Azim Suyun. Suygan ko’ngil faryodi va yoki bir do’st yodi & Mahmud Tojiboyev. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.08.04_16h42m38s_002_a.png   Инсон тақдири, хусусан шеър ёзган инсон тақдири қизиқ. Қизиқлиги шундаки, ана шу шеър ёзадиганларнинг айримлари саноқсиз китоблар чиқаради, турли йўллар билан  китобларига мақтов тақризлар ёздиради, машҳур ҳофиз ортидан тавозе билан югуради, аммо, бир донагина шеъри эл оғзига тушмайди, инсон юрагига кирмайди. Бошқа бир шеър ёзган инсон бир донагина китоб ҳам чиқаролмай оламдан ўтади, ёзганлари 12 варақлик юпқагина дафтарларда қолиб кетади, Кўзларига қарай десанг, унинг бир суратини ҳам тополмайсан. Аммо, торгина бир даврада ўқиган шеъри,  мусиқага солиб нола қилган бир шеъри йиллар ўтса-да, тилдан тилган, дилдан дилга ўтиб юраверади. Маҳмуд Тожибоев ана шундай биргина шеъри билан халқ юрагида яшаб келаётган шоирдир (Хуршид Даврон).

Азим СУЮН
СУЙГАН КЎНГИЛ ФАРЁДИ
ВА ЁКИ БИР ДЎСТ ЁДИ

021

Ashampoo_Snap_2017.08.04_16h42m38s_002_y.pngПластинкани қўяман. Оҳиста шикаста кўнгил — ошиқ ноласи — армон қўшиғи теваракни тутади:

Ёр кўкдаги юлдузмидинг, ета олмадим,
Умид узиб сендан йироқ кета олмадим.
Баҳор чоғи бир ёндингу яшин мисол,
Ғафлат босиб, меҳрим изҳор эта олмадим.
Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг,
Қушлар қўшиқ айтармикан, сен айтмасанг.

Нола тобора авжланиб, юракларга бир олис ҳазинлик солиб, куз шамолларига «ўлжа» тушган чорбоғнинг бир четидаги зардолининг қизғиш-сариқ япроғидек титрайди:

Ўзга ёрга, айт, ёр кўнгил берганмидинг,
Мендан ортиқ ундан вафо кўрганмидинг.
Тонг чоғида сочинг тараб кўз ёшимга-ей,
Дил риштасин сочга қўшиб ўрганмидинг.
Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг,
Қушлар қўшиқ айтармикан, сен айтмасанг.

Ошиқ ва маъшуқ! Ошиқ ва маъшуқ ўртасидаги сир муқаддас! Бу муқаддас сир ошкор бўлди — ошиқ ўз дил тафтига чидай олмай сатрларга кўчирган эди — сатрлар — юрак қақнуслари учиб тор симларига қўнди… Тор симлари узилиб кетишдан қўрқиб-қўрқиб бўзлаяпти…

Маҳмуд сени эслаб ҳар кун ёд этади,
Сени эслаб ҳазин кўнглин шод этади.
Севсанг агар деразадан боққил саҳар,
Қалби унинг қушча бўлиб фарёд этади.
Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг,
Қушлар қўшиқ айтармикан, сен айтмасанг.

«Баҳор қайтармикин?..» — бу суйган кўнгил фарёди.

Маромига етказиб куйланган «Баҳор қайтармикин?..» қўшиғи ижрочисини барча яхши билса-да, аммо шеър муаллифи ҳақида жуда кам киши билади. Дарҳақиқат, мен бу қўшиқни ҳар гал эшитганимда беихтиёр талабалик йилларим — Тошкент Давлат Университети журналистика факультетида ўқиб юрган кезларим — «олтин давр»им ёдимга тушади.

Студентлик ҳаётимиз қайнарди! Бир гуруҳ энди бошловчи ёш шоирлар, ёзувчилар: Мурод Муҳаммад Дўст, Абдулла Матёқубов, Шукур Қурбон, Саъдулла Ҳаким, Йўлдош Эшбек, Рустам Ғаниев, Нусрат Карим, Абдулла Турдиев, Бахтиёр Бобоновлар қаерда «адабий давра» бўлса, ўша ерда ҳозиру нозир эдик. Ўзимиз ётоқхоналарда ва ёки бўлмаса бирортамизнинг «кулбаи вайрона»мизга йиғилиб олиб, «қўлбола мушоира» кечалари ўтказар эдик, баъзан тонггача суҳбатлашардик, «ёқавайрон» баҳслар қурардик…

Шундай «Мушоира» кечаларимизнинг бирига кимдир ўрта бўйли, сочлари қалин, тик ўсган, қарашларида қандайдир мунг яширинган йигитни бошлаб келди. «Шоир эмасману шеър ёзаман. Сизларнинг давраларингизга ҳавас қилиб келдим…» деб айтган гаплари ҳамон эсимда. Танишдик. Бу йигит Маҳмуд Тожибоев эди. Маҳмуд Андижон вилоятининг Асакасида 1948 йилда туғилган. ТошДУнинг математика факультетида сабоқ оларди. Хуллас, у барчамизнинг қадрдон дўстимизга, даврамизнинг фаол қатнашчисига айланди.

Маҳмуднинг бир оёғи оқсоқ эди, ҳассага таяниб юрарди. У жуда одамшаванда, дўстларига ўта меҳрибон, ҳеч кимдан холис хизматини аямас эди. Кейин унинг кўп сифатларини «кашф» қилдик. Маҳмуд шеърлар, ҳикоялар машқ қилиши билан бирга яхшигина расм чизарди. Фотограф — суратгир эди. Айниқса, тор чертиб, қўшиқ айтганда барчани «сел» қиларди. У ўзи ёзган қўшиқларга куй ҳам басталарди.

Маҳмуд, чамамда, моддий жиҳатдан жуда қийналиб яшарди. Уйдан ёрдам олмасди… Кейинчалик унга дорилфунун маъмурияти 85-ётоқхонада сартарошхона очиб берди. У бўш вақтларида сартарошлик қилиб, кун кечирарди.

Маҳмуд сўнгги пайтларда давраларга кам қўшиладиган бўлиб қолди. У бир қизни севарди… Биз «ошиқона»ликка йўйдик. Қиз аввалига унга розилик бергандай юрди, лекин кейинчалик Маҳмуднинг ногиронлигидан «ор» қилдими, узил-кесил рад жавобини берди. Маҳмуд унга кўп шеърлар бағишлади, жумладан, «Баҳор қайтармикин?..» шеърини ҳам. Бу шеърига куй ҳам басталади, ўзи бўзлаб куйлади…

Мен, нафақат мен, барча «даврадош»лар бугун Маҳмудни тушунамиз. Бироқ у пайтлар «тушунмас» эдик. Фақат ўқиш, ижод завқ-шавқи билан ёнардик. Дўстларимиз ҳаётида, кўнглида нима гап борлигига кўп ҳам эътибор беравермас эдик. Студентлик «касали» — ҳеч нарсага тан бермаслик, кўр-кўроналик ўй- хаёлларимизни ўз домига тортган эди. Афсус… дўстлар юрагига қулоқ тутиш керак экан, моддий, маънавий, керак бўлса, шахсий ҳаётларига ҳам аралашиш керак экан! Бир тонгда Маҳмуд жасадини сартарошхонасидан топдик. У ўзини осиб қўйган эди.

Ўша пайтда дўстлар Маҳмудни «ожизлик»да, «бардошсизлик»да айбладик. Аммо бугун биз ўзни лоқайдликда, бепарволикда айблаймиз!

Маҳмуд Тожибоевдан «Баҳор қайтармикин?..» қўшиғи ёднома бўлиб қолди. Бу қўшиққа Шерали Жўраев муносиб, маромига етказиб қайта куй басталади, куйлади, Маҳмуд номини эл ичига ёйди. Унинг бу қўшиғини бошқа бир қанча санъаткорлар ҳам ижро этди.

Маҳмуд Тожибоевнинг кўпгина шеърлари, ҳикояла- ри кимда, қаерда, билмадим, аммо унинг бир ён дафтарчасини унинг яқин дўст-укаларидан бири Анвар Саидмуродов яқинда менга олиб келиб берди. Унда йигирмага яқин катта-кичик машқлари бор экан. Улар эндигина бошловчи шоирнинг қаламидан тўкилган сайқалталаб, оҳорталаб, таҳрирталаб силсилалардир… ва лекин ёш юрак ҳарорати бор!

Биз шулардан уч-тўрттасини танлаб, уларни ўз ҳолича ўқувчи ҳукмига ҳавола этиб, «Баҳор қайтармикин?..» муаллифини — орамиздан бевақт кетган чин инсонни бир бор ёд этиб, руҳини шод этишни жоиз деб топдик.

…Мақолани тугатиб, кўча сайрига отланаман. Баҳор! Баҳор! Гўзал пойтахтимизга ҳам баҳор ўз тароватини ёйди, хушбўй насимларини таратди. Юнусобод томонларда — ариқлар ёқасида ялпизлар-ҳулволар бўй кўрсатди, олчалар, ўриклар қийғос гуллади, толлар «яшил тил»ларини чиқарди…

Ё фалак! Тасодифми… бир тўда ёшлар қўлидаги магнитафонида «Баҳор қайтармикин?..» қўшиғи — мунаввар андуҳ-армон қўшиғи юракларни зириллатиб, ўқ еган қийғирдек чарх урарди:

Яна баҳор қайтармикин, сен қайтмасанг,
Қушлар қўшиқ айтармикин, сен айтмасанг…

«Баҳор қайтармикин?..» — шивирлайман ўзимга ўзим. Лекин жавобини ўйламайман… қўшиққа кўнгил тутаман.

1987

Маҳмуд ТОЖИБОЕВ
ШЕЪРЛАР
021

ЖИЛҒА

Сенга ачинаман, эй шошқин жилға,
Орқангга қайрилиб сира боқмайсан.
Эҳтимол, шу сабаб умринг борича
Эгри йўл босасан, тўғри оқмайсан!

1972

ИШҚҚА ТЎЛА ЮРАК

Ишққа тўла юрак,
муштдек бўлса ҳам,
Буюк бир вулқондек,
қайнаб тураркан.
Таажжуб, шу қайноқ
вулқонни ҳар дам
Инсон ўз кўксида
олиб юраркан…

1972

ЎТИНЧ
…га

Кўзларимга тўлмай аччиқ ёш,
Тўлиб турсин энди нигоҳинг.
Ботса ҳамки мен севган қуёш,
Зора қувса дилимдан оҳинг.

«Бахтим» дея асрар эдим мен,
«Чил-чил» қилди тақдир деган тош.
О, шум ҳаёт чангалида сен
Янчилмайсан нега, қаттиқ бош?!

Ёшларимга қоришиб ўйлар
Тўкилмоқда оппоқ қоғозга.
Қани энди у қувноқ куйлар,
Қалбим ўхшар йиглоқи созга.

Дўстларимнинг кўзига бадбахт
Кўзи билан боқмас эдим-ку.
Сира бахтсиз, қуриган дарахт
Ёнида ўт ёқмас эдим-ку.

Наҳот, бу тонг орзуларим туш —
Бир сесканиб кўзимни очсам.
Наҳот, кетди бошимдаги ҳуш,
Бу қисматдан қаерга қочсам…

Майли, бахтли бўлақол ўзинг,
Бахтим бўлса қўшқўллаб тутай.
Эшитсам, бас, севимли сўзинг,
Севгим асраб умрбод ўтай…

Ўтинчим шу, тўлдирмасдан ёш
Кўзларимга тўлдир нигоҳинг.
Ботса ҳамки мен кўрган қуёш,
Зарра сенинг эшитмай оҳинг!

1972

ФАРД

Баъзилар бор эгилганнинг юзига тупуради,
Улар кўпроқ кеккайганнинг йўлини супуради!

1972

ЯНА БАҲОР ҚАЙТАРМИКАН…

Ёр кўкдаги юлдузмидинг, ета олмадим,
Умид узиб сендан йироқ кета олмадим.
Баҳор чоғи бир ёндингу яшин мисол,
Ғафлат босиб, меҳрим изҳор эта олмадим.
Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг,
Қушлар қўшиқ айтармикан, сен айтмасанг.

Ўзга ёрга, айт, ёр кўнгил берганмидинг,
Мендан ортиқ ундан вафо кўрганмидинг.
Тонг чоғида сочинг тараб кўз ёшимга-ей,
Дил риштасин сочга қўшиб ўрганмидинг.
Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг,
Қушлар қўшиқ айтармикан, сен айтмасанг.

Маҳмуд сени эслаб ҳар кун ёд этади,
Сени эслаб ҳазин кўнглин шод этади.
Севсанг агар деразадан боққил саҳар,
Қалби унинг қушча бўлиб фарёд этади.
Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг,
Қушлар қўшиқ айтармикан, сен айтмасанг.

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1987 йил 15 май.


Inson taqdiri, xususan she’r yozgan inson taqdiri qiziq. Qiziqligi shundaki, ana shu she’r yozadiganlarning ayrimlari sanoqsiz kitoblar chiqaradi, turli yo‘llar bilan kitoblariga maqtov taqrizlar yozdiradi, mashhur hofiz ortidan tavoze bilan yuguradi, ammo, bir donagina she’ri el og‘ziga tushmaydi, inson yuragiga kirmaydi. Boshqa bir she’r yozgan inson bir donagina kitob ham chiqarolmay olamdan o‘tadi, yozganlari 12 varaqlik yupqagina daftarlarda qolib ketadi, Ko‘zlariga qaray desang, uning bir suratini ham topolmaysan. Ammo, torgina bir davrada o‘qigan she’ri, musiqaga solib nola qilgan bir she’ri yillar o‘tsa-da, tildan tilgan, dildan dilga o‘tib yuraveradi. Mahmud Tojiboyev ana shunday birgina she’ri bilan xalq yuragida yashab kelayotgan shoirdir

Xurshid Davron

Azim SUYUN
SUYGAN KO‘NGIL FARYODI
VA YOKI BIR DO‘ST YODI

021

Ashampoo_Snap_2017.08.04_16h42m38s_002_y.pngPlastinkani qo‘yaman. Ohista shikasta ko‘ngil — oshiq nolasi — armon qo‘shig‘i tevarakni tutadi:

Yor ko‘kdagi yulduzmiding, yeta olmadim,
Umid uzib sendan yiroq keta olmadim.
Bahor chog‘i bir yondingu yashin misol,
G‘aflat bosib, mehrim izhor eta olmadim.
Yana bahor qaytarmikan, sen qaytmasang,
Qushlar qo‘shiq aytarmikan, sen aytmasang.

Nola tobora avjlanib, yuraklarga bir olis hazinlik solib, kuz shamollariga «o‘lja» tushgan chorbog‘ning bir chetidagi zardolining qizg‘ish-sariq yaprog‘idek titraydi:

O‘zga yorga, ayt, yor ko‘ngil berganmiding,
Mendan ortiq undan vafo ko‘rganmiding.
Tong chog‘ida soching tarab ko‘z yoshimga-ey,
Dil rishtasin sochga qo‘shib o‘rganmiding.
Yana bahor qaytarmikan, sen qaytmasang,
Qushlar qo‘shiq aytarmikan, sen aytmasang.

Oshiq va ma’shuq! Oshiq va ma’shuq o‘rtasidagi sir muqaddas! Bu muqaddas sir oshkor bo‘ldi — oshiq o‘z dil taftiga chiday olmay satrlarga ko‘chirgan edi — satrlar — yurak qaqnuslari uchib tor simlariga qo‘ndi… Tor simlari uzilib ketishdan qo‘rqib-qo‘rqib bo‘zlayapti…

Mahmud seni eslab har kun yod etadi,
Seni eslab hazin ko‘nglin shod etadi.
Sevsang agar derazadan boqqil sahar,
Qalbi uning qushcha bo‘lib faryod etadi.
Yana bahor qaytarmikan, sen qaytmasang,
Qushlar qo‘shiq aytarmikan, sen aytmasang.

«Bahor qaytarmikin?..» — bu suygan ko‘ngil faryodi.

Maromiga yetkazib kuylangan «Bahor qaytarmi- kin?..» qo‘shig‘i ijrochisini barcha yaxshi bilsa-da, ammo she’r muallifi haqida juda kam kishi biladi. Darhaqiqat, men bu qo‘shiqni har gal eshitganimda beixtiyor talabalik yillarim — Toshkent Davlat Universiteti jurnalistika fakultetida o‘qib yurgan kezlarim — «oltin davr»im yodimga tushadi.

Studentlik hayotimiz qaynardi! Bir guruh endi boshlovchi yosh shoirlar, yozuvchilar: Murod Muhammad Do‘st, Abdulla Matyoqubov, Shukur Qurbon, Sa’dulla Hakim, Yo‘ldosh Eshbek, Rustam G‘aniyev, Nusrat Karim, Abdulla Turdiyev, Baxtiyor Bobonovlar qayerda «adabiy davra» bo‘lsa, o‘sha yerda hoziru nozir edik. O‘zimiz yotoqxonalarda va yoki bo‘lmasa birortamizning «kulbai vayrona»mizga yig‘ilib olib, «qo‘lbola mushoira» kechalari o‘tkazar edik, ba’zan tonggacha suhbatlashardik, «yoqavayron» bahslar qurardik…

Shunday «Mushoira» kechalarimizning biriga kimdir o‘rta bo‘yli, sochlari qalin, tik o‘sgan, qarashlarida qandaydir mung yashiringan yigitni boshlab keldi. «Shoir emasmanu she’r yozaman. Sizlarning davralaringizga havas qilib keldim…» deb aytgan gaplari hamon esimda. Tanishdik. Bu yigit Mahmud Tojiboyev edi. Mahmud Andijon viloyatining Asakasida 1948 yilda tug‘ilgan. ToshDUning matematika fakultetida saboq olardi. Xullas, u barchamizning qadrdon do‘stimizga, davramizning faol qatnashchisiga aylandi.

Mahmudning bir oyog‘i oqsoq edi, hassaga tayanib yurardi. U juda odamshavanda, do‘stlariga o‘ta mehribon, hech kimdan xolis xizmatini ayamas edi. Keyin uning ko‘p sifatlarini «kashf» qildik. Mahmud she’rlar, hikoyalar mashq qilishi bilan birga yaxshigina rasm chizardi. Fotograf — suratgir edi. Ayniqsa, tor chertib, qo‘shiq aytganda barchani «sel» qilardi. U o‘zi yozgan qo‘shiqlarga kuy ham bastalardi.

Mahmud, chamamda, moddiy jihatdan juda qiynalib yashardi. Uydan yordam olmasdi… Keyinchalik unga dorilfunun ma’muriyati 85-yotoqxonada sartaroshxona ochib berdi. U bo‘sh vaqtlarida sartaroshlik qilib, kun kechirardi.

Mahmud so‘nggi paytlarda davralarga kam qo‘shiladigan bo‘lib qoldi. U bir qizni sevardi… Biz «oshiqona»likka yo‘ydik. Qiz avvaliga unga rozilik berganday yurdi, lekin keyinchalik Mahmudning nogironligidan «or» qildimi, uzil-kesil rad javobini berdi. Mahmud unga ko‘p she’rlar bag‘ishladi, jumladan, «Bahor qaytarmikin?..» she’rini ham. Bu she’riga kuy ham bastaladi, o‘zi bo‘zlab kuyladi…

Men, nafaqat men, barcha «davradosh»lar bugun Mahmudni tushunamiz. Biroq u paytlar «tushunmas» edik. Faqat o‘qish, ijod zavq-shavqi bilan yonardik. Do‘stlarimiz hayotida, ko‘nglida nima gap borligiga ko‘p ham e’tibor beravermas edik. Studentlik «kasali» — hech narsaga tan bermaslik, ko‘r-ko‘ronalik o‘y- xayollarimizni o‘z domiga tortgan edi. Afsus… do‘stlar yuragiga quloq tutish kerak ekan, moddiy, ma’naviy, kerak bo‘lsa, shaxsiy hayotlariga ham aralashish kerak ekan! Bir tongda Mahmud jasadini sartaroshxonasidan topdik. U o‘zini osib qo‘ygan edi.

O‘sha paytda do‘stlar Mahmudni «ojizlik»da, «bardoshsizlik»da aybladik. Ammo bugun biz o‘zni loqaydlikda, beparvolikda ayblaymiz!

Mahmud Tojiboyevdan «Bahor qaytarmikin?..» qo‘shig‘i yodnoma bo‘lib qoldi. Bu qo‘shiqqa Sherali Jo‘rayev munosib, maromiga yetkazib qayta kuy bastaladi, kuyladi, Mahmud nomini el ichiga yoydi. Uning bu qo‘shig‘ini boshqa bir qancha san’atkorlar ham ijro etdi.

Mahmud Tojiboyevning ko‘pgina she’rlari, hikoyala- ri kimda, qayerda, bilmadim, ammo uning bir yon daftarchasini uning yaqin do‘st-ukalaridan biri Anvar Saidmurodov yaqinda menga olib kelib berdi. Unda yigirmaga yaqin katta-kichik mashqlari bor ekan. Ular endigina boshlovchi shoirning qalamidan to‘kilgan sayqaltalab, ohortalab, tahrirtalab silsilalardir… va lekin yosh yurak harorati bor!

Biz shulardan uch-to‘rttasini tanlab, ularni o‘z holicha o‘quvchi hukmiga havola etib, «Bahor qaytarmikin?..» muallifini — oramizdan bevaqt ketgan chin insonni bir bor yod etib, ruhini shod etishni joiz deb topdik.

…Maqolani tugatib, ko‘cha sayriga otlanaman. Bahor! Bahor! Go‘zal poytaxtimizga ham bahor o‘z tarovatini yoydi, xushbo‘y nasimlarini taratdi. Yunusobod tomonlarda — ariqlar yoqasida yalpizlar-hulvolar bo‘y ko‘rsatdi, olchalar, o‘riklar qiyg‘os gulladi, tollar «yashil til»larini chiqardi…

Yo falak! Tasodifmi… bir to‘da yoshlar qo‘lidagi magnitafonida «Bahor qaytarmikin?..» qo‘shig‘i — munavvar anduh-armon qo‘shig‘i yuraklarni zirillatib, o‘q yegan qiyg‘irdek charx urardi:

Yana bahor qaytarmikin, sen qaytmasang,
Qushlar qo‘shiq aytarmikin, sen aytmasang…

«Bahor qaytarmikin?..» — shivirlayman o‘zimga o‘zim. Lekin javobini o‘ylamayman… qo‘shiqqa ko‘ngil tutaman.

1987

Mahmud TOJIBOYEV
SHE’RLAR
021

JILG‘A

Senga achinaman, ey shoshqin jilg‘a,
Orqangga qayrilib sira boqmaysan.
Ehtimol, shu sabab umring boricha
Egri yo‘l bosasan, to‘g‘ri oqmaysan!

1972

ISHQQA TO‘LA YURAK

Ishqqa to‘la yurak,
mushtdek bo‘lsa ham,
Buyuk bir vulqondek,
qaynab turarkan.
Taajjub, shu qaynoq
vulqonni har dam
Inson o‘z ko‘ksida
olib yurarkan…

1972

O‘TINCH
…ga

Ko‘zlarimga to‘lmay achchiq yosh,
To‘lib tursin endi nigohing.
Botsa hamki men sevgan quyosh,
Zora quvsa dilimdan ohing.

«Baxtim» deya asrar edim men,
«Chil-chil» qildi taqdir degan tosh.
O, shum hayot changalida sen
Yanchilmaysan nega, qattiq bosh?!

Yoshlarimga qorishib o‘ylar
To‘kilmoqda oppoq qog‘ozga.
Qani endi u quvnoq kuylar,
Qalbim o‘xshar yigloqi sozga.

Do‘stlarimning ko‘ziga badbaxt
Ko‘zi bilan boqmas edim-ku.
Sira baxtsiz, qurigan daraxt
Yonida o‘t yoqmas edim-ku.

Nahot, bu tong orzularim tush —
Bir seskanib ko‘zimni ochsam.
Nahot, ketdi boshimdagi hush,
Bu qismatdan qayerga qochsam…

Mayli, baxtli bo‘laqol o‘zing,
Baxtim bo‘lsa qo‘shqo‘llab tutay.
Eshitsam, bas, sevimli so‘zing,
Sevgim asrab umrbod o‘tay…

O‘tinchim shu, to‘ldirmasdan yosh
Ko‘zlarimga to‘ldir nigohing.
Botsa hamki men ko‘rgan quyosh,
Zarra sening eshitmay ohing!

1972

FARD

Ba’zilar bor egilganning yuziga tupuradi,
Ular ko‘proq kekkayganning yo‘lini supuradi!

1972

YANA BAHOR QAYTARMIKAN…

Yor ko‘kdagi yulduzmiding, yeta olmadim,
Umid uzib sendan yiroq keta olmadim.
Bahor chog‘i bir yondingu yashin misol,
G‘aflat bosib, mehrim izhor eta olmadim.
Yana bahor qaytarmikan, sen qaytmasang,
Qushlar qo‘shiq aytarmikan, sen aytmasang.

O‘zga yorga, ayt, yor ko‘ngil berganmiding,
Mendan ortiq undan vafo ko‘rganmiding.
Tong chog‘ida soching tarab ko‘z yoshimga-ey,
Dil rishtasin sochga qo‘shib o‘rganmiding.
Yana bahor qaytarmikan, sen qaytmasang,
Qushlar qo‘shiq aytarmikan, sen aytmasang.

Mahmud seni eslab har kun yod etadi,
Seni eslab hazin ko‘nglin shod etadi.
Sevsang agar derazadan boqqil sahar,
Qalbi uning qushcha bo‘lib faryod etadi.
Yana bahor qaytarmikan, sen qaytmasang,
Qushlar qo‘shiq aytarmikan, sen aytmasang.

Manba: «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati», 1987 yil 15 may.

019

(Tashriflar: umumiy 1 657, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ассалому алайкум. Ёшим 61да. Яна бахор кайтармикан ашуласини Ш. Жураев 1979 ёки1980йили эрта бахорда айтган эди. Откритка устига клеёнка ёпиштирилиб звукозаписда ёзилган пластинкани хозиргача с аклайман. Тез тез эшитиб тураман, чунки бу кушик бегубор ёшликни, соф севгини, «олтин даврим» ни эсга солади. Баъзида кузларимга ёш келади. Хакикатдан зур кушик. Сабабини бугун билдим, шъерни эгаси чин дилдан севган ва севги оловида куйиб кул булган инсон экан. Махмуджон Тожибоев кисмати хакида шу кушикни комментариясида кимдир ёзган экан. Бугун Шер акани Ёр-ёр ашуласини ютубдан эшитаётсам диктор Махмуджон Тожибоев шъери деб колди. Googleдан излаб Азим Суюннинг маколаси
    дан шоирнинг такдири билан танишдим. Аллохим Махмуджон акани рахматига олсин, жойларини жаннатларда килсин ва иккала ашулани меъёридан утказиб ижро этган буюк хофиз Шерали хожи Жураевни умрига, ризкига, ижодига барака берсин. Шу маълумотларни бизларга етказган Азим Суюнни Аллох панохида сакласин. Салом билан Уш шахри(Киргизистон) дан.

  2. Zakirjon, juda dogry aydyañ. Kone aydymlary diñleseñ gozleriñe yash gelyar. Menem 64-yashymda. Yashlyk dowrumiz altyn dowurdi. Ony yada salyan zatlaram bize eziz. Kone ashulalari eshitseñ gownuñ josha gelyar. Wax, ol zamanlar. Bari tuyshde korungenday bolup ketdi.

Izoh qoldiring