Бола эдим. Отам томорқамиздаги экинларга сув очганлиги учун, менга, сув бўлинадиган ариқ бошига қоровул бўлиб туришимни буюрдилар.Шоҳариқ бўйига келиб анча йиллардан бери ароққа ружу қўйган, кимдир юзига қарагудек бўлиб қолса бетартиб ўсиб ётган соқолини юлқилаб: “Шу соқолим кўзингга ёмон кўринаябтими, а, ёмон кўринаябтими?! Битта винонинг пулини берсанг олов билан куйдириб ташлайман шу соқолни!..” деб ҳамманинг жонига тегадиган Исмат бобони учратдим.
Байрам АЛИ
ИККИ ҲИКОЯ
Байрам Али (Байрамали Қўлдошев) 1991 йилнинг 23 – июн куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Чим қишлоғида туғилган. Илк таьлимни шу қишлоқдаги 81-умумий таьлим мактабида олган. Мактабни тугатгач, 2008-2011 йилларда Чим маиший касб-хунар коллежини битириб чиқади. Илк шеърлари ва ҳикоялари мактаб давриданоқ республика газета-журналларида эълон қилинган. Ҳозирги кунда ҳам республикамиз ва қўшни Қозоғистон давлати нашриётлари билан мунтазам ҳамкорлик қилади. Айни пайтда вилоятнинг «Дарё»газетасида мухбир сифатида фаолият бошлади. 2013 йилда “Dizayin press” нашриёти тамонидан “Болангман, дунё” номли шеър ва ҳикоялардан иборат китоби нашр этилган.
ЧОРАКТАЛИК
Ҳар қандай комил инсоннинг ҳам руҳиятида ҳайвоний бир иллати бор. Ҳар қандай тубан инсоннинг ҳам кўнглида отамиз Одам алайҳссаломдан мерос фариштамонанд бир нур яшайди…
Бола эдим. Отам томорқамиздаги экинларга сув очганлиги учун, менга сув бўлинадиган ариқ бошига қоровул бўлиб туришимни буюрдилар. Чунки қишлоғимизга сув етказадиган шоҳариқ битта, кимдир қараб турмаса сувни бошқа одам очиб кетиши тайин эди. Шоҳариқ бўйига келиб анча йиллардан бери ароққа ружу қўйган, кимдир юзига қарагудек бўлиб қолса бетартиб ўсиб ётган соқолини юлқилаб: “Шу соқолим кўзингга ёмон кўринаябтими, а, ёмон кўринаябтими?! Битта винонинг пулини берсанг олов билан куйдириб ташлайман шу соқолни!..” деб ҳамманинг жонига тегадиган Исмат бобони учратдим. Исмат бобонинг кўзлари бесаранжом, одатига хос қўллари, умуман бутун вужуди қалтираб турар, менга кўзи тушгани ҳамон эса ҳаяжони баттар ошиб кетди. Ўзим боришимга сабри чидамасдан югуриб ёнимга келиб, қўлимга ғижимланган пул тутқазди.
-Сувингга мен қараб тураман, невара! Сен эса бор, дўкондан менга битта чоракталик ароқ (ўша пайтлар «чекушка» – елим стаканга бир шиша ароқнинг чорак қисмини солиб оғзи махкамлангани сотиларди) келтир!- деди хапқириб.
Ҳаммаси тушунарли: у доимгидай бу пулни бирортадан тиланиб олган-у, аввалдан қарзлари борлиги учун дўконга ўзи боришга чўчиётган эди. Дўкон узоқ бўлмаганлигидан рози бўлдим. Кимдир сувни очишга келса сув бизнинг томорқага кетаётганини айтишини Исмат бобога қайта-қайта тайинлаб, йўлга тушдим. Қайтганимда Исмат бобо қўлимдаги ароқни оларкан, тишларининг ярми тўкилиб кемшик бўлиб қолган оғзини иршайтириб кулди.
-Садағинг кетай невара, калланг тўла эс, — деди, мени алқаб. Шоҳариқ бўйидиги қари тут тагига бориб ўтирди-ю, азбаройи хурсандчилигиданми, гапга тушиб кетди:
-Дунёда яхши оамлар ҳам кўп-да, невара! …хон эшонга бир отимлик нос беринг, ичмаганимга пича бўлди, ичим таталаб кетаябти, дегандим, носи йўқлигидан раҳми келиб шу пулни берди, баракатопкур. Буни фақат сенга айтаябман, биров сўраб қолса менга эшон бобо пул берганини айтакўрма, хўпми? Бўлмаса у кишининг ортидан одамлар “кўзи очиқ бўлса ҳам ароқ учун пул берибди-да…” дея маломат қилади….
Исмат бобо бу гапларни куйиб-пишиб, астойидил самимият билан гапирар, ростдан ароқ келтириб берганимнинг мукофоти юзасидангина “сирини” очаётгандек эди. Шу чоқ узоқроқдан елкасига белкурак кўтарган йигитнинг қораси кўринди. Аллабир оғриқдан азоб тортаётгандек оғир қадам ташлаб келаётган бу йигит палапартишроқ кийинган бўлса-да, либослари охорли, шаҳарча кийим-бошига ярашмай турган елкасидаги асбобидан эса, сув очишга чиққанлиги маълум бўлиб турарди. Исмат бобо ароқни чўнтагига яшириб улгурган бир пайтда, йигит белкурагини ерга санчиб қўйиб, ҳарсиллаб ёнимизга чўкди. Биз билан сўрашган киши бўлиб қош учириб қўйгач:
— Сан уста бобонинг ўғлимидинг? – сўради мендан.
— Ҳа, — дедим мен ва хавотирланиб қўшиб қўйдим: — отам сувни бир соатча олдин очган. Кечгача ҳеч кимга бермай қараб туришимни тайинлади.
У гапимга жавобан бошини чайқаб, узун хомуза тортди. Тугмалари ярим қадалган кўйлагини сириб, кўксини қашлади.
— Ўша-а-а… – башарасини бужмайтириб ҳамма ҳаваскор-шаҳарликларга хос гап бошлади кейин. – Ўша-а, Қаршида ишлаётганимдан бери умуман ичмай қўйгандим, кеча кеч ошналар келиб роса отипмиз-да!.. Вах-х! Буёғи эрталабдан бери ғингшийвериб хотин ҳам еб ташади…
Исмат бобога “боплабманми” дегандай қараб қўяркан, у бошининг чаккаларини эзиб уқалашга тушди. Унинг салқиган қовоқлари, овозидаги дағалликдан тортаётган азоби чин эканлиги сезилса-да, бутун хатти-ҳаракатларида аллақандай сохталик, эътиборни тортишга атай уриниш мужассамдек туйиларди кишига. Бекитган жойидан ароқни олган Исмат бобо секингина ўрнидан турди. Ўзини ҳам азбаройи ароқнинг хумори безовта қилаётганиданми, тойиниб-тойиниб нари кета бошлади.
— Ваа-х, ўлдим! Ваа-ах-хх, … … боши-им! – бу вақтда эса йигит намойишкорона нолишларини баттар авжига чиқарган эди. – Ўлдирди-ку! Шунчаям ичаманми-я!…
Исмат бобо узоқ юрмади, бир неча қадам босиб, негадир, тўхтаб қолди. Турган жойидан йигитга пича термулиб турди-да, дакки ейишга қўрққан одамдай бир юриб, бир тўхтаб ёнимизга қайтиб келди.
— Жуда… Жуда оғриябтими?.. – сўради ундан, кўзларини мўлтиратиб.
— А?! – деди, у Исмат бобонинг мурожаатини яхши эшитган бўлса ҳам, эшитмагандай тутиб ўзини.
— Бош дейман?.. Оғриябтими жуда?
— Эйй, вабше сўраманг, миям оқиб тушай деяпти, бобой…
Исмат бобо йигитни айланиб мен тарафга ўтди. Тутоққанидан ерга чирт этиб тупирди.
-Занғарни миёридан ошиқ ичиб нима қилади, тавба… – ғулдираб қўйди эшитилар-эшитилмас товушда.
Бобонинг ажаб кулгули гапини йигит бу сафар ростдан эшитмади, шекилли. У лоҳасланиб гавдасини тут танасига суяр экан, тағин ўзига ўзи шикоят қиларди:
— Ваа-х-х-х, ўлди-им! Кеча роса-а-а қутирибмизда ўзи! Бошим-а-аҳ, ўлиблар кетсам яхши эди…
Йигитнинг нолишлари ортгани сайин Исмат бобо ташвишга тушиб гоҳ унинг азоб зуҳр этган юзига, гоҳ ариқда оқаётган сувга термулар, бир жойда тура олмай ўзи билмасдан йигитга тоборо яқинлашиб ҳам бормоқда эди. Бир қўли эса ҳамон чўнтагида: афтидан чоракталикни маҳкам сиқиб турган бўлса керак. Ниҳоят, Исмат бобонинг бу иккиланишлари поён топди, у ҳаёт-мамот масаласини ўртага қўйиб қарор қабул қилётган каби шахт билан чўнтагидаги ароқни чиқарди.
Кўзлари жавдирабгина бироз тараддудланиб тургач:
-Ма!.. – деди, йигитнинг қаршисига келиб кескин ва ғуссали овозда. Яна нимадир дейиш учун оғиз жуфтлади-ю, кейинги гапини “қулт” этказиб ютиб қўя қолди. Чоракталикни кўрган йигитнинг эса кўзларида табассумга йўғрилган истеҳзо пайдо бўлди. Ёнбошига қараб уч-тўрт юталиб қўйгач елим идишчани бамайлихотир қўлига олар экан:
-Эээ-эй, бобо-ой, бобо-ой! Қаердан топдингиз буни? – дея Исмат бонинг юзига ҳам қарамасдан стаканчадаги майда ёзувларни ўқишга уринди: – Изготовлино… Рассия-я… Тозаси-ю!
-Ҳа!.. Озроқ ичсанг оғриқ… бос… босилиб… Босилса… Агар бир ютим қолдириб… Қолдирсанг… Ўзим ҳам… – Исмат бобонинг ҳозиргина ўзи узатган ароққа тикилиб қалтираши, энди, ўсимлик поясида туриб овоз чиқараётган чийилдоқникидан сира қолишмасди. Йигит, афсуки, бобонинг ароқдан қолдириш ҳақидаги илтимосини бу сафар ҳам эътиборсиз қолдирди. Идишнинг оғзидаги қопламани очиб пича сипқоргач, башарасини буриштириб ўқчий-ўқчий ароқнинг қолган қисмин ерга тўкиб ташлади:
— Фу-у! Онасини… Заҳар-ку, заҳар!
Қонталаш кўзлари катталашиб кетган Исмат бобо титраб-қақшаб бир ер билан битта бўлган ароққа, бир йигитга тикиларди; қирғоққа чиқиб қолган балиқ мисоли милксиз оғзини кап-кап очиб, ҳа деб ютинарди. Мен эса айни вақтда йигитнинг бу қилғилиғи сабабини умуман тушунмас эдим. Унинг кулгудан бўғриққан юзларига боқиб Исмат бобонинг азоб ичида энтикишларидан чексиз завқ олаётганини билиш мумкин эди, холос.
Ифодалаб бўлмас даражадаги алам ва нафрат билан бир пас шундай саросимада тургач, Исмат бобо чирт ўгрилди-ю, аллақачон маст бўлган одамдай гандираклаб-гандираклаб биздан нари кета бошлади. Менга энди унинг юзлари кўринмай қолган бўлса-да, йиғлаётган бўлса керак, дея ўйлардим. Ёнимдаги оламшумул бирор иш қилгандай тентакнамо иршайиб турган йигитнинг эса юзи бақадан ҳам бадфуруш кўринарда кўзларимга…
ҲАМДАРДЛАР
Ўспирин қовоқхонага жавдирабгина кириб келганида эркакнинг аллақачон кайфи тароқ эди.
-Ўзбакмисан?- сўради, эркак ўспиринни ёнига имлаб чақириб. Гарчи бу юртда ўзбекларни онда-сонда учратиб турсада, айни шу дам, айни шу сафар меҳри ийиб, юраги жуда бошқача уриб кетганди унинг. Кейин эса одатий ҳол – ҳамма дилкаш ароқхўрлар каби ёш ҳамюртини “меҳмон бўлишга” ундади. Албатта ўспирин ҳам спиртли ичимликлар сотиладиган дўконга фомил чой ичиш учун кирган эмасди. Дам ўтмай у ҳам сархушликда эркакка етиб олиб, иккаласи навбатига бир-бирини чўлпиллатиб ўпишар, худдики энг яқин инсонлардай қучоқлашишиб, йиғлаб-сиқтаб бир-бирига дардини дастурхон қилмоқда эди.
-Не плач, сынок, йиғлама… — эркак анча йиллардан бери бу ердалигидан она тилидаги керакли сўзларни топишга қийналиброқ ўспиринни юпатарди. Унинг юзидан упмоқчи бўлар эди-ю, чўччайган лаблари мўлжалда адашиб, йигитчанинг сочлари, қулоқлари оралаб кетиб қоларди.
— Нега жиламайин ака, ғирт етимман мен, қип-қизил етимман! Э-э-э, бу ҳаётни… – соф воҳача талаффузда буралиб сўкиниб, столни тимдаларди ўспирин эса. – Кимнингдир отаси йўқ, кимнингдир энаси! Менда эса иккаласиям йўқ, эшитаябсизми, етимман ғирт…
Яна бир қўл стаканни тўлатиб сипқоришгандан сўнг, эркак сўради:
-Что, он уже… Ўлганми улар?
-Энам ўтган йили… – ўспирин тағин пиқ-пиқ йиғлаб столни тирнашга тушди. – Отам эса мен учун ўлгандан ҳам баттар! Минг марта, милион марта баттар! Ҳали чақолоқлигимдаёқ бизни ташлаб дом-дараксиз бўлиб кетган. Ўйнаши билан, ҳа ўйнаши билан қочиб кетган, ярамас!
-Ўҳ-ҳ, козёл! Ўҳ-ҳ, ҳароми! Бунақаларни башарасига… – жаҳлини босолмасдан аввал столга, кейин ўз манглайига усма-уст мушт туширди эракак.
-Энам у кишин шунча пайт кутди, охири куйиб кул бўлди бечара…
Ўспирин гапини давом эттиришга монелик бўлмагач, одати бўйича столни тимдалаб сўзида давом этди:
-Сиз менинг бўйимга қараб гўдак деманг ака, аслида мен кўрмаган хўрликлар дунёда қолмаган. Тоғамнинг уйида улғайдим, энам қаршилик қилишига қарамай томларга қамаб урарди-я, номард! Таёқлаб урарди, калтаклаб!…
-Таёқлаб?! – эркакнинг азбаройи тутақиб кўзлари олайиб кетди. – Что-о он… Он псих чито ли? Нега уради?
-Мактаб давримданоқ бас деганча оқидан “урардим”, — бўйнига чертиб “шинавадалар”га хос ишора қилиб қўйди ўспирин. – Лекин нима, ичсам ўзимнинг пулимга ичибман-да! Чексам ўзимнинг пулимга чексам… Ўша вақтлардаям одамларнинг томорқасини суғориб бериб пул ишлардим. Мол бозорларга бориб эчки, қўй сотиб олган кишиларнинг қўй-эчкисини бозор чекчисидан яширинча сиртга чиқариб берардим. Чекка тўланадиган миқдоридан камроқ уч тўрт сўм беришарди кейин. У эса… Тоғам эса отам эмас-у, отамга ўхшаб насиҳат қилишга уринарди, мол! Неча марталаб “Сиғиндисан”, “Қачон йўқоласан?” деб энамни қон-у зардоб қилган билсангиз, ўзининг ярамас хотини! Аслидаям энамни ўшанинг таъналари еди! Мана энди куядиган ҳеч кимим йўқ, санқийвериб Рассияга келиб қолдимда, ака…
Столга, бошига муштлайвериб қўли оғриб кетганиданми, ё боланинг ҳикояси ўзининг хиёнат барбод қилган ҳаётини эсига тушириб юборганиданми, эркак маюс ўйлар гирдобига чўкиб кетди.
-Турмуш қурмадими, кейин онанг?- дея сўради.
Ўспирин елкаси оша эркакка ёв қараш қилиб қўйди.
-Йўқ, у ярамас ва бузуқи отамни кутарди. Уйдан лом-мим демасдан кетганига қачондир қайтади деб ишонарди, бечара.
Эркак яна ўспириннинг қулоғига яқинроқ жойидан чўлпиллатиб ўпди.
-Ой, молодец! Твой мама ангел! – деди ўпкаси тўлиб. – Мен бу аёл зотидан нафратланардим. Кўргани кўзим йўқ барча аёлларни! Ишонсанг аслида олий маълумотли одамман, бир енгилтакни деб бузилиб кетган бутун ҳаётим… Аммо… сени онанг фаришта.
-Кимни айтаябсиз енгилтак, деб?- сўради ўспирин, шишада қолган ароқнинг охирги томчиларини стаканга қуйишга уринаркан. Ва бу билан ўзи билмаган ҳолатда эркакнинг ўз ҳаёти ҳақида гапириб беришига имкон яратди.
Сархуш бўлсада ғамдан юзлари қорайиб, сувратига изтироб кўланка ташлаганлигидан эркакнинг ўтмиш ҳикояси ўспиринникиданда оғирроқлиги сезилиб турарди. Шу дам унинг сўзлари узуқ-юлуқ эмас, кайфи ҳам анча тарқаб қолганга ўхшарди гуё.
— Хотинимни.., — жавоб берди у, ўзи билан ўзи гаплашаётгандай бир алфозда. – Турмуш қурганимиздан кейин тезда фарзандли бўлавермадик. Уни текшириб кўрган духтирлар эса фарзандсизликка сабаб йўқлигини айтишди. Кейин, хотинимдан яширинча… мен ўзим кўриндим. Шифокор… Шифокор эса мендан…анави…нимайди?.. Ҳа, сунъий уруғлик олишни тавсия қилди. Айтди-ки, бусиз… ҳеч қачон…
Эркак узаниб ўзини мутлоқо тингламай қўйган ўспириннинг елкасидан қучди.
— Энди тасаввур қилиябсанми у менга фарзанд кутаётганини айтганда қай аҳволга тушганимни?- деди, лаблари қалт-қалт титрар экан, йигитнинг бошига бошини суяб. — Ҳамма дардим ичимда эди. Нима ҳам дей?! Ахир қандай тилим борарди?!… Ичимда ёнаётган оловни ҳеч нарса боса олмасди, ҳеч нарса! Аламимдан ҳар куни ичиб келиб уни дўппослардим. Уйдан йўқол, бошқасига уйланаман, деб урардим нуқул. Нуқул… атайлаб қорнига тепардим… Аммо худо бунақа ҳаром-ҳарижни доим омон сақлар экан, ўша бола туғилди. Ўғил!.. Мен яна бироз вақт чидадим. Бир куни эса тақдирим шу экан, деб хотинимга ҳам, унинг ҳароми боласига ҳам тупирдим-у, ўз уйимдан бош олиб чиқиб кетдим… Кейин шу ерларга келиб қолдим. Хуллас, кўриб турганингдай на уйи, на жойи, на оиласи бор бир бадбахтман…
Энди ҳамдардлар сўзсиз, бир-бирининг елкасига суяниб жимгина ўтиришар, ўспирин ҳар замонда эснаб қўйса, кўзлари жиққа ёш эркак ҳар аҳён-аҳён ўз пешанасига мушт тушириб қўяр эди. Уларга ароқ улашиб турган қовоқхона эгаси эса сал узоқда, икковга ҳайратланганча тикилиб ўтирарди. Йўқ, уни ҳамдардларнинг ҳаётий ҳикоялари ҳайратга солмасди, у ҳамдардлар сўзлашган ғайри тилни тушунишга қодир ҳам эмас эди. Уни ажаблантираётган нарса шу эдики, бу икки ҳамдард бир-бирига мисоли икки томчи сувдек ўхшаб кетарди. Ҳа, уларнинг дўнг пешоналари, туртиб чиққан яноқлари, қалин қора қошлари-ю, япалоқ бурни, умуман камёб деб ҳисобласа арзийдиган афт-башаралари бир-бирини айнан такрорлар, “Гўё ота-болага ўхшайди, тавба!”, — дея ажабланарди, бугун мижозлари камлигидан зерикаётган қовоқхона эгаси.
2014.11
Bayram ALI
IKKI HIKOYA
Bayram Ali (Bayramali Qo’ldoshev) 1991 yilning 23 – iyun kuni Qashqadaryo viloyatining Qamashi tumanidagi Chim qishlog’ida tug’ilgan. Ilk ta`limni shu qishloqdagi 81-umumiy ta`lim maktabida olgan. Maktabni tugatgach, 2008-2011 yillarda Chim maishiy kasb-xunar kollejini bitirib chiqadi. Ilk she’rlari va hikoyalari maktab davridanoq respublika gazeta-jurnallarida e’lon qilingan. Hozirgi kunda ham respublikamiz va qo’shni Qozog’iston davlati nashriyotlari bilan muntazam hamkorlik qiladi. Ayni paytda viloyatning «Daryo»gazetasida muxbir sifatida faoliyat boshladi. 2013 yilda “Dizayin press” nashriyoti tamonidan “Bolangman, dunyo” nomli she’r va hikoyalardan iborat kitobi nashr etilgan.
CHORAKTALIK
Har qanday komil insonning ham ruhiyatida hayvoniy bir illati bor. Har qanday tuban insonning ham ko’nglida otamiz Odam alayhssalomdan meros farishtamonand bir nur yashaydi…
Bola edim. Otam tomorqamizdagi ekinlarga suv ochganligi uchun, menga suv bo’linadigan ariq boshiga qorovul bo’lib turishimni buyurdilar. Chunki qishlog’imizga suv yetkazadigan shohariq bitta, kimdir qarab turmasa suvni boshqa odam ochib ketishi tayin edi. Shohariq bo’yiga kelib ancha yillardan beri aroqqa ruju qo’ygan, kimdir yuziga qaragudek bo’lib qolsa betartib o’sib yotgan soqolini yulqilab: “Shu soqolim ko’zingga yomon ko’rinayabtimi, a, yomon ko’rinayabtimi?! Bitta vinoning pulini bersang olov bilan kuydirib tashlayman shu soqolni!..” deb hammaning joniga tegadigan Ismat boboni uchratdim. Ismat boboning ko’zlari besaranjom, odatiga xos qo’llari, umuman butun vujudi qaltirab turar, menga ko’zi tushgani hamon esa hayajoni battar oshib ketdi. O’zim borishimga sabri chidamasdan yugurib yonimga kelib, qo’limga g’ijimlangan pul tutqazdi.
-Suvingga men qarab turaman, nevara! Sen esa bor, do’kondan menga bitta choraktalik aroq (o’sha paytlar «chekushka» – yelim stakanga bir shisha aroqning chorak qismini solib og’zi maxkamlangani sotilardi) keltir!- dedi xapqirib.
Hammasi tushunarli: u doimgiday bu pulni birortadan tilanib olgan-u, avvaldan qarzlari borligi uchun do’konga o’zi borishga cho’chiyotgan edi. Do’kon uzoq bo’lmaganligidan rozi bo’ldim. Kimdir suvni ochishga kelsa suv bizning tomorqaga ketayotganini aytishini Ismat boboga qayta-qayta tayinlab, yo’lga tushdim. Qaytganimda Ismat bobo qo’limdagi aroqni olarkan, tishlarining yarmi to’kilib kemshik bo’lib qolgan og’zini irshaytirib kuldi.
-Sadag’ing ketay nevara, kallang to’la es, — dedi, meni alqab. Shohariq bo’yidigi qari tut tagiga borib o’tirdi-yu, azbaroyi xursandchiligidanmi, gapga tushib ketdi:
-Dunyoda yaxshi oamlar ham ko’p-da, nevara! …xon eshonga bir otimlik nos bering, ichmaganimga picha bo’ldi, ichim tatalab ketayabti, degandim, nosi yo’qligidan rahmi kelib shu pulni berdi, barakatopkur. Buni faqat senga aytayabman, birov so’rab qolsa menga eshon bobo pul berganini aytako’rma, xo’pmi? Bo’lmasa u kishining ortidan odamlar “ko’zi ochiq bo’lsa ham aroq uchun pul beribdi-da…” deya malomat qiladi….
Ismat bobo bu gaplarni kuyib-pishib, astoyidil samimiyat bilan gapirar, rostdan aroq keltirib berganimning mukofoti yuzasidangina “sirini” ochayotgandek edi. Shu choq uzoqroqdan yelkasiga belkurak ko’targan yigitning qorasi ko’rindi. Allabir og’riqdan azob tortayotgandek og’ir qadam tashlab kelayotgan bu yigit palapartishroq kiyingan bo’lsa-da, liboslari oxorli, shaharcha kiyim-boshiga yarashmay turgan yelkasidagi asbobidan esa, suv ochishga chiqqanligi ma’lum bo’lib turardi. Ismat bobo aroqni cho’ntagiga yashirib ulgurgan bir paytda, yigit belkuragini yerga sanchib qo’yib, harsillab yonimizga cho’kdi. Biz bilan so’rashgan kishi bo’lib qosh uchirib qo’ygach:
— San usta boboning o’g’limiding? – so’radi mendan.
— Ha, — dedim men va xavotirlanib qo’shib qo’ydim: — otam suvni bir soatcha oldin ochgan. Kechgacha hech kimga bermay qarab turishimni tayinladi.
U gapimga javoban boshini chayqab, uzun xomuza tortdi. Tugmalari yarim qadalgan ko’ylagini sirib, ko’ksini qashladi.
— O’sha-a-a… – basharasini bujmaytirib hamma havaskor-shaharliklarga xos gap boshladi keyin. – O’sha-a, Qarshida ishlayotganimdan beri umuman ichmay qo’ygandim, kecha kech oshnalar kelib rosa otipmiz-da!.. Vax-x! Buyog’i ertalabdan beri g’ingshiyverib xotin ham yeb tashadi…
Ismat boboga “boplabmanmi” deganday qarab qo’yarkan, u boshining chakkalarini ezib uqalashga tushdi. Uning salqigan qovoqlari, ovozidagi dag’allikdan tortayotgan azobi chin ekanligi sezilsa-da, butun xatti-harakatlarida allaqanday soxtalik, e’tiborni tortishga atay urinish mujassamdek tuyilardi kishiga. Bekitgan joyidan aroqni olgan Ismat bobo sekingina o’rnidan turdi. O’zini ham azbaroyi aroqning xumori bezovta qilayotganidanmi, toyinib-toyinib nari keta boshladi.
— Vaa-x, o’ldim! Vaa-ax-xx, … … boshi-im! – bu vaqtda esa yigit namoyishkorona nolishlarini battar avjiga chiqargan edi. – O’ldirdi-ku! Shunchayam ichamanmi-ya!…
Ismat bobo uzoq yurmadi, bir necha qadam bosib, negadir, to’xtab qoldi. Turgan joyidan yigitga picha termulib turdi-da, dakki yeyishga qo’rqqan odamday bir yurib, bir to’xtab yonimizga qaytib keldi.
— Juda… Juda og’riyabtimi?.. – so’radi undan, ko’zlarini mo’ltiratib.
— A?! – dedi, u Ismat boboning murojaatini yaxshi eshitgan bo’lsa ham, eshitmaganday tutib o’zini.
— Bosh deyman?.. Og’riyabtimi juda?
— Eyy, vabshe so’ramang, miyam oqib tushay deyapti, boboy…
Ismat bobo yigitni aylanib men tarafga o’tdi. Tutoqqanidan yerga chirt etib tupirdi.
-Zang’arni miyoridan oshiq ichib nima qiladi, tavba… – g’uldirab qo’ydi eshitilar-eshitilmas tovushda.
Boboning ajab kulguli gapini yigit bu safar rostdan eshitmadi, shekilli. U lohaslanib gavdasini tut tanasiga suyar ekan, tag’in o’ziga o’zi shikoyat qilardi:
— Vaa-x-x-x, o’ldi-im! Kecha rosa-a-a qutiribmizda o’zi! Boshim-a-ah, o’liblar ketsam yaxshi edi…
Yigitning nolishlari ortgani sayin Ismat bobo tashvishga tushib goh uning azob zuhr etgan yuziga, goh ariqda oqayotgan suvga termular, bir joyda tura olmay o’zi bilmasdan yigitga toboro yaqinlashib ham bormoqda edi. Bir qo’li esa hamon cho’ntagida: aftidan choraktalikni mahkam siqib turgan bo’lsa kerak. Nihoyat, Ismat boboning bu ikkilanishlari poyon topdi, u hayot-mamot masalasini o’rtaga qo’yib qaror qabul qilyotgan kabi shaxt bilan cho’ntagidagi aroqni chiqardi.
Ko’zlari javdirabgina biroz taraddudlanib turgach:
-Ma!.. – dedi, yigitning qarshisiga kelib keskin va g’ussali ovozda. Yana nimadir deyish uchun og’iz juftladi-yu, keyingi gapini “qult” etkazib yutib qo’ya qoldi. Choraktalikni ko’rgan yigitning esa ko’zlarida tabassumga yo’g’rilgan istehzo paydo bo’ldi. Yonboshiga qarab uch-to’rt yutalib qo’ygach yelim idishchani bamaylixotir qo’liga olar ekan:
-Eee-ey, bobo-oy, bobo-oy! Qaerdan topdingiz buni? – deya Ismat boning yuziga ham qaramasdan stakanchadagi mayda yozuvlarni o’qishga urindi: – Izgotovlino… Rassiya-ya… Tozasi-yu!
-Ha!.. Ozroq ichsang og’riq… bos… bosilib… Bosilsa… Agar bir yutim qoldirib… Qoldirsang… O’zim ham… – Ismat boboning hozirgina o’zi uzatgan aroqqa tikilib qaltirashi, endi, o’simlik poyasida turib ovoz chiqarayotgan chiyildoqnikidan sira qolishmasdi. Yigit, afsuki, boboning aroqdan qoldirish haqidagi iltimosini bu safar ham e’tiborsiz qoldirdi. Idishning og’zidagi qoplamani ochib picha sipqorgach, basharasini burishtirib o’qchiy-o’qchiy aroqning qolgan qismin yerga to’kib tashladi:
— Fu-u! Onasini… Zahar-ku, zahar!
Qontalash ko’zlari kattalashib ketgan Ismat bobo titrab-qaqshab bir yer bilan bitta bo’lgan aroqqa, bir yigitga tikilardi; qirg’oqqa chiqib qolgan baliq misoli milksiz og’zini kap-kap ochib, ha deb yutinardi. Men esa ayni vaqtda yigitning bu qilg’ilig’i sababini umuman tushunmas edim. Uning kulgudan bo’g’riqqan yuzlariga boqib Ismat boboning azob ichida entikishlaridan cheksiz zavq olayotganini bilish mumkin edi, xolos.
Ifodalab bo’lmas darajadagi alam va nafrat bilan bir pas shunday sarosimada turgach, Ismat bobo chirt o’grildi-yu, allaqachon mast bo’lgan odamday gandiraklab-gandiraklab bizdan nari keta boshladi. Menga endi uning yuzlari ko’rinmay qolgan bo’lsa-da, yig’layotgan bo’lsa kerak, deya o’ylardim. Yonimdagi olamshumul biror ish qilganday tentaknamo irshayib turgan yigitning esa yuzi baqadan ham badfurush ko’rinarda ko’zlarimga…
HAMDARDLAR
O’spirin qovoqxonaga javdirabgina kirib kelganida erkakning allaqachon kayfi taroq edi.
-O’zbakmisan?- so’radi, erkak o’spirinni yoniga imlab chaqirib. Garchi bu yurtda o’zbeklarni onda-sonda uchratib tursada, ayni shu dam, ayni shu safar mehri iyib, yuragi juda boshqacha urib ketgandi uning. Keyin esa odatiy hol – hamma dilkash aroqxo’rlar kabi yosh hamyurtini “mehmon bo’lishga” undadi. Albatta o’spirin ham spirtli ichimliklar sotiladigan do’konga fomil choy ichish uchun kirgan emasdi. Dam o’tmay u ham sarxushlikda erkakka yetib olib, ikkalasi navbatiga bir-birini cho’lpillatib o’pishar, xuddiki eng yaqin insonlarday quchoqlashishib, yig’lab-siqtab bir-biriga dardini dasturxon qilmoqda edi.
-Ne plach, sinok, yig’lama… — erkak ancha yillardan beri bu yerdaligidan ona tilidagi kerakli so’zlarni topishga qiynalibroq o’spirinni yupatardi. Uning yuzidan upmoqchi bo’lar edi-yu, cho’chchaygan lablari mo’ljalda adashib, yigitchaning sochlari, quloqlari oralab ketib qolardi.
— Nega jilamayin aka, g’irt yetimman men, qip-qizil yetimman! E-e-e, bu hayotni… – sof vohacha talaffuzda buralib so’kinib, stolni timdalardi o’spirin esa. – Kimningdir otasi yo’q, kimningdir enasi! Menda esa ikkalasiyam yo’q, eshitayabsizmi, yetimman g’irt…
Yana bir qo’l stakanni to’latib sipqorishgandan so’ng, erkak so’radi:
-Chto, on uje… O’lganmi ular?
-Enam o’tgan yili… – o’spirin tag’in piq-piq yig’lab stolni tirnashga tushdi. – Otam esa men uchun o’lgandan ham battar! Ming marta, milion marta battar! Hali chaqoloqligimdayoq bizni tashlab dom-daraksiz bo’lib ketgan. O’ynashi bilan, ha o’ynashi bilan qochib ketgan, yaramas!
-O’h-h, kozyol! O’h-h, haromi! Bunaqalarni basharasiga… – jahlini bosolmasdan avval stolga, keyin o’z manglayiga usma-ust musht tushirdi erakak.
-Enam u kishin shuncha payt kutdi, oxiri kuyib kul bo’ldi bechara…
O’spirin gapini davom ettirishga monelik bo’lmagach, odati bo’yicha stolni timdalab so’zida davom etdi:
-Siz mening bo’yimga qarab go’dak demang aka, aslida men ko’rmagan xo’rliklar dunyoda qolmagan. Tog’amning uyida ulg’aydim, enam qarshilik qilishiga qaramay tomlarga qamab urardi-ya, nomard! Tayoqlab urardi, kaltaklab!…
-Tayoqlab?! – erkakning azbaroyi tutaqib ko’zlari olayib ketdi. – Chto-o on… On psix chito li? Nega uradi?
-Maktab davrimdanoq bas degancha oqidan “urardim”, — bo’yniga chertib “shinavadalar”ga xos ishora qilib qo’ydi o’spirin. – Lekin nima, ichsam o’zimning pulimga ichibman-da! Cheksam o’zimning pulimga cheksam… O’sha vaqtlardayam odamlarning tomorqasini sug’orib berib pul ishlardim. Mol bozorlarga borib echki, qo’y sotib olgan kishilarning qo’y-echkisini bozor chekchisidan yashirincha sirtga chiqarib berardim. Chekka to’lanadigan miqdoridan kamroq uch to’rt so’m berishardi keyin. U esa… Tog’am esa otam emas-u, otamga o’xshab nasihat qilishga urinardi, mol! Necha martalab “Sig’indisan”, “Qachon yo’qolasan?” deb enamni qon-u zardob qilgan bilsangiz, o’zining yaramas xotini! Aslidayam enamni o’shaning ta’nalari yedi! Mana endi kuyadigan hech kimim yo’q, sanqiyverib Rassiyaga kelib qoldimda, aka…
Stolga, boshiga mushtlayverib qo’li og’rib ketganidanmi, yo bolaning hikoyasi o’zining xiyonat barbod qilgan hayotini esiga tushirib yuborganidanmi, erkak mayus o’ylar girdobiga cho’kib ketdi.
-Turmush qurmadimi, keyin onang?- deya so’radi.
O’spirin yelkasi osha erkakka yov qarash qilib qo’ydi.
-Yo’q, u yaramas va buzuqi otamni kutardi. Uydan lom-mim demasdan ketganiga qachondir qaytadi deb ishonardi, bechara.
Erkak yana o’spirinning qulog’iga yaqinroq joyidan cho’lpillatib o’pdi.
-Oy, molodets! Tvoy mama angel! – dedi o’pkasi to’lib. – Men bu ayol zotidan nafratlanardim. Ko’rgani ko’zim yo’q barcha ayollarni! Ishonsang aslida oliy ma’lumotli odamman, bir yengiltakni deb buzilib ketgan butun hayotim… Ammo… seni onang farishta.
-Kimni aytayabsiz yengiltak, deb?- so’radi o’spirin, shishada qolgan aroqning oxirgi tomchilarini stakanga quyishga urinarkan. Va bu bilan o’zi bilmagan holatda erkakning o’z hayoti haqida gapirib berishiga imkon yaratdi.
Sarxush bo’lsada g’amdan yuzlari qorayib, suvratiga iztirob ko’lanka tashlaganligidan erkakning o’tmish hikoyasi o’spirinnikidanda og’irroqligi sezilib turardi. Shu dam uning so’zlari uzuq-yuluq emas, kayfi ham ancha tarqab qolganga o’xshardi guyo.
— Xotinimni.., — javob berdi u, o’zi bilan o’zi gaplashayotganday bir alfozda. – Turmush qurganimizdan keyin tezda farzandli bo’lavermadik. Uni tekshirib ko’rgan duxtirlar esa farzandsizlikka sabab yo’qligini aytishdi. Keyin, xotinimdan yashirincha… men o’zim ko’rindim. Shifokor… Shifokor esa mendan…anavi…nimaydi?.. Ha, sun’iy urug’lik olishni tavsiya qildi. Aytdi-ki, busiz… hech qachon…
Erkak uzanib o’zini mutloqo tinglamay qo’ygan o’spirinning yelkasidan quchdi.
— Endi tasavvur qiliyabsanmi u menga farzand kutayotganini aytganda qay ahvolga tushganimni?- dedi, lablari qalt-qalt titrar ekan, yigitning boshiga boshini suyab. — Hamma dardim ichimda edi. Nima ham dey?! Axir qanday tilim borardi?!… Ichimda yonayotgan olovni hech narsa bosa olmasdi, hech narsa! Alamimdan har kuni ichib kelib uni do’pposlardim. Uydan yo’qol, boshqasiga uylanaman, deb urardim nuqul. Nuqul… ataylab qorniga tepardim… Ammo xudo bunaqa harom-harijni doim omon saqlar ekan, o’sha bola tug’ildi. O’g’il!.. Men yana biroz vaqt chidadim. Bir kuni esa taqdirim shu ekan, deb xotinimga ham, uning haromi bolasiga ham tupirdim-u, o’z uyimdan bosh olib chiqib ketdim… Keyin shu yerlarga kelib qoldim. Xullas, ko’rib turganingday na uyi, na joyi, na oilasi bor bir badbaxtman…
Endi hamdardlar so’zsiz, bir-birining yelkasiga suyanib jimgina o’tirishar, o’spirin har zamonda esnab qo’ysa, ko’zlari jiqqa yosh erkak har ahyon-ahyon o’z peshanasiga musht tushirib qo’yar edi. Ularga aroq ulashib turgan qovoqxona egasi esa sal uzoqda, ikkovga hayratlangancha tikilib o’tirardi. Yo’q, uni hamdardlarning hayotiy hikoyalari hayratga solmasdi, u hamdardlar so’zlashgan g’ayri tilni tushunishga qodir ham emas edi. Uni ajablantirayotgan narsa shu ediki, bu ikki hamdard bir-biriga misoli ikki tomchi suvdek o’xshab ketardi. Ha, ularning do’ng peshonalari, turtib chiqqan yanoqlari, qalin qora qoshlari-yu, yapaloq burni, umuman kamyob deb hisoblasa arziydigan aft-basharalari bir-birini aynan takrorlar, “Go’yo ota-bolaga o’xshaydi, tavba!”, — deya ajablanardi, bugun mijozlari kamligidan zerikayotgan qovoqxona egasi.
2014.11
Hamdardlar hikoyasi ajoyib chiqibdi. Gap tagida gap degan iborani eslatib yuborgandek. Bayram Alining ijodiga omad tilab qolib, kelajakda yanada yaxshi hikoya va asarlarni bizga taqdim etadi degan umiddaman.
E’tibor uchun rahmat. Sizga ham ko’nglimda bor ezgu va samimiy tilaklarimni bildirib qolaman.