Baxtiyor Nuriddinov.Muhabbat haqida uch hikoya.

001
О, бу қандайин куч бўлдики, уни ипсиз боғлаб олиб, ўзига оҳанрабодай тортса… Анча вақтдан сўнг қизнинг кабинадан чиқаётганини кўриб, ёмғир бутунлай тинганини сезди ва бирдан безовталаниб қолди. Бу лаҳзалар унинг учун азиз бўлиб қолган, гўёки у кабинадан эмас, қалб тўридан чиқаётган эди. Қиз кўзига чақмоқ мисли бир кўриниш бериб кетаётгандай туюлди. Йигит унинг ёнига боришини ҳам, бормаслигини ҳам билмай каловланарди. Шу пайтгача икковларини боғлаб турган нарса ёлғиз ёмғир, ёмғир эканлигини энди тушунди.

01
Бахтиёр Нуриддинов
МУҲАББАТ ҲАҚИДА УЧ ҲИКОЯ
02

МУҲАББАТ МУҲРИ

Борлиқ бир силкиниб ёниб ўчгандай бўлди. Ер юзини булут қоплади. Шивалаб ёмғир ёғар, атроф жавонибдаги жимликни томчиларнинг шитир-шитири-ю, дарёнинг даҳшатли шовиллаб ўқишигина бузарди. Жониворлар аллақачон ин-инларига кириб кетишган, вақт ҳам алламаҳал бўлган эди. Дарё бўйидаги ҳарсангтош устида соч-соқоли оқарган, ёши ҳам бир жойга бориб қолган Зокир тракторчи ўтирар; йигирма-ўттиз қадам нарида эса ташландиқ ҳолга келган, алмисоқдан қолган унинг ёлғиз трактори турар эди. Бу тракторни чолга яхши меҳнатлари эвазига колхоз томонидан беришганди. Ўшанда “Қариган чоғимда зил-замбилдек келадиган бу матоҳингни бошимга ураманми?!” – демоқчи бўлди-ку, лекин салкам бутун умри шу трактор билан ўтиб, ўрганиб қолгани туфайлими кўнгли йўл бермади. Раиснинг олдидан чиқиб тўғри уйга келганида хотини Хадича, аёл киши эмасми, “Шунинг ўрнига кичикроқ бир хунажин сўрамабсиз-да. Баҳоргача анчайин етаклаб олардик. Бу ўлгурни на соғиб ичиб бўлса, на бозорга сола олсанг…” – деб қилди жанжал, қилди жанжал, асти қўяверасиз. Тупроғинг нурга тўлгур кампирининг ўшандаги ҳолати ҳамон кўз олдидан кетмайди. Нимаям қила оларди. Тақдир деб шуни айтади-да… Биров олдин кетса, биров кейин тарк этади бу фоний дунёни. Ҳаммага келган тўй. Бошга тушганни кўз кўраверади.

Кампири Хадичани тупроққа қўйганига ҳам мана бир ҳафта бўлибди. Ҳаммасига чидаб юрибди-ку, лекин…
…Фақат Хадичага ачинади. У бечора нимани ҳам кўрибди. Ҳатто шу ўзининг яшаган қишлоғи, кичкина Чекаташлоқни ҳам бафуржа айланиб чиқмаган. Ўзи-ку майли-я… Армия деди, бошқа деди ҳартугул уёқ буёқни бориб кўрди. Ўлса армони йўқ эди.

Одамзот ўзи шундай яралган бўлса керак. Аввалига отам-онам дейди, кейин бўлса болам-чақам… Бориб-бориб қариган чоғларида ёлғиз қолади. Кампири билан икковлари бир-бирига суяниб, ўрганиб қолган экан анчагача ўзига келолмай юрди. Бу вақтларда фарзандлар ҳам ўз йўлига… Улар ҳам бағрингдан учирма бўлиб чиқиб кетгунча сеники, кейин ўзлари билан ўзлари овора… Мана тўнғичи Дилмурод бир йил бўлибдики, дараги йўқ. Ҳатто онасининг вафотини ҳам билмайди. Балким билганда келармиди?!..

Давлат иши деб тинмайди. Ҳали чет элда, ҳали бошқа жойда. Бормаган жойи коинот қолди ўзи. Отанг тушмагур, баччағар, ўзи ҳам етти тилни билади.
Баъзан шу ўғлига ҳам ачиниб кетади. “Ўзингни бошингга ўзинг ғалва оширмай, жўн отангни касбини қилавермайсанми?! Ўша бегона юртда юриб топган бир бурда нонингни шу ерда ҳам топасан ахир”, — дегиси келади-ю, ўйланиб қолади. Яна ким билади, бу ёшлар нималар қилишади ҳали.
Ҳар қалай ўртанчаси тузук. Тез-тез келиб, хабар олиб туради. Онасининг таъзия кунлари ҳам бошига дўппи, эгнига чопон кийиб шу ўғли турди.

Кенжаси қиз. Қиз бўлгани туфайли, жуда меҳрибон. Онаси тирик чоғларида бечорани кетгиси келмасди. Ёш оила бўлса ҳам ўзидан ошиниб, бўш қолди дегунча онасининг олдига чопарди. Ишқилиб омон бўлса бўлгани. Ҳаммаларини қаерда бўлмасин бахтини берсин…
Шу кунларда унинг ўзи ҳам нураб, мунғайиб қолган эди. Фақат ҳали-ҳануз Қорадарё соҳилида Хадича билан илк бора юз берган ўша воқеагина чолга ажиб бир энтикиш, ширин орзиқиш бериб, ҳаёт бахш этарди…
…Илгарилари ҳам нимагадир ёмғир остида хаёл суриб ўтиришни яхши кўрар эди. Ўшандаям ёмғир тезлашгандан тезлашиб, қутуриб борарди. Соҳилда кимни(нг)дир б(ч)ақириб, чопиб келаётган қораси кўринди. Узоқдан унинг нима деб бақираётганлигини англаб бўлмаса-да, овозидан қиз бола эканлигини билиш мумкин эди. Қиз келди-ю, туйқусдан даҳшатли нарсага дуч келгандек турган ерида қотиб қолди. Йигит унга қандай қилиб илтифот кўрсатишни билмай, жим қараб турар эди. У бўлса, ғайриихтиёрий равишда ортга бурилиб, кета бошлади.
— Қаёққа аҳмоқ?!.. Селда қоласан-ку… Бу ёққа кел, кел деяпман!..

Йигит тракторидан тушди-ю, овозининг борича бақирган кўйи аччиқланиб, у томон юрди. Қўлидан маҳкам ушлаб, кабина томон судрай бошлади. Қиз беиихтиёр бўйсуниб лом-мим демай кабинага чиқди. Кабинадан трактор мойининг ҳиди анқиб турарди. Ноқулай бўлса-да, ўриндиққа ўрнашиб олди. Бундай жойда биринчи ўтириши эди. Вужуди билан йигитнинг хатти-ҳаракатларини кузатар, нотаниш жойда бегонасирарди. Бунинг устига ёшлик, ёлғизлиги ваҳм соларди. У бўлса ҳамон бир нималар деб ғудранарди.
— Вой тентаквой-ей. Мен бўримидимки сени еб қўйсам. Қўрқиб кетганиничи бунинг.

Қиз унинг ҳам ёнига чиқаётганини кўриб, ҳимоясиз қолган қушдек, ўтирган ўрнида безовта қўзғалди ва атрофга олазарак қараб қўйди. Ўзининг номаъқул ҳаракатини сездими йигит кабинага чиқмай тракторнинг ёмғир урилмаётган томонига ўтиб, қунишиб олди.
Ёмғир бир зум бўлсада, пасаймасди. Атроф бўм-бўш, кимсасиз. Поёнсиз далалар ортидан қишлоқ элас-элас кўзга ташланади. Кун ҳам ўтиб бораяпти. Тезроқ кетиш керак… Аксига олиб ёмғир ҳам тинмаяпти. Қиз ҳам унга ортиқча бўлди.

Йигитнинг хаёлини тракторнинг орқа ойнасидан тушган қизнинг ғимирлаган шарпаси бузди. Ёмғир томчилари қизнинг икки юзидан оқиб тушиб, ҳаммаёғини шалаббо қилганди. Ғаёришуурий равишда унга нигоҳини қаратди. Боя ҳуснига унчалик эътибор бермаган эканми, ён тарафдан қизнинг чиройли ярим юзини кўрди. Хаёлидан кечган ўйни англагандай қиз ҳам у томон ўгирилиб, ойдек ҳуснининг бор тароватини намойиш этди. Бу намойишкорона қараш йигитнинг вужудини ўртаб юборди. Қизнинг мунгли кўзлари қандайдир сирли боқарди. Бир боқишининг ўзигина жон олишга кифоя эди. Йигитни висол қийноғи азоблаб, ҳажр ўти ўзининг ёғига ўзини қовира бошлади. Энди телба қалбини ёмғирнинг тезроқ тиниши эмас, аксинча, уззукун шаррос ёғиши тинчлантирарди. Лекин ўйлагани акси бўлаётганди. Ахир шу оннинг ўзида ундаги қалб ўти алангаланиб, вужудида ўзига нотаниш ҳислар пайдо бўла бошлаганини бу золим фалак қаёқданам билсин. Устига устак ёмғир ҳам сусайиб бир-бирини боғлаб турган биттаю битта риштадан ҳам маҳрум қила бошлади. У бутун борлиғи билан эҳтиросли хаёллар оғушида эди. Қандайдир кўринмас куч ўз домига олиб, ақл ҳушини ўғирлаётганди, гўё…

О, бу қандайин куч бўлдики, уни ипсиз боғлаб олиб, ўзига оҳанрабодай тортса… Анча вақтдан сўнг қизнинг кабинадан чиқаётганини кўриб, ёмғир бутунлай тинганини сезди ва бирдан безовталаниб қолди. Бу лаҳзалар унинг учун азиз бўлиб қолган, гўёки у кабинадан эмас, қалб тўридан чиқаётган эди. Қиз кўзига чақмоқ мисли бир кўриниш бериб кетаётгандай туюлди. Йигит унинг ёнига боришини ҳам, бормаслигини ҳам билмай каловланарди. Шу пайтгача икковларини боғлаб турган нарса ёлғиз ёмғир, ёмғир эканлигини энди тушунди.
Яна ўша ғайритабиий куч қизнинг ёнига боришга ундади. Назарида аллақандай шарпалар юрагига тажовуз солиб, ёлғизини олиб кетмоқчидай кўринди. У ўз жисмидаги қалтироқни сездирмасликка ҳаракат қилиб, қизга яқинлашди ва қаршисида бир зум ҳуснига маҳлиё бўлиб, туриб қолди.

У гўзал эди. Ҳатто ёшлигида хаёлини олган, китоблардаги Фарҳоду Мажнунларнинг маъшуқаларидан ҳам мафтункорроқ эди. Унга энди ҳеч нарса таскин бермай қўйди. Ихтиёрсиз равишда қизнинг гулдек бармоқларига тракторнинг руль чамбарагини айлантиравериб дағал, беўхшов ҳолга келиб қолган қўлларини теккизди. Бир зум бўлса-да, қизнинг қайноқ вужудидан гупуриб турган қалбининг ҳароратини ҳис этди. Негадир у қўлини тортиб олмади. Фақат кўзларини ерга қадаб, нигоҳи билан турли шакллар чизарди. Йигит унинг кўзларини кўролмай ўзича тасаввур қилди: қора, мовий… Билолмади. Шу ҳолатда улар бир-бирларига бўлган муҳаббатларини, меҳрларини сўзсиз изҳор этишаётгандек эдилар. Қизнинг қўлларини бўшатгиси келмасди. Шундай қилса абадий бир-бирларидан йироқлашадиганга ўхшаб кўринди. Нима бўлса ҳам ўзини қўлга олди ва:
— Кетаяпсизми?! – деб тўлқинланиб сўради.

Қиздан садо чиқмади. У тил-забонсиз фариштага ўхшарди. Бир оғиз ҳам гапирмасди-ю, одамни ўзига ром этиб оларди.
Шу пайт майин эпкин эсиб, қизнинг сочларини тўзғитди. Шунда у бошини кўтариб, йигитга қаради. Кўзлар тўқнашиб ўт чақнагандай бўлди. Ораларида ҳеч қанча масофа қолмаганди. Қаттиқроқ нафас олсалар юзлари юзларига тегарди. Икковлари ҳам сингиб кетгудай ҳолатда эдилар. Нақадар бахтли, унитилмас онлар…
— Кузатиб қўярдим!?.. – Йигит беиихтиёр оғзидан чиқиб кетган ушбу сўзлардан ўзи уялиб кетди.
— Кераги йўқ, ўзим!.. – Қиз кескин ортига бурилиб кета бошлади. Йигит довдираб қолди. Нима қилишини билмай жим қараб турарди.

О, бу майин — жарангдор овоз, ғамли сўзлар… Умрбод қалбга муҳрланиб қолганини билсанг эди.
Қиз секин-секин, осуда қадам ташлаб йўлга тушди. Йигит эса тракторига суянганича сассиз, садосиз телба алфозда уни кузатиб турарди. Кўз ўнгида унга севимли бўлиб қолган қиз йироқлашиб борарди. Қизнинг ёмғирда шалаббо бўлиб, ҳали қуриб улгурмаган кўйлаги нозик қаддига ёпишиб, сарв қоматининг гўзаллигини бор бўйича намойиш қилар; узун тундек, сим-сиёҳ сочлари эса, ҳуснига-ҳусн қўшарди. Кейинчалик ҳам унинг хотирасида қизнинг ана шу охирги сурат мисол кўриниши ўрнашиб қолган эди.
Чексиз-чегарасиз самони, бутун борлиқни секин-аста қоронғулик қоплай бошлади. Йигит ҳамон тракторига суянган кўйи турар, қизнинг эса қишлоқ томонга кетаётган қораси тобора кичрайиб борарди. Ниҳоят, қиз олислаша-олислаша бир нуқтага айланди ва қишлоқ йўлида ғойиб бўлди. Йигит уни телбаларча севиб қолганди.

* * *

Бу ўша тупроққа бериб қўйган якка-ю ёлғиз Хадичаси эди. Энди у абадийлик йўлида ғойиб бўлган, унинг покиза, мангу севгиси эса чолнинг қаримсиқ юрагидагина қолганди.
Борлиқ яна бир бора силкиниб, ёниб ўчгандай бўлди. Чақмоқ бутун ер юзини ёритиб, сўнди. Дарё бўйидаги ҳарсангтош ёнида чолнинг ёлғиз, совуқ жасади ётар, ёмғир эса унинг юрагида абадий муҳрланган муҳаббат изларини ювиб ёғарди. Бу чолнинг сўнгги дамлари эди.

“Меҳригиёҳ” газетасининг 1998 йил, 28 май 75-сонидан

МУСАВВИР

Унинг кўзлари чиройли эди.
Сочи қора. Юзи қорамағиз. Худди офтобда пишгандек кўринарди. Кўзлари эса, мовиймиди-ей…
Ҳа-ҳа, мовийроққа ўхшарди. Ўт чақнаб турарди ундан. Қарашининг ўзи ҳар қандай юракни беҳаловат қиларди. Ёмонлигидан эмас, яхшилигидан. Эҳтиросга тўла эди у кўзлар. Буни тасвирлаш қийин. Лекин ҳархолда мовийроқ, мовий эмасди.

Унинг суратини чизишга кўп ҳаракат қилиб кўрди. Бариси –юзи, қоши, сочи доимо ўзи ўйлагандек чиқарди. Фақат кўзлари, унинг кўзларини тасвирлашга нимадир етишмасди. Сирли эди улар. Ҳатто бисотида борки бўёқлардан унинг кўзларини рангини чиқариб бўлмасди. Бугун қанча ҳаракат қилмасин буни эплолмади. Туни билан ишлади. Бироқ ўзи истаган, қалби хоҳлаётган рангни топа олмади. Бироз осмонга – юлдузларга термулиб излади. Ниманидир топганга ўхшади. Фақат у рангни, у чизгиларни эмас. Минг бор хаёлан қиёфасини кўз ўнгига келтирди. Барибир уддалай олмади. Кўзларини, унинг қорачиғларини аниқ эслолмади. Яна бир бор кўрмаса бўлмайди. Уни унутган. Унутгани аниқ. Айниқса кўзларини. Уч йил бўлди кўрмаганига ахир… Кўз олдига келтира олмаяпти. Кўрмасдан чизолмайди.

Хонага ширин, кўнгилларни хушловчи шабада кирди. Дераза пардаси бир қимирлаб жойига қайтди. Гўё унинг ёнига кимдир киргандай бўлди. Тонг яқин. Хонадаги сукунатни “чиқ-чиқ, чиқ-чиқ”лаган товуш бузади. Соат – уйнинг сўфиси деганларича бор. Вақт ўтишидан дарак бериб одамни ҳушёр тортгизиб туради. Қизиқ, соат неча бўлдийкин?.. – хаёлидан ўтказди у. Бутун уйда бешта соат бор. Бири ётоқхонадаги тагкурсида, бири иш столи устида, учтаси эса, деворга осиғлиқ. Ҳаммаси бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг қайси бири тўғрилигини билмайди. Ҳар қалай рўпарасидаги — девордагига қарагани маъқул. Йигирмата кам тўрт. Ёнидаги, столдагиси беш дақиқа олдин. Уни спортчи дўсти совға қилган. Доим илгарилаб кетади. Хориждан келтирилган. Шаҳардаги уста соатсозларга созлатган. Барибир тўғриланмади.

Қолган учтаси неча бўлган экан. Бориб кўрсамикин?.. Нима фарқи бор. Тахминан вақтни билди-ку! Ўзи дунёдаги соатларнинг ҳаммаси ҳар хил. Унда аниқ вақтни билгиси келса барисини солиштиришга тўғри келади. Ғарбда соат неча, шимолда неча?.. Нариги хоналарга чиқишга эриниб турибди-ку! Билмагани маъқул. Шусиз ҳам яшаса бўлади. Бироз чалғиди, ўзини унутди. Ҳамиша шунақа. Вақт фақат чалғитади. Ҳаммани гаранг қилади ёки бир лаҳзада нариги дунёга олиб кетади. Вақт шундай вахший. Ҳеч нимани, ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Уни дўсти йўқ. Ушлаб турадиган куч ҳам. Фақат олдинга, олдинга илгарилайди. О, қанийди бардоши етса-ю, уйидаги ҳамма соатларни олиб чиқиб кўчага отса. Вақт бироз тўхтаса. Ёки уни орқага қайтаришни иложи бўлса-да. Йўқ бўлмайди.

Бугун кундузи у билан учрашади. Қаердалигини билади. Шаҳарнинг четидаги уйида. Аниқ ўша жойда. Уни бошқа борар манзили йўқ. Яқинларининг бари юз ўгиришган. Дўстлари ташлаб кетишган. У ожиза, у… Узоқроққа кетишга қурби етмайди унинг. Тезроқ тонг ота қолсайди. Энди қуёшни кўргиси келяпти. Унинг тафтига бироз тоблангиси бор. Шунақа, туни билан совқотди. Тонг шамоли жунжиктирди. Кимнингдир пинжида эркалангиси, оёқларини қучиб, силаб эркалагиси келди. Кўзини уйқу босганди. Ширин хаёллар осмону фалакка олиб чиқиб, элитди. Бироз мизғиди. Тушида севгилисини кўрди. Ўзи ўйлаганидек унинг висолига етгану, мафтункор кўзларига қараб-қараб тўймасмиш. Севгилиси хандон отиб куларкану, бирданига гўзал юзлари ёлмоғизникига ўхшаб ўзгараркан. “Ол-а, тушга нималар кирмайди”, деди ўзига ўзи уйғониб кетиб. Қуёш нурлари кўзларини олиб, чизаётган расми ҳам худди тушида кўрганидек алланечук бир қиёфа касб этиб кетди.

— Ё алҳазар, ё алҳазар. Астағфурулло, астағфурулло! – деб юборди ҳайратидан.
Ўрнидан туриб ювиниш хонасига борди. Юзларига муздек сув сепди. Бир сесканиб ўзига келди. Сўнг нонушта тайёрлашга чоғланди-ю, қўли бормади. Яхшиси кўчага чиқиб муюлишдаги чойхонада енгилгина у-бу еб тамадди қила қолади. У ерда ҳар куни янги қаймоқ бўлади. Яна иссиққина гижда нон ёпилади. Борди. Чойхоначи уни илиқ кутиб олди. Дарров олдига бир чойнак чой билан, тандирдан эндигина узилган нон олиб келиб қўйди. Таниш ҳид… Худди онасининг ўзи тандирдан энди узиб олдига қўйгандек димоғини эркалади. Болалигини эслатди.

Бироздан кейин чойхоначи лапанглаб, эҳтиёткорлик билан кўтариб сопол косада янги қаймоқ келтирди. Унинг кўзлари қувнаб кетди. Иштаҳаси очилди. Чойнак, пиёла, косадан бошқа чойхоначи олиб келган бари нарсаларни паққос туширди. Қорни тўйиб лаззатланди. Вужудида қандайдир тин туйди. Роҳатбахш шабада юзларини силаб ўтди. Туни билан танасини босиб турган чарчоқдан асар ҳам қолмади. Тўйиб-тўйиб тоза ҳаводан нафас олди. Олдига чойхоначи келди. Унинг елкасида сочиқ, қўллари кўксида, тавозе билан турарди. У бу лаззатларга ҳақ тўлаши керак эди. Уларнинг ҳаммаси атига бир пул. Дунёда энг арзон нарса бу лаззатланиш, завқланиш бўлса керак. Қувончга ҳатто пул ҳам тўламайсан, деб ўйлади. Қитмирлиги тутиб, ўзига умид билан қараб турган чойхоначига салмоғидан кўпроқ ҳақ тўлади. Чойхоначи шу заҳотиёқ пулларни санаб, ортиғини қайтариб берди.
— Кўп бериб юборибсиз, — деди унга қатъий.
— Олинг, мен розиман, — деди хурсандчилик билан чойхоначига. – Менга яхши хизмат қилдингиз.
— Бу мени ишим. Ортиғи керакмас.

Чойхоначининг гапларидан у яна ҳам ҳайратланди. Ҳаммаси ўзи ўйлаганидек бўлиб чиққанди. Ундан қувончу шодликка ҳақ олишмади. Ҳаёт жуда ҳам завқли ва гўзал кўринди кўзига. Мана шундай кайфиятда севгилиси яшайдиган даҳага келиб қолганини ҳам билмай қолди. Вақт чопқиллаб бир зумда ўтар эди. Қаршисида ўзи учун қадрдон бўлиб қолган унинг уйи турарди. Ҳаммаси таниш, аввалгидек. Ҳеч нарса ўзгармаган. Ўша йўлак, ўша дарахтлар… Унинг ўзи-чи? Буни билмайди. Секин уйнинг деразаси томон юрди. Ҳеч ким кўринмади. Шарпа берди. Кимдир пешвоз чиқиб уни кутиб олишларини истади. Аммо ундай бўлмади. Эшик олдига келиб тирқишидан қаради. Бирон зотдан дарак йўқ. Юраги ҳаприқди. У томон талпина бошлади. Уни кўргиси келарди. Эшикни аста тақиллатди. Ичкаридан кимнингдир эринибгина юргани эшитилди. Бу ўша. Қадам олишларидан сезди. Худди ўзи. Ҳозир эшикни очиб ҳайрон қолади. Кўз ёши қилади. Қувонганидан бўйниларига осилиб эркаланади.
Ўйлаганларининг барини тескариси бўлди. Эшик очилди. Остонада бир дунё бўлиб у турарди. Анча тўлишган. Қовоқлари шишган. Эгнидаги енгилгина шойи кўйлак бутун жисмини унга кўз-кўз қилади. Олдинги латофат, аввалги жозибадан асар ҳам қолмаганди. Ҳали уйқуси очилмаган кўзлари билан, унга бошдан оёқ разм солиб чиқди. Уятсизларча кўзларини лўқ қилиб:
— Тонг саҳардан қайси қурумсоқ экан, деб ўйлабман. Бу ёққа келмас эдингиз-ку. Нима, ёмонроқ туш кўрдингизми?.. – деди худди ҳар куни бир бор кўрадиган таниши мисол унга иршайиб.

Бу саволдан у бутунлай гарангсиб қолди. Тили танглайига ёпишгандек эди. Унга нима бўлди. Ким бу?.. Нега бунақа гапиради. Наҳотки унинг ўзи. Калласида хотиралар… Ширин туйғулар. Ҳаммаси ғовлаб кетди. Ҳеч нимани илғаб бўлмаяпти. Қанийди қаршисида турган бошқа бир аёл бўлса… Кўриб турганларининг ҳамммаси туш бўлсайди.

Йўқ. Афсуски унинг ўзи эди. Куну тун унга ҳаловат бермаган, ойлар, йиллар давомида кутиб яшаган севгилиси, муҳаббати.
Ҳа-ҳа, у ўша эди.
Уйга қайтар экан қалбида унга тинчлик бермай келаётган туйғулар бир-бири билан тортишарди. Наҳотки уч йил унинг васлида яшади. Ҳар кун уни қўмсади. Унга етишмоққа ҳаракат қилди. Бу унчалик қийин эмасди. Йигирма чақиримгина йўл. Манзили ҳам аниқ эди. Кечириш керакми ёки унутиш?.. Билмайди. Бу икки хилқатнинг ўртаси нега бунчалар тубсиз чоҳ бўлмаса.

У устахонасига қандай қайтганини билмади. Кира солиб қўлига мўйқаламини олди. Барини, бугун гувоҳи бўлган ҳамма нарсаларни тасвирлашни хоҳларди. Шундай ҳам қилди. Сийдам матони ҳар-хил бўёқлар билан бўяй бошлади. Тинмай чизарди. Ҳамма-ҳаммасини жон-жаҳди билан акс эттиришга ҳаракат қилди. Лекин унга эски хотиралар ҳалал берарди. Уларни барчасини унутишни истади. Уни эслатувчи барча нарсаларни, ҳатто уч йил давомида чизган унинг қиёфасини ҳам йиртиб ҳовлига улоқтирди. Куну тун ишлаб чиқди. Саҳарга яқин кўнгли хоҳлаган, бир неча йил уни беҳаловат қилган, бугун эса жисму жонига малҳам бўлувчи янги бир сурат яратди. Излаган чизгиларини топган эди. Мана улар…
Аёлнинг қоп-қора, узундан-узун сочлари мисол зим-зиё тун. Илонизи йўллар. Ўн беш кунлик ойнинг акси тушган кўл. Ойдинда очилиб, ботқоқликка гўзаллик бахш этиб, товланиб турган оппоқ нилуфар гуллари. Уларнинг орасидан меҳр билан боқиб турган алланечук ранглардаги кўзлар акс этган эди.

«Гулистон» журнали,2012 йил, 5-сон.

ШУДРИНГ ГУЛЛАРИ

Уят бўлса ҳам очиғини айтай: севиб қолдим.
Аввалига ўзим ҳам ичимни жунбушга келтирган туғённи бепарвогина, оғзимни очиб ухлаб ётганимда кириб олган бешиктебратар бўлса керак, деб иккиланиб юргандим. Йўқ. Унақа эмас экан. Уни бошида ўзим ҳам танимаганимдан афсусдаман. Бу нақ севгининг ўзи эди. Мен уни навқирон йигирма ёшимда учратдим.
Такрор айтаман: севиб қо-о-лдим!..

Биз олдин дўстлашдик. Бу осон бўлмади, албатта. Оз мунча машаққат чекмадим. Э-э, асти сўраманг. Ундан кўра янтоқзорда думаласам, бунча азоб чекмаган бўлардим. У маҳвашни биринчи бор кўрганимда нимадир ичимда “шув” этиб кетди. Оғзимдан бир нарса отилмоқчи эди, томоғимга тиқилди. Юрагим қинидан чиқиб, халқумимга келган чоғи.

Хуллас, муҳаббат кўчасидан ўтиш мана шундай азобу уқубатдан бошланган. Энди мен уни тушунаман, у мени. Ҳали гаплашиб улгурмаган бўлсак ҳам, кўз қарашларидан буни аниқ биламан. Негаки у ҳамиша мулойим жилмаяди. Шунақа пайт мен ҳам атрофга уялинқираб қараб, кулиб қўяман. Уни ҳар куни ишга келаётиб йўлда – кўчанинг нариги, сўл тарафида узоқдан қарши оламан. Ўзим доим ўнгдан бораман. Яқинлашишга юрак дов бермайди. Ҳар тун турли режалар тузаман. Хаёлан изҳори дил қилиб чиқаман. Эртасига уни кўрганда бўлса… режаларимнинг ҳеч бири тўғри келмайди. Хаёл бошқа, ҳаёт бошқа деганлари шу бўлса керак-да.
Бугун дардимни унга айтишга қатъий қарор қилдим. Нима бўлса бўлар. Шарт унинг йўлини тўсдим. Ҳаммаси ўзим ўйлаганимдек юз берди. Журъат қилиб эндигина оғиз жуфтлаганимни биламан, кўзимдан ўт чақнади. Юзимга шунақанги тарсаки тушдики, сиз сўраманг, мен айтмай қўяқолай. Бунақа калтакни умрим бино бўлиб еб кўрмагандим.

Қизболани қўлиям шунақа қаттиқ бўладими?..
Тўғриси бу менга ёқимли туюлди ҳам. Барибир уч кун дуч келиб қолмаслик учун яшириниб, пана-пастқам жойлардан ишга қатнаб юрдим. Тўртинчи кун деганда чидолмадим. Юрак қурғур қўймади. Яна безовта бўла бошлади. Кўргим келди. Ҳеч нарса бўлмагандек рўпарама-рўпара ишга боравердим. Зимдан кўз қири билан бир-биримизни кузатардик, холос. Шунисига ҳам шукр. Асосийси ўзимга ишонч бор. Бир кун келиб унинг ғурури қалбим тафтига дош беролмай, муздек эриши аниқ. Шундай бўлишини жуда-жуда истардим.

Кун сайин ўтли нигоҳ ташлашларимга кўникиб қолди. Мен ҳам унинг ўғринча қарашларига ўргандим. Шу тахлит ойларни ўтказдик. Сўппайиб юравераманми, деган ўй калламни ҳар куни чирпирак қиларди. Ичимда ғалаён бошланди. Манзилини билиб, қариндош-уруғларини суриштириш пайига тушдим. Ишдан қайтар маҳалим битта-битта ёмғир томчилай бошлади. Бош кийимимни бостириб, орқасидан эргашиб боравердим. Анча юрдик. Ниҳоят тўғри йўл тугаб, муюлишга етганда кўздан қочди. Пайқаган бўлса керак-да. Қадамимни тезлатдим. Ўнгга бурилишда уч кўча, уч уй турарди. Бунақасини тушимда ҳам кўрмагандим. Қайси тарафга кетганини билиш қийин эди. Энди қайтмоқчи бўлганимда ўртадаги кўча бошида жойлашган уйнинг болохонаси чироғи ёнди. Қарасам у. Дераза пардасини бир очиб ёпди. Ҳойнаҳой кўрди-ёв. Шу ўйда болохонага тикилиб туравердим. Ёмғир тезлашгандан тезлашди. Ҳаммёғим шалаббо бўлди. Ва ниҳоят деразадан яна чироқ шуъла таратди. Энди у пардани очиб тилини чиқаргандек бўлди. Қайдам. Менга шундай туюлди. Этим жунжикиб кетди. Совуқданми, ё ҳаяжонланганимданми, тушунмадим. Туриб-туриб зерикдим. Энди қайтмоқчи бўлганимда, дарвоза эшиги ғийқиллаб очилди.

Не кўз билан кўрайки, у тўғри мен тарафга келарди. Нима қиларимни билмай қолдим. Шу алфозда қочворсаммикин, деган ўй бўғзимдан хиппа бўғди. Кўзларимни маҳкам юмиб олдим. Зора менга парво қилмай ёнимдан ўтиб кетса. Ундай бўлмади. Кўзларимни очганда қаршимда жилмайиб, соябон кўтариб турарди. Даҳшат юз берди. Юрагим пуфакдек ёрилиб кетишига сал қолди.

У бамисоли гўзаллик маъбуди эди. Кўзимга шундай кўринди-да.
— Ивиб кетманг, — деди қўнғироқ овозда ва соябонини узатди.
Лом-мим деёлмадим. Тилим танглайимга ёпишиб қолди, шекилли, соябонга қандай қўл узатганимниям билмадим.
— Қорнимам очди, — дедим талмовсираб. Қиз киноя билан, лекин жудаям чиройли табассум қилди. Кета туриб:
— Ош бўлсин, — деди қўлимга ишора қилиб. Тушунмадим. Нима демоқчи. “Бармоғингни тишла”, деганими бу?!.. Ортидан қовоғим осилди. Ҳафсалам пир бўлиб, ўпкаламоқчи эдим, кафтларимни нимадир куйдира бошлади. Хаёл билан сезмабманам. Қиз тушмагур соябон билан бирга қоғозга ўралган иккита қайноқ варақи сомса ҳам тутқазган экан. Хурсанд бўлиб кетдим. Йўл-йўлакай совимасидан паққос туширдим. Кўнглим жойига тушиб, уйга қайтдим.

Эртасига эраталабдан йўл ёқасида уни пойладим. Узоқдан қораси кўринганда секин юришга тушдим. Гўё ўзимни кўрмаганликка солдим. Ортимдан етиб келди. Худди билмагандек кетавердим. Ўзи гапиришини кутдим. Ишхонагача шундай келдик. Ҳеч нарса демади. Галварслигимни англаганимда эса у ичкарига кириб борарди.
— Кечаги учун раҳмат. Мазали экан, — дедим ортидан бақириб.
У мулойим жилмайди.

Шу кўйи кунлар бирини бири қувиб ўтаверди. Индамасдан икковимиз ишга келамиз. Одатдагидек қайтамиз. Орада яна бир уйига кузатиб бордим. Бу сафар еганим иссиққина гулхоним бўлди, холос. Ҳалигадовур отини билмайман. Ҳамон сўрашга ийманаман. Негаки, уни… Аммо буни айтолмайман. Кўнглига озор етказмай, дейман. Авайлайман. Ўзимга ўзим савол бераман: Қачонгача?.. Яна бир куни шашт қилдим. Ҳовлимиз этагида – дарахт учида қип-қизариб пишиб етилган, чулдирвоқи укаларимдан омон қолган бир донагина олмани эрта тонгда узиб тушдим. Йиқилишимга оз қолди. Ёмон бўлардим-да. Уни ўйладим. Қанийди машаққат чекканимни билса. Олиб бориб унга узатдим. Юзи олмадек қизариб кетди. Ийманиб бўлса ҳам олди. Демак у ҳам… майли айтмай қўя қолай. Буни ўзим биламан. Ҳеч бўлмаса исмини сўрай. Аммо у югургилаб қочиб қолди.
— Отинг нима? — дедим аранг ортидан сенсираб. Овозим чиқмаганга ўхшади. Эшитмади, деб ўйладим. Жим кузатиб тикилиб туравердим.
— Ҳаёт, — деди ниҳоят орқасига қарамай ичкари кираётиб.
Билдим-ку барибир.

Ўзимда йўқ хурсанд бўлдим. Теримга сиғмай кетяпман. Яна овозини эшитгим келяпти. Кун бўйи уни ўйлаб ишим унмади. Паришонхотир бўлиб қолдим-ов. Қилган ишларимдан устанинг ичи чиқмади. Ҳа айтгандай, дурадгорга шогирд тушганман-да. У бўлса йўлнинг нариги бетидаги гул дўконида ишлайди. Ҳар куни уста билан бешик ясаймиз. Сумакни ичини очаётганимда:
— Эсинг оғиб қолибди. Хаёлинг жойидамас сен боланинг, — деб дакки берди.

Уста тўғри айтади. Ҳар куни шу. Аҳволим тобора ёмонлашарди. Айниқса у ишга қатнамай қўйганда аниқроқ билинди бу. Икковимизнинг ҳам шууримизда бир нарса айланарди гўё. Буни биламиз-ку, аммо унга етишмоққа шошилмасдик. Кейинчалик бекор қилганлигимни тушуниб етдим. Бироқ кеч эди. Сўнгги пушаймон — ўзингга душман.

Ҳар куни йўл қарайман. Аммо унинг қораси ҳам кўринмасди. Ҳафта ўтдиямки, у йўқ. Шундай гарангсиб анчагача юрдим. Кутдим. Ундан дарак бўлмади. Кечга яқин уйидан хабар олишга аҳд қилдим. Бордим. Болохонанинг чироғи ёниқ. Нигоҳ қадаб туравердим. Жойимдан қимирламадим. Бирон кимса қарамади. Беихтиёр олдинга қадам ташладим. Биров чиқиб қолармикин, деб ўйладим. Ҳеч зоғ кўринмади. Секин дарвоза эшигини очиб, ичкарига кирдим. Ҳовли саҳнида бир кишига рўпара бўлдим. Ҳойнаҳой отаси. Жудаям тушкун ҳолатда эди.
— Кел, — деди бепарвогина. – Ким керак?..
— Ҳаёт, — дедим кўриша туриб.
— Тепада, — деди болохонага ишора қилиб.

Индамай зинадан кўтарилдим. Ҳар бир пилапояга қадам босганда юрагим қалқирди. Кириб борганимда Ҳаётни тепасида шифокорлар турарди. Бошида муштипаргина бир аёл ўтирибди. Онаси бўлса керак, қовоқлари қизариб кетган…
Мени кўриб Ҳаётнинг кўзлари чақнаб кетди. Ўзимни ғалати ҳис қилдим. Бу ишимдан уялдим. Ахир ҳали танимаган хонадонга сўровсиз бостириб киргандим-да.
— Нимага келдингиз? – деб пичирлади у ҳайрон бўлиб. Хурсандлиги юз-кўзидан сезилиб турарди.
— Кўринмай қолдинг, — дедим хавотирланиб. Шифокорлар онасига бир нималарни тушунтирарди. Ҳаёт ўша кундагидек жилмайди. Онаси унга эътибор ҳам бермади. Ўрнидан туриб шифокорларни ташқарига кузатиб чиқди.
— Яхши юрибсизми? – деди яна юзига кўрпани тортиб беркинганча.
— Ҳа, — дедим. – Ўзинг-чи, тузукмисан?
— Яхши.
— Нимага бормай қўйдинг?
— Касалман, — шундай деб жим бўлиб қолди. Бироз ўтиб, — Шудрингда очилган гул бўлсайди, — деди кулиб.

Шу пайт эшик тарақлаб, онаси кириб келди. Кетмоқчи бўлиб ўрнимдан турдим. Онаси “Ким?” дегандек имо билан қизига қаради.
— …
— Яхшимисиз, ўтиринг! — деди онаси.
— Раҳмат. Мен борай, эрталаб олиб келаман.
Чиқаётиб киприк қоқиб хайрлашдим. Онаси мениям кузатди. Ташқарида бояги одам билан шифокорлар гаплашарди. Дарвозахонага етганда элас-элас уларнинг “Эҳтиёт қилинглар. Узоқмас…” деган сўзлари эшитилди.
Уйга қайтиб туни билан ухламадим. Ҳовлимиздаги гулзорда ўтириб чиқдим. Шудринг тушишини пойладим. Хаёлимда бўлса шифокорларнинг гапи тинимсиз чарх урарди. Субҳидамда уйқу енгибди барибир. Кўзим илиниб, алаҳсираб қолибман. Ёмон туш кўрганманми, қўрқувдан чўчиб уйғондим. Кўзимни очсам, гуллар қийғос очилибди. Шам тушиб, қуёшда товланиб турган эндигина барг ёйган ғунчалардан териб гулдаста ясадиму у томон шошдим. Бориб эшигининг тагида каловланиб, тўхтаб қолдим. Иккиланиб турганимда онаси чиқиб келди. Ҳовлига сув сепаётган экан.
— Келинг, киринг! – деди самимий.

Тортинибгина улар билан кўришдим. Ҳаётнинг олдига кириб борганимда деразадан қуёш нурлари тушиб турарди. Шунданми, юзлари сўлғин кўринди. Гулларни кўрсатиб, токчадаги гулдонга солиб қўйдим. Хурсанд бўлди. Индамасдан бироз ёнида ўтирдим. Онаси чойнак-пиёла кўтариб келиб қолди. Ҳижолат бўлиб ўрнимдан турмоқчи эдим, қўлидагиларни қўйиб, мени қайта жойимга ўтқазди. Худди эски қадрдонлардек қайноқ чой қуйиб узатди. Оғзим куйиб, шоша-пиша хўпладим. Ичимга иссиқ кириб жонландим. Ҳаёт зимдан кузатиб турган экан, кулиб қўйди. Чеҳраси очилганидан кўнглим жойига тушди. Қайтаётганимда онасидан унинг касалини сўрадим. Аммо айтмади. Ёрдам беришим мумкинлигини билдиргандим:
— Фақат худодан, — деб йиғлаб юборди.

Қўлимдан нима келарди. Ҳали устадан қўл олиб улгурганим йўқ. Кунларим шундай мазмунсиз ўтарди. Ишга келаман. Уста айтган юмушларни бажараман. Сўнг кеч кирганда Ҳаётни кўчаси томон югураман. Болохона чироғига бир кўз ташлаб, кўнглим жойига тушиб, уйга чопаман. Саҳармардонда шудринг қўнган гуллардан териб, кунора унга олиб бораман. Ота-онам ҳайрон. Менга нима бўлаётганини сўрашади. Ўзим айтолмайман. Ниҳоят, бир куни отамга ёрилдим. Бор гапни айтдим. Отам ўйланиб, уч кун жим юрди. Бир қарорга келолмай қийналди чоғи. Кейин онамга маслаҳат солган кўринади. Икков бир тўхтамга келишдими, мени ёнларига чақириб ўртага олишди.
— Бу савдо ҳамманинг бошида бор, — деди отам охири.
— Келаётган шанба амма-холаларинг билан уларникига – савдога бормоқчимиз, — деди онам ҳам. – Ҳамма гапни шундан сўнг гаплашамиз.

Мен индамай ер чиздим. Неча кунлардан бери бошимни ғовлатиб, чирмаб ташлаган тугун ечилгандек бўлди. Катталар ўйлаб иш кўришади. Улар нима қарор қилишса розиман ахир.
Эртасига устахонага борсам уста нимадир ясаяпти. Ёрдам бериб юбордим. Одам бўйи баробар. Нималигини сўрамадим. Ёғочларини меҳр билан уста айтгандай қилиб силлиқлаб чиқдим. Четларига нақш ўйдик. Кейин билсам масжид имоми буюртма қилган экан. Ясаганимиз тобут эди. Юрагим орқага тортиб кетди. Савобли иш, дея ўзимни овутдим.

Қўлинг анча келиб қолибди, деб уста мақтади. Парво қилмадим. Мен учун муҳими шанба. Ҳали уч кун бор. Орада чоршанба, пайшанба, жума турибди. Худди довондек кўринди назаримда. Бу кунларни қандай ўтказганимни билмайман. Шанбада уйга қайтганимда беш яшар укам “Куёвбола. Куёв-куёв”, деб масхара қилиб қочди. Онам ҳаммаси кўнгилдагидек бўлганини, тузалганда тўй қилишларини айтди. Қувондим. “Бўлди-бўлди” бўлди…
Аммо у тузалиш ўрнига, кундан кун ёмонлашарди. Орада келин сарполар ҳам жўнатилди. Ҳар куни унинг ҳолидан хабар олиб келаман. Оиласидагиларнинг олдида ётсирамай қолдим. Борганимда кенжа синглиси “почча” деб одамни ҳижолат қила бошлади. Ҳаёт эшитиб, хандон отиб кулади. Нима қилсин, бечора. Унга насиб қилган бахт шу бўлди, холос.

Уста билан иккимиз ясаган тобут битган эди. Тагига анбар ҳам тайёрлагандик. Олиб ҳам кетишди. Яна ўзимизнинг ишимизга – бешик ясашга тушдик. Аввалгидек одатий кунлар бошланди. Устахонага келаман, уйга қайтаман. Ора кун Ҳаётларникига чопаман. У тузалай демасди. Озиб-тўзиб кетганди. Ранглари ҳам сарғайган. Аммо истараси иссиқ. Чиройи ҳануз ўша-ўша. Одамнинг эсини оғдиради. Кўзлари кулиб туради. Уни соғиндим. Икки кундан бери иш билан бўлиб кўролганим йўқ эди. Чарчаб ухлаб қолибман. Кечроқ турдим. Қуёш аллақачон нурларини ёйворган. Шабнамдан асар ҳам йўқ. Шундай бўлса ҳам қўшнилардан сўраб, бир қучоқ гул уздим. Ўзимизники тугаганди. Ҳаётни хурсанд қилмоқчи эдим. Апил-тапил нонушта қилиб, уларникига чопдим. Аҳволи оғирлашибди. Олдига қўйишмади. Қўлимдаги гулдастани кўриб, ҳамма ҳайрон эди. “Ким бу жинни?” дейишган бўлса ажабмас. Онаси гулларни олиб, болохона деразаси токчасидаги гулдонга солиб чиқди. Ҳар қанча хархаша қилсам ҳам олдига киритишмади.
— Яша, Ҳаёт! Ҳаракат қил!.. – дедим ич-ичимдан келган титроқни ушлаб.
Устахонага бориб пешингача искана билан бешик тувагига жой ўйдим. Уста кечроқ келди. Бироздан кейин таҳорат олиб, жанозага, деб чиқиб кетди. Бутун борлиғим товонларимга чўкиб, увишиб қолди. Югурмоқчи бўлдим. Бироқ куч тополмадим. Юришга ҳам мадорим йўқ эди. Устанинг ортидан чўккалаб қолдим. Аҳамият бермади.

Шу кўйи қанча ўтирганим эсимда йўқ. Судралиб етиб борганимда дарвозахонада уста икковимиз ясаган анбар турарди. Атрофида одамлар айланишарди. Уч тўрт киши алвон рангли чодир ўрашаётганди. Бироз ўтиб, бир тўда одамлар тобутни кўтариб чиқишди. Бу ўз қўлларим билан ясаб, сайқаллаган матоҳ эди. Дод деворгим келди. Айюҳаннос солиб йиғламоқчи бўлдим. Ўзимни зўрға ушладим. Қанча ҳаракат қилмай, барибир тутиб туролмадим. Кўзёшлар сизиб киприкларимни намлади. Онаси билан сингилларини кўриб юрагим янаям эзилди. Айниқса кенжаси “Опажон” деб пилдираб, анбарнинг у ёғидан бу ёғига чопиб ҳиққиллаганда ўзимни қўйишга жой тополмадим. Онам қилган сарполарни тобут устига ёпишганда ичимдаги дард отилиб чиқди. Ўкирворай дедим. Ҳушим учиб, йиқилишимга сал қолди. Орқамдан кимдир маҳкам ушлади. Уста экан. Мени кўриб ҳайрон қолди, шекилли. Ёнида Ҳаётнинг отаси турарди. Шу пайт тобут кўтарилди. Хотин-халаж йиғиси авжга минди. Одам кўп эди. Қабристонга қўлма-қўл узатиб борилди. Шу онда қўлларимни мажақлаб ташлашса рози эдим. Кўзимга дунё қоронғу бўлиб кетди.

Ўзимга келиб қараганимда ҳеч ким қолмаганди. Дўппайиб турган тупроқ устида эрталабда териб келтирган гулларим қуёш нурида ял-ял ёнарди. Чеҳрам ёришди. Унинг жилмайибгина қип-қизил олмани ушлаб, гулзор ичида турганини кўргандек бўлдим.
“Ҳаёт, ҳаёт!”, дедим пичирлаб.
Ҳали мен билан узоқ яшайди.

Ҳар тонг гулларнинг япроқларига шудринг қўнганда, Ҳаётнинг нафасини сезаман. Дарахт шохларининг учида офтобда етилиб қирмизи олмалар пишганда, хаёлан беғуборгина юзларини чизаман. Ўзим ясаган бешикда чинқириб болалар йиғлаганда, хушчақчақ овозини эшитгандай бўламан. Қуёш бош кўтариб заррин нурларини заминга сочганда, меҳр тўла қалбининг иссиқ тафтини туяман.
Борлиқ ларзага тушиб чақин чақнаса-ю, булутлар юм-юм йиғласа, унинг севинч тўла милт-милт тўкилган кўзёшларини эслайман.
Ҳа-ҳа! Ростдан ҳам эсим оғиб қолди, шекилли. Айрилиқ – ўлимдан қаттиқ. Уни телбаларча севганман. Умрбод севаман ҳам. Эй ёронлар! Уят бўлса ҳам, сўраганларга секингина очиғини айтинглар, девона деб ўйлаб юришмасин тағин, севиб қолганман, севиб…

2013 йил, 4 декабрь.

Муаллиф ҳақида

05Бахтиёр Нуриддинов 1972 йил 15 ноябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. Унинг бир қатор ҳикоялари матбуотда эълон қилинган ва сценарийлари асосида телевизион бадиий фильмлар суратга олинган.

07

(Tashriflar: umumiy 1 252, bugungi 1)

Izoh qoldiring