Қуръоннинг ҳақиқий ва асосий рисоласини, номасини тушуниш ва талқин қилишга лаёқатсизлик мусулмонларга кўп бахтсизликларни олиб келган. Ўз ўқиш доирамизни фақатгина диний китоблар билан чеклаб ва замонавий илм-фан тўғрисида унутиб, биз Ислом маданиятига улкан зарар етказдик ва ўзимизнинг бу дунёдаги йўлимизни йўқотиб қўйдик.
Махатхир Муҳаммад
БИЗГА ИСЛОМНИНГ УЙҒОНИШИ ЗАРУР
Махатхир Муҳаммад 1925 йилнинг 20 декабрида Малайзиянинг Алор-Сетар шаҳрида ўқитувчи оиласида туғилган. 1953 йилда Сингапурдаги Малайа университетининг тиббиёт факултетини тугаллаган. Узоқ йиллар шифокорлик амалиёти билан шуғулланган. 1972 йилда мамлакат сенатининг аъзоси — сенаторликка сайланган. Кейинчалик мамлакат ҳукумати таркибида таълим вазири, бош вазир ўринбосари, савдо ва саноат вазири бўлиб ишлаган. 1981-2003 йилларда партия мақомидаги Малайа миллий бирлашган ташкилотининг президенти ва мамлакат бош вазири сифатида фаолият юритган. Айни ўша йиллари ғарб дастурларини рад этганча, Осиёга хос ривожланиш дастурини амалиётга киритган. Қисқа муддатда қолоқ аграр иқтисодиётли мамлакат бўлган Малайзия унинг даврида Жанубий Корея, Сингапур, Гонконг ва Тайвань қаторида «осиё йўлбарслари»дан бирига айланган. Махатхир Муҳаммад ғарбий қадриятларга зид ўлароқ, «осиёча қадриятлар»нинг ташвиқотчиларидан бири бўлган ҳамда ҳалқаро қўшилмаслик ҳаракатини раҳбари ҳисобланган.ва йиллар ўтиб фақат деҳқончилик ривожланган Малайзия иқтисоди юксак ривож топган давлат қаторига киради («Хуршид Даврон кутубхонаси» маълумоти).
Шундай бир болалар ўйини бор. Унинг иштирокчилари бир доира бўлиб ўтиришади ва улардан бири ўз қўшнисига ниманидир пичирлаб айтади, у эса — кейинги иштирокчига. Шу тариқа доира бўйлаб айтиб чиқилади. Охирги бола ўзи эшитган нарсани биринчи болага айтган вақтда биринчи ўйинчи томонидан айтилган иборанинг маъноси бутунлай ўзгаришга улгуриб бўлади. Кўринишидан, Ислом билан шунга ўхшаш ҳолат юз берган. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ва фақат биргина динни олиб келганлар. Шунга қарамай, биз бугунги кунга келиб мингга яқин “исломларни” кўришимиз мумкин.
Ўз эътиқодларининг турлича талқинлари билан ажралиб кетган мусулмонлар қачонлардир дунёда тутган мавқеларига энди эга бўлолмаяптилар; аксинча, улар заифлашиб, нисбатан ривожланган миллатларнинг қурбонига айланганлар. Шиа ва аҳли сунна ўртасидаги ихтилоф шу даражада чуқурки, ҳар бир томон рақиб тарафдорларини ҳақиқатдан бурилиб кетганликда айблайди.
Рақиб томоннинг дини — Ислом эмаслиги, унинг тарафдорлари эса — мусулмон эмасликларига қаттиқ ишониш кўп ҳолларда кўплаб одамлар ҳалок бўлган ва ҳалок бўлишда давом этаётган ички зиддиятларнинг асосий ўзагига айланган.
Ҳатто аҳли сунна ва шиаларнинг ўз ораларида ҳам бўлинишлар бор. Булардан бошқа алоҳида йўналишлар ҳам бор.
Бундан ташқари, айрим уламоларимиз бизга уларнинг сўзларини танқид қилиш мумкин-маслигини, Исломга ишониш кифоя-лигини, бу ўринда ақл ва мантиқ умуман ортиқча эканлигини ўргатишади. Аммо Исломнинг ҳар бир шўъбаси бошқа барча йўналишларни адашган деб ҳисоблаётган бўлса, биз нимага эътиқод қилишимиз керак? Ахир, Қуръон иккита, учта ёки мингта эмас, битта Китоб бўлса.
Қуръонга мувофиқ, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик берган ҳар қандай одам мусулмон бўлади. Агар бундан бошқа ҳеч қандай қўшимча шарт талаб қилинмайдиган бўлса, бу даъвони ҳақиқат деб ҳисобловчи барча одамларни Исломга мансуб кишилар деб санаш лозим бўлади. Бироқ биз, мусулмонлар бунга яна турли манбалардан келиб чиқадиган ҳар хил шартларни қўшишни яхши кўришимиз сабабли динимизнинг бирдамлиги парчаланиб кетган.
Аммо эҳтимол энг катта муаммо бу — умуман олганда, бошқа дунёдан Ислом илмий тафаккурининг ва маълум даражада мусулмонлар ҳаётининг тобора кучайиб бораётган яккаланиши бўлса керак. Биз одамлар девор ортидаги нарсани кўра оладиган, коинотнинг яширин сирларини тадқиқ қила оладиган ва ҳайвонларни клонлаштира оладиган илм-фан даврида яшаяпмиз. Буларнинг барчаси, гўё бизнинг Қуръоннинг ҳақлигига бўлган иймонимизга зид кўринади.
Бу шунинг учун юз беряптики, Муқаддас Китобнинг замонавий муфассирлари фақат диннинг ўзининг қоидалари, амрлари билангина таниш бўлиб, бироқ замонавий илм-фан ютуқларини идрок қилишга лаёқатли эмаслар. Улар чиқараётган фатволар кўпинча унчалик ишонарли эмасдек кўринади ва илм-фандан хабардор одамлар томонидан қабул қилинолмайди.
Бир муҳтарам хатиб, масалан, одамнинг Ойгача учиб чиқа олганлигига ишонишдан бош тортганди. Бошқалари дунё 2000 йил аввал яратилган деб даъво қиладилар. Коинотнинг ёши ва ўлчамлари ёруғлик йилларида ҳисобланади — бу ҳақиқат соф диний маърифатга эга баъзи олимларга мутлақо тушунарсиздир.
Ушбу тушунишга лаёқатсизлик маълум даражада мусулмонларнинг ҳозирги аянчли аҳволига сабаб бўлди. Ҳозирги кунда Ислом аҳлининг эзилиши, ўлдирилиши ва камситилиши бизнинг аввалги асрлардаги диндошларимиздан фарқли ўлароқ ўта заиф эканлигимиз боисидан юз бермоқда.
Биз уммат яна бахтли ҳаёт кечириши учун бизни ёмонловчилардан ўзгаришларини ўтиниб сўрашимиз керакмас, балки ўз бахт-саодатимиз учун ўзимиз ўзгаришимиз лозим.
Шундай экан, биз нима қилишимиз керак? Ўтмишда мусулмонлар кучли бўлишган, чунки билимларга эга бўлишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп китоб ўқишни буюрганлар, бироқ Қуръонда айнан қайси китобларни ўқиш ҳақида гапирилмаган.
У вақтларда “ўқиш” дегани — мумкин бўлган барча нарсани ўқишни англатган. Аввалги мусулмонлар юнон олимлари, математиклари ва файласуфларининг ишларини ўқишган. Улар, шунингдек, форслар, ҳиндлар ва хитойларнинг ишларини ҳам ўқиганлар.
Натижада Ислом дунёсида математика ва умуман фаннинг гуллаб-яшнаши бошланган. Бизнинг олимларимиз фанни ривожлантиришган ва астрономия, география каби янги фан соҳаларини ҳамда математиканинг янги бўлимларини яратишган. Улар ҳисоблашларни соддалаштириб ва уларнинг қўлланиш доирасини ҳаддан ташқари кенгайтириб, муомалага рақамларни киритганлар.
Бироқ, тахминан, ўн бешинчи асрга келиб, баъзи Ислом олимлари турли фанларни билишда ўзларини чеклай бошладилар. Улар фақатгина диннинг ўзини ўргана бошладилар ва фақат шундай қиладиган кишиларгина охиратда мукофотга эга бўлади, деган сўзни маъқуллаб туриб олдилар. Бундай ёндошувнинг натижаси Европа дунёвий фан билимларини фаол тушуниб етишни, ўзлаштиришни бошлаган бир даврда интеллектуал таназзул бўлди.
Мусулмонлар интеллектуал, ақлий жиҳатдан таназзулга юз тутаётган, орқага кетаётган бир вақтда европаликлар уларга охир-оқибат бутун дунё устидан ҳукм юргизишга имкон берган қурол-яроғ ишлаб чиқариш дохил саноатнинг янги усулларини ишлаб чиқиб, ўз Уйғониш даврларини бошладилар.
Мусулмонлар эса, аксинча, дунёвий фан ва математикани ўрганиш тўғрисида унутиб, баъзи ҳолларда эса улардан умуман бош тортиб, ўзларининг мудофаа қобилиятларини мутлақ заифлаштиришди. Бу қотиб қолиш бугунги кунда Ислом аҳли чекаётган жабр-зулмнинг биринчи навбатдаги сабаби бўлиб қолмоқда.
Қуръоннинг ҳақиқий ва асосий рисоласини, номасини тушуниш ва талқин қилишга лаёқатсизлик мусулмонларга кўп бахтсизликларни олиб келган. Ўз ўқиш доирамизни фақатгина диний китоблар билан чеклаб ва замонавий илм-фан тўғрисида унутиб, биз Ислом маданиятига улкан зарар етказдик ва ўзимизнинг бу дунёдаги йўлимизни йўқотиб қўйдик.
Қуръонда токи биз ўзимизнинг аянчли аҳволимизни ўзгартиришга ҳаракат қилмас эканмиз, Аллоҳ уни ўзгартирмаслиги айтилади. Кўпчилик мусулмонлар бу ўгитни назар-писанд қилмасликда давом этмоқдалар ва унинг ўрнига фақатгина бизга нажот сўраб, аввалги асрларда ўтган шараф қайтарилишини ўтиниб дуо қилмоқдалар.
Аммо Қуръон ёвуз кучлардан сақланиш учун бўйинга осиб юриш мумкин бўлган тумор эмас. Аллоҳ ўз онгини ривожлантирган кишиларга ёрдам беради.
Maxatxir Muhammad
BIZGA ISLOMNING UYG‘ONISHI ZARUR
Maxatxir Muhammad 1925 yilning 20 dekabrida Malayziyaning Alor-Setar shahrida o‘qituvchi oilasida tug‘ilgan. 1953 yilda Singapurdagi Malaya universitetining tibbiyot fakultetini tugallagan. Uzoq yillar shifokorlik amaliyoti bilan shug‘ullangan. 1972 yilda mamlakat senatining a’zosi — senatorlikka saylangan. Keyinchalik mamlakat hukumati tarkibida ta’lim vaziri, bosh vazir o‘rinbosari, savdo va sanoat vaziri bo‘lib ishlagan. 1981-2003 yillarda partiya maqomidagi Malaya milliy birlashgan tashkilotining prezidenti va mamlakat bosh vaziri sifatida faoliyat yuritgan. Ayni o‘sha yillari g‘arb dasturlarini rad etgancha, Osiyoga xos rivojlanish dasturini amaliyotga kiritgan. Qisqa muddatda qoloq agrar iqtisodiyotli mamlakat bo‘lgan Malayziya uning davrida Janubiy Koreya, Singapur, Gonkong va Tayvan qatorida «osiyo yo‘lbarslari»dan biriga aylangan. Maxatxir Muhammad g‘arbiy qadriyatlarga zid o‘laroq, «osiyocha qadriyatlar»ning tashviqotchilaridan biri bo‘lgan hamda halqaro qo‘shilmaslik harakatini rahbari hisoblangan.va yillar o‘tib faqat dehqonchilik rivojlangan Malayziya iqtisodi yuksak rivoj topgan davlat qatoriga kiradi (“Xurshid Davron kutubxonasi” ma’lumoti).
Shunday bir bolalar o‘yini bor. Uning ishtirokchilari bir doira bo‘lib o‘tirishadi va ulardan biri o‘z qo‘shnisiga nimanidir pichirlab aytadi, u esa — keyingi ishtirokchiga. Shu tariqa doira bo‘ylab aytib chiqiladi. Oxirgi bola o‘zi eshitgan narsani birinchi bolaga aytgan vaqtda birinchi o‘yinchi tomonidan aytilgan iboraning ma’nosi butunlay o‘zgarishga ulgurib bo‘ladi. Ko‘rinishidan, Islom bilan shunga o‘xshash holat yuz bergan. Payg‘ambar Muhammad sollallohu alayhi vasallam bir va faqat birgina dinni olib kelganlar. Shunga qaramay, biz bugungi kunga kelib mingga yaqin “islomlarni” ko‘rishimiz mumkin.
O‘z e’tiqodlarining turlicha talqinlari bilan ajralib ketgan musulmonlar qachonlardir dunyoda tutgan mavqelariga endi ega bo‘lolmayaptilar; aksincha, ular zaiflashib, nisbatan rivojlangan millatlarning qurboniga aylanganlar. Shia va ahli sunna o‘rtasidagi ixtilof shu darajada chuqurki, har bir tomon raqib tarafdorlarini haqiqatdan burilib ketganlikda ayblaydi.
Raqib tomonning dini — Islom emasligi, uning tarafdorlari esa — musulmon emasliklariga qattiq ishonish ko‘p hollarda ko‘plab odamlar halok bo‘lgan va halok bo‘lishda davom etayotgan ichki ziddiyatlarning asosiy o‘zagiga aylangan.
Hatto ahli sunna va shialarning o‘z oralarida ham bo‘linishlar bor. Bulardan boshqa alohida yo‘nalishlar ham bor.
Bundan tashqari, ayrim ulamolarimiz bizga ularning so‘zlarini tanqid qilish mumkin-masligini, Islomga ishonish kifoya-ligini, bu o‘rinda aql va mantiq umuman ortiqcha ekanligini o‘rgatishadi. Ammo Islomning har bir sho‘’basi boshqa barcha yo‘nalishlarni adashgan deb hisoblayotgan bo‘lsa, biz nimaga e’tiqod qilishimiz kerak? Axir, Qur’on ikkita, uchta yoki mingta emas, bitta Kitob bo‘lsa.
Qur’onga muvofiq, Allohdan o‘zga iloh yo‘q, deb guvohlik bergan har qanday odam musulmon bo‘ladi. Agar bundan boshqa hech qanday qo‘shimcha shart talab qilinmaydigan bo‘lsa, bu da’voni haqiqat deb hisoblovchi barcha odamlarni Islomga mansub kishilar deb sanash lozim bo‘ladi. Biroq biz, musulmonlar bunga yana turli manbalardan kelib chiqadigan har xil shartlarni qo‘shishni yaxshi ko‘rishimiz sababli dinimizning birdamligi parchalanib ketgan.
Ammo ehtimol eng katta muammo bu — umuman olganda, boshqa dunyodan Islom ilmiy tafakkurining va ma’lum darajada musulmonlar hayotining tobora kuchayib borayotgan yakkalanishi bo‘lsa kerak. Biz odamlar devor ortidagi narsani ko‘ra oladigan, koinotning yashirin sirlarini tadqiq qila oladigan va hayvonlarni klonlashtira oladigan ilm-fan davrida yashayapmiz. Bularning barchasi, go‘yo bizning Qur’onning haqligiga bo‘lgan iymonimizga zid ko‘rinadi.
Bu shuning uchun yuz beryaptiki, Muqaddas Kitobning zamonaviy mufassirlari faqat dinning o‘zining qoidalari, amrlari bilangina tanish bo‘lib, biroq zamonaviy ilm-fan yutuqlarini idrok qilishga layoqatli emaslar. Ular chiqarayotgan fatvolar ko‘pincha unchalik ishonarli emasdek ko‘rinadi va ilm-fandan xabardor odamlar tomonidan qabul qilinolmaydi.
Bir muhtaram xatib, masalan, odamning Oygacha uchib chiqa olganligiga ishonishdan bosh tortgandi. Boshqalari dunyo 2000 yil avval yaratilgan deb da’vo qiladilar. Koinotning yoshi va o‘lchamlari yorug‘lik yillarida hisoblanadi — bu haqiqat sof diniy ma’rifatga ega ba’zi olimlarga mutlaqo tushunarsizdir.
Ushbu tushunishga layoqatsizlik ma’lum darajada musulmonlarning hozirgi ayanchli ahvoliga sabab bo‘ldi. Hozirgi kunda Islom ahlining ezilishi, o‘ldirilishi va kamsitilishi bizning avvalgi asrlardagi dindoshlarimizdan farqli o‘laroq o‘ta zaif ekanligimiz boisidan yuz bermoqda.
Biz ummat yana baxtli hayot kechirishi uchun bizni yomonlovchilardan o‘zgarishlarini o‘tinib so‘rashimiz kerakmas, balki o‘z baxt-saodatimiz uchun o‘zimiz o‘zgarishimiz lozim.
Shunday ekan, biz nima qilishimiz kerak? O‘tmishda musulmonlar kuchli bo‘lishgan, chunki bilimlarga ega bo‘lishgan. Muhammad sollallohu alayhi vasallam ko‘p kitob o‘qishni buyurganlar, biroq Qur’onda aynan qaysi kitoblarni o‘qish haqida gapirilmagan.
U vaqtlarda “o‘qish” degani — mumkin bo‘lgan barcha narsani o‘qishni anglatgan. Avvalgi musulmonlar yunon olimlari, matematiklari va faylasuflarining ishlarini o‘qishgan. Ular, shuningdek, forslar, hindlar va xitoylarning ishlarini ham o‘qiganlar.
Natijada Islom dunyosida matematika va umuman fanning gullab-yashnashi boshlangan. Bizning olimlarimiz fanni rivojlantirishgan va astronomiya, geografiya kabi yangi fan sohalarini hamda matematikaning yangi bo‘limlarini yaratishgan. Ular hisoblashlarni soddalashtirib va ularning qo‘llanish doirasini haddan tashqari kengaytirib, muomalaga raqamlarni kiritganlar.
Biroq, taxminan, o‘n beshinchi asrga kelib, ba’zi Islom olimlari turli fanlarni bilishda o‘zlarini cheklay boshladilar. Ular faqatgina dinning o‘zini o‘rgana boshladilar va faqat shunday qiladigan kishilargina oxiratda mukofotga ega bo‘ladi, degan so‘zni ma’qullab turib oldilar. Bunday yondoshuvning natijasi Yevropa dunyoviy fan bilimlarini faol tushunib yetishni, o‘zlashtirishni boshlagan bir davrda intellektual tanazzul bo‘ldi.
Musulmonlar intellektual, aqliy jihatdan tanazzulga yuz tutayotgan, orqaga ketayotgan bir vaqtda yevropaliklar ularga oxir-oqibat butun dunyo ustidan hukm yurgizishga imkon bergan qurol-yarog‘ ishlab chiqarish doxil sanoatning yangi usullarini ishlab chiqib, o‘z Uyg‘onish davrlarini boshladilar.
Musulmonlar esa, aksincha, dunyoviy fan va matematikani o‘rganish to‘g‘risida unutib, ba’zi hollarda esa ulardan umuman bosh tortib, o‘zlarining mudofaa qobiliyatlarini mutlaq zaiflashtirishdi. Bu qotib qolish bugungi kunda Islom ahli chekayotgan jabr-zulmning birinchi navbatdagi sababi bo‘lib qolmoqda.
Qur’onning haqiqiy va asosiy risolasini, nomasini tushunish va talqin qilishga layoqatsizlik musulmonlarga ko‘p baxtsizliklarni olib kelgan. O‘z o‘qish doiramizni faqatgina diniy kitoblar bilan cheklab va zamonaviy ilm-fan to‘g‘risida unutib, biz Islom madaniyatiga ulkan zarar yetkazdik va o‘zimizning bu dunyodagi yo‘limizni yo‘qotib qo‘ydik.
Qur’onda toki biz o‘zimizning ayanchli ahvolimizni o‘zgartirishga harakat qilmas ekanmiz, Alloh uni o‘zgartirmasligi aytiladi. Ko‘pchilik musulmonlar bu o‘gitni nazar-pisand qilmaslikda davom etmoqdalar va uning o‘rniga faqatgina bizga najot so‘rab, avvalgi asrlarda o‘tgan sharaf qaytarilishini o‘tinib duo qilmoqdalar.
Ammo Qur’on yovuz kuchlardan saqlanish uchun bo‘yinga osib yurish mumkin bo‘lgan tumor emas. Alloh o‘z ongini rivojlantirgan kishilarga yordam beradi.