Ivan Bunin. Kornet Yelagin ishi

034   Бу иш даҳшатли бўлиш билан бирга ғалати ва жумбоқли, калаванинг учини топиб бўлмайдигандек кўринарди. Бир томондан, у жудаям оддийдек кўринса, иккинчи томондан – жуда мураккаб эди, бизнинг шаҳар тили билан айтганда, худди тутуруқсиз романларга ўхшарди, айни дамда эса унда чуқур маъноли бадиий асар ёзса бўладиган бир нимадир бор эди … Нима бўлганда ҳам ҳимоячи судда ҳақ гапни айтди…

Иван Бунин
КОРНЕТ ЕЛАГИН ИШИ
04

05 Таниқли рус шоири ва ёзувчиси Иван Бунин 1870 йилнинг 22 октябрида Россиянинг Воронеж шаҳрида туғилган. Петербург Фанлар Академияси фахрий академиги (1909). 1920 йилда она ватанини тарк этишга мажбур бўлган. Ижодининг дастлабки палласиданоқ рус мумтоз шеърияти анъаналарининг давомчиси сифатида намоён бўлган. Ҳикоя ва повестларида асосан октябрь тўнтаришидан аввалги Россия ҳаётини тасвирлашга мойил бўлиб, дворянлар хонадонининг қашшоқлашуви («Антонов олмалари», 1900), қишлоқнинг оғир қисмати («Қишлоқ», 1910; «Қақраган водий», 1911), турмуш маънавий асосларини унутишга маҳкумлик фожиаси («Сан-Францисколик жаноб», 1915) яққол тасвирланган.
Кундалик тарзидаги «Бадбахт кунлар» (1918 й., 1925 й.да нашр этилган)да октябр тўнтариши кескин рад этилган; Россиянинг ўтмишини тиклаш, адибнинг ўз болалик ва ёшлигига қайтиш кайфиятлари акс этган.  Севги ҳақидаги ҳикояларида («Митянинг севгиси», 1925); «Қоронғи хиёбонлар» (1943) китобида инсоният тақдирининг фожиавийлиги қаламга олинган. Бунин мемуарлар ёзган. Г. Лонгфеллонинг «Гаявата ҳақида қўшиқ» (1896) асарини таржима қилган. Рус адибларидан биринчи бўлиб Нобел мукофоти билан тақдирланган (1933). Адиб 1953 йил 8 ноябрда Париж шаҳрида вафот этган.

03

1

Бу иш даҳшатли бўлиш билан бирга ғалати ва жумбоқли, калаванинг учини топиб бўлмайдигандек кўринарди. Бир томондан, у жудаям оддийдек кўринса, иккинчи томондан – жуда мураккаб эди, бизнинг шаҳар тили билан айтганда, худди тутуруқсиз романларга ўхшарди, айни дамда эса унда чуқур маъноли бадиий асар ёзса бўладиган бир нимадир бор эди … Нима бўлганда ҳам ҳимоячи судда ҳақ гапни айтди.
– Бу ишда,– деди у гап бошлаб,– бу ерда худди мен билан айбловчи ўртасида ҳеч қандай баҳсга ўрин йўқдек туюлиши мумкин: ахир айбланувчи ўз айбини бўйнига олди, унинг жинояти ва иззат-нафси ҳақорат қилинган қурбонининг шахсияти каби ўзининг шахсияти ҳам бу залда ўтирганларнинг кўпчилигига ҳарҳолда эриш ва аҳамиятсиздек туюлар. Бу фақат ташқаридан шундай кўринади холос, аслида ундай эмас: баҳс ва мунозараларга сабаблар ошиб-тошиб ётибди…
У сўзида давом этиб, деди:
– Айтайлик, менинг мақсадим – судланувчига шафқат кўрсатишга эришиш. Шунда кўп гапга ҳожат қолмасди. Қонун чиқарувчи шунга ўхшаш ҳолларда суд нимага амал қилиб иш кўриши кераклигини кўрсатмаган, у бундай пайтларда кўпроқ ақл-фаросатга, виждонга ва зийракликка кенг имконият берган ва биз шу имкониятдан фойдаланиб, жиноятчига жазо бериш учун қонуннинг у ёки бу бандини танлашимиз керак бўларди. Мен ўша ақл-фаросат, виждон, зийракликни ишга солиб, шу орқали уларга таъсир ўтказиб, судланувчининг айбини енгиллаштирувчи бор яхши сифатларини юзага чиқаришга ва шу орқали суднинг унга муносабатини ўзгартиришга астойдил ҳаракат қилардим, ахир у бир гапда маҳкам туриб олган: мен буни атайлаб қилганим йўқ, деяпти. Судланувчини оз эмас, кўп эмас, нақ “одамхўр бўри”га чиқарилган бундай вазиятда айбловчи билан баҳслашишдан ўзимни қандай қилиб тия олишим мумкин, ахир? Ҳар бир ишни ҳар ким ўзича тушунади, уни ҳар ким ё ундай, ё бундай тарзда ёритиши, ўзига хос у ёки бу тарзда тақдим этиши мумкин. Мана бу ишда ҳозир биз нимани кўриб турибмиз? Назаримда, йўқ нарсани, кўриб турибмиз, айбловчи билан ҳамжиҳатликда ёритиб бера оладиган на биронта қарашимиз ва на биронта тафсилот йўқки, дангал: “Ҳа, шундай!” ёки “Йўқ, бундай эмас!” дея олсак – қаёқда, мен чурқ эта олмаяпман. Аммо ҳаммасидан муҳими шундаки, ишнинг маъно-моҳияти “ундай бўлмаган”га олиб келаяпти…
Бу ишнинг ўзи бошланиши ваҳимали эди.
Ўтган йилнинг 19 июн куни. Эрта тонг, соат беш-олтилар чамаси бўлишига қарамай, лейб-гвардия полкининг ротмистри Лихарев иш хонасида аллақачон тонг отиб улгурган, шаҳар ҳавоси ёз қуёшидан дим ва қуруқ эди. Ротмистрнинг уйи шаҳар ташқарисида гусар казармаларининг биридаги корпусда жойлашгани учун ҳам атрофда ҳали жимжитлик ҳукм сурарди. Атрофдаги бу сокинлик ва ўзининг навқирон ёшидан фойдаланган ротмистр қаттиқ уйқуда эди. Стол устида ликёрдан бўшаган шишалар, охиригача ичилмай қолган қаҳва идишлари турарди. Қўшни хонадаги меҳмонхонада эса бошқа зобит – штаб-ротмистри граф Кошиц, ундан нарироқдаги иш хонасида корнет Севский ухлаб ётишарди. Эрта тонг одатдагидек, жўнгина бошланди, худди шундай жўн кунларда ғалати воқеалар содир бўлганидек, 19 июннинг ана шундай эрта тонгларидан бирида ротмистр Лихаревнинг уйида тўсатдан ақлга сиғмайдиган, ҳайратланарли бир воқеа бўлди. Кутилмаганда эшик қўнғироғи чалиниб, хизматдаги аскарнинг оёқяланг оҳиста ва енгил юриб, эшик томон боргани эшитилди, сўнг ташқаридан кимдир атайлаб баланд овозда ўкирди:
– Уйда ким бор?
Эшикни ланг очди-да, меҳмон ошхонага этиги билан гурс-гурс босиб, шпорларини шарақлатиб шовқин солиб бостириб кирди. Ротмистр бошини кўтариб, уйқули кўзлари билан ҳайрон қараб турарди: рўпарасида полкдош дўсти корнет Елагин турарди, у жиккак, оз-ғиндан келган, сочлари малла, сепкил юзли, қийшиқ оёқлари ўзига мос, нимжон, эгнида буни у ҳар доим ўзининг энг “ожиз” томони деб қайта-қайта такрорлашни хуш кўрадиган башанг уст-бошда эди. У ёзги шинелини тез ечиб, уни стулга ташлади-да, баланд овозда: “Мана сизларга менинг погонларим!”—деди. Сўнг девор рўпарасидаги диванга келиб чўзилди ва қўлини боши орқасига қўйди.
– Тўхта, тўхта,– деди минғирлаб ротмистр лўқ кўзларини ундан узмай,– қаердан келаяпсан, сенга нима бўлган ўзи?
– Мен Маняни ўлдирдим,– деди Елагин.
– Мастмисан? Қанақа Маня?– деди ротмистр.
– Мария Иосифовна Сосновская деган артистни.
Ротмистр оёғини дивандан туширди:
– Нима, ҳазиллашяпсанми?
– Афсуски, йўқ, балки бу яхшиликкадир, балки ёмонликка.
– Ким у? Яна нима бўлди? – қичқирди граф меҳмонхонадан туриб.
Елагин чўзилди-да, оёғи билан эшикни енгил тепиб, ланг очиб юборди.
– Бўкирма,– деди у.– Бу мен, Елагинман. Мен Маняни отиб қўйдим.
– Нима?– деди граф ва бир лаҳза индамай турди-да, бирдан хохолаб кулиб юборди.– Мана, гап қаерда!– бақирди у қувноқлик билан.– Жин урсин сени, бу гал узрингни қабул қиламиз. Яхшиямки уйғотдинг, бўлмаса яна ухлаб қолган бўлардик, кеча яна соат учгача роса кўнгилхушлик қилибмиз.
– Чин сўзим, уни ўлдирдим,– қатъий туриб такрорлади Елагин.
– Алдаяпсан, укажон, алдаяпсан ! – деди мезбон ҳам пайпоғини кия туриб баланд овозда. – Мен бўлса ростданам бир гап бўлибди-да, деб, ваҳимага тушаётган эдим… Ефрем, чой қани!
Елагин шимининг чўнтагига қўлини суқиб, ундан унча катта бўлмаган бир калитни олди ва уни елкаси оша столга улоқтириб, деди:
– Боринг, ишонмасангиз ўзингиз кўринг…
Судда прокурор Елагин воқеасини ташкил этган сурбетлик, ҳаёсизлик ва шунга ўхшаш баъзи даҳшатли манзаралар ҳақида кўп гапириб, асосий эътиборни кўпроқ шу томонга қаратишга уринарди. Ўша тонг ротмистр Лихарев фақат дастлабки дақиқалардагина ўзи айтганидек, ҳеч қандай “ғайритабиийлик”ни, Елагиннинг оқариб кетган юзини, кўзларида ҳеч бир “ваҳшийлик”ни пайқамаганини, сўнгра эса “унданам-бунданам ҳайратдан ёқа ушлаганини” эсдан чиқарганди…

II

Шундай қилиб, ўтган йилнинг 19 июн эрта тонгида мана бундай воқеа юз берганди.
Граф Кошиц ва корнет Севский ярим соат ичида Сосновская яшаган уйнинг йўлаги олдида ҳозир бўлдилар. Энди кўнгилга ҳазил сиғмасди.
Аравакашни учириб ҳайдашга мажбур қилишди, етиб келгач, аравадан отилиб чиқиб, шоша-пиша калитни қулф тешигига суқа бошлашди, қўнғироқни ҳам зўр бериб босишди, лекин калит эшикка тушмади, уйнинг ичидан ҳам ҳеч қандай садо эшитилмади. Тоқатлари тоқ бўлиб, шошиб ташқарига чиқишди-да, қоровулни излай кетишди. Қоровул орқа йўлакдан чопиб ошхона томонга ўтди, қайтиб келиб, оқсоч хотиннинг айтишига қараганда, Сосновская уйида тунамаганини – қўлига қандайдир ўроғлиқ нарсани кўтариб, кеч-қурун чиқиб кетганини айтди. Граф ва корнет ҳайрон бўлиб қолишди: энди нима қилишади? Ўйлаб-ўйлаб, елка қисганча қоровулни ҳам ўзлари билан бирга олиб, қисмга жўнадилар. Қисмдан туриб ротмистр Лихаревга қўнғироқ қилишди. Ротмистр телефондан бақириб берди:
– Бу тентакнинг дастидан дод солишга ҳам тайёрман, у Сосновская турадиган уйга эмас, улар учрашиб турадиган ишратхонага боришларини айтиши керак эди: Староград кўчаси, ўн тўрт. Эшитяпсизми? Староград кўчаси, ўн тўрт. Худди Париж ишратхоналарига ўхшаб тўғри кўчадан кирилади…
Улар Староград кўчаси томонга югуриб кетишди.
Қоровул извошчи ўрнига ўтирди, ўзини вазмин, эркин тутган ҳолда даҳа назоратчиси офицерларнинг рўпарасига чўкди. Ҳаво иссиқ, кўчалар сершовқин, одамга тўла, шундай офтоб чарақлаган, ҳаёт қайнаган бир тонгда қаердадир одам ўлиб ётганига ишонгинг келмасди. Наҳотки йигирма икки ёшли Саша Елагиннинг қўлидан шундай иш келса. Бунга унинг қандай қўли бордийкин? Уни нима сабабдан ўлдирди? Қандай ўлдирди? Ҳеч нимани англаб бўлмасди, саволларнинг ҳаммаси жавобсиз қоларди.
Староград кўчасидаги икки қаватли, эски файзсиз уй ёнига келиб тўхтаганларида, уларнинг айтишларича, “бутунлай руҳлари тушиб кетганди”. Наҳотки бу иш шу ерда содир бўлган бўлса? Наҳотки буларни кўриш шарт бўлса? Шундай дейсан-у, кўрмаса бўлмасди ҳам. Бироқ даҳа назоратчиси бирдан сергакланди, ўзини тетик ва бардам тута бошлади.
– Калитни беринг-чи,– деди у қуруқ ва қатъий оҳангда. Зобитлар қоровулларга хос ҳадик билан калитни унга тутишди.
Уйнинг ўртасида дарвоза бор эди, дарвоза ортида ёлғиз дарахт ўсиб турган чоққина ҳовли, тўқ-кулрангдаги тошли девор олдида дарахт янада яшилроқ бўлиб кўзга ташланарди. Дарвозадан ўнг томонда тўғри кўчага чиқадиган, ҳалиги сирли эшик бўлиб, энди уни очиш керак эди. Даҳа назоратчиси қовоғини уйганча калитни қулфга солган эди, эшик очилди-қолди ва граф билан корнет қандайдир қоп-қоронғи йўлакка ўхшаш бир нимани кўрдилар. Назоратчи ёритгични қаердан излаш кераклигини билгандек, қўлини олдинга чўзди-да, деворга шап этиб урди, тор ва ҳувиллаган хона бирдан ёришиб кетди. Хона ўртасида иккита оромкурси, унинг ўртасида столча, столча устида эса товуқ гўшти, мева қолдиқлари билан тўла ликопчалар бор эди.
Бундан ҳам даҳшатлироғи ҳали олдинда эди. Йўлакнинг ўнг томонида қўшни хонага ўтиладиган йўл бўлиб, у хона ҳам қоп-қорон-ғи эди, шифтига қора шойи соябон тортилган, тагидан эса сопол фонус ўрнатилган бўлиб, худди гўрни ёритгандек ёритиб турарди. Хона деворларининг тепасидан пастигача қандайдир қора мато қопланган бўлиб, ҳамма ёғи берк, деразасиз эди. Бу ерда ҳам тўрда катта, пастқам турк дивани бўлиб, унда ички кўйлакда кўзлари ва лаби ярим очиқ, оёқлари бироз керилган, юзлари оппоқ оқарган тенги йўқ, ёшгина соҳибжамол чўзилиб ётарди.
Кирганлар таққа тўхтаб, қўрқув ва ҳайратдан бир зум қотиб қолишди.

III

Марҳуманинг ноёб ҳусн эгаси бўлишига сабаб, у ўз ноёблиги билан, масалан, нуқсонсиз аёлларни тасвирлайдиган замонавий рассомлар ўзларига қўядиган талабларни қондира оларди. Бу ерда лузумли ҳамма нарса муҳайё эди: сарвдек қадди-қомат, тонг каби тиниқ бадан, ихчам, нуқсонсиз силлиқ оёқлар, болалардай маъсум ва жозибали лаблар, бежирим, мукаммал юз-андом, заррин, сочлар… Энди буларнинг ҳаммаси жонсиз эди, барчаси тошдай қотиб, туси ўчиб, бу гўзаллик марҳумани борган сари баттар қўрқинчли қилиб борарди. Соч турмаклари шундай сақлангандики, шу алфозда ҳам бемалол балга кириб борса бўлаверарди. Боши диваннинг кўтарилган ёндорига қўйилган, сал-пал кўкрагига тегиб турган ияги, унинг ярим очиқ кўзлари ва бутун чеҳрасига қандайдир ўйчанлик ва ҳайрат бағишлаб турарди. Шифт тагидаги марҳума узра қанотларини кенг ёйиб турган қандайдир йиртқич қушга ўхшаш қора соябон тубига осиғлиқ шиша чироқ буларнинг барчасини ғира-шира ёритиб турарди.
Хуллас, бу манзарани кўрган даҳа назоратчиси ҳам донг қотиб қолди. Сўнг бу ишни батафсилроқ ўрганиш мақсадида, ҳаммалари чўчибгина унга яқинлашдилар.
Марҳуманинг нафис яланғоч қўллари бўйи бараварида тўғри, текис чўзилиб ётарди. Кўкрагида, кўйлагининг жимжимадор тўрида Елагинга тегишли бўлган иккита ташриф қоғози, ерда эса яланғоч оёқчаларга нисбатан ғоятда қўпол туюлиб турган гусарлар қиличи ётарди. Граф бемаъни хаёлга бориб, уни сопидан чиқариб қон излари бор-йўқлигини билмоқчи бўлди. Даҳа назоратчиси уни бу ноқонуний ҳаракатдан тўхтатиб қолди.
– Ҳа, албатта, албатта,– шивирлаб минғирлади граф,– тўғри, ҳали ҳеч нимага тегиш мумкин эмас. Мени ҳайрон қолдирадигани шуки, ҳеч қаерда ҳеч қандай қонни, бирон-бир жиноят изини кўрмаяпман. Афтидан заҳарланиш бўлса кераг-ов?
– Сабр қилинг,– деди насиҳатомуз оҳангда даҳа назоратчиси, — терговчи ва докторни кутайлик. Лекин, заҳарланишга ҳам ўхшаб кетаяпти…
Заҳарланган бўлиши аниққа ўхшайди. Ҳеч қаерда — на ерда, на диванда, на баданда, на марҳуманинг тунги кўйлагида қондан асар йўқ эди. Диван ёнидаги оромкурсида аёллар панталони, тунги кўйлак, уларнинг тагида эса садафдек товланиб турган мовий ранг кўйлак, яхшигина тўқ-кулранг матодан юбка ва кулранг шойи манто1 . Буларнинг ҳаммаси диванда тартибсиз сочилиб ётса-да, лекин биронтаси ҳам бир томчи қон билан булғанмаганди. Диван тепасидаги токчадан топилган бўш шампан идишлар ва пўкаклар, шам қолдиқлари, соч тўғнағичлари, ёзиб, йиртиб ташланган қоғоз парчалари, ёрлиғида “Ор. Pulv” деган қоп-қора ваҳимали ёзувли шиша идиш ҳам заҳарланиш бўлса керак, деган фикрни тасдиқлаб турарди.
Даҳа назоратчиси, граф ва корнет бирлари олиб, бирлари қўйиб навбатма-навбат ёрлиқдаги ёзувни ўқиб турганларида кўчадан экипажнинг шовқини эшитилди: доктор билан терговчи етиб келганди. Бир неча дақиқадан сўнг Елагиннинг гаплари ҳақиқат бўлиб чиқди. Сосновская чиндан ҳам револьвердан отиб ўлдирилганди. Кўйлакдан қон доғлари топилмади. Аммо кўйлакнинг тагида, юрак атрофида кўкиштоб қонталаш доғни топишди. Доғнинг ўртасида четлари куйган, думалоқланган рўмолча билан ёпилгани учун ҳеч бир жойни булғамаган қоп-қора қон томчилаб турган жароҳат кўриниб турарди.
Шифокорлар текшируви яна нимага аниқлик киритди? Кўп нарсага эмас: марҳуманинг ўнг ўпкасида сил хасталигидан қолган излар бор; яқиндан туриб отилгани учун ўлим бир лаҳзанинг ўзида содир бўлган; шу алфозда ҳам марҳума битта-яримта сўз айтиши мумкин бўлган; қотил ва унинг қурбони ўртасида ҳеч қандай кураш бўлмаган; у шампан виносини ичиб, кетидан унча кўп бўлмаган афъюнни портерга (заҳарланишга озлик қиларди) қўшиб ичган, ва ниҳоят, уни бу машъум кечада эришгани бир эркак билан қовушгани бўлган…
Бу эркак нимага, нима сабабдан аёлни ўлдирди? Елагиннинг бу саволга жавоби битта эди: уларнинг ҳар иккиси – у ва Сосновская – “фожиали аҳволда” эдилар, улар бу аҳволдан қутулишнинг ўлимдан бошқа чорасини кўрмаганлар, Сосновскаяни ўлдириб, Елагин унинг буйруғини адо этган, холос. Марҳуманинг ўлими олдидан ёзган хатлари эса буларнинг барчасини инкор этарди. Унинг кўйлаги кўкрагидан Елагинга тегишли бўлган, марҳуманинг ўз қўллари билан поляк тилида (айтиш керакки, саводсизларча) ёзилавериб, тўлиб, титилиб кетган ташриф қоғозини топишди. Шулардан бирида бундай сўзлар ёзилган эди:
– Театр бошқаруви раиси генерал Коновницинга! Дўстим! Бир неча йиллик олийжаноб дўстлик учун сендан миннатдорман… Сенга сўнгги саломимни йўллай туриб, менинг охирги чиқишларимдан тушган пулнинг ҳаммасини онамга бериб қўйишингни илтимос қилардим…
Бошқасида:
– Бу одам мени ўлдириб, тўғри иш қилди… Бахтсиз, бечора она! Ўз хоҳишим билан ўлмаганим боис мени афв этишингизни сўрардим… Она! Биз кўришамиз… у ерда, арши аълода… Сезаяпман – бу охирги дамим…
Сосновская шунга ўхшаш ташриф қоғозларига ўзининг ўлими олдидан битган бошқа мактубларини ҳам ёзиб қолдирган. Улар токчада майда-майда йиртилган ҳолда ётарди. Уларни йиғиб, елимлаб қуйидагиларни ўқишди:
– Бу одам менинг ва ўзининг ажалини талаб қиляпти… Бу ердан тирик чиқишга умид йўқ…
– Хуллас, менинг куним битди… Худойим мени ёлғиз қолдирма… Мен сўнгги хаёлимни – онамга ва муқаддас санъатга бағишлайман…
– Охири йўқ, тубсизлик! Бу одам менинг тақ… Мени қутқар,Худойим, ўзинг мадад бер…
Ва ниҳоят, энг сирлиси:
– Quand meme pour bonjours…”1
Барча мактублар – марҳума ёнидан топилганлари ҳам, токчада парчаланган ҳолда ётганлари ҳам гўё Елагиннинг сўзларига бутунлай зид эди. Лекин, ҳамма гап ўша “гўё”да эди. Елагиннинг тақдирини ҳал қилувчи ўша Сосновскаянинг ёнидан топилган “Мен ўз ҳоҳишим билан ўлмаяпман”, деган сўзлари ёзилган ташриф қоғози йиртилиб ташланса бўлмасмиди? Елагин хатларни йиртиб ташламагангина эмас, балки ўзи билан олиб кетмаган ҳам эди, аксинча, ўз қўли билан (буни яна бошқа ким ҳам қиларди?) энг кўринарли ерга қўйиб қўйган. Шошиб қолганидан уларни йиртмагандир. Бундай пайтда йиртишни эсдан чиқарган бўлиши мумкиндир. Минг шошмасин, ўзи учун хатарли бўлган бундай мактубни у қандай қилиб марҳуманинг кўкрагига солиб қўйсин? У ўзи, умуман шошиб қолганмикан? Асло, у марҳуманинг у ёқ-бу ёғини тартибга келтирган, устини кўйлак билан ёпган, ярасига шунчайин рўмолча бостириб қўйган-да, ўзини ҳам тартибга келтирган… Йўқ, бу ерда прокурор ҳақ: буларни шошганда қилиб бўлмасди.

IV

Прокурор шундай деди:
– Жиноятчилар икки хил бўлади. Биринчиси, тасодифийлар бўлиб, улар жиноятни ғазаб ва нафрат устида, ишлари ўнгидан келмай қолган вақтда содир этадилар, бу илмий тилда “оний ақлсизлик” дейилади. Иккинчиси, содир этаётган жиноятини олдиндан ўйлаб, ёмон ниятда қасддан содир этади: булар туғма жиноятчилар бўлиб, жамиятнинг, жамоат тартибининг душманлари яъни “одамхўр жиноятчи”лардир. Биз судланувчи курсисида ўтирган одамни бу тоифаларнинг қайси бирига киритсак бўлади? Албатта, иккинчисига. У, шубҳасиз, тажрибали жиноятчи, у жиноят содир этди, чунки у ялло қилиб юриб, ахлоқсиз ва бебош яшашдан қутуриб кетганди…
Бу тантанали нутқ (Елагин тўғрисида шаҳримизнинг умумий фикрини ифода этган бўлса-да) фавқулодда ғалати эди. Елагин судда юзини қўли билан одамлардан пана қилиб, тирсагига суяниб ўтирди ва саволларга қисқа-қисқа, ғижинибгина, маъюс жавоб бериб турди. Бир томондан прокурор ҳақ эди: судланувчи ўрнида ўтирган унақа-бунақа жиноятчи эмас, у ҳатто “оний ақлсизлик”дан ҳам лат емаган.
Прокурор ўртага иккита савол ташлади: биринчидан, ўзи жиноят жазавада, яъни ҳаяжонда содир этилмаганмикан, иккинчидан, у ихтиёрсиз равишда қотилликка ҳамкор бўлмаганмикан,– деди ва ҳар иккала саволга ҳам ўзи тўла ишонч билан: йўқ, асло, – дея жавоб қайтарди.
– Йўқ,– деди у биринчи саволга жавоб бера туриб,– ҳеч қандай жазава тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, негаки, жазава ҳолати бир неча соатга чўзилмайди. Елагин нимадан ҳам жазавага тушарди?
Охирги масалани ҳал қилиш учун прокурор ўзига жуда кўп савол берди ва шу ондаёқ уларни рад этиб, масхараомуз кулиб қўйди-да, деди:
– Ўша машъум кунда Елагин одатдагидан кўпроқ ичмаганмикин? Йўқ, у ўзи кўп ичади, лекин ўша куни ичмаган.
– Унинг саломатлиги жойида бўлганми ё йўқми? Уни текширувдан ўтказган шифокорларнинг фикрига қўшиламан: у соғлом; лекин ўзини тийишни мутлақо билмайди.
– Агар у ҳақиқатан ҳам ўша аёлни севган бўлса, унда жазава севган аёли билан эр-хотин бўлолмаслиги туфайли келиб чиқмадимикин? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас: чунки судланувчи унга ғамхўрлик қилмаган, бирга бўлиш учун бирор-бир қатъий чора ҳам кўрмаган.
Бундан кейин:
— Балки Сосновскаянинг чет элга кетиши уни шу кўйга солгандир? Йўқ, аёлнинг жўнаб кетишини у аввалдан билганди.
– Балки Сосновскаянинг чет элга жўнаши туфайли алоқаларига дарз кетгандир? Бундай ҳам эмас, чунки алоқаларининг узилиши ҳақида бу кечадан аввал ҳам кўп маротаба гаплашилган. Агар шундай бўлмаса, унда нима ахир? Нима, унда ўлим тўғрисида гаплашишганми? Хонадаги ғалати ҳолат, шайтон васвасаси, умуман, ўша вужудни ўртагувчи “қора” тундек унга азоб берармиди? Ўлим ҳақидаги гап-сўзлар Елагин учун янгилик бўлолмасди: бундай миш-мишлар ўзи ва маъшуқаси ўртасида тўхтовсиз бўлиб, кўнгилга ҳам урганди. Шайтон васвасаси тўғрисида сўз очишнинг ўзи кулгили. Уни ғоятда завқсиз нарсалар: кундалик кечки овқат, ундан қолган қолдиқлару, бўшаган шишалар, ҳатто афв этасизу, тунги ҳожатбарор идишлар ҳам батамом тийиб қўйганди.
Елагин еган, ичган, ҳожатхонага борган, гоҳ вино деб, гоҳ қаламтарош деб бошқа хоналарга ҳам чиққан…
Прокурор шундай хулоса ясади:
– Бунгача Елагин қотиллик содир этганмиди, агар бу марҳума хоҳишига кўра ижро этилгани инобатга олинса, баҳсни чўзишга ҳожат ҳам қолмайди. Елагин Сосновская ўзини ўлдиришни сўраганини айтиб, унинг “Ўлаяпман, лекин ўз хоҳишим билан эмас” деган мазмунда ёзилган, ўзи учун фожиали якун топган мактубини тақдим этиб, бизни асоссиз ишонтирмоқчи бўляпти.

V

Прокурор нутқидаги тафсилотларнинг кўпига эътироз билдириш мумкин. “Судланувчи мутлақо соғлом…” Лекин, касаллик билан саломатликнинг, ақл билан ақлсизликнинг меъёри қаерда? “У оила қуриш ҳақида ўйламасди ҳам…” Ўйламаганининг боиси, авваламбор, бари беҳудалигига ишонарди; иккинчидан, наҳотки севги ва никоҳ бир-бири билан шунчалик боғлиқ бўлса? Елагин Сосновская билан никоҳдан ўтганда, умуман, ўртадаги барча фожиаларга чек қўйиб, бир йўла хотиржам бўлармиди? Ҳар қандай кучли, ҳаттоки, умуман, унчалик оддий бўлмаган севгида ҳам қандай қилиб бўлса-да, никоҳдан бўйин товлашдек антиқа бир хусусият борлигини наҳотки ҳеч ким билмаса?
Такрор айтаман, булар тафсилот, холос. Аслида прокурор ҳақ гапни айтганди: бу жазава натижаси эмасди.
У яна шундай деди:
– Шифокорлар хулосасида Елагин, жазавадан кўра кўпроқ хотиржам бўлган, мен эса уни нафақат хотиржам бўлганини, хотиржамлиги билан ҳаммани ҳайрон қолдирганини тасдиқлайман. Биз бунга жиноят содир этилиб, сўнг тартибга келтирилган ва у ерда Елагин яна узоқ қолиб кетган хонани кўздан кечирганимизда амин бўлдик. Сўнг Елагиннинг Староград кўчасидаги уйдан хотиржам чиқиб, эшикни шошмай, яхшилаб қулфлаганини кўрган терговчи Ярошенконинг кўрсатмаси. Ва ниҳоят – Елагин хулқи ҳақида ротмистр Лизарев фикри. Масалан, Елагин корнет Севский уни “ақл-ҳушини йиғиб олиши”га ишонтирмоқчи бўлиб, Сосновская ўзини-ўзи отмаганми, шуни эслаб кўришини сўраганида, у нима деган? У: “Йўқ, акагинам, ҳаммаси жуда яхши эсимда!”– дея ўша заҳоти қандай отганини тасвирлаб берган. Терговчи Будбергни “Елагин ўз ёқимсизлиги билан ҳайрон қолдирган, яъни у иқроридан сўнг ҳам, совуққонлик билан чой ичиб ўтирган”. Терговчи Фохт эса ҳайратдан ёқа ушлади: “Жаноб штаб ротмистри,– кинояли деди Елагин,– умид қиламанки, мени бугуноқ ўқишдан озод қиласиз.– Бу шу қадар даҳшатли эдики, – деди Фохт, – корнет Севский буни кўтаролмай ҳўнграб йиғлаб юборди…” Тўғри, ротмистр полк командири ҳузуридан унга чиқарилган буйруқни олиб келганида, Лихарев ва Фохтнинг юзидан, энг муҳими, энди у зобит эмаслигини тушунганида Елагин йиғлаб юборган вақтлар ҳам бўлган. Худди шундай дамларда у ҳўнграб йиғлаб юборган, – деди-да, прокурор ҳам ишни шу жойда якунлаб қўя қолди.
Албатта, сўнгги жумла янада ғалатироқ чиқди. Шунга ўхшаш бошга тушган мусибат сени тарашадек қотирган бахтсиз дамларингда, тўсатдан уйғониб кетиш, ҳатто арзимас, мутлақо аҳамият касб этмаган, тасодифан кўзингга тушган бирор нарса ҳам, дабдурустдан сенга аввалги шодон ҳаётингни, умидсизликка тўла кунларингни ва шу дамдаги аҳволингнинг бор даҳшатини ёдингга солишини ким билмайди дейсиз? Барча воқеалар Елагинга бу шунчаки, аҳамиятсиз ва тасодифий нарсалар эмаслигини унга эслатиб қўйди. Ахир уни туғма зобит деса бўларди – унинг ўн аждоди ҳарбий хизматчилар бўлган. Энди эса у бирдан зобит бўлмай қолди. Унинг зобит эмаслигининг сабаби фақат бу эмасди, – у энди ўз ҳаётидан ортиқ кўргани, чин юракдан севган аёлининг бу ёруғ оламда йўқлиги учун ҳам зобит бўлмай қолганди, бундай қабиҳ ишни унинг ўзи ўз қўллари билан содир этганди.
Бироқ, бу ҳам тафсилот, холос. Энг асосийси, “оний ақлсизлик” ҳақиқатан ҳам бўлмаган. У ҳолда нима содир бўлганди? Прокурор тан олиб айтдики, “бу шубҳали ишда асосий эътиборни биринчи навбатда Елагиннинг феъл-атвори муҳокамасига ва Сосновская билан ораларидаги муносабатни қандай аниқлашга қаратиш керак! Сўнг прокурор қатъий туриб деди:
– Ораларида ҳеч қандай ўхшашлик бўлмаган икки шахс топишишди…
Шундай бўлганмикан? Ҳамма гап шунда эди…

VI

Елагин ҳақида, мен, аввало шуни айтмоқчиманки, у энди йигирма икки ёшга тўлди: бу қалтис ёш, замон эса нотинч, буларнинг бари инсоннинг келажагини белгилайди.
Одатда, бундай пайтда одам, тиббиёт тили билан айтганда, балоғат ёшини бошидан кечиради, ҳаётда эса бу – илк муҳаббат кўринишида бўлиб, негадир, бунга доим шоирона, ва умуман олганда, ғоят енгилтаклик билан қаралади. “Илк муҳаббат”га тез-тез фожиа, қайғу ҳамроҳлик қилади, лекин мутлақо ҳеч ким бундай пайтда одамларни шунчаки ҳаяжон, азоб эмас, балки ундан хийла теран, мураккаб бир ҳиссиёт ўртаётгани ҳақида ўйламайдилар; ҳали бошга тушмаган нарсалар учун куюнишади, балоғат даврининг ваҳимаси, ўзни намоён этишнинг машаққати, илк жинсий майл. Агар мен Елагиннинг оқловчиси бўлганимда, суддан унинг ёшига айнан шу нуқтаи назардан келиб чиқиб эътибор қаратишларини ва қаршимиздаги одамни шу маънодан келиб чиқиб, мутлақо тенги йўқлигини инобатга олишларини ўтинган бўлардим. “Навқирон зобит, эс-ҳушини йўқотиб, айш-ишратга берилган”, дея прокурор кўпчилик фикрини такрорлади-да, ҳақлигини исботлаш мақсадида ҳикояни бошқа бир гувоҳ – артист Лисовскийга ошириб юборди: Елагин бир куни кундузи театрга келиб, артистлар машқ қилишга тарқалишаётганда, уни кўриб қолган Сосновская чаққон четга ўтди-да, Лисовскийнинг панасига яшириниб: “Амаки, мени ундан пана қилинг!”— деди. Мен уни пана қилдим, дея ҳикоясини бошлади Лисовский, шаробга чўмилган бу зобит бирдан тўхтади ва гангиб турган жойида оёқларини керди-да, бақрайиб: бу Сосновская деганлари қаерга даф бўлди? – деди талмовсираб.
Ҳа, айнан шундай: мияси айниган одам, лекин нимадан айниган: наҳотки “бебош, бемаъни турмушдан бўлса?”
Дейиш мумкинки, Елагин аслзода ва бой оиладан чиққан. Онаси (қарангки, у ортиқча ҳаяжонга ғоят мойил тоифадан бўлган) дан у жуда эрта етим қолган, отаси эса бераҳм, қаттиққўл одам бўлган. У доим шу қўрқув туфайли отасидан узоқлашиб туриб катта бўлган. Прокурор аёвсизларча Елагиннинг нафақат ахлоқий, жисмоний қиёфасини ҳам осонгина чизиб ташлади.
Кейин шундай деди:
– Шунақа жаноблар, қаҳрамонимиз мана шундай “кўркам” зобит либосида юрган. Энди аҳволига бир қаранг-а. Энди уни безайдиган ҳеч вақоси қолмаган; қаршимизда паст бўйли, букир бир йигитча, у малла мўйлови, бетайин, беэътибор боқиб турган башараси, эгнидаги қоп-қора камзули билан бир оз Отеллони ёдга солувчи одамни кўриб турибсиз. Менимча, унда насл бузилишининг ўзига хос белгилари яққол кўзга ташланиб турарди. Зеро, баъзи ҳолларда, айтайлик, отаси кўзидан нарида ўзини озод ҳис этганда, ва яна қонунни четлашга имконият туғилганда, одамлар билан муносабатда бирор бир тўсиқ билан ҳисоблашиб ўтирмайди.
Нима ҳам дердик, қўполдан-қўпол берилган бу баҳоларнинг кўпи рост эди. Буларни эшита туриб, мен аввало бир нарсага тушунолмадим, ахир, қандай қилиб ўша машъум, ўта чалкаш бир фожиага бу тахлит юзаки ёндашиш мумкин: устига-устак, унда наслдан-наслга ўтиб келаётган белги ҳам шундайгина кўзга ташланиб турган бир пайтда, яна уни нимаси билан ажратиб олиш мумкин; иккинчидан, айтилган рўйирост гапларда мен ҳақиқатнинг бир бўлагинигина кўра олдим, холос. Тўғри, Елагин отасидан безиб ўсди. Лекин, бу журъатсиз дегани эмас-ку, айниқса, ота-она олдида. Устига-устак аждодлари, ота-боболари билан уни боғлаб турган мерос аталмиш риштани теран ҳис эта олиш бахтига муяссар бўлган бундай одам учун. Ҳа, Елагин зобитга хос кўркам ташқи кўринишдан бебаҳра эди, лекин бу ҳам унинг фавқулодда қобилиятли эканидан дарак эмасми: синчиклаб бир қаранг-а, деган бўлардим мен прокурорга, малладан келган, оёқлари ингичка, букир бу одамга, ўшанда сиз деярли қўрқув билан кичик кўзлари мовий (уни сиздан олиб қочаётган) бу сепкилли юзи учун аҳамиятсиз нарсанинг ўзи йўқлигини кўрасиз. Ва яна сиз ўша бузилган наслнинг қудратига бир эътибор қилинг-а: қотиллик содир этилган кун, у эрталабдан ўқишда бўлган – ва нонуштада олти қадаҳ ароқ, бир шиша шампан виноси, икки қадаҳ коньяк ичиб, шунда ҳам мутлақо ҳушёрликни йўқотмаган.

VII

Кўпчиликнинг Елагин ҳақида билдирган чиркин фикрларига қарама- қарши ўлароқ, полкдош дўстлари ўз кўрсатмалари билан уни ҳимоя қилишга тайёр турардилар. Дўстлари у ҳақда фақат яхши гапларни айтишди. Масалан, эскадрон командири у ҳақда фикр билдириб бундай деди:
– Елагин полкка қадам қўйган кундан бошлаб, офицерлар орасида одоб-ахлоқи билан ўзини кўрсата олди ва доимо ўта хушфеъл, ғамхўр, кичик ходимларга муносабатда ҳам одил бўлди. У феълидаги бир жиҳат – бетайинлиги билан ажралиб турарди. Лекин бунинг ҳеч кимга зарари тегмасди. Фақат унда кайфият ўзгариши, яъни қувноқ одамдан маъюсга, сергакдан индамасга, қатъиятли одамдан бирдан ўз қадр-қимматига, келажагига ишонмайдиган одамга айланиб қолиши осон кечарди, холос.
Сўнг ротмистр Лихарев бундай фикр билдирди:
— Унинг ғалатироқ эканини айтмасак, Елагин ғамхўр ва яхши дўст, камтарин ва камгап, баъзан шўх, бебош, баъзан эса завқ-шавққа тўлиб-тошиб бизни ҳайрон қолдирарди. У ёнимга келиб, Сосновскаяни ўлдирганига иқрор бўлганида, Севский билан Кошица Староградский кўчасидаги уйга югуришди. У баъзан қўрқувдан ҳўнг-ҳўнг йиғлар, баъзан ёвузларча заҳархандалик билан кулиб қўярди. Уни қамоққа олиб кетишаётганда биздан фуқаро кийимига қаерга буюртма беришни сўради…
Сўзни граф Кошица давом эттирди:
– Елагин табиати тўкис одам эди. У бир вақтнинг ўзида ҳам мулойим, ҳам асабий, таъсирчан ва завқ-шавққа тўла одамга айланиб улгуриши мумкин эди. У театрдан, мусиқадан ўзгача таъсирланар бир зумда йиғлаб юбориши ҳеч гап эмасди. У мусиқа борасида ҳам анча қобилиятли бўлиб, деярли барча чолғу асбобларини бемалол чала оларди.
Бошқа гувоҳлар ҳам тахминан шуларни айтишди:
– У жуда ишқибоз одам бўлиб, доим қандайдир чинакам, фавқулодда бир нарсани кутиб яшарди…
– Дўстлар базмида қувноқ, ҳатто жонингга тегар даражада мулойим бўлиб, атрофидаги одамлардан шампан виносидан кўпроқ сўраб оларди-да, тўғри келган одамини шу билан меҳмон қилаверарди. Сосновская билан учраша бошлагандан бери ҳиссиётини иложи борича сир сақлашга уринарди. У ўзгарганди, хаёлчан, ғамнок юрарди. Бир куни у ўзини ўлдиришга қарор қилганини айтиб қолди…
Елагин билан яқиндан таниш бўлганлар шундай маълумот беришди. Судда ўтириб, мен унинг портретига бундай қора бўёқни прокурор қаердан топгани ҳақида ўйладим? Балки, унда биз билмаган бошқа маълумот бордир? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Тахминимча, прокурорнинг унга қора бўёқ чаплашига сабаб, унинг “бахтли ёшлар” тўғрисидаги умумий қарашларига қўшимча, яна, суднинг ихтиёрида турган, ягона, Елагинни Кишинёвдаги дўстига юборган хатини ўқиб билганлари сабаб бўлганди. Хатда Елагин ўз ҳаёти тўғрисида сурбетларча сўзлаб:
– Мен, оғайни, бутунлай лоқайдлик қуршовида қолдим: менга энди ҳаммаси барибир! Бугун яхши, худога шукур, лекин, эртага нима бўлади — тупурдим, кечаси ётиб ўйла – эртаси туриб сўйла. Уччига чиққан ароқхўр, салкам донғи кетган аҳмоқ деган ном орттирдим.
Бундай ўз-ўзига баҳо чечангина прокурорнинг “Ўз нафсини ўйлаб, лаззат кетидан қувган Елагин, борини унга бағишлаган аёлни жамоат ҳукмига ташлаб, уни нафақат умрига зомин бўлди, ҳатто сўнгги умиди – насроний урф-одатига кўра дафн этилишдан ҳам маҳрум этди…” – деган нутқига алоқаси бордек туюларди. Чиндан ҳам алоқаси бормиди ўзи? Йўқ, прокурор хатдан бир неча сатргина олганди, холос. Хатнинг тўлиқ матни қуйидагича эди:
“Азизим Сергей. Хатингни олдим, кеч бўлса-да, жавоб ёзяпман, нима ҳам қилардик? Хатимни ўқиб: “Бунча ажи-бужи, сиёҳга тушган пашша ўрмалаганми!”—деб ўйласанг керак. Нима ҳам қилардик, буям бир ёзув-да, айтишади-ку, агар ойна дегани бўлмаса борми, феъл-атворингга баҳо берувчилар ҳам топилади. Мен ўша-ўша ишёқмаслигимча қолдим, билсанг ундан ҳам баттар, икки йиллик мустақил ҳаёт ва яна алланималар менда ўз изини қолдирди. Шундай гаплар борки, ҳатто Ҳазрат Сулаймонга ҳам айтолмайсан! Агар бир кун келиб ўзимни гумдон қилганимни эшитиб қолсанг, ҳайрон бўлма, деб айтиб қўяяпман. Мен, оғайни қандайдир лоқайдлик домига тушиб қолдим: менга энди ҳаммаси барибир! Бугун яхши, худога шукур, эртага нима бўлса бўлар, тупурдим, кечаси ётиб ўйла – эртаси туриб сўйла. Ўзимга уччига чиққан ароқхўр, донғи кетган аҳмоқ деган ном орттирганим қолди. Ишонасанми, йўқми, билмадим? Баъзан юрагимдаги кучни, оғриқни, барча гўзал, дабдабали, умуман, жин урсин, қалбим нимага талпинса, ўшанга майлни ҳис этиб тураман. Балки буни ёшликка йўярсан: нега энди мен тенгилар бундай ҳолатларни бошдан кечирмайди? Мен ўлгудай асабий бўлиб қолганман: баъзан қишда, кечқурун, бўрон, совуқ бўлишига қарамай, ўрнимдан даст тураман-да, ҳатто ҳеч нима билан ҳайрон қолдириб бўлмайдиган шаҳарликларни лолу ҳайрон қилиб, кўчага чиқаман-да, аста-секин юқорилаб боравераман – эътибор қиляпсанми, яна ўша қаерлардадир қулоғимга чалинган оҳангни тутиш истагида ўзимни мутлақо ҳушёр ва хотиржам тутган ҳолда. Қани энди, тутолсам! Майли, сенга ёриламан. Юрагимдан уриб қолди, унақаси ҳеч ерда йўқ… Энди бу ҳақда бас қилайлик. Илтимос, менга хат ёзиб тур, манзилимни биласан: Нима деганинг ёдингдами? “Россия, корнет Елагинга…”
Ақлга сиғмайди: ҳеч бўлмаганда бу хатлардан биронтаси ўқилганда ҳам муштарак бирор нарсаси бўлмаган икки кимса қандай қилиб топишишдийкин, деб айтиш мумкин бўлармиди?

VIII

Сосновская ҳақиқий поляк аёли бўлиб, Елагиндан катта, ёши йигирма саккизда эди. Отаси майда амалдорлардан бўлиб, қизалоқ уч ёшдалигида ўз жонига қасд қилганди. Онаси анчагача бева яшади, сўнг худди ўшандай майда амалдорга турмушга чиқди ва яна бева қолди. Кўриб турганингиздек, Сосновскаялар оиласи ўртаҳол оилалардан бўлган. Лекин бошқаларда топилмайдиган ажойиб самимийликни ва бизга маълум бўлган саҳнага бу даражада эрта қизиқиш унда қаердан пайдо бўлди экан? Бунга унинг оиладан ёхуд ўзи ўқиган хусусий пансиондан олган тарбияси сабаб бўлолмайди,. У жуда яхши ўқиганди, бўш вақтларида кўп мутолаа қиларди. Ўқиган китобларидан ўзига ёққан фикр ва ҳикматли сўзларни ёзиб олиб, мудом ўз ҳаётига қиёслаб кўрарди, умуман, у кундаликка ўхшаш қайдлар қилиб борарди, агар ойлаб қўлга олмай ташлаб қўйилган, бу парча-парча қилиб йиртилган қоғозларни кундалик дейиш мумкин бўлса. Ахир у бу кундаликка ўз орзу-умидларини, ҳаётга қарашларини ёзиб, кўнглини бўшатарди, яна кирхона, тикувчи ва бошқа алланималарга кетган харажатларни ҳам киритиб борарди-да. У айнан қандай гапларни кўчириб оларди?
– “Биринчи бахт, бу – дунёга келмаслик, иккинчиси эса фанога кетиш”. Ажойиб фикр!
– Ёруғ дунё ўлгудек зерикарли, тоқатни-тоқ қилади, юрак хориқулодда нимагадир талпинади.
– “Одамлар у дунёга равона қиладиган қийноқларнигина тушунишга қодир”. Мюссе.
– Мен ҳеч қачон турмушга чиқмайман. Бу ҳақда ҳамма гапиряпти. Бунга Худо ва Ажал номи билан қасам ичаман.
– Ё муҳаббат, ё ўлим.– Мен севадиган одам Ер юзида бормикан ўзи? Бундайи йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас! Унда телбаларча севганим бу дунёни қандай ташлаб кетаман!
– Қўрқинчли, мафтункор, сирли муҳаббатни ердан ҳам, кўкдан ҳам топиб бўлмайди…
– Ойим бойлик учун эрга тегишимни хоҳлайди. Мен, бойлик учун-а! Севги деган сўз бу заминга бегона, унда азоб-уқубат ҳам, жозиба ҳам етарли, афсус, мен бундай туҳфадан бенасибман!
Ҳисобсиз йиртқич кўзлар менга еб қўйгудек боқади, мен ўзимни худди махлуқлар маконида бўлгандек ҳис этаман.
– “Унинг ҳаётдаги барча тоат-ибодатлари қалби тубидагиларни пинҳон сақлашга қаратилган бўлса-ю, унга суқилиб кира олдим, дея ким ҳам мақтана оларди?” Мюссе.
Сосновская пансиондаги курсни тугатгач, онасига ўзини санъатга бағишлашини айтганда, меҳрибон католиклардан бўлган онаси аввал-бошда буни эшитишни ҳам истамади, қизи эса бошқаларга ўхшамасди, бировга итоат этиш у ёқда турсин, ҳатто онасига ҳам элбурутдан таъсир ўтказиб, Мария Сосновскаянинг ҳаёти оддий, шуҳратсиз бўлиши мумкин эмаслигига уни кўндирганди.
У ўн саккиз ёшида Львовга жўнади ва кўп ўтмай ўз орзусини рўёбга чиқарди: саҳнага ҳам бирон-бир қийинчиликсиз эришди ва тез орада назарга тушди. Омма орасида ҳам тез танилди, анча жиддий бўлган театр санъати оламида хизматининг учинчи йилида бизнинг шаҳарга таклиф этилди. Львовга келган куниданоқ, деярли, аввалгидек, кундалигини юрита бошлади:
– “У ҳақда гапиришяпти, кулишяпти, йиғлашяпти, унинг ўзи ким, ким билади?” Мюссе.
– Агар онам бўлмаганида, ўзимни ўлдирган бўлардим. Бу менинг доимий орзуим…
– Мен шаҳар ташқарисига чиққанимда, у ердан тубсиз, ажойиб осмонни кўраман ва шу лаҳзада менга нима бўлаётганини англолмай қоламан. Шу пайт овозим борича қичқиргим, куйлагим, бирон нима ўқигим, йиғлагим, севиб қолгим ва охири ўлгим келиб кетади!
– Мен ўлимнинг энг гўзалини танлайман. Ихчамгина уй оламан-да, уни мотам матоси билан қоплайман. Девор ортида куй янграйди, мен эса оддийгина оқ кўйлакда, ўз ифори билан ўлдирувчи атрофимдаги гуллар ичида ётаман. О, бу қандай нашъали!
Кейин:
– Ҳамма танамга муҳтож, руҳимга эмас…
– Бой бўлганимда бутун дунёни кезардим ва ундан муҳаббатимни аямаган бўлардим…
– “Инсон нима исташини ўзи билармикан, ўйлаганларига ўзи ишонармикан?” Красинский.
Ва ниҳоят:
– Ярамас!
Қилган ишини пайқаш унча қийин бўлмаган бу ярамас яна ким бўлди экан? Аниғи шуки, у бор, унинг мавҳум шахс бўлиши мумкин эмас. “Львовдаёқ,– деди терговчи Заузе, Сосновскаянинг хизматдоши,– у кийинмасди, ечиниб хизматини адо этарди, танишларию мухлисларини уйида, очиқ-сочиқ тунги кўйлакда, яланғоч оёқларини кўрсатиб қабул қиларди. Унинг гўзаллигидан ҳамма лол қоларди, бу, айниқса, янги келганларга кўпроқ таъсир қиларди ва улар бундан ҳанг-манг бўлиб қолардилар. Сосновская шунда: “Асло ҳайрон бўлманг, буларнинг бари ўзимники”,– дея тиззасидан тепасини бемалол очиб кўрсатарди. Шу билан бирга у тез-тез кўз ёши тўкиб,– унинг муҳаббатига муносиби йўқлигини ва бирдан-бир нажоти ўлим эканини бот-бот таъкидларди…
Мана, Константинополга, Венецияга, Парижга бирга борган, Краков ва Берлинда у билан бирга бўлган “ярамас” ҳам пайдо бўлиб қолди. Бу қандайдир галисиялик ер эгаларидан бўлиб, фавқулодда бадавлат одам эди. Сосновскаяни ёшлигидан яхши билган терговчи Вольский у ҳақда шундай деди:
– Мен Сосновскаяни ҳамиша ахлоқсиз аёл деб ҳисоблаганман. Ўлкамиз фуқароси ва артист сифатида ўзини қандай тутишни мутлақо билмасди. У фақат пулни ва эркакларни хуш кўрарди, холос. Бу беадаб, қандай қилиб қизалоқ пайтидаёқ ўзини кекса галицийлик тўнғизга топширди экан?
Сосновская ўз ўлими олдидан Елагин билан қилган суҳбатида айнан шу “тўнғиз” ҳақида гапириб берганди. Шу ерда у бепарволик билан Елагинга шикоят қилиб:
– Мен ўз ҳолимча ўсдим, менга ҳеч ким қарамаган, мен ўз оиламда, бутун ёруғ оламда барчага бегона эдим. Бутун авлоди билан лаънатга учрагур бир хотин мени, ишонувчан, покиза бир қизни фаҳш йўлга бошлади… Фақат даҳшат билан эслаш мумкин бўлган, аблаҳларнинг аблаҳи бўлиб чиққан бир одамни мен Львовда худди ўз отамдек яхши кўриб қолгандим. У мени нашага, винога ўргатди ва мени Константинополга олиб кетди. У ерда унинг бутун бошли ҳарами бўлиб, у ўз ҳарамида ётиб, яланғоч жорияларини томоша қиларди-да, мени ҳам улардек ечинишга мажбур этарди, у шундай аблаҳ ва пасткаш одам эдики…

IX

Шаҳримизда Сосновская тўғрисида тезда миш-миш гаплар тарқалди.
– Львовдаёқ,– деди терговчи Мешков,– кўпчиликка бир кечанинг ўзидаёқ у билан бирга бўлишни таклиф этган ва севишга қодир бўлган қалбни излаётганини айтган. Сосновская бундай қалбни сабот билан излаган. Ўзи эса: “Менинг асосий мақсадим – яшаш ва ҳаётдан баҳра олиш” дея такрорларди. Чашнагир барча шароблардан тотиши лозим, лекин биронта хилидан маст бўлиши мумкин эмас. Аёл эркак билан муносабатда ҳам шундай йўл тутиши керак”. Ўзи худди шундай қилган,– деди Мешков.– Шаробнинг баридан тотиб кўрган деб айтолмайман, бироқ йўлдан урганларининг саноғи йўқлигини биламан. Балки, у буларни энг асосий иш – атрофида шовқин-сурон кўтариб, театрга ёлланган олқишчиларни тўплаш учун қилгандир. “Пул,– дерди у,– қўлнинг кири, мен худди сўнгги мешчанлардек мумсик, баъзан зиқнаман, лекин, нимагадир пул ҳақида ўйламайман. Муҳими – шуҳрат, қолганлари аста-секин бўлаверади”. Сосновская ўлим ҳақида гапирганида ҳам айнан ўзи тўғрисида бировларни гапиришга мажбур қилишни кўзлаган бўлса, не ажаб…
Львовда содир бўлганлари бизнинг шаҳарда давом эттирилди. Қайдлар ҳам деярли худди шундай ёзиб борилди:
– Худойим-ей, қандай зерикарли, қандай азоб бу! Қани энди хаммаёқ остин-устин бўлсаю, барини ер ютса!
– Бир куни кечқурун қабристонга бордим: у ер шундай ажойиб эдики! Менинг назаримда… йўқ, асло, буни тасвирлашга ожизман. Менга қолса тун бўйи қабрлар устида қолиб, уларга обдон, тинкам қуригунча сўзларимни тўкиб-солган бўлардим. Эртаси куни мен ўз ролимни ҳар қачонгидан ҳам яхши ўйнадим…
Ва яна:
– Мен кеча кечқурун соат ўнларда қабристонга бордим. Бу қандай таъсирли манзара. Ой нури қабр тошлари ва хочларга ўз нурини тўкиб ташлаганди. Мени минглаб марҳумлар ўраб олгандек туюларди. Ўзимни шундай бахтиёр ва енгил ҳис қилдимки. Мен ўзимни жуда яхши ҳис этардим…
У Елагин билан танишгандан сўнг бир куни ундан полкда отлиқ аскарлардан бирининг ўлганини эшитган ва Елагиндан уни ибодатхонага, марҳум ётган ерга олиб боришини сўраган, кейин эса ойдинда ибодатхона ва марҳумнинг кўриниши унда ҳайратланарли таассурот қолдирганини ёзган.
Шуҳратга, одамлар эътиборига ташналик бу вақтга келиб дарғазабликка айланиб улгурганди. Унинг ўзига муносабати яхши эди. Умуман олганда, унинг чиройида ҳеч қандай ўзига хослик бўлмаса-да, барибир, алоҳида, кам учрайдиган ўзгача мафтункорлик, айёрона ёвузлик билан қоришиб кетган соддадиллик, очиқкўнгиллик бўлиб, бу қоришиқ самимийликни доим ўйинга чорлаб турарди: портретларига қаранг, нигоҳларига диққат қилинг, унинг ўзига хослиги, – бир оз очилган лаблар, доимо хўмрайган, маъюс нигоҳ ёқимли, ўзига тортувчи худди бирор нима ваъда қилаётгандек, қандайдир сирлиликка розилик билдираётгандек ахлоқсизликнинг бир кўриниши бу. У ўз гўзаллигидан қандай фойдаланишни биларди. У ўз мухлисларини ўзидаги бор гўзалликлар – жарангли овози, кулгили ва кўз ёшга тўла жонли саҳна ҳаракатлари билангина эмас, балки уларни ўз баданини намойиш этадиган роллари билан ҳам ушлаб турарди. У уйида кўнгилни суст кетказадиган шарқона ва юнон либосларида юрар ва кўплаб меҳмонларини шу либосларида кутиб оларди. Ҳар хил тўппончалар, ханжар, ўроқ ва мурват кўринишидаги қиличлар, турли хилдаги заҳарлар солинган шиша идишлари бўлган, унинг ўзи айтганидек, қотиллик учун махсус мўлжалланган бу хонага уларни олиб кирарди-да, бу ерда суҳбатнинг жонини киргизадиган доимий нарса ажал дерди. Бу ҳам етмагандек, тез-тез ҳаётдан воз кечишнинг турли усуллари ҳақидаги суҳбатларида у девордаги ўқлоғлиқ револьверни олиб, тепкисини кўтарарди, стволи оғзини ичиб турган вискисига тираб туриб: “Мени ҳозироқ ўпинглар, бўлмаса ўзимни отиб ташлайман?”–дея оғзига думалоқланган заҳари кучли дорини оларди-да, “Агар меҳмон шу топнинг ўзида тиз чўкиб, яланг оёқларимдан ўпмаса, заҳарни ютиб юбораман”, — дерди. У барчасини шундай ишонарли қилиб бажарардики, меҳмоннинг қўрқувдан ранглари қув оқариб, унга икки карра мафтун бўлиб қайтарди ва бутун шаҳар бўйлаб айнан унинг барча ҳаяжонга соладиган жиҳатлари ҳақида миш-мишларни ёяр эди.
– У, умуман, ҳеч қачон ўзига ўхшамас эди, — деди судда уни узоқ вақт яқиндан билган гувоҳ Залесский.– Одамни мазахлаш, жиғига тегиш – булар унинг доимий машғулоти эди. У сирли ва ёқимли қарашлари, маъноли кулишлари маъсум боладек маъюс хўрсинишлари билан одамнинг ғазабини қўзғашга жуда уста эди. У Елагин билан ҳам ўзини шундай тутарди. У Елагинни гоҳ ёндирар, гоҳ устидан совуқ сув қуярди… У асли ўлишни истармиди? У ҳаётнинг ашаддий ишқибози эди, ажалдан эса ўлгудек қўрқарди. Умуман олганда, унинг феълида хушчақчақлик, қувноқлик кўпроқ эди. Эсимда, бир куни Елагин унга оқ айиқ терисини совға қилиб жўнатди. Бу вақтда у уйида меҳмон кутарди. Пўстин уни шундай қувонтирдики, уйидаги меҳмонларни ҳам унутди. У пўстинни ерга ташлади-да, ҳеч кимга эътибор қилмай, устида боши билан ўмбалоқ ошиб, шундай ҳаракатларни кўрсатдики, бунга ҳар қандай акробат ҳасад қилган бўларди. Нимасини айтасиз, аёлмисан аёл эди.
Уни ғам-ғусса, умидсизлик ҳолдан тойдирганини, ўша бизга таниш Залесский гапириб берганди. Ўн йилдан бери билган шифокор Серошевский у Львовга кетишидан олдин уни даволаганда унда сил касали аломатлари топилганди. Яна охирги пайтларда у руҳий тушкунликдан, хотира пасайишидан, галлюцинациядан азоб чекарди. Хуллас, шифокор унинг ақли расолигидан ҳам хавотирда эди. Ўз ажали билан ўлмаслигига, ҳатто уни асаб касалидан даволаган шифокор Шумахерни ҳам ишонтиролганди. (Ундан Шопенгауэрнинг икки томлигини олиб, уни диққат билан ўқиб чиққан, ажабланарлиси шуки, кейин маълум бўлишича, у ўқиганлари маъносига жуда яхши тушунган). У ҳаммани ўз ажали билан ўлмаслигига ишонтирар, дўхтир Шумахер уни айнан шу асаб бузилишидан даволаганди. Шифокор Недзельский шундай кўрсатма берди:
– Ғалатироқ аёл эди. Ундаги қувноқлик, ноз-карашма кўпроқ уйида меҳмон кутгандагина аён бўларди: баъзан ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, бирдан жим қоларди, сўнг кўзлари ола-кула бўлиб бошини столга урарди ёки бўлмаса нарсаларни — бордоқ борми, қадаҳ борми, ерга ота бошларди… Бундай вақтда унга қанча тезроқ: “Қани, яна”,– дея шошилтирсангиз, у ҳаракатини шунча тезроқ тўхтатарди.
Ва, ниҳоят айнан мана шу “ғалатироқ ва мафтункор аёл” билан корнет Александр Михайлович Елагин учрашишди.

Х

Бу учрашув қандай содир бўлди? Булар орасидаги яқинлик қандай дунёга келди, уларнинг бир-бирларига бўлган туйғулари, муносабатлари қандай эди? Бу ҳақда Елагиннинг ўзи икки марта ҳикоя қилиб берганди: биринчи марта қисқа, узуқ-юлуқ, қотилликдан бир неча соат ўтгач,– терговчига; иккинчи марта – сўроқда, биринчи сўроқдан уч ҳафта ўтгач.
–Ҳа,– деди у,– Сосновскаянинг ҳаётдан кетишига мен айбдорман, лекин унинг ўзининг истаги билан…
Мен у билан ярим йил аввал театр кассаси олдида поручик Будберг орқали танишганман. Уни чин юракдан севиб қолгандим, у ҳам менинг ҳис-туйғуларимга бефарқ бўлмас, дегандим. Баъзан у мени, мен уни севганимдан ҳам ортиқ севар деб ўйлардим, баъзан эса бунинг акси бўларди. Бундан ташқари, у доим мухлислари қуршовида бўлар, уларга ноз-карашмалар қиларди, мен эса рашк азобидан адои тамом бўлиб борардим. Ниҳоят, бизнинг бундай фожиали аҳволимизга аслида бу эмас, мен тушунтиролмайдиган нимадир сабаб… Нима бўлганда ҳам қасам ичиб айтаманки, мен уни рашкдан ўлдирганим йўқ…
Айтганимдек, у билан ўтган йилнинг феврал ойида театр олдидаги касса ёнида танишганман. Мен уникига борганман, лекин октябр ойигача кўп эмас, ойда икки марта бўлганман, у ҳам бўлса кундуз кунлари. Октябрда мен унга севги изҳор этдим, у менга уни ўпишимга рухсат берди. Бу воқеадан бир ҳафта ўтгач, у, мен ва дўстим Волошин билан шаҳар ташқарисидаги ресторанга кечки овқатга бордик-да, у ердан фақат иккимиз қайтдик, у хурсанд, меҳрибон, озгина кайфи ҳам бор эди. Мен ўшанда ўзимни шундай журъатсиз ҳис этдимки, ҳатто унинг қўлини ўпишга ҳам қўрқардим. Кейин у мендан Пушкинни сўради ва “Миср кечалари”ни ўқиб, деди: биргина кечани севган аёлингизга бағишлаш учун ҳаётингиздан кечармидингиз? Мен “ҳа” деб жавоб беришга шошганимда, у сирли жилмайди. Мен уни жуда севиб қолгандим, бу севги фалокат келтиришини аниқ кўриб, ҳис этиб турардим. Имкон қадар яқинлашганимиздан сўнг, унга муҳаббатим, нимани ҳис қилаётганиму дардида адо бўлаётганим, отам унга уйланишимга рухсат бермаслиги, никоҳсиз мен билан яшашнинг иложсизлиги, поляклар жамияти уни артист сифатида рус зобити билан никоҳсиз очиқдан-очиқ алоқа қилмаслигини бир амаллаб айта бошладим. У ҳам ўз қисматидан, тушуниб етолмаган қалбидан шикоят қилди, менинг изҳори дилимга, сукут ичидаги саволимга, мени севадими, йўқми, буларга жавобдан ўзини олиб қочди, унинг қилган шикоятлари эса иккимиз яқин бўлишимиз мумкинлигига менда умид уйғотди…
Кейин шу йилнинг январидан бошлаб ҳар куни уникига борадиган бўлдим. Мен унга театрга, уйига гулдаста юборардим, совғалар қилардим… Мен унга мандолина, оқ айиқ териси, узук ва олмос кўзли билагузук совға қилдим, яна бош суяги шаклида ясалган тўғноғич ҳам туҳфа этдим. У ажал рамзли нарсаларни хуш кўрарди ва у менга бир неча бор мендан айнан худди шундай француз тилида “Quand meme pour toujours!” сўзлар ёзилган тўғноғич олиш орзуси борлигини айтганди.
Шу йилнинг йигирма олтинчи мартида у мени кечки овқатга таклиф этди: кечки овқатдан сўнг у илк бор ўзи японча хона деб атайдиган ётоқхонасида менга ўзини бағишлади. Кейинги учрашувларимиз ҳам айнан шу хонада ўтадиган бўлди, у кечки овқатдан сўнг хизматкорни ухлашга жўнатарди. Кейин, у менга ўз ётоқхонасининг тўғри зинага олиб чиқадиган ташқари эшиги калитини бериб қўйди. Йигирма олтинчи март хотирасига унинг истаги билан исми шарифимиз, илк яқинлигимиз санаси ўйиб ёзиладиган никоҳ узугига буюртма бердик…
Шаҳар ташқарисига қилган сафарларимизнинг бирида қишлоқ ибордатхонаси ёнида жойлашган хоч олдида туриб, Худо ҳузурида уни мангу севишим, у менинг хотиним эканлиги, то ўлгунча унга содиқ қолишим ҳақида онт ичдим. У маъюс ва ўйчан жим турарди. Сўнг оддий, лекин, қатъий туриб: “Сени севаман!” “Quand meme pour toujours!”– деди.
Бир куни майнинг бошларида, уникида кечки овқат пайтида у афъюн кукунини олди-да: “Ўлиш қандай осон-а! Бир чимдим кифоя, кейин ҳаммаси тамом!”—деди. Сўнг кукунни шампан виноси солинган қадаҳга сепиб, уни оғзига олиб борди. Мен қадаҳни қўлидан тортиб олиб, винони тош устига сепиб юбордим, қадаҳ этик тепкисига урилиб, чил-чил бўлди. Эртаси куни у менга: “Кеча фожиа ўрнига, кулгили иш бўлди!”— деди. Ва: “Нима қилсам экан, журъатим етмаяпти, сен ҳам эплолмайсан, қўлингдан келмайди… Қандай шармандалик!” – дея қўшиб қўйди.
Шундан сўнг биз жуда кам кўришадиган бўлдик: энди мени кечқурунлари бошқа қабул қилолмаслигини айтди. Нега энди? Мен бундан жинни бўлаёздим, роса қийналдим. Бундан ташқари, у, менга совуқ, масхараомуз муносабатда бўла бошлаганди, ўзини мен билан худди кеча танишгандек тутар ва тайиним йўқлигидан мени таҳқирларди… Бирдан яна ҳаммаси ўзгариб қолди. У сайрга чиқиш учун олдимга келарди, энди у тилёғламалик қилишга ўтганди, балки бу унинг олдида ўзимни совуққон тутишни ўзлаштира бош-лаганимдандир. Охири у учрашиб туришимиз учун худди ўзи буюргандек хилват кўчалардан бирида жойлашган, мутлақо кўздан нари, қоронғи, алоҳида уй ёллашимни сўради… Бу уй қандай қилиб тартибга келтирилганини биласизми…
Мен ўн олтинчи июн соат тўртларда уйига бориб, унга уй олганимни айтиб, қўлига битта калитни тутқаздим. У жилмайиб туриб калитни қайтараркан: “Бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз”,— деди. Шу вақт эшик қўнғироғи чалиниб, қандайдир Шкляревич деган одам келди. Мен калитни шоша-пиша чўнтагимга яшириб, алланималарни гапира кетдим. Уйдан Шкляревич билан бирга чиққан ҳам эдик, Сосновская йўлакдан туриб: “Душанба куни келинг”,– дея қичқирди-да, менга аста: “Эртага соат тўртда кел”, деб шипшиганди бошим гир айланиб кетди…
Эртасига роппа-роса соат тўртда етиб келдим. Эшикни ошпаз аёл очиб, Сосновская мени қабул қилолмаслигини айтиб, мактуб тутқазганида ҳайратдан ёқа ушладим. У мактубида ўзини нохуш ҳис қилаётганини, онасини кўргани дала ҳовлига боришини айтган, “энди кеч” деб ёзганди. Бундан қоним қайнаб, биринчи учраган қандолат дўконига кирдим-да, “энди кеч” деганинг нимаси, ҳозироқ тушунтир, дея заҳарханда мактуб ёзиб, хат ташувчидан жўнатдим. Хат ташувчи уни уйда йўқлигини айтиб, мактубни қайтариб олиб келди. Шунда мен у билан алоқани бутунлай узишга қарор қилдим. Уйга қайтиб, унинг учун балки шунчаки ҳазил-мазах бўлиб туюлган, лекин мен учун эса ўзим билан нариги дунёга олиб кетишим мумкин бўлган, ҳаётимдаги бирдан-бир азиз нарса – никоҳ узугини ўзимга қай-таришини сўраб таъна-дашномли янги мактубимни ёздим: шу билан бари тугади, менга ўлимдан ўзга йўл йўқ, демоқчи бўлгандим. Мактуб билан бирга унинг менда сақланаётган суратини, хатларини, яна майда-чуйда нарса – қўлқоплари, тўғнағичлар ва шляпасини ҳам ўзига қайтариб юбордим. Хизматкор келиб, унинг уйда йўқлигини, хат билан жўнатилган нарсаларни қоровулга қолдириб келганини айтди.
Кечқурун циркка бордим, у ерда менга унча таниш бўлмаган ўша Шкляревични учратиб қолдим, зерикиб қолмаслик учун, у билан бирга шампан виноси ичдик. Бирдан Шкляревич: “Менга қаранг, кўриб турибман, азоб чекяпсиз, бунинг сабабини ҳам биламан. Ишонаверинг, у бунга арзимайди. Буни ҳаммамиз бошимиздан ўтказганмиз, у бурнимиздан ип ўтказиб олганди…”—деб қолсами. Қилич олиб, бошини қоқ иккига бўлгим келди-ю, аммо-лекин ўзимдан ўтганни ўзим билардим, бундай қилиш у ёқда турсин, ҳатто суҳбатимизни ҳам бўлолмасдим, ундан аслида ичимда хурсанд эдим, чунки менга ҳамдард топилганидан қувонардим, менга нима бўлганини билмадим-у, лекин мен унга миқ этмадим, Сосновская тўғрисида-ку, оғиз ҳам очмадим, лекин, уни Староградский кўчасига олиб бориб, учрашувимиз учун ўзим ёқтириб танлаган уйни кўрсатдим. Бу уйнинг касридан аҳмоқ бўлганимдан ўлгудек уялардим, ҳам алам қиларди.
У ердан аравакашни Невяровский ресторани томон шоширдим: ёмғир шивалар, арава учиб борарди, мени ёмғир ҳам, қаршимдаги мени ёндириб кул қилаётган аланга ҳам азобларди, ундан қўрқардим. Тунги бирларда мен Шкляревич билан ресторандан қайтиб, энди ечиниб тургандим, хизматкор хат тутқазди: у мени кўчада кутарди, тезда тушишимни сўраганди. У хизматчи аёл билан бирга келиб, мендан хавотирланганини, шунинг учун аёлни ўзи билан олиб келганини айтди. Мен аёлни уйига кузатиб қўйишни буюриб, ўзим каретага ўтирдим, биз Староградский томон жўнадик. Ҳар доимгидек унинг ҳозирги хотиржам ҳолати менга ҳам кўчди. Етиб келганимизда, анча ўзига келиб қолди, уй унга жуда ёқди. Мен уни қўлидан ушлаб, таъна-дашномларимни кечиришини, аччиқ устида бериб юборган портретини ва бошқа буюмларни қайтаришини сўрадим. Биз тез-тез жанжаллашиб турардик, бунда мен ўзимни айбдор ҳис қилардим ва охирида ундан узр сўрардим. Ярим кечаси соат учда уни уйига олиб бориб қўйдим. Йўл-йўлакай суҳбатимиз яна жанжалга айланди. У тўғрига қараб ўтирарди, юзи менга кўринмасди, фақат атир исию, совуқдан-совуқ заҳар овозини ҳис этар эдим: “Сен эркак эмассан,– дерди у,– сенда характер деган нарсанинг ўзи йўқ, мен хоҳлаганимда жиғингга тегиб, хоҳлаганимда юпатишим мумкин. Агар мен эркак бўлганимда бундай аёлни бурда-бурда қилган бўлардим!” Шунда мен қичқириб: “Ундай бўлса узугингизни қайтариб олинг!” – дедим-да, узукни зўрлаб қўлига тақиб қўйдим. У менга ўгирилди-да, хижолат бўлгандек кулиб: “Эртага кел”,– деди. Мен энди нима бўлганда ҳам бормаслигимни айтдим. У қўрқа-писа, уялиб: “Йўқ, сен Староградскийга келасан, келасан…” деди. Сўнг қатъий қилиб: “Йўқ, мен келишингни ўтиниб сўрайман, мен яқинда чет элга кетаман, мен сени сўнгги бор кўриб, сенга муҳим гапни айтишим керак”,– деб қўшиб қўйди. Ва яна йиғлаб: “Мени ҳайрон қолдиргани, сени севаман, сенсиз яшолмайман деб ўзингни отишга ҳам тайёрсану, лекин сўнгги бор кўргинг келмаяпти!..”– дея яна қўшиб қўйди. Шунда мен ўзимни қўлга олиб, эртага қай пайтда бўш бўлишим хабарини етказишимни айтдим. Биз ёмғирда туриб, унинг йўлаги олдида ажралишарканмиз, юрагим унга бўлган севгидан ва раҳм-шафқатдан ёрилай дерди. Уйга қайтгач, меникида бемалол ухлаб ётган Шкляревични кўриб ҳайрон қолдим ва ундан жирканиб кетдим…
Душанба ўн саккизинчи июн куни эрталаб унга соат ўн иккидан кейин бўшлигимни айтиб хат юбордим. У: “Староградскийда соат олтида”, – деб жавоб юборди.

XI

Сосновскаянинг оқсочи Антонина Кованько, ошпази Ванда Линевич ўн олтинчи шанба куни Сосновская сочини жингалак қиламан, деб спирт лампасини ёқа туриб, паришонликда гугуртни тунги кўйлагиининг этагига ташлаб юборган, кўйлак бирдан ёниб, Сосновская даҳшатдан қичқириб, эгнини ечиб отган ва қўрқувдан аҳволи ёмонлашиб унга доктор чақиришганини айтиб кўрсатма беришган. Сўнг такрорлаб:
– Бу яқинлашиб келаётган фалокатдан дарак…— деявергин.
У бахтиқаро бўлса-да, ёқимтой аёл эди! Унинг болаларча ваҳимаси ва тунги кўйлакнинг ёниб кетгани менга фавқулодда таъсир қилади, ташвиш-лантиради. Бу арзимас нарса у ўлгандан буён одамлар орасида гап-сўзга сабаб бўлган, судда қулоқни қоматга келтирган, бир-бирини инкор этувчи далиллари билан узуқ-юлуқлигича қолиб кетган ўша жумбоқли воқеага алоқаси бордек, уни ёритиб бериши мумкиндек, назаримда. Сўнгги кунларигача миш-мишдан боши чиқмаган, биргина тилаги уни тушуниш, кўнглини забт этишларини истаган, қизиқишлари доим намоён бўлиб турган, деярли ҳеч бир кимса, жумладан, Елагин ҳам тушунмаган, ҳис этолмаган ўша ҳақиқий Сосновскаянинг менда жонли сезгилар уйғотиши ҳайрон қоларли ҳодиса эди.
Яна қайтараман: инсон мулоҳазаси ҳайратланарли даражада ожиз, нотавон: ҳаммавақт бўлганидек, мана ҳозир яна содир бўлди, қачонки одамлар, ҳатто андаккина бўлса-да, рўй бераётган ҳодисаларнинг муҳимлигини тушуниб етишлари керак бўлиб қолса, кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмасликка олишлари маълум гап. Уларга Елагиннинг Сосновскаянинг, умуман, улар ўртасида бўлиб ўтган, аниқ-равшан кўриниб турган муносабатни шу даражада ҳақиқатга хилоф равишда, атайин, нотўғри талқин қилиш керакмиди? Худди қабиҳликдан бошқасига миқ этмасликка келишиб олишгандек: биттаси айш-ишратга берилган, ароқхўр, рашкчи бир гусар бўлса, яна бири ўзининг ахлоқсиз, пала-партиш ҳаёти билан ўзи ҳам чалкашиб ётган бир артист аёл бўлса…
– Алоҳида хоналар, вино, фоҳишалар, уриш-жанжал,— мана, у ҳақда нималарни гапиришади. – Қиличнинг жаранги ундаги олий туйғуларни сўндирди…
Шароб, мана олий туйғу! Елагиндек одам учун шароб дегани нима эди ўзи? “Баъзан азобни ҳис этаман, баъзан эса яхши ва баланд турадиган нарсаларга интиламан, умуман, жин урсин, юрагимни бекорга зирқиратиш нима зарил менга! Қаердадир қулоғимга чалинган, лекин, ҳамон йўқ, ушлаб бўлмайдиган бир оҳангни тутиб олгим келади. Кайфда нафасни енгил, бемалол оласан, ўша тутқич бермас куй ҳам кайфда аниқ ва яқиндан эшитила бошлайди. Мусиқа, севги, кайф — булар сени йўлдан уради, улар ўткир ва ортиқча, дунёни, ҳаётни ҳис этишни ҳаддан ташқари мураккаблаштириб юборади.
— Аёл Елагинни севмасди, – дейишарди у ҳақда. – У Елагиндан қўрқарди холос, чунки Елагин ўзимни ўлдираман деб унга доим таҳдид қилиб келарди, – яъни у нафақат ўз ўлими билан Сосновскаянинг юрагини оғритиб келган, уни катта можаронинг асосий қаҳрамонига айлантирмоқчи бўлган. Далиллар шундан гувоҳлик берадики, Сосновская ҳатто унга нисбатан нафрат туйғусини ҳис этган. Сосновская ўзи уники бўлганмиди? Наҳотки, бу нарса ишни ўзгартира олса? У ўзи кимларга тегишли бўлмаган! Ҳатто Елагин Сосновская севиб ижро этган ишқий комедияни фожиага айлантиришига сал қолган…
Яна:
– Сосновская ўша кундан-кун авж олиб бораётган даҳшатли ва тийиқсиз рашкдан ўлгудек қўрқарди. Бир маротаба Сосновскаяникида артист Стракун меҳмон бўлганди. Елагин аввал-бошда тинчгина ўтирди, фақат рашкдан юзи оқарганди, холос. Сўнг бехос отилиб ўрнидан турди-да, қўшни хонага чиқди. Сосновская ҳам изма-из унинг ортидан чиқиб, қўлидаги револьверни кўриб қолди-да, ўзига, Сосновскаяга раҳм қилишини сўраб, тиз чўкиб ялинди. Бундай ўйинлар, деярли тез-тез бўлиб турган. Сосновская, ниҳоят, Елагиндан бутунлай қутулиш мақсадида чет элга кетишга қарор қилган ва у ўлими олдидан бу сафарга тайёр бўлган – буни англаш наҳотки қийин бўлса? Елагин Староград кўчасидаги, Сосновская чет элга кетишини баҳона қилиб, сафаролди уни қабул қила олмайдиган ўша уйнинг калитини олиб келганди. У калитни олмади, Елагин калитни мажбурлаб тиқиштирмоқчи бўлди. Сосновская: Энди кеч, уни олишдан ҳеч қандай маъно йўқ, мен жўнаб кетяпман, дея маълум қилди. Елагин унга бураб-бураб шундай хат ёздики, Сосновская мактубни олароқ, уни мурда ҳолида топишидан қўрқиб, ярим кечаси бўлишига қарамай, оёғини қўлига олиб уникига югурди.
Майли, шундоқ ҳам дейлик (бироқ бу мулоҳазалар Елагиннинг тавба-тазарруларига мутлақо қарши), ҳарҳолда, нима учун Елагин Сосновскаяни бундай “ваҳимали”, “ҳаддан зиёд” рашк қилиб, тинч ҳаётини фожиага айлантирмоқчи бўлган экан? Унга бу нима учун керак бўлди экан? Нега энди Елагин рашкдан ғазаби зўрайган бир пайтда уни шундай отиб ташламади экан? Нима сабабдан “қотил ва қурбон ўртасида кураш бўлмаган?” Кейин: “Сосновская гоҳо ундан жирканарди ҳам”… У бегоналар олдида Елагинга ҳар хил ҳақоратли лақаблар қўйиб, уни хўрлар, ҳатто бир гал уни маймоқ кучук боласи деб ҳам чақирганди. Эй, худойим, Сосновская шуниси билан Сосновская-да… Сосновская яна бошқа кимдандир нафратланиши ҳақида Львов хотираларида шундай ёзади: “У мени ҳали ҳам севади! Мен-чи? Мен нимани ҳис қилаяпман? Севгини ҳам, нафратни ҳам!” У ўзи Елагинни ҳақоратлаганмиди? Ҳа, бир марта уришиб қолишганди, ана ўшандан кейин бу ҳол улар орасида тез-тез такрорланиб турарди, – Сосновская оқсочини чақириб, никоҳ узугини ерга улоқтирди-да, туриб бақира кетди: “Мана бу матоҳни ўзингга ола қол!” Бундан аввалроқ нима рўй берганди? Бундан аввалроқ Сосновская ошхонага югуриб бориб:
– Мен сени чақираман-да, мана бу никоҳ узугини ерга улоқтираман ва уни ўзингга олиб қўйишингни айтаман. Эсингда бўлсин – бу ҳазил, холос. Кейин уни ўзимга яна қайтарасан, чунки шу узук билангина мен у биланман, ўша эси паст билан, никоҳланганман, у мен учун дунёдаги барча нарсадан қимматли… – деди.
Сосновскаяни бекорга “енгилтабиат” дейишмасди, католиклар черкови ҳам уни “беадаб, бузуқ аёл” сифатида насроний урф-одатлари бўйича дафн этишни рад этганди. У буткул эркин севгини ўзига касб қилиб олган ва шунга хизмат қилувчи аёллар тоифасидан эди. Бу яна қанақа тоифа бўлди экан? Бундай мижозли жинс вакиллари яққол кўзга ташланиб туради, унинг нафсини қондириб бўлмайди, у қониқмайди ҳам. Сабаби нима? Сабабини мен қаёқдан билай? Қарангки, нималар содир бўлмайди: ўша ўта мураккаб, ўзига мафтун этувчи нусха эркаклар орасида (у ёки бу даражада) тажовузкор нусхалар ҳам учрайди. Моҳиятан, бундайлар нафақат аёллар билан бўлган муносабатда, балки, улар ўз дунёқарашларига кўра барча нарсаларга таъсирчанлиги ўткир бўлиб, бутун жон-танини бериб бўлса-да, айнан шундай аёллар тоифасига интилади ва шов-шувли севги фожиалари қаҳрамонига айланади-қўяди. Нимага? Бу диднинг оқсоқлигими ёки йўлдан озганликнинг шарофатими, балки, бундай аёлларга эришиш осонлигидандир? Албатта, йўқ, минг карра йўқ. Шунинг учун ҳам йўқки, бундай эркаклар Сосновскаядек аёллар тоифаси билан яқин алоқада бўлиш қанчалик азоблигию баъзан ростданам ваҳимали, ҳатто ҳалокатли якун топишини олдиндан сезадилар ва аниқ кўра оладилар. Буни кўриб, билиб турсалар-да, барибир, кўпроқ, айнан, ана ўшандай аёлларга талпиниб, ўзларига бало-қазони сотиб оладилар.У, албатта, ўлими олдидан хат ёзаётганда, сўнгги дами келганига ўзини ишонтирмоқчи бўлиб, кулгили бир саҳнада роль ижро этганди, холос. Кундаликдаги ёзувлар оз бўлса-да, бунинг акси эканига ишонтиролмайди,– у ғоят сийқаси чиққан, содда битилган, қабр зиёрати тўғрисида ҳеч қандай сўз йўқ…
Кундаликдаги соддаликни, ясамаликни, қабр зиёратини ҳеч ким инкор этмайди, худди у Мария Вечерова ва Мария Башкирцевага ўхшашлигига ишора қилишни яхши кўргандек. Нима учун у айнан ўша хилдаги кундаликни танлади экан, балки у шу тоифа аёлларга ўхшашни хоҳлагандир? Унда гўзаллик ҳам, ёшлик ҳам, шуҳрат, пул, юзлаб мухлислар — ҳаммаси бор эди-ку. У булардан эҳтирос ва завқ билан фойдаланарди. Унинг ҳаёти муттасил азобга айланиб борарди, ҳар доим ҳамма одамлар ва ҳамма нарса у кутгандагидек бўлиб чиқавермаганидан кейин кўнгилга урган бу оламни ташлаб кетиш иштиёқи унга тинчлик бермай қўйганди. Бу ниманинг касридан? Бу унинг бошига битган балонинг касридан. Нима учун айнан шу балони бошига сотиб олди, бошқа нарсани эмас? Буларнинг барчаси, уларнинг айтишларича, ўзини санъатга фидо қилган бундай аёллар учун оддий ҳолми? Нимага бу шунчалик жўн? Нимага?

XII

Дам олиш куни эрталаб соат саккизларда унинг ётоқхонасидаги стол қўнғироқчаси жиринглади: у уйғонди-да, оқсочини одатдагидан эртароқ чақирди. Оқсоч хотин баркашда суюқ шоколад солинган финжон олиб кирди-да, дераза пардасини суриб қўйди. У ўринда ҳар доимгидек хўмрайганча лабларини ярим очиб, ўйчан ва паришонхотир уни кузата туриб:
– Биласанми, Тоня, кеча мен доктор кетганидан кейин дарров ухлаб қолдим. Вой, худойим-ей, шунақанги қўрқиб кетдим! Елагин келиши биланоқ ўзимни қушдай енгил ва яхши ҳис қилдим. Ярим кечаси уйғониб, ўрнимда тиз чўкиб, бир соат Худога илтижо қилдим… Ўзинг ўйлаб кўр, бутунлай ёниб кетганимда нима бўларди-а! Кўзларим оқ тушган, лабларим шишиб кетган бўларди. Менга қараб бўлмасди… Афт-башарам пахта билан қопланарди-қоларди.
У шоколадга қўл ҳам теккизмай, нималарнидир узоқ хаёл суриб ўтирди. Кейин шоколадни ичди-да, ваннада чўмилди ва чўмилиш халатида ёйиб ташланган сочларида ўзининг ихчамгина ёзув столида мотам ромига солинган қоғозга бир неча хат ёзди: у ўзи учун бундай қоғозга анча аввал буюртма бериб қўйганди. Кийиниб, нонушта қилди-да, жўнаб кетди: у дала ҳовлида онасиникида бўлди ва унинг доимий ишонган одами актёр Стракун билан кеч соат ўн иккиларда қайтди.
– Иккови хурсанд қайтишди,– дея ҳикоя қилди оқсоч хотин. —Уларни йўлакда кутиб олдим-да, Сосновскаяни ёнимга чақириб, Елагин у йўқлигида бериб юборган нарсани ва хатни унга бердим. Нарсалар борасида: “Тезда буларни яшир, Стракун кўрмасин!” дея шипшиди, сўнг шоша-пиша хатни очди-ю, бирдан ранги оқариб кетди, ўзини йўқотганча, Стракуннинг меҳмонлар хонасида ўтирганига ҳам қарамай: “Худо ҳаққи, тез каретага югур!”– деб бақирди. Мен карета олиб келишга кетдим. Карета келганида, у йўлакда тайёр турарди. Биз бор кучимиз билан чопдик, у бечора эса йўл-йўлакай чўқиниб: Эй худойим, ишқилиб тирик бўлсин-да,”– дея такрорларди нуқул.
У душанба эрталабдан чўмилиш кийимида дарёга кетди. Ўша куни уникида Стракун билан инглиз аёли тушлик қилишди (уникига ҳар куни инглизчадан дарс бергани келарди-ю, деярли ҳеч нима ўтмасди). Тушдан кейин инглиз аёли кетди. Стракун эса яна ярим соатлар туриб, сигарет чекди, сўнг оёғига япон туфлисини илганча диванда ётган беканинг тиззасига бошини қўйиб ётди. Охири Стракун кетди, кетиш олдидан Сосновская ундан “бугун кеч соат ўнда” келишини ўтинди.
– Бу жуда тез эмасми?– кулиб деди Стракун йўлакда асосини қидира туриб.
– Вой, йўқ, илтимос!– деди у. – Борди-ю, келганингда мен бўлмасам, хафа бўлма, хўпми…
Кейин у каминда қандайдир хат ва қоғозларни узоқ ёқди. Сўнг оқсоч хотин билан ҳазиллашиб ўтириб, хиргойи қилишди:
– Ўзим ёнмаганимга яраша, энди ҳаммасига ўт қўяман! Бундан ёниб кетгани минг марта яхши эди. Ёнсам ёниб, бир йўла кулга айланай…
Кейин яна деди:
– Вандага айт, кечки овқатни соат ўнга тайёрлаб қўйсин. Ҳозир эса мен кетяпман…
У соат олтиларда қоғозга ўралган револьверга ўхшаш нарсани ўзи билан олиб чиқиб кетди!
У Староградскийга кетди, йўлда шанба кунги воқеадан сўнг этаги ёниб кетган тунги кўйлагининг этагини кестириш учун тикувчи Лешинскийнинг уйи томонга бурилди, тикувчининг айтишига қараганда, ўша куни у қувноқ ва ёқимтойгина кўринган. Сосновская тунги кўйлагининг у ер-бу ерини кўздан кечирган-да, қоғозга ўраган ва уйидан аввалроқ олиб чиққан бўғчасига жойлаб, устахонада чевар қизлар билан узоқ суҳбатлашиб ўтирган ва: “Эй, худойим, мен энди кетишим керак, кеч қолдим, менинг фаришталарим!”–дея қайта-қайта такрорлаган, охири бир хўрсиниб, ўрнидан даст турди-да, қувонч билан:
– Хайр, пани Лешинская, хайр, сингилжонларим, фаришталарим, мен билан гурунглашиб ўтирганингиз учун раҳмат сизларга, сизлар билан аёллар даврасида ўтириш қандай мароқли, ҳадеб эркаклар билан бўлавериш ҳам жонга тегар экан.
У яна бир марта остонадан туриб, кулиб, бошини ирғади-да, чиқиб кетди.
Нега у револьверни ўзи билан олиб олди?
Револьвер ўзи Елагинники эди, у, Елагин ўзини отиб қўйишидан қўрқиб, револьверни ўзида сақларди. “У бир неча кундан сўнг чет элга кетиши муносабати билан револьверни ўз эгасига қайтаришни ният қилганди”,–деди оқловчи ва қўшиб қўйди:
– Шундай қилиб, у машъум, лекин унинг учун қасддан уюштирилмаган учрашувга жўнади. У соат еттида Староград кўчасидаги 14-уйнинг 1-хонадонига етиб борди,– мана, бу уйнинг эшиги ҳам ёпилди, эшик фақат 19 июн куни эрталаб қайта очилди, холос. Тунда у ерда нималар содир бўлди? Буни Елагиндан бошқа ҳеч ким бизга ҳикоя қилиб беролмайди. Уни яна бир марта эшитиб кўрайлик-чи…

XIII

Прокурор бизнинг хотирамизда яна бир бор жонлантиришни лозим топган, ўша айблов баённомаси саҳифаси бўлмиш ва шу билан ўз ниҳоясига етган Елагиннинг ҳикоясини суд залини тўлдирган одамларнинг барчаси чуқур сукут билан тинглади:
– Мен ўн саккизинчи июн душанба куни эрталаб унга соат ўн иккидан кейин бўш эканлигимни билдириб, мактуб жўнатдим. У: “Староградскийда соат олтида”, – дея жавоб юборди.
Мен ўн беш дақиқаси кам олтида ўша ерда эдим, ўзим билан енгил овқат, икки шиша шампан виноси, икки шиша портьер, стаканча ва бир шиша атир олиб бордим. Уни узоқ кутишимга тўғри келди: у соат еттиларда етиб келди…
Уйга кириб, мени паришон ҳолда ўпди, сўнг кейинги хонага ўтиб, ўзи билан қўлида олиб келган ўроғлиқ нарсани диванга ташлади.– “Чиқиб тур,– деди у французчалаб,– мен ечинишим керак”. Мен чиқиб кетдим. Яна узоқ бир ўзим ёлғиз ўтирдим. Мен мутлақо ҳушёр, лекин жуда дилгир эдим, муносабатимиз ниҳоялаб бораётганини ғира-шира ҳис этиб турардим… Устига-устак, муҳит ҳам ғалатироқ бўлиб борарди: худди тундагидек, мен олов ёнида ўтирардим, ҳолбуки, бу қоронғи хонанинг гунг деворларидан ташқарида ҳали ёруғ ва ажойиб ёз куни ҳукм сураётганини сезиб, билиб турардим… У мени узоқ вақт ёнига чақирмади, мен ҳам унинг нима билан банд эканини билолмадим. Эшик орқасида тиқ этган товуш эшитилмасди.Охири: “Энди кираверишинг мумкин…”,– деб бақирди у.
У диванда битта тунги кўйлагининг ўзида, пайпоқсиз, туфлисиз яланғоч оёқларини кўрсатиб, хўмрайганча шифтдаги фонарга жим тикилиб ётарди. Ўзи билан олиб келган бўхча очилиб, унда мен ўз револьверимни кўрдим-да: “Буни нега олиб юрибсан?”– деб сўрадим. У бир оздан сўнг: “Ўзим, шундай… Ахир, мен жўнаб кетаяпман… Яхшиси, сен буни уйингда эмас, шу ерда сақла…– деб жавоб қайтарди у. Хаёлимдан: “Йўқ, бу бекорга эмас!” – деган даҳшатли бир фикр ўтди.
Бундан кейинги суҳбатимиз узоқ, лекин зўрма-зўраки, совуққина ўтди. Ичимда ўлгудай қўрқиб турардим, – миямга бирор ақлли гап келиб қолармикин, деб кутардим, – мана, ҳозир, фикримни бир ерга жамлайман-да,охири энг муҳим қароримни айтаман деб интиқ эдим, – чунки мен бу учрашув биз учун сўнггиси эканини ёки ҳарҳолда бизни узоқ муддатли айрилиқ кутаётганини англаб турсам-да, ҳеч нарса қилолмадим, ўзимни бутунлай кучсиз ва ожиз ҳис этардим. У: “Чеккинг келса, чекавер..” – деди. – “Сенга ёқмайди-ку! – дедим мен. – “Энди менга барибир, – деди у. – Менга шампан виносидан бер…” Бундан мен шундай хурсанд бўлдимки, зеро, бу мен учун нажот эди. Биз бир неча дақиқа ичида бир шиша шампан виносини бўшатдик, мен унинг ёнига ўтирдим-да, қўлларидан ўпа туриб, бу айрилиқни кўтара олмаслигимни айтдим. У сочларимни тўзғита туриб, паришон ҳолда: “Ҳа, ҳа… Хотининг бўлолмаслигим, бу қандай бахтсизлик… Барчаси, бари бизга қарши, ёлғиз Яратганнинг ўзигина бизга хайрихоҳ… Мен сенинг қалбингни, тасаввурингни севаман…” Бу сўнгги сўзлари билан нима демоқчи бўлди, билмадим. Мен юқорига – соябон тепасига боқиб: “Қара, сен билан бу ерда худди сағанада тургандекмиз. Қандай сукунат!”– дедим, у бунга маъюс жилмайиб қўйди…
Соат ўнларга бориб, у очиққанини айтди. Биз олдинги хонага ўтдик.У жуда кам овқат еди, мен ҳам,– биз кўпроқ ичдик. Бирдан кўзи мен олиб келган енгил овқатга тушди-ю, “тентак, яна нималарни кўтариб юрибсан! Бошқа бундай қилма”,– деди. “Бу “бошқа” деганинг қачон бўларкин?” – дедим. У бир ғалати қараш қилди-да, сўнг бошини эгиб, қовоғи остидан кўзларини олайтириб қаради. “Исо, Марям, – деб пичирларди у,– биз энди нима қиламиз? Мен телбаларча сени хоҳлаяпман! Юра қол…”
Бир мунча муддатдан сўнг мен соатимга қарадим, соат икки бўлганди. “Ў-ҳў, кеч бўлиб қолибди,– деди у.– Ҳозироқ уйга кетишим керак”. Аммо, у жойидан ҳам қўзғалмай, қўшиб қўйди: “Биласанми, бу ердан жуфтакни қанча тез ростласак, шунча яхши, лекин жойимдан қўзғалолмаяпман. Худди бу ердан чиқиб кетолмайдигандек ҳис этяпман ўзимни. Сен Худонинг хоҳиши билан менинг ёзмишим, қисматимсан…” Ҳаттоки шуни ҳам тушунишни истамаяпман. Эҳтимол, у, кейин ёзиб қолдирган: “Ўлаяпман, лекин ўз хоҳишим билан эмас”,– деган сўзлар билан боғлиқ бирор нарса демоқчи бўлгандир. Бу сўзлар билан у менинг олдимда ўзини кучсиз, ҳимоясиз ҳис этган деб ўйлайсизми? Менимча, у бошқа нарсани: бизнинг толесиз бу учрашувимиз – тақдир, Худонинг истаги, у ўз ихтиёри билан эмас, Худонинг хоҳиши билан ўлаяпман, деган сўзларни айтмоқчи бўлган. Ваҳолонки, мен ўшанда бу сўзларга кўпам эътибор бермаганман, унинг ғалатироқлигига кўникиб ҳам қолгандим. Кейин у дабдурустдан: “Қаламинг борми?”– дея сўраб қолди. Мен яна ҳайрон бўлдим: унга қалам нега керак бўлиб қолди экан? Ён дафтардаги қаламни олиб беришга шошилдим. У ташриф қоғозимни ҳам сўради. Унга нималарнидир ёзаётганда: “Менга қара, ташриф қоғозга хат ёзиш ноқулай-ку”,–дедим. “Йўқ, бу шунчаки ўзим учун”,– деб жавоб берди.– Мен ўйлаб, ҳам ухлаб оламан, мени ёлғиз қолдир”. Ёзилавериб тўлдириб ташланган ташриф қоғозини кўкрагига қўйди-да, кўзини юмди. Ҳаммаёқ шундай тинчиди-қолдики, бундан эсинг оғиб қолиши ҳеч гап эмасди…
Шу алпозда ярим соатдан кўпроқ вақт ўтди. У бирдан кўзини очди-да: “Ёдимдан чиқаёзибди, мен узугингни қайтариб бергани кел-гандим. Кеча ўзинг ҳаммасига нуқта қўймоқчи эдинг-ку”, – деди совуққина қилиб. У қаддини бир оз кўтарди-да, узукни деворга қараб улоқтирди. “Наҳотки, сен мени севасан?– деярли қичқириб деди у. —Тушунолмайман, қандай қилиб сен мени бу ёруғ оламда яшашимга йўл қўйиб беряпсан! Мен аёлман, менда субут йўқ. Мен ўлимдан қўрқмайман – азоб чекишдан қўрқаман, холос, лекин сен битта ўқ билан мени, сўнг ўзингни марҳумга айлантиришинг мумкин”. Менга шу ерда аянчли аҳволимизнинг даҳшатли бир ҳақиқати аён бўлганди, энди қандай якун топмасин, буни нима биландир ҳал этиш вақти келганди. Лекин уни ўлдириш – йўқ, асло, бу иш менинг қўлимдан келмаслигини сезиб турардим: мен ҳис этаётган нарса бошқа эди: мен учун ҳал қилувчи лаҳзалар етиб келганди. Мен револьверни олдим-да, тепкисини кўтардим. У ҳайқириб: “Нима? Фақат ўзингни отасанми?–дея ирғиб ўрнидан турди.– Йўқ, Исо номи билан қасам ичаманки, бундай қилмайсан!” – деди ва револьверни қўлимдан юлқиб олди.
Яна ўша юракни ўртовчи жимжитлик. Мен чўнқайиб ўтирардим, у эса қимир этмай ётарди. Бир вақт у ўзига-ўзи полякчалаб ниманидир гапирди-да, кейин: “Узугимни бу ёққа бер”, – деди менга. Мен унга узукни узатдим. “Ўзингникини ҳам!” – деди у. Мен бу буйруқни ҳам бажаришга шошилдим. У ўзиникини қўлига тақди-да, менга ҳам узугимни тақишимни буюрди, кейин гапира кетди: “Мен сени ҳамиша севганман, ҳозир ҳам севаман. Сени ақлдан оздирдим, азоб бердим, нима қилай, феълим шунақа экан, қисматимиз шунақа бўлди. Менга юбкамни узатиб юбор-да, қора вино олиб кел…” Унга юбкасини узаттим-да, винога кетдим, қайтиб келганимда ёнида заҳар солинган шиша идишни кўрдим. “Менга қара,– деди у қатъий оҳангда.– Ўйин-кулгилар шу билан ниҳоясига етди. Сен менсиз яшай оласанми?” Мен, йўқ, деб жавоб бердим.– “Ҳа”– деди у,– мен қалбингни, фикрларингни бутунича ўзимники қилиб олганман. Энди ўзингни ўлдириш учун иккиланмайсанми? Агар шундай қилолсанг, мени ҳам ўзинг билан олиб кет. Менинг ҳам сенсиз яшашимдан маъно қолмайди. Мени ўлдирганингдан сўнг, ўлаётганингда ва ниҳоят мен энди тоабад, бутунлай сеники эканимни билиб ўласан. Энди мен сенга ўз ҳаётимни сўзлаб бераман…” У бир оз дам олиб, ўзига келди-да, шошмасдан, болалигидан бошлаб бутун ҳаётини менга ҳикоя қилиб берди…

XIV

Мен ҳатто қайси биримиз ёзишни аввалроқ бошлаганимизни ҳам яхши эслайман… Ўшанда қаламни иккига бўлгандим.. Биз ёзишни бошладик ва ҳаммавақт жим ўтириб ёздик. Янглишмасам, мен энг аввал отамга хат ёздим… Сиз, нима учун мен отам “менинг бахтли бўлишимни истамаяпти” деб уларга қилган таънамни, менинг эса бирор марта бўлса-да, никоҳимизга отамнинг розилигини олишга ҳаракат қилмаганимни билмоқчимисан? Қайдам… Барибир улар бу никоҳга рози бўлмасдилар… Мен кейин полкдаги дўстларимга хат ёзиб, улар билан видолашганман. Яна кимга дейсизми? Ҳа, тузукроқ қилиб кўмишларини айтиб, полк қўмондонига хат ёзгандим. Демак, мен ўзимни ўзим ўлдиришимга ишонардим — сиз шундай демоқчисиз-да? Албатта. Хўш, нима учун энди буни қилмадим? Бу ёғини билмайман…
У, эсимда, шошмасдан, тўхтаб-тўхтаб, ҳар томонини ўйлаб ёзарди; сўзни ёзарди-да, хўмрайиб деворга қараб қўярди… Хатларни унинг ўзи йиртиб ташларди, мен эмас. Ёзарди-да, йиртарди, тўғри келган томонга итқитарди… Назаримда, ҳатто қабр ҳам ўша сўнгги соатларда, ўша жим-житликда, мана шу фонус остида ёзган бекорчи мактубларимчалик қўрқинчли бўлмаса керак. Мен ўша кеча у менга нимани буюрган бўлса, ҳаммасига сўзсиз итоат этганман.
У тўсатдан: “Етар, бўладиган ишни тезроқ бўлгани яхши. Менга винодан узат, мени дуо қил, эй Худо!”—деб қолди. Стаканга вино қуйиб, унга узатдим, у қаддини бир оз кўтариб, винога бир чимдим кукунни ташлади. У винонинг ярмидан кўпини ичиб, қолганини ичиб қўйишимни сўради. Мен ичиб юбордим. У тоқатсизлана бошлади-да, қўлимдан маҳкам ушлаб: “Энди мени ўлдир, ўлдир мени! Севгимиз ҳаққи, ўлдир мени”,– дея ялина бошлади.
Буни қандай эплашим мумкин эди? Назаримда, уни чап қўлим билан қучдим,– ҳа, албатта, чапи билан – ва лабларига ёпишдим. У: “Алвидо, алвидо… Йўқ, ёки бўлмаса: Ассалом, энди буниси то абадга… Бу ерларда бирор нарсага эришолмадим, демак, энди бари у ерда, арши аълода…” Уни маҳкам қисиб турардим, лекин бармоғим револьверни босишга шай турарди… Эсимда, бутун аъзои баданим қалтироқ босганини ҳис этардим. У полякчалаб: “Александр, севгилим менинг!” – дейишга улгурди, холос.
Бу соат нечада содир бўлди дейсизми? Учларда, шекилли. Ундан кейин мен яна икки соат нима иш қилдим? Лекин мен соат бирдан бошлаб Лихарев томонга кета бошлаганман. Қолган вақт унинг ёнида бўлганман ва ўзим билмаган ҳолда нарсаларни тартибга сола бошлаганман…
Мен нега ўзимни отмадим? Мен бу ҳақда ўйламасдим. Унинг жонсиз жасадини кўрдим-у, барчасини унутдим. Мен ундан кўз узолмасдим. Кейин ҳушимни йўқотган ҳолда уни ва хонани тартибга келтира бошладим… Мен сендан кейин ўзимни ўлдираман, деб берган ваъдамни бузишим мумкин эмасди, лекин лоқайдлик мени бутунлай домига тортган эди… Мен ҳозир ўз ҳаётимга ҳам худди шундай лоқайдлик билан қарайман. Аммо мени жаллод деб ўйлашларига ҳеч чидолмайман. Йўқ, йўқ! Балки, мен қонун олдида, Худо олдида гуноҳкордирман, лекин зинҳор унинг олдида эмас!

Дилдора Алиева таржимаси

054Bu ish dahshatli bo‘lish bilan birga g‘alati va jumboqli, kalavaning uchini topib bo‘lmaydigandek ko‘rinardi. Bir tomondan, u judayam oddiydek ko‘rinsa, ikkinchi tomondan – juda murakkab edi, bizning shahar tili bilan aytganda, xuddi tuturuqsiz romanlarga o‘xshardi, ayni damda esa unda chuqur ma’noli badiiy asar yozsa bo‘ladigan bir nimadir bor edi … Nima bo‘lganda ham himoyachi sudda haq gapni aytdi…

Ivan BUNIN
KORNE YLAGIN ISHI
03

06 Taniqli rus shoiri va yozuvchisi Ivan Bunin 1870 yilning 22 oktyabrida Rossiyaning Voronej shahrida tug’ilgan. Peterburg Fanlar Akademiyasi faxriy akademigi (1909). 1920 yilda ona vatanini tark etishga majbur bo’lgan. Ijodining dastlabki pallasidanoq rus mumtoz she’riyati an’analarining davomchisi sifatida namoyon bo’lgan. Hikoya va povestlarida asosan oktyabr` to’ntarishidan avvalgi Rossiya hayotini tasvirlashga moyil bo’lib, dvoryanlar xonadonining qashshoqlashuvi («Antonov olmalari», 1900), qishloqning og’ir qismati («Qishloq», 1910; «Qaqragan vodiy», 1911), turmush ma’naviy asoslarini unutishga mahkumlik fojiasi («San-Frantsiskolik janob», 1915) yaqqol tasvirlangan.
Kundalik tarzidagi «Badbaxt kunlar» (1918 y., 1925 y.da nashr etilgan)da oktyabr to’ntarishi keskin rad etilgan; Rossiyaning o’tmishini tiklash, adibning o’z bolalik va yoshligiga qaytish kayfiyatlari aks etgan.
Sevgi haqidagi hikoyalarida («Mityaning sevgisi», 1925); «Qorong’i xiyobonlar» (1943) kitobida insoniyat taqdirining fojiaviyligi qalamga olingan. Bunin memuarlar yozgan. G. Longfelloning «Gayavata haqida qo’shiq» (1896) asarini tarjima qilgan. Rus adiblaridan birinchi bo’lib Nobel mukofoti bilan taqdirlangan (1933). Adib 1953 yil 8 noyabrda Parij shahrida vafot etgan.

03

1

Bu ish dahshatli bo‘lish bilan birga g‘alati va jumboqli, kalavaning uchini topib bo‘lmaydigandek ko‘rinardi. Bir tomondan, u judayam oddiydek ko‘rinsa, ikkinchi tomondan – juda murakkab edi, bizning shahar tili bilan aytganda, xuddi tuturuqsiz romanlarga o‘xshardi, ayni damda esa unda chuqur ma’noli badiiy asar yozsa bo‘ladigan bir nimadir bor edi … Nima bo‘lganda ham himoyachi sudda haq gapni aytdi.
– Bu ishda,– dedi u gap boshlab,– bu yerda xuddi men bilan ayblovchi o‘rtasida hech qanday bahsga o‘rin yo‘qdek tuyulishi mumkin: axir ayblanuvchi o‘z aybini bo‘yniga oldi, uning jinoyati va izzat-nafsi haqorat qilingan qurbonining shaxsiyati kabi o‘zining shaxsiyati ham bu zalda o‘tirganlarning ko‘pchiligiga harholda erish va ahamiyatsizdek tuyular. Bu faqat tashqaridan shunday ko‘rinadi xolos, aslida unday emas: bahs va munozaralarga sabablar oshib-toshib yotibdi…
U so‘zida davom etib, dedi:
– Aytaylik, mening maqsadim – sudlanuvchiga shafqat ko‘rsatishga erishish. Shunda ko‘p gapga hojat qolmasdi. Qonun chiqaruvchi shunga o‘xshash hollarda sud nimaga amal qilib ish ko‘rishi kerakligini ko‘rsatmagan, u bunday paytlarda ko‘proq aql-farosatga, vijdonga va ziyraklikka keng imkoniyat bergan va biz shu imkoniyatdan foydalanib, jinoyatchiga jazo berish uchun qonunning u yoki bu bandini tanlashimiz kerak bo‘lardi. Men o‘sha aql-farosat, vijdon, ziyraklikni ishga solib, shu orqali ularga ta’sir o‘tkazib, sudlanuvchining aybini yengillashtiruvchi bor yaxshi sifatlarini yuzaga chiqarishga va shu orqali sudning unga munosabatini o‘zgartirishga astoydil harakat qilardim, axir u bir gapda mahkam turib olgan: men buni ataylab qilganim yo‘q, deyapti. Sudlanuvchini oz emas, ko‘p emas, naq “odamxo‘r bo‘ri”ga chiqarilgan bunday vaziyatda ayblovchi bilan bahslashishdan o‘zimni qanday qilib tiya olishim mumkin, axir? Har bir ishni har kim o‘zicha tushunadi, uni har kim yo unday, yo bunday tarzda yoritishi, o‘ziga xos u yoki bu tarzda taqdim etishi mumkin. Mana bu ishda hozir biz nimani ko‘rib turibmiz? Nazarimda, yo‘q narsani, ko‘rib turibmiz, ayblovchi bilan hamjihatlikda yoritib bera oladigan na bironta qarashimiz va na bironta tafsilot yo‘qki, dangal: “Ha, shunday!” yoki “Yo‘q, bunday emas!” deya olsak – qayoqda, men churq eta olmayapman. Ammo hammasidan muhimi shundaki, ishning ma’no-mohiyati “unday bo‘lmagan”ga olib kelayapti…
Bu ishning o‘zi boshlanishi vahimali edi.
O‘tgan yilning 19 iyun kuni. Erta tong, soat besh-oltilar chamasi bo‘lishiga qaramay, leyb-gvardiya polkining rotmistri Lixarev ish xonasida allaqachon tong otib ulgurgan, shahar havosi yoz quyoshidan dim va quruq edi. Rotmistrning uyi shahar tashqarisida gusar kazarmalarining biridagi korpusda joylashgani uchun ham atrofda hali jimjitlik hukm surardi. Atrofdagi bu sokinlik va o‘zining navqiron yoshidan foydalangan rotmistr qattiq uyquda edi. Stol ustida likyordan bo‘shagan shishalar, oxirigacha ichilmay qolgan qahva idishlari turardi. Qo‘shni xonadagi mehmonxonada esa boshqa zobit – shtab-rotmistri graf Koshits, undan nariroqdagi ish xonasida kornet Sevskiy uxlab yotishardi. Erta tong odatdagidek, jo‘ngina boshlandi, xuddi shunday jo‘n kunlarda g‘alati voqealar sodir bo‘lganidek, 19 iyunning ana shunday erta tonglaridan birida rotmistr Lixarevning uyida to‘satdan aqlga sig‘maydigan, hayratlanarli bir voqea bo‘ldi. Kutilmaganda eshik qo‘ng‘irog‘i chalinib, xizmatdagi askarning oyoqyalang ohista va yengil yurib, eshik tomon borgani eshitildi, so‘ng tashqaridan kimdir ataylab baland ovozda o‘kirdi:
– Uyda kim bor?
Eshikni lang ochdi-da, mehmon oshxonaga etigi bilan gurs-gurs bosib, shporlarini sharaqlatib shovqin solib bostirib kirdi. Rotmistr boshini ko‘tarib, uyquli ko‘zlari bilan hayron qarab turardi: ro‘parasida polkdosh do‘sti kornet Yelagin turardi, u jikkak, oz-g‘indan kelgan, sochlari malla, sepkil yuzli, qiyshiq oyoqlari o‘ziga mos, nimjon, egnida buni u har doim o‘zining eng “ojiz” tomoni deb qayta-qayta takrorlashni xush ko‘radigan bashang ust-boshda edi. U yozgi shinelini tez yechib, uni stulga tashladi-da, baland ovozda: “Mana sizlarga mening pogonlarim!”—dedi. So‘ng devor ro‘parasidagi divanga kelib cho‘zildi va qo‘lini boshi orqasiga qo‘ydi.
– To‘xta, to‘xta,– dedi ming‘irlab rotmistr lo‘q ko‘zlarini undan uzmay,– qayerdan kelayapsan, senga nima bo‘lgan o‘zi?
– Men Manyani o‘ldirdim,– dedi Yelagin.
– Mastmisan? Qanaqa Manya?– dedi rotmistr.
– Mariya Iosifovna Sosnovskaya degan artistni.
Rotmistr oyog‘ini divandan tushirdi:
– Nima, hazillashyapsanmi?
– Afsuski, yo‘q, balki bu yaxshilikkadir, balki yomonlikka.
– Kim u? Yana nima bo‘ldi? – qichqirdi graf mehmonxonadan turib.
Yelagin cho‘zildi-da, oyog‘i bilan eshikni yengil tepib, lang ochib yubordi.
– Bo‘kirma,– dedi u.– Bu men, Yelaginman. Men Manyani otib qo‘ydim.
– Nima?– dedi graf va bir lahza indamay turdi-da, birdan xoxolab kulib yubordi.– Mana, gap qayerda!– baqirdi u quvnoqlik bilan.– Jin ursin seni, bu gal uzringni qabul qilamiz. Yaxshiyamki uyg‘otding, bo‘lmasa yana uxlab qolgan bo‘lardik, kecha yana soat uchgacha rosa ko‘ngilxushlik qilibmiz.
– Chin so‘zim, uni o‘ldirdim,– qat’iy turib takrorladi Yelagin.
– Aldayapsan, ukajon, aldayapsan ! – dedi mezbon ham paypog‘ini kiya turib baland ovozda. – Men bo‘lsa rostdanam bir gap bo‘libdi-da, deb, vahimaga tushayotgan edim… Yefrem, choy qani!
Yelagin shimining cho‘ntagiga qo‘lini suqib, undan uncha katta bo‘lmagan bir kalitni oldi va uni yelkasi osha stolga uloqtirib, dedi:
– Boring, ishonmasangiz o‘zingiz ko‘ring…
Sudda prokuror Yelagin voqeasini tashkil etgan surbetlik, hayosizlik va shunga o‘xshash ba’zi dahshatli manzaralar haqida ko‘p gapirib, asosiy e’tiborni ko‘proq shu tomonga qaratishga urinardi. O‘sha tong rotmistr Lixarev faqat dastlabki daqiqalardagina o‘zi aytganidek, hech qanday “g‘ayritabiiylik”ni, Yelaginning oqarib ketgan yuzini, ko‘zlarida hech bir “vahshiylik”ni payqamaganini, so‘ngra esa “undanam-bundanam hayratdan yoqa ushlaganini” esdan chiqargandi…

II

Shunday qilib, o‘tgan yilning 19 iyun erta tongida mana bunday voqea yuz bergandi.
Graf Koshits va kornet Sevskiy yarim soat ichida Sosnovskaya yashagan uyning yo‘lagi oldida hozir bo‘ldilar. Endi ko‘ngilga hazil sig‘masdi.
Aravakashni uchirib haydashga majbur qilishdi, yetib kelgach, aravadan otilib chiqib, shosha-pisha kalitni qulf teshigiga suqa boshlashdi, qo‘ng‘iroqni ham zo‘r berib bosishdi, lekin kalit eshikka tushmadi, uyning ichidan ham hech qanday sado eshitilmadi. Toqatlari toq bo‘lib, shoshib tashqariga chiqishdi-da, qorovulni izlay ketishdi. Qorovul orqa yo‘lakdan chopib oshxona tomonga o‘tdi, qaytib kelib, oqsoch xotinning aytishiga qaraganda, Sosnovskaya uyida tunamaganini – qo‘liga qandaydir o‘rog‘liq narsani ko‘tarib, kech-qurun chiqib ketganini aytdi. Graf va kornet hayron bo‘lib qolishdi: endi nima qilishadi? O‘ylab-o‘ylab, yelka qisgancha qorovulni ham o‘zlari bilan birga olib, qismga jo‘nadilar. Qismdan turib rotmistr Lixarevga qo‘ng‘iroq qilishdi. Rotmistr telefondan baqirib berdi:
– Bu tentakning dastidan dod solishga ham tayyorman, u Sosnovskaya turadigan uyga emas, ular uchrashib turadigan ishratxonaga borishlarini aytishi kerak edi: Starograd ko‘chasi, o‘n to‘rt. Eshityapsizmi? Starograd ko‘chasi, o‘n to‘rt. Xuddi Parij ishratxonalariga o‘xshab to‘g‘ri ko‘chadan kiriladi…
Ular Starograd ko‘chasi tomonga yugurib ketishdi.
Qorovul izvoshchi o‘rniga o‘tirdi, o‘zini vazmin, erkin tutgan holda daha nazoratchisi ofitserlarning ro‘parasiga cho‘kdi. Havo issiq, ko‘chalar sershovqin, odamga to‘la, shunday oftob charaqlagan, hayot qaynagan bir tongda qayerdadir odam o‘lib yotganiga ishonging kelmasdi. Nahotki yigirma ikki yoshli Sasha Yelaginning qo‘lidan shunday ish kelsa. Bunga uning qanday qo‘li bordiykin? Uni nima sababdan o‘ldirdi? Qanday o‘ldirdi? Hech nimani anglab bo‘lmasdi, savollarning hammasi javobsiz qolardi.
Starograd ko‘chasidagi ikki qavatli, eski fayzsiz uy yoniga kelib to‘xtaganlarida, ularning aytishlaricha, “butunlay ruhlari tushib ketgandi”. Nahotki bu ish shu yerda sodir bo‘lgan bo‘lsa? Nahotki bularni ko‘rish shart bo‘lsa? Shunday deysan-u, ko‘rmasa bo‘lmasdi ham. Biroq daha nazoratchisi birdan sergaklandi, o‘zini tetik va bardam tuta boshladi.
– Kalitni bering-chi,– dedi u quruq va qat’iy ohangda. Zobitlar qorovullarga xos hadik bilan kalitni unga tutishdi.
Uyning o‘rtasida darvoza bor edi, darvoza ortida yolg‘iz daraxt o‘sib turgan choqqina hovli, to‘q-kulrangdagi toshli devor oldida daraxt yanada yashilroq bo‘lib ko‘zga tashlanardi. Darvozadan o‘ng tomonda to‘g‘ri ko‘chaga chiqadigan, haligi sirli eshik bo‘lib, endi uni ochish kerak edi. Daha nazoratchisi qovog‘ini uygancha kalitni qulfga solgan edi, eshik ochildi-qoldi va graf bilan kornet qandaydir qop-qorong‘i yo‘lakka o‘xshash bir nimani ko‘rdilar. Nazoratchi yoritgichni qayerdan izlash kerakligini bilgandek, qo‘lini oldinga cho‘zdi-da, devorga shap etib urdi, tor va huvillagan xona birdan yorishib ketdi. Xona o‘rtasida ikkita oromkursi, uning o‘rtasida stolcha, stolcha ustida esa tovuq go‘shti, meva qoldiqlari bilan to‘la likopchalar bor edi.
Bundan ham dahshatlirog‘i hali oldinda edi. Yo‘lakning o‘ng tomonida qo‘shni xonaga o‘tiladigan yo‘l bo‘lib, u xona ham qop-qoron-g‘i edi, shiftiga qora shoyi soyabon tortilgan, tagidan esa sopol fonus o‘rnatilgan bo‘lib, xuddi go‘rni yoritgandek yoritib turardi. Xona devorlarining tepasidan pastigacha qandaydir qora mato qoplangan bo‘lib, hamma yog‘i berk, derazasiz edi. Bu yerda ham to‘rda katta, pastqam turk divani bo‘lib, unda ichki ko‘ylakda ko‘zlari va labi yarim ochiq, oyoqlari biroz kerilgan, yuzlari oppoq oqargan tengi yo‘q, yoshgina sohibjamol cho‘zilib yotardi.
Kirganlar taqqa to‘xtab, qo‘rquv va hayratdan bir zum qotib qolishdi.

III

Marhumaning noyob husn egasi bo‘lishiga sabab, u o‘z noyobligi bilan, masalan, nuqsonsiz ayollarni tasvirlaydigan zamonaviy rassomlar o‘zlariga qo‘yadigan talablarni qondira olardi. Bu yerda luzumli hamma narsa muhayyo edi: sarvdek qaddi-qomat, tong kabi tiniq badan, ixcham, nuqsonsiz silliq oyoqlar, bolalarday ma’sum va jozibali lablar, bejirim, mukammal yuz-andom, zarrin, sochlar… Endi bularning hammasi jonsiz edi, barchasi toshday qotib, tusi o‘chib, bu go‘zallik marhumani borgan sari battar qo‘rqinchli qilib borardi. Soch turmaklari shunday saqlangandiki, shu alfozda ham bemalol balga kirib borsa bo‘laverardi. Boshi divanning ko‘tarilgan yondoriga qo‘yilgan, sal-pal ko‘kragiga tegib turgan iyagi, uning yarim ochiq ko‘zlari va butun chehrasiga qandaydir o‘ychanlik va hayrat bag‘ishlab turardi. Shift tagidagi marhuma uzra qanotlarini keng yoyib turgan qandaydir yirtqich qushga o‘xshash qora soyabon tubiga osig‘liq shisha chiroq bularning barchasini g‘ira-shira yoritib turardi.
Xullas, bu manzarani ko‘rgan daha nazoratchisi ham dong qotib qoldi. So‘ng bu ishni batafsilroq o‘rganish maqsadida, hammalari cho‘chibgina unga yaqinlashdilar.
Marhumaning nafis yalang‘och qo‘llari bo‘yi baravarida to‘g‘ri, tekis cho‘zilib yotardi. Ko‘kragida, ko‘ylagining jimjimador to‘rida Yelaginga tegishli bo‘lgan ikkita tashrif qog‘ozi, yerda esa yalang‘och oyoqchalarga nisbatan g‘oyatda qo‘pol tuyulib turgan gusarlar qilichi yotardi. Graf bema’ni xayolga borib, uni sopidan chiqarib qon izlari bor-yo‘qligini bilmoqchi bo‘ldi. Daha nazoratchisi uni bu noqonuniy harakatdan to‘xtatib qoldi.
– Ha, albatta, albatta,– shivirlab ming‘irladi graf,– to‘g‘ri, hali hech nimaga tegish mumkin emas. Meni hayron qoldiradigani shuki, hech qayerda hech qanday qonni, biron-bir jinoyat izini ko‘rmayapman. Aftidan zaharlanish bo‘lsa kerag-ov?
– Sabr qiling,– dedi nasihatomuz ohangda daha nazoratchisi, — tergovchi va doktorni kutaylik. Lekin, zaharlanishga ham o‘xshab ketayapti…
Zaharlangan bo‘lishi aniqqa o‘xshaydi. Hech qayerda — na yerda, na divanda, na badanda, na marhumaning tungi ko‘ylagida qondan asar yo‘q edi. Divan yonidagi oromkursida ayollar pantaloni, tungi ko‘ylak, ularning tagida esa sadafdek tovlanib turgan moviy rang ko‘ylak, yaxshigina to‘q-kulrang matodan yubka va kulrang shoyi manto1 . Bularning hammasi divanda tartibsiz sochilib yotsa-da, lekin birontasi ham bir tomchi qon bilan bulg‘anmagandi. Divan tepasidagi tokchadan topilgan bo‘sh shampan idishlar va po‘kaklar, sham qoldiqlari, soch to‘g‘nag‘ichlari, yozib, yirtib tashlangan qog‘oz parchalari, yorlig‘ida “Or. Pulv” degan qop-qora vahimali yozuvli shisha idish ham zaharlanish bo‘lsa kerak, degan fikrni tasdiqlab turardi.
Daha nazoratchisi, graf va kornet birlari olib, birlari qo‘yib navbatma-navbat yorliqdagi yozuvni o‘qib turganlarida ko‘chadan ekipajning shovqini eshitildi: doktor bilan tergovchi yetib kelgandi. Bir necha daqiqadan so‘ng Yelaginning gaplari haqiqat bo‘lib chiqdi. Sosnovskaya chindan ham revolverdan otib o‘ldirilgandi. Ko‘ylakdan qon dog‘lari topilmadi. Ammo ko‘ylakning tagida, yurak atrofida ko‘kishtob qontalash dog‘ni topishdi. Dog‘ning o‘rtasida chetlari kuygan, dumaloqlangan ro‘molcha bilan yopilgani uchun hech bir joyni bulg‘amagan qop-qora qon tomchilab turgan jarohat ko‘rinib turardi.
Shifokorlar tekshiruvi yana nimaga aniqlik kiritdi? Ko‘p narsaga emas: marhumaning o‘ng o‘pkasida sil xastaligidan qolgan izlar bor; yaqindan turib otilgani uchun o‘lim bir lahzaning o‘zida sodir bo‘lgan; shu alfozda ham marhuma bitta-yarimta so‘z aytishi mumkin bo‘lgan; qotil va uning qurboni o‘rtasida hech qanday kurash bo‘lmagan; u shampan vinosini ichib, ketidan uncha ko‘p bo‘lmagan af’yunni porterga (zaharlanishga ozlik qilardi) qo‘shib ichgan, va nihoyat, uni bu mash’um kechada erishgani bir erkak bilan qovushgani bo‘lgan…
Bu erkak nimaga, nima sababdan ayolni o‘ldirdi? Yelaginning bu savolga javobi bitta edi: ularning har ikkisi – u va Sosnovskaya – “fojiali ahvolda” edilar, ular bu ahvoldan qutulishning o‘limdan boshqa chorasini ko‘rmaganlar, Sosnovskayani o‘ldirib, Yelagin uning buyrug‘ini ado etgan, xolos. Marhumaning o‘limi oldidan yozgan xatlari esa bularning barchasini inkor etardi. Uning ko‘ylagi ko‘kragidan Yelaginga tegishli bo‘lgan, marhumaning o‘z qo‘llari bilan polyak tilida (aytish kerakki, savodsizlarcha) yozilaverib, to‘lib, titilib ketgan tashrif qog‘ozini topishdi. Shulardan birida bunday so‘zlar yozilgan edi:
– Teatr boshqaruvi raisi general Konovnitsinga! Do‘stim! Bir necha yillik oliyjanob do‘stlik uchun sendan minnatdorman… Senga so‘nggi salomimni yo‘llay turib, mening oxirgi chiqishlarimdan tushgan pulning hammasini onamga berib qo‘yishingni iltimos qilardim…
Boshqasida:
– Bu odam meni o‘ldirib, to‘g‘ri ish qildi… Baxtsiz, bechora ona! O‘z xohishim bilan o‘lmaganim bois meni afv etishingizni so‘rardim… Ona! Biz ko‘rishamiz… u yerda, arshi a’loda… Sezayapman – bu oxirgi damim…
Sosnovskaya shunga o‘xshash tashrif qog‘ozlariga o‘zining o‘limi oldidan bitgan boshqa maktublarini ham yozib qoldirgan. Ular tokchada mayda-mayda yirtilgan holda yotardi. Ularni yig‘ib, yelimlab quyidagilarni o‘qishdi:
– Bu odam mening va o‘zining ajalini talab qilyapti… Bu yerdan tirik chiqishga umid yo‘q…
– Xullas, mening kunim bitdi… Xudoyim meni yolg‘iz qoldirma… Men so‘nggi xayolimni – onamga va muqaddas san’atga bag‘ishlayman…
– Oxiri yo‘q, tubsizlik! Bu odam mening taq… Meni qutqar,Xudoyim, o‘zing madad ber…
Va nihoyat, eng sirlisi:
– Quand meme pour bonjours…”1
Barcha maktublar – marhuma yonidan topilganlari ham, tokchada parchalangan holda yotganlari ham go‘yo Yelaginning so‘zlariga butunlay zid edi. Lekin, hamma gap o‘sha “go‘yo”da edi. Yelaginning taqdirini hal qiluvchi o‘sha Sosnovskayaning yonidan topilgan “Men o‘z hohishim bilan o‘lmayapman”, degan so‘zlari yozilgan tashrif qog‘ozi yirtilib tashlansa bo‘lmasmidi? Yelagin xatlarni yirtib tashlamagangina emas, balki o‘zi bilan olib ketmagan ham edi, aksincha, o‘z qo‘li bilan (buni yana boshqa kim ham qilardi?) eng ko‘rinarli yerga qo‘yib qo‘ygan. Shoshib qolganidan ularni yirtmagandir. Bunday paytda yirtishni esdan chiqargan bo‘lishi mumkindir. Ming shoshmasin, o‘zi uchun xatarli bo‘lgan bunday maktubni u qanday qilib marhumaning ko‘kragiga solib qo‘ysin? U o‘zi, umuman shoshib qolganmikan? Aslo, u marhumaning u yoq-bu yog‘ini tartibga keltirgan, ustini ko‘ylak bilan yopgan, yarasiga shunchayin ro‘molcha bostirib qo‘ygan-da, o‘zini ham tartibga keltirgan… Yo‘q, bu yerda prokuror haq: bularni shoshganda qilib bo‘lmasdi.

IV

Prokuror shunday dedi:
– Jinoyatchilar ikki xil bo‘ladi. Birinchisi, tasodifiylar bo‘lib, ular jinoyatni g‘azab va nafrat ustida, ishlari o‘ngidan kelmay qolgan vaqtda sodir etadilar, bu ilmiy tilda “oniy aqlsizlik” deyiladi. Ikkinchisi, sodir etayotgan jinoyatini oldindan o‘ylab, yomon niyatda qasddan sodir etadi: bular tug‘ma jinoyatchilar bo‘lib, jamiyatning, jamoat tartibining dushmanlari ya’ni “odamxo‘r jinoyatchi”lardir. Biz sudlanuvchi kursisida o‘tirgan odamni bu toifalarning qaysi biriga kiritsak bo‘ladi? Albatta, ikkinchisiga. U, shubhasiz, tajribali jinoyatchi, u jinoyat sodir etdi, chunki u yallo qilib yurib, axloqsiz va bebosh yashashdan quturib ketgandi…
Bu tantanali nutq (Yelagin to‘g‘risida shahrimizning umumiy fikrini ifoda etgan bo‘lsa-da) favqulodda g‘alati edi. Yelagin sudda yuzini qo‘li bilan odamlardan pana qilib, tirsagiga suyanib o‘tirdi va savollarga qisqa-qisqa, g‘ijinibgina, ma’yus javob berib turdi. Bir tomondan prokuror haq edi: sudlanuvchi o‘rnida o‘tirgan unaqa-bunaqa jinoyatchi emas, u hatto “oniy aqlsizlik”dan ham lat yemagan.
Prokuror o‘rtaga ikkita savol tashladi: birinchidan, o‘zi jinoyat jazavada, ya’ni hayajonda sodir etilmaganmikan, ikkinchidan, u ixtiyorsiz ravishda qotillikka hamkor bo‘lmaganmikan,– dedi va har ikkala savolga ham o‘zi to‘la ishonch bilan: yo‘q, aslo, – deya javob qaytardi.
– Yo‘q,– dedi u birinchi savolga javob bera turib,– hech qanday jazava to‘g‘risida gap ham bo‘lishi mumkin emas, negaki, jazava holati bir necha soatga cho‘zilmaydi. Yelagin nimadan ham jazavaga tushardi?
Oxirgi masalani hal qilish uchun prokuror o‘ziga juda ko‘p savol berdi va shu ondayoq ularni rad etib, masxaraomuz kulib qo‘ydi-da, dedi:
– O‘sha mash’um kunda Yelagin odatdagidan ko‘proq ichmaganmikin? Yo‘q, u o‘zi ko‘p ichadi, lekin o‘sha kuni ichmagan.
– Uning salomatligi joyida bo‘lganmi yo yo‘qmi? Uni tekshiruvdan o‘tkazgan shifokorlarning fikriga qo‘shilaman: u sog‘lom; lekin o‘zini tiyishni mutlaqo bilmaydi.
– Agar u haqiqatan ham o‘sha ayolni sevgan bo‘lsa, unda jazava sevgan ayoli bilan er-xotin bo‘lolmasligi tufayli kelib chiqmadimikin? Yo‘q, bunday bo‘lishi mumkin emas: chunki sudlanuvchi unga g‘amxo‘rlik qilmagan, birga bo‘lish uchun biror-bir qat’iy chora ham ko‘rmagan.
Bundan keyin:
— Balki Sosnovskayaning chet elga ketishi uni shu ko‘yga solgandir? Yo‘q, ayolning jo‘nab ketishini u avvaldan bilgandi.
– Balki Sosnovskayaning chet elga jo‘nashi tufayli aloqalariga darz ketgandir? Bunday ham emas, chunki aloqalarining uzilishi haqida bu kechadan avval ham ko‘p marotaba gaplashilgan. Agar shunday bo‘lmasa, unda nima axir? Nima, unda o‘lim to‘g‘risida gaplashishganmi? Xonadagi g‘alati holat, shayton vasvasasi, umuman, o‘sha vujudni o‘rtaguvchi “qora” tundek unga azob berarmidi? O‘lim haqidagi gap-so‘zlar Yelagin uchun yangilik bo‘lolmasdi: bunday mish-mishlar o‘zi va ma’shuqasi o‘rtasida to‘xtovsiz bo‘lib, ko‘ngilga ham urgandi. Shayton vasvasasi to‘g‘risida so‘z ochishning o‘zi kulgili. Uni g‘oyatda zavqsiz narsalar: kundalik kechki ovqat, undan qolgan qoldiqlaru, bo‘shagan shishalar, hatto afv etasizu, tungi hojatbaror idishlar ham batamom tiyib qo‘ygandi.
Yelagin yegan, ichgan, hojatxonaga borgan, goh vino deb, goh qalamtarosh deb boshqa xonalarga ham chiqqan…
Prokuror shunday xulosa yasadi:
– Bungacha Yelagin qotillik sodir etganmidi, agar bu marhuma xohishiga ko‘ra ijro etilgani inobatga olinsa, bahsni cho‘zishga hojat ham qolmaydi. Yelagin Sosnovskaya o‘zini o‘ldirishni so‘raganini aytib, uning “O‘layapman, lekin o‘z xohishim bilan emas” degan mazmunda yozilgan, o‘zi uchun fojiali yakun topgan maktubini taqdim etib, bizni asossiz ishontirmoqchi bo‘lyapti.

V

Prokuror nutqidagi tafsilotlarning ko‘piga e’tiroz bildirish mumkin. “Sudlanuvchi mutlaqo sog‘lom…” Lekin, kasallik bilan salomatlikning, aql bilan aqlsizlikning me’yori qayerda? “U oila qurish haqida o‘ylamasdi ham…” O‘ylamaganining boisi, avvalambor, bari behudaligiga ishonardi; ikkinchidan, nahotki sevgi va nikoh bir-biri bilan shunchalik bog‘liq bo‘lsa? Yelagin Sosnovskaya bilan nikohdan o‘tganda, umuman, o‘rtadagi barcha fojialarga chek qo‘yib, bir yo‘la xotirjam bo‘larmidi? Har qanday kuchli, hattoki, umuman, unchalik oddiy bo‘lmagan sevgida ham qanday qilib bo‘lsa-da, nikohdan bo‘yin tovlashdek antiqa bir xususiyat borligini nahotki hech kim bilmasa?
Takror aytaman, bular tafsilot, xolos. Aslida prokuror haq gapni aytgandi: bu jazava natijasi emasdi.
U yana shunday dedi:
– Shifokorlar xulosasida Yelagin, jazavadan ko‘ra ko‘proq xotirjam bo‘lgan, men esa uni nafaqat xotirjam bo‘lganini, xotirjamligi bilan hammani hayron qoldirganini tasdiqlayman. Biz bunga jinoyat sodir etilib, so‘ng tartibga keltirilgan va u yerda Yelagin yana uzoq qolib ketgan xonani ko‘zdan kechirganimizda amin bo‘ldik. So‘ng Yelaginning Starograd ko‘chasidagi uydan xotirjam chiqib, eshikni shoshmay, yaxshilab qulflaganini ko‘rgan tergovchi Yaroshenkoning ko‘rsatmasi. Va nihoyat – Yelagin xulqi haqida rotmistr Lizarev fikri. Masalan, Yelagin kornet Sevskiy uni “aql-hushini yig‘ib olishi”ga ishontirmoqchi bo‘lib, Sosnovskaya o‘zini-o‘zi otmaganmi, shuni eslab ko‘rishini so‘raganida, u nima degan? U: “Yo‘q, akaginam, hammasi juda yaxshi esimda!”– deya o‘sha zahoti qanday otganini tasvirlab bergan. Tergovchi Budbergni “Yelagin o‘z yoqimsizligi bilan hayron qoldirgan, ya’ni u iqroridan so‘ng ham, sovuqqonlik bilan choy ichib o‘tirgan”. Tergovchi Foxt esa hayratdan yoqa ushladi: “Janob shtab rotmistri,– kinoyali dedi Yelagin,– umid qilamanki, meni bugunoq o‘qishdan ozod qilasiz.– Bu shu qadar dahshatli ediki, – dedi Foxt, – kornet Sevskiy buni ko‘tarolmay ho‘ngrab yig‘lab yubordi…” To‘g‘ri, rotmistr polk komandiri huzuridan unga chiqarilgan buyruqni olib kelganida, Lixarev va Foxtning yuzidan, eng muhimi, endi u zobit emasligini tushunganida Yelagin yig‘lab yuborgan vaqtlar ham bo‘lgan. Xuddi shunday damlarda u ho‘ngrab yig‘lab yuborgan, – dedi-da, prokuror ham ishni shu joyda yakunlab qo‘ya qoldi.
Albatta, so‘nggi jumla yanada g‘alatiroq chiqdi. Shunga o‘xshash boshga tushgan musibat seni tarashadek qotirgan baxtsiz damlaringda, to‘satdan uyg‘onib ketish, hatto arzimas, mutlaqo ahamiyat kasb etmagan, tasodifan ko‘zingga tushgan biror narsa ham, dabdurustdan senga avvalgi shodon hayotingni, umidsizlikka to‘la kunlaringni va shu damdagi ahvolingning bor dahshatini yodingga solishini kim bilmaydi deysiz? Barcha voqealar Yelaginga bu shunchaki, ahamiyatsiz va tasodifiy narsalar emasligini unga eslatib qo‘ydi. Axir uni tug‘ma zobit desa bo‘lardi – uning o‘n ajdodi harbiy xizmatchilar bo‘lgan. Endi esa u birdan zobit bo‘lmay qoldi. Uning zobit emasligining sababi faqat bu emasdi, – u endi o‘z hayotidan ortiq ko‘rgani, chin yurakdan sevgan ayolining bu yorug‘ olamda yo‘qligi uchun ham zobit bo‘lmay qolgandi, bunday qabih ishni uning o‘zi o‘z qo‘llari bilan sodir etgandi.
Biroq, bu ham tafsilot, xolos. Eng asosiysi, “oniy aqlsizlik” haqiqatan ham bo‘lmagan. U holda nima sodir bo‘lgandi? Prokuror tan olib aytdiki, “bu shubhali ishda asosiy e’tiborni birinchi navbatda Yelaginning fe’l-atvori muhokamasiga va Sosnovskaya bilan oralaridagi munosabatni qanday aniqlashga qaratish kerak! So‘ng prokuror qat’iy turib dedi:
– Oralarida hech qanday o‘xshashlik bo‘lmagan ikki shaxs topishishdi…
Shunday bo‘lganmikan? Hamma gap shunda edi…

VI

Yelagin haqida, men, avvalo shuni aytmoqchimanki, u endi yigirma ikki yoshga to‘ldi: bu qaltis yosh, zamon esa notinch, bularning bari insonning kelajagini belgilaydi.
Odatda, bunday paytda odam, tibbiyot tili bilan aytganda, balog‘at yoshini boshidan kechiradi, hayotda esa bu – ilk muhabbat ko‘rinishida bo‘lib, negadir, bunga doim shoirona, va umuman olganda, g‘oyat yengiltaklik bilan qaraladi. “Ilk muhabbat”ga tez-tez fojia, qayg‘u hamrohlik qiladi, lekin mutlaqo hech kim bunday paytda odamlarni shunchaki hayajon, azob emas, balki undan xiyla teran, murakkab bir hissiyot o‘rtayotgani haqida o‘ylamaydilar; hali boshga tushmagan narsalar uchun kuyunishadi, balog‘at davrining vahimasi, o‘zni namoyon etishning mashaqqati, ilk jinsiy mayl. Agar men Yelaginning oqlovchisi bo‘lganimda, suddan uning yoshiga aynan shu nuqtai nazardan kelib chiqib e’tibor qaratishlarini va qarshimizdagi odamni shu ma’nodan kelib chiqib, mutlaqo tengi yo‘qligini inobatga olishlarini o‘tingan bo‘lardim. “Navqiron zobit, es-hushini yo‘qotib, aysh-ishratga berilgan”, deya prokuror ko‘pchilik fikrini takrorladi-da, haqligini isbotlash maqsadida hikoyani boshqa bir guvoh – artist Lisovskiyga oshirib yubordi: Yelagin bir kuni kunduzi teatrga kelib, artistlar mashq qilishga tarqalishayotganda, uni ko‘rib qolgan Sosnovskaya chaqqon chetga o‘tdi-da, Lisovskiyning panasiga yashirinib: “Amaki, meni undan pana qiling!”— dedi. Men uni pana qildim, deya hikoyasini boshladi Lisovskiy, sharobga cho‘milgan bu zobit birdan to‘xtadi va gangib turgan joyida oyoqlarini kerdi-da, baqrayib: bu Sosnovskaya deganlari qayerga daf bo‘ldi? – dedi talmovsirab.
Ha, aynan shunday: miyasi aynigan odam, lekin nimadan aynigan: nahotki “bebosh, bema’ni turmushdan bo‘lsa?”
Deyish mumkinki, Yelagin aslzoda va boy oiladan chiqqan. Onasi (qarangki, u ortiqcha hayajonga g‘oyat moyil toifadan bo‘lgan) dan u juda erta yetim qolgan, otasi esa berahm, qattiqqo‘l odam bo‘lgan. U doim shu qo‘rquv tufayli otasidan uzoqlashib turib katta bo‘lgan. Prokuror ayovsizlarcha Yelaginning nafaqat axloqiy, jismoniy qiyofasini ham osongina chizib tashladi.
Keyin shunday dedi:
– Shunaqa janoblar, qahramonimiz mana shunday “ko‘rkam” zobit libosida yurgan. Endi ahvoliga bir qarang-a. Endi uni bezaydigan hech vaqosi qolmagan; qarshimizda past bo‘yli, bukir bir yigitcha, u malla mo‘ylovi, betayin, bee’tibor boqib turgan basharasi, egnidagi qop-qora kamzuli bilan bir oz Otelloni yodga soluvchi odamni ko‘rib turibsiz. Menimcha, unda nasl buzilishining o‘ziga xos belgilari yaqqol ko‘zga tashlanib turardi. Zero, ba’zi hollarda, aytaylik, otasi ko‘zidan narida o‘zini ozod his etganda, va yana qonunni chetlashga imkoniyat tug‘ilganda, odamlar bilan munosabatda biror bir to‘siq bilan hisoblashib o‘tirmaydi.
Nima ham derdik, qo‘poldan-qo‘pol berilgan bu baholarning ko‘pi rost edi. Bularni eshita turib, men avvalo bir narsaga tushunolmadim, axir, qanday qilib o‘sha mash’um, o‘ta chalkash bir fojiaga bu taxlit yuzaki yondashish mumkin: ustiga-ustak, unda nasldan-naslga o‘tib kelayotgan belgi ham shundaygina ko‘zga tashlanib turgan bir paytda, yana uni nimasi bilan ajratib olish mumkin; ikkinchidan, aytilgan ro‘yirost gaplarda men haqiqatning bir bo‘laginigina ko‘ra oldim, xolos. To‘g‘ri, Yelagin otasidan bezib o‘sdi. Lekin, bu jur’atsiz degani emas-ku, ayniqsa, ota-ona oldida. Ustiga-ustak ajdodlari, ota-bobolari bilan uni bog‘lab turgan meros atalmish rishtani teran his eta olish baxtiga muyassar bo‘lgan bunday odam uchun. Ha, Yelagin zobitga xos ko‘rkam tashqi ko‘rinishdan bebahra edi, lekin bu ham uning favqulodda qobiliyatli ekanidan darak emasmi: sinchiklab bir qarang-a, degan bo‘lardim men prokurorga, malladan kelgan, oyoqlari ingichka, bukir bu odamga, o‘shanda siz deyarli qo‘rquv bilan kichik ko‘zlari moviy (uni sizdan olib qochayotgan) bu sepkilli yuzi uchun ahamiyatsiz narsaning o‘zi yo‘qligini ko‘rasiz. Va yana siz o‘sha buzilgan naslning qudratiga bir e’tibor qiling-a: qotillik sodir etilgan kun, u ertalabdan o‘qishda bo‘lgan – va nonushtada olti qadah aroq, bir shisha shampan vinosi, ikki qadah konyak ichib, shunda ham mutlaqo hushyorlikni yo‘qotmagan.

VII

Ko‘pchilikning Yelagin haqida bildirgan chirkin fikrlariga qarama- qarshi o‘laroq, polkdosh do‘stlari o‘z ko‘rsatmalari bilan uni himoya qilishga tayyor turardilar. Do‘stlari u haqda faqat yaxshi gaplarni aytishdi. Masalan, eskadron komandiri u haqda fikr bildirib bunday dedi:
– Yelagin polkka qadam qo‘ygan kundan boshlab, ofitserlar orasida odob-axloqi bilan o‘zini ko‘rsata oldi va doimo o‘ta xushfe’l, g‘amxo‘r, kichik xodimlarga munosabatda ham odil bo‘ldi. U fe’lidagi bir jihat – betayinligi bilan ajralib turardi. Lekin buning hech kimga zarari tegmasdi. Faqat unda kayfiyat o‘zgarishi, ya’ni quvnoq odamdan ma’yusga, sergakdan indamasga, qat’iyatli odamdan birdan o‘z qadr-qimmatiga, kelajagiga ishonmaydigan odamga aylanib qolishi oson kechardi, xolos.
So‘ng rotmistr Lixarev bunday fikr bildirdi:
— Uning g‘alatiroq ekanini aytmasak, Yelagin g‘amxo‘r va yaxshi do‘st, kamtarin va kamgap, ba’zan sho‘x, bebosh, ba’zan esa zavq-shavqqa to‘lib-toshib bizni hayron qoldirardi. U yonimga kelib, Sosnovskayani o‘ldirganiga iqror bo‘lganida, Sevskiy bilan Koshitsa Starogradskiy ko‘chasidagi uyga yugurishdi. U ba’zan qo‘rquvdan ho‘ng-ho‘ng yig‘lar, ba’zan yovuzlarcha zaharxandalik bilan kulib qo‘yardi. Uni qamoqqa olib ketishayotganda bizdan fuqaro kiyimiga qayerga buyurtma berishni so‘radi…
So‘zni graf Koshitsa davom ettirdi:
– Yelagin tabiati to‘kis odam edi. U bir vaqtning o‘zida ham muloyim, ham asabiy, ta’sirchan va zavq-shavqqa to‘la odamga aylanib ulgurishi mumkin edi. U teatrdan, musiqadan o‘zgacha ta’sirlanar bir zumda yig‘lab yuborishi hech gap emasdi. U musiqa borasida ham ancha qobiliyatli bo‘lib, deyarli barcha cholg‘u asboblarini bemalol chala olardi.
Boshqa guvohlar ham taxminan shularni aytishdi:
– U juda ishqiboz odam bo‘lib, doim qandaydir chinakam, favqulodda bir narsani kutib yashardi…
– Do‘stlar bazmida quvnoq, hatto joningga tegar darajada muloyim bo‘lib, atrofidagi odamlardan shampan vinosidan ko‘proq so‘rab olardi-da, to‘g‘ri kelgan odamini shu bilan mehmon qilaverardi. Sosnovskaya bilan uchrasha boshlagandan beri hissiyotini iloji boricha sir saqlashga urinardi. U o‘zgargandi, xayolchan, g‘amnok yurardi. Bir kuni u o‘zini o‘ldirishga qaror qilganini aytib qoldi…
Yelagin bilan yaqindan tanish bo‘lganlar shunday ma’lumot berishdi. Sudda o‘tirib, men uning portretiga bunday qora bo‘yoqni prokuror qayerdan topgani haqida o‘yladim? Balki, unda biz bilmagan boshqa ma’lumot bordir? Yo‘q, bunday bo‘lishi mumkin emas. Taxminimcha, prokurorning unga qora bo‘yoq chaplashiga sabab, uning “baxtli yoshlar” to‘g‘risidagi umumiy qarashlariga qo‘shimcha, yana, sudning ixtiyorida turgan, yagona, Yelaginni Kishinyovdagi do‘stiga yuborgan xatini o‘qib bilganlari sabab bo‘lgandi. Xatda Yelagin o‘z hayoti to‘g‘risida surbetlarcha so‘zlab:
– Men, og‘ayni, butunlay loqaydlik qurshovida qoldim: menga endi hammasi baribir! Bugun yaxshi, xudoga shukur, lekin, ertaga nima bo‘ladi — tupurdim, kechasi yotib o‘yla – ertasi turib so‘yla. Uchchiga chiqqan aroqxo‘r, salkam dong‘i ketgan ahmoq degan nom orttirdim.
Bunday o‘z-o‘ziga baho chechangina prokurorning “O‘z nafsini o‘ylab, lazzat ketidan quvgan Yelagin, borini unga bag‘ishlagan ayolni jamoat hukmiga tashlab, uni nafaqat umriga zomin bo‘ldi, hatto so‘nggi umidi – nasroniy urf-odatiga ko‘ra dafn etilishdan ham mahrum etdi…” – degan nutqiga aloqasi bordek tuyulardi. Chindan ham aloqasi bormidi o‘zi? Yo‘q, prokuror xatdan bir necha satrgina olgandi, xolos. Xatning to‘liq matni quyidagicha edi:
“Azizim Sergey. Xatingni oldim, kech bo‘lsa-da, javob yozyapman, nima ham qilardik? Xatimni o‘qib: “Buncha aji-buji, siyohga tushgan pashsha o‘rmalaganmi!”—deb o‘ylasang kerak. Nima ham qilardik, buyam bir yozuv-da, aytishadi-ku, agar oyna degani bo‘lmasa bormi, fe’l-atvoringga baho beruvchilar ham topiladi. Men o‘sha-o‘sha ishyoqmasligimcha qoldim, bilsang undan ham battar, ikki yillik mustaqil hayot va yana allanimalar menda o‘z izini qoldirdi. Shunday gaplar borki, hatto Hazrat Sulaymonga ham aytolmaysan! Agar bir kun kelib o‘zimni gumdon qilganimni eshitib qolsang, hayron bo‘lma, deb aytib qo‘yayapman. Men, og‘ayni qandaydir loqaydlik domiga tushib qoldim: menga endi hammasi baribir! Bugun yaxshi, xudoga shukur, ertaga nima bo‘lsa bo‘lar, tupurdim, kechasi yotib o‘yla – ertasi turib so‘yla. O‘zimga uchchiga chiqqan aroqxo‘r, dong‘i ketgan ahmoq degan nom orttirganim qoldi. Ishonasanmi, yo‘qmi, bilmadim? Ba’zan yuragimdagi kuchni, og‘riqni, barcha go‘zal, dabdabali, umuman, jin ursin, qalbim nimaga talpinsa, o‘shanga maylni his etib turaman. Balki buni yoshlikka yo‘yarsan: nega endi men tengilar bunday holatlarni boshdan kechirmaydi? Men o‘lguday asabiy bo‘lib qolganman: ba’zan qishda, kechqurun, bo‘ron, sovuq bo‘lishiga qaramay, o‘rnimdan dast turaman-da, hatto hech nima bilan hayron qoldirib bo‘lmaydigan shaharliklarni lolu hayron qilib, ko‘chaga chiqaman-da, asta-sekin yuqorilab boraveraman – e’tibor qilyapsanmi, yana o‘sha qayerlardadir qulog‘imga chalingan ohangni tutish istagida o‘zimni mutlaqo hushyor va xotirjam tutgan holda. Qani endi, tutolsam! Mayli, senga yorilaman. Yuragimdan urib qoldi, unaqasi hech yerda yo‘q… Endi bu haqda bas qilaylik. Iltimos, menga xat yozib tur, manzilimni bilasan: Nima deganing yodingdami? “Rossiya, kornet Yelaginga…”
Aqlga sig‘maydi: hech bo‘lmaganda bu xatlardan birontasi o‘qilganda ham mushtarak biror narsasi bo‘lmagan ikki kimsa qanday qilib topishishdiykin, deb aytish mumkin bo‘larmidi?

VIII

Sosnovskaya haqiqiy polyak ayoli bo‘lib, Yelagindan katta, yoshi yigirma sakkizda edi. Otasi mayda amaldorlardan bo‘lib, qizaloq uch yoshdaligida o‘z joniga qasd qilgandi. Onasi anchagacha beva yashadi, so‘ng xuddi o‘shanday mayda amaldorga turmushga chiqdi va yana beva qoldi. Ko‘rib turganingizdek, Sosnovskayalar oilasi o‘rtahol oilalardan bo‘lgan. Lekin boshqalarda topilmaydigan ajoyib samimiylikni va bizga ma’lum bo‘lgan sahnaga bu darajada erta qiziqish unda qayerdan paydo bo‘ldi ekan? Bunga uning oiladan yoxud o‘zi o‘qigan xususiy pansiondan olgan tarbiyasi sabab bo‘lolmaydi,. U juda yaxshi o‘qigandi, bo‘sh vaqtlarida ko‘p mutolaa qilardi. O‘qigan kitoblaridan o‘ziga yoqqan fikr va hikmatli so‘zlarni yozib olib, mudom o‘z hayotiga qiyoslab ko‘rardi, umuman, u kundalikka o‘xshash qaydlar qilib borardi, agar oylab qo‘lga olmay tashlab qo‘yilgan, bu parcha-parcha qilib yirtilgan qog‘ozlarni kundalik deyish mumkin bo‘lsa. Axir u bu kundalikka o‘z orzu-umidlarini, hayotga qarashlarini yozib, ko‘nglini bo‘shatardi, yana kirxona, tikuvchi va boshqa allanimalarga ketgan xarajatlarni ham kiritib borardi-da. U aynan qanday gaplarni ko‘chirib olardi?
– “Birinchi baxt, bu – dunyoga kelmaslik, ikkinchisi esa fanoga ketish”. Ajoyib fikr!
– Yorug‘ dunyo o‘lgudek zerikarli, toqatni-toq qiladi, yurak xoriqulodda nimagadir talpinadi.
– “Odamlar u dunyoga ravona qiladigan qiynoqlarnigina tushunishga qodir”. Myusse.
– Men hech qachon turmushga chiqmayman. Bu haqda hamma gapiryapti. Bunga Xudo va Ajal nomi bilan qasam ichaman.
– Yo muhabbat, yo o‘lim.– Men sevadigan odam Yer yuzida bormikan o‘zi? Bundayi yo‘q, bo‘lishi ham mumkin emas! Unda telbalarcha sevganim bu dunyoni qanday tashlab ketaman!
– Qo‘rqinchli, maftunkor, sirli muhabbatni yerdan ham, ko‘kdan ham topib bo‘lmaydi…
– Oyim boylik uchun erga tegishimni xohlaydi. Men, boylik uchun-a! Sevgi degan so‘z bu zaminga begona, unda azob-uqubat ham, joziba ham yetarli, afsus, men bunday tuhfadan benasibman!
Hisobsiz yirtqich ko‘zlar menga yeb qo‘ygudek boqadi, men o‘zimni xuddi maxluqlar makonida bo‘lgandek his etaman.
– “Uning hayotdagi barcha toat-ibodatlari qalbi tubidagilarni pinhon saqlashga qaratilgan bo‘lsa-yu, unga suqilib kira oldim, deya kim ham maqtana olardi?” Myusse.
Sosnovskaya pansiondagi kursni tugatgach, onasiga o‘zini san’atga bag‘ishlashini aytganda, mehribon katoliklardan bo‘lgan onasi avval-boshda buni eshitishni ham istamadi, qizi esa boshqalarga o‘xshamasdi, birovga itoat etish u yoqda tursin, hatto onasiga ham elburutdan ta’sir o‘tkazib, Mariya Sosnovskayaning hayoti oddiy, shuhratsiz bo‘lishi mumkin emasligiga uni ko‘ndirgandi.
U o‘n sakkiz yoshida Lvovga jo‘nadi va ko‘p o‘tmay o‘z orzusini ro‘yobga chiqardi: sahnaga ham biron-bir qiyinchiliksiz erishdi va tez orada nazarga tushdi. Omma orasida ham tez tanildi, ancha jiddiy bo‘lgan teatr san’ati olamida xizmatining uchinchi yilida bizning shaharga taklif etildi. Lvovga kelgan kunidanoq, deyarli, avvalgidek, kundaligini yurita boshladi:
– “U haqda gapirishyapti, kulishyapti, yig‘lashyapti, uning o‘zi kim, kim biladi?” Myusse.
– Agar onam bo‘lmaganida, o‘zimni o‘ldirgan bo‘lardim. Bu mening doimiy orzuim…
– Men shahar tashqarisiga chiqqanimda, u yerdan tubsiz, ajoyib osmonni ko‘raman va shu lahzada menga nima bo‘layotganini anglolmay qolaman. Shu payt ovozim boricha qichqirgim, kuylagim, biron nima o‘qigim, yig‘lagim, sevib qolgim va oxiri o‘lgim kelib ketadi!
– Men o‘limning eng go‘zalini tanlayman. Ixchamgina uy olaman-da, uni motam matosi bilan qoplayman. Devor ortida kuy yangraydi, men esa oddiygina oq ko‘ylakda, o‘z ifori bilan o‘ldiruvchi atrofimdagi gullar ichida yotaman. O, bu qanday nash’ali!
Keyin:
– Hamma tanamga muhtoj, ruhimga emas…
– Boy bo‘lganimda butun dunyoni kezardim va undan muhabbatimni ayamagan bo‘lardim…
– “Inson nima istashini o‘zi bilarmikan, o‘ylaganlariga o‘zi ishonarmikan?” Krasinskiy.
Va nihoyat:
– Yaramas!
Qilgan ishini payqash uncha qiyin bo‘lmagan bu yaramas yana kim bo‘ldi ekan? Anig‘i shuki, u bor, uning mavhum shaxs bo‘lishi mumkin emas. “Lvovdayoq,– dedi tergovchi Zauze, Sosnovskayaning xizmatdoshi,– u kiyinmasdi, yechinib xizmatini ado etardi, tanishlariyu muxlislarini uyida, ochiq-sochiq tungi ko‘ylakda, yalang‘och oyoqlarini ko‘rsatib qabul qilardi. Uning go‘zalligidan hamma lol qolardi, bu, ayniqsa, yangi kelganlarga ko‘proq ta’sir qilardi va ular bundan hang-mang bo‘lib qolardilar. Sosnovskaya shunda: “Aslo hayron bo‘lmang, bularning bari o‘zimniki”,– deya tizzasidan tepasini bemalol ochib ko‘rsatardi. Shu bilan birga u tez-tez ko‘z yoshi to‘kib,– uning muhabbatiga munosibi yo‘qligini va birdan-bir najoti o‘lim ekanini bot-bot ta’kidlardi…
Mana, Konstantinopolga, Venetsiyaga, Parijga birga borgan, Krakov va Berlinda u bilan birga bo‘lgan “yaramas” ham paydo bo‘lib qoldi. Bu qandaydir galisiyalik yer egalaridan bo‘lib, favqulodda badavlat odam edi. Sosnovskayani yoshligidan yaxshi bilgan tergovchi Volskiy u haqda shunday dedi:
– Men Sosnovskayani hamisha axloqsiz ayol deb hisoblaganman. O‘lkamiz fuqarosi va artist sifatida o‘zini qanday tutishni mutlaqo bilmasdi. U faqat pulni va erkaklarni xush ko‘rardi, xolos. Bu beadab, qanday qilib qizaloq paytidayoq o‘zini keksa galitsiylik to‘ng‘izga topshirdi ekan?
Sosnovskaya o‘z o‘limi oldidan Yelagin bilan qilgan suhbatida aynan shu “to‘ng‘iz” haqida gapirib bergandi. Shu yerda u beparvolik bilan Yelaginga shikoyat qilib:
– Men o‘z holimcha o‘sdim, menga hech kim qaramagan, men o‘z oilamda, butun yorug‘ olamda barchaga begona edim. Butun avlodi bilan la’natga uchragur bir xotin meni, ishonuvchan, pokiza bir qizni fahsh yo‘lga boshladi… Faqat dahshat bilan eslash mumkin bo‘lgan, ablahlarning ablahi bo‘lib chiqqan bir odamni men Lvovda xuddi o‘z otamdek yaxshi ko‘rib qolgandim. U meni nashaga, vinoga o‘rgatdi va meni Konstantinopolga olib ketdi. U yerda uning butun boshli harami bo‘lib, u o‘z haramida yotib, yalang‘och joriyalarini tomosha qilardi-da, meni ham ulardek yechinishga majbur etardi, u shunday ablah va pastkash odam ediki…

IX

Shahrimizda Sosnovskaya to‘g‘risida tezda mish-mish gaplar tarqaldi.
– Lvovdayoq,– dedi tergovchi Meshkov,– ko‘pchilikka bir kechaning o‘zidayoq u bilan birga bo‘lishni taklif etgan va sevishga qodir bo‘lgan qalbni izlayotganini aytgan. Sosnovskaya bunday qalbni sabot bilan izlagan. O‘zi esa: “Mening asosiy maqsadim – yashash va hayotdan bahra olish” deya takrorlardi. Chashnagir barcha sharoblardan totishi lozim, lekin bironta xilidan mast bo‘lishi mumkin emas. Ayol erkak bilan munosabatda ham shunday yo‘l tutishi kerak”. O‘zi xuddi shunday qilgan,– dedi Meshkov.– Sharobning baridan totib ko‘rgan deb aytolmayman, biroq yo‘ldan urganlarining sanog‘i yo‘qligini bilaman. Balki, u bularni eng asosiy ish – atrofida shovqin-suron ko‘tarib, teatrga yollangan olqishchilarni to‘plash uchun qilgandir. “Pul,– derdi u,– qo‘lning kiri, men xuddi so‘nggi meshchanlardek mumsik, ba’zan ziqnaman, lekin, nimagadir pul haqida o‘ylamayman. Muhimi – shuhrat, qolganlari asta-sekin bo‘laveradi”. Sosnovskaya o‘lim haqida gapirganida ham aynan o‘zi to‘g‘risida birovlarni gapirishga majbur qilishni ko‘zlagan bo‘lsa, ne ajab…
Lvovda sodir bo‘lganlari bizning shaharda davom ettirildi. Qaydlar ham deyarli xuddi shunday yozib borildi:
– Xudoyim-ey, qanday zerikarli, qanday azob bu! Qani endi xammayoq ostin-ustin bo‘lsayu, barini yer yutsa!
– Bir kuni kechqurun qabristonga bordim: u yer shunday ajoyib ediki! Mening nazarimda… yo‘q, aslo, buni tasvirlashga ojizman. Menga qolsa tun bo‘yi qabrlar ustida qolib, ularga obdon, tinkam quriguncha so‘zlarimni to‘kib-solgan bo‘lardim. Ertasi kuni men o‘z rolimni har qachongidan ham yaxshi o‘ynadim…
Va yana:
– Men kecha kechqurun soat o‘nlarda qabristonga bordim. Bu qanday ta’sirli manzara. Oy nuri qabr toshlari va xochlarga o‘z nurini to‘kib tashlagandi. Meni minglab marhumlar o‘rab olgandek tuyulardi. O‘zimni shunday baxtiyor va yengil his qildimki. Men o‘zimni juda yaxshi his etardim…
U Yelagin bilan tanishgandan so‘ng bir kuni undan polkda otliq askarlardan birining o‘lganini eshitgan va Yelagindan uni ibodatxonaga, marhum yotgan yerga olib borishini so‘ragan, keyin esa oydinda ibodatxona va marhumning ko‘rinishi unda hayratlanarli taassurot qoldirganini yozgan.
Shuhratga, odamlar e’tiboriga tashnalik bu vaqtga kelib darg‘azablikka aylanib ulgurgandi. Uning o‘ziga munosabati yaxshi edi. Umuman olganda, uning chiroyida hech qanday o‘ziga xoslik bo‘lmasa-da, baribir, alohida, kam uchraydigan o‘zgacha maftunkorlik, ayyorona yovuzlik bilan qorishib ketgan soddadillik, ochiqko‘ngillik bo‘lib, bu qorishiq samimiylikni doim o‘yinga chorlab turardi: portretlariga qarang, nigohlariga diqqat qiling, uning o‘ziga xosligi, – bir oz ochilgan lablar, doimo xo‘mraygan, ma’yus nigoh yoqimli, o‘ziga tortuvchi xuddi biror nima va’da qilayotgandek, qandaydir sirlilikka rozilik bildirayotgandek axloqsizlikning bir ko‘rinishi bu. U o‘z go‘zalligidan qanday foydalanishni bilardi. U o‘z muxlislarini o‘zidagi bor go‘zalliklar – jarangli ovozi, kulgili va ko‘z yoshga to‘la jonli sahna harakatlari bilangina emas, balki ularni o‘z badanini namoyish etadigan rollari bilan ham ushlab turardi. U uyida ko‘ngilni sust ketkazadigan sharqona va yunon liboslarida yurar va ko‘plab mehmonlarini shu liboslarida kutib olardi. Har xil to‘pponchalar, xanjar, o‘roq va murvat ko‘rinishidagi qilichlar, turli xildagi zaharlar solingan shisha idishlari bo‘lgan, uning o‘zi aytganidek, qotillik uchun maxsus mo‘ljallangan bu xonaga ularni olib kirardi-da, bu yerda suhbatning jonini kirgizadigan doimiy narsa ajal derdi. Bu ham yetmagandek, tez-tez hayotdan voz kechishning turli usullari haqidagi suhbatlarida u devordagi o‘qlog‘liq revolverni olib, tepkisini ko‘tarardi, stvoli og‘zini ichib turgan viskisiga tirab turib: “Meni hoziroq o‘pinglar, bo‘lmasa o‘zimni otib tashlayman?”–deya og‘ziga dumaloqlangan zahari kuchli dorini olardi-da, “Agar mehmon shu topning o‘zida tiz cho‘kib, yalang oyoqlarimdan o‘pmasa, zaharni yutib yuboraman”, — derdi. U barchasini shunday ishonarli qilib bajarardiki, mehmonning qo‘rquvdan ranglari quv oqarib, unga ikki karra maftun bo‘lib qaytardi va butun shahar bo‘ylab aynan uning barcha hayajonga soladigan jihatlari haqida mish-mishlarni yoyar edi.
– U, umuman, hech qachon o‘ziga o‘xshamas edi, — dedi sudda uni uzoq vaqt yaqindan bilgan guvoh Zalesskiy.– Odamni mazaxlash, jig‘iga tegish – bular uning doimiy mashg‘uloti edi. U sirli va yoqimli qarashlari, ma’noli kulishlari ma’sum boladek ma’yus xo‘rsinishlari bilan odamning g‘azabini qo‘zg‘ashga juda usta edi. U Yelagin bilan ham o‘zini shunday tutardi. U Yelaginni goh yondirar, goh ustidan sovuq suv quyardi… U asli o‘lishni istarmidi? U hayotning ashaddiy ishqibozi edi, ajaldan esa o‘lgudek qo‘rqardi. Umuman olganda, uning fe’lida xushchaqchaqlik, quvnoqlik ko‘proq edi. Esimda, bir kuni Yelagin unga oq ayiq terisini sovg‘a qilib jo‘natdi. Bu vaqtda u uyida mehmon kutardi. Po‘stin uni shunday quvontirdiki, uyidagi mehmonlarni ham unutdi. U po‘stinni yerga tashladi-da, hech kimga e’tibor qilmay, ustida boshi bilan o‘mbaloq oshib, shunday harakatlarni ko‘rsatdiki, bunga har qanday akrobat hasad qilgan bo‘lardi. Nimasini aytasiz, ayolmisan ayol edi.
Uni g‘am-g‘ussa, umidsizlik holdan toydirganini, o‘sha bizga tanish Zalesskiy gapirib bergandi. O‘n yildan beri bilgan shifokor Seroshevskiy u Lvovga ketishidan oldin uni davolaganda unda sil kasali alomatlari topilgandi. Yana oxirgi paytlarda u ruhiy tushkunlikdan, xotira pasayishidan, gallyutsinatsiyadan azob chekardi. Xullas, shifokor uning aqli rasoligidan ham xavotirda edi. O‘z ajali bilan o‘lmasligiga, hatto uni asab kasalidan davolagan shifokor Shumaxerni ham ishontirolgandi. (Undan Shopengauerning ikki tomligini olib, uni diqqat bilan o‘qib chiqqan, ajablanarlisi shuki, keyin ma’lum bo‘lishicha, u o‘qiganlari ma’nosiga juda yaxshi tushungan). U hammani o‘z ajali bilan o‘lmasligiga ishontirar, do‘xtir Shumaxer uni aynan shu asab buzilishidan davolagandi. Shifokor Nedzelskiy shunday ko‘rsatma berdi:
– G‘alatiroq ayol edi. Undagi quvnoqlik, noz-karashma ko‘proq uyida mehmon kutgandagina ayon bo‘lardi: ba’zan hech narsadan hech narsa yo‘q, birdan jim qolardi, so‘ng ko‘zlari ola-kula bo‘lib boshini stolga urardi yoki bo‘lmasa narsalarni — bordoq bormi, qadah bormi, yerga ota boshlardi… Bunday vaqtda unga qancha tezroq: “Qani, yana”,– deya shoshiltirsangiz, u harakatini shuncha tezroq to‘xtatardi.
Va, nihoyat aynan mana shu “g‘alatiroq va maftunkor ayol” bilan kornet Aleksandr Mixaylovich Yelagin uchrashishdi.

X

Bu uchrashuv qanday sodir bo‘ldi? Bular orasidagi yaqinlik qanday dunyoga keldi, ularning bir-birlariga bo‘lgan tuyg‘ulari, munosabatlari qanday edi? Bu haqda Yelaginning o‘zi ikki marta hikoya qilib bergandi: birinchi marta qisqa, uzuq-yuluq, qotillikdan bir necha soat o‘tgach,– tergovchiga; ikkinchi marta – so‘roqda, birinchi so‘roqdan uch hafta o‘tgach.
–Ha,– dedi u,– Sosnovskayaning hayotdan ketishiga men aybdorman, lekin uning o‘zining istagi bilan…
Men u bilan yarim yil avval teatr kassasi oldida poruchik Budberg orqali tanishganman. Uni chin yurakdan sevib qolgandim, u ham mening his-tuyg‘ularimga befarq bo‘lmas, degandim. Ba’zan u meni, men uni sevganimdan ham ortiq sevar deb o‘ylardim, ba’zan esa buning aksi bo‘lardi. Bundan tashqari, u doim muxlislari qurshovida bo‘lar, ularga noz-karashmalar qilardi, men esa rashk azobidan adoi tamom bo‘lib borardim. Nihoyat, bizning bunday fojiali ahvolimizga aslida bu emas, men tushuntirolmaydigan nimadir sabab… Nima bo‘lganda ham qasam ichib aytamanki, men uni rashkdan o‘ldirganim yo‘q…
Aytganimdek, u bilan o‘tgan yilning fevral oyida teatr oldidagi kassa yonida tanishganman. Men unikiga borganman, lekin oktyabr oyigacha ko‘p emas, oyda ikki marta bo‘lganman, u ham bo‘lsa kunduz kunlari. Oktyabrda men unga sevgi izhor etdim, u menga uni o‘pishimga ruxsat berdi. Bu voqeadan bir hafta o‘tgach, u, men va do‘stim Voloshin bilan shahar tashqarisidagi restoranga kechki ovqatga bordik-da, u yerdan faqat ikkimiz qaytdik, u xursand, mehribon, ozgina kayfi ham bor edi. Men o‘shanda o‘zimni shunday jur’atsiz his etdimki, hatto uning qo‘lini o‘pishga ham qo‘rqardim. Keyin u mendan Pushkinni so‘radi va “Misr kechalari”ni o‘qib, dedi: birgina kechani sevgan ayolingizga bag‘ishlash uchun hayotingizdan kecharmidingiz? Men “ha” deb javob berishga shoshganimda, u sirli jilmaydi. Men uni juda sevib qolgandim, bu sevgi falokat keltirishini aniq ko‘rib, his etib turardim. Imkon qadar yaqinlashganimizdan so‘ng, unga muhabbatim, nimani his qilayotganimu dardida ado bo‘layotganim, otam unga uylanishimga ruxsat bermasligi, nikohsiz men bilan yashashning ilojsizligi, polyaklar jamiyati uni artist sifatida rus zobiti bilan nikohsiz ochiqdan-ochiq aloqa qilmasligini bir amallab ayta boshladim. U ham o‘z qismatidan, tushunib yetolmagan qalbidan shikoyat qildi, mening izhori dilimga, sukut ichidagi savolimga, meni sevadimi, yo‘qmi, bularga javobdan o‘zini olib qochdi, uning qilgan shikoyatlari esa ikkimiz yaqin bo‘lishimiz mumkinligiga menda umid uyg‘otdi…
Keyin shu yilning yanvaridan boshlab har kuni unikiga boradigan bo‘ldim. Men unga teatrga, uyiga guldasta yuborardim, sovg‘alar qilardim… Men unga mandolina, oq ayiq terisi, uzuk va olmos ko‘zli bilaguzuk sovg‘a qildim, yana bosh suyagi shaklida yasalgan to‘g‘nog‘ich ham tuhfa etdim. U ajal ramzli narsalarni xush ko‘rardi va u menga bir necha bor mendan aynan xuddi shunday fransuz tilida “Quand meme pour toujours!” so‘zlar yozilgan to‘g‘nog‘ich olish orzusi borligini aytgandi.
Shu yilning yigirma oltinchi martida u meni kechki ovqatga taklif etdi: kechki ovqatdan so‘ng u ilk bor o‘zi yaponcha xona deb ataydigan yotoqxonasida menga o‘zini bag‘ishladi. Keyingi uchrashuvlarimiz ham aynan shu xonada o‘tadigan bo‘ldi, u kechki ovqatdan so‘ng xizmatkorni uxlashga jo‘natardi. Keyin, u menga o‘z yotoqxonasining to‘g‘ri zinaga olib chiqadigan tashqari eshigi kalitini berib qo‘ydi. Yigirma oltinchi mart xotirasiga uning istagi bilan ismi sharifimiz, ilk yaqinligimiz sanasi o‘yib yoziladigan nikoh uzugiga buyurtma berdik…
Shahar tashqarisiga qilgan safarlarimizning birida qishloq ibordatxonasi yonida joylashgan xoch oldida turib, Xudo huzurida uni mangu sevishim, u mening xotinim ekanligi, to o‘lguncha unga sodiq qolishim haqida ont ichdim. U ma’yus va o‘ychan jim turardi. So‘ng oddiy, lekin, qat’iy turib: “Seni sevaman!” “Quand meme pour toujours!”– dedi.
Bir kuni mayning boshlarida, unikida kechki ovqat paytida u af’yun kukunini oldi-da: “O‘lish qanday oson-a! Bir chimdim kifoya, keyin hammasi tamom!”—dedi. So‘ng kukunni shampan vinosi solingan qadahga sepib, uni og‘ziga olib bordi. Men qadahni qo‘lidan tortib olib, vinoni tosh ustiga sepib yubordim, qadah etik tepkisiga urilib, chil-chil bo‘ldi. Ertasi kuni u menga: “Kecha fojia o‘rniga, kulgili ish bo‘ldi!”— dedi. Va: “Nima qilsam ekan, jur’atim yetmayapti, sen ham eplolmaysan, qo‘lingdan kelmaydi… Qanday sharmandalik!” – deya qo‘shib qo‘ydi.
Shundan so‘ng biz juda kam ko‘rishadigan bo‘ldik: endi meni kechqurunlari boshqa qabul qilolmasligini aytdi. Nega endi? Men bundan jinni bo‘layozdim, rosa qiynaldim. Bundan tashqari, u, menga sovuq, masxaraomuz munosabatda bo‘la boshlagandi, o‘zini men bilan xuddi kecha tanishgandek tutar va tayinim yo‘qligidan meni tahqirlardi… Birdan yana hammasi o‘zgarib qoldi. U sayrga chiqish uchun oldimga kelardi, endi u tilyog‘lamalik qilishga o‘tgandi, balki bu uning oldida o‘zimni sovuqqon tutishni o‘zlashtira bosh-laganimdandir. Oxiri u uchrashib turishimiz uchun xuddi o‘zi buyurgandek xilvat ko‘chalardan birida joylashgan, mutlaqo ko‘zdan nari, qorong‘i, alohida uy yollashimni so‘radi… Bu uy qanday qilib tartibga keltirilganini bilasizmi…
Men o‘n oltinchi iyun soat to‘rtlarda uyiga borib, unga uy olganimni aytib, qo‘liga bitta kalitni tutqazdim. U jilmayib turib kalitni qaytararkan: “Bu haqda keyinroq gaplashamiz”,— dedi. Shu vaqt eshik qo‘ng‘irog‘i chalinib, qandaydir Shklyarevich degan odam keldi. Men kalitni shosha-pisha cho‘ntagimga yashirib, allanimalarni gapira ketdim. Uydan Shklyarevich bilan birga chiqqan ham edik, Sosnovskaya yo‘lakdan turib: “Dushanba kuni keling”,– deya qichqirdi-da, menga asta: “Ertaga soat to‘rtda kel”, deb shipshigandi boshim gir aylanib ketdi…
Ertasiga roppa-rosa soat to‘rtda yetib keldim. Eshikni oshpaz ayol ochib, Sosnovskaya meni qabul qilolmasligini aytib, maktub tutqazganida hayratdan yoqa ushladim. U maktubida o‘zini noxush his qilayotganini, onasini ko‘rgani dala hovliga borishini aytgan, “endi kech” deb yozgandi. Bundan qonim qaynab, birinchi uchragan qandolat do‘koniga kirdim-da, “endi kech” deganing nimasi, hoziroq tushuntir, deya zaharxanda maktub yozib, xat tashuvchidan jo‘natdim. Xat tashuvchi uni uyda yo‘qligini aytib, maktubni qaytarib olib keldi. Shunda men u bilan aloqani butunlay uzishga qaror qildim. Uyga qaytib, uning uchun balki shunchaki hazil-mazax bo‘lib tuyulgan, lekin men uchun esa o‘zim bilan narigi dunyoga olib ketishim mumkin bo‘lgan, hayotimdagi birdan-bir aziz narsa – nikoh uzugini o‘zimga qay-tarishini so‘rab ta’na-dashnomli yangi maktubimni yozdim: shu bilan bari tugadi, menga o‘limdan o‘zga yo‘l yo‘q, demoqchi bo‘lgandim. Maktub bilan birga uning menda saqlanayotgan suratini, xatlarini, yana mayda-chuyda narsa – qo‘lqoplari, to‘g‘nag‘ichlar va shlyapasini ham o‘ziga qaytarib yubordim. Xizmatkor kelib, uning uyda yo‘qligini, xat bilan jo‘natilgan narsalarni qorovulga qoldirib kelganini aytdi.
Kechqurun sirkka bordim, u yerda menga uncha tanish bo‘lmagan o‘sha Shklyarevichni uchratib qoldim, zerikib qolmaslik uchun, u bilan birga shampan vinosi ichdik. Birdan Shklyarevich: “Menga qarang, ko‘rib turibman, azob chekyapsiz, buning sababini ham bilaman. Ishonavering, u bunga arzimaydi. Buni hammamiz boshimizdan o‘tkazganmiz, u burnimizdan ip o‘tkazib olgandi…”—deb qolsami. Qilich olib, boshini qoq ikkiga bo‘lgim keldi-yu, ammo-lekin o‘zimdan o‘tganni o‘zim bilardim, bunday qilish u yoqda tursin, hatto suhbatimizni ham bo‘lolmasdim, undan aslida ichimda xursand edim, chunki menga hamdard topilganidan quvonardim, menga nima bo‘lganini bilmadim-u, lekin men unga miq etmadim, Sosnovskaya to‘g‘risida-ku, og‘iz ham ochmadim, lekin, uni Starogradskiy ko‘chasiga olib borib, uchrashuvimiz uchun o‘zim yoqtirib tanlagan uyni ko‘rsatdim. Bu uyning kasridan ahmoq bo‘lganimdan o‘lgudek uyalardim, ham alam qilardi.
U yerdan aravakashni Nevyarovskiy restorani tomon shoshirdim: yomg‘ir shivalar, arava uchib borardi, meni yomg‘ir ham, qarshimdagi meni yondirib kul qilayotgan alanga ham azoblardi, undan qo‘rqardim. Tungi birlarda men Shklyarevich bilan restorandan qaytib, endi yechinib turgandim, xizmatkor xat tutqazdi: u meni ko‘chada kutardi, tezda tushishimni so‘ragandi. U xizmatchi ayol bilan birga kelib, mendan xavotirlanganini, shuning uchun ayolni o‘zi bilan olib kelganini aytdi. Men ayolni uyiga kuzatib qo‘yishni buyurib, o‘zim karetaga o‘tirdim, biz Starogradskiy tomon jo‘nadik. Har doimgidek uning hozirgi xotirjam holati menga ham ko‘chdi. Yetib kelganimizda, ancha o‘ziga kelib qoldi, uy unga juda yoqdi. Men uni qo‘lidan ushlab, ta’na-dashnomlarimni kechirishini, achchiq ustida berib yuborgan portretini va boshqa buyumlarni qaytarishini so‘radim. Biz tez-tez janjallashib turardik, bunda men o‘zimni aybdor his qilardim va oxirida undan uzr so‘rardim. Yarim kechasi soat uchda uni uyiga olib borib qo‘ydim. Yo‘l-yo‘lakay suhbatimiz yana janjalga aylandi. U to‘g‘riga qarab o‘tirardi, yuzi menga ko‘rinmasdi, faqat atir isiyu, sovuqdan-sovuq zahar ovozini his etar edim: “Sen erkak emassan,– derdi u,– senda xarakter degan narsaning o‘zi yo‘q, men xohlaganimda jig‘ingga tegib, xohlaganimda yupatishim mumkin. Agar men erkak bo‘lganimda bunday ayolni burda-burda qilgan bo‘lardim!” Shunda men qichqirib: “Unday bo‘lsa uzugingizni qaytarib oling!” – dedim-da, uzukni zo‘rlab qo‘liga taqib qo‘ydim. U menga o‘girildi-da, xijolat bo‘lgandek kulib: “Ertaga kel”,– dedi. Men endi nima bo‘lganda ham bormasligimni aytdim. U qo‘rqa-pisa, uyalib: “Yo‘q, sen Starogradskiyga kelasan, kelasan…” dedi. So‘ng qat’iy qilib: “Yo‘q, men kelishingni o‘tinib so‘rayman, men yaqinda chet elga ketaman, men seni so‘nggi bor ko‘rib, senga muhim gapni aytishim kerak”,– deb qo‘shib qo‘ydi. Va yana yig‘lab: “Meni hayron qoldirgani, seni sevaman, sensiz yasholmayman deb o‘zingni otishga ham tayyorsanu, lekin so‘nggi bor ko‘rging kelmayapti!..”– deya yana qo‘shib qo‘ydi. Shunda men o‘zimni qo‘lga olib, ertaga qay paytda bo‘sh bo‘lishim xabarini yetkazishimni aytdim. Biz yomg‘irda turib, uning yo‘lagi oldida ajralisharkanmiz, yuragim unga bo‘lgan sevgidan va rahm-shafqatdan yorilay derdi. Uyga qaytgach, menikida bemalol uxlab yotgan Shklyarevichni ko‘rib hayron qoldim va undan jirkanib ketdim…
Dushanba o‘n sakkizinchi iyun kuni ertalab unga soat o‘n ikkidan keyin bo‘shligimni aytib xat yubordim. U: “Starogradskiyda soat oltida”, – deb javob yubordi.

XI

Sosnovskayaning oqsochi Antonina Kovanko, oshpazi Vanda Linevich o‘n oltinchi shanba kuni Sosnovskaya sochini jingalak qilaman, deb spirt lampasini yoqa turib, parishonlikda gugurtni tungi ko‘ylagiining etagiga tashlab yuborgan, ko‘ylak birdan yonib, Sosnovskaya dahshatdan qichqirib, egnini yechib otgan va qo‘rquvdan ahvoli yomonlashib unga doktor chaqirishganini aytib ko‘rsatma berishgan. So‘ng takrorlab:
– Bu yaqinlashib kelayotgan falokatdan darak…— deyavergin.
U baxtiqaro bo‘lsa-da, yoqimtoy ayol edi! Uning bolalarcha vahimasi va tungi ko‘ylakning yonib ketgani menga favqulodda ta’sir qiladi, tashvish-lantiradi. Bu arzimas narsa u o‘lgandan buyon odamlar orasida gap-so‘zga sabab bo‘lgan, sudda quloqni qomatga keltirgan, bir-birini inkor etuvchi dalillari bilan uzuq-yuluqligicha qolib ketgan o‘sha jumboqli voqeaga aloqasi bordek, uni yoritib berishi mumkindek, nazarimda. So‘nggi kunlarigacha mish-mishdan boshi chiqmagan, birgina tilagi uni tushunish, ko‘nglini zabt etishlarini istagan, qiziqishlari doim namoyon bo‘lib turgan, deyarli hech bir kimsa, jumladan, Yelagin ham tushunmagan, his etolmagan o‘sha haqiqiy Sosnovskayaning menda jonli sezgilar uyg‘otishi hayron qolarli hodisa edi.
Yana qaytaraman: inson mulohazasi hayratlanarli darajada ojiz, notavon: hammavaqt bo‘lganidek, mana hozir yana sodir bo‘ldi, qachonki odamlar, hatto andakkina bo‘lsa-da, ro‘y berayotgan hodisalarning muhimligini tushunib yetishlari kerak bo‘lib qolsa, ko‘rib ko‘rmaslikka, eshitib eshitmaslikka olishlari ma’lum gap. Ularga Yelaginning Sosnovskayaning, umuman, ular o‘rtasida bo‘lib o‘tgan, aniq-ravshan ko‘rinib turgan munosabatni shu darajada haqiqatga xilof ravishda, atayin, noto‘g‘ri talqin qilish kerakmidi? Xuddi qabihlikdan boshqasiga miq etmaslikka kelishib olishgandek: bittasi aysh-ishratga berilgan, aroqxo‘r, rashkchi bir gusar bo‘lsa, yana biri o‘zining axloqsiz, pala-partish hayoti bilan o‘zi ham chalkashib yotgan bir artist ayol bo‘lsa…
– Alohida xonalar, vino, fohishalar, urish-janjal,— mana, u haqda nimalarni gapirishadi. – Qilichning jarangi undagi oliy tuyg‘ularni so‘ndirdi…
Sharob, mana oliy tuyg‘u! Yelagindek odam uchun sharob degani nima edi o‘zi? “Ba’zan azobni his etaman, ba’zan esa yaxshi va baland turadigan narsalarga intilaman, umuman, jin ursin, yuragimni bekorga zirqiratish nima zaril menga! Qayerdadir qulog‘imga chalingan, lekin, hamon yo‘q, ushlab bo‘lmaydigan bir ohangni tutib olgim keladi. Kayfda nafasni yengil, bemalol olasan, o‘sha tutqich bermas kuy ham kayfda aniq va yaqindan eshitila boshlaydi. Musiqa, sevgi, kayf — bular seni yo‘ldan uradi, ular o‘tkir va ortiqcha, dunyoni, hayotni his etishni haddan tashqari murakkablashtirib yuboradi.
— Ayol Yelaginni sevmasdi, – deyishardi u haqda. – U Yelagindan qo‘rqardi xolos, chunki Yelagin o‘zimni o‘ldiraman deb unga doim tahdid qilib kelardi, – ya’ni u nafaqat o‘z o‘limi bilan Sosnovskayaning yuragini og‘ritib kelgan, uni katta mojaroning asosiy qahramoniga aylantirmoqchi bo‘lgan. Dalillar shundan guvohlik beradiki, Sosnovskaya hatto unga nisbatan nafrat tuyg‘usini his etgan. Sosnovskaya o‘zi uniki bo‘lganmidi? Nahotki, bu narsa ishni o‘zgartira olsa? U o‘zi kimlarga tegishli bo‘lmagan! Hatto Yelagin Sosnovskaya sevib ijro etgan ishqiy komediyani fojiaga aylantirishiga sal qolgan…
Yana:
– Sosnovskaya o‘sha kundan-kun avj olib borayotgan dahshatli va tiyiqsiz rashkdan o‘lgudek qo‘rqardi. Bir marotaba Sosnovskayanikida artist Strakun mehmon bo‘lgandi. Yelagin avval-boshda tinchgina o‘tirdi, faqat rashkdan yuzi oqargandi, xolos. So‘ng bexos otilib o‘rnidan turdi-da, qo‘shni xonaga chiqdi. Sosnovskaya ham izma-iz uning ortidan chiqib, qo‘lidagi revolverni ko‘rib qoldi-da, o‘ziga, Sosnovskayaga rahm qilishini so‘rab, tiz cho‘kib yalindi. Bunday o‘yinlar, deyarli tez-tez bo‘lib turgan. Sosnovskaya, nihoyat, Yelagindan butunlay qutulish maqsadida chet elga ketishga qaror qilgan va u o‘limi oldidan bu safarga tayyor bo‘lgan – buni anglash nahotki qiyin bo‘lsa? Yelagin Starograd ko‘chasidagi, Sosnovskaya chet elga ketishini bahona qilib, safaroldi uni qabul qila olmaydigan o‘sha uyning kalitini olib kelgandi. U kalitni olmadi, Yelagin kalitni majburlab tiqishtirmoqchi bo‘ldi. Sosnovskaya: Endi kech, uni olishdan hech qanday ma’no yo‘q, men jo‘nab ketyapman, deya ma’lum qildi. Yelagin unga burab-burab shunday xat yozdiki, Sosnovskaya maktubni olaroq, uni murda holida topishidan qo‘rqib, yarim kechasi bo‘lishiga qaramay, oyog‘ini qo‘liga olib unikiga yugurdi.
Mayli, shundoq ham deylik (biroq bu mulohazalar Yelaginning tavba-tazarrulariga mutlaqo qarshi), harholda, nima uchun Yelagin Sosnovskayani bunday “vahimali”, “haddan ziyod” rashk qilib, tinch hayotini fojiaga aylantirmoqchi bo‘lgan ekan? Unga bu nima uchun kerak bo‘ldi ekan? Nega endi Yelagin rashkdan g‘azabi zo‘raygan bir paytda uni shunday otib tashlamadi ekan? Nima sababdan “qotil va qurbon o‘rtasida kurash bo‘lmagan?” Keyin: “Sosnovskaya goho undan jirkanardi ham”… U begonalar oldida Yelaginga har xil haqoratli laqablar qo‘yib, uni xo‘rlar, hatto bir gal uni maymoq kuchuk bolasi deb ham chaqirgandi. Ey, xudoyim, Sosnovskaya shunisi bilan Sosnovskaya-da… Sosnovskaya yana boshqa kimdandir nafratlanishi haqida Lvov xotiralarida shunday yozadi: “U meni hali ham sevadi! Men-chi? Men nimani his qilayapman? Sevgini ham, nafratni ham!” U o‘zi Yelaginni haqoratlaganmidi? Ha, bir marta urishib qolishgandi, ana o‘shandan keyin bu hol ular orasida tez-tez takrorlanib turardi, – Sosnovskaya oqsochini chaqirib, nikoh uzugini yerga uloqtirdi-da, turib baqira ketdi: “Mana bu matohni o‘zingga ola qol!” Bundan avvalroq nima ro‘y bergandi? Bundan avvalroq Sosnovskaya oshxonaga yugurib borib:
– Men seni chaqiraman-da, mana bu nikoh uzugini yerga uloqtiraman va uni o‘zingga olib qo‘yishingni aytaman. Esingda bo‘lsin – bu hazil, xolos. Keyin uni o‘zimga yana qaytarasan, chunki shu uzuk bilangina men u bilanman, o‘sha esi past bilan, nikohlanganman, u men uchun dunyodagi barcha narsadan qimmatli… – dedi.
Sosnovskayani bekorga “engiltabiat” deyishmasdi, katoliklar cherkovi ham uni “beadab, buzuq ayol” sifatida nasroniy urf-odatlari bo‘yicha dafn etishni rad etgandi. U butkul erkin sevgini o‘ziga kasb qilib olgan va shunga xizmat qiluvchi ayollar toifasidan edi. Bu yana qanaqa toifa bo‘ldi ekan? Bunday mijozli jins vakillari yaqqol ko‘zga tashlanib turadi, uning nafsini qondirib bo‘lmaydi, u qoniqmaydi ham. Sababi nima? Sababini men qayoqdan bilay? Qarangki, nimalar sodir bo‘lmaydi: o‘sha o‘ta murakkab, o‘ziga maftun etuvchi nusxa erkaklar orasida (u yoki bu darajada) tajovuzkor nusxalar ham uchraydi. Mohiyatan, bundaylar nafaqat ayollar bilan bo‘lgan munosabatda, balki, ular o‘z dunyoqarashlariga ko‘ra barcha narsalarga ta’sirchanligi o‘tkir bo‘lib, butun jon-tanini berib bo‘lsa-da, aynan shunday ayollar toifasiga intiladi va shov-shuvli sevgi fojialari qahramoniga aylanadi-qo‘yadi. Nimaga? Bu didning oqsoqligimi yoki yo‘ldan ozganlikning sharofatimi, balki, bunday ayollarga erishish osonligidandir? Albatta, yo‘q, ming karra yo‘q. Shuning uchun ham yo‘qki, bunday erkaklar Sosnovskayadek ayollar toifasi bilan yaqin aloqada bo‘lish qanchalik azobligiyu ba’zan rostdanam vahimali, hatto halokatli yakun topishini oldindan sezadilar va aniq ko‘ra oladilar. Buni ko‘rib, bilib tursalar-da, baribir, ko‘proq, aynan, ana o‘shanday ayollarga talpinib, o‘zlariga balo-qazoni sotib oladilar.U, albatta, o‘limi oldidan xat yozayotganda, so‘nggi dami kelganiga o‘zini ishontirmoqchi bo‘lib, kulgili bir sahnada rol ijro etgandi, xolos. Kundalikdagi yozuvlar oz bo‘lsa-da, buning aksi ekaniga ishontirolmaydi,– u g‘oyat siyqasi chiqqan, sodda bitilgan, qabr ziyorati to‘g‘risida hech qanday so‘z yo‘q…
Kundalikdagi soddalikni, yasamalikni, qabr ziyoratini hech kim inkor etmaydi, xuddi u Mariya Vecherova va Mariya Bashkirsevaga o‘xshashligiga ishora qilishni yaxshi ko‘rgandek. Nima uchun u aynan o‘sha xildagi kundalikni tanladi ekan, balki u shu toifa ayollarga o‘xshashni xohlagandir? Unda go‘zallik ham, yoshlik ham, shuhrat, pul, yuzlab muxlislar — hammasi bor edi-ku. U bulardan ehtiros va zavq bilan foydalanardi. Uning hayoti muttasil azobga aylanib borardi, har doim hamma odamlar va hamma narsa u kutgandagidek bo‘lib chiqavermaganidan keyin ko‘ngilga urgan bu olamni tashlab ketish ishtiyoqi unga tinchlik bermay qo‘ygandi. Bu nimaning kasridan? Bu uning boshiga bitgan baloning kasridan. Nima uchun aynan shu baloni boshiga sotib oldi, boshqa narsani emas? Bularning barchasi, ularning aytishlaricha, o‘zini san’atga fido qilgan bunday ayollar uchun oddiy holmi? Nimaga bu shunchalik jo‘n? Nimaga?

XII

Dam olish kuni ertalab soat sakkizlarda uning yotoqxonasidagi stol qo‘ng‘iroqchasi jiringladi: u uyg‘ondi-da, oqsochini odatdagidan ertaroq chaqirdi. Oqsoch xotin barkashda suyuq shokolad solingan finjon olib kirdi-da, deraza pardasini surib qo‘ydi. U o‘rinda har doimgidek xo‘mraygancha lablarini yarim ochib, o‘ychan va parishonxotir uni kuzata turib:
– Bilasanmi, Tonya, kecha men doktor ketganidan keyin darrov uxlab qoldim. Voy, xudoyim-ey, shunaqangi qo‘rqib ketdim! Yelagin kelishi bilanoq o‘zimni qushday yengil va yaxshi his qildim. Yarim kechasi uyg‘onib, o‘rnimda tiz cho‘kib, bir soat Xudoga iltijo qildim… O‘zing o‘ylab ko‘r, butunlay yonib ketganimda nima bo‘lardi-a! Ko‘zlarim oq tushgan, lablarim shishib ketgan bo‘lardi. Menga qarab bo‘lmasdi… Aft-basharam paxta bilan qoplanardi-qolardi.
U shokoladga qo‘l ham tekkizmay, nimalarnidir uzoq xayol surib o‘tirdi. Keyin shokoladni ichdi-da, vannada cho‘mildi va cho‘milish xalatida yoyib tashlangan sochlarida o‘zining ixchamgina yozuv stolida motam romiga solingan qog‘ozga bir necha xat yozdi: u o‘zi uchun bunday qog‘ozga ancha avval buyurtma berib qo‘ygandi. Kiyinib, nonushta qildi-da, jo‘nab ketdi: u dala hovlida onasinikida bo‘ldi va uning doimiy ishongan odami aktyor Strakun bilan kech soat o‘n ikkilarda qaytdi.
– Ikkovi xursand qaytishdi,– deya hikoya qildi oqsoch xotin. —Ularni yo‘lakda kutib oldim-da, Sosnovskayani yonimga chaqirib, Yelagin u yo‘qligida berib yuborgan narsani va xatni unga berdim. Narsalar borasida: “Tezda bularni yashir, Strakun ko‘rmasin!” deya shipshidi, so‘ng shosha-pisha xatni ochdi-yu, birdan rangi oqarib ketdi, o‘zini yo‘qotgancha, Strakunning mehmonlar xonasida o‘tirganiga ham qaramay: “Xudo haqqi, tez karetaga yugur!”– deb baqirdi. Men kareta olib kelishga ketdim. Kareta kelganida, u yo‘lakda tayyor turardi. Biz bor kuchimiz bilan chopdik, u bechora esa yo‘l-yo‘lakay cho‘qinib: Ey xudoyim, ishqilib tirik bo‘lsin-da,”– deya takrorlardi nuqul.
U dushanba ertalabdan cho‘milish kiyimida daryoga ketdi. O‘sha kuni unikida Strakun bilan ingliz ayoli tushlik qilishdi (unikiga har kuni inglizchadan dars bergani kelardi-yu, deyarli hech nima o‘tmasdi). Tushdan keyin ingliz ayoli ketdi. Strakun esa yana yarim soatlar turib, sigaret chekdi, so‘ng oyog‘iga yapon tuflisini ilgancha divanda yotgan bekaning tizzasiga boshini qo‘yib yotdi. Oxiri Strakun ketdi, ketish oldidan Sosnovskaya undan “bugun kech soat o‘nda” kelishini o‘tindi.
– Bu juda tez emasmi?– kulib dedi Strakun yo‘lakda asosini qidira turib.
– Voy, yo‘q, iltimos!– dedi u. – Bordi-yu, kelganingda men bo‘lmasam, xafa bo‘lma, xo‘pmi…
Keyin u kaminda qandaydir xat va qog‘ozlarni uzoq yoqdi. So‘ng oqsoch xotin bilan hazillashib o‘tirib, xirgoyi qilishdi:
– O‘zim yonmaganimga yarasha, endi hammasiga o‘t qo‘yaman! Bundan yonib ketgani ming marta yaxshi edi. Yonsam yonib, bir yo‘la kulga aylanay…
Keyin yana dedi:
– Vandaga ayt, kechki ovqatni soat o‘nga tayyorlab qo‘ysin. Hozir esa men ketyapman…
U soat oltilarda qog‘ozga o‘ralgan revolverga o‘xshash narsani o‘zi bilan olib chiqib ketdi!
U Starogradskiyga ketdi, yo‘lda shanba kungi voqeadan so‘ng etagi yonib ketgan tungi ko‘ylagining etagini kestirish uchun tikuvchi Leshinskiyning uyi tomonga burildi, tikuvchining aytishiga qaraganda, o‘sha kuni u quvnoq va yoqimtoygina ko‘ringan. Sosnovskaya tungi ko‘ylagining u yer-bu yerini ko‘zdan kechirgan-da, qog‘ozga o‘ragan va uyidan avvalroq olib chiqqan bo‘g‘chasiga joylab, ustaxonada chevar qizlar bilan uzoq suhbatlashib o‘tirgan va: “Ey, xudoyim, men endi ketishim kerak, kech qoldim, mening farishtalarim!”–deya qayta-qayta takrorlagan, oxiri bir xo‘rsinib, o‘rnidan dast turdi-da, quvonch bilan:
– Xayr, pani Leshinskaya, xayr, singiljonlarim, farishtalarim, men bilan gurunglashib o‘tirganingiz uchun rahmat sizlarga, sizlar bilan ayollar davrasida o‘tirish qanday maroqli, hadeb erkaklar bilan bo‘laverish ham jonga tegar ekan.
U yana bir marta ostonadan turib, kulib, boshini irg‘adi-da, chiqib ketdi.
Nega u revolverni o‘zi bilan olib oldi?
Revolver o‘zi Yelaginniki edi, u, Yelagin o‘zini otib qo‘yishidan qo‘rqib, revolverni o‘zida saqlardi. “U bir necha kundan so‘ng chet elga ketishi munosabati bilan revolverni o‘z egasiga qaytarishni niyat qilgandi”,–dedi oqlovchi va qo‘shib qo‘ydi:
– Shunday qilib, u mash’um, lekin uning uchun qasddan uyushtirilmagan uchrashuvga jo‘nadi. U soat yettida Starograd ko‘chasidagi 14-uyning 1-xonadoniga yetib bordi,– mana, bu uyning eshigi ham yopildi, eshik faqat 19 iyun kuni ertalab qayta ochildi, xolos. Tunda u yerda nimalar sodir bo‘ldi? Buni Yelagindan boshqa hech kim bizga hikoya qilib berolmaydi. Uni yana bir marta eshitib ko‘raylik-chi…

XIII

Prokuror bizning xotiramizda yana bir bor jonlantirishni lozim topgan, o‘sha ayblov bayonnomasi sahifasi bo‘lmish va shu bilan o‘z nihoyasiga yetgan Yelaginning hikoyasini sud zalini to‘ldirgan odamlarning barchasi chuqur sukut bilan tingladi:
– Men o‘n sakkizinchi iyun dushanba kuni ertalab unga soat o‘n ikkidan keyin bo‘sh ekanligimni bildirib, maktub jo‘natdim. U: “Starogradskiyda soat oltida”, – deya javob yubordi.
Men o‘n besh daqiqasi kam oltida o‘sha yerda edim, o‘zim bilan yengil ovqat, ikki shisha shampan vinosi, ikki shisha porter, stakancha va bir shisha atir olib bordim. Uni uzoq kutishimga to‘g‘ri keldi: u soat yettilarda yetib keldi…
Uyga kirib, meni parishon holda o‘pdi, so‘ng keyingi xonaga o‘tib, o‘zi bilan qo‘lida olib kelgan o‘rog‘liq narsani divanga tashladi.– “Chiqib tur,– dedi u fransuzchalab,– men yechinishim kerak”. Men chiqib ketdim. Yana uzoq bir o‘zim yolg‘iz o‘tirdim. Men mutlaqo hushyor, lekin juda dilgir edim, munosabatimiz nihoyalab borayotganini g‘ira-shira his etib turardim… Ustiga-ustak, muhit ham g‘alatiroq bo‘lib borardi: xuddi tundagidek, men olov yonida o‘tirardim, holbuki, bu qorong‘i xonaning gung devorlaridan tashqarida hali yorug‘ va ajoyib yoz kuni hukm surayotganini sezib, bilib turardim… U meni uzoq vaqt yoniga chaqirmadi, men ham uning nima bilan band ekanini bilolmadim. Eshik orqasida tiq etgan tovush eshitilmasdi.Oxiri: “Endi kiraverishing mumkin…”,– deb baqirdi u.
U divanda bitta tungi ko‘ylagining o‘zida, paypoqsiz, tuflisiz yalang‘och oyoqlarini ko‘rsatib, xo‘mraygancha shiftdagi fonarga jim tikilib yotardi. O‘zi bilan olib kelgan bo‘xcha ochilib, unda men o‘z revolverimni ko‘rdim-da: “Buni nega olib yuribsan?”– deb so‘radim. U bir ozdan so‘ng: “O‘zim, shunday… Axir, men jo‘nab ketayapman… Yaxshisi, sen buni uyingda emas, shu yerda saqla…– deb javob qaytardi u. Xayolimdan: “Yo‘q, bu bekorga emas!” – degan dahshatli bir fikr o‘tdi.
Bundan keyingi suhbatimiz uzoq, lekin zo‘rma-zo‘raki, sovuqqina o‘tdi. Ichimda o‘lguday qo‘rqib turardim, – miyamga biror aqlli gap kelib qolarmikin, deb kutardim, – mana, hozir, fikrimni bir yerga jamlayman-da,oxiri eng muhim qarorimni aytaman deb intiq edim, – chunki men bu uchrashuv biz uchun so‘nggisi ekanini yoki harholda bizni uzoq muddatli ayriliq kutayotganini anglab tursam-da, hech narsa qilolmadim, o‘zimni butunlay kuchsiz va ojiz his etardim. U: “Chekking kelsa, chekaver..” – dedi. – “Senga yoqmaydi-ku! – dedim men. – “Endi menga baribir, – dedi u. – Menga shampan vinosidan ber…” Bundan men shunday xursand bo‘ldimki, zero, bu men uchun najot edi. Biz bir necha daqiqa ichida bir shisha shampan vinosini bo‘shatdik, men uning yoniga o‘tirdim-da, qo‘llaridan o‘pa turib, bu ayriliqni ko‘tara olmasligimni aytdim. U sochlarimni to‘zg‘ita turib, parishon holda: “Ha, ha… Xotining bo‘lolmasligim, bu qanday baxtsizlik… Barchasi, bari bizga qarshi, yolg‘iz Yaratganning o‘zigina bizga xayrixoh… Men sening qalbingni, tasavvuringni sevaman…” Bu so‘nggi so‘zlari bilan nima demoqchi bo‘ldi, bilmadim. Men yuqoriga – soyabon tepasiga boqib: “Qara, sen bilan bu yerda xuddi sag‘anada turgandekmiz. Qanday sukunat!”– dedim, u bunga ma’yus jilmayib qo‘ydi…
Soat o‘nlarga borib, u ochiqqanini aytdi. Biz oldingi xonaga o‘tdik.U juda kam ovqat yedi, men ham,– biz ko‘proq ichdik. Birdan ko‘zi men olib kelgan yengil ovqatga tushdi-yu, “tentak, yana nimalarni ko‘tarib yuribsan! Boshqa bunday qilma”,– dedi. “Bu “boshqa” deganing qachon bo‘larkin?” – dedim. U bir g‘alati qarash qildi-da, so‘ng boshini egib, qovog‘i ostidan ko‘zlarini olaytirib qaradi. “Iso, Maryam, – deb pichirlardi u,– biz endi nima qilamiz? Men telbalarcha seni xohlayapman! Yura qol…”
Bir muncha muddatdan so‘ng men soatimga qaradim, soat ikki bo‘lgandi. “O‘-ho‘, kech bo‘lib qolibdi,– dedi u.– Hoziroq uyga ketishim kerak”. Ammo, u joyidan ham qo‘zg‘almay, qo‘shib qo‘ydi: “Bilasanmi, bu yerdan juftakni qancha tez rostlasak, shuncha yaxshi, lekin joyimdan qo‘zg‘alolmayapman. Xuddi bu yerdan chiqib ketolmaydigandek his etyapman o‘zimni. Sen Xudoning xohishi bilan mening yozmishim, qismatimsan…” Hattoki shuni ham tushunishni istamayapman. Ehtimol, u, keyin yozib qoldirgan: “O‘layapman, lekin o‘z xohishim bilan emas”,– degan so‘zlar bilan bog‘liq biror narsa demoqchi bo‘lgandir. Bu so‘zlar bilan u mening oldimda o‘zini kuchsiz, himoyasiz his etgan deb o‘ylaysizmi? Menimcha, u boshqa narsani: bizning tolesiz bu uchrashuvimiz – taqdir, Xudoning istagi, u o‘z ixtiyori bilan emas, Xudoning xohishi bilan o‘layapman, degan so‘zlarni aytmoqchi bo‘lgan. Vaholonki, men o‘shanda bu so‘zlarga ko‘pam e’tibor bermaganman, uning g‘alatiroqligiga ko‘nikib ham qolgandim. Keyin u dabdurustdan: “Qalaming bormi?”– deya so‘rab qoldi. Men yana hayron bo‘ldim: unga qalam nega kerak bo‘lib qoldi ekan? Yon daftardagi qalamni olib berishga shoshildim. U tashrif qog‘ozimni ham so‘radi. Unga nimalarnidir yozayotganda: “Menga qara, tashrif qog‘ozga xat yozish noqulay-ku”,–dedim. “Yo‘q, bu shunchaki o‘zim uchun”,– deb javob berdi.– Men o‘ylab, ham uxlab olaman, meni yolg‘iz qoldir”. Yozilaverib to‘ldirib tashlangan tashrif qog‘ozini ko‘kragiga qo‘ydi-da, ko‘zini yumdi. Hammayoq shunday tinchidi-qoldiki, bundan esing og‘ib qolishi hech gap emasdi…
Shu alpozda yarim soatdan ko‘proq vaqt o‘tdi. U birdan ko‘zini ochdi-da: “Yodimdan chiqayozibdi, men uzugingni qaytarib bergani kel-gandim. Kecha o‘zing hammasiga nuqta qo‘ymoqchi eding-ku”, – dedi sovuqqina qilib. U qaddini bir oz ko‘tardi-da, uzukni devorga qarab uloqtirdi. “Nahotki, sen meni sevasan?– deyarli qichqirib dedi u. —Tushunolmayman, qanday qilib sen meni bu yorug‘ olamda yashashimga yo‘l qo‘yib beryapsan! Men ayolman, menda subut yo‘q. Men o‘limdan qo‘rqmayman – azob chekishdan qo‘rqaman, xolos, lekin sen bitta o‘q bilan meni, so‘ng o‘zingni marhumga aylantirishing mumkin”. Menga shu yerda ayanchli ahvolimizning dahshatli bir haqiqati ayon bo‘lgandi, endi qanday yakun topmasin, buni nima bilandir hal etish vaqti kelgandi. Lekin uni o‘ldirish – yo‘q, aslo, bu ish mening qo‘limdan kelmasligini sezib turardim: men his etayotgan narsa boshqa edi: men uchun hal qiluvchi lahzalar yetib kelgandi. Men revolverni oldim-da, tepkisini ko‘tardim. U hayqirib: “Nima? Faqat o‘zingni otasanmi?–deya irg‘ib o‘rnidan turdi.– Yo‘q, Iso nomi bilan qasam ichamanki, bunday qilmaysan!” – dedi va revolverni qo‘limdan yulqib oldi.
Yana o‘sha yurakni o‘rtovchi jimjitlik. Men cho‘nqayib o‘tirardim, u esa qimir etmay yotardi. Bir vaqt u o‘ziga-o‘zi polyakchalab nimanidir gapirdi-da, keyin: “Uzugimni bu yoqqa ber”, – dedi menga. Men unga uzukni uzatdim. “O‘zingnikini ham!” – dedi u. Men bu buyruqni ham bajarishga shoshildim. U o‘zinikini qo‘liga taqdi-da, menga ham uzugimni taqishimni buyurdi, keyin gapira ketdi: “Men seni hamisha sevganman, hozir ham sevaman. Seni aqldan ozdirdim, azob berdim, nima qilay, fe’lim shunaqa ekan, qismatimiz shunaqa bo‘ldi. Menga yubkamni uzatib yubor-da, qora vino olib kel…” Unga yubkasini uzattim-da, vinoga ketdim, qaytib kelganimda yonida zahar solingan shisha idishni ko‘rdim. “Menga qara,– dedi u qat’iy ohangda.– O‘yin-kulgilar shu bilan nihoyasiga yetdi. Sen mensiz yashay olasanmi?” Men, yo‘q, deb javob berdim.– “Ha”– dedi u,– men qalbingni, fikrlaringni butunicha o‘zimniki qilib olganman. Endi o‘zingni o‘ldirish uchun ikkilanmaysanmi? Agar shunday qilolsang, meni ham o‘zing bilan olib ket. Mening ham sensiz yashashimdan ma’no qolmaydi. Meni o‘ldirganingdan so‘ng, o‘layotganingda va nihoyat men endi toabad, butunlay seniki ekanimni bilib o‘lasan. Endi men senga o‘z hayotimni so‘zlab beraman…” U bir oz dam olib, o‘ziga keldi-da, shoshmasdan, bolaligidan boshlab butun hayotini menga hikoya qilib berdi…

XIV

Men hatto qaysi birimiz yozishni avvalroq boshlaganimizni ham yaxshi eslayman… O‘shanda qalamni ikkiga bo‘lgandim.. Biz yozishni boshladik va hammavaqt jim o‘tirib yozdik. Yanglishmasam, men eng avval otamga xat yozdim… Siz, nima uchun men otam “mening baxtli bo‘lishimni istamayapti” deb ularga qilgan ta’namni, mening esa biror marta bo‘lsa-da, nikohimizga otamning roziligini olishga harakat qilmaganimni bilmoqchimisan? Qaydam… Baribir ular bu nikohga rozi bo‘lmasdilar… Men keyin polkdagi do‘stlarimga xat yozib, ular bilan vidolashganman. Yana kimga deysizmi? Ha, tuzukroq qilib ko‘mishlarini aytib, polk qo‘mondoniga xat yozgandim. Demak, men o‘zimni o‘zim o‘ldirishimga ishonardim — siz shunday demoqchisiz-da? Albatta. Xo‘sh, nima uchun endi buni qilmadim? Bu yog‘ini bilmayman…
U, esimda, shoshmasdan, to‘xtab-to‘xtab, har tomonini o‘ylab yozardi; so‘zni yozardi-da, xo‘mrayib devorga qarab qo‘yardi… Xatlarni uning o‘zi yirtib tashlardi, men emas. Yozardi-da, yirtardi, to‘g‘ri kelgan tomonga itqitardi… Nazarimda, hatto qabr ham o‘sha so‘nggi soatlarda, o‘sha jim-jitlikda, mana shu fonus ostida yozgan bekorchi maktublarimchalik qo‘rqinchli bo‘lmasa kerak. Men o‘sha kecha u menga nimani buyurgan bo‘lsa, hammasiga so‘zsiz itoat etganman.
U to‘satdan: “Yetar, bo‘ladigan ishni tezroq bo‘lgani yaxshi. Menga vinodan uzat, meni duo qil, ey Xudo!”—deb qoldi. Stakanga vino quyib, unga uzatdim, u qaddini bir oz ko‘tarib, vinoga bir chimdim kukunni tashladi. U vinoning yarmidan ko‘pini ichib, qolganini ichib qo‘yishimni so‘radi. Men ichib yubordim. U toqatsizlana boshladi-da, qo‘limdan mahkam ushlab: “Endi meni o‘ldir, o‘ldir meni! Sevgimiz haqqi, o‘ldir meni”,– deya yalina boshladi.
Buni qanday eplashim mumkin edi? Nazarimda, uni chap qo‘lim bilan quchdim,– ha, albatta, chapi bilan – va lablariga yopishdim. U: “Alvido, alvido… Yo‘q, yoki bo‘lmasa: Assalom, endi bunisi to abadga… Bu yerlarda biror narsaga erisholmadim, demak, endi bari u yerda, arshi a’loda…” Uni mahkam qisib turardim, lekin barmog‘im revolverni bosishga shay turardi… Esimda, butun a’zoi badanim qaltiroq bosganini his etardim. U polyakchalab: “Aleksandr, sevgilim mening!” – deyishga ulgurdi, xolos.
Bu soat nechada sodir bo‘ldi deysizmi? Uchlarda, shekilli. Undan keyin men yana ikki soat nima ish qildim? Lekin men soat birdan boshlab Lixarev tomonga keta boshlaganman. Qolgan vaqt uning yonida bo‘lganman va o‘zim bilmagan holda narsalarni tartibga sola boshlaganman…
Men nega o‘zimni otmadim? Men bu haqda o‘ylamasdim. Uning jonsiz jasadini ko‘rdim-u, barchasini unutdim. Men undan ko‘z uzolmasdim. Keyin hushimni yo‘qotgan holda uni va xonani tartibga keltira boshladim… Men sendan keyin o‘zimni o‘ldiraman, deb bergan va’damni buzishim mumkin emasdi, lekin loqaydlik meni butunlay domiga tortgan edi… Men hozir o‘z hayotimga ham xuddi shunday loqaydlik bilan qarayman. Ammo meni jallod deb o‘ylashlariga hech chidolmayman. Yo‘q, yo‘q! Balki, men qonun oldida, Xudo oldida gunohkordirman, lekin zinhor uning oldida emas!

Dildora Aliyeva tarjimasi

06

(Tashriflar: umumiy 603, bugungi 1)

Izoh qoldiring