Chig’atoy Ko’char: Abdulla Rajab Boysuniy kim bo’lgan?

001
1921 йилнинг эрта баҳорида Бухорога машҳур қўмондон Анвар пошо ташриф буюради. У Бухоро шаҳрида бир ойга яқин туриб, жумхурият раҳбарлари билан яширинча учрашиб, “нима қилмоқ керак?” деган саволга жавоб излайди. Охири русларнинг “мухтор элчиси” Юрьнев уни ҳузурига таклиф этиб: “Хўш, Анварбек, Бухорода яна қанча меҳмон бўлмоқчисиз?” деб сўрайди. Анвар пошо англайдики, Бухоронинг янги хўжайинлари уни бу ерда туришини истамайди. У ҳамроҳлари билан гўё “жайрон ови”га бориш баҳонасида шаҳарни тарк этиб, Шарқий Бухорога йўл олади.

07
ЧИҒАТОЙ КЎЧАР
АБДУЛЛА РАЖАБ БОЙСУНИЙ КИМ БЎЛГАН?
011

Абдулла Ражаб ҳижрий 1310 йилда Бухоро хонлиги тасарруфидаги Ғиждувон тумани ўрамида жойлашган Назекорон қишлоғида туғилган. Отасининг исми Ражаб, онасининг исми Шарофат эди. Оиласи табибчилик билан машғул бўлиб, асосан чечак-қизамиқ касалини муолажа қиларди. Эҳтимол, шу боис бўлса керак, оила “нағзак кор хўжалари” номи билан ном чиқарган эди. Яъни, “яхши иш қилувчи хўжалар” деб эъзозланарди.
Ҳижрий йил милодий ҳисобга ағдарилса, 1894 санасига тўғри келади. Баъзи манбаларда Абдулла Ражаб туғилган сана 1892 ёки 1893 йил деб кўрсатилади. Милодий ҳисобнинг қайси бири тўғри эканлигини аниқлаш унчалик мушкул бўлмаса керак (бу ишни ўқувчи ихтиёрига қолдирамиз). Муҳими Абдулла Ражабнинг туғилган йили аниқ – ҳижрий 1310.

Ғиждувон туманидаги Назекорон қишлоғи шўро замонларида (1920-1991 йиллар) қайта-қайта номланиб, ҳозир қандай аталишини аниқ билмаймиз. Бухоронинг Ғиждувон туманида туғилган зиёли дўстларимиз бу масалага аниқлик киритса, нур устига нур бўларди.

Абдулла Ражаб нима учун “Бойсун” тахаллусини ўзига “насаб” этиб олган? Ҳозирча бу саволни очиқ қолдирамиз. Сабабини мақола мутолаасидан кейин билиб оласиз.

Туғилган кишлоғида саводини чикаргач, отаси уни Тўрткўл шаҳрига ўқишга олиб боради. Тўрткўлда уч йил таҳсил кўради. Тўрткўл илгари Петро-Александровск деб аталарди, Туркистон генерал-губернаторлиги тасарруфида эди. У ерда асосан руслар истиқомат килган, рус-тузем мактаблари мунтазам фаолият кўрсатган. Чамаси, Абдулланинг отаси ҳам ўғли русча таълим олса, “замонавий инсон” бўлиб вояга етади деб ўйлаган бўлса керак. Боз устига, Абдулланинг тоғаси Бухоро амири саройида русча таржимон бўлиб хизмат киларди. Абдулла тоғасининг ёнига қайтади, Бухородаги Мадрасаи Мудири хон ўқув даргоҳида қисқа фурсатда Қуръони каримни хатм қилиб, таҳсилини тамомлайди. Ҳофизи Қуръон бўлиб чиқади. Абдулла Қуръони каримни қироат билан ўқиган чоғларида қушлар ҳам сайрашдан тўхтаб қоларди.

Абдулла тоғасининг ёнида юриб таҳсил билан машғул бўлган йилларида Бухородаги илғор зиёлилар, ўқимишли ёшлар билан яқиндан танишади. Туркияда, Русияда, Оврўпада таҳсил кўриб кайтган ойдинлар Абдуллани ўз сафларига жалб этади. Улар “ёш бухороликлар” жамияти атрофига бирлашиб, амирлик тузумини ислоҳ қилиш учун кураш бошлайди. “Ёш бухороликлар” ташкилоти Абдуллани Шаҳрисабзга жўнатади; у ерда ислоҳот тарафдорлари орасида тарғибот ишларини олиб боради. Бухорога қайтгач, амир маъмуряти томондан ҳибсга олиниб, жиддий тергов килинади. Сўнг: “Яна жаноби олийларига қарши тарғибот билан шуғуллансам, сизлардан ўпкаламайман”, деб тавбанома ёздирилиб қўйиб юборилгач ташкилот томонидан Янги Чоржўйга жўнатилади ва у ерда ҳам ёшлар ўртасида “маданий-оқартув” ишлари билан машғул бўлади. Бухорога қайтиб бормайди.

“Ёш бухороликлар” билан амир Олимхон орасидан ола мушук ўтади. Устига устак, 1917 йилда Петроградда Иккинчи Николай тахтдан ағдарилади, Русияда подшолик тузумига барҳам берилади. Амир Олимхон гўё “пушти паноҳи”дан жудо бўлади. Аслида, Бухоро амирлиги Русия асоратидан батамом халос бўлиши учун қулай тарихий вазият вужудга келган эди. Бироқ, уч йил давом этган қулай фурсатдан на “ёш бухороликлар”, на Бухоро амири Олимхон оқилона фойдалана олади. Аксинча, улар бир-бирини маҳв этиш билан машғул бўлади. Тарих олдида юзқоралик рўй беради.

1920 йилда “ёш бухороликлар” буюртмаси бўйича, Фрунзенинг қизил аскарлари амир Олимхонни тахтдан ағдаради ва Бухоро халқ жумҳурияти барпо этилади. Янги жумҳурият большевикларга қарам бўлиб қолади. Қизил армия Бухорони ишғол қилади. “Ёш бухороликлар” жамияти босқинчи большевикларга хайрихоҳ бўлган ва батамом уларга душман бўлган фирқаларга бўлиниб кетади. Абдулла большевикларга душман бўлган муросасиз “ёш бухороликлар” сафига қўшилади.

Маълумки, 1921 йилнинг эрта баҳорида Бухорога машҳур қўмондон Анвар пошо ташриф буюради. У Бухоро шаҳрида бир ойга яқин туриб, жумхурият раҳбарлари билан яширинча учрашиб, “нима қилмоқ керак?” деган саволга жавоб излайди. Охири русларнинг “мухтор элчиси” Юрьнев уни ҳузурига таклиф этиб: “Хўш, Анварбек, Бухорода яна қанча меҳмон бўлмоқчисиз?” деб сўрайди. Анвар пошо англайдики, Бухоронинг янги хўжайинлари уни бу ерда туришини истамайди. У ҳамроҳлари билан гўё “жайрон ови”га бориш баҳонасида шаҳарни тарк этиб, Шарқий Бухорога йўл олади.

У пайтларда Шарқий Бухорода (ҳозирги Сурхондарё вилояти, Тожикистон ҳудудлари қамраб олинган) миллий озодлик ҳаракати бошланган, ягона қўмондонликка бўйсунмайдиган бошбошдоқ қуролли гуруҳлар тиш-тирноғигача қуролланган мунтазам қизил армияга қарши омонсиз кураш олиб борарди.

Анвар пошо Шарқий Бухорода миллий озодлик ҳаракатига қўмондонликни қўлга олгач, Абдулла Ражаб ҳам ватанпарварлар сафига қўшилиш учун отланади. Абдулла Ражаб кейинчалик ёзган “Туркистон истиқлол ҳаракатлари” номли хотира китобида бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:
“Сайроб йўли билан Жом қиғлоғи жанубидаги далалардан ўтиб, пошо жўнатган Ҳасан бей билан учрашдик. Биргаликда Кафирун қишлоғида жойлашган қароргоҳ томон йўл олдик. Қароргоҳга яқинлашганимиз сари ҳаяжонимиз ортиб борарди. Остимиздаги отлар ҳам қадамини тезлатади.
Пошонинг қароргоҳига бордик. Бир қаватли хом ғиштдан қурилган уй ёнида тўхтадик. Отдан тушдик. Учрашув маросими тасвирлаб бўлмайдиган даражада ҳаяжонли бўлди. Бир неча йиллардан буён исми шарифини эшитиб юрганимиз афсонавий Анвар пошонинг рўпарасида ўтирардик. Кўзларидан кўзимизни узолмасдик… Ой ва юлдуз ҳилпираб турган байроқ ёнида у гўё қуёш каби товланарди. Миллионларча инсонларнинг истиқлол умиди шу қуёшнинг нури билан барҳаётдир…”

Мадрасада етти-саккиз йил таҳсил кўрган, тоғасининг ёнида юриб рус тилини ўрганган Абдулла Ражаб 1921 йилда Бойсунга келиб ҳарб ҳаракатлари қизғин тус олган муҳитга тушиб қолади. Муҳим русча ҳужжатларни қўмондонга таржима қилиб беради, қароргоҳда котиблик қилади. Милий озодлик ҳаракати иштирокчиларига қўшилиб Сурхон воҳасининг Кўкайди, Паттакесар, Бойсун, Шеробод, Юрчи, Денов, Кофирун каби кентларида меҳмондўст халқнинг меҳрини қозонади. Азбаройи Сурхон воҳасига муҳаббат тимсоли ўлароқ кейинчалик Туркия ватандоши бўлган чоғларида ўзига “Бойсун” номини насаб-фамилия этиб олади.

У 1922 йилнинг 5 август кунигача Анвар пошо қаватида бўлади. Ўша санада Анвар пошо Болжувон депарасидаги Чегим қишлоғида (Қизилсув дарёси ёқасида жойлашган) қизил аскарларга қарши жангда шаҳид бўлади. 5 август – қурбон ҳайитининг биринчи куни эди. Қўмондон шаҳид бўлгач, Ҳожи Сами бей раҳнамолиги остида озодлик ҳаракати яна бир йил давом этади. Сўнг улар Афғонистонга чекинишга мажбур бўлади. Дастлаб, “чекиниш”ни вақтинча деб ўйлаган Абдулла Ражаб умрининг охиригача чет элларда қолиб кетади.

Шарқий Бухорода Иброҳимбек, Фузайил Махдум, Хуррамбек каби қўрбошилар 1931 йилгача қизил босқинчиларга қарши курашни давом эттиради.

Абдулла Ражаб эса бир муддат Кобулда тургач, Эрон орқали Туркияга боради ва “Турк ўчоқлари”нинг раҳбари Ҳамидуллоҳ Субҳи Тангриёр кўмагида Боязид шаҳридан қўним топади. Сўнгра Истанбул шаҳрига кўчиб ўтиб, бу ерда Нури Усмония кутубхонасида узоқ йиллар хизмат қилади. Нури Усмония кутубхонаси Аё София ва Султон Аҳмад каби ноёб меъморий ёдгорликларга унча узоқ бўлмаган ўрамда жойлашган.
1945 йилда Абдулла Ражаб Бойсун “Туркистон истиқлол ҳаракатлари” номли хотира китобини эълон қилади. Бу китоб 202 саҳифадан иборат бўлиб ундан бирқанча тарихий ҳужжатлар ва суратлар ҳам жой олган. “Туркистон истиқлол ҳаракатлари” китоби 2001 ва 2006 йилларда такроран нашр этилган. 1946 йилдаёқ рус тилига таржима қилиниб, КГБ ички кутубхоналарида “хизмат доирасида фойдаланиш учун” тавсия этилган (камина турк тилига ўгирганим Н. Боқийнинг “Анвар пошонинг васияти” – “Дўгу кутубхонаси”, 2006 й. – китобида бу ҳақда батафсил ҳикоя қилинган).

Хотира китобнинг “Ҳожи Сами бейнинг халқ орасидаги таъсири” бўлимида шундай парча бор:
“Жадидчилик даврида муфтий Садриддинхон Тошкент ҳибсхонасидан қочади, Анвар пошонинг яширин ташкилоти воситаси билан жўнатилган таклиф бўйича Масчоҳ вилоятига етиб келган замонда Анвар пошонинг шаҳид бўлганини эшитади. Масчоҳдан дарҳол йўлга чиққан муфтий Садриддинхон, Маъмур Ниёзий, Туроб, Карим мингбоши, Ҳайбатуллоҳ, Ислом, Аюб Аҳмад бейлар ва бошқа орқадошлар ўша пайтда Кўлобда бўлган Ҳожи Сами бейнинг ёнига келадилар. Авлиёота шаҳрида ЧЕКА тарафидан ҳибсга олиниб, ўлим жазосига ҳукм этилган Эдил-Урал туркларининг раҳнамоларидан бири Ориф Каримий ҳам улар сафига омон-эсон қўшилади…”
Муфтий Садриддинхон ХХ аср бошларида Туркистонда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори каби буюк шахслар қаторида жадидчилик ҳаракатига раҳбарлик қилган. Муфтий Садриддинхон кўпроқ амалий ишлар билан машғул бўлган. У 1923 йилда чет элга чиқиб кетади ва фаолиятини хорижда давом эттиради. Шўро ҳукумати эса яна чорак аср давомида муфтий Садриддинхонга қарши курашади. Ўша кураш тўғрисида Абдулла Ҳакимов КГБнинг махсус топшириғига кўра “Илон изидан” номли ҳужжатли китоб ёзади. Бу китоб 1968 йилда Тошентда (Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриётида 60 000 нусхада) чоп этилади. Генерал-майор Қ. Рўзметов ёзган сўзбошида айтилишича, “Абдулла Ҳакимовнинг бу асари китобхонларни Совет ҳокимиятининг барпо бўлиши ва мустаҳкамланиши давридаги воқеалар билан таништиради… Миллатчи ва Совет ҳокимиятининг ашаддий душмани муфтий Садриддинхоннинг хизматкори ниқоби остида иш кўрган Мирзо Содиқов унга қарши яккама-якка жанг олиб боради…”

“Ниқобдор” Мирзо Содиқов аслида ким эканини китоб охиридаги мана бу парчадан билиб олиш мумкин:
“Ўйчан турган Мирзо Содиқов (бу ерда эса энди Маҳмудбек) томон бурилган Эсондол бир неча туркча лақабларни тилга олди. Аммо Маҳмудбек узр билдириб, ўз фикрини айтди:
— Мен ўзимга сўй отини Ойқорли деб қўйсам…
— Хўш, Ойқорли нима дегани? – сўради Эсондол.
— Мен туғилиб ўсган яшил кўркам қишлоқ тоғ этагида. Тоғ чўққисидаги қор қишин-ёзин бир зайл туради. Балки фақат иссиқ пайтда чўққидаги қор бир оз эриб ҳилол (ярим ой) шаклига киради. Шу сабабли бу тоғ чўққисини Ойқорли дейишган. Она қишлоғим эсдалиги учун сўй отимни Ойқорли қўйсам, жаноблари муносиб кўрурлар, деб ўйлайман” (229 бет).

Ўзини “Ойқорли” – Мирзо Содиқов – Маҳмудбек деб тақдим этган “совет разведкачиси” аслида Баҳром Иброҳимов (“Йўқсул” тахаллуси билан шеърлар ёзиб ёки ёздириб юрган) эди. У Бахмал туманидаги Ойқорли қишлоғида туғилган. 1978 йилда Тошкентда вафот этган, Чиғатой қабристонига дафн этилган. “Ойқорли” охир-оқибат Машҳадда муфтий Садриддинхонни захарлаб ўлдириб, большевиклар топшириғини адо этиб Тошкентга қайтиб келади ва умрининг охиригача “Ватандош” радиосида хизмат қилади. Ишхонада ва бўш пайтларида Ҳабибулла Қодрий, Бўтакўз каби “шубҳали” шахсларни “сирдош ўртоқ қоммунист” қиёфасида мунтазам кузатиб юриб, КГБ идорасига ахборот бериб турган.

Хуллас, Абдулла Ражаб Бойсун нафақат ўз ҳаёти ва фаолияти билан, балки ёзиб қолдирган хотира китоби билан ҳам истиқлол учун, уни кўз қорачиғидек авайлаб-асраш учун фидокорона кураш олиб боради.
Дарвоқе, Чапа тўлиқсиз мактаб муаллимаси бўлмиш Мунира хонимга Абдулла Ражаб 1935 йилда уйланади. Оилада 1937 йили қиз фарзанд дунёга келади, унга Бедиз деб исм қўйилади. Бедиз кейинчалик иқтисод бўйича олий маълумот олади. Ҳозир Истанбулда Абдулла Ражабнинг невара-чеваралари бор. Ўзи эса 1956 йилда вафот этган. Жойлари жаннатда бўлсин. Омин.

Манба: “Сурхон ёшлари” газетаси 28-август 2014 йил сони.

Муаллиф ҳақида  — Muallif haqida
07

03Чиғатой Кўчар 1946 йилда Туркистонда туғилган. Истанбул университетида адабиёт-журналистика бўйича таҳсил кўрган. Ватандошларимизнинг шонли тарихига оид бир неча китоблари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан таъсис этилган халқаро Аҳмад Яссавий мукофотига сазовор бўлган. Ўзбекистоннинг чет эллардаги энг ёрқин ҳимоячиларидан ва ютуқларимизнинг толмас тарҚиботчиларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда кўп бора бўлган. Фақат Сурхон воҳасига қадам ранжида қилмаган, холос. Насиб этса, тез орада улуғ Термизийлар диёрини ҳам албатта зиёрат этишни ният қилган.

Чиғатой оғамизнинг рафиқаси Севги хоним Адана шаҳридаги аслзода хонадон фарзанди бўлиб, уларнинг оиласида икки фарзанд дунёга келган. Тўнғич қизларининг исми Ёрқиной, кенжаси эса Ойчадир. Ёрқиной ҳозир Германияда таҳсил кўряпти, докторлик диссертацияси бўйича изланишлар олиб боряпти. Ойча эса Истанбулда таълим оляпти. Уларнинг асосий яшаш жойлари Адана шаҳри, Оқ денгиз соҳилларида.
Чиғатой Кўчар Туркистоннинг тирик тарихига ўхшайди, янада аниқроғи, у Туркистон қомусидир. Хонадони ҳам Туркистон кутубхонасини эслатади. Интернет тармоқларида Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон “Туркистон кутубхонаси”ни ташкил этган бўлса, Чиғатой Кўчар бутун онгли ҳаёти давомида дунёнинг ҳар жойларида сочилиб ётган хат-ҳужжатларни тирноқлаб тўплаб, саҳифама-саҳифа Туркистон кутубхонасини барпо этган.

У 2006 йилда Истанбулдаги “Дўгу кутубхонаси” (Эрол Жаҳонгир афанди) буюртмаси асосида Набижон Боқийнинг “Анвар пошониннг васияти” ҳужжатли романини турк тилига таржима қилиб, нашр эттирган.
“Сурхон ёшлари” газетаси Ватанимиз тарихини қадрлаб, таҳририятимизга махсус равишда мақола йўллаган Чиғатой Кўчарга оилавий бахт тилаб, у кишини воҳага чин дилдан таклиф этиб қолади.

Chig’atoy Ko’char 1946 yilda Turkistonda tug’ilgan. Istanbul universitetida adabiyot-jurnalistika bo’yicha tahsil ko’rgan. Vatandoshlarimizning shonli tarixiga oid bir necha kitoblari chop etilgan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi tomonidan ta’sis etilgan xalqaro Ahmad Yassaviy mukofotiga sazovor bo’lgan. O’zbekistonning chet ellardagi eng yorqin himoyachilaridan va yutuqlarimizning tolmas tarQibotchilaridan biri hisoblanadi. Mamlakatimizda ko’p bora bo’lgan. Faqat Surxon vohasiga qadam ranjida qilmagan, xolos. Nasib etsa, tez orada ulug’ Termiziylar diyorini ham albatta ziyorat etishni niyat qilgan.

Chig’atoy og’amizning rafiqasi Sevgi xonim Adana shahridagi aslzoda xonadon farzandi bo’lib, ularning oilasida ikki farzand dunyoga kelgan. To’ng’ich qizlarining ismi Yorqinoy, kenjasi esa Oychadir. Yorqinoy hozir Germaniyada tahsil ko’ryapti, doktorlik dissertatsiyasi bo’yicha izlanishlar olib boryapti. Oycha esa Istanbulda ta’lim olyapti. Ularning asosiy yashash joylari Adana shahri, Oq dengiz sohillarida. Chig’atoy Ko’char Turkistonning tirik tarixiga o’xshaydi, yanada aniqrog’i, u Turkiston qomusidir. Xonadoni ham Turkiston kutubxonasini eslatadi. Internet tarmoqlarida O’zbekiston xalq shoiri Xurshid Davron “Turkiston kutubxonasi”ni tashkil etgan bo’lsa, Chig’atoy Ko’char butun ongli hayoti davomida dunyoning har joylarida sochilib yotgan xat-hujjatlarni tirnoqlab to’plab, sahifama-sahifa Turkiston kutubxonasini barpo etgan.

U 2006 yilda Istanbuldagi “Do’gu kutubxonasi” (Erol Jahongir afandi) buyurtmasi asosida Nabijon Boqiyning “Anvar poshoninng vasiyati” hujjatli romanini turk tiliga tarjima qilib, nashr ettirgan. “Surxon yoshlari” gazetasi Vatanimiz tarixini qadrlab, tahririyatimizga maxsus ravishda maqola yo’llagan Chig’atoy Ko’charga oilaviy baxt tilab, u kishini vohaga chin dildan taklif etib qoladi.

Сирожиддин Иброҳим (Sirojiddin Ibrohim)
091
Набижон Боқий қизи Узро билан ва Чиғатой Кўчар
092
Олима Набизода ва Набижон Боқий Истанбулда Чиғатой Кўчар билан

07
CHIG’ATOY KO’CHAR
ABDULLA RAJAB BOYSUNIY KIM BO’LGAN?
011

Abdulla Rajab hijriy 1310 yilda Buxoro xonligi tasarrufidagi G’ijduvon tumani o’ramida joylashgan Nazekoron qishlog’ida tug’ilgan. Otasining ismi Rajab, onasining ismi Sharofat edi. Oilasi tabibchilik bilan mashg’ul bo’lib, asosan chechak-qizamiq kasalini muolaja qilardi. Ehtimol, shu bois bo’lsa kerak, oila “nag’zak kor xo’jalari” nomi bilan nom chiqargan edi. Ya’ni, “yaxshi ish qiluvchi xo’jalar” deb e’zozlanardi. Hijriy yil milodiy hisobga ag’darilsa, 1894 sanasiga to’g’ri keladi. Ba’zi manbalarda Abdulla Rajab tug’ilgan sana 1892 yoki 1893 yil deb ko’rsatiladi. Milodiy hisobning qaysi biri to’g’ri ekanligini aniqlash unchalik mushkul bo’lmasa kerak (bu ishni o’quvchi ixtiyoriga qoldiramiz). Muhimi Abdulla Rajabning tug’ilgan yili aniq – hijriy 1310.

G’ijduvon tumanidagi Nazekoron qishlog’i sho’ro zamonlarida (1920-1991 yillar) qayta-qayta nomlanib, hozir qanday atalishini aniq bilmaymiz. Buxoroning G’ijduvon tumanida tug’ilgan ziyoli do’stlarimiz bu masalaga aniqlik kiritsa, nur ustiga nur bo’lardi.

Abdulla Rajab nima uchun “Boysun” taxallusini o’ziga “nasab” etib olgan? Hozircha bu savolni ochiq qoldiramiz. Sababini maqola mutolaasidan keyin bilib olasiz.

Tug’ilgan kishlog’ida savodini chikargach, otasi uni To’rtko’l shahriga o’qishga olib boradi. To’rtko’lda uch yil tahsil ko’radi. To’rtko’l ilgari Petro-Aleksandrovsk deb atalardi, Turkiston general-gubernatorligi tasarrufida edi. U yerda asosan ruslar istiqomat kilgan, rus-tuzem maktablari muntazam faoliyat ko’rsatgan. Chamasi, Abdullaning otasi ham o’g’li ruscha ta’lim olsa, “zamonaviy inson” bo’lib voyaga yetadi deb o’ylagan bo’lsa kerak. Boz ustiga, Abdullaning tog’asi Buxoro amiri saroyida ruscha tarjimon bo’lib xizmat kilardi. Abdulla tog’asining yoniga qaytadi, Buxorodagi Madrasai Mudiri xon o’quv dargohida qisqa fursatda Qur’oni karimni xatm qilib, tahsilini tamomlaydi. Hofizi Qur’on bo’lib chiqadi. Abdulla Qur’oni karimni qiroat bilan o’qigan chog’larida qushlar ham sayrashdan to’xtab qolardi.

Abdulla tog’asining yonida yurib tahsil bilan mashg’ul bo’lgan yillarida Buxorodagi ilg’or ziyolilar, o’qimishli yoshlar bilan yaqindan tanishadi. Turkiyada, Rusiyada, Ovro’pada tahsil ko’rib kaytgan oydinlar Abdullani o’z saflariga jalb etadi. Ular “yosh buxoroliklar” jamiyati atrofiga birlashib, amirlik tuzumini isloh qilish uchun kurash boshlaydi. “Yosh buxoroliklar” tashkiloti Abdullani Shahrisabzga jo’natadi; u yerda islohot tarafdorlari orasida targ’ibot ishlarini olib boradi. Buxoroga qaytgach, amir ma’muryati tomondan hibsga olinib, jiddiy tergov kilinadi. So’ng: “Yana janobi oliylariga qarshi targ’ibot bilan shug’ullansam, sizlardan o’pkalamayman”, deb tavbanoma yozdirilib qo’yib yuborilgach tashkilot tomonidan Yangi Chorjo’yga jo’natiladi va u yerda ham yoshlar o’rtasida “madaniy-oqartuv” ishlari bilan mashg’ul bo’ladi. Buxoroga qaytib bormaydi.

“Yosh buxoroliklar” bilan amir Olimxon orasidan ola mushuk o’tadi. Ustiga ustak, 1917 yilda Petrogradda Ikkinchi Nikolay taxtdan ag’dariladi, Rusiyada podsholik tuzumiga barham beriladi. Amir Olimxon go’yo “pushti panohi”dan judo bo’ladi. Aslida, Buxoro amirligi Rusiya asoratidan batamom xalos bo’lishi uchun qulay tarixiy vaziyat vujudga kelgan edi. Biroq, uch yil davom etgan qulay fursatdan na “yosh buxoroliklar”, na Buxoro amiri Olimxon oqilona foydalana oladi. Aksincha, ular bir-birini mahv etish bilan mashg’ul bo’ladi. Tarix oldida yuzqoralik ro’y beradi.

1920 yilda “yosh buxoroliklar” buyurtmasi bo’yicha, Frunzening qizil askarlari amir Olimxonni taxtdan ag’daradi va Buxoro xalq jumhuriyati barpo etiladi. Yangi jumhuriyat bol`sheviklarga qaram bo’lib qoladi. Qizil armiya Buxoroni ishg’ol qiladi. “Yosh buxoroliklar” jamiyati bosqinchi bol`sheviklarga xayrixoh bo’lgan va batamom ularga dushman bo’lgan firqalarga bo’linib ketadi. Abdulla bol`sheviklarga dushman bo’lgan murosasiz “yosh buxoroliklar” safiga qo’shiladi.

Ma’lumki, 1921 yilning erta bahorida Buxoroga mashhur qo’mondon Anvar posho tashrif buyuradi. U Buxoro shahrida bir oyga yaqin turib, jumxuriyat rahbarlari bilan yashirincha uchrashib, “nima qilmoq kerak?” degan savolga javob izlaydi. Oxiri ruslarning “muxtor elchisi” Yur`nev uni huzuriga taklif etib: “Xo’sh, Anvarbek, Buxoroda yana qancha mehmon bo’lmoqchisiz?” deb so’raydi. Anvar posho anglaydiki, Buxoroning yangi xo’jayinlari uni bu yerda turishini istamaydi. U hamrohlari bilan go’yo “jayron ovi”ga borish bahonasida shaharni tark etib, Sharqiy Buxoroga yo’l oladi.

U paytlarda Sharqiy Buxoroda (hozirgi Surxondaryo viloyati, Tojikiston hududlari qamrab olingan) milliy ozodlik harakati boshlangan, yagona qo’mondonlikka bo’ysunmaydigan boshboshdoq qurolli guruhlar tish-tirnog’igacha qurollangan muntazam qizil armiyaga qarshi omonsiz kurash olib borardi.

Anvar posho Sharqiy Buxoroda milliy ozodlik harakatiga qo’mondonlikni qo’lga olgach, Abdulla Rajab ham vatanparvarlar safiga qo’shilish uchun otlanadi. Abdulla Rajab keyinchalik yozgan “Turkiston istiqlol harakatlari” nomli xotira kitobida bu haqda shunday hikoya qiladi:“Sayrob yo’li bilan Jom qig’log’i janubidagi dalalardan o’tib, posho jo’natgan Hasan bey bilan uchrashdik. Birgalikda Kafirun qishlog’ida joylashgan qarorgoh tomon yo’l oldik. Qarorgohga yaqinlashganimiz sari hayajonimiz ortib borardi. Ostimizdagi otlar ham qadamini tezlatadi. Poshoning qarorgohiga bordik. Bir qavatli xom g’ishtdan qurilgan uy yonida to’xtadik. Otdan tushdik. Uchrashuv marosimi tasvirlab bo’lmaydigan darajada hayajonli bo’ldi. Bir necha yillardan buyon ismi sharifini eshitib yurganimiz afsonaviy Anvar poshoning ro’parasida o’tirardik. Ko’zlaridan ko’zimizni uzolmasdik… Oy va yulduz hilpirab turgan bayroq yonida u go’yo quyosh kabi tovlanardi. Millionlarcha insonlarning istiqlol umidi shu quyoshning nuri bilan barhayotdir…”

Madrasada yetti-sakkiz yil tahsil ko’rgan, tog’asining yonida yurib rus tilini o’rgangan Abdulla Rajab 1921 yilda Boysunga kelib harb harakatlari qizg’in tus olgan muhitga tushib qoladi. Muhim ruscha hujjatlarni qo’mondonga tarjima qilib beradi, qarorgohda kotiblik qiladi. Miliy ozodlik harakati ishtirokchilariga qo’shilib Surxon vohasining Ko’kaydi, Pattakesar, Boysun, Sherobod, Yurchi, Denov, Kofirun kabi kentlarida mehmondo’st xalqning mehrini qozonadi. Azbaroyi Surxon vohasiga muhabbat timsoli o’laroq keyinchalik Turkiya vatandoshi bo’lgan chog’larida o’ziga “Boysun” nomini nasab-familiya etib oladi.

U 1922 yilning 5 avgust kunigacha Anvar posho qavatida bo’ladi. O’sha sanada Anvar posho Boljuvon deparasidagi Chegim qishlog’ida (Qizilsuv daryosi yoqasida joylashgan) qizil askarlarga qarshi jangda shahid bo’ladi. 5 avgust – qurbon hayitining birinchi kuni edi. Qo’mondon shahid bo’lgach, Hoji Sami bey rahnamoligi ostida ozodlik harakati yana bir yil davom etadi. So’ng ular Afg’onistonga chekinishga majbur bo’ladi. Dastlab, “chekinish”ni vaqtincha deb o’ylagan Abdulla Rajab umrining oxirigacha chet ellarda qolib ketadi.

Sharqiy Buxoroda Ibrohimbek, Fuzayil Maxdum, Xurrambek kabi qo’rboshilar 1931 yilgacha qizil bosqinchilarga qarshi kurashni davom ettiradi.

Abdulla Rajab esa bir muddat Kobulda turgach, Eron orqali Turkiyaga boradi va “Turk o’choqlari”ning rahbari Hamidulloh Subhi Tangriyor ko’magida Boyazid shahridan qo’nim topadi. So’ngra Istanbul shahriga ko’chib o’tib, bu yerda Nuri Usmoniya kutubxonasida uzoq yillar xizmat qiladi. Nuri Usmoniya kutubxonasi Ayo Sofiya va Sulton Ahmad kabi noyob me’moriy yodgorliklarga uncha uzoq bo’lmagan o’ramda joylashgan. 1945 yilda Abdulla Rajab Boysun “Turkiston istiqlol harakatlari” nomli xotira kitobini e’lon qiladi. Bu kitob 202 sahifadan iborat bo’lib undan birqancha tarixiy hujjatlar va suratlar ham joy olgan. “Turkiston istiqlol harakatlari” kitobi 2001 va 2006 yillarda takroran nashr etilgan. 1946 yildayoq rus tiliga tarjima qilinib, KGB ichki kutubxonalarida “xizmat doirasida foydalanish uchun” tavsiya etilgan (kamina turk tiliga o’girganim N. Boqiyning “Anvar poshoning vasiyati” – “Do’gu kutubxonasi”, 2006 y. – kitobida bu haqda batafsil hikoya qilingan).

Xotira kitobning “Hoji Sami beyning xalq orasidagi ta’siri” bo’limida shunday parcha bor:
“Jadidchilik davrida muftiy Sadriddinxon Toshkent hibsxonasidan qochadi, Anvar poshoning yashirin tashkiloti vositasi bilan jo’natilgan taklif bo’yicha Maschoh viloyatiga yetib kelgan zamonda Anvar poshoning shahid bo’lganini eshitadi. Maschohdan darhol yo’lga chiqqan muftiy Sadriddinxon, Ma’mur Niyoziy, Turob, Karim mingboshi, Haybatulloh, Islom, Ayub Ahmad beylar va boshqa orqadoshlar o’sha paytda Ko’lobda bo’lgan Hoji Sami beyning yoniga keladilar. Avliyoota shahrida CHEKA tarafidan hibsga olinib, o’lim jazosiga hukm etilgan Edil-Ural turklarining rahnamolaridan biri Orif Karimiy ham ular safiga omon-eson qo’shiladi…”
Muftiy Sadriddinxon XX asr boshlarida Turkistonda Mahmudxo’ja Behbudiy, Munavvar qori kabi buyuk shaxslar qatorida jadidchilik harakatiga rahbarlik qilgan. MuftiySadriddinxon ko’proq amaliy ishlar bilan mashg’ul bo’lgan. U 1923 yilda chet elga chiqib ketadi va faoliyatini xorijda davom ettiradi. Sho’ro hukumati esa yana chorak asr davomida muftiy Sadriddinxonga qarshi kurashadi. O’sha kurash to’g’risida Abdulla Hakimov KGBning maxsus topshirig’iga ko’ra “Ilon izidan” nomli hujjatli kitob yozadi. Bu kitob 1968 yilda Toshentda (G’afur G’ulom nomidagi badiiy adabiyot nashriyotida 60 000 nusxada) chop etiladi. General-mayor Q. Ro’zmetov yozgan so’zboshida aytilishicha, “Abdulla Hakimovning bu asari kitobxonlarni Sovet hokimiyatining barpo bo’lishi va mustahkamlanishi davridagi voqealar bilan tanishtiradi… Millatchi va Sovet hokimiyatining ashaddiy dushmani muftiy Sadriddinxonning xizmatkori niqobi ostida ish ko’rgan Mirzo Sodiqov unga qarshi yakkama-yakka jang olib boradi…”

“Niqobdor” Mirzo Sodiqov aslida kim ekanini kitob oxiridagi mana bu parchadan bilib olish mumkin:
“O’ychan turgan Mirzo Sodiqov (bu yerda esa endi Mahmudbek) tomon burilgan Esondol bir necha turkcha laqablarni tilga oldi. Ammo Mahmudbek uzr bildirib, o’z fikrini aytdi:
— Men o’zimga so’y otini Oyqorli deb qo’ysam…
— Xo’sh, Oyqorli nima degani? – so’radi Esondol.
— Men tug’ilib o’sgan yashil ko’rkam qishloq tog’ etagida. Tog’ cho’qqisidagi qor qishin-yozin bir zayl turadi. Balki faqat issiq paytda cho’qqidagi qor bir oz erib hilol (yarim oy) shakliga kiradi. Shu sababli bu tog’ cho’qqisini Oyqorli deyishgan. Ona qishlog’im esdaligi uchun so’y otimni Oyqorli qo’ysam, janoblari munosib ko’rurlar, deb o’ylayman” (229 bet).

O’zini “Oyqorli” – Mirzo Sodiqov – Mahmudbek deb taqdim etgan “sovet razvedkachisi” aslida Bahrom Ibrohimov (“Yo’qsul” taxallusi bilan she’rlar yozib yoki yozdirib yurgan) edi. U Baxmal tumanidagi Oyqorli qishlog’ida tug’ilgan. 1978 yilda Toshkentda vafot etgan, Chig’atoy qabristoniga dafn etilgan. “Oyqorli” oxir-oqibat Mashhadda muftiy Sadriddinxonni zaxarlab o’ldirib, bol`sheviklar topshirig’ini ado etib Toshkentga qaytib keladi va umrining oxirigacha “Vatandosh” radiosida xizmat qiladi. Ishxonada va bo’sh paytlarida Habibulla Qodriy, Bo’tako’z kabi “shubhali” shaxslarni “sirdosh o’rtoq qommunist” qiyofasida muntazam kuzatib yurib, KGB idorasiga axborot berib turgan.

Xullas, Abdulla Rajab Boysun nafaqat o’z hayoti va faoliyati bilan, balki yozib qoldirgan xotira kitobi bilan ham istiqlol uchun, uni ko’z qorachig’idek avaylab-asrash uchun fidokorona kurash olib boradi. Darvoqe, Chapa to’liqsiz maktab muallimasi bo’lmish Munira xonimga Abdulla Rajab 1935 yilda uylanadi. Oilada 1937 yili qiz farzand dunyoga keladi, unga Bediz deb ism qo’yiladi. Bediz keyinchalik iqtisod bo’yicha oliy ma’lumot oladi. Hozir Istanbulda Abdulla Rajabning nevara-chevaralari bor. O’zi esa 1956 yilda vafot etgan. Joylari jannatda bo’lsin. Omin.

Manba: “Surxon yoshlari” gazetasi 28-avgust 2014 yil soni.

022

(Tashriflar: umumiy 932, bugungi 1)

Izoh qoldiring