Ibratli umr.Nosir Fozilov portretiga chizgilar & Nosir Fozilov. Mulla Shukur.

021

Таниқли адиб Носир Фозилов 85 ёшга тўлди.

   Мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган кўпдан-кўп ёш қаламкашлар аввал Носир аканинг оқ фотиҳасини олиб, сўнг Адабиёт остонасига қадам қўйганликларига ўзим гувоҳ бўлганман. Уларнинг аксарияти ҳозир таниқли адиблар бўлиб, эл-юрт ҳурматини қозонишган…

07

085Носир Фозилов 1929 йил  июнида Қозоғистон Республикасининг Туркистон туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1990). Ўрта Осиё Давлат университетининг тугатган (1954). Биринчи тўплами — «Ирмоқ» (1959), «Оқим» (1962), «Робинзонлар» (1964), «Қуш каноти билан» (1965), «Қорхат» (1968), «Кўклам қиссалари» (1970), «Дийдор» (1979), «Танланган асарлар», 2 жилдли (1983— 84), «Болалигим — пошшолигим» (1989), «Бир отар тўппонча» (1995), «Шум боланинг набиралари» (1995), «Тошкентнинг носи» (1996), «Мунаввар лаҳзалар» (1997), «Эсласанг, кўнглинг ёришур» (2004) ва бошқа асарлар муаллифи. Қорақалпоқ ва қозоқ ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1991). «Эл-юрт хурмати» ордени билан мукофотланган (1999).

077
Низом Комил
ИБРАТЛИ УМР
Давлат мукофоти совриндори Носир Фозилов портретига чизгилар
07

Мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган кўпдан-кўп ёш қаламкашлар аввал Носир аканинг оқ фотиҳасини олиб, сўнг Адабиёт остонасига қадам қўйганликларига ўзим гувоҳ бўлганман. Уларнинг аксарияти ҳозир, таниқли адиблар бўлиб, эл-юрт ҳурматини қозонишган. Аммо Носир Фозиловни ҳамон Устоз мақомида кўришади.

— Горацио, тез келинг, шилпилдоқ совуб қолади! Тошкентда шилпилдоққа таклиф қиладиган одам ким бўларди – Носир ака-да. Носир Фозилов. Гўшакни қўйдиму оёғимни қўлимга олиб, ташқарига отилдим. Иккаламиз ҳам Чилонзорда турамиз, қўшнимиз: Носир ака кўчанинг бу бетида, мен – нариги бетида. Тағин мазахўраклар тўпланибди-да, деган ўй кечди кўнглимдан.

Кирсам, жим-житлик. Қизил духоба ташланган каттакон диванда нотаниш, кекса бир киши йиғлаб ўтирибди. — Ўтиринг, Горацио, — деди Носир ака. — Бу одамни танийсизми? — Йў-ўқ… Танимай турибман… — Тўхтасин Жалолов! Ёпирай! Тўхтасин Жалолов шу одам экан-да “Ўзбек шоирлари”дан мутассир бўлиб, муаллиф билан танишиш орзусида юрган кезларим. Сўрашган бўлдик.

Йиғининг сабабини аста-секин тушуна бошладим. Домла бошига тушган кулфатларни Носир акага сўзлаб бераётган экан. Гап шундаки, Тўхтасин домла қатағон йиллари ўн йил муддатга Сибирга сургун қилинади. Жаннатмисол бир ўлкада ўсиб-улғайган, ҳазрат Навоий хаёли билан яшаб юрган тадқиқотчи бир йигитнинг қаҳратон Сибирь ўрмонларида роппа-роса ўн йил кунига 14-16 соатлаб ёғоч кесишга маҳкум этилганини бир тасаввур қилинг! Бунинг устига эрксизлик, узликсиз зуғум, камситишлар…

Домла ўша ерда уйланади. Уйланадики, ўзига ўхшаган бадарға қилинган бир ўзбек аёлини танмаҳрам қилиб олади. Тўй қаёқда, ўйин-кулги қаёқда… “Ёр-ёрни эшитсам, юрак бағрим эзилиб кетади” деб қолади гап орасида. Тўхтасин ака ёшлиги увол бўлган аллома. Ҳасратини айтиб, адо қилолмасди. Ҳолбуки, орадан йигирма йилдан мўлроқ вақт ўтди, 60-йилларнинг миёнаси эди. Ташқарида авжи баҳор. Ўтган-кетган ёш-ялангнинг шодон қаҳқаҳаси деразадан баралла эшитилиб турарди. Биз учовлон эса йиғлаб ўтирардик…

Э, ўтлаб кетдим, қачон бир нарса ёзмоқчи бўлсам, ўтлаб кетаман. Айтмоқчиманки, Тўхтасин Жалолов билан танишувимга Носир ака сабабчи бўлган. Биз ўша кезлари “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида бирга ишлардик. Носир ака, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, камина…

Носир ака ҳар икки-уч ҳафтада ишдан кейин ҳаммамизни уйига бошлаб келарди. Гўринг нурга тўлгур холамиз (Носир аканинг онаси) бизни “келинглар, болаларим” дея очиқ чеҳра билан кутиб оларди. Ҳамиша шундай бўларди. Мен бунақа хокисор, бунақа мулойим, бунақа кенг феълли аёлни ҳалигача учратганим йўқ. Носир аканинг уйи Ёзувчилар уюшмасининг филиали эди гўё. Мен Наим Каримов, Ғаффор Мўминов, Ҳусан Рўзиматовлар билан ҳам шу хонадонда танишганман. Толиб Йўлдош, Мавлон Икром, Азиз Абдуразоқлар-ку кунда-шунда эдилар. Улар биздан нарироқда ёзувчилар уйида туришарди-да. Қозоқ ёзувчилари учун ҳам ўзбек адиблари учун ҳам бу хонадон табаррук бир манзил эди, десам бу гапда асло муболаға йўқ. Ҳозир ҳам шундай.

Ана шунақа одам Носир акамиз!

Мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган кўпдан-кўп ёш қаламкашлар аввал Носир аканинг оқ фотиҳасини олиб, сўнг Адабиёт остонасига қадам қўйганликларига ўзим гувоҳ бўлганман. Уларнинг аксарияти ҳозир таниқли адиблар бўлиб, эл-юрт ҳурматини қозонишган.

Аммо Носир акани ҳамон Устоз мақомида кўришади. Мен бу қисқа чизгиларимда Носир аканинг ёзувчи ва таржимон сифатидаги фаолиятига тўхталмадим. Бу юмушни адабиётшуносларимиз маромига етказади.

Носир ака! Ҳаммага ибрат бўладиган умр кечираётганингиздан шодман. Сизга ҳавас қиламан.

077
Носир Фозилов
МУЛЛА ШУКУР
Эссе
07

1958 йилнинг баҳор кунларидан бирида камина ишга келсам, шундоққина эшик олдидаги курсида хипчадан келган, қошлари камон, кўзлари тийрак бир йигитча ўтирибди. У ўрнидан туриб, салом берган бўлди. Товуши чиқдими, чиқмадими, билмай қолдим. “Ваалейкум…” дедим-у, жойимга бориб ўтирдим. Бошқа ходимлар ҳам бирин-кетин кириб кела бошлашди. Улар билан андармон бўлиб, бояги йигитча ёдимдан кўтарилган экан. Қарасам, ҳали ҳам ўша эшик ёнидаги курсида қунишибгина ўтирарди. Ўзим гап очдим:
— Ука, кимнинг олдига келдингиз?

У худди ўрта мактаб ўқувчисидай ўрнидан дик этиб турди, бир нималар дегандай бўлди. Сўзлари тишларининг орасидан чиқди-ёв… англаёлмай қолдим.
— Ука, берироқ келиб… тушунтириброқ гапиринг.
У олдинга уч-тўрт қадам ташлаб:
— Менга Носир Фозилов керак эди, — деди ийманибгина.
— Мен бўламан ўша айтганингиз.

У қўлидаги букланавериб увадаси чиқиб кетган “умумий дафтар” ичидан битта конверт олиб, менга узатди. Бундоқ олиб қарасам, “Гулхан” таҳририятининг эмблемаси туширилган конверт, конвертнинг сиртига разм солдим: “Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани… Шукур Холмирзаевга…”, деб ёзилган. Авайлаб ичини очиб, хатни олдим. Ўзим ёзган хат, “Мулла Шукур…” деб бошланган. Хатнинг охирида: “… сиздан яхши ёзувчи чиқади”, деган эканман. Ичимга қандайдир бир илиқлик югургандай бўлди. Бу ҳолат олдимда ийманибгина турган йигитчанинг кайфиятига ҳам кўчди. Ўртамиздаги бегонасираш пардаси сал кўтарилгандай бўлди.
— Оббо сиз-эй, мулла Шукур ўзингиз экансиз-да.

Йигитча: “Ҳа, мен ўзимман”, дегандай ним табассум қилди.
Мулла Шукур каминадан ушбу хатни олганида ўрта мактабнинг еттинчи синфида ўқир экан. Шу хат туртки бўлиб, у тинмай ҳикоялар, лавҳалар ёзибди. У таҳририятимизга келиб танишгунига қадар “Гулхан”да бир-иккита ҳикоя чиқариб ҳам улгурган эди.
— Хўш, мулла Шукур, ёзув-чизувлар нима бўляпти? — деб сўрадим кўзларига тик боқиб.
Яна ўша аҳвол. Тишларининг орасидан “пис-пис” қилиб нималардир дегандай бўлди.
— Дадил-дадил гапираверинг.
— Уч-тўртта машқларимни олиб келгандим.
— Қани, олинг бу ёққа…

У бояги увадаси чиқиб кетган умумий дафтарни узатди. Очиб қарасам, ўша ўзимга таниш Сурхоннинг Бойсунидан келадиган дастхат. У жуда ҳуснихат эди. Кўриниб турибдики, бу дастхат дастлабкиси эмас, камида уч-тўрт марта кўчирилган, қарийб топ-тоза эди. Шундай бўлса ҳам, “бола бошидан…” деганларидай, таҳририятга қўлёзма олиб келиш одобини ўргатмоқчи бўлдим.
— Мулла Шукур, энди сиз шаҳардасиз, — дедим аста дафтарни варақлай туриб. — Бундан буён ёзган нарсаларингизни машинкада кўчиртириб, топ-тоза қилиб олиб келишни одат қилинг. Шунда ўзингизга ҳам, бизга ҳам яхши бўлади.

Йигитча сал қизаринди, маъқул дегандай бош силкиди.
Биз мулла Шукур билан мана шундай танишган эдик.

Эллигинчи йилларнинг охирлари ва олтмишинчи йилларнинг бошларида болалар ҳикоячилигида бир шаблон сюжет пайдо бўлган, бу сайёр сюжет ҳикоядан ҳикояга кўчиб, шунақанги жонга тегадиган даражага келиб қолган эдики… Масалан, бола бир айб иш қилиб қўяди. Унга катталар танбеҳ беради. Бола айбига иқрор бўлиб, катталардан кечирим сўрайди, вассалом! Ҳикоя тайёр. Бу сюжет воситасида юзлаб, минглаб ҳикоялар ёзилган ва ёзилаётган эди ўша пайтлар. Бундай ҳикояларни аксарият шаҳарда истиқомат қиладиган, китоб ўқиб ёзишни машқ қиладиганлари зар эди. Худди ана шундай пайтда Шукур болалар прозасига бир соф ҳаво — ҳаёт нафасини олиб кирди. Шукур ёзган ҳикояларда тасвир тиниқ, диалоглар пишиқ-пухта бўларди. Мен уни худди мана шунинг учун ўзимга яқин олар эдим.

07Биз мулла Шукур билан Миллий университетнинг биринчи курсида ўқиб юрган чоғларидаёқ ака-ука бўлиб кетдик. У энди таҳририятимизга ийманибгина эмас, дадил кириб келадиган бўлди. Журналимизда тағин беш-олтита ҳикоялари чоп этилди. Ўша ҳикояларнинг кўпчилиги ов ҳақида, айиқ, тулки, булдуруқларнинг ўзига хос хатти-ҳаракатлари, феъл-атворлари ҳақида эди. Камина ҳам табиат қўйнидан келганлардан эмасманми, бунақа ҳикояларга жон-жон деб журналдан жой ажратишга ҳаракат қилар эдим. Менинг бу сиримни билган Шукурбек бир куни Сурхондай жойдан атайлаб битта каклик олиб келибди. Тол чивиқдан тўқилган бежирим қафасда каклик шўрлик “кикир-кикир” қилиб турарди. Мен хурсанд бўлдим, албатта. Шукур кетганидан сўнг ўйлаб қолдим: “Ўзим домда, торгина жойда яшаётган бўлсам… каклик бечора бу жойда қандай яшайди? Унга кенг, пасту баланд, дов-дарахтлари бор жой керак-ку, ахир!”.

Ўйлаб-ўйлаб, охири Дўрмонга, устоз Абдулла акага олиб бориб беришга қарор қилдим. Ҳар ҳолда устоз дала ҳовлисида, у ер кенг, боғ-роғ. Олиб бордим. Абдулла ака хурсанд бўлгандай кўринди. Бир ҳафтадан кейин боққа чиқсам, Абдулла аканинг ҳовлисида ўша толчивиқдан тўқилган қафас турибди-ю, ичида каклик йўқ.
— Ие, каклик қани, устоз?
— Билмасам, — деди устоз елка қисиб. — Дон-сув берганимизда қафаснинг эшигини беркитиш хаёлимиздан кўтарилган шекилли… югуриб чиқиб шох-шаббалар орасига кирди-ю, ғойиб бўлди.

Абдулла ака бу гапларни ҳеч ачинмасдан, ўкинмасдан хотиржам айтди. Шундан пайқадимки, устоз бу жониворнинг жонига жабр қилмай, атайин ўзлари табиат бағрига қайтарган эди. Бу тахминимдан ич-ичимдан зил кетдим-у, масалани чуқурлаштириб ўтирмадим. Устоз ҳам бошқа ҳеч нима демади, мен ҳам…
Бир куни уйга Шукур келиб қолди, теварак-атрофга аланг-жаланг қилиб, назаримда какликни қидирарди.
— Какликни излаяпсиз-да, а?

Мен Абдулла ака билан бўлган воқеани оқизмай-томизмай гапириб бердим ва қалбимда кечган тахминимни ҳам айтдим. У бирпас индамай турди-да:
— Устоз устимиздан роса кулибди-да, Носир ака, — деди сал хижолат тортиб. — Ўзимиз-ку, табиатни муҳофаза қиладиганлардан бўлсак, табиатнинг эркин паррандасини қафасга солиб… тағин уни устозга олиб бориб берганимиз нимаси?

У энди астойдил қизариб кетган эди. Ўзинигина эмас, мени ҳам қўшиб айблар эди.
… Кунлардан бирида Шукуржон таҳририятга кириб келди. Кайфияти сал чатоғроқ. Бунинг устига жиндек ичиб ҳам олган, оғзидан ароқ ҳиди анқиб турар эди. Ростини айтсам, бу андаккина нафсониятимга тегди. Кўнглим оғриганини билдирмасликка ҳаракат қилиб, салом-аликдан сўнг аста сўрадим:
— Бу нима юриш, ука?
— Бир оғайним… — деб чайналди у. “Тағин ўзини оқламоқчи бу”, деб хаёл қилдим. У қўлларини асабий ишқалаб гапини давом эттирди. — Кетмоқчи қишлоғига…
— Нега кетади?

Шукур бор гапни тўкиб солди. Бир оғайниси анчадан бери шеър ёзишни машқ қиларкан-у, ўша машқлардан бирини ёшлар газетасига олиб борган экан. Ўша пайтларда газета таҳририятида бир шоир оғайнимиз ишларди. У ўзини ўша даврнинг энг етук шоири деб ҳисоблар, таҳририятга келган унча-мунча қаламкашларни гап билан довдиратиб қўйиши ҳеч гап эмасди. Шулар жумласидан Шукурнинг оғайниси ҳам битта “Митти юлдуз” деган шеър кўтариб борган экан, у шўрлик ҳалиги шоир оғайнимизнинг қўлига тушиб қолибди. Бу оғайнимиз ўша пайтда майхўрликка андак ружу қўйганлардан эди. У шеърни ўқиб бўлиб, дафъатан ёш шоирга ўшқира кетибди:
— Хўш, сиз қайси юлдузни назарда тутаяпсиз? — дебди сал овозини кўтариб. — Сиз айтаётган юлдуз совет юлдузими ё капиталистик юлдузми?

У пайтларда бунақа саволни эшитган ҳар қандай одам довдираб қолиши турган гап эди. Давр шунақа эди. Хуллас, шеър кўтариб келган бечора ёш шоирнинг довдираб қолганини кўрган таҳририят ходими дарҳол ҳамлага ўтибди:
— Сизларни ким ўқитяпти ўзи? Комсомол котибларинг ким? Мен хат ёзаман. Қанақа тарбия беришяпти сизларга!

Шу гап, шу дағдағадан сўнг ёш шоир қўрқиб кетиб, келган қишлоғига жуфтакни ростламоқчи бўлган экан-у, Шукур унга маслаҳат берибди: “Менинг таниш акаларим бор, бир маслаҳатлашиб кўрай… Жа бўлмаса, кетиш қочмас, сабр қил”.

Шукурнинг олдимга қовоқ-тумшуқ қилиб келганининг боиси шу экан.
— Э, чатоқ бўпти-ку. Яхши шоирми ўзи? Қаердан?
— Яхши шоир. Қашқадарёдан.
— Бошқа шеърлари ҳам борми?
— Анча-мунча.
— Бўлмаса, шеърларини олиб келсин менинг олдимга. Қачон келасизлар?
— Шу бугун…
У шундай деди-ю, шартта ўрнидан туриб, отилиб чиқиб кетди…

Тушликдан қайтиб кирсам, иккалови бошлашиб кириб келишди. Ўтиришди. Шукурнинг қанақалигини биламан, бу шоирни энди кўришим. Салом-аликдан сўнг бундоқ кўз қиримни ташласам, оддий қишлоқ боласи. Қирғизқовоқ, жиккаккина йигит экан. Қарашлари дашт оҳусидек ҳуркак. Ҳайт, десанг ура қочадиган ҳолатда омонатгина ўтирарди. Кўриб турибман, аҳён-аҳёнда Шукур билдирмайгина унинг биқинига: “Дадил бўл”, дегандай туртиб ҳам қўярди.
— Ука, Қашқадарёнинг қайси қишлоғидансиз?
— Некуз деган жойдан.
— Шеърлар ёзиб турар экансиз-да, а?

Худди шеър ёзиш бир гуноҳ ишдай йигитча хижолатомуз қўзғалиб қўйди. Вазиятдан тезроқ чиқиш учунми, Шукур йигитчанинг қўлидаги юпқагина папкани олиб, менга узатди. Аста очиб қарай бошладим. Папкада эллик-олтмиштача шеър, иккита достон бор эди. Йигитча менга термулиб: “Нима деркин? Тағин нима гап эшитарканман”, дегандай ҳаяжонда ўтирар эди.
— Яхши, — дедим мен папканинг тепасига разм солиб. У ерда катта ҳарфлар билан Абдулла Орипов деб ёзиб қўйилган эди. — Абдуллажон, Шукуржон, папкани менга ташлаб кетинглар. Бир танишиб чиқай. Майлими?

Йигитчаларнинг иккаласи ҳам, майли, дегандай бошларини силкитишиб ўринларидан қўзғалишди.
— Қачон хабар олсак бўлади? — деб сўради Шукуржон.
— Уч кундан кейин.
Улар кетишди. Иш вақтим тугагач, ҳалиги папкани қўлтиқлаб, мен ҳам уйга равона бўлдим. Кечқурунги овқатдан сўнг секин папкани очиб варақлай бошладим. Қарасам, бир ажойиб шеърларки, асти қўяверасиз: ичида ўхшатишлар, истиоралар, мажозлар, теша тегмаган қофиялар… Худди чўғдек ялт-юлт қилиб турибди. Бу шеърлардан гўё қадим Насаф даштларининг муаттар ифори уфуриб турар эди. Бирпасда ўқиб бўлиб, дилим равшан тортди. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ўзимча, шеърларни саралашга тушдим. Туннинг бир жойига бориб, ўнтача шеър танлаб олдим-у, унга: “Қишлоғимни куйлайман”, деб умумий сарлавҳа қўйган бўлдим.

Эрталаб таҳририятга келсам, хайрият, муҳарриримиз ҳам келиб ўтирган экан. Шартта олдига кириб, суюнчи сўрадим.
— Эркин ака, мен бир яхши шоир топдим.
— Яхши, — деди у бепарвогина.
— Шуни беришимиз керак.
— Яхши, беринг.
— Шу май сонига.
— Сал иситмангиз йўқми? Бешинчи соннинг нишона нусхасини индинга оламиз-ку, қандай қилиб берасиз?!
— Берамиз. Мен ҳозир ўша шеърларни Флорахонга кўчиртириб, тайёрлаб қўяман-у, Геркулес акани чақириб, қўлига тутқазаман. У зудлик билан тердириб, журналнинг ўртасига — разворотга қўйиб юборади. Ўша жойдаги ҳикояни олиб қўя турамиз.

Муҳарриримиз Эркин Жабборов билимдон, одамохун, Чорсу даҳасининг чапани зиёли йигитларидан эди. Ўша пайтларда журналимизнинг обрўси жуда баланд: ҳали тўла рухсат бўлмаган эса-да, Чўлпон, Усмон, Носир, Абдулла Қодирий асарларини биринчи бўлиб бизнинг журналимиз чоп этган. Эндигина ҳибсдан озод этилган Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат, Саид Аҳмад каби адибларимизнинг йирик асарларидан парчаларни юрак ютиб бизнинг таҳририятимиз эълон қилган эди ва бунинг учун муштарийларимиздан, адабиёт ихлосмандларидан олқишлар олган эдик. Шунданми, муҳарриримиз бизга ўзига ишонгандек ишонар эди. Бир нима десак йўқ демас, дадил таклифларни ҳамиша қўллар эди. Хуллас, мен ўз гапимда туриб олдим. Ахийри бўлмагач, сенсираб юборди:
— Э, бор-э, билганингни қил, қо-зоқ! — деди ясама жаҳл билан. Мен бундан ўзимча хулоса чиқардим: “Сенсирадими, демак ишнинг битгани шу! Сенсирагани — ўзига яқин олгани!”

Бу пайт журнал қарийб тайёр ҳолга келган. Ҳалиги мен айтган ўртадаги ҳикояни олиб, ўрнига мана бу матнни қўйиш техредлар учун жуда қийинчилик туғдирарди.
— Мана бу матнни олинг-да, зудлик билан тердиринг. Рассомимиз ғаладонида эски сонлардан қолган клишелар бор, шеърларнинг у ер-бу ерига сочиб юборинг. Матн терилиб бўлганида мени чақиринг. Бориб ўқийман-у, ўша жойнинг ўзида босишга имзо чекиб бераман…
Билиб турибман, Геркулес ака бу гапни жуда оғир олди, лекин рад этмади, норози бир қиёфада секин чиқди-кетди.

Масаланинг ривожи худди мен айтгандай бўлди. Индинига журналнинг нишона сони келди, унга муҳарриримиз нимтабассум билан: “Айтганингни қилдинг-а, қозоқ!”, дегандай имзо чекди. Ваъдага мувофиқ эртасига Шукур билан Абдулла таҳририятга кириб келишди. Салом-аликдан сўнг улар эшик олдидаги ўринлиқларга ўтирдилар.

04Аслида ишим йўғ-у, ўзимни худди ишлаётгандай кўрсатиб:
— Журналнинг янги сони чиққан эди. Шуни варақлаб туринглар, мен мана бу ишимни тугатиб олай, сўнг гаплашамиз, — деб атай олиб қўйган журналнинг нишона сонини уларнинг қўлларига тутқаздим. Йигитлар журнални бепарвогина варақлай бошлашди. Кўзимнинг қирини ташлаб ўтирибман. Ана, ниҳоят журналнинг ўртаси очилиб, “Абдулла Орипов. Қишлоғимни куйлайман”, деган жойга келганда, кўриб турибман, ҳаяжондан иккаласининг ҳам қўллари титрай бошлади. Орадан уч кун ҳам ўтмай, шеърларинг журналда босилиб турса! Улар учун бу кутилмаган ҳолат-да. Бу журнал экан-у, ҳатто газетада ҳам жуда кам учрайдиган воқеа ҳисобланар эди. Йигитчалар ўзларида йўқ даражада хурсанд, нима дейишларини билмас эдилар. Уларнинг бу ҳолатлари менга ҳам кўчган эди…
— Укалар, шу журнал сизларга сийлов!

Улар тиш ёриб бир нима демади, мен ҳам.
Бирор соатлардан кейин зарур иш билан Навоий кўчасидаги Бош почтамт олдидан ўтиб кетаётиб, бояги йигитчаларга рўбарў бўлиб қолдим: жиндек-жиндек олишган, кайфиятлари чоғ эди… Кўнглимдан: “Ювишибди-да! — деган гап ўтди. — Ҳа, укажонлар-а!”

Орадан бир неча йиллар ўтди. Улар ўқишни битиришди. Шукур бу орада “Оқ отли”, “Тўлқинлар”, “Ўн саккизга кирмаган ким бор?” деган қиссаларни ёзиб, элга танилиб қолди. Бу қиссаларни ҳам менинг назаримдан ўтказиб олган эди. У менга жуда-жуда ўрганиб қолган, хурсанд бўлса ҳам, бирор нимадан хафа бўлса ҳам, жигарранг саквояжи бўларди, шуни кўтариб бизникига зипиллаб келиб қоларди. Ўша пайтлари, охирги курсларда бўлса керак. Шукур мени театрга таклиф қилди. Билмаган эканман, у университет драмтўгарагига қатнашар экан. Шекспирнинг “Ҳамлет” спектаклини Миллий театр саҳнасида қўядиган бўлиб қолишибди. Ҳамлет ролини Шукур ижро қилар экан. Бориб кўрдим. Талант — талант экан-да! Шукур шунақа ўйнадики, мен уни таниёлмай қолдим. Профессионаллардан кам эмас! Шунда хаёлимдан: “Борди-ю, ёзувчилик қилмаганида ундан зўр артист чиқар экан”, деган фикр ўтганди ўшанда. Ҳа, айтгандай, Шукур ўз бахтини — Саидасини ўша Миллий театр остонасида топди. Худди ўша спектаклда у Саида билан бирга рол ўйнаган эди…

…Шунча йил ака-ука бўлиб юриб, у билан қаттиқ-қурум гаплашмаган эдим. Кунлардан бирида кутилмаган ҳолат рўй берди. Бир куни у бизникига хурсанд бўлиб кириб келди.
— Бир қисса қоралаган эдим. Уч-тўрт тобоқдан ошмайди, кичкинагина. Бир кўриб берасизми?
— Жуда соз-да. Бугун дам олиш куни. Икковлашиб бирпасда ўқиб ташлаймиз, — дедим.
Асар ўқишни галга солмаганим учун у хурсанд бўлиб кетди. Чойдан сўнг:
— Қани ўқинг, мулла Шукур, — дедим.

Ўқий бошлади. Хуллас, ўқиб бўлиб: “Хўш, қалай?”, дегандай менга тикилди. Мен бошимни сарак-сарак қилдим. У негалигини тушунолмай ҳайрон. Хуллас, Аброр Қосимов деган бир яхшигина ўртоғимиз бўларди. Ўша билан Шукур кейинги пайтларда жуда апоқ-чапоқ бўлиб кетган, уни ўз юрти — Сурхонга таклиф қилган экан. Нимадир бўлиб, уларнинг орасидан гап қочиб, у шўрликни дашту биёбон ўртасига олиб борибди-да: “Ана, тўрт томонинг қибла. Кетавер!..”, дебди. Қиссадаги бор гап шу эди.

Шукур ҳалиям “Нега?”, дегандай юзимга тикилиб турар эди.
— Мулла Шукур. Биринчидан сизнинг ўртоғингизга қилган муомалангиз ҳеч қандай одоб доирасига сиғмайди. Қўполроқ қилиб айтганда, одамгарчиликдан эмас, — дедим энсам қотиб. — Иккинчидан, адабиёт дегани ёмон кўрган одамдан ўч олиш майдони эмас. Шуни яхши билиб олинг!

Шукурнинг бояги кўтаринки кайфиятидан асар ҳам қолмаган эди. Қиссанинг номи “Ўткинчи” эди. Мен сопини ўзидан чиқариб, тасалли берган бўлдим:
— Ҳечқиси йўқ. Ижодда шунақа ҳолатлар ҳам бўлиб туради, мулла Шукур. Бу бир ўткинчи ҳолат…

Билиб турибман, айни пайтда у бу танбеҳларни ҳазм қилолмади-ю, орадан анча вақт ўтгач: “Гапингиз тўғри экан. Ўйлаб кўрдим!”, деб тан олди. Билмадим, ўша қисса унинг архивида борми ё йўқми? Қизи Сайёрадан сўрасам, билмадим, деди. Менингча, йиртиб ташлаган бўлса керак. Бунақа деётганимнинг сабаби, Шукурда шундай бир характер бор эдики, эгри маслаҳатни кўтаролмасди, айни чоғда тўғри гапни ҳам тез қабул қилолмайдиган қайсарликка мойил одати бор эди. Баъзида эса, маслаҳатинг тўғри бўлса, агар шунга кўзи етса, мардларча тан олиб, кечирим сўрашни ҳам биларди…

Гап билан бўлиб сезмай қолибмиз: тушлик пайти ҳам яқинлашиб қолган экан, бирпасда буғи бурқираб бир лаган сергўшт шилпилдоқ ҳам келиб қолди дастурхонга. Шукурбек кўзлари йилтиллаб менга қаради. Тушундим, дегандай ўрнимдан туриб, сервантдан бир шиша “Столичний” олиб, столга қўйдим. Буни кўриб Шукур гул-гул яшнаб, кафтларини бир-бирига ишқалади. Унинг бояги тунд кайфиятидан асар ҳам қолмаган эди.

Шу ерда мунозарамиз барҳам топди. Шукур ўқилган қўлёзмасини асабий йиғиштириб, папкасига жойлай бошлади.
— Барибир мен буни ёзаман! — деди ўжарлиги тутиб. Ёзди ҳам, ёзганлари уч-тўрт жойда босилди ҳам. Эшитишимга қараганда, ўша ёзганлари танланган асарлари мажмуасининг тўртинчи жилдига ҳам кирибди.

* * *

…Мана, азизлар, мулла Шукур ҳақида баъзи билганларимизни Сизлар билан баҳам кўрдик. Дунёнинг ўзи шунақа қурилган экан-да. Кечагина орамизда юрган дўстимиз бугун йўқ. У бу дунёга келиб, бекорга яшамади. Нашриётда, “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” таҳририятларида ишлади. Сиз билан бизга, миллатига талай-талай ҳикоялар, қиссалар, романлар, драмалар қолдириб кетди. У ёзган асарлар муаллифнинг иккинчи умрига айланиб, тўрт жилдли китоб ҳолида Сиз билан бизнинг қўлимизга тегди. Меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан юксак қадрланди. Ҳў, боя хотирамизнинг ибтидосида тасвир қилганимиз — таҳририятимиз эшиги олдидаги курсида ийманибгина ўтирган камон қош, тийрак кўз йигитча йиллар ўтиб Ўзбекистон халқ ёзувчиси, деган фахрий унвонга сазовор бўлди. Давлат мукофотининг совриндори. Бу ҳазилакам гап эмас! Бундан ортиқ тағин нима керак ёзувчи учун?! Ҳеч нима!
Илойим жойинг жаннатда бўлсин, укажон!

032

(Tashriflar: umumiy 346, bugungi 1)

Izoh qoldiring