Мақсуда Эргашева ХХ аср ўзбек шеъриятидаги энг дардли шоира эди, десам хато қилмайман. Мақсуда Эргашева ўша цензура кучли 80-йилларда ҳам мана ман деган эркак ижодкорлар айтишга журъат қилмаган шеърлар ва мақолалар муаллифи эди, десам ҳам адашмайман. У пойтахтда яшамади. Аммо, Тошкентдан анча узоқдаги қишлоғидан туриб шивирлаб айтган шеърлари бизгача етиб келарди, юракларимизда сурон соларди десам ҳам, менга ишонинг. Бу гапларни ёзар эканман, «Мақсудадай шоира яна қачон туғиларкан», деб ўйлайман, қайғураман, дил сўзим қиёмат кунига етиб боришига ишониб «Мақсуда,Яратганнинг ҳам, халқингизнинг ҳам олдида юзингиз оқ кетдингиз», дея шивирлайман.
Хуршид Даврон
КЎНГИЛ КИШИСИ ЭДИ
Ойдин Ҳожиева
Ўзбекистон халқ шоираси
Олтиариқнинг Оқ бўйра қишлоғида фариштадай шоирам бор эди. Нозиккина бўлса ҳам сўзлари залворли, диловар, овозлари қўнғироқдай эди. Пиликдай қошлари ўсмали, бармоқлари хинали эди Мақсудахоннинг. Илк шеърлари биланоқ азиз устозимиз Зулфияхоним назарига тушган эди. «Эзгуликнинг оппоқ қушлари» туркумини жаннатмаконим устозим қайта-қайта мақтагандилар.
У 1980 йиллар ўрталарида ўткир муаммоли мақолалар ёзиб, қишлоқ аёлларининг ўша даврдаги оғир меҳнат шароитларини қаламга олган, ҳақ сўзлари, журъати учун уни ўзи дарс бераётган мактабда яхшигина «сийлашган» эдилар. Мақсуда шеър ёзаётганида Оқбўйранинг толлари, райҳону ялпизлари, ҳилпираган шаббадалари опасининг суҳбатига шошилган сингилдай унинг сатрларига кириб келарди. Турналарнинг патларидан тўкилган укпар наволарга ўхшарди унинг байтлари. У кўнгил кишиси эди.
Биздай опаларидан дардлироқ эди. Фарғона шоираларининг оташзабони эди. Шеърият уни ойдин йўлларга олиб чиқди. Элга танитди. Азиз қилди. Бир неча китоблари билан адабиётимизда қадру эътибор тортди.
2013 йили йилнинг сентябрида уни «Дўрмон» ижод боғидаги байрамда кўрган эдим. Опажон, деб келиб даврамизга қўшилди. Ийманибгина янги ёзган «Кўнгил дафтари» асарини қўлимга тутқазди. Сизга ва устоз Иброҳим акага маъқул келса, нашрга бераман,деди.
Мақсуда бу асарини ёзаётганида қоғозга ўт тушмаганига ҳайронман. Тақдирлар, аянчли қисматлар, фожиалар, инсон чувалчангдай оёқ остида хор бўлган йиллар тафсилоти юракни ўртаб юборади.
Янги йилдан уч кунгина аввал қўнғироқ қилиб аҳволи яхшилигини, қўлёзмани таҳрир қилиб чиққанини ва январ ойида Тошкентга келишини айтган эди. Афсус…Ўлим чавандози айни камолот ёшида, ижодий куч-қувватга тўлган паллада бу жўшқин шоирани фано гулшанига олиб кетди.
Фарғонали оқибатли сингилларим Мақсуда Эргашеванинг руҳини шод этиб, унинг янги китобини чоп этишга шаҳд қиладилар, деб умид қиламан.
Эл-юрт учун қилган меҳнатларингиз бошингизга соябон бўлсин, унутилмас шоирам,Мақсудажон!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2014 йил 21 феврал сонида босилган ёднома-мақоладан қисқартириб олдик.
МАҚСУДА ЭРГАШЕВА
ШЕЪРЛАР
УЙҒОН, БОЛАМ
Алла айтай ором тилаб,
Бутун жаҳон ухласин.
Моторларга бошин қўйиб
Учқур замон ухласин.
Ором олиб шаббодалар,
Жамики жон ухласин.
Фақатгина сен ухлама,
Сен ухлама, жон болам.
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!
Сен ухласанг, боғларингдан
Қушлар учиб кетадир.
Хотирангдан авлодларинг
Ёди ўчиб кетадир.
Дарёларинг қуриб, сендан
Сувлар қочиб кетадир.
Сен ухлама, жоним болам,
Сен ухлама, жон болам,
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!
Сен ухласанг, атрофингда
Ёғий мудом уйғоқдир.
Сени алдаб насибангга
Шерикликка муштоқдир.
Унда сенинг авлодларинг
Кўрган куни қийноқдир.
Сен ухлама, жоним болам,
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!
Фарзандлари ғофил элнинг
Имони ҳам ухлайди.
Ёмғир-қорлар ёғмай ўтар,
Осмони ҳам ухлайди.
Боғлар битмай, ўтлар унмай,
Имкони ҳам ухлайди.
Сен ухлама, жоним болам,
Сен ухлама, жон болам.
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!
Сен ухласанг қизчаларнинг
Тугмалари узилгай.
Оталарнинг қони, она
Кўкрак сути бузилгай.
Жувонлари ўзин ёқиб,
Шоир дили эзилгай.
Сен ухлама, жоним болам,
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!
Ўйламагил, ёғий бизга
Ўзга элдан келадир.
Ҳар элнинг ҳам ўзи туққан
Хоинлари бўладир.
Ўздан агар чиқса бало
Қайдан даво бўладир?
Сен ухлама, жоним болам,
Уйғон, болам,
уйғон, болам,
уйғон, болам!!!
ҚУТЛОВ
Тошларнинг қатида ўсган митти гул,
Нозик япроқларинг муборак бўлсин.
Тириклик томига кўтариб чиққан
Яшил япроқларинг муборак бўлсин.
Чечакжон, миттижон, юр, мени бошла,
Борайлик Оролнинг тузликларига.
Бостириб кирайлик халқини сотган
Хоин юракларнинг музликларига.
Ҳар йили туғилар Ўзбекистонда
Ўттиз уч минг дона митти тепалик.
Чечакжон, кўтариб байроқларингни
Уларнинг бошига йиғлаб борайлик.
Чечакжон, миттижон, қани, йўл бошла,
Бетон қасрларнинг ораларига.
Буюк оғасидан тил сўраб турган
Ўзбекнинг ўзбеги болаларига.
Чечакжон, миттижон, қутлуғ келибсан,
Кўзимга суртайин оёқларингни.
Бошимга кўтарай сени, чечакжон,
Шу яшил, шу митти байроқларингни.
КУРСИЛАР ПОЙИДА
Юмшоқ ўриндиқлар, баланд курсилар,
Билмадим, қандайин бордир сеҳрингиз.
Ерда, якандозда ўлтириб келган
Халқнинг фарзандларин тортди меҳрингиз.
Курсилар пойида меҳнат қилар эл,
Курсилар пойида чексиз далалар.
Баъзан лоқайдликдан ўксинади дил
Унинг жафосини тортса болалар.
Занжирбанд этилган сув омборларга,
Курсилар пойида Аму билан Сир,
Қиличдек ярқираб, мавжланиб эмас,
Ип каби эшилиб оқмоққа мажбур.
Оҳ тортар, оҳидан туз ёғар элга,
Ҳаёт томирлари қирқилган Орол.
Курсилар пойида ўзин ёқмоқда,
Бизлар фаришта деб топинган аёл.
Кўзингни очсанг-чи, саховатли халқ,
Ахир бу курсилар бекор берилмас.
Сен ҳали бу ёғоч курсилар учун
Юрак қонинг билан тўлайсан эваз.
Бировлар курси деб тилини сотди,
Бировлар курси деб сотди ватанни.
Парчалаб бурдалаб, узиб сотдилар,
Туркистон аталган буюк бир танни.
Бировлар курси деб бузиб ташлади
Боболар кўмилган мозорларини.
Айтгил, бу курсини қайга қўюрсан,
Оёғинг остида замин йўқ ахир.
Кўзингни очсанг-чи, саховатли халқ,
Курсидан туш энди, Мовароуннаҳр…
ҲАЁТ
Менга жуда ёқади ҳаёт
Катта-кичик тошлари билан.
Шохлардаги титроқлари-ю
Майсаларда ёшлари билан.
Севимлидир кўзимга шундоқ
Пушти рангга бўялган уфқ,
Қалдираган момақалдироқ
Чақмоқ каби чирмашувчи ишқ.
Дарахтларнинг қадду бўйига
Ҳарир либос бўлган ҳовурлар,
Соясидан миннатдор бўлиб
Оро берар ўзига гуллар.
Пайкалларнинг ичига меҳнат
Тикса яшил байроқларини,
Ариқларнинг бўйига ялпиз
Бошлаб чиқса ўртоқларини…
Юрагимда чиройли ишқни
Аллоҳ ўзи бергани тайин.
Қабрим узра йиғлама, ўғлим,
Мен дунёдан ўтгандан кейин.
* * *
Ғунчалар титраб турар қисканча лаб,
Оғзидан оташ чиқар иситмалаб.
Бунча беҳуш бўлмагил, дил ғунчаси,
Оч деюр, йўқса шабода чимдалаб.
Бунчалар фарёд қилар тун қушлари,
Субҳнинг тандирига ким ўт қалар.
Сочини йиғди қаро тун сесканиб,
Кундузи ўлтирмагайлар соч тараб.
Бир келиндек ўзга оро берди тонг,
Ғунча кўз очди сабоҳни орзулаб.
НАВОИЙНИ ИЗЛАДИМ
Шеър тилида бу шикаста қалб,
Китобларни кўрдим асталаб,
Токчаларга қўйдим дасталаб,
Аста Навоийни изладим.
Мана Машраб, мана Фузулий…
Ўқиб бердим ҳижжа-ҳижжалаб.
Қайсарлигинг тутдими, эй қалб,
Уста Навоийни изладим.
Юрак қўймас кўксимга муштлаб,
Тинмай қилар бир шеърни талаб.
Китоб дарёлари ёқалаб,
Битта Навоийни изладим.
Ахир, бу жой касалхонадир,
Қайдан топай Ҳазратни ҳозир?
Ҳали дунё бўлмади охир,
Улуғ Навоийни изладим.
* * *
Кузнинг дайди шамолларига
Иниб қолган олма ислари.
Қизил, пушти, оппоқ, нафармон,
Барқ уради гулзор ҳислари.
Ариқчага қўлларин солиб
Отқулоқлар ўлтиради шод.
Чулдирайди сувлар нима деб,
Билмам, қандай шеърни олар ёд.
Атиргулнинг пушти сояси
Кўринади сувнинг остида.
Белин ушлаб бир хаёлкаш тол
Қоровулдек турар устида.
Кузнинг дайди шамолларига
Иниб қолган беҳи ислари.
Эпкинларда учгандай гўё
Самоларда қалбим ҳислари.
ДОВОНДАГИ ЛОЛАЛАР
Лолалар тоққа қочаркан,
Баргларини тутдилар,
Сирғаниб тошлар ичиндан
Зўрға-зўрға ўтдилар.
Ям-яшил япроқларин
Зумрад ипакли тўн каби
Тошлар ёнинда ўлтириб,
Тизларига тортдилар.
Бу гуногун гул ичинда
Қора ғамнинг сояси,
Шунчалик нозик чечакка
Мунча қайғу қотдилар?
Бесабаб эрмас экан-да,
Лолаларнинг қайғуси,
Ушлашиб, зумрад тўнин
Белига боғлаб сотдилар.
ҚИРҚ ЙИЛ
Қирқ йилдирки остонангизда
Райҳон экиб ўлтирадирман.
Қирқ йилдирки атрофингизни
Гуллар билан тўлдирадирман.
Юзларимнинг қизиллигини
Хиноларга бердим атайлаб.
Тушиб қолса кўзингиз, сизга
Қарасинлар табассум айлаб.
Сўлмасин, деб, нигоҳларингиз
Яшил япроқларимни бердим.
Устун қилиб қошонангизга
Тилло бармоқларимни бердим.
Боғингизда кўзларим булоқ,
Киприкларим гиёҳ бўлдилар.
Толмачадек эди қоматим,
Энди қуриб, қиёқ бўлдилар.
Ишқ илашди ишқ осмонидан –
Ишқ тоқидан тушдим атайлаб.
Қайтгин, деди, ишққа ёр олам,
Борган еринг муборак айлаб.
РАЙҲОН
Райҳонни сиз бекор яхши кўрмайсиз,
Райҳоннинг бир ажиб туришлари бор.
Шамоллар бошидан айланиб ўтса,
Хуш ҳидлар таратиб, кулишлари бор.
Райҳонни сиз бекор яхши кўрмайсиз,
Барглари сиёҳранг, гуллари майда.
Барча чечакларнинг келади рашки.
Уларга сиз каби ишқибоз, қайда?
Райҳонни сиз бекор яхши кўрмайсиз,
Келгандир жаннатнинг томонларидан.
У Момо Ҳавонинг кўзёшин ичиб,
Униб чиққан асли товонларидан.
Шу катта водийнинг чекка боғида
Райҳонлар ўсади, гуллари майда.
Барча чечакларнинг келади рашки,
Уларга сиз каби ишқибоз, қайда?
ДУНЁЙИ ДАВВОРНИ АЙЛАНДИК
Дунёйи давворни айландик,
Кўникдик эртаю кечига.
Аё, дўст, юр, энди, кетайлик,
Кетайлик кўнгилнинг ичига.
Қаҳратон қишларда диғдираб,
Кўникдик аёзнинг кучига.
Бир илиқ илинжни ахтариб,
Кетайлик кўнгилнинг ичига.
Кўнгил ҳам чечаклар нафармон
Очилган илоҳий чамандир.
Менинг кўксимдаги шу чаман
Армон қушларига ватандир…
Эҳтимол, ҳаммадан фараҳли
Кунимиз шу кундир очунда.
Аё, дўст, не бўлсак бўлдик биз,
Шу қурғур кўнгилнинг ичида.
Maqsuda Ergasheva XX asr o’zbek she’riyatidagi eng dardli shoira edi, desam xato qilmayman. Maqsuda Ergasheva o’sha senzura kuchli 80-yillarda ham mana man degan erkak ijodkorlar aytishga jur’at qilmagan she’rlar va maqolalar muallifi edi, desam ham adashmayman. U poytaxtda yashamadi. Ammo, Toshkentdan ancha uzoqdagi qishlog’idan turib shivirlab aytgan she’rlari bizgacha yetib kelardi, yuraklarimizda suron solardi desam ham, menga ishoning. Bu gaplarni yozar ekanman, «Maqsudaday shoira yana qachon tug’ilarkan», deb o’ylayman, qayg’uraman, dil so’zim qiyomat kuniga yetib borishiga ishonib «Maqsuda,Yaratganning ham, xalqingizning ham oldida yuzingiz oq ketdingiz», deya shivirlayman.
Xurshid Davron
KO’NGIL KISHISI EDI
Oydin Hojieva
O’zbekiston xalq shoirasi
Oltiariqning Oq bo’yra qishlog’ida farishtaday shoiram bor edi. Nozikkina bo’lsa ham so’zlari zalvorli, dilovar, ovozlari qo’ng’iroqday edi. Pilikday qoshlari o’smali, barmoqlari xinali edi Maqsudaxonning. Ilk she’rlari bilanoq aziz ustozimiz Zulfiyaxonim nazariga tushgan edi. «Ezgulikning oppoq qushlari» turkumini jannatmakonim ustozim qayta-qayta maqtagandilar.
U 1980 yillar o’rtalarida o’tkir muammoli maqolalar yozib, qishloq ayollarining o’sha davrdagi og’ir mehnat sharoitlarini qalamga olgan, haq so’zlari, jur’ati uchun uni o’zi dars berayotgan maktabda yaxshigina «siylashgan» edilar. Maqsuda she’r yozayotganida Oqbo’yraning tollari, rayhonu yalpizlari, hilpiragan shabbadalari opasining suhbatiga shoshilgan singilday uning satrlariga kirib kelardi. Turnalarning patlaridan to’kilgan ukpar navolarga o’xshardi uning baytlari. U ko’ngil kishisi edi.
Bizday opalaridan dardliroq edi. Farg’ona shoiralarining otashzaboni edi. She’riyat uni oydin yo’llarga olib chiqdi. Elga tanitdi. Aziz qildi. Bir necha kitoblari bilan adabiyotimizda qadru e’tibor tortdi.
2013 yili yilning sentyabrida uni «Do’rmon» ijod bog’idagi bayramda ko’rgan edim. Opajon, deb kelib davramizga qo’shildi. Iymanibgina yangi yozgan «Ko’ngil daftari» asarini qo’limga tutqazdi. Sizga va ustoz Ibrohim akaga ma’qul kelsa, nashrga beraman,dedi.
Maqsuda bu asarini yozayotganida qog’ozga o’t tushmaganiga hayronman. Taqdirlar, ayanchli qismatlar, fojialar, inson chuvalchangday oyoq ostida xor bo’lgan yillar tafsiloti yurakni o’rtab yuboradi.
Yangi yildan uch kungina avval qo’ng’iroq qilib ahvoli yaxshiligini, qo’lyozmani tahrir qilib chiqqanini va yanvar oyida Toshkentga kelishini aytgan edi. Afsus…O’lim chavandozi ayni kamolot yoshida, ijodiy kuch-quvvatga to’lgan pallada bu jo’shqin shoirani fano gulshaniga olib ketdi.
Farg’onali oqibatli singillarim Maqsuda Ergashevaning ruhini shod etib, uning yangi kitobini chop etishga shahd qiladilar, deb umid qilaman.
El-yurt uchun qilgan mehnatlaringiz boshingizga soyabon bo’lsin, unutilmas shoiram,Maqsudajon!
«O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2014 yil 21 fevral sonida bosilgan yodnoma-maqoladan qisqartirib oldik.
MAQSUDA ERGASHEVA
SHE’RLAR
UYG’ON, BOLAM
Alla aytay orom tilab,
Butun jahon uxlasin.
Motorlarga boshin qo’yib
Uchqur zamon uxlasin.
Orom olib shabbodalar,
Jamiki jon uxlasin.
Faqatgina sen uxlama,
Sen uxlama, jon bolam.
Uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam!
Sen uxlasang, bog’laringdan
Qushlar uchib ketadir.
Xotirangdan avlodlaring
Yodi o’chib ketadir.
Daryolaring qurib, sendan
Suvlar qochib ketadir.
Sen uxlama, jonim bolam,
Sen uxlama, jon bolam,
Uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam!
Sen uxlasang, atrofingda
Yog’iy mudom uyg’oqdir.
Seni aldab nasibangga
Sheriklikka mushtoqdir.
Unda sening avlodlaring
Ko’rgan kuni qiynoqdir.
Sen uxlama, jonim bolam,
Uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam!
Farzandlari g’ofil elning
Imoni ham uxlaydi.
Yomg’ir-qorlar yog’may o’tar,
Osmoni ham uxlaydi.
Bog’lar bitmay, o’tlar unmay,
Imkoni ham uxlaydi.
Sen uxlama, jonim bolam,
Sen uxlama, jon bolam.
Uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam!
Sen uxlasang qizchalarning
Tugmalari uzilgay.
Otalarning qoni, ona
Ko’krak suti buzilgay.
Juvonlari o’zin yoqib,
Shoir dili ezilgay.
Sen uxlama, jonim bolam,
Uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam!
O’ylamagil, yog’iy bizga
O’zga eldan keladir.
Har elning ham o’zi tuqqan
Xoinlari bo’ladir.
O’zdan agar chiqsa balo
Qaydan davo bo’ladir?
Sen uxlama, jonim bolam,
Uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam,
uyg’on, bolam!!!
QUTLOV
Toshlarning qatida o’sgan mitti gul,
Nozik yaproqlaring muborak bo’lsin.
Tiriklik tomiga ko’tarib chiqqan
Yashil yaproqlaring muborak bo’lsin.
Chechakjon, mittijon, yur, meni boshla,
Boraylik Orolning tuzliklariga.
Bostirib kiraylik xalqini sotgan
Xoin yuraklarning muzliklariga.
Har yili tug’ilar O’zbekistonda
O’ttiz uch ming dona mitti tepalik.
Chechakjon, ko’tarib bayroqlaringni
Ularning boshiga yig’lab boraylik.
Chechakjon, mittijon, qani, yo’l boshla,
Beton qasrlarning oralariga.
Buyuk og’asidan til so’rab turgan
O’zbekning o’zbegi bolalariga.
Chechakjon, mittijon, qutlug’ kelibsan,
Ko’zimga surtayin oyoqlaringni.
Boshimga ko’taray seni, chechakjon,
Shu yashil, shu mitti bayroqlaringni.
KURSILAR POYIDA
Yumshoq o’rindiqlar, baland kursilar,
Bilmadim, qandayin bordir sehringiz.
Yerda, yakandozda o’ltirib kelgan
Xalqning farzandlarin tortdi mehringiz.
Kursilar poyida mehnat qilar el,
Kursilar poyida cheksiz dalalar.
Ba’zan loqaydlikdan o’ksinadi dil
Uning jafosini tortsa bolalar.
Zanjirband etilgan suv omborlarga,
Kursilar poyida Amu bilan Sir,
Qilichdek yarqirab, mavjlanib emas,
Ip kabi eshilib oqmoqqa majbur.
Oh tortar, ohidan tuz yog’ar elga,
Hayot tomirlari qirqilgan Orol.
Kursilar poyida o’zin yoqmoqda,
Bizlar farishta deb topingan ayol.
Ko’zingni ochsang-chi, saxovatli xalq,
Axir bu kursilar bekor berilmas.
Sen hali bu yog’och kursilar uchun
Yurak qoning bilan to’laysan evaz.
Birovlar kursi deb tilini sotdi,
Birovlar kursi deb sotdi vatanni.
Parchalab burdalab, uzib sotdilar,
Turkiston atalgan buyuk bir tanni.
Birovlar kursi deb buzib tashladi
Bobolar ko’milgan mozorlarini.
Aytgil, bu kursini qayga qo’yursan,
Oyog’ing ostida zamin yo’q axir.
Ko’zingni ochsang-chi, saxovatli xalq,
Kursidan tush endi, Movarounnahr…
HAYOT
Menga juda yoqadi hayot
Katta-kichik toshlari bilan.
Shoxlardagi titroqlari-yu
Maysalarda yoshlari bilan.
Sevimlidir ko’zimga shundoq
Pushti rangga bo’yalgan ufq,
Qaldiragan momaqaldiroq
Chaqmoq kabi chirmashuvchi ishq.
Daraxtlarning qaddu bo’yiga
Harir libos bo’lgan hovurlar,
Soyasidan minnatdor bo’lib
Oro berar o’ziga gullar.
Paykallarning ichiga mehnat
Tiksa yashil bayroqlarini,
Ariqlarning bo’yiga yalpiz
Boshlab chiqsa o’rtoqlarini…
Yuragimda chiroyli ishqni
Alloh o’zi bergani tayin.
Qabrim uzra yig’lama, o’g’lim,
Men dunyodan o’tgandan keyin.
* * *
G’unchalar titrab turar qiskancha lab,
Og’zidan otash chiqar isitmalab.
Buncha behush bo’lmagil, dil g’unchasi,
Och deyur, yo’qsa shaboda chimdalab.
Bunchalar faryod qilar tun qushlari,
Subhning tandiriga kim o’t qalar.
Sochini yig’di qaro tun seskanib,
Kunduzi o’ltirmagaylar soch tarab.
Bir kelindek o’zga oro berdi tong,
G’uncha ko’z ochdi sabohni orzulab.
NAVOIYNI IZLADIM
She’r tilida bu shikasta qalb,
Kitoblarni ko’rdim astalab,
Tokchalarga qo’ydim dastalab,
Asta Navoiyni izladim.
Mana Mashrab, mana Fuzuliy…
O’qib berdim hijja-hijjalab.
Qaysarliging tutdimi, ey qalb,
Usta Navoiyni izladim.
Yurak qo’ymas ko’ksimga mushtlab,
Tinmay qilar bir she’rni talab.
Kitob daryolari yoqalab,
Bitta Navoiyni izladim.
Axir, bu joy kasalxonadir,
Qaydan topay Hazratni hozir?
Hali dunyo bo’lmadi oxir,
Ulug’ Navoiyni izladim.
* * *
Kuzning daydi shamollariga
Inib qolgan olma islari.
Qizil, pushti, oppoq, nafarmon,
Barq uradi gulzor hislari.
Ariqchaga qo’llarin solib
Otquloqlar o’ltiradi shod.
Chuldiraydi suvlar nima deb,
Bilmam, qanday she’rni olar yod.
Atirgulning pushti soyasi
Ko’rinadi suvning ostida.
Belin ushlab bir xayolkash tol
Qorovuldek turar ustida.
Kuzning daydi shamollariga
Inib qolgan behi islari.
Epkinlarda uchganday go’yo
Samolarda qalbim hislari.
DOVONDAGI LOLALAR
Lolalar toqqa qocharkan,
Barglarini tutdilar,
Sirg’anib toshlar ichindan
Zo’rg’a-zo’rg’a o’tdilar.
Yam-yashil yaproqlarin
Zumrad ipakli to’n kabi
Toshlar yoninda o’ltirib,
Tizlariga tortdilar.
Bu gunogun gul ichinda
Qora g’amning soyasi,
Shunchalik nozik chechakka
Muncha qayg’u qotdilar?
Besabab ermas ekan-da,
Lolalarning qayg’usi,
Ushlashib, zumrad to’nin
Beliga bog’lab sotdilar.
QIRQ YIL
Qirq yildirki ostonangizda
Rayhon ekib o’ltiradirman.
Qirq yildirki atrofingizni
Gullar bilan to’ldiradirman.
Yuzlarimning qizilligini
Xinolarga berdim ataylab.
Tushib qolsa ko’zingiz, sizga
Qarasinlar tabassum aylab.
So’lmasin, deb, nigohlaringiz
Yashil yaproqlarimni berdim.
Ustun qilib qoshonangizga
Tillo barmoqlarimni berdim.
Bog’ingizda ko’zlarim buloq,
Kipriklarim giyoh bo’ldilar.
Tolmachadek edi qomatim,
Endi qurib, qiyoq bo’ldilar.
Ishq ilashdi ishq osmonidan –
Ishq toqidan tushdim ataylab.
Qaytgin, dedi, ishqqa yor olam,
Borgan yering muborak aylab.
RAYHON
Rayhonni siz bekor yaxshi ko’rmaysiz,
Rayhonning bir ajib turishlari bor.
Shamollar boshidan aylanib o’tsa,
Xush hidlar taratib, kulishlari bor.
Rayhonni siz bekor yaxshi ko’rmaysiz,
Barglari siyohrang, gullari mayda.
Barcha chechaklarning keladi rashki.
Ularga siz kabi ishqiboz, qayda?
Rayhonni siz bekor yaxshi ko’rmaysiz,
Kelgandir jannatning tomonlaridan.
U Momo Havoning ko’zyoshin ichib,
Unib chiqqan asli tovonlaridan.
Shu katta vodiyning chekka bog’ida
Rayhonlar o’sadi, gullari mayda.
Barcha chechaklarning keladi rashki,
Ularga siz kabi ishqiboz, qayda?
DUNYOYI DAVVORNI AYLANDIK
Dunyoyi davvorni aylandik,
Ko’nikdik ertayu kechiga.
Ayo, do’st, yur, endi, ketaylik,
Ketaylik ko’ngilning ichiga.
Qahraton qishlarda dig’dirab,
Ko’nikdik ayozning kuchiga.
Bir iliq ilinjni axtarib,
Ketaylik ko’ngilning ichiga.
Ko’ngil ham chechaklar nafarmon
Ochilgan ilohiy chamandir.
Mening ko’ksimdagi shu chaman
Armon qushlariga vatandir…
Ehtimol, hammadan farahli
Kunimiz shu kundir ochunda.
Ayo, do’st, ne bo’lsak bo’ldik biz,
Shu qurg’ur ko’ngilning ichida.