
Har bir ijodkor ko‘nglida shunday o‘limga yetishish umidi bo‘lsa, ajab emas.
Adib o‘ladi, asar o‘lmaydi. Bunday qismat uchun yashasa arziydi.
Qo‘lingizdagi kitob – Inson Adabiyot nimaligini bilishga intilishiday bir gap. Qolganini vaqt ko‘rsatadi, bahosini beradi.

I RAQIB

Do‘st – fotbol o‘yinidagi raqib jamoa o‘yinchisiga o‘xshab ketadi. Gol kiritganingda xursand bo‘lmaydi, boz ustiga, to‘p senda bo‘lgan paytda uni olib qo‘yishga harakat qiladi yoki chalib yiqitadi.

II “QO‘Sh HO‘KIZ”

Ayol va erkak, aniqrog‘i, er-xotin bu ikki mavjudot turmush, dunyo tashvishlari bilan bog‘liq aynan bir xil muammoga boshqa-boshqa ko‘z bilan qaraydi, boshqacha fikr yuritadi. Qarama-qarshi, bir-birini inkor etuvchi qarorlar qabul qiladi, xulosalar chiqaradi. Shu nuqtayi nazardan qaraganda, “Er-xotin –qo‘sh ho‘kiz” degan maqol xiyla eskirgan ko‘rinadi. Illo, yerni chuqur haydashi lozim bo‘lgan bu sho‘ring qurmag‘ur ikki ho‘kiz bir-birini suzib turmasa, aslo kuni o‘tmaydi. Ana shunday sharoitda ro‘zg‘or tebratish –dunyoni tebratishdan kam kuch talab qilmaydi.
Qo‘sh ho‘kizga Alloh to‘zim bersin-a…

III BOSHQARISH USLUBLARI

Turli darajadagi rahbarlarda boshqarishning qattiq, yumshoq va yana turli xil uslublari bor. Xuddi shunday, barcha oilalarda ham har xil boshqarish uslublari bo‘ladi. Ba’zi oilalarda erkak qattiqqo‘l bo‘lsa, ayrimlarida ayol boshqaruvda keskin va keskir bo‘ladi. Ammo shunday holatlar bo‘ladiki, erkak kuch, qo‘pollik bilan eplay olmagan yumushni ayol ojizaligiga qaramay, muloyimlik ila bajarib qo‘yadi.

IV OLIS YO‘L

Hayot shunday olis, mashaqqatli yo‘lki, unda qoqilib, turinmay, xato qilmay, nimalardandir ayrilmay yo‘l bosish juda mushkul. Topishlar va yo‘qotishlarsiz hayot yo‘q.
O‘sha olis yo‘l yo‘lovchilari necha o‘nlab, yuzlab toifaga mansub kishilar. Lekin faqir, ularni shartli ravishda ikki katta toifaga bo‘lmoqchiman. Bular – oilasi, sevgan kasbi, el-yurti, Vatani uchun tinmay mehnat qiladigan, jon kuydiradigan, oxir-oqibat jonini fido qiladigan insonlardir. Ularni o‘sha o‘zbek maqolida aytilgandek, “Guruchlar” desa ham bo‘ladi. Ikkinchi toifa odamlar, boshdan aytib qo‘yaqolay, o‘sha men bosh harf bilan yozgan Guruchlar ortidan suv ichadigan “kurmaklar” hisoblanishadi. Ular nuqul “og‘irning ustida, yengilning ostida” bo‘lishga harakat qiladilar, doimo el-yurt emas, shaxsiy manfaat, qorin tashvishida yuradilar. Aziz jonlarini koyitishni, fido bo‘lishni sira istamaydilar. Ulug‘ maqsad, g‘oya, Vatan haqidagi tushunchalarga ular shunchaki balandparvoz so‘zlar deya nopisandlik bilan qaraydilar.
Fikri ojizimcha, inson, oddiy fuqaro nazdidagi jamiiyki ziddiyatlarning eng chuquri va eng fojealisi yuqorida tilga olganim ikki toifa – guruchlar hamda kurmaklar o‘rtasidagi kelishmovchiliklar hisoblanadi. Qolgan barcha ezguliklar yoki qabohatlar shundan kelib chiqadi.

XIYONATNING YUZI

Xiyonatning o‘zi u sodir etilgan paytda ham, o‘n yil, yuz yil keyin ham qoradir. U hech qachon yorug‘ bo‘lmaydi.
Vafoning yuzi esa har doim, hamma vaqt yorug‘ bo‘ladi. Yillar shamoli uni yemira olmaydi, sarbaland etadi.

ILHOM PARISI NIMA DЕYDI?..
Mashuqa o‘z oshig‘iga shunday deydi: – Agar sen meniki bo‘lsang, boshqani, hammani unut…
Ilhom parisi haqiqiy so‘z san’atkori bo‘lishni istagan adibga shunday lutf etadi: – Gar meni desang, hamma-hammani, dunyoni, hatto, o‘zingni-da unutgaysan, azizim…

YUZ KO‘RKI

“So‘z ko‘rki maqol” degan hikmat bor. Keyinchalik qaysidir so‘zamol “So‘z ko‘rki – maqol, yuz ko‘rki – soqol” shakliga keltirgan. Keyinchalik, kaminangiz ham yuqoridagi iborani andakkina rivojlantirdim. Ya’ni, “So‘z ko‘rki – maqol, yuz ko‘rki – soqol, er ko‘rki – ayol” shakliga keltirdim. Qayta ishlangan maqolda faqat “er ko‘rki – ayol ” jumlasigina mendan xolos.
Ammo hozir gap maqolda ham, unga qo‘shib-chatilgan jumlalarda ham emas. Gap soqolning o‘zida!
Yetmish yoshdan xiyla oshgan birodarlar, agar soqol olish siz uchun qiyinlashib borayotgan, ushbu yoqimsiz mashg‘ulotni tez-tez takrorlash malol kelib, yuzdagi qaysar tuklarni qirtishlash kunlari o‘rtasidagi oraliq bir haftadan oshib ketayotgan bo‘lsa, Siz qariyotgan ekansiz…
To‘g‘ri-da, yuzing shaftoliqoqiday, yoxud obdon yetilib pishgan anjirday burishiq bo‘lsa, hozirgi zamonning olmosdan ham o‘tkir ustaralaridan o‘pkalashning sira iloji yo‘q…

MUDDATSIZ TA’TIL

Pensiya – jonning rohati, muddatsiz pul to‘lanadigan ta’til. Umringiz qanchalik uzoq bo‘lsa, shuncha ko‘p pul olasiz.

QORIN G‘AMI

Asrlar, ming yilliklar osha hamma narsa o‘zgarib, yangilanib, yo‘qolib, qaytadan paydo bo‘lib boradi.
Tabiat, jamiyat, atrof muhit o‘zgarib boraveradi. Tabiiyki, insonlar, insoniyat ham doimo harakatda, o‘zgarishda.
Fikrimcha, dunyo paydo bo‘lgandan buyon mutlaqo o‘zgarmay, hamon ustuvor, ustun bo‘lib turgan bir tushuncha bor. Bu– mutloq hokim – shaxsiy manfaat yoki yanada sodalashtirib, pastroq tushadigan bo‘lsak, qorin g‘ami, bola-chaqa tashvishidir.
Taasufki, insoniyat hali bu hodisotning da’fini topmagan. Unga qarshi tura olish choralari ham yo‘q hisobi. Agar shu choralar topilsa, jumlayi jahonda haqiqat va adolat qaror topishiga umid qilsa bo‘lar-ov…

KIM OLDIN, KIM ORQADA?..

Yaqinlarim (o‘g‘illar, nevaralar) ba’zi tanish-bilishlarim goh-gohida yarim hazil, yarim chin qilib “hayotdan orqada qolibsiz”, deyishadi. Bu so‘zlardan keyin o‘ylanib qolaman. “Yoki qariyapman, yoki bo‘lmasa haqiqatan ham ortda qolayapman, shekilli”.
Bir muddat xayollarimga erk berganimdan so‘ng, sal ko‘nglim yorishadi. “Yo‘q, kaminangiz hayotdan xiyla o‘zib ketdim, bu kimlargadir yoqmayapti, aftidan”. Yana bir necha kun xayolning barcha past-baland ko‘chalariga kirib chiqqanimdan so‘ng, noiloj bir to‘xtamga kelganday bo‘laman.
“Ayo, do‘stlarim, kim oldin, kim ortda ekanini hayotning hech to‘xtamas vaqt karvoni ko‘rsatsa, ajab emas!”

OB-HAVO, NARX-NAVO…

Ob-havoning o‘zgaruvchanligini hamma biladi. Ammo teleradiokanallarda ob-havoning o‘zgaruvchanligiga gap yo‘q. Ularning axborotiga ko‘ra siz yashab turgan joydagi issiq yoki sovuq yetti, sakkiz darajaga farq qilishiga nima deysiz? Tafovut shu darajaga boradiki, sovuqda tishingiz-tishingizga tegmay turganda “kunduzi 10-15 daraja issiq”, deb yuborilishi hech gap emas.
Narx-navo masalasida ham farqlanish juda katta. Qandaydir tashkilotlarning so‘rovnomalari natijalari e’lon qilinadi: “Buxoroda bir kilo go‘shtning narxi oltmish besh ming so‘m”. Ammo siz qassobdan go‘sht olib shuncha pul uzatsangiz, u sizga shunday bir o‘qrayadiki, go‘sht yemoqchi bo‘lganingizga ming pushaymon qilib, yana cho‘ntak kovlaysiz. Yoinki, efirda narx e’lon qilinadi. Falon manzilda bir kishilik osh narxi yigirma besh ming so‘m. Afsuski, kaminangiz yashab turgan joyda shuncha miqdordagi osh uchun naqd o‘ttiz besh-qirq ming so‘m to‘lashga majbursiz.

“YANGI” QOIDALAR

Ushbu qoidalar shundan iborat: agar kimgadir ishingiz tushgan bo‘lsa, hech ikkilanmay birinchi bo‘lib o‘zingiz qo‘ng‘iroq qilavering. U javob qaytarish-qaytarmasligi, bu boshqa masala. Ishingiz tushgan odam hech qachon o‘zi telefon qilmaydi. U agar birinchi qo‘ng‘irog‘ingizdanoq go‘shakni ko‘tarib, risoladagidek salom-alik qilsa, bilingki, ishingiz bitishiga umid bor. Yana kim biladi deysiz? Buning ortida zo‘raki takalluf, yolg‘on va’dalar bo‘lishi mumkin.
Mabodo bir kun, bir necha kun takror-takror qo‘ng‘iroqlaringizga javob bo‘lmas ekan, bu ishingiz bitmasligiga kafolat bo‘la oladi. Ana endi tasavvur eting, kimningdir sizga ishi tushib, takror-takror qo‘ng‘iroq qilayapti. Xoxlasangiz javob qaytarasiz, xoxlamasangiz yo‘q. Siz ham, qo‘l telefoni ham mum tishlaganday “miq” etmaydi. Darvoqe, bitmaydigan ishni ana shunday darhol rad etgan yaxshi emasmi? Aytilganiday, “yo‘q” deguvchining boshi sira og‘rimaydi. “Yo‘q”ning o‘zini esa ayblash hech bir odob qoidasida yo‘qdir.

“BILIM”

Ota-onalar o‘z farzandlari haqida hamma narsani biladilar. Farzandlar esa o‘z ota-onalari haqida hech nimani yoki ko‘p narsani bilmaydilar.

ADABIYOT – UMMON – KOINOT…

Adabiyot koinot, yoxud ulug‘ ummonga o‘xshaydi. Unda kimdir yashay oladi, kimdir esa yo‘q.

O‘ZIGA QOYIL QOLGAN CHOL

Chol keksayganida binoyidek edi. Lekin juda keksayganida g‘alati bir odat chiqardi. U ba’zi-ba’zida, nimadandir ko‘ngli to‘lganida “qoyil-ye, qoyil! O‘zimga qoyil qolmasdan ilojim yo‘q!”, der edi. Bu yaqinlarining yengilgina, beozor kulgilariga sabab bo‘lardi. Ular onda-sonda so‘rab qo‘yishardi: “xo‘sh, ota nima ishingizga qoyil qolishingiz, yoki qoyil qolishimiz kerak?”
Boyaqish ota bu savolga javob bera olmay, barmoq tishlab qolar, ammo taslim bo‘lishni sira xayoliga keltirmasdi.
– Ochig‘i, nimaga ekanini bilmayman, eslay olmayapman… Ammo, lekin o‘zimga qoyil qolmay sira ilojim yo‘q.

G‘AM

Oshiq yuragi g‘amsiz bo‘lmaydi. Ijodkor qalbi ham shunday. Ijod mangu oshiqlik bo‘lsa, ne ajab?

ISYON

Chin muhabbat voqelikka qarshi is’yon bo‘lsa kerak. Chunki insoniy munosabatlarning aksariyati, asosan manfaat, xudbinlik, foyda, pul, mol asosiga qurilgan bir paytda o‘zidan boshqani sevish, unga fido bo‘lishga tayyor turishni boshqacha atab bo‘lmaydi.
Badiiy ijod ham haqiqiy sevgiga o‘xshaydi. Chunki bunda ham voqelikka qarshi is’yon va fido bo‘lish qismati mavjuddir.

YAXSHILIK

Nazarimda, yaxshilik qilish uchun insonga muayyan ma’naviy kuch kerak bo‘ladi. Ya’ni, imon-e’tiqod, toza yurak, ezgulik ehtiyoji.
Yomonlik qilish uchun esa, kuch talab etilmaydi. Birgina so‘z inson taqdirini, qolaversa, dunyoni ostin-ustun etib yuborishi hech gap emas.

CHANG BOSGAN OYNA

Qaysidir gazetada o‘qigan edim, o‘tgan asrning 60-yillarida “Noviy mir” jurnalida hali tanilmagan rus yozuvchilaridan birining qissasini “saviyasi past” deya chop etishmagan. Keyin shu asar jurnal bosh muharriri, taniqli shoir Mixayl Svetlovning qo‘liga tushgan. Shoir qissani sinchiklab o‘qib, (bizning aksariyat muharrirlardan farqli o‘laroq) uni chop etishga ruxsat bergan. Hikoya qilinishicha, taniqli shoirga muallifning birgina “Daryo yuzi chang bosgan oynaga o‘xshar edi” jumlasi juda ma’qul bo‘lgan. Ana shu so‘zlar asar taqdirini hal etgan.
Men 50 yildan ko‘proq ijodiy faoliyatimda ana shunday birgina mard muharrir bilan ishlash baxtiga muyassar bo‘ldim. Hozir ham yaxshi ishlayotgan o‘sha yigit nihoyatda kamtarligi bois uni noqulay ahvolga solmaslik uchun ismini aytib o‘tirmayman. U “Boyqo‘ng‘ir lolalari” qissamni bir-ikki so‘z bilan maqtab qo‘ydi-yu, tez fursatda jurnalda e’lon qildi. Va boshqalardan farqli o‘laroq, bu himmatini hech qachon minnat qilmadi. Holbuki, chekkada yashovchi ijodkor sifatida ko‘p minnat eshitishimga to‘g‘ri kelgan. Bu g‘arib boshim minnatlardan necha martalab yorilgan. Hamon minnat toshlaridan qutilganim yo‘q.
Serhimmat muharrir do‘stim yanglishmagan ekan, “Boyqo‘ng‘ir lolalari” gazeta, jurnal va kitoblarda, yanglishmasam, 12 marotaba chop etildi. Endi qo‘lni ko‘krakka qo‘yib, e’tirof etadigan bo‘lsak, biz, o‘zbeklar sharqona odobga rioya etib, kimningdir kamchilik-nuqsonlarini aytavermaymiz. Bu to‘g‘ri, albatta, biroq adabiy muhitda bundan ustalik bilan foydalanadigan noxolis, nopok, tamagirlar ham talaygina. Mening yo‘limda ana shundaylarning bir nechasi uchraganidan qattiq aziyat chekdim.
O‘sha nopok kimsalar kasofatidan rejalashtirgan bir necha asarlarim yo‘qqa chiqdi, xayriyat, ijodkorlar ko‘ksiga shamol tegdi. Adabiyotimizda jiddiy o‘zgarishlar, yangilanishlar sodir bo‘layotir. Ming afsus faqat men emas, barcha ijodkorlarga to‘sqinlik qilgan o‘sha nopok kimsalar hamon mansab otini qamchilab, qora qilmishlaridan huzurlanib yurishibdi. Ularning ayrimlari juda taltayib ketishgan. Umrlarida bir satr ham badiiy asar yozmagan, jahon klassik adabiyotidan yaxshi xabardor bo‘lmagan bu kimsalar, hamon radio, televideniye, gazeta, jurnal minbarini boshqa hech kimga berishmaydi. Nuqul aql o‘rgatib, va’zxonlik qilishadi. Ularga ishi tushgan mualliflarning holiga voy.
Yangi O‘zbekistonda, uning adabiyotida bunday kimsalarga o‘rin bo‘lmasligi kerak.

OMONAT BAHOR YOKI BAHOR OMONATI

Keyingi 10 yilliklarda ekologik falokatlar oqibatida serquyosh o‘lkamiz bahorlari, ayniqsa erta ko‘klam juda omonat bo‘lib qoldi.
Navro‘z arafasi yoki Navro‘zda ochilgan chechaklar, daraxtlar gullari bahor omonatiga aylandi. Omonat bahor injiqliklari oqibatida u boyaqishlar garovga olingan insonlarga o‘xshab jon hovuchlaydilar. Do‘l, qor yog‘ishidan, sovuq bo‘lishidan cho‘chib turadilar.
Bahor chechaklarini juda yaxshi ko‘rganimdan bemavrid kelgan sovuq oqibatida sarg‘ayib, so‘lib, qovjirab qolgan gullarga achinaman.
Shu boisdan bo‘lsa kerak, hovlimizdagi atirgullar barq urib ochilmaguncha bahorni omonat hisoblayman, u to‘la uzil-kesil g‘alaba qilganiga ishonmayroq turaman.
Atirgullar gul ochdimi, tamom, endi bahor ortiga qaytmasligiga ishongim keladi.
Axir, “omonat bahor” so‘zida qandaydir anduh borga o‘xshaydi. Haqiqiy gul ochgan, yoz arafasi bo‘lgan bahorga ne yetsin?..

SHAFQAT

U sho‘rlik boshqalarga juda talabchan, qattiqqo‘l, zarracha mehr-muruvvatni bilmaydigan shafqatsiz odam edi.
Aksincha, o‘z-o‘zining barcha xatolari, ojizliklarini tez kechira oladigan mehr-oqibatli, shafqatli kishi sanalardi.
Ana endi, aziz do‘stim, bu mavjudod qanday kishi ekanligi haqida o‘zingiz xulosa chiqaravering…

GUL, QALAM VA HIKOYA

Afandi aytganidek, yoshligimda ham, hozir ham yog‘ayotgan qor, yomg‘ir, samo bag‘rini chok-chok etgan chaqmoq, xuddi shu asnoda, dir-dir titrayotgan atirgullarga qarab kichik hikoyalar yoza olaman. Bundan keyin ham nimalardir yoza olsam kerak.

HAYOTGA MUHABBAT

Keksalik – Alloh va hayot insonga taqdim etadigan marhamatdir. Men bu o‘rinda soch-soqol, qosh-kipriklari oppoq qor tusini olgan, xiyla, to‘g‘rirog‘i juda keksa kishilarni nazarda tutyapman. Ruslar bunday yoshni “preklonniy vozrast” deyishadi.
– Hammangizga shunday yoshlarga yetish nasib etgay…
Xo‘sh, aytaylik, siz ana shu yoshga yetdingiz. Qandingizni uring! Ammo- lekin, mashoyixlar aytganidek, “keksalik san’at emas, balki unga chidash, sabr-toqat qila olish – san’atdir”.
Ha, ana shunaqa… juda keksalikni chidaganga chiqargan.
“Nega” deysizmi? Hozir aytaman, andak sabr qiling… Chunki yuqorida aytganimdek, keksalikdagi sabr-toqat haqiqatan ham san’at ekan.
Demak, siz ulug‘ yoshga yetdingiz, endi oyoqni uzatib, yotib chuqur tin olishga, bemalol dam olishga vaqtingiz, haqingiz-da bor.
Faqat “shu, oyoqni uzatib yotish” masalasiga andak aniqlik kiritishga to‘g‘ri keladi.
Tasavvur eting, oyoqni uzati-ib yotibsiz. Yeganingiz oldingizda, yemaganingiz ortingizda, farzandlar, nevaralar, evaralar atrofingizda girdi kapalak. Qanday yaxshi! Qari kishi uchun bundan ortiqroq baxt bormi? Yo‘q, albatta!
Biz shu masalada xatoga yo‘l qo‘yamiz, chamasi. Chunki maza qilib yotganimiz bilan hayotning juda tezkor, shiddatli oqimi bir zum ham tin olmaydi, to‘xtamaydi!
Aniqrog‘i, u hech qachon to‘xtamaydi. Vaqt bunga yo‘l qo‘ymaydi.
Qissadan hissa, kimdir, u keksami, yoshmi, bir chekkada tomoshabin bo‘lib tursa, albatta hayotdan orqada qolib ketadi. Bu orqada qolish majburlik, mahkumlik darajasida. Hayot atalmish xodisot, mavjudot o‘z navbatida, Vaqt keskir shamshiriga qarshi boraolmaydi.
Tirikchilik, tiriklikning sodda, shuning barobarida,juda murakkab falsafasini hamma ham anglab yeta olmaydi. Chunki u inson shuurining eng chuqur qatlamlarida yotadi.
Hazrati inson, qariya, hatto umrining oxirida ham ana shu buyuk haqiqatni anglab yetolmagan bo‘lsa, u yolg‘izlikka, yo‘qlik, unutilishga mahkum.
Hech kim xatto eng yaqin kishilar ham u sho‘rlikni bu yolg‘izlikdan, to‘g‘rirog‘i, qismatdan xalos etaolmaydilar. O‘sha kishini qutqarmoqchi bo‘lganlar, eng avvalo, hayot va vaqt izmidadirlar. Faqat o‘zlarinigina qutqara oladilar, boshqa birovni emas!..
Yoshlik-qarilik bir-biriga zid qarama-qarshi so‘zlardir. Yoshlik gullab yashnaydi, keksalik oxir-oqibat to‘ziydi. Ana shu to‘zish besamar, nursiz bo‘lmasligi uchun xech kim, xatto, juda keksalar ham hayotning jo‘shqin oqimidan chetda turmasliklari kerak.
Xuddi ana shuni, Hayotga muhabbat desalar neajab?..

BADIIY IJOD VA DONKIXOT

Shu kecha kunduzda, pul, moddiy boyliklardan bo‘lak hech bir narsaning qadri yo‘q. Bozor iqtisodiyoti sharoitida muttassil, barakali ijod qilayotgan adiblarning aksariyati agar yanglishmasam, ta’madan yiroq, pul, boylikka befarq odamlar bo‘lsalar kerak.
Bunday deyayotganimning sababi shundaki, u sho‘rliklar o‘z mehnat maxsullari jamiyat, nada biror uyushma, tashkilot ittifoq uchun ikki pullik qiymatga ega emasligi, keraksizligini yaxshi bilsalarda, tinmay mehnat qiladilar, sog‘liklari, yoshliklari, qolaversa, shirin jonlari xisobidan badiiy asarlar yaratadilar. Badiiy ijod ahli uchun dam olish kunlari, bayram, ta’til degan tushunchalar yo‘q. Bo‘lishi ham mumkin emas.
Adibning ong-shuiri, tasavvuri, qalami tinimsiz, o‘la-o‘lguncha ishlaydi. Harakatda bo‘ladi, izlanadi, imkon bo‘lmagan jamiyatdan imkon izlaydi. Kaminangiz, ana shu to‘xtovsiz jarayonning oddiy bir ishtirokchisi, ta’bir joiz bo‘lsa, qora ishchisi sifatida e’torof etishim mumkinki, men va Qalam haqisiz ishlaydigan, yoinki, ushbu haq evaziga durustroq, oyoq kiyimi sotib olishi dargumon bo‘lgan xamqalam do‘stlarim Donkixotga o‘xshasa, ajab emas.

HAYOT DARVOZASI

Oilani – hayotga kirib boriladigan darvozaga o‘xshatadigan bo‘lsak, ota darvozabon xisoblanishi mumkin. Ya’ni ushbu darvozadan har kim, huda-behuda kirib chiqavermasligi uchun qo‘riqchi ma’nosida.
Ota sho‘rlikni futbol o‘yinidagi darvozabonga o‘xshatsa ham bo‘laveradi. Chunki u oila manfaatlari, sha’ni, buguni va ertasi himoyachisi. Shu boisdan, o‘yindagi hakam yoxud xujumchi emas, aynan darvazobondir. U o‘z o‘rnida sergak turmasa do‘st-dushman, yaqinlar-begonalar, eng achinarlisi, farzandlar, nevaralar, evaralar – hujumchilar darvozaga ko‘p gol kiritib oila sha’nini toptashlari hech gap emas. Xudo ko‘rsatmasin, ana o‘shanda yirik xisobdagi mag‘lubiyatga uchrash mumkin.

KO‘PIK

Suv tez va jo‘shib oqsa uning yuzasida ko‘piklar xosil bo‘ladi.
Badiiy asar ham xuddi shunday, agar tez, jo‘shqin yozilsa, unda ko‘piklar hosil bo‘lishi ham mumkin. Shu boisdan adib asarga tanqidiy ko‘z bilan boqib, uni ko‘piklardan xalos etish kerak.

HIS-HAYAJON VA BOZOR

Odatda, ijod ahli, ayniqsa, adiblar his hayajonga berilishadi. Ular orzu-xayollar, tuyg‘ular qanotida juda yuksaklarga parvoz etadilar. Ma’lumingizkim, his-hayajon emas, aniq hisob-kitob, pul, juda ko‘p pulni yoqtiradigan bozor iqtisodiyoti va zamona bundaylarni unchalik xush ko‘rmaydi. Hayot ummonining kimsasiz oroliga eltib tashlashi ham hech gap emas.
To‘g‘ri, bozor deganingiz, albatta, g‘ala-g‘avur, his-hayajonsiz bo‘lmaydi. Ammo bu his-hayajon nimanidir sotish, sotib olish, ko‘p pul topish yo‘lidagi his-hayajon bo‘lib, u adiblar, havoyi odamlar his tuyg‘ulardan keskin farq qiladi. Ana shu farq jamiyatdagi tabaqalanishning asosiy sabablaridan biri bo‘lsa kerak.
Zero, haqiqiy his-hayajon, orzu-istak odamlari o‘z dunyolarini yaratishga intilsalar, bozor his-hayajonlari bandalari dunyo bozoridan o‘z ulushlarini ko‘proq, tezroq olishga intiladilar.
Ko‘ryapsizki, yuzaki qaraganda har ikki tomon odamlari o‘rtasidagi farq unchalik katta emas. Hamma gap – aniq hisob-kitobda.
Lekin masala tub mohiyatiga qarasak, o‘rtada chuqur jarlik bor.
Demoqchimanki, birinchi toifa odamlari– his-hayajon, yuksak insoniy tuyg‘ular, ijod ahli faoliyati – umru jon egovidir.
Ikkinchi toifa – bozor odamlari esa yugur-yugur, tinimsiz tashvishlar, yanglishmasam, yurakni chetlab o‘tsada, miyani charchatadigan og‘ir mehnat bilan pul, boylik orttiradilar. Har ikki toifa odamlari jamiyat uchun kerakli. Chunki moddiy boyliklar hayot uchun juda zarur.
Ma’naviy boylik ham xuddi shunday.
Shuni istardimki, ma’naviy va moddiy boyliklar bir-birini to‘ldirib, bir-biridan kuch olsa, nur ustiga nur bo‘lar edi.

MILLAT – IBRAT…

Dunyoda necha yuz millat bo‘lsa, shuncha o‘ziga xoslik, tabiat, mentalitet bor. Ular hech qachon bir-birini to‘lig‘incha, aynan takrorlamaydi. Buning iloji ham yo‘q.
Ya’ni masalan, qaysidir millat vakillari biz o‘zbeklarga o‘xshab, bolajon, mehmondo‘st bo‘lib qolmaydilar.
Xuddi shunday, boshqa millat vakillari nemislarga o‘xshab, darxol intizomli, batartib bo‘lmaydilar. Jumladan, byurokratiyaga hech kim ko‘r-ko‘rona taqlid qilavermaydi.
Yapon birodarlarimiz ham sermulozamat, har kimni hurmatini joyiga qo‘ya oladigan, e’tiborli xalq. Biroq xitoyliklar ulardan keskin farq qiladilar.
Yaponiyaliklar o‘z joniga qasd qilish bo‘yicha dunyoda yetakchi o‘rinni egallaydilar. Yaxshiyam, boshqa millat kishilari ularga ergashishmaydi.
Aytmoqchi bo‘lganim, har bir millat, halq faqat o‘z-o‘ziga o‘xshaydi, o‘z-o‘zini takrorlaydi, hayotga o‘z ko‘zi bilan qaraydi.

XO‘JALIK HISOBIDAGI G‘ASSOL

G‘assollik (yuvg‘uchi, murdasho‘y) eng xokisor, miskin, savobli kasblardan sanaladi. Ularning xizmatisiz mayitni tuproqqa topshirib bo‘lmaydi.
Demak, xar bir muslim, kuni bitganda o‘sha kamtarin kasb sohiblari xizmatiga muhtoj bo‘ladi.
Tumanimizda “Murdasho‘y”lar qishlog‘i ham bor.
G‘assollarga marhum va marhumalarning eski yoki yap-yangi kiyimlaridan xizmat haqiga qo‘shib beriladi. Bu odat hozir ham saqlanib qolgan.
Zamona zayli bilanmi, yoki azaldan shunday kishilar bo‘lganmi, bilmadim-u, hozir shunaqa odamlar paydo bo‘ldiki, ularni bemalol ko‘chma ma’noda “xo‘jalik hisobidagi g‘assol” desa bo‘ladi. Ana o‘shalarga, xudo ko‘rsatmasin, ishingiz tushsa, yoinki, do‘st, qarindosh bo‘lib qolsangiz, xuddi g‘assol qo‘liga tushgan mayitdek shipshiydon bo‘lasiz-qolasiz! Ulardan oson qutila olmaysiz, oxirgi so‘mingiz, kiyim boshingiz, uy joyingizdan, eng achinarlisi xuzur halovatingizdan judo bo‘lasiz. Ulardan “oson” qutilishning birgina yo‘li bor xolos, bu ko‘chma emas, haqiqiy ma’nodagi g‘assolning qo‘liga tushishdir. “Xo‘jalik hisobidagi g‘assol”lardan Xudo asrasin.

NIGOHLARDAGI XIYONATLAR

Agar yil fasllariga o‘xshatiladigan bo‘lsa, keksalik – umr qishi deyiladi. Ehtimol shundaydir, ammo yil fasllaridan farqli o‘laroq, uning so‘ngida gullab yashnagan bahor emas, yanada qahraton, qora qish bor.
Bizda “keksalik gashti” degan ibora juda ko‘p ishlatiladi. Ayniqsa OAVda bu so‘zlar me’daga tegadigan darajada ko‘p e’tirof etiladi.
Yuzaki qaraganda, bu to‘g‘riga o‘xshaydi. Nuroniy chehra, oppoq sochlarga hamma ham yetavermaydi. “Keksalik gashtini surishga yetganlar bor, yetmaganlar bor”.
Fikrimcha, “keksalik gashti” – ko‘ngildagi va ko‘zdagi achchiq yoshlar aro “rohat-farog‘at”dir.
Bunday deyishimga sabab shuki, qarilikda jismoniy va iqtisodiy imkoniyatlar xiyla cheklanadi. Birovning qo‘liga, eng yomoni qovoq-tumshug‘iga qarab qolasiz.
Eng yaqin kishilar, do‘stlar, tanish-begonalar so‘zlaringizni jiddiy qabul qilishmaydi. Qandaydir oilaviy muhim qarorni qabul qilishda hech kim siz bilan xisoblashmaydi.
O‘zim haqimda gapirayotganim yo‘q “hali yoshman”, keksalik gashtini surishga endi tayyorlanyapman.
Aytganday, bir narsa xayolimdan ko‘tarilayozibdi.
So‘ngida bahori bo‘lmagan qish fasli, katta-kichik xiyonatlar, ularga majburan ko‘nikish davri hamdir.
Bu ochiq-oydin xiyonat bo‘lmasligi ham mumkin… Faqat eng yaqin kishingiz nigohidagi nopisand zaharxanda ham qariya uchun xiyonat bo‘lsa kerak.
Bu – keksa kishi ko‘ksini yerga berib g‘am chekishi kerak degani emas. Inson – irodasi butun odam uchun oldinda hamisha nur bor, albatta!

YURAK SIRLARI

“Haqiqiy do‘stlar kam bo‘ladi” degan so‘zlar asrlar, ming yilliklar osha tinimsiz takrorlanadi. Va bu so‘zlarda asos ham bor.
Xozirgi murakkab, alg‘ov-dalg‘ov, tahlikali zamonda o‘sha so‘zlar yanada yovuzlashdi: “O‘rtada qandaydir manfaat bo‘lsa, haqiqiy do‘st yo‘q!”
Buni, albatta, chin haqiqat deb bo‘lmaydi. Sodiq do‘stlar hamma zamonlarda bo‘lgan, bundan keyin ham bo‘ladi. Xozir gap bu haqda emas. Menimcha, yurak sirlarini, ayniqsa, inja orzularni xatto sodiq do‘stlarga ham aytish unchalik to‘g‘ri emas.
O‘n besh yillarcha burun o‘zimizda ishlab chiqarilgan zamonaviy mashinalarga juda havasim kelib, esli do‘stlarimning biriga “Matiz” olish niyatim borligini aytganimda, u sovuqqonlik bilan so‘zimni kesdi. “Oltmish yoshda mashina olishing dargumon, axir, “Matiz” falon pul turadi!”
Ko‘nglim juda og‘ridi, ammo do‘stimga xech nima demadim.
Oradan ko‘p o‘tmay, Alloh marhamati ila, yap-yangi mashina sotib olishga muvaffaq bo‘ldim…
Yuqoridagi voqea menga dars bo‘lmagan ekan, yetmish yoshim arafasida hamta’lim do‘stlarimning biriga orzuyim haqida shunday dedim:
– Bilasanmi, bu haddan tashqari issiqlar jonimga tegdi, mo‘jazgina bog‘ yaratib, uning qoq o‘rtasida paxsa uy qurib yashamoqchiman…
– Ob-bo xayolparast-yey, shu yoshda ham orzularing juda havoyi-da! Yer-suving yo‘q, bilagingda kuching qolmadi hisob… Paxsa uyli bog‘ni qaysi xisobdan barpo qilasan?..
Men, qarib-quyilmagan gumrohning damim yana ichimga tushib ketdi. Do‘stimga javob qaytaraolmadim.
Javob bir necha yildan so‘ng tayyor bo‘ldi. Yetmish yoshga to‘lishimga bir necha oy qolganda o‘zim, o‘g‘lim va nevaram bilan birgalikda barpo qilgan kichkina bog‘imiz hosilga kirdi. O‘rik, olma, shaftoli, olxo‘ri, uzum, xurmo shig‘il meva tugdi. Atirgullar, archalar ko‘kka bo‘y cho‘zib, shunday salqinlik paydo qildiki, paxsa uyga hojat qolmadi. Ushbu kichik xikoyani may oyi oxirlarida o‘rtancha o‘g‘lim o‘sha mo‘jaz bog‘imizdan bir chelak husnidan to‘ysa bo‘ladigan ertapishar o‘rik olib kelgandan so‘ng, uni totib ko‘rgach yozayapman.
Inson qaysi yoshda bo‘lmasin, orzu qilishdan charchamasligi, to‘xtamasligi kerak. Orzu kushandalari esa hamma vaqt bo‘lgan. Mehnat, orzu sari qat’iy xarakat ularning ishonchsizligini chippakka chiqaradi.

IJOD OLOVI

Haqiqiy badiiy ijod olovida muttasil kuyib-yongan adib uchun boshqa yonishlar unchalik qo‘rqinchli bo‘lmasa kerak.
Zero, yurak yonishi va jism tan yonishi – bular butunlay boshqa-boshqa tushunchalar xisoblanadi.

YOLG‘ONNING AHVOLI

Odamlar bir-birlariga shunchalar ko‘p yolg‘on gapiradilarki, bundan o‘zlari aziyat chekadilarmi, yo‘qmi, bilmadim-u, ammo sho‘rlik yolg‘onning o‘zi o‘lar xolatga kelib qolsa keragov…

HIMOYA

Agar ta’bir joiz bo‘lsa, ko‘ngli nozik kitobxon xiyla qo‘pol deya o‘ylamasa, adibning haqiqiy adabiyotga taalluqli har bir asari – mo‘ljal sari otilgan o‘qdir. U bexato urishi lozim bo‘lgan nishon – inson qalbi, ko‘ngli, ong-shuiri sanaladi.
Bu o‘qning oddiy qo‘rg‘oshin o‘qdan farqi shundaki, u mahv etmaydi, balki, jonlantiradi, kurashishga, yashashga, yashnatishga, sevishga, insonparvarlikka o‘rgatadi. Nomidan ajal sasi kelib turgan yuqorida aytilgan o‘qdan mo‘jiza sodir etish uchun birgina shart bor. U borib tekkan nishon – chin inson, oqko‘ngil, hayot sevar, sevgan, sevilgan, yashashga ishtiyoqi kuchli bo‘lishi kerak.
Sirtdan qaraganda, ushbu shart unchalik og‘ir bo‘lmasa kerak. Ammo insoniyat bir-biridan juda yiroqlashgan, foyda, manfaat ulug‘langan, pul, boylik, oltin Xudo darajasiga ko‘tarilgan jamiyatlarda adabiyotning hayotbaxsh o‘qlari aksariyat xollarda mo‘ljalga tegmaydi. Zero, loqaydlik, manfaatparastlik, pulparastlik hukmron bo‘lgan ko‘ngillar o‘qlardan yetti qavat zirh bilan qattiq himoyalangan. Eng yomoni shundaki, mo‘ljalga tegmagan hayotbaxsh o‘qlar endi ismi-jismiga monand kushandaga aylanadi. O‘zini otgan adib, ijodkorlar ko‘ksiga borib qadaladi.To‘g‘ri, ular ham kaminangiz oddiy qalamkash hayoli mahsuli bo‘lgani uchun dafatan o‘ldirmaydi, albatta. Faqat bu o‘qlar qoldirgan yaralar o‘la-o‘lguncha bitmasa kerak…

E’TIROF

U omadli, obro‘-martabali kishi bo‘lib, mansab otida yurganida imkoniyatlaridan ustalik bilan foydalanadigan odamlar juda ko‘p edi. Hayot va dunyo charxpalagi tinmay aylanar, shuning barobarida, yillar shamoli omadli insonimizning hayot gulini so‘ndirib, obro‘-martabasini sekin-asta pasaytirib borardi.
Boyaqish buni sezmas, atrofidagi soyasiga salom beruvchilar tobora kamayib, ig‘vo, kin-adovat ko‘payib borayotganini ham unchalik bilmasdi.
Nihoyat kezi kelib, mansab va boylikning g‘oyatda asov oti uni ustidan itqitib tashladi. U yiqildi, qattiq lat yedi, keksalik, kasalliklar iskanjasiga tushdi. Unga bir vaqtlar xavas qilganlar hasadchilarga, uning nomini tiriklik daftaridan o‘chirmoqchi, bo‘lib qattol dushmanlarga aylandilar.
To‘g‘ri u kuni kelib mansab-martabadan ayrilishi, keksayib, kimlarningdir yo‘liga intizor bo‘lishini ham bilar, bunga bir qadar o‘zini tayyorlagan edi.
Biroq “birovga yomonlik qilmaganman-ku, dushmanlarim unchalik ko‘p bo‘lmasa kerak”, deb o‘ylardi. Dushmanga aylangan do‘stlar, hamkasblar, raqobatchilar qanchalar shafqat sizlik bilan o‘ch olishlari mumkinligini hayoliga keltirmagandi. Aslida esa, sobiq do‘stlar, hamkasblar intiqomi juda yomon bo‘larkan. Buni u bechora suyak-suyagi, qon-joni bilan his etdi. “Birorta ham do‘stim qolmadi”, deya dahshatga tushdi. Xayolning, ko‘ngilning necha ming ko‘chalariga kirib chiqdi. Nihoyat, ong-shuurining eng olis bir burchagida mo‘jaz bir nur ko‘ringandek bo‘ldi, chiroq miltiradi. U o‘zini shamga urgan parvonadek o‘sha yoqqa intildi, bu birga o‘qigan, ko‘p yil birga ishlagan do‘sti ekan. U ana shu yakka-yu yagona do‘st huzuriga oshiqdi.
– Do‘stim, xoloskorim! Sendan boshqa hech kimim qolmadi, men uchun yakka-yu yagona najot manzilisan! – deya hayqirdi aftodahol mehmon.
Do‘st xursand bo‘ldi, yuzlari yorishib jilmaydi, ular quchoqlashib, bir muddat jim qolishdi, so‘ngra har ikki qariya xo‘ngrab yig‘lab yuborishdi. O‘ksib-o‘ksib, yelkalari silkinib juda baxtsiz odamlardek uzoq yig‘lashdi. Keyin ular o‘zlarini bosib olib, bir-birlariga uzoq tikilib qolishdi.
Xar ikkalasining yuzlari bo‘g‘riqib, qizarib ketgandi, chuqur-chuqur nafas olishardi.
Shu asnoda mezbon tilga kirdi.
– Mening ham sendan boshqa hech kimim qolmadi.
Biroz jimlikdan so‘ng mehmon shunday dedi.
– Ey voh, sening yakka-yu yagona do‘stim ekaningni bilish uchun shunchalar jabr-sitam ko‘rishim kerak ekan-da?..

UNVONLI KITOBXONLAR

Dunyoning biror-bir mamlakatida, hatto g‘oyat kitobsevar Hindistonda ham bizdagidek zukko kitobxonlar topilmasa kerak. Nega deysizmi? Yozganlarimni o‘qishda davom eting.
Bizning aqlli kitobxonlarimiz adib asarlarini emas, uning unvon mukofotlari ro‘xatini o‘qib, yashayotgan uyi, mingan mashinasi, mol davlatiga qarab baho berishadi. Chunki yuqorida aytganlarim haqidagi ma’lumot bir necha soniyada o‘qiladi, asarni o‘qish uchun esa hech bo‘lmaganda uch kun kerak bo‘ladi.
Shuning uchun tezkor asrimizning kitobxoni albatta oson yo‘lni tanlaydi-da!
Eng qizig‘i, ziyolilar, noshirlar, deyarli barcha soha xodimlari xuddi shunday mutolaa qilishadi. Eng achinarlisi, adiblarning o‘zlari ham kitob o‘qishning zamonaviy, oson yo‘lini tanlashadi.
Bolajonlar, yoshlar o‘zimizning o‘ta zamonaviy kitobxonlardan o‘rnak olishsinmi yoki Hindistonlik bilimdonlardanmi? Bu savolga kaminangiz, qariyib 70 yillik kitobxon javob topa olmayapman…
“Uzoqdagi quyruqdan – yaqindagi o‘pka afzal”, deganlaridek fikri ojizimcha, o‘zimizning kitobxonlarga “tezkor usul” uchun qo‘sha-qo‘sha unvonlar bersa arziydi…

XIYONATKOR

Xiyonatkor farzand – ota-ona qo‘ynida asralgan zaharli ilondan xam battoroqdir.

SUNBULA GURUNGLARI

Mana, 12 yildirki, yozuvchi va shoirlar Muhammad Pirriyev, Abulqosim O‘tepberganov, Hayitboy Abdusodiq va kaminangiz sunbula yoki mezon oyi boshlarida Do‘rmon ijod uyida uchrashib, dam olamiz, tugallanmagan asarlarimizni oxiriga yetkazib, yangilarini yoza boshlaymiz. Qibrayning go‘zal tabiati, Toshkentning saxiy kuzi ijod ahli uchun ko‘ngilli va samarali ekanini hamqalam do‘stlar yaxshi bilishadi. Do‘rmondagi har bir daraxt, gul-ko‘kat, har qarich yer bu joyda yashab, ijod etgan buyuklar ruhi bilan hamohangligi sabab, qalam ahlini barakali ijod qilishga undaydi.
O‘ziga xos, faqatgina o‘ziga o‘xshagan shoir do‘stimiz Qoraqalpog‘istonning Xo‘jaylisida shundoq Amudaryo yaqinida istiqomat qiluvchi Hayitboy Abdusodiq har gal Do‘rmonga kelganida, bir necha “Qoratov” va bozordan ancha-muncha dudlangan baliq ola keladi. Kelgan kuniyoq, do‘stlarni xonasiga chorlab, topgan-tutganini dasturxonga qo‘yadi. Tabiiyki, Do‘rmonda yashaydigan mashhur Qoraqalpoq adibi, halq yozuvchisi O‘rozboy Abdurahmon bu davraning to‘rida bo‘ladi, hazil-mutoyibani maromiga yetkazib, kosagullik qiladi. Kunlarning birida u shunday lutf qildi:
– Do‘stlar, bir zamonlar, olis o‘tmishda dekabristlar bo‘lganini yaxshi bilasiz, sizlarni esa, kuz avvalidagi an’anaga aylangan uchrashuvlaringiz uchun bemalol sentyabristlar desa bo‘laveradi. Ya’ni Do‘rmon sentyabristlari!
Adabiy suhbatlar tonggacha davom etadigan bu davralarda taniqli adiblar Nurali Qobul va Qo‘chqor Norqobil doim ishtirok etishadi va so‘ngra tongotar suhbatlar ularning dala xovlisiga ko‘chadi.
Yanglishmasam, 2016 yil sunbula oyi o‘rtalari edi. Qo‘yni-qo‘nji to‘lib Do‘rmonga kelgan Hayitboy o‘sha oqshom o‘zining 2-qavatga ko‘tariladigan zinaning o‘ng tomonidagi chog‘roqxonasida biz do‘stlar uchun dasturxon yozdi. Dasturxonda ilgari ta’kidlaganimday dudlangan baliq, o‘z yog‘ida qovurilgan qo‘y go‘shti va tabiiyki, bir necha uzun bo‘yli “Qoratov” bor edi.
Umar Hayyom ta’biri bilan aytganda “Bir kosa sharobu qo‘yning bir soni” muhayyo.
Darvoqe, hali chog‘roq deganim – xona xiyla tor edi, ammo buyuk kengliklar o‘g‘loni bo‘lmish Hayitboy Abdusodiq ko‘ngli esa keng-da.
Xullas keng-torxonada shakarguftorlik avjiga chiqdi. Bir mahal dasturxon kam-ko‘stini kuzatib turgan Hayitboy shuni sezib qoldiki, “Qoratov” va dudlangan baliqning barakasi uchib, tagi ko‘rinib qolibdi, qo‘y go‘shti va boshqa yeguliklarga qo‘l tekkizilmagan. Gasht va kengliklar shoiri, vassofi Hayitboy Abdusodiq bu nomutanosiblikni hazm eta olmadi. Axir, shoir atalmish nozik, injiq mavjudot hammasi o‘z o‘rnida, risoladagidek bo‘lishini istaydi!
Mezbon g‘ala-g‘avurni bosish uchun qo‘lini andak ko‘tarib xitob qildi.
– Birodarlar, dudlangan baliq garchi Amudaryoniki bo‘lsa-da, ovqat emas, bor yo‘g‘i gazakdir, xolos. To‘g‘ri, bu jonivor “Qoratov” bilan o‘pishib, yig‘lashib ko‘rishadi. Lekin ovqatga qo‘l tekkizmabsizlar. Ataylab, qo‘y go‘shtini dumba yog‘iga qovurib, olib kelgandim. Shunday qilinsa, uzoq muddat saqlanishini yaxshi bilasizlar.Menga farqi yo‘q, uni boshqa mehmonlar bilan baham ko‘rishim ham mumkin.
Xonada shunaqa qahqaha yangradiki, deraza oynalari zirillab ketdi. Ziyofat yana davom etdi. Endi hech kim qolgan baliqqa qo‘l uzatmadi, hamma qo‘y go‘shti bilan ovora edi.

CHIDAGANGA – CHIQARGAN…

“Ota-onadan bo‘lak boshqa hech kimdan vafo ko‘rmadim”, deya aslo hafa bo‘lmang. Yer yuzida aksariyat insonlarning qismati siznikidan battarroq, hatto ulug‘ amir Alisher Navoiy ham “Mehr ko‘p ko‘rguzdim, ammo mehribone topmadim”, deya nido qilganlar.
Boumid dunyo. Siz uchun shunchaki vafo emas, mutloq vafoga sazovor bo‘lish yo‘li bor albatta. Bu unchalik og‘ir ish emas. Ya’ni, o‘z -o‘zingizga, yana va yana o‘zingizga vafo qilsangiz, shak-shubhasiz, mutlaq vafoga sazovor bo‘lasiz.
Bu boshqa birovning qo‘lidan kelmaydi. O‘zga yo‘li ham yo‘q.
Ana shunaqa do‘stim, chidaganga chiqargan!..

“TЕKINXO‘R”

Yo, xudo! Bir yarim oydan buyon, bir satr ham yozmadim… Demak, o‘z nonimni, o‘zim tekin yeb, “tekinxo‘r” bo‘libman-da?
Bu qismatdan Allohning o‘zi asrasin!..

SAYRAYOLMAYDIGAN BЕDANA

Kuylayolmaydigan qo‘shiqchi, yozaolmaydigan shoir-yozuvchi, quraolmaydigan quruvchi va hakozalar ko‘payib borayotgani hech kimga sir emas. Buni qarangki, sayramaydigan bedanalar ham paydo bo‘libdi. To‘g‘ri, bunday jonivor tabiatda oldin ham bo‘lganmi, yoki yo‘qmi, buni aniq bilmayman-ku, yaqinda eshitgan gapim hayron qoldirdi.
Tirikchilik uchun emas, shundoq, ermakka qush boqadigan sinfdosh do‘stim “Xo‘sh, bedanalaring sayroqi bo‘lib qolishdimi?” degan savolimga shunday javob qildi:
– E-e, o‘zimning ham hafsalam pir bo‘ldi. Bu sho‘ring qurg‘urlar go‘sht uchun yetishtiriladi, unchalik sayrayolmas ekan… E voh, kun kelib tongda qichqirolmaydigan xo‘rozlar, sayrayolmaydigan bulbullar paydo bo‘lsa, nima qilamiz?

QAYNAMAGAN QORAQOZON

“Chiroyli gap, so‘zlar, ash’or, hikoyatu rivoyatlardan qozon qaynamaydi, qorin to‘ymaydi”, – yozg‘iradi avom. Ehtimol, qorin bandalari uchun shundaydir. “Bo‘sh qop tik turmaydi”-da. Balki haqiqiy kitobxonlar, adabiyot ixlosmandlarining juda ozligi shuning oqibatidir?..
Faqat behisob shukrlar bo‘lg‘aykim, och qoringa ash’or tinglab, hikoya o‘qiydiganlar ham talaygina…
Darvoqe, Do‘rmon ijod uyida hamon xo‘rozlar qichqirib, bulbullar sayrab, qozonlar qaynab ishtahani qitiqlovchi hid taratib turibdi.
Axir subhi sodiqda tog‘dan esgan shabbodaga ko‘krak tutib, she’r yozgan yoki o‘qiganga ne yetsin.
Aytganday Do‘rmon oshxonasi taomlari juda mazali, mehmon bo‘lib keling!

“QOCHQINLAR”

Yuqorida aytganimday, ijod uyi oshxonasi milliy taomlari juda mazzali, qo‘li shirin oshpazlar Isroiljon va Muqaddasxon adiblarni tez-tez palovxonto‘ra, somsa, manti bilan siylab turishadi. Ayniqsa, nonushtaga issiq somsa tortilganda qalam ahli yayrab ketadi.
Shunga qaramay, sunbula choshgohlarining birida qalam-qog‘ozni bir chekkaga qo‘yib, Qibrayga borib, somsaxo‘rlik qilgimiz kelib qoldi. Bahonada, yo‘l-yo‘lakay chaq-chaqlashib, chor-atrof go‘zalliklaridan bahramand bo‘lmoqchi ham edik.
Shu taxlit biz “sentyabrchilar” Muhammad Pirriyev, Abulqosim O‘tepberganov, Hayitboy Abdusodiq, kamina-i kamtarin poyi piyoda yo‘lga tushdik. Mezbon maqomiga ega bo‘lgan O‘rozboy og‘a ham bizga hamroh bo‘ldi. Gurunglashib, sekin-asta Qibrayga yetib bordik. Ochiq havodagi shinam oshxonaga joylashib oldik. Shu zahoti yonimizda paydo bo‘lgan oshxona xodimasi yoshgina, ko‘hlik juvon, bizning yengil-yelpi kiyim boshimizga nazar tashlab, shunday xitob qildi:
– Amakijonlar, sizlar dam olish uyidan qochib kelyapsizlarmi?
Kayfiyatimiz yaxshiligidan xazil mutoyibaga moyil edik. Men shunday dedim:
– Singiljon, bu amakilaringiz ham, men tog‘angiz ham dam olish uyidan emas, o‘zimizdanda injiqroq xotinlarimiz, ya’ni yangalaringizdan qochib shu yerga kelib turganimiz…
Hamma baravariga kulib yubordi. Juvon ko‘zlari yoshlanguncha kuldi va qo‘shib qo‘ydi: “Bo‘ldi, tushundim, Do‘rmondan kelyapsizlar, shoirlar shunaqa sho‘x bo‘lishini yaxshi bilaman”.
Xodima tezda choy damlab keldi, tandirdan endi uzilgan somsalarni o‘rtaga qo‘ydi. Shu tariqa “sentyabrchilar” uchun endi yaqin tarixga aylangan somsaxo‘rlik boshlandi.

YO‘QOLGAN TISH CHO‘TKASI

Do‘rmonda “sentyabrchilik” harakatining asoschisi va yorqin namoyandalaridan biri Muhammad Pirriyev tiramoh, salqin saharlarning birida ijod uyi ikkinchi qavatidagi o‘z xonasida, qog‘oz, qalamlarini tartibga keltirib o‘tirganida taqillab ulgurmagan eshik bexosdan ochilib, xonaga o‘rta bo‘y, o‘rta yoshar, bug‘doyrang bir kishi kirib keldi-da, salom-alikni nasiya qilib, he yo‘q, be yo‘q yuvinish xonasidan nimanidir zo‘r berib izlay boshladi.
Muhammad og‘a hayron bo‘lganini yashiraolmay, undan so‘radi:
– Ha, birodar, tinchlikmi? Bu yerdan nimani izlayapsiz?
Notanish kimsa istar-istamay javob qildi:
– He, shunday, o‘tgan yili shu joyda tish cho‘tkamni unutib qoldirgan ekanman, shuni qidiryapman…
Asli kasbi tish shifokori bo‘lgan Muhammad og‘a endi chinakamiga hayratga tushdi.
– Obbo, siz-yey, nahotki bir yil mobaynida tishingizni yuvmagan bo‘lsangiz?!
Notanish kishi (keyinroq u taniqli shoir ekani ma’lum bo‘ldi) qanday kelgan bo‘lsa, shunday, indamay chiqib ketdi.
Shifokor adib o‘z-o‘ziga shunday debdi:
– To‘g‘ri, u boshqa cho‘tka sotib olgan bo‘lishi ham mumkin, ammo buni aniq bilmayman-ku!
Biz bu voqeani do‘stimizga tez-tez eslatamiz va qaytadan aytib berishini iltimos qilamiz.
U kishi hech erinmay ipidan-ignasigacha aytib beraveradi.
Keyingi yillarda bu voqeani eshitib, miriqib kulmagan shoir-yozuvchi qolmadi hisob.

ADIBNING BAXTI

Birinchi o‘zbek romannavisi, “O‘tgan kunlar”, “Mehrobdan chayon” asarlari muallifi Abdulla Qodiriy adabiyotimiz kashshofi, buyuk iqtidor sohibi bo‘lgani uchun mustabid tuzum qonho‘r siyosati, o‘zimizdan chiqqan sho‘ro malaylari, xoinlar, millatfurushlar fitnasi qurboni bo‘lgan.
Shunga qaramay, u asarlari juda ko‘p o‘qilgan va o‘qilayotgan eng baxtli adib sanaladi. Fikrimning isboti uchun faqat birgina misol keltiraman. Ko‘ngliga ishq mehmon bo‘lgan har bir o‘zbek yigiti o‘zini Otabek yoki Anvar mirzoga o‘xshatadi, sevgilisini Kumush bibi yoxud Ra’no qiyofasida ko‘rgisi keladi. Muhabbat ostonasida turgan har bir qiz o‘zini Kumush bibi yoki Ra’no deya tasavvur etadi. Suyukli yori esa Otabek va Anvarga o‘xshashini juda-juda istaydi.
Ana endi, aziz kitobxon, o‘zingiz ayting, adib uchun bundan orttiqroq baxt bormi?
Qodiriy ruhi, dahosi har bir o‘zbek xonadonida mangu barhayotdir.

HOZIRU NOZIR

Zamona yaxshiligidan bo‘lsa kerak, nevara, evaralarning tili juda shirin. Amaliy ishlar esa har bir oilada har xil. Bobo va buvijonlar yozg‘irib o‘zlarini tarbiya bera olmaganlikda ayblashadi. Aslida esa, kuzatishlarimga qaraganda, bu masalaga turlicha qarashlar mavjud. Chunonchi, bolajonlarimizning o‘zida ham bo‘lishi kerak axir. “Yaxshi farzand –Xudodan”, deb bejiz aytishmagan.
Misol uchun, siz nevarangiz yoxud evarangizga qo‘ng‘iroq qilib, undan bir kelib ketishini iltimos qildingiz. U “hozir boraman, bobojon”, deya lutf etdi.
Siz xursand bo‘lib, telefon tugmasini bosdingiz. Ammo andak sabr qilganingiz ma’qulroq. Zero, jigargo‘shangizning “Hozir”, deya qilgan marhamati 15-20 daqiqadan 15-20 kungacha davom etishi, yo umuman qorasini ko‘rsatmasligi mumkin.
Ana shunaqa gaplar, og‘ayni, bobo va katta bobo bo‘lishni chidaganga chiqargan!
Zamon, makon va vaqt tushunchalari tez-tez o‘zgarib, takomillashib, rivojlanib boraveradi. Ishqilib, zamondan ortda qolmasangiz bo‘lgani6.

TOVON

Bolaligim o‘tgan XX asrning o‘sha olis 50-yillarida insonlarning o‘zaro munosabatlari juda oddiy, sodda va samimiy edi, nazarimda. O‘shanda juda yo‘qchilik bo‘lmasada, unchalik to‘qchillik ham emasdi. Qo‘ni-qo‘shni bir-biriga suyanib, ahil yashashar, tirikchilik uchun bir-birovdan u-bu so‘rab turish ayb sanalmasdi. Qandaydir tansiq taom pishirilganda, qo‘ni-qo‘shni, bir-biroviga ilinishi tabiiy sanalardi.
Shundan kelib chiqib, ota-ona va o‘g‘il-qizlar munosabatlari ham juda samimiy, haqiqiy, qon-qarindoshlik bo‘lib, ta’ma aralashmagandi. O‘zi yemay yediradigan, o‘zi kiymay kiydiradigan ota-ona mehnati yuksak qadrlanib, ular farzandlariga mol, dunyo berish, bermasligiga unchalik e’tibor qilinmasdi.
Farzandlar ota-onalarini hech qanday ta’masiz yaxshi ko‘rar edilar. Endi bo‘lsa, pulga sajda qilinadigan jamiyatda ota-onalar va bolalar munosabatlari butunlay o‘zgarib ketdi.
Qon-qarindoshlik, jon-jigarchilikning samimiy munosabatlari bir chekkaga surilib, ularning o‘rnini pulparastlik, molparastlik, manfaatparastlik egallab oldi. Hozir ortiqcha davlati bo‘lmagan, o‘g‘il, qizlarining nikoh to‘yiga qo‘sha-qo‘sha mashina va hovli joylar, qimmatbaho buyumlar sovg‘a qila olmaydigan sho‘rlik volid va volidalar “qashshoq qarindosh” maqomida bir chekkada mung‘ayib qoldilar.
Ishoning, halol yo‘l bilan boy-badavlat bo‘lganlarga mutlaqo e’tirozim yo‘q. Qandlarini urishsin! Ammo qandaydir nopok yo‘llar, yurt mulkini o‘marish yo‘li bilan pul topgan o‘g‘il-qizlar, quda-andalar, qarindosh-urug‘lar qo‘li qisqaroq ota-onalarini hatto, oyoq uchlari bilan ko‘rsatishmaydi.
Mabodo, o‘g‘il yo qizingiz ana shundaylar sirasidan bo‘lsa, sho‘rim quridi deyavering. Bu “Farzandi qobillar” sizni oylab, yillab yo‘qlamagani, sariq chaqalik ko‘mak bermagani yetmaganday, o‘zlari tug‘ilib-o‘sgan oilaga turli ijtimoiy-iqtisodiy shartlar qo‘yishdan sira charchashmaydi, uyalishmaydi. Keksalik sabab bo‘libmi, qo‘lingiz kaltalik qilibmi, o‘ziga va o‘g‘li-qiziga tug‘ilgan kuni munosabati bilan sovg‘a qilolmasangiz tamom, baloga qolasiz. Bu uyatsizlar yillab qovoq-tumshuq qilib yuraverishadi.
Ishqilib, pulingiz bo‘lsa-bo‘lmasa, farzandlaringizga mashina, uy-joy sovg‘a qilishdan qochmang. Hech bo‘lmasa, katta qarz ko‘taring, o‘lmasangiz to‘lab, qutilasiz. Mashina, uy-joy bolajoningizning yonida qoladi.

O‘ZGA SAYYORALIKLAR

Bolalar, nevaralar, evaralar, ota-onalari, bobo-buvilari, katta bobo, katta buvilari uchun o‘zga sayyoraliklarday bir mavjudod bo‘lishar ekan. Zero, ular yashaydigan zamon va makon butunlay boshqa, yechadigan muammolari o‘zgacha, shundan kelib chiqib, ular yo‘l qo‘yadigan xatoliklar o‘zlaridan oldingi avlodlarinikiga mazmunan o‘xshasada, shaklan o‘xshamaydi.
Demak, qoqilib yiqilganda, har bir avlod faqat o‘zigagina xos tarzda lat yeydi, peshonasidagi g‘urra ota-bobolarinikiga sira o‘xshamaydi, har kim faqat o‘z hayotiy tajribasiga tayanib ish ko‘radi. Yaqin kishilar o‘rtasidagi kelishmovchiliklarning tub ildizi ana shunda.
Endi, muhtaram kitobxon ko‘nglingizga malol olmasangiz, 17 yoshida onaizoridan, 23 ga ham to‘lmay otasidan judo bo‘lgan kaminangizning so‘zlariga andak e’tibor bersangiz…
Bular faqat meninggina qarashlarim, shaxsiy fikrim. Ota-onasi mehriga qonganlar yoinki, ota bezor, ona bezorlar menga quloq solmasalar, xafa bo‘lmayman.
Faqat, muallif sifatidagi o‘zga sayyoraliklar haqidagi o‘z nuqtayi nazarimni bayon qilaman, xolos.
Kuzatishlarimga qaraganda, farzand – do‘st, sirdosh, suyanchiq bo‘laoladimi, degan savol ko‘pchilikni juda qiynaydi.
Qisqacha javobim shunday: farzand do‘st va sirdosh bo‘la olmaydi. U faqat farzand maqomida, xolos. Uning o‘z do‘stlari, sirdoshlari bor. Suyanchiq bo‘lish masalasi esa juda keng tushuncha. Farzand – suyanchiq, yurakdagi sanchiq, hatto o‘z yaratuvchilari xuniga zomin bo‘lishi ham mumkin.
Ha, muxtasar gap shu, farzand faqat farzand bo‘la oladi, xolos! Boshqa hech kim emas!
Rahmatli otamning “farzand shirin dushman…” degan iboralarini hozir eslashim joizmikan, yo‘qmi, shuni bilmayroq turibman…

AQLLI CHUMCHUQ

100 gramm tana vazni bo‘lgan chumchuqning, miyasi 4,5 gramm. U qushlarning eng aqllisi xisoblanarkan.
Yuz ellik kilo vaznli inson chumchuqdan aqlliroq ekan-da…

48

(Tashriflar: umumiy 19, bugungi 1)

Izoh qoldiring