Alisher Ibodinov. Hayotimni o’zgartirgan xat

08

   Хатлар орасида одатдагидан бошқача, оддий конвертдан каттароқ ва кўк рангдаги хатжилд  диққатимни тортди. Тепасида «Гулистон» журнали тамғаси. Қизиқиб дарров очдим. Журналнинг расмий хат қоғозига ўнг томонга хиёл қийшайтириб ёзилган дастхат. Умримнинг охиригача бирор сатри хотирамдан ўчмайдиган хат. Худди шу хат кейинчалик бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди.

09
Алишер Ибодинов
ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРГАН ХАТ
08

09   Таниқли ёзувчи Алишер Ибодинов 1953 йил 12 декабрда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги Эскиараб қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1980). «Гулсафсар ҳиди» (1978), «Қуёш ҳам олов» (1984), «Латофат» дўконидаги қатл» (2003), «Қўрбоши Мадаминбек» (1995), «Деразангни чертганда ёмғиру шамол…» каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари нашр этилган.

08

1974 йилнинг кеч кузи. Ҳинд океанининг илиқ сувларини тиғдай кесиб, поёнсиз ложувард маъво узра яшил нуқталардай сочилган Чагос ороллари томон сузаётган ҳарбий кема — «Адмирал Сенявин» крейсери тезлигини сусайтирди. Кема жамоаси худди бир организмдай гап — ўнг оёқнинг учи қичишса, дарров чап оёқнинг учидан кулоққача хабар топганидек, бошида фақат кема командири билан унинг катта ёрдамчисига маълум бўлган ҳарбий сир йигирма-ўттиз дақиқа ичида офицеру мичмандан тортиб кечагина хизматга келган «салага» матросгача ошкор бўлди:
— Қирқ-эллик милядан сўнг Маврикий ороли яқинидаги саёз жойга лангар ташлаймиз, Сухогрузда бизга аталган юк бор экан! 

Кема бўйлаб яшин тезлигида қулокдан-қулоққа кўчган бу хабар экипаж учун кувончли мужда эди. «Сухогруз» — фуқаролик денгиз флотига тегишли юк кемаси. Одатда, сухогрузларнинг йўналишлари маълум бўлгач, улар орқали ойлаб-йиллаб денгиз сафарида юрадиган ҳарбий кемаларга хат-хабар, совға-саломлар жўнатилади. Сухогрузлар эса йўл-йўлакай почтани эгаларига ташлаб ўтади. Шунинг учун ҳамманинг қулоғи динг, кайфият кўтаринки. Чунки охирги марта почтани уч ой муқаддам Сомалининг Бербера портида олгандик. Ўшандан буён юрт билан алоқа узилган, на хат-хабар, на газета-журнал оламиз. Кемада ҳар куни мамлакат ичида ва ташида бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги радиодан олинган хабарлар жамланган беш-ўнта варака тарқатилади, холос.

Икки кундан сўнг Маврикий оролига яқин жойда лангар ташладик. Кемада қий-чув, бесаранжомлик. Катерлар сухогруз билан «Адмирал Сенявин» орасида бўзчининг мокисидай қатнаб, қисқа муддат ичида бизга тегишли юкларни ташиб тугатди.

Кечга яқин почта тарқатилди. Хатлар — Она Ўзбекистон нафаси, онажоним ҳиди, соғинчларга малҳам бўлувчи муждалар… Икки-уч ой ичида онам, опам, ўртокларим ёзган хатлар анчагина. Чўлу-биёбондага ташна одам йўлида дуч келган булоққа ташланганидек ютоқиб қўлга оламан уларни…

Хатлар орасида одатдагидан бошқача, оддий конвертдан каттароқ ва кўк рангдаги хатжилд диққатимни тортди. Тепасида «Гулистон» журнали тамғаси. Қизиқиб дарров очдим. Журналнинг расмий хат қоғозига ўнг томонга хиёл қийшайтириб ёзилган дастхат. Умримнинг охиригача бирор сатри хотирамдан ўчмайдиган хат. Худди шу хат кейинчалик бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди.

«Ҳурматли Алишер ука!
Ҳикоянгизни олдик. Бизга ёқди. Журналнинг кейинги сонларидан бирида чоп этамиз. Энди Ғалабанинг 30 йиллиги арафасида денгизчилар ҳаётидан бир очерк ёзиб юборсангиз.
Хизматда ва ижодда муваффақиятлар тилаб,
Асқад Мухтор».

Кўзларимга ишонмайман. Табиатан хаёлкаш йигитман, аммо Ватандан минг-минглаб чақирим олисда, Ҳинд океанининг асов тўлқинлари кеманинг бортига бош уриб ётган жойда Асқад Мухтордан мактуб олиш тушимга ҳам кирмаган эди.

Болалигимдан кўп китоб ўқирдим. Баъзан шеър, ҳикоялар ёзиб турардим. Кўнгил тубида ёзувчи бўлишдай ҳаммадан яширин, аммо оловли истак ғимирларди. 8-синфда ўқиётганимда туман газетаси «Хаёлларда келажагим бор» сарлавҳали бир шеъримни эълон қилган ҳам эди. Аммо мактабни битириб, Фарғона давлат педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетига кириш истагим биринчи имтиҳондаёқ чил-чил бўлди. Икки йил шу институтга ҳужжат топшириб, икки сафар ҳам иншодан (!)  «икки» баҳо олиб йиқилдим. Бўлғуси ҳикоянавис, э, борингки, қиссанависнинг иншодан икки олиши… «Демак, ўзингга ортиқча баҳо берган экансан, Алишер бола!» Ўзимнинг ҳам, дўстларимнинг ҳам ана шу қатъий баҳосини юракка тамғалаб, ҳарбий хизматга жўнаб кетдим. Тинч океан флотида оддий матрос бўлиб, «Адмирал Сенявин» крейсерида хизмат қила бошладим. У пайтлари одатда флот хизмати уч йил эди. Икки ярим йил матросликнинг бор машаққатларини бошдан кечирдим. Икки марта олис сафарда қатнашиб, Тинч ва Ҳинд океанларида суздим.

Ўша 1974 йил бошларида Владивостокда, «Олтин шох» бандаргоҳининг машҳур 33-причалида турган кунларим Фарғонадан менга ул-бул солинган қути — почта жўнатмаси келди. Тансиқ патир нон, новвот, олма, анорлар орасида «Саодат» журнали ҳам бор эди. Журналдаги танлов эълон қилинган хабар эътиборимни тортди. У Ўзбекистон ССРнинг 50 йиллиги муносабати билан ўзбек ишчи аёли образи яратилган энг яхши очерк, ҳикоялар танлови ҳақида эди. Шу хабарни ўқиб, негадир анчадан буён юрагимда кул босган ўчоқнинг тагидай совуқ хўмрайиб ётган орзу-ниятларим яна жунбушга келди. Яна «ёзувчилигим тутди». Фарғона институтига кириш ниятида холамникида яшаб юрган пайтлари бир қиз билан танишган эдим. У қурилишда электр- пайвандчи бўлиб ишлар экан. Ўша пайтгача ўзбек қизлари орасида бунақа касб эгасини учратмаган эдим. Ҳайратимни қизга очиқ изҳор қилсам, у:
— Онам ўлиб кетган, отам ногирон, бир жойда ётади, учта укам бор. Ёнгинамизда қурилиш бўлаётган эди. Ҳар куни, ҳатто тунлари ҳам электрпайвандчилар тиним билмай ишлашарди. Калта кесилган узум новдасидай темир таёқчадан саноқсиз шуълалар сочиб ишлаётган пайвандчилар ишига меҳрим тушди. Уларнинг маоши ҳам катта эди. Ўйлаб туриб, биттасига шогирд тушдим-у, шу касбни эгаллаб қўя қолдим, — дея жавоб берди.

У уддабурро, пишикқина қиз эди. Бир-икки кунлик мулоқот, музқаймоқхўрликлардан сўнг изҳор қилган муҳаббатим совун кўпигидек нарса эканлигини бир зумда исбот килиб берди.

Дунёнинг бир четидаги шаҳар бандаргоҳида негадир шу қиз ҳақида ёзгим келди. Назаримда шундай қизлар ҳақида ёзилган мақола танловда соврин оладигандай эди. Бироқ ҳикояни ёзиш жараёнида унинг бош қаҳрамони сифатида ошиқ йигит биринчи ўринга чиқиб олди. Энди ҳикоя танлов талабига жавоб бермайди. Узоқ ўйлаб ўтирмай ҳикояни энг севимли журналим — «Гулистон»га юбориб қутула қолдим. Бир-икки ой ўтиб танлов ҳам, ҳикоя ҳам эсимдан чиқиб кетди.

Мана, орадан ярим йил ўтиб, ўша ҳикоя юзасндан буюк адиб Асқад Мухторнинг хатини ушлаб ўтирибман.

Ўшанда хизматдан қайтишимга атиги беш ой вақт қолган эди. Икки ярим йилдан ортиқ қийин, хавфли, хилма-хил тасодифларга тўла флот хизмати жараёнида кўнгилдаги «ёзувчилик» таъмаси, юқорида айтганимдай, деярли сўниб битган, мен ўзимни эндиги ҳаётимда мутлақо бошқа ишларга чоғлаб бўлган эдим…

Отамиз мен тўққиз яшарлигимда вафот этган, беш бола етим қолган эдик. Кейинроқ Улуғбек деган укам уч ёшда, тили ширин  бўлган бир найтда шамоллаб, бехос оламдан ўтди. Опам мен ўнинчи синфда ўқиётган пайтда турмушга чиқиб кетди. Ҳарбий хизматга кетганимдан кейин эса катта синглимни ҳам узатиб юборишган экан. Хуллас, ҳайҳотдек катта ҳовлида онам билан кичик синглим ёлғиз қолишган… Оиладаги якка ўғил бўлганим боис, хизматдан қайтгач, синглимни узатиш, хароба ҳолига келган уйимизни ўнглаш, шу ерда янги оила тузиш, ота чироғини ёқиш менинг вазифам эди.

Институтга кираман дея икки бор шармандаларча «икки» олганман, ўтган салкам уч йил орасида эса бор билимим ҳам денгиз тўлқинларига сочилиб кетган. Демак, энди институтга кириш ҳақида хаёл қилиш ҳам кулгили. Лекин ўзимча тузган режам бор эди. Шаҳардаги холамнинг қўшниси Тўхтасин ака кооператив техникуми ўқитувчиси, обрў-эътиборли одам. Мен билан ҳам муомаласи яхши эди. Шу одамни қора қилиб техникумга сиртдан кириб ўқийман, бирор дўконми, бозордами иш топиб, ҳаёт қуришга киришаман, деган ўй миямга михланган эди. Энди эса бу хат…

Албатга, у ҳаёт йўлимни ўзгаришига қанчалик таъсир қилишини ҳали билмас эдим. Асқдд Мухтор китобларини болалигимдан ўқиб келганман. «Опа-сингиллар»ни ёд қилиб юборганман. «Дунё болалари», кейинроқ эса «Чинор» ҳам энг севимли асарларимга айланган эди. Ўша пайтлардаги ўнинчи синфнинг адабиёт дарслигида Асқад Мухторнинг «Давр менинг такдиримда» романидан парча ва муаллифнинг сурати берилган эди. Қаламкаш дўстларимдан бири айтганвдек, зиёли дейилганда шу киши хаёлга келадиган бир сурат…

Кўп ўтмай устоз топшириғи билан «Денгизчи» деган ҳикоя ҳам ёзиб «Гулистон»га юбордим. Ҳар иккала ҳикояни хизматдан қайтгач, журнал саҳифаларида ўқидим.

1975 йилнинг май ойи. Тошкент аэропорти. Тун. Владивостокдан Хабаровскка қўниб учган самолёт ғилдираклари Тошкент заминига тегиши билан ҳамма хотиржам тортди. Аммо менинг кўнглимда ғалаён бошланди. Чунки мен… Асқад Мухторга учрашмоқчи эдим.

Гапни мухтасар қилсак, у кишига учрадим. Устоз мен билан танишиб, аҳволимни билгач, Тошкентда ўқишга даъват этдилар.

У киши, Маҳмуд Саъдий ва бошқа олижаноб инсонлар кўмагида ТошДУга ўқишга кирдим. Ҳикоялар, қиссалар ёздим. Ижод аҳли орасидан ўзимга яраша жой эгалладим, ёзувчи, журналист сифатида танилдим. Кейин рўзғор, болалар…

Бугун ўзим ҳам редакцияда ишлайман. Иш юзасидан ҳаваскор ёшларнинг даста-даста хатлари, қўлёзмаларига дуч келганимда, баъзан ўйланиб қоламан: Асқад Мухтордай улуғ адиб редакцияга келадиган сон-саноқсиз хатлар орасидан оддий матрос ёзиб юборган ҳикояни ўқиб чиқиб, уни меҳр билан таҳрир қилиб, ўз қўли билан муаллифга хат ёзишга қандай вақт топган, эътибор каратган?..

Бағрикенглик деганлари аслида шу эмасми?

033

09
Alisher Ibodinov
HAYOTIMNI O’ZGARTIRGAN XAT
08

 Taniqli yozuvchi Alisher Ibodinov 1953 yil 12 dekabrda Farg’ona viloyati Oltiariq tumanidagi Eskiarab qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1980). «Gulsafsar hidi» (1978), «Quyosh ham olov» (1984), «Latofat» do’konidagi qatl» (2003), «Qo’rboshi Madaminbek» (1995), «Derazangni chertganda yomg‘iru shamol…» kabi qissa va hikoyalar to’plamlari nashr etilgan.

08

0331974 yilning kech kuzi. Hind okeanining iliq suvlarini tig’day kesib, poyonsiz lojuvard ma’vo uzra yashil nuqtalarday sochilgan Chagos orollari tomon suzayotgan harbiy kema — «Admiral Senyavin» kreyseri tezligini susaytirdi. Kema jamoasi xuddi bir organizmday gap — o’ng oyoqning uchi qichishsa, darrov chap oyoqning uchidan kuloqqacha xabar topganidek, boshida faqat kema komandiri bilan uning katta yordamchisiga ma’lum bo’lgan harbiy sir yigirma-o’ttiz daqiqa ichida ofitseru michmandan tortib kechagina xizmatga kelgan «salaga» matrosgacha oshkor bo’ldi:
— Qirq-ellik milyadan so’ng Mavrikiy oroli yaqinidagi sayoz joyga langar tashlaymiz, Suxogruzda bizga atalgan yuk bor ekan!

Kema bo’ylab yashin tezligida qulokdan-quloqqa ko’chgan bu xabar ekipaj uchun kuvonchli mujda edi. «Suxogruz» — fuqarolik dengiz flotiga tegishli yuk kemasi. Odatda, suxogruzlarning yo’nalishlari ma’lum bo’lgach, ular orqali oylab-yillab dengiz safarida yuradigan harbiy kemalarga xat-xabar, sovg’a-salomlar jo’natiladi. Suxogruzlar esa yo’l-yo’lakay pochtani egalariga tashlab o’tadi. Shuning uchun hammaning qulog’i ding, kayfiyat ko’tarinki. Chunki oxirgi marta pochtani uch oy muqaddam Somalining Berbera portida olgandik. O’shandan buyon yurt bilan aloqa uzilgan, na xat-xabar, na gazeta-jurnal olamiz. Kemada har kuni mamlakat ichida va tashida bo’layotgan voqea-hodisalar haqidagi radiodan olingan xabarlar jamlangan besh-o’nta varaka tarqatiladi, xolos.

Ikki kundan so’ng Mavrikiy oroliga yaqin joyda langar tashladik. Kemada qiy-chuv, besaranjomlik. Katerlar suxogruz bilan «Admiral Senyavin» orasida bo’zchining mokisiday qatnab, qisqa muddat ichida bizga tegishli yuklarni tashib tugatdi.

Kechga yaqin pochta tarqatildi. Xatlar — Ona O’zbekiston nafasi, onajonim hidi, sog’inchlarga malham bo’luvchi mujdalar… Ikki-uch oy ichida onam, opam, o’rtoklarim yozgan xatlar anchagina. Cho’lu-biyobondaga tashna odam yo’lida duch kelgan buloqqa tashlanganidek yutoqib qo’lga olaman ularni…

Xatlar orasida odatdagidan boshqacha, oddiy konvertdan kattaroq va ko’k rangdagi xatjild diqqatimni tortdi. Tepasida «Guliston» jurnali tamg’asi. Qiziqib darrov ochdim. Jurnalning rasmiy xat qog’oziga o’ng tomonga xiyol qiyshaytirib yozilgan dastxat. Umrimning oxirigacha biror satri xotiramdan o’chmaydigan xat. Xuddi shu xat keyinchalik butun hayotimni o’zgartirib yubordi.

«Hurmatli Alisher uka!
Hikoyangizni oldik. Bizga yoqdi. Jurnalning keyingi sonlaridan birida chop etamiz. Endi G’alabaning 30 yilligi arafasida dengizchilar hayotidan bir ocherk yozib yuborsangiz.
Xizmatda va ijodda muvaffaqiyatlar tilab,
Asqad Muxtor».

Ko’zlarimga ishonmayman. Tabiatan xayolkash yigitman, ammo Vatandan ming-minglab chaqirim olisda, Hind okeanining asov to’lqinlari kemaning bortiga bosh urib yotgan joyda Asqad Muxtordan maktub olish tushimga ham kirmagan edi.

Bolaligimdan ko’p kitob o’qirdim. Ba’zan she’r, hikoyalar yozib turardim. Ko’ngil tubida yozuvchi bo’lishday hammadan yashirin, ammo olovli istak g’imirlardi. 8-sinfda o’qiyotganimda tuman gazetasi «Xayollarda kelajagim bor» sarlavhali bir she’rimni e’lon qilgan ham edi. Ammo maktabni bitirib, Farg’ona davlat pedagogika institutining til va adabiyot fakul`tetiga kirish istagim birinchi imtihondayoq chil-chil bo’ldi. Ikki yil shu institutga hujjat topshirib, ikki safar ham inshodan (!) «ikki» baho olib yiqildim. Bo’lg’usi hikoyanavis, e, boringki, qissanavisning inshodan ikki olishi… «Demak, o’zingga ortiqcha baho bergan ekansan, Alisher bola!» O’zimning ham, do’stlarimning ham ana shu qat’iy bahosini yurakka tamg’alab, harbiy xizmatga jo’nab ketdim. Tinch okean flotida oddiy matros bo’lib, «Admiral Senyavin» kreyserida xizmat qila boshladim. U paytlari odatda flot xizmati uch yil edi. Ikki yarim yil matroslikning bor mashaqqatlarini boshdan kechirdim. Ikki marta olis safarda qatnashib, Tinch va Hind okeanlarida suzdim.

O’sha 1974 yil boshlarida Vladivostokda, «Oltin shox» bandargohining mashhur 33-prichalida turgan kunlarim Farg’onadan menga ul-bul solingan quti — pochta jo’natmasi keldi. Tansiq patir non, novvot, olma, anorlar orasida «Saodat» jurnali ham bor edi. Jurnaldagi tanlov e’lon qilingan xabar e’tiborimni tortdi. U O’zbekiston SSRning 50 yilligi munosabati bilan o’zbek ishchi ayoli obrazi yaratilgan eng yaxshi ocherk, hikoyalar tanlovi haqida edi. Shu xabarni o’qib, negadir anchadan buyon yuragimda kul bosgan o’choqning tagiday sovuq xo’mrayib yotgan orzu-niyatlarim yana junbushga keldi. Yana «yozuvchiligim tutdi». Farg’ona institutiga kirish niyatida xolamnikida yashab yurgan paytlari bir qiz bilan tanishgan edim. U qurilishda elektr- payvandchi bo’lib ishlar ekan. O’sha paytgacha o’zbek qizlari orasida bunaqa kasb egasini uchratmagan edim. Hayratimni qizga ochiq izhor qilsam, u:
— Onam o’lib ketgan, otam nogiron, bir joyda yotadi, uchta ukam bor. Yonginamizda qurilish bo’layotgan edi. Har kuni, hatto tunlari ham elektrpayvandchilar tinim bilmay ishlashardi. Kalta kesilgan uzum novdasiday temir tayoqchadan sanoqsiz shu’lalar sochib ishlayotgan payvandchilar ishiga mehrim tushdi. Ularning maoshi ham katta edi. O’ylab turib, bittasiga shogird tushdim-u, shu kasbni egallab qo’ya qoldim, — deya javob berdi.

U uddaburro, pishikqina qiz edi. Bir-ikki kunlik muloqot, muzqaymoqxo’rliklardan so’ng izhor qilgan muhabbatim sovun ko’pigidek narsa ekanligini bir zumda isbot kilib berdi.

Dunyoning bir chetidagi shahar bandargohida negadir shu qiz haqida yozgim keldi. Nazarimda shunday qizlar haqida yozilgan maqola tanlovda sovrin oladiganday edi. Biroq hikoyani yozish jarayonida uning bosh qahramoni sifatida oshiq yigit birinchi o’ringa chiqib oldi. Endi hikoya tanlov talabiga javob bermaydi. Uzoq o’ylab o’tirmay hikoyani eng sevimli jurnalim — «Guliston»ga yuborib qutula qoldim. Bir-ikki oy o’tib tanlov ham, hikoya ham esimdan chiqib ketdi.

Mana, oradan yarim yil o’tib, o’sha hikoya yuzasndan buyuk adib Asqad Muxtorning xatini ushlab o’tiribman.

O’shanda xizmatdan qaytishimga atigi besh oy vaqt qolgan edi. Ikki yarim yildan ortiq qiyin, xavfli, xilma-xil tasodiflarga to’la flot xizmati jarayonida ko’ngildagi «yozuvchilik» ta’masi, yuqorida aytganimday, deyarli so’nib bitgan, men o’zimni endigi hayotimda mutlaqo boshqa ishlarga chog’lab bo’lgan edim…

Otamiz men to’qqiz yasharligimda vafot etgan, besh bola yetim qolgan edik. Keyinroq Ulug’bek degan ukam uch yoshda, tili shirin bo’lgan bir naytda shamollab, bexos olamdan o’tdi. Opam men o’ninchi sinfda o’qiyotgan paytda turmushga chiqib ketdi. Harbiy xizmatga ketganimdan keyin esa katta singlimni ham uzatib yuborishgan ekan. Xullas, hayhotdek katta hovlida onam bilan kichik singlim yolg’iz qolishgan… Oiladagi yakka o’g’il bo’lganim bois, xizmatdan qaytgach, singlimni uzatish, xaroba holiga kelgan uyimizni o’nglash, shu yerda yangi oila tuzish, ota chirog’ini yoqish mening vazifam edi.

Institutga kiraman deya ikki bor sharmandalarcha «ikki» olganman, o’tgan salkam uch yil orasida esa bor bilimim ham dengiz to’lqinlariga sochilib ketgan. Demak, endi institutga kirish haqida xayol qilish ham kulgili. Lekin o’zimcha tuzgan rejam bor edi. Shahardagi xolamning qo’shnisi To’xtasin aka kooperativ texnikumi o’qituvchisi, obro’-e’tiborli odam. Men bilan ham muomalasi yaxshi edi. Shu odamni qora qilib texnikumga sirtdan kirib o’qiyman, biror do’konmi, bozordami ish topib, hayot qurishga kirishaman, degan o’y miyamga mixlangan edi. Endi esa bu xat…

Albatga, u hayot yo’limni o’zgarishiga qanchalik ta’sir qilishini hali bilmas edim. Asqdd Muxtor kitoblarini bolaligimdan o’qib kelganman. «Opa-singillar»ni yod qilib yuborganman. «Dunyo bolalari», keyinroq esa «Chinor» ham eng sevimli asarlarimga aylangan edi. O’sha paytlardagi o’ninchi sinfning adabiyot darsligida Asqad Muxtorning «Davr mening takdirimda» romanidan parcha va muallifning surati berilgan edi. Qalamkash do’stlarimdan biri aytganvdek, ziyoli deyilganda shu kishi xayolga keladigan bir surat…

Ko’p o’tmay ustoz topshirig’i bilan «Dengizchi» degan hikoya ham yozib «Guliston»ga yubordim. Har ikkala hikoyani xizmatdan qaytgach, jurnal sahifalarida o’qidim.

1975 yilning may oyi. Toshkent aeroporti. Tun. Vladivostokdan Xabarovskka qo’nib uchgan samolyot g’ildiraklari Toshkent zaminiga tegishi bilan hamma xotirjam tortdi. Ammo mening ko’nglimda g’alayon boshlandi. Chunki men… Asqad Muxtorga uchrashmoqchi edim.

Gapni muxtasar qilsak, u kishiga uchradim. Ustoz men bilan tanishib, ahvolimni bilgach, Toshkentda o’qishga da’vat etdilar.

U kishi, Mahmud Sa’diy va boshqa olijanob insonlar ko’magida ToshDUga o’qishga kirdim. Hikoyalar, qissalar yozdim. Ijod ahli orasidan o’zimga yarasha joy egalladim, yozuvchi, jurnalist sifatida tanildim. Keyin ro’zg’or, bolalar…

Bugun o’zim ham redaktsiyada ishlayman. Ish yuzasidan havaskor yoshlarning dasta-dasta xatlari, qo’lyozmalariga duch kelganimda, ba’zan o’ylanib qolaman: Asqad Muxtorday ulug’ adib redaktsiyaga keladigan son-sanoqsiz xatlar orasidan oddiy matros yozib yuborgan hikoyani o’qib chiqib, uni mehr bilan tahrir qilib, o’z qo’li bilan muallifga xat yozishga qanday vaqt topgan, e’tibor karatgan?..

Bag’rikenglik deganlari aslida shu emasmi?

033

(Tashriflar: umumiy 825, bugungi 1)

Izoh qoldiring