Ozod Sharafiddinov. Adabiyotimiz fidoyisi.

01219 февраль — Устоз Мақсуд Шайхзода хотираси куни

Шоир ва драматург, адабиётшунос ва таржимон, тарихчи ва мутафаккир, нотиқ ва педагог — буларнинг бари ҳозир, яъни 1950 йилда биз — талабаларга маъруза ўқишга шайланиб, кўз ойнагини дастрўмоли билан артиб турган одамда жамулжам эди. Ўрта бўйли, миқти гавдалик, жингалак сочлари қандайдир шоирона тарзда тўзғиган, ўзбекча сўзларни жиндай озарбойжонча оҳангда талаффуз этадиган бу одам — Шайхзода Мақсуд эди.

Озод Шарафиддинов
АДАБИЁТИМИЗ ФИДОЙИСИ
033

Шоир ва драматург, адабиётшунос ва таржимон, тарихчи ва мутафаккир, нотиқ ва педагог — буларнинг бари ҳозир, яъни 1950 йилда биз — талабаларга маъруза ўқишга шайланиб, кўз ойнагини дастрўмоли билан артиб турган одамда жамулжам эди. Ўрта бўйли, миқти гавдалик, жингалак сочлари қандайдир шоирона тарзда тўзғиган, ўзбекча сўзларни жиндай озарбойжонча оҳангда талаффуз этадиган бу одам — Шайхзода Мақсуд эди.

Биз уни яқиндан биринчи марта кўриб турган бўлсак-да, унинг довруғи аллақачон ўзи ишлайдиган Низомий номидаги педагогика институти ҳудудларидан чиқиб, бутун Ўзбекистонга таралган эди. Унинг маърузалари тўғрисида талабалар орасида ривоятлар юрарди. “Гениал санъаткор” деган китобини ҳижжалаб ўқиб чиққан эдим. Китоб лотинча ёзувда чоп этилган бўлиб, 40-йилларнинг бошланишида Алишер Навоий тўғрисида мавжуд бўлган тўртта танқидий асарнинг биттаси эди. Жуда зўр зукколик билан ёзилган бу рисола Алишер Навоийга шу қадар зўр муҳаббат билан суғорилган эдики, уни ўқиган ҳар қандай одам Навоий даҳосини ўз қалби билан ҳис қилиб, унинг мўъжизакор санъатига умрбод кўнгил қўйиб қолмаслиги мумкин эмасди.

Шайхзода кўз ойнагини артиб бўлиб, бурни устига қўндирди, шошмай чўнтагидан… йўқ, маъруза матнини эмас, бир қути “Казбек” папиросини чиқарди, ундан бир дона олиб, орқаси билан бир-икки қутига уриб, тамаки кукунини тўкди-да, кейин папиросни тутатди. Лекин уни бир марта тортиб, маърузани бошлагач, папиросни унутди: бироз ўтмай, қути устига қўйиб қўйилган папиросдан буралиб-буралиб кўтарилаётган кўкиш тутун ғойиб бўлди — папирос ўчиб қолган эди. Шайхзода маърузанинг охиригача папиросга бошқа қўл узатмайди — у бутун вужуди билан маърузага берилиб кетган эди.

Ҳаммамиз маърузага маҳлиё бўлиб қолган эдик. Биз авваллари ҳам дарсларда Навоий ижодидан маърузалар тинглагандик, лекин, барибир, Шайхзоданинг биринчи маърузасидаёқ буюк шоирнинг ижодиёт олами кўз ўнгимизда батамом янгича қирралари билан жилоланди, гўё биз шу пайтга қадар Навоий яратган санъат асарининг шаклу-шамойилига қойил қолиб, унинг теварагида айланиб юрар эдиг-у, Шайхзода бизга шу кошона эшигини очиб, ичкари кирмоғимиз учун бир калит тутқазган эди… Биз ўзаро таассуротларимизни ўртоқлаша-ўртоқлаша навбатдаги маъруза кунини сабрсизлик билан кута бошладик.

Аммо… Шайхзода маърузага келмади. Кейин ҳам ундан дарак бўлмади. Шундай улуғ одамнинг бунақа интизомсизлигидан ранжиб, унинг сабаблари тўғрисида бир тўхтамга келиб улгурмасимиздан совуқ бир хабар етиб келди: Шайхзода қамалипти. Биз ўша кезларда анча балоғатга етиб қолган эдик, лекин шундай бўлса-да, ҳали мустақил фикрлашни билмас, ўз туйғуларимиз ва истакларимизни очиқ айтиб ўрганмаган эдик. Аксинча, 37-йилнинг мудҳиш воқеалари кўз ўнгимизда кечган бўлса-да, уни чуқурроқ идрок этиб, ундан тайинлироқ хулосалар чиқарган эмасдик. Бутун чиқарган хулосамиз “одам оласи ичида”, “Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга”, “Бизнинг шонли органларимиз адашмайди, улар ўз постларида ҳушёр “турипти” деганга ўхшаш гаплардан нари ўтмасди.

Шунинг учун Шайхзоданинг қамалганига анча афсусландик, ўзимиз, вақтида унинг асарлари ёки маърузаларидан миллатчилик ёки аксилшўровий хатоларни топа олмай, сиёсий кўрлик қилганимизга ўкиндик-да, кўп ўтмай бошқа ишларга андармон бўлиб кетдик. Фақат орадан олти йил ўтиб, орадан анча сувлар оқиб кетгандан кейин Сталин ўлиб, унинг истибдоди қулагандан кейингина Шайхзоданинг, у билан бирга яна анчагина ўзбек зиёлиларининг мутлақо бегуноҳ бўлганини билдик — улар Сталин барпо этган ва кўп йиллар мобайнида мамлакатда амал қилган қатли ом машинасининг айбсиз қурбонлари бўлган эди.
Шайхзода оқланди, лекин олти йиллик руҳий ва жисмоний азоблар, тутқунлик, хўрликлар, камситишлар унинг қанча умрини олиб кетдийкин, қанча-қанча шоҳ сатрлар умр дафтарини безаш ўрнига “ҳечистон” қаърида ғойиб бўлиб кетдийкин.

Шундай бўлдики, Шайхзода қайтгандан кейин мен унинг тўғрисида мақола ёздим. У тақриз эмас, адабий портрет жанрида ёзилган эди. Албатта, бу мақола ҳам адабий портрет жанридан жуда узоқ эди, негаки, биринчидан, менинг тажрибам кам, қаламим анча нўноқ бўлса, иккинчидан, нимани ёзиш мумкин ва нимани ёзиш мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган ва, айниқса, ёзувчининг изтироблари, бошидан кечган оғир воқеалар, дардлар, ҳатто хасталиклар тўғрисида ҳам ёзиш қатъиян ман қилинганди.

Аммо шунга қарамай, менинг мақолам Шайхзода тўғрисидаги дастлабки йирикроқ мақола бўлгани учунми, жамоатчилик томонидан хайрихоҳлик билан кутиб олинди ва шоир билан яқиндан алоқа ўрнатишимизга туртки бўлди. Шундан кейинги бир неча йиллик мулоқот давомида амин бўлдимки, Шайхзода ижод бобида нечоғли буюк бўлса, инсон сифатида ҳам шунча улуғ экан. Биргина мен эмас, уни билган деярли ҳамманинг эътироф этишича, Шайхзода ҳар жиҳатдан баркамол, кўнглида кири йўқ, бегидир инсон эди, у қўлидан келса, кўпчиликка яхшилик қилар, айниқса, ҳамиша “Шомирза-ю қоқ-қуруқ” бўлиб юрадиган талабаларнинг ўзига билдирмай ёрдам қўлини чўзишга интиларди. Назаримда, у кўнглидан нафрат деган нарсани буткул қувиб чиқаришга муваффақ бўлган нодир одамлардан бири эди.

Албатта, ҳасадданми, ё бошқа сабабданми — Шайхзодани ёмон кўрган, унинг устидан бўҳтон уюштирган, қаматишга эришган одамлар бўлган. Албатта, ёмонларнинг кирдикорларидан Шайхзода кўп азият чеккан, қийналган, ночор қолган ҳоллари ҳам бўлган. Бироқ унинг кўксида кекка ўрин бўлмаган, улардан қасос олишни ўйламаган. Назаримда, интиқом йўлидан бориш, кек оловини гуриллатишни у ўзининг инсонлик шаънига номуносиб деб ҳисоблаган, шунинг учун паст одамларга баравар бўлишни истамаган. Бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. 1956 йилда Ёзувчилар уюшмасида катта йиғин бўлди. Унда қамоқ ва сургунлардан оқланиб қайтган ёзувчилар ҳам иштирок этишди. Албатта, уларга ҳам сўз берилди. Сўзга чиққанларнинг бир қисми лагерларда тортган мислсиз азобларини гапириб, қамалишларига сабабчи бўлган одамлардан “хун” талаб қилдилар.

Шайхзода ҳам минбарга кўтарилди. Лекин у бир оғиз ҳам кўнглидаги аламлардан гапирмади, қисматидан нолимади, аксинча, иродаси бақувват, руҳи тетик одамларга хос тарзда, майда-чуйда нарсалардан юқори туриб, ижодкорнинг улуғ бурчи ҳақида гапирди ва сўзининг охирида: “Мен сўнгги йилларда жонажон Тошкент шаҳрига бағишлаб бир достон ёздим, шуни ўқиб кўринглар, лозим топсаларинг, чоп этарсизлар”, — деди. Бу “Тошкентнома” достони эди — кейинчалик у Тошкент ҳақида ёзилган энг яхши асарлардан бири бўлиб қолди. Ўша куни Шайхзоданинг нутқи бутун мажлис аҳлини қаттиқ ларзага солди, негаки, кечагина олти йил давомида мустабид тузумнинг мислсиз қийноқларини бошидан кечириб келган бу одам олижанобликнинг энг олий намунасини намойиш қилган эди. Бундан кейин ҳам мен бу одамнинг юксак инсоний фазилатларига кўплаб марта гувоҳ бўлганман.

Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон зиёлиларининг қурултойи бўлди. Бу анжуман ҳам шахсга сиғинишни танқид қилиш баҳонасида ўз дардини ҳар қанча тўкиб солса, кўтарадиган йиғин эди. Аммо бу гал ҳам Шайхзода ўз билганидан қолмади — шахсий дардларини йиғиштириб қўйиб, республиканинг дардидан, ўзбек зиёлиларининг аҳволидан ҳаяжонли нутқ сўзлади. Бутун зал унинг нутқини бир жон, бир тан бўлиб тинглагани, бот-бот қарсаклар билан бўлиниб тургани эсимда. Ўшанда Шайхзода ҳар қандай халқнинг маданий ривожи унинг қомусида муҳрланиб қолишини айтиб, Ўзбекистонда кўп жилдлик “Қомуси Шарқия”ни нашр этиш таклифини ўртага ташлаган эди.

Умуман, Шайхзода ҳар хил анжуманларда, адабий кечаларда, учрашувларда кўп қатнашар ва ҳар гал теша тегмаган гапларни айтиб, нотиқлик бобидаги рейтингини муттасил кўтариб борарди. Бир йили ёзувчиларнинг Дўрмондаги боғида ёш ёзувчиларнинг бир неча кунлик семинари бўлди. Унда пешқадам ёзувчиларнинг деярли ҳаммаси навбатма-навбат ёшлар билан суҳбатлар қурди. Шайхзода ҳам ўз тажрибаларидан мароқланиб сўзлаб берди.

Гап айланиб, тарихий асарлар устида ишлашнинг мураккаблигига кўчди. Тарихий асар устида ишлаш жуда қийин, — деди Шайхзода. — Негаки, воқеалар аллақачон ўтиб кетган, улар тўғрисида эса китоблардан, архивлардангина маълумот олиш мумкин. Лекин бу билан иш битмайди. Тарихий асарларда ҳам қаҳрамонлар сифатида жонли одамлар ҳаракат қилади. Улар жонли чиқмоғи учун хатти-ҳаракатлари, қилиқлари, ўзини тутишлари тафсилотлар ва деталлар орқали ифодаланиши керак. Бу эса осон эмас — ҳар қадамда, ҳар саҳифада дабдурустдан ҳал қилиш жуда қийин бўлган саволлар кўндаланг бўлади. Уларни ҳал қилгунча она сутинг оғзингдан келади. Масалан, ХИВ ёки ХВ аср одамларини тасвирлар экансан, улар бир-бирлари билан қандай саломлашганлар — бош ирғабми, қўлларини кўксига қўйибми, бир-бирларининг елкаларига қоқибми, ўнг қўлларини тик кўтарибми, қўл қисишибми ёки яна бошқа бирон тарзда кўришишганми, бирон китобда бунинг тасвири ва тасдиғи борми деганга ўхшаш саволлар кўндаланг бўлади. Ёки у давр одамлари кўзойнак таққанми, соч қўйганми, кийим-кечаги қандай бўлган, ётиб-туриши, ювиниб-чўмилишлари қандай кечган ва ҳоказо ва ҳоказо… Бунақа саволларнинг охир-кети йўқ. Уларга жавоб топмоқ учун ёзувчи том маънода баъзан катта, баъзан кичик тадқиқот ишини амалга оширмоғи керак. Шундан кейин Шайхзода Навоий замонида одамлар кўзойнак таққан — тақмаганини қандай ҳал қилганини айтиб берганди. Бу гапларнинг барини нафақат ёш ёзувчилар, балки бизга ўхшаган “тажрибалилар” ҳам жон қулоғи билан мароқланиб эшитди, чунки бу гаплар ижодкор меҳнатининг машаққатлари ҳақида анча ҳаққоний тасаввур берар, ёзувчи меҳнатига ҳурматни оширарди.

Шайхзоданинг нақадар доно ва зукко бўлганини, нафақат адабиётни, балки шарқ тарихини ҳам жуда теран билишини кўрсатадиган бир мисолни айтиб берай.

50-йилларнинг охирларида бизнинг дорулфунун билан Боку дорулфунуни ўртасида илмий-ижодий алоқалар йўлга қўйилди. Бунда икки дорулфунун навбатма-навбат домлалар алмашиб туришди. Навбатим келиб, мен ҳам Бокуга бордим, уч кун мобайнида у ерда меҳмон бўлдим. Боку сафари умримдаги энг мароқли ва энг самарадор сафар бўлган эди, унда кўрганларим, билганларим, орттирган дўстларим ҳамон юрагимда. Ўша кезларда онам Кавказдаги қайси бир оромгоҳда дам олмоқда эди. Мен онамни Бокуга таклиф қилдим, бир-икки кун бу ерда бўлиб, Тошкентга бирга қайтишимизни айтдим, онам рози бўлдилар, бироқ у киши Бокуга келгач, мен бутунлай сояга чиқдим-қолдим. Мезбонларимиз Идоят муаллим Эфендиев, Ламах муаллим Халилов бутун эътиборни онамга қаратишди, қаерга борилса, у кишини тўрга ўтқазиб, “танишинглар, Озод муаллимнинг онаси Зубайда хоним” деб таништиришди. Ҳатто ўша кезларда озарбойжон адабиёти кафедрасининг мудири бўлган профессор Жаъфар Хандон ҳам бизни уйига меҳмонга чақирди ва балконидан Каспийнинг ажойиб манзараси кўриниб турган муҳташам уйида бизни озарбойжонча палов билан сийлади. Умрида бунақа иззат-икромларни кўрмаган онамнинг боши осмонга етди. Озарбойжон зиёлиларининг ўта юксак маданияти, меҳмондўстлиги, дўстнинг тепасида парвона бўлиб, жонини бахшида қилишга тайёрлиги менда ҳам, онамда ҳам жуда чуқур таассурот қолдирди.

Мен китобхондан бироз чалғиганим учун узр сўрайман — бироқ бу гапларни озарбойжон зиёлиларига нисбатан йиллар мобайнида қалбимда тахланиб ётган эҳтиромимни билдириб қўйиш учун айтмоқдаман. Хуллас, мен Бокуга бориб келгач, Тошкентга Идоят муаллим Эфендиев келди. Табиийки, биз қўлимиздан келган қадар у кишининг ҳурматини бажо келтириб қарзимизни узишга ҳаракат қилдик.

Буни қарангки, Идоят муаллим Шайхзоданинг куёви бўлар экан — унинг синглисига уйланган экан. Меҳмонларни онамникига — Кўкчадаги ҳовлимизга таклиф қилдик. Ўз-ўзидан Шайхзода давранинг гули бўлди-қолди. У жуда эркин, яйраб ўтирар, кулгили гаплардан гапириб, ҳамманинг кўнглини олар, ҳазил мутойиба қиларди. Ниҳоят, қадаҳ айтиш навбати Шайхзодага келди. Билмадим, аёлларни эъзозлаш озарбойжонларга йўргакдан текканми, Шайх ака ҳам қадаҳини “Озод муаллимнинг онаси Зубайда хоним”га бағишлади.
Биласизми, биз — ўзбекларнинг бир қусуримиз бор — алёр айтишни, дўстлар даврасида қувноқ қадаҳ кўтаришни билмаймиз. Биз айтадиган алёрлар бутун бошли сиёсий докладга айланиб кетади, масалан, унда пахта режасининг тўлишидан бошлаб, бозорга сифатсиз мол киритишимизгача ҳамма нарса бўлади-ю, бир чимдим кулгига, ҳазил-мутойибага ўрин топилмайди. Шайхзоданинг алёри ҳам қисқа бўлгани йўқ. Йўқ, у менинг онам тўғрисида эмас эди. Шайхзода онам тўғрисида бир жуфт илиқ сўзини айтгандан кейин, умуман, аёлнинг инсон ҳаётидаги ўрни, шарқ аёлининг буюклиги ва гўзаллиги тўғрисида чунонам илҳом билан гапирдики, гапнинг чўзилиб кетгани билингани йўқ, аксинча, биз бу одамнинг ақл-заковатига, хотирасига, билимига қойил қолиб тинглаб ўтиравердик. Мен ҳозирга қадар ўшанда айтилган гапларни ёзиб олиб қўймаганимга ачинаман. Буни қарангки, одамнинг сўзамоллиги, чечанлигидан ҳам йўлларида гуллар унар экан, қалбларни гўзаллик туйғуси чулғар экан.

Кейин яна ва яна бу одамнинг бир вақтнинг ўзида ҳам буюклиги, ҳам соддалигига гувоҳ бўлганман.
У пайтларда факултетимиз Хадрада — театр ёнидаги бинода жойлашган эди. Факултет залида “Мирзо Улуғбек” спектаклининг муҳокамаси бўлди. Муҳокама жуда қизғин ўтди. Сал кам уч соат мобайнида спектакл ҳақида фикрлар айтилди, муаллиф талабаларнинг саволларига жавоб берди. Ниҳоят муҳокама тугади, биз уй-уйимизга кетмоқчи бўлиб, кўчага чиқдик. Шайх ака муҳокамадан мамнун бўлган эдилар чоғи, кайфиятлари анча кўтаринки эди.

— Ғиёсободга бормаймизми, Озоджон? — деди Шайхзода сирли кулимсираб. Қош қорая бошлаган эди, лекин Шайхзода бирор ёққа таклиф қилса, “йўқ” деб бўларканми? Аста суҳбатлашиб, Фурқат кўчаси бўйлаб Бешёғоч томон йўлга тушдик. Мен Дўмбирободни билардим, Юнусободга кўп марталаб йўлим тушган эди-ю, лекин Ғиёсобод деган жойни эшитмагандим. Ийманиб, Шайх акадан унинг қаердалигини сўрадим.
— Узоқ эмас, ҳадемай етиб борамиз, — деди Шайхзода.

Бироз юргандан сўнг Муқимий театрига яқинлашиб қолдик. У пайтларда Фурқат кўчасининг охирида шинамгина озиқ-овқат дўкони бўлар эди. Биз етиб келганда дўкон ёпилган, лекин унинг ёнидаги мудирнинг каталакдек хонаси очиқ эди. Шайх ака мени дадил шу хонага бошлади. Хонада битта ёзув столи, уч-тўртта стул, яна кичикроқ бир пўлат сандиқ турипти. Стол ортида ўтирган тўлароқдан келган, қош-кўзи қоп-қора, истараси иссиқ йигит Шайх акани кўриши биланоқ “дик” этиб ўрнидан сапчиб турди-да, “келинг-келинг, марҳамат, бормисиз, Шайх ака!” деган сўзлар билан унга пешвоз чиқди.

— “Ўзларидан сўрасак! — дея хушхоллик билан унга қўл узатди Шайх ака! — танишиб қўйинг, бу киши Озоджон, университетда домла…”
Кейин йигитни менга таништирди:
— Ғиёсобод деганимиз шу дўкон бўлади. Бу кишининг исми — Ғиёс. Шу дўконнинг мудири.

Кейин маълум бўлишича, Ғиёсжон Шайх аканинг жуда садоқатли мухлиси экан, ҳатто дўконининг битта калитини Шайх акага бериб қўйган экан. Шайх ака истаган вақтида ёлғиз ўзими ёки бир иккита кўнгил тортар ўртоғи биланми шу ерга келиб, истаганча еб-ичиб, пулини стол устидаги сиёҳдоннинг тагига қўйиб кетаверар эканлар. Мен кўпгина мухлисларни эшитган ва кўрган эдим-у, идорасини, унинг ичидаги буюмларини ишониб ташлаб кетаверадиганини кўрмаган эдим. Хуллас, бир зумда газеталардан дастурхон ёзилди, стол устида турли ноз-неъматлар пайдо бўлди, шишалар очилди.

Мен тараддудланиб қолдим.
— Шайх ака, қандоқ бўларкин, мен уйдан бугундан бошлаб ичмайман деб чиққан эдим.
— Нима ичмайман дегандингиз?
— Ароқ-да…
— О, ундай бўлса, жуда яхши. Ароқ ичмаймиз. Бети қурсин. Мен ҳам ёқтирмайман. Узум сувидан ясалган тоза мусаллас ичамиз.

Дарҳақиқат, уйдан чиқаётганимда мусаллас масаласида гап бўлгани йўқ эди. Мен кўндим. Кўп ўтмай, ўтиришимиз базми жамшидга айланиб кетди. Албатта, уйга судралиб кириб борганимда, вақт анча бўлиб қолганди — мен уйқусираб туриб, эшитадиганимни эшитдим. Кейин аҳволни тушунтириб, ваъдам эртадан кучга киришини айтдим. Лекин ўша оқшомнинг шукуҳи бир умр дилимда сақланиб қолди. Суҳбатимиз жуда ширин бўлганди.

Шайхзода машина харид қилган эмасди. У трамвай, троллейбусларда юрар, кўп ҳолларда эса оёқнинг чигили ёзилади дея пиёда кетаверар, йўл-йўлакай учраган танишлари билан гурунглашиб, дунё янгиликларидан хабар топиб, чақ-чақлашиб борарди. Бу гурунгларда кўпгина қизиқ гаплар айтилар, кейинчалик улар ҳангомаларга айланар ва одамлар ўртасида латифа тарзида оғиздан-оғизга кўчиб юрарди. Шайхзода билан Ғафур Ғулом тўғрисида кўп латифа айтиларди. Шайхзода ва Миртемир ораларида бўлиб ўтган гап-сўзлар ҳам тез оғизга тушиб кетарди.

Бир куни Ёзувчилар уюшмасида мажлис бўлипти. У ҳаддан ташқари чўзилиб кетипти, мажлис тугаганда ҳамма очликдан сулайиб, ҳолдан кетиб қолган экан. Шайхзоданинг ёнида келаётган Миртемир унга ҳазил қилипти:
— Овқат масаласига қандай қарайсиз, Шайх ака?
— Тўрт кўз билан қараймиз-да… — деб жавоб берипти дарров Шайх ака кўзойнагини қўли билан тузатиб. Бу “итдай очмиз” деган маънода айтилган экан.

Шайхзодада юмор туйғуси жуда кучли эди, у ҳар қандай вазиятда топқирлик билан гап топар ва ҳатто нохушроқ аҳволга тушиб қолганда ҳам уни бир зумда кулгига айлантириб юбора оларди.

Бир йили Шайх ака Фарғонага адабий кечага бориптилар. Уни водийнинг энг машҳур одами, таниқли ҳажвчи Адҳам Ҳамдам кутиб олипти ва уйига олиб келипти. Адҳам аканинг рафиқаси бутун марҳаматини ишга солиб, Шайх акани роса сийлапти. Эртасига учрашув бўлипти. Театр зали нимқоронғи. Одам залга сиғмай кетган. Шайх ака ўтиравериб зерикиб кетганми, залга кўз югуртириб, ёнида ўтирган Адҳам акадан сўрапти?
— Адҳамжон, залнинг чап томонида саккизинчи қаторда ўтирган, лабининг тепасида холи бор чиройли аёл ким?
— Ие, Шайх ака, танимаяпсизми? Келинингиз-ку, — деб жавоб берипти Адҳам ака.
— Эҳ, кўзимиз узоқдан яхши кўрмайди-да, — дея узр айтипти, Шайх ака.

Шайх ака ҳақидаги бундай латифалар ва ривоятлар бу инсоннинг халқ орасида обрўйи ғоятда катта бўлганини кўрсатади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. У адабиётнинг фидокор ходими эди. У Навоийни ҳаммадан ортиқ севарди. Вафоти олдидан ёзган энг сўнгги мақоласини у “Ғазал мулкининг султони” деб атадики, бу таъриф Алишер Навоий ижодининг моҳиятини жуда яхши ва жуда ихчам таърифлаган формула сифатида халқ ичига сингиб кетди.

Шайхзода “Мирзо Улуғбек” трагедиясини мерос қолдирди. Бу асар ҳақида кўп ёзилди-ю, Шайхзода билан драмадаги Мирзо Улуғбек ўртасида мавжуд бўлган муштараклик ҳам тадқиқ қилинганча йўқ. Менимча, ижодкорнинг оғзига қулф урилган ўша оғир замонларда Шайхзода ўзининг кўп дардларини, одамларга айтмоқчи бўлган гапларини Улуғбек тилидан айтган бўлиши мумкин.

Шайхзода ана шундай улуғ ижодкор ва улуғ инсон эди. Уни кўрганлар, суҳбатини олганлар, асарларидан баҳраманд бўлганлар ва бўлаётганлар нақадар бахтиёр!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 19-сонидан олинди.

19 fevral — Ustoz Maqsud Shayxzoda xotirasi kuni

Shoir va dramaturg, adabiyotshunos va tarjimon, tarixchi va mutafakkir, notiq va pedagog — bularning bari hozir, ya’ni 1950 yilda biz — talabalarga ma’ruza o‘qishga shaylanib, ko‘z oynagini dastro‘moli bilan artib turgan odamda jamuljam edi. O‘rta bo‘yli, miqti gavdalik, jingalak sochlari qandaydir shoirona tarzda to‘zg‘igan, o‘zbekcha so‘zlarni jinday ozarboyjoncha ohangda talaffuz etadigan bu odam — Shayxzoda Maqsud edi.

Ozod Sharafiddinov
ADABIYOTIMIZ FIDOYISI
033

Shoir va dramaturg, adabiyotshunos va tarjimon, tarixchi va mutafakkir, notiq va pedagog — bularning bari hozir, ya’ni 1950 yilda biz — talabalarga ma’ruza o‘qishga shaylanib, ko‘z oynagini dastro‘moli bilan artib turgan odamda jamuljam edi. O‘rta bo‘yli, miqti gavdalik, jingalak sochlari qandaydir shoirona tarzda to‘zg‘igan, o‘zbekcha so‘zlarni jinday ozarboyjoncha ohangda talaffuz etadigan bu odam — Shayxzoda Maqsud edi. Biz uni yaqindan birinchi marta ko‘rib turgan bo‘lsak-da, uning dovrug‘i allaqachon o‘zi ishlaydigan Nizomiy nomidagi pedagogika instituti hududlaridan chiqib, butun O‘zbekistonga taralgan edi. Uning ma’ruzalari to‘g‘risida talabalar orasida rivoyatlar yurardi. “Genial san’atkor” degan kitobini hijjalab o‘qib chiqqan edim. Kitob lotincha yozuvda chop etilgan bo‘lib, 40-yillarning boshlanishida Alisher Navoiy to‘g‘risida mavjud bo‘lgan to‘rtta tanqidiy asarning bittasi edi. Juda zo‘r zukkolik bilan yozilgan bu risola Alisher Navoiyga shu qadar zo‘r muhabbat bilan sug‘orilgan ediki, uni o‘qigan har qanday odam Navoiy dahosini o‘z qalbi bilan his qilib, uning mo‘‘jizakor san’atiga umrbod ko‘ngil qo‘yib qolmasligi mumkin emasdi.
Shayxzoda ko‘z oynagini artib bo‘lib, burni ustiga qo‘ndirdi, shoshmay cho‘ntagidan… yo‘q, ma’ruza matnini emas, bir quti “Kazbek” papirosini chiqardi, undan bir dona olib, orqasi bilan bir-ikki qutiga urib, tamaki kukunini to‘kdi-da, keyin papirosni tutatdi. Lekin uni bir marta tortib, ma’ruzani boshlagach, papirosni unutdi: biroz o‘tmay, quti ustiga qo‘yib qo‘yilgan papirosdan buralib-buralib ko‘tarilayotgan ko‘kish tutun g‘oyib bo‘ldi — papiros o‘chib qolgan edi. Shayxzoda ma’ruzaning oxirigacha papirosga boshqa qo‘l uzatmaydi — u butun vujudi bilan ma’ruzaga berilib ketgan edi.
Hammamiz ma’ruzaga mahliyo bo‘lib qolgan edik. Biz avvallari ham darslarda Navoiy ijodidan ma’ruzalar tinglagandik, lekin, baribir, Shayxzodaning birinchi ma’ruzasidayoq buyuk shoirning ijodiyot olami ko‘z o‘ngimizda batamom yangicha qirralari bilan jilolandi, go‘yo biz shu paytga qadar Navoiy yaratgan san’at asarining shaklu-shamoyiliga qoyil qolib, uning tevaragida aylanib yurar edig-u, Shayxzoda bizga shu koshona eshigini ochib, ichkari kirmog‘imiz uchun bir kalit tutqazgan edi… Biz o‘zaro taassurotlarimizni o‘rtoqlasha-o‘rtoqlasha navbatdagi ma’ruza kunini sabrsizlik bilan kuta boshladik. Ammo… Shayxzoda ma’ruzaga kelmadi. Keyin ham undan darak bo‘lmadi. Shunday ulug‘ odamning bunaqa intizomsizligidan ranjib, uning sabablari to‘g‘risida bir to‘xtamga kelib ulgurmasimizdan sovuq bir xabar yetib keldi: Shayxzoda qamalipti. Biz o‘sha kezlarda ancha balog‘atga yetib qolgan edik, lekin shunday bo‘lsa-da, hali mustaqil fikrlashni bilmas, o‘z tuyg‘ularimiz va istaklarimizni ochiq aytib o‘rganmagan edik. Aksincha, 37-yilning mudhish voqealari ko‘z o‘ngimizda kechgan bo‘lsa-da, uni chuqurroq idrok etib, undan tayinliroq xulosalar chiqargan emasdik. Butun chiqargan xulosamiz “odam olasi ichida”, “Ishonmagin do‘stingga, somon tiqar po‘stingga”, “Bizning shonli organlarimiz adashmaydi, ular o‘z postlarida hushyor “turipti” deganga o‘xshash gaplardan nari o‘tmasdi. Shuning uchun Shayxzodaning qamalganiga ancha afsuslandik, o‘zimiz, vaqtida uning asarlari yoki ma’ruzalaridan millatchilik yoki aksilsho‘roviy xatolarni topa olmay, siyosiy ko‘rlik qilganimizga o‘kindik-da, ko‘p o‘tmay boshqa ishlarga andarmon bo‘lib ketdik. Faqat oradan olti yil o‘tib, oradan ancha suvlar oqib ketgandan keyin Stalin o‘lib, uning istibdodi qulagandan keyingina Shayxzodaning, u bilan birga yana anchagina o‘zbek ziyolilarining mutlaqo begunoh bo‘lganini bildik — ular Stalin barpo etgan va ko‘p yillar mobaynida mamlakatda amal qilgan qatli om mashinasining aybsiz qurbonlari bo‘lgan edi.
Shayxzoda oqlandi, lekin olti yillik ruhiy va jismoniy azoblar, tutqunlik, xo‘rliklar, kamsitishlar uning qancha umrini olib ketdiykin, qancha-qancha shoh satrlar umr daftarini bezash o‘rniga “hechiston” qa’rida g‘oyib bo‘lib ketdiykin.
Shunday bo‘ldiki, Shayxzoda qaytgandan keyin men uning to‘g‘risida maqola yozdim. U taqriz emas, adabiy portret janrida yozilgan edi. Albatta, bu maqola ham adabiy portret janridan juda uzoq edi, negaki, birinchidan, mening tajribam kam, qalamim ancha no‘noq bo‘lsa, ikkinchidan, nimani yozish mumkin va nimani yozish mumkin emasligi qat’iy belgilab qo‘yilgan va, ayniqsa, yozuvchining iztiroblari, boshidan kechgan og‘ir voqealar, dardlar, hatto xastaliklar to‘g‘risida ham yozish qat’iyan man qilingandi. Ammo shunga qaramay, mening maqolam Shayxzoda to‘g‘risidagi dastlabki yirikroq maqola bo‘lgani uchunmi, jamoatchilik tomonidan xayrixohlik bilan kutib olindi va shoir bilan yaqindan aloqa o‘rnatishimizga turtki bo‘ldi. Shundan keyingi bir necha yillik muloqot davomida amin bo‘ldimki, Shayxzoda ijod bobida nechog‘li buyuk bo‘lsa, inson sifatida ham shuncha ulug‘ ekan. Birgina men emas, uni bilgan deyarli hammaning e’tirof etishicha, Shayxzoda har jihatdan barkamol, ko‘nglida kiri yo‘q, begidir inson edi, u qo‘lidan kelsa, ko‘pchilikka yaxshilik qilar, ayniqsa, hamisha “Shomirza-yu qoq-quruq” bo‘lib yuradigan talabalarning o‘ziga bildirmay yordam qo‘lini cho‘zishga intilardi. Nazarimda, u ko‘nglidan nafrat degan narsani butkul quvib chiqarishga muvaffaq bo‘lgan nodir odamlardan biri edi. Albatta, hasaddanmi, yo boshqa sababdanmi — Shayxzodani yomon ko‘rgan, uning ustidan bo‘hton uyushtirgan, qamatishga erishgan odamlar bo‘lgan. Albatta, yomonlarning kirdikorlaridan Shayxzoda ko‘p aziyat chekkan, qiynalgan, nochor qolgan hollari ham bo‘lgan. Biroq uning ko‘ksida kekka o‘rin bo‘lmagan, ulardan qasos olishni o‘ylamagan. Nazarimda, intiqom yo‘lidan borish, kek olovini gurillatishni u o‘zining insonlik sha’niga nomunosib deb hisoblagan, shuning uchun past odamlarga baravar bo‘lishni istamagan. Bir voqea sira esimdan chiqmaydi. 1956 yilda Yozuvchilar uyushmasida katta yig‘in bo‘ldi. Unda qamoq va surgunlardan oqlanib qaytgan yozuvchilar ham ishtirok etishdi. Albatta, ularga ham so‘z berildi. So‘zga chiqqanlarning bir qismi lagerlarda tortgan mislsiz azoblarini gapirib, qamalishlariga sababchi bo‘lgan odamlardan “xun” talab qildilar. Shayxzoda ham minbarga ko‘tarildi. Lekin u bir og‘iz ham ko‘nglidagi alamlardan gapirmadi, qismatidan nolimadi, aksincha, irodasi baquvvat, ruhi tetik odamlarga xos tarzda, mayda-chuyda narsalardan yuqori turib, ijodkorning ulug‘ burchi haqida gapirdi va so‘zining oxirida: “Men so‘nggi yillarda jonajon Toshkent shahriga bag‘ishlab bir doston yozdim, shuni o‘qib ko‘ringlar, lozim topsalaring, chop etarsizlar”, — dedi. Bu “Toshkentnoma” dostoni edi — keyinchalik u Toshkent haqida yozilgan eng yaxshi asarlardan biri bo‘lib qoldi. O‘sha kuni Shayxzodaning nutqi butun majlis ahlini qattiq larzaga soldi, negaki, kechagina olti yil davomida mustabid tuzumning mislsiz qiynoqlarini boshidan kechirib kelgan bu odam olijanoblikning eng oliy namunasini namoyish qilgan edi. Bundan keyin ham men bu odamning yuksak insoniy fazilatlariga ko‘plab marta guvoh bo‘lganman. Oradan ko‘p o‘tmay, O‘zbekiston ziyolilarining qurultoyi bo‘ldi. Bu anjuman ham shaxsga sig‘inishni tanqid qilish bahonasida o‘z dardini har qancha to‘kib solsa, ko‘taradigan yig‘in edi. Ammo bu gal ham Shayxzoda o‘z bilganidan qolmadi — shaxsiy dardlarini yig‘ishtirib qo‘yib, respublikaning dardidan, o‘zbek ziyolilarining ahvolidan hayajonli nutq so‘zladi. Butun zal uning nutqini bir jon, bir tan bo‘lib tinglagani, bot-bot qarsaklar bilan bo‘linib turgani esimda. O‘shanda Shayxzoda har qanday xalqning madaniy rivoji uning qomusida muhrlanib qolishini aytib, O‘zbekistonda ko‘p jildlik “Qomusi Sharqiya”ni nashr etish taklifini o‘rtaga tashlagan edi.
Umuman, Shayxzoda har xil anjumanlarda, adabiy kechalarda, uchrashuvlarda ko‘p qatnashar va har gal tesha tegmagan gaplarni aytib, notiqlik bobidagi reytingini muttasil ko‘tarib borardi. Bir yili yozuvchilarning Do‘rmondagi bog‘ida yosh yozuvchilarning bir necha kunlik seminari bo‘ldi. Unda peshqadam yozuvchilarning deyarli hammasi navbatma-navbat yoshlar bilan suhbatlar qurdi. Shayxzoda ham o‘z tajribalaridan maroqlanib so‘zlab berdi. Gap aylanib, tarixiy asarlar ustida ishlashning murakkabligiga ko‘chdi. Tarixiy asar ustida ishlash juda qiyin, — dedi Shayxzoda. — Negaki, voqealar allaqachon o‘tib ketgan, ular to‘g‘risida esa kitoblardan, arxivlardangina ma’lumot olish mumkin. Lekin bu bilan ish bitmaydi. Tarixiy asarlarda ham qahramonlar sifatida jonli odamlar harakat qiladi. Ular jonli chiqmog‘i uchun xatti-harakatlari, qiliqlari, o‘zini tutishlari tafsilotlar va detallar orqali ifodalanishi kerak. Bu esa oson emas — har qadamda, har sahifada dabdurustdan hal qilish juda qiyin bo‘lgan savollar ko‘ndalang bo‘ladi. Ularni hal qilguncha ona suting og‘zingdan keladi. Masalan, XIV yoki XV asr odamlarini tasvirlar ekansan, ular bir-birlari bilan qanday salomlashganlar — bosh irg‘abmi, qo‘llarini ko‘ksiga qo‘yibmi, bir-birlarining yelkalariga qoqibmi, o‘ng qo‘llarini tik ko‘taribmi, qo‘l qisishibmi yoki yana boshqa biron tarzda ko‘rishishganmi, biron kitobda buning tasviri va tasdig‘i bormi deganga o‘xshash savollar ko‘ndalang bo‘ladi. Yoki u davr odamlari ko‘zoynak taqqanmi, soch qo‘yganmi, kiyim-kechagi qanday bo‘lgan, yotib-turishi, yuvinib-cho‘milishlari qanday kechgan va hokazo va hokazo… Bunaqa savollarning oxir-keti yo‘q. Ularga javob topmoq uchun yozuvchi tom ma’noda ba’zan katta, ba’zan kichik tadqiqot ishini amalga oshirmog‘i kerak. Shundan keyin Shayxzoda Navoiy zamonida odamlar ko‘zoynak taqqan — taqmaganini qanday hal qilganini aytib bergandi. Bu gaplarning barini nafaqat yosh yozuvchilar, balki bizga o‘xshagan “tajribalilar” ham jon qulog‘i bilan maroqlanib eshitdi, chunki bu gaplar ijodkor mehnatining mashaqqatlari haqida ancha haqqoniy tasavvur berar, yozuvchi mehnatiga hurmatni oshirardi.
Shayxzodaning naqadar dono va zukko bo‘lganini, nafaqat adabiyotni, balki sharq tarixini ham juda teran bilishini ko‘rsatadigan bir misolni aytib beray.
50-yillarning oxirlarida bizning dorulfunun bilan Boku dorulfununi o‘rtasida ilmiy-ijodiy aloqalar yo‘lga qo‘yildi. Bunda ikki dorulfunun navbatma-navbat domlalar almashib turishdi. Navbatim kelib, men ham Bokuga bordim, uch kun mobaynida u yerda mehmon bo‘ldim. Boku safari umrimdagi eng maroqli va eng samarador safar bo‘lgan edi, unda ko‘rganlarim, bilganlarim, orttirgan do‘stlarim hamon yuragimda. O‘sha kezlarda onam Kavkazdagi qaysi bir oromgohda dam olmoqda edi. Men onamni Bokuga taklif qildim, bir-ikki kun bu yerda bo‘lib, Toshkentga birga qaytishimizni aytdim, onam rozi bo‘ldilar, biroq u kishi Bokuga kelgach, men butunlay soyaga chiqdim-qoldim. Mezbonlarimiz Idoyat muallim Efendiev, Lamax muallim Xalilov butun e’tiborni onamga qaratishdi, qaerga borilsa, u kishini to‘rga o‘tqazib, “tanishinglar, Ozod muallimning onasi Zubayda xonim” deb tanishtirishdi. Hatto o‘sha kezlarda ozarboyjon adabiyoti kafedrasining mudiri bo‘lgan professor Ja’far Xandon ham bizni uyiga mehmonga chaqirdi va balkonidan Kaspiyning ajoyib manzarasi ko‘rinib turgan muhtasham uyida bizni ozarboyjoncha palov bilan siyladi. Umrida bunaqa izzat-ikromlarni ko‘rmagan onamning boshi osmonga yetdi. Ozarboyjon ziyolilarining o‘ta yuksak madaniyati, mehmondo‘stligi, do‘stning tepasida parvona bo‘lib, jonini baxshida qilishga tayyorligi menda ham, onamda ham juda chuqur taassurot qoldirdi. Men kitobxondan biroz chalg‘iganim uchun uzr so‘rayman — biroq bu gaplarni ozarboyjon ziyolilariga nisbatan yillar mobaynida qalbimda taxlanib yotgan ehtiromimni bildirib qo‘yish uchun aytmoqdaman. Xullas, men Bokuga borib kelgach, Toshkentga Idoyat muallim Efendiev keldi. Tabiiyki, biz qo‘limizdan kelgan qadar u kishining hurmatini bajo keltirib qarzimizni uzishga harakat qildik.
Buni qarangki, Idoyat muallim Shayxzodaning kuyovi bo‘lar ekan — uning singlisiga uylangan ekan. Mehmonlarni onamnikiga — Ko‘kchadagi hovlimizga taklif qildik. O‘z-o‘zidan Shayxzoda davraning guli bo‘ldi-qoldi. U juda erkin, yayrab o‘tirar, kulgili gaplardan gapirib, hammaning ko‘nglini olar, hazil mutoyiba qilardi. Nihoyat, qadah aytish navbati Shayxzodaga keldi. Bilmadim, ayollarni e’zozlash ozarboyjonlarga yo‘rgakdan tekkanmi, Shayx aka ham qadahini “Ozod muallimning onasi Zubayda xonim”ga bag‘ishladi.
Bilasizmi, biz — o‘zbeklarning bir qusurimiz bor — alyor aytishni, do‘stlar davrasida quvnoq qadah ko‘tarishni bilmaymiz. Biz aytadigan alyorlar butun boshli siyosiy dokladga aylanib ketadi, masalan, unda paxta rejasining to‘lishidan boshlab, bozorga sifatsiz mol kiritishimizgacha hamma narsa bo‘ladi-yu, bir chimdim kulgiga, hazil-mutoyibaga o‘rin topilmaydi. Shayxzodaning alyori ham qisqa bo‘lgani yo‘q. Yo‘q, u mening onam to‘g‘risida emas edi. Shayxzoda onam to‘g‘risida bir juft iliq so‘zini aytgandan keyin, umuman, ayolning inson hayotidagi o‘rni, sharq ayolining buyukligi va go‘zalligi to‘g‘risida chunonam ilhom bilan gapirdiki, gapning cho‘zilib ketgani bilingani yo‘q, aksincha, biz bu odamning aql-zakovatiga, xotirasiga, bilimiga qoyil qolib tinglab o‘tiraverdik. Men hozirga qadar o‘shanda aytilgan gaplarni yozib olib qo‘ymaganimga achinaman. Buni qarangki, odamning so‘zamolligi, chechanligidan ham yo‘llarida gullar unar ekan, qalblarni go‘zallik tuyg‘usi chulg‘ar ekan.
Keyin yana va yana bu odamning bir vaqtning o‘zida ham buyukligi, ham soddaligiga guvoh bo‘lganman.
U paytlarda fakultetimiz Xadrada — teatr yonidagi binoda joylashgan edi. Fakultet zalida “Mirzo Ulug‘bek” spektaklining muhokamasi bo‘ldi. Muhokama juda qizg‘in o‘tdi. Sal kam uch soat mobaynida spektakl haqida fikrlar aytildi, muallif talabalarning savollariga javob berdi. Nihoyat muhokama tugadi, biz uy-uyimizga ketmoqchi bo‘lib, ko‘chaga chiqdik. Shayx aka muhokamadan mamnun bo‘lgan edilar chog‘i, kayfiyatlari ancha ko‘tarinki edi.
— G‘iyosobodga bormaymizmi, Ozodjon? — dedi Shayxzoda sirli kulimsirab. Qosh qoraya boshlagan edi, lekin Shayxzoda biror yoqqa taklif qilsa, “yo‘q” deb bo‘larkanmi? Asta suhbatlashib, Furqat ko‘chasi bo‘ylab Beshyog‘och tomon yo‘lga tushdik. Men Do‘mbirobodni bilardim, Yunusobodga ko‘p martalab yo‘lim tushgan edi-yu, lekin G‘iyosobod degan joyni eshitmagandim. Iymanib, Shayx akadan uning qaerdaligini so‘radim.
— Uzoq emas, hademay yetib boramiz, — dedi Shayxzoda.
Biroz yurgandan so‘ng Muqimiy teatriga yaqinlashib qoldik. U paytlarda Furqat ko‘chasining oxirida shinamgina oziq-ovqat do‘koni bo‘lar edi. Biz yetib kelganda do‘kon yopilgan, lekin uning yonidagi mudirning katalakdek xonasi ochiq edi. Shayx aka meni dadil shu xonaga boshladi. Xonada bitta yozuv stoli, uch-to‘rtta stul, yana kichikroq bir po‘lat sandiq turipti. Stol ortida o‘tirgan to‘laroqdan kelgan, qosh-ko‘zi qop-qora, istarasi issiq yigit Shayx akani ko‘rishi bilanoq “dik” etib o‘rnidan sapchib turdi-da, “keling-keling, marhamat, bormisiz, Shayx aka!” degan so‘zlar bilan unga peshvoz chiqdi.
— “O‘zlaridan so‘rasak! — deya xushxollik bilan unga qo‘l uzatdi Shayx aka! — tanishib qo‘ying, bu kishi Ozodjon, universitetda domla…”
Keyin yigitni menga tanishtirdi:
— G‘iyosobod deganimiz shu do‘kon bo‘ladi. Bu kishining ismi — G‘iyos. Shu do‘konning mudiri.
Keyin ma’lum bo‘lishicha, G‘iyosjon Shayx akaning juda sadoqatli muxlisi ekan, hatto do‘konining bitta kalitini Shayx akaga berib qo‘ygan ekan. Shayx aka istagan vaqtida yolg‘iz o‘zimi yoki bir ikkita ko‘ngil tortar o‘rtog‘i bilanmi shu yerga kelib, istagancha yeb-ichib, pulini stol ustidagi siyohdonning tagiga qo‘yib ketaverar ekanlar. Men ko‘pgina muxlislarni eshitgan va ko‘rgan edim-u, idorasini, uning ichidagi buyumlarini ishonib tashlab ketaveradiganini ko‘rmagan edim.
Xullas, bir zumda gazetalardan dasturxon yozildi, stol ustida turli noz-ne’matlar paydo bo‘ldi, shishalar ochildi.
Men taraddudlanib qoldim.
— Shayx aka, qandoq bo‘larkin, men uydan bugundan boshlab ichmayman deb chiqqan edim.
— Nima ichmayman degandingiz?
— Aroq-da…
— O, unday bo‘lsa, juda yaxshi. Aroq ichmaymiz. Beti qursin. Men ham yoqtirmayman. Uzum suvidan yasalgan toza musallas ichamiz.
Darhaqiqat, uydan chiqayotganimda musallas masalasida gap bo‘lgani yo‘q edi. Men ko‘ndim. Ko‘p o‘tmay, o‘tirishimiz bazmi jamshidga aylanib ketdi. Albatta, uyga sudralib kirib borganimda, vaqt ancha bo‘lib qolgandi — men uyqusirab turib, eshitadiganimni eshitdim. Keyin ahvolni tushuntirib, va’dam ertadan kuchga kirishini aytdim. Lekin o‘sha oqshomning shukuhi bir umr dilimda saqlanib qoldi. Suhbatimiz juda shirin bo‘lgandi.
Shayxzoda mashina xarid qilgan emasdi. U tramvay, trolleybuslarda yurar, ko‘p hollarda esa oyoqning chigili yoziladi deya piyoda ketaverar, yo‘l-yo‘lakay uchragan tanishlari bilan gurunglashib, dunyo yangiliklaridan xabar topib, chaq-chaqlashib borardi. Bu gurunglarda ko‘pgina qiziq gaplar aytilar, keyinchalik ular hangomalarga aylanar va odamlar o‘rtasida latifa tarzida og‘izdan-og‘izga ko‘chib yurardi. Shayxzoda bilan G‘afur G‘ulom to‘g‘risida ko‘p latifa aytilardi. Shayxzoda va Mirtemir oralarida bo‘lib o‘tgan gap-so‘zlar ham tez og‘izga tushib ketardi. Bir kuni Yozuvchilar uyushmasida majlis bo‘lipti. U haddan tashqari cho‘zilib ketipti, majlis tugaganda hamma ochlikdan sulayib, holdan ketib qolgan ekan. Shayxzodaning yonida kelayotgan Mirtemir unga hazil qilipti:
— Ovqat masalasiga qanday qaraysiz, Shayx aka?
— To‘rt ko‘z bilan qaraymiz-da… — deb javob beripti darrov Shayx aka ko‘zoynagini qo‘li bilan tuzatib. Bu “itday ochmiz” degan ma’noda aytilgan ekan.
Shayxzodada yumor tuyg‘usi juda kuchli edi, u har qanday vaziyatda topqirlik bilan gap topar va hatto noxushroq ahvolga tushib qolganda ham uni bir zumda kulgiga aylantirib yubora olardi.
Bir yili Shayx aka Farg‘onaga adabiy kechaga boriptilar. Uni vodiyning eng mashhur odami, taniqli hajvchi Adham Hamdam kutib olipti va uyiga olib kelipti. Adham akaning rafiqasi butun marhamatini ishga solib, Shayx akani rosa siylapti. Ertasiga uchrashuv bo‘lipti. Teatr zali nimqorong‘i. Odam zalga sig‘may ketgan. Shayx aka o‘tiraverib zerikib ketganmi, zalga ko‘z yugurtirib, yonida o‘tirgan Adham akadan so‘rapti?
— Adhamjon, zalning chap tomonida sakkizinchi qatorda o‘tirgan, labining tepasida xoli bor chiroyli ayol kim?
— Ie, Shayx aka, tanimayapsizmi? Keliningiz-ku, — deb javob beripti Adham aka.
— Eh, ko‘zimiz uzoqdan yaxshi ko‘rmaydi-da, — deya uzr aytipti, Shayx aka.
Shayx aka haqidagi bunday latifalar va rivoyatlar bu insonning xalq orasida obro‘yi g‘oyatda katta bo‘lganini ko‘rsatadi. Boshqacha bo‘lishi mumkin ham emas edi. U adabiyotning fidokor xodimi edi. U Navoiyni hammadan ortiq sevardi. Vafoti oldidan yozgan eng so‘nggi maqolasini u “G‘azal mulkining sultoni” deb atadiki, bu ta’rif Alisher Navoiy ijodining mohiyatini juda yaxshi va juda ixcham ta’riflagan formula sifatida xalq ichiga singib ketdi.
Shayxzoda “Mirzo Ulug‘bek” tragediyasini meros qoldirdi. Bu asar haqida ko‘p yozildi-yu, Shayxzoda bilan dramadagi Mirzo Ulug‘bek o‘rtasida mavjud bo‘lgan mushtaraklik ham tadqiq qilingancha yo‘q. Menimcha, ijodkorning og‘ziga qulf urilgan o‘sha og‘ir zamonlarda Shayxzoda o‘zining ko‘p dardlarini, odamlarga aytmoqchi bo‘lgan gaplarini Ulug‘bek tilidan aytgan bo‘lishi mumkin.
Shayxzoda ana shunday ulug‘ ijodkor va ulug‘ inson edi. Uni ko‘rganlar, suhbatini olganlar, asarlaridan bahramand bo‘lganlar va bo‘layotganlar naqadar baxtiyor!

«O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2003 yil 19-sonidan olindi.

47

(Tashriflar: umumiy 329, bugungi 3)

Izoh qoldiring