G’amgin she’r sog’inchi

shavkat rahmon

    Шавкат Раҳмон – орамиздан эрта кетди, мазмунли ҳаёт, уч юз саҳифалик “сайланма”даги кўнгил таржимаси, юрак ва ақл мунозараси, туйғуларидаги очиқ, яширин самимият, гоҳ ўз талпинган идеалларидан ҳам баландда турган шахс қисмати… орзу-умидлари, яшашдан мақсуд не эканлигини, эл-юртни севиш саодат, БУЮК саодатлигини тушунтираётгандек. У яшаши керак эди, дегим келади. На чора, ўлим ҳақ дея озурда қалбимизни овутмоқ учун ўйлаб топамиз шундай сўзларни… шундай сўзларни айтиб, бир-биримизни сўзсиз тушунгансимон тасалли берамиз… у ўткир сўз ёзиб қолдирди кўнгил дафтари – шеъриятимизга.

калам
Хурсандбек Тўлибоев
ҒАМГИН ШЕЪР СОҒИНЧИ
Бадиа

Чақин бўлма,
бўлма гулдирак,
ердан кўп ҳам узоқлаб кетма.
Овозингни йиртмагин бекор,
ерни қучма – қулочинг етмас.
Ундан кўра бирор одамнинг
макони бўл – ирмоқли, сойли,
шамолларни тўсган тоғи бўл,
осмони бўл, юлдузли, ойли.

Ҳар куни бу китобни қўлимга оларканман, ҳали бирон шеърни ўқимай туриб, юрагимга “энг гуллаган ёшлик чоғида” ўзининг инсонлик ва ижодкор фитратини англаб етган шоирнинг нурли, ва маъюс чеҳраси, сиймоси кўз ўнгимда жонлангандек бўлаверади. Ичимдан куйина бошлайман, “ғамгин шеър” излаб, қисқа ва узун, ҳеч қандай қолипларга сиғмайдиган сатрларга кўзим тушади, фикрларим ўткирлашади, ҳаётга, атроф-жавонибга бошқача бир нигоҳ билан қарай бошлайман.

Нега шундай? Бу маҳзун кайфият бир менинг борлиғимда уйғонаверадими? Сабабларнинг оқибати билан қизиқсиниб дўстим Ғофуржонга сим қоқаман. Айтингчи, “ғам сўзин элимдан авварлоқ айтдим, бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ” деганида Шавкат Раҳмон яна нималарни назарда тутган эди? У шошилмай жавоб бера бошлайди: “Бу шеър ёзилганида шоир жуда ёш эди, у пайтлар мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритмаганди, шу сабабли унинг кўнглидаги маҳзун кайфият шеърларига ҳам кўчган, элининг бахтли, осайишта кунларини кўргандан кейингина қувончли, бахт ҳақида айтаман, деганида шуларни назарда тутган бўлса, ажабмас!”

Мен ҳам дўстимнинг фикрларига қўшиламан, чунки бу фикрлар ўз исботи билан айтиляпти… Кейин шоирнинг китобини ўқишга шўнғийман. Ҳар бир сатри ҳароратли, ҳар бир сатри жасоратли, жўмардлик билан битилган. Шунинг учун ҳам менинг шу топдаги кайфиятимга жуда-жуда мос ва руҳий яқиндир деб, ўйлайвераман. Ўйларим адоғсиз, туйғуларим шоирнинг туйғулари каби йириклаша боради. Менга нима бўляпти дейман туриб-туриб, ахир бу рўъби маскунда эҳтиросдан ҳам юксакроқ туйғулар бор бўлиши мумкин-ку? Нега мен шоир шеърларини севиб мутолаа қилгим келаверади. Бизларни боғлаб турган – кўнгил риштасининг, китобдаги ҳаёт ва ундаги ўткир сўзларнинг моҳиятида не сир яширин? Билмайман, билишни истаганим сайин озод туйғуларнинг хумори бўлиб қолавераман…

Шавкат Раҳмон – орамиздан эрта кетди, мазмунли ҳаёт, уч юз саҳифалик “сайланма”даги кўнгил таржимаси, юрак ва ақл мунозараси, туйғуларидаги очиқ, яширин самимият, гоҳ ўз талпинган идеалларидан ҳам баландда турган шахс қисмати… орзу-умидлари, яшашдан мақсуд не эканлигини, эл-юртни севиш саодат, БУЮК саодатлигини тушунтираётгандек. У яшаши керак эди, дегим келади.

На чора, ўлим ҳақ дея озурда қалбимизни овутмоқ учун ўйлаб топамиз шундай сўзларни… шундай сўзларни айтиб, бир-биримизни сўзсиз тушунгансимон тасалли берамиз… у ўткир сўз ёзиб қолдирди кўнгил дафтари – шеъриятимизга. Шунинг учун ҳам бу инсонимнинг оловли, қиличдай кескир сатрларига маҳлиё бўлавераман. “Ким дея борлиқдан сўрайман ҳар гал, макон жим, замон жим Парвардигор жим”. Нега жим? Сукутнинг боиси нима? Нега сукут ҳам жуда узоқ чўзилди? Унинг сукутгоҳини парчинлаб, бирон мард йўқми сўз айтадиган?! “Бор дея борлиқдан сўрайман ҳар гал, аммо тилим лол, ақлим лол, қояни кўриб”. Қояга талпинганим каби талпинаман ахир, унинг шеъриятига ҳам…

Фидойи бўлиш, ҳар бир ишда масъулиятли яшаш саодати ҳар кимга ҳам насиб қилавермайдиган хислат эканини фақат унинг ижодини ўқий бошлаганимдан буён англаб қолдим. Шунгача, дунёнинг сирларидан бехабар эканман. Айниқса, шахс ва ижодкор қисматидан…

Шавкат Раҳмон – ҳар куни ёдимда ва ёнимда мен-ла қадам ташлаётгандек, йўқ бошқача айтадиган бўлсам, йўлимни тополмай юрганимда тўғри йўл кўрсатаётгандек, халоскор руҳ каби ўз зиёсини сочаётгандек, сочиб саодат манзили сари етаклаб кетаётгандек… туюлаверади.

Рости, мен унинг кўнгил мулки – “борлиқ ва йўқлик ораси — шеъриятига” ошино тутиндим. Ука тутиндим. Чунки шундай қилсамгина ўз мақсадларимга етажагимни фаҳмлаб қолдим. Озод руҳ, озод сўз, озод ВАТАН!!! Шоир соғинчи ва юрагининг аллақаерида шу заминга уни боғлаб турган риштанинг айнан ўзгинаси эмасмикин – ҳурлик! У бунга осонликча эришмади, олис ўлкаларга сафар қилди, етти ёт бегона “тил”ни ўрганди, соғлигидан жудо бўлди, кўплаб туйғуларини қурбон берди, шеър мадад берди унга, шеър шифо тилади! Борлиғини бир бошқача ҳол чулғаса ҳам, МАРДОНА чиқди майдонга:

ЁВГА ТЕРС ҚАРАГАН МУСУЛМОН ЭМАС!!!

Шоир гоҳ севинч ёшлари кўз соққаларига қалқиб чиқиб, гоҳ армонлари орзуга дўниб, “Сенданда улуғроқ нарса йўқлигин, сочим оқарганда англадим, Ватан!” Қандай олов сўзлар бу! Қандай нидолар эди! Инсон моҳиятига сафар эмасми? Ватанни англаш! Юртни севиш! Ижодкорлик қисмат экан, шу қисмат чегарасининг қадрига етган бор, етолмай ғафлатда қолиб кетган бор… лекин чинакам ижодкор учун ВАТАН қадридан, ВАТАН озодлигидан ортиқроқ бахт ва шодлик бўлмаса керак! Шундай поғонага чиққунга қадар, бир умр бахт сўзин айтмай яшаган ва ўз кўзлари билан кўрган бахтни айтиш – БУЮК САОДАТ эканлигини ниҳоятда жозиб сатрларга жойлай олган шоир “ақллидир, куллийдир”(Румий).

Юзлаб шоирлар ўтди, минглаб шоирлар ўтди, ўткир сўз қолмаса ҳеч нарса қолмаслигини энди-энди мазмунига етгандекман, етиб қадам ташлагандекман… Ёзган шеърларимни тандирга ташлаб, анов “лов-лов оловга” қараб сочгим келади, кули кўкка совирилсин, ё туриб гилга айлансин!!!

“Шавкат Раҳмон деган
бир ўжар шоир,
бир куни қайтадан яраладими?”

деган мисралариданоқ инсонимнинг мукаммал, комил инсон эканлигини англаш мумкин. Негаки, “юраги ёнишдан тўхтамаган” (У.Ҳамдам), энг муҳим сўзларини фақат шеър деган битта байроқ остига яхшилаб муқим жойлай олган шоир нидолари ҳақиқатдан ҳам ЖАСОРАТ ва МАРДЛИК, ИНСОНЛИК ва ИЖОДКОРЛИК қисматининг яхлит, уйғун намунаси эмасми?! Буни бир бошқача тарзда идрок қилиб, ифода этсак – тили-ю, дили, амали-ю, амоли бир эканлигига шаҳодат бўламиз.

Тақдир ажойиботлари кўп ва турфа хил. Лекин шундай инсонки бор, ўзи ҳақида мақтов эшитса дили озорланади, “унинг учун ижод муҳим, шу боис ҳам мақтовларни унчалик хуш кўрмайди” деганлари нақадар тўғри. Шавкат Раҳмон ана шундай юксак истеъдод эгаси, мақтовдан, унвону мартабадан баланд кўтарила олган, “қобиқни ёриб чиқиб” саодат эшигига етишган, ватанпарвар шоир эди. Лекин айни куй авжида узилган тор, куй авжида синган кўнгил…

Яна қанча сўз қолди ботинида айтилмай, “шифтга қараб ёзилган”ларини кимлар ўқиб бераркан… У сўнгги бор ўлим тўшагида, шифтга боқиб, тасаввуридаги осмонга боқиб нима демоқчи эди? Афсус, надоматлар бўлсинким, унинг ёш умрига зомин бўлган ошкораликнинг “жаллод”лари ҳозир ҳам ҳаёт! Шоир буни билганидек “Ҳозир ҳам пана-панага беркиниб олганча, иғводан, ғийбатдан кутар барака…”

Шавкат Раҳмон – қисқа умр йўли, шарафли ва унитилмас йўл! Абадият оралаб – ўзига сўқмоқ очган, ўзига ўзи жавоб бераоладиган, бизга ҳеч ҳисоб бермайдиган заҳматли йўл, оғриқли йўл! Манзили – шеър, хайрихоҳи – шеър! У ватандан олиб ватанга берди, Аллоҳ ато этган истеъдодига хиёнат қилмади, чинакам мардлик, комиллик аломати бу! Сўзларни севди, чин ва гўзал сўзларни кўз қорачиғидай авайлаб-асради, кўз тумор қилиб юрагига илиб қўйди. Шундай ҳароратли юракдан, ҳиссиз ва тузсиз шеър чиқиши мумкинми? Йўқ албатта! Чунки, унинг борлиғида – чин сўзлар макон қурган эди. Шу сабабли шоирни чин сўзлари ҳам ташлаб кетмади, кетолмади, истаклар бирлашган маконда – бахт ва шодлик баҳори барқ уриб очилди, эрта гуллади, эрта тўкилди, қишнинг совуқ ва хазонларига айланмади, аксинча, “яшил эди қантар ойида”…

Бу рўъби маскунда ижодкорки бор, ҳамиша безовта, беҳол, лекин бу чинакам истеъдод, чинакам талант эгаларига Тангри таолонинг шараф билан берган – гўзал дардлари. Шундай шарафли, оғриқли йўлнинг азобларини тотган, кечалари ухламай, оромини ўғирлаган туйғулар тўфонида тўлғонган ШАХС, ИНСОН эди у.

Ҳа, бошқача ифодалаб бўлмаганидек, бошқача яшашни истамагани каби… у кўз ёшларини кўрсатмай “мангу йиғлайдиган кўзим кўксимда” дея дўстига юкиниб сўз айтади. Айтиш ҳам бир саодат эканлигини, шараф ва бурч даражасидалигини теран ҳис этади. Топинган руҳ – шеъриятида, шеър бағридаги умидда, умид бағридаги – ҳаётда эди.

Шу сабабли ҳам ХХ асрнинг “бармоқ билан санарли шоирлари қаторидан” жой олди. Абадият оралаб, Ўшдан чиқди, Ватанини алқади, уни бутун борлиғи билан севди, ўша севгисини уч юз саҳифалик биргина китобига мангуга муҳрлаб кетди… Истаган саҳифасини очиб ўқиб кўринг, бунга шубҳа қилмайсиз, қайтамга ижодкор қалбига теранроқ кириб борасиз-да, “Ватанингизни юрагингизнинг энг чуқур жойига яшириб қўясиз”. Уни кўрсатиш у ёқда турсин, сўз билан айтишдан қизғонасиз…

Одам узоқ яшар, жудаям узоқ,
агар дўсти бўлса суянадиган,
агар дўсти бўлса ҳар қутлуғ саҳар
баҳайбат қуёшдай уйғонадиган.

Бу сатрлардан ҳам теран маъно, оқибатни башорат қилиш қобилияти, ўз давридан йигирма йил олдини сезиши, жуда олисларни кўзлаган мақсадлар истаги, рўёга айланса-да, худди бир гўзал туш таъбирини сўйлаётгандек, сўзлаб ҳикмат айтаётгандек туюлгани каби… шоир талпинган ИДЕАЛ аслида ҳам шудир, кўнгил дўсти ғариб бўлмаса бўлди демоқчидек… Узун ўйлар суришининг асл сабаби ҳам шудир балки… бу ўйлар “Уйғоқ тоғлар” билан бир суҳбат бўлди, чинакам жасоратли суҳбат…

Мен яна китобни варақлаб, унинг ҳар бир сатрини кўзларимга суркаб ўқий бошлайман, олис-олислардан бирда севинч, бирда мунгли куй таралаётгандек, таралиб юрак-бағримни тиғлайверади… Сафарда топган маъноларимни тоблай бошлайман, олис сафарга чиққан йўловчи мисол, китобдаги шеърларни ёд оламан, худди энг зарур буюмимни йўқотиб қўймаслик истагида…

Афсус, бу шеърлар юрак билан ўқий десанг, юрагинг ҳаприқади, ақл билан мутолаа қилсанг, ақлинг шошиблар қолади, ҳар иккисини уйғун ҳолда ўқишга тушсанг бардошинг етмайди, чунки камида Шавкат Раҳмон каби юрагингда жасорат, жасоратга яраша мардлик, мардликка яраша – сўз керак бўлади! Ана шундагина – “Шавкат Раҳмон деган бир ўжар шоир, бир куни қайтадан яралиб” ғамгин шеърларини қулоғингга сабо каби шивирлаб айта бошлайди…

kalam
Xursandbek To’liboev
G’AMGIN SHE’R SOG’INCHI
Badia

Chaqin bo’lma,
bo’lma guldirak,
yerdan ko’p ham uzoqlab ketma.
Ovozingni yirtmagin bekor,
yerni quchma – quloching yetmas.
Undan ko’ra biror odamning
makoni bo’l – irmoqli, soyli,
shamollarni to’sgan tog’i bo’l,
osmoni bo’l, yulduzli, oyli.

Har kuni bu kitobni qo’limga olarkanman, hali biron she’rni o’qimay turib, yuragimga “eng gullagan yoshlik chog’ida” o’zining insonlik va ijodkor fitratini anglab yetgan shoirning nurli, va ma’yus chehrasi, siymosi ko’z o’ngimda jonlangandek bo’laveradi. Ichimdan kuyina boshlayman, “g’amgin she’r” izlab, qisqa va uzun, hech qanday qoliplarga sig’maydigan satrlarga ko’zim tushadi, fikrlarim o’tkirlashadi, hayotga, atrof-javonibga boshqacha bir nigoh bilan qaray boshlayman.

Nega shunday? Bu mahzun kayfiyat bir mening borlig’imda uyg’onaveradimi? Sabablarning oqibati bilan qiziqsinib do’stim G’ofurjonga sim qoqaman. Aytingchi, “g’am so’zin elimdan avvarloq aytdim, baxt so’zin aytaman eldan keyinroq” deganida Shavkat Rahmon yana nimalarni nazarda tutgan edi? U shoshilmay javob bera boshlaydi: “Bu she’r yozilganida shoir juda yosh edi, u paytlar mamlakatimiz o’z mustaqilligini qo’lga kiritmagandi, shu sababli uning ko’nglidagi mahzun kayfiyat she’rlariga ham ko’chgan, elining baxtli, osayishta kunlarini ko’rgandan keyingina quvonchli, baxt haqida aytaman, deganida shularni nazarda tutgan bo’lsa, ajabmas!”

Men ham do’stimning fikrlariga qo’shilaman, chunki bu fikrlar o’z isboti bilan aytilyapti… Keyin shoirning kitobini o’qishga sho’ng’iyman. Har bir satri haroratli, har bir satri jasoratli, jo’mardlik bilan bitilgan. Shuning uchun ham mening shu topdagi kayfiyatimga juda-juda mos va ruhiy yaqindir deb, o’ylayveraman. O’ylarim adog’siz, tuyg’ularim shoirning tuyg’ulari kabi yiriklasha boradi. Menga nima bo’lyapti deyman turib-turib, axir bu ro»bi maskunda ehtirosdan ham yuksakroq tuyg’ular bor bo’lishi mumkin-ku? Nega men shoir she’rlarini sevib mutolaa qilgim kelaveradi. Bizlarni bog’lab turgan – ko’ngil rishtasining, kitobdagi hayot va undagi o’tkir so’zlarning mohiyatida ne sir yashirin? Bilmayman, bilishni istaganim sayin ozod tuyg’ularning xumori bo’lib qolaveraman…

Shavkat Rahmon – oramizdan erta ketdi, mazmunli hayot, uch yuz sahifalik “saylanma”dagi ko’ngil tarjimasi, yurak va aql munozarasi, tuyg’ularidagi ochiq, yashirin samimiyat, goh o’z talpingan ideallaridan ham balandda turgan shaxs qismati… orzu-umidlari, yashashdan maqsud ne ekanligini, el-yurtni sevish saodat, BUYUK saodatligini tushuntirayotgandek. U yashashi kerak edi, degim keladi.

Na chora, o’lim haq deya ozurda qalbimizni ovutmoq uchun o’ylab topamiz shunday so’zlarni… shunday so’zlarni aytib, bir-birimizni so’zsiz tushungansimon tasalli beramiz… u o’tkir so’z yozib qoldirdi ko’ngil daftari – she’riyatimizga. Shuning uchun ham bu insonimning olovli, qilichday keskir satrlariga mahliyo bo’laveraman. “Kim deya borliqdan so’rayman har gal, makon jim, zamon jim Parvardigor jim”. Nega jim? Sukutning boisi nima? Nega sukut ham juda uzoq cho’zildi? Uning sukutgohini parchinlab, biron mard yo’qmi so’z aytadigan?! “Bor deya borliqdan so’rayman har gal, ammo tilim lol, aqlim lol, qoyani ko’rib”. Qoyaga talpinganim kabi talpinaman axir, uning she’riyatiga ham…

Fidoyi bo’lish, har bir ishda mas’uliyatli yashash saodati har kimga ham nasib qilavermaydigan xislat ekanini faqat uning ijodini o’qiy boshlaganimdan buyon anglab qoldim. Shungacha, dunyoning sirlaridan bexabar ekanman. Ayniqsa, shaxs va ijodkor qismatidan…

Shavkat Rahmon – har kuni yodimda va yonimda men-la qadam tashlayotgandek, yo’q boshqacha aytadigan bo’lsam, yo’limni topolmay yurganimda to’g’ri yo’l ko’rsatayotgandek, xaloskor ruh kabi o’z ziyosini sochayotgandek, sochib saodat manzili sari yetaklab ketayotgandek… tuyulaveradi.

Rosti, men uning ko’ngil mulki – “borliq va yo’qlik orasi — she’riyatiga” oshino tutindim. Uka tutindim. Chunki shunday qilsamgina o’z maqsadlarimga yetajagimni fahmlab qoldim. Ozod ruh, ozod so’z, ozod VATAN!!! Shoir sog’inchi va yuragining allaqaerida shu zaminga uni bog’lab turgan rishtaning aynan o’zginasi emasmikin – hurlik! U bunga osonlikcha erishmadi, olis o’lkalarga safar qildi, yetti yot begona “til”ni o’rgandi, sog’ligidan judo bo’ldi, ko’plab tuyg’ularini qurbon berdi, she’r madad berdi unga, she’r shifo tiladi! Borlig’ini bir boshqacha hol chulg’asa ham, MARDONA chiqdi maydonga:

YOVGA TERS QARAGAN MUSULMON EMAS!!!

Shoir goh sevinch yoshlari ko’z soqqalariga qalqib chiqib, goh armonlari orzuga do’nib, “Sendanda ulug’roq narsa yo’qligin, sochim oqarganda angladim, Vatan!” Qanday olov so’zlar bu! Qanday nidolar edi! Inson mohiyatiga safar emasmi? Vatanni anglash! Yurtni sevish! Ijodkorlik qismat ekan, shu qismat chegarasining qadriga yetgan bor, yetolmay g’aflatda qolib ketgan bor… lekin chinakam ijodkor uchun VATAN qadridan, VATAN ozodligidan ortiqroq baxt va shodlik bo’lmasa kerak! Shunday pog’onaga chiqqunga qadar, bir umr baxt so’zin aytmay yashagan va o’z ko’zlari bilan ko’rgan baxtni aytish – BUYUK SAODAT ekanligini nihoyatda jozib satrlarga joylay olgan shoir “aqllidir, kulliydir”(Rumiy).

Yuzlab shoirlar o’tdi, minglab shoirlar o’tdi, o’tkir so’z qolmasa hech narsa qolmasligini endi-endi mazmuniga yetgandekman, yetib qadam tashlagandekman… Yozgan she’rlarimni tandirga tashlab, anov “lov-lov olovga” qarab sochgim keladi, kuli ko’kka sovirilsin, yo turib gilga aylansin!!!

“Shavkat Rahmon degan
bir o’jar shoir,
bir kuni qaytadan yaraladimi?”

degan misralaridanoq insonimning mukammal, komil inson ekanligini anglash mumkin. Negaki, “yuragi yonishdan to’xtamagan” (U.Hamdam), eng muhim so’zlarini faqat she’r degan bitta bayroq ostiga yaxshilab muqim joylay olgan shoir nidolari haqiqatdan ham JASORAT va MARDLIK, INSONLIK va IJODKORLIK qismatining yaxlit, uyg’un namunasi emasmi?! Buni bir boshqacha tarzda idrok qilib, ifoda etsak – tili-yu, dili, amali-yu, amoli bir ekanligiga shahodat bo’lamiz.

Taqdir ajoyibotlari ko’p va turfa xil. Lekin shunday insonki bor, o’zi haqida maqtov eshitsa dili ozorlanadi, “uning uchun ijod muhim, shu bois ham maqtovlarni unchalik xush ko’rmaydi” deganlari naqadar to’g’ri. Shavkat Rahmon ana shunday yuksak iste’dod egasi, maqtovdan, unvonu martabadan baland ko’tarila olgan, “qobiqni yorib chiqib” saodat eshigiga yetishgan, vatanparvar shoir edi. Lekin ayni kuy avjida uzilgan tor, kuy avjida singan ko’ngil…

Yana qancha so’z qoldi botinida aytilmay, “shiftga qarab yozilgan”larini kimlar o’qib berarkan… U so’nggi bor o’lim to’shagida, shiftga boqib, tasavvuridagi osmonga boqib nima demoqchi edi? Afsus, nadomatlar bo’lsinkim, uning yosh umriga zomin bo’lgan oshkoralikning “jallod”lari hozir ham hayot! Shoir buni bilganidek “Hozir ham pana-panaga berkinib olgancha, ig’vodan, g’iybatdan kutar baraka…”

Shavkat Rahmon – qisqa umr yo’li, sharafli va unitilmas yo’l! Abadiyat oralab – o’ziga so’qmoq ochgan, o’ziga o’zi javob beraoladigan, bizga hech hisob bermaydigan zahmatli yo’l, og’riqli yo’l! Manzili – she’r, xayrixohi – she’r! U vatandan olib vatanga berdi, Alloh ato etgan iste’dodiga xiyonat qilmadi, chinakam mardlik, komillik alomati bu! So’zlarni sevdi, chin va go’zal so’zlarni ko’z qorachig’iday avaylab-asradi, ko’z tumor qilib yuragiga ilib qo’ydi. Shunday haroratli yurakdan, hissiz va tuzsiz she’r chiqishi mumkinmi? Yo’q albatta! Chunki, uning borlig’ida – chin so’zlar makon qurgan edi. Shu sababli shoirni chin so’zlari ham tashlab ketmadi, ketolmadi, istaklar birlashgan makonda – baxt va shodlik bahori barq urib ochildi, erta gulladi, erta to’kildi, qishning sovuq va xazonlariga aylanmadi, aksincha, “yashil edi qantar oyida”…

Bu ro»bi maskunda ijodkorki bor, hamisha bezovta, behol, lekin bu chinakam iste’dod, chinakam talant egalariga Tangri taoloning sharaf bilan bergan – go’zal dardlari. Shunday sharafli, og’riqli yo’lning azoblarini totgan, kechalari uxlamay, oromini o’g’irlagan tuyg’ular to’fonida to’lg’ongan SHAXS, INSON edi u.

Ha, boshqacha ifodalab bo’lmaganidek, boshqacha yashashni istamagani kabi… u ko’z yoshlarini ko’rsatmay “mangu yig’laydigan ko’zim ko’ksimda” deya do’stiga yukinib so’z aytadi. Aytish ham bir saodat ekanligini, sharaf va burch darajasidaligini teran his etadi. Topingan ruh – she’riyatida, she’r bag’ridagi umidda, umid bag’ridagi – hayotda edi.

Shu sababli ham XX asrning “barmoq bilan sanarli shoirlari qatoridan” joy oldi. Abadiyat oralab, O’shdan chiqdi, Vatanini alqadi, uni butun borlig’i bilan sevdi, o’sha sevgisini uch yuz sahifalik birgina kitobiga manguga muhrlab ketdi… Istagan sahifasini ochib o’qib ko’ring, bunga shubha qilmaysiz, qaytamga ijodkor qalbiga teranroq kirib borasiz-da, “Vataningizni yuragingizning eng chuqur joyiga yashirib qo’yasiz”. Uni ko’rsatish u yoqda tursin, so’z bilan aytishdan qizg’onasiz…

Odam uzoq yashar, judayam uzoq,
agar do’sti bo’lsa suyanadigan,
agar do’sti bo’lsa har qutlug’ sahar
bahaybat quyoshday uyg’onadigan.

Bu satrlardan ham teran ma’no, oqibatni bashorat qilish qobiliyati, o’z davridan yigirma yil oldini sezishi, juda olislarni ko’zlagan maqsadlar istagi, ro’yoga aylansa-da, xuddi bir go’zal tush ta’birini so’ylayotgandek, so’zlab hikmat aytayotgandek tuyulgani kabi… shoir talpingan IDEAL aslida ham shudir, ko’ngil do’sti g’arib bo’lmasa bo’ldi demoqchidek… Uzun o’ylar surishining asl sababi ham shudir balki… bu o’ylar “Uyg’oq tog’lar” bilan bir suhbat bo’ldi, chinakam jasoratli suhbat…

Men yana kitobni varaqlab, uning har bir satrini ko’zlarimga surkab o’qiy boshlayman, olis-olislardan birda sevinch, birda mungli kuy taralayotgandek, taralib yurak-bag’rimni tig’layveradi… Safarda topgan ma’nolarimni toblay boshlayman, olis safarga chiqqan yo’lovchi misol, kitobdagi she’rlarni yod olaman, xuddi eng zarur buyumimni yo’qotib qo’ymaslik istagida…

Afsus, bu she’rlar yurak bilan o’qiy desang, yuraging hapriqadi, aql bilan mutolaa qilsang, aqling shoshiblar qoladi, har ikkisini uyg’un holda o’qishga tushsang bardoshing yetmaydi, chunki kamida Shavkat Rahmon kabi yuragingda jasorat, jasoratga yarasha mardlik, mardlikka yarasha – so’z kerak bo’ladi! Ana shundagina – “Shavkat Rahmon degan bir o’jar shoir, bir kuni qaytadan yaralib” g’amgin she’rlarini qulog’ingga sabo kabi shivirlab ayta boshlaydi…

26.11.2012 й.

XDK

(Tashriflar: umumiy 1 147, bugungi 1)

Izoh qoldiring