Isajon Sulton. Bog’i Eram. Bir tomosha tarixi

012Исажон Султон. Боғи Эрам (Қисса ва ҳикоялар). Тошкент. «Шарқ» нашриёт-матбаа концерни, 2015 / Isajon Sulton. Bog’i Eram (Qissa va hikoyalar). Toshkent. «Sharq» nashriyot-matbaa kontserni, 2015

Иқтидорли ёзувчи Исажон Султоннинг «Онаизор» қиссаси ва бир туркум ҳикояларини жамлаган янги китоби «Боғи Эрам» номи билан нашр этилди. Биз куни-кеча туғилган кунини нишонлаган ёзувчини чин юракдан табриклаб, унинг янги китобидан бир ҳикояни сизга тақдим этамиз.

04
Исажон Султон
БИР ТОМОША ТАРИХИ
77

097Исажон Султон (Султонов) 1967 йил 6 апрелда Фарғона вилояти, Риштон туманининг Авазбой қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1990). «Муножот» (1990), «Ойдинбулоқ» (1995) каби китоблари нашр этилган. Сўнгги йилларда унинг «Боқий дарбадар» романи ва бир қатор янги ҳикоялари китобхонлар ва адабиётшунослар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Ёзувчининг айрим асарлари мамлакат ва халқаро адабий танловларда тақдирланган. Жавоҳарлаъл Нерунинг «Ҳиндистон» китобининг «Бобур» қисмини, Дино Буццати, Рюноскэ Акутагава, Умар Сайфиддин кабиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

77

 Муҳтарам дўстлар, томошамизни бошлаймиз!  дея тантанали эълон қилди бўйнига қизил рангли латта боғлаб, кўкрак чўнтагига ҳам шу рангдаги атиргул тақиб олган ўртакаш.

Шундай дейиши билан шодон мусиқа янгради. Уни саҳна ортидаги ҳовуздай чуқурда ўтирган ўн чоғли мусиқачи чалмоқда эди.
 Марҳамат, кутиб олинг. Саҳнага профессор, Маэстро…  у профессорнинг исмини айтди.  …марҳамат қиладилар!
Шундан сўнг қора ингичка сюртук кийиб, капалакнусха бўйинбоғ таққан киши чиқиб келиб, ҳаммага таъзим қилди.

Томошабинлар турфа хил, улар орасида тужжорлар, уларнинг хотинлари, болалари ва ҳатто ясан-тусан қилган чол-кампирларгача бор эди.
Маэстро залга бир муддат жим қараб турди. Ўткир нигоҳи кишиларни тит-пит қилаётгандай эди гўё. Кейин хотиржам овозда деди:
 Мен муҳтарам томошабинларимизнинг ғоят ажойиб кишилар эканини кўрмоқдаман. Фақат, бир нозик хусусиятни айтиб қўймоқчиман. Одамлар бир-бирларининг ташқи кўринишига, тутумию гапига қараб баҳо берадилар. Лекин ишонч билан айтаманки, бу ерда ҳозир биронта ҳам ёмон одам йўқ. Фикримга ҳамма қўшилса керак. Тўғрими?

Кишилар қарсак чалиб юборишди. Бу гап барчага маъқул келган эди.
 Айтмадимми? – деди профессор, мамнун бўлиб. – Ҳақиқатан хам, одам боласи ҳар доимо ёмон ёки ҳамиша яхши бўлиб яшай олмайди. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам одамнинг икки юзидир, десак ҳам бўлаверади. Аммо, бўлар-бўлмас, ясама кўзбўямачиликлардан кимга фойда? Ишончим комилки, мана-ман деган сеҳргар ҳам сизнинг кўзингизни бўяй олмайди. Келинглар, ундан кўра бир-биримиз билан чин кўнгилдан суҳбатлашақолайлик. Театр нима бўпти, бор-йўғи бир томоша-да. Илтимос, ўзини яхши киши деб ҳисоблаганлар ёки яхши ҳаёт кечирдим, деб ўйлаганлар бармоқларини чалиштиришсин.
Ким чалиштирди, ким чалиштирмади, билиб бўлмасди. Бир оз сукутдан сўнг профессор деди:
 Мен ҳозир баланд овозда “Бир” дейман. Шу саноқдан сўнг бармоқлари очилмай қолган кишиларни саҳнага таклиф қиламан. Диққат, бошладик.

Ва роппа-роса уч сониядан кейин у баланд овоз билан “Бир!” деди. Кейин янада шодланиб, негадир кўз ҳам қисиб, бармоқлари очилмай қолган кишиларни юқорига чорлади.
Ўн чоғли одам бирин-кетин тепага кўтарилиб, саф тортишди. Ораларида башанг қизил либосли икки хоним ҳам бор эди.
 Ўзини яхши инсон деб ҳис қилмайдиган одам камдан-кам топилади, — деди Маэстро, қониқиш билан. Кейин сафда турганларнинг биринчисига яқинлашиб:
 Исмингиз? – деб сўради.

Гавдасини ёғ босган, сочи тўкила бошлаган у киши исмини айтди.
 Нима иш қиласиз?
 Шу, тирикчилик.
 Сиз-чи?
 Фалончиман.
 Машғулотингиз?
 Ер-сувлар эгасиман.
 Кўриб турганингиздай, бу кишилар эл орасида обрў-эътибор топган кишилар, – деди Маэстро, тантанали овоз ила. – Обрўни эса ёмонлар қозона олмайдилар. Келинглар, уларнинг қай даража ажойиб инсонлар эканини биргаликда билиб олайлик.

 Саҳнага уч-тўртта одамни таклиф қилгандан кўра, ҳаммани бирданига сеҳрлаб қўяқолсангиз бўлмайдими? – деб сўради қизиқувчанроқ бир киши.
Профессор унақа қилиб бўлмаслигини, чунки кишилар кейинчалик нималар бўлиб ўтганини эслай олмасликларини тушунтиргач, “Диққат! Бошладик!” деб эълон қилди.
 Мен ҳозир бошмалдоғим билан кўрсаткич бармоғимни кўтариб, чертки овози чиқараман, – деди у. – Уни эшитганингиздан бошлаб ҳаммангиз оқкўнгил суҳбатдошларга айланиб қоласиз. Шундан кейин одамларга айтадиган гапларингиз бўлса бемалол гапираверишингиз мумкин. Розимисиз?
 Розимиз,  дейишди саҳнадагилар, бир оз иккиланиб.

Томоша чироқлари ўчиб, саҳнадагиларни ёритди.
Маэстро шодон ҳитоб қилди:
 Бошладик! Бир-икки-уч! Марҳамат! Сиз қай тарзда яхши одам бўлолдингиз?
Калласи катта, давангирдай одам бирданига ҳўнграб йиғлаб юборган эди, залда кулги кўтарилди.
 Мен сираям яхши одам эмасман, – деди у кўзидан ёши шашқатор оқиб, ҳиқиллаб. – Аслида жуда ярамас кишиман.
 Ия, буёғи қизиқ бўлди-ку, – деди Маэстро. – Лекин ҳақиқат шуки, яхши кишилар доим ўзларини маломат қилиб юрадилар. Марҳамат қилиб айтингчи, нима учун ўзингизни яхши одам деб ҳисобламайсиз?
 Мен… мен… – деди у киши. – Хотинимдан бекитиқча биттасини яхши кўриб қолганман! – деб иқрор бўлган эди, кишилар яна кулиб юборишди. Одамларга бу ёқиб тушди, ҳатто “Ол-а, азамат, қандингни ур!” деган хитоблар ҳам эшитилди.

 Томоша қизияпти,  деди Маэстро. – Яхши кўрсангиз кўрибсиз, хўш, унда нимага изтироб чекяпсиз?
 У муттаҳам хотинимдан ҳам баттар чиқди, – деди ҳиқиллаб. – Доим хархаша қилгани қилган. Хотинимдан эса … қўрқаман.
Яна кулги кўтарилди. Ҳамманинг олдида хотинидан қўрқишини очиқ-ойдин тан олган бу киши бирданига оломонга ёқиб тушди.
 Бола-чақамни ризқидан қийиб ўша ялмоғизга сарфлайман, – деди у, кўз ёшлари дувиллаб оқиб. – Сарфига пул етказолмаганим учун ҳар турли ҳийлалар қилишга, ҳаммани алдашга мажбурман.
 Хафа бўлманг, – деди Маэстро. – Балки, бошқалар ёрдам беришар? Хўш, бу одамга қанақа қилиб ёрдам берамиз?

 Ўша манжалақини саҳнага опкелишни иложи йўқмикин? – деди биров.
 Афсуски, иложи йўқ, – деди Маэстро. – Бу кишига нима маслаҳат берсак экан-а? Кўриб турганингиздай, ниҳоятда яхши одам, лекин ҳаётида хато қилиб қўйибди, шундан қийналиши ҳам яхшилигининг аломати. Ёки, унча яхши эмас дейдиганлар ҳам борми?
 Бор дарду изтиробини тўкиб солди, – деди биров. – Аммо ичида шунча дарди бор экан, майли, яхши деяқоламиз.

Навбат иккинчи кишига келди.
 Салом!
 Салом!
 Марҳамат қилиб айтинг-чи, сиз қанақа кишисиз?
Кейин у томонга эгилиб, ҳаммага эшиттириб қулоғига шивирлади:
 Сизни жуда кибру ҳаволи, ўзидан кетган дейдилар? Лекин яхши эканингизни ҳеч ким билмасаям мен биламан!
Иккинчи киши хўмрайиб тураверди.
 Айтишни истамасангиз ўзингиз биласиз, – деди Маэстро. – Майли, ихтиёр сизда. Учинчи кишимиз эса…

Навбат учинчи кишига келди.
 Мен назаримда тошбақага ўхшайман,  деди у.  Қалбимни очай десам, қадримга етадиган ҳеч ким йўқ, шунинг учун косамга қамалиб олиб, хўмрайиб юрсам ҳам аслида юрагим жуда тоза.
Оломонга бу гап унча маъқул келмади. “Ёғ босиб кетганини қаранг, балки анча-мунча кишининг ҳақидан уриб семиргандир, косасидан чиқиб, қилмишларининг барини айтсин” дейишди.
 Муҳтарам жамоанинг талабига нима дейсиз?
 Тўғри, мен муттаҳамман, – деди у киши, чин юракдан. – Кўпни ҳақини еганман, одамларни алдаганман. Аммо, бола-чақам олдида кўпни ҳақи кўзга кўринармиди? У ишларнинг гуноҳ эканини биламан, ҳаром йўллар билан пул топсам ўзим топақолай, бола-чақам тўкин яшасин, жавобиниям ўзим бераман деб аллақачон айбимни бўйнимга ҳам олиб қўйганман.

 Унда сизни қанақасига яхши одам дея оламиз? – деб сўради Маэстро.
 Айтдим-ку, ўзим яхши одам бўлсам ҳам, болаларим қийналмасин деб ёмон ишлар қилишга мажбурман, – деди у киши. – Менимча, энди бу йўлдан қайта олмасам керак. Болалар ўрганиб қолишди, шундай кетаверади энди бу ёғи.
 Ҳа, ишингиз қийин экан, – деди Маэстро. – Хўш, бу кишини нима қиламиз? Қаранг, ўзи учун эмас, бола-чақаси учун тиришибди. Балки кечирармиз?
 Бола-чақасини бурнини ерга ишқаб ишлатиш керак, – деди бошқа бир киши.  Майли, бу одам барибирам яхши киши экан, аммо ўзини сарф қилиб юборганини бола-чақаси билармиди? Билгунига қадар ишлатавериш керак, токи нон топиш қийинлигини билиб олишсин.

Маэстро тўртинчи кишига ўтди.
 Сиз-чи?
 Мен отамдан қ-қўрқаман, – деди у киши, хиёл дудуқланиб. Унинг гапи одамларда яна завқ уйғотди.
 Ия, нега қўрқасиз?
 Отамни ж-жаҳли ёмон,  деди у киши ҳиқиллаб. – Яхши одам эмаслигим ш-шундаки, отам ўлиб қолганида суюнганман.
Зал жимиб қолди.

 Отаси ўлганида суюнганлар яна борми? – деб сўради Маэстро, аммо биров жавоб бермади. Ҳайратланарлиси шундаки, бу гапни айтган одамга биров нафратини ҳам изҳор қилмади.
 Ростини айтганингиз учун раҳмат, – деди Маэстро – Хўш, нима учун суюнгансиз?
 Отам б-бераҳм киши эди, – деди у одам. – Ҳайбатидан қўрққанимдан баъзан дудуқланиб қ-қолардим. Ҳалигача ҳаяжонлансам, дудуқланаман.
 Бунинг иши осон, – деди Маэстро. – Мен ҳозир қўлимни кўтараман, сиз қараб туринг. “Бир” деганимдан кейин дудуқланманг, хўпми?
 Хўп, – деди у киши, итоаткорона.
Маэстро айтганини қилиб қўлини кўтарди-да, қаттиқ овозда “Бир” деди, кейин имо қилди.
 Ана, айтмадимми? – деди хурсанд бўлиб.

Шундан кейин у одам тўлиб-тошиб ўз ҳаётида рўй берган воқеаларни гапира кетди. Шунчалар таъсирланиб гапирарди-ки! Гоҳ кулимсирар, гоҳ кўзидан ёши оқиб-оқиб кетарди. Ота ниҳоятда ярамас киши экан, бу одамнинг орзу-истаклари мўл, аммо ҳаммасини ичига ютиб, айтган йўриғини бажаришга мажбур бўлибди. “Мени кетмон сопи билан ҳам урган, – деди шикоят қилиб. – Шунақа қаттиқ урганки, кетмон сопи синиб кетган. Ахир, бошқача одам бўлмоқчи эдим, – деди чуқур изтироб билан. – Бўлолмай қолдим. Мен ажойиб бир одам бўлмоқчи эдим, насиб этмади…”
 Майли-майли,  дея юпатди Маэстро, унинг ҳаяжонли ҳикояси томошабинларни зериктира бошлаганини сезиб. – Кейинги қаҳрамонимиз кутиб қолмасин. Сиз тинчланинг, бугундан бошлаб ҳаммаси изга тушиб кетса ажабмас.

Бешинчи киши эса кутилмаганда Маэстрога қараб тиржайди.
 Сен ярамас, шунақа қилиб ҳаммани алдаб пул топиб юрибсан-да, – деди ғолибона. – Ҳийла-найрангларингни яхши биламан. Сенга ўхшаганларни кўпини кўрганман.
Маэстро ҳам жилмайди-да, қўлларини икки ёнга ёйиб, томоша аҳлига юзланди:
 Бу кишини нима қиламиз энди?
 Яхши одам эмас экан, қўполлигини қаранг, – дейишди томошабинлар бир овоздан. – Саҳнадан тушириб юборақолинг.
 Марҳамат, – деди Маэстро. – Саҳналан тушинг, деган илтимос бўлди.
 Нега тушар эканман? – деди қўпол киши, тихирлик қилиб. – Умрим бўйи шунақа бир жойга чиқиб одамларга гапиргим келарди, мана, етишдим. Шошманг, мениям айтар гапларим бор.
 Айтақолсинми? – яна залга юзланди Маэстро.
 Йўқ, керакмас, – дейишди кишилар.
 Узр, – қўлларини икки ёнга ёйди Маэстро. – Бизнинг жамиятда халқнинг иродаси қонун билан тенг. Мен эса қонунни бузолмайман. Марҳамат қилиб, жойингизга боринг.
Исёнчи тўнғиллай-тўнғиллай пастга тушиб кетди. Қолганлар эса саҳнада қолишганидан хурсанд бўлиб, илжайишди.

Навбат башанг кийинган хонимларга келди.
Маэстро уларга таъзим қилди-да, халққа эшитилар қилиб пичирлади:
 Сизнинг ғоят гўзал ва ажойиб эканингизга сира шубҳа йўқ. Балки гапирмай қўяқоларсиз?
 Гапирсин, гапирсин, – деб шовқин солди оломон. – Энг қизиғи шуларники бўлади ҳали, қараб туринг!
 Гапирақолинг унда, – деди Маэстро.

Шунда қизиқ ҳол юз берди. Хонимларнинг биринчиси нозлана-нозлана қош қоқиб, турли ифодалар билан бир нималарни сўзлай кетди, қизиғи шундаки, гапларини сира тушуниб бўлмасди. “Кимнингдир қўшнисининг товуғи барибирам тилла тухум туғмаса-да, унга мутлақо алоқаси йўқ бошқа аллакимнинг қулоғидаги марваридли тилла балдоқ қайгадир борилганида кимгадир ўтиб, бир айланиб яна эгасига қайтиб келиши эҳтимоли борми-йўқми?” деб тугатди у гапини ва чиройли кўзларини оломонга тикиб, жим бўлиб қолди.
 Бўлдими? – деб сўради Маэстро, кулиб.

 Тўғрисини айтсам, гапимнинг бошланиши эсимдан чиқиб қолди. – деди хоним, ўнғайсизланиб. – Лекин, асосийсини барибирам гапириб бўлдим-ку? Нима қиласиз мени қийнаб?
 Менимча, хонимларга шафқат қилишимиз керак, – деди Маэстро ва яна таъзим қилди. – Сизлар бу саҳнага фақат гўзаллигингиз учунгина чиқдингиз. Ҳар доимо мана шундай латофатли бўлиб қолинг, марҳамат!
Хонимлар виқор ила саҳнадан тушиб кетишди.
 Диққат! – дея эълон қилди Маэстро. – Биз билан қолинг! Томошамизнинг иккинчи қисми бошланмоқда.
Саҳнанинг четидаги қизғиш-яшил чироқлар ёнди, майин ва нозик мусиқа чалина бошлади. Сирасини айтганда, мусиқачилар ўз вазифаларини қойилмақом қилиб адо этишмоқда, куй ажойиб ва дилтортар бир воқеа рўй беражагини билдириб ҳаволанмоқда эди.
 Дўстлар, бизлар ҳозир ёш болаларга айланамиз, – деди Маэстро.
 Гапимни диққат билан эшитинг! – деди у буйруқ оҳангида. Мусиқа тинди.
 Бир дақиқадан сўнг ҳаммамиз болалик даврларимизга қайтамиз, – деди у тантана ила. – Тескари санашни бошлайман. Мен саноқни тугатганим ондан сиз бола ҳолига қайтасиз! Бошладик!
 Ўн!

Кишилар жим бўлиб қолишди.
 Тўққиз!
 Саккиз!
 …Беш!
 …Икки!
 Бир! – дейиши билан саҳна чироқлари яна ўчди-да, ўртани доира шаклида ёритган оппоқ нур қолди.
 Ёшингиз нечада?
 Ўн учда, – деди бурро қилиб у киши, икки қўлини икки ёнига тушириб. Зўр берганидан ҳатто бурнининг учи терлаб кетди.

 Ўқишларингиз яхшими?
 Яхши.
 Баҳолар қалай?
 Унчамас, – деди у хижолат тортиб. – Лекин тузатишга сўз бераман.
 Қайси фанларни яхшироқ биласиз?
 Э-э… Ҳм-м… Жисмоний тарбияни.
 Ҳа, жисмоний тарбия ҳам бўлаверади. – деди Маэстро қониқиш билан. – Чунки қолган фанларнинг биронтаси ҳаётда керак бўлмайдиган фанлар. Рост-да, – деди у, бирданига жонланиб. – Масалан, физиканинг олтин қоидасининг ҳаётга қанчалар алоқаси борлигини ҳозиргача мен ҳам билмайман. Лекин ҳаётнинг олтин қоидаларини ҳаммамиз яхши биламиз, шундай эмасми?

– Шундай, шундай, – дейишди залдагилар.
 Сиз-чи?
 Бешинчи синф ўқувчисиман.
 Фанларга қизиқасизми?
 Ҳа.
 Масалан, қайси фанга?
 Математикага, – деб жавоб қилди “бола”, негадир ўнғайсизланиб.
 Қизиқ-ку, масалан, мен математикани жуда ёмон кўрардим, – деди Маэстро. – Сизни фақат олқишлаш керак. Айтинг-чи, математиканинг нимаси сизга ёқиб қолди?
 Тўғрисини айтаверсам, уришмайсизми? – деб сўради “бола”, бешбаттар тортиниб.
 Йўғ-э, нега уришар эканмиз? – деди Маэстро. – Бемалол айтаверинг.
 Мен.. мен… – дудуқланиб қолди у, кейин шартта айтди: – Математикадан дарс берадиган муаллимани яхши кўриб қолганман.

Зал гур кулиб юборди.
– Ана холо-ос! – деди Маэстро, яна қўлларини икки ёнга ёйиб. – Дардингиз бедаво экан-ку?
Навбат кейинги кишига келди.
 Хўш, сиз-чи? – деб сўради Маэстро, ўша қувноқ оҳангда.
 Сенга нима? – деди у киши, бирдан хўмрайиб. – Ишингни қил, ўралашмасдан.
 Хўп-хўп, узр, – деди Маэстро, ундан узоқлашиб. Кейин эълон қилди: – Энди умумий саволга ўтамиз. Савол барчангизга бирдай тааллуқли. Ҳозир хотирангиз уйғонади, бола бўлсангиз-да, айни пайтдаги ақлу заковатингиз ўзингизга қайтади. Хўп, саволим шу: катта ҳолингизга қайтишни истайсизми?
 Йўқ, – деб йиғлаб юборди биринчи турган семиз киши, азбаройи истамаганидан оёқларини тапирлатиб. – Керак эмас, сираям хоҳламайман.
 Сиз-чи?
 Онамни олдига кетаман, – деди бурнини шилқ-шилқ тортиб. – Менга бу ер ёқмаяпти. Онамнинг олдига бораман.

Хўмрайган кишига навбат келди.
 Сиз?
Кутилмаганда у муштларини қисимлаб, олдинга бир қадам ташлади-да, кўксини кериб:
 Нима? – деди ҳурпайиб. – Биттага битта чиқасанми?
 Йўғ-э, – деди Маэстро. – Ҳечам унақа ниятим йўқ.
 Унда тек ўтир, кўп жаврамасдан, – деди “безори”, ер остидан атрофига назар ташлаб.

* * *

 Азиз дўстлар, томошамизнинг сўнгги қисмига ҳам келдик, – деди Маэстро, нимагадир қайғули оҳангда.
Зал бир тўлқинланиб олди.
 Нима, истамайсизми? – деб сўради Маэстро.
 Йўқ, давом этақолинг, илтимос, – деди норғул йигит.
Кейин саҳна ёнига келди, Маэстро энгашиб унинг гапини тинглагач, баланд овоз билан:
 Сираям иложи йўқ, – деди. – Афсуски, бунинг сирини очиб бўлмайди. Аммо, қай тарз содир бўлиши тарихини айта оламан. Айтайми?
 Ҳа!
 … Бир пайтлар … деди у, овозини пасайтириб. – Жуда қадим замонларда, Қизил денгиз соҳилида саҳар вақти бир юлдуз порлаган эди…

* * *

Тун ўтиб, ҳали қуёш чиқмасидан, саҳронинг тоза осмонида янги бир юлдуз пайдо бўлгани одамларни шоён саросимага солиб қўйган эди.

Гап шундаки, Сулаймон пайғамбарга шамол бўйсуниб истаган ерига олиб учар, ҳайвонлар ва Тангри таолонинг кўзга кўринмас махлуқлари ҳукмини оғишмай бажарар эканлар, кишилар орасида “Сулаймон бу ишларни сеҳру жоду ёрдамида амалга оширяпти” деган миш-мишлар урчиб кетган эди.
Одамлар ҳақиқат ҳамда сеҳру жоду орасидаги фарқни билдириш учун ер юзига Ҳорут ва Морут деган икки фаришта туширилганидан ҳали бехабар эдилар.

Айтадиларки, фаришталарнинг баъзилари инсон авлодлари ер юзида ҳаддан зиёд бузғунчилик қила бошладилар, сен улар ўрнига бошқа халқни ёки бизларни туширсайдинг, ундай бузғунчилик қилмас эдик, деб айтганларида, Тангри таоло, агар улар билган нарсаларни сиз ҳам билсайдингиз, албатта бузғунчилик қилган бўлардингиз дея, ораларидан учтасининг ер юзига тушишини истаган экан. Учовлондан бири бу ишнинг орти кесик эканини пайқаб, тавба қилгач, қолган иккитаси ер юзига тушибди.

Бузғунчилик қилмасликларига қаттиқ ишонган у фаришталар Зуҳро исмли ғоят ажойиб ва гўзал бир аёлга дуч келишибди. Зеболигидан ақлу ҳушларини йўқотишибди.
“Биз бир фитна эдик, ўзимиздан ҳам қувватлироқ бошқа бир фитнага дуч келмадикмикин” дейишибди улар.
Аёлнинг гўзаллигидан ақлу ҳушини йўқотган фаришталар ўзлари билган хос билимларини Зуҳрога билдиришгач, Тангри таоло уларни Бобилдаги бир чоҳга ҳибс қилибди. Зуҳро эса, фаришталар сирини билгани учун осмонга кўтарилиб, алал-оқибатда юлдузга айланибди.

Сеҳр ўрганувчилар ана шу воқеани билганларидан сўнг Бобилга дарёдай оқиб келаверишибди.
Ваҳоланки, сеҳру жодуга ҳеч қандай эҳтиёжлари йўқ эди. Кимдир бошқаларнинг ўй-фикрларини ёки нималар қилаётганини билиб туриш учун, кимдир ҳукмронликни қўлга олиш учун, кимдир бошқалар наздида ўз даражаси баланроқлигини кўрсатиб шуҳрат топиш учун у ишларга қўл ура бошлабди.
Ажабланарлиси шундамишки, у икки фаришта келгувчилардан “Осмонга Зуҳро юлдузи чиқдими?” деб сўрашар, “Ҳа, чиқди” дейишса, қайғуга ботиб яна ер остига кириб кетар эканлар.

Аслида эса, Зуҳро юлдузи ҳақидаги ривоят афсонадан бошқа нарса эмас. Инсонлар наздида Бобилга Сулаймон пайғамбар замонида ростдан ҳам икки фаришта туширилгани ва улар сеҳру жоду ўргатганлари ҳақидаги гапларгина аниқ ва рост, қолганлари тўқима бўлиши ҳам мумкин.

* * *

 Бир маҳаллар Қизил денгиз соҳилида мана шу воқеа рўй берган, – деди Маэстро. – Энди дўстларимизга сўнгги саволимизни берамиз. Аввал айтганимдай, пастга тушганларидан сўнг ҳеч нарсани эслай олмайдилар. Саҳнада қанча вақт бўлдингиз деб сўрасангиз, беш ёки тўрт сония деб жавоб берадилар. Ҳатто янада ақллироқлари бир сония дейишлари ҳам мумкин. Томошамизнинг учинчи қисмида бизлар бу кишиларнинг кексалик вақтига саёҳат қиламиз. Қаранг! – дея хитоб қилди у. – Болалик ўтгач, кишилар у беғуборликларини юраклари ичига жуда маҳкам беркитиб ташлаганларининг шоҳиди бўлдик. Яшаш, мол-дунё ҳирси ва яна аллақанча туғёнлар аро умр ўтганида, бу кишиларнинг қандай хулосага келишлари қизиқ эмасми сизларга?

 Қизиқ, албатта қизиқ! – дейишди залдагилар.
 У ҳолда марҳамат, томошамизнинг якуний қисми! – деб эълон қилди Маэстро.
Биринчи кишининг ўзини қариб-қартайган чол сифатида тутиши кулгили ва қизиқарли эди.
 Кўзларим яхши кўрмаяпти, – деб шикоят қилганида, оломон кулиб юборди. Ҳа, томоша ростдан ҳам ажойиб бўлмоқда эди.
 Неччига кирдингиз? – деб сўради Маэстро ундан.
 Саксон иккига, – деди у, чолларга хос қалтироқ овоз билан. — Қувват сира йўқ, болам, – деб шикоят қилди Маэстрога. – Томоқдан овқат ўтмайди, зўрға қимирлаб юрибман. Худога шукр қилмай илож қанча?
 Кексалик гашти дейишарди, қанақа экан?

 Қанақа гашт? – деди у. – Ҳар кеча тиш-тирноғинг билан ҳаётга ёпишиб, илдизларини маҳкам чангаллаб яна бир кун яшармикинман деб қўрқасан, эрталаб кўз очганингда қувватсизлигингни, қарилингни бир дам унутган бўласан, ёки болалигингни, йигитлигингни туш кўрасану уйғониб хурсанд бўлиб ётасан, кейин аъзоларинг бирин-кетин уйғона бошлайди, оғриқларинг ҳам уйғонади. Қарасанг, яна ўша аҳвол… кўрганинг эса ширин хаёл ёки ёруғ туш экан… – деб хўрсинди у. – Юрибмиз-да болам, қимирлаб.
Икки юзи қип-қизил, тоғни урса талқон қиладиган давангирдай бу кишининг гаплари кулгили эди. Маэстро ҳам жилмайди.

 Шунча одам сизнинг насиҳатингизу ўгитингизга илҳақ, – деди кейин. – Уларга айтадиган бирор гапингиз борми?
 Нимаям дердим, – деди у, мижжаларини артиб. Кейин “Ўтириб олсам майлими?” деб сўради.
 Майли-майли, – деди Маэстро.
 Гапим шуки, – деди у бир оз ўйланиб. – Ростдан ҳам ҳаёти дунёда бир-икки куним қолдими-йўқми, билмайман. Аммо шуни айтган бўлардимки, яқинларингизни сира алдаманг, – деди у афсусланиб. – Умр жудаям бебаҳо нарса, беҳудага зое қилманг. Мана, шунча яшабману лекин ўйласам, деярли барини арзимас нарсаларга сарфлаб юборибман. Ҳаммангизга худо раҳм қилсин.
 Айтганингиз келсин, – деди Маэстро самимий оҳангда ва кейинги кишига ўтди.

 Умр жуда қисқа эканини билмай қолибман, – дея иқрор бўлди у. – Ўйлаб қарасам, бениҳоя кўп бўлар-бўлмас нарсалар билан мақтанган эканман. Энди эса… – деб бирданига йиғлаб юборди у. – Қайтай десам, сира иложим йўқ, яхши ишлар қилай десам, мадорим йўқ.
 Ҳечқиси йўқ, хафа бўлманг, – деб юпатди уни Маэстро ва кейинги кишига ўтди. У ўсиқ қошлари остидан ҳануз хўмрайиб қараб турарди.
 Қанча йиллардан бери олдимда ўралашиб юрасан? – деди у бирданига. – Нима керак сенга?
 Ҳеч нарса керак эмас, шунчаки сиз билан икки оғиз гаплашмоқчиман холос.
 Бор, ишингни қил, сенга айтадиган ҳеч қанақа гапим йўқ, – деди хўмрайган киши.

* * *

Залдагилар шифтни кўчиргудек бўлиб тинимсиз қарсак уришар, ниҳоятда шод эдилар.
 Азиз дўстлар, томошамиз сизга маъқул келганидан хурсандман, – деди Маэстро. – Ҳа, томошамиз охирлаб қолди. Ҳозир саҳнада чироқлар ёнади, ҳамма нарса чароғон, ҳозиргина ғарқ бўлганингиз сирли дунё саҳна билан қўшилиб ғойиб бўлади. Сиз чарчаб, ўйин-кулги қилишга келган кишиларсиз, албатта, бир дунё ташвишингиз борлиги барчага аён. Ёшингиздан қатъий назар, дунё тошларини ортмоқлаб юрганингизни ҳамма яхши билади. Тўғри эмасми?
 Тўғри, тўғри! – деб қичқирди оломон.
 У ҳолда сизга яна бир ҳақиқатни ошкор қилиш пайти келди.

Зал яна бир тўлқинланиб олди.
 Гап шундаки, сизга кўрсатганимиз бу саҳна ҳақиқат эмас, бор-йўғи бир томоша эди, – деди Маэстро. – Мен ҳам ҳеч қанақа Маэстро эмас, шу театрнинг оддий бир актёриман. Саҳнадагилар ҳам актёрлардир. Сиз азиз томошабинларимизга янгилик тақдим этиш мақсадида томошанинг шунақа шаклини танладик. Борингизга шукр! – дея таъзим қилди у.
Жилмайиб турган бошқа актёрлар ҳам таъзим қилишди.
Олқишлар ва сийловлар оҳангида яна мусиқа таралди, аммо кутилган гулдурос қарсаклар эшитилмади.
Зал негадир жим эди.

Кейин кутилмаган ҳодиса рўй берди.
Олд қаторда ўтирган баҳайбат йигит қўлидаги музқаймоғини саҳнага қарата отди.
 Аблаҳ! Ярамас! – деб бақирди кўзи қонга тўлиб, ғазаби ошиб. – Ҳали алдадингми халқни?
 Алдабди!
 Муттаҳамлар! Ёлғончилар!
 Мана сенларга!
 Пулни қайтар, ярамас!

Саҳнадаги воқеаларга чин юракдан ишониб, ҳайратланиб ўтирган оломон бирданига ғазабга миниб, қўлида неки бор, барини саҳнага ота бошлади. Ҳамма, ҳатто башанг кампирлар ҳам элни алдашга журъат қилган бу бадбахтларни жазолашни талаб қилиб бақириб-чақирар эдилар.
 Йўқол! Даф бўл! – деб қичқирар эди оломон.

Курсилар қарсиллаб синар, тери копламали суянчиқлару темир оёқларни ҳам ғалати бир тарзда суғуриб олиб, саҳнага отар эдилар. Актёрлар саҳнадан қочиб чиқишга мажбур бўлишди, ҳатто парда ортидаги мусиқачилар ҳам шоша-пиша асбобларини кўтариб, қайгадир яширинишди.

Тезда ўт ўчирувчилар гуруҳи етиб келди. Саҳнада носранг зарҳал кийимли ҳарбийсифат кишилар пайдо бўлганини кўрган одамларнинг ҳовури бир оз босилиб, бирин-кетин афсус ичра тарқала бошладилар.
Тажриба тариқасида ўтказилган ва бор-йўғи бир мартагина намойиш этилган театр томошаси мана шу тарзда ниҳоя топди.

2014

021

04
Isajon Sulton
BIR TOMOSHA TARIXI
77

Isajon Sulton (Sultonov) 1967 yil 6 aprelda Farg’ona viloyati, Rishton tumanining Avazboy qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1990). «Munojot» (1990), «Oydinbuloq» (1995) kabi kitoblari nashr etilgan. So’nggi yillarda uning «Boqiy darbadar» romani va bir qator yangi hikoyalari kitobxonlar va adabiyotshunoslar tomonidan katta qiziqish bilan kutib olindi. Yozuvchining ayrim asarlari mamlakat va xalqaro adabiy tanlovlarda taqdirlangan. Javoharla’l Neruning «Hindiston» kitobining «Bobur» qismini, Dino Butstsati, Ryunoske Akutagava, Umar Sayfiddin kabilarning asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

77

— Muhtaram do’stlar, tomoshamizni boshlaymiz! — deya tantanali e’lon qildi bo’yniga qizil rangli latta bog’lab, ko’krak cho’ntagiga ham shu rangdagi atirgul taqib olgan o’rtakash.

Shunday deyishi bilan shodon musiqa yangradi. Uni sahna ortidagi hovuzday chuqurda o’tirgan o’n chog’li musiqachi chalmoqda edi.
— Marhamat, kutib oling. Sahnaga professor, Maestro… — u professorning ismini aytdi. — …marhamat qiladilar!
Shundan so’ng qora ingichka syurtuk kiyib, kapalaknusxa bo’yinbog’ taqqan kishi chiqib kelib, hammaga ta’zim qildi.

Tomoshabinlar turfa xil, ular orasida tujjorlar, ularning xotinlari, bolalari va hatto yasan-tusan qilgan chol-kampirlargacha bor edi.
Maestro zalga bir muddat jim qarab turdi. O’tkir nigohi kishilarni tit-pit qilayotganday edi go’yo. Keyin xotirjam ovozda dedi:
— Men muhtaram tomoshabinlarimizning g’oyat ajoyib kishilar ekanini ko’rmoqdaman. Faqat, bir nozik xususiyatni aytib qo’ymoqchiman. Odamlar bir-birlarining tashqi ko’rinishiga, tutumiyu gapiga qarab baho beradilar. Lekin ishonch bilan aytamanki, bu yerda hozir bironta ham yomon odam yo’q. Fikrimga hamma qo’shilsa kerak. To’g’rimi?

Kishilar qarsak chalib yuborishdi. Bu gap barchaga ma’qul kelgan edi.
— Aytmadimmi? – dedi professor, mamnun bo’lib. – Haqiqatan xam, odam bolasi har doimo yomon yoki hamisha yaxshi bo’lib yashay olmaydi. Yaxshilik ham, yomonlik ham odamning ikki yuzidir, desak ham bo’laveradi. Ammo, bo’lar-bo’lmas, yasama ko’zbo’yamachiliklardan kimga foyda? Ishonchim komilki, mana-man degan sehrgar ham sizning ko’zingizni bo’yay olmaydi. Kelinglar, undan ko’ra bir-birimiz bilan chin ko’ngildan suhbatlashaqolaylik. Teatr nima bo’pti, bor-yo’g’i bir tomosha-da. Iltimos, o’zini yaxshi kishi deb hisoblaganlar yoki yaxshi hayot kechirdim, deb o’ylaganlar barmoqlarini chalishtirishsin.
Kim chalishtirdi, kim chalishtirmadi, bilib bo’lmasdi. Bir oz sukutdan so’ng professor dedi:
— Men hozir baland ovozda “Bir” deyman. Shu sanoqdan so’ng barmoqlari ochilmay qolgan kishilarni sahnaga taklif qilaman. Diqqat, boshladik.

Va roppa-rosa uch soniyadan keyin u baland ovoz bilan “Bir!” dedi. Keyin yanada shodlanib, negadir ko’z ham qisib, barmoqlari ochilmay qolgan kishilarni yuqoriga chorladi.
O’n chog’li odam birin-ketin tepaga ko’tarilib, saf tortishdi. Oralarida bashang qizil libosli ikki xonim ham bor edi.
— O’zini yaxshi inson deb his qilmaydigan odam kamdan-kam topiladi, — dedi Maestro, qoniqish bilan. Keyin safda turganlarning birinchisiga yaqinlashib:
— Ismingiz? – deb so’radi.

Gavdasini yog’ bosgan, sochi to’kila boshlagan u kishi ismini aytdi.
— Nima ish qilasiz?
— Shu, tirikchilik.
— Siz-chi?
— Falonchiman.
— Mashg’ulotingiz?
— Yer-suvlar egasiman.
— Ko’rib turganingizday, bu kishilar el orasida obro’-e’tibor topgan kishilar, – dedi Maestro, tantanali ovoz ila. – Obro’ni esa yomonlar qozona olmaydilar. Kelinglar, ularning qay daraja ajoyib insonlar ekanini birgalikda bilib olaylik.

— Sahnaga uch-to’rtta odamni taklif qilgandan ko’ra, hammani birdaniga sehrlab qo’yaqolsangiz bo’lmaydimi? – deb so’radi qiziquvchanroq bir kishi.
Professor unaqa qilib bo’lmasligini, chunki kishilar keyinchalik nimalar bo’lib o’tganini eslay olmasliklarini tushuntirgach, “Diqqat! Boshladik!” deb e’lon qildi.
— Men hozir boshmaldog’im bilan ko’rsatkich barmog’imni ko’tarib, chertki ovozi chiqaraman, – dedi u. – Uni eshitganingizdan boshlab hammangiz oqko’ngil suhbatdoshlarga aylanib qolasiz. Shundan keyin odamlarga aytadigan gaplaringiz bo’lsa bemalol gapiraverishingiz mumkin. Rozimisiz?
— Rozimiz, ? deyishdi sahnadagilar, bir oz ikkilanib.

Tomosha chiroqlari o’chib, sahnadagilarni yoritdi.
Maestro shodon hitob qildi:
— Boshladik! Bir-ikki-uch! Marhamat! Siz qay tarzda yaxshi odam bo’loldingiz?
Kallasi katta, davangirday odam birdaniga ho’ngrab yig’lab yuborgan edi, zalda kulgi ko’tarildi.
— Men sirayam yaxshi odam emasman, – dedi u ko’zidan yoshi shashqator oqib, hiqillab. – Aslida juda yaramas kishiman.
— Iya, buyog’i qiziq bo’ldi-ku, – dedi Maestro. – Lekin haqiqat shuki, yaxshi kishilar doim o’zlarini malomat qilib yuradilar. Marhamat qilib aytingchi, nima uchun o’zingizni yaxshi odam deb hisoblamaysiz?
— Men… men… – dedi u kishi. – Xotinimdan bekitiqcha bittasini yaxshi ko’rib qolganman! – deb iqror bo’lgan edi, kishilar yana kulib yuborishdi. Odamlarga bu yoqib tushdi, hatto “Ol-a, azamat, qandingni ur!” degan xitoblar ham eshitildi.

— Tomosha qiziyapti, — dedi Maestro. – Yaxshi ko’rsangiz ko’ribsiz, xo’sh, unda nimaga iztirob chekyapsiz?
— U muttaham xotinimdan ham battar chiqdi, – dedi hiqillab. – Doim xarxasha qilgani qilgan. Xotinimdan esa … qo’rqaman.
Yana kulgi ko’tarildi. Hammaning oldida xotinidan qo’rqishini ochiq-oydin tan olgan bu kishi birdaniga olomonga yoqib tushdi.
— Bola-chaqamni rizqidan qiyib o’sha yalmog’izga sarflayman, – dedi u, ko’z yoshlari duvillab oqib. – Sarfiga pul yetkazolmaganim uchun har turli hiylalar qilishga, hammani aldashga majburman.
— Xafa bo’lmang, – dedi Maestro. – Balki, boshqalar yordam berishar? Xo’sh, bu odamga qanaqa qilib yordam beramiz?

— O’sha manjalaqini sahnaga opkelishni iloji yo’qmikin? – dedi birov.
— Afsuski, iloji yo’q, – dedi Maestro. – Bu kishiga nima maslahat bersak ekan-a? Ko’rib turganingizday, nihoyatda yaxshi odam, lekin hayotida xato qilib qo’yibdi, shundan qiynalishi ham yaxshiligining alomati. Yoki, uncha yaxshi emas deydiganlar ham bormi?
— Bor dardu iztirobini to’kib soldi, – dedi birov. – Ammo ichida shuncha dardi bor ekan, mayli, yaxshi deyaqolamiz.

Navbat ikkinchi kishiga keldi.
— Salom!
— Salom!
— Marhamat qilib ayting-chi, siz qanaqa kishisiz?
Keyin u tomonga egilib, hammaga eshittirib qulog’iga shivirladi:
— Sizni juda kibru havoli, o’zidan ketgan deydilar? Lekin yaxshi ekaningizni hech kim bilmasayam men bilaman!
Ikkinchi kishi xo’mrayib turaverdi.
— Aytishni istamasangiz o’zingiz bilasiz, – dedi Maestro. – Mayli, ixtiyor sizda. Uchinchi kishimiz esa…

Navbat uchinchi kishiga keldi.
— Men nazarimda toshbaqaga o’xshayman,- dedi u. — Qalbimni ochay desam, qadrimga yetadigan hech kim yo’q, shuning uchun kosamga qamalib olib, xo’mrayib yursam ham aslida yuragim juda toza.
Olomonga bu gap uncha ma’qul kelmadi. “Yog’ bosib ketganini qarang, balki ancha-muncha kishining haqidan urib semirgandir, kosasidan chiqib, qilmishlarining barini aytsin” deyishdi.
— Muhtaram jamoaning talabiga nima deysiz?
— To’g’ri, men muttahamman, – dedi u kishi, chin yurakdan. – Ko’pni haqini yeganman, odamlarni aldaganman. Ammo, bola-chaqam oldida ko’pni haqi ko’zga ko’rinarmidi? U ishlarning gunoh ekanini bilaman, harom yo’llar bilan pul topsam o’zim topaqolay, bola-chaqam to’kin yashasin, javobiniyam o’zim beraman deb allaqachon aybimni bo’ynimga ham olib qo’yganman.

— Unda sizni qanaqasiga yaxshi odam deya olamiz? – deb so’radi Maestro.
— Aytdim-ku, o’zim yaxshi odam bo’lsam ham, bolalarim qiynalmasin deb yomon ishlar qilishga majburman, – dedi u kishi. – Menimcha, endi bu yo’ldan qayta olmasam kerak. Bolalar o’rganib qolishdi, shunday ketaveradi endi bu yog’i.
— Ha, ishingiz qiyin ekan, – dedi Maestro. – Xo’sh, bu kishini nima qilamiz? Qarang, o’zi uchun emas, bola-chaqasi uchun tirishibdi. Balki kechirarmiz?
— Bola-chaqasini burnini yerga ishqab ishlatish kerak, – dedi boshqa bir kishi. ? Mayli, bu odam baribiram yaxshi kishi ekan, ammo o’zini sarf qilib yuborganini bola-chaqasi bilarmidi? Bilguniga qadar ishlataverish kerak, toki non topish qiyinligini bilib olishsin.

Maestro to’rtinchi kishiga o’tdi.
—  Siz-chi?
—  Men otamdan q-qo’rqaman, – dedi u kishi, xiyol duduqlanib. Uning gapi odamlarda yana zavq uyg’otdi.
—  Iya, nega qo’rqasiz?
—  Otamni j-jahli yomon, ? dedi u kishi hiqillab. – Yaxshi odam emasligim sh-shundaki, otam o’lib qolganida suyunganman.
Zal jimib qoldi.

— Otasi o’lganida suyunganlar yana bormi? – deb so’radi Maestro, ammo birov javob bermadi. Hayratlanarlisi shundaki, bu gapni aytgan odamga birov nafratini ham izhor qilmadi.
— Rostini aytganingiz uchun rahmat, – dedi Maestro – Xo’sh, nima uchun suyungansiz?
— Otam b-berahm kishi edi, – dedi u odam. – Haybatidan qo’rqqanimdan ba’zan duduqlanib q-qolardim. Haligacha hayajonlansam, duduqlanaman.
— Buning ishi oson, – dedi Maestro. – Men hozir qo’limni ko’taraman, siz qarab turing. “Bir” deganimdan keyin duduqlanmang, xo’pmi?
— Xo’p, – dedi u kishi, itoatkorona.
Maestro aytganini qilib qo’lini ko’tardi-da, qattiq ovozda “Bir” dedi, keyin imo qildi.
— Ana, aytmadimmi? – dedi xursand bo’lib.

Shundan keyin u odam to’lib-toshib o’z hayotida ro’y bergan voqealarni gapira ketdi. Shunchalar ta’sirlanib gapirardi-ki! Goh kulimsirar, goh ko’zidan yoshi oqib-oqib ketardi. Ota nihoyatda yaramas kishi ekan, bu odamning orzu-istaklari mo’l, ammo hammasini ichiga yutib, aytgan yo’rig’ini bajarishga majbur bo’libdi. “Meni ketmon sopi bilan ham urgan, – dedi shikoyat qilib. – Shunaqa qattiq urganki, ketmon sopi sinib ketgan. Axir, boshqacha odam bo’lmoqchi edim, – dedi chuqur iztirob bilan. – Bo’lolmay qoldim. Men ajoyib bir odam bo’lmoqchi edim, nasib etmadi…”
— Mayli-mayli, ? deya yupatdi Maestro, uning hayajonli hikoyasi tomoshabinlarni zeriktira boshlaganini sezib. – Keyingi qahramonimiz kutib qolmasin. Siz tinchlaning, bugundan boshlab hammasi izga tushib ketsa ajabmas.

Beshinchi kishi esa kutilmaganda Maestroga qarab tirjaydi.
— Sen yaramas, shunaqa qilib hammani aldab pul topib yuribsan-da, – dedi g’olibona. – Hiyla-nayranglaringni yaxshi bilaman. Senga o’xshaganlarni ko’pini ko’rganman.
Maestro ham jilmaydi-da, qo’llarini ikki yonga yoyib, tomosha ahliga yuzlandi:
— Bu kishini nima qilamiz endi?
— Yaxshi odam emas ekan, qo’polligini qarang, – deyishdi tomoshabinlar bir ovozdan. – Sahnadan tushirib yuboraqoling.
— Marhamat, – dedi Maestro. – Sahnalan tushing, degan iltimos bo’ldi.
— Nega tushar ekanman? – dedi qo’pol kishi, tixirlik qilib. – Umrim bo’yi shunaqa bir joyga chiqib odamlarga gapirgim kelardi, mana, yetishdim. Shoshmang, meniyam aytar gaplarim bor.
— Aytaqolsinmi? – yana zalga yuzlandi Maestro.
— Yo’q, kerakmas, – deyishdi kishilar.
— Uzr, – qo’llarini ikki yonga yoydi Maestro. – Bizning jamiyatda xalqning irodasi qonun bilan teng. Men esa qonunni buzolmayman. Marhamat qilib, joyingizga boring.
Isyonchi to’ng’illay-to’ng’illay pastga tushib ketdi. Qolganlar esa sahnada qolishganidan xursand bo’lib, iljayishdi.

Navbat bashang kiyingan xonimlarga keldi.
Maestro ularga ta’zim qildi-da, xalqqa eshitilar qilib pichirladi:
— Sizning g’oyat go’zal va ajoyib ekaningizga sira shubha yo’q. Balki gapirmay qo’yaqolarsiz?
— Gapirsin, gapirsin, – deb shovqin soldi olomon. – Eng qizig’i shularniki bo’ladi hali, qarab turing!
— Gapiraqoling unda, – dedi Maestro.

Shunda qiziq hol yuz berdi. Xonimlarning birinchisi nozlana-nozlana qosh qoqib, turli ifodalar bilan bir nimalarni so’zlay ketdi, qizig’i shundaki, gaplarini sira tushunib bo’lmasdi. “Kimningdir qo’shnisining tovug’i baribiram tilla tuxum tug’masa-da, unga mutlaqo aloqasi yo’q boshqa allakimning qulog’idagi marvaridli tilla baldoq qaygadir borilganida kimgadir o’tib, bir aylanib yana egasiga qaytib kelishi ehtimoli bormi-yo’qmi?” deb tugatdi u gapini va chiroyli ko’zlarini olomonga tikib, jim bo’lib qoldi.
— Bo’ldimi? – deb so’radi Maestro, kulib.

— To’g’risini aytsam, gapimning boshlanishi esimdan chiqib qoldi. – dedi xonim, o’ng’aysizlanib. – Lekin, asosiysini baribiram gapirib bo’ldim-ku? Nima qilasiz meni qiynab?
— Menimcha, xonimlarga shafqat qilishimiz kerak, – dedi Maestro va yana ta’zim qildi. – Sizlar bu sahnaga faqat go’zalligingiz uchungina chiqdingiz. Har doimo mana shunday latofatli bo’lib qoling, marhamat!
Xonimlar viqor ila sahnadan tushib ketishdi.
— Diqqat! – deya e’lon qildi Maestro. – Biz bilan qoling! Tomoshamizning ikkinchi qismi boshlanmoqda.
Sahnaning chetidagi qizg’ish-yashil chiroqlar yondi, mayin va nozik musiqa chalina boshladi. Sirasini aytganda, musiqachilar o’z vazifalarini qoyilmaqom qilib ado etishmoqda, kuy ajoyib va diltortar bir voqea ro’y berajagini bildirib havolanmoqda edi.
— Do’stlar, bizlar hozir yosh bolalarga aylanamiz, – dedi Maestro.
— Gapimni diqqat bilan eshiting! – dedi u buyruq ohangida. Musiqa tindi.
— Bir daqiqadan so’ng hammamiz bolalik davrlarimizga qaytamiz, – dedi u tantana ila. – Teskari sanashni boshlayman. Men sanoqni tugatganim ondan siz bola holiga qaytasiz! Boshladik!
— O’n!

Kishilar jim bo’lib qolishdi.
— To’qqiz!
— Sakkiz!
— …Besh!
— …Ikki!
— Bir! – deyishi bilan sahna chiroqlari yana o’chdi-da, o’rtani doira shaklida yoritgan oppoq nur qoldi.
— Yoshingiz nechada?
— O’n uchda, – dedi burro qilib u kishi, ikki qo’lini ikki yoniga tushirib. Zo’r berganidan hatto burnining uchi terlab ketdi.

— O’qishlaringiz yaxshimi?
— Yaxshi.
— Baholar qalay?
— Unchamas, – dedi u xijolat tortib. – Lekin tuzatishga so’z beraman.
— Qaysi fanlarni yaxshiroq bilasiz?
— E-e… Hm-m… Jismoniy tarbiyani.
— Ha, jismoniy tarbiya ham bo’laveradi. – dedi Maestro qoniqish bilan. – Chunki qolgan fanlarning birontasi hayotda kerak bo’lmaydigan fanlar. Rost-da, – dedi u, birdaniga jonlanib. – Masalan, fizikaning oltin qoidasining hayotga qanchalar aloqasi borligini hozirgacha men ham bilmayman. Lekin hayotning oltin qoidalarini hammamiz yaxshi bilamiz, shunday emasmi?

– Shunday, shunday, – deyishdi zaldagilar.
— Siz-chi?
— Beshinchi sinf o’quvchisiman.
— Fanlarga qiziqasizmi?
— Ha.
— Masalan, qaysi fanga?
— Matematikaga, – deb javob qildi “bola”, negadir o’ng’aysizlanib.
— Qiziq-ku, masalan, men matematikani juda yomon ko’rardim, – dedi Maestro. – Sizni faqat olqishlash kerak. Ayting-chi, matematikaning nimasi sizga yoqib qoldi?
— To’g’risini aytaversam, urishmaysizmi? – deb so’radi “bola”, beshbattar tortinib.
— Yo’g’-e, nega urishar ekanmiz? – dedi Maestro. – Bemalol aytavering.
— Men.. men… – duduqlanib qoldi u, keyin shartta aytdi: – Matematikadan dars beradigan muallimani yaxshi ko’rib qolganman.

Zal gur kulib yubordi.
– Ana xolo-os! – dedi Maestro, yana qo’llarini ikki yonga yoyib. – Dardingiz bedavo ekan-ku?
Navbat keyingi kishiga keldi.
— Xo’sh, siz-chi? – deb so’radi Maestro, o’sha quvnoq ohangda.
— Senga nima? – dedi u kishi, birdan xo’mrayib. – Ishingni qil, o’ralashmasdan.
— Xo’p-xo’p, uzr, – dedi Maestro, undan uzoqlashib. Keyin e’lon qildi: – Endi umumiy savolga o’tamiz. Savol barchangizga birday taalluqli. Hozir xotirangiz uyg’onadi, bola bo’lsangiz-da, ayni paytdagi aqlu zakovatingiz o’zingizga qaytadi. Xo’p, savolim shu: katta holingizga qaytishni istaysizmi?
— Yo’q, – deb yig’lab yubordi birinchi turgan semiz kishi, azbaroyi istamaganidan oyoqlarini tapirlatib. – Kerak emas, sirayam xohlamayman.
— Siz-chi?
— Onamni oldiga ketaman, – dedi burnini shilq-shilq tortib. – Menga bu yer yoqmayapti. Onamning oldiga boraman.

Xo’mraygan kishiga navbat keldi.
— Siz?
Kutilmaganda u mushtlarini qisimlab, oldinga bir qadam tashladi-da, ko’ksini kerib:
— Nima? – dedi hurpayib. – Bittaga bitta chiqasanmi?
— Yo’g’-e, – dedi Maestro. – Hecham unaqa niyatim yo’q.
— Unda tek o’tir, ko’p javramasdan, – dedi “bezori”, yer ostidan atrofiga nazar tashlab.

* * *

— Aziz do’stlar, tomoshamizning so’nggi qismiga ham keldik, – dedi Maestro, nimagadir qayg’uli ohangda.
Zal bir to’lqinlanib oldi.
— Nima, istamaysizmi? – deb so’radi Maestro.
— Yo’q, davom etaqoling, iltimos, – dedi norg’ul yigit.
Keyin sahna yoniga keldi, Maestro engashib uning gapini tinglagach, baland ovoz bilan:
— Sirayam iloji yo’q, – dedi. – Afsuski, buning sirini ochib bo’lmaydi. Ammo, qay tarz sodir bo’lishi tarixini ayta olaman. Aytaymi?
— Ha!
— … Bir paytlar … dedi u, ovozini pasaytirib. – Juda qadim zamonlarda, Qizil dengiz sohilida sahar vaqti bir yulduz porlagan edi…

* * *

Tun o’tib, hali quyosh chiqmasidan, sahroning toza osmonida yangi bir yulduz paydo bo’lgani odamlarni shoyon sarosimaga solib qo’ygan edi.

Gap shundaki, Sulaymon payg’ambarga shamol bo’ysunib istagan yeriga olib uchar, hayvonlar va Tangri taoloning ko’zga ko’rinmas maxluqlari hukmini og’ishmay bajarar ekanlar, kishilar orasida “Sulaymon bu ishlarni sehru jodu yordamida amalga oshiryapti” degan mish-mishlar urchib ketgan edi.
Odamlar haqiqat hamda sehru jodu orasidagi farqni bildirish uchun yer yuziga Horut va Morut degan ikki farishta tushirilganidan hali bexabar edilar.

Aytadilarki, farishtalarning ba’zilari inson avlodlari yer yuzida haddan ziyod buzg’unchilik qila boshladilar, sen ular o’rniga boshqa xalqni yoki bizlarni tushirsayding, unday buzg’unchilik qilmas edik, deb aytganlarida, Tangri taolo, agar ular bilgan narsalarni siz ham bilsaydingiz, albatta buzg’unchilik qilgan bo’lardingiz deya, oralaridan uchtasining yer yuziga tushishini istagan ekan. Uchovlondan biri bu ishning orti kesik ekanini payqab, tavba qilgach, qolgan ikkitasi yer yuziga tushibdi.

Buzg’unchilik qilmasliklariga qattiq ishongan u farishtalar Zuhro ismli g’oyat ajoyib va go’zal bir ayolga duch kelishibdi. Zeboligidan aqlu hushlarini yo’qotishibdi.
“Biz bir fitna edik, o’zimizdan ham quvvatliroq boshqa bir fitnaga duch kelmadikmikin” deyishibdi ular.
Ayolning go’zalligidan aqlu hushini yo’qotgan farishtalar o’zlari bilgan xos bilimlarini Zuhroga bildirishgach, Tangri taolo ularni Bobildagi bir chohga hibs qilibdi. Zuhro esa, farishtalar sirini bilgani uchun osmonga ko’tarilib, alal-oqibatda yulduzga aylanibdi.

Sehr o’rganuvchilar ana shu voqeani bilganlaridan so’ng Bobilga daryoday oqib kelaverishibdi.
Vaholanki, sehru joduga hech qanday ehtiyojlari yo’q edi. Kimdir boshqalarning o’y-fikrlarini yoki nimalar qilayotganini bilib turish uchun, kimdir hukmronlikni qo’lga olish uchun, kimdir boshqalar nazdida o’z darajasi balanroqligini ko’rsatib shuhrat topish uchun u ishlarga qo’l ura boshlabdi.
Ajablanarlisi shundamishki, u ikki farishta kelguvchilardan “Osmonga Zuhro yulduzi chiqdimi?” deb so’rashar, “Ha, chiqdi” deyishsa, qayg’uga botib yana yer ostiga kirib ketar ekanlar.

Aslida esa, Zuhro yulduzi haqidagi rivoyat afsonadan boshqa narsa emas. Insonlar nazdida Bobilga Sulaymon payg’ambar zamonida rostdan ham ikki farishta tushirilgani va ular sehru jodu o’rgatganlari haqidagi gaplargina aniq va rost, qolganlari to’qima bo’lishi ham mumkin.

* * *

— Bir mahallar Qizil dengiz sohilida mana shu voqea ro’y bergan, – dedi Maestro. – Endi do’stlarimizga so’nggi savolimizni beramiz. Avval aytganimday, pastga tushganlaridan so’ng hech narsani eslay olmaydilar. Sahnada qancha vaqt bo’ldingiz deb so’rasangiz, besh yoki to’rt soniya deb javob beradilar. Hatto yanada aqlliroqlari bir soniya deyishlari ham mumkin. Tomoshamizning uchinchi qismida bizlar bu kishilarning keksalik vaqtiga sayohat qilamiz. Qarang! – deya xitob qildi u. – Bolalik o’tgach, kishilar u beg’uborliklarini yuraklari ichiga juda mahkam berkitib tashlaganlarining shohidi bo’ldik. Yashash, mol-dunyo hirsi va yana allaqancha tug’yonlar aro umr o’tganida, bu kishilarning qanday xulosaga kelishlari qiziq emasmi sizlarga?

— Qiziq, albatta qiziq! – deyishdi zaldagilar.
-U holda marhamat, tomoshamizning yakuniy qismi! – deb e’lon qildi Maestro.
Birinchi kishining o’zini qarib-qartaygan chol sifatida tutishi kulgili va qiziqarli edi.
— Ko’zlarim yaxshi ko’rmayapti, – deb shikoyat qilganida, olomon kulib yubordi. Ha, tomosha rostdan ham ajoyib bo’lmoqda edi.
— Nechchiga kirdingiz? – deb so’radi Maestro undan.
— Sakson ikkiga, – dedi u, chollarga xos qaltiroq ovoz bilan. — Quvvat sira yo’q, bolam, – deb shikoyat qildi Maestroga. – Tomoqdan ovqat o’tmaydi, zo’rg’a qimirlab yuribman. Xudoga shukr qilmay iloj qancha?
— Keksalik gashti deyishardi, qanaqa ekan?

— Qanaqa gasht? – dedi u. – Har kecha tish-tirnog’ing bilan hayotga yopishib, ildizlarini mahkam changallab yana bir kun yasharmikinman deb qo’rqasan, ertalab ko’z ochganingda quvvatsizligingni, qarilingni bir dam unutgan bo’lasan, yoki bolaligingni, yigitligingni tush ko’rasanu uyg’onib xursand bo’lib yotasan, keyin a’zolaring birin-ketin uyg’ona boshlaydi, og’riqlaring ham uyg’onadi. Qarasang, yana o’sha ahvol… ko’rganing esa shirin xayol yoki yorug’ tush ekan… – deb xo’rsindi u. – Yuribmiz-da bolam, qimirlab. Ikki yuzi qip-qizil, tog’ni ursa talqon qiladigan davangirday bu kishining gaplari kulgili edi. Maestro ham jilmaydi.

— Shuncha odam sizning nasihatingizu o’gitingizga ilhaq, – dedi keyin. – Ularga aytadigan biror gapingiz bormi?
— Nimayam derdim, – dedi u, mijjalarini artib. Keyin “O’tirib olsam maylimi?” deb so’radi.
— Mayli-mayli, – dedi Maestro.
— Gapim shuki, – dedi u bir oz o’ylanib. – Rostdan ham hayoti dunyoda bir-ikki kunim qoldimi-yo’qmi, bilmayman. Ammo shuni aytgan bo’lardimki, yaqinlaringizni sira aldamang, – dedi u afsuslanib. – Umr judayam bebaho narsa, behudaga zoe qilmang. Mana, shuncha yashabmanu lekin o’ylasam, deyarli barini arzimas narsalarga sarflab yuboribman. Hammangizga xudo rahm qilsin.
— Aytganingiz kelsin, – dedi Maestro samimiy ohangda va keyingi kishiga o’tdi.

— Umr juda qisqa ekanini bilmay qolibman, – deya iqror bo’ldi u. – O’ylab qarasam, benihoya ko’p bo’lar-bo’lmas narsalar bilan maqtangan ekanman. Endi esa… – deb birdaniga yig’lab yubordi u. – Qaytay desam, sira ilojim yo’q, yaxshi ishlar qilay desam, madorim yo’q.
— Hechqisi yo’q, xafa bo’lmang, – deb yupatdi uni Maestro va keyingi kishiga o’tdi. U o’siq qoshlari ostidan hanuz xo’mrayib qarab turardi.
— Qancha yillardan beri oldimda o’ralashib yurasan? – dedi u birdaniga. – Nima kerak senga?
— Hech narsa kerak emas, shunchaki siz bilan ikki og’iz gaplashmoqchiman xolos.
— Bor, ishingni qil, senga aytadigan hech qanaqa gapim yo’q, – dedi xo’mraygan kishi.

* * *

Zaldagilar shiftni ko’chirgudek bo’lib tinimsiz qarsak urishar, nihoyatda shod edilar.
— Aziz do’stlar, tomoshamiz sizga ma’qul kelganidan xursandman, – dedi Maestro. – Ha, tomoshamiz oxirlab qoldi. Hozir sahnada chiroqlar yonadi, hamma narsa charog’on, hozirgina g’arq bo’lganingiz sirli dunyo sahna bilan qo’shilib g’oyib bo’ladi. Siz charchab, o’yin-kulgi qilishga kelgan kishilarsiz, albatta, bir dunyo tashvishingiz borligi barchaga ayon. Yoshingizdan qat’iy nazar, dunyo toshlarini ortmoqlab yurganingizni hamma yaxshi biladi. To’g’ri emasmi?
— To’g’ri, to’g’ri! – deb qichqirdi olomon.
— U holda sizga yana bir haqiqatni oshkor qilish payti keldi.

Zal yana bir to’lqinlanib oldi.
— Gap shundaki, sizga ko’rsatganimiz bu sahna haqiqat emas, bor-yo’g’i bir tomosha edi, – dedi Maestro. – Men ham hech qanaqa Maestro emas, shu teatrning oddiy bir aktyoriman. Sahnadagilar ham aktyorlardir. Siz aziz tomoshabinlarimizga yangilik taqdim etish maqsadida tomoshaning shunaqa shaklini tanladik. Boringizga shukr! – deya ta’zim qildi u.
Jilmayib turgan boshqa aktyorlar ham ta’zim qilishdi.
Olqishlar va siylovlar ohangida yana musiqa taraldi, ammo kutilgan gulduros qarsaklar eshitilmadi.
Zal negadir jim edi.

Keyin kutilmagan hodisa ro’y berdi.
Old qatorda o’tirgan bahaybat yigit qo’lidagi muzqaymog’ini sahnaga qarata otdi.
— Ablah! Yaramas! – deb baqirdi ko’zi qonga to’lib, g’azabi oshib. – Hali aldadingmi xalqni?
-Aldabdi!
— Muttahamlar! Yolg’onchilar!
— Mana senlarga!
— Pulni qaytar, yaramas!

Sahnadagi voqealarga chin yurakdan ishonib, hayratlanib o’tirgan olomon birdaniga g’azabga minib, qo’lida neki bor, barini sahnaga ota boshladi. Hamma, hatto bashang kampirlar ham elni aldashga jur’at qilgan bu badbaxtlarni jazolashni talab qilib baqirib-chaqirar edilar.
— Yo’qol! Daf bo’l! – deb qichqirar edi olomon.

Kursilar qarsillab sinar, teri koplamali suyanchiqlaru temir oyoqlarni ham g’alati bir tarzda sug’urib olib, sahnaga otar edilar. Aktyorlar sahnadan qochib chiqishga majbur bo’lishdi, hatto parda ortidagi musiqachilar ham shosha-pisha asboblarini ko’tarib, qaygadir yashirinishdi.

Tezda o’t o’chiruvchilar guruhi yetib keldi. Sahnada nosrang zarhal kiyimli harbiysifat kishilar paydo bo’lganini ko’rgan odamlarning hovuri bir oz bosilib, birin-ketin afsus ichra tarqala boshladilar.
Tajriba tariqasida o’tkazilgan va bor-yo’g’i bir martagina namoyish etilgan teatr tomoshasi mana shu tarzda nihoya topdi.

2014

03

(Tashriflar: umumiy 1 084, bugungi 1)

Izoh qoldiring