Iohann Wolfgang Gyote. «Faust»dan parchalar. Erkin Vohidov tarjimasi.

05528 август — Иоҳанн Вольфганг Гёте таваллуд топган кун

Гётенинг «Фауст» фожиаси (1768—1832) жаҳон адабиётидаги шоҳ асарлардан ҳисобланади. Бу асар Гётенинг бутун ижодий фаолияти давомидаги изланишларининг самараси бўлди. Асарни ўзбек тилига устоз Эркин Воҳидов юксак маҳорат билан таржима қилган

ГЁТЕ
«ФАУСТ»ДАН ПАРЧАЛАР
Эркин Воҳидов таржимаси
007

09Йоҳанн Вольфганг Гёте (1749.28.8, Франкфуртмайн — 1832.22.3, Веймар) — немис ёзувчиси ва мутафаккири. Янги давр немис адабиётининг асосчиси. Ижоди 18-асрнинг 70—80-йиллари Германияда мавжуд бўлган «Бўрон ва ҳужум» адабий ҳаракатида иштирок этишдан бошланган. Шу даврда Гёте «Гец фон Берлихинген» (1773), «Прометей» (1773) каби драмалар ва лирик шеърлар яратди. Гёте адабий фаолиятининг илк даврига мансуб «Ёш Вертернинг изтироблари» (1774) романи ўша давр немис адабиётида катта воқеа бўлди. Асарда илғор немис ёшлар авлодининг ижтимоий фожиаси ўз аксини топган. 1786—88 йилларда Гёте Италияга сафар қилади. Шу даврда у «Ифигения Тавридда» (1779— 81), «Эгмонт» (1788), «Торквато Тассо» (1780—89) каби драмалар ёзади. «Шеърият ва ҳақиқат» автобиографик китоби (1811—33), «Вильхельм Майстернинг ўқиш йиллари» (1793—96), «Вильхельм Майстернинг дарбадарлик йиллари» (1821—29) романларида инсон билан жамият ўртасидаги муносабат масаласи акс этган.
Гёте Шарқ мамлакатлари тарихи, маданияти, адабиётини чуқур ўрганади, Фирдавсий, Фаридиддин Аттор, Румий, Низомий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий каби шоирлар ижоди билан танишади. Бу пайтда Ибн Сино, Улуғбек, Алишер Навоий ижодларидан намуналар немис тилига таржима қилинган эди. Гёте «Мағрибу машриқ девони»ни (1814—19) Шарқ шеъриятидан илҳомланиб ёзган. Девон «Муғаннийнома», «Ҳофизнома», «Ишқнома», «Тафриқнома», «Ранжнома», «Ҳикматнома», «Зулайхонома», «Темурнома», «Соқийнома», «Маталнома», «Форсийнома», «Хулднома» каби 12 бўлимдан иборат. Девонда «булбул», «ҳур», «фатво», «муғанний», «муфти», «тилсим», «мирзо», «дарвеш» каби сўзларни аслиятда қўллайди. Гётенинг «Фауст» фожиаси (1768—1832) жаҳон адабиётидаги шоҳ асарлардан ҳисобланади. Бу асар Гётенинг бутун ижодий фаолияти давомидаги изланишларининг самараси бўлди.
Гёте фалсафа, ҳуқуқшунослик, ботаника, геология, геодезия соҳаларига оид асарлар ҳам яратган.
Гёте шеърларини ўзбек тилига таржима қилиш 20-асрнинг йигирманчи йилларидан бошланган (Чўлпон, Ойбек, Шайхзода ва б.). Кейинчалик Гётенинг «Фауст» (Эркин Воҳидов таржимаси, 1972—75), «Мағрибу машриқ девони» (С. Салим Бухорий таржимаси, 1985—90), «Ёш Вертернинг изтироблари» (Я. Эгамова таржимаси, 1975) каби асарлари ўзбек тилида нашр этилган.
Гёте ижоди ҳақида ўзбек адабиётшунос ва танқидчилари (В. Зоҳидов, И. Ғафуров, О. Оллоберганов, Я. Эгамова, Пошали Усмон ўғли ва б.) адабий-танқидий макрлалар ёзишган. Германиянинг маърифий-маданий тадқиқотлар олиб борувчи нуфузли маркази Гёте номи билан аталади. Гёте институтининг филиаллари жаҳоннинг 78 мамлакатида, шу жумладан Тошкентда ҳам фаолият кўрсатмоқда (1998 йилдан).

007

БАҒИШЛОВ

015

Борлиғим банд этган алдоқ соялар,
Яна бўлдингизми қаршимда пайдо?
Шоядки назмингиз бўлса муяссар,
Ёшлигим шавқлари сўнганми ва ё?
Йўқ, сиз туман каби босиб сарбасар,
Ўйларим чулғанди дудингиз аро.
Сиз билан тин олсам тўлар кўкрагим,
Сиз билан яшарар менинг юрагим.

Мози лавҳалари жонланур яна,
Фусункор тонглару сеҳрли тунлар,—
Жонланур мисли бир ажиб афсона
Ёшлигу илк бора севишган кунлар.
Ўтмиш ва эзгулик соғинчи мана,
Дилимда қўзғаркан аламли унлар,
У ёруғ чошгоҳда бўлганлар омон.
Сизни эҳтиром-ла эслайман ҳамон.

Сўнгги қўшиқларим эшитолмади
Китобим илк бобин тинглаган дўстлар,
Букун ул даврадан ҳеч ким қолмади,
Қайлардадир сўнди илк мақтов сўзлар.
Бебаҳралар фикрин ҳеч йўқ қиммати,
Олқиши дилимга солади музлар.
Ул хассос зарифлар йитди бу замон
Кимсасиз йўлларда бесару сомон.

Яна чорлар мени илоҳий бир ун,
Яна хаёлларга чулғанди бошим.
Сабо арфасидек ҳазин ва сермунг.
Қуйилар сатрлар, қани бардошим!
Музлаган жисмимни эритар букун
Кўзимдан қуйилган қайноқ бу ёшим.
Бу олам чекинур, ўтмиш-чи, аён —
Кўзларим олдида бўлар намоён.

ТЕАТР МУҚАДДИМАСИ

Театр директори, шоир ва қизиқчи

Директор

Сиз икковлон бердингиз мадад
Танг бўлганда неча бор ҳолим.
Айтинг, бу гал келгайми омад,
Кулгаймикин бу гал иқболим?
Халқ беҳисоб бўлса бойлик бешумор,
Бу боис излармен унга на лойиқ.
Тахталар терилган, саҳна ҳамтайёр,
Бизлардан томоша кутар халойиқ.
Қошлар кўтарилмиш, нигоҳлар чанқоқ
Қувончу ҳайратнинг иштиёқида.
Менга аён эрур бу санъат, бироқ —
Букун ёнурман дил иштибоҳида.
Гарчи томошабин диди эмас зўр,
Лекин китоб кўрган, шу боис сергак.
Агар бўлсин десак томоша манзур,
Дўстларим, албатта янги гап керак.
Қани, томошагоҳ бўлсаю тўлиқ,
Атрофида яна оломон турса,
Шу тор эшикларга ҳар кеч халойиқ
Жаннат эшиги деб ўзини урса.
Ёдимда, бир маҳал ҳали ботмай кун,
Бошланарди бунда ғулу, тўполон.
Гўё патта эмас, оч халойиқ-чун
Мана шу дарчадан улашилар нон.
Бундай мўъжизага сен фақат қодир,
Кўрсат сеҳринг яна, азизим шоир!

Шоир

Қўйгил, қора халкдан гапирма асло,
Шовқиндан кўнглимга тушар изтироб.
Оломон ҳисларни ютувчи бало,
Сурон — тафаккурни кўмгувчи гирдоб.
Кўнглим осудалик излар доимо.
Чўққилар ёпиниб туманлик ҳижоб,
Мудраган ул маъво сари бошла, юр!
Илоҳий сукутдан топурман сурур.
Юрак ўз тубида ардоқлаган ҳис,
Лабда қанот ёзмоқ бўлган туйғулар
Ташна кўнгилларда қолдирмаёқ из
Замон суронида дарҳол бўғилар.
Бас, ўйлар тошқинин тиндиролсак биз,
Мукаммал гўзаллик шунда туғилар.
Жилванинг умридур бир лаҳза фақат,
Авлодларга қолур ҳақиқий санъат.

Қизиқчи

Яна авлодларми, тегди-ку жонга!
Меҳнат қилсам фақат келажак онга,
Букунги ёшларни хурсанд қилур ким?
Замонга ёр бўлиш кичкина ишмас,
Чин дилдан кулдириш бачкана ишмас,
Кулки — зар, кўчада ётмас, азизим.
Биздан шодлик тилаб келар халойиқ,
Унга қулоқ солган ҳурматга лойиқ.
Халойиқ кўп бўлса зўр бўлур таъсир,
Азиздир қалбларни қилолган асир.
Қобилият бўлсин, гапнинг сираси,
Жам бўлсин бир ерда акл ва туйғу,
Хаёлнинг парвози, шавқ силсиласи
Сўнг андак топқирлик, бир чимдим кулгу.

Директор

Лекин энг зарури, саргузашт бўлсин,
Кўзга қувонч бўлсин, дилга гашт бўлсин.
Андак ўрин беринг тафсилотга ҳам,
Томоша қалбларни банд этсин токим.
Тўдани ҳангу манг қилолган одам
Унинг юрагига
Бўлолгай ҳоким.
Яхлит гўшт берай деб ўлтирманг толиб,
Халқ ёвғон бўлса ҳам раҳмат айтади.
Ҳар ким чўмичига сиққанча олиб,
Сизга қуллуқ қилиб уйга қайтади.
Фақат кўпчиликка кўп нарса керак,
Баракали бўлсин шунинг-чун қозон.
Яхлитдан халқ учун фойда йўқ, бешак,
Барибир бурдалаб ташлар аламон.

Шоир

Санъатда косиблик — козибликка тенг,
Наҳот одатийдир сизга бу ҳолат.
Бу ерда ноқобил қаламкашларнинг
Ҳурмати баландга ўхшар бағоят.

Директор

Бундоқ таъналардан камина хандон —
Чунки бу гапларнинг барчаси бекор.
Дўстим, ҳар ҳунарнинг ўз амали бор,
Тахтага арра-ю, темирга сандон.
Томошагоҳ агар чор бозоримиз,
Томошабин бизнинг харидоримиз.
Ўйлаб кўринг, недир унинг матлаби?
Биздан нима тилар, асли ўзи ким?
Унинг томошага келиш сабаби…
Барини ҳисобга олмоқ шарт, дўстим.
Биров зериккандан келади бизга,
Бирови шунчаки ҳазми таомдеб.
Бировининг тушиб дониши эсга,
Бир-иккита гўлни қилурман ромдеб.
Хонимлар томоша кўрмоққа тугул
Кўрсатмоққа келур фақат ўзларин.
Улар кўз-кўз қилиб кетишар бепул
Ёкадаги тулки ва қундузларин.
Эй, хаёл кўкида учган шоирим,
Тушинг энди пастроқ, заминга ёвуқ.
Берироқдан қаранг — томошабин ким?
У қўпол, бефаҳм, ҳиссиз ва совуқ.
Бу даргоҳдан чиққач бирон қиморга,
Биров фахш уйига урар ўзини.
Бас, бунда нима бор юксак ашъорга,
Кимга ёқмоқчисиз қалб юлдузини?
Такрор айтаманки, кўп ёзинг фақат,
Гап кўп бўлаверсин, фикр шарт эмас.
Халойиқни ҳанг-манг қилолсангиз, бас,
Сизникидир обрў, сизники шуҳрат.
Нечун ўйга чўмиб қолдингиз бесас,
Ёки илҳом билан қилурсиз суҳбат?

Шоир

Бор, изла ўзингга бўлак хизматкор,
Сен бошлаган йўлга асло бормасман.
Менда тангри бермиш олий ҳуқуқ бор,
Сени деб мен уни лойга қормасман.
Шеърият қалбларни ёқур не сабаб?
Наҳот боис бўлса баландпарвоз гап!
Шоир юрагида пинҳондир олам,
Жаҳоний уйғунлик унда мужассам.
Парвосиз табиат замон чархида
Тириклик ипини йигиргани чоғ
Баркамоллик бўлмас унинг тархида,
Аралашиб кетар гоҳи хас, пўчоқ.
Чарх ишига шунда ким берур тўзим,
Ҳаёт риштасига ким берур оро?
Борлиқнинг бетартиб суронига ким
Мусиқий оҳангдек бахш этар жило?
Кимдир шайдо қалбнинг туғён чоғини
Тўфон шиддатига қилгувчи қиёс?
Кимга муҳаббатнинг ўт фироғини
Сўйлайдур ҳар оқшом ботгувчи қуёш?
Ким ул боғда унган оддий печакни
Шуҳрат гултожига этди баробар?
Кимнинг изми ила олам чечакни
Маҳбублар пойига сочди саболар?
Кимдир ул, забт айлаб Олимп маснадин,
Тангрилар посбони бўлолган қодир?
Улдир одамзотнинг буюк қудратин
Қалбида мужассам айлаган шоир.

Қизиқчи

Шундай экан, демак, илҳомни чоғланг!
Ўшал сеҳрингизни кўрсатинг, наби.
Ҳодисалар ипин тезгина боғланг
Муҳаббат риштасин боғлаган каби.
Ахир севгида ҳам шу бўлур такрор,
Тасодиф учрашув, дўстлик, сўнг оҳ-воҳ,
Уришиш, ярашиш, бўса ва никоҳ.
Мана, қарабсизки, достон ҳам тайёр.
Мана, ёза қўйинг шунинг ўзини,
Бу гап ҳар қадамда — қўл чўзсангиз бас.
Ҳар кимўз қалбини ўзи англамас,
Уни кўрсатсангиз очар кўзини.
Ёлғонни дўндиринг, қайнангу жўшинг,
Лекин икки оғиз рост гап ҳам қўшинг.
Шунда сиз тайёрлаб узатган шарбат
Ҳам арзон бўлади, ҳам жонга лаззат.
Савлат тўкиб шунда эл кўрки ёшлар
Шу эшик олдида йиғила бошлар.
Сиз тутган ажойиб неъматдан тотур,
Ҳар ким ўз қалбига керагин топур.
Барча қулоқ тутиб, кўз қайдадур жим,
Бу даргоҳдан қуруқ қайтмайдур ҳеч ким.
Кулар, кўз ёш тўкар қалби гўдаклар,
Томошадан узмас ҳайрат кўзини.
Кимки тутиб олган бўлса ўзини,
Унга асар қилмас турфа эртаклар.
Лекин қадам қўйган ҳаётга илк бор,
Барин англар, қилар ташаккур изҳор.

Шоир

Сен ҳам менга ўшал ёшликни қайтар,
Ҳаётга илк қадам қўйган онимни.
Қайтариб бер менга оташин байтлар,
Куйларга пайваста жисму жонимни.
Оламни чулғаган тонг тумонида
Ҳайрат кўзин очган чоғларим қайтар.
Ёшликдай етилган баҳор онида
Мени гулга кўмган боғларим қайтар.
Қайтиб бергин менга ёшлигим, у пайт
Ўзим гадо ва лек кўнглим шоҳ эди.
Мен учун ошу нон — шеър ва ҳақиқат,
Илҳомила тўқу кўнглим чоғ эди.
Қайтар менга — ҳали доно бўлмаган
Суронли ул шўху бебошлигим бер.
Меҳри ҳам, қаҳри ҳам сарҳад билмаган
Жунун ошиноси — ўт ёшлигим бер.

Қизиқчи

Ёшлик, азиз дўстим, жангларда керак,
Душман ҳамла қилса у берур сабот.
Жононлар бўйнингга солсаю билак,
Ўзинг кекса бўлсанг — ундан сўр нажот.
Ёшлик керак бўлур маррага қадар —
Лаҳзаларни қучиб югурган чоғинг.
Май ичиб, шод бўлиб то оппоқ саҳар
Суронли даврада ўлтирган чоғинг.
Ва лекин рубобнинг торин чертмоққа,
Ўрганган оҳангинг қилмоққа такрор,
Сўз билан дилларни асир этмоққа.
Азизим, аксинча, кексалик даркор.
Дерларки, кексалик келгач доимо
Болалик қайтармиш, ҳайрон қоламиз,
Аслида ҳаммамиз ўлгунгача то
Оламдан ғофилмиз — гўдак боламиз.

Директор

Бас, етар, сафсата сотмас иш билган,
Бекорчи сиз-биздан қанчалик фойда?
Вақт ўтказмоқ нечун такаллуф билан
Дарҳол келишмоққа имкон бор жойда?
Шеърий кайфиятни тек кутган шоир
Умр сўнгигача кутиши мумкин.
Агар шоир бўлса чинакам олғир,
Илҳом этагидан тутиши мумкин.
Бизга нима керак сизларга аён,
Сиздан шинни қилиш — бизлардан қозон.
Тезгина киришинг, фурсат кутмайди,
Шартта қилинмаса ҳеч иш битмайди.
Кун ўтдими тамом қайтмайди у ҳеч,
Иш жиловин тутинг, то бўлмасин кеч.
Немис саҳнасида, кўринг ўзингиз,
Ким нима хоҳласа қилиб ётибди.
Сиз ҳам иш кўрсатинг етса кўзингиз,
Қандай асбоб керак тўлиб ётибди.
Сизга нур керакми — мана чироқлар,
Қанча керак бўлса аяманг, ёқинг.
Мана бунда бўрон — бунда чақмоқлар,
Ёнғин керак бўлса бу ёнга боқинг.
Бутун коиноту юлдузли олам —
Шу кичик саҳнада бўлмиш жамулжам.
Осмон қабатларин баридан ўтиб,
Бунда тушмоқ мумкин токи жаҳаннам.

АРШИ АЪЛОДАГИ ДЕБОЧА

Тангри, само қўриқчилари, сўнг Мефистофель. Уч малоика

Рафоил

Мусиқий самовот қабатларида
Азалий йўлидан еларкан шитоб —
Гулдурос таратиб фалак қаърида
Овоз бермоқдадир жаҳонга офтоб.
Ҳайрат нигоҳини тикмиш малаклар,
Ажабким, куч бермиш белгисиз дунё.
Яралиш онидан то бу дам қадар
Мангу машаррафдир сунъи таоло!

Жаброил

Ақл бовар этмас суръат-ла замин
Маҳвар даврасида чарх ураётир.
Зулмат кечасининг қувлаб қадамин,
Жаннат нурин сочиб тонг тураётир.
Денгизлар хубобдин юзга тўр тортиб,
Вазмин қояларни ювар дамодам.
Қоя, денгизларни елкага ортиб,
Елиб бормоқдадир курраи олам.

Микоил

Йўлида не кўрса отиб серзарда,
Жунун туғёнида кўтариб сурон,
Гоҳи уммонларда, гоҳ саҳроларда
Ҳукм сурмоқдадир даҳшатли бўрон.
Титрар гулдиракдан гумбази даввор,
Шамширин кўтарур ер узра чақин.
Ва лекин, эй холиқ, бул мўъжизакор —
Сенинг қудратингга ўқиймиз таҳсин.

Учовлон

Мусиқий самовот қабатларида
Азалий йўлидан еларкан шитоб,
Гулдурос таратиб фазо қаърида
Овоз бермоқдадир жаҳонга офтоб.

Мефистофель

Малоикалардан, эй тангрим, яна
Сўроқлаб турибсан: «Оламда не гап?»
Авваллар мени ёт тутмасдинг. Мана,
Ҳузурингга келдим мен ҳам шу сабаб.
Биласанки, сўзга чечанлигим йўқ.
Баъзи малаклардай ваъз айтмамқуруқ.
Агар баландпарвоз нутқ сўзлар бўлсам
Юмалаб кулардинг ҳаттоки сен ҳам.
Гапирмайман, юлдуз, сайёралардан,
Сўзлайман ер узра оворалардан.
Инсон — коинотда кичкина худо,
Шундай яралган у азал ибтидо.
У балки тузукроқ яшарди букун,
Сен солмаган бўлсанг кўнглига учқун.
Ўша учқунни у ақл деб атар,
Куни у туфайли ҳайвондан баттар.
Кечир, гарчи унга бердинг башар от,
Аммо яшаётир мисли ҳашарот.
Худди чигирткадек хас-чўплар аро
Гоҳ учар, гоҳ сакрар, гоҳ тузар наво.
Майли эди юрса маконида жим,
Ҳар ишга тумшуғин суқар у, тангрим!!

Тангри

Арзинг шуми? Яна ўша эски гап!
Бир ишкал топурсан ҳар ишдан, ажаб?
Рўзи оламдин сен, демак, норизо?

Мефистофель

Тангрим, оламингда иш жуда расво!
Шундай уқубатда яшарки одам —
Раҳмим келар унга ҳатто менинг ҳам.

Тангри

Фаустни танирсан?

Мефистофель

Табибми?

Тангри

Қулим.

Мефистофель

Гапинг тўғри, аммо тоат усулин
Бажо этар қулинг ғоят турфа ҳол,
Унинг ғизоси не — тушуниш маҳол.
У курашни севар — ошадир довон,
Йирок манзилларни кўзлар доимо.
Истар — юлдузларин узатсин осмон,
Ер эса бахш этсин туганмас сафо
Ва лекин ҳар нечук бўлса комрон —
Таскин топа олмас у кўнгил асло.

Тангри

Биламан — мен учун умри меҳнатда.
Демакким ҳидоят бўлгай сарвари.
Ниҳол экар бўлса боғбон албатта —
Кўз олдида бўлар гули, самари.

Мефистофель

Гаровга тайёрман! Ишончим комил,
Бу қулингни сендан тортиб оламан.
Мен ўзим уни бир йўлга соламан,
Ваколат бер — менман бу ишга омил.

Тангри

Майли, синаб кўргин, сенда ихтиёр,
У то тирик экан қўлингда сенинг.
Изланиш бор ерда адашиш ҳам бор.

Мефистофель

Раҳмат, тангрим. Ўлик зотларда менинг
Зарра ишим йўкдир. Улар не даркор?
Мени тортар ўзга фақат тирик жон,
Юздаги қизиллик, юракдаги қон.
Керак эмас менга мурдалар асло,
Тирик сичқон керак мушукка ҳатто.

Тангри

Топширурман уни ихтиёрингга,
Ҳар қанча тубанлик бўлса — бошлагин,
Кўрайин, қанчалик эргашур сенга,
Майли, олиб бориб жарга ташлагин.
Сен гаровни сўзсиз бой бердинг, аён,
Зулматдан йўл топиб чиқолур инсон.
Унга чироқ бўлур мен берган идрок.

Мефистофель

Гаров ўйнамоққа розиман бебок,
Лекин аён бўлур ўтмай кўп фурсат,
Таслим бўлар менга одамзод албат.
Кўрарсан, сен шунча ишонган одам
Тупроққа қоришиб бўлади барбод.
Бамисоли менинг суюкли холам —
Илондек судралиб кечиргай ҳаёт.

Тангри

Ўшанда келақол, тортинма сира,
Сен кабилар менга ёт эмас, ишон.
Барча иблислару гумроҳлар ичра
Менга яқинроқсан, алдоқчи шайтон.
Инсон табиати уйқуга мойил,
Сен унга қутқу сол, туртиб тур доим.
Атрофида айлан, қўзғот эрта-кеч,
Ҳар замон бедор тут, оромберма ҳеч.

(Малоикаларга)Эй, сиз фаришталар, меҳру донишнинг
Суюк фарзандлари, сўзим эшитинг.
Олам гўзаллиги завқ берсин сизга,
Кимки юрагида шавқ билан яшар —
Кимки аламчекар, ёнар, курашар,
Ёру ҳамроҳ бўлсин юрагингизга.

Осмон ёпилади. Малоикалар тарқалишади.

Мефистофель(Ёлғиз)

У сўзлар нақадар сокин, мулойим!
Унга ўзни яқин тутаман доим.
Бу чолнинг ажойиб бир хислати бор,
Ҳатто иблисга ҳам бермайди озор.

Биринчи қисм
ТУН

Готик услубда ишланган шифти қуббалик уй. Фауст миктобга қўйилган очиқ китобга кўз тикиб курсида бедор ўлтиради.

Фауст

Илоҳиёт ила банд бўлдим,
Файласуфи хирадманд бўлдим.
Илми ҳуқуқ, илми табобат —
Барчасини ўргандим, фақат,
Фақат менга бир нарса аён:
Нодон эдим, нодонман ҳамон.
Бордир доктори, магистр отим,
Ўн йилдирки, кечар ҳаётим
Шогирдларни алдамоқ ила,
Гоҳ ўнгу гоҳ терс сабоқ ила.
Таҳсил кўрар улар бесавоб,
Шундан чекар виждоним азоб.
Мен-ку авло уламолардан,
Табиблардан, фузалолардан,
Булар ичра жин урмаган кам, —
Мендан-чи, дарс олур жинлар ҳам.
Кимлигимни биламан, аммо —
Ғурур ила санамам асло
Ўзни олам боғибони деб,
Аҳли одам чароғбони деб.
Топганим йўқ бойлик ва шуҳрат,
Тотганим йўқ ҳаётда лаззат.
Ит чидамас, бу қандай ҳаёт!
Мен жодудан изладим нажот.
Токи руҳлар келсин, чорласам,
Аён этсин асрорни олам.
Токи мен ғўр, жаҳолатга банд —
Санамайин ўзни донишманд.
Танҳоликда билайин, олам
Қай куч ила уйғун эрур, жам.
Кўнгил бермай нодон бидъатга,
Токи етай туб ҳақикатга.
Ой, сен менга бедор ошино,
Тунлар кўниб дарчамга танҳо,
Мен хат узра чекканда заҳмат,
Ўзинг бўлдинг тонггача улфат.
Қани энди, эй моҳи анвор,
Кўрсанг мени бунда сўнги бор,
Улфат бўлсам сенга тоғларда.
Чулғаб тонгги мовий туманлар,
Фаришталар бирла ғилмонлар —
Ўйнаб учган кўк ўтлоқларда
Шабнам кечиб чопсам, унутсам
Диққи нафас олимликни ҳам.
Танҳоликнинг дарди юракда,
Лекин ҳануз мен шу катакда.
Бунда ёлриз нақшин дарчадур,
Тушмас ундан ҳатто парча нур.
Чангга ботган китоблар билан
Тўла бу уй шипга қадар то.
Бу кулбада чироқ дудидан
Ҳатто ёруғ кундуз ҳам қаро.
Бунда сонсиз сўнгак қалашган,
Оламинг шу — шу сенга маскан.
Айтгил, яна не учун пайдо
Юрагингда бўйла ҳаяжон?
Не асрорким, бу зиндон аро
Йиллар ўтиб бўлмадинг хазон?
Айтгил, нечун кечдинг тангри ёр —
Табиатнинг тирик жонидан?
Девор ичра ясадинг девор
Аждодларнинг устихонидан?
Қоч бу ердан, ўтказма дамни!
Кет ва ҳамроҳ этиб йўлингга
Сирлар тўла Нострадамнинг
Китобини олгин қўлингга.
Шунда сенга юлдузли само
Аён қилур тириклик розин.
Кўнглинг бўлур доғдан мусаффо,
Тинглагайсан руҳлар овозин.
Аммо улар белгиси мавҳум,
Шарҳ этолмас қуруқ тафаккур.
Эй сиз, руҳлар, сизни чорлагум,
Жавоб беринг, кўргузинг зуҳур…

(Китобни очади ва макрокосм белгисини кўради)

Менга бу сирли хат бахш этиб қудрат,
Қўзғар юрагимда шодон туйғулар.
Бу нечук синоат, бу нечук ҳикмат,
Қайта тангри яратмиш ушбу белгини,
Яратмиш дардларига даво айламиш,
Ғуссалар тунидан қутқармиш мени.
Борлиқ кўз олдимда мисоли суврат,
Гўё менинг ўзим холиқи кудрат,
Гўё илкимдадир жаҳоний миръот,
Гўё кафтимдадир бутун коинот.
Аё бўлмиш менга бу доно ҳикмат:
«Сенинг ёнингдадир руҳлар дунёси,
Эшиги қулф эмас, сен кўрсан фақат.
Сени чўмилтирса саҳар зиёси,
Кўз очсанг, бу дунё мана, марҳамат».

(Суратни диққат билан кўздан кечиради)

Бу тинимсиз коинот ичра
Ажаб, комил тартиб устивор.
Мулки борлиқ аро қай бурчда
Эҳтиётлик хазинаки бор —
Неча минглаб қанотли жондор
Навбат ила олтин чўмичда
Бир-бирига узатадур боз,
Гоҳи шўнғир, гоҳ қилур парвоз.
Не манзара! Мен учун бироқ
Жонсиз сурат — манзара фақат.
Сенинг қутлуғ оғушингдан, воҳ,
Яна четда қолдим, табиат!
Қандоқ мумкин сенга етишмоқ,
Баҳра олмоқ қучоқларингдан,
Сенинг зилол булокларингдан
Тўйиб-тўйиб шимимоқ шарбат.

(Алам билан янги варақ очади ва ер руҳининг белгисини кўради)

Менга марғуб ушбу аломат,
Замин руҳи ошнодир менга.
У туфайли шавқ ила фақат
интиламан доим олдинга.
Бундай чоғда тайёр бўлурман
Ҳамма учун бахш этмоққа жон.
Куним битган бўлса бенолон
Бош кўтариб мағрур ўлурман.

Бурқиб ётар оқ булут,
Ой бўлди ниҳон.
Чироқ ўчди, тутунга
Чулғанади хонам.
Силаб ўтди қизғиш нур
Аста пешонам,
Вужудимни титратиб
Солиб ҳаяжон,
У дунёнинг даҳшатин
Этиб намоён,
Шипдан бир нафас келди!
Эй, руҳи олам.
Шу ердасан, келақол,
Кел, кел, кел! Тезроқ!
Юрак ёнар! Борлиғим
Сен билан ҳамдам.
Фикри чувалди, таним
Чулғади титроқ.
Кел, келақол, майлига,
Кўрсаму ўлсам.

(Китобни олиб сирли дуо айтади. Қизғиш олов ичидан руҳ пайдо бўлади)

Руҳ

Йўқладингми?

Фауст (Юз буриб)

Бедаво хилқат.

Руҳ

Дуо билан мени чорладинг,
Кўп ёлбординг, кел деб зорладинг.
Мана, келдим.
Хўш…

Фауст

Қандай даҳшат!

Руҳ

Кел, кел, деди ўзи бетоқат,
Ўзи қилди кўрмоқни орзу.
Мен раҳм этиб ерга тушдим-у,
«Даҳшат» дейди соҳибкаромат,
Қани журъат, эй олий одам!
Туйғуларинг оташи қани?
Ҳа, йўл бўлсин бизга етгани!
Ёки мендан тиларсан ёрдам?
Сенми ўша Фауст, мен билан
Мағрур туриб сўйлашолган зот!
Келдим, — нечун бир сўз демайсан,
Айт, ғуруринг бўлдими барбод?
Қўрқув ичра тўлғанурсан лол
Аянчли бир чувалчанг мисол.

Фауст

Йўқ, руҳ! Қўрққаним йўқ! Сўзларинг абас,
Мен Фаустман — сендан зарра кам эмас.

Руҳ

Мен — ҳаётнинг уммонидаман,
Ҳаракатлар бўронидаман.
Оловга ҳам, сувга ҳам ёрман,
Ҳамма ерда ҳамма вақт борман:
Туғилиш, ўлиш
Нисбатида мен.
Доимо ўсиш
Хизматида мен.
Мен — дарёдурман,
Мавжман — силсила.
Мен — дастгоҳдурман —
Соҳир ип ила
Замон отли кашта тўрин ер узра ёйиб
Либос тиккум илоҳият учун ажойиб.

Фауст

Эй сен, тирикликнинг бетинч даҳоси —
Менинг тимсолим!

Руҳ

Йўқ! Ақлинг зиёси
Кашф этган руҳ фақат сенга ошино.
Мен эмас асло!
(Йўқолади.)

Фауст
(Аламли)

Сен эмасми?
Йўқса, кимдир, айт?
Наҳотки мен —
Тангрига монанд —
Оллоҳнинг тимсоли, шу гумроҳга ҳам
Тенг бўлолмасам?

(Эшик тақиллайди.)
Ана холос! Ғоят бемаҳал ташриф!
Мен руҳ висолига бўлганда мушриф,
Кайфимни тарқатур бадқовоқ, ғалча,
Саёз қироатхон бу муллабачча.

Тунги ёпинчиқ ва тақя кийган Вагнер чироқ кўтариб келади, Фауст нохушлик билан унга қайрилади.

Вагнер

Кечиринг, сиз юнон фожиасидан
Шеър ўқитганингиз йўқми мабодо?
Журъат қилиб кирдим, муддао — сиздан
Шеър ўқиш санъатин ўрганиш, усто!
Воиз олмоқ бўлса рбрў чўққисин,
У актёрга шогирд бўлиб ўқисин.

Фауст

Агар воиз бўлса актёр ўзи ҳам,
Бундай зотлар, ахир, эмас бизда кам.

Вагнер

Биз туну кун уйда қилурмиз меҳнат,
Оламни кўрурмиз байрамда фақат.
Ахир қандай мумкин элни бошқармоқ,
Ибодат аҳлидан биз ғоят йироқ.

Фауст

Чинакам иқтидор йўқ бўлган жойда
Пешона теридан қанчалик фойда?
Ақлу заковатда бўлолса устун,
Воизу носиҳнинг имони бутун.
Кимки ўзи танбал ҳам зеҳни ўтмас.
Бўлмагач янгилик излашга тоқат,
Ўзгалар фикрини такрорлар фақат.
Бундайлар гоҳида топурлар обрў
Баъзи ғофиллару гўдаклар аро.
Ва лекин бўлмаса фикр ва туйғу
Юракдан юракка йўл йўкдир асло.

Вагнер

Аммо катта гапдир овоз, усул ҳам,
Сезаман, тажрибам шу борада кам.

Фауст

Ҳалол обрў олиб ўрганинг ҳар вақт,
Маъни денг, берилманг ортиқ оҳангга.
Қуруқ сафсатаю ваъз эса фақат —
Жаранглаб тургучи қалбаки танга,
Кўнгилда шавқ ўти ёнса чинакам,
Чиройли сўзларин ахтармас одам.
Гар маъни пуч бўлса, қофиялик сўз,
Оҳангдор жумлаю чиройли мақол
Кўнгилни ғаш қилур, бамисоли куз —
Хазон япроқларин учирган шамол.

Вагнер

Ва лекин умримиз қисқадир ғоят,
Билим йўли эса узундан-узоқ.
Каминангиз ҳоли ҳалитдан чатоқ,
Қўрқаман, баттарроқ ўлгай оқибат.
Умрининг ярмини берар баъзилар
Етиб олмоқ учун булоқ бошига.
Лекин ярим йўлда кўпи чўзилар
Урилиб жонбозлик харсангтошига.

Фауст

Қоғоз боса билмас кўнгил ташнасин,
Тафаккур мифтоҳи китобда эмас.
Ҳаёт асрорига интилган ҳар кас
Ўз қалбидан топар сирлар чашмасин.

Вагнер

Бироқ бу оламда энг гўзал ва соз
Ўтмиш асрларга айламоқ парвоз.
Нақадар завқлидир ўрганиб билмоқ —
Қанчалар кетибмиз улардан йироқ.

Фауст

Сизнингча, улар ер, биз эса само.
Ўтмиш асрларга қўл урманг асло!
Ечолмаймиз сирли мозий муҳрини,
Мударрислар айтган замон руҳини
Уларнинг ўз руҳи фикри деб англанг.
Бу — ўтмиш ҳақида эртақдир. Уни —
Ҳақиқий ўтмиш деб айтурлар, аттанг.
Баъзилар ўтмишни қилганда хаёл,
Бир ҳужра кўринур — тўла чувринди.
Баъзиларга эса ўтмиш бамисол
Қўғирчоқ ўйини бўлиб кўринади,
Эмишки, аждодлар бўлмишлар бир чоқ
Бозингар қўлида тирик ўйинчоқ.

Вагнер

Дунё-чи? Ҳаёт-чи? Одамзод ўсди
Билмоқ учун олам сирин мукаммал.

Фауст

Билмоқ ўзи нима? Гап шунда, дўстим,
Бу жабҳада ҳали кўп нарса ишкал.
Олам сирдонига калит топганлар,
Қалб уйин очганлар бўлган хору зор.
Барчага аёнким, уларни минг бор
Гулханга ёққанлар, бутга қоққанлар.
Гап кўп, аммо етар. Дам олиш даркор.
Кеч бўлди, бугунча баҳсимиз тамом.

Вагнер

Менга қолса, қани, тонггача бедор
Бу ажиб суҳбатни этардим давом.
Лекин эрта байрам, фурсат топиб шом —
Келарман. Бирмунча саволларим бор.
Мен кўп ўқийман, кўп биламан, аммо
Билгим келар тўлуғ ва беистисно.
(Чиқади.)

Фауст
(Ёлғиз)

Ўтга, чўққа урар тентак ўзини,
Хазина қидирар солмоқ бўлиб чанг.
Дур излаб кўлмакка тикар кўзини,
Ўзида йўқ хурсанд — топса чувалчанг.
Бунда мен руҳ билан қилганда суҳбат,
Мени лол этганда соҳир сиймоси,
У тинчимни бузди. Лек сенга раҳмат,
Дўзахийлар ичра энг паст гадоси!
Ақлдан озардим ёлғиз, эҳтимол,
Агар эшигимни очмаган бўлсанг.
Руҳ қаршимда эди улкан девмисол,
Мен митти одамдай турардим гаранг.
Мен тангри монанд саналган бир зот
Ўзни илоҳий деб билибман чиндан.
Ғурур кўр қилибди кўзимни, ҳайҳот,
Ҳаддимдан ошибман. Айб ўтди мендан.
Осмоний санадим ўзимни бебок,
Авлиёман дедим, дедим аналҳақ.
Ўйладимўзни мен фариштадек пок,
Даҳолар сингари зўр, ҳукми мутлақ.
Шу ғурур туфайли мен тирик ўлдим,
Чақмоқдай бир сўз-ла чилпарчин бўлдим.
Шармисор этмакка ҳаққинг бор мени,
Руҳ! Келишга мажбур этдим-у сени,
Тутиб туролмадим ва лекин бир дам.
Даҳшатли куч эзди елкамдан шитоб,
Дилимни ўртади сўнгсиз изтироб.
Тубанликка отдинг мени бекарам, —
Тубанликким, шу ер — шу хонаи ғам.
Энди нима бўлди орзу, ширин хоб,
Эзгу хаёлларим айлайми ҳамдам?
Рост, ҳаёт заҳмати қийнамас бизни, —
Ўзимиз тўсамиз ўз йўлимизни.
Қорин деб ўтармиз фоний дунёдан,
Юрак ташналиги бизга бегона.
Юксак мақсадларни кўзлаган одам
Бизларда саналур далли девона.
Энг гўзал, мусаффо, сирли туйғулар
Ҳаёт гирдобида янчилар, ўлар.
Гоҳ илҳом забт этса кўнгиллар кунжин,
Учурмиз чулғаниб мовий туманга.
Лекин елкамизга осилган хуржун
Дарҳол олиб тушар бизни тубанга.
Сафсата виждонга пўшида бўлар,
Ўзимиз танбалмиз, бўшангмиз, хароб.
Шафқат, номус деймиз, аслида булар
Ожизлик юзига тортилган ниқоб.
Турфа хил сабабу узр ягона
Кўнгилни алдамоқ учун баҳона.
Бола-чақа деймиз, уй-жой ва хотин…
Гоҳ ўтдан қўрқамиз, гоҳида сувдан.
Йўқ, булар ожизлик солган қўрқувдан,
Зоҳир ҳадик эса, тубанлик ботин.
Менми худованд? Йўқ, кимлигим аён,
Мен коинот аро кўр бир чувалчанг —
Маҳкумман судралмоқ ва ютмоққа чанг,
Оёқлар остида бўлмоққа қурбон.
Ҳа, умрим кечмоқда босиб чанг, мағор,
Чор атрофим китоб, ўзим тутқунда.
Эски-туски тўла сандиқлар бунда,
Барчаси ғубордир, барчаси ғубор.
Топурманми бунда нима изласам?
Ҳай, минглаб китобдан топдим бир маъно:
Доимо азобда яшаган одам,
Бахт эса ҳамиша бўлган истисно.
Эй сен, бош сўнгаги, тиржайиб ҳамон
Мени масхаралаб турибсанми, айт?
Ё сенинг эганг ҳам мендек бир замон
Шодлик, бахт қидириб топганми кулфат?
Эй сиз, бағри чизиқ, турфа шишалар —
Кимё ашёлари, кулмоқдасиз жим.
Мен сизни калит деб билдим муқаррар,
Лек табиат қулфин оча билмадим.
Табиат ўз сирин ганжина тахлит
Тилсим қопқаси-ла айламиш ниҳон.
Очиб бера олмас ҳеч қандай калит,
Бузиб кира олмас ҳеч бир палахмон.
Эй, мен қўл урмаган синиқ сополлар,
Кимё соҳиби қолдирган бисот,
Эй, сиз, қай замонлар, қайси бир хаттот
Кўчирган қоғозлар — не ҳасби ҳоллар,
Шунча йил сизларга қилгунча тоқат,
Бўлмасмиди бир йўл айласам барбод?
Мерос сақламоққа лойикдир фақат
Ўзи ҳам бир мерос қолдиргувчи зот!
Матоҳ йиғар фақат бечора хасис,
Ҳар янги лаҳзанинг меваси лазиз.
Ажабо, не учун бу сирли шиша
Оҳанрабо янглиғ тортар кўзимни?
Мен нигоҳ ташласам унга ҳамиша
Ойдин ўрмон аро сездим ўзимни.
Сени олқишлайман, эй қутлуғ шарбат.
Кўнглим топинади сен томон фақат,
Инсон яратолган энг буюк неъмат!
Сенда мангуликнинг ширин уйқуси,
Сендадир ўлимнинг энг зўр оғуси.
Кел, ижодкорингга бер букун нажот!
Сенга боқар бўлсам — дардим тағофил,
Сени қўлга олсам — таскин топар дил.
Тинадур у исёнкор юрак қутқуси,
Мени оғушига чорлар йироқлар,
Чорлар янги кунлар, янги қирғоқлар,
Чексиз умонларнинг нурли кўзгуси.
Ана, учиб келди ўтли арғумоқ,
Унинг қанотида учмоқ истайман.
Белгисиз бу олам, сирли бу равоқ
Бағрига отилмоқ, қучмоқ истайман.
Э воҳ, наҳотки мен — хасдек тубан зот
Тангри даргоҳига восил бўлолсам!
Ҳа, ер қуёшидан юз бур, эй одам,
Бир йўл ҳаётингни эта қўй барбод!
Одамзод ақлига даҳшат солгувчи
Ўшал дарбозани қилгину яксон,
Тангрилар олдида инсоннинг кучи
Зарра кам эмасдир, этгил намоён.
Майли, гирдибоду даҳшат остона
Ривояти ила солароқ қўрқув
Хаёлот яратган турфа афсона
Тамуғ алангасин ёқса ҳам мангу,
Ўшал остонадан дадил қўй қадам,
Майли, ҳатто сени қучса ҳамадам.
Кел, эй, аждодлардан тарк айлаю чиқ.
Сени унутгандим. Бир замон роса
Боболар базмида жилвагар, ёниқ —
Олмос қирраларинг кўргузиб, қадаҳ,
Неча мажлисларни қилдинг муфаррах.
Сени қўлга олиб айтдилар алёр,
Ҳамду сано ўқиб базм аҳли сенга,
Оппоқ симирдилар такрор ва такрор.
Ўшал шод кунларни эслатдинг менга.
Ва лекин мен алёр айтолмам энди,
Чунки лаб очмоққа бўлмагай фурсат.
Неча йил қуюлди, қорайди, тинди
Мен ўзим яратган бу сирли шарбат.
Уни сипқорурман мен ўзим букун
Келажак қуёшли янги тонг учун.

(Қадаҳни кўтаради).
Шу пайт янграган хор овозини эшитиб сергакланади…

ЎРМОНДАГИ ҒОР

Фауст
(Ёлғиз)

Эй сен, илоҳий руҳ, неки тиласам,
Барча тилагимни айладинг бажо.
Сен олов ичида кўриндинг менга,
Табиат кўркини қилдинг армуғон.
Менга бердинг сўнгсиз шавқ туйғусини.
Энди мен эмасман олам кўркига
Ҳайрат нигоҳини тиккан бир меҳмон.
Унинг замрини очиб қарайман
Дўстнинг юрагига боққандек гўё.
Неки жонли бўлса бу олам аро,
Сен бир-бир ўтказдинг кўзим олдидан
Ҳам ўргатдинг менга улар барини —
Барча жонивору қуш, ўт-ўланни
Оға — биродар деб билиш фунуни.
Ўрмонни қучганда даҳшатли бўрон
Ерга қулар экан асрий қарағай,
Ўзга дарахтларни қилганда поймол,
Акс садо берганда унга уфқлар —
Ўрмондаги ғорга етаклаб мени,
Бунда танҳоликда ўлтириб сокин,
Ўқитдинг ўзимга қалбим китобин,
Мени ошно қилдинг ажиб сирларга.
Мен ойга қарайман ва шабнам инган
Япроққа, қояга солурман нигоҳ,
Аста сузаётган булут сояси
Ўтмиш шарпаларин эслатур менга.
Қарайман ва менга юксак камолот
Насиб бўлмаганин сезаман шунда.
Мени тангриларга тенг қилгувчи куч —
Юксак хаёлларга айлаб ҳамнафас,
Яна ҳаётим йўқ, гарчи у сенинг
Менга бағишлаган барча неъматинг —
Қилган бўлса ҳамки тупроқ билан тенг.
У менга кўрсатди гўзаллик сеҳрин,
Ёкди юрагимга сирли аланга.
Совутмоқ бўламан ўзимни, аммо
Яна ўртар мени сўнгсиз эҳтирос.

(Мефистофель келади.)

Мефистофель

Эҳ, дарвеш! Жонингга тегмади, наҳот,
Кимсасиз ўрмонда ўй сўрмоқ танҳо!
Бу қандай кўргилик, бу нима ҳаёт,
Ўйлаб топмадингми ўзга бир савдо?

Фауст

Топсанг бўлар эди сен ҳам бирор иш
Айғоқчилик қилиб юришдан бўлак.

Мефистофель

Ҳазиллашдим. Ҳадеб арра тортишиш,
Ўзинг ҳам ўйлаб кўр, нимага керак?
Бадфеъл, одамови экансан жуда,
Сенга дучор килди не учун тақдир?
Эрта-кеч сен учун қайғурсам, ахир,
Нимаки истасанг, олам бурчида
Бўлса ҳамки, сенга қилсам муҳайё —
Яна айбдорман, бошимда бало.

Фауст

Таажжуб, айтмоғим керакми раҳмат
Эртаю кеч хира бўлганинг учун?

Мефистофель

Эй инсон, сўрашга қилурман журъат,
Мен бўлмасам қандай яшардинг букун?
Ким сени танҳолик уқубатидан,
Диққинафасликдан қутқарди мудом?
Мен бўлмасам жисминг, эй доно одам,
Замин саҳифасидан ўпарди тамом.
Бу тоғ ўрмонига келдинг не сабаб?
Ғамларинг ёзмокчи бўлдингми танҳо —
Ёлғиз хониш қилган бақага ўхшаб,
Вайронага қўнган бойқушдек гўё?
Бир карра ишондим, кўксингда ҳамон
Ўша яккаш олим яшар бегумон.

Фауст

Қани билсанг эди, мен бу маснаддан
Топурман қанчалар қувонч ва ёғду.
Билганингда эди, сўзсиз, ҳасаддан
Ўшал қувончимга солардинг оғу.

Мефистофель

Мана бу ҳақиқий самовий лаззат!
Тун бўйи ўй сурмоқ тоғли ўрмонда!
Илоҳий ҳисларни асрамоқ жонда
Ва танҳо изламоқ роҳи ҳидоят.
Олам яратилган қутлуғ олти кун —
Ҳикматин жам этмоқ кўнгилда бутун.
Бу ёруғ дунёда бўлса не дониш,
Неки асрор бўлса, барини олиш —
Сўнг тафаккур элтган ўша юксақдан
Алланарса қадар йиқилмоқ тубан.

(Хунук қилиқ қилади.)

У ҳакда нимадир айтардим, фақат
Тилга олмоқ учун йўл қўймас уят.

Фауст

Нақадар разолат!

Мефистофель

Нечун кўзларингда бунчалар ғазаб?
Номусдан қизардинг, вужудинг — қаҳр.
Орзимдан чиқмаёқ ҳақиқат сўзи.
Тириклик ичра бу бор гап-ку, ахир,
Ахир, усиз йўқ-ку номуснинг ўзи.
Майли, алдамоқни қўймагин сира,
Мунофиқ юзингга тута бер ниқоб.
Аммо билиб қўйгин, тор кулба ичра
Гретхен сен учун чекмоқда азоб.
У ёлғиз, у сени ўйлайди фақат.
Висол иштиёқи эзмоқда уни.
Емак-ичмагида йўкдир ҳаловат,
Тамомунутган у ором, уйқуни.
Унинг муҳаббати тошқин беқирғоқ,
Унинг муҳаббати билмас интиҳо.
Сен эса шўрликни унутдинг, қочқоқ,
Изтироб ичида қолдирдинг танҳо.
Тинч ўрмон қўйнида юлдузлар билан
Суҳбат қуриб бунда ётгандан кўра,
Хабар ол ўртанган қизнинг ҳолидан,
Сен деб хароб бўлган кўнглини сўра.
У шўрлик дарчадан термулиб букун
Карвон булутлардан сўрмоқда нажот.
Қўшиқ айтмоқда у оҳиста, маҳзун:
«Э, воҳ, қани энди қуш бўлсам озод».
Гоҳ кулади шўрлик, гоҳ чимирар қош,
Гоҳ маъсум хаёлин чулғайди туман.
Ва лекин ҳамиша кўзларида ёш,
Ва лекин ҳамиша кўнглида армон.

Фауст

Илонсан! Илонсан!

Мефистофель
(Ўзича)

Ўт солдим жонга,
Отган ўқим бориб тегди нишонга.

Фауст

Бас қил васвасангни, эй руҳиллаъна,
У ҳақда бир оғиз сўз қота кўрма.
Базўр оромтопган бўронни яна
Дардкаш юрагимда уйғота кўрма.

Мефистофель

Аммо қиз кўнглида қўрқув, ҳаяжон.
Мени унутди деб қилмоқда гумон.

Фауст

Йўқ, қайда бўлмай, у менга ҳамнафас,
Кўзим олдида у, у деб тепар қалб.
Мен, ҳатто, санамга қилурман ҳавас —
Ул санамга ёрим босганида лаб.

Мефистофель

Гуллар оғушида ётган жуфт танга,
Қарамоқ нақадар завқ берур манга.

Фауст

Йўқол, эй қўшмачи!

Мефистофель

Майли, сўка бер,
Мен эса эшитиб куламан, холос.
Тангри яратдию аёл билан эр —
Бир-бирига мойил берди эҳтирос.
Етар, қувла мунгли хаёлларни бас,
Ўзни йўқотма сен гўдак мисоли.
Ахир, сенн жаллод ёки дор эмас,
Кутаётир гўзал ёрнинг висоли.

Фауст

Оҳ, дилбар оғуши мен учун жаннат,
Барча лаззатларнинг етук камоли.
Аммо ёр бағрида топганда роҳат
Кўз олдимдан кетмас қизнинг заволи.
Мен ким? Бир беватан, ғамли сояман,
Девона кўнглимда ором йўқ зарра.
Мен гўё кўз етмас юксак қоядан
Ўзни тубсиз жарга отган шаршара.
Ёнимда эса ул — сокин кулбада
Осуда тириклик кўргувчи бир жон.
Ўша ниҳол қомат, ўша гул бадан —
Торгина кулбаси унга кенг жаҳон.
Мен-чи, ёвуз тошқин, менга гўё кам
Юксак қояларни отганим пастга,
Улкан харсанглару зарангларни ҳам
Беаёв қорганим қумга ва хасга.
Мен яна ул маъсум жон бир гўдакнинг
Сокин ҳаётига солурман чангал.
Айтганинг бўлсин сен ёвуз малакнинг,
Бошла мени қизнинг ёнига жадал.
Диёнат ҳислари чекинсин бир дам,
Адолат, шафқатга кўр бўлсин кўзим,
Мен уни қучганча баланд чўққидан
Тубсиз жар қўйнига отгайман ўзим.

Мефистофель

Яна ғазаб, яна мислсиз туғён!
Бор унинг ёнига, овутгин тезроқ.
Берк кўчага кириб қолса гар аҳмоқ —
Олам тугади деб қилади гумон.
Ахир сен ҳамиша мард эдинг, ботир,
Олға юр, чекинма, хаёл сур камроқ.
Дадил бўл, нимадан қўрқасан, ахир —
Шайтоннинг ўзи-ку ёнингда ҳамроҳ.

ҲИБСХОНА

Фауст қўлида бир бойлам калит билан эшик олдида турибди.

Фауст

Вужудим аламдан ёнаётир, воҳ,
Сўнгсиз уқубатдан юрагим пора.
Мана шу хонада маъсум, бегуноҳ —
Банди бўлиб ётар битта бечора,
Нега жим турибсан, титрайсан нечун?
Кўзига боқишдан қўрқасанми ё?
Тез бўл! Иккиланма! Ўтса агар тун,
Унинг ҳаётига етгай интиҳо.
(Қулфга қўл узатади.)

Ичкаридан овоз
Мени ғар онам
Бўш қўйган эди,
Одамхўр отам
Гўштимни еди.
Танимни опам
Тупроққа берди.
Келганда кўклам
Топарман ҳаёт.
Учарман мен ҳам
Чиқариб қанот.

Фауст
(Эшикни очиб)

Бечора сезмади бунда юрганим,
Кишан садосини тинглаб турганим.
(Ичкари киради.)

Маргарита

(Похол орасига яшириниб)

Мени ўлдиргани келишди, ана!

Фауст
(Секин)

Жим бўл, сени олиб кетгани келдим.

Маргарита
(Оёғига йиқилиб)

Эй қотил, озгина сабр қил яна!

Фауст

Йиғлама, соқчини уйғотасан, жим.
(Кишанларни синдирмоққа уринади)

Маргарита
(Тиз чўкиб)

Қатл этмоққа мен бечорани
Ҳуқуқ берди ким сенга, бедод!
Қўй, тонггача ўлдирма мени,
Кўриб қолай тонг юзин, жаллод!
Ҳали вақт бор, ярим тун ҳозир,
Ҳукм тонгда этилгай ижро.
(Ўрнидан туради.)
Жуда ёшман, ёшман-ку, ахир,
Бўлмоқдаман бемаҳал адо.
Гўзал эдим ғоят бир замон,
Ҳусним мени ўлдирди аён.
Ёр ёнимда эди у чокда,
Ҳозир эса йироқ-йирокда.
Мен гул каби сўлиб фирокда
Бўлурман хазон.
Қаттиқ қисма мени, шафқат қил,
Қилганмидим ёмонлик, қотил,
Нажот бер менга.

Фауст

Қандай чидай мен бу аламга?

Маргарита

Майли, жаллод, майлига, ўлдир,
Қатлим яқин, тақдирим шулдир.
Сут берайин фақат боламга.
Ёлғизимни қучоқлаб бу тун
Йиғлаб чикдиму билан бутун.
Уни мендан тортиб олдилар,
Мени шундай дардга солдилар.
Энди эса қилишар туҳмат,
Мен ўзимни қотил ўйлашар,
Мен ҳақимда қўшиқ куйлашар,
Бу қандай офат!

Фауст
(Унинг қошида тиз чўкиб)

Мен бундаман, менга қулоқ ос,
Келдим сени қилгали халос.

Маргарита
(Унинг ёнида тиз чўкиб)

Кел чўкайлик тиз
Икков ёнма-ён
Қўл чўзайлик тез
Тангримиз томон.
Ёришмоқда ёғду
Дўзах оташи:
Ана, туради
У ерда иблис,
Қаҳ-қаҳ уради,
Дилда қўрқинч ҳис.

Фауст
(Қаттиқ)

Гретхен! Гретхен!

Маргарита

Ёрнинг овози!
У мени чақирди — мен энди озод!
(Сакраб туради. Кишанлар тўкилади)
Яқин эрк қушининг бахтли парвози,
Тугар истибдод!
Югурмоғим керак мен унга пешвоз,
Оҳ, қучмоғим керак бўйнидан маҳкам.
У «Гретхен» деди, таниш бу овоз
Барча дардларимга бўлгувчи малҳам.
У эшик олдида. Сезмоқда кўнгил
Бу ваҳший зулмату ғам-кадар аро,
Даҳшатли дўзахий хандалар аро
Унинг тингладим мен — чорлаётир ул.

Фауст

Шу ердаман!

Маргарита

Ана шу ерда ёрим!
Яна бир этгил сўзингни такрор.
Унут бўлди барча чеккан озорим,
Қолмади бир зарра кўнгилда ғубор.
Энди мен ўлмасман! Сен қилдинг халос!
Эртаю кеч сени ўйладим, холос.
Кўз олдимда кўча, ул оқшом чоғи —
Шунда илк бор гапга тутгандинг мени.
Кўз олдимда яна Мартанинг боғи —
Шунда биринчи бор кутгандим сени.

Фауст
(Шошиб)

Кетайлик, юз тезроқ!

Маргарита

Шошма, жонгинам,
Соғиндим, юзингга тўяйин бир дам.
(Қучоқлайди)

Фауст

Тез бўл, тез!
Атрофда йўқ ҳозир инсон зоти ҳеч.
Чиқиб жўнамасак агарда бу кез,
Кейин бўлар кеч.

Маргарита

Кўп бўлганинг йўқ-ку мендан йирокда,
Кўнглинг совудими ёки фирокда?
Ўпишни эсингдан чиқардинг, наҳот?
Айт, нега бунчалар муздексан, ҳайҳот,
Не учун сен билан таним титрокда?
Куни кеча ахир қандоқ қучардинг,
Қучиб осмонларга олиб учардинг!
Кўзларингда эди жаннат яширин,
Бўсанг тотли эди, сўзларинг ширин.
Нега энди бунча совуқ нигоҳинг,
Ўп мени, ёлборар сенга нигоринг.
Ўп, нега қулоғинг эшитмас сўзим?
Кел, ўпай ўзим.
(Қучади.)
Бу не ҳол? Шулмиди умидим сендан?
Аввалги ҳарорат, ёнишлар қани?
Сен меники эдинг, йўқотдим сани?
Оҳ, ким ўғирлади, ким сени мендан?
(Ундан юз ўгиради.)

Фауст

Жонгинам, юр энди, кетайлик тезроқ,
Юрагимда ёнган муҳаббат ҳаққи,
Мени олиб келган садоқат ҳаққи,
Кетайлик, кетмасак бўлмас ҳозироқ.

Маргарита
(Унга ўгирилиб)

Наҳотки, бу сенсан? Ишонмас кўзим.

Фауст

Менман.

Маргарита

Қутқаргани келдингми ўзинг?
Келдингми қилгани кишандан озод?
Олурмисан яна бағрингга, жоним!
Мендан қўрқмайсанми? Мен аслида ким —
Билмасанг наҳот?

Фауст

Тонг отмоқда, тез бўл, ўтказма дамни.

Маргарита

Мен ўлдириб қўйдим онамни,
Сувга отдим туққан боламни.
У фарзандинг эди сенинг ҳам,
У келтирди толе эмас, ғам.
Сен келдингми? Туш эмасми бу?
Таниёлмай турибман сани.
Кўзим олди доим қоронғу,
Бер-чи менга қўлингни, қани.
Не кўргилик? Қўлларингда қон.
Артиб ол дарҳол.
Кўз тушмасин унга ҳеч қачон!
Қиличингни ғилофингга сол,
Тез яширақол.

Фауст

Ўтган ишга энди салавот,
Тез қочмасак топмасмиз нажот.

Маргарита

Сен ҳаммамиз учун ҳам
Яшашинг керак.
Қабрларга, жонгинам,
Эк гулу чечак.
Учта чуқур кавлагин
Мозорда бу кун:
Онам ва акам учун,
Ҳамда мен учун.
Қабримни наридан ўй
Улардан озроқ.
Қизимни бағримга қўй,
Бўлмасин йироқ.
Уни қучиб жимгина
Уйқуга кетай,
Энди сени бу сийна
Қучолмас, нетай.
Гарчи ҳамон ўшасан
Севгим, бироқ сен —
Бегонага ўхшайсан,
Мендан йироқсан.

Фауст

Мен билан юр, агар севгинг бўлса чин.

Маргарита

Озодликками?

Фауст

Ҳа, чиқ бу зиндондин.

Маргарита

Мени кутар бўлса у ерда ўлим,
Олиб борса мени мозорга йўлим —
Майли, чиқай унга мен пешвоз, аммо
Ўтмам ундан нари бир қадам ҳатто.
Кетяпсанми, Генрих, жонгинам?
О, қани энди
Биргалашиб сен билан мен ҳам
Кетолсам эди.

Фауст

Эшик очиқ! Фақат сен истасанг бас!

Маргарита

Менга ҳеч озодлик имкони бўлмас,
Гарчи чиқолсам-да, бу ердан қочиб,
Қайда юролардим юзимни очиб?
Элдан юзимшувут, виждоним нопок,
Яшамоқ не керак доим аламнок?
Не керак одамлар кўзидан пинҳон,
Ўзгалар юртида бўлмоқ саргардон?
Унда айғоқчилар кутишар мени,
Бир куни барибир тутишар мени.

Фауст

Унда қолажакман ёнингда мен ҳам.

Маргарита

Йўқ, йўқ, жонгинам,
Бу ердан тез бор,
Қизингни қутқор!
Бора қол, тез бўл,
Чакалак ёққа.
Сени элтар йўл
Тўғри булоққа.
Кўприқдан ўтиб,
Бурил ўнг қўлга.
Тезгина етиб —
Оласан кўлга.
Боланг тирик, топ,
Йиғлар чақалоқ.
Қутқар уни, чоп,
Чопақол тезроқ.

Фауст

Эсингни йиғ! Фурсат ғанимат!
Озодликнинг йўли олисмас,
Қўйсанг етар бир қадам фақат.

Маргарита

Тепалиқцан ўтиб олсак бас,
Тош устида ўлтирар онам.
Титрамоқда муз бўлиб танам.
Йўл бўйида ёлғиз бу нафас
Тош устида ўлтирар онам.
У бошини тебратар аста,
Бемажол, хаста.
Кўз очмоққа йўкдир мадори —
Уни қаттиқ ухлатмиш дори,
Бизнинг ширин айшимиз учун.
Қандай шавқли эди ўша тун,
Қандай лаззат топганди жонлар!
Оҳ, қанисиз ўша хуш онлар.

Фауст

Яхши гапга кўнмас бўлсанг, нетарман,
Сени зўрлик билан олиб кетарман.

Маргарита

Йўқ, йўқ куч ишлатма, кўнмасман асло,
Қўлларимни қаттиқ тутма бунча ҳам.
Шундоқ ҳам гапингга кўндим доимо.

Фауст

Тонг отар, оппоқ тонг, қара, жонгинам,

Маргарита

Тонг отар, янги кун. Сўнгги кун менга.
Керак эди бу кун тўйим бўлмоғи.
Мен билан бўлганинг айтма ҳеч кимга,
Сира лозим эмас элнинг билмоғи.
Бошимга бу кулфат тушди ногаҳон,
Бевақт гулларимни қилдилар хазон.
Насиб бўлмас энди бирга рақс этмоқ,
Кўришмоғимиз бор олдинда бироқ.
Халойиқ юради қатлгоҳ томон,
Каттакон майдонга сиғмас оломон.
Мен учун чалинар сўнгги қўнғироқ.
Жаллод бошим узра синдирар таёқ.
Чўкаман, тегади бошим кундага,
Даҳшат ичра боқар йиғилган одам
Мендек маҳкум бўлган осий бандага.
Кўзларида қўрқув, гўё хаёлда
Уларнинг бошига тушмоқда болта.

Фауст

Ўлсам бўлмасмиди бу кунни кўрмай.

Мефистофель
(Эшикда пайдо бўлиб.)

Тез кетдик, ўласиз йўқса икковлон,
Бекорга оҳу воҳ қилиб ўлтирмай,
Чиқиш керак. Ана, кунчиқар томон
Қизармоқда. Тингланг отлар кишноғин,
Улар сезаётир тонготар чоғин.

Маргарита

Ногоҳ ер остидан пайдо бўлган ким?
Бу ўша, танидим, нақадар даҳшат.
Ҳа, у келган албат олгани жоним,
Бу муқаддас жойда турмасин, жўнат.

Мефистофель
(Фаустга)

Юр, кетдик! Бўлмаса ташлаб кетаман!

Маргарита

Қутқар тангрим, сенга нола этаман.
Малаклар, теграмда қилингиз парвоз,
Менга қалқон бўлинг ва айланг халос.
Сендан қўрқаяпман, Генрих.

Мефистофель

У мангу.
Қийноқларга маҳкум.
Осмондан нидо
Халос бўлди у.

Мефистофель

Тез бўл, кетдик!
(Фауст билан йўқолади.)

Маргарита
(Коронғилик ичидан)

Генрих! Генрих!

Саҳифа қуйисида асарни тўлиқ мутолаа қилишингиз мумкин

Асар ва унинг таржимаси ҳақида Иброҳим Ғафуровнинг «Сўнгсўз ўрнида»  мақоласи билан танишинг

Gyote. Faust. Erkin Vohidov tarjimasi. Ibrohim G’afurov. Son’ngso’z o’rnida

008

GYOTE
«FAUST»DAN PARCHALAR
Erkin Vohidov tarjimasi
007

09Yohann Volfgang Gyote (1749.28.8, Frankfurtmayn — 1832.22.3, Veymar) — nemis yozuvchisi va mutafakkiri. Yangi davr nemis adabiyotining asoschisi. Ijodi 18-asrning 70—80-yillari Germaniyada mavjud bo’lgan «Bo’ron va hujum» adabiy harakatida ishtirok etishdan boshlangan. Shu davrda Gyote «Gets fon Berlixingen» (1773), «Prometey» (1773) kabi dramalar va lirik she’rlar yaratdi. Gyote adabiy faoliyatining ilk davriga mansub «Yosh Verterning iztiroblari» (1774) romani o’sha davr nemis adabiyotida katta voqea bo’ldi. Asarda ilg’or nemis yoshlar avlodining ijtimoiy fojiasi o’z aksini topgan. 1786—88 yillarda Gyote Italiyaga safar qiladi. Shu davrda u «Ifigeniya Tavridda» (1779— 81), «Egmont» (1788), «Torkvato Tasso» (1780—89) kabi dramalar yozadi. «She’riyat va haqiqat» avtobiografik kitobi (1811—33), «Vil`xel`m Maysterning o’qish yillari» (1793—96), «Vil`xel`m Maysterning darbadarlik yillari» (1821—29) romanlarida inson bilan jamiyat o’rtasidagi munosabat masalasi aks etgan.
Gyote Sharq mamlakatlari tarixi, madaniyati, adabiyotini chuqur o’rganadi, Firdavsiy, Farididdin Attor, Rumiy, Nizomiy, Sa’diy, Hofiz, Jomiy kabi shoirlar ijodi bilan tanishadi. Bu paytda Ibn Sino, Ulug’bek, Alisher Navoiy ijodlaridan namunalar nemis tiliga tarjima qilingan edi. Gyote «Mag’ribu mashriq devoni»ni (1814—19) Sharq she’riyatidan ilhomlanib yozgan. Devon «Mug’anniynoma», «Hofiznoma», «Ishqnoma», «Tafriqnoma», «Ranjnoma», «Hikmatnoma», «Zulayxonoma», «Temurnoma», «Soqiynoma», «Matalnoma», «Forsiynoma», «Xuldnoma» kabi 12 bo’limdan iborat. Devonda «bulbul», «hur», «fatvo», «mug’anniy», «mufti», «tilsim», «mirzo», «darvesh» kabi so’zlarni asliyatda qo’llaydi. Gyotening «Faust» fojiasi (1768—1832) jahon adabiyotidagi shoh asarlardan hisoblanadi. Bu asar Gyotening butun ijodiy faoliyati davomidagi izlanishlarining samarasi bo’ldi.
Gyote falsafa, huquqshunoslik, botanika, geologiya, geodeziya sohalariga oid asarlar ham yaratgan.
Gyote she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilish 20-asrning yigirmanchi yillaridan boshlangan (Cho’lpon, Oybek, Shayxzoda va b.). Keyinchalik Gyotening «Faust» (Erkin Vohidov tarjimasi, 1972—75), «Mag’ribu mashriq devoni» (S. Salim Buxoriy tarjimasi, 1985—90), «Yosh Verterning iztiroblari» (YA. Egamova tarjimasi, 1975) kabi asarlari o’zbek tilida nashr etilgan.
Gyote ijodi haqida o’zbek adabiyotshunos va tanqidchilari (V. Zohidov, I. G’afurov, O. Olloberganov, YA. Egamova, Poshali Usmon o’g’li va b.) adabiy-tanqidiy makrlalar yozishgan. Germaniyaning ma’rifiy-madaniy tadqiqotlar olib boruvchi nufuzli markazi Gyote nomi bilan ataladi. Gyote institutining filiallari jahonning 78 mamlakatida, shu jumladan Toshkentda ham faoliyat ko’rsatmoqda (1998 yildan).

007

BAG’ISHLOV

015

Borlig’im band etgan aldoq soyalar,
Yana bo’ldingizmi qarshimda paydo?
Shoyadki nazmingiz bo’lsa muyassar,
Yoshligim shavqlari so’nganmi va yo?
Yo’q, siz tuman kabi bosib sarbasar,
O’ylarim chulg’andi dudingiz aro.
Siz bilan tin olsam to’lar ko’kragim,
Siz bilan yasharar mening yuragim.

Mozi lavhalari jonlanur yana,
Fusunkor tonglaru sehrli tunlar,—
Jonlanur misli bir ajib afsona
Yoshligu ilk bora sevishgan kunlar.
O’tmish va ezgulik sog’inchi mana,
Dilimda qo’zg’arkan alamli unlar,
U yorug’ choshgohda bo’lganlar omon.
Sizni ehtirom-la eslayman hamon.

So’nggi qo’shiqlarim eshitolmadi
Kitobim ilk bobin tinglagan do’stlar,
Bukun ul davradan hech kim qolmadi,
Qaylardadir so’ndi ilk maqtov so’zlar.
Bebahralar fikrin hech yo’q qimmati,
Olqishi dilimga soladi muzlar.
Ul xassos zariflar yitdi bu zamon
Kimsasiz yo’llarda besaru somon.

Yana chorlar meni ilohiy bir un,
Yana xayollarga chulg’andi boshim.
Sabo arfasidek hazin va sermung.
Quyilar satrlar, qani bardoshim!
Muzlagan jismimni eritar bukun
Ko’zimdan quyilgan qaynoq bu yoshim.
Bu olam chekinur, o’tmish-chi, ayon —
Ko’zlarim oldida bo’lar namoyon.

TEATR MUQADDIMASI

Teatr direktori, shoir va qiziqchi

Direktor

Siz ikkovlon berdingiz madad
Tang bo’lganda necha bor holim.
Ayting, bu gal kelgaymi omad,
Kulgaymikin bu gal iqbolim?
Xalq behisob bo’lsa boylik beshumor,
Bu bois izlarmen unga na loyiq.
Taxtalar terilgan, sahna hamtayyor,
Bizlardan tomosha kutar xaloyiq.
Qoshlar ko’tarilmish, nigohlar chanqoq
Quvonchu hayratning ishtiyoqida.
Menga ayon erur bu san’at, biroq —
Bukun yonurman dil ishtibohida.
Garchi tomoshabin didi emas zo’r,
Lekin kitob ko’rgan, shu bois sergak.
Agar bo’lsin desak tomosha manzur,
Do’stlarim, albatta yangi gap kerak.
Qani, tomoshagoh bo’lsayu to’liq,
Atrofida yana olomon tursa,
Shu tor eshiklarga har kech xaloyiq
Jannat eshigi deb o’zini ursa.
Yodimda, bir mahal hali botmay kun,
Boshlanardi bunda g’ulu, to’polon.
Go’yo patta emas, och xaloyiq-chun
Mana shu darchadan ulashilar non.
Bunday mo»jizaga sen faqat qodir,
Ko’rsat sehring yana, azizim shoir!

Shoir

Qo’ygil, qora xalkdan gapirma aslo,
Shovqindan ko’nglimga tushar iztirob.
Olomon hislarni yutuvchi balo,
Suron — tafakkurni ko’mguvchi girdob.
Ko’nglim osudalik izlar doimo.
Cho’qqilar yopinib tumanlik hijob,
Mudragan ul ma’vo sari boshla, yur!
Ilohiy sukutdan topurman surur.
Yurak o’z tubida ardoqlagan his,
Labda qanot yozmoq bo’lgan tuyg’ular
Tashna ko’ngillarda qoldirmayoq iz
Zamon suronida darhol bo’g’ilar.
Bas, o’ylar toshqinin tindirolsak biz,
Mukammal go’zallik shunda tug’ilar.
Jilvaning umridur bir lahza faqat,
Avlodlarga qolur haqiqiy san’at.

Qiziqchi

Yana avlodlarmi, tegdi-ku jonga!
Mehnat qilsam faqat kelajak onga,
Bukungi yoshlarni xursand qilur kim?
Zamonga yor bo’lish kichkina ishmas,
Chin dildan kuldirish bachkana ishmas,
Kulki — zar, ko’chada yotmas, azizim.
Bizdan shodlik tilab kelar xaloyiq,
Unga quloq solgan hurmatga loyiq.
Xaloyiq ko’p bo’lsa zo’r bo’lur ta’sir,
Azizdir qalblarni qilolgan asir.
Qobiliyat bo’lsin, gapning sirasi,
Jam bo’lsin bir yerda akl va tuyg’u,
Xayolning parvozi, shavq silsilasi
So’ng andak topqirlik, bir chimdim kulgu.

Direktor

Lekin eng zaruri, sarguzasht bo’lsin,
Ko’zga quvonch bo’lsin, dilga gasht bo’lsin.
Andak o’rin bering tafsilotga ham,
Tomosha qalblarni band etsin tokim.
To’dani hangu mang qilolgan odam
Uning yuragiga
Bo’lolgay hokim.
Yaxlit go’sht beray deb o’ltirmang tolib,
Xalq yovg’on bo’lsa ham rahmat aytadi.
Har kim cho’michiga siqqancha olib,
Sizga qulluq qilib uyga qaytadi.
Faqat ko’pchilikka ko’p narsa kerak,
Barakali bo’lsin shuning-chun qozon.
Yaxlitdan xalq uchun foyda yo’q, beshak,
Baribir burdalab tashlar alamon.

Shoir

San’atda kosiblik — koziblikka teng,
Nahot odatiydir sizga bu holat.
Bu yerda noqobil qalamkashlarning
Hurmati balandga o’xshar bag’oyat.

Direktor

Bundoq ta’nalardan kamina xandon —
Chunki bu gaplarning barchasi bekor.
Do’stim, har hunarning o’z amali bor,
Taxtaga arra-yu, temirga sandon.
Tomoshagoh agar chor bozorimiz,
Tomoshabin bizning xaridorimiz.
O’ylab ko’ring, nedir uning matlabi?
Bizdan nima tilar, asli o’zi kim?
Uning tomoshaga kelish sababi…
Barini hisobga olmoq shart, do’stim.
Birov zerikkandan keladi bizga,
Birovi shunchaki hazmi taomdeb.
Birovining tushib donishi esga,
Bir-ikkita go’lni qilurman romdeb.
Xonimlar tomosha ko’rmoqqa tugul
Ko’rsatmoqqa kelur faqat o’zlarin.
Ular ko’z-ko’z qilib ketishar bepul
Yokadagi tulki va qunduzlarin.
Ey, xayol ko’kida uchgan shoirim,
Tushing endi pastroq, zaminga yovuq.
Beriroqdan qarang — tomoshabin kim?
U qo’pol, befahm, hissiz va sovuq.
Bu dargohdan chiqqach biron qimorga,
Birov faxsh uyiga urar o’zini.
Bas, bunda nima bor yuksak ash’orga,
Kimga yoqmoqchisiz qalb yulduzini?
Takror aytamanki, ko’p yozing faqat,
Gap ko’p bo’laversin, fikr shart emas.
Xaloyiqni hang-mang qilolsangiz, bas,
Siznikidir obro’, sizniki shuhrat.
Nechun o’yga cho’mib qoldingiz besas,
Yoki ilhom bilan qilursiz suhbat?

Shoir

Bor, izla o’zingga bo’lak xizmatkor,
Sen boshlagan yo’lga aslo bormasman.
Menda tangri bermish oliy huquq bor,
Seni deb men uni loyga qormasman.
She’riyat qalblarni yoqur ne sabab?
Nahot bois bo’lsa balandparvoz gap!
Shoir yuragida pinhondir olam,
Jahoniy uyg’unlik unda mujassam.
Parvosiz tabiat zamon charxida
Tiriklik ipini yigirgani chog’
Barkamollik bo’lmas uning tarxida,
Aralashib ketar gohi xas, po’choq.
Charx ishiga shunda kim berur to’zim,
Hayot rishtasiga kim berur oro?
Borliqning betartib suroniga kim
Musiqiy ohangdek baxsh etar jilo?
Kimdir shaydo qalbning tug’yon chog’ini
To’fon shiddatiga qilguvchi qiyos?
Kimga muhabbatning o’t firog’ini
So’ylaydur har oqshom botguvchi quyosh?
Kim ul bog’da ungan oddiy pechakni
Shuhrat gultojiga etdi barobar?
Kimning izmi ila olam chechakni
Mahbublar poyiga sochdi sabolar?
Kimdir ul, zabt aylab Olimp masnadin,
Tangrilar posboni bo’lolgan qodir?
Uldir odamzotning buyuk qudratin
Qalbida mujassam aylagan shoir.

Qiziqchi

Shunday ekan, demak, ilhomni chog’lang!
O’shal sehringizni ko’rsating, nabi.
Hodisalar ipin tezgina bog’lang
Muhabbat rishtasin bog’lagan kabi.
Axir sevgida ham shu bo’lur takror,
Tasodif uchrashuv, do’stlik, so’ng oh-voh,
Urishish, yarashish, bo’sa va nikoh.
Mana, qarabsizki, doston ham tayyor.
Mana, yoza qo’ying shuning o’zini,
Bu gap har qadamda — qo’l cho’zsangiz bas.
Har kimo’z qalbini o’zi anglamas,
Uni ko’rsatsangiz ochar ko’zini.
Yolg’onni do’ndiring, qaynangu jo’shing,
Lekin ikki og’iz rost gap ham qo’shing.
Shunda siz tayyorlab uzatgan sharbat
Ham arzon bo’ladi, ham jonga lazzat.
Savlat to’kib shunda el ko’rki yoshlar
Shu eshik oldida yig’ila boshlar.
Siz tutgan ajoyib ne’matdan totur,
Har kim o’z qalbiga keragin topur.
Barcha quloq tutib, ko’z qaydadur jim,
Bu dargohdan quruq qaytmaydur hech kim.
Kular, ko’z yosh to’kar qalbi go’daklar,
Tomoshadan uzmas hayrat ko’zini.
Kimki tutib olgan bo’lsa o’zini,
Unga asar qilmas turfa ertaklar.
Lekin qadam qo’ygan hayotga ilk bor,
Barin anglar, qilar tashakkur izhor.

Shoir

Sen ham menga o’shal yoshlikni qaytar,
Hayotga ilk qadam qo’ygan onimni.
Qaytarib ber menga otashin baytlar,
Kuylarga payvasta jismu jonimni.
Olamni chulg’agan tong tumonida
Hayrat ko’zin ochgan chog’larim qaytar.
Yoshlikday yetilgan bahor onida
Meni gulga ko’mgan bog’larim qaytar.
Qaytib bergin menga yoshligim, u payt
O’zim gado va lek ko’nglim shoh edi.
Men uchun oshu non — she’r va haqiqat,
Ilhomila to’qu ko’nglim chog’ edi.
Qaytar menga — hali dono bo’lmagan
Suronli ul sho’xu beboshligim ber.
Mehri ham, qahri ham sarhad bilmagan
Junun oshinosi — o’t yoshligim ber.

Qiziqchi

Yoshlik, aziz do’stim, janglarda kerak,
Dushman hamla qilsa u berur sabot.
Jononlar bo’yningga solsayu bilak,
O’zing keksa bo’lsang — undan so’r najot.
Yoshlik kerak bo’lur marraga qadar —
Lahzalarni quchib yugurgan chog’ing.
May ichib, shod bo’lib to oppoq sahar
Suronli davrada o’ltirgan chog’ing.
Va lekin rubobning torin chertmoqqa,
O’rgangan ohanging qilmoqqa takror,
So’z bilan dillarni asir etmoqqa.
Azizim, aksincha, keksalik darkor.
Derlarki, keksalik kelgach doimo
Bolalik qaytarmish, hayron qolamiz,
Aslida hammamiz o’lgungacha to
Olamdan g’ofilmiz — go’dak bolamiz.

Direktor

Bas, yetar, safsata sotmas ish bilgan,
Bekorchi siz-bizdan qanchalik foyda?
Vaqt o’tkazmoq nechun takalluf bilan
Darhol kelishmoqqa imkon bor joyda?
She’riy kayfiyatni tek kutgan shoir
Umr so’ngigacha kutishi mumkin.
Agar shoir bo’lsa chinakam olg’ir,
Ilhom etagidan tutishi mumkin.
Bizga nima kerak sizlarga ayon,
Sizdan shinni qilish — bizlardan qozon.
Tezgina kirishing, fursat kutmaydi,
Shartta qilinmasa hech ish bitmaydi.
Kun o’tdimi tamom qaytmaydi u hech,
Ish jilovin tuting, to bo’lmasin kech.
Nemis sahnasida, ko’ring o’zingiz,
Kim nima xohlasa qilib yotibdi.
Siz ham ish ko’rsating yetsa ko’zingiz,
Qanday asbob kerak to’lib yotibdi.
Sizga nur kerakmi — mana chiroqlar,
Qancha kerak bo’lsa ayamang, yoqing.
Mana bunda bo’ron — bunda chaqmoqlar,
Yong’in kerak bo’lsa bu yonga boqing.
Butun koinotu yulduzli olam —
Shu kichik sahnada bo’lmish jamuljam.
Osmon qabatlarin baridan o’tib,
Bunda tushmoq mumkin toki jahannam.

ARSHI A’LODAGI DEBOCHA

Tangri, samo qo’riqchilari, so’ng Mefistofel`. Uch maloika

Rafoil

Musiqiy samovot qabatlarida
Azaliy yo’lidan yelarkan shitob —
Gulduros taratib falak qa’rida
Ovoz bermoqdadir jahonga oftob.
Hayrat nigohini tikmish malaklar,
Ajabkim, kuch bermish belgisiz dunyo.
Yaralish onidan to bu dam qadar
Mangu masharrafdir sun’i taolo!

Jabroil

Aql bovar etmas sur’at-la zamin
Mahvar davrasida charx urayotir.
Zulmat kechasining quvlab qadamin,
Jannat nurin sochib tong turayotir.
Dengizlar xubobdin yuzga to’r tortib,
Vazmin qoyalarni yuvar damodam.
Qoya, dengizlarni yelkaga ortib,
Yelib bormoqdadir kurrai olam.

Mikoil

Yo’lida ne ko’rsa otib serzarda,
Junun tug’yonida ko’tarib suron,
Gohi ummonlarda, goh sahrolarda
Hukm surmoqdadir dahshatli bo’ron.
Titrar guldirakdan gumbazi davvor,
Shamshirin ko’tarur yer uzra chaqin.
Va lekin, ey xoliq, bul mo»jizakor —
Sening qudratingga o’qiymiz tahsin.

Uchovlon

Musiqiy samovot qabatlarida
Azaliy yo’lidan yelarkan shitob,
Gulduros taratib fazo qa’rida
Ovoz bermoqdadir jahonga oftob.

Mefistofel`

Maloikalardan, ey tangrim, yana
So’roqlab turibsan: «Olamda ne gap?»
Avvallar meni yot tutmasding. Mana,
Huzuringga keldim men ham shu sabab.
Bilasanki, so’zga chechanligim yo’q.
Ba’zi malaklarday va’z aytmamquruq.
Agar balandparvoz nutq so’zlar bo’lsam
Yumalab kularding hattoki sen ham.
Gapirmayman, yulduz, sayyoralardan,
So’zlayman yer uzra ovoralardan.
Inson — koinotda kichkina xudo,
Shunday yaralgan u azal ibtido.
U balki tuzukroq yashardi bukun,
Sen solmagan bo’lsang ko’ngliga uchqun.
O’sha uchqunni u aql deb atar,
Kuni u tufayli hayvondan battar.
Kechir, garchi unga berding bashar ot,
Ammo yashayotir misli hasharot.
Xuddi chigirtkadek xas-cho’plar aro
Goh uchar, goh sakrar, goh tuzar navo.
Mayli edi yursa makonida jim,
Har ishga tumshug’in suqar u, tangrim!!

Tangri

Arzing shumi? Yana o’sha eski gap!
Bir ishkal topursan har ishdan, ajab?
Ro’zi olamdin sen, demak, norizo?

Mefistofel`

Tangrim, olamingda ish juda rasvo!
Shunday uqubatda yasharki odam —
Rahmim kelar unga hatto mening ham.

Tangri

Faustni tanirsan?

Mefistofel`

Tabibmi?

Tangri

Qulim.

Mefistofel`

Gaping to’g’ri, ammo toat usulin
Bajo etar quling g’oyat turfa hol,
Uning g’izosi ne — tushunish mahol.
U kurashni sevar — oshadir dovon,
Yirok manzillarni ko’zlar doimo.
Istar — yulduzlarin uzatsin osmon,
Yer esa baxsh etsin tuganmas safo
Va lekin har nechuk bo’lsa komron —
Taskin topa olmas u ko’ngil aslo.

Tangri

Bilaman — men uchun umri mehnatda.
Demakkim hidoyat bo’lgay sarvari.
Nihol ekar bo’lsa bog’bon albatta —
Ko’z oldida bo’lar guli, samari.

Mefistofel`

Garovga tayyorman! Ishonchim komil,
Bu qulingni sendan tortib olaman.
Men o’zim uni bir yo’lga solaman,
Vakolat ber — menman bu ishga omil.

Tangri

Mayli, sinab ko’rgin, senda ixtiyor,
U to tirik ekan qo’lingda sening.
Izlanish bor yerda adashish ham bor.

Mefistofel`

Rahmat, tangrim. O’lik zotlarda mening
Zarra ishim yo’kdir. Ular ne darkor?
Meni tortar o’zga faqat tirik jon,
Yuzdagi qizillik, yurakdagi qon.
Kerak emas menga murdalar aslo,
Tirik sichqon kerak mushukka hatto.

Tangri

Topshirurman uni ixtiyoringga,
Har qancha tubanlik bo’lsa — boshlagin,
Ko’rayin, qanchalik ergashur senga,
Mayli, olib borib jarga tashlagin.
Sen garovni so’zsiz boy berding, ayon,
Zulmatdan yo’l topib chiqolur inson.
Unga chiroq bo’lur men bergan idrok.

Mefistofel`

Garov o’ynamoqqa roziman bebok,
Lekin ayon bo’lur o’tmay ko’p fursat,
Taslim bo’lar menga odamzod albat.
Ko’rarsan, sen shuncha ishongan odam
Tuproqqa qorishib bo’ladi barbod.
Bamisoli mening suyukli xolam —
Ilondek sudralib kechirgay hayot.

Tangri

O’shanda kelaqol, tortinma sira,
Sen kabilar menga yot emas, ishon.
Barcha iblislaru gumrohlar ichra
Menga yaqinroqsan, aldoqchi shayton.
Inson tabiati uyquga moyil,
Sen unga qutqu sol, turtib tur doim.
Atrofida aylan, qo’zg’ot erta-kech,
Har zamon bedor tut, oromberma hech.

(Maloikalarga)Ey, siz farishtalar, mehru donishning
Suyuk farzandlari, so’zim eshiting.
Olam go’zalligi zavq bersin sizga,
Kimki yuragida shavq bilan yashar —
Kimki alamchekar, yonar, kurashar,
Yoru hamroh bo’lsin yuragingizga.

Osmon yopiladi. Maloikalar tarqalishadi.

Mefistofel`(Yolg’iz)

U so’zlar naqadar sokin, muloyim!
Unga o’zni yaqin tutaman doim.
Bu cholning ajoyib bir xislati bor,
Hatto iblisga ham bermaydi ozor.

Birinchi qism
TUN

Gotik uslubda ishlangan shifti qubbalik uy. Faust miktobga qo’yilgan ochiq kitobga ko’z tikib kursida bedor o’ltiradi.

Faust

Ilohiyot ila band bo’ldim,
Faylasufi xiradmand bo’ldim.
Ilmi huquq, ilmi tabobat —
Barchasini o’rgandim, faqat,
Faqat menga bir narsa ayon:
Nodon edim, nodonman hamon.
Bordir doktori, magistr otim,
O’n yildirki, kechar hayotim
Shogirdlarni aldamoq ila,
Goh o’ngu goh ters saboq ila.
Tahsil ko’rar ular besavob,
Shundan chekar vijdonim azob.
Men-ku avlo ulamolardan,
Tabiblardan, fuzalolardan,
Bular ichra jin urmagan kam, —
Mendan-chi, dars olur jinlar ham.
Kimligimni bilaman, ammo —
G’urur ila sanamam aslo
O’zni olam bog’iboni deb,
Ahli odam charog’boni deb.
Topganim yo’q boylik va shuhrat,
Totganim yo’q hayotda lazzat.
It chidamas, bu qanday hayot!
Men jodudan izladim najot.
Toki ruhlar kelsin, chorlasam,
Ayon etsin asrorni olam.
Toki men g’o’r, jaholatga band —
Sanamayin o’zni donishmand.
Tanholikda bilayin, olam
Qay kuch ila uyg’un erur, jam.
Ko’ngil bermay nodon bid’atga,
Toki yetay tub haqikatga.
Oy, sen menga bedor oshino,
Tunlar ko’nib darchamga tanho,
Men xat uzra chekkanda zahmat,
O’zing bo’lding tonggacha ulfat.
Qani endi, ey mohi anvor,
Ko’rsang meni bunda so’ngi bor,
Ulfat bo’lsam senga tog’larda.
Chulg’ab tonggi moviy tumanlar,
Farishtalar birla g’ilmonlar —
O’ynab uchgan ko’k o’tloqlarda
Shabnam kechib chopsam, unutsam
Diqqi nafas olimlikni ham.
Tanholikning dardi yurakda,
Lekin hanuz men shu katakda.
Bunda yolriz naqshin darchadur,
Tushmas undan hatto parcha nur.
Changga botgan kitoblar bilan
To’la bu uy shipga qadar to.
Bu kulbada chiroq dudidan
Hatto yorug’ kunduz ham qaro.
Bunda sonsiz so’ngak qalashgan,
Olaming shu — shu senga maskan.
Aytgil, yana ne uchun paydo
Yuragingda bo’yla hayajon?
Ne asrorkim, bu zindon aro
Yillar o’tib bo’lmading xazon?
Aytgil, nechun kechding tangri yor —
Tabiatning tirik jonidan?
Devor ichra yasading devor
Ajdodlarning ustixonidan?
Qoch bu yerdan, o’tkazma damni!
Ket va hamroh etib yo’lingga
Sirlar to’la Nostradamning
Kitobini olgin qo’lingga.
Shunda senga yulduzli samo
Ayon qilur tiriklik rozin.
Ko’ngling bo’lur dog’dan musaffo,
Tinglagaysan ruhlar ovozin.
Ammo ular belgisi mavhum,
Sharh etolmas quruq tafakkur.
Ey siz, ruhlar, sizni chorlagum,
Javob bering, ko’rguzing zuhur…

(Kitobni ochadi va makrokosm belgisini ko’radi)

Menga bu sirli xat baxsh etib qudrat,
Qo’zg’ar yuragimda shodon tuyg’ular.
Bu nechuk sinoat, bu nechuk hikmat,
Qayta tangri yaratmish ushbu belgini,
Yaratmish dardlariga davo aylamish,
G’ussalar tunidan qutqarmish meni.
Borliq ko’z oldimda misoli suvrat,
Go’yo mening o’zim xoliqi kudrat,
Go’yo ilkimdadir jahoniy mir’ot,
Go’yo kaftimdadir butun koinot.
Ayo bo’lmish menga bu dono hikmat:
«Sening yoningdadir ruhlar dunyosi,
Eshigi qulf emas, sen ko’rsan faqat.
Seni cho’miltirsa sahar ziyosi,
Ko’z ochsang, bu dunyo mana, marhamat».

(Suratni diqqat bilan ko’zdan kechiradi)

Bu tinimsiz koinot ichra
Ajab, komil tartib ustivor.
Mulki borliq aro qay burchda
Ehtiyotlik xazinaki bor —
Necha minglab qanotli jondor
Navbat ila oltin cho’michda
Bir-biriga uzatadur boz,
Gohi sho’ng’ir, goh qilur parvoz.
Ne manzara! Men uchun biroq
Jonsiz surat — manzara faqat.
Sening qutlug’ og’ushingdan, voh,
Yana chetda qoldim, tabiat!
Qandoq mumkin senga yetishmoq,
Bahra olmoq quchoqlaringdan,
Sening zilol buloklaringdan
To’yib-to’yib shimimoq sharbat.

(Alam bilan yangi varaq ochadi va yer ruhining belgisini ko’radi)

Menga marg’ub ushbu alomat,
Zamin ruhi oshnodir menga.
U tufayli shavq ila faqat
intilaman doim oldinga.
Bunday chog’da tayyor bo’lurman
Hamma uchun baxsh etmoqqa jon.
Kunim bitgan bo’lsa benolon
Bosh ko’tarib mag’rur o’lurman.

Burqib yotar oq bulut,
Oy bo’ldi nihon.
Chiroq o’chdi, tutunga
Chulg’anadi xonam.
Silab o’tdi qizg’ish nur
Asta peshonam,
Vujudimni titratib
Solib hayajon,
U dunyoning dahshatin
Etib namoyon,
Shipdan bir nafas keldi!
Ey, ruhi olam.
Shu yerdasan, kelaqol,
Kel, kel, kel! Tezroq!
Yurak yonar! Borlig’im
Sen bilan hamdam.
Fikri chuvaldi, tanim
Chulg’adi titroq.
Kel, kelaqol, mayliga,
Ko’rsamu o’lsam.

(Kitobni olib sirli duo aytadi. Qizg’ish olov ichidan ruh paydo bo’ladi)

Ruh

Yo’qladingmi?

Faust (Yuz burib)

Bedavo xilqat.

Ruh

Duo bilan meni chorlading,
Ko’p yolbording, kel deb zorlading.
Mana, keldim.
Xo’sh…

Faust

Qanday dahshat!

Ruh

Kel, kel, dedi o’zi betoqat,
O’zi qildi ko’rmoqni orzu.
Men rahm etib yerga tushdim-u,
«Dahshat» deydi sohibkaromat,
Qani jur’at, ey oliy odam!
Tuyg’ularing otashi qani?
Ha, yo’l bo’lsin bizga yetgani!
Yoki mendan tilarsan yordam?
Senmi o’sha Faust, men bilan
Mag’rur turib so’ylasholgan zot!
Keldim, — nechun bir so’z demaysan,
Ayt, g’ururing bo’ldimi barbod?
Qo’rquv ichra to’lg’anursan lol
Ayanchli bir chuvalchang misol.

Faust

Yo’q, ruh! Qo’rqqanim yo’q! So’zlaring abas,
Men Faustman — sendan zarra kam emas.

Ruh

Men — hayotning ummonidaman,
Harakatlar bo’ronidaman.
Olovga ham, suvga ham yorman,
Hamma yerda hamma vaqt borman:
Tug’ilish, o’lish
Nisbatida men.
Doimo o’sish
Xizmatida men.
Men — daryodurman,
Mavjman — silsila.
Men — dastgohdurman —
Sohir ip ila
Zamon otli kashta to’rin yer uzra yoyib
Libos tikkum ilohiyat uchun ajoyib.

Faust

Ey sen, tiriklikning betinch dahosi —
Mening timsolim!

Ruh

Yo’q! Aqling ziyosi
Kashf etgan ruh faqat senga oshino.
Men emas aslo!
(Yo’qoladi.)

Faust
(Alamli)

Sen emasmi?
Yo’qsa, kimdir, ayt?
Nahotki men —
Tangriga monand —
Ollohning timsoli, shu gumrohga ham
Teng bo’lolmasam?

(Eshik taqillaydi.)
Ana xolos! G’oyat bemahal tashrif!
Men ruh visoliga bo’lganda mushrif,
Kayfimni tarqatur badqovoq, g’alcha,
Sayoz qiroatxon bu mullabachcha.

Tungi yopinchiq va taqya kiygan Vagner chiroq ko’tarib keladi, Faust noxushlik bilan unga qayriladi.

Vagner

Kechiring, siz yunon fojiasidan
She’r o’qitganingiz yo’qmi mabodo?
Jur’at qilib kirdim, muddao — sizdan
She’r o’qish san’atin o’rganish, usto!
Voiz olmoq bo’lsa rbro’ cho’qqisin,
U aktyorga shogird bo’lib o’qisin.

Faust

Agar voiz bo’lsa aktyor o’zi ham,
Bunday zotlar, axir, emas bizda kam.

Vagner

Biz tunu kun uyda qilurmiz mehnat,
Olamni ko’rurmiz bayramda faqat.
Axir qanday mumkin elni boshqarmoq,
Ibodat ahlidan biz g’oyat yiroq.

Faust

Chinakam iqtidor yo’q bo’lgan joyda
Peshona teridan qanchalik foyda?
Aqlu zakovatda bo’lolsa ustun,
Voizu nosihning imoni butun.
Kimki o’zi tanbal ham zehni o’tmas.
Bo’lmagach yangilik izlashga toqat,
O’zgalar fikrini takrorlar faqat.
Bundaylar gohida topurlar obro’
Ba’zi g’ofillaru go’daklar aro.
Va lekin bo’lmasa fikr va tuyg’u
Yurakdan yurakka yo’l yo’kdir aslo.

Vagner

Ammo katta gapdir ovoz, usul ham,
Sezaman, tajribam shu borada kam.

Faust

Halol obro’ olib o’rganing har vaqt,
Ma’ni deng, berilmang ortiq ohangga.
Quruq safsatayu va’z esa faqat —
Jaranglab turguchi qalbaki tanga,
Ko’ngilda shavq o’ti yonsa chinakam,
Chiroyli so’zlarin axtarmas odam.
Gar ma’ni puch bo’lsa, qofiyalik so’z,
Ohangdor jumlayu chiroyli maqol
Ko’ngilni g’ash qilur, bamisoli kuz —
Xazon yaproqlarin uchirgan shamol.

Vagner

Va lekin umrimiz qisqadir g’oyat,
Bilim yo’li esa uzundan-uzoq.
Kaminangiz holi halitdan chatoq,
Qo’rqaman, battarroq o’lgay oqibat.
Umrining yarmini berar ba’zilar
Yetib olmoq uchun buloq boshiga.
Lekin yarim yo’lda ko’pi cho’zilar
Urilib jonbozlik xarsangtoshiga.

Faust

Qog’oz bosa bilmas ko’ngil tashnasin,
Tafakkur miftohi kitobda emas.
Hayot asroriga intilgan har kas
O’z qalbidan topar sirlar chashmasin.

Vagner

Biroq bu olamda eng go’zal va soz
O’tmish asrlarga aylamoq parvoz.
Naqadar zavqlidir o’rganib bilmoq —
Qanchalar ketibmiz ulardan yiroq.

Faust

Sizningcha, ular yer, biz esa samo.
O’tmish asrlarga qo’l urmang aslo!
Yecholmaymiz sirli moziy muhrini,
Mudarrislar aytgan zamon ruhini
Ularning o’z ruhi fikri deb anglang.
Bu — o’tmish haqida ertaqdir. Uni —
Haqiqiy o’tmish deb ayturlar, attang.
Ba’zilar o’tmishni qilganda xayol,
Bir hujra ko’rinur — to’la chuvrindi.
Ba’zilarga esa o’tmish bamisol
Qo’g’irchoq o’yini bo’lib ko’rinadi,
Emishki, ajdodlar bo’lmishlar bir choq
Bozingar qo’lida tirik o’yinchoq.

Vagner

Dunyo-chi? Hayot-chi? Odamzod o’sdi
Bilmoq uchun olam sirin mukammal.

Faust

Bilmoq o’zi nima? Gap shunda, do’stim,
Bu jabhada hali ko’p narsa ishkal.
Olam sirdoniga kalit topganlar,
Qalb uyin ochganlar bo’lgan xoru zor.
Barchaga ayonkim, ularni ming bor
Gulxanga yoqqanlar, butga qoqqanlar.
Gap ko’p, ammo yetar. Dam olish darkor.
Kech bo’ldi, buguncha bahsimiz tamom.

Vagner

Menga qolsa, qani, tonggacha bedor
Bu ajib suhbatni etardim davom.
Lekin erta bayram, fursat topib shom —
Kelarman. Birmuncha savollarim bor.
Men ko’p o’qiyman, ko’p bilaman, ammo
Bilgim kelar to’lug’ va beistisno.
(Chiqadi.)

Faust
(Yolg’iz)

O’tga, cho’qqa urar tentak o’zini,
Xazina qidirar solmoq bo’lib chang.
Dur izlab ko’lmakka tikar ko’zini,
O’zida yo’q xursand — topsa chuvalchang.
Bunda men ruh bilan qilganda suhbat,
Meni lol etganda sohir siymosi,
U tinchimni buzdi. Lek senga rahmat,
Do’zaxiylar ichra eng past gadosi!
Aqldan ozardim yolg’iz, ehtimol,
Agar eshigimni ochmagan bo’lsang.
Ruh qarshimda edi ulkan devmisol,
Men mitti odamday turardim garang.
Men tangri monand sanalgan bir zot
O’zni ilohiy deb bilibman chindan.
G’urur ko’r qilibdi ko’zimni, hayhot,
Haddimdan oshibman. Ayb o’tdi mendan.
Osmoniy sanadim o’zimni bebok,
Avliyoman dedim, dedim analhaq.
O’yladimo’zni men farishtadek pok,
Daholar singari zo’r, hukmi mutlaq.
Shu g’urur tufayli men tirik o’ldim,
Chaqmoqday bir so’z-la chilparchin bo’ldim.
Sharmisor etmakka haqqing bor meni,
Ruh! Kelishga majbur etdim-u seni,
Tutib turolmadim va lekin bir dam.
Dahshatli kuch ezdi yelkamdan shitob,
Dilimni o’rtadi so’ngsiz iztirob.
Tubanlikka otding meni bekaram, —
Tubanlikkim, shu yer — shu xonai g’am.
Endi nima bo’ldi orzu, shirin xob,
Ezgu xayollarim aylaymi hamdam?
Rost, hayot zahmati qiynamas bizni, —
O’zimiz to’samiz o’z yo’limizni.
Qorin deb o’tarmiz foniy dunyodan,
Yurak tashnaligi bizga begona.
Yuksak maqsadlarni ko’zlagan odam
Bizlarda sanalur dalli devona.
Eng go’zal, musaffo, sirli tuyg’ular
Hayot girdobida yanchilar, o’lar.
Goh ilhom zabt etsa ko’ngillar kunjin,
Uchurmiz chulg’anib moviy tumanga.
Lekin yelkamizga osilgan xurjun
Darhol olib tushar bizni tubanga.
Safsata vijdonga po’shida bo’lar,
O’zimiz tanbalmiz, bo’shangmiz, xarob.
Shafqat, nomus deymiz, aslida bular
Ojizlik yuziga tortilgan niqob.
Turfa xil sababu uzr yagona
Ko’ngilni aldamoq uchun bahona.
Bola-chaqa deymiz, uy-joy va xotin…
Goh o’tdan qo’rqamiz, gohida suvdan.
Yo’q, bular ojizlik solgan qo’rquvdan,
Zohir hadik esa, tubanlik botin.
Menmi xudovand? Yo’q, kimligim ayon,
Men koinot aro ko’r bir chuvalchang —
Mahkumman sudralmoq va yutmoqqa chang,
Oyoqlar ostida bo’lmoqqa qurbon.
Ha, umrim kechmoqda bosib chang, mag’or,
Chor atrofim kitob, o’zim tutqunda.
Eski-tuski to’la sandiqlar bunda,
Barchasi g’ubordir, barchasi g’ubor.
Topurmanmi bunda nima izlasam?
Hay, minglab kitobdan topdim bir ma’no:
Doimo azobda yashagan odam,
Baxt esa hamisha bo’lgan istisno.
Ey sen, bosh so’ngagi, tirjayib hamon
Meni masxaralab turibsanmi, ayt?
YO sening egang ham mendek bir zamon
Shodlik, baxt qidirib topganmi kulfat?
Ey siz, bag’ri chiziq, turfa shishalar —
Kimyo ashyolari, kulmoqdasiz jim.
Men sizni kalit deb bildim muqarrar,
Lek tabiat qulfin ocha bilmadim.
Tabiat o’z sirin ganjina taxlit
Tilsim qopqasi-la aylamish nihon.
Ochib bera olmas hech qanday kalit,
Buzib kira olmas hech bir palaxmon.
Ey, men qo’l urmagan siniq sopollar,
Kimyo sohibi qoldirgan bisot,
Ey, siz, qay zamonlar, qaysi bir xattot
Ko’chirgan qog’ozlar — ne hasbi hollar,
Shuncha yil sizlarga qilguncha toqat,
Bo’lmasmidi bir yo’l aylasam barbod?
Meros saqlamoqqa loyikdir faqat
O’zi ham bir meros qoldirguvchi zot!
Matoh yig’ar faqat bechora xasis,
Har yangi lahzaning mevasi laziz.
Ajabo, ne uchun bu sirli shisha
Ohanrabo yanglig’ tortar ko’zimni?
Men nigoh tashlasam unga hamisha
Oydin o’rmon aro sezdim o’zimni.
Seni olqishlayman, ey qutlug’ sharbat.
Ko’nglim topinadi sen tomon faqat,
Inson yaratolgan eng buyuk ne’mat!
Senda mangulikning shirin uyqusi,
Sendadir o’limning eng zo’r og’usi.
Kel, ijodkoringga ber bukun najot!
Senga boqar bo’lsam — dardim tag’ofil,
Seni qo’lga olsam — taskin topar dil.
Tinadur u isyonkor yurak qutqusi,
Meni og’ushiga chorlar yiroqlar,
Chorlar yangi kunlar, yangi qirg’oqlar,
Cheksiz umonlarning nurli ko’zgusi.
Ana, uchib keldi o’tli arg’umoq,
Uning qanotida uchmoq istayman.
Belgisiz bu olam, sirli bu ravoq
Bag’riga otilmoq, quchmoq istayman.
E voh, nahotki men — xasdek tuban zot
Tangri dargohiga vosil bo’lolsam!
Ha, yer quyoshidan yuz bur, ey odam,
Bir yo’l hayotingni eta qo’y barbod!
Odamzod aqliga dahshat solguvchi
O’shal darbozani qilginu yakson,
Tangrilar oldida insonning kuchi
Zarra kam emasdir, etgil namoyon.
Mayli, girdibodu dahshat ostona
Rivoyati ila solaroq qo’rquv
Xayolot yaratgan turfa afsona
Tamug’ alangasin yoqsa ham mangu,
O’shal ostonadan dadil qo’y qadam,
Mayli, hatto seni quchsa hamadam.
Kel, ey, ajdodlardan tark aylayu chiq.
Seni unutgandim. Bir zamon rosa
Bobolar bazmida jilvagar, yoniq —
Olmos qirralaring ko’rguzib, qadah,
Necha majlislarni qilding mufarrax.
Seni qo’lga olib aytdilar alyor,
Hamdu sano o’qib bazm ahli senga,
Oppoq simirdilar takror va takror.
O’shal shod kunlarni eslatding menga.
Va lekin men alyor aytolmam endi,
Chunki lab ochmoqqa bo’lmagay fursat.
Necha yil quyuldi, qoraydi, tindi
Men o’zim yaratgan bu sirli sharbat.
Uni sipqorurman men o’zim bukun
Kelajak quyoshli yangi tong uchun.

(Qadahni ko’taradi).
Shu payt yangragan xor ovozini eshitib sergaklanadi…

O’RMONDAGI G’OR

Faust
(Yolg’iz)

Ey sen, ilohiy ruh, neki tilasam,
Barcha tilagimni aylading bajo.
Sen olov ichida ko’rinding menga,
Tabiat ko’rkini qilding armug’on.
Menga berding so’ngsiz shavq tuyg’usini.
Endi men emasman olam ko’rkiga
Hayrat nigohini tikkan bir mehmon.
Uning zamrini ochib qarayman
Do’stning yuragiga boqqandek go’yo.
Neki jonli bo’lsa bu olam aro,
Sen bir-bir o’tkazding ko’zim oldidan
Ham o’rgatding menga ular barini —
Barcha jonivoru qush, o’t-o’lanni
Og’a — birodar deb bilish fununi.
O’rmonni quchganda dahshatli bo’ron
Yerga qular ekan asriy qarag’ay,
O’zga daraxtlarni qilganda poymol,
Aks sado berganda unga ufqlar —
O’rmondagi g’orga yetaklab meni,
Bunda tanholikda o’ltirib sokin,
O’qitding o’zimga qalbim kitobin,
Meni oshno qilding ajib sirlarga.
Men oyga qarayman va shabnam ingan
Yaproqqa, qoyaga solurman nigoh,
Asta suzayotgan bulut soyasi
O’tmish sharpalarin eslatur menga.
Qarayman va menga yuksak kamolot
Nasib bo’lmaganin sezaman shunda.
Meni tangrilarga teng qilguvchi kuch —
Yuksak xayollarga aylab hamnafas,
Yana hayotim yo’q, garchi u sening
Menga bag’ishlagan barcha ne’mating —
Qilgan bo’lsa hamki tuproq bilan teng.
U menga ko’rsatdi go’zallik sehrin,
Yokdi yuragimga sirli alanga.
Sovutmoq bo’laman o’zimni, ammo
Yana o’rtar meni so’ngsiz ehtiros.

(Mefistofel` keladi.)

Mefistofel`

Eh, darvesh! Joningga tegmadi, nahot,
Kimsasiz o’rmonda o’y so’rmoq tanho!
Bu qanday ko’rgilik, bu nima hayot,
O’ylab topmadingmi o’zga bir savdo?

Faust

Topsang bo’lar edi sen ham biror ish
Ayg’oqchilik qilib yurishdan bo’lak.

Mefistofel`

Hazillashdim. Hadeb arra tortishish,
O’zing ham o’ylab ko’r, nimaga kerak?
Badfe’l, odamovi ekansan juda,
Senga duchor kildi ne uchun taqdir?
Erta-kech sen uchun qayg’ursam, axir,
Nimaki istasang, olam burchida
Bo’lsa hamki, senga qilsam muhayyo —
Yana aybdorman, boshimda balo.

Faust

Taajjub, aytmog’im kerakmi rahmat
Ertayu kech xira bo’lganing uchun?

Mefistofel`

Ey inson, so’rashga qilurman jur’at,
Men bo’lmasam qanday yasharding bukun?
Kim seni tanholik uqubatidan,
Diqqinafaslikdan qutqardi mudom?
Men bo’lmasam jisming, ey dono odam,
Zamin sahifasidan o’pardi tamom.
Bu tog’ o’rmoniga kelding ne sabab?
G’amlaring yozmokchi bo’ldingmi tanho —
Yolg’iz xonish qilgan baqaga o’xshab,
Vayronaga qo’ngan boyqushdek go’yo?
Bir karra ishondim, ko’ksingda hamon
O’sha yakkash olim yashar begumon.

Faust

Qani bilsang edi, men bu masnaddan
Topurman qanchalar quvonch va yog’du.
Bilganingda edi, so’zsiz, hasaddan
O’shal quvonchimga solarding og’u.

Mefistofel`

Mana bu haqiqiy samoviy lazzat!
Tun bo’yi o’y surmoq tog’li o’rmonda!
Ilohiy hislarni asramoq jonda
Va tanho izlamoq rohi hidoyat.
Olam yaratilgan qutlug’ olti kun —
Hikmatin jam etmoq ko’ngilda butun.
Bu yorug’ dunyoda bo’lsa ne donish,
Neki asror bo’lsa, barini olish —
So’ng tafakkur eltgan o’sha yuksaqdan
Allanarsa qadar yiqilmoq tuban.

(Xunuk qiliq qiladi.)

U hakda nimadir aytardim, faqat
Tilga olmoq uchun yo’l qo’ymas uyat.

Faust

Naqadar razolat!

Mefistofel`

Nechun ko’zlaringda bunchalar g’azab?
Nomusdan qizarding, vujuding — qahr.
Orzimdan chiqmayoq haqiqat so’zi.
Tiriklik ichra bu bor gap-ku, axir,
Axir, usiz yo’q-ku nomusning o’zi.
Mayli, aldamoqni qo’ymagin sira,
Munofiq yuzingga tuta ber niqob.
Ammo bilib qo’ygin, tor kulba ichra
Gretxen sen uchun chekmoqda azob.
U yolg’iz, u seni o’ylaydi faqat.
Visol ishtiyoqi ezmoqda uni.
Yemak-ichmagida yo’kdir halovat,
Tamomunutgan u orom, uyquni.
Uning muhabbati toshqin beqirg’oq,
Uning muhabbati bilmas intiho.
Sen esa sho’rlikni unutding, qochqoq,
Iztirob ichida qoldirding tanho.
Tinch o’rmon qo’ynida yulduzlar bilan
Suhbat qurib bunda yotgandan ko’ra,
Xabar ol o’rtangan qizning holidan,
Sen deb xarob bo’lgan ko’nglini so’ra.
U sho’rlik darchadan termulib bukun
Karvon bulutlardan so’rmoqda najot.
Qo’shiq aytmoqda u ohista, mahzun:
«E, voh, qani endi qush bo’lsam ozod».
Goh kuladi sho’rlik, goh chimirar qosh,
Goh ma’sum xayolin chulg’aydi tuman.
Va lekin hamisha ko’zlarida yosh,
Va lekin hamisha ko’nglida armon.

Faust

Ilonsan! Ilonsan!

Mefistofel`
(O’zicha)

O’t soldim jonga,
Otgan o’qim borib tegdi nishonga.

Faust

Bas qil vasvasangni, ey ruhilla’na,
U haqda bir og’iz so’z qota ko’rma.
Bazo’r oromtopgan bo’ronni yana
Dardkash yuragimda uyg’ota ko’rma.

Mefistofel`

Ammo qiz ko’nglida qo’rquv, hayajon.
Meni unutdi deb qilmoqda gumon.

Faust

Yo’q, qayda bo’lmay, u menga hamnafas,
Ko’zim oldida u, u deb tepar qalb.
Men, hatto, sanamga qilurman havas —
Ul sanamga yorim bosganida lab.

Mefistofel`

Gullar og’ushida yotgan juft tanga,
Qaramoq naqadar zavq berur manga.

Faust

Yo’qol, ey qo’shmachi!

Mefistofel`

Mayli, so’ka ber,
Men esa eshitib kulaman, xolos.
Tangri yaratdiyu ayol bilan er —
Bir-biriga moyil berdi ehtiros.
Yetar, quvla mungli xayollarni bas,
O’zni yo’qotma sen go’dak misoli.
Axir, senn jallod yoki dor emas,
Kutayotir go’zal yorning visoli.

Faust

Oh, dilbar og’ushi men uchun jannat,
Barcha lazzatlarning yetuk kamoli.
Ammo yor bag’rida topganda rohat
Ko’z oldimdan ketmas qizning zavoli.
Men kim? Bir bevatan, g’amli soyaman,
Devona ko’nglimda orom yo’q zarra.
Men go’yo ko’z yetmas yuksak qoyadan
O’zni tubsiz jarga otgan sharshara.
Yonimda esa ul — sokin kulbada
Osuda tiriklik ko’rguvchi bir jon.
O’sha nihol qomat, o’sha gul badan —
Torgina kulbasi unga keng jahon.
Men-chi, yovuz toshqin, menga go’yo kam
Yuksak qoyalarni otganim pastga,
Ulkan xarsanglaru zaranglarni ham
Beayov qorganim qumga va xasga.
Men yana ul ma’sum jon bir go’dakning
Sokin hayotiga solurman changal.
Aytganing bo’lsin sen yovuz malakning,
Boshla meni qizning yoniga jadal.
Diyonat hislari chekinsin bir dam,
Adolat, shafqatga ko’r bo’lsin ko’zim,
Men uni quchgancha baland cho’qqidan
Tubsiz jar qo’yniga otgayman o’zim.

Mefistofel`

Yana g’azab, yana mislsiz tug’yon!
Bor uning yoniga, ovutgin tezroq.
Berk ko’chaga kirib qolsa gar ahmoq —
Olam tugadi deb qiladi gumon.
Axir sen hamisha mard eding, botir,
Olg’a yur, chekinma, xayol sur kamroq.
Dadil bo’l, nimadan qo’rqasan, axir —
Shaytonning o’zi-ku yoningda hamroh.

HIBSXONA

Faust qo’lida bir boylam kalit bilan eshik oldida turibdi.

Faust

Vujudim alamdan yonayotir, voh,
So’ngsiz uqubatdan yuragim pora.
Mana shu xonada ma’sum, begunoh —
Bandi bo’lib yotar bitta bechora,
Nega jim turibsan, titraysan nechun?
Ko’ziga boqishdan qo’rqasanmi yo?
Tez bo’l! Ikkilanma! O’tsa agar tun,
Uning hayotiga yetgay intiho.
(Qulfga qo’l uzatadi.)

Ichkaridan ovoz
Meni g’ar onam
Bo’sh qo’ygan edi,
Odamxo’r otam
Go’shtimni yedi.
Tanimni opam
Tuproqqa berdi.
Kelganda ko’klam
Toparman hayot.
Ucharman men ham
Chiqarib qanot.

Faust
(Eshikni ochib)

Bechora sezmadi bunda yurganim,
Kishan sadosini tinglab turganim.
(Ichkari kiradi.)

Margarita

(Poxol orasiga yashirinib)

Meni o’ldirgani kelishdi, ana!

Faust
(Sekin)

Jim bo’l, seni olib ketgani keldim.

Margarita
(Oyog’iga yiqilib)

Ey qotil, ozgina sabr qil yana!

Faust

Yig’lama, soqchini uyg’otasan, jim.
(Kishanlarni sindirmoqqa urinadi)

Margarita
(Tiz cho’kib)

Qatl etmoqqa men bechorani
Huquq berdi kim senga, bedod!
Qo’y, tonggacha o’ldirma meni,
Ko’rib qolay tong yuzin, jallod!
Hali vaqt bor, yarim tun hozir,
Hukm tongda etilgay ijro.
(O’rnidan turadi.)
Juda yoshman, yoshman-ku, axir,
Bo’lmoqdaman bemahal ado.
Go’zal edim g’oyat bir zamon,
Husnim meni o’ldirdi ayon.
Yor yonimda edi u chokda,
Hozir esa yiroq-yirokda.
Men gul kabi so’lib firokda
Bo’lurman xazon.
Qattiq qisma meni, shafqat qil,
Qilganmidim yomonlik, qotil,
Najot ber menga.

Faust

Qanday chiday men bu alamga?

Margarita

Mayli, jallod, mayliga, o’ldir,
Qatlim yaqin, taqdirim shuldir.
Sut berayin faqat bolamga.
Yolg’izimni quchoqlab bu tun
Yig’lab chikdimu bilan butun.
Uni mendan tortib oldilar,
Meni shunday dardga soldilar.
Endi esa qilishar tuhmat,
Men o’zimni qotil o’ylashar,
Men haqimda qo’shiq kuylashar,
Bu qanday ofat!

Faust
(Uning qoshida tiz cho’kib)

Men bundaman, menga quloq os,
Keldim seni qilgali xalos.

Margarita
(Uning yonida tiz cho’kib)

Kel cho’kaylik tiz
Ikkov yonma-yon
Qo’l cho’zaylik tez
Tangrimiz tomon.
Yorishmoqda yog’du
Do’zax otashi:
Ana, turadi
U yerda iblis,
Qah-qah uradi,
Dilda qo’rqinch his.

Faust
(Qattiq)

Gretxen! Gretxen!

Margarita

Yorning ovozi!
U meni chaqirdi — men endi ozod!
(Sakrab turadi. Kishanlar to’kiladi)
Yaqin erk qushining baxtli parvozi,
Tugar istibdod!
Yugurmog’im kerak men unga peshvoz,
Oh, quchmog’im kerak bo’ynidan mahkam.
U «Gretxen» dedi, tanish bu ovoz
Barcha dardlarimga bo’lguvchi malham.
U eshik oldida. Sezmoqda ko’ngil
Bu vahshiy zulmatu g’am-kadar aro,
Dahshatli do’zaxiy xandalar aro
Uning tingladim men — chorlayotir ul.

Faust

Shu yerdaman!

Margarita

Ana shu yerda yorim!
Yana bir etgil so’zingni takror.
Unut bo’ldi barcha chekkan ozorim,
Qolmadi bir zarra ko’ngilda g’ubor.
Endi men o’lmasman! Sen qilding xalos!
Ertayu kech seni o’yladim, xolos.
Ko’z oldimda ko’cha, ul oqshom chog’i —
Shunda ilk bor gapga tutganding meni.
Ko’z oldimda yana Martaning bog’i —
Shunda birinchi bor kutgandim seni.

Faust
(Shoshib)

Ketaylik, yuz tezroq!

Margarita

Shoshma, jonginam,
Sog’indim, yuzingga to’yayin bir dam.
(Quchoqlaydi)

Faust

Tez bo’l, tez!
Atrofda yo’q hozir inson zoti hech.
Chiqib jo’namasak agarda bu kez,
Keyin bo’lar kech.

Margarita

Ko’p bo’lganing yo’q-ku mendan yirokda,
Ko’ngling sovudimi yoki firokda?
O’pishni esingdan chiqarding, nahot?
Ayt, nega bunchalar muzdeksan, hayhot,
Ne uchun sen bilan tanim titrokda?
Kuni kecha axir qandoq qucharding,
Quchib osmonlarga olib ucharding!
Ko’zlaringda edi jannat yashirin,
Bo’sang totli edi, so’zlaring shirin.
Nega endi buncha sovuq nigohing,
O’p meni, yolborar senga nigoring.
O’p, nega qulog’ing eshitmas so’zim?
Kel, o’pay o’zim.
(Quchadi.)
Bu ne hol? Shulmidi umidim sendan?
Avvalgi harorat, yonishlar qani?
Sen meniki eding, yo’qotdim sani?
Oh, kim o’g’irladi, kim seni mendan?
(Undan yuz o’giradi.)

Faust

Jonginam, yur endi, ketaylik tezroq,
Yuragimda yongan muhabbat haqqi,
Meni olib kelgan sadoqat haqqi,
Ketaylik, ketmasak bo’lmas hoziroq.

Margarita
(Unga o’girilib)

Nahotki, bu sensan? Ishonmas ko’zim.

Faust

Menman.

Margarita

Qutqargani keldingmi o’zing?
Keldingmi qilgani kishandan ozod?
Olurmisan yana bag’ringga, jonim!
Mendan qo’rqmaysanmi? Men aslida kim —
Bilmasang nahot?

Faust

Tong otmoqda, tez bo’l, o’tkazma damni.

Margarita

Men o’ldirib qo’ydim onamni,
Suvga otdim tuqqan bolamni.
U farzanding edi sening ham,
U keltirdi tole emas, g’am.
Sen keldingmi? Tush emasmi bu?
Taniyolmay turibman sani.
Ko’zim oldi doim qorong’u,
Ber-chi menga qo’lingni, qani.
Ne ko’rgilik? Qo’llaringda qon.
Artib ol darhol.
Ko’z tushmasin unga hech qachon!
Qilichingni g’ilofingga sol,
Tez yashiraqol.

Faust

O’tgan ishga endi salavot,
Tez qochmasak topmasmiz najot.

Margarita

Sen hammamiz uchun ham
Yashashing kerak.
Qabrlarga, jonginam,
Ek gulu chechak.
Uchta chuqur kavlagin
Mozorda bu kun:
Onam va akam uchun,
Hamda men uchun.
Qabrimni naridan o’y
Ulardan ozroq.
Qizimni bag’rimga qo’y,
Bo’lmasin yiroq.
Uni quchib jimgina
Uyquga ketay,
Endi seni bu siyna
Qucholmas, netay.
Garchi hamon o’shasan
Sevgim, biroq sen —
Begonaga o’xshaysan,
Mendan yiroqsan.

Faust

Men bilan yur, agar sevging bo’lsa chin.

Margarita

Ozodlikkami?

Faust

Ha, chiq bu zindondin.

Margarita

Meni kutar bo’lsa u yerda o’lim,
Olib borsa meni mozorga yo’lim —
Mayli, chiqay unga men peshvoz, ammo
O’tmam undan nari bir qadam hatto.
Ketyapsanmi, Genrix, jonginam?
O, qani endi
Birgalashib sen bilan men ham
Ketolsam edi.

Faust

Eshik ochiq! Faqat sen istasang bas!

Margarita

Menga hech ozodlik imkoni bo’lmas,
Garchi chiqolsam-da, bu yerdan qochib,
Qayda yurolardim yuzimni ochib?
Eldan yuzimshuvut, vijdonim nopok,
Yashamoq ne kerak doim alamnok?
Ne kerak odamlar ko’zidan pinhon,
O’zgalar yurtida bo’lmoq sargardon?
Unda ayg’oqchilar kutishar meni,
Bir kuni baribir tutishar meni.

Faust

Unda qolajakman yoningda men ham.

Margarita

Yo’q, yo’q, jonginam,
Bu yerdan tez bor,
Qizingni qutqor!
Bora qol, tez bo’l,
Chakalak yoqqa.
Seni eltar yo’l
To’g’ri buloqqa.
Ko’priqdan o’tib,
Buril o’ng qo’lga.
Tezgina yetib —
Olasan ko’lga.
Bolang tirik, top,
Yig’lar chaqaloq.
Qutqar uni, chop,
Chopaqol tezroq.

Faust

Esingni yig’! Fursat g’animat!
Ozodlikning yo’li olismas,
Qo’ysang yetar bir qadam faqat.

Margarita

Tepaliqtsan o’tib olsak bas,
Tosh ustida o’ltirar onam.
Titramoqda muz bo’lib tanam.
Yo’l bo’yida yolg’iz bu nafas
Tosh ustida o’ltirar onam.
U boshini tebratar asta,
Bemajol, xasta.
Ko’z ochmoqqa yo’kdir madori —
Uni qattiq uxlatmish dori,
Bizning shirin ayshimiz uchun.
Qanday shavqli edi o’sha tun,
Qanday lazzat topgandi jonlar!
Oh, qanisiz o’sha xush onlar.

Faust

Yaxshi gapga ko’nmas bo’lsang, netarman,
Seni zo’rlik bilan olib ketarman.

Margarita

Yo’q, yo’q kuch ishlatma, ko’nmasman aslo,
Qo’llarimni qattiq tutma buncha ham.
Shundoq ham gapingga ko’ndim doimo.

Faust

Tong otar, oppoq tong, qara, jonginam,

Margarita

Tong otar, yangi kun. So’nggi kun menga.
Kerak edi bu kun to’yim bo’lmog’i.
Men bilan bo’lganing aytma hech kimga,
Sira lozim emas elning bilmog’i.
Boshimga bu kulfat tushdi nogahon,
Bevaqt gullarimni qildilar xazon.
Nasib bo’lmas endi birga raqs etmoq,
Ko’rishmog’imiz bor oldinda biroq.
Xaloyiq yuradi qatlgoh tomon,
Kattakon maydonga sig’mas olomon.
Men uchun chalinar so’nggi qo’ng’iroq.
Jallod boshim uzra sindirar tayoq.
Cho’kaman, tegadi boshim kundaga,
Dahshat ichra boqar yig’ilgan odam
Mendek mahkum bo’lgan osiy bandaga.
Ko’zlarida qo’rquv, go’yo xayolda
Ularning boshiga tushmoqda bolta.

Faust

O’lsam bo’lmasmidi bu kunni ko’rmay.

Mefistofel`
(Eshikda paydo bo’lib.)

Tez ketdik, o’lasiz yo’qsa ikkovlon,
Bekorga ohu voh qilib o’ltirmay,
Chiqish kerak. Ana, kunchiqar tomon
Qizarmoqda. Tinglang otlar kishnog’in,
Ular sezayotir tongotar chog’in.

Margarita

Nogoh yer ostidan paydo bo’lgan kim?
Bu o’sha, tanidim, naqadar dahshat.
Ha, u kelgan albat olgani jonim,
Bu muqaddas joyda turmasin, jo’nat.

Mefistofel`
(Faustga)

Yur, ketdik! Bo’lmasa tashlab ketaman!

Margarita

Qutqar tangrim, senga nola etaman.
Malaklar, tegramda qilingiz parvoz,
Menga qalqon bo’ling va aylang xalos.
Sendan qo’rqayapman, Genrix.

Mefistofel`

U mangu.
Qiynoqlarga mahkum.
Osmondan nido
Xalos bo’ldi u.

Mefistofel`

Tez bo’l, ketdik!
(Faust bilan yo’qoladi.)

Margarita
(Korong’ilik ichidan)

Genrix! Genrix!

Asarni to’liq mutolaa qilishingiz mumkin

Gyote. Faust (tragediya). 1-qism

Gyote. Faust (tragediya). 2-qism

008

(Tashriflar: umumiy 13 314, bugungi 1)

Izoh qoldiring