Берт тўққиз яримда барга кирган пайти Жоржия у ерда йўқ эди. Берт ҳеч нарса гапирмади, фақат пештахта ёнига ўтиб, бир финжон қаҳва билан бренди буюрди. У чоракта кам ўнда белгиланган ўн беш дақиқа ўтириб туриш учун пианино ёнидан жой олди. Жоржия ҳамишагидек, роппа-расо ўнда, соат охирги занг уриши билан чиқиб келиши керак эди.
Фред Макморроу
МЕНГА ҲИМОЯ КЕРАК ЭМАС
Аҳмад Аъзам таржимаси
Берт тўққиз яримда барга кирган пайти Жоржия у ерда йўқ эди. Берт ҳеч нарса гапирмади, фақат пештахта ёнига ўтиб, бир финжон қаҳва билан бренди буюрди.
У чоракта кам ўнда белгиланган ўн беш дақиқа ўтириб туриш учун пианино ёнидан жой олди. Жоржия ҳамишагидек, роппа-расо ўнда, соат охирги занг уриши билан чиқиб келиши керак эди.
Бар эгаси Жо Палермо Бертга хавотир билан қаради, кейин пештахта тепасидаги соатга, кейин яна Бертга тикилди. Лекин Берт унга қараб ҳам қўймади.
Ҳали эрта эди, лекин Берт ҳозироқ бугун қанақа мижозлар тўпланганини айтиб бера оларди. Уларга чидаса бўлади, ҳар қалай, «Рухсат беринг, Чарли пианинонгизни чалсин», деган аҳмоқона илтимослар билан хиралик қилмайдилар. Улар овқатланиш ёки гап сотишга эмас, Жоржия ва Берт учун келадилар. Буларнинг ҳаммаси, албатта, Жонинг бадига уриб кетган. Берт билан Жоржия иш сўраб келганларида, бу ернинг куни битиб қолаёзган эди, лекин, мана, уч ойки, энди уларни Винчелл, Лайонс, Нью-Паркерга ҳам таклиф қилишяпти.
Саккиз дақиқа қолди. Берт «Мен эслайман»нинг нақаротини чалаётганда Жо унинг ёнига келди. Берт маромни секинлатиб, Жонинг нима деганини эшитиш учун юмшоқ педални босди.
— Нима гап? – деб сўради Жо.
— Нима гаплигини мен қайдан биламан, — деди Берт. Бунақа эмас – нима бўлганини у яхши тасаввур қилаётган эди.
— Хўп, у бугун келадими, йўқми? – деб сўради Жо.
— Ташвишланма, ошна, — деди Берт.
— Уриниб кўраман, — деди Жо ва нари кетди.
Тўрт дақиқа қолди.
Берт уч нақаротли блюзни, Жоржиянинг чиқишига пешвоз ўйналадиган махсус блюзни ижро қилди. У блюзни чалган пайти Жоржия залга қўшиқ айтиб кирар, столлар оралаб ўтиб, фортепьяно ёнидан одатдаги жойини эгналлар эди
Жоржия си-бемолдан бошлаши керак эди. Берт нотани олди, лекин ҳеч нарса бўлмади. Электротехник реостатларни улади. Бу шунақа сезиларсиз бўлардики, Жоржиядан бошқа ҳеч ким эътибор ҳам қилмас эди Яна ҳеч гап бўлмади. Берт тезда «Шўх йигитлар»га ўтди, залдаги лампочкалар яна тўла ёришиб кетди.
У мижозларнинг ҳаяжонга тушганини пайқади. Залга қараб олди. Эшик олдида чорпахил бир йигит, полиция агенти бўлса бордир, Жо билан гаплашаётган эди. Жо уни столга бошлаб борди-да, кейин Бертнинг ёнига келди. Берт номерни тез якунлаб, жойидан турди. Мижозлар уни хушфеъл чапак билан олқишладилар, лекин олқишларида салгина зарда ҳам билиниб турар эди.
— Берт, — деди бўшашган овоз билан Жо. – бориб анави йигит билан гаплаш.
— Нима керак унга? – деб сўради Берт.
— Билмадим, — деди Жо. – Менга айтмади. Лекин биламан, ёмон бир нарса бўлган, жуда ёмон. Биласанми, Берт, мен бунақа нарсаларни сезаман.
— Қулоқ сол, Жо, — деди Берт. – Яхшилаб эшит. Сенинг сезишингга тупурдим. Лекин сир бой бермасликка урин. Жо, агар ўзингга, менга, Жоржияга зарари тегмасин десанг. Ҳозир қўлингдан келадигани шу. Уларнинг қанақа мижоз эканини биласан-ку.
Жонинг ранги мурдага айланди.
— Қанақа мижоз? Кимни гапиряпсан? – деб билжиради у.
— Нима, расмини чизиб кўрсатайми сенга? – деди Берг. – Ҳа, кейин, эшит, ўрнимиза одам топишинг керак. Бир жуфтни биламан – Энди билан Элис. Айни иш излаб юришибди. Мен биламан, йўқ дейишмайди.
— Ҳозир? Шу пайти-я?
— Ҳозироқ, — деб Берт ҳамёнидан ён дафтарчасини олди. – Мана, манзили. Сим қоқишинг мумкин. Улар уйида бўлиши керак.
— Лекин, кўряпсан-ку, бунақа кутилмаганда, — деб чайналди Жо.
— Э, сен хавотир олма. Эплайди улар, — деди Берт. – Ўн беш ддақиқада етиб келади. Ҳозир қўлингдан келадиган жўяли иш ҳам шу.
— Э худойим, сезяпман, бу мени ўлдиради, — деб ҳиқиллади Жо.
— Уларга сим қоқ, — деди яна Берт. – Хавотир қилма. Эплайди улар.
Берт ёнига борганида стол ёнида ўтирган новча йигит у билан кўришишга ўрнидан турмади.
— Сиз Берт Хейберми?
— Бўлиши мумкиндир. Сиз кимсиз?
— Жек Бертон, қидирув полицияси вакили, Манхеттен-Истдан. Сиз танишмисиз…
— Аввал нишонингизни кўрсатинг, бошлиқ. Йўқ, бунақа эмас. Менга беринг-чи, яқиндан кўрай.
Лекин Берт энди нишонга қарамаса ҳам бўлади. Унинг бўртма шаклга, қидирув полициясининг хос тамғасига қўл тегизиши кифоя эди. У нишонни эгасига қайтарди.
— Бўпти, — деди у. – Мен Берт Хайбер.
— Сиз танишмисиз… – Полициячи кўкрак чўнтагидан қоғозга ўралган фотографияни чиқарди. – Мана шу аёл билан?
Берт фотографияга қаради, кўзларини қисиб, худди жирканч бир нарсани кўргандек, уни отиб юборди.
— Ҳа, — деди ниҳоят. – Лекин айни шу фотографияни кўрсатишнинг сизга нима кераги бор?
— Бизда бошқаси йўқ, — деб тушунтирди вакил. — Шахсини аниқ белгилашимиз керак, ҳозирча қўлимиздан келгани шу – ўликни жиноят жойида фотога туширдик.
— Қаерда? – деб сўради Берт. — қаерда?
— Иккита тураржой туташ жойда, Эллик бешинчи кўча, тўққинчи билан ўнинчи авеню ўртасида. Ўша атрофда турармиди?
— Йўқ, — деди Берт. — қачон топдингиз уни?
— Бу жуда қизиқ савол бўлди, — деди вакил.
— «Қизиқ» деганингиз нимаси? Нима демоқчисиз?
— Айтдим, қўйдим-да, — деди вакил маънисиз бир овозда. – Балки нима демоқчилигимни сиз биларсиз, мистер Хайбер?
— А, бунақами, — деди Берт. – Тушунаман. Шундай бўлишини олдиндан билгандек гапиришим сизга ғалати туюляпти. Хўш, нима бўпти, балки ростдан шундайдир. Фақат қачон, қаерда, қандай бўлишини билмасдим.
— Айтолмайсизми, кеча кечқурундан бошлаб, бугунгача қаерда бўлганингизни?
— Албатта, айтаман. Ҳаммаси тугагандан кейин, Жоржияни уйига кузатдим….
— Ҳар куни уни кузатар эдингизми? У қаерда турган? Аниқ қайси вақтда у билан хайрлашдингиз?
— Кейинги икки ҳафта бўйи уни кузатишимга тўғри келди. Кимдир кузатиши керак-ку. У олтмиш биринчи кўчада турарди. Бу ердан икки маҳалла нари, агар шимолга тўғри юрилса. У билан хайрлашганимда тўртдан бир дақиқа ўтган эди. Аниқ эсимда, чунки вестибюлдаги соатга қараган эдим.
— Барвақт эмасми, нима дедингиз? Айтмоқчи эдимки, иш жойингиз тўртда ёпилади, у ёққа бориш учун бир дақиқа эмас, кўпроқ, демак…
— Ҳа, ҳали барвақт эди, — деди Берт. – Гап шундаки, ўзимни қай бир маънода у учун жавобгарман деб билардим. Кейинги икки ҳафтадан бери Жонинг барни бекитишидан анча олдин олиб кетар эдим, бизни билиб қолишмасин деб. Ёпилиш олдидан одатда тўс-тўполон бўлиб қолади, билдирмай чиқиб кетиш мумкин.
Вакил қўлини қовуштириб ўтирар, бош ирғаганча эшитар эди. Жо стол тепасига келди.
— Ҳаммаси жойида. – еди у. –Уйида экан улар. Шу дақиқада етиб борамиз дейишди. Сенга раҳмат деб қўйишимни сўрашди.
— Арзимайди, — деди Берт. У энди ўрнига ўрин топилганидан кейин Жонинг унча бебахт тўтмаётгани, Жоржиянинг бошига тушган воқеага ҳам тупургандек кўринаётганини пайқаб, зардаси қайнади. Лекин ҳали унинг ҳеч нарсадан хзбари йўқ. Нима қилибди, газетадан ўқиб олади.
— Балки жаноблари ичиб олар, — деб сўради Жо.
Вакил рад қилди.
— Биллга айт, менга икки ҳисса коктейл берсин, — деди Берт. Жоржия яхши кўрган коктейл. У доим Жоржия учун чаладиган куйни эслади. Бунақа коктейлни қандай тайёрлашади, а? Апельсинни сиқиб, гилос сувини қўшадилар… – Йўқ, — деди у, — майли, виски берсин, муз солиб.
— Хўп. Албатта, Берт, албатта, — деди Жо ва пештахтага ошиқди.
— Хўш, шундай қилиб, — деди Берт. – Уни кузатиб қўйганимдан кейин, уйга бордим. Уйда ётдим, кечқурун олтигача ухлабман. Уйғонганимдан кейин
Жоржияга сим қоқдим. Ҳеч ким жавоб бермади.
— Ҳа, бу олтида бўлган эдими? – деб сўради вакил ён дафтарчасига белги қўйиб.
— Керак эмас, — деб сўради Берт.
— Нима керак эмас?
Берт барваста вакилга эгилиб, унинг қўлига қўл тегизди.
— Улар билади-ю нима бўлганини, ўзлари қилган иш-ку. Ахир, ҳозир бизни кузатиб турган бўлишлари мумкин, менинг нимани билишимни билиш учун.
Вакил унга диққат билан тикилиб, ён дафтарчасини четга сурди.
— Майли. кўряпманки, сизнинг дахлингиз йўқ, — деди у. – Менга, ҳалиги, нима эди, жавобгарлик ҳиссими, шуни айтиб беринг. қачондан бошланди сизда?
— Хўп, биласизми, мен ишда умуман шеригим учун ўзимни жавобгар деб биламан, шерик айниқса қиз бўлса, — деди Берт. – Сиз чалаётган пайтингизда йигитларнинг уч қадаҳ виски ичгандан кейин қандай сурбетлашиб кетишини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Улар, биласизми, бизга ҳамма нарса мумкин, ҳаммасининг пулини тўлаяпмиз, албатта, қиз ҳам шунга киради, деб ўйлайдилар.
—
Сиз менга бир нарса айтмоқчи эдингиз, — деб эслатди Бертон. – У аёл билан қанақа муносабатда эдингиз?
Берт жилмайди.
— Жуда бошқача, — деди у. – У куйлаган пайти, мен у учун чалардим, мижозлар жим бўлиб эшитарди, шунда бир-биримизга қараб қўйсак бас, шу кифоя, ўртамизда қанақадир кўринмас ришталар борлигини сезиб турар эдик. Мана, бор-йўғи шу, холос. Фақат у куйлаганда. Фикримни унча аниқ айтолмаяпман шекилли?
— Сўрамоқчи эдим: у билан ётганмисиз?
— Йўқ.
— Мабодо бирон марта истаганмисиз?
— Бемаъни савол. Ким истамайди?
— Лекин уриниб ҳам кўрмаганмисиз?
— Йўқ.
— Нега – йўқ?
— Биласизми, бунақа нарсаларга ўзимча қарайман. Мен Эзопнинг биттаю битта масалини биламан, бу — тилла тухум қўйган ғоз тўғрисида. Ё тухум қўймаганми?
— Мистер Хайбер, — деди Бертон. –Бу ишда Семми қўқилнинг қўли бор деб айтишга бизда асослар бор.
— Нега бундай деб ўйлайсиз?
— Уни қандай аҳволда топганимизга қараб айтяпман. Шунинг иши бу.
— Ҳа. Суратини кўрдим-ку. Даҳшат!
— У Семми қўқилни билар эдими?
— Уни билмаган одам борми!
— Э йўқ, мен айтмоқчиманки, у билан…
— А, бу маънодами! Йўқ.
Дастёр виски олиб келди, Берт томоғига тиқилган нарсани ютиш учун қадаҳнинг ярмини ҳўплади. У қўлидаги найчани айлантириб, «Бечора Билл, — деб ўйлади. – Буфетчилик қилса бўлар экан. Музли вискига найча солса-я! Бечора Билл».
— У Семми қўқилни бирон марта кўрганми?
— Ҳа.
— Шуни менга айтиб беролмайсизми?
— Йўқ. Лекин, нима, айтиб беришим керакми?
— Шундай.
— Хўп, майли. Сизга олдин ҳам айтдим-ку, бунга икки ҳафта бўлди. Бу ерга эндигина жон киргизаётган эдик. Унинг қўшиғини эшитганмисиз бирон марта?
— Йўқ. У Семми қўқилни биринчи марта қачон кўрган?
— Ўн биринчи санада. Мен уйга бораётиб газета олганимни эслайман, кейин, келганимиздан бери биринчи марта эди. Ўша даҳшатли кун бир умр эсимдан чиқмайди.
— Нимаси бунча даҳшатли?
— Семми кечқуруни билан шу ерда бўлди. Мен унинг ўзини, югурдакларини пианинога ўтиришим билан кўрдим. Блюзнинг учта бандини ўйнадим, бу унинг чиқиш блюзи, яъни унинг чиқиб келишига блюз эди. Жоржия залга кирди, унинг эса сўлаги оқиб кетди.
— Унга шилқимлик қилдими?
— Э йўқ. Бирдан эмас, ҳар қалай, — деди Берт. – бошда мўмингитна эди. Кечқуруни билан бизга вино йўллади, эртаси куни Жоржия бир катта сават гул олди. У қаердан манзилини билган, ақлим етмайди.
— Ўз усуллари бор, керак нарсани шундай билиб олишадики, — деди вакил.
— Кечқурун яна ўша ерда эди, лекин энди сурбетроқ бўлиб ҳаракат қилди.
— Сиз эса қиз учун ўзингизни жавобгар ҳис қилдингиз?
— Ҳа-да, — деди Берт. – Биласизми, бу йигит ёққанда ҳам, бари бир, уни ундан ташвиш қилардим, лекин гап шундаки, уни кўргани кўзи йўқ эди. Бизникига ўхшаган касбда шилқим хушторлардан қутулиш учун кўп нарсани ўрганишга тўғри келади. Лекин буни эплаб бўлмади. Охир-оқибат уни одамлар ўртасида бир-икки марта изза ҳам қилди. Кейин шу охирги кечада ҳам.
— Нима бўлди ўзи?
— Ҳаммаси шунда бўлди-да, — деди Берт. – Жоржия кийимини алмаштириш учун хонасига бораётган эди. Семмининг столи олдидан ўтаётганда, у қўлидан ушлаб олди, худди ушлайверишга ҳаққи бордек. Шунда Жоржия Семмининг столидан стаканни олди-да, унинг кўйлагига сепиб юборди.
— Ҳа, бунақа экан-да, — деди вакил. – унда нега қони қайнаб кетгани тушунарли. Бунақа башанг кам топилади.
— Кейин мен ҳам қараб турганим йўқ, — деди Берт. – Биласизми, нима қилдим? «Шаршара бўйида»ни чалдим. Э худойим, залда шунақа ваҳ-ҳа-ҳа кўтарилдики! Ахир, нима бўлганини ҳамма кўриб турган эди-да. Ҳатто Берт Лар ҳам бутун санъати билан томошабинларни бундай кулдирмагандир. Шунда
Семми ўрнидан турди-да, тўдасини эргаштириб чиқиб кетди, лекин мижозлар кулгидан тўхтамаган эди.
— Ҳа, унда тушунарли, — деб гап қўшди вакил. — Семми кечириши мумкин, лекин устидан кулганни – ҳеч қачон. Кейин уни дарров уйига олиб бордингизми?
— Дарров эмас, — деди Берт. – Биласизми, ўзимдан жуда рози эдим. Яна икковимиз учун фахр. Пештахта ёнига бориб, ичдим. У ерда яна анави йигит бор экан. Ёнимда ўтирган эди, худди бу гапларнинг унга мутлақо алоқаси йўқдек. Шунақа хушсурат бир йигит, суғурта вакилими, ишқилб, кўриниши шунақароқ. Менга гап ташлади.
«Жуда хурсанд кўринасан», деди.
«Ҳа, жуда хурсандман»,деб жавоб бердим.
« Хўш. Сени хурсанд кўрганимдан мамнунман, — деди суғурта вакили. – Сени бунақа кайфиятда эканинг менга жуда ёқади.»
«Сен учун бахтлиман, — дедим мен. – Сен билан нимани гаплашамиз?»
«Узоқ гаплашишимиз шарт эмас, — деди суғурта вакили. – Бир-биримизни яхши билгандан кейин гапнинг ўзи ортиқча.»
«Fалати экансан-у, — дедим мен. – Сени билмайман, тўғрисини айтсам, ҳозир сен билан гаплашишга тариқча хоҳишим ҳам йўқ.»
«Лекин мен сени биламан, — деди у. – Сен Берт Хейбер.»
«Хўш, нима қипти?», деб сўради у.
«Сен эллик тўртинчи уйда, тўртинчи қаватда турасан, уйингда лифт йўқ, сен фақат кундуз кунлари бўласан», деди у савдойи.
«Нега менга буларни айтяпсан? Бу йил ҳаётимни суғурта қилдириш ниятим йўқ, ошна», — дедим.
«Ниятинг йўқ? – деб сўради у. – Сенинг ўрнингда бўлсам, суғурта қилдирардим. — Кейин у менга эгилди-да, бирдан қўлимни сиқди, мен тортиб улгурмадим ҳам. – Менингча, бир-биримизни яхши тушундик, тўғрими, мистер Хейбер?», деди-да, шу заҳоти кетди. Ўшаларнинг ғирт ўзи, а?
— Ҳа, — деб қўшилди агент.
— Улар сенга олдиндан айтиб қўймайдилар, дўқ қилмайдилар, шундай қилишадики, нима бўлганини ҳам билмай қоласан.
— Э-, буни ўйлаб ҳам ўтирмайди улар, — деди вакил.
Берт Биллга яна виски келтиришга ишора қилди.
— Мен уни уйига кузатиб кетдим, — деб давом эттирди Берт. – Унга уйда бир ўзи қолишинг мумкин эмас, мен ҳам сеникида ётиб қолай, ё сен юр, бизникида ёт, ё ҳеч бўлмаса, полицияни чақириш керак, дедим. Лекин у менга хайрли тун тилаб, ўпиб қўйди, э худойим, тоза, айбсиз бир ўпич! – яна «Ташвиш қилма, кичкинтой. Онаси катта бўлиб қолган», деди.
Вакил кетишга ҳозирлваниб, тугмаларини ўтказди.
— Хўп, нима энди, бизга яхши маълумотлар бердингиз, мистер Хейбер. – деди у. – Ўйлашимча, бу ишни энди тез тугатамиз. Ҳа, айтганча, сизга бирон нарсадан фойдамиз тегмайдими?
— Менга нимадан ҳам фойдангиз тегади?
— Балки, сизга ҳимоя керакдир?
— Э йўқ, керак эмас.
— Уни ҳибсга олганимизда сиз гувоҳ сифатида бизга керак бўласиз.
— Хўп, мени истаган пайтингиз топасиз.
— Биласизми. Бизда кафолат бўлиши керак. Ахир, сизни тополмай қолсак, бутун ишимиз чаппасига кетади.
— Хавотир қилманг, доим жойимда бўламан, — деди Берт. Дастёр яна виски келтирди, Берт шу затоҳи охиригача ичиб юборди.
— Мистер Хейбер, — деди вакил. – Сиз, яхшиси биз билан юринг. Ўзингиз биласиз, айтиб бўладими нима бўлишини? Ёрдамингиз эса бизга шундай керакки.
— Кўпга чўзиладими? – деб сўради Берт.
— Эрталабгача тугатамиз деб ўйлайман,
— Шунча тезми? – деб сўради Берт. – Унда, майли.
Залдан чиқаётиб Энди билан Элисга дуч келдилар. Уларнинг иш учун Бергга миннатдорлик билдириб бўлишларини Бертон одоб билан кутди. Берг уларга нима юз берганини айтмади. Улар ҳам газетадан ўқиб олар.
Улар ёпиқ кулранг автомобил ёнига келдилар.
— Ўтиринг, ёрдамчимнинг ёнига, — деди Бертон.
Берт ўриндиққа чўкиб, ёнидаги одамга ҳатто қарамади ҳам. Бертон рулга ўтирди ва улар Ист-Ривер томонга учдилар. Берт ёнида ўтирган одамга қараш учун ниҳояти ўгирилди.
— Хайрли кеч, ошнам, — деди суғурта вакили.
Манбаъ:«Совеменная американская новелла». Изд.-во Иностранная литература», М., 1963.
Bert to‘qqiz yarimda barga kirgan payti Jorjiya u yerda yo‘q edi. Bert hech narsa gapirmadi, faqat peshtaxta yoniga o‘tib, bir finjon qahva bilan brendi buyurdi. U chorakta kam o‘nda belgilangan o‘n besh daqiqa o‘tirib turish uchun pianino yonidan joy oldi. Jorjiya hamishagidek, roppa-raso o‘nda, soat oxirgi zang urishi bilan chiqib kelishi kerak edi.
Fred Makmorrou
MЕNGA HIMOYA KЕRAK EMAS
Ahmad A’zam tarjimasi
Bert to‘qqiz yarimda barga kirgan payti Jorjiya u yerda yo‘q edi. Bert hech narsa gapirmadi, faqat peshtaxta yoniga o‘tib, bir finjon qahva bilan brendi buyurdi.
U chorakta kam o‘nda belgilangan o‘n besh daqiqa o‘tirib turish uchun pianino yonidan joy oldi. Jorjiya hamishagidek, roppa-raso o‘nda, soat oxirgi zang urishi bilan chiqib kelishi kerak edi.
Bar egasi Jo Palermo Bertga xavotir bilan qaradi, keyin peshtaxta tepasidagi soatga, keyin yana Bertga tikildi. Lekin Bert unga qarab ham qo‘ymadi.
Hali erta edi, lekin Bert hoziroq bugun qanaqa mijozlar to‘planganini aytib bera olardi. Ularga chidasa bo‘ladi, har qalay, «Ruxsat bering, Charli pianinongizni chalsin», degan ahmoqona iltimoslar bilan xiralik qilmaydilar. Ular ovqatlanish yoki gap sotishga emas, Jorjiya va Bert uchun keladilar. Bularning hammasi, albatta, Joning badiga urib ketgan. Bert bilan Jorjiya ish so‘rab kelganlarida, bu yerning kuni bitib qolayozgan edi, lekin, mana, uch oyki, endi ularni Vinchell, Layons, Nyu-Parkerga ham taklif qilishyapti.
Sakkiz daqiqa qoldi. Bert «Men eslayman»ning naqarotini chalayotganda Jo uning yoniga keldi. Bert maromni sekinlatib, Joning nima deganini eshitish uchun yumshoq pedalni bosdi.
— Nima gap? – deb so‘radi Jo.
— Nima gapligini men qaydan bilaman, — dedi Bert. Bunaqa emas – nima bo‘lganini u yaxshi tasavvur qilayotgan edi.
— Xo‘p, u bugun keladimi, yo‘qmi? – deb so‘radi Jo.
— Tashvishlanma, oshna, — dedi Bert.
— Urinib ko‘raman, — dedi Jo va nari ketdi.
To‘rt daqiqa qoldi.
Bert uch naqarotli blyuzni, Jorjiyaning chiqishiga peshvoz o‘ynaladigan maxsus blyuzni ijro qildi. U blyuzni chalgan payti Jorjiya zalga qo‘shiq aytib kirar, stollar oralab o‘tib, fortepyano yonidan odatdagi joyini egnallar edi
Jorjiya si-bemoldan boshlashi kerak edi. Bert notani oldi, lekin hech narsa bo‘lmadi. Elektrotexnik reostatlarni uladi. Bu shunaqa sezilarsiz bo‘lardiki, Jorjiyadan boshqa hech kim e’tibor ham qilmas edi Yana hech gap bo‘lmadi. Bert tezda «Sho‘x yigitlar»ga o‘tdi, zaldagi lampochkalar yana to‘la yorishib ketdi.
U mijozlarning hayajonga tushganini payqadi. Zalga qarab oldi. Eshik oldida chorpaxil bir yigit, politsiya agenti bo‘lsa bordir, Jo bilan gaplashayotgan edi. Jo uni stolga boshlab bordi-da, keyin Bertning yoniga keldi. Bert nomerni tez yakunlab, joyidan turdi. Mijozlar uni xushfe’l chapak bilan olqishladilar, lekin olqishlarida salgina zarda ham bilinib turar edi.
— Bert, — dedi bo‘shashgan ovoz bilan Jo. – borib anavi yigit bilan gaplash.
— Nima kerak unga? – deb so‘radi Bert.
— Bilmadim, — dedi Jo. – Menga aytmadi. Lekin bilaman, yomon bir narsa bo‘lgan, juda yomon. Bilasanmi, Bert, men bunaqa narsalarni sezaman.
— Quloq sol, Jo, — dedi Bert. – Yaxshilab eshit. Sening sezishingga tupurdim. Lekin sir boy bermaslikka urin. Jo, agar o‘zingga, menga, Jorjiyaga zarari tegmasin desang. Hozir qo‘lingdan keladigani shu. Ularning qanaqa mijoz ekanini bilasan-ku.
Joning rangi murdaga aylandi.
— Qanaqa mijoz? Kimni gapiryapsan? – deb biljiradi u.
— Nima, rasmini chizib ko‘rsataymi senga? – dedi Berg. – Ha, keyin, eshit, o‘rnimiza odam topishing kerak. Bir juftni bilaman – Endi bilan Elis. Ayni ish izlab yurishibdi. Men bilaman, yo‘q deyishmaydi.
— Hozir? Shu payti-ya?
— Hoziroq, — deb Bert hamyonidan yon daftarchasini oldi. – Mana, manzili. Sim qoqishing mumkin. Ular uyida bo‘lishi kerak.
— Lekin, ko‘ryapsan-ku, bunaqa kutilmaganda, — deb chaynaldi Jo.
— E, sen xavotir olma. Eplaydi ular, — dedi Bert. – O‘n besh ddaqiqada yetib keladi. Hozir qo‘lingdan keladigan jo‘yali ish ham shu.
— E xudoyim, sezyapman, bu meni o‘ldiradi, — deb hiqilladi Jo.
— Ularga sim qoq, — dedi yana Bert. – Xavotir qilma. Eplaydi ular.
Bert yoniga borganida stol yonida o‘tirgan novcha yigit u bilan ko‘rishishga o‘rnidan turmadi.
— Siz Bert Xeybermi?
— Bo‘lishi mumkindir. Siz kimsiz?
— Jek Berton, qidiruv politsiyasi vakili, Manxetten-Istdan. Siz tanishmisiz…
— Avval nishoningizni ko‘rsating, boshliq. Yo‘q, bunaqa emas. Menga bering-chi, yaqindan ko‘ray.
Lekin Bert endi nishonga qaramasa ham bo‘ladi. Uning bo‘rtma shaklga, qidiruv politsiyasining xos tamg‘asiga qo‘l tegizishi kifoya edi. U nishonni egasiga qaytardi.
— Bo‘pti, — dedi u. – Men Bert Xayber.
— Siz tanishmisiz… – Politsiyachi ko‘krak cho‘ntagidan qog‘ozga o‘ralgan fotografiyani chiqardi. – Mana shu ayol bilan?
Bert fotografiyaga qaradi, ko‘zlarini qisib, xuddi jirkanch bir narsani ko‘rgandek, uni otib yubordi.
— Ha, — dedi nihoyat. – Lekin ayni shu fotografiyani ko‘rsatishning sizga nima keragi bor?
— Bizda boshqasi yo‘q, — deb tushuntirdi vakil. — Shaxsini aniq belgilashimiz kerak, hozircha qo‘limizdan kelgani shu – o‘likni jinoyat joyida fotoga tushirdik.
— Qayerda? – deb so‘radi Bert. — qayerda?
— Ikkita turarjoy tutash joyda, Ellik beshinchi ko‘cha, to‘qqinchi bilan o‘ninchi avenyu o‘rtasida. O‘sha atrofda turarmidi?
— Yo‘q, — dedi Bert. — qachon topdingiz uni?
— Bu juda qiziq savol bo‘ldi, — dedi vakil.
— «Qiziq» deganingiz nimasi? Nima demoqchisiz?
— Aytdim, qo‘ydim-da, — dedi vakil ma’nisiz bir ovozda. – Balki nima demoqchiligimni siz bilarsiz, mister Xayber?
— A, bunaqami, — dedi Bert. – Tushunaman. Shunday bo‘lishini oldindan bilgandek gapirishim sizga g‘alati tuyulyapti. Xo‘sh, nima bo‘pti, balki rostdan shundaydir. Faqat qachon, qayerda, qanday bo‘lishini bilmasdim.
— Aytolmaysizmi, kecha kechqurundan boshlab, bugungacha qayerda bo‘lganingizni?
— Albatta, aytaman. Hammasi tugagandan keyin, Jorjiyani uyiga kuzatdim….
— Har kuni uni kuzatar edingizmi? U qayerda turgan? Aniq qaysi vaqtda u bilan xayrlashdingiz?
— Keyingi ikki hafta bo‘yi uni kuzatishimga to‘g‘ri keldi. Kimdir kuzatishi kerak-ku. U oltmish birinchi ko‘chada turardi. Bu yerdan ikki mahalla nari, agar shimolga to‘g‘ri yurilsa. U bilan xayrlashganimda to‘rtdan bir daqiqa o‘tgan edi. Aniq esimda, chunki vestibyuldagi soatga qaragan edim.
— Barvaqt emasmi, nima dedingiz? Aytmoqchi edimki, ish joyingiz to‘rtda yopiladi, u yoqqa borish uchun bir daqiqa emas, ko‘proq, demak…
— Ha, hali barvaqt edi, — dedi Bert. – Gap shundaki, o‘zimni qay bir ma’noda u uchun javobgarman deb bilardim. Keyingi ikki haftadan beri Joning barni bekitishidan ancha oldin olib ketar edim, bizni bilib qolishmasin deb. Yopilish oldidan odatda to‘s-to‘polon bo‘lib qoladi, bildirmay chiqib ketish mumkin.
Vakil qo‘lini qovushtirib o‘tirar, bosh irg‘agancha eshitar edi. Jo stol tepasiga keldi.
— Hammasi joyida. – yedi u. –Uyida ekan ular. Shu daqiqada yetib boramiz deyishdi. Senga rahmat deb qo‘yishimni so‘rashdi.
— Arzimaydi, — dedi Bert. U endi o‘rniga o‘rin topilganidan keyin Joning uncha bebaxt to‘tmayotgani, Jorjiyaning boshiga tushgan voqeaga ham tupurgandek ko‘rinayotganini payqab, zardasi qaynadi. Lekin hali uning hech narsadan xzbari yo‘q. Nima qilibdi, gazetadan o‘qib oladi.
— Balki janoblari ichib olar, — deb so‘radi Jo.
Vakil rad qildi.
— Billga ayt, menga ikki hissa kokteyl bersin, — dedi Bert. Jorjiya yaxshi ko‘rgan kokteyl. U doim Jorjiya uchun chaladigan kuyni esladi. Bunaqa kokteylni qanday tayyorlashadi, a? Apelsinni siqib, gilos suvini qo‘shadilar… – Yo‘q, — dedi u, — mayli, viski bersin, muz solib.
— Xo‘p. Albatta, Bert, albatta, — dedi Jo va peshtaxtaga oshiqdi.
— Xo‘sh, shunday qilib, — dedi Bert. – Uni kuzatib qo‘yganimdan keyin, uyga bordim. Uyda yotdim, kechqurun oltigacha uxlabman. Uyg‘onganimdan keyin
Jorjiyaga sim qoqdim. Hech kim javob bermadi.
— Ha, bu oltida bo‘lgan edimi? – deb so‘radi vakil yon daftarchasiga belgi qo‘yib.
— Kerak emas, — deb so‘radi Bert.
— Nima kerak emas?
Bert barvasta vakilga egilib, uning qo‘liga qo‘l tegizdi.
— Ular biladi-yu nima bo‘lganini, o‘zlari qilgan ish-ku. Axir, hozir bizni kuzatib turgan bo‘lishlari mumkin, mening nimani bilishimni bilish uchun.
Vakil unga diqqat bilan tikilib, yon daftarchasini chetga surdi.
— Mayli. ko‘ryapmanki, sizning daxlingiz yo‘q, — dedi u. – Menga, haligi, nima edi, javobgarlik hissimi, shuni aytib bering. qachondan boshlandi sizda?
— Xo‘p, bilasizmi, men ishda umuman sherigim uchun o‘zimni javobgar deb bilaman, sherik ayniqsa qiz bo‘lsa, — dedi Bert. – Siz chalayotgan paytingizda yigitlarning uch qadah viski ichgandan keyin qanday surbetlashib ketishini tasavvur ham qilolmaysiz. Ular, bilasizmi, bizga hamma narsa mumkin, hammasining pulini to‘layapmiz, albatta, qiz ham shunga kiradi, deb o‘ylaydilar.
—
Siz menga bir narsa aytmoqchi edingiz, — deb eslatdi Berton. – U ayol bilan qanaqa munosabatda edingiz?
Bert jilmaydi.
— Juda boshqacha, — dedi u. – U kuylagan payti, men u uchun chalardim, mijozlar jim bo‘lib eshitardi, shunda bir-birimizga qarab qo‘ysak bas, shu kifoya, o‘rtamizda qanaqadir ko‘rinmas rishtalar borligini sezib turar edik. Mana, bor-yo‘g‘i shu, xolos. Faqat u kuylaganda. Fikrimni uncha aniq aytolmayapman shekilli?
— So‘ramoqchi edim: u bilan yotganmisiz?
— Yo‘q.
— Mabodo biron marta istaganmisiz?
— Bema’ni savol. Kim istamaydi?
— Lekin urinib ham ko‘rmaganmisiz?
— Yo‘q.
— Nega – yo‘q?
— Bilasizmi, bunaqa narsalarga o‘zimcha qarayman. Men Ezopning bittayu bitta masalini bilaman, bu — tilla tuxum qo‘ygan g‘oz to‘g‘risida. Yo tuxum qo‘ymaganmi?
— Mister Xayber, — dedi Berton. –Bu ishda Semmi qo‘qilning qo‘li bor deb aytishga bizda asoslar bor.
— Nega bunday deb o‘ylaysiz?
— Uni qanday ahvolda topganimizga qarab aytyapman. Shuning ishi bu.
— Ha. Suratini ko‘rdim-ku. Dahshat!
— U Semmi qo‘qilni bilar edimi?
— Uni bilmagan odam bormi!
— E yo‘q, men aytmoqchimanki, u bilan…
— A, bu ma’nodami! Yo‘q.
Dastyor viski olib keldi, Bert tomog‘iga tiqilgan narsani yutish uchun qadahning yarmini ho‘pladi. U qo‘lidagi naychani aylantirib, «Bechora Bill, — deb o‘yladi. – Bufetchilik qilsa bo‘lar ekan. Muzli viskiga naycha solsa-ya! Bechora Bill».
— U Semmi qo‘qilni biron marta ko‘rganmi?
— Ha.
— Shuni menga aytib berolmaysizmi?
— Yo‘q. Lekin, nima, aytib berishim kerakmi?
— Shunday.
— Xo‘p, mayli. Sizga oldin ham aytdim-ku, bunga ikki hafta bo‘ldi. Bu yerga endigina jon kirgizayotgan edik. Uning qo‘shig‘ini eshitganmisiz biron marta?
— Yo‘q. U Semmi qo‘qilni birinchi marta qachon ko‘rgan?
— O‘n birinchi sanada. Men uyga borayotib gazeta olganimni eslayman, keyin, kelganimizdan beri birinchi marta edi. O‘sha dahshatli kun bir umr esimdan chiqmaydi.
— Nimasi buncha dahshatli?
— Semmi kechquruni bilan shu yerda bo‘ldi. Men uning o‘zini, yugurdaklarini pianinoga o‘tirishim bilan ko‘rdim. Blyuzning uchta bandini o‘ynadim, bu uning chiqish blyuzi, ya’ni uning chiqib kelishiga blyuz edi. Jorjiya zalga kirdi, uning esa so‘lagi oqib ketdi.
— Unga shilqimlik qildimi?
— E yo‘q. Birdan emas, har qalay, — dedi Bert. – boshda mo‘mingitna edi. Kechquruni bilan bizga vino yo‘lladi, ertasi kuni Jorjiya bir katta savat gul oldi. U qayerdan manzilini bilgan, aqlim yetmaydi.
— O‘z usullari bor, kerak narsani shunday bilib olishadiki, — dedi vakil.
— Kechqurun yana o‘sha yerda edi, lekin endi surbetroq bo‘lib harakat qildi.
— Siz esa qiz uchun o‘zingizni javobgar his qildingiz?
— Ha-da, — dedi Bert. – Bilasizmi, bu yigit yoqqanda ham, bari bir, uni undan tashvish qilardim, lekin gap shundaki, uni ko‘rgani ko‘zi yo‘q edi. Biznikiga o‘xshagan kasbda shilqim xushtorlardan qutulish uchun ko‘p narsani o‘rganishga to‘g‘ri keladi. Lekin buni eplab bo‘lmadi. Oxir-oqibat uni odamlar o‘rtasida bir-ikki marta izza ham qildi. Keyin shu oxirgi kechada ham.
— Nima bo‘ldi o‘zi?
— Hammasi shunda bo‘ldi-da, — dedi Bert. – Jorjiya kiyimini almashtirish uchun xonasiga borayotgan edi. Semmining stoli oldidan o‘tayotganda, u qo‘lidan ushlab oldi, xuddi ushlayverishga haqqi bordek. Shunda Jorjiya Semmining stolidan stakanni oldi-da, uning ko‘ylagiga sepib yubordi.
— Ha, bunaqa ekan-da, — dedi vakil. – unda nega qoni qaynab ketgani tushunarli. Bunaqa bashang kam topiladi.
— Keyin men ham qarab turganim yo‘q, — dedi Bert. – Bilasizmi, nima qildim? «Sharshara bo‘yida»ni chaldim. E xudoyim, zalda shunaqa vah-ha-ha ko‘tarildiki! Axir, nima bo‘lganini hamma ko‘rib turgan edi-da. Hatto Bert Lar ham butun san’ati bilan tomoshabinlarni bunday kuldirmagandir. Shunda
Semmi o‘rnidan turdi-da, to‘dasini ergashtirib chiqib ketdi, lekin mijozlar kulgidan to‘xtamagan edi.
— Ha, unda tushunarli, — deb gap qo‘shdi vakil. — Semmi kechirishi mumkin, lekin ustidan kulganni – hech qachon. Keyin uni darrov uyiga olib bordingizmi?
— Darrov emas, — dedi Bert. – Bilasizmi, o‘zimdan juda rozi edim. Yana ikkovimiz uchun faxr. Peshtaxta yoniga borib, ichdim. U yerda yana anavi yigit bor ekan. Yonimda o‘tirgan edi, xuddi bu gaplarning unga mutlaqo aloqasi yo‘qdek. Shunaqa xushsurat bir yigit, sug‘urta vakilimi, ishqilb, ko‘rinishi shunaqaroq. Menga gap tashladi.
«Juda xursand ko‘rinasan», dedi.
«Ha, juda xursandman»,deb javob berdim.
« Xo‘sh. Seni xursand ko‘rganimdan mamnunman, — dedi sug‘urta vakili. – Seni bunaqa kayfiyatda ekaning menga juda yoqadi.»
«Sen uchun baxtliman, — dedim men. – Sen bilan nimani gaplashamiz?»
«Uzoq gaplashishimiz shart emas, — dedi sug‘urta vakili. – Bir-birimizni yaxshi bilgandan keyin gapning o‘zi ortiqcha.»
«Falati ekansan-u, — dedim men. – Seni bilmayman, to‘g‘risini aytsam, hozir sen bilan gaplashishga tariqcha xohishim ham yo‘q.»
«Lekin men seni bilaman, — dedi u. – Sen Bert Xeyber.»
«Xo‘sh, nima qipti?», deb so‘radi u.
«Sen ellik to‘rtinchi uyda, to‘rtinchi qavatda turasan, uyingda lift yo‘q, sen faqat kunduz kunlari bo‘lasan», dedi u savdoyi.
«Nega menga bularni aytyapsan? Bu yil hayotimni sug‘urta qildirish niyatim yo‘q, oshna», — dedim.
«Niyating yo‘q? – deb so‘radi u. – Sening o‘rningda bo‘lsam, sug‘urta qildirardim. — Keyin u menga egildi-da, birdan qo‘limni siqdi, men tortib ulgurmadim ham. – Meningcha, bir-birimizni yaxshi tushundik, to‘g‘rimi, mister Xeyber?», dedi-da, shu zahoti ketdi. O‘shalarning g‘irt o‘zi, a?
— Ha, — deb qo‘shildi agent.
— Ular senga oldindan aytib qo‘ymaydilar, do‘q qilmaydilar, shunday qilishadiki, nima bo‘lganini ham bilmay qolasan.
— E-, buni o‘ylab ham o‘tirmaydi ular, — dedi vakil.
Bert Billga yana viski keltirishga ishora qildi.
— Men uni uyiga kuzatib ketdim, — deb davom ettirdi Bert. – Unga uyda bir o‘zi qolishing mumkin emas, men ham senikida yotib qolay, yo sen yur, biznikida yot, yo hech bo‘lmasa, politsiyani chaqirish kerak, dedim. Lekin u menga xayrli tun tilab, o‘pib qo‘ydi, e xudoyim, toza, aybsiz bir o‘pich! – yana «Tashvish qilma, kichkintoy. Onasi katta bo‘lib qolgan», dedi.
Vakil ketishga hozirlvanib, tugmalarini o‘tkazdi.
— Xo‘p, nima endi, bizga yaxshi ma’lumotlar berdingiz, mister Xeyber. – dedi u. – O‘ylashimcha, bu ishni endi tez tugatamiz. Ha, aytgancha, sizga biron narsadan foydamiz tegmaydimi?
— Menga nimadan ham foydangiz tegadi?
— Balki, sizga himoya kerakdir?
— E yo‘q, kerak emas.
— Uni hibsga olganimizda siz guvoh sifatida bizga kerak bo‘lasiz.
— Xo‘p, meni istagan paytingiz topasiz.
— Bilasizmi. Bizda kafolat bo‘lishi kerak. Axir, sizni topolmay qolsak, butun ishimiz chappasiga ketadi.
— Xavotir qilmang, doim joyimda bo‘laman, — dedi Bert. Dastyor yana viski keltirdi, Bert shu zatohi oxirigacha ichib yubordi.
— Mister Xeyber, — dedi vakil. – Siz, yaxshisi biz bilan yuring. O‘zingiz bilasiz, aytib bo‘ladimi nima bo‘lishini? Yordamingiz esa bizga shunday kerakki.
— Ko‘pga cho‘ziladimi? – deb so‘radi Bert.
— Ertalabgacha tugatamiz deb o‘ylayman,
— Shuncha tezmi? – deb so‘radi Bert. – Unda, mayli.
Zaldan chiqayotib Endi bilan Elisga duch keldilar. Ularning ish uchun Bergga minnatdorlik bildirib bo‘lishlarini Berton odob bilan kutdi. Berg ularga nima yuz berganini aytmadi. Ular ham gazetadan o‘qib olar.
Ular yopiq kulrang avtomobil yoniga keldilar.
— O‘tiring, yordamchimning yoniga, — dedi Berton.
Bert o‘rindiqqa cho‘kib, yonidagi odamga hatto qaramadi ham. Berton rulga o‘tirdi va ular Ist-River tomonga uchdilar. Bert yonida o‘tirgan odamga qarash uchun nihoyati o‘girildi.
— Xayrli kech, oshnam, — dedi sug‘urta vakili.
Manba’:«Sovemennaya amerikanskaya novella». Izd.-vo Inostrannaya literatura», M., 1963.