Рус ёзувчиси Пришвин Михаил Михайлович таваллуд топган кун
Шундай ҳам бўладики, стол ёнига ўтирасану, лекин ҳеч нима ёзолмайсан: фикрлар палапартиш, ўйинга тушгандай сакрайверади. Шунда бекорчиликдан стол устини ва хонани йиғиштиришга тушасан. Ҳамма нарса тартибга келгач, кўрибсанки, фикрлар ҳам тартибга келади; ўтирасан-да, ишлайверасан.
Михаит Пришвин
АДАБИЙ ЎЙЛАР
Болта Ёриев таржимаси
Пришвин Михаил Михайлович [1873.4.2, Липецк вилояти Елец тумани — 1954. 16. 1, Москва] — рус ёзувчиси. Лейпциг ун-ти фалсафа ф-тини тугатган (1902). Қрим ва Қозоғистонга қилган сафари натижасида эса «Одам Ато ва Момо Ҳаво» (1909), «Қора араб» (1910) сингари очеркларини ёзган. «Берендей булоқлари» (1923) очерки, «Кашчей занжири» (1923) ва «Турналар ўлкаси» (1929) романлари муаллифи. Пришвин бутун умри давомида табиат, ов ва ўлкашунослик б-н қизиққани, ўз ҳаёти мазмунини табиат б-н уйғунликда кўргани учун табиатга мехр мотиви унинг бутун ижоди бўйлаб«қизил ип» янглиғ ўтиб туради. Унинг ҳатто катта эпик асарларида ҳам табиатга бўлган мехр, у б-н уйғунликда яшаш ва табиатни асраш ғояси ётади. Адиб 40—50-й.лар «Кийинмаган кўклам» қиссаси, «Фацелия» насрий достони (1940), «Қуёш хазинаси» (1945) эртак-ривояти каби асарларини ёзган. Ёзувчи вафотидан кейин унинг «Замин кўзлари» кундаликлари, «Осудар йўли» (1957) роман-эртаги эълон қилинган.
БАЙРАМ
Илгари «Ижод уйи» (Малеевка) сўзини эшитсам, кулгим қистарди: менга муассаса ва ижод бир-бирига мос тушмайдиган тушунчалар бўлиб туюларди. Аммо ўзим Малеевкада қўним топиб, ўқиб, бильярд ўйнаб, ўзим ҳам нималардир ёзгач, Ижод уйи ҳақидаги тасаввурларим ўзгарди. Маълум бўлдики, гап сўзда эмас, ишнинг ўзида экан. Бу ерда ҳамма аъло даражада ишлайди ҳамда бир- бирлари билан эркин, баҳузур танишадилар. Малеевкадан бошқа ҳеч ерда ёзувчиларнинг бундай юракдан сўзлашганларини кўрмаганман.
Мана, бугун ҳам, май арафасида, меҳмонхонада доира столча атрофида мени ёш ёзувчилар ўраб олишди-да, у-бу нарса ҳақида сўрашга тутинишди. Мендан уларга нима кераклигини тезда тушундим: мен улар учун нимадир қилган ёзувчиман, уларнинг ҳар бири эса, бетакаллуфлари ҳам, камсуқумлари ҳам, ўзи ҳақида яширинча: «Мендан бирор нарса чиқадими-йўқми, киммиз ўзи?», деган сўроққа жавоб излашади.
— Айтинг-чи, сиз ўз муваффақиятларингиздан қониқиш ҳис қиласизми?-деб сўрашди.
-Мен буни қачонки машҳурлик ва шуҳрат зарурлиги ҳақидаги фикр халақит беришдан тўхтагачгина ҳис қила бошладим ва шу орқали ўзимни кичик деб ҳис қилмай қўйдим. Авваллари мен ҳақимда гапиришса деган мақсадда ёзиш истагида бўлардим. Эндиликда эса зиғирча ҳам шуҳрат қозониш хоҳишим йўқ. Ёзишни эса янада кўпроқ хоҳлайман. Бундан мамнунман.
— Бироқ, агар машҳурлик, ҳурмат, шуҳрат йўқолса, унда олға интилиш учун қандай асос қолади?
-Ҳаёт байрами қолади, -деб жавоб бердим,- ўзининг такрорланиши билан абадий бўлган умумхалқ байрамини кутаман.
Мен уларга бу байрам туйғусини дам олиш ёки кейинги ишлар учун омил сифатида эмас, балки исталган мақсад, ҳаётдаги баркамол ижоднинг поёнига етиш сифатида парвариш этганимни ҳикоя қилдим. Мен бу хусусиятни ўзимда, мана, қирқ йилдан буён табиатда февраль изғиринларидан тортиб, ўсимликларнинг майдаги гуллашигача, барча қушларнинг куйларигача кузатган ҳамда парваришлаганман.
-Ахир, дўстларим,-дедим,-мен табиат ҳақида ёзар эканман, одамлар ҳақида ҳам ўйлайман-да. Феврал изғиринлари ўтгач, ўрмондаги барча мавжудот ўзларининг бўлажак май байрамларига тезкор тараддудига тушган одамларга ўхшаб қолади. Ўшанда ҳар бир уруғда бўлажак байрам анқиган бўлади ва табиатнинг барча кучлари унинг гуллаши учун ишлайди. Мен ҳам бунда иштирок этаман ва ёрдамлашаман.
Бундай пайтда мен кўпроқ ўрмон ёқалаб чибоқлаганча хаёл суриб кетишни яхши кўраман. Ўрмон ёқалаб кетавериб, қарағайлар қандай бўй чўзганини кўриб ўтасиз. Улар арчалар орасидан сизиб чиққан илиқ нурларда исинаётгандай туюлади. Бу ерда турли ҳил ўтлар, қуриган ўтлар ҳам ётади. Сиз ўрмон ёқалаб узоқ-узоқларга кетасиз-да, бу ердаги ҳар бир майда чуйдага эътибор бериб ўтасиз. Қандайдир бир донсиз узунчоқ бошоқли, сариқ ўтпоя бошқаларидан кўра, кўпроқ диққатингизни ўзига жалб этади. Тасодифий енгил шамолда, унга қўзғайди, у тебранади, таъзим қилади.Шунда сиз осмон қадар юксакликдан унинг ёнига келиб тушасиз. Бу узунчоқ донсиз бошоқчали сариқ, ўтпояга ҳайрат билан боқасиз, ўрганиб чиқасиз.
Бу диққат-эътибор туфайли, атрофда унинг қишда саъвалар тўккан донлари қорда қора нуқталаниб ётганини кузатасиз. Бошоқ поясининг ўзида ушоқдай осилиб қолган биттагина донни топасиз-да уни қоғозга ўраб олиб қўясиз. Уйга келиб, уни гултувакда экиб қўясиз. Ишонинг менга, сизнинг иштирокингизда биринчи майда кўкариб чиққан янги ям-яшил ўтпояни кўриб, барчага баҳор улашгандай, ғоят қувончга тўласиз. Бу қувончда эса, албатта, оддий кўкатни эмас, айнан одамларни ҳис қиласиз. Шунда, байрамга, байрам бўлганда ҳам, бир урушдан иккинчи урушгача бўлган нафас олиш фурсатича эмас балки, шундай бир, баҳор қуёшининг нурлари совуқларни енггандай, умумхалқ байрамига етишганингизга ишонасиз.
Суҳбатдош ёзувчилардан бири самимий мақуллаб жавоб қилди:
-Оптимизм деганлари шу.
-Бу фақат менинг оптимизмим эмас, -дедим унга жавобан. -Бу оптимизм ҳар бир уруғда яширин яшайди.
ҚАРИНДОШЛИК ЭЪТИБОРИ
Ҳар бир кишига озми-кўпми даражада дунёни кўриш санъати берилган. Ҳар бир киши ўз ҳаётида ёқимли ва ёқимсиз одамлар, ҳайвонлар, ўсимликлар образлари заҳираси билан бойишга шошилгандай бўлади. У шулар билан ҳаётдан кетади. Аммо бу оддий эътибор кучининг чегаралари қисқа. Одатда, киши кексайганида қариндошларини янги кишилар янги авлоди сиймосида таний олмайди. Уларни билиш учун ўз замондошларининг тақдири билан қизиқиб, ўтганларни бир-бир ва батафсил суруштиришга тушади. Санъаткорларнинг дунёни кўриш қобилияти эса бу қариндошлик эътибор кучининг чегараларини сўнгсиз кенгайтиришини билдиради.
АЁЛЛАР БИЛАН СУҲБАТ
Кечки таом пайти менинг столим ёнига икки қиз келиб ўтирди.
— Нега сизнинг китобларингизда бу қадар самимият кўп? Сиз одамларни яхши кўрасизми?-дейишди.
— Йўқ, -дедим мен,- инсонни эмас, унинг тилини севаман. Ўзимни нутққа яқин тутаман. Ким кишининг нутқига яқин бўлса, унинг қалбига яқин туради.
Шундай қилиб, аёл зотлар билан юракдан суҳбат қурдик.
— Сиз билан суҳбатлашиш енгил, -дейишди улар, -гўё сиз ҳам ўзимиздай, аёл зотидандай,тортинмаймиз.
— Албатта-да, -дедим мен. -Ахир, мен ҳам нимадир туғувчилар хилиданман-да.
— Фикрлар ҳам, худди жонли болалар каби, туғилади ва уларни ҳам дунёга келтиришдан олдин узоқ вақт кўтариб юрасан, киши.
ҚАЛДИРҒОЧ ҚАНОТЛАРИ
Адабий парвозимнинг маълум даврида она-заминни ўзимга яқин олишга шу қадар берилдимки, ҳатто ёшларни ўз ёшлик қизиқишларига хос тарзда узоқ ўлкаларга интилишларидан қайтармоқчи ҳам бўлиб юрдим.
-Марказий Африкага бориш шарт эмас,-деяр эдим. -Бизда, Москва яқинида Африкага қараганда ҳам номалум бўлган оламни топасиз. Одам ўз яқинидан кашфиёт қилиши керак, ўзингизга қанча яқинлашсангиз, хазинага шунча чуқур кириб борасиз…
Менинг бу гапларим мактаб ўқитувчиларининг эътиборини тортди. Бир куни таниш бир мактабда бутун ёшлар билан пашшалар бўйича мунтазам машғулот ўтилаётганининг гувоҳи бўлдим. Менинг мактабга келишим шарафига эса табиатшунос ўқитувчи қарийб айнан менинг гапларим билан сўзлагандай бўлди:
-Ўзингизнинг ёнингиздаги мафтункор, сирларга тўла оламни ўрганинг ва кашф қилинг, ёшлик қалбингизнинг бутун эҳтироси билан пашшаларни ўрганинг, чунки одамларга пашшалардан кўра яқинроқ нарса йўқ.
Ўшанда мен яна қалдирғочни ҳам англаб етишим даркор эди: чунки юксак-юксакларга кўтарилиш истаги пайдо бўлганда, ўзингда учиш имкониятини сақлаш учун, заминга яқин парвоз, алоҳида аҳамиятга эга, бунда, айниқса, узун қанотлар жуда зарурдир.
КИТОБХОН
Чиройли бир жойда кичкина дўкон бўларди. Ундан ҳозир йўғонгина иккита хода қолган ва унга ўтирса бўлади. Мен бир ходага, дўстим иккинчисига ўтирдик. Мен хотира дафтаримни олиб, ёза бошладим. Менинг бу дўстим сизга кўринмайди, мен ҳам уни кўрмайман, фақат унинг борлигини биламан. Бу менинг китобхоним, мен унга бағишлаб ёзаман ва усиз ҳеч нима ёза олмаган бўлардим.
Шундай ҳоллар ҳам бўладики, кимгадир ёзган нарсангни ўқиб берасан, у эса:
— Бу қандай китобхонга атаб ёзилган?-деб сўрайди.
-Ўзимнинг китобхонимга, -деб жавоб бераман.
-Тушунаман,-дейди у, -лекин бу ҳаммага тушунарли эмас.
-Аввало, ўзимники тушунади,-дейман,-сўнгра у бошқа ҳаммага айтади. Мени ўз дўс-тим, ўз китобхоним тушунсин, у бутун дунёнинг сеҳрли таъсир ўтказувчисига ўхшайди. У мавжуд бўлгани учун, мен ёзаман.
Менинг поэзиям ушбу сеҳргар китобхон билан дўстлик тадбиримдир: ёзаман, демак, уни яхши кўраман.
* * *
Талант тушунчасига уни юзага чиқариш қобилиятини ҳам қўшиш керак. Агар кимки ўз талантини ерга кўмган бўлса (юзага чиқара олмаса), у, умуман, таланти йўқлар сафига ўтади.
НИМАДАН БОШЛАШ КЕРАК?
Шундай ҳам бўладики, стол ёнига ўтирасан-у, лекин ҳеч нима ёзолмайсан: фикрлар чехарда ўйинига тушгандай сакрайверади. Шунда бекорчиликдан стол устини ва хонани йиғиштиришга тушасан. Ҳамма нарса тартибга келгач, кўрибсанки, фикрлар ҳам тартибга келади; ўтирасан-да, ишлайверасан.
Шундай бўлади, лекин бу ҳол, умуман, фикрдаги тартиб ҳамиша хонадаги тартибга қатъий боғлиқ деган маънони бермайди.
Демак, хонадан эмас, қалбдан бошлаш керак экан-да? Аммо агар қалбнинг қурилиши дўстни кўриш заруриятидан тўғри келса, унда, шубҳасиз, хона тўғрисида ҳам ўйлаш лозим.
Чунки ўз дўстларингни қуруқ қўл билан кутмаслик одоби бор-да.
ГЎЗАЛЛИКНИНГ ТУҒИЛИШИ
Нури (пори)сиз атиргул ўстириб бўлмайди. Аммо шоир нурини, яъни ўғитни эмас, атиргулни шарафлайди. Гўзаллик ёнида уни юзага чиқарган яхшиликни, эркинлик ёнида у униб чиққан заруриятни кўрсатиш лозим. Атиргулнинг ўзини кўрсатиш баробарида ёнида чиринди бўлган, шўрланган озроқ ўғитни ҳам унутмаслик даркор.
Мен бошқа кишилар учун қалбингни бериш ҳамда ўзингнинг ҳам тарихда яхши киши бўлишдек юксак истак билан ёзиш ишини шу тариқа олиб бораман.
МЕНИНГ УЙИМ
Москва дарёси бўйидаги уйим-мўъжиза. У охирги михигача менинг эртакларим ва тушларимга тўланган пулдан қилинган. Бу уй эмас, балки ўз манбаига қайтган талантдир.
Менинг талантимнинг уйи-табиат. Менинг талантим табиатдан келиб чиққан ва уйда сўз билан кийинган. Ҳа, бу-мўъжиза.
ЭНГ ҚИЙИНИ
Бойнинг осмон подшолигига кўтарилишидан кўра, туянинг игна кўзидан ўтгани осон деган гап барча маданият ижодкорларига тегишлидир: ниманидир яратиш-бу ўзингни бағишлаш демакдир ва худди шу нарса энг қийинидир.
* * *
Менинг ижодим-ҳамма нарса ҳақида ўйлаш, аммо ҳамма учун тушунарли ёзишдир.
МЕНИНГ КУЧИМ
Менинг кучим шундаки, қобилиятимнинг табиий олтинини зарбхонага бермадим. Бу ўз талантимни ерга кўмдим дегани эмас. Йўқ! Мен уни асрадим ҳамда ажойиб бир тарзда бойитдим. Ва қўлимдан келган ҳамма ишни қилдим, лекин фақат тилла танганинг қўлларда айланиб юришида мустаҳкамлиги учун, унга лигатуга (мис билан қалай) аралаштирмадим.
Урушни тасаввур қилиш керак: гўё сен соқчисан, демак, ухлаш ҳам, ўз ишинг билан у ёқ-бу ёққа кетиш ҳам сира мумкин эмас.
Rus yozuvchisi Prishvin Mixail Mixaylovich tavallud topgan kun
Shunday ham bo’ladiki, stol yoniga o’tirasanu, lekin hech nima yozolmaysan: fikrlar palapartish, o’yinga tushganday sakrayveradi. Shunda bekorchilikdan stol ustini va xonani yig’ishtirishga tushasan. Hamma narsa tartibga kelgach, ko’ribsanki, fikrlar ham tartibga keladi; o’tirasan-da, ishlayverasan..
Mixait Prishvin
ADABIY O’YLAR
Bolta Yoriev tarjimasi
Prishvin Mixail Mixaylovich [1873.23.1(4.2), Lipetsk viloyati Yelets tumani — 1954. 16. 1, Moskva] — rus yozuvchisi. Leyptsig un-ti falsafa f-tini tugatgan (1902). Qrim va Qozog’istonga qilgan safari natijasida esa «Odam Ato va Momo Havo» (1909), «Qora arab» (1910) singari ocherklarini yozgan. «Berendey buloqlari» (1923) ocherki, «Kashchey zanjiri» (1923) va «Turnalar o’lkasi» (1929) romanlari muallifi. Prishvin butun umri davomida tabiat, ov va o’lkashunoslik b-n qiziqqani, o’z hayoti mazmunini tabiat b-n uyg’unlikda ko’rgani uchun tabiatga mexr motivi uning butun ijodi bo’ylab«qizil ip» yanglig’ o’tib turadi. Uning hatto katta epik asarlarida ham tabiatga bo’lgan mexr, u b-n uyg’unlikda yashash va tabiatni asrash g’oyasi yotadi. Adib 40—50-y.lar «Kiyinmagan ko’klam» qissasi, «Fatseliya» nasriy dostoni (1940), «Quyosh xazinasi» (1945) ertak-rivoyati kabi asarlarini yozgan. Yozuvchi vafotidan keyin uning «Zamin ko’zlari» kundaliklari, «Osudar yo’li» (1957) roman-ertagi e’lon qilingan.
BAYRAM
Ilgari «Ijod uyi» (Maleevka) so’zini eshitsam, kulgim qistardi: menga muassasa va ijod bir-biriga mos tushmaydigan tushunchalar bo’lib tuyulardi. Ammo o’zim Maleevkada qo’nim topib, o’qib, bil`yard o’ynab, o’zim ham nimalardir yozgach, Ijod uyi haqidagi tasavvurlarim o’zgardi. Ma’lum bo’ldiki, gap so’zda emas, ishning o’zida ekan. Bu yerda hamma a’lo darajada ishlaydi hamda bir- birlari bilan erkin, bahuzur tanishadilar. Maleevkadan boshqa hech yerda yozuvchilarning bunday yurakdan so’zlashganlarini ko’rmaganman.
Mana, bugun ham, may arafasida, mehmonxonada doira stolcha atrofida meni yosh yozuvchilar o’rab olishdi-da, u-bu narsa haqida so’rashga tutinishdi. Mendan ularga nima kerakligini tezda tushundim: men ular uchun nimadir qilgan yozuvchiman, ularning har biri esa, betakalluflari ham, kamsuqumlari ham, o’zi haqida yashirincha: «Mendan biror narsa chiqadimi-yo’qmi, kimmiz o’zi?», degan so’roqqa javob izlashadi.
— Ayting-chi, siz o’z muvaffaqiyatlaringizdan qoniqish his qilasizmi?-deb so’rashdi.
-Men buni qachonki mashhurlik va shuhrat zarurligi haqidagi fikr xalaqit berishdan to’xtagachgina his qila boshladim va shu orqali o’zimni kichik deb his qilmay qo’ydim. Avvallari men haqimda gapirishsa degan maqsadda yozish istagida bo’lardim. Endilikda esa zig’ircha ham shuhrat qozonish xohishim yo’q. Yozishni esa yanada ko’proq xohlayman. Bundan mamnunman.
— Biroq, agar mashhurlik, hurmat, shuhrat yo’qolsa, unda olg’a intilish uchun qanday asos qoladi?
-Hayot bayrami qoladi, -deb javob berdim,- o’zining takrorlanishi bilan abadiy bo’lgan umumxalq bayramini kutaman.
Men ularga bu bayram tuyg’usini dam olish yoki keyingi ishlar uchun omil sifatida emas, balki istalgan maqsad, hayotdagi barkamol ijodning poyoniga yetish sifatida parvarish etganimni hikoya qildim. Men bu xususiyatni o’zimda, mana, qirq yildan buyon tabiatda fevral` izg’irinlaridan tortib, o’simliklarning maydagi gullashigacha, barcha qushlarning kuylarigacha kuzatgan hamda parvarishlaganman.
-Axir, do’stlarim,-dedim,-men tabiat haqida yozar ekanman, odamlar haqida ham o’ylayman-da. Fevral izg’irinlari o’tgach, o’rmondagi barcha mavjudot o’zlarining bo’lajak may bayramlariga tezkor taraddudiga tushgan odamlarga o’xshab qoladi. O’shanda har bir urug’da bo’lajak bayram anqigan bo’ladi va tabiatning barcha kuchlari uning gullashi uchun ishlaydi. Men ham bunda ishtirok etaman va yordamlashaman.
Bunday paytda men ko’proq o’rmon yoqalab chiboqlagancha xayol surib ketishni yaxshi ko’raman. O’rmon yoqalab ketaverib, qarag’aylar qanday bo’y cho’zganini ko’rib o’tasiz. Ular archalar orasidan sizib chiqqan iliq nurlarda isinayotganday tuyuladi. Bu yerda turli hil o’tlar, qurigan o’tlar ham yotadi. Siz o’rmon yoqalab uzoq-uzoqlarga ketasiz-da, bu yerdagi har bir mayda chuydaga e’tibor berib o’tasiz. Qandaydir bir donsiz uzunchoq boshoqli, sariq o’tpoya boshqalaridan ko’ra, ko’proq diqqatingizni o’ziga jalb etadi. Tasodifiy yengil shamolda, unga qo’zg’aydi, u tebranadi, ta’zim qiladi.Shunda siz osmon qadar yuksaklikdan uning yoniga kelib tushasiz. Bu uzunchoq donsiz boshoqchali sariq, o’tpoyaga hayrat bilan boqasiz, o’rganib chiqasiz.
Bu diqqat-e’tibor tufayli, atrofda uning qishda sa’valar to’kkan donlari qorda qora nuqtalanib yotganini kuzatasiz. Boshoq poyasining o’zida ushoqday osilib qolgan bittagina donni topasiz-da uni qog’ozga o’rab olib qo’yasiz. Uyga kelib, uni gultuvakda ekib qo’yasiz. Ishoning menga, sizning ishtirokingizda birinchi mayda ko’karib chiqqan yangi yam-yashil o’tpoyani ko’rib, barchaga bahor ulashganday, g’oyat quvonchga to’lasiz. Bu quvonchda esa, albatta, oddiy ko’katni emas, aynan odamlarni his qilasiz. Shunda, bayramga, bayram bo’lganda ham, bir urushdan ikkinchi urushgacha bo’lgan nafas olish fursaticha emas balki, shunday bir, bahor quyoshining nurlari sovuqlarni yengganday, umumxalq bayramiga yetishganingizga ishonasiz.
Suhbatdosh yozuvchilardan biri samimiy maqullab javob qildi:
-Optimizm deganlari shu.
-Bu faqat mening optimizmim emas, -dedim unga javoban. -Bu optimizm har bir urug’da yashirin yashaydi.
QARINDOSHLIK E’TIBORI
Har bir kishiga ozmi-ko’pmi darajada dunyoni ko’rish san’ati berilgan. Har bir kishi o’z hayotida yoqimli va yoqimsiz odamlar, hayvonlar, o’simliklar obrazlari zahirasi bilan boyishga shoshilganday bo’ladi. U shular bilan hayotdan ketadi. Ammo bu oddiy e’tibor kuchining chegaralari qisqa. Odatda, kishi keksayganida qarindoshlarini yangi kishilar yangi avlodi siymosida taniy olmaydi. Ularni bilish uchun o’z zamondoshlarining taqdiri bilan qiziqib, o’tganlarni bir-bir va batafsil surushtirishga tushadi. San’atkorlarning dunyoni ko’rish qobiliyati esa bu qarindoshlik e’tibor kuchining chegaralarini so’ngsiz kengaytirishini bildiradi.
AYOLLAR BILAN SUHBAT
Kechki taom payti mening stolim yoniga ikki qiz kelib o’tirdi.
— Nega sizning kitoblaringizda bu qadar samimiyat ko’p? Siz odamlarni yaxshi ko’rasizmi?-deyishdi.
— Yo’q, -dedim men,- insonni emas, uning tilini sevaman. O’zimni nutqqa yaqin tutaman. Kim kishining nutqiga yaqin bo’lsa, uning qalbiga yaqin turadi.
Shunday qilib, ayol zotlar bilan yurakdan suhbat qurdik.
— Siz bilan suhbatlashish yengil, -deyishdi ular, -go’yo siz ham o’zimizday, ayol zotidanday,tortinmaymiz.
— Albatta-da, -dedim men. -Axir, men ham nimadir tug’uvchilar xilidanman-da.
— Fikrlar ham, xuddi jonli bolalar kabi, tug’iladi va ularni ham dunyoga keltirishdan oldin uzoq vaqt ko’tarib yurasan, kishi.
QALDIRG’OCH QANOTLARI
Adabiy parvozimning ma’lum davrida ona-zaminni o’zimga yaqin olishga shu qadar berildimki, hatto yoshlarni o’z yoshlik qiziqishlariga xos tarzda uzoq o’lkalarga intilishlaridan qaytarmoqchi ham bo’lib yurdim.
-Markaziy Afrikaga borish shart emas,-deyar edim. -Bizda, Moskva yaqinida Afrikaga qaraganda ham nomalum bo’lgan olamni topasiz. Odam o’z yaqinidan kashfiyot qilishi kerak, o’zingizga qancha yaqinlashsangiz, xazinaga shuncha chuqur kirib borasiz…
Mening bu gaplarim maktab o’qituvchilarining e’tiborini tortdi. Bir kuni tanish bir maktabda butun yoshlar bilan pashshalar bo’yicha muntazam mashg’ulot o’tilayotganining guvohi bo’ldim. Mening maktabga kelishim sharafiga esa tabiatshunos o’qituvchi qariyb aynan mening gaplarim bilan so’zlaganday bo’ldi:
-O’zingizning yoningizdagi maftunkor, sirlarga to’la olamni o’rganing va kashf qiling, yoshlik qalbingizning butun ehtirosi bilan pashshalarni o’rganing, chunki odamlarga pashshalardan ko’ra yaqinroq narsa yo’q.
O’shanda men yana qaldirg’ochni ham anglab yetishim darkor edi: chunki yuksak-yuksaklarga ko’tarilish istagi paydo bo’lganda, o’zingda uchish imkoniyatini saqlash uchun, zaminga yaqin parvoz, alohida ahamiyatga ega, bunda, ayniqsa, uzun qanotlar juda zarurdir.
KITOBXON
Chiroyli bir joyda kichkina do’kon bo’lardi. Undan hozir yo’g’ongina ikkita xoda qolgan va unga o’tirsa bo’ladi. Men bir xodaga, do’stim ikkinchisiga o’tirdik. Men xotira daftarimni olib, yoza boshladim. Mening bu do’stim sizga ko’rinmaydi, men ham uni ko’rmayman, faqat uning borligini bilaman. Bu mening kitobxonim, men unga bag’ishlab yozaman va usiz hech nima yoza olmagan bo’lardim.
Shunday hollar ham bo’ladiki, kimgadir yozgan narsangni o’qib berasan, u esa:
— Bu qanday kitobxonga atab yozilgan?-deb so’raydi.
-O’zimning kitobxonimga, -deb javob beraman.
-Tushunaman,-deydi u, -lekin bu hammaga tushunarli emas.
-Avvalo, o’zimniki tushunadi,-deyman,-so’ngra u boshqa hammaga aytadi. Meni o’z do’s-tim, o’z kitobxonim tushunsin, u butun dunyoning sehrli ta’sir o’tkazuvchisiga o’xshaydi. U mavjud bo’lgani uchun, men yozaman.
Mening poeziyam ushbu sehrgar kitobxon bilan do’stlik tadbirimdir: yozaman, demak, uni yaxshi ko’raman.
* * *
Talant tushunchasiga uni yuzaga chiqarish qobiliyatini ham qo’shish kerak. Agar kimki o’z talantini yerga ko’mgan bo’lsa (yuzaga chiqara olmasa), u, umuman, talanti yo’qlar safiga o’tadi.
NIMADAN BOSHLASH KERAK?
Shunday ham bo’ladiki, stol yoniga o’tirasan-u, lekin hech nima yozolmaysan: fikrlar chexarda o’yiniga tushganday sakrayveradi. Shunda bekorchilikdan stol ustini va xonani yig’ishtirishga tushasan. Hamma narsa tartibga kelgach, ko’ribsanki, fikrlar ham tartibga keladi; o’tirasan-da, ishlayverasan.
Shunday bo’ladi, lekin bu hol, umuman, fikrdagi tartib hamisha xonadagi tartibga qat’iy bog’liq degan ma’noni bermaydi.
Demak, xonadan emas, qalbdan boshlash kerak ekan-da? Ammo agar qalbning qurilishi do’stni ko’rish zaruriyatidan to’g’ri kelsa, unda, shubhasiz, xona to’g’risida ham o’ylash lozim.
Chunki o’z do’stlaringni quruq qo’l bilan kutmaslik odobi bor-da.
GO’ZALLIKNING TUG’ILISHI
Nuri (pori)siz atirgul o’stirib bo’lmaydi. Ammo shoir nurini, ya’ni o’g’itni emas, atirgulni sharaflaydi. Go’zallik yonida uni yuzaga chiqargan yaxshilikni, erkinlik yonida u unib chiqqan zaruriyatni ko’rsatish lozim. Atirgulning o’zini ko’rsatish barobarida yonida chirindi bo’lgan, sho’rlangan ozroq o’g’itni ham unutmaslik darkor.
Men boshqa kishilar uchun qalbingni berish hamda o’zingning ham tarixda yaxshi kishi bo’lishdek yuksak istak bilan yozish ishini shu tariqa olib boraman.
MENING UYIM
Moskva daryosi bo’yidagi uyim-mo»jiza. U oxirgi mixigacha mening ertaklarim va tushlarimga to’langan puldan qilingan. Bu uy emas, balki o’z manbaiga qaytgan talantdir.
Mening talantimning uyi-tabiat. Mening talantim tabiatdan kelib chiqqan va uyda so’z bilan kiyingan. Ha, bu-mo»jiza.
ENG QIYINI
Boyning osmon podsholigiga ko’tarilishidan ko’ra, tuyaning igna ko’zidan o’tgani oson degan gap barcha madaniyat ijodkorlariga tegishlidir: nimanidir yaratish-bu o’zingni bag’ishlash demakdir va xuddi shu narsa eng qiyinidir.
* * *
Mening ijodim-hamma narsa haqida o’ylash, ammo hamma uchun tushunarli yozishdir.
MENING KUCHIM
Mening kuchim shundaki, qobiliyatimning tabiiy oltinini zarbxonaga bermadim. Bu o’z talantimni yerga ko’mdim degani emas. Yo’q! Men uni asradim hamda ajoyib bir tarzda boyitdim. Va qo’limdan kelgan hamma ishni qildim, lekin faqat tilla tanganing qo’llarda aylanib yurishida mustahkamligi uchun, unga ligatuga (mis bilan qalay) aralashtirmadim.
Urushni tasavvur qilish kerak: go’yo sen soqchisan, demak, uxlash ham, o’z ishing bilan u yoq-bu yoqqa ketish ham sira mumkin emas.