Аллома шоир Матназар Абдулҳаким таваллудининг 70 йиллиги олдидан
Атоқли шоир, таржимон ва адабиётшунос олим Матназар Абдулҳакимнинг»Тафаккур чорраҳаларида.Таржимон талқинлари» номли салмоқли китобида Шарқ мумтоз адабиётининг бетимсол сиймолари ижоди, адабий ва абадий ёдгорликлар моҳияти, тасаввуфда акс этган фалсафа табиати ҳақида мутаржимнинг қалб дафтарида қайд этилган кузатишлар, мулоҳазалар жамул жам бўлган.
Шу пайтгача китобнинг «Иймон туҳфаси» ва, «Ялдони ёритган нур» бобларини ёритган эдик. Бугун китобнинг «Иккинчи муаллим сабоқлари» деб номланган қисмининг иккинчи бўлагини тақдим этамиз.
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ТАФАККУР ЧОРРАҲАЛАРИДА
Таржимон талқинлари
ИККИНЧИ МУАЛЛИМ САБОҚЛАРИ
САҲИФА МУНДАРИЖАСИ
МАНГУЛИК АКС ЭТГАН ЛАҲЗАЛАР
МАЪНАВИЙ МУВОЗАНАТ
СОФИСТЛАР ВА СЎФИЙЛАР
МАНГУЛИК АКС ЭТГАН ЛАҲЗАЛАР
Тарихни, жумладан, шарқ халқлари тарихини, хусусан, тасаввуф тарихини кузатсак, бир мантиқий изчиллик очиқ-ойдин номоён: у ёки бу ғоя, у ёки бу тариқатни, бинобарин мазкур ғоя, мазкур тариқат пешволарини муайян бир тарихий зарурат майдонга олиб чиқади, Албатта, бу “заруратлар” инсоният тарихида ҳамиша ҳам мавжуд, бироқ ўзи тақозо этилмиш давригача “мудраб ётади”. Шунинг учун ажаб эмаски, муайян вақтда кўкариб япроқ ёзган ҳамда мева берган тариқат, ғояларнинг дарахтлари тарихнинг теран-теран қатламларига қадар илдиз отади.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари мансуб ва пешво бўлган жавонмардийлик тариқати ҳам ана шундай. Паҳлавон Маҳмуд тарих майдонига чиққан даврнинг ўзи жавонмардийликни талаб қилгани давр талотумларига синчиклаброқ кўз ташлаган одамга маълум бўлади. Бу даврда Хоразм жаҳоннинг кўпгина мамлакатлари каби Чингизхон қўшинларининг қаттол ҳужумларидан вайрон, эл-улус пароканда, энг сара фарзандлар қириб ташланган, қўллари гул инсонлар ҳайдаб олиб кетилган, халқ бало-офатлардан кейин эндигина ўнгланаётган, бироқ руҳан тушкун бир ҳолатда эди. Ана шундай оғир синов йилларида Хоразм ўз даврида Оллоҳнинг инояти билан ўзи даво топди, Паҳлавон Маҳмуддек фарзандни туғиб вояга етказди. Паҳлавон Маҳмуд эса, ўз навбатида, жавонмардийлик тариқатини янги босқичга олиб чиқди. Шу тариқатни “таянч нуқта” қилиб олиб, халқ руҳидаги тушкунликни, умидсизликни бартараф этиш борасида ҳам ижодий, ҳам ижтимоий шижоат кўрсатди.
Шак-шубҳа йўқ, жавонмардийлик тариқатининг ўқ илдизи дини ислом фалсафасига, бу фалсафанинг манбаи бўлмиш Қуръони Каримга бориб боғланади, ҳадиси шарифлардан озиқ олади, азиз авлиёларнинг жонбахш ҳикматларидан баҳрамандлик касб этади. Бироқ кузатишларимиз шуни кўрсатади-ки, Паҳлавон Маҳмуднинг рубоиёти исломгача бўлган даврлар тафаккуридан ҳам барака топган-ки, бунинг ҳеч бир ғайритабиий томони йўқдир.
Жавонмардийликнинг мағзини одоб-икром фазилатлари, аҳлоқ-одоб масалалари ташкил этгани сабабли, қутлуғ бу таълимотнинг ён томирларини умуминсоний этика фалсафаси тарихидан излашимизга тўғри келади. Чунки инсоний фалсафа пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил бўлган Қуръони Каримдан нур олганлиги билан бирга, илмпарвар ислом эътиқодининг тамойилларидан келиб чиқиб, умумбашарий маънавиятнинг барча эзгу жиҳатларини ўзида мужассам қилмаган бўлиши мумкин эмаслигидек бир мантиқ ҳамиша эътиборимизда бўлди.
Биз ўз тахминимизни тасдиқлаш учун, табиийки, аввало башарият фалсафасининг бешикларидан бири бўлмиш Юнонистоннинг антик даври билан боғлиқ манбаларига мурожаат этдик. Шундай қилиб, мазкур мавзуга тегишли саҳифаларда Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида ўзининг баракали аксини топган шахс иродаси ҳамда умум манфаатлари, қайноқ эҳтирослар ҳамда бу эҳтиросларни мўътадиллаштиргувчи якка шахс мурод-мақсадлари билан бошқаларнинг истак ҳамда орзу-умидлари нисбатига жиддий эътибор қаратилганлигининг гувоҳи бўлдик.
Бу манбаларда таъкидланишича, якка одамнинг умумжамоа билан, муайян шахснинг мавҳум мезонлар билан, туйғуларнинг ақл билан, шунингдек, мавжуд жиҳатларнинг юз бериши зарур бўлган жиҳатлар билан муносабатларидаги мувозанат ва мутаносиблик ниҳоятда муҳимдир. Мазкур масалаларга тегишли оҳангларнинг Паҳлавон Маҳмуд ижодида ҳам яққол барқ уриб туриши буюк мутафаккир бобомизнинг умумжаҳоний тафаккур меваларидан, жумладан, биринчи навбатда (албатта Қуръони Карим ҳамда ҳадиси шарифлардан кейин) юнон фалсафасининг антик асарларидан баҳраманд бўлганлигини кўрсатади. Шуниси аёнки, жавонмардийлик аҳд белбоғини боғлаган ҳар бир инсоннинг умумхалқ манфаатларига хизмат қилиши масаласи мазкур тариқатнинг моҳиятини ташкил этади. Бу тариқат одобининг барча фазилатлари, хислат-хусусиятлари, талаблари ўзгалар нафсининг майллари билан якка шахс нафслари майлларининг мувозанатини таъминлаш эҳтиёжидан келиб чиқиб таркиб топган.
Юнон Антик давр тафаккур сарчашмаларининг соҳибларидан бўлмиш Ҳомер, Ҳесиод сингари мутафаккирларнинг ижодларида умумманфаатларнинг якка шахс манфаатлари билан тўқнаш келишидан бунёд бўлган зиддиятлар таҳлили муҳим ўрин тутади. Шуниси диққатга сазоворки, юнон фалсафасининг илм тонгларида нур сочган хулосалар билан ҳазрати Паҳлавон Маҳмуднинг теран мисраларида яққол ҳамоҳангликлар сезилади. Рубоий:
Кўп чекдиму дард, бўлмадим ҳеч шод, дариғ,
Ғурбатда бу жон, қилмади фарёд, дариғ.
Афсус-надомат юки елкамда маним,
Дийдор қиёматгача барбод, дариғ.
Рубоий лирик қаҳрамонинг руҳи умумкайфият билан ихтилофда эканлиги, қаҳрамонинг ўз дардини англамаган замондошлари билан ҳамкайфият эмаслиги, эл билан шахс ўртасидаги бир-бировни ўзаро англаш содир бўлмаётганлиги сабабли, мазкур замонда ҳатто дийдор эҳтимоли (бу ерда, маънавий дийдор кўзда тутилаётган бўлса керак) ҳам йўқлиги шахс ва умумманфаатларининг мос эмаслигидан аниқ хабар бериб турибди.
Паҳлавон Маҳмуднинг рубоиётига жанговарлик туйғуси, тасаввуфий одоб-икром фазилатларидан ташқари, фидокорлик, эл-юрт учун, дўст учун жондан кечиш оҳанглари ҳам муҳим ўрин тутади. Биз мана шу борадаги фикрларга ҳам шоир мисралари билан Антик давр, хусусан, Ҳомер асарларидаги воқеалар ўртасидаги оҳангдошликларни туямиз. Чунончи, Ахилл, гарчи ўз ҳалокатини олдиндан билса ҳам, Гектор билан жангга ҳеч иккиланмасдан равона бўлади. “Олис-олисларда волидалардан, худди ушбу ерда ҳалок бўлурман, жангдан тисланмагум, билсам-да буни” – дейди унинг ҳалокатини башорат қилган отга жавобан Ахилл. Умуман, юнон адабиётида, хусусан Ҳомер асарларидаги қаҳрамонларни жангнинг нима билан тугаши унчалик қизиқтирмайди. Улар учун энг муҳими Ватан учун, дўст учун жондан кечишгача тайёр туриш. Юнон адабиёти қаҳрамонлари, айтиш мумкинки, шавкат учун, шон учун жанг қиладилар. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари рубоийларидан бир қанчасида жанговарлик руҳи ошкор ва бу жиҳатнинг тарихий асослари аён. Рубоий:
Жанг авжида, жон қушлари шаддод ўйнар,
Қумрию калхат бўлишиб, дод ўйнар.
Дўст дастида ўйнайди қилич ялтиллаб,
Ёв остида ҳам гижинглаган от ўйнар.
– деб ёзади ўз рубоийларидан бирида шоир.
Бироқ Паҳлавон Маҳмуд шеъриятида фидокорликнинг бош мақсади иймон-эътиқоддир. Тўғри, Паҳлавон Маҳмуд ижодида ҳам ҳарбий кайфият бирмунча қуюқлаштирилган мисралар учрайди. Рубоий:
Адлинг ила, эй, яхши-ёмон осуда,
Бўлсин десанг эл мудом омон-осуда.
Қўйма садоқда ўқни тинч, ҳам қинда
Қўйма қилични бир замон осуда.
Гарчи, бу мисралар қадимги оврупаликларнинг “Тинчликни истасанг урушга тайёрлан”, деган маталини эслатса ҳамки, Паҳлавон Маҳмуд ижодидаги жавонмардийлик руҳининг асослари бу мавзунинг мағриб, жумладан, юнон фалсафасидаги талқинидан жиддий тафовут қилади.
Боя айтганимиздек, Паҳлавон Маҳмуд шеъриятидаги жанговарлик шон-шукуҳ учун эмас, чунки шараф муносиб инсонни ахтариб топмоғи зарур. Рубоий:
Дунёга келиб улки азиз ном топди,
Кўп номлар унинг номидан эҳсон топди.
Қўлга олиб қадаҳ лабин теккизди,
Топди шароб шараф, қадаҳ шон топди.
Шоир назарида умуман, ҳар бир қаҳрамон, хусусан, унинг ўзи ижод этаётган рубоийларнинг лирик қаҳрамони жасоратни бошқа инсонларнинг манфаати учун кўрсатмоғи керак. Ўзгаларнинг бахтини ўз бахти деб билиб, ана шу муштарак саодатни таъминлаш учун, қолаверса, илоҳий бир холисликнинг барқарорлиги учун довюрак бўлмоғи, эзгу жанг кайфиятини ўзига маслак деб англамоғи керак. Маърифий бир мардлик, мардона бир маърифат ишқида ҳаёт кечирмоғи лозим. Рубоий:
Ҳақ дўст дея жим тортса фиғон дўст – чин дўст,
Қилғувчи ибодатни ниҳон дўст – чин дўст.
Ҳеч кўз-кўзлама, сен бергану олган нонинг,
Нон дўсти эмас, аслида, жон дўст – чин дўст.
Шоирнинг назарида бошқа саъй-ҳаракатлар, жангу жадаллар шунчаки бир хашаки тўс-тўполон, “дунёнинг иши”дир. Шу сабабдан ҳам бундай нолойиқ тўқнашувлар қимор ўйинидагидек ўткинчи, ўтаётган вақтдек бевафодир. Рубоий:
Дунёнинг иши тўс-тўполон жанг деб бил,
Номарднинг эмас, марднинг иши танг деб бил.
Дунёнинг иши бу каъбатайну нарддир,
Ғолиб келади ҳийлаю найранг деб бил.
Паҳлавон Маҳмуднинг бундай фикрлашига сабаб, шубҳасиз, исломий қарашлардан келиб чиқилган ҳолдаги инсоннинг Оллоҳ мўъжизаларидан олиймақоми эканлиги тўғрисидаги хабардир. Рубоий:
Умринг бу шараф, на шеър, на достон шартдир,
Бахтинг-да баланд, на арш, на осмон шартдир.
Сенга фидо қилгали бир жоним бор,
Йўлингга сенинг. аслида минг жон шартдир.
Паҳлавон Маҳмуд назаридаги инсон ана шундай. У ана шундай инсоннинг манфаатлари учун жадал қилади, шоир яратган лирик қаҳрамон ва бу қаҳрамонга қўйган ихлосимиз баробаринда биз ҳам ана шу шеърий сиймонинг фазилатларини муайян даражада ўзлаштира борамиз. Паҳлавон Маҳмуд бу инсонга қарата:
Эй дўст, қани, айт, жонми керак, жон берайин мен,
Ҳар не энг азиз, сен сўра, шул он берайин мен.
Эй кофири шаддод маним қошима бир кел,
Зунноринг олиб, ўрнига иймон берайин мен,
– дер экан, масаланинг моҳиятини яна ҳам ойдинлаштиради. Юнон фалсафасидаги жанговарликдан исломий жадалнинг тафовутини аниқ англатади.
Асл мутафаккирлар ўзларидан муқаддам ҳаёт кечирган донишмандларнинг ақлий меросларини юксак бир холислик билан ўзлаштирганлар ҳамда салафларнинг хазиналарини муносиб ворислар сифатида тараққий топтирганлар. Албатта, биз Паҳлавон Маҳмуд ижодий меросининг туб моҳиятини жанговарлик руҳи ташкил қилади десак, қаттиқ янглишган бўлур эдик. Гарчи Паҳлавон Маҳмуд “Жанговар”, “Ҳарбий” маъноларини англатувчи Қитолий тахаллуси билан асарлар ёзган ҳамда қирғинбаротлар даврида ҳаёт кечириб муайян ҳарб мисралари биттан бўлса-да, гарчи турли маноқиблардан, буюк шоирнинг жисмоний куч, ҳарбу зарблардан иборат саргузаштлари, хусусан, буюк Паҳлавоннинг Ҳиндистондаги жанговарлик ҳамда ватанпарварлик фаолияти билан боғлиқ кечинмалари ҳакидаги ривоятларга чулғанган ҳаёти тўғрисида бизга муждалар етиб келган эса-да гарчи шунингдек, яқинда серғайрат фольклоршуносимиз Собир Эҳсон Турк томонидан топилган халқ яратган “Филмаҳмуд” достони да буюк шоирнинг жангу жадаллар билан тўлиб тошган саргузаштлари тўғрисида шукуҳли ҳикоятлар билан танишган бўлсак-да, биз учун энг ишончли манба – буюк бобомиз қаламига мансуб рубоийлардан шуни-си аён бўлади-ки, Паҳлавон Маҳмуд аввало жаҳон файласуфларининг, шу жумладан, биз бугун шоир рубоийларига муқояса қилаётганимиз юнон тафаккур хазинаси Антик даврининг ҳам муносиб давомчиларидандир.
Гарчи шундай бўлса-да, биз Паҳлавон Маҳмуд ижоди билан Антик давр маънавиятидаги бу муқоясавий мутолаани кескин узиб ташламайлик-да, асосий мавзуга ўтишдан олдин мазкур жиҳатдаги муштараклик ва тафовутлар тўғрисидаги суҳбатимизни бир қадар давом эттирайлик.
Ҳомер асарларидаги қаҳрамонлар (масалан, юқорида қайд этганимиз худбинликдан холи эмаслиги манбаларда қайд этилган. Ўз ватандошлари тарафида туриб жанг қилаётган Ахилл ўзини қавмдошлари томонидан камситилган деб англаган заҳоти, дарров уларга мағлубият тилайди, ўз шахсий манфаатларини халқнинг ҳаёт-мамот масаласидан афзал кўради. Ҳатто ватан туйғуси ҳам қаҳрамоннинг иззат нафсидан устун туролмайди. Агар биз Паҳлавон Маҳмуднинг ҳаёти ва ижодини кузатсак, шоирнинг лирик қаҳрамони ҳаётида ҳам, Паҳлавон Маҳмуднинг ўз ҳаётида ҳам ҳамма нарсани унутиб, ўз жонини ўзгалар йўлига фидо қилишгача бўлган жасоратни кўрамиз. Тўғри, Паҳлавон Маҳмуд бизга маълум рубоийларида ватан тўғрисида тўғридан-тўғри гапирмайди. Бироқ, “мисралар орасидан” бу туйғу шу қадар ёрқин барқ уриб турадики, ватан мавзусининг шоиримиз ижодида бундай санъаткорона ниқобланганлиги ҳар қандай ошкора мадҳиябозликдан осмон қадар юксакдир. Рубоий:
Нур чимматини гул юзидан тортгани йўқ.
Дилда хумор, май таъмини тотгани йўқ.
Нега бу дард. ёр, сени уйғотгани йўқ,
Ол қўлга қадаҳ токи қуёш ботгани йўқ.
Бу энг тиниқ нутқ эмасми?.. Ватан ҳақидаги оташин ҳамда маҳзун мисралар эмасми мановилар. Рубоий:
Кўп менда савол, энди жавоб ким қилғай?
Кўп менда гуноҳ энди савоб ким қилғай?
Қайдаки хоки пок тавоф қилдим мен,
Хокимни менинг энди тавоф ким қилғай?
Шоирнинг ўзи ҳам, бинобарин, у яратган асарлардаги лирик қаҳрамон ҳам шундай қон ва манглай терига тупроғи суғорилган гўзал табиатли, теран ва уқубатли мантиқ соҳибларига она бўлган ватан ва бу ватан, аҳолиси руҳиятида устувор бўлган эътиқод учун, унинг озодлиги ҳамда истиқлоли учун ҳам жон, ҳам танларидан дарз кетмайдиган истеҳкомлар яратдилар. Дўст билан дўст, ёв билан ёв бўлдилар.
Паҳлавон Маҳмуднинг меҳр-муҳаббати шу қадар баркамолки, “булут сояси”даги “ёмғир куйи” унинг учун ватан ҳақидаги қўшиқдир. Паҳлавон Маҳмуд:
Дард мени ўлдирди, маломат ватанимдир.
Ишқ ўти сўлдирди, муҳаббат кафанимдир,
Жаннат сеники, зоҳидо, мен булбули мастман,
Куй мени куйдирди-ки, дўзах чаманимдир,
дер экан, ёв босқинидан дўзахга айланган ватанини чаман деб билмадими, бу “дўзах”ни жаннатга айлантириш учун кураш олиб бормадими, деган саволлар ўз-ўзидан пайдо бўлади. Ва, табиийки, бу саволларга ижобий жавоблар шу шоирнинг мисраларидадир. Рубоий:
Тонг бу юзинг… ва ундаги, ёр, гул ёғилар,
Хулқинг эса фасли баҳор – гул ёғилар.
Хуш кечади давримиз – ёришди уфқ,
Юз очади бу рўзигор – гул ёғилар.
Биз Пахлавон Махмуд меросининг айрим илдизлар юнон қадимиятига бориб тақалиши тўғрисидаги тахминларимизни илгари сурар эканмиз, Антик давр мафкураси ҳамда Паҳлавон Маҳмуд рубоийларининг лирик қаҳрамонларини муқояса қилганимиздаги мағриб маънавиятига хос худбинликнинг ҳам нисбийлигини айтиб ўтишимиз лозим бўлади. Антик давр қаҳрамонлари шон-шавкат учун жасорат кўрсатар эканлар, буни ҳам инсоф билан айтганда, соф худбинликка йўймаслик керак. Негаки, токи, қаҳрамонлар шон-шараф учун жанг қилаётган эканлар, ана шу шон-шарафни эъзоз этадиган халқ, ватан борлиги учунгина шижоат кўрсатадилар. Демак, ҳар иккала дунё – Антик давр ҳамда Паҳлавон Маҳмуд шеърияти лирик қаҳрамони фазилатларини қиёслаётиб, биз кейинги дунё мардларини афзал деб топар эканмиз, бу – афзалликнинг Паҳлавон Маҳмуд яратган қаҳрамонларида худбинлик сифатининг мутлақо ёки деярли мутлақо мавжуд эмаслиги, Антик давр адабиёти қаҳрамонларида эса бу хусусият нисбатан аёнроқ мавжудлиги ҳақида хулоса чиқарсак тўғри бўлади.
Ҳомер асарларида шахс ва жамоа бирлигини қаҳрамонларнинг маъбудларга муносабатида яққол кўриш мумкинлигини таъкидлайдилар бу давр аҳолисининг тадқиқотчилари. Антик афсоналарга кўра, қачонлардир худолар ва қаҳрамонлар бирга ҳаёт кечирганлар. Ҳомерда бу афсонавий яқинлик бир қадар заминий асосга эга. Унинг таърифидаги маъбудлар бирмунча “ерга тушадилар”, тўғрироғи “тушиб турадилар”, қаҳрамонлар бўлса улар билан алоқани узиб қўймаганлар. Фақат Зевс ерга тушмайди.
Антик афсоналарда қахрамонлар, аксар маъбудалар билан сифатдошдирларки, ана шу нуқтада кейинчалик тасаввуфда, шу жумладан, жавонмардийликда ҳам устувор мақомларнинг энг юксаги бўлмиш ваҳдатнинг дастлабки куртаклари ғира-шира кўзга ташлана бошлайди. Шак йўқ инсоннинг илоҳдан келганлиги ҳамда илоҳга қайтишлиги фалсафасини мутафаккирлар Куръони Карим нозил бўлгандан кейингина тугал англаб олдилар ва бунгача узоқ гумроҳлик йўлини, маърифатсизлик даврини бошдан кечирдилар. Бироқ ана шу жаҳолат зулумотининт қаър-қаърларидан ҳатто ўша илк фалсафий-аҳлоқий изланиш даврларида ҳам умид нурлари, орзу шуълалари пайдо бўлиб турди-ки, биз бу ёғдунинг кейинчалик Паҳлавон Маҳмуд ва унга маслакдош бўлган азизлар фикратида асл орифлик офтобига айланганлигини кўрамиз. Рубоий:
Устимга улуғ сафар либосин ёпдим,
Манзиллар аро кўп югуриб кўп чопдим.
Беҳишт каби тўхтов эди ҳар дил менга,
Ҳар дилда, не бахт, фақат ўзингни топдим.
Ёки:
Ё на қаро била, ё на оқ била мен,
На шайх тарафда, на мурид ёқ била мен.
Пасту баланд, жаҳлу аламдан озод,
Дунё ишидан холиману, Ҳақ била мен.
Тасаввуф алплари руҳиятида қарор топган бу бирликнинт дастлабки уринишлари, тадқиқотларда таъкидланганидек, Антик давр маъбудалар ва қаҳрамонлар якдиллигида, жамоа ва шахс чамбарчаслигида маъбудалар изни билан қаҳрамонлар фаолиятининг мутаносиб асосланганлигида намоён бўлгандир.
Антик давр асарларининг қаҳрамонлари маъбудларга илтижолар қилиб, улардан мададлар кутадилар, ўз мағлубиятлари учун улардан нолинадилар, бироқ буларнинг барчаси уларнинг, яъни қаҳрамонларнинг фаолиятини зарра ҳам сусайтирмайди. Хусусан, Ҳомер қаҳрамонларининг маъбудлар билан муносабатларини Гегел шундай деб кўрсатган экан: “Маъбудларга нисбатан берилган барча жиҳатлар тез вақт ичида индивидиумларнинг ботиний моҳиятига айланиши керак. Шунга кўра ҳукмрон кучлар мутлақо шахслантирилиб талқин қилинади, иккинчи томондан, ушбу жиҳатларнинг фаолиятда зоҳир бўлиши шахсларнинг феъл-атворига монанд бўлади”.
Антик давр тадқиқотчилари кузатишларидан шуниси аён бўладики, дейлик, Ҳомер қаҳрамонларининг фаолиятидаги аҳлоқий жиҳатларда “жисмонан бақувват” тушунчаси билан “жасоратли, мард” тушунчалари ҳали тафовут қилинмайди. Масалан, Ахилл миқёсдан ташқари қудратга, ҳайратланарли тана тузилишига эга бўлган қаҳрамон ўз ҳалокатини олдиндан билса ҳам, Гекторга қарши мардона курашади, шундай қилиб, гарчи унинг учун курашнинг ўзи муҳим бўлса-да, ўзининг қурбон қилган жонига ўз халқини нобуд бўлиб кетишдан асраб қолади. Шуниси ҳам диққатга сазоворки, бу пайтда фидойилик фалсафа сифатида шаклланмаган тушунча сифатида, истилоҳ тарзида одамларнинг ақлидан ўрин олмаган эди, Шунинг учун ҳам давр фидойилигини биз маълум маънода Паҳлавон Маҳмуд ҳамда унинг салаф ва издошлари илму амалларидан мустаҳкам ўрин олган, ҳам ғоя ҳам ҳаёт тарзи сифатида устуворлашган жавонмардийлик тариқатининг муайян даражадаги илк сарчашмалари деб айтишга журъат қиламиз. Чунки, дейлик, Ахиллнинг саргузаштлари мобайнида кейинчалик тариқатда сабр-қаноат мақоми сифатида шаклланган, Паҳлавон Маҳмудни “Нафсингни енгиб, сен унга шоҳ бўл – мардсан” қабилидати мисраларни битишга илҳомлантирган, ёт элда курашаётганда волидасини танг аҳволда қолдирмаслик учун ўғлига атайин мағлуб бўлиш қудратини бахш этган эътиқод мезонларининг дастлабки нишоналарини кўриш мумкин. Масалан, Ахиллни урушга кузатаётиб, отаси унга шундай насиҳат қилади:
Жиловлаб ол мағрур руҳингни,
Қаҳрингни ют – дил қаҳшатгувчи…”
Кейинчалик, Ҳомернинг “Одиссея” асарида маънавий-аҳлоқий фазилатларни белгилайдиган атамалар ҳам учрай бошлайдики, биз бу фикримизни мазкур асардаги “Ҳаққоний” (“Честный”), Савоб (“Благодеяние”), “Муқадддас” (“Священный”), “Мўъмин” (“Богобоязненный”) сингари аҳлоқий-фалсафий атамалар пайдо бўла бошлаганидан биламиз.
Бу жиҳатлар шундан далолат берадики, кейинчалик пайғамбарларга нозил бўлган китоблар ва ниҳоят Қуръони Карим ҳамда Ҳадиси шарифлар билан қанча-қанчалаб инсоний фазилатларга аниқ атамалар кашф этилгунига қадар инсоният хам уқубатли, ҳам шарафли узундан-узоқ тафаккур йўлини босиб ўтади. Юнонистон Антик даври қаҳрамонлари жангга кираётган паҳлавонлар ўз маъбудларига уларни бир қадар “одамлаштириб” нола қилиб улардан илтижолари қабул бўлмаган тақдирда худди одамлардан хафа бўлгандагидек кўнгиллари қолса, Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларида, табиийки ҳар жиҳатдан мумтоз Оллоҳга мурожаат қилади ҳамда ундан ўз мардликлари – яъни, бошқаларга Оллоҳ кўрсатиши керак бўлган мададнинг бир банда сифатида сабабчиси бўлаолиш қудратини бахш этишини сўраб нолалар қилади. Рубоий:
Юксак бу – умр дарахтимиз паст қилма,
Борлиқ бу – шароб, ичир, бироқ маст қилма.
Ё раб, карам эт, жумла жавонмардларни,
Муҳтож этма, зор этма, паст қилма.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида жисмоний қудрат ҳам тасаввур қилганимизчалик етакчи аҳамият касб этмайди, балки инсоннинг маънавий баркамоллигини таъминлайдиган бир фазилат сифатида талқин қилинади. Ушбу рубоийга эътибор қилинг:
Аҳли замон либоси минг тур бўлди,
Девлар ясаниб олиб бугун ҳур бўлди.
Бир боқди рақибларга у маҳваш турклар,
Морлар ғужанак бўлиб олиб мўр бўлди.
Рубоийдан кўриниб турибдики, риёкор девларнинг “ясаниб олиб” ҳур бўлишларида, уларнинг ўз гуноҳлари учун одамлар қаҳрига учрашларидан юракларида таҳлика мавжуд эканлигига ишора бор, шунингдек, гўзалликнинг олдида морларнинг (илонларнинг) ғужанак бўлиб олиб, мўр (чумоли) бўлиб олишларида) ҳам жисмоний кучнинг маънавий фазилатларга хизмат қилишлари зарурати, акс ҳолда на дев, на илонларнинг эзгулик касб эта олмасликлари таъкидланади.
Ушбу ўринда азалий қадриятлар бўлмиш инсоний фазилатлар, одамийликнинг Паҳлавон Маҳмуд рубоиётидаги поэтик шарҳларига ҳам эътибор бериб ўтиб кетмагимиз жоиздир. Рубоий:
Кўп менда гуноҳ, энди савоб ким қилғай,
Кўп менда савол, энди жавоб ким қилғай.
Қайдаки хоки пок, тавоф қилдим мен,
Хокимни менинг энди тавоф ким қилғай.
Шоир ўз лирик қаҳрамонининг дастлаб маънавий ўзлигини англаш пайтидаги ғуруридан кулади. “Кўп менда гуноҳ энди савоб ким қилғай”. Лирик қаҳрамон ўзини барча айблардан холи, инсонлардан ўзини афзал билаётганига ишора қилиб ҳатто мана шундай аҳволда ҳам ўз гуноҳкорлигига иқрор бўлиши ҳодисасига диққат қаратади.
Шоирнинг “Мен”и ўз гуноҳ ва орзу қилгани савобларидан кўплаб саволларга ғарқ бўлади ва жавоблар кутади. Бу саволлар шу қадар душворки, уларга тирикларнинг жавоб бериши мушкул. Шундан бўлса керак, шоир “Қайдаки хоки пок, тавоф қилдим мен” – дейди ва ўшал хоки покларнинг мумтозликларидан уларга меҳр туяди ҳамда улардек мукаммал бўлишни орзу қилади, ўзининг-да хоки поки тавоф қилиниши лойиқ бўлган инсон даражаси-га етишмакни умид этади. Рубоийдан шундай мантиқ келиб, чиқади-ки ана шу даражада комил инсон бўлиб мумтозлашган одамгина савобга муносибдир.
Шоирнинг муқаддаслик даражасига муносабати ҳам ўзига хосдир. Рубоий:
Дунё бўла олмагай муқаддас, яхши,
Дарвиш каби англа сен буни, бас, яхши.
Ёпинчиғингни бўздан эт, бу – бахтдир,
Ёлғондир агар ким деса “Атлас яхши”.
Бу ўринда “бўз” ва “атлас” сўзларининг мутлақо рамзий маънолар касб этаётганлиги аён. “Бўз” хокисорлик тимсоли, “атлас” эса – кибру ҳаво белгисидир. “Ёпинчиқ” эса инсоннинг ўз руҳиятини маънавий фазилатлар билан зийнатлаши керак бўлган заруратдир. Демак, инсон ўз маънавиятини кибру ҳаводан халос қилиб, асл хокисорлик даражасига қадар юксалтирмас экан ва дунё мазкур қусурлардан холи инсонлардан иборат бўлмас, экан у муқаддас бўла олмайди. Демак, юнон фалсафасида истилоҳ сифатида эндигина ниш ураётган тушунчаларга, жавонмардийлик тариқатида мардларни юрагига томир отган илдизлари теран эътиқод, тизимига айланади-ки бу тилсимни очиб, Оллоҳ неъматларидан баҳраманд бўлиш учун ҳар бир инсон тинимсиз инсоний камолот касб этиш учун кураш олиб бориши зарур бўлади.
Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида мўъминликнинг талаби ҳам юксакликлар ва теранликлар касб этади. Оллоҳдан қўрқиш шоир шарҳига кўра, шунчаки бир таҳлика эмас, балки баркамол инсон бўлиш йўлидаги мўътабар поғонадир. Акс ҳолда бундай қўрқувнинг бундай мўъминликнинг ҳеч кимга кераги йўқ. Бу йўлдаги қўрқув ҳам мис каби ялтироқ ва қалбаки эмас, балки, олтиндек асл бўлмоғи лозим. Рубоий:
Қилган қабулинг қошида, бил, рад афзал,
Яхшинг қошида ёмон ҳам, минбаъд, афзал.
Кофирсану, даъво қиласан мўъминлик,
Мўъмин эса сендек, яна муртад афзал.
Юнон қадимиятининг қаҳрамонлари ўз фаолиятларида бош мақсад қилиб олийжанобликни танлар эканлар, бу фазилатни таъминловчи қатор хислатлар, аксар, ижтимоий ҳаётда юз берадиган туғёнлар натижаси, ўлароқ шаклланганлигини ҳам айтиб ўтмоқ жоиз. Тадқиқотчи Тренчини-Вельдапфелнинг таъкидлашича, масалан: “Ҳақиқат” тушунчаси илк дафъа ўзининт аҳлоқий мазмунини қул Евмейнинг тилида касб этади: “Қонун тепкиларни хуш кўрмас маъбудалар, ягона. Уларга (яъни –маъбудларга) эзгу афъол маъқулдир”.
Ҳомер асарларида қаҳрамонлик шарафланса, унинг замондоши Ҳесиод асарларидаги қаҳрамонлар кундалик турмуш жараёнида тасвирланадилар. Унинг фикрича, асл бойликнинг манбаи меҳнатдир ва бу бойлик ўз навбатида адолатли бойишнинг бирдан бир манбаи бўлмиш меҳнатсеварликни рағбатлантириб туради. Ҳесиод ўз асарларида хусусий мулкдорларнинг манфаатларини ҳалол меҳнат билан ҳаёт кечираётган инсонларнинг нуқтаи назари билан ифода этади. Шунииг учун унинг асарларида меҳнат билан орттирилган бойликларга тажовуз қилувчи зўравонларни бу зўравонлар келтириб чиқараётган урушларни қоралайди, беминнат бойликка ҳирс қўйишни инсон шаънига иснод деб билади.
Биз Паҳлавон Маҳмуд ижодида ҳам бу мавзунинг пухта тадқиқ қилинганлигини кўрамиз. Паҳлавон Маҳмуд уқтиришича ҳам, инсоннинг бош мақсади адолатдир. Инсон меҳнат қилар экан, ўз меҳнати билан ҳаёт кечириши инсон ҳаёти ҳалоллигини таъминлайдиган бирдан-бир воситадир. Ҳамманинг ҳаёти ҳам бир куни охирига етади, бироқ меҳнат билан ўтказилган умр ниҳоясидагина ўкинч-армон бўлмайди. Акс ҳолда… Рубоий:
Йўқдир хабаринг бошида не ҳол дунё,
Эй хожа, хаёлингда мудом мол дунё.
Бир сидра кафандир улушинг, оҳ уни ҳам
Кўргайму раво йўқми бу қаттол дунё?
Демак, шоир уқтиришича, бизнинг хаёлимизда “мудом мол-дунё” эмас, балки меҳнатимиз туфайли орттирилган мол-дунё эвазига ҳалол кечириладиган инсоний ҳаётимиз бўлиши керак Бизларнинг ҳеч қачон бировнинг мулкига кўз олайтиришга ҳаққимиз йўқ. Таъма – фақат ўз меҳнатимиздан.
Паҳлавон Маҳмуд бу фикрни гўзал шоирона воситалар, муболағалар билан, ўқувчининг эсидан чиқмайдиган қилиб ифодалайди. Рубоий:
Қилма таъма, азоб бериб жонингга,
Мулкингни ярат, эришгил ўз шонингга.
Ўз ковагингга кир илон бўлсанг гар,
Бўлсанг агар қуш, қўн ўз ошёнингга.
Биз юнон фалсафасининг Антик давр тараққиётини кузата борар эканмиз мазкур тафаккур хазинасидаги лаъл-жовоҳирлар билан кейинчалик, умумжаҳон ақл мулкининг, шу жумладан, айниқса жавонмардийликнинг ранг талашганлигини кўрамиз. Бу ҳамоҳанглик бу таассуротни ўзининг мисли кўрилмаган даражадаги шиддатли ақли билан бизга етказганлиги учун ҳазрати Паҳлавон Маҳмуддан юрак-юракдан хурсанд бўламиз. Бу фараҳ бизни юнон фалсафасидан Паҳлавон Маҳмуд мисраларига равона қилади, Паҳлавон Маҳмуд мисраларидан юнон фалсафасига маънавий саёҳатга рағбатлантиради.
Ҳесиоднинг фикрича, инсонлар дастлабки даврларда аҳлоқий бузилишни билмаганлар, яъни улар олтиндан бўлганлар. Уларнинг ўрнига кейинчалик кумушдан бўлган авлод келган, демак бу авлод олтин аждодларига қараганда бирмунча айнийдиганроқ, ёмонроқ бўлган, сўнгра эса мис авлод даври бошланган охир оқибатда темир одамларнинг замони етган-ки, бунда:
Мушт босган ҳақиқат ўрнини,
Шаҳарлар гирифтор бўлган талонга,
Лафзи ҳалол, адолатли, оккўнгиллар
Эҳтиромга бўлмай қолган сазовор.
Сурбет ва ёвузга кун кулиб боққан,
Кимда куч ўшанда бўлгандир ҳуқуқ .
Биз шу сифатларнинг Паҳлавон Маҳмуд мисраларидан мустаҳкам жой олганлигини яхши биламиз “Оқилни енгиб қўйгучи ҳеч ҳис бўлмас. Минг ҳасад эт, зар барибир мис бўлмас” – дейди шоир. Бошқа бир рубоийсида эса уқубат билан ёзади: “Доно оёқ остиндаю нодон бошда. Ё раб бу фалакни остин-устун қилғил”. Биз Паҳлавон Маҳмуднинг кўпгина жавонмардийлар каби ва уларнинг раҳнамоси ўлароқ ўз ижоди, ўз фаолияти билан фақат ўкинганлигини эмас, балки “мисни зар”, “фалакни остин-устун” қилиш учун курашганлигини кўрамиз.
Биз биламизки, авлиёларимизнинг мўътабар сифатларидан бири ўз илмларига амал қилиб яшаганликларидадир. Улар ҳадиси шарифларга риоя этиб, ўзлари бошқаларда қоралаган сифатларни ҳеч вақт ўз фаолиятларида зоҳир қилмаганлар.
Шунингдек биз “Ўзингга раво кўрмаган нарсангни бошқаларга раво кўрма”, деган ҳадиси шариф азизларимиз учун дастуриламал бўлганлигидан хабардормиз.
Юнон фалсафасида “Етти донишманд” номи билан машҳур алломалардан бири Фалесдан унииг маслакдоши Диоген “Қайси ҳаёт энг афзал ҳаётдир?” – деб сўраганида донишманд жавоб берган экан: “Бошқаларда ўзимиз қоралаган амалларни ўзларимиз қилмасдан яшасак, шуниси”. Мана донишмандларннпг Антик даврдан қолган ўгитлари ҳамда уларга Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг асрлар оша жавоблари: “Лаззатларингнинг ҳокимн бўл!” – Хилон. Паҳлавон Маҳмуд, рубоий:
Нафсингни енгиб, сен унга шоҳ бўл – мардсан,
Кимсаси йўқларга паноҳ бўл – мардсан.
Номард тепибон ўтар йиқилганларни,
Мискин ва ғарибга пойигоҳ бўл – мардсан.
“Лаззат – фоний, шараф – боқий”, Периандр, Паҳлавон Маҳмуд, рубоий:
Дунёга келиб улки азиз ном топди,
Кўп номлар унинг номидан эҳсон топди.
Қўлга олиб қадаҳ лабин теккизди,
Топди шароб шараф, қадаҳ шон топди.
Юнон файласуфлари борлиқнинг моҳиятига шу қадар чуқур сингиганларки, нафақат одамлардан – борлиқ мавжудотларининг сарварларидан, балки буюмлардан ҳам ўзига хос “аҳлоқ” талаб этганлар ва улар талаб қилинмиш бу аҳлоққа риоя этмаганлари, ўз моҳиятларига хилоф равишда мавжуд бўлганлари тақдирда, уларнинг-да жазога гирифтор бўлишлари муқаррарлиги тўғрисида фикр юритганлар. “Айрим буюмлар ўзларини ҳаром ҳолда тутадилар ва бу гуноҳлари учун жазога тортароқ, ўзлари қаёқдан ибтидоланган бўлишса, ўша тарафга кириб йўқ бўладилар, – деган экан Анаксимандр, – буюмларнинг ҳаромлиги уларнинг бошқа борлиқдан айру мавжудликда бўлиб, ўз асосларидан маҳрумлигидадир – деб унга ҳамоҳанг фикрлаганлар кейинчалик Нестле ҳамда Ф.Ницше. “Бўлсам эди, оҳ, зоту бисотдан четроқ, Узлатга кетиб, хотира ёддан четроқ”, – деб ёзади Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бу ҳақда.
Биз шу ўринда шарқ фалсафасига ҳам биноан инсоннинг-да вужуди “тўрт унсур”дан, яъни “Аносур-ул арбаа”дан ташкил топганлигини эсласак, бу тўрт унсурнинг – ўт, сув, ҳаво, тупроқ эканлигини хотирга келтирсак, инсоннинг вужуди ҳам бошқа гуноҳкор буюмлар, нарсалар қаторида ўзининг мавжудлига хилоф бўлганлиги учун ўз аслига қайтишини фикр этамиз. Беихтиёр яна Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг рубоийси ёдга тушади:
Ерни бировларки бисот деб тургай,
Ўлча-улаш, ё ол, ё сот деб турғай.
Оқил билади қабрдир ул еб тўймас,
Кирмаса тез-тез одам, дод деб турғай.
Демак, инсоннинг пок бир умиди, унинг мана шу унсурлардан бир куни халос бўладирган руҳидир-ки, шунинг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ўз шеърий фалсафа ҳамда амалий фаолиятларида руҳ тарбиясига алоҳида аҳамият берганлар. Рубоий:
Дунёга ёпишган чирмовуқмиз, ҳаммамиз,
Дон – таъмамиз, турқи совуқмиз ҳаммамиз.
Эртага руҳ қушлари бир-бир учади,
Биз қоламиз. Чунки – товуқмиз ҳаммамиз.
Бу ўринда Паҳлавон Маҳмуднинг “Биз”и иккиланувчандир. Негаки, “Биз” ҳам руҳ, ҳам вужудга тегишлидир.
Юнонистонлик тафаккур намояндаларининг меросларини ҳазрати Паҳлавон Маҳмуд рубоиёти билан муқояса қилиб ўқиган сайин, даставвалига тасодиф бўлиб туюлган ўхшашликларнинг тобора чуқурроқ қонуният касб эта боришига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Чунончи, тахминан эрамиздан илгарига 520-460 йилларда яшаб ижод этган Ҳераклит ижодига шу нуқтаи назардан бир нигоҳ ташлашнинг ўзиёқ юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. Дунё, Ҳераклитнинг фикрича, ботиний бир тажассум, ичкин бирликдан иборат. Бу бирликнинг моҳиятини ҳам донишмандлик, ҳам.. олов сифатида талқин қилинувчи “Логос” ташкил қилади. “Логос” – Ҳераклитнинг фикрича, – бутун борлиқнинг мағзини ташкил қилади. Донишмандликнинг моҳиятини – дейди Ҳераклит, – ҳақ гапни гапириш, табиатга қулоқ тутиб, унга монанд фаолият кўрсатиш ташкил қилади” . Паҳлавон Маҳмуднинг барча мисраларида юқорида айтилганидек, табиатга монандлик учун донишмандлик оташининг тафти билан битилган мисраларни кўрамиз, рубоий:
Рўй берди жаҳон, жаҳон ўзинг, рўй ўзинг,
Дарёдир ақл, оққан узун ўй ўзинг.
Шабнам каби баргда бесамар милтирама,
Гул бу ўзинг. Гулдаги хуш бўй – ўзинг.
Ҳераклитнинг таъкидлашича, “Логос”дан, яъни донишмандликдан чалғиб кетиш икки хил тарзда юз беради. Биринчидан, одамлар ўзларининг саёз билимлари билан кифояланиб қолиб, моҳиятни билмасдан ғафлатда қоладилар. Иккинчидан, одамлар ўзларининг тан лаззатларига берилиб кетадилар, улар ем ковшаётган ҳўкиз, балчиқда роҳатланаётган тўнғиз, олтиндан хашакни афзал кўрган эшакка монандлашадилар”.
Одамлардаги юз берадиган бундай қусурларга Паҳлавон Маҳмуд ҳам ўзининг қақшатқич мисралари билан зарба беради. Рубоий:
Афсус, бугун бўлди ўтин уд била тенг,
Бўлди Халил маснади Намруд била тенг.
Давлатидан, мастга қулоқ тутсанг дер:
“Эшшакнинг ҳанги нағмаи Довуд била тенг”.
Рубоий:
Сал-пал ўқидим, соҳиби дафтар бўлдим,
Сал-палгина зеб топдиму зевар бўлдим.
Билдим бу жаҳонни ғам билан дард бўлдим,
Кечдим баридан, энди қаландар бўлдим.
Бу мисралардан аён бўладики, Паҳлавон Маҳмуд талқинидаги қаландарлик бу борлиқ моҳиятини англаш дегани экан.
Юнонлар, хусусан, Ҳераклит кашф этиб берган та¬факкур алангаси мажоз сифатида Паҳлавон Маҳмуд шеъриятида ҳам ўзига хос тарзда акс этгандир. Мисол тариқасида, шоир фанони шарҳлаган бир рубоийсига мухтасар тўхталиб ўтайлик. Рубоий:
Кетмокда шитоб, талпинади жом изидан,
Ҳайратда эрур эл бари ҳайрон изидан.
Дин аҳлига ўт кетди кўриб бу ҳолни,
Бормоқда ловуллаб, ана карвон изидан.
Ўтиб бораётган вақт, бу Вақт билан бирга ўтаётган барча фоний мавжудот қошидаги инсонлар ҳайратини таърифлар экан, Паҳлавон Маҳмуд бу фанони англаш учун “Дин аҳли”, яъни мутафаккир мўъминларнинг бу ҳикматни англаш учун саъй-ҳаракатларини шоир “Дин аҳлига ўт кетди кўриб бу ҳолни, бормоқда ловуллаб, ана, карвон изидан” тарзида ифодалайди. Шуниси диққатга сазоворки, Ҳераклид бутун оламни умумжаҳоний тафаккур, оламий бир олов ҳаракатга келтириб турганлигини уқтиради. Борлиқ мувозанатини, оламлар мавзунлигини ҳам ягона ақл таъминлаб турганлигини айтади. Рубоий:
Бизга насиб адл ила инсоф, ақл,
Бир телба учун, оҳ, неча минг соф ақл.
Қандай қутулай ўлимдан, айтолмайсиз,
Гарчи теварак ақл ва атроф ақл.
Мағрибу машриқ мутафаккирларининг фалсафасида инсоният руҳидаги сиртдан қараганда, бир-бирига жуда ўхшаб кетадиган, бироқ ботиний жиҳатдан таҳлил қилиб қараганда, бир-биридан тубдан фарқ қиладиган икки жиҳат – ғурур, кибр каби хусусиятлар мавзуси жуда ҳам теран тадқиқ этилган-ки, бу жиҳатни биз айни саҳифаларда фикр юритаётганимиз Юнон фалсафаси, шунингдек, Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида ҳам аниқ кузатамиз. Ҳар иккала қутб – шарқу ғарб тафаккур меросида ҳам бу жиҳатлар, яъни ғурур ва кибр инсоннинг табиатида мавжуд бўлиб, ҳар бир киши ўзини руҳий жиҳатдан камолга етказиш баробарида ўзидаги кибрни бартараф қилиб, ўзи ва ўзгаларнинг қадрини билишга ўргатадиган яхши маънодаги ғурурни тарбиялаши зарурлиги алоҳида таъкид этилади.
Маълумки, боболаримиз эътиқодича, инсоннинг вужуди машҳур тўрт унсурдан – “аносир-ул арбаа”дан ташкил топган. Бу тўрт унсурнинг таркибида бир-бирига зид табиатлар мавжуд. Модомики, инсоннинг бадани ўт, сув, тупроқ, ҳаводан шаклланган экан, ўт билан сув бир-бирига қарама-қарши, ҳаво билан тупроқ ҳам худди шунингдек бир-бири билан ихтилофдалар. Ўт ёнишга, сув уни ўчиришга яратилгандек. Тупроқ, ер бу собитликка, барқарорликка мойил, ҳаво эса, аксинча, кўтаринкиликка, кибрга ўхшаб ҳаракат қилади. Файласуф боболаримизнинг таъкид этишлари-ча, инсон ўз табиатида ана шу мусбат ва манфий жиҳатларни мувозанатга келтириб яшай олсагина, ўзининг дунёга келишидан илоҳий мақсад бўлган фазилатларга сазовор бўла олади.
“Ўзбошимчаликни, кибрни ёнғинни ўчиргандан ҳам тезроқ бўйсундириш керак, – деб ёзади Ҳераклит, – тафаккур буюк фазилатдир, донишмандлик эса ҳақиқатга яқин туриб, табиатни англамоқ ҳамда унга монанд фаолиятда бўлмоқ демакдир. Зоҳирий мутаносибликларни эмас, балки ботинимиздаги ҳикматларни англамоқ кибру ҳаво орзусини кесадиган дорудир. Инсоний тафаккур эмас, балки илоҳий тафаккур асл донишмандликдан иборатдир” .
Паҳлавон Маҳмуд ўз ижодининг моҳият-эътиборига кўра инсонларни руҳий ва бошқа хил тушкунликлардан халос қилиб, уларга маънавий мадад беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган экан, табиийки, унинг меросида бу мавзуга мурожаат кўплаб учрайди. Биз аввалги саҳифаларда Паҳлавон Маҳмуднинг инсоний шаън, шахснинг ор-номуси, маънавий қадру қиммати каби жиҳатларнинг Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида нақадар теран таҳлил ва тадқиқ қилинганлигини айтган эдик. Шуниси ҳам муҳим-ки, Паҳлавон Маҳмуд инсондаги ифтихор руҳий юксакликни таъминлаш масалаларига берилиб кетиб, кибрга қарши курашни унутиб қўймайди.
Паҳлавон Маҳмуд меросида биз кибру ҳавонинг, манманликнинг турли-туман хилларига зарба берилганлигининг гувоҳи бўламиз. Буларнинг барчасига батафсил тўхталиш бизни ҳозир мавзудан бирмунча чалғитган бўлур эди.
Бироқ кибру ҳавога қарши зарбаларнинг Паҳлавон Маҳмуд ижодидаги асосий йўналишини қайд этиб ўтиб кетсак, жоиздир. Бу ҳам бўлса – эътиқоддан кибрланиш туйғуси ва бу иллатга Паҳлавон Маҳмуднинг нафратидир. Паҳлавон Маҳмуднинг фикрича, одам ўзининг ҳавойи манфаатлари учун иймон-эътиқоддан фойдаланиб, имтиёзларга интилса, бу айниқса қораланишга лойиқ иллатдир. Негаки, иймон-эътиқод каби фазилатларнинг ўзи табиатан кибрга қарши малҳам, мутакаббирларга қарши қуролдир. Шундай фазилатли маънавий қуролдан мазкур маънавиятнинг табиатига зид ўлароқ шу маънавиятнинг ўзига қарши фойдаланилса, бундан ортиқ муртадлик бўлмайди. Рубоий:
Бу ҳожики Маккадан, Минодан қайтди,
Зинҳор демангиз Каъбадан одам қайтди.
Аждарга дўниб қайтди илон денг, Ҳаждан,
Бир хонахароб, денг-ки, худодан қайтди.
Рубоий:
Дарёдаги сув кўзимдаги намдандир,
Дунёдаги бор аланга сийнамдандир.
Ишлайди кулол, бу кўҳна дўстлар ҳоки,
Ўт-сув ила мавжуд хазинамдандир.
Паҳлавон Маҳмуд ҳам ўзининг юнон салафларига ўхшаб, ғурур ва кибр, уларнинг бирини барқарор қилиб, иккинчиси бартараф қилиш масаласида табиатга мувозанат бўлиш тарафдоридир. Чунки инсонга хос бўлган иллат ва фазилатлар табиатнинг ўзида мавжуд бўлиб, Паҳлавон Маҳмуд фикрича, табиат ўзидаги қусурларни қандай дафъ қилиб, фазилатларни мустаҳкамлаш учун қандай кураш олиб борса, табиат фарзандлари, Оллоҳнинг маҳлуқотлари орасида мумтози бўлмиш инсон мулки борлиқдаги ана шу хусусиятдан андоза олмаслиги мумкин эмас. Рубоий:
Меъмор фалак қаср ила айвон этгай,
Нақшини тамом этгач, у вайрон этгай.
Пештоқини бугун ўзига тенг этгач,
Эртасига ер бирла яксон этгай.
Паҳлавон Маҳмуднинг ижодида умумжаҳоний мутаносибликларни ўйлар эканмиз муборак бу шеъриятда мазкур мавзунинг-да, умумисломий ҳикматлар билан бир қаторда юнон фалсафасидан озиқ олганлигига гувоҳ бўламиз. Бу жиҳат буюк шоиримиз меросида, аввало, самовий ва заминий, руҳий ва жисмоний мувозанатларнинг, хусусан, пифогорчилар тафаккур йўсини билан ҳамоҳанглиги кўзга ташланади. Порфирий шундай ёзади: “Муайян шаклга эга бўлмагач, мажозларни ифода этишда пифогорчилар сўздан фойдалана олмай, рақамларга мурожат қилар эдилар. Улар бирлик, муштараклик, тенглик, руҳдошлик сабаби, сезгидошлик, умумбутунлик, умумяхлитлик, хуллас ниманинг заминидан муайян бус-бутунлик келиб чиқса, шуни Ягоналик (“Ваҳдат”) деб атар эдилар. Тафовут, тенгсизлик, мухтасар қилиб айтганда, нимадан бўлинишлик келиб чиқса, шуни Иккиланишлик ёхуд Иккиланма деб баён қилар эдилар. ” Манбалардан шуниси аён бўладики, пифагорчилар бутун оламни ҳам шу нуқтаи назардан таҳлил қилганлар ва бизнинг дунё ана шу тушунчаларнинг олиймақоми деб билиб, қуёш, ой ва бошқа сайёралар ҳаракати туфайли кечираётган ҳаётнинг ана шу мукаммалликнинг юксалиги деб тасаввур қилганлар. Фақат заминни улар паст даражадаги хилқат сифатида олиб қараганлар ҳамда олий фазодаги, мусаффоликка қарама-қарши ўлароқ, муфлис бир ҳаво билан тўлғазилган фазонинг мағзи деб қабул этганлар.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари юқоридаги олиймақомликни, албатта, Оллоҳ тимсолида англаб, эътиқод қилади. Шундан келиб чиқиб, ер юзидаги ўткинчи ҳаётни маълум маънода “ҳийлаю найранг”деб айтади. Бунда у ажойиб муқояса кашф этади. Нард тахтасидаги хоналар ҳамда қуёш буржларини, шунингдек, нард ўйинидаги соққалар ҳаракати билан боғлиқ фаолиятни ҳамда иккита нард соққасининг қай тарафдан тушиши билан боғлиқ ўйин жараёнини ой ва қуёш ҳаракати билан боғлиқ равишда кечаётган вақт, ўтаётган умрга ўхшатади. Рубоий:
Дунёнинг иши тўс-тўполон, жанг деб бил,
Номарднинг эмас, марднинг иши танг деб бил.
Дунёнинг иши бу – КАЪБАТАЙНУ НАРДДИР,
Омадли эрур ҳийлаю найранг деб бил.
Руҳ ва танадан таркиб топган инсон, Пифагор талқинича, ҳар иккала тарафга – ҳам фалак, ҳам заминга тааллуқлидир. Шу боисдан ҳам инсониятнинг руҳи ҳамда вужуди зиддиятларга тўла бир оламдир ва бу оламда мутонасибликни таъминламоқ учун инсон тинимсиз кураш олиб бориши керак. Бу кураш, юнон файласуфининг таъкидлашича, ҳар қандай маккорликдан қочиш, вужудингдан касалликни, руҳингдан жаҳолатни ҳар нимаики мавжуд унсурлардан бемеъёрликни олов, тиғ, хуллас бор асбоб-ускуналар ёрдамида кесиб ташлашдан иборатдир.
Паҳлавон Маҳмуднинг ҳикматли мисраларда ҳам инсоят ва фалак мавзуси, одамзод коинотнинг бир жузви эканлиги ўзининг теран аксини топгандир. Шоир талқинича, инсоннинг вужудида ҳамда бу вужуд ичра муваққат макон тутган руҳда коинот ҳамда бу коинотда вақтинча жойлашган заминдаги монанд жараёнлар кечади. Вужуд одамни заминга, руҳ эса фалакка жалб қилиб туради. Бу кураш жараёнида одам юқорида келтирганимиз мисолидаги Пифагорчиларнинг иккиланиш, нояхлитлик фалсафасидагидек, ўз ботиний борлиғида бошқа-бошқа бўлакларга ажралади ва бир бўлак иккинчисига мухолифатда бўлади. Рубоий:
Дунёга ёпишган чирмовуқмиз ҳаммамиз,
Дон таъмамиз, турқи совуқмиз хаммамиз.
Эртага руҳ қушлари бир-бир учади,
Биз қоламиз, чунки товуқмиз ҳаммамиз.
Бироқ шуни ҳам алоҳида таъкид этиб ўтиш лозимки, мутаффакир бобомизнинг бутун шеърияти инсонни ана шундай “товуқлик”дан халос қилиб, руҳ қушларига айлантириш учун муттасил олиб борилган кураш илми, одамзод руҳиятини юксалтириб, уни Оллоҳга восил қилиш йўлидаги бадиий маърифатдир.
Паҳлавон Маҳмуд юнон файласуфлари фикрини шундай тараққий топтирадики, уларда чексизлик рамзи сифатида тақдим этилган коинот ҳам шоиримиз назарида маҳдудлашиб қолади. Шоир фикрича, чексизлик – Оллоҳга тегишли. Нафссизлик ҳам нисбий, мутлақ нафссиз ҳам ёлғиз Оллоҳдир. Рубоий:
Ишқ ичра нишон ўзим, менинг тийр ўзим,
Мажнун бу – ўзим, жунунга тадбийр ўзим.
Чексиз бу самода пойидор маҳбусман,
Қўзғалса фаришта нафси, занжийр ўзим.
Айни пайтда шоиримиз ўзининг тупроқликларидан, ҳар қанча азоб-уқубат чекса ҳам халос бўлмаётганлигини изтироб билан баён этади. Рубоий:
Даъво қиласан, толибо, афлок менга,
Хокман-ку ўзим, нега керак хок менга.
Бахт бу – хашак тегса денгиздан,
Гавҳар насиб этсин сенга, хошок менга,
– деб, фалакка муносиб одамнинг илоҳий дағдаға қилиши шарт эмаслигини, тупроқ тупроқлик даъво қилиши ножоиз бўлганидек, илоҳийликка мансуб одамнинг бу фазилатни даъво қилиши ҳам ақлга тўғри келмаслигини уқтиради. Бедабдаба, ботиний руҳ юксаклигида ҳаёт кечиришининг мантиққа монанд эканлигини эътироф этади.
Ислом илмида “одам ҳамиша исломий бир руҳ билан туғилади”, деган гўзал ва адолатли фикр бор. Исломийлик бу – мантиқларга монанд ҳаёт кечириш, фикрлаш ва шу фикрларга амал қилган ҳолда фаолиятда бўлиш. Биз юнон фалсафасини ана шу нуқтаи назардан олиб қарасак, унда кейинчалик буюк сўфийларимиз, шу жумладан Паҳлавон Маҳмуд тарафидан ҳам алоҳида таъкидланган маънавий-маърифий юксалиш мезони саналмиш Ваҳдат риёзатига, яъни ҳақиқат висолининг изланишига гувоҳ бўламиз. “Одамзод талпиниши керак бўлган унсурлар асосан, учтадир, – деб ёзади Порфирий, – биринчиси бу – мумтозлик ва шавкатликка, иккинчиси – ҳаёт учун манфаат, учинчиси – баҳрамандлик бахш этадиган фазилатлардир. Энг асосийси эса, – деб давом этади у, – ҲАҚИҚАТГА ИНТИЛИШДИР, ЧУНКИ ФАҚАТГИНА МАНА ШУ ҲИСЛАТ ОДАМЛАРНИ ХУДОГА ЯҚИНЛАШТИРАДИ”. Кўриб турганимиздек, юнон файласуфлари бу борада ҳали бир мунча ҳадиксираброқ фикр юритадилар, улар илоҳий бирликка эмас, яқинлашишгача (Қурб) фикр юритишга журъат қиладилар. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари, бул зоти шарифнинг салаф ҳамда издошлари бўлса ўзларининг ориятлари қолиб ваҳдониятни танлаганлар-ки, комил инсон бўлиш учун курашда сўфийлармизнинг нақадар илгарилаб кетганлигига гувоҳлик бера оладиган тафаккур жасорати худди мана шу жиҳатдир. Рубоий:
Нада қаро ёки нада оқ била мен,
Ёки на пийр, ё на мурид ёқ била мен.
Пасту баланд, жаҳлу аламдан озод,
Дунё ишидан холиману, Ҳақ била мен.
Пифагор ва пифагорчилардан муайян даражада таъсирланмаганлиги эҳтимолдан узоқ Паҳлавон Маҳмуднинг дунёқарашини теран англаш учун ҳар иккала тарафнинг адолатни нақадар муштарак англаганликларидан ҳам билиш муҳимдир. Пифагорчиларнинг мазкур масаладаги қарашларига “Никомах этикаси” ва “Катта этика” асарларида кейинчалик Арасту батафсил тўхталиб ўтган. Пифагорчилар Арастунинг таъкидлашича, адолатни ҳар бир қилинган иш учун худди шу миқдордаги қайтим бўлиши лозим ва бу муқаррар жиҳат деб эътиқод қилганлар. Улар ҳар бир одам бошқаларга ниманики раво кўрган бўлса, ўзи ҳам шунга сазовор бўлиши керак деган ақидани илгари сурганлар. Улар бу жиҳатни ҳатто рақамлар билан қилинадиган амалларга олиб бориб боғлаганлар, улар эзгуликни унга кўпайтирилган сонга, яъни квадратларга ўхшатганлар ва шуниси билан, Арастунинг фикрича, фазилатларни чуқурлаштириб, нотўғри фикр юритганлар.
Нима бўлмасин, ҳатто рақамларнинг ўзаро муносабат жараёнини ҳам эзгуликка, инсоний фазилатларга олиб бориб боғлаган пифагорчиларнинг тафаккур даражасига қойил қолмай бўлмайди. Ва Пифагорнинг, бизнинг шарқ бобокалонларимиз тили билан айтганда, Пифорруснинг мутафаккир аждодларимизнинг шу жумладан, Паҳлавон Маҳмуднинг ижодига етказган баҳраси муқаррардир.
Узоққа бормасдан, худди юқоридаги масалани – эзгулик савоб-гуноҳ муаммоларини Паҳлавон Маҳмуд меросида олиб қарайдиган бўлсак ҳам, пифагорчиларга ҳамоҳанг, бироқ албатта, исломий тафаккур-одобидан келиб чиққан ҳолда “машриқлаштирилган” ҳамда шунинг билан бирга, албатта, Паҳлавон Маҳмуднинг ўзига хос қалами шарофатидан ижодий ривожлантирилган ҳамоҳангликларнинг, муштаракликларнинг шоҳиди бўламиз. Паҳлавон Маҳмуд мавзуни аввало табиатдан ахтаради, пифагорчилардек рақамлаштирилган эзгуликнинг эмас, балки табиий бир мўътадил савобнинг барқарорлигига ўқувчи эътиборини қаратади, илоҳий ажрнинг мавжудлигига бизни ишонтиради. Рубоий:
Қай дилга фалак жабр ила бедод айлар,
Бедод эвазига Ҳақ ани шод айлар.
Куз фасли хазон ўйнаса ғужғон қайда,
Шу жойда баҳор майсани бунёд айлар.
Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийларидан келиб чиқадиган хулосаларнинг мазкур йўсиндаги жавҳари шу-ки, инсон, майли, олий даражадаги бўлса ҳам ҳар қалай, табиатнинг фарзанди, бинобарин, унинг таркибий бир қисмидир. Шу маънода у ўзаро муносабатларда ҳам, асосан, табиатнинг юқорида келтирилган ва ўз вақтида пифагорчилар томонидан ҳам таъкидланганидек, мавзунликни тақозо этадиган қонуниятлари асосида ҳаёт кечиради. Одамлараро муносабатлар шу боисдан ҳам биз бугун “инсон экологияси” деб атаётган табиий мезонлар асосида шакллансагина истиқболимизни таъминлайди, бизни келажакдаги саодатдан маҳрум қилиб қўймайди. Шунинг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуд бу мавзуни табиатдан башариятга кўчириб таҳлил этар экан, табиий мувозанат талабларини бир лаҳза бўлсин унутиб қўймайди. Рубоий:
Кўп менда гуноҳ, энди савоб ким қилғай,
Кўп менда савол, энди жавоб ким қилғай.
Қайдаки хоки пок, тавоф қилдим мен,
Хокимни менинг энди тавоф ким қилғай?
Аён бўляптики, бу мисраларда “Куз фасли хазон ўйнаса ғужғон қайда” шу жойда “баҳор майсани бунёд айлар” фалсафаси ижтимоий-аҳлоқий бир мазмун касб этиб жаранглаётир, яна ҳам чуқурлашаётир, кенгроқ доира ясаётир. Шуниси мароқлики, Паҳлавон Маҳмуд ўз салафларининг фикрларини бу даража ривожлантириш билан ҳам кифояланиб қолмайди. Шоир ижодида ўзаро муносабатларнинг мутаносиблиги масаласи табиатдан жамиятга, жамиятдан бўлса шахс ботинига ўтказилиб таҳлил этилади. Рубоий:
Дил дафтари гул мисли очилди ҳар он,
Еллар учириб қилди хазонларни тўзон.
Дарду фироқ гардини қум соатидек,
Дил бошга тўкар, бош эса дилга томон.
Бу мисралардан шуни уқиб олиш мумкин-ки, оқилона тадбирлар билан мавзунлашиб туриши керак бўлган номавзунликлар нафақат табиатда, нафақат жамиятда, балки ҳар бир инсоннинг ички дунёсида ҳам мавжуд экан. Сўнгги кўриб турганимиз рубоийда ҳам бир шахс гўё иккига ажралаётир – уларнинг биттаси Дил, яъни туйғулардан, иккинчиси Бош, яъни фикрлардан иборат ва бир шахс ботинидаги бу икки “одам” ҳамиша бир-бири билан ҳам зиддият, ҳам муроса туфайли мадор топадилар, баҳамжиҳатликка эришадилар.
Таъкидлаш жоизки, Пифагор ва пифагорчилар ҳамда Паҳлавон Маҳмуд, шунингдек, жавонмардийларнинг нафақат тафаккурларида, балки зоҳирий ҳаёт тарзларида ҳам ҳайратланарли ўхшашликлар мавжуд. Шубҳа йўқки, бу зоҳирий муштаракликлар оқибат-натижада ботиний ҳамоҳангликларни келтириб чиқарган ёки аксинча.
Пифагор ва унинг издошлари мустаҳкам бир биродарлик асосида яшаб фаолият кўрсатганлар. Бу биродарлик тарихда “Пифагорчилар жамоаси” ёҳуд “Пифагорчилар иттифоқи” (“Пифогорийский союз”) номи билан машҳурдир. Мазкур жамоанинг ҳаёт тарзи ва шаклу шамойилларидаги монандликларни бир қадар тадқиқ этишга ҳаракат қиламиз. “Пифагорчилар жамоаси”нинг ҳаёт тарзи, Этика тарихи ҳақидаги манбаларда келтирилишича, жамоанинг асосчиси обрўсини сўзсиз эътироф этишдан иборат бўлган. Пифагорчилар ҳаёт кечирган даврдаги ноисломий руҳиятнинг таъсири билан бўлса керак жамоа “отаси” ҳаддан ташқари баланд маснадда бўлган, уни ҳатто ярим илоҳий мезонлар билан “одам-худо” тарзида эъзоз этганлар. Унга инсоннинг қўлидан келмайдиган фазилатларни нисбат берганлар. Масалан, Пифагорнинг бели олтиндан бўлган деб қаралган, у қушлар ва бошқа хилдаги жониворлар билан гаплаша олади деб ишонганлар, уни гўё бир вақтнинг ўзида бир-биридан узоқда бўлган иккита шаҳарда кўрганлар.
Жавонмардийлик илдизларининг исломгача давр маънавиятига бориб тақалиши тўғрисида нуфузли манбалар бизга маълумотлар берадилар. Ҳусайин Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний ёхуд Жавонмардийлик тариқати” асарига мурожаат қиламиз: “Билгилким, тасаввуф тариқат мақомотидан биридир…. Баъзилар бу сўз ислом пайдо бўлгандан кейин келиб чиққан – дейдилар. Аммо маълум бўлишича “тасаввуф” сўзи исломдан олдинги замонда ҳам бўлган экан. “Унс -ул сўфия” китобида биринчи бўлиб “сўфий” номини олган Одам Ато фарзанди Шиш эди, дейилади”.
Биз Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида ҳам эътиқод қадимийлигига қилинган ишораларга дуч келамиз. Рубоий:
Бўл бу дамни эъзоз этганлар ила,
Ғамни қўй, кетсин у кетганлар ила,
Ўтгач ул кўна эшикдан, бўласан,
Етти минг ёшига етганлар ила.
Бу фикрдан шуниси аён бўладики, Паҳлавон Маҳмуд мозийга юксак эҳтиром сақлаган ҳолда, бугуннинг қадрига етишга даъват этади. Зеро, ҳадиси шарифларда айтилганидек, “Замондан нолимангиз, нечун-ким, замоннинг соҳиби Оллоҳдир”. Айни пайтда, Паҳлавон Маҳмуднинг юқоридаги мисраларидан ўз маслакдошларини узоқ ўтмиш билан алоқани, руҳий-маънавий муносабатларни узмасликка ҳам чақирадики, бу мисралар айниқса суҳбатимиз мавзусига дахлдордир.
Жавонмардийлар жамоасининг сарварлари албатта, исломий камолотдан келиб чиқиб, ширк таҳдидини туғдиргувчи дабдабаю дағдағалардан холи, эътиқод, мутлақо одоб, мутлақо икром талаблари доирасидан келиб чиққан ҳолда меъёрли ҳамда баркамол ихлосга сазовор бўлиши керак бўлган сиймодир: “Агар аҳд отаси ким деб сўрасалар, жавоб бериб айтгилким тариқат фарзандини аҳду паймон билан боғловчи кишини аҳд отаси, дейдилар. Аҳд отаси талабгор йигитга қараб “Бизнинг аҳдимизни қабул қилиб, халқимизга кирдинг, энди шайтон амрига кирмайсан ва макруҳлардан парҳез қиласан” деб айтади”. Тариқат пийрлари тўғрисидаги бу маълумотни бир қадар тўлдириш учун яна мазкур “Футувватномаи султоний”га мурожаат қиламиз: “Агар комил устоз ким, деб сўрасалар, у пок мақсадли, Ў3 АЙБИНИ КЎРАДИГАН, доно ва тамизли кишидир, деб айтгил. Унда ҳасад, гина ва бахилликдан асар бўлмайди” . Бундай устозга Паҳлавон Маҳмуд мисралари билан мурожаат қилиш мумкин. Рубоий:
Умринг бу – шараф, на шеър, на достон шартдир,
Бахтинг-да баланд, на арш, на осмон шартдир.
Сенга фидо қилгали бир жоним бор,
Йўлингга сенинг, аслида минг жон шартдир.
“Фидо этиладиган минг жон”’ бу – жисмоний мазмундаги фидолик эмас, балки камолотга эришиб устозга муносиб шогирд бўлиб вояга етишдир. Мана шу фидолик муайян маънода “Пифагорчилар жамоаси”нинг мақсади бўлгани каби, неча минг-минглаб одамларни, ўз сафларига жипслаштирган жавонмардийликнинг ҳам бош маслаги эди.
Пифагорчилар жамоаси ҳақидаги манбаларга мурожаат қиламиз: “Барча пифагорчилар учун тақиқлар силсиласи мавжуд эди, чунончи дуккакли экинлар мевасини емаслик, нонни синдирмасдан тановул қилиш, кўзанинг изини қўлда қолдирмаслик ва ҳ.к. Улар ҳамжиҳатликда ибодат қилар жисмоний тарбия ҳамда мусиқа билан шуғулланар эдилар”.
Шу ўринда, жавонмардийлар ва юнонистонликлар, хусусан, бу ўринда пифагорчиларнинг жисмоний тарбияга катта эътибор берганликлари тўғрисида тўхталиб ўтиш жоиз. Пифагорнинг, пифагорчиларнинг жисмоний тарбиянинг хил-хил турлари билан шуғулланганликларини, улар жисмоний тарбияни руҳий-маънавий тарбия билан қўшиб олиб борганликларини биз яхши биламиз. Биз яна шуни яхши биламизки, Паҳлавон Маҳмуд ҳам донг таратган паҳлавон бўлган. Бироқ бизнинг қўлимизда шу пайтгача жавонмардийларнинг жисмоний тарбияга муносабатларининг назария билан боғлиқ маълумотлари йўқ эди. “Футувватномаи султоний” нашр этилиши билан бу ғафлат ҳам бартараф бўлиб кетди.
Ҳусайин Воиз Кошифий ўз китобида хабар беради: (“Футувватномаи султоний”, “Кураш тушувчилар ҳақида” қисми): “Агар курашда асл моҳият нима деб сўрсалар, қувват қанақа нарсадир деб сўрсалар, айтгилки, куч ушбу ҳунарнинг илми деб жавоб бергил. Магар куч-қувватнинг эътибори йўқ, зеро ҳайвонларда куч жуда кўп, аммо уларда илму дониш, инсоний фазилатлар йўқ, шунинг учун улар қимматга лойиқ эмаслар. Агар кураш тушиш илмми, амалми, деб сўрасалар, амал билан зич боғлиқ илмдир… кураш санъатида илмга амал қилмасликнинг иложи йўқ” .
Биз Паҳлавон Маҳмуднинг Пурёйвалий унвонидан хабардормиз. Бу сўзнинг курашчиларнинг устози, ҳозирги истилоҳ билан айтганда “тренер” мазмуни ҳам борлигини ҳамма ҳам билмаслиги мумкин, бироқ биз Паҳлавон Маҳмуд ҳаётидан шуни аниқ биламизки, буюк шоиримиз ҳамиша жисмоний кучдан инсоний фазилатларни устун қўйганлар. Рубоий:
Беилму амал ривзаи ризвон бўлмас,
Рўза, намоз бўлмаса иймон бўлмас.
Ўтмакка илож топса-да қилкўприкдан,
Кимки дилозор, мусулмон бўлмас.
Юқоридаги муқоясаларнинг ўзи ҳам жавонмардийлар маслагида муштаракликлар кўп эканлигини исбот этади. Мавзуимизнинг бошқа жиҳатларига тўхталишдан олдин, мазкур масала ҳақида, жисмоний тарбия, спортнинг Паҳлавон Маҳмуд ижодида беаҳамият эмаслиги тўғрисида тағин бир мисол келтириб ўтайлик. “Футувватномаи султоний”нинг “Косабозлар ҳақида” қисмида ўқиймиз: “Агар коса ўйнаш қаердан олинган десалар, фалакнинг айланишидек, андан олинган деб айт…”. Паҳлавон Маҳмуд ёзади:
Ёрга қадаҳ мисли қуёш айланади,
Шод бўламан ва аста бош айланади.
Ул мени тупроққа қўяр, йўқдир ажаб,
Сўнгра мозоримдаги тош айланади.
Пифагорчилар жамоасига киришнинг бир неча йил давом этадиган сукут билан синаш шарти мавжуд бўлган. “Сукут сақлаш билан синаш”, манбаларда келтирилишича, ҳар бир шогирдда “Ўз фикрини баён этиш борасидаги масъулиятни ва бошқаларни тинглаш малакасини тарбиялаган. Жавонмардийлик сулукига кирмоқчи бўлганлар ҳам муайян синов муддатини ўтган бўлишлари шубҳасиз. Чунки, “Футувватномаи султоний”да “Нақиб отаси” ва “Аҳд отаси” хусусида қисмлар мавжуд бўлиб, “Нақиб” синамоқ маъносини билдиради. Жавонмардийликка дохил бўлмоқни истаганлар синов шартларини бажариб, “Нақиб отаси” имтиҳонидан ўтганларидан сўнг, “Аҳд отаси” томонидан сулукка киритиладилар. Пифагорчилар жамоаси махфий иттифоқ бўлганлиги манбалардан маълум. Жавонмардийликка кирмоқчи бўлганлардан ҳам, кўпгина фазилатлар билан бир қаторда, сукут сақлаш одоби, шунингдек сирни пинҳон тутиш шарти талаб қилинган. Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларида жавонмардийлик одобига дахлдор бир қатор рубоийлар ёзиб қолдирган-ки, биз ҳозир шуларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз. Рубоий:
Дунёни кўраман кўзларим дарчаси билан,
Бахту ғам азоб, умид, барча-барчаси билан.
Юракни парчалаб кейин қулоқни мен,
Маҳкам тиқаман юракнинг парчаси билан.
Рубоийдан аён бўладики, юракнинг парчаси билан қулоқни тиқиш бу – қулоқни ақл билан очиб, гапиргувчини тафаккур билан тинглаш демакдир, Рубоий:
Тозаюрак ва соф назар бўлмоқ шарт,
Борлиқни билиш ва бехабар бўлмоқ шарт.
Ҳар лаҳза етишса неча минг дард сенга,
Чекмак барини ва бехатар бўлмоқ шарт.
Шуни эсда тутиш керакки, Пифагор ўз умри мобайнида жуда кўп шарқ мамлакатларида, шу жумладан, Миср, Бобил, Ҳиндистонда бўлиб, ўз сафарлари давомида мазкур мамлакатларда мавжуд бўлган ўз руҳиятига теранлашиб, ўзликни англаш, аҳлоқий-маънавий покланишдек муҳим тарбиявий фазилатларни ўзлаштирган. Бироқ Пифагорнинг Шарқдан ўзлаштириб қайтган фазилатлари Ғарбда унчалик самара бермаган кўринади. Чунки биз манбаларда бу ҳақдаги қайдларга деярли дуч келмаймиз. Бироқ бу факт шуни кўрсатадики, Паҳлавон Маҳмуд пешволигидаги жавонмардийлик ҳамда Пифагор йўлбошчилик қилган “Пифагорчилар” жамоаси фаолиятларидаги муштаракликлар мутлақо тасодифий эмас, балки ўзларининг ягона ва умумбашарий томирлари билан мозий теранликларидан, аср-асрларнинг қаър-қаърларидаги сарчашмалардан сув ичганлар.
МАЪНАВИЙ МУВОЗАНАТ
Фалсафа нарса ва синоатларнинг моҳиятини ўрганса, одоб-ахлоқ, истилоҳ тарзида атайдиган бўлсак, этика ана шу нарса ва ана шу синоатларга муносабат масалалари билан шуғулланади. Мазкур нарсалар ва уларнинг моҳияти, одамларнинг уларга ва уларнинг одамларга бевосита ва билвосита муносабати бутун борлиқнинг моҳиятини ташкил этади десак муболаға бўлмайди. Юнонистонлик алломаларнинг мероси билан Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари рубоиётининг муносабатларини таҳлил қилишга ўтишдан олдин, этика истилоҳининг шаклланишига мухтасар тўхталиб ўтсак, фикримизча, ўринли бўлади.
“Этос” сўзи луғавий жиҳатдан юнон тилида қадимги вақтларда одамларнинг истиқоматгоҳларини ҳамда ҳайвонларнинг уясини англатар экан. Худди шу юнон алломаларининг таъкидлашича, ҳайвонлар эзгу амаллардан тубан, маъбудлар эса эзгу амаллардан юксак бўладиган бўлса, демак этика сўзи “одамларнинг истиқоматгоҳи” мазмунини ўзига таянч нуқта қилиб олган бўлиши керак. Лекин, шуни ҳам эслатиб ўтиш ортиқча бўлмайдики, инсонларнинг ўзаро ҳамда шахсий муносабатларида табиатга монанд бўлиш зарурати жиҳатидан, “этика” истилоҳи шартли. Ҳайвонларни эса барча мавжуд нуқсонларига қарамай бир фазилатдан маҳрум қилиб бўлмайди, яъни улар ғайри табиий эмасдирлар. Юнон файласуфлари одамлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни, бу муносабатларнинг инсонийлигини бой бермаган бир тарзда, табиий бир маромдан маҳрум қилмасликни ниҳоятда муҳим ҳисоблаганларки, “этика” истилоҳининг луғавий мазмунидаги иккинчи қирра ана шу жиҳат билан ҳам изоҳланиши мумкин. Шунинг учун ҳам биринчи бўлиб юнон олими Арасту эзгу амалларни ва улар инсоннинг бахтга эришувидаги аҳамиятини, инсоннинг қандай феъли, қанақа атвори афзал эканлигини аниқлайдиган, ўрганадиган фанни “этика” деб атаган.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ўз рубоийларидан бирида “Ихлос” бу – камолот, Косагар унвони Коса деган сўз ила пайваст бўлғай” – деб ёзади. Коса бу – нарсанинг моҳиятини англатса, “косагар” ана шу моҳиятга муайян тоифадаги инсонларнинг, ҳунармандларнинг муносабатини билдирадики, биз бундан келиб чиқиб, мағрибу машриқда мутафаккирлар меҳнатни инсоннинг муҳим ахлоқий фазилатларидан деб эътироф этганликларини билиб оламиз. Шу боисдан ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг улуғ салафларидан бири бўлмиш Арасту “этика бу – илм эмас, балки амалдир”, деган эди.
Бевосита муқоясаларга ўтишдан олдин биз бу ўринда Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари пешволик қилган “Жавонмардийлик” сулукининг моҳиятан этик оқим, яъни эзгу амаллар билан шуғулланадиган тариқат эканлигини эслатсак, юнон фалсафаси футувватнинг муҳим сарчашмаларидан бири эканлиги ойдинлашади.
Арастунинг “бахт” тушунчасини афсонавийликдан холи қилиб уни одамларнинг рўйи заминдаги фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бир неъмат эканлигини англатганлиги факти жаҳон фалсафасининг улкан ютуқларидан эди. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари бўлса ана шу фикрни ўз ижодида тадрижий тараққий эттириб, инсоннинг ўзи ўзига қилинган илоҳий туҳфа эканлигини, бошқа неъматларга мушарраф бўлиш имкони ана шу илоҳий туҳфанинг таркибий ва муҳим бир қисми бўлишини кашф этдики, бу кашфиёт Арасту ташлаган қадамнинг узвий давоми эди.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари инсон ўзининг заминий саодатга эришувида ўз-ўзини камол топтириши, руҳан ва жисман тобланиши нақадар муҳим эканлигини рубоийларда тараннум этди, тарғиб қилди. Рубоий:
Йўлинг сенинг оқ, бил, бу қадар оқ йўл йўқ,
Бундай зафару шонга муваффақ йўл йўқ.
Ғофилу ожизга бу золимлар ўч,
Ҳушёр ва кучли бўл, бўлак Ҳақ йўл йўқ.
Мана шундай даражага мушарраф бўла олган инсонгина, Паҳлавон Маҳмуд назарида, эҳтиромга муносибдир, комил инсон деб аталиш даражасига лойиқдир. Рубоий:
Дунёга келиб, улки азиз ном топди,
Кўп номлар унинг номидан эҳсон топди.
Қўлга олиб қадаҳ, лабин теккизди,
Топди шароб шараф, қадаҳ шон топди.
Кўриняптики, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари гарчи ўз рубоийларидан бирида “Ҳар нарса келар бизга пишиб ғойибдан, Ҳеч кишидан бўлмадик ҳеч, хомтаъма” – деб ёзган бўлса ҳам аслида, бу “ҳар нарсанинг ғойибдан пишиб келиши”ни инсоннинг амалий фаолияти, эзгу ишлари билан боғлайди-ки, бу ҳол ана шу заминий эзгу амалларнинг илоҳийлик даражасида шоир томонидан улуғланганлигини кўрсатади.
Паҳлавон Маҳмуд ижодида самовийлик ва заминийлик бир-бирини инкор этмайди, балки тақозо қилади. Шоир:
Сайқал берибон дилга ҳалол бўлғайман,
Беғаш, бекудурат, бемалол бўлғайман.
Дардларни ювиб, фориғ этар кўзёшим,
Мисли булоқ суви, зилол бўлғайман,
– деб ёзар экан, бунинг билан илоҳий бахтга ҳам заминда эзгу амалларни содир этиш туфайлигина эришмак мумкин, деб қарайди. Шоирнинг фикрича, агар инсоннинг орзу-истаклари, амаллари эзгу бўлмаса, унинг ён-веридагилар билан манфаати муштарак бўлмаса, халқига, ватанига нафи тегмаса, бундай одамни илоҳиёт билан боғлиқ ҳеч қандай ҳийла-найранг кулфатдан халос эта олмайди. Рубоий:
Ул ҳожики Маккадан, Минодан қайтди,
Зинҳор демангиз Каъбадан одам қайтди.
Аждарга дўниб қайтди илон денг Ҳаждан,
Бир хонахароб денг-ки, худодан қайтди.
Кўриниб турибдики, риёкорлик билан, муайян эзгу амалларни адо қилиб, одамларга наф етказмай туриб, фақат ўзини элга олийжаноб тарзда кўрсатиш мақсадида қилинган ҳаттоки ҳаж зиёрати ҳам икки юзламачи одамнинг жонига оро кира олмайди. Одамни Оллоҳга элтадиган йўл унинг кундалик турмушдаги савоб ишлари туфайли равонлашади деган фикрни шоир изчиллик билан олға суради. Рубоий:
Мақсад сари, йўл Каъбадан доим бўлсин,
Майхона бу йўл сўнгида жойим бўлсин.
Бу йўл кўп азиз, мубораку, лекин ҳеч
Бўлмади обод илойим бўлсин!
Бахтга эришмоқ учун аввало бахтни танимоқ керак Арастунинг таъкидлашича, бахт бу вақтнинг муайян улуши ичидаги фаровонлик эмас, балки инсоннинг бутун умри давомида зоҳирий неъматлар билан ҳам таъминланган бир тарздаги эзгу ниятларга монанд адо этилган эзгу амалларидир. Биттагина қалдирғоч билан баҳор бўлмаганидек, инсоннинг ўз умрига маълум бир вақт ичидагина кечирган масъуд дамларини бахт деб бўлмайди. Арасту ҳаёт кечирган пайтда бахтнинг нима эканлигини англаш учун кўп мунозаралар бўлган. Бировлар бахтни эзгу амаллар сифатида эътироф этсалар, бошқалар мулоҳазакорликни бахт деб билганлар, шундайлар ҳам топилганки, улар бахтни донишмандликнинг ўзидангина иборат деб англаганлар. Уларга эса омадни бахт деб билгувчилар ўз фикрини қарши қўйганлар.
Арасту буларнинг барчасида муайян даражада жон борлигини таъкидлаган, буларнинг барчасини бахтнинг таркибий бир қисми деб атагани ҳолда, инсон ўз феъл-атворига кўра қандай катта фазилатлар эгаси бўлмасин, бу фазилатлар эзгу амаллар билан қувватланмаса, бундай феъл атвор эгаси бахтли саналмайди, деган фикрни иккиланмай илгари сурган.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг таърифидаги бахт юнон файласуфларининг ана шу қарашларидан баҳра олиб тараққий топган. Албатта, шоиримиз бахтни асл мусулмонликда деб билади. Хоразмлик авлиё тушунчасидаги мусулмонликнинг кўпгина жиҳатлари унинг юнонистонлик устозлири қарашларига хилоф бўлмаганлиги алоҳида эътиборга сазовордир. Шу ўринда биз бахтнинг исломий жиҳатларига Паҳлавон Маҳмуд нуқтаи назаридан тўхталиб ўтсак ўринли бўлади. Паҳлавон Маҳмуднинг “Дунё ишидан холиману, Ҳақ била мен”. “Билмаса гар Ҳақни, ахийр олғай тан, Ҳақ таниганга бўлса ким ёр эй дил” каби қанчадан-қанча мисралари ҳар бир мусулмон одами учун шариат арконларини адо этиш муҳимлигига бағишлангандир. Бироқ биз ўқувчи сифатида шунга алоҳида эътибор қаратмоғимиз керак бўладики, шоиримиз шариат талабларига итоат этишни қанчалик муҳим деб билмасин, эътиқод масаласининг ботиний жиҳатларига ҳамиша бизнинг диққатимизни тортиб туради. Паҳлавон Маҳмуднинг бу мавзудаги фикрларини англай борганимиз сари, алломамизнинг юнон салафлари табиатида исломий фазилатларнинг стихияли бир тарзда мавжуд бўлганлигини теран ҳис қиламиз. Яхши ниятлар ва бу яхши ниятларни амалга ошириш йўлидаги фаол ҳамда эзгу амаллар асл эътиқод, чинакам ибодат эканлиги билан тобора очиқ-ойдин намоён бўла боради. Рубоий:
Беилму амал равзаи ризвон бўлмас,
Рўза, намоз бўлмаса, иймон бўлмас.
Ўтмакка илож топса-да қил кўприкдан,
Кимки дилозор, мусулмон бўлмас.
Кўринадики, Мусулмонлик бу – илм ва амал бирлиги, илм ва амал бирлиги бу дилозор бўлмаслик. Дилозор бўлмаслик бу – эзгу амаллар билан машғул бўлиш, яхши ишлар билан мустаҳкамланмайдиган гапларга тил очмасликдир.
Биз бахт ҳақида фикр юритар эканмиз, уни таъминлайдиган эзгу амалларга устоз ва шогирдларнинг қарашлари тўғрисида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтсак ортиқча бўлмайди. “Тўғри изга тушгач ақл туйғулар ҳаракатига, туйғулар ҳаракати тўғри изга тушган ақлга мос келганда эзгу амаллар рўй беради” деб ёзган эди Арасту. Юнон алломаси гарчи ана шундай фикрни баён қилган бўлса-да, туйғуларни афзал билган ва ақлдан кўра туйғулар бизни эзгу амалларга тезроқ дохил қиладилар” мазмунидаги фикрни изҳор этганди.
Биз эзгу амалларга эришув йўлида ақл ва туйғу мавзунлиги масаласида улуғ шоиримизнииг нақадар риёзатли изланишлар олиб борганлигининг гувоҳи бўламиз-ки, бу изланишларнинг илдизида ҳам, шубҳасиз, юнон Арасту ҳазратлари тафаккур маҳсулининг самарасини кўрамиз
Паҳлавон Маҳмуд инсон фаолиятида, унинг бахтли ҳаётини таъминлаш масаласида ақл ва туйғунинг аҳамиятидаги турли қирраларга ўзига хос тарзда тўхталади. Рубоий:
Бизга насиб адл ила инсоф ақл,
Бир телба учун, оҳ, неча минг соф ақл.
Қандай қутулай ўлимдан, айтолмайсиз,
Гарчи, теварак ақл ва атроф ақл.
Шоир, мана шундай қилиб, ақлдан ҳам юксакроқ қудратнинг мавжудлигини эътироф этса-да. барибир на ақл ва на, шунингдек, туйғуга нописандлик билан қарамайди, балки уларни тинимсиз ўрганади, таҳлил этади, ҳар иккала илоҳий неъматнинг инсон ҳаётидаги ўрнини аниқлаб, ўз ўқувчиларини ана шу ақл ҳамда туйғунинг аниқланган ўринга монанд ҳаёт кечиришга даъват этиш иштиёқида қалам суради.
Шу ўринда “Қандай қутулай ўлимдан, айтолмайсиз” мисрасига алоҳида эътибор бермагимиз жоиз. Маълумки, ўлимдан қутулмоқнинг, том маънода абадий яшашнинг имкони йўқ. Буюк юнон файласуфлари бу ҳақда чуқур тафаккур этган, модомики инсоннинг ўлимдан қутулиш чораси йўқ экан, ҳеч бўлмаса уни ўлимни муносиб кутиб олишга тайёрлаш тўғрисида фикр юритган эдилар. Файласуфлар “Токи одам тирик экан, у ўлимдан қўрқмаслиги, негаки тирик одамнинг ўлимга ҳеч қандай дахли йўқлиги агар бордию одам ўлса, бу ҳолда унинг ҳаётга ҳеч бир алоқаси йўқлиги, демак бу ҳолда ҳам ўлимдан қўрқишнинг бемаънилиги” тўғрисида тафаккур этиб, ўлимдан ҳайиқишнинг бемантиқ бир иш эканлиги тўғрисида ғаройиб хулосаларга келгандилар. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари эътиқод қўйган ислом фалсафасининг ҳам бу ҳақда ўз хулосалари бор эди, албатта. Ва биз бу хулосалардан яхши хабардормиз. Ислом ва юнон файласуфларининг ўлимга муносабатларидаги муштараклик шундан иборат эдики, ҳар иккала гуруҳ олимлари ҳам инсонни ўлимга тайёрлаш бу уни ҳаётга тайёрлаш демак эканлигини теран англар эдилар.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳам ўз салафлари билан муайян маънода ҳамоҳанг фикрлаб, инсонни маънавий жиҳатдан устувор қилиш, ҳар бир кишининг инсонга муносиб ҳаёт кечиришига маънавий мадад бериш мақсадида ақл ва туйғунинг мутаносиблиги асосида фаолият кўрсатишини таъминлашга ўз қаламини сафарбар деб билди. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг тафаккур йўсини барча ҳамоҳангликларга қарамасдан, юнон файласуфлариникидан жиддий тафовут ҳам қилар эдики, бу жиҳатни ҳам бир лаҳза бўлсин, эътибордан соқит қилмаслик лозим бўлади. Рубоий:
Мен бир умр ишқнинг бегонасиман,
Ақлнинг ҳамроҳиман, ҳамхонасиман.
Дейману лек ул парирў менга томон
Юрса тамом… мен яна девонасиман
– деб ёзган эди Паҳлавон Маҳмуд. Шоир инсоннинг Ҳақни танишида ақл ва туйғу мавзунлигининг нақадар зарурлигини теран англаган ҳолда, поэтик изланишлар олиб борди, бу мавзунликнинг турли қирраларини кашф этиб ижод қилди. Ақл ва туйғу бирлигининг инсон аҳлоқий фазилатларини шакллантиришдаги аҳамиятини ранг-баранг бадиий воситалар орқали бетакрор бир тарзда ифода этди. Рубоий:
Ишқда вужудимни совуқ ўй чақади,
Гул очилиб, димоғни хуш бўй чақади.
Бу дардда ўзим силайман ўз бошимни,
Мисли илон, қўлимни ҳар мўй чақади.
Илонга ўхшаб чақаётган ҳар бир тола мўй-машаққатли Тафаккурнинг, залворли Ақлнинг ўзига хос сувратидир. Бу рубоий шоирнинг инсон руҳиятидаги туйғунинг бақарорлигига бағишланган ўз қаламига мансуб бошқа рубоийларга ўзининг жавобидир. Шоир мана шу икки қутбнинг оралиғидага ҳам маҳдуд, ҳам чексиз масофани ўз тафаккурининг ҳаракат майдони деб билади, ақлдан туйғунинг, туйғудан ақлнинг афзаллиги ҳақидаги хаёлларга берилиб фикр қилади. Бу тафаккурнинг нақадар ғалаёнли, баъзан инсонни роҳи ростга, баъзан гумроҳликка олиб бориши мумкинлиги ҳақидаги тафаккур гирдобларида чирпирак бўлади ва яна оҳиста заминга қўниб, муайян бир тўхтамга келади. Рубоий:
Ақлимни менинг қилгучи лол инсондир,
На кофир у, на муслим у бир ҳайрондир.
Ҳақ не, гумон не, бетиним ўй ўйлаб
Икки жаҳони шу билан вайрондир.
Паҳлавон Маҳмуд икки жаҳонни вайрон қилмаслик тадбирларини излайди. Бу изланишни тағин ҳис-туйғу ва Ақлнинг мувозанатида кўради. Рубоий:
Дил дафтари гул мисли очилди ҳар он,
Еллар учириб қилди хазонларни тўзон.
Дарду фироқ гардини қум соатидек,
Дил бошга тўкар, бош эса дилга томон.
Мана шундай қилиб, ақл бошга бош ақлга томон тўкадиган тафаккур зарраларидан ҳақиқат олтинлари ҳосил бўлади шоир ижодида. Рубоий:
Кимки сени билса, у жондин кечади,
Фарзанду аёл ва хонумондин кечади.
Девонаю дарбадар бўлар кўйингда,
Девона, ахир, икки жаҳондин кечади.
“У”ни билмоқ, яъни Ҳақиқатни танимоқ, Оллоҳга эътиқод қўймоқ тарзида шаклланади шоир ижодида. Барча сайёралар Қутб юлдузининг атрофида айланганидек, жамики инсоний фазилатлар Паҳлавон Маҳмуд ижодида мана шу Ҳақнинг, инсоний фазилатларнинг атрофида айланадики, бу изланишнинг сарчашмаларида юнон файласуфлари ҳам турганликларини биз бугун яхши биламиз.
Паҳлавон Маҳмуд қарашларида Ҳақни танимоқ, бу – юксак аҳлоқ эгаси бўлмоқ, эзгу амалларни оғишмай бажармоқ демакдир, Умуман, шоиримиз пешвоси бўлмиш жавонмардийлик эзгу амаллар тариқати эканлигини назарда тутадиган бўлсак, бу масаланинг шоир ижодида батафсил тадқиқ бўлганлиги мутлақо табиий бир ҳол эканлиги намоён бўлади.
Биз Паҳавон Маҳмуд рубоийларининг юнон файласуфлари қарашларидан ҳам барака топганлиги мавзусига тўхталар эканмиз, мазкур файласуфлар мактабларида, хусусан, Арасту меросида инсоннинг эзгу амаллар тамойили билан яшамоқлиги масаласига алоҳида аҳамият берилганлигини таъкидлаб ўтишимиз ҳамда юнонистонликлар фалсафасидаги бу бош масаланинг шоиримиз ижодида қай даражада ўзининг акс-садосини топганлигини кузатишимиз юксак бир маънавий эҳтиёж даражасида аҳамият касб этади.
“Эҳтирослардагига ўхшаб, амалларда ҳам нуқсонлар исрофгарчиликка томон кўпроқ мойил бўладилар. Амаллар ёҳуд ҳаддан ошиб кетадилар, ёки меъёрига етмай қоладилар. Эзгу амаллар бўлса ҳамиша меъёрдадирлар. Довюраклик – қўрқув ҳамда телбавор жасоратнинг ўртасидадир, саҳоват – хасислик ва исрофгарчиликнинг тенг оралиғидаги фазилатдир ва ҳ к.”
“Эзгу амаллар ният билан қилиниши керак, онгли равишда чамалаб амалга оширилмоғи зарур. Амалга оширилаётган савоб ишлар шу ишларни амалга оширғувчининг руҳий ҳолатига мутаносиб бўлиши зарур.” Арастунинг бунингдек фикрлари жаҳон фалсафа илмига, амалиётига, шунингдек, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳамда ул зоти шарифнинг пешволигидаги жавонмардийлик оқимига ҳам баракали таъсир кўрсатганлиги диққатга сазовордир.
Биз Паҳлавон Маҳмуд шеъриятининг лирик қаҳрамони, юнон файласуфларининг, хусусан, Арастунинг ўгитларига монанд эзгу амалларга шай турганлигининг гувоҳи бўламиз. Шарқ алломасининг шеъриятидаги “Мен” ўлимдан осуда бир тарзда тап тортмасдан савоб ишларга ўзини сафарбар деб билиши ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг юнон файласуфларининг бу борадаги тафаккур меваларини теран ўзлаштирганлигини кўрсатади. Рубоий:
Умринг бу – шараф. На шеър, на достон шартдир,
Бахтинг-да баланд, на арш, на осмон шартдир.
Сенга фидо қилгали бир жоним бор,
Йўлингга сенинг, аслида, минг жон шартдир.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари гарчи:
Зарб берсак агар чарх фили яксон бўлғай,
Уфқ доираси ноғораи шон бўлғай.
Жой олса чумоли гар бизим сафлардан,
Давлатимиз туфайли арслон бўлғай,
– деб ожиз, нотавонларга мадад кўрсатишни оташнафаслик билан тарғиб қилган бўлса-да, аввало, ҳақ танимаганларга ҳақ танитишни савоб амалларнинг аълоси деб билди. Рубоий:
Дейман мени асра бир нафас зор эй дил,
Йўқ мени бор эт, то ўзинг бор, эй дил.
Билмаса гар Ҳақни, ахийр олғай тан,
Ҳақ таниганга бўлса ким ёр, эй дил!
Паҳлавон Маҳмуд ижодидаги мана шу жиҳатларни ўйларкансан, беихтиёр шоир меросидаги:
Дунё кўраман кўзларим дарчаси билан,
Бахту ғам, азоб, умид, ишқ барчаси билан.
Юракни парчалаб, кейин қулоқни мен,
Маҳкам тиқаман юракнинг парчаси билан,
каби инсон фаолиятида туйғуларнинг ақл устидан ҳукмронлиги ҳақидаги фикрлари ўткинчи бир аҳамиятга эга эмасмикан деб ўйланиб қоласан.
Ақл ва туйғунинг мавзунлиги шарофатидан бахтга эришувда Адолат ва Дўстликнинг аҳамияти фавқулодда эканлигига Арасту алоҳида эътибор қаратган эди.
Арасту тафаккуридаги Адолат ва Дўстлик масалаларини ўрганаётиб, шунга алоҳида эътибор бериш лозимки, бу икки сифатни юнон олими чамбарчас бир тарзда олиб қарайди. Шу ўринда олим “Полис” сўзини истилоҳ сифатида қўллайди ва бу сўз билан муайян иқтисодий-ижтимоий даражага эришган табақага мансуб одамларни кўзда тутади. Аслида “политика”, яъни “сиёсат” сўзининг пайдо бўлишига асос тарзида хизмат кўрсатган “Полис” тушунчаси билан ифода этилган ана шу ижтимоий табақанинг ҳаётини ўз даври мезонлари билан адолатли бошқариш бизнинг ҳозирги кундаги сиёсий маданиятимизнинг ибтидоий мактабларидан саналадики, Арасту дўстлик ҳақида гапирганда мазкур табақага мансуб жамоа аъзолари ўртасидаги дўстлик ҳақида фикр юритади. Бу ҳол бугун бизга, яъни демократик жамият қураётган миллат аҳлига бирмунча эриш туюлиши мумкин, бироқ биз масалага бугунги кун мезонлари билан эмас, балки тарихий вазиятдан келиб чиқиб ёндошмоғимиз, бу жиҳатни асли ўзи қандай бўлган бўлса, шундай бир тарзда эътироф этмоғимиз керак бўлади.
Шундай қилиб, Арасту халқнинг маълум бир қисми бахтга мушарраф бўлиши шарт эмас, балки мазкур қисм ўз жисмоний меҳнати туфайли миллатнинг аслзодалари, яъни “полис” аъзолари учун бахтли ҳаёт кечириш имкониятини яратиб бермоғи керак деб қарайди. Мана шундай имкониятга эга бўлган жамоанинг бахтга эришмоғи ҳам ўз-ўзидан бўлмайди, балки бутун бир маънавий фазилатлар мажмуаси туфайли бахт қўлга киритиладики, ана шу маънода ҳам “политика”, яъни сиёсат ўша даврда ана шу биз юқорида айтиб ўтган табақа аъзоларининг ўзаро муносабатларида адолат ўрнатиш масалалари билан шуғулланар, шу сабабдан ҳам сиёсат аҳлоқий машғулот эди. Аслида Адолат масаласи ҳамма даврлар учун ҳам долзарб масала бўлиб келди. “Адолат бизни худди тунги ва тонгги юлдузларга ўхшаб ҳайратга солади”, – деб ёзган эди.
Арастуни ҳақлигини шундан ҳам билса бўладики, оқшом зулматига нисбатан тун ва тонгги юлдузларнинг ёруғлиги қай даражада бўлса, Арасту даврида адолат ҳам шу даражада тансиқ эди. Паҳлавон Маҳмуднинг мўътабар устозларидан бўлган Арасту ана шундай зулумот йилларида яшаб ижод этганлигини эътиборга олсак, унинг Адолат ва Дўстлик ҳақидаги орзу-умидлари нақадар мажзуб бўлганлигини, ўз жозиба нури билан то бугунимизга қадар ёғду таратиб турганлигини табиий бир ҳол деб билмоғимиз керак бўлади.
Муайян жиҳатлари юнон файласуфларидан, хусусан, Арастудан мутаассир бўлган Паҳавон Маҳмуд рубоиёти ҳам инсонлар орасидаги муносабатларни мўътадиллаштириб, аҳлоқий интизомларга солиб туриши керак бўлган воситаларнинг энг муҳимларидан бири деб сиёсатни эътироф этгани унинг пурҳикмат мисраларидан маълум бўлади.
Паҳлавон Маҳмуд рубоийётидан шуниси равшанлашадики, модомики сиёсат, мазкур сиёсатни юритувчи сиёсатдонлар ва ҳокимлар инсонлар ўртасидаги муносабатларга одамийлик бахш этиб туришлари керак экан, уларнинг эътиқодига кўра, аввало, ўзлари ҳаракатга келтириб турмакда бўлган сиёсат тизимларида бошқаларга ибрат бўларли даражадаги инсонлараро муносабатлар мўътадиллигини, мавзунлигини таъмин этадиган бир иқлим устувор бўлмоғи лозим. Рубоий:
Ё раб, мени элга зор, адо айламағил,
Шоҳларга куним қўйма, гадо айламағил.
Лутфинг ила соч-соқолим оппоқ бўлди,
Қўй, энди мени юзи қаро айламағил.
Шуни алоҳида таъкидлаш муҳимки, Паҳлавон Маҳмуд шундай бир даврда яшаб ижод этдики, бу даврда сиёсат аҳли бегона ерларни ишғол қилиб, ўз тасарруфидаги ерларни кенгайтиришни одатдаги ҳол, балки фазилат деб англар эди. Шундай бир вазиятда шоирнинг:
Дўст билма жаҳонни, дўстлиги оғиру пуч,
Кийну нифоқдан ўзга йўқ зоҳири, пуч.
Минг йил яшасанг ҳамки ўлим келгусидир,
Минг мулкни эгалла, барибир охири пуч!
– деб хитоб қилиши унинг ўз замонасидан илгарилаб кетиши, одамларни маънавий воситалар асосида қудрат касб этишга даъват қилиши эди.
Паҳлавон Маҳмуд сиёсат аҳлига уларнинг халқ олдидаги муқаддас бурчларини муттасил эслатиб турди. Рубоий:
Чанг солса ажал, йўқ сира дармон ҳайҳот,
Тенг шоҳу гадо, айласа фармон, ҳайҳот.
Бошига етган эди шоҳ Кирмоннинг,
Шоҳнинг ўзини емоқда кирмон, ҳайҳот.
Биз рубоийнинг мазмунини англаш учун бу мисраларда шоир ишлатган сўз ўйинига, ғаройиб тажнисга алоҳида эътибор қаратмоғимиз керак бўлади. Форс тилида “Кирмон” сўзи қуртлар деган мазмунни беради. Эронда “Кирмон” деб номланган шаҳар ҳам бор. Шоир “Кирмон подшо бир вақтлар ўз фуқароларига зулм этиб Кирмоннинг бошига етган эди, энди бўлса унинг жасадини қуртлар емоқда” деган оташин огоҳлантириш билан ҳукмронларни бу дунёнинг ўткинчилигидан, фақат адолат билан юргизилган ҳукмнинг баракали таянчларидан, илоҳий ҳикматидан асрлар мобайнида одамларни камолотга мушарраф этиб яшаяжагидан, насллар хотирасида давом этажагидан воқиф қилади. Шоир бошқа рубоийларида подшоҳларнинг фуқаролар олдидаги улкан масъулиятларининг турли жиҳатларига эътиборни қаратади.
Паҳлавон Маҳмуд ҳаёт кечирган давр ҳали Хоразм ўз бошидан кечирган мўғул босқинчилари қирғинидан ўзини ўнглаб олмаган бир замон эди. Хоразмшоҳларнинг ҳарбий жиҳатдан етарли тайёргарлик кўрмаганликлари оқибатида, Жалолиддин Мангуберди каби буюк ватанпарварларнинг жасоратларига ҳам қарамасдан дучор бўлинган мағлубиятнинг жароҳатлари қонталашиб турар, бу аччиқ сабоқ хоразмликларни ҳамиша ҳушёр бўлишга, турли хил истибдодларга қарши мунтазам ҳарбий тайёргарлик кўриб яшашга даъват этар эди.
Шу ўринда қадимги юнонларнинг “Тинчликни истасанг, урушга тайёрлан” деган ўгит-афоризми, афтидан, юнон алломалари асарлари мутолаасидан буюк Хоразм шоирига аён бўлса керакки, у ўз рубоийларидан бирида шундай ёзади. Рубоий:
Ақлинг ила, эй яхши-ёмон осуда,
Бўлсин десанг эл мудом омон осуда.
Қўйма садоқда ўқни тинч, ҳам қинда
Қўйма қилични бир замон осуда.
Паҳлавон Маҳмуд ўзининг кўпгина рубоийларида агарчи шоҳларга қарата у аччиқ панд-насиҳатлар, кесатиқ фикрлар айтса ҳамки, тахт эгалари зиммасидаги улкан масъулиятнинг қай даражада оғир эканлигини бир лаҳза бўлсин унутмади. У подшоҳларни адолатли бўлишга даъват этар экан, ўз навбатида, фуқароларни адолатли подшоҳларга итоатда бўлишга чақирдики, бу ҳам ўз навбатида шоирнинг қалами адолатни пеш тутиб, Ҳақни таниб тебранганидан далолат беради. Шоҳликни Оллоҳ олдидаги имтиҳон деб билганлигини кўрсатади. Рубоий:
Муртад била гоҳида, не тонг, обид тенг,
Не топса камол ва бўлса не нобуд тенг.
Дунё ишини яхши-ёмон деб айтма,
Оқил назаринда тахт билан тобут тенг.
Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларида Арасту ҳамда унинг издошлари ҳукмдорлар ва фуқаро муносабатларида кўришни тинимсиз излаган мавзунликни кашф этгандай бўлади. Бу мувозанат шундан иборатки, подшоҳсиз фуқаронинг ҳаёт кечирмаги худди фуқаросиз подшоҳнинг яшамоғи сингари тасаввур қилиб бўлмайдиган бир ҳолатдир. Ҳар иккала тараф, яъни подшоҳ ва фуқаро мана шу мувозанатни теран ҳис қилиб яшасалар, халқнинг фаровонлиги таъминланадиган матлуб бир адолат ҳосил бўлади. Салтанат ва халқнинг осойишталиги мана шу жиҳат билан таъминланади. Рубоий:
Май бирла қадаҳ, қадаҳ сафо бирла ҳаёт,
Дарё дур ила, дур-ки баҳо бирла ҳаёт.
Давлат ила халқ бир-бирига чабарчас,
Подшо биз ила, биз подшо бирла ҳаёт.
Паҳлавон Маҳмуд:
Тахти баҳо узра ул ардоғлиқдир,
Бўлсинки омон, йўқса дилим доғлиқдир.
Бахт узугин қошида бўлсин ўрни, “Бахт”
“Тахт” бўлиши нуқта билан боғлиқдир.
Араб имлосида “тахт” ва “бахт” сўзлари фақат нуқталар билан тафовут қилинишидан фойдаланиб шоир фалсафий бир хулосага келадики, бу хулоса шоҳ ҳамда фуқаронинг ўзаро муносабатларда бир-бирларини англаши жуда нозик масала эканлигига ишора қилади. Мана шу кашф қилинган ўзаро бир-бировни англаш нуқтаси бунёд бўлса, адолат билан ҳукм юритишга восита бўлаётган тахт халқка бахт келтириши муқаррардир, деган фикрни илгари суради Паҳавон Маҳмуд.
Арастунинг дўстлик ҳақидати фикрлари билан мазкур мавзудаги Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийлари ўртасидаги ҳамоҳангликлар ҳам диққатга сазовордир. Арасту ҳукмдорлар билан фуқаро муносабатларидаги хусусиятлар ҳақида фикрлаганда, инсонлар жамоасининг ўзаро алоқаларидаги тафсилотларга тўхталиб, бу муносабатларнинг энг олий даражаси олимларнинг бир-бирлари билан дўстлигидир деган тўхтамга келади. Юнон алломасининг қарашларидан шу жиҳат аён бўладики, ҳукмдор ва фуқаро муносабатларида бир-бирини маънавий англаш ва шу фазилат келтириб чиқарадиган фаросат нақадар муҳим бўлса, одамларнинг ўзаро муносабатларидаги дўстлик туйғулари ҳам мамлакатнинг осойишта ҳаёти учун шу даражада, хатто ундан ҳам зарурроқ.
Арасту дўстликни уч турга бўлади. “Лаззатланиш-баҳрамандлик (наслаждение), манфаат ҳамда дўстликнинг ўзи учун дўстлик”. Арасту дастлабки икки тур дўстликнинг ўткинчилигини таъкидлаб, охиргисини афзал деб билади. Бу сўнгги тур дўстликда дўстлар манфаати устун туради, улардан манфаат кутилмайди, шунинг учун ҳам бу дўстлик умрбоддир.
Шундан сўнг Арасту инсон худбинлигининг қирралари ҳақида гапириб, одамларнинг ўз-ўзига иззат-икром талаб қилиб бино қўйишларини, ноз-неъмат ҳамда ҳиссий ҳаловатлар таъмасидаги худбинликларини чинакам худбинлик ҳисоблаб, ҳар кимнинг ўзида инсоний фазилатларни, жумладан, барча манфаатларни дўстга илиниб, дўстларга бахшидалик каби хислатларни уларда кўришни истайдиган, аҳлоқий юксак бўлишни орзу этадиганларни яхши маънодаги худбинлар, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, “оқил худбинлар” деб атайди.
Арастунинг ҳукмдор ҳамда фуқаро муносабатларидаги мавзунлик фикри билан ҳукмрон тасарруфидаги фуқаронинг ўзаро дўстликлари ҳақидаги хулосалари нақадар узвий бўлса, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг ҳам бу жиҳатлардаги қарашларида ўзаро чамбарчаслик мавжуддирки, бу ҳол ҳам ҳар иккала алломанинг ижодларидаги бирининг иккинчисига таъсири тасодифий эмаслигини кўрсатади.
Ҳиссий ва ақлий туйғуларнинг мувозанати, ҳукмдор ҳамда фуқаролар муносабатларининг мувозанати, одамларнинг ўзаро дўстлик туйғуларининг мувозанати… Мана – Арасту ҳамда Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ижодларини чамбарчас қилиб турган, бироқ ҳар бир аллома ўзи яшаб турган замон, макон ҳамда ўзлари эътиқод қўйган маслаклардан келиб чиқиб бир-бирлари билан ҳамоҳанг ва шунинг билан бирга тафовутли фикр юргизган ҳамда хулосалар чиқарган мавзулар.
Шулардан сўнггиси, яъни Паҳлавон Маҳмуднинг дўстлик ҳақидаги фикрларига тўхталар эканмиз, Арастунинг қадимий фикрлари Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари учун қай даражада аҳамият касб этган бўлса, мўътабар Хоразм алломасининг мозийдан келган тафаккур дурдоналари ҳам бизнинг давримиз учун шу қадар диққатга сазовор эканлигини мисрама мисра теран англай борамиз.
Паҳлавон Маҳмуд ўз салафларидан фарқли ўлароқ, ўз рубоийларида аввало Оллоҳга дўстлик ҳақида фикр юритади.
Оллоҳга дўстлик даражасидан кейингина шоир асарларида дўстликнинг заминий жиҳатларига эътибор қаратилади, дўстлик инсоний фазилат сифатида олиб қаралади, дўстлик туйғусига сайқал бериш, бу фазилатни мукаммаллаштириш масалалари кўрилади, рубоий:
Эй дўст, қани, айт, жонми керак, жон берайин мен,
Ҳар не энг азиз, сен сўра, шул он берайин мен.
Эй кофири шаддод, маним қошима бир кел,
Зунноринг олиб, ўрнига иймон берайин мен.
Мана шу рубоийда буюк Хоразм алломасининг дўстлик ҳақидаги фикру туйғулари, қарашлари ўзининг гўзал бир аксини топган. Паҳлавон Маҳмуднинг таъкидлашича, дўст дўстга ўз жонини бериш даражасида фидойи бўлмоғи керак. Бироқ, бундан ҳам зарури – дўстга иймон-эътиқод бахш этмоқдир.
Шундай қилиб, Паҳлавон Маҳмуд учун дўстликнинг заминий асослари ҳам муҳим дедик. Худди мана шу нуқтада шоиримизнинг дўстликка муносабати ўзининг юнон салафлариники билан муайян даражада ҳамоҳанглашади. Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидан шу мазмун аён бўладики, дўст дўст учун ана шу дўстликнинг шарофатидан маънавий баҳрамандлик воситаси сифатида азиздир. Арасту ўз фалсафий қарашларида таъкидлаганидек, Паҳлавон Маҳмуд асарларидан ҳам шу фикр, яъни дўстликдан мақсад дўстликнинг ўзи деган хулоса келиб, чиқади. Рубоий:
Бизга малол бергувчн дўст-ёр йўқдир,
Дўст-ёрга сира биздан ҳам озор йўқдур.
Номусу ифтихор либосин ечдик,
Дўст бирла фахр йўқ, дўстдан ҳам ор йўқдир.
Паҳлавон Маҳмуд одамлардан соф дўстликни шу даражада қаттиқ туриб талаб қилади ва ўз талаби даражасидаги дўстлик фазилатини топа олмайдики, бунинг оқибатида баъзан хатто бадбин ўйларга ҳам берилади. Рубоий:
Ҳеч сира дўст, ҳеч сира ҳамдам йўқдир,
Қилғувчи халос бизни бу ғамдан йўқдир.
Кўз тутма садоқатни сира одамдан,
Ҳеч сидқу вафо қилғучи одам йўқдир.
Шоирнинг фикрича, одамнинг одам билан дўстлашуви одамнинг худо билан дўстлашувининг машқидир. Шунинг учун Паҳлавон Маҳмуд инсонлараро дўстликда илоҳийлик нишоналарини, илоҳий дўстликда инсонийлик белгиларини кўради. Рубоий:
Ҳақ дўст дея жим тортса фиғон дўст чин дўст,
Қилғучи ибодатни ниҳон дўст чин дўст.
Кўз-кўзлама ҳеч бергану олган нонинг,
Нон дўсти эмас, аслида, жон дўс, чин дўст.
Шуни ҳам эътибордан соқит қилмаслик керакки, Паҳлавон Маҳмуд тараннум қилган дўстлик ўз фазилатлари билан Арасту сифатлаган дўстликдан тафовут ҳам қилиб туради. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари жавонмардийлик талабларидан келиб чиққан ҳолда “дўстнинг дўстга мадад кўрсатиши заруратини ҳам инкор қилмайди, балки, аксинча, ўз мисраларида дўстнинг дўстга кўрсатиши лозим бўлган мададларининг кўпгина жиҳатларига тўхталади. Шоир рубоийларидан шуниси аён бўладики, дўст дўстга моддий ночор пайтида, дўст дўстга жисмоний ожиз даврларида, дўст дўстга руҳсиз-эътиқодсиз қолган пайтларида мададга етиб келиши асл мардликнинг нишонасидир. Рубоий:
Арслонману, дўст кўрмадим инсон янглиғ,
Инсон мен учун азиз эрур жон янглиғ.
Чорланг мени бошингизга кулфат тушса,
Дарров мадад этгум бориб арслон янглиғ.
Мана шундай дўстнинг туйғулари билан ақли, илми билан амали ҳамиша мувозанатдадир. Иши Сўздир. Сўзи Ишдир.
Рубоий:
Нутқинг каби нутқ дунёда, эй дўст, йўқдир,
Қутлуғ бу каломда ҳеч каму кўст йўқдир.
Ёнғоқ-ку сўзинг, керакмас арчмоқ, чақмоқ,
Ҳаммаси мағз унинг, пўчоқ-пўст йўқдир.
Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг, хусусан:
Софдир бу кўнгил, кийна ғуборим йўқдир,
Ҳаммага ёрман, сира ёрим йўқдир.
Дарахтману, меваларим тавҳиддир,
Ўткинчи отар тош, сира орим йўқдир,
рубоийсидан шоирнинг ҳар икки тур – ҳам илоҳий, ҳам инсоний дўстликка муносабати ойдинлашади. Бу муносабатнинг моҳияти –дўстликни худо йўлидаги бир фидойилик деб билиш, дўст дўстдан манфаат кутмай, дўст дўстга манфаат етказишидан иборатдир.
Паҳлавон Маҳмуднинг исломий фалсафани таянч нуқта қилиб олган бир ҳолда жаҳон фалсафасидан, хусусан, Арасту қарашларидан баҳраманд бўлиши, бу фалсафанинг ҳеч қачон эскирмайдиган мезонларини, мангулик мобайнида айниш нима эканлигини билмайдиган хислатларини муайян даражада ўз ижоди учун дастуриламал деб билиши шоир меросининг мустаҳкам ғоявий асосларини таъминлади, бу меросни бадиий-маънавий жиҳатдан асрлар оша ўз бебаҳолигини йўқотмайдиган бир адабий обидага айлантирди. Арастунинг Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларига асрлар оша ўз дўстлик қўлини узатиши Паҳлавон Маҳмуднинг-да ўз авлодларига, шунингдек, бошқа халқларнинг маънавиятига муҳтож фарзандларига ўзининг ўлмас ижоди билан дўст бўлиб қолиши учун имкон яратди. Шунинг учун биз ҳам ақл ва туйғулар мавзунлигининг беқиёс намунаси бўлмиш Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларига унинг ўз мисралари билан мурожаат қилиб:
Нутқинг каби нутқ дунёда эй дўст, йўқдир,
Қутлуғ бу каломда ҳеч каму дўст йўқдир.
Ёнғоқ-ку сўзинг, керакмас арчмоқ, чақмок,
Ҳаммаси мағз унинг, пўчоқ-пўст йўқдир,
дея қўлимизни кўксимизга қўямиз.
СОФИСТЛАР ВА СЎФИЙЛАР
Сўфийликнинг истилоҳ сифатида шаклланишига, кўплаб тахминлар билан бирга, юнон лафзи бўлмиш “софиюс” сўзининг таъсири ҳам айрим олимларимиз томонидан қайд этилган. Дейлик, философия, муайян маънода “илму ҳикматсеварлик” мазмунини ифода этар экан, демак, юқорида биз келтирган “софиюс” каломи “илму дониш” маъноларини англатади.
Биз, албатта, бу ўринда этимология билан шуғулланмоқчи эмасмиз. Бироқ бир қонуният тасодифдан мутлақо йироқдир, бу ҳам бўлса тасаввуфимиз йирик намояндалари тафаккур меросларининг юнон фалсафаси таъсиридан холи эмаслигидир. Биз бу хақда “Теран томирлар тилсими” деб сарлавҳаланган ишимизда ҳам фикр юргизган эдик. Ҳозир бўлса Паҳлавон Маҳмуд ижодини юнон фалсафаси Антик даврининг софистлар деб аталмиш фалсафа мактаби сабоқлари билан муқояса қилиб, шу хусусда фикрлашни давом эттириш ниятидамиз.
Сўфийлар билан софистларнинг тафаккур илмидаги истилоҳ сифатида оҳангдошликлари, албатта, тасодиф бўлиши мумкин. Бироқ, шуниси муқаррарки, софистлар ҳам, сўфийлар ҳам илмни ардоқлаганлар, тафаккурни эъзоз этганлар, ва, майли, ҳар қайси ўзларича, бироқ иккинчилари биринчиларидан таъсирланган ҳолда, астойдил ҳақиқат излаган бу жиҳат бизнинг ушбу камтарин тадқиқотимизга тегишлидир.
Жавонмардийлар ўз фаолиятларида ниҳоятда кучли эътибор берган масала, яъни ўзаро инсоний муносабатлар, илмийроқ айтганда этика муаммолари софистларнинг фаолиятида муҳим ўрин тутганлиги кундек аён. Софистларнинг ўз салафларидан пешқадамликлари шунда бўлганки, тафаккур аҳлининг фаолият йўналишини улар табиатдан бевосита инсоннинг ўзига қаратганлар. Эрамиздан олдинги 490-420 йилларда яшаб ўтган софистларнинг йирик вакили Протогор “Инсон барча мавжуд нарсалар мавжудлигининг ва номавжуд нарсалар номавжудлигининг мезонидир”, деб ёзган эди.
Софистлар инсоният тафаккурини, шунингдек, коинотдан-да “чалғитиб”, шахсга жалб қилдилар. Улар инсон табиатини ўрганишни ҳатто муҳимроқ деб билдилар-ки, мана шу қиррада уларнинг изланиши акс-садоларини Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида кўриш мумкин: “Кўлмакка оёқ қўйсанг агар, ҳар томчи, Осмон сари сачрабонки, юлдуз бўлғай”.
Софистлар ижоди тадқиқотчиларининг таъкидлашларича, мазкур йўналиш вакиллари инсонни ўрганишни коинотни ўрганишдан ажратиб олиб, яна ҳам кучайтирибгина қолмасдан, инсонни бутун борлиқнинг маркази, табиат томонидан яратилмиш борлиқ мавжудотнинг олиймақоми деб билганлар-ки, бу жиҳатдан ҳам уларнинг ижоди сўфийларимиз, шу жумладан жавонмардийлар ва, хусусан, Паҳлавон Маҳмуд ижодига таъсир ўтказганлиги табиий бир ҳолдир. Бунииг сабаби сўфий алломаларимиз ўз тафаккур фаолиятларининг бош мавзуси қилиб Оллоҳнинг бандаси бўлмиш инсонни илоҳий борлиқнинг сарвари деб билганликларида ҳамда унинг оқибат натижада Оллоҳга бирикуви учун маънавий кураш олиб борганликларидадир.
Бу мавзу Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ижодида ҳеч қандай иккиланишга йўл қўйилмайдиган бир тарзда барқ уриб туради-ки, биз буни муайян мисолларда аниқ кўришимиз мумкин. Рубоий:
Яхшими ҳеч ниятимиз – бир биламиз,
Борми аҳамиятимиз – бир биламиз.
Тил тийғи билан дилни очиб ташлаймиз,
Не, ўзи, моҳиятимиз – бир биламиз.
Бу мисралардан аён кўриниб турибдики, Паҳлавон Маҳмуд инсониятнинг фикрлаш фаолиятидан мақсади унинг ўз моҳиятини англашга келиб етишидан иборат деб, мутлақо мантиқли бир хулосага келган. Бу фикрга етиб келгунича ҳам Паҳлавон Махмуд ҳазратларининг узоқ ва самарали маънавий йўл босганлигининг гувоҳи бўламиз. Буюк шоир ўз ижодининг, афтидан, дастлабки даврларида, юнон файласуфларига монанд, борлиқни табиат орқали мушоҳада қилиш табиатни поэтик жиҳатдан англаш ҳамда сезиш билан машғул бўлганлиги унинг “Нур чимматини гул юзидан тортгани йўқ”, “Тонг бу юзинг ва ундан, ёр, гул ёғилар” каби рубоийларидан ойдинлашади. Кейинчалик эса буюк бобомиз ўз рубоийларида юқоридаги мисраларда таъкидланганидек инсоннинг моҳиятини бевосита билишга бел боғлайди. Рубоийларни кузатиш шуни кўрсатадики, шоир инсоннинг этик фазилатларини “соф, ёмби” ҳолда тадқиқ қилишга дарров етиб келмаган кўринади. Фикримизни тасдиқлаш ниятида, шу йўналишдаги “кўприк” рубоийлардан бирига тўхталсак, рубоий:
Рўйдир бу жаҳон, жаҳон ўзинг, рўй ўзинг,
Дарёдир ақл, оққан узун ўй ўзинг.
Шабнам каби баргда бесамар милтирама,
Гул бу – ўзинг, гулдаги хушбўй – ўзинг
Эътибор қилаётган бўлсангиз, мазкур рубоийда “Инсон ва табиат” мавзуси қоришиқ ҳолда ҳал қилинган, шоир ҳали табиат ҳудудларини бузиб, соф инсоний сарҳадларга ўтиб кетмаган кўринади.
Кейинчалик битта рубоийсида эса Паҳлавон Маҳмуд софистлар томонидан алоҳида олиб тадқиқ қилинган инсон мавзуси ҳамда софистлар томонидан ўрганиш тўхтатилган, тўғрироғи инсонни ўраганишга нисбатан аҳамияти камроқ деб қаралган коинот мавзуси ҳам ана шундай “аралаш ҳолда” талқин этилади. Рубоий:
Фаҳм этгувчи қисмат юкини дил – менман,
Уммондир у бир. Наҳанг эса, бил, менман.
Жипс икки жаҳон юкига тутган елка.
Бир фил бу, фалак, сенсану, бир фил – менман.
Бу мисралар шундан далолат берадиларки, Паҳлавон Маҳмуд инсонни борлиқ, борлиқни инсон орқали ўрганишни афзал билган, ўз изланишларининг ана шу қирраси билан ўзининг юнонистонлик олис салафларидан тафаккур илмини жиддий олға силжитган.
Паҳлавон Маҳмуднинг тараққийпарварлиги, “Антик давр маърифатчилари” деб ном олган софистларнинг кишиларни маънавий тарбиялаш орқали камолга еткизиш, инсоният руҳида эзгуликни таълим воситасида бунёд этиш имкониятига ишонч, табиат ва маданият мутаносиблигига эришмак мақсадларини исломий асослар билан яна ҳам устувор қилиб ривожлантирганлигида кўзга ташланади. Паҳлавон Маҳмуд:
Тонг пайти чекиб ғам, юраги шом бўлдинг,
Дарду сукунат куйига ром бўлдинг.
Мафтун эдинг, жойи тузоқ – дом бўлдинг,
Яхши эдинг охири бадном бўлдинг,
тарзида аччиқ тақдири баён этилган жавонмард лирик қаҳрамонни ўз сафига қўшиб:
Юксак бу умр дарахтимиз паст қилма,
Борлиқ бу шароб, ичир, бироқ маст қилма.
Ё раб! Карам эт, жумла жавонмардларни,
Муҳтож этма, зор этма, паст қилма,
– деб дуолар қилади ва ўз дуоси ижобат бўлгач,
Дунёга келиб улки азиз ном топди,
Кўп номлар унинг номидан эҳсон топди.
Қўлга олиб қадаҳ лабин теккизди,
Топди шароб шараф, қадаҳ шон топди,
– деб фахр этади.
Софистлардан муқаддам яшаб ижод этган Антик давр файласуфлари инсоний фазилатларнинг туғмалигига жиддий эътибор қаратган ҳамда инсоннинг аҳлоқий фазилатларида табиат томонидан ато қилинган хислатларнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигига асосий урғу беришган бўлса, софистлар тафаккур қудратини инсондаги нуқсонларни тарбия йўли билан бартараф қилиш имконияти муқаррарлигига йўналтирдилар. “Маъбудлар одамларга бемеҳнат бериёзат ҳеч нимани ато қилмайдилар”, – деб ёзди Протогор. Бу юноний ҳикмат бизнинг шарқдаги – “Сендан ҳаракат, мендан – баракат” тарзидаги машҳур исломий иборани эслатади-ки, Паҳлавон. Маҳмуд ўз ижодида инсон фаолиятидаги ана шу “ҳаракат ва баракат” муаммоларига поэтик тадқиқот кучини, ўз тафаккур қудратини сарфлади. Тўғри, Паҳлавон Маҳмуднинг-да айрим мисраларида дунёни билиш ва шахс сифатида камол топишда интуиция масалаларига эътибор кучли. Масалан, рубоий:
Дунё кўраман кўзларим дарчаси билан,
Бахту ғам, азоб, умид ишқ барчаси билан.
Юракни парча-парчалаб, қулоқни мен
Маҳкам тиқаман юракнинг парчаси билан.
Бу мисралардан шуниси аён бўладики, “юракнинг парчаси билан тиқилган кулоқ” бу – ақлдан афзал кўрилган туйғудир. Инсон ҳаётида туйғу устуворлигини Паҳлавон Маҳмуд бошқа рубоийларида ҳам алоҳида таъкидлайди. Рубоий:
Бизга насиб адл ила инсоф ақл,
Бир телба учун, оҳ, неча минг соф ақл.
Қандай қутулай ўлимдан, айтолмайсиз,
Гарчи теварак ақл ва атроф ақл.
Паҳлавон Маҳмуднинг муайян даражада юнон фалсафасидан баҳраманд бўлган шеъриятига хос хусусият шундан иборат-ки, бобокалон шоиримизнинг оташин мисраларида “ибтидоий файласуфлар”дан тортиб то ўзигача бўлган инсоният тафаккур самараларини қуруққина истеъмол қилиб қўйилмасдан, балки улар тадқиқий-таҳлилий бир тарзда истифода этиладики, юқоридаги далилларимиз бу фикрнинг шунчаки бир тахмин эмаслигидан шаҳодат беради. Мавриди келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозим-ки, шоир ижодида ақл ва туйғуни тарбия воситасида пешлаш масаласига ҳам диққат кучли.
Софистлар тарбия жараёнида ҳар бир таълим-тарбияга тортилаётган мавжудотга кучли эътибор қаратдилар ҳамда тарбия жараёнини ана шу моҳиятга таянган ҳолда олиб бордилар. Дейлик, улар дарахтдан қилинган курси, агар бу дарахт новдалари ҳали курсида қуриб битмаган бўлса, ерга кўмилган тақдирда ундан курси эмас, балки ҳали курси ясалган дарахтнинг новдаси ўсиб чиқишини таъкидлаб, тарбиядан кўзланган мақсад амалга оширилиши учун парвариш жараёнида табиийлик ва сунъийликнинг хусусиятлари баравар ҳисобга олинган ҳолда иш олиб бориш заруратини алоҳида уқтирдилар-ки, бу масала ҳам фалсафий-этик жиҳатдан ниҳоятда муҳимдир. Шунинг учун ҳам тарбия ниҳоятда муҳим ва шу билан бирга нисбий аҳамиятга моликдир. Тарихни кузатиш шуни кўрсатадики, маънавий-аҳлоқий фазилатлар ҳар бир халқда бошқаларидан кескин фарқ қиладиган даражада бисёрдирки, баъзан бундай тафовутлар, ҳатто, мутлақо қарама-қарши аҳамият ҳам касб этади. Биз бунинг билан, албатта, бир халқ эришган маънавий фазилатлар иккинчисининг мазкур жиҳатларига таъсир қилмайди деб айта олмаймиз. Бу фикримизга худди ушбу софистлар қарашларининг жавонмардий сўфийлар масаласига ҳам муайян даражада кўрсатган самарали таъсири далил бўла олади.
Паҳлавон Маҳмуд рубоиётида инсоннинг табиий моҳияти ва тарбиянинг аҳамияти хусусидаги мутлақо тафовутли, ҳатто бир-бирига қарама-қарши, зиддиятлар даражасида фарқ қиладиган қарашларининг гувоҳи бўламиз-ки, бу жиҳат ҳам афтидан, ана шу биз юқорида айтиб ўтган юнон маънавияти акс этган софистлар таълимоти таъсиридан холи бўлмаса керак. Буюк бобомиз ўзининг айрим мисраларида инсоннинг табиатини тарбия енга олмаслиги ҳақида маҳзун хаёлларга берилади. Рубоий:
Ҳеч кора тош дур каби маъдан бўлмас,
Мурч ила занжабил ширин таъм бўлмас.
Тингла-ки Пурёйвали айтади сўз,
АСЛИДА НОМАРД СИРА ОДАМ БЎЛМАС
(таъкид бизники – муаллиф). Паҳлавон Маҳмуд меросининг айрим намуналарида эса худди ана шу фикрнинг зиддини ҳам ўқиймиз, рубоий:
Зарб берсак агар чарх фили яксон бўлғай,
Уфқ доираси ноғораи шон бўлғай.
Жой олса чумоли гар бизим сафлардан,
Давлатимиз туфайли арслон бўлғай.
Биз юқоридаги мисраларда “Аслида номард сира одам бўлмас”лиги билан “Жой олса чумоли гар бизим сафлардан, Давлатимиз туфайли арслон бўлғай”лиги ўртасидаги тафовут майдонига эътиборни қаратадиган бўлсак, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг табиий моҳиятдан тарбиявий моҳиятнинг тафовутини теран англашгача тадрижий тафаккур жараёнини, ботиний изланиш инқилоблари ғалаёнларини кечинганлигига гувоҳ бўламиз-ки, бу ҳол буюк шоирнинг, ҳадиси шариф кўрсатмаларига амал қилиб, “бешикдан тобутгача илм изла”ганлигини кўрсатади. Биз тағин шу хусусиятнинг гувоҳи бўламиз-ки, одоб-аҳлоқ, меъёрларининг ҳам аксар жиҳатлари инсон тафаккури тараққиётининг мевалари бўлиб, улар ислом давригача турли авлодга мансуб файласуфлар ижоди туфайли жуда мураккаб ва шарафли тараққиёт йўлини босиб ўтиб, аввало Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг кабир руҳи воситачилигида нозил қилинган Қуръони Карим, кейинчалик Ҳадиси шариф, шунингдек, чаҳорёр, саҳоба ҳамда валийларнинг фикратлари туфайли ўзларининг узил-кесил камолотига эришганлар.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздирки, яхшилик ва ёмонлик, ёвузлик ҳамда эзгулик ҳам, ўз навбатида, “қотиб қолган”, ҳамма учун бир хил бўлган мезонлар эмасдирлар. Софистларнинг фаолиятини тадқиқ қилган олимларнинг қайд этишларича, улар бир хил сифатларнинг бир одам учун фазилат, бошқа биров учун эса нуқсон бўлиши мутлақо табиий ҳол эканлигига урғу бериб кетганлар. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари ҳам ҳали юнон фалсафаси обидаларидаёқ қайд этилган бу синоатга ўз ижодида алоҳида эътибор қаратган.
Софистлар билан Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг бу масалага қарашларида муайян муштаракликлар билан бирга жиддий тафовутлар яққол кўзга ташланади. Софистлар, дейлик, хокимият қурилмаларини, қонунлар силсиласини ожизлар учунгина риоя қилиниши жоиз бўлган кучлар деб эътироф этсалар (масалан – Фрасимаха) ёхуд қонунларни бузишга бунга курби етганларнинг ҳақлари бор деб даъво қилсалар (масалан – Калликл). Паҳлавон Маҳмуд ўз рубоийларида шоҳлар хизматида бўлиб, ҳокимларга итоат қилишнинг маънавий манфаатларига эътиборни қаратади. Шоиримиз назарида инсон баъзан ҳукмронликка маҳкум (“Ҳақ не, гумон не, ахтариб ўй ўйлаб”, “Икки жаҳони шу билан вайрондир”) ва юз бериш хавфи мавжуд бўлган бу иллатни бартараф қилиш учун ҳам “Подшоҳ биз ила, биз подшох, бирла ҳаёт” дейиладиган ҳолатлар юзага келган.
Софистлар аҳлоқий меъёрлар масаласига келганда, жамият конунларидан табиат қонунларини ҳамиша афзал билганлар. Чунки табиат қонунларининг ишин бузсанг, буни пайқашадими-йўқми, барибир табиат томонидан жазоланишинг тайин. “Ёмғир куйини тингла булут соясида” дейди шунинг учун ҳам Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари.
Софистлар илгари сурган жамият манфаатлари ва ҳар бир инсоннинг аҳлоқий меъёрлари ўртасидаги ўзаро муносабат ва мазкур муносабат муаммоларинииг баракали акс садоларини Паҳлавон Маҳмуд ижодида барча мураккабликлари билан кўриш буюк шоиримиз меросини ўрганищда янги саҳифа очилаётганидан дарак беради.
ДАВОМИ БОР