Rasul Hamzatov. Mening Dog’istonim & Kitobdan ostiga chizilgan fikrlar

05Атоқли шоир Расул Ҳамзатов таваллудининг 101 йиллигига бағишланади

   Тоғликларда шундай одат бор: меҳмонга уйингдаги бирор нарса ёқиб қолиб, уни мақтагудай бўлса, ачинсанг ҳам совға қилишинг керак… Бир вақтда Қўмиқдан меҳмон келиб, уйдаги бор нарсани мақташга тушибди. Унга мақтаган ҳамма нарсасини беришибди. Лекин уни кузатаётганда этигига ёпишган тупроқни сидириб олишди…

Расул Ҳамзатов
«МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ» КИТОБИДАН
ОСТИГАГА ЧИЗИЛГАН ФИКРЛАР

022

«Агар менинг китобимда маъқул фикрни кўрсанг, тагига чизиб қўй…». Бу сатрларни мен сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган, бир китобхон сифатида ўзим чексиз меҳр қўйиб қолган асардан олдим. Кўпчиликда бўлгани сингари азалдан китобларни «чизиб» ўқийдиган одатим бор эди. Аммо… Китобни менга берган ҳамкасбимдан уялиб ўтирибман – унинг деярли ҳар бир саҳифаси чизиқларга, «птичка»ларга тўлиб кетди… Китобни варақлар экансиз, ҳайратдан бошингиз айланади: одам зоти туғилиб ўсган тошлоқ заминини шунчалар севиши мумкинми? Шунча МЕҲР муштдек юракка қандай жо бўлди экан? Меҳрки, айримлар кўникиб қолган баландпарвозлигу сохта ватанпарварликдан миллион чақирим йироқ. Меҳрки, тоғ чашмаси сувидек тоза ва тиниқ… Меҳрки, мутолаадан сўнг беихтиёр томир-томирларингизда оқа бошлайди, юрак-юрагингизга, ҳар бир ҳужайрангизга сингиб кетади.
Авар халқининг машҳур шоири Расул Ҳамзатов (1923-2003)нинг «Менинг Доғистоним» асари Ватан туйғуси, миллат равнақи, тил маданияти, урф-одатлар давомийлиги, ҳикмат-ривоятлар боқийлиги ва соф муҳаббат ҳақидаги энг ибратли китоблардан биридир. Асар 1970 йилда ёзиб тугалланган. «Менинг Доғистоним»га ўхшаш асарлар ёзишга уринишлар ҳам кўп бўлди, — деб ёзади Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов асарнинг Асрор Мўмин томонидан ўгирилган таржимасига ёзган сўзбошисида. — Бироқ от аллақачон минилган эди. Чавандози эса Расул Ҳамзатов эканини ҳамма биларди». Бу ноёб дурдонадан Сизга қуйидаги дурларни илиндик.

022

03изнинг тоғликларда шундай одат бор – чавандоз ўз уйининг остонасида отига сакраб минмайди. Аста отини етаклаб овулдан чиқади. Эҳтимол бу ҳеч нарсани ёддан чиқариб қолдириб кетмаётганини эслаши ва йўлда нималар кутаётганини хаёлдан ўтказиши учун керакдир?!

***

Одам тилга кириши учун икки йил кифоя, лекин тилини тийиб туришни ўрганиши учун олтмиш йил керак бўлади.

***

Тоғликларнинг уйига меҳмонлар кутилмаганда келишади. Лекин улар тоғликлар учун ҳеч қачон кутилмаган меҳмон эмас. Чунки биз тоғликлар меҳмон келишини ҳар доим, ҳар кун, ҳар соатда, ҳар дақиқада кутиб яшаймиз.

***

Нуфузли журналнинг ҳурматли бош муҳаррири! …Мен сиз кутгандай ўз Доғистонимни 9-10 саҳифа қоғозга ўрай олмайман. Узр, Доғистоннинг бугунги куни, илғор тажрибаси ва эришган муваффақиятлари», «оддий меҳнаткашларнинг кундалик ташвишлари, меҳнат қаҳрамонликлари ва орзу-ниятлари», «тоғли ўлка ва унинг асрлардан ўтган анъаналари», «ажойиб бугуни ва порлоқ эртаси» тўғрисида ёзиш ҳазилакам иш эмас.
Ручкамнинг кичкинагина пероси бундай улкан юкни кўтариши қийин. Сиёҳнинг кичкинагина томчиси тоғдан шарқираб оқаётган жилғаларнинг, саркаш дарёларнинг туғёнини, олам тақдирини, ҳатто биргина одам тақдирини ўзида жамлаши мушкул.

***

…биз шоирлар бутун дунёга жавобгармиз, аммо ўз тоғликлари ҳақида гапира олмаган одам бутун дунё номидан гапира оладими? Назаримда у ўзи туғилган юртдан кетиб ўзга мамлакатда уйланган ва қайнонасини она деган одамга ўхшайди. Тўғри, ҳамма қайнонасини ҳурмат қилиши керак, лекин барибир она она-да!

***

Улар биз ҳақимизда қаёқдан ҳам биларди, агар биз ўзимизни тўла билмаган билсак. Биз миллион кишимиз. Доғистоннинг тошлоқ тоғлари орасидамиз. Миллион киши ва қирқдан зиёд тил…

***

Тўғри, барча доғистонликлар учун Доғистон битта, ягона. Лекин ҳар бир доғистонликнинг қалбида ўз Доғистони бор.

***

Мен авар шоириман. Лекин қалбан нафақат Аваристонга, Доғистонга, улкан мамлакатга, балки бутун сайёрага, ХХ асрга жавобгар эканимни ҳис қиламан. Бундан бошқача яшашим мумкин эмас.

***

Эҳтимол, келажакда доғистонлик фольклоршунослардан бири қарғишларни ҳам ўрганар, уларни тўплаб, китоб ҳолига келтирар, ўшанда одамлар сўзга топқирлик меъёрини, нозик фаҳмлилик чегарасини, қанчалик хаёлга эрк бериш мумкинлигини, тоғликлар сўзида ифодалаш кўламининг кенглигини билиб олишарди.

***

…Онасининг уйига тўпланган қариндошлари ўз Ватанини ташлаб кетиб, уни ўзга ерларга алмашган ўғил ҳақидаги ҳикояни ғамгин тинглашди. Улар адашган ўғилни кечиргандай бўлишди, тирик эканидан суюнишди. Шунда бирдан онаси сўраб қолди:
— Сизлар аварча сўзлашдингларми?
— Йўқ, биз таржимон ёрдамида гаплашдик. Мен русча гапирдим, у французча.
Она юзига қора чодрасини туширди, бизда оналар ўз ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилишади…

***

Тоғликлардан сўрашди: нега сизлар тоғларнинг бориб бўлмайдиган жойларида уйларингизни қурасизлар?.. Тоғликлар жавоб беришди: «Яхши дўстлар писанд қилмасдан ёмон сўқмоқлардан ҳам ўтиб келишади, ёмон кишиларнинг эса бизга кераги йўқ».

***

Мен Доғистоннинг энг баланд чўққисига кўтарилдим ва теварак-атрофга назар ташладим. Сўқмоқлар ҳар тарафга таралган, қайдандир қўнғироқ овози эшитилади, ҳар-ҳар жойда гулханлар ёқилган, тутун кўкка ўрлаяпти.
Оёғинг қадрдон замин устида турганда дунёга қараш қандай яхши!

***

Тоғликларда шундай одат бор: меҳмонга уйингдаги бирор нарса ёқиб қолиб, уни мақтагудай бўлса, ачинсанг ҳам совға қилишинг керак…
Бир вақтда Қўмиқдан меҳмон келиб, уйдаги бор нарсани мақташга тушибди. Унга мақтаган ҳамма нарсасини беришибди. Лекин уни кузатаётганда этигига ёпишган тупроқни сидириб олишди…

***

Жимжилоқ кичкина бўлгани билан усиз улкан муштни қаттиқ тугиш мумкин эмас.

* * *

Ҳар бир одам болалигидан ўз халқининг вакили бўлиш учун дунёга келганини билиши ва шу шарафли вазифани зиммага олишга ўзини тайёрлаши керак.

* * *

Ҳеч бир ёзувчи фақат ўз миллати қувонч-ташвишлари билан чегараланиб қола олмайди. Унинг қалбини ҳамиша умуминсоний қувонч-ташвишлар ҳам безовта қилади.

* * *

Айримлар ўйлайдики, катта мавзуларга қўл урсам бас, дарҳол буюк бўламан, деб. Аммо буюкликнинг замини оддийликда. Ахир, бир томчи ёмғирда бутун бир селнинг кучи бор.

* * *

Ўткир фикрни жўн ифода этиш, қўзичоқни оч бўрига рўпара қилишдай бир гап.

* * *

Тилни ўрганмасдан шеър ёзишга уринган одам сузишни билмасдан ўзини саркаш дарёга ташлаган телбага ўхшайди.

* * *

Бировнинг отини қанча минма, барибир эгардан тушиб отни эгасига қайтарасан.

* * *

Оилада севги қанча кучли бўлса, соғлом бола туғилиш эҳтимоли шунча кўп.

* * *

Ўтмишга тўппончадан ўқ узсанг, келажак сени тўпга тутади.

* * *

Бургут товуқлар орасида бемалол юраверса, у бургут эмас.

* * *

Яхши иш қилмаган бўлсанг ҳам — яхшилик қилиш ниятинг бўлгани учун ташаккур!

* * *

Ёғочдан қилинган пичоқ қанча чиройли бўлмасин, жўжани ҳам сўя олмайсан.

* * *

Онам бешигимни тебратиб айтган алла қулоғим тагида жарангламаган бирон кун, бирон дақиқа бўлмаган, десам, муболаға эмас. Бу алла менинг барча қўшиқларимни аллалаб улғайтирди.

* * *

Баъзан одамлар миясида фикр бўлгани учун эмас, тилининг учи қичиб тургани учун гапиришади.

* * *

Тоғлик она ҳеч қачон қоидаси бузилган шеърни жигарбандига ўқимайди.

* * *

Одамларнинг тиллари ҳар хил бўлиши мумкин, лекин юраклари бир хил тепса бас.

* * *

Биз Ватанни танламаймиз, чунки Ватан бизни аллақачон танлаб бўлган.

* * *

Ўзга мамлакатлар, ўзга халқлар ҳақида ёзган яхши, агар сен ўзлигингни топиб олган бўлсанг.

* * *

Қўшиқ айтишни ўз уйингда ўрганмаган бўлсанг, уйингдан узоқда қандай ўрганасан?

* * *

Керакли нарсани умринг бўйи изласанг ҳам омад кулган лаҳзадагина топасан.

* * *

Ёзувчи бирор мавзунинг бошини тутар экан, фақат юрак амрига қулоқ солиши лозим.

* * *

Доғистон — менинг муҳаббатим, менинг келажагим, менинг тавбам, менинг ибодатим! Доғистон — ҳаётимнинг мазмуни, барча шеърларимнинг бош мавзуси.

* * *

Албатта, қушлар сайраб туриши керак, лекин уларнинг асосий вазифаси уя қуриш, овқат топиш, полапонларини боқишдир.

* * *

Нафосат, яхшилик, раҳмдиллик, муҳаббат, гўзаллик, ватанпарварлик, ифтихор, нафрат каби тушунчалар туфайли шеърият пайдо бўлганидай, бу тушунчалар шеърият туфайли улуғвор. Улар шеъриятсиз, шеърият уларсиз мавжуд эмас.

* * *

Ким жангга кираётган вақтда оқибатини ўйласа, ботирлик кўрсата олмайди.

* * *

Шеърият ва сафсатабозлик бошқа-бошқа нарса.

* * *

Китобим, сен тантанали қабул маросимларидаги кишиларга ўхшама. Сенда таомилдаги сўзлар эмас, майли, фақат менинг феъл-атворимга хос сўзлар бўлсин.

* * *

Она юртни севиш роҳати, она юртни куйлаб завқланиш роҳати Ҳамзат Садаса ҳаётининг мазмуни эди.

* * *

Ҳамзат Садаса оддий меҳнаткаш эди, қалбида авар халқининг шаъни ва қадриятлари яшарди. У шу фазилатларни пок сақлашни шараф деб билди.

* * *

Шоир — ўз шеърларининг уйи, шоир юраги — шеърият истироҳат қиладиган жой. Умримнинг яхши ва ёмон кунларида ҳам улар менда яшайди. Мен қайда яшайман, бу улар учун муҳим эмас.

* * *

Қаср ҳеч қачон товуқхонани, товуқхона эса ҳеч қачон қасрни эсга солмаслиги керак.

* * *

Дунёда бир-бирига ўхшаш иккита истеъдод бўлмайди, агар бир-бирига ўхшаса истеъдод аталмайди.

* * *

Уруш ҳеч қачон дунёда одамлар сонини кўпайтирмайди, лекин у ердаги қаҳрамонлар сонини оширади.

* * *

Орзулар одамзод умр риштаси узиладиган чегарадан ҳам ўтиб кетади ва асрлар оша учаверади.

* * *

Скрипкани созлаш билан иш битмайди, унда куй чала олиш керак.

* * *

Агар қоғозга ёзилган ҳар бир нарса қўшиққа айланаверганда, одамлар аллақачон оддий сўзларда суҳбатлашишмасди, бир-бирига қараб қўшиқ айтишарди.

* * *

Шалдираган жилға денгизга, ялқов Маккага етиб бормайди.

* * *

Бургут шамолга қарши учади, балиқ оқимга қарши сузади. Шоир ҳам хоҳ қувончли, хоҳ ғамли бўлсин, уйғонган туйғулари асосида шеър ёзади.

* * *

Ёлғон ҳар доим ёлғон, ҳақиқат ҳар доим ҳақиқат. Улар ҳеч қачон арзимас ва улканга ажратилмайди.

* * *

Ёдингда тут, дунёда сенинг овулингдан бошқа жойлар ҳам бор, унутма дунёда сендан бошқа одамлар ҳам яшайди.

* * *

Фақат шоиргина ҳаётни шундай тасвирлай оладики, шеърхонлар уларни ўқиганда ўзлари илгари эътибор бермаган нарсаларни кўради, ёвузликка қарши турган дунё гўзаллигидан, инсон қалби гўзаллигидан ҳайратга тушади.

* * *

Тил халққа бир умрга берилади, уни ўзгартириб ҳам, йўқотиб ҳам бўлмайди.

* * *

Кичкина калит билан катта сандиқларни очиш мумкин.

* * *

Бола туғилаётганда ўзига Ватан танламайди — пешонасига ёзилган жойда дунёга келади.

* * *

Кичкина оғиз ҳам катта гапларни сўзлаши мумкин.

* * *

Уйингни сот, далангни сот, мол-мулкингдан айрил, лекин кимлигингни унутма, одамгарчиликдан чиқма.

* * *

Тошни қушга ур, қуш ўлади, қушни тошга ур, қуш ўлади.

* * *

Одам — фақат атама эмас, — унвон, унвон бўлганда ҳам, жуда юксак унвон. Бу юксак унвонга муносиб бўлиш учун бир умр интилиш керак.

* * *

Номдан улуғ, ҳаётдан азиз нарса йўқ. Уларни қадрла!

* * *

Савол — ниманидир кўзлаб отилган ўқ. Жавоб — нишонга теккан ўқ.

* * *

О, она тилида ўйлаётган ва куйлаётган одамлар! Сизга ҳам ташаккур!

* * *

Ҳамиша оналар гўзал, оналар айтган қўшиқлар гўзал.

* * *

Агар беланчаклар узра аллалар айтилмаганда, эҳтимол, дунёда бошқа қўшиқлар яратилмасди.

* * *

Оналар — дунёнинг энг биринчи шоирлари!

* * *

Оналар алласи — одамзод яратган қўшиқларнинг ибтидоси.

* * *

Қўшиқ юракда яралади, юрак уни тилга беради, тил эса одамларнинг юрагига етказади, одамларнинг юракларида асрлардан асрларга ўтади.

* * *

Шеър шундай бўлиши керакки, уни ҳеч тортинмай онангга, қизингга, синглингга ўқий олгин.

* * *

Марднинг бошига қандай синов тушмасин, у шикоят қилишга, ё кўз ёш тўкишга ҳаққи йўқ.

* * *

Ўзинг билган нарсалар ҳақида ёз. Билмаган нарсаларингни бошқа китоблардан ўқи.

Нуриддин Эгамов тайёрлаган

012 Sahifa atoqli shoir Rasul Hamzatov tavalludining 100 yilligiga bag’ishlanadi

…biz shoirlar butun dunyoga javobgarmiz, ammo o’z tog’liklari haqida gapira olmagan odam butun dunyo nomidan gapira oladimi? Nazarimda u o’zi tug’ilgan yurtdan ketib o’zga mamlakatda uylangan va qaynonasini ona degan odamga o’xshaydi. To’g’ri, hamma qaynonasini hurmat qilishi kerak, lekin baribir ona ona-da!

Rasul Hamzatov
«MENING DOG’ISTONIM» KITOBIDAN
OSTIGA CHIZILGAN FIKRLAR

022

011«Agar mening kitobimda ma’qul fikrni ko’rsang, tagiga chizib qo’y…». Bu satrlarni men sizga hikoya qilmoqchi bo’lgan, bir kitobxon sifatida o’zim cheksiz mehr qo’yib qolgan asardan oldim. Ko’pchilikda bo’lgani singari azaldan kitoblarni «chizib» o’qiydigan odatim bor edi. Ammo… Kitobni menga bergan hamkasbimdan uyalib o’tiribman – uning deyarli har bir sahifasi chiziqlarga, «ptichka»larga to’lib ketdi… Kitobni varaqlar ekansiz, hayratdan boshingiz aylanadi: odam zoti tug’ilib o’sgan toshloq zaminini shunchalar sevishi mumkinmi? Shuncha MEHR mushtdek yurakka qanday jo bo’ldi ekan? Mehrki, ayrimlar ko’nikib qolgan balandparvozligu soxta vatanparvarlikdan million chaqirim yiroq. Mehrki, tog’ chashmasi suvidek toza va tiniq… Mehrki, mutolaadan so’ng beixtiyor tomir-tomirlaringizda oqa boshlaydi, yurak-yuragingizga, har bir hujayrangizga singib ketadi.
Avar xalqining mashhur shoiri Rasul Hamzatov (1923-2003)ning «Mening Dog’istonim» asari Vatan tuyg’usi, millat ravnaqi, til madaniyati, urf-odatlar davomiyligi, hikmat-rivoyatlar boqiyligi va sof muhabbat haqidagi eng ibratli kitoblardan biridir. Asar 1970 yilda yozib tugallangan. «Mening Dog’istonim»ga o’xshash asarlar yozishga urinishlar ham ko’p bo’ldi, — deb yozadi O’zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri Abdulla Oripov asarning Asror Mo’min tomonidan o’girilgan tarjimasiga yozgan so’zboshisida. — Biroq ot allaqachon minilgan edi. Chavandozi esa Rasul Hamzatov ekanini hamma bilardi». Bu noyob durdonadan Sizga quyidagi durlarni ilindik.

022

013izning tog’liklarda shunday odat bor – chavandoz o’z uyining ostonasida otiga sakrab minmaydi. Asta otini yetaklab ovuldan chiqadi. Ehtimol bu hech narsani yoddan chiqarib qoldirib ketmayotganini eslashi va yo’lda nimalar kutayotganini xayoldan o’tkazishi uchun kerakdir?!

***

Odam tilga kirishi uchun ikki yil kifoya, lekin tilini tiyib turishni o’rganishi uchun oltmish yil kerak bo’ladi.

***

Tog’liklarning uyiga mehmonlar kutilmaganda kelishadi. Lekin ular tog’liklar uchun hech qachon kutilmagan mehmon emas. Chunki biz tog’liklar mehmon kelishini har doim, har kun, har soatda, har daqiqada kutib yashaymiz.

***

Nufuzli jurnalning hurmatli bosh muharriri! …Men siz kutganday o’z Dog’istonimni 9-10 sahifa qog’ozga o’ray olmayman. Uzr, Dog’istonning bugungi kuni, ilg’or tajribasi va erishgan muvaffaqiyatlari», «oddiy mehnatkashlarning kundalik tashvishlari, mehnat qahramonliklari va orzu-niyatlari», «tog’li o’lka va uning asrlardan o’tgan an’analari», «ajoyib buguni va porloq ertasi» to’g’risida yozish hazilakam ish emas.
Ruchkamning kichkinagina perosi bunday ulkan yukni ko’tarishi qiyin. Siyohning kichkinagina tomchisi tog’dan sharqirab oqayotgan jilg’alarning, sarkash daryolarning tug’yonini, olam taqdirini, hatto birgina odam taqdirini o’zida jamlashi mushkul.

***

…biz shoirlar butun dunyoga javobgarmiz, ammo o’z tog’liklari haqida gapira olmagan odam butun dunyo nomidan gapira oladimi? Nazarimda u o’zi tug’ilgan yurtdan ketib o’zga mamlakatda uylangan va qaynonasini ona degan odamga o’xshaydi. To’g’ri, hamma qaynonasini hurmat qilishi kerak, lekin baribir ona ona-da!

***

Ular biz haqimizda qayoqdan ham bilardi, agar biz o’zimizni to’la bilmagan bilsak. Biz million kishimiz. Dog’istonning toshloq tog’lari orasidamiz. Million kishi va qirqdan ziyod til…

***

To’g’ri, barcha dog’istonliklar uchun Dog’iston bitta, yagona. Lekin har bir dog’istonlikning qalbida o’z Dog’istoni bor.

***

Men avar shoiriman. Lekin qalban nafaqat Avaristonga, Dog’istonga, ulkan mamlakatga, balki butun sayyoraga, XX asrga javobgar ekanimni his qilaman. Bundan boshqacha yashashim mumkin emas.

***

Ehtimol, kelajakda dog’istonlik fol`klorshunoslardan biri qarg’ishlarni ham o’rganar, ularni to’plab, kitob holiga keltirar, o’shanda odamlar so’zga topqirlik me’yorini, nozik fahmlilik chegarasini, qanchalik xayolga erk berish mumkinligini, tog’liklar so’zida ifodalash ko’lamining kengligini bilib olishardi.

***

…Onasining uyiga to’plangan qarindoshlari o’z Vatanini tashlab ketib, uni o’zga yerlarga almashgan o’g’il
haqidagi hikoyani g’amgin tinglashdi. Ular adashgan o’g’ilni kechirganday bo’lishdi, tirik ekanidan suyunishdi. Shunda birdan onasi so’rab qoldi:

— Sizlar avarcha so’zlashdinglarmi?
— Yo’q, biz tarjimon yordamida gaplashdik. Men ruscha gapirdim, u frantsuzcha.
Ona yuziga qora chodrasini tushirdi, bizda onalar o’z o’g’lining o’lganini eshitganda shunday qilishadi…

***

Tog’liklardan so’rashdi: nega sizlar tog’larning borib bo’lmaydigan joylarida uylaringizni qurasizlar?.. Tog’liklar javob berishdi: «Yaxshi do’stlar pisand qilmasdan yomon so’qmoqlardan ham o’tib kelishadi, yomon kishilarning esa bizga keragi yo’q».

***

Men Dog’istonning eng baland cho’qqisiga ko’tarildim va tevarak-atrofga nazar tashladim. So’qmoqlar har tarafga taralgan, qaydandir qo’ng’iroq ovozi eshitiladi, har-har joyda gulxanlar yoqilgan, tutun ko’kka o’rlayapti.
Oyog’ing qadrdon zamin ustida turganda dunyoga qarash qanday yaxshi!

***

Tog’liklarda shunday odat bor: mehmonga uyingdagi biror narsa yoqib qolib, uni maqtaguday bo’lsa, achinsang ham sovg’a qilishing kerak…
Bir vaqtda Qo’miqdan mehmon kelib, uydagi bor narsani maqtashga tushibdi. Unga maqtagan hamma narsasini berishibdi. Lekin uni kuzatayotganda etigiga yopishgan tuproqni sidirib olishdi…

***

Jimjiloq kichkina bo’lgani bilan usiz ulkan mushtni qattiq tugish mumkin emas.

* * *

Har bir odam bolaligidan o‘z xalqining vakili bo‘lish uchun dunyoga kelganini bilishi va shu sharafli vazifani zimmaga olishga o‘zini tayyorlashi kerak.

* * *

Hech bir yozuvchi faqat o‘z millati quvonch-tashvishlari bilan chegaralanib qola olmaydi. Uning qalbini hamisha umuminsoniy quvonch-tashvishlar ham bezovta qiladi.

* * *

Ayrimlar o‘ylaydiki, katta mavzularga qo‘l ursam bas, darhol buyuk bo‘laman, deb. Ammo buyuklikning zamini oddiylikda. Axir, bir tomchi yomg‘irda butun bir selning kuchi bor.

* * *

O‘tkir fikrni jo‘n ifoda etish, qo‘zichoqni och bo‘riga ro‘para qilishday bir gap.

* * *

Tilni o‘rganmasdan she’r yozishga uringan odam suzishni bilmasdan o‘zini sarkash daryoga tashlagan telbaga o‘xshaydi.

* * *

Birovning otini qancha minma, baribir egardan tushib otni egasiga qaytarasan.

* * *

Oilada sevgi qancha kuchli bo‘lsa, sog‘lom bola tug‘ilish ehtimoli shuncha ko‘p.

* * *

O‘tmishga to‘pponchadan o‘q uzsang, kelajak seni to‘pga tutadi.

* * *

Burgut tovuqlar orasida bemalol yuraversa, u burgut emas.

* * *

Yaxshi ish qilmagan bo‘lsang ham — yaxshilik qilish niyating bo‘lgani uchun tashakkur!

* * *

Yog‘ochdan qilingan pichoq qancha chiroyli bo‘lmasin, jo‘jani ham so‘ya olmaysan.

* * *

Onam beshigimni tebratib aytgan alla qulog‘im tagida jaranglamagan biron kun, biron daqiqa bo‘lmagan, desam, mubolag‘a emas. Bu alla mening barcha qo‘shiqlarimni allalab ulg‘aytirdi.

* * *

Ba’zan odamlar miyasida fikr bo‘lgani uchun emas, tilining uchi qichib turgani uchun gapirishadi.

* * *

Tog‘lik ona hech qachon qoidasi buzilgan she’rni jigarbandiga o‘qimaydi.

* * *

Odamlarning tillari har xil bo‘lishi mumkin, lekin yuraklari bir xil tepsa bas.

* * *

Biz Vatanni tanlamaymiz, chunki Vatan bizni allaqachon tanlab bo‘lgan.

* * *

O‘zga mamlakatlar, o‘zga xalqlar haqida yozgan yaxshi, agar sen o‘zligingni topib olgan bo‘lsang.

* * *

Qo‘shiq aytishni o‘z uyingda o‘rganmagan bo‘lsang, uyingdan uzoqda qanday o‘rganasan?

* * *

Kerakli narsani umring bo‘yi izlasang ham omad kulgan lahzadagina topasan.

* * *

Yozuvchi biror mavzuning boshini tutar ekan, faqat yurak amriga quloq solishi lozim.

* * *

Dog‘iston — mening muhabbatim, mening kelajagim, mening tavbam, mening ibodatim! Dog‘iston — hayotimning mazmuni, barcha she’rlarimning bosh mavzusi.

* * *

Albatta, qushlar sayrab turishi kerak, lekin ularning asosiy vazifasi uya qurish, ovqat topish, polaponlarini boqishdir.

* * *

Nafosat, yaxshilik, rahmdillik, muhabbat, go‘zallik, vatanparvarlik, iftixor, nafrat kabi tushunchalar tufayli she’riyat paydo bo‘lganiday, bu tushunchalar she’riyat tufayli ulug‘vor. Ular she’riyatsiz, she’riyat ularsiz mavjud emas.

* * *

Kim jangga kirayotgan vaqtda oqibatini o‘ylasa, botirlik ko‘rsata olmaydi.

* * *

She’riyat va safsatabozlik boshqa-boshqa narsa.

* * *

Kitobim, sen tantanali qabul marosimlaridagi kishilarga o‘xshama. Senda taomildagi so‘zlar emas, mayli, faqat mening fe’l-atvorimga xos so‘zlar bo‘lsin.

* * *

Ona yurtni sevish rohati, ona yurtni kuylab zavqlanish rohati Hamzat Sadasa hayotining mazmuni edi.

* * *

Hamzat Sadasa oddiy mehnatkash edi, qalbida avar xalqining sha’ni va qadriyatlari yashardi. U shu fazilatlarni pok saqlashni sharaf deb bildi.

* * *

Shoir — o‘z she’rlarining uyi, shoir yuragi — she’riyat istirohat qiladigan joy. Umrimning yaxshi va yomon kunlarida ham ular menda yashaydi. Men qayda yashayman, bu ular uchun muhim emas.

* * *

Qasr hech qachon tovuqxonani, tovuqxona esa hech qachon qasrni esga solmasligi kerak.

* * *

Dunyoda bir-biriga o‘xshash ikkita iste’dod bo‘lmaydi, agar bir-biriga o‘xshasa iste’dod atalmaydi.

* * *

Urush hech qachon dunyoda odamlar sonini ko‘paytirmaydi, lekin u yerdagi qahramonlar sonini oshiradi.

* * *

Orzular odamzod umr rishtasi uziladigan chegaradan ham o‘tib ketadi va asrlar osha uchaveradi.

* * *

Skripkani sozlash bilan ish bitmaydi, unda kuy chala olish kerak.

* * *

Agar qog‘ozga yozilgan har bir narsa qo‘shiqqa aylanaverganda, odamlar allaqachon oddiy so‘zlarda suhbatlashishmasdi, bir-biriga qarab qo‘shiq aytishardi.

* * *

Shaldiragan jilg‘a dengizga, yalqov Makkaga yetib bormaydi.

* * *

Burgut shamolga qarshi uchadi, baliq oqimga qarshi suzadi. Shoir ham xoh quvonchli, xoh g‘amli bo‘lsin, uyg‘ongan tuyg‘ulari asosida she’r yozadi.

* * *

Yolg‘on har doim yolg‘on, haqiqat har doim haqiqat. Ular hech qachon arzimas va ulkanga ajratilmaydi.

* * *

Yodingda tut, dunyoda sening ovulingdan boshqa joylar ham bor, unutma dunyoda sendan boshqa odamlar ham yashaydi.

* * *

Faqat shoirgina hayotni shunday tasvirlay oladiki, she’rxonlar ularni o‘qiganda o‘zlari ilgari e’tibor bermagan narsalarni ko‘radi, yovuzlikka qarshi turgan dunyo go‘zalligidan, inson qalbi go‘zalligidan hayratga tushadi.

* * *

Til xalqqa bir umrga beriladi, uni o‘zgartirib ham, yo‘qotib ham bo‘lmaydi.

* * *

Kichkina kalit bilan katta sandiqlarni ochish mumkin.

* * *

Bola tug‘ilayotganda o‘ziga Vatan tanlamaydi — peshonasiga yozilgan joyda dunyoga keladi.

* * *

Kichkina og‘iz ham katta gaplarni so‘zlashi mumkin.

* * *

Uyingni sot, dalangni sot, mol-mulkingdan ayril, lekin kimligingni unutma, odamgarchilikdan chiqma.

* * *

Toshni qushga ur, qush o‘ladi, qushni toshga ur, qush o‘ladi.

* * *

Odam — faqat atama emas, — unvon, unvon bo‘lganda ham, juda yuksak unvon. Bu yuksak unvonga munosib bo‘lish uchun bir umr intilish kerak.

* * *

Nomdan ulug‘, hayotdan aziz narsa yo‘q. Ularni qadrla!

* * *

Savol — nimanidir ko‘zlab otilgan o‘q. Javob — nishonga tekkan o‘q.

* * *

O, ona tilida o‘ylayotgan va kuylayotgan odamlar! Sizga ham tashakkur!

* * *

Hamisha onalar go‘zal, onalar aytgan qo‘shiqlar go‘zal.

* * *

Agar belanchaklar uzra allalar aytilmaganda, ehtimol, dunyoda boshqa qo‘shiqlar yaratilmasdi.

* * *

Onalar — dunyoning eng birinchi shoirlari!

* * *

Onalar allasi — odamzod yaratgan qo‘shiqlarning ibtidosi.

* * *

Qo‘shiq yurakda yaraladi, yurak uni tilga beradi, til esa odamlarning yuragiga yetkazadi, odamlarning yuraklarida asrlardan asrlarga o‘tadi.

* * *

She’r shunday bo‘lishi kerakki, uni hech tortinmay onangga, qizingga, singlingga o‘qiy olgin.

* * *

Mardning boshiga qanday sinov tushmasin, u shikoyat qilishga, yo ko‘z yosh to‘kishga haqqi yo‘q.

* * *

O‘zing bilgan narsalar haqida yoz. Bilmagan narsalaringni boshqa kitoblardan o‘qi.

Nuriddin Egamov tayyorlagan

012

(Tashriflar: umumiy 10 360, bugungi 2)

Izoh qoldiring