Isajon Sulton. Nurli-nurli, nurga to’lgan bir xayol bo’l…

Ashampoo_Snap_2017.08.05_12h41m37s_002_.png    Хотира ва қадрлаш куни деганда ҳар гал ўзим йўқотган кишилар ҳақида нимадир ёзмоқчи бўламан, қарасам, эслаганим ҳар бир инсон ўз умри, истеъдоди, турмуш тарзи билан турли маъноларни англатиб турган бўлади, уларнинг кўп экани ақлни ҳайиқтиради, дўстларим десам улуғларим, улуғларим десам яқинларим, яқинларим десам – жигарларим… бирма-бир эсимга келаверади…

Исажон Султон
НУРЛИ-НУРЛИ, НУРГА ТЎЛГАН
БИР ХАЁЛ БЎЛ…

09

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг Шавкат Раҳмон вафоти муносабати билан ёзган изтиробли бир шеъри бор:
Ashampoo_Snap_2017.11.11_14h36m30s_002_a.png
Учиб-қўниб, учиб-қўниб шом-саҳарлар
Нафис санъат саҳнасида пойга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Капалаклар учмайдиган жойга кетди.

Ким қуёшга солди ердан топиб гавҳар,
Ким кўнглига шуъла истаб ойга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Чироқ ёниб-ўчмайдиган жойга кетди…

Аслида, ҳар биримизнинг қалбимизда шунга ўхшаш изтироблар шеър шаклини ололмасдан, қуюн ҳосил қилиб тургани ҳам бор гап.

Хотира ва қадрлаш куни деганда ҳар гал ўзим йўқотган кишилар ҳақида нимадир ёзмоқчи бўламан, қарасам, эслаганим ҳар бир инсон ўз умри, истеъдоди, турмуш тарзи билан турли маъноларни англатиб турган бўлади, уларнинг кўп экани ақлни ҳайиқтиради, дўстларим десам улуғларим, улуғларим десам яқинларим, яқинларим десам – жигарларим… бирма-бир эсимга келаверади…

021

Шундай кишилардан бири – таниқли адиб, шоир ва драматург Машраб Бобоев эди.
Машраб ака 1992 йилда мен хизмат қилаётган “Шарқ юлдузи” журналининг наср бўлимига раҳбар бўлиб ишга келди.
04Илк иш кунидаёқ у кишининг кабинетида суҳбатлашганмиз. “Менга ишлайдиган ходим керак”, деди Машраб ака, узун қўлларини ҳаволатиб-ҳаволатиб. “Асарни нашрга топширишда кечикмасангиз, таҳрир ва баҳо ҳаққоний, холис бўлса бас. Қолган пайтда сиздан қаердасиз, нима қилиб юрибсиз деб сўрамайман. Кечикиб келасизми, эрта кетасизми – марҳамат, ишни қойиллатиб қўйсангиз етарли! Келишдикми?”

Машраб аканинг бу гапи эндигина йигирма бешга кирган ёш ходим учун айни муддао эди.

Машраб ака мени деб раҳбарлардан бир неча марта дашном эшитганини яхши эслайман. Аммо, бу мард инсон ўша айтган сўзида охиригача турди: бирор марта менга интизом ҳақида гапирмади. “Шарқ юлдузи”даги энг эркин дамларим ўша маҳаллар эди, десам адашмайман.

Машраб ака талабчан киши эди. “Адабиёт ўзига хиёнат қилганларни кечирмайди” дер эди. Сўз ишлатиш санъати, таҳрир маҳорати бобида кўп нарсаларни айнан шу кишидан ўрганганман.

1994 йилда қиш қаттиқ келди. Ўша йил мен ҳам ортиқ адабиёт деган меҳробдан юз ўгириб, Фарғонага қайтиб кетаман деган ўйга тушиб қолган вақтларим эди. Қишнинг совуқ кунларидан бирида Машраб ака мени ўз хонадонига олиб кетди. Икки ҳафта шу хонадонда яшаганим эсимда. Янгамизнинг сутли чойларининг таъми, Машраб аканинг “Салиммалик!”дея чақиришлари ҳануз ёдда. Биргалашиб чой ичиб, биргалашиб у кишининг машинасида ишга келиб-кетар эдик: раҳбар ва ходим.

Машраб ака ҳануз яхшилик қилишда давом этар эди. Маданият вазирлигида ишлайдиган бир танишига телефон қилиб, менга бир ўқув юртининг ётоқхонасидан жой олиб берди. У кичкина бўлса-да, озода, шинам ва сокин хона эди. Шу-шу, бир неча йил ўша жойда истиқомат қилдим. Кўп дўстларимиз у маконни яхши эслашади, олтин ёшлигимизнинг бир қисми ана ўша ерларда қолиб кетган.

Кейин Машраб ака ЎзАнинг таржима бўлимига раҳбар бўлиб ишга ўтиб, умрининг охиригача ўша ерда ишлади.

Кези келганида яна бир гапни айтай: мен нафақат Машраб акада, балки улуғларимизнинг кўпчилигида сира кибру ҳаво кўрмадим! Келажакда ким бўлиб етишиши ҳали ноаниқ бўлган биз сингари ёшларга “Балки шу болалардан адабиётимизга ҳисса қўша оладиган бир ижодкор етишиб чиқар” деган умид боис, интизомсизликларимизга, ғўрлигу шўхликларимизга кўз юмган, бағрикенглик билан муносабатда бўлганларига энди ақлим етади.

Машраб ака ўзбек халқига ўзидан ёдгор қилиб «Онамга хат», «Баҳор кайфияти», «Гурунг»,«Бағишлов», «Олисдаги чироқ», «Сўз», «Мен билган сир», «Қани менинг юлдузим?», «Номсиз юлдузлар» каби ўнлаб китобларни, шунингдек, «Ўттиз ёшлилар», «Ер томири», «Тошкентдан келган меҳмон», «Тунис президенти» («Мушкул савдо»),«Бизнинг ҳовли» («Онаизор»), «Ўз уйингдасан», «Қани менинг юлдузим?», «Суянч тоғлари» каби бир қатор саҳна асарларини, «Ирода», «Севги нидоси» (Алишер Навоийнинг«Сабъаи сайёр» достони асосида миллий балет) ҳамда илк ўзбек телесериали – кўп қисмли «Кўнгил кўчалари» телефильми сценарийсини мерос қилиб қолдирди.

021

09Дўстларим десам улуғларим, улуғларим десам яқинларим,яқинларим десам – жигарларим… дедим-а?
Шундай дамларда яна бир ёниқ шоир – Аъзам Ўктам ёди дилни ўртаб юборади. Шиддатли, мард ва ўжар феълли киши эди, раҳматлик. У кишидан жуда кўп ўгит ва насиҳатлар олганмиз, дастурхонидан нон-туз тотганмиз, аммо унинг халқимиз олдига ёйган шеър дастурхони ҳануз очиқ, барака ва ҳикматга тўла.

Мана бу ажойиб шеър Аъзам Ўктам қаламига мансуб:

Ажаб, дил шод бўлар тинглаб
Қиёматдан хабарларни.
Тобора шавқим ортгайдир
Сезиб келгич хатарларни.

На роҳат, на азоб боис
Сен айтган йўлга кирмишман.
Шу ишқ ҳаққи хатарсиз қил
Ўзинг сори сафарларни…

021

0_1b4be1_e9527efe_orig.png» alt=»005″ width=»115″ height=»149″ /> Мазкур ёдномани “Нурли-нурли” деб аташимга сабаб шеър муаллифи эса, тўқсонинчи йилларнинг яна бир истеъдоди Муҳаммад Ражабдир. У киши билан ҳам бирга ишлаганмиз. Тез феълли, гапирганида қўли билан юзига уриб-уриб турадиган одати бор эди.

У маҳал “Шарқ юлдузи” мен учун анча қадрдон бўлиб қолган, журналда кетма-кет ҳикояларим ва “Муножот” қиссам эълон қилиниб, анча танилиб ҳам қолган эдим.

Мамаражаб ака билан ака-укадай эдик. Ҳали ҳаётда собит ўрнашиб ололмаган ҳавасманд ёшлар, яъни бизлар улар босиб ўтган йўлдан изма-из келмоқда, шу боис, руҳимиз ҳам анча яқин эди.

Муҳаммад Ражабнинг ўша йиллари “Шарқ юлдузи”да босилган, кейинроқ хонанда Сиддиқ Маҳмудов куйлаган “Нурли-нурли” шеъри жуда машҳур бўлган, Ўзбекистоннинг қаерига борманг, шу қўшиқ янграр, ёшлар тилидан тушмас эди. Ажабки, бугун Сиддиқ Маҳмудов ҳам орамизда йўқ, аммо “Нурли-нурли…” ҳозир ҳам тиллардан тушмай келаётган дардли-нурли бир қўшиқдир:

Мажнунтолдай бошгинангни эгмагин, жоним,
Кўзларингдан ёшгинангни тўкмагин, жоним.
Энди қайта учрашмасмиз, кутмагил, жоним
Нурли-нурли, нурга тўлган бир хаёл бўл,
Ўз ёрига садоқатли бир аёл бўл…

 Нурли хаёлларга айланган ана шундай кишилардан яна марҳум устозимиз Йўлдош Сулаймонни, Чори Авазни ва Равшан Файзни ҳам ёдлашимиз шарт, албатта.

Ashampoo_Snap_2017.11.14_12h59m18s_001_.png

Йўлдош Сулаймондай хушфеъл ва кичиккўнгил, Аъзам акадай шиддатли ва ўткир зеҳнли устозларимиз, Чори Аваздай сокин, мусаффо қалбли, Равшан акадай бағрикенг улуғларимиз, афсуски, орамизда йўқ. Уларнинг чироғини бугун болалари ёқиб ўтиришибди. Аммо, улар ёқиб кетган яна бир чироқни – истеъдод чироғини вақт ҳам, ажал ҳам ўчира олмас экан. У чироқлар йил ўтгани сайин тобора ёруғроқ ёғду таратмоқда.

021

Ўзбек адабиёти кейинги йигирма йил ичида кўплаб истеъдодларидан айрилди. Миллатимизнинг асил кишилари –

Саид Аҳмад, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Бегали Қосимов, Озод Шарафиддинов, Йўлдош Сулаймон, Тўра Сулаймон, Рауф Парфи, Шукур Холмирзаев, Сафар Барноев, Маъруф Жалил, Нажмиддин Комилов, Машраб Бобоев, Шавкат Раҳмон, Тилак Жўра, Назар Шукур, Муҳаммад Юсуф, Тоғай Мурод, Муҳаммад Раҳмон, Матназар Абдулҳаким, Аъзам Ўктам, Неъмат Аминов, Чори Аваз, Муҳаммад Ражаб, Чўлпон Эргаш, Омон Мухтор, Фарҳод Мусажонов,Ўткир Ҳошимов, Зоҳир Аълам, Равшан Файз,Ҳабибулло Саид Ғани,Аҳмад Аъзам, Мақсуда Эргашева, Асқар Маҳкам…

ҳаммалари “капалаклар учмайдиган жойга” кетишди. Юртимизнинг мана шундай кишиларига: ”Элим, халқим мени бир куни албатта эслаб-хотирлайди, номимни қадрлаб, эъзозлайди. Қилаётган ишларим беҳуда кетмас, ахир” деган қатъий бир ишонч турмушнинг турли қийинчиликлари қаршисида чидам бахш этганига шубҳа йўқ. Агар тирик бўлишганида, бугун давраларимизнинг тўрида ўтиришларидан ташқари, миллат хазинасига яна аллақанча ноёб дурларни ҳам туҳфа этган бўлишарди, албатта.

Шундай ўйлар пировардида миллат маънавияти тахтини безаб турган истеъдодларимизни кўз қорачиғимиздай авайлашимиз кераклигини, эъзоз кўрсатишимиз шарт эканини ҳам ҳис қиламан.

Нур ичида ётишсин, маконлари жаннат бўлсин!

хдк

(Tashriflar: umumiy 807, bugungi 1)

Izoh qoldiring