«Навоий қомуси” (у баъзи ҳужжатларда “Навоий энциклопедияси” деб ҳам юритилади) ўттиз йиллик яратилиш (1985-2015) тарихига эга бўлиб қолди. Бу каттагина тарихий давр ҳисобланади. Агар Навоий қомуси вақтида якунланиб, чоп этилганида, Марказий Осиё минтақасида адабий қомусни биринчи бўлиб Ўзбекистон яратишга эришган бўлар эди. Навоий қомуси асосчиси, марҳум устоз Абдуқодир Ҳайитметовнинг орзуси ҳам шу эди.
НАВОИЙ ҚОМУСИ ҚАЧОН ЯКУНЛАНАДИ?
Нусратулло Жумахўжа
Навоий қомуси” (у баъзи ҳужжатларда “Навоий энциклопедияси” деб ҳам юритилади) ўттиз йиллик яратилиш (1985- 2015) тарихига эга бўлиб қолди. Бу каттагина тарихий давр ҳисобланади. Агар Навоий қомуси вақтида якунланиб, чоп этилганида, Марказий Осиё минтақасида адабий қомусни биринчи бўлиб Ўзбекистон яратишга эришган бўлар эди. Навоий қомуси асосчиси, марҳум устоз Абдуқодир Ҳайитметовнинг орзуси ҳам шу эди. У “первопроходец” сўзи ва тушунчасини яхши кўрарди. Қомус вақтида юзага чиққанида, у ва унинг бошчилигидаги навоийшунос олимлар “первопроходец”, яъни адабий қомус яратиш йўлини биринчи бўлиб босиб ўтган ижодкорлар бўлишарди. Аммо, бу орада қозоқ биродарларимиз Абай қомусини биздан кейин бошлаб (Навоий ва Абай қомуслари залвори баробар бўлмаса-да), вақтида тугаллаб, нашр этишга муваффақ бўлишди. Мана, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” ҳам қисқа муддатларда яратилиб, муносиб тарзда нашр этилди.
“Дарҳақиқат, шуни алоҳида эътироф этмоқ жоизки, — деб ёзилади ушбу нашр ҳақида “Ўз АС”нинг 2015 йил 9 январдаги сонида босилган мақолада, — “Бобур энциклопедияси” нашри мамлакатимизда фуқаролик жамияти шаклланганининг яққол намунаси, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, кенг жамоатчилик ўз саъй-ҳаракати, жонкуярлиги билан бундай хайрли ишларни ўз зиммасига олаётганининг амалий ифодасидир. Албатта, бу нашрни тайёрлаб, чоп эттиришда фидойи зиёлиларимиз, бобуршунос олимлар, мутахассислар беғараз фаоллик кўрсатишдики, мазкур қомуснинг юзага келишида уларнинг холис, ҳеч қандай манфаатларсиз, давлатдан кўмак кутмай қилган меҳнатлари, айниқса, таҳсинга лойиқдир”. Навоий қомуси эса давлат ташкилотида, давлат маблағи эвазига яратилмоқда. Мазкур иш дастлаб Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг 10 йиллик (1986-1995) илмий тадқиқотлар режасига киритилган бўлса, кейинчалик Ўзбекистон Фан ва техника давлат қўмитаси шу иш учун яна 5 (2012-2016) йиллик грант ажратган. Бу дегани – Институтнинг Навоий қомуси билан шуғулланувчи ходимлари 15 йиллик маош билан таъминланган. Бас шундай экан, Навоий қомусининг яратилиш тарихини бир сарҳисоб қилиш, унинг якунланишидан ташвишланишга асос бор.
Қайта қуриш ва ошкоралик авжига чиққан 1985-йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясига янги президент сайланди. У киши (Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаев) Академия илмий тадқиқот институтларини бирма-бир айланиб, уларнинг ишлари билан танишиб чиқа бошлади. Ўшанда мен Тил ва адабиёт институтининг Ўзбек адабиёти тарихи бўлимида ишлар эдим. Янги президентнинг ўта талабчан экани, институтлар фаолиятини синчиклаб ўрганаётгани, бўлимма-бўлим юргани, ҳар бир хонага кираётгани, илмий ходимлар билан бевосита суҳбатлашаётгани, ҳар бир бўлим ҳисоботини тинглаётгани, агар ҳисоботда ёхуд бўлим режасида бирор “пичоққа илинадиган” жиддий иш бўлмаса, ундай бўлимни ёпиб юбораётгани ҳақидаги ўзига хос ваҳимали миш-мишлар илмий ходимларни шошириб қўйди. Раҳбарнинг ташриф навбати Тил ва адабиёт институтига ҳам етиб келди. Ўзбек адабиёти тарихи бўлими мудири А.Ҳайитметов доимо янги ғоя ва режаларга тўлиб юрарди. Муҳокамаларга ўқланган милтиқдек тайёр турарди. Бўлимнинг амалдаги иш режаси бажарилиб тугалланмасдан, илмий ходимлар билан навбатдаги истиқбол режаларини муҳокама қилиб пишитиб борарди. Бу сафар ҳам у катта мажлисгача бир неча янги мавзуни қизғин муҳокамадан ўтқазиб қўйди. Уларнинг орасида Навоий қомусини яратиш энг қизиқарли ва муносиб мавзулардан бири эди. Лекин Академия президенти қаршисида минбарга чиққанида, А.Ҳайитметов қайси мавзуни ўртага ташлашини ҳеч ким билмас эди. Бу ўша пайтдаги вазият ва А.Ҳайитметовнинг келган қатъий тўхтамига боғлиқ эди. Олим таваккал қилиб Навоий қомуси яратиш ғояси ва режасини ўртага ташлади. Устоз нишонга аниқ урган эди. Раҳбарга бу режа жуда маъқул тушди ва шуни маҳкам ушлади.
П.Қ. Ҳабибуллаев билан бўлган учрашувдан сўнг, жуда талабчан ва қаттиққўл илмий раҳбар А. Ҳайитметов Навоий қомуси лойиҳаси (проспекти)ни тузиш устида бўлим ходимлари билан қаттиқ ишлади. Ўша даврдаги оғир ва мураккаб ишчан вазият, жиққамушт тортишув-талашишлар ҳақида ҳамкорларимиз Суйима опа Ғаниева ва Ёқубжон ака Исҳоқовлар билан ҳалигача эслашиб юрамиз. Хорижий мамлакатлар ва собиқ Иттифоқдаги республикаларнинг адабий қомус яратиш тажрибаси зудлик билан кўздан кечирилди. А.Ҳайитметов тажриба ўрганиш учун бир-икки республикага хизмат сафарига бориб келди. “Навоий қомуси” яратиш ишига барча навоийшунос олимлар жалб этилди. Қомус лойиҳаси тўғрисида А.Ҳайитметов Институт Илмий кенгашининг 1986 йил 1 мартидаги йиғилишида (6-баённома) ахборот берди. Лойиҳа бўйича, Навоий қомуси 2 томдан ташкил топиши, иш 10 (1986-1995) йилга режалаштирилиши, 1-том 1991 йилда ёзиб тугалланиши ва нашр этилиши, 2-том 1995 йилда ёзиб тугатилиши ва нашр этилиши кўзда тутилган. Раҳбарият томонидан Навоий қомуси сўзлигини 6 ойда тузиб тугаллаш топширилган. Институтнинг 1987 йил 11 декабрдаги ҳисоботига кўра, 3871 сўз-мақоладан иборат Навоий қомуси сўзлиги тузилган. (Мақоладаги маълумотлар бизнинг хотирамиз ва ЎзР ФА Марказий архивининг 52-фондида сақланаётган ҳисоботларга мувофиқдир – Н.Ж.).
Архив маълумотларига биноан, Навоий қомусини яратиш ишлари жадал ва изчил давом этган. Масалан, Ўзбек адабиёти тарихи бўлимининг 1988 йилги ҳисоботига кўра, 586 мақола ёзиб тугатилган (ҳажми 31,25 б.т.), 1989 йилги ҳисоботга кўра, 248 мақола ёзиб тугатилган (ҳажми 30,5 б.т.). Илмий-ижодий ишлар айни шундай қизғин тус олган паллаларда мазкур сатрлар муаллифининг “Ўз АС”да (1989 йил, 24 март сони) “Навоий қомуси яратилмоқда” сарлавҳали мақоласи ҳам босилиб чиққан. Унда 1988 йили нашр этилган “Навоий энциклопедияси” сўзлигининг мазмун-мундарижаси, ундаги асосий йўналишлар, яратилаётган қомуснинг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилган.
Сақланган маълумотлардан аён бўлишича, қомус ишларининг асосий бажарувчилари 12 нафар илмий ходим: А.Ҳайитметов, А.Абдуғафуров, С.Эркинов, С.Ғаниева, Ё. Исҳоқов, Т.Аҳмедов, М.Мирзааҳмедова, Т.Ғафуржонова,И.Ҳаққулов, Р.Баракаев, Н.Жумаев, А.Ҳабибуллаевлар бўлишган. Афсуски, бугунда “Навоий қомуси”ни яратишда иштирок этган асосий муаллифларнинг бир қисми (А.Ҳайитметов, А.Абдуғафуров, С.Эркинов, Т.Аҳмедов) вафот этган, бир қисми пенсияга чиқиб кетган ёки Тил ва адабиёт институтидан ишдан бўшаган (С.Ғаниева, Ё.Исҳоқов, М.Мирзааҳмедова, Т.Ғафуржонова, Н.Жумаев (Жумахўжа), А.Ҳабибуллаев). Маълумотларда бажарувчилар ёзиб топширган мақолаларнинг номи, сони ва ҳажми (босма табоқларда) аниқ кўрсатилган.
“Навоий қомуси”ни яратиш билан боғлиқ илмий-ижодий сафарлар ҳам ташкил этилган. Масалан, С.Ғаниева Ленинграддаги Пушкин уйида 1987 йил 17-27 ноябрь кунлари бўлиб, Лермонтов ва Пушкин энциклопедиялари билан яқиндан танишганини, ўзи учун ҳамда “Навоий қомуси”нинг бошқа бажарувчилари учун ҳам тажриба тўплаганини, И.Ҳаққулов эса 1986 йил март – 1987 йил апрелда Боку шаҳрида “Навоий қомуси” учун материал тўплаганларини ўз ҳисоботларида алоҳида қайд қилганлар. “Навоий қомуси” учун ёзилган илмий-ижодий ишларни қабул қилиш ва баҳолашда илмийлик, аниқлик, тартиблилик ва одиллик тамойиллари асосида ёндашилган. Баъзи бажарувчилар Фанлар академиясининг, мазкур Институтнинг моддий-маънавий мукофот ва рағбатлантиришларини олганлиги ҳам баённомаларда расман қайд этилгани шундан далолат беради.
Бир ўринда “Навоий қомуси” учун жами 3800та сўз-мақола жамлангани ҳақида далил мавжуд. Бу – “Сўзлик”да режалаштирилганидан 71та кам, холос. Хусусан, бўлим бошлиғи, “Навоий қомуси” лойиҳаси раҳбари А.Ҳайитметовнинг ўзи тузган ва имзолаган 1989 йил 5 июндаги ҳисоботда “Навоий қомуси” якунланиб, Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин” девонини нашрга тайёрлаш режалаштирилганлиги қайд этиб ўтилган. Бундан ташқари, 1990-1995 йиллар орасидаги баённомаларда ҳам лойиҳа раҳбари А.Ҳайитметовнинг “Навоий энциклопедияси”ни нашр қилиш ҳақидаги кўрсатмалари учрайди. Дарвоқе, ЎЗ Р Фанлар академияси Президиумининг 1991 йил 15 октябрдаги 21-у 125-қарорида (Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлимининг тақдимномаси бўйича) “Адабиёт институти “Навоий қомуси”нинг адабиётга оид қисмини тузиб нашрга топширди” дейилган ва “Ўзбекистон Давлат матбуот комитетидан 1993-1994 йилларда “Навоий қомуси”ни нашр этиш сўралсин”, деб қарор қилинган. Бу далилларнинг ҳаммаси “Навоий қомуси” А.Ҳайитметов фаолияти давридаёқ тугалланганлигини билдиради. Лекин нима сабабдан бу иш ҳали ҳам якунланмай, юзага чиқмай ётибди ? Ушбу муаммо мазкур сатрлар муаллифининг “Тафаккур” журналининг 2001 йил, 2-сонида эълон қилинган “Абадий даҳо” сарлавҳали мақоласида ҳам кўтарилган. Унда таклиф этилганки: “…Эзгу ишнинг кечи йўқ, тайёрланган материалларни миллий истиқлол руҳи билан янгилаб, якунлаб, халққа етказиш вақти келди. Ҳатто, бошқа айрим тадқиқотлар ва майда-чуйда тадқиқотнамо ишлардан маблағ ҳамда қоғозни иқтисод қилиб бўлса ҳам, мана шундай улкан ишларга йўл очиш керак… ” Шундан кейин ҳам ўн йил ўтиб, давлатнинг ҳотамтойлигини қаранг, битган ишга яна беш йиллик грант ажратган.
Аввало, шуни англаш керакки, ўз даврининг етук навоийшунослари тузган “Навоий қомуси” қайтадан ёзадиган даражада ночор бўлмаган. Улар миллатпарвар зиёлилар эдилар. Чунки миллий ўзликни англаш ва мафкуравий янгиланишлар адабиётшунослигимизда ўтган асрнинг 80-йилларидан бошланган. Тасаввуф тадқиқи ва тарғибига кенг йўл очилган. Буни ўша “Навоий қомуси” яратилган бўлимнинг ишларидаёқ кўришимиз мумкин. Жумладан, забардаст навоийшунос олим Ё.Исҳоқовнинг 1983 йилда чоп этилган “Навоий поэтикаси” тадқиқотида навоиёна ишқ концепцияси батамом янгича баҳоланган. 1980-йилларда бўлимда “Тасаввуф ва ўзбек адабиёти” мавзуида 3 йиллик тадқиқот режалаштирилган. Иш уч қисмдан иборат бўлиши, Навоийгача бўлган қисмини И.Ҳаққулов, Нақшбандия ва ўзбек адабиёти қисмини Ё.Исҳоқов, Қаландарийлик ва ўзбек адабиётини С.Рафиддинов ёзиши керак эди. Ё.Исҳоқов қаламига мансуб китоб чоп этилган. Қолган икки қисмининг тақдири эса муаллифларнинг саъй-ҳаракатларига боғлиқ бўлиб қолган.
Ўша йиллари чоп этилган бошқа юзлаб мақола ва тадқиқотларда ҳурфикрлик эпкинлари юз кўрсатган. Диний-тасаввуфий асарларни нашр этиш ва оммалаштиришга 1985-йиллардан жиддий киришилган. Бу соҳада “Адабиёт ва санъат” нашриёти “Ўзбек адабиёти бўстони” номи билан янги рукн очган. Унинг “Мангу булоқлар” деб номланган 1-китобидан Бурҳониддин Рабғузийнинг диний асари “Қисаси Рабғузий”нинг катта қисми ҳам ўрин олган бўлиб, у 1986 йил 100 000 нусхада нашр этилган. Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикматлар” китоби худди шу рукнда 1990 йил 300 000 нусхада чоп этилган . Агар китобнинг 1989 йил 25 октябрда босмахонага берилганини инобатга олсак, демак, “Ҳикматлар” бир неча йил олдинроқ нашрга тайёр бўлган.
Илмий тайёргарлигининг етуклиги, билим заҳирасининг бойлиги, ёзма услубининг пишиб етилганлиги жиҳатларидан ҳам катта авлод навоийшуносларининг мероси камситишга лойиқ эмас. Албатта, ҳар қандай иш учун таҳрир зарур. Таҳрир тадқиқотни янада сайқал топтиради. Бироқ таҳрир қайтадан ёзиш ёки тайёр тадқиқотни ўзлаштириш дегани эмас. Ҳуқуқий жиҳатдан қараганда, тугаллаб топширилган тадқиқот давлат тасарруфига ўтган интеллектуал мулк ҳисобланади. Уни ҳаракатдан тўхтатиш, беркитиш, ўзбошимчалик билан ўзгартириш ёхуд муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириш давлат мулкига хиёнат бўлиб, бунинг учун жавобгарлик белгиланган.
Келгуси йили Алишер Навоий таваллудига 575 йил тўлади. Шунингдек, улуғ ва фидойи навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов таваллуд топганига 90 йил бўлади. Муддао шуки, шояд ҳеч бўлмаганидан кеч бўлса ҳам, 2016 йилда “Навоий қомуси”ни тайёрлаб, нашр этилса, мазкур икки қутлуғ санага ажойиб туҳфа тайёрланган бўларди.
NAVOIY QOMUSI QACHON YAKUNLANADI?
Nusratullo Jumaxo’ja
Navoiy qomusi” (u ba’zi hujjatlarda “Navoiy entsiklopediyasi” deb ham yuritiladi) o’ttiz yillik yaratilish (1985- 2015) tarixiga ega bo’lib qoldi. Bu kattagina tarixiy davr hisoblanadi. Agar Navoiy qomusi vaqtida yakunlanib, chop etilganida, Markaziy Osiyo mintaqasida adabiy qomusni birinchi bo’lib O’zbekiston yaratishga erishgan bo’lar edi. Navoiy qomusi asoschisi, marhum ustoz Abduqodir Hayitmetovning orzusi ham shu edi. U “pervoproxodets” so’zi va tushunchasini yaxshi ko’rardi. Qomus vaqtida yuzaga chiqqanida, u va uning boshchiligidagi navoiyshunos olimlar “pervoproxodets”, ya’ni adabiy qomus yaratish yo’lini birinchi bo’lib bosib o’tgan ijodkorlar bo’lishardi. Ammo, bu orada qozoq birodarlarimiz Abay qomusini bizdan keyin boshlab (Navoiy va Abay qomuslari zalvori barobar bo’lmasa-da), vaqtida tugallab, nashr etishga muvaffaq bo’lishdi. Mana, “Zahiriddin Muhammad Bobur entsiklopediyasi” ham qisqa muddatlarda yaratilib, munosib tarzda nashr etildi.
“Darhaqiqat, shuni alohida e’tirof etmoq joizki, — deb yoziladi ushbu nashr haqida “O’z AS”ning 2015 yil 9 yanvardagi sonida bosilgan maqolada, — “Bobur entsiklopediyasi” nashri mamlakatimizda fuqarolik jamiyati shakllanganining yaqqol namunasi, nodavlat-notijorat tashkilotlar, keng jamoatchilik o’z sa’y-harakati, jonkuyarligi bilan bunday xayrli ishlarni o’z zimmasiga olayotganining amaliy ifodasidir. Albatta, bu nashrni tayyorlab, chop ettirishda fidoyi ziyolilarimiz, boburshunos olimlar, mutaxassislar beg’araz faollik ko’rsatishdiki, mazkur qomusning yuzaga kelishida ularning xolis, hech qanday manfaatlarsiz, davlatdan ko’mak kutmay qilgan mehnatlari, ayniqsa, tahsinga loyiqdir”. Navoiy qomusi esa davlat tashkilotida, davlat mablag’i evaziga yaratilmoqda. Mazkur ish dastlab O’zbekiston Fanlar akademiyasi Til va adabiyot institutining 10 yillik (1986-1995) ilmiy tadqiqotlar rejasiga kiritilgan bo’lsa, keyinchalik O’zbekiston Fan va texnika davlat qo’mitasi shu ish uchun yana 5 (2012-2016) yillik grant ajratgan. Bu degani – Institutning Navoiy qomusi bilan shug’ullanuvchi xodimlari 15 yillik maosh bilan ta’minlangan. Bas shunday ekan, Navoiy qomusining yaratilish tarixini bir sarhisob qilish, uning yakunlanishidan tashvishlanishga asos bor.
Qayta qurish va oshkoralik avjiga chiqqan 1985-yillarda O’zbekiston Fanlar akademiyasiga yangi prezident saylandi. U kishi (Po’lat Qirg’izboevich Habibullaev) Akademiya ilmiy tadqiqot institutlarini birma-bir aylanib, ularning ishlari bilan tanishib chiqa boshladi. O’shanda men Til va adabiyot institutining O’zbek adabiyoti tarixi bo’limida ishlar edim. Yangi prezidentning o’ta talabchan ekani, institutlar faoliyatini sinchiklab o’rganayotgani, bo’limma-bo’lim yurgani, har bir xonaga kirayotgani, ilmiy xodimlar bilan bevosita suhbatlashayotgani, har bir bo’lim hisobotini tinglayotgani, agar hisobotda yoxud bo’lim rejasida biror “pichoqqa ilinadigan” jiddiy ish bo’lmasa, unday bo’limni yopib yuborayotgani haqidagi o’ziga xos vahimali mish-mishlar ilmiy xodimlarni shoshirib qo’ydi. Rahbarning tashrif navbati Til va adabiyot institutiga ham yetib keldi. O’zbek adabiyoti tarixi bo’limi mudiri A.Hayitmetov doimo yangi g’oya va rejalarga to’lib yurardi. Muhokamalarga o’qlangan miltiqdek tayyor turardi. Bo’limning amaldagi ish rejasi bajarilib tugallanmasdan, ilmiy xodimlar bilan navbatdagi istiqbol rejalarini muhokama qilib pishitib borardi. Bu safar ham u katta majlisgacha bir necha yangi mavzuni qizg’in muhokamadan o’tqazib qo’ydi. Ularning orasida Navoiy qomusini yaratish eng qiziqarli va munosib mavzulardan biri edi. Lekin Akademiya prezidenti qarshisida minbarga chiqqanida, A.Hayitmetov qaysi mavzuni o’rtaga tashlashini hech kim bilmas edi. Bu o’sha paytdagi vaziyat va jiqqamusht talashish-tortishuvlar A.Hayitmetovning kelgan qat’iy to’xtamiga bog’liq edi. Olim tavakkal qilib Navoiy qomusi yaratish g’oyasi va rejasini o’rtaga tashladi. Ustoz nishonga aniq urgan edi. Rahbarga bu reja juda ma’qul tushdi va shuni mahkam ushladi.
P.Q. Habibullaev bilan bo’lgan uchrashuvdan so’ng, juda talabchan va qattiqqo’l ilmiy rahbar A. Hayitmetov Navoiy qomusi loyihasi (prospekti)ni tuzish ustida bo’lim xodimlari bilan qattiq ishladi. O’sha davrdagi og’ir va murakkab ishchan vaziyat, jiqqamusht haqida hamkorlarimiz Suyima opa G’anieva va Yoqubjon aka Is’hoqovlar bilan haligacha eslashib yuramiz. Xorijiy mamlakatlar va sobiq Ittifoqdagi respublikalarning adabiy qomus yaratish tajribasi zudlik bilan ko’zdan kechirildi. A.Hayitmetov tajriba o’rganish uchun bir-ikki respublikaga xizmat safariga borib keldi. “Navoiy qomusi” yaratish ishiga barcha navoiyshunos olimlar jalb etildi. Qomus loyihasi to’g’risida A.Hayitmetov Institut Ilmiy kengashining 1986 yil 1 martidagi yig’ilishida (6-bayonnoma) axborot berdi. Loyiha bo’yicha, Navoiy qomusi 2 tomdan tashkil topishi, ish 10 (1986-1995) yilga rejalashtirilishi, 1-tom 1991 yilda yozib tugallanishi va nashr etilishi, 2-tom 1995 yilda yozib tugatilishi va nashr etilishi ko’zda tutilgan. Rahbariyat tomonidan Navoiy qomusi so’zligini 6 oyda tuzib tugallash topshirilgan. Institutning 1987 yil 11 dekabrdagi hisobotiga ko’ra, 3871 so’z-maqoladan iborat Navoiy qomusi so’zligi tuzilgan. (Maqoladagi ma’lumotlar bizning xotiramiz va O’zR FA Markaziy arxivining 52-fondida saqlanayotgan hisobotlarga muvofiqdir – N.J.).
Arxiv ma’lumotlariga binoan, Navoiy qomusini yaratish ishlari jadal va izchil davom etgan. Masalan, O’zbek adabiyoti tarixi bo’limining 1988 yilgi hisobotiga ko’ra, 586 maqola yozib tugatilgan (hajmi 31,25 b.t.), 1989 yilgi hisobotga ko’ra, 248 maqola yozib tugatilgan (hajmi 30,5 b.t.). Ilmiy-ijodiy ishlar ayni shunday qizg’in tus olgan pallalarda mazkur satrlar muallifining “O’z AS”da (1989 yil, 24 mart soni) “Navoiy qomusi yaratilmoqda” sarlavhali maqolasi ham bosilib chiqqan. Unda 1988 yili nashr etilgan “Navoiy entsiklopediyasi” so’zligining mazmun-mundarijasi, undagi asosiy yo’nalishlar, yaratilayotgan qomusning maqsad va vazifalari haqida ma’lumot berilgan.
Saqlangan ma’lumotlardan ayon bo’lishicha, qomus ishlarining asosiy bajaruvchilari 12 nafar ilmiy xodim: A.Hayitmetov, A.Abdug’afurov, S.Erkinov, S.G’anieva, YO. Is’hoqov, T.Ahmedov, M.Mirzaahmedova, T.G’afurjonova,I.Haqqulov, R.Barakaev, N.Jumaev, A.Habibullaevlar bo’lishgan. Afsuski, bugunda “Navoiy qomusi”ni yaratishda ishtirok etgan asosiy mualliflarning bir qismi (A.Hayitmetov, A.Abdug’afurov, S.Erkinov, T.Ahmedov) vafot etgan, bir qismi pensiyaga chiqib ketgan yoki Til va adabiyot institutidan ishdan bo’shagan (S.G’anieva, YO.Is’hoqov, M.Mirzaahmedova, T.G’afurjonova, N.Jumaev (Jumaxo’ja), A.Habibullaev). Ma’lumotlarda bajaruvchilar yozib topshirgan maqolalarning nomi, soni va hajmi (bosma taboqlarda) aniq ko’rsatilgan.
“Navoiy qomusi”ni yaratish bilan bog’liq ilmiy-ijodiy safarlar ham tashkil etilgan. Masalan, S.G’anieva Leningraddagi Pushkin uyida 1987 yil 17-27 noyabr` kunlari bo’lib, Lermontov va Pushkin entsiklopediyalari bilan yaqindan tanishganini, o’zi uchun hamda “Navoiy qomusi”ning boshqa bajaruvchilari uchun ham tajriba to’plaganini, I.Haqqulov esa 1986 yil mart – 1987 yil aprelda Boku shahrida “Navoiy qomusi” uchun material to’plaganlarini o’z hisobotlarida alohida qayd qilganlar. “Navoiy qomusi” uchun yozilgan ilmiy-ijodiy ishlarni qabul qilish va baholashda ilmiylik, aniqlik, tartiblilik va odillik tamoyillari asosida yondashilgan. Ba’zi bajaruvchilar Fanlar akademiyasining, mazkur Institutning moddiy-ma’naviy mukofot va rag’batlantirishlarini olganligi ham bayonnomalarda rasman qayd etilgani shundan dalolat beradi.
Bir o’rinda “Navoiy qomusi” uchun jami 3800ta so’z-maqola jamlangani haqida dalil mavjud. Bu – “So’zlik”darejalashtirilganidan 71ta kam, xolos. Xususan, bo’lim boshlig’i, “Navoiy qomusi” loyihasi rahbari A.Hayitmetovning o’zi tuzgan va imzolagan 1989 yil 5 iyundagi hisobotda “Navoiy qomusi” yakunlanib, Ogahiyning “Ta’viz ul-oshiqin” devonini nashrga tayyorlash rejalashtirilganligi qayd etib o’tilgan. Bundan tashqari, 1990-1995 yillar orasidagi bayonnomalarda ham loyiha rahbari A.Hayitmetovning “Navoiy entsiklopediyasi”ni nashr qilish haqidagi ko’rsatmalari uchraydi. Darvoqe, O’Z R Fanlar akademiyasi Prezidiumining 1991 yil 15 oktyabrdagi 21-u 125-qarorida (Ijtimoiy-gumanitar fanlar bo’limining taqdimnomasi bo’yicha) “Adabiyot instituti “Navoiy qomusi”ning adabiyotga oid qismini tuzib nashrga topshirdi” deyilgan va “O’zbekiston Davlat matbuot komitetidan 1993-1994 yillarda “Navoiy qomusi”ni nashr etish so’ralsin”, deb qaror qilingan. Bu dalillarning hammasi “Navoiy qomusi” A.Hayitmetov faoliyati davridayoq tugallanganligini bildiradi. Lekin nima sababdan bu ish hali ham yakunlanmay, yuzaga chiqmay yotibdi ? Ushbu muammo mazkur satrlar muallifining “Tafakkur” jurnalining 2001 yil, 2-sonida e’lon qilingan “Abadiy daho” sarlavhali maqolasida ham ko’tarilgan. Unda taklif etilganki: “…Ezgu ishning kechi yo’q, tayyorlangan materiallarni milliy istiqlol ruhi bilan yangilab, yakunlab, xalqqa yetkazish vaqti keldi. Hatto, boshqa ayrim tadqiqotlar va mayda-chuyda tadqiqotnamo ishlardan mablag’ hamda qog’ozni iqtisod qilib bo’lsa ham, mana shunday ulkan ishlarga yo’l ochish kerak… ” Shundan keyin ham o’n yil o’tib, davlatning hotamtoyligini qarang, bitgan ishga yana besh yillik grant ajratgan.
Avvalo, shuni anglash kerakki, o’z davrining yetuk navoiyshunoslari tuzgan “Navoiy qomusi” qaytadan yozadigan darajada nochor bo’lmagan. Ular millatparvar ziyolilar edilar. Chunki milliy o’zlikni anglash va mafkuraviy yangilanishlar adabiyotshunosligimizda o’tgan asrning 80-yillaridan boshlangan. Tasavvuf tadqiqi va targ’ibiga keng yo’l ochilgan. Buni o’sha “Navoiy qomusi” yaratilgan bo’limning ishlaridayoq ko’rishimiz mumkin. Jumladan, zabardast navoiyshunos olim YO.Is’hoqovning 1983 yilda chop etilgan “Navoiy poetikasi” tadqiqotida navoiyona ishq kontseptsiyasi batamom yangicha baholangan. 1980-yillarda bo’limda “Tasavvuf va o’zbek adabiyoti” mavzuida 3 yillik tadqiqot rejalashtirilgan. Ish uch qismdan iborat bo’lishi, Navoiygacha bo’lgan qismini I.Haqqulov, Naqshbandiya va o’zbek adabiyoti qismini YO.Is’hoqov, Qalandariylik va o’zbek adabiyotini S.Rafiddinov yozishi kerak edi. YO.Is’hoqov qalamiga mansub kitob chop etilgan. Qolgan ikki qismining taqdiri esa mualliflarning sa’y-harakatlariga bog’liq bo’lib qolgan.
O’sha yillari chop etilgan boshqa yuzlab maqola va tadqiqotlarda hurfikrlik epkinlari yuz ko’rsatgan. Diniy-tasavvufiy asarlarni nashr etish va ommalashtirishga 1985-yillardan jiddiy kirishilgan. Bu sohada “Adabiyot va san’at” nashriyoti “O’zbek adabiyoti bo’stoni” nomi bilan yangi rukn ochgan. Uning “Mangu buloqlar” deb nomlangan 1-kitobidan Burhoniddin Rabg’uziyning diniy asari “Qisasi Rabg’uziy”ning katta qismi ham o’rin olgan bo’lib, u 1986 yil 100 000 nusxada nashr etilgan. Ahmad Yassaviyning “Hikmatlar” kitobi xuddi shu ruknda 1990 yil 300 000 nusxada chop etilgan . Agar kitobning 1989 yil 25 oktyabrda bosmaxonaga berilganini inobatga olsak, demak, “Hikmatlar” bir necha yil oldinroq nashrga tayyor bo’lgan.
Ilmiy tayyorgarligining yetukligi, bilim zahirasining boyligi, yozma uslubining pishib yetilganligi jihatlaridan ham katta avlod navoiyshunoslarining merosi kamsitishga loyiq emas. Albatta, har qanday ish uchun tahrir zarur. Tahrir tadqiqotni yanada sayqal toptiradi. Biroq tahrir qaytadan yozish yoki tayyor tadqiqotni o’zlashtirish degani emas. Huquqiy jihatdan qaraganda, tugallab topshirilgan tadqiqot davlat tasarrufiga o’tgan intellektual mulk hisoblanadi. Uni harakatdan to’xtatish, berkitish, o’zboshimchalik bilan o’zgartirish yoxud mualliflik huquqini o’zlashtirish davlat mulkiga xiyonat bo’lib, buning uchun javobgarlik belgilangan.
Kelgusi yili Alisher Navoiy tavalludiga 575 yil to’ladi. Shuningdek, ulug’ va fidoyi navoiyshunos olim Abduqodir Hayitmetov tavallud topganiga 90 yil bo’ladi. Muddao shuki, shoyad hech bo’lmaganidan kech bo’lsa ham, 2016 yilda “Navoiy qomusi”ni tayyorlab, nashr etilsa, mazkur ikki qutlug’ sanaga ajoyib tuhfa tayyorlangan bo’lardi.