Бугун сизга тақдим этаётган асарларимнинг бир қисми ёшлик йилларидаги шеър дафтарларимда қолиб кетган, бирон бир китобимга кирмаган шеърлардан намуналар бўлса, иккинчи қисми сўнгги йилларда ёзилган шеърларимдан айримларидир. Эски дафтарлардаги ҳар бир шеърнинг тўпламларимга кирмай қолганининг сабаби турлича: айримлари ўша пайтда ўзимга ёқмагани, айримлари мавзу такрорлиги учун ва яна бир қисми ҳафсаласизлик оқибатида назардан четда қолиб кетган.
Яна айтишим керакки, бу эски шеърларни фақат битта дафтардан олдим, бошқа дафтарларниям титиш навбати ҳали олдинда. Янги шеърларимга келсак, улар ҳам янги тўплам ҳолида тайёрлашимни пойлаб ётибди. Ҳозирча эса бир туркумини сизга тақдим этишни ўйладим.
Хуршид ДАВРОН
ЭСКИ ВА ЯНГИ ДАФТАРДАН ШЕЪРЛАР
ЭСКИ ДАФТАРДАН
БАҲОР
Далага чиқаман,
Дала – бепоён.
Яшил ажриқзорга қўяман бошим.
Кўнглим равшанлашар, кўнглим – осмон.
Булутдек чекинар ичимдан кадар,
Ёшгина чечакка лабимни босиб,
Аста шивирлайман: Салом, биродар!
1972
ТОНГ
Туннинг томоғини қирқди
Хўрознинг қип-қизил овози.
Деразалар қанот чиқарди,
Кўзларида акс этди борлиқ.
1974
ШАҲАР
Фақат ўша ёқда –
Олис қишлоқда
Гапиришни билар дарахтлар.
Мени ҳамма унутган чоғда,
Фақат улар мени дараклар.
Юрагимда сассиз туйғулар,
Мен чорасиз хаёл сураман,
Миллион ёлғизлар шаҳрида
Дарахтларни излаб юраман.
Бунда мени тушунмас ҳеч ким,
Мен билмайман нетай тилимни –
Сўзламоқни унутаётганим
Хавотирга чулғар дилимни.
1971
САМАРҚАНД
Ҳарбийликда ёзилган шеър
О, олис Самарқанд минорларининг
Нақшида порлаган оқшомги ёғду!
Менинг юрагимни соғинч тунлари
Қутлуғ ёдномадай ёритади у.
Сўнгги йўқ сукунат дафтарларида
Мангу битик каби ва ҳикоятдек,
Қотиб турган Гўри Мир, Шоҳизинданинг
Ҳайрати дилимда янграр оятдек!
Қайтгим келаётир кечаларингга,
Қайтгим келаётир ичикиб, беун –
Адашиб торгина кўчаларингда
Сени қайта-қайта кашф этмоқ учун.
Нега чертиб маҳзун дил торларини
Соғинч тунларида бермайсан уйқу,
Эй, олис Самарқанд минорларининг
Нақшида порлаган безовта ёғду!
1972
ҚАЙТИШ
Болаликка қайтмоқ бўлди у,
Чалмоқ бўлди эски сеторни.
Бироқ, қалби илғади фақат
Хотирадан ўчган садони.
Болаликка қайтмоқ бўлди у,
Битмоқ бўлди илк шеърини.
Такрорлади юраги бироқ
Сўнгги шеърин сатрларини.
Болаликка қайтмоқ бўлди у,
Кўрай дея отам-онамни.
Бироқ, қалби чарх урди бўзлаб
Поёни йўқ қабристон узра.
Қора тунлар ғам чекди юрак,
Тинглай дея онааллани –
Ва кўрди у болалигини –
Сочи оппоқ эди боланинг.
ҚАБРТОШ ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Кар одам шивирлар
Жон бераётиб:
– Ўлсам, мозоримда қирқ кун куй чалинг…
Кўр одам ўтинар
Жон бераётиб:
– Ўлсам, мозоримни кунгайда қазинг…
Соқов ғўлдирайди
Жон бераётиб:
– Ўлсам, тош қўйманглар менинг қабримга…
1974
ШАҲАРДА БАҲОР
Йўл четида,
Тош биқинида
Адашган уч–тўрт бинафша
Йўл сўроқлар далалар томон…
1980
ШЕЪРИЯТ
Иброҳим Ҳаққулга
Шеърият – шер билан олишув,
Яъни ҳаёт–мамот жанги.
Шеърият – қор остидан чапак чалиб
Чиққан чечакнинг ранги.
У – саҳрода адашган йўлчи
Сувдонида қолган томчи сув.
У – ишончни жар ёқасига
Бошлаб борган кўр қўрқув.
Шеърият – шамолга басма–бас
Учқундек гулханга қараб югурмоқ.
Бошяланг, типпа–тик –
Ёвуз ва баднафс
Милтиқларга юзма–юз турмоқ.
Қўрқоқларни кечирмаслик,
Сотқинларни кечирмаслик,
Нодонларни кечирмаслик –
Шеърият.
1978
ИБЛИС ИШҚИ
Лермонтов достонини, Усмон Носир таржимасини ўқиб
Қорлар аро ётаркан музлаб
Тамаранинг тинган нафаси,
Тунги юксак чўққилар узра
Пайдо бўлар Иблис шарпаси.
Қуёш нури унга ёт, малол,
Бегонадир унга тонготар
Ва осмонда музлаган ҳилол
Тамарани қўриқлаб ётар.
Тоғ пастида уйқу чирмаган
Овул аро тушда кўргандай,
Баъзан ярим кечалар йиғлаб
Тамарани эслайди сурнай.
О қанчалар нола чекмасин
Сурнай куйи – ишқнинг лапари.
Уйғотолмас Тамара сасин,
Титрамагай унинг лаблари.
Чарх уради музликлар узра
Телбадайин Иблис шарпаси.
Соясидан тоғ баттар музлар,
Совуқ пуркар унинг нафаси.
Бирон оҳи қизга етмагай,
Учаверар қаҳрга тўлиб,
Бирон оҳи беиз кетмагай,
Тамарани қучар мўз бўлиб.
1977
***
Кун ботди –
Ботаётиб,
Деразам ойнасида
Акс этди чўғдай ёниб.
Оқшом.
Салом, дафтарим –
Икки оппоқ қанотин
Ёйиб ётган каптарим.
1982
НОЗИМНИНГ МОВИЙ КЎЗЛАРИ
Нозимнинг мовий кўзлари – денгиз
дардларидай узун долғали тенгсиз
мунгли ой чарақлар соғинч тоқида
оқ чорлоқлар учар айрилиқ узра
соғинч булбул заъфар босфор боғида
киприклари мовий, сочлари сомон сариғи
севгисига боқар оҳиста
дардларидай чуқур Нозим кўзлари
кўр армон эргашар учган қушларга
қалби қолиб кетган она излари
муҳаббат ислари қолган тушларга
киприклари мовий, сочлари сомон сариғи
севгисига боқар оҳиста
1984
ЯНГИ ДАФТАРДАН
БОЛАЛИК
Тунлари осмонга тикилар,аммо
Юлдузсиздир, ойсиздир само.
Баҳорда кўрмайди атиргулларни,
Эшитмас сайраган маст булбулларни
Деразани ювган ёмғирни кўрмас,
Ҳолбуки соппа-соғ, кўзлари кўрмас.
Оёғи остида қор ғижирламас,
Уйин айвонида қуш ғужирламас.
На шивир, на пичир, на ун, на титроқ —
Унинг юрагига солар қалдироқ.
Кўксини пайпаслар фақат дамба-дам
Қалбини болалик тарк этган одам.
2007
ДЎСТИМ ИНДАМАЙДИ
Дўстим индамайди
Соатлаб дардларим айтаман унга
Тонг кетар оқшом кетар
Оқ қорага қора оққа айланаверар
Кузда баҳор келар
Дўстим индамайди
Кузда чечакларнинг ёзда сувларнинг
Қишда чучмомалар эртагин айтдим
Дўстим индамайди
Булутлар ортидан термилиб айтдим
Заъфар хазонларга кўмилиб айтдим
Дўстим индамайди
Дарди кўп дўстимнинг
Индамайди
2012,ноябрь
ВОҚИФ САМАД ЎҒЛИ ХОТИРАСИГА
Аллоҳим,
Гуноҳим кўп
Жудаям кўп гуноҳим
Гуноҳимдан ўт демайман
Қўрққаним
Дўзахдаги ўт демайман
Сўрамайман:
Эй меҳрибон
Сен уларни даф айлагин.
Сўрагайман:
Гуноҳимда
Бошқаларнинг айби бўлса
Сен уларни авф айлагин…
Январь, 2015
* * *
«Хуршид!» деб чақираман ёлғизлик тунида.
Ҳеч ким жавоб бермаслигини билсам-да,
чақиравераман, чақиравераман…
* * *
Болаликдан бир орзум бор
Юзи оп-поқ
Ҳеч кимга айтилмаган
Мени асло тарк этмаган
Бир орзум бор юрагимда
Кўзлари ўйчан
Денгиз ёқасида яшасам
Хилват соҳилида уйим бўлса
Деразалари очиқ турса
Узоқ-узоқларда сузган оқ кема
Шавкат Раҳмон шеър дафтаридай
Сузиб ўтса ойдин денгизда
Сузиб ўтса ва деразамнинг
Ойнасида акс этган елкан
Каби ёйилса кичрайган елкам
Денгиз ёқасида яшасам
Хилват соҳилида уйим бўлса
Деразалари очиқ турса
Равоғида заъфар тилларанг
Қоғоз билан ўралган сопол тувакда
Ям-яшил япроқли бинафшанинг
Сиёҳранг гуллари
Менга тикилиб турган кўзлари билан
Денгиз соҳилида яшасам
* * *
Бу мамлакатда
шивирласанг бас
Ҳамма эшитар
Шундай сокин бу мамлакат
Йиғласанг
Елкаси силкина бошлайди
Овозини чиқармас бу мамлакат
* * *
Кетар чоғингда
Дунёга «Хайр!» дейишни унутма
«Раҳмат!» дейишни унутма
«Хайр!» дейишни унутма
Болалик кунларингга
Муҳаббат тунларига
Тўрт томонга
Яхши-ёмонга
Туз билан нонга
Мовий осмонга
Онанг қучган бешикка
Ҳар бир очиқ эшикка
Олисдаги тоғларга
Яшил қирмиз заъфар боғларга
Ялпизларга
Қалдирғочларга
Чумолиларга
Атиргулларга
«Хайр!» дейишни унутма
«Раҳмат!» дейишни унутма
СЎҚИР ҲОМЕР ЁЗГАН ХАТДАН
Агар тахтда ўтирса дажжол
Унга бош эгсанг
Кўринмас тахтининг пойида
Миннатдорона кўзёш тўксанг гоҳида
Вақт ўтиб, йиллар ўтиб
Сен ҳам озма-оз
Дажжолга айланасан
ҚАЙҒУМ МАНИМ
Қайғум маним,
бир умрлик жўрам маним
Юрагимнинг ич-ичида ҳужрам маним
Ойнасидан ойнинг нури тушиб турган
Қафасдаги булбулдайин учиб юрган
Қайғум маним
Қайғум маним
Туғилмишдан соямдайин ёнимдасан
Ла илаҳа иллаллоҳдай ёдимдасан
Ҳар дам маним жонимдасан қонимдасан
Йиллар ойлар кунлариму онимдасан
Қайғум маним
Қайғум маним
Онам тўккан кўз ёшларда кўрдим сени
Мозорининг бошларида кўрдим сени
Юрагимни тилиб-тилиб муз тиғларинг
Қўшилишиб “Онам” дея сен йиғладинг
Қайғум маним
Қайғум маним
Унутайин десам кимни исмин айтдинг
Тарк этайин деганимни олиб қайтдинг
Ёнимдасан издиҳому ёлғиз пайтим
Навоийнинг девонида суйган байтим
Қайғум маним
Қайғум маним
Болалигим ташлаб кетди сен кетмадинг
Илк севги шодликларим унутмадинг
Бамисоли кузакдаги баргихазон
Бамисоли қорлардаги субҳи азон
Қайғум маним
Қайғум маним
Мусичадай деразамда қўниб турган
Онамдайин ҳамма гапга кўниб турган
Айни саҳар шамчироқдай сўниб турган
Юрагимга шабнамдайин иниб кирган
Қайғум маним.
Қайғум маним
Умрим бўйи хайр демай салом демай
Бўлди етар энди бари тамом демай
Тўйларимда бирон марта нон туз емай
Отамдайин қараб турган бир сўз демай
Қайғум маним
Қайғум маним
Қайғум маним
Йиллар кетар ойлар кетар қарамайсан
Белим букик сочим оқ сен қаримайсан
Кунларимни сармаст этган қари майсан
Қайғум маним
Қайғум маним
Қайғум маним
Бир кун келар ҳаётимнинг гули сўлар
Мозоримнинг дунёдай кенг бағри тўлар
Юрагимдан униб чиқиб чечак бўлар
Қайғум маним
Қайғум маним
Қайғум маним
ШОИР
Бекор гап: шоирни жангчи атамоқ,
У ёлғиз одамнинг сўнгги алами.
Шоир – бу очуннинг капалак мисол
Энг чиройли ва энг ожиз одами.
ҚИСМАТ
Ҳамма қилган ишни қилмайман
Ҳамма йиғласа йиғламайман
Ҳамма кулса кулмайман деди
Ҳамма билганини билмайман деди
Ҳамма ҳа деса мен йўқ дейман
Ҳамма ош еса мен мош ейман
Ҳамма оёқ деса мен бош дейман деди.
Аммо худонинг айтгани бўлди
Бари бир ҳамманинг ишини қилди
Ўлди
САМАРҚАНД
Бир шивир мисоли Самарқанд
Бисмиллоҳ каби ложувард
Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Соғинчим тимсоли
Сочлари шамолда ёйилган
Навбаҳор тоширган Ёйиқдай
Симобий либосга ўранган
Темур эркалашларига ўрганган
Улуғбек қонидай сочилган
Қизғалдоқлардай очилган
Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Дунёнинг энг гўзал шеърини
Болалик чоғимда қучоқлаб
онамдай эркалаб шивирлар
Самарқанд Самарқанд Самарқанд
Бир шивир мисоли мунгли дард
Бисмиллоҳ мисоли ложувард
БИЗ БИЛАН
Жасорат туйғуси ёнида
Қўрқувнинг нафаси биз билан
Ложувард осмонни тўлдирган
Қушларнинг қафаси биз билан
Биз билан боболар армони
Ҳадикнинг ҳассаси биз билан
Юртим деб жон берган ботирлар
Боболар қиссаси биз билан
Алпомиш Гўрўғли келбати
Ватан деб ўлмоқлик навбати
Ялавоч бўлмоқлик навбати
Хиёнат шарпаси биз билан
Ой чиқар мозорлар устига
Кун чиқар бозорлар устига
Боқармиз ҳеч нима сезмасдан
Ҳаётнинг ғуссаси биз билан
БИНАФША
Бинафша мени чақирди
Қор эриган боғча четидан
Кимнидир чақирди
Юрагимнинг ичидан
Кел деди бинафша
Кул деди бинафша
Кўкарган боғча ичидан
Сен келмасанг
Сен кулмасанг
Мен сўламан деди бинафша
Кар кўрмисан
Гар кўрмасанг
Мен ўламан деди бинафша
Ай жоним бинафша
Юрагимнинг ҳовучида
Ҳаяжоним бинафша
Сўлаётир боғча четида
Кўру кар
Сақову гунг
Ёлғизликнинг ичида
2015
***
Осмондаги булутлар
Эрта тонгда мен кийган
Кўйлагим каби оппоқ…
***
– Юмшоғим, – деди типратикан,
– Ақллигинам, – деди эшак.
Одам миқ этмади.
***
Суйдигимнинг сочлари қора –
Дардим каби.
Суйдигимнинг киприги узун –
Дардим каби.
Суйдигимнинг лаблари ширин –
Дардим каби.
Суйдигимнинг кўзлари яшнар
Дардим каби.
***
Кеча ярим тунда
Осмоннинг энг ичкарисида
Жимирлаб ёниб турган
Юлдуз билан сўзлашдим.
Тонг отиши олдидан
«Мен ҳам сенга ўхшайман» – деди.
«Мен ҳам сендек ёлғизман…» – деди.
***
Набирамнинг кўзига
Тикилиб туриб
Бобомни кўрдим.
«Ассалому алайкум!» – дедим бобомга.
Набирам кўзлари
Майин жилмайди…
ЧУНКИ
Бу бола Машрабнимас,
Нитшени севар.
«Улисс»ни ўқийди,
Чунки
«Ўтган кунлар»
Ўтган кунлар дейди.
Мактабда дарс берган
Акасининг жаҳли чиқади,
Чунки у
Нитшени билмас,
«Ўтган кунлар»ни
Кинода кўрган.
Кекса ота анграйиб қарайди
Икки ўғлига,
Чунки у
Нитшениям,
Қодирийниям
ўқиган эмас.
МУТОЛАА
Бу китоб мени узоқ ўқиди,
Ишонмасдан,
Қайта-қайта ўқиди.
Тўхтаб-тўхтаб,
бошқа ишга чалғимай,
Синчиклаб ўқиди.
Кейин секин четга қўйиб,
Йиғлаб юборди…
МУҲАББАТ ЭРТАГИ
Тоҳиру Зуҳро,
Фарҳоду Ширин,
Вомиқу Узро…
Нега менинг исмим танҳо,
Нега исминг ёнимдамас?
Минг йилликлар
Эртаги ёлғон,
Уларни тўқиган
Шоирлар ўлғон.
Асл эртагимни
Эшит, севгилим::
Мен — Тоҳир, сен — Зуҳро,
Мен — Фарҳод, сен — Ширин
Мен — Вомиқ, сен — Узро,
Мен — Сен…
Bugun sizga taqdim etayotgan asarlarimning bir qismi yoshlik yillaridagi she’r daftarlarimda qolib ketgan, biron bir kitobimga kirmagan she’rlardan namunalar bo’lsa, ikkinchi qismi so’nggi yillarda yozilgan she’rlarimdan ayrimlaridir. Eski daftarlardagi har bir she’rning to’plamlarimga kirmay qolganining sababi turlicha: ayrimlari o’sha paytda o’zimga yoqmagani, ayrimlari mavzu takrorligi uchun va yana bir qismi hafsalasizlik oqibatida nazardan chetda qolib ketgan.
Yana aytishim kerakki, bu eski she’rlarni faqat bitta daftardan oldim, boshqa daftarlarniyam titish navbati hali oldinda. Yangi she’rlarimga kelsak, ular ham yangi to’plam holida tayyorlashimni poylab yotibdi. Hozircha esa bir turkumini sizga taqdim etishni o’yladim.
Xurshid DAVRON
ESKI VA YANGI DAFTARDAN SHE’RLAR
ESKI DAFTARDAN
BAHOR
Dalaga chiqaman,
Dala – bepoyon.
Yashil ajriqzorga qo’yaman boshim.
Ko’nglim ravshanlashar, ko’nglim – osmon.
Bulutdek chekinar ichimdan kadar,
Yoshgina chechakka labimni bosib,
Asta shivirlayman: Salom, birodar!
1972
TONG
Tunning tomog’ini qirqdi
Xo’rozning qip-qizil ovozi.
Derazalar qanot chiqardi,
Ko’zlarida aks etdi borliq.
1974
SHAHAR
Faqat o’sha yoqda –
Olis qishloqda
Gapirishni bilar daraxtlar.
Meni hamma unutgan chog’da,
Faqat ular meni daraklar.
Yuragimda sassiz tuyg’ular,
Men chorasiz xayol suraman,
Million yolg’izlar shahrida
Daraxtlarni izlab yuraman.
Bunda meni tushunmas hech kim,
Men bilmayman netay tilimni –
So’zlamoqni unutayotganim
Xavotirga chulg’ar dilimni.
1971
SAMARQAND
Harbiylikda yozilgan she’r
O, olis Samarqand minorlarining
Naqshida porlagan oqshomgi yog’du!
Mening yuragimni sog’inch tunlari
Qutlug’ yodnomaday yoritadi u.
So’nggi yo’q sukunat daftarlarida
Mangu bitik kabi va hikoyatdek,
Qotib turgan Go’ri Mir, Shohizindaning
Hayrati dilimda yangrar oyatdek!
Qaytgim kelayotir kechalaringga,
Qaytgim kelayotir ichikib, beun –
Adashib torgina ko’chalaringda
Seni qayta-qayta kashf etmoq uchun.
Nega chertib mahzun dil torlarini
Sog’inch tunlarida bermaysan uyqu,
Ey, olis Samarqand minorlarining
Naqshida porlagan bezovta yog’du!
1972
QAYTISH
Bolalikka qaytmoq bo’ldi u,
Chalmoq bo’ldi eski setorni.
Biroq, qalbi ilg’adi faqat
Xotiradan o’chgan sadoni.
Bolalikka qaytmoq bo’ldi u,
Bitmoq bo’ldi ilk she’rini.
Takrorladi yuragi biroq
So’nggi she’rin satrlarini.
Bolalikka qaytmoq bo’ldi u,
Ko’ray deya otam-onamni.
Biroq, qalbi charx urdi bo’zlab
Poyoni yo’q qabriston uzra.
Qora tunlar g’am chekdi yurak,
Tinglay deya onaallani –
Va ko’rdi u bolaligini –
Sochi oppoq edi bolaning.
QABRTOSH HAQIDA BALLADA
Kar odam shivirlar
Jon berayotib:
– O’lsam, mozorimda qirq kun kuy chaling…
Ko’r odam o’tinar
Jon berayotib:
– O’lsam, mozorimni kungayda qazing…
Soqov g’o’ldiraydi
Jon berayotib:
– O’lsam, tosh qo’ymanglar mening qabrimga…
1974
SHAHARDA BAHOR
Yo’l chetida,
Tosh biqinida
Adashgan uch–to’rt binafsha
Yo’l so’roqlar dalalar tomon…
1980
SHE’RIYAT
Ibrohim Haqqulga
She’riyat – sher bilan olishuv,
Ya’ni hayot–mamot jangi.
She’riyat – qor ostidan chapak chalib
Chiqqan chechakning rangi.
U – sahroda adashgan yo’lchi
Suvdonida qolgan tomchi suv.
U – ishonchni jar yoqasiga
Boshlab borgan ko’r qo’rquv.
She’riyat – shamolga basma–bas
Uchqundek gulxanga qarab yugurmoq.
Boshyalang, tippa–tik –
Yovuz va badnafs
Miltiqlarga yuzma–yuz turmoq.
Qo’rqoqlarni kechirmaslik,
Sotqinlarni kechirmaslik,
Nodonlarni kechirmaslik –
She’riyat.
1978
IBLIS ISHQI
Lermontov dostonini, Usmon Nosir tarjimasini o’qib
Qorlar aro yotarkan muzlab
Tamaraning tingan nafasi,
Tungi yuksak cho’qqilar uzra
Paydo bo’lar Iblis sharpasi.
Quyosh nuri unga yot, malol,
Begonadir unga tongotar
Va osmonda muzlagan hilol
Tamarani qo’riqlab yotar.
Tog’ pastida uyqu chirmagan
Ovul aro tushda ko’rganday,
Ba’zan yarim kechalar yig’lab
Tamarani eslaydi surnay.
O qanchalar nola chekmasin
Surnay kuyi – ishqning lapari.
Uyg’otolmas Tamara sasin,
Titramagay uning lablari.
Charx uradi muzliklar uzra
Telbadayin Iblis sharpasi.
Soyasidan tog’ battar muzlar,
Sovuq purkar uning nafasi.
Biron ohi qizga yetmagay,
Uchaverar qahrga to’lib,
Biron ohi beiz ketmagay,
Tamarani quchar mo’z bo’lib.
1977
***
Kun botdi –
Botayotib,
Derazam oynasida
Aks etdi cho’g’day yonib.
Oqshom.
Salom, daftarim –
Ikki oppoq qanotin
Yoyib yotgan kaptarim.
1982
NOZIMNING MOVIY KO’ZLARI
Nozimning moviy ko’zlari – dengiz
dardlariday uzun dolg’ali tengsiz
mungli oy charaqlar sog’inch toqida
oq chorloqlar uchar ayriliq uzra
sog’inch bulbul za’far bosfor bog’ida
kipriklari moviy, sochlari somon sarig’i
sevgisiga boqar ohista
dardlariday chuqur Nozim ko’zlari
ko’r armon ergashar uchgan qushlarga
qalbi qolib ketgan ona izlari
muhabbat islari qolgan tushlarga
kipriklari moviy, sochlari somon sarig’i
sevgisiga boqar ohista
1984
YANGI DAFTARDAN
BOLALIK
Tunlari osmonga tikilar,ammo
Yulduzsizdir, oysizdir samo.
Bahorda ko’rmaydi atirgullarni,
Eshitmas sayragan mast bulbullarni
Derazani yuvgan yomg’irni ko’rmas,
Holbuki soppa-sog’, ko’zlari ko’rmas.
Oyog’i ostida qor g’ijirlamas,
Uyin ayvonida qush g’ujirlamas.
Na shivir, na pichir, na un, na titroq —
Uning yuragiga solar qaldiroq.
Ko’ksini paypaslar faqat damba-dam
Qalbini bolalik tark etgan odam.
2007
DO’STIM INDAMAYDI
Do’stim indamaydi
Soatlab dardlarim aytaman unga
Tong ketar oqshom ketar
Oq qoraga qora oqqa aylanaverar
Kuzda bahor kelar
Do’stim indamaydi
Kuzda chechaklarning yozda suvlarning
Qishda chuchmomalar ertagin aytdim
Do’stim indamaydi
Bulutlar ortidan termilib aytdim
Za’far xazonlarga ko’milib aytdim
Do’stim indamaydi
Dardi ko’p do’stimning
Indamaydi
2012,noyabr`
VOQIF SAMAD O’G’LI XOTIRASIGA
Allohim,
Gunohim ko’p
Judayam ko’p gunohim
Gunohimdan o’t demayman
Qo’rqqanim
Do’zaxdagi o’t demayman
So’ramayman:
Ey mehribon
Sen ularni daf aylagin.
So’ragayman:
Gunohimda
Boshqalarning aybi bo’lsa
Sen ularni avf aylagin…
Yanvar, 2015
* * *
«Xurshid!» deb chaqiraman yolg’izlik tunida.
Hech kim javob bermasligini bilsam-da,
chaqiraveraman, chaqiraveraman…
* * *
Bolalikdan bir orzum bor
Yuzi op-poq
Hech kimga aytilmagan
Meni aslo tark etmagan
Bir orzum bor yuragimda
Ko’zlari o’ychan
Dengiz yoqasida yashasam
Xilvat sohilida uyim bo’lsa
Derazalari ochiq tursa
Uzoq-uzoqlarda suzgan oq kema
Shavkat Rahmon she’r daftariday
Suzib o’tsa oydin dengizda
Suzib o’tsa va derazamning
Oynasida aks etgan yelkan
Kabi yoyilsa kichraygan yelkam
Dengiz yoqasida yashasam
Xilvat sohilida uyim bo’lsa
Derazalari ochiq tursa
Ravog’ida za’far tillarang
Qog’oz bilan o’ralgan sopol tuvakda
Yam-yashil yaproqli binafshaning
Siyohrang gullari
Menga tikilib turgan ko’zlari bilan
Dengiz sohilida yashasam
* * *
Bu mamlakatda
shivirlasang bas
Hamma eshitar
Shunday sokin bu mamlakat
Yig’lasang
Yelkasi silkina boshlaydi
Ovozini chiqarmas bu mamlakat
* * *
Ketar chog’ingda
Dunyoga «Xayr!» deyishni unutma
«Rahmat!» deyishni unutma
«Xayr!» deyishni unutma
Bolalik kunlaringga
Muhabbat tunlariga
To’rt tomonga
Yaxshi-yomonga
Tuz bilan nonga
Moviy osmonga
Onang quchgan beshikka
Har bir ochiq eshikka
Olisdagi tog’larga
Yashil qirmiz za’far bog’larga
Yalpizlarga
Qaldirg’ochlarga
Chumolilarga
Atirgullarga
«Xayr!» deyishni unutma
«Rahmat!» deyishni unutma
SO’QIR HOMER YOZGAN XATDAN
Agar taxtda o’tirsa dajjol
Unga bosh egsang
Ko’rinmas taxtining poyida
Minnatdorona ko’zyosh to’ksang gohida
Vaqt o’tib, yillar o’tib
Sen ham ozma-oz
Dajjolga aylanasan
QAYG’UM MANIM
Qayg’um manim,
bir umrlik jo’ram manim
Yuragimning ich-ichida hujram manim
Oynasidan oyning nuri tushib turgan
Qafasdagi bulbuldayin uchib yurgan
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Tug’ilmishdan soyamdayin yonimdasan
La ilaha illallohday yodimdasan
Har dam manim jonimdasan qonimdasan
Yillar oylar kunlarimu onimdasan
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Onam to’kkan ko’z yoshlarda ko’rdim seni
Mozorining boshlarida ko’rdim seni
Yuragimni tilib-tilib muz tig’laring
Qo’shilishib “Onam” deya sen yig’lading
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Unutayin desam kimni ismin aytding
Tark etayin deganimni olib qaytding
Yonimdasan izdihomu yolg’iz paytim
Тфмўшнтштп вумўтшвф қгнпфт ифнешь
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Bolaligim tashlab ketdi sen ketmading
Ilk sevgi shodliklarim unutmading
Bamisoli kuzakdagi bargixazon
Bamisoli qorlardagi subhi azon
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Musichaday derazamda qo’nib turgan
Onamdayin hamma gapga ko’nib turgan
Ayni sahar shamchiroqday so’nib turgan
Yuragimga shabnamdayin inib turgan
Qayg’um manim.
Qayg’um manim
Umrim bo’yi xayr demay salom demay
Bo’ldi yetar endi bari tamom demay
To’ylarimda biron marta non tuz yemay
Otamdayin qarab turgan bir so’z demay
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Yillar ketar oylar ketar qaramaysan
Belim bukik sochim oq sen qarimaysan
Kunlarimni sarmast etgan qari maysan
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Bir kun kelar hayotimning guli so’lar
Mozorimning dunyoday keng bag’ri to’lar
Yuragimdan unib chiqib chechak bo’lar
Qayg’um manim
Qayg’um manim
Qayg’um manim
SHOIR
Bekor gap: shoirni jangchi atamoq,
U yolg’iz odamning so’nggi alami.
Shoir – bu ochunning kapalak misol
Eng chiroyli va eng ojiz odami.
QISMAT
Hamma qilgan ishni qilmayman
Hamma yig’lasa yig’lamayman
Hamma kulsa kulmayman dedi
Hamma bilganini bilmayman dedi
Hamma ha desa men yo’q deyman
Hamma osh yesa men mosh yeyman
Hamma oyoq desa men bosh deyman dedi.
Ammo xudoning aytgani bo’ldi
Bari bir hammaning ishini qildi
O’ldi
SAMARQAND
Bir shivir misoli Samarqand
Bismilloh kabi lojuvard
Yulduzlar ostida dunyoning
Eng go’zal ayoli misoli
Sog’inchim timsoli
Sochlari shamolda yoyilgan
Navbahor toshirgan Yoyiqday
Simobiy libosga o’rangan
Temur erkalashlariga o’rgangan
Ulug’bek qoniday sochilgan
Qizg’aldoqlarday ochilgan
Yulduzlar ostida dunyoning
Eng go’zal ayoli misoli
Dunyoning eng go’zal she’rini
Bolalik chog’imda quchoqlab
onamday erkalab shivirlar
Samarqand Samarqand Samarqand
Bir shivir misoli mungli dard
Bismilloh misoli lojuvard
BIZ BILAN
Jasorat tuyg’usi yonida
Qo’rquvning nafasi biz bilan
Lojuvard osmonni to’ldirgan
Qushlarning qafasi biz bilan
Biz bilan bobolar armoni
Hadikning hassasi biz bilan
Yurtim deb jon bergan botirlar
Bobolar qissasi biz bilan
Alpomish Go’ro’g’li kelbati
Vatan deb o’lmoqlik navbati
Yalavoch bo’lmoqlik navbati
Xiyonat sharpasi biz bilan
Oy chiqar mozorlar ustiga
Kun chiqar bozorlar ustiga
Boqarmiz hech nima sezmasdan
Hayotning g’ussasi biz bilan
BINAFSHA
Binafsha meni chaqirdi
Qor erigan bog’cha chetidan
Kimnidir chaqirdi
Yuragimning ichidan
Kel dedi binafsha
Kul dedi binafsha
Ko’kargan bog’cha ichidan
Sen kelmasang
Sen kulmasang
Men so’laman dedi binafsha
Kar ko’rmisan
Gar ko’rmasang
Men o’laman dedi binafsha
Ay jonim binafsha
Yuragimning hovuchida
Hayajonim binafsha
So’layotir bog’cha chetida
Ko’ru kar
Saqovu gung
Yolg’izlikning ichida
2015
***
Osmondagi bulutlar
Erta tongda men kiygan
Ko’ylagim kabi oppoq…
***
– Yumshog’im, – dedi tipratikan,
– Aqlliginam, – dedi eshak.
Odam miq etmadi.
***
Suydigimning sochlari qora –
Dardim kabi.
Suydigimning kiprigi uzun –
Dardim kabi.
Suydigimning lablari shirin –
Dardim kabi.
Suydigimning ko’zlari yashnar
Dardim kabi.
***
Kecha yarim tunda
Osmonning eng ichkarisida
Jimirlab yonib turgan
Yulduz bilan so’zlashdim.
Tong otishi oldidan
«Men ham senga o’xshayman» – dedi.
«Men ham sendek yolg’izman…» – dedi.
***
Nabiramning ko’ziga
Tikilib turib
Bobomni ko’rdim.
«Assalomu alaykum!» – dedim bobomga.
Nabiram ko’zlari
Mayin jilmaydi…
CHUNKI
Bu bola Mashrabnimas,
Nitsheni sevar.
«Uliss»ni o’qiydi,
Chunki
«O’tgan kunlar»
O’tgan kunlar deydi.
Maktabda dars bergan
Akasining jahli chiqadi,
Chunki u
Nitsheni bilmas,
«O’tgan kunlar»ni
Kinoda ko’rgan.
Keksa ota angrayib qaraydi
Ikki o’g’liga,
Chunki u
Nitsheniyam,
Qodiriyniyam
o’qigan emas.
MUTOLAA
Bu kitob meni uzoq o’qidi,
Ishonmasdan,
Qayta–qayta o’qidi.
To’xtab-to’xtab,
boshqa ishga chalg’imay,
Sinchiklab o’qidi.
Keyin sekin chetga qo’yib,
Yig’lab yubordi…
MUHABBAT DOSTONI
Tohiru Zuhro,
Farhodu Shirin,
Vomiqu Uzro…
Nega mening ismim tanho,
Nega sening isming yo’q?
Ming yilliklar
Ertagi yolg’on,
Ularni to’qigan
Shoirlar o’lg’on.
Asl ertagimni
Eshit, sevgilim::
Men — Tohir, sen — Zuhro,
Men — Farhod, sen — Shirin
Men — Vomiq, sen — Uzro?
Men — Sen…
Хуршид Даврон кутубхонасига ва бу сайт асосчиси устоз Хуршид ДАВРОНга
Интернет ижтимоий тармоқлари ичра менга жуда жуда маъқул сайт бу айни Хуршид Дарвон кутубхонаси. Бу нодир кутубхона биз тожикистонлик ўзбеклар учун адаби-бадиий вакуумда Қорун ганжидан ҳам аъло хазинадир.
Бошқа сайтлар очилмасаям, мен учун ушбу сайт очилса шоира Зебунисо мисраларини такрорлаш жоиздир: «Китобхонаи олам ваарқ варақ чустам,хати ту дидаму гуфтам муддао инчост».
Бир пайтлар “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилганда шунақа хурсанд бўлгандим. Ҳар гал виза оларканман, “ Жаҳон адабиёти” таҳрирриятига кириб журналнинг барча нашр этилган сонларидан олиб қайтиш мўлжали билан йўлга чиқардим. Чегарадан бу журнал ва китобларни олиб ўтиш машаққатини айтмай қўя қолай. Хуршид Даврон кутубхонаси менинг бу машаққатларимни қайси бир маънода енгиллаштирди. Энди интернет саҳифалари аро мен нодир хазина эшиги очиш учун “Хуршид Даврон” номини ёзсам кифоя. “Сим-сим, очил” деган сеҳрли сўз айтилгани каби хазина очилади. Майяю ацтеклар хазинаси ҳам бу хазина олдида ҳечдир.
Хуршид Даврон кутубхонаси ҳам нозик дид, нажиб адабий фиросат ва ниҳоятда дақиқ назорат билан адабий-бадиий асарларни интернут ўқувчиларига тақдим этади. Янги ва яхши асарларни, шеърларни дарҳол компютеримга юклаб олиб, фурсати билан мазза қилиб мутолаа қиламан.
Баъзан тожикистонлик ижодкорлар ижодига ҳам эътиборлари учун устоз Хуршид Давронга ташаккурларимиз.
Устознинг камтаринликларини биз катта ўзбек адабиётидан четда, бу адабиётининг мухлисларини мавлуд айёмларимизда алоҳида эътибор билан қутлашларин кўриб ич-ичимиздан қувонамиз. Камтаринлик бундан ортиқ бўлмайди. Барчага баробарлик устоз Хуршид Даврон тийнатларининг олмос каби ярқироқ бир қиррасидир.
Мен Ўзбекистон халқ Шоири Хуршид Даврон мавлудлари баҳонасида улар ташкил этган сайт учун алоҳида эҳтиромим ва ҳурматимни изҳор қилишга мавриди келиб қолгани учун Яратганга беадад шукрлар айтдим.
Биз ШОИР Хуршид ДАВРОНни, МУАРРИХ Хуршид ДАВРОНни билардик. «Хуршид Дарвон кутубхонаси» сайти бизга том маънодаги ЗИЁКОР Хуршид ДАВРОНни кашф эттирди.
УСТОЗ!!! Ҳаётингизни мана шу қутлуғ кунида, сизни лунёга келтирган ота онангиз ҳақларига дуо қилмоқдаман. Маърифат ва адаб аҳли бахтига соғ-омон бўлинг. Маърифат ва адабиёт тарғиби йўлида ҳорманг, толманг. Аллоҳ бу эзгу ишларда доим Сизга мададкор бўлсину мен ғариб шогирдингиз, синглингиз қутловини қабул қилинг. “Хуршид Даврон кутубхонаси” гулшани гуллаб яшнайверсин деб Мунаввара Хўжанддан.
Ассалому алайкум, Хуршид ака! Шеърларингизни ўқиб мазза қилдим. Янги, эркин шеърларингиздаги маъно, шакл ва ўзига хос оҳанг ўқувчига завқ беради, ўйлатади. Шундай ажойиб шеърларингизни ўқиб, ҳам бир шеърхон, ҳам бир укангиз сифатида хурсанд бўлдим.
Саноқли соатлардан сўнг Сиз туғилган кун — 20 январь бошланади. Биринчилар қаторида сизни ушбу қутлуғ сана билан самимий табриклайман. Илойим, адабиётимиз, шогирдлар бахтига омон бўлинг! Фарзандларингизнинг, невараларингизнинг яхши кунларини кўриб юринг!
Ҳурмат билан Н.Ж.
Әссиламу әләйкүм хуршид дәвран ака, бугүн сизниң кәрәмлик аллаһниң шапаити билән бу йоруқ дуняға көзачқан күн. Әстин чиқмайдиған мубарәк күн.Сизниң шеирилиңиз бундин 25 йил бурун учирашқан. Шуниңдин буян изчил шеирлириңизни қәдирләп оқуп келиватимән. Тетимлиқ, тарихий туйғуларға тоюнған, лирикичанлиқи, ретимдарлиқи күчлүк ,кишиниң дәрдигә мәлһәм болидиған, әң назүк туйғуларға, тәбиәт сирлири әкс әткән шеирлириңиз мени заман–макандин һалқиған һалда мени өзигә тартип туриду. Хуршид дәвран ака, бүгүнкидәк қутлуқ күндә сизниң дуняға көз ачурған ата –аниңиз һәққигә қолум дуада.
Хуршид дәвран ака йирақта туруп кәрәмлик яратқучидин сизгә саламәтлик аилиңизгә хатирҗәмлик тиләймән!
Тәбрикимни қобул қилиң: хуршид дәвран ака туғулған күниңизгә қутлуқ болсун, саламәт вә бәхтиярлиқ сизгә яр болсун!
Һөрмәт илә кәминә иниңиз :
мәсуд исо
Ассалому алайкум азиз Хуршид ака бугунги айём, сиз яралган кун барча яқинларингиз, дўстларингиз каби мен учун ҳам қадрлидир! Мен йўлнинг бошида сизни учратган эдим, сизнинг изингиздан кетаяпман… Момоларим айтганидек босган изларингиз гул бўлсин, борар йўлларингиз нур бўлсин, илоҳим! Йиллар ўтгани сайин иқрорманки, Мен учун ШОИР ва ШАХС сизсиз! Ҳалқнинг сиздек дилбандлари ҳамиша бор бўлсин! Таъзим ила Озода БЕК!
Шеьриятимиз Хуршиди, азиз устозимиз, устуворимиз, севимли ва қадрлимизга таваллуд кунлари муборак бўлсин! Руҳидаги Самарқанд минорлари қадар улуғворлик, осмон қадар тийранлик ва ўзидан бир дам айро бўлмаган донишмандлик ва улуғ маърифат барчамизга юқсин деймиз!
Хуршид ака, мамлакатимиз аёллари номидан Сизни қутлаётирман! Чунки яхши кўрамиз!!! Борлигингиз учун рахмат! Туғилганингиз учун рахмат!
Хурматли ва биз учун севимли булган устозимиз Хуршид ака! Таваллуд айёмингиз муборак булсин. Кутубхонангиздан маззззза килиб фойдаланамиз,рахмат. Хамиша китобхонлар орасида хурматингиз баланддир.Яратган эгамнинг бир умр назарида бб юринг,илохо!
ассалому алайкум, хуршид оға. аййомингиз муборак бўлсин. бизга жуда кэраксиз. элимизнинг бахтига омон бўлинг.