Nazar Eshonqul. Otdan tushmagan yozuvchi.

Мендан битта асар билан ёзувчи адабиётда қолиши мумкинми деб сўрашса: «Ҳа! Бу Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг «Дашту далалар» ҳикояси» – деб жавоб қайтарардим.

Назар Эшонқул
ОТДАН ТУШМАГАН ЁЗУВЧИ

Менга ХХ асрнинг бешта энг яхши ҳикоясини сананг дейишса, шубҳасиз, шу бештанинг ичига «Дашту далалар» ҳикоясини қўшган бўлардим. Мабодо ХХ асрнинг бирдан-бир яхши ҳикоясини айтинг дейишса, яна шу ҳикояни тилга олардим.  Сиз жаҳон адабиётида қайси асарларни қайта ўқиш учун эҳтиёж сезасиз деб сўрашса, Кафка, Фолькнер, Кортасар, Акутагава, Кавабата, Танидзаки Дзюнъитиро, Чехов, Ш.Холмирзаев ҳикоялари ҳамда «Дашту далалар» ҳикоясини деб жавоб берган бўлардим.

Мендан битта асар билан ёзувчи адабиётда қолиши мумкинми деб сўрашса: «Ҳа! Бу Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг «Дашту далалар» ҳикояси» – деб жавоб қайтарардим.

Мурод аканинг бошқа асарлари салмоғини пасайтириш ниятидан йироқман. Лекин мен «Дашту далалар» ҳикояси ҳақида шундай ўйлайман. Бу менинг ўта хусусий фикрим эмас, бу асар адабиётнинг энг нозик ва ўта инжиқ, маҳорат, катта истеъдод талаб қиладиган ҳикоя жанрида озми-кўпми қалам тебратган ёзувчиларни ҳам шундай ўйлашга мажбур қилади, шундай ўйлашга асос беради.

Бу ҳикоя даштнинг кўҳна қўшиғига, бу даштнинг бепоён далалардаги, туганмас дард, қўмсаш, соғинч тўла хиргойисига ўхшайди, ошиқлар ҳақидаги қадим мифлар, достонлар оҳанги бор бу ҳикояда. Ҳикоя халқ оғзаки ижоди ва ХХ асрдаги насрнинг энг сўнгги ютуқларини елкасида кўтариб турибди.

Эҳтимол, яна кўплаб ҳикоялар ёзилади, улкан изланишлар бўлади, аммо бу ҳикоянинг ўрни ўзбек насрида салмоқлигича қолаверади.

Биз талабалик йилларимизда Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзамов, Аҳмад Аъзам, Хуршид Даврон, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Олим Отахонов, Хайриддин Султонов каби шоир-ёзувчиларнинг ҳар бир асарини муштоқлик билан кутганмиз ва чанқоқлик билан ўқиганмиз. Афсуски, 70-йилларда адабиётга ўзига хос кўтарилиш олиб кирган бу авлоддан кейин ўзини авлод деб аташга арзийдиган адабий авлод пайдо бўлмади ва бу авлод ҳали ҳам худди 70-йиллардагидек адабиётнинг юкини, унинг янгиланиш жараёнларини ўз елкаларида кўтариб келишяпти. Адабиётнинг равнақи, диди учун ҳали ҳам шу авлод ўзини масъул деб биляпти. Дарвоқе, авлод сифатида жипслашган ва шаклланган, мустаҳкам қарашларга эга, бу қарашларни, гарчи баҳсли бўлса ҳам, қатъият билан ҳимоя қилолган, ҳам назмда, ҳам насрда адабиёт имкониятлари беҳад кенглигини исботлаб берган авлод ҳали ҳам «от устида» турибди. Аслида, ҳеч қайси авлод бошқа бир авлодни адабиёт «оти»дан зўрлик билан «тушириб» юбормайди. Кириб келган авлод ўзидан олдинги авлоднинг адабиётга бўлган қарашларини ўзгартиради, кенгайтиради – бу эса ўз-ўзидан янги авлод «отга мингани»ни билдиради. Мурод ака мансуб авлоддан кейин уларнинг ўрнига авлод сифатида ва худди улар каби яхлит ва мукаммал адабий қарашларга эга бошқа бир авлод адабиёт майдонига чиққани йўқ. Шу сабабли ҳам ҳали-ҳануз бу авлод айтган, ҳимоя қилган, сингдирган қарашлар адабиётда асосий қараш сифатида сақланиб қолмоқда. Ана шунинг ўзиёқ М.М.Дўст ва унинг авлоди адабиётга нима берганини кўрсатиб туради. 80-йилларда адабиётга кириб келганлар ичида ҳам истеъдодлар бўлса-да, бу авлод авлод сифатида ўз қарашларини яхлитлаб, жамлаб беролгани йўқ, ўзларини, қарашларини қатъият билан ҳимоя қилолмаяпти. Бу авлод якка-якка тарзда, тарқоқ ҳолда ўз фикрларини, қарашларини тавсия қилишмоқда, холос. Шунинг учун ҳалигача улар олиб кирган фикрлар адабиётда баҳс бўлиб ётибди, ҳалигача шаклланган қараш сифатида тан олингани йўқ.

«Дашту далалар» ҳикояси эса юқоридаги авлодлар ҳақидаги фикримизни тасдиқлаб туради. М.М.Дўстнинг дастлабки ҳикоялар тўплами «Қайдасан, қувонч садоси»даги ҳикояларда биз дашт одамларининг хилма-хил дунёсига дуч келамиз. Бу ерда ёзувчининг барча уринишлари, ютуқ ва тажрибасизликлари кафтдагидек кўринади. Аммо дастлабки ҳикоялардаёқ М.М.Дўст тўпори, содда ва ғурури баланд одамларнининг суратини ва сийратини маҳорат билан чизишга киришади: ҳикояларни ўқигандаёқ ўзига хос соф ўзбекона типлар ва характерлар яратишга уринишни сезамиз. Бу тўпламда бизга эслатилган кўплаб образларга ёзувчининг кейинги асарларида – «Чоллардан бири», «Истеъфо», «Галатепа қиссалари» тўпламида ва «Лолазор» асарларида яна дуч келамиз. Бу асарларда айни образга ишлатилган бўёқлар янада тиниқлашади, бизга чала кўринган кўплаб образлар бошқа асарлар орқали тўлақонли қиёфаларда гавдалана бошлайди. Биз энди Фолькнер адабиётда қўллагани каби фақат адабиётдагина мавжуд бўлган Галатепа ва галатепаликларнинг гала образига дуч келамиз. Ер харитасида йўқ, фақат ёзувчи хаёлида яратилган бу қишлоқнинг кўчаларида кезамиз, қишлоқнинг пастак, лойсувоқ уйларида қаҳрамонлар билан бирга яшаймиз, ҳаёт ва абадият, инсонийлик ва шафқат ҳақида улар билан баҳс қиламиз, улар билан қўшилиб изтироб чекамиз, биринчи муҳаббат кўчасидан девона каби қўшиқ айтиб ўтамиз. Умуман, дашт одамлари қиёфаси, характери, тили ва ички кечинмаларини, истеҳзою қочиримларини ХХ асрда ҳеч бир ёзувчи М.М.Дўстчалик бадиий ёрқин, характерли, изчил акс эттиролгани йўқ. Тўғри, Ш.Холмирзаев асарларининг аксарияти ҳам қишлоқ ҳақида. Аммо Шукур акада характер яратишдан кўра давр оғриғини, дардини изтиробини кўрсатиш биринчи ўринга чиқади. М.М.Дўстда эса давр иккинчи даражадаги восита. Галатепаликлар азалдан амал қилиб келган ақидаларидан воз кечишмаган, анъаналар, яшаш ва фикрлаш тарзи асрлар силсиласида сайқалланган. Улар, давр қандай бўлишидан қатъи назар, ана шу сайқалланган ақидалар билан яшашади. Давр оқовалари ёнларидан оқиб ўтади. Баъзан бу оқова жалага айланиб, қишлоқни ҳам ваҳимага солади, аммо мазкур селлар асрлар тартиб берган ришталарни йўқ қилолмайди. Баъзида давр қиёфасида қамчи кўтариб келадиган раислару раҳбарлар ҳам бир куни барибир Райим оқсосқол каби ана шу азалий оқим ўзанига қайтиб тушади. Ғайбаров ва Эломоновга ўхшаган саргузаштталаблар эса худди сеҳрли олма ёки мангу ёшлик сувини излаб сирли қўрғонларга бориб қолган эртак қаҳрамонлари каби шаҳарларда кезинади. Аммо қўрғон-шаҳарларда улар ўзларини ёлғиз ва афтода сезадилар, ҳамиша ўзлари билмаган ҳолда Галатепага қайтиш йўлларини излайдилар. Галатепага қайтиш зиндондан озод бўлган Алпомишнинг уйига қайтишини эслатади. Ким бу ўзандан четга чиқса, ҳаётида мазмун ва моҳият йўқолади, эътиқод мезонини ҳам йўқотади. Эломонов тимсолида биз буни аниқроқ ҳис қиламиз. Шу сабабли ёзувчи асарларида (ҳатто «Лолалзор»да ҳам Галатепа ва унинг раиси Райим Ғайбаров Яхшибоев ва Ошно ҳаётида муҳим ўрин тутади: Ғайбаров билан баҳс бойлашиб Булдуруқ раиси уларни ўқишга жўнатади) гарчи битта образга урғу берилса-да, аммо галатепаликлар ва уларнинг бир-бирларига бўлган ишончи, муносабати уйғунлашган ҳаёт ҳақидаги ҳикматлари – азалий ҳикматлар бош қаҳрамонга айланади. Бу азал-абад ҳикмат гоҳ Мустафо чол, гоҳ Райим раис, гоҳ Назар махсум, гоҳ талоқ эшитгач ҳам умрининг охиригача эрига содиқ қолиб, умрини бева ўтказган Анзират, гоҳ бошқа қишлоққа эрга теккани учун эрини исми билан айтиб чақириб, шу орқали галатепалик эканини билдириб турган Ғайбаровнинг опаси ва бошқа ўнлаб ҳар бири ўзига хос феъл-атвор ва қарашларга эга галатепаликлар тимсолида гавдаланади. Ёзувчи бир асарида бир эпизодик тарзда қўшиб кетган, бошқа ёзувчиларда ўткинчи бўлиб қоладиган образига бошқа асарида яна қайтади, унинг ўша, олдинги асарда кўринмаган чизгиларини бериб ўтади. Шундай қилиб, асардаги биронта номи келтирилган образ шунчаки эмас, балки ана шу эпизоддаги образ ҳам «Галатепа» туркумининг асосий қаҳрамонларидан бирига айланади. Менда, Мурод ака «Чоллардан бири», «Галатепа қиссалари», «Дашту далалар» ҳикоясидаги эпизодик қаҳрамонларни ҳам қачондир келиб асосий қаҳрамон сифатида талқин қилиб асар ёзишни режалаштирган бўлса керак деган таассурот пайдо бўлади. Чунки мазкур эпизодик қаҳрамонлар эпизодик саҳнада адабиёт учун кўп нарса ваъда қилади. Биз галатепаликларни яхлит ҳолда тасаввур этиб, уларнинг ҳар бири яхлит ҳолда асосий қаҳрамон деб ўйлай бошласак, асарлардаги ҳали тадқиқотчиларимиз назаридан четда қолиб келаётган урғу-ишораларни тушунгандек бўламиз.

Эсимда, талабалик пайтимда, 1982 йили, чоғи, журнал вариантида худди ташналигимизни босмоқчидек ютоқиб ўқиганимиз «Галатепага қайтиш» қиссаси адабиётга ҳавасманд авлоднинг наср ҳақидаги фикрини ўзгартириб юборганди. Ғайбаровнинг оний хотираларига қурилган, ҳар бирини мустақил ҳикоя деса бўладиган ўндан ошиқ ҳикоя-бобдан иборат бу асар қиссадан ҳисса шаклидаги ўзига хос асарлардан биридир. Бу асарнинг шакли, конструкциясига сингдирилган фикрни ҳалигача бирон тадқиқотчи тўлалигича очиб беролгани йўқ. «Галатепага қайтиш», менимча, М.М.Дўстнинг шаклбозлик йўлидаги охирги асари – ўз давридаги насрнинг улкан ғалабаси, аммо ёзувчининг мағлубияти эди. Мурод ака, эҳтимол, ўша асаридан сўнг бу йўл ўзи учун эмаслигини, бу йўлдан ўзини тополмаслигини англагандир. Мен «Галатепага қайтиш»да бошқа адибни кўраман. Бу асар жаҳон адабий услубларининг ўзбекчалашган синтези сифатида бундан кейин ҳам кўплаб адабиётга кириб келаётган ёзувчиларни ўзига ундаб туради, кўплаб тажрибалар беради. Аммо асардаги оҳангда ва воқеликка муносабатда ғайри нигоҳ бор, бу нигоҳ бошқа асарлар, энг асосийси, Галатепа ҳикматлари билан уйғунлашмайди. Асар ҳозир ҳам насримизнинг ўрганилиши ва тадқиқ этилиши керак бўлган ўзига хос ё қисса, ё романи сифатида қийматини йўқотмаган эсада, М.М.Дўст «Дашту далалар»дагидек даштнинг тўпори ва азалий оҳангини тополмайди. ХХ асрнинг, шубҳасиз, энг яхши ҳикояларидан бири бўлиб қоладиган бу ҳикояда ёзувчи чинакам азалий ҳикматни, метафорани топади.

Галатепа туркумидан тубдан фарқ қиладиган «Лолазор» романи эса ўзбек насрининг жиддий асарларидан биридир. Роман ҳақида тадқиқотлар анчагина. Аммо, менимча, асарни ҳадеб фақат даврнинг айбномасига айлантиришга қўшилиб бўлмайди. Тўғри, асар ҳеч қачон ўзи яшаётган давр муаммоларидан узилмайди. У қайсидир маънода (кўпроқ рамзий маънода!) замонасининг рамзидир. Аммо ҳар қандай асар айни замонда мангуликнинг рамзларини тополсагина у яшаб қолишга ҳақли. «Лолазор» қиссанавис (Саидқул Мардон)нинг нигоҳи билан даврнинг қарашларини ифода этган Яхшибоев нигоҳини асар тизимига бирлаштириб туради. Асарни ўқисангиз, қиссанавис билан Яхшибоевнинг айни пайтда битта ровий эканига гувоҳ бўласиз – бу икки нигоҳ асар сўнгида битта нигоҳга айланади. Сайидқул Оллоёрга отаси барпо этган боғни кўрсатади. Қаҳрамонлар фаолиятини баҳолашга, улардан хулоса чиқаришга эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги мавжуд тушунчаларимиз камлик қилади. Эҳтимол, гап эзгулик ёки ёвузлик, давр фожиаси ҳақида ҳам эмасдир?! Гап инсон фожиаси, билиб туриб кўриб туриб, ўзини қурбон қилган инсон, ўзини қурбон қилишга маҳкум бўлган инсон ҳақидадир?! Яхшибоев ҳам, Ошно ҳам ўзларининг кимлигини, нимага хизмат қилишаётганини яхши билишган! Аммо уларга бошқача яшаш, бошқача курашиш учун муқобиллик бормиди? Дастлаб Яхшибоевни хуш кўрмайдиган, унга замонанинг маддоҳига қарагандай муносабатда бўлган Сайидқулнинг ўзи ҳам Яхшибоевнинг соясига айланиб кетади. Гап шундаки, менимча, Яхшибоев ҳам, Ошно ҳам ўз даврига ошкора қарши курашган бўлганларида ҳам, айни вазиятдагидек эзгуликка хизмат қилишолмасди. «Фауст»да шундай сатрлар бор: «Қиёфам ёвузлик, фаолиятим эзгулик». Мен «Лолазор» романи айрим кишилар ҳақидаги эмас, ХХ асрнинг ижтимоий ҳаракати, ижтимоий фаолияти ҳақидаги асар деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам роман ўтган асрнинг йирик романи – йирик тадқиқотларга, баҳс-мунозараларга асос бўладиган асар. Унга Мурод ака мансуб авлоднинг ва улардан олдинги авлоднинг таржимаи ҳоли, аҳволу руҳияси битилган. Шу сабабли ҳали бу асар яна қайта-қайта тадқиқ этилаверади.

Мендан битта асар билан адабиётда мактаб яратиш мумкинми деб сўрашса, ҳа деб жавоб берардим. Адабиётда битта ҳикоянинг ўзи билан мактаб яратган ёзувчилар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. «Дашту далалар» ҳикоясининг ўзиёқ Мурод Муҳаммад Дўстни ўзбек ҳикоячилигида ўзига хос йўналишдаги, ўзига хос мактабга мансуб асар яратган, янги шакл, оҳанг, руҳ олиб кирган адиб сифатида тан олишга тўлиқ асос беради.

Мендан яна кимлар дидни кўча чўпчакбозлигидан қутқариб, ҳақиқий адабий дидга айлантира олади, кимлар бу дидни ўза асарлари билан яна юксак кўтаришга қодир, деб сўрашса, яна ўша – бугун 60 ёшга кираётган авлодни ва улар орасида биринчилар қаторида М.М.Дўстни кўрсатган ҳамда булар ҳали отдан тушмаган, адабий пойга шуларники деб жавоб қайтарган бўлардим.

2012

«Дашту далаларда» ҳикояси саҳифаси

Nazar Eshonqul
OTDAN TUSHMAGAN YOZUVCHI

Menga XX asrning beshta eng yaxshi hikoyasini sanang deyishsa, shubhasiz, shu beshtaning ichiga
«Dashtu dalalar» hikoyasini qo’shgan bo’lardim.

Mabodo XX asrning birdan-bir yaxshi hikoyasini ayting deyishsa, yana shu hikoyani tilga olardim. Siz jahon adabiyotida qaysi asarlarni qayta o’qish uchun ehtiyoj sezasiz deb so’rashsa, Kafka, Fol`kner, Kortasar, Akutagava, Kavabata, T.Dzyunitiro, Chexov, SH.Xolmirzaev hikoyalari hamda «Dashtu dalalar» hikoyasini deb javob bergan bo’lardim.

Mendan bitta asar bilan yozuvchi adabiyotda qolishi mumkinmi deb so’rashsa: «Ha! Bu Murod Muhammad Do’st va uning «Dashtu dalalar» hikoyasi» – deb javob qaytarardim.

Murod akaning boshqa asarlari salmog’ini pasaytirish niyatidan yiroqman. Lekin men «Dashtu dalalar» hikoyasi haqida shunday o’ylayman. Bu mening o’ta xususiy fikrim emas, bu asar adabiyotning eng nozik va o’ta injiq, mahorat, katta iste’dod talab qiladigan hikoya janrida ozmi-ko’pmi qalam tebratgan yozuvchilarni ham shunday o’ylashga majbur qiladi, shunday o’ylashga asos beradi.

Bu hikoya dashtning ko’hna qo’shig’iga, bu dashtning bepoyon dalalardagi, tuganmas dard, qo’msash, sog’inch to’la xirgoyisiga o’xshaydi, oshiqlar haqidagi qadim miflar, dostonlar ohangi bor bu  hikoyada. Hikoya xalq og’zaki ijodi va XX asrdagi nasrning eng so’nggi yutuqlarini yelkasida ko’tarib turibdi.

Ehtimol, yana ko’plab hikoyalar yoziladi, ulkan izlanishlar bo’ladi, ammo bu hikoyaning o’rni  o’zbek nasrida salmoqligicha qolaveradi.

Biz talabalik yillarimizda Murod Muhammad Do’st, Erkin A’zamov, Ahmad A’zam, Xurshid Davron, Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Xurshid Do’stmuhammad, Olim Otaxonov, Xayriddin Sultonov kabi shoir-yozuvchilarning har bir asarini mushtoqlik bilan kutganmiz va chanqoqlik bilan o’qiganmiz. Afsuski, 70-yillarda adabiyotga o’ziga xos ko’tarilish olib kirgan bu avloddan keyin o’zini avlod deb atashga arziydigan adabiy avlod paydo bo’lmadi va bu avlod hali ham xuddi 70-yillardagidek adabiyotning yukini, uning yangilanish jarayonlarini o’z yelkalarida ko’tarib kelishyapti. Adabiyotning ravnaqi, didi uchun hali ham shu avlod o’zini mas’ul deb bilyapti. Darvoqe, avlod sifatida jipslashgan va shakllangan, mustahkam qarashlarga ega, bu qarashlarni, garchi bahsli bo’lsa ham, qat’iyat bilan   himoya qilolgan, ham nazmda, ham nasrda adabiyot imkoniyatlari behad kengligini isbotlab bergan avlod hali ham «ot ustida» turibdi. Aslida, hech qaysi avlod boshqa bir avlodni adabiyot «oti»dan zo’rlik bilan «tushirib» yubormaydi. Kirib kelgan avlod o’zidan oldingi avlodning adabiyotga bo’lgan qarashlarini o’zgartiradi, kengaytiradi – bu esa o’z-o’zidan yangi avlod «otga mingani»ni bildiradi. Murod aka mansub avloddan keyin ularning o’rniga avlod sifatida va xuddi ular kabi yaxlit va mukammal adabiy qarashlarga ega boshqa bir avlod adabiyot maydoniga chiqqani yo’q. Shu sababli ham hali-hanuz bu avlod aytgan, himoya qilgan, singdirgan qarashlar adabiyotda asosiy qarash sifatida saqlanib qolmoqda. Ana shuning o’ziyoq  M.M.Do’st va uning avlodi adabiyotga nima berganini ko’rsatib turadi. 80-yillarda adabiyotga kirib kelganlar ichida ham iste’dodlar bo’lsa-da, bu avlod avlod sifatida o’z qarashlarini yaxlitlab, jamlab berolgani yo’q, o’zlarini, qarashlarini qat’iyat bilan himoya qilolmayapti. Bu avlod yakka-yakka tarzda, tarqoq holda o’z fikrlarini, qarashlarini tavsiya qilishmoqda, xolos. Shuning uchun haligacha ular olib kirgan fikrlar adabiyotda bahs bo’lib yotibdi, haligacha shakllangan qarash sifatida tan olingani yo’q.

«Dashtu dalalar» hikoyasi esa yuqoridagi avlodlar haqidagi fikrimizni tasdiqlab turadi.

M.M.Do’stning dastlabki hikoyalar to’plami «Qaydasan, quvonch sadosi»dagi hikoyalarda biz dasht  odamlarining xilma-xil dunyosiga duch kelamiz. Bu yerda yozuvchining barcha urinishlari, yutuq va  tajribasizliklari kaftdagidek ko’rinadi. Ammo dastlabki hikoyalardayoq M.M.Do’st to’pori, sodda va g’ururi baland odamlarnining suratini va siyratini mahorat bilan chizishga kirishadi: hikoyalarni o’qigandayoq o’ziga xos sof o’zbekona tiplar va xarakterlar yaratishga urinishni sezamiz. Bu to’plamda bizga eslatilgan ko’plab obrazlarga yozuvchining keyingi asarlarida – «Chollardan biri», «Iste’fo», «Galatepa qissalari» to’plamida va «Lolazor» asarlarida yana duch kelamiz. Bu asarlarda ayni obrazga ishlatilgan bo’yoqlar yanada tiniqlashadi, bizga chala ko’ringan ko’plab obrazlar boshqa asarlar orqali to’laqonli qiyofalarda gavdalana boshlaydi. Biz endi Fol`kner adabiyotda qo’llagani kabi faqat adabiyotdagina mavjud bo’lgan Galatepa va galatepaliklarning gala obraziga duch kelamiz.Yer xaritasida yo’q, faqat yozuvchi xayolida yaratilgan bu qishloqning ko’chalarida kezamiz, qishloqning pastak, loysuvoq uylarida qahramonlar bilan birga yashaymiz, hayot va abadiyat, insoniylik va shafqat haqida ular bilan bahs qilamiz, ular bilan qo’shilib iztirob chekamiz, birinchi muhabbat ko’chasidan devona kabi qo’shiq aytib o’tamiz. Umuman, dasht odamlari qiyofasi, xarakteri, tili va ichki kechinmalarini, istehzoyu qochirimlarini XX asrda hech bir yozuvchi M.M.Do’stchalik badiiy yorqin, xarakterli, izchil aks ettirolgani yo’q. To’g’ri, SH.Xolmirzaev asarlarining aksariyati ham qishloq haqida. Ammo Shukur akada xarakter yaratishdan ko’ra davr og’rig’ini, dardini iztirobini ko’rsatish birinchi o’ringa chiqadi. M.M.Do’stda esa davr ikkinchi darajadagi vosita. Galatepaliklar azaldan amal qilib kelgan aqidalaridan voz kechishmagan, an’analar, yashash va fikrlash tarzi asrlar silsilasida sayqallangan. Ular, davr qanday bo’lishidan qat’i nazar, ana shu sayqallangan aqidalar bilan yashashadi. Davr oqovalari yonlaridan oqib o’tadi. Ba’zan bu oqova jalaga aylanib, qishloqni ham vahimaga soladi, ammo mazkur sellar asrlar tartib bergan rishtalarni yo’q qilolmaydi. Ba’zida davr qiyofasida qamchi ko’tarib keladigan raislaru rahbarlar ham bir kuni baribir Rayim oqsosqol kabi ana  shu azaliy oqim o’zaniga qaytib tushadi. G’aybarov va Elomonovga o’xshagan sarguzashttalablar esa   xuddi sehrli olma yoki mangu yoshlik suvini izlab sirli qo’rg’onlarga borib qolgan ertak qahramonlari kabi shaharlarda kezinadi. Ammo qo’rg’on-shaharlarda ular o’zlarini yolg’iz va aftoda sezadilar, hamisha o’zlari bilmagan holda Galatepaga qaytish yo’llarini izlaydilar.

Galatepaga qaytish zindondan ozod bo’lgan Alpomishning uyiga qaytishini eslatadi. Kim bu o’zandan chetga chiqsa, hayotida mazmun va mohiyat yo’qoladi, e’tiqod mezonini ham yo’qotadi. Elomonov timsolida biz buni aniqroq his qilamiz. Shu sababli yozuvchi asarlarida (hatto «Lolalzor»da ham Galatepa va uning raisi Rayim G’aybarov Yaxshiboev va Oshno hayotida muhim o’rin tutadi: G’aybarov bilan bahs boylashib Bulduruq raisi ularni o’qishga jo’natadi) garchi bitta obrazga urg’u berilsa-da, ammo galatepaliklar va ularning bir-birlariga bo’lgan ishonchi, munosabati uyg’unlashgan hayot haqidagi hikmatlari – azaliy hikmatlar bosh qahramonga aylanadi. Bu azal-abad hikmat goh Mustafo chol, goh Rayim rais, goh Nazar maxsum, goh taloq eshitgach ham umrining oxirigacha eriga sodiq qolib, umrini beva o’tkazgan Anzirat, goh boshqa qishloqqa erga tekkani uchun erini ismi bilan aytib chaqirib, shu orqali galatepalik ekanini bildirib turgan G’aybarovning opasi va boshqa o’nlab har biri o’ziga xos fe’l-atvor va qarashlarga ega galatepaliklar timsolida gavdalanadi. Yozuvchi bir asarida bir epizodik tarzda qo’shib ketgan, boshqa yozuvchilarda o’tkinchi bo’lib qoladigan obraziga boshqa asarida yana qaytadi, uning o’sha, oldingi asarda ko’rinmagan chizgilarini berib o’tadi. Shunday qilib,  asardagi bironta nomi keltirilgan obraz shunchaki emas, balki ana shu epizoddagi obraz ham «Galatepa» turkumining asosiy qahramonlaridan biriga aylanadi. Menda, Murod aka «Chollardan biri», «Galatepa qissalari», «Dashtu dalalar» hikoyasidagi epizodik qahramonlarni ham qachondir kelib asosiy qahramon sifatida talqin qilib asar yozishni rejalashtirgan bo’lsa kerak degan taassurot paydo bo’ladi. Chunki mazkur epizodik qahramonlar epizodik sahnada adabiyot uchun ko’p narsa va’da qiladi. Biz galatepaliklarni yaxlit holda tasavvur etib, ularning har biri yaxlit holda asosiy qahramon deb o’ylay boshlasak, asarlardagi hali tadqiqotchilarimiz nazaridan chetda qolib kelayotgan urg’u-ishoralarni   tushungandek bo’lamiz.

Esimda, talabalik paytimda, 1982 yili, chog’i, jurnal variantida xuddi tashnaligimizni bosmoqchidek yutoqib o’qiganimiz «Galatepaga qaytish» qissasi adabiyotga havasmand avlodning nasr haqidagi fikrini o’zgartirib yuborgandi. G’aybarovning oniy xotiralariga qurilgan, har birini mustaqil hikoya desa bo’ladigan o’ndan oshiq hikoya-bobdan iborat bu asar qissadan hissa shaklidagi o’ziga xos asarlardan biridir. Bu asarning shakli, konstruktsiyasiga singdirilgan fikrni haligacha biron tadqiqotchi to’laligicha ochib berolgani yo’q. «Galatepaga qaytish», menimcha, M.M.Do’stning shaklbozlik yo’lidagi oxirgi asari – o’z davridagi nasrning ulkan g’alabasi, ammo yozuvchining mag’lubiyati edi. Murod aka, ehtimol, o’sha asaridan so’ng bu yo’l o’zi uchun emasligini, bu yo’ldan o’zini topolmasligini anglagandir. Men «Galatepaga qaytish»da boshqa adibni ko’raman. Bu asar jahon adabiy uslublarining o’zbekchalashgan sintezi sifatida bundan keyin ham ko’plab adabiyotga kirib kelayotgan yozuvchilarni o’ziga undab turadi, ko’plab tajribalar beradi. Ammo asardagi ohangda va voqelikka munosabatda g’ayri nigoh bor, bu nigoh boshqa asarlar, eng asosiysi, Galatepa hikmatlari bilan uyg’unlashmaydi. Asar hozir ham
nasrimizning o’rganilishi va tadqiq etilishi kerak bo’lgan o’ziga xos yo qissa, yo romani sifatida  qiymatini yo’qotmagan esada,

M.M.Do’st «Dashtu dalalar»dagidek dashtning to’pori va azaliy  ohangini topolmaydi. XX asrning, shubhasiz, eng yaxshi hikoyalaridan biri bo’lib qoladigan bu  hikoyada yozuvchi chinakam azaliy hikmatni, metaforani topadi.

Galatepa turkumidan tubdan farq qiladigan «Lolazor» romani esa o’zbek nasrining jiddiy asarlaridan biridir. Roman haqida tadqiqotlar anchagina. Ammo, menimcha, asarni hadeb faqat davrning aybnomasiga aylantirishga qo’shilib bo’lmaydi. To’g’ri, asar hech qachon o’zi yashayotgan davr muammolaridan uzilmaydi. U qaysidir ma’noda (ko’proq ramziy ma’noda!) zamonasining ramzidir. Ammo har qanday asar ayni zamonda mangulikning ramzlarini topolsagina u yashab qolishga haqli. «Lolazor» qissanavis (Saidqul Mardon)ning nigohi bilan davrning qarashlarini ifoda etgan Yaxshiboev nigohini asar tizimiga birlashtirib turadi. Asarni o’qisangiz, qissanavis bilan Yaxshiboevning ayni paytda bitta roviy ekaniga guvoh bo’lasiz – bu ikki nigoh asar so’ngida bitta nigohga aylanadi. Sayidqul Olloyorga otasi barpo etgan bog’ni ko’rsatadi. Qahramonlar faoliyatini baholashga, ulardan xulosa chiqarishga ezgulik va yovuzlik haqidagi mavjud tushunchalarimiz kamlik qiladi. Ehtimol, gap ezgulik yoki yovuzlik, davr fojiasi haqida ham emasdir?! Gap inson fojiasi, bilib turib ko’rib turib, o’zini qurbon qilgan inson, o’zini qurbon qilishga mahkum bo’lgan inson haqidadir?! Yaxshiboev ham, Oshno ham o’zlarining kimligini, nimaga xizmat qilishayotganini yaxshi bilishgan! Ammo ularga boshqacha yashash, boshqacha kurashish uchun muqobillik bormidi? Dastlab Yaxshiboevni xush ko’rmaydigan, unga zamonaning maddohiga qaraganday munosabatda bo’lgan Sayidqulning o’zi ham   Yaxshiboevning soyasiga aylanib ketadi. Gap shundaki, menimcha, Yaxshiboev ham, Oshno ham o’z  davriga oshkora qarshi kurashgan bo’lganlarida ham, ayni vaziyatdagidek ezgulikka xizmat qilisholmasdi. «Faust»da shunday satrlar bor: «Qiyofam yovuzlik, faoliyatim ezgulik». Men «Lolazor» romani ayrim kishilar haqidagi emas, XX asrning ijtimoiy harakati, ijtimoiy faoliyati haqidagi asar deb o’ylayman. Nima bo’lganda ham roman o’tgan asrning yirik romani – yirik tadqiqotlarga, bahs-munozaralarga asos bo’ladigan asar. Unga Murod aka mansub avlodning va ulardan oldingi avlodning tarjimai holi, ahvolu ruhiyasi bitilgan. Shu sababli hali bu asar yana qayta-qayta tadqiq etilaveradi.

Mendan bitta asar bilan adabiyotda maktab yaratish mumkinmi deb so’rashsa, ha deb javob berardim. Adabiyotda bitta hikoyaning o’zi bilan maktab yaratgan yozuvchilar bo’lgan va bundan keyin ham bo’ladi. «Dashtu dalalar» hikoyasining o’ziyoq Murod Muhammad Do’stni o’zbek hikoyachiligida o’ziga xos yo’nalishdagi, o’ziga xos maktabga mansub asar yaratgan, yangi shakl, ohang, ruh olib kirgan adib sifatida tan olishga to’liq asos beradi.

Mendan yana kimlar didni ko’cha cho’pchakbozligidan qutqarib, haqiqiy adabiy didga aylantira oladi, kimlar bu didni o’za asarlari bilan yana yuksak ko’tarishga qodir, deb so’rashsa, yana o’sha – bugun 60 yoshga kirayotgan avlodni va ular orasida birinchilar qatorida M.M.Do’stni ko’rsatgan hamda bular hali otdan tushmagan, adabiy poyga shularniki deb javob qaytargan bo’lardim.

«Dashtu dalalarda» hikoyasi sahifasi




007

(Tashriflar: umumiy 3 475, bugungi 1)

1 izoh

  1. Мурод Муҳаммад Дўст асарлари икки китоб таниган киши ўртасида доимо баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Бундан ташқари «адабиётга кириб, чиқадиганларнинг» ҳисобини олиб ўтирган синчиларни-ку айтмасаям бўлади. Аммо,бу мақола шу пайтга қадар М.М.Дўст асарларига берилган баҳолар ғариб эканини кўрсатибди ва Н. Эшонқул қарашлари шу мавзудаги мақолалар сарасига айланибди.

Izoh qoldiring