Турк шеъриятининг забардаст вакили бўлмиш шоир шеърияти умумтурк ғояларига садоқат ҳиссиётлари билан йўғрилгани билан ажралиб туради. Атоқли шоир Миразиз Аъзам таржималарини тақдим этар эканман, ўша олис йиллар сафардан қайтгач, Yalnızlık» китобига кирган шеърларнинг бир нечасини таржима қилганимни эсладим. Уларни эски дафтарларим ичидан топиб, яқин кунларда сизга тақдим этишни ўйлар эканман,кўнглимда кутубхонамда сақланиб келаётган оға шоир китобларини олиб ўқиш истаги туғилганини сездим.
Хуршид ДАВРОН
ЁВУЗ БУЛАНТ БАКИЛАР ҲАҚИДА
Мен Ёвуз Булант Бакилар (Yavuz Bülent Bâkiler) билан 1993 йили Туркиянинг кўҳна пойтахти Бурса шаҳрида биринчи марта тўпланган Турк тилининг Халқаро Шеър анжумани (1 Türkçenin Uluslararası Şiir Şöleni)да учрашганман. Ундан олдинроқ таниқли шоир ва адибнинг собиқ Совет иттифоқига қилган сафари хотираларидан иборат «Туркистон, Туркистон» китоби орқали билардим. Китобдаги Самарқанд, аниқроғи Гўри Мирга бағишланган боби менда жуда кучли таассурот қолдирганди.
Анжуманнинг асосий тадбирлари Бурса этагидаги юксак Улуғтоғ (Uludağ) даги ҳашаматли меҳмонхонада бўлиб ўтди. Кундузги тадбирлардан кейин меҳмонхона қаҳвахоналарида дунёнинг 22 мамлакатидан келган туркий тилда ижод қиладиган шоирлар тўп-тўп бўлиб суҳбат қуришарди. Ага шундай давраларнинг бирида мен Ёвуз Булант Бакилар билан яқиндан танишиб, бир соатча суҳбатлашган эдим. Унга «Туркистон, Туркистон» китобини яхши билишим ҳақида айтишим билан чеҳраси яшнаб кетгани ҳали ҳамон эсимда турибди. Ўша куни у икки («Yalnızlık»,»Seninle») шеърий тўпламини дастхати билан совға қилган, мен тақдим этган «Қақнус» китобимниям диққат билан варақлаган эди.
Ўзбек сайтларида шоирни «Ёвуз Булант Боқилар» деб таништиришади. Аслида бу тўғри эмас, тўғриси Ёвуз Булант Бакилардир. Чунки ўша кунги суҳбатда «Туркистон, Туркистон» китобидаги Гўри Мирга бағишланган бобида тасвирланган воқеалар, хусусан, Амир Темурнинг Сивасни забт этиши билан боғлиқ парча ҳақида суриштирар эканман, «Сиз Сивасданмисиз?» деб сўраган эдим. Шунда Ёвуз Булант Бакилар Сивасда туғилганини, аслида эса уларнинг аждодлари Озарбайжоннинг Баку шаҳридан эканини ва шу гап устида «Шунинг учун ҳам фамилиям Бакилар» деб айтгани бугунгидек эсимда. Турк wikipedia тармоғида шоир ҳақидаги маълумотда менинг сўзимни тасдиқловчи мана бу ёзувни ўқиш мумкин: «Aslen Azerbaycan göçmeni ailenin çocuğu olan Yavuz Bülent Bâkiler Sivas doğumludur».
Турк шеъриятининг забардаст вакили бўлмиш шоир шеърияти умумтурк ғояларига садоқат ҳиссиётлари билан йўғрилгани билан ажралиб туради. Атоқли шоир Миразиз Аъзам таржималарини тақдим этар эканман, ўша олис йиллар сафардан қайтгач, Yalnızlık» китобига кирган шеърларнинг бир нечасини таржима қилганимни эсладим. Уларни эски дафтарларим ичидан топиб, яқин кунларда сизга тақдим этишни ўйлар эканман,кўнглимда кутубхонамда сақланиб келаётган оға шоир китобларини олиб ўқиш истаги туғилганини сездим.
Хуршид Даврон
Ёвуз Булант Бакилар
ШЕЪРЛАР
Туркчадан Миразиз Аъзам таржималари
Атоқли турк шоири Ёвуз Булант Бакилар 1936 йилда Сивас шаҳрида туғилган. Дастлабки шеърлари “Қўбуз”, “Ўрхун” ва “Ҳисор” журналларида чиқа бошлади. Сўнгра тўрт шеърий китоби – “Ёлғизлик” (1962), “Чакмон” (1971), “Дувоқ” (1971) ва “Сенинг-ла” (1980) босилиб чиқди ва бу китобларнинг ҳар бири 3-4 марта қайта нашр этилгач, ҳаммаси бир сайланмага жамланиб, 2001 йилда “Хирмон” номида чоп этилди.
Ёвуз Булант Бакилар, шунингдек, йўл хотиралари, адабий портрет жанрларида ҳам ижод қилган. Унинг “Ускупдан Косовага”, “Туркистон, Туркистон” номли хотира ва “Ошиқ Вейсал”, “Меҳмет Акиф” эсселардан иборат китоблари шулар жумласидандир.
БУЮК ДОСТОН
Содиқ Камол Турол қардошимга
Мен Олтой тоғларидан узилиб келдим,
Юрагимда Туркистондан минглаб нақш бор.
Кўп шукр, аслим ҳам, наслим ҳам маълум,
Туркман, мусулмонман тоғдай сервиқор.
Тўққиз туғ ташидим, тўққиз довул урдим,
Тўққиз авлиё кучи-ла юрганча келдим.
Улғайди мен билан муборак юртим,
Ўз вақтида, ҳа, ҳа, тўққиз давлат қурдим.
Наврўз тўйларимизда ўтлар туташтирдим,
Ўрхундан, Сайхундан, Жайхундан кечдим,
Йўл кўрсатди кўкраб менга Бўзқуртим,
От чопдим ёнма-ён, кўзалардан сув ичдим,
Бойкўлда чўмилдим мен, Ҳазар денгизида ҳам,
Тупроғига чордана қуриб ўтирдим.
Менким, Алп эр Тўнгага кўнгил берганларданман,
Юрт йўлида тўлиб-тошиб кўкрак керганларданман,
Тўхтаб қолган сувларга мадад бер, ё Тангри, деб
Гилам сажжода ёйиб дуо қилганларданман.
Мен ўзбекман, қозоқман, ҳам туркманман, ҳам қирғиз,
Озарбайжон эли-ла қоним бир, сажиям бир.
Қипчоқ, уйғур куйларин тинглайман севиб ҳаргиз,
Татар, гагауз, бошқурт ҳаммаси жонимдадир.
Қалам тутдим, гул тутдим, юрт истаса қилич ҳам…
Каптар назарли иссиқ қўшиқлар айтдим ҳар дам,
Англаган англади ким бўлганимни.
Тинчликсеварни севдим, кинлиларни юмшатдим,
Англадилар динимни ва Буюк Китобимни,
Имонли гўзал ахлоқ ахлоқим бўлганини.
Набийсифатлар кўпдир авлод-аждодим ичра:
Мендан Юсуф Хос Ҳожиб ва Маҳмуд Кошғарий, бил.
Мир Алишер Навоий, бир ёним Юнус Эмра,
Фузулий, Махтумқули, Ғаспрали Исмоил!
Сарватим – Бухорийнинг, Юсуф Ҳамадонийнинг,
Аҳмад Яссавийларнинг нур сарватларидан.
Нақ Шоҳи Нақшбанд ҳазратларидан.
Чингиз Айтматов билан Чингиз Доғжиларим бор,
Ойнинг ўн тўрти каби ёруғ шахсларим ёвқур.
Қодирий билан Ойбек, Рустамхонли ва Анор
Ва яна мингларча нур устига нур.
Мени танимаганлар танисин, билиб қўйсин,
Қурилиш дунёсида гурсиллаб юражакмиз
Ва давлатларимиз учун энг порлоқ келажакни
Биз қуражакмиз!
МЕН ШАРҚЛИКМАН
Мен Шарқликман, Шарқ фарзандиман!
Этаги туманли, боши туманли
Тоғлар боласиман,
Тоғлар ўғлиман.
Қўллари тупроқ ҳидли ота фарзанди,
Отамдай тўғриман.
Тупроқдан узилган жонли қоядай,
Ҳар қисми юрт ҳидли она ўғлиман,
Шарқ фарзандиман!
Сенинг ҳам, буғдой юзли, алпларми аслинг,
Арслоним, умидим, очиқ манглайим?
Сен ҳам Шарқликмисан, ҳамшаҳар наслим?
Кел, пешонангдан бир ўпайин!
Арзирумликмисан, отагинам, балли!
Туришинг қиндаги ханжардай гўзал.
Сен ноғора, довул урган маҳали,
Сурнайлар чалинганда кел!
Сен қарсликмисан, болам, сен ҳудуд тоши…
Сен туркман боласи, менинг ўнг қўлим,
Кел, сенинг-ла Қарсдан ва Ардахондан
Қўшиқлар айтамиз, ўғлим!
Сендандир, бойбуртлик, мендаги шиддат,
Сендандир уфқимда порлаган юлдуз.
Достонлар айтамиз, улашиб ҳайрат,
Бедов отлар устида иккимиз!
Қўлла мени, сиваслик, кел, қўлимдан тут!
Тангритоғ, Қодирхон уфқларидан
Келтирдим гиламдай нақшин қўшиқлар,
Ўргилай гурросли рақсларидан.
Сен ванликсан, юртдошим, маълум туришингдан!
Кўзларингда жимир-жимир нур чақнар.
Сен ванликсан, ҳамшаҳрим, қора қошингдан
Бурама мўйловингга қадар!
Билмасманми сенинг марашлик эканингни,
Айтиб-айтиб йиғлаган қўшиқларингдан?
Сен бизга ёруғ нур келтир ҳар саҳар
Туғилган серқуёш ерингдан.
Эй, Сариқамиш яйловининг шонли эрлари,
Йигитларимнинг жингалаксоч шерлари,
Сиз менинг тожимсиз, тамал тошимсиз,
Дадашим, қардошим, улкудошимсиз!
Бир байроқ долғаланар Оғри тоғида,
Эшитилар сўнгра Кўкбўрилар саси.
Қўлларда ҳилпираган гўзал байроқнинг
Қафқаз тоғларига тушар кўлкаси.
Қафқазларда ҳилпирасин мангу кўлкаси,
Қафқаз тоғларининг тупроғи азиз.
Шаҳид боболаримиз сас берар Қафқазлардан —
Қачонгача ётлар топтар элимиз?
Қон-қардошмиз, буюкмиз, тарихнинг оқ гулимиз,
Кўзларга тўтиё ҳар қарич тупроғимиз.
Бир тошли ёнбағирдан бир салом айтилса,
Олтойгача етар овозимиз.
Биз Шарқлик ёшлармиз, бир кун ҳаммамиз —
Арзирум, Қарс, Мараш, Бойбурт, Ардахон
Қўлни қўлга бериб, бир ёқа бўламиз
Ва бирга қўшиқ айтсак оқ отлар устида
Шарқ ёшларин қутлагай бутун жаҳон.
ТУРКИСТОН
Тангритоғ, Қодирхон уфқларидан келган
Бахшилар достонидан уйғондим,
Минглаб йиллар бўйи тараларди элдан-элга…
Яна Туркистонни онгдим*.
Юртимни чормихда тутдилар юз йил,
Зўрладилар минг йиллик тарихингдан тон деб,
Отилган жайрондай типирлардим муттасил…
УлуғТуркистонни онгдим.
Келди, қулоқ тутдим Аҳмад Яссавий пирга,
Усмон Ботиргача куйлади тонгдан тонггача.
Мен ҳам бутун Хуросон эрлари-ла бирга
Янгитдан Туркистонга инондим.
Қурғоқчилик елларида соврулгандим йиллаб,
Денгизга қовушган дарёдай қувондим.
Учиб кетган қалдирғочларга боққандим йиғлаб,
Туркистон ҳурлигин тинглаб уйғондим.
Кўрсатмаган, кўрмагандим Тошкент қалай, ё Бухоро,
Урумчига отсиз-қуролсиз ҳам киритмаган қачондир.
Бир гал аранг боргандим ҳорғин, бир ўзим танҳо
Ўшанда Туркистонда дўст кўнгиллар қозондим.
Тангрим, бир кун «Во ажаб» деёлармидим?
Сени кўриш юзимни нақшлади нур-ла,
Жон қўшним боғига узангандай ҳузур-ла,
Туркистоннинг тупроғига узандим.
____________
* О н г м о қ – эсламоқ, ёдга олмоқ
СИВАСДА ЙЎҚСИЛ БОЛАЛАР
Сивасда, улуғ жомеъ ҳовлисида болалар
Ёлворган кўзлари-ла атрофга боқа-боқа
Очаркан кичкина қорача қўлларини:
– Амакажоним, садақа! Амакиларим, садақа!
Ҳукумат меҳмонсаройи ёнида бири,
Бир қисм устухон, бир парча тери…
“Бой-йўғи йимбеш”, “бой-йўғи йимбеш” дея йиғлайди
Ва ҳали чўтка ҳам тутолмайди қўллари.
Ғариблар бозорида гўдак болалар
Ҳорғинликдан, кўрсангиз, юзлари ол-ол…
Одамни ўлдирадиган фарёд дудоқларида:
– Бўш ҳаммол керакми? Бўш ҳаммол!
Ялпиз сотувчи, сув сотувчи етим болалар
Қўшиқ айтолмайдилар ойга, қуёшга…
Биламан, на эртак тинглашга тўйдилар,
На бир бекинмачоқ ўйнашга!
Безиржида, Южуюртда, Олтинтобоқда
Болалар бор инжа юзлари гўзалроқ ойдан!
Аммо тўз-тупроқ ичида қўллари, оёқлари,
Ўйинчоқлари лойдан.
Ва гуноҳкор болалар, айбли болаларни
Тергашмоқда қатор-қатор ўғилни, қизни.
Бу айб бизнинг айбимиз, бу гуноҳ бизники,
Авф этинг бизни.
Кўкдаги юлдузларча сонсиз-саноқсиз,
Оҳ, юртимнинг кимсасиз ва йўқсил болалари!
Англадим: фарқингиз йўқ тўкилган бошоқдан!
Олинг бу кўзларни мендан, олинг бу юракни ортиқ,
Уялиб кетаяпман яшамоқдан.
СЕНМИСАН?
(Лолалигим – Оқсарой)
Яна оқшом, яна ғурбат, қат-қат ўйлар, қаватлар,
Яна келди куйларинг ичимга, билмам, қайдан?
Кўзларимда чизги-чизги бекатлар,
Бекатларда хаёл-маёл сенмисан?
Сенмисан ёнма-ён кезолмаганим,
Инжа ситамингни сезолмаганим,
Сирларингни бир тур чўзолмаганим
Ичимдага оғир савол сенмисан?
Бу қандай юракдан айтилмиш мақом,
Тинглаганим барча куйлар беором,
Лолалик–Оқсарой аро ҳар оқшом
Тинглаганим эртак мисол сенмисан?
Парво қилма, неки деса десин эл,
Кел, бир оқшом яна, қўшиқлар-ла кел!
Истанбул сен билан гўзалдир гўзал,
Истанбулдай гўзал хаёл сенмисан?
Биламан, сени ҳам қўшиқлар ёқди,
Кўзларингдан илиқ томчилар оқди,
Энди кўчаларда мени шом вақти
Айлантирган Лочин Аёл сенмисан?
Яна оқшом, яна ғурбат, қат-қат ўйлар, қаватлар
Яна келди куйларинг, билмайман, қайдан?
Кўзларимда чизги-чизги бекатлар,
Бекатларда хаёл-маёл сенмисан?
БИР ҚОРЛИ КЕЧАДА СЕНИ ЎЙЛАБ
Кечалари нозик-нозик ёғаётган қор бўлса,
Кўк юзида тарқаляпган булутлар ҳам бор бўлса,
Мени кўчаларда бил.
Мени кўчаларда бил.
Бир достон ёзган каби кеча-кундуз билмай тин,
Фақат сени ёзганман юрагимга яширин,
Кел-да, достонни ўчир.
Кел, достонни маҳв қил.
Бир тушунтирсам дейман фикримни этмай канда,
Телбача жим қоларман сен ёнимга келганда.
Узилсин хайрсиз тил.
Узилсин хайрсиз тил.
Диққат қил менга пича,
Руҳим энди ғурбатда тутаб ёнар ҳар кеча.
Ёнади қандил-қандил.
Ёнади қандил-қандил.
Сенсиз ҳеч кимман, англа,
Миямни ёлғон каби ёқиб кемирган жумла
Қаҳр сингари сабил.
Қаҳр сингари сабил.
Кўнглимга парчин-парчин урилган умидсизлик,
Тилларга мажнун каби туширди мени ортиқ.
Сенга берганим майл.
Сенга берганим майл.
Инжа оғриқлардайсан бир билинмас еримда,
Бир аламли қўшиқсан кечаларимда.
Уфқимдан ортиқ чекил.
Уфқимдан ортиқ чекил.
СЕН СЕН СЕН
Бир тоғбоши ёлғизлиги бошимда яна,
Тоғбоши ёлғизлиги ўлимдан баттар.
Ҳеч кимса қидирмаса, сўрмаса мени,
Сен келсанг етар.
Қўлларинг гўзаллиги жонимга ҳузур,
Кўзларинг қаршимда бахтиёрлик денгизи.
Ҳар тонг сен ушатсайдинг супрада нонимиззи
Сен бўлсанг етар.
Юрагим, сен билан яйловлар қадар сарин
На тирноқча ҳасрат, на нуқтача ғам…
Яйлов тумани каби, кўзларимга ҳар оқшом
Сен тўлсанг етар.
Менда чорасизлик чексиз туюлар.
Менда сабр, сенда ноз…
Кундуздан воз кечдим, тушимда бироз
Бир кўрмана сен бўлсанг етар.
Эшитмаса ҳеч ким шоир кўнглимнинг
Сенда қарор қилганини
Ва ичимнинг саҳро-саҳро ёрилганини
Сен билсанг етар.
Бир кун билсанг битганим, тугаганимни,
Чиқиб келсанг узоқлардан, қўрқувли, ҳуркак…
Ва ингичга тол каби устимга титраярак
Эгилсанг етар.
АЙТМАБМИДИМ
Айтмабмидим, бу ҳасрат битирар сени,
Ой айланиб кетар, ёлғиз қоларсан.
Ҳар кун сочиларсан, уваланарсан.
Айтмабмидим, юрагим: севма!
Энди на кўзёши, на ваъда, на сўз…
Ортга қайтган қайси кабутаринг бор?
Сенинг қайси гулингни асради баҳор?
Айтмабмидим, ақлим: ишонма!
Бир кун нозларига боғланарсан, демабмидим?
Кўрмасанг, зиндонга дўнар бу шаҳар…
Кўрсанг, диққат қилмас, менсимас кофир,
Айтмабмидим, кўзларим: боқма!
Айтмабмидим, бу титратувчи ҳарорат,
Бу навқирон гўзаллик ғойиб бўлар бир кун?
Сўнгра бекор унга юзланарсан маҳзун,
Айтмабмидим, қўлларим: тегинма!
Айтмабмидим, бир кун тинар бу наволар,
Овозингга овоз берган шамоллар бўлур,
Истаганча кутавер, минг йил кутиб юр…
Айтмабмидим, қулоғим: тинглама!
Бир кун кетажаги маълум эди бедарак,
Сенинг англаёлмаганинг бўлса-да, аён…
Бошқаларнинг тушида энди у аёл.
Айтмабмидим, қўлларим: қучоқлама!
Барча чеккан дардларим сен туфайли.
Устингга бир соя ҳам туширмасдинг бир замон.
Оҳ! Парча-парча бўлди энди минг бир еридан жон.
Айтмабмидим, ғурурим: узилма!
Xurshid DAVRON
YOVUZ BULANT BAKILAR HAQIDA
Men Yovuz Bulant Bakilar (Yavuz Bülent Bâkiler) bilan 1993 yili Turkiyaning ko’hna poytaxti Bursa shahrida birinchi marta to’plangan Turk tilining Xalqaro She’r anjumani (1 Türkçenin Uluslararası Şiir Şöleni)da uchrashganman. Undan oldinroq taniqli shoir va adibning sobiq Sovet ittifoqiga qilgan safari xotiralaridan iborat «Turkiston, Turkiston» kitobi orqali bilardim. Kitobdagi Samarqand, aniqrog’i Go’ri Mirga bag’ishlangan bobi menda juda kuchli taassurot qoldirgandi.
Anjumanning asosiy tadbirlari Bursa etagidagi yuksak Ulug’tog’ (Uludag) dagi hashamatli mehmonxonada bo’lib o’tdi. Kunduzgi tadbirlardan keyin mehmonxona qahvaxonalarida dunyoning 22 mamlakatidan kelgan turkiy tilda ijod qiladigan shoirlar to’p-to’p bo’lib suhbat qurishardi. Aga shunday davralarning birida men Yovuz Bulant Bakilar bilan yaqindan tanishib, bir soatcha suhbatlashgan edim. Unga «Turkiston, Turkiston» kitobini yaxshi bilishim haqida aytishim bilan chehrasi yashnab ketgani hali hamon esimda turibdi. O’sha kuni u ikki («Yalnızlık»,»Seninle») she’riy to’plamini dastxati bilan sovg’a qilgan, men taqdim etgan «Qaqnus» kitobimniyam diqqat bilan varaqlagan edi.
O’zbek saytlarida shoirni «Yovuz Bulant Boqilar» deb tanishtirishadi. Aslida bu noto’g’ri, to’g’risi Yovuz Bulant Bakilardir. Chunki o’sha kungi suhbatda «Turkiston, Turkiston» kitobidagi Go’ri Mirga bag’ishlangan bobida tasvirlangan voqealar, xususan, Amir Temurning Sivasni zabt etishi bilan bog’liq parcha haqida surishtirar ekanman, «Siz Sivasdanmisiz?» deb so’ragan edim. Shunda Yovuz Bulant Bakilar Sivasda tug’ilganini, aslida esa ularning ajdodlari Ozarbayjonning Baku shahridan ekanini va shu gap ustida «Shuning uchun ham familiyam Bakilar» deb aytgani bugungidek esimda. Turk wikipedia tarmog’ida shoir haqidagi ma’lumotda mening so’zimni tasdiqlovchi mana bu yozuvni o’qish mumkin: «Aslen Azerbaycan göçmeni ailenin çocuğu olan Yavuz Bülent Bâkiler Sivas doğumludur».
Turk she’riyatining zabardast vakili bo’lmish shoir she’riyati umumturk g’oyalariga sadoqat hissiyotlari bilan yo’g’rilgani bilan ajralib turadi. Atoqli shoir Miraziz A’zam tarjimalarini taqdim etar ekanman, o’sha olis yillar safardan qaytgach, Yaln?zl?k» kitobiga kirgan she’rlarning bir nechasini tarjima qilganimni esladim. Ularni eski daftarlarim ichidan topib, yaqin kunlarda sizga taqdim etishni o’ylar ekanman,ko’nglimda kutubxonamda saqlanib kelayotgan og’a shoir kitoblarini olib o’qish istagi tug’ilganini sezdim.
Xurshid Davron
Yovuz Bulant Bakilar
SHE’RLAR
Turkchadan Miraziz A’zam tarjimalari
Atoqli turk shoiri Yovuz Bulant Bakilar 1936 yilda Sivas shahrida tug’ilgan. Dastlabki she’rlari “Qo’buz”, “O’rxun” va “Hisor” jurnallarida chiqa boshladi. So’ngra to’rt she’riy kitobi – “Yolg’izlik” (1962), “Chakmon” (1971), “Duvoq” (1971) va “Sening-la” (1980) bosilib chiqdi va bu kitoblarning har biri 3-4 marta qayta nashr etilgach, hammasi bir saylanmaga jamlanib, 2001 yilda “Xirmon” nomida chop etildi.
Yovuz Bulant Bakilar, shuningdek, yo’l xotiralari, adabiy portret janrlarida ham ijod qilgan. Uning “Uskupdan Kosovaga”, “Turkiston, Turkiston” nomli xotira va “Oshiq Veysal”, “Mehmet Akif” esselardan iborat kitoblari shular jumlasidandir.
BUYUK DOSTON
Sodiq Kamol Turol qardoshimga
Men Oltoy tog’laridan uzilib keldim,
Yuragimda Turkistondan minglab naqsh bor.
Ko’p shukr, aslim ham, naslim ham ma’lum,
Turkman, musulmonman tog’day serviqor.
To’qqiz tug’ tashidim, to’qqiz dovul urdim,
To’qqiz avliyo kuchi-la yurgancha keldim.
Ulg’aydi men bilan muborak yurtim,
O’z vaqtida, ha, ha, to’qqiz davlat qurdim.
Navro’z to’ylarimizda o’tlar tutashtirdim,
O’rxundan, Sayxundan, Jayxundan kechdim,
Yo’l ko’rsatdi ko’krab menga Bo’zqurtim,
Ot chopdim yonma-yon, ko’zalardan suv ichdim,
Boyko’lda cho’mildim men, Hazar dengizida ham,
Tuprog’iga chordana qurib o’tirdim.
Menkim, Alp er To’ngaga ko’ngil berganlardanman,
Yurt yo’lida to’lib-toshib ko’krak kerganlardanman,
To’xtab qolgan suvlarga madad ber, yo Tangri, deb
Gilam sajjoda yoyib duo qilganlardanman.
Men o’zbekman, qozoqman, ham turkmanman, ham qirg’iz,
Ozarbayjon eli-la qonim bir, sajiyam bir.
Qipchoq, uyg’ur kuylarin tinglayman sevib hargiz,
Tatar, gagauz, boshqurt hammasi jonimdadir.
Qalam tutdim, gul tutdim, yurt istasa qilich ham…
Kaptar nazarli issiq qo’shiqlar aytdim har dam,
Anglagan angladi kim bo’lganimni.
Tinchliksevarni sevdim, kinlilarni yumshatdim,
Angladilar dinimni va Buyuk Kitobimni,
Imonli go’zal axloq axloqim bo’lganini.
Nabiysifatlar ko’pdir avlod-ajdodim ichra:
Mendan Yusuf Xos Hojib va Mahmud Koshg’ariy, bil.
Mir Alisher Navoiy, bir yonim Yunus Emra,
Fuzuliy, Maxtumquli, G’asprali Ismoil!
Sarvatim – Buxoriyning, Yusuf Hamadoniyning,
Ahmad Yassaviylarning nur sarvatlaridan.
Naq Shohi Naqshband hazratlaridan.
Chingiz Aytmatov bilan Chingiz Dog’jilarim bor,
Oyning o’n to’rti kabi yorug’ shaxslarim yovqur.
Qodiriy bilan Oybek, Rustamxonli va Anor
Va yana minglarcha nur ustiga nur.
Meni tanimaganlar tanisin, bilib qo’ysin,
Qurilish dunyosida gursillab yurajakmiz
Va davlatlarimiz uchun eng porloq kelajakni
Biz qurajakmiz!
MEN SHARQLIKMAN
Men Sharqlikman, Sharq farzandiman!
Etagi tumanli, boshi tumanli
Tog’lar bolasiman,
Tog’lar o’g’liman.
Qo’llari tuproq hidli ota farzandi,
Otamday to’g’riman.
Tuproqdan uzilgan jonli qoyaday,
Har qismi yurt hidli ona o’g’liman,
Sharq farzandiman!
Sening ham, bug’doy yuzli, alplarmi asling,
Arslonim, umidim, ochiq manglayim?
Sen ham Sharqlikmisan, hamshahar naslim?
Kel, peshonangdan bir o’payin!
Arzirumlikmisan, otaginam, balli!
Turishing qindagi xanjarday go’zal.
Sen nog’ora, dovul urgan mahali,
Surnaylar chalinganda kel!
Sen qarslikmisan, bolam, sen hudud toshi…
Sen turkman bolasi, mening o’ng qo’lim,
Kel, sening-la Qarsdan va Ardaxondan
Qo’shiqlar aytamiz, o’g’lim!
Sendandir, boyburtlik, mendagi shiddat,
Sendandir ufqimda porlagan yulduz.
Dostonlar aytamiz, ulashib hayrat,
Bedov otlar ustida ikkimiz!
Qo’lla meni, sivaslik, kel, qo’limdan tut!
Tangritog’, Qodirxon ufqlaridan
Keltirdim gilamday naqshin qo’shiqlar,
O’rgilay gurrosli raqslaridan.
Sen vanliksan, yurtdoshim, ma’lum turishingdan!
Ko’zlaringda jimir-jimir nur chaqnar.
Sen vanliksan, hamshahrim, qora qoshingdan
Burama mo’ylovingga qadar!
Bilmasmanmi sening marashlik ekaningni,
Aytib-aytib yig’lagan qo’shiqlaringdan?
Sen bizga yorug’ nur keltir har sahar
Tug’ilgan serquyosh yeringdan.
Ey, Sariqamish yaylovining shonli erlari,
Yigitlarimning jingalaksoch sherlari,
Siz mening tojimsiz, tamal toshimsiz,
Dadashim, qardoshim, ulkudoshimsiz!
Bir bayroq dolg’alanar Og’ri tog’ida,
Eshitilar so’ngra Ko’kbo’rilar sasi.
Qo’llarda hilpiragan go’zal bayroqning
Qafqaz tog’lariga tushar ko’lkasi.
Qafqazlarda hilpirasin mangu ko’lkasi,
Qafqaz tog’larining tuprog’i aziz.
Shahid bobolarimiz sas berar Qafqazlardan —
Qachongacha yotlar toptar elimiz?
Qon-qardoshmiz, buyukmiz, tarixning oq gulimiz,
Ko’zlarga to’tiyo har qarich tuprog’imiz.
Bir toshli yonbag’irdan bir salom aytilsa,
Oltoygacha yetar ovozimiz.
Biz Sharqlik yoshlarmiz, bir kun hammamiz —
Arzirum, Qars, Marash, Boyburt, Ardaxon
Qo’lni qo’lga berib, bir yoqa bo’lamiz
Va birga qo’shiq aytsak oq otlar ustida
Sharq yoshlarin qutlagay butun jahon.
TURKISTON
Tangritog’, Qodirxon ufqlaridan kelgan
Baxshilar dostonidan uyg’ondim,
Minglab yillar bo’yi taralardi eldan-elga…
Yana Turkistonni ongdim*.
Yurtimni chormixda tutdilar yuz yil,
Zo’rladilar ming yillik tarixingdan ton deb,
Otilgan jayronday tipirlardim muttasil…
Ulug’Turkistonni ongdim.
Keldi, quloq tutdim Ahmad Yassaviy pirga,
Usmon Botirgacha kuyladi tongdan tonggacha.
Men ham butun Xuroson erlari-la birga
Yangitdan Turkistonga inondim.
Qurg’oqchilik yellarida sovrulgandim yillab,
Dengizga qovushgan daryoday quvondim.
Uchib ketgan qaldirg’ochlarga boqqandim yig’lab,
Turkiston hurligin tinglab uyg’ondim.
Ko’rsatmagan, ko’rmagandim Toshkent qalay, yo Buxoro,
Urumchiga otsiz-qurolsiz ham kiritmagan qachondir.
Bir gal arang borgandim horg’in, bir o’zim tanho
O’shanda Turkistonda do’st ko’ngillar qozondim.
Tangrim, bir kun «Vo ajab» deyolarmidim?
Seni ko’rish yuzimni naqshladi nur-la,
Jon qo’shnim bog’iga uzanganday huzur-la,
Turkistonning tuprog’iga uzandim.
____________
* O n g m o q – eslamoq, yodga olmoq
SIVASDA YO’QSIL BOLALAR
Sivasda, ulug’ jome’ hovlisida bolalar
Yolvorgan ko’zlari-la atrofga boqa-boqa
Ocharkan kichkina qoracha qo’llarini:
– Amakajonim, sadaqa! Amakilarim, sadaqa!
Hukumat mehmonsaroyi yonida biri,
Bir qism ustuxon, bir parcha teri…
“Boy-yo’g’i yimbesh”, “boy-yo’g’i yimbesh” deya yig’laydi
Va hali cho’tka ham tutolmaydi qo’llari.
G’ariblar bozorida go’dak bolalar
Horg’inlikdan, ko’rsangiz, yuzlari ol-ol…
Odamni o’ldiradigan faryod dudoqlarida:
– Bo’sh hammol kerakmi? Bo’sh hammol!
Yalpiz sotuvchi, suv sotuvchi yetim bolalar
Qo’shiq aytolmaydilar oyga, quyoshga…
Bilaman, na ertak tinglashga to’ydilar,
Na bir bekinmachoq o’ynashga!
Bezirjida, Yujuyurtda, Oltintoboqda
Bolalar bor inja yuzlari go’zalroq oydan!
Ammo to’z-tuproq ichida qo’llari, oyoqlari,
O’yinchoqlari loydan.
Va gunohkor bolalar, aybli bolalarni
Tergashmoqda qator-qator o’g’ilni, qizni.
Bu ayb bizning aybimiz, bu gunoh bizniki,
Avf eting bizni.
Ko’kdagi yulduzlarcha sonsiz-sanoqsiz,
Oh, yurtimning kimsasiz va yo’qsil bolalari!
Angladim: farqingiz yo’q to’kilgan boshoqdan!
Oling bu ko’zlarni mendan, oling bu yurakni ortiq,
Uyalib ketayapman yashamoqdan.
SENMISAN?
(Lolaligim – Oqsaroy)
Yana oqshom, yana g’urbat, qat-qat o’ylar, qavatlar,
Yana keldi kuylaring ichimga, bilmam, qaydan?
Ko’zlarimda chizgi-chizgi bekatlar,
Bekatlarda xayol-mayol senmisan?
Senmisan yonma-yon kezolmaganim,
Inja sitamingni sezolmaganim,
Sirlaringni bir tur cho’zolmaganim
Ichimdaga og’ir savol senmisan?
Bu qanday yurakdan aytilmish maqom,
Tinglaganim barcha kuylar beorom,
Lolalik–Oqsaroy aro har oqshom
Tinglaganim ertak misol senmisan?
Parvo qilma, neki desa desin el,
Kel, bir oqshom yana, qo’shiqlar-la kel!
Istanbul sen bilan go’zaldir go’zal,
Istanbulday go’zal xayol senmisan?
Bilaman, seni ham qo’shiqlar yoqdi,
Ko’zlaringdan iliq tomchilar oqdi,
Endi ko’chalarda meni shom vaqti
Aylantirgan Lochin Ayol senmisan?
Yana oqshom, yana g’urbat, qat-qat o’ylar, qavatlar
Yana keldi kuylaring, bilmayman, qaydan?
Ko’zlarimda chizgi-chizgi bekatlar,
Bekatlarda xayol-mayol senmisan?
BIR QORLI KECHADA SENI O’YLAB
Kechalari nozik-nozik yog’ayotgan qor bo’lsa,
Ko’k yuzida tarqalyapgan bulutlar ham bor bo’lsa,
Meni ko’chalarda bil.
Meni ko’chalarda bil.
Bir doston yozgan kabi kecha-kunduz bilmay tin,
Faqat seni yozganman yuragimga yashirin,
Kel-da, dostonni o’chir.
Kel, dostonni mahv qil.
Bir tushuntirsam deyman fikrimni etmay kanda,
Telbacha jim qolarman sen yonimga kelganda.
Uzilsin xayrsiz til.
Uzilsin xayrsiz til.
Diqqat qil menga picha,
Ruhim endi g’urbatda tutab yonar har kecha.
Yonadi qandil-qandil.
Yonadi qandil-qandil.
Sensiz hech kimman, angla,
Miyamni yolg’on kabi yoqib kemirgan jumla
Qahr singari sabil.
Qahr singari sabil.
Ko’nglimga parchin-parchin urilgan umidsizlik,
Tillarga majnun kabi tushirdi meni ortiq.
Senga berganim mayl.
Senga berganim mayl.
Inja og’riqlardaysan bir bilinmas yerimda,
Bir alamli qo’shiqsan kechalarimda.
Ufqimdan ortiq chekil.
Ufqimdan ortiq chekil.
SEN SEN SEN
Bir tog’boshi yolg’izligi boshimda yana,
Tog’boshi yolg’izligi o’limdan battar.
Hech kimsa qidirmasa, so’rmasa meni,
Sen kelsang yetar.
Qo’llaring go’zalligi jonimga huzur,
Ko’zlaring qarshimda baxtiyorlik dengizi.
Har tong sen ushatsayding suprada nonimizzi
Sen bo’lsang yetar.
Yuragim, sen bilan yaylovlar qadar sarin
Na tirnoqcha hasrat, na nuqtacha g’am…
Yaylov tumani kabi, ko’zlarimga har oqshom
Sen to’lsang yetar.
Menda chorasizlik cheksiz tuyular.
Menda sabr, senda noz…
Kunduzdan voz kechdim, tushimda biroz
Bir ko’rmana sen bo’lsang yetar.
Eshitmasa hech kim shoir ko’nglimning
Senda qaror qilganini
Va ichimning sahro-sahro yorilganini
Sen bilsang yetar.
Bir kun bilsang bitganim, tugaganimni,
Chiqib kelsang uzoqlardan, qo’rquvli, hurkak…
Va ingichga tol kabi ustimga titrayarak
Egilsang yetar.
AYTMABMIDIM
Aytmabmidim, bu hasrat bitirar seni,
Oy aylanib ketar, yolg’iz qolarsan.
Har kun sochilarsan, uvalanarsan.
Aytmabmidim, yuragim: sevma!
Endi na ko’zyoshi, na va’da, na so’z…
Ortga qaytgan qaysi kabutaring bor?
Sening qaysi gulingni asradi bahor?
Aytmabmidim, aqlim: ishonma!
Bir kun nozlariga bog’lanarsan, demabmidim?
Ko’rmasang, zindonga do’nar bu shahar…
Ko’rsang, diqqat qilmas, mensimas kofir,
Aytmabmidim, ko’zlarim: boqma!
Aytmabmidim, bu titratuvchi harorat,
Bu navqiron go’zallik g’oyib bo’lar bir kun?
So’ngra bekor unga yuzlanarsan mahzun,
Aytmabmidim, qo’llarim: teginma!
Aytmabmidim, bir kun tinar bu navolar,
Ovozingga ovoz bergan shamollar bo’lur,
Istagancha kutaver, ming yil kutib yur…
Aytmabmidim, qulog’im: tinglama!
Bir kun ketajagi ma’lum edi bedarak,
Sening anglayolmaganing bo’lsa-da, ayon…
Boshqalarning tushida endi u ayol.
Aytmabmidim, qo’llarim: quchoqlama!
Barcha chekkan dardlarim sen tufayli.
Ustingga bir soya ham tushirmasding bir zamon.
Oh! Parcha-parcha bo’ldi endi ming bir yeridan jon.
Aytmabmidim, g’ururim: uzilma!